Saida Zunnunova. O’shanda ham kuz edi.

077
15 февраль – Шоира Саида Зуннунова (1926-1977) таваллуд топган кун.

    Саида Зуннупова қисқа ҳаётида сермаҳсул ижод этган адибадир. Унинг «Қизингиз ёзди» (1948), «Янги шеърлар» (1950), «Гуллар водийси» (1954),«Гулбаҳор» (1956), «Гулхан» (1958),«Олов» (1962), «Одамлар орасида», «Кўчалар чароғон» (1965), «Бўйларингдан ўргилай» (1972), «Директор», «Қизларжон», «Бир йил ўйлари» (1967) каби насрий ва шеърий тўпламлари нашр этилган.

05

099 Талантли шоира, жозибали насрий асарлар муаллифи Саида Зуннунова 1926 йили Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келди. Отадан эрта етим қолган Саида 1941-1943 йиллар Андижон ўқитувчилар институтида таҳсил олади. У Андижон мактабларида муаллима, газета муҳарририятларида адабий ходим бўлиб ишлаган.
Биринчи шеъри 1935 йили «Пахта фронти» газетасида босилган.
Адабиётга муҳаббат шоирани Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Тошкент Давлат дорилфунуни)нинг филология факултетига етаклади. Ўқишни тамомлаб, “Гулхан” ойномасида, «Ўзбекистон маданияти» рўзномаси ва Бадиий адабиёт нашриётида ишлаган адиба Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи бўлиб ҳам хизмат қилади.
Саида Зуннупова сермаҳсул ижод этган адибадир. Унинг «Қизингиз ёзди» (1948), «Янги шеърлар» (1950), «Гуллар водийси» (1954),«Гулбаҳор» (1956), «Гулхан» (1958),«Олов» (1962), «Одамлар орасида», «Кўчалар чароғон» (1965), «Бўйларингдан ўргилай» (1972), «Директор», «Қизларжон», «Бир йил ўйлари» (1967) каби насрий ва шеърий тўпламлари нашр этилган.
Қўшқанотли ижодкор адиб Саид Аҳмаднинг турмуш ҳамроҳи, севимли рафиқаси эди. Уларнинг ёлғиз қизлари, ундан биргииа набиралари бор. Ҳукуматимиз Саида Зуннунованинг адабиётимиз тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссасини тақдирлаб, уни Ҳурмат белгиси ордени билан мукофотлаган.
Ижодкор айни камолот ёшида 1977 йил 51 ёшида оғир хасталикдан бевақт вафот топди. Унинг ҳассос назми, самимий насри ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига апланиб қолди.

011
Саида Зуннунова
ЎШАНДА  ҲАМ  КУЗ ЭДИ
Ҳикоя

Низом институтдан қайтганда ойиси ичкари уйда ким биландир гангур-гунгур гаплашиб ўтирарди. Она унинг шарпасини дарров сезди. Суҳбатини тўхтатиб, одатдагидек енгил, шарпасиз қадамлар билан унинг ёнига келди.
— Келдингми, болам?
— Ҳим, яхши ўтирибсизми?
— Шукур. Меҳмон бор.
— Ким?
— Лутфи опоқинг.
— А?! — Низом эндигина ечган костюмини негадир қайтадан кийди, — Нега? Нега киритдингиз?
— Жим. Уят бўлади. Қариндошлариникига келган экан, кўчада кўришиб қолдик. Ўзим олиб кирдим уйга. Сўрашиб қўй..

Низомнинг ранги оқариб кетган эди. Баҳри хола жонсиз, қалтираган қўллари билан унинг елкасидан силаб, секин шивирлади:
— Жон болам, гина сақлашни ўрганма. Ҳаммаси ўтиб кетди. Уйигача кирган одамга қаттиқ гапириш, сўрашмаслик одобдан эмас. Мени ҳижолатга қўйма.
Баҳри холанинг мулойим, меҳрибон кўзлари ўғлига ёлбориб қарар, Низомнинг юрагида қанча алам, ғазаб ётган бўлсада, бу кўзларга қарши бир нима деёлмасди. Баҳри хола меҳмон ҳузурига кириб кетди.
— Низомжон экан. Ўқишдан келди. Бу йил охирги курс. Киравер, болам, опоқинг бўйларингни бир кўриб қўйсин.

