Abu Abdurahmon Sullamiy.«Tabaqotu-s-so’fiyya”. Birinchi tabaqa shayxlari hikmatlaridan

067   Имом  Абу Абдураҳмон Сулламий  тасаввуф тарихида   сўфийлик илмининг шайхи, сўфийлар тарихи, табақотининг тафсирчиси сифатида ном қолдирган. Заҳҳабий у ҳақда «Тасаввуф аҳли ҳақидаги ҳадисларни тўплаган. Асарларининг сони юздан ортиқ”, деб маълумот беради.  Бугун  Сулламийнинг сўфийлик табақаларига бағишланган «Табақоту-с-сўфийя” (“Суфий табақалар”) асаридан биринчи табақа шайхлари ҳикматларини тақдим этамиз (Асарда табақалар бешга бўлинган ҳолда тақдим этилган).

АБУ АБДУРАҲМОН СУЛЛАМИЙ
«ТАБАҚОТУ-С-СЎФИЯ»
(«СЎФИЙ ТАБАҚАЛАР»)ДАН

028

Тўла номи: Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Мусо ибн Холид ибн Салим ибн Ровия ибн Саъид Абу Абдураҳмон Аздий Сулламий Нисопурий (арабий: أبو عبد الرحمن السلمي‎) бўлиб, ҳижрий 325 йили Нишопурда туғилиб, 1021 йили вафот этган. Сулламий исбасини она томонидан қабиланинг номидан олган. Боғдод, Рой, Ҳамадон, Марв ва Ҳижозда бўлган ва кўплаб тасаввуф алломалари ҳақида маълумот тўплаган.
Абу Абдураҳмон Сулламий  тасаввуф тарихида   сўфийлик илмининг шайхи, сўфийлар тарихи, табақотининг тафсирчиси сифатида ном қолдирган. Заҳҳабий у ҳақда «Тасаввуф аҳли ҳақидаги ҳадисларни тўплаган. Асарларининг сони юздан ортиқ”, деб маълумот беради.  Асосий асарлари: “Ҳақиқату-л-Тафсир» (“Тафсир ҳақиқатлари”), «Табақоту-с-сўфийя” (“Суфий табақалар”), “Тасаввуф аҳли тариқатининг мухтасар (баён)и”, “Муқаддимату-с-суфийя» (“Тасаввуф муқаддимаси”), “Тариқату-л-орифин» («Орифлар йщллари ёки суфий шайхлар танлаган йўллар»), “Суфийларнинг хатолари ҳақида рисола” в.б.
Имом Абу Абдураҳмон Сулламийнинг «Табақоту-с-сўфийя” (“Суфий табақалар”) асари беш табақага бўлинган бўлиб, биринчи табақада Шайх инб Ийод, Зуннун Мисрий, Шайх Бишр Хофий,Абул Ҳасан Сарий, Хорис Мухосибий, Шақиқ Балхий, Абу Йазид Бистомий, Абу Сулаймон Дароний, Маъруф Кархий, Хотим Асом, Аҳмад Ҳаворий, Аҳмадинб Хадравайх, Яҳё ибн Муаз Розий, Абу Ҳафс Ҳаддод Нисобурий, Ҳамдун Қассор, Мансур ибн Аммор, Аҳмад Антокий, Абдуллоҳ б. Хубайқ Антокий, Абу Туроб Нахшабий ҳақида; иккинчи табақада эса Абул Қосим Жунайд, Абул Ҳусайн Нурий, Абу Усмон Ҳирий Нисобурий, Абу Абдуллоҳ б. Жалло, Рувайм б. Аҳмад Боғдодий, Юсуф Розий, Шоҳ б. Шужоъ Кирмоний, Самнун б. Умар Муҳиб, Усмон Маккий, Абдуллоҳ Тустарий, Муҳаммад б. Фазл Балхий, Муҳаммад б. Али Термизий, Абу Бакр Варроқ, Абу Саъид Харроз, Али б. Асҳил Исфаҳоний, Абул Аббос б. Маурцқ Тусий, Абу Абдуллоҳ Мағрибий, Абу Али Жузжоний, Муҳаммадва Аҳмад, Абу Абдуллоҳ Сажазий ҳақида маълумотлар, уларнинг ҳикматларидан намуналар берилган.

БИРИНЧИ ТАБАҚА ШАЙХЛАРИ
ҲИКМАТЛАРИДАН

028

01 ШАЙХ ИБН  ИЙОД ҲИКМАТЛАРИДАН

Кимки бидъат соҳиби билан ўтирар экан, Аллоҳ таоло уни ҳикматдан нари қилади.

