Ibrohim Haqqul. Muloqot — hamjihatlikka chorlov

Ashampoo_Snap_2017.03.03_14h38m51s_004_a.png    Жаҳон саҳнасида нима кўп – мураккаб ва қалтис ижтимоий-ахлоқий, мафкуравий муаммо кўп. Ақл, журъат, тадбир билан уларнинг ҳаммаси ҳал бўлади. Шу маънода ҳам Президентнинг ғайраткорлик тажрибаси катта-кичикка ибратдир. Юртим, элим дея оладиган киши ич-ичдан фаол бўлмоғи, қатъият билан яхшини – яхши, ёмонни – ёмон, оқни – оқ, қорани – қора дейиш даражасида холис сўзлашга етишмоғи жоиз. Бунинг учун шак-шубҳасизки, ҳар бир фуқаро фикр ва савия қолоқлиги, қуллик ва мутелик таҳликаси, амалпарастлик ва сохта ватанпарварлик ҳийла-найрангларидан қутулиш керак.

МУЛОҚОТ – ҲАМЖИҲАТЛИККА ЧОРЛОВ
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
009

004Иброҳим Ҳаққул Бухоро вилояти, Шофиркон туманида туғилган.ЎзР Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори Мумтоз ва замонавий адабият тадқиқига бағишланган «Бадиий сўз шукуҳи», «Занжирбанд шер қошида», «Шеърият — руҳий муносабат», «Абадият фарзандлари», «Тасаввуф ва шеърият», «Тақдир ва тафаккур», «Навоийга қайтиш», «Мерос ва моҳият» каби китоблари чоп этилган. Олимнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган.

009

Дунёнинг энг кенг, энг файзли кошонаси ҳаётдир. Шу билан бирга энг сирли, баъзан энг мубҳам, яъни ёпиқ майдони ҳам ҳаёт. Умр чорраҳаларида ҳаёт кимни қандай қаршилаб, кимга нима инъом айлашини башоратчи одам ҳам кўпинча билолмайди.

Нима бўлмасин, қанақа ўзгариш ё эврилишлар юз бермасин, одам қавмини ҳаёт ҳамиша ўзининг “хусусий” ҳақиқатларига инонтириб, ҳукмларига иқрор этади. Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёт ва замоннинг биринчи даражали вазифаларини бажаришда ташаббус ва фаоллик кўрсатиши ҳам бежиз эмас.

Жаҳон саҳнасида нима кўп – мураккаб ва қалтис ижтимоий-ахлоқий, мафкуравий муаммо кўп. Ақл, журъат, тадбир билан уларнинг ҳаммаси ҳал бўлади. Шу маънода ҳам Президентнинг ғайраткорлик тажрибаси катта-кичикка ибратдир. Юртим, элим дея оладиган киши ич-ичдан фаол бўлмоғи, қатъият билан яхшини – яхши, ёмонни – ёмон, оқни – оқ, қорани – қора дейиш даражасида холис сўзлашга етишмоғи жоиз. Бунинг учун шак-шубҳасизки, ҳар бир фуқаро фикр ва савия қолоқлиги, қуллик ва мутелик таҳликаси, амалпарастлик ва сохта ватанпарварлик ҳийла-найрангларидан қутулиш керак.

Донишманд табиат одам дунёни нафс ва тама бузишига унга шубҳаланмайди. Мансаб, мартаба, шон-шуҳрат, бойлик илинжида миллатсеварлик, фидойилик ролини ижро этувчиларнинг йўлларини тўсиш кони фойда. Ва бу Ғарб файласуфларидан бирининг “Миллиятчилик, олчоқларнинг сўнгги бекати” деган гапининг асосли эканини тасдиқлайди. Демоқчиманки, миллий онг, миллий шуур ва миллий мафкура тақдирига бутун борлиғи ила ўзини жавобгар ҳис қиладиган халқ ё миллат ўзига танқидий қарай олиш малакасига сира шикаст етказмаслиги лозим. Бу – ҳаёт-мамот масаласи.

Минг афсуски, ўтмиш тарихимизда айни шу жиҳатдан ноқислик, оқсоқлик кўп бўлган. Фойдали ва ибратли хулосалар чиқариш учун уларни албатта хотирадан четлаштирмаслик зарур.

