Anvar Obidjon. Gulmat Shoshiyning yovvoyi devoni

Ashampoo_Snap_2017.11.07_13h16m18s_001_.png  Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида кетма-кет эълон қилинишни бошлаганида катта шов-шув кўтарган, биринчи марта 1985 йилда “Безгакшамол” сарлавҳаси билан китоб ҳолида босилган…

Э, БОРМИСАН, ГУЛМАТ!
02

Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида кетма-кет эълон қилинишни бошлаганида катта шов-шув кўтарган, биринчи марта 1985 йилда “Безгакшамол” сарлавҳаси билан китоб ҳолида босилган, “Келур икки сулув, аҳ-аҳ, нозлари мўллағон эрди, Бири ғунча эди паққос, бири сал гуллағон эрди”, “Буюк ишқингга, э Гулмат, у танноз туфлади-кетди, Оғизда – пулга келғон нос, шу боис ман тупурмасман”, “Баҳор айёмида кўкнор эзилғон бир лаган бўлса, Ёнингда нозанан сан-ла томоқни намлаган бўлса” каби чапанича ишқий байтлари, “Бири камдир бу дунёнинг – донинг бўлса, элак йўқдур, Тўнинг бўлса, каминг белбоғ, қудуқ топсанг, челак йўқдур”, “Чимилдиқдин туриб бойлар сани ҳайдар юмушларға, Бу зўрлашнинг тузук номи гаҳи ишдир, гаҳи хизмат”, “Носингдин чўз, ағо, манга, хуморимни босай эмди, Мўминларға тилаб инсоф самоға арз ёзай эмди” сингари дарвишона фалсафага йўғрилган сатрлари қарийб ўттиз беш йилдан буён китобхонлар қалбини мислсиз завқ-шавққа чулғаб келмоқда, вақт ўтгани сайин гўё ғазалларнинг ширасига шира қўшилиб бораётгандек.

Ноширлар айтганидек, ишингиз юришиб, ҳозирда жуда қўлма-қўл бўлиб турган бу китобга дўконда дуч келиб қолсангиз, сира иккиланмасдан икки-учтасини сотиб олаверинг. Уни кулгисевар танишларга совға қилсангиз, сиздан чексиз миннатдор бўлиб юришларига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Китобдан Гулматнинг невараси саналган, қизиқчиликда бобосидан қолишмайдиган Кулкул афандининг ичакузди ҳангомалари ҳам жой олган. Барча шеърлар кирил ва лотин ҳарфларида ёнма-ён берилган.

ГУЛМАТ  ШОШИЙНИНГ
ЁВВОЙИ ДЕВОНИДАН АШЪОРЛАР
02

Безгакшамол, кел, кел,
Яланғочга қўн, қўн!..

Болалар айтимларидан

ГУЛМАТ ТИЛИДАН ЧАПАНИ ЯЛЛАЧИЛАР
ТЎҚИГАН АШУЛА

Фазода Ер билан бирга учиб сайёра Гулматман,
Дили оқ яктагу кўзи калишдек қора Гулматман.

Тонгда машшоқни созиға, тунда дилбарни нозиға,
Кунда ётларни носиға ташна-дилпора Гулматман.

Қорин тўйғоч қомати нор, қорни очса мўлтайиб зор,
Гаҳи бойваччаю пулдор, гаҳи бечора Гулматман.

Ҳаёт қийноғидин толсам, ёмон устимға от солса,
Магар бошим бутун қолса, бахти фаввора Гулматман.

Омонатсан деманг Ерда, яшар номим қизиқ шеърда,
Кеча ўтди, келур эрта, бугун шу ора Гулматман.

Жаҳон майхона, э Гулмат, бурундош шодлигу ғурбат,
Овлайин деб ширин улфат ҳануз оввора Гулматман.

Юртда бир бахши Гулматман, Ухласам яхши Гулматман…

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛЛАР

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 1

Шоирингни йўлга бошла, ямоқ тушган чориққинам,
Вале сарой шоиридин пешонаси ёруққинам.

Ўтиб Риштону Боғдоддин Қўқонга шом кириб борсак,
Кутиб олгай Собир малла – соч-соқоли сариққинам.

Забт этиб Яйпанни таппа ва Пунгонни олар бўлсак,
Чойхонада берурман дам, пошнаси йўқ ориққинам.

Бўлуб Қамчиқ довон ишғол, қолуб Оҳангарон ортда,
Кирурмиз Шошга биз мағрур мадор берса Холиққинам.

Шошда шоирни не кутса санго ҳам шу эрур қисмат,
Э чориғим, тақдири ман – эгосига боғлиққинам.

Жангга телба яғоч отда кирғонидек, далли Гулмат –
Кутар яғоч қаламдин ризқ… Хайр, Олтиариққинам.

1985 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 2

Аёғинг тортмоғон ерга айланиб бормоғон яхши,
Дилинг тортса, балодин ҳам бенасиб қолмоғон яхши.

Чиқимға дуч келар эрсанг эртани тез рўкач қилғил,
Бугунги ул текин ошни кейинга сурмоғон яхши.

Зиёфатлар эса хил-хил, иштаҳангким эса карнай,
Ўзинг ялғон сипо айлаб, тортиниб турмоғон яхши.

Кўп ўйланма бу неъматлар ҳалолданму ҳаромдан деб,
Узумни жимгина кавшаб, боғини сўрмоғон яхши.

Вале як бор бериб авқот, сани ду бор талар бўлса,
Онингдек сулланинг афтин умрбод кўрмоғон яхши.

Фикр бирла яшаб Гулмат ўта ноёб ўгит айтмиш:
Бировдин олғонинг мақбул, бировға бермоғон яхши.

1979 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 3

Бешяғоч бозорида юрғон эдим тинглаб ғовур,
Бир мусофир сўрдиким қайда деб Шайхонтовур.

Ман дедим: шундин юриб, шунғо бориб, шундоғ бурил,
Учрағай бир тўп бақа булбул бўлиб турғон зовур.

Кўфригин таслим этиб ўтғоч зовурдин нарига,
Тўғри юр ҳуштакфуруш аттори бор жойга довур.

Сўнг бурил чапроқ яна сертошу туфроғ кўчадин,
Тўхтама келгунча дуч лағмон чўзиб турғон повур.

Сан онинг лағмонидин уч-тўрт қулоч ютқон бўл-у,
Аста йўл сўрсанг кейин сўйлайди ростин, ҳайтовур…

Кетди ул қуллуқ ила, боқсамки – чўнтак қуп-қуруқ,
Вайсатиб Гулматни, ваҳ, картмонни урди киссавур.

1981 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 5

Фақат оз-моз чўтирдурман, шол эмасман, букирмасман,
Сақол оппоқ, кангул ёшдир, висолдин юз ўгирмасман.

Кечиб гоҳо саждалардан, ичиб обдастадан майни,
Санғигум ёр уйин излаб ки меҳробга югурмасман.

Азал мағрур туғилғонман, мани шердек саботим бор,
Жафо кўрсам урурман оҳ вале молдек бўкирмасман.

Фалак посангиси – танда: бу ёнда дард, у ёнда шавқ,
Бул тарафга қўшмағайман, ул тарафдин ўпирмасман.

Бўлойин мард, келиб жоно мани ўлдирса ўлдирсун,
Севгидан чанг юқибдир, бас, они дилдан супурмасман.

Буюк ишқингга, э Гулмат, у танноз туфлади кетди,
Оғизда – пулга келғон нос, шу боис ман тупурмасман.

1984 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 7

Қоқ пешин чоғида ман саллона келдим Ўрдага,
Забт этиб ошхонани, ёлчай дедим мошхўрдага.

Нозланиб, авқот ичиб ўлтирур бир сарвиноз,
Ёнида ўйноши ҳам турғонди ўхшаб мурдага.

Бордиму одоб ила дамаға бердим салом,
Турткилаб ўйношини, жуссамни суқдим ўртага.

Чарх урур икки қошуқ, ўртада ёғлуқ патир,
Таклифи бўлмай туриб қўлни узотдим бурдага.

Иккови боққон эди ҳайратни жамлаб афтиға,
Ўзни ман телба-тезик аҳволға солдим жўрттага.

Кулчадин меъдам қонуб, ақчани айлаб тежам,
Гулмато кетдим жадал фотиҳа тортиб сурпага.

