Xurshid Do’stmuhammad. Qichqiriq & Shomirzа Turdimov. “Qichqiriq”ni tanidim

09  8 январь — Таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад таваллуд топган кун

 Султон эсини танибдики, ҳар йили ёз кезлари уч ё тўрт бола-бақра, гоҳо кап-катта ёшдаги эркак Қичқириққа ғарқ бўлади. Кунлаб, ҳафталаб бутун маҳалла-кўй оёққа қалқийди, изиллаб-бизиллаб қидир ҳо қидир давом этади, ғарқ бўлгувчи ўша куни ё эртаси топилса топилди, топилмаса, орадан беш, етти… ўн кунлар ўтгач анҳорнинг кунботар томонларида ё беридан, ё наридан шишиб, дўмбира бўлиб кетган жасад сув бетига қалқиб чиқади… Тамоман дом-дараксиз кетганлари ҳам бўлган…

Хуршид Дўстмуҳаммад
ҚИЧҚИРИҚ

01

 02 Таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғлган. Ўрта мактабдан кейин Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факултетини тамомлаган. Филология фанлари доктори. “Фан ва турмуш” журналида бўлим муҳаррири, “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, “Ҳуррият” мустақил газетасига бош муҳаррир, Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ҳамраиси, “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Олий мажлиси депутати, Олий мажлис қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.

1980 йилдан буён матбуотда ҳикоя ва қиссалари, романи, очерк, бадиа, адабиётшуносликка оид мақоллари билан қатнашади. Унинг “Ҳовли этагидаги уй” , “Жажман” , “Қазо бўлган намоз” , ,”Ҳижроним мингдир менинг” , “Бозор” , «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари”, «Журналист бўлмоқчимисиз?», «Чаёнгул», «Куза» номли ва бошқа бир қатор китоблари чоп этилган.

05 

  Султон эсини танибдики, ҳар йили ёз кезлари уч ё тўрт бола-бақра, гоҳо кап-катта ёшдаги эркак Қичқириққа ғарқ бўлади. Кунлаб, ҳафталаб бутун маҳалла-кўй оёққа қалқийди, изиллаб-бизиллаб қидир ҳо қидир давом этади, ғарқ бўлгувчи ўша куни ё эртаси топилса топилди, топилмаса, орадан беш, етти… ўн кунлар ўтгач анҳорнинг кунботар томонларида ё беридан, ё наридан шишиб, дўмбира бўлиб кетган жасад сув бетига қалқиб чиқади… Тамоман дом-дараксиз кетганлари ҳам бўлган… Ана шундай пайтларда неча кунгача, “Қичқириқ қутирибди!”, “Қичқириқ қонсирабди!”, “Қичқириққа яқин йўламангле-ер!”га ўхшаш гап-сўзлар кексаю ёшнинг, эркагу аёлнинг оғзидан тушмайди. Бироқ асов ва бетизгин Қичқириқ оқимининг шафқатсизликлари ҳаётнинг оддий, осуда ва бир маромдаги оқими оғушида жуда тез унутилади, қолаверса, инсон феълининг ажаб қонуниятларидан бири шундаки, бир бора телба гирдоб комига тушмаган банда ўзининг ғарқ бўлиш эҳтимолидан ҳоли эмаслигини сира тасаввурига сиғдиролмайди.

Наша қиладиган жойи шундаки, анҳорнинг азал-азалдан мана шундай серғулув феълини бинойидай биладиган кап-катта эсли ҳушли одамлар ҳам Қичқириқ ўзанини сокин оқар дарёга ўхшатадилар. Ким билсин, бир томони, ҳамиша анҳорни тўлдириб оқаётган сув юзасининг вазмин ва сокинлиги кўрар кўзни алдаши, чалғитиши, ғафлатда қолдириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас…

Султон яланг оёқлари билан оҳистагина сувга тушиб, бир-икки одим ташлаган, муздай сув тўпиғига уриб, бир текисда тўшалиб қолган бодроқ тошчалар оёғининг остини қитиқлаган дамларда буларнинг ҳеч бирини хаёлига келтирмади. Ваҳоланки, неча кундан буён бир ўй-бир хаёл унинг оромини ўғирлаган, унинг қўлларидан етаклаб бот-бот анҳор ёқасига бошлаётган, ҳатто елкасидан итариб-турткилаб қўярда-қўймай уни сувга тушишга ундаётган эди.

У болалик чоғлариданоқ Қичқириқни ёқтирмаслигини, ёқтирмасгина эмас, ҳатто ҳар сафар “Қичқириқ” деган номни эшитганнинг ўзидаёқ унинг мурғак болалик қалбига муҳрланган номсиз қўрқув ва ваҳима кўлагаси кўз очиб, сесканиб кетишини, болалик-ўсмирлик кезлари тенг-тўшларига қўшилиб Қичқириқнинг саёз соҳилларида сузишни ўрганган, қулочкашлаб сузиш машқини эплаштирдим, энди сира сувдан чўчимайман, деган ўзида ишонч пайдо бўла бошлаган кунларнинг бирида тўсатдан оқим уни комига тортиб кетганини, Султон ҳарчанд зўриқиб чиранмасин ўзини ўнглаш, қирғоқ томон силжиш ўрнига, сувнинг остки оқимларига бас кела олмаётганини, икки-уч дафъа бошини, кифтини сувдан азот чиқариш эпини топганига қарамай қандайдир ёввойи куч худди оёқларидан бир ёққа, белидан иккинчи ёққа тортиб анҳорнинг қаърига сўриб кетаётганини сезиб қолганини… кейин қандай ҳодиса юз берганини эслолмаслигини… ҳушига келганида эса қирғоқдаги тол остида оёқ-қўлларидан жон чиқиб кетгандек бир алфозда шалпайиб ётганини, тепасига йиғилган тумонат бири олиб-бири қўйиб ғўнғирлашаётганини, кейинчалик эсини таниб, шаҳар марказидаги сув ҳавзасига қатнайдиган бўлганидан буён қайтиб бу шум анҳорга қадам босмаганини, унда чўмилиш тугул, ҳар сафар кун-узуккун сувдан чиқмай шодон қийқиришаётган бола-бақрани кўрганда юраги орқасига тортиб кетишларини – ҳамма-ҳаммасини унутди. Султонни сувнинг сеҳрли жилдир-шилдири ҳам, эрта уйғонган қушларнинг чуғур-чуғури ҳам, хийла наридаги катта йўлдан унда-мунда елиб ўтаётган автоларнинг шовқини ҳам чалғита олмади.

Сув Султоннинг болдирига, тиззасига, зум ўтмай белига ура бошлади. У анҳорга қаердан тушишини узоқ ўйламади, ёз келди дегунча анҳор устидан ўтган ёлғизоёқ темир кўприкнинг ён-атрофи маҳалла болакайларининг, иссиқлаган эркакларининг издиҳомига айланади, чунки бу ерда сув янаям ёйилиброқ ва янаям сокинроқ оқади, чамаси, эллик-олтмиш қулоч қуйироқда эса анҳор ўзани туйқус тораяди, оқим ҳам бир зум забтига олади. Шўрпешона келинчак худди шу жойда челакни сувга ботиргану…

Султон анҳор ўзани тораядиган жойга етар-етмас бир шўнғиб олдию, бадани сувнинг совуқлигига кўникди, у олдинда ўзини қандай ҳолатлар кутаётганини хаёлан чамалаб кўришга тутинган пайтида бирдан оқим, аниқроғи, оқимнинг туби ғалати тарзда тезлашганини, икки томон қирғоқ дов-дарахтлари қуюқлашганини, ўзи эса бир қоғоз парчасидек, гул япроғидек сассиз-несиз оқиб бораётганини пайқади. Султон оқим шиддатига мослашишга, қандай бўлмасин, сувнинг тубига ботиб кетмасликка уринди, боши-бети аралаш пайдар-пай урилаётган тўлқинга парво қилмай, равон нафас олиш учун бетини дам ўнг, дам сўл томонга бурар, шунинг баробарида… ахир у анҳорга сайр этиш ёхуд сув ҳавзасида орттирган сузиш маҳоратини намойиш этиш ниятида тушмади, балки ўн беш кунлик келинчакнинг жасадини топишга аҳд қилди у!

Келинчак ғарқ бўлган куннинг эртасига бу ҳақда Башоратга гапириб берди. Қиз, “Вой-й, бечора-а!” деб юборди жони ачишиб. Башоратнинг сутдек оппоқ яноқлари янаям оқариб кетгандек туюлди Султоннинг назарида, қиз эртаси, индини афтидан атайин қўнғироқ қилди, келинчакнинг топилган-топилмаганини яна сўради-суриштирди, ҳаётининг мазмунига айланиб қолган севгилисининг қизиқиши ортгани сайин қонсираган Қичқириқ комига тортиб кетган жасаднинг топилиши Султоннинг саъй-ҳаракатига қараб қолаётгандек бўлаверди.

Султон буларнинг барини бир ҳафта ўйлади, ҳар тонг уйдан чиқаётиб, ҳар оқшом уйига қайтаётиб суриштирди, бутун маҳалла аҳли қатори у ҳам умидини узмади, жигаргўшалар, таниш-билишлар, қариндош-уруғлар куну тун Қичқириқ ёқалаб зир югуришди, Султон, “Ғаввослар-чи? Наҳотки, улар ҳам ҳеч нарсанинг уддасидан чиқмасалар?!” дея норозилигини яширмади, бу саволига ҳеч касдан тайинли жавоб ололмади, ғаввосларнинг каттасига ўзи йўлиқди, ғаввосбоши, лоақал унинг кўнгли учун гапига қулоқ солмади ҳам, қўй, бизнинг ишга аралашма, деган маънода энсаси қотиб қўл силтади-қўйди.

Султон сув ёқалаб анҳор ўзанини, қирғоқнинг саёз-тиклигини, дов-дарахтнинг қуюқ-сийраклигини кўриб-билиб қўйиш мақсадида анча жойгача пойи пиёда борди, кетганча кетаверди, шунда кўнглида мутлақо ўзи ўйламаган-нетмаган ҳис-туйғулар пайдо бўлди – Султоннинг қалбида анҳорга, анҳорнинг иланг-биланг илонизи ўзанига, уни тўлдириб-айқириб оқаётган сувига, бир-бирини дам сассиз-несиз, дам кўпириб-оқариб, дам беозор-мулойим шовқин солиб аллақандай заруриятдан қуруқ қолаётгандек шитоб-ла қувалашиб бораётган тўлқинларга нисбатан меҳр-шафқатга ўхшаб кетадиган яқинлик, илиқлик кўз очди. Назарида анҳор ҳам ундаги бу ўзгаришни пайқаган, меҳрга яраша майл-муҳаббат изҳор этишга шайланган сулувдек йигитни ўз оғушига чорлаётган эди.

Иттифоқо Султон анҳор қаъридан чиқиб келган ғаввосга дуч келди. Теварак-атроф кимсасиз эди, Султон ўйлаб турмай уни саволга тутди.
– Бу дунёда мен тушмаган сув қолмаган, илло бунақасини кўрмаганман! – деди гирдиғумдан келган ғаввос ҳансираб, сўкиниб. Унинг афти сувнинг совуқлигиданми ёхуд қўрқувнинг зўриданми – гезариб-кўкариб кетган эди. Энди эса… Султон дам-бадам оёғига, белига алланималар урилаётгани, илашаётганини сезган замони ғаввосларга осон тутиб, чакки қилганини тушунди.

Ахир қиш кезлари у ўз кўзи билан кўрган, аёз палласи Қичқириқнинг суви қурийди, ёлғизоёқ темир кўприк устидан ўтаётиб Султон анҳор ўзанига термилганича беихтиёр тўхтаб қолади, анҳор тубида чўкинди бўлиб ётган шох-шабба борми, темир-терсак, суяк-саёқ, хонадон деворлари оша итқитиллган рўзғор буюмлари, чиқинди қолдиқлари, шиша, сим… қиёфасини йўқотган қорамол, қўй, ит, мушук мурдалари…

Баҳор бўтаналари уларнинг барини супириб-сидириб кетаолмаслиги аниқ! Ғаввослардан бирор-ярими энгил-бошидан темир-терсак ё шох-шаббага илиниб, ҳаёти хавф остида қолса қолгандир? Келинчак шўрликнинг жасади ҳафта ўтиб ҳам сув сатҳига қалқиб чиқмаётганининг сабаби ҳам шундадир?.. Яна… Қичқириқнинг сувлари ўзан тубида чўкинди бўлиб ётган лаш-лушу чиқиндилардан покланиш қасдида бу қадар серзарда, асов ва телбавори оқаётгандир?..

Султон оқимга қарши қулочкашлади, у оқим шиддатини ўзи кутганидан кўра осонроқ енга олаётганидан қувонди, қирғоқ ёқалаб сувга шох ташлаб ўсган дарахт остларини кўздан кечирди. Бир пайт унинг болдирига узун тасмага ўхшаш шилимшиқ нарса чирмашди, у совуқ сувдан-да совуқроқ эди! Илонмикан, деб юборди Султон қўққисидан ва болдирини исканжага олаётган муздек тасмани бир қўллаб юлқиб тортди. Жонзотга ўхшамади, илон бўлса чақар эди!..

Сувости ўтимикан?.. Бундай деса, ҳарчанд тортмасин, тасма узилмади. Султон оёғидан осилиб, боши оқим томонга ўгирилиб қолганидан бурнига сув кириб кетаётганини, илиниб қолган оёғини тезроқ бўшатмаса бу аҳволда узоқ қолиши хавотирли эканини сездию, барча ҳаракатларини бас қилди, бутун гавдасини оқим измига берди. Бир неча сония ғарқ бўлиб оқиб бораётган жасад ҳолатига тушди. Чидади. Зум ўтмай совуқ тасма сирғалиб-сирмалиб чиқиб, оёғи сиртмоқдан бўшалди.

Султон ўзини ўнглади, сув бетига азот отилиб чиқди-да, кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олгач, ҳаялламай оқимга қарши суза кетди. У нигоҳ ташлолмай қолган пана жойларни назардан ўтказди, қўл-оёқларига дам бермоқчи эди – бўлмади, асов тўлқин Султоннинг дам ўнг, дам сўл ёнбошидан сув остига тортиб кетар, у ўзини ўнглаб, теварак-атрофга аланглаб, қаддини ростлагунига қадар зумда олислаб кетаётган, шундан оқим шиддатини чамалаётган эди. Қулочкашлаб сузишда давом этди. У Қичқириқнинг бу қадар асовлигини ўзича тахмин қилар эдию, у билан биринчи бор яккама-якка юзма-юз қолганидан, анҳор сувининг саркашликларини эндигина аниқ-тиниқ ҳис қилаётган эди!

У кўзларини катта-катта очиб олган, асов тўлқиннинг устма-уст ва аёвсиз “шапалоқ”лаб уришига ҳам, сувнинг кўз очирмай сачрашига ҳам эътибор қилмас, анҳор ёқаларини, қирғоқдан қараганда кўз илғаши мушкул бўлган пана-пастқам жойларни назардан қочирмасликка ҳаракат қилар, қаердадир албатта сариқ кўйлакнинг этаги ё бир парчаси кўриниб қолишига ишончи комил эди. Бироқ йўл-йўлакай у сув остини ҳам қадам-бақадам пайпаслаб ўтишга аҳд қилган, бунинг учун у сузиб бора туриб, дам-бадам сув остига шўнғир, ғаввослар ҳам эҳтиёткорликни унутмайдиган ўзаннинг туб-тубига етишга ҳаракат қилар, қўли, боши, елкаси билан алланималарга урилиб кетар, ҳар қанча урилиб-сурилмасин, ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмас, фақат сув сатҳидан унинг энг тубига қадар тўлқин қават-қават бўлиб турли тезликда оқаётганини бутун гавдаси – елкалари, бели, оёқлари билан яққол ҳис қилаётган эди. Шу ҳолат унинг сув юзасида бир маромда мувозанат сақлашига ёки оқиб боришига йўл қўймаётган эди.

Султон ҳудди анҳор билан тил топишиб олгандек, у билан “битилган” сулҳга кўра ўзаро хиёнатга йўл қўйилмаслиги муқаррардек, яъни омонсиз оқим зинҳор йигитнинг ёш жонига қасд қилмайдигандек ғарқ бўлмаслигига аниқ ишонар, бунга йўл қўймаслик учун қурби-қурбати етишини ҳис этиб турар, фақат нафас қисиб ҳаво етмай қолгандагина ирғиб сув бетига қалқиб чиқар, ютоқиб, кўксини қондириб-қондириб нафас олганича атрофга, икки томон қирғоққа аланглар экан, анча-мунча олислаб кетганини сезар ва эътиборидан четда қолган бурчак-ўнгирларни қайта-қайта кўриб, ўзида ишонч ҳосил қилиш истагида яна оқимга қарши қулоч ота бошларди.

Қизиқ, келинчакнинг ғарқ бўлгани ҳақида ким гапирмасин, албатта унинг сариқ кўйлакда эканига урғу беришарди. Султон унга икки дафъа шекилли, тонг саҳарлаб уйдан чиқаётиб кўчани ялагудай қилиб сув сепиб супираётганида кўзи тушган, ўшанда оҳори тўкилмаган келинлик либоси ўзига бирам ярашган, файзли келинчак бир зум супиришдан тўхтаб, одоб сақлаб чеккага чиқиб бош эгиб турган, Султон ҳадемай уйланса, мана шундай алфозда одоб сақлаб турадиган Башоратойни кўз ўнгига келтириб этлари жимирлашиб кетган, шундай тотли ва масрур хаёлда келинчакнинг иболарга бурканган эшитилар-эшитилмас саломига дурустроқ алик ҳам олмаган, болаликдан ҳамма “Мавла”, “Мова” деб чақиришга одатланган қўшнисини мана шундай фусункор ва кўҳлик қаллиқ билан оила қургач, Султон унга “Мавлон”, “Мавлонбек” дея исмини тўлиқ айтиб мурожаат қилишга ўзини, тилини кўниктираётган эди.

Мавлонбек ҳам гап орасида …сариқ кўйлакда экан, деди, кетидан, калта, енгсиз гулдор нимчаси ҳам бўлган, деб қўшиб қўйди. Куёвбола ўзини ҳарчанд босиқ-вазмин тутишга уринмасин, Султон икки-уч кунда унинг ранги сўлиш олиб, хаёли паришон тортиб қолганини сезди.
– Энди қандоқ қиламан, ака?.. – деди Мавлонбек тамомила абгор бир аҳволда. – Тонготар сувнинг тепасидан кетмаяпман, дарак йўқ, жим-жит…

Бу гапдан Султоннинг энсаси қотдию, кулфатзада Мавлонга сездирмади, чунки бундай ҳолатга йўлиққан одам ақл бовар қилмас чўпчакка ҳам ишонади, умид-илинж излайди. “Ярим тунги сукунатда анҳорда ғарқ бўлган одамнинг фарёд чекиши эшитилармиш!..”

Куёвтўранинг сўнгги умид иплари ўрнида базўр илиниб турган “дарак йўқ, жим-жит” деган сўзлари оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи аянчли латифага ишора эди. Демак, Мавлонбек шу қабилдаги гапларга ҳам умид боғлаб, тунлари мижжа қоқмаётган, Қичқириқнинг тунги шовуллашлари орасида ўзига эндигина қадрдон бўлиб улгураётган овозни эшитиш илинжида…

“Мавлонбекнинг ўзини ёрдамга чақирмабман-да” деган ўй кечди Султоннинг хаёлидан. Ахир ғарқ бўлган, бунинг устига неча кундан буён топилмаётган одамнинг ёрдам сўраб зорланишига ишонишдан кўра Мавлонбек ёнида бўлганида белидан арқон ўтказиб, бир учидан қирғоқда тутиб турар, шунда оқим Султонга бу қадар зуғумини ўтказмас, сув сатҳини ҳам, тубини ҳам қадам-бақадам қараб чиқиши бирмунча осон кўчар эди.

Ёхуд ғаввосларга қўшилиб… йўқ, улар бунга изн беришмайди, буёғи, Султоннинг ўзи ҳам ўзига етганича ўйлаганидан, жазм этганидан қайтмайдиганлар хилидан!.. У атайин одамлар сийрак пайтида анҳорга тушиб, шу асов Қичқириқ билан яккама-якка олишишга хезландими, бас-да, саркаш тўлқин беҳисоб катта-кичик гирдобларга бас келаётган Султонни кунботар томонларга шиддат билан оқизиб кетмоқчи, Султон эса ундан енгилишни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ, қандай бўлмасин, бир ҳафтадан буён топилмаётган ўн беш кунлик келинчакнинг жисми-жасадани излаб топса, уни қиёматли ён қўшниси, ўн беш кунлик куёв Мавлонбекнинг қўлига тутқазса!..

Туртилиб-суртилмаган жойи қолмади, елкасининг сирқираб оғришига, болдири ва тўпиғининг ачишаётганига ҳам эътибор бермаяпти, совуқни-ку, мутлақо сезмаяпти. Гоҳ қулочкашлаб оқимга қарши сузмоқда, гоҳ ўзини оқим ихтиёрига қўймоқда, ора-чора куч йиғиб туриб, сув остига шўнғиб, ўзаннинг тубига етмоқда, қўлига илинган матоҳни тортиб-юлқиб кўрмоқда, нафаси қайтиб ё кўзлари ачишиб кетгандагина сув сатҳига қалқиб чиқмоқда.

Шу топда қирғоқда Башорат, Башоратой пайдо бўлса борми!.. Қиз уни шу аҳволда кўрса ўтакаси ёрилар эди, ўзини қаёққа қўйишини билмай шошилиб қолар, ўзини анҳорга ташлагудай изтиробда қўлларнини чўзиб Султонни, Султон акасини телба гирдоблар қаърига ғарқ бўлишдан эҳтиётланишга ундар, кетидан дарҳол ўзини ўнглаб олиб, бу тенгсиз олишувда севгилисига оламга татигулик далда берган бўлур эди.

Ушбу хаёлнинг ўзи Султоннинг кучига куч қўшди. Барча машаққатларни унутди. “Башоратой далда берса, – деди бошини сувдан азот кўтариб, анҳорга тепадан қарашга уриниб. – Қичқириқда сув эмас, олов оқса ҳам келинни топиш аҳдимдан қайтмайман!..”

Қирғоқ ёқасида тўсатдан пайдо бўлган баҳайбат зотдор ит ер тирнаб, думини хода қилганича унга қараб ириллади, сўнг хиёбонни бошига кўтариб вовуллади, итнинг изидан қўлтиқлашган эркак-аёл кўринди.
– Шу совуқда нима зарил, чўмилиш! – деб юборди аёл ҳамроҳининг пинжига баттар суқилиб.
– Ёш-да, ёш, – димоғида кулиб жавоб қилди эркак, – дард орттириб олишини ўйламайди, булар!..

Султон ўзини оқим ихтиёрига қўйди. Анҳорнинг икки томонида қуюқ қамиш-юлғун девор янглиғ қоплаган икки қирғоқ орасидан оқиб ўтаётиб сув ҳавзасида турфа сузиш машқларини бажариш чоғида асқотадиган кўзойнагини олиш хаёлига келмаганига афсусланди. Оқиб келган жасад бу қуюқ қамишзор орасида илашиб-нетиб қолган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Қамишзор орасига йўлаб бўлмаса!..

Султон қўл-оёқларини эмин-эркин ҳаракатлантиролмай қолди. Ўзаннинг ўрталарига қадар узун-қисқа ўсиб чиққан қамишзор бунга йўл қўмас, Султон шундан ҳам фойдаланиб қолишга уринар, қамиш пояларини тутиб-тутиб олдинга, орқага, ён-верига силжиш осонроқ эди. Султон ўнг оёғининг кафтига жимит балиқчалар тумшуғи билан келиб урилаётганини сезди, ҳар эҳтимолга қарши оёғини силтаб тортди, балиқлар тўзиб кетди шеклли, оёғи ҳоли қолди. Султон қирғоқ томон илгарилади. Зум ўтмай оёғининг кафти, бармоқлари атрофида яна балиқчалар ғужлашди, энди уларнинг орасида йирикроқлари пайдо бўлган, улар худди Султонни оёғидан бошлаб паққос туширишга шаҳд қилган ваҳший сув жондорлари сингари устма-уст тумшуғи билан урилаётган эди. Шундагина у оёғининг ости, бармоқлари, тўпиғи ачишаётганини, бундан чиқди, оёғи шикстланганини, ундан қон оқаётганини фахмлади…

Султон қуюқ қамишзорни тарк этди, бунинг устига, сув сатҳига чиқаётиб, темирми-шохми, тирсагига қаттиқ ботди, сув сатҳига хира қон туси ёйилганини кўрди. Қамишзор сийраклашгани сайин, оқим тезлашди, Султон қирғоқ томон сузди, ер сатҳига бўртиб чиқиб, сув юваверганидан қизариб кетган дарахтнинг илдиз томири кўзига аллақандай ёвуз махлуқнинг панжаларига ўхшаб кўринди. Шу хаёлда, журъат қилиб “панжа”ларга ёпишди. Қирғоқ тик бўлганидан у кўксигача сувга ботиб турарди. У анча вақтгача нафасини ростлай олмади. Боши айланаётган эди. Султон осмонга қаради, тобора анҳор тепасига яқинлашаётган қуёш нурига умидвор термилди. Атрофни кузатди. Нариги қирғоқда қийшайиб ўсган қандайдир дарахтнинг каттагина шоҳи эгилиб сувга тегиб турар, оқимнинг забти таъсирида дам юқорига кўтарилиб-дам пастга тушар, четдан қараган одамга шох сувни беармон савалаётганга ўхшаб кўринарди.

Султон сув ҳавзасида соатлаб сузиб чарчаш-толиқиш нима эканини билмас эди, бу ерда… ҳайрон қолиб бош чайқади, анҳорнинг феъл-атворини янаям синчковлик билан ўрганиб-билиб олмоқчидек сувга қаттиқ ва узоқ тикилди. Ахир у озмунча жойдан оқиб келяптими, озмунча марталаб не умидларда шўнғидими, сувнинг тубидаги қанчадан-қанча пана-пастқам бурчак-сурчакларни қадам-бақадамлаб пайпаслаб чиқдими!..

Бирон дақиқа сувни тарк этгани йўқ ва шулар асносида Қичқириқ билан, Қичқириқнинг суви билан тил топишиш, унинг дилига қулоқ солиш йўлини излади. Султон кўксигача сувга ботиб турган кўйи ҳолсиз-мажолсиз бир аҳволда ундан кўз узмас, ошиқиб-қувалашиб, кўпириб-шарқираб, чопқиллаб-югургилаб бораётган ўркач-ўркач тўлқинларга кўнглида туғилган ўпка-гиналарини тўкиб солмоқчидек эди. Анҳор ақл бовар қилмайдиган бир жондор, ҳар банда ўзига яраша феъл-атворга эга бўлгани сингари анҳор ҳам ўз феъли-хўйига кўра ҳаёт кечирарди. Ўзанни тўлдириб, лиммо-лим оқиб ўтаётган сув Қичқириқнинг ҳаёт тарзи, зеро, унинг мавжудлиги, қисмати ҳам шитоб билан оқиб боришида мужассам, у шундан маъно-мазмун топар эди.

Султоннинг анҳорга ўпка-гинали қарашлари ўрнини ҳавас, ҳатто ҳурмат маъноси эгаллади. Анҳор уни тушунмади, айниқса унинг жунунваш ва туб оқимлари Султонни не кўйларга солмади – ўнг қўл томонда оқим сустроқ туюлса, чап томон оқими тубсиз ўпқонга ютиб юборгудай тортқилайди, оёқлари осуда сузишига ёрдам берса, биқинига урилаётган тўлқин азбаройи унинг сумбатини дарахт новдасидек икки букиб ташлагудай важоҳат билан урилаверади. Султон гирдиғумдан келган ғаввоснинг гезариб-сўкиниб айтган иддаосини эслади ва… “йўқ, ундай эмас” деган маънода вазмин бош чайқади. Унинг фикри, муносабати ўзгарди, энди у… анҳор уни тушунмаган бўлса, у анҳорни тушунади, телба оқим унга дилини очмаган бўлса, инсон телба кўнгилга йўл топади…

Султон боядан бери болдирини қандайдир майин-мулойим нарса силаб-сийпалаётганини сезиб қолди. У нарса узун эди, Султоннинг болдиридан сирғалиб бўшалди-да, унинг белига беозоргина чирмалди. Султон мўъжизага рўпара келаётганини сезди, юраги энди мутлақо ўзгача ҳаяжон, ўзгача интиқлик билан дукурлай бошлади. У салгина ножўя ҳаракат қилса, белига чирмалаётган момиқ-мулойим нарсани йўқотиб қўйишдан хавотирда ғоятда эҳтиётлик билан қўлини сувга ботирди. Тағин аллақандай жондор-пондор бўлмасин, деб юборди ичида ва шу заҳоти бу шубҳасини унутди, у фикри, фикрлаш тарзи узилиб, узуқ-юлуқ бўла бораётганини, ҳеч бир нарсани адоғига довур ўйлай-мушоҳада қилолмай қолаётганини сезди, сездию, шу ҳақда ҳам тугал бир қарорга келолмади. Фақат, белига чирмалаётган жондор… аллақандай лаш-луш ёхуд матоҳга ўхшаяпти, умуман, оқар сув остида ҳар қандай жонсиз нарсага жон киришига ва уларнинг бари кўз кўриб-қулоқ эшитмаган жондорга айланишига иқрор бўлди.

Султоннинг сув остига ботирган қўлининг учлари бели-кўкраги аралаш белбоққа айланаётган ўша жонсиз жондорга етди. “Наҳотки?!” деб юборди Султон овоз чиқаргудай қувониб, “Сариқ бўлса-я?!”, “Келинчакнинг кўйлаги бўлса-я?!” Султон ёввойи жондорнинг “панжа”ларини қўйиб юборганини бутун гавдаси билан сувнинг ўрта оқимига шалоплаб тушганидагина англади. У оқимнинг тезоб йўлига тушганидан эмас, қўлида тутиб турган… нима, нима у?! Наҳотки, Султоннинг шунча саъй-ҳаракати бесамар қолмай, жонини гаровга қўйиб излагани… сариқ кўйлак этагини топган бўлса?!

Султон оқиб кетмади, у икки қўллаб чангаллаб олган матони аста ва авайлабгина билагига ўрашга тушди, “Узилиб кетмаса бас!” деган ўйда қўлини силкитиб юбормасликка уриниб, матонинг “илдизи”га томон яқинлашаверди. “Сариқ!.. Сариқ кўйлагида эди!.. Сариқ!..” Султоннинг миясини шу топда фақат шу сўз ишғол қилган, уни топганига ишончи комил эди!..

У матони… бунчалар узун у? Бунчалар илинган жойига – тагига етиш мушкул?.. Султон жуда-жуда авайлаб, эҳтиётлик билан пайпаслай-пайпаслай унинг илинган мансабига етади, етган жойида қўлига чирмалган сарғиш мато, йўқ, сариқ кўйлакнинг кенг этаги ва… ўн беш кунлик келинчакнинг бир ҳафтадан буён сув остида ётган жаса… “Топдим, Башорат! Башоратой, жоним, топдим!” деб юборди Султон.
– Исмингиз эмас, ўзингиз султонсиз, – деган эди Башорат бир куни, унинг елкасига бошини қўйиб, навозиш билан. – Сиз ҳар қандай султонликка қодирсиз!…

“Башоратойнинг башорати, мана, ҳозир, шу дақиқа, шу телба анҳор суви остида тасдиғини топса-я!” Султон ҳаяжоннинг зўридан кучига куч қўшилди, чарчоқларини ҳам, оғриқларини ҳам унутди. Икки қўллаб сарғиш матони тутганича уни кафтига ўрашга тутинар экан, юз-кўзи олдида балиқчалар тўдаси пайдо бўлганини, тонг саҳардан бери оқаётган лойқа сув тиниқлашиб, балиқчалар аниқ-тиниқ кўз ўнгидан “лип-лип” ўтаётганини кўрди. Балиқчалар рангли эди! Қип-қизил, сап-сариқ, ям-яшил!.. Улар Султонга йўл кўрсатаётган, қайси томон силжиши кераклигига белги бераётгандек эдилар. Елкаси, кўкси, қорни, тиззалари, оёғининг учигача жазиллаб ачиша бошлади, “Ҳечқиси йўқ, чидайман!” деди Султон тишини тишига босиб, илгарилади, қирғоқ томон силжиётганини элас-элас пайқади. Қўллари, сўнгра оёқлари ўзига бўйсунмаётганини пайқаб қолди, оёқ-қўлларига мадад тилади: “Ҳа! Ҳа-а!.. Бўш келма! Бўш келма, деяпман!.. Ҳ-ҳ-ҳ-о-ой-й!..”

“Бу анҳорга ғарқ бўлганлар ярим тун сукунатида қичқириб, одамларни ёрдамга чорлайдилар…” Султон ҳам… йўқ, у қичқирмаяпти, унинг ҳали-вери ғарқ бўлиб телба тўлқинларга таслим бўлиш нияти йўқ. Таслим бўлмайди ҳам, нажот ҳам тиламайди… У энди анҳор ва унинг сувлари билан шу қадар қадрдонлашиб кетдики, унга ётиғи билан илтижо қилади, унга тоза ниятларини тўкиб солади, керак бўлса, овозини борича қўйиб қичқиради, шу қадар қичқирадики, Қичқириқ бир зум бўлса-да, оқишдан тўхтайди, сувлари тиниқлашиб, ўзан ўзини борича кўз-кўз қилади. “Қичқириқ” деган номи ҳам ғоятда ўзига ярашимли, ноёб! Тирикларнинг гап-сўзлари ғарқ бўлганларга, ғарқ бўлган марҳумларнинг сукунати эса тирикларга қичқириқ бўлиб эшитилади. Ана, Султоннинг ўзига ўзи далда бериш мақсадида айтган сўзлари ташқарига қичқириқ, фарёд бўлиб эшитиляпти. Ваҳоланки, тун чўкишига аллақанча вақт бор, тунги сукунатга қадар эҳ-ҳе-е… Ана, офтоб чарақлаб турибди, фақат, фақат у… кимдир силкитяпти шекилли, лопиллаб, аланга олиб ёнаётганга ўхшаяпти…

Султон бирдан вазнининг оғирлигини сезмай қолди, қўл-оёқларининг мадорсизланишидан туғила бошлаган хавотир ҳам тарқади. Ҳеч бир ҳаракат қилмаса-да, оқиб кетмаётганига, нафаси димиқиб ҳаво етишмай қолмаётганига ҳайрон бўлди. Оёқларининг орасида пайдо бўлган силлиқ, майин ва беозор жондор Султонни кўтариб турар, Султоннинг фикр-хаёли кафтига, ундан билагига ўралиб-ўралиб бораётган матода эди. Султон мутлақо ҳаракат қилмай қўйди, қўлларини ўраб-чирмаб, боғлаб ташлаганидан, ўша сариқ матони топиб, тортиб чиқариш кўйида керак бўлса, қўлларига қўшиб оёқларини-да боғлаб ташлашга ҳозиру нозирлигидан вужудини қамраган ҳайратни яширолмай, ҳаяжонланаётган эди.

Ҳаяжоннинг зўридан терлаб кетди. Аъзои баданидан сув эмас, тер қуя бошлади. Бошини икки-уч қайта сув юзасига чиқариб нафас ростламоқчи эди, бунга зарурат сезмади, кўз ўнгида сувга қўшилиб кўзга ташланаётган ва зумда чир айланиб ғойиб бўлаётган хира қон доғларига ҳам эътибор бермади. Оёғининг орасига кириб, уни кўтариб турган жондор… Султон ўзини юввош отга мингашиб олгандек ҳис қилди, бу ҳолат узоқ чўзилмади, йўқ, хаёл шарпасидек жуда тез ўтди, от аста-секин сирғалиб оёқлари орасидан чиқиб ортда қола бошлади. Анҳор ичида от нима қилади?.. От эмас, балиқ, балиқ деса, отга ўхшайди. Отбалиқ!..

Султон Қичқириқ сувида бундай жониворлар мавжудлиги ҳақида сира эшитмаган эди, эшитган тақдирда ҳам ундай олди-қочди чўпчакларга ишонмасди. Лекин, мана, уни ўзи кўрди, улардан бири келиб ҳолдан тойиб ғарқ бўлаёзган Султонни кифтига миндириб олди ва… Султоннинг кўнгли ҳалимдек юмшади. Мулойим, лекин қатъият билан баралла айтди: “Қайта бошдан бошлайман! Керак бўлса, ўн марта тушаман сувга, лекин топмагунча қўймайман!..”

Султоннинг қулоғига пайдар-пай узоқ-яқин қичқириқлар чалина бошлади. Султон уларга қулоқ солмоқчи, маъносини уқмоқчи эди, диққатини жамлай олмади. Сув қизиб кетаётганга ўхшади. Султон оёғи қаттиқ заминга текканини сезди. Бошини кўтармоқчи эди, қурби етмади.

Анҳор ўзани кунботар томондаги қишлоққа етган жойида кенгайиб, суви жуда-жуда саёзлашган – сув нари борса, тиззадан келадиган жойга етган, бу ерда тумонат бола-бақра дунёни бошига кўтариб чўмилишаётган, шодон қичқириқлар билан бир-бирини қувалашаётган эдилар.
– Вой, одам! Одам оқиб келяпти!!!

Султон бу қичқириқни ҳам элас-элас эшитди. Бу топда тиккага келган қуёш оламни чароғон қилиб юборган, Султоннинг совуқдан кўкариб кетган кифтини илита бошлаган эди…

«ҚИЧҚИРИҚ»НИ ТАНИДИМ
Шомирза Турдимов

01

Узоқ вақт кўрмаган қадрдонингизга туйқус дуч келсангиз, беҳад қувонасиз. Дилдан дардлашсангиз, кўнглингиз яйрайди. Анчадан бери ўқишни орзулаган асар топсангиз ҳам шундай. Асар оҳанрабодай тортса, мудроқ туйғуларингиз, ўй-кечинмаларингизни уйғотса, бирдан мувозанатдан чиқасиз. Сўнг нималарга “бойиганингиз”ни бир-бир тафтиш қилиб, сабабларини ойдинлаштирасиз.

“Қичқириқ”ни ҳам эски қадрдонимдек танидим.

Ўқиётганда Фаридуддин Аттор айтган бир ривоят хотирамда жонланди.

“Иброҳим Адҳам подшоҳ эди. Салтанат билан овга чикди. Қурдан бир кийикни қочирди. Подшоҳлик шаънига оғир олди. Изидан от солди. Қувди, қувди, қуваверди… Оти оёкдан қолди, ўзи ҳолдан тойди, кийик ҳам чарчади…

Лекин “ов” нафси жўшгандан жўшди. Бир пайт кийик тўхтади. Иброҳим Адҳам отишга чоғланди. Шунда кийик тилга кирди:
— Эй Иброҳим, сени Оллоҳ, мени ўлдириш учун яратганми? Ўлдирдинг ҳам дейлик, шу билан очофат нафсинг тўядими?

Иброҳим Адҳамни сир босди. Қўлидан яроғи тушди. Шоҳона либосини чўпон жандасига алмаштирди…”

Хом сут эмган бандани мол-дунё, мансаб, яна сон-саноқсиз “кийик”лар ҳирси ҳоритиб, “султон” бўлиб келганини унуттириб, умрини селдек “оқим”да ювиб юборади…

“Қичқириқ”даги Султонни “сариқ кўйлакли келинчак”нинг кўйлаги оҳанрабодек тортди. Озитқидек авради, оқимда оқизди, оқим измига солди. “Сариқ кўйлакли”нинг сеҳру жодуси улуғ экан. Ахир, у сонда йўқ “Мавла”, “Мово”ни беш кунда “Мавлон”, “Мавлонбек”ка айлантирди. Ҳатто Султон “Мавлон”, “Мавлонбек” дея исмини тўлиқ айтиб мурожаат қилишга ўзини, тилини кўниктираётган эди…” Келинчак Мавлонни ташлаб кетди… Савдойи апфозда қолдирди…

“Қичқириқ” рамзий тафаккур тизимида “айтилган” — тимсол асар чикди. Бу хил асарлар мағзи тимсолий қатламга ўтилсагина сирини очади.

Одатда тимсолли асарларда битта, баъзан икки-учта таянч рамзлар бўлади. Қиёс учун халқ қўшиқларидаги таянч рамзларни (уларни ўзак рамз дейиш ўринли, худди тилдаги ўзак сўз каби) келтириб ўтиш мумкин. Масалан, қўшикда тол — йигит, ғоз —яхши хабар, рўмол — оила ўзак маъноларига эга. Муайян матн таркибида ўзак рамз у ёки бу даражада маъно кўламини кенгайтиради, турланади. Муҳими, ўзак рамз матндаги бошқа сўзларга ҳам тимсолий мазмун юклайди.

“Қичқириқ”да учта ўзак рамз (рамзий образ) бор: 1. Қичқириқ (анҳор). 2. Йигит (Сул- тон). 3. Сариқ кўйлакпи келинчак (Озитқи).

Бу рамзлар асардаги барча тасвир, детал, сўз ва диалогларга тимсолий маъно бера олган. Ушбу ўзак рамзларнинг  ҳар бири хусусида бафуржа фикр юритиш мумкин. Бизнинг мақсадимиз бўлак — диққатни тортиш, холос. Бу ўринда Султон ва уни оқизган “Қичқириқ” оқимига хийла эътибор қаратамиз. Султонни ултонга айлантирган оқимнинг кучу қудрати беқиёс. Оқим чангалига тушганни қўймайди. Оқим ҳаддини олган уста ғаввос ҳам “Қичқириқ”дан ҳайиқади.

Султон оқимда оқмаганида эди, Башорат башорат қилганидек “султон” бўларди.

“Аслан оқим бўйлаб юрган созми ёхуд оқимга қарши?”

Жавобни кишининг ўзи танлайди. Тўғрироғи, унинг хатти-ҳаракати, интилиши, турмуш тарзи, орзу-истаклари, мақсади, феъли ё оқимга қўшади ёки ёлғиз йўлига солади.

“Қичқириқ”даги Султон окди. У ёлғиз бўла олмади.

Тимсолли асарларда шартлилик “суянчиқ” бўлади. Баъзан бу суянчиқ воқеалар баёнида, тафсилотида бўй кўрсатиб, асарга сунъийлик тусини беради. Шунда зукко ўкувчи, “Эй, ақлли бўлиб кетибди”, дейди. (Бу ҳолат муаллифнинг “Муғанний” ҳикоясида сезилган).

“Қичқириқ”нинг ютуғи — суянчиқлар сезилмайди. Бор-у — йўқдек. Олайлик, анҳор бўйида кўринган ит “суянчиқ”ми, деб ўйлайсиз. Изидан эгалари, уларнинг гапу сўзи бу фикрни ўзгартиради. Айни пайтда таянч рамзлар уларни ҳам тимсол тўнига ўрайди. Маъно маънога қўшилаверади…

Тимсол, рамз уйғотган имуқуқларни (ассоциация) сўз билан ифодапаш қийин. Улар ҳис қилинади, англанади, фикр уйғотади… Ҳаётдаги асосларга қиёсланади… Янги қатламларга ўтилади.

Тимсолий асар мағзининг илдизи асарда, талқини, мушоҳадаси ўкувчи дунёқарашида, ҳаётда туради…

Асар ўқиб бўлингач, “Қичқириқ” деган ном ҳам маъно юки билан қатланади. Эринмаган одам бир, икки, уч… деб санаши мумкин. У ёғи тахайюл етганича…

 Мақола муаллифи ҳақида:  Шомирза Турдимов 1957 йил 13 декабрда Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Қўштамғали қишлоғида туғилган. 1979 йили Тошкент давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг фолклор бўлимида ишлайди. Филология фанлари доктори. 2007 йили “Йўл бўлсин” филми сценарийси учун Ўзбекистон Давлат мукофотини олган.
«Гўрўғли достони генезиси ва тадрижий босқичлари»,»Этнос ва этос» ва бошқа бир қатор китоблари нашр этилган. Фольклорга оид 200 яқин илмий мақолалари Ўзбекистон ва чет-эл илмий нашрларида чоп этилган.

Sulton esini tanibdiki, har yili yoz kezlari uch yo to’rt bola-baqra, goho kap-katta yoshdagi erkak Qichqiriqqa g’arq bo’ladi. Kunlab, haftalab butun mahalla-ko’y oyoqqa qalqiydi, izillab-bizillab qidir ho qidir davom etadi, g’arq bo’lguvchi o’sha kuni yo ertasi topilsa topildi, topilmasa, oradan besh, yetti… o’n kunlar o’tgach anhorning kunbotar tomonlarida yo beridan, yo naridan shishib, do’mbira bo’lib ketgan jasad suv betiga qalqib chiqadi…

Xurshid Do’stmuhammad
QICHQIRIQ
01

06  Taniqli yozuvchi, adabiyotshunos olim va  jurnalist Xurshid Do’stmuhammad 1951 yilda Toshkent shahrida tug’lgan. O’rta maktabdan keyin Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakultetini tamomlagan. Filologiya fanlari doktori. “Fan va turmush” jurnalida bo’lim muharriri, “Yosh kuch” jurnalida bo’lim muharriri, bosh muharrir o’rinbosari, bosh muharrir, “Hurriyat” mustaqil gazetasiga bosh muharrir, O’zbekiston Ommaviy axborot vositalarini demokratlashtirish va qo’llab-quvvatlash ijtimoiy-siyosiy jamg’armasi hamraisi, “O’zbekiston matbuoti” jurnali bosh muharriri bo’lib ishlagan. O’zbekiston Oliy majlisi deputati, Oliy majlis qo’mitasi raisi sifatida faoliyat yuritgan.
1980 yildan buyon matbuotda hikoya va qissalari, romani, ocherk, badia, adabiyotshunoslikka oid maqollari bilan qatnashadi. Uning “Hovli etagidagi uy” , “Jajman” , “Qazo bo’lgan namoz” , ,”Hijronim mingdir mening” , “Bozor” , «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari”, «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?», «Chayongul», «Kuza» nomli va boshqa bir qator kitoblari chop etilgan.

05

Sulton esini tanibdiki, har yili yoz kezlari uch yo to’rt bola-baqra, goho kap-katta yoshdagi erkak Qichqiriqqa g’arq bo’ladi. Kunlab, haftalab butun mahalla-ko’y oyoqqa qalqiydi, izillab-bizillab qidir ho qidir davom etadi, g’arq bo’lguvchi o’sha kuni yo ertasi topilsa topildi, topilmasa, oradan besh, yetti… o’n kunlar o’tgach anhorning kunbotar tomonlarida yo beridan, yo naridan shishib, do’mbira bo’lib ketgan jasad suv betiga qalqib chiqadi… Tamoman dom-daraksiz ketganlari ham bo’lgan… Ana shunday paytlarda necha kungacha, “Qichqiriq qutiribdi!”, “Qichqiriq qonsirabdi!”, “Qichqiriqqa yaqin yo’lamangle-yer!”ga o’xshash gap-so’zlar keksayu yoshning, erkagu ayolning og’zidan tushmaydi. Biroq asov va betizgin Qichqiriq oqimining shafqatsizliklari hayotning oddiy, osuda va bir maromdagi oqimi og’ushida juda tez unutiladi, qolaversa, inson fe’lining ajab qonuniyatlaridan biri shundaki, bir bora telba girdob komiga tushmagan banda o’zining g’arq bo’lish ehtimolidan holi emasligini sira tasavvuriga sig’dirolmaydi.

Nasha qiladigan joyi shundaki, anhorning azal-azaldan mana shunday serg’uluv fe’lini binoyiday biladigan kap-katta esli hushli odamlar ham Qichqiriq o’zanini sokin oqar daryoga o’xshatadilar. Kim bilsin, bir tomoni, hamisha anhorni to’ldirib oqayotgan suv yuzasining vazmin va sokinligi ko’rar ko’zni aldashi, chalg’itishi, g’aflatda qoldirishi ham ehtimoldan holi emas…

Sulton yalang oyoqlari bilan ohistagina suvga tushib, bir-ikki odim tashlagan, muzday suv to’pig’iga urib, bir tekisda to’shalib qolgan bodroq toshchalar oyog’ining ostini qitiqlagan damlarda bularning hech birini xayoliga keltirmadi. Vaholanki, necha kundan buyon bir o’y-bir xayol uning oromini o’g’irlagan, uning qo’llaridan yetaklab bot-bot anhor yoqasiga boshlayotgan, hatto yelkasidan itarib-turtkilab qo’yarda-qo’ymay uni suvga tushishga undayotgan edi.

U bolalik chog’laridanoq Qichqiriqni yoqtirmasligini, yoqtirmasgina emas, hatto har safar “Qichqiriq” degan nomni eshitganning o’zidayoq uning murg’ak bolalik qalbiga muhrlangan nomsiz qo’rquv va vahima ko’lagasi ko’z ochib, seskanib ketishini, bolalik-o’smirlik kezlari teng-to’shlariga qo’shilib Qichqiriqning sayoz sohillarida suzishni o’rgangan, qulochkashlab suzish mashqini eplashtirdim, endi sira suvdan cho’chimayman, degan o’zida ishonch paydo bo’la boshlagan kunlarning birida to’satdan oqim uni komiga tortib ketganini, Sulton harchand zo’riqib chiranmasin o’zini o’nglash, qirg’oq tomon siljish o’rniga, suvning ostki oqimlariga bas kela olmayotganini, ikki-uch daf’a boshini, kiftini suvdan azot chiqarish epini topganiga qaramay qandaydir yovvoyi kuch xuddi oyoqlaridan bir yoqqa, belidan ikkinchi yoqqa tortib anhorning qa’riga so’rib ketayotganini sezib qolganini… keyin qanday hodisa yuz berganini eslolmasligini… hushiga kelganida esa qirg’oqdagi tol ostida oyoq-qo’llaridan jon chiqib ketgandek bir alfozda shalpayib yotganini, tepasiga yig’ilgan tumonat biri olib-biri qo’yib g’o’ng’irlashayotganini, keyinchalik esini tanib, shahar markazidagi suv havzasiga qatnaydigan bo’lganidan buyon qaytib bu shum anhorga qadam bosmaganini, unda cho’milish tugul, har safar kun-uzukkun suvdan chiqmay shodon qiyqirishayotgan bola-baqrani ko’rganda yuragi orqasiga tortib ketishlarini – hamma-hammasini unutdi. Sultonni suvning sehrli jildir-shildiri ham, erta uyg’ongan qushlarning chug’ur-chug’uri ham, xiyla naridagi katta yo’ldan unda-munda yelib o’tayotgan avtolarning shovqini ham chalg’ita olmadi.

Suv Sultonning boldiriga, tizzasiga, zum o’tmay beliga ura boshladi. U anhorga qaerdan tushishini uzoq o’ylamadi, yoz keldi deguncha anhor ustidan o’tgan yolg’izoyoq temir ko’prikning yon-atrofi mahalla bolakaylarining, issiqlagan erkaklarining izdihomiga aylanadi, chunki bu yerda suv yanayam yoyilibroq va yanayam sokinroq oqadi, chamasi, ellik-oltmish quloch quyiroqda esa anhor o’zani tuyqus torayadi, oqim ham bir zum zabtiga oladi. Sho’rpeshona kelinchak xuddi shu joyda chelakni suvga botirganu…

Sulton anhor o’zani torayadigan joyga yetar-yetmas bir sho’ng’ib oldiyu, badani suvning sovuqligiga ko’nikdi, u oldinda o’zini qanday holatlar kutayotganini xayolan chamalab ko’rishga tutingan paytida birdan oqim, aniqrog’i, oqimning tubi g’alati tarzda tezlashganini, ikki tomon qirg’oq dov-daraxtlari quyuqlashganini, o’zi esa bir qog’oz parchasidek, gul yaprog’idek sassiz-nesiz oqib borayotganini payqadi. Sulton oqim shiddatiga moslashishga, qanday bo’lmasin, suvning tubiga botib ketmaslikka urindi, boshi-beti aralash paydar-pay urilayotgan to’lqinga parvo qilmay, ravon nafas olish uchun betini dam o’ng, dam so’l tomonga burar, shuning barobarida… axir u anhorga sayr etish yoxud suv havzasida orttirgan suzish mahoratini namoyish etish niyatida tushmadi, balki o’n besh kunlik kelinchakning jasadini topishga ahd qildi u!

Kelinchak g’arq bo’lgan kunning ertasiga bu haqda Bashoratga gapirib berdi. Qiz, “Voy-y, bechora-a!” deb  yubordi joni achishib. Bashoratning sutdek oppoq yanoqlari yanayam oqarib ketgandek tuyuldi Sultonning nazarida, qiz ertasi, indini aftidan atayin qo’ng’iroq qildi, kelinchakning topilgan-topilmaganini yana so’radi-surishtirdi, hayotining mazmuniga aylanib qolgan sevgilisining qiziqishi ortgani sayin qonsiragan Qichqiriq komiga tortib ketgan jasadning topilishi Sultonning sa’y-harakatiga qarab qolayotgandek bo’laverdi.

Sulton bularning barini bir hafta o’yladi, har tong uydan chiqayotib, har oqshom uyiga qaytayotib surishtirdi, butun mahalla ahli qatori u ham umidini uzmadi, jigargo’shalar, tanish-bilishlar, qarindosh-urug’lar kunu tun Qichqiriq yoqalab zir yugurishdi, Sulton, “G’avvoslar-chi? Nahotki, ular ham hech narsaning uddasidan chiqmasalar?!” deya noroziligini yashirmadi, bu savoliga hech kasdan tayinli javob ololmadi,
g’avvoslarning kattasiga o’zi yo’liqdi, g’avvosboshi, loaqal uning ko’ngli uchun gapiga quloq solmadi ham, qo’y, bizning ishga aralashma, degan ma’noda ensasi qotib qo’l siltadi-qo’ydi.

Sulton suv yoqalab anhor o’zanini, qirg’oqning sayoz-tikligini, dov-daraxtning quyuq-siyrakligini ko’rib-bilib qo’yish maqsadida ancha joygacha poyi piyoda bordi, ketgancha ketaverdi, shunda ko’nglida mutlaqo o’zi o’ylamagan-netmagan his-tuyg’ular paydo bo’ldi – Sultonning qalbida anhorga, anhorning ilang-bilang ilonizi o’zaniga, uni to’ldirib-ayqirib oqayotgan suviga, bir-birini dam sassiz-nesiz, dam ko’pirib-oqarib, dam beozor-muloyim shovqin solib allaqanday zaruriyatdan quruq qolayotgandek shitob-la quvalashib borayotgan to’lqinlarga nisbatan mehr-shafqatga o’xshab ketadigan yaqinlik, iliqlik ko’z ochdi. Nazarida anhor ham undagi bu o’zgarishni payqagan, mehrga yarasha mayl-muhabbat izhor etishga shaylangan suluvdek yigitni o’z og’ushiga chorlayotgan edi.

Ittifoqo Sulton anhor qa’ridan chiqib kelgan g’avvosga duch keldi. Tevarak-atrof kimsasiz edi, Sulton o’ylab turmay uni savolga tutdi.
– Bu dunyoda men tushmagan suv qolmagan, illo bunaqasini ko’rmaganman! – dedi girdig’umdan kelgan g’avvos hansirab, so’kinib. Uning afti suvning sovuqligidanmi yoxud qo’rquvning zo’ridanmi – gezarib-ko’karib ketgan edi. Endi esa… Sulton dam-badam oyog’iga, beliga allanimalar urilayotgani, ilashayotganini sezgan zamoni g’avvoslarga oson tutib, chakki qilganini tushundi.

Axir qish kezlari u o’z ko’zi bilan ko’rgan, ayoz pallasi Qichqiriqning suvi quriydi, yolg’izoyoq temir ko’prik ustidan o’tayotib Sulton anhor o’zaniga termilganicha beixtiyor to’xtab qoladi, anhor tubida cho’kindi bo’lib yotgan shox-shabba bormi, temir-tersak, suyak-sayoq, xonadon devorlari osha itqitillgan ro’zg’or buyumlari, chiqindi qoldiqlari, shisha, sim… qiyofasini yo’qotgan qoramol, qo’y, it, mushuk murdalari…

Bahor bo’tanalari ularning barini supirib-sidirib ketaolmasligi aniq! G’avvoslardan biror-yarimi engil-boshidan temir-tersak yo shox-shabbaga ilinib, hayoti xavf ostida qolsa qolgandir? Kelinchak sho’rlikning jasadi hafta o’tib ham suv sathiga qalqib chiqmayotganining sababi ham shundadir?.. Yana… Qichqiriqning suvlari o’zan tubida cho’kindi bo’lib yotgan lash-lushu chiqindilardan poklanish qasdida bu qadar serzarda, asov va telbavori oqayotgandir?..

Sulton oqimga qarshi qulochkashladi, u oqim shiddatini o’zi kutganidan ko’ra osonroq yenga olayotganidan quvondi, qirg’oq yoqalab suvga shox tashlab o’sgan daraxt ostlarini ko’zdan kechirdi. Bir payt uning boldiriga uzun tasmaga o’xshash shilimshiq narsa chirmashdi, u sovuq suvdan-da sovuqroq edi! Ilonmikan, deb yubordi Sulton qo’qqisidan va boldirini iskanjaga olayotgan muzdek tasmani bir qo’llab yulqib tortdi. Jonzotga o’xshamadi, ilon bo’lsa chaqar edi!..

Suvosti o’timikan?.. Bunday desa, harchand tortmasin, tasma uzilmadi. Sulton oyog’idan osilib, boshi oqim tomonga o’girilib qolganidan burniga suv kirib ketayotganini, ilinib qolgan oyog’ini tezroq bo’shatmasa bu ahvolda uzoq qolishi xavotirli ekanini sezdiyu, barcha harakatlarini bas qildi, butun gavdasini oqim izmiga berdi. Bir necha soniya g’arq bo’lib oqib borayotgan jasad holatiga tushdi. Chidadi. Zum o’tmay sovuq tasma sirg’alib-sirmalib chiqib, oyog’i sirtmoqdan bo’shaldi.

Sulton o’zini o’ngladi, suv betiga azot otilib chiqdi-da, ko’ksini to’ldirib-to’ldirib nafas olgach, hayallamay oqimga qarshi suza ketdi. U nigoh tashlolmay qolgan pana joylarni nazardan o’tkazdi, qo’l-oyoqlariga dam bermoqchi edi – bo’lmadi, asov to’lqin Sultonning dam o’ng, dam so’l yonboshidan suv ostiga tortib ketar, u o’zini o’nglab, tevarak-atrofga alanglab, qaddini rostlaguniga qadar zumda olislab ketayotgan, shundan oqim shiddatini chamalayotgan edi. Qulochkashlab suzishda davom etdi. U Qichqiriqning bu qadar asovligini o’zicha taxmin qilar ediyu, u bilan birinchi bor yakkama-yakka yuzma-yuz qolganidan, anhor suvining sarkashliklarini endigina aniq-tiniq his qilayotgan edi!

U ko’zlarini katta-katta ochib olgan, asov to’lqinning ustma-ust va ayovsiz “shapaloq”lab urishiga ham, suvning ko’z ochirmay sachrashiga ham e’tibor qilmas, anhor yoqalarini, qirg’oqdan qaraganda ko’z ilg’ashi mushkul bo’lgan pana-pastqam joylarni nazardan qochirmaslikka harakat qilar, qaerdadir albatta sariq ko’ylakning etagi yo bir parchasi ko’rinib qolishiga ishonchi komil edi. Biroq yo’l-yo’lakay u suv ostini ham qadam-baqadam paypaslab o’tishga ahd qilgan, buning uchun u suzib bora turib, dam-badam suv ostiga sho’ng’ir, g’avvoslar ham ehtiyotkorlikni unutmaydigan o’zanning tub-tubiga yetishga harakat qilar, qo’li, boshi, yelkasi bilan allanimalarga urilib ketar, har qancha urilib-surilmasin, hech qanday og’riqni his qilmas, faqat suv sathidan uning eng tubiga qadar to’lqin qavat-qavat bo’lib turli tezlikda oqayotganini butun gavdasi – yelkalari, beli, oyoqlari bilan yaqqol his qilayotgan edi. Shu holat uning suv yuzasida bir maromda muvozanat saqlashiga yoki oqib borishiga yo’l qo’ymayotgan edi.

Sulton huddi anhor bilan til topishib olgandek, u bilan “bitilgan” sulhga ko’ra o’zaro xiyonatga yo’l qo’yilmasligi muqarrardek, ya’ni omonsiz oqim zinhor yigitning yosh joniga qasd qilmaydigandek g’arq bo’lmasligiga aniq ishonar, bunga yo’l qo’ymaslik uchun qurbi-qurbati yetishini his etib turar, faqat nafas qisib havo yetmay qolgandagina irg’ib suv betiga qalqib chiqar, yutoqib, ko’ksini qondirib-qondirib nafas olganicha atrofga, ikki tomon qirg’oqqa alanglar ekan, ancha-muncha olislab ketganini sezar va e’tiboridan chetda qolgan burchak-o’ngirlarni qayta-qayta ko’rib, o’zida ishonch hosil qilish istagida yana oqimga qarshi quloch ota boshlardi.

Qiziq, kelinchakning g’arq bo’lgani haqida kim gapirmasin, albatta uning sariq ko’ylakda ekaniga urg’u  berishardi. Sulton unga ikki daf’a shekilli, tong saharlab uydan chiqayotib ko’chani yalaguday qilib suv sepib supirayotganida ko’zi tushgan, o’shanda ohori to’kilmagan kelinlik libosi o’ziga biram yarashgan, fayzli kelinchak bir zum supirishdan to’xtab, odob saqlab chekkaga chiqib bosh egib turgan, Sulton hademay uylansa, mana shunday alfozda odob saqlab turadigan Bashoratoyni ko’z o’ngiga keltirib etlari jimirlashib ketgan, shunday totli va masrur xayolda kelinchakning ibolarga burkangan eshitilar-eshitilmas salomiga durustroq alik ham olmagan, bolalikdan hamma “Mavla”, “Mova” deb chaqirishga odatlangan qo’shnisini mana shunday fusunkor va ko’hlik qalliq bilan oila qurgach, Sulton unga “Mavlon”, “Mavlonbek” deya ismini to’liq aytib murojaat qilishga o’zini, tilini ko’niktirayotgan edi.

Mavlonbek ham gap orasida …sariq ko’ylakda ekan, dedi, ketidan, kalta, yengsiz guldor nimchasi ham bo’lgan, deb qo’shib qo’ydi. Kuyovbola o’zini harchand bosiq-vazmin tutishga urinmasin, Sulton ikki-uch kunda uning rangi so’lish olib, xayoli parishon tortib qolganini sezdi.
– Endi qandoq qilaman, aka?.. – dedi Mavlonbek tamomila abgor bir ahvolda. – Tongotar suvning tepasidan ketmayapman, darak yo’q, jim-jit…

Bu gapdan Sultonning ensasi qotdiyu, kulfatzada Mavlonga sezdirmadi, chunki bunday holatga yo’liqqan odam aql bovar qilmas cho’pchakka ham ishonadi, umid-ilinj izlaydi. “Yarim tungi sukunatda anhorda g’arq bo’lgan odamning faryod chekishi eshitilarmish!..”

Kuyovto’raning so’nggi umid iplari o’rnida bazo’r ilinib turgan “darak yo’q, jim-jit” degan so’zlari og’izdan-og’izga ko’chib yuruvchi ayanchli latifaga ishora edi. Demak, Mavlonbek shu qabildagi gaplarga ham umid bog’lab, tunlari mijja qoqmayotgan, Qichqiriqning tungi shovullashlari orasida o’ziga endigina qadrdon bo’lib ulgurayotgan ovozni eshitish ilinjida…

“Mavlonbekning o’zini yordamga chaqirmabman-da” degan o’y kechdi Sultonning xayolidan. Axir g’arq bo’lgan, buning ustiga necha kundan buyon topilmayotgan odamning yordam so’rab zorlanishiga ishonishdan ko’ra Mavlonbek yonida bo’lganida belidan arqon o’tkazib, bir uchidan qirg’oqda tutib turar, shunda oqim Sultonga bu qadar zug’umini o’tkazmas, suv sathini ham, tubini ham qadam-baqadam qarab chiqishi birmuncha oson ko’char edi.

Yoxud g’avvoslarga qo’shilib… yo’q, ular bunga izn berishmaydi, buyog’i, Sultonning o’zi ham o’zigayetganicha
o’ylaganidan, jazm etganidan qaytmaydiganlar xilidan!.. U atayin odamlar siyrak paytida anhorga tushib, shu asov Qichqiriq bilan yakkama-yakka olishishga xezlandimi, bas-da, sarkash to’lqin behisob katta-kichik girdoblarga bas kelayotgan Sultonni kunbotar tomonlarga shiddat bilan oqizib ketmoqchi, Sulton esa undan yengilishni xayoliga ham keltirayotgani yo’q, qanday bo’lmasin, bir haftadan buyon topilmayotgan o’n besh kunlik kelinchakning jismi-jasadani izlab topsa, uni qiyomatli yon qo’shnisi, o’n besh kunlik kuyov Mavlonbekning qo’liga tutqazsa!..

Turtilib-surtilmagan joyi qolmadi, yelkasining sirqirab og’rishiga, boldiri va to’pig’ining achishayotganiga ham e’tibor bermayapti, sovuqni-ku, mutlaqo sezmayapti. Goh qulochkashlab oqimga qarshi suzmoqda, goh o’zini oqim ixtiyoriga qo’ymoqda, ora-chora kuch yig’ib turib, suv ostiga sho’ng’ib, o’zanning tubiga yetmoqda, qo’liga ilingan matohni tortib-yulqib ko’rmoqda, nafasi qaytib yo ko’zlari achishib ketgandagina suv sathiga qalqib chiqmoqda.

Shu topda qirg’oqda Bashorat, Bashoratoy paydo bo’lsa bormi!.. Qiz uni shu ahvolda ko’rsa o’takasi yorilar edi, o’zini qayoqqa qo’yishini bilmay shoshilib qolar, o’zini anhorga tashlaguday iztirobda qo’llarnini cho’zib Sultonni, Sulton akasini telba girdoblar qa’riga g’arq bo’lishdan ehtiyotlanishga undar, ketidan darhol o’zini o’nglab olib, bu tengsiz olishuvda sevgilisiga olamga tatigulik dalda bergan bo’lur edi.

Ushbu xayolning o’zi Sultonning kuchiga kuch qo’shdi. Barcha mashaqqatlarni unutdi. “Bashoratoy dalda bersa, – dedi boshini suvdan azot ko’tarib, anhorga tepadan qarashga urinib. – Qichqiriqda suv emas, olov oqsa ham kelinni topish ahdimdan qaytmayman!..”

Qirg’oq yoqasida to’satdan paydo bo’lgan bahaybat zotdor it yer tirnab, dumini xoda qilganicha unga qarab irilladi, so’ng xiyobonni boshiga ko’tarib vovulladi, itning izidan qo’ltiqlashgan erkak-ayol ko’rindi.
– Shu sovuqda nima zaril, cho’milish! – deb yubordi ayol hamrohining pinjiga battar suqilib.
– Yosh-da, yosh, – dimog’ida kulib javob qildi erkak, – dard orttirib olishini o’ylamaydi, bular!..

Sulton o’zini oqim ixtiyoriga qo’ydi. Anhorning ikki tomonida quyuq qamish-yulg’un devor yanglig’ qoplagan ikki qirg’oq orasidan oqib o’tayotib suv havzasida turfa suzish mashqlarini bajarish chog’ida asqotadigan ko’zoynagini olish xayoliga kelmaganiga afsuslandi. Oqib kelgan jasad bu quyuq qamishzor orasida ilashib-netib qolgan bo’lishi ham ehtimoldan yiroq emas. Qamishzor orasiga yo’lab bo’lmasa!..

Sulton qo’l-oyoqlarini emin-erkin harakatlantirolmay qoldi. O’zanning o’rtalariga qadar uzun-qisqa o’sib chiqqan qamishzor bunga yo’l qo’mas, Sulton shundan ham foydalanib qolishga urinar, qamish poyalarini tutib-tutib oldinga, orqaga, yon-veriga siljish osonroq edi. Sulton o’ng oyog’ining kaftiga jimit baliqchalar tumshug’i bilan kelib urilayotganini sezdi, har ehtimolga qarshi oyog’ini siltab tortdi, baliqlar to’zib ketdi sheklli, oyog’i holi qoldi. Sulton qirg’oq tomon ilgariladi. Zum o’tmay oyog’ining kafti, barmoqlari atrofida yana baliqchalar g’ujlashdi, endi ularning orasida yirikroqlari paydo bo’lgan, ular xuddi Sultonni oyog’idan boshlab paqqos tushirishga shahd qilgan vahshiy suv jondorlari singari ustma-ust tumshug’i bilan urilayotgan edi. Shundagina u oyog’ining osti, barmoqlari, to’pig’i achishayotganini, bundan chiqdi, oyog’i shikstlanganini, undan qon oqayotganini faxmladi…

Sulton quyuq qamishzorni tark etdi, buning ustiga, suv sathiga chiqayotib, temirmi-shoxmi, tirsagiga qattiq botdi, suv sathiga xira qon tusi yoyilganini ko’rdi. Qamishzor siyraklashgani sayin, oqim tezlashdi, Sulton qirg’oq tomon suzdi, yer sathiga bo’rtib chiqib, suv yuvaverganidan qizarib ketgan daraxtning ildiz tomiri ko’ziga allaqanday yovuz maxluqning panjalariga o’xshab ko’rindi. Shu xayolda, jur’at qilib “panja”larga yopishdi. Qirg’oq tik bo’lganidan u ko’ksigacha suvga botib turardi. U ancha vaqtgacha nafasini rostlay olmadi. Boshi aylanayotgan edi. Sulton osmonga qaradi, tobora anhor tepasiga yaqinlashayotgan quyosh nuriga umidvor termildi. Atrofni kuzatdi. Narigi qirg’oqda qiyshayib o’sgan qandaydir daraxtning kattagina shohi egilib suvga tegib turar, oqimning zabti ta’sirida dam yuqoriga ko’tarilib-dam pastga tushar, chetdan qaragan odamga shox suvni bearmon savalayotganga o’xshab ko’rinardi.

Sulton suv havzasida soatlab suzib charchash-toliqish nima ekanini bilmas edi, bu yerda… hayron qolib bosh chayqadi, anhorning fe’l-atvorini yanayam sinchkovlik bilan o’rganib-bilib olmoqchidek suvga qattiq va uzoq tikildi. Axir u ozmuncha joydan oqib kelyaptimi, ozmuncha martalab ne umidlarda sho’ng’idimi, suvning tubidagi qanchadan-qancha pana-pastqam burchak-surchaklarni qadam-baqadamlab paypaslab chiqdimi!..

Biron daqiqa suvni tark etgani yo’q va shular asnosida Qichqiriq bilan, Qichqiriqning suvi bilan til topishish, uning diliga quloq solish yo’lini izladi. Sulton ko’ksigacha suvga botib turgan ko’yi holsiz-majolsiz bir ahvolda undan ko’z uzmas, oshiqib-quvalashib, ko’pirib-sharqirab, chopqillab-yugurgilab borayotgan o’rkach-o’rkach to’lqinlarga ko’nglida tug’ilgan o’pka-ginalarini to’kib solmoqchidek edi. Anhor aql bovar qilmaydigan bir jondor, har banda o’ziga yarasha fe’l-atvorga ega bo’lgani singari anhor ham o’z fe’li-xo’yiga ko’ra hayot kechirardi. O’zanni to’ldirib, limmo-lim oqib o’tayotgan suv Qichqiriqning hayot tarzi, zero, uning mavjudligi, qismati ham shitob bilan oqib borishida mujassam, u shundan ma’no-mazmun topar edi.

Sultonning anhorga o’pka-ginali qarashlari o’rnini havas, hatto hurmat ma’nosi egalladi. Anhor uni tushunmadi, ayniqsa uning jununvash va tub oqimlari Sultonni ne ko’ylarga solmadi – o’ng qo’l tomonda oqim sustroq tuyulsa, chap tomon oqimi tubsiz o’pqonga yutib yuborguday tortqilaydi, oyoqlari osuda suzishiga yordam bersa, biqiniga urilayotgan to’lqin azbaroyi uning sumbatini daraxt novdasidek ikki bukib tashlaguday vajohat bilan urilaveradi. Sulton girdig’umdan kelgan g’avvosning gezarib-so’kinib aytgan iddaosini esladi va… “yo’q, unday emas” degan ma’noda vazmin bosh chayqadi. Uning fikri, munosabati o’zgardi, endi u… anhor uni tushunmagan bo’lsa, u anhorni tushunadi, telba oqim unga dilini ochmagan bo’lsa, inson telba ko’ngilga yo’l topadi…

Sulton boyadan beri boldirini qandaydir mayin-muloyim narsa silab-siypalayotganini sezib qoldi. U narsa uzun edi, Sultonning boldiridan sirg’alib bo’shaldi-da, uning beliga beozorgina chirmaldi. Sulton mo»jizaga ro’para kelayotganini sezdi, yuragi endi mutlaqo o’zgacha hayajon, o’zgacha intiqlik bilan dukurlay boshladi. U salgina nojo’ya harakat qilsa, beliga chirmalayotgan momiq-muloyim narsani yo’qotib qo’yishdan xavotirda g’oyatda ehtiyotlik bilan qo’lini suvga botirdi. Tag’in allaqanday jondor-pondor bo’lmasin, deb yubordi ichida va shu zahoti bu shubhasini unutdi, u fikri, fikrlash tarzi uzilib, uzuq-yuluq bo’la borayotganini, hech bir narsani adog’iga dovur o’ylay-mushohada qilolmay qolayotganini sezdi, sezdiyu, shu haqda ham tugal bir qarorga kelolmadi. Faqat, beliga chirmalayotgan jondor… allaqanday lash-lush yoxud matohga o’xshayapti, umuman, oqar suv ostida har qanday jonsiz narsaga jon kirishiga va ularning bari ko’z ko’rib-quloq eshitmagan jondorga aylanishiga iqror bo’ldi.

Sultonning suv ostiga botirgan qo’lining uchlari beli-ko’kragi aralash belboqqa aylanayotgan o’sha jonsiz jondorga yetdi. “Nahotki?!” deb yubordi Sulton ovoz chiqarguday quvonib, “Sariq bo’lsa-ya?!”, “Kelinchakning ko’ylagi bo’lsa-ya?!” Sulton yovvoyi jondorning “panja”larini qo’yib yuborganini butun gavdasi bilan suvning o’rta oqimiga shaloplab tushganidagina angladi. U oqimning tezob yo’liga tushganidan emas, qo’lida tutib turgan… nima, nima u?! Nahotki, Sultonning shuncha sa’y-harakati besamar qolmay, jonini garovga qo’yib izlagani… sariq ko’ylak etagini topgan bo’lsa?!

Sulton oqib ketmadi, u ikki qo’llab changallab olgan matoni asta va avaylabgina bilagiga o’rashga tushdi, “Uzilib ketmasa bas!” degan o’yda qo’lini silkitib yubormaslikka urinib, matoning “ildizi”ga tomon yaqinlashaverdi. “Sariq!.. Sariq ko’ylagida edi!.. Sariq!..” Sultonning miyasini shu topda faqat shu so’z ishg’ol qilgan, uni topganiga ishonchi komil edi!..

U matoni… bunchalar uzun u? Bunchalar ilingan joyiga – tagiga yetish mushkul?.. Sulton juda-juda avaylab, ehtiyotlik bilan paypaslay-paypaslay uning ilingan mansabiga yetadi, yetgan joyida qo’liga chirmalgan sarg’ish mato, yo’q, sariq ko’ylakning keng etagi va… o’n besh kunlik kelinchakning bir haftadan buyon suv ostida yotgan jasa… “Topdim, Bashorat! Bashoratoy, jonim, topdim!” deb yubordi Sulton.
– Ismingiz emas, o’zingiz sultonsiz, – degan edi Bashorat bir kuni, uning yelkasiga boshini qo’yib, navozish bilan. – Siz har qanday sultonlikka qodirsiz!…

“Bashoratoyning bashorati, mana, hozir, shu daqiqa, shu telba anhor suvi ostida tasdig’ini topsa-ya!” Sulton hayajonning zo’ridan kuchiga kuch qo’shildi, charchoqlarini ham, og’riqlarini ham unutdi. Ikki qo’llab sarg’ish matoni tutganicha uni kaftiga o’rashga tutinar ekan, yuz-ko’zi oldida baliqchalar to’dasi paydo bo’lganini, tong sahardan beri oqayotgan loyqa suv tiniqlashib, baliqchalar aniq-tiniq ko’z o’ngidan “lip-lip” o’tayotganini ko’rdi. Baliqchalar rangli edi! Qip-qizil, sap-sariq, yam-yashil!.. Ular Sultonga yo’l ko’rsatayotgan, qaysi tomon siljishi kerakligiga belgi berayotgandek edilar. Yelkasi, ko’ksi, qorni, tizzalari, oyog’ining uchigacha jazillab achisha boshladi, “Hechqisi yo’q, chidayman!” dedi Sulton tishini tishiga bosib, ilgariladi, qirg’oq tomon siljiyotganini elas-elas payqadi. Qo’llari, so’ngra oyoqlari o’ziga bo’ysunmayotganini payqab qoldi, oyoq-qo’llariga madad tiladi: “Ha! Ha-a!.. Bo’sh kelma! Bo’sh kelma, deyapman!.. H-h-h-o-oy-y!..”

“Bu anhorga g’arq bo’lganlar yarim tun sukunatida qichqirib, odamlarni yordamga chorlaydilar…” Sulton ham… yo’q, u qichqirmayapti, uning hali-veri g’arq bo’lib telba to’lqinlarga taslim bo’lish niyati yo’q. Taslim bo’lmaydi ham, najot ham tilamaydi… U endi anhor va uning suvlari bilan shu qadar qadrdonlashib ketdiki, unga yotig’i bilan iltijo qiladi, unga toza niyatlarini to’kib soladi, kerak bo’lsa, ovozini boricha qo’yib qichqiradi, shu qadar qichqiradiki, Qichqiriq bir zum bo’lsa-da, oqishdan to’xtaydi, suvlari tiniqlashib, o’zan o’zini boricha ko’z-ko’z qiladi. “Qichqiriq” degan nomi ham g’oyatda o’ziga yarashimli, noyob! Tiriklarning gap-so’zlari g’arq bo’lganlarga, g’arq bo’lgan marhumlarning sukunati esa tiriklarga qichqiriq bo’lib eshitiladi. Ana, Sultonning o’ziga o’zi dalda berish maqsadida aytgan so’zlari tashqariga qichqiriq, faryod bo’lib eshitilyapti. Vaholanki, tun cho’kishiga allaqancha vaqt bor, tungi sukunatga qadar eh-he-ye… Ana, oftob charaqlab turibdi, faqat, faqat u… kimdir silkityapti shekilli, lopillab, alanga olib yonayotganga o’xshayapti…

Sulton birdan vaznining og’irligini sezmay qoldi, qo’l-oyoqlarining madorsizlanishidan tug’ila boshlagan xavotir ham tarqadi. Hech bir harakat qilmasa-da, oqib ketmayotganiga, nafasi dimiqib havo yetishmay qolmayotganiga hayron bo’ldi. Oyoqlarining orasida paydo bo’lgan silliq, mayin va beozor jondor Sultonni ko’tarib turar, Sultonning fikr-xayoli kaftiga, undan bilagiga o’ralib-o’ralib borayotgan matoda edi. Sulton mutlaqo harakat qilmay qo’ydi, qo’llarini o’rab-chirmab, bog’lab tashlaganidan, o’sha sariq matoni topib, tortib chiqarish ko’yida kerak bo’lsa, qo’llariga qo’shib oyoqlarini-da bog’lab tashlashga hoziru nozirligidan vujudini qamragan hayratni yashirolmay, hayajonlanayotgan edi.

Hayajonning zo’ridan terlab ketdi. A’zoi badanidan suv emas, ter quya boshladi. Boshini ikki-uch qayta suv yuzasiga chiqarib nafas rostlamoqchi edi, bunga zarurat sezmadi, ko’z o’ngida suvga qo’shilib ko’zga tashlanayotgan va zumda chir aylanib g’oyib bo’layotgan xira qon dog’lariga ham e’tibor bermadi. Oyog’ining orasiga kirib, uni ko’tarib turgan jondor… Sulton o’zini yuvvosh otga mingashib olgandek his qildi, bu holat uzoq cho’zilmadi, yo’q, xayol sharpasidek juda tez o’tdi, ot asta-sekin sirg’alib oyoqlari orasidan chiqib ortda qola boshladi. Anhor ichida ot nima qiladi?.. Ot emas, baliq, baliq desa, otga o’xshaydi. Otbaliq!..

Sulton Qichqiriq suvida bunday jonivorlar mavjudligi haqida sira eshitmagan edi, eshitgan taqdirda ham unday oldi-qochdi cho’pchaklarga ishonmasdi. Lekin, mana, uni o’zi ko’rdi, ulardan biri kelib holdan toyib g’arq bo’layozgan Sultonni kiftiga mindirib oldi va… Sultonning ko’ngli halimdek yumshadi. Muloyim, lekin qat’iyat bilan baralla aytdi: “Qayta boshdan boshlayman! Kerak bo’lsa, o’n marta tushaman suvga, lekin topmagunchaqo’ymayman!..”

Sultonning qulog’iga paydar-pay uzoq-yaqin qichqiriqlar chalina boshladi. Sulton ularga quloq solmoqchi, ma’nosini uqmoqchi edi, diqqatini jamlay olmadi. Suv qizib ketayotganga o’xshadi. Sulton oyog’i qattiq zaminga tekkanini sezdi. Boshini ko’tarmoqchi edi, qurbi yetmadi.

Anhor o’zani kunbotar tomondagi qishloqqa yetgan joyida kengayib, suvi juda-juda sayozlashgan – suv nari borsa, tizzadan keladigan joyga yetgan, bu yerda tumonat bola-baqra dunyoni boshiga ko’tarib cho’milishayotgan, shodon qichqiriqlar bilan bir-birini quvalashayotgan edilar.
– Voy, odam! Odam oqib kelyapti!!!

Sulton bu qichqiriqni ham elas-elas eshitdi. Bu topda tikkaga kelgan quyosh olamni charog’on qilib yuborgan, Sultonning sovuqdan ko’karib ketgan kiftini ilita boshlagan edi…

«QICHQIRIQ»NI TANIDIM
Shomirza Turdimov

Uzoq vaqt ko’rmagan qadrdoningizga tuyqus duch kelsangiz, behad quvonasiz. Dildan dardlashsangiz, ko’nglingiz yayraydi. Anchadan beri o’qishni orzulagan asar topsangiz ham shunday. Asar ohanraboday tortsa, mudroq tuyg’ularingiz, o’y-kechinmalaringizni uyg’otsa, birdan muvozanatdan chiqasiz. So’ng nimalarga “boyiganingiz”ni bir-bir taftish qilib, sabablarini oydinlashtirasiz.

“Qichqiriq”ni ham eski qadrdonimdek tanidim.
O’qiyotganda Fariduddin Attor aytgan bir rivoyat xotiramda jonlandi.

“Ibrohim Adham podshoh edi. Saltanat bilan ovga chikdi. Qurdan bir kiyikni qochirdi. Podshohlik sha’niga og’ir oldi. Izidan ot soldi. Quvdi, quvdi, quvaverdi… Oti oyokdan qoldi, o’zi holdan toydi, kiyik ham charchadi…

Lekin “ov” nafsi jo’shgandan jo’shdi. Bir payt kiyik to’xtadi. Ibrohim Adham otishga chog’landi. Shunda kiyik tilga kirdi:
— Ey Ibrohim, seni Olloh, meni o’ldirish uchun yaratganmi? O’ldirding ham deylik, shu bilan ochofat nafsing to’yadimi?

Ibrohim Adhamni sir bosdi. Qo’lidan yarog’i tushdi. Shohona libosini cho’pon jandasiga almashtirdi…”

Xom sut emgan bandani mol-dunyo, mansab, yana son-sanoqsiz “kiyik”lar hirsi horitib, “sulton” bo’lib kelganini unuttirib, umrini seldek “oqim”da yuvib yuboradi…

“Qichqiriq”dagi Sultonni “sariq ko’ylakli kelinchak”ning ko’ylagi ohanrabodek tortdi. Ozitqidek avradi, oqimda oqizdi, oqim izmiga soldi. “Sariq ko’ylakli”ning sehru jodusi ulug’ ekan. Axir, u sonda yo’q “Mavla”, “Movo”ni besh kunda “Mavlon”, “Mavlonbek”ka aylantirdi. Hatto Sulton “Mavlon”, “Mavlonbek” deya ismini to’liq aytib murojaat qilishga o’zini, tilini ko’niktirayotgan edi…” Kelinchak Mavlonni tashlab ketdi… Savdoyi apfozda qoldirdi…

“Qichqiriq” ramziy tafakkur tizimida “aytilgan” — timsol asar chikdi. Bu xil asarlar mag’zi timsoliy qatlamga o’tilsagina sirini ochadi.

Odatda timsolli asarlarda bitta, ba’zan ikki-uchta tayanch ramzlar bo’ladi. Qiyos uchun xalq qo’shiqlaridagi tayanch ramzlarni (ularni o’zak ramz deyish o’rinli, xuddi tildagi o’zak so’z kabi) keltirib o’tish mumkin. Masalan, qo’shikda tol — yigit, g’oz —yaxshi xabar, ro’mol — oila o’zak ma’nolariga ega. Muayyan matn tarkibida o’zak ramz u yoki bu darajada ma’no ko’lamini kengaytiradi, turlanadi. Muhimi, o’zak ramz matndagi boshqa so’zlarga ham timsoliy mazmun yuklaydi.

“Qichqiriq”da uchta o’zak ramz (ramziy obraz) bor: 1. Qichqiriq (anhor). 2. Yigit (Sul- ton). 3. Sariq ko’ylakpi kelinchak (Ozitqi).

Bu ramzlar asardagi barcha tasvir, detal, so’z va dialoglarga timsoliy ma’no bera olgan. Ushbu o’zak ramzlarning har biri xususida bafurja fikr yuritish mumkin. Bizning maqsadimiz bo’lak — diqqatni tortish, xolos. Bu o’rinda Sulton va uni oqizgan “Qichqiriq” oqimiga xiyla e’tibor qaratamiz. Sultonni ultonga aylantirgan oqimning kuchu qudrati beqiyos. Oqim changaliga tushganni qo’ymaydi. Oqim haddini olgan usta g’avvos ham “Qichqiriq”dan hayiqadi.

Sulton oqimda oqmaganida edi, Bashorat bashorat qilganidek “sulton” bo’lardi.

“Aslan oqim bo’ylab yurgan sozmi yoxud oqimga qarshi?”

Javobni kishining o’zi tanlaydi. To’g’rirog’i, uning xatti-harakati, intilishi, turmush tarzi, orzu-istaklari, maqsadi, fe’li yo oqimga qo’shadi yoki yolg’iz yo’liga soladi.

“Qichqiriq”dagi Sulton okdi. U yolg’iz bo’la olmadi.

Timsolli asarlarda shartlilik “suyanchiq” bo’ladi. Ba’zan bu suyanchiq voqealar bayonida, tafsilotida bo’y ko’rsatib, asarga sun’iylik tusini beradi. Shunda zukko o’kuvchi, “Ey, aqlli bo’lib ketibdi”, deydi. (Bu holat muallifning “Mug’anniy” hikoyasida sezilgan).

“Qichqiriq”ning yutug’i — suyanchiqlar sezilmaydi. Bor-u — yo’qdek. Olaylik, anhor bo’yida ko’ringan it “suyanchiq”mi, deb o’ylaysiz. Izidan egalari, ularning gapu so’zi bu fikrni o’zgartiradi. Ayni paytda tayanch ramzlar ularni ham timsol to’niga o’raydi. Ma’no ma’noga qo’shilaveradi…

Timsol, ramz uyg’otgan imuquqlarni (assotsiatsiya) so’z bilan ifodapash qiyin. Ular his qilinadi, anglanadi, fikr uyg’otadi… Hayotdagi asoslarga qiyoslanadi… Yangi qatlamlarga o’tiladi.

Timsoliy asar mag’zining ildizi asarda, talqini, mushohadasi o’kuvchi dunyoqarashida, hayotda turadi…

Asar o’qib bo’lingach, “Qichqiriq” degan nom ham ma’no yuki bilan qatlanadi. Erinmagan odam bir, ikki, uch… deb sanashi mumkin. U yog’i taxayyul yetganicha…

  Maqola muallifi haqida: Shomirza Turdimov 1957 yil 13 dekabrda Samarqand viloyati Qo’shrabot tumanidagi Qo’shtamg’ali qishlog’ida tug’ilgan.1979 yili Toshkent davlat universitetining filologiya fakultetini tamomlagan.Hozirda Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot institutining folklor bo’limida ishlaydi. Filologiya fanlari doktori. 2007 yili  “Yo’l bo’lsin” filmi senariysi uchun O’zbekiston Davlat mukofotini olgan.
«Go’ro’g’li dostoni genezisi va tadrijiy bosqichlari»,»Etnos va etos» va boshqa bir qator kitoblari nashr etilgan. Fol`klorga oid 200 yaqin ilmiy maqolalari O’zbekiston va chet-el ilmiy nashrlarida chop etilgan.

011

(Tashriflar: umumiy 1 389, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring