Anvar Obidjon. She’rlar. Shoirning o’zi oqigan

002

   Анваржоннинг илк шеърларини ўқиганимдаёқ, бу ижод намуналари содда ва самимийлиги, шу билан бирга мантиқнинг кучлилиги, катта фалсафаси мени ҳайрат ва ҳаяжонга солганди. Ўшандаёқ мен вақти келиб, Анвар Обиджон халқимизнинг энг эъзозли ва суюкли шоирларидан бири бўлиб етишишига чин кўнгилдан ишонгандим (Эркин Воҳидовнинг  “Анвар Обиджон билан фахрланаман” мақоласидан).

01

01

033Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1998). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1979). Қисса ва ҳикоялари — «Уста Гулмат ғазаллари» (1974), «Энг ёруғ кун» (1983), «Аканг карағай Гулмат» (1987) ва бошқа. «Масхарабоз бола» (1986), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Ерликлар» (1990), «Аламазон ва Гулмат хангомаси» (1992), «Ажойибхона» (1993, шеърий тақвим), «Танланган шеърлар» (2006), «Ўғирланган паҳлавон» (2006), «Баҳромнинг ҳикояси» (2007) каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифи. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1997).

08
Анвар Обиджон
ШЕЪРЛАР
001

* * *

Битта шоир камайса нима,
Чарх яратар бошқа нусхасин.
Чўкиб кетса тўфонда кема,
Пишиқроғин ясар устаси.

Тўфонлардан сесканма, қалбим,
Қайиқлардек сузма қирғоқлаб.
Кемаман деб уммонга талпин,
Юз балога ўзингни чоғлаб.

Қайиқларда — илинж ва хоҳиш,
Кемаларда — орзу ва мақсад.
Бугун сенда бир олам ташвиш,
Гал келганда ўзингни кўрсат.

Ё тилиб ўт довулнинг кўксин,
Ё кемадек ғарқ бўл иззатда.
Унутмагил — қайиқлар чўкса,
Олинмайди ҳатто рўйхатга. . .

Тўфонлардан сесканма, қалбим!

* * *

Bitta shoir kamaysa nima,
Charx yaratar boshqa nusxasin.
Cho‘kib ketsa to‘fonda kema,
Pishiqrog‘in yasar ustasi.

To‘fonlardan seskanma, qalbim,
Qayiqlardek suzma qirg‘oqlab.
Kemaman deb ummonga talpin,
Yuz baloga o‘zingni chog‘lab.

Qayiqlarda — ilinj va хohish,
Kemalarda — orzu va maqsad.
Bugun senda bir olam tashvish,
Gal kelganda o‘zingni ko‘rsat.

Yo tilib o‘t dovulning ko‘ksin,
Yo kemadek g‘arq bo‘l izzatda.
Unutmagil — qayiqlar cho‘ksa,
Olinmaydi hatto ro‘yxatga. . .

To‘fonlardan seskanma, qalbim!

1980

* * *

Урилажак дўқлардан,
Узилажак ўқлардан
Омон асра мени, чарх!

Туғилажак нафратдан,
Тўқилажак туҳматдан
Омон асра мени, чарх!

Айтилажак қарғишдан,
Алдаяжак олқишдан
Омон асра мени, чарх!

Таъмаюқи тузлардан,
Номеҳрибон кўзлардан
Омон асра мени, чарх!

* * *

Urilajak do‘qlardan,
Uzilajak o‘qlardan
Omon asra meni, charx!

Tug‘ilajak nafratdan,
To‘qilajak tuhmatdan
Omon asra meni, charx!

Aytilajak qarg‘ishdan,
Aldayajak olqishdan
Omon asra meni, charx!

Ta’mayuqi tuzlardan,
Nomehribon ko‘zlardan
Omon asra meni, charx!

1974

Кипригинг нега нам. . .

Қайсидир бетайин девона
Алжираб заҳрини сочдими,
Куйманиб бирон шўр пешона
Сенга дил ҳасратин очдими,
Кипригинг нега нам,
Жонгинам?

Қолдингми дўстларсиз дилдираб,
Ўчдими исинган гулханинг,
Чақиндек ёки бир йилтираб,
Алдатиб кетдими севганинг,
Кипригинг нега нам,
Жонгинам?

Кўриб ё тўзғиган гулларни,
Ҳисларинг келдими жунбушга,
Варақлаб ё «Ўткан кунлар»ни,
Азадор бўлдингми кумушга,
Кипригинг нега нам,
Жонгинам?

Ё ҳазин боқдими суратдан
Босқинчи енгган юрт аскари,
Хаёлан бўлдингми беватан,
Тўлдириб тутқунлар сафларин,
Кипригинг нега нам,
Жонгинам?

Эмасмиз шунчаки тирик жон,
Энг олий онг мавжуд одамда
Ва бизда бор экан то виждон,
Йиғлаш-чун сабаб кўп оламда. . .
Кипригинг неганам,
Жонгинам?

Kipriging nega nam. . .

Qaysidir
Betayin devona
Aljirab zahrini sochdimi,
Kuymanib biron sho‘r peshona
Senga dil hasratin ochdimi,
Kipriging nega nam,
Jonginam?

Qoldingmi do‘stlarsiz dildirab,
O‘chdimi isingan gulxaning,
Chaqindek yoki bir yiltirab,
Aldatib ketdimi sevganing,
Kipriging nega nam,
Jonginam?

Ko‘rib yo to‘zg‘igan gullarni,
Hislaring keldimi junbushga,
Varaqlab yo «O‘tkan kunlar»ni,
Azador bo‘ldingmi kumushga,
Kipriging nega nam,
Jonginam?

Yo hazin boqdimi suratdan
Bosqinchi yenggan yurt askari,
Xayolan bo‘ldingmi bevatan,
To‘ldirib tutqunlar saflarin,
Kipriging nega nam,
Jonginam?

Emasmiz shunchaki tirik jon,
Eng oliy ong mavjud odamda
Va bizda bor ekan to vijdon,
Yig‘lash-chun sabab ko‘p olamda. . .
Kipriging nega nam,
Jonginam?

1979

Қодирийни эслаб

Руҳингизга сиғинганим чоқ,
Ҳис қиламан ўзимни руҳсиз.
Дўст қалбида тириксиз,
Бироқ —
Ғаним учун оламда йўқсиз.

Арвоҳингиз бахтли отадек
Юртга боқсин
Бугун шод бўлиб.
Юртда минглаб Анвар, Отабек
Улғаймоқда темирзот бўлиб.

Сўнгач,
Яна чақнайди чақмоқ,
Фазо борки, ёғду ҳамнафас.
Омон бўлса эл, она тупроқ,
Сиз охирги Абдулла эмас.

Зотан
Мангу Замин ва Ҳаёт,
Абадийдир Нур ва Ҳақиқат.
Абадийдир Қалб ва Эътиқод,
Абадийдир Ватан ва Миллат!

Qodiriyni eslab

Ruhingizga sig‘inganim choq,
His qilaman o‘zimni ruhsiz.
Do‘st qalbida tiriksiz,
Biroq —
G‘anim uchun olamda yo‘qsiz.

Arvohingiz baxtli otadek
Yurtga boqsin
Bugun shod bo‘lib.
Yurtda minglab Anvar, Otabek
Ulg‘aymoqda temirzot bo‘lib.

So‘ngach,
Yana chaqnaydi chaqmoq,
Fazo borki, yog‘du hamnafas.
Omon bo‘lsa el, ona tuproq,
Siz oxirgi Abdulla emas.

Zotan
Mangu Zamin va Hayot,
Abadiydir Nur va Haqiqat.
Abadiydir Qalb va E’tiqod,
Abadiydir Vatan va Millat!

1982

* * *

Дунёда бор учта чин дўстим:
Отам,
Онам. . .
Яна аллаким.

Учинчисин айтмоқ қийин иш,
Хотиним ҳам шунчаки таниш.

* * *

Dunyoda bor uchta chin do‘stim:
Otam,
Onam. . .
Yana allakim.

Uchinchisin aytmoq qiyin ish,
Xotinim ham shunchaki tanish.

1974

* * *

Сигаретинг сўнггиси бўлса,
Икки тортим қолдир, оғайни.
Қандай яхши
Кўкда ой тўлса,
Сайру суҳбат пайтидир айни.

Шодон эсанг, яширма ҳаргиз,
Кулишайлик,
Суҳбатни безат.
Ғаминг бўлса тортмагин ёлғиз,
Икки тортим менга ҳам узат.

* * *

Sigareting so‘nggisi bo‘lsa,
Ikki tortim qoldir, og‘ayni.
Qanday yaxshi
Ko‘kda oy to‘lsa,
Sayr-u suhbat paytidir ayni.
Shodon esang, yashirma hargiz,

Kulishaylik,
Suhbatni bezat.
G‘aming bo‘lsa tortmagin yolg‘iz,
Ikki tortim menga ham uzat.

1973

Машраб дор остида

Мард ва ночор дўстларим,
Қаҳ-қаҳ уринг. . .
Ўляпман.
Мотамсаро турманг жим,
Қаранг, мен ҳам куляпман.

Қаҳ-қаҳ уриб,
Зил дарддан —
Соқит этинг қалбимни.
Кўриб қолай бир марта
Яйраб кулган халқимни

Mashrab dor ostida

Mard va nochor do‘stlarim,
Qah-qah uring. . .
O‘lyapman.
Motamsaro turmang jim,
Qarang, men ham kulyapman.

Qah-qah urib,
Zil darddan —
Soqit eting qalbimni.
Ko‘rib qolay bir marta
Yayrab kulgan xalqimni.

1975

044

(Tashriflar: umumiy 2 010, bugungi 8)

Izoh qoldiring