1981 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 12

Келур икки сулув, аҳ-аҳ, нозлари мўллағон эрди,
Бири ғунча эди паққос, бири сал гуллағон эрди.

Худо урғон эса бизни ки ёшликдин бужур айлаб,
Бу икковни ясаб силлиқ эгам ҳам қўллағон эрди.

Ҳайит айёмида адрас аларни зап очибдурки,
Кўзим ўйнаб, ёниб ўпкам, тамоғим чўллағон эрди.

Табассум қилса деб зора ҳайитлик берсам олмайлар,
Алар балки табассумин тонгдаёқ пуллағон эрди.

Кетлариға тикилсам лол деди ақлим қидир иймон,
Бузуқ ўйларни лек шайтон бошимға дўллағон эрди.

Алар юлдуз ахир, Гулмат, на қўл етғай, на пул етғай,
Сани тақдир тамошшога шунчаки йўллағон эрди.

1984 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 13

Э сабо, айт бориб арзим ўша қози калонимға,
Жавоб қайтармаса ……………………………………….1

Сафарбар айлабон бизға юборсин зўр табибларни,
Баччағар ишқ босиб келмиш човут солғонча жонимға.

Кўзим тунлар – очиқ дарча, юрак – ёнғиндаги ҳужра,
Азоб мундин эди камроқ пучак чиққанда сонимға.

Туртиниб от-эшакларга гаҳи йўлда гаранг юрдим,
Мани извош эзиб кетса уволим ул жувонимға.

Келмади ёр кеча кутдим, қолиб бир коса ош фойда,
Бор-е, мардлик қилай, майли, бу кун келсун зиёнимға.

Аёл зотин азал, Гулмат, жиним суймас эди, аммо –
Алар гоҳи қилиб сурлик кириб олғай девонимға.

1983 йилда тикланди.

1 Кўпнуқталар ўрнидаги сатрлар асл нусхада ўчиб кетгани учун ҳозирча тиклай олмадик.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 14

Бу нечук шоир деманг, асли ман носоғроқ,
Ёзғоним шаклан ғазал, лек ўзи бармоғроқ.

Ҳарқалай шеъримда бор маъни-ю, оз-моз фикр,
Кўп ахир аҳли қалам мандинам маймоғроқ.

Кимса дер: “Қилсанг ҳажв, бекнимас пастроқни ур,
Тинчгина авқот еюр бўлса ким қўрқоғроқ”.

Асли чин ашъорнавис ёзмағай оддий баён,
Барчани ўйлантирур гап отиб илмоғроқ.

Дард чекиб битсам ғазал босмағай туркий газет,
Ўлтирур унда биров фаҳми сал тарқоғроқ.

Ул деди: “Гулмат, жўна, пайтава қилмам шеъринг”,
Лек ўзин ёзғонлари бундинам пайпоғроқ.

1979 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, , РАҚАМ 15

Аё шоир, ёзувни бас қилмағонингга қарсаклар,
Даҳолардин ўзингни паст билмағонингга қарсаклар.

Бировлар тўрт қилиб кўзни висол оқшомини кутғай,
Аёл зотин назарға кўп илмағонингга қарсаклар.

Текин майлар симирдинг гоҳ ўқиб майхонада ашъор,
Кўп ўқиб, кўп ичиб қўйғоч ўлмағонингга қарсаклар.

Боқиб оламга сўнг сархуш билмадинг тўйми бу, аза,
Офаринким тўкмадинг ёш, кулмағонингга қарсаклар.

Элинг сандин кўрмади наф, зиён ҳам етмағай асло,
Экмағонингга афсус, лек юлмағонингга қарсаклар.

Замонсозлиғ демай, Гулмат, амалдорларни ҳажв этдинг,
Авомдин жирканиб бағрин тилмағонингга қарсаклар.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 17

Аё фарзанд, аввало, Сиз онони рози қилғайсиз,
Бир умрға ўзингизға отони қози қилғайсиз.

Кичиклардин туриб катта, кериб тенгдошга сал кўкрак,
Вале манга салом айлаб дуони орзи қилғайсиз.

Хушомадлар бажо этманг киши Сизға эса тобе,
Бироқ ўзни казоларға кўча таннози қилғайсиз.

Тулакзода жувонларға бўйин эгманг бўлиб лодон,
Наҳот дилни овчига Сиз газзанинг* ғози қилғайсиз?

Яна ҳушёр суриб даврон ғанимлардин туринг огоҳ,
Кўзингизни мушук айлаб, бурунни този қилғайсиз.

Насиҳатлар битур Гулмат, савоб бизға насиб этсун,
Бу сўзлардин ясаб танбур юракнинг сози қилғайсиз.

1980 йилда тикланди

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 18

Бўш қолуб чиқдим бу кун қилғони ялло Хадрада,
Елкада янги чапон, бошимда салло Хадрада.

Тўғрию ҳам эгрию омухта эрди кўчада,
Фозилу девонаю нодон-ла мулло Хадрада.

Қўшхачир извошида ўтди амалдор ялпаюб,
Билмаган дейдир: “Бу дам кезмоқда олло Хадрада”.

Тўхтади кўнка** келиб, ёприлди одам устма-уст,
Мамлакат тинчдир вале бошланди ғавғо Хадрада.

Кўнкага чиққоч дедим: “Танга йўқ, қилгум дуо”,
Паттачи айди: “Бабо, ўтмайди ҳилло Хадрада”.

Нос отиб Гулмат яёв Чорсуга юрдим ғозлануб,
Қолди бир жонон манго бўлғонча шайдо Хадрада.

1981 йилда тикланди.

* Газза – овчилар кўл бўйига қурадиган пистирма.
** Кўнка – трамвай.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 19

Ўлтирибман ошиёнда қандни чойга чўктириб,
Ки қорунни бўлка нонга, ўзни ғамга бўктириб.

Бол дудоғин ёшурғоч ул эмди қанд ҳам доридир,
Қувди бизни дафъатан ёр аввалига тек туриб.

Мулла Равшан Зулхуморға бўлди шайдо, топди шон,
Ман юрибман бир “хамак”ка обрўйимни тўктириб.

Эрса Лабзак ичра шод ул, ман Чилонзор ичра хор,
Боғда гулни ўзи ҳидлар бизга носни чектириб.

Қолса мансиз кимни топғай, бунча нодон қурмағур?
Зора қайтса сал фаҳмдин калласиға эктириб.

Ўзни манга этма душман, қийнама, э мочахар,
Ошна қилсанг Гулматингни, юрмағайдинг сўктириб.

1983 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 20

Хиргойи-ла бодани улфатга беринг, ҳов,
Ё бедасоч бир паритурхатга беринг, ҳов.

Маъшуқаю дўстга текин кулги улошиб,
Зардани бегонага қимматга беринг, ҳов.

Уйда хотун гарданиға ортинг қаҳрни,
Тил болини тўкмада*  суҳбатга беринг, ҳов.

Барча садоқатли жўра қолсин гурунгда,
Бебурдни оқ пошшога хизматга беринг, ҳов.

Ўрламасин даврага пулдору димоғдор,
Шоирни топиб гапни шу сердардга беринг, ҳов.

Аҳли димоғдорға молу тахту сарой хўб,
Қатра маю қизларни Гулматга беринг, ҳов.

1984 йилда тикланди.

* Тўкма – ҳар ким уйидан масаллиқ ё егулик олиб чиқиб, ўртада қилинадиган улфатчилик.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 21

Кеча майхонада тўрт дўст бажо қилдик айш тунги,
Фароғатга эдик ташна, кангуллар ғаш эди чунки.

Бобо Кайфий деган эркан: “Ўлиш йўқки – тўйиш йўқдир”,
Бўшатдик кўп қадаҳни, ҳар сафар деб: “Ушбуси – сўнгги!”

Назарқул оштовоқ ушлаб бошлади дафъатан хониш,
Мов* мушукнинг фиғонини эслатурди товуш мунги.

Қўшни қиз таърифин сўйлаб тўкурди кўз ёшин Ғаффор,
Сузарди май уза маҳзун мўйлабидин тушиб юнги.

Матқовул бир кўза майга алиш айлаб чопонини,
Баҳона сўнг топиб дерди: “Ўзи торроқ эди енги”.

