Ikrom Otamurod. «Men endi ketarman pinhon va yolg’iz…»

09

   Истеъдодли шоир  Асқар Маҳкам сқар Махкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган ва 2007 йилнинг 6 мартида оғир касалликдан сўнг Тошкентда оламдан кўз юмган. У том маънода салкам 30 йиллик ижодий фаолияти даврида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшди. Оташқалб шоирдан «Наврўз», «Тазарру», «Таҳажжуд», «Ишқ», «Ҳақ», «Аналҳақ», «Табриз дафтари» номли китоблари шеърият мухлисларга мерос бўлиб қолди.
Вақт беомон. Вақт ҳақиқатларни исботлайдиган мезон ҳамдир. Шоир ўлимидан кейин кечган вақт бир пайтлар шоирга ҳам устозу ҳам акадай азиз бўлган Шавкат Раҳмон “Ватан” газетасида босилган бир суҳбатида “Асқар Маҳкам – қаттиқ иймон шоири”, — деб ёзганида қанчалар ҳақ бўлганини тўлиқ исботлади.
Шоирнинг 50 йиллигига унинг насрий асарлари битилган «Оқ китоб»и Душанбеда нашр этилди. «Оқ китоб» ўзбек адабиётида биринчи бор чор Россияси истибдодига қарши исён кўтарган андижонлик Дукчи Эшон (Муҳаммадали Муҳаммад Собир) ҳақидаги «Дор» романи билан бошланади. Шунингдек, Шавкат Раҳмон ижоди ҳақидаги «Адабиётга ибодат» , «Сўнгги дарвеш» шеърий-насрий қиссаси, тожик шоири Лойиқ ҳақидаги «Халойиқ! Шоирни тупроққа қўйишмоқда» бадиаси ва бошқа адабий тадқиқотлари ҳам бу китобдан жой олган.
Шоир узоқ йиллар мобайнида Румийнинг «Маснавий»сини шарҳлари билан тўлиқ таржима қилди. Олти фаслдан иборат «Маснавий»нинг биринчи фасли шоир ҳаётлик пайтида, иккинчи фасли унинг вафотидан сўнг нашр этилди. «Маснавий»нинг яна тўрт фасли нашр бўлишини кутиб турибди.
Назаримда, Асқар Маҳкам ижоди ўзбек китобхони томонидан тўла кашф ҳам,тўлиқ идрок ҳам этилмаган. Ишончим комилки,охир-оқибат шоирнинг   юксак шеърияти ловуллаб турган вулқон каби юракларни ларзага солади, асл шеъриятни соғинган сонсиз инсонлар унинг ҳайратига,ҳасратига шерик бўлади.

Хуршид Даврон

334

Икром Отамурод
МЕН ЭНДИ КЕТАРМАН ПИНҲОН ВА ЁЛҒИЗ…”

Ҳеч ишонгим келмайди. Ишонмасдан иложим ҳам йўқ. Ўйласам, ҳар гал юрагим тўкилиб кетади. Канглумда нимадир чирсиллаб узилади. Бу нимадир унинг ўзи айтгандек: “Мен ҳам армон билан бир кун кўз юмгум” дегани. Бу нимадир унинг кетгани, унинг энди қаватимда йўқлиги. Хотира ёзиш оғир. Айниқса, канглунгга мадад бериб, ёнингда қувват бўлиб юрган, дарахтдай ўсиб бораётган… ва… бирдан “пинҳон ва ёлғиз” кетган ининг ҳақида… На илож! Аллоҳнинг иродаси. Асқар Маҳкам доғда қолдириб кетди. Хотирага айланди.
Хаёлимда Асқарнинг узоқ манзилдан келиб, илк бор насиб этган суҳбатлари, сўнгра ака-укаликка йўйилиб, боғланиб кетган меҳр ришталари, оқибат боғичлари, собитлик сиралари ўтаверади. Асқар Маҳкам пойтахтга ижодкор бўламан, деган мурод билан келган эди. Уни ана шу ният ижодкорлар оламига бошлаганди. У ижодкор бўлди. Катта-катта достонлар ёзди. Катта-катта таржималар қилди. Сўзнинг машаққатини, сўзнинг моҳиятини, сўзнинг улуғлигини қалбига жойлади ва шу собитлик билан яшаб ўтди.
Асқарнинг яшаш тарзи билан фаолиятида чинакам собитликнинг, чинакам субутликнинг мустаҳкам бирлиги бор эди. У мабодо бировга меҳр қўйса, уни ўзига яқин кўрса, зинҳор ундан қўл узмасди. Ўзининг беҳудчилигини унутса ҳам дўсти ёки биродарининг ҳолини асло эсдан чиқармасди. Қачон қараманг, қайсидир биродарининг корига яраш мақсади билан юрарди. Биродарининг ҳожатига ярарди. У ёши каттага собит ука, тенгдошга собит дўст, кичикка собит ака эди. Яшаш йўсинидаги айнан ана шу жиҳат ёзувига уйғунлашиб кетарди. Ёзувига куч берарди. У ҳамма нарсага моҳият сирасидан қарарди. Биродарликни берк тутарди. Муносабатларда омонатликни ёқтирмасди. Ўзига ярашадиган “чарс”лиги ҳам бор эди. Қалбини яқин оларди. Қалбга яқин борарди. Аллома Фаридуддин Аттор шундай деган эканлар: “Одамзотнинг руҳи ичкарисидадир, сен унга сафар қилмоғинг керак”. Асқарнинг ижоди ана шу тахлит, яъни “ичкарига сафар” йўсинига йўғрилган қалб маҳсули. Инсоннинг моҳиятини англатишга қаратилган ёзувлар с
ирасига мансуб.
Асқар билан узоқ вақт бир бинода, бир эшикдан кириб-чиқиб, ёнма-ён ишладик. Асқар аввалига “Санъат” журналида, сўнгра “Гулистон” журналида, кейинги пайтларда “Файласуфлар миллий жамияти”да хизмат қилди. Асқар ҳамиша фикр бағрида бўларди. Хонасига қачон кирмай, гоҳо дилим ҳуриллаб ўзим тушардим, гоҳо меҳри товлаб ўзи чақирарди, хуллас, қават-қават китоблар тахи столи устида варақлари очилган, ёзувларга, таржималарга кўчаётган ҳолатда турарди. Бу китоблар орасида Қуръони карим, шунингдек, Жалолиддин Румий, Шамс Табризий, Саъдий, Ҳофиз, Навоий асарлари, хилма-хил луғатлар доимо бўларди. Булар, шубҳасиз, Асқарнинг ҳам руҳига, ҳам сўзига қувват берарди. Қалбига мадад бўларди. Асқарнинг бу улуғ неъмат — китобларга ҳамда уларнинг муаллифларига ихлоси ва эътиқоди баланд эди. Ана шу ихлос ҳамда эътиқод Асқарнинг қалбига кўчди. У шу йўсинда, яъни қалб маъноси йўсинида яшади, қалб маъноси йўсинида ёзди. Асқар билан мени яқинлаштирган яна бир нарса, бу қисматларимиздаги уйқашли
к бўлди. Мен ҳам, Асқар ҳам камлик билан, етимлик билан ўсган эканмизки, бундай ҳолат кейинчалик бизни бир-биримизга маҳкам боғлади. Мен ўзим ўсиб вояга етган даштларни, кенгликларни, тўрғайларни яхши кўраман. Асқарнинг дилида ҳам шундай, яъни ўзи ўсган жойларни соғиниш, унга интилиш ҳисси кучли эди.
2001 йилда бизнинг элимизга бориладиган бўлди. Сафардошлар — Ҳалима Худойбердиева, Омон Мухтор, Асад Дилмурод, Ўрол Ўтаев, Салим Ашур, Сирожиддин Рауф, Асқар Маҳкам ва мен биргаликда йўлга чиқдик. Атайин кечи билан чиқдик. Салқин билан кетамиз деб. Йўл-йўлакай қаерлардадир тўхтаб, оқшомнинг тиниқ осмонини, борлиқнинг кечга ёнбошлаган сукунатини томоша қилиб кетдик. Эртасига учрашувлар, суҳбатлар бўлди. Қарши, Касби, Муборак тупроқларида юрдик. Ҳаммамизда ҳам ҳайрат қайсидир даражада улғайди, таассурот, тасаввурлар тўлишди. Асқарда эса бу жиҳат жуда бошқача кечди. Унинг кўзлари яшнаб кетди. Учрашувлар, суҳбатлардан кейин ўзи бир ерларга чиқар, кенгликларга болаларча термулар, нималарнидир фикридан ўтказар, гоҳ маъноли ўзига хос жилмайиш билан, гоҳ чуқур ўйлов билан яна давраларга қўшиларди. Бизнинг элимизнинг табаррук жойлари — Қўрғонни кўриб, Сардобанинг сувига қўлларини ботириб, Султон Мирҳайдарни зиёрат қилиб, тошларини қўллари билан силаб чуқур ўйга бо
тарди. Бу ўй фақат унга ярашарди. Кейин бўлиқ овоз билан шеърлар ўқирди. Овозидаги жаранг, мунг, оҳанг, маъно қўшилиб қўнғироқдек садо берарди. Биз сафардошлар ярим ҳазил билан:
— Асқар, яхшиям, қўшиқ айтмас экансиз, бўлмаса, бу қўнғироқ овоз билан кўп қўшиқчиларни доғда қолдириб кетаркансиз, — деганимизда қалбидаги ўй, сукут шундай бир кулгига айландики, бу унинг юрагидаги чуқур ўйнинг, чуқур сукутнинг кенгликларда майдонга чиққан товушига менгзаб кетди. Бундай кулгу доим ҳам бўлавермасди. У ё тўлиб келган кезда, ё ҳайратлар, соғинчлар ғужурга дўнган маҳалда бўларди. Мен шунда Асқар овозининг сеҳрини англадим… Ёзувларининг руҳига янаям яқин бордим. Ич-ичидан чиқаётган Сўзнинг, руҳиятнинг мавжи қанчалик тўлқинли бўлишини англадим. Бу тасаввуфий йўсиндаги катта Сўз, катта Овоз эканлигини билдим. Бизнинг элимизга Асқарнинг жудаям меҳри ортди. Олдинги ака-укалик боғичларимиз янаям мустаҳкам бўлди. Соғинган кенгликларни, даштларни бирга-бирга “канглумизга” олиб қайтдик.
Кунлар ўз йўриғида гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ўтаверади.
Асқар бир кун бир жўраси билан ўзларига нисбатан ёш йигитни бошлаб келишди. Танишдик. Ёш шоир экан.
— Шеърлар ёзади. Ўзингиз шеърларини кўриб, иложи бўлса, ният билдирсангиз, — дейишди биродари билан.
— Укалар, майли, мен шеърларини кўраман, маъқул бўлса тайёрлайман. Лекин бу йигитга ўзларингиздан бирларингиз сўз ёзиб беринглар. Чунки уни сизлар топгансиз ва сизларнинг ҳаққингиз бор сўз тилашга, — дедим.
Асқар билан жўраси: “Йўқ! — дейишди. — Биз эркин тортиб сизга олиб келдик, ўзининг хоҳиши ҳам сиздан маслаҳат олиш, сўз олиш”, — дейишди бараварига. Бу йигит Асқарнинг элдоши — истеъдодли ёш шоир Алишер Нарзулло эди. Бу Асқар қалбида ўрнашган хайрихоҳликнинг биттагина кўриниши, холос. Хайрихоҳлик Асқарнинг қалб фаолияти эди…
Кунлар ўз йўриғида гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ўтаверади…
Асқарнинг тоби қочди. Олдинига унчалик эътибор бермай, тик оёқда ўтказмоқчи бўлди. Чунки у ҳала-була дардга ён бермасди. Дард, ташвишлар, ўксинишлар… Изма-кетин келди. Ҳолдонлашиб, канглуни кўтариб турилди.
Бир кун эрталаб, Асад Дилмурод ишга келди-да: “Асқар сал толиқиб қолибди. Ишга келаётиб, Алишер Нарзулло билан кўришиб қолдим. Ўша айтди”, деди.
Ишдан кейин уйига ўтдик. Ётган экан. Кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрадик. Кўзларига ёш келди.
— Икром ака, сизни соғиндим, жудаям соғиндим, — деди.
Юрагим тўлди. Сукут босди.
— Шу ёшга келиб, сизнинг элингиздан бошқа жойга бормабман. Имом Бухорийни, Баҳовуддин Нақшбандни ҳам ҳалигача кўрмабман. Агар оёққа турсам, бундан буён фақат юраман, айтган жойларимни бориб зиёрат қиламан, — деди чеҳрасига ажиб нур югуриб.
— Укам, алп укам, насиб бўлса соғайиб кетасиз. Ҳали нафақат айтган ерларингиз, ундан бошқа ҳам кўп жойларни кўрасиз. Қолаверса, сиз муборак сафарда бўлгансиз, Румий, Табризийни таржима қилиш асносида, нафақат улар бўлган манзилларда, кўпчилик бора олмайдиган макон — уларнинг руҳий оламларига саёҳатлар қилгансиз. Соғайиб, оёққа туришингиз билан, иложи бўлса, айтган жойларингизга бирга борамиз, — дедим юрагим тўлиб.
— Қанийди, — деди. Кейин гапни бошқа томонларга буриб, дилини анча равшан қилишга уриндик. Қўлимни қўллари орасига олиб анча фурсат тутиб турди. Акаси, укаси, қайинлари келишган экан. Кетаётганда:
— Чой ичиб кетинглар. Овқат тайёр. Бўлмаса, хафа бўламан, — деди. Иродасига бўйсундик. Иноғалари билан суҳбатлашдик.
Афсус. Асқарнинг ният қилган сафарларининг йўли бошқа томонга кетди. Нима ҳам қилардик. Энди фақат хотирадан нажот сўраймиз. Ётган жойинг нурга тўлсин, укам. Билиб айтган экансан-да, жим кетишингни:
“Мен энди кетарман пинҳон ва ёлғиз…”
Кунлар ўз йўриғида гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ўтаверади…

