Anvar Obidjon. Ajinasi bor yo’llar. 1 kitob. 4 parcha

Ashampoo_Snap_2016.12.20_17h41m17s_001_b.png Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги олдидан

     Катта кишилар орасида юрганим сайин эркакланиб, қўрсланиб бораётгандим. Мен билан тенг туриб гаплашишларини истаб, гоҳо кимнидир жеркиб ташлайман, гоҳо ким биландир тиккалашиб қоламан. Айниқса, дадамнинг қамалишига сабабчи деб билганларим учраб қолса, кесатиқ отгим келаверади...

Анвар Обиджон
АЖИНАСИ БОР ЙЎЛЛАР
(ТУРМУШ КЕЧИНМАЛАРИ)

094

004Анвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади. «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади. «Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир. Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди. У«Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган (1998).

094

БИРИНЧИ КИТОБ
4 парча

ОПАМНИ САВАЛАЙДИГАН МАРД БОРМИ?

Ризқ қидиратурғон одам бўрисимондир.
Гулмат ШОШИЙ

9w.jpgМактабни битириб ҳам пахта пунктида трактор минавердим. Катта кишилар орасида юрганим сайин эркакланиб, қўрсланиб бораётгандим. Мен билан тенг туриб гаплашишларини истаб, гоҳо кимнидир жеркиб ташлайман, гоҳо ким биландир тиккалашиб қоламан. Айниқса, дадамнинг қамалишига сабабчи деб билганларим учраб қолса, кесатиқ отгим келаверади.
Бир маҳаллар дадамнинг судида гувоҳлик берган омборчи Ҳокимназар тоғани ўшандайлардан биттаси деб ўйлардим. Кўрсам, саломлашмасдим. Куз пайтида пунктга келтирилган кўмирнинг бир қисмини ходимларга ҳам сотадиган бўлишди. Тракторимнинг тиркамасига кўмирни босиб, юк машиналарини тортадиган каттакон тарозига чиқариб тўхтатдим. Омборчи Ҳокимназар тоға уни тортиб, мана, салкам уч тонна чиқди, майли, икки тонна деб ёзақолай, деган эди, йўқ, қанча чиқса, шунча ёзинг, деб турволдим. Шунда Ҳокимназар тоғанинг кўзи ёшўрагандек бўлди, дадангнинг қамалишида айбим йўқ, болам, унинг бошига етганлар, ана, ялтиллаб юришибди, деди. Мен тунд боқиб, гап шу – қанча чиқса, ўшанча ёзинг, дея шартта ортга бурилдим.
Ҳокимназар тоға салкам юз йил умр кўрди. Охирги икки йилда кўчага чиқолмай ётиб қолганини эшитиб ҳам унча парво қилмагандим. Қўшнимиз Деҳқон ака уни кўргани борганида, мени алоҳида сўраганини эшитиб, ўйланиб қолдим – наҳотки кечиришимни кутиб, ўлолмаётган бўлса? Ўша куни кечки поездда Тошкентдаги юмушимга қайтишим лозим бўлса-да, ишни пайсалга солмадим, Деҳқон аканинг ёнига Ўринбой аканиям қўшиб машинага ўтқаздим, бозордан харажат қилиб, Ҳокимназар тоғани йўқлаб бордим. Ҳеч нарса бўлмагандек, чақчақлашиб ўтирдим.
Кейинги гал қишлоққа келганимда Ҳокимназар тоға аллақачон оламдан ўтган экан…
Пахта пунктидан олинган кўмирнинг иссиғидан роҳатланиш насиб этмади. Худойим қишки ризқимни бошқа жойга сочиб қўйган экан.
Олтиариқнинг Бўрбонлиқ қишлоғи устидан бошланиб, қир орасидан тушлик сари юқорилаб кетгучи йўл тоғнинг этагига бориб тақалади. Ўша жойда Қирғизистонга тегишли қўрғошин кони бўларди. Шаҳодат опамнинг эри Аъзам ака шу конда шофёрлик қилар, карерлардан очиқ усулда қазиб олинадиган (бир жойида эски шахта ҳам бор эди) маъданларни аҳоли яшайдиган қўрғон яқинидаги заводга машинада ташиб келтиришар, етти юз-саккиз юз сўмга етказиб ойлик олишарди. У даврда колхоз раиси бир юз ўттиз сўм, мактаб директори бир юз эллик сўм сўм атрофида маош олишини назарда тутсак, кончилар пулнинг тагида яшар эди.
Арзимаган пулга трактор миниб юраверма, деб, Шаҳодат опам қишда мени ўша Рудник-конга олиб кетди, тездаёқ ишга жойлаб қўйди. Қапчуғайлик обжувозчи Арслон бургутчининг Раҳмонали деган ўғли конда бурғиловчилик қиларкан, мени унга шогирд қилиб беришди. Раҳмон аканинг вазифаси – ўзиюрар ускунани у ердан бу ерга жилдириб, тупроқни ўн беш-йигирма метр чуқурликда бурғилаш, менинг вазифам – гуп-гуп урилганича ерга тобора чуқурроқ кириб бораётган қувур устун ичига гоҳ-гоҳ сув қуйиб туриш, электр тўки етказиб берувчи кабелнинг ерда эмас, темир айричалар устида туришини таъминлаш, ишдан сўнг агрегатни артиб тозалаш, айрим қисмларини солидолда мойлаб қўйиш.
Биздан кейин бу жойга қўпорувчилар келиб, бурғилаган чуқурларни дорига тўлдириб портлатишар, тупроқни экскаваторчиларга юмшатиб беришарди. Ана энди ўнлаб “КрАЗ” карер деворидаги поғона-поғона йўлларда чумолилардек ўрлаб, руда ташишини томоша қилинг.
Четдан қараганда, ишимиз унча оғир эмасдек туюлар, унинг ҳақиқий заҳматини ишлаб кўрганларгина биларди. Уйча тугул бирон-бир дарахт ҳам бўлмаган яланг жойда қишнинг чийиллоқ совуғига чидаш; иссиқ овқат пиширишга имкон йўқлиги боис, музлаган таом билан тамаддиланиш; ҳар ҳафтада у сменадан бу сменага алмашганда, ухлашнинг янгича вақтига кўниколмай гандираклаб юришлар тинкангни қуритиб ташлайди.
Раҳмон ака ишга ҳар сафар бир шиша арақ билан келарди. Одамлардек тўғрима-тўғри ичавермай, арақни пиёлага қуйиб, ичига нон тўғрарди, кейин бармоғида битта-битта олиб ейишга тушарди. Бўккан нон бурдаларини еб бўлгач, пиёланинг тагида арақ юқи қолса, унга яна нонни ботириб, роҳатланган қиёфада лунжига тиқарди. Бу нархинг пасайгурда ҳосият кўп – ёзда иссиқни, қишда совуқни кесади, ол, ич, деб менга ҳам ичимликдан узатарди. Баъзан озгина ичардим.
Ҳали ўн саккизга тўлмаганим учун, қонунга кўра, бошқалардек саккиз соат эмас, олти соат ишлашим керак эди. Қонунга ёпишиб олсам, ё Раҳмон ака мени деб икки соат бекор ўтиришига тўғри келади, ё кимдир атай шунча жойга келиб, менинг ўрнимга бор-йўғи икки соатгина ишлаб бериши лозим бўлади. Бу масала бошдаёқ ҳал этилганди, ортиқча икки соат туриб берганимга қўшимча ҳақ тўлашар эди.
Тракторчиликда саксон-тўқсон сўмга ишлаб юрган одам кончиликда, нормани қандай бажаришимизга қараб, уч юз эллик сўмнинг ён-верида ойлик ола бошладим. Ойликни дадамнинг қўлига элтиб берардим. Яшашим опамларникида, ейишим текин бўлгани туфайли маошим уйга деярли бутунича етиб борар, рўзғоримизга қайтадан барака кираётган эди. Буни дадамнинг ғойиб бўлиб кетган эски улфатлари уйимизда яна бир-бир пайдо бўла бошлаганидан ҳам билса бўларди. Дадамга дурустгина тирак бўлиб қолганимдан, биринчи галда, Сарвинисо бувим беҳад хурсанд эди.
Шуниси чатоқ эдики, рўзғорнинг асосий таянчига айланаётганимни қанча кўп ҳис қилсам, бурним шунча кўтарилиб, оиладагиларга муомалам дағаллашиб бораётганди. Менга салгина насиҳат қилмоқчи бўлишса ҳам, гоҳ аямни, гоҳ ҳатто дадамни жеркиб берадиган одат чиқардим.
Ўшанда мени нега қаттиқроқ ғадаблашмади экан? Уларнинг ўрнида бўлсам, бунақа бетаъсирликка чидолмасдим, ўзингданам ўргилдим, пулингданам, деб фарзандимни силтаб ташлашим аниқ эди.
Топармон бўлиб қолганимдан завқланганимда, бирдан Усмон тоғам эсимга тушарди. Туси ўнғиб, жияклари ситила бошлаган тўнга бурканганича қунишиб туриши кўз олдимда ҳадеб гавдаланаверарди. Тирик бўлганида, бошдан оёқ яп-янги кийинтирардим-а, деб хўрсинардим.
Усмон тоғам ўлганида мендан бўлак ҳеч ким йиғламагани эсимда. Бундан ғазабланиб, нимага йиғламаяпсизлар, дея дағдаға қилсам, аям хазингина кулимсираб қўяқолганди.
Ҳаётимнинг яна бир парчаси Рудник-конда ўтаверди. Ишлашдан кўра, ишга бориб-келиш мени кўпроқ толиқтирарди. Опамлар қўрғон марказида эмас, қир оралиғидаги ГРП деб аталувчи, қаттиқроқ шамол келса томи тугул деворлари ҳам учиб кетадигандек туюлувчи пастқам-пастқам уйларнинг бирида яшашарди. Икки хонали уйнинг биттасини мен эгаллаб, поччамни, болали опамни бир четга қисиб қўйганимдан кўп хижолат тортардим, умумётоққа бориб яшай десам, кўнишмасди.
Балки ўшанда тил учида кўнишмагандир, қаттиқроқ туриб олсам балки рози бўлишарди. Шундай қилсам, аслида, ўзимгаям енгиллик туғдирган бўлардим – умумётоқ автогаражга яқин жойлашганди. Бу ерда эса, уч километрча масофани ўркачма-ўркач босиб ўтиб, автогаражга бораман, махсус ажратилган хонага кириб кийимларимни алмаштираман. Сўнг машиналарга чиқиб, карер тарафга жўнаймиз.
Бирор ойдан кейин йўл азобидан анча қутулдим. Салтанатнинг катта хўжайини Хрушчёв уй ҳайвонларига ҳам солиқ солганида, кўп одамлар эшагини сотишга тутинди, гўл харидор топилавермагач, кўчага ҳайдаб қутулишди. Шундай дайди эшаклардан бир гуруҳи маҳалламиз атрофида санғиб, ахлатларни чўчқадек титкилагани титкилаган эди. Улардан биттасига қотган-қутган нонларни бериб юриб, ўзимга ўргатиб олдим-у, гаражгача эгарсиз эшакда борадиган бўлдим. Гоҳ егулик топилмай, олдига қуруқ қўл билан йўласам, тамагир ҳайвон тутқич бермай хуноб қиларди. Эшакдан бурга юққач, кейинроқ унинг хизматидан тамоман воз кечдим.

Раҳмат сенга, эй бурга,
Қоним ичсанг ҳам, бирга –
Юрдинг оғир кунимда.

Аъзам ака мени малол олаётганини сира сезмасам-да, Шаҳодат опам бир куни гапдан гап очиб, почча барибир почча экан-да, олдингда ҳиринглаб ўтиради-ю, баъзан менга алламбалоларни шама қилади, деб қолди. Опам бу сўзни энди қишлоққа қайтавер деган мазмунда эмас, агар бу уйда менинг гапим гап бўлмаганда, бошқалар сени сиғдириб қўярмиди деган маънода, ўзининг салобатини намойишлаш учун айтганди. Шуни билиб туриб ҳам ичим салгина зил кетди.
Қиш охирлаганида оёқларимда оғриқ ўрмалай бошлади. Уйдагилар буни опамдан эшитишгач, эски бод касалинг қўзиб, яна ётиб қолмасингдан уйга қайтақолсангмикан, деб кўнглимга қўл солишди. Тошлоққа қатнаб ишлашдан тузукроқ наф кўра олмай, энди Полосон қишлоқ ижроқўмида солиқ тўпловчи бўлиб олган дадам елкамга қоқиб, энг олдин соғлиқни ўйла, тирикчиликни сенсиз ҳам уддалармиз, деб астойдил жон тортди.
Шу тариқа, Рудник-конга қилган юришим узоққа чўзилмай, ортга қайтдим.
Босиққина, ўта меҳнаткаш, рўзғорга қул, болаларига беҳад меҳрибон, ғийбатдан бегона Аъзам поччамнинг қўлидан анча туз ичдим. Уни кўрсам, доим кўнглим яшнарди. Бу одамга қандай яхшилик қилсам экан, деб ўйлардим баъзан.
Бир куни шунга имкон туғилгандек бўлди. Империя парчаланиб кетишидан олдинроқ Рудник-конга уларни йўқлаб бордим. Поччам уйда бир ўзи ўтирган экан, опамни суриштирсам, озгина кайфи борлиги учунми, бу безот уйда тўхтамайдиган бўпқолган, деди-ю, бирор улфатини бошлаб келса, феъли айниши; ҳатто кетинглар энди, пиёнисталар, деб уларни ҳайдаб солиши; эр билан маслаҳатлашай демасдан хоҳлаган ишини қилиши, болаларини етаклаганича ҳафталаб меҳмондорчиликда юриши кабилар ҳақида арзланишга тушди, охири йиғлаб юборди.
Жуда диққатим ошди. Бу шўрликни қай тарзда қўллаб юборсам экан, деб ўйладим. Ўйлаб-ўйлаб, ғалати бир қарорга келдим.
— Опам қайтиб келиши биланоқ жанжал қўзиб, яхшилаб саваланг, — дедим поччамга.
Поччамнинг бирдан капалаги учди:
— Ие! Уришни айтасиз-а, сал пўписалаб кўрай-чи, уйни остин-устун қилворади!
— Қўрқманг, ғиринг деса, мана, мен турибман, — деб далда бердим унга.
Келтирган харажатларим орасида арақ ҳам бор эди, шундан ичкизиб ўтириб юрагига янада ўт ташлайверганим поччамнинг чуччасини кўтарди, опам келиши биланоқ жанжал қўзғади:
— Қаёқларда юрибсан, саёқвачча?
— Нима-а?! Ким саёқ?!
Ҳозиргина қайроқдан ўткирланиб чиққан поччам гапни ортиқча чўзиб ўтирмади, оғзига келганини қайтармай сўкинганича, шапалоғини кетма-кет ишга солди. Опам аввалига анграйиб қолди, бу гал тили ҳам, кучи ҳам иш бермаслигини пайқаганидан сўнг ҳалпиллаб келиб, ўзини шоша-пиша менинг панамга урди. Ҳа, қўрқмайсан-а!
Орадан анча вақт ўтиб, секин суриштириб кўрсам, опам поччамга ҳануз бўш келмаса-да, ўша калтакдан кейин эрдан сал чўчиб турадиган, ортиқча ҳаддидан ошмайдиган бўлиб қолибди.
Ҳеч бир қайиноға поччага менчалик катта яхшилик қилолмаган бўлса кераг-ов, деб қўяман гоҳо ўзимга ўзим.

МИРОВОЙ УСТА

Ерни қимирлата оласанми десалар, йўқ деворма. Балки ер ўз-ўзидан қимирлаб қолар.
КУЛКУЛ афанди

Рудник-кондан қайтгач, ўзимни кўпроқ иссиққа бериб юрдим, оёғимдаги оғриқ қуёш кучлироқ қиздиргани сайин йўқолиб бораверди. Бекорчиликдан зерика бошладим. Бу уйда шеър ёзиб ётиш тугул бемалол китоб ўқишга ҳам шароит бўлмаса-да, пайт топиб у-бу нарсалар қоралайман, одатимга кўра, яна “Ғунча”ни безовта қиламан. Шеърларим ора-сира журналда чиқиб қолса, варрак бўлиб кўкка кўтариламан.
Агар, кунлардан бирида эски синфдошим Аҳмад билан Мозортагига бораётиб, моторли велосипедини толга суяганича ариқ ёқасида елпиниб ўтирган Эминжон карвонга дуч келмаганимда, яна қанча вақт ишсиз саланглаб юрган бўлардим, билмадим. Худо менга яхшилик истаб кўнглимга солгандирки, қайга бориш саёқ учун барибир эканига қарамай, оёғим айнан шу ёққа тортгандир.
Эминжон карвон қишлоқ ижроқўми раиси эди. Велосипедининг мотори бузилиб, бўғилиб ўтирган экан, бизни кўрибоқ, ҳой, бирортанг манавининг тилини тушунасанми, деб қолди. Мен биламан, ҳозир тузатамиз, дедим-у, велосипедининг эгари ортига осилган чарм халтачадан турли бурагичларни олиб, ишга киришдим. Велосипед тузатишни-ку билардим, аммо “мотор” деганига умримда илк бор дуч келишим эди. Таваккалдан ён тарафдаги қопқоқни отвёрткада очиб кўрсам, бири пиёланинг оғзидек, иккинчиси беш тийинлик тангадан каттароқ бўлган тишли ғилдиракчалар бир-бирига ёндош тиралиб турибди. Нима қилишни билмай, ғилдиракчалар ўртасидаги мурватларни сал-сал бўшатиб, сўнг бошқатдан қотирдим-да, қопқоқни ёпиб, бурагичларни яна халтага солдим. Илгари бировларнинг моторли велосипедини тиланиб миниб кўрганимда, бензини қаердан очилиши, муфтаси нима хизмат бажаришини билиб олгандим. Мабодо юриб кетса, баҳонада бир эшакчопар қилволамиз деган ўй билан велосипедга ўтирдим. Мен педални тепиб, Аҳмад орқадан итариб, анча жойгача борганимиздан кейин, мотор ўз-ўзидан ишлаб кетди. Ҳакиллаб қолган Аҳмадга мукофот бўлсин деб, уни мингаштирганимча маҳаллани бир айлантириб келдим.
— Ие, вей, ёш бўлсанг ҳам мировой уста экансан-ку! – дея, келиб тўхташим биланоқ мақтов ёғдирди Эминжон карвон. – Кимнинг ўғлисан?
Ўзимни таништирдим.
— Ваҳ, ўзимиздаги Обиджон акага қарашлимисан? Ўғлимга иш қидиряпман дегандек бўлувди. Топилдими?
Ҳозирда ишсизлигимни айтишим биланоқ, Эминжон карвон тезда таклиф киритди:
— Унда, гап мундоқ, уста Анвар. Кутубхоначига ёлчимайроқ турибмиз. Миқ этмасдан ўтириб ишлайман десанг, шу штатни сенга берай. Орада велосипедимнинг мотори бузилиб қолса, тузатиб бериб юрарсан.
Эртаси куниёқ кутубхоначиликка қабул қилиндим.
Туман газетасида мақолалари чиқиб турадиган Эркин Иброҳимов даврида бу кутубхона кўпроқ кечки пайтда гавжум бўларди; қишлоқ клубига туташ эканлиги боис, баъзилар кино бошланишидан анча олдин шу ерга кириб, бири газета-журналларни варақлашга тушар, бировлар шахмат ўйнашга берилар, кимдир илгари олган китобини топшириб, янгисини оларди. Шунчаки гурунглашиб ўтирувчилар ҳам бўларди. Эркин акадан сўнг, орада бир-иккитаси қўл учида ишлаб, бир кун ўз жойида ўтирса, уч кун аҳолидан солиқ йиғишга кўмаклашиб, энди кутубхонадан файз кетиб бўлганди. Юқоридан келган текширувчилардан гап эшитавериш Эминжон карвоннинг жонидан ўтиб, охири кутубхоначини янгилашга қарор қилиб юрганида, мен дуч келибман.
Иш бошлаганимга уч-тўрт кун бўлиб-бўлмай, туман маданият бўлимидан Раънохон деган ёшгина жувон келиб, касбимнинг тартиб-қоидаларини ўргатиб кетди. Кетиши биланоқ, пайсалланиб ўтирмай, унинг айтганларини қилишга киришдим. Топшириққа кўра, биринчи галда, чанг босиб ётган китобларни пастга олдим, беш қаватли ёғоч токчаларни яхшилаб артиб тозаладим. Бухгалтер Полина опа мато олиб беришга маблағ йўқлигини рўкач қилгач, бир четда уюлиб ётган турли сиёсий-ижтимоий қоғоз плакатларнинг орқа томонини токчаларга оппоқ қилиб ёйиб, китобларнинг бадиийларини катталар ва болаларникига ажратган; фан-техника, қишлоқ хўжалиги, сиёсий, фалсафий каби мавзулардагиларини алоҳида-алоҳида туркумлаган тарзда териб чиқдим. Ҳар бир бўлим номини қалин қоғозчаларга қора туш билан ёзиб, туркумлар устига ёпиштирдим. Столларга ҳам энг катта плакатларнинг тескари томонини ёйиб, бирига газета-журнал тикилмалари, бирига шахмат-шашка тахталарини қўйиб қўйдим. Маркс, Энгелс, Ленин, Хрушчёв, Рашидов сингари “йириклар”нинг асарларини эса ойнаванд шкафга кўз-кўзлаб жойладим. Биров атайлаб тайинламаган бўлса-да, буларга озгина тўз юқса, балога қолишим ҳеч гап эмасдек туюлганди ўшанда.
Ортган плакатлардан кўримли-кўримлиларини танлаб, хона деворининг бўш жойларига қоқдим, КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси аъзоларининг суратлари энг тепадан жой олди. Кутубхона мижозларининг аъзолик қоғозчаларини янгитдан тўлдириб, яшиқчага алфавит бўйича ўрнаштирдим. Бино қаршисидаги ариқчани ўтлардан тозаладим, ғовлаб ўсиб ётган атиргулларни қайчилаб, бир текис шакл бердим. Полни фаррош ювиб турарди, дераза ойналарини ўзим ярқиратиб артиб чиқдим.
Кутубхона мунтазам ишлаб тургани учун мижозлар яна кўпая борди. Хона кундузи асосан мактаб ўқувчилари, кечки пайт кино кўришга келган томошабинлар билан гавжум бўларди.
Топшириқ қандай бажарилаётганини текшириб кўриш учун Раънохон уч ҳафталардан сўнг яна кутубхонага келди. Келди-ю, катта ўзгаришларни кўриб, кўзи қувончдан чақнаб кетди. Келаси ҳафтада туман кутубхоначиларини шу жойга йиғиб, қандай иш юритиш лозимлигини амалда намуна қилиб кўрсатди. Қайтишдан олдин жамоа кенгаши раиси Эминжон карвоннинг ҳузурига кириб, ишларимни роса мақтади, иложи бўлса, вилоят миқёсидаги кўргазмали семинарни ҳам шу ерда ўтказамиз, деди. Бундан қувониб кетган раис тезда буғолтирни чақириб, кутубхонани янаям безатишга пул ажратишни топширди. Энди ёғоч токчалар, столларга тўшалган плакатлар ўрнида кўм-кўк чит матолар, деразаларда оппоқ пардалар пайдо бўлди.
Икки ойдан кўпроқ вақт ўтиб, кутубхонамизда, чиндан ҳам, вилоят миқёсидаги кўргазмали семинар ташкил этилди. Меҳмонларга туман маданият бўлими ҳисобидан зиёфат берилди. Бу зиёфат охири мезбонлар ва меҳмонларнинг қўшма улфатчилигига айланиб кетди. Кайфи ошган раисимиз маҳаллий машшоқларни чақиртириб, кичик базмча ташкил этди; тарвақайлаган мўйловини бураб-бураб, ўзи ҳам ўйинга тушиб берди.
Буларга эришиш осон кечмади. Илгариги кутубхоначиларнинг умри кўпроқ солиқ тўпловчиларга кўмаклашиш билан ўтган бўлса, мен жойимдан силжимадим. Дастлабки кунларда, кутубхонани тартибга солиб олишим зарурлигини баҳона қилган бўлсам, кейинроқ бошқа важ топиб, дадам билан бирга юриш ноқулайлигини пеш қилишга ўтдим. Ортиқча ишдан қочиб эмас, орада бир-икки марта қатнашибоқ, бу қий-чувли тадбирдан безиллаб қолганим туфайли шундай қилаётгандим.
Томорқасининг катта-кичиклигига қараб, хўжаликка ўн-йигирма сўм атрофида солиқ солинарди. Яна икки сўм миқдорида “тутунпули” деган маҳаллий солиқ ҳам йиғиштириларди. Тегишли маошини гоҳ-гоҳида пул, кўпинча ун, ёғ, қўй-сигирлари учун ем сифатида олиб кун кечираётган қишлоқ аҳлининг кўпчилиги шуни тўлашгаям иложсиз эди. Лоақал, ярмини тўлаб туринг, дейишса ҳам, ҳозирда ҳатто сариқ чақам йўқ, деб қасам ичишга тушардилар. Шунда солиқчилар жаҳлланиб, унақада уйингизни тинтишга мажбур бўламиз, телевизор ёки тикув машинангизни олиб кетамиз, деб пўписани бошлашарди. Гоҳида қўйгами, эчкигами ёпишиб, қарзнинг бадалига шуни олақолайлик, дейишса, хотин-халаж йиғи-сиғи кўтариб, эркаклар бақириб-чақиришга тушарди. Бундай дод-войларга қандай чидаб ишлаяпти экан, деб дадамга ачиниб кетардим.
Ўзимни бу ғалвалардан қанча четга олишга уринмайин, барибир мени тинч қўйишмасди. Гоҳ котиб дағдағалаб, маошинг ҳам, кутубхонангга сарфланаётган пул ҳам мана шу солиқдан келади, сени дадангникидан бошқа гуруҳга қўшайлик, нонингни ҳалоллаб е, акаси, деса; гоҳ буғолтир четга тортиб, майли, ўз ишингниям қилгин-у, ҳеч бўлмаса, дам олиш кунлари бизга ёрдамлашиб тур, деб аврамоқчи бўларди. Дам олиш кунлариям кутубхонада ўтирибман, дердим мен қайсарланиб.
Тағин машмаша бошланарди. Бир куни раиснинг олдига етаклаб киришди. Ҳаётда кўп ишни кўрган Эминжон карвон кўзимга синчковланиб тикилиб олгач, зардам қайнаб турганини сезиб, шикоятчиларга тумтайиб юзланди.
— Бу бола ҳаш-паш дегунча кутубхонамизни областгача танитди, — деди у салмоқланиб. — Сал халақит бермай турайлик-чи, балки республикагаям довруғ солар.
Ҳамма дами ичига тушган асно хонадан чиқиб кетди. Ортга қайрилаётганимда, раис мени тўхтатиб, велосипедимнинг мотори яна иш кўрсатяпти, шуни яхшилаб кўриб қўй, уста Анвар, деб қолди. Энсам қотганини сездирмасликка тиришдим. Мотор деган нарса ҳақида ҳануз ҳеч қандай тасаввурга эга эмасдим. Ўтган сафар ҳам бир бузилганида, велосипедни Минож аканинг пахта пункти ёнидаги устахонасига олиб бориб, тузаттириб келгандим, чўнтагимдан яна чиқим бўлади шекилли. Ҳа, майли, жа борса, икки сўм кетади-да, бу ёқда олтмиш беш сўм маошни шилиб турибман-ку.
Қишлоқда гап тез тарқалади. Эминжон карвондек одамнинг шахсий устаси эканимни эшитганлар моторли велосипедлари бузилиб қолса, мени излаб келадиган бўлишди. Бундай пайтда гапни чўзиб ўтирмай, менда ҳозир эҳтиёт қисмлар йўқ, буни Минож акага кўрсата қолинглар, деб қутулардим.
Кутубхоначилик даврим, босиб шеърлар ёзишдан ташқари, бадиий китобларни тўйиб-тўйиб ўқиганлигим билан ёдимда кўпроқ из қолдирган. Ўшанда Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Миртемир, Шуҳрат, Шайхзода, Саид Аҳмад, Шароф Рашидов, Ғафур Ғулом, Собит Муқонов, Ойбек, Берди Кербобоев, Ҳамид Ғулом, Иброҳим Раҳим, Одил Ёқубов, янги чақнаётган Ўткир Ҳошимов сингари “ўзимизникилар”дан ташқари, Пушкин, Экзюпери, Балзак, Родари, Чуковский, Некрасов каби “ётлар”нинг асарларини сув қилиб ичворган эдим.
Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг, дастлабки пайтларда китоб савдоси тизими анча издан чиққанидек бўлиб, кутубхоналар масаласида ҳам чалкашликлар юзага келгани кишини хавотирга сола бошлади. Қишлоқ кутубхоналари йўқола бориб, улар асосан ўқув масканларидагина қолди; китоб сотиб олишга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишга ўтилгани, бу маблағларни тўлаш орқага сурилиб-сурилиб, кўпинча йил охирлаганида берилиши сабабли, уни жўяли сарфлашга, дўконма-дўкон кезиб китоб танлашга имкон етмасди. Қолаверса, аксарият кутубхона мутасаддилари хусусий дўкондорларнинг илтимосига кўра, кўпроқ энг ўтмай ётган савияси паст китобларни, маҳаллий муаллифларнинг ўз ҳисобидан чиқарган олди-қочди асарларини сотиб оладиган, бу хизмат эвазига узатилувчи “яширин мукофот”дан ўзлари ҳам маълум даражада манфаат кўрадиган бўлишди. Илгари эса, китоблар кутубхоналарга республика миқёсида марказлаштирилган тарзда сотиб олиниб, мамлакат бўйича тарқатилар эди. Уларнинг орасида энг харидоргирлари ҳам албатта бўларди. Баъзи китоблар ҳатто дўконларга чиқмасидан олдин кутубхоналарга етиб келарди.
Хуллас, советлар машинаси компартия мафкурасини фуқароларнинг кўнглига қандай қуйиб боришни жуда яхши ўзлаштирган эди. Кутубхоналарда Навоий, Огаҳий, Машраб, Фурқат, Муқимий янглиғ мумтоз адибларимизнинг “эпақага келтириб” сараланган асарлари, халқ достонлари, эртаклари ҳам учраб турса-да; юртимиз тарихига, қадимий бой маданиятимизга, улуғ хоқон ва саркардаларимиз ҳаётига оид китоблар топилмасди. Лекин, Россиянинг ўтмишига оидлари беҳисоб эди. Қизилларнинг ҳатто Лазо, Чапаев, Котовский, Шчорс, Пархоменко сингари майда “жангари”лари, Зоя Космедемянская, Павлик Морозов, Абдулла Набиев тоифасидаги “шиширилган қаҳрамон”лари эса тўп-тўп асарларга айлантирилганди. Жаҳон классикларининг таржима асарлари ҳам тиқилиб ётар, уларнинг асосий қисми Ғарб ва Европа адиблариники эди. Шарқни имкон қадар бизга яқинлаштирмасликка уринишарди. Мана, хоҳлаганингча ўқи, текинга ўқи, фақат юртимнинг ўтмиши қандай кечган, мен асли кимларнинг авлодиман, деганга ўхшаган саволларни бермай турсанг бас…
Ҳа, кутубхона мижозларини кутиб-кузатиш орасида ё шеър ёзардим, ё китоб ўқирдим. Шеърларим “Ғунча”да ҳамон онда-сонда босилиб турар, бошқа нашрлар ҳам борлиги ҳануз хаёлимга келмасди.
“Ғунча”да кўриниб қолувчи шеърларим тажрибамга яраша эди. Миразиз ака солган “ямоқ”лар уларнинг ғирт “йиртиқчопон”лигини сал яшириб турарди:

– Бунча улкансан, эй тоғ,
Сени илғолмас кўзим.
Қоянг тик ва қиррали,
Мунча ҳам бўпсан азим?

– Сен энди етти ёшда,
Боққин-чи бўйингга бир.
Миллион ёшга кирсам ҳам
Ўсмайми шунча, ахир!

Ўқиган китобларим юзасидан кўпинча Абдусалом билан фикрлашардим. Баҳсимиз баъзида жанжалга айланиб кетишига сал қолса-да, барибир бир-биримиздан ажрагимиз келмас, ўқиган китобимиз ҳақида яйраб гурунг қуриш мумкин бўлган бошқа зотни бу атрофдан топиш мушкул эди. Манавини ўқиб, мағзини чақ, дея ўн уч ёшимда муқовасига “Шекспир” деб ёзилган китобни тутқазган ҳам шу Абдусалом эди (1960 йилда нашр этилган бу китобни шу кунгача сақлаб келаман). Айниқса, Гамлет, қирол Лир, Ромео ва Жулетта менда кучлидан кучли таассурот қолдирганди ўшанда; асарлардаги ўткир-ўткир гапларни дафтарчага кўчириб олиб, тез-тез қайтариқлаб турардим, мактабда болаларга ёддан ўқиб берардим; уларнинг ҳеч бирида ўзгариш сезилмаганини кўриб, ўзимча хуноб бўлардим. Буларни тинглаб, биргина Абдусалом роҳат қиларди, сатрлар остида ётган, мен ҳали таг-тагигача тушуниб етмаган маъноларни шарҳлашга тушса, берилиб эшитар эдим. Дамо-дам хасадим қўзиб, шу бола уққан нарсаларни нега мен ўзимча англаб етолмадим, деб ўйлардим.
Абдулла Қодирийнинг ҳажвий ҳикоялари ўша дамларда икковимиз учун алоҳида севимли бўлиб қолганди. Калвак махзумни, Тошпўлат тажангни қайта-қайта эсга олиб, бу чапани қаҳрамонларнинг ҳурмача қилиқлари, жайдарича гапларидан ҳар сафар юмалаб-юмалаб кулардик. Бу китобни гоҳо укаларимга ўқиб берсам, уларга ҳам роса наша қиларди.
Китоблар хазинаси ичра кечаётган фараҳбахш кунларим узоққа чўзилмади. Бир куни дадам:
— Самарқандда молия техникуми очилибди. Техникумдагилар ҳамма молия бўлимларига хат жўнатиб, шу соҳада уқуви бор ёшларни йўлланма билан ўқишга юборишни сўрашибди. Ўқишга тобинг қалай? – деб қолди.
— Тобим яхши, — дедим, — омалейкин биласиз-ку, мен журналистликка ўқимоқчиман.
Дадам маслаҳат берган бўлди:
— Сен, аввало, бирорта касбни эгалла. Агар яхши ёзсанг, ўқимасдан ҳам шоирми, журналистми бўлиб кетаверасан.
— Бу гапингиз ҳам тўғри.
Ҳеч бўлмаса, шаҳарда бир санғиб келарман, деган ўй кечди бошимдан ва дадамга осонгина розилик бериб қўя қолдим.
Эртасига туман молия бўлимига бордим. Мудир жуссамга бошдан оёқ назар солиб чиққач, турқингни ёқтириб қолдим, бир яхшилик қилай сенга, деб вилоят молия бўлими бошлиғи билан телефонлашди. Ўқишга киришим осонроқ кўчиши учун йўлланмани вилоятдан оладиган бўлдим.
Бир-икки кундан сўнг дадам қўшнимиздан озгина қарз сўраб, ўзида бориниям қўшиб, қўлимга ўттиз сўмча пул тутқазди. Бунинг тўрт сўмига чипта олиб, кечки поездда Самарқандга жўнадим. Амакиваччам Ўринбой ака мени станцияга кузатаётиб, уйингдагилар тирикчиликдан қийналиб юрганида, ўқишинг ҳам уларга бир юк бўлибди-да, деб қўйди. Юрагим ғалати уриб, бирдан кўзим жимирлади, қоронғулаша бошлади. Хайрият, ёруғлик тез қайтиб, ўзимни яна ўнглаб олдим.
Аммо, ҳақиқий ёруғлик хонадонимиздан ҳам, мендан ҳам анча узоқда эди ҳали.

ТЕШИК ПОЙАБЗАЛЛИ РИЦАР

Ўрисча гапирғонингда, ўзбеклигингдан ийманма!
Гулмат ШОШИЙ

20.gifЯнги ташкил этилган Молия техникуми барча олий ва ўрта махсус билим юртларида кириш имтиҳонлари ўтиб бўлганидан кейин ишга тушгани учун, ҳужжат топширувчилар сафи бошқа жойда “йиқилиб” бўлганлар ҳисобига кун сайин кўпайиб бораверди. Шунга қарамай, йўлланма билан келган имтиёзлилар қаторида мен ҳам ўқишга осонгина кириб олдим. Вилоят молия бўлими бошлиғи менга йўлланма бераётиб, яқингача ўзимизда ишлаб келган Шафиков техникумга директор бўлди, бирор муаммога дуч келсанг, шартта олдига кириб, мендан салом айт, деганди; бунга эҳтиёж туғилмаган бўлса-да, саломни етказиш баҳонасида, ҳар эҳтимолга қарши, директор билан чалароқ танишиб қўйдим.
Йўлланма билан келиб ўқишга кирганларнинг аксариятини жойларда илгаритдан солиқ йиғувчи бўлиб ишлаб юрган йигирма беш-ўттиз ёшли кимсалар ташкил этарди. Аллақачон пихи қайрилиб бўлган бу туллакилар орасида кун кўриш мушкулроқдек туюлаётганди. Камсонли бўлган, афтига қараб, биринчи курс талабаси деса дегудек жўжатурхатлардан биттаси мен эдим. Қани, бу ёғини кўриб бораверайлик-чи, деб ўйладим ичимда.
Тарих, ўзбек тили ва адабиётидан бошқа барча дарслар рус тилида ўтилиши бошда мени анча қийнади. Киночилигимда русча филмлардан олган “сабоғим”, Фарғона шаҳрида ўқиган вақтимда руслар билан гаплашишга тўғри келиб тургани фойда бериб, икки-уч ойдаёқ шароитга мослашиб олдим. Ўқишимиз кеч кузда бошлангани етмаганидек, бир йилда икки курсни битиришимиз лозим топилиб, кунига саккиз-тўққиз соатлаб таълим олардик. Шу нарса мени кўпроқ толиқтираётганди. Йигирма сўм стипендиянинг беш сўмини ижарахона учун тўлаб, қолганига бир ой тирикчилик қилишга чидаш бундан-да оғирроқ эди. Қориннинг ғамидан ташқари, гоҳ ўқув қуроллари сотиб олишинг керак, гоҳ кинога киргинг келади, гоҳ енги ёки елкаси сизилиб бораётган кўйлагингни янгилаш лозим бўлади…
Ҳеч бир ерга сиғмаслик, ўзимни турткиларга дучор этавериш тақдиримга битилганми, мактаблардаги сингари бу техникумда ҳам бир гал қаттиқ тазйиққа учрадим, тугалай бадарға қилинишимга озгина қолди. Бунга, олдинига техникумимизга тегинмай туришиб, режани ҳар қандай йўл билан бажариш зарур бўлиб қолганида, бизни изғиринли кеч кузда пахта теримига ҳайдаб чиққанлари сабабчи бўлганди.
Ейишинг – нонуштага нон, чой, бошмалдоқдек сариёғ; тушлик ва ётарда эса, гўшт учраб-учрамайдиган, пахта ёғи юқиб-юқмаган макарон шўрва. Яшаш жойинг – полининг чирий бошлаган, оралари очилиб кетган тахталари орасидан балчиқнамо қўлансалик буруқсаб турувчи; дераза ойналарининг бир қисми синиқ; тутқичсиз эшиги яхши ёпилмайдиган; сувоқлари кўчиб, ола-чалпак тусга кирган, ёмғир ёғса, томидан чакка ўтадиган дала шийпони. Ётишни айтсак, тагингда бир қават кир матрац, устингда юпқа адёл ёпинчиқ. Кийимларингга бурга тўлиб бўлган. Ўқитувчимиз Алимовдан ўрнак олиб, хонада бемалол чекаверишимиздан бино ичи баттардан сасиб кетади. Ишлаб топган пулинг, йиртган кийиминг тугул, йўқотган тугмангга ҳам арзимайди – аллақачон бешинчи-олтинчи терим бошланиб, ғўзаларда жирттак кўсакчаларгина қолган, бир кунда икки этакка етказиб териш мушкул бўлган бу даврда пахтанинг бир килограммига ўн тийиндан ҳақ тўлашар, энг илғорман деганлар тонгдан шомгача тиришиб, бирор сўмга зўрға эга бўларди. Шугинадан ҳам еган овқатинг учун пул чегириб қолишади.
Тўрт ҳафтача чидаб юрдим, кейин мактабдаги эски “қочқоқлик касали”м қўзиди; ўзимдан беш ёшча катта бўлган, ашаддий қартачи қиморбозлардан ҳисобланган асакалик Фозил ака бир куни ўзича аҳволдан шикоятланиб ғудрана бошлаганида, уни йўлдан уриб, жуфтакни ростлашга кўндирдим. Иккаламиз аввал уч-тўрт кун Олтиариқда юрдик, сўнг у мени ўша даврда Ленинск деб аталувчи Асакага олиб кетди. Меҳмондорчиликлар тугаб, Полосонга қайтгач, қишлоқдаги ўртоқларим билан сандиранғлашга берилдим.
Совуқ кунларнинг бирида Самарқандга қайтдим, ўқишлар бошланганига икки-уч кунгина бўлган экан. Илмий мудир Абдулҳакимов қочоқ, дезиртир деб бабалаб берди. Эртаси куни Фозил ака ҳам пайдо бўлгач, мажлис чақирилиб, иккаламизни техникумдан ҳайдаш масаласи муҳокамага қўйилди. Техникумдаги энг чиройли аёл ўқитувчи Давидова гоҳ кўзига мафтункор сузилганча тикилиб тураверишим, гоҳ илмоқдор қочиримлар билан тегажоқлик қилаверишимга қарамай, буларни енгилроқ жазолаб, стипендиядан маҳрум этиб қўяқолайлик, деган таклифни киритди. Абдулҳакимов азал қаттиққўл эди, уларни ҳайдашимиз шарт, деб туриб олди. Шунда, гоҳ-гоҳ ташқарида учрашиб қолсак, ҳа земляк, ўқишлар яхши кетяптими, деб юрадиган директор Шафиков бошқа таклиф киритиб, ҳозирча бизни комсомол сафидан ўчиришнинг ўзи кифоя қилишлигини айтди. Унга ҳеч ким эътироз билдиролмади.
Дарслар тугаб, уй-уйга тарқалаётганимизда, техникум комсомол ташкилотининг котиби жазаваланган қиёфада йўлимни тўсиб, группангдаги рўйхатни кўрсам, сен комсомол аъзоси эмас экансан-ку, нега мажлисда шуни айтмадинг, деб бақиришга тушди.
— Тортиндим, — дедим ўзимни муллаваччадек мулойим тутиб. – Шахсан директоримизнинг ўзлари мени комсомол деб турса, гапларини нотўғри дейишга бетим чидармиди?
Бош комсорг кескин ҳушёрланди, ҳовури пасайиб, э, бўлар иш бўлди энди, дея қўл силтаганича ортга бурилди. Бирдан енгил тортдим. Мактаб – бошқа масала, бу техникумдан қувилсам, ўқишни у техникумда давом эттириб бўлмайди-ку. Ота-онам, ўзлари яхшироқ емай-ичмай бўлсаям, мени имкон қадар қўллаб келишяпти, талабаликдан маҳрум этилсам, уларнинг олдига қайси юз билан кириб бораман?
Техникумда ўқишдан кўрган асосий нафларимнинг бири – турли вилоятлардан таниш-билишлар, қадрдон дўстлар орттирганим бўлди. Айниқса, асакалик Фозил ака, Ҳамид ака, Абдуллажон, қўқонлик Акбарали, фарғоналик Усмонали, форишлик Носир, тумандошим Тошбек кўнглимга жуда яқин эди. Гуруҳимиздаги бири ўзбек, бири қорақалпоқ, бири қрим, бири корейс миллатига мансуб қизларнинг барчаси билан апоқ-чапоқ эсам-да, термизлик рус қизи Таня Бирюкова жон-жоним эди. Пилларанг сочи йилтираганича елкасига қуйилиб туради; оғзи кичкинагина; юпқа лабларининг бир четини буриб жилмая бошласа, оппоқ юзининг ёноғидаги қизилликлар янада равшанланиб, зангори шаҳло кўзлари ўйноқланишга тушади.
Дарсда доим унинг орқасида ўтирардим; гоҳо сочларининг учини силай бошласам, дам қитиғи келиб, олдинроққа эгилиб оларди, дам индамай тураверарди. Барча курсдошлар бунга оддий ҳол сифатида қарашга аллақачон кўникиб кетишганди. Бунинг бош сабаби – 8 март куни бошқа қизларимизга бир донадан, унга уч дона арзон гул тақдим этаётиб, юзидан ўпишга рухсат сўраганимда, эътироз билдирмагани; ўпиб бўлиб, энди Таня – менинг севгилим, уни ҳафа қилганлар – душманим, деб овозалаганим; Таня ҳам бу ҳазилни давом эттириб, бўпти, бугундан бошлаб Анвар – менинг рицарим, дегани эди.
Менинг рицарлигим бағоят ўзига хос эди. Танянинг асабига текканларга хомаки дўқ уриб қўйишдан ташқари, дарс чоғида ручкаси қўлидан тушиб кетса, тезда ўрнимдан туриб, ердан олиб берардим; совқотаётганини пайқасам, қўлларини оғзимга яқин тутиб, “кух-кух”лаб илита бошлардим; иссиқдан терласа, дафтарда елпишга тушардим, дугонамниям елпиб қўй, деса, миқ этмай бажарардим; туфлиси чанглаганини кўрсам, рўмолчамда тозалаб ташлардим. Эвазига, онда-сонда ўпич сўраб турардим холос. Кўпчиликнинг олдида ҳазилга йўйиб ўптирарди, ёлғиз турсак, ҳаддан ошишимга йўл қўймасди.
Ростини айтсам, ўзим ҳам кўпчиликнинг ичида қизиқчиликка шилқимланар эдим-у, қиз билан ёлғиз гаплашганда жуда тортинчоқ бўлиб қолардим, мўлтониланиб авраш у ёқда турсин, гоҳо гап тополмасдан тилим тутилиб, лов-лов қизариб кетардим. Мабодо, ташаббус у томондан чиқиб, қиз ўзи суйканишга интилса, бирдан дадиллашиб кетардим, кейин мени тўхтатиш қийин бўларди; эҳтиросдан қаттиқ мастланганимда, ўзимни бошқаролмай қолардим. Гоҳ-гоҳ, вазият қулайдек кўриниб, таваккалига чанг солишга ўтсам, аксарият ҳолларда қовун туширардим.
Раҳмдил эди Таня. Қорлар эриб, йўллар чилпиллоқ лойга беланган кунлардан бирида, таги тешилиб кетган қишки ботинкамдан сув ўтиб, пайпоғим жиққа ҳўл бўлди. Дарс вақтида ботинкам билан пайпоғимни ечиб, қуритиш учун ёнгинамдаги иситиш батареясига қўйиб қўйдим. Танаффусга чиқаётиб буни кўриб қолган Таня менга ачиниб боқди, пулинг бўлмаса бериб турай, янги пойабзал ол, топсанг – олдинроқ, топмасанг – катта шоир бўлганингда қайтарарсан, деди. Етарли пулим бор, баҳор яқинлаб қолгани учун бир йўла ёзги туфли оларман, деб юрибман-да, дедим хотиржам боқиб.
Шеър ёзиб туришим группадошларимнинг барига маълум эди. Бир куни мана шу Таня ўзига атаб русча шеър тўқишимни сўраганида, дарс вақтида ёзиб, танаффусда ҳамманинг олдида ўқиб бергандим:

Скажи мне, Таня,
Где находится баня?

Қофиялар жаранглаши учун, русчадаги “баня” (ҳаммом) ўз ҳолидек қолдирилган ўзбекча таржима мундоқ дурур:

Менга айт-чи, Таня,
Қаерда бор баня?

Талабаларнинг гулдуросли кулгусидан дарсхона деворлари ёрилишига сал қолганди ўшанда.
Ҳа, ўқиш даврида ўчмас хотиралар мўл бўлди. Энг муҳими, бўш вақтларимда Самарқанддаги барча қадимий обидаларни қайта-қайта томоша қилардим, уларнинг тарихи билан қизиқардим. Амир Темур мақбарасининг мовий гумбази ҳар ер-ҳар еридан чатнаб, ола-була тусга кириб қолгани; Бибихоним ёдгорлигининг бир ёни буткул ўпирилиб тушган гумбазини бошқатдан ямаб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаётгани; Улуғбек мадрасаси деворлари бурчагидаги миноралар тоб ташлаб, шу кунларда уларнинг бўйини қисқартишга тушишганини кузатиб, таъбим хира тортарди; қаровсизлик давом этаверса, булар ҳам ҳадемай Ашратхонадек вайронага айланиши ҳеч гапмас, деб бўғилардим.
Юртимиз ўтмишига оид нарсалар мени ўзига тортаверарди. Турли вилоятлардан келган курсдошларим билан бемалолроқ суҳбатлашиб қолсам, улар яшайдиган гўшанинг табиати, кишиларининг тирикчилик манбаи, жойнинг номи нега шундай аталиши кабиларни суриштиришга тушардим; Асака аслида “янги Ахсикент” эканлиги; Амир Темур у ёки бу ерни обод қилиш учун аҳолини кўчириб бориб, баъзиларига дунёдаги машҳур шаҳарлар номини берганлиги, жумладан, Фориш “Париж”дан келиб чиққани; Нурота қадимда “Норота” бўлгани сингари тушунчалар миямга бир-бир ўрнаша бошларди.
Менга нима зарурати борлигини аниқ билмасам-да, нуроталик курсдошим Жўравойнинг кекса ўқитувчилардан бўлган қариндошими, қишлоқдошими, Самарқандга ўз иши билан келиб, орада талабани ҳам йўқлаб ўтганида, кечки овқатда у билан тасодифан бирга бўлиб, Нурота илгари нега Норота дейилганини сўрадим. Унинг айтишича, тоғнинг ичкарисида худди атайлаб алоҳида яратилгандек, бошқа ўркачларга туташмаган тарзда савлат тўкиб турувчи; лолаларга, ранго-ранг чечакларга ўта бой; арчалари осмонўпар, узоқдан қараганга нортуянинг ўркачини эслатувчи улкан тепалик қадим-қадим замонларда ерликларнинг мўътабар гўшаси бўлган экан; баҳорги экин-тикинлар бошланишида, кузги ҳосиллар йиғиб олинган паллада кишилар шу жойга йиғилиб базим қуришаркан; нималарнидир ирим қилиб, энг катта арчанинг шохларига латталар боғлашар экан. Бутун бошли тоғнинг номи ҳам шу дўнгликдан келиб чиққан экан. Аслида, туянинг якка ўркачига ўхшаш тепалик “нор” деб аталиб, у гавжумлашиб боргач, аждодларимизнинг қадимий удумига кўра, унга “ота” деган эъзозли қўшимча тиркалган бўлса керак, деганди қария. Юртимизда ислом дини қарор топгач, уламолар дов-дарахт кабиларга топиниш гуноҳ эканини таъкидлаши, сўнг совет ҳукумати миллий удумларни диний сарқитга йўйиши натижасида шундайин ҳам етиб бориш жуда қийин бўлган бу тепаликни зиёрат қилувчилар камайиб кетиб, бора-бора ҳеч ким у ёққа қадам босмай қўйибди. Пастдаги муқаддас қабр араблар келганидан анча кейин пайдо бўлиб, аста-аста асосий зиёратгоҳга айланибди, “Нуротанинг қабри” деган янги ибора оддий кишилар кўнглига тобора чуқур сингаверибди.
Почаси тор шимга сариқ кўйлак кийиш “стиляга” ёшларнинг орасида беҳад мўдага айланганида, фотоаппаратида мени кўп суратга тушириб юрадиган, камбағалроқ оилада ўсган курсдошим Тошбекнинг оқ кўйлагини сариққа бўяб бермоқчи бўлиб, ола-була қилиб қўйганим; ижарадошим Носирнинг кекса қариндоши меҳмонга келганида, хонадошларим билан гаров ўйнаб, чўпон чолнинг гулли читдан тикилган чопони, сўппили салласи, калишли маҳсисини кийиб, шаҳарни бир айланиб чиққаним, гоҳ ўткинчиларга телва-тезик саволлар бериб, гоҳ қизларга эрсак-терсак гап ташлаб, энсаларини қотирганим; Фарғона футболчилари Самарқандда “Динамо” билан беллашганида, стадионда бақириқ-чақириқни кучайтириб, ишқибозлар орасида жанжал қўзиганим; Регистон яқинидаги Вино заводи қоровулининг суюкли итини тинимсиз мақтаб ўтириб, у ийиб кетган чоғда, бир сўмга беш литр вино ундирганим каби қизиқ ишлар ҳозиргача тез-тез ёдимга тушиб туради.
Амалиёт ўтказиш учун бир гуруҳ талабалар билан Олтиариқ молия бўлимига борганимиздаги бир воқеани ҳам сира унутолмайман. У даврларда косиб-ҳунармандларга бозорда кун йўқ эди. Биров дўппи-қийиқ, биров этик-маҳси, биров чопон-камзул тикиб, бошқаси бешик ё дераза ясаб, кимдир чиқинди жундан кигиз босиб, сотишга олиб чиқса; гоҳ молиядагилар, гоҳ бозор миршаби уларни тизғитиб қувар, қўлга тушганларга мўмай жарималар солишарди, артелга кириб ишла, деб дағдаға қилишарди. Артелда эса, қилинган меҳнатга яраша ҳақ тўланмас, шу боис ҳунармандлар ишни қўл учида бажаришар, сифатсиз дўппи, этик, чопон кабилар дўконларда касодга учраб ётарди. Шуни кўриб туриб ҳам, косибларни артелларга сафарбар этишга уринишаверарди. Тузумнинг қонуни шунақа эди – ҳамма фақат давлат ташкилотларида ишлаб, фақат давлат берган ойлик ҳисобига яшаши шарт эди.
Бир куни молия бўлимидагилар амалиётчи талабаларни тўплаб; бозордагилар бизни яхши танишади, шу боис сизлар олдинроқ кириб, косибларнинг қўлга илинган нарсасини тортиб олинглар; биз ортдан бориб, уларга жарима соламиз, дейишди. Учма-уч кун кўриб яшовчи косибларга раҳмимиз келдими, уларнинг қарғишидан ўлиб кетишдан қўрқдикми, йигитлар йўл-йўлакай ўзимизча маслаҳатлашиб олиб, ҳозир молия босади, деб расталардагиларни қочириб юбордик. Ўша куни устоз молиячилардан роса гап эшитдик. Сал қўрсланганим учун Расул Шаропов дегани мен билан ёқалашиб кетай деди. Шу асно, молия соҳасида ишлашдан баттар совидим.

Тушунтиринг бир оғиз,
Эртакдаги ялмоғиз
Ҳозир қайси соҳада?

* * *

Шукур қил деб зўрлашса,
Ёт қонунда хўрлашса,
Демак қулсан, қарамсан.
(“Уччаноқлар”дан)

Техникум барибир кўп нарса берди менга. Касбимга бевосита боғлиқ бўлган фанларни унча чуқур ўзлаштирмаган бўлсам-да, дунёни сиёсатдан кўра иқтисодиёт қонунлари кўпроқ бошқариб келаётганини, бунинг остида ғалатидан ғалати сирлар яшириниб ётганини баҳоли қудрат тушуниб етдим. Совет дарсликларидан ўзимга яраша идроклаганим сайин, адолатли тақсимотга асосланган социализм иқтисодиётига, дунёдаги барча ялангоёқлар галасини маишатбоз ва очкўз буржуазия талонидан қўриқловчи кучга айланмиш шўролар давлатига нисбатан ғўргина дилимда меҳр товланаверди. Оиладан анча олисда мустақил яшамоқни, пулни қадрлаб, олдингилардан кўра анча жўялироқ ишлата билмоқни ўргандим. Бу орада рус тилини янада пухтароқ билиб олдим, бу лисонда нодир китоблар кўп эди, ўқиганим сайин савиям кескин ошаверди. Русча кундалик ҳам ёзиб юрдим.
Кундалик тутишим мунтазам эмасди. Техникумдан сўнг аскарлигимда, туман газетасида ишлаётганимда ҳам кундаликлар битганман. Кейинчалик бу одатим, қўлим тегмаганиданми, лоқайдлигимданми, йўқола бориб, юртимиз мустақил бўлганидан кейинроқ яна давом этди. Лекин, қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам махсус тахмонларим йўқлиги, китоб ва қўлёзмаларимнинг бир қисми токчалари синиб тушган жавончаларда, бир қисми уйнинг бурчак-бурчакларида қаланиб ётиши боис, уларнинг орасидан эски кундаликларни топиш, ушбу эсдаликларимдан фойдаланиш имкони бўлмади. Топганимда ҳам, синчиклаб ўқиб чиқишга вақт қаёқда дейсиз!