Харжладик сўм-тийинларни, сотиб ичдик кийимларни,
Ҳужрама илк саҳар Гулмат кириб келдим тутиб лунги.

1981 йилда тикланди.

* Мов – баҳорда эрсираган мушук.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 40

Буюк ишдир магар чархда мани шоир топилғоним,
Бошимға лек жавр бўлди танилмоққа шошилғоним.

Ҳануз ёдда – қироат-ла ўқишни машқ қилиб оқшом,
Ўтовдин ким отиб милтиқ, бобовларға қопилғоним.

Мадраса аҳлиға бода сафосини этиб ташвиқ,
Умар Хайём ҳисобинда аёғимдин осилғоним.

Сўғин майхонада сўйлаб шароб гўнгдин ҳаромроқ деб,
Келиб тутғоч аламноклар совуқ сойга отилғоним.

Казоларнинг оросинда топай обрў дебон ул кун,
Ўқиб инсоф ҳақинда шеър, ямоқ тўндек қоқилғоним.

Жасорат қил яна, Гулмат, ки оқпошшоға гап отгил,
Қолур Шошда бўлиб эртак тирикликча ёқилғоним.

1980 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 41

Гўзал бир ён, ғазал бир ён, қалам вайрон ўртада,
Қағоз бир ён, намоз бир ён, айш қурбон ўртада.

У кун бизни ёқиб жоно Тахтапулдин ўтдило,
Сулув бир ён, ғулу бир ён, кезар шайтон ўртада.

Ўнг кўзим ёр юзин қўмсар, чапи қўмсайди белроқни,
У кўз бир ён, бу кўз бир ён, бурун ҳайрон ўртада.

Куйиб ишқдин бўлиб ҳофиз куйласам тунлари гирё,
Дутор бир ён, сетор бир ён, чарм гармон ўртада.

Дуо қилдим гаҳи ёрни, қарғадим гаҳ раҳмсиз деб,
Ақл бир ён, жаҳл бир ён, фикр айрон ўртада.

Э ука, Гулматий севмиш бир отинча навжувонни,
Отин бир ён, хотин бир ён, аканг сарсон ўртада.

1984 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 42

Манам бечораман ўзни кўп йироқ этмағил, танноз,
Додлатиб, зўр авозимни хирқироқ этмағил, танноз.

У кеч рақсу муқом айлаб ғанимларға чилим тутдинг,
Биза қолғонда ўзни сан қурумсоқ этмағил, танноз.

Ямоқ маҳси ила юрғоч санго балдоқ топай қайдин,
Олиб куммуш туморимни мани қоқ этмағил, танноз.

Сўзим ялғон эмас, билло, вафо қилмас бу жазмонлар,
Босиб ғафлат, аларни сан дилин чоғ этмағил, танноз.

Садоқатда бўлай якто, келу бахш айлағил ўзни,
Ё бўғзумға уриб ханжар мани соғ этмағил, танноз.

Жафо ёғдирма Гулматга ки ортингдан сўкуб ўтмай,
Беандеша қилиб оғзим саримсоқ этмағил, танноз.

1982 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ҒАЗАЛ, РАҚАМ 43

Дўконимда касод ўлғон ҳама молни берай санга,
Ол-е, жонон, Чилонзору Қатортолни берай санга.

Самарқанду Бухоро лек сўгал холга кетур арзон,
Бу икки шаҳрима тегма, қаро холни берай санга.

Яна Фарғонаю Урганч, Денов Жиззахларим бордур,
Ҳар бирин номидур ботмон, не мисқолни берай санга?

Тегма шоир, олимимға, сахий-содда деҳқонимға,
Барча қози, миршабу шайху боққолни берай санга.

Нонимни ол, тўнимни ол, қағозтан дафтарим қолсун,
Довот тўла заҳар тутғил, ясаб болни берай санга.

Ки Гулматда қуруқ шеър деб, амал-унвонлига учсанг,
Куровпаткин* – губернатўр ва гинролни берай санга.

1987 йилда тикланди.

* Куровпаткин (Куропаткин) – босқинчи генерал-губернатор.

ЁВВОЙИ МУХАММАСЛАР

МУХАММАС, РАҚАМ 1

ёки бозордин ғоз олғоним, ажиб ҳангомалар кўрғоним, 
бир жувон ишқинда ғоздин айрилғоним, ҳам мелодий
1884 да ўшал саргузашт ҳақинда ёзғоним

Барра соқол болташакул қайчуланиб соз,
Ва яна афт-ангоримиз муллага таққос,
Ва яна тил остида беш-олти чўқим нос,
Эскишаҳар бозоридин олғоч семиз ғоз,
Раста кезиб юрдук лапанг ғозга қилиб мос.

Раста тиқин, шовқини жон олғучи эрди,
Бунда биров киссага қўл солғучи эрди,
Анқов киши ҳамёнисиз қолғучи эрди,
Бир нашаванд четда дутор чолғучи эрди,
Қопни очиб найни ҳазин пуфлади морбоз.

Сабзи-пиёз теграсида ёш-қари ғиз-ғиз,
Тўп ўқлари янглиғ уюм ҳар ерда тарвуз,
Бақлажони катта бурун сингари ёлғиз,
Йўлда қатор отқулоғу кашничу ялпиз,
Кўкни кўриб, бўлгинг келур бўрдоқи новвос.

Чопди “уруш чиқди”, дея Шотўра мискар,
Оч кишилар каппонга ё тортдиму лашкар?
Борсак, қаранг, шовқун солуб савдо қилур кар,
Каммиди бул, ихлос ила ҳангради бир хар,
Нинафуруш лўли момо – устида сарбоз.

Қоп кўтариб ҳаммол шу он келдию жайрон,
Босди челакни кўрмайин, ағнади айрон,
Айронфуруш тепди они тиллари сайрон,
Жанг янаким мой дўконин айлади вайрон,
Мўйлабима бердим ўша мой ила пардоз.

Бир қиякўз танга йиғар сабзини тузлаб,
Ҳолвачи кетғонни сўкур, келғонни сизлаб,
Юрғай эди чўртан текин озуқа излаб,
Ул зўравон эмди ётур бўчкада музлаб,
Бўчкада ман бўлмағоним бахт эди қийғос.

Гарчи мани касбим эмас мишмишу ков-ков,
Пеша қилай оғзимни бир: расвоси – чайқов,
Шайтонниям айлар ўсал бундаги алдов,
Гўлга биров милтиқ дея пуллади тарнов,
Фойдасидин миршабгаям қистирди оз-моз.

Соғ бутига бир пой этик изласа маймоқ,
Мош пулига бўза ичур бошқа бир аҳмоқ,
Қотди бошим, мандин кўра ким яна соғроқ?
Келғоч дўкон сори, кийиб қўлиға пайпоқ*,
Патли чилопчин**  танлади бошиға танноз.

Бойи сотур шоҳи рўмол, иштону кўйлак,
Атторида сурма, зира, сирғаю ойнак,
Камбағали мунда турур сотгали тўнгак,
Тўнгак оша ўтди кучук – оғзида сўнгак,
Қассоб они келди қувиб, ушлади шоввоз.

Кимса деди: “Кун бўйи ман мардикор ўлдим,
Нокка пулим етмай вале бунда хор ўлдим…”
Ман-да дилим очмоқ учун беқарор ўлдим:
“Ғозни олуб, ақча тугаб, тор-мор ўлдим,
Ҳали буям туғмай тухум қилса керак ноз”.

Куйканадир қилса харид қайси киши бор,
Қимматчилик эрса бозор, заҳри-ниши бор,
Хону амалдор эса тўқ, нечоғ иши бор –
Оддий авомнинг ҳам ахир қорни-тиши бор,
Нарху наво элни хароб айлади паққос.

Тунги қароқчидин ямон бўлди бозори,
Тиғ қадамай, бор-йўғимиз шилди бозори,
Кимки фақир, масхаралаб кулди бозори,
Аҳволимиз охири танг қилди бозори,
У истағон куйни чалур, биз эса раққос.

Бунда бири баззоз эса, бошқаси аллоп,
Битта ҳалол атрофида олтита қаллоб,
“Бор барака!”, “Жилла қўшинг!”, “Энди жағинг ёп!”
Тинка қуриб, бардош ила ганжим бўлиб соб,
Хомуш эдим гўёки беомад қиморбоз.

