Xurshid Do’stmuhammad. Totli behalovatlik. Sulaymon Azimov bilan suhbatlar

011

    1919 йили ўттиз чоқли ялангоёқ бола эллик чақирим олисдаги Ўш шаҳри сари Ўзгандан пиёда йўлга отланган эди. Уларнинг, улар орасидаги Сулаймон Азимовнинг бирдан-бир орзуси дунёни таниш эди. Орадан салкам 80 йил ўтди. Дунёнинг сир-синоатини англаш давом этмоқда. Мутолаадан тўхтамаган одам фикрлашдан тўхтамайди. Фикрлайдиган одамнинг мағзи бўлиқ суҳбати тугамайди…

01
Хуршид Дўстмуҳаммад
ТОТЛИ БЕҲАЛОВАТЛИК
Таниқли файласуф олим, жамоат арбоби Сулаймон Азимов билан суҳбатлар
02

Азимов Сулаймон Эгамбердиевич (1908.21.10, Қирғизистон; Ўш вилояти Ўзган тумани — 1996.3.1, Тошкент) — файласуф олим, жамоат арбоби. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1958). Тошкентдаги Алмаий номли болалар намуна иш мактаби (1928), педагогика техникумини тугатган (1929). Москва Тарих-фалсафа ва адабиёт ин-тининг фалсафа ф-тида ўқиган (1932— 37). Ўрта Осиё давлат ун-ти ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика ин-тида фалсафадан дарс берган (1937—38). 1938 й.да «Қизил Ўзбекистон» газ. муҳаррири.1939—41 й.ларда республика раҳбар лавозимларида ишлаган. Сулаймон Азимов қатағонга учраб, умрининг қарийб 15 й.ини (1941—55) турма ва қамоқ лагерларида ўтказди. 1955 йилда оқланган. 1955—59 й.ларда республика маданият вазири ўринбосари. 1959—66-й.ларда Ўзбекистон ФА Фалсафа ва ҳуқуқ ин-ти сектор мудири, катта илмий ходим. Назарий-илмий, публицистик асарлар муаллифи.

02

Келди-кетди кўп бўлган хонадон соҳиблари суҳбатнинг “кириш” қисмини ортиқча чўзмайдилар. Бу одат болаларга ҳам юқади.

Кўча эшикдан даҳчизга кирган заҳотингиз рўпарангизда Отабек пайдо бўлади. Ўзи учинчи синфдан бешинчига “сакраган” билағон бола, тим қора, беғубор кўзлари кишига вазмин, босиқ боқади. Нотаниш меҳмон олдида ўзини йўқотмайди, ўнғайсиз аҳволга тушмайди. Синглиси Тамилла ҳам шундай…

Шифти баланд, чорбурчак, ёруғ… салобатли хона. Ўнг ёқда диван, чапда — пианино, бурчакда — телевизор. Ўртада оғир, оёқлари кўнгирадор залворли стол.

Домла дуони қисқа қиладилар:
— Сиз келган жойларга файз кираверсин, о-омин!..
Чамаладим: бу хонадонга танда қўйган мухлисларнинг ҳар бири билан беш дақиқадан ҳол-аҳвол сўрашилса, беш дақиқадан хайрлашилса…

— Муддаога кўчсак, дегандим…
— Шундайми?.. — домла бир нафас ўйлаб оладилар, сўнг жавоб қиладилар: — Унда, юқорига чиқамиз.

Даҳлиздан юқорига кетган, поёндоз тўшалган тахта зинапоя “қилт” этмайди, аллазамонларда қурилгани сезилса-да, тоб ташламаган — ғичирламайди-инграмайди.
Домла шошилмай, бир-бир қадам қўйиб юқорига кўтариладилар. Ўнг қўл ўнг томондаги суянчиқда.
Қарилик аломати эмас, йўқ, ҳаётни кў-ўп кўрган бу елкалар жуда-а оғир, бениҳоя залворли юкни авайлаб кўтариб бораётганга ўхшайди.
Залворли ҳаёт мужассам вужуд залворли зинапоядан юқорилагани сайин зил-замбил хаёлларга чўмади. Зинапоя бу вужуд залворига бардоши етса-да, унинг шуурини банд этган ўй-хаёлларни кўтаришга ожизлик қиладигандек…

Бешинчи поғонага етган домла зинапояга меҳр кўргазмоқ ниятида чоғи, хаёлни чалғитган бўладилар:
— Ёш ўтгани сайин одамнинг ҳаракати сустлашиб қоларкан…
— Бу зинадан чиқиб-тушиш сиз учун кони фойда. Бадантарбия.

Домла индамайдилар, яна икки поғона юқорилагач, тўхтаб орқага росмана ўгириладилар. Худди нотаниш сўз эшитгандек ва уни эслаб қолишга уринаётгандек менга разм солиб қарайдилар ва… бирдан гапирадилар:
— Ҳа, ҳа… бадантарбия!..

Ўн иккинчи поғонадан сўнг икки киши сиғар-сиғмас майдонча, кейин зинапоя бурилиб иккинчи қават томон “чўзилади”. Домла зинапоя “бекати”да тўхтамайдилар, фақат “келаяпсизми?” деган маънода кўз қирини ташлайдилар- да, давом этадилар. Яна жим. Яна хаёл. Лекин вужуд енгил тортгандек.
Яна ўн икки поғона. Яна “бекат”. Икки томонда эшик.

Домла чап томондаги хонага кириб кетаётиб қўл ҳаракати билан мени ўнг ёқдаги хонага даъват этадилар. Ўнг ёқдаги хона пастдагисининг ўзгинаси. Жиҳозлар бўлак, холос: икки столу бир диванни истисно қилганда, китобларга лиммо-лим жавон, жавон, жавон…

Китоб жавони мовий сувга лиммо-лим тиниқ кўлга ўхшайди — бари-барини унутсанг-да, ўзингни сувга ташласанг, қониб-қониб шўнғисанг… Қадимги юнон тарихи, мамлакатлар тарихи, адабиёт, фалсафа, санъат, психология. Дин. Сиёсатшунослик. Ҳуқуқ. Нотиқлик. Қомуслар…

Бу хонадонга биринчи марта келганим ёдимда: китобларни бир сидра кўздан кечирдим.
— Қўлингизга олиб кўринг, варақланг, ўқинг, — дедилар домла ўнғайсизланаётганимни сезиб. — Тортинманг.
Алексей Лосевнинг “Эстетика Возрождения”сини суғурдим. Мундарижасини чўқиладим. Мундарижа қолиб,  китоб соҳиби мутолаа асносида ҳошияга туширган қоралама белги-аломатлар, луқмалар, таъкидлар эътиборимни тортди.

Ўша куни суҳбатимиз беш соат давом этди. Домла суҳбатдан танаффус сўраган дамларида мен “Эстетика Возрождения”ни варақлайвердим. Бу китобни ўқимаган эдим. Кўнглимга шумлик оралади: қайта-қайта варақлайверсам, домла, “Шу китоб сизга”, деб юборсалар керак, деган ўй кечди хаёлдан.

Суҳбатимиз пировардида китобни жойига қўйиш ниятида истар-истамас жавон томон икки қадам босдиму, бояги “шум” умидда домлага қарадим.
— Жойига қўйинг.
Домланинг оддий лутфида ҳам қандайдир амирона оҳанг бор эди.

