Asqar Mahkam 55 yoshda.

Ashampoo_Snap_2017.10.16_15h21m54s_011_.png    Асқар атайлаб ёр-дўстларини уйига чақириб туғилган кунини нишонлаганини шахсан мен эслай олмайман. Эҳтимол, тор доирада (оила аъзолари даврасида) таваллуд куни нишонлагандир…

Набижон Боқий
55 ЁШЛИ ИНСОН ИЗТИРОБЛАРИ
09

Нечун юракда тош, кўзларда ҳузун?
Нечун хўрланган инсонлар фарёди?
Нечун? Нечун ёлғоннинг умри узун?
Нечун? Тирилмасми ўтканлар ёди?

Рауф Парфи

      27 ноябр куни шоир Асқар Маҳкам 55 ёшга тўлади. Яқиндагина (2007 йили)  Хуршид Даврон ҳам 55 ёшга кирган эди; ўша сана муносабати билан Тўра Сулаймоннинг фарзандлари ва қадрдонлари атайлаб эллик бешта қирғовул отиб Дўрмонга йўқлаб келишганди. Қирғовул қовурдоқ эсга тушганда гоҳ Иброҳим Ҳаққул, гоҳ Эркин Аъзам бош чайқаб қўяди: “Хуршидхон шахсан қатнашмаса ҳам туғилган кунини зўр нишонлаганмиз!” дейишади. Дарҳақиқат, ўшанда шоҳона базм уюштирилган бўлса-да, Хуршид Давроннинг ўзи уйида иситмаси баланд, тоби қочиб ётгани учун келолмаган,аммо даврада айтилган бутун табрикларни қўлтелефони орқали эшитган эди. Мен ҳозир қирғовулхўрликни эмас, балки “юбиляр” қатнашмаса ҳам маросим ўтказиш мумкинлигини эслатяпман.

Асқар атайлаб ёр-дўстларини уйига чақириб туғилган кунини нишонлаганини шахсан мен эслай олмайман. Эҳтимол, тор доирада (оила аъзолари даврасида) таваллуд куни нишонлагандир.
09 Шу кунларда Асқар дўстимизнинг “Ҳақ” китобини қайта ўқиб чиқдим. Мутолаадан сўнг Рангонтовда макон қурган биродаримиз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим 1998 йил 10-12 июл кунлари қоғозга туширган дил сўзлари остига имзо чекиш учун шу мўъжаз мақолани ёздим.

Неъматхон акадан иқтибос:
“Асқар Маҳкам ўз асарларида Инсонни бор мураккаблиги билан тасвирлайди. Юзаки тавсиф этиш унинг руҳиятига ётдир. Бошқача қилиб айтганда, у Инсонни нафрат билан севади, инкор билан эътироф этади, оғу билан даволашга, алам билан шодлантиришга интилади. Бу ҳаётни файласуф назари билан дарк этган (ёхуд сўфиёна кўнгил билан мушоҳада қилган), иймон рукнларини яхши англаб етган шоирнинг ботин-ботнида шаклланган талаблардир.

Инсон тийнатида иймон нури нақадар ботин бўлса, Асқар Маҳкам шеъриятидаги нур ҳам шу қадар мастурдир. Бу нурни илғамоқ учун китобхон бедордил ва теран нигоҳли бўлмоғи керак.
Шоирлик Асқар Маҳкам учун касб эмас, балки доимимй юрак дардидир. У ҳеч қачон шеърни шунчалик маҳорат кўрсатиш учун ёзмайди. Унинг барча битиклари бир мўмин-мусулмон Одамнинг изтиробларидир…

Бундай яшаш нақадар оғир…

У одамзот умрининг хушнуд лаҳзаларини васф этмади. Шусиз ҳам дунёда маддоҳ шоирлар бисёрлигини эрта англаб ижод қилди. У инсон ва ҳаёт хусронларини яшади, кўрди, ҳис этди ва бор бўйича қоғозга туширди…

Қирқ йил давомида бирор бор шоирлик даъвосини қилмаган, минбар ва мукофот талашмаган, таъна ва таъма нималигини билмаган ва бу қалб қирқ йиллик изтироблар, сангин андишалар, саҳроий садолар, дарвишона туйғулар туғёнида ўз қаъридан дурлар сочди…

Асқар Маҳкам ўз шеърини ҳикмат даражасига кўтара олган шоирлар тоифасига мансубдир.

