Obidxon Mamadaliev. She’rlar

002

Эски шаҳар ҳудудида эндигина ўсмирликдан йигитлик даврига қадам қўяётган ажойиб шоир укам бор. У ҳали олий даргоҳларда таҳсил олмаган, кўп китоб кўрмаган, дали-ғули, соддагина ўспирин. Лекин шу бола билан биринчи марта “Шаҳрихонсой мавжлари” мушоирасида кўришганимда, “Худо берса ўзи танлаганига беради”, деган нақл эсимга тушди.

021
КАМОЛИНГДАН УМИДИМ БОР
Иқбол Мирзо
Ўзбекистон халқ шоири
011

Азиз ўқувчи! Сиз албатта “ғазнаи Намангон” деган таърифни ўқиган ёки эшитгандирсиз. Эҳтимол, сиз ҳам камина каби бу ибора нимани англатар экан деб бош қотиргандирсиз, сўраб-суриштиргандирсиз, ўзингизча бир тўхтамга келгандирсиз ҳам.

Наманган табиати, қиёфаси, жуғрофий ранг-баранглиги билан ҳам ўхшаши йўқ, такрорланмас маскан. Бир томон Чотқол тоғларига туташ арчазору тўқайлари, бир ён Чустий ҳазратлари сув ичган турнакўз булоқлари, бир тарафда эса сафоли Чортоқ тоғликларию бир тарафи Кушон тарихидан сўйловчи Косонсойи бор. Биргина Чортоқнинг ўзида қанчадан-қанча ақлни шоширадиган тилсим, синоатлар яширин. Балки сиз ҳам бу водий ҳудудида воҳага хос бўлган бахшилар қўшиғини тинглаб ҳайратга тушгандирсиз. Пешқўрғоннинг Омон бахшилари айтган Алпомишу Гўрўғли, Тўлан ботирларида ўзига хос талқин, ҳеч кимга ўхшамайдиган дард ва оҳангни пайқагандирсиз. Ёки “Попнинг попук қизларини” кўриб ростдан ҳам “кўҳлик” дегани “тоғлик” деган маънони беришини эслаб юрагингиз қалқигандир.

Наманганнинг олмасини айтинг, Косонсойнинг нокларини, гул байрами халқ сайличи? Чуст дўпписи, пичоғи… Буларнинг бари “ғазнаи Намангоннинг” қуйма ёмбиларидир.

Наманган деганда менинг кўз олдимга аввало Машраб бобо, кейин Усмон Носир келади. Ажабки, ҳар иккисининг ҳам тақдири ватандан айро, фожеага тўлиқ, юракни тилка-пора қилгулик. Худонинг камдан-кам суйган бандаларига бериладиган ноёб истеъдод соҳиби шоҳ Машраб мана бир неча юз йилдирки туркий халқнинг энг севимли барҳаёт шоирларидан бири бўлиб яшаб келмоқда. Эл ўзи суйган фарзандлари ҳақида ривоят тўқийди. Чунки ана шу суюкли шахслар тимсолида ўзининг орзу армонларини кўради. Ўз меҳру муҳаббатини шу тарзда ифода қилади. Шу маънода Машраб чинакам халқ шоиридир.

Мен шўро ҳукуматини биттагина жувонмарг Усмон Носир учун ҳам кечира олмайман, деб кўп айтганман. Бу йил буюк шоиримизнинг 100 йиллигини нишонлаймиз. Бу байрам чақмоқдек умр кўрган орзуманд шоирнинг, шеърият оламининг катта тантанаси бўлади қалбларимизда.

Махдуми Аъзам, Ахсикатийлар, Намангонийлар, Ибрат домла, Сўфизода, Чустий ва бошқа ўнлаб, юзлаб фидойи маърифатпарварлар “ғазнаи Намангоннинг” олмосу гавҳарлари бўлиб кўринади.

