Najmiddin Komilov. Tasavvuf

Ashampoo_Snap_2017.06.13_01h22m58s_001_.png   Атоқли олим, профессор Нажмиддин  Комиловнинг ушбу рисоласида Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот – тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатлари ёритилган. Тариқат ва шариат орасидаги муносабат, тасаввуф гуманизми ва Комил инсон муаммолари, тасаввуф ривожига ҳисса қўшган олимлар, тариқат шайхлари ҳақида таҳлилий кузатишлар қилинган. Китоб олий ўқув юрти ўқитувчилари ва талабалари ҳамда тасаввуфга қизиқувчи барча кишиларга мулжалланган.

Нажмиддин Комилов
ТАСАВВУФ

009

ТАРИХ ВА ТАЪРИФ

i_018.jpgТасаввуф Шарқ маънавияти тарихида муҳим ўрин эгаллаб келган тадрижий тараққиётга эга бир таълимот бўлиб, ислом оламида VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Дастлаб у зоҳидлик ҳаракати кўринишида куртак ёяди. Гап шундаки, ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин мусулмонлар жамоаси ичида бўлиниш юз бера-ди, айниқса, халифа Усмон разйаллоҳу анҳу замонларида бойликка ружу қўйиш, қимматбаҳо туҳфалар билан қариндош-уруғлар, яқин дўст-биродарларни сийлаш расм бўлади. Уммавия халифалиги даврига келиб эса, сарой ҳашамлари, дабдабали без-аклар, олтин-кумушга берилиш, хазина тўплаш авж олди. Яъни диний машғулотлар, Худо йўлидаги тоат-ибодат ўрнини дунёвий ишлар, дунё молига муҳаббат эгаллай бошлади. Бу ҳол диний амрларни адо этишни ҳар қандай дунёвий ишлар, бойлик-лардан устун қўйган эътиқодли кишиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар орасида ҳадис тўпловчи муҳаддислар, илгари-дан қашшоқ бўлиб, уй-жой, мол-мулкка эътибор қилмаган саҳобалар ҳам бор эди. Буларнинг бир қисми динни ҳимоя қилиб, очиқ курашга отланган бўлсалар, иккинчи қисми эса, қаноат ва зуҳдни («зуҳд» сўзидан «зоҳид» сўзи келиб чиққан) асосий мақсад қилиб олиб, сарой аҳли ва сарватдорлар, бойлар ахлоқига қарши норозилик белгиси сифатида таркидунёчилик ғоясини тарғиб этиб, ижтимоий фаолиятдан бутунлай четлашганлар, сурункали тоат-ибодат билан шуғулланганлар.

Куфа, Бағдод, Басра шаҳарларида таркидунё қилган зоҳидлар кўп эди, айтиш керакки, уларнинг обрў-эътибори ҳам халқ орасида катта бўлган. Чунончи, Увайс Қараний (VII аср), Ҳасан Басрий (642–728) каби йирик сўфийлар аслида зоҳид кишилар эдилар, шунинг учун бу зотларнинг номи шайхлар ва сўфийлар ҳақидаги тазкираларда зоҳид сифатида тилга олинади, баъзи муаллифлар эса уларни сўфийлар қаторига қўшмаганлар ҳам.

Бунинг боиси шуки, зоҳидлар узлат ва тақвони пеша этган бўлишларига қарамай, ишқ ва ирфон (илоҳий маърифат)дан бехабар кишилар эдилар. Улар фалсафий мушоҳадакорлик, ажзу иродат билан маънавий-ахлоқий камолот сари интилиш, вали-лик, каромат-мўъжизалар кўрсатиш каби хислатларга эга эмасдилар. Зоҳидларнинг нияти ибодат билан охират мағфиратини қозониш, Қуръони Каримда ваъда қилинган жаннатнинг ҳузур-ҳаловатига етишиш эди. Сўфийлар назарида эса жаннат умиди-да тоат-ибодат қилиш ҳам тамаънинг бир кўринишидир. Ҳолбуки, сўфий учун на дунёдан ва на охиратдан тамаъ бўлмаслиги керак. Ягона истак бу – Худонинг дийдоридир, холос.

Машҳур сўфий аёл Робия Адвия (714–801) Аллоҳга муно-жотларида нола қилиб айтар экан: «Эй Парвардигорим, эй Ёри азиз, агар жаннатинг тамаъида тоат қиладиган бўлсам, жаннатингдан бенасиб эт, агар дўзахингдан қўрқиб ибодат қиладиган бўлсам, мени дўзах ўтида куйдир – минг-минг розиман! Аммо агар Сенинг жамолингни деб тунларни бедор ўтказар эканман, ёлвораман, мени жамолингдан маҳрум этма!»

Аллоҳ таолога қуруқ, кўр-кўрона мутеъликнинг ҳожати йўқ. Худо ғазабидан қўрқибгина амри маъруфни бажариш садоқат белгиси эмас, балки риёдир. Шунинг учун сўфийлар: Аллоҳни жон-дилдан севиш, Унинг зоти ва сифатларини таниш ва билиш, кўнгилни нафсу ҳирс ғуборидан поклаб, ботиний мусаффо бир ҳолатда Илоҳ васлига етишиш ва бундан лаззатланиш ғоясини кенг тарғиб қилдилар. Инсон руҳи илоҳийдир ва, демак, асосий мақсад – илоҳий оламга бориб қўшилмоқдир, дедилар.

Шу тариқа, дунёдан кўнгил узган, аммо зоҳидларга ўхшамайдиган, «бир назар билан тупроқни кимё этадиган» (Ҳофиз Шерозий) зеҳну заковат, ақлу фаросатда тенгсиз, аммо ўзга мутафаккирлар, файласуфлардан ажралиб турадиган, шариат ил-мини сув қилиб ичган, тоату ибодатда мустаҳкам, лекин оддий диндорлардан фарқланадиган ажойиб хислатли одамлар тоифаси пайдо бўлган эдики, уларни руҳ кишилари деб атардилар. Бундай одамларнинг феъл-атвори, юриш-туриши, хориқулодда (одатдан ташқари) сўзлари ва ишлари атрофдагиларни ҳайратга солар, баъзиларининг ғайбдан башорат берувчи камроматлари, сирли мўъжизалари ақлларни лол қолдирарди. Уларни аҳлуллоҳ, авлиё, аҳли ҳол, аҳли ботин, арбоби тариқат, дарвеш, қаландар, фақир деган номлар билан тилга олардилар. Аммо бу тоифага нисбатан кўпроқ «сўфий» номи қўлланилган, чунки ушбу сўзнинг маъноси анча кенг бўлиб, бошқа тушунча ва атамаларни ўз ичига сиғдирарди.

Хўш, «сўфий» сўзи қаердан пайдо бўлган? Бу ҳақда бир неча хил қарашлар бор. Баъзилар бу сўз «саф» сўзидан келиб чиққан дейдилар, чунки сўфий Илоҳ йўлига кирганларнинг биринчи сафида турувчидир. Баъзи олимлар уни «суффа» сўзидан ҳосил бўлган деб айтадилар: асҳоби суффа ҳазрати Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларидаёқ тарки дунё қилган тақво-дор кишилар бўлиб, сўфийлар шуларга тақлид қиладилар, деб тушунтирадилар. Яна бир гуруҳ олимлар сўфий сўзи «сафо» сўзидан келиб чиққан, чунки бу тоифанинг қалби сидқу сафо оф-тобидай порлаб туради, деганлар. Яна баъзилар сўфий «суфуҳ» сўзидан ясалган, суфуҳ – бирор бир нарсанинг хулосасидир, бу жамоа халқнинг хулосаси бўлганлиги сабабли уларни сўфий де-ганлар, деб ёзадилар. Сўфий сўзи «соф» сўзидан чиққан дегувчилар ҳам бор. Абу Райҳон Беруний бўлса «суф», яъни файласуф сўзининг охирги қисмидан ясалган деб кўрсатади. Аммо кўпчилик сўфий сўзи арабча «сўф» сўзидан ҳосил бўлган, деган фикрни билдирадилар. «Сўф» сўзининг луғавий маъноси жун ва жундан тўқилган матодир. Сўфийлар кўп ҳолларда жун чакмон ёки қўй терисидан тикилган пўстин кийиб юришни одат қилганлари учун уларни жун кийимлилар (форсчаси пашминапўш), яъни сўфий деб юритганлар. Бизнингча, шу кейинги эътимологик маъно ҳақиқатга яқинроқдир, зеро, сўфий сўзининг «сўф» сўзидан ясалиши араб тили қонун-қоидаларига мос келади.

Агар «сўф» сўзидан сўфий ясалган бўлса, ўз навбатида, «сўфий»дан, «тасаввуф», «мустасуф», «мутассуф», «мутасаввуф» сўзлари ҳосил бўлган. Мустасуф ўзини сўфийларга ўхшатиб, тақлид қилиб юрадиган, аммо асл мақсади амал-мансаб, молу мулкка интилишдан иборат бўлган кишиларга нисбатан ишлатилган сўз бўлса, мутассуф тариқат ва ҳақиқатда муайян ман-зилларни эгаллаган, бироқ сўфий даражасига кўтарила олмаган кишилардир. Қалбан сўфиёна ғояларга мойил, тасаввуфни эътиқод — маслак қилиб олган, лекин тариқат амалиётини ўтамаган, расман сўфий бўлмаган одамлар эса мутасаввуф бўлиб ҳисобланганлар. Сўфийларнинг ўзини ҳам Ҳусайн Воиз Коши-фий «Футувватномаи султоний» номли асарида уч гуруҳга ажратган: муоширлар, мутарасмлар, муҳаққиқлар. Муоширлар – тариқат аҳлининг мухлислари. Улар дарвешларга муҳаббат би-лан қарайдилар, дарвешлар суҳбатида иштирок этадилар, уларнинг хизматларини бажарадилар ва савобга ўзларини шерик деб биладилар. «Мутарасм» сўзининг маъноси расму русумга эргашувчи демак, аммо мутарасмлар дарвешларнинг одатларига зоҳиран тақлид қилсалар-да, ботинан ҳол талабгоридирлар ва шу тоифига ихлослари туфайли файздан баҳраманддирлар.

Муҳаққиқлар – Ҳаққа етганлар, уларни олий мартабали сўфийлар деб таърифлаш мумкин. Ҳақиқий авлиёлар, шайхи муршидлар шулар ичидан етишиб чиққан. Бу ўринда муҳаққиқ сўфийларнинг нажиб сифатлари хусусида тўхтаб ўтиш жоиз деб ҳисоблаймиз.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, чин сўфий ўзликдан ва фоний дунёлан кечган ва Ҳақ бақосида ўзлигини қайта топган зот бўлиб, суратда бандаю, маънида озод кишидир. Сурат – ташқи кўринишда банда бўлиш – жисм-танани Илоҳ тоатига бағишлаш бўлса, маънида озодлик-ботинни барча алоқалардан тозалаб, руҳни ҳур ва пок сақлаш демак. Сўфийга ҳеч бир нарса ва ҳеч бир киши қарам бўлмаслиги; унинг ўзи ҳам ҳеч бир нарсанинг ва ҳеч бир одамнинг қарами бўлмсалиги керак. Баҳоуддин Нақшбанд айтганларидай:

Ҳечи мо нею ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч-ҳечи мо ғам не,
Жанда бар пушту пушт-гўристон,
Рўзе ки мирем ҳеч мотам не.

Маъноси: Ҳеч нарсамиз бўлмаганлиги учун ҳеч камимиз йўқ, ўша «ҳеч», яъни нарса кетидан қувиб, ғам ҳам чекмаймиз. Эгнимизда – жанда, орқамизда – гўристон, биз вафот этган кун ҳеч бир мотамнинг кераги йўқ.

Сўфийнинг озодлиги деганда тасаввуф аҳли соликнинг башарий сифатлардан мутлақ қутулиши ва илоҳий фақр сифати бўлмиш пок руҳ кўринишида истиғно олами – Тангри таоло оламининг заруратлари бепоёнлигини куллан идрок этишини англаганлар. Сўфий яна «сирри соф, ақли етук, муҳаббат аҳлига дил боғлаган» (Кошифий) бўлиши, нафасидан бедардлар қалби бедор бўлмоғи керак. Сўфийлар руҳоният билан суҳбат қура-диган, кайҳону фалак асроридан мужда келтирадиган, фақрни ихтиёрий равишда бўйинга олиб, табиий ахлоқни тарк эта бориб, илоҳий ахлоқни касб этувчи, эзгулик йўлида жонини фидо қилувчидирлар, улар борлиқ ва йўқлик, замон ва макондан хориж, азалу абадни бирлаштирган мукаррам зотдирлар.

Бундай кароматли инсонларни халқ азиз-авлиё, қудсий нафасли кишилар сифатида алоҳида эъзозлаган. Бу зотлар атроф-дагилар онги ва шуурига қаттиқ таъсир ўтказганлар ва маънави-ят султонлари бўлиб майдонга чиққанлар. Уларнинг сўзи ва ҳаракати, хислати ва ахлоқи ҳаммага ибрат қилиб кўрсатилган. Жаҳоннинг бутунлиги, ободонлик ва осойишталик Парвардигор файзини етказувчи шу табаррук зотларнинг дуоси, хайрли иш-ларига вобаста деб қаралган. Шу аснода авлиё-анбиёнинг меросхўри – давомчиси деган ақида шаклланган. Яъни, гарчи Пайғамбари охирзамон Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Пайғамбар келмаса-да, аммо қутби киром валилар ҳар замонда пайдо бўлиб, халқни ислом ҳақиқатларига ҳидоят этадилар, тўғри йўлга бошлайдилар. Чунончи, улуғ шоир Хусрав Деҳлавий ўз пири Низомидин Авлиёни шундай кишилардан деб таъриф этади ва «Матлаъул анвор» достонида бундай ёзади:

Нури жаҳон аз қадами авлиёст,
Жони назар дар жасади тўтиёст.

(Кўзнинг равшанлиги тўтиё вужудида бўлганидай, жаҳоннинг нури авлиё қадамидандир).

Алишер Навоий ҳам Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдураҳмон Жомийни гарчи Хусрав Деҳлавий каби пайғамбар давомчиси деб атамаса-да, лекин уларни «муршиди офоқ», «кошифи асрори Илоҳ», барча ишлардан хабардор кароматли ва пок ниятли зотлар сифатида таъриф-тавсиф этади. Масалан, Баҳоуддин Нақшбанд:

Мулки жаҳон мазраи деҳқони ул,
Балки жаҳон мулки нигаҳбони ул.
Йўқ мамоликка нигаҳбон бўлиб,
Барча салотин уза султон бўлиб…
Ҳақ сўзин элга қилурда адо,
Тенг кўруниб олида шоҳу гадо.

(«Ҳайратул аброр»дан)

Бу фақат шоирларнинг ҳаяжонли таъриф-тавсифи эмас, ал-батта. Буни ўрта асрлар кишисининг тафаккур тарзи ва дунёқараши ифодаси деб билмоқ керак. Сўфий ва дарвешлар ҳақиқатан ҳам катта нуфуз ва обрўга эга эдилар. Муқтадир шайхларгина эмас, қаландарлар, эшонлар, мажзуб «девоналар», оддий дарвешларни ҳам одамлар ҳурмат қилганлар. Шунинг натижаси ўлароқ,, дарвешчилик ҳаракати кенг қулоч ёйган, хо-нақо удумлари шаклланиб, дарвешлар алоҳида бир тоифа — табақа сифатида жамиятда муҳим ўрин эгаллаган.

Бироқ бу бирданига юзага келган ҳаракат эмас, айтиб ўтган-имиздай, тасаввуф ва дарвешлик ҳаракати узоқ тадрижий тарихга эга. Олимлар тасаввуф тарихини дастлаб икки даврга ажратадилар: биринчи – зоҳидлик даври, иккинчиси – орифлик ва ошиқлик даври. Сўфийларнинг ўзини ҳам ориф сўфийлар, зоҳид сўфийлар, ринд сўфийлар, фақир сўфийлар, файласуф сўфийларга ажратиш мумкин.

Зоҳидлик даври сўфийлари (чунончи: Иброҳим Адҳам, Ҳасан Басрий, Абуҳошим Куфий ва бошқалар) тақво ва парҳезкорликни бош мақсад деб билган бўлсалар, кейинги давр сўфийлари тафаккурий-шуурий ривожланиш – яъни дунёни ва Илоҳни билиш, танишни асосий мақсад деб ҳисоблаганлар. Биринчи даврни тасаввуфнинг ибтидоий даври («аввалги давр») сифатида тилга оладилар. Орифлик даври деб атаганимиз ик-кинчи давр ҳам (бу IX аср ўрталаридан бошланади) бир неча босқичларга эга. Чунончи, IX–X асрлар – хонақоҳларнинг пайдо бўлиши, тариқат русумларининг шаклланиш даври. XI–XII аср-лар – тасаввуф мактаблари, силсилаларнинг таркиб топиш даври. Бунда Миср, Бағдод, Басра, Бухоро, Нишопур, Термиз, Балх шаҳарлари тасаввуф ва тариқат марказлари сифатида муҳим рол ўйнаган. Натижада Миср, Хуросон, Мовароуннаҳр, Ироқ ва Туркистон мактаблари шуҳрат топган.

XIII аср охири – XIV аср бошлари тасаввуф тарихида ало-ҳида бир маҳсулдор давридир. Бу даврга келиб, тасаввуф ҳам назарий-илмий нуқтаи назардан, ҳам амалий ҳаракатчилик нуқтаи назаридан ўзининг юксак чўққисига кўтарилган эди. Тасаввуф адабиётининг гуллаши ҳам шу даврга тўғри келади. Айниқса, Нажмиддин Кубро (1145–1221), Муҳйиддин Ибн Арабий (1165–1240), Яҳъё Суҳравардий (1155–1191) сингари мутафаккир шайхлар, Фаридиддин Аттор (ваф. 1220), Аҳмад Яссавий (ваф. 1166), Жалолиддин Румий (1207–1273) каби улуғ сўфий шоирлар тасаввуф илмининг доирасини кенгайтирдилар, уни фалсафа ва ҳикмат билан бойитдилар. Агар IX–XI асрларда тавҳид асосларини чуқурлаштиришга катта эътибор берилиб, тасаввуфнинг фано ва бақо каби тушунчалари, Ҳаққа восил бўлиш майли шиддат билан тарғиб қилинган бўлса, XIII аср ўрталаридан бошлаб, тафаккурий-аҳлий йўналиш етакчилик қила бошлади. Бу фалсафий оқим тасавуф тарихида «ваҳдатул вужуд» номи билан шуҳрат топди. Сўфийлар энди коинот тузилиши, одамларнинг ҳусусиятлари, олам ва одам муносабатлари, комил инсон англамлари билан бош қотирадиган бўлдилар. Натижада Ибн Арабий ва Жалолиддин Румий каби зотларнинг асарларида бутун бир фалсафий тизим ўз ифодасини топди, улар илоҳий кашфу каромат, руҳий-психологик ҳолатлар, ботиний латифликлар билан бирга, реал инсоний ҳаёт ҳақида ҳам кўп ажойиб фикрларни баён этдилар. Шундай қилиб, тасаввуф Шарқ фикрий тараққиётидаги кўп асрлик тажрибаларни ўз ичига қамраб олиб, уни ривжлантирди, дин ва фалсафа, ҳикмат ва ваҳдат, калом ва ҳадис илмларини бирлаштирди, илоҳий илмлар билан дунёвий илмларни ўзаро боғлашга ҳаракат қилди. Нати-жада тасаввуф Шарқ кишисининг тафаккур тарзи ва ахлоқ нормасини белгилайдиган ҳодисага айланиб қолди.

Тасаввуф тарихига назар ташлар эканмиз, ислом динидаги мазҳаблар, қарашлар хилма-хиллиги сўфийлар ҳаёти ва дунёқарашига ҳам инчунин таъсир этиб турганини кўрамиз. Хусусан, сунний ва шиа мазҳаблари орасидаги кураш сезиларли из қолдирган. Эрон олимлари, жумладан, «Тасаввуф истилоҳлари шарҳи» (Теҳрон, 1347 ҳижрий йили) номли қомус муаллиф Сайид Содиқ Гуҳарин тасаввуфнинг пайдо бўлиши ва қарор топишида шиа мазҳаби қарашларининг таъсири борлигини таъкидлайди. Бошқа бир қатор олимлар юнон фалсафаси, қадимги зардуштийлар, ҳинд фалсафий-асотирий қарашларининг ролини кўрсатадилар. Тасаввуф амалиёти ва фалсафасида бу булоқларнинг самарали таъсири бўлиши мум-кин. Бу ерда бошқа нарсани таъкидламоқ керак: биринчидан, исломий тасаввуф ўзи ўзлаштирган жамики нарсаларини ислом руҳида қайта ишлаб, шариатга мувофиқлаштирган. Иккинчидан, биз айтмоқчи бўлган фикр шуки, шиа ва сунний мазҳаблари орасидаги кураш тасаввуф силсилаларининг йўналаишларини белгилаган. Чунончи, тайфурия, суҳравардия, ҳулулия, фирдавсия каби силсилалар кўпроқ шиачиликка мойил бўлсалар, яссавия, қодирия, нақшбандия сулуклари сунний мазҳабида мустаҳкам турган тариқатлар эди. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг асосий жидду жаҳди ҳам тасаввуф ва тариқатни сунний мазҳабига мослаштириш, уни шиачиликка хос жаҳру самоълардан тозалашдан иборат бўлган. Натижада нақшбандия сунний мазҳабли аҳоли орасида чуқур ёйилган.

Аммо Нажмиддин Кубро асослаган кубравия силсиласида шиа ва сунний мазҳабидаги кишилар бирга таълим олардилар. Чунки улуғ шайхнинг ўзлари мазҳаб ва маслакларга эътибор қилмаган. Нажмиддин Кубро вафотидан кейин эса шогирдларининг бир қисми сунний тариқатига (Сайфиддин Бохарзий каби), бир қисми эса шиа асосидаги тариқатларга (Саъдиддин Ҳамавий каби) қўшилиб кетганлар.

Шу каби Жалолиддин Румий номи билан боғлиқ бўлган мавлавия мазҳаби ҳам сунний йўналишдаги тариқат бўлса-да, лекин диний ва мазҳабий айирмалар уларда у қадар аҳамиятли бўлмаган. Бугина эмас, Румий умуман динларнинг ўзини ҳам бир-биридан устун қўймай, уларни Оллоҳ сари олиб борадиган турли йўллар деб қараган.

Тасаввуф тарихи ҳақида гапирар эканмиз, ҳазрати Баҳоуд-дин Нақшбанддан кейинги даврни ҳам баҳолашимиз лозим бў-лади. XV–XVI асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда нақшбандия тўла тантана қилиб, гуллаган давр бўлди. Айниқса, Хожа Аҳрори Валининг амалий ва Маҳдуми Аъзам-Аҳмади Хожагоннинг илмий фаолиятлари туфайли нақшбандия мустаҳкамланди, нуфузи ошди ва Ҳиндистон, Арабистон ерларига етиб борди, Туркияга тарқалди.

Нақшбандиядан кейин тасаввуф тарихида бошқа силсила вужудга келган эмас. Эрон ва Ҳиндистонда айрим янги тариқатлар шаклланган, лекин улар шохобчалар бўлиб, тасаввуф учун янги назарий ва амалий йўналиш бермади. Умуман XV ас-рдан кейин тасаввуфнинг назарий-фалсафий жиҳати сўна бош-лади. Маҳдуми Аъзам рисолалари нақшбандия ақидаларини шарҳлаш ва чуқурлаштиришдан иборатдир. Ҳиндистонда бир қадар тафаккурий силжиш бўлган. Жумладан, «ваҳдатуш шуҳуд», «ваҳдати мавжуд» оқимларини янги фалсафий оқимлар деб қараш мумкин. Мирзо Бедил ижодига бу қарашларнинг таъсири бор. Яъни унда барча илмларни инсон шахси билан боғлаш, инсон ва унинг руҳини тадқиқ этишга уриниши бўлган. Бироқ, барибир XV асрдан кейинги даврда илгари тўпланган тажрибани ўзлаштириш, шарҳу тафсир қилиш ва тарғиб этиш билан шуғулланилди. Шунинг учун энг тоза ва журъатли фикр-ларни биз IX–XIII асрларда яшаган сўфийларда учратамиз. Та-саввуфнинг классик даври ҳам шу даврдир.

Тасаввуф ғояларининг сарчашмалари устида баҳс бўлганидай, биринчи сўфийлар ким эди, деган саволга ҳам турли хил жавоблар мавжуд. Ҳусайн Воиз Кошифий «Футувватномаи сул-тоний» асарида («Мерос» нашриёти, 1994) келтириладиким, биринчи сўфий Одам алайҳиссломнинг фарзандларидан бири Шиш деган киши эди. У оқ пўстин кийиб юргани учун шу номни олган. Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарида биринчи сўфий сифатида ҳазрати Пайғамбаримизнинг замондоши ва муҳиби Увайс Қараний тилга олинади. Лекин Абду-раҳмон Жомийнинг «Нафаҳотул унс» асарида биринчи марта эл орасида сўфий лақаби билан шуҳрат қозонган киши Абуҳошим Куфий эканлиги айтилган. Уни Абуҳошим Ас сўфий Ал Куфий ҳам дейдилар. Жомийнинг ёзишича, Абуҳошим Сўфёни Саврий деган бошқа бир атоқли дарвеш билан замондош бўлган экан. Сўфёни Саврий ҳижрий 191 (милодий 807) йилда оламдан ўт-ган. Абуҳошим эса Гуҳариннинг маълумотига қараганда, 788 йилда вафот этган («Шарҳи истилоҳоти тасаввуф», I жилд. Муқаддима, 55-бет). Сўфёни Саврий дейди: «Мен Абуҳошимни кўрганимга қадар сўфий нима эканини билмас эдим ва унгача ҳам зуҳд ва муомала ва вараъда, таваккул тариқи ва муҳаббат та-риқида собит бузургворлар бор эдилар, лекин аввал кишиким уни сўфий деб атадилар ул эди ва унгача бирор кишини бу ном билан атамаган эдилар» («Нафаҳотул унс», Тошканд, 1913, 27-бет).

«Абуҳошим насроний роҳиблар каби узун жун кийим кийиб юрар ва ҳамиша тақво билан кун ўтказарди» (Гуҳарин, кўрса-тилган асар, 53-бет). Сайид Содиқ Гуҳарин бундан ташқари Жо-бир бин Ҳаён (822 йилда фавот этган) ва Абдак Сўфий (821 йилда вафот этган)ларни ҳам дастлабки сўфийлар сифатида тилга олади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, тасаввуф аҳли Чор ёри узом ва Расулуллоҳнинг яқин саҳобаларидан Салмон Форсий ҳамда Имом Жаъфар Содиқни сўфийлик ва валийлик хислати кўринган улуғ инсонлар сифатида эҳтиром билан тилга оладилар. Мазкур зотлар инчунин жувонмардларнинг пирлари сифатида ҳам зикр этилади. Бежиз эмаски, кўп сўфийлар ўз шажара-ларини шу уч зоти шарафга ёхуд уларнинг бирови воситасида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб боғлайдилар. Чунончи, «Назмус силсила» асари муаллифи Вас-лий Самарқандий (XIX аср охири ХХ аср бошларида яшаб ижод этган) ургутлик Эшони Валихон силсиласини ёзар экан, ул ки-шининг сўфийлик нисбатини қуйидагича белгилаб чиқади: ҳазрaти Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳуга, ул кишидан Салмон Форсийга, ул жанобдан Имом Жаъфари Қосим разийаллоҳу анҳуга, ул жанобдан Имом Жаъфар Содиқга, ул жанобдан Султон Абуязид Бис-томийга, ул жанобдан Абулҳасан Харақонийга, ул жанобдан Хожа Али Формадийга, ул жанобдан Хожа Юсуф Ҳамадонийга, ул жанобдан Хожа Ориф Ревгарийга, ул жанобдан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга, ул жанобдан Хожа Али Рометанийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийга, ул жанобдан Сайид Амир Кулолга, ул Жанобдан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Алоуд-дин Атторга, ул жанобдан Яъқуби Чархийга, ул жанобдан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валига, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Зоҳидга, ул жанобдан Хожа Дарвешга, ул жанобдан Хожа Ам-кангийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Боқийбиллоҳга, ул жанобдан Хожа Аҳмад Форуқ – Имом Раббонийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Саидга, ул жанобдан Хожа Абдулаҳадга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Обидга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Мусохонга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Сиддиқга, ул жанобдан Мавлоно Ҳусайнга, ул жанобдан Мавлоно Мир-муҳаммад Иброҳимга, ул жанобдан ҳазрати Эшон Хожа Вали-хонга сўфийлик нисбати ўтиб келган. Демак, нақшбандия силсиласи Салмон Форсий ва Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳумалар орақли Пайғамбаримизга олиб бориб уланган.

Шу зайлда, тасаввуф тарихи ислом тарихи билан бирга ривожланиб, ислом маданияти ва маърифатига ўлкан ҳисса бўлиб қушилди. Агар дастлабки пайтларда Куфа, Басра ва Бағдод шаҳарларида саноқли даражада зоҳид суфийлар яшаган бўлса, бора-бора мусулмон оламида шайху машойихлар, сўфий дарвешлар, қаландарларнинг сони кўпайди, юқорида айтганимиз-дай бу ўзига хос бир ҳаракатга айланди. Биригина Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳотул унс минал ҳазаротул қудс» номли ки-тобида 664 та шайху сўфийнинг номи зикр этилади. Бу XV асргача яшаб ўтган атоқли сўфийлар тазкираси, ваҳоланки улардан кўпларининг номи Жомий китобида зикр этилмаган, Навоий уларнинг бир қисмини «Насойимул муҳаббат» асарига киритган. Шулардан юздан ортиқроғи Туронзаминда етишиб чиққан бузургворлар ҳисобланади. XV асрдан кейин ҳам яна қанча азизу авлиё яшаб ўтганлар.

Тасаввуф тарихи ҳақида қисқача нигоришимиз (обзор) ниҳоясига етар экан, яна бир нуқтани таъкидламоқчимиз: Тасаввуфда турли йўналишлар, яъни зоҳидона тасаввуф, орифона тасаввуф, ошиқона ва риндона тасаввуф оқимлари бўлгани каби сўфийлар ҳам турли қарашларга эга бўлган ҳар хил табиатли кишилар эдилар. Улар орасида зоҳидлар, мўътадил орифлар, исёнкор ошиқлар, мажзуб девоналар, дарбадар қаландарлар, донишманд файласуфларни кўрамиз.

«Мавлоно Жалолиддин, унинг ҳаёти, фалсафаси, асарлари» номли китоб муаллифи, туркиялик олим Абдулбоқий Гўпёнарли сўфийларнинг саккиз тоифасини ажратиб кўрсатади. Чунончи:
1. Ҳаёт ва дунё лаззатларига қаттиқ боғланган сўфийлар. Улар гуноҳу савоб, исён ва ахборни арзимас, ортиқча деб биладилар. Шаръий амрлар жамият интизоми учундир, бизга у тааллуқли эмас, биз завқу ҳол кишиларимиз, тақводан халосмиз деб ўйлайдилар.

2. Коинотни Парвардигор зоти олами тажаллисининг сурати деб биладиган сўфийлар. Улар дунёни нақш ва ранглардан деб билиб, бутун оламни эса Парвардигорнинг зотидан иборат деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, Мутлақ Илоҳ дунё суратида тажаллий этибдур ва моҳият Унинг ўзидир. Ошиқ ва Маъшуқ ҳам Удир, демак, ҳақиқий қибла ҳам Унинг  Ўзидир.
3. Ҳамма нарсани Мутлоқ Илоҳ тажаллиси деб билиб, Исога ўхшаб фикр юритадиган ва ўнг юзингга шапатиласалар, чап юзингни ҳам тут, деган ақидани олға сурадиганлар. Улар зулмга эътироз билдирмайдилар, аммо мазлумларга иложи борича илти-фот кўрсатадилар. Улар учун дунё ва унинг ишлари маънисиз, арзимас, инсон бурчини Илоҳни танишдан иборат деб биладилар.
4. Фалсафани, ақлни рад этувчи сўфийлар. Улар хаёл оламига ғарқ бўлиб, лоҳут оламидан сўз айтадилар, ўтмишдан ва келажакдан каромат қиладилар. «Ер юзидан хабарлари йўқ, аммо осмонни қадамлаб кезиб чиққандай гапирадилар. Оёқлари остидаги қудуқни билмайдилар, лекин сайёралар сайрию самовий ажойиботлардан сўзлайдилар» (Гўпёнарли, ўша китоб, 292-бет).
5. Ўз тасарруфларида фалсафа ва ҳикматни рад этмоқчи бўлган, лекин аслида сўфиёна ақидаларни фалсафий мушоҳадалар билан синовдан ўтказган, омухта этган сўфийлар. Булар орада қолганликлари учун шариат аҳли томонидан ҳам, тариқат аҳли томонидан ҳам маломатга учраганлар.

6. Тасаввуфнинг нозик ҳақиқатлари, фалсафа ва ҳикмат билан можароларини сезган ҳолда, аммо шариатдан кўнгил узолмайдиган сўфийлар. Улар тариқат одобини шариат аҳкомига сингдириб юборишга интиладилар ва тавҳид илмида мутаассиблар билан бир хил эътиқодда бўлишга уринадилар.

7. Шундай сўфийлар ҳам бўлганки, ўзларини замон Пайғамбари, кўкдан тушган Маҳди деб эълон қилганлар. Замона охир бўлгани, охират ва дунё бирлашгани ҳақида хабар беради-лар, ўзларини Оллоҳ зотининг ердаги кўриниши, Буюк адолат даврининг асосчиси деб таништирадилар. Бундай уринишлар тарихида қонли фожеалар билан тугаган.

8. Аросатда, зиддиятлар ичида қолган сўфийнамо кишилар ҳам бўлган. Улар на тоза мусулмон, на бутунлай ғайри иймондирлар. Дардлари ичларида, ёниб, қийналиб юрадилар. Бирор динга ёки мазҳабга боғланмайдилар. Аммо уларнинг ботиний олами ниҳоятда бой. Улар зоҳирларини беркитиб сир сақлаб юрадилар. Уларнинг аъмоли ва сўзларига диққат қилсангиз, зиддиятни кўрасиз. Барча ҳолларда Оллоҳга бандаликни бажо келтирадилар ва айни ҳолда сурату сийратлар, расму русумлар-ни писанд қилмайдилар, ахлоқу илмлари билан барчадан устунликларини намоён этадилар, заковат ва қобилиятлари ҳайратланарлидир…

ТАРИҚАТ

i_018.jpgIX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий, руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш табдир-усуллари шаклланди. ТАРИҚАТ, МАЪРИФАТ, ҲАҚИҚАТ деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуи тузилди — тасаввуф алоҳида илм сифатида қарор топди. Сўфийлар дастлабки пайтлар тасаввуфни нуқул сиру асрор, тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар («иборага келмайдиган ишоратлар») деб ҳисоблаган бўлсалар, бора-бора бу ҳолатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилина бошланди, сўфийни тар-биялаш вазифаси, пир-муридлик қоидалари, одобини яратиш зарурати туғилди. Натижада, тариқат ва шариат орасидаги муносабатлар, олам, одам ва Худо орасидаги алоқа-муомала моҳияти, тавҳид — ваҳдат масалалари мунозаларга сабаб бўлди. Дин арбоблари билан сўфий шайхлари, айниқса фалсафийлашган тасаввуф тарафдорлари жиддий мафкуравий тортишувларгача бордилар. Тасаввуф бутун Ислом оламини забт этиб, барча қадимий шаҳарларда хонақоҳлар қурилди, йўлларда работлар, азиз-авлиёларнинг мазоротида шайхлар маскан тутиб, кўплаб шоигрдларни тарбияга олдилар.

Тасаввуфнинг илк даврида мақомот ва тариқат асосларини ишлаб чиқиш, сўфийлик йўриқларини белгилаш ва илоҳий ҳақиқатларни эл орасига ёйишда Абуали ал Ҳорис Муҳосибий (781–857), Зуннун Мисрий (796–861), Абуязид Бистомий (вафоти 875), Жунайд Бағдодий (вафоти 910), Ҳаким Термизий (вафоти IX аср охири) ва Мансур Ҳаллож (858–922)ларнинг хизмати катта бўлган. Кейинчалик Абусаид Абулхайр (967–1049), Аб-дуллоҳ Ансорий (1006–1089), Аҳмад Яссавий (вафоти 1166) Яҳё Суҳраввардий (1155–1191), Ибн Арабий (1165–1240), Нажмиддин Кубро (1145–1221), Баҳуоддин Нақшбанд (1318–1389) каби шайхул машойихлар тасаввуф илмини янги фикрлар, қарашлар билан бойитдилар, янги оқим, силсилаларини вужудга келтирдилар. Тасаввуф ҳақида бир қанча рисола ва китоблар ёзилди, тасаввуф ғояларини қизғин тарғиб этувчи улкан шеърият ву-жудга келди. Тасаввуфга оид назарий китоб ва қўлланмалардан Абунаср Саррож (вафоти 988 йил)нинг «Китобал лумаъ», Ал Калабодий (вафоти 990 йил)нинг «Китобат таъарруф», Абу То-либ Маккий (вафоти 998 йил)нинг «Қутал қулуб», Абдураҳмон Суламий (вафоти 1021 йил)нинг «Рисолатал маломатия», Қушарий (вафоти 1072 йил)нинг «Рисола фит тасаввуф», Ал Ҳужвирий (вафоти 1076)нинг «Кашфал маҳжуб», Абдуллоҳ Ан-сорийнинг «Манозил ас соирин», Фаридиддин Аттор (1119–1222)нинг «Тазкиратул авлиё» номли асарларини кўрсатиш мумкин. Булардан ташқари, Румий, Ҳофиз Шерозий, Маҳмуд Шабистарий асарларига ёзилган шарҳлар ҳам сўфиёна ишора ва тамсилларни англашда муҳим рол ўйнаган.

Тасаввуфга оид илмий китоблар ва дастурларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. «Тариқат» сўзининг маъноси йўл демак. Яъни илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар. Дарҳақиқат ҳам шундай, чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик (яъни тариқатга қадам қўйган йўловчи) бажариши керак бўлган барча йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тариқат ичига киради. Тариқат ва унинг мақомотлари, маълумотларга қараганда, биринчи марта Зуннун Мисрий томонидан баён этилган экан. Абдуллоҳ Ансорий ёза-диким, Зуннун Мисрийни фақат «каромат билан ситойиш» қилиш кифоя эмас, чунки унинг «илгида мақом ва ҳол сухра эрди» (Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асаридан олинди). Яъни мақом ва ҳол илми Зуннун қўлида ўйинчоқдай гап эди, дейди Ансорий. Навоий ёзади: «Ул кишиким ишоратни иборатқа келтурди ва бу тариқдин сўз айтди ул эрди».

Демак, Зуннун биринчилардан бўлиб, сўфиёна ҳолатлар, кароматларни сўз билан ифодалаган. Зуннуннинг ўзи ҳикоя қилиб дейдики, уч сафар қилдим ва уч илм келтирдим: аввалги сафарда бир илм келтирдим, хос ҳам, авом ҳам қабул қилдилар, иккинчи сафарда яна бир илм келтирдим, хос қабул қилди, аммо авом қабул қилмади, учинчи сафарда яна бир илм ҳосил қилдим, на хос қабул қилди ва на авом (Тасаввуф аҳли хос деганда илми ҳолдан хабардор сўфийларни, авом деганда эса, тасаввуфга ошно бўлмаган кишиларни назарда тутганлар). Зуннун айтган биринчи илм шариат илмидир, чунки шариат хосга ҳам авомга ҳам бирдай тегишли. Иккинчи илм – тариқат ёхуд муомалат ва муҳаббат илми, учинчиси эса – ҳақиқат, яъни Илоҳ ҳақидаги илмдир.

Агар Зуннун тасаввуфдан биринчи бўлиб «сўз айтган» бўлса, Жунайд Бағдодий «бу илмга тартиб бериб, баст қилиб (жамлаб), кутуб битиди» («Насойимул муҳаббат»). Сўнгра Жунайднинг кичик замондоши Шайх Абубакр Шиблий бу илмни минбар устига олиб чиқиб, элга ошкор қилди. Биринчи бўлиб муридларга раҳнамолик қилган ҳам юқорида номлари тилга олинган шайхлар бўлган.

Мурид-мурод, яъни мақсадга интилувчи одам; мурод эса –Аллоҳ таолонинг васли. Муриднинг асосий хислати ниёзмандлик, яъни талабгор бўлиш, муршиди комилнинг этагини тутиб, айтганларига сўзсиз риоя қилишдир. Пирсиз солик манзилга етолмайди. Чунки одам ўзини назорат қилиши қийин, токи биров раҳнамолик қилиб, йўл кўрсатмаса, мушкули осон бўлмайди (буни Алишер Навоий «Лисонут тайр» достонида Ҳудҳуд ва талабгор қушлар мисолида яхши кўрсатиб берган). Ҳатто энг яхши ниятлар ҳам агар раҳнамо бўлмаса, самара бермай, қалбдаги завқу шавқ нотўғри йўлда сарф бўлиши, муҳаббат исёнга айланиши ҳеч гап эмас.

Шуни эътиборга олиб, тариқатда пирга қўл бериб, ирода-ихтиёрни унга топширганлар. Шу маънода тариқатни иродат ҳам дейдилар. Яъни иродани шайх иродасига мувофиқлаштириш, шайх иродасини ўз иродаси деб билиш.

Иккинчи тарафдан, бу муриднинг иродаси, мардлиги ҳимматини синашни ҳам билдиради (мурид, мурод, ирода сўзлари ўзакдош), зеро дунёдан кечиб, Илоҳ йўлига ўзини бағишлаш улуғ мардликлир. Муридга раҳбарлик қилувчи пирнинг ўзи ажзу изтироб йўли – тариқат мақомларини эсон-омон босиб ўтган, қалби Илоҳ маърифатига лимолим ориф инсон бўлиши керак. Пир ҳамма жиҳатдан муридга ўрнак бўлмоғи даркор: ҳам билимнинг чуқурлиги, ҳам тариқат усулларини яхши билиши, ҳам кўнгилнинг поклиги, нафсини маҳв этганлиги ва ҳоказолар билан ажралиб туриши, салобати, сўзи ва ҳаракати билан, суҳбати ва назари билан, тадбири ва ҳимояси билан муридга таъсир ўтказмоғи лозим.

«Агар шайхлик рукнлари нечта, деб сўрасалар, еттита деб айтгил, деб уқтиради Кошифий «Футувватномаи султоний» асарида. – Биринчидан, шайх комил маърифат эгаси бўлсин. Иккинчидан, ўткир фаросатли, одамшунос киши бўлиб, бир нигоҳ ташлаш билан муриднинг қобилиятини илғай олсин. Учинчидан, етук руҳий-маънавий қуввати бўлсин, токи агар мурид тариқат йўлидан адашса, унга маънавий мадад бериб, мушкулини осон қилолсин, тўғри йўлга солсин, яъни нарсага муҳтожлиги бўлмасин. Бешинчидан, ихлоси мустаҳкам бўлиб, риё ва тамаъни тарк этсин, мол ва мансаб деб бировга сарғаймасин, эгилмасин. Олтинчидан, ростлик ва беғараз дўстликни шиор қилсин – ҳақ сўзини ҳар ерда, ҳар қандай шароитда айта олсин, гапирганда иккинюзламачилик қилмасин. Еттинчидан, қалбида шафқат нури порлаб турсин, мурид манфаатини ва умум манфаатини ўз манфаатидан устун қўйсин» (24-бет).

Пир муриднинг шодлигини ҳам, ғамини ҳам баҳам кўрган, уни насиҳат, танбеҳ ва илҳомбахш сўзлар, ҳаркатлар билан руҳлантириб, қуйидан юқорига қараб тарбиялаб борган. Кошифий давом эттириб ёзади: «Агар ҳақиқат пирлари ким деб сўрасалар, бунинг аломатлари қуйидагилар деб жавоб бергил: тунларни бедор ўтказиш, ёмонлар билан ўтирмаслик, илм ўрганиш, ғийбат ва ёғондан сақланиш, одамлар хурсандчилиги-ни исташ ва шу хислатларни ўз муридларига етказиш».

Бизнинг тарихимизда бундай мунаввар қалбли нажиб инсонлар кам бўлмаган. Улар ўз муридларини фарзандларидай яхши кўрганлар.

Пир ҳеч қачон мурид молига кўз олайтирмаслиги, бирон-бир йўсинда тамаъга ишора қилмаслиги, аксинча, мурид қошида бирор мушкул иш туғилганда дарров ёрдам бериши, мушкулни ҳал қилиши керак. Муриднинг мушкули фақат моддий қийинчилик эмас, соликлар буни ҳеч қачон эътиборга олмаганлар. Мушкул деганда тасаввуф аҳли маънавий муаммолар, юз берадиган ҳолатлар, туғилажак саволларни англайдилар. Пир ана шуларга жавоб топиб, муридларни қаноатлантириши шарт. Агар қаноатлантиришга кўзи етмаса, муридни бошқа ўзидан кучли-роқ шайхга тавсия этади.

Шуни ҳам айтиш керакки, соликларнинг истеъдоди хилма-хил бўлгандай, пирларнинг мураббийлик қобилияти ҳам турлича бўлган. Баъзи шайхлар муридга тариқат одобини ўргатганлар, яъни уни хоксорлик, таслим ва итоатга келтириш, манманлик, ҳирсу ҳаво каби туйғулардан халос этиш билан шуғулланганлар. Баъзи шайхлар муридга руҳий каромати, мўъжизалари билан таъсир этганлар. Яна бир қисми шайхлар шоигрдларига тасаввуф асосларини ўргатиш, назарий билимлар билан қуролланти-ришга эътибор қилганлар.

Масалан, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг бир нечта пирлари бўлган. Навоийнинг ёзишича, Хожа Баҳоуддинга «қабул назари» Бобойи Самосийдандир. Яъни Бобойи Самосий ёш Муҳаммад Баҳоуддиннинг келажакда истеъдодли шайх бўлишини каромат қилган. Ривоят қилишларича, Баҳоуддин ҳали туғил-масдан, Бобойи Самосий унинг оиласи яшайдиган Қасри Ҳинду-вон қўрғони олдидан ўтаётиб, «бу ерда бир эр туғилур», дея ба-шорат этган экан ва Баҳоуддин туғилган куни яна шу қаср олди-дан ўтиб, «ул эр туғилди» деб айтибдилар ва ичкарига кириб чақолоқни бағриларига босиб, нафас қилган эканлар. Навоий дейдиким, ҳазрати Баҳоуддинга суҳбат нисбати ва тариқат одоби таълими ва зикр талқини Бобойи Самосийдандир. Бобойи Самосий ёш Баҳоуддинни Амир Сайид Кулолга топширади. Амир Сайид Кулол тариқат одоби таълимини давом эттирган. Бироқ, ҳазрати Нақшбанд анча илгари вафот этган Хожа Абду-холиқ Ғиждувонийни ва Қусам шайхни ҳам ўз пирлари қаторига қўшади. Нега? Чунки, Амир Сайид Кулол зоҳир юзасидан пир бўлсалар, «ҳақиқат юзидан» руҳий тарбиятни ҳазрати Баҳоуд-дин Абдухоллиқ Ғиждувонийдан олган. Бундай ғойибона руҳий-маънавий тарбия олишни тасаввуфда «увайсийлик» дейдилар. Сабаби Увайс Қараний ғойибона Ҳазрати Расулуллоҳ саллалло-ҳу алайҳи васаллам руҳларидан мадад олганлар, бу шунга ишора.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд шундай қилиб, тариқатнинг амалий йўриқларини Бобойи Самосий, амир Сайид Кулолдан ўрганган бўлса, ботиний-маънавий таълимни Абдухолиқ Ғиждувонийдан қабул қилган. Шундай ҳолни бошқа шайхлар ҳаётида ҳам кузатиш мумкин. Ҳозир айтганлардан пир ва муридлик муомаласида қуйидаги уч нарсага диққат қилинганини кўрамиз: биринчиси – суҳбат таълими, иккинчиси – хирқа кийгизиш, учинчиси – зикр талқини.

Шайх Саидиддин Фарғонийнинг айтишича, хирқа (дарвешларнинг махсус кийими) икки хил бўлади:
1) иродат хирқаси ва 2) табаррук хирқа. Иродат хирқаси, яъни сулук хирқаси битта пирдан олинади. Иродат хирқаси – муайян шахс сулукига тааллуқлиликни билдиради. Табаррук хирқани эса кўп шайхлардан олиш мумкин экан. Шу каби бўрк, кулоҳ, кўйлаклар ҳам табаррук туҳфа сифатида қабул қилинган. Талқини зикр ҳам битта шайхдан олинади, аммо суҳбат таълимини киши истаган шайхдан олиши мумкин. Хирқа кийдириш ва зикр талқинининг ўзига хос маросимлари, талаблари бўлган. Булар ҳақида батафсил тўхталишга бу ўринда имконимиз йўқ.

Фақат шуни таъкидлаш зарурки, мурид тарбиясидан асосий мақсад ахлоқни поклаш, нафсни ўлдириш, одамдаги ўзига бино қўйиш, такаббур, худписандликни йўқ қилиш эди. Мурид пир қўлида руҳий-маънавий зиналардан кўтарилиб боради. Илоҳ сари муҳаббати ошиб, дунё муҳаббати аҳамиятсиз бўлиб бораверган.

Шу боис тариқатда мақомот ва ҳол тушунчалари муҳим ўрин тутади. «Мақомот» – мақом (манзил, бекат) сўзининг кўплиги бўлиб, соликнинг руҳий-маънавий камолоти босқичларини англатади. Абунаср Саррож тариқатнинг қуйидаги мақомларини қайд этган:
1. Тавба.
2. Вараъ.
3. Зуҳд.
4. Фақр.
5. Сабр.
6. Хавф.
7. Ражо
8. Таваккул.
9. Ризо.

Тавба – қайтиш демак, яъни камолотга, олий ахлоқий сифатларга қайтиш. Тавбани бобул абвоб – эшикларнинг эшиги ҳам дейдилар, чунки тариқатга қадам қўйган одамнинг нияти ва моҳияти аввало шу тавбасида аёнлашади. Тавбанинг ҳақиқати шуки, солик Худога етишиш йўлига ғов бўладиган жамики нарсалардан қайтишга қасамёд этади, бутун интилиши, таважжуҳини Оллоҳга қаратади, аввалги ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечади. Тавба куфрдан, шариат манъ этган наҳйи ва ёмон ишлардан қайташ, замима ахлоқдан ҳамида ахлоққа қайтиш, Ҳақнинг ғайри бўлган нарсалардан қайтиш кабиларни ўз ичига олади. Тавбанинг моҳияти ўз нуқсонларини кўра билиш, ўзининг аҳволини англаш, қабиҳ ишлар, қабиҳ феъл ва қабиҳ фикрдан қайтиш, дунёнинг маънисизлиги, арзимаслигини англаб, зулму адолатсизликдан қайтишни ҳам билдиради. Қўрқув тавбаси, гуноҳга иқрор бўлиш – оддий одамларга хос. Сўфийлар тавбаси қалб истижоби, яъни – узилиш, ўзгариш тавбасидир.

Вараъ сўзининг маъноси парҳез, тақво бўлиб, булғанишлардан, маънавий зарар келтирадиган шубҳалардан сақланиш демакдир. Шиблийнинг кўрсатишича, вараънинг уч кўриниши бор: тил вараъи, яъни тилни бемаъни гаплар учун ишлатмаслик, ғийбат-туҳматга берилмаслик; кўз вараъи – шубҳали нарсалар-дан сақланиш, ғализ шаклларга боқмаслик; қалб вараъи, яъни паст ҳимматни тарк этиш ва нохуш қилиқларни қилмаслик. Кўнгил манъ этган жамики  нарсалардан парҳез қилиш, тамаъдан сақланиш, маҳрумликдан қўрқишдан ҳазар қилиш. Ҳуллас, тилга кўзга, қўлоққа ва оёққа банд солиш.

Зуҳд – вараънинг давоми ҳисобланади, бу ҳам парҳез қилиш демакдир. Аммо бунда таом ва ичимликдан сақланиш, ҳалол ва ҳаромни ажратишга алоҳида аҳамият берилади. Зуҳд сўфий учун дунё ва охират тарки, дунё молига эга бўламан деб интилмасликдир. Ҳадис: Кимки дунёдан парҳесз этса, унинг қалби тажаллиёт нури кирадиган жойга айланади. Жунайд Бағдодий сўзи: «Зуҳд – қўлни мулкдан холи тутиш, дилни эса Ҳақдан ўзга ҳар нарсадан пок сақлаш дамак». Имом Ғаззолий дейди: «Зуҳд дунёдан ихтиёрий равишда воз кечиш ва бунинг учун қайғурмасликдир».

Фақр – маъноси қашшоқлик, бенаволик. Сўфийлар наздида улуғвор илоҳий моҳият касб этиш бўлиб, Худога бандаликни сидқидилдан олий даражада бажо келтириш, бандаликдан шараф топиш, ниёзмандлик ва талабгорликда йўлдаги тупроқ мисол ному нишонасиз бўлиш, Илоҳ наздида ўзини зарра, балки заррадан ҳам кам деб ҳисоблаш. Ва шу мартабада комиллик рутбасини қозониш ҳам. Барча нарсалар, оламу Оллоҳга тегишли, инсоннинг вужуди ҳам ўзиники эмас. Чунки у ҳам Яратганнинг мулкидир. Фақрни ана шундай мазмунда англаган одам тасаввуф моҳиятига ҳам етиб боради.

Сабр – тоқат, чидам. Сўфийлар тилида қийинчиликлардан шикоят қилмаслик, айниқса, Худодан бошқага нола-илтижо қилмаслик. Сабр этувчи (собир) ўзини бало гирдобига солиб, балолардан қўрқмайдиган одамдир. Руҳий-маънавий мушкилликлар юз берганда, сабр қилган солик кушоиш топади, янги манзилларни кашф этади. Сабр – иймоннинг ярми дейдилар, чунки сўфийнинг душмани бўлган нафс сабр орқали жиловланади, тоатдан ҳаловат топиш ҳам сабр билан бўлади.

Хавф – қалбнинг ишончдан, иймон амнидан чиқиши, иккиланиш, таҳлика. Вақтинчалик шайтон найранги ҳам кўнгилга хавф-қўрув солади. Солик азобдан эмас, балки макрдан, нафс макридан қўрқади. Ваҳоланки, шайтон иймони мустаҳкам одамдан қўрқиши керак.

Ражо – умидворлик. Қалбнинг келажакда Маҳбуб васлига етишидан умидворлиги, хавфдан қутулиш умиди. Дилнинг соғинчи, интиқликлари ҳам шунга киради.

Таваккул – барча яхши-ёмон ҳодисалар, ишларни Худодан деб билиш, куллан Парвардигорга суяниш. Таваккул илоҳий файзга эътимодли кишининг иймонидир. Бу маърифат камолидан келадиган олиймақомдаги иймондир. Барча ҳолларда ва амалларда Оллоҳга суяниш, ўзини бир фаолият асбоби ҳисоблаш, барчани Худога топшириб, Худодан ўзга нарсалар ҳам худодан эканига чуқур ишониш. Инсон жуда кўп нарсаларни қила олади, аммо бу ҳаракатларнинг бари Улуғ Оллоҳ қудрати туфайли, Қудратининг намоён бўлиши эканини англаш шарт. Худонинг иродаси бизнинг иродамизга ҳоким. «Таваккул – иймон ҳақиқатидир» (Кошоний).

Ризо – қалбдан қабоҳат-кирларнинг кетиши, қазову қадар ҳукмига бўйсуниш, нафс розилигидан чиқиб, Ҳақ розилигига киришдир. Қазо амрига таслим бўлган қалбнинг сурури. Лоҳижий: Ризо – банданинг ўз ризосидан чиқиб, Маҳбуб ризо-сига кириши, илоҳий қисматга зарра эътироз қилмаслигидир. Соликда ушбу мақомда ҳеч нарсадан ғазаб, ҳаяжон, гина-қудрат ва хафаланиш бўлмайди… Бундай тўхтовсиз изланиш, руҳий изтироблар замирида кучли муҳаббат, мақсадга етишиш йўлидаги бемисл инсоний сидқу вафо, фидойилик ётарди. Шун-дай пайтда истеъдодли соликларнинг қалб кўзлари очилар, бешта ташқи ва бешта ички (хотира, ҳофиза, ақл, тахаййул, тасав-вур) ҳислардан бошқа, яна ҳайратга солувчи зеҳний ва важдий (интиутив) қобилиятлар пайдо бўларди.

СЎФИЙ ПСИХОЛОГИЯСИ ЁКИ ҲОЛ

i_018.jpgМақомот даражаларини бир-бир эгаллаб, муваффақиятга эришган солик ҳол мартабасига етади ва тасаввур-тахаййулда илоҳий жамолни мушоҳада қила бошлайди, қалбини завқу шавқ қамраб олади. У шундай бир ҳолатга кўтариладиким, бутун аъзолари гўё Оллоҳ дейдиган, ҳар нафаси Буюк Оллоҳнинг борлигидан хабар берадиган бўлади.

Аммо баъзиларининг фикрича, ҳол мартабаси мақомотдан келадиган руҳий хусусият бўлмасдан, балки мақомларни бир-бир эгаллай бориш жараёнида юз беради. Бошқача айтганда, мақом қатъий амалий назорат босқичи, ажзу изтиробнинг чуқурлашиб, кучайиб боришини англатса, ҳол – руҳий тараққиётнинг натижа – ҳосиласини билдиради; соликда ўзга ҳолатнинг, ўзга руҳий кайфиятнинг юзланишидан хабар бериб туради. Ҳол (кўплиги аҳвол) – ўзига хос қисқа муддатли кайфият, қалбнинг порлаши, чақмоқ чақилгандай ярқираган чароғон нурни туйиш лаззати. У бир лаҳзада пайдо бўлиб, яна ғойиб бўлиши мумкин. Ҳол – илоҳий раҳмат ва баракатнинг нузул бўлиши, қуйилиб келишидир. Сайид Жаъфар Сажжодийнинг «Фарҳанги мусталаҳоти урафо» номли луғғатида ҳол тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «Ҳақ тарафидан соликнинг пок дилига нузул бўладиган ва унинг руҳини такомилга олиб борадиган файзнинг даражасини ҳол дейдилар. Ҳол бир лаҳзалик, ўткинчи ва доимий бўлиши мумкин. Доимий ҳол – ҳолнинг юксак даражасидир» (Теҳрон, 1941, 79-бет). Ҳол ўзи билан бирга қувонч, тараб, сурур, завқ ёки аксинча, маҳзунлик, ториқиш, соғинч, кайфиятини юзага келтиради. Яъни қисқа муддатли руҳланиш, порлаш қувонч ва сурурга сабаб бўлса, порлаш ўтиб кетгандан кейин маҳзунлик пайдо бўлади. Ҳолда орқага қайтиш йўқ, ўзгариш фақат олдинга қараб содир бўлади. Ҳолга кирган соликнинг тили эмас, дили сўзлай бошлайди, у кечинмалари, ҳолатини ҳаракат – ишоралар, феъл-атвор орқали изҳор этади. Ҳол руҳият билан боғлиқ бўлгани учун у тасаввуфда махсус илм — илми ҳол орқали ўрганилган. Тасаввуф аҳли орасида «илми қол» ва «илми ҳол» деган тушунчалар бўлган. «Илми қол» тил билан ифодаласа бўладиган илм-лар, яъни зоҳирий илмлар, чунончи шариат илми ҳам шунга кирган. «Илми ҳол» эса инсондаги сўз билан тушунтириб бўлмайдиган ғаройиб руҳий кечинмалар, фавқулодда феъл-атвор, хислатларнинг намоён бўлишидир.
Худди мақомотнинг босқичлари бўлганидай, ҳолнинг ҳам тасниф-таърифга келтирилган босқичлари мавжуд.
Чунончи:

1. Қурб
2. Муҳаббат
3. Шавқ
4. Унс
5. Мужоҳида
6. Мушоҳида
7. Мукошифа

Қурб (яқинлик) – соликнинг ўзини Оллоҳ таолога яқинлашганини ҳис этиш ҳолати, Худонинг ҳузурини бевосита сезиш, Худо нигоҳининг тушишини ҳам англатади. Қурбни сўфийлар кўпинча Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож туни Оллоҳ ҳузурига етганлари билан қиёслайдилар.
Муҳаббат мақоми қалбда кучли туғённинг кўтарилиши, бетоқат ва безовта бўлиб, барча гўзалликлар манбаи, қудрату нусрат, неъмату роҳат эгаси Оллоҳ томон талпинишдир.
Шавқ – муҳаббатнинг зўрайиши.
Унс – (дўстлашув) эса кўникиш, Худо меҳрига, шафқатига одатланишни англатади.
Мужоҳида – нафсни маҳв этишга қатъий интилиш, танга машаққатни раво кўриб, маънавият учун жиҳод, яъни жангга кириш ва ғалаба қилиш демак. Мана шундай жидду жаҳд, шиддатли руҳий изтироблардан кейин солик Ҳақ жамолини мушоҳида эта бошлайди.
Мушоҳида (кўриш) эса ўз навбатида ғайб пардаларининг очилиб, илоҳий сирларнинг кашф этилишига йўл очади – мукошифа мартабаси ҳосил бўлади.
Албатта, бу мартаба – манзилларнинг кетма-кетлик тартибини шартли, деб билмоқ керак. Чунки бу ҳолатлар соликда навбатма-навбат юз бериши ҳам ёйинки бирданига бир неча хислат соҳибига айланиши ҳам мумкин. Тариқат мақомотлари билан ҳол мартабалари орасидаги алоқалар хусусида шу гапни айтиш мумкин. Воқеан, баъзи олимлар, жумладан, Е.Э.Бертельс хавф, ражо каби биз мақомот манзиллари сифатида кўрсатиб ўтган мақомларни ҳол мартабаси деб қайд этади. Умуман, бу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Яъни сўфийлик истеъдодини на-зарда тутиш керак. Чунки ҳар бир соҳада бўлганидай, сўфийликнинг ҳам ўзига хос истеъдоди бор. Буни тасаввуфда жазба деб юритганлар (баъзилар буни ишқ, жунун сўзлари билан ҳам ифодалаганлар).
Жазба – бу инсондаги алоҳида илоҳсеварлик майли, руҳий ва тафаккурий-шуурий бир таважжуҳдир. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанддан бу мартабага қандай қилиб эришдингиз, деб сўраганларида, ул зот мана бу арабча жумла билан жавоб берган эканлар: «Жазбатун мин жазаботил ҳаққи ювазил амалис сақлатайни», яъни: «Одамзот ва жин-парининг амали учун Ҳақнинг жазбалари – тортишларидан бир тортиш кифоя».
Демак, жазба – тортиш, Ҳақнинг бандаларига ва бандаларнинг Ҳаққа интилиши, иродани Илоҳга боғлайдиган дард. У кўнгилни бетоқат этиб, фақру фано йўлига етаклайверади. Жазба қанча кучли бўлса, солик шунча тез тариқат одобини ўзлаштириб, қалб кўзи очилади, ҳолга киради.
Мақомот хусусида гап кетганда, шуни ҳам таъкидламоқчимизки, айрим назариётчилар мақомлар билан ҳол мартабаларини қўшиб, тилга оладилар, яъни тариқатни «мақомот» ва «ҳол» деб икки қисмга бўлмасдан, иккаласини бирга олиб қараганлар. Чу-нончи, «Пири Ҳирот» лақабини олган атоқли шайх Абдуллоҳ Ансорий «Манозил ус-соирин» («Сайр этувчиларнинг манзил-лари») номли китобида ёзадики, «Ҳақ йўлига кирган соликлар турфа ҳолатларда бўладилар ва ҳар бир ҳолатнинг ўз сайри, бу сайрнинг бошланиш (ибтидо) жараёни ва (интиҳоси) бўлади». Муаллиф бу ҳолатларни «абвоб», яъни «эшиклар» деб атайди, чунки ҳар бир ҳолатнинг кирадиган эшиги бўлиши муқаррар, эшикдан кирган одам эса ўз ҳолига мувофиқ муомала-муносабат, феълу атвор кўрсатади. Шундай қилиб, тариқат манзиллари Абдуллоҳ Ансорий наздида ўнта ҳолатдан иборат бўлиб, улар қуйидагича номланади:

1. Ибтидо (бошланиш)
2. Боб (эшик)
3. Муомала
4. Ҳамида (мақталган) ахлоқ
5. Усул
6. Авдия (водийлар).
7. Аҳвол.
8. Валоят (валилик).
9. Ҳақойиқ (ҳақиқатлар).
10. Интиҳо (якун) ёки васл.

Маълум бўладики, Ансорийнинг «манозил»ларида руҳ диалектикаси чуқурроқ такс этган; мақомларга нисбатан бунда тадрижий тараққиёт, жараён, турли жиҳатларнинг ўзаро воситалиги кучлироқ. Воқеан, мақом – бекат, яъни йўлдаги тўхталиш бўлса, манзил сайру томоша қиладиган жой ҳам, руҳнинг ҳордиғи, ўзини англаши ва яна олға интилишига имкон бор. Шайхи кабир Ибн Арабийнинг «Футуҳоти Маккия» асарида ҳам мақом ва манзил, шу каби «тариқат работлари» бирга олиб қаралади. Ибн Арабий кўрсатишича, тариқатда 19 та мақом, 360 та манзил ва работ (карвонсарой) бор. Манзиллар жумласига иймон, ишонч, сабр, тоат, шукр киради. Унингча, илми ҳолнинг ҳам даражалари бор, чунончи:

1. Оллоҳ йўлидан бормоқ.
2. Оллоҳ назарида бўлмоқ.
3. Оллоҳга воситачи бўлмоқ.
4. Оллоҳ хизматида бўлмоқ.
5. Оллоҳга ёр бўлмоқ.
6. Оллоҳ учун яшамоқ.
7. Оллоҳга жон фидо қилмоқ.

Соликнинг руҳий-маънавий камолотини «сайр» ёки «сафар» сўзлари билан тушунтирганлар. Сайр ва сафар тўғри маънода ҳам қўлланилган. Чунки сафар қилиш ажзу риёзат турларидан бири ҳисобланган. Кўп сўфийлар мусулмон мамлакатларини пиёда кезиб чиққанлар, атоқли шайхларнинг суҳбатига етишганлар. Айниқса, пиёда ҳаж сафарига бориш сўфий учун катта шараф деб қаралган. Лекин тариқат сафари деганда аксари руҳий сафар тушунилади. Сафар – кўнгилнинг Ҳақ сари таваж-жуҳи, бу тўрт хил бўлади:

1. Сайр иллаллоҳ (Оллоҳ томонга сайр). Бу нафс манзилларидан равшан уфқларга етгунча бўлиб, қалб мақомидир ва илоҳий исмлар тажаллиётининг чиқадиган жойидир.
2. Сайр филлоҳ (Оллоҳ оламида сайр). Унинг сифатлари билан сифатланиш ва исмларига етишиш орқали олий даражаларни топиш, руҳ мақоми ва Воҳидият ҳузурининг ниҳоятини таниш.
3. Жамъ маркази ва Аҳадият ҳузурига тараққий этиб бориш. Бу «қоба қавсайн» мақомидир. Иккилик бартараф бўлгач эса, «ав адно» мақомига эришилади.
«Қоба қавсайн» (икки қош ораси) ва «авадно» (пастга ҳам қарамади) Пайғамбар меърожига ишора этувчи сўзлардир. Пайғамбар юзни фақат Аллоҳ сари буриб, унга яқинлашганлар. «Қоба қавсайн» мақоми Илоҳга яқинлашиш (қурб) мақомидир.
4. Сайр биллоҳ аналлоҳ (Оллоҳдан яна ўзига қайтиш).
Жамъдан кейинги фарқ ёки фанодан сўнг келадиган бақо мақоми шудир. Сайр ва сафар тушунчаларини соддароқ қилиб изоҳлайдиган бўлсак, қуйидаги маъно ҳосил бўлади: биринчи сафар – касрат (дунё) пардаларининг ваҳдат (Илоҳ) юзидан кўтарилиши; иккинчи сафар – ваҳдат пардасини касрат вужудидан кетказиш ва ботин орасидаги қайдларни бартараф этиш, ай-нан дунёнинг ўзида Уни кўриш; учинчи сафар – зоҳир (жузъ)дан жамъ сари тараққий этиш ва тўртинчи сафар – ҳақдан яна халққа қайтишдир. Ҳақдан халққа қайтиш деганда сўфийлар ораисда: «расти-расиди» («узилдинг-етдинг») деган ибора бор. Бунинг маъноси халқдан узилсанг – Ҳаққа етасан, демакдир. Аммо бу ибтидодаги ният, бунга эришгандан кейин эса, энди сўфий халққа Ҳақ номидан гапира олиши мумкин бўлади, шу боис халққа қайтиш яна дунё машғулотига қайтиш эмас, балки дунёга Оллоҳ нурини таратишдир.

МАЪРИФАТ ВА ҲАҚИҚАТ

i_018.jpgҲақ йўлига кирган дарвешнинг ана шундай руҳий изтироблар сафаридан сўнг қўлга киритган маънавий маърифатини Сари Сақатий «тавҳид» (бирлашиш – Аллоҳ бирлигини идрок этиш), Маъруф Кархий ва Абусаид Харроз «фано» (йўқолиш) деб атадилар. Зероким, солик ўзи билан Илоҳ орасидаги масофани қисқартира бориб, вужуд тўсиқлари (моадо, мосиво, парда)ни енгиб ўтиб, шахсий «Мен»дан қутулади ва тўлалигича Мутлақиятга қўшилиб, у билан қоришиб, эриб кетади. Сўфийлар буни қатранинг денгизга қўшилиши ёхуд қизитилган темирнинг олов билан бир хил тус олиши билан қиёслаб тушунтирганлар. Дарҳақиқат, қатра – денгиздан нишона, денгизнинг моҳияти қатрада ифодаланган. Шу сингари инсон руҳида ҳам Илоҳ сифатлари мужассам. Бироқ моддийлик уни Илоҳдан ажратиб туради. Аслидан ажралган, вақтинча ғарибликда, мусофирлик (сафар)да бўлган инсон руҳи ҳижрон доғида қийналиб азоб чекади. Аммо руҳ моддийликдан покланса, мусаффо шабнамдай бўлиб, Денгизга – ўз аслига бориб қўшилиши мумкин. Бу васл фақат илоҳий маърифат орқали, яъни ўз-ўзини англаш, таниш ва шу асосда ўз Раббини таниш орақли қўлга киритилади.
Шундай қилиб, илоҳшунолсик илми теософия бўлган ирфон ёки маърифат («маърифат» сўзи арабча «арафа» – билмоқ сўзидан ясалган) тариқатнинг ҳосиласи ва бевосита давомидир. Хўш, маърифатнинг нишонаси нима, қандай киши маърифатга ноил бўла олади? Бу саволларга юқорида қисман жавоб берил-гандай бўлди. Аммо шунга қарамай, буни кенгроқ шарҳлашга мажбурмиз, чунки тасаввуфда маърифат тушунчаси махсус ўрин эгаллайди ва унинг ўз таърифи, ҳақиқатлари бор. Сўфийлар на-зарида маърифат фикрдан олдин кетадиган ва шубҳага заррача асос қолдирмайдиган илмдир. Маърифат илми ботиний илм деб ҳам юритилган. Чунки тасаввуф аҳли дунёвий ва диний илмлар-ни бирга қўшиб, «зоҳирий илмлар» деб атаганлар. Уларнинг уқтиришича, зоҳирий илмлар билан Худони билиш қийин. Би-роқ, бошқа бир нуқтаи назар ҳам бор: гарчи зоҳирий билимлар Ҳақ таоло асрорини англашга яроқсиз бўлса-да, лекин дунёни билиш Оллоҳни билишнинг биринчи босқичи, яъни Оллоҳни билиш дунёни билишдан бошланиши керак, чунки дунё – касрат кўплик олами, Оллоҳнинг ижоди. Унинг сифатлари, қудратини намоён этиб турадиган кўзгу. Тасаввуф назариётчиларидан бири Абдураззоқ Кошоний Ибн Арабий қарашларига суяниб, маъри-фатга бундай таъриф берган: «Маърифат мухтасар илмларни тафсилотлар суратида танимоқдир, илоҳий маърифат илоҳий зот ва сифатларни аҳвол ва ҳодисалар тафсили ва нузул амрлар су-ратида таниш демак». Бунинг маъноси шуки, Мухтасар мавжуд-лик ва мутлақ фоил (иш эгаси) Оллоҳнинг ўзи бўлиб, Унинг ил-ми касрат оламида тафсиллик топади, муайянлашади. Бундан яна қуйидаги фикр келиб чиқади: моддий дунёдаги жамики илм, инсонларнинг тўплаган ҳикмат-донишлари, ҳали очилмаган барча сиру асрорлар Оллоҳга тегишли, Оллоҳ – ҳикматларнинг жамулжами, бизнинг билимлар эса – Унинг тафсири, шарҳи. Демак, биз Раббимизни билиш учун тафсирдан Буюк аслга қараб боришимиз керак.
Илоҳий маърифатни эгаллаш мартабалари эса қуйидагича:

1. Солик ҳар бир нарсани кўрганда, уни Мутлақ фоилнинг асари деб билсин, яъни дунё ва бошқа оламлар ўз-ўзидан мав-жуд эмас, балки улар абадий ва азалий, қодиру холиқ, аҳаду са-мад Парвардигорнинг сунъидан яралган ва Парвардигор туфай-ли мавжуд эканига биру бор ишонсин, иймон келтирсин.
2. Мутлақ фоилдан бўлган ҳар бир асарни кўрганда тасаввуф ва тахаййул билан Мутлақ фоил сифатларидан қайси сифати зуҳури эканлигини англаб етсин. Чунки Парвардигорнинг беҳисоб сифатлари бўлиб, олам ўзгаришлари, воқеа-ҳодисалар, нарсалар хусусияти Унинг муайян сифатининг натижасидир.
3. Ҳақ муроди-мақсадини ҳар бир сифат тажаллисида (пор-лашида) англаб етсин (танисин).
4. Солик илоҳий Илм суратини ўзининг маърифати суратида танисин ва ўзини илму маърифат, балки вужуддан ҳам соқит этсин. Кейинги, тўртинчи мартаба тавҳид ва фанога ишорадир-ким, бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Демак, бундан маълум бўладики, гарчи Оллоҳни кўриш мумкин бўлмаса-да, (ҳатто ҳазрати Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам Меърож кечаси Парвардигор ҳузурига етишганда, Уни бевосита кўрганлари йўқ, балки парда орқасидан суҳбатлашиб, жамолидан баҳраманд бўлганлар), илоҳиёт олами «ғайб олами» дейилса-да, шунга қарамай, Уни таниш сифатлари орқали Зотини англаш, идрок этиш мумкин. Ҳужжатул ислом Муҳаммад Ғаззолий дейдики, руҳни кўриб бўлмайди, лекин руҳ бор, у – «ҳастии нестнамой», яъни йўқдай бўлиб туюладиган борлиқдир. Масалан, тўзон қўзғолганда, ту-проқ ўз-ўзидан ҳавога кўтарилди деб айтолмаймиз. Тупроқни шамол кўтариб, тўзонга айлантиради, лекин шамол ва ҳаво кўзга кўринмайди. Шу каби руҳ ҳам кўзга кўринмайди, аммо жисм ҳаракатлари руҳдандир, биз буни жисмнинг хусусияти, ҳаракати орқали билиб оламиз.
Тасаввуф аҳли билишнинг фалсафий йўллари – тасаввур, ҳис, мантиқий тафаккур ва ҳоказоларни ҳам эслаб ўтадилар. Би-роқ уларнинг фикрича, ақлий-ҳиссий билиш зоҳирий – дунёвий билимга кифоя қилади, холос. Илоҳиётни англаш учун эса ақл ожиздир. Илоҳиёт илми ақлга сиғмайдиган, ақл ўлчовларидан баланд турадиган илмдир. Ибн Арабий айтадики, Худо ҳақида ҳам ақл тили билан гапириш мумкин, лекин ақл кучи билан Уни билиш мумкин эмас. Ақл исботни талаб қилади, далил – тажри-ба билан иш кўради. Ваҳоланки, Худонинг борлиги, зоту сифат-ларини далил орқали исботлаш мушкул. «Маърифат Ҳақ томо-нидан юборилади. Бу менинг фикрим эмас, балки илоҳий илҳомдир», деб ёзади Ибн Арабий. Оллоҳ билан хилватда қолган мард инсонда шундай холат юз берадики, унда Илмлар-дан илҳом пайдо бўлиб, Унинг раҳмати билан юксалади. Дар-вешдаги бу ҳолат оддий одамлар ва исбот-далил аҳли учун қоронғидир. Бу авлиёларга юбориладиган ладуний билим. Боя-зид Бистомий калом аҳлига қараб деган экан: «Сиз ўз илмларин-гизни жонсиз нарсалардан оласиз, биз эса абадий тирик Зотдан оламиз». Боязид жонсиз нарсалар деб моддалар-ашёларни на-зарда тутади. Ладуний – раббоний билим Хўжа Хизрнинг били-мига қиёс этгулик. Хўжа Хизр ҳаёт суви – абадий тириклик су-вини ичгач, у ҳамма воқеадан, ҳамма аҳволдан, ҳамма кечинма-лардан хабардор; нарсалар ҳосияти ва қонуниятини олдиндан билади, Худо унга ўз билимини туҳфа этган.
Асли Испанияда туғилиб, мусулмон оламини кезиб чиққан, ўзининг «Футуҳоти Маккия», «Фусусул ҳикам» асарлари билан тасаввуф фалсафасига улкан ҳисса қўшган Шайхи кабир Ибн Арабий (1165–1240) инсон билимларини учга бўлган: биринчи-си – ақлий-ҳиссий билимлар, иккинчиси – ҳол илми (ҳолат, маҳол илми ҳам дейди у). Учинчиси – сирру асрор илми. Бирин-чи илм зоҳирий фанлар билан шуғулланадиган кишилар илми бўлса, иккинчи илм ҳол мартабасига кўтарилган сўфийлар илми ҳисобланади, яъни важд ҳолатида кашф этилган илм. Учинчи илм – авлиёлар илми. Бу илм муқаддас руҳлар орқали келади, шуъла – нур кўринишида қалбга киради.
Шу ўринда тасаввуф аҳли тез-тез мурожаат қиладиган би-лишнинг уч хил босқичи – илмул яқин, айнул яқин ва ҳаққул яқин тушунчалари устида тўхталмоқчимиз. Арабча «яқин» сўзи ишонч, бирон нарсага қатъий ишончни англатади. Бу сўз Қўръ-они Каримда ҳам кўп қўлланилади. Илмул яқин, айнул яқин, ҳаққул яқин – билишнинг уч босқичи. Биринчи босқич китобий, таҳсилий билимга ишора бўлса, иккинчи босқич ўз иштирокидаги тажрибавий билимни англатади, учинчи босқич эса ўзи таж-риба воситасига айланиб, ҳақиқатни англаш билимидир.
Илмул яқин – билим орақли ишониш. Масалан, дейлик, менга тушунтириб айтдиларки, олов иссиқдир ва у куйдиради, мен бунга ишондим.
Айнул яқин – тўлиқ илмий ишонч, тажриба қилиб кўриб ишониш. Мен ўзим синаб кўрдим: олов ҳақиқатдан ҳам ис-сиқдир ва у куйдиради.
Ҳаққул яқин – ҳақиқий ишонч, яъни: мен ўзим оловда ён-дим ва оловнинг ёндириш кучи, хусусиятига батамом ишондим. Бу – Ҳаққа етиш илми. Кўринадики, юқорида Ибн Арабий тас-ниф этган илм даражалари билан ҳозир таъриф этганимиз уч босқич орасида яқинлик бор.
Алишер Навоийнинг «Лисонут тайр» асарида «Парвоналар мажмуъи шамъ ҳақиқати шарҳида» («Фақру фано водийсининг адоси» боби) деган ҳикоят бор. Унда келтирилишича, парвона-лар бир кеча йиғилишиб, шамъга толиб бўладилар; келишиб олиб, шамънинг моҳиятини англамоқчи бўладилар. Шунда улардан бири шамъга яқинлашади, унинг мунаввар нурини кўриб, қайтиб келиб бошқаларга ҳикоя қилмоқчи бўлади. Аммо парвоналар унинг сўзидан ҳеч нарса англамайдилар, чунки у шамъ нима эканини тушунтириб бера олмайди. Шу зайлда яна бир неча парвона шамъ атрофини айланиб келиб, кўрганларини сўзлайди. Лекин «топмади мушкул кушод андин доғи», мақсад амалга ошмайди.

Шамъ даврида қанот кўп урдилар,
Ҳар бири ўз бол-парин куйдурдилар.
Ҳар бири куйганча ондин топди ком,
Шарҳи душвор эрдию нақли ҳаром.

Ҳар бир парвона шамъ нуридан лаззатланди, аммо уни шарҳлаб бера олмайди, чунки шуълани тил билан шарҳлаб, ту-шунтириб бўлмайди, киши то куймаса олов ҳароратини англа-майди. Навоий бундан иккита хулоса чиқарган: бири – Ҳақ ну-рига ғарқ бўлиб, Унинг жамоли ҳароратида ёнмагунча Ҳақни англаб бўлмайди. Иккинчиси – Ҳаққа етган одам (куйган парво-на каби) бу сирни баён қилиб бера олмайди. Бу – ҳаққул яқиннинг худди ўзидир. Яъни фоний бўлиш, субъектнинг объ-ектга айланиши, солик вужудининг батамом йўқолиб, илоҳ оламига қўшилиб кетиши.
Мансур Ҳаллож (858-922) ана шундай мартабани эгаллаган зот эди – Ҳақ оламига қўшилиб «мен Ҳақман» («Анал Ҳақ») де-ди. Мансурнинг устозларидан Боязид Бистомий (ваф. 875) эса айни ҳолни илҳоми жўш урган пайтларидан бирида «Субҳони, субҳони, мо аъзам шоъни» деб юборади, яъни «Шарафланган-ман, шарафланганман, шарафланганман мен, менинг мартаба-шаъним улуғлигига қаранг». Қуръон бўйича бандаси бундай дейишга ҳақли эмас, чунки бу Парвардигорнинг сифатларидир. Аммо Боязид ўзини Ҳақ билан бирга ҳис этиб, Унинг сифатла-рини ўз сифати деб ҳисоблайди. Боязид Бистомийнинг мана бу изҳори ҳам қизиқ: бир пайт У мени Ўз ҳузурига олиб чиқди ва олдига қўйди ва менга деди: «Эй Боязид, ҳақиқатан ҳам менинг махлуқим юз кўришни севади, майли, сенинг юзингни кўрсин». Ва мен жавобида дедим: «Мени ўз ваҳдатинг ила безагин, ўз сифатларинг ила сифатлагин, тавҳидинг мартабаси-ла шарафла-гин, токи махлуқларинг мени кўрганда: «Биз Сени кўрдик» ва «бу Сен бўлибди» десинлар ва мен бу ерда бўламайин».
Бу сўзларда инсонни илоҳийлаштириш, комил инсон сифат-лари билан Илоҳ сифатлари орасида тенглик аломатини қўйиш бор. Дарвоқе, Боязид Бистомий ва Мансур Ҳаллож ҳам шу фикрни олға сурганлар. Бу худоликка даъво эмас, ҳулул ҳам (ҳулул – Илоҳнинг одамда сингиши ҳақидаги назария) эмас, балки инсонни улуғлаш ва тавҳид билан ваҳдат – куллиятни ниҳоятда чуқур англашдир. Диққат қилинг: Боязид сўзининг охирида «ва мен бу ерда бўлмайин» дейди. Нима демоқчи у? У айтмоқчики, менинг башарий қиёфам буткул йўқолсин, илоҳтий моҳият касб этайин, бутун вужудим Илоҳ маърифатига айлан-син. Шунда одамлар менинг суратимда Худони кўрсинлар.
Зоту сифот, аршу курси, лавҳу қалам – ҳаммаси Инсондадир. Шунинг учун Худо излаб ҳар қаёқларга боришнинг ҳожати йўқ, жумладан, Маккатуллоҳга боришнинг ҳам. Чунки ҳар бир инсон Худони ўзидан изласин. Унинг қудрати ва шавкатини ўзида кўрсин. Мазкур ақида «Кимки ўзини таниса Раббини танийди» деган ҳадис мазмунидан келиб чиқади. Барча ҳикматлар, ҳодисот ва мўъжизалар инсон хилқатида жойлашган. Зеро, Ол-лоҳ таолонинг сўзи бор: «Мен яширин хазина эдим ва сизни се-виб қолдим, токи Мени билиб олинглар ва жинлар, одамларни яратдим, токи Мени билинглар». Инсон махлуқотнинг, олам-ларнинг гултожи, Олоҳнинг ердаги халифаси экан, демак, унда Оллоҳ сифатлари бўлиши мантиқий ҳол. Бундан ташқари, «яширин хазина» бўлган Оллоҳ таоло илму ҳикматнинг бир қисмини инсон қалбига жойлаган. Яъни инсон «яширин хази-на»ни сақловчи хазинадордир. Шу боис инсон кўнгли «ирфон махзани». Оллоҳ яширинган тилсимотдир:

Кўнгилин они махзани ирфон қилиб,
Ул тилисм ичра ўзин пинҳон қилиб.
Рози махфий ганж ўлуб бу турфа жисм,
Сунъидин ул ганж ҳифзига тилисм.

(Алишер Навоий)
Тасаввуф фалсафасига кўра, инсон қарама-қарши икки асос-модда ва руҳдан иборат. Шунинг учун унда шу икки асоснинг хусусиятлари жамдир. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агар руҳ томони устун келса, илоҳийлик ривож-ланади. Руҳ жисм қулига айланиб қолмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун бир асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилсин. Руҳлари тараққий этган инсонлар ақлу заковати, илҳом, ижод-корлиги, илоҳий табъу фаросати билан ажралиб турадилар. Руҳ тараққий этган сари у жисмга сиғмай қолади, коинот билан алоқа боғлаб, олам асроридан хабар бериб, мўъжизалар кўрсата бошлайди. Руҳ ва жисмдан иборат инсонни илоҳий олам билан жисм олами орасидаги чегара деб атайдилар ва тонгга ўхшата-дилар. Чунки тонг тун билан куннинг чегарасидир. Тонгдан кейин қоронғулик кетиб, қуёш порлаб чиққандай, инсон руҳи ҳам аста-секин жисм қоронғилиги – зулматини тарк этиб, му-саффо руҳ олами, нурлар оламига талпинмоғи даркор.

ТАСАВВУФ ОНТОЛОГИЯСИ ВА ГНОСЕОЛОГИЯСИ

i_018.jpgМодомики, гап оламлар ҳақида борар экан, тасаввуфнинг кайҳоний тушунчалари, яъни олам тузилиши ҳақидаги тасавур-ларини қисқача шарҳлашга тўғри келади. Тасаввуф фалсафасига биноан, Оллоҳ таоло аввал Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг нурини яратди. Сўнгра шу нур туфайли оламларни ва одамларни яратди. Шундай қилиб, олам асосида Муҳаммад ну-ри ёки Муҳаммад ҳақиқати ётади. Оламлар бошида Муҳаммад нури мавжудлиги сабабли биринчи инсон ҳазрати Одам Сафи-уллоҳни Муҳаммаднинг ўғли, бошқача айтганда, Муҳаммад алайҳиссаломни Одам Атога нисбатан ҳам ота, ҳам ўғил дейиш мумкин.
Муҳаммад алайҳиссалом нуридан сўнг лоҳут олами вужуд-га келган. Лоҳут олами илоҳиёт олами ва демак, ундан кейин жабарут, яъни буюклик олами ва унинг кетидан малакут ола-ми – фаришталар олами яратилди. Лоҳут Ҳақ зотини ифодаласа, жабарут нурлардан иборат оламдир, малакут эса латиф руҳлар-дан тузилган олам. Аммо айтиб ўтилган оламларда шакл-аъроз йўқ. Бу хусусият жисмлар олами бўлмиш мулк оламига хос. Мулк оламини шаҳодат олами ёки олами носут ҳам дейдилар. Булардан ташқари, айрим назариётчилар бадан олами, яъни ин-сон оламини ҳам алоҳида олам сифатида қайд этганлар. Чунки инсон олами олами сағир (кичик олам) сифатида олами кабир (катта олам) деб номланадиган юқори оламларнинг хусусиятла-рини ўзида акс эттиради. Мазкур қараш инсоннинг икки асосдан иборатлигини яна бир карра тасдиқлайди. Парвардигори олам инсон руҳини ўз раҳмоний нафасидан ато этган экан, биз Мут-лақ руҳнинг бир қисмимиз ва шу сабабли ўз аслимизга қараб интиҳосиз соғинч ва муҳаббат билан интиламиз. Бу интилиш аслимизни англаш билан амалга ошади. Шу маънода илоҳий ишқ билан илоҳий маърифат маънодош тушунчалардир. Ёки соддароқ қилиб айтганда, Ишқ инсонни маърифатга олиб бора-диган қудрат, инсонни моддий асосдан покловчи, холи этувчи муқаддас олов. Ишқ бизнинг вужудимизни куйдириб, мусаффо этади, бизда тажрид ва тафрид (покланиш, яккаланиш) юз бера-ди. Шу боис ошиқлар халқдан чекинадилар, чунки уларнинг руҳи дунёвийликни ёқтирмайди, хилватни қўмсайди, ҳамма вақт ўз Мавлиси – Оллоҳи билан бирга бўлишни истайди. ИШҚ – камолот калити ва иксири аъзам, ишқ мис вужудимизни олтинга айлантирувчи кимё. Ишқ одамни ҳайвонликдан халос этади, одамзод наслини бадбахтлик, фалокатлардан қутқаради, барча иллатларимизнинг давоси ҳам шу. Шу тариқа, тасаввуфдаги асо-сий талаб-рукнлар: Риёзат, Иродат, Узлат, Маърифат (Ирфон), Ишорат ва Муҳаббат «ишқ» тушунчасида мужассамланади.
Ишқ соликни фанога ва ундан кейин бақога олиб боради. Аммо бунда икки хил йўл, тўғриси – икки хил майл бор: бири – ҳаяжонли, сершовқин, руҳий кечинмаларни ғалаёнлар ичра изҳор этиб бориш майли бўлса, иккинчиси – осойишта, тамкин-ли; чуқур дарёнинг тубига ўхшаган ҳайбатли вазмин, ички дар-ди қудратини яшириш майли. Биринчи майлнинг йирик намоян-далари Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Абусаид Абулҳайр, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Шамс Табризий, Бобо-раҳим Машраб. Иккинчи майл тарафдорлари қаторига Жунайд Бағдодий, Нажмиддин Кубро (бутунлай бўлмаса ҳам), Саъдий Шерозий, Баҳоуддин Нақшбанд кабиларни киритиш мумкин. Боязид Бистомийдан олдин ҳам муҳаббат ҳақида гапирган сўфийлар бўлган. Аммо Боязид хизмати шуки, у бу нуқтаи на-зарни сўфий руҳияти билан боғлади. Унинг уқтиришича, ваҳдат ва фано шундай бир руҳий ҳолатда юз берадики, солик худди шароб ичган одамдай маст бўлиб ўзини унутади. Бу ҳолатни у «сукра» – «мастлик» (девоналик) деб атади. Унингча, маст бўлмаган одам ошиқ эмас, ошиқ илоҳий шароб – «шароби ан-таҳурдан» масту мустағриқ кишидир, у ўз вужуди – ўзини бут-кул унутади ва шунда аллақандай тушунтириб бўлмас бир қобилият пайдо бўлиб, солик Илоҳ маърифатини ҳис қила бош-лайди. Шайх Тустарий буни ҳайрат тушунчаси орқали қуйида-гича баён этган: «Қурб мартабалари ошган сари Оллоҳ улуғворлигининг асарлари зиёдроқ бўлади ва нодонликка қара-ма қарши ўлароқ илм кўпаяверади ва тасаввуфий маърифат орта боради ва ҳайрат устига ҳайрат қўшилаверади ва «Эй Раббий, ҳайрат оғушидаман», деган нидо кўтарилади».
Дарҳақиқат, маърифат ҳайратнинг натижасидир. Маърифат буюк Илоҳ оламлари бепоёнлиги, истиғноси – муҳтожсизлиги-ни, Зоти жавҳарини қалб билан ҳис этиш ва кўнгил билан таниш демак. Шундай қилиб, маърифат – руҳ ҳодисасидир, фақру фано ҳам руҳнинг камолидан нишонадир.
Аммо Жунайд Бағдодий (ваф. 910) Боязидни танқид қилиб, «сукра» йўли фақат соликнинг ўзига нажот келтиради. Сукрага кирган одамнинг ўзгаларга нафъи тегмайди. Ҳолбуки, мақсад фақат ўзингни маърифатга етакзиш эмас, балки бу маърифатдан бошқаларни ҳам баҳраманд этишдир, дейди. Шундай экан, бе-худлик даражасидан кейин, илоҳий маърифатга қалби тўлишиб, қайта хушёр тортган ориф улуғроқдир. Негаки, энди у ўз били-мини халққа етказиб, юзлаб дилларни маърифат нури билан ёритади. Бу қараш «саҳв», яъни ҳушёрлик концепцияси номи билан шуҳрат топди. «Тасаввуф нима?» — деган саволга Жунайд Бағдодий: «Тасаввуф бир дам беғам бўлишдир», — дея жавоб берган. Бу гапнинг тагида маъно кўп. Бир дам беғамлик – бу қалб осойишталиги, инсоннинг аслига етгандан кейинги там-кинли саодати, дунё ташвишлари, нафс қутқусидан озодлиги ва ҳоказоларни англатади. Шу билан бирга, бир дам беғам бўлиш ҳаддан зиёд тўполон-ғалва қилмаслик, ҳаяжонланмасликни ҳам билдиради. Чунки Боязид сулукидагилар, айниқса, Мансур Ҳаллож бетоқат бўлиб, ўз кашфларидан маст ўлароқ жони ичига сиғмай, фикрларини ошкоро элга айтди. Бу эса яхши оқибатларга олиб келмасди, албатта. Тасаввуф сирлари, ҳикмат-ларини оммалаштириш хавфли деб ҳисоблайди Жунайд. Зеро, авом нозик маъноларни англашдан ожиз. Оқибатда нотўғри талқинлар пайдо бўлади ва иймон-эътиқодга путур етади. Шу-нинг учун бўлса керак, Жунайд Мансурни осиш тўғрисида тай-ёрланган фатвога ўзи ҳам қўл қўйди. Жунайд Бағдодий айтиши-ча, ҳақиқий бақо «саҳв» – ҳушёрликка қайтишдан кейин бошла-нади. «Сукра»даги одам бамисоли денгизга шўнғиб, ғарқ бўлган киши бўлса, «саҳв»га қайтган киши денгизга шўнғиб, гавҳар доналарини олиб чиққан ғаввосидир.
Шундай қилиб, Боязид Тайфур бин Исо Бистомий тасаввуф тарихида важдий (иррационал), интиутив билиш назариясининг асосчиси ҳисобланса, Абулқосим Жунайд ал Муҳаммад Қаво-ририй ал-Бағдодий илм ва ақлга суянадиган «ҳушёрлик» (рацио-нал) билиш назариясига асос солди ва тасаввуф таълимотини ил-мий-назарий қарашлар билан бойитишга улкан ҳисса қўшди. За-мондошлари Жунайдни беҳудага «ақл ҳайкали» деб атамаганлар.
Агар тасаввуф тарихини кўздан кечирсак, бу икки концепция кўп асрлар давом этганини ва тасаввуфнинг хилма-хил оқим-лари, силсилаларининг вужудга келишига сабаб бўлганини кўрамиз. Яна шуниси ҳам маълумки, ҳар икки оқимни бирлаш-тиришга уринганлар ҳам бўлиб турган.
Ривоят қиладиларки, Нажмиддин Кубро Табризда Бобо Фа-раж деган сўфий билан учрашади. Бобо Фараж қабулига борган-да, сўфий уларга кийимларини ечиб сўнгра уйга киришларини буюради. Нажмиддин ва ҳамроҳлари Бобонинг айтганини қилиб, ичкари кириб ўтирадилар. Бир муддатдан кейин Бобода кучли ўзгариш юз беради – унинг вужуди «худди офтобдай пор-лаб» кетади. Бобо Фараж ўзига келгач, хирқасини ечиб На-жмиддинга туҳфа этади ва: «сен энди таҳсилни йиғиштир, китоб билан ишнинг битди», деб айтади. Нажмиддин бу вақтларда бир уламо қўлида тафсир ўқимоқда эди, китоб охирланиб қолганди. Устоди Нажмиддинга: икки кунлик сабоқ қолди, шуни эгалла-санг, кейин ихтиёринг ўзингда, деб айтади. Нажмиддин эратсига яна сабоқ олгали устоди олдига борганда Бобо Фараж пайдо бўлиб, «Мен китоб мутоласи энди сенга зарарли деб айтдим-ку, яна нега келдинг», дея Нажмиддинга ақлий-далилий илмлар би-лан шуғулланишни буткул манъ этади.
Нажмиддин Бобо Фаражга қараб интилади, унинг ўтирган жойида «офтобдай порлаб», мўъжизалар кўрсатишидан ҳайратга тушади. Лекин Нажмиддин ақлий билимлардан ҳам кўнгил уз-моқчи эмас. Шунинг учун Ҳадис ва тафсирларни мутолаа қи-лишни канда этмайди. Бу ўринда Нажмиддин сиймосида икки хил билиш усули – ақлий ва ботиний-завқий билишнинг қўшилганини кўрамиз. Дарҳақиқат, Нажмиддин Кубро ҳар жиҳатдан билимдон ва айни вақтда «валитарош» (валиларни тарбияловчи) кароматли инсон бўлган.
«Сукра», яъни мажнун бўлиб Илоҳни севиш ва бехудлик, девоналик ҳолатда ирфон қозониш ҳозирги пайтда Ғарбда ўрганилаётган «Онгсизлик онги» муаммосига ўхшашдир. Ин-сонда ақл билан тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар бўлишини фан исботламоқда, улуғ кашфиётлар айнан ана шу «бехудлик» ҳолатида қўлга киради. Орифона тасаввуф барча илмларни қамраб оладиган, ҳикмат ва фалсафани ҳам қўшадиган тасав-вуфдир. Ошиқона тасаввуф ишқий кечинмалар, ишқий-завқий ирфонни биринчи ўринга қўйиб, муҳокама юритадиган, тўғрироғи муҳокама-тафаккурдан кўра ҳис-ҳаяжон, муҳаббат шавқ-завқи тошқинини афзал кўрадиган тасаввуфдир. Малома-тия ва қаландария оқимлари ҳам моҳиятан ошиқона тасаввуф-нинг шохобчасидир. Маломатийлар хокисорлик ва ўз-ўзини ма-ломат қилиш билан Оллоҳга ихлосни ҳаддан ошириб, яъни иф-ротий тарзда ифодалайдилар. Улар ўзларини халқдан ажратмай-дилар, авом ва хос тушунчаларини тан олмайдилар (қайд эта-мизки, сўфийлар одатда ўзларини «хос» кишилар, қолган барча халойиқни «авом» деб номлаганлар). Аммо маломатийларнинг бу халқсеварлигини гўшанишинлик ва ўзлатга зид ҳаракат деб тушунмаслик керак. Буларнинг ўзларини оддий одамлар билан тенг кўриши камтаринлик, шикасталик белгисидир. Малома-тийлар диний расм-русмни тан олмаганларидек, тариқатнинг ҳам одобу қоидалари, расм-одатларига унча риоя қилмаганлар. Чунки улар ҳар қандай қоида – русумни суратпарастлик, зоҳирийлик деб билганлар. Шунинг учун маломатия назарида тарки дунё қилган зоҳид ҳам, расм-русумга берилган хонақоҳ шайхи ҳам бирдай калтабин ва ҳақиқатдан узоқ кишилардир. Ошиқона ашъорда зоҳидлар, риёкор шайхлар қаторида умуман хирқапўшлик ва шайхликни мазаммат этган сатрларга дуч кела-миз. Ҳофиз эса: «Ҳирқамни гаров қўйгум, бир коса шароб авло», деб ёзади. Яъни хонақоҳдаги шайх ҳирқасидан кўра, харобот (майхона-дайр)даги маю маъшуқ афзалдир, дейди шоир. Шароб деганда у илоҳий файзни, харобот, майхона деганда комил ин-сон ҳузури ёки илоҳий файзни етказувчи маъшуқа – «мазҳар»ни назарда тутади.
Маломатийлик, айниқса, Хуросон сўфийлари Абулҳасан Ха-рақоний (922–1032), Абусаид Абулхайр (967–1049), Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089), Фаридиддин Аттор (ваф. 1220) фаолияти-да яққол кўзга ташланади. Бу шайхларнинг ҳар бири тасаввуф тарихида ўзига хос мавқега эга. Айниқса, Абусаид Абулхайр-нинг жўшқин ҳаёти, руҳлантирувчи сўзлари, рубоийлари эл ора-сида машҳур бўлиб кетган эди.
Нишопур яқинидаги Майхона қишлоғида дунёга келга Абу-саид Абулхайр тасаввуфда ўзига хос Хуросон мактабини асос-лаган шайхдир. У кўпдан кўп муридлар олдида оташин ваъзлар айтар, илоҳга бўлган муҳаббатни инсонга бўлган муҳаббат би-лан боғлаб тушунтирар, саховат, жавонмардликни сўфийнинг асил фазилати деб ҳисобларди. Чунончи, унинг сўзларидан: «Қўлингда нима бўлса бер, бошингда неки бўлса ташла, бошга нима келса чида». У «ғариб қашшоқларга хизмат қилиш», бу-нинг учун ҳар қандай меҳнат тури бўлса ҳам бажариш (ҳаммом-да гулохийлик қилиш, кўча супириш каби)ни талаб қилар, дар-веш меҳнатдан ор қилмаслиги керак деб уқтирарди. Абусаид Абулхайр хонақо мажлисларида самоъни кенг жорий этган –рақслар қўшиқ, музика, шеърхонлик билан қўшилиб кетар, шайхнинг ўзи ва муридлари рақсга тушиб, Худо ёдида экстаз (бехудлик) ҳолатига кирганлар ва бундан роҳатланганлар. Ас-лида бу Боязид Бистомий йўлининг давоми эди, бундай ҳолатда сўфийнинг гўё қалб кўзи очилар, ғайб асрорини теранроқ идрок этарди. Яъни важдий (интуитив-иррационал) билишга имкон туғдирилган.

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ТАРИҚАТЛАРИ

i_018.jpgТасаввуф ғояларининг тарқалиши, дарвешчилик ҳаракатининг ривож топишига турли пирлар, атоқли шайхлар-нинг номи билан боғлиқ тариқатларнинг аҳамияти катта бўлган. Тариқат (ёки сулук – йўллар) бир-биридан, аввало, юқорида айт-ганимиз, исломдаги икки мазҳаб – шиа ёки суннага рағбати би-лан, иккинчидан, шариатга муносабати билан, учинчидан, муай-ян тариқат тарқалган аҳолининг қадимий тасаввур-одатлари, маданий даражаси билан ва, ниҳоят, тўртинчидан ҳар бир пири муршиднинг тарбия усули, маъқул деб ҳисоблаган руҳий-маънавий таъсир воситалари билан ўзаро фарқланган. Масалан, Месопотамия ва Эрон, Ҳуросонда тафаккурий-фалсафий йўналиш, Туркия, Африка мамлакатлари, қисман Ҳиндистонда шариатга зич боғланган йўналиш, Мовароуннаҳрда ҳам фалса-фий ва ҳам шариат измидаги йўналишлар биргаликда ёйилган. Тариқатлар-нинг сони элликтадан ортиқ. Чунончи, тайфурия, заҳабия, ҳуруфия, ҳалложия, шозалия, жунайдия, суҳравардия, сафария, қодирия, неъматуллоҳия, чиштия, низомия, бектошия, нурбахшия, мавлавия, маломатия, қаландария, маъруфия, фир-давсия, нурия, қушайрия, халватия, адҳамия, аҳмадия ва ҳоказо.
Булардан тайфурия (Тайфур Боязид Бистомий номи билан боғлиқ), ҳакимия (Ҳаким Термизий номи билан боғлиқ), ҳалло-жия (Мансур Ҳалложга нисбат берилади), суҳравардия (Яҳё Суҳравардий номи билан боғланган) оқимлар кўпроқ назарий томонлари билан маълум. Чунки Бистомий, Ҳаким Термизий, Жунайд Бағдодий ёки Яҳё Суҳравардий махсус хонақо та-риқатини тузиб, солик тарбияси билан шуғулланмаганлар. Уларнинг тарафдорлари бор, холос.
Қаландария, маломатия каби оқимлар эса бирор шайх номи билан боғлиқ бўлмаган, алоҳида йўналишлардир.
Марказий Осиёда қуйидаги тариқатлар қадимдан кенг тарқалган: қодирия, яссавия, кубравия ва нақшбандия (ёки «хожагон»).
Қодирия тариқати эронлик шайх Гелоний (1077–1166) номи билан асосланган. У асосан Бағдодда яшаб кароматлар кўрсатиш, илму риёзат билан машҳур. Сунний мазҳабидадир. Абулқодир Гелоний Жунайд Бағдодийнинг «саҳв» (ҳушёрлик) концепциясини ривожлантирган, у муридлари орасида «Буюк мададкор» (Ғавсул аъзам) номи билан машҳур бўлган. Унинг  тариқати ҳозирги Арабистон мамлакатлари, Туркия ва Ўзбекистонда тарқалган. Абдулқодир Гелоний Мовароуннаҳрда бўлган эмас, аммо шунга қарамай унинг тариқатининг Фарғона водий-си, Самарқанд, Қашқадарё томонларда ихлосмандлари ва издошлари бор.
Яссавия улуғ шайх ва шоир Хожа Аҳмад Яссавий (вафоти 1166 йил) асослаган тариқат. Шуни айтиш керакки, яссавия би-лан нақшбандиянинг илдизи Хожа Яъқуб Юсуф Ҳамадонийга (1048–1140) бориб тақалади.
Аҳмад Яссавий илк устози Арслонбобдан хирқа кийиб, та-саввуф йўлига киргач, Бухорога бориб Ҳамадонийдан тариқат таълимини олади. Абдухолиқ Ғиждувоний билан бирга Ҳамадо-нийнинг энг ишонган халифасига айланади. Ҳамадоний вафот этгач, унинг ўрнига учинчи бўлиб шайхлик мақомига кўтари-лади, аммо кўп ўтмай Бухородаги ишларини биродари Абдухо-лиқ Ғиждувонийга топшириб, ўз ватани Туркистонга қайтади ва бу ерда янги тариқатни таъсис этади. Унинг кўп сонли муридла-ри туркий халқлар орасида юриб, тасаввуф ғояларини ёйганлар. Яссавий овоз чиқариб зикр айтиш («зикри жаҳрия») ва каромат-лар кўрсатиб мурид тарбиялаш, ҳилватда суҳбат қилишни йўлга қўйган. Унинг ўзидан кейинги силсиласини қуйидаги шайхлар давом эттирганлар: Сўфи Муҳаммад Донишманд, Суйламон Боқирғоний, Мансур бин Арслон бобо, Луқмон Паранда, Абду-малик Тожхожа, Исҳоқ бобо, Занги ота бин Абдумалик, Саид Хоразмий, Халил ота, Хожа Бектош Валий, Узун Ҳасан, Садр Хожа, Бадр Хожа, Аҳмад Саййид, Камол Иқоний, Ҳазрати Ба-шир ва бошқалардир.
Яссавия тариқати ҳозирги Марказий Осиё, Туркия ва Россия худудларида тарқалган.
Кубравиянинг асосчиси хоразмлик улуғ шайх Нажмиддин Кубро (1145–1221)дир. У кишининг исми Аҳмад, отасининг ис-ми Умар бўлиб, Нажмиддин, Кубро, Валитарош, Абулжанноб сўзлари у кишини шарафловчи куня ва лақаблардир.
У киши Миср, Эрон Ироқ, Шом мамлакатларини кезиб, тур-ли илмларни эгаллаганлар. Шайх Рўзбеҳон Ваззон, Бобо Фараж, Шайх Ёсир Аммор, Шайх Исмоил ал Касрийлардан сўфийлик сирини эгаллаб, Хоразмга қайтиб, хонақо қурганлар. Жуда кўп муридлари бўлган. У кишининг назари тушган одам албатта илоҳий файзу баракот топар экан. Улуғ шайх шогирдларига илоҳий ҳақиқатлар сирини очиш, поклик ва руҳий-маънавий юксалишни таълим берган. Нажмиддин Кубро бир неча китоб-лар таълиф этган, уларда инсон ва коинот, инсон руҳияти тадқиқ этилади. Ўзига хос тариқат йўли («усули ашъора» – ўнта усул) баён этилади.
Нажмиддин Кубро муғул босқичиларига қарши жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлган, қабри Кўҳна Урганчдадир.

Нажмиддин Кубронинг силсиласи:

Маждиддин Бағдодий, Сайфиддин Бохарзий, Саъдиддин Ҳамавий, Фаридиддин Аттор, Разиаддин Ахи Лоло, Нажмиддин Доя, Бадриддин Фирдавсий, Нажмидин Муҳаммад, Садриддин Иброҳим, Азизиддин Насафий, Шайх Камол Жундий, Нуриддин Абдураҳмон Исфаҳоний, Рукниддин Али ад Давла ас Симноний.
Кубравия Эрон, Покистон, Африкада тарқалган, фирдавсия, нурия, рукния, ҳамадония каби ўндан ортиқ шохалари бор.
Нақшбандия Бухорои шарифда шаклланган бўлиб, дунёда энг кўп тарқалган тариқатидир. Асосчиси Баҳоваддин Муҳам-мад бин Бурҳон бин Муҳаммад ал-Бухорий (1318–1389). «Нақшбанд», «балогардон» ул зоти шарифнинг муборак сифат-ларидир. Баҳоваддин Нақшбанд силсиласини юқорида келтир-дик. Аммо бу бир шохасидир. Нақшбандиянинг Ҳиндистон, Ма-лазия, Филиппин, Эрон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Рос-сияда яна кўплаб тармоқ силсилалари бор. Ҳатто ғарбий Европа ва АҚШда ҳам бу тариқат тарафдорлари бор. Лекин шуни қайд этиш керакки, хорижда яшовчи «нақшбандий»ларнинг бир қис-ми асл Нақшбанд тариқатидан узоқлашиб қолганлар. Нақшбанд зикри хафий (сокин зикр) тарафдори, у киши суҳбатни тарбия-нинг асосий қуролига айлантириб, хилватнишинликни ҳам, са-моу рақсни ҳам қабул қилмаганлар. Балки ботиний оламни ри-вожлантириш, шариатдан узоқлашмасдан сўфийлик мақомини эгаллашни талаб қилдилар. Нақшбанд ҳазратлари амал қилган «Сафар дар ватан», «Хилват дар анжуман», «ҳуш дар дам», «на-зар дар қадам», «дил ба Ёру даст ба кор» шиорлари одамни ҳам маънавий юксалишга кўмаклашади ва ҳам жамиятда баҳамжиҳат яшаб ўзаро бир-бирига ёрдам бериш, меҳнат, бу-нёдкорлик билан юртни обод қилишга сафарбар этади.

КОМИЛ ИНСОН

i_018.jpgТасаввуф – инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илм дедик. Бу тушунча комил инсон концепциясида аниқ кўзга ташланади. Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини ўйлаш тасаввуфнинг доимий ўзак масаласи бўлиб келган. Ай-ниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар ин-сонда азалий икки қарама-қарши куч-раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шай-тон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши ло-зимлигини таъкидлайдилар. Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамият бўлиб яшаш тартибларига ҳам шу мавқедан туриб қаралган; чу-нончи, ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсиз-ликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам тасаввуф инсон табиа-ти ва сийратидан қидиради, инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни мавҳ этишдан бошлаш керак, деб тушунтиради. Тасаввуфчилар инсон табиа-тидаги салбий кучларни умумий ном билан «нафс» ёки «нафси аммора» деб атадилар ва унга қарши уруш эълон қилдилар. Мол-дунё тўплаш, нафс эҳтиёжига қараб юриш, ҳирсу ҳавас қатъий қораланди, инсонни (демакки, инсониятни ҳам) ноқислик ва фалокатлардан қутқаришнинг бирдан-бир тўғри йўли – нафсни ўлдириб, қаноат билан ҳалол яшаш, руҳ – ирода-ни чиниқтира бориб, инсонда инсонийликни, яъни илоҳийликни тантана эттириш зарур, деб тарғиб қилинди.
Ушбу фикрлар улуғ шайхларнинг «тасаввуф» тушунчасига берган таъриф-изоҳларида аниқ ифодаланган.
«Тасаввуф нима?» деган саволга Шайх Нурий жавоб бериб айтади: «Тасаввуф – нафс лаззатларидан воз кечишдир». Ёки Шайх Сафий Алимшоҳ жавоби бундай: «Тасаввуф – нафс ман-зилларини босиб ўтишдир». Шайх Равим сўзи: «Тасаввуф – Ху-до йўлида нафсдан кечмоқдир».
Нафс худбинликни, ўзим бўлай фалсафасини туғдиради. Нафс домига тушгандан кейин, киши ҳеч нарсадан тап топтмай-ди, харом-харишдан ҳазар эмай, бошқалар ҳисобига бўлса ҳам яхши яшашни ўйлайди. Оқибатда у золим, бераҳм риёкор бўлиб қолади. Шунинг учун тасаввуф талаб этган тийилиш, қаноат, сабру фақирлик тариқида гап кўп. «Дунёга бир марта келасан, оладиганингни олиб қол», — илгаридан маълум фалсафа бу. Коммунистлар буни: «Мен инсонман, демак менга ҳамма нарса раво» деб ўзгартирадилар, аммо мақсад ўша: иложини топгин-да, яхши яша, бошқалар билан ишинг бўлмасин. «Ҳамма нарса раво» фалсафаси одамни иймону эътиқоддан айириб, юлғичлик ва талон-тарожга фатво беради, ваҳшийлик инстинктини кучай-тиради.
Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билим-ларни эгаллаган, руҳи Мутлоқ руҳга туташ, файзу кароматдан сероб, сурати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим пока-за зот, Навоий тили билан айтганда:

Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи.
Ҳуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.

Тасаввуф аҳли сиғинган идеал – Комил Инсон аслида халқ идеали, адабиёт идеали эди. Бу ҳаётбахш таълимотнинг пешво-лари ёзиб қолдирган асарлар, сўфиёна руҳдаги шеъру достон-ларни мутолаа қилар эканмиз, ёруғликнинг зулмга, хайрнинг шаррга, файзу камолнинг нуқсу ноқислик, калтафаҳмлик ва но-донликка қарши омонсиз жангига гувоҳ бўламиз. Воқеан, тасав-вуф шайхлари, зулм ва қоронғулик лашкарига қарши маърифат-ни қурол қилиб олиб жангга кирган паҳлавонларга ўхшаб кета-дилар (Тустарий: «Маърифат жаҳл-нодонликка қарши жан-гдир»). Улар Каъба деб кўнгилни тан оладилар, кўнгил раъйига юрадиган, дунёни кўнгил орақли биладиган ва кўнгилга сиғина-диган одам Аллоҳнинг севгани деб чиқдилар. Алишер Навоий-нинг «Насойим ул-муҳаббат» асаридан: «Исмоил Даббос деди-ким, ҳаж нияти қилиб, борурда Шерозга етишдим. Бир масжид-га кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўлтуриб хирқасини ямай-дур эрди, салом қилдим ва ўлтурдим. Мендан сўрдиким, не ния-тинг бор? Дедим: ҳаж ниятим бор. Деди: онанг бор? Дедим: бор. Деди: ёниб онанг мулозаматига бор… Мен эллик ҳаж қилибмен – бош яланг, оёқ яланг ва зоду ҳамроҳсиз. Барчасин сенга бер-дим, сен онанг кўнгли шодлигин менга бер!»
Бу одамлар – жамиятнинг тирик виждони эдилар. Кишилар уларга қараб ҳушёр тортар, дунё бехудлигидан ўзига келиб, ўз қалбига, қилаётган ишларига разм солардилар, тавба-тазарруъ қилардилар. Уларнинг афъолу аъмоли инсонлар дилига қувват, кўзига нур бағишлаган.
Моҳиятан олганда, комил инсон ҳақидаги тушунчаларнинг мухтасар мағзи шундан иборат. Аммо бу ҳақда улуғ алламалар-нинг қиймат ва аҳамиятини йўқотмаган қарашлари, фикрлари бор. Комил инсон тасаввуф адабиётида кўп марта тилга олиниб, мунозараларга сабаб бўлган ва бу ҳақда махсус китоблар ёзил-ган. Шулардан Саййид Абдулкарим Гелоний ва Азизиддин На-сафий (XIII аср)ларнинг «Инсони комил» номли рисолаларини махсус тилга олиб ўтиш мумкин. Аслида эса комил инсон ту-шунчаси биринчи марта Шайхи Кабир номи билан машҳур бўлган Муҳйиддин Ибн Арабий (1165–1240) томонидан муома-лага киритилганини қайд этмоқ жоиз. Ибн Арабий наздида ко-мил инсон – бу ақли аввал ёки нафси аввал, ақли кулл тушунча-лари билан маънодошдир. Чунки Тангри таоло илоҳий нурдан илк марта Ақли аввални яратди ва унинг сурату шакли Комил Инсон қиёфасида зуҳур этди. Шунинг учун «Халақоллоҳу ада-ма алаъ суратар Раҳману» (Аллоҳ одамни Раҳмон суратида яратди) деган ҳадис мавжуд. Комил инсон, шу тариқа, Аллоҳ-нинг Раҳмону Раҳим сифатларига эга бўлди, дейдилар (Саййид Содиқ Гуҳарин. Шарҳи истилоҳоти тасаввуф, 1-жилд, 125-бет).
Ибн Арабийнинг фикрича, комил инсоннинг ердаги тимсоли ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи васаллам-дир. Ул зот вужудида ақлий, руҳий камолот, дунёвий ва илоҳий билимлар жамулжам эди. Пайғамбаримиз халқ ва Ҳақ муқоби-лида турардилар ва орада восита эдилар. Шундай бўлгач, ҳамма одамларни ҳам ва ҳатто анбиё ва авлиёларни, донишмандларни комил инсон деб аташ жоиз эмас. Ва агар Пайғамбардан ўзга зот-ларга нисбатан бу сифат айтилар экан, буни шартли таъриф ёинки шу улуғ мартабага ҳурмат-эҳтиром белгиси сифатида қабул қилиш керак. Саййид Абдулкарим Гелоний фикрига кўра, ҳар бир инсон иккинчисининг ўрнини босадиган нусхадир ва бир-бирининг қаршисида турган кўзгу кабидир. Битта одамдаги хис-лат ва сифат иккинчисида акс этиб туради. Аммо фарқи шундаки, бу аксланиш баъзиларда феъл-ҳаракат бўйича бўлса, баъзиларида эса қувва, яъни хислат-хусусиятлар билан намоён бўлади. Демак, истеъдод ва қобилият, хусусият ва сифатига кўра, бир-бирига ўхшаш одамлар беҳад кўп. Буларни умумий ном билан халқ, одамлар, кишилар деб қўя қоламиз. Бирига қараб иккинчисининг хулқу атвори, даражасига баҳо бера оламиз. Аммо шундай комил ва акмал кишилар борки, улар камолотда нафақат ўзга одамлар-дан, балки бир-биридан ҳам кескин фарқланиб турадилар. Булар-ни анбиё ва авлиё деб атаймиз. Буларнинг ҳам даражалари бор: баъзилари комил, баъзилари акмал, бир қисми фозил, яна бир қисми афзал, яна бир гуруҳи эса афзалу акмалдирлар. Саййид Абдулкарим Гелоний мазкур таснифни айтиб, яна қўшиб қўяди: «Комил инсон, воқеан, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам-дир ва қолган анбиёю авлиёнинг камолоти унга нисбатандир, худди фозилнинг афзалга нисбатидай».
Шайх Омилий дейдиким, ҳақгўй олимларнинг фикрига қара-ганда, олам Комил инсон ҳақиқати туфайли барқарордир, зеро фалаклар унинг нафаси билан айланурлар, мулку малакут ундан таълим олурлар. Шундай мартабада Комил инсонни Ҳақнинг кўзгуси дейдилар. Ҳақ таоло Ўз исми ва сифатларини фақат ко-мил инсонда кўради. Шуни ҳам таъкидлайдиларки, комил инсон-гина Ҳақ қудратининг буюклиги, чексизлигига гувоҳ бўла олади.
Ибн Арабий, Шайх Омилий ва Абдулкарим Гелоний қараш-ларига диққат қилинса, Комил инсон бир кайҳоний вужуд бўлиб кўринади, унинг сифатлари ердаги фоний одамлар сифатига, аниқ шахслар хислатига ўхшамайди. Унда биз жамики ғайритабиий кучларнинг мажмуини мушоҳада этгандай бўламиз. Бу ерда ал-батта жисмоний куч ҳақида гап бормайди, зотан илоҳиёт ҳақида гап борганда жисмоний куч эътибор эмас. Чунки Холиқият ярат-ган жисмлар илоҳий қудрат олдида арзимас ва ожиз суратлардир. Комил инсон булар назарида оламларни эгаллаган, оламларга, барча жонзотлар ва инсонларга таъсир эта оладиган, инсониятни бошқарадиган бир Буюк руҳдир. Маънавий – Ақлий қудратдир.
Аммо Шайх Азизиддин Насафийнинг «Комил инсон», «Мақсади ақсо», «Зубдатул ҳақойиқ» номли ва бошқа рисолала-рида комил инсон масаласи бир мунча бошқача ёритилган. Унда бу тушунча инсоннинг пайдо бўлиши, тараққиёти, мартабалар топиши билан боғлиқ ҳолда олиб қаралади. Натижада биз Ази-зиддин таърифларида айнан ҳаётий одамга хос белгилар, ахлоқий сифатларни ҳам кўрамиз. Яна шуни ҳам айтиш керакки, Насафий исломдаги бир нечта илмнинг иснонга бўлган қарашлари ва му-носабатини чоғиштиради, инсонни кайҳоний вужуд сифатида ҳам, ер махлуқоти сифатида ҳам таҳқиқ ва тадқиқ этади. Наса-фийда комил инсон руҳ тушунчаси билан зич алоқада текшири-лади. Инсон мартабалари руҳ мартабалари сифатида олиб қарала-ди. Шу учун умумий тушунчлардан аниқ тушунчаларга ўтиб ту-риш бор. Бунинг сабабларидан яна бири Азизиддин Насафийнинг камолотни уруж (кўтарилиш) ва нузул (тушиш) назарияси асоси-да тушунишидир. Бу назария ўз навбатида улуғ олам ва кичик олам тушунчалари билан боғланиб кетади. Чунки Насафий Ибн Арабийга қўшилиб, инсонни олами сағир (кичик олам), илоҳий олам ва моддий оламни биргаликда олами кабир (улуғ олам) деб атайди. — Улуғ оламдаги жамики нарса ва хусусиятлар кичик оламда мавжуд, дейди у. Шу тариқа инсон юқори олам-олами кабирнинг кичрайтирилган нусхаси бўлиб ҳисобланади.
Азизиддин Насафий комил инсонга таъриф бериб ёзади: «Билгилки, Комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳакқиқатда етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолга етган бўлсин: яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф».
Насафий санаган сифатларнинг дастлабки учтаси, яъни яхши сўз, яхши феъл, яхши хулқ Зардушт китоби «Авесто»дан олин-гандир («Гуфтори нек, кирдори нек, рафтори нек»). Бу сифатлар билан зийнатланган одам ёлғон, риё ва бадкирдорликдан чеки-нади, ҳамма вақт эзгу ният билан эзгу ишларга тайёр туради. Азизиддин Насафий яхши ахлоқ ҳақидаги Зардушт сўзи ёнига «маориф», яъни тасаввуфий покланиш талабини қўшиб қўйган. Унинг фикрича, тариқат йўлига кирган соликлар вазифа-мақсади ушбу тўрт фазилатни эгаллашдир. Кимки «ўзида шу сифатларни камол топтирса, у камолга эришади».
Насафийнинг мазкур таърифидан иккита хулоса келиб чиқади. Бири шуки, олим назарида комил инсон ҳаётдан тақари бўлган аллақандай мавҳум зот эмас, балки реал одамдир. Яхши сифатларни эгаллаб борган одам шундай мартабага кўтарила олади. Иккинчи хулоса шуки, Насафийга кўра, комил инсон мартабаси тариқат ва риёзат йўли билан қўлга кирадиган юксак мартабадир.
Комил инсон ҳақида юқорида баён этилган фикрларни ўзаро жамласак, қуийдаги хулосалар келиб чиқади:
— Комил инсон – инсонларнинг энг мукаммали, энг оқили ва энг доноси.
— Комил инсон Илоҳ билан одамлар орасидаги воситачи, ило-ҳий амр, ғайб асрорини оддий одамларга етказувчи улуғ ҳомийдир.
— Комил инсон мартабада Ақли кулл (Ақли аввал)га тенг. Аллоҳ аввал Ақли куллни, яъни Комил инсонни яратди, кейин у туфайли бошқа махлуқотлар яратилди.
— Комил инсон руҳи азалдан маълум, у Тангри таоло яратган энг қудратли руҳдир.
— Комил инсон шу сифатлари билан мутлоқ илоҳий хислат-ларни жамлаган кайҳоний мавжудликдир, у агар оддий инсон суратида кўринса ҳам, лекин маънан коинотни қамраб олган ҳа-миша бедор ва ҳамма нарсадан хабардор бир зотдир.
— Шу мартабада у Аллоҳнинг халифаси бўла олади.
— Комил инсон инсонлар жамияти ичидан етишиб чиқадиган мўътабар зотдир. У азалдан мартабаси аниқ бўлган руҳ эмас, бал-ки ахлоқий-маънавий покланиш жараёнида камолга эришгандир.
— Шу учун ҳар бир пок ахлоқли, илоҳсевар шахс комилликка интилиши ва бу йўлда насиба олиши мумкин.
— Комилликнинг олий белгиси Ҳақ йўлидан бориб халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан қанчалик одамларга нафъ келтирса, ёмонларни туз йўлга солса, Ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комилдир.
Ушбу қарашлар гарчи бир-бирига зид бўлиб туюлса-да ас-лида моҳиятига кўра бир-бирига яқиндир. Яъни бу ерда инсон-нинг камолоти, буюклигини тан олиш, инсон ва Коинот, инсон ва Илоҳ, инсон ва Мавжудотни ўзаро вобаста, алоқадор деб ҳи-соблаш бор. Қарашлар орасидаги фарқ эса шундан иборатки, аҳли шариат тушунчасига кўра, инсоннинг қобилияти ва майл-лари азалдан маълум, яъни Аллоҳ таоло тақдири азалдан белги-лаб қўйган. Пайғамбарлар, авлиёлар, донишмандлар руҳи боши-даноқ юқори оламда маълум эди, бу руҳларнинг мартабалари аввалдан белгиланган эди, дейди шариат аҳли.
Аммо ҳикмат аҳли (файласуфлар) ва тасавуф аҳли фикрига кўра, инсонга фаолият учун инон-ихтиёр берилган, у ҳаракат қилиб, комиллик асб этиши, ниятларига етиши мумкин. Шайх Азизиддин Насафий «Зубдатул ҳақойиқ» (Ҳақиқатлар қаймоғи) номли рисоласида ёзади: «Одамларнинг сўзлари ва фаолияти учун олдиндан белгиланган ўлчовлар йўқ. Билим ва бойликка эга бўлиш одамнинг сайъ-ҳаракатига боғлиқ: одам қанча кўп ғайрат қилса, шунча билми ва мол-мулки ортади».
Азизиддин Насафий камолотнинг белгиси сифатида икки нарсани асос қилиб олган. Бунинг бири – ҳамида ахлоқ бўлса, иккинчиси – ўз-ўзини таниш. Шу икки асоснинг бор ёки йўқлигига қараб у одамларни уч қисмга ажратган. Биринчиси, ҳамида ахлоқий хислатлар билан безанмаган ва ўз-ўзини танима-ган одамлар. Иккинчи, ҳамида ахлоқий хислатлар билан безанган, аммо ўз-ўзини танимаган одамлар. Учинчиси, ҳамида ахлоқий сифатлар билан безанган ва ўз-ўзини таниган одамлар. Олимнинг назарида ана шу кейинги – учинчи тоифа одамлар комил инсон-лардир: «Бинобарин, инсоннинг камолотга эришиши ҳамида ах-лоққа эга бўлиш ва ўз-ўзини таниш билан амалга ошади».
Шу тариқа, комил инсоннинг ўзига хос ахлоқ кодекси иш-лаб чиқилган бўлиб, бу сифатларга эга бўлиш ҳар бир одамнинг орзу-армони деб қаралган. Бундан яна шу ҳам маъулм бўладики, ўрта асарлардаги яхши ахлоқ, комил инсон ҳақидаги тушунча-лар нисбий хусусиятга эга – бир томондан, жами руҳий-маънавий қудрат, ақлу заковат, яхши сифатларнинг жамулжами ҳисобланган мавҳум бир зот тушунчаси, иккинчи томондан шу чўққига интилиб, муайян матарабаларга эришган киши ҳам ко-мил инсон деб ҳисобланган. Аммо масала қандай қўйилишидан қатъий назар, комил инсон ҳақидаги ғоялар катта ижтимоий-ахлоқий аҳамиятга эга бўлди, инсонни шарафли, эзгулик ва Бу-юк Хайр руҳида тарбиялаш, меҳру муҳаббат, вафо ва садоқатни кучайтиришга хизмат қилди. Ҳар замон, ҳар лаҳза инсонларга уларнинг инсонлигини эслатиб, ёвуз, қабиҳ ишлар, ножўя қилиқлардан сақланишга кўмаклашади, иймон ва виждон бино-сининг пойдор бўлишини таъминлайди.
Ваҳдатул вужуд ва ваҳдатуш шуҳуд
Юқорида тасаввуфнинг олам тузилиши, инсон ва илоҳ, ко-мил инсон ҳақидаги бир қанча фалсафий тушунчаларни кўриб ўтдик. Бу тушунчалар, аслини олганда, Ибн Арабийга нисбатан бериладиган ваҳдатул вужуд таълимотига бориб тақалади. Шайхи Кабирнинг ўзи ушбу атамани қўлламаган, аммо издошлари унинг таълимотини ўрганиб, уни шу атама билан машҳур этганлар.
«Ваҳдатул вужуд» – ягона вужуд бирлиги демак. Яъни ҳақиқий Борлиқ – бу Мутлақ зот – Парвардигорнинг яккаю яго-на вужудидан иборат, бошқа мавжудликлар шу Вужуднинг ижоди, инъикосидир. Мутлақ зотни ал-Ҳақ (Реал борлиқ), ал-Аҳад (Бирлик) деб ҳам атайдилар. У Ўзи яратган олам ашёлари-да (олами шаҳодат, оламул халқ) Ўзини намоён этиб, зоҳирланиб туради ва шу орқали Ўзи Ўзини идрок этади. Бу чексиз ва мавҳум Мутлақ зотнинг шаҳодат (моддий) оламда тинимсиз жи-лоланиши «тажаллий» деб аталган. Тажаллий – барча ҳаракат ва фаолият, тириклик ва ҳаёт ижодкори Парвардигорнинг ўзи ярат-ган оламда доимо ҳозир бўлишидир.
Аммо шуни айтиш жоизки, Ибн Арабий назарида Мутлақ зот – бу худди Мутлақ ғоя, фикрдай гап. Шунинг учун у Ўзининг си-фатлари ва исмлари орқали аёнлашиб, конкретлашиб боради. Бу эса босқичма-босқич характерга эга. Мутлақ ғоядан – тасаввурга – тасаввурдан – лойиҳага – лойиҳадан – образга – образдан – аниқ шаклларга ўтиш. Шу учун аъён, аъёни собита, барзах, таайюн, сувари илм каби истилоҳлар ишлатилади. «Аъён» – Мутлақ ғоя-нинг тасаввурий аёнлашувини англатса, «аъёни собита» – тимсол (пробраз) суратига киришни англатади. «Таайюн» – Мутлақ ғоянинг моддий олам кўринишида конкретла-шувидир, «барзах» эса Мутлақ ғоя манбаи билан аъён орасидаги чегарани ифодалай-ди. Шундай қилиб, тажаллий аъёни собита орқали содир бўлади ва натижада Мутлақ зот нарса ва ходисаларда Ўз сифатлари ва исмлари воситасида реаллашади. Буни соддароқ қилиб тушун-тирсак, исмлар Ҳақнинг сояси бўлса, аъён – исмларнинг сояси, руҳий олам – аъён сояси, моддий олам – руҳий олам соясидир.
Шундай бўлгач, сўфий шаҳодат олами (моддий дунё)нинг барча жилва ва гўзаллигида Мутлақ зот қудрати ва азамати, жа-молу камолини ҳис қила бориш, чуқур идрок этиш орақли Мут-лақ зотнинг ўзини идрок қилиб, унга яқинлашиб боради. Аммо Ибн Арабий бўйича, Илоҳий камолнинг сифатлари олам бўйлаб қисм-қисм, алоҳида-алоҳида таралади, фақат Комил инсонда у бирлашиб, жамланиб, Мутлақ зотга нисбатан яқин ҳолатда зуҳур этади. Яъни Комил инсон – Мутлақ зотнинг мухтасар нус-хасига айланади, шу боис Ҳақ таоло Комил инсонда Ўзини тўлиқ ҳолда намоён этади ва Ўз-Ўзини мушоҳада қилади.
Баъзи тадқиқотчилар ваҳдатул вужуд таълимотини пантеизм назарияси билан тенглаштирадилар. Бу тўғри эмас. Юзаки қара-ганда ўхшашлик бор. Аммо моҳиятан олиб қараганда, орада фарқ катта: пантеизм ҳамма нарса Худо, яъни табиат ва Худо бир вужуд деб таълим беради. Ваҳоланки, ваҳдатул вужудда Худо табиатга қоришиб кетмайди, балки у Ҳақиқий борлиқ си-фатида табиатдан ташқарида мавжуд ва табиат унинг ижоди, аксланиши (шабаҳ), сояси деб уқтирилади.
Албатта, ваҳдатул вужуд фалсафасида «Ҳамма нарса Ундан» тушунчаси билан бирга «Ҳамма нарса Удир» тушунчаси ҳам баъзан қўлланилади. Бироқ, шунга қарамай, буни «Табиат – Ху-додир» деган ғояга тенглаштиролмаймиз. «Ҳама нарса Удир» деган қарашда Худонинг зоти сифатларида мужассам, деган фикр ифодаланган.
Ваҳдатул вужуд таълимотига кўра, олам узлуксиз ўзгаришда (трансформация, инқилоб), Худо ҳар бир лаҳзада ўзгача шаън (сурат) билан зуҳур этади, янги шаън аввалгисига ўхшамайди, ҳар бир одам истеъдодига қараб бу ўзгаришларни идрок этади. Ақл билан буни тўла англаб бўлмайди. Фақат ориф буни ҳис этади, чунки ақл суратларга боғланиб қолади, ориф қалби доим моҳиятга – ҳақиқатга қараб бораверади.
Ваҳдатул вужуд назарияси Шарқ фалсафий тафаккури тарақ-қиётига ижобий таъсир кўрсатди. Тасаввуфнинг фикрий – му-шоҳадавий доирасини кенгайтирди. Аммо уни ҳамма сўфийлар ҳам қабул қилган эмаслар. Ваҳдатул вужудни зарарли таълимот, шариатга зид қараш, деб баҳолаганлар ҳам анча эди. Чунончи Ибн Таймия, Ибн Халдун, ал-Асқалоний, Алоуддавла Симноний шундай кишилардан бўлган.
Алоуддавла Симноний ваҳдатул вужуд ўрнига ваҳдатуш шуҳуд (ягона гувоҳлик ёки мушоҳада бирлиги) назариясини тақдим этган. Бу назарияга кўра, Мутлақ зот сифатлари жами ашёларга эмас, балки инсон қалбида жилоланади. Инсоннинг мақсади эса мусаффаланиб, Мутлақ вужуд нурини қабул қилиш-га тайёрланиб боришдир. Шундай қилиб, ориф инсон – Мутлақ зотнинг сифатлари, қудрати ва камолининг шаҳодати (гувоҳи) бўла олади. Бу ҳам, барибир, боя кўрганимиздек, Ибн Арабийда бор: Комил инсон кичик олам бўлгани учун улуғ олам хусусият-ларини акс эттиради. Симноний Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Айнул Қуззот Ҳамадоний фикрларини қайта жонлан-тириб, инсоннинг илоҳга яқинлигини таъкидлаган. Аммо Симо-ний инсоннинг Мутлақ зотга айланиши, ижтиҳод, ҳулул каби ҳодисаларга кескин қарши чиқади.
Шундай қилиб, тасаввуф, бир томондан, дин ва шариат, ик-кинчи томондан, фалсафа ва ҳикмат илми билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган ўзига хос таълимотдир. Аммо шуниси бор-ки, сўфийлар ўзларини ҳар доим файласуфларга ва калом аҳли (шариат аҳли уламолари)га қарма-қарши қўйиб келганлар. Нега? Чунки калом аҳли Қуръон оятлари, Пайғамбар ҳадисларини зоҳиран ўрганиш, олам яратилиши ва тузилишини айнан диний тасаввурлар билан тушунтиришдан нарига ўтмас, Исломни ҳам, иймонни ҳам ақл билан қабул қилиш ва аҳкомларнинг расм-русмлари, одатларини мустаҳкам сақлаш учун курашганлар. Шу боис сўфийлар аҳли каломни «муқаллидлар», яъни ўтганларга тақлид қилувчилар, қуруқ ақидапарастлар деб атаганлар. Файла-суфлар (чунончи, Форобий, Ибн Сино, Ал-Киндий, Ибн Рушд каби) эса юнон донишмандлари Афлотун ва бошқаларнинг таж-риба ва кузатув, мантиқий таҳлил ва умумлашмалар орқали та-биат, инсон ва жамиятни тадқиқ этиш йўлидан борганлар. Кўринадики, аҳли каломда ҳам, аҳли ҳикматда ҳам ақлий-мантиқий илм, тажриба қилиш, билим йиғиш етакчилик қилади.
Файласуфлар Худони ҳам шу йўсинда ўрганиб, уни сабаби аввал, биринчи туртки берувчи ёки Жавҳар деб таърифлаганлар. Гарчи Афлотун ва унинг издошлари Худони мутлақ руҳ деб, инсон ва оламда руҳ бирламчи асос эканлиги тан олинса-да, би-роқ руҳни ўзидан ўтказиб эмас, балки «объектив борлиқ» сифа-тида, бир асбоб сифатида четдан туриб ҳиссиз қараб чиқиш кўзга ташланади. Фалсафада ҳам одамни табиий тараққиётнинг олий кўриниши, Парвардигор яратган энг мукаммал ва мўътабар хилқат деб қараш мавжуд. Форобий ва ибн Сино асарларида бу тез-тез тилга олинади.
Бироқ уларнинг ҳаммаси тасаввуфда ўзга мақсад, ўзига хос йўлда талқин қилинади. Бу ўзига хослик нималарда кўринади?
Биринчидан, бу – дунёга антропоцентризм нуқтаи назари-дан қарашда кўринади. Яъни инсонни «олам меҳвари» деб би-лиш, оламдаги барча ҳаракат, воқеа-ҳодиса, ўзгариш-янгила-нишларни инсонда мушоҳада этиш ва инсон орақли тушунти-риш. Табиатдаги жамики ички зиддият ва ривожланиш, ўсиш-улғайиш руҳнинг мўъжизалари инсонда бор, деб таърифлайди Жалолиддин румий «Маснавии маънавий» асарида. Шу каби Оламни ва Одамни яратган Парвардигор жавҳари, исмлари, қудрати ва моҳиятини англаш ҳам инсон руҳи хусусиятларини ўрганиш ва англаш билан амалга ошади.
Иккинчидан, Парвардигорни ва Унинг қудрати, мўъжизалари, ғайб оламини фақат ақл билан билиб бўлмайди. Мен «фақат» сў-зининг остига чизиб таъкидладим. Чунки баъзи ишларда тасавуф-нинг билиш назарияси бўлган ирфон илмни ирроционализм ёхуд мистика деб таърифлаш расм бўлиб келмоқда. Тўғри, тасаввуфда ирроционал (важдий) билиш етакчилик қилади. Аммо, бу тасав-вуфда ақл бутунлай инкор этилган, деган гап эмас. Тасаввуфда ҳам ақлий билиш, ақл қудрати тан олинади. Бироқ ақлий билимлар, далил билан исботланиши мумкин бўлган билимларга ярайди, ғайб илмини идрок этишга эса ақл ожиз, дейди сўфийлар. Ғайб илми, Худованд оламидаги беҳад-беҳудуд илмларни сўфий алоҳида ҳиссий-важдий тафаккур билан, қалбга тушган каромат нури билан англаб идрок этади. Шу боис тасаввуфда мукошафа, кашфу ка-ромат, ҳол-сукра тушунчаларига алоҳида эътибор берилади.
Худди шу ерда тасаввуфдаги учинчи ўзига хослик келиб чиқади. Яъни ақлий тараққиёт, бор билимларни эгаллаш билан қаноатланмасдан, балки руҳни чиниқтириб, қалбни мусаффолаш орқали чексиз камолотга интилиш, ўз-ўзини такомиллаштириш, янги-янги мақомлар-мартабаларни эгаллаб бориш. Бу эса фақат назарий тайёргарлик, таълим-таҳсил билан бўлмайди, бунинг учун муайян руҳий-маънавий йўл-тариқатни босиб ўтиш, қаттиқ ва қатъий чекланиш ва марҳумликларни бошдан кечириш ло-зим, дейди сўфийлар. Шундай қилинмаса, руҳ тана устидан, нафс устидан, табиат устидан ғолиб бўлолмайди. Инсон ўз асли бўлмиш Мутлақ руҳ ҳолатига яқинлашиш, Унинг васлига ети-шиш учун ҳам шундай қилиши керак.
Шундай қилиб, комиллик сари интилиш, фаришта хусусия-тини касб эта бориш ва ундан-да ўзиб кетиш кенг тарғиб қилинади. Бунинг амалий одоби, расму русуми, кодекслари иш-лаб чиқилиб, булар тариқат деган тушунчада жамланди.
Кўринадики, тариқат ижтимоий ҳодиса сифатида жамият та-раққиётига хизмат қилган. Тариқат асосида тасаввуфнинг яхши, идеал жамият ҳақидаги қарашлари вужудга келган. Масалан, Жомийнинг «Хирадномаи Искандарий» ва Навоийнинг «Садди Искандарий» достонларида подшоҳсиз одамлар, яъни солиҳ ки-шилар жамияти ҳақида гап боради. Тасаввуф бундай жамиятга зўрлик, инқилоб йўли билан эмас, ҳар бир инсонни ахлоқий тар-биялаш орақли етиш мумкин, деб ҳисоблаган.
Инсоннинг мутлақ ҳақиқат, мутлақ адолат ва покликка эри-шиш истаклари тасаввуфда мужассам бўлди. Бу эҳтиёж, орзу кучли завқ ва иштиёқни, ўзини унутиш ва бехудликка олиб бор-ган ишқни келтириб чиқаради.
Демак, тўртинчи хусусият – тасаввуфда Илоҳий ишқ орқа-ли покланиш ва пок Парвардигор васлига етишиш ғоясидир (яъни Инсон ва Илоҳнинг қоришиб, қўшилиб кетиши ғояси). Парвардигор – бир идеал, Унинг олами Мутлақ поклик олами. Шунинг учун инсон ҳам батамом пок бўлгандагина бу оламга эриша олади. Пок бўлиш учун эса қалбда шу поклик тимсоли улуғ Тангрига беҳудуд ва адо бўлмас муҳаббат бўлиши керак. Бу муҳаббат мавҳум бир туйғу эмас. Балки Илоҳ яратган моддий оламдаги гўзаллик – Илоҳнинг камоли ва жамоли акс этган нарса-лар ва Унинг гултожи инсонга муҳаббат орқали боради. Шу тариқа дунёвийлик билан илоҳийлик ўзаро боғланади. Шуниси ҳам борки, илоҳий муҳаббат – бу ирфоний бир туйғу, яъни билиш завқи, ан-глаш завқидан, ғояга, маърифатга айланиш завқидан бошқа нарса эмас. Сўфий муҳаббат оташида ёниб, гўё моддийликдан қутулиб, яхлит бир ғоя – бир маърифат парчасига айланади. Шундай қилиб, агар тасаввуфга шу нуқтаи назардан таъриф бермоқчи бўлсак, ун-да: «тасаввуф ишқ оташида туғилган туғёнли тафаккурдир» деган жумла ҳосил бўлади. Демак, бунда ҳам инсонни – олам меҳвари деб қараш ўз моҳияти билан намоён бўлмоқда. Зеро, ишқий тафак-кур суратдан моҳиятга қараб бориш, руҳнинг номаълум жилолари, манзараларини кашф этишга етаклайди. Бежиз эмаски, ҳозирги ғарб файласуфларида кўринадиган психологик билимлар мажмуи (психоанализ, парапсихология, экзистенциализм) кўп жиҳатлари билан ориф суфийлар ва Ф. Аттор, Ж. Румий, Ибн Арабий каби мутафаккирларнинг фикрларини эслатиб туради.
Тасаввуфдаги ўзини-ўзи такомиллаштириш ғояси, ахлоқий юксалиш, эзгулик, хайр, ҳиммат, мардлик ҳақидаги қарашлар бутун мусулмон оламига кенг тарқалиб, катта ижтимоий ҳодисага айланган эди. Дарвешлар, сўфийлар, шайхлар, валий-сифат руҳонийларни халқ жуда ҳурмат қилган, уларга эътиқод қўйиш орқали Тангри таоло қудратини чуқурроқ ҳис қилган, амалий турмушда одамлар шу дарвешлар каби қаноатли, ҳалол бўлишга интилган, нафсини тийган. Шунинг учун ҳам тасаввуф-га таъриф берганда, жуда кўп шайхлар уни шайтоний нафсни жиловлаш ва раҳмоний хислатлар касб этиш илми деб кўрсатганлар.
Энди бу ўринда шуни айтиш керакки, агар тасаввуфнинг не-гизида чин инсонпарварлик ғояси, халқнинг адолат ва ҳақиқат ҳақидаги орзулари ётмаганда, у бунчалар кенг тарқалмас, бун-чалик кенг оммавийлашиб, ижод аҳли қалбидан ўрин олмасди, бу қадар қайноқ ва жозибали бир шеърият яратилишига туртки бўлмас эди.
Бироқ, яна бир нуқтани таъкидлаш муҳим: тасаввуфнинг сатҳи кенг, йўналишлари кўп. Ҳамма сўфийларни фалсафага дахлдор деб бўлмайди. Умуман, файласуфларни ёқтирмайдиган шайхлар ҳам бўлган.
Тасаввуфнинг «фалсафийланиш» даври ХIII–ХIV асрларда бир қатор мутафаккир адиблар, ориф суфийлар етишиб чиқдики, биз уларни тасаввуфни фалсафа билан боғловчилар деб айтамиз. Чунончи, Ибн ал Арабий, Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий, Фа-риддидин Аттор, Азизиддин Насафий, Яҳё Суҳравардий, Ибн Са-боин, Абдураззоқ Кошоний, Абдулкарим Жилий, Маҳмуд Шаби-старий, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Абдулқодир Бедил шундай мутафаккирлар сирасига киради. Буларнинг ижоди-да олам ва одам ҳақида ўйлар, қазову қадар, эрк ва ихтиёр, суврат ва маъно, ақл ва руҳ, вақт ва замон, инсон тийнати хусусида кўплаб янги қарашлар баён этилган. Бу зотлар илоҳийшуносликни бутун-лай янги поғонага кўтардилар. Уларнинг асарларида инсоний маърифат, инсоний кечинмалар тасвири ва таҳлили билан олиб борилади, комил инсон хислатлари батафсил ишлаб чиқилди.
Бу муаллифлар ўз қарашлари билан Ибн Сино, Ибн Рушд, Умар Хайёмга яқинлашиб бордилар, яъни ирфоний тасаввуфни ривожлантирдиларки, бу, масалан Ибн Сино томонидан ҳам илиқ қарши олинган эди. Ибн Сино ирфоний билиш йўлини ин-кор этган эмас, аксинча, «Ҳайй ибн Яқзон», «Ат тайр», «Сало-мон ва Абсол» номли асарларида рамзлар орқали суфиёна маърифатга эришишни тасвирлайди. «Рисола фил ишқ» асарида эса муҳаббатни айнан ирфоний мазмунда талқин этган.
Умар Хайём рубоийлари ичида ҳам биз Абусаид Абулхайр, Авҳауддин Кирмоний, Хўжа Ҳофиз рубоийлари каби суфиёна ғояларни ифодалаганлари бор. Шунинг учун аслида соф рацио-нализм тарафдори бўлган олимлар ҳам тасаввуфнинг орифона йўналишини ўзига хос бир йўл деб қабул қилганини кўрамиз. Умуман, бизнинг тарихимизда фалсафий тафаккур билан бади-ий тафаккур бақамти ривожлангани каби ақлий (рационал) ва важдий (ирроционал) билимларни эгаллаш бирга ривожланган.
Шу боис сўфий шоири ёки олими деб ном чиқарган киши-ларнинг асарларида дунёвий билимлар, ҳикмат ва донишманд-ликнинг бутун бир сандиғини очиш мумкин. Масалан, Жало-лиддин Румийнинг асарларида қанчадан-қанча фалсафа бор, қанчадан-қанча инсоний муаммолар тилга олиниб, ҳануз тозали-гини йўқотмаган фикрларни топиш мумкин. Эрон олими Му-ҳаммад Тақи Жаъфарий ўзининг «Мавлави ва Шарқу Ғарб мак-табларидаги дунёқарашлар» номли китобида кўпдан-кўп мисол-лар қиёси билан исботланганки, Румийнинг «Маснавии маъна-вий» номли олти дафтаридан иборат муҳташам асари бутун бир фалсафий қомусдир. Унда нафақат Шарқ руҳият фалсафаси, ир-фоний илмлар қаймоғи акс этган, балки кейинчалик Ғарбий Ов-рупода кашф этилган қарашлар тизимининг дастлабки тагзами-нини кўрса бўлади. Чунончи, Румий биринчи бўлиб, оламнинг заррадан коинот қадар ўзаро вобасталиги, бир-бири билан тор-тилиб туриши, диалектик тараққиёти (оддийдан мураккаб сари ривожланиш, ҳамма ерда зиддият ва қарама-қаршиликлар бир-лигининг мавжудиги) ҳақида фикрлар баён этган эди. Бу бир неча асрдан кейин Ҳегел томонидан ривожлантирилди.
Руҳнинг ички интизоми, фикрнинг пайдо бўлиши ва йўқо-лиши, тасаввур ва тафаккур, хаёл ва борлиқнинг онгга, онгнинг борлиққа таъсири, инсон мавжудлигини аниқлайдиган белгилар, инсоннинг алданиши, ёлғон тасаввурлар ва чин билим, тажриба ва таҳлил, жузв ва кулл, конкретлилик ва мавҳумлик, ҳақ сифати ва одам сифати каби юзлаб масалалар устида баҳс юритилади «Маснавии маънавий»да.
Тасаввуф мусулмон халқларининг ахлоқига чуқур сингиб бор-ган, бу шу даражадаки, дарвеш, сўфий ахлоқи бир ибрат, намуна сифатида олиб қаралган. Дарвеш кўпдан-кўп бадиий асарларнинг қаҳрамонига айланган. «Ахлоқи Носирий», «Ахлоқи Жалолий», «Ахлоқи Мўҳсиний» каби ўрта аср ахлоқ китобларида давлатчи-лик, адолатли жамият, одил ҳукмдор тушунчалари ҳам сўфиёна қарашларга боғлаб талқин этилади. Бу ғоялар бадиий адабиётдан чуқур ўрин олади ва ўзига хос тасаввуф эстетикаси шаклланади.
Шулар асосида комил инсон ахлоқи, маъавнияти ҳақидаги қарашлар мажмуи тўпланган. Тасаввуф ғоялари бора-бора халқнинг яхшилик, олий ҳақиқатлар ҳақидаги ғоялари, орзулари билан қўшилиб кетади ва фольклорга ҳам сингади.
Бу қисқа баёнимиз шуни кўрсатадики, тасаввуф бирор-бир фалсафий тизим ўрнини эгаллашга даъво қилган эмас. У бир томондан диний, иккинчи томондан, фалсафий-ирфоний қарашлардан озиқланган ўзига хос таълимот ва ахлоқий устав-лар мажмуидир. У инсон руҳияти эрки, инсон ички олами, ҳислари парвозини ифодалаб, Шарқ фалсафий тафаккурида муҳим ўрин эгаллаган, маънавиятимизни бойитишга улкан ҳисса бўлиб қўшилган эзгу ғоялар, нажиб ҳикматлар силсиласидир.

ТАСАФФУФ ВА КАЛОМ ИЛМИ
(Имом Ғаззолий қарашлари)

i_018.jpgШариат билан тариқат орасидаги масала ғоят нозик масала-дир. Бу жиҳатни англамаган одам шубҳасиз бирор томонга пу-тур етказиши мумкин. Чинакам мусулмон бўлган, исломни чуқур англаб, унинг маърифати, ҳикмат ва фалсафасидан баҳраманд бўлган, мусулмонликни Аллоҳ ёдида пок яшаш деб билган киши ҳеч қачон тариқатни ўзига ёт деб билмайди. Му-сулмонликни фақат расм-русмлар, одатлар ва бошқа ташқи бел-гилар йиғиндиси деб билувчи киши учун, турган гап, тариқат мавҳум ва ҳатто зарарли нарса бўлиб туюлади. Бу ўринда шуни айтиш керакки, шариат аҳлининг ҳаммасини ҳам тариқат билан курашиб келган, тариқатга мухолиф бўлган деб айта олмаймиз. Кўпгина шариат пешволари тариқат аҳлига ҳурмат билан қара-ганлар, шайхлар билан дўстлашганлар. Бундан ташқари, дарвеш сулукига кирган фақиҳлар, шайхулисломлар, обидлар бор эди, масжидлар ва хонақолар орасида алоқа бўлиб турарди.
Шунга қарамай, шариат ва тариқат аҳллари орасида мухо-лифлик давом этиб келди. Зоҳирбин уламолар наздида сурункали тақво, доимий рўза, риёзат учун ўзини қийноқларга солиш Ҳазра-ти Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига хилоф. Инсон ҳаётдан, яъни Аллоҳ берган неъматлардан баҳраманд бўлиши ва ҳам ўз Тангрисига шукрона сифатида тоат-ибодат билан шуғулланиши, бандалик хизматини бажариб туриши лозим. Ўзини қийноқларга солиш Аллоҳга хуш келмайдиган ишдир, дейди шариат аҳли.
Аммо мухолифатнинг бош сабаби бу эмас эди, зоҳидлар, «осойишта» сўфийлар шариат аҳлини унчалик безовта қилмаганлар. Шариат аҳлига ташвиш келтирган нарса – бу та-саввуфнинг фано, тавҳид, ишқ ва васл каби ғоялари эди. Чунки мазкур тушунчалар ҳурфикрлиликни, ҳақиқатни излаш йўлидаги мантиқий-тафаккурий жиҳатни кучайтирар, ваҳдат, руҳ, Илоҳ ва инсон ҳақида теранроқ билим берар, олам асрори-ни англашга йўл очарди. Бу эса зоҳирий билим билангина чек-ланган одамларга ёқмасди. Боз устига, Ҳақ ишқида бехуду дево-на бўлган валийларнинг «шатҳиёт»лари, яъни зоҳирда «куфр» бўлиб кўринган гаплари (чунончи, Ҳалложнинг: «Аналҳақ» дейиши, Боязиднинг «Шарафланганман, шарафланганман, шаъну шараф менга» деган гапи, Машрабнинг «Ёрсиз ҳам бода-сиз Маккага бормоқ на керак, Бошимга урайинму Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни» дейиши) табиийки ақидапараст киши-ларни ташвишга солар ва улар буни иймондан чекиниш деб баҳолардилар.
Шунинг оқибати бўлдики, тасаввуф маслагининг энг ёрқин фикрли азиз фарзандлари Мансур Ҳаллож, Яҳъё Суҳравардий, Айнулқуззот Ҳамадоний, Имомиддин Насимий, Бадриддин Ҳилолий, Бобораҳим Машраб муқаллид уламолар фатвоси би-лан расмий равишда қатл этилдилар. Мансур ва Суҳравардийнинг бир неча шогирдлари ҳам қатл этилган. Шу каби Зуннун Мисрий, Боязид Бистомий, Абдуллоҳ Ансорий, Фаридиддин Аттор, Инб Арабий, Жалолиддин Румий каби машҳур мутафаккир шайхлар умр бўйи шариат аҳли билан ке-лишолмай, баъзан эса жоҳил ҳокимлар, амирларнинг тазйиқи остида умр ўтказганлар.
Мақомот ва валийлик сирларидан биринчи бўлиб сўз очган Зуннун Мисрий Миср уламолари раиси Абдуллоҳ бин Ҳаким то-монидан таъқиб остига олинади, Зуннуннинг қарашлари инкор қилинади. Зуннун айтган гаплар илми калом уламолари айтган гапларга тўғри келмайди, деб уни зиндақа (дунёнинг асосида ик-ки куч – Ёвузлик ва Эзгулик ётади деган эътиқодни олға сурувчи Занд дини) тарафдорисан, кофирсан дея тошбўрон қиладилар. Абдулқосим Суламий ўзининг «Табақатус сўфия» китобида маз-кур маълумотларни келтириб, яна давом этадиким, шайх Абусулаймон Дороний фаришталарни кўраман ва улар билан суҳбат-лашаман, дегани учун Дамашқдан бадарға қилинган. Бистом шаҳри аҳолиси ҳам Боязид Бистомийдан мункир бўлдилар. Саба-би у: мен ҳам Пайғамбар сингари Меърожга кўтарилдим, деган экан. Суламийнинг ёзишича, Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий деб-дурким, фаришталар, шайтонлар ва жинлар унинг олдида ҳозир бўладилар ва у билан сўзлашадилар. Лекин одамлар бунга ишон-май рад этадилар ва Саҳлни ёмон отлиқ қиладилар. Натижада Саҳл Тустардан Басрага қочиб бориб, ўша ерда вафот этди.
Улуғ шайх ва шоир Фаридиддин Атторни «Жавҳаруз зот» (Зот гавҳари) асари учун рофизийлик (шиалик)да айблаган Ни-шопур уламолари уни Мансур каби қатл этмоқчи бўладилар. Бироқ шоир қочиб жон сақлайди, лекин мол-мулкидан буткул ажралади. Яна қизиғи шундаки, XV асрда, худди шу достонни кўчирган Низомиддин Ҳайдар Бобуний деган котиб Са-марқандда муллаларнинг ғазабига дучор бўлган ва қаттиқ жазо-га ҳукм этилган. Хайриятки, Ҳирот олимлари бундан хабар то-пиб, Низомиддинни қутқариб қоладилар (Е.Э.Бертельс. «Су-физм и муфийская литература». 372-373-бетлар).
Шариат ва тариқат орасидаги мухолифлик илмий-назарий йўналишда ҳам давом этиб турган. Бир қанча рисолалар ёзилиб, сўфийларнинг сўзлари ва амаллари танқид қилинди. Шундай китоблардан бири 1153 йилда вафот этган Ибн Жавзийнинг араб тилидаги «Талбис иблис» (Иблис васвасаси) номли китобидир. Эронлик олим Сайид Гуҳарин «Тасаввуф истилоҳлари шарҳи» номли китобнинг муқаддимасида Ибн Жавзий асари устида ба-тафсил тўхтаб ўтган. Биз ушбу манбаъдан маълумот учун баъзи иқтибосларни келтириб ўтмоқчимиз.
Ибн Жавзий тасаввуф тарихини икки даврга бўлади. Бирин-чиси – зоҳидлик даври бўлиб, у даврда сўфийлар шариат талаб-ларига қатъий риоя қилганлар. Иккинчиси – дарвешлик даври бўлиб, бу даврда фикру шуурда ислом ақидаларига тўғри кел-майдиган қарашлар юзага келган, тариқат қабул қилган расм-русмлар ҳам илк исломда йўқ эди, дейди Жавзий. Чунончи, хирқа кийиб алоҳида жамоа бўлиб юриш, рақсу самоъ мажлис-лари ташкил қилиш, куй-қўшиқ эшитиш, чилла ўтириш, зикр тушиш ва ҳоказолар исломга хилоф. Сўфийларнинг бу ишлари одамларни йўлдан ура бошлади, деб ёзади Ибн Жавзий, чунки сўфийлар бағоят тақводор кишилар бўлганлиги сабабли диндор-ларга таъсир ўтказарди, аммо иккинчи томондан, ўйин-кулгуга берилган дунёпараст кишилар ҳам сўфийларнинг илмини ўрга-нишдан кўра, каромат ва сеҳрга эътибор берадилар, бу эса шай-тоннинг райъига эргашишдир. Ибн Жавзий ёзади: «Кейинги даврларга келиб, Иблис уларнинг ишларига аралашди ва васва-сага солди. Уларнинг тобеълари ҳам бу васвасага учдилар. Иб-лис васавасасининг моҳияти шундан иборатки, у сўфийларни илм ва донишдан қайтариб, уларга мақсад-муддао илм эмас, балки амалдир, деб кўрсатди. Ва улар учун илм чироғи сўнган-дан кейин зулмат ичра қолдилар ва йўлдан адашдилар».
Бу тасаввуфга қўйилган катта айб эди. Амалда Ибн Жавзий сўфийларни билимсиз, нодон кишилар деб таҳқирлаган. Тўғри, тасаввуфда шариат илми ақлий-мантиқий илм сифатида олиб қаралади ва сўфий бу илмнинг ўзи билан чегараланса бўлмайди, у ишқ ва ботиний тараққиёт орақли ғайбий-ладуний билимлар соҳиби бўлсагина, мақсадга эришади, деган қараш бор. Бироқ буни шайтон васвасаси ёки нодонлик деб аташ хато. Ахир На-жмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори вали каби улуғ шайхларни шариат илмидан бехабар деб бўладими? Улар бу илмни сув қилиб ичган одамлар эдилар. Улар ана шу шариат илмидан ташқари яна ботиний-илоҳий илм ҳам жўш уриб турган. Ана шу фазилат билан улар оддий дин-дорлар, муҳаддису муфассирлардан устун эдилар.
Ибн Жавзийга шариат илмини илми зоҳир, тариқат илмини илми ботин дейиш ҳам ёқмаган, унинг назарида бу тариқатни шариатдан афзал ҳисоблашдир. «Кўп оч юриш, сурункали чилла ўтириш, парҳезкорлик бу одамларнинг миясини айнитган. Шу-нинг учун улар бидъат ва куфр сўзларни айтадилар, хаёлларига ҳар хил нарсалар кўринади», деб ёзади Ибн Жавзий сўфийлар ҳақида. Сўфийлар ўзларини ислом асосларига дахлдор қилиш учун чаҳорёрлар – Абубакр, Усмон, Умар ва Али разийаллоҳу анҳуларни, бир қисм саҳобаларни илк сўфийлар деб айтадилар ва ҳатто Ҳазрати Пайғамбаримиздан ҳам сўфийлик сифатларини қидирадилар, Қуръони Карим оятларини сўфиёна руҳда шаҳрлайдилар, дейди Ибн Жавзий.
«Талбис Иблис» китобидан: «Одамларнинг бу қавмга (яъни сўфийларга) майли кучлигига боис шуки, тариқатнинг ташқи кўринишини ибодатга мослаганлар, аммо ботинини рақсу самоъ билан тўлдирганлар, одамларга эса бу ёқади».
Яна: «Аввалги сўфийлар шоҳ ва амирлардан нафратланарди-лар, уларнинг инъомларини олмасдилар. Кейинги сўфийлар тах-ту тож аҳлининг яқин дўстларига айландилар».
Яна: «Абдураҳмон Суламийнинг келтиришича, Амру Мак-кий (Мансурнинг пири) ҳикоят қилибдурким, Мансур Ҳаллож билан Макка кўчаларини кезардик. Мен Қуръони Мажиддин бир оят ўқидим. Мансур менинг қироатимга қулоқ солиб деди: мен ҳам шунга ўхшаш сўзларни айта оламан».
Ва яна: «Сўфийларнинг кўпи хотинларга қарашни ножоиз ҳисоблайдилар. Лекин чиройли йигитлар билан суҳбат қуришни ёқтирадилар… Уларнинг фикрича, Худо гўзаллар жисмига синггандир, гўзаллар юзига боқиб, Худонинг жамолидан баҳра оламиз, дейдилар».
Ибн Жавзийга тариқат одоби, яъни таркидунё қилиш, хо-нақоларда тақво билан умр ўтказиш ҳам маъқул эмас, муаллиф буни ислом шариатига хилоф деб билади. Ибн Жавзий фикрича, олти сабабга биноан бу иш хатодир, яъни биринчидан, ушбу ҳаракат одамларни масжиддан челаштиради, ҳолбуки, масжид мусулмонларнинг асосий йиғиладиган жойи бўлиши керак. Ик-кинчидан, мусулмонларнинг жам бўлиб ибодат қилиши камайи-ши мумкин. Учинчидан, кишиларни масжидга бориб намоз ўқишдан маҳрум этади. Тўртинчидан бу иш насронийлар ва исо-парастларга тақлид бўлиб, яка ибодат қилиш одатини жорий эта-ди. Бешинчидан, хонақо аҳли орасида кўп ёш йигитлар борким, улар уйланиши ва фарзандли бўлиши керак. Таркидунё улар ҳаётига зоминдир. Олтинчидан, хонақоларда бажариладиган амаллар халқ-ни алдаш ва залолатга йўллашдан иборат. «Кейинги давр сўфий-лари, — деб таъкидлайди Ибн Жавзий, — хонақо ва ра-ботлардан текин яшаш ва истироҳат билан кун ўтказишга ўрганиб қолганлар, фақат овқат ейиш ва ўйин-кулги қилиш билан бандлар».
Кўриндики, Ибн Жавзий учун тасаввуф таълимот сифатида-ги назарий жиҳатлари, ғоялари билан ҳам мақбул эмас. Муал-лиф хонақолардаги пир ва муридилик муомаласидан тортиб, ўз-ўзини назорат қилиш шартлари ҳисобланган зикру самоъ, чилла ўтириш, сурункали тақводорлик, махсус кийим – хирқа кийиб юришгача – ҳаммасини бидъат деб рад этади («бидъат» – араб тилида янгилик демакдир).
Тасаввуфни танқид қилиш кейинги асрларда ҳам давом эт-тирилди, ҳозир ҳам афсуским айрим мамлакатларда нақшбан-ддандия, суҳравардия ва мавлавия тариқатларини танқид этувчи китоблар чоп этилмоқда. Уларда асосан ўша Ибн Жавзий айтган гаплар такрорланади.
Энди тариқат аҳлининг гапларини ҳам эшитайлик. Аввало алоҳида қайд этамизки, тариқат аҳли ҳеч ерда ва ҳеч қачон ша-риатни инкор этган эмаслар. Билъакс, шариат тасаввуфнинг муҳим ва зарурий қисми деб қаралган. Бошқача айтганда, шари-ат маънавий тарбиянинг биринчи босқичи ҳисобланган. «Каш-фул маҳжуб» китобининг муаллифи Абулқосим Қушайрий фик-рича, сулук йўлига кирган киши тўрт буюк марҳала (мақом)ни босиб ўтиши лозим, яъни шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат. Баъзилар маърифатни алоҳида мақом сифатида тилга олмасалар ҳам, аммо шариат, тариқат ва ҳақиқатни санаб ўтганлар.
Яна шуниси борки, кўпгина шайхлар ўз муридларига бирин-чи навбатда шариат асосларини пухта ўргатганлар, мурид токи Қуръон ва Ҳадисни бутун моҳияти билан англаб етмаса, шариат аҳкоми бўлмиш тавҳид, иймон маъносини тушунмаса, беш вақт намозни адо этиб, рўза тутиб, закот ва ҳаж талабларини ҳам ба-жармаса, у ҳақиқий мусулмон деб қаралмаган ва хонақога кири-тилмаган. Бироқ, ҳамма гап шундаки, тариқат пешволари шари-ат талаблари устига яна янги талаблар қўйганлар, мусулмонлик шартларини чуқурлаштирганлар. Аниқроқ қилиб айтсак, омма тоқат қила олмайдиган, бироқ махсус кишиларгина тоқат қила-диган қишимча риёзатлар юклаганлар ва соликлар буни мажбу-рий эмас, ихтиёрий равишда ўз зиммаларига олганлар. Ана шу асосда қўшимча намоз, қўшимча рўза, парҳез ва тақво, қўшимча ҳаж қилиш жорий этилган. Шунга қудрати бор кишилар учун бу нарса раво деб қаралган. Чунки бундай одамлар ўз ҳаётларини Худо йўлига бағишлаган эдилар, улар учун бундан муҳим, бун-дан олижаноб ва қимматли нарса бўлмаган. Хўш, буни манъ этиб бўладими? Ўзини Худо йўлига бағишлаган, туну-кун ибодат би-лан шуғулланишни одат қилган одамни сен гуноҳ қилаяпсан дей-иш мумкинми? Бу ҳар бир банданинг ўзининг шахсий иши. Шу-нинг учун ҳам тасаввуф ва тариқатни хослар йўли дейдилар ва индивудиал (фардий) ҳодиса сифатида олиб қарайдилар.
Аслини олганда, шариатнинг ўзи ҳам риёзатдир. Беш вақт намозни адо этиш, бир ой рўза тутиш, узоқ сафарга чиқиб ҳаж қилиш риёзат эмасми?
X–XI асрлардан бошлаб шариат ва тариқат аҳллари орасида мунозаралар бошлангандан кейин тасаввуф назариётчилари бу икки томонни келиштириш, шариат ва тариқатни муво-фиқлаштириш устида бош қотириб, фикрлар баён этганлар.
Бу ишга биринчи бўлиб қўл урган киши Абубакр Калободий Бухорий (вафоти 990 йил)эди. У ўзининг «Ат-таарруф ли мазҳаби тасаввуф» (Тасаввуф мазҳаби бўйича таништириш китоби) номли асарида тасаввуф ақидаларининг ислом аҳкомларига мувофиқ келишини исботлашга интилган. Олим асосан Қуръон ва Ҳа-дисдан олинган мисоллар ва тасаввуф шайхлари сўзларини қиёслаш усулидан фойдаланган. Кейинчалик Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089) Абдуллоҳ Кушайри (986–1072), Ҳужвирий (вафоти 1075) ҳам бу масалада фикр билдириб, шариат ва тариқат бир-бирини тўлдирадиган, ривожлантирадиган йўллар эканини қайд этганлар. Чунончи, Абдулло Ансорий дейди: «Шариат барча ин-кор ва тасдиқдан иборат, у инсон вужудига қаратилган бўлиб, шакл-русумлар (қолиплар)ни ташкил этади. Тариқат буткул маҳв бўлмоқ (фано), ҳақиқат эса барча хайратдан иборат. Шариатни тана деб бил, тариқатни дил дегин, ҳақиқатни эса жон ҳисобла».
Аммо бу борада ҳеч ким Имом Муҳаммад Ғаззолийчалик чуқур илмий фикрлар баён этган эмас.
Имом Ғаззолий – Шарқнинг дунёга машҳур мутафаккирла-ридан, калом илми (фиқҳ, тафсир, ҳадис), фалсафа ва тасаввуф масалалари бўйича бир нечта жаҳоншумул аҳамиятга эга китоб-лар муаллифи. Ғаззолий асарлари 1145 йилдан бошлаб Европа тилларига таржима қилина бошлаган, Данте, Бекон, Дидро, Рус-со, Гегел уни донишманд мутафаккир сифатида тилга оладилар. Абуҳомид Муҳаммад бин Муҳаммад Ғаззолий (1058–1111) Эроннинг Тус шаҳрида туғилган. Нишопурда калом илмининг алломаси ашъарий Жувайнийдан таълим олиб, шу соҳанинг би-лимдони сифатида ном чиқаради. Салжуқийлар вазири Низо-мулмулк уни Бағдодда қурдиргани Низомия мадрасасига ишга таклиф этади. 1095 йилда Ғаззолий Бағдодни тарк этиб, кўп шаҳарларни кезиб чиқади, 11 йилдан сўнг яна Бағдодга қайтиб оз муддат дарс бериш билан шуғулланиб, кейин она шаҳри Тус-га қайтади. Хонақо ва мадрасаларда маҳаллий ёшларга таълим бериб, шу ерда оламдан ўтади.
Имом Ғаззолий ўз замонининг барча илмларини ўрганиб, уларга муносабат билдирган алломадир. Уни калом илмининг схоластик усуллари ҳам, фалсафанинг ҳаддан зиёд ақлий му-шоҳадакорлиги, ички зиддияти ҳам, исмоилийларнинг бир ёқлама қарашлари ҳам қаноатлантирмаган. Ғаззолий ҳар бир илмга унинг инсон табиати ва руҳиятига қанчалик мос келишига ва инсон ка-молотига хизмат қила олишига қараб баҳо беради. У улуғ руҳшу-нос олим сифатида иш кўради. Калом илми ўзининг ақидалари (догмалари) билан инсон юрагига йўл тополмаслигини, Худони англаш ва севишга етарли эмаслигини англаган олим тасаввуфда бунинг имкониятлари борлигини кўради. Айнан тасаввуфда дин ва иймоннинг руҳий-психологик жиҳати мужассамланган. Чунки тасаввуфда Худони қалб билан идрок этиш, ҳис-ҳаяжон, муҳаб-бат орқали қабул қилиш бор (буни юқорида кўриб ўтдик). Ғаз-золий каломдаги ақлий муҳокамаларни сўфиёна ҳиссий идрок усуллари билан қўшиб, исломий илмларга янгидан руҳ бағиш-лади, уларни «тирилтирди». Бошқача айтганда, калом нуқтаи на-заридан тасаввуфни ва тасаввуф нуқтаи назаридан калом илмини назардан ўтказди. «У тасаввуфнинг барча қоидаларини таҳлил қилиб, текшириб чиқди, улардан қайсилари суннага мувофиқ ке-лишини, қайси томонлари тўғри келмаслигини аниқлаб берди» (Е.Э.Бертальс. Суфизм и суфийская литература. М., «Наука», 1965, стр. 43.) Бундан, Ғаззолий тасаввуфни каломга мослашти-риш биланганина шуғулланган, деган хулоса чиқмаслиги керак. Имом Ғаззолийнинг ҳусни таважжуҳи кўпроқ тасаввуф томонида эди. Унинг тадқиқотлари наинки тариқат билан шариатни чуқур илмий-назарий жиҳатдан яқинлаштиришга хизмат қилди, балки ҳар икки томон ривожи учун фойдали бўлди.
Ғаззолий назарида олий даражадаги мустаҳкам иймон сўфий иймонидир, шунинг учун фано йўлидаги беинтиҳо ишқни ис-ломнинг зарурий рукнларидан ҳисобламоқ керак. Имом Ғаз-золий ўзининг «Эҳъё ул улум вад дин» (Диний илмларнинг қайта тирилиши) ва «Кимёи саодат» (Саодат кимёси) номли ки-тобларида тасаввуфни ислом илмларининг таркибий қисми си-фатида чуқур ўрганган, тариқатни одам ахлоқини покловчи ва ҳалок этувчи хислатлардан қутқарувчи йўл деб кўтсатади.
Ғаззолийнинг худди шу иши Ибн Жавзийга ёқмаган. Унинг ёзишича, Ғаззолий «Эҳъё ул-улум»да ботил (нотўғри деб топил-ган) ҳадислар ёрдамида тасаввуфни оқламоқчи бўлади, «Ҳолбу-ки ўзи ўша ҳадисларнинг ботиллигини билмайди», дейди у. Ғаззолий сўфиёна кароматларни бор нарса, ҳақиқат деб айтади, дунё Парвардигор пардасидир, шунингдек, шариат ҳам зоҳирий нарса, сўфийлар фаришталар, руҳлар анбиёларни кўрадилар ва улардан куйлар эшитадилар ва бунинг фойдаси катта деб ёзади. Бу ахир исломни бузишку, деб хитоб қилади Ибн Жавзий. «Тал-биси иблис» китобининг муаллифи Ғаззолийни ислоҳотчилик (реформаторликда) айбланган. Ваҳоланки, ислом тарихида ис-лом илмининг ривожи учун Имом Муҳаммад Ғаззолийчалик хизмати сингган одам кам бўлса керак. Ғаззолий исломни наза-рий жиҳатдан бойитди, уни янги давр талабига мос равишда ри-вожлантирди, мустаҳкамлади. Исломни дунёга машҳур этди. У «ҳужжатул ислом» – ислом ҳужжати деган лақабни бекорга ол-маган. Мана бу ривоят ҳам Ғаззолийнинг буюклигига ишорадир.
Абдураҳмон Жомий «Нафаҳотул унс» китобида келтиради: Хожа Буали Формадий дерки, Ғаззолийнинг баъзи ишларидан норози бўлиб юрар эдим. Бир кун уйқу босди, ярим уйқу, ярим уйғоқлик орасида туш кўрдим: катта бир майдон ўртасида оқ иморат бўлиб, одамлар турнақатор тизилиб шу иморат томон борардилар. Сўрадимки, бу не иморат ва сизлар кимсизлар? Жа-воб бердиларки, бу бинода Ҳазрати Расулуллоҳ ислом дини ҳақида китоб ёзганларни қабул қилмоқда, биз китоб ёзган ки-шилармиз. Мен ҳам улар орқасидан турдим ва бино ичкарисига кирдим. Ҳар бир мазҳаб эгаси тасниф этган китобини Пайғам-барга кўрсатарди. Имом Шофеъи, Имом Абуҳанифа ва бошқа-лар китобларини кўрсатдилар. Расулуллоҳ (САВ) уларни ўз ёни-га ўтқазиб, сийлади. Ҳамма тинчигандан кейин мен овоз чиқариб дедим: «Ё Расулуллоҳ, менинг қўлимда ҳам аҳли ислом ақидасини баён этувчи бир китоб бор, агар ижозат берсангиз, ўқиб берай». Расулуллоҳ дедилар: «Қандай китоб?». Дедим: «Қавоидул ақоид» деган китоб, Ғаззолий таълиф этган. Менга китобни ўқишга ижозат бердилар, ўтириб ўқий бошладим… Ра-сули Акрам сифатлари таърифига етганимда юзлари ёришди ва табассум қилиб, дедилар: «Қани Ғаззолий?». Ғаззолий ўша ерда эди, жавоб берди: «Ғаззолий менман». Расуллуллоҳ қўлларини узатдилар, Ғаззолий ул муборак қўлни ўпди ва кўзларига суртди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ишораси билан тўрт мазҳаб соҳиби бўлган имомлар қаторига бориб ўтирди».
Бу ривоят, аммо уинг замирида катта ҳақиқат бор. Ҳақиқат шуки, Имом Ғаззолий аъламул уламо, буюк диншунос аллома сифатида ислом оламида тан олинган эди. Бундай улуғ шайх-нинг тасаввуфга ҳусни таважжуқ этиши эса бежиз эмас эди. Чунки Ғаззолий бирданига сўфийлар тариқатини қабул қилган-лардан эмас. У бошида фиқҳ ва Ҳадис олими сифатида машҳур бўлган, ўз замонасининг барча имларида тенгсиз устоз сифатида танилган эди. Шарқнинг энг нуфузли мадрасаси Низомияда раи-сул уламо лавозимига тайинланиб, уч юз толиби илмга дарс ўқирди. Аммо ёши элликка етганда бирдан мадрасани, дўстлари ва шогирдларини ташлаб, узлатни ихтиёр этди ва бунинг сабаб-ларини ўзининг «Ал Мунқиз миназ залол» (Гумроҳликдан қу-тулиш) китобида баён этди.
«Мени тақлид тубанлигидан басират баландлигига қандай журъат етказинини сенга ҳикоя қилай», деб бошлайди китобини Ғаззолий. «Калом илмидан нима олдим, аҳли таълим (исмоилия мазҳаби) ва имомга тақлид қилувчиларким, ҳақиқатни англаш-дан узрли ва ожиздирлар, қандай нафрат пайдо бўлганини айтай. Ва фалсафа тўқиш шевасини арзимас деб билганим… ва тасав-вуф тариқатини қандай афзал билганимни айтай».
Унинг ёзишича, ёшлигидан қалбида ҳақиқатга ташналик ҳисси борлиги учун «қўрқмасдан ўзини чуқур дарёга» ташлаган, яъни ҳар бир илмни дадиллик билан ўргана бошлаган. Ҳар бир тоифанинг ақидасини яхшилаб тафаккурдан ўтказган ва қо-ниқмай яна ўргана бошлаган. Имом Ғаззолийнинг уқтиришича, илм икки хил бўлади. Бири – тақлидий илм, яъни ўтмишдан ме-рос қолган, ота-она ва устозлардан олинадиган билимлар. Ик-кинчиси – кашф этилган илм. Тақлидий илм кўр-кўрона эрга-шиш билан бўлади, кашф этилган илм эса ҳар бир шахснинг қобилияти, шуурий изланиши орқали қўлга киритилади. «Ме-нинг мақсадим амрлар ҳақиқатини кашф этиш эди», дейди му-аллиф. Зотан, ҳаётда жуда кўп одамлар тақлидий билмилар би-лан қаноатланадилар. Чунки янгилик яратмай, тайёр ҳунарлар, илмларни ўрганиб, кўп қатори яшаш осон. Аммо тараққиёт учун, инсоният тафаккурини олға силжитиш учун илоҳий ва ду-нёвий ҳақиқат-ларни, моҳиятларни излаш, кашф этиш зарур. Бу – айрим буюк шахсларнинг насибаси.
Шундай буюк шахслардан бири бўлган Имом Абуҳомид Ғаззолий Ҳақиқат толиби бўлиб, аввал калом илмини, сўнгра фалсафани, кейин исмоилия таълимотини ва охири тасаввуфни ўрганишга киришган. У илми калом ҳақида, фалсафа ва исмои-лия ҳақида бир нечта китоб ёзади. Олим шундай хулосага кела-дики, илми калом ҳам, фалсафа ва исмоилия ҳам илоҳий ҳақиқатларни янгилатишга қодир эмас. Мана унинг хулосалари:
«Мутакаллимлар ўз ақидаларини чуқурлаштириш учун жав-ҳар ва араз (фалсафа тушунчалари) масалаларида баҳс бошлади-лар ва фалсафага қўл урдилар. Лекин улар илмининг мақсади бошқа бўлгани сабабли уларнинг сўзи нишонга етмади ва одам-лар орасидаги шак-шубҳаларни бартараф қилолмадилар».
«Икки йил ичида файласуфлар илмини эгалладим. Яна бир йил тафаккурга берилдим. Уларнинг китобларини такроран ўқир эдим. Уларнинг хато ва адашишларини англадим, раддига йўл топдим ва билдимки (фалсафа) инсон камоли учун етарли эмас».
«Таълимийлардан (исмоилия аҳли) бир кишини учратдим… уларнинг китобларини топиб ўқидим, сўзларини кўрдим… Уларнинг фасод-хатоларини далиллар билан исботладим. Хуло-са шуки, уларда ҳам ишга ярайдиган ва фойда берадиган сўз то-полмадим».
Шундан кейин Ғаззолий тасаввуф ва тариқатга юзланади. У ёзади:
«Ҳақиқат юзасидан англадимки, бу жамоат, (яъни сўфийлар) аҳвол эгаларидирлар, сўз аҳли эмаслар. Бу илмни таҳсил билан имкон қадар ўргандим, аммо қолган нарсаларни дарс таҳсили ва суҳбат билан эгаллаб бўлмасди, балки бу завқ ва сулукни талаб қиларди. Менга шу нарса аён бўлдики, тариқатнинг асоси тарки нафс, тарки алоиқ экан, уқбога кўнгил боғлаш, бутун ҳиммат билан Худо сари юзланиш экан. Ўз ҳолимга қарадим ва кўр-димки, тааллуқларга ғарқ, дунё ташвишига кўмилган эканман».
Шундан кейин Ғаззолий қалбида ўтли ғалаёнлар бошланга-ни, шариат илми ва фалсафадан,дарсу таълимлардан совиганли-гини ёзади. «Худо оғизимга қулф урди ва дарс айтолмадим, дейди у, овқат томоғимдан ўтмади, қувватим сусайиб борарди». Табиблар уни кўриб руҳий муолажага муҳтож эканини айтади-лар. Ғаззолий сафарга чиқиб ўн йил шаҳарма-шаҳар юради. «Ва бу хил вақтларда менга шундай нарсалар намоён бўлдики, деб таъкидлайди улуғ олим, айтиб адо қилолмайман… Аниқ били-димки, сўфийлар Худо таоло йўлининг ошиқу соликлари экан ва уларнинг сийратлари, сийратларнинг энг яхшиси ва уларнинг йўли энг тўғри йўл ва аҳлоқлари энг покиза ахлоқдир. Шу дара-жадаки, агар дин асрорининг барча оқилу донишмандларини бир-бирларига қўшсалар ва ҳулқу атворлари, сийратларини ўзгартирсалар ва яхшиласалар ҳам бу даргоҳга йўл топмаслар. Чунки сўфийларнинг жамики ҳаракат ва сўзлари зоҳиру ботинда Пайғамбарнинг чароғдонидан нур олгандир. Барча мукошофа ва мушоҳида Пайғамбар нуридан бошланади».
Имом Ғаззолий тасаввуфдаги илоҳий муҳаббат, ишқ, самоъ ҳо-дисаларига ижобий муносабатда бўлган, бу ҳодисаларни ҳам инсон руҳияти билан боғлаб тушунтирган. Унинг уқтиришича, инсон руҳиятида кечадиган, руҳни яйратадиган жами воситалар Аллоҳ муҳаббатини кўпайтиришга сабаб бўлади ва сўфийни Улуғ даргоҳга яқинлаштиришга хизмат этади. Масалан, у «Кимён сао-дат» асарида самоъ ҳақида бундай ёзади: «Уламо орасида са-моънинг ҳаром (манъ қилинган) ёки ҳалоллиги (рухсат этилган) масаласида ихтилоф бор. Кимки самоъни манъ қилган бўлса, зоҳир аҳлидан-дирки, у Ҳақ таолонинг муҳаббати шахс дилида қандай пайдо бўлишини англамайди. Зоҳирбин одам бундай дейди: одам боласи ўз жинсини севиши мумкин. Аммо на унинг жинсидан бўлган, на унга ўхшамайдиганни қандай қилиб севади? Бас, унинг кўнглида маҳлуқ ишқидан бошқа ишқ бўлмайди ва агар Хо-лиқнинг ишқи пайдо бўлса, у ўхшатиш хаёлига бориб, буни ботил ҳисоблайди. Шу сабабдан дейдики, самоъ ёки кўнгилхушлик ўйинидир ёки махлуқ ишқидандир ва бунинг иккаласи ҳам динда номақбулдир.
Агар бундай одамдан халқ учун вожиб бўлган Худо севгиси нимадир деб сўрасалар, амрга итоат қилиш ва тоат деб жавоб беради. Ва бу ушбу қавмга хос улуғ хатодир».
Ана шу «улуғ хато» нима эканлигини исботлаш мақсадида Ғаз-золий инсон кўнгли истакларига мурожаат қилади. «Самоъ ҳақида ҳукм чиқариш учун гапни аввало кўнгилдан бошлаш керак, деб ёзади олим, чунки самоъ кўнгилда бор нарсани юзага чиқаради, ҳаракатга келтиради. Кимнинг кўнглида Маҳбубга муҳаббат учқу-ни бўлса, самоъ уни кучайтиради, аланга олдиради. Бундай пайтда самоъ савобдир (раводир). Самоъни ёқимли бўлгани, хурсандчилик келтиргани учун ҳаром дейиш тўғри эмас. Ёқимли нарсалар ҳаром эмас, ёқимлилардан зарарли бўлганларигина ҳаромдир».
Ғаззолийнинг мана бу фикри ҳам муҳим: «Шуни билгилким, кимки самоъ ва важдни, сўфийлар аҳволини инкор этса, у буни ўзининг ноқислиги, калтафаҳмлигидан қилади». Демак, қуруқ ақидапарастлик, зоҳрий билимларга ёпишиб олган одамнинг фикри заиф, тор ва ноқис, бўлади. Билим кенгайиши учун инсон ақл ва тафаккур билан бирга қалбини ҳам ишга солиши лозим. Камолот йўли шу. Маълум бўладики, Ғаззолий ҳар бир масалага ҳаётий эҳтиёжлар нуқтаи назаридан ёндашади, қуруқ шиорлар ташлаш, маълум, неча марта қайтарилган гапларни такрорлайве-ришни олим кишининг иши эмас деб ҳисоблаган. Масалан, у ило-ҳий муҳаббатнинг зарурий нарса эканлигини «Эҳъё ул улум» аса-рида мана бундай исботлаган: инсон ўзига яхшилик қилган одамни яхши кўради, гўзал нарсаларни яхши кўради, умуман яхшилик ва гўзаллик севимли, демак, жамики яхшиликлар (эзгулик) ва нафосат мужассами бўлмиш Аллоҳ таолони севишимиз табиий ҳолдир.
Ёки у тасаввуфдаги «узлат» тушунчасини бундай изоҳлайди: узлатнинг олти хил фойдаси ва олти хил зарари бор. Аввало шу-ки, деб таъкидлайди олим, узлат мутафаккир инсонлар учун зару-рий эҳтиёждир. Инсон бот-бот ўзи ёлғиз қолиб, хаёл ва тафаккур-га ғарқ бўлишни хоҳлайди. Илоҳ ишқида ёнган кишилар учун бу эҳтиёж яна ҳам кучлироқ. Шундай қилиб, узлат «фикр фароға-ти»ни юзага келтиради, «кўп изтироблардан одамни халос этади», фитнадан қутқаради, «гумон ва туҳмат ранжидан озод» этади, «тамаъдан узилади, одамлар ҳам ундан тамаъ қилмайдилар», но-хуш одамлар суҳбатидан халос этади. Бу узлатнинг фойдаси.
Энди зарарига келсак, узлат қилган одам илмни оширишдан маҳрум бўлади, одамларга манфаат етказолмайди, ўзи ҳам ман-фаат кўролмайди, кишиларни дину диёнатга даъватдан четда қолади, «васвос ғалаба қилиб, зикрдан нафратланиши мумкин, савоблар (ҳол сўраш, касал кўриш каби)дан қуруқ қолади, та-каббурга берилади, чунки «узлат ҳам такаббурнинг бир тури».
Кўринадики, Имом Ғаззолий бир томонлама муҳокамалар, яъни мана бу яхши, буниси ёмон каби ҳукмлар тарафдори эмас. У ҳар бир ҳодиса-воқеани турли томондан олиб қарайди. Жумла-дан, калом илмини ҳам, фалсафани ҳам, тасаввуфни ҳам қайси жиҳатлари эътиқод-иймонни мустаҳкамлайди, инсон учун зарур ва фойдали, қайси томонлари қусурли, зиддиятли, инсон эъти-қоди учун зарарли эканини кўрсатиб беради. Унинг қудрати чек-сиз билимида, у гарчи перипатетик файласуфлар Аристотел, Фо-робий, Ибн Синоларни танқид қилган бўлса-да, аммо ўзи тавҳид, таваккул, қазову қадар, ақли кулл, сурат ва маъно, оламлар тузи-лиши, («Эҳъеул улум» асарида олам зарралардан ташкил топган, зарралар домий харакатда деган фикрни билдиради), табиий жисмлар хусусиятини ўрганганда фалсафа ютуқларидан фойда-ланади. Шундай таассурот туғиладики, Имом Ғаззолий Ибн Си-ноларга қараганда кўпроқ исломий муҳит ичида фикр юритади, кўпроқ шарқликдир. У жами илмларни ислом илми, исломий та-факкур тараққиётига хизмат қилдирди. Ғаззолийнинг тадқиқот усули рационалистик усул, аммо дунё ва Илоҳни англашда у ир-риционат йўлни ҳам мақбул ҳисоблади, ирфоний билишни би-лишнинг юксак кўриниши деб ҳисоблади. Одамнинг ўзини тани-ши ҳам шу йўлдан бориши зарур, инсон ўзини танимай оламни ва Илоҳни таний олмайди. Жамики илмлар, қарашлар, таълимотлар шунга хизмат қилиши керак.
Имом Ғаззолий меросини ўрганиш ислом фалсафаси тари-хини ёритиш, калом илми, фалсафа ва тасаввуф орасидаги му-носабатларни ёритишда катта аҳамиятга эга.

ТАҚДИМ ЭТИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

1. Алишер Навоий. Лисоунт тайр. –Тошкент: Фан, 1965.
2. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. 17-жилд. -Т.: Фан, 2002.
3. Жалолиддин Румий. Маснавии маънавий. Шарҳи билан, 1-китоб. –Т.: «Шарқ» матбаа нашр., 2000.
4. Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. –Т.: «Ўзбекистон», 1993.
5. «Комил инсон ҳақида тўрт рисола» (Н.Комилов таржимаси). –Т.: «Маънавият», 1998.
6. Бертельс Е.Э. Избиранная труды. Суфизм и суфийская лите-ратура. -М.: «Наука», 1965. Стр. 13-103.
7. Ибн Араби. Геммы мудрости (главы). Перевод А.В. Смир-нова. В.Кн. М.Степанянц. Философские аспекты суфизма. -М.: «Наука», 1987. Стр. до-119.
8. Доктор Абдулҳусайн Зарринкўб. Жустужў дар тасаввуфи Эрон. Икки жилдлик (форс тилида). Теҳрон, ҳижрий 1349.
9. Комилов Н. Тасаввуф. 1-китоб. –Т.: «Ёзувчи», 1997.
10. Комилов Н. Тасаввуф. 2-китоб. –Т.: «Ўзбекистон», 2000.
11. Ҳаққулов И. Тасаввуф сабоқлари. «Бухоро» нашр., 2000.
12. Ҳаққулов И. Тасаввуф ва шеърият. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1991.
13. «Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар» (Тўплам). –Т.: «Ўзбе-кистон», 1993.
14. Олим С. Навоий ва Нақшбанд. –Т.: «Фан», 1992.
15. Салим С. Ишқ, ошиқ ва маъшуқ. –Т.: «Фан», 1994.
16. Салим С. Бухорий. Дилда ёр. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адаби-ёт ва санъат нашр., 1992.
17. Суфизм в контексе мусульманской культуры. –М.: «Наука», 1989.
18. Абдуҳамид ал-Ғазали. Воскрешение наук о вере. –М.: «Нау-ка», 1980.
19. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Тасаввуф ва инсон. –Т.: «Адолат», 2001.
20. Ислам. Энциклопедический словарь. -М.: «Наука», 1991.
21. Саййид Жаъфар Сажжодий. Фарҳанги мусталиҳоти урафо (форс тилида). Теҳрон, ҳижрий 1329.
22. Ҳусайн Вассоф. Сафинаи авлиё (турк тилида). Истамбул, 1990.
23. Абдулбоқий Гулпинарли. Мавлоно Жалолиддин (форс ти-лида). Теҳрон, ҳижрий 1370.

М У Н Д А Р И Ж А

Тасаввуф 3
Тарих ва таъриф 3
Тариқат 15
Сўфий психологияси ёки ҳол 23
Маърифат ва ҳақиқат 27
Марказий Осиё тариқатлари 39
Комил инсон 42
Ваҳдатул вужуд ва ваҳдатуш шуҳуд 49
Тасаввуф ва калом илми 56

Тошкент Давлат шарқшунослик институти, 2006

Najmiddin Komilov. Tasavvuf. Lotin alifbosida by Khurshid Davron on Scribd

003

(Tashriflar: umumiy 740, bugungi 1)

Izoh qoldiring