Mavlono Jaloliddin Rumiy. Hikmatlar (02)

02

Румийга кўра «Ҳикматлар — Аллоҳ лашкаридур, улар Ҳақ, ҳақиқат байроғини кўтариб, кўнгулларни забт қилур». Бу эътироф Мавлоно ҳикматларига ҳам тўла тегишли. Ўйлаймизки, ушбу ҳикматларни ўқиган ҳар бир китобхон Ҳақ майидан қултумлаб, қон ва жонида ўзгача сурур уйғонишини ҳис этаркан, бунга ўзи ишонч ҳосил қилади.

09
Мавлоно Жалолиддин Румий
ҲИКМАТЛАР
Форсийдан Жамол Камол таржимаси
Олдинги қисми — Давоми
02

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ

* * *

Даҳр аро мутлақ ёмонлик йўқ, инон,
Не ёмонлик борки, нисбийдир ҳамон.

Борму заҳреким шакар, қанд бўлмагай,
Ё оёқ борму магар, банд бўлмагай.

Ул бировга пой, бировга пойбанд,
Оғу гар Тошматга ул, Эшматга қанд.

Заҳри мор гарчи илонларга ҳаёт,
Одамий жонига офатдир, мамот.

Махлуқи обийга дарё мисли боғ,
Махлуқи хокийга лекин маргу доғ.

Эй рафиқ, боққил жаҳонга бор-бор,
Буйла нисбатларни кўргайсен ҳазор.

Зайд бировлар наздида шайтон эрур,
Лек бировлар наздида султон эрур.

Ул дегайким, мўмин ичра мўмини,
Бул дегайким, кофир ул, ўлдир уни.

Битта кимса чун бировларга жинон,
Лек бировларга нуқул ранжу зиён.

Истасанг гар сенга бўлсин ул шакар,
Сен анга ошиқ бўлиб солгин назар.

Ўз қароғинг бирла кўрма хубни сен,
Кўр фақат толиб бўлиб, матлубни сен.

Сен кўзингни юм унинг олдида, бас,
Кўргали ошиқ кўзин олгил эваз.

Кўзни сен андин эваз ол, эй жигар,
Сўнгра ул сиймо сари солгил назар…

* * *

Банда ранжу ғам чекиб, дод айлагай,
Юз шикоят бирла фарёд айлагай.

Ҳақ дегайким, сенга етган ранжу дард,
Ҳаққа юзлантирди, сен бўлдинг жумард.

Боқма ул неъматга, рад этгил ани,
Ки азиз остонадин сургай сени.

Дарҳақиқат ҳар адув дармон сенга,
Кимиёву фойдаву эҳсон сенга.

Чунки душмандин қочарсен доимо,
Сўнгра истарсен басе лутфи Худо.

Дўстларингдир асли жонинг душмани,
Ҳазратингдин айру тутгайлар сени.

Барча билгайдир магар бўрсиқ деса,
Ул семиргайдир магар калтак еса.

Кўркаму зебо бўлур калтак била,
Зийрагу доно бўлур калтак била.

Нафси мўмин ҳам магар бўрсиқдир ул,
Меҳнату заҳмат ила комил бўлур.

Ул сабабдин эл аро ранжу шикаст,
Хаммадан ҳам авлиёга етди, бас.

Жонлари жонлардин авлодир магар,
Чунки кўп жабру жафолар кўрдилар.

Йўқ дема сен, рози бўлгил, эй фалон,
Гар Худойим берса кулфат ногаҳон.

Дўст балоси поклагай жонингни бот,
Илму тадбирингдин ул устун, зиёд…

* * *

Шаҳвати дунё магар гулхан эрур,
Ул сабаб ҳаммоми зуҳд равшан эрур.

Муттақийларга ўшал ўтдин сафо,
Баски, хаммом ичрадирлар доимо.

Ағниё гулханга ташлайдир тезак,
Мақсади ўтни баландроқ айламак.

Тангри бермишдир уларга ҳирси дун,
Ҳар замон ҳаммомни қиздирмоқ учун.

Ҳирсингиз ўтдир жаҳонда, эй фалон,
Ҳар ўти очгай жаҳонга юз даҳон.

Улки дер, мен молу давлат тўпладим,
Деса бўлғай, мунча ахлат тўпладим.

Офтоб кўкдин оловлар пуркагай,
Ҳар не ахлатни оловга буркагай…

* * *

Аҳли мўмин айру, иймон биттадир,
Жисму танлар мухталиф, жон биттадир.

Фаҳму жон ҳайвонда ҳам бордир неча,
Одамийнинг ақлу жони ўзгача.

Одамийлар жониким бундоқ эрур,
Ўзгадир соҳиб нафаслар жони ул.

Жони ҳайвонийда бўлмас иттиҳод,
Излама ел руҳидин сабру сабот.

Ул тановул айласа, бул тўймагай,
Унга юк орт, бунга оғир келмагай.

Балки шод бўлгай, севингай ўлса ул,
Лек ҳасад этгай, музаффар бўлса ул…

Ўзни соликларга ҳамроҳ айлагил,
Руҳи қудсийларга руҳни бойлагил.

Юз чироғинг ёнса, сўнса, сир эмас,
Айрудирларким,ягона,бир эмас.

Ул сабабдин жанг қилурмиз доимо,
Ўзаро жанг айламишму анбиё?

* * *

Ҳақ демиш: жаннатда девор борки, бас,
Бошқа деворлар каби жонсиз эмас.

Тан бинойинг эрса огоҳ хонаси,
Бўлгай ул хонанг — шаҳаншоҳ хонаси.

Ул оғочу меваю оби зилол,
Жаннат ичра сўз қотиб, сўйлар мақол.

Демаким, асбобу олат тикламиш,
Равзани аъмолу ният тикламиш.

Бул бино гар обу гилдан, мурдадир,
Ул бино тоатдин эрмиш, зиндадир.

Бул бинонинг асли -қинғирлик, халал,
Ул бинонинг аслида — илму амал.

Унда кўшку тахт ила тожу сиёб16,
Чун ўзи сўргай савол, бергай жавоб.

Гул тушакларким тўшалгайлар майин,
Хона топ-тоза, супурги тегмайин.

Тожу тахтнинг ўзи сайр этгай басе,
Куйлагай эшик ва эшик ҳалқаси.

Дил уйида ғам чу беандозадир,
Тавбадин лекин ҳамиша тозадир…

* * *

Атри бўлса, сабза гул бўлгай эди,
Ул магар бўлганда бул бўлгай эди.

Бир тарафда кўз эса, бир ёнда тил,
Ўртада йўл бор вале мингларча йил.

Бўлма маъюс, чун сахийдир осмон,
Истаса, Ҳақдин етишгай шул замон.

Қудрати бирлан етишгай сарбасар,
Кони маъданларга анжумдин асар.

Ҳақ тиларса, соя емрилгай шу тоб,
Соя не эрмиш, чиқаркан офтоб?

Пок нафасли авлиёдардин фақат,
Кўкда юлдузларга ҳам етгай мадад.

Зоҳиран гар бизга юлдузлар суянч,
Ботинан арзу самога биз таянч…

16 Сиёб — либос, кийим.


* * *
Суврат ичра олами асғар ўзинг,
Аслида лек олами акбар ўзинг.

Гар оғочдин мева тонгайдир ривож,
Мева топмоғи учун бордир оғоч.

Гар умиди бўлмасайди мева, бол,
Боғбон боғ ичра экмасди ниҳол.

Ҳазрати Одам ва жумла анбиё
Байроғим остидадир, дер Мустафо.

Суврат ичра гарчи одамзодамен,
Ҳазрати Одамга лекин отамен.

Мен туфайли сажда этмишдир малак
Юз очиб Одамга осмону фалак.

Фикри аввал топди охирда амал,
Хоса фикр эрди магар васфи азал…

* * *

Деди Пайғамбар: замона ичра мен,
Мисли тўфон ичра сузган кема мен.

Мен ва асҳобим чу Нуҳнинг кемаси,
Кимки қўл чўзса, нажотин топгуси…

Шайхга ҳамроҳсен, ёмонликдин йироқ,
Кема ичра, беомонликдин йироқ.

Шайхи жонбахшинг қаноти остида
Кемада сузмоқдадирсен, осуда.

Меҳри бирла гоҳ учиргайдир сени,
Қаҳри бирла гоҳ кўчиргайдир сени.

Қаҳрини меҳрига зид деб ўйлама,
Иккиси бир нарса, айру айлама.

Бир замон боғингни бўстон айлагай,
Бир замон дашту биёбон айлагай.

Улки кўрди, ўзга кймса кўрмади,
Кўнгли покларга келур жаннат ҳиди.

Холи тут кўнглингни ёр инкоридин,
Сўнгра райҳон уз унинг гулзоридин…

* * *

Ҳаққа, бас, бошингни индир хам бўлиб,
Юлдуз эрмас, Тангрига маҳрам бўлиб.

Маҳрам ўлсанг гар илоҳий сирга сен,
Тунда ҳам порлоқ қуёшинг кўргасен.

Пок руҳдир бори, ўзга шарҳ йуқ,
Кечаю кундузда унга фарқ йуқ.

Кун бўлур, гар кўкда ул сайрон бўлур,
Тун тугангай, кўкда гар тобон бўлур.

Зарра не эрмиш, не эрмиш офтоб?
Офтобинг аҳли ирфон ичра топ.

Офтобким, кўк аро рахшонадир,
Унга боққанлар фақат ҳайронадир.

Кўзларингга берса нур Парвардигор,
Кўкда офтоб ҳам сенга мискину хор.

Чунки Ҳақ кимёсидин етди асар,
Буғ, туманлар кўкда юлдуз бўлдилар.

Бир ажиб иксирни урди ул шу тоб,
Чикди зулматдин ярақлаб офтоб.

Буйла санъаткорки айлаб бир амал,
Чақнатиб қўйди само ичра Зуҳал.

Ўзга юлдузларки, жон гавҳарларин,
Бўйла миқёс ичра кўргин, англагин.

Тиндирар ҳиссий кўзингни офтоб,
Дийдайи Раббоний ўзга, изла, топ…

* * *

Шаих Мағрибий демишдир бўйлаким,
Кечди олтмиш, тунда тунни кўрмадим.

Етдим олтмиш ёшгаким, ҳайрат менга,
Бир замон юз очмади зулмат менга…

Сўфилар сўйлаб бу сидқи қолини,
Тунда кўрдик, дедилар, аҳволини.

Дашт аро ҳар не тиканлар ғов эди,
Ой каби олдинда ул пешров эди.

Бошини ортига бурмай, дерди ул:
Ўнг тарафга юрма, қаршингда чуқур.

Лаҳза ўтмай дерди: ўтгил ўнг томон,
Чунки йўл узра тикан бор беомон.

Кундузи ўпдик оёғин, не ажиб,
Эрди қизларнинг оёғидек латиф.

Не чақа бор эрди унда, не ғубор,
Эрди атласдек ҳафифу беғубор.

Мағрибийни машриқий этмиш Худой,
Бахш этиб мағрибга машриқдек чирой.

Нури ул шамсу шамус андоқ эрур,
Хосу омлар бошида порлоқ эрур.

Сен ўшал нур бирла юргайсен ҳамон,
Аждаҳо, каждумлар ичра соғ-омон.

Юргай олдингда ҳамиша нури пок,
Йўлни тўсганларни айлаб чок-чок…

* * *

Тожу тахтингга намунча бандасен,
Турда деб ўрним, вале пойгакдасен.

Ўз соқолингга чу етмайдир кучинг,
Шоҳсен яхши-ёмонга сен нечун?

Сенга буйсунмас, оқаргайдир ўшал,
Ҳой, такаббур, ўз соқолингдин уял.

Моликул мулк улки, бош индир анга,
Икки олам мулкини бергай сенга.

Шунда дерсан: давлат эрмас, эй Худо,
Сажда мулкини мусаллам қил манго.

Неча шоҳларким жаҳондин ўтдилар,
Бандалик завқини тотмай кетдилар.

Тотсалар Иброҳим Адҳам сингари,
Тожу тахтдин воз кечар эрди бари.

Ҳақ шу дунёни авайлаб, бир куни,
Кўзлару лабларга босди муҳрини.

Шул сабабдин ҳам шириндир тахту тож,
Аҳли дунёдин йиғарлар бож-хирож.

Бож-хирож деб тилла тўпларсен нуқул,
Сен ўларсен лек, қолур ортингда ул.

Бўлмагай жонингга иулдош мулку мол,
Зарни қўйгил, кўзларингга сурма ол.

Бу жаҳон чоҳдирки, маҳбуссен ҳали,
Сен Юсуфдек ипга чирмаш чиққали…

Болакайлар кўчада тош ўйнашар,
Тилла деб тошларни, қаттиқ сўйлашар.

Лекин орифлар кўзи — кимёйи нур,
Олтину гавҳарларингга боқмас ул…

* * *

Найчи бор эрди, чаларди дамба-дам,
Ногаҳон ел чиқди бир гал ортидан.

Ортига тутди-да найни, деди ул:
Майлига, мен пуфламай, сен пуфлагил…

Эй мусулмон, сенки истарсен адаб.
Сабр қил, гар берса озор беадаб.

Кимни кўрса ул шикоят айлагай,
Ул ёмону бул ёмон, деб сўйлагай.

Ўзига бир кун вале қайтар сўзи,
Чун ёмонлиқдир нуқул айтар сўзи.

Яхшидир ул соҳиби сабру ҳавас,
Ки ёмонлардин гапирмас, сўйламас.

Шайх сўйлар бўлса, бул- амри Худо,
На маломатдир ва на майлу ҳаво.

Йўқ шикоят эрмас ул, ислоҳи жон,
Жумла Пайғамбар-да этмишлар чунон…

* * *

Эйки, сен, Ҳақ, шаънига ургувчи дўқ,
Лашкари Ҳақ ичрадирсен, ўйла, қўрқ.

Жузви жузвинг лашкари Ҳақдир, бироқ,
Бош эгарлар сенга, этмасдан нифоқ.

Кўзларингга етса гар Ҳақ буйруғи,
Шул замон жонингни олгай оғриғи.

Тишларингга берса Оллоҳ амрини,
Не уқубатларга солгайдир сени.

Тиб китобидин ўқи бобул-илал,
Ки нечук тан лашкари айлар амал.

Лашкари деву парини қўй нари,
Бос, деса, жонларни босгай лашкари.

Ўз-ўзингга маҳлиёсен, бас, ўзинг,
Ўз-ўзинг бирлан хушу сармаст ўзинг.

Қуш ўзингсен, ов ўзингсен, дом ўзинг,
Тўр ўзингсен, ем ўзингсен, том ўзинг.

Гавҳар ўлдирки, агарда яхлит ул,
Булмаса яхлит, ўшал ноқис бўлур.

Сенки одамзодасен, гавҳарча бўл,
Жумла зурёдингни ўз жисмингда кўр.

Хумда ул неким, топилмас наҳр аро,
Уйда не улким, топилмас шаҳр аро.

Бул жаҳон-хумдир, кўнгил-наҳри ажаб
Бул жаҳон-уйдир, кўнгил-шаҳри ажаб..

* * *

Кирсак ул бутхонага, эй булҳавас,
Бизга бутлар бош эгар, биз бутгамас,


Кирди Аҳмад, кирди сўнгра Бу-Жаҳл,
Ўртада бордир тафовут, англагил.

Ул кирар, бутлар унинг олдида лош,
Бул кирар, лекин эгар бутларга бош.

Бул жаҳон-шаҳват уйи, бутхонадир,
Анбиё, кофирга бирдек хонадир.

Поклар шаҳват сўзига боқмагай,
Кондаги олтинни оташ ёқмагай.

Аҳли кофир-сохта, пок-расмона зар,
Товага ул ҳам тушар, бул ҳам тушар.

Ул тушаркан юз қаро бўлгай ҳамон,
Бул тушаркан, зарлиги бўлгай аён.

Товада олтин жимирлаб, хуш эрур,
Ўт-олов ичра яна дилкаш эрур…

* * *

Жисмимиз бир пардадирким ончунон,
Хас-хашак остида дарёдир ниҳон.

Шоҳи динга сен баланддин боқмагин,
Бўйла боқмиш эрди иблиси лаин.

Кўкда порлайдир қуёшким ярқираб,
Бир ҳовуч балчиқ-ла бўлгайму суваб?
Гарчи нодонлар қуёшга қум сочар,
Лек қуёш тузонда қолмас, юз очар.
Хас-хашак дарёни босгайму сира?
Чанг-ғубор офтобни тўсгайму сира?
Билқисо, силкит этакни шаҳвор,
Тожу тахтинг ул тўкилсин чун ғубор…

* * *

Даҳр аро ҳирсинг ёниқ оташ эрур,
Ўтга тушганда кўмир ҳам хуш эрур.

Юз қаролик оташ ичра гар ниҳон,
Ўт ёниб битганда бўлгайдир аён.

Солди ҳирсинг ул кўмирни ўт аро,
Кечди ҳирсинг, қолди лекин ул қаро.

Ул кўмирким ёнди лов-лов, яшнади,
Ҳусн эмас, оташга монанд ҳирс эди.

Ҳирс чизар қарашингда алвон манзара
Ҳирс магар битганда, ҳолинг-масхара.

* * *

Аҳли эҳсонким, саховат ичрадир,
Зар йиғиб, шоирга бўлгай мунтазир.

Молу мулк не, шеър азиздир баридин,
Чун олингайдир у денгиз қаъридин.

Одамий аввал ҳариси нон эрур,
Нон суянчиқдир танингга, қон эрур.

Айлагай юз касбу ғасбу юз ҳиял,
Нонга етгунча неча ҳирсу амал.

Нонга етгач, бошқаси даркор булур,
Энди шоир мақтовига зор бўлур.

Асли-наслин мадҳига азбар керак,
Мақтовин айтмоққа юз минбар керак.

Шуҳрати манзилма-манзил, кўйма-кўй,
Худди амбардек таратсин атру бўй.

Хулқимизни хулқига ўхшатди Ҳақ,
Васфимиз ҳам васфидин олгай сабақ.

Биру Бор мадҳу сано истар нуқул,
Одамийни ҳам яратмиш бўйла ул.

* * *

Оқил эрсанг, йиғ ҳушингни бошга сен,
Маслаҳат сол ўзга ақлу ҳушга сен.

Кўш ақл бўлса, бало бўлгай йироқ,
Авжи осмонларга қўйгунгдир оёқ…

Девки чиқмишди Сулаймон ном этиб,
Ўлкани олмоқчи бўлди ром этиб.

Кўрмиш эрди ул Сулаймон корини,
Бўйла тузмоқ бўлди иш рафторини.

Эл деди: этма қиёс, бефойдадир,
Ул Сулаймон қайдаю бул қайдадир…

* * *

Юрма нафсинг ортидин, эй тумтароқ,
Боғ эмас, бошлар мозорга қарға-зоғ.

Гар борарсен, бор кўнгил анқойига,
Кўҳи Қофу масжиди Ақсойига.

Ҳар нафас ўсмоқда савдойингда гул,
Гуркирар масжиди Ақсойингда ул.

Чун Сулаймон сўр унинг аҳволини,
Босма ногоҳ, тафтиш айла ҳолини.

Эътибор бирлан назар солсанг анга,
Шул замин асрорини сўйлар сенга.

Ул қамишдирму ва ё шаккармикан?
Ҳар заминга таржимондир ўт-ўлан.

Бас, кўнгил саҳнида фикринг гуркирар,
Ҳам кўнгил розини очгайдир улар.

* * *

Суфиким ул боғда ўлтирмиш эди,
Тиззасига бошини қўймиш эди.

Бўйла ғарқ, этмишди кўнгил тўлқини,
Ухламиш, деб биттаси туртди уни.

Нега ухлайсен.деди, атрофга боқ,
Не оғочлардир, не анво боғу роғ.

Ҳақ ўзи амр айламишдир: анзару,
Боқ, демиш асрори раҳматларга у.

Деди: Ҳақ осори-дилдир, булҳавас,
Бошқа осорлар унинг осори,бас.

Жондадир боғу чаманларнинг бари,
Кўрганинг бул-сувда акс этганлари.

Кўрганинг бул-сувда акс этган хаёл,
Титрагай, мавж урса ул оби зилол.

Мевалар, боғлар бари кўнгилдадир,
Суврати дунёда-обу гилдадир.