Остонада Низом пайдо бўлди. Меҳмоннинг лаблари пирпиради. Низомнинг авзойига қараб, кулишини ҳам, сўрашишини ҳам билмай, охири бурни тагидаги икки дона тишини кўрсатиб илжайди, ўрнидан турди.
— Омонмисан, Низомжон?
— Келинг. Яна нимага…
— Болам! — Низом сакраб ўрнидан турган онасининг кўзларига бир қаради-ю, шахт ўгирилиб чиқиб кетди. У тўхтамади, орқасига ҳам қарамади. Уйларидан анча олислаб кетганини ҳам билмай қолди. Нимагадир чеккиси келди. Йўл четидаги будкадан бир дона сигарет олиб, ҳиёбоннинг бир четидаги бўш скамейкага бориб ўтирди.

Ҳозир унинг кўнгли бўм-бўш, ҳудди мана шу сокин, кузги ҳиёбонга ўхшаб қолганди. Сигарет олибди-ю, гугурти йўқ. Сигарет донасини бармоқлари билан эзғилаб, атрофга аланглади. Ўтиб кетаётган бир йигитдан туташтириб олдида, қаттиқ сўрди. Бурни, оғзидан буралиб чиққан аччиқ тутун ҳушини ўзига келтиргандай бир оз енгиллашдими, секингина энтикиб қўйди. Унинг кўзига яна бурни тагидаги иккита тишини кўрсатиб илжайган башара кўриниб кетди. Унинг бағри бутунлигини шафқатсизлик билан тортиб олган бу аёлни кўришга Низомнинг тоқати йўқ эди.

Ҳозирку ақли-ҳуши бор, кап-катта йигит. У вақтларда гўдак эди. На ота-онанинг ҳидига, на уларнинг бағрида эркаланишга тўйган эди. Ана шу бағри тош аёл, маъсумгина бир гўдакнинг эркаликка, эркаланишга бўлган ҳаддига биринчи бўлиб тирноқ ботирган, чанг солган эди. Баҳри хола жуда ювош, бировдан озор кўрса ҳам озор бермайдиганлардан. Низомни ҳам шунақа тарбиялашга ҳаракат қиларди. Ўша пайтларда қанча қийналса ҳам Лутфихонга бир оғиз қаттиқ гапирмаганди.

Мана, ҳозир ҳам уйига олиб кириб меҳмон қилиб ўтирибди. Ўша пайтларда улар бир маҳаллада яшашарди, Лутфихоннинг Содиқ деган ўғли билан Низом ўртоқ эди. Содиқларнинг ҳовлиси анча катта бўлгани учун сабзи, помидор экишар, сигир боқишарди. Онаси, бировнинг қўлидан ишини олгин, меҳнатдан қочма, эринма, деб кўп насиҳат қилгани учун Низом Содиққа доим ёрдамлашар, сигир ўтлатар, кўкат юлар, қарашгани-қарашган эди.
Шунинг учун бўлса керак, Лутфихон уни яхши кўрар, кириб қолса, минг ўргилиб, минг айланарди. Низомнинг дадаси касаллиги туфайли эрта пенсияга чиққан, ёлғиз онаси ишларди. У аёллар кўйлагини жуда чиройли тикарди. Ишхонадан келгандан кейин ҳам машина тепгани-тепган эди.

Низом болаларнинг каттаси, ўшанда олтинчи синфда ўқирди. Укаси билан синглиси ҳали кичкина эдилар. Бирдан уларнинг бошига оғир ташвиш тушиб қолди. Дадаси қазо қилди. Бир ойнинг ичида онаси чўпдек бўлиб озиб кетди. Низом энди дадаси қолиб, онасига ачинар, у йиғласа, чидаёлмас, бағрига кириб юпатгиси келар, лекин дилидаги гапларни айтолмай, қўшилишиб йиғларди, холос.

Бир куни онаси Низомнинг бошини силаб, кўзларига тикилди-ю, орқасига қоқиб деди:
— Бор, болам, ўртоқларинг билан ўйнаб кел. Авжи ўйнаб ўйинга тўймайдиган пайтларинг. Бор, ўргилай.

Низом кўчага чиқди. Дадаси ўлгандан бери ўйнамаганини ҳам шунда сезди. Секин Содиқларникига кирди. Лутфихон сўрида эри билан қотган жўхориларни уқалаб ўтирарди.
— Вой кел, Низомжон, бормисан?
Низом салом бериб, сўрининг бир чеккасига ўтирди.
— Ўртоғинг хозир келиб қолади. Магазинга макаронга чиқазувдим.

Шу пайт кўчада бирдан тўполон бўлиб қолди. Нима гап экан, деб ҳаммалари баробар югуриб чиқишди. Дарвоза тагида қоғозга ўроғлиқ макарон сочилиб ётар, Содиқ бўлса қандайдир бир нотаниш бола билан муштлашарди. Улар ҳудди жўжахўрозга ўхшаб бир-бирларига ташланишар, ҳансирашар, атрофда бўлса болалар қичқиришарди. Низом нима гаплигини суриштирмасдан, бегона болани дўппослай кетди. Содиқ иккаласи уни тупроққа белашиб роса уришди. Содиқнинг ойиси билан дадасининг безрайиб кулиб турганини кўрган йўловчи киши ғулдираб келиб, жаҳл билан уларни икки ёққа ажратди.

Бегона бола йиғлаб усти-бошини қокди-да, бирдан югуриб қочиб кетди. Содиқ билан Низом кула-кула ҳовлига киришди. Ўғлининг зўравонлигидан отасининг оғзи қулоғида, Лутфихон бўлса ўғлининг елкасига уриб чангларини қоқар экан, Низомни ҳам эркалаб қўйди:
— Чинакам дўстисан-да, ўғлимнинг. Ўртоқ деган шунақа бир-бирининг ёнини олади-да. Нега муштлашдинг ўзинг, кимнинг боласи у, — деб ўғлига юзланди Лутфихон.
— Қайси куни кўчада помидор сотиб ўтирганимда икки кило помидор олган эди. Бугун магазинда кўриб, помидор тамом бўлдими дейман, жуда қимматфуруш экансан, деса бўладими. Оғзингни юм, десам вайсаяпти, чайқовчи, дейди.

Лутфихон ўғлига меҳр билан қараб туриб илжайди:
— Ўла қолсин. Ажаб қилибсан уриб!
Шу куни Низом уйига кирса, онасининг қовоғи солиқ.
— Мен одам боқдим десам, кучук боқибман-да, — деди бирдан унинг зардаси қайнаб. — Сендақа болам йўқ менинг, кўзимга кўринма ҳозир. Уялмасдан муштлашиб юрибди-я…

Низом бир нафас серрайиб турди. Онаси дарров эшита қолибди. Баҳри хола унинг афтига қарамади. Қўлидаги косадаги сувни ҳовлига сепиб юборди-да, бориб жиз-биз қилаётган қозонни ковлади. Низом онасининг авзойига зимдан қараб қўйиб, уйга киргани юраги бетламади. Секин қайтиб чиқиб кетди. Яна Содиқларникига кирди. Улар макарон қовурма еб ўтиришарди. Лутфихон айланиб ўргилиб уни овқатга таклиф қилди.

— Ола қол, ол, жоним. Насибанг қўшилган экан. Нима бало, тумшайиб қолибсан?
— Ойим уришиб бердилар, — деди Низом йиғламсираб. У онасидан ҳеч қаттиқ гап эшитмагани учунми, жуда оғир ботганди. Лутфихон бир хўрсиниб олди-да:
— Пешананг ҳам қурсин, — деди ачинганнамо, — онасизлигинг етмасмиди, Ҳудо отангдан ҳам айирди. Энди чидайсанда, болам. Низом ялт этиб Лутфихонга қаради. Унинг кўзларида ҳам ҳайронлик, ҳам қўрқув бор эди. — Нима деяпсиз?
— Вой, билмасмидинг? Қаердан ҳам биласан сен бечора. Сенинг онанг чақалоқлигингда ўлиб кеттан болам. Бу онанг ўгай. Агар сени турткиласа, индамай бизникига чиқиб келавер. Ўртоғинг билан юраверасан.

Низом ўшанда қайси аҳволга тушганини билмайди. Қичқирдими, чинқирдими, йиғладими ҳали-ҳали билмайди. Ҳар қалай, бу унинг учун кутилмаган даҳшат эди. Югуриб ҳовлиларига кирди. Сочиқ юваётган Баҳрихоннинг олдига бориб, ёш юқи кўзларини тикиб чинқириб сўради:

— Айтинг, айтинг, сиз менинг ойиммасмисиз? Нега алдайсиз?! Қани менинг ойим?!

Баҳрихоннинг ранги докадек оқариб кетди. Қўлидаги кир шалоп этиб тоғорага тушди. Кўпик қўли билан уни маҳкам қучоқлади.
— Бекор гап! Қайси ноинсоф айтди? Ўзим туққанман сени, ўзим!
Низом силтаниб унинг қучоғидан чиқди. Онаси унинг кўзига биринчи марта бегона, ёт кўринди ўшанда. Меҳрибончиликларининг ҳаммаси энди юзакидек, унинг гўдак қалбидаги кемтикни тўлдиролмай қолди. Онасининг ялиниб ёлбориши, йиғлашига қарамай, чопқиллаб чиқиб кетди. Баҳри хола кўча бошигача эргашиб, қувлаб борди. Унинг кетидан укалари ҳам йиғлаб эргашиб боришарди. Лекин Низом қарамади. Чопқиллаганча кетаверди. Кечқурун уни Содиқ топиб келди. Топиб келди-ю, ўзлариникига олиб кириб кетди. Буни сезган Баҳри хола уларникига чикди. Лекин Низомни уйга яшириб қўйишган эди. Низом уйда туриб онасининг йиғлаганларини эшитди. Юраги ғалати бўлиб кетди, югуриб чиққиси келди-ю, бегона деган совуқ бир сўз уни яна ўрнига михлаб қўйгандек жилолмади. Онаси чиқиб кетди. Бошини эгиб йиғлаганча чиқиб кетди. Ўшанда ҳам куз, авжи узумлар пишган пайт эди.

Эрталаб Лутфихон бир тоғора узумни унинг бошига қўйиб, Содиққа қўшиб бозорга жўнатди. Ўша куни Низом биринчи марта мактабга бормади. Бахрихон қидириб мактабдан тополмабди. Кўрганлар уни бозорга кетганлигини айтиб қўйишибди. Бир вақт Низом билагидан кимнингдир юмшоққина ушлаганини сезиб ўгирилди. Бу онаси эди.

— Эсингни едингми, болам? Ўқишинг-чи? Ўқишинг нима бўлади?
Низом тўнглик билан жавоб берди:
— Бормайман. Менга барибир энди.
— Бекор айтибсан. Менга барибир эмас, мен онангман, болам.
— Ёлғон гапирманг. Бормайман, барибир. Менинг ҳеч кимим йўқ.
— Одамларни қаратма, юр, қўзим.

Ҳақиқатда атрофга одамлар йиғила бошлаган эди. Низом: — Мени тинч қўйинг! — деб бақирди-ю, одамлар орасига кириб кўздан йўқолди. Баҳри хола тарози ушлаб турган Содиққа маъюс, совуқ назар билан қараб қўйиб, аста юриб кетди. Кечқурун у яна Содиқларникига чиқди. Низомни яна уйга яшириб қўйишди.

— Насиҳат қилиш ўрнига шунақа қиласизларми, — дерди Баҳри хола куйиб. — Ахир мен келганимда саккиз ойлик эди. Дадаси бечора боқолмай қийналиб кетган экан. Ўзим ҳам гўр оғзидан қайтариб олганман. Эти суягига ёпишиб қолган экан. Бу болаларимга ўшанчалик меҳнатим синмаган. У ёш болалик қиляпти. Лекин менга фарқи йўқ сира. Болаларимдан кам кўрган эмасман. Кечаси билан мижжа қоқмадим. Отасининг арвоҳи ҳам чирқиллаб юргандир…

Низомнинг юраги алланечук бўлиб кетди. Чиққиси келди-ю, лекин чиқолмади. У кечадан бери ўз онасини тасаввур қилишга уринарди. Сурати бормикан…

— Жуда куяверманг. Сизникига кирмаса, бизникида юрар, — деб юпатган бўлди Содиқнинг дадаси.
— Нега сизникида юради? Ўз уйи, онаси, укалари туриб-а!
— Бошқа жойларда юргандан кўра, бизникида юргани яхшироқмасми? Чиқмай қаёққа боради, чиқади-да, бир кун, — деб бидирлади Лутфихон.
— Ҳеч қаерда юрмайди. Уйга киради. Ўқишидан қолмаслиги керак. Укалари ҳам кечаси билан менга қўшилишиб ухлашмади. Раъно сира овқат емаяпти.

Низомнинг яна чиққиси кедди. Лекин яна жилолмади.
— Мен ўзим айтар эдим. Вақти билан айтар эдим. Ҳали у гўдак. Нимани билади. Ҳозир шу гўдакнинг кўнглини синдириш кимга керак бўлиб қолибди. Кеча ишга ҳам боролмадим. Уни топмагунимча бормайман ҳам. Содиқжон, ўргилай сендан, бор, топиб кел. Бўлмаса милитсияга хабар бераман. Юрагим ёниб кетяпти. Ўзим зўрға юрган эдим. Мен ҳам ётиб қолсам, бу гўдакларга ким қарайди?

Низом яна бир талпинди. Лекин яна тўхтаб қодди.
— Онасининг суратини аяб-асраб беркитиб қўйибман. Уй кўрганда айтарман, дердим. Ёнига бир суянчиқ, овунчоқни тайёрлаб қўйиб айтарман дердим. Мана буни уйингга каттайтириб осиб қўй, туғиб бўйингни, бахтингни кўрмаган бу бечора ҳеч бўлмаса суратидан қараб турсин, дейман деб ўйлардим…

Низом отилиб ҳовлига чиқиб қолганини ўзи билмай қолди. У ҳансирар, йиғларди. Баҳри хола уни бағрига босди.
— Болам, болагинам, болажоним, — Баҳри холанинг бутун вужуди титрарди. Иссиқ кўз ёш томчилари Низомнинг юзига тушди. Низом бу гал индамади. Секин-секин юриб, онасининг пинжида уйига чиқиб кетди. Ўшанда Раънонинг севинганлари. Низомнинг ёнидан сира кетмас, «Энди ҳеч қаёққа бормайсизми, биз ухламадик, аям кўп йиғлади», деб бижирларди.

Лекин Низомнинг хаёли бошқа нарсада эди. У онасининг суратини кўрмоқчи. Уни дунёга келтирган, уни туққан онаси қанақа эди? Кечадан бери ўз ташвиши билан бўлиб қозон осмаган Баҳри хола овқатга уннаб юборди. У дам-бадам Низомга меҳрибонлик билан жилмайиб қараб қўярди. Низомнинг томоғидан овқат ҳам ўтмади.
— М-менга, — деди у дудуқланиб, — суратни кўрсатинг. Сурати бор экан-ку, ойимнинг!
— Хўп, ўргилай. Олдин овқатни егин. Мен сен учун асраб қўйганман. Ол, жоним, овқатни е.

Бирдан Низомнинг хўрлиги келди. Йиғлаб туриб қайсарлик билан чинқирди:
— Нега шу вақтгача айтмадингиз? Нега мени алдадингиз?

Баҳри хола яна уни бағрига босиб шивирлади: — Болагинам, ҳали сен нимани биласан?! Мен сенга яхшилик қиламан, дедим, ўғлим. Сенга осон бўлсин, дедим.

Шундан кейин у ичкари уйга кириб кетиб сарғайиб кетган қоғозга ўроғлиқ иккита сурат кўтариб чиқди. Биттасида ёшгина қиз илжайиб турарди. Иккинчисида фарқини ёндан очган, ироқи дўппи кийиб, бир ўрим сочини олдига ташлаган ёшгина жувон Низомга жуда-жуда таниш кўзлари билан маъюс термиларди. Низом узоқ тикилиб қолди. Лекин йиғламади.

Баҳри хола секингина уф тортди. Низомнинг қўлидаги суратларни астагина олди-да, эҳтиётлик билан қоғозга ўраб уйга олиб кириб кетди. Низомнинг хаёлида бу воқеалар ҳудди кечагина ўтгандай жонланиб, ҳаммаси бир-бир эсига келаверди. Энди у Баҳри холанинг сабри-тоқатига, меҳрига тан берар, ўша пайтда уни қийнаганларини эслаб, ўзи азоб чекарди. Озмунча таъналар қилдими? Кетидан озмунча югуртирдими? Нима, Баҳри хола болага зор хотинлардан эмасди-ку! Олдида ўзи туққан болалари бор эди. Уларни катта қилгунча сочининг қораси қолмади. Хотинларга ўхшаб иккита аёл билан бир зумгина гаплашиб ўтиролмасди. Ишга борар, уйида ҳам тинмай иш тикарди. Болаларни ўкситгиси келмасди. Низом институтга кираётган кунлари-чи! Имтиҳонни Низом эмас, онаси бераётгандай эди. Доим ташвишда, илинжда, қўрқувда ўтказди ўша кунларни. Низом ишлайман, деса унамади, ўқийсан деб туриб олди. Мана энди бўлса уйлантиришнинг ташвишида. Баъзан ўғлининг кўнглига секингина қўл солиб ҳам кўради…

Низомнинг кўзига яна хунук илжайиб турган Лутфи холанинг оғзидаги иккита тиш кўриниб кетди. Нега уни ҳайдаб чиқармади? Онаси қандай қилиб унинг башарасига қараб ўтирибди экан. Тоқатини қаранг-а! Низом ўша пайтда онасининг тортган азоблари учун ҳам бу аёлни ҳайдаб чиқармаганига афсусланарди.
У отадан айрилган бир пайтда уни онасидан ҳам айирган эди бу аёл. Кичкинагина юрагига қанча ўкинч, қанча армон тўлдирган эди. Унда ёш гўдак эди. Хақиқатни билмаслик унинг болалик бахти эди. Ана шу бахтдан маҳрум қилган эди уни бу хотин. Агар ҳозир билганда, албатта, қанча азоб чекмасин, Баҳри холани ўшанчалик қийнамасди. Баҳри холанинг безовта бўлга-ничалик бор экан. Мана, Содиқ ҳали ҳам ўша-ўша. Тайин бир жойда ишламай, олди-сотди қилиб юргани юрган.

— Низомжон, нима қилиб ўтирибсиз бу ерда?
Низом сесканиб кетди. Олдида мункайган бир кампирни қўлтиқлаб сумка кўтариб олган қўшнилари Нурхон турарди.
— -Ойингиз қидириб юрибди. Раънони бир ёққа, укангизни бир ёққа жўнатиб, ўзи кўчада ўтирибди.
Низом сакраб ўрнидан турди-ю, унга ҳеч нарса демасдан жадал юриб кетди. Яна қийнадими онасини? Бу мунис, меҳрибон аёлнинг меҳнати, муҳаббатига шуми жавоби? Йўқ, мана ҳозир етиб боради. Ҳозир! Низомнинг қалбида фарзандлик туйғулари жўш уриб кетганди. Унинг лаблари беихтиёр шивирларди.
— Ойижон, ойижон. Мени кечиринг. Сизни ташвишга қўйган бўлсам, кечиринг. Қўрқманг, ташвишланманг. Энди бағрингиздан ҳеч қаёққа кетмайман, ҳеч қаёққа…

011
SAIDA OPA EKKAN OQ GUL
Muhammad Shodiy

Адабиётимиз ва маданиятимизнинг атоқли вакилларидан Ойбек, Собир Абдулла, Саиджон Калонов, Тўхтасин Жалилов каби кўплаб ижодкорлар бир пайт­лар Юнусобод туманидаги Янгиариқ маҳалласида истиқомат қилганини яхши биламиз. Янгиариқликлар шулар қаторида Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг номларини ҳам фахр билан тилга олишади. Афсус, Саида опа узоқ яшамади, Саид Аҳмад ака эса қолган умрини суюкли ёрининг хотираси билан ўтказди.

Ибратли оила. Нотинч замонларда етарлича зулм кўр­ган хонадон. Асари аёвсиз “дўппосланган” Саид Аҳмад ҳали ўзига келмаган. Саида Зуннунова эса навбатда турибди…
Одатда бундай вазиятларда ҳар ким ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Устоз Саид Аҳмад эса андиша қилибми, бировлар билан баҳсга киришишни ўзига эп кўрмасди. Бошига балолар ёғилаётган пайтда ҳам осойишта кўринар, ҳатто ҳазилкашлик қилиб ўтирарди.

saida-zunnunovaСаида опани кўрган ва билганлар уни ўзгача меҳр ва муҳаббат билан эслайдилар. Қалби пок, туйғулари мусаффо бир аёл. Ҳаммага меҳрибон! Лекин ноҳақликка чидолмасди. Ҳақиқат ва адолат туйғуси жон-жонида яшар эди-да. Замондошларидан бири ёзади: “Саида опа қачондир, қаердадир исён кўтарган бўлса, ноҳақликка, қабоҳатга қарши исён кўтарганди!”

Эр-хотин меҳмондўст эдилар. Очиқ эшик, очиқ чеҳра, очиқ кўнгил… Айниқса, ёш ижодкорлар Янгиариқдаги ҳовлига кириб келишлари билан ташвишлар унутилар, хонадон завқ-шавққа тўларди.
Ўзида йўқ қувонган Саида опа дастурхон тузар, Саид Аҳмад эса ҳеч кимни ошхонага йўлатмасди, мен ўзим ош дамлаб бераман, деб. Етук инсонлар ва соҳиби қаламларнинг меҳмони бўлиб, меҳрибонларнинг меҳрини туйиб, ажойиб суҳбатлардан баҳра топган ёш ижодкорлар бу хонадондан ўзлари учун бир умрга унутилмас сабоқ олардилар.

Бир-бирини тушунган, бир-бирини тўлдирган ва ардоқлаган икки адиб…
Бахтли эдиларми?

Кўп бора бу хонадоннинг меҳмони бўлган севимли адибимиз (Худо раҳматли) Омон Мухтор шундай деб эслаганди: “Мен уларнинг оддий бир ҳолатларда ҳам севиниб, ўзларини бахтли ҳис этишганини кузатганман”.
Ҳа, буюк қалб эгалари бирга бўлсалар, оддий бир ҳолатларда ҳам худди ёш боладай севиниб кетардилар. Улар бахтиёр эдилар. Омон ака буни шундай ифода этганди: “Мен уларга разм солиб, бутун йўлиққан бахтсизликларга қарамай, уларни барибир, бахтли инсонлар, деб ўйлаганман”.

Ёруғ кунлар олдинда эди. Аммо Саида опага бундай муборак дамларни кўриш насиб этмади. Меҳнати юксак қадр­ланган турмуш ўртоғининг сао­датли онларига шерик бўлолмади.
Устоз адибимизнинг магнит лентасида ёзилган қуйидаги сўзлари қулоғимиз остида жаранглайди: “Бу кунларга етганимга кўп шукроналар айтаман… Менга халқ ёзувчиси деган унвон берилди. Давлат мукофоти совриндори деган унвон берилди. Ва ҳаётимдаги яна бир унутилмас воқеа — Мурунтов конидан қазиб олинган олтиндан юлдуз ясаб, менинг кўксимга тақиб қўйилди”.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида муаззам обида — Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг ҳайкали очилиши маросимида яна бир бор ўша сўзларни такрор эшитдим.
Кўнглимда ушбу ҳисларнинг уйғонгани шундан.

— Бу инсоннинг иродаси-ю, матонати, ўзбек аёлларининг вафо-ю, садоқатига қўйилган ҳайкал, — дейди уларнинг фарзанди Нодира Ҳусанхўжаева. — Дадамлар айтардилар: “Ўлиш осон, яшаш қийин. Тирик инсон ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўриши, қоронғу ва ёруғ кунларига гувоҳ бўлиши шарт. Метин иродали инсонгина барча мушкулотни енгиб муродига етиши мумкин. Мен “халқ душмани” эдим — Ўзбекистон халқ ёзувчиси бўлдим, қўлимга кишан солиб сургун қилдилар — Ўзбекистон Қаҳрамони бўлдим. Мен жуда бахтли инсонман, чунки шундай кунларга етиб келдим. Бу кунларни кўрганлар бор, кўрмаганлар бор…”
Таниқли адиб Тўлан Низом шундай хотирлайди: “Саид Аҳмад аканинг уйида Саида опа ўз қўли билан эккан бир туп оқ атиргул бор эди. Устоз билан шу оқ гул ёнидаги сўрида чой ичиб ўтирардик. Унинг хаёли негадир қочар, рўпарадаги оқ гулга узоқ термуларди. Охири сўрадим: “Устоз, шу гулга кўп термуласиз, жуда яхши кўрасиз-а, шу оқ гулни?” У жавоб қилди: “Бу Саида опангнинг руҳи — ўз қўли билан эккан оқ гул!”
Шоира Ойдин Ҳожиеванинг таъбирича, Саида опа ёзса муҳаббатдан ёниб ёзарди. У Саид Аҳмад аканинг муҳаббати, том маъносида илҳом манбаи эди. Опа омонат дун­ё­ни тарк этгач, суюкли рафиқаси бир пайтлар эккан оқ гулга термулганча умрининг охирига қадар садоқат қўшиғини куйлади.

Дарҳақиқат, адиб ва адибанинг меҳру садоқат, илҳом билан яратилган асарлари бугунги кунда ўзбек адабиётининг бўстонини безаб турибди. Миллий боғдаги хотира ёдгорлиги эса, шак-шубҳасиз, меҳр ва вафонинг ёрқин тимсолидир.

Саид Аҳмад ака ва Саида опанинг Янгиариқ маҳалласидаги файзли хонадони. Оқ атиргуллар билан бурканган бу хонадонни муҳаббат ва садоқат тутиб турар эди. Устознинг яқин шогирдларидан бири Омон Мухтор шундай деб хотирлаганди: “Саид Аҳмад билан Саида опага ҳаётда кам учрайдиган муҳаббат насиб этган эди”.

xdk

(Tashriflar: umumiy 615, bugungi 1)

Izoh qoldiring