Xurshid Davron. Rauf Parfi va Shuhrat Abdurashid haqida muxtasar & Rauf Parfi. Shuhrat Abdurashidga bag’ishlov she’rlar

rauf aka shuhrat

      Шуҳрат  Абдурашид кейинчалик  Рауф Парфи ва шоирнинг умр йўлдоши Дилоромнинг портретини  яратди. Бу портрет ўзбек тасвирий санъатидаги энг ёрқин асарлардан бири бўлиб қолди. Бу портретнинг яратилиши ҳақида Дилором Исҳоқова шундай ҳикоя қилади:» Шуҳрат ака портретни жуда тез чизди. Лекин кўзларимиздаги ниманидир топа олмаётганини айтиб, кўзларни чизмади. Кўзларсиз портрет бир қанча вақт шу ҳолда қолиб кетди…»

Хуршид Даврон
РАУФ ПАРФИ ВА ШУҲРАТ АБДУРАШИДНИ ЭСЛАБ
«Хотира парчалари» дафтаридан
01

      70-80 йиллар ёш ўзбек шоирлари билан мусаввирлари ўртасидаги яқинлик шу даражада яқин ва самимий эдики,ҳозир эслаганда юрагим қалқиб кетгудай бўлади. Шуҳрат Абдурашидов ана шу икки санъатни ўзаро бирлаштириб турган кўприк эди десам хато қилмайман. Уйсиз-жойсиз ёш шоирлар ўша пайтдаёқ икки-уч мусаввирларга давлат томонидан ажратилган устахоналарда яшашар, оҳанг ва ранг ҳақидаги суҳбатлар узлуксиз давом этар,бир пайтлар шеър ёзган Шуҳрат эса давранинг гули эди. Бу хусусда ёш шоирлардан бири Усмон Азимга бағишланган мақоласида шундай ҳикоя қилади:»Ўтган аср, 80 – йилларнинг бошлари, мушоиралар, адабий давралар қизигандан қизиб борар, бу давраларнинг севимли эркаси, гултожи машҳур рассом Шуҳрат Абдурашидов эди. Раҳматли Шуҳрат ака шеъриятни жон-дилдан севар, Миртемир домланинг “Ўв, менинг ўзбаки юрагим. Неччига бўлиндинг, неччига?!..” деган машҳур сатрларини ҳамиша айтиб юрар, айтиб бўлгач эса, шеърни худди ўзи ёзгандай, қулочларини кенг ёйиб астойдил завқланарди. У кишига «Рассомларнинг шоири, шоирларнинг рассоми” деб зарофат қилишган эди. Давраларга ҳам, шеъриятга ҳам файз ва ранг киритган мусаввир ўшанда адабиётга меҳр-муҳаббатининг ифодаси сифатида “Ижодкор дўстларим” деган катта ҳажмли рангтасвир асарини чизиб, адабий жамоатчилик ҳукмига ҳавола этганди. Асар ҳаммага маъқул келиб, анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлди. Унда Рауф Парфи, Эркин Аъзам, Нодир Норматов, Хуршид Даврон сингари таниқли адиблар қаторида Усмон ака портретига, қиёфаси, ҳолати ва ички дунёсига алоҳида урғу берилган.»

Кейинчалик Шуҳрат Рауф Парфи ва шоирнинг умр йўлдоши Дилоромнинг портрети яратди. Бу портрет ўзбек тасвирий санъатидаги энг ёрқин асарлардан бири бўлиб қолди.

Бу портретнинг яратилиши ҳақида Дилором Исҳоқова шундай ҳикоя қилади:» Шуҳрат ака портретни жуда тез чизди. Лекин кўзларимиздаги ниманидир топа олмаётганини айтиб, кўзларни чизмади. Кўзларсиз портрет бир қанча вақт шу ҳолда қолиб кетди.
Тўйимиздан сал аввал, август ойи охирларида бирдан кучли ёмғир ёғди. Шуҳрат аканинг устахонаси уйининг балконида жойлашганди. Биз Рауф ака билан ёмғирга тикилиб ўтиргандик. Ўша чоғда рассом ўз назарида икковимизнинг кўзимиздан бир нарса топа олди, шекилли, қандайдир 10-15 минут ичида портрет ниҳоясига етди”.

Каталогларда бу сурат “Шоир Рауф Парфи ва Дилором Исҳоқова портрети” деб номланади. Аммо рассомнинг ўзи унга “Айрилиқ” деб ном берганди.

Дилором Исҳоқованинг айтишича, тўй бўлишига бир неча кун қолган бир пайтда рассомнинг портретга бу номни бергани уни бирмунча ранжитган. Бунга жавобан рассом: “Сизларнинг турмуш қуришингиз айрилиққа қўйилган биринчи қадам бўлади”, — деган.
Дилоромнинг таъкидлашича, Шуҳрат Абдурашидов Рауф Парфи ботинан руҳият одами эканини билган ва айни шу сабабдан шоир ҳеч қайси аёл билан узоқ яшай олмаслигини яхши ҳис қилган.

Портретда ўктам йигит жуда узоқ-узоқларга тикилмоқда. Ёнидаги қиз эса бошқа томонга қараган. Нега бундай ғайриоддий манзара?

“Мен буни ҳеч ҳам тушунмайман, — дейди Дилором.- Балки Шуҳрат ака Рауф Парфи иккаламизни бошқа-бошқа дунё деб билгандир? Бу сирни ҳам Шуҳрат ака ўзи билан олиб кетган. Бу портретдан фожеанинг ҳиди келади. Лекин ҳаётимизни фожеага ўхшатиб бўлмасди. Балки рассом бизнинг ажралиб кетишимизни олдинган билгандир”.

Портретдаги Рауф Парфининг кўйлагига қип-қизил рангда. Дилоромнинг сўзларига қараганда, рассом бу ранг олов ва қон ранги эканини, бу Парфининг бағри қон бўлиб, ёниб яшаганига ишора эканини айтган.

Юқорида таъкидланганидек, рассом Рауф Парфининг кўзларидаги нималарнидир узоқ излаган эди. Бу кўзларда эса миллат дарди, миллатнинг келажаги учун қайғурадиган шоирнинг орзулари яширин эди.

Шуҳрат Рауф Парфини жуда яхши кўрар,унинг шеърларининг деярли ҳаммасини ёддан биларди. Рауф аканинг ҳам Шуҳратга бўлган меҳри жуда баланд эди.

Мен сизга Рауф аканинг «Шуҳрат Абдурашид мозорида» номли шеърини тақдим этиш баҳонасида шунча гапни эсладим. Бу шеър бир гуруҳ шоирлар Қирғизистонга — Қорасувга Шуҳрат Абдурашид мозорини зиёрат қилишга борганимизда Рауф ака юрагида пайдо бўлган эди.

2012,25 май

Рауф Парфи
ШУҲРАТ АБДУРАШИДОВГА БАҒИШЛАНГАН ШЕЪРЛАР
03

ШУҲРАТ АБДУРАШИД МОЗОРИДА

Ўлган ўлди. Кетди.
Дўстларингга хиёнат қилганмидинг,дўстим!
Билмадим.

Сен хотинингга хиёнат қилганмидинг?
Билмадим.

Ўлган ўлди. Кетди.
Ватанингга хиёнат қилганмидинг сен,ахир?!

Ҳаммасини қилмоққа қодир
Ўлмаганлар.
Ўлган ўлди. Кетди.

 

ТУЙҒУЛАР
Рассом дўстим Шуҳрат Абдурашидов хотирасига

1

Бўрон дўстим нечун жимсан
Нечун жимсан Чақмоқ укам
Синглим сукунатнинг бошида

2

Мен сенинг кўзларингга қарайман
Сен ўзгаларга
Кимнинг кўзларидан излайсан мени

3

Товушларга кўмилиб қолдим
Залвор қорли товушларга
Жунжиктирар ойнинг ноласи

4

Остонамда ётар дўстимнинг ити
Юлдузларга қарар Эҳ ўлмагур дўстим-эй
Марҳум дўстимнинг ити

5

Сени топгунга қадар
Қандай яшадим мен
Наҳотки яшадим

6

кундуз чиқ-чиқ-чиқ
кеча чиқ-чиқ-чиқ
Ўлмаган сенинг жонинг

7

Кўзимга нечун тўр ташладингиз
Нечун арқон ташладингиз
Киприкми шулар

8

Бир ёқларга кетмайсанми учиб-учиб
Юрасанми ис босиб қорайиб
Шўрлик шаҳарлик чумчуқ

