Rauf Parfi. Mikalanjelo sevgisi.

667

Петрарка сонетларидаги оташин муҳаббат, вафо, ҳижрон садолари,Пушкиннинг дўстга меҳри, яширин севгиси, Б.Бойқобиловнинг ҳаёт ҳодисалари мадҳидан фарқли ўлароқ, Рауф Парфи сонетларида изтироб,тириклик, ҳаёт зиддиятлари, қарама-қарши кечинмалар туғёни бетакрор ҳолатда намоён бўлади. «Ҳамлет», «Муҳаббат», «Микеланжело севгиси»,«Қора девор», “Муножот” каби сонет туркумларида дарднинг нечоғли улкан,изтиробнинг эса нақадар чуқур эканлиги ва бошқа хусусиятлар тадқиқотда кўрсатилди.

016

РАУФ ПАРФИ СОНЕТЛАРИ ҲАҚИДА МУХТАСАР СЎЗ
(Обидахон Файзуллаеванинг илмий ишидан парча)

Рауф Парфи сонетлари мавзу ранг-баранглиги, ифоданинг оригиналлиги,поэтик тафаккурнинг бетакрор ифодалари билан ажралиб туради. Шоирнинг сонет жанрига мурожаат қилишига сабаб сифатида руҳият комиллигига интилиш ва бунда устозлар йўлидан юриш истаги, шунингдек, тўкислик ижодкор томонидан шеърнинг шакли учунгина қўйилган талаб бўлмасдан,балки мазмун ва моҳият тақозо қилган талаблардан эканлигини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, ижодкор руҳиятидаги мураккаб шуурни, руҳият эврилишларини қатъий қонуниятли жанрда жиловлаб олиш қобилиятини шакллантиришга интилиш дея изоҳлаш мумкин.
Рауф Парфи кўпчилик катта истеъдод эгалари сингари энг баланд идеалларга, энг юксак натижаларга интилади. Сўзни ўта нозик ҳис этадиган, сўнгги тасвир имкониятларигача ишлатадиган ҳассос шоир учун ҳажман ихчам жанр қўл келиши табиий ҳол.
“Йўловчи” сонетлар мажмуасининг учинчи қисмида лирик қаҳрамон зиддиятли дунёда, оқим билан сузиш жараёнида, умр сарҳисобида эришилган ютуқ, йўл қўйилган камчиликлар ўз устидан чиқараётган ҳукмига нечоғлиқ дахлдор эканлигини айтиб ўтади. Хиёнат йўлини тутмаганлигини, асосан, зулмга, жаҳолатга қарши шеърлар ёзганлигини юрак ютиб эътироф этади.

Улар ким?! Мен Сўзни севдим. Мен – хароб,
Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?
Ҳорғин йўловчиман, манзил-да сароб,
Итдек изғидим мен. Мен энди кетай, –

Нотавон бандаларнинг қудратли сўз олдида ҳеч нарса эмаслиги, ҳатто сўз қадрини билган ўзи ҳам унга лойиқ эмаслигини, ўткинчи дунёнинг бир йўловчиси эканлигини бот-бот таъкидлайди. Лекин нима сабабдан манзили
сароб? Балки, у сўз қудратини намойиш этиш учун бу дунёга келганлигини сезган-у, муддаосини адо эта олмаганидан хижолат чекиб, «матлабим ҳам,манзилим ҳам сароб экан-да» дея, ёзғириб, ҳолатини тентираган жонзотга менгзаганмикан?
Рауф Парфи шоир ва шеърият тушунчасига олий неъмат ва машаққатлар силсиласи дея қарайди («Ҳеч тузалмас яра, у сўздир ахир»). Шоир юракдаги ҳиссиётлар тўлқинини ифодалашда, тафаккурни жиловлаб беришда сонет
юксак чўққи, деб билади. Юксак бадиий-фалсафий ғояларни қолипли жанрда ифода эта билиш маҳорати шоир истеъдоди даражасини ҳам кўрсатади.
Ўзбек сонетнавислигида Рауф Парфи феномени ўзига хос ҳодиса. Шоир сонетларининг мавзуи рангин ва кўламли, поэтик тафаккурнинг ўзига хос тасвирлари билан ажралиб туради. Сонетнависликда деярли учрамайдиган ҳолат, яъни соф пейзаж тасвирларини Рауф Парфи ижодида учратиш мумкин. Шоир сонетлари руҳ изтироблари, кечинма эврилишлари ва мураккаб ассоциациялар жанр табиатига сингдирилгани билан ажралиб туради. Бу инсон дардларини ўз вужудида синтезлаётган руҳият рассомининг чизгилари эканлиги айни ҳақиқатдир.
Петрарка сонетларидаги оташин муҳаббат, вафо, ҳижрон садолари,Пушкиннинг дўстга меҳри, яширин севгиси, Б.Бойқобиловнинг ҳаёт ҳодисалари мадҳидан фарқли ўлароқ, Рауф Парфи сонетларида изтироб,тириклик, ҳаёт зиддиятлари, қарама-қарши кечинмалар туғёни бетакрор ҳолатда намоён бўлади. «Ҳамлет», «Муҳаббат», «Микеланжело севгиси»,«Қора девор», “Муножот” каби сонет туркумларида дарднинг нечоғли улкан,изтиробнинг эса нақадар чуқур эканлиги ва бошқа хусусиятлар тадқиқотда кўрсатилди.

Рауф Парфи сонетлари кўпроқ тахайюлли тафаккур ҳосиласи сифатида юзага келган. Тахайюлот эса поэзияда метафоралар қўллаш, рамз-образларга мурожаат, контраст усуллардан фойдаланиш сингари ҳолатларда вужудга
келади. Метафора вазифасини бажарган образлар Рауф Парфи шеъриятида ҳиссий тафаккур психологиясини ёритишга, рамзли образлар табиатини очишга хизмат қилади. Шоирнинг “Зангори оғочман, ҳозир осаман” сатрлари билан бошланувчи сонетида шоирнинг бадиий идроки метафоралар шаклида намоён бўлган. Сонетда зангори оғоч, меҳра, қиш, баҳор, барг каби метафоралар қўлланилган. Улар мураккаб тахайюлли поэтик образлар талқинида муҳим ўрин эгаллаган.

Зангори оғочман. Ҳозир осаман,
Қайта тириламан тўлиб сеҳрга
Ул Меҳранинг қанотини ёзаман,
Дунёларни тўлдираман меҳрга…

Рауф Парфи шеъриятида дарахт поэтик образи ўрнида кўп ҳолларда асл туркийча оғоч сўзи қўлланилади. Юқорида кузатилганидек, оғоч-зангори шаклда, яъни лирик қаҳрамон кечинмалари ифодасида шоирнинг ижод
палласи тасвири ўрин олган. Ушбу ҳолат яшнаган яшил дарахтга менгзалган. Яшил дарахт ҳақида сўз бораётганда шоир ассоциатив ҳолатни вужудга келтиради. “Ҳозир осаман” жумласини ўқигач, ўз-ўзидан савол туғилади.
Лирик қаҳрамон дарахт шохларига нимани осмоқчи ва бу ҳолат нима маънода? Аён бўладики, “Зангори оғоч”да лирик қаҳрамон ўз меваларини пайдо қилмоқчи. Ана шу меваларда у қайтадан жонланади. Мевалар эса пишиб-етилиши учун қуёшни, қадимги туркий тушунча-Меҳрани чорлашади.
Меҳра эса меваларни ларзонлаштиради. Поэтик мушоҳада шу тариқа ижод маҳсулига айланади. Сонетнинг терцет қисмида лирик қаҳрамон ижодкор сифатида ўзлигини, индивидуал жиҳатларини барг, шох, халқ, оломон, шоир
каби поэтик шаклларга кўчиради:

Абадий коинот бирла қоламан,
Ўлсам чирқирайди овозим танда,
Энг янгроқ юлдузни узиб оламан.
Эзилган, хўрланган баргман тубанда,

Ёлғиз, ўзим-халқман, ўзим оломон,
Мен шоирман ахир, шоҳман, эй банда.