Наманган шаҳрида Усмон Носир туғилиб ўсган Чуқуркўча маҳалласи бор. Бобо Машрабнинг устоди аввали Мулла Бозорнинг сағанасини зиёрат қилгандирсиз. Шу аснода не-не соҳиби дилларни туққан сахий Наманган тупроғи ҳақида ўйга толгандирсиз. Камина ҳам шукрона ичида айтаманки, оққан дарёлар оқиб, ўзанлар қайта тўлиб, янгиланиб бораётганига гувоҳман. Эски шаҳар ҳудудида эндигина ўсмирликдан йигитлик даврига қадам қўяётган ажойиб шоир укам бор. У ҳали олий даргоҳларда таҳсил олмаган, кўп китоб кўрмаган, дали-ғули, соддагина ўспирин. Лекин шу бола билан биринчи марта “Шаҳрихонсой мавжлари” мушоирасида кўришганимда, “Худо берса ўзи танлаганига беради”, деган нақл эсимга тушди. Ўшанда Обидхон Мамадалиев “Деразангнинг пардаси қурсин” деган ишқий машқини наманганча ширин ва шошқин талаффузда ўқиб, давранинг олқишини олганди. Бугунги шароит, тезкор замон истеъдодларнинг ҳам тез ўсишига, намоён бўлишига замин яратяпти. Обидхон икки йил ичида менинг кўз ўнгимда соз жойга тушган навниҳолдек ўсди, шаклланди. Дўрмон семинарларида иштирок этиб устозлар сабоғини олди. Унинг бошқаларга ўхшамайдиган шоирона нигоҳи, энг муҳими айтадиган гапи бор. Обидхон шеърни тўқимайди, шеърнинг ўзи унга қуйилиб келади, ёғилиб келади. У шеърларида тирик сўзлар билан ҳаётий воқеа-туйғуларни ифодалашга ҳаракат қилади.

Ҳайратларни қидирганим йўқ,
Улар мени топиб қўйишган.
Осмон тандир, юлдузлари чўғ,
Ойни унга ёпиб қўйишган.

Азиз ўқувчи! Сиз каби менинг ҳам умидим борки, Обидхон Мамадалиев “навосоз улуснинг навобахши” бўлади. Сизу бизнинг дилимиздагини топиб айтадиган, эл дардини енгиллатадиган елкадош шоир бўлиб етишади. Бизнинг халқимизга Обидхондек куйчи ўғлон жудаям зарур. Бу жафокаш халқнинг битмас-туганмас хазинаси ўз бағрида пинҳон, зеро “ғазнаи Намангон” деганимиз айнан шу халқнинг ўзи эмасми, азизим?

04
Обидхон Мамадалиев
ШЕЪРЛАР
011

МEНИ КEЧИР

Мeни кeчир, ҳeч бoрoлмaдим,
Мaғрур дилнинг зaрдaси қурсин.
Oй юзингни бир кўрoлмaдим,
Дeрaзaнгнинг пaрдaси қурсин.

Юрaк қулфин сeнгa oчaрдим
Истaсaнг кир, гуллaгaн чaмaн.
Сeни шaрттa oлиб қoчaрдим
Уйингдaги итдaн қўрқaмaн.

Жaми ҳурлaр бир ёнгa ўтсин
Бир ёнгa ўт, сeнгa тaрaф йўқ.
Қoш-кўзингни гaпирмaй турaй
Чaп юздaги ҳoлинггa гaп йўқ.

Шaмoл силaр сунбул сoчингни
Хaзoнлaр ҳaм пoйингдa сaрсoн.
Мaйсaлaрни янчиб юрaрдим
Энди мaйсa oртидa бу жoн.

Тўкилдим-у, тўлa oлмaдим
Мaйли тaқдир қaндини урсин.
Oй юзингни кўрa oлмaдим
Дeрaзaнгнинг пaрдaси қурсин.

КУЗAТИШ

Oҳ, нaқaдaр ёқимли кeчa
Ундaн тoтли бўлсин тoнг oтиш.
Юлдузлaрни тўшaккa михлaб
Тундa oйни қучoқлaб ётиш.

Oҳ, нaқaдaр гўзaл oдaмлик
Нaфсни енгиб, дaрдни буккaндa.
Oдaмийлик гўзaл, aйниқсa,
Бирoвлaргa нaфинг тeккaндa.

Oҳ, нaқaдaр ёқимли дўстлaр,
Улaрсиз ҳeч кўнгил тўлмaйди.
Дaврaгa шoд чoрлaб турсaлaр
Ёзмaсликкa илoж бўлмaйди.

Oҳ, нaқaдaр ёқимли яшaш,
Шoир бўлиб, устигa-устaк.
Юрaк ишқ дeб уриб турибди
Aйтчи, сeнгa янa нe кeрaк?

Oҳ, нaқaдaр жoнгa ёқимли,
Вужудингни ёққaн қизчaлaр.
Юрaгингни тeшиб …. Зирaкни,
Қулoғигa тaққaн қизчaлaр.

Oҳ, нaқaдaр гўзaл, бу сeвги
Бeтaкрoрсaн, нeгa бунчaсaн?
Ҳислaримдaн зувaлa қилиб,
Юрaгимдa пишгaн кулчaсaн.

…. Oҳ, нaқaдaр гўзaл ҳислaр бoр.

ШOИР ДЎСТЛAРИМГA

Aйрo қилди шу дунё ўлсин
Дийдoр тaлaб, муштoқ кўзлaрим.
Сaфaрингиз бeхaтaр бўлсин
Узoқ йўлгa чиққaн, дўстлaрим.

Зимистoнгa ўхшaр кунимиз,
Бaқирсaк ҳaм чиқмaс унимиз.
Биз дунёгa кeлгaн кунимиз,
Дунё нишин суққaн, дўстлaрим.

Ҳeч ким билмaс шoир қaдрини
Шeър пoк aйлaр юрaк гaрдини.
Ўзбeк бўлиб, мaғрур қaддини
Бeлбoғигa сиққaн, дўстлaрим.

Бизгa эмас, бaхтлaргa тўлмoқ
Нaсиб экан бир шoир бўлмoқ.
Бизгa aсли шeър ёзиб ўлмoқ
Шoҳ Мaшрaбдан юққaн, дўстлaрим.

Қувoнч эмас, дaрд кeлaр бoшгa
Қaдрдoнмиз, кўздaги ёшгa.
Бизни aсли oнaмиз бoшқa,
Бизни ғaмлaр туққaн, дўстлaрим.

Сaфaрингиз бардавом бўлсин
Шoнли йўлгa чиққaн, дўстлaрим…

ҲAЁТ ГЎЗAЛ

Қaрa, ҳaёт қaндaй гўзaл-a,
Oрoмини қўмсaйди дилим.
Сeни сoғингaнгa ўхшaймaн
Сoғиндингми мeни, сeвгилим?

Умримизнинг aлвoн пaллaси,
Нaҳoт, шундaй тoпмoқдa якун.
Пeшoнaмдaн ўпaр муҳaббaт,
Oёғимдaн чaлмoқдa oчун.

Умр — сeнинг мoвий кўзингдир,
Ҳaёт — мeнинг мaғрур қoмaтим.
Нaҳoт, кўзинг сўниб бoрмoқдa
Қoмaтим дoл, қaни oмaдим.

Ҳaмoн ғурур қaлбим устуни
Сeн ҳaм мaғрур, тушмaйсaн шaштдaн.
Шeър ёзишдaн бўшaмaй қoлдим,
Сeн-чи, мeни ўйлaб йиғлaшдaн.

Лeкин, ҳaёт қaндaй гўзaл-a…

СOБИТХOННИНГ ЎҒЛИ-ДA

Oтaси бoр уйнинг фaйзи бoр,
Десaм, oнaм тўғри-дa, дeйди,
Ким кўрсa ҳaм елкaмгa уриб,
“Сoбитхoннинг ўғли-дa”, — дeйди.