Бўлмасайди суврати сарву сурур,
Номини айтгаймиди: дорулғурур.

Бу хаёл кўнгил элининг аксидир,
Авлиё жону дилининг аксидир.

Жумла келганлар кўраркан, алданар,
Дейдиларким, бунда жаннатдир магар.

Ҳам асл боғдин қочарлар юз буриб,
Хор этарлар гоҳ мазаммат ҳам қилиб.

Баски ғафлат уйқуси топгай басар,
Чинни кўргайлар, ва лекин не самар?

Ул сабабдандирки, қабристон аро
То қиёмат янграгай: во ҳасрато!..

Бахтиёр улдирки, ўлмай ўлди Ул.
Бул асл боғдин насиба олди ул…

* * *

Чун Сулаймон тинглади, билди магар,
Ки ажал келмиш, яқинлашмиш сафар.

Деди: то бормен, шу масжиди замон,
Кўрмагай офат ва тургайдир омон.

То тирикмен, муддаойинг ўтмагай,
Масжиди Ақсога офат етмагай.

Тутса юз йўқликка бору будимиз,
Сўнг йиқилгайдир магар масжидимиз.

Масжидинг-кўнгил, танинг — сожид анга,
Ул ёмон дўст харруби собит анга.


Дўстки нодўст бўлди, кўнгил бойлама,
Қоч нари, сўзлашма, суҳбат айлама.

Юл томирдин ҳам улоқтиргил шитоб,
Йўқса масжидингни этгайдир хароб.

Ошиқо, харрубинг ўсмишдир бу дам,
Ёш гўдакдек эгри ташлайсен қадам. . .

Ўзни мужрим бил, гуноҳкор ўйла, бас,
Йўқса, юз бургай ўшал устози дарс.

Айтки, жоҳилмен, менга бергил сабоқ,
Бўйла инсоф номусингдин яхшироқ.

Энг буюк бобонгдин ўргангил, тамом,
Раббано, деди, заламно, вассалом.

Сўзни чайнаб, бир баҳона этмади,
Макру ҳийла туғини юксалтмади.

* * *

Бадгуҳарга 17 илму фан ўргатганинг,
Йўлтўсар илкига ханжар тутганинг.
Маст-аласт занжийга шамшир бер, бали,
Илму ирфон берма нокасга вале.
Илму молу мансабу жоҳу қирон
Бадгуҳарлар илкига тушса, ёмон.
Телбага тиғ-ақлу инсофдин эмас,
Тиғни олмоқлик эрур мўминга фарз.
Жони мажнундир, тани шамшир бўлиб,
Телбадин шамширини олгин юлиб.
Маст этар жоҳилни мансаб, симу зар,
Юз арслон ҳам қутирмас мунчалар.
Вақту фурсатни қулай топган замон,
Судралиб чиққай инидин ҳар илон.
Жумла саҳро мору каждумга тўлур,
Битта жоҳил кимса гар подшо бўлур.
Молу мансаб тегса нокасга, ёмон,
Ҳар нафас расволик айлар бегумон.
Ё карам, эҳсон йўлини бойлагай,
Ё сочиб олтинни, исроф айлагай.
Шоҳни вазир хонасига қўндирар,
Улки жоҳил, ишни бундоқ дўндирар.
Тахтки гумроҳ илкига тушса, тамом,
Симу зар чоҳ қаърига тушгай ҳамон.
Иўлни билмас йўлни кўрсатгайму ҳеч?
Ёндирар борлиқ-жаҳонни эрта-кеч.
Ёш бола пирлик этарму, ўйлаким,
Эргашиб борган бўлур шайтонга ем.
Кел бери, дер, ойни кўрсатгум сенга,
Ойни кўрмоқму насиб этгай анга?
Кўрмагансен сувда бир бор аксини,
Бас, нетиб кўкларда кўрсатгунг ани?
Улки ахмоқ, шоҳ бўлиб солгай ваҳим,
Оқилу доно турар бир четда жим.

17 Бадгуҳар — зоти паст.

* * *

Ул ҳадисда дедиким, Яздону ҳу
Халқи оламни яратди уч гуруҳ.
Бир гуруҳда жумла ақлу илму жуд,
Ул малаклардир, фақат айлар сужуд.
Йўқ уларда заррача ҳирсу ҳаво,
Нури мутлақдир улар, ишқи Худо.
Бир гуруҳ борким, улар ҳайвонсифат,
Еб-ичиб, ухлаб, семиргайлар фақат.
Билгани ёлғиз емишдир, ўт-алаф,
Билмагайлар на шақоват, на шараф…
Бор учинчи бир гуруҳ-қавми башар,
Ярми инсон, ярмиси эшшак магар.
Ярмиси фикру ақлнинг мойили,
Ярмиси ҳирсу жаҳлнинг мойили.
Йўқ ўшал икки гуруҳда ихтилоф,
Лек башар қавми аро жангу азоб.
Одамийлар учта уммат бўлдилар,
Имтиҳон бермоқ учун айрилдилар.

* * *

Бир фақирким салласин бойлаб эди.
Салла ичра бир бало жойлаб эди…
Токи ул масжидга кирган палласи,
Ажралиб турсин баҳайбат салласи.
Латта-лутта, ҳар нечук қийқим, қуроқ —
Солмиш эрди, то кўрингай каттароқ.
Зоҳиран гар жаннатул анво эди,
Лек мунофиқдек ичи расво эди.
Парча-пурча ҳар нечук эски матоҳ,
Барчаси эрди буюк дасторга жо…
Мадраса сори йўл олди эрталаб,
Эрди мундоқ шуҳрату обрўталаб.
Йўлда лекин йўлтўсар ҳозир эди,
Йўлтўсарлик бобида моҳир эди.
Юлди-қочди бошидин дасторини,
Шул йўсин бўлди битирмоқ корини.
Лек фақиҳ қичқирди: аввал кўр очиб,
Майли, сўнг бир ёққа кетгайсен қочиб
Қўшқанот бойлаб учарсен не бало,
Олганингни бир очиб кўр аввало.
Оч-да, сийпаб кўр қўлинг-ла бемалол,
Сўнгра ол, майли, сенга этдим ҳалол.
Ўғри ул дасторни очди бир маҳал,
Ҳар тараф сочилди латта-лутталар.
Сочилиб ул жумла кўзи ўнгида,
Тўрт қарич бир нарса қолди сўнггида.
Ўғри жаҳл ичра улоқтирди ани,
Деди: эй маккор, адо қилдинг мани…

* * *

Ул табибларким, баданларга табиб,
Ҳар не дардинг эрса, билгайлар боқиб.
Сийдигингни текшириб, ҳолинг нечук,
Айтишар авзою аҳволинг нечук. . .
Тадқиқ этгайлар томирга қўл уриб,
Дам-нафас ҳам ранги рўйингни кўриб.
Лек табиблар бор илоҳийким чунон,
Бир боқиб, ҳолингни кўргайлар аён.
Гар томир, кўзларга урмаслар илик,
Зоҳир этгайлар вале юз хасталик.
Ул табиблар ёш ва ўргамчик магар,
Ҳар касалга бир нишона ахтарар.
Бул табиблар эрса чин, комил табиб,
Ич-ичинг тадқиқ этарлар, эй ҳабиб.
Сен ҳали дунёга келмасдан ҳамон,
Ҳолу аҳволингни этмишлар баён..

* * *

Шул ёруғ олам, шу осмон бирла ер,
Ҳақ оғочида етишган олмадир.
Сен шу олма ичра қуртдирсен магар,
Ул дарахту боғбондин бехабар…
Лекин ул қуртлар аро бор ўзга ҳам,
Жонни байроқ айлаган, соҳиб алам.
Олмани ёргай у, ортиқ турмагай,
Олма пўсти унга бардош бермагай.
Пардаларни йиртиб ул, этгай адо,
Суврати қуртдир, ўзи лек аждаҳо.
Аввало учқун темирдин сачрагай,
Ташқари дунёга сўнгра учрагай.
Пахта бўлгай дояси, лек бари бир,
Ёғдириб ёлқин, уни айлар асир.
Одамий гар уйқу, овқат бирла банд,
Оқибатда лек малойикдин баланд.
Пахтаю гугурт мадад айларса то,
Шуъласи етгай заминдин то Суҳо.
Одамий зулматни равшан айлагай,
Дашту саҳроларни гулшан айлагай…

* * *

Бўлса ҳамдам неча дўст, равшан сенга,
Гарчи гулхандир, ўшал гулшан сенга.
Ҳамнишин эрса агарда душманинг,
Гулшан ичра гулхан эрмиш масканинг.
Дўстга озор берма, ман-ман этмагил,
Берма қўлдин, дўстни душман этмагил.
Халққа эҳсон айла Раҳмонинг учун,
Азбаройи роҳати жонинг учун.
Дўстга доим дўст дебон солгил назар,
Кийнадин келтирма кўнглигга зарар.
Улки душман, қоч нари, парҳез ила,
Маслаҳат қил ёри меҳрангез ила…

* * *

Ақлу идрок ёшда эрмас, бошдадир,
Соч-соқол оқига боқма, эй ўғил.
Борму иблисдан-да кекса бир улуғ,
Ёши кекса, лек зиғирча ақли йўқ.
Ёш бола учрар гаҳи Исо нафас,
Кўнглига ётдир ғурур бирлан ҳавас.
Соч-соқол оқи ақлданмас нишон,
Бўйла, деб баъзида ўйлайдир авом.
Ул муқаллид доимо излар далил,
Бир аломат ахтариб, бўлгай сабил.
Истасанг бир ишни сен, тадбир топ,
Раҳнамо ахтар ўзингга, пир топ.
Улки тақлиддан қутилмиш, тут ани,
Нури Хақ бирла кўрар ул жумлани.
Нури поки бедалилу бебаён,
Ҳар не эрса, баски этгайдир аён.
Улки зоҳирбин пучакни чин демиш,
Қайдин ул билгай, саватда не эмиш.
Неча олтин бор, тутунлардин қаро,
Ки биров қўл чўзмасин деб эл аро.
Неча мис ҳам борки, ул заррин ниқоб,
Акди қосирлар кўриб, айлар тавоб.
Бизки ботинни кўрармиз ҳар нафас,
Дилни кўргаймиз, вале зоҳирнимас…

* * *

Жаҳд қил, то пийри ақлу дин бўл,
Ақли Куллдек сен-да ботинбин бўл.
Ақли зебо очди юз, хуллас калом,
Тангри тўн кийдирди, берди мингта ном…
Камтарин номи не эрмиш, хуш нафас,
Бўйлаким, ҳеч кимсага муҳтож эмас.
Ақл юз очса жаҳон кўзгусида,
Тийра эрмиш кун унинг ўтрусида.
Лекин ахмоқлик агар зоҳир эрур,
Олдида тун зулмати равшан турур.
Ул қаро тундин қоронғудир, қаро,
Шабпарак учгай ўшал зулмат аро.
Андак-андак нурга этгил иштиёқ,
Йўқса, хуффошдек қолурсен бечироқ.
Улки севгай тунни, хуффош бил ани,
Ҳар қачон шаъму чироқдир душмани…

* * *

Оқил ул бўлгайки, машъал бирла ул,
Неча карвон аҳлига йўл кўрсатур.
Пайрави нури Худодир, пешров,
Элни бошлаб, ўзни этмишдир гаров.
Сизга келтирмиш у иймони ҳаёт,
Нури жонига этингиз эътиқод.
Ул ярим оқил кишидир бўйлаким,
Кўз билиб оқилни, маҳкам тутса ким.
Кўр киши бир бора тутгандек далил,
Тутмиш ул, шундан магар чусту жалил.
Кўр анув эшшакниким, ул не эмиш,
Ақли йўқ, оқил йўлига юрмамиш.
Йўли йўқдир бир тараф юрмоққа, ҳай,
Раҳнамоси бошласа, эргашмагай…

* * *

Сен таҳорат айласанг фурсат аро,
Айла ҳар узвингга айру бир дуо.
Сувниким бурнингга олгайсен, жўра,
Сен Худодин бўйи жаннатни сўра.
Атри гул бошлар сени сўйи жинон,
Атри гул эрмиш далили бўстон.
Сен таҳорат айлаганда сўйлагил,
Сўйлагил, ё Раб, мени пок айлагил.
Эт-бетимни покладим, Парвардигор,
Жонни поклашга танимда йўқ мадор.
Неча нокасларга сен этдинг карам,
Чўз қўлингни энди шул жонларга ҳам.
Мунча қилдим, менку ноқисмен, лаим,
Қолганин этгил адо, эй мустақим.
Покладим чангу ғубордин пўстни,
Поклагил чангу ғубордин дўстни…

* * *

Артиниб дерди биров: Парвардигор,
Сен қулингга атри жаннатни юбор.
Бир азиз тинглаб дедиким, эй ғулом,
Сен тешикларни адаштирдинг тамом.
Чун бурун поклашда айтурлар уни,
Сен кетинг артганда айтурсан буни.
Бас, бурун бирлан чекарлар бўйи гул,
Гар чекар бўлсанг кетингдин, йўқ бўлур
Эй такаббурлик этиб шоҳ олдида,
Бош эгарсен мунча гумроҳ олдида?
Хору хасга эт такаббурликни, ҳай,
Аксини этсанг, ишинг ўнгланмагай.
Ўйлаким, бурнинг учундир атри гул,
Гул учундир ҳам думоғинг, бурнинг ул.
Атри гулни тортасен бурнинг била,
Атри гул чунки чекилмас кет ила.
Ул тарафдин атри хулд келгаймикин?
Баски, истарсен, қидир ўз жойидин.
Бўйлаким, ҳуббул ватан эрмиш раво,
Сен вале билгил ватанни аввало…

* * *

Тўрга тушди қушча, бўлди банди дом,
Деди ул овчига: эй Хўжа Ҳумом,
Қўй, ҳўкизларни егансен қанчалар,
Тевалар ҳам бўлди қурбон нечалар.
Шунчалар единг уларни, тўймадинг,
Мен каби бир қушчага тўйгаймидинг?
Қўй мени, уч маслаҳат бергум сенга,
Зийрагу нодонлигимни айт менга.
Аввалин дерман қўлингда ўлтириб,
Сўнграси дерман анув томдан туриб.
Сўнггисин дерман макон айлаб дарахт,
Уч ўгит бирлан бўлурсен некбахт.
Айтди сўнг илк маслаҳатни қуш ҳамон;
Бўлмас ишга бовар этма ҳеч қачон…
Овчи озод қўйди қушни, ошига,
Қуш учиб, қўнди баланд том бошига.
Деди: асло ўтган ишга ғам ема,
Чекма ҳасрат, ўтмаганни кам дема…
Сўнг деди: эй хўжа, қорнимда маним,
Ўн дирам тош бор, магар дурри ятим.
Сенга ҳам, фарзандларингга етгулик,
Гавҳар эрди, элга кўз-кўз этгулик.
Толеинг ёр бўлмади, кўргил буни,
Бир йўла қўлдан бериб қўйдинг уни.
Хўжа оҳ чекди, юракни тиғлади,
Худди дард тутган хотиндек йиғлади.
Қуш деди: ҳой, хўжа, йиғларсен нега?
Ўтган ишга куйма, деб айтдим сенга.
Ўтган ишга шунчалар йиғлармисен,
Ё магар фаҳм этмадингми, кармисен?
Кўрган эрдим сенга боз пандимни эп,
Бўлмас ишга учма, бовар этма деб.
Уч дирам келмас шу вазним ё келур,
Ўн дирам тош унга қандоқ жо бўлур?
Хўжа ҳушёр тортди, артди ёшини,
Сўрди қушдин сўнгги бир кенгошини.
Қуш деди: балли, амал этдинг тайин,
Энди сўнгги маслаҳатни айтайин.
Сўйламоқ жоҳилга ҳикмат, йўл-йўруғ,
Ҳудди шўрхок ерга эккандек уруғ.
Жоҳил узган ип уланмас, бойлама,
Сўйлама ҳикматни, зое айлама…

* * *

Айт, қачон ким бир залолат этмади,
Ортидин унга маломат етмади?
Айт, қачон бир эзгуликка осмон,
Бермади лойиқ насибу армуғон?
Оч кўзингни, боқ, нечук эрмиш ишинг,
Ки жавобсиз қолмагай бир қилмишинг
Ипга чирмашсанг, етишгай давлати,
Қолмагай сенга қиёмат ҳожати.
Ким магар рамзу ишорат англагай,
Ошкоро сўзга ҳожат қолмагай…

* * *

Борлиғинг тийра темир эрмиш тамом,
Унга сайқал бер-да, сайқал бер мудом.
То кўнгил ойина бўлсин, жилвагар,
Ҳар нафас акс этсин унда бир гўзал.
Ул темирким тийраву бенур эди,
Топди сайқал, ёнди ял-ял, чақнади.
Энди нур ўйнаб, юзида рақс этар,
Энди сувратлар дамо-дам акс этар.
Гар тани хокинг ғализдир, тийрадир,
Унга сайқал берки, сайқал истар ул.
Олами ғайб суврати, ҳуру малак,
Жилва этсин унда чун ойинадак.
Нурга тўлсин дил, ёришсин деб варақ,
Уйлаким, ақлингга сайқал берди Ҳақ…

* * *

Эътироз этма, етар деб, эй фалон,
Тавба эшиги очиқдир ҳар қачон.
Жаннат ичра жониби мағрибда ул,
Ланг очиқ тургай қиёматга довур.
Токи мағрибдин кўринмас офтоб,
Ланг очиқ тургай ҳамиша, қил шитоб.
Бир эмас, саккизта жаннат қопқаси,
Тавба эшиги аталмиш биттаси.
Ул эшиклар гоҳ очиқдир, гоҳи берк,
Тавба эшиги бекилмайдир ва лек.
Ул сари бормоққа ўзни шайлагил,
Сен ҳасад этгувчини кўр айлагил…

* * *

Деди Мусо: сен қабул эт бирни, бас,
Сўнггида тўрт нарса олгайсен эваз.
Деди Фиръавн: не эрмиш ул биринг,
Сўйла равшанроқ, аён этгил сиринг.
Деди Мусо: бир, дебон айт ошкор,
Ки Худодин ўзга йўқ Парвардигор.
Ул яратмиш ерни, осмонларни ҳам,
Жумла инсонларни, шайтонларни ҳам
Барчасин-дарёву дашту тоғу қир,
Ҳақ яратмиш, ул Худойи беназир.
Деди Фиръавн: магар тўртингни айт,
Бирма-бир бергил изоҳинг, айла қайд.