Ижодкорнинг коинотда абадий қолиши, албатта, унинг ижод маҳсули самарасидир. Асарлари умумбашарий аҳамият касб этган ижодкор шахси абадиятга дахлдор. Энг янгроқ юлдузни узиб олиши эса, ижод осмонида порлаётган юлдузга эгалик қилиш – бу мангуликка ишора. Барг поэтик образида “эзилган”, “хўрланган” эпитетларининг ишлатилиши эса ижодкорнинг хокисорлигига ишора. Бу ҳолат сонетнинг ечими саналади.
Шоир ўзлигини топганда, “ўз” “мен”ига эга бўлганида эса ўз кунининг “шоҳ”и даражасига кўтарилади. Кўринадики, асл лирик асар “Тилсиз сезгиларга сўз ва образ беради, уларга алоҳида умр бағишлайди”.
Шеърларидаги қиш, баҳор, тонг, шамол, булут, бўрон, ёмғир каби табиат ҳодисалари шоирнинг севимли образлари даражасига кўтарилган.
Тахайюлот оламидаги ушбу тимсоллар кечинма тавсифида шоирга қўл келганлиги сонетларда ҳам ўз исботини топган. Фалсафий йўналишдаги сонетларда комил инсон розлари, кечинмалари, инсон эрки, миллат тақдирига қайғуриш, шоирнинг ўзига хос олами, Ватан муқаддаслиги, севги изтироблари ва ҳижрон дардлари асосий мавзулар саналади.

090

Рауф Парфи
МИКЕЛАНЖЕЛО СЕВГИСИ

Севгим, мен нақадар севаман сени.
Микеланжело

1. Муқаддас тош, менинг севгим, андуҳим,
Радди бало бўлур бу ишқ ханжари.
Дунёни тўлдириб учадир руҳим,
Сен қайси маконда? Манзилдан нари.

Уфққа бош урар денгиз девори,
Юракда исённинг иссиқ хунлари.
Жимирлар шафқати ёлғон ғамхорим,
Келур оқчорлоқнинг аччиқ унлари.

Денгиз, оқчорлоққа тилайман бардош,
Унга лочин шиддатини бер, қани,
Бағрингга олмай тур, қаноти синган…

Саодат бағишла, эй муқаддас тош,
Бу чексиз оғриқдан халос эт мени.
Менга илҳом керак, мангулик сенга.

2. Ичимдаги ёвга қараб тураман,
Йиллар ўтган сайин у ҳам беқайғу…
Мангуликнинг ҳассасига ураман,
Тақдирнинг ёлғончи шевасидир бу!

Қиш қуёши кезар хаёлга чўмиб,
Ёлғизлик йўлида ёлғиздир ўзи.
Ўзи яратгандир, кетмас кўз юмиб,
Ҳар нарсани кўрар осмоннинг кўзи.

Тул қолган кимсадек осмон азалий,
Мозор — дунё узра қилар ибодат.
Мен ҳам унинг каби кўп бор тутилдим.

Ё йиқилмас, ёки кулмас тузалиб,
Ер—ё ҳаёт, ё мамотдан иборат…
Инсонни севдим мен. Инсонни билдим.

3. Билингиз, қуролим севгимдир фақат,
Унинг ўқларидан бўлдим бахтиёр.
Неки қаҳру ғазаб, макру қабоҳат,
Севгимнинг пойида мағлуб, тор-мор.

Борлиқ ёнса, қуёш айланса кулга,
Юлдузларни туғма каби юлсалар,
Менинг буюк севгим, бир бора кулгин,
Қаҳқаҳанг йўқликни даҳшатга солар.

Аллоҳнинг ишига ҳайрон қоламан,
Қонли товушларнинг рангги: ўлдир, ос…
Ўтларнинг ичинда куйиб толаман.

Ичим ёнар, ҳар нафасим-эҳтирос.
Фиръавнга сиғинмайман, оломон,
Севгимга сиғинаман, севгимга холос.

1979

016

RAUF PARFI SONETLARI HAQIDA MUXTASAR SO’Z
(Obidaxon Fayzullaevaning ilmiy ishidan parcha)

Rauf Parfi sonetlari mavzu rang-barangligi, ifodaning originalligi,poetik tafakkurning betakror ifodalari bilan ajralib turadi. Shoirning sonet janriga murojaat qilishiga sabab sifatida ruhiyat komilligiga intilish va bunda ustozlar yo’lidan yurish istagi, shuningdek, to’kislik ijodkor tomonidan she’rning shakli uchungina qo’yilgan talab bo’lmasdan,balki mazmun va mohiyat taqozo qilgan talablardan ekanligini ta’kidlash joiz. Shuningdek, ijodkor ruhiyatidagi murakkab shuurni, ruhiyat evrilishlarini qat’iy qonuniyatli janrda jilovlab olish qobiliyatini shakllantirishga intilish deya izohlash mumkin.
Rauf Parfi ko’pchilik katta iste’dod egalari singari eng baland ideallarga, eng yuksak natijalarga intiladi. So’zni o’ta nozik his etadigan, so’nggi tasvir imkoniyatlarigacha ishlatadigan hassos shoir uchun hajman ixcham janr qo’l kelishi tabiiy hol.
“Yo’lovchi” sonetlar majmuasining uchinchi qismida lirik qahramon ziddiyatli dunyoda, oqim bilan suzish jarayonida, umr sarhisobida erishilgan yutuq, yo’l qo’yilgan kamchiliklar o’z ustidan chiqarayotgan hukmiga nechog’liq daxldor ekanligini aytib o’tadi. Xiyonat yo’lini tutmaganligini, asosan, zulmga, jaholatga qarshi she’rlar yozganligini yurak yutib e’tirof etadi.

Ular kim?! Men So’zni sevdim. Men – xarob,
Loyiqmanmi So’zga, bilmadim, netay?
Horg’in yo’lovchiman, manzil-da sarob,
Itdek izg’idim men. Men endi ketay, –

Notavon bandalarning qudratli so’z oldida hech narsa emasligi, hatto so’z qadrini bilgan o’zi ham unga loyiq emasligini, o’tkinchi dunyoning bir yo’lovchisi ekanligini bot-bot ta’kidlaydi. Lekin nima sababdan manzili sarob? Balki, u so’z qudratini namoyish etish uchun bu dunyoga kelganligini sezgan-u, muddaosini ado eta olmaganidan xijolat chekib, «matlabim ham,manzilim ham sarob ekan-da» deya, yozg’irib, holatini tentiragan jonzotga mengzaganmikan?
Rauf Parfi shoir va she’riyat tushunchasiga oliy ne’mat va mashaqqatlar silsilasi deya qaraydi («Hech tuzalmas yara, u so’zdir axir»). Shoir yurakdagi hissiyotlar to’lqinini ifodalashda, tafakkurni jilovlab berishda sonet yuksak cho’qqi, deb biladi. Yuksak badiiy-falsafiy g’oyalarni qolipli janrda ifoda etabilish mahorati shoir iste’dodi darajasini ham ko’rsatadi.
O’zbek sonetnavisligida Rauf Parfi fenomeni o’ziga xos hodisa. Shoir sonetlarining mavzui rangin va ko’lamli, poetik tafakkurning o’ziga xos tasvirlari bilan ajralib turadi. Sonetnavislikda deyarli uchramaydigan holat, ya’ni sof peyzaj tasvirlarini Rauf Parfi ijodida uchratish mumkin. Shoir sonetlari ruh iztiroblari, kechinma evrilishlari va murakkab assotsiatsiyalar janr tabiatiga singdirilgani bilan ajralib turadi. Bu inson dardlarini o’z vujudida sintezlayotgan ruhiyat rassomining chizgilari ekanligi ayni haqiqatdir.
Petrarka sonetlaridagi otashin muhabbat, vafo, hijron sadolari,Pushkinning do’stga mehri, yashirin sevgisi, B.Boyqobilovning hayot hodisalari madhidan farqli o’laroq, Rauf Parfi sonetlarida iztirob,tiriklik, hayot ziddiyatlari, qarama-qarshi kechinmalar tug’yoni betakror holatda namoyon bo’ladi. «Hamlet», «Muhabbat», «Mikelanjelo sevgisi»,«Qora devor», “Munojot” kabi sonet turkumlarida dardning nechog’li ulkan,iztirobning esa naqadar chuqur ekanligi va boshqa xususiyatlar tadqiqotda ko’rsatildi.
Rauf Parfi sonetlari ko’proq taxayyulli tafakkur hosilasi sifatida yuzaga kelgan. Taxayyulot esa poeziyada metaforalar qo’llash, ramz-obrazlarga murojaat, kontrast usullardan foydalanish singari holatlarda vujudga keladi. Metafora vazifasini bajargan obrazlar Rauf Parfi she’riyatida hissiy tafakkur psixologiyasini yoritishga, ramzli obrazlar tabiatini ochishga xizmat qiladi. Shoirning “Zangori og’ochman, hozir osaman” satrlari bilan boshlanuvchi sonetida shoirning badiiy idroki metaforalar shaklida namoyon bo’lgan. Sonetda zangori og’och, mehra, qish, bahor, barg kabi metaforalar qo’llanilgan. Ular murakkab taxayyulli poetik obrazlar talqinida muhim o’rin egallagan.

Zangori og’ochman. Hozir osaman,
Qayta tirilaman to’lib sehrga
Ul Mehraning qanotini yozaman,
Dunyolarni to’ldiraman mehrga…

Rauf Parfi she’riyatida daraxt poetik obrazi o’rnida ko’p hollarda asl turkiycha og’och so’zi qo’llaniladi. Yuqorida kuzatilganidek, og’och-zangori shaklda, ya’ni lirik qahramon kechinmalari ifodasida shoirning ijod pallasi tasviri o’rin olgan. Ushbu holat yashnagan yashil daraxtga mengzalgan. Yashil daraxt haqida so’z borayotganda shoir assotsiativ holatni vujudga keltiradi.
“Hozir osaman” jumlasini o’qigach, o’z-o’zidan savol tug’iladi.
Lirik qahramon daraxt shoxlariga nimani osmoqchi va bu holat nima ma’noda? Ayon bo’ladiki, “Zangori og’och”da lirik qahramon o’z mevalarini paydo qilmoqchi. Ana shu mevalarda u qaytadan jonlanadi. Mevalar esa pishib-yetilishi uchun quyoshni, qadimgi turkiy tushuncha-Mehrani chorlashadi.
Mehra esa mevalarni larzonlashtiradi. Poetik mushohada shu tariqa ijod mahsuliga aylanadi. Sonetning tertset qismida lirik qahramon ijodkor sifatida o’zligini, individual jihatlarini barg, shox, xalq, olomon, shoir kabi poetik shakllarga ko’chiradi:

Abadiy koinot birla qolaman,
O’lsam chirqiraydi ovozim tanda,
Eng yangroq yulduzni uzib olaman.
Ezilgan, xo’rlangan bargman tubanda,

Yolg’iz, o’zim-xalqman, o’zim olomon,
Men shoirman axir, shohman, ey banda.

