Ustoz Asqad Muxtorga bag’ishlov & Asqad Muxtorga bag’ishlangan “Go‘zal yozg‘ichlar” teledasturi (2017)

Ashampoo_Snap_2017.11.30_17h54m55s_011_a.png  23 декабр — Устоз Асқад Мухтор туғилган кун

Асқад Мухтор — XX аср ўзбек-турк дунёсини бутун фожиалари-ла, бутун парвозлари-ла мужассам қилган буюк адибдир. Бу аср не эканини, уни идрок этмак не қадарлигини биз — эргага кўмиладиганлар билмаймиз, Яратганнинг ўзи билади…

УСТОЗ АСҚАД МУХТОРНИ
ХОТИРЛАБ

09

Рауф ПАРФИ
ЭНГ МАДАНИЯТЛИ АДИБ

Асқад Мухтор — XX аср ўзбек-турк дунёсини бутун фожиалари-ла, бутун парвозлари-ла мужассам қилган буюк адибдир. Бу аср не эканини, уни идрок этмак не қадарлигини биз — эртага кўмиладиганлар билмаймиз, Яратганнинг ўзи билади…

XX аср… Тақрибан, чамалаб, хомчўт қилиб кўрайлик-чи: Аскад Мухторнинг йигирма жилдлик асарлари кўз ўнгимизда ёрқин намоён бўлади. Миллатимизнинг бу муҳташам меросини яна миллатга бир бутун ҳолда етказмак учун букунги адабиёт сардорлари масьулдирлар.

Асқад Мухтор ижодиёти кўзгусида авлиё Зардўштий, Конфуций, Дао, Муҳаммад алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Баҳовуддин Нақшбанд таълимотларининг бадиий савлати юз кўрсатади. Бу инъикос у ёки бу даражада бўлишидан қатъи назар, Инсон ва инсонийлик, Инсон бахти учун кураш ғояси билан суғорилгандир. Биз ўзимизнинг майда, икир-чикир тирикчилик гирдобимизга қориштириб фикр қилмайлик. Чунки бу гирдоб юз йиллар изтироб чекиб терган маънавий маржонларимизни ютиб юборишга ҳам қодир…

Асқад Мухтор ижодиётини у жонини фидо қилиб суйган халқига армуғон қилинг, савобга ботгайсиз, илоҳим!

Жаҳон миқёсидаги энг маданиятли адибимиз Асқад Мухтор йигирма биринчи асрга мардларча ҳалол кириб бораётирлар:

— Ассалому алайкум, устоз Асқад Мухтор! Сизга олқишларимиз, Сизга таъзимларимиз, севгиларимизни қабул килгайсиз!

1995. 16. III.

Машраб  БОБОЕВ
«ИНСОНЛИКНИНГ МАЪНОСИ ЎЗГАРДИ…»

Инсонликнинг маъноси ўзгарди
Оламнинг жозиба қонуни янглиғ.
Қўшнининг умрини қисқартар дардинг,
Бахтинг ҳам бировнинг бахтига боғлиқ.

Ҳар бир аза қисман менинг азам,
Кимники деб сўраб бўлмайди.
Ёлғиз яшамайди дунёда одам,
Ўлса ҳам,  бир ўзи ўлмайди.

Асқад Мухтор

Менинг дастлаб ўқиб, яхши кўриб қолганимдан яна қайта-қайта ўқиган биринчи китобим «Опа-сингиллар» бўлади. Айниқса, ундаги Афғон чойфуруш. Шунақа яхши, шунақа хушмуомала, ҳар кимнинг дилидагини топадиган, дардига малҳам қўядиган, ҳаммага суюкли одам. Роман охиридагина унинг инглиз разведкачиси экани аён бўлади. Қойил қолмай иложингиз йўқ!

У пайтлар китобнинг номи ҳам, муаллифи ҳам қизиқтирмас эди. Кейинчалик билсам, бу суюкли китобни ёзган одам Асқад Мухтор экан.

Шу-шу, ёзувчининг асарларини қидириб топиб ўқий бошладим. Қиссалари, романлари, шеърларини…

Тошкентда ўқиб юрибман. Бир куни Хадра билан Чорсу ўртасидаги китоб дўконида ёзувчилар билан учрашув бўлди. Меи суратини кўриб юрган, демак, сиртдан бўлса ҳам танийдиган ёзувчилар келишди. Ҳаммаси индамай турибди. Бир пайт кўзойнак таққан бир ёш йигит ўртага чиқиб гапира бошлади. Бу ўрис ёзувчиларимизнинг орасида нима қилиб юрибди, деб ўйладим. Бунинг устига, соф ўзбекча гапиряпти денг! Асқад Мухтор шу киши экан. Гарчи шу пайтгача унинг суратини кўрган бўлсам ҳам, катта ёзувчиларнинг ҳаммаси салобатли бўлади, деган хаёлда, келиб-келиб Асқад Мухторга эътибор бермаган эканман.

Ўша учрашувда Асқад Мухтор бошқа шеърлари қаториди «Раъно, Дилбар, Гўзал» нақаротли шеърини ҳам ўқиган эди. Уч қиз, ҳаммаси доно, ҳаммаси гўзал, ҳаммаси дилбар. Аммо, уларнинг таърифи келтирилади-да, нақарот «Дилбари ҳам гўзал, Раъноси ҳам гўзал, Гўзали ҳам гўзал» деб тугалланади.

Асқад Мухторнинг кейинги китобларида бу шеърни учратмаганман. Хотиридан фаромуш бўлган бўлса керак.

Умуман, ёзувчининг хотири анча фаромуш бўлган шекилли (раҳматли Устознинг руҳи безовта бўлмасин, Оллоҳнинг ўзи кечирсин!), 1965 йилда ошқозонимни даволатиш учун шифохонада ётганимда ҳовлига чиқиб газета олдим. «Қизил Ўзбекистон»да шоирга бағишланган бир саҳифа чиккан экан. Саҳифада шеърлардан ташқари қайдлар ҳам бор эди. Уларнинг иккитаси ёдимга айниқса ўрнашиб қолган: «Пушкин томга чиқиб, нарвонни олиб ташлаган экан-да…», «Ҳозирги нодон катталарни кўриб, улар энди нодон бўлиб қолибди-да деб ўйламанг, улар ёшлигида ҳам нодон бўлган». Хотирам панд бериб, сўзлар ўрнини ўзгартирган бўлишим мумкин, аммо фикр айнан ана шундай эди. Афсуски, бу фикрларини ҳам ёзувчининг биронта китобида кўрмадим.

Ўша саҳифада мана бу тўртлик ҳам бор эди:

Дақиқа нимаю абадийлик қайда?
Ёнма-ён ёзмоқ ҳам кулгили бир ҳол.
Аммо, иттифоқо, у — абадий сатр
Туғиб қўймоқлиги эҳтимол…

1964 йилда Асқад Мухторнинг «99 миниатюра» китоби чиқди. Бу — ҳар қандай инсофли одам тан олиши керак — адабиётимизда янгилик бўлган эди!

Кейин…

Тўғриси, Асқад Мухторнинг кейинги асари қандай шаклда пайдо бўлишини кутадиган бўлдим. «Опа-сингиллар»и оддий, анъанавий услубда ёзилган эди. Кейин «Туғилиш» чикди. Шакли бутунлай бошқача. Кейин «Давр менинг тақдиримда», кейин «Чинор», кейин «Бухоронинг жин кўчалари»…

Э-э, қўяверасиз!

Ҳаммаси янги! Шакл жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам!