* * *

Деди Мусо: сўйласам аввал нисор,
Сиҳҳатинг бўлгай танингда пойдор.
Ҳар не иллатларки, солгайлар каманд,
Бўлгуси сендин йироқ, эй аржуманд.
Сўнгра кўргайсен басе умри дароз,
Ки ажалумрингга этмас эътироз.
Ҳам насиб ўлгай сенга андоқ ҳаёт,
Кетмагайсен бу жаҳондин бемурод.
Чун гўдак сут истагандек ҳар замон,
Сен ўлимга талгшнурсен, эй фалон…

* * *

Ҳақ учун сув бўлса кўнглинг, аржуманд,
Икки олам сенга бўлгайдир чаман.
Ғафлатинг ҳам балки ҳикматдир.бали,
Неча фурсат ул давом этгай вале?
Ғафлатинг-ҳикмат, ҳамоно кечмагай,
Боқки, сармоянг қўлингдин учмагай.
Бўл ҳазир, умри узоққа кетмасин,
Жон ила ақлингни ранжур этмасин.
Кимки топгай бўйла бир бозорни,
Гул бериб, олгай ўшал гулзорни.
Новда берган кимса ўрмон олгуси,
Дона берган кимса хирмон олгуси.
Кимки, Оллоҳим, демишдир ҳар куни,
Оқибат, бандам, дегай Оллоҳ уни…

* * *

Келди она Муртазонинг қошига,
Деди: ёрдам бер, болам том бошида.
Неча бор йиғлаб чақирдим: ҳой, ўғил,
Боқмади, ногоҳ йиқилгай пастга ул.
Оқил эрмаским, сўзимни тингласа,
Қобил эрмаским, хатарни англаса.
Қўлларим силкиб, ишорат айладим,
Кел, дедим, қошимга, қанча имладим.
Кўрсатиб кўксим, келар деб ҳар тугул,
Эм, десам, мендин ўгирди юзни ул.
Азбаройи Ҳақ мадад бер, меҳрибон,
Сен суянчим ул жаҳону бул жаҳон.
Дардга дармон айла, ечгил мушкулим,
Хавф-хавотир ичра титрайдир дилим.
Муртазо бурди аёлга бошини,
Томга опчиққил, деди, тенгдошини.
Шунда ўғлинг новадонни тарк этар,
Жинс деган жинсин ҳамиша жазб этар
Бўйла қилди она, тенгдошин кўриб,
Боласи ўгрилди, боқди термулиб.
Сўнгра тарнов бошини тарк этди ул,
Жинс борким, жинсига жозиб эрур.
Умтилиб келди гўдакнинг ёнига,
Шул йўсин етди омонлик жонига.
Бас, набийлар ҳам бари жинси башар,
Одамийни новадондин чекдилар.
Дедиларким, жинсингизданмен, келинг,
Эргашиб, ўзни балодин қутқаринг.
Жинсиятким мунчалар жозиб эрур,
Жинс ҳар дам жинсига толиб эрур…

* * *

Дўзах айтур: мўмино, ўтгил шитоб,
Чунки нурингдин менинг ҳолим хароб.
Нури иймонинг кўзимни тиндирар,
Ўтларим, оташларимни сўндирар.
Дўзахий нурдин қочармиш, эй санам,
Дўзах эрмиш дўзахийнинг таъби ҳам.
Боқки, дўзах аҳли мўминдин қочар.
Аҳли мўмин ҳам магар андин қочар.
Жинси оташдин эмасдир, айридир,
Кимки нур истар, муҳаббат хайлидир.
Бор ҳадиским, мўмин айлармиш дуо:
Дўзахингни тут йироқ мендин, Худо.
Дўзах ҳам дермишки, Оллоҳи ғани,
Аҳли мўминдин йироқ тутгил мани.
Жинсият жозибаси не, англагин,
Икки йўл қаршингда тургай: куфру дин.
Қўлласанг Ҳомонни, ҳомоний ўзинг,
Қўлласанг Мусони, субҳоний ўзинг.
Эрса гар руҳингда мавжуд ақлу нафс,
Ақл ила нафсинг курашгай басма-бас.
Оч кўзингни.ўзни андоқ шайлагил,
Маънини сувратга ғолиб айлагил…

* * *

Сен синиқ бўлким, синиқликда нажот,
Сен фақир бўлким, фақирликда ҳаёт.
Тоғ маскан эрди маъданларга чин,
Пора-пора бўлди кирка зарбидин.
Тиғ магар кесгай бўйинни, бу аниқ,
Ерда ётган сояни кесгайму тиғ?
Гердайиш — ўтдир, оловдир сен учун,
Сен ўзингни ўтга отгайсен нечун?
Ўқни кўр, ерда хатарсиз ухлагай,
Бош кўтарса, бир балога учрагай.
Бош кўтарса, унга учрайдир тўсиқ,
Ўқ бўлур ул, чорасиз қолганда ўқ.
Боқки, манманликда бир нарвон эмиш,
Эл чиқиб нарвонга, кўп сарсон эмиш.
Улки нодон интилур юксакка, бас,
Билмагай, юксакда юксакдир шикаст.
Заррадирким, юксалиб сарсон бўлур,
Ул магарким ширкати Яздон бўлур.
То ўлиб, Ҳақдин тирилмассен яна,
Ўзни Ҳақ мулкига шерикман, дема…

* * *

Тўпланиб неча амирлар келдилар,
Ҳам Расулиллоҳга даъво қилдилар.
Дедилар: сен ҳам амир, биз ҳам амир,
Ол улушни, бизга доғи ҳисса бер.
Рози бўлсин барча, сен ҳам рози бўл,
Ўзгалар мулкига лекин чўзма қўл…
Мустафо деди: мени Ҳақ сайламиш,
Мулк бериб, ул амри мутлақ сайламиш.
Бул — Муҳаммад Мустафонинг давридир,
Бўйсунинг амрига, Оллоҳ амридир…
Дедиларким, бизга ҳам — лутфи қазо,
Бизга ҳам бермиш амирликни Худо.
Деди: менга мангу давлат берди ул,
Бергани сизга муваққат эрди ул.
Менга мулк берганда берди бешикаст,
Сизга берган мулкига етгай шикаст…
Дедиларким, устун эрмассен, амир,
Устун эрсанг, бир далилинг бормидир ?
Шул замон Ҳақ амри бирлан эсди ел,
Бир булут чиқди самога, қуйди сел.
Қуйди сел, оқди шаҳарга юз тутиб,
Қочдилар мардум ҳама фарёд этиб.
Мустафо дедики, вақти имтиҳон,
Келди, диллардин таралгайдир гумон.
Ул амирлар найзаларни отдилар,
Селни тўхтатмоққа чун азм этдилар.
Найзасин отди Муҳаммад Мустафо,
Найза эрди мўъжизу фармонраво.
Найзалар ул жумла сувга ботдилар,
Бир сомон чўпдек кўринмай кетдилар.
Қолди сув узра Муҳаммад найзаси,
Ларзага солмишди сувни ларзаси.
Ул туфайли тинди, таққа турди сел,
Сўнг шаҳардин бошқа ёққа юрди сел.
Ул амирларким бу ишни кўрдилар,
Қўрқув ичра бош эгиб, жим турдилар.
Мустафога уч киши тан бермади,
Ул сеҳргар, ҳам жуҳуд, коҳин эди.
Ҳақдин айру давлат эрмишдир заиф,
Тангри берган давлатинг бўлгай шариф

* * *

Бир минора борму оламда нишон,
Ки биров мункирни айтгай ҳақ дебон?
Борму бир минбарки, бир воиз атай
Исмин айтиб, хотирни ёд айлагай?
Боқ, кумуш, зар узра кимнинг номлари,
То қиёмат ҳақ эрур аҳкомлари.
Подшолар номи балким ўзгарур,
Мустафонинг номи ўзгармас, турур.
Бир кумуш, олтинни кўрсатгил менга,
Ки битилмиш номи бир мункир анга…
Мўъжиза эрмас фалакда офтоб,
Мўъжиза-оламда ул уммул-китоб.
Битта сўз олмоққа кимда иқтидор?
Ёки сўз қўшмоққа кимнинг ҳадди бор?

* * *

Борму бир наққош, умр бахш айлагай,
Бир ниятни кўзламай, нақш айлагай?
Жумла меҳмонларни нақшим гуллари,
Хуш этар, деб чайқалур орзулари.
Ул чизаркан, дўсту ёрин ёд этар,
Кексаю ёшу ялангни шод этар.
Кўзагар кўза ясаркан доимо,
Сув солишни айламасму муддао?
Косагар коса ясаркан ҳар куни,
Шунчаки эрмакка айларми уни?
Хат битиб хаттот, бекор эрмас фаним,
Ки ўқилгай, дейди, бир кун ёзганим.
Нақши зоҳир нақши ғойибдин хабар,
Сўнгра ғойиб ортидин ғойиб келар.
Ортидин келгай учинчи, ғолибо,
Сўнгра тўртинчи, ўнинчи, ҳоказо.
Бўйлаким, шатранж уйинни эслатур,
Ҳар ўйиндин айрича бир фойдадир.
Ул ўйиндин мақсад эрди бул ўйин,
Бул ўйиндин ўзга истиғно тайин.
Не жиҳатлар ичра бордир не жиҳот,
Ўйнагайлар то ўйин бўлгунча мот,
Аввали иккинчига очқич эди,
Бул бирига ул бири босқич эди.
Бир ўтиб, иккинчи битса, уч келар,
Поя-поя томга етгайсен магар.

* * *

Ҳақ агарчи бош қимирлатмас сенга,
Эътиборин айлагай пайваст сенга.
Завқу шавқ кўнглингда қўзғатгай чунон,
Оқибат жунбушга тушгай ақлу жон.
Сен ақлга хизмат айла, ижтиҳод,
Ул сенга йўл кўрсатур — роҳи рашод.
Ҳақ агар зоҳирда кўрсатмас ани,
Лек улусга айлагай сарвар сени.
Ҳақ сенга бергай ажаб сирри ниҳон,
Ер ўпар олдингда шул аҳли жаҳон
Тошга Ҳақ лутф этди, дилбар бўлди ул,
Элга ноёбу азиз зар бўлди ул.
Қатра сув ҳам топди ногоҳ лутфи Ҳақ,
Бўлди гавҳар, берди тиллога сабақ.
Тан магар Ҳақ лутфи бирлан тўлгуси,
Ул-да ой янглиғ жоҳонгир бўлгуси.

* * *

Деди: эй доно, мурувват айлагил,
Бир нақл Ҳақ ҳайратидин сўйлагил.
Деди: уч юз йил аролиқ дашт аро
Тоғ-тоғ қорларни ёғдирди Илоҳ.
Ҳар тараф қор эрди андоқ беадад,
Ҳар замон етгайди осмондин мадад.
Бас чўкар эрди яна тоғ узра тоғ,
Сингишиб қаъри заминга бесаноқ.
Тоғ уза тоғлар тушар эрди нуқул,
Кўк эмас, омбори Ҳақдин эрди ул.
Гар мурувват этмасайди бўйла шоҳ,
Бизни дўзах ўти айларди адо.
Ахди ғофил — тоғ-тоғ қордир басег
Ёнмагай то ахди оқил пардаси.
Жаҳл қор ёғдирмасайди беҳисоб,
Шавқ ўти бирлан ёнарди Кўҳи Қоф.
Оташ ул қаҳри Худодин заррадир,
Нобакорни қўрқитувға даррадир.
Қаҳри Ҳақники кўрарсен, чун эрур,
Лутфи лекин қаҳридин устун эрур.
Боқ бу устунлик нечук, эй муҳтарам,
Баски кўрдинг остину устунни ҳам.
Кўрмасанг, ақлинг магарким паст эмиш,
Ақли халқ — хирмони Ҳақдин хас эмиш.

* * *

Шоҳ Ҳусомиддинки, юлдуз, тоза нур,
Бизни бешинчи сафарга бошлаюр.
Эй Зиёулҳақ, Ҳусомиддини жон,
Эйки устодларга устоди замон,
Халқ бу янглиғ пардаларга бурканиб,
Бўлмасайди шунчалар тору заиф,
Мадҳинг айтиб, мен гуҳар сочгай эдим,
Ўзга мақтовларга лаб очгай эдим.
Саъвага сингмайди лочин луқмаси,
Мой ила сувни қўшармиз хулласи.
Ҳайф, зиндонийга айтсам мен ани,
Аҳли руҳонийга сўйлармен сени.
Мақтовингни хушламас аҳли жаҳон,
Рози ишқдек дилда сақлармен ниҳон.
Мадҳ — таърифдир, магар очмоқ ҳижоб,
Мадҳу таърифдин баланддир офтоб.
Кунни мақтаб, кимса ўзни мақтагай,
Кунни кўрган кўзларим равшан, дегай.
Гар қуёшга таъна-дашном этса эр,
Кўзларим кўрдир, кўролмас, тийра, дер.
Ким ҳасад этгай қуёшга, қўй уни,
Гар қуёши битса, ўттайму куни?
Офтобни бенишон этгайму ул?
Сўндириб, кўздин ниҳон этгаиму ул?
Шуъласин этгайму ёхуд зарра кам?
Жилдирарму ўрнидин ё зарра ҳам?
Бас, буюкларга ҳасад этгай киши,
Бир ҳалокат чоҳига кетгай киши…

* * *

Сен замон ичра Халилдирсен ҳануз,
Йўлтўсар тўрт қушни ушла, бошин уз.
Ҳар бири оқилга сўйлаб нақлини,
Худди қузғундек чўқийдир ақлини.
Тандаги тўрт хўй — Халилнинг қушлари,
Кес уларни, айла жонингдин нари.
Эй Халил, қушларни сўйла рўй рост,
Боғу банддин эт оёқларни халос.
Кул ўзингсен, бошқалар жузвинг сенинг
Еч оёқларни, оёқлар ҳам сенинг,
Жумла олам руҳзор бўлгай сенга,
Неча минг лашкар савор бўлгай сенга.
Шул бадан эрмиш мақоми тўрт хў,
Феълу хўйинг тўрт қушдир, фитнажў.
Ҳалққа гар истар эсанг умри абад,
Тўртта шумнинг бошини уз беғалат.
Сўнг тирилтиргил-да, бергил болу тар,
Келмагай токи улардин бир зарар.
Маънавий тўрт қушки, маъшум, роҳзан,
Халқ дилу жонида тутмишлар ватан.
Баски диллар шоҳидирсен, соҳиби,
Баски сен Ҳақнинг халифи, ноиби.
Тўртта қушнинг бошини узгил басе,
Жумла халқнинг умрини чўзгил басе.
Чун улар ғоздир, товус, зоғу, хўроз,
Нафс аро ҳар лаҳза бергайлар овоз.
Ғоз — ҳисдирким, хўроз — шаҳват эрур,
Гар товус — жоҳ эрса, зоғ — ният эрур.
Зоғ истар, ўлмаса ҳеч, турса боз,
Ул тамаҳ айлайди чун умри дароз.
Ғоз ҳирским, титкилар ерни нуқул,
Ҳўл-қуруқ ҳар неки топгай, ютгай ул.
Бир замон осуда турмас ул томоқ,
Билгани ҳар лаҳза ютмоқ, ямламоқ.
Худди бир яғмочидек юргай фақат,
Ўз жиғилдонини тўлдиргай фақат.

Айру этмас, ҳар неким яхши-ёмон,
Дуру гавҳарму, нўхатму, ямлабон.
Келмагай ногоҳ рақиб, деб кўзи лўқ,
Халтага жойлар ҳама ҳўлу қуруқ…

* * *

Гул куларму йиғламас эрса булут?
Йиғламас эрса гўдаклар, қайда сут?
Ёш гўдаклар ҳам билур йўлу тарийқ,
Йиғлагайлар, истабон меҳру шафиқ.
Дояларнинг дояси ҳам ул атай,
Йиғламас эрсанг, сенга сут бермагай.
Деди: йиғланг тавба айлаб, зор-зор,
То мурувват айлагай Парвардигор.
Офтоб нури, булутнинг ёши ул,
Муҳташам оламнинг икки тоши ул.
Бўлмасайди ёмғиру офтоби, бас,
Ошкор бўлгаймиди жисму араз ?
Бўлмасайди бул иковлон муттасил,
Қайда эрди бул таманно тўрт фасл?
Офтоб балқиб, булутлар йиғлашар,
Атру анбарга чўмиб, олам яшар.
Сен-да порлатгил ақл офтобини,
Сенда сочгил кўзларинг селобини.
Яхшидир гар кўзларингда нам бўлур,
Кўп ема, чун кўзда ёшинг кам бўлур.
Нон ила япроқ ёзар тан яшнабон,
Жон бутоғинг сарғайиб, бўлгай хазон.
Танга озиқ жонга бўлгайму тирак,
Ул бири деб бул бирин кесмоқ керак.
Хайру эҳсон қил, камайсин барги тан,
Токи кўнглинг ичра гул очсин чаман…

* * *

Биз-да қозийи қазо даҳлизида,
Ўлтирибмиз бир бало орзусида.
Балли, деб айтдик, демак, бул-имтиҳон
Феълу сўз барча гувоҳликдир тамом.
Ўлтирибмиз саҳни даҳлизда нуқул,
Муддао асли гувоҳлик эрди ул.
Тобакай даҳлизда қолгунг, эй гувоҳ,
Айлагил зикри шаҳодат жон аро.
Бунда келмишсен шаҳодат бергани,
Чорламишлар чин гувоҳликка сени.
Ўлтирарсен ўзни ташвишга кўмиб,
Қўлларинг боғлаб, лабингни чирт юмиб.
То гувоҳлик бермагунча, англаб ол,
Ушбу даҳлиздан қутулмоғинг маҳол.
Бир нафаслик ишга кўнгил бузма кўп,
Қисқа бир ишдирки, бундоқ чўзма кўп.
Иста юз йил, истагил бир онда ул,
Бир йўла топшир омонатни, қугул…

* * *

Бул намозу рўзаву ҳажжу жиҳод,
Бир гувоҳликдир, далили эътиқод.
Бул закоту ҳадяву тарки ҳасад,
Нуру иймонингни кўрсатгай фақат.
Суфра ёзмоқ, ошу об, нону намак,
Эй азизлар, сизга биз дўстмиз, демак.
Армуғонлар бирла дилкашлик эрур,
Бул далилким, ўртада хушлик эрур.
Ҳар кишиким зоҳир этгайдир фусун,
Кўнглида бир дурру гавҳар бор учун.
Гавҳарнинг бор эрса тақво ё сахо,
Рўза тутмоғинг, закотингдир гувоҳ.
Рўза дер: кечди ҳалолдин ул магар,
Бас, ҳаромга энди солгайму назар?
Дер закот: ўз молин эҳсон этди қул,
Ўзгалар молига кўз солгайму ул?

* * *

Сувки турғун эрса, бас, ул айнигай,
Бўйла сувни ичса, кўнгил айнигай.
Ҳақ савоб баҳрига ирғштай яна,
Лутфи бирлан сувни сув этгай яна.
Бир йил ўтгач, ул яна маъвосида,
Қайда эрдинг? Эзгулик дарёсида.
Булғаниб эрдим, етишдим пок бўлиб,
Янги тўн кийдим, маконим хок бўлиб.
Эйки иркитлар, келинг бул ёққаким,
Покламоқ — Ҳақдин етишган одатим.
Ҳар балодин поклагувчи дер мени,
Ифрит эрсанг гар, малак этгум сени.
Булғанар бўлсам магар, кетгум яна,
Тозалик дарёсига етгум яна.
Эски, кир ҳирқамни ечгаймен дағи,
Янги, тоза тўнни бичгаймен дағи.
Бўйла бил Ҳақни ва Ҳақнинг ҳамдамин
Олам ородир Раббул оламин…

* * *

Эй Худойи беназир, исор қил,
Ҳақ сўзингни ҳар нафас такрор қил.
Тут қулоқдин, сол ироданг азмига,
Бизни етказгил азизлар базмига.
Чун насиб этдинг шаробинг бўйидин,
Бенасиб этма сира, эй Рабби дин.
Гар аёлдир ёки эркак, ҳар замон,
Ризқини бергувчисен, эй меҳрибон.
Эй дуо этмай этувчи мустажоб,
Сен сабаб кўнгиллар ичра офтоб…

* * *

Ақлу идрок ҳам малакдек ҳар сабоҳ,
Лавҳи Маҳфуз сўзидин олгай сабоқ.
Сен адамда бўйла таҳрирларни кўр,
Ҳар сўзи савдойиларни гангитур.
Ул бирига боқки, бир андишада,
Ахтарур ганжи ниҳон ҳар гўшада.
Бошқаси кўнглида андоқ бир шукуҳ,
Тоғда маъданларни топсам, дейди у.
Ўзгаси фикри, хаёли ўзгадир,
Денгиз остига тушиб, излайди дур.
Ул бири роҳиб, ибодатхонада,
Бул бири деҳқон, зироатхонада.
Йўлтўсар айлайди қочмоқни хаёл,
Дору дармонларни ўйлар хастаҳол.
Чодир ичра гар парихондир бири,
Кўкда юлдузлар-ла сайрондир бири.
Мухталиф эрмиш амаллар, не ажаб,
Ичдаги рангин хаёллардир сабаб.
Ул бирига бул бири ҳайрон эмиш,
Бул бирини ул бири нодон демиш…

* * *

Ўзни овловчи жаҳонда эрта-кеч,
Биз каби ахмоғу нодон борму ҳеч?
Даҳр аро чун тўнғиз овлайдир авом,
Заҳмати кўпдир, ўзи буткул ҳаром.
Овласанг, шнқ овла шу дунёда, бас,
Лекин ул дому тузоқни хушламас. P
Истасанг етмоқ муҳаббат жомига,
Қўй тузоғингни, ўзинг туш домига.
Ишқ шивирлайдир қулоғимга нуқул;
Сайд бўлиш сайёд бўлишдин яхшидир
Мен демасменким, ўзингга ғарра бўл,
Қўй қуёшликни, жаҳонда зарра бўл.
Эшигим маскан тутиб, фарзона бўл,
Шам дема сен ўзни, бир парвона бўл.
Бўйлаким еткай дилингга зиндалик,
Подшоликка етаклар бандалик…