“Ҳақ” китобидаги шеърлар руҳнинг сангин садоларидир. Бу садолар меҳрсизлик, диёнат ва хиёнат, бахт ва бахтсизлик, офият ва офат оралиғида яшаётган одамларни бир зум ҳушёр торттиради, ҳаёт ва ўлим, бандалик ва ғафлат, иймон ва инсон, суврат ва сийрат, мозий ва келажак ҳақида тафаккур қилишга ундайди.

Адабий танқидчилик Асқар Маҳкам шеърияти хусусида ўз фикрини айтиши керак. Бинобарин, “Таважжуҳ”га бир алломанинг таважжуҳи, “Тазарру”га соҳибназар бир орифнинг назари тушса, адолатли иш бўлур эди…”

Иқтибос тамом.

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Асқар Тошкентнинг Қибрай туманида жойлашган ёзувчиларнинг Дўрмон ижод боғида “Авесто”ни таржима қилиб юрган кезлари (1999 йил) мен “Ҳақ” китобини оқсоқолимиз Саид Аҳмадга бердим. Орадан бир ҳафта ўтиб, Саид Аҳмад Республикамизнинг эски раҳбарига ҳушомад қилиб Саидшароф деб исм қўйган неварасидан мени чақиртирди. Боғ ҳовлисига кирсам, чой дамлаб кутиб ўтирган экан.

– Берган китобингни ўқиб чиқдим… Кечалари уйқум қочиб кетди… Шоир бунақа бўлар экан-ку! Оббо азамат-эй!.. Шу китобни сочларини ўстириб елкасига тушириб юрадиган анави йигит ёзганми?.. Ҳеч ишонгим келмайди… Мен бўлсам, фалончини шоир деб юрган эканман-а!.. – Саид Аҳмад менга чой қуйиб узатади. Индамай ўтириб бир пиёладан чой ичамиз. Сўнг у яна давом этади: -Мен бўлсам, пистончини ҳам шоир деб юрган эканман-а!

– Шу гапларингизни менга айтмасдан, кичикроқ мақола қилиб бирорта газетада эълон қилсангиз бўлмайдими? – дейман жўрттага.

– Ие, эсинг жойидами?! Агар “Ҳақ”ни ёки унинг авторини мақтаб мақола ёзсам, улар мени талаб ташлайди-ку! – деди Саид Аҳмаб лунжларини шишириб.

Шу заҳоти дик этиб ўрнимдан тураман-да:
– Ҳозир бориб Пистончига айтаман, Саид Аҳмад Сиздан Асқар Маҳкам зўр шоир экан деяпти, “Халқ сўзи” газетасига шу ҳақда мақола ёзиб ўтирибди дейман, – деб ҳовлидан чиқиб кетаман.
Ишларим бор эди. Шунақа деб чиқиб кетмасам кечгача олиб ўтираверарди.

– Биламан, сен чақимчи эмассан! – деб кулиб қолади Саид Аҳмад.

– Бор ҳақиқатни айтиш чақимчиликка кирмайди, огоҳлик ҳисобланади, – дейман тўхтаб орқамга бурилиб.

“Пистончи” ўша пайтларда ҳар бир ижодкордан йўқ жойдан битта айб топиб керакли идорага қўнғироқ қилиб, “юқори”ни ҳам безор қилган, “пастдагилар”нинг ҳам жонига теккан эди. “Пистончи”га қўйиб берилса, у ҳаммани оттириб юбориб, ўзи куйиб кетган уйнинг мўрисидек қаққайиб қолишни истарди…

Орадан яна уч-тўрт кун ўтгач, Асқарни бошлаб Саид Аҳмад домланинг боғ ҳовлисига кирдик. Домла яна чой дамлади.

– Ҳа, Набишка, Пистончи эски иштонини ечиб бермадими? – деб пичинг қилди.

– Йўқ, ечиб бермади. Чунки Пистончининг ўзи Изқуварнинг эски иштонини кийиб юрган экан, – дедим.

Кулишдик.

– Домла, Асқарга тунов куни айтган гапларингизни айтсам, худо ҳаққи, ишонмади! “Ўша Чол шеърни, шеъриятни тушунар эканми?!” деяпти.

Асқар кулиб юборади. Дарҳақиқат, у Саид Аҳмад ўша гапларни айтганига асло ишонмаган эди.

– Ўзинг ҳам роса қўшиб-чатган бўлсанг керак-да?! – дейди Саид Аҳмад.

– Тўғри, – дейди Асқар  гапга қўшилиб. – Набижон танқидни ҳам, мақтовни ҳам ошириб юборади.

– Лекин, Асқаржон, ростдан ҳам қоладиган китоб ёзибсиз! Кўз тегмасин! – деб алқайди Саид Аҳмад.