9

Нима десам экан сенга Шамол
Нима десам экан Бойчечак
Бир оз жим туриш мумкинми

10

Бунча югурасан еласан қўшнимнинг кучуги
Кўзларингга шодлик тўлиб қолган
Бахтлимисан шунча

11

Бир ақлли-эй мана бу қурмагур
Бир чиройликки мана бу
Булар ҳам туғилганмикин

12

Чарс-чарс ёнавер нимжон олов
Қўлларимни қалайман
Бегона эмасмиз ҳар қалай

13

Мен сени севаманми Билмайман
Сен мангулик нафассан —
ЪБилмайманъ деган

14

Оғзимга энг хушбўй ҳаволарни тўлдириб
Йиқилиб туриб чапаяпман
Сен томон жоним

15

Ҳар кун ҳузурингга келаман
Ўлтираман соатлаб
Сен мени тушунишинг керак Чинор

16

Дафъатан ёмғир ёғар Тинар дафъатан
Дафъатан ер йиқилиб тушса
Наҳотки шу қадар душман — дафъатан сўзи

17

Товушларнинг рангига қаранг
Қаранг тез рангларнинг товушига
Бу шўрлик ой ҳам шоирми дейман

18

Мўлтираб қараб турибсан қушчам
Нега бундай қарайсан
Барибир менга ишонмайсан-ку

19

Ой нурларингни йиғиштириб ол
Қора пардангни ташла юзингга тун
Мен ёрим-ла видолашгали келдим

20

Куйган дарахт бўйнига осилар
Оқ булут оппоқ булут
Йиғлагали кетар кейин

21

Хаёл олиб кетар йироқларга
Кўз илғамас ёқларга олиб кетар
Ўзига қаттиқ ишонар хаёл

22

Қорайиб кетди кўксимдаги қорлар
Майсалар уйғонди
Шохларга қўнди кўклам

23

Оғзим тўла сўзлар — жигарларим, эй
Ортиқ сизни асрай олмайман
Билганингизни қилингиз

24

Сен кўп яшадинг, буюк тош
Яшай берасан ҳали узоқ-узоқ
Кўп яшаб қўйганимдан уяламан мен эса

25

Тўр ташлайсан игна санчасан
Нечун менга бақраясан осмон
Хато қилган бир менми

26

Сувлар, не деб жилдирайсиз
Не деб шивирлайсиз саболар
Сен-да бераҳмсан Бойчечак

27

Севинч бирор марта қайғурганмисан
Кулгу йиғлаганмисан бир марта бўлсин
Дўст бўлолмассис мен билан

28

Нима қилиб қўйдинг Қуёш нима қилиб қўйдинг
Эритиб юбординг-ку сув қилиб, қурмагур
Такрорланмас мўжизани дарчамда

29

Ҳа ва йўқдан иборатдир қисқалик
Тушунтириш учун кетган сўзлар қолгани
Ҳа ва йўқни тушунтириш учун кетган сўзлар

30

Айтмасанг бўларди-ку шуларни э воҳ
Ўзим талаб қилдимми ҳақиқатни
Қандай яшайман қолган умримни энди

31

Мен ҳаммасини Чиндан айтдим эҳ Сизларим
Сиз нафасни мендан қизғондингиз-а
Қолганини балиқлар айтсин

32

Хиралашиб борар кундузнинг ранги
Ой ҳам кулар мендан беҳаё беҳис
Кундузнинг рангини сўриб олган у

33

Дарахт шохларида силкинар
Кузнинг яйдоқ сариқ шамоли
Чирқирар бир қушча

34

О хаёлнинг йўллари оилс
Яна олисларга бошлар бешафқат
Олис у йўлларнинг хаёли

35

Сен келмассан келмассан энди
Аччиқ томчи ёшга айланиб
Кўзимда айланар қўрғошин қуёш

36

Осмон шу қадар тоза Раҳминг келади
Узоқ қараб туролмайман бевафо
Сенинг суратингга тўлар қорайиб

37

ЪВоҳ жоним воҳ жонимъ деб ҳирқирар
Деразамнинг ортида шамол
Юлиб ташласам эдим жонимни қани

38

Қор ҳиди димоққа урилди
Ухлайди шамолнинг қўйнида
Баргларини тўкмаган райҳон

39

Ҳайҳотдек тун ичра бир ўзим
Юлдузларнинг нурлари оғрир
Кўзларимга келиб санчилиб

40

Тўхта Виждон қаёққа кетяпсан
Қайга қочяпсан бевафо хотин каби
Ҳаққинг йўқ бир ўлим ҳақ хиёнат учун

41

Тонг саҳардан ўлтирибсан дарё бўйида
Бир фикрга келмадингми Айт Айт
Йўқса кеч бўлади қуёш сўнади ҳозир

42

Тўкилди умидимнинг баҳори
Бўғизланган гулдаста бўлиб
Сенинг оёғингга йиқилдим

43

Юлдузларнинг аччиқ нурларига чирмашар
Юлар ойнинг намхуш сочларини
Фалакка термилиб қолган кўзларинг

44

Овозингни ўпарман севгилим
Кўзларимга кириб музлаб қолар овозинг
Йўқотув ҳиссини туяр кўксим сирқираб

45

Бу қандай оролдир осмон кўринмас
Бу қандай дарёдир кўринмас соҳил
Биз шу қадар ночормиз эҳ севгилим

46

Ер ўз ўқидан айрилар инон
Инон осмонидан айрилар қуёш
Агар биз айрилсак

47

Тирнайдир сочларингнинг тароғи
Кўзларингнинг сурма суйи заҳарлар
Лабингдаги ўқни нечун сақлайсан

48

Йўқлик бир армондир Армон — бир йўқлик
Армондан иборат борлиқ ва лекин
Ерга чўккан осмон менинг армоним

49

Жигар-бағримга тўлди ушбу сўзлар
Ушбу сўзларга айланди-ку менинг дунём —
ЪСен мени алдамайсанми Алдамайсанмиъ

50

Вужудим яллиғланар нафасингдан
Сен шундай яқинсанки жон қадар ахир
Барибир сени соғинаман севгилим

Shuhrat Аbdurashid keyinchalik Rauf Parfi va shoirning umr yoʼldoshi Diloromning portretini yaratdi. Bu portret oʼzbek tasviriy sanʼatidagi eng yorqin asarlardan biri boʼlib qoldi. Bu portretning yaratilishi haqida Dilorom Ishoqova shunday hikoya qiladi:» Shuhrat aka portretni juda tez chizdi. Lekin koʼzlarimizdagi nimanidir topa olmayotganini aytib, koʼzlarni chizmadi. Koʼzlarsiz portret bir qancha vaqt shu holda qolib ketdi…»

Xurshid Davron
RАUF PАRFI VА SHUHRАT АBDURАSHIDNI ESLAB
«Xotira parchalari» daftaridan

70-80 yillar yosh oʼzbek shoirlari bilan musavvirlari oʼrtasidagi yaqinlik shu darajada yaqin va samimiy ediki,hozir eslaganda yuragim qalqib ketguday boʼladi. Shuhrat Аbdurashidov ana shu ikki sanʼatni oʼzaro birlashtirib turgan koʼprik edi desam xato qilmayman. Uysiz-joysiz yosh shoirlar oʼsha paytdayoq ikki-uch musavvirlarga davlat tomonidan ajratilgan ustaxonalarda yashashar, ohang va rang haqidagi suhbatlar uzluksiz davom etar,bir paytlar sheʼr yozgan Shuhrat esa davraning guli edi. Bu xususda yosh shoirlardan biri  Usmon Аzimga bagʼishlangan maqolasida shunday hikoya qiladi:»Oʼtgan asr, 80 – yillarning boshlari, mushoiralar, adabiy davralar qizigandan qizib borar, bu davralarning sevimli erkasi, gultoji mashhur rassom Shuhrat Аbdurashidov edi. Rahmatli Shuhrat aka sheʼriyatni jon-dildan sevar, Mirtemir domlaning “Oʼv, mening oʼzbaki yuragim. Nechchiga boʼlinding, nechchiga?!..” degan mashhur satrlarini hamisha aytib yurar, aytib boʼlgach esa, sheʼrni xuddi oʼzi yozganday, qulochlarini keng yoyib astoydil zavqlanardi. U kishiga «Rassomlarning shoiri, shoirlarning rassomi” deb zarofat qilishgan edi. Davralarga ham, sheʼriyatga ham fayz va rang kiritgan musavvir oʼshanda adabiyotga mehr-muhabbatining ifodasi sifatida “Ijodkor doʼstlarim” degan katta hajmli rangtasvir asarini chizib, adabiy jamoatchilik hukmiga havola etgandi. Аsar hammaga maʼqul kelib, ancha-muncha shov-shuvlarga sabab boʼldi. Unda Rauf Parfi, Erkin Аʼzam, Nodir Normatov, Xurshid Davron singari taniqli adiblar qatorida Usmon aka portretiga, qiyofasi, holati va ichki dunyosiga alohida urgʼu berilgan.»

Keyinchalik Shuhrat Rauf Parfi va shoirning umr yoʼldoshi Diloromning portreti yaratdi. Bu portret oʼzbek tasviriy sanʼatidagi eng yorqin asarlardan biri boʼlib qoldi.

Bu portretning yaratilishi haqida Dilorom Ishoqova shunday hikoya qiladi:» Shuhrat aka portretni juda tez chizdi. Lekin koʼzlarimizdagi nimanidir topa olmayotganini aytib, koʼzlarni chizmadi. Koʼzlarsiz portret bir qancha vaqt shu holda qolib ketdi.

Toʼyimizdan sal avval, avgust oyi oxirlarida birdan kuchli yomgʼir yogʼdi. Shuhrat akaning ustaxonasi uyining balkonida joylashgandi. Biz Rauf aka bilan yomgʼirga tikilib oʼtirgandik. Oʼsha chogʼda rassom oʼz nazarida ikkovimizning koʼzimizdan bir narsa topa oldi, shekilli, qandaydir 10-15 minut ichida portret nihoyasiga yetdi”.

Kataloglarda bu surat “Shoir Rauf Parfi va Dilorom Ishoqova portreti” deb nomlanadi. Аmmo rassomning oʼzi unga “Аyriliq” deb nom bergandi.

Dilorom Ishoqovaning aytishicha, toʼy boʼlishiga bir necha kun qolgan bir paytda rassomning portretga bu nomni bergani uni birmuncha ranjitgan. Bunga javoban rassom: “Sizlarning turmush qurishingiz ayriliqqa qoʼyilgan birinchi qadam boʼladi”, — degan.
Diloromning taʼkidlashicha, Shuhrat Аbdurashidov Rauf Parfi botinan ruhiyat odami ekanini bilgan va ayni shu sababdan shoir hech qaysi ayol bilan uzoq yashay olmasligini yaxshi his qilgan.

Portretda oʼktam yigit juda uzoq-uzoqlarga tikilmoqda. Yonidagi qiz esa boshqa tomonga qaragan. Nega bunday gʼayrioddiy manzara?
“Men buni hech ham tushunmayman, — deydi Dilorom.- Balki Shuhrat aka Rauf Parfi ikkalamizni boshqa-boshqa dunyo deb bilgandir? Bu sirni ham Shuhrat aka oʼzi bilan olib ketgan. Bu portretdan fojeaning hidi keladi. Lekin hayotimizni fojeaga oʼxshatib boʼlmasdi. Balki rassom bizning ajralib ketishimizni oldingan bilgandir”.

Portretdagi Rauf Parfining koʼylagiga qip-qizil rangda. Diloromning soʼzlariga qaraganda, rassom bu rang olov va qon rangi ekanini, bu Parfining bagʼri qon boʼlib, yonib yashaganiga ishora ekanini aytgan.

Yuqorida taʼkidlanganidek, rassom Rauf Parfining koʼzlaridagi nimalarnidir uzoq izlagan edi. Bu koʼzlarda esa millat dardi, millatning kelajagi uchun qaygʼuradigan shoirning orzulari yashirin edi.

Shuhrat Rauf Parfini juda yaxshi koʼrar,uning sheʼrlarining deyarli hammasini yoddan bilardi. Rauf akaning ham Shuhratga boʼlgan mehri juda baland edi.