Хомуш эдим, хушбўй жувон бўлдию пайдо,
Бизни Жунун дебми жияк тутди у Лайло,
Пул бутуни бордек дедим: “Йўқ эди майдо…”
Бошлаб эди иккита пок бандаси савдо,
Даллол ўлуб ўртага тез кирди бир ифлос.

Хушбўй жувон бизға карам кўрдию лозим,
Чимматини сал кўтариб, очдию оғзим,
Оқди сўлак, яктагима томдию носим,
Боз устиға потради-ю, Гулмато, ғозим,
Қўлдин чиқиб, Сағбон сари айлади парвоз.

1984 йилда тикланди.

* Қўлқоп бўлса керак.
** Аёллар шляпаси.

ЁВВОЙИ РУБОИЙЛАР

Рубоий, рақам 1

Лайлатулни*  кўрғон маҳал
Яқомдин тез ушла, Тош кал.
Ки авора бўлмағай халқ
Қўйиб манга тилла ҳайкал.

Айтишларича, Лайлатул қадр қушини кўрган киши ниманики ушлаб турган бўлса, шу нарса олтинга айланиб қоларкан.

Рубоий, рақам 2

Таомнинг соз эмиш ози,
Нечун озга бўлай рози?
Едирса ким ахир кўпроқ,
Ўшанға ён босур қози.

Рубоий, рақам 3

Шуни билки, око Ваққос,
Хоқон – бургут, биз эсак – ғоз.
Хоқондин сан тила жонинг,
Сўраб борма валекин нос.

Рубоий, рақам 4

Бизда тўндин бўлак не бор?
На мол йиғдик, на қучдик ёр.
Бир йўла лек амир бўлдик
Бу кеч нася ичиб кўкнор.

Рубоий, рақам 5

Фотиҳага қўлингни оч:
Касб-ишингга берсин ривож,
Мартабанг ҳам баланд бўлсин…
Йиқмаса бас бир узунсоч.

Рубоий, рақам 6

Дема: “Ҳақ йўл тузилғондир,
Замон пастдан бузилғондир”.
Пастдаги бу чигал иплар
Хон қасридин чўзилғондир

Рубоий, рақам 7

Мулкин Худо қилғоч талош,
Манго тегмиш фикрли бош.
Ақл ўрниға сан хумпар
Олибсан зар чопон, извош.

Рубоий, рақам 8

Замон зайли қолиб зўрга,
Ҳаёт ўхшар очиқ гўрга.
Бу гўр сори неча соғлар
Келибдур эргашиб кўрга.

Рубоий, рақам 9

Бўри боқмоқ зарарлидир,
Илон боқсанг, заҳарлидир.
Хотун тутмоқ, аё дўстлар,
Алардин ҳам хатарлидир.

Рубоий, рақам 10

Тушойин деб эътиборга,
Салом берсам амалдорга,
Деди: “Таажжуб, санингдек сур
Осилмабдур ҳануз дорга”.

Рубоий, рақам 11

Недир – дилни хароб қилғай?
Недир – шавқни сероб қилғай?
Деди майхўр: “Шаробдин ич,
На қилса ул шароб қилғай”.

Рубоий, рақам 12

Яратғонга сиғинғон он,
Турфа тилдин турфа афғон.
Биров тахтни умид қилса,
Биров йиғлар сўраб иштон.

Рубоий, рақам 13

Ёруғ дунё сирин билдим,
Ки сандин ҳам бурун билдим:
Кимда имон нечоғ камдир,
Яшар шунча ширин, билдим.

Рубоий, рақамсиз

Дўзах ичра яралганмиз,
Сўйилганмиз, ямалганмиз.
Шоҳдан ортиқ жойимиз бор –
Гуноҳ қилсак қамалганмиз.

Рубоий, рақам 14

Мадал банги чилим тортиб,
Тушунтирди бурун артиб:
– Неки воиз экан бадҳулқ,
Демак илмида йўқ тартиб.

Рубоий, рақам 15

Намозшомда келиб булбул,
Атиргулга деди ул-бул.
Гул ғўдайди, гўё санга –
Мани ёзғон шеърим бир пул.

Рубоийлар 1982 йилда тикланди.

ЁВВОЙИ ТУЮҚЛАР

Туюқ, рақам 1

Қолсун десанг агар мандин яхши от,
Ётни сўкма, жаҳл чиқса носни от.
Эшакликка салом бергил биринчи,
Ўзинг миниб олғон эсанг ҳамки от.

Туюқ, рақам 2

Соз бўлурди, ёр, гапимни бўлмасанг,
Бунча овсар, бунча қайсар бўлмасанг?
Манга дўстим узатғон гул бўлгин-у,
Рақибим – Тош кал қўлида бўлма санг.

Туюқ, рақам 3

Умарвойни туққан ким у мард она?
Ҳаммом сари бошлади у мардона.
Борғоч вале кўкнор эзиб бир четда,
Сатранж ўйнаб сурдик ман, Умар дона 1.

Туюқ, рақам 4

Э момиқчам, етилмишдир боғингда олма,
Шайтон: “Ол!” дер, Раҳмон эса қайтарур:
“Олма!” Карам этғил, они бир бор суртайин кўзга,
Сўнг майлига садқа айлай жонимни – ол, ма!

Туюқ, рақам 5

Кўп жаврама, хотин, ўчир унингни,
Ашъор битай, сан хамир қил унингни.
Бунда илҳом қийнар, унда – хотиним,
Ол, Худойим, бунингни ё унингни!

Туюқ, рақам 6

Тун сайлига чиқди Мошгул, яхши қиздир,
Ғазал айту гапни, Гулмат, яхши қиздир.
Ўлмағайсан, елкасига чапонинг ёп,
Титрамоқда кўйлагида яхши қиз дир.

* Кўкнор ичувчиларнинг сувдан, чўмилишдан қўрқишларига ишора.

Туюқ, рақам 7

Ёз оқшоми қиз-йигитни бирлаганда,
Кумуш сочди фалакдин ой бир лаганда.
Қиз вужудин силаб-сийпаб эсди еллар,
Ва тарқатди исин райҳон бирла ганда.

Туюқ, рақам 8

Нола қилма, кангул, фурсат бўлди кеч,
Ул жувонни қўмсамакдин тугал кеч.
Калиш олиб бермағондинг йиғласа,
Кетди ташлаб, эмди армон лойин кеч.

Туюқ, рақам 9

Дўст кулбасин сўқмоғини босибдур ўт,
Бу ҳолатни кўруб дилға тушибдур ўт.
У раҳматли билан майлар ичар эрдик…
Нос сўрамай ўл-е… Кимсан?.. Йўлингдан ўт!

Туюқ, рақам 10

Ғофил эсанг, танламайди уйқу ёш,
Тунда бедор ёр қуч, тўксун уйқу ёш.
Қуёш нурин сочса, уйда шеър тўқи,
Ўлиб кетсанг, насиб этмас уй, қуёш.

Туюқлар 1984 йилда тикланди.

Мукова.jpg

O‘tgan asrning 80-yillari boshida “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida ketma-ket e’lon qilinishni boshlaganida katta shov-shuv ko‘targan, birinchi marta 1985 yilda “Bezgakshamol” sarlavhasi bilan kitob holida bosilgan…

E, BORMISAN, GULMAT!
02

O‘tgan asrning 80-yillari boshida “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida ketma-ket e’lon qilinishni boshlaganida katta shov-shuv ko‘targan, birinchi marta 1985 yilda “Bezgakshamol” sarlavhasi bilan kitob holida bosilgan, “Kelur ikki suluv, ah-ah, nozlari mo‘llag‘on erdi, Biri g‘uncha edi paqqos, biri sal gullag‘on erdi”, “Buyuk ishqingga, e Gulmat, u tannoz tufladi-ketdi, Og‘izda – pulga kelg‘on nos, shu bois man tupurmasman”, “Bahor ayyomida ko‘knor ezilg‘on bir lagan bo‘lsa, Yoningda nozanan san-la tomoqni namlagan bo‘lsa” kabi chapanicha ishqiy baytlari, “Biri kamdir bu dunyoning – doning bo‘lsa, elak yo‘qdur, To‘ning bo‘lsa, kaming belbog‘, quduq topsang, chelak yo‘qdur”, “Chimildiqdin turib boylar sani haydar yumushlarg‘a, Bu zo‘rlashning tuzuk nomi gahi ishdir, gahi xizmat”, “Nosingdin cho‘z, ag‘o, manga, xumorimni bosay emdi, Mo‘minlarg‘a tilab insof samog‘a arz yozay emdi” singari darvishona falsafaga yo‘g‘rilgan satrlari qariyb o‘ttiz besh yildan buyon kitobxonlar qalbini mislsiz zavq-shavqqa chulg‘ab kelmoqda, vaqt o‘tgani sayin go‘yo g‘azallarning shirasiga shira qo‘shilib borayotgandek.

Noshirlar aytganidek, ishingiz yurishib, hozirda juda qo‘lma-qo‘l bo‘lib turgan bu kitobga do‘konda duch kelib qolsangiz, sira ikkilanmasdan ikki-uchtasini sotib olavering. Uni kulgisevar tanishlarga sovg‘a qilsangiz, sizdan cheksiz minnatdor bo‘lib yurishlariga hech qanday shubha yo‘q.

Kitobdan Gulmatning nevarasi sanalgan, qiziqchilikda bobosidan qolishmaydigan Kulkul afandining ichakuzdi hangomalari ham joy olgan. Barcha she’rlar kiril va lotin harflarida yonma-yon berilgan.

GULMAT SHOSHIYNING
YOVVOYI DЕVONIDAN ASH’ORLAR
02

Bezgakshamol, kel, kel,
Yalang‘ochga qo‘n, qo‘n!..
Bolalar aytimlaridan

GULMAT TILIDAN CHAPANI YALLACHILAR
TO‘QIGAN ASHULA

Fazoda Yer bilan birga uchib sayyora Gulmatman,
Dili oq yaktagu ko‘zi kalishdek qora Gulmatman.

Tongda mashshoqni sozig‘a, tunda dilbarni nozig‘a,
Kunda yotlarni nosig‘a tashna-dilpora Gulmatman.

Qorin to‘yg‘och qomati nor, qorni ochsa mo‘ltayib zor,
Gahi boyvachchayu puldor, gahi bechora Gulmatman.

Hayot qiynog‘idin tolsam, yomon ustimg‘a ot solsa,
Magar boshim butun qolsa, baxti favvora Gulmatman.

Omonatsan demang Yerda, yashar nomim qiziq she’rda,
Kecha o‘tdi, kelur erta, bugun shu ora Gulmatman.

Jahon mayxona, e Gulmat, burundosh shodligu g‘urbat,
Ovlayin deb shirin ulfat hanuz ovvora Gulmatman.

Yurtda bir baxshi Gulmatman, Uxlasam yaxshi Gulmatman…

YOVVOYI G‘AZALLAR

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 1

Shoiringni yo‘lga boshla, yamoq tushgan choriqqinam,
Vale saroy shoiridin peshonasi yoruqqinam.

O‘tib Rishtonu Bog‘doddin Qo‘qonga shom kirib borsak,
Kutib olgay Sobir malla – soch-soqoli sariqqinam.

Zabt etib Yaypanni tappa va Pungonni olar bo‘lsak,
Choyxonada berurman dam, poshnasi yo‘q oriqqinam.

Bo‘lub Qamchiq dovon ishg‘ol, qolub Ohangaron ortda,
Kirurmiz Shoshga biz mag‘rur mador bersa Xoliqqinam.

Shoshda shoirni ne kutsa sango ham shu erur qismat,
E chorig‘im, taqdiri man – egosiga bog‘liqqinam.

Jangga telba yag‘och otda kirg‘onidek, dalli Gulmat –
Kutar yag‘och qalamdin rizq… Xayr, Oltiariqqinam.

1985 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 2

Ayog‘ing tortmog‘on yerga aylanib bormog‘on yaxshi,
Diling tortsa, balodin ham benasib qolmog‘on yaxshi.

Chiqimg‘a duch kelar ersang ertani tez ro‘kach qilg‘il,
Bugungi ul tekin oshni keyinga surmog‘on yaxshi.

Ziyofatlar esa xil-xil, ishtahangkim esa karnay,
O‘zing yalg‘on sipo aylab, tortinib turmog‘on yaxshi.

Ko‘p o‘ylanma bu ne’matlar haloldanmu haromdan deb,
Uzumni jimgina kavshab, bog‘ini so‘rmog‘on yaxshi.

Vale yak bor berib avqot, sani du bor talar bo‘lsa,
Oningdek sullaning aftin umrbod ko‘rmog‘on yaxshi.

Fikr birla yashab Gulmat o‘ta noyob o‘git aytmish:
Birovdin olg‘oning maqbul, birovg‘a bermog‘on yaxshi.

1979 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 3

Beshyag‘och bozorida yurg‘on edim tinglab g‘ovur,
Bir musofir so‘rdikim qayda deb Shayxontovur.

Man dedim: shundin yurib, shung‘o borib, shundog‘ buril,
Uchrag‘ay bir to‘p baqa bulbul bo‘lib turg‘on zovur.

Ko‘frigin taslim etib o‘tg‘och zovurdin nariga,
To‘g‘ri yur hushtakfurush attori bor joyga dovur.

So‘ng buril chaproq yana sertoshu tufrog‘ ko‘chadin,
To‘xtama kelguncha duch lag‘mon cho‘zib turg‘on povur.

San oning lag‘monidin uch-to‘rt quloch yutqon bo‘l-u,
Asta yo‘l so‘rsang keyin so‘ylaydi rostin, haytovur…

Ketdi ul qulluq ila, boqsamki – cho‘ntak qup-quruq,
Vaysatib Gulmatni, vah, kartmonni urdi kissavur.

1981 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 5

Faqat oz-moz cho‘tirdurman, shol emasman, bukirmasman,
Saqol oppoq, kangul yoshdir, visoldin yuz o‘girmasman.

Kechib goho sajdalardan, ichib obdastadan mayni,
Sang‘igum yor uyin izlab ki mehrobga yugurmasman.

Azal mag‘rur tug‘ilg‘onman, mani sherdek sabotim bor,
Jafo ko‘rsam ururman oh vale moldek bo‘kirmasman.

Falak posangisi – tanda: bu yonda dard, u yonda shavq,
Bul tarafga qo‘shmag‘ayman, ul tarafdin o‘pirmasman.

Bo‘loyin mard, kelib jono mani o‘ldirsa o‘ldirsun,
Sevgidan chang yuqibdir, bas, oni dildan supurmasman.

Buyuk ishqingga, e Gulmat, u tannoz tufladi ketdi,
Og‘izda – pulga kelg‘on nos, shu bois man tupurmasman.

1984 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 7

Qoq peshin chog‘ida man sallona keldim O‘rdaga,
Zabt etib oshxonani, yolchay dedim moshxo‘rdaga.

Nozlanib, avqot ichib o‘ltirur bir sarvinoz,
Yonida o‘ynoshi ham turg‘ondi o‘xshab murdaga.

Bordimu odob ila damag‘a berdim salom,
Turtkilab o‘ynoshini, jussamni suqdim o‘rtaga.

Charx urur ikki qoshuq, o‘rtada yog‘luq patir,
Taklifi bo‘lmay turib qo‘lni uzotdim burdaga.

Ikkovi boqqon edi hayratni jamlab aftig‘a,
O‘zni man telba-tezik ahvolg‘a soldim jo‘rttaga.

Kulchadin me’dam qonub, aqchani aylab tejam,
Gulmato ketdim jadal fotiha tortib surpaga.

1981 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 12

Kelur ikki suluv, ah-ah, nozlari mo‘llag‘on erdi,
Biri g‘uncha edi paqqos, biri sal gullag‘on erdi.

Xudo urg‘on esa bizni ki yoshlikdin bujur aylab,
Bu ikkovni yasab silliq egam ham qo‘llag‘on erdi.

Hayit ayyomida adras alarni zap ochibdurki,
Ko‘zim o‘ynab, yonib o‘pkam, tamog‘im cho‘llag‘on erdi.

Tabassum qilsa deb zora hayitlik bersam olmaylar,
Alar balki tabassumin tongdayoq pullag‘on erdi.