– Раҳмат, — дейди Асқар.

Хуллас, Неъматхон ака, ўша воқеани кейин мен Садриддин, Абдуғафурларга ҳам айтганман. Янглишмасам, улар мени ҳазиллашяпти деб ўйлайди. Шунчаки кулиб қўйишади, холос. Асқар ҳам гапни дарров ҳазилга буради.

Мен бўлсам, Неъмат ака, “Ҳақ”қа Сиз ёзган сўзбошини илгари эътиборсиз ўқиган эканман. Энди синчиклаб мутолаа қилдим ва муҳим ўринларига ич-ичимдан таҳсин ўқидим. Раҳмат Сизга, Неъмат ака!

Асқарнинг шеърлари, ростдан ҳам, Одамнинг изтироблари. Асқар жиддий йигит эди, миллатимизнинг номуси эди, ори эди. Унинг ижодий мероси ҳам миллатнинг ор-номуси бўлиб қолаверади.

Дарвоқе, Асқар дўстимизнинг туғилган куни муносабати билан Сирдарёдан (Айдаркўл томонлардан) эллик бешта қирғовул ёки тустовуқ отиб келтирилмайди. Агар мўйловимизни ҳазиломуз қимирлатиб қўйсак бас, Тўра Сулаймон билан ота-бола тутинган Асқаржоннинг хотираси ҳурмати учун Бойсун куёви Яшин овчи икки-уч кунда эллик бешта даррандани машина юкхонасида Тошкентга келтирган бўларди. Йўқ, биз узоқ давом этган мунозаралардан сўнг паррандаю даррандаларга амнистия эълон қилдик: улар эмин-эркин яшайверсин, фақат ҳар гал осмони фалакка парвоз этаётган чоғларида ўтган-кетган зотларни эслаб ўз тилларида чуғурлашиб дуо ўқиб қўйсалар кифоя. Шунда дўстимиз Асқар Маҳкамнинг покиза руҳи ҳам албатта шод бўлгай.

Шоир дўстимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Омин.

Тошкент, Дўрмон
2013 йил 17 ноябр

84.jpgAsqar ataylab yor-do‘stlarini uyiga chaqirib tug‘ilgan kunini nishonlaganini shaxsan men eslay olmayman. Ehtimol, tor doirada (oila a’zolari davrasida) tavallud kuni nishonlagandir…

Nabijon Boqiy
55 YoSHLI INSON IZTIROBLARI
09

Nechun yurakda tosh, ko‘zlarda huzun?
Nechun xo‘rlangan insonlar faryodi?
Nechun? Nechun yolg‘onning umri uzun?
Nechun? Tirilmasmi o‘tkanlar yodi?

Rauf Parfi

27 noyabr kuni shoir Asqar Mahkam 55 yoshga to‘ladi. Yaqindagina (2007 yili) Xurshid Davron ham 55 yoshga kirgan edi; o‘sha sana munosabati bilan To‘ra Sulaymonning farzandlari va qadrdonlari ataylab ellik beshta qirg‘ovul otib Do‘rmonga yo‘qlab kelishgandi. Qirg‘ovul qovurdoq esga tushganda goh Ibrohim Haqqul, goh Erkin A’zam bosh chayqab qo‘yadi: “Xurshidxon shaxsan qatnashmasa ham tug‘ilgan kunini zo‘r nishonlaganmiz!” deyishadi. Darhaqiqat, o‘shanda shohona bazm uyushtirilgan bo‘lsa-da, Xurshid Davronning o‘zi uyida isitmasi baland, tobi qochib yotgani uchun kelolmagan,ammo davrada aytilgan butun tabriklarni qo‘ltelefoni orqali eshitgan edi. Men hozir qirg‘ovulxo‘rlikni emas, balki “yubilyar” qatnashmasa ham marosim o‘tkazish mumkinligini eslatyapman.

Asqar ataylab yor-do‘stlarini uyiga chaqirib tug‘ilgan kunini nishonlaganini shaxsan men eslay olmayman. Ehtimol, tor doirada (oila a’zolari davrasida) tavallud kuni nishonlagandir.
09Shu kunlarda Asqar do‘stimizning “Haq” kitobini qayta o‘qib chiqdim. Mutolaadan so‘ng Rangontovda makon qurgan birodarimiz Sayyid Ne’matulloh Ibrohim 1998 yil 10-12 iyul kunlari qog‘ozga tushirgan dil so‘zlari ostiga imzo chekish uchun shu mo‘jaz maqolani yozdim.

Ne’matxon akadan iqtibos:
“Asqar Mahkam o‘z asarlarida Insonni bor murakkabligi bilan tasvirlaydi. Yuzaki tavsif etish uning ruhiyatiga yotdir. Boshqacha qilib aytganda, u Insonni nafrat bilan sevadi, inkor bilan e’tirof etadi, og‘u bilan davolashga, alam bilan shodlantirishga intiladi. Bu hayotni faylasuf nazari bilan dark etgan (yoxud so‘fiyona ko‘ngil bilan mushohada qilgan), iymon ruknlarini yaxshi anglab yetgan shoirning botin-botnida shakllangan talablardir.

Inson tiynatida iymon nuri naqadar botin bo‘lsa, Asqar Mahkam she’riyatidagi nur ham shu qadar masturdir. Bu nurni ilg‘amoq uchun kitobxon bedordil va teran nigohli bo‘lmog‘i kerak.
Shoirlik Asqar Mahkam uchun kasb emas, balki doimimy yurak dardidir. U hech qachon she’rni shunchalik mahorat ko‘rsatish uchun yozmaydi. Uning barcha bitiklari bir mo‘min-musulmon Odamning iztiroblaridir…

Bunday yashash naqadar og‘ir…

U odamzot umrining xushnud lahzalarini vasf etmadi. Shusiz ham dunyoda maddoh shoirlar bisyorligini erta anglab ijod qildi. U inson va hayot xusronlarini yashadi, ko‘rdi, his etdi va bor bo‘yicha qog‘ozga tushirdi…

Qirq yil davomida biror bor shoirlik da’vosini qilmagan, minbar va mukofot talashmagan, ta’na va ta’ma nimaligini bilmagan va bu qalb qirq yillik iztiroblar, sangin andishalar, sahroiy sadolar, darvishona tuyg‘ular tug‘yonida o‘z qa’ridan durlar sochdi…

Asqar Mahkam o‘z she’rini hikmat darajasiga ko‘tara olgan shoirlar toifasiga mansubdir.

“Haq” kitobidagi she’rlar ruhning sangin sadolaridir. Bu sadolar mehrsizlik, diyonat va xiyonat, baxt va baxtsizlik, ofiyat va ofat oralig‘ida yashayotgan odamlarni bir zum hushyor torttiradi, hayot va o‘lim, bandalik va g‘aflat, iymon va inson, suvrat va siyrat, moziy va kelajak haqida tafakkur qilishga undaydi.

Adabiy tanqidchilik Asqar Mahkam she’riyati xususida o‘z fikrini aytishi kerak. Binobarin, “Tavajjuh”ga bir allomaning tavajjuhi, “Tazarru”ga sohibnazar bir orifning nazari tushsa, adolatli ish bo‘lur edi…”

Iqtibos tamom.

Shu o‘rinda bir voqea yodimga tushdi. Asqar Toshkentning Qibray tumanida joylashgan yozuvchilarning Do‘rmon ijod bog‘ida “Avesto”ni tarjima qilib yurgan kezlari (1999 yil) men “Haq” kitobini oqsoqolimiz Said Ahmadga berdim. Oradan bir hafta o‘tib, Said Ahmad Respublikamizning eski rahbariga hushomad qilib Saidsharof deb ism qo‘ygan nevarasidan meni chaqirtirdi. Bog‘ hovlisiga kirsam, choy damlab kutib o‘tirgan ekan.

– Bergan kitobingni o‘qib chiqdim… Kechalari uyqum qochib ketdi… Shoir bunaqa bo‘lar ekan-ku! Obbo azamat-ey!.. Shu kitobni sochlarini o‘stirib yelkasiga tushirib yuradigan anavi yigit yozganmi?.. Hech ishongim kelmaydi… Men bo‘lsam, falonchini shoir deb yurgan ekanman-a!.. – Said Ahmad menga choy quyib uzatadi. Indamay o‘tirib bir piyoladan choy ichamiz. So‘ng u yana davom etadi: -Men bo‘lsam, pistonchini ham shoir deb yurgan ekanman-a!

– Shu gaplaringizni menga aytmasdan, kichikroq maqola qilib birorta gazetada e’lon qilsangiz bo‘lmaydimi? – deyman jo‘rttaga.

– Ie, esing joyidami?! Agar “Haq”ni yoki uning avtorini maqtab maqola yozsam, ular meni talab tashlaydi-ku! – dedi Said Ahmab lunjlarini shishirib.

Shu zahoti dik etib o‘rnimdan turaman-da:
– Hozir borib Pistonchiga aytaman, Said Ahmad Sizdan Asqar Mahkam zo‘r shoir ekan deyapti, “Xalq so‘zi” gazetasiga shu haqda maqola yozib o‘tiribdi deyman, – deb hovlidan chiqib ketaman.
Ishlarim bor edi. Shunaqa deb chiqib ketmasam kechgacha olib o‘tiraverardi.

– Bilaman, sen chaqimchi emassan! – deb kulib qoladi Said Ahmad.

– Bor haqiqatni aytish chaqimchilikka kirmaydi, ogohlik hisoblanadi, – deyman to‘xtab orqamga burilib.

“Pistonchi” o‘sha paytlarda har bir ijodkordan yo‘q joydan bitta ayb topib kerakli idoraga qo‘ng‘iroq qilib, “yuqori”ni ham bezor qilgan, “pastdagilar”ning ham joniga tekkan edi. “Pistonchi”ga qo‘yib berilsa, u hammani ottirib yuborib, o‘zi kuyib ketgan uyning mo‘risidek qaqqayib qolishni istardi…

Oradan yana uch-to‘rt kun o‘tgach, Asqarni boshlab Said Ahmad domlaning bog‘ hovlisiga kirdik. Domla yana choy damladi.

– Ha, Nabishka, Pistonchi eski ishtonini yechib bermadimi? – deb piching qildi.

– Yo‘q, yechib bermadi. Chunki Pistonchining o‘zi Izquvarning eski ishtonini kiyib yurgan ekan, – dedim.

Kulishdik.

– Domla, Asqarga tunov kuni aytgan gaplaringizni aytsam, xudo haqqi, ishonmadi! “O‘sha Chol she’rni, she’riyatni tushunar ekanmi?!” deyapti.

Asqar kulib yuboradi. Darhaqiqat, u Said Ahmad o‘sha gaplarni aytganiga aslo ishonmagan edi.

– O‘zing ham rosa qo‘shib-chatgan bo‘lsang kerak-da?! – deydi Said Ahmad.

– To‘g‘ri, – deydi Asqar gapga qo‘shilib. – Nabijon tanqidni ham, maqtovni ham oshirib yuboradi.

– Lekin, Asqarjon, rostdan ham qoladigan kitob yozibsiz! Ko‘z tegmasin! – deb alqaydi Said Ahmad.

– Rahmat, — deydi Asqar.

Xullas, Ne’matxon aka, o‘sha voqeani keyin men Sadriddin, Abdug‘afurlarga ham aytganman. Yanglishmasam, ular meni hazillashyapti deb o‘ylaydi. Shunchaki kulib qo‘yishadi, xolos. Asqar ham gapni darrov hazilga buradi.

Men bo‘lsam, Ne’mat aka, “Haq”qa Siz yozgan so‘zboshini ilgari e’tiborsiz o‘qigan ekanman. Endi sinchiklab mutolaa qildim va muhim o‘rinlariga ich-ichimdan tahsin o‘qidim. Rahmat Sizga, Ne’mat aka!

Asqarning she’rlari, rostdan ham, Odamning iztiroblari. Asqar jiddiy yigit edi, millatimizning nomusi edi, ori edi. Uning ijodiy merosi ham millatning or-nomusi bo‘lib qolaveradi.

Darvoqe, Asqar do‘stimizning tug‘ilgan kuni munosabati bilan Sirdaryodan (Aydarko‘l tomonlardan) ellik beshta qirg‘ovul yoki tustovuq otib keltirilmaydi. Agar mo‘ylovimizni hazilomuz qimirlatib qo‘ysak bas, To‘ra Sulaymon bilan ota-bola tutingan Asqarjonning xotirasi hurmati uchun Boysun kuyovi Yashin ovchi ikki-uch kunda ellik beshta darrandani mashina yukxonasida Toshkentga keltirgan bo‘lardi. Yo‘q, biz uzoq davom etgan munozaralardan so‘ng parrandayu darrandalarga amnistiya e’lon qildik: ular emin-erkin yashayversin, faqat har gal osmoni falakka parvoz etayotgan chog‘larida o‘tgan-ketgan zotlarni eslab o‘z tillarida chug‘urlashib duo o‘qib qo‘ysalar kifoya. Shunda do‘stimiz Asqar Mahkamning pokiza ruhi ham albatta shod bo‘lgay.

Shoir do‘stimizni Alloh rahmatiga olgan bo‘lsin! Omin.

Toshkent, Do‘rmon
2013 yil 17 noyabr

09

(Tashriflar: umumiy 243, bugungi 1)

Izoh qoldiring