Anvar Obidjon. Ajinasi bor yo’llar. 1 kitob. 6 parcha (Yakun)

Ashampoo_Snap_2016.12.20_17h41m17s_001_d.png 8 январ — Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги 

  Ушбу китоб — ҳаётга муҳаббатнинг ўзига хос шоирона ифодасидир. Анвар Обиджоннинг ўзи бу ҳақда: «Яшамоққа бўлган бу севгимнинг мавжудлигига аждодларим ва яқинларим билан боғлиқ асал-асал хотиралар ҳам сабабчи эканини турмушда қут-қут илғаб тураман», деб эътироф этади. …

ШОИР УМРИНИНГ ҲАҚИҚАТЛАРИ РАМЗИ
094

007«Ҳаёт интилишу курашлардан, кўтаринкилигу тушкунликлардан, роҳату уқубатлардан, оғишмаслигу адашувлардан, ютуғу ютқизиқлардан, учрашуву айрилиқлардан, тўғрилигу қинғирликлардан, қониқишу аттанглардан, иноқлигу келишмовчиликлардан, улгуришу кечикишлардан, топишишу йўқотишлардан, мардлигу ғирромликлардан, ишончу алданишлардан, қисқаси — фаолият ва кечинмалардан иборатдир».

Ҳаёт ҳақидаги ушбу мухтасар ва чуқур таърифни Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг яқинда «Ўзбекистон» нашриёти чоп этган «Ажинаси бор йўллар» китобидан келтирдик. Фикримизча, ана шу биргина иқтибоснинг ўзи ҳам таниқли адибнинг турмуш кечинмалари битилган янги асари ҳақида дастлабки ва аниқ, тўғри ва батафсил тушунчага эга бўлишга ёрдам беради.

Ушбу асарнинг илк вариантини бундан бир муддат илгари «Шарқ юлдузи» журнали саҳифаларида ўқигандим ва ғоятда манзур таассуротлар олгандим. Ўтган даврда Анвар ака асарини янада маромига етказиб, ўз мухлисларига китоб ҳолида тақдим этишга аҳд килганини ниҳоятда қутлуғ иш, деб ҳисоблайман.

Янги китоб жанр нуқтаи назаридан автобиографик асар эканига эътибор қаратиш лозим. Тўғри, кейинги йилларда юртимизда бундай жанрдаги китоблар кўплаб нашр этилмоқда. Айни чогда, Анвар Обиджон қаламига мансуб ушбу асарнинг бир қатор ўзига хос хусусиятлари борки, бу ҳақда алоҳида тўхталишни лозим топдим.

Биринчидан, китоб муаллифи фақат таржимаи ҳолини баён этиш билангина чекланиб қолмайди. Аксинча, асарда турмуш қийинчиликларини енгиб, адабиёт майдонида ўз ўрнини топишга тиришаётган ёш қаламкаш ҳаёти билан боғлиқ реал ҳодисалар собиқ шўролар замонининг сохта тарихи билан уйғун ҳолда тасвирланган, янада аниқ қилиб айтганда, танқидий-таҳлилий негизда бадиий талқин этилган.

Иккинчидан, муаллиф ўзи яшаган давр руҳини ўз дунёқараши миқёсида ҳаққоний, яъни ҳаётий кечинмаларига ёлғон аралаштирмай, борини борича, очиқчасига ёза билган. Айниқса, адиб мустабид тузум даврида кечган болалигини, ўша мустамлакачилик замони қусурлари ҳамда алдовларининг маънавий тарбиямизга етказган салбий оқибатларини очиқ-ойдин кўрсатиб берган.

Мисол учун, Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги ва унинг машъум оқибатлари, қишлоқ аҳлининг оғир ҳаёти, кўчириш сиёсати, миллий ҳунармандчиликнинг ачинарли аҳволи, заёмбозлик, миллий кадрларга адолатсиз муносабат билан боғлиқ муаммоларни оддий фукаро даражасида тушунарли тарзда тасвирлаган. Албатта, буларнинг барчаси жуда муҳим аҳамиятга эга.

Учинчидан, адиб нафақат ўз ҳаёт йўлини, айни чоғда, XX асрнинг иккинчи ярмидаги сиёсий ва маданий муҳит, ўша даврда юртимизда кечган адабий жараёнлар билан боғлиқ ўзи кўрган-билган воқеаларга бевосита муносабатини ниҳоятда ҳаққоний ва самимият билан тасвирлаган. Назаримизда, айнан шу самимият ҳамда ҳаққонийлик, бир томондан, Анвар акага хос равон ва ширали ифода услубининг туб асосида турса, иккинчи томондан, асарга нисбатан китобхон ишончини янада оширади.

Масалан, Анвар Обиджон шўролар давлатининг бемаъни солиқ сиёсати, яъни совет кишиси энг кўп солиқ тўлагани борасида фикр юритар экан, «Хрушчёв уй ҳайвонларига ҳам солиқ солганида, кўп одамлар эшагини сотишга тутинди, гўл харидор топилавермагач, кўчага ҳайдаб қутилишди», деб очиқ ва аччиқ гапларни соддагина қилиб ёзади.

Тўртинчидан, китобда миллий ўзликни англаш, маданий меросни эъзозлаш масалалари алоҳида ўрин тутади. Жумладан, адиб «Иигчи эшон» («Дукчи эшон»), «Боласоғун» (Полосон қишлоғи), «Чолтоғ» («Чортоқ»), «Норота» («Нурота»), «Кутаргон» («Киткон» қалъаси), «Зўрой она» («Зурай она» ёдгорлиги), «Тўнгак ота» («Тўнга ота» мақбараси) сингари тарихий исм, географик ном ва атамалар ҳақида мутлақо янгича, мантиқан асосли ва ғоятда қизикарли фикрларни илгари сурган.

Шу билан бирга, фикримизча, Анвар аканинг фақат ўзигагина хос бўлган ёзиш услуби ва халқона (баъзан, ҳатто олтиариқча) сершира тили китобхон эътиборини тортмасдан қолмайди. Бу ҳақда сўз борганда, муаллиф «кезғич» («планета»), «ўқтош» («метеорит»), «кўтакарава» («бричка»), «сезгикуч» («инстинкт»), «кучалатош» («батарея»), «елтуйнук» («форточка»), «лаппак» («пластинка»), «бурагич» («ключ»), «чучварадўппи» («пилотка»), «оловбардош» («огнеупорний»), «карнайпоча» («клёш»), «қўнимдор» («прописка») каби кўпгина байналмилал атамаларнинг ўзбекча муқобилларини топиб қўллаганини алоҳида таъкидлаш даркор.

Китобнинг мундарижаси мантиқан тузилган. Сарлавҳалар тегишли фасллар мазмунини тўла акс эттиради. Ҳар бир бўлим учун берилган муаллиф эпиграфлари — Кулкул афанди ва Гулмат Шошийдан иқтибослар ўринли, эсда қоларли ва файласуфонадир. Саҳифалардаги керакли ўринларда муаллиф қаламига мансуб шеърлар, хусусан, «уччаноқлар»дан намуналар бериб борилгани ҳам ниҳоятда маъқул. Китоб саҳифаларидан миллий адабиёт, Шарқ ва Ғарб адабиётига ҳурмат-эҳтиром руҳи уфуриб турибди.

Анвар ака бир ўринда «Фалсафасиз яшаш тинчроқ, файласуфлик ҳаловатингни бузади», деб қайд этган бўлишига қарамай, адибнинг китобида ўткир фалсафий «фикрлар жуда кўп. Мана, ўша қуйма ҳикматлардан айрим намуналар:

«Дилпорани деб ўз дилини пора қилиш! Илоҳий жасорат бу!»;

«Соф қолишга тиришиш, наҳотки, кирликка қўшила бориш жараёнидан кўра уқубатлироқ бўлса?»;

«Туш нариги дунёнинг мавжудлигидан муттасил дарак бериб турувчи… илоҳий бир мўъжизадир»;

«Бирликда ҳамма ўзини хавфсиз сезади»;

«Шунчаки шаштни қўзитувчи, ётларга зиёни тегмайдиган ҳасад ижобийдир»;

«Бу отбозор оламда Ватан тугул, баъзан ўз ота-онангни топиб олишинг ҳам осон кечмайди»;

«Замон худога шайдоланишингга имкон берадиган замон эмас эди»;

«Ўт билан кулча фақат тандирда юз кўришади»; «Қанчалар кенг бўлмасин, йўлбарс қафасга, эркак уйга сиғмайди»;

«Барига бас келаман дейиш — пастга юмаланаётган улкан харсангни тўхтатиб қолишга уринишдек гап»;

«Мен эркин юртда хор-зор бўлиб яшашгаям розиман»;

«Ёмондан жон сақлаш учун ҳар қандай маккорона усулни қўлласа бўлаверади»;

«Бу ғалати мутелик вируси қонимизга нечанчи аждодимиздан ўтиб келаётганикин?»;

«Тилни тийиб юриб, бор зардобингни қоғозга қусавер!»;

«Баъзида ишдан бўшаш ўзинг суймаган хотин билан ажрашаётгандек ҳузурбахш туюлади»;

«Агар туғма ланж бўлмасанг, яхши кайфиятда бошлаётган юмушинг унум келтирмай қолмайди»;

«Болалар адабиётида қўриқ ерлар кўп, ўзлаштиришга астойдил уринаётганлар эса кам»;

«Янгиликни яратишдан кўра уни тан олдириш ўн марта қийин»;

«Элни камолотга етаклаш истагида ёнмоқ — яхши маънодаги миллатчиликдир (балки буни «миллийчилик» деб аташ тўғрироқ бўлар)»;

«Емиши ерда бўлса-да, туяларга тепаланмаслик учун тўрғай учишни ўрганди».

Мухтасар қилиб, Анвар Обиджоннинг «Ажинаси бор йўллар» китобини XX аср иккинчи ярми Ўзбекистон тарихининг бадиий-сиёсий тасвири, адибнинг камтарона ибораси билан айтганда, «умр ҳақиқатлари рамзи», деб баҳолаш мумкин.

Қолаверса, ушбу китоб — ҳаётга муҳаббатнинг ўзига хос шоирона ифодасидир. А.Обиджоннинг ўзи бу ҳақда: «Яшамоққа бўлган бу севгимнинг мавжудлигига аждодларим ва яқинларим билан боғлиқ асал-асал хотиралар ҳам сабабчи эканини турмушда қут-қут илғаб тураман», деб эътироф этади. Муҳтарам китобхонга ана шу «асал хотиралар»нинг биринчи китоби муборак бўлсин! Севимли адибимизга эса навбатдаги китобни иншо этиш йўлида бемисл илҳом ва куч-ғайрат тилаб қоламиз.

Манба: «Фарғона ҳақиқати» газетаси

Анвар Обиджон
АЖИНАСИ БОР ЙЎЛЛАР
(ТУРМУШ КЕЧИНМАЛАРИ)

094

0-Anvar aka.JPGАнвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади. «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади. «Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир. Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди. У«Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган (1998).

094

БИРИНЧИ КИТОБ
6 парча

БОҒСИЗ БОҒБОН

Мажлис болшавойларнинг сиёсий замбарагидур.
Гулмат ШОШИЙ

05.gifБир куни қишлоқдош студент ўртоғимнинг квартирасида тунашга бориб, телевизор кўриб ўтирсам, Озиқ-овқат саноати министри (вазири) Воҳид Содиқов билан суҳбат намойиш этила бошланди. Бу одам олтиариқлик эди. Суҳбатни тинглаётиб, миямда таталоғич ўй ғимирлади: ие, ҳукуматнинг бир устунига айланган шундай ҳайбатли қишлоқдошинг бўла туриб, сен нега Тошкентда тепаланиб юрибсан? Бор, ўзингни таништир, соясининг оёқроғидан сенгаям жой топилиб қолар.
Эзилишлар иситмаси таъсирида шундай деб юбордим-у, кейин эски тортинчоқлигим тутиб, боришга ҳеч оёғим тортмади, ишни анча кун пайсалга солиб юравердим. Танимаган одамимнинг олдида пўмпайиб нима қиламан? Сендан бошқа ташвишим йўқми, деса-чи?
Охири бордим. Ленин майдонининг (ҳозирги Мустақиллик майдони) бир четига қурилган кўпқаватли “Министрлар уйи” биносига кириб, лифтда юқорига кўтарилдим. Мени тунд тикилиб қарши олган котиба, олтиариқлик эканимни билиши биланоқ муомаласи илиқлашди, ҳозир бандлар, пича кутасиз, дея қатор биққи стуллардан бирига ястанишимни таклиф этди.
Мана, министрнинг қаршисида ўтирибман. Шумшаймасликка тиришганимча ўзимни таништирдим, қайси оиладанлигимни, қаерда ўқиётганимни қистириб ўтдим.
— Отангиз Обиджон акани яқиндан билардим, жа очиқкўнгил одам эди раҳматли, — деб ичимга ёруғлик солди министр. – Хўш, биздан нима хизмат?
— Тошкентда ишга жойлашмоқчи эдим, сал чўзилиб турибди, – дедим янада дадилроқ боқиб. – Иш-ку топилади, тайинли яшаш жойим йўқлиги сал қийнаб қўйди.
Воҳид Содиқович кўзини шипга тикиб, пича ўйланиб қолди. Ўзича бир қарорга келгач, яна менга юзланди:
— Мундоқ қилсак-чи, иш топгунингизча Янгиободдаги Ёғ-мой комбинатимизга ўрнаштириб турай. Ҳам ойлик тўлашади, ҳам ёш оилалиларга аталган умумётоқдан алоҳида хона беришади. Нима дейсиз?
Иккиланмасдан кўндим. Министр шу заҳотиёқ комбинат директорига қўнғироқ қилиб, бир оғиз гап билан ишни пиширди.
Шундай қилиб, 1977 йилнинг ўнинчи октябридан эътиборан Тошкент Ёғ-мой комбинатида “боғбон” деган штатда иш бошладим. Янгиободдаги умумётоқдан бир хонали ҳужра ҳам беришди. Ётоғим алоҳида-ю, ошхона, душхона, ҳожатхона кабилар умумий.

Кўрдим ярим кечаси
Бутоқда шим турганин.
Ҳеч ким билмас
Эгаси –
Нима қилиб юрганин.
(“Боғдаги сир”. 1981)

Комбинат директори Пўлатов “министрнинг одами” эканимни назарда тутиб, вазифамга кўра дарахтларни суғориш, гуллар остини ўтлардан тозалаб туриш ишларига мени яқин йўлатгиси келмади; журналист экансиз, Раъно опангизга қаралашиб юрақолинг, деб мени комбинат бошланғич партия ташкилоти котибининг ихтиёрига юборди. Яна ўша “Ленинобод” колхозидаги аҳвол такрорланди – коммунистлардан ҳар ойда бир марта партия бадалларини тўплайман; йиғилиш ўтказилса, котиблик қиламан; ё ўша куни, ё эртасига мажлис баённомасини ёзиб, папкага тикаман. Кўпинча одамларни ишдан қолдирмаслик учун мажлис ўтказилмас, лекин барибир “ўтказилди” деб баённома ёзилаверарди. Фалон куни фалонча коммунист иштирокида КПССнинг фалон қарори муҳокама қилинди, йиғилишда фалончи-фалончилар сўзга чиқиб, фалон-фалон фикрларни билдиришди, деган жумлаларни ҳаводан олиб тўқишга тушаман. Буларни ўқиб кўриб, жуда чиройли тайёрлабсиз, дея Раъно опанинг оғзи қулоғига етади.
Коммунистлигим жонимга ора кираётганди. Шаҳарнинг энг баланд тепалигига чиқиб, партияни шарафлаб қичқиргим келарди: Гапфуруш болшевиклар ўйлаб топган сиёсий дабдабаларга минг тасанно! Бу дабдабалар маҳсули бўлмиш барча қоғозбозликларга миллион-миллион офаринлар бўлсин!
Деярли бекорчихўжа эдим. Ойлигим тўқсон сўмгина эса-да, ҳарқалай, лоақал тушликда тузукроқ овқатланишимга, қишлоққа олдингидан серқатновроқ бўлишимга учма-уч етиб турарди. Ишхонага ҳафтада бир-икки марта бош суқиб қўярдим. Қолган кунлари кроватдаги кўрпамни полга тўшаб чўзилганимча, шеър тўқиганим тўқиган эди. Маош олган кунларим қишлоққа кетиб, баъзан бир ҳафта ўтказиб қайтардим. Қайтгач, қўлим бўшасаёқ, яна тинимсиз шеър битишга тушардим. Болаларга аталган туркум шеърларимнинг асосий қисми шу умумётоқдаги бор жиҳози бир шкаф, бир кроват, бир стол, бир стулдан иборат бўлмиш торгина хона деворлари орасида дунёга келган. Пиёниста қўшниларнинг улфатчиликка чорлашларидан, таниш жувонларнинг дам олиш кунлари залда ташкил этиладиган “танца”ларга судрашларидан безиб, эшикни ичкаридан қулфлаб олиб ёзардим. Айрим қилиқларимни аҳлоқсизликка йўйиб, тепадагиларга арз қилиб юрмаслиги учун қишлоқдан олиб келган мава-чевалардан бир қисмини умумётоқ комендантига бериб турардим. Шу боис, мажлис бўлиб қолса, менинг интизомимни, хонани тоза тутишимни мақтагани мақтаган эди.
Лекин, шонинг душмани – шо, гадонинг душмани – гадо, деб бекорга айтишмаган. Бир куни боғбонлар бригадири Раъно опанинг олдига кириб, министрнинг эркатойига айтиб қўйинг, ҳеч бўлмаса, ҳафтада уч кун бизга қўшилиб ишлаб турсин, дебди.
— Бу одам жуда муттаҳам, — деди Раъно опа. – Ҳатто директоримизнинг устидан шикоят қилиб, марказқўмга хат ёзган. Бирор йўлини топиб, у билан ўзингиз келишиб олинг. Очиғини айтсам, ичишни яхши кўради, лаънатига баъзан арақ-парақ олиб берсангиз, балки оғзи юмилиб қолар.
Ҳозир нима аҳволдаман-у, учраган эшакни емлайверсам, ўзим қандай кун кўраман, дейишдан тилимни тийдим. Ётоққа боргач, нима қилсам экан, деб роса бош қотирдим. Ниҳоят, чора топилди – бунақаларни лақиллатиш фирибгарликка кирмайди, ёмондан жон сақлаш учун ҳар қандай маккорона усулни қўлласа бўлаверади.
Эртасига бригадиримга йўлиқиб, олдинига ҳол-аҳвол сўраган, у ёқ-бу ёқдан сўзлашган бўлдим. Сўнг гапдан гап чиқариб, кўпни кўрган одамсиз, ўзи анчадан бери бир нарсани сиз билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб юргандим, дедим.
— Нима гапакан? – деб чақчайди бригадир.
— Ўқишим тугаб боряпти. Университетни битирсамоқ, министр қондошим мени бирорта кичикроқ корхонага бошлиқ қилмоқчи эканини айтди. Омалейкин, қўрқоқманми, эҳтиёткорманми, бошлиқ бўлишга сира юрагим чопмаяпти. Четдан келган одам Тошкентда кун кўриб кетишиям, ғажийман деб турувчилар орасида униб-ўсишиям осонмас.
Бригадирнинг тўсатдан қиёфаси ўзгариб, менга ялтоқланиб боқди:
— Юракни бутун қилсангиз-чи, укахоним. Хўжайинликни қўрқмасдан олаверинг. Керак бўлса, мана биз ёнингизда туриб берамиз. Биров соянгизни эзиб кўрсин-чи!
— Балки, сиздек тажрибали, дангалчи акаларга таяниб ишласа бўлар. Пайти келганда, яна маслаҳатлашиб кўрармиз…
Шу-шу, бригадир мен билан қучоқлашиб кўришадиган, ўқишим қачон тугашини суриштириб турадиган бўлди. Гоҳо уйидан кўтариб келган тушлигига мени шерик қилмоқчи бўлар, тинч юрганимнинг ўзи етади, ҳаддимдан ошмаганим маъқул, дея кўпинча бир нимани баҳона қилиб, узр сўрардим. Кап-катта одамни лаққа тушираётганимдан барибир хижолат тортардим. Начора, ўзи бошладими, ўзидан кўрсин, деб кўнглимга таскин берардим бунақада.
Ижоддан бош кўтаролмай қолсам, кўзларим зўриқишдан қизариб, киприкларим остида ярачалар пайдо бўла бошларди. Бундай дамларда гоҳ қадрдонларимни уйларига бориб йўқлардим, гоҳ редакцияларга уч-тўрттадан шеър тарқатиб чиқардим, гоҳ тушлик чоғи таниш адиблар билан ошхонада гурунг қурардим. Торроқ доирадаги суҳбатларда кўпинча мавзу яна миллатимиз тақдирига, эрксизлигимиз фожиаларига бориб тақалаверарди. Бунинг сайин, истибдодни қоралаш, юрт мустақиллигини орзулаш катталар учун ёзганларимдагина эмас, болаларга аталган асарларимда ҳам кенг аксини топиб бораётганди.
Энг хавфлиси – тобора ашаддий миллатчига айланаётганим эди. Қишлоқлардаги ўзбек болалари ҳатто тўп тепиб чигил ёзишга майдонча тополмаётган, эгни тузукроқ либос кўрмай яшаётган бир пайтда, бошқа миллат вакилларининг ясаниб олган болалари истироҳат боғларида бири арғимчоқ учиб, бири отўйинда айланиб қувнаётганини; барча қулайликларга эга бўлган спорт мактаблари, турли-туман тўгараклар шуларнинг ихтиёрида эканлигини кўрсам ҳам юрагим эзилишга тушарди. Идоралардаги маъмурий ходимларнинг аксарияти европаликлар, кўча супурувчиларнинг бари ўзбек. Қайсидир ҳинд киносидаги бир шофёр инглизларга қарамликдан қутулиш йўлида курашиб, кўзида жиққа ёш билан ўзини қурбон қилаётганида, унга қўшилиб ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлардим, оддий ўзбекларнинг ҳамма-ҳаммаси қачон шундай олий тушунчага эга бўларкин, дея олдимдаги телевизорни тепиб синдиргудек кепатада тутоқар эдим. Европаликларни юртимиздан безитиш йўллари ҳақида ўйлай бошласам, ўқтин-ўқтин, хаёлларим қўрқинчли тус оларди.
Ҳаёт оғирликларини кўп бошдан кечирган собиқ сиёсатчи-амалдорлар ёки кекса зиёлилардан айримлари билан эл-юрт тақдири ҳақида гоҳо эркин суҳбатлашиб қолсам, ҳовурим босилаётгандек туюларди. Улар мавжуд тузумнинг салбий томонларини очиқчасига танқид қилиш билан бирга, агар болшевиклар ҳокимиятни қўлга олиб, хўжакўрсинга бўлса-да, ишчи-деҳқонлар манфаатини биринчи ўринга кўтармасайди, кунимиз пулдор ва мансабдорларнинг мутлақ ҳукмронлиги остида тураверган, ҳатто юрт фарзандларини ёппасига бепул ўқитиш орзулигича қолаверган, натижада оддий халқ ҳозирга қадар феодал тузум шароитида иприндилигича юраверган бўлиши мумкинлиги кабилардан сўзлаб қолса, буларнинг гапида ҳам жон бор, дея чуқур хаёлга чўмардим.
Донолар қадимдан таъкидлаб келганидек, ҳар қандай ёмон нарсанинг яхши томони ҳам бўлади-ку! Мушоҳада тарозисининг бу палласига “ёмон”ларини, у палласига “яхши”ларини қўйиб, шайн қайси томонга оғишини шошмасдан кузатиш лозим шекилли. Лекин, буни холис солиштира олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун одамга, энг аввало, сиёсий-ижтимоий билимларга лим тўла ка-а-ттакон калла керак. Афсуски, ҳозирча менда бунақаси йўқ.
Нуқул иккиланардим. Бизни ўтмишимиздан, бой удумларимиздан, муқаддас қадриятларимиздан узишга интилмаса, айниқса, тилимизга тазйиқ қилмаса, балки, бундан зўрроқ тузум йўқдир. Империянинг югандорлари қанақа думбул одамлар ўзи? Бир тутуми билан меҳрингни жўшдирса, икки тутуми билан ўзидан бездиради? Ҳамма миллатга бирдек қайишадиган ақли бутунроқ доҳий лоп этиб балқиб чиқсайди, ишлар буткул бузилмай туриб, бари бирма-бир из-изига тушиб кетармиди…
1978 йилнинг ўттизинчи январида тўртинчи ўғлим Ботир ҳам туғилди. Учгудек бўлиб, қишлоққа бордим. Чақалоқни кўриб, кўзим қувонгандан қувониб кетди – Яратганга минг қуллуқки, дадам раҳматлининг ўзгинаси-я!

Кўриб қўйдим умримда
Қанча қаламқошларни.
Қанча ёлғон кулги-ю,
Қалбаки кўзёшларни.

Билдим – сохта ҳаммаси,
Барчаси бир дақиқий.
Фақатгина хотиним –
Туққан ўғил ҳақиқий!
(1981)

Тўрт ўғил, тўрт севинч, тўрт юпанч… тўрт баравар эҳтиёж…
Бош омон бўлса, буларни Худо ризқсиз қўймас, қорнини амаллаб тўйдирарман, ундоқроқ бўлмаса, мундоқроқ кийинтирарман. Лекин, ёнларида доим парвона бўлиб, тузукроқ тарбиялашга вақт, имкон топа олармиканман? Пайти келиб, етарлича ғамхўр бўлолмаганимни таъна қилишмасмикин?
Бутун бошли умумётоқ каби менинг хонам ҳам қишда яхши исимади, электр плитаси сотиб олишга камбағаллик қилдим. Комендантдан тагимга қўшимча матрац сўраб олган, ёпинчиғим устидан палтомни ташлаб ухлашга ўтган эсам-да, туни билан дилдирайверардим. Бошим тумовдан чиқмай қолди; бир йўтал тутса, ўпкам узилгудек бўларди; суякларим қақшай бошласа, ревматизмим қайтовланишидан қўрқишга тушардим.
Бир гал, армияда совуқдан ёрилган озиқ тишим оғриб, жағим гумбара бўлиб шишиб кетди. Овқат ейиш тугул, чой ҳўплашнинг иложи йўқ. Сурункали азоб тугал ҳолдан тойдиргач, жағимни боғлаганча кўчага чиқдим; муолажа чоғида очлик боис ҳушдан кетиб қолмаслик учун ошхонага кириб, кучли оғриқдан кўзим ёшланганича, қорнимни тўйғаздим. Дўхтирга борсам, жағингиздаги шиш қайтмагунча, тишингизни суғуриш мумкин эмас, деди. Чўнтагига пул тиқиб, бошлайверинг, ҳеч нима бўлмайди, дедим. Оғриқ қолдирувчи уколлар у замонда ҳали кенг русумга кирмаганми, ё дўхтирда йўқ эканми, пастки озиғимни жонимга човут солган аснода қайира-қайира базўр суғуриб, ёнидагиси ҳам йиринглаб ётибди, унисини олдиргани эртага келарсиз, деб ҳансиради. Сал ўзимга келволай, кейин бунисиниям олиб ташлайсиз, чидайман, дея гандираклагудек аҳволда ташқарига чиқдим; битта сигарет чекиб қайтдим-у, ўзимни яна “жаллод”га топширдим.
Баҳорга чиқиб, негадир, қувватим қочиб бораверди. Ўнгланиб кетарман деб, аввалига парвосиз юрдим; иштаҳам кескин пасайиб, кўнглим тез-тез айнийдиган бўлгач, ўлсам ҳам уйимда ўлайин, Тошкентда даволанишга ётадиган бўлсам, ким ҳолимдан хабар олади, деган хаёлга бордим. Май ойида ишимдан бўшаб, қишлоққа жўнадим.
Шу тариқа, Тошкентга қилган ғаввоғав юришим батамом мағлубиятга учрашим билан тугади. Бу – асабим буткул дош беролмай қолса, руҳимни умримнинг охиригача тикланмас даражада синдириб ташлаши мумкин бўлган жуда шармандали, ўта қақшатқич мағлубият эди.

ДИҚҚАТ! ФАРҒОНАДАН ГАПИРАМИЗ!

Овсарлар ўз мағлубиятининг йириклигидан ҳам ҳаволанаверади.
КУЛКУЛ афанди

Йўқ, мен катта мағлубиятдан ҳаволанишни уддалолмадим; шаҳарга қилинган юришда енгилганимни аламли тарзда тан олиб, Полосонга сўлғин қиёфада қайтдим, ҳовлимизга сустқадамлик билан кириб бордим. Йириккина газетага ишга олмоқчи бўлиб туришувди, бирдан тобим қочиб, тўғри қишлоққа келавердим, дея уйдагиларга баҳона тўқидим.
Касалхонада ётишни азал жиним суймаса-да, соғлиғим тез ёмонлашиб бораётгани важҳидан дўхтирга учрашишга мажбур бўлдим. Текшириб кўришса, сариқ касалига чалинган эканман. Юсуфжон дўстим бу маҳалда туман марказий касалхонасида бош врач ўринбосари эди, унинг меҳрибончилиги туфайли мени чўлнинг бир четидаги “инфекционний”га жўнатмай, темирйўл станцияси ёнидаги нефтчилар шифохонасига ётқизишди. Алоҳида хона бериб, касалим бошқаларга юқмаслиги учун, имкон қадар бўлимнинг ўнг қисмидан нарига ўтмаслигимни тайинлашди.
Ўша даврда сариқ касали бутун республикада эпидемияга айланиб бораётганди, бундан анча олдин хотиним ҳам шу ташхис билан ётқизилиб даволанган, қишлоқларда у ёки бу кишиси ушбу дардга чалинмаган хонадонни топиш амримаҳол эди. Америкаликлар Виетнам урушида аҳоли устига ҳарбий учоқлардан ўта заҳарли “Бутефос” химикати сочганини бир пайтлар ҳаммадан баланд овозда қоралаб юрган Кремл хўжайинлари, ҳозирга келиб, ўзимизда айнан ўша “Бутефос”, ундан-да кучлироқ бўлган “Меркоптофос”, “Би-58” кабилар қишлоқ уйларига туташ пахтазорларда ҳам қўлланилаётганини била туриб билмаганга олишаётганди. Кейинчалик маълум бўлдики, ўшанда ғўза зараркунандаларига қарши кураш шиори остида ҳар гектар ерга йилига ўртача эллик тўрт килограммдан кимёвий оғу сепилган (саксонинчи йилларда бу кўрсаткич дунё бўйича уч юз граммни, Ғарбий Европа ва АҚШда икки-уч килограммни, ҳатто СССРнинг ўзида ўртача бир килограммни ташкил этган), улар ер қатламига эллик метр чуқурликкача сингиб улгурган, ер ости сувлари, мева-сабзавот, полиз экинлари таркиби зарарли моддаларга тўлиб бораверган экан. Ўн беш республикага ҳукмрон бўлиб турган поёнсиздан поёнсиз қизил империя миқёсида олиб қаралса, бу даврда сариқ касалига чалинганларнинг учдан бир қисмини миттигина юртда яшовчи ўзбекистонликлар ташкил этганди. Олтиариқдагиси – республикамиз аҳолиси бошига келиб тушган улкан кулфат тошининг кичик бир парчаси эди.
Инфекцион касалхона тўлиб-тошиб кетгани боис, нефтчилар шифохонасидаги терапия бўлимининг ўнг қаноти ҳам “сариқ”ларга ажратилиб, бу ерга нуфузлироқ шахслар, ёш болалар ётқизилар экан. Бу шифохонада беҳад хассослиги билан довруғ қозонган, гоҳо вилоят касалхонасидаги врачлар ҳам баъзи масалаларда маслаҳатлашиб турадиган Доронина деган хуштабиатгина аёл ишларди. Касални жуда ўтказиб юборибсан, жигарни буткул ишдан чиқаришингга оз қолибди, ҳозирча фақат ошқовоқ еб тур, икки ҳафтагача ҳатто нон ҳам емайсан, деб буюрди у.
Нон ҳеч қачон одамнинг меъдасига тегмайди, дейишарди. Ўн кун ўтмаёқ, нонга ҳам, димлаб пиширилган ошқовоққа ҳам яқинлашгим келмай қолди. Бир куни, беморларга ошхонадан овқат ташиб келтирувчи санитар кампирнинг қўлидаги патнисга чанг солиб, тўрт-бешта котлетни юлқиб олдим-да, хонамга кириб, яйраб-яйраб тановул қилдим. Санитар кампир ортга қайтишда палатамга мўралаб, бундан кейин бировларнинг ризқига човут солмай, нима хоҳлашингни олдиндан ўзимга айтиб қўй, деб танбеҳ берди.
Касаллар кўпайиб кетгани туфайли дори-дармон етишмай, томирга томчилаб қуйиладиган глюкозани марказий касалхона қошидаги махсус аптекада тайёрлаш йўлга қўйилган экан. Бу “ясама”лар заводда чиқарилган “ҳақиқий”ларга нисбатан сифатсизроқ бўлганми, беморларда реакция қўзиб, баъзиларини типирчилатиб қўярди. Маҳалладошим Турсун бензавозчининг тўрт ёшлардаги қизчаси шундай реакция оқибатида ўлиб кетишига сал қолди. Кичкинтойга раҳмим келиб, менга врач дўстим Юсуфжон келтириб берган ҳақиқий глюкозалардан икки банкасини унга тортиқ қилдим. Врач дўстимдан яна дори сўрашга ийманганим учун, ҳамшира аёлдан ҳеч кимга индамасликни илтимос қилиб, “ясама”лардан бирини менда синаб кўришга зўрға кўндирдим. Бир банка суюқликни танамга юбориб бўлганидан кейин ҳам, ҳамшира анчагача ёнимдан жилмай ўтирди, реакция аломати сезилмагач, сизга билинмади, дея енгил тортди; буни Юсуф ака эшитиб қолса, мени еб ташлайди, унга билдирманг, деб ялинчоқланди. Шу кундан эътиборан, қизчага аталган “ясама”ларни мен ола бошладим, мендаги “ҳақиқий”ларни қизча қабул қилишга ўтди. Глюкозадан ташқари “гемодез” деган осмаукол ҳам бериб туришар, кунда бир неча хил тугмадори ичкизишарди. Тўғриси, ҳаммасини ҳам ичавермасдим. Танам уларни оғир қабул қилаётгани яққол сезилиб турарди.
Касални ўтказиб юборганим рост шекилли, бошқаларга қараганда узоқроқ даволандим. Соғайиб қайтганимдан кейин ҳам ўзимни лоҳас ҳис қилавердим.
Оиламиздагилар уриниб-тиришиб яшашда давом этарди. Акрам укам мактабдан маош оларди, Тоҳир укам мева тижоратидан маблағ топиш йўлини ўрганаётганди, томорқачиликни уддалаётган Авазбек укамнинг ҳам қўли пул кўра бошлаганди. Хотинимнинг далада ишлаб топгани, ҳарқалай, бир-икки қоп унга етгулик эди. Йил сайин кексайиб бораётган аям энди аввалгичалик бетиним ишлай олмаса-да, барибир чеварлигини ташламай, тикканларини ҳафта оралаб бозорда сотиб келарди.
Муаммоларнинг энг каттаси – тор ҳовлида тиқилишиб яшаётгандик. Акрам укамни уйлашдан олдин қурилган иморатни ҳисобга олмаганда, бошқа уйларимиз эзилиброқ қолганди. Айниқса, айвонсиз дўнгалак уйнинг орқаси бир неча йил олдиноқ у ер-бу еридан ёрилишни бошлаган; аям унда яшашдан қўрқиб, охири томнинг остида қолиб ўлар эканман-да, деявергач, усталар нурамайди деб айтишди-ку, гапимга ишонмасангиз, майли, гаров сифатида ўғлим сиз билан турсин, дея митти Баҳромни шу ёққа кўчириб чиқарган эдим. Кейинроқ, уста Абдуқаҳҳорга айтиб, ичкаридан қўшимча устун қўйдирдим.
Баримиз битта қозондан овқат ердик. Энг тайёрхўри – мен ва болаларим. Буни ҳеч ким юзимга очиқ таъна қилмас, фақат бирда аям, бирда Тоҳир укам беихтиёр шамалироқ гап айтиб қўяр, мен-ку пайқамагандек ўтираверардим, аммо хотиним тезда кўнглига олиб, минғирлашга тушарди. Қарабсизки, ўз уйимизга киргач, яна жанжал бошлайди, пешанам бунча шўр бўлмаса, дея сочини юлгудек бўлади. Эски одатига кўра, гоҳо астойдил аразланиб, отасиникига кетади, энди олиб келишга борманглар, деб уйдагиларга тайинласам, бирон-бир қўшни ўртага тушиб, уч-тўрт кундаёқ қайтариб келади. Жиғимга ортиқча текканида (аслида, кўпроқ аям билан чиқишмасди), бўлди, етар, энди ажрашаман, деган хаёлга борардим-у; биринчидан – болаларимнинг кўнглини авайласам, иккинчидан – камбағалгина, юввошгина, йигитлигида урушга ҳам жойнамози билан кетган художўй дадаси бундан қаттиқ изтироб чекиши мумкинлигини ўйлаб, тағин ўзимни босардим. Хотинимгаям барибир раҳмим келарди.
Дўхтирим қанчалар такрор-такрор уқтирган бўлмасин, касалхонадан чиққанимдан кейин парҳезга амал қилмадим; амал қиламан деганимдаям, бу бирқозонли уйда менга алоҳида овқат пишириб беришнинг иложи қаёқда дейсиз. Бунинг устига, асабни тинчлантиришга бўлган ички иштиёқ мени араққа кўпроқ етаклайверганими; кечалари туз тотмасдан, кетма-кет чекиб, шеърлар, болаларга аталган туркум ҳикоялар, пиеса, Қодирий қаҳрамонларига тақлидан ҳажвиялар битишга ружу қўйганимми жигаримни зўриқтирди шекилли, сариқ касалим қайтовланиб, яна нефтчилар шифохонасига ётдим.
— Ўзи-ку биринчисида ўлиб кетишинг мумкин эди, организминг итникидек чидамли экан, омон қолдинг, — деб жеркишга тушди дўхтир Доронина опа. – Майли, яна бир даволаймиз, аммо бундан кейин ўзингни эҳтиёт қилмасанг, ўлишинг аниқ.
Зора ўлақолсам, деб ўйладим ўшанда. Ҳеч нимадан ташвишланмай, тинчгина ухлайверасан, ухлайверасан, ухлайверасан. Сени на ўнлаб йилларга чўзилган очлик безовта қила олади, на кимларнингдир устингдан тепалаб ўтиши. Энди ҳеч бир бандадан жабр кўрмайсан, ҳеч бир бандага жабр ҳам етказолмайсан. Ҳамма ёқ – жимжит, шу сокинлик аро – биргина ўзинг.
Ўлимдан сесканардим, лекин ўлиб кетишдан, негадир, қўрқмасдим у пайтда. Балки, ёшликнинг ҳовури баландлиги боис шунақа туюлгандир; балки, уқубатли ҳаёт мени ўзидан буткул безитиб ташлагандир, ҳозир аниқ бир гап айтишим қийин. Ҳатто, қишлоғимиз қабристонида жой тугамай туриб, дадамнинг яқинроғига кўмилмоққа улгуриш истаги уфуриб турган шеъримни касалхонада заррача талвасаланмай ёзганим эсимда. Қанийди, ўша ёввойи галдирлик, кичкинагина ботирлик қариганингда ҳам сақланиб қолса!
…Вужудининг теграсини порпироқ ёруғлик қамраб олган дадам ёнгинамда жим турибди. Бир-биримизга сокин қараб қўямиз-у, бирор оғиз гапирмаймиз. Охири дадам олдинга тик боққанича, мендан секин-секин узоқлаша бошлади; нечоғли узоқлашса, шу қадар қоронғиликда қолиб бораётгандим. Ёруғликка етиб олиш учун дадам томонга талпинаман. Шу пайт, ортимда кимдир пайдо бўлиб, елкамдан тортади. Ўгирилиб қарасам, аям турибди. У ҳам гапирмайди, фақат курагимни меҳрибонлик билан силаб, бошқа ёққа етакламоқчи бўлади. Етагига юраман.
Қоқинмасдан одимлаётгандим. Дадам кетганидан буён жуда хиралашиб қолган ёруғликка кўникиб бораётгандек эдим; хираликка кўникканим сайин, у тобора ёруғ туюлаётганди…
Доронинанинг ибораси билан айтганда, итникидек қаттиқ жоним мени яна оёққа турғазди. Бу сафар ҳам парҳезга қатъий амал қилолмаган эсам-да, спиртли ичимликлардан нарироқда юришга астойдил интилдим. Кеч кузга бориб, олдинги бардамлигимни топгандек бўлдим.
Бекорчилик қанча чўзилса, юрагим шунча сиқилаверди. Энди, кичикроқ ковакларни титкилаб бўлса-да, астойдил иш қидиришим керак, деган қарорга келдим. Тўғри-да, бу аҳволда ўтмаслашиб, ҳатто занглаб қолиш ҳеч гапмас.
Бошқа тайинли жой йўқлиги учун партия аъзолигига оид ҳужжатларимни Тошкентдан туманимиз газетасига кўчиртириб келгандим. Баъзан бадал тўлашга бориб, баҳонада, эндиликда эрга тегиб олган эски Севгилимга учрашардим, аввалгичалик ижикилашиб сўзлашмасак-да, гапимиз дарров тугайвермасди. Гурунглашиб ўтирганимизда, гоҳо мен билан яна иноқлашиб кетган муҳаррир кириб келиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлар, ўтган ишга салавот деб, ўзимизга қайтаверсангиз-чи, дея акаларча елкамга қоқарди. Ваҳоланки, очдан ўлсам ҳам бу ерга қайтмаслигимни, атрофдагилар ўзаро мазахлаб юришига чидай олмаслигимни у ўзгалардан кўра яхшироқ билар, ўта синчи, ақлли кимса эди.
Аям билан хотинимнинг писандаларига кўникиб бўлгандим, тугалай парво қилмасликка тиришардим. Аммо, фарзандларимнинг олдида юзим шувутдек, бўйним қисиқдек эди. Барча болалар каби уларнинг ҳам ўз истакчалари, орзучалари бор: бири яхшироқ кийинишни хоҳлайди, бири ўйинчоқ ўйнагиси келади, бири ўртоғининг велосипедига суқланади. Олдин дадамнинг аҳволини суриштириб кўрайлик-чи, дейишни ҳали билишмайди, гоҳ ялинчоқланиб, гоҳ инжиқланиб у-бу нарсаларни талаб қилишга тушишса, нима дейишни билолмай юрагинг эзилади, бунақада ҳатто ўзингни ўзинг ёмон кўриб қола бошлайсан.
Кунлардан бир куни аммамни йўқлаш баҳонасида шаҳарга бордим. Вилоят газетасига, сўнг шаҳарникига кириб, иш суриштирдим. Бирорта жой бўшасин, кейин гаплашармиз, дейишди. Шалвираганимча Тўқимачилар шаҳарчасига ўтиб, аммам билан суҳбатлашиб ўтирсам, ўртанча қизи Матлуба опамиз (уни Люба опа дердик) келиб қолди. Иш қидираётганимни билиб, вилоят босмахонаси директори Ўктам ака билан борди-келди қилиб туришлари, ўша одам орқали бирорта редакцияга жойлашга уриниб кўришини айтди. Мадамин поччамиз тўнғич опам билан ажрашгач, Матлуба опа кўп ўтмай унга тегиб олганди. Опам ҳам бошқа турмуш қуриб кетгани боис Мадамин ака билан ярашиб олган эсам-да, уларникига деярли бормасдим. Алоқани яхшилашга уриндими, қондошга жонкуярлиги тутдими, Матлуба опам бир ҳафтадаёқ ишимни битириб берди, вилоят радиосига бориб, бошлиғига Ўктам ака юборганини айтасан, деб уқтирди менга.
Эртасигаёқ бордим. Вилоят радио қўмитасининг раиси Дониёр Эргашев мени очиқ юз билан кутиб олди. Қаерларда, қанча вақт, ким бўлиб ишлаганимни сўради.
— Энг муҳими, партияда экансиз, — деб суриштирувни якунлади охири. – Ишончли одамларни доим қўллаб-қувватлаймиз.
Шундай деди-ю, кадрлар бўлими мудирини чақириб, бу одамни бугунданоқ ишга расмийлаштиринг, деб буюрди. Бу кун – 1979 йилнинг ўн саккизинчи январи эди. Галдаги бекорчилигим салкам тўққиз ой деганда ниҳоясига етди. Рўзғор тебратиш билан боғлиқ жафоларнинг қора булутлари турмушим осмонини ҳали-вери тарк этмаслигини англаб турган бўлсам-да, кўнглимга тотли бир ҳаловат ёйилди.
Уйга қайтибоқ, бу янгиликдан биринчи ўринда аямни хабардор қилдим. Суюнчи бермаса ҳам, менга қўшилиб жуда суюнди. Балки, ниҳоят пул топа бошлашимдан кўра диққинафас муҳитдан қутулганим онамни кўпроқ қувонтиргандир-у, мен ўшанда буни тушунолмагандирман.
Овқатланиб ўтирганимизда, вилоят радиосининг кечки эшиттириши бошланиб, эфирда: “Диққат! Фарғонадан гапирамиз!” деган тантанавор товуш янгради. Қулоғимга шунақанги ширали эшитилдики!
Э, таажжуб! Эшакдай ишлатишларини била туриб, бизни заҳматга йўллаётган турли ёлламачиларга қуллуқ қилаверамиз. Бу ғалати мутелик вируси қонимизга нечанчи аждодимиздан ўтиб келаётганикин?

УСМОН НОСИРНИНГ СУРГУНДОШИ

Ётоқсиз қолғонингда, дўппинг томга айланадур.
Гулмат ШОШИЙ

Раисимизнинг очиқкўнгиллиги бошқаларга ҳам юқиб борганми, жамоадаги муҳит мусаффо, ходимларнинг кўпчилиги дилкаш кишилар эди.
Тошкентдаги саргардонликлар даврида эски хунук одатларим қайта кўпчишга тушганди, радиода иш бошлашдан олдин хулқ-атворимни яна яхши томонга оғдиришга аҳд қилиб, ўзим ўзим билан қатъий келишиб олдим. Барчага бирдек хушмуомаламан, ҳеч кимнинг хизматидан қочмайман, бошлиқларга ўта итоатгўйман, берилган топшириқларни нуқсонсиз бажаришга уринаман, оддий техник ходимдан тортиб фаррошга ҳам ҳурмат билан муомала қиламан, майда гапларга аралашиб юрмайман. Тошкентда мени ишли, ётоқли қилган ўша министр Содиқовнинг яқиндагина журналистлик дипломини олган келини Шаҳодатхон ҳали тажрибасиз, радиомухбирлардан бир-иккитасининг қалами бўшроқлиги боис, баъзан қийналиброқ қолишса, секингина менга мурожаат этишар, ёзганларини эринмасдан таҳрир қилиб берардим. Натижада, касбдошларим ичида тез эътибор қозондим, иззатим ошиб бораверди.
Мени энг қийнаётгани – Олтиариқдан йигирма беш километр масофадаги шаҳарга кунда қатнашга мажбурлигим эди. Эрта саҳарда туриб, шоша-пиша нонушта қиламан; қишнинг қирчиллама қирқида Тоҳир укам берган қуёнтери оқ телпакнинг қулоғини тушириб олиб, пулни тежаш мақсадида тўрт километр наридаги туман марказига пиёда чиқиб бораман. Эгнимда Акрам укамнинг куёвлик костюм-шими, оёғимда эскириб қолган қишки ботинка.
Бошимдан ҳовур кўтарилганича туман автобекатига кириб бораман. Шаҳарга қатнаб ишловчилар, бирон-бир юмуш билан кетаётганлар одатдагидек бесаноқ, барчаси эрталабки автобусга улгуришга ошиқади; “ЛАЗ”ларнинг бунисига бўлмаса унисига базўр илашиб, тирбанд салонда тик турганча йўлга тушаман. Совуқ кучайиб кетган ёки ишим кўпайган кунлари аммамникида, гоҳо Матлуба опамникида тунаб қоламан.
Аҳволим мушкуллигини сезган бўлса керак, бир куни раисимиз меҳмонхонанинг калитини қўлимга тутқазиб, зарурат туғилса, диванда ётиб юраверинг, аммо бошқа одамни киритманг, деб тайинлади. Радио ходимлари “маишатхона” деб атовчи бу махсус хонада Дониёр ака яқин улфатлари билан гоҳ-гоҳ ўтириш қилиб турар; ўртада – олти ўринли стол-стул, тўрида – диван, чап ёқда – ойнаванд шкаф, унга заргул чойнак-пиёлалар, товоқ-тақсимчалар дид билан териб қўйилган, пастки қисмида – писта-бодомли халтачалар, устига сочиқ ташлаб қўйилган ичимликлар; уч оёқли темир устунча илгакларида – тивити тўкилмаган сочиқлар. Тагимга тўшаладиган оқ чойшаб, ёпинчиқ адиёлим, тунги вазифасини ўтаб бўлгач, устига катта ваза қўйилган тумбанинг ичидан жой олади. Меҳмонхонада қолган кунларим дам у, дам бу қоровул билан ярим кечагача гурунглашаман, овқатларига доим қошиқдошман, дўкондан бирон нарса олиб келсам, астойдил хафа бўлишади. Касбдошларим кўзларига ишонгиси келмай, шунча ишлаб юриб, бу меҳмонхонага ҳатто кириб кўрмаганмиз, хўжайин сизга қандай эридийкин, деб ҳайрон бўлишар эди. Бу гаплардан янада ҳушёр тортиб, меҳмонхонани мунтазам озода тутардим, ҳеч нарсага тегмасдим.
Алижон деган оғайним бўларди, туман газетасида эканимда у комсомол қўмитасида ишлар, кўмагимда тез-тез мақолалар чиқариб турарди. Эндиликда ички ишлар тизимига ўтиб, Қиргули шаҳар милицияси бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаётган бу йигит шаҳарга қатнайвериш бир юз ўн сўмлик маошимнинг ярмини кемириб ташлаётганини эшитгач, мен сизга идорамдан гувоҳнома олиб берай, автобусда текин юрадиган бўласиз, деб қолди. Икки кундан сўнг ишхонамдан олинган тавсифномага тўртта суратимни қўшиб, унга топширдим. Алижон ўз бошлиғи Аҳмаджон ака билан ҳам таништириб чиққанидан кейин, мана, иш битди ҳисоб, фақат олган ҳужжатни оқлаб, расмиятчилик учун бизга гоҳ-гоҳ у-бу маълумотларни ёзма равишда бериб турсангиз бас, деди.
— Қанақа маълумот? — деб сўрадим анграйиб.
— Одамларнинг ичида юлғичи бор, зараркунандаси бор. Орқаваротдан бўлсаям, шулардан хабардор бўптуришимиз керак-да, ошна.
Ҳафсалам пир бўлди. Имтиёздан воз кечишимга тўғри келди.
Бир нав баҳорга чиқиб олдим. Бу даврда менга боғлиқлик томони бўлмаган иккита кўнгилсиз воқеа юз берди. Биринчиси – сел келиб, Фарғонани сув босди. Ўша куни ташкилотлардаги бор транспортларни сафарбар этишиб, энг кўп талофат кўриши кутилаётган Олтиариқ аҳолисини Қапчуғай қирига эвакуация қила бошладилар. Қўшниларга қўшилиб, уйимиздагиларнинг ҳаммаси трактор тиркамасида қирга жўнашди, уч-тўрттагина эркак маҳаллада қоровулликка қолиб, Худодан шафқат тилаб ўтиравердик. Вилоят раҳбари шаҳардаги завод-фабрикаларни асраш мақсадида, Водил сойининг Олтиариқ йўналиши қисмидаги шлюзни кенг очдириб қўйган экан, лекин барибир Яратгучининг айтгани бўлиб, тошқин оқизиб келган “Колхида” юк машинаси қувурга тиқилиб тўхтабди-ю, бўтана сувлар Фарғонага сари “ялпи юриш” бошлабди. Шимолий йўналишдаги Миндону Чимён, Хонқизу Олтиариқ шу тариқа ортиқча зарар кўрмади, асосий офат шаҳарга ёғилди. Ўша куни тунда қишлоқлар буткул ҳувиллаб қолганига қарамай, биронта талончилик содир бўлмади, бировнинг мол-мулки тугул ҳатто товуғи ҳам йўқолмади.
Иккинчиси – Минскка учиб бораётган, 1960 йили олий лигага ўтганидан буён ашаддий ишқибози бўлиб келаётганим “Пахтакор” футбол жамоаси авиаҳалокат туфайли деярли тўлиқ таркибда нобуд бўлди. Бундан қалби ларзага тушмаган одам қолмади, республика мотам либосига бурканди. Бошқалар каби мен ҳам қаттиқ изтироб чекдим, аммо кўнглимнинг бир четида шу азада кимгадир иблисона қутқу бўлиб туюлувчи ғалати бир таскин яллиғланиб, баҳонада “Пахтакор” ёппасига ўзбеклашиб кетса ажабмас, деб ўйладим. Кавказ командаларининг миллийлигига доим ҳавасим келарди.
Қувончли воқеалар ҳам бўлди. Шулардан энг эсда қоларлиси – ёзги битирув имтиҳонларини ҳалай-ҳулай топшириб, диплом олдим, олий маълумотли журналист мақомига эришдим.
Чарм ғилофли репортёрни елкага илиб, қанчадан-қанча корхоналарни, муассасаларни, дала-боғларни кездим, неча-неча эшиттиришлар тайёрладим, бироқ шулардан иккитагинаси ёдимда алоҳида таассурот қолдира олди. Биттаси кулгилилиги, биттаси фожиавийлиги билан.
Кулгилиси – кунлардан бир куни, Фарғонага келган Виетнам компартияси фаолларидан бирини аэропортда қаршилаб, интервю олишимни топширишди. Меҳмон қўниш майдонидан чиқаверишда кутиб олиниб, ўқувчилар гулдасталар совға қилишди, вилоят раҳбарлари биродарлик эҳтиромларини изҳор этишди. Мен рус таржимонга йўлиқиб, мақсадимни айтсам, конверт опкелдингми, деб сўради дабдурустдан.
— Қанақа конверт?
— Қанақа бўларди, пул солинган конверт-да!
— Менга бунисини айтишмади-ку.
— Айтишмаган бўлса, ўзингда лоақал йигирма сўм топиладими?
Чўнтагимни титиб, бор пулимни олдим. Беш-олти сўм чиқиб-чиқмайдиган, бари бир сўмликлардан иборат эски-туски пулларга кўзи тушгач, таржимоннинг энсаси қотди, меҳмон тарафга хавотирли жаланглаб қўйиб, йўқот бу ахлатларингни, дея қўлимга шапатилади. Совет-Виетнам дўстлигининг аҳамияти ҳақидаги саволимга жавобан янграган “донг-дунг”ларни тилмоч акахон тунд қиёфада русчага ўгириб бўлибоқ: “Хватит! Пошол, голодранец!” (Бўлди! Йўқол, ялангоёқ!) – деб елкамга нуқиди.
Фожиавийси – оғир касалга чалиниб, Водилдаги “амалдорлар шифохонаси”да ётган Тожихон Шодиева исмли кекса коммунистга учрашиб, хотираларини магнит тасмасига ёзиб олишимиз лозим бўлиб қолди. Вилоят раҳбарлари бу ишни раисимиз ўринбосари Ойматовга топширган эса-да, негадир мени ҳам бирга олиб кетди. Бордик. Кенг ва шинам хонани бир ўзи эгаллаб олган Тожихон ая, кроватда сўлғин ёнбошлаган куйи, бизни ноз-неъматга лиқ тўла столга таклиф этди, қистаб овқатлантирди. Охирида ниятимизни айтсак, кўриб турибсизлар, ҳозир биров билан гаплашадиган аҳволим йўқ, деб кескин эътироз билдирди.
— Олдингизга атайлаб Анвар Обиджон деган манави шоиримизни олиб келувдим, — деди Ойматов. – Майли, ҳеч бўлмаса, танишиб олдиларинг-ку.
— Шоирмисиз? – менга бирдан чеҳраси очилиб боқди ая. – Усмон Носирни биласизми?
— Биламан, уни жуда яхши кўраман, — деб жавоб қилдим.
Бундан аянинг кўнгли янада яшнагандек бўлди; Ойматовга қараб, сиз сойнинг бўйида бир айланиб келинг, бўпти, Анваржон билан озгина гаплашсам гаплашай, деди.
Ичида узоқ йиллар сақлаб келган сўзларини буларга юракдан тушунадиган одамни топиб айтишни кўпдан ўйлаб юрган эканми, олдин бир воқеани эшитинг, деди-ю, эзгинланиб ҳикоя қилишга тушди. Айтишича, паранжи ёпиниб юришдан биринчилар қатори воз кечиб, аввал комсомол, сўнг партия аъзолигига кирган; ҳукуматнинг ҳар қандай оғир топшириқларини ҳам миқ этмай бажариб келган бу аёлни ўттизинчи йилларда қўққис қамоққа олишиб, Россиянинг совуқ Магаданига сургун қилишибди. Берадиган саволлари нуқул бир хил эмиш: “Ўзбекистон компартияси раҳбари Акмал Икромов сенга қандай аксилинқилобий гапларни айтган?”, “Республика ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаевнинг зараркунанда гуруҳида юриб, қанақа топшириқларни бажаргансан?”
Аянинг жавоби доим шу экан – иккаласи билан ҳам қўл бериб кўришардим холос, лекин бирор нарса ҳақида сира алоҳида ўтириб гаплашмаганмиз. Терговчининг бундан жаҳли чиқиб, ёлғон гапиряпсан, жосус, аслида биз ҳамма нарсадан хабардормиз, деб яна хўрлашга тутинар экан. Бир куни лагер бошлиғи уни ҳузурига чақиртириб, ёшгина, чиройлигина жувон экансан, сенга ачиняпман; яхшиси ўзингниям, бизниям қийнамай, айбловни тан олгин-да, терговчиларнинг азобларидан қутул, акс ҳолда, шоир юртдошинг Усмон Носирга ўхшаб охири жинни бўлиб қоласан, дебди. Кейин, ўзи уни эркаклар колонияси томонга бошлаб ўтибди, камералардан бирининг темир эшиги ўртасидаги тирқишчани очиб, ана, шоирингни кўриб қўй, дебди.
— Қараб, қўрқиб кетдим, — деди ая. – Эшик тирқишидан назоратчи мўралаяпти деб ўйлаган бўлса керак, соқоллари ўсиб кетган, эти суягига ёпишиб қолганига қарамай, чиройини йўқотмаган, шаҳло кўзлари чарақлаб турган йигит шартта ўрнидан туриб, деворни тепа-тепа, айниб сўкинишга тушди. Чўчқалар, харомилар, партиянгниям фалон қилай, Сталинингниям, деб сўкинаверди ўрисчалаб.
Вужудим увишиб, юрагим орқага тортди. Тўлиқиб сўзлаётган аяга нима деб тасалли беришни билмасдим.
— Иложи топилган вақтларда шоиримизга овқат киритиб турган пайтларим ҳам бўлди, — дея мунгланиб давом этди ая. – Кўп ўтмай, ёшлигимизни ҳисобга олишганми, мен тенги жувонларнинг бир қисмини муддатидан олдинроқ қўйиб юборишди. Билсам, ҳатто Сталин ўлганидан кейин ҳам шўрлик Усмон Носир ўша томонларда қолиб кетибди, жуда хўрланиб ўлибди…

Бўсаларни соғиниб,
Жононларни ўйладик.
Мангуликка сиғиниб,
Она юртни куйладик.

