Xurshid Davron. Muqaddas kitobni varaqla

07

   Тарих қуёшга ўхшайди. Унга пешвоз қараб юрсанг, пешонанг ёруғ, йўлинг порлоқ, кўзларинг нурли бўлади. Унга орқа ўгирсанг, фақат соянгни кўрасан, холос.

005
Хуршид Даврон
МУҚАДДАС КИТОБНИ ВАРАҚЛА
44

Ёзувчи архивидан олинган ушбу матн 1988 йили «Ёшлик» журналида эълон қилинган Луқмон Бойматовнинг Маҳмуд Торобий қўзғолони ҳақидаги  мақоласига кириш тарзида ёзилган эди.

07

088илида ўқиш завқи сўнмаган, ўз тарихи билан қизиққан, аждодлари ҳаёти битилган китобларни севиб ўқиган халқ буюкдир.

Халқнинг кечаги куни ҳақида битилган китоблар қанча кўп бўлмасин, қанчалик ҳаққоний, мазмунли, хосиятли бўлмасин, агар бугун бизлар ўша китобларни ўқимасак, ўша воқеалар ҳавоси билан  нафас ололмасак – тарих китоблари жонсиз бўлиб қолаверади. Фақат инсон нафаси уфириб турган китобгина, фақат юракларни тўлқинлантирган сатрларгина боқийдир.

Тарих – халқларнинг муқаддас китоби, деган эди рус тарихчиси Карамзин. Ер деб номланган бу гўзал, бетакрор очунда яшовчи ҳар бир гиёҳнинг, ҳар бир қушнинг, ҳар бир ҳайвоннинг, ҳар бир буюмнинг хотираси бор. Ер куррасининг шимолий қутбида дунёга келган қуш ўзининг аждодлари минг йиллар давомида ўтган йўлдан адашмай юришини нима билан изоҳлаш мумкин?

Хотира – эҳтиёж фарзанди. Фақат хотирагина вақт зарбаларига дош беради. Асрлар, йиллар ўтаверади; Афросиёб, Варахша, Сиғноқ, Ўтрор, Ахсикент каби бир маҳаллар гуллаб-яшнаган шаҳарлар йўқ бўлиб кетади. Вақт – бешафқат, деймиз. Нима учун?…

Айтинг-чи, халқ учун, унинг эрки учун мардонавор жанг қилган Тўмарис, Широқ, Спитомин, Пўлатхон, Номоз, Бобон каби қаҳрамонларнинг қаерга кўмилганини ким билади? Сир эмаски, ерга кўмилган шаҳарларнинг ватанимиз тарихида тутган ўрни, қабри қаердалиги номаълум қаҳрамонларнинг жасорати халқ хотирасида абадий яшамоқда. Аммо бугун бу сўзларни қатъий ишонч билан айтишга номус қиладиган бўлиб қолдик. Ҳақиқатан ҳам, улуғ боболаримизнинг ҳаёти ва жасорати биз учун муқаддасми?

Бундан бир неча йил аввал Бухоро тупроғида жаҳолатпараст, инсонпарварлик душманлари томонидан яна бир даҳшатли жиноят қилинди: халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобийнинг мақбараси вайрон этилди.

Виждон ҳам хотирадир, деган эди замондошларимиздан бири. Виждони, хотираси бутун одамгина кечаги қилмиши учун уялади ва эзгу иши учун кимдандир марҳамат кутмайди. Бугун ҳатто бобосию момосининг исмини унутган одамлар кўпайиб бораётганини қандай изоҳлашимиз керак?

Ҳар бир инсон ўз халқини севиши табиий. Ҳамма замонларда босқинчилар ва уларнинг маҳаллий малайлари илғор кишиларга миллатчи деб айб тақаб келишган. Бироқ, ҳамма вақт одам қайда яшамасин – Нил бўйидами, Фудзиями пойидами ёхуд Саҳрои Кабирдами – у ўз ерини, ўз элини, ўз тилини, ўз эркини ҳимоя қилган. Мисрлик учун Нил бўйида ўсган қамиш, япон учун Фудзиями жамоли, ҳабаш учун саҳродаги калтакесак ҳам муқаддас. Ажойиб бир афсона бор: мўғул хонларидан бири Кавказнинг сўлим масканига ўрнашиб кечаю-кундуз кайфу сафога берилади. Аммо хон ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмайди, мечкайликнинг охири бахайр бўлмаслигини айтишга эса бировнинг юраги бетламайди. Шунда мункиллаб қолган бир донишманд хон ҳузурига бир чопар юбориш кераклигини ва у хонга даштда ўсиб турган оддий ёвшанни олиб бориши зарурлигини айтади. Шундай қиладилар. Ёвшанни қўлига олган хон бирдан йиғлаб юборади. Оддий ўт унга Ватанни эслатган эди. Улуғ Рудакийнинг Мўлиён ариғи таърифланган шеъри билан боғлиқ ривоят ҳам шу ҳақда эмасми?

Албатта, менинг дилимни Пожарский ёки Сусанин жасоратидан кўра Широқ, Спитомин, Номоз жасорати кўпроқ тўлқинлантириш табиий. Мен бу ўринда ўзбек мактабларининг ўқувчилари Тўмарис, Спитомин, Муқанна, Пўлатхон, Бобонбек қўзғолонларидан кўра, Жанна де Арк, Робин Гуд, Разину  Калашников қўзғолонлари тафсилотларидан бохабар ёки 1865 йилда Тошкент қандай олингани ҳақида мутлақо билмаган ҳолда 1812 йилги Москва ёнғинни тарихидан кўпроқ хабардор эканликларини айтиб ўтмоқчиман. Ватан тарихини ўрганишдаги бирёқламалик салбий оқибатларга олиб келиши турган гап (олиб келди деб айтсак ҳам бўлади).

Бугун жамиятимизда қайта қуриш кечяпти. Бу жараённи кўпчилик инқилобга тенглаштирмоқда. Шундай экан, ҳар қандай инқилоб энг аввало одамлар руҳиятида, уларнинг онгида ғалаба қозонмоғи зарур. Айнан мана шу маънода ёшларда энг инсоний туйғуларни уйғотиш, ўз халқи тарихини билиши учун кўпроқ имконият яратиш бугунги куннинг бош вазифаларидан биридир.

Бизнинг тарихимиз Ислом дини ва унинг таъсирида яратилган маданият билан узвий боғлиқ. Агар биз уларни бир-биридан айирадиган бўлсак (масалан, биз устоз Алишер Навоий ижодини ўрганишда шу йўлни тутдик) улар биз учун рангсиз бир тасвирга айланиб қолиши аниқ. Айни пайтда Маҳмуд Торобийнинг энг содиқ сафдоши Шамсиддин Маҳбубий диний уламо бўлганидан ажабланмаслик керак. Қолаверса, ҳамиша босқинчиларга қарши курашда фаол иштирок этган – мўғулларга қарши жангда она юрти озодлиги учун ҳалок бўлган, жасорати тарихимизга олтин сатрлар билан ёзилмоғи жоиз бўлган хоразмлик буюк аллома Шайх Нажмиддин Куброни ҳам унутмаслигимиз лозим.

Босқинчилик – Искандр Мақдунийдан тортиб Николай пошшогача, Раносбатдан тортиб Скобелевгача бир халқнинг иккинчи халқ томонида таҳқирланиш сиёсати сифатида намоён бўлганини тарих китобларидан билиш мумкин. Бугун Темур Исфахон шаҳри аҳолисини қиличдан ўтказган деб айтамизу чор Россияси аскарлари Пишпек  аҳолисини бир бошдан —  чолдан гўдаккача найза санчиб ўлдиргани, водийдаги Ошобани кулини кўкка совургани, Кўктепа аҳолисини қирғин қилгани ҳақида лом-лим демаймиз. Буларнинг қайси бири оғир жиноят, деган савол ўринсиз, албатта. Наҳотки бир одам қони ўн одам қонидан, минг одам қони миллион одам қонидан арзонроқ турса?

Босқинчилик ҳамма вақт жаҳолат амири ва маърифат кушандаси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади. Шу сабабдан ҳам бугун биз фақат сўнгги етмиш бир йиллик тарихимиздаги “оқ доғ”ларнигина эмас, бир неча минг йиллик тарихимиздаги номаълум, аниқроғи, бизга тескари қилиб кўрсатилган воқеаларга бўлган муносабатимизни тўғри ва холис тарзда қайта кўриб чиқишимиз керак. Бу тарих фани учун зарур қайта қуришдир.

Мўғул босқини “шундай бир ҳодиса бўлдики, унинг учқунлари сочилиб кетди ва балоси ҳаммаёқни бошига тушди, у шамол қувлаган булутдек ҳаммаёқни қоплади”, дейди Чингизхон ва унинг юришлари вақтида яшаган йирик араб тарихчиси Ибн ал Асир (1160-1233). Маҳмуд Торобий қўзғолони (бу ҳақда Л.Бойматов мақоласида батафсил маълумот берилгани учун мен шарҳга муҳтож бўлган баъзи ўринларга тўхталаман, холос) том маъноси билан халқ ҳаракати бўлиб, у энг аввало мўғул истилочилари зулмига қарши, маҳаллий феодалларнинг халқ манфаатига зид ҳаракатларига қарши қаратилган эди.

Луқмон Бойматовнинг мақоласи асосан Ато Малик Жувайний маълумотларига таяниб ёзилган. Жувайний ўз битигида Маҳмуд Торобийни уқувсиз ва оми бир одам сифатида тасвирлашининг сабаби нимада? Мусулмон бўлмиш Жувайний бухоролик элакчи Маҳмуд Торобий ислом ҳимоячиси бўлиб майдонга чиққанини биларди-ку?!

Бунинг асл сабабини XIV асрда яшаган форс тарихчиси Вассофнинг “Тарихи Вассоф” китобидан англаб олишимиз мумкин. У Бухоронинг 1273 йилги қирғини ҳақида ҳикоя қилар экан, Эронда ҳукмронлик қилаётган Ҳулагулар улуси ва хон Абуқахоннинг вазири Шамсиддин Муҳаммад Жувайний соҳиби девон номини тилга олади. Тарихчи Алауддин Ато Малик Жувайний эса мана шу вазирнинг туғишган биродари эди. Шу сабабдан ҳам тарихчи воқеаларга мўғул босқинчилари юргизган сиёсат тарафдори сифатида қарайди. Яна шуни унутмаслик керакки, Жувайний умрининг ярмидан кўпини мўғул ҳукмдорлари саройида ўтказган.

Маҳмуд Торобий ўзини султон деб эълон қилади. Бу ўриндаям тарихда жуда кўп халқ қаҳрамонлари худди шундай йўл тутганларини, масалан, Емельян Пугачёв ўзини Пётр III деб эълон қилганини эслаш кифоя.

Нега Торобий ислом ҳимоячиси сифатида халқ эътиборини қозонди?

XIII-асрда мўғул босқинчилари ҳукмдорлари ўртасида икки сиёсий қараш кўзга ташланади. Биринчиси, улуғ хон Ўқтой-қоон (1227-1241 й.й.) ва Мангу-қоон (1251-1259 й.й.), ҳулагулар улусидан Қозонхон (1295-1304 й.й.), Чиғатой улусидан эса Кебекхон (1318-1326 й.й.) юргизган сиёсат бўлиб, у ҳокимиятни марказлаштирига, босиб олинган ўлкалардаги феодал табақа намояндалари билан тил топишга, шаҳарларда савдо-сотиқ, ишлаб чиқарувчи кучлар учун тинч шароит яратишга эътиборни қаратган эди. Иккинчиси улус хони Чиғатой (1227-1241 й.й.) юргизган сиёсат бўлиб, у ўзининг жаҳолати билан ажралиб турарди. Бундай сиёсат босиб олинган мамлакат аҳолиси бўлмиш мусулмонларга нисбатан нафрат руҳи билан суғорилган эди. Уларга Чингизхон ясаси, кўчманчилар турмуш тарзи, асосан мўғуллар томонидан осонроқ эгалланиши мумкин бўлган уйғур кўчманчилари маданияти қарама-қарши қўйиларди.

Чиғатой мусулмон аҳлининг ёвуз душмани, уларнинг ўтроқ ҳаёти, маданияти, шаҳарда яшаш тарзини қабул қилишдан нафратланиши билан ном таратган. Жузжоний у ҳақда шундай ёзган эди: “Мўғул ҳукмдорлари ичида унингчалик мусулмонларга душман бўлгани топилмасди”. Маҳмуд Торобий ислом ҳимоячиси сифатида майдонга чиқишининг асл сабабларидан бири шудир. Маҳмуд Торобий қўзғолони бостирилгандан сўнг Чиғатой Бухорони ер юзидан йўқотмоқчи бўлади. Шаҳарларнинг йўқ қилинишига мўғул босқинчиларининг фақат ўтроқ ҳаётга бўлган нафрати сабаб бўлмасди, улар шаҳарларга босқинчилик сиёсатига қарши кучлар тўпланадиган марказлар деб қараши билан изоҳланади. Уларнинг йўлида дуч келган бирор шаҳар омон қолмаган. Айниқса, уларга қаршилик кўрсатган шаҳар аҳолиси қириб ташланган.  Хитойлик сайёҳ  Чан Чуннинг ёзишича, мўғул истилосидан кейин Самарқанд шаҳри аҳолисининг фақат чорак қисми – 25 минг оила ёки 100 минг киши тирик қолади, холос. Тирик қолганлар ҳам асосан ҳунармандлар бўлиб, кейинчалик бошқа шаҳарларни забт этишда бажариладиган оғир ишлар учун ҳайдаб кетилган (бу ҳақда форс тарихчиси Рашидиддин Фазлуллоҳ Ҳамарий китобидан билиш мумкин).

Истилобдан кейинги мўғул хонлари – Эронда ҳукмронлик қилган ҳулагулар, Мовароуннаҳрни бошқарган чиғатойлар ҳам ўз боболари ишини давом эттирдилар. Ҳирот шаҳри тарихига оид китоблар муаллифи Муҳаммад Исфизарийнинг ҳикоя қилишича, 1236 йилда Ўқтой-қоон Ҳирот шаҳрини тиклаш ҳақида ёрлиқ чиқармоқчи бўлганида мўғул амирларининг, айниқса, иниси Чиғатойнинг қаттиқ қаршилигига дуч келган. Бу даврда вайрон этилган Самарқанд, Урганж (бугунги Кўҳна Урганж), Марв, Балх, Нишопур, Тус, Рай, Исфахон каби бир пайтлар 300-400 мингдан бошлаб то бир миллионгача аҳолиси бўлган барча азим шаҳарлар ҳам худди шундай завол топади.

Аммо Маҳмуд Торобий давридаги Бухоро ўзини тиклаб олган эди. Саёҳатчи Марко Поло ўша даврдаги Бухоро жуда катта эканини айтиб, бу иқлимда у энг гўзал шаҳар эди, деб ёзади. Жувайний ҳам ғарб сайёҳининг сўзини ўзича тасдиқлайди: “Ислом шаҳарлари орасида бирор бир шаҳар йўқдирким, ўзининг сукут сақловчи ва сўйловчиларининг кўплиги, уламолари ва илму-фаннинг равнақ топгани билан бу шаҳарга тенглашса”.

Шу сабабдан ҳам Чиғатой бухороликлар қўзғолонидан сўнг шаҳарни кунпаякун қилмоқчи бўлганида, Маҳмуд Ялавоч (мўғулларнинг Мовароуннаҳрдаги нойиби) ўртага тушиб Бухоро аҳлини қатли омдан сақлаб қолади, аммо бунинг эвазига ўз вазифаси – нойиблигидан четлашишга мажбур бўлади. Аммо 1273 йилда бари бир шаҳарнинг бутун аҳолиси қирғин қилинади.

“Ёшлик” журнали саҳифаларида “Тарихдан сабоқлар” фаслининг очилгани ва кейинчалик Широқ, Тўмарис, Спитомин, Пўлатхон, Муқанна, Қурбонжон, Номоз ва бошқа халқ қаҳрамонлари бошқарган қўзғолонлар ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар босилишининг кўзда тутилгани ёшларни олийжаноб туйғулар – ватанпарварлик, қаҳрамонлик руҳида тарбиялашга хизмат этади деб ўйлайман.

Тарих қуёшга ўхшайди. Унга пешвоз қараб юрсанг, пешонанг ёруғ, йўлинг порлоқ, кўзларинг нурли бўлади. Унга орқа ўгирсанг, фақат соянгни кўрасан, холос.

1988

087

005
Xurshid Davron
MUQADDAS KITOBNI VARAQLA
44

Yozuvchi arxividan olingan ushbu matn 1988 yili «Yoshlik» jurnalida e’lon qilingan Luqmon Boymatovning Mahmud Torobiy qo’zg’oloni haqidagi maqolasiga kirish tarzida yozilgan edi.

07

088ilida o’qish zavqi so’nmagan, o’z tarixi bilan qiziqqan, ajdodlari hayoti bitilgan kitoblarni sevib o’qigan xalq buyukdir.

Xalqning kechagi kuni haqida bitilgan kitoblar qancha ko’p bo’lmasin, qanchalik haqqoniy, mazmunli, xosiyatli bo’lmasin, agar bugun bizlar o’sha kitoblarni o’qimasak, o’sha voqealar havosi bilan nafas ololmasak – tarix kitoblari jonsiz bo’lib qolaveradi. Faqat inson nafasi ufirib turgan kitobgina, faqat yuraklarni to’lqinlantirgan satrlargina boqiydir.

Tarix – xalqlarning muqaddas kitobi, degan edi rus tarixchisi Karamzin. Yer deb nomlangan bu go’zal, betakror ochunda yashovchi har bir giyohning, har bir qushning, har bir hayvonning, har bir buyumning xotirasi bor. Yer kurrasining shimoliy qutbida dunyoga kelgan qush o’zining ajdodlari ming yillar davomida o’tgan yo’ldan adashmay yurishini nima bilan izohlash mumkin?

Xotira – ehtiyoj farzandi. Faqat xotiragina vaqt zarbalariga dosh beradi. Asrlar, yillar o’taveradi; Afrosiyob, Varaxsha, Sig’noq, O’tror, Axsikent kabi bir mahallar gullab-yashnagan shaharlar yo’q bo’lib ketadi. Vaqt – beshafqat, deymiz. Nima uchun?…

Ayting-chi, xalq uchun, uning erki uchun mardonavor jang qilgan To’maris, Shiroq, Spitomin, Po’latxon, Nomoz, Bobon kabi qahramonlarning qaerga ko’milganini kim biladi? Sir emaski, yerga ko’milgan shaharlarning vatanimiz tarixida tutgan o’rni, qabri qaerdaligi noma’lum qahramonlarning jasorati xalq xotirasida abadiy yashamoqda. Ammo bugun bu so’zlarni qat’iy ishonch bilan aytishga nomus qiladigan bo’lib qoldik. Haqiqatan ham, ulug’ bobolarimizning hayoti va jasorati biz uchun muqaddasmi?

Bundan bir necha yil avval Buxoro tuprog’ida jaholatparast, insonparvarlik dushmanlari tomonidan yana bir dahshatli jinoyat qilindi: xalq qahramoni Mahmud Torobiyning maqbarasi vayron etildi.

Vijdon ham xotiradir, degan edi zamondoshlarimizdan biri. Vijdoni, xotirasi butun odamgina kechagi qilmishi uchun uyaladi va ezgu ishi uchun kimdandir marhamat kutmaydi. Bugun hatto bobosiyu momosining ismini unutgan odamlar ko’payib borayotganini qanday izohlashimiz kerak?

Har bir inson o’z xalqini sevishi tabiiy. Hamma zamonlarda bosqinchilar va ularning mahalliy malaylari ilg’or kishilarga millatchi deb ayb taqab kelishgan. Biroq, hamma vaqt odam qayda yashamasin – Nil bo’yidami, Fudziyami poyidami yoxud Sahroi Kabirdami – u o’z yerini, o’z elini, o’z tilini, o’z erkini himoya qilgan. Misrlik uchun Nil bo’yida o’sgan qamish, yapon uchun Fudziyami jamoli, habash uchun sahrodagi kaltakesak ham muqaddas. Ajoyib bir afsona bor: mo’g’ul xonlaridan biri Kavkazning so’lim maskaniga o’rnashib kechayu-kunduz kayfu safoga beriladi. Ammo xon hech kimning gapiga quloq solmaydi, mechkaylikning oxiri baxayr bo’lmasligini aytishga esa birovning yuragi betlamaydi. Shunda munkillab qolgan bir donishmand xon huzuriga bir chopar yuborish kerakligini va u xonga dashtda o’sib turgan oddiy yovshanni olib borishi zarurligini aytadi. Shunday qiladilar. Yovshanni qo’liga olgan xon birdan yig’lab yuboradi. Oddiy o’t unga Vatanni eslatgan edi. Ulug’ Rudakiyning Mo’liyon arig’i ta’riflangan she’ri bilan bog’liq rivoyat ham shu haqda emasmi?

Albatta, mening dilimni Pojarskiy yoki Susanin jasoratidan ko’ra Shiroq, Spitomin, Nomoz jasorati ko’proq to’lqinlantirish tabiiy. Men bu o’rinda o’zbek maktablarining o’quvchilari To’maris, Spitomin, Muqanna, Po’latxon, Bobonbek qo’zg’olonlaridan ko’ra, Janna de Ark, Robin Gud, Razinu Kalashnikov qo’zg’olonlari tafsilotlaridan boxabar yoki 1865 yilda Toshkent qanday olingani haqida mutlaqo bilmagan holda 1812 yilgi Moskva yong’inni tarixidan ko’proq xabardor ekanliklarini aytib o’tmoqchiman. Vatan tarixini o’rganishdagi biryoqlamalik salbiy oqibatlarga olib kelishi turgan gap (olib keldi deb aytsak ham bo’ladi).

Bugun jamiyatimizda qayta qurish kechyapti. Bu jarayonni ko’pchilik inqilobga tenglashtirmoqda. Shunday ekan, har qanday inqilob eng avvalo odamlar ruhiyatida, ularning ongida g’alaba qozonmog’i zarur. Aynan mana shu ma’noda yoshlarda eng insoniy tuyg’ularni uyg’otish, o’z xalqi tarixini bilishi uchun ko’proq imkoniyat yaratish bugungi kunning bosh vazifalaridan biridir.

Bizning tariximiz Islom dini va uning ta’sirida yaratilgan madaniyat bilan uzviy bog’liq. Agar biz ularni bir-biridan ayiradigan bo’lsak (masalan, biz ustoz Alisher Navoiy ijodini o’rganishda shu yo’lni tutdik) ular biz uchun rangsiz bir tasvirga aylanib qolishi aniq. Ayni paytda Mahmud Torobiyning eng sodiq safdoshi Shamsiddin Mahbubiy diniy ulamo bo’lganidan ajablanmaslik kerak. Qolaversa, hamisha bosqinchilarga qarshi kurashda faol ishtirok etgan – mo’g’ullarga qarshi jangda ona yurti ozodligi uchun halok bo’lgan, jasorati tariximizga oltin satrlar bilan yozilmog’i joiz bo’lgan xorazmlik buyuk alloma Shayx Najmiddin Kubroni ham unutmasligimiz lozim.

Bosqinchilik – Iskandr Maqduniydan tortib Nikolay poshshogacha, Ranosbatdan tortib Skobelevgacha bir xalqning ikkinchi xalq tomonida tahqirlanish siyosati sifatida namoyon bo’lganini tarix kitoblaridan bilish mumkin. Bugun Temur Isfaxon shahri aholisini qilichdan o’tkazgan deb aytamizu chor Rossiyasi askarlari Pishpek aholisini bir boshdan — choldan go’dakkacha nayza sanchib o’ldirgani, vodiydagi Oshobani kulini ko’kka sovurgani, Ko’ktepa aholisini qirg’in qilgani haqida lom-lim demaymiz. Bularning qaysi biri og’ir jinoyat, degan savol o’rinsiz, albatta. Nahotki bir odam qoni o’n odam qonidan, ming odam qoni million odam qonidan arzonroq tursa?

Bosqinchilik hamma vaqt jaholat amiri va ma’rifat kushandasi bo’lib kelgan va shunday bo’lib qolaveradi. Shu sababdan ham bugun biz faqat so’nggi yetmish bir yillik tariximizdagi “oq dog’”larnigina emas, bir necha ming yillik tariximizdagi noma’lum, aniqrog’i, bizga teskari qilib ko’rsatilgan voqealarga bo’lgan munosabatimizni to’g’ri va xolis tarzda qayta ko’rib chiqishimiz kerak. Bu tarix fani uchun zarur qayta qurishdir.

Mo’g’ul bosqini “shunday bir hodisa bo’ldiki, uning uchqunlari sochilib ketdi va balosi hammayoqni boshiga tushdi, u shamol quvlagan bulutdek hammayoqni qopladi”, deydi Chingizxon va uning yurishlari vaqtida yashagan yirik arab tarixchisi Ibn al Asir (1160-1233). Mahmud Torobiy qo’zg’oloni (bu haqda L.Boymatov maqolasida batafsil ma’lumot berilgani uchun men sharhga muhtoj bo’lgan ba’zi o’rinlarga to’xtalaman, xolos) tom ma’nosi bilan xalq harakati bo’lib, u eng avvalo mo’g’ul istilochilari zulmiga qarshi, mahalliy feodallarning xalq manfaatiga zid harakatlariga qarshi qaratilgan edi.

Luqmon Boymatovning maqolasi asosan Ato Malik Juvayniy ma’lumotlariga tayanib yozilgan. Juvayniy o’z bitigida Mahmud Torobiyni uquvsiz va omi bir odam sifatida tasvirlashining sababi nimada? Musulmon bo’lmish Juvayniy buxorolik elakchi Mahmud Torobiy islom himoyachisi bo’lib maydonga chiqqanini bilardi-ku?!

Buning asl sababini XIV asrda yashagan fors tarixchisi Vassofning “Tarixi Vassof” kitobidan anglab olishimiz mumkin. U Buxoroning 1273 yilgi qirg’ini haqida hikoya qilar ekan, Eronda hukmronlik qilayotgan Hulagular ulusi va xon Abuqaxonning vaziri Shamsiddin Muhammad Juvayniy sohibi devon nomini tilga oladi. Tarixchi Alauddin Ato Malik Juvayniy esa mana shu vazirning tug’ishgan birodari edi. Shu sababdan ham tarixchi voqealarga mo’g’ul bosqinchilari yurgizgan siyosat tarafdori sifatida qaraydi. Yana shuni unutmaslik kerakki, Juvayniy umrining yarmidan ko’pini mo’g’ul hukmdorlari saroyida o’tkazgan.

Mahmud Torobiy o’zini sulton deb e’lon qiladi. Bu o’rindayam tarixda juda ko’p xalq qahramonlari xuddi shunday yo’l tutganlarini, masalan, Yemel`yan Pugachyov o’zini Pyotr III deb e’lon qilganini eslash kifoya.

Nega Torobiy islom himoyachisi sifatida xalq e’tiborini qozondi?

XIII-asrda mo’g’ul bosqinchilari hukmdorlari o’rtasida ikki siyosiy qarash ko’zga tashlanadi. Birinchisi, ulug’ xon O’qtoy-qoon (1227-1241 y.y.) va Mangu-qoon (1251-1259 y.y.), hulagular ulusidan Qozonxon (1295-1304 y.y.), Chig’atoy ulusidan esa Kebekxon (1318-1326 y.y.) yurgizgan siyosat bo’lib, u hokimiyatni markazlashtiriga, bosib olingan o’lkalardagi feodal tabaqa namoyandalari bilan til topishga, shaharlarda savdo-sotiq, ishlab chiqaruvchi kuchlar uchun tinch sharoit yaratishga e’tiborni qaratgan edi. Ikkinchisi ulus xoni Chig’atoy (1227-1241 y.y.) yurgizgan siyosat bo’lib, u o’zining jaholati bilan ajralib turardi. Bunday siyosat bosib olingan mamlakat aholisi bo’lmish musulmonlarga nisbatan nafrat ruhi bilan sug’orilgan edi. Ularga Chingizxon yasasi, ko’chmanchilar turmush tarzi, asosan mo’g’ullar tomonidan osonroq egallanishi mumkin bo’lgan uyg’ur ko’chmanchilari madaniyati qarama-qarshi qo’yilardi.

Chig’atoy musulmon ahlining yovuz dushmani, ularning o’troq hayoti, madaniyati, shaharda yashash tarzini qabul qilishdan nafratlanishi bilan nom taratgan. Juzjoniy u haqda shunday yozgan edi: “Mo’g’ul hukmdorlari ichida uningchalik musulmonlarga dushman bo’lgani topilmasdi”. Mahmud Torobiy islom himoyachisi sifatida maydonga chiqishining asl sabablaridan biri shudir. Mahmud Torobiy qo’zg’oloni bostirilgandan so’ng Chig’atoy Buxoroni yer yuzidan yo’qotmoqchi bo’ladi. Shaharlarning yo’q qilinishiga mo’g’ul bosqinchilarining faqat o’troq hayotga bo’lgan nafrati sabab bo’lmasdi, ular shaharlarga bosqinchilik siyosatiga qarshi kuchlar to’planadigan markazlar deb qarashi bilan izohlanadi. Ularning yo’lida duch kelgan biror shahar omon qolmagan. Ayniqsa, ularga qarshilik ko’rsatgan shahar aholisi qirib tashlangan. Xitoylik sayyoh Chan Chunning yozishicha, mo’g’ul istilosidan keyin Samarqand shahri aholisining faqat chorak qismi – 25 ming oila yoki 100 ming kishi tirik qoladi, xolos. Tirik qolganlar ham asosan hunarmandlar bo’lib, keyinchalik boshqa shaharlarni zabt etishda bajariladigan og’ir ishlar uchun haydab ketilgan (bu haqda fors tarixchisi Rashididdin Fazlulloh Hamariy kitobidan bilish mumkin).

Istilobdan keyingi mo’g’ul xonlari – Eronda hukmronlik qilgan hulagular, Movarounnahrni boshqargan chig’atoylar ham o’z bobolari ishini davom ettirdilar. Hirot shahri tarixiga oid kitoblar muallifi Muhammad Isfizariyning hikoya qilishicha, 1236 yilda O’qtoy-qoon Hirot shahrini tiklash haqida yorliq chiqarmoqchi bo’lganida mo’g’ul amirlarining, ayniqsa, inisi Chig’atoyning qattiq qarshiligiga duch kelgan. Bu davrda vayron etilgan Samarqand, Urganj (bugungi Ko’hna Urganj), Marv, Balx, Nishopur, Tus, Ray, Isfaxon kabi bir paytlar 300-400 mingdan boshlab to bir milliongacha aholisi bo’lgan barcha azim shaharlar ham xuddi shunday zavol topadi.

Ammo Mahmud Torobiy davridagi Buxoro o’zini tiklab olgan edi. Sayohatchi Marko Polo o’sha davrdagi Buxoro juda katta ekanini aytib, bu iqlimda u eng go’zal shahar edi, deb yozadi. Juvayniy ham g’arb sayyohining so’zini o’zicha tasdiqlaydi: “Islom shaharlari orasida biror bir shahar yo’qdirkim, o’zining sukut saqlovchi va so’ylovchilarining ko’pligi, ulamolari va ilmu-fanning ravnaq topgani bilan bu shaharga tenglashsa”.

Shu sababdan ham Chig’atoy buxoroliklar qo’zg’olonidan so’ng shaharni kunpayakun qilmoqchi bo’lganida, Mahmud Yalavoch (mo’g’ullarning Movarounnahrdagi noyibi) o’rtaga tushib Buxoro ahlini qatli omdan saqlab qoladi, ammo buning evaziga o’z vazifasi – noyibligidan chetlashishga majbur bo’ladi. Ammo 1273 yilda bari bir shaharning butun aholisi qirg’in qilinadi.

“Yoshlik” jurnali sahifalarida “Tarixdan saboqlar” faslining ochilgani va keyinchalik Shiroq, To’maris, Spitomin, Po’latxon, Muqanna, Qurbonjon, Nomoz va boshqa xalq qahramonlari boshqargan qo’zg’olonlar haqida hikoya qiluvchi maqolalar bosilishining ko’zda tutilgani yoshlarni oliyjanob tuyg’ular – vatanparvarlik, qahramonlik ruhida tarbiyalashga xizmat etadi deb o’ylayman.

Tarix quyoshga o’xshaydi. Unga peshvoz qarab yursang, peshonang yorug’, yo’ling porloq, ko’zlaring nurli bo’ladi. Unga orqa o’girsang, faqat soyangni ko’rasan, xolos.

1988

087

(Tashriflar: umumiy 197, bugungi 1)

Izoh qoldiring