Охир замонда қавмлар очиқ ишларга тутиниб, ақл ва руҳга душман бўладилар.

Аллоҳнинг ризосига энг лойиқ инсонлар Аллоҳ азза ва жаллани таниган маърифат аҳлидирлар.

Кимки аҳли биродарига тилида муҳаббат ва самимият изҳор этиб, амалда адоватда бўлса, Аллоҳ уни лаънатлаб, қулоғини кар, қалб кўзини кўр қилади.

Одамларга сидқидиллик ва ҳалолликдан ортиқ зийнат берувчи нарса йўқдир.

Зоҳидликнинг асли Аллоҳ таолонинг улардан ризолигидадир.

Нафсининг ёмонлигини қайтарган сурурини йўқотмайди.

Аллоҳ тақводор бандаларига доимо ризқ-насиба инъом этгани учун уларнинг ризқлари туганмасдир.

Сизда икки хислат борки, улар жаҳолатдандир: сабабсиз кулги ва сабабсиз бедорлик.

Ҳақиқатга бўйин эг, танқидни тан ол, кимдан эшитганингдан қатъи назар, ҳақиқатни қабул эт.

Уч хислат қалбни тошга айлантиради: кўп ейиш, кўп ухлаш ва кўп сўйлаш.

Хайрли ишнинг беминнат қилиниши шайтон амридан ва риёдан йироқ бўлганидир.

Нияти йўқнинг иши юрмас, Аллоҳ ризолиги учун иш қилмаганга ажру савоб ёзилмас.

02 ЗУННУН МИСРИЙ  ҲИКМАТЛАРИДАН

Камтарликни излаган ўзини Аллоҳнинг улуғворлиги тамон йўналтирмоғи лозим, чунки бу улуғворлик бағрни юмшатиб, тозалайди. Аллоҳ султонига назар солган одамдан унинг султони кетади, чунки Аллоҳ ҳайбати олдида барча нафслар фақирдирлар.

Маст одамни даволаётган табибдан жоҳилроқ инсонни кўрмадим, ахир у маст-ку, унинг мастлигига даво битта: кўзини очиб тавба қилиш.

Аллоҳга бўлган муҳаббат аломатларидан бири ахлоқда, суннатларга амал қилишда, унинг Ҳабиби кетидан эргашмоқликдадир.

Қалбда чуқур эътиқод собит бўлса, унда хавф (Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқув) ҳам маҳкам бўлади.

Тўғрисўзлилик Аллоҳнинг ердаги қиличидир; ниманинг устига тушмасин, албатта, уни кесади.

Кимки қилган иши, амали билан мақтанса, барча яхшиликлари ёмонликларга айланади.

Аллоҳга яқин бўлишлик ёрқин нурдир, халойиққа яқинлик ғамнинг ўзидир.

Ҳожат сўрасанг, ҳоким тили билан эмас, фақир забони билан сўрагин.

Ибодатнинг калити фикрдадир. Истакларнинг аломати шаҳватлар кетидан қувишликдир. Аллоҳга таваккул (суяниш)нинг аломати эса, истаклардан воз кечишдир.

Камбағал дўстим бор эди, оламдан ўтди. Бир кун тушимга кирди. Унга дедим: “Аллоҳ сен билан нима қилди?” У деди: “Аллоҳ айтди: пасткаш бойваччалар узатган нонни олмаганинг учун гуноҳларингни мағфират этдим”.

Илм аҳлидан бўлмиш ҳар бир эр илми зиёда бўлгани сари молу дунёга нафрати кучайиб, уни тарк этарди. Энди-чи? Бугун илми кўпайгани сари молу дунёга муҳаббати ва талаби кучаймоқда. Илгари олим одам молини илм йўлида сарф этарди. Бугун-чи? Илми орқали молу дунё тўплайди. Илгари илм олувчининг ботини ва зоҳири кучга тўларди. Ҳозир-чи? Унинг ботини ҳам, зоҳири ҳам фасотдир.

Илоҳий ҳақиқат сари интилувчи (ориф)нинг итоати кун сайин кучаяди, чунки соат сайин Аллоҳига яқинлашади.

Эй муридлар аҳли! Қай бирингиз тариқат йўлига ўтишни истасангиз, олимларни ўзингизни жоҳил кўрсатиб кутиб олинг, зоҳидларни бу дунёни истовчи қилиб кўрсатган ҳолда кутиб олинг, маърифат аҳлини эса, сукут сақлаб кутиб олинг.

03ХОРИС МУСОҲИБИЙ  ҲИКМАТЛАРИДАН

Тарозини босувчи энг оғир нарса гўзал хулқдир.