* * *

Техникумни битириб олишсин деб ҳарбий чақириқни бир йилга кечиктиришганди, диплом олаётганимда, кўпчилик курсдошларим қатори менга ҳам шаҳар ҳарбий комиссариатининг “повестка”сини тутқазиб, бормаганлар жавобгарликка тортилади, деб огоҳлантиришди. Бордик. Ҳар хил дўхтирлар бетимиздан кетимизгача текшириб кўришди. Шерикларимга навбатдаги чақирув қоғозини кутиш тайинланса-да, менга қолганда, сен эртагаям бир келиб кет, дейишди. Сабабини сўрасам, Олтиариқдан бу ёққа қандай кепқолганини билмайман-у, картон папкадаги сарғайган қоғозни кўрсатиб, манави жойга юрагинг пороклигини ёзиб қўйишибди, лекин бизнинг текширувда бу тасдиқланмади, сени республика касалхонасидагилар кўриб, охирги хулосани чиқариб бериши керак, деб уқтиришди.
Эртасига ҳарбий комиссариат йўлланмаси билан Самарқанд республика касалхонасига бордим, шу заҳоти палаталардан бирига ётқизишди. Юрагимни қандайдир аппаратга солишди, кекса профессор, унинг икки-учта шогирди кетма-кет текшириб, ишни уч ҳафтага чўзишди ҳамки, аниқ бир нарса дейишмайди. Бу орада курсдошларим бир-бир ҳарбийга жўнаётганди, баъзилари келиб, мен билан хайрлашиб кетди.
Охири профессорнинг шогирдларидан бири мени хонасига бошлаб кириб, қачон касал бўлганим, даволаган дўхтир нималарни тайинлагани, мен нималар қилганим ҳақида бошқатдан суриштиришга тутинди. Узоқ касал бўлганим, дўхтир оғир ишларни қилмаслигимни тайинлагани, шунга қарамай, ўзимни секин-секин уринтириб юриб, футбол ўйнашгача бориб етганим, конда ишлаганим, трактор минганим кабиларни сўзлаб бердим.
— Менимча, дардни бутунлай енгиб юборибсан, — деди дўхтир. – Агар организминг оғирликларни енголмаганида, ёмон оқибатларга дучор бўлишинг аниқ эди.
Бундан чиқди, армияга борсам бўларкан-да, деб сўрасам, у кўзимга бирпас тикилиб туриб, хоҳласанг, бормаслигинг мумкин, “иккита” узатсанг, ҳужжатингга яроқсиз деб ёзиб берамиз, сени ҳеч ким қайтиб безовта қилмайди, республика касалхонасининг хулосаси жойдагилар учун қонун, деди. Дадам Мозортагида тайёрлов идораси учун бодринг, помидор қабул қилиб, орада тузуккина пул ишлаб олганини билсам-да, “иккита” деганингиз икки минг сўмми, деб сўрадим капалагим учиб.
— Қўрқма, икки юз сўм холос, — деб кулди дўхтир.
Икки юз сўмга суяги йўғонгина соғин сигирни олти ойлик бузоғи билан сотиб олса бўлар эди, ўйланганимча туриб қолдим.
Ҳарбийга бормасам, тезроқ дадамнинг қўлтиғига кираман, рўзғорга барака қўшила бошлайди. Бошқа томондан қаралса, ногирон деган ном орттириб олсам-чи? Буни армиягаям олишмаган деб, оғирроқ ёки масъулроқ ишларга қабул қилмай юришса-чи? Ҳарбийга бордим ҳам дейлик, у ердаги қийинчиликларни кўтаришга юрагимнинг кучи етармикин? Юракни бутунлай ишдан чиқариб қайтсам, кейинчалик аҳволим нима бўлади?
Йўқ, уйдагиларни ортиқча қийнай олмайман, тракторчиликда, кончиликда қанча оғирликларга юрагим чидади, армияга ҳам чидайди, деган қатъий фикр кечди охири хаёлимдан. Буни дўхтирга айтмай, қишлоққа бориб, уйдагилар билан маслаҳатлашишим керак, дедим. Унда, тез бориб кел, уч кунга рухсат бераман, деб рози бўлди дўхтир.
Ўша куни кечқуруноқ, пулни тежаш учун юк поездининг қоровулхонасига суқулиб, йўлга чиқдим. Кўйлакчан эдим, шамолли тунда совуқ ўтиб, тишим тишимга такиллаб урила бошлаганида, зора ичимга озгина иссиқ кирса деган умидда пешма-пеш сигарет чекишга тушдим. Қотиб ўлиб қолишдан қўрқиб, мижжа қоқмадим. Уйга саҳарга яқин етиб бориб, тўшакка чўзилганимча қаттиқ уйқуга кетибман. Уйғонсам, Сарвинисо бувим пойгакда намоз ўқиб ўтирибди. Жимгина кузатиб ётдим.
Қизиқ! Бувижоним жойнамозга тиззалаганича кўз юмиб, нималарни пичирлаяпти экан? Наҳотки, Худо шу дамнинг ўзида унинг гапларини эшитиб турган бўлса? Менимча бувим рўзғоримизга яна қут-барака ёғилишини, ўғлининг ишлари юришиб кетишини тилаяпти. Ҳозир бундан зарурроғи бораканми? Худо ростданам буларни эшитиб турган бўлса, зора бирор чора кўрса-ю…
Бу кампирнинг “яман бўлгур” Анвари ҳадемай уч йиллик ҳарбий хизматга жўнайди. Ҳозир 1966 йилнинг кузи. Қиши ҳаддан зиёд қаттиқ келган 1968 йилнинг адоғидаги қаҳратонли кунлардан бирида кампиршо вафот этади. Мусофирчиликда кўнгли бузилмасин деб, неварасига бу ҳақда хабар беришмайди.
Биргина бувим эмас, унинг укаси Қодирвой тоғамиз ҳам, мени ўз фарзандидек суядиган шаҳарлик Қосимжон опоғдадамиз ҳам, Файзибой отамизнинг хотини Садди келинбумиз ҳам ҳарбийдан қайтганимда аллақачон у дунёга кетган бўлишади. Буларни олдиндан билсам, уларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб-қучоқлашиб видолашган бўлмасмидим.
Оиладагилар даврасида нонушта қилгач, маҳаллий дурадгорлар ясаган бесўнақай шкафнинг остки сандиқчасидаги китоблар орасига дипломимни яхшилаб яшириб қўйдим. Кун бўйи уйда бўлиб, укаларим билан гап чайнаб ўтирдим. Касалхонада ётганим, дўхтирлар айтган таклиф ҳақида ота-онамга ҳеч нима демадим. Эртасига кўча кезиб, яқин ўртоқларимни, тенгдошроқ қўшниларимни зиёфатга айтдим. Ўқишни тугатганимни нишонлаш баҳонасида кечки пайт уларга дастурхон ёзган бўлдим. Бу ўтиришга яқинроқдаги қариндошлар, опа-поччаларим ҳам келишди.
Кейинги куни йўлга ҳозирлана бошлаганимни кўргач, ўқишимиз тугади деяётган эдинг-ку, нега яна Самарқандга бормоқчисан, деб қолишди уйдагилар.
— Ўқиш тугади, омалейкин ҳали дипломимизни беришгани йўқ, — дедим ёлғондан. – Техникум учун янги бино қуриляпти, қурилишда бирор ой текин ишлатиб, кейин дипломимизни берадиган бўлишди.
Кейинги куни каттароқ укаларим, беш-олтита ўртоғим, Тўлқин поччам мен билан бирга темирйўл вокзалига келишди. Ҳарбийга кетаётганимни ҳануз ҳеч ким билмасди. Шу камхаржликда мени кузатиш учун уйдагилар гала-гала бўлиб Самарқандга боришларини, ортиқча сарф-харажат қилишларини истамаётгандим.
Поезд келиб тўхтагач, ҳамма билан хотиржам хайрлашдим. Аммо, вагонга чиқиб боришим биланоқ, тўсатдан тўлиқиб кетдим, кўзларимдан ёш дувуллади. Бу қанақа йиғи эканлигини шу топда ўзим ҳам тушунолмаётган эдим.

ТЕКИН КИЙИМЛИЛАР САФИДА

Соғлом йигитнинг пешанаси шўр – ана уйланаман деганида, аскарликка чақирилади.
КУЛКУЛ афанди

Самарқандга келган кунимнинг ўзида касалхонага бориб, дўхтиримга учрашдим. Агар юрагимда озми-кўп касалим бор бўлса, у ёғини ўзларинг биласизлар, агар ростданам соппа-соғ бўлсам, армияга кетавераман, дедим. У, бу гапингни профессорга айтиб кўрай-чи, деб чиқиб кетганича, ёнимда эртаси эрталаб пайдо бўлди. Қўлимга елимланган конверт тутқазиб, буни бугуноқ ҳарбий комиссариатга элтиб бер, деди. Комиссариатдагилар конвертдаги ҳужжат билан танишиб чиқиб, айнимайдиган озиқ-овқатинг билан эртага туш пайтида шу ерда бўл, армияга жўнайсан, дейишди.
Ижара уйни эгасига аллақачон топшириб бўлганим боис, Абдулҳаким аканикига йўл олдим. Бу одам курсдошим Абдуллажоннинг акасига собиқ полкдош экан, иккаламиз унинг уйига ора-сира бориб турардик, доим очиқ юз билан қаршилаб, яхшигина меҳмон қиларди. Бу сафар ҳам қучоқ очиб кутиб олди, мени ҳатто касалхонага ҳам йўқлаб борган келин опамиз яна илтифот кўрсатиб, карамшўрваларга бўкишдан олдин ўзбекнинг ошига бир тўйволинг, деб палов дамлаб берди.
Чақирилувчилар роппа-роса қирқ киши эканмиз, битта Алибобо етишмай турганди бизга. Поезд келиши арафасида перронга сафлашиб, яна бир бор йўқлама қилишди. Бизга Россиядаги Ленинград ҳарбий округи ихтиёрига ўтдиларинг, деб айтишганига қарамай, платформа ёнига “Самарқанд – Тошкент” йўловчи поезди келиб тўхтаганидан пича таажжубландим, кейин эса, Тошкентда бошқа поездга чиқаришса керак, деб ўйладим. Битта вагон биз учун алоҳида ажратилган экан, шунга миндик.
Вагон купесида ёнма-ён ўтирганлар йўл-йўлакай бир-биримиз билан яқинроқдан таниша бошладик. Шерикларим қопидан у-бу егуликлар олиб, ўртага ташлашди. Мен тўрхалтамдаги колбаса ва булочкаларни дастурхонга тўкиб қўяқолдим.
— Ие, бор нарсанг шуми? – Самарқанд шаҳридан чақирилган Жора исмли яҳудий йигит менга таажжубланиб боқди. – Ленинградгача ҳали неччи кун юришимиз номаълум, бу орада нимани ейсан?
Қиёфаси хушбичимлиги, табиати мулойимлиги билан биринчи танишувдаёқ менга ёқиб қолган Қаҳрамон деган пойариқлик йигит Жорага эътироз билдирган бўлди:
— Бизда егулик кўп, ҳаммамизга етиб ортади.
Бироқ, бир қоп овқат кетадиган даражада узоқ йўл юриш ҳеч биримизга насиб этмади. Тошкентда мазкур 1966 йилнинг йигирма олтинчи апрелида қаттиқ зилзила содир бўлган, вайроналарни тиклаш учун СССРнинг ҳамма жойидан кўмакчилар келган эди. Жумладан, Ленинград ҳарбий округига бўйсунувчи, биз эндигина қарамоғига ўтган 33715 рақамли ҳарбий-қурувчилар полки ҳам Тошкентнинг Сирғали туманига келиб қўнган, “Спутник” (Йўлдош) шаҳарчасини бунёд этишда қатнашаётган экан. Биз ўн учинчи октябрда уларга қўшилиб, ялангликка қаторлаштириб тикилган брезент чодирлардан бирига жойлашдик. Вокзалда ферманинг подасига ўхшаб кўринган бўлсак-да, энди битта палатканинг икки қаватли ёғоч сўриларига қирқ киши жиппа сиғдик-қолдик.
Армияда норасмий қонунлар ҳам кўп бўларкан, шулардан бири – полкка янги аскарлар келса, хизматни битириш арафасида турганлар, уйга борганда кийиш учун, уларнинг фуқароча кийимини ечиб оларкан. Кўпчиликники жулдурроқ эканлиги боис, менинг охорли кийимим учинчи йилни тугатаётган “старик”лар орасида талаш бўлди. Юлишгудек кепатада қаршилик кўрсатишга тушдим. Қисмнинг бош ошпази марғилонлик Одилжон деган йигит экан, у иккинчи йил хизмат қилаётган бўлса-да, обрўси баландлигидан фойдаланиб, мени “учинчи”лар қуршовидан қутқариб чиққач, уст-бошимни унинг ўзига яхшиликча ечиб бердим. Баҳонада, бош ошпаз билан яқиндан танишиб олдим.
Ёғоч деворли каттакон душхонада чўмилиб чиқиб, текинга берилган ҳарбий либосни кийяпман-у, ҳаяжондан ўзимни қўярга жой тополмайман. Пахта матодан тикилган қалин шим ва кўйлак, қизил юлдузли чучварадўппи (пилотка), калта пўстинга ўхшаш бушлат. Барчаси тўқ сариқ тусда. Белда десангиз – тўғнағичи ялтиллаб турган энлик камар, оёқда – яп-янги, қоп-қора кирза этик. Қанийди, каттакон тошойна топилса-ю, унга бор бастингни солиб, ўзингни мириқиб томоша қилсанг.
“Карантин” деб аталувчи бир ойлик дастлабки ҳарбий тайёрлов машғулотлари бошланди. Қоидага кўра, янги аскарларни бу давр ичида бошқаларга қўшмаслик керак. Бу ерда эса, нонуштадан сўнг бизга сафда юриш, командирлар билан муомала қилиш тартибларини бир-икки соат ўргатган бўлиб, кейин қурилишдаги ишларга олиб кетишарди.
Ошхонадаги овқатлар ҳеч биримизга татимаётган эди. Баъзи ўртоқларимиз киселни ичмас, чўчқа ёғини емас, ҳатто “сливочное масло” деб аталувчи сариёғниям четга суриб қўйишарди. Кўнглимга хуш келмаса-да, мен дуч келганини ураверишга тиришдим. Ўн кунлар ўтиб, бу “ит емас” таомларга ҳамма бирдек кўникиб кетди. Олдидаги сариёғни менга узатиб турадиган бирорта саҳоватпеша қолмади.
Кўпчиликка қўшилиб юришим уч-тўрт кунгинага чўзилди холос. Молия техникумини тамомлаганимни ҳужжатимдан кўриб билишиб, ҳисоб-китоб ишлари тиғизлашиб турган ушбу паллада, мени зудлик билан бухгалтерияга сафарбар этишди. Полк штабида катта командирларга ёндош бўлиб ишлашимни назарда тутиб, “парад формаси” деб аталувчи ранги тўқ зангори, тугмалари ялтироқ мундир, галифели шим, тивитли телпак беришди. Дам олиш кунлари қурилишга олиб чиқишса, яна одми устбошларимни кийиб олардим. Аскарнинг кийимидан тортиб еб-ичишигача текин, дейишарди. Кейин билсам, қурилиш баталёнларида буларнинг ҳақини ишлаб топган пулингдан ушлаб қолишаркан.
Сирғалидаги бир, икки қаватли ёғоч уйларни аскарлар қурган. Йиллар ўтиб, Тошкентда ишлай бошлаган давримда шоир Хуршид Давронникига меҳмонга борсам, ўша уйлардан бирида яшаётган экан. Ёғоч бинонинг шифтию деворларига қоқилган картон ДСПлар ёриғини суюқ бўрда ямаш, хоналарга гулдор обой-қоғозларни елимлаб ёпиштириш, томга шифер қоқиш сирларини шу ерда ўрганганимни айтиб, балки ҳозир менинг қўлим теккан уйда ўтиргандирсиз, дедим.
Манзилни тушунтириб, қишлоққа хат юборган эдим, орадан ҳафта ўтмай, дадам билан аям етиб келди. Дадам қучоқ очганича менга яқинлашаркан, кўзларидан ёш томчилай бошлади. Дадамнинг йиғлаганини умримда биринчи марта кўришим эди.
Штабда буғолтирлик қилаётганим, ишим вазмин эмаслигини эшитиб, аямнинг боши осмонга етди. Яхшиям боламни ўқитган экансиз, мана, хор бўлмай юрибди, деб дадамни алқай кетди.
“Карантин”дан ўтиб бўлиб ҳарбий қасамёд қабул қилганлар, одатда, турли роталарга тарқатилар экан, биз эса, деярли барчамиз битта ротада қолавердик. Ўзга ротага ўтказилганлар ҳам ҳозирча иссиқ жойини совутмай, шу чодирда ўшандай яшайверди. Гоҳ аския бўлади, гоҳ бировимиз бошдан ўтган қизиқ воқеаларни сўзлашга тушамиз. Хатда ёзиб юборганим учун дадам уйдаги рубобимни олиб келганди, баъзан шуни чалиб, йигитларни ўйинга соламан. Қўшиқ хиргойи қилишлар ҳам бўлиб туради.
Шоирлигимни бу ердаям яшириб ўтирмадим. Шеър эшитайлик, деб қистаб қолганларида, ёдимда борларини тортинибгина ўқиб берардим. Кейинчалик анча бетим қотди, ўзимни эркинроқ тутадиган бўлдим. Эски шеърларни ўқийвериш жонимга тегдими, бири “ўлдим-куйдим”ли, бири хира фалсафали битикларим тингловчиларни ўзига унчалар жалб этолмаётганини сездимми, бўш қолганимда кулгилиларидан тўқиб, даврани оғзимга қаратишга урина бошладим. Бундай шеърларнинг аксариятини суюқдан суюқ мавзулар ташкил этар, сатрлар найниқдан найниқ сўзларга тўлиб ётарди. Ана, энди мухлисларимнинг саноғига етиб кўринг! (Найниқ шеърлар ва бир-иккита “интим” ҳикоячаларим кўчирилган алоҳида дафтарни армиядан кейин ҳам неча йил асраб юргач, охири нималардандир истиҳола қилиб, шартта ёқиб юбордим. Фақат, бошқаларгаям, ўзимгаям кўпроқ ёқувчи, такрор-такрор ўқийвериб ёд бўлиб кетган балет ҳақидаги шеърий ҳангомамни кейинчалик силлиқлаб, Кулкул афанди тўпламига қўшдим).
Штабда ишлаётганим учун рота, взвод командирлари менга тобора ҳурмат билан қараётганларидан фойдаланиб, ҳаво совишни бошлаган даврдан эътиборан дам олиш кунлари қурилишга чиқмай қўйдим. Бош ошпаз Одил акадан ўз кийимимни ижарага олиб, шаҳар марказига чиқиб кетадиган, турли институт ва техникумларда ўқиётган қишлоқдош талабаларникига бориб, қаймоқлашиб ўтирадиган бўлдим.
Юзлаб кўпқаватли уйлар бутун Тошкент бўйлаб зувира-зув қад кўтараётганди. Бироқ, ўзбеклар кўпқаватли уйларга кўчишдан кўра ўзлари ҳовлили уй қуриб олишга интилар, уларга четроқдан ажратилган томорқа ерларда яна аввалгидек каталак иморатлар пайдо бўлаётганди. Бу тўполонда қурилиш материаллари кескин арзонлашиб кетган, давлатни тинимсиз соғаётган қурилиш трестлари қарамоғидаги ташкилотчаларнинг раҳбарлари, мутахассислари ашёларни тўхтовсиз сотиб, мўмай пул жамғараётганди. Кўпқаватли уйларга маҳаллий аҳоли орасида талабгорлар камлигига қарамай, уларни Тошкентга теваракдаги вилоятлардан келиб ишлаётган уйсиз ўзбекларга беришмасди. Охир-оқибат, буларнинг бир қисмини четдан юборилган русийзабон ишчи-мутахассислар, бир қисмини турли республикалардан ҳашарга келган қурувчиларнинг ўзлари эгаллаб ола бошлади. Тошкент аҳолиси шу дамгача ўзбекистонлик бўлмаган минг-минглаб келгиндилар ҳисобига кескин кўпайиб бораверди.
1967 йилнинг қуёшли баҳорида полкимиз аскарлари ўзларига тегишли биноларнинг барини қуриб битказди. Ҳаммамиз “Строителю Ташкента” (Тошкент қурувчисига) деган эсдалик нишони билан тақдирландик. Нишонларни топширишга бағишланган тадбир тантанали кузатув маросимига уланиб кетди. Автобусларда вокзалга бордик, аскарлар учун ажратилган алоҳида эшелоннинг шалоғи чиқиб ётган бетароват вагонларига жов-жовур билан жойлаша бошладик. Ҳаво илиқ, ичимиз эса муз-муз эди.
О, қодир эгам! Ўзбекнинг болаларини булар қаёққа олиб кетишяпти? Бизни Ўзбекистондан ташқарида нима куйларга солишмоқчи?

ИККИ ЎҒИЛ – ИККИ ЁТ ЮРТДА

Қорнинг очиб, қор ямламоқни бошласанг, демакким, Ўруссияда юрибсан.
Гулмат ШОШИЙ

1966.jpgПоездимиз атторнинг эшагидек дам унда, дам бунда тўхталиб, бир ҳафтача йўл юргач, ниҳоят, Москва билан Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) оралиғидаги Бологое деган шаҳарга етиб келиб, манзил қучдик. Ташқаридаги изғирин кийимларни игналаб тешаётгандек, ачитқи шамол тиззакўмар қорларни тўзғоқ каби пуф-пуфлаб ўйнаётгандек туйиларди. Фақат арчаларгина пўстинли соқчиларга ўхшаб кўринар, бошқа дарахтлар ҳаммомдаги аскарлардек ёппасига яп-яланғоч эди.
Чор Россияси даврида бунёд этилган, ҳозирдагидан энсизроқ пишиқ ғиштдан қурилган деворлари у ер-бу еридан ёрила бошлаган эски вокзал биноси ичида озгина исиниб олишимизгаям қўйишмади. Устига брезент ўранчиқ тортилган “Урал” юк машиналари бизни қаторлашиб кутиб турган экан, уларга халта-жомадонларимиз билан чиқиб, йўлга тушдик. Кимсасиз қалин ўрмон орасидаги бетон трассадан икки соатча юриб бориб, Виползово деган жойдан ўтгач, қорни депсилавериб тойғоққа айланган тор йўлга бурилдик, яна ярим соатдан сўнг, бизнинг полкимиз учун яқинда қуриб битказилган объектга етиб тўхтадик.
Қарасак, объектни чаласича ташлаб кетишибди. Ҳатто казармалар деразаси ойнаксиз. Ойнак топиб келиб солингунча уч-тўрт кун ўтди. Бу вақт ичида бушлат ва шинелларимизни ёпинчиқларимизнинг устидан ташлаб, телпакларнинг қулоғини тушириб, этикларимизни ечмасдан ухлашимизга тўғри келди. Ошхонадаги аҳвол бундан-да чатоқ эди, еб-ичиб бўлгунимизча, овқатлар музлаб қолаверарди.
Ўшанда Совет-Америка муносабатларида “совуқ уруш” деган давр юзага келган, Москва атрофида ҳаво ҳужумига қарши ракеталарнинг уч қаторлик ҳимоя ҳалқасини ташкил этиш ишлари авжга минганди. Полкимиздаги бир рота ракета шахталари барпо этишда қатнашса, бошқаси уларга тортиб бориладиган кабеллар учун траншеялар қазир, яна бири янги йўллар қурар, уларга бириктирилган махсус взводлар иккинчи жаҳон урушидан қолиб кетган бомба ёки снарядлар учраса, четроққа тўплаб, мутахассислар назоратида портлатиб юбориш билан шуғулланарди.
Кунлардан бир куни йўл қураётган полкдошларимиздан бир гуруҳи чириб ётган каттакон авиабомбани топиб олибди-ю, шу жойдаёқ портлатиб ўйнамоқчи бўлишибди; уруш йилларида снаряд портлашидан қолган эски чуқурча (воронка) остига ўт ёқиб, устига бомбани юмалатишибди. Бомба улар кутганидан эртароқ портлаб, беш киши ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлибди. Улар асосан Қирғизистондан чақирилган рус йигитлар бўлиб, ораларида яқин дўстимга айланиб қолган, мени текинга суратга тушириб юрган Виктор Чернишёв ҳам бор эди. Таниб бўлмайдиган даражада титилиб кетган марҳумларга қабристондан ўзимиз гўр қазиб, ўзимиз кўмдик. Уларнинг ота-оналари ҳам етиб келишганди, бизга арақ қуйиб бериб, гўр устида роса ҳўнграшди. Мен ҳам йиғладим.
1967 йилнинг кузида учинчи йил хизмат қилаётганлар захирага бўшатилиб, полкимизга янги аскарлар келиб қўшилди. Ниҳоят, “старик”ларнинг хизматини қилишдан қутулдик, энди янги “салага”ларга ўзимиз этик тозалаттирадиган бўлдик. Штабда ишлаганим туфайли, айниқса менинг этигим доим ярқираб туриши шарт эди. Афсуски, доимо ялтироқ этикда юришим кунлардан бир куни тўсатдан ниҳоясига етди.
Виползовога келгач, “хўжалик ҳисобида” ўз топгани билан кун кўрувчи полкимиз камбағаллашиб бораверди. Бу ердаги ишлар Тошкентдагидек кўп ва тиғиз эмаслиги, бухгалтериянинг юки кескин камайгани боис, уларга менинг ёрдамим унча керак бўлмай қолди. Иккинчи ёқдан қараганда, энди аскарларга Тошкентдаги бой трестлардек мўмай ҳақ тўлашмас, Мудофаа вазирлиги ҳар бир сўмни минг инжиқлик билан ўтказарди. Ойлик тўланувчи ортиқча штатни сақлаб туришга полкимизда имкон қолмагач, қиш арафасида буғолтирликдан бўшатилиб, яна “қора иш”га ўтказилдим. Оҳорли кийимларимни жомадонга жойлаб, ҳамма аскарларникидек одмисини кийдим.
Мени тошкентлик Собир деган йигитнинг ўн кишилик бригадасига бириктиришди. Бу бригадада самарқандлик эски шерикларимдан ҳам уч-тўрттаси бор эди. Улар билан вақиллашиб, янги шароитга иложи борича тез кўника бошладим.
Турли юмушларни бажариб юрдик. Қиш заптига олган кунларда бригадамиз кабел траншеяларини қазишга жалб этилди. Дастлаб ишга киришаётганимда, траншея ковлаш ортиқча оғир эмасдек кўринди. Ана метин, ана курак, ер қумлоқ, берилган нормани бажариш чўт бўптими?
Лекин, қаттиқ совуқдан ер заранг бўлиб ётганини ҳисобга олмаган эканман, курак тугул метинни урсанг ҳам, қумга санчилиш ўрнига, тепага сакрайди. Бирор қарич чуқурлаб ололсанг, марра сеники – пастроқ қатламдаги қумларга курак юмшоққина ботишни бошлайди, ишингга бирдан унум қўшилади.
Илгари траншеяни бир метр чуқурликда ковлаётгандик, юқоридан каттароқлар келиб, чуқурлик икки метр бўлиши керак, деб кетишди. Қўшимча қазишлар бошланди-ю, аҳволимиз мушкуллашди – бир ярим метрдан кейиноқ ер ости сувлари сизиб чиқаверди, иккинчи метрга борганимизда, сув этигимизнинг сағини кўмадиган даражага етарди. Ўт ёқиб, оёқларни иситиш, пайтаваларни қуритишдан бўшамай қолдик. Сув кўпайса, траншеянинг деворлари ўпирилиб тушавериши ишимизга иш қўшиб, бизни баттар ҳолдан тойдираётганди.
Қўнжи узун резина этиклар беришди охири. Пайтавани қанча қалин ўрамайин, сувнинг ичида оёғим тош қотиб қолаверарди. Бир ойдан сўнг бўғинларимда оғриқ пайдо бўла бошлади. Эски ревматизмим қайтовланиб қолишидан хавфсираб, госпиталдагилар қонимни бир текшириб кўришсамикан, дея полкимиз врачига маслаҳат солсам, чидаб тур, оёғингни қимирлатолмай қолмагунингча сени касалхонага жўнатолмайман, деди.
Ана бўлмаса! Бир кимса биров уни ўлдирмоқчи бўлаётганини айтса, прокурор тасалли бериб, олдин ўлдириб кўрсин-чи, ана унда кунини кўради мендан, деганига ўхшаган гап-ку бу!
Яхшиямки, Фарғонанинг Миндонидан хизматга келган, санитария қисмида фелдшерлик қилувчи Қўшоқ ака бор экан, у врач билан гаплашиб, уч-тўрт кунгина бўлсаям шу ернинг ўзида даволанишимга рухсат олиб берди. Полк врачлик пунктининг алоҳида хонасидаги тўртта бўш кроватнинг биттасидан жой эгалладим. Қўшоқ ака эрталаб ва тушда оёқларимга эфир мойи, кечқурун спирт суртади, спиртдан эллик-эллик грамм ичиб ҳам оламиз. Худо шифосини берса, ҳеч гап эмас экан, бўғинларимдаги оғриқлар шугина муолажа давомида кескин сусайди-қолди.
Ишга қайтиб, яна ўша лаънати траншеями, деб турганимда, бригадамизни туйқус бошқа юмушга сафарбар этиб қолишди. Ҳамма қатори мен ҳам енгил нафас олдим. Агар, қўйим бўлса, тезда сўйдириб, ис чиқариб юборардим (бу қийинчиликларни уйдагиларга билдирмасдим, улар мени ҳануз буғолтирликда яйраб юрибди деб ўйлашарди).
Уқубатли меҳнатдан нечоғли толиқмайлик, казармага қайтгач, кечки овқатни еб бўлибоқ, ўйин-кулгини бошлардик. Парда пўмпа, Аспандиёр айёр, Ҳасан носкаш, Тўлқин шайтон кабилар давранинг гули эди. Мен рубоб, Қаҳрамон чирманда чалишни бошласак, ўзбеклар қолиб, грузин, озарбайжон, рус, украин, молдаван, қозоқ миллатига мансуб йигитлар ҳам даврага қўшилиб, ўйин туша бошларди. Баъзан ашула ҳам айтиб қолардим. Булар орасида ўз шеъримга ўзимча куй басталаганим ҳам бор эди:

Шодлигим учди қўлдан, ғамгин эрурман токай,
Замин узра бахтим излаб чарх урурман токай?..
……………………………………………………………………….
Ким берур завқимни қайтиб, билмадим қайдин бу ғам,
Бошга тушганни, тақдир, сендан кўрурман токай?…
………………………………………………………………………………
(1968)

Гоҳ мен Мулладўст, Аспандиёр Майсара бўлиб, операдан парча ижро этардик, гоҳ балет ҳақидаги кулгили шеъримни ўқиб беришимни сўрашарди. Базимларимиз баъзида “отбой” (уйқуга ётиш) эълон қилинганидан кейин ҳам давом этаверар, старшинамиз бизни камарида енгил-енгил савалаб, зўрға жойимизга ётқизарди. Шундаям, “ғўнғир-ғўнғир” товушлар казарманинг у ер-бу еридан анчагача эшитилиб тураверарди. Хизмат давримнинг катта бўлаги – 1966-1967 йиллар, 1968 йилнинг бир қисми шу тариқа кечди.
Тошкентдами, бу ердами, Қаҳрамоннинг кровати кўпинча меники билан ёнма-ён бўларди, самимият чақнаб турувчи чеҳраси ниҳоятда тортимли, оилада тўрт-бешта қизнинг орасида ўсгани учунми, табиати ўта юмшоқ бу йигит кўпроқ менга таянар, ўзимнинг кўнглимга ҳам бошқалардан кўра яқинроқ эди. Казармадаги ўша “ғўнғирловчи”лардан бири, албатта, биз эдик, гурунгимиз ҳадеганда тугайвермасди. Асосан у гапирарди, улоқчи отаси онасини отда олиб қочиб келиб уйлангани, нуқул қиз кўравергач, хотинини қамчида савалаб, ниҳоят ўғил туғдиргани; опа-сингиллари, уларнинг феъл-атворлари, Кимёхон дегани баридан эркатойлиги; қишлоқдаги ўртоқлари, улардан бири ногирон бўлсаям, учраган қизга илиқавериши кабиларни эслашга тушарди.
1968 йил мен учун омадли келди, полк бухгалтериясидаги ишимга тағин қайтариб олишди. “Қора иш”имдаги ғала-ғовурларга кўникиб кетган эканман, бари қариброқ қолган, тунд, инжиқфеъл аёллар орасида майда нарсаларни ҳисоблаб, кун бўйи чўт қоқиб ўтириш, чекиш учун ташқарига чиқиш, бирига чой, бирига кофе қайнатиб бериш беҳад зерикарли туюлаётганди. Аммо, яна покиза кийимларда юриб, ҳаётимни безаволгина давом эттираётганимдан барибир мамнун эдим.
Муҳими, тўйиброқ овқат ейдиган бўлдим. Киночи, почтачи, заправкачи, фелдшер, электромонтёр, чўчқа боқувчилар, командирлар машинасининг шофёрлари қаторида мени ҳам ошхонага ёлғиз кириб овқатланиш ҳуқуқига эга бўлганлар рўйхатига қўшишганди. Одил аканинг ўрнига тайинланган осетин ошпазлар штабда ишлашимни кўриб юришса-да, фамилиямни билишмасди; шундан фойдаланиб, уларга безрайиб боққанимча, мен билан Обиджоновга фақат иккинчи овқатдан беринглар, дердим. Икки ҳиссадан овқат, қанд, сариёғларни бурнимдан чиққунча ердим.
Бу орада самарқандлик ва тошкентлик ўртоқларимнинг кўпчилиги шофёрликка ўқишга юборилиб, казармадан файз кетди, ўйин-кулгилар барҳам топди. Энди бўш вақтларимда уйдагиларга, таниш-билишларга хат ёзишга ружу қўйдим. Улар орасида Шафоат аммамнинг Германияда хизмат қилаётган ўғли Машраб, Қозоғистоннинг Қизилўрдасида аскар бўлиб юрган Абдусалом ошнам, унинг янги орттирган дўсти, армиядан сўнг журналист бўлишни орзулаётган Аҳмаджон Мелибоев деган йигит, техникумдаги айрим курсдошларим, шофёрликка ўқиётган Қаҳрамон кабилар бор эди. Уйдагиларга ёзганимда, командирлар билан қалин бўлиб кетганим, ниҳоят комсомолга қабул қилинганим, гоҳо шаҳарларда сайр қилиб келишим билан мақтанардим; ўртоқларимга ёзганимда, ростни кўпиртириб, ёлғонни сал силлиқлаб, қисмимиз футбол командаси ҳужумчиси эканим, гарнизон миқёсидаги мусобақаларда бомбардир бўлганим, бухгалтериядаги аёллардан бири менга илакишиб қолгани, ўрисча шеърлар ҳам ёза бошлаганим, полк командири Петронко билан кунда бирга арақ ичишимиз янглиғ гапларни гупиртирардим.
Бир куни Акрам укамдан хат келди. Очиб қарасам, ҳарбий формадаги расимиям турибди. Келиб-келиб, Туркманистоннинг Тахтабозорига тушибди болапақир. Ёзишича, атроф сичқону укки, тошбақаю товушқонларга бой қум барханларидан иборат бўлиб, янтоқлар орасидан эчкиэмару илонлар доим мўралаб турармиш, куну тун чивин талармиш, казармага чаёну заҳарли ўргимчакларга қарши дорилар сепилгани сепилган эмиш.
Акрамга жуда раҳмим келди. Бухгалтерияда тузуккина ойлик тўлашарди, қўлимга пул тегиши биланоқ, энг олдин ўттиз беш қути сигарет олиб, жомадонимга солиб қўярдим. Энди ҳар ойда укамга ҳам шунча сигарет олиб, бандерол қилиб жўнатадиган бўлдим. Тежаброқ чек, ўлгудек хумори тутгандаям бировдан сигарет тилама, деб тайинлардим хатимда.
Қизиқ! Битта кўрпада катта бўлган ака-укалар, вақт ўтиб, кимларнингдир хоҳиши билан, ҳатто битта юртга сиғмай қолса-я!
Тентакона одатим бор эди, Исроил араблар ерига босиб кирса ҳам, Узоқ Шарқдаги Даманск оролчасига Хитой аскарлари ҳужум қилса ҳам, Чехословакияда кўтарилган ғалаённи тинчитиш учун Варшава шартномасига аъзо давлатлар қўшини қаторида совет аскарлари киритилса ҳам, кўнгиллилар сафида ўша ёққа жўнашга ошиқаверардим. Аскар бўлиб, мен ҳам қўлимда қурол билан бир жанг қилиб кўргим келаверар, ўлиб кетишим мумкинлиги хаёлимгаям келмасди. Бунақада штаб бошлиғи Михайлов тутоқиб, ўзбекка милтиқ отишни ким қўйибди, чўтингни қоқиб ўтиравермайсанми, деб бўкириб берарди.
Германия билан уруш бўлган йилларда ўзбекни кўпинча ҳеч бир тайёргарликсиз жангга ташлайверганлар. Энди уни милтиқ отишниям уддалолмайдиган нўноққа чиқариб, “томорқаси”да малайлик қилдириб юришибди. Э, доғман! Яна ўша қадимги аҳвол!
Чор Россияси даврида, уруш бўлса, мустамлака юрт вакилларини, олдиндан келишилганидек, фақат фронт ортидаги мардикорлик ишларига жалб этишар, уларнинг қўлига қурол беришдан чўчишар экан. Ҳозирда ҳам аҳвол шундайлигича қолган, фақат бошқачароқ, жуда ниқобланган шаклда эди. Энди улар ҳарбийга алоқаси йўқ мардикорлар тўдаси эмас, қизил қўшин таркибидаги қурилиш баталёнлари аскари. Номи – аскар, аслида эса, 70-80 фоизи Туркистон, Кавказ, Болтиқбўйи каби минтақаларда яшовчи турли миллат вакилларидан иборат бўлган, энг чекка ҳудудларда ҳам оғир-оғир ишларни арзимаган маош эвазига сув текинга бажариб берадиган формали мардикорлар. Аҳволлари Сталин гулаги тутқунлариникидан сал яхшироқ холос. Буларнинг орасида руслар ҳам бор, аммо бири ўта уқувсиз, бири енгилроқ айб билан қамалиб чиққан, бири безорилиги боис милиция назоратида бўлиб келган “чиқинди”лар.
Шўро салтанати Россиянинг теграсида мадҳияси “Ассалом, рус халқи – буюк оғамиз” (Ўзбекистоннинг эски гимнидан) каби сўзлар билан бошланувчи ўн тўртта миллий республикани бирлаштирган, бу юртда ҳамма тенг эканлигини тинимсиз таъкидласа-да, ўша даврда унинг армиясидаги рус бўлмаган офицерлар сони атиги бир фоизни ташкил этарди. Бир қараганда, ҳужжатига кўра украин ва белоруслар ҳам кўпдек кўринар, лекин уларнинг аксарияти бутунлай руслашиб бўлган, ҳатто ўз миллий тилини ҳам билишмасди.
Қисман дўлвари, қисман бези қотган империя эди бу.

ҲАРБИЙ БАЗАДАГИ ЖАННАТ

Аёлларнинг кўплиги исрофгарчиликдир.
КУЛКУЛ афанди

Сал ўтмай, ишларим янада юришиб кетди. Қай йўл билан излаб топганларини билмайман-у, аскар буғолтир борлигини аниқлашиб, мени гарнизон миқёсидаги ҳарбий-таъминот базаси бухгалтериясида ишлашга чақириб олишди. Гарнизон тасарруфидаги барча ҳарбий қисмларга қурилиш ашёлари, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш материаллари кабиларни етказиб беришга ихтисослашган, ҳудудига темирйўл киритилган, атрофлари девор ва тиканли симлар билан ўраб ташланган бу базанинг командири ва ўринбосари ҳарбий эди холос, бошқа ходимлар: бухгалтерлар, режа-иқтисод бўлимидагилар, канцеляриячилар, омборчилар, ҳатто қоровулу ишчиларгача фуқаролар эди. Меҳнат қонунлардаги “жавобгар шахс” деган иборага мақоми мос тушмайдиган аскарларнинг ашёларга лиқ тўла омборлар атрофида ўралашиб юришини исташмасди, чамаси.
Ҳарбий қисмда кирим-чиқимларга оид бўлган, рақамлар устуни бир неча саҳифага чўзилган бухгалтерия ҳужжатларини қўлимга тутқазиб, жами қанчалигини ҳисоблаб беришимни буюришар, булар нималигини унчалик англамасдим ҳам. Базада бухгалтерия сирларини кенгроқ ўргата бошлашди, қирқ ёшлардаги бош бухгалтер Тамара Василевна Бородина ҳам, пенсия ёшидан ўтган ўринбосар кампир ҳам, менга қандай ишни топширмасин, унинг учи қаердан бошлангани, думи қаерга бориб тақалиши, улар бир-бирига қандай ҳужжатлар билан боғланиши ҳақида тушунчалар беришарди. Ҳарбий қисмда нуқул чўт қоқиб ўтирган бўлсам, базада бурама қулоқли арифмометрда ишлашни ўргандим.
Бухгалтериядаги йигирмадан зиёд ходимнинг барчаси аёл бўлиб, омборчилар, уларнинг ёрдамчилари ичида ҳам хотинлар кўпчиликни ташкил этарди. Эркакларнинг аксарияти истеъфодаги офицерлар, уруш ветеранлари, махсус соҳаларнинг мутахассислари эди.
Жаннатга тушиб қолгандек эдим. Босиққина бош бухгалтер, унинг кекса ўринбосари, олдидаги қоғозларга қалин кўзойнакдан тикилганича, миқ этмасдан елка қисиб ўтирувчи Албина Павловнани истисно қилганда, асосан ўттиз-ўттиз беш ёшлар атрофида бўлган, кўпчилигининг офицер эрлари ўрмон ичкарисидаги ҳарбий қисмлардан ўн-ўн беш кунда зўрға бир марта келиб кетадиган бу аёллар мени эркак ўрнида кўриб, бири қўйиб бири папаларди. Менга иш ўргатишни бош бухгалтер Таня Руденкога топширган эса-да, бошқа аёллар ҳам ёнимда галма-гал ўралашиб, ўзларича у-будан сабоқ берган бўлишарди.
Таня бошқалардан анча ёш эди, мени нега тажрибалироқ ходимга бириктириб қўйишмади, деб юрсам, кейин билдимки, у техникумнинг бухгалтерия факултетини битирган ҳақиқий мутахассис экан. Қолган аёлларнинг аксариятини офицерларнинг хотини ишсиз юрмасин дея шу бой базага тиқиб ташланганлар ташкил этар, улар менга ўхшаб қўлларига нимани тутқазишса, шуларни ҳисоблаб бериб кун ўтказишаркан. Қолаверса, бу қолоқ чекка шаҳарчада мутахассис буғолтир тугул, тузукроқ чилангарни топиш ҳам амримаҳол эди.
Руденко чиройда техникумимиздаги отдоши Таняга тенг келолмаса ҳам, самимиятда ундан қолишмасди, гоҳ бунга, гоҳ унга ҳазил қилиб, ҳаммани кулдиргани кулдирган эди. Шаҳарчада кеча содир бўлган бирон қизиқ воқеани топиб келиб, бугун эрталабданоқ, ҳиринглай-ҳиринглай, барчага сўйлашга тушарди. У шу йили турмушга чиққан экан, тўйдан бир-икки ой ўтиб, старшина эри ҳарбий билим юртига кирибди, ҳозир олисда экан. Шу боис, дам олиш кунларининг бирида Таня мени қўзиқорин териш учун ўрмонга олиб борганини эшитиб (буни ишхонадагиларга Таня ўзи эълон қилганди), Албина Павловнанинг жаҳли қўзиган, эри узоқда бўлган жувон қандайдир аскар билан ўрмонда юрадими, деб ғадаблашга тушганди.
Аёллар кўп бўлгани учун, нари борса икки ҳафта ўтмасидан, қайси биринингдир туғилган куни нишонланаверарди. Салкам бир взвод аёллар даврасида эркаклардан мен, база командири, унинг ўринбосари, омборни бошқарадиган кекса гармончи Мурашёв бўламиз холос. Ана ичкиликбозлик, ана қиййо-чий, ана рақсу муқом! Командирлар кўпинча эртароқ чиқиб кетиши, Мурашёв ўнг оёғининг кафтида полни тапиллатганича гармон чўзишдан бўшамаслиги боис, борлиқ аёлнинг мастликдаги юлқиб-ялашлари битта менинг бошимга ёғилади, толиқишдан маза қиламан.
Тўққизинчида ўқиётганимда Машрабнинг улфатларига, тракторчилигимда Ўринбой акамнинг даврадошларига, Рудник-конда устозим Раҳмон акага шерик бўлиб спиртли ичимликлардан гоҳ-гоҳ татиб юрганим, техникумда бу борада тузуккина чиниқиш ҳосил қилганим қўл келиб, базадагилар билан тенгма-тенг ичаверардим. Лекин, бировлар қистамаса, ўзимча ичгим келавермасди.
Базада ишласам-да, ҳануз ўз полкимнинг ихтиёрида эдим. Ораси бир ярим километр бўлгани учун тушликда полк ошхонасида овқатланишга бориб, полк казармасида тунар эдим. Базадагилар ойлигимни ҳарбий қисмимиз бухгалтериясига ўтказишар, пулни ҳам шу жойдан олардим. Шофёрликни битириб келган эски ўртоқларим турли ҳарбий қисмларга тарқатиб юборилгач, полкимизга умуман қадам босгим келмай қолди. Шу маҳаллар гарнизонимиздаги деярли барча ҳарбий қисмларда бурга кўпайиб, ҳамма ёқни ваҳима босди-ю, бу ўрмаловчилар мен орқали базагаям кириб келиши мумкинлигини баҳона қилиб, маъмурий бинонинг орқа томонида алоҳида эшиги бўлган, командир ва унинг ўринбосарини олиб юрувчи шофёрлар яшаб турган хонага ўзим учун қўшимча кроват қўйдирдим. Электр плитаси сотиб олиб, уч аскар баъзан овқатни шу ерда тайёрлаб ейдиган бўлдик.
Йўлда патруллар учраса гап кўпаймасин деб, базадагилар менга бир ойлик “Маршрут варақаси” ёзиб беришарди. Варақа типографияда босилган бўлса-да, исм-фамилия, саналар, юришга рухсат этилувчи манзиллар ёзиладиган жойлари бўш қолдирилган, улар қўлда тўлдириб чиқиларди. Мен варақани ўзим тўлдириб командирга олиб кирардим, у қўл қўйиб, муҳр босгач, маршрутдаги “Ҳарбий-таъминот базаси, 33715-ҳарбий қисм” дея ўз қўлим билан ёзганимни давом эттириб, “Виползово шаҳарчаси” манзилиниям қўшиб қўярдим. Пулим кўпроқ пайтда дам олиш кунлари шаҳарчада санғиб келардим. Кейинчалик, Виползово қолиб, Бологое шаҳриниям қўшадиган бўлдим, вақт топсам, борардим.
Полкимиз қўққисдан бошқа жойга кўчадиган бўлиб қолди. Буни база бошлиғи подполковник Могилёвга айтсам, буғолтирлик сирларини анча ўзлаштириб олган, баъзан ҳатто Ленинградга бориб, ҳисобот топшириб келишниям уддалаётган, тартиббузарлик қилмайдиган ходимдан айрилишни истамадими, ё илтифоти қўзидими, гарнизондаги катталар билан телефонлашиб, мени яқинроқдаги бошқа ҳарбий қисмга ўтказдирди. Хизматни битиргунимча бу полкнинг казармасида деярли тунамадим. Фақат маошимни олишга борардим. Мавқеи баланд базада ишлаётганимни, полкдагиларнинг бу базага тез-тез иши тушиб туришини назарда тутибми, қисм командирларидан тортиб мен бириктирилган рота командиригача “ғинг” демасди.
Бир куни бош бухгалтеримиз хонасига чақириб, хизматинг тугаб боряпти, ён-веримиздаги полкларни суриштириб, янги келган аскарлар ичидан ўзингга ўринбосар топ, бухгалтерия ишини тушунадиганроғини қидир, деди. Суриштириб топдим, иккаласиям озарбайжон – Гусейнқули дегани машина-ҳисоблаш станциясида озгина ишлаган экан, Мамед бухгалтер қондошига у-бу нарсаларни ҳисоблашда баъзан ёрдам бериб юрган экан. Тамара опага иккаласиям маъқул тушди, тезда ишга олди. Ўзимни энди иккита аскар устидан бош қўмондондек ҳис қила бошладим, улар ҳам, ҳарбий унвонимни суриштириб ўтирмай, ҳамма буйруғимни миқ этмасдан бажаришарди.
Иккита кўмакчи пайдо бўлгач, бўш вақтим кўпайди, қоғозларга тинимсиз тикилаверишдан доим қизариб турадиган кўзларимга тиниқлик югурди. Бундан кейин, дам олиш кунлари мени умуман ҳеч ким безовта қилмаслигига қатъий ишониб, “Маршрут варақаси”га яқинроқдаги баъзи посёлка, йирикроқ қишлоқлар номиниям қўшиб қўядиган, гоҳ база командири ўринбосари майор Шербинокка шофёрлик қилувчи белоруссиялик ошнам Фима Лосичнинг “УАЗ”ида, кўпинча пиёда ҳакиллаб бориб, аскарларни қий-чувлаб кутиб олувчи қизлар билан танца тушиб қайтадиган бўлдим. Очиғини айтсам, мени қизлардан кўра қишлоқларни қуршаб турувчи гўзалдан гўзал табиат манзараларини ҳайратланиб кузатишлар, ўрмон кезиб, турли бута мевачаларини териб ейишлар, арзимаган пул эвазига биргаликда брага ё самогон ичиб, гармончи чоллар, пайпоқтўқар кампирлар билан гурунг қуришлар кўпроқ ўзига тортарди. Тамоман бошқа дунё эди булар.
Айниқса, осмонранг кўлларнинг ўртасига қайиқда сузиб бориб, қармоқда балиқ тутиб ўтиришни жуда-жуда ёқтирардим. Балиқ кам илинарди, аммо гашти беҳад мўл эди.

Балиқчилик – бўйдоқлар иши!
Сув парисин тутволса ногоҳ,
Қила олмас қонуний никоҳ
Уйланган киши.
(1973)

Узоқроқдан қарасанг, Россия ўзига СССР деган бир эшикли тошқўрғон қурволиб, қарам миллатларнинг борлиқ ер ости ва ер усти бойликларини тагида босиб ётган улкан аждарҳо; бастига бино қўйиб, гоҳ фазони биринчи ўринда забт этган, гоҳ саноқсиз даҳшатли ядровий ракеталари билан дунёни дағ-дағ титратган, гоҳ Америкадек девни оғиз юмиб ўтиришга мажбурлаган, гоҳ Осиё, Арабистон, Африкадаги камхаржларнинг бошидан улгуржи-улгуржи маблағлар сочаётган қудратлидан қудратли салтанат. Яқинроқдан кўз ташласанг, заводларидаги ускуналари аллақачон эскириб бўлган, халқ эҳтиёжи учун ишлаб чиқарилааётган истеъмол моллари сифати ривожланган давлатларникидан ярим аср ортда қолган; автомобил заводлари қолоқлигича турган, машина олишга йиллаб навбат кутадиган аҳолисининг 90 фоизини пиёдалар ташкил этган; ўн минглаб қишлоқларига газ, электр етиб бормаган, ҳатто йўл ётқизилмаган йўқсилдан йўқсил мамлакат. Энг авж олган иллат – ялқовларча лоқайдлик ва мислсиз исрофгарчилик.
Бу юртдаги исрофгарчилик чидаб бўлмас даражага етганди. Рудник- конда юрган давримда, бир мутахассис афсусланиб, техникаларимиз ниҳоятда эски, биз қайта ишлаган рудалар чиқиндисидан америкаликлар яна шунча қўрғошин олиши мумкин, дегани эсимда. Табиийки, бошқа конларда ҳам аҳвол шу. Номи завод-фабрика борки, барида – исрофгарчилик, исрофгарчилик.
Дамодам базамизнинг ўзидаги хўжасизликларни кузатиб, бир аччиғим келса, бир ҳайратим ошарди – бу сочма-сочарларни нега отувга ҳукм қилишмаяпти? Буларни ким текшириб, ким чора кўриши керак? Ахир, бухгалтерия ҳисобида ўн вагон қимматбаҳо оловбардош (огнеупорний) ғишт турибди, амалда эса, бир донаям йўқ, унинг ўрнига шунча миқдордаги арзон селикат ғиштлар ётибди. Демак, оловбардош ғиштларни селикатнинг баҳосида сотиб юборишган. Худди шунга ўхшаб, том ёпишда ишлатиладиган оддий тахталар ўрнига тайёр рандаланган пол тахтасини; паст маркалиги ўрнига юқори маркали цементни чаласавод омборчилар арзон нархда юклаб бераверган. Кейинчалик буларнинг бир қисми “омборда жой етишмагани учун цементлар ёғингарчиликда қотиб қолди”, “ғиштларнинг 40 фоиздан ортиғи синиқ тарзда етиб келди”, “ тахталар чирик ҳолда жўнатилгани аниқланди” деганга ўхшаш баҳоналарга тўлиб-тошган актлар асосида ҳисобдан чиқарилиб, нархларнинг чалкаштирилишидан ҳосил бўлган хатолар ёпиб ташланди. Булардан тажангланардим, лекин бировга лом-мим демасдим.
Қурилиш бораётган жойларда ракета шахталари атрофига ўрнатиладиган цемент плиталарнинг, юқори волтли электр тармоғи симёғочларининг, казарма тиклашда ишлатиладиган тахта деворларнинг қанча-қанчаси ташландиқ аҳволда қолиб кетарди. Каттароқ командирлар у ёқда турсин, ҳатто старшиналар, омбор мудирлари талон-тарож қилинган нарсалардан ўзларига уйлар, дачалар қуриб олаётганди, баъзиларида – яп-янги машина, машина олишга навбати етмаганлар хонадони ҳашаматларга лиқ тўлиб бўлган. Назаримда, биргина бизнинг базамиздан ўтаётган ашёлар исрофгарчилиги, талон қилиниши тўхтатилиб, хайрли ишга сарфланса, бутун салтанат аҳолисига камида биттадан текин телевизор тарқатиш мумкиндек эди. Агар Москва атрофида уч ҳалқада қурилаётган ракеталар қалқонининг битта доираси камайтирилса, тежалган маблағ мамлакатдаги барча йўлларни асфалтлаштириб, барча қишлоқларни электрлаштиришга бемалол етган бўларди балки.
Кейинчалик советлар юртининг емирилишига бошқалар нима сабабни рўкач қилса қилсин, мендан сўрашса, бу империяни унинг мечкай армияси кемирди, деган бўлардим.

* * *

Хатларда қишлоқдан гоҳ яхши, гоҳ мундоғроқ хабарлар келиб турарди. 1979 йилнинг бошларида юборилган бир хатдан дадам маҳалламиздаги эски мачит ўрнига бундан ўн йилча олдин қурилган магазинга мудир бўлганини билиб, рўзғоримизга қут қўшилаётганидан қувондим.
Ёзнинг бошларида Шаҳодат опамдан бошқача бир мактуб келди, конверт ичида қўлини жағига тираб турган бир қизнинг фотоси ҳам бор эди. Хўп десанг, шу қизни сенга унаштириб қўймоқчимиз, унга совчилар қаторлашиб келаётган эмиш, деб ёзибди опам. Шошмай туринглар, бу масалани борганимда ҳал қиламиз, деган жавобни юбордим.
Барибир тинч қўйишмади, ортиқча пайсалга солсам, яхши қиз қўлдан чиқиши мумкинлиги, бола дегани ота-онанинг гапига кириши кераклигини қайта-қайта уқтиришга тушишди. Охири мени тергашга ўтиб, кейинги пайтда даданг қаттиқроқ касалга чалиниб қолди, ҳеч бўлмаса, тўнғич ўғлимни уйлантириб олсайдим, дегани-деган, иложини топсанг, қишлоққа бир келиб кет, деб юрагимга ғулғула сола бошлашди.
Қизнинг фотосига тикиламан. Ўйланаман.
Жуда бошоғриқ бўлдингиз-ку, хоним. Хў-ў-ш, бу тугунни қандай ечсак экан?

Бермоқчисиз кўнглимга оро…
Хўш кейин-чи?
Айтинг барини.
Жунун ҳислар тўфони аро
Кўрмаяпман Сиздан нарини.
(1977)

База бошлиғи подполковник Могилёвга дадамнинг аҳволидан гап очсам, ўзи хизматинг тугашига оз қолди, борди-келдингга анча харажат кетади, ундан кўра сабр қилиб тур-чи, гарнизондаги катталар билан маслаҳатлашиб, сени армиядан эртароқ бўшатишларини сўраб кўраман, деди.
Командиримиз айтганини қилди. Хизмат муддатини ўтаб бўлган аскарларни резервга қайтариш ҳақида ҳали Мудофаа министрининг буйруғи чиқиб-чиқмасиданоқ, мени озод қилиб юборишди. Ортга ўгирилиб боқсам, умримнинг уч ойи кам уч йилини бирда пўрим, бирда кир-чир ҳарбий кийимда ўтказибман.
Базадагилар билан хушлашувим ичимликларга бой базимдан бошланиб, кекса омборчимиз Мурашёвнинг гармони садоси остида бухгалтериядаги ҳар бир аёлни алоҳида-алоҳида оғушга олганча рақс тушиш, йиғи-сиғили ўпишишлар ила якунига етди. Бош бухгалтеримиз Тамара опанинг ҳам кўзлари ёшланиб, қишлоқда ишинг юришмаса, тўғри ўзимизга қайтиб кел, шунақа катта ойлик қилиб бераманки, уч-тўрт йилда машина оласан, деди. Илгарилари ҳам хизматни битирганимдан кейин базада қолиб ишлашим кераклигини кўп таъкидларди бу опам, аскарга материалларга жавобгар шахс мартабаси берилиши қонунда тақиқланган, шу боис сени паст лавозимда озгина ойликка ишлатишга мажбур бўлиб юрибмиз, деб афсуслангани афсусланган эди. Хайрлашаётиб, Тамара опани биргаликда ўтган бутун фаолиятим давомида биринчи марта ўпдим.
Юмалоқ юзининг иккала лунжи доим асабий пирпираб турадиган, соққасимон кўзлари косасидан отилиб чиққудек тарзда бақрайиб тикиладиган, баланд товушда шанғиллаб гапирадиган, сен бола хотинларга илакишаверма, бу эркакхўрлардан бирортасининг офицер эри қоқ пешанангдан отиб ташламасин, дея жиғимга тегаверадиган майор Шербинокни ҳисобга олмаганда, базамизда мен ёқтирмайдиган одамнинг ўзи йўқ эди. Ҳаммаси билан аҳил-иноқ бўлиб келдим; баъзиларининг хонадонига меҳмонга борардим, баъзилари уйидан овқат олиб келиб едирарди; омборчи Макаров ҳатто канцеляриячи қизи Лидани менга илиниб, шунга уйлансанг, мотоциклим ҳам, янги қурган уйим ҳам бор зеб-ҳашами билан сеники, деб кайфда тантилик қиларди. Лида ниҳоятда очиқтабиат қиз эди, бироқ жанжалчи опасидан доим қўрқиб юрардим, синглим билан кинога борибсан, агар бирор ишкал чиқарсанг, сени соғ қўймайман, деб турарди.
Тамара опани барибир бошқача яхши кўрардим. Ҳарбий хизматдан кейин ҳам гоҳ-гоҳ уйига майиз-туршак солинган бандероллар жўнатиб юрдим. Уни ҳануз меҳрим ёлқинланиб эслайман, ҳануз кўргим келади.

Давоми бор

MQM_0222.JPGAnvar Obidjon
AJINASI BOR YO‘LLAR
(TURMUSH KЕCHINMALARI)
094

7a.jpgAnvar Obidjon Farg‘ona viloyati Oltiariq tumanining Poloson qishlog‘ida 1947 yilning 25 yanvarida xizmatchi oilasida tug‘ilgan. 1964 yilda o‘rta maktabni tugatgach, Samarqand moliya texnikumida, 1969-1971 yillarda jamoa xo‘jaligida hisobchi, klub mudiri, tuman gazetasi, viloyat radiosida turli vazifalarni bajardi, Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini sirtdan tamomladi. 1981 yildan boshlab u Toshkentga ko‘chib kelib, «Yosh gvardiya» nashriyotida, «Yosh kuch», «Mushtum» jurnallarida ishladi. «Cho‘lpon» nashriyotida bosh muharrir, O‘zbekiston televideniyesida muharrir bo‘lib ishlagan.
Anvar Obidjon bolalar adabiyotiga dastlab «Ona Yer», «Bahromning hikoyalari» to‘plamlari orqali shoir sifatida kirib keldi va mavjud ijodiy an’analardan foydalangan holda o‘ziga xos yo‘l tanladi. «Bulbulning cho‘pchaklari», «G‘alati maktublar», «Kumush uy», «Gurungdagi gaplar», «Ajoyibxona», «O‘zimizning ansambl», «Ignalarim chiroyli», «Mening kolleksiyam», «Shirin so‘ylar jajjivoylar», «Kalamushlar kemasi», «Siz eshitmagan qo‘shiqlar», «Dalalardan bolalarga», «Osmondan tushgan sozanda» turkum she’rlari fikrimizga dalildir. Uning «Ona yer» (1974), «Masxaraboz bola» (1980), «Olovjon va uning do‘stlari» (1983), «Bahromning hikoyalari» (1984), «Ey, yorug‘ dunyo» (1983), «Ketmagil» (1985), «Bezgakshamol» (1985), «Juda qiziq voqea» (1987), «Oltin yurakli avtobola» (1988), «Dahshatli Meshpolvon» (1990) kabi she’riy, nasriy kitoblari chop etildi.
Bulardan tashqari, adibning «Qo‘ng‘iroqli yolg‘onchi», «Pahlavonning o‘g‘irlanishi» Anvar Obidjon so‘nggi yillarda «Ramazon va Gulmat hangomasi» (1992), «Meshpolvonning janglari» (1994), «Alisher ila Husayn yoki uch dono va o‘g‘ri» (1996), «To‘tiqush», «Topsang hay-hay…» kabi qissa, pesa va she’r, dostonlarini ham yaratdi. U«O‘zbekiston xalq shoiri» unvoniga sazovor bo‘lgan (1998).

094

BIRINCHI KITOB
4 parcha

OPAMNI SAVALAYDIGAN MARD BORMI?