556

АСҚАР МАҲКАМ ИЖОДИДАН НАМУНАЛАР

ШЕЪР ҚАБРИ

Кузак эди — дарбадар, дайди,
бир жонворга сўйладим дилдан:
«Кечир, сенга ем бўлолмайди,
мен бир умр шеър ёзган билан…»

Кузак эди — дарбадар, дайди,
бир кўппакка ниҳоят айтдим:
«Кечир, сенга нон бўлолмайди,
менинг на шеър, на бирор байтим…»

Кузак эди — дарбадар, дайди,
қирғоқда бир балиқ ётарди.
Дедим:»Қултум сув бўлолмайди
кўзларимнинг тахир ёшлари…»

Кузак эди … Ва ёнларидан
ўтиб кетдим шеърим қабрига.
Улар нафрат билан боқдилар
бир девона қотилларига…

ОДАМ — ВАТАН

Ватан — одам…
Ватан — энг оддий одам.
унинг айрим фарқи — боши ва тани.
Ватанни ҳам сотар, қолганини ҳам,
бошин уриб ёрган бир беватанни.

Бурун ўша Одам ватан тошини
тўмор қилиб таққан замонлар эди.
Кимдир кесиб олди унинг бошини,
чуқур томоғига ташлади, еди…

Одам, сендек бўлсам кошкийди мен ҳам,
майли кимдир есин бу хоки-танни.
…Очликда ўзини еб қўйган одам,
шубҳасиз еб қўяр ватанини!..

* * *

Бу уйда бир пайтлар бувим яшаган,
меҳрсиз келинин дастидан ёниб.
Пойдевор тошини ўзи ташлаган,
Бизларга нон ёпган тунлар уйғониб.

Ўзи ер чопарди, ўзи экарди,
невара ташвиши, беш маҳал намоз.
Ғам ошиб кетганда нос ҳам чекарди.
Қўшнилар гоҳ яраш, гоҳи пайт араз.

Айрилиқ дардида оқарган сочи,
сарғайиб борарди кун ўтган сайин,
турмушга етарди базўр қулочи,
бу давру замонга етмасди тайин.

Мен эса шоирман —
бору йўғим шу…
Баъзан шеър тўқийман ўшанга атаб.
Шеър нима билмаган ва билмайди у,
ўйлаб ҳам кўрмаган етмиш йил яшаб…

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган.

* * *

Эй покиза хилқат, хуш келдинг,
вожиб бўлсин Ишқ дуолари.
Тирноғингга арзимас сенинг
бу дунёнинг бор дунёлари…

Бафинг заҳар-заққумга тўлар,
кимдир отар сўнгги тошини
ва пойингга ташлайди улар
муқаддас деб билган лошини…

Сен кетасан… Кўкда ёлғиз ой,
пастда увлар нобакор итлар…
Тумшуғи қон, панжалари лой,
потирлайди қонхўр бургутлар…

Сен кетасан танҳо ва дилхун
гирдоб узра оқ гул мисоли…
Пок танангни асрамоқ учун
лашкар тортар юлдуз қироли…

Эй покиза хилқат, хуш келдинг!
Вожиб бўлсин Ишқ дуолари!
Тирноғингга арзимас сенинг
бу дунёнинг бор дунёлари!..

