Abu Homid Muhammad al-Gazzoliy. Ey, o’g’lon! (Ayyuhal valad)

045    Эй, фарзанд, насиҳат қилиш осон, аммо уни қабул қилиш қийин. Зеро, бу насиҳат кўнгил талабига эргашиб юрувчи киши табиатига аччиқ тегади, оғир ботади. Бунинг сабаби — шариатда манъ қилинган нарсалар ўша нафс илгида юрган киши кўнглига маҳбуб ва ёқимлидир.

Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғаззолий
АЙЙУҲАЛ ВАЛАД (ЭЙ, ФАРЗАНД!)
Арабчадан Алижон Ботир, Исроил Субҳоний  таржимаси
033

   Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

   Эй, фарзанд, огоҳ бўл, Расулуллоҳнинг умматларига қилган насиҳатлари, хитобларидан бири шундайким: «Аллоҳ таоло бандасини ўз даргоҳидан йироқ қилмоқлигининг белгиси — ул банда ўзига охиратда ҳеч фойда бермайдиган амаллар ила машғул бўлишидир. Ва ул киши умрининг ақалли бир соатини беҳудагарчиликка сарф этса, бас, шунинг ўзи қиёмат куни пушаймон ейишига кифоя. Ва ё бир одамнинг умри қирқ ёшдан ўтса-ю, яхши амаллари ёмон амалидан ортиқ бўлмаса, бу киши ҳам жаҳанамга ҳозирлик кўраверсин…»

Ушбу ҳадисда аҳли илмлар учун бағоят ибрат бор, эй фарзанд!

Эй, фарзанд, насиҳат қилиш осон, аммо уни қабул қилиш қийин. Зеро, бу насиҳат кўнгил талабига эргашиб юрувчи киши табиатига аччиқ тегади, оғир ботади. Бунинг сабаби — шариатда манъ қилинган нарсалар ўша нафс илгида юрган киши кўнглига маҳбуб ва ёқимлидир. Хусусан, яна илми калом ва мантиқ илмини эҳтиёждан ташқари талаб қилиб, фиқҳ илми ила ҳожатдан ортиқча машғул бўлган ва кўнгил тусар дунё ишларига мубтало бўлган кишиларга ҳам насиҳат қилиш оғир кечади. Чунки улар бу «ягона илмимиз Аллоҳни рози қилишга ва жаҳаннамдан қутулишгагина фойда қилади», дея гумон-иштибоҳга бериладилар. Яна «илм бўлгач, амалга хожат йўқ» қабилида фикр қиладилар. Бундай  фақат илмнинг ўзи билан кифояланиш шариатни инкор килувчилар эътиқоди бўлиб, улар илм ҳосил бўлса-ю, амал бўлмаса, бу каби илмдан фойда йўқлигини билишмайдн. Ҳолбуки, ўқиб ўзлаштирган илмига амал қилмаган одамнинг қиёмат кунидаги азоби икки ҳиссадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ўқиган илми фойда бермаган олимиинг қиёматдаги азоби қаттиқ бўлади». Ривоят қилурларки, Жунайд Бағдодий дунёдан ўтгач, бир киши тушида ул зоти муборакдан: «Эй, Абул Қосим, ҳолингиз нечук?» деб сўраган экан. Шунда Бағдодий: «Ўқиган иборалар (илмлар) ҳалок бўлди, «буни қил, буни қилма»га ўхшаган ишоралар йўқ бўлди, фақат кечалари туриб ўқиган намозларимизгина фойдага қолди, холос…», деб эмишлар.

Эй, фарзанд, амалда беамал бўлма,
Сўфийлар зикридан бесамар бўлма!..

Башарти юз йил ўрганиб, мингта китобни жамулжам этсангу амал қилмасанг, Аллоҳнинг раҳматига умидвор бўлишга ҳаққинг йўқ. Инчунин, Аллоҳ Қуръони каримда: «Инсон фақат қилган амаллари орқасидан фойда кўради. Қимки Аллоҳ таолонинг жамолини умид қилса, бас, солиҳ амал қилсин. Зероки, яхши амаллари эвазига мукофот, ёмон амаллари эвазига жазо олгусидир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни адо этган кишиларга фирдавс жаннати мақом бўлғусидир», деб айтган.

Ва яна, эй, фарзанд, бу ҳадисга не дейсан: «Ислом беш амал ила бино қилинди: биринчиси — Худонинг ягоналигига ва Муҳаммаднинг пайғамбарлигига гувоҳлик бериш; иккинчи амал — беш вақт намозни адо этиш; учинчиси — закот бериш; тўртинчиси — рамазон ойида рўза тутиш; бешинчиси — қуввати етса, киши умрида бир марта ҳаж зиёратини қилишдир».

Шу беш амалнинг аввали — Иймон хусусида. Иймон — пайғамбар келтирган ҳукмларни тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаб, аъзолар ила амал қилмоқликдан иборат. Керакли ва фойдали амаллар учун эса беҳисоб далиллар бор. Ва лекин банда фақат Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилгандагина ул зоти мукаррамнинг фазлу карами ила жаннатга эришади. «Аллоҳнинг раҳмати фақат ва фақат эзгу амаллар қилгувчиларгагина яқин ҳам лойиқдир».

Агар «Ёлғиз иймон бирла киши жаннатга эришадими?» деб сўралса, «Ҳа», деб айтурмиз. Аммо иймон билан жаннатга эришгунча банда рўпарасида қанчадан-қанча баланд ва машаққатли довонлари бор. Ушбу довонларни ошиб ўтмай жаннатга етмоқ душвор. Ўша довонларнинг энг аввали ва хатарлиси «Иймон то- ғи»дир. Чунончи, ҳар бир банда умри поёнига иймонни шайтон дастидан саломат етказа олурми ё йўқ — ҳамма гап ана шунда. Агар шу машаққатли ишнинг уддасидан чиқса, қурби етса, шундагина ёлғиз иймон билан (яъни бошқа амалларсиз) жаннатга дохил бўлади. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: «Эрта қиёмат кунида Аллоҳ таоло бандаларига: «Эй бандаларим, фақат Менинг раҳматим ва фазлим билан жаннатга киринг ва қилган амалларингизга яраша улуш олинг. Шунда амалсиз кишилар бундан маҳрум бўлиб, бебаҳра қолурлар», деб айтар экан», деганлар.

Эй, фарзанд, огоҳ бўл, амал қилмасанг, савоб топмайсан…

Ҳикоя: Бани Исроил қабиласида бир киши етмиш йил Аллоҳга тоат-ибодат қилди. Аллоҳ бу киши аҳволидан фаришталарига билдиришни хоҳлаб, бир фариштани хабар бериш учуи унинг ҳузурига йўллади ва дедики: «Бориб айт, шунча ибодати билан ул бандам Менга лойиқ эмасдир». Аллоҳнинг бу гапини фаришта  етказди. Шунда ул банда: «Биз ибодат учун яратилдик, ибодат қилиш бизларга вожибдир», деб жавоб берди. Фаришта Аллоҳ истиқболига қайтиб: «Илоҳо, ул банданг не дегани ўзингга аёндир», деди. Шунда Аллоҳ айтди: «Ул бандам, Менинг ибодатимдан юз ўгирмади, бас, Мен ҳам ўз фазлу карамим бирла ундан  юз ўгирмасман. Эй фаришталарим, гувоҳ бўлинглар. Мен уни мағфират қилдим».

Мана, кўрдинг, бу киши фақат ибодат билан Аллоҳнннг розилигини топди.

Ҳадис: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат сўроғидан илгари ўз-ўзингизга ҳисоб бериб туринг. Аллоҳ қиёмат тарозисига қўймасдан олдинроқ ўз амалларингизни ўлчаб юринг…»

«Ақлли киши шул кишики — ақли нафсидан ғолиб келур ва ўлгандан кейин тирилишини билиб, яхши амаллар қилур. Ва аҳмоқ киши шул кишики — нафси хоҳишига эргашиб, яна Аллоҳ мағфират қилишидан умидвор бўлур».

Эй, фарзанд, огоҳ бўл, кечалари китоб мутолаа айлаб, уйқуни ўзингга ҳаром қилдинг. Билмайман, бундай қилишингдан мақсад не? Агар ниятинг дунёвий обрў-эътибор топишу молу мулк тўплаш ё бу фоний дунёда бирон-бир мансаб-лавозим эгаллаш ва ёки яқинларинг ва тенгдошларинг орасида мақтаниш бўлса, унда ҳолингга вой ва яна вой… Ва агар мақсадинг Расулуллоҳ шариатларини тирилтирмоқ ва ёки хулқингни покламоқ ила ёмонликка буюрувчи нафс бўйнини синдирмоқ бўлса, сенга эзгуликлар ва яна эзгуликлар бўлсин! Шоир айтган экан: «Қўзларким, сендан (Аллоҳдан) бошқани деб уйғоқ туриши бекордур. Ва шу кўзларким сендан бошқани йўқотиб йиғласа, абас. Йиғламоқ фақат Аллоҳ учунгина бўлиши лозим».

Эй, фарзанд, Аллоҳнинг амри билан бу дунёда қанча хоҳласанг, шунча яшагил, аммо оқибат уни тарк этурсан. Ўлгандан сўнг ҳолинг мушкул бўлмасин учун бугун фикр қил! Нимаики  хоҳласанг, ўзингга дўст тут, аммо барибир ундан ажраласан. Ва нимаики амални хоҳласанг, қил, шунга яраша мукофотланурсан. Яхши амалга — яхши ҳукм, ёмон амалга — ёмон ҳукм. […]

Улуғлик эгаси, улуғ Аллоҳ ҳаққи-ҳурмати мен Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжилда кўрдим: майитни (мурдани) жанозага қўйилган вақтдан то қабр бошига элтгунча ундан Аллоҳ ўз улуғлиги билан қирқ савол сўраркан. Энг биринчи саволи, Аллоҳ айтади: «Эй бандам, сен неча йиллар давомида бандалар назари тушадиган жойларни поклаб, тозалаб юрдинг-у, аммo  Менинг назарим тушадиган қалбингни ақалли бирон соат ҳам пок тутмадинг. Мен эса бунга умидвор бўлиб ҳар кун сенинг қалбингга қарайман. Эй бандам, эҳсону карамларимга ўраниб олиб Мендан бошқалар билан нималар қилмадинг. Ҳолбуки, Мендан   бошқанинг ёди билан нафас олиш ҳам лойиқ бир иш эмас эди. Гапир ё бир сўз эшита олмайдиган кармисан?!» […]

Агарчи, сен шу пайтгача, бугун ва бундан кейин амал қилиб ўтказган ва ўтказадирган кунларингни ислоҳга келтириб, сарҳисоб қилмасанг, қиёмат куни ҳарчанд: «Бизларни дунёга қайтар, энди солиҳ амаллар қилурмиз», деганингда, сенга: «Эй, аҳмоқ, ўзинг-ку ўша дунёдан келдинг, яна не дейсан!» дея жавоб берилади.

Эй, фарзанд, руҳингга ҳиммат қил, нафсингга синиқлик бағишла ва танинг ҳокимлигини маҳв эт, ўлдир! Руҳ улуғ ҳодисаким, у фақат яхши амалларни хоҳлайди, биллоҳ, яхши амал қил, нафсинг буюрган йўлга юрсанг, муқаррар ҳалок бўлурсан. […]

Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу айтдилар: «Бу жасадларким, (бадан) бамисоли қушлар қафаси ва ёҳуд ҳайвонларни қамайдиган оғилхонадир». Бас, сен фикр қил, ҳар иккисининг қайси бирига мансубсен: агар юксакликка учадиган қушлар (яъни, эзгу, ибодатли кишилар — тарж.) жумласидан бўлсанг, Аллоҳ томонидан келадиган «Эй пок нафс!» деган нидони эшитиб, юқорига қараб учгайсен, токи жаннатнинг олий даражаларини қучгайсен!

Бир сабаб бўлиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Саъд ибн Муоз оламдан ўтган кун Аллоҳнинг арши ларзага келди, нечукким, анинг пок баданидан чиққан пок руҳи арши аълога кўтарилган эди».

Ва лекин, Аллоҳ сақласин, минбаъд иккинчи тоифа жумласига мансуб бўлма, негаки Аллоҳ айтади: «Бу беимонлар ҳайвонлар каби, балки ҳайвонлардан ҳам ортиқ адашганлардир». Бу ҳолда дунёдан тўғри жаҳаннамга боришдан четда қолмайсан. Ривоят қилинди: «Ҳасан Басрийга муздек сув беришди. У косани қўлига олароқ ҳушидан кетди ва коса ерга тушди. Ҳушига келгач; «Сизга нима бўлди, эй Абу Саид?» деб сўрадилар. Ул зот жавоб қилдилар: «Эрта қиёмат кунида аҳли дўзахларнинг доимий орзуси, оҳу ноласи — «Эй аҳли жаннатлар, бизга салқин сув беринг!» дейдиган илтижоси ёдимга тушди. Бу ҳолатларнинг хаёлига ҳам (тасаввур қилишга ҳам) дош беролмай ҳушдан кетибман».

Эй, фарзанд, яна шуни билгилки, агар амалсиз ёлғиз илмнинг ўзигина кифоя қилганда эди, Аллоҳ: «Мендан тиловчи (сўровчи), мағфират талаб қилувчи, тавба қилувчи борми?» деб сўрамаган бўларди. […].

Эй, фарзанд, кечалари таҳажжуд намозларини ўқи! Бизларга кечалари намоз ўқиш Аллоҳ таоло томонидан буюрилган. Яна  Аллоҳ саҳарларда туриб мағфират талаб қилувчи мўъминларни мадҳ этади. Бу борадаги оятлар бизларга шукр қилишни лозим  қилади.

Саҳарларда туриб мағфират сўраш Аллоҳни зикр қилишдир. Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: «Аллоҳ таоло уч овозга  дўст тутади. Биринчиси—саҳар мардондаги хўрознинг овози, у одамларни намозга уйғотади. Иккинчиси — Қуръон ўқиган кишиларнинг овози. Учинчиси — саҳарда туриб мағфират тиловчиларнинг овози».

Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳ таоло бир  шамолни яратди. У шундай шамолки, саҳар вақти эсади ва дунё кезиб, дуолар, зикрларни қудратли, улуғ подшоҳ (Аллоҳ) ҳузурига кўтариб боради». […]

Ҳар бир мўъмин-мусулмонга саҳар вақти ухлаб ғофиллар гуруҳидан бўлишдан сақланмоқ лозим. Луқмони Ҳаким ўғилларига насиҳат қилиб айтган эканлар: Эй ўғлон, эрта туришда сендан хўроз зийрак бўлмасин. Ахир, саҳар вақти хўроз қичқирганда ҳам сен уйқуда бўласан!» […]

Эй, фарзанд, айтар сўзинг ҳам, феъл-атворинг ҳам шариатга хилоф келмаслиги лозим бўлади. Чунки шариатга мувофиқ келмаган илм ҳам, амал ҳам инсонни тўғри йўлдан чалғитувчидир. Ва яна лозимдурки, нодон сўфиларнинг шариатдан ташқари гапларига алаҳсимагайсен. Сен уларнинг сувратига эмас, сийратига боқ. Зероки, бу тасаввуф (сўфийлик) мақоми ибодатга тамом киришмоқ, нафсоний шаҳватни қирқмоқ ва нафс мойил бўлиб турган нимарсани риёзат шамшири бирла чопмоқ ила воқеъ  бўлар, нимаики воқеъ — ботиндадир. Ва лекин шариатга қарши сўзлаш ёхуд шариат ичра бидъат ишлар қилиб, бидъат гапларни оғизга олиш сўфийликдан эмас.

Эй, фарзанд, бу тил яхши-ёмон гапларни сўзловчи бўлса ва бу қалб шаҳвату ғафлат ила тўлган эса, билгилки, бу ҳам бахтсизлик аломатидир. Ҳар қачонки комил ибодат қилиб, ушбу нафсоний иллатларни ўлдирмасанг, қалбинг маърифат нури ила мунаввар бўлмагай, тирилмагай. […]

Эй, фарзанд, баъзи сўраган масалаларинг «Эҳёу-улум»да тасниф этилган бўлса-да, қуйида қисқача тўхталиб ўтаман.

Эй, фарзанд, (шаръий) амалнинг аввали — эътиқодинг мустаҳкам бўлсин, уни бидъатдан холи қил! Иккинчиси  қаттиқ тавба айлаб, кейин гуноҳ ишларни қилмагин. Учинчиси — сендан ҳақ даъво қилганларни рози қил, бўйнингда бировнинг ҳақи қолмасин. Тўртинчиси — Аллоҳнинг амрларини адо қилишга етадиган ва сенга охиратда нажот берадиган илм ҳосил қилишинг даркор. Шу миқдордан ортиқча илм олиш вожиб эмас.

Ҳикоя: Шиблий раҳимаҳуллоҳ алайҳ айтдилар: «Тўрт юз пиру муршидга хизмат қилиб, тўрт минг ҳадисни ўқиб туширдим. Амма шу тўрт мингдан фақат биттасини маҳкам тутиб, шу ҳадисга амал  қилдим-да, бошқасига эътибор бермадим. Бошқача айтганда, чуқур ва атрофлича фикр юритиб, иқрор бўлдимки, ўзимнинг жаҳаннамдан нажотиму, шунингдек, аввалу охир илмларнинг бари шу ҳадис мағзига жам-мужассам экан, бас, ушбу ҳадис билан кифояландим.

Ҳадис: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобаларга айтдилар: «Бу дунёда қанча фурсат туришингга қараб иш қилгин, токи ортиқча амаллар билан умрингни беҳудага ўтказма! Ва охиратда қанча муддат туришингга, Аллоҳга не миқдорда муҳтожлигингга ва яна жаҳаннам оловига нечоғли тоқат қила олишингга қараб иш қил!»

Бу ҳадисни чуқур англаб иқрор бўл: жаҳаннам алангасига тоқат қила олмассан, ягона нажот — гуноҳлардан фориғ бўлмоғинг даркор.

Эй, фарзанд, мазкур ҳадиснинг моҳиятига етиб, унга амал қилсанг, сен учун беҳисоб илмларни ўқиб-ўрганишингга ҳожат қолмайди. Кел, Шақиқ Балхийнинг ҳамсуҳбатларидан бўлмиш Ҳотамул Асамдан (Аллоҳ ҳар иккисини раҳмат қилсин) яна бир муқобил ҳикояга қулоқ сол: «Бир куни Шақиқ Ҳотамдан сўрадилар: «Мана, ўттиз йилдирки, сен билан мен ҳамсуҳбат. Айт-чи, шу давр ичида бундан нима  наф кўрдинг?» Ҳотам айтдилар: «Шу ўрганган илмимдан саккиз фойда олдим. Умид қиламанки, шу саккиз фойда мени ўтдан (жаҳаннам ўтидан) сақлашга кифоя қилади». «Бу нечук фойда?» деб сўраганларида, жавоб бердилар: «Биринчи фойда шулки, халққа юз тутдим ва кўрдимки, ҳар бирининг маҳбубию маъшуқи бор. Баъзи маҳбублар то ўлим шарбатинм тотгунча ҳамсуҳбатдирлар. Баъзи маҳбуб-маъшуқлар қабр ёқасигача бирга бўлишади. Кейин унинг ёлғиз ўзини (оламдан ўтганини) қабрга қўйиб қайтишади, бирон-бир маҳбуб ёки маъшуқ йўқки, маҳбуби ё маъшуқи билан қабрга кирса… (Оламдан ўтгач) бу маҳбуб ё маъшуқларнинг биронтаси унга ҳамдард ҳам бўлолмайди. Шуларни ўйлаб, ўзимга айтдим: энг афзал маҳбуб улким, киши билан бирга қабрга киради ва ҳамдардлик қилади. Ўзимга эзгу амалдан бошқа садоқатли маҳбубни топмадим ва уни дўст тутдим — токи ул қабримда мен учун ёруғ нур бўлсин ва ёлғиз қолдирмасин.

Иккинчи фойда — халққа юз тутдим ва кўрдимки, барчалари кўнгил тусаган мақомга эргашиб, нафси тплаган нарсаларга ошиқишадп. Буни кўриб, Аллоҳ таолонинг шу сўзларини эсладим: «Кимики Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беришдан қўрқиб, нафсини ёмон йўллардан қайтарса, албатта, жаннат унинг жойидир». Аниқ билдимки, Қуръон — ҳақ ва рост. Дафъатан Аллоҳнинг ибодатига рози бўлиб, бўйинсунмагунча нафсимга қарши турдим, унга қарши уруш очиб, ёмон тилаклардан қайтаришга енг шимардим.

Учинчи фойда шу бўлдики, кўп инсонларни кўрдим, мол-дунё учун елиб-югуришади, тўплаган молларини маҳкам ушлаб, хайрли ва савоб ишларга сарфлашмайди. Буни кўриб Аллоҳ таолонинг сўзини эсладим: «Сизларда бўлган молу бойликлар тугайди. Аллоҳ ҳузуридаги бойликлар туганмас». Бу дунёда нимаики бойлик орттирган бўлсам, Аллоҳнинг розилиги учун барчасини сарф этдим ва унинг ҳузурида менга захира бўлсин деб камбағалларга тарқатдим.

Тўртинчи фойда — баъзи халқни кўрдим: «Бизнинг обрў-иззатимиз қавмимиз ва қариндошларимизнинг кўплиги туфайли», деб шунга мағрурланишади. Баъзи халқлар ўзларининг обрў-иззатлари сабабини моддий бисоти ва фарзандларининг кўплигида кўришади ва бу билан фахрланишади. Бошқалари эса ўз обрў-эътибори баландлиги боисики бировларга зулм қилкб, мол-мулкини зўравонлик билан тортиб олишда деб билса, яна бир тоифа борким, ўз мол-дунёсини нолойиқ жойларга исроф қилиб сарфлашда деб гумон қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло сўзи ёдга тушади: «Батаҳқиқ, сизларнинг обрў-иззатли бўлишингиз Аллоҳдан қўрқиб тақво қилганингиздадир». Бас, тақвони ихтиёр этиб, Қуръоннинг ҳақ ва ростлиғига иймон келтирдим. Ҳалиги кишиларнннг фикр ва гумонлари ботил ва ғофилликларидан далолатдир.

Бешинчи фойда шу бўлдики, инсонларни кўрдим, баъзилари баъзиларини мазаммат, ҳақорат ва ғийбат қилурлар. Бунинг баҳонаси бандаларнинг мол-дунё, мансаб, мартаба учун бир-бировига ҳасад қилишида, деб билдим ва Аллоҳ таолонинг шу сўзларини эсга олдим: «Мен уларнинг бу дунёда тўкис яшамоқлари учун етарли ризқ-насибаларини бўлиб бердим». Билдимки, ризқ-рўз тақсимоти азалдан Аллоҳ таоло томонидан белгиланган экан. Бас, ҳеч бир кишига ҳасад қилмасдан, Аллоҳнинг қисматига рози бўлдим.