Мувозанат тўрт жойдадир: имон ва куфр ўртасида; тўғрисўзлик ва ёлғон ўртасида; яккахудоликка эътиқод ва ширк ўртасида; ихлос ва риё ўртасида.

Кимки ўз ботинида ижтиҳод этса, Аллоҳ унинг зоҳирига ҳисну-л-муомала ато этгай;  чунки У дейди: “Бизнинг орамизда ижтиҳод этганларга йўлимизни ато этгаймиз”.

Илм мероси Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор бўлиб қолишликдан қўрқувдир, зоҳидлик мероси роҳатдир, маърифат мероси азобдир.

Бу умматнинг ихтиёри икки уммат орасидадир: бирлари охират ишлари билан оворадирлар; иккинчилари дунё ишлари билан.

Вожиб амаллардан воз кечган банда художўйликни талаб эта олмайди.

Бандаларнинг сифати ўзига мулк талаб этмасликдадир; оқибати зарар ҳам, манфаат ҳам кўрмасликдадир.

Таслим бало келганликдаги собитликдир; бу ҳолатда ботинда ҳам, зоҳирда ҳам ўзгариш бўлмасликдир.

Аллоҳдан энг яхши тилак Унинг фазли ва раҳмати истагида бўлиш ва ўлим эшик қоққанда тайёр бўлишдир.

Гўзал хулқ – бировга азият чектирмаслик; камғазаблик; хотиржамлик ва ширинсуханликдадир.

Ҳар бир нарсанинг жавҳари бордир; инсон жавҳари ақлдир; ақл жавҳари эса сабрдир.

Амали солиҳ қалб ҳаракатлари биландир; ғойиб (ғайбий) нарсаларни англашдадир; Амалларнинг шарафлиси инсон аъзоларининг савобли амалларидир.

Бидъат гирдобига тушганлар ҳақиқат топадурларми?

Аллоҳ нидосини эшитмаган унинг жавобини Аллоҳ қудратини қандай билсин?

Гарчи уни мадҳ этсалар ҳам золим надомаддадир; гарчи уни қораласалар ҳам мазлум саломатдир; оч бўлса-да, қаноатдаги бойдир; молу дунёга эга бўлса-да, очкўз фақирдир.

Кимки ўз ботинини ихлос ила назорат қилса, Аллоҳ таоло унинг зоҳирини суннат ила бойитгайдир.

04ШАҚИҚ БАЛХИЙ  ҲИКМАТЛАРИДАН

Оқил одам қуйидаги уч нарса ҳудудидан чиқмайди: биринчиси – собиқ (қилган) гуноҳлари учун доим қўрқувда бўлади; иккинчиси – бир соатдан кейин бошига нима тушишини билмайди; учинчиси – ишларнинг оқибатига қўрқув билан қарайди; якуни нима билан тугашидан қўрқади.

Дунёга интилиб ўлишликдан сақлан. Хотиржам бўлгин – сенга ёзилган ризқ сендан ўзгага берилмайди!

Ўлимга ҳозир бўл! У келганда қайтиш бўлмайди!

Таваккул Аллоҳнинг сенга ваъда қилган неъмати бўлиб, қалбингнинг хотиржам бўлишлигига бир воситадир.

Инсоннинг тақвоси уч нарсада билинади: олишида, беришида ва сўзида.

Очкўзликка мубтало бўлган одам шундайки, дуёда нимаики олса, дарҳол олади, агар тезда олмасам кетиб қолади, деб қўрқади.

Фақирлик пешонасига ёзилган инсон шундайки, бойликдан қўрқади, камбағалликдан паноҳ қидиради.

Қуръонни йигирма йил ўрганиб, дунё ва охират фарқини тушуниб етдим.

Зоҳид зуҳдини амаллари билан қуради, ўзини зоҳид кўрсатмоқчи бўлган эса, тили билан қуради.

Аллоҳнинг энг қудратли зот эканини билиб етмаган уни ҳеч қачон танимайди. Унинг қудратли эканиини қандай билади? Унинг қудрати шундаки, истаганидан олиб, истаганига беради.

Сен бераётган ва сенга берилаётганлар фарқига етгин: агар сенга бераётган инсон сен учун маҳбуб бўлса, сен дунёга маҳбуб экансан; агар сен бераётган кимса сенга маҳбуб бўлса, сен охират учун маҳбубсан.

Кимки неъматдан фориғ бўлиб, йўқчиликка дучор бўлса-да, бу фақирлик ҳолати унинг наздида неъматдан олий (юқори) қўйилмас экан, у кимса икки ғам:  бу дунё ғами ва охират ғами орасида қолади. Кимки неъматдан фориғ бўлиб, фақирлик ҳолатини неъматидан юқори қўяр экан, у қўш қувонч – бу дунё ва охират қувончлари орасида бўлади.

