«Sharq yulduzi» jurnalining 2013 yildagi 1-soni bosmadan chiqdi.

556
«Шарқ юлдузи» журналининг 2013 йил 1 сонини шахсан мен  интизорлик кутаётган эдим. Чунки бу сонда анча йиллар аввал  ёзилган ва Мирзо Улуғбек ҳаётига бағишлаган пьесам босилиши режалаштрилган эди.  Шунинг учун ушбу сон қўлимга тегиши билан сизни ҳам журнал  мундарижаси билан таништиришни ўйладим. Бу  ўй асарим босилганини айтиб мақтанишдан эмас, балки  мазкур сонда мутолаа қилишга арзийдиган асарлар кўплигини сизга   айтиб қўйиш,ҳар доимгидек сизни хабардор қилиш истагидан пайдо бўлди…

667
09
08

789

МУНДАРИЖА

ИФТИХОР
1. Иброҳим Азиз. Ватан озодлиги – менинг озодлигим.

ШЕЪРИЯТ
2. Абдулла Шер. Атрофимиз ложувард олам. Шеърлар.

НАСР
3. Ҳамрохон Мусурмонова. Сирлар салтанатига саёҳат. Қиссадан парча.

ШЕЪРИЯТ
4. Мирпўлат Мирзо. Тонг нурлари ўйнар қорлар устида. Шеърлар.
5. Гулбаҳор Саид Ғани. Қушларимга бўлақол манзил. Шеърлар.

ИЖОД ЛАБОРАТОРИЯСИ
6. Марҳабо Қўчқорова. “Ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби”.

ШЕЪРИЯТ
7. Эшқобил Вали. Эртак сўйлар буюк мозий. Шеърлар.
8. Дилдора Яҳё. Умрим – ҳеч ким айтмаган қўшиқ.

ДРАМАТУРГИЯ
9. Хуршид Даврон. Алғул. Пъеса.

ШЕЪРИЯТ

10. Шаҳноза Назархон. Руҳимда чалинган мусиқа. Достон.
11. Улуғбек Ҳамдам. Янгиланаётган бадиий тафаккур меваси.

НАСР
12. Зулфия Қуролбой қизи. Касал қуш. Ҳикоя.

ДИЛЛАРДАН ДИЛЛАРГА

13. Рамиз Равшан. Нафасимни дарахтдан мевадай тераман. Шеърлар.
14. Абдулкарим Баҳриддин. Шоир ҳақида сўз.

ЖАРАЁН
15. Янги авлод овози. Суҳбат. Ҳамидулла Болтабоев, Шуҳрат Ризаев, Назар Эшонқул.

БИР ДАРАХТ НОВДАЛАРИ

16. Набийра Торешова. Ўзлик – қалбларда нурдир. Шеърлар.

ЙИЛЛАР, ВОҚЕАЛАР, ТАҚДИРЛАР
17. Умарали Норматов. Қодирийнинг сўнгги илтижоси.

БУЛОҚ КЎЗ ОЧДИ
18. Наргиза Одинаева. Нигоҳимда гуллар туйғулар изсиз. Шеърлар.
19. Усмон Азим. Қувонч хат.

БОЛАЛАР ДУНЁСИ
20. Жаббор Халил. Халоскор. Ривоят.

ЁШЛАР ДАФТАРИДАН
21. Йўлимиз ёритар кўкдаги ҳилол. Мушоира.

МЕЪРОСИМИЗНИ ЎРГАНАМИЗ
22. Ҳафиза Асланова. Гадоийнинг форсий ғазали.

ҒАЗАЛ БЎСТОНИ
23. Икромжон Аслий. Муҳаббатим муқаддас. Ғазаллар.

АДАБИЁТШУНОСЛИК
24. Дилрабо Қувватова. Ўзбек поэмачилигида модернистик изланишлар.
25. Илҳом Ғаниев, Нодира Афоқова. Иқрор ва исён.
26. Зокиржон Мамажонов. Ифода усулларида ўхшатиш санъати.

ГУЛҚАЙЧИ

27. Восит Аҳмад. Янги бой. Ҳажвия.

789

ЖУРНАЛ САҲИФАЛАРИДАН

01

Абдулла ШЕР

АТРОФИМИЗ ЛОЖУВАРД ОЛАМ

* * *

Ниманидир доимо кутиб,
Қаергадир доим шошамиз.
Кимни эслаб, кимни унутиб,
Йиллар деган ғовдан ошамиз.

Умр ўтар, шундай сезилмай:
Гоҳо Шарққа, гоҳ Ғарбга чопиб.
Йўқотганни бир пиёла май
Тубидан гоҳ оламиз топиб.

Жуфтимизга боқамиз комрон,
Атроф баҳор, иқбол ёр бизга.
Ва тун бўйи юлдузли осмон
Қўниб яшар тўшагимизга.

Сўнг, кўрпани тортқилару тонг,
Уйғотади яланғоч ҳаёт:
Яна чорлар бизни бефарқ тонг –
Турмуш деган қадим сирсирот.

* * *

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

Эртакнамо хаёлларимда
Бошимга қўндириб Ҳумони –
Билсам ҳам – ҳаммаси яримта,
Бут қилиб юраман дунёни.

Ёш булбулдек ҳис этиб ўзни,
Тунларни қўшиққа кўмаман.
Гоҳида юмганча мен кўзни,
Ботинда ёғдуга чўмаман.

Менсиз бўшаб қолмайди, шаксиз,
Мен билан тўлмаган бу олам.
Лекин мен одамман, мен одам,
Мен яшай олмайман эртаксиз.

* * *

Икки қайиқ чайқалар тинмай,
Атрофимиз ложувард олам.
Умримизни, сира ачинмай,
Дарё билан кўрамиз баҳам.

Дарё гўзал, дарё мовийдир,
Ранг бағишлар умидимизга.
Қадим ўзан кекса ровийдир –
Ривоятлар сўйлайди бизга.

Лекин, мавжлар ўжардан-ўжар,
Бўй бермайди бизларга, асло.
Икки вужуд бўлиб чайқалар
Омонат бахт қайиқлар аро.

Чайқалади бир ширин ғусса,
Чайқалади ҳатто титроқлар.
Ёрти қолар лабларда бўса,
Олиб кетар бизни қирғоқлар.

Дарё гўё қисматдаги йўл,
Бизни бошлар энди йироққа.
У ерларда энди ҳижрон мўл,
Биз яшаймиз тўйиб фироққа.

Энди сира учрашмаймиз, биз,
Икки қирғоқ риштани узар.
Ва чайқалган қайиқларимиз
Энди фақат тушларда сузар.

* * *

Мен кўпларга ачиндим,
Менга ачинган борми?
Мен сўз бўлиб сочилдим,
Мендек сочилган борми?

Саволларим кўпдир, мен,
Кимга берай уларни?
Балки ўзим чўпдирман –
Шарафлайман гулларни.

* * *

Синфдош дўстим Мухтор
Қўчқоров хотирасига

Марҳумликка ўрганолмасдан
Тушларимга кирасан, дўстим.
Ўйчангина, шовқин солмасдан
Бирга-бирга юрасан, дўстим.

Бақатерак остида гоҳо
Майсазорда ётиб чалқанча,
Ўй сурамиз: иккимиз даҳо,
Биз яшаймиз довруқ солганча.

Очилади икки юракнинг
Ҳеч ким билмас сирлар дафтари.
Қўллаб бизни бақатеракнинг
Қарсак чалар кумуш кафтлари.

Гоҳ ётамиз – дурдек тиш билан
Чирт-чирт узиб ўт поясини.
Гоҳ тинглаймиз қизиқиш билан
Шамолларнинг ҳикоясини.

Гоҳ ойдинда суҳбат қурамиз,
Сувга қараб қулоқбошида.
Гоҳ ўлтириб хаёл сурамиз
Тегирмоннинг эски тошида.

Ағанаймиз курашиб гоҳо
Майсаларнинг ҳидига тўйиб.
Яқинлашиб келади, аммо,
Йилдан-йилга ўлим от қўйиб.

Мингаштирар у сени ногоҳ,
Қувончимни олиб кетасан.
Уйғонаман ҳар гал тортиб оҳ:
Сен тушимда қолиб кетасан.

Қўшни қиз ҳақида баллада

Кели туяр қўшни қиз
Ҳовлига бериб чирой.
Юрагимда тошган ҳис
Тилимга чиқар: “Вой, вой!”

Нозик белга ярашиб,
Қўш ўрими чўлғанар.
Нимчадан жой талашиб,
Икки кўкрак тўлғанар.

Қошига берар ғурур
Тонгда қўйган ўсмаси:
(Эҳ, келисоп қурмағур
Мунча кўзни тўсмаса?)

Нураган пахса девор
Ўртамизда пардадир.
Ҳар бир зарбда маъно бор,
Эҳтимол, бу зардадир.

Бўса билмаган дудоқ
Ҳар зарбда ним очилар.
Сўрашга қўймас титроқ:
“Қачон борсин совчилар?” –

Нима қилай, тортинчоқ
Хаёлпараст боламан.
Қандай бўлмасин, бироқ,
Шу қизни мен оламан!..

Лекин бир кун у, ногоҳ,
Қанот қоқди қуш бўлиб.
Энди келади гоҳ-гоҳ
Тунда ширин туш бўлиб.

Энди ўша гулдек вақт
Хаёлимни тарк этмас:
Қочиб кетди мендан бахт,
Тутай десам, қўл етмас!..

Дераза

Шаҳримдаги бир деразада
То тонггача ўчмайди чироқ.
Унда нотинч ўйлардан зада
Уйқу билмас тўлмаган қучоқ.

То тонггача кўзимни, ҳайҳот,
Қамаштирар ўша дераза.
Ўз кўчамда ўзимни бот-бот
Адаштирар ўша дераза.

Пардасига унинг осилиб
Яшайман дер бу ўжар хаёл…
Қилма мени, қилма бенасиб,
Бир дераза нур бўлган аёл!

Совқотган одам ҳақида баллада

Ташқарида қиш кезар мағрур,
Изғиринда кукунланар қор.
Деразадан тушиб турган нур
Бамисоли бир қучоқ баҳор.

Йўл четидан совқотган одам
Тикилади келиб ҳаваси:
Ичкарида иссиқ, ёш олам –
Эр-хотиннинг бахтли давраси.

Тикилару бир муддат, сўнгра,
Бирдан тиз чўкарди у қорга.
Ва боладек ўкиниб, ҳўнграб
Кўзёшини тўкарди қорга.

Дераза-чи, сочганича нур
Кўз-кўз қилар оила тафтин.
Ёлғиз одам эса беҳузур
Юзга босар иккала кафтин.

Сўнг, довдираб кетар у беҳол
Дала бўйлаб, унутиб йўлни.
Тортқилайди бешафқат шамол
Ҳўл юзларни беркитган қўлни.

Рубоий

Гул бўлиб силкинар, миллар бу кеча,
Гапирмас лаблару тиллар бу кеча.
Энг ширин сўзларни айтар шу сабаб,
Бармоқлар тилида қўллар бу кеча.

789

ЖАРАЁН

ЯНГИ АВЛОД ОВОЗИ
Суҳбат

01

Улуғбек ҲАМДАМ
САВОЛЛАР:

1. Сир эмас, кейинги қарийб йигирма-йигирма беш йил мобайнида давр тубдан ўзгарди. Бу дегани шуки, янги даврга хос бўлган кайфият ҳам пайдо бўлди. Демак, истаймизми-йўқми, янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган бўлиши керак. Агар шундай бўлса, қани улар? Нега “манаман” дея кўзга ташланмаяпти? Бу гапни яна шунинг учун айтаяпманки, давраларда кўпинча 70-йиллар авлодидан кейин бизда бошқа адабий авлод шаклланмади, деган иддаоларни тез-тез эшитиб қоламиз. Чиндан ҳам шундайми? Акси бўлса, бунинг исботи борми? Чунки ҳар бир янги авлоднинг ўз ижодий кредоси бўлади, дунёни бадиий-эстетик қабул қилишида ўзига хослик бўлади, хўш, шу хусусиятлар нималарда кўзга ташланади? ХХ аср ўзбек адабиёти тарихига назар ташласак, адабий авлодлар бир-бирларидан жуда кўп жиҳатларга кўра яққол ажралиб турганининг гувоҳи бўламиз. Чунончи, маърифат, ислоҳот ва озодлик ғоялари билан суғорилган ижтимоий кайфият жадидлар авлодининг; инқилоб ва шўронинг илк йилларидаги ғалабали (бунинг замиридаги қурбонлару йўқотишлардан қатъи назар) юришлари билан боғлиқ ижтимоий кайфият 20-йиллар авлодининг; социализм ғоясига ишончнинг тирилтирилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 60-йиллар авлодининг; ғояга ишончнинг барбод бўлиши ва туб ижтимоий ўзгаришлар (жумладан, истиқлол) заруратининг ҳис этилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 70-йиллар авлодининг ғоявий-эстетик мавқеини белгилаган. Хўш, бугун-чи? Бугунги адабий авлоднинг (магар у бор бўлса) ғоявий-бадиий-эстетик қарашлари нималардан иборат?

2. Назаримда, бугунги кунда адабиётимизнинг энг катта хусусияти унинг ранг-баранглигидир. Ҳа, замонавий ўзбек адабиёти мавзу жиҳатидан ҳам, жанрий ўзгаришлар нуқтаи назаридан ҳам, услуб томонидан ҳам ғоят хилма- хил кўринишга эга бўлиб бораётир. Фикримча, шу хилма-хиллик ва унга доимо эга бўлиш имкони бизнинг асл, бебаҳо бойлигимиз бўлса, ажаб эмас. Демак, аввало, шу бойликнинг қадрига етмоқ, уни асраб-авайламоқ керак бўлади. Чунки ижод учун эркинлик дегани кўчат учун мўътадил тупроқ, сув ва ҳаводек гап. Модомики, шундай экан, ижод эркинлиги учун бизнинг ҳаммамиз, бутун жамият, унинг зиёли қатлами ва, айниқса, ижод аҳли масъулдир, тўғрими?
Бошқа томондан, ранг-баранглик деганимиз авлод деган тушунчани инкор этмайдими? Ахир, авлод бўлиш учун муҳитнинг бир хиллигию шунга яраша дунёқарашдаги якранглик ҳам керак бўлади-да. Ҳозир истеъмолда ҳамма “изм”лар мавжуд. Ким анъанада, ким мумтозда, ким модерн ва яна ким “супермодерн”, яъни, ҳамма йўналишларнинг кесишувида ижод қилаяпти. (Буни оптимистлар “синтез”, пессимистлар бўлса “бўтқа” дейди.) Шундай бир вазиятда, дунёни бадиий-эстетик қабул қилишдаги яқинликка таянадиган адабий авлод ҳақида гапириш қанчалик ўринли экан?

