Nizom Komil: O’zbek tili tomirimda oqadi…

09

Мен “баю-баю” тинглаган эмасман, алла эшитганман. Шу азиз тил мени вояга етказган. Бу тилнинг сўзлари қонимда оқади. Хорижий тилни ҳар қанча ўқиб-ўрганмагин, бу тил ҳеч қачон она сути билан, она алласи билан вужудингга сингиб кетган тил ўрнини босолмайди.

09
ЎЗБЕК ТИЛИ ТОМИРИМДА ОҚАДИ
Таниқли таржимон Низом Комил билан суҳбат
07

– Йилига ўнлаб роман, юзлаб қисса, ҳикоялар, шеърий асарлар ўзбек тилига таржима қилинади. Шу катта хирмонда нисбатан улушингиз камроқдай. Шундай бўлса-да, бирор асарни таржима қилсангиз, тезда ўша муаллиф бизда машҳур бўлиб кетади, асари қўлма-қўл ўқилади. Ҳатто хориж адабиёти намояндаси сифатида ўқув дарсликларига ҳам киритилади. Бунинг сири нимада?

– Ҳар қандай асарни таржима қилишга киришишдан олдин, шуни ўзбек адиби ёзганда қандай ёзган бўларди, деган саволни хаёлимга келтираман ва бу хаёл (талаб деймизми) менга ҳамиша маёқ вазифасини ўтайди. Таржималарим китобхонларни ранжитмаётганининг сири шунда бўлса, ажабмас.

– Нега шеър таржима қилмайсиз? Шекспир, Пушкин, Пастернак ва бошқа шоирларнинг шеърларини русча, инглизчани билган талабалар ҳам таржима қилишяпти. Хусусан, Александр Блок, Марина Цветаевалар ҳам “ўзимиз қатори” шоирлар экан-ку, деб қоламан гоҳида. Шов-шувга яраша эмасдек. Ё таржимондан хатолик ўтганми?

– Аслида, шеърни таржима қилишдан кўра, ўзинг шеър ёзиб қўя қолганинг осонроқ. Биласиз, мен ана шу “осон”ини ҳам аллақачон йиғиштириб қўйганман.

Сиз назарда тутган таржимонларга айтар сўзим шуки, улар энг аввало шоир сифатида батамом шаклланиб, эл эътиборига мушарраф бўлмоқлари лозим. Ана шундан кейингина шеър таржимасига қўл урган маъқул. Акс ҳолда, сиз эслатган ҳолатлардан баттарроқларига ҳам дуч келишимиз ҳеч гап эмас.

– Шева сўзларининг адабий тилга сингдирилиши тилимизнинг бойишидир. Албатта, буни ижодкор ё таржимон эпласа. Сўз қўллашда, ибора танлашда нималар муҳим, дейсиз?

– Кўплаб бадиий асарларда шевага доир сўзлар учраб туради. Бу –табиий ҳол. Лекин шева унсурларидан фойдаланишда меъёрни унутмаслик керак. Жумладан, таржимада ҳам. Ўша сўз асар матнига узукка кўз қўйгандай ярашиб туриптими-йўқми – шуниси муҳим. Шевага оид ҳар қандай сўз ёки ибора гўё гуруч орасидан чиққан тошдай, китобхоннинг таъбини хира қиладими, демак – у ўзини оқламаган бўлади. Бундай машғулотдан воз кечиш лозим.

– Устоз Иброҳим ўафуров тил ўрганиш жараёни, рус, инглиз тилларини ўрганиш зарурати ҳақида гапира туриб “Бу тилларни албатта ўрганиш лозим, лекин ўзбек тилини ҳам ўрганайлик”, деганди. Тилимизнинг бугунги ҳолати, ривожланиш жараёни, унинг ўрганилиши ҳақида фикрларингиз.

– Иброҳим ўафуров тўғри айтган. Қолаверса, бу даъват Ёзувчилар уюшмасининг таржима кенгаши йиғинларида ҳам муттасил таъкидланади. Аммо натижа… ўзингизга маълум. Кўпгина таржималарни бир-биридан фарқлаб бўлмайди. Сийқаси чиққан сўзлар, бир қолипга тушиб қолган тап-тайёр жумлалар китобдан китобга кўчиб юраверади. Таржима оламига кириб келаётган ёшлар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари лозим. Наср ёки шеъриятда қалам тебратадиган ижодкорларимиз аввало тилнинг доялари бўлмоғи керак. Ёзувчи тилни бойитади, шоир зеб беради тилга. Бу бардавом, узоқ жараён…

– “Ўзбек адабиёти дунёга чиқадими, бунга таржимонлар ўзимиздан бўлиши керак”, каби гап-сўзлар кўп бўлаяпти. Муносабатингиз?