…Асқад Мухтор «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасини чиқара бошлади. Ёзувчиларнинг Москва яқинидаги Малеевка дам олиш уйига Шуҳрат ака билан Одил акани кўргани борганимда (ўзим шу ерга яқин жойдаги Театр жамиятининг дам олиш уйида эдим), Одил ака Асқад Мухторнинг хатини кўрсатди. Асқад ака «Ўзбекистон маданияти» ҳафталикка айлантирилгани, ўзининг бош муҳаррир этиб тайинланганини баён қилиб, Одил акадан қандай қилса газетани яхшилаш мумкинлиги тўғрисида маслаҳат сўрабди. «Асқад акаям қизиқ-да, — деди Одил ака ўзининг табиий жилмайиши билан. — Шунгаям мендан маслаҳат сўраб ўтирармиди!»

Асқад ака ўша газетага бош муҳаррир пайти иш сўраб борганман. Устоз олмаган. Тўғри-да. Аслида ғалати. Жуда кўп ёш шоир, ёзувчилар иш қидириб юради, сиз уларга ёрдам бермоқчи бўласиз, аммо бирон жойда иш чиққанида ўша шоир ёки ёзувчи тўғри келмайди. Бу — кўпчилик биладиган, эҳтимол, билмайдиган ҳақиқатлардан бири.

Абай кўчасининг Алишер Навоий кўчаси билан кесишгаи жойида катта, ойнабанд пивохона бўларди. Лолахон деган гўзал сотувчи аёл шишаларни пештахтага қаторлаш териб қўярди-да, шунақа тез очардики, бу ҳам бир санъат эди…

Асқад Мухтор ҳар куни ишдан уйига пиёда қайтарди. Уйи Абай кўчасидаги ёзувчиларга ажратилган котежлардан бирида эди. Биз, пивохўрлар у кишини кўришимиз билан ўзимизни сал четга олган бўлардик. (Уятимиз ҳам бор экан-да, а?!) Аммо Асқад ака узоқданоқ кўчанинг ўнг томонидан келардию шундан бурилиб кетар эди. «Кўзим чиқсин сени кўргунча бундоқ!» деганлари бўлса керак-да!

Бир куни Азиз Абдураззоқ бир даста шеърларимни олди-да, Асқад Мухтор ҳузурига олиб кирди. Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосарининг ҳузурига-я!

Асқад Мухтор шеърларимни бир оз малоллик билан олиб қолди. Иши кўп-да! Орадан анча ўтиб, 1966 йилда «Совет Ўзбекистони»да бир қанча шеърларим Устознинг «оқ йўли» билан эълон қилинди.

Ғалати бўларкан. Кечагина бундай муносабат қилиб юрганлар бутунлай бошқача муомалага ўтиб олган! Орада мен хижолат…

Шундан бери Асқад Мухтор расман ҳам устозим ҳисобланади.

Баъзан ўйлаб қоламан: Асқад Мухтор етимликда ўсгани билан болалигида бизчалик қийинчилик кўрмаган бўлса керак. Лекин мана бу сатрларнн қаранг:

Ойдинда туғилиб, жўякда чайилган,
Ғўза билан ўсган боламан.
Дарс ўрнига қор кечиб, лой кечиб,
Пахта терганимни эсга оламан.

Ана шуларнинг барчасини бошидан кечирган биронтамиз ёзмаганмиз бундай сатрларни, ёзолмаймиз ҳам!

Асқад Мухтор…

Бу зот ҳақида ўйлаганда ғалати ҳолларга тушади киши: ўйга чўмади, хурсанд бўлади, ғуссага чўкади, ўз-ўзидан уялиб ҳам кетади. Чунки Устознинг қалами шунга мажбур қилади.

Қалами мажбур қилгани билан Устознинг ўзи асосан раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган бўлса ҳам, бирон кишини бирон ишга мажбур қилмаган. Устознинг ўзи қийналиб хизмат қилган ўша тузумга.

«Сизга айтар сўзим, Владимир Ильич…» деб бошланадиган шеърини қаранг. Баррикадалар. Икки томонида икки тоифа. Меҳнаткашу раҳбар. Устоз манзарани ниҳоятда шоирона тарзда баён этади. Кейин:

Оддий халқдардини ўйламаса раҳбар
Шахсий буюкликдан кайфда!

дея хитоб қилади.

У замонларда бу гапларни айтиш учун мана шундай катта санъат, мана шундай шижоат керак эди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг шеърлари ҳам худди мана шу йўсинда қурилганини биласиз.

Ҳақиқий шоир сизнинг ҳар қандай ҳолатингизга мос сатрларни ёзиб қўйган бўлади. Юқорида бир неча сатрларни келтирдим. Энди мана бу сатрларни ўқинг-да, улар олиб кетадиган оламга чўминг:

Ишончсиз қадамлар…
Эшигим олдида…
Наҳотки бу сенинг изларинг?
Ўзинг вайрон этган киши қалбида
Сенга нима керак?
Нима изладинг?

Асқад Мухторнинг «Кекса мастер сўзи» деган шеъри бор. Ишчи — урушга бориб келган одам, бу ерда — заводда шогирдларига ютқазади. Шунда дейди:

Мени душман енголмади,
Дўстларим енгди.
Кўрдингизми?

* * *

Асқад Мухтор охирги пайтда кўп бемор ётди. Ҳақиқий дўстларидан бири Ваҳоб Рўзиматовнинг гапига қараганда, анча қийналган. Аммо бекор ётмаган-да! «Уйқу қочганда» деб номланган хазина, ҳақиқий хазина битиб кетган. Уни «Тундаликлар» деб атаган. Ўша хазинадан бир-икки мисол келтирай.

«Чинакам бадиий асар ҳамма вақт жавобсиз саволдир. Бордию адиб унда бирор муаммо кўтарган бўлса ҳам, бу — амалда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодир. Агар муаллиф амалда ҳал қилинадиган вазифа қўйса, бу, асосан, очерк ёки мақола бўлади. Ёзувчи эса ташвиқотчи эмас, шоир бўлиши керак».

«Ичимда нола бор. Гоҳо шу нолани эшитиб, Максим Горькийнинг гапи эсимга тушади. Ундан «Аҳволингиз қалай?» деб сўраганларида «Максимально горько!» деб жавоб берган экан».

«Ўзимизда бўлган туйғуларни яшириш қийинми ёки ўзимизда бўлмаган туйғуларни ифодалашми? Шукур Бурҳон менинг бу саволимга шундай деб жавоб берган эди: «Иккаласигаям  артистизм керак!»

* * *

Асқад Мухтор катта санъаткор бўлгани учун ҳам шогирди ниҳоятда кўп эди. Аммо шоир уларнинг ҳаммасини ҳам билавермаган. Билиши шарт ҳам эмасди. Адабиётда устозлик сиртдан ҳам бўлади. Шунинг  учун ҳам Асқад Мухтор катта устоз бўлишига қарамасдан, устозлик даъво қилмай ўтди.

Мен каминаи камтарин, барибир, Устозга бир шеър бағишлаганман. Ҳаёт пайтларида чиққан. Ўқиган бўлсалар керак, ёқмагандир, индамаган. Рухсатларингиз билан ўша шеъримни эътиборингизга ҳавола қилай.

УСТОЗЛИК ҲАҚИДА
Асқад Мухторга

Бахтингдир устознинг қўлини олсанг,
Лекин, устозни ҳам танлаб ололсанг.
Устознинг қиммати менимча шулким –
Узоқми-яқинми уни туёлсанг.

Майлига, орангиз бўлса-ю йироқ,
У сенга ҳар куни бермаса сабоқ,
Лекин, унинг исмин эшитганинг чоқ,
Юракда орзиқиш ҳис эта олсанг.

Гарчи ойлаб, йиллаб сени кўрмасин,
Пешонангни силаб, ҳолинг сўрмасин,
Йўл-йўриқ кўрсатиб, тергаб турмасин –
Бас, унинг нигоҳин сезиб туролсанг.

Устоз дейилганда нима кўринар?
Мукаммал инсону мукаммал ҳунар.
Унга, ҳунарига дуч келганда гар,
Ўзинг ҳунарингдан бир оз уёлсанг.

Устозлар турлидир — рўйи, шахсият:
Кимда шакл бор-у, кимда моҳият.
Сенга ният бўлса ундаги ният,
Устозга муносиб шогирд бўлолсанг…

Асқад Мухтор…

Ўзбек адабиётининг етук намояндаларидан бири, миллионлаб мухлис, минглаб шогирдга эга Асқад Мухтор тўғрисида гапиравераман десак, гап кўп. Аммо бу гап ҳеч қачон тугамайди, тугаганида ҳам Асқад Мухторнинг ҳақиқий сиймосини намоён этолмайди. Менингча, Устоз асл қиёфасини ўзи билан олиб кетган.

Шунинг учун Устоз ҳақидаги хаёлларимга нуқта қўйиб, Устознинг руҳи олдида бош эгаман.

Ўзбек халқи бор экан, Сиз барҳаётсиз, Устоз!

Саъдулла АҲМАД
БИР ҲИКОЯТ ТАРИХИ

Устоз Асқад Мухторнинг шарқ адабий анъаналари шаклида, замонавий услубда ёзилган «Чинор» романи — сюжет ва композиция қурилиши жиҳатидан ўта шартли асардир. Унда адиб хаёлларининг қамрови беҳудуд, тархи бузилмаган, ёрқин саҳифалар мавжуд.

Романдаги тарихий ҳужжат асосида яратилган Лев Толстой билан Абдулаҳад қори ҳикояти озодлик учун башарият кураши йўлидаги Шарқ ва Ғарбнинг қуйилиш нуқталаридан бирини ифодалайди. Туркистондаги илғор фикрли кишилар таъсирида бу курашга бош қўшган мулла Абдулаҳад ушбу масалада кўпроқ шарқча йўл тутган Лев Толстой билан унинг ватани — Ясная Полянада тўқнаш келади.

Абдулаҳад қорининг прототипи — шоир Босит Қориев (Олтой)нинг отаси Абдулвоҳид Абдурауфовдирким, В. Булгаковнинг «Л. Н. Толстой ҳаётининг сўнгги йили» китобида унинг номи «мулла Абдул-Лахим» деб берилган («1910 йил 24 сентябрь ёзуви»). Шунингдек, Л. Толстойнинг 1909 йил 5 июнда «Садои Туркистон» газетасининг ташкилотчиси, атоқли маърифатпарвар ватандошимиз Убайдулла Хўжаевга ёзган мунозара хати (у Л. Толстой асарлари 90 жилдлик мажмуасининг 79-жилдида ва «Гулистон» журналининг 1971 йил 11-сонида чоп этилган) романдаги бу ҳикоят ҳаётийлигидан далолатдир. Романда келтирилганидек, улуғ Толстой Конфуций ва Будда, Кришна ва Ганди (Л. Толстой Маҳатма Ганди билан ёзишмалар олиб борган ва ҳатто унинг таьлимотига кучли таъсир ҳам кўрсатган) каби Шарқ мутафаккир донишмандлари қатори, Баҳовуддин Нақшбандий таълимоти билан ҳам яхши таниш эди. Бу ҳакда филология фанлари доктори Эргаш Рустамов «Шарқ юлдузи» журналининг 1970 йил 8-сонида босилган «Лев Толстой, Жалолиддин Румий ва Алишер Навоий» мақоласида батафсил маълумот беради.

Муҳаббат ва меҳнатни тарғиб қилиб («Дил ба ёру даст ба кор» — «Кўнглингиз ёр (Худо)да, қўлингиз меҳнатда бўлсин!»), қишлоғида бир бўлак ерга буғдой, мош экиб, шундан чиққан даромад эвазига кун кечирган ҳазрат Баҳовуддин каби, ўз Ясная Полянасида деҳқончилик билан шуғулланган Лев Толстой энди фуқаро дилини Худо тимсолида бирлаштириш эмас, балки Баҳовуддин Нақшбанд таълимотини ривожлантириб, инсонлараро меҳру муҳаббат — «хилват анжумандадур»  ғоясини илгари суради.

Дарҳақиқат, бунинг  дилимизга энг яқин тарихий далили шуки, улуғ адиб Убайдулла Хўжаевга йўллаган хатида ҳам, жамиятнинг етук камоли — меҳру муҳаббат идеалига интилишда, деб ёзади.

Лев Толстой тугалланмаган «Эсдаликлар» асарида хотирлашича, ўзи ҳали беш-олти ёшда экан, бир куни акаси Николенька одамзодни бахтсизликдан қутқариш, қандай қилса ҳамма бир одам, яъни чумолилардек биродар бўлиб яшаши ҳакида сир (орзуси) ёзилган яшил таёқчани шу яқиндаги Старий заказ деган жойга кўмиб қўйганлигини айтиб беради. Шу-шу, яшил таёқча унинг хаёлидан кетмайди. Улғайиб, маънавий балоғатга етганда, «толстойчилик» таълимотининг асосини ташкил этган бу ғоя унинг идеалига айланади. Талабалик йилларида ўргангани Баҳовуддин таьлимоти эса ёш Толстой қарашларига асосли замин яратган бўлиши керак. Аммо Асқад Мухтор романда Толстой таълимотининг тарихан яна ҳам теранроқ томирларини қидиради. Ҳикоятда мулла Абдулаҳад буюк мутафаккирга Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар»идан ўқиб беради (зеро, В. Булгаков юқорида тилга олинган китобида мулла Абдул-Лахимни «араб ва форс тилларини, Қуръонни ёд билар экан», деб таърифлайди):

Қулни кўрсам, қули бўлиб хизмат қилсам,
Тупроқсифат йўл устида йўли бўлсам…

Мазкур фидойилик Лев Толстой инсонпарварлик фаолиятининг айни моҳияти эмасми?!

Золимлардан шиква қилма, золим ўзинг,
Ул юзингга агар урса, тут бу юзинг.

Бу энди (айниқса, иккинчи сатр), Толстой ўз таълимотини ифодалаб ёзган «Илоҳий ҳукмронлик ботинингиздадир» асарида Инжилдан келтирилган ўзак ғоя билан тўла ҳамоҳангдир.

В. Булгаков китобидаги 1910 йил 24 сентябрь ёзувидан яна ўқиймиз: «Кечқурун Лев Николаевич, мулла (Абдул-Лахим — С. А.) билан хусусий мулк масаласида баҳслашганини айтди. Абдул-Лахим маълум миқдордаги хусусий мулккгагина йўл қўйиш мумкинлигини исботлади. Унингча, инсоннинг меҳнат маҳсули муқаддас ва унга тегиб бўлмас эмиш. Бундай нуқтаи назар Лев Николаевичга яқиндек туюлди».

Ниҳоят, бу нуқтаи назар ҳам Шаркда XIV асрдаёқ Баҳовуддин Нақшбанд томонидан ишланган эдиким, академик Воҳид Зоҳидов «Навоий ва Нақшбанд» мақоласида қуйидагиларни ёзган: «Нақшбанд айтган эдики, инсон нафсини, ортиқча ҳирсларини тийиши, керагидан ортиқ нарсага, маблағ тўплаш, унга муҳаббат қўйиш ҳиссидан узоқ бўлиши лозим».

Ёзувчи ҳикоятда Толстой таълимотини оғишмай бадиий тавсифлаш билан аллақачон унинг дунёқараши дарз кетганини ҳам таъкидлайди. «Инсон давлат қонунлари билан эмас, муҳаббат қонунлари билан яшаб, ўз ахлоқий камолотини тинмай ўйлаши керак. Подшоҳ ҳокимияти бузуқ, ярамас ҳокимият. У халқни инқилоб жарига итармоқда. Даҳшатли, қонли инқилоб бўлади. Бу жуда катта жиноят, мулла».