3. Адабиёт биз кўниккан тушунчадангина иборат эмас, албатта, унинг миссияси хийла теран, шунчаларки, инсоннинг аслий ва, энг асосий, ичкин эҳтиёжларига ажабтовур тарзда жавоб бера оладигандек туюлади менга. Чунончи, қадимдан: “Биз қайдан келдигу кетурмиз қаён?” (Умар Хайём) деган савол фикрловчи инсон учун саволларнинг саволи бўлиб келган. Бунга муқаддас китобларда жавоб айтилган. Одатда, ўлмас битикларнинг жавоби ғоят умумий тарзда бўлади. Фикр одами эса шу умумийликни ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти мисолида конкретлаштиргиси, унга индувидуал либос кийдиргиси, яқиндан тушунгиси, ҳис қилгиси келади. Шу ерда адабиёт ўзининг образлар олами ва рамзий табиати билан унга ёрдамга бел боғлайди, назаримда. Румий ҳазратлари “Ичиндаги ичиндадир” асарида у дунёни, руҳлар оламини бу дунё орқалигина, бу дунёдан олинган мисоллар воситасидагина тушунтириш мумкин, дейди. Бу борада Карл Густав Юнгда ҳам ажойиб фикр бор экан. Унинг “Хотиралар, тушлар, мушоҳадалар” номли асарида ўлимдан кейинги ҳаётга ишора бор, булар туш, онг ости ҳаётимиз, деган фикр илгари сурилади. Аслида, адабиёт ўз табиатига кўра, худди шундай жиҳатларни ҳам қамраб олади ва қамраб олмоғи керак эмасми? Фақат уч ўлчовли оламга, бу дунёнинг ақидаларигагина суяниб, унинг талабларигагина мўлжаллаб битилган адабиёт инсон кўнглининг яримигагина малҳам қўйиши мумкин, ҳа, шаксиз, у мавжуд ҳақиқатнинг бир палласигина бўла олади. Ҳақиқий адабиётда ҳар икки оламга ишора бўлмоғи ва, энг муҳими, бундай адабиёт ҳар икки оламдан маънавий туртки олиб яратилмоғи керак, деб ўйлайман. Чунки бу адабиёт бизнинг ўзимиз, кўнгил ҳолимиз, онг устию онг остидаги борлиқ “мен”имиз экан, унинг “беш кунлик дунё”нинг малайи бўлиб, ундаги бирон-бир ўткинчи мафкурага хизмат қилибгина “кун кўриши” ҳар қандай жиддий адабиётнинг кечирилмас нуқсонидек туюлади менга. Бу борада, мисол излаб узоққа боришнинг ҳожати йўқ, масалан, совет адабиётининг аччиқ қисматини олиб кўринг… Шу хусусда ҳам фикрлашиб олсак.

4. Дунё дунё бўлибдики, эзгулик ва ёвузлик курашиб келади. Кеча адабиёт эзгулик, яхшилик, ёруғликнинг ёнида туриб “жанг” қилаётган эди. Бугунчи?.. Бугун адабиёт эзгулик учун курашишдан “уялмаяптими”, “ор-номус” қилмаяптими? Кўпчиликнинг назарида кулгили аҳволга тушиб қолган эзгуликнинг ёнида, эзгулик учун “жон олиб, жон бериш” адабиётга ғалати, соғлом мантиқдан узоқ тутим, “романтика” бўлиб кўринмаяптими? Хуллас, адабиёт бугун кимнинг, ниманинг ёнида ва нима учун?..

5. Истаймизми-йўқми, бугун постмодернизм ҳақида тўхталмай ўтолмаймиз. У нима, бугун дунё олаётган ҳаво-нафасми? Унинг хусусиятлари ХХ аср ўзбек адабиёти мисолида қандай ва нималарда кўринади? У бизни қаерга бошлаб кетаяпти? Аслида, модомики, постмодернистик кайфият кўнглимизга ташриф буюрган экан, яхшиси, унинг қўлидан бизнинг етаклаганимиз беҳроқ эмасми? Ахир, унинг “манифести”да мутлақ эркинлик деган, бир қарашда хуш, моҳиятан эса инсониятни нималарга гирифтор қилиши номаълум бўлган (аслида, тахмин қилиш қийин эмас) бош “модда” бор. Бу “модда” маддалаб кетмайдими?.. Чунки Ҳаёт (Реализм) деб аталган “Шоҳкўча”га нисбатан у (ва ҳар қандай бошқа “изм” ҳам) бор-йўғи бир “ёндош кўча” бўлса-ю (ва у ўша “Шоҳкўча” туфайлигина қадриятга эга эса), бу кўчага ихтиёрини, сўнг ўзини бутунлай топшириб, ичкарига оёқ босган инсон алал-оқибатда адашиб кетмайдими?.. (Бу борада, фикр билдираётганда, у ёки бу “изм”га бўлган муҳаббатимиз ва ёки нафратимиз қобиғидан чиқиб олсак, ҳақиқатга яқинроқ келармиканмиз, дейман.)

6. Адабиётнинг табиатида ўйинлик хусусиятининг тобора тош босаётганлигини кўриб-сезиб турибмиз. Бу, албатта, янги гап эмас. Қадимдан адабиётда “фойда” (меҳнат) (utile) ва “ўйин” (ducle) деган икки қанот мавжуд бўлиб келган (негадир учинчи хусусият – сиғиниш, илтижо ҳисси ҳақида айтилмаган. Чунки бадиий асарнинг яратилиш асносида, меҳнат ва ўйин завқидан ташқари илтижо, сиғиниш ҳиссиёти ҳам иштирок этади.) Фақат кейинги вақтларда ўйиннинг ҳиссаси кучайиб кетди. Бу дегани шуки, нимани айтишдан кўра, қандай айтиш, дард айтишдан кўра, “ниманидир” бўлсаям гўзал шакллар ёрдамида ўқувчига етказиш биринчи ўринга чиқиб бораётир. Аслини олсангиз, модерн, постмодерн суянадиган асосий устунлардан бири ҳам шу: ҳамма нарсани ўйинга, санъатга айлантириш. Нима деб ўйлайсизлар, “ўйин”га берилиб, инсоннинг катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАРДидан узоқлашиб кетмаймизми? Бу кетишда адабиёт чиндан ҳам бошқотирма – крассворднинг бошқачароқ хилига айланиб қолмайдими?..

7. Юқорида айтилган шунча мулоҳазалардан келиб чиқиб, битта гапни алоҳида урғу билан айтиш лозимга ўхшайди: бугун жиддий, оқни-оқ, қорани- қора деб айтишга билим, тафаккур кучи ва жасорати етадиган адабий танқид ҳар қачонгидан-да зарурроқ экан. Унинг тушунтирувчи, қарашларимизни тиниқлаштирувчи, адабий-маънавий ўзагимизга озуқа бергувчи, унга янги руҳ ҳадя этгувчи кучига жамиятда катта эҳтиёж пайдо бўлганига ортиқ шубҳа йўқ. Шу маънода, кунимизда бадиий асар қайси мезонлардан туриб баҳоланаяпти: унинг сифати, янгилиги, илмийлигидан ташқари танқидчининг ХОЛИСЛИК даражаси қай аҳволда? деган ҳақли саволлар туғилади. Чунки, кўпинча, бадиий асарлар баҳоланган танқидий мақола, илмий тадқиқот ва ёки тақризни ўқиб, ўзингга ўзинг савол бериб қоласан киши: қайси бири паст, қайси бири ўртаю қайсиси баланд асар ва нима учун?.. Аксарият ҳолларда, ҳаммаси бирдек дурдона ўлароқ тақдим этилади. (Ва ёки кўркўрона “уриб” ташланади.) Назаримда, бу ўринда, танқидчиларимиз ўқувчилик муҳаббати (ёки нафрати) изҳоридан олим-мутахассис муносабатини билдириш даражасига ўсиб боролмаяпти. Яъни, у ўзининг у ёки бу асарга ёки унинг муаллифига бўлган симпатия (ёки антипатия)сини олимнинг қараши деб ўйлаяпти. Шулардан битта ҳақли савол туғилади: бугунги ўзбек адабий танқиди мавжуд ҳақиқатни қай даражада ўзида акс эттирмоқда?

8. Қанчалик гапни силлиқламайлик ва ёки индамайгина айланиб ўтишга ҳаракат қилмайлик, барибир, бугун ҳам ўша кўҳна муаммо ижодкор олдида кўндаланг бўлиб турибди: эски билан янги ўртасидаги кураш!.. Бу кураш кўчада эмас, аввало, ижод аҳлининг ботинида кечаяпти. Хўш, бугун қандай ёзиш керак? Кечагидек ёзишни, ўзидан битта кўйлак кўп кийган авлоднинг бадиий тилию ёзиш манерасининг ўзига хослигини тан олган, уни “яхши” деб билгани ҳолда, ҳозирги ўзбек адабиётини бугун яратаётган ижодкор нега, барибир, янгича ёзиш керак деб ўйлаяпти, шундай ёзишга уринаяпти ҳам? Ахир, тап-тайёр, асфальтланган, текис, ҳатто айтиш жоиз, чорраҳаларига светафорлар ўрнатилган йўллардан юриш оппа-осон эди-ку! Нима учун бугунги ижодкор янги йўллар очиш тараддудида яшамоқда? Бу икки йўлдан қай бирини танламоқ керак? Саволдан савол туғилар экан: хўш, нима дегани ўзи иккитасидан бирини танлаш? Эскига суянган кўйи, унинг негизида янгисини яратиш мумкин эмасми? Эски билан янги ўртасида кўприк қуриш узоқни кўзлаб иш тутиш бўлмайдими ва ёки, барибир, давр руҳи, замон нафаси айтиб тургандек ёзиш лозимми? Қайси бири тўғри йўл? “Янги-яхши” ёзаман деб “эски-яхши”дан маҳрум бўлиб қолмаяпмизми? Унда орадаги фарқ нима? Чунки ҳар қандай янгиликнинг пойдеворида эскиликнинг тоши мустаҳкам туради. Биргина шу фактнинг ўзиёқ давомийлик, ворисийлик ҳақида бонг урмаяптими? Замоннинг бу шиддатида бугун бўлмаса, эртага бонгни эшитадиган қулоқларимизга “кўз” тегиб, том битиб қолмаслигига ким кафолат беради?..

9. Ижодкорнинг ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини қандай изоҳлаган бўлардингиз? Ёки улар бир нарсами? Агар бир нарса бўлмаса, ижодкорнинг ижодкорлик бурчига садоқати унинг фуқаролик бурчини адо этишига монелик қилмайдими? Ва ёки фуқаролик бурчимни тўла-тўкис бажо келтираман, деган ижодкор кўнглига хиёнат қилиб қўймайдими? Масалан, жадид адабиёти вакилларини эсга олайлик. Улар давр тақозосига кўра, яшаб ижод этдилар. Кўнгилларида бўлса ҳам анъанавий “гул ва булбул” ҳақида куйлай олмадилар. Худди шундай тақдирни 70-йиллар авлодида кўриш мумкин. Шоирларимиздан Шавкат Раҳмон “рубобий шеър”лар ёзишни орзуладию “жангчи”ю “зобит” бўлиб қолганини алам билан шеърга солди… Битта ишни амалга ошира туриб, ҳар икки – ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини адо этиш мумкинми ўзи? Агар мумкин эса, нега, унда, кўпинча кўнгилнинг истаги бошқа бўладию қаламнинг юриши бошқа чиқади? Агар саволни шундай қўйиш мумкин бўлса, ижодкор учун қайси бурч муҳимроқдир?

10. Бугун, назаримда, “жиддий адабиёт” деган алоҳида бир терминни бот- бот ишлатишга тўғри келади. Чунки “омма” ва ёки “кўча адабиёти” деган нашрдан уни ҳимоя қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. “Жиддий” ва “омма адабиёти” ўртасидаги чегарани аниқлаштириб олмаганимиз туфайли ҳам эрта бир кун кейингиси аввалгисининг ҳуқуқларига даъвогарлик қилиб қолиши ҳеч гапмас. Натижада, “адабиёт” деганда, ўқувчи кўз олдига енгил-елпи, ур- сур, фаҳш ва олди-қочдидан иборат негатив матнлар йиғиндисининг келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Мана шулардан келиб чиқиб, бугунги ўқувчи “жиддий адабиёт нимаю омма адабиёти нима?” деган саволнинг жавобини юзакироқ бўлса ҳам билиши керак, деб ўйлайман. Чунки мен назарда тутаётган “жиддий адабиёт” инсонни инсон, миллатни миллат сифатида тикланишига маънавий далда бўлса, “омма адабиёти” кўринишидан беозор бир эрмакдек туюлса-да, алал-оқибатда инсон ва миллатни буҳронга етакловчи кучга ўхшайди. Шунинг учун ҳам мўри-малахдек урчиб кетаётган “омма адабиёти” қаршисида маънавий таназзул олдини олишга қаратилган “жиддий адабиёт”нинг бўлиши, бўлгандаям, бақувват устундек туриши жудаям зарур! Бунинг учун эса жамият миқёсида шундай адабиёт ҳақида қайғурмоғимиз шарт бўлади. Сиз-чи, сиз қандай ўйлайсиз?..

01

ЖАВОБЛАР:

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ

1. Ижодкор халқи адабиётга авлод-авлод бўлиб киради, деган тушунча онггимизга сингиб қолган. Қолаверса, ўтган аср таомилига кўра, ҳар ўн йилликларни маълум бир ижодкорлар авлоди билан боғлаб қабул қилиш русум бўлди. Масалан, сиз айтганчалик, 20-йилларда Фитрат, Чўлпон ва Қодирий; 30-йилларда Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир; 40-йилларда Шайхзода, Миртемир; 50-йилларда Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров; 60-йилларда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев ва 70-йилларда бу рўйхат бироз кенгайган (ўтган асрда адабиётга кириб келган энг кучли тўлқинлардан бири), энди бир-икки ном билан эмас, ўнлаб истеъдодларни санаш мумкин. Бироқ гап рўйхатбозликда эмас, бу арифметик саноқлар истеъдодлар авлоди ҳақида тугал тасаввур бермайди. Замонлар ўтиб, авлодлар оша, “ким яшаб қолар экан, кимнинг иши аталар экан савоб” (Абдулла Орипов) дейилганда, мен кўпроқ ўша ўн йилликлар авлодлари қолдирган дурдона асарларни кўзда тутаман.
Сўнгги 20-25 йил ичида миллий адабиётимиз энг сара асарлар ҳисобига бойиди, мазмунан теранлашди, шакллар ва услублар хилма-хиллиги ҳар қайси даврга нисбатан аниқроқ кўзга ташланди, лекин авлодлар масаласида мен бир гуруҳ истеъдодларни кўрсатиб, уларни 90-йиллар ёки янги аср авлоди деб аташим қийин. Албатта, ёшига ёки адабий жараёндаги иштирокига кўра, номларни санаш мумкин, бироқ у схематик чизгилардан иборат бўлиб қолади. Америка адабиёти тажрибасида “йўқотилган авлод” тушунчаси бор, бу тушунча Биринчи жаҳон уруши билан боғлиқ. Бизда ўтган қатағонлар, урушлар, йўқотишлар адабиётга ўз таъсирини ўтказган, бироқ авлодлар йўқотилмаган деган тасаввур ва тасалли бор.
Кейинги даврларда ижод қилган алоҳида истеъдодлар номини тилга олиш мумкин, бироқ улар адабий авлод сифатида шаклланмаганга ўхшайди. Айни ҳодисага нисбатан рус адабиётшунослигида “время коллективных талантов” деган тушунча қўлланилмоқда. Эҳтимол, авлодлар тушунчасини биз адибларга нисбатан эмас, уларнинг асарларига, тўғрироғи, адабий қаҳрамонларга нисбатан қўлласак тўғрироқ бўлар. Чунки адабий қаҳрамон табиатида нафақат муаллифнинг ғоя ва идеаллари, балки замон нафаси ҳам ўз аксини топган бўлади.

2. Мен “янги авлод овози”ни бир муҳитда яшаб, бир истиқлол ғояларидан озиқланиб, борингки, асосан, бир хил нашрлар орқали чоп этилиб турган асарларнинг хилма-хил бўлиши кераклигини адабиётнинг асл талаби, деб биламан. Агар, ҳар бир авлод миллий адабиётни бойитиш манбаларини излаб топар ва яратар экан, албатта, бу яратиқлар, кўпинча, шакл ва услуб янгиланиши ҳисобига эришилади. Биз кимнинг ижодини қайси “…изм”га олиб-бориб тақамайлик, у адабиётга янгилик олиб кириши керак, ҳеч бўлмаса, Абдулла Қаҳҳор айтганидай, адабиёт “домовой”ига ўз қаҳрамонларини ёздириб қўйиши керак. Биласизми, рецептив эстетика (асарни идрок этиш маданияти)да бир ҳодиса бор: йиллар, замонлар ўтиб, адиблар ёки асарлар номлари унутилиши мумкин экан, бироқ қаҳрамонлар унутилмайди. Асар муаллифи эса ўша янги қаҳрамони билан бирга адабиёт тарихига кириб қолади. Мен ўз даврида (ўша даврдаги мавжуд адабий тамойиллар асосида, албатта) ХХ асрнинг 70-йилларида ўзбек насридаги услубий тенденцияларни кузатиб, изчил реалистик, лиро-романтик ва шартли услубий йўналишда ижод қилувчи; айрим ижодкорларда эса икки, ҳатто уч услубий кўринишларнинг унсурларини кузатиш мумкинлиги ҳақида илмий тадқиқот ёзганман. Бироқ бугун, икки аср бўсағасида яратилган асарларни кузатиб, бундай юзаки хулосалар қилишдан тийиламан. Чунки қайси адабий қаҳрамонни тилга олмай, у сиз айтган даврнинг эмас, балки ўзидан аввалроқ яшаган адабий даврнинг ҳосиласи бўлиб кўринади. Адабий қаҳрамон ҳақидаги айтилган мулоҳазалар кўпроқ насрга тегишли, шеъриятда эса шоир “мен”ининг ўзи бош қаҳрамон. Унинг табиати, руҳияти, борингки, адабий маданияти ҳам бизга сабоқ бўлиши, шоир биз аввал туймаган туйғуларни туйдириши, биз кўриб англамаган бадиий ҳақиқатни англашга ёрдам бериши керак. Бу билан ижодкор ўзи истеъдодини тарбиялайди, балки миллатнинг бадиий диди ва салоҳиятининг ўсишига ёрдам бериши мумкин.

3. Бир пайтлар – XIX асрнинг ўрталарида яшаган рус мунаққиди Белинский: “Биз Гоголнинг “Шинел”идан чиққанмиз” мазмунидаги англамини бутун юз йиллик давомида такрорланиб келишига сабабчи бўлган. Ҳақиқатан ҳам бадиий илдизлари нари борса, XVIII асрга бориб тақаладиган адабиёт учун бу тан олинган ҳақиқат эди. Шукурки, бизнинг туркий адабиёт манбалари бир ёки икки асарнинг дунёга келиши билан боғланиб қолмаган. Агар биз мумтоз туркий адабиётнинг тамал тоши масаласини Навоийдан изласак, Ҳазратнинг ўзи бизга Насимий ва Лутфийга ишора қилади, миллий ёзма адабиёт ибтидосини (нима сабабдандир) Навоийнинг нигоҳига тушмаган Юсуф Боласоғунийдан изласак, унинг замондоши улуғ Маҳмуд Кошғарий муаллифини кўрсатмаса ҳам юзлаб назм ва наср дурдоналарини берадики, уларни маънан ўзлаштирмаган ижодкорлар ўзини миллий деб аташи гумон деб ўйлайман. Ундан-да, нарироқда муҳташам Ўрхун-Энасой обидалари бор. Дунё олимлари бирлашиб, мушаккал илк адабий манба сифатида ҳам, илк адабий қаҳрамон сифатида ҳам “Билгамиш”ни тан олаётганлари миллий адабиётимиз илдизлари нақадар чуқур ва бақувват эканини исботлайди. Хўш, биз бугун Истиқлол авлоди дея оғзимизни тўлдириб тилга олаётган адибларнинг асарларидан эртага қай бири яшаб қолиши ҳақида ким башорат қила олади? Даврни баҳона қилиб, бор адабий бисотимизни бозорга солаётган бир даврда, ўша яратилаётган “янги” асар ёки қаҳрамонда яшаб қолиш илинжи (қурсоқ ғамини айтмаганимда ҳам) йўқлигига ким кафолат беради? Айтилганидек, адабиёт кунлик юмушнинг хизматига кирса, ғоянинг югурдагига айланиб қолса, қандай оқибат келишини тажрибада кўрган бўлсак ҳам ҳали-ҳануз адабиётнинг атомдай қудратини ўтин ёришга сарф қилишдай енгил заҳматдан қутула олганимиз йўқ. Буюк адабиёт ваъда қилаётган ижодкор авлод бундай ўткинчи ташвишлар билан ўралашиб қолса, миллат адабиёти бора-бора парокандалашиб кетиши мумкин. Адабиётимизда, энг аввало, ўша хавфнинг олдини олиш лозим. Бизда йилига ўнлаб танловлар уюштирилади, юзлаб асарлар тақдирланади, шу муносабат билан минглаб асарлар ёзилади. Албатта, танловлар керак, тақдиранишлар лозим, бу адабиётга эътибор ҳар доимгидан ҳам яхши эканининг амалий тасдиғи ҳамдир. Бироқ ўша танловга тақдим этган асаримиз (боринг, тақдирланди ҳам дейлик) ўша танловдан кейин бу ўзгараётган дунёда неча ой яшаши мумкинлигини ўйлаб кўрдикми? Публицистик асарлар ўз йўлига, бироқ бадиият намуналари мангуликка хизмат қилишни ўз эътиқодига айлантира билмас экан, у тарихда миллий адабиёт хазинасида қолиши тугул, устоз айтмоқчи, Тўйтепадан нарига ўтолмайди.

4. Бугун адабиёт кимнинг ёнида, нима учун? Бу бугуннинг саволигина эмас, буюк ўтмишдошларимизни ўйлантириб келган масала, келажакка дахлдор муаммо. Наинки, адабиётнинг келажагига, балки миллатнинг келажагига ҳам дохил. Буюк донишманд Конфуций, кимни сўкмоқчи бўлса: “Сен ҳам эврилишлар даврида яшагин!” дер экан. Бу фикрни келтиришдан боис, яқин ўтмишимизга айланган ўзгаришлар ошкоралик давридан бошланганини қайд этиш лозим. (Бу даврнинг барча баланд-пастликлари Президентимиз Ислом Каримовнинг сўнгги асарида чуқур таҳлил этилган. Ўша ошкоралик йилларида давр тазйиқидан яшириб, келажак учун асраб қўйилган асарларни излаб, адабий жомадонимизни титкилаб қолдик (жадид адабиёти ва тасаввуфий асарларни англаш бошқа ҳодиса.) Қўлга урунгани Абдулла Қаҳҳорнинг “Зилзила”си бўлди. Мана, энди, ошкоралик, эркинлик насими эсяпти. Ҳеч бўлмаса, мана шу ниятда ёзиб, ташлаб қўйилган асарлар ҳам кам эканки, бу – адабиёт ўша пайтда кимнинг ёнида бўлгани ва нимага хизмат қилганига жавоб. Ёки Истиқлол шарофати билан мақсадлар, эътиқодлар ўзгарди. Озод сўзга ташна қалблар адиблардан улуғ асарлар кута бошлади. Табиийки, энг яхши асарлар яратилиши учун муҳит юзага келди, давр-шароит етилди, энди айрим адиблар, аввалги, кун кўриш учун ёзилган асарларини қайта таҳрир қилиб, айрим жойларини ўчириб, исм ва ғояларни алмаштириб қайта нашрга шошилганлари сир эмас. Мана шу ҳол ҳам адабиёт ўша пайтда, кимнинг ёнида ва нима учун яшаб турганини кўрсатадиган факт. Албатта, бизда бу мангу саволга одатий жавоб бор: адабиёт халқнинг ёнида бўлиши керак, деган. Меҳнаткаш чарчаганда “ҳорма” дейишга, ҳаётда янгилик саналган воқеага ҳозиржавоб бўлишга яраса, биз уни халқ адабиёти деб атаймиз. Бироқ бадиий адабиётнинг ўз мақсади, ифода йўли, санъат асарининг ўз эстетик функциялари бор. Тўғри, чарчаган заҳматкашга ҳордиқ бериш ҳам адабиётнинг маълум бир жанрлари доирасида амалга оширилиши мумкин бўлар. Бироқ миллий адабиёт катта адабиётнинг бир бўлаги сифатида жаҳон ҳамжамиятида яшаб қолиши муҳим экан, унинг инсоният олдидаги вазифаси миллий вазифаси “ҳорма – бор бўл”дан иборат бўлиб қолмаслиги керак!

5. Инсоният сўнгги юз йилликда модернистик дунёда яшади. “Постмодернизм” дегани луғавий маънода янгиланган адабий жараёндан кейинги ҳодисадир. ХХ аср бошларида ўзбек адабиётида насрнинг ифода йўсини ўзгарди, шеърият янги вазн ва ғоялар билан иш кўра бошлади, драматургия адабий тур сифатида шаклланди. Хўш, бу янгиланиш даври модернизм бўлса, ундан кейинги ҳодиса (“пост” – кейин) нима ўзи? Дунё адабиёти постмодернизмга кириб келганда, биз соцреализм тамойилларини ишлаб чиқиш ва бадиий бисотимизни унга мослаштириш билан банд эдик, энди мустақиллик даврида дунёни таржима ва талқинларсиз кўра бошлаганимизда, биз ўрганмаган ҳодисанинг тамойилларини излай бошладик. Чунки бизнинг тасаввуримизга кўра, ҳар қандай “…изм”нинг маълум концепцияси бўлади, постмодернизм эса бизга муайян ғояни илгари сурмайди, қатъий адабий манифестлар билан иш кўрмайди. Мана шундан ҳайрон қолган айрим “назариётчилар” билиб-билмай кўзига янги бўлиб кўринган ифодани, қўлига уринган образни постмодернизмга қараб тортқилаш пайида (бу ҳақдаги Раҳимжон Раҳмат билан Улуғбек Ҳамдам суҳбатида асосли безовталик бор.) Бироқ модернизмнинг кўринишлари ва моҳияти билан постмодернизмнинг хусусияти (табиийки, кўринишлари) ўртасида катта фарқ бор. Модернизмнинг сўнгги кўринишларидан бири неомодернизм ҳам ҳали постмодернизм эмас. Улуғбек Ҳамдам қўйган савол туфайли, бунга аниқлик киритишга эҳтиёж бордай.
Неомодернизм даврида инсон оламнинг босимини кўтара олмай янги одамга айланади. Бу даврда кўпроқ қувончсиз ва тушкун руҳни берувчи санъат йўналишлари ривожланади. Чунки бу ҳодиса ХХ аср биринчи ўн йиллигидаги тушкун руҳ билан боғлиқ. Биринчи жаҳон уруши ўйламасдан “ўт”га (Анри Барбюс) қадам босгани учун инсонни бахтли ва тинч яшаш имкониятидан маҳрум қилиб, уни умидсизлантирди. Санъатда homo sapiens ҳодисаси юз берди, яъни, ақлга нисбатан шубҳа уйғотиб, ундан кўнгли қолган янги даврга ўтилди. Орадан 21 йил ўтиб, яна ҳам даҳшатлироқ Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Бу уруш умуминсонийликка талофат олиб келди. Энди фашизм туфайли дунё гўзалликларидан севиниш, эмин-эркин ўсувчи оптимистик ижодий руҳ ўрнини инсоният тақдири учун қайғурувчи ва хавотир олувчи бадиий онг вужудга келди, инсонлар орасида ижтимоий тушкунлик пайдо бўлди. Ҳатто файласуф Т.Адорно айтган эканки, “Освенцумдан кейин нафис адабиётнинг бўлиши мумкин эмас”. Ана шу вазиятда вужудга келган неомодернизм турли кўринишларга эга. Мен уларни қайта изоҳлашдан кўра, Ю.Борев “Эстетика”сидаги талқинларни келтириш билан чекланаман: “дадаизм: олам – маъносиз ақлсизликдир; экспрессионизм: адоватли оламда инсоннинг бегоналиги; конструктивизм: инсоннинг саноатлашган кучларга бой бегоналашган оламда қолиши; сюрреализм: англаб бўлмайдиган ва сирли оламда инсоннинг саросимада яшаши; экзистенциализм: беъмани дунёда одамнинг ёлғизлиги; адабий “онг оқими”: шахс руҳий оламининг реаллик билан боғланмаганлиги; неоабстракционизм: “рангда муҳрланган онг оқими” кабилар. Неомодернизмнинг энг таъсирчан кўринишлари булар.
Постмодернизм эса аввалгисидан фарқли ўлароқ, жамиятнинг ижтимоийлигини сезган, у билан муросага киришган санъатдир. У ХХ асрнинг 80-йиллари бошларида (баъзи жойларда 90-йилларда) – санъатда ўзгармас мувофиқлик ҳукмрон бўлган бир вақтда, шиддат билан ривожлана бошлади, бу мувофиқликнинг йўқолиши ва унинг инқирозига сабабчи бўлган ҳодиса ҳам постмодернизмдир.
Постмодернизм адабиёти ХХ аср охирларига келиб нореалистик бадиий йўналишларини ўз ичига олган адабий таълимотга айланди. Маълумки, модернизм академик ва классик анъанавий санъатни инкор этганди, бироқ аср охирига келиб модернизмнинг ўзи анъанавийлашди. Модернизм анъаналарини инкор этиш бадиий мазмун касб этди. Бу эса янги адабий даврнинг ривожланишига, яъни, постмодернизмга олиб келди. Постмодернизм жамиятни инкор этгани йўқ, у мавжуд ижтимоий, иқтисодий, маданий тартибга бўйсунди. Бироқ постмодернизм даврида деструкция (мавжуд тузум тартибларидан бошқача фикрловчи кодлашган тизим) жамиятнинг барча соҳаларини қамраб олди. Ю.Боревнинг “Эстетика” асарида таъкидланишига: “Постмодернизм даврида ҳам инсон дунё босимига дош бера олмай, постинсонга айланиб қолаётганлик тушунчасини мустаҳкамловчи адабий парадигмани юзага келтирди. Бу даврнинг барча йўналишлари шу парадигма асосига қурилган бўлиб, бу парадигма дунё ҳамда шахс борасидаги қарашларнинг инвариантларини ўзича парчалади ва намоён қилди”. Постмодернизмнинг баъзи бир муҳим ва долзарб йўналишларини кўриб чиқиш зарурати туғилганда, яна Ю.Боревнинг “Эстетика” асарига мурожаат қилиб, ундаги мазкур таснифни эслатгим келади: “Поп-арт: оммавий истеъмолчилик жамиятида “демократ-истеъмолчи”; сонористика: муаллифнинг “мен”ини берувчи тембрлар ўйини; алеаторика: инсон – тасодифий ҳолатлар дунёсида ўйинчи; мусиқий пуантилизм: “баҳор ёмғири шивирламоқда: дунё синиқлардан иборат”; гиперреализм: шафқатсиз ва қаҳрли дунёда жонли тизимнинг ўз қиёфасини йўқотиши; хепенинг: бебош, анархик “эркин”, бошқарилувчи шахс тасодифий ҳодисаларнинг тартибсиз дунёсида; ўз-ўзини вайрон қилувчи санъат: “ҳеч нима” дунёсида қиёфасиз шахс; соц-арт: посткоммунистик қадриятларни янги ўзанга буриб юборувчи дунёда ижтимоий проблематика; концептуализм: интеллектуал фаолиятда, экзистенцияланган маҳсулотлар орасида маданий тафаккурдан бегоналашган шахс”. Кўряпсизми, тасодифий бир суҳбат доирасида ёки бир-икки мақолада постмодернизмни англаш ва англатиш мумкин эмас.
Бироқ дунё адабиёти постмодернизм шароитида яшаётган ва ривожланаётган экан, бизнинг дунёга чиқишни ваъда қилаётган адабиётимиз глобализм доирасига кириши, постмодернизмнинг юқорида эслатилган йўналишларидан ҳеч бўлмаса маълум қисмининг кечишини табиий жараён сифатида қабул қилинмоғи лозим.