“Наҳотки, ниятимни сезмаган бўлсалар?!” деган хаёлда, сўнгги умидимни узмай домлага мўлтирадим.
У киши ҳолатини ўзгартирмадилар. Чиқмаган жондан умид қабилида сўнгги чорани ишга солдим:
— Домла, китобни ўқишга бериб туриш маданиятига қандайсиз?
— Менда ундай маданият шаклланмаган! — домла ўта ҳозиржавоблик билан умидимни чиппакка чиқардилар. — Нерунинг биринчи жилдини ҳамкасбларингиздан бири уч кунга сўраб, олиб кетган. Уч йил бўлди… Китобга муҳаббатинг бўлса, садағанг кетай, кел-л, ўти-ир, кечгача ўқи, бир сўз деган — номард!.. Лекин, уйга бермайман!.. Мен ахир шулар билан тирикман. Уйдан узоққа боролмайман. Ўқийман!.. Эҳ-ҳе-е, 41-йили қамалганимда қанақанги китобларим бор эди!.. Ҳаммаси йўқолди, бирортасини қайтиб тополмадим… Дени Дидронинг ўн жилдлиги, домламиз Зуппо тайёрлаган, ноёб нашр — қайларда қолиб кетди?! Китоб жамлаганим жиноят ўрнига ўтиб кетган. Ғарб, Шарқ классикларининг асарлари, халқимизнинг тарихига доир адабиётлар, ҳужжатлар. Уларнинг асосий қисми рус тилида, Масковда чоп этилган, уларни мен шахсий босмахонамда босган эмасман. Менинг гуноҳим ўшаларни тўплаб, уйимга йиғиб қўйиб, ўқиганман, холос… Камол Ота Туркнинг китоби, 1927 йили Москвада нашрдан чиққан, муқоваси қизил, устида ой билан юлдузнинг сурати туширилган. Мақолалари, хатлари, нутқлари тўпланган эди, шу китобнинг уйимдаги кугубхонамдан топилгани ҳам жиноят ишига қўшилиб кетган…

* * *

… Домла рўпарадаги хонадан қайтиб чиққунларига қадар дуч келган китобни варақлайман. Арастуми, Лосевми, Шекспирми-Чеховми, Коними-Петрарками — қатъи назар, китоблар ҳошиясидаги ёзувларнинг ўзи бир китоб! Ҳар китобнинг ҳошиясида бир китоб!..

Домла узоқ ҳаялламай хонага кирдилар.
— Меҳмон сизникига уй кийимида келмайди-ку, демак, сиз унинг олдида уй кийимида ўтиришингиз маданиятсизлик.

Домланинг ақидаси шундай, шу боис, у киши мен келгунимга довур улгурмаган бўлсалар, қўшни хонага кириб кийиниб, бўйинбоғ боғлаб, “пўрим” бўлиб чиқадилар. Кутиш онларида ҳаммага таниш ёзувчиларимиздан бирининг романини варақлаб ўтирган эдим. Қатор-қатор сўзлар остига чизиқ тортилган, айрим саҳифалар “бежаб” ташланган. Ҳошияда “шарт эмас”, “ноўрин” каби луқмалар, сўроқ ундовли сўроқ қўшсўроқ белгилар.

— Тоза-а синчиклаб ўқибсизми, домла?
— Бошқача ўқиёлмайман. Китобни қўлимга тутдимми, ҳар бир ҳарфнинг остига лом суқиб кўтариб қарайман: шу ҳарф, шу сўз жойига тушганми — тушмаганми, деган савол билан ўқийман.
— А, бу ҳошияси тўлиб кетибди-ку?!

Домла қисқа, лекин тагдор кулимсирадилар.
— Қайси китоб?.. Ҳа-а, у-ми?.. Ҳошияси тор экан у китобнинг, кў-ўп гапларим сиғмади… “Чинор”ни ўқишни бошлаганимнинг ўзидаёқ Асқадга қўнғироқ қилгандим, тилдаги ғализликларни айтганман, тўғри қабул қилган…

Қайси мавзуда сўз очилмасин, домланинг бисотларидан бир дунё ҳаётий мисол топилади. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

— “Обед пятерих”ни эшитганмисиз?
— Эшитмаганман.
— Айтиб бераман… XIX аср. Париж. Бу номларга эътибор беринг: Гюстав Флобе-ер… Ги де Мопасса-ан… Иван Тургене- ев… Ака-ука Гон-курлар!.. Улфатчилик қилишган. Сиз билан биз одатланган улфатчилиқдан бошқача уларники! Ўн беш кун оралаб навбати билан уйда йиғилишган. Ҳар сафар бирортаси ёзган янги асар муҳокама қилинган. Улфатчиликнинг шарти битга: асар ҳақида, маҳорат ҳақида бирортаям мақтов-мадҳия айтмаслик!.. Танқид қанчалик аёвсиз бўлса — шунча миннатдорчилик! — шу пайт домла туйқусдан савол қотдилар: — Сиз танқидга қандай қарайсиз?
— Танқиддан ранжиган эмасман.
— Ёзувчиларимиз мақтовга ўрганиб қолишган. Олазарак бўлиб мақтов пойлашади, эътибор кутишади. Бунақада асар етиладими, тил сайқал топадими?! Йў-ўқ, қайдан топади, қайдан етилади?! Танқид жонни олмайди-ку!.. Бояги бешовлон ёзувчининг асарларини ўқинг, тилига эътибор беринг — шарқираб оқаётган шалолага ўхшайди. Роҳат қиласиз… Дунё бадиий адабиётида э-энг зўр стилистлардан улар.

* * *

Домла шунчаки гапирмайдилар — ё зўр иштиёқ билан суҳбатлашадилар, ё жим ўйга толадилар. Гапирганда ҳар бир сўзга эмас, ҳар бўғинга алоҳида урғу берадилар, ҳар бир урғуни ўзгача оҳангда талаффуз қиладилар, шу сабаб у кишининг ҳеч бир сўзи, гапини эътиборсиз эшитмайсиз. У кишининг мулоҳазаларига қўшилиш ё қўшилмаслик мумкиндир, бироқ, бефарқ-беэътибор қолиб бўлмайди. Суҳбат пафоси — чўғи ланғиллаб суҳбатдош бетига уриб туради. Суҳбатдошнинг эътиборини бир зумга бўлса-да, бўшаштирмайди. Оддийгина мавзудан сўз очиладию, унга коинот миқёсига дахлдор мисол қиёс келтирилади. Ёхуд аксинча…

Миллий мафкура, миллий психология, миллий адабиёт… умуминсоний мезонлар уйғунлигида тасаввур этилади.
— Насрда ижод қиласизми? — сўраб қолдилар қўққисдан домла.
— Шундай.
Одатда янги танишувлар чоғида бундай саволдан сўнг илиқ сўзлар айтилади. Икки-уч дафъа суҳбатимиз асносида сездим: домлада бунақанги расмий мулозаматлар учун фурсат йўқ. У киши кўнгилдагини изҳор қилишлари керак, бўямай-бежамай ҳалолини айтишлари керак. Узоқ йиллардан буён айтилмаган гапларни айтиш фурсати етди…

— Ундай бўлса, эшитинг, — дедилар домла менинг ёзувчиликка яқинлигимни билгач. — Ҳозирги прозамизни ўқишга қийналаман. Ўқийверасан, ўқийверасан — ҳе-еч нарса тополмай ҳафсаланг пир бўлаверади. Мағзи бўш… Сюжет билан ишим йўқ, менинг. Бальзак айтган: сюжет — ёзувчининг ихтиёридаги хамир — ундан истаган нарсасини тайёрлайди. Мени кўпроқ ёзувчининг дунёқараши, оламни қандай воситалар ёрдамида кўраётгани қизиқтиради. Бирорта янги жумла топсам ҳам қувонаман. Бош заифлик — тилни ҳис этмаслиқда. Сувнинг сатҳидаги воқеаларни ёзишади, холос, кўзга кўрингани баён этилади-да, остига қаралмайди. “Ўткан кунлар”ни қаранг, Чўлпон ижодини кўринг қанда- ай мағзи тўли-иқ уларнинг!..

Яна домланинг нотиқлик санъатига эътибор қиламан. “Фитрат”, “Чўлпон”, деб қўя қолмайдилар у киши. “Фитра- ат”, “Чўлпо-он”, “Жулкунбо-ой!” деб алоҳида урғулар бериб талаффуз қиладилар. Шунда сўзнинг, исмнинг ё асар номининг таъсири беҳад кучайиб кетади. Мисол учун “энг” эмас — “э-э-энг”, “зўр асар” эмас — “зў-ўр асар”!..

Домланинг талаффузида Чеховнинг номи ўзгача бир салобат, қудрат соҳиби сифатида жаранглайди: Че-ехов!

— Студент эдим. Рус адабиёти тарихи дарсида ҳамма Чеховни мақтайди. Мақташадию, “мастер коротких рассказов”дан нарига ўтишмайди. Дарс пайти, биттаси яна маҳмаданалик қилаётувди, тоқатим етмай савол қотдим: хўш, Чеховнинг мастерлиги, маҳорати нимада? Тушунтириб бер!..
Аравани қуруқ олиб қочаётган курсдошимиз “чурқ” этолмади. Домла ўзимни саволга тутди:
— Саволингга ўзинг жавоб бера оласанми?

Дарс тўхтади, ҳамманинг кўз-қулоғи менда, бир оз гапирганимдан сўнг домла ўтиролмай қолди, дераза ёнига бориб туриб олди, синфнинг орқа томонига кетди — даҳанини чангаллаганича менга бақрайиб қолди.
Кўпроқ “6-палата”ни гапирдим. Ташландиқ ва иркит касалхонага қамалгандек ётган беморларнинг фалсафасини таҳлил қилдим. Жуда майда, “кичик” одамлар, лекин улар ўз дунёқараши билан шахс мақомидаги одамлар! Эътибор беряпсизми, ша-ахс-с!.. “Бутун бошли шаҳардан бигта ақлли одамни учратдим, у ҳам бўлса жинни” деган жойи эсингиздами?..

Ёзувчининг маҳорати шундаки, биргина ҳикояда жамиятнинг патос боғлаган яраларини юқорида-ан туриб кўрсатмоқда, унда Чеховнинг шахси жамиятдан устунлик қилган. Жамият иллатларини шахс нуқтаи назаридан баҳоламоқда. Демак, ёзувчи аввало шахс мақомига етилмоғи керак!.. Чунки, ШАХСнинг дарди ҳам, қувончи ҳам йирик, салмоқли бўлади. “Ҳамма бахт ҳаётни англаб олишда” деган сўзларни ҳам шу ҳикояда ўқиганман.

Хуллас, ярим соатдан мўлроқ гапирдим. Домла шитоб билан ёнимга келди-да, “Здорово! Здорово!” деганча елкамдан қучди.
— Қайси йили, қаерда бўлган бу воқеа?
— Минг тўққиз юз ўттиз бешинчи йили, Москвада — Тарих, фалсафа ва адабиёт институтида!..

* * *

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, файласуф олим Сулаймон Азимовнинг ҳаёт йўлларида XX асрнинг барча қувончлари, ранжу аламлари мужассам! Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиби (1929—30-йиллар), “Қизил Ўзбекистон” газетасининг муҳаррири (1938—39-йиллар)… Ўзбекистон Комфирқа Марказқўми котиби. Унга қадар…

— Ўзган — Фарғона водийсининг э-энг шарқий нуқтаси. Водийдан ўша томон қараб кетаверасиз- кетаверасиз — э-энг баланд жойи-га чиққанда Ўзганга етдим деяверинг!..
Мен эсимни таниган пайтлар Ўзганнинг аҳолиси 10-12 мингдан ортмас эди. Ўртақўрғон деган жойи бор — ўтмишда қорахонийлар сулоласининг пойтахги бўлган. Атрофи қалин ва бала-анд девор. Ҳар баҳор ёмғир шаррос қуйганда каттаю кичик Ўртақўрғонга чиқар, ер сатҳи ювилавергач, кимдир хуштак, бошқаси исирға, яна бирови сопол синиғи топар эди. Ишқилиб, ҳеч ким қуруқ қайтмасди…
Шамшиқаттол… Сирдарё Ўзгандан келади, Сирдарёнинг аввали бўлмиш Қорадарё Ўзгандан бошланади.
Ўзганнинг бир биқинидан бошқа дарё — Ясси ўтади. Ясси билан Қорадарё оралиғида кета-кетганча Қашқатерак қишлоғи ястанган! Тек-кис, серсув, гўзал! Ўзганнинг жануб томонида бир чеккага туриб бунда-ай қарасангиз, ҳў-ў… пастда дарё. Узоқ-узоқларга назар ташланг — дунё шу ердан бошланганга ўхшайди: осмон кўм-кўк, тоғларга туташ. Тоғлар, тоғлар устида тоғлар, қор, қор… осмонга туташ тоғлар, бир-бировининг устига мингашиб Ўзганни томоша қилади!.. Неча-неча давру давронлар ўтди ҳамки, Ўзганнинг жамолига қараб кўзлари тўймайди у тоғларнинг!.. Ўша тоғларнинг тепасига чиқиб бундай-ай қаралса, Ўзган мақташ учун табиат махсус яратиб қўйган жойга ўхшайдиди… Ҳаво юм-мшоқ, нафас олганинг сайин енгил тортаверасан…

Бошқа томонлардан кимдир келса “фалон жойдан” дейишмайди — “Пастдан келибди”, дейишади. Ким Ўзгандан кетса — “пастга кетган” ҳисобланади.
Ў-ў, одамларининг самимийлигини!.. Давранинг тўри — деҳқонники!.. Кейин ҳунармандники!.. Бу — асрлар мобайнида умумий ахлоқ даражасига кўтарилган!
Нокамтарликка йўймангу, мен шундай жойда туғилдим, ўсдим…

— Сизнингча, инсоният тарихида энг улкан ҳодиса қайси?
Савол бердиму, домланинг ўсиқ, қордай оппоқ пайваста қошлари панасидаги кўзларидан бирор маъно ўқишга ҳаракат қилдим. Бехосдан ташланган луқма ё савол мўйсафид ёшдаги домлага малол келмадимикан, деган истиҳола ҳам йўқ эмасди кўнглимда. Бироқ, ҳеч бир саволим домлани ўнғайсиз аҳволга солганини сезмадим. Аксинча 90 ёшга тенг бу вужуд жавоблар хазинасига айланган, у жавобларнинг ёруғ дунёга чиқиши, оппоқ қогозларга терилиши учун эса, адоқсиз саволлар ёғилмоғи зарур, вужуд соҳиби бунга ҳамма вақт шай эди.
Шундай қилиб…

— “Энг улкан ҳодиса” десак тўғри бўлмайди, — дея жавобга киришдилар домла. — Э-энг улкан, бую-юк ҳодисалардан бири буюк француз инқилоби!
Мен унинг маънавият оламида ясаган инқилобини назарда тутмокдаман! Бу инқилобни ғоя сифатида буюк маърифатпарварлар тайёрлашди. Фикр инқилобчилари! Руссо-о!.. Гелвеци-ий!.. Дидро-о!.. Ў-ў-ў!!! Бутун инсоният миқёсида илғор тафаккур ана шу сиймолар маърифатига бориб тақалади.

Мен улар таълимотидаги нуқсонлардан кўз юммоқчи эмасман, адабиёт, санъат, айниқса дин масазасида улар билан баҳслашиш мумкин бўлган жойлари кўп. Булардан қатьи назар, бу ёруғ оламда ҳамма нарса ШАХС манфаатига, ШАХС мартабасини улуғлашга қаратилган бўлмоғи керак деган тушунча… ана шу маърифатпарварлар тафаккурининг, ана шу инқилобнинг ҳосиласидир. Инсон ҳур ва озод яшамоғи керак, лекин бунга қандай қилиб эришилади? Жамиятнинг мураккаб ички ва ташқи жараёнлари бу қадар юксак мақсадга қай йўсинларда эришади?..

Тараққий этган ҳеч бир халқ, миллат, мамлакат бу миқёсларга осонлик билан эришган эмас. Шу йўлда озми- кўпми рўшнолик топганлари бўлса мен номларини айтган маърифатпарварлар яратган умумий ғоявий йўналишларга суянган ҳолда маҳаллий-миллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб янгича назариялар яратиш йўли билан эришганлар.

Дунё ҳар қандай Инсондан бир неча юз, минг, миллион карра кўҳнароқ, бойроқ, чексизроқ. Шунга қарамай, инсон уни англашга уринади. Англаш — хулоса чиқариш, хулоса чиқариш эса — ҳукм!

Демак, одам ўзидан юз, минг, миллион дафъа улканроқ, қамровга сиғмайдиганроқ нарса ҳақида ҳукм чиқаришга уринади.

Ақл одамни шу қадар беҳаловат қилиб қўяди.
Тотли беҳаловатлик!
Беҳаловатликдан туғиладиган саволлар занжирининг тилла халқалари туганмас. Дам-бадам: “Хўш, дунё ҳақида билганларим қанча?” деган саюл билан ўзингни деворга тирайсан, “Жавоб бер!”, деб ўдағайлайсан. Шунда жуда-а билимдон бўлиб кетдим-а, деган хаёлга борган кезларингни эслаб шалпайи-иб қоласан… Билганларим билмаганларимга нисбатан заррача…

Домла ўзларига хос салобат билан куладилар ва шу заҳоти жиддий тортиб, дейдилар:
— Бу ҳам чинакам шахсларга хос фазилат. Дунёнинг тагига етдим деган даъвода кибру ҳаволаниш ШАХСга бегона. Шахснинг салобатию салоҳияти, самимияти унинг Ватан равнақига, эл-юртнинг руҳий манфаатига қўшган ҳиссаси билан ўлчанади…

* * *

Гапдан гап чиқиб, мемуардан сўз очилди. Домла катта- катта гардишли кўзойнак ортидан кўзларини янаям чақчайтириб қараб қолдилар. Саволим ноўрин чиқдими деган хавотирда ўнғайсизланиб кутдим.
— Мемуар, дейсизми?..
— Мемуар жанрининг имкониятлари катта-да, — дедим бўлар иш бўлди деган мазмунда дадиллланиб, — негадир бизда камроқ ёзишади…
— Камроқ ёзишади?.. Ким камроқ ёзади? Ўша камроқ мемуарларни менга санаб беринг-чи? Келтириб беринг, ўша мемуарларни, мен ҳам ўқиб кўрай!..

Домла қарийб пўписа оҳангига кўча бошладилар, лекин бу пўписа менга ёки кимгадир қаратилган эмас, балки буткул ўзгача оҳангдаги аламли таъна эди.
— Ўн тўққизинчи асрга келиб русларда мемуар яратила бошланди. Улар француз, инглиз, италъянлардан ўрганишди. Мемуар кимнингдир таржимаи ҳоли эмас, ким қандай яшади, қандай овқат еди, нимани кўриб, нимани эшитди дегани эмас. Мемуар — ўз даври, ўз мамлакати, ўз халқи тараққиёти, аҳволи ҳақида шахсий фикр айтиш, шахсий нуқтаи назарини баён этиш дегани! Давр ва жамият устидан ҳукм чиқариш дегани!.. Бизда эса шахсий фикр, шахсий нуқтаи назар бўлмаган, демак, мемуар ҳам бўлмаган. Бошидан адоғигача қизил империянинг мустамлакаси бўлган мамлакатда, одамларининг қорин тўйдиришдан бўлак мақсад-маслаги бўлмаган жойда мемуар ёзиб, ҳукм чиқарадиган банда топилиши мумкинми?! Ёзиб, ташлаб қўйилса, дейишади. Чучварани хом санабса-ан, дейман уларга. Мемуарни ёзиб шкафга ташлаб қўй — шкафнинг ўзи КГБнинг агенти, деворнинг ичига яширсанг — деворнинг ўзи шпион!.. Манави шарикли ручка бор-ку, ёзганингни шунинг ичига яширмоқчи бўларсан — унинг ичи НКВДнинг айғоқчиларига тўлиб-тошган. Хўш, қаёққа борасан, қаёққа бош урасан?! Мемуар ёзармиш-а-а?!

Хона жимжит бўлиб қолди. Домла оғир тин олдилар. Курсидан оғир қўзғалиб, қад ростладилар. Ўйланиб туриб, яна ўтирдилар. Боягиндан пастроқ товушда, лекин бўлар иш бўлиб ўтган деган оҳангда вазминлашдилар:
— Мўминхўжа деган одамни билардим. Халқ маорифи комиссари. Нима бўлди-ю, бир даврада бизга ароқхўрлик маданияти қаердан келди, бунинг оқибати нима бўлади, деб куюниб гапириб қолди. Нима бўларди?.. Мўминхўжа халқдушмани бўлиб йўқолиб кетди… Қайтиб кўрмадим уни…
— Ичкиликни қоралаш мумкин бўлмаган жойда мемуар ёзиб бўлармиди?..

* * *

1919 йили ўттиз чоқли ялангоёқ бола эллик чақирим олисдаги Ўш шаҳри сари Ўзгандан пиёда йўлга отланган эди. Уларнинг, улар орасидаги Сулаймон Азимовнинг бирдан-бир орзуси дунёни таниш эди. Орадан салкам 80 йил ўтди. Дунёнинг сир-синоатини англаш давом этмоқда. Мутолаадан тўхтамаган одам фикрлашдан тўхтамайди. Фикрлайдиган одамнинг мағзи бўлиқ суҳбати тугамайди…

Р5. Ушбу эссени газетада эълон қилишдан аввал домлага ўқиш учун уйларига қолдирдим. Навбатдаги сафар кўришганимизда домла мақоладан мамнун эканликларини айтдилар, сўнг столда турган “Эстетика Возрождения”ни қўлга олдилар.
— Бир киши китобга шунчалар иштиёқманд бўлса- ю, мен уни қанотим остига босиб ўтирсам инсофдан бўлмайди, — дедилар. — Шуни сизга совға қиламан. Қайси алифбода ёзай: арабийми, русчами ёки лотиндами?
— “Самимият билан”, деб ёзинг, — дедилар ая домланинг фавқулодда саховатлари жўш урганини кўриб.
Домла бу борада ҳам ўз ақидаси мустаҳкам инсон эканлигини кўрсатдилар:
— Менда сохталик бўл-майди. Ҳадя этяпманми, демак, чин кўнгилдан самимий қиляпман бу ишни…

1995

033

Xurshid Do’stmuhammad
TOTLI BEHALOVATLIK
Taniqli faylasuf olim, jamoat arbobi Sulaymon Azimov bilan suhbatlar
02

Azimov Sulaymon Egamberdievich (1908.21.10, Qirg’iziston; O’sh viloyati O’zgan tumani — 1996.3.1, Toshkent) — faylasuf olim, jamoat arbobi. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi (1958). Toshkentdagi Almaiy nomli namuna ish maktabi (1928), pedagogika texnikumini tugatgan (1929). Moskva Tarix-falsafa va adabiyot in-tining falsafa f-tida o’qigan (1932— 37). O’rta Osiyo davlat un-ti va Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika in-tida falsafadan dars bergan (1937—38). 1938 y.da «Qizil O’zbekiston» gaz. muharriri.1939—41 y.larda respublika rahbar lavozimlarida ishlagan. Sulaymon Azimov qatag’onga uchrab, umrining qariyb 15 y.ini (1941—55) turma va qamoq lagerlarida o’tkazdi. 1955 yilda oqlangan. 1955—59 y.larda respublika madaniyat vaziri o’rinbosari. 1959—66-y.larda O’zbekiston FA Falsafa va huquq in-ti sektor mudiri, katta ilmiy xodim. Nazariy-ilmiy, publitsistik asarlar muallifi.

02

Keldi-ketdi ko’p bo’lgan xonadon sohiblari suhbatning “kirish” qismini ortiqcha cho’zmaydilar. Bu odat bolalarga ham yuqadi.
Ko’cha eshikdan dahchizga kirgan zahotingiz ro’parangizda Otabek paydo bo’ladi. O’zi uchinchi sinfdan beshinchiga “sakragan” bilag’on bola, tim qora, beg’ubor ko’zlari kishiga vazmin, bosiq boqadi. Notanish mehmon oldida o’zini yo’qotmaydi, o’ng’aysiz ahvolga tushmaydi. Singlisi Tamilla ham shunday…

Shifti baland, chorburchak, yorug’… salobatli xona. O’ng yoqda divan, chapda — pianino, burchakda — televizor. O’rtada og’ir, oyoqlari ko’ngirador zalvorli stol.

Domla duoni qisqa qiladilar:
— Siz kelgan joylarga fayz kiraversin, o-omin!..
Chamaladim: bu xonadonga tanda qo’ygan muxlislarning har biri bilan besh daqiqadan hol-ahvol so’rashilsa, besh daqiqadan xayrlashilsa…

— Muddaoga ko’chsak, degandim…
— Shundaymi?.. — domla bir nafas o’ylab oladilar, so’ng javob qiladilar: — Unda, yuqoriga chiqamiz.

Dahlizdan yuqoriga ketgan, poyondoz to’shalgan taxta zinapoya “qilt” etmaydi, allazamonlarda qurilgani sezilsa-da, tob tashlamagan — g’ichirlamaydi-ingramaydi.
Domla shoshilmay, bir-bir qadam qo’yib yuqoriga ko’tariladilar. O’ng qo’l o’ng tomondagi suyanchiqda.
Qarilik alomati emas, yo’q, hayotni ko’-o’p ko’rgan bu yelkalar juda-a og’ir, benihoya zalvorli yukni avaylab ko’tarib borayotganga o’xshaydi.
Zalvorli hayot mujassam vujud zalvorli zinapoyadan yuqorilagani sayin zil-zambil xayollarga cho’madi. Zinapoya bu vujud zalvoriga bardoshi yetsa-da, uning shuurini band etgan o’y-xayollarni ko’tarishga ojizlik qiladigandek…

Beshinchi pog’onaga yetgan domla zinapoyaga mehr ko’rgazmoq niyatida chog’i, xayolni chalg’itgan bo’ladilar:
— Yosh o’tgani sayin odamning harakati sustlashib qolarkan…
— Bu zinadan chiqib-tushish siz uchun koni foyda. Badantarbiya.

Domla indamaydilar, yana ikki pog’ona yuqorilagach, to’xtab orqaga rosmana o’giriladilar. Xuddi notanish so’z eshitgandek va uni eslab qolishga urinayotgandek menga razm solib qaraydilar va… birdan gapiradilar:
— Ha, ha… badantarbiya!..

O’n ikkinchi pog’onadan so’ng ikki kishi sig’ar-sig’mas maydoncha, keyin zinapoya burilib ikkinchi qavat tomon “cho’ziladi”. Domla zinapoya “bekati”da to’xtamaydilar, faqat “kelayapsizmi?” degan ma’noda ko’z qirini tashlaydilar- da, davom etadilar. Yana jim. Yana xayol. Lekin vujud yengil tortgandek.
Yana o’n ikki pog’ona. Yana “bekat”. Ikki tomonda eshik.

Domla chap tomondagi xonaga kirib ketayotib qo’l harakati bilan meni o’ng yoqdagi xonaga da’vat etadilar.
O’ng yoqdagi xona pastdagisining o’zginasi. Jihozlar bo’lak, xolos: ikki stolu bir divanni istisno qilganda, kitoblarga limmo-lim javon, javon, javon…

Kitob javoni moviy suvga limmo-lim tiniq ko’lga o’xshaydi — bari-barini unutsang-da, o’zingni suvga tashlasang, qonib-qonib sho’ng’isang… Qadimgi yunon tarixi, mamlakatlar tarixi, adabiyot, falsafa, san’at, psixologiya. Din. Siyosatshunoslik. Huquq. Notiqlik. Qomuslar…

Bu xonadonga birinchi marta kelganim yodimda: kitoblarni bir sidra ko’zdan kechirdim.
— Qo’lingizga olib ko’ring, varaqlang, o’qing, — dedilar domla o’ng’aysizlanayotganimni sezib. — Tortinmang.
Aleksey Losevning “Estetika Vozrojdeniya”sini sug’urdim. Mundarijasini cho’qiladim. Mundarija qolib,
kitob sohibi mutolaa asnosida hoshiyaga tushirgan qoralama belgi-alomatlar, luqmalar, ta’kidlar e’tiborimni tortdi.

O’sha kuni suhbatimiz besh soat davom etdi. Domla suhbatdan tanaffus so’ragan damlarida men “Estetika Vozrojdeniya”ni varaqlayverdim. Bu kitobni o’qimagan edim. Ko’nglimga shumlik oraladi: qayta-qayta varaqlayversam, domla, “Shu kitob sizga”, deb yuborsalar kerak, degan o’y kechdi xayoldan.

Suhbatimiz pirovardida kitobni joyiga qo’yish niyatida istar-istamas javon tomon ikki qadam bosdimu, boyagi “shum” umidda domlaga qaradim.
— Joyiga qo’ying.
Domlaning oddiy lutfida ham qandaydir amirona ohang bor edi.

“Nahotki, niyatimni sezmagan bo’lsalar?!” degan xayolda, so’nggi umidimni uzmay domlaga mo’ltiradim.
U kishi holatini o’zgartirmadilar. Chiqmagan jondan umid qabilida so’nggi chorani ishga soldim:
— Domla, kitobni o’qishga berib turish madaniyatiga qandaysiz?
— Menda unday madaniyat shakllanmagan! — domla o’ta hozirjavoblik bilan umidimni chippakka chiqardilar. — Neruning birinchi jildini hamkasblaringizdan biri uch kunga so’rab, olib ketgan. Uch yil bo’ldi… Kitobga muhabbating bo’lsa, sadag’ang ketay, kel-l, o’ti-ir, kechgacha o’qi, bir so’z degan — nomard!.. Lekin, uyga bermayman!.. Men axir shular bilan tirikman. Uydan uzoqqa borolmayman. O’qiyman!.. Eh-he-ye, 41-yili qamalganimda qanaqangi kitoblarim bor edi!.. Hammasi yo’qoldi, birortasini qaytib topolmadim… Deni Didroning o’n jildligi, domlamiz Zuppo tayyorlagan, noyob nashr — qaylarda qolib ketdi?! Kitob jamlaganim jinoyat o’rniga o’tib ketgan. G’arb, Sharq klassiklarining asarlari, xalqimizning tarixiga doir adabiyotlar, hujjatlar. Ularning asosiy qismi rus tilida, Maskovda chop etilgan, ularni men shaxsiy bosmaxonamda bosgan emasman. Mening gunohim o’shalarni to’plab, uyimga yig’ib qo’yib, o’qiganman, xolos… Kamol Ota Turkning kitobi, 1927 yili Moskvada nashrdan chiqqan, muqovasi qizil, ustida oy bilan yulduzning surati tushirilgan. Maqolalari, xatlari, nutqlari to’plangan edi, shu kitobning uyimdagi kugubxonamdan topilgani ham jinoyat ishiga qo’shilib ketgan…

* * *

… Domla ro’paradagi xonadan qaytib chiqqunlariga qadar duch kelgan kitobni varaqlayman. Arastumi, Losevmi, Shekspirmi-Chexovmi, Konimi-Petrarkami — qat’i nazar, kitoblar hoshiyasidagi yozuvlarning o’zi bir kitob! Har kitobning hoshiyasida bir kitob!..

Domla uzoq hayallamay xonaga kirdilar.
— Mehmon siznikiga uy kiyimida kelmaydi-ku, demak, siz uning oldida uy kiyimida o’tirishingiz madaniyatsizlik.

Domlaning aqidasi shunday, shu bois, u kishi men kelgunimga dovur ulgurmagan bo’lsalar, qo’shni xonaga kirib kiyinib, bo’yinbog’ bog’lab, “po’rim” bo’lib chiqadilar. Kutish onlarida hammaga tanish yozuvchilarimizdan birining romanini varaqlab o’tirgan edim. Qator-qator so’zlar ostiga chiziq tortilgan, ayrim sahifalar “bejab” tashlangan. Hoshiyada “shart emas”, “noo’rin” kabi luqmalar, so’roq undovli so’roq qo’shso’roq belgilar.

— Toza-a sinchiklab o’qibsizmi, domla?
— Boshqacha o’qiyolmayman. Kitobni qo’limga tutdimmi, har bir harfning ostiga lom suqib ko’tarib qarayman: shu harf, shu so’z joyiga tushganmi — tushmaganmi, degan savol bilan o’qiyman.
— A, bu hoshiyasi to’lib ketibdi-ku?!

Domla qisqa, lekin tagdor kulimsiradilar.
— Qaysi kitob?.. Ha-a, u-mi?.. Hoshiyasi tor ekan u kitobning, ko’-o’p gaplarim sig’madi… “Chinor”ni o’qishni boshlaganimning o’zidayoq Asqadga qo’ng’iroq qilgandim, tildagi g’alizliklarni aytganman, to’g’ri qabul qilgan…

Qaysi mavzuda so’z ochilmasin, domlaning bisotlaridan bir dunyo hayotiy misol topiladi. Bu safar ham shunday bo’ldi.

— “Obed pyaterix”ni eshitganmisiz?
— Eshitmaganman.
— Aytib beraman… XIX asr. Parij. Bu nomlarga e’tibor bering: Gyustav Flobe-yer… Gi de Mopassa-an… Ivan Turgene- yev… Aka-uka Gon-kurlar!.. Ulfatchilik qilishgan. Siz bilan biz odatlangan ulfatchiliqdan boshqacha ularniki! O’n besh kun oralab navbati bilan uyda yig’ilishgan. Har safar birortasi yozgan yangi asar muhokama qilingan. Ulfatchilikning sharti bitga: asar haqida, mahorat haqida birortayam maqtov-madhiya aytmaslik!.. Tanqid qanchalik ayovsiz bo’lsa — shuncha minnatdorchilik! — shu payt domla tuyqusdan savol qotdilar: — Siz tanqidga qanday qaraysiz?
— Tanqiddan ranjigan emasman.
— Yozuvchilarimiz maqtovga o’rganib qolishgan. Olazarak bo’lib maqtov poylashadi, e’tibor kutishadi. Bunaqada asar yetiladimi, til sayqal topadimi?! Yo’-o’q, qaydan topadi, qaydan yetiladi?! Tanqid jonni olmaydi-ku!.. Boyagi beshovlon yozuvchining asarlarini o’qing, tiliga e’tibor bering — sharqirab oqayotgan shalolaga o’xshaydi. Rohat qilasiz… Dunyo badiiy adabiyotida e-eng zo’r stilistlardan ular.

* * *

Domla shunchaki gapirmaydilar — yo zo’r ishtiyoq bilan suhbatlashadilar, yo jim o’yga toladilar. Gapirganda har bir so’zga emas, har bo’g’inga alohida urg’u beradilar, har bir urg’uni o’zgacha ohangda talaffuz qiladilar, shu sabab u kishining hech bir so’zi, gapini e’tiborsiz eshitmaysiz. U kishining mulohazalariga qo’shilish yo qo’shilmaslik mumkindir, biroq, befarq-bee’tibor qolib bo’lmaydi. Suhbat pafosi — cho’g’i lang’illab suhbatdosh betiga urib turadi. Suhbatdoshning e’tiborini bir zumga bo’lsa-da, bo’shashtirmaydi. Oddiygina mavzudan so’z ochiladiyu, unga koinot miqyosiga daxldor misol qiyos keltiriladi. Yoxud aksincha…

Milliy mafkura, milliy psixologiya, milliy adabiyot… umuminsoniy mezonlar uyg’unligida tasavvur etiladi.
— Nasrda ijod qilasizmi? — so’rab qoldilar qo’qqisdan domla.
— Shunday.
Odatda yangi tanishuvlar chog’ida bunday savoldan so’ng iliq so’zlar aytiladi. Ikki-uch daf’a suhbatimiz asnosida sezdim: domlada bunaqangi rasmiy mulozamatlar uchun fursat yo’q. U kishi ko’ngildagini izhor qilishlari kerak, bo’yamay-bejamay halolini aytishlari kerak. Uzoq yillardan buyon aytilmagan gaplarni aytish fursati yetdi…

— Unday bo’lsa, eshiting, — dedilar domla mening yozuvchilikka yaqinligimni bilgach. — Hozirgi prozamizni o’qishga qiynalaman. O’qiyverasan, o’qiyverasan — he-yech narsa topolmay hafsalang pir bo’laveradi. Mag’zi bo’sh… Syujet bilan ishim yo’q, mening. Bal`zak aytgan: syujet — yozuvchining ixtiyoridagi xamir — undan istagan narsasini tayyorlaydi. Meni ko’proq yozuvchining dunyoqarashi, olamni qanday vositalar yordamida ko’rayotgani qiziqtiradi. Birorta yangi jumla topsam ham quvonaman. Bosh zaiflik — tilni his etmasliqda. Suvning sathidagi voqealarni yozishadi, xolos, ko’zga ko’ringani bayon etiladi-da, ostiga qaralmaydi. “O’tkan kunlar”ni qarang, Cho’lpon ijodini ko’ring qanda- ay mag’zi to’li-iq ularning!..

Yana domlaning notiqlik san’atiga e’tibor qilaman. “Fitrat”, “Cho’lpon”, deb qo’ya qolmaydilar u kishi. “Fitra- at”, “Cho’lpo-on”, “Julkunbo-oy!” deb alohida urg’ular berib talaffuz qiladilar. Shunda so’zning, ismning yo asar nomining ta’siri behad kuchayib ketadi. Misol uchun “eng” emas — “e-e-eng”, “zo’r asar” emas — “zo’-o’r asar”!..

Domlaning talaffuzida Chexovning nomi o’zgacha bir salobat, qudrat sohibi sifatida jaranglaydi: Che-yexov!

— Student edim. Rus adabiyoti tarixi darsida hamma Chexovni maqtaydi. Maqtashadiyu, “master korotkix rasskazov”dan nariga o’tishmaydi. Dars payti, bittasi yana mahmadanalik qilayotuvdi, toqatim yetmay savol qotdim: xo’sh, Chexovning masterligi, mahorati nimada? Tushuntirib ber!..
Aravani quruq olib qochayotgan kursdoshimiz “churq” etolmadi. Domla o’zimni savolga tutdi:
— Savolingga o’zing javob bera olasanmi?

Dars to’xtadi, hammaning ko’z-qulog’i menda, bir oz gapirganimdan so’ng domla o’tirolmay qoldi, deraza yoniga borib turib oldi, sinfning orqa tomoniga ketdi — dahanini changallaganicha menga baqrayib qoldi.
Ko’proq “6-palata”ni gapirdim. Tashlandiq va irkit kasalxonaga qamalgandek yotgan bemorlarning falsafasini tahlil qildim. Juda mayda, “kichik” odamlar, lekin ular o’z dunyoqarashi bilan shaxs maqomidagi odamlar! E’tibor beryapsizmi, sha-axs-s!.. “Butun boshli shahardan bigta aqlli odamni uchratdim, u ham bo’lsa jinni” degan joyi esingizdami?..

Yozuvchining mahorati shundaki, birgina hikoyada jamiyatning patos bog’lagan yaralarini yuqorida-an turib ko’rsatmoqda, unda Chexovning shaxsi jamiyatdan ustunlik qilgan. Jamiyat illatlarini shaxs nuqtai nazaridan baholamoqda. Demak, yozuvchi avvalo shaxs maqomiga yetilmog’i kerak!.. Chunki, SHAXSning dardi ham, quvonchi ham yirik, salmoqli bo’ladi. “Hamma baxt hayotni anglab olishda” degan so’zlarni ham shu hikoyada o’qiganman.

Xullas, yarim soatdan mo’lroq gapirdim. Domla shitob bilan yonimga keldi-da, “Zdorovo! Zdorovo!” degancha yelkamdan quchdi.
— Qaysi yili, qaerda bo’lgan bu voqea?
— Ming to’qqiz yuz o’ttiz beshinchi yili, Moskvada — Tarix, falsafa va adabiyot institutida!..

* * *

O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi, faylasuf olim Sulaymon Azimovning hayot yo’llarida XX asrning barcha quvonchlari, ranju alamlari mujassam! Yo’ldosh Oxunboboevning shaxsiy kotibi (1929—30-yillar), “Qizil O’zbekiston” gazetasining muharriri (1938—39-yillar)… O’zbekiston Komfirqa Markazqo’mi kotibi. Unga qadar…

— O’zgan — Farg’ona vodiysining e-eng sharqiy nuqtasi. Vodiydan o’sha tomon qarab ketaverasiz- ketaverasiz — e-eng baland joyi-ga chiqqanda O’zganga yetdim deyavering!..
Men esimni tanigan paytlar O’zganning aholisi 10-12 mingdan ortmas edi. O’rtaqo’rg’on degan joyi bor — o’tmishda qoraxoniylar sulolasining poytaxgi bo’lgan. Atrofi qalin va bala-and devor. Har bahor yomg’ir sharros quyganda kattayu kichik O’rtaqo’rg’onga chiqar, yer sathi yuvilavergach, kimdir xushtak, boshqasi isirg’a, yana birovi sopol sinig’i topar edi. Ishqilib, hech kim quruq qaytmasdi…
Shamshiqatgol… Sirdaryo O’zgandan keladi, Sirdaryoning avvali bo’lmish Qoradaryo O’zgandan boshlanadi.
O’zganning bir biqinidan boshqa daryo — Yassi o’tadi. Yassi bilan Qoradaryo oralig’ida keta-ketgancha Qashqaterak qishlog’i yastangan!
Tek-kis, sersuv, go’zal! O’zganning janub tomonida bir chekkaga turib bunda-ay qarasangiz, ho’-o’… pastda daryo. Uzoq-uzoqlarga nazar tashlang — dunyo shu yerdan boshlanganga o’xshaydi: osmon ko’m-ko’k, tog’larga tutash. Tog’lar, tog’lar ustida tog’lar, qor, qor… osmonga tutash tog’lar, bir-birovining ustiga mingashib O’zganni tomosha qiladi!.. Necha-necha davru davronlar o’tdi hamki, O’zganning jamoliga qarab ko’zlari to’ymaydi u tog’larning!.. O’sha tog’larning tepasiga chiqib bunday-ay qaralsa, O’zgan maqtash uchun tabiat maxsus yaratib qo’ygan joyga o’xshaydidi… Havo yum-mshoq, nafas olganing sayin yengil tortaverasan…

Boshqa tomonlardan kimdir kelsa “falon joydan” deyishmaydi — “Pastdan kelibdi”, deyishadi. Kim O’zgandan ketsa — “pastga ketgan” hisoblanadi.
O’-o’, odamlarining samimiyligini!.. Davraning to’ri — dehqonniki!.. Keyin hunarmandniki!.. Bu — asrlar mobaynida umumiy axloq darajasiga ko’tarilgan!
Nokamtarlikka yo’ymangu, men shunday joyda tug’ildim, o’sdim…

— Sizningcha, insoniyat tarixida eng ulkan hodisa qaysi?
Savol berdimu, domlaning o’siq, qorday oppoq payvasta qoshlari panasidagi ko’zlaridan biror ma’no o’qishga harakat qildim. Bexosdan tashlangan luqma yo savol mo’ysafid yoshdagi domlaga malol kelmadimikan, degan istihola ham yo’q emasdi ko’nglimda. Biroq, hech bir savolim domlani
o’ng’aysiz ahvolga solganini sezmadim. Aksincha 90 yoshga teng bu vujud javoblar xazinasiga aylangan, u javoblarning yorug’ dunyoga chiqishi, oppoq qogozlarga terilishi uchun esa, adoqsiz savollar yog’ilmog’i zarur, vujud sohibi bunga hamma vaqt shay edi.

Shunday qilib…

— “Eng ulkan hodisa” desak to’g’ri bo’lmaydi, — deya javobga kirishdilar domla. — E-eng ulkan, buyu-yuk hodisalardan biri buyuk frantsuz inqilobi!
Men uning ma’naviyat olamida yasagan inqilobini nazarda tutmokdaman! Bu inqilobni g’oya sifatida buyuk ma’rifatparvarlar tayyorlashdi. Fikr inqilobchilari! Russo-o!.. Gelvetsi-iy!.. Didro-o!.. O’-o’-o’!!! Butun insoniyat miqyosida ilg’or tafakkur ana shu siymolar ma’rifatiga borib taqaladi.

Men ular ta’limotidagi nuqsonlardan ko’z yummoqchi emasman, adabiyot, san’at, ayniqsa din masazasida ular bilan bahslashish mumkin bo’lgan joylari ko’p. Bulardan qat`i nazar, bu yorug’ olamda hamma narsa SHAXS manfaatiga, SHAXS martabasini ulug’lashga qaratilgan bo’lmog’i kerak degan tushuncha… ana shu ma’rifatparvarlar tafakkurining, ana shu inqilobning hosilasidir. Inson hur va ozod yashamog’i kerak, lekin bunga qanday qilib erishiladi? Jamiyatning murakkab ichki va tashqi jarayonlari bu qadar yuksak maqsadga qay yo’sinlarda erishadi?..

Taraqqiy etgan hech bir xalq, millat, mamlakat bu miqyoslarga osonlik bilan erishgan emas. Shu yo’lda ozmi- ko’pmi ro’shnolik topganlari bo’lsa men nomlarini aytgan ma’rifatparvarlar yaratgan umumiy g’oyaviy yo’nalishlarga suyangan holda mahalliy-milliy shart-sharoitlardan kelib chiqib yangicha nazariyalar yaratish yo’li bilan erishganlar.

Dunyo har qanday Insondan bir necha yuz, ming, million karra ko’hnaroq, boyroq, cheksizroq. Shunga qaramay, inson uni anglashga urinadi. Anglash — xulosa chiqarish, xulosa chiqarish esa — hukm!

Demak, odam o’zidan yuz, ming, million daf’a ulkanroq, qamrovga sig’maydiganroq narsa haqida hukm chiqarishga urinadi.

Aql odamni shu qadar behalovat qilib qo’yadi.
Totli behalovatlik!
Behalovatlikdan tug’iladigan savollar zanjirining tilla xalqalari tuganmas. Dam-badam: “Xo’sh, dunyo haqida bilganlarim qancha?” degan sayul bilan o’zingni devorga tiraysan, “Javob ber!”, deb o’dag’aylaysan. Shunda juda-a bilimdon bo’lib ketdim-a, degan xayolga borgan kezlaringni eslab shalpayi-ib qolasan… Bilganlarim bilmaganlarimga nisbatan zarracha…

Domla o’zlariga xos salobat bilan kuladilar va shu zahoti jiddiy tortib, deydilar:
— Bu ham chinakam shaxslarga xos fazilat. Dunyoning tagiga yetdim degan da’voda kibru havolanish SHAXSga begona. Shaxsning salobatiyu salohiyati, samimiyati uning Vatan ravnaqiga, el-yurtning ruhiy manfaatiga qo’shgan hissasi bilan o’lchanadi…

* * *

Gapdan gap chiqib, memuardan so’z ochildi. Domla katta- katta gardishli ko’zoynak ortidan ko’zlarini yanayam chaqchaytirib qarab qoldilar. Savolim noo’rin chiqdimi degan xavotirda o’ng’aysizlanib kutdim.
— Memuar, deysizmi?..
— Memuar janrining imkoniyatlari katta-da, — dedim bo’lar ish bo’ldi degan mazmunda dadilllanib, — negadir bizda kamroq yozishadi…
— Kamroq yozishadi?.. Kim kamroq yozadi? O’sha kamroq memuarlarni menga sanab bering-chi? Keltirib bering, o’sha memuarlarni, men ham o’qib ko’ray!..

Domla qariyb po’pisa ohangiga ko’cha boshladilar, lekin bu po’pisa menga yoki kimgadir qaratilgan emas, balki butkul o’zgacha ohangdagi alamli ta’na edi.
— O’n to’qqizinchi asrga kelib ruslarda memuar yaratila boshlandi. Ular frantsuz, ingliz, ital’yanlardan o’rganishdi. Memuar kimningdir tarjimai holi emas, kim qanday yashadi, qanday ovqat yedi, nimani ko’rib, nimani eshitdi degani emas. Memuar — o’z davri, o’z mamlakati, o’z xalqi taraqqiyoti, ahvoli haqida shaxsiy fikr aytish, shaxsiy nuqtai nazarini bayon etish degani! Davr va jamiyat ustidan hukm chiqarish degani!.. Bizda esa shaxsiy fikr, shaxsiy nuqtai nazar bo’lmagan, demak, memuar ham bo’lmagan. Boshidan adog’igacha qizil imperiyaning mustamlakasi bo’lgan mamlakatda, odamlarining qorin to’ydirishdan bo’lak maqsad-maslagi bo’lmagan joyda memuar yozib, hukm chiqaradigan banda topilishi mumkinmi?! Yozib, tashlab qo’yilsa, deyishadi. Chuchvarani xom sanabsa-an, deyman ularga. Memuarni yozib shkafga tashlab qo’y — shkafning o’zi KGBning agenti, devorning ichiga yashirsang — devorning o’zi shpion!.. Manavi sharikli ruchka bor-ku, yozganingni shuning ichiga yashirmoqchi bo’larsan — uning ichi NKVDning ayg’oqchilariga to’lib-toshgan. Xo’sh, qayoqqa borasan, qayoqqa bosh urasan?! Memuar yozarmish-a-a?!

Xona jimjit bo’lib qoldi. Domla og’ir tin oldilar. Kursidan og’ir qo’zg’alib, qad rostladilar. O’ylanib turib, yana o’tirdilar. Boyagindan pastroq tovushda, lekin bo’lar ish bo’lib o’tgan degan ohangda vazminlashdilar:
— Mo’minxo’ja degan odamni bilardim. Xalq maorifi komissari. Nima bo’ldi-yu, bir davrada bizga aroqxo’rlik madaniyati qaerdan keldi, buning oqibati nima bo’ladi, deb kuyunib gapirib qoldi. Nima bo’lardi?.. Mo’minxo’ja xalqdushmani bo’lib yo’qolib ketdi… Qaytib ko’rmadim uni…
— Ichkilikni qoralash mumkin bo’lmagan joyda memuar yozib bo’larmidi?..

* * *

1919 yili o’ttiz choqli yalangoyoq bola ellik chaqirim olisdagi O’sh shahri sari O’zgandan piyoda yo’lga otlangan edi. Ularning, ular orasidagi Sulaymon Azimovning birdan-bir orzusi dunyoni tanish edi. Oradan salkam 80 yil o’tdi. Dunyoning sir-sinoatini anglash davom etmoqda. Mutolaadan to’xtamagan odam fikrlashdan to’xtamaydi. Fikrlaydigan odamning mag’zi bo’liq suhbati tugamaydi…

R5. Ushbu esseni gazetada e’lon qilishdan avval domlaga o’qish uchun uylariga qoldirdim. Navbatdagi safar ko’rishganimizda domla maqoladan mamnun ekanliklarini aytdilar, so’ng stolda turgan “Estetika Vozrojdeniya”ni qo’lga oldilar.
— Bir kishi kitobga shunchalar ishtiyoqmand bo’lsa- yu, men uni qanotim ostiga bosib o’tirsam insofdan bo’lmaydi, — dedilar. — Shuni sizga sovg’a qilaman. Qaysi alifboda yozay: arabiymi, ruschami yoki lotindami?
— “Samimiyat bilan”, deb yozing, — dedilar aya domlaning favqulodda saxovatlari jo’sh urganini ko’rib.
Domla bu borada ham o’z aqidasi mustahkam inson ekanligini ko’rsatdilar:
— Menda soxtalik bo’l-maydi. Hadya etyapmanmi, demak, chin ko’ngildan samimiy qilyapman bu ishni…

1995

033

(Tashriflar: umumiy 551, bugungi 1)

Izoh qoldiring