СЎЗ ЖОНИ

Бугун сўзлар Айюбдек хаста
ё барчадан у ҳам тўйдими…
Менга барглар шивирлар аста:
«Энди биров шеър ўқийдими!..»
Наҳот Сўздан қолмади нишон,
гарчи улар бозорда лак-лак…
Менга гуллар шивирлар гирён:
«Бугун шеъринг кимга ҳам керак!..»
Осмон ўша…
Қадимий осмон…
Юлдузлар ҳам ёнар тўкилмай…
Одам бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон
буюк Қуръон сўзин ўқимай!..
Гарчи каждир чарх —
бордир осмон,
у айланар азал шу йўсин…
Одам бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон
Навоийнинг ўқимай сўзин!..
Ер аиланиб турар ҳар қалаи,
кутарганча инсон зотини.
Одам бўлмас ҳеч ким ўқимай,
Мавлононинг Куллиётини!..
Ва Пайғамбар Раҳмат тоғида
тингламоқда илоҳий ваҳий.
Бутун олам аҳлин оғзида
«Иқро бисми Роббикал-лазии!..»
Қиёматга қадар шу хуллас
ғов бўлолмас ҳеч ким йўлида.
Сўз ўлмайди! Ўлдириб бўлмас!..
Суз жони ҳам Оллоҳ қўлида!..

ЭЙ ИШҚ – БАЛОЙИ ЖОН!

Сен менга жазо бергил, ошкора сазо бергил,
Кўйида адо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Қисматки азал шулдир, ёндир, мени куйдиргил,
Дардимга даво бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Гар йўқману пайдоман, йўқсилману дороман,
Созимга садо бергал, эй Ишк – балойи жон!

Менким адашиб сендин, айро тушайин элдин,
Минг қатла хато бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Дунёси қилиб торлик, пойимга илиб чориқ,
Илкимга асо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Девоналарим басдур, афсоналарим басдур,
Бир ақли расо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Васлингта етолмасдан пойингда агар ўлсам,
Бир пора мато бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Ёнсам чидамас маҳшар, куйсам чидамас машҳар,
Руҳимга сафо бергил, эй Ишқ – балойи жон!
Гар Ёр жафо истар, пайваста хато истар,
Умримга қазо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

* * *

Кўнглим менинг истаган ёр йўқ,
Руҳим менинг истаган ёр йўқ.

Мен қатлдан кўрқмасмен ҳаргиз
Оғочлари баландроқ дор йўқ…

Ҳама гуллар оёқ остинда
Ани асрай дегувчи хор йўқ.

Мухаббат ҳам шаҳватдир асли
Магар бунда парда йўқ, ор йўқ…

Биҳамдиллаҳ ўлим айиргай
Қўшай дема ҳеч қўшмозор йўқ…

Тортиб бўлдик барини буткул
Биз тортмаган ғаму озор йўқ.

Сотиб олай десам бир ҳамдард
Бухорода бундай бозор йўқ…

* * *

Иймоннинг кифтида турар осмонлар.
Иймонсиз кимсанинг қошига келманг!
Бундай зот қўлига, эй мусулмонлар,
Қилич ҳам бермангиз, Қуръон ҳам берманг!.

* * *

Иймон деб дунёдан юзни ўгирдик,
Ҳаром деб ҳаммадан кўзни ўгирдик…
На ҳалол, на ҳаром нелигин билмай
Иккисин ортидан итдек югурдик…

* * *

Иймон сотилганда бозор қолмасди,
Беномус қолмасди, беор қолмасди…
Бир зумда сотилиб эски ўликлар,
Кейинроқ ўлганга мозор қолмасди…

Иймонни нур дерлар, нурдир, нурдир у,
Бу нурни кўрмаган кўрдир, кўрдир у…
Бу нурни кўрмаган одамми ажаб
Эҳтимол йўкдир у, йўкдир, йўқдир у…

МАҲМУЛАГА МАКТУБ

Мен қайтаман. Хайр.
Кеч кузда…
йиғлаб — сиқтаб эсганда еллар.
Болаларим менинг олисда,
олисларда қолиб кетдилар…
Мен қайтаман. Хайр…

***

Мен энди кетарман пинҳон ва ёлғиз,
шамолу дарёлар бўйлаб кетарман.
соч тараб йўлимга кўз тутар на қиз
ва дўст эшигин йўқлаб кетарман.

…Бир нарса йўқотдим, жон шамолларим,
билмади нелигин на ёру на дўст,
лекин ҳеч кимсада йўқ шиква- арзим,
мен энди кетарман, умидингни уз…

(Tashriflar: umumiy 221, bugungi 1)

Izoh qoldiring