Бойлардан четда юр! Чунки қалбингни уларга боғласанг, улар билан ҳамтавоқ бўлсанг, улар итоатига тушиб қолиб, Раббингдан юз ўгирасан.

Банда фақирликни ихтиёр этиб, бойликдан қўрқиши қандай билинади? Бойиб қолишдан қўрқади, фақирлик ҳолатини қўрқув билан сақлайди, гўёки бадавлат одам камбағал бўлиб қолишликдан қўрққанидек.

Банданинг Раббига бўлган ишончи нимада зоҳир бўлади? Қўлига бирор нарса киритса, ғанимат деб билади. Агар қўлига кечикиб келса, келганидан кўра келмаганига ҳурсанд бўлади.

Фақирликни сақлаш фақирликни Аллоҳнинг инъоми деб тушунишликдир; чунки бировнинг ризқи сенга берилмайди, сеникини эса, бировга бермайди.

Мен учун меҳмондан улуғроқ кимса йўқдир, чунки унинг ризқини Аллоҳ беради, савоби эса менгадир.

Қалбингни дунё муҳаббатларидан поклагинки, унга оҳират муҳаббати, у билан бирга Аллоҳнинг савоблари кирсин.

Кимнинг қалбида уч нарса – ҳалоллик, қўрқув ва изтироб бўлмас экан дўзах азобидан қутулмайди.

Сабр ва ризолик биргадир; агар уларга амал қилсанг аввалги сабр, сўнги ризодир.

Роҳатда бўлишни истасанг топганингни егин, кийгин ва Аллоҳ белгилаган тақдирингдан рози бўлгин.

Аллоҳ таоло тоат аҳлига ўлимларидан кейин ҳаёт ато этади; итоатсизлар аҳлини эса, тириклик чоғларидаёқ ўликларга тенглаштиради.

01 АБУ ТУРОБ НАХШАБИЙ ҲИКМАТЛАРИДАН

Абу Абдуллоҳ бинни Жало деди: “Олти юз нафарга яқин шайхлар билан таниш бўлдим, лекин улар орасида тўртта шайхга ўхшаганини учратмадим. У тўрттовлоннинг биринчи ва аввали Абу Туроб эдилар”.

Иснодлари билан муборак ҳадис ворид бўлган: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Орангиздаги дардмандларни таом ва шаробга (ичкилик сув ёки бошқалар) мажбурламанг, чунки уларни Раббилари едириб, ичтиради”.

Али бинни Ҳусайн деди: “Абу Туробга дедим (у саҳрога кетаётган эди): озиқ-овқатдан олиб қол! У эса деди: “Саҳрода кўпроқ яхши ҳамроҳ керак!”.

Эй одамлар! Уч нарсани истайсиз, лекин улар сизники эмас: жонни истайсиз, у эса Аллоҳникидир; руҳни истайсиз, у ҳам Аллоҳникидир; мол-дунё истайсиз, у меросхўрникидир. Икки нарса талабидасиз, икковини ҳам тополмайсиз: қувонч ва роҳат – улар жаннатдадир.

Энг шарофатли қалб – Аллоҳ таоло фаҳм нури билан ёритган, мунаввар этган, тирик қалбдир.

Аллоҳ таоло васфига етмоқлик – ўн етти даражотга кўтарилмоқликдир: энг биринчиси итоатдир ва олийси унинг ҳақиқатига таваккул қилмоқликдир.

Ибодатлар ичида қалб ўйларини ислоҳ қилмоқликдан кўра манфаатлироқ ибодат йўқдир.

Фақирнинг (суфий, дарвишнинг) емиши – топганидир; либоси – танасига ташланганидир; маскани – тўхтаган жойидир.

Таваккул – инсон қалбининг Аллоҳ билан таскин топганидир.

Бойликнинг ҳақиқати шундаки, ўзи сингари бойларга ҳожати бўлмайди; фақирлик ҳақиқати эса аксинча, ўзи сингариларга ошиқади.

Аллоҳ таоло ҳар бир замонда ўша замона аҳлининг муаммоларини замона уламолари тилига қўйиб гапиртиради.

Ниятни яхшилаб асра, чунки у барча ишлар муқаддимасидир; нияти яхши одамнинг кейинги аҳволлари ҳам, афъоллари ҳам саломатдир.

Қаноат – ризқни Аллоҳдан олмоқликдир.