* * *

Сўрди дарвеш ўзга дарвешданки, ҳайт,
Ҳазрати Оллоҳни сен кўрдингми, айт…
Деди: кўрдим Ҳақни бечун, баҳри ҳол,
Мухтасар васфини сўйлар шу мисол:
Сўл қўли ёқда олов, озар эди,
Ўнг қўли ёқда суви Кавсар эди.
Сўл қўли ёқда жаҳонсўз оташи,
Ўнг қўли ёқда зилоли, дилкаши.
Бир гуруҳ чўзмиш эди оташга даст,
Бир гуруҳ ирмоқ бўйида шоду маст.
Лек ўйин эрди бу ҳар соат сайин,
Бахтлию бадбахтни мот этган ўйин…
Ҳар киши оташга киргайдир ҳамон,
Бош чиқаргай эрди сувдин шул замон.
Ҳар кишиким сувга шўнғиб, жо эди,
Шул замон оташ аро пайдо эди.
Ўнг тарафда сувга киргайдир киши,
Сўлда оташ ичра тургайдир киши.
Сўл тарафда ўтга кирса одаме,
Ўнг тараф, сув ичра эрди шул даме.
Бул буюк асрорни ҳар ким билмади,
Шул сабабдин ўтга ҳар ким кирмади.
Қай кишининг очса бахт-иқболи гул,
Сувгамас, оташга киргай эрди ул.
Қўлдаги нақдини маъбуд этди халқ,
Алданиб, чун ўзни нобуд этди халқ.
Саф чекиб, ўтдин қочиб, асру хароб,
Сув сари бормоққа этгайлар шитоб.
Бош кўтаргайлар оловдин сўнг улар,
Эътиборул-эътибор, эй бехабар…
Қичқирар оташки, эй нодону гўл,
Оташ эрмас, чашмадирмен, мавжи мўл
Мендадир кўзбоқчилик, сеҳри ниҳон,
Кел, оловдин сенга етмайдир зиён…
Эй Халил, йўқ бунда оташ, дуд магар,
Кўрганинг ул ҳийлайи Намруд магар.
Сен Халили Ҳақ эсанг, фарзонасен,
Оташинг сувдир, ўзинг парвонасен.
Жони парвона фақат солгай нидо:
Бир эмас, юз минг қанотим бўлса, оҳ.
Ёндирардим мен уларни беомон,
Кўнгли кўрлар токи кўрсинлар, дебон.
Раҳм этар жоҳил шу жоним ҳолига,
Мен ачингаймен унинг аҳволига…

* * *

Жон берар эрди ити, унга қараб,
Вой, итим, дерди-да йиғларди араб.
Бир тиланчи сўрдиким, эй бағри хун,
Сўйлагил, бул оҳу фарёдинг нечун?
Дедиким, содиқ итим бор эрди, ҳай,
Жон берар йўл узра бундоқ, не қилай?
Кундуз овчим, кечалар соқчим эди,
Ўғрилар йўлига пойлоқчим эди.
Сўрди: етмишму магар заҳму зиён?
Дедиким, очликдин ўлгайдир ҳамон.
Деди: сабр айла машаққатларга, бас,
Лутфи Оллоҳдин етишгайдир эваз.
Сўрди сўнгра: хуржунингда, эй хўжам,
Не эмишдир, қаппайибдир мунча ҳам.
Дедиким, йўл озиғим бул, не эмиш,
Нону гўшт бирлан яна анво емиш.
Итга ҳам берсанг-чи андин бир адад?
Деди: йўқдир менда лутфу марҳамат.
Йўлда пулсиз, ақчасиз келмайди нон,
Кўздаги ёшим текиндир, ройгон.
Деди: эй бошингга тупроқ, ҳўппа меш,
Нон сенга кўз ёшидин авло эмиш…

* * *

Сен оёққа боқ, қанотга боқма, ҳай,
То ёмон кўзлар оёқдин олмагай.
Тоғни силкитгай ёмон кўз таъзийқи,
«Юзлиқу»ни ол-да, Қуръондин ўқи.
Ул Муҳаммад ҳам жаҳонда тоғ эди,
Қуп-қуруқ йўл узра тойди, мункиди.
Бир нафас қолди таажжуб ичра ул,
Дедиким, эрмас магар беҳуда бул.
Келди оят шунда, огоҳ айлади,
Бул-ёмон кўз касридир, деб сўйлади.
Сендин ўзга бўлса, ло бўлгай эди,
Ул ёмон кўздин фано бўлгай эди.
Исматим етди ҳимоят айлабон,
Тойганинг эрди фалокатдин нишон.
Ибрат ол тоғ ҳолидин, эй майда чўп,
Сен ўзингни элга кўз-кўз этма кўп…

* * *

Эй Расулиллоҳ, одамлар бор чунон,
Кўз била калхатни ўлдиргай ҳамон.
Кўз била ҳаттоки шерни тиғлагай,
Тиғланиб кўздин, арслон йиғлагай.
Тевага ташлаб нигоҳин бир ҳумом,
Ортидин сўнгра юборгайдир ғулом.
Ёғидин келтур, дегай, ош этгулик,
Қул кўрар ул тевани йўл узра мук.
Пойгада отлардин ўзгай эрди то,
Хасталик боис бўлиб, бошдин жудо.
Шум ҳасад боис бўлиб бешубҳа-шак,
Тўғри эрмас, эгри айлангай фалак.
Сув ниҳон эрса, чиғирдир ошкор,
Лек чиғир тортишда сувдир эътибор.
Ҳар ёмон кўзнинг даъвоси яхши кўз,
Ҳар хунук кўзнинг балоси яхши кўз.
Яхши кўзлар лутфу раҳматдин келур,
Лек ёмон кўз қаҳру лаънатдин келур…

* * *

Кўрмагунча то Мусонинг морини,
Чин дегайлар жодугарлар корини.
Қушки асло ичмамиш оби зилол,
Шўр, тахир сувларга ургай парру бол.
Зидни зид ёнида билгайсен, аё,
Дардки келгай, унга изларсен даво.
Ложарам, дунё муқаддам келди, бас,
Токи билгайсен ўшал қадри Аласт.
Бул жаҳондин ул жаҳонга қайтасен,
Ул шукур уйида шукрон айтасен:
Унда тупроқларни мен сочдим неча,
Бул жаҳони покдин қочдим неча.
Эй дариғо, кошки олдинроқ ажал —
Келса, чекмасдим азобим мунчалар…

* * *

Эйки, бундоқ айлаган тупроқни зар,
Эйки, тупроқдин яратган Булбашар.
Гар ишинг — табдилу аъёну ато,
Қилмишим — янглиш, унутмоқлик, хато
Янглишу нисъёним олгил, бер билим,
Мен ғазабдирмен, бағишла сабру ҳилм.
Эй тахир тупроқни чун нон айлаган,
Эй ўлик нонларни сўнг жон айлаган.
Эйки, ҳайрон жонни раҳбар айлаган,
Эйки, йўл билмасни сарвар айлаган.
Бўйлаким, ердин яратдинг осмон,
Ерда юлдузларни ҳам этдинг аён.
Кимки топгай даҳр аро оби ҳаёт,
Кўз очирмай, унга етгайдир мамот.
Дил кўзи-ла ким назарни бургуси,
Ҳар замон бир турфа савдо кўргуси.
Тан либосиким, бу янглиғ сир эрур,
Танни тан этган ўшал иксир эрур…

* * *

Кўзни кўрмас айласа, шўр айлагай,
Сувки шўрдир, кўзни ул кўр айлагай.
Кўнгли кўрдир аҳли дунё ул сабаб,
Ҳақни кўрмаслар шу обу гил сабаб.
Йўқса гар оби ҳаётинг чун зилол,
Сен ўшал шўр сувни ич, кўрликни ол.
Бўйла ҳолатда бақо истаб тўла,
Занжидек шодсен қаро юзлик била.
Занжига не ул қаролик, ганжидир,
Чун азалдин ул қародир, занжидир,
Улки ул кўрку сафолик излагай,
Юз қаро бўлса, тадорик излагай.
Гар учар қуш ерда, учмасдан қолур,
Ғуссаву дарду аламдин дод солур.
Уй қуши юргай заминда йўрғалаб,
Дону сувни уйда этгайдир талаб.
Ул азалдин соҳиби парвоз эмиш,
Бул азалдин сусту бепарвоз эмиш…

* * *

Овлади оҳуни бир сайёд, кейин,
Судради оғилга ҳеч раҳм этмайин.
Кўп эди оғилда эшшак, мол-ҳўкиз,
Қолди ул оғилда оҳу чорасиз.
Қўрқув ичра ўзни урди ҳар томон,
Тунда сайёд солди охурга сомон.
Хўкизу эшшак сомонни ердилар,
Бул сомонмас, шаҳду шаккар, дердилар.
Ҳар тараф ўзни урарди оҳужон,
Чанг-ғубордин юз бурарди оҳужон.
Кимки ножинс бирла ҳамдам бўлгуси,
Тонг эмаским, ул тириклай ўлгуси…

* * *

Юз саноч олтинни тўксанг, эй ғани,
Ҳақ дегайким, топганинг кўнгил қани?
Рози эрса гар кўнгил, мен розимен,
Юз ўгирса сендин ул, норозимен.
Сенгамас, кўз ташлагум кўнглингга мен,
Туҳфа айлаб, келтир остонамга сен.
Сенга кўнгилдир нечук, мен ҳам чунон,
Оналарнинг пойи остида — жинон.
Элга ота-она эрмишдир кўнгил,
Бахтлидир кўнгилни кўрган кимса ул.
Сенга келтирдим, дегайсен, дилни ман,
Ул дегайким, бўйла диллар не писанд.
Қутби олам бўлгудек кўнгил керак,
Жони одам бўлгудек кўнгил керак.
Бир кўнгилдирким, мусаффо, беназир,
Унга ул султони олам мунтазир…

* * *

Деди Иблиским, аё Раззоқи тоқ,
Бер менга инсонни овлашга тузоқ.
Сийму зар берди, бедовлар рангба-ранг,
Деди: этгай бу халойиқни гаранг.
Яхшидир, деди лаин, кўргач ани,
Юз буриб, бужмайтди лекин афтини.
Сўнг дуру гавҳар ва маъданларки, хуш,
Берди Ҳақ Иблисга, чун олгувчи ҳуш.
Деди: ол ушбу тузоқни, эй лаин,
Дедиким, бер менга бундан яхшисин.
Мой, асал, ҳалвою шарбат берди Ҳақ,
Зар, ипак тўн, яъни, хилъат берди Ҳақ.
Деди: ё Раб, яхшироғин бер атай,
Токи инсонларни боғлаб, банд этай.
Сен ила маст эрларингким бор абад,
Ул тугун, боғларни узсинлар фақат.
Ул тузоқ инсонни таслим айласин,
Мард ила номардни ажрим айласин.
Бир тузоқ бер ўзга, эй султони тахт,
Токи инсон ақлини этсин карахт.
Олдига чангу шаробни қўйди бот,
Сал кулимсаб қўйди Иблис, жилла шод.
Сўнг азал излолидин берди хабар,
Фитна дарёсин, деди, ул чайқатар.
Деди: Мусо эрди сенга банда, қул,
Денгиз ортини қўпормиш эрди ул.
Тирқираб сув, бир-бирин йиқмиш эди,
Лой-ғуборлар сув уза чиқмиш эди.
Шунда Ҳақ кўрсатди хотин ҳуснини,
Эр кишининг ақлин олгай, сабрини.
Қарс уриб, Иблис ўйинга тушди шод,
Деди: бергил, ҳосил ўлгайдир мурод.
Кўрди ул кўзларки эрди нурхумор,
Бир боқиб, ақлу хирад ҳам беқарор.
Кўрди ул юзларки нақ кундай эди,
Шуъласи дилларни куйдиргай эди.
Чеҳраву хол, қошу лабларким, ақиқ
Шуълаи Ҳақдек гўзал эрди, ёниқ.
Ғамзаву нозларга бир кўз ташлади,
Чарх уриб, рақс айламоққа бошлади…

* * *

Сажда этмишди малак ҳам ҳуснига.
Аста-аста етди барҳам ҳуснига.
Одамий оҳ чекди бунга, Ҳақ деди:
Кўп умр кўрдинг, гуноҳинг шул эди.
Жабраил тутди башарни, судрабон,
Чиқ, деди, хушлик диёридин ҳамон.
Сўрди: иззат эрди, не излол бул?
Бул адолатдир, деди, лутф эрди ул.
Дедиким, ҳой, сажда этмишдинг ҳама,
Энди жаннатдин бу қувмоғинг нима?
Бор либосимдин айирди имтиҳон,
Бир оғочдирмен магар, баргим хазон.
Юзларимки, рашк этарди ой анга.
Кексайиб, бужмайди, энди вой менга.
Бошда сочим ҳурпайиб, кўркам эди,
Тос бўлиб, битди, тўкидди, қолмади
Қоматим ҳам найза эрдиким, синон,
Букчайиб қолдим, нетай, қаддим камон.
Лола рангим заъфарон бўлди бугун,
Шер кучим битди, тамом бўлди бугун.
Паҳлавонни ҳам йиқардим ул куни,
Энди бир эплаб юритгайлар мени.
Бул бари — жонимга йўлдош йўлчидир,
Ҳар бири — менга ўлимдин элчидир…

* * *

Бул гуруҳга сўзлаган ахмоқ эмиш,
Тоғу тошдин кўнгил ахтармоқ эмиш.
Тоғу тошдин кимса кўнгил изламас,
Фаҳму забт, маънийи мушкул изламас.
Ҳар не айтсанг, қайтариб сўйлар ҳамон,
Қайтариб сўйлар, мазах этгансимон.
Қайдадир ул, қавми пайғом қайдадир?
Қайдаву жонсиз жисм, жон қайдадир?
Бер вале бойлик ва хотиндин хабар,
Ер ўпиб, қаршингда тургайдир улар.
Бир гўзал бордир, десанг, тинглар ҳама,
Сенга муштоқдир, десанг, англар ҳама.
Лек баён этсанг Худо пайғомини,
Ўртага кўйсанг Худонинг номини.
Бойлама кўнгил фано дунёсига,
Бор, десанг, Ҳақнинг бақо дунёсига.
Айлагайлар қонингу жонинга қасд,
Ишлари дину диёнатдин эмас…

* * *

Эй Худойи қуту тамкину сабот,
Бесаботдир халқ, ўзинг бергил нажот.
Шул қийин ишда мададкор бўл, қараш,
Бетийиқ нафсларга инсоф айла бахш.
Сабру бардош бер, мунаввар айлагин,
Шумният сувратчилардин асрагин.
Сен ҳасаддин асра элни, эй Карим,
Бўлмагайлар токи шайтони ражим.
Эл ҳама ўткинчи ул молу жасад,
Касридин бир-бирга этгайлар ҳасад…

* * *

Воҳки, бир ошиқ очиб дил дафтарин,
Ёрига айтар эди хизматларин.
Сен учун ундоғу бундоқ бўлди кор,
Найзаву ўкдарга бўлдим мен дучор.
Кетди молим, кетди қувват, кетди ном,
Баски, ишқингда адодирмен тамом.
Тонг отиб, кўнглимни хандон кўрмадим,
Кун ботиб, ўзни беармон кўрмадим.
Ҳар неким чекмишди ул аччиқ-тахир,
Сўйлар эрди дона-дона, бирма-бир.
Ёрига миннат қилиб айтмасди ул,
Ишқига сўйларди балки юз далил.
Улки оқилдир, ишорат унга бас,
Улки ошиқдир, қаноат айламас.
Сўзни такрорлар-да, такрорлар ёниқ,
Сув ичаркан, сувга қонгайму балиқ?
Бир эмас, юз карра сўйлар, ўйлаким,
Сўнггида сўйлар магарким, не дедим?
Ул ёнар оташда, аммо билмагай,
Шам каби оташлар ичра йиғлагай…
Айтганинг ростдир, деди, маъшуқа, бас,
Энди мен сўйлай, эшитгил бир нафас.
Этганинг бир зарра, андин ўтмадинг,
Не эмиш шнқ амри, ижро этмадинг.
Не эмиш ишқ асли, деб сўрди бу дам,
Дедиким, ўлмоқдир ул, бўлмоқ адам.
Лек тирикдирсен ҳамон, ҳар не десанг,
Ёрни деб жонингни бер жонбоз эсанг.
Шул замон ётди, кулиб жон берди ул,
Ки чамандин шоду хандон кечди гул.
Бўйла бўлди ишқу ошиқ белгиси,
Қолди лекин шоду хандон кулгуси…

* * *

Муфтидин сўрди биров: айлаб намоз,
Гар намозхон йиғласа, чекса овоз,
Ул намози бузғуну ботилмидир?
Ё магарким жоизу комилмидир?
Деди муфтий: кўнглида не кўрди ул,
Нега йиғлар, боисин билмоқ зарур.
Кўнгли ичра кўрди неларни ниҳон?
Не сабабдин бўлди кўз ёши равон?
Ўзга оламни кўриб ул пурниёз,
Йиғласа, жоизу комилдир намоз.
Боиси дарду мусибат эрса, бас,
Ип узилмиш, чархига етмиш шикаст..

* * *

Раҳму шафқат сўрма тиғдин, эй ғани,
Найзани тутгувчи шоҳдин сўр ани.
Найзага ёлборма, ҳой, не эрмиш ул?
Найза подшоҳ илкида тутқун эрур.
Ул эмиш санъатда — Озар, мен — санам,
Не ясар бўлса, ўшалдирмен ҳамон.
Соғар айлар бўлса ул, соғар ўзим,
Ханжар айлар бўлса ул, ханжар ўзим.
Чашма этса, мен оқармен сув бўлиб,
Оташ этса, товланиб, ёғду бўлиб.
Ёмғир айлар бўлса, мен хирмон бўлай,
Ўқ этар бўлса, баданга санчилай.
Гар илон этса, заҳар солгум ёмон,
Дўсту ёр этса, анисмен, меҳрибон.
Икки бармоқ измида мен бир қалам,
Ҳар нечук амр этса, ижро айларам…

* * *

Жонни шум чиркин томоқдин қутқариб,
Олсангу етса сенга ризқи шариф,
Сингадир, ҳар қанча ейдирсен, бари,
Енгилу поксен, ҳафифсен чун пари.
На ачиб, меъдангда бир оғриқ бўлур,
На шишиб, қорнингда бир санчиқ бўлур.
Оз есанг, феълу хўйинг бўлгай ёмон,
Кўп есанг, меъданг бузилгайдир ҳамон.
Гар таомуллоҳ есанг-чи, унда сен,
Ўйлаким, денгизда сузган кемасен.
Рўзада сабру қаноат ичра тур,
Бўл мудом қути Худога мунтазир.
Чунки ул Оллоҳи соҳиб марҳамат,
Интизорлар оҳини тинглар фақат.
Тўқ киши овқат сари боққайму ҳеч,
Эрта келгайму таоминг ёки кеч.
Бенаво эрса, емишни кўзлагай,
Оч қолиб, бир бурда нонни излагай.
Интизорлик чекмаса, додим сенга,
Етмиш икки ризқи етмайдир анга.
Эй ўрил, ал-интизор, ал-интизор,
Кут ўшал кўк суфрасини зор-зор.
Интизор, оч кимса бир кун тўқ бўлур,
Сочгуси давлат қуёши унга нур.
Оз еса меҳмон агар сақлаб киром,
Келтирур мезбон таом узра таом.
Зиқнадир лек баъзи дарвеши лаим,
Чин саховатпеша Раззоқи карим.
Тоғ каби бошинг кўтаргил кўкка то,
Субҳидамлар сенга сочсинлар зиё.
Чўққилар ҳам кўкка бош ургай фақат,
Офтоб, деб йўлга термулгай фақат…

* * *

Жаҳд қил, тошликни камроқ айлагил,
Тошни сен лаъл айла, порлоқ айлагил.
Сабру бардош айла азму жазм аро,
Дамба-дам кўргил фано ичра бақо.
Тош сифотинг бўйла кам-кам бўлгуси,
Лаъли васфинг масту маҳкам бўлгуси.
Васфи дунё тарк этиб жисмингни бот,
Бўлгуси бошингда сархушлик зиёд.
Тинглагувчи бир қулоқ бўл сен тайин,
Лаъли ноб таққил қулоғингга кейин.
Қаз қудуқдек шул тани хокийни сен,
Бир куни оби ҳаётга етгасен.
Гар Худодан жазба етса ярқираб,
Қазмасанг-да сув отилгай шарқираб.
Сен қаноат этма бунга, қил хавас,
Андак-андак ишга туш, тупроқни қаз.
Кимки ранж кўргай, етар сарватга ул,
Кимки жаҳд этгай, етар давлатга ул.
Деди Пайғамбар: намозга турганинг,
Тангрининг дарвозасини урганинг.
Ҳар кишиким ул эшикни ургуси,
Давлати бир кун муяссар бўлгуси…

08

Mavlono Jaloliddin Rumiy
HIKMATLAR
Forsiydan Jamol Kamol tarjimasi
Oldingi qismi — Davomi
02

BISMILLOHIR RAHMONIR RAHIYM

* * *

Dahr aro mutlaq yomonlik yo’q, inon,
Ne yomonlik borki, nisbiydir hamon.

Bormu zahrekim shakar, qand bo’lmagay,
YO oyoq bormu magar, band bo’lmagay.

Ul birovga poy, birovga poyband,
Og’u gar Toshmatga ul, Eshmatga qand.

Zahri mor garchi ilonlarga hayot,
Odamiy joniga ofatdir, mamot.

Maxluqi obiyga daryo misli bog’,
Maxluqi xokiyga lekin margu dog’.

Ey rafiq, boqqil jahonga bor-bor,
Buyla nisbatlarni ko’rgaysen hazor.

Zayd birovlar nazdida shayton erur,
Lek birovlar nazdida sulton erur.

Ul degaykim, mo’min ichra mo’mini,
Bul degaykim, kofir ul, o’ldir uni.

Bitta kimsa chun birovlarga jinon,
Lek birovlarga nuqul ranju ziyon.

Istasang gar senga bo’lsin ul shakar,
Sen anga oshiq bo’lib solgin nazar.

O’z qarog’ing birla ko’rma xubni sen,
Ko’r faqat tolib bo’lib, matlubni sen.

Sen ko’zingni yum uning oldida, bas,
Ko’rgali oshiq ko’zin olgil evaz.

Ko’zni sen andin evaz ol, ey jigar,
So’ngra ul siymo sari solgil nazar…

* * *

Banda ranju g’am chekib, dod aylagay,
Yuz shikoyat birla faryod aylagay.

Haq degaykim, senga yetgan ranju dard,
Haqqa yuzlantirdi, sen
bo’lding jumard.

Boqma ul ne’matga, rad etgil ani,
Ki aziz ostonadin surgay seni.

Darhaqiqat har aduv darmon senga,
Kimiyovu foydavu ehson senga.

Chunki dushmandin qocharsen doimo,
So’ngra istarsen base lutfi Xudo.

Do’stlaringdir asli joning dushmani,
Hazratingdin ayru tutgaylar seni.

Barcha bilgaydir magar bo’rsiq desa,
Ul semirgaydir magar kaltak yesa.

Ko’rkamu zebo bo’lur kaltak bila,
Ziyragu dono bo’lur kaltak bila.

Nafsi mo’min ham magar bo’rsiqdir ul,
Mehnatu zahmat ila komil bo’lur.

Ul sababdin el aro ranju shikast,
Xammadan ham avliyoga yetdi, bas.

Jonlari jonlardin avlodir magar,
Chunki ko’p jabru jafolar ko’rdilar.

Yo’q dema sen, rozi bo’lgil, ey falon,
Gar Xudoyim bersa kulfat nogahon.

Do’st balosi poklagay joningni bot,
Ilmu tadbiringdin ul ustun, ziyod…

* * *

Shahvati dunyo magar gulxan erur,
Ul sabab hammomi zuhd ravshan erur.

Muttaqiylarga o’shal o’tdin safo,
Baski, xammom ichradirlar doimo.

Ag’niyo gulxanga tashlaydir tezak,
Maqsadi o’tni balandroq aylamak.

Tangri bermishdir ularga hirsi dun,
Har zamon hammomni qizdirmoq uchun.

Hirsingiz o’tdir jahonda, ey falon,
Har o’ti ochgay jahonga yuz dahon.

Ulki der, men molu davlat to’pladim,
Desa bo’lg’ay, muncha axlat to’pladim.

Oftob ko’kdin olovlar purkagay,
Har ne axlatni olovga burkagay…

* * *

Ahli mo’min ayru, iymon bittadir,
Jismu tanlar muxtalif, jon bittadir.

Fahmu jon hayvonda ham bordir necha,
Odamiyning aqlu joni o’zgacha.

Odamiylar jonikim bundoq erur,
O’zgadir sohib nafaslar joni ul.

Joni hayvoniyda bo’lmas ittihod,
Izlama yel ruhidin sabru sabot.

Ul tanovul aylasa, bul to’ymagay,
Unga yuk ort, bunga og’ir kelmagay.

Balki shod bo’lgay, sevingay o’lsa ul,
Lek hasad etgay, muzaffar bo’lsa ul…

O’zni soliklarga hamroh aylagil,
Ruhi qudsiylarga ruhni boylagil.

Yuz chirog’ing yonsa, so’nsa, sir emas,
Ayrudirlarkim,yagona,bir emas.

Ul sababdin jang qilurmiz doimo,
O’zaro jang aylamishmu anbiyo?

* * *

Haq demish: jannatda devor borki, bas,
Boshqa devorlar kabi jonsiz emas.

Tan binoying ersa ogoh xonasi,
Bo’lgay ul xonang — shahanshoh xonasi.

Ul og’ochu mevayu obi zilol,
Jannat ichra so’z qotib, so’ylar maqol.

Demakim, asbobu olat tiklamish,
Ravzani a’molu niyat tiklamish.

Bul bino gar obu gildan, murdadir,
Ul bino toatdin ermish, zindadir.

Bul binoning asli -qing’irlik, xalal,
Ul binoning aslida — ilmu amal.

Unda ko’shku taxt ila toju siyob16,
Chun o’zi so’rgay savol, bergay javob.

Gul tushaklarkim to’shalgaylar mayin,
Xona top-toza, supurgi tegmayin.

Toju taxtning o’zi sayr etgay base,
Kuylagay eshik va eshik halqasi.

Dil uyida g’am chu beandozadir,
Tavbadin lekin hamisha tozadir…

* * *

Atri bo’lsa, sabza gul bo’lgay edi,
Ul magar bo’lganda bul bo’lgay edi.

Bir tarafda ko’z esa, bir yonda til,
O’rtada yo’l bor vale minglarcha yil.

Bo’lma ma’yus, chun saxiydir osmon,
Istasa, Haqdin yetishgay shul zamon.

Qudrati birlan yetishgay sarbasar,
Koni ma’danlarga anjumdin asar.

Haq tilarsa, soya yemrilgay shu tob,
Soya ne ermish, chiqarkan oftob?

Pok nafasli avliyodardin faqat,
Ko’kda yulduzlarga ham yetgay madad.

Zohiran gar bizga yulduzlar suyanch,
Botinan arzu samoga biz tayanch…

16 Siyob — libos, kiyim.


* * *
Suvrat ichra olami asg’ar o’zing,
Aslida lek olami akbar o’zing.

Gar og’ochdin meva tongaydir rivoj,
Meva topmog’i uchun bordir og’och.

Gar umidi bo’lmasaydi meva, bol,
Bog’bon bog’ ichra ekmasdi nihol.

Hazrati Odam va jumla anbiyo
Bayrog’im ostidadir, der Mustafo.

Suvrat ichra garchi odamzodamen,
Hazrati Odamga lekin otamen.

Men tufayli sajda etmishdir malak
Yuz ochib Odamga osmonu falak.

Fikri avval topdi oxirda amal,
Xosa fikr erdi magar vasfi azal…

* * *

Dedi Payg’ambar: zamona ichra men,
Misli to’fon ichra suzgan kema men.

Men va as’hobim chu Nuhning kemasi,
Kimki qo’l cho’zsa, najotin topgusi…

Shayxga hamrohsen, yomonlikdin yiroq,
Kema ichra, beomonlikdin yiroq.

Shayxi jonbaxshing qanoti ostida
Kemada suzmoqdadirsen, osuda.

Mehri birla goh uchirgaydir seni,
Qahri birla goh ko’chirgaydir seni.

Qahrini mehriga zid deb o’ylama,
Ikkisi bir narsa, ayru aylama.

Bir zamon bog’ingni bo’ston aylagay,
Bir zamon dashtu biyobon aylagay.

Ulki ko’rdi, o’zga kymsa ko’rmadi,
Ko’ngli poklarga kelur jannat hidi.

Xoli tut ko’nglingni yor inkoridin,
So’ngra rayhon uz uning gulzoridin…

* * *

Haqqa, bas, boshingni indir xam bo’lib,
Yulduz ermas, Tangriga mahram bo’lib.

Mahram o’lsang gar ilohiy sirga sen,
Tunda ham porloq quyoshing ko’rgasen.

Pok ruhdir bori, o’zga sharh yuq,
Kechayu kunduzda unga farq yuq.

Kun bo’lur, gar ko’kda ul sayron bo’lur,
Tun tugangay, ko’kda gar tobon bo’lur.

Zarra ne ermish, ne ermish oftob?
Oftobing ahli irfon ichra top.

Oftobkim, ko’k aro raxshonadir,
Unga boqqanlar faqat hayronadir.

Ko’zlaringga bersa nur Parvardigor,
Ko’kda oftob ham senga miskinu xor.

Chunki Haq kimyosidin yetdi asar,
Bug’, tumanlar ko’kda yulduz bo’ldilar.

Bir ajib iksirni urdi ul shu tob,
Chikdi zulmatdin yaraqlab oftob.

Buyla san’atkorki aylab bir amal,
Chaqnatib qo’ydi samo ichra Zuhal.

O’zga yulduzlarki, jon gavharlarin,
Bo’yla miqyos ichra ko’rgin, anglagin.

Tindirar hissiy ko’zingni oftob,
Diydayi Rabboniy o’zga, izla, top…

* * *

Shaix Mag’ribiy demishdir bo’ylakim,
Kechdi oltmish, tunda tunni ko’rmadim.

Yetdim oltmish yoshgakim, hayrat menga,
Bir zamon yuz ochmadi
zulmat menga…

So’filar so’ylab bu sidqi qolini,
Tunda ko’rdik, dedilar, ahvolini.

Dasht aro har ne tikanlar g’ov edi,
Oy kabi oldinda ul peshrov edi.

Boshini ortiga burmay, derdi ul:
O’ng tarafga yurma, qarshingda chuqur.

Lahza o’tmay derdi: o’tgil o’ng tomon,
Chunki yo’l uzra tikan bor beomon.

Kunduzi o’pdik oyog’in, ne ajib,
Erdi qizlarning oyog’idek latif.

Ne chaqa bor erdi unda, ne g’ubor,
Erdi atlasdek hafifu beg’ubor.

Mag’ribiyni mashriqiy etmish Xudoy,
Baxsh etib mag’ribga mashriqdek chiroy.

Nuri ul shamsu shamus andoq erur,
Xosu omlar boshida porloq erur.

Sen o’shal nur birla yurgaysen hamon,
Ajdaho, kajdumlar ichra sog’-omon.

Yurgay oldingda hamisha nuri pok,
Yo’lni to’sganlarni aylab chok-chok…

* * *

Toju taxtingga namuncha bandasen,
Turda deb o’rnim, vale poygakdasen.

O’z soqolingga chu yetmaydir kuching,
Shohsen yaxshi-yomonga sen nechun?

Senga buysunmas, oqargaydir o’shal,
Hoy, takabbur, o’z soqolingdin uyal.

Molikul mulk ulki, bosh indir anga,
Ikki olam mulkini bergay senga.

Shunda dersan: davlat ermas, ey Xudo,
Sajda mulkini musallam qil mango.

Necha shohlarkim jahondin o’tdilar,
Bandalik zavqini totmay ketdilar.

Totsalar Ibrohim Adham singari,
Toju taxtdin voz kechar erdi bari.

Haq shu dunyoni avaylab, bir kuni,
Ko’zlaru lablarga bosdi muhrini.

Shul sababdin ham shirindir taxtu toj,
Ahli dunyodin yig’arlar boj-xiroj.

Boj-xiroj deb tilla to’plarsen nuqul,
Sen o’larsen lek, qolur ortingda ul.

Bo’lmagay joningga iuldosh mulku mol,
Zarni qo’ygil, ko’zlaringga surma ol.

Bu jahon chohdirki, mahbussen hali,
Sen Yusufdek ipga chirmash chiqqali…

Bolakaylar ko’chada tosh o’ynashar,
Tilla deb toshlarni, qattiq so’ylashar.

Lekin oriflar ko’zi — kimyoyi nur,
Oltinu gavharlaringga boqmas ul…

* * *

Naychi bor erdi, chalardi damba-dam,
Nogahon yel chiqdi bir gal ortidan.

Ortiga tutdi-da nayni, dedi ul:
Mayliga, men puflamay, sen puflagil…

Ey musulmon, senki istarsen adab.
Sabr qil, gar bersa ozor beadab.

Kimni ko’rsa ul shikoyat aylagay,
Ul yomonu bul yomon, deb so’ylagay.

O’ziga bir kun vale qaytar so’zi,
Chun yomonliqdir nuqul aytar so’zi.

Yaxshidir ul sohibi sabru havas,
Ki yomonlardin gapirmas, so’ylamas.

Shayx so’ylar bo’lsa, bul- amri Xudo,
Na malomatdir va na maylu havo.

Yo’q shikoyat ermas ul, islohi jon,
Jumla Payg’ambar-da etmishlar chunon…

* * *

Eyki, sen, Haq, sha’niga urguvchi do’q,
Lashkari Haq ichradirsen, o’yla, qo’rq.

Juzvi juzving lashkari Haqdir, biroq,
Bosh egarlar senga, etmasdan nifoq.

Ko’zlaringga yetsa gar Haq buyrug’i,
Shul zamon joningni olgay og’rig’i.

Tishlaringga bersa Olloh amrini,
Ne uqubatlarga solgaydir seni.

Tib kitobidin o’qi bobul-ilal,
Ki nechuk tan lashkari aylar amal.

Lashkari devu parini qo’y nari,
Bos, desa, jonlarni bosgay lashkari.

O’z-o’zingga mahliyosen, bas, o’zing,
O’z-o’zing birlan xushu sarmast o’zing.

Qush o’zingsen, ov o’zingsen, dom o’zing,
To’r o’zingsen, yem o’zingsen, tom o’zing.

Gavhar o’ldirki, agarda yaxlit ul,
Bulmasa yaxlit, o’shal noqis bo’lur.

Senki odamzodasen, gavharcha bo’l,
Jumla zuryodingni o’z jismingda ko’r.

Xumda ul nekim, topilmas nahr aro,
Uyda ne ulkim, topilmas shahr aro.

Bul jahon-xumdir, ko’ngil-nahri ajab
Bul jahon-uydir, ko’ngil-shahri ajab..

* * *

Kirsak ul butxonaga, ey bulhavas,
Bizga butlar bosh egar, biz butgamas,


Kirdi Ahmad, kirdi so’ngra Bu-Jahl,
O’rtada bordir tafovut, anglagil.

Ul kirar, butlar uning oldida losh,
Bul kirar, lekin egar butlarga bosh.

Bul jahon-shahvat uyi, butxonadir,
Anbiyo, kofirga birdek xonadir.

Poklar shahvat so’ziga boqmagay,
Kondagi oltinni otash yoqmagay.

Ahli kofir-soxta, pok-rasmona zar,
Tovaga ul ham tushar, bul ham tushar.

Ul tusharkan yuz qaro bo’lgay hamon,
Bul tusharkan, zarligi bo’lgay ayon.

Tovada oltin jimirlab, xush erur,
O’t-olov ichra yana dilkash erur…

* * *

Jismimiz bir pardadirkim onchunon,
Xas-xashak ostida daryodir nihon.

Shohi dinga sen balanddin boqmagin,
Bo’yla boqmish erdi iblisi lain.

Ko’kda porlaydir quyoshkim yarqirab,
Bir hovuch balchiq-la bo’lgaymu suvab?
Garchi nodonlar quyoshga qum sochar,
Lek quyosh tuzonda qolmas, yuz ochar.
Xas-xashak daryoni bosgaymu sira?
Chang-g’ubor oftobni to’sgaymu sira?
Bilqiso, silkit etakni shahvor,
Toju taxting ul to’kilsin chun g’ubor…

* * *

Dahr aro hirsing yoniq otash erur,
O’tga tushganda ko’mir ham xush erur.

Yuz qarolik otash ichra gar nihon,
O’t yonib bitganda bo’lgaydir ayon.

Soldi hirsing ul ko’mirni o’t aro,
Kechdi hirsing, qoldi lekin ul qaro.

Ul ko’mirkim yondi lov-lov, yashnadi,
Husn emas, otashga monand hirs edi.

Hirs chizar qarashingda alvon manzara
Hirs magar bitganda, holing-masxara.

* * *

Ahli ehsonkim, saxovat ichradir,
Zar yig’ib, shoirga bo’lgay muntazir.

Molu mulk ne, she’r azizdir baridin,
Chun olingaydir u dengiz qa’ridin.

Odamiy avval harisi non erur,
Non suyanchiqdir taningga, qon erur.

Aylagay yuz kasbu g’asbu yuz hiyal,
Nonga yetguncha necha hirsu amal.

Nonga yetgach, boshqasi darkor bulur,
Endi shoir maqtoviga zor bo’lur.

Asli-naslin madhiga azbar kerak,
Maqtovin aytmoqqa yuz minbar kerak.

Shuhrati manzilma-manzil, ko’yma-ko’y,
Xuddi ambardek taratsin atru bo’y.

Xulqimizni xulqiga o’xshatdi Haq,
Vasfimiz ham vasfidin olgay sabaq.

Biru Bor madhu sano istar nuqul,
Odamiyni ham yaratmish bo’yla ul.

* * *

Oqil ersang, yig’ hushingni boshga sen,
Maslahat sol o’zga aqlu hushga sen.

Ko’sh aql bo’lsa, balo bo’lgay yiroq,
Avji osmonlarga qo’ygungdir oyoq…

Devki chiqmishdi Sulaymon nom etib,
O’lkani olmoqchi bo’ldi rom etib.

Ko’rmish erdi ul Sulaymon korini,
Bo’yla tuzmoq bo’ldi ish raftorini.

El dedi: etma qiyos, befoydadir,
Ul Sulaymon qaydayu bul qaydadir…

* * *

Yurma nafsing ortidin, ey tumtaroq,
Bog’ emas, boshlar mozorga qarg’a-zog’.

Gar borarsen, bor ko’ngil anqoyiga,
Ko’hi Qofu masjidi Aqsoyiga.

Har nafas o’smoqda savdoyingda gul,
Gurkirar masjidi Aqsoyingda ul.

Chun Sulaymon so’r uning ahvolini,
Bosma nogoh, taftish ayla holini.

E’tibor birlan nazar solsang anga,
Shul zamin asrorini so’ylar senga.

Ul qamishdirmu va yo shakkarmikan?
Har zaminga tarjimondir o’t-o’lan.

Bas, ko’ngil sahnida fikring gurkirar,
Ham ko’ngil rozini ochgaydir ular.

* * *

Sufikim ul bog’da o’ltirmish edi,
Tizzasiga boshini qo’ymish edi.

Bo’yla g’arq, etmishdi ko’ngil to’lqini,
Uxlamish, deb bittasi turtdi uni.

Nega uxlaysen.dedi, atrofga boq,
Ne og’ochlardir, ne anvo bog’u rog’.

Haq o’zi amr aylamishdir: anzaru,
Boq, demish asrori rahmatlarga u.

Dedi: Haq osori-dildir, bulhavas,
Boshqa osorlar uning osori,bas.

Jondadir bog’u chamanlarning bari,
Ko’rganing bul-suvda aks etganlari.

Ko’rganing bul-suvda aks etgan xayol,
Titragay, mavj ursa ul obi zilol.

Mevalar, bog’lar bari ko’ngildadir,
Suvrati dunyoda-obu gildadir.

Bo’lmasaydi suvrati sarvu surur,
Nomini aytgaymidi: dorulg’urur.

Bu xayol ko’ngil elining aksidir,
Avliyo jonu dilining aksidir.

Jumla kelganlar ko’rarkan, aldanar,
Deydilarkim, bunda jannatdir magar.

Ham asl bog’din qocharlar yuz burib,
Xor etarlar goh mazammat ham qilib.

Baski g’aflat uyqusi topgay basar,
Chinni ko’rgaylar, va lekin ne samar?

Ul sababdandirki, qabriston aro
To qiyomat yangragay: vo hasrato!..

Baxtiyor uldirki, o’lmay o’ldi Ul.
Bul asl bog’din nasiba oldi ul…

* * *

Chun Sulaymon tingladi, bildi magar,
Ki ajal kelmish, yaqinlashmish safar.

Dedi: to bormen, shu masjidi zamon,
Ko’rmagay ofat va turgaydir omon.

To tirikmen, muddaoying o’tmagay,
Masjidi Aqsoga ofat yetmagay.

Tutsa yuz yo’qlikka boru budimiz,
So’ng yiqilgaydir magar masjidimiz.

Masjiding-ko’ngil, taning — sojid anga,
Ul yomon do’st xarrubi sobit anga.


Do’stki nodo’st bo’ldi, ko’ngil boylama,
Qoch nari, so’zlashma, suhbat aylama.

Yul tomirdin ham uloqtirgil shitob,
Yo’qsa masjidingni etgaydir xarob.

Oshiqo, xarrubing o’smishdir bu dam,
Yosh go’dakdek egri tashlaysen qadam. . .

O’zni mujrim bil, gunohkor o’yla, bas,
Yo’qsa, yuz burgay o’shal ustozi dars.

Aytki, johilmen, menga bergil saboq,
Bo’yla insof nomusingdin yaxshiroq.

Eng buyuk bobongdin o’rgangil, tamom,
Rabbano, dedi, zalamno, vassalom.

So’zni chaynab, bir bahona etmadi,
Makru hiyla tug’ini yuksaltmadi.

* * *

Badguharga 17 ilmu fan o’rgatganing,
Yo’lto’sar ilkiga xanjar tutganing.
Mast-alast zanjiyga shamshir ber, bali,
Ilmu irfon berma nokasga vale.
Ilmu molu mansabu johu qiron
Badguharlar ilkiga tushsa, yomon.
Telbaga tig’-aqlu insofdin emas,
Tig’ni olmoqlik erur mo’minga farz.
Joni majnundir, tani shamshir bo’lib,
Telbadin shamshirini olgin yulib.
Mast etar johilni mansab, simu zar,
Yuz arslon ham qutirmas munchalar.
Vaqtu fursatni qulay topgan zamon,
Sudralib chiqqay inidin har ilon.
Jumla sahro moru kajdumga to’lur,
Bitta johil kimsa gar podsho bo’lur.
Molu mansab tegsa
nokasga, yomon,

Har nafas rasvolik aylar begumon.
YO karam, ehson yo’lini boylagay,
YO sochib oltinni, isrof aylagay.
Shohni vazir xonasiga qo’ndirar,
Ulki johil, ishni bundoq do’ndirar.
Taxtki gumroh ilkiga tushsa, tamom,
Simu zar choh qa’riga tushgay hamon.
Io’lni bilmas yo’lni ko’rsatgaymu hech?
Yondirar borliq-jahonni erta-kech.
Yosh bola pirlik etarmu, o’ylakim,
Ergashib borgan bo’lur shaytonga yem.
Kel beri, der, oyni ko’rsatgum senga,
Oyni ko’rmoqmu nasib etgay anga?
Ko’rmagansen suvda bir bor aksini,
Bas, netib ko’klarda ko’rsatgung ani?
Ulki axmoq, shoh bo’lib solgay vahim,
Oqilu dono turar bir chetda jim.

17 Badguhar — zoti past.

* * *

Ul hadisda dedikim, Yazdonu hu
Xalqi olamni yaratdi uch guruh.
Bir guruhda jumla aqlu ilmu jud,
Ul malaklardir, faqat aylar sujud.
Yo’q ularda zarracha hirsu havo,
Nuri mutlaqdir ular, ishqi Xudo.
Bir guruh borkim, ular hayvonsifat,
Yeb-ichib, uxlab, semirgaylar faqat.
Bilgani yolg’iz yemishdir, o’t-alaf,
Bilmagaylar na shaqovat, na sharaf…
Bor uchinchi bir guruh-qavmi bashar,
Yarmi inson, yarmisi eshshak magar.
Yarmisi fikru aqlning
moyili,

Yarmisi hirsu jahlning moyili.
Yo’q o’shal ikki guruhda ixtilof,
Lek bashar qavmi aro jangu azob.
Odamiylar uchta ummat bo’ldilar,
Imtihon bermoq uchun ayrildilar.

* * *

Bir faqirkim sallasin boylab edi.
Salla ichra bir balo joylab edi…
Toki ul masjidga kirgan pallasi,
Ajralib tursin bahaybat sallasi.
Latta-lutta, har nechuk qiyqim, quroq —
Solmish erdi, to ko’ringay kattaroq.
Zohiran gar jannatul anvo edi,
Lek munofiqdek ichi rasvo edi.
Parcha-purcha har nechuk eski matoh,
Barchasi erdi buyuk dastorga jo…
Madrasa sori yo’l oldi ertalab,
Erdi mundoq shuhratu obro’talab.
Yo’lda lekin yo’lto’sar hozir edi,
Yo’lto’sarlik bobida mohir edi.
Yuldi-qochdi boshidin dastorini,
Shul yo’sin bo’ldi bitirmoq korini.
Lek faqih qichqirdi: avval ko’r ochib,
Mayli, so’ng bir yoqqa ketgaysen qochib
Qo’shqanot boylab ucharsen ne balo,
Olganingni bir ochib ko’r avvalo.
Och-da, siypab ko’r qo’ling-la bemalol,
So’ngra ol, mayli, senga etdim halol.
O’g’ri ul dastorni ochdi bir mahal,
Har taraf sochildi latta-luttalar.
Sochilib ul jumla ko’zi o’ngida,
To’rt qarich bir narsa qoldi
so’nggida.

O’g’ri jahl ichra uloqtirdi ani,
Dedi: ey makkor, ado qilding mani…

* * *

Ul tabiblarkim, badanlarga tabib,
Har ne darding ersa, bilgaylar boqib.
Siydigingni tekshirib, holing nechuk,
Aytishar avzoyu ahvoling nechuk. . .
Tadqiq etgaylar tomirga qo’l urib,
Dam-nafas ham rangi ro’yingni ko’rib.
Lek tabiblar bor ilohiykim chunon,
Bir boqib, holingni ko’rgaylar ayon.
Gar tomir, ko’zlarga urmaslar ilik,
Zohir etgaylar vale yuz xastalik.
Ul tabiblar yosh va o’rgamchik magar,
Har kasalga bir nishona axtarar.
Bul tabiblar ersa chin, komil tabib,
Ich-iching tadqiq etarlar, ey habib.
Sen hali dunyoga kelmasdan hamon,
Holu ahvolingni etmishlar bayon..

* * *

Shul yorug’ olam, shu osmon birla yer,
Haq og’ochida yetishgan olmadir.
Sen shu olma ichra qurtdirsen magar,
Ul daraxtu bog’bondin bexabar…
Lekin ul qurtlar aro bor o’zga ham,
Jonni bayroq aylagan, sohib alam.
Olmani yorgay u, ortiq turmagay,
Olma po’sti unga bardosh bermagay.
Pardalarni yirtib ul, etgay ado,
Suvrati qurtdir, o’zi lek ajdaho.
Avvalo uchqun temirdin
sachragay,

Tashqari dunyoga so’ngra uchragay.
Paxta bo’lgay doyasi, lek bari bir,
Yog’dirib yolqin, uni aylar asir.
Odamiy gar uyqu, ovqat birla band,
Oqibatda lek maloyikdin baland.
Paxtayu gugurt madad aylarsa to,
Shu’lasi yetgay zamindin to Suho.
Odamiy zulmatni ravshan aylagay,
Dashtu sahrolarni gulshan aylagay…

* * *

Bo’lsa hamdam necha do’st, ravshan senga,
Garchi gulxandir, o’shal gulshan senga.
Hamnishin ersa agarda dushmaning,
Gulshan ichra gulxan ermish maskaning.
Do’stga ozor berma, man-man etmagil,
Berma qo’ldin, do’stni dushman etmagil.
Xalqqa ehson ayla Rahmoning uchun,
Azbaroyi rohati joning uchun.
Do’stga doim do’st debon solgil nazar,
Kiynadin keltirma ko’ngligga zarar.
Ulki dushman, qoch nari, parhez ila,
Maslahat qil yori mehrangez ila…

* * *

Aqlu idrok yoshda ermas, boshdadir,
Soch-soqol oqiga boqma, ey o’g’il.
Bormu iblisdan-da keksa bir ulug’,
Yoshi keksa, lek zig’ircha aqli yo’q.
Yosh bola uchrar gahi Iso nafas,
Ko’ngliga yotdir g’urur birlan havas.
Soch-soqol oqi aqldanmas nishon,
Bo’yla, deb ba’zida o’ylaydir avom.
Ul muqallid doimo izlar
dalil,

Bir alomat axtarib, bo’lgay sabil.
Istasang bir ishni sen, tadbir top,
Rahnamo axtar o’zingga, pir top.
Ulki taqliddan qutilmish, tut ani,
Nuri Xaq birla ko’rar ul jumlani.
Nuri poki bedalilu bebayon,
Har ne ersa, baski etgaydir ayon.
Ulki zohirbin puchakni chin demish,
Qaydin ul bilgay, savatda ne emish.
Necha oltin bor, tutunlardin qaro,
Ki birov qo’l cho’zmasin deb el aro.
Necha mis ham borki, ul zarrin niqob,
Akdi qosirlar ko’rib, aylar tavob.
Bizki botinni ko’rarmiz har nafas,
Dilni ko’rgaymiz, vale zohirnimas…

* * *

Jahd qil, to piyri aqlu din bo’l,
Aqli Kulldek sen-da botinbin bo’l.
Aqli zebo ochdi yuz, xullas kalom,
Tangri to’n kiydirdi, berdi mingta nom…
Kamtarin nomi ne ermish, xush nafas,
Bo’ylakim, hech kimsaga muhtoj emas.
Aql yuz ochsa jahon ko’zgusida,
Tiyra ermish kun uning o’trusida.
Lekin axmoqlik agar zohir erur,
Oldida tun zulmati ravshan turur.
Ul qaro tundin qorong’udir, qaro,
Shabparak uchgay o’shal zulmat aro.
Andak-andak nurga etgil ishtiyoq,
Yo’qsa, xuffoshdek qolursen bechiroq.
Ulki sevgay tunni,
xuffosh bil ani,

Har qachon sha’mu chiroqdir dushmani…

* * *

Oqil ul bo’lgayki, mash’al birla ul,
Necha karvon ahliga yo’l ko’rsatur.
Payravi nuri Xudodir, peshrov,
Elni boshlab, o’zni etmishdir garov.
Sizga keltirmish u iymoni hayot,
Nuri joniga etingiz e’tiqod.
Ul yarim oqil kishidir bo’ylakim,
Ko’z bilib oqilni, mahkam tutsa kim.
Ko’r kishi bir bora tutgandek dalil,
Tutmish ul, shundan magar chustu jalil.
Ko’r anuv eshshaknikim, ul ne emish,
Aqli yo’q, oqil yo’liga yurmamish.
Yo’li yo’qdir bir taraf yurmoqqa, hay,
Rahnamosi boshlasa, ergashmagay…

* * *

Sen tahorat aylasang fursat aro,
Ayla har uzvingga ayru bir duo.
Suvnikim burningga olgaysen, jo’ra,
Sen Xudodin bo’yi jannatni so’ra.
Atri gul boshlar seni so’yi jinon,
Atri gul ermish dalili bo’ston.
Sen tahorat aylaganda so’ylagil,
So’ylagil, yo Rab, meni pok aylagil.
Et-betimni pokladim, Parvardigor,
Jonni poklashga tanimda yo’q mador.
Necha nokaslarga sen etding karam,
Cho’z qo’lingni endi shul jonlarga ham.
Muncha qildim, menku noqismen, laim,
Qolganin etgil ado, ey mustaqim.
Pokladim changu g’ubordin po’stni,
Poklagil changu g’ubordin do’stni…

* * *

Artinib derdi birov: Parvardigor,
Sen qulingga atri jannatni yubor.
Bir aziz tinglab dedikim, ey g’ulom,
Sen teshiklarni adashtirding tamom.
Chun burun poklashda ayturlar uni,
Sen keting artganda aytursan buni.
Bas, burun birlan chekarlar bo’yi gul,
Gar chekar bo’lsang ketingdin, yo’q bo’lur
Ey takabburlik etib shoh oldida,
Bosh egarsen muncha gumroh oldida?
Xoru xasga et takabburlikni, hay,
Aksini etsang, ishing o’nglanmagay.
O’ylakim, burning uchundir atri gul,
Gul uchundir ham dumog’ing, burning ul.
Atri gulni tortasen burning bila,
Atri gul chunki chekilmas ket ila.
Ul tarafdin atri xuld kelgaymikin?
Baski, istarsen, qidir o’z joyidin.
Bo’ylakim, hubbul vatan ermish ravo,
Sen vale bilgil vatanni avvalo…

* * *

To’rga tushdi qushcha, bo’ldi bandi dom,
Dedi ul ovchiga: ey Xo’ja Humom,
Qo’y, ho’kizlarni yegansen qanchalar,
Tevalar ham bo’ldi qurbon nechalar.
Shunchalar yeding ularni, to’ymading,
Men kabi bir qushchaga to’ygaymiding?
Qo’y meni, uch maslahat bergum senga,
Ziyragu nodonligimni ayt menga.
Avvalin derman qo’lingda o’ltirib,
So’ngrasi derman anuv tomdan turib.
So’nggisin derman makon aylab daraxt,
Uch o’git birlan bo’lursen nekbaxt.
Aytdi so’ng ilk maslahatni qush hamon;
Bo’lmas ishga bovar etma hech qachon…
Ovchi ozod qo’ydi qushni, oshiga,
Qush uchib, qo’ndi baland tom boshiga.
Dedi: aslo o’tgan ishga g’am yema,
Chekma hasrat, o’tmaganni kam dema…
So’ng dedi: ey xo’ja, qornimda manim,
O’n diram tosh bor, magar durri yatim.
Senga ham, farzandlaringga yetgulik,
Gavhar erdi, elga ko’z-ko’z etgulik.
Toleing yor bo’lmadi, ko’rgil buni,
Bir yo’la qo’ldan berib qo’yding uni.
Xo’ja oh chekdi, yurakni tig’ladi,
Xuddi dard tutgan xotindek yig’ladi.
Qush dedi: hoy, xo’ja, yig’larsen nega?
O’tgan ishga kuyma, deb aytdim senga.
O’tgan ishga shunchalar yig’larmisen,
YO magar fahm etmadingmi, karmisen?
Ko’rgan erdim senga boz pandimni ep,
Bo’lmas ishga uchma, bovar etma deb.
Uch diram kelmas shu vaznim yo kelur,
O’n diram tosh unga qandoq jo bo’lur?
Xo’ja hushyor tortdi, artdi yoshini,
So’rdi qushdin so’nggi bir kengoshini.
Qush dedi: balli, amal etding tayin,
Endi so’nggi maslahatni aytayin.
So’ylamoq johilga hikmat, yo’l-yo’rug’,
Huddi sho’rxok yerga ekkandek urug’.
Johil uzgan ip ulanmas, boylama,
So’ylama hikmatni, zoe aylama…

* * *

Ayt, qachon kim bir zalolat etmadi,
Ortidin unga malomat yetmadi?
Ayt, qachon bir ezgulikka osmon,
Bermadi loyiq nasibu armug’on?
Och ko’zingni, boq, nechuk ermish ishing,
Ki javobsiz qolmagay bir qilmishing
Ipga chirmashsang, yetishgay davlati,
Qolmagay senga qiyomat hojati.
Kim magar ramzu ishorat anglagay,
Oshkoro so’zga hojat qolmagay…

* * *

Borlig’ing tiyra temir ermish tamom,
Unga sayqal ber-da, sayqal ber mudom.
To ko’ngil oyina bo’lsin, jilvagar,
Har nafas aks etsin unda bir go’zal.
Ul temirkim tiyravu benur edi,
Topdi sayqal, yondi yal-yal, chaqnadi.
Endi nur o’ynab, yuzida raqs etar,
Endi suvratlar damo-dam aks etar.
Gar tani xoking g’alizdir, tiyradir,
Unga sayqal berki, sayqal istar ul.
Olami g’ayb suvrati, huru malak,
Jilva etsin unda chun oyinadak.
Nurga to’lsin dil, yorishsin deb varaq,
Uylakim, aqlingga sayqal berdi Haq…

* * *

E’tiroz etma, yetar deb, ey falon,
Tavba eshigi ochiqdir har qachon.
Jannat ichra jonibi mag’ribda ul,
Lang ochiq turgay qiyomatga dovur.
Toki mag’ribdin ko’rinmas oftob,
Lang ochiq turgay hamisha, qil shitob.
Bir emas, sakkizta jannat qopqasi,
Tavba eshigi atalmish bittasi.
Ul eshiklar goh ochiqdir, gohi berk,
Tavba eshigi bekilmaydir va lek.
Ul sari bormoqqa o’zni shaylagil,
Sen hasad etguvchini ko’r aylagil…

* * *

Dedi Muso: sen qabul et birni, bas,
So’nggida to’rt narsa olgaysen evaz.
Dedi Fir’avn: ne ermish ul biring,
So’yla ravshanroq, ayon etgil siring.
Dedi Muso: bir, debon ayt oshkor,
Ki Xudodin o’zga yo’q Parvardigor.
Ul yaratmish yerni, osmonlarni ham,
Jumla insonlarni, shaytonlarni ham
Barchasin-daryovu dashtu tog’u qir,
Haq yaratmish, ul Xudoyi benazir.
Dedi Fir’avn: magar to’rtingni ayt,
Birma-bir bergil izohing, ayla qayd.