Ўтган асрнинг бошларида хоразмлик шоир Аваз Ўтар “Халқ” радифли шеър ёзиб, “Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ”, деб фарёд чеккан. Ва бу фарёд ҳавойиликдан ҳам, бадбинликдан ҳам фориғ эди. Орадан тахминан бир асрдан зиёдроқ вақт кечгач, улкан шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Қачон халқ бўласан эй, сен – оломон?!” дея кўндаланг ташланган саволида ёлғиз Аваз, Фурқат ё Муқимийларнинг эмас, Фитрат, Қодирий, Чўлпонларнинг ҳам кўксини тилган миллий кулфатларга ишорат бор эди.

Оломонлик, тўдачилик, маҳаллийчилик, манманлик бош кўтарган жойда миллатнинг миллат ўлароқ илдамлашига ғов бўладиган ижтимоий-маънавий ҳийла-найранг ва риёкорликларга ўз-ўзидан йўл очилаверади. Ташқи ғанимдан ҳам бу хавфли. Умуман олганда эса, халқ аталмиш мавжудликнинг табиатида сифат ўзгариши анча-секинлик билан юзага чиқадиган ҳодисадир. “Барча кулфат шундаки, – деган эди ўзбекнинг яна бир унутилмас шоири Эркин Воҳидов, – бизда баландроқ курси, мўмай мукофот ёхуд депутатлик нишони ваъда қилинса, миллат халқ, ватан тақдирини унутиб қўядиган элдошларимиз кўп” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1990 йил 13 июль).

Бунақа корчалонлар сони илму ижод кишилари орасида ҳам гоҳ кўпайиб, гоҳо камайиб туриши кўпчиликка сир эмас. Ёмон томони эса, нафс-у ҳаво, маддоҳлик ва хушомад билан эришилган “муваффақият”нинг энди-энди тўғрилик ҳисси куртаклаётган ёшлар, ўсмирлар тарбияси ҳамда ишонч-эътиқодига бағоят салбий таъсир ўтказишидир. Тўғри, ватан ва миллат қисмати учун куйиб-ёниш, ҳеч бир ғараз ё иддаосиз жонбозлик кўрсата билиш аслида қондан – қонга, авлоддан – авлодга мерос ўтадиган покиза туйғу, ноёб хислат бўлса-да, уларни ижтимоий муҳит, ҳар турли муносабат, фикр-қараш таъсиридан йироқ бир ҳолда тасаввур қилиш ҳам мумкинмас. Шундай пайтларда адабиётнинг кучи ва халоскорлиги тамоман бошқача бўлади.

1-72_ulug-zot.jpgЭлимиз Навоий асарларини, ҳар қалай, ўқиб-ўрганади. Навоий даҳосига меҳр-муҳаббат изҳор этувчиларнинг-ку, сони етиб ортади. Бироқ ориф, мутафаккир Навоий фикрларининг мағзини чақиб, ҳамма вақт ҳам мушоҳада юритишга қунт қиладиганлар барибир сийрак учрайди. Ваҳоланки, Навоийга таянилса, ҳар қанақа жумбоқ ё зиддиятнинг ҳам илдизи очилади. Илдиз, яъни туб моҳиятга томон бориш эса кишининг эшитиш маданияти, муҳокама қобилияти ва тасаввур имкониятларининг юксалишига яқиндан ёрдам беради.

Дарвоқе, давлат ва миллатнинг бутунлиги, парчаланмаслигини кўзлаб, уруғ-аймоқчилик, тўдакашлик, қабилавий жаҳолат ҳамда маданиятсизликнинг давоми бўлмиш маҳаллийчиликка қарши Навоий ўзини аямай курашган. Айни шу сабабдан ҳам у “аҳли суврат” – фақат кўриниши одамга ўхшаш бандаларга подшоҳ бўлишдан, “аҳли маъни” – илмли, маърифатга ошно, фикри очиқ, энг асосийси, ҳайвоний ва шайтоний ҳирслар хуружидан фориғ тоифанинг гадоси бўлишни кўп афзал ҳисоблаган. Ва инсонийлик шарафи, баркамоллик талабларига жавоб беришга қодир Шахслар тийнатини назарда тутиб:

Одами эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами,

деган. Навоийдай донишманд, ижодкор ўзини танимаган, демакки эл-юрт ғаму ташвишини бир чақага ҳам арзитолмайдиганларга шундай сўзлар билан мурожаат этиши мумкинмди? Гап шундаки, байтдаги “халқ ғами” ибораси кенг қамровли бўлиб, халқни – халқ, миллатни – миллат мақомига юксалишига ҳар бир зиёли, илғор ва фидойи киши ўз ҳиссасини қўшиши керак, деган ҳақиқатни ҳам у ўз ичига олган.

Ўтган йили сайловчилар билан бўлган учрашувлардан бирида президентликка номзод Ш.М.Мирзиёев Навоийнинг юқоридаги байтини хотирлаб, халқ тушунчасини оддий, меҳнаткаш, ҳалол инсоннинг эмин-эркин ва бахтли ҳаёт кечиришидан ажратмаслик кераклигига урғу берган эди. Айни пайтда, хусусан, амалдорлик тизимидаги лоқайдлик, кўзбўямачилик, қоғозбозлик, амалпарастликлар халқ юкини асло енгиллатмаслигини ҳам далил тилида таъкидлаб ўтди. Демак, Навоий шоҳбайтидаги “халқ ғами” иборасини воқелик билан алоқадорликда фикр қилсак, оддий, заҳматкаш, меҳнатсевар одамларнинг моддий ва маънавий ҳаёт манзаралари бизга янада ёрқинроқ кўринади. Раҳбар тоифанинг элдан ажралиб қолишига барҳам бериш, сўзда эмас, амалда элга яқинлашиш, фуқаро манфаатининг дахлсизлигини кафолатлаш долзарб масала эканлигига шубҳаланувчилар сони нисбатан камайиб бораётир. Адолат, инсоф, ҳамжиҳатлик нуқтаи назаридан бу катта ютуқ.

Модомики, гап халқ дарди ва халққа чин ғамхўрлик ҳақида экан, китоб нашри сифати ва китобхонлик маданияти, илм-фан равнақи ва олимлик қадри ҳамда рутбаси, адабиёт ва чин ижодкор мавқеини кўтаришга астойдил киришилганини сўзламай бўладими?

Ёшим етмишга ёвуқлаб қолди. Умримда мен давлат бошлиқларидан ҳеч кимни мақтаб, манфаат, тама, риё ёки Навоий айтмоқчи, ўйинчилик туфайли улардан ҳеч бировининг сиёсатини таърифлаганим йўқ. Ўша холислик юракни тарк этмаганига минг қатла шукр дейман. Боз устига, қиладиган ишлари ошиб-тошиб ётган кекса бир олимнинг қандайдир бир ғараз ва иддаога берилиб нималардир дейиши – уятсизликдан ҳам бадтардир. Лекин жонажон, заҳматкаш элинг, беғараз ва танти қавмдошларинг ҳаёти ва толеида қувонса арзирли ўзгаришлар, айримларини тасаввур қилиш қийин бўлган умидбахш натижаларни кўриб, билиб, мум тишлаб, ўз қадрдон соҳанг бўлган илм-фан ва аҳли илмга кўрсатилган ғамхўрлик, жавонмардликка самимий миннатдорлик билдирмаслик – бу ҳам одамийлик, ҳақпарастлик мезонларига мувофиқ келадиган ҳолат эмас, албатта. Миллион-миллион халойиқни, аввало, нима илҳомлантираётир? Мустақиллик хос очиқлик, ошкоралик, фикрлашдаги эркинлик. Сув ва ҳаводай зарури ҳам шу!

Мен қирқ йилдан зиёд Ўзбекистон Фанлар академиясининг энг обрўли илмий-тадқиқот муссасаси – Тил ва адабиёт институтида ишладим. Бу табаррук илмий даргоҳда халқимизнинг Ойбек, Ҳоди Зариф, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Ҳомил Ёқубов, Абдуқодир Ҳайитметов, Шоназар Шоабдураҳмонов, Азим Ҳожиев каби ўнлаб талантли фарзандлари фаолият кўрсатиб, нафақат собиқ иттифоқ, балки дунёда эътироф этилган тадқиқот ва китобларни яратишган. Шу институт ва номлари тилга олинган алломаларга маслакдош олимлар бўлмаганида, қанчадан-қанча амалга оширилган хайрли ишлар бажарилмай қолаверарди. Биргина мисол келтирмоқчиман.

У ёки бу давлатнинг сиёсий, маданий ва мафкуравий қиёфасини унинг ҳақиқий адабиёт ва чинакам ижодкорга муносабатига қараб билиш ё аниқлаш қийин эмас. Мустабид шўро салтанати халқимизнинг ўнлаб мутафаккир, мутасаввиф, ҳурриятчи ижодкорларини ҳар турли туҳмат ва ғоявий уйдирмалар билан бадном қилиб, ўзининг бутун ҳукмронлик даври мобайнида уларнинг китобларини нашр этиб, халққа етказишни таъқиқлади. Шундай қаттол замонда ҳам илмни “воситаи жоҳ” этмаган олимларнинг қўллаб-қувватлаши ва холис кўмаги билан “пири Туркистон” (Навоий) Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”, Сулаймон Боқирғонийнинг “Боқирғон китоби” ва буюк мужоҳид санъаткор Абдулҳамид Чўлпоннинг “Баҳорни соғиндим” шеърий мажмуаси ўқувчиларга етказилиб, муаллифларнинг ҳаёти, ижодиётига бағишлаб институтда кўплаб тадқиқотлар яратилди. Бундай факт ва ҳодисалар кўп, уларни шарҳлашнинг ўзиёқ Тил ва адабиёт институти миллат илм-фани, маданий ҳаёти ва тафаккури тараққиётига нечоғли самарали таъсир қилганини тасаввур этмоқ учун етарли бўлади.

Маълум бир сабабга кўра Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти академия таркибидан ажратилган эди. Ўтган йил ноябрь ойида бир гуруҳ илмий ходимлар институтни яна академияга қайтариш зарурлигини асослаб, Ш.М.Мирзиёевга илтимоснома жўнатишганди. Унда, жумладан, шундай сўзлар битилган: “Биз Сиздан (яъни Ш.М.Мирзиёевдан – И.Ҳ.) институтимизнинг ЎзР Фанлар академиясининг институтларидан бири сифатида қайта фаолият бошлашига ёрдам беришингизни илтимос қиламиз. Бу иш ҳақиқатда тарихий хизмат бўлиши, институт тил ва адабиёт мавзуларининг, хусусан, улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг кўпқиррали ижодини ғайрат билан ўрганадиган илмий марказ бўлиб қолишига Сизни ишонтирамиз…”.

Шу илтимос қондирилиб, илмий жамоамиз истаги рўёбга чиқарилди. Яқинда Ўзбекистон Президентининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарорида институтимизга “Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти” номи билан қайта фаолият бошлашга рухсат берилди. Бундай ҳиммат ва олижаноблик юракда шодлик ва миннатдорлик ҳиссиётларини уйғотди.

Тил – миллат руҳининг боқий манбаи, сўз ва тафаккур хазинаси. Фольклор – эл – элатнинг туғма таланти, табиий завқ-шавқи, донолик ва жасоратининг хилма-хил шакллардаги ифодасидир. Ёзма адабиёт эса миллатнинг у ёки бу замон доирасидаги қалб мушоҳадаси, кўнгил оламидаги шодлик ва дардларининг тасвирларидир. Булар бир бутун ҳолда халқнинг жаҳон аҳли орасидаги мавқеини тўла намоён этади.

Академик фан – махсус изланиш ва тадқиқотчиликни талаб қиладиган, мустақил ва кенг кўламли тафаккурга асосланган, ҳар қандай саёз, умри қисқа фикр-мулоҳазалардан инсонни ҳимоя этадиган фандир. Унинг натижалари ҳамиша истиқбол ва мамлакат тараққиётига хизмат қилади.

Мен ўйлайманки, институтимиз тил, адабиёт, халқ оғзаки ижодиёти мавзуларини тадқиқ этадиган илм ўчоғи сифатида давр талабларига мувофиқ натижа ва ютуқларга эришади.

21.02.17

MULOQOT – HAMJIHATLIKKA CHORLOV
Ibrohim HAQQUL
009

Ibrohim Haqqul Buxoro viloyati, Shofirkon tumanida tug‘ilgan.O‘zR Fanlar akademiyasi O‘zbek tili, adabiyoti va folklori institutining bo‘lim boshlig‘i, filologiya fanlari doktori Mumtoz va zamonaviy adabiyat tadqiqiga bag‘ishlangan «Badiiy so‘z shukuhi», «Zanjirband sher qoshida», «She’riyat — ruhiy munosabat», «Abadiyat farzandlari», «Tasavvuf va she’riyat», «Taqdir va tafakkur», «Navoiyga qaytish», «Meros va mohiyat» kabi kitoblari chop etilgan. Olimning ayrim maqola va kitoblari turk, uyg‘ur, ozarbayjon, tojik va rus tillariga tarjima qilingan.

009

Dunyoning eng keng, eng fayzli koshonasi hayotdir. Shu bilan birga eng sirli, ba’zan eng mubham, ya’ni yopiq maydoni ham hayot. Umr chorrahalarida hayot kimni qanday qarshilab, kimga nima in’om aylashini bashoratchi odam ham ko‘pincha bilolmaydi.

Nima bo‘lmasin, qanaqa o‘zgarish yo evrilishlar yuz bermasin, odam qavmini hayot hamisha o‘zining “xususiy” haqiqatlariga inontirib, hukmlariga iqror etadi. O‘zbekistonning yangi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning hayot va zamonning birinchi darajali vazifalarini bajarishda tashabbus va faollik ko‘rsatishi ham bejiz emas.

Jahon sahnasida nima ko‘p – murakkab va qaltis ijtimoiy-axloqiy, mafkuraviy muammo ko‘p. Aql, jur’at, tadbir bilan ularning hammasi hal bo‘ladi. Shu ma’noda ham Prezidentning g‘ayratkorlik tajribasi katta-kichikka ibratdir. Yurtim, elim deya oladigan kishi ich-ichdan faol bo‘lmog‘i, qat’iyat bilan yaxshini – yaxshi, yomonni – yomon, oqni – oq, qorani – qora deyish darajasida xolis so‘zlashga yetishmog‘i joiz. Buning uchun shak-shubhasizki, har bir fuqaro fikr va saviya qoloqligi, qullik va mutelik tahlikasi, amalparastlik va soxta vatanparvarlik hiyla-nayranglaridan qutulish kerak.

Donishmand tabiat odam dunyoni nafs va tama buzishiga unga shubhalanmaydi. Mansab, martaba, shon-shuhrat, boylik ilinjida millatsevarlik, fidoyilik rolini ijro etuvchilarning yo‘llarini to‘sish koni foyda. Va bu G‘arb faylasuflaridan birining “Milliyatchilik, olchoqlarning so‘nggi bekati” degan gapining asosli ekanini tasdiqlaydi. Demoqchimanki, milliy ong, milliy shuur va milliy mafkura taqdiriga butun borlig‘i ila o‘zini javobgar his qiladigan xalq yo millat o‘ziga tanqidiy qaray olish malakasiga sira shikast yetkazmasligi lozim. Bu – hayot-mamot masalasi.

Ming afsuski, o‘tmish tariximizda ayni shu jihatdan noqislik, oqsoqlik ko‘p bo‘lgan. Foydali va ibratli xulosalar chiqarish uchun ularni albatta xotiradan chetlashtirmaslik zarur.

O‘tgan asrning boshlarida xorazmlik shoir Avaz O‘tar “Xalq” radifli she’r yozib, “Yo‘q jahon mulkida bizdek ojizu bechora xalq”, deb faryod chekkan. Va bu faryod havoyilikdan ham, badbinlikdan ham forig‘ edi. Oradan taxminan bir asrdan ziyodroq vaqt kechgach, ulkan shoirimiz Abdulla Oripovning “Qachon xalq bo‘lasan ey, sen – olomon?!” deya ko‘ndalang tashlangan savolida yolg‘iz Avaz, Furqat yo Muqimiylarning emas, Fitrat, Qodiriy, Cho‘lponlarning ham ko‘ksini tilgan milliy kulfatlarga ishorat bor edi.

Olomonlik, to‘dachilik, mahalliychilik, manmanlik bosh ko‘targan joyda millatning millat o‘laroq ildamlashiga g‘ov bo‘ladigan ijtimoiy-ma’naviy hiyla-nayrang va riyokorliklarga o‘z-o‘zidan yo‘l ochilaveradi. Tashqi g‘animdan ham bu xavfli. Umuman olganda esa, xalq atalmish mavjudlikning tabiatida sifat o‘zgarishi ancha-sekinlik bilan yuzaga chiqadigan hodisadir. “Barcha kulfat shundaki, – degan edi o‘zbekning yana bir unutilmas shoiri Erkin Vohidov, – bizda balandroq kursi, mo‘may mukofot yoxud deputatlik nishoni va’da qilinsa, millat xalq, vatan taqdirini unutib qo‘yadigan eldoshlarimiz ko‘p” (“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, 1990 yil 13 iyul).

Bunaqa korchalonlar soni ilmu ijod kishilari orasida ham goh ko‘payib, goho kamayib turishi ko‘pchilikka sir emas. Yomon tomoni esa, nafs-u havo, maddohlik va xushomad bilan erishilgan “muvaffaqiyat”ning endi-endi to‘g‘rilik hissi kurtaklayotgan yoshlar, o‘smirlar tarbiyasi hamda ishonch-e’tiqodiga bag‘oyat salbiy ta’sir o‘tkazishidir. To‘g‘ri, vatan va millat qismati uchun kuyib-yonish, hech bir g‘araz yo iddaosiz jonbozlik ko‘rsata bilish aslida qondan – qonga, avloddan – avlodga meros o‘tadigan pokiza tuyg‘u, noyob xislat bo‘lsa-da, ularni ijtimoiy muhit, har turli munosabat, fikr-qarash ta’siridan yiroq bir holda tasavvur qilish ham mumkinmas. Shunday paytlarda adabiyotning kuchi va xaloskorligi tamoman boshqacha bo‘ladi.

0 alisher1-1.jpgElimiz Navoiy asarlarini, har qalay, o‘qib-o‘rganadi. Navoiy dahosiga mehr-muhabbat izhor etuvchilarning-ku, soni yetib ortadi. Biroq orif, mutafakkir Navoiy fikrlarining mag‘zini chaqib, hamma vaqt ham mushohada yuritishga qunt qiladiganlar baribir siyrak uchraydi. Vaholanki, Navoiyga tayanilsa, har qanaqa jumboq yo ziddiyatning ham ildizi ochiladi. Ildiz, ya’ni tub mohiyatga tomon borish esa kishining eshitish madaniyati, muhokama qobiliyati va tasavvur imkoniyatlarining yuksalishiga yaqindan yordam beradi.

Darvoqe, davlat va millatning butunligi, parchalanmasligini ko‘zlab, urug‘-aymoqchilik, to‘dakashlik, qabilaviy jaholat hamda madaniyatsizlikning davomi bo‘lmish mahalliychilikka qarshi Navoiy o‘zini ayamay kurashgan. Ayni shu sababdan ham u “ahli suvrat” – faqat ko‘rinishi odamga o‘xshash bandalarga podshoh bo‘lishdan, “ahli ma’ni” – ilmli, ma’rifatga oshno, fikri ochiq, eng asosiysi, hayvoniy va shaytoniy hirslar xurujidan forig‘ toifaning gadosi bo‘lishni ko‘p afzal hisoblagan. Va insoniylik sharafi, barkamollik talablariga javob berishga qodir Shaxslar tiynatini nazarda tutib:

Odami ersang demagil odami,
Oniki yo‘q xalq g‘amidin g‘ami,

degan. Navoiyday donishmand, ijodkor o‘zini tanimagan, demakki el-yurt g‘amu tashvishini bir chaqaga ham arzitolmaydiganlarga shunday so‘zlar bilan murojaat etishi mumkinmdi? Gap shundaki, baytdagi “xalq g‘ami” iborasi keng qamrovli bo‘lib, xalqni – xalq, millatni – millat maqomiga yuksalishiga har bir ziyoli, ilg‘or va fidoyi kishi o‘z hissasini qo‘shishi kerak, degan haqiqatni ham u o‘z ichiga olgan.

O‘tgan yili saylovchilar bilan bo‘lgan uchrashuvlardan birida prezidentlikka nomzod Sh.M.Mirziyoyev Navoiyning yuqoridagi baytini xotirlab, xalq tushunchasini oddiy, mehnatkash, halol insonning emin-erkin va baxtli hayot kechirishidan ajratmaslik kerakligiga urg‘u bergan edi. Ayni paytda, xususan, amaldorlik tizimidagi loqaydlik, ko‘zbo‘yamachilik, qog‘ozbozlik, amalparastliklar xalq yukini aslo yengillatmasligini ham dalil tilida ta’kidlab o‘tdi. Demak, Navoiy shohbaytidagi “xalq g‘ami” iborasini voqelik bilan aloqadorlikda fikr qilsak, oddiy, zahmatkash, mehnatsevar odamlarning moddiy va ma’naviy hayot manzaralari bizga yanada yorqinroq ko‘rinadi. Rahbar toifaning eldan ajralib qolishiga barham berish, so‘zda emas, amalda elga yaqinlashish, fuqaro manfaatining daxlsizligini kafolatlash dolzarb masala ekanligiga shubhalanuvchilar soni nisbatan kamayib borayotir. Adolat, insof, hamjihatlik nuqtai nazaridan bu katta yutuq.

Modomiki, gap xalq dardi va xalqqa chin g‘amxo‘rlik haqida ekan, kitob nashri sifati va kitobxonlik madaniyati, ilm-fan ravnaqi va olimlik qadri hamda rutbasi, adabiyot va chin ijodkor mavqeini ko‘tarishga astoydil kirishilganini so‘zlamay bo‘ladimi?

Yoshim yetmishga yovuqlab qoldi. Umrimda men davlat boshliqlaridan hech kimni maqtab, manfaat, tama, riyo yoki Navoiy aytmoqchi, o‘yinchilik tufayli ulardan hech birovining siyosatini ta’riflaganim yo‘q. O‘sha xolislik yurakni tark etmaganiga ming qatla shukr deyman. Boz ustiga, qiladigan ishlari oshib-toshib yotgan keksa bir olimning qandaydir bir g‘araz va iddaoga berilib nimalardir deyishi – uyatsizlikdan ham badtardir. Lekin jonajon, zahmatkash eling, beg‘araz va tanti qavmdoshlaring hayoti va toleida quvonsa arzirli o‘zgarishlar, ayrimlarini tasavvur qilish qiyin bo‘lgan umidbaxsh natijalarni ko‘rib, bilib, mum tishlab, o‘z qadrdon sohang bo‘lgan ilm-fan va ahli ilmga ko‘rsatilgan g‘amxo‘rlik, javonmardlikka samimiy minnatdorlik bildirmaslik – bu ham odamiylik, haqparastlik mezonlariga muvofiq keladigan holat emas, albatta. Million-million xaloyiqni, avvalo, nima ilhomlantirayotir? Mustaqillik xos ochiqlik, oshkoralik, fikrlashdagi erkinlik. Suv va havoday zaruri ham shu!

Men qirq yildan ziyod O‘zbekiston Fanlar akademiyasining eng obro‘li ilmiy-tadqiqot mussasasi – Til va adabiyot institutida ishladim. Bu tabarruk ilmiy dargohda xalqimizning Oybek, Hodi Zarif, Vohid Zohidov, Izzat Sulton, Homil Yoqubov, Abduqodir Hayitmetov, Shonazar Shoabdurahmonov, Azim Hojiyev kabi o‘nlab talantli farzandlari faoliyat ko‘rsatib, nafaqat sobiq ittifoq, balki dunyoda e’tirof etilgan tadqiqot va kitoblarni yaratishgan. Shu institut va nomlari tilga olingan allomalarga maslakdosh olimlar bo‘lmaganida, qanchadan-qancha amalga oshirilgan xayrli ishlar bajarilmay qolaverardi. Birgina misol keltirmoqchiman.

U yoki bu davlatning siyosiy, madaniy va mafkuraviy qiyofasini uning haqiqiy adabiyot va chinakam ijodkorga munosabatiga qarab bilish yo aniqlash qiyin emas. Mustabid sho‘ro saltanati xalqimizning o‘nlab mutafakkir, mutasavvif, hurriyatchi ijodkorlarini har turli tuhmat va g‘oyaviy uydirmalar bilan badnom qilib, o‘zining butun hukmronlik davri mobaynida ularning kitoblarini nashr etib, xalqqa yetkazishni ta’qiqladi. Shunday qattol zamonda ham ilmni “vositai joh” etmagan olimlarning qo‘llab-quvvatlashi va xolis ko‘magi bilan “piri Turkiston” (Navoiy) Xoja Ahmad Yassaviyning “Devoni hikmat”, Sulaymon Boqirg‘oniyning “Boqirg‘on kitobi” va buyuk mujohid san’atkor Abdulhamid Cho‘lponning “Bahorni sog‘indim” she’riy majmuasi o‘quvchilarga yetkazilib, mualliflarning hayoti, ijodiyotiga bag‘ishlab institutda ko‘plab tadqiqotlar yaratildi. Bunday fakt va hodisalar ko‘p, ularni sharhlashning o‘ziyoq Til va adabiyot instituti millat ilm-fani, madaniy hayoti va tafakkuri taraqqiyotiga nechog‘li samarali ta’sir qilganini tasavvur etmoq uchun yetarli bo‘ladi.

Ma’lum bir sababga ko‘ra Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot instituti akademiya tarkibidan ajratilgan edi. O‘tgan yil noyabr oyida bir guruh ilmiy xodimlar institutni yana akademiyaga qaytarish zarurligini asoslab, Sh.M.Mirziyoyevga iltimosnoma jo‘natishgandi. Unda, jumladan, shunday so‘zlar bitilgan: “Biz Sizdan (ya’ni Sh.M.Mirziyoyevdan – I.H.) institutimizning O‘zR Fanlar akademiyasining institutlaridan biri sifatida qayta faoliyat boshlashiga yordam berishingizni iltimos qilamiz. Bu ish haqiqatda tarixiy xizmat bo‘lishi, institut til va adabiyot mavzularining, xususan, ulug‘ mutafakkir shoir Alisher Navoiyning ko‘pqirrali ijodini g‘ayrat bilan o‘rganadigan ilmiy markaz bo‘lib qolishiga Sizni ishontiramiz…”.

Shu iltimos qondirilib, ilmiy jamoamiz istagi ro‘yobga chiqarildi. Yaqinda O‘zbekiston Prezidentining “Fanlar akademiyasi faoliyati, ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil etish, boshqarish va moliyalashtirishni yanada takomillashtirish tadbirlari to‘g‘risida”gi tarixiy qarorida institutimizga “O‘zbek tili, adabiyoti va folklori instituti” nomi bilan qayta faoliyat boshlashga ruxsat berildi. Bunday himmat va olijanoblik yurakda shodlik va minnatdorlik hissiyotlarini uyg‘otdi.

Til – millat ruhining boqiy manbai, so‘z va tafakkur xazinasi. Folklor – el – elatning tug‘ma talanti, tabiiy zavq-shavqi, donolik va jasoratining xilma-xil shakllardagi ifodasidir. Yozma adabiyot esa millatning u yoki bu zamon doirasidagi qalb mushohadasi, ko‘ngil olamidagi shodlik va dardlarining tasvirlaridir. Bular bir butun holda xalqning jahon ahli orasidagi mavqeini to‘la namoyon etadi.

Akademik fan – maxsus izlanish va tadqiqotchilikni talab qiladigan, mustaqil va keng ko‘lamli tafakkurga asoslangan, har qanday sayoz, umri qisqa fikr-mulohazalardan insonni himoya etadigan fandir. Uning natijalari hamisha istiqbol va mamlakat taraqqiyotiga xizmat qiladi.

Men o‘ylaymanki, institutimiz til, adabiyot, xalq og‘zaki ijodiyoti mavzularini tadqiq etadigan ilm o‘chog‘i sifatida davr talablariga muvofiq natija va yutuqlarga erishadi.

21.02.17

Ibrohim Haqqul. Navoiyga Qaytish — 1 Kitob (Kirill & Lotin) by Khurshid Davron on Scribd

041

(Tashriflar: umumiy 343, bugungi 1)

3 izoh

  1. Мақолада «Элимиз Алишер Навоийни,ҳар қалай, ўрганади»,деб айтилган гап одамнинг ғашини келтиради.Сабабики,элимиз ҳазрати Алишер Навоийни «ҳар қалай»тарзида эмас,ўзига ақлан,руҳан,қалбан яқин олиб ўрганади,улуғ Навоийни бир навоийшуносдан ортиқ ҳурмат қилиб,қадрлаб,дуода ёд,фотиҳада шод этиб ўрганади.Айниқса,элу юрт кори учун ўзгача ғайрат кўрсатаётган презитентимиз Шавкат Миромонович Алишер Навоийнинг шоҳбайтини тилга олган нурли нуқтада ва эл билан боғлиқ фикрларларда иккиланишни, шубҳаю гумонни англатувчи «ҳар қалай» каби жумлаларни ишлатиш одобдан эмас.Бу ўринда ҳурматли шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг «Иккиланиб босилган йўл унмас экан,унмас экан»деган пурҳикмат мисраларини эслагим келди.

  2. Домла Иброҳим Ҳаққулнинг «ҳар қалай» ўрганмоқда»,-деган гапларига қўшиламан. Навоийни миллатимизнинг қайси хонадони ҳар куни ўқимоқда, асарларини таҳлил қилмоқда. Навоийхонлик ҳам асосан ҳазрат таваллуд топган айём пайтидагина бўлиб ўтади. Қолаверса, Навоийни минг ўрганган тақдирда ҳам, «илму-амал» қилмас эканмиз, уни билдик, ўргандик дейишимиз ножоиз. Ҳазрат ҳикматларига амал қилиб яшаганимизда эди…
    «Навоийни ўрганаётган эл» деганда, Буробия, нафақат, аҳолининг маълум бир қисмини, балки майли, аҳолининг 75% ни, ёинки, 65% ни олиб гапирайлик.

Izoh qoldiring