Шунча шавқнинг барини
Баҳам кўрдик биз бирга…
Кел, берайлик ярмини
Шўрлик Усмон Носирга.
(1978)

Бод касалига чалиниб ётган давримдагига ўхшаб юрагим бежо тепа бошлади.Тинчланиброқ олиш учун ташқарига чиқиб, сигарет чекиб қайтдим. Хонага кирдим-у, негадир, яна чекким келди.
Ўзи нималарни гапиришим керак экан, деб сўради ая, репортёрни созлаётганимни кўриб. Асосан, партиямиз арбоблари ҳақидаги хотираларингиз керак шекилли, деб жавоб қилдим. Ая манглайини тириштириб, енгил уф тортди.
— Унақа бўлса, Йўлдош ота тўғрисида гапираман холос, — деди у. – Бошқаларни сўраманг, айниқса Усмон Юсуповни. Отини эшитишгаям тоқатим йўқ.
Гапидан билсам, Йўлдош Охунбобоев ўшанда Тожихон аяни қамоқдан чиқариб олишга уринган бўлса-да, қўлидан келмаган экан. Лагердан қайтгач, олдин майдароқ ишларга жойлабди, уруш вақтида Россиядан Ўзбекистонга эвакуация қилинган болаларнинг бир қисми Фарғонага юборилгач, Тожихон аяни уларга мутасадди қилиб тайинлабди. Ая бир куни Тошкентга бориб, четдан келганларнинг еб-ичиши жойидалиги, аммо отаси урушда юрган ёки ҳалок бўлганларнинг қишлоқлардаги фарзандлари қийин аҳволдалиги, оналарининг бири касалманд, бири ночорлиги боис улар очликдан ўлишгача бориб етаётганини айтса, Охунбобоев анча сукут сақлаб туриб, э қизим-а, ўзимизникиларга кўмаклашиш ҳозирча қўлимдан келмайди, мен шипдаги анави лампочкага ўхшаган нарсаман, электр узгичим Москвада, “шиқ” этказишса, ўчаман-қоламан, деб жавоб қилибди.
Бу – машҳур Тожихон Шодиева билан биринчи ва охирги учрашувим бўлди. Кейинроқ унинг вафот этганини эшитдим.
Бекорчиликнинг зах ўрасидан зўрға қочиб чиқиб, энди яйраб-яйраб ишлаётганимга қарамай, тинимсиз елиб-югуришларданми, вақтида тузукроқ овқат еб туриш имконим йўқлигиданми, учинчи бор сариқ касалим қўзиди. Врач дўстим Юсуфжоннинг маслаҳати билан, бу гал шаҳар инфекцион касалхонасига ётдим. Азамат жигарим мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб, “сариқ ажал”нинг учинчи зарбасидан ҳам мени омон олиб чиқди.
Биламан, врачларни лол қолдириб келаётган бу бардош жигаримга онамнинг аждодларидан ўтган. Она уруғим ниҳоятда чайир, ниҳоятда яшовчан.
Ҳа, врач Доронина опанинг гапи тўғри. Агар ўзини ёмонроқ касалликлардан асраб юролса, унча тўкин бўлмаган шароитда кун кечириб ҳам, бундай пишиқ организм билан одам камида тўқсон йил яшайди, деган эди у. Мен ёмон муҳитнинг ёмон дардларидан қочиб қутулолмадим. Тан-жоним яна қанча вақт чидай олади – у ёғи фақат Оллоҳга аён эди.

ҚУТ-БАРАКАЛАР ҚАЛЪАСИ

Учраган ариққа қармоқ ташлайверма, ҳаммасидаям балиқ бўлавермайди.
КУЛКУЛ афанди

Олтиариқ ибтидодаёқ тупроғига саҳоват қорилиб яралган, бу саҳоватлар дарёсига умид билан қармоқ ташлаганни у бирон марта қуруқ қолдирмаган. Менинг аждодларим ҳам тақдирини ушбу маконга боғлаб, кам бўлишмади; бири ундоғроқ, бири мундоғроқ яшаса яшагандир, лекин илиги тўлиқ тупроқ ўз мурувватини ҳеч қачон улардан дариғ тутмади, битта уруғ кўмсалар, юзта қилиб қайтараверди. Биз унга жафо қилсак қилдик, у бизга асло жабр етказмади.
Шоҳимардонсойнинг Водилдан шимолга ажралувчи ўзанидаги сермаъдан сувлар Қапчуғай қирлари этагига етганида, чиндан ҳам олтита ариққа бўлиниб, яралиш тарихи эрамиздан олдинги даврларга бориб тақалувчи олтита энг қадимий қишлоқ орқали, кейинроқ пайдо бўлган қўшни қишлоқчаларга тарқалади, деярли нарига ўтмай, Олтиариқ тупроқларига паққос сингиб кетади. Бу туман ҳудуди ҳозирда олтмиш уч минг квадрат километрни ташкил этса-да, қадимда муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлмиш Олтиариқ беклиги чегараси кунчиқарда Марғилонга, кунботарда Сўхга, кунгайда Шоҳимардонга, терскайда Ёзёвон чўлларигача борган. Советлар даврида Туркистон аввалига Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ҳамда бир неча автономияларга, сал ўтиб беш республикага бўлиб ташланиб, маъмурий ҳудудлар қайта белгилаб чиқилган чоғларда ҳам бу туман ўрами анча кенг эди. 1926 йил декабрида Олтиариқда ўтказилган Шўролар кенгашининг биринчи қурултойда Чимён ва Водилда бошланғич синф ўқувчилари учун намунали мактаблар ташкил этиш масаласи кўтарилгани; чекка қишлоқ маданиятини юксалтириш баҳонасида Шоҳимардонга сургун қилинган шоир Ҳамза турли масалаларни ҳал қилиш учун Олтиариққа келиб тургани, тумандаги йирик йиғинларда нутқ сўзлагани каби фактлар шундан далолат беради. Илгари туман ерларининг кўп қисми боғ-роғлар, буғдой, полиз, сабзавот майдонларидан иборат бўлган бўлса, бирин-кетин жамоа хўжаликлари ташкил қилиниб, пахта сиёсати кучайишни бошлаган ўша маҳалларда бор-йўғи ўн минг гектарни ташкил этган суғорилма ерларнинг салкам етти минг гектарига чигит экилган экан. Хрушчёвнинг “йириклаштириш сиёсати” натижаси ўлароқ ҳатто ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошигача Риштон ва Сўх туманлари тўлиқ ҳолда, эндиликда Қўштепа, Фарғона, Ёзёвон, Бағдод туманларининг бир қисми бўлмиш Оқтепа, Болтакўл, Хонқиз, Чимён, ичкари Учуй, Миндон сингари қишлоқлар Олтиариқ тасарруфида эди.
Олтиариқдаги айрим қишлоқларнинг тарихи икки минг йилдан нарига бориб тақалади. Шулардан, қадимшунослар томонидан қазиб ўрганиш натижасида расман исботлангани Киткон қалъаси ва Зурай она (Зурайк момо ҳам дейишади) ёдгорлик масканидир. Жой номларининг пайдо бўлиш тарихи билан азал қизиқиб келганим боис, туманимиздаги қадамжойлар ҳақида ҳам илгаритдан маълумотлар тўплаб юрардим, булардан бир қисми Н. Абдулаҳатов ва В. Азимов нашрга тайёрлаган “Олтиариқ зиёратгоҳлари” китобига (Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2005) қўлёзмамдан олинган парчалар тарзида киритилган. Ўшандан кейин айрим олимлар, зиёлилар бу китобдаги қўлёзмамдан келтирилган юлқилар хусусида баъзи фикрларни билдиришди, натижада айрим қарашларим ўзгарди. Жумладан, Киткон “кўзтикон”, “каттакон тепа” каби тахминлардан кўра, душманни кутиб олувчи ҳарбий қўрғон маъносини англатувчи “кутаргон” ёки “кутагон”дан келиб чиққани ҳақиқатга энг яқини эканлигини англаб етдим.
Шу жойда туғилиб-ўсган, ҳарбий қўрғоннинг жанговар ўтмиши ҳақида ўта гўзал ҳикоя ёзган таниқли адиб Алишер Ибодиновнинг айтишича, бошланғич синфда ўқиётган чоғларида Китконтепа ёнидан қазиб ўтилган зовурда ўртоқлари билан чўмилаётиб, қирғоғи ўпирилиб тушган жойдан сариқ тангачалар топиб олишибди. Қарашса, булар лой тупроқ орасидан оғзи элас-элас кўриниб турган сопол кўзачадан тўкилиб тушаётганмиш. Уларни қўлга илинганича тақсимлаб олишиб, бу нима, дея бир-иккитасини ўқитувчиларига кўрсатишибди. Ўқитувчи булар шунчаки йилтироқ темирчалигини айтиб, қаердан топишганини суриштирибди. Сал ўтмай қишлоқни аскар ва милиционерлар босибди, бир қисми зовурни титкилашга, қолганлари уйма-уй юриб, сапёрлар ускунасида хонадонларнинг молхонаю катагигача текширишга тушибди. Болалар топган йилтироқ темирчалар, аслида, олтин тангалар экан.
Зурай она “зийрак”, “зирокой” кабилардан эмас, бу авлиёсифат аёл ўлишида сеҳрли балдоғини ечмасдан дафн этишларини васият қилгани хусусидаги ривоятга кўра, “зирак”дан келиб чиққанини энг тўғри тахмин деб ўйлардим. Қадимги туркларда “зўр” сўзи “катта”, “улкан” маъносини билдиргани (масалан Қозон татарлари ўзбекчадаги “катта концерт”ни “зўр концерт” дейди, катта най, яъни “зўрнай” кейинчалик “сурнай”га айланган), бу онанинг оти “тўлин ой”ни англатувчи Зўрой эканлиги борасидаги янги маълумотлардан сўнг, энг асослиси шу, деган хулосага келдим охири. “Олтиариқ зиёратгоҳлари” китобида Зўрой она ҳақида шу ерда яшовчи кишилардан ёзиб олинган турли гап-сўзлар ҳам берилган. Шулардан бири – Сабохон Шокированинг айтишича, Зўрой она унинг тушида дераза олдига тўлин ой қиёфасида келиб, кулиб турганмиш… Бу, балки, ғойибдан юборилган ишорадир?
Кўп зиёратгоҳлар шу ерлардаги боғ-роғлар, дов-дарахтлар, манзаралар, бирон азиз кимсанинг исми, лақаби, касби, одати, қиёфасидаги асосий белгиси кабилардан келиб чиқиб номланган. Бошқа жойларда Олмаота, Норота, Чўпонота, Зангиоталар бўлганидек, Олтиариқда ҳам Шафтоли ота, Сертут ота, Мойқўл (ёки Мойкўл) ота, Умоч ота, Кўктил (ёки Кўктилли) ота, Ўрикмозор ота, Оқ ота, Юлғун ота, Сўгал ота, Жийдали ота янглиғ муқаддас жойлар анчагина.
Баъзилар жайдарилаштириб, “Тўнгак ота” деб атовчи Тўнга ота мақбараси хусусида алоҳида тўхталиб ўтмасам бўлмайди.
Оғзаки ривоятларга кўра, моҳир аскарбоши Тўнгаботирни душманлар очиқ жангда енголмагач, битим тузиш баҳонасида уни кенгашга чақириб, зиёфат чоғида оғу ичкизишибди. Қайтишда унинг аҳволи ёмонлашиб, йўлдаёқ жон таслим этибди. Кенгашга Тўнгаботирни кузатиб келган аскарий қисм бошлиғи унинг кийимини кийиб, жангчилари билан ғаним устига от солдирибди. Тўгаботир тирик қолибди деб капалаги учган ёвлар тум-тарақай қочишга тушибди. Душман айғоқчилари Тўнгаботирнинг ўлимидан вақтинча хабар топмай тургани маъқуллигини ўйлаб, унинг жасадини энг ичкари ҳудудлардан биридаги ҳарбий қўрғонга элтиб кўмишибди.
Ушбу ривоят мазмуни дунё тарихида Афросиёб номи билан машҳур бўлган Алп Эр Тўнга тақдири баёнига ўхшаброқ кетса-да, бу айнан ўша баҳодирнинг қабри деган даъводан йироқмиз. Лекин, Алп Эр Тўнганинг аниқ қабри йўқлигини (бундан икки минг етти юз йил илгари Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига, умуман олганда, Буюк Турк хоқонлигига – Туронга асос солган Алп Эр Тўнга, қадимги тарихчи олим Наршахийнинг ёзишича, эрони Кайхусрав томонидан номардларча ўлдирилгач, Бухородаги Маъбад дарвозасининг Хожа имом Абу Ҳафс Кабир тепалигига ёндош тепаликка кўмилган эса-да, қабр ҳануз билгилик эмас), бошқа бирон жойда шундай аталувчи зиёратгоҳ мавжуд эмаслигини; Муҳаммад Али ҳазратларининг бу томонларга умуман қадами етмаганлигига қарамай, Туркистон ўрамида ихлос юзасидан Шоҳимардон деб аталувчи бир қанча қадамжойлар борлигини назарда тутган ҳолда, Эскиарабдаги бу табаррук масканни буюк ватандошимизнинг рамзий мақбарасига айлантирсак, янада обод қилсак, ўз ўтмишимизга бўлган юксак эҳтиромимизни тағин бир карра намойишлаган бўлардик. Китконтепа ҳарбий қалъаси бу зиёратгоҳдан сал нарида холос. Демак, ушбу ерга довруқли ҳарбий шахслардан бири дафн этилгани ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.
Китобнинг бошроғида айтиб ўтганимдек, Болосоғун каби донг таратсин деган ниятда шу ном остида пайдо бўлган, кейинчалик шевада бузиб атала бошланган Полосон қишлоғида ҳам табаррук тавофжойлар сақланиб қолган. Бора-бора аҳолиси қалинлашиб, кейинчалик бир неча йирик маҳаллалар ундан ажралиб чиққани туфайли, ҳудуди анча торайиб кетган ота қишлоғимда иккита асосий зиёратгоҳ бор. Шулардан бири – Кўктил ота мозори. Қуруқшоқ кўкйўталга чалинганлар еттита ёки тўққизта чалпак кўтарганича шифо излаб келиб, сағананинг тупроғидан ялаб кетишади. Баданида кўк белги билан туғилган Кўкивой, Кўканбой, Кўкихонлар; қовоғида, лабида, тилида кўкишлик пайдо бўлган кишилар ҳам шу жойга жиз атаб туришади.
Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаги очарчиликда полосонлик Ҳасанбой ҳожи (илойим, гўри нурга тўлган бўлсин) покдамон исломчи Кўктил отанинг руҳи Оллоҳдан барака сўраб турсин деган ниятда шу мозор ёнига дошқозонлар қурдирган, минг уйли Полосон ва Повулғон қишлоқлари аҳолисига қишдан буғдой пишиғигача ўз ҳисобидан овқат пишириб бериб, неча-неча одамни ўлимдан сақлаб қолган экан (лоақал, қишлоғимиз кўчаларидан бирини шу элпарвар инсоннинг номи билан аташ, нечундир, ҳозирга қадар бировнинг эсига келмади).
Қишлоғимиздаги иккинчи муқаддас қадамжой Шермуҳаммад охунд мозоридир. Тарихдан маълумки, Қашқардаги Офоқ Хожа қўлида кўплаб машҳур уламолар, ҳатто шоир Бобораҳим Машраб ҳам таҳсил кўрган. Соқи охун шулардан бири бўлган экан. У устозидан оқ фотиҳа олиб Марғилонга келгач, полосонлик Шермуҳаммад охун унинг энг содиқ муриди, энг ишончли шогирдига айланибди. Худо кўнглига солгани учун, Қашқардаги Офоқ Хожа мозорига кўмилган устозининг жасадини туяда олиб келиб, ҳозирги Эшон бува мозорига кўмдирибди; вақти етиб, ўзи ҳам қазо қилгач, васиятга кўра, уни ўша жойга дафн этишибди. Бу зотнинг кейинги авлодлари эшонлик мартабасини мудом улуғлаб келмоқда.
Олтиариқдаги зиёратгоҳларнинг аксарияти ўзбеклар эркинликка чиққанидан сўнг қайтадан обод қилинди. Кўп яхши тадбирларга бош қўшиб келган Аъзамжон Муҳиддиновдан сўнг туманни узоқ вақт бошқарган, эл ташвишига жон тортувчанлиги, кўзи тўқлиги, имони бутунлиги билан оддий кишилар ҳурматини қозонган Нўъмонжон Омонов бу масалага алоҳида ихлос-ла ёндошди, ўзи доим ишнинг устида туриб берди.
Асли касби қурувчилик бўлган Нўъмонжон ака ҳокимлик даврида ободончиликка бошқа соҳаларда ҳам жуда катта эътибор қаратди: туман марказида ўртаси бетон тўсиқли, усти ёритқичли қўшкўча бунёд этилди; ҳар бир қишлоқда врачлик пунктлари, кутубхоналар қурилди; дам олиш боғи кескин кўркамлашди; янгидан-янги замонавий коллеж ва мактаблар, ҳашаматли дўконлар, маиший хизмат тармоқлари, маъмурий бинолар қад кўтарди. Қаттиққўл бўлса-да, бировга ўринсиз озор етказиб қўйишдан асранишга тиришар, уйдан чиқаётганида хотини доим бир гапни такрорлаб, жон дадаси, бугун иложи борича бировнинг кўнглини оғритманг, деб ялинишини тез-тез таъкидлаб турарди. Баъзи ишбилармонлар бирон корхонача тиклаш учун ер ажратилишини сўраб унга пора қистирмоқчи бўлса, сиз бу пулни фалон қишлоқдаги мактаб ёки шифохона қурилишига сарфлаб, фалон-фалон ишларни битказиб беринг, ерни керагича олаверасиз, дер экан. Одамлар барини кўриб-билиб туради…
Бири эл-юрт қўриқчиси, бири руҳона қадриятларимиз ҳимоячиси сифатида довруғ таратган қони тоза боболарнинг избосарлари эканиданми, олтиариқликлар ҳануз худонинг эъзозида – улар ёппасига ўта меҳнаткаш, тиришқоқ, интилувчан, энг муҳими, фикрчан ва беҳад ишбилармон қилиб яратилган. Бу ерда туғилиб ўсганлар орасидан неча-неча кўзга кўринган арбоблар, таниқли мутахассислар, ноёб ҳунармандлар, довруқли адиблар, олимлар, хонандалар етишиб чиқди. Деҳқонлари ва боғбонларининг омилкорлиги бутун бошли Ўзбекистонда тилга тушган. Томорқалардан йилига тўрт мартагача ҳосил кўтариш; энг эртанги сабзавотни иссиқхоналарсиз ҳам етиштира олиш; четдан нотаниш кўчатлар келтириб, тез фурсатда иқлимлаштириш; янгича навлар яратиш; ўтган йилги узумни совутгқичдан фойдаланмаган ҳолда бу йилнинг кеч баҳоригача янги узилгандек сақлай билиш; бўрдоқига боқилаётган уй ҳайвонларини тез семиртиришда буларга тенг келадиганни топиш қийин.
Оллоҳнинг назари тушган маконда туғилиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Мен доим шунисидан қувонаман, шунисидан ғурурланаман, шунисига шукур қиламан…
Тупроғига митти оёқчаси илк бор жизиллаб теккан қутлуғ масканни турмуш эҳтиёжи ёки хизмат бурчи важҳидан узоқ муддат ташлаб кетишга мажбур бўлганларни тушуниш мумкин, аммо тирикчилигинг қаерда яхшироқ ўтса – ҳақиқий она еринг ўша, дейдиган кимсаларнинг кўнгли нимадан ясалганини ҳеч англаёлмайман. Гоҳ билим олиш иштиёқи, гоҳ ҳарбий мажбурият туфайли; дам етишмовчиликлар ёки ногаҳоний безитувчан муҳитдан қочиб қутулиш истаги, дам эзгу орзуларга етишмоқ умиди боис тақдир мени қайларга элтмасин; ҳатто баъзида қанчалар тўкин кун кечирмайин, юрагим қишлоғимга бўлган ўтли соғинчимдан қувват олибгина жўшқин уриб турди; бу мўътабар гўшага, унда истиқомат қилувчи бири биридан азиз инсонларга талпинувчан меҳр-муҳаббатим мавжлари ҳеч қачон пасаймади.

Олам учун юлдуз туғар
Олтиариқ осмонлари.
Юлдуз тилин кундуз уқар
Олтиариқ инсонлари.

Ўзларидан кўзлари тўқ,
Ҳаммаси шоҳ, вазири йўқ,
Даврон сурар шодону шўх
Олтиариқ султонлари.
……………………………………
…………………………………..

Ошиғи мард, Тоҳир бўлар,
Доноси бой, моҳир бўлар…
Бор-йўғи бир шоир бўлар
Олтиариқ нодонлари.
(1993)

УНИВЕРСАЛ БОДРИНГ

Ютқизиқда ҳам даромад бордур.
Гулмат ШОШИЙ

Тошкентдан улкан ютқизиқ билан қайтганим рост. Кейинроқ билсам, бир ўчоқ “мағлубият куллари” остида сочин-сийрак “ютуқ чўғлари” ҳам аралаш экан, яширин қўрланиб тургани учун ўшанда сезмабман. Пойтахтдаги дайдиликлар тугалай бесамар кетмаганини кейинроқ пайқай бошладим.
Бу даврда, энг зарури, тинсиз шарақлаб қайнаётган адабий муҳит қозони таомларидан иссиғида, имкон қадар мўндароқ тановул қилиб, миямни тез тўйинтириб бордим; кўп танишлар орттирдим, уларнинг феъл-атворини, қай бирига қайси ёқдан ёндошмоқ қулайлигини идроклаб етавердим. Оташин миллатпарвар Миразиз Аъзам, мутолаасевар олим Маҳкам Маҳмудов, қайтмас курашчиларга айланаётган ёш китоббоз ёзармонлар билан бўлган суҳбатларда ўтмишимиз Римникидан-да улуғворлигини, маданий меросимиз битмас-туганмас хазина эканини, маънавиятимиз остдевори жамики инсоният ҳавас қиладиган даражада мустаҳкамлигини ёрқинроқ англаб бордим, етти эмас, етти минг пушти покиза элдан тарқаганимни билиб, ўзимни бошқатдан кашф этдим.
Талай китоблар ўқидим. Ўз классикларимиздан ташқари, Жек Лондон, Мопассан, Дюма, Гунтегин, Байрон, Толстой, Балзак, Есенин, Айтматов, Несин, Гамзатов сингари “сеҳргарлар”нинг русча ёки ўзбекчадаги асарлари билан чуқурроқ танишдим. Савиям юксалишида рус тили зўр суянч бўлди.
Шеърий тўпламимни ўқиб кўришга бериб, фикрини ололмаган бўлсам-да, Эркин Воҳидов билан лоақал бир лаҳза юзма-юз гаплашишдек улкан орзум рўёбга чиқди. Ўктам ака билан уйига йўқлаб бориб, Ҳабибий домланинг қўлидан чой ичганим; “Мартин Иден”имни эълон қилганидан сўнг менга алоҳида эътибор билан қарашни бошлаган, ижодкор деган банда бўрини пойлаётган овчидан-да тоқатлироқ бўлиши лозимлигини қайта-қайта таъкидловчи, ҳузурига бостириб киришга анча-мунча қаламкашнинг юраги бетламагучи Асқад Мухтор билан суҳбат қурганим, болалар адабиётида ғазал жанрини тирилтирганимни олқишлагани, шеърларимни шахсан ўзига кўрсатиб туришдан тортинмаслигимни тайинлагани катта бахт эди.
Жуда салобатли эди бу зот, радиодаги ишимдан зўрға вақт орттириб Тошкентга борсам, у киши билан ров кўришардим-у, шеърларимни қўлига беришдан барибир тортиниб, бўлимдагиларга ташлаб келаверардим. У эса, ўзининг машҳур “Гулистон”идан менга яна жой ажратаверарди. Бир гал болаларга аталган туркум шеърларим бир ярим саҳифа қилиб берилганида, Миразиз аканинг ҳайрати жўшиб, бу сенсация-ку, Асқад ака ўз журналидан таниқли шоирларга ҳам зўрға бир бет ажратади, деганди. Ўша шеърларимга маошимдан кўпроқ гонорар олганим ёдимда.
Саксонинчи йиллар бошида тўрт бетли “Ўзбекистон маданияти” саккиз бетли “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига айлантирилиб, Асқад Мухтор бош муҳаррирликка тайинлангач, “Гулистон” журналидан ортиб қолган “Булбулнинг чўпчаклари” туркумига кирувчи ғазалчаларимни ўзи билан олиб кетиб, янги нашрнинг биринчи сонида берганлиги мен учун сира кутилмаган ҳол бўлди. Кейинроқ эса, конвертда юборган “Уччаноқ”ларимни хатдаги сўзларимдан парча келтирган тарзда эълон қилди. Яна юборавердим, яна чиқараверди.
“Муштум”да масъул котиб бўлиб ишловчи Неъмат Аминов билан ҳам илгари сал танишиб олгандим, юмористик шеър ва ҳажвий ҳикояларимни журналда ора-сира ёритиб турарди. Хат орқали юборган Мирзақанд туркумидаги ҳажвияларимни ёқтириб қолиб, кетма-кетига чоп этишни бошлади-ю, мени ўзига тобора яқин тутиб, Тошкентга борсам чой ичдирмасдан жўнатмайдиган бўлди. Ҳажвияларим ҳатто атоқли адиб Саид Аҳмадга ҳам маъқул келганини айтиб, бир гал мени жуда шодлантирганди.
Имонли, ростгўй одам эди Неъмат ака. Тошкентга борганимда, хатда жўнатган янги ҳажвиямнинг тақдири билан қизиқдим. Бунисини босишга имконимиз бўлмади, деб қўяверса, асло ранжиб ўтирмасдим. Йўқ, тўғрисини айтиб, менга маъқул келди-ю, редколлегия аъзолари ўткизишмади, деди. Коллегия аъзоларининг аксарияти Парпихўжаев, Маҳмудов сингари журнал ходимлари бўлгани учун, бирма-бир хоналарига кириб, ҳажвиямнинг айнан нимаси ёқмаганини суриштиришга тушдим. Уларнинг гапи бир жойдан чиқаверди – нарсангизни муҳаррир ўринбосари саҳифадан олдириб ташлади, биз бошлиқни шунчаки қувватлаган бўлдик. Ўринбосарга йўлиқиб, қолдирилган ҳажвиямда қандай нуқсонлар борлигини тушунтириб беринг, деб туриб олдим. Бўйи шипга етадиган бу норғул кимса аввалига буниси бўлмаса, унисини чиқарармиз, шунга шунча ваҳимами, деб дўранглади; мен талабимдан қайтмай тураверганимдан сўнг, терслиги қўзиб, журналдаги хўжайинлардан биттасиман, билганимни қиламан, деб ўшқирди.
— Йўқ, бу журнал сизники эмас, меники, — дедим тосрайиб. – Уруғ-аймоғимнинг кўпи ё колхозчи, ё ишчи, бизнинг пулимизга ташкил этилган бу журнал. Сизнинг оилангиздагилар ўзингизга ўхшаб бюджет ташкилотларида ишлашади, давлатга бермайсизлар, давлатдан оласизлар холос.
Ана энди машмашами! Кетганимдан сўнг бу жанжал бош муҳаррир Иброҳим Раҳимнинг қулоғигача етиб борибди, ўша йигит келса ўзим гаплашиб қўярман, ҳозирча бу ғалва идорадан ташқарига чиқмасин, дебди у.
Кейинчалик ўринбосар билан ярашиб, бир-биримизга ҳурмат ила муомала қиладиган бўлдик.
Тошкентда орттирган дўстларимдан бири қашқадарёлик ёш шоир Муҳаммад Раҳмон эди. Талаба Юсуф Ҳамдамовникидаги ўтиришда танишганимиздан сўнг у билан тез-тез учрашиб турадиган бўлдик. Курсдошим Акрамжон, Усмон Азим, Эркин Аъзам кабилар иштирокидаги бир улфатчилигимизда магазиндан вино олиб, кўчада ичишга идиш тополмаганимиз, шунда мен бозорчадан катта сариқ бодринг топиб учини кесганим, ичидаги уруғни бармоғимда ковлаб чиқариб стакан ясаганим, ундан шароб ҳўплабоқ четидан озгина тишлаб газак қилаверишимиз оқибатида қадаҳ тобора кичрайиб бораверганини Муҳаммаджон доим кулиб-кулиб эсларди. Шу ошнам энди университетни тамомлаб, “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир бўлиб ишлар, болаларга аталган шеърий тўпламим унинг жонкуярлиги билан 1980 йил нашр режасига киритилган эди.
Радионинг адабиёт бўлимида ишловчи Усмон Азим шеърларимни гоҳ эфирга тарқатиб, тузуккина қалампули жўнаттириб турарди. Ғафур Ғулом нашриётининг бўлим муҳаррири Шавкат Раҳмон бир туркум битигимни “Ёшлик баёзи” тўпламида чиқариб берди. Катталарга аталган бу каби шеърларим алоҳида китоб бўлиб босилиши ҳам мумкин эди, аммо муҳаррир Миразиз ака неча бор тавсия қилмасин, шеърлари илгаритдан менга жуда севимли бўлган бўлим мудири, негадир, рад этаверди. Бир-икки бор ўзим ҳам фикрини олмоқчи бўлдим, кўрамиз, деб тумтайишдан нарига ўтмади. Охирги киришимда, ўта қўпол муомала қилган эди, қаерда йўлингизни кесиб ўтувдим, одамдек гаплашсангиз бўлмайдими, бойвачча, дея деворга ниқтадим. Донг қотиб қолди, беш юзта муаллифим бор, ҳаммаси ёқамдан силтайверса, қандай кун кўраман, деб талвасаланди.
Барибир хайрихоҳларим кўпроқлигидан суюнардим. Тошкентда дайдиб-дайдиб қайтмаганимда, булар қаёқда эди.
Қайиғи тешилиб чўккан балиқчи аввалига даҳшатли фалокатни ҳис этади. Танаси шу баҳонада денгиз сувининг шифобахш маъданларига роса тўйинганини соҳилга чиқиб олганидан кейингина англай бошлайди.