Г. Плеханов «Карл Маркс ва Лев Толстой» мақоласида Россияда Столипин ҳукмронлиги авж олган бир даврда Л. Толстойнинг «Жим туролмайман» каби оташин публицистик чиқишларини назарда тутиб, у зулмга зўравонлик билан қаршилик кўрсатмасликни тарғиб этади-ю, аммо бу сатрлари амалда қўлга қурол олишни талаб қилади, деб ёзган эди. Ҳикоятда ҳам мулла кутилмаганда Толстойнинг юқоридаги сўзларидан унинг юрагида жуда катта бўронлар пинҳон ётганини, мазлум рус халқи қарийб пайғамбар деб билган улуғ адиб ўз билгиси ва ҳиссиёти устидан зўравонлик ҳукмини юргизмоқчи бўлаётганини пайқаб қолади. Аммо у қалбида яширинган бўронлар қопқасига — кейинги йилларда ақлини тентиратиб қўйган бу ёввойи кучга бировни яқин  йўлатишдан чўчийди.

Ҳикоятда Лев Толстой асарлари билан обдан танишган мулла Абдулаҳад: «Ҳа, айёр, муғомбир чол… итоаткорлик, меҳр-муҳаббатдан гапирасиз-у, ўзингиз бир умр исён кўтарасиз, қаҳр-ғазаб сочасиз! Нехлюдов инқилобчиларга ихлос қўяди. Симонсон бўлса — нур, ёруғлик, куч! Йўқ, Лев Николаевич, нима қиласиз дилингиздаги қуёшни мендан яшириб!» дейди хаёлида…

Бу ҳикоят — Лев Толстой ички дунёсини ёритиш воситасида башариятнинг озодлик йўлидаги курашларини ифодаловчи сабоқ дарсидир. Лев Толстой билан Абдулаҳад қори ўртасида кечган ана шу оламшумул, оғир маънавий баҳснинг остки оқимидан эса мутафаккир санъаткор — Асқад Мухтор образи қалқиб чиқади…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
95-ЙИЛ, ЁЗНИНГ БИР КУНИ

Бу кун хотирамдан бир умр ўчмайди.

Дўрмондаги ёзувчилар ижодий уйи деярли бўш — қалам тебратишга бел боғлаганлар сафи сийраклашиб қолган. Азиз Абдураззоқ, Сайёр, Саъдулла Аҳмад, Нортўхта Қилич — шу. Хар замонда Саид Аҳмад ака кўриниб қоладилар.

Уч-тўрт кун хонада босиб ишлаб ўтириб толиққач, кўнгил гурунг истайди. Иттифоқо, Асқад ака шу ерда — боғида эканини билиб қолдим. Саъдулла Аҳмадга бирга кириб, Асқад акани кўриб чиқайлик деб илтимос қилдим. Бир кун аввал тушдан кейин бордик. Чақирган эдик, ичкаридан товуш бўлмади. Бугун эрталаб яна бордик. Панжара девор эшигини очиб ховлига кирдик.

— Домла-а-а.

Ҳамроҳим хонадон соҳибларини жуда авайлаб чақираётгани унинг товушидан сезилиб турарди. Дам-бадам шу оҳангда чақиришда давом этиб, оҳиста уйга яқинлашдик. Эшик очиқ эди. Шу пайт тахта зинапояга ҳассанинг учи «дўқ» этиб тушди, сўнг кекса аёл кишининг оёғи кўринди. Қариб, қувватдан қолган Роза опа — Асқад аканинг рафиқалари тушиб келди… Ўн йилча бурун Тошкентдаги уйига борганимни эсладим, ўша пайтда кўрганларимни кўз олдимга келтиришга уриндим. Ҳар қалай, у пайтларда анча тетик эди.

— Ой-й, келинглар! Ўтиринглар, ҳозир чиқади, — Роза опа шу орада ичкарига қараб чақирдими-йўқми, сезмай қолдим. — Сиз билан суҳбатлашиш унга фойдали…

Илгари Асқад акани вақт-бевақт сўроқлаб келганлардан аяш мақсадида «Ишлаётувди», «Дам олаётувди» деб жавоб бериб юборадиган аёл деб эшитгандим, мана бизни ичкарига чорлаяпти…

Эшикнинг ёнгинасида турган оромкурсини суриб, опанинг ўтириши учун ўнгладим. Унда Анненковнинг қайсидир китоби ётган экан. Олиб дераза токчасига қўйдим.

— Мана шунақа мемуарлар ёзиш керак, — шикоят қила кетди опа. — Бизда битта ҳам йўк!.. Яки борми?! — Гўё хотираномалар ёзилмаётганига мен айбдордек назар ташлади. — Бизга фақат…

Саъдулла ака кампирнинг мушоҳадасидан завкланиб, товушини чиқармай кулди, мен ҳам унга шу йўсинда жўр бўлдим. Зинада Асқад ака кўринди.

У Роза опадан ҳам эҳтиётлик билан зинага оёқ қўйиб, пастга тушди. «Ким келди?» деган савол аломати билан бизга қаради. Саъдулла акани дарҳол таниди. Менга эса узоқроқ разм солди.

Кўришдик. Саъдулла ака мени таништирди.

— Ў-ўти-ринг-лар…

Асқад аканинг яхши гапиролмай қолганини эшитганимга анча бўлди, лекин бевосита ўзим кўриб, бирдан кўнглим бўшашиб кетди. «Кимсан, Асқад Мухтордек донишманд инсоннинг аҳволи шу бўлдими?!»

— Дурустмисиз, Асқад ака? — дея сўрадим.

— Э-эр-та-га ҳа-м яшай-м-манми деб ку-ти-иб ў-ўти-риб-миз…

Янглишмасам, икки соатча суҳбатлашдик. «Гулистон»нинг  гуллаган даврини, кейин Дудин, Расул Ҳамзат, Давид Қуғултинни эслади Асқад ака.

— Мустайдан хат олдим, Дудин оламдан ўтганмиш… Тошкентда Мустай касал бўлиб қолганида ҳаммамиз бориб кўргандик. Олмаотада Расулнинг юраги ёмон бўлди, ҳаммамиз етиб бордик. Ҳозир… улар т-тирикми ё… б-билмай-миз.

Миртемир ҳақида кўп илиқ сўзлар айтилди. Суҳбат асносида мен Асқад аканинг «Инсонга қуллуқ қиладурмен» деб номланган ҳикоялар тўпламига ихчамгина тақриз ёзиб газетага топшириб қўйганимни, ундан аввалроқ «Чодирхаёл»дек нодир ҳикоясини номзодлик диссертациямда ҳавас билан батафсил таҳлил қилганимни айтдим. Асқад ака кўзойнакни қўлга олиб, хотирини жамлаб олгач, деди:

— «Инсонга қуллуқ қиладурмен» ҳикоямнинг асл номи «Инсонга қуллик қиладурмен» эди, билмадим,  кейин  ўзгартиришибди…

Гурунг адабиётдан яна хасталик мавзусига қайтди.

— Китобда ўқидим, инсульт бўлганлар тўрт йилдан ортиқ яшамайди, деган. Мен у-уш йил яшаяпман…

Асқад аканинг иродаси ва матонати ўша китобдаги илмий «башорат»ни чиппакка чиқарди… Устоз инсультга чалинганидан беш йил кейин — 1997 йилнинг айни баҳорида сўнгги сафарга равона бўлдилар…

Биз улкан адиб ва шоир билан суҳбатлашган кунимиз эса 1995 йилнинг 14 июни эди.

23 dekabr — Ustoz Asqad Muxtor tavallud topgan kun

Asqad  Muxtor — XX asr o‘zbek-turk dunyosini butun fojialari-la, butun  parvozlari-la mujassam qilgan buyuk adibdir. Bu asr ne ekanini, uni idrok  etmak ne qadarligini biz — ergaga ko‘miladiganlar bilmaymiz, Yaratganning  o‘zi biladi…

USTOZ ASQAD MUXTORNI
XOTIRLAB
09

Rauf PARFI
ENG MADANIYATLI ADIB

1 asqad_muxtor1.jpgAsqad Muxtor — XX asr o‘zbek-turk dunyosini butun fojialari-la, butun parvozlari-la mujassam qilgan buyuk adibdir. Bu asr ne ekanini, uni idrok etmak ne qadarligini biz — ertaga ko‘miladiganlar bilmaymiz, Yaratganning o‘zi biladi…

XX asr… Taqriban, chamalab, xomcho‘t qilib ko‘raylik-chi: Askad Muxtorning yigirma jildlik asarlari ko‘z o‘ngimizda yorqin namoyon bo‘ladi. Millatimizning bu muhtasham merosini yana millatga bir butun holda yetkazmak uchun bukungi adabiyot sardorlari masuldirlar.