* * *

Dedi Muso: so’ylasam avval nisor,
Sihhating bo’lgay taningda poydor.
Har ne illatlarki, solgaylar kamand,
Bo’lgusi sendin yiroq, ey arjumand.
So’ngra ko’rgaysen base umri daroz,
Ki ajalumringga etmas e’tiroz.
Ham nasib o’lgay senga andoq hayot,
Ketmagaysen bu jahondin bemurod.
Chun go’dak sut istagandek har zamon,
Sen o’limga talgshnursen, ey falon…

* * *

Haq uchun suv bo’lsa ko’ngling, arjumand,
Ikki olam senga bo’lgaydir chaman.
G’aflating ham balki hikmatdir.bali,
Necha fursat ul davom etgay vale?
G’aflating-hikmat, hamono kechmagay,
Boqki, sarmoyang qo’lingdin uchmagay.
Bo’l hazir, umri uzoqqa ketmasin,
Jon ila aqlingni ranjur etmasin.
Kimki topgay bo’yla bir bozorni,
Gul berib, olgay o’shal gulzorni.
Novda bergan kimsa o’rmon olgusi,
Dona bergan kimsa xirmon olgusi.
Kimki, Ollohim, demishdir har kuni,
Oqibat, bandam, degay Olloh uni…

* * *

Keldi ona Murtazoning qoshiga,
Dedi: yordam ber, bolam tom boshida.
Necha bor yig’lab chaqirdim: hoy, o’g’il,
Boqmadi, nogoh yiqilgay pastga ul.
Oqil ermaskim, so’zimni tinglasa,
Qobil ermaskim, xatarni anglasa.
Qo’llarim silkib, ishorat ayladim,
Kel, dedim, qoshimga, qancha imladim.
Ko’rsatib ko’ksim, kelar deb har tugul,
Em, desam, mendin o’girdi yuzni ul.
Azbaroyi Haq madad ber, mehribon,
Sen suyanchim ul jahonu bul jahon.
Dardga darmon ayla, yechgil mushkulim,
Xavf-xavotir ichra titraydir dilim.
Murtazo burdi ayolga boshini,
Tomga opchiqqil, dedi, tengdoshini.
Shunda o’g’ling novadonni tark etar,
Jins degan jinsin hamisha jazb etar
Bo’yla qildi ona, tengdoshin ko’rib,
Bolasi o’grildi, boqdi termulib.
So’ngra tarnov boshini tark etdi ul,
Jins borkim, jinsiga jozib erur.
Umtilib keldi go’dakning yoniga,
Shul yo’sin yetdi omonlik joniga.
Bas, nabiylar ham bari jinsi bashar,
Odamiyni novadondin chekdilar.
Dedilarkim, jinsingizdanmen, keling,
Ergashib, o’zni balodin qutqaring.
Jinsiyatkim munchalar jozib erur,
Jins har dam jinsiga tolib erur…

* * *

Do’zax aytur: mo’mino, o’tgil shitob,
Chunki nuringdin mening holim xarob.
Nuri iymoning ko’zimni tindirar,
O’tlarim, otashlarimni so’ndirar.
Do’zaxiy nurdin qocharmish, ey sanam,
Do’zax ermish do’zaxiyning ta’bi ham.
Boqki, do’zax ahli mo’mindin qochar.
Ahli mo’min ham magar andin qochar.
Jinsi otashdin emasdir, ayridir,
Kimki nur istar, muhabbat xaylidir.
Bor hadiskim, mo’min aylarmish duo:
Do’zaxingni tut yiroq mendin, Xudo.
Do’zax ham dermishki, Ollohi g’ani,
Ahli mo’mindin yiroq tutgil mani.
Jinsiyat jozibasi ne, anglagin,
Ikki yo’l qarshingda turgay: kufru din.
Qo’llasang Homonni, homoniy o’zing,
Qo’llasang Musoni, subhoniy o’zing.
Ersa gar ruhingda mavjud aqlu nafs,
Aql ila nafsing kurashgay basma-bas.
Och ko’zingni.o’zni andoq shaylagil,
Ma’nini suvratga g’olib aylagil…

* * *

Sen siniq bo’lkim, siniqlikda najot,
Sen faqir bo’lkim, faqirlikda hayot.
Tog’ maskan erdi ma’danlarga chin,
Pora-pora bo’ldi kirka zarbidin.
Tig’ magar kesgay bo’yinni, bu aniq,
Yerda yotgan soyani kesgaymu tig’?
Gerdayish — o’tdir, olovdir sen uchun,
Sen o’zingni o’tga otgaysen nechun?
O’qni ko’r, yerda xatarsiz uxlagay,
Bosh ko’tarsa, bir baloga uchragay.
Bosh ko’tarsa, unga uchraydir to’siq,
O’q bo’lur ul, chorasiz qolganda o’q.
Boqki, manmanlikda bir narvon emish,
El chiqib narvonga, ko’p sarson emish.
Ulki nodon intilur yuksakka, bas,
Bilmagay, yuksakda yuksakdir shikast.
Zarradirkim, yuksalib sarson bo’lur,
Ul magarkim shirkati Yazdon bo’lur.
To o’lib, Haqdin tirilmassen yana,
O’zni Haq mulkiga sherikman, dema…

* * *

To’planib necha amirlar keldilar,
Ham Rasulillohga da’vo qildilar.
Dedilar: sen ham amir, biz ham amir,
Ol ulushni, bizga dog’i hissa ber.
Rozi bo’lsin barcha, sen ham rozi bo’l,
O’zgalar mulkiga lekin cho’zma qo’l…
Mustafo dedi: meni Haq saylamish,
Mulk berib, ul amri mutlaq saylamish.
Bul — Muhammad Mustafoning davridir,
Bo’ysuning amriga, Olloh amridir…
Dedilarkim, bizga ham — lutfi qazo,
Bizga ham bermish amirlikni Xudo.
Dedi: menga mangu davlat berdi ul,
Bergani sizga muvaqqat erdi ul.
Menga mulk berganda berdi beshikast,
Sizga bergan mulkiga yetgay shikast…
Dedilarkim, ustun ermassen, amir,
Ustun ersang, bir daliling bormidir ?
Shul zamon Haq amri birlan esdi yel,
Bir bulut chiqdi samoga, quydi sel.
Quydi sel, oqdi shaharga yuz tutib,
Qochdilar mardum hama faryod etib.
Mustafo dediki, vaqti imtihon,
Keldi, dillardin taralgaydir gumon.
Ul amirlar nayzalarni otdilar,
Selni to’xtatmoqqa chun azm etdilar.
Nayzasin otdi Muhammad Mustafo,
Nayza erdi mo»jizu farmonravo.
Nayzalar ul jumla suvga botdilar,
Bir somon cho’pdek ko’rinmay ketdilar.
Qoldi suv uzra Muhammad nayzasi,
Larzaga solmishdi suvni larzasi.
Ul tufayli tindi, taqqa turdi sel,
So’ng shahardin boshqa yoqqa yurdi sel.
Ul amirlarkim bu ishni ko’rdilar,
Qo’rquv ichra bosh egib, jim turdilar.
Mustafoga uch kishi tan bermadi,
Ul sehrgar, ham juhud, kohin edi.
Haqdin ayru davlat ermishdir zaif,
Tangri bergan davlating bo’lgay sharif

* * *

Bir minora bormu olamda nishon,
Ki birov munkirni aytgay haq debon?
Bormu bir minbarki, bir voiz atay
Ismin aytib, xotirni yod aylagay?
Boq, kumush, zar uzra kimning nomlari,
To qiyomat haq erur ahkomlari.
Podsholar nomi balkim o’zgarur,
Mustafoning nomi o’zgarmas, turur.
Bir kumush, oltinni ko’rsatgil menga,
Ki bitilmish nomi bir munkir anga…
Mo»jiza ermas falakda oftob,
Mo»jiza-olamda ul ummul-kitob.
Bitta so’z olmoqqa kimda iqtidor?
Yoki so’z qo’shmoqqa kimning haddi bor?

* * *

Bormu bir naqqosh, umr baxsh aylagay,
Bir niyatni ko’zlamay, naqsh aylagay?
Jumla mehmonlarni naqshim gullari,
Xush etar, deb chayqalur orzulari.
Ul chizarkan, do’stu yorin yod etar,
Keksayu yoshu yalangni shod etar.
Ko’zagar ko’za yasarkan doimo,
Suv solishni aylamasmu muddao?
Kosagar kosa yasarkan har kuni,
Shunchaki ermakka aylarmi uni?
Xat bitib xattot, bekor ermas fanim,
Ki o’qilgay, deydi, bir kun yozganim.
Naqshi zohir naqshi g’oyibdin xabar,
So’ngra g’oyib ortidin g’oyib kelar.
Ortidin kelgay uchinchi, g’olibo,
So’ngra to’rtinchi, o’ninchi, hokazo.
Bo’ylakim, shatranj uyinni eslatur,
Har o’yindin ayricha bir foydadir.
Ul o’yindin maqsad erdi bul o’yin,
Bul o’yindin o’zga istig’no tayin.
Ne jihatlar ichra bordir ne jihot,
O’ynagaylar to o’yin bo’lguncha mot,
Avvali ikkinchiga ochqich edi,
Bul biriga ul biri bosqich edi.
Bir o’tib, ikkinchi bitsa, uch kelar,
Poya-poya tomga yetgaysen magar.

* * *

Haq agarchi bosh qimirlatmas senga,
E’tiborin aylagay payvast senga.
Zavqu shavq ko’nglingda qo’zg’atgay chunon,
Oqibat junbushga tushgay aqlu jon.
Sen aqlga xizmat ayla, ijtihod,
Ul senga yo’l ko’rsatur — rohi rashod.
Haq agar zohirda ko’rsatmas ani,
Lek ulusga aylagay sarvar seni.
Haq senga bergay ajab sirri nihon,
Yer o’par oldingda shul ahli jahon
Toshga Haq lutf etdi, dilbar bo’ldi ul,
Elga noyobu aziz zar bo’ldi ul.
Qatra suv ham topdi nogoh lutfi Haq,
Bo’ldi gavhar, berdi tilloga sabaq.
Tan magar Haq lutfi birlan to’lgusi,
Ul-da oy yanglig’ johongir bo’lgusi.

* * *

Dedi: ey dono, muruvvat aylagil,
Bir naql Haq hayratidin so’ylagil.
Dedi: uch yuz yil aroliq dasht aro
Tog’-tog’ qorlarni yog’dirdi Iloh.
Har taraf qor erdi andoq beadad,
Har zamon yetgaydi osmondin madad.
Bas cho’kar erdi yana tog’ uzra tog’,
Singishib qa’ri zaminga besanoq.
Tog’ uza tog’lar tushar erdi nuqul,
Ko’k emas, ombori Haqdin erdi ul.
Gar muruvvat etmasaydi bo’yla shoh,
Bizni do’zax o’ti aylardi ado.
Axdi g’ofil — tog’-tog’ qordir baseg
Yonmagay to axdi oqil pardasi.
Jahl qor yog’dirmasaydi behisob,
Shavq o’ti birlan yonardi Ko’hi Qof.
Otash ul qahri Xudodin zarradir,
Nobakorni qo’rqituvg’a darradir.
Qahri Haqniki ko’rarsen, chun erur,
Lutfi lekin qahridin ustun erur.
Boq bu ustunlik nechuk, ey muhtaram,
Baski ko’rding ostinu ustunni ham.
Ko’rmasang, aqling magarkim past emish,
Aqli xalq — xirmoni Haqdin xas emish.

* * *

Shoh Husomiddinki, yulduz, toza nur,
Bizni beshinchi safarga boshlayur.
Ey Ziyoulhaq, Husomiddini jon,
Eyki ustodlarga ustodi zamon,
Xalq bu yanglig’ pardalarga burkanib,
Bo’lmasaydi shunchalar toru zaif,
Madhing aytib, men guhar sochgay edim,
O’zga maqtovlarga lab ochgay edim.
Sa’vaga singmaydi lochin luqmasi,
Moy ila suvni qo’sharmiz xullasi.
Hayf, zindoniyga aytsam men ani,
Ahli ruhoniyga so’ylarmen seni.
Maqtovingni xushlamas ahli jahon,
Rozi ishqdek dilda saqlarmen nihon.
Madh — ta’rifdir, magar ochmoq hijob,
Madhu ta’rifdin balanddir oftob.
Kunni maqtab, kimsa o’zni maqtagay,
Kunni ko’rgan ko’zlarim ravshan, degay.
Gar quyoshga ta’na-dashnom etsa er,
Ko’zlarim ko’rdir, ko’rolmas, tiyra, der.
Kim hasad etgay quyoshga, qo’y uni,
Gar quyoshi bitsa, o’ttaymu kuni?
Oftobni benishon etgaymu ul?
So’ndirib, ko’zdin nihon etgaimu ul?
Shu’lasin etgaymu yoxud zarra kam?
Jildirarmu o’rnidin yo zarra ham?
Bas, buyuklarga hasad etgay kishi,
Bir halokat chohiga ketgay kishi…

* * *

Sen zamon ichra Xalildirsen hanuz,
Yo’lto’sar to’rt qushni ushla, boshin uz.
Har biri oqilga so’ylab naqlini,
Xuddi quzg’undek cho’qiydir aqlini.
Tandagi to’rt xo’y — Xalilning qushlari,
Kes ularni, ayla joningdin nari.
Ey Xalil, qushlarni so’yla ro’y rost,
Bog’u banddin et oyoqlarni xalos.
Kul o’zingsen, boshqalar juzving sening
Yech oyoqlarni, oyoqlar ham sening,
Jumla olam ruhzor bo’lgay senga,
Necha ming lashkar savor bo’lgay senga.
Shul badan ermish maqomi to’rt xo’,
Fe’lu xo’ying to’rt qushdir, fitnajo’.
Halqqa gar istar esang umri abad,
To’rtta shumning boshini uz beg’alat.
So’ng tiriltirgil-da, bergil bolu tar,
Kelmagay toki ulardin bir zarar.
Ma’naviy to’rt qushki, ma’shum, rohzan,
Xalq dilu jonida tutmishlar vatan.
Baski dillar shohidirsen, sohibi,
Baski sen Haqning xalifi, noibi.
To’rtta qushning boshini uzgil base,
Jumla xalqning umrini cho’zgil base.
Chun ular g’ozdir, tovus, zog’u, xo’roz,
Nafs aro har lahza bergaylar ovoz.
G’oz — hisdirkim, xo’roz — shahvat erur,
Gar tovus — joh ersa, zog’ — niyat erur.
Zog’ istar, o’lmasa hech, tursa boz,
Ul tamah aylaydi chun umri daroz.
G’oz hirskim, titkilar yerni nuqul,
Ho’l-quruq har neki topgay, yutgay ul.
Bir zamon osuda turmas ul tomoq,
Bilgani har lahza yutmoq, yamlamoq.
Xuddi bir yag’mochidek yurgay faqat,
O’z jig’ildonini to’ldirgay faqat.

Ayru etmas, har nekim yaxshi-yomon,
Duru gavharmu, no’xatmu, yamlabon.
Kelmagay nogoh raqib, deb ko’zi lo’q,
Xaltaga joylar hama ho’lu quruq…

* * *

Gul kularmu yig’lamas ersa bulut?
Yig’lamas ersa go’daklar, qayda sut?
Yosh go’daklar ham bilur yo’lu tariyq,
Yig’lagaylar, istabon mehru shafiq.
Doyalarning doyasi ham ul atay,
Yig’lamas ersang, senga sut bermagay.
Dedi: yig’lang tavba aylab, zor-zor,
To muruvvat aylagay Parvardigor.
Oftob nuri, bulutning yoshi ul,
Muhtasham olamning ikki toshi ul.
Bo’lmasaydi yomg’iru oftobi, bas,
Oshkor bo’lgaymidi jismu araz ?
Bo’lmasaydi bul ikovlon muttasil,
Qayda erdi bul tamanno to’rt fasl?
Oftob balqib, bulutlar yig’lashar,
Atru anbarga cho’mib, olam yashar.
Sen-da porlatgil aql oftobini,
Senda sochgil ko’zlaring selobini.
Yaxshidir gar ko’zlaringda nam bo’lur,
Ko’p yema, chun ko’zda yoshing kam bo’lur.
Non ila yaproq yozar tan yashnabon,
Jon butog’ing sarg’ayib, bo’lgay xazon.
Tanga oziq jonga bo’lgaymu tirak,
Ul biri deb bul birin kesmoq kerak.
Xayru ehson qil, kamaysin bargi tan,
Toki ko’ngling ichra gul ochsin chaman…

* * *

Biz-da qoziyi qazo dahlizida,
O’ltiribmiz bir balo orzusida.
Balli, deb aytdik, demak, bul-imtihon
Fe’lu so’z barcha guvohlikdir tamom.
O’ltiribmiz sahni dahlizda nuqul,
Muddao asli guvohlik erdi ul.
Tobakay dahlizda qolgung, ey guvoh,
Aylagil zikri shahodat jon aro.
Bunda kelmishsen shahodat bergani,
Chorlamishlar chin guvohlikka seni.
O’ltirarsen o’zni tashvishga ko’mib,
Qo’llaring bog’lab, labingni chirt yumib.
To guvohlik bermaguncha, anglab ol,
Ushbu dahlizdan qutulmog’ing mahol.
Bir nafaslik ishga ko’ngil buzma ko’p,
Qisqa bir ishdirki, bundoq cho’zma ko’p.
Ista yuz yil, istagil bir onda ul,
Bir yo’la topshir omonatni, qugul…

* * *

Bul namozu ro’zavu hajju jihod,
Bir guvohlikdir, dalili e’tiqod.
Bul zakotu hadyavu tarki hasad,
Nuru iymoningni ko’rsatgay faqat.
Sufra yozmoq, oshu ob, nonu namak,
Ey azizlar, sizga biz do’stmiz, demak.
Armug’onlar birla dilkashlik erur,
Bul dalilkim, o’rtada xushlik erur.
Har kishikim zohir etgaydir fusun,
Ko’nglida bir durru gavhar bor uchun.
Gavharning bor ersa taqvo yo saxo,
Ro’za tutmog’ing, zakotingdir guvoh.
Ro’za der: kechdi haloldin ul magar,
Bas, haromga endi solgaymu nazar?
Der zakot: o’z molin ehson etdi qul,
O’zgalar moliga ko’z solgaymu ul?

* * *

Suvki turg’un ersa, bas, ul aynigay,
Bo’yla suvni ichsa, ko’ngil aynigay.
Haq savob bahriga irg’shtay yana,
Lutfi birlan suvni suv etgay yana.
Bir yil o’tgach, ul yana ma’vosida,
Qayda erding? Ezgulik daryosida.
Bulg’anib erdim, yetishdim pok bo’lib,
Yangi to’n kiydim, makonim xok bo’lib.
Eyki irkitlar, keling bul yoqqakim,
Poklamoq — Haqdin yetishgan odatim.
Har balodin poklaguvchi der meni,
Ifrit ersang gar, malak etgum seni.
Bulg’anar bo’lsam magar, ketgum yana,
Tozalik daryosiga yetgum yana.
Eski, kir hirqamni yechgaymen dag’i,
Yangi, toza to’nni bichgaymen dag’i.
Bo’yla bil Haqni va Haqning hamdamin
Olam orodir Rabbul olamin…

* * *

Ey Xudoyi benazir, isor qil,
Haq so’zingni har nafas takror qil.
Tut quloqdin, sol irodang azmiga,
Bizni yetkazgil azizlar bazmiga.
Chun nasib etding sharobing bo’yidin,
Benasib etma sira, ey Rabbi din.
Gar ayoldir yoki erkak, har zamon,
Rizqini berguvchisen, ey mehribon.
Ey duo etmay etuvchi mustajob,
Sen sabab ko’ngillar ichra oftob…

* * *

Aqlu idrok ham malakdek har saboh,
Lavhi Mahfuz so’zidin olgay saboq.
Sen adamda bo’yla tahrirlarni ko’r,
Har so’zi savdoyilarni gangitur.
Ul biriga boqki, bir andishada,
Axtarur ganji nihon har go’shada.
Boshqasi ko’nglida andoq bir shukuh,
Tog’da ma’danlarni topsam, deydi u.
O’zgasi fikri, xayoli o’zgadir,
Dengiz ostiga tushib, izlaydi dur.
Ul biri rohib, ibodatxonada,
Bul biri dehqon, ziroatxonada.
Yo’lto’sar aylaydi qochmoqni xayol,
Doru darmonlarni o’ylar xastahol.
Chodir ichra gar parixondir biri,
Ko’kda yulduzlar-la sayrondir biri.
Muxtalif ermish amallar, ne ajab,
Ichdagi rangin xayollardir sabab.
Ul biriga bul biri hayron emish,
Bul birini ul biri nodon demish…

* * *

O’zni ovlovchi jahonda erta-kech,
Biz kabi axmog’u nodon bormu hech?
Dahr aro chun to’ng’iz ovlaydir avom,
Zahmati ko’pdir, o’zi butkul harom.
Ovlasang, shnq ovla shu dunyoda, bas,
Lekin ul domu tuzoqni xushlamas. P
Istasang yetmoq muhabbat jomiga,
Qo’y tuzog’ingni, o’zing tush domiga.
Ishq shivirlaydir qulog’imga nuqul;
Sayd bo’lish sayyod bo’lishdin yaxshidir
Men demasmenkim, o’zingga g’arra bo’l,
Qo’y quyoshlikni, jahonda zarra bo’l.
Eshigim maskan tutib, farzona bo’l,
Sham dema sen o’zni, bir parvona bo’l.
Bo’ylakim yetkay dilingga zindalik,
Podsholikka yetaklar bandalik…