Rizq qidiraturg‘on odam bo‘risimondir.
Gulmat SHOSHIY

Maktabni bitirib ham paxta punktida traktor minaverdim. Katta kishilar orasida yurganim sayin erkaklanib, qo‘rslanib borayotgandim. Men bilan teng turib gaplashishlarini istab, goho kimnidir jerkib tashlayman, goho kim bilandir tikkalashib qolaman. Ayniqsa, dadamning qamalishiga sababchi deb bilganlarim uchrab qolsa, kesatiq otgim kelaveradi.
Bir mahallar dadamning sudida guvohlik bergan omborchi Hokimnazar tog‘ani o‘shandaylardan bittasi deb o‘ylardim. Ko‘rsam, salomlashmasdim. Kuz paytida punktga keltirilgan ko‘mirning bir qismini xodimlarga ham sotadigan bo‘lishdi. Traktorimning tirkamasiga ko‘mirni bosib, yuk mashinalarini tortadigan kattakon taroziga chiqarib to‘xtatdim. Omborchi Hokimnazar tog‘a uni tortib, mana, salkam uch tonna chiqdi, mayli, ikki tonna deb yozaqolay, degan edi, yo‘q, qancha chiqsa, shuncha yozing, deb turvoldim. Shunda Hokimnazar tog‘aning ko‘zi yosho‘ragandek bo‘ldi, dadangning qamalishida aybim yo‘q, bolam, uning boshiga yetganlar, ana, yaltillab yurishibdi, dedi. Men tund boqib, gap shu – qancha chiqsa, o‘shancha yozing, deya shartta ortga burildim.
Hokimnazar tog‘a salkam yuz yil umr ko‘rdi. Oxirgi ikki yilda ko‘chaga chiqolmay yotib qolganini eshitib ham uncha parvo qilmagandim. Qo‘shnimiz Dehqon aka uni ko‘rgani borganida, meni alohida so‘raganini eshitib, o‘ylanib qoldim – nahotki kechirishimni kutib, o‘lolmayotgan bo‘lsa? O‘sha kuni kechki poyezdda Toshkentdagi yumushimga qaytishim lozim bo‘lsa-da, ishni paysalga solmadim, Dehqon akaning yoniga O‘rinboy akaniyam qo‘shib mashinaga o‘tqazdim, bozordan xarajat qilib, Hokimnazar tog‘ani yo‘qlab bordim. Hech narsa bo‘lmagandek, chaqchaqlashib o‘tirdim.
Keyingi gal qishloqqa kelganimda Hokimnazar tog‘a allaqachon olamdan o‘tgan ekan…
Paxta punktidan olingan ko‘mirning issig‘idan rohatlanish nasib etmadi. Xudoyim qishki rizqimni boshqa joyga sochib qo‘ygan ekan.
Oltiariqning Bo‘rbonliq qishlog‘i ustidan boshlanib, qir orasidan tushlik sari yuqorilab ketguchi yo‘l tog‘ning etagiga borib taqaladi. O‘sha joyda Qirg‘izistonga tegishli qo‘rg‘oshin koni bo‘lardi. Shahodat opamning eri A’zam aka shu konda shofyorlik qilar, karerlardan ochiq usulda qazib olinadigan (bir joyida eski shaxta ham bor edi) ma’danlarni aholi yashaydigan qo‘rg‘on yaqinidagi zavodga mashinada tashib keltirishar, yetti yuz-sakkiz yuz so‘mga yetkazib oylik olishardi. U davrda kolxoz raisi bir yuz o‘ttiz so‘m, maktab direktori bir yuz ellik so‘m so‘m atrofida maosh olishini nazarda tutsak, konchilar pulning tagida yashar edi.
Arzimagan pulga traktor minib yuraverma, deb, Shahodat opam qishda meni o‘sha Rudnik-konga olib ketdi, tezdayoq ishga joylab qo‘ydi. Qapchug‘aylik objuvozchi Arslon burgutchining Rahmonali degan o‘g‘li konda burg‘ilovchilik qilarkan, meni unga shogird qilib berishdi. Rahmon akaning vazifasi – o‘ziyurar uskunani u yerdan bu yerga jildirib, tuproqni o‘n besh-yigirma metr chuqurlikda burg‘ilash, mening vazifam – gup-gup urilganicha yerga tobora chuqurroq kirib borayotgan quvur ustun ichiga goh-goh suv quyib turish, elektr to‘ki yetkazib beruvchi kabelning yerda emas, temir ayrichalar ustida turishini ta’minlash, ishdan so‘ng agregatni artib tozalash, ayrim qismlarini solidolda moylab qo‘yish.
Bizdan keyin bu joyga qo‘poruvchilar kelib, burg‘ilagan chuqurlarni doriga to‘ldirib portlatishar, tuproqni ekskavatorchilarga yumshatib berishardi. Ana endi o‘nlab “KrAZ” karer devoridagi pog‘ona-pog‘ona yo‘llarda chumolilardek o‘rlab, ruda tashishini tomosha qiling.
Chetdan qaraganda, ishimiz uncha og‘ir emasdek tuyular, uning haqiqiy zahmatini ishlab ko‘rganlargina bilardi. Uycha tugul biron-bir daraxt ham bo‘lmagan yalang joyda qishning chiyilloq sovug‘iga chidash; issiq ovqat pishirishga imkon yo‘qligi bois, muzlagan taom bilan tamaddilanish; har haftada u smenadan bu smenaga almashganda, uxlashning yangicha vaqtiga ko‘nikolmay gandiraklab yurishlar tinkangni quritib tashlaydi.
Rahmon aka ishga har safar bir shisha araq bilan kelardi. Odamlardek to‘g‘rima-to‘g‘ri ichavermay, araqni piyolaga quyib, ichiga non to‘g‘rardi, keyin barmog‘ida bitta-bitta olib yeyishga tushardi. Bo‘kkan non burdalarini yeb bo‘lgach, piyolaning tagida araq yuqi qolsa, unga yana nonni botirib, rohatlangan qiyofada lunjiga tiqardi. Bu narxing pasaygurda hosiyat ko‘p – yozda issiqni, qishda sovuqni kesadi, ol, ich, deb menga ham ichimlikdan uzatardi. Ba’zan ozgina ichardim.
Hali o‘n sakkizga to‘lmaganim uchun, qonunga ko‘ra, boshqalardek sakkiz soat emas, olti soat ishlashim kerak edi. Qonunga yopishib olsam, yo Rahmon aka meni deb ikki soat bekor o‘tirishiga to‘g‘ri keladi, yo kimdir atay shuncha joyga kelib, mening o‘rnimga bor-yo‘g‘i ikki soatgina ishlab berishi lozim bo‘ladi. Bu masala boshdayoq hal etilgandi, ortiqcha ikki soat turib berganimga qo‘shimcha haq to‘lashar edi.
Traktorchilikda sakson-to‘qson so‘mga ishlab yurgan odam konchilikda, normani qanday bajarishimizga qarab, uch yuz ellik so‘mning yon-verida oylik ola boshladim. Oylikni dadamning qo‘liga eltib berardim. Yashashim opamlarnikida, yeyishim tekin bo‘lgani tufayli maoshim uyga deyarli butunicha yetib borar, ro‘zg‘orimizga qaytadan baraka kirayotgan edi. Buni dadamning g‘oyib bo‘lib ketgan eski ulfatlari uyimizda yana bir-bir paydo bo‘la boshlaganidan ham bilsa bo‘lardi. Dadamga durustgina tirak bo‘lib qolganimdan, birinchi galda, Sarviniso buvim behad xursand edi.
Shunisi chatoq ediki, ro‘zg‘orning asosiy tayanchiga aylanayotganimni qancha ko‘p his qilsam, burnim shuncha ko‘tarilib, oiladagilarga muomalam dag‘allashib borayotgandi. Menga salgina nasihat qilmoqchi bo‘lishsa ham, goh ayamni, goh hatto dadamni jerkib beradigan odat chiqardim.
O‘shanda meni nega qattiqroq g‘adablashmadi ekan? Ularning o‘rnida bo‘lsam, bunaqa beta’sirlikka chidolmasdim, o‘zingdanam o‘rgildim, pulingdanam, deb farzandimni siltab tashlashim aniq edi.
Toparmon bo‘lib qolganimdan zavqlanganimda, birdan Usmon tog‘am esimga tushardi. Tusi o‘ng‘ib, jiyaklari sitila boshlagan to‘nga burkanganicha qunishib turishi ko‘z oldimda hadeb gavdalanaverardi. Tirik bo‘lganida, boshdan oyoq yap-yangi kiyintirardim-a, deb xo‘rsinardim.
Usmon tog‘am o‘lganida mendan bo‘lak hech kim yig‘lamagani esimda. Bundan g‘azablanib, nimaga yig‘lamayapsizlar, deya dag‘dag‘a qilsam, ayam xazingina kulimsirab qo‘yaqolgandi.
Hayotimning yana bir parchasi Rudnik-konda o‘taverdi. Ishlashdan ko‘ra, ishga borib-kelish meni ko‘proq toliqtirardi. Opamlar qo‘rg‘on markazida emas, qir oralig‘idagi GRP deb ataluvchi, qattiqroq shamol kelsa tomi tugul devorlari ham uchib ketadigandek tuyuluvchi pastqam-pastqam uylarning birida yashashardi. Ikki xonali uyning bittasini men egallab, pochchamni, bolali opamni bir chetga qisib qo‘yganimdan ko‘p xijolat tortardim, umumyotoqqa borib yashay desam, ko‘nishmasdi.
Balki o‘shanda til uchida ko‘nishmagandir, qattiqroq turib olsam balki rozi bo‘lishardi. Shunday qilsam, aslida, o‘zimgayam yengillik tug‘dirgan bo‘lardim – umumyotoq avtogarajga yaqin joylashgandi. Bu yerda esa, uch kilometrcha masofani o‘rkachma-o‘rkach bosib o‘tib, avtogarajga boraman, maxsus ajratilgan xonaga kirib kiyimlarimni almashtiraman. So‘ng mashinalarga chiqib, karer tarafga jo‘naymiz.
Biror oydan keyin yo‘l azobidan ancha qutuldim. Saltanatning katta xo‘jayini Xrushchyov uy hayvonlariga ham soliq solganida, ko‘p odamlar eshagini sotishga tutindi, go‘l xaridor topilavermagach, ko‘chaga haydab qutulishdi. Shunday daydi eshaklardan bir guruhi mahallamiz atrofida sang‘ib, axlatlarni cho‘chqadek titkilagani titkilagan edi. Ulardan bittasiga qotgan-qutgan nonlarni berib yurib, o‘zimga o‘rgatib oldim-u, garajgacha egarsiz eshakda boradigan bo‘ldim. Goh yegulik topilmay, oldiga quruq qo‘l bilan yo‘lasam, tamagir hayvon tutqich bermay xunob qilardi. Eshakdan burga yuqqach, keyinroq uning xizmatidan tamoman voz kechdim.

Rahmat senga, ey burga,
Qonim ichsang ham, birga –
Yurding og‘ir kunimda.

A’zam aka meni malol olayotganini sira sezmasam-da, Shahodat opam bir kuni gapdan gap ochib, pochcha baribir pochcha ekan-da, oldingda hiringlab o‘tiradi-yu, ba’zan menga allambalolarni shama qiladi, deb qoldi. Opam bu so‘zni endi qishloqqa qaytaver degan mazmunda emas, agar bu uyda mening gapim gap bo‘lmaganda, boshqalar seni sig‘dirib qo‘yarmidi degan ma’noda, o‘zining salobatini namoyishlash uchun aytgandi. Shuni bilib turib ham ichim salgina zil ketdi.
Qish oxirlaganida oyoqlarimda og‘riq o‘rmalay boshladi. Uydagilar buni opamdan eshitishgach, eski bod kasaling qo‘zib, yana yotib qolmasingdan uyga qaytaqolsangmikan, deb ko‘nglimga qo‘l solishdi. Toshloqqa qatnab ishlashdan tuzukroq naf ko‘ra olmay, endi Poloson qishloq ijroqo‘mida soliq to‘plovchi bo‘lib olgan dadam yelkamga qoqib, eng oldin sog‘liqni o‘yla, tirikchilikni sensiz ham uddalarmiz, deb astoydil jon tortdi.
Shu tariqa, Rudnik-konga qilgan yurishim uzoqqa cho‘zilmay, ortga qaytdim.
Bosiqqina, o‘ta mehnatkash, ro‘zg‘orga qul, bolalariga behad mehribon, g‘iybatdan begona A’zam pochchamning qo‘lidan ancha tuz ichdim. Uni ko‘rsam, doim ko‘nglim yashnardi. Bu odamga qanday yaxshilik qilsam ekan, deb o‘ylardim ba’zan.
Bir kuni shunga imkon tug‘ilgandek bo‘ldi. Imperiya parchalanib ketishidan oldinroq Rudnik-konga ularni yo‘qlab bordim. Pochcham uyda bir o‘zi o‘tirgan ekan, opamni surishtirsam, ozgina kayfi borligi uchunmi, bu bezot uyda to‘xtamaydigan bo‘pqolgan, dedi-yu, biror ulfatini boshlab kelsa, fe’li aynishi; hatto ketinglar endi, piyonistalar, deb ularni haydab solishi; er bilan maslahatlashay demasdan xohlagan ishini qilishi, bolalarini yetaklaganicha haftalab mehmondorchilikda yurishi kabilar haqida arzlanishga tushdi, oxiri yig‘lab yubordi.
Juda diqqatim oshdi. Bu sho‘rlikni qay tarzda qo‘llab yuborsam ekan, deb o‘yladim. O‘ylab-o‘ylab, g‘alati bir qarorga keldim.
— Opam qaytib kelishi bilanoq janjal qo‘zib, yaxshilab savalang, — dedim pochchamga.
Pochchamning birdan kapalagi uchdi:
— Ie! Urishni aytasiz-a, sal po‘pisalab ko‘ray-chi, uyni ostin-ustun qilvoradi!
— Qo‘rqmang, g‘iring desa, mana, men turibman, — deb dalda berdim unga.
Keltirgan xarajatlarim orasida araq ham bor edi, shundan ichkizib o‘tirib yuragiga yanada o‘t tashlayverganim pochchamning chuchchasini ko‘tardi, opam kelishi bilanoq janjal qo‘zg‘adi:
— Qayoqlarda yuribsan, sayoqvachcha?
— Nima-a?! Kim sayoq?!
Hozirgina qayroqdan o‘tkirlanib chiqqan pochcham gapni ortiqcha cho‘zib o‘tirmadi, og‘ziga kelganini qaytarmay so‘kinganicha, shapalog‘ini ketma-ket ishga soldi. Opam avvaliga angrayib qoldi, bu gal tili ham, kuchi ham ish bermasligini payqaganidan so‘ng halpillab kelib, o‘zini shosha-pisha mening panamga urdi. Ha, qo‘rqmaysan-a!
Oradan ancha vaqt o‘tib, sekin surishtirib ko‘rsam, opam pochchamga hanuz bo‘sh kelmasa-da, o‘sha kaltakdan keyin erdan sal cho‘chib turadigan, ortiqcha haddidan oshmaydigan bo‘lib qolibdi.
Hech bir qayinog‘a pochchaga menchalik katta yaxshilik qilolmagan bo‘lsa kerag-ov, deb qo‘yaman goho o‘zimga o‘zim.

MIROVOY USTA

Yerni qimirlata olasanmi desalar, yo‘q devorma. Balki yer o‘z-o‘zidan qimirlab qolar.
KULKUL afandi

Rudnik-kondan qaytgach, o‘zimni ko‘proq issiqqa berib yurdim, oyog‘imdagi og‘riq quyosh kuchliroq qizdirgani sayin yo‘qolib boraverdi. Bekorchilikdan zerika boshladim. Bu uyda she’r yozib yotish tugul bemalol kitob o‘qishga ham sharoit bo‘lmasa-da, payt topib u-bu narsalar qoralayman, odatimga ko‘ra, yana “G‘uncha”ni bezovta qilaman. She’rlarim ora-sira jurnalda chiqib qolsa, varrak bo‘lib ko‘kka ko‘tarilaman.
Agar, kunlardan birida eski sinfdoshim Ahmad bilan Mozortagiga borayotib, motorli velosipedini tolga suyaganicha ariq yoqasida yelpinib o‘tirgan Eminjon karvonga duch kelmaganimda, yana qancha vaqt ishsiz salanglab yurgan bo‘lardim, bilmadim. Xudo menga yaxshilik istab ko‘nglimga solgandirki, qayga borish sayoq uchun baribir ekaniga qaramay, oyog‘im aynan shu yoqqa tortgandir.
Eminjon karvon qishloq ijroqo‘mi raisi edi. Velosipedining motori buzilib, bo‘g‘ilib o‘tirgan ekan, bizni ko‘riboq, hoy, birortang manavining tilini tushunasanmi, deb qoldi. Men bilaman, hozir tuzatamiz, dedim-u, velosipedining egari ortiga osilgan charm xaltachadan turli buragichlarni olib, ishga kirishdim. Velosiped tuzatishni-ku bilardim, ammo “motor” deganiga umrimda ilk bor duch kelishim edi. Tavakkaldan yon tarafdagi qopqoqni otvyortkada ochib ko‘rsam, biri piyolaning og‘zidek, ikkinchisi besh tiyinlik tangadan kattaroq bo‘lgan tishli g‘ildirakchalar bir-biriga yondosh tiralib turibdi. Nima qilishni bilmay, g‘ildirakchalar o‘rtasidagi murvatlarni sal-sal bo‘shatib, so‘ng boshqatdan qotirdim-da, qopqoqni yopib, buragichlarni yana xaltaga soldim. Ilgari birovlarning motorli velosipedini tilanib minib ko‘rganimda, benzini qayerdan ochilishi, muftasi nima xizmat bajarishini bilib olgandim. Mabodo yurib ketsa, bahonada bir eshakchopar qilvolamiz degan o‘y bilan velosipedga o‘tirdim. Men pedalni tepib, Ahmad orqadan itarib, ancha joygacha borganimizdan keyin, motor o‘z-o‘zidan ishlab ketdi. Hakillab qolgan Ahmadga mukofot bo‘lsin deb, uni mingashtirganimcha mahallani bir aylantirib keldim.
— Ie, vey, yosh bo‘lsang ham mirovoy usta ekansan-ku! – deya, kelib to‘xtashim bilanoq maqtov yog‘dirdi Eminjon karvon. – Kimning o‘g‘lisan?
O‘zimni tanishtirdim.
— Vah, o‘zimizdagi Obidjon akaga qarashlimisan? O‘g‘limga ish qidiryapman degandek bo‘luvdi. Topildimi?
Hozirda ishsizligimni aytishim bilanoq, Eminjon karvon tezda taklif kiritdi:
— Unda, gap mundoq, usta Anvar. Kutubxonachiga yolchimayroq turibmiz. Miq etmasdan o‘tirib ishlayman desang, shu shtatni senga beray. Orada velosipedimning motori buzilib qolsa, tuzatib berib yurarsan.
Ertasi kuniyoq kutubxonachilikka qabul qilindim.
Tuman gazetasida maqolalari chiqib turadigan Erkin Ibrohimov davrida bu kutubxona ko‘proq kechki paytda gavjum bo‘lardi; qishloq klubiga tutash ekanligi bois, ba’zilar kino boshlanishidan ancha oldin shu yerga kirib, biri gazeta-jurnallarni varaqlashga tushar, birovlar shaxmat o‘ynashga berilar, kimdir ilgari olgan kitobini topshirib, yangisini olardi. Shunchaki gurunglashib o‘tiruvchilar ham bo‘lardi. Erkin akadan so‘ng, orada bir-ikkitasi qo‘l uchida ishlab, bir kun o‘z joyida o‘tirsa, uch kun aholidan soliq yig‘ishga ko‘maklashib, endi kutubxonadan fayz ketib bo‘lgandi. Yuqoridan kelgan tekshiruvchilardan gap eshitaverish Eminjon karvonning jonidan o‘tib, oxiri kutubxonachini yangilashga qaror qilib yurganida, men duch kelibman.
Ish boshlaganimga uch-to‘rt kun bo‘lib-bo‘lmay, tuman madaniyat bo‘limidan Ra’noxon degan yoshgina juvon kelib, kasbimning tartib-qoidalarini o‘rgatib ketdi. Ketishi bilanoq, paysallanib o‘tirmay, uning aytganlarini qilishga kirishdim. Topshiriqqa ko‘ra, birinchi galda, chang bosib yotgan kitoblarni pastga oldim, besh qavatli yog‘och tokchalarni yaxshilab artib tozaladim. Buxgalter Polina opa mato olib berishga mablag‘ yo‘qligini ro‘kach qilgach, bir chetda uyulib yotgan turli siyosiy-ijtimoiy qog‘oz plakatlarning orqa tomonini tokchalarga oppoq qilib yoyib, kitoblarning badiiylarini kattalar va bolalarnikiga ajratgan; fan-texnika, qishloq xo‘jaligi, siyosiy, falsafiy kabi mavzulardagilarini alohida-alohida turkumlagan tarzda terib chiqdim. Har bir bo‘lim nomini qalin qog‘ozchalarga qora tush bilan yozib, turkumlar ustiga yopishtirdim. Stollarga ham eng katta plakatlarning teskari tomonini yoyib, biriga gazeta-jurnal tikilmalari, biriga shaxmat-shashka taxtalarini qo‘yib qo‘ydim. Marks, Engels, Lenin, Xrushchyov, Rashidov singari “yiriklar”ning asarlarini esa oynavand shkafga ko‘z-ko‘zlab joyladim. Birov ataylab tayinlamagan bo‘lsa-da, bularga ozgina to‘z yuqsa, baloga qolishim hech gap emasdek tuyulgandi o‘shanda.
Ortgan plakatlardan ko‘rimli-ko‘rimlilarini tanlab, xona devorining bo‘sh joylariga qoqdim, KPSS Markaziy Komiteti Siyosiy byurosi a’zolarining suratlari eng tepadan joy oldi. Kutubxona mijozlarining a’zolik qog‘ozchalarini yangitdan to‘ldirib, yashiqchaga alfavit bo‘yicha o‘rnashtirdim. Bino qarshisidagi ariqchani o‘tlardan tozaladim, g‘ovlab o‘sib yotgan atirgullarni qaychilab, bir tekis shakl berdim. Polni farrosh yuvib turardi, deraza oynalarini o‘zim yarqiratib artib chiqdim.
Kutubxona muntazam ishlab turgani uchun mijozlar yana ko‘paya bordi. Xona kunduzi asosan maktab o‘quvchilari, kechki payt kino ko‘rishga kelgan tomoshabinlar bilan gavjum bo‘lardi.
Topshiriq qanday bajarilayotganini tekshirib ko‘rish uchun Ra’noxon uch haftalardan so‘ng yana kutubxonaga keldi. Keldi-yu, katta o‘zgarishlarni ko‘rib, ko‘zi quvonchdan chaqnab ketdi. Kelasi haftada tuman kutubxonachilarini shu joyga yig‘ib, qanday ish yuritish lozimligini amalda namuna qilib ko‘rsatdi. Qaytishdan oldin jamoa kengashi raisi Eminjon karvonning huzuriga kirib, ishlarimni rosa maqtadi, iloji bo‘lsa, viloyat miqyosidagi ko‘rgazmali seminarni ham shu yerda o‘tkazamiz, dedi. Bundan quvonib ketgan rais tezda bug‘oltirni chaqirib, kutubxonani yanayam bezatishga pul ajratishni topshirdi. Endi yog‘och tokchalar, stollarga to‘shalgan plakatlar o‘rnida ko‘m-ko‘k chit matolar, derazalarda oppoq pardalar paydo bo‘ldi.
Ikki oydan ko‘proq vaqt o‘tib, kutubxonamizda, chindan ham, viloyat miqyosidagi ko‘rgazmali seminar tashkil etildi. Mehmonlarga tuman madaniyat bo‘limi hisobidan ziyofat berildi. Bu ziyofat oxiri mezbonlar va mehmonlarning qo‘shma ulfatchiligiga aylanib ketdi. Kayfi oshgan raisimiz mahalliy mashshoqlarni chaqirtirib, kichik bazmcha tashkil etdi; tarvaqaylagan mo‘ylovini burab-burab, o‘zi ham o‘yinga tushib berdi.
Bularga erishish oson kechmadi. Ilgarigi kutubxonachilarning umri ko‘proq soliq to‘plovchilarga ko‘maklashish bilan o‘tgan bo‘lsa, men joyimdan siljimadim. Dastlabki kunlarda, kutubxonani tartibga solib olishim zarurligini bahona qilgan bo‘lsam, keyinroq boshqa vaj topib, dadam bilan birga yurish noqulayligini pesh qilishga o‘tdim. Ortiqcha ishdan qochib emas, orada bir-ikki marta qatnashiboq, bu qiy-chuvli tadbirdan bezillab qolganim tufayli shunday qilayotgandim.
Tomorqasining katta-kichikligiga qarab, xo‘jalikka o‘n-yigirma so‘m atrofida soliq solinardi. Yana ikki so‘m miqdorida “tutunpuli” degan mahalliy soliq ham yig‘ishtirilardi. Tegishli maoshini goh-gohida pul, ko‘pincha un, yog‘, qo‘y-sigirlari uchun yem sifatida olib kun kechirayotgan qishloq ahlining ko‘pchiligi shuni to‘lashgayam ilojsiz edi. Loaqal, yarmini to‘lab turing, deyishsa ham, hozirda hatto sariq chaqam yo‘q, deb qasam ichishga tushardilar. Shunda soliqchilar jahllanib, unaqada uyingizni tintishga majbur bo‘lamiz, televizor yoki tikuv mashinangizni olib ketamiz, deb po‘pisani boshlashardi. Gohida qo‘ygami, echkigami yopishib, qarzning badaliga shuni olaqolaylik, deyishsa, xotin-xalaj yig‘i-sig‘i ko‘tarib, erkaklar baqirib-chaqirishga tushardi. Bunday dod-voylarga qanday chidab ishlayapti ekan, deb dadamga achinib ketardim.
O‘zimni bu g‘alvalardan qancha chetga olishga urinmayin, baribir meni tinch qo‘yishmasdi. Goh kotib dag‘dag‘alab, maoshing ham, kutubxonangga sarflanayotgan pul ham mana shu soliqdan keladi, seni dadangnikidan boshqa guruhga qo‘shaylik, noningni halollab ye, akasi, desa; goh bug‘oltir chetga tortib, mayli, o‘z ishingniyam qilgin-u, hech bo‘lmasa, dam olish kunlari bizga yordamlashib tur, deb avramoqchi bo‘lardi. Dam olish kunlariyam kutubxonada o‘tiribman, derdim men qaysarlanib.
Tag‘in mashmasha boshlanardi. Bir kuni raisning oldiga yetaklab kirishdi. Hayotda ko‘p ishni ko‘rgan Eminjon karvon ko‘zimga sinchkovlanib tikilib olgach, zardam qaynab turganini sezib, shikoyatchilarga tumtayib yuzlandi.
— Bu bola hash-pash deguncha kutubxonamizni oblastgacha tanitdi, — dedi u salmoqlanib. — Sal xalaqit bermay turaylik-chi, balki respublikagayam dovrug‘ solar.
Hamma dami ichiga tushgan asno xonadan chiqib ketdi. Ortga qayrilayotganimda, rais meni to‘xtatib, velosipedimning motori yana ish ko‘rsatyapti, shuni yaxshilab ko‘rib qo‘y, usta Anvar, deb qoldi. Ensam qotganini sezdirmaslikka tirishdim. Motor degan narsa haqida hanuz hech qanday tasavvurga ega emasdim. O‘tgan safar ham bir buzilganida, velosipedni Minoj akaning paxta punkti yonidagi ustaxonasiga olib borib, tuzattirib kelgandim, cho‘ntagimdan yana chiqim bo‘ladi shekilli. Ha, mayli, ja borsa, ikki so‘m ketadi-da, bu yoqda oltmish besh so‘m maoshni shilib turibman-ku.
Qishloqda gap tez tarqaladi. Eminjon karvondek odamning shaxsiy ustasi ekanimni eshitganlar motorli velosipedlari buzilib qolsa, meni izlab keladigan bo‘lishdi. Bunday paytda gapni cho‘zib o‘tirmay, menda hozir ehtiyot qismlar yo‘q, buni Minoj akaga ko‘rsata qolinglar, deb qutulardim.
Kutubxonachilik davrim, bosib she’rlar yozishdan tashqari, badiiy kitoblarni to‘yib-to‘yib o‘qiganligim bilan yodimda ko‘proq iz qoldirgan. O‘shanda Abdulla Qodiriy, Abdulla Qahhor, Asqad Muxtor, Mirtemir, Shuhrat, Shayxzoda, Said Ahmad, Sharof Rashidov, G‘afur G‘ulom, Sobit Muqonov, Oybek, Berdi Kerboboyev, Hamid G‘ulom, Ibrohim Rahim, Odil Yoqubov, yangi chaqnayotgan O‘tkir Hoshimov singari “o‘zimiznikilar”dan tashqari, Pushkin, Ekzyuperi, Balzak, Rodari, Chukovskiy, Nekrasov kabi “yotlar”ning asarlarini suv qilib ichvorgan edim.
Yurtimiz mustaqillikka erishgandan so‘ng, dastlabki paytlarda kitob savdosi tizimi ancha izdan chiqqanidek bo‘lib, kutubxonalar masalasida ham chalkashliklar yuzaga kelgani kishini xavotirga sola boshladi. Qishloq kutubxonalari yo‘qola borib, ular asosan o‘quv maskanlaridagina qoldi; kitob sotib olishga mahalliy byudjetdan mablag‘ ajratishga o‘tilgani, bu mablag‘larni to‘lash orqaga surilib-surilib, ko‘pincha yil oxirlaganida berilishi sababli, uni jo‘yali sarflashga, do‘konma-do‘kon kezib kitob tanlashga imkon yetmasdi. Qolaversa, aksariyat kutubxona mutasaddilari xususiy do‘kondorlarning iltimosiga ko‘ra, ko‘proq eng o‘tmay yotgan saviyasi past kitoblarni, mahalliy mualliflarning o‘z hisobidan chiqargan oldi-qochdi asarlarini sotib oladigan, bu xizmat evaziga uzatiluvchi “yashirin mukofot”dan o‘zlari ham ma’lum darajada manfaat ko‘radigan bo‘lishdi. Ilgari esa, kitoblar kutubxonalarga respublika miqyosida markazlashtirilgan tarzda sotib olinib, mamlakat bo‘yicha tarqatilar edi. Ularning orasida eng xaridorgirlari ham albatta bo‘lardi. Ba’zi kitoblar hatto do‘konlarga chiqmasidan oldin kutubxonalarga yetib kelardi.
Xullas, sovetlar mashinasi kompartiya mafkurasini fuqarolarning ko‘ngliga qanday quyib borishni juda yaxshi o‘zlashtirgan edi. Kutubxonalarda Navoiy, Ogahiy, Mashrab, Furqat, Muqimiy yanglig‘ mumtoz adiblarimizning “epaqaga keltirib” saralangan asarlari, xalq dostonlari, ertaklari ham uchrab tursa-da; yurtimiz tarixiga, qadimiy boy madaniyatimizga, ulug‘ xoqon va sarkardalarimiz hayotiga oid kitoblar topilmasdi. Lekin, Rossiyaning o‘tmishiga oidlari behisob edi. Qizillarning hatto Lazo, Chapayev, Kotovskiy, Shchors, Parxomenko singari mayda “jangari”lari, Zoya Kosmedemyanskaya, Pavlik Morozov, Abdulla Nabiyev toifasidagi “shishirilgan qahramon”lari esa to‘p-to‘p asarlarga aylantirilgandi. Jahon klassiklarining tarjima asarlari ham tiqilib yotar, ularning asosiy qismi G‘arb va Yevropa adiblariniki edi. Sharqni imkon qadar bizga yaqinlashtirmaslikka urinishardi. Mana, xohlaganingcha o‘qi, tekinga o‘qi, faqat yurtimning o‘tmishi qanday kechgan, men asli kimlarning avlodiman, deganga o‘xshagan savollarni bermay tursang bas…
Ha, kutubxona mijozlarini kutib-kuzatish orasida yo she’r yozardim, yo kitob o‘qirdim. She’rlarim “G‘uncha”da hamon onda-sonda bosilib turar, boshqa nashrlar ham borligi hanuz xayolimga kelmasdi.
“G‘uncha”da ko‘rinib qoluvchi she’rlarim tajribamga yarasha edi. Miraziz aka solgan “yamoq”lar ularning g‘irt “yirtiqchopon”ligini sal yashirib turardi:

– Buncha ulkansan, ey tog‘,
Seni ilg‘olmas ko‘zim.
Qoyang tik va qirrali,
Muncha ham bo‘psan azim?

– Sen endi yetti yoshda,
Boqqin-chi bo‘yingga bir.
Million yoshga kirsam ham
O‘smaymi shuncha, axir!

O‘qigan kitoblarim yuzasidan ko‘pincha Abdusalom bilan fikrlashardim. Bahsimiz ba’zida janjalga aylanib ketishiga sal qolsa-da, baribir bir-birimizdan ajragimiz kelmas, o‘qigan kitobimiz haqida yayrab gurung qurish mumkin bo‘lgan boshqa zotni bu atrofdan topish mushkul edi. Manavini o‘qib, mag‘zini chaq, deya o‘n uch yoshimda muqovasiga “Shekspir” deb yozilgan kitobni tutqazgan ham shu Abdusalom edi (1960 yilda nashr etilgan bu kitobni shu kungacha saqlab kelaman). Ayniqsa, Gamlet, qirol Lir, Romeo va Juletta menda kuchlidan kuchli taassurot qoldirgandi o‘shanda; asarlardagi o‘tkir-o‘tkir gaplarni daftarchaga ko‘chirib olib, tez-tez qaytariqlab turardim, maktabda bolalarga yoddan o‘qib berardim; ularning hech birida o‘zgarish sezilmaganini ko‘rib, o‘zimcha xunob bo‘lardim. Bularni tinglab, birgina Abdusalom rohat qilardi, satrlar ostida yotgan, men hali tag-tagigacha tushunib yetmagan ma’nolarni sharhlashga tushsa, berilib eshitar edim. Damo-dam xasadim qo‘zib, shu bola uqqan narsalarni nega men o‘zimcha anglab yetolmadim, deb o‘ylardim.
Abdulla Qodiriyning hajviy hikoyalari o‘sha damlarda ikkovimiz uchun alohida sevimli bo‘lib qolgandi. Kalvak maxzumni, Toshpo‘lat tajangni qayta-qayta esga olib, bu chapani qahramonlarning hurmacha qiliqlari, jaydaricha gaplaridan har safar yumalab-yumalab kulardik. Bu kitobni goho ukalarimga o‘qib bersam, ularga ham rosa nasha qilardi.
Kitoblar xazinasi ichra kechayotgan farahbaxsh kunlarim uzoqqa cho‘zilmadi. Bir kuni dadam:
— Samarqandda moliya texnikumi ochilibdi. Texnikumdagilar hamma moliya bo‘limlariga xat jo‘natib, shu sohada uquvi bor yoshlarni yo‘llanma bilan o‘qishga yuborishni so‘rashibdi. O‘qishga tobing qalay? – deb qoldi.
— Tobim yaxshi, — dedim, — omaleykin bilasiz-ku, men jurnalistlikka o‘qimoqchiman.
Dadam maslahat bergan bo‘ldi:
— Sen, avvalo, birorta kasbni egalla. Agar yaxshi yozsang, o‘qimasdan ham shoirmi, jurnalistmi bo‘lib ketaverasan.
— Bu gapingiz ham to‘g‘ri.
Hech bo‘lmasa, shaharda bir sang‘ib kelarman, degan o‘y kechdi boshimdan va dadamga osongina rozilik berib qo‘ya qoldim.
Ertasiga tuman moliya bo‘limiga bordim. Mudir jussamga boshdan oyoq nazar solib chiqqach, turqingni yoqtirib qoldim, bir yaxshilik qilay senga, deb viloyat moliya bo‘limi boshlig‘i bilan telefonlashdi. O‘qishga kirishim osonroq ko‘chishi uchun yo‘llanmani viloyatdan oladigan bo‘ldim.
Bir-ikki kundan so‘ng dadam qo‘shnimizdan ozgina qarz so‘rab, o‘zida boriniyam qo‘shib, qo‘limga o‘ttiz so‘mcha pul tutqazdi. Buning to‘rt so‘miga chipta olib, kechki poyezdda Samarqandga jo‘nadim. Amakivachcham O‘rinboy aka meni stansiyaga kuzatayotib, uyingdagilar tirikchilikdan qiynalib yurganida, o‘qishing ham ularga bir yuk bo‘libdi-da, deb qo‘ydi. Yuragim g‘alati urib, birdan ko‘zim jimirladi, qorong‘ulasha boshladi. Xayriyat, yorug‘lik tez qaytib, o‘zimni yana o‘nglab oldim.
Ammo, haqiqiy yorug‘lik xonadonimizdan ham, mendan ham ancha uzoqda edi hali.

TЕSHIK POYABZALLI RITSAR

O‘rischa gapirg‘oningda, o‘zbekligingdan iymanma!
Gulmat SHOSHIY

Yangi tashkil etilgan Moliya texnikumi barcha oliy va o‘rta maxsus bilim yurtlarida kirish imtihonlari o‘tib bo‘lganidan keyin ishga tushgani uchun, hujjat topshiruvchilar safi boshqa joyda “yiqilib” bo‘lganlar hisobiga kun sayin ko‘payib boraverdi. Shunga qaramay, yo‘llanma bilan kelgan imtiyozlilar qatorida men ham o‘qishga osongina kirib oldim. Viloyat moliya bo‘limi boshlig‘i menga yo‘llanma berayotib, yaqingacha o‘zimizda ishlab kelgan Shafikov texnikumga direktor bo‘ldi, biror muammoga duch kelsang, shartta oldiga kirib, mendan salom ayt, degandi; bunga ehtiyoj tug‘ilmagan bo‘lsa-da, salomni yetkazish bahonasida, har ehtimolga qarshi, direktor bilan chalaroq tanishib qo‘ydim.
Yo‘llanma bilan kelib o‘qishga kirganlarning aksariyatini joylarda ilgaritdan soliq yig‘uvchi bo‘lib ishlab yurgan yigirma besh-o‘ttiz yoshli kimsalar tashkil etardi. Allaqachon pixi qayrilib bo‘lgan bu tullakilar orasida kun ko‘rish mushkulroqdek tuyulayotgandi. Kamsonli bo‘lgan, aftiga qarab, birinchi kurs talabasi desa degudek jo‘jaturxatlardan bittasi men edim. Qani, bu yog‘ini ko‘rib boraveraylik-chi, deb o‘yladim ichimda.
Tarix, o‘zbek tili va adabiyotidan boshqa barcha darslar rus tilida o‘tilishi boshda meni ancha qiynadi. Kinochiligimda ruscha filmlardan olgan “sabog‘im”, Farg‘ona shahrida o‘qigan vaqtimda ruslar bilan gaplashishga to‘g‘ri kelib turgani foyda berib, ikki-uch oydayoq sharoitga moslashib oldim. O‘qishimiz kech kuzda boshlangani yetmaganidek, bir yilda ikki kursni bitirishimiz lozim topilib, kuniga sakkiz-to‘qqiz soatlab ta’lim olardik. Shu narsa meni ko‘proq toliqtirayotgandi. Yigirma so‘m stipendiyaning besh so‘mini ijaraxona uchun to‘lab, qolganiga bir oy tirikchilik qilishga chidash bundan-da og‘irroq edi. Qorinning g‘amidan tashqari, goh o‘quv qurollari sotib olishing kerak, goh kinoga kirging keladi, goh yengi yoki yelkasi sizilib borayotgan ko‘ylagingni yangilash lozim bo‘ladi…
Hech bir yerga sig‘maslik, o‘zimni turtkilarga duchor etaverish taqdirimga bitilganmi, maktablardagi singari bu texnikumda ham bir gal qattiq tazyiqqa uchradim, tugalay badarg‘a qilinishimga ozgina qoldi. Bunga, oldiniga texnikumimizga teginmay turishib, rejani har qanday yo‘l bilan bajarish zarur bo‘lib qolganida, bizni izg‘irinli kech kuzda paxta terimiga haydab chiqqanlari sababchi bo‘lgandi.
Yeyishing – nonushtaga non, choy, boshmaldoqdek sariyog‘; tushlik va yotarda esa, go‘sht uchrab-uchramaydigan, paxta yog‘i yuqib-yuqmagan makaron sho‘rva. Yashash joying – polining chiriy boshlagan, oralari ochilib ketgan taxtalari orasidan balchiqnamo qo‘lansalik buruqsab turuvchi; deraza oynalarining bir qismi siniq; tutqichsiz eshigi yaxshi yopilmaydigan; suvoqlari ko‘chib, ola-chalpak tusga kirgan, yomg‘ir yog‘sa, tomidan chakka o‘tadigan dala shiyponi. Yotishni aytsak, tagingda bir qavat kir matras, ustingda yupqa adyol yopinchiq. Kiyimlaringga burga to‘lib bo‘lgan. O‘qituvchimiz Alimovdan o‘rnak olib, xonada bemalol chekaverishimizdan bino ichi battardan sasib ketadi. Ishlab topgan puling, yirtgan kiyiming tugul, yo‘qotgan tugmangga ham arzimaydi – allaqachon beshinchi-oltinchi terim boshlanib, g‘o‘zalarda jirttak ko‘sakchalargina qolgan, bir kunda ikki etakka yetkazib terish mushkul bo‘lgan bu davrda paxtaning bir kilogrammiga o‘n tiyindan haq to‘lashar, eng ilg‘orman deganlar tongdan shomgacha tirishib, biror so‘mga zo‘rg‘a ega bo‘lardi. Shuginadan ham yegan ovqating uchun pul chegirib qolishadi.
To‘rt haftacha chidab yurdim, keyin maktabdagi eski “qochqoqlik kasali”m qo‘zidi; o‘zimdan besh yoshcha katta bo‘lgan, ashaddiy qartachi qimorbozlardan hisoblangan asakalik Fozil aka bir kuni o‘zicha ahvoldan shikoyatlanib g‘udrana boshlaganida, uni yo‘ldan urib, juftakni rostlashga ko‘ndirdim. Ikkalamiz avval uch-to‘rt kun Oltiariqda yurdik, so‘ng u meni o‘sha davrda Leninsk deb ataluvchi Asakaga olib ketdi. Mehmondorchiliklar tugab, Polosonga qaytgach, qishloqdagi o‘rtoqlarim bilan sandirang‘lashga berildim.
Sovuq kunlarning birida Samarqandga qaytdim, o‘qishlar boshlanganiga ikki-uch kungina bo‘lgan ekan. Ilmiy mudir Abdulhakimov qochoq, dezirtir deb babalab berdi. Ertasi kuni Fozil aka ham paydo bo‘lgach, majlis chaqirilib, ikkalamizni texnikumdan haydash masalasi muhokamaga qo‘yildi. Texnikumdagi eng chiroyli ayol o‘qituvchi Davidova goh ko‘ziga maftunkor suzilgancha tikilib turaverishim, goh ilmoqdor qochirimlar bilan tegajoqlik qilaverishimga qaramay, bularni yengilroq jazolab, stipendiyadan mahrum etib qo‘yaqolaylik, degan taklifni kiritdi. Abdulhakimov azal qattiqqo‘l edi, ularni haydashimiz shart, deb turib oldi. Shunda, goh-goh tashqarida uchrashib qolsak, ha zemlyak, o‘qishlar yaxshi ketyaptimi, deb yuradigan direktor Shafikov boshqa taklif kiritib, hozircha bizni komsomol safidan o‘chirishning o‘zi kifoya qilishligini aytdi. Unga hech kim e’tiroz bildirolmadi.
Darslar tugab, uy-uyga tarqalayotganimizda, texnikum komsomol tashkilotining kotibi jazavalangan qiyofada yo‘limni to‘sib, gruppangdagi ro‘yxatni ko‘rsam, sen komsomol a’zosi emas ekansan-ku, nega majlisda shuni aytmading, deb baqirishga tushdi.
— Tortindim, — dedim o‘zimni mullavachchadek muloyim tutib. – Shaxsan direktorimizning o‘zlari meni komsomol deb tursa, gaplarini noto‘g‘ri deyishga betim chidarmidi?
Bosh komsorg keskin hushyorlandi, hovuri pasayib, e, bo‘lar ish bo‘ldi endi, deya qo‘l siltaganicha ortga burildi. Birdan yengil tortdim. Maktab – boshqa masala, bu texnikumdan quvilsam, o‘qishni u texnikumda davom ettirib bo‘lmaydi-ku. Ota-onam, o‘zlari yaxshiroq yemay-ichmay bo‘lsayam, meni imkon qadar qo‘llab kelishyapti, talabalikdan mahrum etilsam, ularning oldiga qaysi yuz bilan kirib boraman?
Texnikumda o‘qishdan ko‘rgan asosiy naflarimning biri – turli viloyatlardan tanish-bilishlar, qadrdon do‘stlar orttirganim bo‘ldi. Ayniqsa, asakalik Fozil aka, Hamid aka, Abdullajon, qo‘qonlik Akbarali, farg‘onalik Usmonali, forishlik Nosir, tumandoshim Toshbek ko‘nglimga juda yaqin edi. Guruhimizdagi biri o‘zbek, biri qoraqalpoq, biri qrim, biri koreys millatiga mansub qizlarning barchasi bilan apoq-chapoq esam-da, termizlik rus qizi Tanya Biryukova jon-jonim edi. Pillarang sochi yiltiraganicha yelkasiga quyilib turadi; og‘zi kichkinagina; yupqa lablarining bir chetini burib jilmaya boshlasa, oppoq yuzining yonog‘idagi qizilliklar yanada ravshanlanib, zangori shahlo ko‘zlari o‘ynoqlanishga tushadi.
Darsda doim uning orqasida o‘tirardim; goho sochlarining uchini silay boshlasam, dam qitig‘i kelib, oldinroqqa egilib olardi, dam indamay turaverardi. Barcha kursdoshlar bunga oddiy hol sifatida qarashga allaqachon ko‘nikib ketishgandi. Buning bosh sababi – 8 mart kuni boshqa qizlarimizga bir donadan, unga uch dona arzon gul taqdim etayotib, yuzidan o‘pishga ruxsat so‘raganimda, e’tiroz bildirmagani; o‘pib bo‘lib, endi Tanya – mening sevgilim, uni hafa qilganlar – dushmanim, deb ovozalaganim; Tanya ham bu hazilni davom ettirib, bo‘pti, bugundan boshlab Anvar – mening ritsarim, degani edi.
Mening ritsarligim bag‘oyat o‘ziga xos edi. Tanyaning asabiga tekkanlarga xomaki do‘q urib qo‘yishdan tashqari, dars chog‘ida ruchkasi qo‘lidan tushib ketsa, tezda o‘rnimdan turib, yerdan olib berardim; sovqotayotganini payqasam, qo‘llarini og‘zimga yaqin tutib, “kux-kux”lab ilita boshlardim; issiqdan terlasa, daftarda yelpishga tushardim, dugonamniyam yelpib qo‘y, desa, miq etmay bajarardim; tuflisi changlaganini ko‘rsam, ro‘molchamda tozalab tashlardim. Evaziga, onda-sonda o‘pich so‘rab turardim xolos. Ko‘pchilikning oldida hazilga yo‘yib o‘ptirardi, yolg‘iz tursak, haddan oshishimga yo‘l qo‘ymasdi.
Rostini aytsam, o‘zim ham ko‘pchilikning ichida qiziqchilikka shilqimlanar edim-u, qiz bilan yolg‘iz gaplashganda juda tortinchoq bo‘lib qolardim, mo‘ltonilanib avrash u yoqda tursin, goho gap topolmasdan tilim tutilib, lov-lov qizarib ketardim. Mabodo, tashabbus u tomondan chiqib, qiz o‘zi suykanishga intilsa, birdan dadillashib ketardim, keyin meni to‘xtatish qiyin bo‘lardi; ehtirosdan qattiq mastlanganimda, o‘zimni boshqarolmay qolardim. Goh-goh, vaziyat qulaydek ko‘rinib, tavakkaliga chang solishga o‘tsam, aksariyat hollarda qovun tushirardim.
Rahmdil edi Tanya. Qorlar erib, yo‘llar chilpilloq loyga belangan kunlardan birida, tagi teshilib ketgan qishki botinkamdan suv o‘tib, paypog‘im jiqqa ho‘l bo‘ldi. Dars vaqtida botinkam bilan paypog‘imni yechib, quritish uchun yonginamdagi isitish batareyasiga qo‘yib qo‘ydim. Tanaffusga chiqayotib buni ko‘rib qolgan Tanya menga achinib boqdi, puling bo‘lmasa berib turay, yangi poyabzal ol, topsang – oldinroq, topmasang – katta shoir bo‘lganingda qaytararsan, dedi. Yetarli pulim bor, bahor yaqinlab qolgani uchun bir yo‘la yozgi tufli olarman, deb yuribman-da, dedim xotirjam boqib.
She’r yozib turishim gruppadoshlarimning bariga ma’lum edi. Bir kuni mana shu Tanya o‘ziga atab ruscha she’r to‘qishimni so‘raganida, dars vaqtida yozib, tanaffusda hammaning oldida o‘qib bergandim:

Skaji mne, Tanya,
Gde naxoditsya banya?

Qofiyalar jaranglashi uchun, ruschadagi “banya” (hammom) o‘z holidek qoldirilgan o‘zbekcha tarjima mundoq durur:

Menga ayt-chi, Tanya,
Qayerda bor banya?

Talabalarning guldurosli kulgusidan darsxona devorlari yorilishiga sal qolgandi o‘shanda.
Ha, o‘qish davrida o‘chmas xotiralar mo‘l bo‘ldi. Eng muhimi, bo‘sh vaqtlarimda Samarqanddagi barcha qadimiy obidalarni qayta-qayta tomosha qilardim, ularning tarixi bilan qiziqardim. Amir Temur maqbarasining moviy gumbazi har yer-har yeridan chatnab, ola-bula tusga kirib qolgani; Bibixonim yodgorligining bir yoni butkul o‘pirilib tushgan gumbazini boshqatdan yamab qo‘yish hech kimning xayoliga kelmayotgani; Ulug‘bek madrasasi devorlari burchagidagi minoralar tob tashlab, shu kunlarda ularning bo‘yini qisqartishga tushishganini kuzatib, ta’bim xira tortardi; qarovsizlik davom etaversa, bular ham hademay Ashratxonadek vayronaga aylanishi hech gapmas, deb bo‘g‘ilardim.
Yurtimiz o‘tmishiga oid narsalar meni o‘ziga tortaverardi. Turli viloyatlardan kelgan kursdoshlarim bilan bemalolroq suhbatlashib qolsam, ular yashaydigan go‘shaning tabiati, kishilarining tirikchilik manbai, joyning nomi nega shunday atalishi kabilarni surishtirishga tushardim; Asaka aslida “yangi Axsikent” ekanligi; Amir Temur u yoki bu yerni obod qilish uchun aholini ko‘chirib borib, ba’zilariga dunyodagi mashhur shaharlar nomini berganligi, jumladan, Forish “Parij”dan kelib chiqqani; Nurota qadimda “Norota” bo‘lgani singari tushunchalar miyamga bir-bir o‘rnasha boshlardi.
Menga nima zarurati borligini aniq bilmasam-da, nurotalik kursdoshim Jo‘ravoyning keksa o‘qituvchilardan bo‘lgan qarindoshimi, qishloqdoshimi, Samarqandga o‘z ishi bilan kelib, orada talabani ham yo‘qlab o‘tganida, kechki ovqatda u bilan tasodifan birga bo‘lib, Nurota ilgari nega Norota deyilganini so‘radim. Uning aytishicha, tog‘ning ichkarisida xuddi ataylab alohida yaratilgandek, boshqa o‘rkachlarga tutashmagan tarzda savlat to‘kib turuvchi; lolalarga, rango-rang chechaklarga o‘ta boy; archalari osmono‘par, uzoqdan qaraganga nortuyaning o‘rkachini eslatuvchi ulkan tepalik qadim-qadim zamonlarda yerliklarning mo‘’tabar go‘shasi bo‘lgan ekan; bahorgi ekin-tikinlar boshlanishida, kuzgi hosillar yig‘ib olingan pallada kishilar shu joyga yig‘ilib bazim qurisharkan; nimalarnidir irim qilib, eng katta archaning shoxlariga lattalar bog‘lashar ekan. Butun boshli tog‘ning nomi ham shu do‘nglikdan kelib chiqqan ekan. Aslida, tuyaning yakka o‘rkachiga o‘xshash tepalik “nor” deb atalib, u gavjumlashib borgach, ajdodlarimizning qadimiy udumiga ko‘ra, unga “ota” degan e’zozli qo‘shimcha tirkalgan bo‘lsa kerak, degandi qariya. Yurtimizda islom dini qaror topgach, ulamolar dov-daraxt kabilarga topinish gunoh ekanini ta’kidlashi, so‘ng sovet hukumati milliy udumlarni diniy sarqitga yo‘yishi natijasida shundayin ham yetib borish juda qiyin bo‘lgan bu tepalikni ziyorat qiluvchilar kamayib ketib, bora-bora hech kim u yoqqa qadam bosmay qo‘yibdi. Pastdagi muqaddas qabr arablar kelganidan ancha keyin paydo bo‘lib, asta-asta asosiy ziyoratgohga aylanibdi, “Nurotaning qabri” degan yangi ibora oddiy kishilar ko‘ngliga tobora chuqur singaveribdi.
Pochasi tor shimga sariq ko‘ylak kiyish “stilyaga” yoshlarning orasida behad mo‘daga aylanganida, fotoapparatida meni ko‘p suratga tushirib yuradigan, kambag‘alroq oilada o‘sgan kursdoshim Toshbekning oq ko‘ylagini sariqqa bo‘yab bermoqchi bo‘lib, ola-bula qilib qo‘yganim; ijaradoshim Nosirning keksa qarindoshi mehmonga kelganida, xonadoshlarim bilan garov o‘ynab, cho‘pon cholning gulli chitdan tikilgan choponi, so‘ppili sallasi, kalishli mahsisini kiyib, shaharni bir aylanib chiqqanim, goh o‘tkinchilarga telva-tezik savollar berib, goh qizlarga ersak-tersak gap tashlab, ensalarini qotirganim; Farg‘ona futbolchilari Samarqandda “Dinamo” bilan bellashganida, stadionda baqiriq-chaqiriqni kuchaytirib, ishqibozlar orasida janjal qo‘ziganim; Registon yaqinidagi Vino zavodi qorovulining suyukli itini tinimsiz maqtab o‘tirib, u iyib ketgan chog‘da, bir so‘mga besh litr vino undirganim kabi qiziq ishlar hozirgacha tez-tez yodimga tushib turadi.
Amaliyot o‘tkazish uchun bir guruh talabalar bilan Oltiariq moliya bo‘limiga borganimizdagi bir voqeani ham sira unutolmayman. U davrlarda kosib-hunarmandlarga bozorda kun yo‘q edi. Birov do‘ppi-qiyiq, birov etik-mahsi, birov chopon-kamzul tikib, boshqasi beshik yo deraza yasab, kimdir chiqindi jundan kigiz bosib, sotishga olib chiqsa; goh moliyadagilar, goh bozor mirshabi ularni tizg‘itib quvar, qo‘lga tushganlarga mo‘may jarimalar solishardi, artelga kirib ishla, deb dag‘dag‘a qilishardi. Artelda esa, qilingan mehnatga yarasha haq to‘lanmas, shu bois hunarmandlar ishni qo‘l uchida bajarishar, sifatsiz do‘ppi, etik, chopon kabilar do‘konlarda kasodga uchrab yotardi. Shuni ko‘rib turib ham, kosiblarni artellarga safarbar etishga urinishaverardi. Tuzumning qonuni shunaqa edi – hamma faqat davlat tashkilotlarida ishlab, faqat davlat bergan oylik hisobiga yashashi shart edi.
Bir kuni moliya bo‘limidagilar amaliyotchi talabalarni to‘plab; bozordagilar bizni yaxshi tanishadi, shu bois sizlar oldinroq kirib, kosiblarning qo‘lga ilingan narsasini tortib olinglar; biz ortdan borib, ularga jarima solamiz, deyishdi. Uchma-uch kun ko‘rib yashovchi kosiblarga rahmimiz keldimi, ularning qarg‘ishidan o‘lib ketishdan qo‘rqdikmi, yigitlar yo‘l-yo‘lakay o‘zimizcha maslahatlashib olib, hozir moliya bosadi, deb rastalardagilarni qochirib yubordik. O‘sha kuni ustoz moliyachilardan rosa gap eshitdik. Sal qo‘rslanganim uchun Rasul Sharopov degani men bilan yoqalashib ketay dedi. Shu asno, moliya sohasida ishlashdan battar sovidim.

Tushuntiring bir og‘iz,
Ertakdagi yalmog‘iz
Hozir qaysi sohada?

* * *

Shukur qil deb zo‘rlashsa,
Yot qonunda xo‘rlashsa,
Demak qulsan, qaramsan.
(“Uchchanoqlar”dan)

Texnikum baribir ko‘p narsa berdi menga. Kasbimga bevosita bog‘liq bo‘lgan fanlarni uncha chuqur o‘zlashtirmagan bo‘lsam-da, dunyoni siyosatdan ko‘ra iqtisodiyot qonunlari ko‘proq boshqarib kelayotganini, buning ostida g‘alatidan g‘alati sirlar yashirinib yotganini baholi qudrat tushunib yetdim. Sovet darsliklaridan o‘zimga yarasha idroklaganim sayin, adolatli taqsimotga asoslangan sotsializm iqtisodiyotiga, dunyodagi barcha yalangoyoqlar galasini maishatboz va ochko‘z burjuaziya talonidan qo‘riqlovchi kuchga aylanmish sho‘rolar davlatiga nisbatan g‘o‘rgina dilimda mehr tovlanaverdi. Oiladan ancha olisda mustaqil yashamoqni, pulni qadrlab, oldingilardan ko‘ra ancha jo‘yaliroq ishlata bilmoqni o‘rgandim. Bu orada rus tilini yanada puxtaroq bilib oldim, bu lisonda nodir kitoblar ko‘p edi, o‘qiganim sayin saviyam keskin oshaverdi. Ruscha kundalik ham yozib yurdim.
Kundalik tutishim muntazam emasdi. Texnikumdan so‘ng askarligimda, tuman gazetasida ishlayotganimda ham kundaliklar bitganman. Keyinchalik bu odatim, qo‘lim tegmaganidanmi, loqaydligimdanmi, yo‘qola borib, yurtimiz mustaqil bo‘lganidan keyinroq yana davom etdi. Lekin, qishloqda ham, shaharda ham maxsus taxmonlarim yo‘qligi, kitob va qo‘lyozmalarimning bir qismi tokchalari sinib tushgan javonchalarda, bir qismi uyning burchak-burchaklarida qalanib yotishi bois, ularning orasidan eski kundaliklarni topish, ushbu esdaliklarimdan foydalanish imkoni bo‘lmadi. Topganimda ham, sinchiklab o‘qib chiqishga vaqt qayoqda deysiz!

* * *

Texnikumni bitirib olishsin deb harbiy chaqiriqni bir yilga kechiktirishgandi, diplom olayotganimda, ko‘pchilik kursdoshlarim qatori menga ham shahar harbiy komissariatining “povestka”sini tutqazib, bormaganlar javobgarlikka tortiladi, deb ogohlantirishdi. Bordik. Har xil do‘xtirlar betimizdan ketimizgacha tekshirib ko‘rishdi. Sheriklarimga navbatdagi chaqiruv qog‘ozini kutish tayinlansa-da, menga qolganda, sen ertagayam bir kelib ket, deyishdi. Sababini so‘rasam, Oltiariqdan bu yoqqa qanday kepqolganini bilmayman-u, karton papkadagi sarg‘aygan qog‘ozni ko‘rsatib, manavi joyga yuraging porokligini yozib qo‘yishibdi, lekin bizning tekshiruvda bu tasdiqlanmadi, seni respublika kasalxonasidagilar ko‘rib, oxirgi xulosani chiqarib berishi kerak, deb uqtirishdi.
Ertasiga harbiy komissariat yo‘llanmasi bilan Samarqand respublika kasalxonasiga bordim, shu zahoti palatalardan biriga yotqizishdi. Yuragimni qandaydir apparatga solishdi, keksa professor, uning ikki-uchta shogirdi ketma-ket tekshirib, ishni uch haftaga cho‘zishdi hamki, aniq bir narsa deyishmaydi. Bu orada kursdoshlarim bir-bir harbiyga jo‘nayotgandi, ba’zilari kelib, men bilan xayrlashib ketdi.
Oxiri professorning shogirdlaridan biri meni xonasiga boshlab kirib, qachon kasal bo‘lganim, davolagan do‘xtir nimalarni tayinlagani, men nimalar qilganim haqida boshqatdan surishtirishga tutindi. Uzoq kasal bo‘lganim, do‘xtir og‘ir ishlarni qilmasligimni tayinlagani, shunga qaramay, o‘zimni sekin-sekin urintirib yurib, futbol o‘ynashgacha borib yetganim, konda ishlaganim, traktor minganim kabilarni so‘zlab berdim.
— Menimcha, dardni butunlay yengib yuboribsan, — dedi do‘xtir. – Agar organizming og‘irliklarni yengolmaganida, yomon oqibatlarga duchor bo‘lishing aniq edi.
Bundan chiqdi, armiyaga borsam bo‘larkan-da, deb so‘rasam, u ko‘zimga birpas tikilib turib, xohlasang, bormasliging mumkin, “ikkita” uzatsang, hujjatingga yaroqsiz deb yozib beramiz, seni hech kim qaytib bezovta qilmaydi, respublika kasalxonasining xulosasi joydagilar uchun qonun, dedi. Dadam Mozortagida tayyorlov idorasi uchun bodring, pomidor qabul qilib, orada tuzukkina pul ishlab olganini bilsam-da, “ikkita” deganingiz ikki ming so‘mmi, deb so‘radim kapalagim uchib.
— Qo‘rqma, ikki yuz so‘m xolos, — deb kuldi do‘xtir.
Ikki yuz so‘mga suyagi yo‘g‘ongina sog‘in sigirni olti oylik buzog‘i bilan sotib olsa bo‘lar edi, o‘ylanganimcha turib qoldim.
Harbiyga bormasam, tezroq dadamning qo‘ltig‘iga kiraman, ro‘zg‘orga baraka qo‘shila boshlaydi. Boshqa tomondan qaralsa, nogiron degan nom orttirib olsam-chi? Buni armiyagayam olishmagan deb, og‘irroq yoki mas’ulroq ishlarga qabul qilmay yurishsa-chi? Harbiyga bordim ham deylik, u yerdagi qiyinchiliklarni ko‘tarishga yuragimning kuchi yetarmikin? Yurakni butunlay ishdan chiqarib qaytsam, keyinchalik ahvolim nima bo‘ladi?
Yo‘q, uydagilarni ortiqcha qiynay olmayman, traktorchilikda, konchilikda qancha og‘irliklarga yuragim chidadi, armiyaga ham chidaydi, degan qat’iy fikr kechdi oxiri xayolimdan. Buni do‘xtirga aytmay, qishloqqa borib, uydagilar bilan maslahatlashishim kerak, dedim. Unda, tez borib kel, uch kunga ruxsat beraman, deb rozi bo‘ldi do‘xtir.
O‘sha kuni kechqurunoq, pulni tejash uchun yuk poyezdining qorovulxonasiga suqulib, yo‘lga chiqdim. Ko‘ylakchan edim, shamolli tunda sovuq o‘tib, tishim tishimga takillab urila boshlaganida, zora ichimga ozgina issiq kirsa degan umidda peshma-pesh sigaret chekishga tushdim. Qotib o‘lib qolishdan qo‘rqib, mijja qoqmadim. Uyga saharga yaqin yetib borib, to‘shakka cho‘zilganimcha qattiq uyquga ketibman. Uyg‘onsam, Sarviniso buvim poygakda namoz o‘qib o‘tiribdi. Jimgina kuzatib yotdim.
Qiziq! Buvijonim joynamozga tizzalaganicha ko‘z yumib, nimalarni pichirlayapti ekan? Nahotki, Xudo shu damning o‘zida uning gaplarini eshitib turgan bo‘lsa? Menimcha buvim ro‘zg‘orimizga yana qut-baraka yog‘ilishini, o‘g‘lining ishlari yurishib ketishini tilayapti. Hozir bundan zarurrog‘i borakanmi? Xudo rostdanam bularni eshitib turgan bo‘lsa, zora biror chora ko‘rsa-yu…
Bu kampirning “yaman bo‘lgur” Anvari hademay uch yillik harbiy xizmatga jo‘naydi. Hozir 1966 yilning kuzi. Qishi haddan ziyod qattiq kelgan 1968 yilning adog‘idagi qahratonli kunlardan birida kampirsho vafot etadi. Musofirchilikda ko‘ngli buzilmasin deb, nevarasiga bu haqda xabar berishmaydi.
Birgina buvim emas, uning ukasi Qodirvoy tog‘amiz ham, meni o‘z farzandidek suyadigan shaharlik Qosimjon opog‘dadamiz ham, Fayziboy otamizning xotini Saddi kelinbumiz ham harbiydan qaytganimda allaqachon u dunyoga ketgan bo‘lishadi. Bularni oldindan bilsam, ularning har biri bilan quchoqlashib-quchoqlashib vidolashgan bo‘lmasmidim.
Oiladagilar davrasida nonushta qilgach, mahalliy duradgorlar yasagan beso‘naqay shkafning ostki sandiqchasidagi kitoblar orasiga diplomimni yaxshilab yashirib qo‘ydim. Kun bo‘yi uyda bo‘lib, ukalarim bilan gap chaynab o‘tirdim. Kasalxonada yotganim, do‘xtirlar aytgan taklif haqida ota-onamga hech nima demadim. Ertasiga ko‘cha kezib, yaqin o‘rtoqlarimni, tengdoshroq qo‘shnilarimni ziyofatga aytdim. O‘qishni tugatganimni nishonlash bahonasida kechki payt ularga dasturxon yozgan bo‘ldim. Bu o‘tirishga yaqinroqdagi qarindoshlar, opa-pochchalarim ham kelishdi.
Keyingi kuni yo‘lga hozirlana boshlaganimni ko‘rgach, o‘qishimiz tugadi deyayotgan eding-ku, nega yana Samarqandga bormoqchisan, deb qolishdi uydagilar.
— O‘qish tugadi, omaleykin hali diplomimizni berishgani yo‘q, — dedim yolg‘ondan. – Texnikum uchun yangi bino qurilyapti, qurilishda biror oy tekin ishlatib, keyin diplomimizni beradigan bo‘lishdi.
Keyingi kuni kattaroq ukalarim, besh-oltita o‘rtog‘im, To‘lqin pochcham men bilan birga temiryo‘l vokzaliga kelishdi. Harbiyga ketayotganimni hanuz hech kim bilmasdi. Shu kamxarjlikda meni kuzatish uchun uydagilar gala-gala bo‘lib Samarqandga borishlarini, ortiqcha sarf-xarajat qilishlarini istamayotgandim.
Poyezd kelib to‘xtagach, hamma bilan xotirjam xayrlashdim. Ammo, vagonga chiqib borishim bilanoq, to‘satdan to‘liqib ketdim, ko‘zlarimdan yosh duvulladi. Bu qanaqa yig‘i ekanligini shu topda o‘zim ham tushunolmayotgan edim.

TЕKIN KIYIMLILAR SAFIDA

Sog‘lom yigitning peshanasi sho‘r – ana uylanaman deganida, askarlikka chaqiriladi.
KULKUL afandi

Samarqandga kelgan kunimning o‘zida kasalxonaga borib, do‘xtirimga uchrashdim. Agar yuragimda ozmi-ko‘p kasalim bor bo‘lsa, u yog‘ini o‘zlaring bilasizlar, agar rostdanam soppa-sog‘ bo‘lsam, armiyaga ketaveraman, dedim. U, bu gapingni professorga aytib ko‘ray-chi, deb chiqib ketganicha, yonimda ertasi ertalab paydo bo‘ldi. Qo‘limga yelimlangan konvert tutqazib, buni bugunoq harbiy komissariatga eltib ber, dedi. Komissariatdagilar konvertdagi hujjat bilan tanishib chiqib, aynimaydigan oziq-ovqating bilan ertaga tush paytida shu yerda bo‘l, armiyaga jo‘naysan, deyishdi.
Ijara uyni egasiga allaqachon topshirib bo‘lganim bois, Abdulhakim akanikiga yo‘l oldim. Bu odam kursdoshim Abdullajonning akasiga sobiq polkdosh ekan, ikkalamiz uning uyiga ora-sira borib turardik, doim ochiq yuz bilan qarshilab, yaxshigina mehmon qilardi. Bu safar ham quchoq ochib kutib oldi, meni hatto kasalxonaga ham yo‘qlab borgan kelin opamiz yana iltifot ko‘rsatib, karamsho‘rvalarga bo‘kishdan oldin o‘zbekning oshiga bir to‘yvoling, deb palov damlab berdi.
Chaqiriluvchilar roppa-rosa qirq kishi ekanmiz, bitta Alibobo yetishmay turgandi bizga. Poyezd kelishi arafasida perronga saflashib, yana bir bor yo‘qlama qilishdi. Bizga Rossiyadagi Leningrad harbiy okrugi ixtiyoriga o‘tdilaring, deb aytishganiga qaramay, platforma yoniga “Samarqand – Toshkent” yo‘lovchi poyezdi kelib to‘xtaganidan picha taajjublandim, keyin esa, Toshkentda boshqa poyezdga chiqarishsa kerak, deb o‘yladim. Bitta vagon biz uchun alohida ajratilgan ekan, shunga mindik.
Vagon kupesida yonma-yon o‘tirganlar yo‘l-yo‘lakay bir-birimiz bilan yaqinroqdan tanisha boshladik. Sheriklarim qopidan u-bu yeguliklar olib, o‘rtaga tashlashdi. Men to‘rxaltamdagi kolbasa va bulochkalarni dasturxonga to‘kib qo‘yaqoldim.
— Ie, bor narsang shumi? – Samarqand shahridan chaqirilgan Jora ismli yahudiy yigit menga taajjublanib boqdi. – Leningradgacha hali nechchi kun yurishimiz noma’lum, bu orada nimani yeysan?
Qiyofasi xushbichimligi, tabiati muloyimligi bilan birinchi tanishuvdayoq menga yoqib qolgan Qahramon degan poyariqlik yigit Joraga e’tiroz bildirgan bo‘ldi:
— Bizda yegulik ko‘p, hammamizga yetib ortadi.
Biroq, bir qop ovqat ketadigan darajada uzoq yo‘l yurish hech birimizga nasib etmadi. Toshkentda mazkur 1966 yilning yigirma oltinchi aprelida qattiq zilzila sodir bo‘lgan, vayronalarni tiklash uchun SSSRning hamma joyidan ko‘makchilar kelgan edi. Jumladan, Leningrad harbiy okrugiga bo‘ysunuvchi, biz endigina qaramog‘iga o‘tgan 33715 raqamli harbiy-quruvchilar polki ham Toshkentning Sirg‘ali tumaniga kelib qo‘ngan, “Sputnik” (Yo‘ldosh) shaharchasini bunyod etishda qatnashayotgan ekan. Biz o‘n uchinchi oktyabrda ularga qo‘shilib, yalanglikka qatorlashtirib tikilgan brezent chodirlardan biriga joylashdik. Vokzalda fermaning podasiga o‘xshab ko‘ringan bo‘lsak-da, endi bitta palatkaning ikki qavatli yog‘och so‘rilariga qirq kishi jippa sig‘dik-qoldik.
Armiyada norasmiy qonunlar ham ko‘p bo‘larkan, shulardan biri – polkka yangi askarlar kelsa, xizmatni bitirish arafasida turganlar, uyga borganda kiyish uchun, ularning fuqarocha kiyimini yechib olarkan. Ko‘pchilikniki juldurroq ekanligi bois, mening oxorli kiyimim uchinchi yilni tugatayotgan “starik”lar orasida talash bo‘ldi. Yulishgudek kepatada qarshilik ko‘rsatishga tushdim. Qismning bosh oshpazi marg‘ilonlik Odiljon degan yigit ekan, u ikkinchi yil xizmat qilayotgan bo‘lsa-da, obro‘si balandligidan foydalanib, meni “uchinchi”lar qurshovidan qutqarib chiqqach, ust-boshimni uning o‘ziga yaxshilikcha yechib berdim. Bahonada, bosh oshpaz bilan yaqindan tanishib oldim.
Yog‘och devorli kattakon dushxonada cho‘milib chiqib, tekinga berilgan harbiy libosni kiyyapman-u, hayajondan o‘zimni qo‘yarga joy topolmayman. Paxta matodan tikilgan qalin shim va ko‘ylak, qizil yulduzli chuchvarado‘ppi (pilotka), kalta po‘stinga o‘xshash bushlat. Barchasi to‘q sariq tusda. Belda desangiz – to‘g‘nag‘ichi yaltillab turgan enlik kamar, oyoqda – yap-yangi, qop-qora kirza etik. Qaniydi, kattakon toshoyna topilsa-yu, unga bor bastingni solib, o‘zingni miriqib tomosha qilsang.
“Karantin” deb ataluvchi bir oylik dastlabki harbiy tayyorlov mashg‘ulotlari boshlandi. Qoidaga ko‘ra, yangi askarlarni bu davr ichida boshqalarga qo‘shmaslik kerak. Bu yerda esa, nonushtadan so‘ng bizga safda yurish, komandirlar bilan muomala qilish tartiblarini bir-ikki soat o‘rgatgan bo‘lib, keyin qurilishdagi ishlarga olib ketishardi.
Oshxonadagi ovqatlar hech birimizga tatimayotgan edi. Ba’zi o‘rtoqlarimiz kiselni ichmas, cho‘chqa yog‘ini yemas, hatto “slivochnoye maslo” deb ataluvchi sariyog‘niyam chetga surib qo‘yishardi. Ko‘nglimga xush kelmasa-da, men duch kelganini uraverishga tirishdim. O‘n kunlar o‘tib, bu “it yemas” taomlarga hamma birdek ko‘nikib ketdi. Oldidagi sariyog‘ni menga uzatib turadigan birorta sahovatpesha qolmadi.
Ko‘pchilikka qo‘shilib yurishim uch-to‘rt kunginaga cho‘zildi xolos. Moliya texnikumini tamomlaganimni hujjatimdan ko‘rib bilishib, hisob-kitob ishlari tig‘izlashib turgan ushbu pallada, meni zudlik bilan buxgalteriyaga safarbar etishdi. Polk shtabida katta komandirlarga yondosh bo‘lib ishlashimni nazarda tutib, “parad formasi” deb ataluvchi rangi to‘q zangori, tugmalari yaltiroq mundir, galifeli shim, tivitli telpak berishdi. Dam olish kunlari qurilishga olib chiqishsa, yana odmi ustboshlarimni kiyib olardim. Askarning kiyimidan tortib yeb-ichishigacha tekin, deyishardi. Keyin bilsam, qurilish batalyonlarida bularning haqini ishlab topgan pulingdan ushlab qolisharkan.
Sirg‘alidagi bir, ikki qavatli yog‘och uylarni askarlar qurgan. Yillar o‘tib, Toshkentda ishlay boshlagan davrimda shoir Xurshid Davronnikiga mehmonga borsam, o‘sha uylardan birida yashayotgan ekan. Yog‘och binoning shiftiyu devorlariga qoqilgan karton DSPlar yorig‘ini suyuq bo‘rda yamash, xonalarga guldor oboy-qog‘ozlarni yelimlab yopishtirish, tomga shifer qoqish sirlarini shu yerda o‘rganganimni aytib, balki hozir mening qo‘lim tekkan uyda o‘tirgandirsiz, dedim.
Manzilni tushuntirib, qishloqqa xat yuborgan edim, oradan hafta o‘tmay, dadam bilan ayam yetib keldi. Dadam quchoq ochganicha menga yaqinlasharkan, ko‘zlaridan yosh tomchilay boshladi. Dadamning yig‘laganini umrimda birinchi marta ko‘rishim edi.
Shtabda bug‘oltirlik qilayotganim, ishim vazmin emasligini eshitib, ayamning boshi osmonga yetdi. Yaxshiyam bolamni o‘qitgan ekansiz, mana, xor bo‘lmay yuribdi, deb dadamni alqay ketdi.
“Karantin”dan o‘tib bo‘lib harbiy qasamyod qabul qilganlar, odatda, turli rotalarga tarqatilar ekan, biz esa, deyarli barchamiz bitta rotada qolaverdik. O‘zga rotaga o‘tkazilganlar ham hozircha issiq joyini sovutmay, shu chodirda o‘shanday yashayverdi. Goh askiya bo‘ladi, goh birovimiz boshdan o‘tgan qiziq voqealarni so‘zlashga tushamiz. Xatda yozib yuborganim uchun dadam uydagi rubobimni olib kelgandi, ba’zan shuni chalib, yigitlarni o‘yinga solaman. Qo‘shiq xirgoyi qilishlar ham bo‘lib turadi.
Shoirligimni bu yerdayam yashirib o‘tirmadim. She’r eshitaylik, deb qistab qolganlarida, yodimda borlarini tortinibgina o‘qib berardim. Keyinchalik ancha betim qotdi, o‘zimni erkinroq tutadigan bo‘ldim. Eski she’rlarni o‘qiyverish jonimga tegdimi, biri “o‘ldim-kuydim”li, biri xira falsafali bitiklarim tinglovchilarni o‘ziga unchalar jalb etolmayotganini sezdimmi, bo‘sh qolganimda kulgililaridan to‘qib, davrani og‘zimga qaratishga urina boshladim. Bunday she’rlarning aksariyatini suyuqdan suyuq mavzular tashkil etar, satrlar nayniqdan nayniq so‘zlarga to‘lib yotardi. Ana, endi muxlislarimning sanog‘iga yetib ko‘ring! (Nayniq she’rlar va bir-ikkita “intim” hikoyachalarim ko‘chirilgan alohida daftarni armiyadan keyin ham necha yil asrab yurgach, oxiri nimalardandir istihola qilib, shartta yoqib yubordim. Faqat, boshqalargayam, o‘zimgayam ko‘proq yoquvchi, takror-takror o‘qiyverib yod bo‘lib ketgan balet haqidagi she’riy hangomamni keyinchalik silliqlab, Kulkul afandi to‘plamiga qo‘shdim).
Shtabda ishlayotganim uchun rota, vzvod komandirlari menga tobora hurmat bilan qarayotganlaridan foydalanib, havo sovishni boshlagan davrdan e’tiboran dam olish kunlari qurilishga chiqmay qo‘ydim. Bosh oshpaz Odil akadan o‘z kiyimimni ijaraga olib, shahar markaziga chiqib ketadigan, turli institut va texnikumlarda o‘qiyotgan qishloqdosh talabalarnikiga borib, qaymoqlashib o‘tiradigan bo‘ldim.
Yuzlab ko‘pqavatli uylar butun Toshkent bo‘ylab zuvira-zuv qad ko‘tarayotgandi. Biroq, o‘zbeklar ko‘pqavatli uylarga ko‘chishdan ko‘ra o‘zlari hovlili uy qurib olishga intilar, ularga chetroqdan ajratilgan tomorqa yerlarda yana avvalgidek katalak imoratlar paydo bo‘layotgandi. Bu to‘polonda qurilish materiallari keskin arzonlashib ketgan, davlatni tinimsiz sog‘ayotgan qurilish trestlari qaramog‘idagi tashkilotchalarning rahbarlari, mutaxassislari ashyolarni to‘xtovsiz sotib, mo‘may pul jamg‘arayotgandi. Ko‘pqavatli uylarga mahalliy aholi orasida talabgorlar kamligiga qaramay, ularni Toshkentga tevarakdagi viloyatlardan kelib ishlayotgan uysiz o‘zbeklarga berishmasdi. Oxir-oqibat, bularning bir qismini chetdan yuborilgan rusiyzabon ishchi-mutaxassislar, bir qismini turli respublikalardan hasharga kelgan quruvchilarning o‘zlari egallab ola boshladi. Toshkent aholisi shu damgacha o‘zbekistonlik bo‘lmagan ming-minglab kelgindilar hisobiga keskin ko‘payib boraverdi.
1967 yilning quyoshli bahorida polkimiz askarlari o‘zlariga tegishli binolarning barini qurib bitkazdi. Hammamiz “Stroitelyu Tashkenta” (Toshkent quruvchisiga) degan esdalik nishoni bilan taqdirlandik. Nishonlarni topshirishga bag‘ishlangan tadbir tantanali kuzatuv marosimiga ulanib ketdi. Avtobuslarda vokzalga bordik, askarlar uchun ajratilgan alohida eshelonning shalog‘i chiqib yotgan betarovat vagonlariga jov-jovur bilan joylasha boshladik. Havo iliq, ichimiz esa muz-muz edi.
O, qodir egam! O‘zbekning bolalarini bular qayoqqa olib ketishyapti? Bizni O‘zbekistondan tashqarida nima kuylarga solishmoqchi?

IKKI O‘G‘IL – IKKI YOT YURTDA

Qorning ochib, qor yamlamoqni boshlasang, demakkim, O‘russiyada yuribsan.
Gulmat SHOSHIY

Poyezdimiz attorning eshagidek dam unda, dam bunda to‘xtalib, bir haftacha yo‘l yurgach, nihoyat, Moskva bilan Leningrad (hozirgi Sankt-Peterburg) oralig‘idagi Bologoye degan shaharga yetib kelib, manzil quchdik. Tashqaridagi izg‘irin kiyimlarni ignalab teshayotgandek, achitqi shamol tizzako‘mar qorlarni to‘zg‘oq kabi puf-puflab o‘ynayotgandek tuyilardi. Faqat archalargina po‘stinli soqchilarga o‘xshab ko‘rinar, boshqa daraxtlar hammomdagi askarlardek yoppasiga yap-yalang‘och edi.
Chor Rossiyasi davrida bunyod etilgan, hozirdagidan ensizroq pishiq g‘ishtdan qurilgan devorlari u yer-bu yeridan yorila boshlagan eski vokzal binosi ichida ozgina isinib olishimizgayam qo‘yishmadi. Ustiga brezent o‘ranchiq tortilgan “Ural” yuk mashinalari bizni qatorlashib kutib turgan ekan, ularga xalta-jomadonlarimiz bilan chiqib, yo‘lga tushdik. Kimsasiz qalin o‘rmon orasidagi beton trassadan ikki soatcha yurib borib, Vipolzovo degan joydan o‘tgach, qori depsilaverib toyg‘oqqa aylangan tor yo‘lga burildik, yana yarim soatdan so‘ng, bizning polkimiz uchun yaqinda qurib bitkazilgan obyektga yetib to‘xtadik.
Qarasak, obyektni chalasicha tashlab ketishibdi. Hatto kazarmalar derazasi oynaksiz. Oynak topib kelib solinguncha uch-to‘rt kun o‘tdi. Bu vaqt ichida bushlat va shinellarimizni yopinchiqlarimizning ustidan tashlab, telpaklarning qulog‘ini tushirib, etiklarimizni yechmasdan uxlashimizga to‘g‘ri keldi. Oshxonadagi ahvol bundan-da chatoq edi, yeb-ichib bo‘lgunimizcha, ovqatlar muzlab qolaverardi.
O‘shanda Sovet-Amerika munosabatlarida “sovuq urush” degan davr yuzaga kelgan, Moskva atrofida havo hujumiga qarshi raketalarning uch qatorlik himoya halqasini tashkil etish ishlari avjga mingandi. Polkimizdagi bir rota raketa shaxtalari barpo etishda qatnashsa, boshqasi ularga tortib boriladigan kabellar uchun transheyalar qazir, yana biri yangi yo‘llar qurar, ularga biriktirilgan maxsus vzvodlar ikkinchi jahon urushidan qolib ketgan bomba yoki snaryadlar uchrasa, chetroqqa to‘plab, mutaxassislar nazoratida portlatib yuborish bilan shug‘ullanardi.
Kunlardan bir kuni yo‘l qurayotgan polkdoshlarimizdan bir guruhi chirib yotgan kattakon aviabombani topib olibdi-yu, shu joydayoq portlatib o‘ynamoqchi bo‘lishibdi; urush yillarida snaryad portlashidan qolgan eski chuqurcha (voronka) ostiga o‘t yoqib, ustiga bombani yumalatishibdi. Bomba ular kutganidan ertaroq portlab, besh kishi o‘sha joyning o‘zida halok bo‘libdi. Ular asosan Qirg‘izistondan chaqirilgan rus yigitlar bo‘lib, oralarida yaqin do‘stimga aylanib qolgan, meni tekinga suratga tushirib yurgan Viktor Chernishyov ham bor edi. Tanib bo‘lmaydigan darajada titilib ketgan marhumlarga qabristondan o‘zimiz go‘r qazib, o‘zimiz ko‘mdik. Ularning ota-onalari ham yetib kelishgandi, bizga araq quyib berib, go‘r ustida rosa ho‘ngrashdi. Men ham yig‘ladim.
1967 yilning kuzida uchinchi yil xizmat qilayotganlar zaxiraga bo‘shatilib, polkimizga yangi askarlar kelib qo‘shildi. Nihoyat, “starik”larning xizmatini qilishdan qutuldik, endi yangi “salaga”larga o‘zimiz etik tozalattiradigan bo‘ldik. Shtabda ishlaganim tufayli, ayniqsa mening etigim doim yarqirab turishi shart edi. Afsuski, doimo yaltiroq etikda yurishim kunlardan bir kuni to‘satdan nihoyasiga yetdi.
Vipolzovoga kelgach, “xo‘jalik hisobida” o‘z topgani bilan kun ko‘ruvchi polkimiz kambag‘allashib boraverdi. Bu yerdagi ishlar Toshkentdagidek ko‘p va tig‘iz emasligi, buxgalteriyaning yuki keskin kamaygani bois, ularga mening yordamim uncha kerak bo‘lmay qoldi. Ikkinchi yoqdan qaraganda, endi askarlarga Toshkentdagi boy trestlardek mo‘may haq to‘lashmas, Mudofaa vazirligi har bir so‘mni ming injiqlik bilan o‘tkazardi. Oylik to‘lanuvchi ortiqcha shtatni saqlab turishga polkimizda imkon qolmagach, qish arafasida bug‘oltirlikdan bo‘shatilib, yana “qora ish”ga o‘tkazildim. Ohorli kiyimlarimni jomadonga joylab, hamma askarlarnikidek odmisini kiydim.
Meni toshkentlik Sobir degan yigitning o‘n kishilik brigadasiga biriktirishdi. Bu brigadada samarqandlik eski sheriklarimdan ham uch-to‘rttasi bor edi. Ular bilan vaqillashib, yangi sharoitga iloji boricha tez ko‘nika boshladim.
Turli yumushlarni bajarib yurdik. Qish zaptiga olgan kunlarda brigadamiz kabel transheyalarini qazishga jalb etildi. Dastlab ishga kirishayotganimda, transheya kovlash ortiqcha og‘ir emasdek ko‘rindi. Ana metin, ana kurak, yer qumloq, berilgan normani bajarish cho‘t bo‘ptimi?
Lekin, qattiq sovuqdan yer zarang bo‘lib yotganini hisobga olmagan ekanman, kurak tugul metinni ursang ham, qumga sanchilish o‘rniga, tepaga sakraydi. Biror qarich chuqurlab ololsang, marra seniki – pastroq qatlamdagi qumlarga kurak yumshoqqina botishni boshlaydi, ishingga birdan unum qo‘shiladi.
Ilgari transheyani bir metr chuqurlikda kovlayotgandik, yuqoridan kattaroqlar kelib, chuqurlik ikki metr bo‘lishi kerak, deb ketishdi. Qo‘shimcha qazishlar boshlandi-yu, ahvolimiz mushkullashdi – bir yarim metrdan keyinoq yer osti suvlari sizib chiqaverdi, ikkinchi metrga borganimizda, suv etigimizning sag‘ini ko‘madigan darajaga yetardi. O‘t yoqib, oyoqlarni isitish, paytavalarni quritishdan bo‘shamay qoldik. Suv ko‘paysa, transheyaning devorlari o‘pirilib tushaverishi ishimizga ish qo‘shib, bizni battar holdan toydirayotgandi.
Qo‘nji uzun rezina etiklar berishdi oxiri. Paytavani qancha qalin o‘ramayin, suvning ichida oyog‘im tosh qotib qolaverardi. Bir oydan so‘ng bo‘g‘inlarimda og‘riq paydo bo‘la boshladi. Eski revmatizmim qaytovlanib qolishidan xavfsirab, gospitaldagilar qonimni bir tekshirib ko‘rishsamikan, deya polkimiz vrachiga maslahat solsam, chidab tur, oyog‘ingni qimirlatolmay qolmaguningcha seni kasalxonaga jo‘natolmayman, dedi.
Ana bo‘lmasa! Bir kimsa birov uni o‘ldirmoqchi bo‘layotganini aytsa, prokuror tasalli berib, oldin o‘ldirib ko‘rsin-chi, ana unda kunini ko‘radi mendan, deganiga o‘xshagan gap-ku bu!
Yaxshiyamki, Farg‘onaning Mindonidan xizmatga kelgan, sanitariya qismida feldsherlik qiluvchi Qo‘shoq aka bor ekan, u vrach bilan gaplashib, uch-to‘rt kungina bo‘lsayam shu yerning o‘zida davolanishimga ruxsat olib berdi. Polk vrachlik punktining alohida xonasidagi to‘rtta bo‘sh krovatning bittasidan joy egalladim. Qo‘shoq aka ertalab va tushda oyoqlarimga efir moyi, kechqurun spirt surtadi, spirtdan ellik-ellik gramm ichib ham olamiz. Xudo shifosini bersa, hech gap emas ekan, bo‘g‘inlarimdagi og‘riqlar shugina muolaja davomida keskin susaydi-qoldi.
Ishga qaytib, yana o‘sha la’nati transheyami, deb turganimda, brigadamizni tuyqus boshqa yumushga safarbar etib qolishdi. Hamma qatori men ham yengil nafas oldim. Agar, qo‘yim bo‘lsa, tezda so‘ydirib, is chiqarib yuborardim (bu qiyinchiliklarni uydagilarga bildirmasdim, ular meni hanuz bug‘oltirlikda yayrab yuribdi deb o‘ylashardi).
Uqubatli mehnatdan nechog‘li toliqmaylik, kazarmaga qaytgach, kechki ovqatni yeb bo‘liboq, o‘yin-kulgini boshlardik. Parda po‘mpa, Aspandiyor ayyor, Hasan noskash, To‘lqin shayton kabilar davraning guli edi. Men rubob, Qahramon chirmanda chalishni boshlasak, o‘zbeklar qolib, gruzin, ozarbayjon, rus, ukrain, moldavan, qozoq millatiga mansub yigitlar ham davraga qo‘shilib, o‘yin tusha boshlardi. Ba’zan ashula ham aytib qolardim. Bular orasida o‘z she’rimga o‘zimcha kuy bastalaganim ham bor edi:

Shodligim uchdi qo‘ldan, g‘amgin erurman tokay,
Zamin uzra baxtim izlab charx ururman tokay?..
……………………………………………………………………….
Kim berur zavqimni qaytib, bilmadim qaydin bu g‘am,
Boshga tushganni, taqdir, sendan ko‘rurman tokay?…
………………………………………………………………………………
(1968)

Goh men Mullado‘st, Aspandiyor Maysara bo‘lib, operadan parcha ijro etardik, goh balet haqidagi kulgili she’rimni o‘qib berishimni so‘rashardi. Bazimlarimiz ba’zida “otboy” (uyquga yotish) e’lon qilinganidan keyin ham davom etaverar, starshinamiz bizni kamarida yengil-yengil savalab, zo‘rg‘a joyimizga yotqizardi. Shundayam, “g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir” tovushlar kazarmaning u yer-bu yeridan anchagacha eshitilib turaverardi. Xizmat davrimning katta bo‘lagi – 1966-1967 yillar, 1968 yilning bir qismi shu tariqa kechdi.
Toshkentdami, bu yerdami, Qahramonning krovati ko‘pincha meniki bilan yonma-yon bo‘lardi, samimiyat chaqnab turuvchi chehrasi nihoyatda tortimli, oilada to‘rt-beshta qizning orasida o‘sgani uchunmi, tabiati o‘ta yumshoq bu yigit ko‘proq menga tayanar, o‘zimning ko‘nglimga ham boshqalardan ko‘ra yaqinroq edi. Kazarmadagi o‘sha “g‘o‘ng‘irlovchi”lardan biri, albatta, biz edik, gurungimiz hadeganda tugayvermasdi. Asosan u gapirardi, uloqchi otasi onasini otda olib qochib kelib uylangani, nuqul qiz ko‘ravergach, xotinini qamchida savalab, nihoyat o‘g‘il tug‘dirgani; opa-singillari, ularning fe’l-atvorlari, Kimyoxon degani baridan erkatoyligi; qishloqdagi o‘rtoqlari, ulardan biri nogiron bo‘lsayam, uchragan qizga iliqaverishi kabilarni eslashga tushardi.
1968 yil men uchun omadli keldi, polk buxgalteriyasidagi ishimga tag‘in qaytarib olishdi. “Qora ish”imdagi g‘ala-g‘ovurlarga ko‘nikib ketgan ekanman, bari qaribroq qolgan, tund, injiqfe’l ayollar orasida mayda narsalarni hisoblab, kun bo‘yi cho‘t qoqib o‘tirish, chekish uchun tashqariga chiqish, biriga choy, biriga kofe qaynatib berish behad zerikarli tuyulayotgandi. Ammo, yana pokiza kiyimlarda yurib, hayotimni bezavolgina davom ettirayotganimdan baribir mamnun edim.
Muhimi, to‘yibroq ovqat yeydigan bo‘ldim. Kinochi, pochtachi, zapravkachi, feldsher, elektromontyor, cho‘chqa boquvchilar, komandirlar mashinasining shofyorlari qatorida meni ham oshxonaga yolg‘iz kirib ovqatlanish huquqiga ega bo‘lganlar ro‘yxatiga qo‘shishgandi. Odil akaning o‘rniga tayinlangan osetin oshpazlar shtabda ishlashimni ko‘rib yurishsa-da, familiyamni bilishmasdi; shundan foydalanib, ularga bezrayib boqqanimcha, men bilan Obidjonovga faqat ikkinchi ovqatdan beringlar, derdim. Ikki hissadan ovqat, qand, sariyog‘larni burnimdan chiqquncha yerdim.
Bu orada samarqandlik va toshkentlik o‘rtoqlarimning ko‘pchiligi shofyorlikka o‘qishga yuborilib, kazarmadan fayz ketdi, o‘yin-kulgilar barham topdi. Endi bo‘sh vaqtlarimda uydagilarga, tanish-bilishlarga xat yozishga ruju qo‘ydim. Ular orasida Shafoat ammamning Germaniyada xizmat qilayotgan o‘g‘li Mashrab, Qozog‘istonning Qizilo‘rdasida askar bo‘lib yurgan Abdusalom oshnam, uning yangi orttirgan do‘sti, armiyadan so‘ng jurnalist bo‘lishni orzulayotgan Ahmadjon Meliboyev degan yigit, texnikumdagi ayrim kursdoshlarim, shofyorlikka o‘qiyotgan Qahramon kabilar bor edi. Uydagilarga yozganimda, komandirlar bilan qalin bo‘lib ketganim, nihoyat komsomolga qabul qilinganim, goho shaharlarda sayr qilib kelishim bilan maqtanardim; o‘rtoqlarimga yozganimda, rostni ko‘pirtirib, yolg‘onni sal silliqlab, qismimiz futbol komandasi hujumchisi ekanim, garnizon miqyosidagi musobaqalarda bombardir bo‘lganim, buxgalteriyadagi ayollardan biri menga ilakishib qolgani, o‘rischa she’rlar ham yoza boshlaganim, polk komandiri Petronko bilan kunda birga araq ichishimiz yanglig‘ gaplarni gupirtirardim.
Bir kuni Akram ukamdan xat keldi. Ochib qarasam, harbiy formadagi rasimiyam turibdi. Kelib-kelib, Turkmanistonning Taxtabozoriga tushibdi bolapaqir. Yozishicha, atrof sichqonu ukki, toshbaqayu tovushqonlarga boy qum barxanlaridan iborat bo‘lib, yantoqlar orasidan echkiemaru ilonlar doim mo‘ralab turarmish, kunu tun chivin talarmish, kazarmaga chayonu zaharli o‘rgimchaklarga qarshi dorilar sepilgani sepilgan emish.
Akramga juda rahmim keldi. Buxgalteriyada tuzukkina oylik to‘lashardi, qo‘limga pul tegishi bilanoq, eng oldin o‘ttiz besh quti sigaret olib, jomadonimga solib qo‘yardim. Endi har oyda ukamga ham shuncha sigaret olib, banderol qilib jo‘natadigan bo‘ldim. Tejabroq chek, o‘lgudek xumori tutgandayam birovdan sigaret tilama, deb tayinlardim xatimda.
Qiziq! Bitta ko‘rpada katta bo‘lgan aka-ukalar, vaqt o‘tib, kimlarningdir xohishi bilan, hatto bitta yurtga sig‘may qolsa-ya!
Tentakona odatim bor edi, Isroil arablar yeriga bosib kirsa ham, Uzoq Sharqdagi Damansk orolchasiga Xitoy askarlari hujum qilsa ham, Chexoslovakiyada ko‘tarilgan g‘alayonni tinchitish uchun Varshava shartnomasiga a’zo davlatlar qo‘shini qatorida sovet askarlari kiritilsa ham, ko‘ngillilar safida o‘sha yoqqa jo‘nashga oshiqaverardim. Askar bo‘lib, men ham qo‘limda qurol bilan bir jang qilib ko‘rgim kelaverar, o‘lib ketishim mumkinligi xayolimgayam kelmasdi. Bunaqada shtab boshlig‘i Mixaylov tutoqib, o‘zbekka miltiq otishni kim qo‘yibdi, cho‘tingni qoqib o‘tiravermaysanmi, deb bo‘kirib berardi.
Germaniya bilan urush bo‘lgan yillarda o‘zbekni ko‘pincha hech bir tayyorgarliksiz jangga tashlayverganlar. Endi uni miltiq otishniyam uddalolmaydigan no‘noqqa chiqarib, “tomorqasi”da malaylik qildirib yurishibdi. E, dog‘man! Yana o‘sha qadimgi ahvol!
Chor Rossiyasi davrida, urush bo‘lsa, mustamlaka yurt vakillarini, oldindan kelishilganidek, faqat front ortidagi mardikorlik ishlariga jalb etishar, ularning qo‘liga qurol berishdan cho‘chishar ekan. Hozirda ham ahvol shundayligicha qolgan, faqat boshqacharoq, juda niqoblangan shaklda edi. Endi ular harbiyga aloqasi yo‘q mardikorlar to‘dasi emas, qizil qo‘shin tarkibidagi qurilish batalyonlari askari. Nomi – askar, aslida esa, 70-80 foizi Turkiston, Kavkaz, Boltiqbo‘yi kabi mintaqalarda yashovchi turli millat vakillaridan iborat bo‘lgan, eng chekka hududlarda ham og‘ir-og‘ir ishlarni arzimagan maosh evaziga suv tekinga bajarib beradigan formali mardikorlar. Ahvollari Stalin gulagi tutqunlarinikidan sal yaxshiroq xolos. Bularning orasida ruslar ham bor, ammo biri o‘ta uquvsiz, biri yengilroq ayb bilan qamalib chiqqan, biri bezoriligi bois militsiya nazoratida bo‘lib kelgan “chiqindi”lar.
Sho‘ro saltanati Rossiyaning tegrasida madhiyasi “Assalom, rus xalqi – buyuk og‘amiz” (O‘zbekistonning eski gimnidan) kabi so‘zlar bilan boshlanuvchi o‘n to‘rtta milliy respublikani birlashtirgan, bu yurtda hamma teng ekanligini tinimsiz ta’kidlasa-da, o‘sha davrda uning armiyasidagi rus bo‘lmagan ofitserlar soni atigi bir foizni tashkil etardi. Bir qaraganda, hujjatiga ko‘ra ukrain va beloruslar ham ko‘pdek ko‘rinar, lekin ularning aksariyati butunlay ruslashib bo‘lgan, hatto o‘z milliy tilini ham bilishmasdi.
Qisman do‘lvari, qisman bezi qotgan imperiya edi bu.

HARBIY BAZADAGI JANNAT

Ayollarning ko‘pligi isrofgarchilikdir.
KULKUL afandi

Sal o‘tmay, ishlarim yanada yurishib ketdi. Qay yo‘l bilan izlab topganlarini bilmayman-u, askar bug‘oltir borligini aniqlashib, meni garnizon miqyosidagi harbiy-ta’minot bazasi buxgalteriyasida ishlashga chaqirib olishdi. Garnizon tasarrufidagi barcha harbiy qismlarga qurilish ashyolari, ehtiyot qismlar, yonilg‘i-moylash materiallari kabilarni yetkazib berishga ixtisoslashgan, hududiga temiryo‘l kiritilgan, atroflari devor va tikanli simlar bilan o‘rab tashlangan bu bazaning komandiri va o‘rinbosari harbiy edi xolos, boshqa xodimlar: buxgalterlar, reja-iqtisod bo‘limidagilar, kanselyariyachilar, omborchilar, hatto qorovulu ishchilargacha fuqarolar edi. Mehnat qonunlardagi “javobgar shaxs” degan iboraga maqomi mos tushmaydigan askarlarning ashyolarga liq to‘la omborlar atrofida o‘ralashib yurishini istashmasdi, chamasi.
Harbiy qismda kirim-chiqimlarga oid bo‘lgan, raqamlar ustuni bir necha sahifaga cho‘zilgan buxgalteriya hujjatlarini qo‘limga tutqazib, jami qanchaligini hisoblab berishimni buyurishar, bular nimaligini unchalik anglamasdim ham. Bazada buxgalteriya sirlarini kengroq o‘rgata boshlashdi, qirq yoshlardagi bosh buxgalter Tamara Vasilevna Borodina ham, pensiya yoshidan o‘tgan o‘rinbosar kampir ham, menga qanday ishni topshirmasin, uning uchi qayerdan boshlangani, dumi qayerga borib taqalishi, ular bir-biriga qanday hujjatlar bilan bog‘lanishi haqida tushunchalar berishardi. Harbiy qismda nuqul cho‘t qoqib o‘tirgan bo‘lsam, bazada burama quloqli arifmometrda ishlashni o‘rgandim.
Buxgalteriyadagi yigirmadan ziyod xodimning barchasi ayol bo‘lib, omborchilar, ularning yordamchilari ichida ham xotinlar ko‘pchilikni tashkil etardi. Erkaklarning aksariyati iste’fodagi ofitserlar, urush veteranlari, maxsus sohalarning mutaxassislari edi.
Jannatga tushib qolgandek edim. Bosiqqina bosh buxgalter, uning keksa o‘rinbosari, oldidagi qog‘ozlarga qalin ko‘zoynakdan tikilganicha, miq etmasdan yelka qisib o‘tiruvchi Albina Pavlovnani istisno qilganda, asosan o‘ttiz-o‘ttiz besh yoshlar atrofida bo‘lgan, ko‘pchiligining ofitser erlari o‘rmon ichkarisidagi harbiy qismlardan o‘n-o‘n besh kunda zo‘rg‘a bir marta kelib ketadigan bu ayollar meni erkak o‘rnida ko‘rib, biri qo‘yib biri papalardi. Menga ish o‘rgatishni bosh buxgalter Tanya Rudenkoga topshirgan esa-da, boshqa ayollar ham yonimda galma-gal o‘ralashib, o‘zlaricha u-budan saboq bergan bo‘lishardi.
Tanya boshqalardan ancha yosh edi, meni nega tajribaliroq xodimga biriktirib qo‘yishmadi, deb yursam, keyin bildimki, u texnikumning buxgalteriya fakultetini bitirgan haqiqiy mutaxassis ekan. Qolgan ayollarning aksariyatini ofitserlarning xotini ishsiz yurmasin deya shu boy bazaga tiqib tashlanganlar tashkil etar, ular menga o‘xshab qo‘llariga nimani tutqazishsa, shularni hisoblab berib kun o‘tkazisharkan. Qolaversa, bu qoloq chekka shaharchada mutaxassis bug‘oltir tugul, tuzukroq chilangarni topish ham amrimahol edi.
Rudenko chiroyda texnikumimizdagi otdoshi Tanyaga teng kelolmasa ham, samimiyatda undan qolishmasdi, goh bunga, goh unga hazil qilib, hammani kuldirgani kuldirgan edi. Shaharchada kecha sodir bo‘lgan biron qiziq voqeani topib kelib, bugun ertalabdanoq, hiringlay-hiringlay, barchaga so‘ylashga tushardi. U shu yili turmushga chiqqan ekan, to‘ydan bir-ikki oy o‘tib, starshina eri harbiy bilim yurtiga kiribdi, hozir olisda ekan. Shu bois, dam olish kunlarining birida Tanya meni qo‘ziqorin terish uchun o‘rmonga olib borganini eshitib (buni ishxonadagilarga Tanya o‘zi e’lon qilgandi), Albina Pavlovnaning jahli qo‘zigan, eri uzoqda bo‘lgan juvon qandaydir askar bilan o‘rmonda yuradimi, deb g‘adablashga tushgandi.
Ayollar ko‘p bo‘lgani uchun, nari borsa ikki hafta o‘tmasidan, qaysi biriningdir tug‘ilgan kuni nishonlanaverardi. Salkam bir vzvod ayollar davrasida erkaklardan men, baza komandiri, uning o‘rinbosari, omborni boshqaradigan keksa garmonchi Murashyov bo‘lamiz xolos. Ana ichkilikbozlik, ana qiyyo-chiy, ana raqsu muqom! Komandirlar ko‘pincha ertaroq chiqib ketishi, Murashyov o‘ng oyog‘ining kaftida polni tapillatganicha garmon cho‘zishdan bo‘shamasligi bois, borliq ayolning mastlikdagi yulqib-yalashlari bitta mening boshimga yog‘iladi, toliqishdan maza qilaman.
To‘qqizinchida o‘qiyotganimda Mashrabning ulfatlariga, traktorchiligimda O‘rinboy akamning davradoshlariga, Rudnik-konda ustozim Rahmon akaga sherik bo‘lib spirtli ichimliklardan goh-goh tatib yurganim, texnikumda bu borada tuzukkina chiniqish hosil qilganim qo‘l kelib, bazadagilar bilan tengma-teng ichaverardim. Lekin, birovlar qistamasa, o‘zimcha ichgim kelavermasdi.
Bazada ishlasam-da, hanuz o‘z polkimning ixtiyorida edim. Orasi bir yarim kilometr bo‘lgani uchun tushlikda polk oshxonasida ovqatlanishga borib, polk kazarmasida tunar edim. Bazadagilar oyligimni harbiy qismimiz buxgalteriyasiga o‘tkazishar, pulni ham shu joydan olardim. Shofyorlikni bitirib kelgan eski o‘rtoqlarim turli harbiy qismlarga tarqatib yuborilgach, polkimizga umuman qadam bosgim kelmay qoldi. Shu mahallar garnizonimizdagi deyarli barcha harbiy qismlarda burga ko‘payib, hamma yoqni vahima bosdi-yu, bu o‘rmalovchilar men orqali bazagayam kirib kelishi mumkinligini bahona qilib, ma’muriy binoning orqa tomonida alohida eshigi bo‘lgan, komandir va uning o‘rinbosarini olib yuruvchi shofyorlar yashab turgan xonaga o‘zim uchun qo‘shimcha krovat qo‘ydirdim. Elektr plitasi sotib olib, uch askar ba’zan ovqatni shu yerda tayyorlab yeydigan bo‘ldik.
Yo‘lda patrullar uchrasa gap ko‘paymasin deb, bazadagilar menga bir oylik “Marshrut varaqasi” yozib berishardi. Varaqa tipografiyada bosilgan bo‘lsa-da, ism-familiya, sanalar, yurishga ruxsat etiluvchi manzillar yoziladigan joylari bo‘sh qoldirilgan, ular qo‘lda to‘ldirib chiqilardi. Men varaqani o‘zim to‘ldirib komandirga olib kirardim, u qo‘l qo‘yib, muhr bosgach, marshrutdagi “Harbiy-ta’minot bazasi, 33715-harbiy qism” deya o‘z qo‘lim bilan yozganimni davom ettirib, “Vipolzovo shaharchasi” manziliniyam qo‘shib qo‘yardim. Pulim ko‘proq paytda dam olish kunlari shaharchada sang‘ib kelardim. Keyinchalik, Vipolzovo qolib, Bologoye shahriniyam qo‘shadigan bo‘ldim, vaqt topsam, borardim.
Polkimiz qo‘qqisdan boshqa joyga ko‘chadigan bo‘lib qoldi. Buni baza boshlig‘i podpolkovnik Mogilyovga aytsam, bug‘oltirlik sirlarini ancha o‘zlashtirib olgan, ba’zan hatto Leningradga borib, hisobot topshirib kelishniyam uddalayotgan, tartibbuzarlik qilmaydigan xodimdan ayrilishni istamadimi, yo iltifoti qo‘zidimi, garnizondagi kattalar bilan telefonlashib, meni yaqinroqdagi boshqa harbiy qismga o‘tkazdirdi. Xizmatni bitirgunimcha bu polkning kazarmasida deyarli tunamadim. Faqat maoshimni olishga borardim. Mavqei baland bazada ishlayotganimni, polkdagilarning bu bazaga tez-tez ishi tushib turishini nazarda tutibmi, qism komandirlaridan tortib men biriktirilgan rota komandirigacha “g‘ing” demasdi.
Bir kuni bosh buxgalterimiz xonasiga chaqirib, xizmating tugab boryapti, yon-verimizdagi polklarni surishtirib, yangi kelgan askarlar ichidan o‘zingga o‘rinbosar top, buxgalteriya ishini tushunadiganrog‘ini qidir, dedi. Surishtirib topdim, ikkalasiyam ozarbayjon – Guseynquli degani mashina-hisoblash stansiyasida ozgina ishlagan ekan, Mamed buxgalter qondoshiga u-bu narsalarni hisoblashda ba’zan yordam berib yurgan ekan. Tamara opaga ikkalasiyam ma’qul tushdi, tezda ishga oldi. O‘zimni endi ikkita askar ustidan bosh qo‘mondondek his qila boshladim, ular ham, harbiy unvonimni surishtirib o‘tirmay, hamma buyrug‘imni miq etmasdan bajarishardi.
Ikkita ko‘makchi paydo bo‘lgach, bo‘sh vaqtim ko‘paydi, qog‘ozlarga tinimsiz tikilaverishdan doim qizarib turadigan ko‘zlarimga tiniqlik yugurdi. Bundan keyin, dam olish kunlari meni umuman hech kim bezovta qilmasligiga qat’iy ishonib, “Marshrut varaqasi”ga yaqinroqdagi ba’zi posyolka, yirikroq qishloqlar nominiyam qo‘shib qo‘yadigan, goh baza komandiri o‘rinbosari mayor Sherbinokka shofyorlik qiluvchi belorussiyalik oshnam Fima Losichning “UAZ”ida, ko‘pincha piyoda hakillab borib, askarlarni qiy-chuvlab kutib oluvchi qizlar bilan tansa tushib qaytadigan bo‘ldim. Ochig‘ini aytsam, meni qizlardan ko‘ra qishloqlarni qurshab turuvchi go‘zaldan go‘zal tabiat manzaralarini hayratlanib kuzatishlar, o‘rmon kezib, turli buta mevachalarini terib yeyishlar, arzimagan pul evaziga birgalikda braga yo samogon ichib, garmonchi chollar, paypoqto‘qar kampirlar bilan gurung qurishlar ko‘proq o‘ziga tortardi. Tamoman boshqa dunyo edi bular.
Ayniqsa, osmonrang ko‘llarning o‘rtasiga qayiqda suzib borib, qarmoqda baliq tutib o‘tirishni juda-juda yoqtirardim. Baliq kam ilinardi, ammo gashti behad mo‘l edi.

Baliqchilik – bo‘ydoqlar ishi!
Suv parisin tutvolsa nogoh,
Qila olmas qonuniy nikoh
Uylangan kishi.
(1973)

Uzoqroqdan qarasang, Rossiya o‘ziga SSSR degan bir eshikli toshqo‘rg‘on qurvolib, qaram millatlarning borliq yer osti va yer usti boyliklarini tagida bosib yotgan ulkan ajdarho; bastiga bino qo‘yib, goh fazoni birinchi o‘rinda zabt etgan, goh sanoqsiz dahshatli yadroviy raketalari bilan dunyoni dag‘-dag‘ titratgan, goh Amerikadek devni og‘iz yumib o‘tirishga majburlagan, goh Osiyo, Arabiston, Afrikadagi kamxarjlarning boshidan ulgurji-ulgurji mablag‘lar sochayotgan qudratlidan qudratli saltanat. Yaqinroqdan ko‘z tashlasang, zavodlaridagi uskunalari allaqachon eskirib bo‘lgan, xalq ehtiyoji uchun ishlab chiqarilaayotgan iste’mol mollari sifati rivojlangan davlatlarnikidan yarim asr ortda qolgan; avtomobil zavodlari qoloqligicha turgan, mashina olishga yillab navbat kutadigan aholisining 90 foizini piyodalar tashkil etgan; o‘n minglab qishloqlariga gaz, elektr yetib bormagan, hatto yo‘l yotqizilmagan yo‘qsildan yo‘qsil mamlakat. Eng avj olgan illat – yalqovlarcha loqaydlik va mislsiz isrofgarchilik.
Bu yurtdagi isrofgarchilik chidab bo‘lmas darajaga yetgandi. Rudnik- konda yurgan davrimda, bir mutaxassis afsuslanib, texnikalarimiz nihoyatda eski, biz qayta ishlagan rudalar chiqindisidan amerikaliklar yana shuncha qo‘rg‘oshin olishi mumkin, degani esimda. Tabiiyki, boshqa konlarda ham ahvol shu. Nomi zavod-fabrika borki, barida – isrofgarchilik, isrofgarchilik.
Damodam bazamizning o‘zidagi xo‘jasizliklarni kuzatib, bir achchig‘im kelsa, bir hayratim oshardi – bu sochma-socharlarni nega otuvga hukm qilishmayapti? Bularni kim tekshirib, kim chora ko‘rishi kerak? Axir, buxgalteriya hisobida o‘n vagon qimmatbaho olovbardosh (ogneuporniy) g‘isht turibdi, amalda esa, bir donayam yo‘q, uning o‘rniga shuncha miqdordagi arzon selikat g‘ishtlar yotibdi. Demak, olovbardosh g‘ishtlarni selikatning bahosida sotib yuborishgan. Xuddi shunga o‘xshab, tom yopishda ishlatiladigan oddiy taxtalar o‘rniga tayyor randalangan pol taxtasini; past markaligi o‘rniga yuqori markali sementni chalasavod omborchilar arzon narxda yuklab beravergan. Keyinchalik bularning bir qismi “omborda joy yetishmagani uchun sementlar yog‘ingarchilikda qotib qoldi”, “g‘ishtlarning 40 foizdan ortig‘i siniq tarzda yetib keldi”, “ taxtalar chirik holda jo‘natilgani aniqlandi” deganga o‘xshash bahonalarga to‘lib-toshgan aktlar asosida hisobdan chiqarilib, narxlarning chalkashtirilishidan hosil bo‘lgan xatolar yopib tashlandi. Bulardan tajanglanardim, lekin birovga lom-mim demasdim.
Qurilish borayotgan joylarda raketa shaxtalari atrofiga o‘rnatiladigan sement plitalarning, yuqori voltli elektr tarmog‘i simyog‘ochlarining, kazarma tiklashda ishlatiladigan taxta devorlarning qancha-qanchasi tashlandiq ahvolda qolib ketardi. Kattaroq komandirlar u yoqda tursin, hatto starshinalar, ombor mudirlari talon-taroj qilingan narsalardan o‘zlariga uylar, dachalar qurib olayotgandi, ba’zilarida – yap-yangi mashina, mashina olishga navbati yetmaganlar xonadoni hashamatlarga liq to‘lib bo‘lgan. Nazarimda, birgina bizning bazamizdan o‘tayotgan ashyolar isrofgarchiligi, talon qilinishi to‘xtatilib, xayrli ishga sarflansa, butun saltanat aholisiga kamida bittadan tekin televizor tarqatish mumkindek edi. Agar Moskva atrofida uch halqada qurilayotgan raketalar qalqonining bitta doirasi kamaytirilsa, tejalgan mablag‘ mamlakatdagi barcha yo‘llarni asfaltlashtirib, barcha qishloqlarni elektrlashtirishga bemalol yetgan bo‘lardi balki.
Keyinchalik sovetlar yurtining yemirilishiga boshqalar nima sababni ro‘kach qilsa qilsin, mendan so‘rashsa, bu imperiyani uning mechkay armiyasi kemirdi, degan bo‘lardim.

* * *

Xatlarda qishloqdan goh yaxshi, goh mundog‘roq xabarlar kelib turardi. 1979 yilning boshlarida yuborilgan bir xatdan dadam mahallamizdagi eski machit o‘rniga bundan o‘n yilcha oldin qurilgan magazinga mudir bo‘lganini bilib, ro‘zg‘orimizga qut qo‘shilayotganidan quvondim.
Yozning boshlarida Shahodat opamdan boshqacha bir maktub keldi, konvert ichida qo‘lini jag‘iga tirab turgan bir qizning fotosi ham bor edi. Xo‘p desang, shu qizni senga unashtirib qo‘ymoqchimiz, unga sovchilar qatorlashib kelayotgan emish, deb yozibdi opam. Shoshmay turinglar, bu masalani borganimda hal qilamiz, degan javobni yubordim.
Baribir tinch qo‘yishmadi, ortiqcha paysalga solsam, yaxshi qiz qo‘ldan chiqishi mumkinligi, bola degani ota-onaning gapiga kirishi kerakligini qayta-qayta uqtirishga tushishdi. Oxiri meni tergashga o‘tib, keyingi paytda dadang qattiqroq kasalga chalinib qoldi, hech bo‘lmasa, to‘ng‘ich o‘g‘limni uylantirib olsaydim, degani-degan, ilojini topsang, qishloqqa bir kelib ket, deb yuragimga g‘ulg‘ula sola boshlashdi.
Qizning fotosiga tikilaman. O‘ylanaman.
Juda boshog‘riq bo‘ldingiz-ku, xonim. Xo‘-o‘-sh, bu tugunni qanday yechsak ekan?

Bermoqchisiz ko‘nglimga oro…
Xo‘sh keyin-chi?
Ayting barini.
Junun hislar to‘foni aro
Ko‘rmayapman Sizdan narini.
(1977)

Baza boshlig‘i podpolkovnik Mogilyovga dadamning ahvolidan gap ochsam, o‘zi xizmating tugashiga oz qoldi, bordi-keldingga ancha xarajat ketadi, undan ko‘ra sabr qilib tur-chi, garnizondagi kattalar bilan maslahatlashib, seni armiyadan ertaroq bo‘shatishlarini so‘rab ko‘raman, dedi.
Komandirimiz aytganini qildi. Xizmat muddatini o‘tab bo‘lgan askarlarni rezervga qaytarish haqida hali Mudofaa ministrining buyrug‘i chiqib-chiqmasidanoq, meni ozod qilib yuborishdi. Ortga o‘girilib boqsam, umrimning uch oyi kam uch yilini birda po‘rim, birda kir-chir harbiy kiyimda o‘tkazibman.
Bazadagilar bilan xushlashuvim ichimliklarga boy bazimdan boshlanib, keksa omborchimiz Murashyovning garmoni sadosi ostida buxgalteriyadagi har bir ayolni alohida-alohida og‘ushga olgancha raqs tushish, yig‘i-sig‘ili o‘pishishlar ila yakuniga yetdi. Bosh buxgalterimiz Tamara opaning ham ko‘zlari yoshlanib, qishloqda ishing yurishmasa, to‘g‘ri o‘zimizga qaytib kel, shunaqa katta oylik qilib beramanki, uch-to‘rt yilda mashina olasan, dedi. Ilgarilari ham xizmatni bitirganimdan keyin bazada qolib ishlashim kerakligini ko‘p ta’kidlardi bu opam, askarga materiallarga javobgar shaxs martabasi berilishi qonunda taqiqlangan, shu bois seni past lavozimda ozgina oylikka ishlatishga majbur bo‘lib yuribmiz, deb afsuslangani afsuslangan edi. Xayrlashayotib, Tamara opani birgalikda o‘tgan butun faoliyatim davomida birinchi marta o‘pdim.
Yumaloq yuzining ikkala lunji doim asabiy pirpirab turadigan, soqqasimon ko‘zlari kosasidan otilib chiqqudek tarzda baqrayib tikiladigan, baland tovushda shang‘illab gapiradigan, sen bola xotinlarga ilakishaverma, bu erkakxo‘rlardan birortasining ofitser eri qoq peshanangdan otib tashlamasin, deya jig‘imga tegaveradigan mayor Sherbinokni hisobga olmaganda, bazamizda men yoqtirmaydigan odamning o‘zi yo‘q edi. Hammasi bilan ahil-inoq bo‘lib keldim; ba’zilarining xonadoniga mehmonga borardim, ba’zilari uyidan ovqat olib kelib yedirardi; omborchi Makarov hatto kanselyariyachi qizi Lidani menga ilinib, shunga uylansang, mototsiklim ham, yangi qurgan uyim ham bor zeb-hashami bilan seniki, deb kayfda tantilik qilardi. Lida nihoyatda ochiqtabiat qiz edi, biroq janjalchi opasidan doim qo‘rqib yurardim, singlim bilan kinoga boribsan, agar biror ishkal chiqarsang, seni sog‘ qo‘ymayman, deb turardi.
Tamara opani baribir boshqacha yaxshi ko‘rardim. Harbiy xizmatdan keyin ham goh-goh uyiga mayiz-turshak solingan banderollar jo‘natib yurdim. Uni hanuz mehrim yolqinlanib eslayman, hanuz ko‘rgim keladi.

Davomi bor

009

(Tashriflar: umumiy 1 121, bugungi 1)

Izoh qoldiring