6. Санъат назариясида “игравое начало” деган тушунча бор. Санъат асари, аввало, завқ ва дилбозлик асосига қурилади. Санъат табиатидаги бу “ўйинлик” хусусияти катта ижтимоий дардни ифода қилишга тўсқинлик қилмайди, агар у ҳақиқий санъат асари бўлса. Чунки дардни дардмандларга етказиш ҳам санъаткорона бўлиши керакки, у дард китобхонга бориб юқсин, унда дардкашлик туйғусини уйғотсин. Санъат асарида мана шу юқтириш хусусияти, эзгу-ниятларни юқтириш орқали эффектлар (руҳий нуқсонлар)дан покланиш – катарсис назариясинини кашф этилишига сабаб бўлган. (Арасту фикрича, бадиий асар қаҳрамонларининг бошига тушган қайғу, кулфатларга ҳамдардлик билдириш орқали томошабин ва ўқувчилар руҳан покланадилар.) Абдулла Қаҳҳор ўз ҳикоясида бир бемор дардига шифо беролмайди, лекин унинг дардини шундай тасвирлайдики, ёзувчи учун (китобхон учун ҳам) унинг дардига шифо топишдан кўра, дарднинг ўзини санъаткорона тасвирлаш муҳимроқдир. Шунинг учун ҳам менинг назаримда, “Бемор”даги ечим “Минг бир жон”га нисбатан ишончлироқ. Чунки “Бемор”дан мурод иложсизлик, “Минг бир жон”даги тугун эса ўз қаҳрамонига ачинган адибнинг унга ҳаёт инъом этиши билан ечилади. Энди, бу адабий қаҳрамон дарди. Миллатнинг, Ватаннинг дарди ҳам шундай. Фақат моҳир санъаткор ўша дарднинг ифодасига муносиб шакл топа олади, унга жозиба бахш этади. Натижада, бу образли тасвир ачиниш уйғотиш учун эмас, балки санъаткорона завқ ва руҳ учун хизмат қилади.

7. Мунаққиднинг вазифаси оқни-оқ, қорани-қора дейишдан иборат эмас. Қозилик, ҳакамлик қилиш танқидчига ярашмайди, боринг, у ижодий жараёнда бўлсин. Айримлар танқидчилик вазифасини яхши асар ёзса, “маладес” деб елкасига қоқиб қўйиш, асари бундайроқ бўлса, унинг қулоғидан чўзиб қўйиш ёки танқид қилиб, тартибга чақириш деб тушунишади ва шундай деб тушунтирадилар. Биз бир ҳодисани чуқурроқ англаб етмай, дарров унинг “анти…”си (зидди) билан қизиқамиз. Бизнинг анъанавий тафаккур тарзимиз оқ рангни ўз гўзаллиги ва мукаммаллиги (барча рангларнинг мужассами)да кўришдан кўра, уни қоранинг зидди (антиподи) сифатида тушунишга мойилроқ. Маҳкам Маҳмудовнинг “Мангу куй излаб…” фантастик асарлар тўплами шундай сюжетли ҳикоя билан очилади. Жаҳоннинг энг сара файласуф ва ҳакимлари учун дарс берилади, биринчи дарс оқни-оқ дейиш дарси. Натижани қарангки, улуғ Арасту ҳакимдан тортиб, замонамиз олимларигача шундай дарс олишга эҳтиёжманд эканлар. Бу бир хаёлий фараз, холос. Лекин шундай улуғ мутафаккирлар еча олмаган муаммони бандаи ожиз мунаққид қандай ечсин. Унда, адабий танқиднинг вазифаси нима бўлади? ХОЛИСЛИК деб атаганингиз нима у, ижодий эътиқодми? Иш усулими ёки меҳнатининг натижасими? У адабий асарни холис баҳолаши керак деймиз. Бироқ унинг атрофини нохолисликка тортувчи омиллар эгаллаб турибди: биринчидан, журнал ёки газета буюртмаси (мунаққид таҳлилга тортмоқчи бўлган асарни ўз истеъдоди табиатига кўра танлаб олгани йўқ); иккинчидан, муаллифни ранжитиб қўймаслик (ахир, пировард мақсад ёзувчидан янада яхшироқ асар кутиш); учинчидан, муаллифнинг адабий жараёндаги мавқеини ҳисобга олиш (ардоқли адиб ҳақидаги танқид матбуотга чиқмаслиги мумкин) ва ҳоказо. Эҳтимол, буларни субъектив омил дерсиз. Унда асар муаллифининг қўнғироғи, янги асар билан табриклаш тамойили, асарни эълон қилган нашр билан муомала сақлаш ва бошқа субъектив омиллар ҳам бор. Ана, энди, мунаққид шундай омиллар исканжасида мана шу асар ҳақида янги гап айтиши, аввало, уни тушуниши, китобхонларга тушунтира билиши, ёзув малакаси, танқид маданияти каби салоҳият даражасидаги жиҳатлар билан иш кўриши керакки, бу юқоридаги “омил”ларни енгиб ўтсин. Қолаверса, мунаққиднинг бу тақризини (аввало, буюртмачи нашр) китобхонлар, муаллиф, ҳамкасблари – адабий жамоатчилик, бир сўз билан айтганда, реципиент – қандай қабул қилади деган масала бор. Буларнинг ҳаммаси мунаққид зиммасига истеъдод, жасорат билан бирга масъулият туйғусини юклайди. Бу адабий жамоатчилик олдидаги масъулият эмас, балки катта адабиёт олдидаги масъулият, санъат асарининг азалий талаблари олдидаги масъулият, гўзалликни англаш илми – эстетика олдидаги масъулият. Шундай хулоса қилиш керакки, бугунги ўзбек адабий танқиди мавжуд ҳақиқатни қай даражада ўзида акс эттирмоқда?

8. Бу ҳодисани адабиётшуносликда анъана ва янгилик (тўғрироғи, ўзига хослик) деб аталиши мутахассисларга аён. Ҳамма манбаларда бир аксиома такрорланади: ижодкор анъанани ўзлаштириши ва янгилик яратиши керак. Лекин қандай қилиб? Бу мангу саволга ҳар бир ижодкор ўз асарлари билан жавоб бериши керак. Маълумки, ҳар қандай янгилик уруғ ҳолида бўлсин эскилик бағрида туғилади. Унинг ривожланиб, камол топиши учун муҳит, тарбия ва бошқа омиллар зарур. Бироқ, менимча, буни “эскилик ва янгилик ўртасидаги кураш” даражасида қабул қилмаслик керак. Чунки бизнинг руҳимизга ўтириб қолган қаршилантириш усулисиз ҳам мерос ва ворислик муносабатида янгилик шаклланиши мумкин. Мен, бу ўринда, жадид адабиёти тажрибасини маъқул деб биламан. Улар маънавий меросга жуда эҳтиётлик билан ёндашганлар ва ўз асарларида қанчалик янгиликка интилмасинлар, оёғини мумтоз манбалардан узмаганлар. Масалан, Беҳбудий ва Фитратнинг драматургияси, Қодирий насри ва Чўлпон шеърияти адабиётимиз учун қанчалик янгилик бўлмасин, улар эскиликка кураш йўлидан эмас, балки унинг энг яхши анъаналарини ривожлантириш йўлидан борганлар. Ҳатто Чўлпоннинг: “Кўнгил янгилик ахтарадур” дастури ҳам маълум маънода, мумтоз адабий бойликларга янгича ёндашиш руҳида эди. Менимча, жадид адабиётининг янгиликка эришуви шу билан изоҳланадики, улар мумтоз адабиётнинг янги самарали анъаналарини ўзлаштириб улгурган эдилар. “Ҳозирги ўзбек адабиётини бугун яратаётган ижодкор барибир янгича ёзиш керак деб ўйлаётгани ва унга урунаётгани” яхши, бироқ асрлар, йиллар давомида ўзлашган, тажрибада синалган усулларни билмай туриб, ўзича янгилик қиламан деганлар урунишларининг натижаси қайтадан “велосипед ихтиро қилиш” даражасида бўлади. Мен эскича усулда аввал қойиллатиб ёзсин, кейин янгилик қилсин демайман, бироқ Чўлпоннинг: “Ҳақ йўли бир ўтулгуси” сўзлари бадиий ижодда ҳам дастур бўлиши керак. Реалистик наср имкониятларини ўзлаштирмаган адибдан, модерн услубидаги минироманлар ёки “онг оқими”ни ўзида сингдирган қиссалар кутиш маҳол. Худди шу каби ҳозирги ўзбек модерн шеърияти намояндалари пайдо бўлди, уларнинг сара асарлари тўплам ҳолида чоп этилди, улар ҳақида тадқиқот ва мақолалар ёзилди ва ёзиляпти. Бироқ айрим шу йўлдаги “ижодкорлар” модерн шеърият деганда, тиниш белгиларисиз шеър ёзишни тушунишар экан, ҳатто бу ҳақда ҳеч тортинмай мақолалар ёзишяпти ҳам. Ахир, тиниш белгиларисиз шеърият, мумтоз шеъриятда ҳам, ундан аввал ҳам мавжуд эди-ку! Ҳар қандай ёзувларимиз хоҳ у руний бўлсин, хоҳ арабий ва ҳоказо тиниш белгиларидан холи эди. Фақат ХХ аср бошларидагина ёзувларни ислоҳ қилиш натижасида, тиниш белгиларини қўллаш имло қоидаларига киритилди. Демак, мен янгилик яратаман деган яхши мақсадда қўлига қалам олганларни ҳам мен ўзигача мавжуд тафаккур тарзи, ифода усулларидан бохабар бўлишлари керак, деб ўйлайман.

9. Мен бу саволни шундай тушунаман. Агар фуқаролик бурчи ижтимоийлик касб этиб, санъаткорлик бурчи касбий моҳият касб этиши мумкинми? Ҳа, албатта. Энди бир мисол қилайлик: бир шифокор қарши – душман томондаги шахсни даволаши мумкинми? Агар даволаса, ўз маслакдошларига хиёнат қилган бўлади, агар даволамаса, ўз касбига. (Буқрот-Гиппократ қасамига.) Бу ўринда, касбий бурч умуминсоний моҳиятга эга, ижтимоий бурч эса маълум бир қараш, гуруҳ, борингки, бир давлат манфаати доирасида. Ижодкор шундай бир дуализмни бериши лозим бўлса, менимча, улуғ санъаткор иккинчи йўлни танлаган бўлар эди. Моҳиятан фуқаролик бурчи касб бурчига нисбатан кичикроқ саналиши мумкин. Бироқ, бу ўринда, муайян масалага ёндашувда касбий бурч инсониятга асқотарлироқдир. Биз мафкуравий жамиятнинг ҳосиласи сифатида ижтимоий бурчни бирламчи деб қўйишимиз мумкин, бироқ ўша санъаткор ўз касбига садоқатли бўлса, унинг асаридан нафақат санъат аҳли, балки умуминсоният ҳам баҳра олиши мумкин-ку! Постмодернизм санъаткори ана шу иккинчи йўлни танласа-да, буни ўз фуқаролик бурчига зид деб билмайди. Унинг учун санъат равнақига хизмат қилиш муҳим ва муқаддасдир.
10. Адабиёт ҳар доим жиддийликни талаб қилади. Ҳар қандай замонларда ҳам мангуликка дохил асарлар билан бир қаторда, бўш, ночор, китобхон дидини ўтмаслаштирадиган, олди-қочди гаплар, фаҳшдан иборат асарлар ҳам бўлиб келган. Лекин бундан кейин ҳам бўлаверади, дейиш нотўғри. Миллий адабиётнинг бадиийлик тажрибаси ривожланган сари, бу каби касалликлардан қутулиб бориш мумкин. Бироқ, ҳозирги кунда, турмушда жуда кўп жиҳоз ва ускуналар бир марта ишлатишга мўлжаллаб ишлаб чиқарилаётгани маълум. Сиз айтган енгил адабиёт ҳам ўша бир марта ўқишга зўрға ярайдиган адабиёт бўлади. Улар адабиёт саҳнасида узоқ қолиб кетмайди. Бироқ, ўша, юмшоқ қилиб айтганда, ножиддий “адабиёт”ни урчитувчиларга қарши жиддий ҳаракат қилмоқ керак бўлади. Бу ноширларнинг иши, танқидчилар шуғуллансин, деган қарашлар самара бермайди. Ҳамма, баравар, енгил адабиёт қаршисига, сиз айтмоқчи, жиддий сақланиб қоладиган асарларни қўйиш йўли билан курашмоғи керак бўлади.

01

Шуҳрат РИЗАЕВ

1. Дарҳақиқат, сўнгги йигирма беш йиллар оралиғида ижтимоий ҳаётимизда ҳам, маиший турмушимизда ҳам тубдан ўзгаришлар юз берди. Бугун барчамиз глобал дунё ва жамиятнинг бир бўлаги сифатида ниҳоятда катта информацион ҳудудда яшаётган одамлармиз. Бинобарин, бизга янги даврнинг ўзигина эмас, шу даврдаги бутун инсоният ҳаёти билан боғлиқ ўзгариш ва янгиланишлар, рўй бераётган турли ҳодисалар таъсир ўтказяпти, бинобарин, кайфиятимизни белгилаяпти. Ҳозирги пайтда, ана шу кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод вояга етди, деб дабдурустдан айтиш жуда мушкул. Лекин ёши, қарашлари, ҳаётий тажрибаси, интилиш ва истакларида нисбатан бир-бирига яқин бўлган кишилар гуруҳлари мавжудки, уларни таъбир жоиз бўлса, авлод ёки авлоддошлар дейиш ҳам мумкиндир. Агар ўтган асрнинг 70-йилларида шаклланган авлод, биздан кейин бошқа адабий авлод, шаклланмади, деяётган бўлса, бу қай бир маънода тўғри ҳамдир. Чунки, нафақат, янги адабий авлод шаклланмади, айни чоғда, ўша мавжуд авлоднинг ўзи ҳам муайян маънода, деградацияга учради. Факт сифатида уларнинг ўтган аср 70-80-йиллар оралиғидаги умумий интилишларини айтмаганда, кейинги йигирма йилда у авлод вакиллари том маънодаги адабий-бадиий парокандаликни бошдан кечирдилар. Бугун на шеъриятда, на насрда ва на бошқа жанрларда авлод сифатида умумий ижодий йўл, услуб, ғоявий-бадиий бирлик кузатилмаяпти. Ҳозирда, ёш жиҳатидан маълум маънода тенгқурлик тамойилини айтмаганда, адабий қараш, услуб ҳамда ёндашувларнинг бир-биридан мутлақ фарқлилиги кўзга ташланади. Масалан, шеъриятда Сирожиддин Саййидни Абдували Қутбиддин билан ёки Эшқобил Шукурни Баҳром Рўзимуҳаммад билан бир қаторга қўйиб тасаввур этиш мумкин эмас. Ёки насрда Исажон Султонни Қўчқор Норқобил билан, Зулфия Қуролбой қизини Тўхтамурод Рустамов билан умумиятини топиш – ақл бовар қилмайдиган иш. Аммо, улар ёш жиҳатидан бир-бирлари билан деярли тенгқурлар. Қолаверса, уларни бир-бирлари билан яқинлаштирадиган ижтимоий дарднинг ўзи ҳам сезилмайди. Дейлик, ўз вақтида шеъриятда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи ёки насрда Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Омон Мухторларнинг изланишлари турлича бўлгани ҳолда, уларни бирлаштирадиган ягона ижтимоий дард бор эди. Ана шу дард уларни авлод сифатида тасаввур этишга ҳам имкон берар эди. Ҳозирда эса услублар, қарашлар рангинлиги яққол билингани ҳолда, инсоний ва ижодий дарднинг турфалиги, муштарак эмаслиги ва ҳатто гоҳи бор, гоҳи йўқ эканлиги ҳам сезилиб туради. Ижодий кредо деганда, ана шу дард билан йўғрилган бадиий-эстетик ижодни назарда тутиладиган бўлса, ҳозирда бу нарса бор дейишдан ўзимизни бироз тийган бўлар эдик. Албатта, ҳозирги ўрта ва улардан ёшроқ ёшдаги ижодкорларнинг бир-бирларидан тамомила фарқли жиҳатлари мавжуд ва бу кучайиб ҳам боряпти. Бадиий ижоддаги услубий ранг-баранглик нуқтаи назаридан бу ижобий ҳол, албатта. Лекин ана шу ранг-барангликдан адабиёт ва ўқувчи ютаяптими, йўқми, мана бу, энди, бошқа масала. Мана шу фикр билан камина, назаримда, иккинчи саволнинг ҳам жавобини бериб кетаётгандекман.

2. Ижод эркинлиги адабиёт, санъат аҳлига сув билан ҳаводек зарур, албатта. Лекин эркинлик бу истаган номаъқулчиликни қилиш, ёзиш, суратга олиш, намойиш этиш дегани эмас эканлиги ҳам кундек равшан. Афсуски, ўша оптимистлар “синтез”, пессимистлар “бўтқа” деб атаган ҳодисалар, аксарият, беўхшов ҳолатда, ҳозирги адабий манзарамизда мавжуд. Назаримда, ҳар қандай изн ва изланишларда адабий-бадиий ижод аҳли ибтидодан то ҳозирга қадар сиғиниб келган гўзаллик туйғуси бош мезон бўлиб қолавериши керак. Чунки адабиёт ва санъат, аввало, инсон ҳиссиётларини тарбиялайди. Ундан тафаккурга, фикрий теранликка, руҳият инкишофига ва яна аллақанча инсоний ҳолат ва ҳодисаларга ўтиб боради.

3. Ҳазрат Алишер Навоий улуғ “Хамса”сининг сўнгги достонида баён этган бир фикр адабиётнинг, яъни, бадиий ижоднинг асл моҳиятини англашдаги буюк бир кашфиётдек бўлиб туюлади менга. Яъники, буюк Навоий Искандар достонини ёзишга киришар экан, ўзигача бўлган салафларининг бу образга ёндашганда, гоҳо саргузашт, гоҳо панднома, гоҳо интеллектуал мубоҳасалар, нутқлар фонида қаҳрамонни акс эттириш усулларини қайд этади. Жумладан, устод Абдураҳмон Жомийнинг Искандар нутқларига асосий эътибор қаратганини айтади, яъни:

Эшиттим, қилиб зеб дафтар сўзин,
Қилур назм гўё Скандар сўзин.
Вале қилмайин майл ҳолатиға (таъкид бизники – Ш.Р.)
Шуруъ айламиштур мақолотиға.

Кўринадики, Навоий учун асосий ижодий мақсад Искандарнинг ҳолатларидир. Агар Ҳазратнинг “ҳолатлар” тарзидаги бошқа бир қатор асарлари борлигини ҳам назарда тутадиган бўлсак, Навоий учун инсон ботиний дунёсидаги турфа ва фавқулодда рангин кўринишлар энг асосий ижодий кредо бўлганини англашимиз мумкин. Демак, Навоий учун адабиётдаги бош масала инсон ва унинг ҳолатларидир. Инсон эса вазият, давр, воқелик тақозоси билан турфа ҳолатда намоён бўлиши мумкин. У нафснинг малайига айланиши, муваққат мафкуралар қули бўлиб қолиши ҳам ва, ёки, аксинча, руҳан коинот қадар юксалиши ҳам мумкин. Уни макону замондан ташқарида ажратиб олиб бўлмайди. Бинобарин, барча даврларда “жиддий” деб атаганимиз ҳақиқий адабиёт даврнинг ойнаси, бадиий инъикоси бўлишга маҳкум ёки йўналтирилгандир.
Биз, муайян даврда ва жамиятда яшар эканмиз, дунёқарашимиз ва, умуман қарашларимиз ҳар қанча теран ёки саёзлигидан қатъий назар, ўша давр ва жамиятнинг маҳсули, самарасидир. Шундай экан, демак, биз ҳам ҳис-туйғуларимиз, маърифатимиз, билимларимиз даражасида ниманидир тасдиқ этиб, ниманидир инкор этамиз. Муайян даврнинг ҳосиласи ўлароқ, айнан, шу даврнинг хусусиятлари ҳар биримизда акс этади. Демак, адабиёт ҳам ёзувчи ижодкорлар қарашлари, ижтимоий майллари орқали маълум бир мафкурага хизмат қилади. Уни “Беш кунлик дунё” илинжидаги таъма деб қараш ҳам мумкин, ва, айни чоғда, ишонч, эътиқод сифатида ҳам талқин этиш мумкин. Масалан, шўро даври мафкурасидан недир илинжда, вазиятдан фойдаланиб асарлар ёзганлар бор ва, шу билан бирга, унинг акси ўлароқ, шўро ғояларига, унинг доҳийлари фикрларига эътиқод қилган ўнлаб талантли ижодкорлар бор. Масалан, Алексей Толстойнинг “Сарсон-саргардонликда”, Садриддин Айнийнинг “Дохунда” асарлари тамомила ўзгача қарашлардаги истеъдодли ижодкорларнинг муайян ниятда яратилган битиклари бўлса, Михаил Шолоховнинг “Очилган қўриқ”, Александр Фадеевнинг “Ёш гвардия” романларини катта талант соҳибларининг мавжуд тузум ва мафкурага юксак ишончи сифатида баҳолаш мумкин.

4. Ҳақиқатдан ҳам, адабий-бадиий мезонлар тубдан ўзгариб кетди. Ғоя, мафкуралар хилма-хиллашиб, гоҳо бир-бирини тамомила инкор этадиган қутблардаги бадиий асарлар яратиляпти. Аммо унутмаслик керакки, таъкидлаганимиздек, бадиий ижоднинг ўзи эзгулик ва ёруғ туйғулар истагидаги қалб ва тафаккур маҳсули ўлароқ юзага келган. Шунинг учун ҳам у пайдо бўлган даврдан бери гўзалликни улуғлаб, инсонлар қалбига эзгулик уруғларини сепиб келади. Бу рутба адабиётда ҳануз устувор, инчунун, ўзбек адабиётида ҳам. Гоҳида адабиёт ҳар бир қалбнинг ўз иши, шунинг учун ундаги индивидуалистик қарашлар ифодасини мақсад, мезон, меъёр, деб билиш керак қабилидаги фикрлар ҳам айтилиб турилибди. Агар бундай фикрларга амал қилинадиган бўлса, адабиёт ва санъатдан ижтимоий юкни бутунлай соқит қилиб, уни том маънода хонакилаштириш лозим бўлиб қолади. Инсоннинг ўзики махлуқот теграсидан чиқиб, ижтимоий муносабатлар ҳосиласи ўлароқ шаклланар экан, қандай қилиб уни фақат кўнгил ошуфтасига айлантириб қўйиш мумкин. Қолаверса, кўнгил ҳам воқелик, муносабатлар, маҳсули, садоси-ку!
Романтика – бу орзу, интилиш, ишонч, умид. Ана шу хислатлардан маҳрум одамни тўлақонли, соғлом одам, деб бўлмайди. Моддий дунёни реалистлар яратгани, тутиб тургани билан, уни романтиклар ўзгартиради, юксалтиради, бойитади, турфалаштиради. Бадиий ижодни ҳам олға силжитган мафкуравий омиллардан энг салмоқлиси “романтика” бўлган. Шундай бўлиб қолмоғи керак.

5. Постмодернизм жаҳон адабиёти ва санъатида ўзининг анча жиддий изланиш ва тажрибаларини намоён қила олган сўнгги, янги оқимлардан бири. Аммо унутмаслигимиз керакки, у қарийб юз эллик йилдан бери давом этаётган “авангард” ёки “модерн” адабиётнинг такомиллашган кўриниши ўлароқ, асл илдизларига кўра, реализм бағридан туғилган. Реализмнинг энг улкан ҳаётбахш қудрати шундаки, у “очиқ система”, “беҳудудлик” жиҳатларини намоён этган. Шунга кўра, унинг шажара дарахтида ҳар томон тарвақайлаган катта-кичик бачки шохлари бўлади. Айрим истисно ҳолатлар борки, баъзан ўша бачки шохларда ҳосил бошқаларига нисбатан мўлроқ бўлади. Аммо у муваққат ва нимжон бўлиши ҳам табиий ҳол. Шунга кўра, маълум вақти келиб, бу бачки шохлар қирқиб ташланади. Тана бақувват, келгусидаги мевалар йирик бўлиши учун каллакланиш деган жараён амалга оширилади. Яъни, бачки шохларга исроф бўладиган қувват тана ва унинг асосий шохларида сақланади. Агар бу ташбеҳни адабиётдаги ҳодисаларга нисбат бериб, “реализм”, “модернизм”, “постмодернизм” истилоҳлари доирасида оладиган бўлсак, тарихий тажриба шундан далолат берадики, ҳар қандай ижодий услуб ва йўналишлар реализм бағрида туғилиб, сўнг, яна унга қайтиш бўлгани каби ҳозирги эстетик жараёнларни ҳам ўша чархпалакнинг табиий айланиши тарзида қабул қилиш лозим.

6. Адабиёт ўзининг ўйинлик моҳиятига қачонки, ундан ниҳоятда зерикиш кайфияти пайдо бўлганида қайтади. Ўйин асносида турли шаклбозликлар, ҳар хил эффектларга суянувчи эксперементлар бўлиши мумкин. Лекин фақат инсоний дард, ўз қалби ва атрофида юз бераётган турли ҳолат ҳамда ҳодисаларга бефарқ бўла билмаслик туйғуси адабиётнинг том маънодаги юксак миссиясини ҳамиша юзага чиқараверади. Ана шунда бот-бот ўзига хос тарзда реализмга мурожаат бўлаверади. Бобораҳим Машрабнинг “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама” каби шоҳ сатрлари ҳамма замонларда ҳам юксак адабиётнинг инсоний дард туфайли туғилганига далолат. Инсонни бевосита қўлига қалам тутқазиб, унинг руҳий мувозанатини издан чиқарадиган ҳодиса дард бўлар экан, демак, ўзгалар қалбида акс-садо берадиган адабиёт ҳам, айнан, шунинг ўзидир.

7. Адабий танқид масаласи алоҳида дардли масалалардан бири. Дарҳақиқат, бугун адабий танқид ҳар қачонгидан зарурроқ. Унинг Беҳбудий бобомиз ўтган аср тонггидаёқ кўрсатиб берган асос вазифаси “Танқид – сараламоқдир” ҳануз аҳамиятини йўқотмай, долзарблигини сақлаб турибди. Бугун чексиз миқдордаги адабиёт ва санъат ҳодисалари дея тақдим этилаётган “намуналар” орасидан асилини саралаб олиш осон иш эмас. Мана шу вазифани яқин-яқингача адабий танқид, жумладан, ўзбек адабий танқидчилиги имкон қадар бажариб келаётган эди. Адабий танқидни тақдир деб қабул қилган ўнлаб мутахассислар бор эди. Уларнинг аксарияти ҳозир ҳам бор. Аммо нега адабий танқиднинг ижтимоий-адабий, бадиий-эстетик ҳаётимиздаги ўрни сезиларли эмас? Бунинг сабаби, менимча бефарқликнинг эпидемия даражасига кўтарилаётганлигидир. Наҳотки, китоб жавонларидан нурсиз, сарлавҳасиданоқ ўта саёз бир нарса эканлиги англашилиб турадиган, дидсиз битиклар жой олиб, кино экранлари, театр саҳналари, ойнаи жаҳондан профессионал ночор, ҳаётий туссиз, мантиқан бир-бирига боғланмаган лавҳа, ўйин, томошалар тинимсиз бериб бориладию ҳеч ким унга малакали таҳлилий, танқидий муносабат билдиролмайди?! Буни ўзига хос маънавий бир жиноят дейишдан киши ўзини тиёлмайди. Ҳозир, асосан, мақтов, алқаш, ақлли ёлғон гапириш, тилёғламалик, хушомад ва ҳоказо иллатлар адабий танқидимизнинг хос хусусиятлари бўлиб бормоқда. Гоҳо асоссиз бўлса ҳам, танқидий фикр айтилган бирон нарсани учратиб қолсангиз, худди фавқулодда бир ҳодисага дуч келгандек ҳайратга тушасиз. Бу вазиятда адабий эстетик дид, бадиий тафаккурнинг тараққиёти ҳақида қанчалик сўз айтиш мумкин?! Тўғри фикр, “танқидчиларимиз ўқувчилик муҳаббати изҳоридан олим-мутахассис муносабатини билдириш даражасига ўсиб боролмаяпти”. Бу ҳам аслида профессионал тайёргарлик масаласига бориб тақалади. Танқидчиликка ким ўқитяпти, кимларни ўқитяпти? Афсуски, бу саволга ҳам сукут сақлаб жавоб берилади. Чунки яна андиша, сермулоҳазалилик, юзиссиқлиги деган тушунчалар қалқиб келаверади.
Озод Шарафиддинов домла етмишдан ошганларидан кейин ҳам мунаққид эҳтироси ва муносабатини сақлаб қола билдилар. Демоқчимизки, танқидчига эҳтирос жуда зарур, чунки ана шу туйғу унинг қалби ва тафаккури уйғоқлигини англатади. Ўз навбатида, эҳтирос қалб орқали идрокка ўтиб, билим ва маърифат билан уйғунликда юзага чиқади. Бугунги кунда ана шундай эҳтироснинг сўнгани, лоқайдликнинг урчиётгани адабий танқид борасидаги ташвиш ва хавотирларимиздир.