Олтинчи фойда шулким, одамларни кўрдим, бир-бировларини ўткинчи дунёнинг мансаб-мартабаси, ҳою ҳаваси туфайли душман тутиб, ўзаро ғараз-адоват сақлайдилар. Шунда Аллоҳнинг сўзини эсладим: «Шайтон сизларнннг душманингиздир. Шайтонки ўзингизга душман деб билинг». Ва билдимки, шайтондан ўзгани душман гумон этмоқ жоиз эмас экан.

Еттинчи фойда бул эрурки, баъзи бир кишиларни кўрдим, егулик, тирикчилик важидан, бойлик тўплаш илинжида жидду жаҳд ила елиб-югуриб, ўзларини ўтга-чўққа уриб, қийнаб юришибди: тирикчилик қиламан, деб ҳаром шубҳалардан ҳам парҳез қилмасдан, қадрини пастга уриб, ўзини хор этиб… Шунда Аллоҳ таоло сўзини хотирладим: «Ер юзидаги барча махлуқларнинг ризқини берувчи ёлғиз Аллоҳ таолодир». Бас, иқрор бўлдимки, ризқим Аллоҳнинг инон-ихтиёрида экан ва унинг ибодати ила машғул бўлдим. Бошқа тарафлардан умидимни уздим.

Ниҳоят, саккизинчи фойда бул бўлди: «Қай бир бандани кўрмай суянчиғи, таянадигани ўзига ўхшаган яна бир банда, яъни, яратилмишдирким, шу махлуққа суянади. Баъзиси пулига баъзиси бисотига, баъзиси касб-ҳунарига ва яна баъзиси, ҳали айтганимдек, ўзига ўхшаган ночор махлуқ —тяратилмишга таянади. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу каломи ёдимга тушди: «Кимики Аллоҳ таолога таваккал қилса (суянса), Аллоҳ уни кифоя қилувчидир. Албатта, Аллоҳ у кишининг ишини мукаммал қилувчидир». Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло ҳар бир нарса ва ҳодисани ўз тақдири билан ато этган. Бас, Аллоҳ таолога таваккал қилдим — у менинг кифоя қилувчимдир, у менинг онқадар буюк суянчиғимдир».

Шақиқ Балхий айтдилар: «Мен Таврот, Забур, Инжил ва Қуръонни кўздан кечирдим. Шу тўртала китоб мана шу саккиз фойдага буюриб, шундан амр қилади. Кимики шу саккиз фойдага амал қилса, шу тўрт самовий китобга амал қилган бўлади».

Эй, фарзанд, шу икки ҳикоятдан билдингки, кўп илм эмас, балки кўп амалга муҳтож экансан. Энди сенга ҳақ йўлини тутган, унинг остонасига қадам қўйган киши учун нималар вожиблиги баёнини қиламан.

Билгилки, ҳақ йўлига кирувчи кишига, албатта, комил тарбия бериб, тўғри йўлга бошловчи, муриддаги ёмон хулқларни риёзат ила тозалаб, ўрнига яхши, гўзал хулқларни барқарор этмоғи шайх (устод) учун вожибдир. […]. Чунончи, шайх (эргашган устозинг), аввало, моддий бойлик орттиришдан юз ўгириб, мансаб-мартаба ҳою ҳавасидан воз кечган, Расулуллоҳнинг силсилаларига тобеъ бўлиши керак. Ва кам еб, кам ичиб, кўп намоз ўқиб, кўп тоат-ибодат қиладиган, рўза садақаларини бериб, нафсини риёзат ила безаган киши бўлмоғи шарт. Мана шундай комил шайхга эргашиб, ўзингга қуйидаги хулқларни сийрат қилиб ол: сабр-тоқат, шукроналик, Аллоҳга таваккал, самимият, сахийлик, қаноат, нафсий хотиржамлик, ҳилм, тавозеъ, илмпарварлик, ростгўйлик, ҳаёлилик ва вафодорлик… Ушбу хулқлар билан   зийнатланган шайх Расулуллоҳ нурларидан бир даста нур бўлур, қани энди шундай шайхга муяссар бўлиб, эргашсанг… Аммо бу каби шайхни топиш қийин, балки кибрити аҳмардан (Кибрити аҳмар — нодир, қимматбаҳо тош) ҳам азизроқдир. Бахти кулиб, кимгаки шундай шайх мушарраф бўлса ва ул шайх қабул этса, ўша мурид ўз навбатида шайхнинг ҳурматини ҳам зоҳиран, ҳам ботинан жойига қўйиши лозим бўлади. […].

Илгари таъкидлаб ўтганимиздек, мурид ўз нафсига нисбатан муросасиз бўлиб, унга шафқат қилмаслиги даркор. Бунга эса у асосан ёмон, фосиқ одамларнинг суҳбатидан сақланиш билан муяссар бўлади. Ва яна қалбидаги келиб чиқиши жинлардан бўлган шайтон ҳукмронлигини мағлуб этсин. Шундагина унинг қалби шайтоний васвасалардан тоза бўлади. Ҳаммавақт камбағалликни ихтиёр қилсин. Мана шу айтилган панду насиҳатлар тасаввуф йўлига кирмоқчи бўлган мурид учун вожиб қилинди.

Эй, фарзанд, билгилки, тасаввуф икки ишдир: бири — Аллоҳ буюрганидек тўғри юрмоқ, тўғри турмоқ (Мусулмонларга Аллоҳ фарз қилган жамики амалларда — Тарж.). Иккинчиси — халқдан четлашмоқ (узлат), яъни, ношаръий ишларда халқдан ажралмоқ.

Кимики Аллоҳ буюрганини тўлиқ адо этса, юриш-туриши, хулқи, одамлар билан муомаласи юмшоқ ва чиройли бўлса, ўша зотни чинакам сўфий дейиш мумкин. Бннобарин, Аллоҳ буюрганидек, тўғри бўлмоқ нафсни Аллоҳ йўлида фидо қилмоқнинг ҳосиласидир. Хулқан озода кишилар билан ширин муомалада бўлишнинг моҳияти шу. Одамларга ўз хоҳиш-ихтиёрингни юргизма, балки шариатга хилоф қилмаган ҳолда улар хоҳиш-ихтиёрига нафсингни ростлаб, муносабатда бўл.

Эй, фарзанд, бандаликнинг маъниси ҳақида сўрабсан. Бандалик уч асосдан иборат: биринчиси — шариат ишларини давом эттириб, ҳимоя қилмоқ; иккинчиси — Аллоҳнинг тақдири азали ва қазои қадарига рози бўлмоқ; учинчиси — Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб, нафс рози бўладиган нарсаларни тарк қилмоқ.

Яна таваккал ҳақида ҳам сўрабсан. Таваккал раҳмли ва меҳрибон Аллоҳнинг марҳаматига, бандасига берган ваъдаларига ишонч-эътиқодни мустаҳкам қилмоқдан иборат. Бошқача айтганда, дейлик, бир нимани сенга жумлаи олам раво кўрмай, ҳарчанд қайтаришга уринса-да, бироқ, агар тақдирингда битилган бўлса, ўша нарса, албатта, сенга насиб этишига ёхуд, аксинча, агар ёзуғингда бўлмаса, аҳли жаҳон енг шимарса ҳам бекорлигига ишонмоғингдир.

Эй, фарзанд, яна ихлос ҳақида сўрабсан. Ихлос қилган амалларинг Аллоҳ учун холис бўлиши ва мабодо одамлар сени мақтаса, бундан қалбингда ғурур пайдо бўлмаслиги ёхуд мазаммат килган тақдирда парво қилмаслигингдир. Ахир, амалинг ёлғиз Аллоҳ учун, бандалар учун эмас-ку! Одамлар ҳурмат-иззатингни жойига қўйиб, таъзим бажо келтиришади ва бундан сенда риё пайдо бўлади. Риёни даф этмоқнинг давоси — одамларни Аллоҳнинг қудратига бўйсунган ҳолда кўрмоқ, билмоқки, одамлар сенга ҳақиқий маънодаги роҳат ва машаққат етказа олмаслар, бунга қурблари етмас, балки жонсиз бир нимарса каби ҳисоб қил. Билъакс, халойиқни улуғ ирода соҳиби ва қудратли деб гумон қилсанг, сендан риё узоқлашмайди. Бу риё билан сен Аллоҳ учун эмас, халойиқ учун ибодат қилган бўласан. […]

Эй, фарзанд, сенга саккиз насиҳат қилурман, қабул эт, токи қилган амалларинг рўзи қиёматда ўзингга душман бўлмасин. Бу саккиз амалдан тўртига риоя қил, қолган тўрттасидан воз  кеч! Ушбу тарк қилмоқ жоиз бўлган тўрт амалнинг биринчиси — биров билан ҳеч бир масала устида тоқатинг тоқ бўлгунча баҳслашиб, низо чиқадиган даражада тортишма. Чунки бунинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ. Риё, ҳасад, кибр, гина, адоват, мағрурланиш ва бошқа иллатлар энг ёмон хулқларнинг манбаидир. Башарти ҳамсуҳбатинг ё сен билан аҳли жамоа ўртасида бир масала чиқиб қолсаю шу муаммонинг ечимсиз кетишини истамай ҳақни изҳор қилмоқчи бўлсанг, бу ҳолда, майли, мунозарага рухсат берилади. Фақат, бунинг икки аломати бор: бири масаланинг ҳужжати, ҳақиқий далили сенинг тилингдан чиқадими ё ҳамсуҳбатинг томонидан изҳор бўладими — жиззакилик қилмай, буни ўзингга ҳақорат билмай, ҳақ гапни тан олишинг лозим. Иккинчиси — баҳс халойиқ қуршовидан кўра, хилват жойда бўлгани маъқул. Негаки, баҳсдан мурод билағонлигингни бошқаларга кўз- кўз қилмоқ эмас, балки Аллоҳнинг ризолигидир.

Билгилки; сен учун мураккаб, бир қадар мушкул бўлган масалаларни олиму донишмандлардан сўраб билмоқ худди оғриқ қалбни ҳозиқ табибга даволатгандек бир гап. Мазкур қийин масала ечилиши билан қалбнинг марази шифо топгандек бўлади.

Эй, фарзанд, ёдингда бўлсин, нодон, жоҳил одамларнинг қалблари касал, бемордирким, уларни даволовчи табиблар, олимлару донишмандлардир. Аммо нодон «олим» бунга қодир эмас. Фақат ҳақиқий, комил (табиб) олимгина, башарти касалнинг шифо топишига кўзи етса, даволай олади, ўз навбатида бемор ҳам муолажани қабул қилади. Мабодо тузалмас дардга чалинган бўлса-чи? Ҳозиқ табиблар муолажани қабул қилмайдиган бундай касални олдиндан билиб, беҳудага овора бўлишмайди.

Эй, фарзанд, билгилки, нодонлик иллати тўрт нав бўлур: фақат бир нави дори-давони қабул қилгувчи, қолган уч нави эса бундан мустасно. Ушбу уч навдан бириси шулки, кимдир сенга ҳасад, ғазабга қоришиқ бир савол берса ва унинг саволига ибо билан, чиройли жавоб қайтарсанг ё адоватга яхшилик ила муносабатда бўлсанг ҳам, сенга бўлган ғазабу нафрати зиёда бўлаверса… Яхшиси, бундай одамнинг саволига жавоб излаш билан  машғул бўлмай, сукут қил: аҳмоққа жавоб — сукут…

Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар беради: «Эй Муҳаммад, Қуръондан юз ўгирган кишилардан сен ҳам юз ўгир. Улар бу дунё ҳаётидан бошқани хоҳламайди ва ҳавойи нафсига эргашиб ҳалок бўлади». Дарҳақиқат, ҳасад қилувчи нимаики, неки демасин, бари-барини ўтга ёқади. Бир сабаб бўлиб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтдилар: «Олов ўтинни еганидек, ҳасад инсондаги барча яхшиликларни еювчидир». Иккинчиси (нодонликнинг иккинчи нави) — муолажани қабул қилмайдиган касаллик бўлиб, бу аҳмоқликдир. Чунончи, Исо алайҳиссалом демишлар: «Ўликни тирилтиришга қурбим етди, илло аҳмоқнинг давосиға ожиз қолдим». Аҳмоқ шундай кишиким, қисқагина муддатда ақлий ва шаръий плмлардан нари-бери хабардор бўлади-да, дуч келган одам билан шу ўрганганлари юзасидан мунозарага киришиб, тортишиб юради. […]

Ваъз айтурда эҳтиёт бўлмоғинг лозим, ваъз айтишдан мақсадинг — аҳли мажлисни қойил қолдириб, кайфиятларини ўзгартириб, «Оҳ, қандоқ олиймақом ваъз бўлди!» дея ёқа йиртиб, ўз меҳр-муҳаббатларини изҳор этмоқларидан иборат бўлмаслиги даркор. Чунки буларнинг ҳаммаси риёга яқиндир. Риё комил ғафлатдан туғилади. Балки ваъз ўқишдан асосий мақсадинг халқни фоний дунёдан охиратга чақириш, гуноҳдан ибодатга, очкўзликдан парҳезкорликка, бахилликдан саховатга, охират гумонидан комил ишонч-эътиқодга, ғафлатдан ҳушёрликка, кибрдан тақвога даъват этмоқ бўлснн. Ва улар қалбига охират ишқинн жо-бажо эт, бу ўткинчи дунёга нафрат уйғотиб, унга кўнгил бермасликнинг ва ибодатнинг йўлларини ўргат!

Яна шуниси борки, «Аллоҳнинг карам-марҳамати кенг, раҳмати бисёр» деб халқни мағрурлантириб қўйма! Чунки бундан улар кўнглида ғурур, ғолиблик туйғуси пайдо бўлади ва шариат йўлига кирмасдан, Аллоҳ рад этган ишлар билан шуғулланиб, ёмон хулқлар орттиришади. Бунинг ўрнига дилларига келажакда (қиёматда) бўладиган даҳшатли ҳодисалар билан қўрқув бахш эт, шояд ботинларидаги бемаза иллатлар ўзгариб, зоҳирларидаги ёмон амаллар яхши аъмол ила ўрин алмашинса, тоат- ибодатга меҳру рағбат қўйиб, илгари ҳеч бир тортинмасдан қилган гуноҳларидан тавба қилишса, қайтишса…

Энди (ўша саккиз насиҳатнинг тарк қилишинг лозим бўлган тўрт амалидан) учинчиси баёнига келдик: подшо, амирлару хонларга ўзингни яқин тутиб, ҳамсуҳбат бўлма ва уларга тамаъ кўзи билан қарама. Чунки улар билан бирга ўтириш, улфат тутиниш, аралашиб ҳамсуҳбат бўлишда буюк офатлар бор. Ва мабодо бирга ўтириб-туришга маҳкум бўлсанг, ўзингни бундайларни мақтаб, таъриф-тавсифлашдан йироқ тут! Зеро, фосиқу золимлар мақталган вақтда Аллоҳ таоло ғазаб қилади. Кимики золиму фосиқлар умрию мансаб-мартабаси боқийлиги учун дуога қўл очса, Аллоҳ таоло халқ этган (яратган) ерда туриб гуноҳ қилишни ўзига раво кўрибди. Ахир, золиму фосиқларнинг гуноҳдан бошқа ишлари йўқ-ку.

Ниҳоят (тарк қилишинг лозим бўлган тўрт амалнинг) охиргиси: ёдингда бўлғайким, амиру хонлар ҳадясини ҳаргиз қабул қилмагайсен, агарчи бу ҳалолдан келган бўлса ҳам. Зеро, ҳокимлардан қилинган тамаъ динни ҳам, қалбни ҳам бузади. Яъни, ҳадяларни қабул қиларкансан, бу қилмишинг билан сенда охиратни бериб, дунё олиб қолиш ва ўшалар томонига ён босиш, халққа қилган жабр-зулмларига розилик, хайрихоҳлик майллари пайдо бўлади. Бунинг номини фасодкорлик дейдилар. Дейлик, сен улардан арзимаган миқдорда совғалар қабул қилдинг ҳам. Шунда ҳалиги мукофотинг «сеҳру жодуси» ила беихтиёр золимларни дўст тутиб қоласан. Золимники дўст тутгач, унинг умри- мартабаси зиёда бўлиши, боқий қолишини хоҳлашинг ҳам табиий. Кимики золим ҳукмдорнинг умрию мансаби боқий қолишига тилакдош бўлса, Аллоҳ бандаларига ул ҳокимнинг зулм етказишига ва оламни хароб этишга розилиги аломатидир. Мана шундай кишилар (ҳокимлар) билан дўст тутинишинг динни ғорат қилиб, иймон саломатлигини таҳлика остида қолдиришга олиб келади, билки энг зарарли иллатдир бу.

Эй, фарзанд, шайтон ҳийла-найрангига учмаслигинг лозим бўлади. Шайтон сенга: «Золимлардан тиллаю бойликларни олганинг маъқул, улар ёмон йўлларга сарфлагандан кўра, сен бева-бечора, камбағал-мискинларга тарқат, заифларга нафақа қил!» дея ҳийла қилади. Сен шайтоннинг бу найрангидан ғофил бўлма, алданма! Чунки бу шайтон шу тариқа кўпгина иймони бут инсонларнинг ҳисобини ҳал қилди. Бу шайтоний васвасада кўпгина яширин офатлар бор. Мабодо мазкур ҳолатлар тўғрисида батафсил билмоқ истасанг, «Эҳёу улум» китобига мурожаат эт.

Энди (ўша саккиз насиҳатнинг риоя қилишинг лозим бўлган тўрт амалидан) биринчиси баёни: Аллоҳ таолога муомала-муносабатинг қандай бўлмоғи керак? Бу шундайки, бамисоли сотиб олган қулинг қай йўсин муомала қилса, сенга маъқул келиб, рози бўлсанг, Аллоҳга ҳам шундай — сендан рози бўладиган тарзда муомалада бўл! Қулингнинг қай бир муомаласидан ранжисанг, Аллоҳ ҳам сенинг шундай муомалангдан рози бўлмайди. Бундай ёмон муомалани Аллоҳга ҳаргиз раво кўрма, ахир, ул зот сенинг ҳақиқий хўжайининг-ку.

Энди тўрт яхши амалнинг иккинчиси: ҳар вақт кишилар билан бир иш қилмоқчи бўлсанг, ўзингга манзур ва маъқул келган нарсани уларга ҳам раво кўр. Чунки ўзига дўст тутган нарсани бошқа бир мусулмон биродарига ҳам соғинмагунча ҳеч бир банданинг иймони комил бўлмайди.

Учинчи насиҳат (амал) қуйидагича: агар мутолаа қилиб, илм олсанг, бу илминг нафсингни поклаб, қалбингни ислоҳга келтирсин. Агар умринг охирлаб қолганини сезсанг, мантиқ, усули каломга ўхшаш бефойда илмлар билан машғул бўлма. Чунки бу илмлар охиратда сенга ҳеч фойда бермас. Балки қалбингни шак- шубҳадан поклашга, нафсинг сифатларини танишга ва дунё алоқаларидан юз ўгиришга киришмоғинг жоиздир. Токи нафсингни ёмон хулқлардан тозалаб, унга яхши сифатлар билан оройиш бериб, Аллоҳ муҳаббати ила машғул бўлгайсен. Нечукким, пишиб қолган одам ҳеч қанча вақт ўтмай фоний дунёни тарк этмоғи тайин. Шу боис бир кун умринг қолган бўлса ҳам, қалбни мусаффо этиб, нафсни поклашга хизмат этувчи илм билан шуғулланиб қолмоқ зарур.

Эй, фарзанд, шу сўзим ҳамиша қулоғингда бўлсин ва танангда обдан ўйлаб кўр, ундан ҳаттоки нажот топгайсан: агар сенга  «бир ҳафтадан кейин подшоҳ зиёратингга келади», деб хабар беришса, аминманки, шу қисқа вақт ичида олампаноҳнинг назари тушадиган хоҳ ҳовли-жойинг, хоҳ кийим-кечагингу аъзойи-баданинг, хоҳ емиш-емагинг бўлсин — барини ораста этиб, ювиб-тарашдан, «қутлуғ ташриф»га тайёргарлик кўришдан бошқа иш билан шуғулланмайсан. Сен нозикфаҳмсан, нималарга ишора этаётганимни илғаётгандирсан? Зийрак фаҳмга бир сўз, оқилга бир ишора кифоя, дейишади. Ҳар қалай, бу дунёнинг подшоҳи учун, унинг назари тушиши мумкин бўлгани учун шунчалар елиб-югурдингу подшоҳларнинг подшоҳи бўлмиш ҳақиқий подшоҳинг — Аллоҳ назари хаёлингга келмадими? Лекин Аллоҳ таолонинг назари қалбдан бошқа жойга тушмайди. Бинобарин, қалбингни дунёингдан ҳам покроқ, тозароқ тут! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларнинг сувратларингу амалларингга қарамайди. Унинг нигоҳи қалбларинг ва ниятларингга қаратилгандир». Агар қалбий ҳолатлар борасида билмоқ истасанг, «Эҳёу улум» ва бошқа тасниф этган китобларимга мурожаат қил. Нечукким, қалб илмини билмоқ фарзи айндир. Аллоҳнинг фарзларини адо қилмоққа етарли миқдордан ортиқча таҳорат, намоз илми ва бошқа илмларни олмоқ эса фарзи кифоядир. Аллоҳ таоло сенга тавфиқ берсин, токи бу насиҳатларимни ботинингга жо-бажо этиб, адосига ўзингни мажбур қилгайсен, фойдасини ўзингда кўргайсен.

Ниҳоят тўртинчи насиҳат: бир йилга етарли миқдордан ортиқча бойлик тўплама. Инчунин, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам баъзи оилалар (хонадонлар) учун нафақа тайёрлар ва айтар эдилар: «Эй раббим, Муҳаммад хонадони нафақасини меъёрида қил: кўп ҳам қилма, кам ҳам…» […]

Ё раббим, бизни тўғри йўлимизда собит, қиёмат пушаймонлигидан соқит, гуноҳларимиз оғирини енгил, яхшилар ҳаётини ризқ ва матлаби кўнгил, ҳалолият ила кифоя ва ҳаромият тажовузидан, ёвузлар ёвузлигидан ҳимоя, ота-она, ака-ука, опа-сингилларимизни қиёмат ҳасратларидан ва жамики мўъмину мўъминаларни жаҳаннам даҳшатларидан озод қилгайсен!

Эй, азиз, эй, улуғ, эй, жумлаи олам кузатувчиси, соҳиби қудрат, эй айбу нуқсонларимизни беркитувчи, ҳурматлилар ичра якто соҳиби ҳурмат, эй фазли карами ва раҳмати ила шафқатлилар ичра якто соҳиби шафқат — Аллоҳ! Омин!

Аллоҳнинг марҳамати ва кўмаги ила мухтасар қилинди.

Манба:  Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолийнинг «Аййуҳал валад»  асаридан («Бухоро»нашриёти, 1992 й.)  қисқартириб олинди.

045

Abu Homid Muhammad  al-G’azzoliy
AYYUHAL VALAD (EY, FARZAND!)
Arabchadan Alijon Botir, Isroil Subhoniy tarjimasi
033

Bismillahir rohmanir rohiym!

Ey, farzand, ogoh bo’l, Rasulullohning ummatlariga qilgan nasihatlari, xitoblaridan biri shundaykim: «Alloh taolo bandasini o’z dargohidan yiroq qilmoqligining belgisi — ul banda o’ziga oxiratda hech foyda bermaydigan amallar ila mashg’ul bo’lishidir. Va ul kishi umrining aqalli bir soatini behudagarchilikka sarf etsa, bas, shuning o’zi qiyomat kuni pushaymon yeyishiga kifoya. Va yo bir odamning umri qirq yoshdan o’tsa-yu, yaxshi amallari yomon amalidan ortiq bo’lmasa, bu kishi ham jahanamga hozirlik ko’raversin…»

Ushbu hadisda ahli ilmlar uchun bag’oyat ibrat bor, ey farzand!

Ey, farzand, nasihat qilish oson, ammo uni qabul qilish qiyin. Zero, bu nasihat ko’ngil talabiga ergashib yuruvchi kishi tabiatiga achchiq tegadi, og’ir botadi. Buning sababi — shariatda man’ qilingan narsalar o’sha nafs ilgida yurgan kishi ko’ngliga mahbub va yoqimlidir. Xususan, yana ilmi kalom va mantiq ilmini ehtiyojdan tashqari talab qilib, fiqh ilmi ila hojatdan ortiqcha mashg’ul bo’lgan va ko’ngil tusar dunyo ishlariga mubtalo bo’lgan kishilarga ham nasihat qilish og’ir kechadi. Chunki ular bu «yagona ilmimiz Allohni rozi qilishga va jahannamdan qutulishgagina foyda qiladi», deya gumon-ishtibohga beriladilar. Yana «ilm bo’lgach, amalga xojat yo’q» qabilida fikr qiladilar. Bunday faqat ilmning o’zi bilan kifoyalanish shariatni inkor kiluvchilar e’tiqodi bo’lib, ular ilm hosil bo’lsa-yu, amal bo’lmasa, bu kabi ilmdan foyda yo’qligini bilishmaydn. Holbuki, o’qib o’zlashtirgan ilmiga amal qilmagan odamning qiyomat kunidagi azobi ikki hissadir. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam aytadilar: «O’qigan ilmi foyda bermagan olimiing qiyomatdagi azobi qattiq bo’ladi». Rivoyat qilurlarki, Junayd Bag’dodiy dunyodan o’tgach, bir kishi tushida ul zoti muborakdan: «Ey, Abul Qosim, holingiz nechuk?» deb so’ragan ekan. Shunda Bag’dodiy: «O’qigan iboralar (ilmlar) halok bo’ldi, «buni qil, buni qilma»ga o’xshagan ishoralar yo’q bo’ldi, faqat kechalari turib o’qigan namozlarimizgina foydaga qoldi, xolos…», deb emishlar.

Ey, farzand, amalda beamal bo’lma,
So’fiylar zikridan besamar bo’lma!..

Basharti yuz yil o’rganib, mingta kitobni jamuljam etsangu amal qilmasang, Allohning rahmatiga umidvor bo’lishga haqqing yo’q. Inchunin, Alloh Qur’oni karimda: «Inson faqat qilgan amallari orqasidan foyda ko’radi. Qimki Alloh taoloning jamolini umid qilsa, bas, solih amal qilsin. Zeroki, yaxshi amallari evaziga mukofot, yomon amallari evaziga jazo olgusidir. Iymon keltirib, solih amallarni ado etgan kishilarga firdavs jannati maqom bo’lg’usidir», deb aytgan.

Va yana, ey, farzand, bu hadisga ne deysan: «Islom besh amal ila bino qilindi: birinchisi — Xudoning yagonaligiga va Muhammadning payg’ambarligiga guvohlik berish; ikkinchi amal — besh vaqt namozni ado etish; uchinchisi — zakot berish; to’rtinchisi — ramazon oyida ro’za tutish; beshinchisi — quvvati yetsa, kishi umrida bir marta haj ziyoratini qilishdir».

Shu besh amalning avvali — Iymon xususida. Iymon — payg’ambar keltirgan hukmlarni til bilan aytib, dil bilan tasdiqlab, a’zolar ila amal qilmoqlikdan iborat. Kerakli va foydali amallar uchun esa behisob dalillar bor. Va lekin banda faqat Alloh taologa toat-ibodat qilgandagina ul zoti mukarramning fazlu karami ila jannatga erishadi. «Allohning rahmati faqat va faqat ezgu amallar qilguvchilargagina yaqin ham loyiqdir».

Agar «Yolg’iz iymon birla kishi jannatga erishadimi?» deb so’ralsa, «Ha», deb ayturmiz. Ammo iymon bilan jannatga erishguncha banda ro’parasida qanchadan-qancha baland va mashaqqatli dovonlari bor. Ushbu dovonlarni oshib o’tmay jannatga yetmoq dushvor. O’sha dovonlarning eng avvali va xatarlisi «Iymon to- g’i»dir. Chunonchi, har bir banda umri poyoniga iymonni shayton dastidan salomat yetkaza olurmi yo yo’q — hamma gap ana shunda. Agar shu mashaqqatli ishning uddasidan chiqsa, qurbi yetsa, shundagina yolg’iz iymon bilan (ya’ni boshqa amallarsiz) jannatga doxil bo’ladi. Hasan Basriy rahmatullohi alayhi: «Erta qiyomat kunida Alloh taolo bandalariga: «Ey bandalarim, faqat Mening rahmatim va fazlim bilan jannatga kiring va qilgan amallaringizga yarasha ulush oling. Shunda amalsiz kishilar bundan mahrum bo’lib, bebahra qolurlar», deb aytar ekan», deganlar.

Ey, farzand, ogoh bo’l, amal qilmasang, savob topmaysan…

Hikoya: Bani Isroil qabilasida bir kishi yetmish yil Allohga toat-ibodat qildi. Alloh bu kishi ahvolidan farishtalariga bildirishni xohlab, bir farishtani xabar berish uchui uning huzuriga yo’lladi va dediki: «Borib ayt, shuncha ibodati bilan ul bandam Menga loyiq emasdir». Allohning bu gapini farishta yetkazdi. Shunda ul banda: «Biz ibodat uchun yaratildik, ibodat qilish bizlarga vojibdir», deb javob berdi. Farishta Alloh istiqboliga qaytib: «Iloho, ul bandang ne degani o’zingga ayondir», dedi. Shunda Alloh aytdi: «Ul bandam, Mening ibodatimdan yuz o’girmadi, bas, Men ham o’z fazlu karamim birla undan yuz o’girmasman. Ey farishtalarim, guvoh bo’linglar. Men uni mag’firat qildim».

Mana, ko’rding, bu kishi faqat ibodat bilan Allohnnng roziligini topdi.

Hadis: «Muhammad sollallohu alayhi vasallam aytdilar: «Qiyomat so’rog’idan ilgari o’z-o’zingizga hisob berib turing. Alloh qiyomat tarozisiga qo’ymasdan oldinroq o’z amallaringizni o’lchab yuring…»

«Aqlli kishi shul kishiki — aqli nafsidan g’olib kelur va o’lgandan keyin tirilishini bilib, yaxshi amallar qilur. Va ahmoq kishi shul kishiki — nafsi xohishiga ergashib, yana Alloh mag’firat qilishidan umidvor bo’lur».

Ey, farzand, ogoh bo’l, kechalari kitob mutolaa aylab, uyquni o’zingga harom qilding. Bilmayman, bunday qilishingdan maqsad ne? Agar niyating dunyoviy obro’-e’tibor topishu molu mulk to’plash yo bu foniy dunyoda biron-bir mansab-lavozim egallash va yoki yaqinlaring va tengdoshlaring orasida maqtanish bo’lsa, unda holingga voy va yana voy… Va agar maqsading Rasululloh shariatlarini tiriltirmoq va yoki xulqingni poklamoq ila yomonlikka buyuruvchi nafs bo’ynini sindirmoq bo’lsa, senga ezguliklar va yana ezguliklar bo’lsin! Shoir aytgan ekan: «Qo’zlarkim, sendan (Allohdan) boshqani deb uyg’oq turishi bekordur. Va shu ko’zlarkim sendan boshqani yo’qotib yig’lasa, abas. Yig’lamoq faqat Alloh uchungina bo’lishi lozim».

Ey, farzand, Allohning amri bilan bu dunyoda qancha xohlasang, shuncha yashagil, ammo oqibat uni tark etursan. O’lgandan so’ng holing mushkul bo’lmasin uchun bugun fikr qil! Nimaiki xohlasang, o’zingga do’st tut, ammo baribir undan ajralasan. Va nimaiki amalni xohlasang, qil, shunga yarasha mukofotlanursan. Yaxshi amalga — yaxshi hukm, yomon amalga — yomon hukm. […]

Ulug’lik egasi, ulug’ Alloh haqqi-hurmati men Iso alayhissalomga nozil bo’lgan Injilda ko’rdim: mayitni (murdani) janozaga qo’yilgan vaqtdan to qabr boshiga eltguncha undan Alloh o’z ulug’ligi bilan qirq savol so’rarkan. Eng birinchi savoli, Alloh aytadi: «Ey bandam, sen necha yillar davomida bandalar nazari tushadigan joylarni poklab, tozalab yurding-u, ammo Mening nazarim tushadigan qalbingni aqalli biron soat ham pok tutmading. Men esa bunga umidvor bo’lib har kun sening qalbingga qarayman. Ey bandam, ehsonu karamlarimga o’ranib olib Mendan boshqalar bilan nimalar qilmading. Holbuki, Mendan boshqaning yodi bilan nafas olish ham loyiq bir ish emas edi. Gapir yo bir so’z eshita olmaydigan karmisan?!» […]

Agarchi, sen shu paytgacha, bugun va bundan keyin amal qilib o’tkazgan va o’tkazadirgan kunlaringni islohga keltirib, sarhisob qilmasang, qiyomat kuni harchand: «Bizlarni dunyoga qaytar, endi solih amallar qilurmiz», deganingda, senga: «Ey, ahmoq, o’zing-ku o’sha dunyodan kelding, yana ne deysan!» deya javob beriladi.

Ey, farzand, ruhingga himmat qil, nafsingga siniqlik bag’ishla va taning hokimligini mahv et, o’ldir! Ruh ulug’ hodisakim, u faqat yaxshi amallarni xohlaydi, billoh, yaxshi amal qil, nafsing buyurgan yo’lga yursang, muqarrar halok bo’lursan. […]

Abu Bakr Siddiq raziyallohu anhu aytdilar: «Bu jasadlarkim, (badan) bamisoli qushlar qafasi va yohud hayvonlarni qamaydigan og’ilxonadir». Bas, sen fikr qil, har ikkisining qaysi biriga mansubsen: agar yuksaklikka uchadigan qushlar (ya’ni, ezgu, ibodatli kishilar — tarj.) jumlasidan bo’lsang, Alloh tomonidan keladigan «Ey pok nafs!» degan nidoni eshitib, yuqoriga qarab uchgaysen, toki jannatning oliy darajalarini quchgaysen!

Bir sabab bo’lib Rasululloh sallallohu alayhi vasallam aytdilar:
«Sa’d ibn Muoz olamdan o’tgan kun Allohning arshi larzaga keldi, nechukkim, aning pok badanidan chiqqan pok ruhi arshi a’loga ko’tarilgan edi».

Va lekin, Alloh saqlasin, minba’d ikkinchi toifa jumlasiga mansub bo’lma, negaki Alloh aytadi: «Bu beimonlar hayvonlar kabi, balki hayvonlardan ham ortiq adashganlardir». Bu holda dunyodan to’g’ri jahannamga borishdan chetda qolmaysan. Rivoyat qilindi: «Hasan Basriyga muzdek suv berishdi. U kosani qo’liga olaroq hushidan ketdi va kosa yerga tushdi. Hushiga kelgach; «Sizga nima bo’ldi, ey Abu Said?» deb so’radilar. Ul zot javob qildilar: «Erta qiyomat kunida ahli do’zaxlarning doimiy orzusi, ohu nolasi — «Ey ahli jannatlar, bizga salqin suv bering!» deydigan iltijosi yodimga tushdi. Bu holatlarning xayoliga ham (tasavvur qilishga ham) dosh berolmay hushdan ketibman».

Ey, farzand, yana shuni bilgilki, agar amalsiz yolg’iz ilmning o’zigina kifoya qilganda edi, Alloh: «Mendan tilovchi (so’rovchi), mag’firat talab qiluvchi, tavba qiluvchi bormi?» deb so’ramagan bo’lardi. […].

Ey, farzand, kechalari tahajjud namozlarini o’qi! Bizlarga kechalari namoz o’qish Alloh taolo tomonidan buyurilgan. Yana Alloh saharlarda turib mag’firat talab qiluvchi mo»minlarni madh etadi. Bu boradagi oyatlar bizlarga shukr qilishni lozim qiladi.

Saharlarda turib mag’firat so’rash Allohni zikr qilishdir. Muhammad alayhissalom aytadilar: «Alloh taolo uch ovozga do’st tutadi. Birinchisi—sahar mardondagi xo’rozning ovozi, u odamlarni namozga uyg’otadi. Ikkinchisi — Qur’on o’qigan kishilarning ovozi. Uchinchisi — saharda turib mag’firat tilovchilarning ovozi».

Sufyoni Savriy rahimahulloh aytadilar: «Alloh taolo bir shamolni yaratdi. U shunday shamolki, sahar vaqti esadi va dunyo kezib, duolar, zikrlarni qudratli, ulug’ podshoh (Alloh) huzuriga ko’tarib boradi». […]

Har bir mo»min-musulmonga sahar vaqti uxlab g’ofillar guruhidan bo’lishdan saqlanmoq lozim. Luqmoni Hakim o’g’illariga nasihat qilib aytgan ekanlar: Ey o’g’lon, erta turishda sendan xo’roz ziyrak bo’lmasin. Axir, sahar vaqti xo’roz qichqirganda ham sen uyquda bo’lasan!» […]

Ey, farzand, aytar so’zing ham, fe’l-atvoring ham shariatga xilof kelmasligi lozim bo’ladi. Chunki shariatga muvofiq kelmagan ilm ham, amal ham insonni to’g’ri yo’ldan chalg’ituvchidir. Va yana lozimdurki, nodon so’filarning shariatdan tashqari gaplariga alahsimagaysen. Sen ularning suvratiga emas, siyratiga boq. Zeroki, bu tasavvuf (so’fiylik) maqomi ibodatga tamom kirishmoq, nafsoniy shahvatni qirqmoq va nafs moyil bo’lib turgan nimarsani riyozat shamshiri birla chopmoq ila voqe’ bo’lar, nimaiki voqe’ — botindadir. Va lekin shariatga qarshi so’zlash yoxud shariat ichra bid’at ishlar qilib, bid’at gaplarni og’izga olish so’fiylikdan emas.

Ey, farzand, bu til yaxshi-yomon gaplarni so’zlovchi bo’lsa va bu qalb shahvatu g’aflat ila to’lgan esa, bilgilki, bu ham baxtsizlik alomatidir. Har qachonki komil ibodat qilib, ushbu nafsoniy illatlarni o’ldirmasang, qalbing ma’rifat nuri ila munavvar bo’lmagay, tirilmagay. […]

Ey, farzand, ba’zi so’ragan masalalaring «Ehyou-ulum»da tasnif etilgan bo’lsa-da, quyida qisqacha to’xtalib o’taman.

Ey, farzand, (shar’iy) amalning avvali — e’tiqoding mustahkam bo’lsin, uni bid’atdan xoli qil! Ikkinchisi qattiq tavba aylab, keyin gunoh ishlarni qilmagin. Uchinchisi — sendan haq da’vo qilganlarni rozi qil, bo’yningda birovning haqi qolmasin. To’rtinchisi — Allohning amrlarini ado qilishga yetadigan va senga oxiratda najot beradigan ilm hosil qilishing darkor. Shu miqdordan ortiqcha ilm olish vojib emas.

Hikoya: Shibliy rahimahulloh alayh aytdilar: «To’rt yuz piru murshidga xizmat qilib, to’rt ming hadisni o’qib tushirdim. Amma shu to’rt mingdan faqat bittasini mahkam tutib, shu hadisga amal qildim-da, boshqasiga e’tibor bermadim. Boshqacha aytganda, chuqur va atroflicha fikr yuritib, iqror bo’ldimki, o’zimning jahannamdan najotimu, shuningdek, avvalu oxir ilmlarning bari shu hadis mag’ziga jam-mujassam ekan, bas, ushbu hadis bilan kifoyalandim.

Hadis: Rasululloh sollalohu alayhi vasallam ba’zi sahobalarga aytdilar: «Bu dunyoda qancha fursat turishingga qarab ish qilgin, toki ortiqcha amallar bilan umringni behudaga o’tkazma! Va oxiratda qancha muddat turishingga, Allohga ne miqdorda muhtojligingga va yana jahannam oloviga nechog’li toqat qila olishingga qarab ish qil!»

Bu hadisni chuqur anglab iqror bo’l: jahannam alangasiga toqat qila olmassan, yagona najot — gunohlardan forig’ bo’lmog’ing darkor.

Ey, farzand, mazkur hadisning mohiyatiga yetib, unga amal qilsang, sen uchun behisob ilmlarni o’qib-o’rganishingga hojat qolmaydi. Kel, Shaqiq Balxiyning hamsuhbatlaridan bo’lmish Hotamul Asamdan (Alloh har ikkisini rahmat qilsin) yana bir muqobil hikoyaga quloq sol: «Bir kuni Shaqiq Hotamdan so’radilar: «Mana, o’ttiz yildirki, sen bilan men hamsuhbat. Ayt-chi, shu davr ichida bundan nima naf ko’rding?» Hotam aytdilar: «Shu o’rgangan ilmimdan sakkiz foyda oldim. Umid qilamanki, shu sakkiz foyda meni o’tdan (jahannam o’tidan) saqlashga kifoya qiladi». «Bu nechuk foyda?» deb so’raganlarida, javob berdilar: «Birinchi foyda shulki, xalqqa yuz tutdim va ko’rdimki, har birining mahbubiyu ma’shuqi bor. Ba’zi mahbublar to o’lim sharbatinm totguncha hamsuhbatdirlar. Ba’zi mahbub-ma’shuqlar qabr yoqasigacha birga bo’lishadi. Keyin uning yolg’iz o’zini (olamdan o’tganini) qabrga qo’yib qaytishadi, biron-bir mahbub yoki ma’shuq yo’qki, mahbubi yo ma’shuqi bilan qabrga kirsa… (Olamdan o’tgach) bu mahbub yo ma’shuqlarning birontasi unga hamdard ham bo’lolmaydi. Shularni o’ylab, o’zimga aytdim: eng afzal mahbub ulkim, kishi bilan birga qabrga kiradi va hamdardlik qiladi. O’zimga ezgu amaldan boshqa sadoqatli mahbubni topmadim va uni do’st tutdim — toki ul qabrimda men uchun yorug’ nur bo’lsin va yolg’iz qoldirmasin.

Ikkinchi foyda — xalqqa yuz tutdim va ko’rdimki, barchalari ko’ngil tusagan maqomga ergashib, nafsi tplagan narsalarga oshiqishadp. Buni ko’rib, Alloh taoloning shu so’zlarini esladim: «Kimiki Allohning huzurida javob berishdan qo’rqib, nafsini yomon yo’llardan qaytarsa, albatta, jannat uning joyidir». Aniq bildimki, Qur’on — haq va rost. Daf’atan Allohning ibodatiga rozi bo’lib, bo’yinsunmaguncha nafsimga qarshi turdim, unga qarshi urush ochib, yomon tilaklardan qaytarishga yeng shimardim.

Uchinchi foyda shu bo’ldiki, ko’p insonlarni ko’rdim, mol-dunyo uchun yelib-yugurishadi, to’plagan mollarini mahkam ushlab, xayrli va savob ishlarga sarflashmaydi. Buni ko’rib Alloh taoloning so’zini esladim: «Sizlarda bo’lgan molu boyliklar tugaydi. Alloh huzuridagi boyliklar tuganmas». Bu dunyoda nimaiki boylik orttirgan bo’lsam, Allohning roziligi uchun barchasini sarf etdim va uning huzurida menga zaxira bo’lsin deb kambag’allarga tarqatdim.

To’rtinchi foyda — ba’zi xalqni ko’rdim: «Bizning obro’-izzatimiz qavmimiz va qarindoshlarimizning ko’pligi tufayli», deb shunga mag’rurlanishadi. Ba’zi xalqlar o’zlarining obro’-izzatlari sababini moddiy bisoti va farzandlarining ko’pligida ko’rishadi va bu bilan faxrlanishadi. Boshqalari esa o’z obro’-e’tibori balandligi boisiki birovlarga zulm qilkb, mol-mulkini zo’ravonlik bilan tortib olishda deb bilsa, yana bir toifa borkim, o’z mol-dunyosini noloyiq joylarga isrof qilib sarflashda deb gumon qiladilar. Shunda Alloh taolo so’zi yodga tushadi: «Batahqiq, sizlarning obro’-izzatli bo’lishingiz Allohdan qo’rqib taqvo qilganingizdadir». Bas, taqvoni ixtiyor etib, Qur’onning haq va rostlig’iga iymon keltirdim. Haligi kishilarnnng fikr va gumonlari botil va g’ofilliklaridan dalolatdir.

Beshinchi foyda shu bo’ldiki, insonlarni ko’rdim, ba’zilari ba’zilarini mazammat, haqorat va g’iybat qilurlar. Buning bahonasi bandalarning mol-dunyo, mansab, martaba uchun bir-biroviga hasad qilishida, deb bildim va Alloh taoloning shu so’zlarini esga oldim: «Men ularning bu dunyoda to’kis yashamoqlari uchun yetarli rizq-nasibalarini bo’lib berdim». Bildimki, rizq-ro’z taqsimoti azaldan Alloh taolo tomonidan belgilangan ekan. Bas, hech bir kishiga hasad qilmasdan, Allohning qismatiga rozi bo’ldim.

Oltinchi foyda shulkim, odamlarni ko’rdim, bir-birovlarini o’tkinchi dunyoning mansab-martabasi, hoyu havasi tufayli dushman tutib, o’zaro g’araz-adovat saqlaydilar. Shunda Allohning so’zini esladim: «Shayton sizlarnnng dushmaningizdir. Shaytonki o’zingizga dushman deb biling». Va bildimki, shaytondan o’zgani dushman gumon etmoq joiz emas ekan.

Yettinchi foyda bul erurki, ba’zi bir kishilarni ko’rdim, yegulik, tirikchilik vajidan, boylik to’plash ilinjida jiddu jahd ila yelib-yugurib, o’zlarini o’tga-cho’qqa urib, qiynab yurishibdi: tirikchilik qilaman, deb harom shubhalardan ham parhez qilmasdan, qadrini pastga urib, o’zini xor etib… Shunda Alloh taolo so’zini xotirladim: «Yer yuzidagi barcha maxluqlarning rizqini beruvchi yolg’iz Alloh taolodir». Bas, iqror bo’ldimki, rizqim Allohning inon-ixtiyorida ekan va uning ibodati ila mashg’ul bo’ldim. Boshqa taraflardan umidimni uzdim.

Nihoyat, sakkizinchi foyda bul bo’ldi: «Qay bir bandani ko’rmay suyanchig’i, tayanadigani o’ziga o’xshagan yana bir banda, ya’ni, yaratilmishdirkim, shu maxluqqa suyanadi. Ba’zisi puliga ba’zisi bisotiga, ba’zisi kasb-hunariga va yana ba’zisi, hali aytganimdek, o’ziga o’xshagan nochor maxluq —tyaratilmishga tayanadi. Shunda Alloh taoloning ushbu kalomi yodimga tushdi: «Kimiki Alloh taologa tavakkal qilsa (suyansa), Alloh uni kifoya qiluvchidir. Albatta, Alloh u kishining ishini mukammal qiluvchidir». Batahqiq, Alloh taolo har bir narsa va hodisani o’z taqdiri bilan ato etgan. Bas, Alloh taologa tavakkal qildim — u mening kifoya qiluvchimdir, u mening onqadar buyuk suyanchig’imdir».

Shaqiq Balxiy aytdilar: «Men Tavrot, Zabur, Injil va Qur’onni ko’zdan kechirdim. Shu to’rtala kitob mana shu sakkiz foydaga buyurib, shundan amr qiladi. Kimiki shu sakkiz foydaga amal qilsa, shu to’rt samoviy kitobga amal qilgan bo’ladi».

Ey, farzand, shu ikki hikoyatdan bildingki, ko’p ilm emas, balki ko’p amalga muhtoj ekansan. Endi senga haq yo’lini tutgan, uning ostonasiga qadam qo’ygan kishi uchun nimalar vojibligi bayonini qilaman.

Bilgilki, haq yo’liga kiruvchi kishiga, albatta, komil tarbiya berib, to’g’ri yo’lga boshlovchi, muriddagi yomon xulqlarni riyozat ila tozalab, o’rniga yaxshi, go’zal xulqlarni barqaror etmog’i shayx (ustod) uchun vojibdir. […]. Chunonchi, shayx (ergashgan ustozing), avvalo, moddiy boylik orttirishdan yuz o’girib, mansab-martaba hoyu havasidan voz kechgan, Rasulullohning silsilalariga tobe’ bo’lishi kerak. Va kam yeb, kam ichib, ko’p namoz o’qib, ko’p toat-ibodat qiladigan, ro’za sadaqalarini berib, nafsini riyozat ila bezagan kishi bo’lmog’i shart. Mana shunday komil shayxga ergashib, o’zingga quyidagi xulqlarni siyrat qilib ol: sabr-toqat, shukronalik, Allohga tavakkal, samimiyat, saxiylik, qanoat, nafsiy xotirjamlik, hilm, tavoze’, ilmparvarlik, rostgo’ylik, hayolilik va vafodorlik… Ushbu xulqlar bilan ziynatlangan shayx Rasululloh nurlaridan bir dasta nur bo’lur, qani endi shunday shayxga muyassar bo’lib, ergashsang… Ammo bu kabi shayxni topish qiyin, balki kibriti ahmardan (Kibriti ahmar — nodir, qimmatbaho tosh) ham azizroqdir. Baxti kulib, kimgaki shunday shayx musharraf bo’lsa va ul shayx qabul etsa, o’sha murid o’z navbatida shayxning hurmatini ham zohiran, ham botinan joyiga qo’yishi lozim bo’ladi. […].

Ilgari ta’kidlab o’tganimizdek, murid o’z nafsiga nisbatan murosasiz bo’lib, unga shafqat qilmasligi darkor. Bunga esa u asosan yomon, fosiq odamlarning suhbatidan saqlanish bilan muyassar bo’ladi. Va yana qalbidagi kelib chiqishi jinlardan bo’lgan shayton hukmronligini mag’lub etsin. Shundagina uning qalbi shaytoniy vasvasalardan toza bo’ladi. Hammavaqt kambag’allikni ixtiyor qilsin. Mana shu aytilgan pandu nasihatlar tasavvuf yo’liga kirmoqchi bo’lgan murid uchun vojib qilindi.

Ey, farzand, bilgilki, tasavvuf ikki ishdir: biri — Alloh buyurganidek to’g’ri yurmoq, to’g’ri turmoq (Musulmonlarga Alloh farz qilgan jamiki amallarda — Tarj.). Ikkinchisi — xalqdan chetlashmoq (uzlat), ya’ni, noshar’iy ishlarda xalqdan ajralmoq.

Kimiki Alloh buyurganini to’liq ado etsa, yurish-turishi, xulqi, odamlar bilan muomalasi yumshoq va chiroyli bo’lsa, o’sha zotni chinakam so’fiy deyish mumkin. Bnnobarin, Alloh buyurganidek, to’g’ri bo’lmoq nafsni Alloh yo’lida fido qilmoqning hosilasidir. Xulqan ozoda kishilar bilan shirin muomalada bo’lishning mohiyati shu. Odamlarga o’z xohish-ixtiyoringni yurgizma, balki shariatga xilof qilmagan holda ular xohish-ixtiyoriga nafsingni rostlab, munosabatda bo’l.

Ey, farzand, bandalikning ma’nisi haqida so’rabsan. Bandalik uch asosdan iborat: birinchisi — shariat ishlarini davom ettirib, himoya qilmoq; ikkinchisi — Allohning taqdiri azali va qazoi qadariga rozi bo’lmoq; uchinchisi — Allohning roziligini talab qilib, nafs rozi bo’ladigan narsalarni tark qilmoq.

Yana tavakkal haqida ham so’rabsan. Tavakkal rahmli va mehribon Allohning marhamatiga, bandasiga bergan va’dalariga ishonch-e’tiqodni mustahkam qilmoqdan iborat. Boshqacha aytganda, deylik, bir nimani senga jumlai olam ravo ko’rmay, harchand qaytarishga urinsa-da, biroq, agar taqdiringda bitilgan bo’lsa, o’sha narsa, albatta, senga nasib etishiga yoxud, aksincha, agar yozug’ingda bo’lmasa, ahli jahon yeng shimarsa ham bekorligiga ishonmog’ingdir.

Ey, farzand, yana ixlos haqida so’rabsan. Ixlos qilgan amallaring Alloh uchun xolis bo’lishi va mabodo odamlar seni maqtasa, bundan qalbingda g’urur paydo bo’lmasligi yoxud mazammat kilgan taqdirda parvo qilmasligingdir. Axir, amaling yolg’iz Alloh uchun, bandalar uchun emas-ku! Odamlar hurmat-izzatingni joyiga qo’yib, ta’zim bajo keltirishadi va bundan senda riyo paydo bo’ladi. Riyoni daf etmoqning davosi — odamlarni Allohning qudratiga bo’ysungan holda ko’rmoq, bilmoqki, odamlar senga haqiqiy ma’nodagi rohat va mashaqqat yetkaza olmaslar, bunga qurblari yetmas, balki jonsiz bir nimarsa kabi hisob qil. Bil’aks, xaloyiqni ulug’ iroda sohibi va qudratli deb gumon qilsang, sendan riyo uzoqlashmaydi. Bu riyo bilan sen Alloh uchun emas, xaloyiq uchun ibodat qilgan bo’lasan. […]

Ey, farzand, senga sakkiz nasihat qilurman, qabul et, toki qilgan amallaring ro’zi qiyomatda o’zingga dushman bo’lmasin. Bu sakkiz amaldan to’rtiga rioya qil, qolgan to’rttasidan voz kech! Ushbu tark qilmoq joiz bo’lgan to’rt amalning birinchisi — birov bilan hech bir masala ustida toqating toq bo’lguncha bahslashib, nizo chiqadigan darajada tortishma. Chunki buning foydasidan ko’ra zarari ko’proq. Riyo, hasad, kibr, gina, adovat, mag’rurlanish va boshqa illatlar eng yomon xulqlarning manbaidir. Basharti hamsuhbating yo sen bilan ahli jamoa o’rtasida bir masala chiqib qolsayu shu muammoning yechimsiz ketishini istamay haqni izhor qilmoqchi bo’lsang, bu holda, mayli, munozaraga ruxsat beriladi. Faqat, buning ikki alomati bor: biri masalaning hujjati, haqiqiy dalili sening tilingdan chiqadimi yo hamsuhbating tomonidan izhor bo’ladimi — jizzakilik qilmay, buni o’zingga haqorat bilmay, haq gapni tan olishing lozim. Ikkinchisi — bahs xaloyiq qurshovidan ko’ra, xilvat joyda bo’lgani ma’qul. Negaki, bahsdan murod bilag’onligingni boshqalarga ko’z- ko’z qilmoq emas, balki Allohning rizoligidir.

Bilgilki; sen uchun murakkab, bir qadar mushkul bo’lgan masalalarni olimu donishmandlardan so’rab bilmoq xuddi og’riq qalbni hoziq tabibga davolatgandek bir gap. Mazkur qiyin masala yechilishi bilan qalbning marazi shifo topgandek bo’ladi.

Ey, farzand, yodingda bo’lsin, nodon, johil odamlarning qalblari kasal, bemordirkim, ularni davolovchi tabiblar, olimlaru donishmandlardir. Ammo nodon «olim» bunga qodir emas. Faqat haqiqiy, komil (tabib) olimgina, basharti kasalning shifo topishiga ko’zi yetsa, davolay oladi, o’z navbatida bemor ham muolajani qabul qiladi. Mabodo tuzalmas dardga chalingan bo’lsa-chi? Hoziq tabiblar muolajani qabul qilmaydigan bunday kasalni oldindan bilib, behudaga ovora bo’lishmaydi.

Ey, farzand, bilgilki, nodonlik illati to’rt nav bo’lur: faqat bir navi dori-davoni qabul qilguvchi, qolgan uch navi esa bundan mustasno. Ushbu uch navdan birisi shulki, kimdir senga hasad, g’azabga qorishiq bir savol bersa va uning savoliga ibo bilan, chiroyli javob qaytarsang yo adovatga yaxshilik ila munosabatda bo’lsang ham, senga bo’lgan g’azabu nafrati ziyoda bo’laversa… Yaxshisi, bunday odamning savoliga javob izlash bilan mashg’ul bo’lmay, sukut qil: ahmoqqa javob — sukut…

Alloh taolo Qur’oni karimda xabar beradi: «Ey Muhammad, Qur’ondan yuz o’girgan kishilardan sen ham yuz o’gir. Ular bu dunyo hayotidan boshqani xohlamaydi va havoyi nafsiga ergashib halok bo’ladi». Darhaqiqat, hasad qiluvchi nimaiki, neki demasin, bari-barini o’tga yoqadi. Bir sabab bo’lib payg’ambarimiz Muhammad alayhissalom aytdilar: «Olov o’tinni yeganidek, hasad insondagi barcha yaxshiliklarni yeyuvchidir». Ikkinchisi (nodonlikning ikkinchi navi) — muolajani qabul qilmaydigan kasallik bo’lib, bu ahmoqlikdir. Chunonchi, Iso alayhissalom demishlar: «O’likni tiriltirishga qurbim yetdi, illo ahmoqning davosig’a ojiz qoldim». Ahmoq shunday kishikim, qisqagina muddatda aqliy va shar’iy plmlardan nari-beri xabardor bo’ladi-da, duch kelgan odam bilan shu o’rganganlari yuzasidan munozaraga kirishib, tortishib yuradi. […]

Va’z ayturda ehtiyot bo’lmog’ing lozim, va’z aytishdan maqsading — ahli majlisni qoyil qoldirib, kayfiyatlarini o’zgartirib, «Oh, qandoq oliymaqom va’z bo’ldi!» deya yoqa yirtib, o’z mehr-muhabbatlarini izhor etmoqlaridan iborat bo’lmasligi darkor. Chunki bularning hammasi riyoga yaqindir. Riyo komil g’aflatdan tug’iladi. Balki va’z o’qishdan asosiy maqsading xalqni foniy dunyodan oxiratga chaqirish, gunohdan ibodatga, ochko’zlikdan parhezkorlikka, baxillikdan saxovatga, oxirat gumonidan komil ishonch-e’tiqodga, g’aflatdan hushyorlikka, kibrdan taqvoga da’vat etmoq bo’lsnn. Va ular qalbiga oxirat ishqinn jo-bajo et, bu o’tkinchi dunyoga nafrat uyg’otib, unga ko’ngil bermaslikning va ibodatning yo’llarini o’rgat!

Yana shunisi borki, «Allohning karam-marhamati keng, rahmati bisyor» deb xalqni mag’rurlantirib qo’yma! Chunki bundan ular ko’nglida g’urur, g’oliblik tuyg’usi paydo bo’ladi va shariat yo’liga kirmasdan, Alloh rad etgan ishlar bilan shug’ullanib, yomon xulqlar orttirishadi. Buning o’rniga dillariga kelajakda (qiyomatda) bo’ladigan dahshatli hodisalar bilan qo’rquv baxsh et, shoyad botinlaridagi bemaza illatlar o’zgarib, zohirlaridagi yomon amallar yaxshi a’mol ila o’rin almashinsa, toat- ibodatga mehru rag’bat qo’yib, ilgari hech bir tortinmasdan qilgan gunohlaridan tavba qilishsa, qaytishsa…

Endi (o’sha sakkiz nasihatning tark qilishing lozim bo’lgan to’rt amalidan) uchinchisi bayoniga keldik: podsho, amirlaru xonlarga o’zingni yaqin tutib, hamsuhbat bo’lma va ularga tama’ ko’zi bilan qarama. Chunki ular bilan birga o’tirish, ulfat tutinish, aralashib hamsuhbat bo’lishda buyuk ofatlar bor. Va mabodo birga o’tirib-turishga mahkum bo’lsang, o’zingni bundaylarni maqtab, ta’rif-tavsiflashdan yiroq tut! Zero, fosiqu zolimlar maqtalgan vaqtda Alloh taolo g’azab qiladi. Kimiki zolimu fosiqlar umriyu mansab-martabasi boqiyligi uchun duoga qo’l ochsa, Alloh taolo xalq etgan (yaratgan) yerda turib gunoh qilishni o’ziga ravo ko’ribdi. Axir, zolimu fosiqlarning gunohdan boshqa ishlari yo’q-ku.

Nihoyat (tark qilishing lozim bo’lgan to’rt amalning) oxirgisi: yodingda bo’lg’aykim, amiru xonlar hadyasini hargiz qabul qilmagaysen, agarchi bu haloldan kelgan bo’lsa ham. Zero, hokimlardan qilingan tama’ dinni ham, qalbni ham buzadi. Ya’ni, hadyalarni qabul qilarkansan, bu qilmishing bilan senda oxiratni berib, dunyo olib qolish va o’shalar tomoniga yon bosish, xalqqa qilgan jabr-zulmlariga rozilik, xayrixohlik mayllari paydo bo’ladi. Buning nomini fasodkorlik deydilar. Deylik, sen ulardan arzimagan miqdorda sovg’alar qabul qilding ham. Shunda haligi mukofoting «sehru jodusi» ila beixtiyor zolimlarni do’st tutib qolasan. Zolimniki do’st tutgach, uning umri- martabasi ziyoda bo’lishi, boqiy qolishini xohlashing ham tabiiy. Kimiki zolim hukmdorning umriyu mansabi boqiy qolishiga tilakdosh bo’lsa, Alloh bandalariga ul hokimning zulm yetkazishiga va olamni xarob etishga roziligi alomatidir. Mana shunday kishilar (hokimlar) bilan do’st tutinishing dinni g’orat qilib, iymon salomatligini tahlika ostida qoldirishga olib keladi, bilki eng zararli illatdir bu.

Ey, farzand, shayton hiyla-nayrangiga uchmasliging lozim bo’ladi. Shayton senga: «Zolimlardan tillayu boyliklarni olganing ma’qul, ular yomon yo’llarga sarflagandan ko’ra, sen beva-bechora, kambag’al-miskinlarga tarqat, zaiflarga nafaqa qil!» deya hiyla qiladi. Sen shaytonning bu nayrangidan g’ofil bo’lma, aldanma! Chunki bu shayton shu tariqa ko’pgina iymoni but insonlarning hisobini hal qildi. Bu shaytoniy vasvasada ko’pgina yashirin ofatlar bor. Mabodo mazkur holatlar to’g’risida batafsil bilmoq istasang, «Ehyou ulum» kitobiga murojaat et.

Endi (o’sha sakkiz nasihatning rioya qilishing lozim bo’lgan to’rt amalidan) birinchisi bayoni: Alloh taologa muomala-munosabating qanday bo’lmog’i kerak? Bu shundayki, bamisoli sotib olgan quling qay yo’sin muomala qilsa, senga ma’qul kelib, rozi bo’lsang, Allohga ham shunday — sendan rozi bo’ladigan tarzda muomalada bo’l! Qulingning qay bir muomalasidan ranjisang, Alloh ham sening shunday muomalangdan rozi bo’lmaydi. Bunday yomon muomalani Allohga hargiz ravo ko’rma, axir, ul zot sening haqiqiy xo’jayining-ku.

Endi to’rt yaxshi amalning ikkinchisi: har vaqt kishilar bilan bir ish qilmoqchi bo’lsang, o’zingga manzur va ma’qul kelgan narsani ularga ham ravo ko’r. Chunki o’ziga do’st tutgan narsani boshqa bir musulmon birodariga ham sog’inmaguncha hech bir bandaning iymoni komil bo’lmaydi.

Uchinchi nasihat (amal) quyidagicha: agar mutolaa qilib, ilm olsang, bu ilming nafsingni poklab, qalbingni islohga keltirsin. Agar umring oxirlab qolganini sezsang, mantiq, usuli kalomga o’xshash befoyda ilmlar bilan mashg’ul bo’lma. Chunki bu ilmlar oxiratda senga hech foyda bermas. Balki qalbingni shak- shubhadan poklashga, nafsing sifatlarini tanishga va dunyo aloqalaridan yuz o’girishga kirishmog’ing joizdir. Toki nafsingni yomon xulqlardan tozalab, unga yaxshi sifatlar bilan oroyish berib, Alloh muhabbati ila mashg’ul bo’lgaysen. Nechukkim, pishib qolgan odam hech qancha vaqt o’tmay foniy dunyoni tark etmog’i tayin. Shu bois bir kun umring qolgan bo’lsa ham, qalbni musaffo etib, nafsni poklashga xizmat etuvchi ilm bilan shug’ullanib qolmoq zarur.

Ey, farzand, shu so’zim hamisha qulog’ingda bo’lsin va tanangda obdan o’ylab ko’r, undan hattoki najot topgaysan: agar senga «bir haftadan keyin podshoh ziyoratingga keladi», deb xabar berishsa, aminmanki, shu qisqa vaqt ichida olampanohning nazari tushadigan xoh hovli-joying, xoh kiyim-kechagingu a’zoyi-badaning, xoh yemish-yemaging bo’lsin — barini orasta etib, yuvib-tarashdan, «qutlug’ tashrif»ga tayyorgarlik ko’rishdan boshqa ish bilan shug’ullanmaysan. Sen nozikfahmsan, nimalarga ishora etayotganimni ilg’ayotgandirsan? Ziyrak fahmga bir so’z, oqilga bir ishora kifoya, deyishadi. Har qalay, bu dunyoning podshohi uchun, uning nazari tushishi mumkin bo’lgani uchun shunchalar yelib-yugurdingu podshohlarning podshohi bo’lmish haqiqiy podshohing — Alloh nazari xayolingga kelmadimi? Lekin Alloh taoloning nazari qalbdan boshqa joyga tushmaydi. Binobarin, qalbingni dunyoingdan ham pokroq, tozaroq tut! Rasululloh sallollohu alayhi vasallam aytdilar: «Batahqiq, Alloh sizlarning suvratlaringu amallaringga qaramaydi. Uning nigohi qalblaring va niyatlaringga qaratilgandir». Agar qalbiy holatlar borasida bilmoq istasang, «Ehyou ulum» va boshqa tasnif etgan kitoblarimga murojaat qil. Nechukkim, qalb ilmini bilmoq farzi ayndir. Allohning farzlarini ado qilmoqqa yetarli miqdordan ortiqcha tahorat, namoz ilmi va boshqa ilmlarni olmoq esa farzi kifoyadir. Alloh taolo senga tavfiq bersin, toki bu nasihatlarimni botiningga jo-bajo etib, adosiga o’zingni majbur qilgaysen, foydasini o’zingda ko’rgaysen.

Nihoyat to’rtinchi nasihat: bir yilga yetarli miqdordan ortiqcha boylik to’plama. Inchunin, Rasululloh sallollohu alayhi vasallam ba’zi oilalar (xonadonlar) uchun nafaqa tayyorlar va aytar edilar: «Ey rabbim, Muhammad xonadoni nafaqasini me’yorida qil: ko’p ham qilma, kam ham…» […]

YO rabbim, bizni to’g’ri yo’limizda sobit, qiyomat pushaymonligidan soqit, gunohlarimiz og’irini yengil, yaxshilar hayotini rizq va matlabi ko’ngil, haloliyat ila kifoya va haromiyat tajovuzidan, yovuzlar yovuzligidan himoya, ota-ona, aka-uka, opa-singillarimizni qiyomat hasratlaridan va jamiki mo»minu mo»minalarni jahannam dahshatlaridan ozod qilgaysen!

Ey, aziz, ey, ulug’, ey, jumlai olam kuzatuvchisi, sohibi qudrat, ey aybu nuqsonlarimizni berkituvchi, hurmatlilar ichra yakto sohibi hurmat, ey fazli karami va rahmati ila shafqatlilar ichra yakto sohibi shafqat — Alloh! Omin!

Allohning marhamati va ko’magi ila muxtasar qilindi.

Manba: Abu Homid Muhammad ibn Muhammad al-G’azzoliyning «Ayyuhal valad» asaridan («Buxoro»nashriyoti, 1992 y.) qisqartirib olindi.

045

(Tashriflar: umumiy 162, bugungi 1)

Izoh qoldiring