Asqad Muxtor ijodiyoti ko‘zgusida avliyo Zardo‘shtiy, Konfutsiy, Dao, Muhammad alayhissalom, Iso alayhissalom, Bahovuddin Naqshband ta’limotlarining badiiy savlati yuz ko‘rsatadi. Bu in’ikos u yoki bu darajada bo‘lishidan qat’i nazar, Inson va insoniylik, Inson baxti uchun kurash g‘oyasi bilan sug‘orilgandir. Biz o‘zimizning mayda, ikir-chikir tirikchilik girdobimizga qorishtirib fikr qilmaylik. Chunki bu girdob yuz yillar iztirob chekib tergan ma’naviy marjonlarimizni yutib yuborishga ham qodir…

Asqad Muxtor ijodiyotini u jonini fido qilib suygan xalqiga armug‘on qiling, savobga botgaysiz, ilohim!

Jahon miqyosidagi eng madaniyatli adibimiz Asqad Muxtor yigirma birinchi asrga mardlarcha halol kirib borayotirlar:

— Assalomu alaykum, ustoz Asqad Muxtor! Sizga olqishlarimiz, Sizga ta’zimlarimiz, sevgilarimizni qabul kilgaysiz!

1995. 16. III.

Mashrab BOBOYEV
«INSONLIKNING MA’NOSI O‘ZGARDI…»

Insonlikning ma’nosi o‘zgardi
Olamning joziba qonuni yanglig‘.
Qo‘shnining umrini qisqartar darding,
Baxting ham birovning baxtiga bog‘liq.

Har bir aza qisman mening azam,
Kimniki deb so‘rab bo‘lmaydi.
Yolg‘iz yashamaydi dunyoda odam,
O‘lsa ham, bir o‘zi o‘lmaydi.

Asqad Muxtor

Mening dastlab o‘qib, yaxshi ko‘rib qolganimdan yana qayta-qayta o‘qigan birinchi kitobim «Opa-singillar» bo‘ladi. Ayniqsa, undagi Afg‘on choyfurush. Shunaqa yaxshi, shunaqa xushmuomala, har kimning dilidagini topadigan, dardiga malham qo‘yadigan, hammaga suyukli odam. Roman oxiridagina uning ingliz razvedkachisi ekani ayon bo‘ladi. Qoyil qolmay ilojingiz yo‘q!

U paytlar kitobning nomi ham, muallifi ham qiziqtirmas edi. Keyinchalik bilsam, bu suyukli kitobni yozgan odam Asqad Muxtor ekan.

Shu-shu, yozuvchining asarlarini qidirib topib o‘qiy boshladim. Qissalari, romanlari, she’rlarini…

016Toshkentda o‘qib yuribman. Bir kuni Xadra bilan Chorsu o‘rtasidagi kitob do‘konida yozuvchilar bilan uchrashuv bo‘ldi. Mei suratini ko‘rib yurgan, demak, sirtdan bo‘lsa ham taniydigan yozuvchilar kelishdi. Hammasi indamay turibdi. Bir payt ko‘zoynak taqqan bir yosh yigit o‘rtaga chiqib gapira boshladi. Bu o‘ris yozuvchilarimizning orasida nima qilib yuribdi, deb o‘yladim. Buning ustiga, sof o‘zbekcha gapiryapti deng! Asqad Muxtor shu kishi ekan. Garchi shu paytgacha uning suratini ko‘rgan bo‘lsam ham, katta yozuvchilarning hammasi salobatli bo‘ladi, degan xayolda, kelib-kelib Asqad Muxtorga e’tibor bermagan ekanman.

O‘sha uchrashuvda Asqad Muxtor boshqa she’rlari qatoridi «Ra’no, Dilbar, Go‘zal» naqarotli she’rini ham o‘qigan edi. Uch qiz, hammasi dono, hammasi go‘zal, hammasi dilbar. Ammo, ularning ta’rifi keltiriladi-da, naqarot «Dilbari ham go‘zal, Ra’nosi ham go‘zal, Go‘zali ham go‘zal» deb tugallanadi.

Asqad Muxtorning keyingi kitoblarida bu she’rni uchratmaganman. Xotiridan faromush bo‘lgan bo‘lsa kerak.

Umuman, yozuvchining xotiri ancha faromush bo‘lgan shekilli (rahmatli Ustozning ruhi bezovta bo‘lmasin, Ollohning o‘zi kechirsin!), 1965 yilda oshqozonimni davolatish uchun shifoxonada yotganimda hovliga chiqib gazeta oldim. «Qizil O‘zbekiston»da shoirga bag‘ishlangan bir sahifa chikkan ekan. Sahifada she’rlardan tashqari qaydlar ham bor edi. Ularning ikkitasi yodimga ayniqsa o‘rnashib qolgan: «Pushkin tomga chiqib, narvonni olib tashlagan ekan-da…», «Hozirgi nodon kattalarni ko‘rib, ular endi nodon bo‘lib qolibdi-da deb o‘ylamang, ular yoshligida ham nodon bo‘lgan». Xotiram pand berib, so‘zlar o‘rnini o‘zgartirgan bo‘lishim mumkin, ammo fikr aynan ana shunday edi. Afsuski, bu fikrlarini ham yozuvchining bironta kitobida ko‘rmadim.

O‘sha sahifada mana bu to‘rtlik ham bor edi:

Daqiqa nimayu abadiylik qayda?
Yonma-yon yozmoq ham kulgili bir hol.
Ammo, ittifoqo, u — abadiy satr
Tug‘ib qo‘ymoqligi ehtimol…

1964 yilda Asqad Muxtorning «99 miniatyura» kitobi chiqdi. Bu — har qanday insofli odam tan olishi kerak — adabiyotimizda yangilik bo‘lgan edi!

Keyin…

To‘g‘risi, Asqad Muxtorning keyingi asari qanday shaklda paydo bo‘lishini kutadigan bo‘ldim. «Opa-singillar»i oddiy, an’anaviy uslubda yozilgan edi. Keyin «Tug‘ilish» chikdi. Shakli butunlay boshqacha. Keyin «Davr mening taqdirimda», keyin «Chinor», keyin «Buxoroning jin ko‘chalari»…

E-e, qo‘yaverasiz!

Hammasi yangi! Shakl jihatidan ham, mazmun jihatidan ham!

…Asqad Muxtor «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasini chiqara boshladi. Yozuvchilarning Moskva yaqinidagi Maleyevka dam olish uyiga Shuhrat aka bilan Odil akani ko‘rgani borganimda (o‘zim shu yerga yaqin joydagi Teatr jamiyatining dam olish uyida edim), Odil aka Asqad Muxtorning xatini ko‘rsatdi. Asqad aka «O‘zbekiston madaniyati» haftalikka aylantirilgani, o‘zining bosh muharrir etib tayinlanganini bayon qilib, Odil akadan qanday qilsa gazetani yaxshilash mumkinligi to‘g‘risida maslahat so‘rabdi. «Asqad akayam qiziq-da, — dedi Odil aka o‘zining tabiiy jilmayishi bilan. — Shungayam mendan maslahat so‘rab o‘tirarmidi!»