Ijodkorning koinotda abadiy qolishi, albatta, uning ijod mahsuli samarasidir. Asarlari umumbashariy ahamiyat kasb etgan ijodkor shaxsi abadiyatga daxldor. Eng yangroq yulduzni uzib olishi esa, ijod osmonida porlayotgan yulduzga egalik qilish – bu mangulikka ishora. Barg poetik obrazida “ezilgan”, “xo’rlangan” epitetlarining ishlatilishi esa ijodkorning xokisorligiga ishora. Bu holat sonetning yechimi sanaladi.
Shoir o’zligini topganda, “o’z” “men”iga ega bo’lganida esa o’z kunining “shoh”i darajasiga ko’tariladi. Ko’rinadiki, asl lirik asar “Tilsiz sezgilarga so’z va obraz beradi, ularga alohida umr bag’ishlaydi”.
She’rlaridagi qish, bahor, tong, shamol, bulut, bo’ron, yomg’ir kabi tabiat hodisalari shoirning sevimli obrazlari darajasiga ko’tarilgan.
Taxayyulot olamidagi ushbu timsollar kechinma tavsifida shoirga qo’l kelganligi sonetlarda ham o’z isbotini topgan. Falsafiy yo’nalishdagi sonetlarda komil inson rozlari, kechinmalari, inson erki, millat taqdiriga qayg’urish, shoirning o’ziga xos olami, Vatan muqaddasligi, sevgi iztiroblari va hijron dardlari asosiy mavzular sanaladi.

090

Rauf Parfi
MIKELANJELO SEVGISI

Sevgim, men naqadar sevaman seni.
Mikelanjelo

1. Muqaddas tosh, mening sevgim, anduhim,
Raddi balo bo’lur bu ishq xanjari.
Dunyoni to’ldirib uchadir ruhim,
Sen qaysi makonda? Manzildan nari.

Ufqqa bosh urar dengiz devori,
Yurakda isyonning issiq xunlari.
Jimirlar shafqati yolg’on g’amxorim,
Kelur oqchorloqning achchiq unlari.

Dengiz, oqchorloqqa tilayman bardosh,
Unga lochin shiddatini ber, qani,
Bag’ringga olmay tur, qanoti singan…

Saodat bag’ishla, ey muqaddas tosh,
Bu cheksiz og’riqdan xalos et meni.
Menga ilhom kerak, mangulik senga.

2. Ichimdagi yovga qarab turaman,
Yillar o’tgan sayin u ham beqayg’u…
Mangulikning hassasiga uraman,
Taqdirning yolg’onchi shevasidir bu!

Qish quyoshi kezar xayolga cho’mib,
Yolg’izlik yo’lida yolg’izdir o’zi.
O’zi yaratgandir, ketmas ko’z yumib,
Har narsani ko’rar osmonning ko’zi.

Tul qolgan kimsadek osmon azaliy,
Mozor — dunyo uzra qilar ibodat.
Men ham uning kabi ko’p bor tutildim.

YO yiqilmas, yoki kulmas tuzalib,
Yer—yo hayot, yo mamotdan iborat…
Insonni sevdim men. Insonni bildim.

3. Bilingiz, qurolim sevgimdir faqat,
Uning o’qlaridan bo’ldim baxtiyor.
Neki qahru g’azab, makru qabohat,
Sevgimning poyida mag’lub, tor-mor.

Borliq yonsa, quyosh aylansa kulga,
Yulduzlarni tug’ma kabi yulsalar,
Mening buyuk sevgim, bir bora kulgin,
Qahqahang yo’qlikni dahshatga solar.

Allohning ishiga hayron qolaman,
Qonli tovushlarning ranggi: o’ldir, os…
O’tlarning ichinda kuyib tolaman.

Ichim yonar, har nafasim-ehtiros.
Fir’avnga sig’inmayman, olomon,
Sevgimga sig’inaman, sevgimga xolos.

1979

(Tashriflar: umumiy 353, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring