Xurshid Davron. 500 so’mlik puldagi yozuv.

500

    Кеча набирамга бир ҳафтага етмайдиган, аммо қирқ уч минг турадиган махсус «каша»ни олиш учун гузаримиздаги озиқ-овқат дўконига (бугун «маркет» деб аталади) чиққан эдим, кассир йигит «Оласизми-йўқми?» дегандай,пайсаллаб қайтимига 500 сўмлик узатди. Қайтимни оларканман,нима учундир,билмайман, ўша заҳоти ундаги «Шамсиддинов 23 000 берди» деган ёзувга кўзим тушди. «Ҳа, ёзилган бўлса, ёзилибди-да» деб ўйладиму индамай чўнтагимга солиб уйга қайтдим.

kundalik
Хуршид Даврон
500 СЎМЛИК ПУЛДАГИ ЁЗУВ
088

   Кеча набирамга бир ҳафтага етмайдиган, аммо қирқ уч минг турадиган махсус «каша»ни олиш учун гузаримиздаги озиқ-овқат дўконига (бугун «маркет» деб аталади) чиққан эдим, кассир йигит «Оласизми-йўқми?» дегандай,пайсаллаб қайтимига 500 сўмлик узатди. Қайтимни оларканман,нима учундир,билмайман, ўша заҳоти ундаги  «Шамсиддинов 23 000 берди» деган ёзувга кўзим тушди. «Ҳа, ёзилган бўлса, ёзилибди-да» деб ўйладиму индамай чўнтагимга солиб уйга қайтдим. Пешиндан ярим тунгача интернетда бўлиб, соат иккиларда энди маза қилиб ухлайман деб тўшагимга чўзилишимни биламан, ўша ёзув «лоп» этиб кўз ўнгимга келди.  «Ким экан бу Шамсиддинов?  23000 сўмни кимга ва нима учун берди экан? деган ўйдан безовталаниб, ярим соатча у ёқдан — бу ёққа ағанаб ётдим. Охири бўлмади,туришга мажбур бўлдим. Чироқни ёқиб, чўнтагимдан ўша 500 сўмликни қўлимга олиб,диққат билан разм солдим . Ҳа, тўғри, ўша ёзув: «Шамсиддинов 23 000 берди». «Ким экан бу Шамсиддинов? 23 000 сўмни кимга ва нима учун берди экан?»..

Албатта, қарзини қайтарган бўлса керак. Шундай деб ўйладиму бировдан қарзим йўқлигидан қувонганимни сездим.
Бечора Шамсиддинов болаларининг ризқини қийиб 23000 ни кимга берди экан?  Агар-ку Шамсиддинов мелиса ёки прокурор, терговчи ёки қассоб, ҳеч бўлмаганда бозорда паттачи бўлса, майли, 23 000 дан ўнтасини берсаям камайиб қолмайди.

23 000 берганидан Шамсиддинов бадавлат эмас.

Шамсиддинов мактабдда муаллим ёки фаррош, пенсионер ҳам бўлиши мумкин. Унда болаларининг ёки ўзининг ризқини берган бўлади.
Ёки қишлоқдаги ота-онаси пул юборишга қурби йўқ талаба бўлиши мумкин. Йўқ,талаба эмас. Имтиҳон 23 000 дан кўпроқ туради.
Ўйлайману ўйимнинг тагига етолмайман.

Шамсиддиновдан 23 000 ни ким олиши мумкин? Милиса битта ҳуштак чалганига бундан кўпроқ олади. Терговчи бу пулга қайрилиб ҳам қарамайди. Прокурор оладиган пул сумкада бўлади.

Шамсиддинов бирон бир илмий тадқиқот институти ёки лабораторияда ишласа керак, 23 000 ни бирон ҳамкасбининг туғилган кунига ёки тўйига пул йиғишганда, берган. Ёки…Ёки… Мана шу «ёки-ёки» таъсирида ухлаб қолибман, қизимнинг «Дада!» деган овозидан уйғониб кетдим. Соатга қарасам: тўққиз ярим.
Юз-қўлимни ювиб қизимнинг олдига кирдим. Набирам менга талпиниб, югуриб келиб,оёқларимни қучди.

— Дада, кеча бошқа нарсани олиб келибсиз-ку? — деди қизим.
— Айтганингни олиб келдим. 43 000 сўм турадиганидан, дединг.Ўшани олдим.
— Олиб келганингизни 2 ёшдан бошлаб бериш мумкин. Ўша деб ,қопқоғини очдиму кейин билиб қолдим. Энди қайтариб ҳам олишмайди. Майли, олиб  қўямиз. Пул беринг,ўзим бориб олиб келаман.
— Қолган пулим 43 000 чиқмайди,қизим. Карточкам эса ишламаяпти, загрузка қилиш керак.
— Борини беринг, — деди қизим, — мана бунингизга ёқмайдиган арзонроғи бор.Ҳозирча ўшандан олиб турамиз.
— Арзони қанча?
— 22 минг 500, — деди қизим.
Чўнтагимдаги пулни санасам роппа-роса 23 000 чиқди. Пулни бердиму эшикка қараб йўналган қизимни шоша-пиша тўхтатдим. Кейин қўлидаги 500 сўмликлардан бирини олиб,бир четига «23 000 бердим» деб ёздим. Қизим «Нима ёздингиз?» деб ҳам сўрамади.
Ўн дақиқада қайтган қизим индамай 500 сўмликни узатди. Унда ёзув йўқ эди. Бугун Шамсиддиновнинг кимга ва нима учун 23 000 берганини ўйламасам керак.

P.S. Кўпчиликни куттириб қўйганимнинг сабаби бор. Бандаси эртага нима содир бўлишини билмас экан. Бугун қўшнимизнинг отаси оламдан ўтди. Жанозага бориб келдим.
Қолаверса, бу ёзганимни ҳикоя деб қабул қилмасликларингни сўрайман. Бу шунчаки кундаликдаги ёзув.

(Tashriflar: umumiy 692, bugungi 1)

9 izoh

  1. Juda ham hayotiy. Kinoya bilan aytgan haqiqatlaringiz juda o’rinli deb hisobliman. 23000 so’mni kim olishi mumkinligi haqidagilar. Hammamiz pullar ustiga yozilgan yozuvlarni o’qib ajablanganmiz, lekin bunday tahlil qilish hammaga ham xos emas.

    Qiziqarli hayotiy hikoya uchun Rahmat!

  2. Ажойиб ҳаётий ҳикоя. Ман ҳам ўйланиб қолдим, нега айнан 23 000 сўм деб. Кейин ҳаёлимга бир фикр келди. Бу манимча, тўёна. Кимдир синфдошига берган. Улар бир кило гўштни пулидан тўёна бериш ўйнаган. Айнан ҳозир бир кило гўйштнинг ўртача нархи 23 000 сўм. Бу ёзув хув анави чекка бир ўаҳарнинг чекка қишлоғидаги бир хонадонда ёзилган бўлиши ҳам мумкин.

  3. Жудаям таъсирли. бу хикояда хамма-хамма нарса келтирилган. бу хикояни яхшилаб тушуниш учун камида икки марта укиб чикиш керак. узим хам шу холатга тушганман кизимни етти ойликдан кейин сунъий катта килишимга тугри келган. узимизга гушт олмай кизимга овкат олардик…

  4. Shamsiddinov — bu Xudo rahmatli qo’shningiz bo’lgan, va o’z o’limidan oldin qarzini uzmoqchi bo’lgan, to’g’rimi?
    Uzur, shunaqa to’pa-to’g’ri savol uchun, lekin juda qiziqib qoldim.

Izoh qoldiring