* * *

Фарғона радиосида эътибор қозониб боравердим. Етмиш тўққиздан саксонинчи йилга ўтар қиш мен учун аввалгисидек оғир кечмади, шаҳарда кун кўришга анча мослашиб олгандим. Энди эгнимда янги қалин палто, оёғимда оҳорли қишки ботинка. Фақат бошимда ҳануз ўша оқ қуёнтери телпак, орқа томони буткул шалвираб, палтомнинг ёқаси устида осилиб турарди. Кутилмаганда, бунинг ҳам эми топилди, ходимамиз Шаҳодатхоннинг Марғилондаги уруғларидан бири телпакчи экан; бир жумада қалпоқни бошимдан зўрлагудек юлқиб олиб, шанба-бозор чидаб туринг, бу пўстакни ўнглаттириб, душанбада олиб келаман, деди. Айтганидек, уни бошқатдан қолипга солдириб, қора рангга бўяттириб, душанба куни олиб келди; яп-янгидан фарқи йўқ. Раис ўринбосари собиқ қуёнтерини таниёлмай, янги қулоқчин муборак, деб ҳатто ювмоқчи бўлди.
Радиода тўртта бўлим бор эди – ўзбек, рус, тожик, қрим редакциялари. Қайнотамдан сўнг Шафоат аммам вафот этиб, Бунёд ўғлим туғилган 1980 йилнинг февралида мени ўзбекча эшиттиришлар бўлимига бошлиқ этиб тайинлашди.
Бунгача ушбу лавозимда бир пайтлар Фарғонада кенг довруғ таратган адиб Жалол Машрабийнинг жияни Абдумутал Қодиров ишларди. Унинг Мутал Қодир имзоси остида ёзган шеърлари, ҳажвиялари асосан вилоят газетасида чиқиб турарди. Покизалиги, пазандалиги, ҳазилкашлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Ўртоқлари орасида ҳам тегишқоқлар кўп бўлиб, лақаби “ит”лигини тинимсиз пайровга солишар, шулардан энг ёпишқоғи республика радиосининг Фарғона бўйича мухбири Мамадали “қирғиз” эди. Шаҳардаги Марғилонсой бўйида янги ресторан очилиб, унга Абдумутал аканинг дўсти бош ошпаз этиб тайинланган экан, бир куни унинг таклифи билан ўша жойга овқатлангани бордик. Тамаддиланаётсак, ресторанда тўсатдан Мамадали ака пайдо бўлди, Абдумутал акани кўрди-ю, ие, бу кошонада ҳайвон нима қиляпти, анави итни ким столга ўтиргизиб қўйди, э, чип-э, дея бор товушда ўдағайлашга тушди. Шеригим кулиб тураверди, мен атрофдаги нотаниш хўрандалардан уялиб, ер ёрилмади, ерга кирмадим.
Ўзбекча бўлимга иккита хона ажратилган, кичикроғида сайёр мухбирлар, каттасида Абдумутал ака, мен ва машинкачи опа ўтирардик. Лавозимга тайинланганимдан кейин хонага кириб борсам, Абдумутал ака ғаладондан олинган турли папкаларни тўридаги савлатли столининг устига тахлаб турибди. Мени кўриб, вақтида бу ёққа кўчиб ўтақолинг, деди. Нима фарқи бор, жойингизни совутманг, дедим-да, ўзимнинг пастак столимга ўтириб, нималарнидир хотиржам ёза бошладим.
Бу ерга келганимдан бери, ходимларимиз ўртасидаги аҳиллик ҳар ойда бир марта – гонорар тарқатилган куни андак бузилиб турарди. Мен бирор марта ҳам эътироз билдирмаган эсам-да, гоҳ униси, гоҳ буниси тутоқиб, ўтган ойда фалонча эшиттириш тайёрлаганман, нега менга кам ҳақ қўйдингиз, деб Абдумутал акани қисувга оларди. Айниқса, тажрибаси ҳамманикидан ортиқлигидан, ширали овози борлигидан очиқ фахрланиб юрувчи Тоштурғун Исоқов ўзидаги туғма самимий фазилатни бир муддат четга суриб, кескин дағаллашиб қоларди. Шуни ҳисобга олиб, Абдумутал ака билан Тоштурғун акани ёнимга чақирдим-да, мен бунақа ҳисоб-китобларга жуда нўноқман, қалампулини икковларинг ой оралаб навбати билан қўйиб турсаларинг, ташвишимни енгиллатган бўлардиларинг, дедим. Ёрдамдан қочмаймиз, бу ёғини бизга қўйиб бераверинг, дея хурсандчилик билан рози бўлишди. Улар молия техникумида таҳсил кўрганимдан ҳам, ҳарбийда буғолтирлик, колхозда табелчилик қилганимдан ҳам бехабар эдилар.
Ўзимни доим мулойим тутишга, бошқаларда босиқ, яхши тарбия кўрган кимса сифатида таассурот қолдиришга; ҳатто бултур бошланган Афғон уруши юзлаб ўзбек аскарларнинг бошига етаётганидан ичим эзилиб бораётганини ётларга сездирмай, бу ҳақда гап очилиб қолса, мамлакатимизнинг хавфсизлиги учун керакдирки, ҳукуматимиз шунга мажбур бўлгандир, дея партияга садоқатли коммунистлигимни кўзкўзлашга нечоғли тиришмайин; баъзан эски жиззакилигим беихтиёр қўзиб, бор “тақводорлигим”ни зумда чиппакка чиқарарди. Бир марта шундай бўлди. Бош бухгалтеримиз рус аёл эди, қайсидир олис туманга борадиган бўлдим-у, ўзимга икки кунлик сафар йўлланмаси ёзиб, пулини ҳисоблатишга олиб кирсам, негадир тўсатдан янгича тартиб жорий этишга уриниб, русча ёзиб кел, деди-да, қоғозни олдимга итқитди. Бошим электр симига теккандек зириллади.
— Ўзбекча бўлсаям, сенлар бизга олиб келган ҳарфда ёзилган, — дея қоғозни унга қайтариб улоқтирдим. – Синчиклаб кўз югуртирсанг, туманнинг номини тушунасанми – тушунасан, қайси санадан қайси санагача экани кўриниб турибдими – кўриниб турибди. Яна нима керак?
Бош бухгалтер менга еб қўйгудек бўлиб кўз қадади-да, сен – миллатчисан, деб бармоғини бигизлади.
— Ҳаммаларинг гувоҳсизлар, — дедим бухгалтериядагиларга юзланиб. – Коммунистни миллатчи дегани учун буни судга бераман. У ҳақ бўлса, ҳар қандай жазога тайёрман; мен ҳақ бўлсам, туҳматчилиги учун уни қаматмасдан қўймайман.
Буни эшитиб, бош бухгалтернинг бирдан ранги оқарди. Йўл ҳаражатларини ҳисоблашга киришаётиб, билганингни қил, дея унсизгина минғирлади.
Раис ўринбосари ўртага тушиб, бизни яраштирган бўлди. Ташқарига чиққанимизда, барибир кўрасан ҳали, деб ўдағайладим буғолтирни.
Ўзи диққинафас ишидан зерикиб юрган бўлса, менинг пўписам қиттай туртки бердими, сал ўтмай, бош буғолтиримиз ишдан бўшатишларини сўраб ариза ёзди, кейин Россияга бутунлай кўчиб кетди.
Ўшанда асабимни жиловлолмаганим учун ўзимни ўзим кўп тергадим. Тилни тийиб юриб, бор зардобингни қоғозга қусавер! Ёзганларингни, бугун бўлмаса, эрта-индин кимлардир ўқийди, ҳар бир сўзинг минглаб кишиларнинг юрагига аста-секин йўл излайверади; ўқиганлардан юзтадан биттасининг кўнглида зиғирдайгина ўзгариш ясай олсанг ҳам, ютуқ сеники. Гап ҳавога совурилади, сатрлардаги нидолар қоғозга муҳрланганича тураверади.
Ана, академик Иброҳим Мўминовни кўргин – компартия тарихи, советлар фаолияти ҳақида қанча илмий ишлар яратди, китоблар чиқарди. Ичида ўзбекона ғурури вулқонланиб ётган эканки, Москванинг қаҳрига йўлиқишини аниқ била туриб, кейинчалик “Темур тузуклари” мавзуида битта рисолача ёзди-ю, тоталитар тузум саводсиз қароқчига йўйиб келаётган Амир Темур бобомиз аслида нечоғли буюк шахс бўлганини баёнлаб берди, миллатнинг кўзини очишга хизмат қилувчи улкан ишлардан бирини амалга оширди. Рисола ёзмай, тилда куйиниб юраверса, гапи ковак-кандикларда қолиб кетаверган бўларди.

Гапирма! Ёзавер!

Замон сенга турса чап,
Сен замонга боқавер.
Замонни гоҳ олқишлаб,
Ўз йўлингдан оқавер.
(1999)

Хайрият, буғолтиримиз билан боғлиқ ўша можаро авжга минмай бир ёниб сўнди-ю, тез унутилиб кетди. Бу воқеани муҳокама қилиш у ёқда турсин, бирон бир киши шунчаки енгил танбеҳ бериб ҳам қўймади. Ишни ҳеч нима бўлмагандек давом эттиравердим. Ишларимдан эса, ҳамма рози эди, назаримда.
Бу сафарги қиш менга янги палто ҳам, таъмирланган телпак ҳам ато этмади, аммо улардан-да минг бор қимматроқ бўлган бошқача бир совғани тақдим қилди – “Баҳромнинг ҳикоялари” деган иккинчи китобим босилиб чиқди. Қани энди, ўн қоп пулим бўлса-ю, охирги тийини тугаб битмагунича “ювди-ювди”лардан бўшамай, табрикка оғиз жуфтлаган банда борки, ҳар бирига алоҳида зиёфат бераверсам!
Афсуски, ёнчиғим ҳамон юпқа эди. Тошкентга ров бориб, муҳарририм Муҳаммад Раҳмон орқали йиғилган ёш ижодкор оғайнилар учун қуюғидан суюғи кўп ўтиришча қилиб беришга зўрға ярадим. Ўшанда Муҳаммаджон сира-сира эсимдан чиқмайдиган бир гапни айтганди:
— Болаларимизга шунақа ажойиб шеърлар ёзганингиз учун аслида сизга биз ош дамлаб беришимиз керак эди.
Мабодо, тилнинг учида сўзлаган бўлса ҳам, кўнгилни беҳад кўтаргучи, адибни тинмасдан ёзаверишга илҳомлантиргучи қувватбахш сўз эди бу.

БОШКЕНТДАН ХУШХАБАР

Юз дардни бир шишадош билан аритавер, бўтам.
КУЛКУЛ афанди

Бу маҳалга келиб, рўзғоримизга анча қут кирди. Аям чеварчиликдан топиб турибди, менинг чўнтагим олдингидан қаппайганроқ, укаларим тобора қад ростлаяпти – Акрамники оиласига етиб турибди, Тоҳир Россияга мева-сабзавот олиб бориб сотишдан тузуккина наф кўряпти, Файзиобод бетон буюмлар комбинати ошхонасида ошпазлик қилаётган Авазбекка маошдан ташқари ҳафтасига қўшимча хом харажат бериб туришади, армиядан қайтган Дилмурод милиционерликка жойлашиб олган. Фақат, ари уясини эслатувчи хонадонда ғужланиб яшаш билан боғлиқ қийинчиликлар баттардан ошиб бораётган, Тоҳир укамнинг қўққисдан уйланиши бир муаммога ўн муаммо қўшган эди.
Тоҳир укам, юқорида айтганимдек, майда тижорат билан шуғулланар, мева ёки сабзавотни беш-ўнта картон қутига босиб, поездда Куйбишевга йўл олар (олтиариқлик мевафурушларнинг аксарияти фақат шу шаҳарга борарди), бирда иши юришмай елка қисиброқ қайтса, кўпинча қанд-қурс, бизда камёб бўлган баъзи газмолларга лиқ тўла сумкани кўтарганича, уйга жирафадек бўйни узайиб кириб келарди. Бир гал Куйбишевга борганида, бозорда тижоратчи акасига қаралашиб юрган озарбайжонлик қиз билан танишиб қолиб, уни қишлоғимизга опқочиб келди. Тўйни шошилинч равишда ўтказдик. Аям энди дўнгалак уйнинг тор ва зах даҳлизида, Тоҳир хотини билан ичкарида яшай бошлади. Ичкиликбозликка тобора ружу қўяётган Акрам укам охири ўша мен табелчилик қилган бригада ҳудудидаги чўлқуварлар учун қурилган уйлардан бирига болалари билан кўчиб кетишга мажбур бўлди, ҳовлимиздаги уйи Тоҳирга қолди, аям ниҳоят “зиндон”дан қутулди. Бу орада озарбайжонлик қудалар келиб, меҳмон бўлиб кетишди.
Ёш келинни ёлғиз ташлаб Россияда ҳафталаб юришни истамадими, Тоҳир укам аввалига майда-чуйда юмушларга ўралашиб вақт ўтказди, кейин Шаҳодат опам яшайдиган Рудник-кондан ёғлиқроқ иш топиб, шофёрлик қила бошлади. Кўрпа-тўшакларини машинага юклади-ю, ижарахонага хотинини ҳам олиб кетди.
Ёппасига тупроқтом уйлардан иборат бўлган, отамиз энг катта мерос қилиб қолдирган, нураб бораётган дуволларидаги ҳар қайси кесакдан тортиб, қаровга муҳтожликдан зардаланмай озми-кўп ҳосил туҳфа қилиб турувчи дов-дарахтигача юрагимизнинг бир парчасига айланиб улгурган ғарибгина ҳовлимиз ечими қийин муаммоларга лиммо-лимдек кўринарди. Аммо, ўзимиз сезиб-қадрламаган ҳолда, энг улкан бахт, энг катта бойликка бўғзимизгача кўмилиб яшаётгандик – ҳаммамиз соғ-саломат эдик.
Минг шукурки, ўзимнинг ҳам соғлиғим жойида эди. Четдан кузатганлар буни бир нарсадан сезиб олиши қийин эмасди – қорнимнинг оч-тўқлиги, шароитнинг бор-йўқлигидан қатъи назар, қўлим сал бўшасаёқ, Ғалати ойсанамга чирмовуқдек чирмашиб, тинимсиз ёзаётган, ёзаётган, ёзаётган эдим.

Минбарларни сизларга бердим,
Бор “зангори экран”ларни ҳам.
Неча йиллар четда кун кўрдим,
Ёзавердим индамай
Илдам.

Бир шеър ила ўнлаб минбарни
Зирқиратиб юрганингиз чоқ,
Сўз экиб мен,
Ўнлаб дафтарни –
Индамасдан қилавердим боғ.
(1981)

* * *

Радиода ишлаётганимнинг учинчи йили бошланиб, 1981 йилнинг қиши тугаётганида, раисимиз Дониёр аканинг одамгарчилиги, ишни тезлаштириш учун ходимимиз Тоштурғун аканинг ёнимда идорама-идора юриши натижасида, Тўқимачилар шаҳарчасига туташ массивдан менга икки хонали уй берилди. Янги уйланган Авазбек укам Тоҳир акаси бўшатиб кетган уйда яшаётгани учун ҳозирча ҳовлимизда жой етиб турганди, оилам билан шаҳарга кўчишга шошилмадим. Ишда юмушларим кеч тугаса, янги уйимга бориб, одамдек овқатланадиган, бемалол ухлайдиган бўлдим. Қишлоқдагилар бирда бир меҳмонга келиб, супуриб-сидириб кетишарди. Баъзан ошна-оғайнилар, баъзан бу ердан сал нарида яшовчи Машраб жияним қартабоз шериклари билан йиғилиб, тун бўйи улфатчилик қилишар, хонанинг ўртасига тўшалган юпқа ипшолча устида маст-алас ғужанакланиб қолгунча ичишарди. Инсондек ухлашни исташганда ҳам, бу уйда ўзимникидан бошқа кўрпа йўқ эди.
Бошпанали бўлганимдан сўнг, радиодаги ишимга янада унум қўшилди. Гоҳо юқори идораларнинг кечки мажлисларида қатнашардим, гоҳо тунги соат тўққиз-ўнгача ишхонада қолиб, каттаконлар топшириғига кўра шошилинч тайёрланган материалларни кичик техник Насибахон ёрдамида эрталабки эфирга тахт қилгач, уйга кўнглим хотиржамланиб қайтардим.
Ходимларимиз ўзаро суҳбатда, раисимиз бу йигитни ўзига ўринбосарликка тайёрлаяпти, деб қўйишаркан. Абдумутал ака бир куни шу ҳақда шама қилиб қолди. Э, қўйсангиз-чи, шу ишимни эплаб турсам ҳам катта гап, дедим-у, бошимда ўз-ўзидан бир ўй чақнади: “Шу пайтгача қизиқиб кўрмабман-а, ўринбосаримиз қанча ойлик оларкин?”
Дониёр ака, сал ўтмай, вилоят партия қўмитасининг ташвиқот бўлими бошлиқлигига кўтарилиб кетди-ю, бундай тусмол гаплар ўз-ўзидан барҳам топди. Шу қўмитада учинчи котиб бўлиб ишлаб юрган Роза Каримова бизга раис этиб тайинланди. Опа билан ҳам тезда чиқишиб кетдик. Яхши аёл эди. Унинг отаси ўттизинчи йиллардаги репрессия қурбонларидан бўлгани учунми, партияга фидойилик фақат тилида эди, дилида бу ёвуз тузумга нисбатан гина-кудрати кўплигини айрим гапларидан, тутумидан сезиб олиш қийин эмасди. Балки, буни менга сездириб қўйишни ўзи хоҳлагандир. Назаримда, у ички туйғуларини керакли жойда, керакли одамгагина хиёл ошкор қилиб ўтарди холос.
“Ялтироқ тугма” деган қиссамни бир йил олдин ёзишга киришиб, асосий қисмини қораламалаб бўлган эдим. Янги уйдаги тинч шароит қўл келиб, шуни чалароқ тарзда бўлса ҳам баҳор ичида охирига етказдим. Қисса, балки, ўша йилнинг ўзидаёқ мукаммал шаклга эга бўлармиди, лекин бирдан шароит ўзгариб, ичимга тугиб қўйганларим – айрим жойларга қўшимча киритишлар, жумлаларга қайта жило беришлар ниятлигича қолиб кетди.
Ёзнинг бошларида, жонтортар дўстларим қаторида турувчи Муҳаммад Раҳмон ишхонамдаги телефонга қўнғироқ қилиб, муҳим бир гап бор, тезда Тошкентга келиб кетинг, деди. Бордим. Матбуотчилар ошхонасида бирга тушлик қилаётиб, жуда шошилинч чақириб қолдингиз, яна бирорта китобимни чиқармоқчимисиз, деб ҳазаллашдим унга.
— Бундан ҳам зўрроқ масала бор, — деди Муҳаммаджон. – Ишқилиб, худо йўлингизни очсин.
Билсам, “Ёш гвардия” нашриётининг янги бош муҳаррири Эркин Воҳидов “Баҳромнинг ҳикоялари” тўпламимни босмахонага топширишдан олдин ўқиб кўрибоқ, китоб муҳаррири Муҳаммаджонни хонасига чақирибди, мен ҳақимда сўраб-суриштиришга тушибди. Муҳаммаджон ҳайрон бўлиб, бу йигит ўзингизнинг Олтиариғингиздан-ку, танимайсизми, деса, бир-икки кўришганмиз-у, тузукроқ гаплашганимизни эслолмаяпман, дебди. Сўнг шеърларим жуда ёққанлигини айтиб, булар менга болалар адабиётида янгиликдек бўлиб кўринди, ё адашдиммикан, деб савол берибди.
— Бир Тошкентга келиб, иш тополмай кетган эди, — деб гапни керакли мавзуга бурибди Муҳаммаджон. – Шу йигитни Тошкентга олиб келолмайсизми?
Буни эшитиб, Эркин ака кулиб юборибди:
— Ўзим ҳам худди шуни ўйлаб турувдим. Бошқа жойдан иш топсак, уларга нимасидир маъқул келмай қолиши мумкин. Яхшиси, ўзимизда бирорта ўрин бўшашини кутайлик. Бўшаши биланоқ, тезда эсимга солинг.
Бундан икки-уч кун олдин бир муҳаррир бўлак ташкилотга ишга ўтиб, ўрни бўшаб қолган экан. Муҳаммаджон ўша куниёқ Эркин аканинг олдига кириб, мени ёдига солибди. Бугундан қолдирмай чақиринг, бир гаплашиб кўрайлик-чи, дебди Эркин ака.
— Бу жойга ишқибоз кўп, — деди Муҳаммаджон. – Ўзимиздаги кичик муҳаррирлардан тортиб, четдагиларгача ғиззо-ғиз бўлишни бошлашди. Эркин ака директорга сизни шипшитган бўлса керак, ҳозирча бировга ён бермай турибди.
Аслида, муҳаррирлик лавозими у ёқда турсин, китоб чиқаришга оид ҳужжатларни расмийлаштириб ўтирувчи кичик муҳаррир, имловий хатоларга жавобгар корректор (мусаҳҳиҳ), ҳатто куни нашриёту босмахона ўртасида бўзчининг моккисидек борди-келди билан ўтадиган югурдак техник ходим бўлиб ишлашга ҳам шай эдим. Илон бошини ковакка сиғдириб олса бас, кейин сичқон ундан қутулиб бўпти!
Соат учларда Эркин аканинг олдига кирдик. Муҳаммаджон гап-гапга қовушгунча пича ўтирди-ю, мен ишлаб турай, бўлмаса, деб чиқиб кетди. Эркин ака диплом бўйича касбимни, қаерларда ким бўлиб ишлаганимни, турмуш шароитимни бир-бир суриштира кетди, мен борини борича айтавердим. Гап оилавий аҳволимга бориб тақалганда, Эркин ака наъра тортиб юборай деди:
— Бешта?! Хаҳ ҳў-ў! Шунча бола билан Тошкентга келиш учун жасорат керак бўлади одамга. Жасоратга тобингиз қалай?
— Ҳаммасига чидайман, — дедим дадил. – Ҳатто уйсизликкаям.
Эркин ака уй муаммосини бирор йилда ҳал этишга ҳаракат қилишини айтган эса-да, тўрт-беш йил бошпанасиз юришга ҳам рози эдим.
— Тугунингизни тугиб тураверинг, — ниҳоят, кирганимдан бери мен илҳақ бўлиб кутаётган гапни айтди Эркин ака. – Директорнинг олдидан яна бир марта ўтиб, ишни пиширай. Кейин сизга хабар қиламан.
Бошим кўкка етди деган сўзнинг туб маъносини англаш учун киши менинг шу топдаги ҳолимга тушиши лозим бўлади. Осмонда бўлгандаям, еттинчи осмонда эдим. Қуёш тизимидаги барча кезғичлар аллақачон пастда қолиб кетганди.
Ўша куни бошқа бир нарсадан ҳам қувондим – эски оғайним Аҳмаджон Мелибоев бу нашриётга яқинда бош муҳаррир ўринбосари этиб тайинланган экан. “Ёш ленинчи” газетасида ишлаётганида, бутуниттифоқ миқёсидаги зарбдор жабҳага айланган Қарши чўлини ўзлаштиришга бағишлаб битган “Қаршига қарши” достонимни чиқаришга кўп уринганди; ҳатто бош муҳаррир ҳам босишга мойил бўлиб турганида, катталигидан газетанинг бир саҳифасигаям сиғмаяпти, беролмайдиган бўлдик, деб бирдан айниб қолишди. Газетанинг маданият бўлимида бир опа ишларди, икки йилча олдин унга кўрсатган шеърларимни маъқул эмас деб қайтарганида, озгина айтишиб қолган эдик; билсам, шу аёл яна монелик қилибди. Устоз Миразиз аканинг, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, тезроқ танилиб олишга уринавериш, кўпгина довруқли шоирлар каби замонсозлик ниқоби остида ижод қилавериш лозимлиги борасидаги насиҳатлари таъсирида туғилганди бу достон. Қолдириб юборилгач, “Шарқ юлдузи” босмаган партияни шарафловчи бошқа достоним каби буни ҳам ўшандаёқ дафтаримдан йиртиб ташладим.
Қарши ҳақидаги достоним билан боғлиқ бир қизиқ воқеа юз берганди. Достон босмадан қолдирилган чоғларда бир юмуш билан Тошкентга келиб, орада “Ёш ленинчи”га кирсам, ходимларнинг бир қисми Қарши чўлида учрашув ўтказиб келишга отланиб турган экан; лоақал ўша асардан парча ўқиб берарсиз, деб мени ҳам бирга олиб кетмоқчи бўлишди. Таътилда бўлганим учун иккиланмай кўндим. Темирйўл кассасига қўнғироқ қилиб, қўшимча патта масаласини ҳал этишолмагач, у ёғини ўзим эпларман, дея менга йўлланма ёзиб беришларини сўрадим. Йўлланмани олиб, тўғри аэропортга бордим; уни бошлиқ ўринбосарига кўрсатиб, Қаршида эртага эрталаб ҳукумат катталари иштирокида йиғилиш бўлади, шунга етиб боришим шарт, дедим. Бир соатдан кейин учадиган учоққа амаллаб тиқиштиришди. Газетадагиларнинг шаҳардаги фалон меҳмонхонага қўнамиз дегани эсимда турганди, тўғри ўша жойга бордим. Мен самолётда учдим, қолганлар поездда эрталаб етиб келишади, деган гапимдан гуруҳ бошлиғи шу одам бўлса керак деб ўйлашдими, бир кишилик алоҳида хона бериб, столимни еяр-ичарга тўлдиришди. Оч эдим, тансиқларини пок-покиза тушириб, қолганларини бир-бир чўқилаб чиқдим.
Эрталаб газетачилар етиб келишди. Вилоят раҳбарияти вакиллари уларни вокзалда кутиб олган бўлса керак, меҳмонхонага бирга кириб, жой тақсимлашга тушдилар. Алоҳида хоналардан биттагинаси бўш эди, уни кеча келган манави ўртоққа бердик, деб мени кўрсатди маъмур. Ҳечқиси йўқ, мен бошқа жойга ўтақоламан, дедим-да, нарсаларимни олволиш учун бош муҳаррир Рустам Шоғуломов билан бирга хонага бордим.
Шоғуломов диван-кроватда ғижимланиб ётган чойшаб, қўл ёғлари артилиб, стул суянчиғига илиб қўйилган шатмоқ сочиқ, стол устида аёвсиз титкиланганича турган ноз-неъматларга тунд кўз югуртирган асно анча донг қотиб турди. Кейин ўзига келиб, менга кинояли боқди:
— Ҳаммаёқни кучук пайпаслагандек қилворибсиз-ку, укам…
Сал ўтмай, Тошкентдан хушхабар келди. Июннинг ўн бешинчи кунида раисимиз Роза Ўринбоевнага ишимдан озод этиш ҳақидаги аризамни олиб кирсам, сизни анча-мунчага қўлдан чиқармасдим-у, кўтарилишингизга тўсқинлик қилолмайман-да, деб қўл қўйиб берди. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтганда, баъзида ишдан бўшаш ўзинг суймаган хотин билан ажрашаётгандек ҳузурбахш туюлади. Шу топда эса, Тошкентга қанчалар интиқиб талпинаётган бўлмайин, бу ишхонадагилардан ҳам айрилгим келмаётганди.
Агар туғма ланж бўлмасанг, яхши кайфиятда бошлаётган юмушинг унум келтирмай қолмайди. Тошкентни забт этишга қаратилаган иккинчи юришим олдидан чеҳрам яшноқ, кўнглим сокин эди: опаларим бир этак-бир этак болаларини эрлари Собирвой, Аъзамбой, Тўлқинбойларга боқтириб, тинчгина яшаб ўтиришибди; Акрам укамга колхоз томонидан қурилган кооператив уйлардан бири тегиб, чўлда кун кечириш азобларидан фориғ бўлди; Авазбек магазинчиликка ўтиб, ўзини янаям ўнглади, мотоцикл сотиб олди, оиламизнинг умумқозони жазлари асосан унинг бўйнида; Дилмурод ҳануз милиционер, лейтенантлар мактабига киришга уриняпти; ака-укалар ўртада тўй қилиб, каттароқ ўғилларимизни мактаб ёшига етмасидан “кестириб” олганмиз…
Бу пайтда Тоҳир укам юк машинасида довон оша Қирғизистоннинг шимолий минтақаларига қатнайверишдан толиқиб, Рудник-конда буфетчилик қилишга ўтганди, тоғ-тошда юрмасдан шу ерга келиб яшайвер, деб шаҳардаги уйимни унга бердим. Яхши ўйлаган эканман, укам кейинроқ аммамнинг ўғли Машрабга қўшилиб, Камчаткага мева-сабзавот топшириб келадиган бўлди, картмони бўртиб, қишлоқдаги оиламизнинг пишиққина таянчига айланди. Аямни кўпдан бери хавотирлантириб юрган эски дўнгалак уйни бузиб, пастакроқ бўлсаям, бошқа иморат қуришимизга катта улуш қўшди, гоҳо ҳатто болаларимнинг кийим-пийимига ҳам парво қилиб турди.
Тошкент сари шайланувни радиодаги меҳмонхонада тунаб қолганимда кечалари машинкалаб юрган шеърларим ва насрдаги бири битган, бири чала қўлёзмаларимни картон папкаларга йиғиб, жомадонга жойлаб қўйишдан бошладим. Буларнинг аксариятини болаларга аталган асарлар ташкил этарди, энг ишонган кузур қарталарим шулар эканига “Баҳромнинг ҳикоялари” китобимга мақтовлар кўпайгани сайин тобора иқрор бўлиб бораётгандим.
Ўзбек болалар шеъриятининг туб илдизи анча чуқур. Насрда мазмун, назмда матн ёдда қолишини аждодларимиз қадим замонлардаёқ яхши англаб етгани боис, ўзбек халқ оғзаки ижодидаги мақол, матал, топишмоқлар, жумладан болалар айтимларининг аксарияти қофиядош сўзлардан тузилган. Эски мактабларда эртаклар, ривоятлар, мумтоз адибларнинг диний-ахлоқий, маърифий-маишийда мавзудаги шеърлари, масаллари, чистонлари қаторида болалар айтимларидан кенг фойдаланилганининг сабаби ҳам шунда.
Юртимизнинг давлат тасарруфидаги маориф тизими ўтган асрнинг йигирманчи йиллари охирида тўлароқ шаклланиб, барча мактаблар учун бир хил қўлланмалар жорий этилаётган чоғларда, адабиёт дарсликларини болаларга аталган “ҳазми енгил” шеърлар билан бойитишга эҳтиёж кучайди. Дастлабки дарсликларда Увайсий, Гулханий, Маҳмур, Ҳамза, Авлоний асарларидан кўпроқ фойдаланилган бўлса-да, уларнинг тили барибир ўсмирларга мос эди. Кичкинтойларнинг соддатил шеърияти қирқинчи йиллар бўсағасида пайдо бўла бориб, Зафар Диёр, Амин Умарий, Султон Жўра, Элбек, Шукур Саъдулла, Илёс Муслимлар бу жабҳанинг биринчи қалдирғочларига айланишди.
Уларнинг замонидан сўнг “катта оқим”ни ҳосил этган, кичкинтойларга аталмиш китоблари пешма-пеш босилишни бошлаган Қуддус Муҳаммадий, Толиб Йўлдош, Қудрат Ҳикмат, Азиз Абдураззоқ, Дўстжон Матжон, Пўлат Мўмин, Ҳамидулла Ёқубовлар исми адабиётшунослар тилидан тушмай келар, уларнинг сафи Обид Расул, Қамбар Ўтаев, Рауф Толиб, Сафар Барноев, Анвар Хўжа, Саодат Тожи кабилар билан муттасил тўлиб борар; бу даврда Ҳамид Олимжон, Асқад Мухтор, Ғафур Ғулом, Шуҳрат, Эркин Воҳидов қабилидаги катталар адиблари ҳам жажживойларни ора-сира сийлаб туришар; болалар шеъриятида бўлакча изланишлар қилишга интилаётган Миразиз Аъзам, Ҳабиб Раҳмат, Турсунбой Адашбоев, Султон Жаббор сингари “кичик оқим” вакиллари ижодидаги ўзгаришлар негадир мунаққидлар эътиборидан четда эди. Бу шоирлар “катта оқим”дагиларнинг мавжуд тузумни улуғлашга, байрамбозликка, шиорбозликка, яланғоч насиҳатбозликка, қуруқ баёнчиликка асосланган, биринчи галда “болалар онгини пишитиш”га қаратилган анъанасини эски кўникма таъсирида ўз-ўзидан давом эттираётган эсалар-да, аввало ўқувчининг қалбини забт этиш мақсадида битилган ўзгача шеърлари ҳам бир-бир урчиб бораётганди.
Бошқачароқ бу поғонага илк бор қадам қўйиб берган, миллий эрк мавзусини болалар адабиётига биринчи бўлиб олиб кирган Миразиз Аъзам ижодида новаторлик ўта ёрқин товланиб кўринарди. Ачинарлиси шунда эдики, болалар адабиётида қадрини топмаётганидан ўксинибми, кейинги йилларда бу шоир жажживойлар даврасидан тобора узоқлашиб, катталар учун ёзишга бутунлай берилиб кетаётганди.
Ҳа, болалар адабиётида қўриқ ерлар кўп, ўзлаштиришга астойдил уринаётганлар эса кам. Катталар адабиётида кун кўролмаганлар болалар адабиётини тирикчилик манбаига айлантириб олиб, илгари ўзлаштирилган майдонларда ортиқча жон койитмай давр суриб юришибди. Худо омадимни берса, аввало айнан шу плацдарм орқали ёриб ўтишим, айнан шу саҳнада ўзимни яққол намоён эта олишим мумкиндек туюлаётганди.
Қисқаси, ўзбек болалар адабиёти, айниқса шеърияти жаҳон уммони сари шиддат билан интила олишга қодир бўлган тамоман янгича оқимга ўта муҳтож эди. Бу оқим вакилларининг асосий вазифаси – болаларнинг ақлидан кўра кўнглига кўпроқ таъсир ўтказиш билангина чекланиб қолмай, турмуш ҳақиқатларига имкон қадар яқинлашиш, мурғак қалбларда миллий ғурурни шакллантириш, пишиқ-пишиқ сатрларда мафтункор манзаралар яратиш; шунингдек, тивити тўкилмаган топилмалар, тагдор ташбеҳлар, тиниқ ва ёниқ иборалар, болалар айтимларидаги каби одми сўзлар, ўйноқи жумлалар, жарангдор қофиялар, қувноқ ифодалар кўмагида шеърни кичкинтойларнинг суюкли ўйинчоғи даражасидаги эҳтиёжига айлантиришдан иборат бўлмоғи лозимлиги аёнлашиб бораётганди.
Гап битта – асосан ушбу йўналишда фаол ҳаракат қилаверган маъқул. Катталарга атаб ёзган шеърларим, ҳажвий ҳикояларим ҳозирча панадаги аскарлардек писиб туратурсин, олдин синалган замбаракларни ишга солайлик-чи. Агар, шундан ҳам наф чиқмаса, кўнгилни чўктирмасликка куч топиб, энди омадни катталар адабиётидан қидириш, бу зичликда кўзга тузукроқ чалина олиш учун алоҳида тайёргарлик кўриб, “ёриб ўтиш” масаласини кечроққа суриб туришга тўғри келади.
Ҳар қадамда жуда-жуда ҳушёр, яхши маънода устамонроқ бўлмоқ керак. Бу – турли-туман тўсиқлардан сабр-бардош билан ошиб ўтилиши талаб этиладиган беҳад машаққатли, беҳад изтиробли йўл. Янгиликни яратишдан кўра уни тан олдириш ўн марта қийин. Бири биридан улкан девларнинг тўқмоғига чап бериш, зарурат туғилса, пухта тараддуд билан қарши ҳамлага ўтиш учун маълум даражада ақл, ички қувват, юмшоқроқ кўринишдаги ўжарлик, чидам, матонат талаб этилади.
Шуларнинг барига тайёрмисан, шоирча? Аввало эсингни йиғ, таваккалчиликнинг ҳам чегараси бор…
Эркин аканинг таклифи ҳақида ишхонадагиларгаям, уйдагиларгаям охирги паллагача ҳеч нима демагандим, тўйдан олдин ноғора чалишни илгаритдан ёқтирмасдим. Тошкентга ишга ўтаётганимни аямга радиодан бўшаб борган куним айтдим. Аям ҳайратга тушиб, қачон кетишимни сўраган эди, бугун кечқурун поездга чиқаман, дедим. Гапимизни эшитиб ўтирган Дилмурод укам оғзида паравозникига ўхшатиб чўзиқ сигнал чалди:
— Пупу-у-у-п!!!

ТУГАЛЛОВ

Ўзинг бир ботқон балчиқзорга боратуриб, ковушингни тозалаб ол.
Гулмат ШОШИЙ

Умримнинг асосан қишлоқда кечган даври якунига етганди. Ҳаётимнинг бу қисмида илк бор инсон фазога учгани (СССР), Ой кезғичига қадам қўйгани (АҚШ), совет фазогирлари ҳалокатга учрагани; руслар эндигина синовдан ўтказаётган ҳарбий ракета воситасида америкаликларнинг “У- 2” айғоқчи учоғи уриб туширилгани; Корея уруши бир миллатнинг бўлиниб кетуви, Виетнам уруши эса, ажратиб ташланганларнинг бирлашуви билан барҳам топгани; икки уммонни туташтирувчи қазилма Сувайш канали, Мисрда Осуан тўғони фойдаланишга топширилгани; чапани Хрушчёвнинг “омон-омон”ида юз минглаб сиёсий маҳбуслар, урушда душманга асир тушгани учун қамалган аскарлар озодликка чиқиб, халқ душмани сифатида отилганлардан кўпининг номи оқлангани; Отатурк қайта шакллантирган Туркияни бут асраб қолиш ниятида ҳокимиятни ҳарбийлар қўлга олгани; рангли телевизор, “Моторола” деган қўполдан қўпол симсиз телефон, нейлон мато, нейтрон бомбаси, одам аъзосини кўчириб ўтқазиш кашф этилгани; Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги урушни тўхтатиш юзасидан иккала давлат раҳбарлари Ўзбекистонда музокара олиб бориб Тинчлик шартномасини имзолагач, ҳиндлар етакчиси Лаъл Баҳодир Шастри Тошкентда бандаликни бажо келтиргани; совутқичлар, магнитофонлар, кир ювиш машиналари қишлоқларгача кириб келаётгани; жаҳонда энг узунлардан ҳисобланмиш Байкал-Амур темирйўл магистрали барпо қилингани; қирғинбарот Афғон уруши бошлангани; Тошкентда метрополитен пайдо бўлгани каби тарихий воқеаларнинг шоҳидига айландим.
Жавоҳарлал Неру, Сталин, Мао Цзе Дун, Ким Ир Сен, генерал Де Голл, Анвар Саодат, Чемберлен, Жон Кеннеди, Анвар Хўжа, Индра Ганди, Фидел Кастро, Хошимин, Ёсир Арофат, Салвадор Алйенде янглиғ шов-шувчи давлат арбобларига; жанубий америкалик Чегевара, жазоирлик Жамила, америкалик Мартен Лютер Кинг, россиялик Солженицин, африкалик Манделла каби бири халқининг ҳақ-ҳуқуқи, бири юртининг озодлиги учун жонини тикиб курашган кўламдор исёнчиларга озми-кўп муддат замондош бўлдим.
Суюкли “Пахтакор”имни оёққа турғазганлардан Биродар Абдураимов, Геннадий Красницкий, Тўлаган Исоқов; ўзбеклардан биринчи бўлиб жаҳон чемпионига айланган боксчи Руфат Рисқиев; оламга довруғ солган футболчилардан Пеле, Марадона, Мюллер, Чарлтон, Яшин, Круифф, Бест, Чулак, Хамрин, Гарринча, Стрелцов, Лобановский, Пушкаш; спортнинг бошқа турларидаги юлдузлар – боксчи Муҳаммад Али, Стивенсон, хоккейчи Грецки, Харламов, Недомански, Карлсон, шахматчи Спасский, Фишер, Гаприндашвили, штангачи Жаботинский, баландликка сакровчи Брумелларга бевосита ёки билвосита ишқибозлик қилдим. Ўшанда мен билан бир вақтда яшаб, етти иқлимга донг таратган фан-техника намояндалари, буюк ихтирочилар, бетакрор адиб-санъаткорларга бир бошдан тўхталадиган бўлсам, на қоғоз етади, на фурсат.
Ўзбек қўшиқчилигининг алоҳида шайдоси эдим. Жўрахон Султонов, Расулқори Мамадалиев, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Саодат Қобулова, Юнус Ражабий, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Ҳалима Носировалар давронидан ҳатлаб, янгитдан порпираб кўринаётган Комилжон Баратов, Олмахон Ҳайитова, Таваккал Қодиров, Очилхон Отахонов, Фахриддин Умаров, Алижон Ҳасанов, Икромжон Бўронов, Камолиддин Раҳимов, Неъматжон Қулабдуллаев, Маҳмуджон Тожибоев, Холисхон Қодирова, Толибжон Бадинов, Қобилжон Юсуповлар хонишидан қониб баҳра олишга, ашулалари ёзилган қиммат лаппакларни тўплашга ўтдим. Айниқса, безоритабиат эканлиги орқасидан бир-икки бор қамалиб чиққан қўқонлик Комилжон Баратовга кўпроқ ихлосманд эдим, концертларини қувиб юриб томоша қилардим.
Яна айтадиган бўлсам… Шеърий дафтарларимдан ташқари, футболга аталган ўнтача, кинога аталган ўндан ортиқ умумдафтарим бўларди. Футболникига “Пахтакор”нинг СССР олий лигасидаги биринчи ўйинидан бошлаб майдонга қайси таркибда тушгани, кимлар нечанчи минутда гол ургани, учрашувга ким ҳакамлик қилгани кабиларни газеталардан кўчириб ёзиб, ўйинда юз берган қизиқроқ ҳолатларни қисқача қайд этиб қўярдим. Нариги туркумдагиларга эса, кўрган киноларим мазмунини битиб, ўзим чизган расмлар билан безаб чиқар эдим. Ҳарбий хизматдан қайтгач, емай-ичмай бўлса-да, битталаб тўплаб қўйган китобларимдан анчагинаси сингари бу дафтарларни ҳам тополмай, йиғлагудек аҳволга тушганим бугунгидек ёдимда турибди.
Тағин айтсам… Газета парчасига ўраб чекиладиган бадбўй махорка; найчадум “Красная звезда”, “Прибой”, “Север”, “Беломор канал”, “Казбек” папирослари; “Памир”, “Прима”, “Махорочная”, “Лайка”, “Космос”, “Шипка” сигаретлари замонидан тортиб, советлар юртига ниҳоят четдан (асосан Болгариядан) кириб кела бошлаган “Ту-134”, “Стюардесса”, “БТ”, “Родопи”дек филтрлилар, ҳатто Куба сигараларини кўзкўзлаб тутатиш давригача бўлган йўлни босиб ўтдим.
Йигитчаликдан кейинги ҳаётимда тирикчилик ташвишлари-ю, у-бу нарсаларни ёзиб-чизишдан бошим чиқмагани, улфатчиликларга вақтим кам бўлгани боис, дўстларим ҳам кўп эмасди. Юқорида тез-тез тилга олиб ўтилган Машраб, Абдусалом кабилардан ташқари бу паллада Юсуфжон дўхтир, Мирзамурод химизатор, Карим Шодмон, Муҳаммад Ғиёсий, Аъзам “бодрингчи”, Аъзам Эсоларга қуюқ даврадош бўлдим. Аҳмад, Раҳим, Аюб, Ҳомит сингари синфдошларим билан бот-бот юз кўришиб, гурунглашиб турардик. Эски иш жойларимда, армияда, техникум ва университетда орттирган қадрдонларимнинг аксариятидан эса, вақт ўтгани сайин, ширин-ширин хотираларгина қолиб бораётганди.
Миллатчилик туйғуси кўнглимда ўз қўрғонини кунма-кун мустаҳкамлаётгандек эди. Бу туйғу ҳаётда ўз бошимдан ўтказган, жисмимда оғир асоратлар қолдириб улгурган айрим касалликлардан-да хатарлироқ ҳисобланмиш руҳий хасталик эканини тушуниб етишим учун ҳали анча вақт керак бўлади. Зеро, миллатнинг ҳар ёқлама етук бўлиши учун қайғурмоқ, уни ўзлигини англашга, ғурурли бўлишга чорламоқ, эгамен юртда мустақил фикр билан яшашга қодирлигига ишонтирмоқ, элни камолотга етаклаш истагида ёнмоқ – яхши маънодаги миллатчиликдир (балки буни “миллийчилик” деб аташ тўғрироқ бўлар). Аммо, истибдодчи тузум ва унинг жиловчилари уёқда қолиб, шу жиловчиларга мансуб миллат вакилларининг барчасини бирдек ёқтирмаслик, барчасига бирдек қасдлашиш, ёппасига ёмонлик тилаш турган-битган калтабинлик, хавфлидан хавфли ғалвабозлик холос. Айниқса, биз барчадан дономиз, зўрмиз, бенуқсонмиз, бошқалар бизнинг олдимизда ҳеч ким эмас, улар бизнинг раъйимизга қарашлари шарт, деб ўйловчи; ётларга ўз таъсирини кўпроқ ўтказишга интилувчи; айрим муттаҳам қавмларга беихтиёр ўчакишибми, ёлғон далиллар тўқиб бўлса ҳам, бўлак давлатлар ҳудудидаги гоҳ у, гоҳ бу жойни асли бизники деб даъво қилишга уринаверишимиз зарур каби сершовқин ғояларга таянувчи миллатчилик (кемирувчан империянинг Туркистондаги бўлгинчилик найрангидан кўпроқ азият чекканига қарамай, ер талашиш, қўшниларга таҳдид солиш кайфияти, хайриятки, ўзбекларда деярли учрамайди), аймоқлар аро қирғинга ундовчи жазавачилик мазкур элнинг турқини совуқлаштириб бораверади, жаҳонда яккалатиб қўя бошлайди, охир-оқибат кулфатлар ҳандағига ағдаради. Салтанатдаги қарам халқларнинг, жумладан, ўзбекларнинг, энг аввало, ғурур-ҳамияти тўлиқроқ шаклланмиш зиёлиларнинг қалбида алангаланиб бораётган ёввойи миллатчиликка бир пайтлар ҳатто ашаддий руспарвар Достоевскийни ҳам ташвишга солган рус шовинизми асосий сабабчи бўлаётганди. Оға ўзига кун сайин бино қўйиб, иниларни камситиш гашти этига эт қўшиб бораётгандек эди.
Аслида, бу шароитдаги бирдан-бир тўғри йўл – ўзбекка ўзини яхшироқ танитиш, тоқат билан иш кўриб, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан саводини муттасил ошира бориш, уни бировга гапини бермайдиган, ҳақини ўтказиб қўймайдиган, ётларни ўзига ҳурмат билан қарашга мажбур этадиган, маданий меросларимизга жонкуяр, кўҳна удумларга содиқ, она тилига мислсиз ошиқ, дунёвий янгиликларга интилувчан, тарқоқликни, бўлгинчиликни юзага келтирувчи ғаразли мафкуралар замиридаги кир ниятларни вақтида пайқай оладиган, миллий жипслик, ҳудудий яхлитлик манфаатини ўзиникидан устун деб биладиган оқил ва ориятли инсон қилиб тарбиялаш эди.
Қутуриб турувчи айиқ деймизми, муғамбир шерик деймизми, майпараст Россия – таг-туги билан ёқиб юборилса ҳам, ҳатто куйиндисининг кўлами кишини саросимага солаверадиган; тўзғиган куллари ёндош юртларни-да кўмиб ташлаши мумкин бўлган сиёқдаги ҳайбатли мамлакат. Ана шу мамлакат сўриси остидаги СССРни бу маҳалда худо урган орденхўр, дарёкўнгил Леонид Брежнев бошқариб турар, компартиянинг олий маслаҳатхонаси саналмиш Сиёсий бюрода Украина, Белоруссия, Грузия раҳбарларининг ўрни азалдан бронлаб қўйилган бўлиб, энди мусулмон республикалар етакчиларидан ўзбек Шароф Рашидов, қозоқ Динмуҳаммад Қўнаев, озарбайжон Гайдар Алиев ҳам бу қаторда балқиб кўрина бошлаган эди. Ўзбеклар етиштириб бераётган пахтанинг салмоғи олти ярим миллион тоннага яқинлашаётганди.
Кимларга замондош бўлмадим, неларни кўрмадим. Насиб этса, ҳали яна қанча-қанчасини кўраман.
Советлар мамлакатидаги каби Ер кезғичида ҳам аҳоли тинимсиз кўпайиб бораётганди. Хомтамаликни қарангки, миллиардлардан бири бўлиб турган Анвар Обиджон шу тор-тиқинлик ичра алоҳида кўзга ташланиш учун ўзича терлаб-потирлаб ирғишлаётган эди.

* * *

Эркин Воҳидов билан учрашганимдан сўнг, бошкентга кетишим ойдинлашиб қолган чоғларда, куну тун ўйланиб, ўзимни тергаб юрдим. Ўпкангни янаям босиб ол, шоир. Эндиям енгилсанг, бари тамом дегани. Чоҳга ағдарилиш тугул, қаттиқроқ қоқинишдан ҳам асранишинг шарт. Емиши ерда бўлса-да, туяларга тепаланмаслик учун тўрғай учишни ўрганди. Тўрғай тажовузчи эмасди, шу боис туялар унинг ўзларидан баландда эканлигини малол олмади, зиён етказишга уринмади. Ҳар юмушда етти ўлчаб бир кесишинг, етмиш ўйлаб бир сўзлашинг; оғирчиликларга, ноҳақликларга, қадрланмасликларга, иғвогарликларга, ҳаттоки камситишларга – ҳамма-ҳаммасига сабр-тоқат билан чидашинг; ўзингни гоҳ анқовликка, гоҳ омиликка, гоҳ карликка солиб яшашинг; бири биридан дағдағадор девларнинг оёғи остида мажақланганча буткул ном-нишонсиз йўқолиб кетмаслик учун тиришиб-буришиб кучанмоғинг керак бўлади. Яна бир муҳими – эски кин-гиналарни кўнглингдан ёппасига супуриб ташла, янги жойга топ-тоза юрак билан кириб бор. Салобатини йўқотиб бўлган оиланинг нуфузини бошқатдан кўтармоқчи бўлсанг, шуларга қатъий амал қилишга қувват топ. Энг аввало, ўта шармандали ишга қўл уришдан, жиноят кўчасига кириб қолишдан, айниқса, эҳтиётсизлик ёки жаҳолат боис аҳмоқона ўлиб кетишдан ўзингни асра.
Кўриниб турибди, бу қадар эҳтиёткорлик, бу қадар ҳуркаклик кўнглимга мустаҳкам ин қуриб олса, бўйин қисиб яшаш даражасида қўрқоқлашиб кетмайманми; турмушда ўта қалтис вазиятга тушиб, назокатли туйғуларни четга суриб туриш зарурати туғилса, бу кўникмалар қуршовидан лоақал вақтинча суғурилиб чиқа оламанми, деб безиллаяпсан. Буни билмадим, лекин у томонини ўйлаб ўтираверсанг, бу томонда сезиларли силжиш юз бериши қийин…
Бунақа ўйларнинг адоғига ҳам, тагига ҳам етиб бўлмасди. Хаёлларга нуқта қўйишга интилардим – бу ёғини Худонинг ихтиёрига ҳавола қилиб, йўлингдан дангал бораверсанг-чи. Аммо, бошга тушганнинг барини ҳам Худодан кўраверма, кўпига барибир ўзинг сабабчи бўласан.
Ҳа, талай нарса, аввало, инсоннинг ўзига боғлиқ; у хулқ-атвори, феъл-хўйи, ўй-нияти яхши-ёмонлиги билан; иши, тутуми, қилмиши ўринли ёки ўринсизлигига қараб, ўзига гоҳ мунавварлик келтиради, гоҳ фожиа.

Ҳеч бирингга қилмайман таъзим,
Ҳеч бирингга бермайман ҳисоб.
Мен-чун ҳаёт – поёнсиз назм,
Сўз айтмасдан яшамоқ азоб,
Менинг тинчим – менинг таъзиям.

Фақат Ундан тиларман паноҳ,
Фақат Унга берурман жавоб…
Босган ҳар бир қадамим – гуноҳ,
Чеккан ҳар бир аламим – савоб,
Менинг ўзим – менинг фожиам.
(1989)

Йўқ, керак бўлганда, бандасига ҳам таъзим қиласан, ҳисоб берасан, у жорий этган қонунларга бўйсунасан. Бу жабҳада ким ҳақ-у, ким ноҳақлигини эса, пайти келиб, У ажрим қилади: эгрини жазолайди, тўғрининг бошидан эҳсон ёғдиради. Бу ёқдагилари – омонат, у ёқдагиси мустаҳкам; бу томондагилари – ўткинчи, у томондагиси – абадий.
Ҳозирча бу тарафда эдим. Қандайлиги менга тузуккина маълум бўлган манзилда мени номаълум бир қисмат кутмоқда эди.
Ўшанда ўттиз беш ёшга тўлаётгандим. Тошкентга кетиб, яна шунча яшайманми, йўқми, билмасдим. Униб-ўсаманми, тугалай оёқости бўламанми, буниси ҳам қоронғу эди. Тангрисини ҳануз хира-ярим таниб юрган мен чаламусулмон банда фақат бир нарсани – шу дамгача қай тарзда кун кечириб келганимни билардим холос. Болалик – пошшолик, ўсмирликдан бошлаб эса, нуқул бахтимни қидириб яшадим.

Тополмасанг бахтингни,
Сўролмасанг ҳаққингни,
Нега келдинг дунёга?

* * *

Танамдан қўр сўнмоқда,
Кўзимдан нур сўнмоқда…
Дурга тўлиб борар бош.
(“Уччаноқлар”дан)

Баъзан бошимда ажиб бир ўй эловланиб, ғойибдан келаётган товушдек, мени саволга тутарди – Яратгучининг амри ила ҳаётни янгитдан бошлашни истармидинг?
У вақтда қандай жавоб қайтаришни билмасдим, энди эса, ҳеч иккиланмасдан айта оламан: нелардан яйраб, нелардан ўксиган, кимларга талпиниб, кимлардан безиган бўлмайин; худди ўша муҳитда, айнан ўша одамлар билан бирга бошқатдан яшашга розиман. Бегона муҳит – бировнинг уйи, у ерда бирон-бир нарса кўзга иссиқ кўринмоғи даргумон. Берсангиз, яна ўзимнинг кечмишимни беринг. Фақат, жоиз топсангиз, биттагина саволим бор – янги ҳаётга, озгина бўлса-да, энг зарур ўзгартишларни киритиш мумкинми?
Мумкин бўлса, биринчи галда, лоақал, дадамни имкон қадар камроқ ранжитган, аямга кўпроқ дам берган бўлардим; тили ҳали бурроланмасдан вафот этган Ҳомитжон укам, Зуҳрахон синглимни кўз қорачиғимдек асрардим, уларни ўша лаънати дардларга сира-сира чалинтирмасдим; болалигимда бошини тошда чақиб ўлдирган гуноҳсиз чумчуқчани энди секингина ердан олиб, тутдаги инига авайлабгина жойлаб қўярдим. Кейин… агар-р, яна мумкин бўлса…
Яна нималар қилай? Нималарни қилмайин? Ўзингиз шипшита қолинг, яхшилар…

БИРИНЧИ КИТОБ ТУГАДИ

2003 – 2005 йиллар, Тошкент

21a.jpgSHOIR UMRINING HAQIQATLARI RAMZI
094

“Hayot intilishu kurashlardan, ko‘tarinkiligu tushkunliklardan, rohatu uqubatlardan, og‘ishmasligu adashuvlardan, yutug‘u yutqiziqlardan, uchrashuvu ayriliqlardan, to‘g‘riligu qing‘irliklardan, qoniqishu attanglardan, inoqligu kelishmovchiliklardan, ulgurishu kechikishlardan, topishishu yo‘qotishlardan, mardligu g‘irromliklardan, ishonchu aldanishlardan, qisqasi — faoliyat va kechinmalardan iboratdir”.

Hayot haqidagi ushbu muxtasar va chuqur ta’rifni O‘zbekiston xalq shoiri Anvar Obidjonning yaqinda “O‘zbekiston” nashriyoti chop etgan “Ajinasi bor yo‘llar” kitobidan keltirdik. Fikrimizcha, ana shu birgina iqtibosning o‘zi ham taniqli adibning turmush kechinmalari bitilgan yangi asari haqida dastlabki va aniq, to‘g‘ri va batafsil tushunchaga ega bo‘lishga yordam beradi.

Ushbu asarning ilk variantini bundan bir muddat ilgari “Sharq yulduzi” jurnali sahifalarida o‘qigandim va g‘oyatda manzur taassurotlar olgandim. O‘tgan davrda Anvar aka asarini yanada maromiga yetkazib, o‘z muxlislariga kitob holida taqdim etishga ahd kilganini nihoyatda qutlug‘ ish, deb hisoblayman.

Yangi kitob janr nuqtai nazaridan avtobiografik asar ekaniga e’tibor qaratish lozim. To‘g‘ri, keyingi yillarda yurtimizda bunday janrdagi kitoblar ko‘plab nashr etilmoqda. Ayni chogda, Anvar Obidjon qalamiga mansub ushbu asarning bir qator o‘ziga xos xususiyatlari borki, bu haqda alohida to‘xtalishni lozim topdim.

Birinchidan, kitob muallifi faqat tarjimai holini bayon etish bilangina cheklanib qolmaydi. Aksincha, asarda turmush qiyinchiliklarini yengib, adabiyot maydonida o‘z o‘rnini topishga tirishayotgan yosh qalamkash hayoti bilan bog‘liq real hodisalar sobiq sho‘rolar zamonining soxta tarixi bilan uyg‘un holda tasvirlangan, yanada aniq qilib aytganda, tanqidiy-tahliliy negizda badiiy talqin etilgan.

Ikkinchidan, muallif o‘zi yashagan davr ruhini o‘z dunyoqarashi miqyosida haqqoniy, ya’ni hayotiy kechinmalariga yolg‘on aralashtirmay, borini boricha, ochiqchasiga yoza bilgan. Ayniqsa, adib mustabid tuzum davrida kechgan bolaligini, o‘sha mustamlakachilik zamoni qusurlari hamda aldovlarining ma’naviy tarbiyamizga yetkazgan salbiy oqibatlarini ochiq-oydin ko‘rsatib bergan.

Misol uchun, O‘zbekistonda paxta yakkahokimligi va uning mash’um oqibatlari, qishloq ahlining og‘ir hayoti, ko‘chirish siyosati, milliy hunarmandchilikning achinarli ahvoli, zayombozlik, milliy kadrlarga adolatsiz munosabat bilan bog‘liq muammolarni oddiy fukaro darajasida tushunarli tarzda tasvirlagan. Albatta, bularning barchasi juda muhim ahamiyatga ega.

Uchinchidan, adib nafaqat o‘z hayot yo‘lini, ayni chog‘da, XX asrning ikkinchi yarmidagi siyosiy va madaniy muhit, o‘sha davrda yurtimizda kechgan adabiy jarayonlar bilan bog‘liq o‘zi ko‘rgan-bilgan voqealarga bevosita munosabatini nihoyatda haqqoniy va samimiyat bilan tasvirlagan. Nazarimizda, aynan shu samimiyat hamda haqqoniylik, bir tomondan, Anvar akaga xos ravon va shirali ifoda uslubining tub asosida tursa, ikkinchi tomondan, asarga nisbatan kitobxon ishonchini yanada oshiradi.

Masalan, Anvar Obidjon sho‘rolar davlatining bema’ni soliq siyosati, ya’ni sovet kishisi eng ko‘p soliq to‘lagani borasida fikr yuritar ekan, “Xrushchyov uy hayvonlariga ham soliq solganida, ko‘p odamlar eshagini sotishga tutindi, go‘l xaridor topilavermagach, ko‘chaga haydab qutilishdi”, deb ochiq va achchiq gaplarni soddagina qilib yozadi.

To‘rtinchidan, kitobda milliy o‘zlikni anglash, madaniy merosni e’zozlash masalalari alohida o‘rin tutadi. Jumladan, adib “Iigchi eshon” (“Dukchi eshon”), “Bolasog‘un” (Poloson qishlog‘i), “Choltog‘” (“Chortoq”), “Norota” (“Nurota”), “Kutargon” (“Kitkon” qal’asi), “Zo‘roy ona” (“Zuray ona” yodgorligi), “To‘ngak ota” (“To‘nga ota” maqbarasi) singari tarixiy ism, geografik nom va atamalar haqida mutlaqo yangicha, mantiqan asosli va g‘oyatda qizikarli fikrlarni ilgari surgan.

Shu bilan birga, fikrimizcha, Anvar akaning faqat o‘zigagina xos bo‘lgan yozish uslubi va xalqona (ba’zan, hatto oltiariqcha) sershira tili kitobxon e’tiborini tortmasdan qolmaydi. Bu haqda so‘z borganda, muallif “kezg‘ich” (“planeta”), “o‘qtosh” (“meteorit”), “ko‘takarava” (“brichka”), “sezgikuch” (“instinkt”), “kuchalatosh” (“batareya”), “yeltuynuk” (“fortochka”), “lappak” (“plastinka”), “buragich” (“klyuch”), “chuchvarado‘ppi” (“pilotka”), “olovbardosh” (“ogneuporniy”), “karnaypocha” (“klyosh”), “qo‘nimdor” (“propiska”) kabi ko‘pgina baynalmilal atamalarning o‘zbekcha muqobillarini topib qo‘llaganini alohida ta’kidlash darkor.

Kitobning mundarijasi mantiqan tuzilgan. Sarlavhalar tegishli fasllar mazmunini to‘la aks ettiradi. Har bir bo‘lim uchun berilgan muallif epigraflari — Kulkul afandi va Gulmat Shoshiydan iqtiboslar o‘rinli, esda qolarli va faylasufonadir. Sahifalardagi kerakli o‘rinlarda muallif qalamiga mansub she’rlar, xususan, “uchchanoqlar”dan namunalar berib borilgani ham nihoyatda ma’qul. Kitob sahifalaridan milliy adabiyot, Sharq va G‘arb adabiyotiga hurmat-ehtirom ruhi ufurib turibdi.

Anvar aka bir o‘rinda “Falsafasiz yashash tinchroq, faylasuflik halovatingni buzadi”, deb qayd etgan bo‘lishiga qaramay, adibning kitobida o‘tkir falsafiy «fikrlar juda ko‘p. Mana, o‘sha quyma hikmatlardan ayrim namunalar:

“Dilporani deb o‘z dilini pora qilish! Ilohiy jasorat bu!”;

“Sof qolishga tirishish, nahotki, kirlikka qo‘shila borish jarayonidan ko‘ra uqubatliroq bo‘lsa?”;

“Tush narigi dunyoning mavjudligidan muttasil darak berib turuvchi… ilohiy bir mo‘’jizadir”;

“Birlikda hamma o‘zini xavfsiz sezadi”;

“Shunchaki shashtni qo‘zituvchi, yotlarga ziyoni tegmaydigan hasad ijobiydir”;

“Bu otbozor olamda Vatan tugul, ba’zan o‘z ota-onangni topib olishing ham oson kechmaydi”;

“Zamon xudoga shaydolanishingga imkon beradigan zamon emas edi”;

“O‘t bilan kulcha faqat tandirda yuz ko‘rishadi”; “Qanchalar keng bo‘lmasin, yo‘lbars qafasga, erkak uyga sig‘maydi”;

“Bariga bas kelaman deyish — pastga yumalanayotgan ulkan xarsangni to‘xtatib qolishga urinishdek gap”;

“Men erkin yurtda xor-zor bo‘lib yashashgayam roziman”;

“Yomondan jon saqlash uchun har qanday makkorona usulni qo‘llasa bo‘laveradi”;

“Bu g‘alati mutelik virusi qonimizga nechanchi ajdodimizdan o‘tib kelayotganikin?”;

“Tilni tiyib yurib, bor zardobingni qog‘ozga qusaver!”;

“Ba’zida ishdan bo‘shash o‘zing suymagan xotin bilan ajrashayotgandek huzurbaxsh tuyuladi”;

“Agar tug‘ma lanj bo‘lmasang, yaxshi kayfiyatda boshlayotgan yumushing unum keltirmay qolmaydi”;

“Bolalar adabiyotida qo‘riq yerlar ko‘p, o‘zlashtirishga astoydil urinayotganlar esa kam”;

“Yangilikni yaratishdan ko‘ra uni tan oldirish o‘n marta qiyin”;

“Elni kamolotga yetaklash istagida yonmoq — yaxshi ma’nodagi millatchilikdir (balki buni ”milliychilik“ deb atash to‘g‘riroq bo‘lar)”;

“Yemishi yerda bo‘lsa-da, tuyalarga tepalanmaslik uchun to‘rg‘ay uchishni o‘rgandi”.

Muxtasar qilib, Anvar Obidjonning “Ajinasi bor yo‘llar” kitobini XX asr ikkinchi yarmi O‘zbekiston tarixining badiiy-siyosiy tasviri, adibning kamtarona iborasi bilan aytganda, “umr haqiqatlari ramzi”, deb baholash mumkin.

Qolaversa, ushbu kitob — hayotga muhabbatning o‘ziga xos shoirona ifodasidir. A.Obidjonning o‘zi bu haqda: “Yashamoqqa bo‘lgan bu sevgimning mavjudligiga ajdodlarim va yaqinlarim bilan bog‘liq asal-asal xotiralar ham sababchi ekanini turmushda qut-qut ilg‘ab turaman”, deb e’tirof etadi. Muhtaram kitobxonga ana shu “asal xotiralar”ning birinchi kitobi muborak bo‘lsin! Sevimli adibimizga esa navbatdagi kitobni insho etish yo‘lida bemisl ilhom va kuch-g‘ayrat tilab qolamiz.

Manba: “Farg‘ona haqiqati” gazetasi

Anvar Obidjon
AJINASI BOR YO‘LLAR
(TURMUSH KЕCHINMALARI)
094

0_79.gifAnvar Obidjon Farg‘ona viloyati Oltiariq tumanining Poloson qishlog‘ida 1947 yilning 25 yanvarida xizmatchi oilasida tug‘ilgan. 1964 yilda o‘rta maktabni tugatgach, Samarqand moliya texnikumida, 1969-1971 yillarda jamoa xo‘jaligida hisobchi, klub mudiri, tuman gazetasi, viloyat radiosida turli vazifalarni bajardi, Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini sirtdan tamomladi. 1981 yildan boshlab u Toshkentga ko‘chib kelib, «Yosh gvardiya» nashriyotida, «Yosh kuch», «Mushtum» jurnallarida ishladi. «Cho‘lpon» nashriyotida bosh muharrir, O‘zbekiston televideniyesida muharrir bo‘lib ishlagan.
Anvar Obidjon bolalar adabiyotiga dastlab «Ona Yer», «Bahromning hikoyalari» to‘plamlari orqali shoir sifatida kirib keldi va mavjud ijodiy an’analardan foydalangan holda o‘ziga xos yo‘l tanladi. «Bulbulning cho‘pchaklari», «G‘alati maktublar», «Kumush uy», «Gurungdagi gaplar», «Ajoyibxona», «O‘zimizning ansambl», «Ignalarim chiroyli», «Mening kolleksiyam», «Shirin so‘ylar jajjivoylar», «Kalamushlar kemasi», «Siz eshitmagan qo‘shiqlar», «Dalalardan bolalarga», «Osmondan tushgan sozanda» turkum she’rlari fikrimizga dalildir. Uning «Ona yer» (1974), «Masxaraboz bola» (1980), «Olovjon va uning do‘stlari» (1983), «Bahromning hikoyalari» (1984), «Ey, yorug‘ dunyo» (1983), «Ketmagil» (1985), «Bezgakshamol» (1985), «Juda qiziq voqea» (1987), «Oltin yurakli avtobola» (1988), «Dahshatli Meshpolvon» (1990) kabi she’riy, nasriy kitoblari chop etildi.
Bulardan tashqari, adibning «Qo‘ng‘iroqli yolg‘onchi», «Pahlavonning o‘g‘irlanishi» Anvar Obidjon so‘nggi yillarda «Ramazon va Gulmat hangomasi» (1992), «Meshpolvonning janglari» (1994), «Alisher ila Husayn yoki uch dono va o‘g‘ri» (1996), «To‘tiqush», «Topsang hay-hay…» kabi qissa, pesa va she’r, dostonlarini ham yaratdi. U«O‘zbekiston xalq shoiri» unvoniga sazovor bo‘lgan (1998).

094

BIRINCHI KITOB
5 parcha

BOG‘SIZ BOG‘BON

Majlis bolshavoylarning siyosiy zambaragidur.
Gulmat SHOSHIY

01.gifBir kuni qishloqdosh student o‘rtog‘imning kvartirasida tunashga borib, televizor ko‘rib o‘tirsam, Oziq-ovqat sanoati ministri (vaziri) Vohid Sodiqov bilan suhbat namoyish etila boshlandi. Bu odam oltiariqlik edi. Suhbatni tinglayotib, miyamda tatalog‘ich o‘y g‘imirladi: iye, hukumatning bir ustuniga aylangan shunday haybatli qishloqdoshing bo‘la turib, sen nega Toshkentda tepalanib yuribsan? Bor, o‘zingni tanishtir, soyasining oyoqrog‘idan sengayam joy topilib qolar.
Ezilishlar isitmasi ta’sirida shunday deb yubordim-u, keyin eski tortinchoqligim tutib, borishga hech oyog‘im tortmadi, ishni ancha kun paysalga solib yuraverdim. Tanimagan odamimning oldida po‘mpayib nima qilaman? Sendan boshqa tashvishim yo‘qmi, desa-chi?
Oxiri bordim. Lenin maydonining (hozirgi Mustaqillik maydoni) bir chetiga qurilgan ko‘pqavatli “Ministrlar uyi” binosiga kirib, liftda yuqoriga ko‘tarildim. Meni tund tikilib qarshi olgan kotiba, oltiariqlik ekanimni bilishi bilanoq muomalasi iliqlashdi, hozir bandlar, picha kutasiz, deya qator biqqi stullardan biriga yastanishimni taklif etdi.
Mana, ministrning qarshisida o‘tiribman. Shumshaymaslikka tirishganimcha o‘zimni tanishtirdim, qaysi oiladanligimni, qayerda o‘qiyotganimni qistirib o‘tdim.
— Otangiz Obidjon akani yaqindan bilardim, ja ochiqko‘ngil odam edi rahmatli, — deb ichimga yorug‘lik soldi ministr. – Xo‘sh, bizdan nima xizmat?
— Toshkentda ishga joylashmoqchi edim, sal cho‘zilib turibdi, – dedim yanada dadilroq boqib. – Ish-ku topiladi, tayinli yashash joyim yo‘qligi sal qiynab qo‘ydi.
Vohid Sodiqovich ko‘zini shipga tikib, picha o‘ylanib qoldi. O‘zicha bir qarorga kelgach, yana menga yuzlandi:
— Mundoq qilsak-chi, ish topguningizcha Yangioboddagi Yog‘-moy kombinatimizga o‘rnashtirib turay. Ham oylik to‘lashadi, ham yosh oilalilarga atalgan umumyotoqdan alohida xona berishadi. Nima deysiz?
Ikkilanmasdan ko‘ndim. Ministr shu zahotiyoq kombinat direktoriga qo‘ng‘iroq qilib, bir og‘iz gap bilan ishni pishirdi.
Shunday qilib, 1977 yilning o‘ninchi oktyabridan e’tiboran Toshkent Yog‘-moy kombinatida “bog‘bon” degan shtatda ish boshladim. Yangioboddagi umumyotoqdan bir xonali hujra ham berishdi. Yotog‘im alohida-yu, oshxona, dushxona, hojatxona kabilar umumiy.

Ko‘rdim yarim kechasi
Butoqda shim turganin.
Hech kim bilmas
Egasi –
Nima qilib yurganin.
(“Bog‘dagi sir”. 1981)

Kombinat direktori Po‘latov “ministrning odami” ekanimni nazarda tutib, vazifamga ko‘ra daraxtlarni sug‘orish, gullar ostini o‘tlardan tozalab turish ishlariga meni yaqin yo‘latgisi kelmadi; jurnalist ekansiz, Ra’no opangizga qaralashib yuraqoling, deb meni kombinat boshlang‘ich partiya tashkiloti kotibining ixtiyoriga yubordi. Yana o‘sha “Leninobod” kolxozidagi ahvol takrorlandi – kommunistlardan har oyda bir marta partiya badallarini to‘playman; yig‘ilish o‘tkazilsa, kotiblik qilaman; yo o‘sha kuni, yo ertasiga majlis bayonnomasini yozib, papkaga tikaman. Ko‘pincha odamlarni ishdan qoldirmaslik uchun majlis o‘tkazilmas, lekin baribir “o‘tkazildi” deb bayonnoma yozilaverardi. Falon kuni faloncha kommunist ishtirokida KPSSning falon qarori muhokama qilindi, yig‘ilishda falonchi-falonchilar so‘zga chiqib, falon-falon fikrlarni bildirishdi, degan jumlalarni havodan olib to‘qishga tushaman. Bularni o‘qib ko‘rib, juda chiroyli tayyorlabsiz, deya Ra’no opaning og‘zi qulog‘iga yetadi.
Kommunistligim jonimga ora kirayotgandi. Shaharning eng baland tepaligiga chiqib, partiyani sharaflab qichqirgim kelardi: Gapfurush bolsheviklar o‘ylab topgan siyosiy dabdabalarga ming tasanno! Bu dabdabalar mahsuli bo‘lmish barcha qog‘ozbozliklarga million-million ofarinlar bo‘lsin!
Deyarli bekorchixo‘ja edim. Oyligim to‘qson so‘mgina esa-da, harqalay, loaqal tushlikda tuzukroq ovqatlanishimga, qishloqqa oldingidan serqatnovroq bo‘lishimga uchma-uch yetib turardi. Ishxonaga haftada bir-ikki marta bosh suqib qo‘yardim. Qolgan kunlari krovatdagi ko‘rpamni polga to‘shab cho‘zilganimcha, she’r to‘qiganim to‘qigan edi. Maosh olgan kunlarim qishloqqa ketib, ba’zan bir hafta o‘tkazib qaytardim. Qaytgach, qo‘lim bo‘shasayoq, yana tinimsiz she’r bitishga tushardim. Bolalarga atalgan turkum she’rlarimning asosiy qismi shu umumyotoqdagi bor jihozi bir shkaf, bir krovat, bir stol, bir stuldan iborat bo‘lmish torgina xona devorlari orasida dunyoga kelgan. Piyonista qo‘shnilarning ulfatchilikka chorlashlaridan, tanish juvonlarning dam olish kunlari zalda tashkil etiladigan “tansa”larga sudrashlaridan bezib, eshikni ichkaridan qulflab olib yozardim. Ayrim qiliqlarimni ahloqsizlikka yo‘yib, tepadagilarga arz qilib yurmasligi uchun qishloqdan olib kelgan mava-chevalardan bir qismini umumyotoq komendantiga berib turardim. Shu bois, majlis bo‘lib qolsa, mening intizomimni, xonani toza tutishimni maqtagani maqtagan edi.
Lekin, shoning dushmani – sho, gadoning dushmani – gado, deb bekorga aytishmagan. Bir kuni bog‘bonlar brigadiri Ra’no opaning oldiga kirib, ministrning erkatoyiga aytib qo‘ying, hech bo‘lmasa, haftada uch kun bizga qo‘shilib ishlab tursin, debdi.
— Bu odam juda muttaham, — dedi Ra’no opa. – Hatto direktorimizning ustidan shikoyat qilib, markazqo‘mga xat yozgan. Biror yo‘lini topib, u bilan o‘zingiz kelishib oling. Ochig‘ini aytsam, ichishni yaxshi ko‘radi, la’natiga ba’zan araq-paraq olib bersangiz, balki og‘zi yumilib qolar.
Hozir nima ahvoldaman-u, uchragan eshakni yemlayversam, o‘zim qanday kun ko‘raman, deyishdan tilimni tiydim. Yotoqqa borgach, nima qilsam ekan, deb rosa bosh qotirdim. Nihoyat, chora topildi – bunaqalarni laqillatish firibgarlikka kirmaydi, yomondan jon saqlash uchun har qanday makkorona usulni qo‘llasa bo‘laveradi.
Ertasiga brigadirimga yo‘liqib, oldiniga hol-ahvol so‘ragan, u yoq-bu yoqdan so‘zlashgan bo‘ldim. So‘ng gapdan gap chiqarib, ko‘pni ko‘rgan odamsiz, o‘zi anchadan beri bir narsani siz bilan maslahatlashmoqchi bo‘lib yurgandim, dedim.
— Nima gapakan? – deb chaqchaydi brigadir.
— O‘qishim tugab boryapti. Universitetni bitirsamoq, ministr qondoshim meni birorta kichikroq korxonaga boshliq qilmoqchi ekanini aytdi. Omaleykin, qo‘rqoqmanmi, ehtiyotkormanmi, boshliq bo‘lishga sira yuragim chopmayapti. Chetdan kelgan odam Toshkentda kun ko‘rib ketishiyam, g‘ajiyman deb turuvchilar orasida unib-o‘sishiyam osonmas.
Brigadirning to‘satdan qiyofasi o‘zgarib, menga yaltoqlanib boqdi:
— Yurakni butun qilsangiz-chi, ukaxonim. Xo‘jayinlikni qo‘rqmasdan olavering. Kerak bo‘lsa, mana biz yoningizda turib beramiz. Birov soyangizni ezib ko‘rsin-chi!
— Balki, sizdek tajribali, dangalchi akalarga tayanib ishlasa bo‘lar. Payti kelganda, yana maslahatlashib ko‘rarmiz…
Shu-shu, brigadir men bilan quchoqlashib ko‘rishadigan, o‘qishim qachon tugashini surishtirib turadigan bo‘ldi. Goho uyidan ko‘tarib kelgan tushligiga meni sherik qilmoqchi bo‘lar, tinch yurganimning o‘zi yetadi, haddimdan oshmaganim ma’qul, deya ko‘pincha bir nimani bahona qilib, uzr so‘rardim. Kap-katta odamni laqqa tushirayotganimdan baribir xijolat tortardim. Nachora, o‘zi boshladimi, o‘zidan ko‘rsin, deb ko‘nglimga taskin berardim bunaqada.
Ijoddan bosh ko‘tarolmay qolsam, ko‘zlarim zo‘riqishdan qizarib, kipriklarim ostida yarachalar paydo bo‘la boshlardi. Bunday damlarda goh qadrdonlarimni uylariga borib yo‘qlardim, goh redaksiyalarga uch-to‘rttadan she’r tarqatib chiqardim, goh tushlik chog‘i tanish adiblar bilan oshxonada gurung qurardim. Torroq doiradagi suhbatlarda ko‘pincha mavzu yana millatimiz taqdiriga, erksizligimiz fojialariga borib taqalaverardi. Buning sayin, istibdodni qoralash, yurt mustaqilligini orzulash kattalar uchun yozganlarimdagina emas, bolalarga atalgan asarlarimda ham keng aksini topib borayotgandi.
Eng xavflisi – tobora ashaddiy millatchiga aylanayotganim edi. Qishloqlardagi o‘zbek bolalari hatto to‘p tepib chigil yozishga maydoncha topolmayotgan, egni tuzukroq libos ko‘rmay yashayotgan bir paytda, boshqa millat vakillarining yasanib olgan bolalari istirohat bog‘larida biri arg‘imchoq uchib, biri oto‘yinda aylanib quvnayotganini; barcha qulayliklarga ega bo‘lgan sport maktablari, turli-tuman to‘garaklar shularning ixtiyorida ekanligini ko‘rsam ham yuragim ezilishga tushardi. Idoralardagi ma’muriy xodimlarning aksariyati yevropaliklar, ko‘cha supuruvchilarning bari o‘zbek. Qaysidir hind kinosidagi bir shofyor inglizlarga qaramlikdan qutulish yo‘lida kurashib, ko‘zida jiqqa yosh bilan o‘zini qurbon qilayotganida, unga qo‘shilib ho‘ng-ho‘ng yig‘lay boshlardim, oddiy o‘zbeklarning hamma-hammasi qachon shunday oliy tushunchaga ega bo‘larkin, deya oldimdagi televizorni tepib sindirgudek kepatada tutoqar edim. Yevropaliklarni yurtimizdan bezitish yo‘llari haqida o‘ylay boshlasam, o‘qtin-o‘qtin, xayollarim qo‘rqinchli tus olardi.
Hayot og‘irliklarini ko‘p boshdan kechirgan sobiq siyosatchi-amaldorlar yoki keksa ziyolilardan ayrimlari bilan el-yurt taqdiri haqida goho erkin suhbatlashib qolsam, hovurim bosilayotgandek tuyulardi. Ular mavjud tuzumning salbiy tomonlarini ochiqchasiga tanqid qilish bilan birga, agar bolsheviklar hokimiyatni qo‘lga olib, xo‘jako‘rsinga bo‘lsa-da, ishchi-dehqonlar manfaatini birinchi o‘ringa ko‘tarmasaydi, kunimiz puldor va mansabdorlarning mutlaq hukmronligi ostida turavergan, hatto yurt farzandlarini yoppasiga bepul o‘qitish orzuligicha qolavergan, natijada oddiy xalq hozirga qadar feodal tuzum sharoitida iprindiligicha yuravergan bo‘lishi mumkinligi kabilardan so‘zlab qolsa, bularning gapida ham jon bor, deya chuqur xayolga cho‘mardim.
Donolar qadimdan ta’kidlab kelganidek, har qanday yomon narsaning yaxshi tomoni ham bo‘ladi-ku! Mushohada tarozisining bu pallasiga “yomon”larini, u pallasiga “yaxshi”larini qo‘yib, shayn qaysi tomonga og‘ishini shoshmasdan kuzatish lozim shekilli. Lekin, buni xolis solishtira olish hammaning ham qo‘lidan kelavermaydi. Buning uchun odamga, eng avvalo, siyosiy-ijtimoiy bilimlarga lim to‘la ka-a-ttakon kalla kerak. Afsuski, hozircha menda bunaqasi yo‘q.
Nuqul ikkilanardim. Bizni o‘tmishimizdan, boy udumlarimizdan, muqaddas qadriyatlarimizdan uzishga intilmasa, ayniqsa, tilimizga tazyiq qilmasa, balki, bundan zo‘rroq tuzum yo‘qdir. Imperiyaning yugandorlari qanaqa dumbul odamlar o‘zi? Bir tutumi bilan mehringni jo‘shdirsa, ikki tutumi bilan o‘zidan bezdiradi? Hamma millatga birdek qayishadigan aqli butunroq dohiy lop etib balqib chiqsaydi, ishlar butkul buzilmay turib, bari birma-bir iz-iziga tushib ketarmidi…
1978 yilning o‘ttizinchi yanvarida to‘rtinchi o‘g‘lim Botir ham tug‘ildi. Uchgudek bo‘lib, qishloqqa bordim. Chaqaloqni ko‘rib, ko‘zim quvongandan quvonib ketdi – Yaratganga ming qulluqki, dadam rahmatlining o‘zginasi-ya!

Ko‘rib qo‘ydim umrimda
Qancha qalamqoshlarni.
Qancha yolg‘on kulgi-yu,
Qalbaki ko‘zyoshlarni.

Bildim – soxta hammasi,
Barchasi bir daqiqiy.
Faqatgina xotinim –
Tuqqan o‘g‘il haqiqiy!
(1981)

To‘rt o‘g‘il, to‘rt sevinch, to‘rt yupanch… to‘rt baravar ehtiyoj…
Bosh omon bo‘lsa, bularni Xudo rizqsiz qo‘ymas, qornini amallab to‘ydirarman, undoqroq bo‘lmasa, mundoqroq kiyintirarman. Lekin, yonlarida doim parvona bo‘lib, tuzukroq tarbiyalashga vaqt, imkon topa olarmikanman? Payti kelib, yetarlicha g‘amxo‘r bo‘lolmaganimni ta’na qilishmasmikin?
Butun boshli umumyotoq kabi mening xonam ham qishda yaxshi isimadi, elektr plitasi sotib olishga kambag‘allik qildim. Komendantdan tagimga qo‘shimcha matras so‘rab olgan, yopinchig‘im ustidan paltomni tashlab uxlashga o‘tgan esam-da, tuni bilan dildirayverardim. Boshim tumovdan chiqmay qoldi; bir yo‘tal tutsa, o‘pkam uzilgudek bo‘lardi; suyaklarim qaqshay boshlasa, revmatizmim qaytovlanishidan qo‘rqishga tushardim.
Bir gal, armiyada sovuqdan yorilgan oziq tishim og‘rib, jag‘im gumbara bo‘lib shishib ketdi. Ovqat yeyish tugul, choy ho‘plashning iloji yo‘q. Surunkali azob tugal holdan toydirgach, jag‘imni bog‘lagancha ko‘chaga chiqdim; muolaja chog‘ida ochlik bois hushdan ketib qolmaslik uchun oshxonaga kirib, kuchli og‘riqdan ko‘zim yoshlanganicha, qornimni to‘yg‘azdim. Do‘xtirga borsam, jag‘ingizdagi shish qaytmaguncha, tishingizni sug‘urish mumkin emas, dedi. Cho‘ntagiga pul tiqib, boshlayvering, hech nima bo‘lmaydi, dedim. Og‘riq qoldiruvchi ukollar u zamonda hali keng rusumga kirmaganmi, yo do‘xtirda yo‘q ekanmi, pastki ozig‘imni jonimga chovut solgan asnoda qayira-qayira bazo‘r sug‘urib, yonidagisi ham yiringlab yotibdi, unisini oldirgani ertaga kelarsiz, deb hansiradi. Sal o‘zimga kelvolay, keyin bunisiniyam olib tashlaysiz, chidayman, deya gandiraklagudek ahvolda tashqariga chiqdim; bitta sigaret chekib qaytdim-u, o‘zimni yana “jallod”ga topshirdim.
Bahorga chiqib, negadir, quvvatim qochib boraverdi. O‘nglanib ketarman deb, avvaliga parvosiz yurdim; ishtaham keskin pasayib, ko‘nglim tez-tez ayniydigan bo‘lgach, o‘lsam ham uyimda o‘layin, Toshkentda davolanishga yotadigan bo‘lsam, kim holimdan xabar oladi, degan xayolga bordim. May oyida ishimdan bo‘shab, qishloqqa jo‘nadim.
Shu tariqa, Toshkentga qilgan g‘avvog‘av yurishim batamom mag‘lubiyatga uchrashim bilan tugadi. Bu – asabim butkul dosh berolmay qolsa, ruhimni umrimning oxirigacha tiklanmas darajada sindirib tashlashi mumkin bo‘lgan juda sharmandali, o‘ta qaqshatqich mag‘lubiyat edi.

DIQQAT! FARG‘ONADAN GAPIRAMIZ!

Ovsarlar o‘z mag‘lubiyatining yirikligidan ham havolanaveradi.
KULKUL afandi

Yo‘q, men katta mag‘lubiyatdan havolanishni uddalolmadim; shaharga qilingan yurishda yengilganimni alamli tarzda tan olib, Polosonga so‘lg‘in qiyofada qaytdim, hovlimizga sustqadamlik bilan kirib bordim. Yirikkina gazetaga ishga olmoqchi bo‘lib turishuvdi, birdan tobim qochib, to‘g‘ri qishloqqa kelaverdim, deya uydagilarga bahona to‘qidim.
Kasalxonada yotishni azal jinim suymasa-da, sog‘lig‘im tez yomonlashib borayotgani vajhidan do‘xtirga uchrashishga majbur bo‘ldim. Tekshirib ko‘rishsa, sariq kasaliga chalingan ekanman. Yusufjon do‘stim bu mahalda tuman markaziy kasalxonasida bosh vrach o‘rinbosari edi, uning mehribonchiligi tufayli meni cho‘lning bir chetidagi “infeksionniy”ga jo‘natmay, temiryo‘l stansiyasi yonidagi neftchilar shifoxonasiga yotqizishdi. Alohida xona berib, kasalim boshqalarga yuqmasligi uchun, imkon qadar bo‘limning o‘ng qismidan nariga o‘tmasligimni tayinlashdi.
O‘sha davrda sariq kasali butun respublikada epidemiyaga aylanib borayotgandi, bundan ancha oldin xotinim ham shu tashxis bilan yotqizilib davolangan, qishloqlarda u yoki bu kishisi ushbu dardga chalinmagan xonadonni topish amrimahol edi. Amerikaliklar Viyetnam urushida aholi ustiga harbiy uchoqlardan o‘ta zaharli “Butefos” ximikati sochganini bir paytlar hammadan baland ovozda qoralab yurgan Kreml xo‘jayinlari, hozirga kelib, o‘zimizda aynan o‘sha “Butefos”, undan-da kuchliroq bo‘lgan “Merkoptofos”, “Bi-58” kabilar qishloq uylariga tutash paxtazorlarda ham qo‘llanilayotganini bila turib bilmaganga olishayotgandi. Keyinchalik ma’lum bo‘ldiki, o‘shanda g‘o‘za zararkunandalariga qarshi kurash shiori ostida har gektar yerga yiliga o‘rtacha ellik to‘rt kilogrammdan kimyoviy og‘u sepilgan (saksoninchi yillarda bu ko‘rsatkich dunyo bo‘yicha uch yuz grammni, G‘arbiy Yevropa va AQSHda ikki-uch kilogrammni, hatto SSSRning o‘zida o‘rtacha bir kilogrammni tashkil etgan), ular yer qatlamiga ellik metr chuqurlikkacha singib ulgurgan, yer osti suvlari, meva-sabzavot, poliz ekinlari tarkibi zararli moddalarga to‘lib boravergan ekan. O‘n besh respublikaga hukmron bo‘lib turgan poyonsizdan poyonsiz qizil imperiya miqyosida olib qaralsa, bu davrda sariq kasaliga chalinganlarning uchdan bir qismini mittigina yurtda yashovchi o‘zbekistonliklar tashkil etgandi. Oltiariqdagisi – respublikamiz aholisi boshiga kelib tushgan ulkan kulfat toshining kichik bir parchasi edi.
Infeksion kasalxona to‘lib-toshib ketgani bois, neftchilar shifoxonasidagi terapiya bo‘limining o‘ng qanoti ham “sariq”larga ajratilib, bu yerga nufuzliroq shaxslar, yosh bolalar yotqizilar ekan. Bu shifoxonada behad xassosligi bilan dovrug‘ qozongan, goho viloyat kasalxonasidagi vrachlar ham ba’zi masalalarda maslahatlashib turadigan Doronina degan xushtabiatgina ayol ishlardi. Kasalni juda o‘tkazib yuboribsan, jigarni butkul ishdan chiqarishingga oz qolibdi, hozircha faqat oshqovoq yeb tur, ikki haftagacha hatto non ham yemaysan, deb buyurdi u.
Non hech qachon odamning me’dasiga tegmaydi, deyishardi. O‘n kun o‘tmayoq, nonga ham, dimlab pishirilgan oshqovoqqa ham yaqinlashgim kelmay qoldi. Bir kuni, bemorlarga oshxonadan ovqat tashib keltiruvchi sanitar kampirning qo‘lidagi patnisga chang solib, to‘rt-beshta kotletni yulqib oldim-da, xonamga kirib, yayrab-yayrab tanovul qildim. Sanitar kampir ortga qaytishda palatamga mo‘ralab, bundan keyin birovlarning rizqiga chovut solmay, nima xohlashingni oldindan o‘zimga aytib qo‘y, deb tanbeh berdi.
Kasallar ko‘payib ketgani tufayli dori-darmon yetishmay, tomirga tomchilab quyiladigan glyukozani markaziy kasalxona qoshidagi maxsus aptekada tayyorlash yo‘lga qo‘yilgan ekan. Bu “yasama”lar zavodda chiqarilgan “haqiqiy”larga nisbatan sifatsizroq bo‘lganmi, bemorlarda reaksiya qo‘zib, ba’zilarini tipirchilatib qo‘yardi. Mahalladoshim Tursun benzavozchining to‘rt yoshlardagi qizchasi shunday reaksiya oqibatida o‘lib ketishiga sal qoldi. Kichkintoyga rahmim kelib, menga vrach do‘stim Yusufjon keltirib bergan haqiqiy glyukozalardan ikki bankasini unga tortiq qildim. Vrach do‘stimdan yana dori so‘rashga iymanganim uchun, hamshira ayoldan hech kimga indamaslikni iltimos qilib, “yasama”lardan birini menda sinab ko‘rishga zo‘rg‘a ko‘ndirdim. Bir banka suyuqlikni tanamga yuborib bo‘lganidan keyin ham, hamshira anchagacha yonimdan jilmay o‘tirdi, reaksiya alomati sezilmagach, sizga bilinmadi, deya yengil tortdi; buni Yusuf aka eshitib qolsa, meni yeb tashlaydi, unga bildirmang, deb yalinchoqlandi. Shu kundan e’tiboran, qizchaga atalgan “yasama”larni men ola boshladim, mendagi “haqiqiy”larni qizcha qabul qilishga o‘tdi. Glyukozadan tashqari “gemodez” degan osmaukol ham berib turishar, kunda bir necha xil tugmadori ichkizishardi. To‘g‘risi, hammasini ham ichavermasdim. Tanam ularni og‘ir qabul qilayotgani yaqqol sezilib turardi.
Kasalni o‘tkazib yuborganim rost shekilli, boshqalarga qaraganda uzoqroq davolandim. Sog‘ayib qaytganimdan keyin ham o‘zimni lohas his qilaverdim.
Oilamizdagilar urinib-tirishib yashashda davom etardi. Akram ukam maktabdan maosh olardi, Tohir ukam meva tijoratidan mablag‘ topish yo‘lini o‘rganayotgandi, tomorqachilikni uddalayotgan Avazbek ukamning ham qo‘li pul ko‘ra boshlagandi. Xotinimning dalada ishlab topgani, harqalay, bir-ikki qop unga yetgulik edi. Yil sayin keksayib borayotgan ayam endi avvalgichalik betinim ishlay olmasa-da, baribir chevarligini tashlamay, tikkanlarini hafta oralab bozorda sotib kelardi.
Muammolarning eng kattasi – tor hovlida tiqilishib yashayotgandik. Akram ukamni uylashdan oldin qurilgan imoratni hisobga olmaganda, boshqa uylarimiz ezilibroq qolgandi. Ayniqsa, ayvonsiz do‘ngalak uyning orqasi bir necha yil oldinoq u yer-bu yeridan yorilishni boshlagan; ayam unda yashashdan qo‘rqib, oxiri tomning ostida qolib o‘lar ekanman-da, deyavergach, ustalar nuramaydi deb aytishdi-ku, gapimga ishonmasangiz, mayli, garov sifatida o‘g‘lim siz bilan tursin, deya mitti Bahromni shu yoqqa ko‘chirib chiqargan edim. Keyinroq, usta Abduqahhorga aytib, ichkaridan qo‘shimcha ustun qo‘ydirdim.
Barimiz bitta qozondan ovqat yerdik. Eng tayyorxo‘ri – men va bolalarim. Buni hech kim yuzimga ochiq ta’na qilmas, faqat birda ayam, birda Tohir ukam beixtiyor shamaliroq gap aytib qo‘yar, men-ku payqamagandek o‘tiraverardim, ammo xotinim tezda ko‘ngliga olib, ming‘irlashga tushardi. Qarabsizki, o‘z uyimizga kirgach, yana janjal boshlaydi, peshanam buncha sho‘r bo‘lmasa, deya sochini yulgudek bo‘ladi. Eski odatiga ko‘ra, goho astoydil arazlanib, otasinikiga ketadi, endi olib kelishga bormanglar, deb uydagilarga tayinlasam, biron-bir qo‘shni o‘rtaga tushib, uch-to‘rt kundayoq qaytarib keladi. Jig‘imga ortiqcha tekkanida (aslida, ko‘proq ayam bilan chiqishmasdi), bo‘ldi, yetar, endi ajrashaman, degan xayolga borardim-u; birinchidan – bolalarimning ko‘nglini avaylasam, ikkinchidan – kambag‘algina, yuvvoshgina, yigitligida urushga ham joynamozi bilan ketgan xudojo‘y dadasi bundan qattiq iztirob chekishi mumkinligini o‘ylab, tag‘in o‘zimni bosardim. Xotinimgayam baribir rahmim kelardi.
Do‘xtirim qanchalar takror-takror uqtirgan bo‘lmasin, kasalxonadan chiqqanimdan keyin parhezga amal qilmadim; amal qilaman deganimdayam, bu birqozonli uyda menga alohida ovqat pishirib berishning iloji qayoqda deysiz. Buning ustiga, asabni tinchlantirishga bo‘lgan ichki ishtiyoq meni araqqa ko‘proq yetaklayverganimi; kechalari tuz totmasdan, ketma-ket chekib, she’rlar, bolalarga atalgan turkum hikoyalar, piyesa, Qodiriy qahramonlariga taqlidan hajviyalar bitishga ruju qo‘yganimmi jigarimni zo‘riqtirdi shekilli, sariq kasalim qaytovlanib, yana neftchilar shifoxonasiga yotdim.
— O‘zi-ku birinchisida o‘lib ketishing mumkin edi, organizming itnikidek chidamli ekan, omon qolding, — deb jerkishga tushdi do‘xtir Doronina opa. – Mayli, yana bir davolaymiz, ammo bundan keyin o‘zingni ehtiyot qilmasang, o‘lishing aniq.
Zora o‘laqolsam, deb o‘yladim o‘shanda. Hech nimadan tashvishlanmay, tinchgina uxlayverasan, uxlayverasan, uxlayverasan. Seni na o‘nlab yillarga cho‘zilgan ochlik bezovta qila oladi, na kimlarningdir ustingdan tepalab o‘tishi. Endi hech bir bandadan jabr ko‘rmaysan, hech bir bandaga jabr ham yetkazolmaysan. Hamma yoq – jimjit, shu sokinlik aro – birgina o‘zing.
O‘limdan seskanardim, lekin o‘lib ketishdan, negadir, qo‘rqmasdim u paytda. Balki, yoshlikning hovuri balandligi bois shunaqa tuyulgandir; balki, uqubatli hayot meni o‘zidan butkul bezitib tashlagandir, hozir aniq bir gap aytishim qiyin. Hatto, qishlog‘imiz qabristonida joy tugamay turib, dadamning yaqinrog‘iga ko‘milmoqqa ulgurish istagi ufurib turgan she’rimni kasalxonada zarracha talvasalanmay yozganim esimda. Qaniydi, o‘sha yovvoyi galdirlik, kichkinagina botirlik qariganingda ham saqlanib qolsa!
…Vujudining tegrasini porpiroq yorug‘lik qamrab olgan dadam yonginamda jim turibdi. Bir-birimizga sokin qarab qo‘yamiz-u, biror og‘iz gapirmaymiz. Oxiri dadam oldinga tik boqqanicha, mendan sekin-sekin uzoqlasha boshladi; nechog‘li uzoqlashsa, shu qadar qorong‘ilikda qolib borayotgandim. Yorug‘likka yetib olish uchun dadam tomonga talpinaman. Shu payt, ortimda kimdir paydo bo‘lib, yelkamdan tortadi. O‘girilib qarasam, ayam turibdi. U ham gapirmaydi, faqat kuragimni mehribonlik bilan silab, boshqa yoqqa yetaklamoqchi bo‘ladi. Yetagiga yuraman.
Qoqinmasdan odimlayotgandim. Dadam ketganidan buyon juda xiralashib qolgan yorug‘likka ko‘nikib borayotgandek edim; xiralikka ko‘nikkanim sayin, u tobora yorug‘ tuyulayotgandi…
Doroninaning iborasi bilan aytganda, itnikidek qattiq jonim meni yana oyoqqa turg‘azdi. Bu safar ham parhezga qat’iy amal qilolmagan esam-da, spirtli ichimliklardan nariroqda yurishga astoydil intildim. Kech kuzga borib, oldingi bardamligimni topgandek bo‘ldim.
Bekorchilik qancha cho‘zilsa, yuragim shuncha siqilaverdi. Endi, kichikroq kovaklarni titkilab bo‘lsa-da, astoydil ish qidirishim kerak, degan qarorga keldim. To‘g‘ri-da, bu ahvolda o‘tmaslashib, hatto zanglab qolish hech gapmas.
Boshqa tayinli joy yo‘qligi uchun partiya a’zoligiga oid hujjatlarimni Toshkentdan tumanimiz gazetasiga ko‘chirtirib kelgandim. Ba’zan badal to‘lashga borib, bahonada, endilikda erga tegib olgan eski Sevgilimga uchrashardim, avvalgichalik ijikilashib so‘zlashmasak-da, gapimiz darrov tugayvermasdi. Gurunglashib o‘tirganimizda, goho men bilan yana inoqlashib ketgan muharrir kirib kelib, hol-ahvol so‘ragan bo‘lar, o‘tgan ishga salavot deb, o‘zimizga qaytaversangiz-chi, deya akalarcha yelkamga qoqardi. Vaholanki, ochdan o‘lsam ham bu yerga qaytmasligimni, atrofdagilar o‘zaro mazaxlab yurishiga chiday olmasligimni u o‘zgalardan ko‘ra yaxshiroq bilar, o‘ta sinchi, aqlli kimsa edi.
Ayam bilan xotinimning pisandalariga ko‘nikib bo‘lgandim, tugalay parvo qilmaslikka tirishardim. Ammo, farzandlarimning oldida yuzim shuvutdek, bo‘ynim qisiqdek edi. Barcha bolalar kabi ularning ham o‘z istakchalari, orzuchalari bor: biri yaxshiroq kiyinishni xohlaydi, biri o‘yinchoq o‘ynagisi keladi, biri o‘rtog‘ining velosipediga suqlanadi. Oldin dadamning ahvolini surishtirib ko‘raylik-chi, deyishni hali bilishmaydi, goh yalinchoqlanib, goh injiqlanib u-bu narsalarni talab qilishga tushishsa, nima deyishni bilolmay yuraging eziladi, bunaqada hatto o‘zingni o‘zing yomon ko‘rib qola boshlaysan.
Kunlardan bir kuni ammamni yo‘qlash bahonasida shaharga bordim. Viloyat gazetasiga, so‘ng shaharnikiga kirib, ish surishtirdim. Birorta joy bo‘shasin, keyin gaplasharmiz, deyishdi. Shalviraganimcha To‘qimachilar shaharchasiga o‘tib, ammam bilan suhbatlashib o‘tirsam, o‘rtancha qizi Matluba opamiz (uni Lyuba opa derdik) kelib qoldi. Ish qidirayotganimni bilib, viloyat bosmaxonasi direktori O‘ktam aka bilan bordi-keldi qilib turishlari, o‘sha odam orqali birorta redaksiyaga joylashga urinib ko‘rishini aytdi. Madamin pochchamiz to‘ng‘ich opam bilan ajrashgach, Matluba opa ko‘p o‘tmay unga tegib olgandi. Opam ham boshqa turmush qurib ketgani bois Madamin aka bilan yarashib olgan esam-da, ularnikiga deyarli bormasdim. Aloqani yaxshilashga urindimi, qondoshga jonkuyarligi tutdimi, Matluba opam bir haftadayoq ishimni bitirib berdi, viloyat radiosiga borib, boshlig‘iga O‘ktam aka yuborganini aytasan, deb uqtirdi menga.
Ertasigayoq bordim. Viloyat radio qo‘mitasining raisi Doniyor Ergashev meni ochiq yuz bilan kutib oldi. Qayerlarda, qancha vaqt, kim bo‘lib ishlaganimni so‘radi.
— Eng muhimi, partiyada ekansiz, — deb surishtiruvni yakunladi oxiri. – Ishonchli odamlarni doim qo‘llab-quvvatlaymiz.
Shunday dedi-yu, kadrlar bo‘limi mudirini chaqirib, bu odamni bugundanoq ishga rasmiylashtiring, deb buyurdi. Bu kun – 1979 yilning o‘n sakkizinchi yanvari edi. Galdagi bekorchiligim salkam to‘qqiz oy deganda nihoyasiga yetdi. Ro‘zg‘or tebratish bilan bog‘liq jafolarning qora bulutlari turmushim osmonini hali-veri tark etmasligini anglab turgan bo‘lsam-da, ko‘nglimga totli bir halovat yoyildi.
Uyga qaytiboq, bu yangilikdan birinchi o‘rinda ayamni xabardor qildim. Suyunchi bermasa ham, menga qo‘shilib juda suyundi. Balki, nihoyat pul topa boshlashimdan ko‘ra diqqinafas muhitdan qutulganim onamni ko‘proq quvontirgandir-u, men o‘shanda buni tushunolmagandirman.
Ovqatlanib o‘tirganimizda, viloyat radiosining kechki eshittirishi boshlanib, efirda: “Diqqat! Farg‘onadan gapiramiz!” degan tantanavor tovush yangradi. Qulog‘imga shunaqangi shirali eshitildiki!
E, taajjub! Eshakday ishlatishlarini bila turib, bizni zahmatga yo‘llayotgan turli yollamachilarga qulluq qilaveramiz. Bu g‘alati mutelik virusi qonimizga nechanchi ajdodimizdan o‘tib kelayotganikin?

USMON NOSIRNING SURGUNDOSHI

Yotoqsiz qolg‘oningda, do‘pping tomga aylanadur.
Gulmat SHOSHIY

Raisimizning ochiqko‘ngilligi boshqalarga ham yuqib borganmi, jamoadagi muhit musaffo, xodimlarning ko‘pchiligi dilkash kishilar edi.
Toshkentdagi sargardonliklar davrida eski xunuk odatlarim qayta ko‘pchishga tushgandi, radioda ish boshlashdan oldin xulq-atvorimni yana yaxshi tomonga og‘dirishga ahd qilib, o‘zim o‘zim bilan qat’iy kelishib oldim. Barchaga birdek xushmuomalaman, hech kimning xizmatidan qochmayman, boshliqlarga o‘ta itoatgo‘yman, berilgan topshiriqlarni nuqsonsiz bajarishga urinaman, oddiy texnik xodimdan tortib farroshga ham hurmat bilan muomala qilaman, mayda gaplarga aralashib yurmayman. Toshkentda meni ishli, yotoqli qilgan o‘sha ministr Sodiqovning yaqindagina jurnalistlik diplomini olgan kelini Shahodatxon hali tajribasiz, radiomuxbirlardan bir-ikkitasining qalami bo‘shroqligi bois, ba’zan qiynalibroq qolishsa, sekingina menga murojaat etishar, yozganlarini erinmasdan tahrir qilib berardim. Natijada, kasbdoshlarim ichida tez e’tibor qozondim, izzatim oshib boraverdi.
Meni eng qiynayotgani – Oltiariqdan yigirma besh kilometr masofadagi shaharga kunda qatnashga majburligim edi. Erta saharda turib, shosha-pisha nonushta qilaman; qishning qirchillama qirqida Tohir ukam bergan quyonteri oq telpakning qulog‘ini tushirib olib, pulni tejash maqsadida to‘rt kilometr naridagi tuman markaziga piyoda chiqib boraman. Egnimda Akram ukamning kuyovlik kostyum-shimi, oyog‘imda eskirib qolgan qishki botinka.
Boshimdan hovur ko‘tarilganicha tuman avtobekatiga kirib boraman. Shaharga qatnab ishlovchilar, biron-bir yumush bilan ketayotganlar odatdagidek besanoq, barchasi ertalabki avtobusga ulgurishga oshiqadi; “LAZ”larning bunisiga bo‘lmasa unisiga bazo‘r ilashib, tirband salonda tik turgancha yo‘lga tushaman. Sovuq kuchayib ketgan yoki ishim ko‘paygan kunlari ammamnikida, goho Matluba opamnikida tunab qolaman.
Ahvolim mushkulligini sezgan bo‘lsa kerak, bir kuni raisimiz mehmonxonaning kalitini qo‘limga tutqazib, zarurat tug‘ilsa, divanda yotib yuravering, ammo boshqa odamni kiritmang, deb tayinladi. Radio xodimlari “maishatxona” deb atovchi bu maxsus xonada Doniyor aka yaqin ulfatlari bilan goh-goh o‘tirish qilib turar; o‘rtada – olti o‘rinli stol-stul, to‘rida – divan, chap yoqda – oynavand shkaf, unga zargul choynak-piyolalar, tovoq-taqsimchalar did bilan terib qo‘yilgan, pastki qismida – pista-bodomli xaltachalar, ustiga sochiq tashlab qo‘yilgan ichimliklar; uch oyoqli temir ustuncha ilgaklarida – tiviti to‘kilmagan sochiqlar. Tagimga to‘shaladigan oq choyshab, yopinchiq adiyolim, tungi vazifasini o‘tab bo‘lgach, ustiga katta vaza qo‘yilgan tumbaning ichidan joy oladi. Mehmonxonada qolgan kunlarim dam u, dam bu qorovul bilan yarim kechagacha gurunglashaman, ovqatlariga doim qoshiqdoshman, do‘kondan biron narsa olib kelsam, astoydil xafa bo‘lishadi. Kasbdoshlarim ko‘zlariga ishongisi kelmay, shuncha ishlab yurib, bu mehmonxonaga hatto kirib ko‘rmaganmiz, xo‘jayin sizga qanday eridiykin, deb hayron bo‘lishar edi. Bu gaplardan yanada hushyor tortib, mehmonxonani muntazam ozoda tutardim, hech narsaga tegmasdim.
Alijon degan og‘aynim bo‘lardi, tuman gazetasida ekanimda u komsomol qo‘mitasida ishlar, ko‘magimda tez-tez maqolalar chiqarib turardi. Endilikda ichki ishlar tizimiga o‘tib, Qirguli shahar militsiyasi boshlig‘ining o‘rinbosari bo‘lib ishlayotgan bu yigit shaharga qatnayverish bir yuz o‘n so‘mlik maoshimning yarmini kemirib tashlayotganini eshitgach, men sizga idoramdan guvohnoma olib beray, avtobusda tekin yuradigan bo‘lasiz, deb qoldi. Ikki kundan so‘ng ishxonamdan olingan tavsifnomaga to‘rtta suratimni qo‘shib, unga topshirdim. Alijon o‘z boshlig‘i Ahmadjon aka bilan ham tanishtirib chiqqanidan keyin, mana, ish bitdi hisob, faqat olgan hujjatni oqlab, rasmiyatchilik uchun bizga goh-goh u-bu ma’lumotlarni yozma ravishda berib tursangiz bas, dedi.
— Qanaqa ma’lumot? — deb so‘radim angrayib.
— Odamlarning ichida yulg‘ichi bor, zararkunandasi bor. Orqavarotdan bo‘lsayam, shulardan xabardor bo‘pturishimiz kerak-da, oshna.
Hafsalam pir bo‘ldi. Imtiyozdan voz kechishimga to‘g‘ri keldi.
Bir nav bahorga chiqib oldim. Bu davrda menga bog‘liqlik tomoni bo‘lmagan ikkita ko‘ngilsiz voqea yuz berdi. Birinchisi – sel kelib, Farg‘onani suv bosdi. O‘sha kuni tashkilotlardagi bor transportlarni safarbar etishib, eng ko‘p talofat ko‘rishi kutilayotgan Oltiariq aholisini Qapchug‘ay qiriga evakuatsiya qila boshladilar. Qo‘shnilarga qo‘shilib, uyimizdagilarning hammasi traktor tirkamasida qirga jo‘nashdi, uch-to‘rttagina erkak mahallada qorovullikka qolib, Xudodan shafqat tilab o‘tiraverdik. Viloyat rahbari shahardagi zavod-fabrikalarni asrash maqsadida, Vodil soyining Oltiariq yo‘nalishi qismidagi shlyuzni keng ochdirib qo‘ygan ekan, lekin baribir Yaratguchining aytgani bo‘lib, toshqin oqizib kelgan “Kolxida” yuk mashinasi quvurga tiqilib to‘xtabdi-yu, bo‘tana suvlar Farg‘onaga sari “yalpi yurish” boshlabdi. Shimoliy yo‘nalishdagi Mindonu Chimyon, Xonqizu Oltiariq shu tariqa ortiqcha zarar ko‘rmadi, asosiy ofat shaharga yog‘ildi. O‘sha kuni tunda qishloqlar butkul huvillab qolganiga qaramay, bironta talonchilik sodir bo‘lmadi, birovning mol-mulki tugul hatto tovug‘i ham yo‘qolmadi.
Ikkinchisi – Minskka uchib borayotgan, 1960 yili oliy ligaga o‘tganidan buyon ashaddiy ishqibozi bo‘lib kelayotganim “Paxtakor” futbol jamoasi aviahalokat tufayli deyarli to‘liq tarkibda nobud bo‘ldi. Bundan qalbi larzaga tushmagan odam qolmadi, respublika motam libosiga burkandi. Boshqalar kabi men ham qattiq iztirob chekdim, ammo ko‘nglimning bir chetida shu azada kimgadir iblisona qutqu bo‘lib tuyuluvchi g‘alati bir taskin yallig‘lanib, bahonada “Paxtakor” yoppasiga o‘zbeklashib ketsa ajabmas, deb o‘yladim. Kavkaz komandalarining milliyligiga doim havasim kelardi.
Quvonchli voqealar ham bo‘ldi. Shulardan eng esda qolarlisi – yozgi bitiruv imtihonlarini halay-hulay topshirib, diplom oldim, oliy ma’lumotli jurnalist maqomiga erishdim.
Charm g‘ilofli reportyorni yelkaga ilib, qanchadan-qancha korxonalarni, muassasalarni, dala-bog‘larni kezdim, necha-necha eshittirishlar tayyorladim, biroq shulardan ikkitaginasi yodimda alohida taassurot qoldira oldi. Bittasi kulgililigi, bittasi fojiaviyligi bilan.
Kulgilisi – kunlardan bir kuni, Farg‘onaga kelgan Viyetnam kompartiyasi faollaridan birini aeroportda qarshilab, intervyu olishimni topshirishdi. Mehmon qo‘nish maydonidan chiqaverishda kutib olinib, o‘quvchilar guldastalar sovg‘a qilishdi, viloyat rahbarlari birodarlik ehtiromlarini izhor etishdi. Men rus tarjimonga yo‘liqib, maqsadimni aytsam, konvert opkeldingmi, deb so‘radi dabdurustdan.
— Qanaqa konvert?
— Qanaqa bo‘lardi, pul solingan konvert-da!
— Menga bunisini aytishmadi-ku.
— Aytishmagan bo‘lsa, o‘zingda loaqal yigirma so‘m topiladimi?
Cho‘ntagimni titib, bor pulimni oldim. Besh-olti so‘m chiqib-chiqmaydigan, bari bir so‘mliklardan iborat eski-tuski pullarga ko‘zi tushgach, tarjimonning ensasi qotdi, mehmon tarafga xavotirli jalanglab qo‘yib, yo‘qot bu axlatlaringni, deya qo‘limga shapatiladi. Sovet-Viyetnam do‘stligining ahamiyati haqidagi savolimga javoban yangragan “dong-dung”larni tilmoch akaxon tund qiyofada ruschaga o‘girib bo‘liboq: “Xvatit! Poshol, golodranes!” (Bo‘ldi! Yo‘qol, yalangoyoq!) – deb yelkamga nuqidi.
Fojiaviysi – og‘ir kasalga chalinib, Vodildagi “amaldorlar shifoxonasi”da yotgan Tojixon Shodiyeva ismli keksa kommunistga uchrashib, xotiralarini magnit tasmasiga yozib olishimiz lozim bo‘lib qoldi. Viloyat rahbarlari bu ishni raisimiz o‘rinbosari Oymatovga topshirgan esa-da, negadir meni ham birga olib ketdi. Bordik. Keng va shinam xonani bir o‘zi egallab olgan Tojixon aya, krovatda so‘lg‘in yonboshlagan kuyi, bizni noz-ne’matga liq to‘la stolga taklif etdi, qistab ovqatlantirdi. Oxirida niyatimizni aytsak, ko‘rib turibsizlar, hozir birov bilan gaplashadigan ahvolim yo‘q, deb keskin e’tiroz bildirdi.
— Oldingizga ataylab Anvar Obidjon degan manavi shoirimizni olib keluvdim, — dedi Oymatov. – Mayli, hech bo‘lmasa, tanishib oldilaring-ku.
— Shoirmisiz? – menga birdan chehrasi ochilib boqdi aya. – Usmon Nosirni bilasizmi?
— Bilaman, uni juda yaxshi ko‘raman, — deb javob qildim.
Bundan ayaning ko‘ngli yanada yashnagandek bo‘ldi; Oymatovga qarab, siz soyning bo‘yida bir aylanib keling, bo‘pti, Anvarjon bilan ozgina gaplashsam gaplashay, dedi.
Ichida uzoq yillar saqlab kelgan so‘zlarini bularga yurakdan tushunadigan odamni topib aytishni ko‘pdan o‘ylab yurgan ekanmi, oldin bir voqeani eshiting, dedi-yu, ezginlanib hikoya qilishga tushdi. Aytishicha, paranji yopinib yurishdan birinchilar qatori voz kechib, avval komsomol, so‘ng partiya a’zoligiga kirgan; hukumatning har qanday og‘ir topshiriqlarini ham miq etmay bajarib kelgan bu ayolni o‘ttizinchi yillarda qo‘qqis qamoqqa olishib, Rossiyaning sovuq Magadaniga surgun qilishibdi. Beradigan savollari nuqul bir xil emish: “O‘zbekiston kompartiyasi rahbari Akmal Ikromov senga qanday aksilinqilobiy gaplarni aytgan?”, “Respublika hukumati boshlig‘i Fayzulla Xo‘jayevning zararkunanda guruhida yurib, qanaqa topshiriqlarni bajargansan?”
Ayaning javobi doim shu ekan – ikkalasi bilan ham qo‘l berib ko‘rishardim xolos, lekin biror narsa haqida sira alohida o‘tirib gaplashmaganmiz. Tergovchining bundan jahli chiqib, yolg‘on gapiryapsan, josus, aslida biz hamma narsadan xabardormiz, deb yana xo‘rlashga tutinar ekan. Bir kuni lager boshlig‘i uni huzuriga chaqirtirib, yoshgina, chiroyligina juvon ekansan, senga achinyapman; yaxshisi o‘zingniyam, bizniyam qiynamay, ayblovni tan olgin-da, tergovchilarning azoblaridan qutul, aks holda, shoir yurtdoshing Usmon Nosirga o‘xshab oxiri jinni bo‘lib qolasan, debdi. Keyin, o‘zi uni erkaklar koloniyasi tomonga boshlab o‘tibdi, kameralardan birining temir eshigi o‘rtasidagi tirqishchani ochib, ana, shoiringni ko‘rib qo‘y, debdi.
— Qarab, qo‘rqib ketdim, — dedi aya. – Eshik tirqishidan nazoratchi mo‘ralayapti deb o‘ylagan bo‘lsa kerak, soqollari o‘sib ketgan, eti suyagiga yopishib qolganiga qaramay, chiroyini yo‘qotmagan, shahlo ko‘zlari charaqlab turgan yigit shartta o‘rnidan turib, devorni tepa-tepa, aynib so‘kinishga tushdi. Cho‘chqalar, xaromilar, partiyangniyam falon qilay, Staliningniyam, deb so‘kinaverdi o‘rischalab.
Vujudim uvishib, yuragim orqaga tortdi. To‘liqib so‘zlayotgan ayaga nima deb tasalli berishni bilmasdim.
— Iloji topilgan vaqtlarda shoirimizga ovqat kiritib turgan paytlarim ham bo‘ldi, — deya munglanib davom etdi aya. – Ko‘p o‘tmay, yoshligimizni hisobga olishganmi, men tengi juvonlarning bir qismini muddatidan oldinroq qo‘yib yuborishdi. Bilsam, hatto Stalin o‘lganidan keyin ham sho‘rlik Usmon Nosir o‘sha tomonlarda qolib ketibdi, juda xo‘rlanib o‘libdi…

Bo‘salarni sog‘inib,
Jononlarni o‘yladik.
Mangulikka sig‘inib,
Ona yurtni kuyladik.

Shuncha shavqning barini
Baham ko‘rdik biz birga…
Kel, beraylik yarmini
Sho‘rlik Usmon Nosirga.
(1978)

Bod kasaliga chalinib yotgan davrimdagiga o‘xshab yuragim bejo tepa boshladi.Tinchlanibroq olish uchun tashqariga chiqib, sigaret chekib qaytdim. Xonaga kirdim-u, negadir, yana chekkim keldi.
O‘zi nimalarni gapirishim kerak ekan, deb so‘radi aya, reportyorni sozlayotganimni ko‘rib. Asosan, partiyamiz arboblari haqidagi xotiralaringiz kerak shekilli, deb javob qildim. Aya manglayini tirishtirib, yengil uf tortdi.
— Unaqa bo‘lsa, Yo‘ldosh ota to‘g‘risida gapiraman xolos, — dedi u. – Boshqalarni so‘ramang, ayniqsa Usmon Yusupovni. Otini eshitishgayam toqatim yo‘q.
Gapidan bilsam, Yo‘ldosh Oxunboboyev o‘shanda Tojixon ayani qamoqdan chiqarib olishga uringan bo‘lsa-da, qo‘lidan kelmagan ekan. Lagerdan qaytgach, oldin maydaroq ishlarga joylabdi, urush vaqtida Rossiyadan O‘zbekistonga evakuatsiya qilingan bolalarning bir qismi Farg‘onaga yuborilgach, Tojixon ayani ularga mutasaddi qilib tayinlabdi. Aya bir kuni Toshkentga borib, chetdan kelganlarning yeb-ichishi joyidaligi, ammo otasi urushda yurgan yoki halok bo‘lganlarning qishloqlardagi farzandlari qiyin ahvoldaligi, onalarining biri kasalmand, biri nochorligi bois ular ochlikdan o‘lishgacha borib yetayotganini aytsa, Oxunboboyev ancha sukut saqlab turib, e qizim-a, o‘zimiznikilarga ko‘maklashish hozircha qo‘limdan kelmaydi, men shipdagi anavi lampochkaga o‘xshagan narsaman, elektr uzgichim Moskvada, “shiq” etkazishsa, o‘chaman-qolaman, deb javob qilibdi.
Bu – mashhur Tojixon Shodiyeva bilan birinchi va oxirgi uchrashuvim bo‘ldi. Keyinroq uning vafot etganini eshitdim.
Bekorchilikning zax o‘rasidan zo‘rg‘a qochib chiqib, endi yayrab-yayrab ishlayotganimga qaramay, tinimsiz yelib-yugurishlardanmi, vaqtida tuzukroq ovqat yeb turish imkonim yo‘qligidanmi, uchinchi bor sariq kasalim qo‘zidi. Vrach do‘stim Yusufjonning maslahati bilan, bu gal shahar infeksion kasalxonasiga yotdim. Azamat jigarim mislsiz qahramonlik ko‘rsatib, “sariq ajal”ning uchinchi zarbasidan ham meni omon olib chiqdi.
Bilaman, vrachlarni lol qoldirib kelayotgan bu bardosh jigarimga onamning ajdodlaridan o‘tgan. Ona urug‘im nihoyatda chayir, nihoyatda yashovchan.
Ha, vrach Doronina opaning gapi to‘g‘ri. Agar o‘zini yomonroq kasalliklardan asrab yurolsa, uncha to‘kin bo‘lmagan sharoitda kun kechirib ham, bunday pishiq organizm bilan odam kamida to‘qson yil yashaydi, degan edi u. Men yomon muhitning yomon dardlaridan qochib qutulolmadim. Tan-jonim yana qancha vaqt chiday oladi – u yog‘i faqat Ollohga ayon edi.