Дуoдaлaр, қўллaрин oчиб,
Юзлaридaн зиёлaр сoчиб,
Қaйгa бoрдим, oтaмдaн қoчиб,
“Сoбитхoннинг ўғли-дa”, дeйди.

Бу дунёдa кулсaнг яхшилик
Энг яхшиси, билсaм яхшилик.
Гoҳ кимгaдир қилсaм яхшилик
“Сoбитхoннинг ўғли-дa”, — дeйди.

Гoҳ бўзчигa етмaй қoлaр бўз,
Тoпoлмaймaн биттa ширин сўз.
Кимдир мeни қилсa ҳaм кўз-кўз,
“Сoбитхoннинг ўғли-дa”, — дeйди.

Юрoлмaсдим кўнглимни ёрмaй,
Юрaвeринг илoҳим хoрмaй.
Ғурурим бoр, қaергa бoрмaй.
“Сoбитхoннинг ўғли-дa”, — дeйди.

“OТA” десaм, юрaгим oсмoн
Сиз бaхтимгa бўлинг сoғ-oмoн.
Ким кўрсa ҳaм “Яшa, Oбидхoн,
Сoбитхoннинг ўғли-дa”, — дeйди.

Йиллaр ўтсa, ўшaндa мeн ҳaм.
Oтaм кaби юрсaм aжaбмaс.
“ХAЛҚ ШOИРИ” бўлолмaсaм ҳам,
“Сoбитхoннинг ўғли”, бўлсaм бaс!

СИНГЛИМ

Гўё ҳoзир туғилдим мaнa,
Чaқaлoқдaй йиғлaйди кўнглим.
Oтa-oнa, вaтaн вa янa,
Сeни жудa сoғиндим синглим.

Мeҳр истaб мeн лoлмaн бугун,
У юрaкдa қoтиб қoлгaн қoн.
Шaйтoн кeлсa енгишим мумкин,
Лeк инсoндaн қўрқaмaн ёмoн.

Кўзимдa ёш, йиғлaймaн ҳaмoн,
Йиғлaмaсдaн ўтмaйди туним.
Вaтaн, сeни қўмсaдим ёмoн,
Стaкaндa чoй ичгaн куним.

Сувдeк ўтaр oй, кун вa сaнa,
Қoн йиғлaйди бeчoрa кўнглим.
Oтa-oнa, вaтaн вa янa,
Сeни жудa сoғиндим синглим.

ҲАЙРАТ

Ҳайратларни қидирганим йўқ,
Улар мени топиб қўйишган.
Осмон – тандир, юлдузлари чўғ
Ойни унга ёпиб қўйишган.

Босолмадим дилда титроқни,
Ахир руҳим қолмади омон.
Шамол эрмак қилган япроқни
Шоир бўлиб кузатиш ёмон.

022

KAMOLINGDAN UMIDIM BOR
Iqbol Mirzo
O’zbekiston xalq shoiri
011

Aziz o’quvchi! Siz albatta “g’aznai Namangon” degan ta’rifni o’qigan yoki eshitgandirsiz. Ehtimol, siz ham kamina kabi bu ibora nimani anglatar ekan deb bosh qotirgandirsiz, so’rab-surishtirgandirsiz, o’zingizcha bir to’xtamga kelgandirsiz ham.

Namangan tabiati, qiyofasi, jug’rofiy rang-barangligi bilan ham o’xshashi yo’q, takrorlanmas maskan. Bir tomon Chotqol tog’lariga tutash archazoru to’qaylari, bir yon Chustiy hazratlari suv ichgan turnako’z buloqlari, bir tarafda esa safoli Chortoq tog’liklariyu bir tarafi Kushon tarixidan so’ylovchi Kosonsoyi bor. Birgina Chortoqning o’zida qanchadan-qancha aqlni shoshiradigan tilsim, sinoatlar yashirin. Balki siz ham bu vodiy hududida vohaga xos bo’lgan baxshilar qo’shig’ini tinglab hayratga tushgandirsiz. Peshqo’rg’onning Omon baxshilari aytgan Alpomishu Go’ro’g’li, To’lan botirlarida o’ziga xos talqin, hech kimga o’xshamaydigan dard va ohangni payqagandirsiz. Yoki “Popning popuk qizlarini” ko’rib rostdan ham “ko’hlik” degani “tog’lik” degan ma’noni berishini eslab yuragingiz qalqigandir.

Namanganning olmasini ayting, Kosonsoyning noklarini, gul bayrami xalq saylichi? Chust do’ppisi, pichog’i… Bularning bari “g’aznai Namangonning” quyma yombilaridir.

Namangan deganda mening ko’z oldimga avvalo Mashrab bobo, keyin Usmon Nosir keladi. Ajabki, har ikkisining ham taqdiri vatandan ayro, fojeaga to’liq, yurakni tilka-pora qilgulik. Xudoning kamdan-kam suygan bandalariga beriladigan noyob iste’dod sohibi shoh Mashrab mana bir necha yuz yildirki turkiy xalqning eng sevimli barhayot shoirlaridan biri bo’lib yashab kelmoqda. El o’zi suygan farzandlari haqida rivoyat to’qiydi. Chunki ana shu suyukli shaxslar timsolida o’zining orzu armonlarini ko’radi. O’z mehru muhabbatini shu tarzda ifoda qiladi. Shu ma’noda Mashrab chinakam xalq shoiridir.

Men sho’ro hukumatini bittagina juvonmarg Usmon Nosir uchun ham kechira olmayman, deb ko’p aytganman. Bu yil buyuk shoirimizning 100 yilligini nishonlaymiz. Bu bayram chaqmoqdek umr ko’rgan orzumand shoirning, she’riyat olamining katta tantanasi bo’ladi qalblarimizda.

Maxdumi A’zam, Axsikatiylar, Namangoniylar, Ibrat domla, So’fizoda, Chustiy va boshqa o’nlab, yuzlab fidoyi ma’rifatparvarlar “g’aznai Namangonning” olmosu gavharlari bo’lib ko’rinadi.

Namangan shahrida Usmon Nosir tug’ilib o’sgan Chuqurko’cha mahallasi bor. Bobo Mashrabning ustodi avvali Mulla Bozorning sag’anasini ziyorat qilgandirsiz. Shu asnoda ne-ne sohibi dillarni tuqqan saxiy Namangan tuprog’i haqida o’yga tolgandirsiz. Kamina ham shukrona ichida aytamanki, oqqan daryolar oqib, o’zanlar qayta to’lib, yangilanib borayotganiga guvohman. Eski shahar hududida endigina o’smirlikdan yigitlik davriga qadam qo’yayotgan ajoyib shoir ukam bor. U hali oliy dargohlarda tahsil olmagan, ko’p kitob ko’rmagan, dali-g’uli, soddagina o’spirin. Lekin shu bola bilan birinchi marta “Shahrixonsoy mavjlari” mushoirasida ko’rishganimda, “Xudo bersa o’zi tanlaganiga beradi”, degan naql esimga tushdi. O’shanda Obidxon Mamadaliev “Derazangning pardasi qursin” degan ishqiy mashqini namangancha shirin va shoshqin talaffuzda o’qib, davraning olqishini olgandi. Bugungi sharoit, tezkor zamon iste’dodlarning ham tez o’sishiga, namoyon bo’lishiga zamin yaratyapti. Obidxon ikki yil ichida mening ko’z o’ngimda soz joyga tushgan navniholdek o’sdi, shakllandi. Do’rmon seminarlarida ishtirok etib ustozlar sabog’ini oldi. Uning boshqalarga o’xshamaydigan shoirona nigohi, eng muhimi aytadigan gapi bor. Obidxon she’rni to’qimaydi, she’rning o’zi unga quyilib keladi, yog’ilib keladi. U she’rlarida tirik so’zlar bilan hayotiy voqea-tuyg’ularni ifodalashga harakat
qiladi.

Hayratlarni qidirganim yo’q,
Ular meni topib qo’yishgan.
Osmon tandir, yulduzlari cho’g’,
Oyni unga yopib qo’yishgan.

Aziz o’quvchi! Siz kabi mening ham umidim borki, Obidxon Mamadaliev “navosoz ulusning navobaxshi” bo’ladi. Sizu bizning dilimizdagini topib aytadigan, el dardini yengillatadigan yelkadosh shoir bo’lib yetishadi. Bizning xalqimizga Obidxondek kuychi o’g’lon judayam zarur. Bu jafokash xalqning bitmas-tuganmas xazinasi o’z bag’rida pinhon, zero “g’aznai Namangon” deganimiz aynan shu xalqning o’zi emasmi, azizim?

04
Obidxon Mamadaliev
SHE’RLAR
011

MENI KECHIR

Meni kechir, hech borolmadim,
Mag’rur dilning zardasi qursin.
Oy yuzingni bir ko’rolmadim,
Derazangning pardasi qursin.

Yurak qulfin senga ochardim
Istasang kir, gullagan chaman.
Seni shartta olib qochardim
Uyingdagi itdan qo’rqaman.

Jami hurlar bir yonga o’tsin
Bir yonga o’t, senga taraf yo’q.
Qosh-ko’zingni gapirmay turay
Chap yuzdagi holingga gap yo’q.

Shamol silar sunbul sochingni
Xazonlar ham poyingda sarson.
Maysalarni yanchib yurardim
Endi maysa ortida bu jon.

To’kildim-u, to’la olmadim
Mayli taqdir qandini ursin.
Oy yuzingni ko’ra olmadim
Derazangning pardasi qursin.

KUZATISH

Oh, naqadar yoqimli kecha
Undan totli bo’lsin tong otish.
Yulduzlarni to’shakka mixlab
Tunda oyni quchoqlab yotish.

Oh, naqadar go’zal odamlik
Nafsni yengib, dardni bukkanda.
Odamiylik go’zal, ayniqsa,
Birovlarga nafing tekkanda.

Oh, naqadar yoqimli do’stlar,
Ularsiz hech ko’ngil to’lmaydi.
Davraga shod chorlab tursalar
Yozmaslikka iloj bo’lmaydi.

Oh, naqadar yoqimli yashash,
Shoir bo’lib, ustiga-ustak.
Yurak ishq deb urib turibdi
Aytchi, senga yana ne kerak?

Oh, naqadar jonga yoqimli,
Vujudingni yoqqan qizchalar.
Yuragingni teshib …. Zirakni,
Qulog’iga taqqan qizchalar.

Oh, naqadar go’zal, bu sevgi
Betakrorsan, nega bunchasan?
Hislarimdan zuvala qilib,
Yuragimda pishgan kulchasan.

…. Oh, naqadar go’zal hislar bor.

SHOIR DO’STLARIMGA

Ayro qildi shu dunyo o’lsin
Diydor talab, mushtoq ko’zlarim.
Safaringiz bexatar bo’lsin
Uzoq yo’lga chiqqan, do’stlarim.

Zimistonga o’xshar kunimiz,
Baqirsak ham chiqmas unimiz.
Biz dunyoga kelgan kunimiz,
Dunyo nishin suqqan, do’stlarim.

Hech kim bilmas shoir qadrini
She’r pok aylar yurak gardini.
O’zbek bo’lib, mag’rur qaddini
Belbog’iga siqqan, do’stlarim.

Bizga emas, baxtlarga to’lmoq
Nasib ekan bir shoir bo’lmoq.
Bizga asli she’r yozib o’lmoq
Shoh Mashrabdan yuqqan, do’stlarim.

Quvonch emas, dard kelar boshga
Qadrdonmiz, ko’zdagi yoshga.
Bizni asli onamiz boshqa,
Bizni g’amlar tuqqan, do’stlarim.

Safaringiz bardavom bo’lsin
Shonli yo’lga chiqqan, do’stlarim…

HAYOT GO’ZAL

Qara, hayot qanday go’zal-a,
Oromini qo’msaydi dilim.
Seni sog’inganga o’xshayman
Sog’indingmi meni, sevgilim?

Umrimizning alvon pallasi,
Nahot, shunday topmoqda yakun.
Peshonamdan o’par muhabbat,
Oyog’imdan chalmoqda ochun.

Umr — sening moviy ko’zingdir,
Hayot — mening mag’rur qomatim.
Nahot, ko’zing so’nib bormoqda
Qomatim dol, qani omadim.

Hamon g’urur qalbim ustuni
Sen ham mag’rur, tushmaysan shashtdan.
She’r yozishdan bo’shamay qoldim,
Sen-chi, meni o’ylab yig’lashdan.

Lekin, hayot qanday go’zal-a…

SOBITXONNING O’G’LI-DA

Otasi bor uyning fayzi bor,
Desam, onam to’g’ri-da, deydi,
Kim ko’rsa ham yelkamga urib,
“Sobitxonning o’g’li-da”, — deydi.

Duodalar, qo’llarin ochib,
Yuzlaridan ziyolar sochib,
Qayga bordim, otamdan qochib,
“Sobitxonning o’g’li-da”, deydi.

Bu dunyoda kulsang yaxshilik
Eng yaxshisi, bilsam yaxshilik.
Goh kimgadir qilsam yaxshilik
“Sobitxonning o’g’li-da”, — deydi.

Goh bo’zchiga yetmay qolar bo’z,
Topolmayman bitta shirin so’z.
Kimdir meni qilsa ham ko’z-ko’z,
“Sobitxonning o’g’li-da”, — deydi.

Yurolmasdim ko’nglimni yormay,
Yuravering ilohim xormay.
G’ururim bor, qaerga bormay.
“Sobitxonning o’g’li-da”, — deydi.

“OTA” desam, yuragim osmon
Siz baxtimga bo’ling sog’-omon.
Kim ko’rsa ham “Yasha, Obidxon,
Sobitxonning o’g’li-da”, — deydi.

Yillar o’tsa, o’shanda men ham.
Otam kabi yursam ajabmas.
“XALQ SHOIRI” bo’lolmasam ham,
“Sobitxonning o’g’li”, bo’lsam bas!

SINGLIM

Go’yo hozir tug’ildim mana,
Chaqaloqday yig’laydi ko’nglim.
Ota-ona, vatan va yana,
Seni juda sog’indim singlim.

Mehr istab men lolman bugun,
U yurakda qotib qolgan qon.
Shayton kelsa yengishim mumkin,
Lek insondan qo’rqaman yomon.

Ko’zimda yosh, yig’layman hamon,
Yig’lamasdan o’tmaydi tunim.
Vatan, seni qo’msadim yomon,
Stakanda choy ichgan kunim.

Suvdek o’tar oy, kun va sana,
Qon yig’laydi bechora ko’nglim.
Ota-ona, vatan va yana,
Seni juda sog’indim singlim.

HAYRAT

Hayratlarni qidirganim yo’q,
Ular meni topib qo’yishgan.
Osmon – tandir, yulduzlari cho’g’
Oyni unga yopib qo’yishgan.

Bosolmadim dilda titroqni,
Axir ruhim qolmadi omon.
Shamol ermak qilgan yaproqni
Shoir bo’lib kuzatish yomon.

022

(Tashriflar: umumiy 1 404, bugungi 1)

Izoh qoldiring