Shahlo Ahrorova. Men bahorni yaxshi ko’raman. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.02.26_18h57m54s_002_.png    Жиззахлик шоира Шаҳло Аҳророванинг жуда кўп шеърлари қўшиқ бўлган. Шоира халқона оҳангларда ёзишни яхши кўради. Бугун унинг бир туркум шеърларини сизга тақдим этмоқдамиз.

Шаҳло АҲРОРОВА
МЕН БАҲОРНИ ЯХШИ КЎРАМАН
Шеърлар
003

1-2.jpgШаҳло Аҳророва Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 2006-2007-йиллар Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Бугунга қадар 5 та шеърлар, достонлар, қиссалардан иборат тўпламлари чоп этилган. (1994 йилда “Эъзозим”, 1997 йилда “Суйдирдингиз, суймадингиз”, 2002 йилда “Моҳим”, 2007 йилда “Сени ўйламоқдан воз кечолмайман”, 2009 йилда “Ишқ нафаси” номли шеърлар тўплами) “Дала ҳовлидаги қотиллик” насрий тўплами чоп этилиш арафасида. Жуда кўп шеърлари қўшиқ бўлган. “Дилбар” қиссаси асосида “Ўзбекистон” телеканалида телесериал ишланган.
“Шуҳрат” медали ва Ўзбекистон ёшлари “Камолот” мукофоти, Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига «Эсдалик нишони» совриндори.

003

БАҲОРЖОН

Кўнглим бўлсин бўсоғанг сенинг,
Кўнглимга гул сепгин, баҳоржон.
Жоним бўлсин садоғанг сенинг,
Кел, юзимдан ўпгин, баҳоржон!

Пойингда қиш йиғлади юм-юм,
Майли, унинг гуноҳидан ўт.
Йўлларингга югурган сўлим-
Бойчечакнинг қўлларидан тут.

Булутнинг доғ кўнглини ювгин,
Ёмғир-кимнинг ёши, баҳоржон?
Гул юзингга тегиб кетмасин,
Ёмонларнинг тоши, баҳоржон!

Ойнасини синдириб чил-чил,
Чопқиллади булоқчаларинг.
Ҳув, дангаса майсалар-кокил,
Чўзиб қўйгин қулоқчаларин.

Кўнгил энтикмоқда, оҳ, бу ҳур,
Руҳимда бир эпкин, баҳоржон!
Яна сенга етказди, шукур,
Кел, юзимдан ўпгин, баҳоржон!

БУНДАЙ ГЎЗАЛ ЮРТ ҚАЙДА БОР!

Остонасин ўпар экан чумоли ҳам,
Ўз гўшасин авайлаган ҳар жойда бор.
Дунё кезиб топдингми, айт, бундай бекам,
Наврўзгинам, бундай гўзал юрт қайда бор!

Камалаклар ярашади бўйларига,
Боғларига қайтмас бўлиб келгай, баҳор.
Ой-юлдузлар рақсга тушар тўйларида
Бахти буюк, бундай гўзал юрт қайда бор!

Чўпни суқсанг, боғ бўлади, гул кўкарар,
Бир-бирига меҳр бериб, дил кўкарар,
Бу гўшада ўзига бек эл кўкарар,
Шаҳди буюк, бундай танти юрт қайда бор!

Эшигидан ёв келса ҳам салом дейди,
Тинчлик сўзи энг муқаддас калом дейди,
Қўйиб берсанг, дунёни ҳам болам, дейди,
Аҳди буюк, бундай азиз юрт қайда бор!

Бир ўлка-ки, бахтга йўллар карвонлари,
Суягини хор айламас султонлари,
Олам бўйлаб янграр булбул забонлари,
Наврузгинам, бундай гўзал юрт қайда бор!

Алпларининг юрагида ўт тошади,
Келинлари сен-ла ҳусн талашади,
Бир майизни қирқ дўст билан бўлашади,
Бағри бутун, бундай сахий юрт қайда бор!

Юрагида фақат эзгу ўйлар жўшган,
Бисмилло, деб қўл уради ҳар бир ишга,
Ёзида ҳам бир кел, ҳандалак ейишга!
Наврўзгинам, бундай хушфеъл юрт қайда бор!

ОНА ТУПРОҚ

Мендай суйганингни айтавермайсан,
Лекин мени мендан суясан кўпроқ.
Онам қўлларидай юзимни силаб
Менга нон тутарсан эй, она тупроқ.

Гоҳ сендан узилсам, кўкка кузатиб,
Дарахт бўлиб шарбат тутаверасан.
Ота уйим бўлиб мени узатиб,
Сўнг изимга боқиб кутаверасан.

Соғинчсан, онамни эслаган чоғи,
Отам десам оғриқ санчар кўксимда.
Айтгил, бу соғинчнинг борми салмоғи,
Оғриқнинг ўлчови қанча кўксимда?

Нетай, бандаман-да, фаришта эмас,
Гоҳи хохлаб қолсам бергандан кўпроқ,
Яна она бўлиб ортимдан бесас
Инсоф сўраб изим ўпасан, тупроқ.

Онамдай жилмайиб боқаверасан,
Дардинг сездирмайсан кўнглингни очиб.
Ўзбексан-да содда, ўзбексан сахий,
Меҳрингдай насибам берасан сочиб.

Малолим келмайин, қилмайин зарда,
Сендай ризқим тутар ким, она тупроқ?
Ўтинчим, камолим кўриб, сўнг чоғда
Ўзинг кўзларимни юм, она тупроқ…

ОЛТИН БЕШИК
Сардорга

Олтин бешик, аллам тинглаб
Олам тебранар бунда.
Алпомишдай хуш келбатли
Болам тебранар бунда.
Алла-ё, алла…

Онанинг оқ сути бирла
Бир меҳрни айлаб жой,
Олтин бешик, нурдай балқиб
Қучоғингда ухлар ой.
Алла-ё, алла…

Ой боламнинг, сор боламнинг
Тахти сендан бошланур.
Олтин бешик, бу оламнинг
Бахти сендан бошланур.
Алла-ё, алла…

Умидлари нурдай тоза,
Ойдан ойдин тилаги,
Олтин бешик, бек боламнинг
Гулдан бўлсин юраги.
Алла-ё, алла…
Алла-ё, алла…

Олтин бешик, бағрингдаги
Мурғаккина шу жоним,
Ҳозир ухлар, лекин бир кун
Уйғотади дунёни!
Алла-ё, алла…

ЎТИНЧ

Сизни кўрган куни яшаради тонг,
қуёш юрагимдан сакрар фалакка.
Нурни кўзим билан талашар жаҳон,
Бундай сурур танҳо, бундай бахт якка,
Ўтинчим, шу тонгни илининг менга!

Сизни кўрган оннинг ошиғи олчи,
Титроқ тушиб кетар тўртта тарафга,
Бу лаҳза-дунёга ёзар қулочин,
Бундай ҳузур танҳо, бундай гашт якка-
Ўтинчим, шу онни илининг менга…

Пойингизда нигоҳ гуллар, келсангиз,
Жонни тўкиб берар минг бир бўлакка.
Сиз босган минг жонга, агар билсангиз,
Бундай шукуҳ танҳо, бундай шаҳд якка-
Ўтинчим шу жонни илининг менга…

Хаёлингиз қучар сармаст вужудни,
Кўкрак тор келади чўғдай юракка,
Кўзларимга сурай сиз берган ўтни,
Бундай меҳр танҳо, бундай ишқ якка-
Ўтинчим, шу ишқни илининг менга…

СОҒИНЧ ДАРАХТИ

Ҳар кун кўзларимга соғинч экаман,
Тонг қадар барг ёзиб, синиқ гуллайди.
Сўнг сабр сингари сарғаяди жим,
Сўнг яна кўксимга синиқ қулайди…

Кўзимда кўкарган соғинч дарахти
Минг йиллик чинорга ўхшаб боради.
Қуласа, илдизи кўкка қўл ёйган
Ўтинчга, изҳорга ўхшаб боради.

Ўтинчлар қабрига айланар бағрим,
Томиримни улаб илдизларига
Ҳар тун соғинчлардан ниҳоллар экиб
Ўрмон қиб бераман кундузларига …

* * *

Аллоҳ Одам Атонинг қовурғасидан
Момо Ҳавони яратибди.

Менинг яралмишим — бир сиқим тупроқ,
Битта нафас ҳаво, бир қайсар сўздан.
Бир қултум сув, бир гул кўксидан титроқ,
Бир ҳовуч ўт ҳам бир қовурғангиздан…

Тупроққа қоришиб кетишим мумкин,
Ҳавога йўғрилиб кетгай бу танам,
Чақмоқда ёришиб кетишим мумкин,
Гул юзига тонгдан томган бир шабнам…

Ҳоҳи ўтман, ҳоҳ сув ва ҳоҳи тупроқ,
Сизни суймоқ Момо Ҳаводан мерос.
Мен сизни қизғониб қоврилган сўроқ,
Чунки қовурғангиз бириман, холос.

Муҳаббатим қалқон, рашк эса қилич,
Бировга ишониб бўларми сизни?
«Бир, икки, уч-ўн бир!» — Санайман ҳар кеч,
Қўриқлаб ётаман қовурғангизни…

ОНА ТИЛИМ

Илк кўз очганимда онам сўз очиб
Шу тилда бағрига олган болам, деб.
Илк қадамларимга ёнғоқлар сочиб,
Шу тил мени йўлга солган болам, деб.

Меҳрнинг ўзбекча рангин кўрсатиб,
Онам юрагимга аллалар қуйган.
Момом чаккасига райхонлар тақиб,
Мени тонг суйса ҳам, ўзбекча суйган.

Эҳтимол, “ая”дир, илк бор деганим,
Балки, “дада”сўзин айтганман холос.
Бироқ, мен ягона- шудир билганим,
Мен илк бор ўзбекча сўйлаганим рост.

Ўзбекча суяди мени қуёш ҳам,
Бахт ҳақда ўзбекча сўйлаганман мен.
Ўз тилимда номлаб қўйиб юлдузни,
Ўй сурсам, ўзбекча ўйлаганман мен.

Жон тилим, онамдан қолган меросим,
Мени булбулдайин сайратиб қўйган.
Мен бугун дунёга қўйгум овозим,
Ўзинг қаддим кериб, яйратиб қўйган.

Бугун менинг сўзим кесолмас ҳеч ким,
Ўзлигим, ғурурим, номусимдир у.
Ўзбекча меҳрим бор, ўзбекча феълим,
Мен ўзбекча алла айтаман мангу!

* * *

Сочларимнинг қорини силтаб,
Куртак билан хаёл сураман.
Тонг нурига юзимни чайқаб
Мен баҳорни яхши кўраман…

Изғиринга парво қилмайман,
Елларнинг ёнида юраман,
Ёмон кўриш нима? Билмайман!
Мен баҳорни яхши кўраман…

Қандай яхши, кўк — баҳор бўлса,
Замин — баҳор бўлса, қандай соз!
Юрагимда муҳаббат гуллар
Мен баҳорга чиққанда пешвоз…

Юрагимнинг гулларин ўпиб,
Ҳар гул бирла ҳаёл сураман,
Майсазорга кетаман чўкиб,
Мен баҳорни яхши кўраман!

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Ул-ким, пичинг бирла ширин суҳбати,
Ошкора танбеҳу дўқидан ёмон.
Дунёда дўстингнинг бир хиёнати,
Мингта душманингнинг ўқидан ёмон!

* * *

Кимга омад, кимга бахт армон,
Кимга зару кимга тахт армон.
Қурбақага булбул боғи-ю,
Пиёдага битта от армон.

* * *
Недир излаганим бу чархи дунда?
Оғриқ юрагимга малҳамми эди?
Не сабаб қошимда ўлтириб кунда,
Дунё: «Сенга табиб эмасман» деди?

* * *

Мен сени қуёшнинг кўксидан юлдим,
Қовжироқ кўксимга қадамоқ учун.
Мен сени кўнглимнинг кўкига илдим,
Тунларимни тонг деб атамоқ учун…

* * *

О, тун бағридаги ширин азобим,
Хаёлнинг кўзига экилган оғриқ.
Дунё, ўтинаман, кўзларингни юм,
Тушлар ҳали ўнгга айлангани йўқ…

* * *

Қуёшимнинг тилло кокилин қирқиб,
Кунларим кўксига уфқин қадаган-
Эй, сен! — Нурсиз умрин шомлар ютганим,
Мени бир бор тонгим дея атагин…

* * *

Жим!
Сукунат сўзлаётир.
Сўзин бўлма, жим…
Баъзан унсиз шивирни ҳам
Тушунмоқ лозим…

НАВРЎЗ

Камалак ёғдусига
Ийманиб беланганим,
Ҳар ғунча кулгусидан
Дур бўлиб эланганим

Наврўзгинам, кел, билсанг,
Бахтга лойиқ, ёр бу юрт!
Ҳар боласин кўксида
Бир қуёши бор ,бу юрт!

Бунда тош гулга кирар,
Майсалар йўлга кирар,
Бунда жаннат қушлари
Бахт тилаб тилга кирар!

Сендек сахий қўл, бу юрт,
Дуолари мўл бу юрт,
Нурдай тоза тилаги
Эзгуликка йўл, бу юрт!

Наврўз, наврўз, гул наврўз,
Қучоқ очиб кел, наврўз,
Осмон қадар бошимдан
Ёғду сочиб кел, наврўз!

Shahlo AHROROVA
MЕN BAHORNI YAXSHI KO‘RAMAN
She’rlar
003

Shahlo Ahrorova Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug‘ilgan. 2006-2007-yillar Prezident huzuridagi Davlat va jamiyat qurilishi akademiyasini tamomlagan.
Bugunga qadar 5 ta she’rlar, dostonlar, qissalardan iborat to‘plamlari chop etilgan. (1994 yilda “E’zozim”, 1997 yilda “Suydirdingiz, suymadingiz”, 2002 yilda “Mohim”, 2007 yilda “Seni o‘ylamoqdan voz kecholmayman”, 2009 yilda “Ishq nafasi” nomli she’rlar to‘plami) “Dala hovlidagi qotillik” nasriy to‘plami chop etilish arafasida. Juda ko‘p she’rlari qo‘shiq bo‘lgan. “Dilbar” qissasi asosida “O‘zbekiston” telekanalida teleserial ishlangan.
“Shuhrat” medali va O‘zbekiston yoshlari “Kamolot” mukofoti, O‘zbekiston mustaqilligining 20 yilligiga «Esdalik nishoni» sovrindori.

003

BAHORJON

Ko‘nglim bo‘lsin bo‘sog‘ang sening,
Ko‘nglimga gul sepgin, bahorjon.Image1.JPG
Jonim bo‘lsin sadog‘ang sening,
Kel, yuzimdan o‘pgin, bahorjon!

Poyingda qish yig‘ladi yum-yum,
Mayli, uning gunohidan o‘t.
Yo‘llaringga yugurgan so‘lim-
Boychechakning qo‘llaridan tut.

Bulutning dog‘ ko‘nglini yuvgin,
Yomg‘ir-kimning yoshi, bahorjon?
Gul yuzingga tegib ketmasin,
Yomonlarning toshi, bahorjon!

Oynasini sindirib chil-chil,
Chopqilladi buloqchalaring.
Huv, dangasa maysalar-kokil,
Cho‘zib qo‘ygin quloqchalarin.

Ko‘ngil entikmoqda, oh, bu hur,
Ruhimda bir epkin, bahorjon!
Yana senga yetkazdi, shukur,
Kel, yuzimdan o‘pgin, bahorjon!

BUNDAY GO‘ZAL YURT QAYDA BOR!

Ostonasin o‘par ekan chumoli ham,
O‘z go‘shasin avaylagan har joyda bor.
Dunyo kezib topdingmi, ayt, bunday bekam,
Navro‘zginam, bunday go‘zal yurt qayda bor!

Kamalaklar yarashadi bo‘ylariga,
Bog‘lariga qaytmas bo‘lib kelgay, bahor.
Oy-yulduzlar raqsga tushar to‘ylarida
Baxti buyuk, bunday go‘zal yurt qayda bor!

Cho‘pni suqsang, bog‘ bo‘ladi, gul ko‘karar,
Bir-biriga mehr berib, dil ko‘karar,
Bu go‘shada o‘ziga bek el ko‘karar,
Shahdi buyuk, bunday tanti yurt qayda bor!

Eshigidan yov kelsa ham salom deydi,
Tinchlik so‘zi eng muqaddas kalom deydi,
Qo‘yib bersang, dunyoni ham bolam, deydi,
Ahdi buyuk, bunday aziz yurt qayda bor!

Bir o‘lka-ki, baxtga yo‘llar karvonlari,
Suyagini xor aylamas sultonlari,
Olam bo‘ylab yangrar bulbul zabonlari,
Navruzginam, bunday go‘zal yurt qayda bor!

Alplarining yuragida o‘t toshadi,
Kelinlari sen-la husn talashadi,
Bir mayizni qirq do‘st bilan bo‘lashadi,
Bag‘ri butun, bunday saxiy yurt qayda bor!

Yuragida faqat ezgu o‘ylar jo‘shgan,
Bismillo, deb qo‘l uradi har bir ishga,
Yozida ham bir kel, handalak yeyishga!
Navro‘zginam, bunday xushfe’l yurt qayda bor!

ONA TUPROQ

Menday suyganingni aytavermaysan,
Lekin meni mendan suyasan ko‘proq.
Onam qo‘llariday yuzimni silab
Menga non tutarsan ey, ona tuproq.

Goh sendan uzilsam, ko‘kka kuzatib,
Daraxt bo‘lib sharbat tutaverasan.
Ota uyim bo‘lib meni uzatib,
So‘ng izimga boqib kutaverasan.

Sog‘inchsan, onamni eslagan chog‘i,
Otam desam og‘riq sanchar ko‘ksimda.
Aytgil, bu sog‘inchning bormi salmog‘i,
Og‘riqning o‘lchovi qancha ko‘ksimda?

Netay, bandaman-da, farishta emas,
Gohi xoxlab qolsam bergandan ko‘proq,
Yana ona bo‘lib ortimdan besas
Insof so‘rab izim o‘pasan, tuproq.

Onamday jilmayib boqaverasan,
Darding sezdirmaysan ko‘nglingni ochib.
O‘zbeksan-da sodda, o‘zbeksan saxiy,
Mehringday nasibam berasan sochib.

Malolim kelmayin, qilmayin zarda,
Senday rizqim tutar kim, ona tuproq?
O‘tinchim, kamolim ko‘rib, so‘ng chog‘da
O‘zing ko‘zlarimni yum, ona tuproq…

OLTIN BЕSHIK
Sardorga

Oltin beshik, allam tinglab
Olam tebranar bunda.
Alpomishday xush kelbatli
Bolam tebranar bunda.
Alla-yo, alla…

Onaning oq suti birla
Bir mehrni aylab joy,
Oltin beshik, nurday balqib
Quchog‘ingda uxlar oy.
Alla-yo, alla…

Oy bolamning, sor bolamning
Taxti sendan boshlanur.
Oltin beshik, bu olamning
Baxti sendan boshlanur.
Alla-yo, alla…

Umidlari nurday toza,
Oydan oydin tilagi,
Oltin beshik, bek bolamning
Guldan bo‘lsin yuragi.
Alla-yo, alla…
Alla-yo, alla…

Oltin beshik, bag‘ringdagi
Murg‘akkina shu jonim,
Hozir uxlar, lekin bir kun
Uyg‘otadi dunyoni!
Alla-yo, alla…

O‘TINCH

Sizni ko‘rgan kuni yasharadi tong,
quyosh yuragimdan sakrar falakka.
Nurni ko‘zim bilan talashar jahon,
Bunday surur tanho, bunday baxt yakka,
O‘tinchim, shu tongni ilining menga!

Sizni ko‘rgan onning oshig‘i olchi,
Titroq tushib ketar to‘rtta tarafga,
Bu lahza-dunyoga yozar qulochin,
Bunday huzur tanho, bunday gasht yakka-
O‘tinchim, shu onni ilining menga…

Poyingizda nigoh gullar, kelsangiz,
Jonni to‘kib berar ming bir bo‘lakka.
Siz bosgan ming jonga, agar bilsangiz,
Bunday shukuh tanho, bunday shahd yakka-
O‘tinchim shu jonni ilining menga…

Xayolingiz quchar sarmast vujudni,
Ko‘krak tor keladi cho‘g‘day yurakka,
Ko‘zlarimga suray siz bergan o‘tni,
Bunday mehr tanho, bunday ishq yakka-
O‘tinchim, shu ishqni ilining menga…

SOG‘INCH DARAXTI

Har kun ko‘zlarimga sog‘inch ekaman,
Tong qadar barg yozib, siniq gullaydi.
So‘ng sabr singari sarg‘ayadi jim,
So‘ng yana ko‘ksimga siniq qulaydi…

Ko‘zimda ko‘kargan sog‘inch daraxti
Ming yillik chinorga o‘xshab boradi.
Qulasa, ildizi ko‘kka qo‘l yoygan
O‘tinchga, izhorga o‘xshab boradi.

O‘tinchlar qabriga aylanar bag‘rim,
Tomirimni ulab ildizlariga
Har tun sog‘inchlardan nihollar ekib
O‘rmon qib beraman kunduzlariga …

* * *

Alloh Odam Atoning qovurg‘asidan
Momo Havoni yaratibdi.

Mening yaralmishim — bir siqim tuproq,
Bitta nafas havo, bir qaysar so‘zdan.
Bir qultum suv, bir gul ko‘ksidan titroq,
Bir hovuch o‘t ham bir qovurg‘angizdan…

Tuproqqa qorishib ketishim mumkin,
Havoga yo‘g‘rilib ketgay bu tanam,
Chaqmoqda yorishib ketishim mumkin,
Gul yuziga tongdan tomgan bir shabnam…

Hohi o‘tman, hoh suv va hohi tuproq,
Sizni suymoq Momo Havodan meros.
Men sizni qizg‘onib qovrilgan so‘roq,
Chunki qovurg‘angiz biriman, xolos.

Muhabbatim qalqon, rashk esa qilich,
Birovga ishonib bo‘larmi sizni?
«Bir, ikki, uch-o‘n bir!» — Sanayman har kech,
Qo‘riqlab yotaman qovurg‘angizni…

ONA TILIM

Ilk ko‘z ochganimda onam so‘z ochib
Shu tilda bag‘riga olgan bolam, deb.
Ilk qadamlarimga yong‘oqlar sochib,
Shu til meni yo‘lga solgan bolam, deb.

Mehrning o‘zbekcha rangin ko‘rsatib,
Onam yuragimga allalar quygan.
Momom chakkasiga rayxonlar taqib,
Meni tong suysa ham, o‘zbekcha suygan.

Ehtimol, “aya”dir, ilk bor deganim,
Balki, “dada”so‘zin aytganman xolos.
Biroq, men yagona- shudir bilganim,
Men ilk bor o‘zbekcha so‘ylaganim rost.

O‘zbekcha suyadi meni quyosh ham,
Baxt haqda o‘zbekcha so‘ylaganman men.
O‘z tilimda nomlab qo‘yib yulduzni,
O‘y sursam, o‘zbekcha o‘ylaganman men.

Jon tilim, onamdan qolgan merosim,
Meni bulbuldayin sayratib qo‘ygan.
Men bugun dunyoga qo‘ygum ovozim,
O‘zing qaddim kerib, yayratib qo‘ygan.

Bugun mening so‘zim kesolmas hech kim,
O‘zligim, g‘ururim, nomusimdir u.
O‘zbekcha mehrim bor, o‘zbekcha fe’lim,
Men o‘zbekcha alla aytaman mangu!

* * *

Sochlarimning qorini siltab,
Kurtak bilan xayol suraman.
Tong nuriga yuzimni chayqab
Men bahorni yaxshi ko‘raman…

Izg‘iringa parvo qilmayman,
Yellarning yonida yuraman,
Yomon ko‘rish nima? Bilmayman!
Men bahorni yaxshi ko‘raman…

Qanday yaxshi, ko‘k — bahor bo‘lsa,
Zamin — bahor bo‘lsa, qanday soz!
Yuragimda muhabbat gullar
Men bahorga chiqqanda peshvoz…

Yuragimning gullarin o‘pib,
Har gul birla hayol suraman,
Maysazorga ketaman cho‘kib,
Men bahorni yaxshi ko‘raman!

TO‘RTLIKLAR

* * *

Ul-kim, piching birla shirin suhbati,
Oshkora tanbehu do‘qidan yomon.
Dunyoda do‘stingning bir xiyonati,
Mingta dushmaningning o‘qidan yomon!

* * *

Kimga omad, kimga baxt armon,
Kimga zaru kimga taxt armon.
Qurbaqaga bulbul bog‘i-yu,
Piyodaga bitta ot armon.

* * *
Nedir izlaganim bu charxi dunda?
Og‘riq yuragimga malhammi edi?
Ne sabab qoshimda o‘ltirib kunda,
Dunyo: «Senga tabib emasman» dedi?

* * *

Men seni quyoshning ko‘ksidan yuldim,
Qovjiroq ko‘ksimga qadamoq uchun.
Men seni ko‘nglimning ko‘kiga ildim,
Tunlarimni tong deb atamoq uchun…

* * *

O, tun bag‘ridagi shirin azobim,
Xayolning ko‘ziga ekilgan og‘riq.
Dunyo, o‘tinaman, ko‘zlaringni yum,
Tushlar hali o‘ngga aylangani yo‘q…

* * *

Quyoshimning tillo kokilin qirqib,
Kunlarim ko‘ksiga ufqin qadagan-
Ey, sen! — Nursiz umrin shomlar yutganim,
Meni bir bor tongim deya atagin…

* * *

Jim!
Sukunat so‘zlayotir.
So‘zin bo‘lma, jim…
Ba’zan unsiz shivirni ham
Tushunmoq lozim…

NAVRO‘Z

Kamalak yog‘dusiga
Iymanib belanganim,
Har g‘uncha kulgusidan
Dur bo‘lib elanganim

Navro‘zginam, kel, bilsang,
Baxtga loyiq, yor bu yurt!
Har bolasin ko‘ksida
Bir quyoshi bor ,bu yurt!

Bunda tosh gulga kirar,
Maysalar yo‘lga kirar,
Bunda jannat qushlari
Baxt tilab tilga kirar!

Sendek saxiy qo‘l, bu yurt,
Duolari mo‘l bu yurt,
Nurday toza tilagi
Ezgulikka yo‘l, bu yurt!

Navro‘z, navro‘z, gul navro‘z,
Quchoq ochib kel, navro‘z,
Osmon qadar boshimdan
Yog‘du sochib kel, navro‘z!

001

(Tashriflar: umumiy 2 060, bugungi 1)

Izoh qoldiring