Asqad aka o‘sha gazetaga bosh muharrir payti ish so‘rab borganman. Ustoz olmagan. To‘g‘ri-da. Aslida g‘alati. Juda ko‘p yosh shoir, yozuvchilar ish qidirib yuradi, siz ularga yordam bermoqchi bo‘lasiz, ammo biron joyda ish chiqqanida o‘sha shoir yoki yozuvchi to‘g‘ri kelmaydi. Bu — ko‘pchilik biladigan, ehtimol, bilmaydigan haqiqatlardan biri.

Abay ko‘chasining Alisher Navoiy ko‘chasi bilan kesishgai joyida katta, oynaband pivoxona bo‘lardi. Lolaxon degan go‘zal sotuvchi ayol shishalarni peshtaxtaga qatorlash terib qo‘yardi-da, shunaqa tez ochardiki, bu ham bir san’at edi…

Asqad Muxtor har kuni ishdan uyiga piyoda qaytardi. Uyi Abay ko‘chasidagi yozuvchilarga ajratilgan kotejlardan birida edi. Biz, pivoxo‘rlar u kishini ko‘rishimiz bilan o‘zimizni sal chetga olgan bo‘lardik. (Uyatimiz ham bor ekan-da, a?!) Ammo Asqad aka uzoqdanoq ko‘chaning o‘ng tomonidan kelardiyu shundan burilib ketar edi. «Ko‘zim chiqsin seni ko‘rguncha bundoq!» deganlari bo‘lsa kerak-da!

Bir kuni Aziz Abdurazzoq bir dasta she’rlarimni oldi-da, Asqad Muxtor huzuriga olib kirdi. Yozuvchilar uyushmasi raisi o‘rinbosarining huzuriga-ya!

Asqad Muxtor she’rlarimni bir oz malollik bilan olib qoldi. Ishi ko‘p-da! Oradan ancha o‘tib, 1966 yilda «Sovet O‘zbekistoni»da bir qancha she’rlarim Ustozning «oq yo‘li» bilan e’lon qilindi.

G‘alati bo‘larkan. Kechagina bunday munosabat qilib yurganlar butunlay boshqacha muomalaga o‘tib olgan! Orada men xijolat…

Shundan beri Asqad Muxtor rasman ham ustozim hisoblanadi.

Ba’zan o‘ylab qolaman: Asqad Muxtor yetimlikda o‘sgani bilan bolaligida bizchalik qiyinchilik ko‘rmagan bo‘lsa kerak. Lekin mana bu satrlarnn qarang:

Oydinda tug‘ilib, jo‘yakda chayilgan,
G‘o‘za bilan o‘sgan bolaman.
Dars o‘rniga qor kechib, loy kechib,
Paxta terganimni esga olaman.

Ana shularning barchasini boshidan kechirgan birontamiz yozmaganmiz bunday satrlarni, yozolmaymiz ham!

Asqad Muxtor…

Bu zot haqida o‘ylaganda g‘alati hollarga tushadi kishi: o‘yga cho‘madi, xursand bo‘ladi, g‘ussaga cho‘kadi, o‘z-o‘zidan uyalib ham ketadi. Chunki Ustozning qalami shunga majbur qiladi.

Qalami majbur qilgani bilan Ustozning o‘zi asosan rahbarlik lavozimlarida ishlab kelgan bo‘lsa ham, biron kishini biron ishga majbur qilmagan. Ustozning o‘zi qiynalib xizmat qilgan o‘sha tuzumga.

«Sizga aytar so‘zim, Vladimir Ilich…» deb boshlanadigan she’rini qarang. Barrikadalar. Ikki tomonida ikki toifa. Mehnatkashu rahbar. Ustoz manzarani nihoyatda shoirona tarzda bayon etadi. Keyin:

Oddiy xalqdardini o‘ylamasa rahbar

Shaxsiy buyuklikdan kayfda!

deya xitob qiladi.

U zamonlarda bu gaplarni aytish uchun mana shunday katta san’at, mana shunday shijoat kerak edi. Abdulla Oripov, Erkin Vohidovning she’rlari ham xuddi mana shu yo‘sinda qurilganini bilasiz.

Haqiqiy shoir sizning har qanday holatingizga mos satrlarni yozib qo‘ygan bo‘ladi. Yuqorida bir necha satrlarni keltirdim. Endi mana bu satrlarni o‘qing-da, ular olib ketadigan olamga cho‘ming:

Ishonchsiz qadamlar…
Eshigim oldida…
Nahotki bu sening izlaring?
O‘zing vayron etgan kishi qalbida
Senga nima kerak?
Nima izlading?

Asqad Muxtorning «Keksa master so‘zi» degan she’ri bor. Ishchi — urushga borib kelgan odam, bu yerda — zavodda shogirdlariga yutqazadi. Shunda deydi:

Meni dushman yengolmadi,
Do‘stlarim yengdi.
Ko‘rdingizmi?

* * *

Asqad Muxtor oxirgi paytda ko‘p bemor yotdi. Haqiqiy do‘stlaridan biri Vahob Ro‘zimatovning gapiga qaraganda, ancha qiynalgan. Ammo bekor yotmagan-da! «Uyqu qochganda» deb nomlangan xazina, haqiqiy xazina bitib ketgan. Uni «Tundaliklar» deb atagan. O‘sha xazinadan bir-ikki misol keltiray.

«Chinakam badiiy asar hamma vaqt javobsiz savoldir. Bordiyu adib unda biror muammo ko‘targan bo‘lsa ham, bu — amalda hal qilib bo‘lmaydigan muammodir. Agar muallif amalda hal qilinadigan vazifa qo‘ysa, bu, asosan, ocherk yoki maqola bo‘ladi. Yozuvchi esa tashviqotchi emas, shoir bo‘lishi kerak».

«Ichimda nola bor. Goho shu nolani eshitib, Maksim Gorkiyning gapi esimga tushadi. Undan «Ahvolingiz qalay?» deb so‘raganlarida «Maksimalno gorko!» deb javob bergan ekan».

«O‘zimizda bo‘lgan tuyg‘ularni yashirish qiyinmi yoki o‘zimizda bo‘lmagan tuyg‘ularni ifodalashmi? Shukur Burhon mening bu savolimga shunday deb javob bergan edi: «Ikkalasigayam artistizm kerak!»

* * *

Asqad Muxtor katta san’atkor bo‘lgani uchun ham shogirdi nihoyatda ko‘p edi. Ammo shoir ularning hammasini ham bilavermagan. Bilishi shart ham emasdi. Adabiyotda ustozlik sirtdan ham bo‘ladi. Shuning uchun ham Asqad Muxtor katta ustoz bo‘lishiga qaramasdan, ustozlik da’vo qilmay o‘tdi.

Men kaminai kamtarin, baribir, Ustozga bir she’r bag‘ishlaganman. Hayot paytlarida chiqqan. O‘qigan bo‘lsalar kerak, yoqmagandir, indamagan. Ruxsatlaringiz bilan o‘sha she’rimni e’tiboringizga havola qilay.

USTOZLIK HAQIDA
Asqad Muxtorga

Baxtingdir ustozning qo‘lini olsang,
Lekin, ustozni ham tanlab ololsang.
Ustozning qimmati menimcha shulkim –
Uzoqmi-yaqinmi uni tuyolsang.

Mayliga, orangiz bo‘lsa-yu yiroq,
U senga har kuni bermasa saboq,
Lekin, uning ismin eshitganing choq,
Yurakda orziqish his eta olsang.

Garchi oylab, yillab seni ko‘rmasin,
Peshonangni silab, holing so‘rmasin,
Yo‘l-yo‘riq ko‘rsatib, tergab turmasin –
Bas, uning nigohin sezib turolsang.

Ustoz deyilganda nima ko‘rinar?
Mukammal insonu mukammal hunar.
Unga, hunariga duch kelganda gar,
O‘zing hunaringdan bir oz uyolsang.

Ustozlar turlidir — ro‘yi, shaxsiyat:
Kimda shakl bor-u, kimda mohiyat.
Senga niyat bo‘lsa undagi niyat,
Ustozga munosib shogird bo‘lolsang…

Asqad Muxtor…

O‘zbek adabiyotining yetuk namoyandalaridan biri, millionlab muxlis, minglab shogirdga ega Asqad Muxtor to‘g‘risida gapiraveraman desak, gap ko‘p. Ammo bu gap hech qachon tugamaydi, tugaganida ham Asqad Muxtorning haqiqiy siymosini namoyon etolmaydi. Meningcha, Ustoz asl qiyofasini o‘zi bilan olib ketgan.

Shuning uchun Ustoz haqidagi xayollarimga nuqta qo‘yib, Ustozning ruhi oldida bosh egaman.

O‘zbek xalqi bor ekan, Siz barhayotsiz, Ustoz!

Sa’dulla AHMAD
BIR HIKOYAT TARIXI

05Ustoz Asqad Muxtorning sharq adabiy an’analari shaklida, zamonaviy uslubda yozilgan «Chinor» romani — syujet va kompozitsiya qurilishi jihatidan o‘ta shartli asardir. Unda adib xayollarining qamrovi behudud, tarxi buzilmagan, yorqin sahifalar mavjud.

Romandagi tarixiy hujjat asosida yaratilgan Lev Tolstoy bilan Abdulahad qori hikoyati ozodlik uchun bashariyat kurashi yo‘lidagi Sharq va G‘arbning quyilish nuqtalaridan birini ifodalaydi. Turkistondagi ilg‘or fikrli kishilar ta’sirida bu kurashga bosh qo‘shgan mulla Abdulahad ushbu masalada ko‘proq sharqcha yo‘l tutgan Lev Tolstoy bilan uning vatani — Yasnaya Polyanada to‘qnash keladi.

Abdulahad qorining prototipi — shoir Bosit Qoriyev (Oltoy)ning otasi Abdulvohid Abduraufovdirkim, V. Bulgakovning «L. N. Tolstoy hayotining so‘nggi yili» kitobida uning nomi «mulla Abdul-Laxim» deb berilgan («1910 yil 24 sentyabr yozuvi»). Shuningdek, L. Tolstoyning 1909 yil 5 iyunda «Sadoi Turkiston» gazetasining tashkilotchisi, atoqli ma’rifatparvar vatandoshimiz Ubaydulla Xo‘jayevga yozgan munozara xati (u L. Tolstoy asarlari 90 jildlik majmuasining 79-jildida va «Guliston» jurnalining 1971 yil 11-sonida chop etilgan) romandagi bu hikoyat hayotiyligidan dalolatdir. Romanda keltirilganidek, ulug‘ Tolstoy Konfutsiy va Budda, Krishna va Gandi (L. Tolstoy Mahatma Gandi bilan yozishmalar olib borgan va hatto uning talimotiga kuchli ta’sir ham ko‘rsatgan) kabi Sharq mutafakkir donishmandlari qatori, Bahovuddin Naqshbandiy ta’limoti bilan ham yaxshi tanish edi. Bu hakda filologiya fanlari doktori Ergash Rustamov «Sharq yulduzi» jurnalining 1970 yil 8-sonida bosilgan «Lev Tolstoy, Jaloliddin Rumiy va Alisher Navoiy» maqolasida batafsil ma’lumot beradi.

Muhabbat va mehnatni targ‘ib qilib («Dil ba yoru dast ba kor» — «Ko‘nglingiz yor (Xudo)da, qo‘lingiz mehnatda bo‘lsin!»), qishlog‘ida bir bo‘lak yerga bug‘doy, mosh ekib, shundan chiqqan daromad evaziga kun kechirgan hazrat Bahovuddin kabi, o‘z Yasnaya Polyanasida dehqonchilik bilan shug‘ullangan Lev Tolstoy endi fuqaro dilini Xudo timsolida birlashtirish emas, balki Bahovuddin Naqshband ta’limotini rivojlantirib, insonlararo mehru muhabbat — «xilvat anjumandadur» g‘oyasini ilgari suradi.

Darhaqiqat, buning dilimizga eng yaqin tarixiy dalili shuki, ulug‘ adib Ubaydulla Xo‘jayevga yo‘llagan xatida ham, jamiyatning yetuk kamoli — mehru muhabbat idealiga intilishda, deb yozadi.

Lev Tolstoy tugallanmagan «Esdaliklar» asarida xotirlashicha, o‘zi hali besh-olti yoshda ekan, bir kuni akasi Nikolenka odamzodni baxtsizlikdan qutqarish, qanday qilsa hamma bir odam, ya’ni chumolilardek birodar bo‘lib yashashi hakida sir (orzusi) yozilgan yashil tayoqchani shu yaqindagi Stariy zakaz degan joyga ko‘mib qo‘yganligini aytib beradi. Shu-shu, yashil tayoqcha uning xayolidan ketmaydi. Ulg‘ayib, ma’naviy balog‘atga yetganda, «tolstoychilik» ta’limotining asosini tashkil etgan bu g‘oya uning idealiga aylanadi. Talabalik yillarida o‘rgangani Bahovuddin talimoti esa yosh Tolstoy qarashlariga asosli zamin yaratgan bo‘lishi kerak. Ammo Asqad Muxtor romanda Tolstoy ta’limotining tarixan yana ham teranroq tomirlarini qidiradi. Hikoyatda mulla Abdulahad buyuk mutafakkirga Ahmad Yassaviy «Hikmatlar»idan o‘qib beradi (zero, V. Bulgakov yuqorida tilga olingan kitobida mulla Abdul-Laximni «arab va fors tillarini, Qur’onni yod bilar ekan», deb ta’riflaydi):

Qulni ko‘rsam, quli bo‘lib xizmat qilsam,
Tuproqsifat yo‘l ustida yo‘li bo‘lsam…

Mazkur fidoyilik Lev Tolstoy insonparvarlik faoliyatining ayni mohiyati emasmi?!

Zolimlardan shikva qilma, zolim o‘zing,
Ul yuzingga agar ursa, tut bu yuzing.

Bu endi (ayniqsa, ikkinchi satr), Tolstoy o‘z ta’limotini ifodalab yozgan «Ilohiy hukmronlik botiningizdadir» asarida Injildan keltirilgan o‘zak g‘oya bilan to‘la hamohangdir.

V. Bulgakov kitobidagi 1910 yil 24 sentyabr yozuvidan yana o‘qiymiz: «Kechqurun Lev Nikolayevich, mulla (Abdul-Laxim — S. A.) bilan xususiy mulk masalasida bahslashganini aytdi. Abdul-Laxim ma’lum miqdordagi xususiy mulkkgagina yo‘l qo‘yish mumkinligini isbotladi. Uningcha, insonning mehnat mahsuli muqaddas va unga tegib bo‘lmas emish. Bunday nuqtai nazar Lev Nikolayevichga yaqindek tuyuldi».

Nihoyat, bu nuqtai nazar ham Sharkda XIV asrdayoq Bahovuddin Naqshband tomonidan ishlangan edikim, akademik Vohid Zohidov «Navoiy va Naqshband» maqolasida quyidagilarni yozgan: «Naqshband aytgan ediki, inson nafsini, ortiqcha hirslarini tiyishi, keragidan ortiq narsaga, mablag‘ to‘plash, unga muhabbat qo‘yish hissidan uzoq bo‘lishi lozim».

Yozuvchi hikoyatda Tolstoy ta’limotini og‘ishmay badiiy tavsiflash bilan allaqachon uning dunyoqarashi darz ketganini ham ta’kidlaydi. «Inson davlat qonunlari bilan emas, muhabbat qonunlari bilan yashab, o‘z axloqiy kamolotini tinmay o‘ylashi kerak. Podshoh hokimiyati buzuq, yaramas hokimiyat. U xalqni inqilob jariga itarmoqda. Dahshatli, qonli inqilob bo‘ladi. Bu juda katta jinoyat, mulla».

G. Plexanov «Karl Marks va Lev Tolstoy» maqolasida Rossiyada Stolipin hukmronligi avj olgan bir davrda L. Tolstoyning «Jim turolmayman» kabi otashin publitsistik chiqishlarini nazarda tutib, u zulmga zo‘ravonlik bilan qarshilik ko‘rsatmaslikni targ‘ib etadi-yu, ammo bu satrlari amalda qo‘lga qurol olishni talab qiladi, deb yozgan edi. Hikoyatda ham mulla kutilmaganda Tolstoyning yuqoridagi so‘zlaridan uning yuragida juda katta bo‘ronlar pinhon yotganini, mazlum rus xalqi qariyb payg‘ambar deb bilgan ulug‘ adib o‘z bilgisi va hissiyoti ustidan zo‘ravonlik hukmini yurgizmoqchi bo‘layotganini payqab qoladi. Ammo u qalbida yashiringan bo‘ronlar qopqasiga — keyingi yillarda aqlini tentiratib qo‘ygan bu yovvoyi kuchga birovni yaqin yo‘latishdan cho‘chiydi.

Hikoyatda Lev Tolstoy asarlari bilan obdan tanishgan mulla Abdulahad: «Ha, ayyor, mug‘ombir chol… itoatkorlik, mehr-muhabbatdan gapirasiz-u, o‘zingiz bir umr isyon ko‘tarasiz, qahr-g‘azab sochasiz! Nexlyudov inqilobchilarga ixlos qo‘yadi. Simonson bo‘lsa — nur, yorug‘lik, kuch! Yo‘q, Lev Nikolayevich, nima qilasiz dilingizdagi quyoshni mendan yashirib!» deydi xayolida…

Bu hikoyat — Lev Tolstoy ichki dunyosini yoritish vositasida bashariyatning ozodlik yo‘lidagi kurashlarini ifodalovchi saboq darsidir. Lev Tolstoy bilan Abdulahad qori o‘rtasida kechgan ana shu olamshumul, og‘ir ma’naviy bahsning ostki oqimidan esa mutafakkir san’atkor — Asqad Muxtor obrazi qalqib chiqadi…

Xurshid DO‘STMUHAMMAD
95-YIL, YOZNING BIR KUNI

011Bu kun xotiramdan bir umr o‘chmaydi.

Do‘rmondagi yozuvchilar ijodiy uyi deyarli bo‘sh — qalam tebratishga bel bog‘laganlar safi siyraklashib qolgan. Aziz Abdurazzoq, Sayyor, Sa’dulla Ahmad, Norto‘xta Qilich — shu. Xar zamonda Said Ahmad aka ko‘rinib qoladilar.

Uch-to‘rt kun xonada bosib ishlab o‘tirib toliqqach, ko‘ngil gurung istaydi. Ittifoqo, Asqad aka shu yerda — bog‘ida ekanini bilib qoldim. Sa’dulla Ahmadga birga kirib, Asqad akani ko‘rib chiqaylik deb iltimos qildim. Bir kun avval tushdan keyin bordik. Chaqirgan edik, ichkaridan tovush bo‘lmadi. Bugun ertalab yana bordik. Panjara devor eshigini ochib xovliga kirdik.

— Domla-a-a.

Hamrohim xonadon sohiblarini juda avaylab chaqirayotgani uning tovushidan sezilib turardi. Dam-badam shu ohangda chaqirishda davom etib, ohista uyga yaqinlashdik. Eshik ochiq edi. Shu payt taxta zinapoyaga hassaning uchi «do‘q» etib tushdi, so‘ng keksa ayol kishining oyog‘i ko‘rindi. Qarib, quvvatdan qolgan Roza opa — Asqad akaning rafiqalari tushib keldi… O‘n yilcha burun Toshkentdagi uyiga borganimni esladim, o‘sha paytda ko‘rganlarimni ko‘z oldimga keltirishga urindim. Har qalay, u paytlarda ancha tetik edi.

— Oy-y, kelinglar! O‘tiringlar, hozir chiqadi, — Roza opa shu orada ichkariga qarab chaqirdimi-yo‘qmi, sezmay qoldim. — Siz bilan suhbatlashish unga foydali…

Ilgari Asqad akani vaqt-bevaqt so‘roqlab kelganlardan ayash maqsadida «Ishlayotuvdi», «Dam olayotuvdi» deb javob berib yuboradigan ayol deb eshitgandim, mana bizni ichkariga chorlayapti…

Eshikning yonginasida turgan oromkursini surib, opaning o‘tirishi uchun o‘ngladim. Unda Annenkovning qaysidir kitobi yotgan ekan. Olib deraza tokchasiga qo‘ydim.

— Mana shunaqa memuarlar yozish kerak, — shikoyat qila ketdi opa. — Bizda bitta ham yo‘k!.. Yaki bormi?! — Go‘yo xotiranomalar yozilmayotganiga men aybdordek nazar tashladi. — Bizga faqat…

Sa’dulla aka kampirning mushohadasidan zavklanib, tovushini chiqarmay kuldi, men ham unga shu yo‘sinda jo‘r bo‘ldim. Zinada Asqad aka ko‘rindi.

U Roza opadan ham ehtiyotlik bilan zinaga oyoq qo‘yib, pastga tushdi. «Kim keldi?» degan savol alomati bilan bizga qaradi. Sa’dulla akani darhol tanidi. Menga esa uzoqroq razm soldi.

Ko‘rishdik. Sa’dulla aka meni tanishtirdi.

— O‘-o‘ti-ring-lar…

Asqad akaning yaxshi gapirolmay qolganini eshitganimga ancha bo‘ldi, lekin bevosita o‘zim ko‘rib, birdan ko‘nglim bo‘shashib ketdi. «Kimsan, Asqad Muxtordek donishmand insonning ahvoli shu bo‘ldimi?!»

— Durustmisiz, Asqad aka? — deya so‘radim.

— E-er-ta-ga ha-m yashay-m-manmi deb ku-ti-ib o‘-o‘ti-rib-miz…

Yanglishmasam, ikki soatcha suhbatlashdik. «Guliston»ning gullagan davrini, keyin Dudin, Rasul Hamzat, David Qug‘ultinni esladi Asqad aka.

— Mustaydan xat oldim, Dudin olamdan o‘tganmish… Toshkentda Mustay kasal bo‘lib qolganida hammamiz borib ko‘rgandik. Olmaotada Rasulning yuragi yomon bo‘ldi, hammamiz yetib bordik. Hozir… ular t-tirikmi yo… b-bilmay-miz.

Mirtemir haqida ko‘p iliq so‘zlar aytildi. Suhbat asnosida men Asqad akaning «Insonga qulluq qiladurmen» deb nomlangan hikoyalar to‘plamiga ixchamgina taqriz yozib gazetaga topshirib qo‘yganimni, undan avvalroq «Chodirxayol»dek nodir hikoyasini nomzodlik dissertatsiyamda havas bilan batafsil tahlil qilganimni aytdim. Asqad aka ko‘zoynakni qo‘lga olib, xotirini jamlab olgach, dedi:

— «Insonga qulluq qiladurmen» hikoyamning asl nomi «Insonga qullik qiladurmen» edi, bilmadim, keyin o‘zgartirishibdi…

Gurung adabiyotdan yana xastalik mavzusiga qaytdi.

— Kitobda o‘qidim, insult bo‘lganlar to‘rt yildan ortiq yashamaydi, degan. Men u-ush yil yashayapman…

Asqad akaning irodasi va matonati o‘sha kitobdagi ilmiy «bashorat»ni chippakka chiqardi… Ustoz insultga chalinganidan besh yil keyin — 1997 yilning ayni bahorida so‘nggi safarga ravona bo‘ldilar…

Biz ulkan adib va shoir bilan suhbatlashgan kunimiz esa 1995 yilning 14 iyuni edi.

07

(Tashriflar: umumiy 2 182, bugungi 1)

Izoh qoldiring