Dilmurod Quronov. «Ilk avval ko’zimni ishq bilan ochdim…»

045     Сарлавҳага чиқарилган Чўлпон мисрасида “Анодин қай куни туғдим, сенинг ишқинг билан ёндим” дея фиғон чеккан хижронзада Машраб, умуман, Ҳақ ишқини куйлаб ўтган салафлар анъанасининг таъсири йўқ эмас. Бироқ мудом “кўнгли янгилик қидириб” яшаган Чўлпон салафлари фаол қўллаган “ишқ”, “ошиқ”, “ёр” образларига янгича маъно юклади: унинг талқинида “ёр” юрт озодлигию, “ошиқ” эркка ташна кўнгилдир…

ИЛК АВВАЛ КЎЗИМНИ ИШҚ БИЛАН ОЧДИМ…
Дилмурод Қуронов
033

Сарлавҳага чиқарилган Чўлпон мисрасида “Анодин қай куни туғдим, сенинг ишқинг билан ёндим” дея фиғон чеккан хижронзада Машраб, умуман, Ҳақ ишқини куйлаб ўтган салафлар анъанасининг таъсири йўқ эмас. Бироқ мудом “кўнгли янгилик қидириб” яшаган Чўлпон салафлари фаол қўллаган “ишқ”, “ошиқ”, “ёр” образларига янгича маъно юклади: унинг талқинида “ёр” юрт озодлигию, “ошиқ” эркка ташна кўнгилдир…

***

011Шоир-да, озроқ муболаға қилмаса бўлмайди, дерсиз?! Йўқ, унинг “илк аввал кўзимни ишқ билан очдим” дейиши муболаға эмас. Зеро, танглайи миллат дарди билан кўтарилган, Тараққий ва Истиқлол ишқи вужудига сут билан киргану юрак қонига айланган унинг. Муболағанинг дафъига муболаға келтиряпти, деманг, асли ўзи шундай…

… 1913 йилда Русия жадидлари раҳнамоси, “Таржимон” муҳаррири Исмоилбей Ғаспрали номига Туркистоннинг уезд шаҳарларидан бирида яшаб турган ўн олти ёшли йигитчадан мактуб боради. Унда, жумладан, бундай дейилади: “Андижоннинг баъзи буюклари менга дерлар: “Сен “Шалола”, “Турк юрди”, “Шаҳбал”, “Таржимон”, “Вақт” ва “Иқбол” ўқийсан, на учун Мирзо Бедил ва Хўжа Хофизларни ўқимайсан? Бу саволга жавоб беришга ожиз қолдим. Агар жавоб бор бўлса, “Таржимон”да чоп этилишини қайта-қайта илтимос қиламан. Агар жавоб йўқ бўлса, бу “янги адабиёт”ни сувга, оташга отиб, бор вақтимни Мирзо Бедил ва Хўжа Хофизлар мутолааси билан ўтказайин”. Бу — ўсмир ёшидаёқ жадид нашрлари билан яхшигина танишиб, улардаги ғояларни руҳига сингдирган, атрофидагилар уларнинг аҳамиятини англамаётгани, қабул қилолмаётгани, қарши турганларидан юраги зада Чўлпоннинг устоздан маънавий кўмак сўраб битган илтижоси. Мактуб оҳангидан сезиладики, муаллиф қайси йўлдан бориш масаласини ўзи учун ҳал этиб бўлган, фақат йўл бошида турган чоғи дилидаги иккиланишлар, шубҳа-гумонларни енгиш учун кичик бир далда, рағбат кутяпти, холос…

… ўзига тўқ савдогарнинг ёлғиз ўғли, таҳликали йўлга кириш ўрнига отасининг топганини еб ётса ёки бирини ўн қилай деб астойдил бел боғласа бўлмасмиди?! Йўқ, бўлмас эди. Чунки мурғак дилига инган ишқ қаршисида “дунёга нега келдинг? Яшашдан муддаоинг не?” тарзидаги саволларни кўндаланг қилиб қўйган эди. Ўсмир ёшидаёқ бу қадар мураккаб саволларга жавоб излашга жазм этгани, тақдим этилган йўллар ичидан ўзига тақдир этилгани — тирикчилик эмас, ТИРИКЛИК йўлини танлагани…

Бу-да бир ўрнак.

***

….қалблар туташ бўлса, мулоқот учун масофа аҳамиятсиз. Исмоилбей Боқчасаройда туриб ғойибона шогирдининг ҳолини фаҳм этди. Тасодифми, ё савқи табиийси билан мактуб эгасининг КИМлигини ҳис этганми, ҳартугул, Андижондан “олганимиз ажойиб бир мактуб чоп этиш ва диққатга лойиқдир. Соҳиби мактуб биздан анча гўзал сўйлаганидан ёзганларини айнан келтирамиз” дея мактубни “Таржимон”да эълон қилади. Устоз жавобида “янги адабиёт”ни сувга, оташга отаман” дея пўписа қилган шогирдни бироз койигач, Бедилу Хофизлар мутолааси ҳам зарур, айни чоқда, замона аҳволидан огоҳ бўлиш учун “янги адабиёт”ни ўқиш кераклигини уқдиради. Исмоилбейнинг жавоби, адабиётнинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари Чўлпон муҳтожлик сезган далда бўлди, энди у ўйлаганлари, танлаган йўлининг тўғрилигига қаноат ҳосил қилди. Ярим йил мўлроқ ўтгач эълон қилинган “Адабиёт надир?” номли мақоласида у миллат тараққийси учун адабиётнинг нечоғли муҳимлиги, бунинг учун адабиёт масъуллигини имкони қадар асослади, “Адабиёт яшаса миллат яшар”деган хулосага келади. Бу ёш Чўлпоннинг англанган ижодий кредоси, ижоддаги дастуруламали бўлиб қолдики, илк қадамлариданоқ уни амалга оширишга киришди: “Қурбони жаҳолат”да юртининг забун ҳолатини Эшмурод кўзи билан кўриб эзилди, Муҳаммадиёрга қўшилиб бу ҳолнинг сабабларини қидирди, ундан чиқиш йўлларини мушоҳада қилди. Публицистик чиқишларида “бутун дунёда манбатликнинг (ҳосилдорлик – Д.Қ.) биринчиси Амриқо бўлса, бизнинг Туркистон ҳам иккинчи”-ю, нега халқимиз ночор кун кечиради? тарзидаги куннинг ўта муҳим муаммоларини ўртага ташлади, куйинчаклик билан ечим излади. Чўлпоннинг беҳато баҳолаш мезони — Тараққий, у мавжуд ҳолатни ватанининг эртаси, тараққийси нуқтаи назаридан баҳолайди, шунга мос муносабатда бўлади. У юртининг таназзулига боис ҳолларни кўриб қанча эзилса, истиқболи учун хайрли ҳолларни кўриб шунча қувонади. Мана, уни қувонтирган ҳоллардан бири: Андижон станцияси қурилишини “шундоғ катта муассасаларнинг фойдасини овруполилар кўруб, уларнинг қўлига ўтиб кетаётганига ичлари ачишган” маҳаллий ишбилармонлардан бири пудратчи сифатида олган. Чўлпон ақл ва тадбир билан иш юритадиган, ўз фойдаси билан бирга миллат манфаатини ҳам кўзлайдиган ишбилармонларнинг кўпайиши юртини обод, озод ва маъмур қилишига ишонади. Мақола якунидаги даъват ана шу ишончга йўғрилган: “Абдулла афандидек намуна кўрсатғучи фидокор савдогарларимиздан ибрат олуб, ватанимизнинг бойлигини, тижоратимизнинг фойдаларини четлар чўнтагига солмасдан ва бермасдан, ўз чўнтакимизда олиб юрмакимиз керакдур. Бизга шундоғ ишларга киришмоқға вақт!… Биз ҳам инсонмиз, инсондек яшайлук!..” Ахир, бу гаплар мустамлакачиликнинг жон жойига урмайдими?! Журъатни қаранг…

… ўн етти ёш — имкониятларинг беадад, қўл чўзсанг сервиқор чўққиларга ҳам етгудай, журъат одатий ҳол бўлиб туюладиган фасл. Бу паллада лоақал бир бор хаёлан оламни лол қилишга чоғланмаган ким бор?! Ёш Чўлпонга ҳам, табиий, бу нарса ёт эмасди, бироқ у бутун иқтидорини миллат тараққийси мақсадига бўйсундирди. Шунчаки, ёзувчи деган ном олиш, кўнгил хушлиги, нон ёки шон топиш учун қалам тебратмади…

Бу-да бир ўрнак.

***

… Чўлпон ўз йўлини англанган тарзда танлади, уни ўзининг қисмати билиб, собит қадам қўйди:

Узоқ… оғир йўлга чиққан йўлчимен,
Бу йўлларда қилоғузим юлдуздир.

Дарҳақиқат, йўл узоқ ва машаққатли; кўзланган мақсад — Юлдуз, у гоҳ булутлар ортида кўринмай қолади, гоҳ ожиз милтираса, гоҳ чарақлаб кўзни қамаштиради. Бу йўлда бекатлар талай, фақат уларни икки турлигина аташ мумкин — УМИД ё УМИДСИЗЛИК. Умид бекатлари — 1917 йил февраль инқилоби, Бухоро жумҳуриятининг ташкил топиши, “босмачилик” тамғасини олган миллий озодлик ҳаракатининг кучайиши… Умидсизлик бекатлари — Қўқон мухториятининг қонга ботирилиши, Бухоро жумҳуриятининг тугатилиши, миллий озодлик ҳаракатининг ягона кучга бирлашолмай пароканда бўлиши…

Жони-жаҳонини тикиб, бутун вужуди билан Юлдузга талпинган йўлчининг Умидсизлик бекатларидаги руҳий ҳолатини тасаввур қила оласизми? Бир бекатдан иккинчисига муттасил кўчиб юриш уни неча бор ўлдириб-тиргизганини-чи? Умрининг баҳори — йигитлик даврининг беш-олти йили мобайнида рўй берган эврилишлар, улардан келувчи изтироблар неча-неча умрни хазон қилишга етарлидек кўринмайдими?! Шунда-да “бор-е, жоним сабилми” демаса, йўлидан қайтмаса, уни йўлида собит қилган нимайкин?.. Чўлпон умидсизлик бекатларидан бирида, тушкунликнинг зўридан руҳи синаёзган паллада кўнглига хитоб этади:

Кўнгил, сен бунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг…

Шоир эътиқодига кўра, кўнгилнинг “кишанлар билан дўстлашмоғи” мумкин бўлмаган ҳол, унинг ҳурлиги дахлсиздир. Чўлпон ўзига хитобан “Тириксен, ўлмағонсен, Сен-да одам, сен-да инсонсен” дейди. Зеро, унинг наздида инсон шаъни жуда баланд, тирик одам борки кўнгил ҳурлигини сақламоғи лозим, фақат шугина уни ИНСОН деган юксак мақомда тутиб туради. Шу эътиқодда мустақийм экани уни эзгу йўлда собитқадам қилди…

… инсонлик шаънини юксак қўйгани, ҳур туғилган инсон ҳур бўлмоғи лозим, ҲУРЛИК инсонликнинг жавҳари деб билгани…

Бу-да бир ўрнак.

***

… кўксига муштлаб “ватаним, халқим” дегувчилар, минбарлардан жўшиб-ёндириб сўзлагувчилар, варақ-варақ шеъру достон битгувчилар ҳамиша етарли бўлган. Бироқ масала ўша ватан, ўша халқ учун недандир — ҳаловатдан, молдан ё жондан кечишга бориб тақалса, — ғалвир сувдан кўтарилди, деяверинг… Чўлпон буларнинг баридан кеча олди. Зеро, у чинакам “ошиқ”, “ёр”га етишдан ўзга муддаоси йўқ. Юрт озодлигини “ёр”, унга интилувчини “ошиқ” деб билган шоир ёрга етишмоқ учун ошиқ дилининг бошқа ҳар недан фориғ бўлишини шарт қилиб қўяди. Бироқ, иложимиз қанча, манфаат деганлари ҳам бор нарса, биз кўп-да назарга илавермайдиган, аммо ҳар қандай эзгу ниятни ғорат, унинг теграсидаги ҳамжиҳатликни барбод қила оладиган кучдир у. Ахир, “босмачилик”нинг ягона кучга бирлашиб, кенг кўламли миллий озодлик ҳаракатига айлана олмагани, Бухоро ҳукуматининг раҳбарлари орасидаги келишмовчиликлару улардан ғанимларнинг усталик билан фойдаланиб қолганлари заминида шу нарса — манфаати шахсия ётмайдими?! Ўзини “юртимнинг пок истакли кучимен” дея фахр этган Чўлпон, афсуски, маслакдошларининг барида ҳам “пок истак”ни кўролмади, шунда қаламидан “Оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ”, “Англадим: севгида ҳар кўнгил бузуқ!” деган изтиробу аламга тўлиқ сатрлар тўкилди…

… сўзи билан амали, дилидаги билан тилидагининг бирлиги, ватан ва миллат манфаатини ўзиникидан чандон баланд қўёлгани, том маънодаги ФИДОИЙ эканлиги…

Бу-да бир ўрнак.

***

… дарвоқе, Бухоро жумҳурияти. Чўлпоннинг унга боғлаган умидлари катта эди. Ҳукумат газетаси муҳаррири вазифасига таклиф этилгач, енг шимариб ишга киришди: Бухорода туриб Туркистон озодлиги учун курашни давом эттиришни кўзлади, уни бу курашдаги муҳим плацдарм деб билди, афсуски… Раҳбарлар орасидаги келишмовчиликлар ғанимларга қўл келгани айтилди. Натижада Бухоро жумҳурияти шўролар билан яқинлашди, сиёсий ҳаётда большевиклар таъсири устиворлик қила бошлади. Ўзи муҳаррирлик қилаётган газетанинг 1921 йил 3 ноябрь сонида эълон қилинган “Тарихдан” номли шеърида Чўлпон юз бераётган воқеаларга муносабатини ошкор этади:

Қоронғи кеч… Кўк юзида юлдузларми отилғон?
Йўқса элнинг бахтимидир “кўланка”га сотилғон?

Шоир наздида жумҳурият ҳукумати олиб бораётган сиёсат “эл бахтини сотмоқ”дан ўзга эмас, шу туфайли ҳам бу ерга келганидан бери хаёл кўкида порлаган юлдузи сўнган, бунда ҳам “қоронғи кеч” ҳукмронлиги бошланган. Худди шу ижтимоий-сиёсий шароитда Чўлпон касалхонага ётади ва шу кўйи газетадаги фаолиятини ҳам тўхтатадики, бунинг туб сабаблари шеърнинг якунида ўз ифодасини топади:

Бу ярамас! — дея оғзим очилмасдан бир буйруқ:
“Мундоғ аччиғ фиғонларга бу ўлкада лузум йўқ!”
Қоронғи кеч… Кўк юзида юлдузларми отилғон?
Йўқса маним “оҳларим”ми бўғизимда тутилғон.

Англаш мумкинки, Чўлпоннинг “Бухоро ахбори”дан кетишининг бош сабаби сўз эркинлигига тажовуз қилина бошлаганидир. Бундай сиқиқ шароитда газетага муҳаррир бўлишидан на истиқлол мақсадига ва на халқи учун бир наф кўрмаган шоир истеъфо берган…

… амал курсисини шунчаки эгаллаб туришни, виждонига хилоф-у юқорига мақбул иш олиб боришни ўзига эп кўрмагани, эзгу мақсадига бир одим бўлса-да яқинлаштирмай ўтган вақтини зое билгани, эркига тажовузни сингдира олмагани…

Бу-да бир ўрнак.

***

… 1928 йилда ёзилган бир шеърида шоир ўзини зўр денгиз қўйнидаги сомон парчага ўхшатади, “Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни… Оқишнинг йўлига солдим ўзимни” дея эътироф этади. Унинг “бўйин эгиши” осон кечмаган, бунгача…

… энди ростмана оёққа туриб олган янги тузум Чўлпон тимсолида жон душманини кўриб янглишмади, зеро, шоирнинг кўз ёшларидан “чечаклар униши” муқаррарлигини англади. Йўқ, ҳуррият дея майдонга чиққан “ўртоқлар” шоирнинг хазин тортган овозини бўғишни ўзларига эп кўришмади, сопини ўзидан чиқариб, бу ишни ўзлари етиштирган маҳаллий кадрларга қўйиб бердилар. Чўлпонни “кўк шоири”, “зиёлилар шоири”, ўтмишга юз бурган “йиғлоқи шоир” дея турткилашлар, сондан чиқаришга ҳаракатлар бошланди. Шоир қалб туғёнларини юртдошлари тушунмаётгани, тушунишни истамаётганидан эзилди, “мен кўк шоири эмасман” дея шеърлар битди, бўлмади… Начора, ўн-ўн беш йиллар аввал ёшларнинг барини бирдек ёндирган ғоялар энди ўз ўрнини бошқа — ҳали сароб эканлиги билинмаган янги ғояларга бўшатиб бераётган, саробга алданганлар ОЛОМОНга айланаётган палла эди бу. Шиддатли ўзгаришлар авлодлар алмашинувини ғоят тезлаштирган, “буюк амал”ига содиқ Чўлпон эса ҳамон бир оёғи билан ўтмишда — истиқлол учун кураш жабҳасида қолган эди…

… ўзлигини сақлаган ШАХС оломонга сиғмайди: Чўлпон “йўқсил халқ шоири эмас” дедилар, ижодини халқ учун зарарли деб топдилар, шу халқнинг “зиёли” вакиллари уни маданият ходимлари қурултойидан қувиб солдилар. Қурултой фатвосини олган танқидчиликнинг Чўлпонга ҳуружлари кучайгандан кучайди, 30-йилларнинг ҳайбатли суд жараёнларида навбат унга келиб қолгани ишора қилинди… Хуллас, Чўлпон ночор бўйин эгди: Қурултой ҳайъатига “Эътизор” ёзиб, “тушунмаслик” орқасида йўл қўйган хатоларига, яъни шу эл, шу юрт қайғуси билан яшаганига тавба қилди, бутун куч-қувватини “хатоларни ишчи-деҳқон кўнглидан кетказиш”га сарфлашга ваъда берди. Қурултойдан кейин Чўлпон матбуотда кам кўринади, ўзи айтмоқчи, созини “бир неча йил қантариб” қўяди, чунки “кўнгил розини айтиб йиғламаган” шеърни шеърга санамайди. Фақат қаршисида “тузалаётгани”ни кўрсатиш мажбурияти турганидан, ора-чура шунга мос шеърларини эълон қилиб туриш билан чекланади…

… айни ижодий кучга тўлган Чўлпоннинг ўқувчисига айтари ҳали бисёр эди, у йўл излади: дардларини таржималари қатига жойлади, шеърларидаги нозик ишоралар ёрдамида имкон қадар бўшанишга интилди. Бироқ шунинг ўзи уни қониқтиролмас эди. Зеро, масаланинг туб моҳиятига қарагани учун у мавжуд воқелик билан тўла келиша олмас, шоирнинг тийран қалб кўзлари кундан-кун мустаҳкамланаётган тузумнинг кўпчиликка қоронғу чизгиларини илғар, бу чизгилар унга элининг саодатидан хайрли фол очишга йўл бермас эди. Чўлпонинг миллат қайғусида ўтказган салкам йигирма йиллик умри давомида кўрган-кечирганлари, изтиробли ўйлашларидан туғилган гаплари бўғзида қотиб турар, “айтсам ўлдирарлар, айтмасам ўлам” дейиладиган ҳолат юзага келганди. Шундай қалтис бир вазиятда у ўзининг “оққуш қўшиғи” — “Кеча” романига қўл урди ва… бошини кундага қўйди. Зеро, Чўлпон унда эрксиз қалами кашф этган имконларни тўла ишга солиб, яқин ўтмишнинг ўз наздида ҲАҚҚОНИЙ, лекин расмий нуқтаи назарга номувофиқ эпик манзарасини чизган, бу билан ўзининг замонга ҳақиқий муносабатини фош этган эди…

… оломон ичида ШАХСлигича қолгани, оқим бўйлаб оқимга қарши суза олгани, ажал қиличи остида ҳам эътиқодидан қайтмагани…

Бу-да бир ўрнак.

***

… шундай яшагани, шундай ўйлагани, шундай ижод қилгани — Чўлпоннинг фожиаси: ҳаётида ҳаловат кўрмагани, ҳассос қалби изтирбу аламлардан бир дам фориғ бўлмагани, қирчиллама қирқида қирчинидан қийилгани шундан.

… шундай яшагани, шундай ўйлагани, шундай ижод қилгани — Чўлпоннинг бахти: кўз ўнгимизда Қақнус қушдай кулдан бош кўтаргани, бугун барчанинг тилида экани, номини тилга олганимизда кўксимиз ғурурга тўлиб, кўкрагимиз бир кўтарилиб тушаётгани шундан.

Бу-да бир ўрнак.

Манба: http://quronov.narod.ru/

045

ILK AVVAL KO’ZIMNI ISHQ BILAN OCHDIM…
Dilmurod Quronov
033

Sarlavhaga chiqarilgan Cho‘lpon misrasida «Anodin qay kuni tug‘dim, sening ishqing bilan yondim» deya fig‘on chekkan hijronzada Mashrab, umuman, Haq ishqini kuylab o‘tgan salaflar an’anasining ta’siri yo‘q emas. Biroq mudom «ko‘ngli yangilik qidirib» yashagan Cho‘lpon salaflari faol qo‘llagan «ishq», «oshiq», «yor» obrazlariga yangicha ma’no yukladi: uning talqinida «yor» yurt ozodligiyu, «oshiq» erkka tashna ko‘ngildir…

***

045Shoir-da, ozroq mubolag‘a qilmasa bo‘lmaydi, dersiz? Yo‘q, uning «ilk avval ko‘zimni ishq bilan ochdim» deyishi mubolag‘a emas. Zero, tanglayi millat dardi bilan ko‘tarilgan, Taraqqiy va Istiqlol ishqi vujudiga sut bilan kirganu yurak qoniga aylangan uning. Mubolag‘aning daf’iga mubolag‘a keltirayapti, demang, asli o‘zi shunday…

…1913 yili Rusiya jadidlari rahnamosi, «Tarjumon» muharriri Ismoilbey G‘aspirali nomiga Turkistonning uezd shaharlaridan birida yashab turgan o‘n olti yoshli yigitchadan maktub boradi. Unda, jumladan, bunday deyiladi: «Andijonning ba’zi buyuklari menga derlar: «Sen «Shalola», «Turk yurdi», «Shahbal», «Tarjumon», «Vaqt» va «Iqbol» o‘qiysan, na uchun Mirzo Bedil va Xo‘ja Hofizlarni o‘qimaysan? Bu savolga javob berishga ojiz qoldim. Agar javob bor bo‘lsa, «Tarjumon»da chop etilishini qayta-qayta iltimos qilaman. Agar javob yo‘q bo‘lsa, bu «yangi adabiyot»ni suvga, otashga otib, bor vaqtimni Mirzo Bedil va Xo‘ja Hofizlar mutolaasi bilan o‘tkazayin». Bu — o‘smir yoshidayoq jadid nash­rlari bilan yaxshigina tanishib, ulardagi g‘oyalarni ruhiga singdirgan, atrofidagilar ularning ahamiyatini anglamayotgani, qabul qilolmayotgani, qarshi turganlaridan yuragi zada Cho‘lponning ustozdan ma’naviy ko‘mak so‘rab bitgan iltijosi. Maktub ohangi­dan seziladiki, muallif qaysi yo‘ldan borish masalasini o‘zi uchun hal etib bo‘lgan, faqat yo‘l boshida turgan chog‘i dilidagi ikkilanishlar, shubha-gumonlarni yengish uchun kichik bir dalda, rag‘bat kutayapti, xolos…

… o‘ziga to‘q savdogarning yolg‘iz o‘g‘li, tahlikali yo‘lga kirish o‘rniga otasining topganini yeb yotsa yoki birini o‘n qilay deb astoydil bel bog‘lasa bo‘lmasmidi? Yo‘q, bo‘lmas edi. Chunki murg‘ak diliga ingan ishq qarshisida «Dunyoga nega kelding? Yashashdan muddaoing ne?» tarzidagi savollarni ko‘ndalang qilib qo‘ygan edi. O‘smir yoshidayoq bu qadar murakkab savollarga javob izlashga jazm etgani, taqdim etilgan yo‘llar ichidan o‘ziga taqdir etilgani — tirikchilik emas, TIRIKLIK yo‘lini tanlagani…

Bu-da bir o‘rnak.

***

…qalblar tutash bo‘lsa, muloqot uchun masofa ahamiyatsiz. Ismoilbey Bog‘chasaroyda turib g‘oyibona shogirdining holini fahm etdi. Tasodifmi, yo savqi tabiiysi bilan maktub egasining KIMligini his etganmi, hartugul, Andijondan «olganimiz ajoyib bir maktub chop etish va diqqatga loyiqdir. Sohibi maktub bizdan ancha go‘zal so‘ylaganidan yozganlarini aynan keltiramiz» deya, maktubni «Tarjumon»da e’lon qiladi. Ustoz javobida «yangi adabiyot»ni suvga, otashga otaman» deya, po‘pisa qilgan shogirdni biroz koyigach, Bedilu Hofizlar mutolaasi ham zarur, ayni chog‘da, zamona ahvolidan ogoh bo‘lish uchun «yangi adabiyot»ni o‘qish kerakligini uqtiradi. Ismoilbeyning javobi, adabiyotning ahamiyati haqidagi fikrlari Cho‘lpon muhtojlik sezgan dalda bo‘ldi, endi u o‘ylaganlari, tanlagan yo‘lining to‘g‘riligiga qanoat hosil qildi. Yarim yildan mo‘lroq o‘tgach e’lon qilingan «Adabiyot nadir?» nomli maqolasida u millat taraqqiysi uchun adabiyotning nechog‘li muhimligi, buning uchun adabiyot mas’ulligini imkoni qadar asosladi, «Adabiyot yashasa, millat yashar» degan xulosaga keladi. Bu yosh Cho‘lponning anglangan ijodiy kredosi, ijoddagi das­turulamali bo‘lib qoldiki, ilk qadamlaridanoq uni amalga oshirishga kirishdi: «Qurboni jaholat»da yurtining zabun holatini Eshmurod ko‘zi bilan ko‘rib ezildi, Muhammadiyorga qo‘shilib bu holning sabablarini qidirdi, undan chiqish yo‘llarini mulohaza qildi. Publitsistik chiqishlarida «butun dunyoda manbatlikning(hosildorlikning — D.Q.) birinchisi Amriqo bo‘lsa, bizning Turkis­ton ham ikkinchi»-yu, nega xalqimiz nochor kun kechiradi?» tarzidagi kunning o‘ta muhim muammolarini o‘rtaga tashladi, kuyinchaklik bilan yechim izladi. Cho‘lponning bexato baholash mezoni — Taraqqiy, u mavjud holatni Vatanining ertasi, taraqqiysi nuqtai nazaridan baholaydi, shunga mos munosabatda bo‘ladi. U yurtining tanazzuliga bois hollarni ko‘rib qancha ezilsa, istiqboli uchun xayrli hollarni ko‘rib shuncha quvonadi. Mana, uni quvontirgan hollardan biri: Andijon stantsiyasi qurilishini «shundog‘ katta muassasalarning foydasini ovrupolilar ko‘rub, ularning qo‘liga o‘tib ketayotganiga ichlari achishgan» mahalliy ishbilarmonlardan biri pudratchi sifatida olgan. Cho‘lpon aql va tadbir bilan ish yuritadigan, o‘z foydasi bilan birga millat manfaatini ham ko‘zlaydigan ishbilarmonlarning ko‘payishi yurtini obod, ozod va ma’mur qilishiga ishonadi. Maqola yakunidagi da’vat ana shu ishonchga yo‘g‘rilgan: «Abdulla afandidek namuna ko‘rsatg‘uchi fidokor savdogarlarimizdan ibrat olub, Vatanimizning boyligini, tijoratimizning foydalarini chetlar cho‘ntagiga solmasdan va bermasdan, o‘z cho‘ntakimizda olib yurmakimiz kerakdur. Bizga shundog‘ ishlarga kirishmoqg‘a vaqt!.. Biz ham insonmiz, insondek yashayluk!..». Axir, bu gaplar mustamlakachilikning jon joyiga urmaydimi?! Jur’atni qarang…

…o‘n yetti yosh — imkoniyatlaring beadad, qo‘l cho‘zsang serviqor cho‘qqilarga ham yetguday, jur’at odatiy hol bo‘lib tuyuladigan fasl. Bu pallada loaqal bir bor xayolan olamni lol qilishga chog‘lanmagan kim bor! Yosh Cho‘lponga ham, tabiiy, bu narsa yot emasdi, biroq u butun iqtidorini millat taraqqiysi maqsadiga bo‘ysundirdi. Shunchaki, yozuvchi degan nom olish, ko‘ngil xushligi, non yoki shon topish uchun qalam tebratmadi…

Bu-da bir o‘rnak.

***

… Cho‘lpon o‘z yo‘lini anglangan tarz­da tanladi, uni o‘zining qismati bilib, sobit qadam qo‘ydi:

Uzoq… og‘ir yo‘lga chiqqan yo‘lchimen,
Bu yo‘llarda qilog‘uzim yulduzdir.

Darhaqiqat, yo‘l uzoq va mashaqqatli; ko‘zlangan maqsad — Yulduz, u goh bulutlar ortida ko‘rinmay qoladi, goh ojiz miltirasa, goh charaqlab ko‘zni qamashtiradi. Bu yo‘lda bekatlar talay, faqat ularni ikki turligina atash mumkin — UMID yo UMIDSIZLIK. Umid bekatlari — 1917 yil Fevral inqilobi, Buxoro jumhuriyatining tashkil topishi, «bosmachilik» tamg‘asini olgan milliy-ozodlik harakatining kuchayishi… Umidsizlik bekatlari — Qo‘qon muxtoriyatining qonga botirilishi, Buxoro jumhuriyatining tugatilishi, milliy-ozodlik harakatining yagona kuchga birlasholmay parokanda bo‘lishi…

Joni-jahonini tikib, butun vujudi bilan Yulduzga talpingan yo‘lchining Umidsizlik bekatlaridagi ruhiy holatini tasavvur qila olasizmi? Bir bekatdan ikkinchisiga muttasil ko‘chib yurish uni necha bor o‘ldirib-tirgizganini-chi? Umrining bahori — yigitlik davrining besh-olti yili mobaynida ro‘y bergan evrilishlar, ulardan keluvchi iztiroblar necha-necha umrni xazon qilishga yetarlidek ko‘rinmaydimi? Shunda-da «bor-e, jonim sabilmi» demasa, yo‘lidan qaytmasa, uni yo‘lida sobit qilgan nima ekan?.. Cho‘lpon umidsizlik bekatlaridan birida, tushkunlikning zo‘ridan ruhi sinayozgan pallada ko‘ngliga xitob etadi:

Ko‘ngil, sen bunchalar nega
Kishanlar birla do‘stlashding…

Shoir e’tiqodiga ko‘ra, ko‘ngilning «kishanlar bilan do‘stlashmog‘i» mumkin bo‘lmagan hol, uning hurligi daxlsizdir. Cho‘lpon o‘ziga xitoban «Tiriksen, o‘lmag‘onsen, Sen-da odam, sen-da insonsen» deydi. Zero, uning nazdida inson sha’ni juda baland, tirik odam borki ko‘ngil hurligini saqlamog‘i lozim, faqat shugina uni INSON degan yuksak maqomda tutib turadi. Shu e’tiqodda mustaqiym ekani uni ezgu yo‘lda sobitqadam qildi…

… insonlik sha’nini yuksak qo‘ygani, hur tug‘ilgan inson hur bo‘lmog‘i lozim, HURLIK insonlikning javhari deb bilgani…

Bu-da bir o‘rnak.

***

…ko‘ksiga mushtlab «vatanim, xalqim» deguvchilar, minbarlardan jo‘shib-yondirib so‘zlaguvchilar, varaq-varaq she’ru doston bitguvchilar hamisha yetarli bo‘lgan. Biroq masala o‘sha vatan, o‘sha xalQ uchun nedandir — halovatdan, moldan yo jondan kechishga borib taqalsa, — g‘alvir suvdan ko‘tarildi, deyavering… Cho‘lpon bularning baridan kecha oldi. Zero, u chinakam «oshiq», «yor»ga yetishishdan o‘zga muddaosi yo‘q. Yurt ozodligini «yor», unga intiluvchini «oshiq» deb bilgan shoir yorga yetishmoq uchun oshiq dilining bosh­qa har nedan forig‘ bo‘lishini shart qilib qo‘yadi. Biroq, ilojimiz qancha, manfaat deganlari ham bor narsa, biz ko‘p-da nazarga ilavermaydigan, ammo har qanday ezgu niyatni g‘orat, uning tegrasidagi hamjihatlikni barbod qila oladigan kuchdir u. Axir, «bosmachilik»­ning yagona kuchga birlashib, keng ko‘lamli milliy-ozodlik harakatiga aylana olmagani, Buxoro hukumatining rahbarlari orasidagi kelishmovchiliklaru ulardan g‘animlarning ustalik bilan foydalanib qolganlari zaminida shu narsa — manfaati shaxsiya yotmaydimi? O‘zini «yurtimning pok istakli kuchimen» deya faxr etgan Cho‘lpon, afsuski, maslakdoshlarining barida ham «pok istak»ni ko‘rolmadi, shunda qalamidan «Oq deb, pok deb yurganlarda dil buzuq», «Angladim: sevgida har ko‘ngil buzuq!» degan iztirobu alamga to‘liq satrlar to‘kildi…

…so‘zi bilan amali, dilidagi bilan tilidagining birligi, Vatan va millat manfaatini o‘zinikidan chandon baland qo‘yolgani, tom ma’nodagi FIDOIY ekanligi…

Bu-da bir o‘rnak.

***

… darvoqe, Buxoro jumhuriyati. Cho‘lponning unga bog‘lagan umidlari katta edi. Hukumat gazetasi muharriri vazifasiga taklif etilgach, yeng shimarib ishga kirishdi: Buxoroda turib Turkis­ton ozodligi uchun kurashni davom ettirishni ko‘zladi, uni bu kurashdagi muhim platsdarm deb bildi, afsuski… Rahbarlar orasidagi kelishmovchiliklar g‘animlarga qo‘l kelgani aytildi. Oqibatda Buxoro jumhuriyati sho‘rolar bilan yaqinlashdi, siyosiy hayotda bolsheviklar ta’siri ustuvorlik qila boshladi. O‘zi muharrirlik qilayotgan gazetaning 1921 yil 3 noyabr sonida e’lon qilingan «Tarixdan» nomli she’rida Cho‘lpon yuz berayotgan voqealarga munosabatini oshkor etadi:

Qorong‘i kech…
Ko‘k yuzida yulduzlarmi otilg‘on?
Yo‘qsa elning baxtimidir
«ko‘lanka»ga sotilg‘on?

Shoir nazdida jumhuriyat hukumati olib borayotgan siyosat «el baxtini sotmoq»dan o‘zga emas, shu tufayli ham bu yerga kelganidan beri xayol ko‘kida porlagan yulduzi so‘ngan, bunda ham «qoron­g‘i kech» hukmronligi boshlangan. Xuddi shu ijtimoiy-siyosiy sharoitda Cho‘lpon kasalxonaga yotadi va shu ko‘yi gazetadagi faoliyatini ham to‘xtatadiki, buning tub sabablari she’rning yakunida o‘z ifodasini topadi:

Bu yaramas! — deya
og‘zim ochilmasdan bir buyruq:
«Mundog‘ achchig‘ fig‘onlarga
bu o‘lkada luzum yo‘q!».
Qorong‘i kech…
Ko‘k yuzida yulduzlarmi otilg‘on?
Yo‘qsa manim «ohlarim»mi
bo‘g‘izimda tutilg‘on.

Anglash mumkinki, Cho‘lponning «Buxoro axbori»dan ketishining bosh sababi so‘z erkinligiga tajovuz qilina boshlaganidir. Bunday siqiq sharoitda gazetaga muharrir bo‘lishidan na istiqlol maqsadiga va na xalqi uchun bir naf ko‘rgan shoir iste’fo bergan…

…amal kursisini shunchaki egallab turishni, vijdoniga xilof-u, yuqoriga maqbul ish olib borishni o‘ziga ep ko‘rmagani, ezgu maqsadiga bir odim bo‘lsa-da yaqinlashtirmay o‘tgan vaqtini zoe bilgani, erkiga tajovuzni sing­dira olmagani…

Bu-da bir o‘rnak.

***

…1928 yili yozilgan bir she’rida shoir o‘zini zo‘r dengiz qo‘ynidagi somon parchaga o‘xshatadi, «Muhit kuchlik ekan, egdim bo‘ynimni… Oqishning yo‘liga soldim o‘zimni» deya e’tirof etadi. Uning «bo‘yin egishi» oson kechmagan, bungacha…

…endi rostmana oyoqqa turib olgan yangi tuzum Cho‘lpon timsolida jon dushmanini ko‘rib yanglishmadi, zero, shoirning ko‘z yoshlaridan «chechaklar unishi» muqarrarligini angladi. Yo‘q, hurriyat deya maydonga chiqqan «o‘rtoqlar» shoirning hazin tortgan ovozini bo‘g‘ishni o‘zlariga ep ko‘rishmadi, sopini o‘zidan chiqarib, bu ishni o‘zlari yetishtirgan mahalliy kadrlarga qo‘yib berdilar. Cho‘lponni «ko‘k shoiri», «ziyolilar shoiri», o‘tmishga yuz burgan «yig‘loqi shoir» deya turtkilashlar, sondan chiqarishga harakatlar boshlandi. Shoir qalb tug‘yonlarini yurtdoshlari tushunmayotgani, tushunishni istamayotganidan ezildi, «men ko‘k shoiri emasman» deya, she’rlar bitdi, bo‘lmadi… Nachora, o‘n-o‘n besh yillar avval yoshlarning barini birdek yondirgan g‘oyalar endi o‘z o‘rnini bosh­qa — hali sarob ekanligi bilinmagan yangi g‘oyalarga bo‘shatib berayotgan, sarobga aldanganlar OLOMONga aylanayotgan palla edi bu. Shiddatli o‘zgarishlar avlodlar almashinuvini g‘oyat tezlashtirgan, «buyuk amal»iga sodiq Cho‘lpon esa hamon bir oyog‘i bilan o‘tmishda — istiqlol uchun kurash jabhasida qolgan edi…

…o‘zligini saqlagan ShAXS olomonga sig‘maydi: Cho‘lpon «yo‘qsil xalq shoiri emas» dedilar, ijodini xalq uchun zararli deb topdilar, shu xalqning «ziyoli» vakillari uni madaniyat xodimlari qurultoyidan quvib soldilar. qurultoy fatvosini olgan tanqidchilikning Cho‘lponga xurujlari kuchaygandan kuchaydi, 30-yillarning haybatli sud jarayonlarida navbat unga kelib qolgani ishora qilindi… Xullas, Cho‘lpon nochor bo‘yin egdi: qurultoy hay’atiga «E’tizor» yozib, «tushunmaslik» orqasida yo‘l qo‘ygan xatolariga, ya’ni shu el, shu yurt qayg‘usi bilan yashaganiga tavba qildi, butun kuch-quvvatini «xatolarni ishchi-dehqon ko‘nglidan ketkazish»ga sarflashga va’da berdi. Qurultoydan keyin Cho‘lpon matbuotda kam ko‘rinadi, o‘zi aytmoqchi, sozini «bir necha yil qantarib» qo‘yadi, chunki «ko‘ngil rozini aytib yig‘lamagan» she’r­ni she’rga sanamaydi. Faqat qarshisida «tuzalayotgani»ni ko‘rsatish majburiyati turganidan, ora-chira shunga mos she’r­larini e’lon qilib turish bilan cheklanadi…

…ayni ijodiy kuchga to‘lgan Cho‘lponning o‘quvchisiga aytari hali bisyor edi, u yo‘l izladi: dardlarini tarjimalari qatiga joyladi, she’rlaridagi nozik ishoralar yordamida imkon qadar bo‘shanishga intildi. Biroq shuning o‘zi uni qoniqtirolmas edi. Zero, masalaning tub mohiyatiga qaragani uchun u mavjud voqelik bilan to‘la kelisha olmas, shoirning tiyran qalb ko‘zlari kundan-kun mustahkamlanayotgan tuzumning ko‘pchilikka qorong‘u chizgilarini ilg‘ar, bu chizgilar unga elining saodatidan xayrli fol ochishga yo‘l bermas edi. Cho‘lponing millat qayg‘usida o‘tkazgan salkam yigirma yillik umri davomida ko‘rgan-kechirganlari, iztirobli o‘ylashlaridan tug‘ilgan gaplari bo‘g‘zida qotib turar, «ayt­sam o‘ldirarlar, aytmasam o‘lam» de­yi­ladigan holat yuzaga kelgandi. Shunday qaltis bir vaziyatda u o‘zining «oqqush qo‘shig‘i» — «Kecha» romaniga qo‘l urdi va… boshini kundaga qo‘ydi. Zero, Cho‘lpon unda erksiz qalami kashf etgan imkonlarni to‘la ishga solib, yaqin o‘tmishning o‘z nazdida HAQQONIY, lekin rasmiy nuqtai nazarga nomuvofiq epik manzarasini chizgan, bu bilan o‘zining zamonga haqiqiy munosabatini fosh etgan edi…

…olomon ichida ShAXSligicha qolgani, oqim bo‘ylab oqimga qarshi suza olgani, ajal qilichi ostida ham e’tiqodidan qaytmagani…

Bu-da bir o‘rnak.

***

…shunday yashagani, shunday o‘ylagani, shunday ijod qilgani — Cho‘lponning fojiasi: hayotida halovat ko‘rmagani, hassos qalbi iztirobu alamlardan bir dam forig‘ bo‘lmagani, qirchillama qirqida qirchinidan qiyilgani shundan.

…shunday yashagani, shunday o‘ylagani, shunday ijod qilgani — Cho‘lponning baxti: ko‘z o‘ngimizda Qaqnus qushday kuldan bosh ko‘targani, bugun barchaning tilida ekani, nomini tilga olganimizda ko‘ksimiz g‘ururga to‘lib, ko‘kragimiz bir ko‘tarilib tushayotgani shundan.

Bu-da bir o‘rnak.

M: “Ma’rifat” gazetasidan olindi.

044

(Tashriflar: umumiy 386, bugungi 1)

Izoh qoldiring