Ketlarig‘a tikilsam lol dedi aqlim qidir iymon,
Buzuq o‘ylarni lek shayton boshimg‘a do‘llag‘on erdi.

Alar yulduz axir, Gulmat, na qo‘l yetg‘ay, na pul yetg‘ay,
Sani taqdir tamoshshoga shunchaki yo‘llag‘on erdi.

1984 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 13

E sabo, ayt borib arzim o‘sha qozi kalonimg‘a,
Javob qaytarmasa ……………………………………….1

Safarbar aylabon bizg‘a yuborsin zo‘r tabiblarni,
Bachchag‘ar ishq bosib kelmish chovut solg‘oncha jonimg‘a.

Ko‘zim tunlar – ochiq darcha, yurak – yong‘indagi hujra,
Azob mundin edi kamroq puchak chiqqanda sonimg‘a.

Turtinib ot-eshaklarga gahi yo‘lda garang yurdim,
Mani izvosh ezib ketsa uvolim ul juvonimg‘a.

Kelmadi yor kecha kutdim, qolib bir kosa osh foyda,
Bor-ye, mardlik qilay, mayli, bu kun kelsun ziyonimg‘a.

Ayol zotin azal, Gulmat, jinim suymas edi, ammo –
Alar gohi qilib surlik kirib olg‘ay devonimg‘a.

1983 yilda tiklandi.

1 Ko‘pnuqtalar o‘rnidagi satrlar asl nusxada o‘chib ketgani uchun hozircha tiklay olmadik.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 14

Bu nechuk shoir demang, asli man nosog‘roq,
Yozg‘onim shaklan g‘azal, lek o‘zi barmog‘roq.

Harqalay she’rimda bor ma’ni-yu, oz-moz fikr,
Ko‘p axir ahli qalam mandinam maymog‘roq.

Kimsa der: “Qilsang hajv, beknimas pastroqni ur,
Tinchgina avqot yeyur bo‘lsa kim qo‘rqog‘roq”.

Asli chin ash’ornavis yozmag‘ay oddiy bayon,
Barchani o‘ylantirur gap otib ilmog‘roq.

Dard chekib bitsam g‘azal bosmag‘ay turkiy gazet,
O‘ltirur unda birov fahmi sal tarqog‘roq.

Ul dedi: “Gulmat, jo‘na, paytava qilmam she’ring”,
Lek o‘zin yozg‘onlari bundinam paypog‘roq.

1979 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, , RAQAM 15

Ayo shoir, yozuvni bas qilmag‘oningga qarsaklar,
Daholardin o‘zingni past bilmag‘oningga qarsaklar.

Birovlar to‘rt qilib ko‘zni visol oqshomini kutg‘ay,
Ayol zotin nazarg‘a ko‘p ilmag‘oningga qarsaklar.

Tekin maylar simirding goh o‘qib mayxonada ash’or,
Ko‘p o‘qib, ko‘p ichib qo‘yg‘och o‘lmag‘oningga qarsaklar.

Boqib olamga so‘ng sarxush bilmading to‘ymi bu, aza,
Ofarinkim to‘kmading yosh, kulmag‘oningga qarsaklar.

Eling sandin ko‘rmadi naf, ziyon ham yetmag‘ay aslo,
Ekmag‘oningga afsus, lek yulmag‘oningga qarsaklar.

Zamonsozlig‘ demay, Gulmat, amaldorlarni hajv etding,
Avomdin jirkanib bag‘rin tilmag‘oningga qarsaklar.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 17

Ayo farzand, avvalo, Siz ononi rozi qilg‘aysiz,
Bir umrg‘a o‘zingizg‘a otoni qozi qilg‘aysiz.

Kichiklardin turib katta, kerib tengdoshga sal ko‘krak,
Vale manga salom aylab duoni orzi qilg‘aysiz.

Xushomadlar bajo etmang kishi Sizg‘a esa tobe,
Biroq o‘zni kazolarg‘a ko‘cha tannozi qilg‘aysiz.

Tulakzoda juvonlarg‘a bo‘yin egmang bo‘lib lodon,
Nahot dilni ovchiga Siz gazzaning* g‘ozi qilg‘aysiz?

Yana hushyor surib davron g‘animlardin turing ogoh,
Ko‘zingizni mushuk aylab, burunni tozi qilg‘aysiz.

Nasihatlar bitur Gulmat, savob bizg‘a nasib etsun,
Bu so‘zlardin yasab tanbur yurakning sozi qilg‘aysiz.

1980 yilda tiklandi

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 18

Bo‘sh qolub chiqdim bu kun qilg‘oni yallo Xadrada,
Yelkada yangi chapon, boshimda sallo Xadrada.

To‘g‘riyu ham egriyu omuxta erdi ko‘chada,
Fozilu devonayu nodon-la mullo Xadrada.

Qo‘shxachir izvoshida o‘tdi amaldor yalpayub,
Bilmagan deydir: “Bu dam kezmoqda ollo Xadrada”.

To‘xtadi ko‘nka** kelib, yoprildi odam ustma-ust,
Mamlakat tinchdir vale boshlandi g‘avg‘o Xadrada.

Ko‘nkaga chiqqoch dedim: “Tanga yo‘q, qilgum duo”,
Pattachi aydi: “Babo, o‘tmaydi hillo Xadrada”.

Nos otib Gulmat yayov Chorsuga yurdim g‘ozlanub,
Qoldi bir jonon mango bo‘lg‘oncha shaydo Xadrada.

1981 yilda tiklandi.

* Gazza – ovchilar ko‘l bo‘yiga quradigan pistirma.
** Ko‘nka – tramvay.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 19

O‘ltiribman oshiyonda qandni choyga cho‘ktirib,
Ki qorunni bo‘lka nonga, o‘zni g‘amga bo‘ktirib.

Bol dudog‘in yoshurg‘och ul emdi qand ham doridir,
Quvdi bizni daf’atan yor avvaliga tek turib.

Mulla Ravshan Zulxumorg‘a bo‘ldi shaydo, topdi shon,
Man yuribman bir “xamak”ka obro‘yimni to‘ktirib.

Ersa Labzak ichra shod ul, man Chilonzor ichra xor,
Bog‘da gulni o‘zi hidlar bizga nosni chektirib.

Qolsa mansiz kimni topg‘ay, buncha nodon qurmag‘ur?
Zora qaytsa sal fahmdin kallasig‘a ektirib.

O‘zni manga etma dushman, qiynama, e mochaxar,
Oshna qilsang Gulmatingni, yurmag‘ayding so‘ktirib.

1983 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 20

Xirgoyi-la bodani ulfatga bering, hov,
Yo bedasoch bir pariturxatga bering, hov.

Ma’shuqayu do‘stga tekin kulgi uloshib,
Zardani begonaga qimmatga bering, hov.

Uyda xotun gardanig‘a orting qahrni,
Til bolini to‘kmada* suhbatga bering, hov.

Barcha sadoqatli jo‘ra qolsin gurungda,
Beburdni oq poshshoga xizmatga bering, hov.

O‘rlamasin davraga puldoru dimog‘dor,
Shoirni topib gapni shu serdardga bering, hov.

Ahli dimog‘dorg‘a molu taxtu saroy xo‘b,
Qatra mayu qizlarni Gulmatga bering, hov.

1984 yilda tiklandi.

To‘kma – har kim uyidan masalliq yo yegulik olib chiqib, o‘rtada qilinadigan ulfatchilik.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 21

Kecha mayxonada to‘rt do‘st bajo qildik aysh tungi,
Farog‘atga edik tashna, kangullar g‘ash edi chunki.

Bobo Kayfiy degan erkan: “O‘lish yo‘qki – to‘yish yo‘qdir”,
Bo‘shatdik ko‘p qadahni, har safar deb: “Ushbusi – so‘nggi!”

Nazarqul oshtovoq ushlab boshladi daf’atan xonish,
Mov* mushukning fig‘onini eslaturdi tovush mungi.

Qo‘shni qiz ta’rifin so‘ylab to‘kurdi ko‘z yoshin G‘affor,
Suzardi may uza mahzun mo‘ylabidin tushib yungi.

Matqovul bir ko‘za mayga alish aylab choponini,
Bahona so‘ng topib derdi: “O‘zi torroq edi yengi”.

Xarjladik so‘m-tiyinlarni, sotib ichdik kiyimlarni,
Hujrama ilk sahar Gulmat kirib keldim tutib lungi.