* * *

So’rdi darvesh o’zga darveshdanki, hayt,
Hazrati Ollohni sen ko’rdingmi, ayt…
Dedi: ko’rdim Haqni bechun, bahri hol,
Muxtasar vasfini so’ylar shu misol:
So’l qo’li yoqda olov, ozar edi,
O’ng qo’li yoqda suvi Kavsar edi.
So’l qo’li yoqda jahonso’z otashi,
O’ng qo’li yoqda ziloli, dilkashi.
Bir guruh cho’zmish edi otashga dast,
Bir guruh irmoq bo’yida shodu mast.
Lek o’yin erdi bu har soat sayin,
Baxtliyu badbaxtni mot etgan o’yin…
Har kishi otashga kirgaydir hamon,
Bosh chiqargay erdi suvdin shul zamon.
Har kishikim suvga sho’ng’ib, jo edi,
Shul zamon otash aro paydo edi.
O’ng tarafda suvga kirgaydir kishi,
So’lda otash ichra turgaydir kishi.
So’l tarafda o’tga kirsa odame,
O’ng taraf, suv ichra erdi shul dame.
Bul buyuk asrorni har kim bilmadi,
Shul sababdin o’tga har kim kirmadi.
Qay kishining ochsa baxt-iqboli gul,
Suvgamas, otashga kirgay erdi ul.
Qo’ldagi naqdini ma’bud etdi xalq,
Aldanib, chun o’zni nobud etdi xalq.
Saf chekib, o’tdin qochib, asru xarob,
Suv sari bormoqqa etgaylar shitob.
Bosh ko’targaylar olovdin so’ng ular,
E’tiborul-e’tibor, ey bexabar…
Qichqirar otashki, ey nodonu go’l,
Otash ermas, chashmadirmen, mavji mo’l
Mendadir ko’zboqchilik, sehri nihon,
Kel, olovdin senga yetmaydir ziyon…
Ey Xalil, yo’q bunda otash, dud magar,
Ko’rganing ul hiylayi Namrud magar.
Sen Xalili Haq esang, farzonasen,
Otashing suvdir, o’zing parvonasen.
Joni parvona faqat solgay nido:
Bir emas, yuz ming qanotim bo’lsa, oh.
Yondirardim men ularni beomon,
Ko’ngli ko’rlar toki ko’rsinlar, debon.
Rahm etar johil shu jonim holiga,
Men achingaymen uning ahvoliga…

* * *

Jon berar erdi iti, unga qarab,
Voy, itim, derdi-da yig’lardi arab.
Bir tilanchi so’rdikim, ey bag’ri xun,
So’ylagil, bul ohu faryoding nechun?
Dedikim, sodiq itim bor erdi, hay,
Jon berar yo’l uzra bundoq, ne qilay?
Kunduz ovchim, kechalar soqchim edi,
O’g’rilar yo’liga poyloqchim edi.
So’rdi: yetmishmu magar zahmu ziyon?
Dedikim, ochlikdin o’lgaydir hamon.
Dedi: sabr ayla mashaqqatlarga, bas,
Lutfi Ollohdin yetishgaydir evaz.
So’rdi so’ngra: xurjuningda, ey xo’jam,
Ne emishdir, qappayibdir muncha ham.
Dedikim, yo’l ozig’im bul, ne emish,
Nonu go’sht birlan yana anvo yemish.
Itga ham bersang-chi andin bir adad?
Dedi: yo’qdir menda lutfu marhamat.
Yo’lda pulsiz, aqchasiz kelmaydi non,
Ko’zdagi yoshim tekindir, roygon.
Dedi: ey boshingga tuproq, ho’ppa mesh,
Non senga ko’z yoshidin avlo emish…

* * *

Sen oyoqqa boq, qanotga boqma, hay,
To yomon ko’zlar oyoqdin olmagay.
Tog’ni silkitgay yomon ko’z ta’ziyqi,
«Yuzliqu»ni ol-da, Qur’ondin o’qi.
Ul Muhammad ham jahonda tog’ edi,
Qup-quruq yo’l uzra toydi, munkidi.
Bir nafas qoldi taajjub ichra ul,
Dedikim, ermas magar behuda bul.
Keldi oyat shunda, ogoh ayladi,
Bul-yomon ko’z kasridir, deb so’yladi.
Sendin o’zga bo’lsa, lo bo’lgay edi,
Ul yomon ko’zdin fano bo’lgay edi.
Ismatim yetdi himoyat aylabon,
Toyganing erdi falokatdin nishon.
Ibrat ol tog’ holidin, ey mayda cho’p,
Sen o’zingni elga ko’z-ko’z etma ko’p…

* * *

Ey Rasulilloh, odamlar bor chunon,
Ko’z bila kalxatni o’ldirgay hamon.
Ko’z bila hattoki sherni tig’lagay,
Tig’lanib ko’zdin, arslon yig’lagay.
Tevaga tashlab nigohin bir humom,
Ortidin so’ngra yuborgaydir g’ulom.
Yog’idin keltur, degay, osh etgulik,
Qul ko’rar ul tevani yo’l uzra muk.
Poygada otlardin o’zgay erdi to,
Xastalik bois bo’lib, boshdin judo.
Shum hasad bois bo’lib beshubha-shak,
To’g’ri ermas, egri aylangay falak.
Suv nihon ersa, chig’irdir oshkor,
Lek chig’ir tortishda suvdir e’tibor.
Har yomon ko’zning da’vosi yaxshi ko’z,
Har xunuk ko’zning balosi yaxshi ko’z.
Yaxshi ko’zlar lutfu rahmatdin kelur,
Lek yomon ko’z qahru la’natdin kelur…

* * *

Ko’rmaguncha to Musoning morini,
Chin degaylar jodugarlar korini.
Qushki aslo ichmamish obi zilol,
Sho’r, taxir suvlarga urgay parru bol.
Zidni zid yonida bilgaysen, ayo,
Dardki kelgay, unga izlarsen davo.
Lojaram, dunyo muqaddam keldi, bas,
Toki bilgaysen o’shal qadri Alast.
Bul jahondin ul jahonga qaytasen,
Ul shukur uyida shukron aytasen:
Unda tuproqlarni men sochdim necha,
Bul jahoni pokdin qochdim necha.
Ey darig’o, koshki oldinroq ajal —
Kelsa, chekmasdim azobim munchalar…

* * *

Eyki, bundoq aylagan tuproqni zar,
Eyki, tuproqdin yaratgan Bulbashar.
Gar ishing — tabdilu a’yonu ato,
Qilmishim — yanglish, unutmoqlik, xato
Yanglishu nis’yonim olgil, ber bilim,
Men g’azabdirmen, bag’ishla sabru hilm.
Ey taxir tuproqni chun non aylagan,
Ey o’lik nonlarni so’ng jon aylagan.
Eyki, hayron jonni rahbar aylagan,
Eyki, yo’l bilmasni sarvar aylagan.
Bo’ylakim, yerdin yaratding osmon,
Yerda yulduzlarni ham etding ayon.
Kimki topgay dahr aro obi hayot,
Ko’z ochirmay, unga yetgaydir mamot.
Dil ko’zi-la kim nazarni burgusi,
Har zamon bir turfa savdo ko’rgusi.
Tan libosikim, bu yanglig’ sir erur,
Tanni tan etgan o’shal iksir erur…

* * *

Ko’zni ko’rmas aylasa, sho’r aylagay,
Suvki sho’rdir, ko’zni ul ko’r aylagay.
Ko’ngli ko’rdir ahli dunyo ul sabab,
Haqni ko’rmaslar shu obu gil sabab.
Yo’qsa gar obi hayoting chun zilol,
Sen o’shal sho’r suvni ich, ko’rlikni ol.
Bo’yla holatda baqo istab to’la,
Zanjidek shodsen qaro yuzlik bila.
Zanjiga ne ul qarolik, ganjidir,
Chun azaldin ul qarodir, zanjidir,
Ulki ul ko’rku safolik izlagay,
Yuz qaro bo’lsa, tadorik izlagay.
Gar uchar qush yerda, uchmasdan qolur,
G’ussavu dardu alamdin dod solur.
Uy qushi yurgay zaminda yo’rg’alab,
Donu suvni uyda etgaydir talab.
Ul azaldin sohibi parvoz emish,
Bul azaldin sustu beparvoz emish…

* * *

Ovladi ohuni bir sayyod, keyin,
Sudradi og’ilga hech rahm etmayin.
Ko’p edi og’ilda eshshak, mol-ho’kiz,
Qoldi ul og’ilda ohu chorasiz.
Qo’rquv ichra o’zni urdi har tomon,
Tunda sayyod soldi oxurga somon.
Xo’kizu eshshak somonni yerdilar,
Bul somonmas, shahdu shakkar, derdilar.
Har taraf o’zni urardi ohujon,
Chang-g’ubordin yuz burardi ohujon.
Kimki nojins birla hamdam bo’lgusi,
Tong emaskim, ul tiriklay o’lgusi…

* * *

Yuz sanoch oltinni to’ksang, ey g’ani,
Haq degaykim, topganing ko’ngil qani?
Rozi ersa gar ko’ngil, men rozimen,
Yuz o’girsa sendin ul, norozimen.
Sengamas, ko’z tashlagum ko’nglingga men,
Tuhfa aylab, keltir ostonamga sen.
Senga ko’ngildir nechuk, men ham chunon,
Onalarning poyi ostida — jinon.
Elga ota-ona ermishdir ko’ngil,
Baxtlidir ko’ngilni ko’rgan kimsa ul.
Senga keltirdim, degaysen, dilni man,
Ul degaykim, bo’yla dillar ne pisand.
Qutbi olam bo’lgudek ko’ngil kerak,
Joni odam bo’lgudek ko’ngil kerak.
Bir ko’ngildirkim, musaffo, benazir,
Unga ul sultoni olam muntazir…

* * *

Dedi Ibliskim, ayo Razzoqi toq,
Ber menga insonni ovlashga tuzoq.
Siymu zar berdi, bedovlar rangba-rang,
Dedi: etgay bu xaloyiqni garang.
Yaxshidir, dedi lain, ko’rgach ani,
Yuz burib, bujmaytdi lekin aftini.
So’ng duru gavhar va ma’danlarki, xush,
Berdi Haq Iblisga, chun olguvchi hush.
Dedi: ol ushbu tuzoqni, ey lain,
Dedikim, ber menga bundan yaxshisin.
Moy, asal, halvoyu sharbat berdi Haq,
Zar, ipak to’n, ya’ni, xil’at berdi Haq.
Dedi: yo Rab, yaxshirog’in ber atay,
Toki insonlarni bog’lab, band etay.
Sen ila mast erlaringkim bor abad,
Ul tugun, bog’larni uzsinlar faqat.
Ul tuzoq insonni taslim aylasin,
Mard ila nomardni ajrim aylasin.
Bir tuzoq ber o’zga, ey sultoni taxt,
Toki inson aqlini etsin karaxt.
Oldiga changu sharobni qo’ydi bot,
Sal kulimsab qo’ydi Iblis, jilla shod.
So’ng azal izlolidin berdi xabar,
Fitna daryosin, dedi, ul chayqatar.
Dedi: Muso erdi senga banda, qul,
Dengiz ortini qo’pormish erdi ul.
Tirqirab suv, bir-birin yiqmish edi,
Loy-g’uborlar suv uza chiqmish edi.
Shunda Haq ko’rsatdi xotin husnini,
Er kishining aqlin olgay, sabrini.
Qars urib, Iblis o’yinga tushdi shod,
Dedi: bergil, hosil o’lgaydir murod.
Ko’rdi ul ko’zlarki erdi nurxumor,
Bir boqib, aqlu xirad ham beqaror.
Ko’rdi ul yuzlarki naq kunday edi,
Shu’lasi dillarni kuydirgay edi.
Chehravu xol, qoshu lablarkim, aqiq
Shu’lai Haqdek go’zal erdi, yoniq.
G’amzavu nozlarga bir ko’z tashladi,
Charx urib, raqs aylamoqqa boshladi…

* * *

Sajda etmishdi malak ham husniga.
Asta-asta yetdi barham husniga.
Odamiy oh chekdi bunga, Haq dedi:
Ko’p umr ko’rding, gunohing shul edi.
Jabrail tutdi basharni, sudrabon,
Chiq, dedi, xushlik diyoridin hamon.
So’rdi: izzat erdi, ne izlol bul?
Bul adolatdir, dedi, lutf erdi ul.
Dedikim, hoy, sajda etmishding hama,
Endi jannatdin bu quvmog’ing nima?
Bor libosimdin ayirdi imtihon,
Bir og’ochdirmen magar, bargim xazon.
Yuzlarimki, rashk etardi oy anga.
Keksayib, bujmaydi, endi voy menga.
Boshda sochim hurpayib, ko’rkam edi,
Tos bo’lib, bitdi, to’kiddi, qolmadi
Qomatim ham nayza erdikim, sinon,
Bukchayib qoldim, netay, qaddim kamon.
Lola rangim za’faron bo’ldi bugun,
Sher kuchim bitdi, tamom bo’ldi bugun.
Pahlavonni ham yiqardim ul kuni,
Endi bir eplab yuritgaylar meni.
Bul bari — jonimga yo’ldosh yo’lchidir,
Har biri — menga o’limdin elchidir…

* * *

Bul guruhga so’zlagan axmoq emish,
Tog’u toshdin ko’ngil axtarmoq emish.
Tog’u toshdin kimsa ko’ngil izlamas,
Fahmu zabt, ma’niyi mushkul izlamas.
Har ne aytsang, qaytarib so’ylar hamon,
Qaytarib so’ylar, mazax etgansimon.
Qaydadir ul, qavmi payg’om qaydadir?
Qaydavu jonsiz jism, jon qaydadir?
Ber vale boylik va xotindin xabar,
Yer o’pib, qarshingda turgaydir ular.
Bir go’zal bordir, desang, tinglar hama,
Senga mushtoqdir, desang, anglar hama.
Lek bayon etsang Xudo payg’omini,
O’rtaga ko’ysang Xudoning nomini.
Boylama ko’ngil fano dunyosiga,
Bor, desang, Haqning baqo dunyosiga.
Aylagaylar qoningu joninga qasd,
Ishlari dinu diyonatdin emas…

* * *

Ey Xudoyi qutu tamkinu sabot,
Besabotdir xalq, o’zing bergil najot.
Shul qiyin ishda madadkor bo’l, qarash,
Betiyiq nafslarga insof ayla baxsh.
Sabru bardosh ber, munavvar aylagin,
Shumniyat suvratchilardin asragin.
Sen hasaddin asra elni, ey Karim,
Bo’lmagaylar toki shaytoni rajim.
El hama o’tkinchi ul molu jasad,
Kasridin bir-birga etgaylar hasad…

* * *

Vohki, bir oshiq ochib dil daftarin,
Yoriga aytar edi xizmatlarin.
Sen uchun undog’u bundoq bo’ldi kor,
Nayzavu o’kdarga bo’ldim men duchor.
Ketdi molim, ketdi quvvat, ketdi nom,
Baski, ishqingda adodirmen tamom.
Tong otib, ko’nglimni xandon ko’rmadim,
Kun botib, o’zni bearmon ko’rmadim.
Har nekim chekmishdi ul achchiq-taxir,
So’ylar erdi dona-dona, birma-bir.
Yoriga minnat qilib aytmasdi ul,
Ishqiga so’ylardi balki yuz dalil.
Ulki oqildir, ishorat unga bas,
Ulki oshiqdir, qanoat aylamas.
So’zni takrorlar-da, takrorlar yoniq,
Suv icharkan, suvga qongaymu baliq?
Bir emas, yuz karra so’ylar, o’ylakim,
So’nggida so’ylar magarkim, ne dedim?
Ul yonar otashda, ammo bilmagay,
Sham kabi otashlar ichra yig’lagay…
Aytganing rostdir, dedi, ma’shuqa, bas,
Endi men so’ylay, eshitgil bir nafas.
Etganing bir zarra, andin o’tmading,
Ne emish shnq amri, ijro etmading.
Ne emish ishq asli, deb so’rdi bu dam,
Dedikim, o’lmoqdir ul, bo’lmoq adam.
Lek tirikdirsen hamon, har ne desang,
Yorni deb joningni ber jonboz esang.
Shul zamon yotdi, kulib jon berdi ul,
Ki chamandin shodu xandon kechdi gul.
Bo’yla bo’ldi ishqu oshiq belgisi,
Qoldi lekin shodu xandon kulgusi…

* * *

Muftidin so’rdi birov: aylab namoz,
Gar namozxon yig’lasa, cheksa ovoz,
Ul namozi buzg’unu botilmidir?
YO magarkim joizu komilmidir?
Dedi muftiy: ko’nglida ne ko’rdi ul,
Nega yig’lar, boisin bilmoq zarur.
Ko’ngli ichra ko’rdi nelarni nihon?
Ne sababdin bo’ldi ko’z yoshi ravon?
O’zga olamni ko’rib ul purniyoz,
Yig’lasa, joizu komildir namoz.
Boisi dardu musibat ersa, bas,
Ip uzilmish, charxiga yetmish shikast..

* * *

Rahmu shafqat so’rma tig’din, ey g’ani,
Nayzani tutguvchi shohdin so’r ani.
Nayzaga yolborma, hoy, ne ermish ul?
Nayza podshoh ilkida tutqun erur.
Ul emish san’atda — Ozar, men — sanam,
Ne yasar bo’lsa, o’shaldirmen hamon.
Sog’ar aylar bo’lsa ul, sog’ar o’zim,
Xanjar aylar bo’lsa ul,
xanjar o’zim.

Chashma etsa, men oqarmen suv bo’lib,
Otash etsa, tovlanib, yog’du bo’lib.
Yomg’ir aylar bo’lsa, men xirmon bo’lay,
O’q etar bo’lsa, badanga sanchilay.
Gar ilon etsa, zahar solgum yomon,
Do’stu yor etsa, anismen, mehribon.
Ikki barmoq izmida men bir qalam,
Har nechuk amr etsa, ijro aylaram…

* * *

Jonni shum chirkin tomoqdin qutqarib,
Olsangu yetsa senga rizqi sharif,
Singadir, har qancha yeydirsen, bari,
Yengilu poksen, hafifsen chun pari.
Na achib, me’dangda bir og’riq bo’lur,
Na shishib, qorningda bir sanchiq bo’lur.
Oz yesang, fe’lu xo’ying bo’lgay yomon,
Ko’p yesang, me’dang buzilgaydir hamon.
Gar taomulloh yesang-chi, unda sen,
O’ylakim, dengizda suzgan kemasen.
Ro’zada sabru qanoat ichra tur,
Bo’l mudom quti Xudoga muntazir.
Chunki ul Ollohi sohib marhamat,
Intizorlar ohini tinglar faqat.
To’q kishi ovqat sari boqqaymu hech,
Erta kelgaymu taoming yoki kech.
Benavo ersa, yemishni ko’zlagay,
Och qolib, bir burda nonni izlagay.
Intizorlik chekmasa, dodim senga,
Yetmish ikki rizqi yetmaydir anga.
Ey o’ril, al-intizor, al-intizor,
Kut o’shal ko’k sufrasini zor-zor.
Intizor, och kimsa bir kun to’q bo’lur,
Sochgusi davlat quyoshi unga nur.
Oz yesa mehmon agar saqlab kirom,
Keltirur mezbon taom uzra taom.
Ziqnadir lek ba’zi darveshi laim,
Chin saxovatpesha Razzoqi karim.
Tog’ kabi boshing ko’targil ko’kka to,
Subhidamlar senga sochsinlar ziyo.
Cho’qqilar ham ko’kka bosh urgay faqat,
Oftob, deb yo’lga termulgay faqat…

* * *

Jahd qil, toshlikni kamroq aylagil,
Toshni sen la’l ayla, porloq aylagil.
Sabru bardosh ayla azmu jazm aro,
Damba-dam ko’rgil fano ichra baqo.
Tosh sifoting bo’yla kam-kam bo’lgusi,
La’li vasfing mastu mahkam bo’lgusi.
Vasfi dunyo tark etib jismingni bot,
Bo’lgusi boshingda sarxushlik ziyod.
Tinglaguvchi bir quloq bo’l sen tayin,
La’li nob taqqil qulog’ingga keyin.
Qaz quduqdek shul tani xokiyni sen,
Bir kuni obi hayotga yetgasen.
Gar Xudodan jazba yetsa yarqirab,
Qazmasang-da suv otilgay sharqirab.
Sen qanoat etma bunga, qil xavas,
Andak-andak ishga tush, tuproqni qaz.
Kimki ranj ko’rgay, yetar sarvatga ul,
Kimki jahd etgay, yetar davlatga ul.
Dedi Payg’ambar: namozga turganing,
Tangrining darvozasini urganing.
Har kishikim ul eshikni urgusi,
Davlati bir kun muyassar bo’lgusi…

08

(Tashriflar: umumiy 1 527, bugungi 1)

Izoh qoldiring