067 Imom Abu Abdurahmon Sullamiy tasavvuf tarixida so’fiylik ilmining shayxi, so’fiylar tarixi, tabaqotining tafsirchisi sifatida nom qoldirgan. Zahhabiy u haqda «Tasavvuf ahli haqidagi hadislarni to’plagan. Asarlarining soni yuzdan ortiq”, deb ma’lumot beradi. Bugun Sullamiyning so’fiylik tabaqalariga bag’ishlangan «Tabaqotu-s-so’fiyya” (“Sufiy tabaqalar”) asaridan birinchi tabaqa shayxlari hikmatlarini taqdim etamiz (Asarda tabaqalar beshga bo’lingan holda taqdim etilgan).

ABU ABDURAHMON SULLAMIY
«TABAQOTU-S-SO’FIYA»
(«SO’FIY TABAQALAR»)DAN

028

To’la nomi: Muhammad ibn Husayn ibn Muhammad ibn Muso ibn Xolid ibn Salim ibn Roviya ibn Sa’id Abu Abdurahmon Azdiy Sullamiy Nisopuriy (arabiy: ??? ??? ?????? ???????) bo’lib, hijriy 325 yili Nishopurda tug’ilib, 1021 yili vafot etgan. Sullamiy isbasini ona tomonidan qabilaning nomidan olgan. Bog’dod, Roy, Hamadon, Marv va Hijozda bo’lgan va ko’plab tasavvuf allomalari haqida ma’lumot to’plagan.
Abu Abdurahmon Sullamiy tasavvuf tarixida so’fiylik ilmining shayxi, so’fiylar tarixi, tabaqotining tafsirchisi sifatida nom qoldirgan. Zahhabiy u haqda «Tasavvuf ahli haqidagi hadislarni to’plagan. Asarlarining soni yuzdan ortiq”, deb ma’lumot beradi. Asosiy asarlari: “Haqiqatu-l-Tafsir» (“Tafsir haqiqatlari”), «Tabaqotu-s-so’fiyya” (“Sufiy tabaqalar”), “Tasavvuf ahli tariqatining muxtasar (bayon)i”, “Muqaddimatu-s-sufiyya» (“Tasavvuf muqaddimasi”), “Tariqatu-l-orifin» («Oriflar yshllari yoki sufiy shayxlar tanlagan yo’llar»), “Sufiylarning xatolari haqida risola” v.b.
Imom Abu Abdurahmon Sullamiyning «Tabaqotu-s-so’fiyya” (“Sufiy tabaqalar”) asari besh tabaqaga bo’lingan bo’lib, birinchi tabaqada Shayx inb Iyod, Zunnun Misriy, Shayx Bishr Xofiy,Abul Hasan Sariy, Xoris Muhosibiy, Shaqiq Balxiy, Abu Yazid Bistomiy, Abu Sulaymon Daroniy, Ma’ruf Karxiy, Xotim Asom, Ahmad Havoriy, Ahmadinb Xadravayx, Yahyo ibn Muaz Roziy, Abu Hafs Haddod Nisoburiy, Hamdun Qassor, Mansur ibn Ammor, Ahmad Antokiy, Abdulloh b. Xubayq Antokiy, Abu Turob Naxshabiy haqida; ikkinchi tabaqada esa Abul Qosim Junayd, Abul Husayn Nuriy, Abu Usmon Hiriy Nisoburiy, Abu Abdulloh b. Jallo, Ruvaym b. Ahmad Bog’dodiy, Yusuf Roziy, Shoh b. Shujo’ Kirmoniy, Samnun b. Umar Muhib, Usmon Makkiy, Abdulloh Tustariy, Muhammad b. Fazl Balxiy, Muhammad b. Ali Termiziy, Abu Bakr Varroq, Abu Sa’id Xarroz, Ali b. As’hil Isfahoniy, Abul Abbos b. Maurtsq Tusiy, Abu Abdulloh Mag’ribiy, Abu Ali Juzjoniy, Muhammadva Ahmad, Abu Abdulloh Sajaziy haqida ma’lumotlar, ularning hikmatlaridan namunalar berilgan.

BIRINCHI TABAQA SHAYXLARI
HIKMATLARIDAN

028

01 SHAYX IBN IYOD HIKMATLARIDAN

Kimki bid’at sohibi bilan o’tirar ekan, Alloh taolo uni hikmatdan nari qiladi.

Oxir zamonda qavmlar ochiq ishlarga tutinib, aql va ruhga dushman bo’ladilar.

Allohning rizosiga eng loyiq insonlar Alloh azza va jallani tanigan ma’rifat ahlidirlar.

Kimki ahli birodariga tilida muhabbat va samimiyat izhor etib, amalda adovatda bo’lsa, Alloh uni la’natlab, qulog’ini kar, qalb ko’zini ko’r qiladi.

Odamlarga sidqidillik va halollikdan ortiq ziynat beruvchi narsa yo’qdir.

Zohidlikning asli Alloh taoloning ulardan rizoligidadir.

Nafsining yomonligini qaytargan sururini yo’qotmaydi.

Alloh taqvodor bandalariga doimo rizq-nasiba in’om etgani uchun ularning rizqlari tuganmasdir.

Sizda ikki xislat borki, ular jaholatdandir: sababsiz kulgi va sababsiz bedorlik.

Haqiqatga bo’yin eg, tanqidni tan ol, kimdan eshitganingdan qat’i nazar, haqiqatni qabul et.

Uch xislat qalbni toshga aylantiradi: ko’p yeyish, ko’p uxlash va ko’p so’ylash.

Xayrli ishning beminnat qilinishi shayton amridan va riyodan yiroq bo’lganidir.

Niyati yo’qning ishi yurmas, Alloh rizoligi uchun ish qilmaganga ajru savob yozilmas.

02 ZUNNUN MISRIY HIKMATLARIDAN

Kamtarlikni izlagan o’zini Allohning ulug’vorligi tamon yo’naltirmog’i lozim, chunki bu ulug’vorlik bag’rni yumshatib, tozalaydi. Alloh sultoniga nazar solgan odamdan uning sultoni ketadi, chunki Alloh haybati oldida barcha nafslar faqirdirlar.

Mast odamni davolayotgan tabibdan johilroq insonni ko’rmadim, axir u mast-ku, uning mastligiga davo bitta: ko’zini ochib tavba qilish.

Allohga bo’lgan muhabbat alomatlaridan biri axloqda, sunnatlarga amal qilishda, uning Habibi ketidan ergashmoqlikdadir.

Qalbda chuqur e’tiqod sobit bo’lsa, unda xavf (Alloh oldida gunohkor bo’lib qolishdan qo’rquv) ham mahkam bo’ladi.

To’g’riso’zlilik Allohning yerdagi qilichidir; nimaning ustiga tushmasin, albatta, uni kesadi.

Kimki qilgan ishi, amali bilan maqtansa, barcha yaxshiliklari yomonliklarga aylanadi.

Allohga yaqin bo’lishlik yorqin nurdir, xaloyiqqa yaqinlik g’amning o’zidir.

Hojat so’rasang, hokim tili bilan emas, faqir zaboni bilan so’ragin.

Ibodatning kaliti fikrdadir. Istaklarning alomati shahvatlar ketidan quvishlikdir. Allohga tavakkul (suyanish)ning alomati esa, istaklardan voz kechishdir.

Kambag’al do’stim bor edi, olamdan o’tdi. Bir kun tushimga kirdi. Unga dedim: “Alloh sen bilan nima qildi?” U dedi: “Alloh aytdi: pastkash boyvachchalar uzatgan nonni olmaganing uchun gunohlaringni mag’firat etdim”.

Ilm ahlidan bo’lmish har bir er ilmi ziyoda bo’lgani sari molu dunyoga nafrati kuchayib, uni tark etardi. Endi-chi? Bugun ilmi ko’paygani sari molu dunyoga muhabbati va talabi kuchaymoqda. Ilgari olim odam molini ilm yo’lida sarf etardi. Bugun-chi? Ilmi orqali molu dunyo to’playdi. Ilgari ilm oluvchining botini va zohiri kuchga to’lardi. Hozir-chi? Uning botini ham, zohiri ham fasotdir.

Ilohiy haqiqat sari intiluvchi (orif)ning itoati kun sayin kuchayadi, chunki soat sayin Allohiga yaqinlashadi.

Ey muridlar ahli! Qay biringiz tariqat yo’liga o’tishni istasangiz, olimlarni o’zingizni johil ko’rsatib kutib oling, zohidlarni bu dunyoni istovchi qilib ko’rsatgan holda kutib oling, ma’rifat ahlini esa, sukut saqlab kutib oling.

03XORIS MUSOHIBIY HIKMATLARIDAN

Tarozini bosuvchi eng og’ir narsa go’zal xulqdir.

Muvozanat to’rt joydadir: imon va kufr o’rtasida; to’g’riso’zlik va yolg’on o’rtasida; yakkaxudolikka e’tiqod va shirk o’rtasida; ixlos va riyo o’rtasida.

Kimki o’z botinida ijtihod etsa, Alloh uning zohiriga hisnu-l-muomala ato etgay; chunki U deydi: “Bizning oramizda ijtihod etganlarga yo’limizni ato etgaymiz”.

Ilm merosi Alloh taolo huzurida gunohkor bo’lib qolishlikdan qo’rquvdir, zohidlik merosi rohatdir, ma’rifat merosi azobdir.

Bu ummatning ixtiyori ikki ummat orasidadir: birlari oxirat ishlari bilan ovoradirlar; ikkinchilari dunyo ishlari bilan.

Vojib amallardan voz kechgan banda xudojo’ylikni talab eta olmaydi.

Bandalarning sifati o’ziga mulk talab etmaslikdadir; oqibati zarar ham, manfaat ham ko’rmaslikdadir.

Taslim balo kelganlikdagi sobitlikdir; bu holatda botinda ham, zohirda ham o’zgarish bo’lmaslikdir.

Allohdan eng yaxshi tilak Uning fazli va rahmati istagida bo’lish va o’lim eshik qoqqanda tayyor bo’lishdir.

Go’zal xulq – birovga aziyat chektirmaslik; kamg’azablik; xotirjamlik va shirinsuxanlikdadir.

Har bir narsaning javhari bordir; inson javhari aqldir; aql javhari esa sabrdir.

Amali solih qalb harakatlari bilandir; g’oyib (g’aybiy) narsalarni anglashdadir; Amallarning sharaflisi inson a’zolarining savobli amallaridir.

Bid’at girdobiga tushganlar haqiqat topadurlarmi?

Alloh nidosini eshitmagan uning javobini Alloh qudratini qanday bilsin?

Garchi uni madh etsalar ham zolim nadomaddadir; garchi uni qoralasalar ham mazlum salomatdir; och bo’lsa-da, qanoatdagi boydir; molu dunyoga ega bo’lsa-da, ochko’z faqirdir.

Kimki o’z botinini ixlos ila nazorat qilsa, Alloh taolo uning zohirini sunnat ila boyitgaydir.

04SHAQIQ BALXIY HIKMATLARIDAN

Oqil odam quyidagi uch narsa hududidan chiqmaydi: birinchisi – sobiq (qilgan) gunohlari uchun doim qo’rquvda bo’ladi; ikkinchisi – bir soatdan keyin boshiga nima tushishini bilmaydi; uchinchisi – ishlarning oqibatiga qo’rquv bilan qaraydi; yakuni nima bilan tugashidan qo’rqadi.

Dunyoga intilib o’lishlikdan saqlan. Xotirjam bo’lgin – senga yozilgan rizq sendan o’zgaga berilmaydi!

O’limga hozir bo’l! U kelganda qaytish bo’lmaydi!

Tavakkul Allohning senga va’da qilgan ne’mati bo’lib, qalbingning xotirjam bo’lishligiga bir vositadir.

Insonning taqvosi uch narsada bilinadi: olishida, berishida va so’zida.

Ochko’zlikka mubtalo bo’lgan odam shundayki, duyoda nimaiki olsa, darhol oladi, agar tezda olmasam ketib qoladi, deb qo’rqadi.

Faqirlik peshonasiga yozilgan inson shundayki, boylikdan qo’rqadi, kambag’allikdan panoh qidiradi.

Qur’onni yigirma yil o’rganib, dunyo va oxirat farqini tushunib yetdim.

Zohid zuhdini amallari bilan quradi, o’zini zohid ko’rsatmoqchi bo’lgan esa, tili bilan quradi.

Allohning eng qudratli zot ekanini bilib yetmagan uni hech qachon tanimaydi. Uning qudratli ekaniini qanday biladi? Uning qudrati shundaki, istaganidan olib, istaganiga beradi.

Sen berayotgan va senga berilayotganlar farqiga yetgin: agar senga berayotgan inson sen uchun mahbub bo’lsa, sen dunyoga mahbub ekansan; agar sen berayotgan kimsa senga mahbub bo’lsa, sen
oxirat uchun mahbubsan.

Kimki ne’matdan forig’ bo’lib, yo’qchilikka duchor bo’lsa-da, bu faqirlik holati uning nazdida ne’matdan oliy (yuqori) qo’yilmas ekan, u kimsa ikki g’am: bu dunyo g’ami va oxirat g’ami orasida qoladi. Kimki ne’matdan forig’ bo’lib, faqirlik holatini ne’matidan yuqori qo’yar ekan, u qo’sh quvonch – bu dunyo va oxirat quvonchlari orasida bo’ladi.

Boylardan chetda yur! Chunki qalbingni ularga bog’lasang, ular bilan hamtavoq bo’lsang, ular itoatiga tushib qolib, Rabbingdan yuz o’girasan.

Banda faqirlikni ixtiyor etib, boylikdan qo’rqishi qanday bilinadi? Boyib qolishdan qo’rqadi, faqirlik holatini qo’rquv bilan saqlaydi, go’yoki badavlat odam kambag’al bo’lib qolishlikdan qo’rqqanidek.

Bandaning Rabbiga bo’lgan ishonchi nimada zohir bo’ladi? Qo’liga biror narsa kiritsa, g’animat deb biladi. Agar qo’liga kechikib kelsa, kelganidan ko’ra kelmaganiga hursand bo’ladi.

Faqirlikni saqlash faqirlikni Allohning in’omi deb tushunishlikdir; chunki birovning rizqi senga berilmaydi, senikini esa, birovga bermaydi.

Men uchun mehmondan ulug’roq kimsa yo’qdir, chunki uning rizqini Alloh beradi, savobi esa mengadir.

Qalbingni dunyo muhabbatlaridan poklaginki, unga ohirat muhabbati, u bilan birga Allohning savoblari kirsin.

Kimning qalbida uch narsa – halollik, qo’rquv va iztirob bo’lmas ekan do’zax azobidan qutulmaydi.

Sabr va rizolik birgadir; agar ularga amal qilsang avvalgi sabr, so’ngi rizodir.

Rohatda bo’lishni istasang topganingni yegin, kiygin va Alloh belgilagan taqdiringdan rozi bo’lgin.

Alloh taolo toat ahliga o’limlaridan keyin hayot ato etadi; itoatsizlar ahlini esa, tiriklik chog’laridayoq o’liklarga tenglashtiradi.

01 ABU TUROB NAXSHABIY HIKMATLARIDAN

Abu Abdulloh binni Jalo dedi: “Olti yuz nafarga yaqin shayxlar bilan tanish bo’ldim, lekin ular orasida to’rtta shayxga o’xshaganini uchratmadim. U to’rttovlonning birinchi va avvali Abu Turob edilar”.

Isnodlari bilan muborak hadis vorid bo’lgan: Rasululloh sallallohu alayhi va sallam dedilar: “Orangizdagi dardmandlarni taom va sharobga (ichkilik suv yoki boshqalar) majburlamang, chunki ularni Rabbilari yedirib, ichtiradi”.

Ali binni Husayn dedi: “Abu Turobga dedim (u sahroga ketayotgan edi): oziq-ovqatdan olib qol! U esa dedi: “Sahroda ko’proq yaxshi hamroh kerak!”.

Ey odamlar! Uch narsani istaysiz, lekin ular sizniki emas: jonni istaysiz, u esa Allohnikidir; ruhni istaysiz, u ham Allohnikidir; mol-dunyo istaysiz, u merosxo’rnikidir. Ikki narsa talabidasiz, ikkovini ham topolmaysiz: quvonch va rohat – ular jannatdadir.

Eng sharofatli qalb – Alloh taolo fahm nuri bilan yoritgan, munavvar etgan, tirik qalbdir.

Alloh taolo vasfiga yetmoqlik – o’n yetti darajotga ko’tarilmoqlikdir: eng birinchisi itoatdir va oliysi uning haqiqatiga tavakkul qilmoqlikdir.

Ibodatlar ichida qalb o’ylarini isloh qilmoqlikdan ko’ra manfaatliroq ibodat yo’qdir.

Faqirning (sufiy, darvishning) yemishi – topganidir; libosi – tanasiga tashlanganidir; maskani – to’xtagan joyidir.

Tavakkul – inson qalbining Alloh bilan taskin topganidir.

Boylikning haqiqati shundaki, o’zi singari boylarga hojati bo’lmaydi; faqirlik haqiqati esa aksincha, o’zi singarilarga oshiqadi.

Alloh taolo har bir zamonda o’sha zamona ahlining muammolarini zamona ulamolari tiliga qo’yib gapirtiradi.

Niyatni yaxshilab asra, chunki u barcha ishlar muqaddimasidir; niyati yaxshi odamning keyingi ahvollari ham, af’ollari ham salomatdir.

Qanoat – rizqni Allohdan olmoqlikdir.

033

(Tashriflar: umumiy 119, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алайкум,АБУ АБДУРАҲМОН СУЛЛАМИЙ
    «ТАБАҚОТУ-С-СЎФИЯ» китоб бўлиб нашр этилганми? Китоб дўконларидан топши мумкинми? Хуршид Даврон кутубхонаси асарни тўлиқ бера оладими?Жавоб учун олдиндан ташаккур.

  2. «ТАБАҚОТУ-С-СЎФИЯ» китоб тўлиқ нашр этилгани ё этилмаганидан аниқ маълумотимиз йўқ. Аммо, яқин кунларда ушбу асардан яна бир саҳифани эълон қилишимизни маълум қиламан.

Izoh qoldiring