1981 yilda tiklandi.

* Mov – bahorda ersiragan mushuk.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 40

Buyuk ishdir magar charxda mani shoir topilg‘onim,
Boshimg‘a lek javr bo‘ldi tanilmoqqa shoshilg‘onim.

Hanuz yodda – qiroat-la o‘qishni mashq qilib oqshom,
O‘tovdin kim otib miltiq, bobovlarg‘a qopilg‘onim.

Madrasa ahlig‘a boda safosini etib tashviq,
Umar Xayyom hisobinda ayog‘imdin osilg‘onim.

So‘g‘in mayxonada so‘ylab sharob go‘ngdin haromroq deb,
Kelib tutg‘och alamnoklar sovuq soyga otilg‘onim.

Kazolarning orosinda topay obro‘ debon ul kun,
O‘qib insof haqinda she’r, yamoq to‘ndek qoqilg‘onim.

Jasorat qil yana, Gulmat, ki oqposhshog‘a gap otgil,
Qolur Shoshda bo‘lib ertak tiriklikcha yoqilg‘onim.

1980 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 41

Go‘zal bir yon, g‘azal bir yon, qalam vayron o‘rtada,
Qag‘oz bir yon, namoz bir yon, aysh qurbon o‘rtada.

U kun bizni yoqib jono Taxtapuldin o‘tdilo,
Suluv bir yon, g‘ulu bir yon, kezar shayton o‘rtada.

O‘ng ko‘zim yor yuzin qo‘msar, chapi qo‘msaydi belroqni,
U ko‘z bir yon, bu ko‘z bir yon, burun hayron o‘rtada.

Kuyib ishqdin bo‘lib hofiz kuylasam tunlari giryo,
Dutor bir yon, setor bir yon, charm garmon o‘rtada.

Duo qildim gahi yorni, qarg‘adim gah rahmsiz deb,
Aql bir yon, jahl bir yon, fikr ayron o‘rtada.

E uka, Gulmatiy sevmish bir otincha navjuvonni,
Otin bir yon, xotin bir yon, akang sarson o‘rtada.

1984 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 42

Manam bechoraman o‘zni ko‘p yiroq etmag‘il, tannoz,
Dodlatib, zo‘r avozimni xirqiroq etmag‘il, tannoz.

U kech raqsu muqom aylab g‘animlarg‘a chilim tutding,
Biza qolg‘onda o‘zni san qurumsoq etmag‘il, tannoz.

Yamoq mahsi ila yurg‘och sango baldoq topay qaydin,
Olib kummush tumorimni mani qoq etmag‘il, tannoz.

So‘zim yalg‘on emas, billo, vafo qilmas bu jazmonlar,
Bosib g‘aflat, alarni san dilin chog‘ etmag‘il, tannoz.

Sadoqatda bo‘lay yakto, kelu baxsh aylag‘il o‘zni,
Yo bo‘g‘zumg‘a urib xanjar mani sog‘ etmag‘il, tannoz.

Jafo yog‘dirma Gulmatga ki ortingdan so‘kub o‘tmay,
Beandesha qilib og‘zim sarimsoq etmag‘il, tannoz.

1982 yilda tiklandi.

YOVVOYI G‘AZAL, RAQAM 43

Do‘konimda kasod o‘lg‘on hama molni beray sanga,
Ol-ye, jonon, Chilonzoru Qatortolni beray sanga.

Samarqandu Buxoro lek so‘gal xolga ketur arzon,
Bu ikki shahrima tegma, qaro xolni beray sanga.

Yana Farg‘onayu Urganch, Denov Jizzaxlarim bordur,
Har birin nomidur botmon, ne misqolni beray sanga?

Tegma shoir, olimimg‘a, saxiy-sodda dehqonimg‘a,
Barcha qozi, mirshabu shayxu boqqolni beray sanga.

Nonimni ol, to‘nimni ol, qag‘oztan daftarim qolsun,
Dovot to‘la zahar tutg‘il, yasab bolni beray sanga.

Ki Gulmatda quruq she’r deb, amal-unvonliga uchsang,
Kurovpatkin* – gubernato‘r va ginrolni beray sanga.

1987 yilda tiklandi.

* Kurovpatkin (Kuropatkin) – bosqinchi general-gubernator.

YOVVOYI MUXAMMASLAR

MUXAMMAS, RAQAM 1

yoki bozordin g‘oz olg‘onim, ajib hangomalar ko‘rg‘onim, 
bir juvon ishqinda g‘ozdin ayrilg‘onim, 
ham melodiy 1884 da o‘shal sarguzasht haqinda yozg‘onim

Barra soqol boltashakul qaychulanib soz,
Va yana aft-angorimiz mullaga taqqos,
Va yana til ostida besh-olti cho‘qim nos,
Eskishahar bozoridin olg‘och semiz g‘oz,
Rasta kezib yurduk lapang g‘ozga qilib mos.

Rasta tiqin, shovqini jon olg‘uchi erdi,
Bunda birov kissaga qo‘l solg‘uchi erdi,
Anqov kishi hamyonisiz qolg‘uchi erdi,
Bir nashavand chetda dutor cholg‘uchi erdi,
Qopni ochib nayni hazin pufladi morboz.

Sabzi-piyoz tegrasida yosh-qari g‘iz-g‘iz,
To‘p o‘qlari yanglig‘ uyum har yerda tarvuz,
Baqlajoni katta burun singari yolg‘iz,
Yo‘lda qator otqulog‘u kashnichu yalpiz,
Ko‘kni ko‘rib, bo‘lging kelur bo‘rdoqi novvos.

Chopdi “urush chiqdi”, deya Shoto‘ra miskar,
Och kishilar kapponga yo tortdimu lashkar?
Borsak, qarang, shovqun solub savdo qilur kar,
Kammidi bul, ixlos ila hangradi bir xar,
Ninafurush lo‘li momo – ustida sarboz.

Qop ko‘tarib hammol shu on keldiyu jayron,
Bosdi chelakni ko‘rmayin, ag‘nadi ayron,
Ayronfurush tepdi oni tillari sayron,
Jang yanakim moy do‘konin ayladi vayron,
Mo‘ylabima berdim o‘sha moy ila pardoz.

Bir qiyako‘z tanga yig‘ar sabzini tuzlab,
Holvachi ketg‘onni so‘kur, kelg‘onni sizlab,
Yurg‘ay edi cho‘rtan tekin ozuqa izlab,
Ul zo‘ravon emdi yotur bo‘chkada muzlab,
Bo‘chkada man bo‘lmag‘onim baxt edi qiyg‘os.

Garchi mani kasbim emas mishmishu kov-kov,
Pesha qilay og‘zimni bir: rasvosi – chayqov,
Shaytonniyam aylar o‘sal bundagi aldov,
Go‘lga birov miltiq deya pulladi tarnov,
Foydasidin mirshabgayam qistirdi oz-moz.

Sog‘ butiga bir poy etik izlasa maymoq,
Mosh puliga bo‘za ichur boshqa bir ahmoq,
Qotdi boshim, mandin ko‘ra kim yana sog‘roq?
Kelg‘och do‘kon sori, kiyib qo‘lig‘a paypoq*,
Patli chilopchin** tanladi boshig‘a tannoz.

Boyi sotur shohi ro‘mol, ishtonu ko‘ylak,
Attorida surma, zira, sirg‘ayu oynak,
Kambag‘ali munda turur sotgali to‘ngak,
To‘ngak osha o‘tdi kuchuk – og‘zida so‘ngak,
Qassob oni keldi quvib, ushladi shovvoz.

Kimsa dedi: “Kun bo‘yi man mardikor o‘ldim,
Nokka pulim yetmay vale bunda xor o‘ldim…”
Man-da dilim ochmoq uchun beqaror o‘ldim:
“G‘ozni olub, aqcha tugab, tor-mor o‘ldim,
Hali buyam tug‘may tuxum qilsa kerak noz”.

Kuykanadir qilsa xarid qaysi kishi bor,
Qimmatchilik ersa bozor, zahri-nishi bor,
Xonu amaldor esa to‘q, nechog‘ ishi bor –
Oddiy avomning ham axir qorni-tishi bor,
Narxu navo elni xarob ayladi paqqos.