8. Эски билан янги нисбати азал-абаддан бўлган гап. Инсоният ақл билан яшаш босқичига ўтганидан бошлаб, у тараққий этар экан, “эски” ва “янги” деган тушунчалар пайдо бўлган ва у дунёни тутиб келган. Эски ва янги ўртасида кураш борлиги учун ҳам ҳаёт абадий давом этиб келмоқда. Тасаввур этайлик, “қадим”чилар бўлмаганида, “жадид”лар бўлармиди?! Ёки, эскини инкор этувчи янги бўлмаса, ҳаёт, турмуш-кечмиш нақадар зерикарли бўлар эди?! Лекин, бу дегани тамомила қуруқ ерда ҳар сафар янгитдан бошлаш дегани эмас. Эскининг яшашга қодир жиҳати ҳамиша янгига қўшилиб, табиий ўзлашиб кетаверган. Бу, айниқса, адабиётда яққол кўринади. Масалан, ҳар қанча маҳлиё бўлмайлик, Абдулла Қодирий каби ёзиш бугун нурсиз машғулот бўлади. Лекин ундан миллий бўёқларга бой, ниҳоятда, фараҳли ташбеҳ, ибора ва аборотларни, руҳий ҳолат илғамларини олиб, ўрни билан ишлатиш янги асарнинг жонлилигига хизмат қилса, ажабмас. Нега, масалан, “Қутлуғ қон”даги ғоявий-мафкуравий қарашларни четга суриб, Ойбекона ифода лафзини ўзлаштириш мумкин эмас?! Ҳа, адабиёт кроссворд ечиш эмас, тилдаги модернистик ҳатто футуристик майллар гўзаллик, руҳият, фикр тарбиясидек адабиётнинг муҳим миссиясини тез ва соз адо этишда тўсиқ бўлиши мумкин. Масалан, энг сўнгги пайтларда эълон қилинган асар – миллий ҳикоячилигимизнинг жаҳон миқёсида бўйлаша оладиган тажрибаси ўлароқ қабул қилиниши мумкин бўлган Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” ҳикоясини олайлик. Ниҳоятда жиддий ҳаётий кузатиш, руҳий ҳолат, фалсафий умумлашмалар теранлиги билан ўқувчини ларзага соладиган асар – соф анъанавий реалистик ифода йўсинига қурилган. Ҳамонки, шундай экан, эскидан ниманинг эски эканлигини, янгининг эса нимаси янгилик эканлигини, аввало, аниқ тасаввур эта олишимиз керак.

9. Ижодкор ҳамиша фуқаролик бурчини бошқалардан кўра теранроқ тушуниб ва тушунтириб яшайдиган шахс бўлади. Унинг фуқаролик бурчи, аввало, албатта, ижодкорлигидир. Биз фуқаролик бурчи деганда, кўпинча ижтимоий фаоллик, оддий маиший истагу хоҳишлардан анчагина юқори бўлган ҳодисани тушунамиз. Бу инсондаги масъулият туйғуси, юрти, халқи, миллати, оиласи, яқинлари ва ўз виждони олдидаги жавобгарлик туйғуси. Ана шу туйғуси нечоғлиқ ривожланганлигига қараб, унинг фуқаро сифатидаги ижтимоий-маънавий қиёфаси тасаввур этилади. Бу хусусиятлар, албатта, унинг амалга оширадиган ишлари, касбу кори, фаолиятида намоён бўлади. Касбу корини ҳалол, фидойилик билан бажариб, ҳунарини мукаммал эгаллаган шахснинг меҳнатидан жамият ва яқинларига наф етар экан, демак шунинг ўзи биланоқ, у фуқаролик бурчини адо этаётган бўлади. Инчунун, ижодкор шахс. Ижодкорнинг бурч туйғуси бошқаларникидан кўра юксакроқ, ўткирроқ ва миқёслироқ бўлади, албатта. У ўзини одамлар учун қай бир даражада манфаат етказадиган улкан ишларга сафарбар этади. Унинг сафарбарлиги, дейлик, ўқувчиси ёки томошабинидаги пайдо этадиган туйғулари, кайфияти, таассуротлари билан белгиланади. Ана шу нарсанинг ўзи ҳам ижодкорда масъулиятнинг қанчалик жиддий эканлигини англатади. Фуқаролик бурчини ижодкорнинг кўнгли билан қарама-қарши қўйиш мутлақо нотўғри. Улуғ шоирнинг “Кўнгил орзулари фидо ўшанга” дея Ватанига адоқсиз муҳаббат билан айтилган сўзларини эслайлик. Демак, кўнгил фуқаролик туйғусини тарбиялаб, юксалтирувчи маънавий манба. Туйғулар сарчашмаси бўлган кўнгил ҳаракатга келгандагина, бурч деган туйғу ҳам туғилади. Шунинг учун уларни бир-бирига зид ҳодисалар сифатида кўрсатиб бўлмайди. Жадидларнинг бурч туйғуси, айнан, кўнгил, ижтимоий озодлик, эрк, ҳуррият насимларига мойил бўлгани учун ҳам бор залвори билан юзага чиқди. Улар инсон маънан ва жисман тўлиқ эркин бўлмас экан, унинг на кўнгли, на бошқа орзу-умидлари гул очмаслигини жуда яхши билар эдилар. Менимча, Шавкат Раҳмоннинг ҳам “рубобий шеър”лар ўрнига ижтимоий ёниқ сатрлар битгани, бу уни ўраб турган муҳит, жамиятни ўзгартирмай туриб, кўнгил эркига эришиб бўлмаслигини англагани туфайлидан эди.
10. “Омма” ёки “кўча адабиёти” ёки “бозор адабиёти” деган тушунчаларнинг хозирда авжланиши табиий ҳол. Аслида, бу азал-абаддан ҳам бўлган. Эслайлик, Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам адабиёт хос табақа вакиллари учун алоҳида, авом учун эса алоҳида бўлган даврлар тарихан маълум. Худди шундай Ҳазрат Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да айтганларидек: “Ишқи хос, ишқи авом” тарзида муҳаббат ҳам деференсация қилинган. Афсуски, шўро замони ва мафкураси барча ижтимоий-иқтисодий асосларни бир қилиб юборганидек, адабиёт ва санъатни ҳам тенглаштириш сиёсатига бўйсундирмоқчи бўлди. Пировардида эса, ХХ аср рус адабиётининг ўзида бир пайтда, табиий ҳолда, икки йўналиш пайдо бўлди. Соф шўро мафкурасини ташувчи адабиёт (Маяковский, Серафимович, Гладков, Шагинян, Фадеев, Тихонов, Сафронов каби) ҳамда “йўловчи”, “майда буржуача” ёки яна “кибор – аристократ” дея (Булгаков, Ахматова, Пастернак, Цветаева каби) ёрлиқлар ёпиштирилган адабиёт яшади. Бизда бундай ҳолатга йўл қўйилмаган эса-да, аслида, Қодирийда икки Қодирий, Чўлпонда икки Чўлпон, Ойбекда икки Ойбек, Қаҳҳорда икки Қаҳҳор яшашга мажбур бўлди. Булар, гарчи, “кўча адабиёти” даражасига ҳеч қачон тушмаган бўлсалар-да, давр талаби билан ўта оммавий ва балки “жўнроқ” асарлар яратишга ҳам мажбур бўлишди. (“Обид кетмон”, “Ўртоқ Қаршибоев”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қўшчинор чироқлари” ва ҳоказо.) Назаримда, асли ўша ножиддий адабиётнинг урчишига ўшандай мафкура тазйиқида ҳаётнинг нотабиий, ҳатто карикатуранамо иллюзиясига мослашиб ясалган асарлар сабаб бўлгандек туюлади. Биз, аввалбошданоқ, фақат жиддий адабиёт билан озиқланган бўлганимизда, шунинг ўзи бизда маънавий иммунитетни пайдо қилган бўлар эди. Афсуски, асл ҳақиқат, манзара бошқачароқ. Эндиликда, “оммавий адабиёт”, “оммавий маданият”, аниқроғи, “оломон маданияти” дейдиган ҳодисалардан иҳоталаниш учун жиддий адабиёт ва жиддий санъат китоб жавонларидан, телевидение, кино экранларидан ва саҳнадан оммавий равишда жой олиши керак. Биз бутун жамиятни жиддий маънавий муҳитга, маданий аурага олиб кира олсак, шундагина, жиддий адабиёт ва санъат ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланади.

01

Назар ЭШОНҚУЛ

1. Сиз айтган авлодлар бўлиниши кўпроқ поэзияга хос. Назм дунёвий анъаналар, усуллар, синовлар ва шаклларни ўзида синаб кўрди, тараққиёт босқичига чиқиб олди. Наср ҳақида мен бундай деб айтолмайман. Назаримда, насрга нисбатан жараён бир мунча бошқачароқ кечгандай. Қодирий ва Чўлпон бошлаб берган насрий изланишлар, хусусан, миллий наср, уни дунё адабиёти билан бўйлаштириш ҳақидаги орзулар ўзини тўлақонли маънода сиз айтган “70-йиллар авлоди”га келибгина амалга ошди. Шу сабабли, Қодирийдан бошланган бу жараённи ёш нуқтаи назардан бир авлодга мансуб деб ҳисобламаган бўлардим. Бу даврда, гарчи, наср бизнинг адабиётда азалдан бўлган деган қараш тарафдори бўлсам ҳам, аммо профессионал наср, айнан, ана шу 50-йилда шаклланди, профессионал миллий наср, миллий жанр тусини олди. Мавзулар, одамга муносабат, воқеликни акс эттириш, айтадиган гапи, танлаган шакллари, услубий ранг-баранглигига кўра, ўтган 50 йиллик насрни бир авлод насри деб баҳолаган бўлардим. Гарчи, бу насрда сиз санаган авлодларга хос тамойиллар бўлса ҳам. Аммо фундаментал наср жанрини ана шу 50 йиллик авлод биргаликда яратди, бу давр насрининг услублари, айтар гаплари, мақсадлари, концепсиялари бир-бирига яқин. Чўлпоннинг насрдаги шаклий изланишлари, ҳатто миллий менталитетга хос бўлмаган (Мирёқуб характери, унинг аёлларга муносабати) воқеликни қамраб олишга, услубий кенгликка чиқишга уринишлари, ҳаммаси 70-йиллар насрига келиб, ўзини тўла оқлай бошлади. Аслида, авлодлар, менимча, адабий концепсияларига қараб фарқланиши муҳимроққа ўхшайди. Биз ана шу 50 йил ичида насрни елкасида кўтарган авлоддан (Қодирий, Чўлпон, Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миркарим Осим, Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Аҳмад Аъзам, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов) миннатдор ҳолда, бугун “ўзбек насри” ҳақида бемалол фикр юритаяпмиз. Насримиз 50 йиллик изланишдан сўнг, 80-йиллар ва бугунги авлод олдига уни, энди, янги босқичга, янги поғонага кўтариш вазифасини қўйди. Бу шаклда, ифодада, метафораларда, образларда, тилда, услубда кўриниши керак. Тўғри айтдингиз, янги авлоднинг юзи кўринаяптими? Кўринаяпти. Мен “Фано ва бақо”, “Тўп ўйин”, “Озодлик”, “Ҳайкал”, “Дашту далаларда”, “Ўзим билан ўзим”, “Қоғоз гуллар”, “Жажман”, “Адашвой” ҳикоялари, “Бозор”, “Рўё”, “Озод”, “Боқий дарбадар” романлари каби асарларда (рўйхатни кенг қилиш мумкин) ана шу янги авлоднинг қиёфасини, услубини кўраман. Албатта бу асарларнинг муаллифлари турли ёшда. Лекин улар асарларини услубига ва концепциясига кўра, янги авлод насрига тегишли деб баҳолаш мумкин. Шунинг учун ёшига қараб эмас, адабий авлодни асарларнинг мазмуни, услуби, концепциясига қараб белгилаш тарафдориман. Эҳтимол, шунда биз адабий жараёндаги авлод ўзгаришини маълум бир 10-20 йилга эмас, авлод ўз миссиясини қай тариқа бажраолганига қараб баҳо беришимиз осонлашар! Шу маънода янги наср авлоди рўйхати Асқад Мухтор номи билан бирга, бугун Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдамдан кейин ёши ҳали ўттизга кирмаган ёшларимизга бориб тақалаётгани кишини хурсанд қилади. Яқинда Мурод Човушнинг “Ҳеч” деган қиссасини ўқиб қолдим. Мени хурсанд қилган нарса, Мурод Човуш айтадиган гапига ўзига хос янги шакл топа олган. Шу билан бирга, олмошлар ўртасидаги тўсиқни, бошқача айтганда, анъанавий баён усулини осонгина енгиб ўтади. Мен ҳам бир воқеликни “Мен”, “Сен”, “У” тилидан ва нуқтаи назаридан ҳикоя қилишга уринганман. Аммо, барибир, мени меъёрлар ушлаб турган. Мурод Човуш эса ҳеч иккиланмай, дадиллик билан бу меъёрни бузади. Бузганда ҳам осон, табиий бузиб ўтади, бунга изоҳ ҳам бермайди. “Мен” қолади, аммо қаҳрамонлар ўзгариб туради. Бу адабий приёмни табиийликка анча яқинлашдирган. “Поток сознания” – онг оқими усули бу қиссада яққол ўз ифодасини топган. Аммо қисса тили анча ҳафсаласиз, ишлов берилмаган, палапартишликка мойил, поэтик унсурлардан кўра, шаклга берилиб кетилган. Лекин, барибир, адабий жараённинг бир намунаси сифатида таҳлил қилишга арзийди. Оз бўлсада, ёшлар янги наср авлодга мансубликларини исботлашга уринишаяпти. Янги насрга хос ифода усуллари Баҳодир Абдураззоқ, Умид Ёқуб изланишларида ҳам батафсилроқ кўринаяпти.