075– Кўпдан буён ўзбек адабиётини хорижга тарғиб қилиш муаммоси ҳам кўндаланг бўлиб турибди. Бу юмушни зиммасига оладиган бақувват кучлар керак. Ҳозирча, йўқ! Ҳамманинг умиди ёшлардан. Ёшлар ҳам бўш келишмаяпти. “Хорижга тарғиб” шоири остида инглиз тилидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан инглиз (немис, француз, испан, ҳинд, араб, хитой, япон ва ҳакозо) тилига қарсиллатиб таржима қилиб ташлашяпти. Хўш, ўзбек адабиёти хориж китобхонларига қандай қиёфада тақдим этилаяпти, бу таржимонларнинг бадиий савияси қай даражада – бунга кафолат берадиган бирорта одам, бирорта ташкилот йўқ. Гап тилмочлик устида эмас, бадиий таржима тўғрисида кетаяпти, ахир!

Баъзан ўйланиб қоламан. Мана, қарийб ярим асрдан буён фақат рус тилидан таржима қиламан. Аммо ўзбек ёзувчисининг бирорта асарини рус тилига таржима қилишни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Ижодини биздан олдин бошлаган устоз таржимонлар Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осим, Қодир Мирмуҳамедовлар тўғрисида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Ҳатто университетнинг рус филологияси факультетини тугатган, кейинчалик анча йиллар “Литературная газета”нинг мухбири сифатида мақолаларини рус тилида ёзиб юрган сўз устаси Одил Ёқубов ҳам асарларидан бирортасини рус тилига ўзи таржима қилган эмас.

Ҳамма гап мана шунда. “Она тили” билан “бегона” тил деган тушунчалар бор-ку, биродар. Хорижий тилни ҳар қанча ўқиб-ўрганмагин, бу тил ҳеч қачон она сути билан, она алласи билан вужудингга сингиб кетган тил ўрнини босолмайди. Бунинг устига, ҳар бир хорижий мамлакатнинг ўз тарихи, бугунги куни, халқининг яшаш тарзи, хулқ-атвори, урф-одатлари, тилининг ўзига хос товланишлари, турли-туман шева ва диалектлари бўладики, уларни теран англаб етмасдан туриб (батамом англаб етиб бўлмайди!), бу тилда таржимага қўл уришни мен ақлимга сиғдиролмайман. Аммо, таажжубки, хорижий тил факультетларининг талабалари ҳам, ўқув юртини эндигина тугатаётган ёшлар ҳам ўзбек ёзувчиларининг асарларини кўпдан-кўп тилларга таржима қилиб ташлаяпти. Эҳтимол, улар фавқулодда истеъдод эгаларидир. Билмадим, билмадим… Мен буни изоҳлаб беришга ожизман. Билганим шу:  мен “баю-баю” тинглаган эмасман, алла эшитганман. Шу азиз тил мени вояга етказган. Бу тилнинг сўзлари қонимда оқади.

– Айни дамда нималар таржимаси билан машғулсиз?

– Анчадан буён жиддийроқ бирор асар таржимасига қўл урганим йўқ. Толиқдим шекилли-да. Бу ёғи кексалик… Кўп вақтим даволаниш билан ўтаяпти.

– Ёшлигингизда шеър, ҳикоялар ҳам ёзган экансиз. Ҳозир-чи?

– О, эслатманг. Ёзганман. Кунлардан бир куни ёзганларим бир пулга қимматлигини сезиб қолиб, дов-дастгоҳимни йиғиштирганман. Аммо сўз “дарди”га чалинган одам адабиётдан бутунлай чиқиб кетолмас экан. Умрим ўзимни таржимада синаб кўриш билан ўтди, десам, хато бўлмайди. Нимага эришдим-эришмадим, ҳакамлик ҳуқуқи – китобхонларда.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

034

(Tashriflar: umumiy 89, bugungi 1)

Izoh qoldiring