Tungi qaroqchidin yamon bo‘ldi bozori,
Tig‘ qadamay, bor-yo‘g‘imiz shildi bozori,
Kimki faqir, masxaralab kuldi bozori,
Ahvolimiz oxiri tang qildi bozori,
U istag‘on kuyni chalur, biz esa raqqos.

Bunda biri bazzoz esa, boshqasi allop,
Bitta halol atrofida oltita qallob,
“Bor baraka!”, “Jilla qo‘shing!”, “Endi jag‘ing yop!”
Tinka qurib, bardosh ila ganjim bo‘lib sob,
Xomush edim go‘yoki beomad qimorboz.

Xomush edim, xushbo‘y juvon bo‘ldiyu paydo,
Bizni Junun debmi jiyak tutdi u Laylo,
Pul butuni bordek dedim: “Yo‘q edi maydo…”
Boshlab edi ikkita pok bandasi savdo,
Dallol o‘lub o‘rtaga tez kirdi bir iflos.

Xushbo‘y juvon bizg‘a karam ko‘rdiyu lozim,
Chimmatini sal ko‘tarib, ochdiyu og‘zim,
Oqdi so‘lak, yaktagima tomdiyu nosim,
Boz ustig‘a potradi-yu, Gulmato, g‘ozim,
Qo‘ldin chiqib, Sag‘bon sari ayladi parvoz.

1984 yilda tiklandi.

* Qo‘lqop bo‘lsa kerak.
** Ayollar shlyapasi.

YOVVOYI RUBOIYLAR

Ruboiy, raqam 1

Laylatulni* ko‘rg‘on mahal
Yaqomdin tez ushla, Tosh kal.
Ki avora bo‘lmag‘ay xalq
Qo‘yib manga tilla haykal.

Aytishlaricha, Laylatul qadr qushini ko‘rgan kishi nimaniki ushlab turgan bo‘lsa, shu narsa oltinga aylanib qolarkan.

Ruboiy, raqam 2

Taomning soz emish ozi,
Nechun ozga bo‘lay rozi?
Yedirsa kim axir ko‘proq,
O‘shang‘a yon bosur qozi.

Ruboiy, raqam 3

Shuni bilki, oko Vaqqos,
Xoqon – burgut, biz esak – g‘oz.
Xoqondin san tila joning,
So‘rab borma valekin nos.

Ruboiy, raqam 4

Bizda to‘ndin bo‘lak ne bor?
Na mol yig‘dik, na quchdik yor.
Bir yo‘la lek amir bo‘ldik
Bu kech nasya ichib ko‘knor.

Ruboiy, raqam 5

Fotihaga qo‘lingni och:
Kasb-ishingga bersin rivoj,
Martabang ham baland bo‘lsin…
Yiqmasa bas bir uzunsoch.

Ruboiy, raqam 6

Dema: “Haq yo‘l tuzilg‘ondir,
Zamon pastdan buzilg‘ondir”.
Pastdagi bu chigal iplar
Xon qasridin cho‘zilg‘ondir

Ruboiy, raqam 7

Mulkin Xudo qilg‘och talosh,
Mango tegmish fikrli bosh.
Aql o‘rnig‘a san xumpar
Olibsan zar chopon, izvosh.

Ruboiy, raqam 8

Zamon zayli qolib zo‘rga,
Hayot o‘xshar ochiq go‘rga.
Bu go‘r sori necha sog‘lar
Kelibdur ergashib ko‘rga.

Ruboiy, raqam 9

Bo‘ri boqmoq zararlidir,
Ilon boqsang, zaharlidir.
Xotun tutmoq, ayo do‘stlar,
Alardin ham xatarlidir.

Ruboiy, raqam 10

Tushoyin deb e’tiborga,
Salom bersam amaldorga,
Dedi: “Taajjub, saningdek sur
Osilmabdur hanuz dorga”.

Ruboiy, raqam 11

Nedir – dilni xarob qilg‘ay?
Nedir – shavqni serob qilg‘ay?
Dedi mayxo‘r: “Sharobdin ich,
Na qilsa ul sharob qilg‘ay”.

Ruboiy, raqam 12

Yaratg‘onga sig‘ing‘on on,
Turfa tildin turfa afg‘on.
Birov taxtni umid qilsa,
Birov yig‘lar so‘rab ishton.

Ruboiy, raqam 13

Yorug‘ dunyo sirin bildim,
Ki sandin ham burun bildim:
Kimda imon nechog‘ kamdir,
Yashar shuncha shirin, bildim.

Ruboiy, raqamsiz

Do‘zax ichra yaralganmiz,
So‘yilganmiz, yamalganmiz.
Shohdan ortiq joyimiz bor –
Gunoh qilsak qamalganmiz.

Ruboiy, raqam 14

Madal bangi chilim tortib,
Tushuntirdi burun artib:
– Neki voiz ekan badhulq,
Demak ilmida yo‘q tartib.

Ruboiy, raqam 15

Namozshomda kelib bulbul,
Atirgulga dedi ul-bul.
Gul g‘o‘daydi, go‘yo sanga –
Mani yozg‘on she’rim bir pul.

Ruboiylar 1982 yilda tiklandi.

YOVVOYI TUYUQLAR

Tuyuq, raqam 1

Qolsun desang agar mandin yaxshi ot,
Yotni so‘kma, jahl chiqsa nosni ot.
Eshaklikka salom bergil birinchi,
O‘zing minib olg‘on esang hamki ot.

Tuyuq, raqam 2

Soz bo‘lurdi, yor, gapimni bo‘lmasang,
Buncha ovsar, buncha qaysar bo‘lmasang?
Manga do‘stim uzatg‘on gul bo‘lgin-u,
Raqibim – Tosh kal qo‘lida bo‘lma sang.

Tuyuq, raqam 3

Umarvoyni tuqqan kim u mard ona?
Hammom sari boshladi u mardona.
Borg‘och vale ko‘knor ezib bir chetda,
Satranj o‘ynab surdik man, Umar dona 1.

Tuyuq, raqam 4

E momiqcham, yetilmishdir bog‘ingda olma,
Shayton: “Ol!” der, Rahmon esa qaytarur:
“Olma!” Karam etg‘il, oni bir bor surtayin ko‘zga,
So‘ng mayliga sadqa aylay jonimni – ol, ma!

Tuyuq, raqam 5

Ko‘p javrama, xotin, o‘chir uningni,
Ash’or bitay, san xamir qil uningni.
Bunda ilhom qiynar, unda – xotinim,
Ol, Xudoyim, buningni yo uningni!

Tuyuq, raqam 6

Tun sayliga chiqdi Moshgul, yaxshi qizdir,
G‘azal aytu gapni, Gulmat, yaxshi qizdir.
O‘lmag‘aysan, yelkasiga chaponing yop,
Titramoqda ko‘ylagida yaxshi qiz dir.

* Ko‘knor ichuvchilarning suvdan, cho‘milishdan qo‘rqishlariga ishora.

Tuyuq, raqam 7

Yoz oqshomi qiz-yigitni birlaganda,
Kumush sochdi falakdin oy bir laganda.
Qiz vujudin silab-siypab esdi yellar,
Va tarqatdi isin rayhon birla ganda.

Tuyuq, raqam 8

Nola qilma, kangul, fursat bo‘ldi kech,
Ul juvonni qo‘msamakdin tugal kech.
Kalish olib bermag‘onding yig‘lasa,
Ketdi tashlab, emdi armon loyin kech.

Tuyuq, raqam 9

Do‘st kulbasin so‘qmog‘ini bosibdur o‘t,
Bu holatni ko‘rub dilg‘a tushibdur o‘t.
U rahmatli bilan maylar ichar erdik…
Nos so‘ramay o‘l-ye… Kimsan?.. Yo‘lingdan o‘t!

Tuyuq, raqam 10

G‘ofil esang, tanlamaydi uyqu yosh,
Tunda bedor yor quch, to‘ksun uyqu yosh.
Quyosh nurin sochsa, uyda she’r to‘qi,
O‘lib ketsang, nasib etmas uy, quyosh.

Tuyuqlar 1984 yilda tiklandi.

Anvar Obidjon. Gulmat Shoshiyning yovvoyi devoni

045

(Tashriflar: umumiy 1 662, bugungi 1)

Izoh qoldiring