2. Ижод эркинлиги мавзуси йигирма йил муқаддам долзарб эди. Бугун назаримда, у кам эсланаяпти. Сабаби шундаки, бугун ким нимани хоҳласа ёзиб ётибди, ҳеч ким, ҳеч нарса тўсиқ бўлаётгани йўқ. Ҳатто шу даражада эркинлашиб кетдикки, адабиётга, эстетик нормаларга, этик тамойилларга зид бўлган, ота-боболаримиз бизни миллат, халқ қилиш учун мисқоллаб йиғган ва бизга шу йўллардан бошқасида юриш инсоният таназзули эканини қатъий қилиб белгилаб кетган қоидалардан воз кечилган, инсоннинг ҳайвоний қиёфасини акс эттирадиган, ҳирс, эҳтирос жараёнлари батафсил тасвирланаётган, демак, тарғиб қилинаётган олди-қочди, тижорат, фисқ-фасод чўпчакларни ҳам газеталаримиз, ҳам нашриётларимиз янги адабий воқелик сифатида эътироф этишаяпти, бунақа асар ёзаётганлардан янги давр Де Садини яратишаяпти. Ҳатто шу даражага боришаяптики, яқинда бир хусусий ношир бир машваратда уялмай-нетмай: “Фалончи ҳирсни бадиий воқелик даражасига кўтариб, адабий кашфиёт қилди” деган гап билан мақтанибди ҳам. Ношир назарда тутган “асарлар” ёзаётган “кашфиётчи” адибнинг китоблари бугун китоб савдосида бозори чаққон. Мен ўйлаб қоламан, шундай “ҳирсли кашфиёт” қилаётган ҳам, шундай китобни нашр этаётган ҳам шу асарларни ўз фарзандлари, ўз набиралари ўқишини, ана шу “батафсил тасвирланган”, “адабий воқеликка айлантирилган” “ҳирс” тасвирлари фарзандларининг одоб ва ахлоқига таъсир қилиши, ўзгартириши мумкинлигини ўйлармикин?! Ё фарзандлари билан ҳам бу мавзуда худди асарларидаги тасвирлар каби бемалол гаплашаверармикин?! Агар шундай бўлса, унда бу ҳолатни адабий танқидчилик эмас, тиббиёт ходимлари муҳокама қилиши керак. Менимча, қўлига қалам олувчи ҳар бир одам олдин ёзганларини фарзандларига ўқиб бераоладиган ва келажак олдида ахлоқий нуқтаи назардан уялмайдиган қилиб ёзиши керак. Мабодо, ўз асарларини фарзандларига ўқиб беришга уялса, унда нега уни бутун миллатга тақдим қилиши керак? Мақсад нима? Миллат ахлоқига путур етказишми? Биз ҳар ёзганимиз учун болаларимиз олдида жавоб берамиз. Уларнинг ахлоқи, инсонгарчилиги, дунёқараши олдида ёзган ҳар бир сўзимиз билан жавобгармиз. Адабиёт, қалам бизга ана шундай масъулият юклайди.
Қайсидир газетада ўқиб қолдим. Бир “ёзувчи” укамиз ҳар куни бир босма тобоқдан икки босма тобоққача “асар” ёзар экан. Шунинг учун унинг ёзганлари газеталарда тинимсиз босилади, уни ҳатто “давримизнинг таниқли ва истеъдодли ёзувчиси” деб таништиришади. Лекин бу укамиз оддий адабий жумла тузишни билмайди. Эга-кесим ва уюшиқ бўлакларидан бошқа, поэтик оҳордан дарак йўқ. Шундай пайтда, “истеъдод” деган сўздан ҳам, ёзувчиликдан ҳам одамнинг кўнгли қолиб кетади. Бошқа бир тоифа, бугунги эркинликдан фойдаланиб, адабиётимизга Де Сад анъаналарини олиб кираяптики, бундай эркинлик ота-боболаримиз қарши курашиб келган иллатларнинг кенг илдиз отишига замин яратаяпти. Умуман, масалага қайтадиган бўлсак, эркинлик ижодкорга сув билан ҳаводай зарур. Мустақиллик бу эркинликни берди. Худога шукур. Балиқ сувсиз яшай олмагани каби, ижодкор эркинликсиз яшай олмайди. Бу исботланган. Аммо эркинликни ота-боболаримиз биз учун мисқоллаб йиғиб қолдирган гуманизм ва ахлоқдан воз кечиш, анъана ва қадриятларни менсимаслик, уни вайрон қилиш, фаҳш ва тубан манзараларни тавсифлаш деб тушуниш вулгаризм ва варваризмдан бошқа нарса эмас. Бундай эркинлик охир-оқибат миллатни ҳам, инсониятни ҳам таназзул ёқасига олиб боради. Инсоният жуда кўплаб цивилизацияларни бошидан кечирган. Ана шулардан энг буюги, ҳатто оловнинг кашф этилишидан ҳам аҳамиятлироғи – бу уятли жойини ёпиб юришни ўрганган, ўргатган цивилизациядир. Иккинчи буюк ютуқ гуманизм, ана шу гуманизмга боғлиқ равишда шаклланган, инсонни улуғлашга, уни ахлоқий ва маънан гўзаллаштиришга хизмат қилувчи ахлоқдир. Бу икки ютуқсиз инсоннинг ҳайвондан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Бугун Де Сад каби жинсий ва ахлоқий эркинликни адабиётга олиб кириш билан, бу буюк ютуқларга зарар келтираётганлар ўзлари билиб-билмай инсониятнинг, миллатнинг таназзулига хизмат қилишаётганини англашаётгани йўқ. Ғарб адабиёти ахлоқсиз Де Сад ва унинг издошлари туфайли эмас, адабий истеъдодлар ва улуғ гуманизм ғояларини тараннум этгани ҳисобига тараққий этган. Адабиёт ҳамиша ҳур фикр, ҳур тараққиёт, ҳур имон, виждон учун курашиб келган. У истибдоднинг, зулмнинг, зўравонликнинг, ёвузликнинг ҳар қандай кўриниши билан келиша олмайди, уларга қарши курашади, уларга қарши курашиб туриб, эркинлик тарафида туради, аммо инсоният мисқоллаб йиғган ахлоқ ва гуманистик фазилатлардан ҳеч қачон воз кечмайди, гарчи, бу гуманизм ва ахлоқ кимларгадир ва қайсидир хатти-ҳаракатларга таъқиқ, эркинликни бўғиш бўлса ҳам, у булардан воз кечолмайди. Чунки, айни, шу нарсалар инсонни ҳайвондан ажратиб, уни санъат ва маданият сари бошлаб келган. Инсон авратини ёпган кунидан бошлаб санъатни ҳис қилиб, нафосат сари юксала бошлаган. Энди бу авратни очиб кўрсатиш одамни ҳайвон каби яланғоч юришга ундовдан бошқа нарса эмас. Ахлоқсиз ва инсонпарварликсиз санъат бўлмайди. Ҳирс ва жунбишни шавқ билан батафсил тасвирлаш – уни тарғиб қилишдан бошқа нарса эмас. Мабодо, тарғиб қилинаётган экан, унга соғлом ақл кўзи ва қонун кўзи билан қараш зарур бўлади. (Бу менинг шахсий фикрим: кимки ҳирс ва жунбишни ўқувчида рағбат ва ҳавас уйғотадиган, унинг онг ости туйғуларига таъсир қиладиган даражадаги тафсилот билан ёзаётган экан, бу ерда нимадир, хусусан, қандайдир миссионерлик ғояси бордай туюлади. Бугунги ғаразли дунёда оммавий маданиятнинг тазйиқига сабот билан дош бериб келаётган Шарқни моддий ва маънавий синдириш учун, аввал, унинг ахлоқ, қадриятлари, оила ва жамият ҳақидаги тушунчаларига путур етказишга, йўққа чиқаришга уриниб ётган кучлар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.)
Иккинчи томондан ижодкорнинг эркинлиги унинг матонати билан, иродаси билан, иймони билан чамбарчас боғлиқ. Ижодкорнинг балиғи сувсиз ҳам яшайолади. Агар у қуруқликда судралиб юришни ўрганса… Бу истеҳзо эмас. Балки ижодкорнинг тақдири эканини эслатиш учун келтирдим. Чунки ижодкор эркинлик бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ёзишга маҳкум. У Худонинг одамлар орасидаги, бизнинг кўнглимиздаги, адашган манзилимиздаги нигоҳи. У ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда ёзиши шарт. Дўзахий шароитда ҳам у ижод қилишга, инсонни матонатга ундашга, унинг кўнглидан дўзах куллари ичида ҳам бир чимдим чўғ топишга, ана шу чўғ орқали уни халос қилишга, етаклашга мажбур. У шуниси билан ижодкор. Шарт бўлса, зарур бўлса, сувдан чиқиб, судралиб, ўрмалаб, тирмалаб юриб ёзиши шарт. Чинакам истеъдодлар, чинакам ижодкорлар ана шундай қилишади. Ана шуни қисмат деб билганлар ҳақиқий ижодкорлардир.
“Ранг-баранглик”, “авлод”, “изм”лар бир-бирини инкор этадиган тушунчалар эмас. Авлод ранг-баранг, шунингдек, қайсидир, “изм”га дахлдор бўлиши мумкин. Гап “изм”да эмас. Гап истеъдодда. Истеъдодсиз “измлар” сувсиз кўлга ўхшайди. “Изм”га дахлдорлик истеъдодларга ярашади. “Изм”лар истеъдодсизликни яшириб турадиган қўрғон эмас. Афсуски, бугун баъзилар ўзларининг нўноқлигини, истеъдодсизлигини ана шу “изм”лар остига яшириб олишга уринишаяпти. Ҳатто биттаси ўзини “мен символизмда ижод қиламан”деб даъво қилди. Гаплашиб кўрсанг, ўзи символизмнинг “с” ҳарфини ҳам билмайди. “Символизмда ижод қиламан” деса, ёзган тутруқсиз нарсаларига маъно киради, гўё. Бунақа ўзларига “изм”лардан уя, ин ясаб олаётганларнинг на авлодга, на ранг-барангликка, на “изм”ларга алоқаси йўқ. Улар шунчаки адабий олифталар. Бунақаларни вақт, барибир, бир кун адабий жараёндан суриб-чиқариб ташлайди. Авлод ҳам, адабий жараён ҳам истеъдодларга қараб баҳоланади, эътироф этилади.

3. Адабиёт инсон моҳиятини ўрганар экан, у бевосита фалсафа ва илоҳиёт билан бирлашиб кетади. Адабиётнинг дарди, изтироби, оғриғи фалсафий оғриқ, илоҳий оғриқ. Чунки инсоннинг моҳиятини унинг кўнгли ва руҳиятини моддий тараққиётлар тўла қондира олмайди. Мана, XXI асрда инсоният ақл бовар қилмас тараққиётга эришди, унинг қулайликларидан, тараққиётнинг барча маҳсулларидан фойдаланаяпмиз, космосга учаяпмиз, олис юлдузларнинг тити-питисини чиқариб, текшириб ётибмиз, нигоҳларимиз телескоплар орқали галактикаларнинг узоқ нуқталарига бориб етаяпти, аммо инсон муаммоси Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Навоий, Машраб давридагидан нари силжигани йўқ. Бу муаммо ҳали ҳам шундай турибди. Хусусан, сиз келтирган Румий ҳазратлари инсоншунослик масаласида нима деган бўлса, бугун ҳам ўша ҳикмат, ўша таҳлиллар долзарблигича турибди. Демак, инсон моҳиятини моддий жиҳат, моддий равнақ тўла очиб беролмайди. Инсон ҳали-ҳануз жумбоқлигича қолмоқда, ҳалигача у ўзи излаганини тополгани йўқ. Излагани четда эмас, унинг ўз ичида бўлса, не тонг?! Эҳтимол, одамзод бу дунёга ўз ичидагини ўзгалардан излаб, ўзи билан ўзи курашиб, ўзи тузаб, ўзи вайрон қилиб, ўзи таназзулга бориб, ўзи тиклаб умр кечиришга маҳкум этилгандир?! Эҳтимол, тириклик моҳияти мана шу қутблар орасидаги изланишда ва ўзини топишдадир. Эҳтимол, инсон қачонлардир ўз ичидагини топиб, ўзини-ўзи маҳкумликдан холос қилар. Лекин ҳозирча холос қилгани йўқ. Инсон ҳалигача ўзига-ўзи жумбоқ. Бу жумбоқнинг илдизини илоҳиётдан, руҳиятдан, коинотдан, ана шу оламни бирлаштирадиган ўзидан излаш керак, чамамда. Ана шу нарсаларнинг ҳаммаси, Румий ҳазратлари айтгандай, инсоннинг ичидадир. Инсон ичи коинот каби кенг, илоҳият каби қувватли, руҳият каби сирлидир. Барча саволга жавоб унинг ичида, унинг ўзида, унинг моҳиятида. “Ҳар икки олам” таҳлили – бу инсоннинг ўзини таҳлил қилишдир.

4. Сиз биз гаплашаётган адабиёт Навоий даврида кимнинг ёнида турган бўлса, бугун ҳам ўшанинг ёнида турибди. Шакллар, манзаралар, чегаралар, мезонлар, жанрлар, ифода усуллари ўзгарди, аммо адабиётнинг азалий ва абадий мавзуси эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш тўхтагани йўқ. Инсоният ибтидосидаги Шайтон ва Раҳмон кураши ҳали ҳам давом этаяпти. Тўғри, бугунги воқеликда бирданига ёвузлик ва эзгуликни англаш жуда мушкул. Худди эртаклардаги каби уларни бирдан оқ-қорага ажаратиб олиш жуда қийин. Аммо кураш кетаяпти. Икки қутб ўзларининг шакллари ва усулларини ўзгартирди, қиёфаларини ҳам таниб бўлмаяпти. Чунки кураш энди ботиний тус олди. Бу кураш инсоннинг кўнглига кўчди. Бугун ҳар қачонги даврдан ҳам кўра, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги фарқни аниқлаш ўта мушкуллашган давр. Чунки Шайтон ва Раҳмон инсон ботинига яширинди. Бугун Шайтон ҳам, Раҳмон унинг ичида, Шайтон ва Раҳмон маркази инсоннинг ўзи бўлиб қолди. Жамики ёвуз кучлар худди эзгу кучлар каби инсон қалбини забт этишга киришдилар, уни ўзига бўйсундиришга ўтдилар. Шу сабабли Шайтон ҳам ўзининг қиёфасини эзгулик ниқоблари остига яшириб олмоқда. Инсон учун кураш бугун барча мафкураларнинг, шунингдек, санъатнинг бош вазифаси бўлиб қолди. Инсон бўлмаса, бу курашнинг моҳияти қолмайди. Шу сабабли, инсон қанчалик чуқур таҳлил қилинса, у ерда бу кураш шунча кўп юзага чиқиб, эзгулик ва ёвузликнинг қиёфаси аниқлаша боради. Инсон мураккаблашгани сабабли, эзгулик ва ёвузлик кураши ҳам мураккаблашди, адабиётнинг ифода этиш усули ҳам мураккаблашиб бормоқда. Бу мураккабликдан келиб чиқиб, санъат гуманизмдан чекинолмайди. Адабиёт инсоннинг ёнида, инсонпарварликнинг ёнида турмоғи шарт.

5. Аслида, “измлар” инсонни таҳлил қилишнинг турли усулларини таклиф қилаётган ҳаракатлар, уринишлардир. Постмодернизм ҳам ана шундай уринишлардан бири. Менга адабиётнинг бош вазифасини, унинг асл миссиясини унутиб қўйиб, шакл ва фикр изидан қувган оқимлар, унинг қандай номланишидан қатъий назар ёқмайди. Харуки Муракамини ўқий олмайман. Менга сунъий туюлади. Аммо Кавабата ёки модернистлар отаси Кафкани ёхуд Беккетни ҳамиша қайта-қайта ўқийман. Мураками адабиётдаги замонавий фокусга, жимжимага ўхшайди. Адабиётнинг пойдевори бўлган инсон ҳақидаги қайғудан кўра, ўзининг кийим-бошини, машинасини, компьютерини, мобилини, жаргонини муҳокама қилаётгандай туюлади. Мен бугун шов-шув бўлаётган постмодернистлар ҳақида фикр айтишдан тийиламан. Кафка, Камю, Жойсда ва бошқа модернист даб аталган ёзувчиларда инсон изтироби ва поэзия, нафасот бор эди. Ҳозирги давр оқимлари ҳақида бундай дея олмайман. “Ҳаёт маънисиз, маънисизликка онгли муносабатда бўлиш керак” деган фикрни оҳорсиз шаклларга солиб бераётгандай. Бундай жимжимадор оқимларга чалғиш керак эмас.

6. Бу савол олдинги саволнинг бошқачароқ шакли. Аслида, санъат инсоннинг ҳис-туйғуларини қитиқлайди, тасаввурини ўйнайди, фикр қилишга, ўйланишга мажбур қилади. Бугун ўқувчининг тасаввур қила олиш даражасини синашга қаратилган асарлар анчагина… Шаклий, услубий изланишлар, бошқотирмалар, гарчи, у адабиётнинг асосий талаби ва мезонига мос бўлса, ҳеч қандай хавфли жойи йўқ. Гессенинг “Игра в бисер”, Кортасарнинг “Игра в классики”, “62. Модел қурилмаси” (“62. Модель для сборки”) романлари ҳам сиз айтгандай ўйинга, бошқотирмага қурилган. Аммо улар адабиётнинг барча талабларига мослаштирилган, бўйсундирилган. Нафосат ва эстетика мезонларидан четга чиққан ҳар қандай шакл ва мазмуннинг санъатга алоқаси йўқ. Санъат ана шу мезонларда ўйин қилиш учун яратилган. Бу мезонларда туриб ўйин қилган Бодлер, Пикассо, Жойс, Кафка, Пруст, Беккет, Вульф, Музил, Камю, Сартр, Салвадор Дали, Кортасар ва бошқалар бугунги оқимларнинг отаси эди. Улар санъатнинг ифода чегараларини қанчалик кенгайтиришмасин, ана шу мезонлар доирасидан чиққанлари йўқ, улар тасаввурни кенгайтирдилар, ҳис-туйғуларни қитиқлашди, фикрни кучайтиришди, аммо эстетикага зид ишлар қилишгани йўқ. Мен адабиётнинг, унинг тасвири, акс эттиришининг чегараси йўқ деган гапга қўшилмайман. “Изм”ларнинг ва изланишнинг ҳам чегараси бор, у тасаввур, эстетика, ахлоқ ва гуманизм чегаралардир. Ана шуларга ёт нарсаларни мен асар сифатида, санъат сифатида қабул қилолмайман.

7. Адабий танқид масаласи бугун ўта долзарб муаммога айлангани рост. Адабий танқид китобхондан бир қадам олдинда юриши керак. Илғор хориж мамлакатларида ўқувчилар дидини тарбиялайдган махсус тўгараклар бор, газеталар бор, махсус адабий дид билан шуғулланадиган гуруҳлар бор. Бизда бу иш адабий танқиднинг ихтиёрига ташлаб қўйилган. Адабий танқид эса бугунги ўртача ўқувчи даражасидан ўсиб чиқолгани йўқ. Адабиётшуносларимиз хафа бўлишмасин. Адабий танқид дегани фақат адабиётшунослик эмас, ёзувчи, шоир, файласуф, социолог, умуман, зиёли қатламнинг ҳаммаси шу доирага киради. Бу дард ҳаммамизники. Масала шундаки, адабий дид кундан-кунга майдалашиб, хиралашиб бораяпти. Унинг хиралашишида оммавий маданият билан бирга, ёзувчиларнинг, танқидчиларнинг ўзлари ҳам хизмат қилишмоқда. Кўча чўпчакбозлигининг танқидчилари пайдо бўлди. Улар ана шу чўпчакбозликни бевосита адабиётга дахлдор қилишга тер тўкиб меҳнат қилишаяпти. Туппа-тузук ёзувчилар кўча чўпчакбозлигига ўтиб кетишди. Ҳа, майли, тирикчилик-да (косибчилик қўлидан келмаганларнинг бунақа тирикчилик қилиши гуноҳ ҳам, айб ҳам эмас, аксинча, сўз оҳорини билмайдиган кўча ёзувчиларидан афзалроқ), деб юрган эдик, аммо улар, энди, бу чўпчакбозликни адабий асар сифатида даво қилишаяптики, бу адабий жараёнимизда хавотирли ҳолат пайдо бўлганини билдиради. Йўлдош Солижоновнинг, айнан, шу масалада куйиниб ёзган мақоласига бошқа бир адабиётшунос эътироз билдирди, гўё бу билан адабиётшуносликда фикрлар хилма-хиллигини намойиш қилди. Аслида, бу эътироз моҳиятан олганда, чўпчакбозликни адабиётга тиқиштиришдан, адабиётда пайдо бўлаётган майда манфаатларнинг намойишидан бошқа нарса эмас эди. Яқинда, бир туппа-тузук адабиётшуноснинг эстетика талабларига жавоб бермайдиган бир ҳикояни оғзидан бол томиб мақтаганини эшитгач, адабий дидимиз анча хатарли вазиятга тушиб қолганини ҳис қилдим. Танқидчи ёзувчи, шоирлар билан бирга адабий дид учун масъуллардан бири. Унинг бу дидни туширишга, соя солишга ҳаққи йўқ. Бугунги адабий танқид ўзининг фаолиятсизлик даврини бошдан кечираяпти. Уларнинг айримлари назарияпарастлик билан, айримлари чўпчакбозликни адабиётбозликка айлантириш билан машғул бўлишаяптики, бундан хавотирланмай бўлмайди. Илгари ҳам ёзгандим. Миллий дид, жумладан, адабий дид ҳам худди давлат чегаралари каби қўриқланиши шарт. Фақат бу ерда “чегарачилар” ёзувчилар, танқидчилар, олимлар, зиёлилар бўлиши керак. Агар биз шу пайтгача шаклланган адабий дидни бой берсак, адабиёт яшаб қолиш имкониятини бой берган бўлади, ўрнини оммавий маданият намуналари бўлган тижорат асарларга бўшатиб беради. Тижорат адабиёти эса ҳеч қачон миллатни тарбия қилмайди, уни глобаллашув даврида пайт пойлаб турган бошқа мафкураларга ем бўлишга, ютиб юборишига замин тайёрлайди. Ана шунинг учун ҳам бу хавотирли ҳолат.

8. Санъат ижодкорнинг ўзини намоён этиш усулидир. “Ўзини” деганда, кўп нарса назарда тутилади. Бу ерда ўзлик, давр, замон, жамият, қарашлар, тушунчалар жамулжам бўлади. Ҳар бир ижодкор ўзини ўзига хос ифода этгиси, шунга мос услуб, шакл танлагиси келади. Худди бармоқларимиз каби ижодкорнинг дунёни қабул қилиш тарзи ҳам бир-бирига ўхшамайди. Тўғри, услубий яқинликлар бўлиши мумкин, лекин, айнан, такрори бўлмайди. Қодирий билан Чўлпоннинг маънавий қарашлари бир-бирларига яқин бўлса ҳам услублари бир-бирларига ўхшамайди. Бу воқеликни кўриш, ёндашиш ва акс эттиришнинг ўзига хослигидан дарак беради. Ҳа, бармоқ излари каби, агар ижодкор шахс бўлса, улар бир-бирларига ҳеч қачон ўхшамайди. Бир-бирига ўхшамагани учун ҳам биз адабиётнинг майдони, чегараси, усули кўп ва кенг деймиз. Адабий хилма-хиллик – шахслар хилма-хиллигидир. Шахс бўлмаган ижодкорнинг асарлари худди инкубаторнинг тухумлари каби бир-бирининг ё у жиҳати, ё бу жиҳатининг такрори бўлади, холос. Шахс бўлиб шаклланган ижодкорнинг асарларигина ранг-баранг бўлади, бундай ижодкорлар адабиёт учун воқеа бўлаолади. Қоғоз қоралаш, ёзув устида тер тўкиш, жилд-жилд китоблар чиқариш, тил қонуниятларига амал қилиб жумлалар тузиш, эга-кесимни жойига қўйиш, “ижодкор” деган номга сазавор бўлиш, кўпчиликнинг қўлидан келади, аммо камдан-кам ижодкорлар шахс бўлиб шаклланади. Шахс бўлиб шаклланмаган ижодкор эса адабиёт учун, шунчаки, ўткинчи ҳодиса. Бугун бор, эртага йўқ. Адабиётнинг шафқатсизлиги ҳам шу ерда. Минглаб одам асар ёзади, адабиёт эса фақат битта-иккитасини эртанги кунга етказади. Қолганлари шу замоннинг йилномалари каби ўз даврида қолиб кетаверади. Шунинг учун шахслар яратган услубларгина адабий жараёнга ҳам, адабиётга ҳам “қувват”, янгиланиш, тоза ҳаво беради. Ранг-баранглик – шахслар ранг-баранглигидир.

9. Ёзувчини миллат виждони дейишади. “Миллатга виждон” бўлиш масъулиятли ва шарафли мақом. Ижодкорнинг бурчи ана шу мақомга содиқ қолиш ва ҳалол бўлишдир. Тўғри, барча замонларда ёзувчилар ўткинчи масалаларга, давр билан боғлиқ муаммоларга муносабат масаласида ҳар хил қарашларда бўлганлар. Ўткинчи курашларга боғланиб қолиб, адабиётнинг бош вазифаси унутилган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, мен Солжиницинга ҳурмат билдирган ҳолда, унинг рус адабиёти учун жуда кам асари эртанги кунга қолади, деб ўйлайман. Асосий асарлари шўро тузумини фош қилишга қаратилди. Бугун эса бу асарларнинг унчалик ҳам аҳамияти йўқ. Давр билан бирга Солжинициннинг довруғи ҳам сўнди. Лекин мен, барибир, фаол фуқаролик тарафдориман. Ёзувчи учун ўткинчи муаммо йўқ. Агар у муаммо миллат, Ватан, инсон тақдирига дахл қилаётган бўлса, бу масалага ёзувчи аралашиши ва ҳал бўлишида ўз ҳиссасини қўшиши керак, деб биламан. Рус тафаккури ХIХ асрда Белинский, Герцен, Добролюбов, Чернешевский, кейинчалик Толстойнинг фаол фуқаролик позицияси маҳсули бўлган фикрлар билан равнақ топганини ҳеч ким инкор қилолмайди. Абадий мавзулар билан бирга инсонга, унинг келажагига, гуманизм ва эркинликка дахл қилаётган масалаларга ўз муносабатини билдириш ижодкорнинг бурчи ва вазифасидир. “Санъат санъат учун” қараш тарафдори бўлган Томас Манн, Стефан Цвейглар фашизм билан келишмай, юртини ташлаб кетишди ва умрларининг охиригача антифашист (коммунист эмас) бўлиб қолишди. “Санъат санъат учун” деган қараш ижодкорни майда-чуйда масалаларга ўралашиб қолувчи публицист бўлиб қолишдан асраш учун айтилган… Ҳамма гап шундаки, ёзувчи Худо берган истеъдодини ўткинчи курашларга бағишламаслиги, “атомни ўтин ёриш учун” ишлатмаслиги керак. Унинг буюк миссияси инсон қалбини поклантириш, инсонни бани олам уйғунлиги йўлида руҳлантириш, унга матонат бағишлаш, инсонни олий ҳидоят сари ундаш, инсоннинг хаёли ва тафаккурига қудрат, куч ато этишдан иборат. Ана шу йўлда у ҳар сония, ҳар куни ва ҳар доим ёниб яшаши шарт бўлади.

10. Бу масала ҳақида кейинги йилларда кўп гапирилаяпти. Албатта, хавотир ўринли. Кўча чўпчаги билан, адабиёт бошқа-бошқа нарса. Адабиёт ва маданиятни теран тушунадиганлар ҳатто АҚШда ҳам Фолькнер, Хемингуэй, Вульф, Торнтон Уайлдер қаторига ҳеч қачон Артур Хейли ёки бошқа бестселлер ёзувчиларнинг номини қўшиб санашмайди. “Бестселлер” инглизча “best seller” сўзларидан олинган бўлиб, “энг кўп сотиладиган” деган маънони билдиради. Бу ерда китобнинг сифати, адабий қиммати эмас, унинг тижорат қиймати биринчи ўринда туради. Шу сабабли, кўча чўпчакларини “адабиёт” деб эмас, оддий “тижорий асарлар” ёки “бестселлер” деб аташ керак. Ана шунда адабиёт билан кўчанинг енгил олди-қочдилари ўқувчиларни чалғитмайди. Бироқ бу ерда ҳам, энг аввало, танқидчилар ва ёзувчиларнинг муросасиз нигоҳи, кузатуви ҳамда муносабати керак бўлади. Адабий дид миллий бойлик ҳисобланади. У асрлар оша сайқалланиб, ривожланиб келади. Уни туширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу дидни саёзлаштиришга қилинган ҳар қандай ҳаракатга қарши аёвсиз курашиш керак. Асарлар билан, муносабат билан, танқидшунослик ва адабиётшунослик билан. Бу – бизнинг адабиётшунослигимизнинг бурчи. Агар жиловни кўча асарларига бериб қўйган эканмиз, бу ерда адабиёт учун масъуллардан бошқа ҳеч кимни айблаб бўлмайди. Тасаввур қилайлик, уйимизга болаларимизнинг соғлигига, ахлоқ ва ўлчамларга зарар берадиган одатми, вирусми, ҳашоратми кирса, дарров бу нарсалардан қутулишга ҳаракат қиламиз, уйни тозалаймиз, тарбия билан жиддий шуғулланамиз, ташвишга тушамиз, токи, ана шу хатар йўқолмагунча тинчимаймиз, ҳаловат билмаймиз. Адабий дид борасида ҳам худди шундай бўлишимиз керак. Адабиёт ёзувчиларнинг “уйи”, меҳроби, унга гард юқтирмаслик ҳаммамизнинг бурчимиз. Адабиёт “энг кўп сотилишга” эмас, энг юксак дидни, нафосатни ва инсонпарварликни тарбиялашга, уни ўстиришга хизмат қилади. Диди баланд миллат эса улуғ эврилишлар қилишга қодир миллатдир. Чунки дид-бу маданият, тафаккур тарзидир, ҳам иқтисодда, ҳам руҳониятда, ҳам фикрда, ҳам маданиятда эртанги кунга ёқилган маёқдир. Бугун биз қандай маёқ ёқсак, эртанги авлод ўша маёқ нури билан ҳаётга назар солади, ўша маёқ нури билан аждодларимиз ва бани башар қолдирган меросга, қадриятларга муносабат билдиради, ўша маёқ нури билан баҳо беради, яшайди. Бугунги адабий жараён ана шу масъулиятни унутмаслиги керак, деб ҳисоблайман.

(Tashriflar: umumiy 277, bugungi 1)

1 izoh

  1. Журналда, шунингдек, Хуршид Давроннинг «Алғул» драмаси ҳам чоп этилган. Очиғи, мен драмани қоғозда эмас, саҳнада, экранда кўрган маъқул, деб ўйлардим. Аммо «Алғул» аввало ўқиладиган, кейин кўриладиган асар бўпти. Асарда тарихчининг билимдонлиги шоирнинг гўзал поэтик тили, образлари билан яхлитлашган. Энг муҳими, Мирзо Улуғбекнинг (Аблуллатифнинг ҳам) қисмати, фожеаси бир томонлама ва юзаки эмас, ичдан, холисона акс эттирилган. Асарни ўқирканмиз, Мирзо Улуғбекнинг шоҳ, ё олим эмас, оддий инсон, Ота сифатидаги изтиробларини, афсус-надоматларини туямиз. Муаллифнинг қаҳрамонлар аҳволи руҳиясини ўта нозик ҳис қилганини ва маҳорати билан қоғозга тушира билганини эътироф этамиз. Яна, драманинг номи ҳам жуда яхши топилганини айтиш лозим. «Алғул» номли юлдуз чиндан ҳам борми-йўқми, очиғи, билмайман, аммо бу сўз «ғул», «ғулғула», «ғалоғовур» каби бошқа сўзларни эслатиш орқали қаҳрамонлар қалбидаги, руҳиятидаги безовталикка, қисматга бандиликка ишора беради. Назаримда, тарихимизнинг қоронғу бўлган ёки чала ёритилган кунжакларига шам, кўзгу бўлгулик бундай бадиий асарлар қанча кўп бўлса, тарихни, ўзлигимизни англашимиз ҳам шунча осонлашади. Хуршид акага барча ўқувчилар номидан раҳмат деймиз…

Izoh qoldiring