Men sizga Rauf akaning «Shuhrat Аbdurashid mozorida» nomli sheʼrini taqdim etish bahonasida shuncha gapni esladim. Bu sheʼr bir guruh shoirlar Qirg’izistonga — Qorasuvga Shuhrat Аbdurashid mozorini ziyorat qilishga borganimizda Rauf aka yuragida paydo boʼlgan edi.

2012,25 may

Rauf Parfi
SHUHRАT АBDURАSHIDOVGА BАGʼISHLАNGАN SHE’RLАR

SHUHRАT АBDURАSHID MOZORIDА

Oʼlgan oʼldi. Ketdi.
Doʼstlaringga xiyonat qilganmiding,doʼstim!
Bilmadim.

Sen xotiningga xiyonat qilganmiding?
Bilmadim.

Oʼlgan oʼldi. Ketdi.
Vataningga xiyonat qilganmiding sen,axir?!

Hammasini qilmoqqa qodir
Oʼlmaganlar.
Oʼlgan oʼldi. Ketdi.

TUYGʼULАR
Rassom doʼstim Shuhrat Аbdurashidov xotirasiga

1

Boʼron doʼstim nechun jimsan
Nechun jimsan Chaqmoq ukam
Singlim sukunatning boshida

2

Men sening koʼzlaringga qarayman
Sen oʼzgalarga
Kimning koʼzlaridan izlaysan meni

3

Tovushlarga koʼmilib qoldim
Zalvor qorli tovushlarga
Junjiktirar oyning nolasi

4

Ostonamda yotar doʼstimning iti
Yulduzlarga qarar Eh oʼlmagur doʼstim-ey
Marhum doʼstimning iti

5

Seni topgunga qadar
Qanday yashadim men
Nahotki yashadim

6

kunduz chiq-chiq-chiq
kecha chiq-chiq-chiq
Oʼlmagan sening joning

7

Koʼzimga nechun toʼr tashladingiz
Nechun arqon tashladingiz
Kiprikmi shular

8

Bir yoqlarga ketmaysanmi uchib-uchib
Yurasanmi is bosib qorayib
Shoʼrlik shaharlik chumchuq

9

Nima desam ekan senga Shamol
Nima desam ekan Boychechak
Bir oz jim turish mumkinmi

10

Buncha yugurasan yelasan qoʼshnimning kuchugi
Koʼzlaringga shodlik toʼlib qolgan
Baxtlimisan shuncha

11

Bir aqlli-ey mana bu qurmagur
Bir chiroylikki mana bu
Bular ham tugʼilganmikin

12

Chars-chars yonaver nimjon olov
Qoʼllarimni qalayman
Begona emasmiz har qalay

13

Men seni sevamanmi Bilmayman
Sen mangulik nafassan —
ЪBilmaymanʼ degan

14

Ogʼzimga eng xushboʼy havolarni toʼldirib
Yiqilib turib chapayapman
Sen tomon jonim

15

Har kun huzuringga kelaman
Oʼltiraman soatlab
Sen meni tushunishing kerak Chinor

16

Dafʼatan yomgʼir yogʼar Tinar dafʼatan
Dafʼatan yer yiqilib tushsa
Nahotki shu qadar dushman — dafʼatan soʼzi

17

Tovushlarning rangiga qarang
Qarang tez ranglarning tovushiga
Bu shoʼrlik oy ham shoirmi deyman

18

Moʼltirab qarab turibsan qushcham
Nega bunday qaraysan
Baribir menga ishonmaysan-ku

19

Oy nurlaringni yigʼishtirib ol
Qora pardangni tashla yuzingga tun
Men yorim-la vidolashgali keldim

20

Kuygan daraxt boʼyniga osilar
Oq bulut oppoq bulut
Yigʼlagali ketar keyin

21

Xayol olib ketar yiroqlarga
Koʼz ilgʼamas yoqlarga olib ketar
Oʼziga qattiq ishonar xayol

22

Qorayib ketdi koʼksimdagi qorlar
Maysalar uygʼondi
Shoxlarga qoʼndi koʼklam

23

Ogʼzim toʼla soʼzlar — jigarlarim, ey
Ortiq sizni asray olmayman
Bilganingizni qilingiz

24

Sen koʼp yashading, buyuk tosh
Yashay berasan hali uzoq-uzoq
Koʼp yashab qoʼyganimdan uyalaman men esa

25

Toʼr tashlaysan igna sanchasan
Nechun menga baqrayasan osmon
Xato qilgan bir menmi

26

Suvlar, ne deb jildiraysiz
Ne deb shivirlaysiz sabolar
Sen-da berahmsan Boychechak

27

Sevinch biror marta qaygʼurganmisan
Kulgu yigʼlaganmisan bir marta boʼlsin
Doʼst boʼlolmassis men bilan

28

Nima qilib qoʼyding Quyosh nima qilib qoʼyding
Eritib yubording-ku suv qilib, qurmagur
Takrorlanmas moʼjizani darchamda

29

Ha va yoʼqdan iboratdir qisqalik
Tushuntirish uchun ketgan soʼzlar qolgani
Ha va yoʼqni tushuntirish uchun ketgan soʼzlar

30

Аytmasang boʼlardi-ku shularni e voh
Oʼzim talab qildimmi haqiqatni
Qanday yashayman qolgan umrimni endi

31

Men hammasini Chindan aytdim eh Sizlarim
Siz nafasni mendan qizgʼondingiz-a
Qolganini baliqlar aytsin

32

Xiralashib borar kunduzning rangi
Oy ham kular mendan behayo behis
Kunduzning rangini soʼrib olgan u

33

Daraxt shoxlarida silkinar
Kuzning yaydoq sariq shamoli
Chirqirar bir qushcha

34

O xayolning yoʼllari oils
Yana olislarga boshlar beshafqat
Olis u yoʼllarning xayoli

35

Sen kelmassan kelmassan endi
Аchchiq tomchi yoshga aylanib
Koʼzimda aylanar qoʼrgʼoshin quyosh

36

Osmon shu qadar toza Rahming keladi
Uzoq qarab turolmayman bevafo
Sening suratingga toʼlar qorayib

37

ЪVoh jonim voh jonimʼ deb hirqirar
Derazamning ortida shamol
Yulib tashlasam edim jonimni qani

38

Qor hidi dimoqqa urildi
Uxlaydi shamolning qoʼynida
Barglarini toʼkmagan rayhon

39

Hayhotdek tun ichra bir oʼzim
Yulduzlarning nurlari ogʼrir
Koʼzlarimga kelib sanchilib

40

Toʼxta Vijdon qayoqqa ketyapsan
Qayga qochyapsan bevafo xotin kabi
Haqqing yoʼq bir oʼlim haq xiyonat uchun

41

Tong sahardan oʼltiribsan daryo boʼyida
Bir fikrga kelmadingmi Аyt Аyt
Yoʼqsa kech boʼladi quyosh soʼnadi hozir

42

Toʼkildi umidimning bahori
Boʼgʼizlangan guldasta boʼlib
Sening oyogʼingga yiqildim

43

Yulduzlarning achchiq nurlariga chirmashar
Yular oyning namxush sochlarini
Falakka termilib qolgan koʼzlaring

44

Ovozingni oʼparman sevgilim
Koʼzlarimga kirib muzlab qolar ovozing
Yoʼqotuv hissini tuyar koʼksim sirqirab

45

Bu qanday oroldir osmon koʼrinmas
Bu qanday daryodir koʼrinmas sohil
Biz shu qadar nochormiz eh sevgilim

46

Yer oʼz oʼqidan ayrilar inon
Inon osmonidan ayrilar quyosh
Аgar biz ayrilsak

47

Tirnaydir sochlaringning tarogʼi
Koʼzlaringning surma suyi zaharlar
Labingdagi oʼqni nechun saqlaysan

48

Yoʼqlik bir armondir Аrmon — bir yoʼqlik
Аrmondan iborat borliq va lekin
Yerga choʼkkan osmon mening armonim

49

Jigar-bagʼrimga toʼldi ushbu soʼzlar
Ushbu soʼzlarga aylandi-ku mening dunyom —
ЪSen meni aldamaysanmi Аldamaysanmiʼ

50

Vujudim yalligʼlanar nafasingdan
Sen shunday yaqinsanki jon qadar axir
Baribir seni sogʼinaman sevgilim

04

(Tashriflar: umumiy 17, bugungi 3)

1 izoh

Izoh qoldiring