QUT-BARAKALAR QAL’ASI

Uchragan ariqqa qarmoq tashlayverma, hammasidayam baliq bo‘lavermaydi.
KULKUL afandi

Oltiariq ibtidodayoq tuprog‘iga sahovat qorilib yaralgan, bu sahovatlar daryosiga umid bilan qarmoq tashlaganni u biron marta quruq qoldirmagan. Mening ajdodlarim ham taqdirini ushbu makonga bog‘lab, kam bo‘lishmadi; biri undog‘roq, biri mundog‘roq yashasa yashagandir, lekin iligi to‘liq tuproq o‘z muruvvatini hech qachon ulardan darig‘ tutmadi, bitta urug‘ ko‘msalar, yuzta qilib qaytaraverdi. Biz unga jafo qilsak qildik, u bizga aslo jabr yetkazmadi.
Shohimardonsoyning Vodildan shimolga ajraluvchi o‘zanidagi serma’dan suvlar Qapchug‘ay qirlari etagiga yetganida, chindan ham oltita ariqqa bo‘linib, yaralish tarixi eramizdan oldingi davrlarga borib taqaluvchi oltita eng qadimiy qishloq orqali, keyinroq paydo bo‘lgan qo‘shni qishloqchalarga tarqaladi, deyarli nariga o‘tmay, Oltiariq tuproqlariga paqqos singib ketadi. Bu tuman hududi hozirda oltmish uch ming kvadrat kilometrni tashkil etsa-da, qadimda muhim strategik ahamiyatga ega bo‘lmish Oltiariq bekligi chegarasi kunchiqarda Marg‘ilonga, kunbotarda So‘xga, kungayda Shohimardonga, terskayda Yozyovon cho‘llarigacha borgan. Sovetlar davrida Turkiston avvaliga O‘zbekiston va Turkmaniston respublikalari hamda bir necha avtonomiyalarga, sal o‘tib besh respublikaga bo‘lib tashlanib, ma’muriy hududlar qayta belgilab chiqilgan chog‘larda ham bu tuman o‘rami ancha keng edi. 1926 yil dekabrida Oltiariqda o‘tkazilgan Sho‘rolar kengashining birinchi qurultoyda Chimyon va Vodilda boshlang‘ich sinf o‘quvchilari uchun namunali maktablar tashkil etish masalasi ko‘tarilgani; chekka qishloq madaniyatini yuksaltirish bahonasida Shohimardonga surgun qilingan shoir Hamza turli masalalarni hal qilish uchun Oltiariqqa kelib turgani, tumandagi yirik yig‘inlarda nutq so‘zlagani kabi faktlar shundan dalolat beradi. Ilgari tuman yerlarining ko‘p qismi bog‘-rog‘lar, bug‘doy, poliz, sabzavot maydonlaridan iborat bo‘lgan bo‘lsa, birin-ketin jamoa xo‘jaliklari tashkil qilinib, paxta siyosati kuchayishni boshlagan o‘sha mahallarda bor-yo‘g‘i o‘n ming gektarni tashkil etgan sug‘orilma yerlarning salkam yetti ming gektariga chigit ekilgan ekan. Xrushchyovning “yiriklashtirish siyosati” natijasi o‘laroq hatto o‘tgan asrning yetmishinchi yillari boshigacha Rishton va So‘x tumanlari to‘liq holda, endilikda Qo‘shtepa, Farg‘ona, Yozyovon, Bag‘dod tumanlarining bir qismi bo‘lmish Oqtepa, Boltako‘l, Xonqiz, Chimyon, ichkari Uchuy, Mindon singari qishloqlar Oltiariq tasarrufida edi.
Oltiariqdagi ayrim qishloqlarning tarixi ikki ming yildan nariga borib taqaladi. Shulardan, qadimshunoslar tomonidan qazib o‘rganish natijasida rasman isbotlangani Kitkon qal’asi va Zuray ona (Zurayk momo ham deyishadi) yodgorlik maskanidir. Joy nomlarining paydo bo‘lish tarixi bilan azal qiziqib kelganim bois, tumanimizdagi qadamjoylar haqida ham ilgaritdan ma’lumotlar to‘plab yurardim, bulardan bir qismi N. Abdulahatov va V. Azimov nashrga tayyorlagan “Oltiariq ziyoratgohlari” kitobiga (Toshkent, “Sharq” nashriyoti, 2005) qo‘lyozmamdan olingan parchalar tarzida kiritilgan. O‘shandan keyin ayrim olimlar, ziyolilar bu kitobdagi qo‘lyozmamdan keltirilgan yulqilar xususida ba’zi fikrlarni bildirishdi, natijada ayrim qarashlarim o‘zgardi. Jumladan, Kitkon “ko‘ztikon”, “kattakon tepa” kabi taxminlardan ko‘ra, dushmanni kutib oluvchi harbiy qo‘rg‘on ma’nosini anglatuvchi “kutargon” yoki “kutagon”dan kelib chiqqani haqiqatga eng yaqini ekanligini anglab yetdim.
Shu joyda tug‘ilib-o‘sgan, harbiy qo‘rg‘onning jangovar o‘tmishi haqida o‘ta go‘zal hikoya yozgan taniqli adib Alisher Ibodinovning aytishicha, boshlang‘ich sinfda o‘qiyotgan chog‘larida Kitkontepa yonidan qazib o‘tilgan zovurda o‘rtoqlari bilan cho‘milayotib, qirg‘og‘i o‘pirilib tushgan joydan sariq tangachalar topib olishibdi. Qarashsa, bular loy tuproq orasidan og‘zi elas-elas ko‘rinib turgan sopol ko‘zachadan to‘kilib tushayotganmish. Ularni qo‘lga ilinganicha taqsimlab olishib, bu nima, deya bir-ikkitasini o‘qituvchilariga ko‘rsatishibdi. O‘qituvchi bular shunchaki yiltiroq temirchaligini aytib, qayerdan topishganini surishtiribdi. Sal o‘tmay qishloqni askar va militsionerlar bosibdi, bir qismi zovurni titkilashga, qolganlari uyma-uy yurib, sapyorlar uskunasida xonadonlarning molxonayu katagigacha tekshirishga tushibdi. Bolalar topgan yiltiroq temirchalar, aslida, oltin tangalar ekan.
Zuray ona “ziyrak”, “zirokoy” kabilardan emas, bu avliyosifat ayol o‘lishida sehrli baldog‘ini yechmasdan dafn etishlarini vasiyat qilgani xususidagi rivoyatga ko‘ra, “zirak”dan kelib chiqqanini eng to‘g‘ri taxmin deb o‘ylardim. Qadimgi turklarda “zo‘r” so‘zi “katta”, “ulkan” ma’nosini bildirgani (masalan Qozon tatarlari o‘zbekchadagi “katta konsert”ni “zo‘r konsert” deydi, katta nay, ya’ni “zo‘rnay” keyinchalik “surnay”ga aylangan), bu onaning oti “to‘lin oy”ni anglatuvchi Zo‘roy ekanligi borasidagi yangi ma’lumotlardan so‘ng, eng asoslisi shu, degan xulosaga keldim oxiri. “Oltiariq ziyoratgohlari” kitobida Zo‘roy ona haqida shu yerda yashovchi kishilardan yozib olingan turli gap-so‘zlar ham berilgan. Shulardan biri – Saboxon Shokirovaning aytishicha, Zo‘roy ona uning tushida deraza oldiga to‘lin oy qiyofasida kelib, kulib turganmish… Bu, balki, g‘oyibdan yuborilgan ishoradir?
Ko‘p ziyoratgohlar shu yerlardagi bog‘-rog‘lar, dov-daraxtlar, manzaralar, biron aziz kimsaning ismi, laqabi, kasbi, odati, qiyofasidagi asosiy belgisi kabilardan kelib chiqib nomlangan. Boshqa joylarda Olmaota, Norota, Cho‘ponota, Zangiotalar bo‘lganidek, Oltiariqda ham Shaftoli ota, Sertut ota, Moyqo‘l (yoki Moyko‘l) ota, Umoch ota, Ko‘ktil (yoki Ko‘ktilli) ota, O‘rikmozor ota, Oq ota, Yulg‘un ota, So‘gal ota, Jiydali ota yanglig‘ muqaddas joylar anchagina.
Ba’zilar jaydarilashtirib, “To‘ngak ota” deb atovchi To‘nga ota maqbarasi xususida alohida to‘xtalib o‘tmasam bo‘lmaydi.
Og‘zaki rivoyatlarga ko‘ra, mohir askarboshi To‘ngabotirni dushmanlar ochiq jangda yengolmagach, bitim tuzish bahonasida uni kengashga chaqirib, ziyofat chog‘ida og‘u ichkizishibdi. Qaytishda uning ahvoli yomonlashib, yo‘ldayoq jon taslim etibdi. Kengashga To‘ngabotirni kuzatib kelgan askariy qism boshlig‘i uning kiyimini kiyib, jangchilari bilan g‘anim ustiga ot soldiribdi. To‘gabotir tirik qolibdi deb kapalagi uchgan yovlar tum-taraqay qochishga tushibdi. Dushman ayg‘oqchilari To‘ngabotirning o‘limidan vaqtincha xabar topmay turgani ma’qulligini o‘ylab, uning jasadini eng ichkari hududlardan biridagi harbiy qo‘rg‘onga eltib ko‘mishibdi.
Ushbu rivoyat mazmuni dunyo tarixida Afrosiyob nomi bilan mashhur bo‘lgan Alp Er To‘nga taqdiri bayoniga o‘xshabroq ketsa-da, bu aynan o‘sha bahodirning qabri degan da’vodan yiroqmiz. Lekin, Alp Er To‘nganing aniq qabri yo‘qligini (bundan ikki ming yetti yuz yil ilgari Buxoro va Samarqand shaharlariga, umuman olganda, Buyuk Turk xoqonligiga – Turonga asos solgan Alp Er To‘nga, qadimgi tarixchi olim Narshaxiyning yozishicha, eroni Kayxusrav tomonidan nomardlarcha o‘ldirilgach, Buxorodagi Ma’bad darvozasining Xoja imom Abu Hafs Kabir tepaligiga yondosh tepalikka ko‘milgan esa-da, qabr hanuz bilgilik emas), boshqa biron joyda shunday ataluvchi ziyoratgoh mavjud emasligini; Muhammad Ali hazratlarining bu tomonlarga umuman qadami yetmaganligiga qaramay, Turkiston o‘ramida ixlos yuzasidan Shohimardon deb ataluvchi bir qancha qadamjoylar borligini nazarda tutgan holda, Eskiarabdagi bu tabarruk maskanni buyuk vatandoshimizning ramziy maqbarasiga aylantirsak, yanada obod qilsak, o‘z o‘tmishimizga bo‘lgan yuksak ehtiromimizni tag‘in bir karra namoyishlagan bo‘lardik. Kitkontepa harbiy qal’asi bu ziyoratgohdan sal narida xolos. Demak, ushbu yerga dovruqli harbiy shaxslardan biri dafn etilgani ham ehtimoldan uzoq emas.
Kitobning boshrog‘ida aytib o‘tganimdek, Bolosog‘un kabi dong taratsin degan niyatda shu nom ostida paydo bo‘lgan, keyinchalik shevada buzib atala boshlangan Poloson qishlog‘ida ham tabarruk tavofjoylar saqlanib qolgan. Bora-bora aholisi qalinlashib, keyinchalik bir necha yirik mahallalar undan ajralib chiqqani tufayli, hududi ancha torayib ketgan ota qishlog‘imda ikkita asosiy ziyoratgoh bor. Shulardan biri – Ko‘ktil ota mozori. Quruqshoq ko‘kyo‘talga chalinganlar yettita yoki to‘qqizta chalpak ko‘targanicha shifo izlab kelib, sag‘ananing tuprog‘idan yalab ketishadi. Badanida ko‘k belgi bilan tug‘ilgan Ko‘kivoy, Ko‘kanboy, Ko‘kixonlar; qovog‘ida, labida, tilida ko‘kishlik paydo bo‘lgan kishilar ham shu joyga jiz atab turishadi.
O‘tgan asrning yigirmanchi yillaridagi ocharchilikda polosonlik Hasanboy hoji (iloyim, go‘ri nurga to‘lgan bo‘lsin) pokdamon islomchi Ko‘ktil otaning ruhi Ollohdan baraka so‘rab tursin degan niyatda shu mozor yoniga doshqozonlar qurdirgan, ming uyli Poloson va Povulg‘on qishloqlari aholisiga qishdan bug‘doy pishig‘igacha o‘z hisobidan ovqat pishirib berib, necha-necha odamni o‘limdan saqlab qolgan ekan (loaqal, qishlog‘imiz ko‘chalaridan birini shu elparvar insonning nomi bilan atash, nechundir, hozirga qadar birovning esiga kelmadi).
Qishlog‘imizdagi ikkinchi muqaddas qadamjoy Shermuhammad oxund mozoridir. Tarixdan ma’lumki, Qashqardagi Ofoq Xoja qo‘lida ko‘plab mashhur ulamolar, hatto shoir Boborahim Mashrab ham tahsil ko‘rgan. Soqi oxun shulardan biri bo‘lgan ekan. U ustozidan oq fotiha olib Marg‘ilonga kelgach, polosonlik Shermuhammad oxun uning eng sodiq muridi, eng ishonchli shogirdiga aylanibdi. Xudo ko‘ngliga solgani uchun, Qashqardagi Ofoq Xoja mozoriga ko‘milgan ustozining jasadini tuyada olib kelib, hozirgi Eshon buva mozoriga ko‘mdiribdi; vaqti yetib, o‘zi ham qazo qilgach, vasiyatga ko‘ra, uni o‘sha joyga dafn etishibdi. Bu zotning keyingi avlodlari eshonlik martabasini mudom ulug‘lab kelmoqda.
Oltiariqdagi ziyoratgohlarning aksariyati o‘zbeklar erkinlikka chiqqanidan so‘ng qaytadan obod qilindi. Ko‘p yaxshi tadbirlarga bosh qo‘shib kelgan A’zamjon Muhiddinovdan so‘ng tumanni uzoq vaqt boshqargan, el tashvishiga jon tortuvchanligi, ko‘zi to‘qligi, imoni butunligi bilan oddiy kishilar hurmatini qozongan No‘’monjon Omonov bu masalaga alohida ixlos-la yondoshdi, o‘zi doim ishning ustida turib berdi.
Asli kasbi quruvchilik bo‘lgan No‘’monjon aka hokimlik davrida obodonchilikka boshqa sohalarda ham juda katta e’tibor qaratdi: tuman markazida o‘rtasi beton to‘siqli, usti yoritqichli qo‘shko‘cha bunyod etildi; har bir qishloqda vrachlik punktlari, kutubxonalar qurildi; dam olish bog‘i keskin ko‘rkamlashdi; yangidan-yangi zamonaviy kollej va maktablar, hashamatli do‘konlar, maishiy xizmat tarmoqlari, ma’muriy binolar qad ko‘tardi. Qattiqqo‘l bo‘lsa-da, birovga o‘rinsiz ozor yetkazib qo‘yishdan asranishga tirishar, uydan chiqayotganida xotini doim bir gapni takrorlab, jon dadasi, bugun iloji boricha birovning ko‘nglini og‘ritmang, deb yalinishini tez-tez ta’kidlab turardi. Ba’zi ishbilarmonlar biron korxonacha tiklash uchun yer ajratilishini so‘rab unga pora qistirmoqchi bo‘lsa, siz bu pulni falon qishloqdagi maktab yoki shifoxona qurilishiga sarflab, falon-falon ishlarni bitkazib bering, yerni keragicha olaverasiz, der ekan. Odamlar barini ko‘rib-bilib turadi…
Biri el-yurt qo‘riqchisi, biri ruhona qadriyatlarimiz himoyachisi sifatida dovrug‘ taratgan qoni toza bobolarning izbosarlari ekanidanmi, oltiariqliklar hanuz xudoning e’zozida – ular yoppasiga o‘ta mehnatkash, tirishqoq, intiluvchan, eng muhimi, fikrchan va behad ishbilarmon qilib yaratilgan. Bu yerda tug‘ilib o‘sganlar orasidan necha-necha ko‘zga ko‘ringan arboblar, taniqli mutaxassislar, noyob hunarmandlar, dovruqli adiblar, olimlar, xonandalar yetishib chiqdi. Dehqonlari va bog‘bonlarining omilkorligi butun boshli O‘zbekistonda tilga tushgan. Tomorqalardan yiliga to‘rt martagacha hosil ko‘tarish; eng ertangi sabzavotni issiqxonalarsiz ham yetishtira olish; chetdan notanish ko‘chatlar keltirib, tez fursatda iqlimlashtirish; yangicha navlar yaratish; o‘tgan yilgi uzumni sovutgqichdan foydalanmagan holda bu yilning kech bahorigacha yangi uzilgandek saqlay bilish; bo‘rdoqiga boqilayotgan uy hayvonlarini tez semirtirishda bularga teng keladiganni topish qiyin.
Ollohning nazari tushgan makonda tug‘ilish hammaga ham nasib etavermaydi. Men doim shunisidan quvonaman, shunisidan g‘ururlanaman, shunisiga shukur qilaman…
Tuprog‘iga mitti oyoqchasi ilk bor jizillab tekkan qutlug‘ maskanni turmush ehtiyoji yoki xizmat burchi vajhidan uzoq muddat tashlab ketishga majbur bo‘lganlarni tushunish mumkin, ammo tirikchiliging qayerda yaxshiroq o‘tsa – haqiqiy ona yering o‘sha, deydigan kimsalarning ko‘ngli nimadan yasalganini hech anglayolmayman. Goh bilim olish ishtiyoqi, goh harbiy majburiyat tufayli; dam yetishmovchiliklar yoki nogahoniy bezituvchan muhitdan qochib qutulish istagi, dam ezgu orzularga yetishmoq umidi bois taqdir meni qaylarga eltmasin; hatto ba’zida qanchalar to‘kin kun kechirmayin, yuragim qishlog‘imga bo‘lgan o‘tli sog‘inchimdan quvvat olibgina jo‘shqin urib turdi; bu mo‘’tabar go‘shaga, unda istiqomat qiluvchi biri biridan aziz insonlarga talpinuvchan mehr-muhabbatim mavjlari hech qachon pasaymadi.

Olam uchun yulduz tug‘ar
Oltiariq osmonlari.
Yulduz tilin kunduz uqar
Oltiariq insonlari.

O‘zlaridan ko‘zlari to‘q,
Hammasi shoh, vaziri yo‘q,
Davron surar shodonu sho‘x
Oltiariq sultonlari.
……………………………………
…………………………………..

Oshig‘i mard, Tohir bo‘lar,
Donosi boy, mohir bo‘lar…
Bor-yo‘g‘i bir shoir bo‘lar
Oltiariq nodonlari.
(1993)

UNIVЕRSAL BODRING

Yutqiziqda ham daromad bordur.
Gulmat SHOSHIY

Toshkentdan ulkan yutqiziq bilan qaytganim rost. Keyinroq bilsam, bir o‘choq “mag‘lubiyat kullari” ostida sochin-siyrak “yutuq cho‘g‘lari” ham aralash ekan, yashirin qo‘rlanib turgani uchun o‘shanda sezmabman. Poytaxtdagi daydiliklar tugalay besamar ketmaganini keyinroq payqay boshladim.
Bu davrda, eng zaruri, tinsiz sharaqlab qaynayotgan adabiy muhit qozoni taomlaridan issig‘ida, imkon qadar mo‘ndaroq tanovul qilib, miyamni tez to‘yintirib bordim; ko‘p tanishlar orttirdim, ularning fe’l-atvorini, qay biriga qaysi yoqdan yondoshmoq qulayligini idroklab yetaverdim. Otashin millatparvar Miraziz A’zam, mutolaasevar olim Mahkam Mahmudov, qaytmas kurashchilarga aylanayotgan yosh kitobboz yozarmonlar bilan bo‘lgan suhbatlarda o‘tmishimiz Rimnikidan-da ulug‘vorligini, madaniy merosimiz bitmas-tuganmas xazina ekanini, ma’naviyatimiz ostdevori jamiki insoniyat havas qiladigan darajada mustahkamligini yorqinroq anglab bordim, yetti emas, yetti ming pushti pokiza eldan tarqaganimni bilib, o‘zimni boshqatdan kashf etdim.
Talay kitoblar o‘qidim. O‘z klassiklarimizdan tashqari, Jek London, Mopassan, Dyuma, Guntegin, Bayron, Tolstoy, Balzak, Yesenin, Aytmatov, Nesin, Gamzatov singari “sehrgarlar”ning ruscha yoki o‘zbekchadagi asarlari bilan chuqurroq tanishdim. Saviyam yuksalishida rus tili zo‘r suyanch bo‘ldi.
She’riy to‘plamimni o‘qib ko‘rishga berib, fikrini ololmagan bo‘lsam-da, Erkin Vohidov bilan loaqal bir lahza yuzma-yuz gaplashishdek ulkan orzum ro‘yobga chiqdi. O‘ktam aka bilan uyiga yo‘qlab borib, Habibiy domlaning qo‘lidan choy ichganim; “Martin Iden”imni e’lon qilganidan so‘ng menga alohida e’tibor bilan qarashni boshlagan, ijodkor degan banda bo‘rini poylayotgan ovchidan-da toqatliroq bo‘lishi lozimligini qayta-qayta ta’kidlovchi, huzuriga bostirib kirishga ancha-muncha qalamkashning yuragi betlamaguchi Asqad Muxtor bilan suhbat qurganim, bolalar adabiyotida g‘azal janrini tiriltirganimni olqishlagani, she’rlarimni shaxsan o‘ziga ko‘rsatib turishdan tortinmasligimni tayinlagani katta baxt edi.
Juda salobatli edi bu zot, radiodagi ishimdan zo‘rg‘a vaqt orttirib Toshkentga borsam, u kishi bilan rov ko‘rishardim-u, she’rlarimni qo‘liga berishdan baribir tortinib, bo‘limdagilarga tashlab kelaverardim. U esa, o‘zining mashhur “Guliston”idan menga yana joy ajrataverardi. Bir gal bolalarga atalgan turkum she’rlarim bir yarim sahifa qilib berilganida, Miraziz akaning hayrati jo‘shib, bu sensatsiya-ku, Asqad aka o‘z jurnalidan taniqli shoirlarga ham zo‘rg‘a bir bet ajratadi, degandi. O‘sha she’rlarimga maoshimdan ko‘proq gonorar olganim yodimda.
Saksoninchi yillar boshida to‘rt betli “O‘zbekiston madaniyati” sakkiz betli “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasiga aylantirilib, Asqad Muxtor bosh muharrirlikka tayinlangach, “Guliston” jurnalidan ortib qolgan “Bulbulning cho‘pchaklari” turkumiga kiruvchi g‘azalchalarimni o‘zi bilan olib ketib, yangi nashrning birinchi sonida berganligi men uchun sira kutilmagan hol bo‘ldi. Keyinroq esa, konvertda yuborgan “Uchchanoq”larimni xatdagi so‘zlarimdan parcha keltirgan tarzda e’lon qildi. Yana yuboraverdim, yana chiqaraverdi.
“Mushtum”da mas’ul kotib bo‘lib ishlovchi Ne’mat Aminov bilan ham ilgari sal tanishib olgandim, yumoristik she’r va hajviy hikoyalarimni jurnalda ora-sira yoritib turardi. Xat orqali yuborgan Mirzaqand turkumidagi hajviyalarimni yoqtirib qolib, ketma-ketiga chop etishni boshladi-yu, meni o‘ziga tobora yaqin tutib, Toshkentga borsam choy ichdirmasdan jo‘natmaydigan bo‘ldi. Hajviyalarim hatto atoqli adib Said Ahmadga ham ma’qul kelganini aytib, bir gal meni juda shodlantirgandi.
Imonli, rostgo‘y odam edi Ne’mat aka. Toshkentga borganimda, xatda jo‘natgan yangi hajviyamning taqdiri bilan qiziqdim. Bunisini bosishga imkonimiz bo‘lmadi, deb qo‘yaversa, aslo ranjib o‘tirmasdim. Yo‘q, to‘g‘risini aytib, menga ma’qul keldi-yu, redkollegiya a’zolari o‘tkizishmadi, dedi. Kollegiya a’zolarining aksariyati Parpixo‘jayev, Mahmudov singari jurnal xodimlari bo‘lgani uchun, birma-bir xonalariga kirib, hajviyamning aynan nimasi yoqmaganini surishtirishga tushdim. Ularning gapi bir joydan chiqaverdi – narsangizni muharrir o‘rinbosari sahifadan oldirib tashladi, biz boshliqni shunchaki quvvatlagan bo‘ldik. O‘rinbosarga yo‘liqib, qoldirilgan hajviyamda qanday nuqsonlar borligini tushuntirib bering, deb turib oldim. Bo‘yi shipga yetadigan bu norg‘ul kimsa avvaliga bunisi bo‘lmasa, unisini chiqararmiz, shunga shuncha vahimami, deb do‘rangladi; men talabimdan qaytmay turaverganimdan so‘ng, tersligi qo‘zib, jurnaldagi xo‘jayinlardan bittasiman, bilganimni qilaman, deb o‘shqirdi.
— Yo‘q, bu jurnal sizniki emas, meniki, — dedim tosrayib. – Urug‘-aymog‘imning ko‘pi yo kolxozchi, yo ishchi, bizning pulimizga tashkil etilgan bu jurnal. Sizning oilangizdagilar o‘zingizga o‘xshab byudjet tashkilotlarida ishlashadi, davlatga bermaysizlar, davlatdan olasizlar xolos.
Ana endi mashmashami! Ketganimdan so‘ng bu janjal bosh muharrir Ibrohim Rahimning qulog‘igacha yetib boribdi, o‘sha yigit kelsa o‘zim gaplashib qo‘yarman, hozircha bu g‘alva idoradan tashqariga chiqmasin, debdi u.
Keyinchalik o‘rinbosar bilan yarashib, bir-birimizga hurmat ila muomala qiladigan bo‘ldik.
Toshkentda orttirgan do‘stlarimdan biri qashqadaryolik yosh shoir Muhammad Rahmon edi. Talaba Yusuf Hamdamovnikidagi o‘tirishda tanishganimizdan so‘ng u bilan tez-tez uchrashib turadigan bo‘ldik. Kursdoshim Akramjon, Usmon Azim, Erkin A’zam kabilar ishtirokidagi bir ulfatchiligimizda magazindan vino olib, ko‘chada ichishga idish topolmaganimiz, shunda men bozorchadan katta sariq bodring topib uchini kesganim, ichidagi urug‘ni barmog‘imda kovlab chiqarib stakan yasaganim, undan sharob ho‘plaboq chetidan ozgina tishlab gazak qilaverishimiz oqibatida qadah tobora kichrayib boraverganini Muhammadjon doim kulib-kulib eslardi. Shu oshnam endi universitetni tamomlab, “Yosh gvardiya” nashriyotida muharrir bo‘lib ishlar, bolalarga atalgan she’riy to‘plamim uning jonkuyarligi bilan 1980 yil nashr rejasiga kiritilgan edi.
Radioning adabiyot bo‘limida ishlovchi Usmon Azim she’rlarimni goh efirga tarqatib, tuzukkina qalampuli jo‘nattirib turardi. G‘afur G‘ulom nashriyotining bo‘lim muharriri Shavkat Rahmon bir turkum bitigimni “Yoshlik bayozi” to‘plamida chiqarib berdi. Kattalarga atalgan bu kabi she’rlarim alohida kitob bo‘lib bosilishi ham mumkin edi, ammo muharrir Miraziz aka necha bor tavsiya qilmasin, she’rlari ilgaritdan menga juda sevimli bo‘lgan bo‘lim mudiri, negadir, rad etaverdi. Bir-ikki bor o‘zim ham fikrini olmoqchi bo‘ldim, ko‘ramiz, deb tumtayishdan nariga o‘tmadi. Oxirgi kirishimda, o‘ta qo‘pol muomala qilgan edi, qayerda yo‘lingizni kesib o‘tuvdim, odamdek gaplashsangiz bo‘lmaydimi, boyvachcha, deya devorga niqtadim. Dong qotib qoldi, besh yuzta muallifim bor, hammasi yoqamdan siltayversa, qanday kun ko‘raman, deb talvasalandi.
Baribir xayrixohlarim ko‘proqligidan suyunardim. Toshkentda daydib-daydib qaytmaganimda, bular qayoqda edi.
Qayig‘i teshilib cho‘kkan baliqchi avvaliga dahshatli falokatni his etadi. Tanasi shu bahonada dengiz suvining shifobaxsh ma’danlariga rosa to‘yinganini sohilga chiqib olganidan keyingina anglay boshlaydi.

* * *

Farg‘ona radiosida e’tibor qozonib boraverdim. Yetmish to‘qqizdan saksoninchi yilga o‘tar qish men uchun avvalgisidek og‘ir kechmadi, shaharda kun ko‘rishga ancha moslashib olgandim. Endi egnimda yangi qalin palto, oyog‘imda ohorli qishki botinka. Faqat boshimda hanuz o‘sha oq quyonteri telpak, orqa tomoni butkul shalvirab, paltomning yoqasi ustida osilib turardi. Kutilmaganda, buning ham emi topildi, xodimamiz Shahodatxonning Marg‘ilondagi urug‘laridan biri telpakchi ekan; bir jumada qalpoqni boshimdan zo‘rlagudek yulqib olib, shanba-bozor chidab turing, bu po‘stakni o‘nglattirib, dushanbada olib kelaman, dedi. Aytganidek, uni boshqatdan qolipga soldirib, qora rangga bo‘yattirib, dushanba kuni olib keldi; yap-yangidan farqi yo‘q. Rais o‘rinbosari sobiq quyonterini taniyolmay, yangi quloqchin muborak, deb hatto yuvmoqchi bo‘ldi.
Radioda to‘rtta bo‘lim bor edi – o‘zbek, rus, tojik, qrim redaksiyalari. Qaynotamdan so‘ng Shafoat ammam vafot etib, Bunyod o‘g‘lim tug‘ilgan 1980 yilning fevralida meni o‘zbekcha eshittirishlar bo‘limiga boshliq etib tayinlashdi.
Bungacha ushbu lavozimda bir paytlar Farg‘onada keng dovrug‘ taratgan adib Jalol Mashrabiyning jiyani Abdumutal Qodirov ishlardi. Uning Mutal Qodir imzosi ostida yozgan she’rlari, hajviyalari asosan viloyat gazetasida chiqib turardi. Pokizaligi, pazandaligi, hazilkashligi bilan alohida ajralib turardi. O‘rtoqlari orasida ham tegishqoqlar ko‘p bo‘lib, laqabi “it”ligini tinimsiz payrovga solishar, shulardan eng yopishqog‘i respublika radiosining Farg‘ona bo‘yicha muxbiri Mamadali “qirg‘iz” edi. Shahardagi Marg‘ilonsoy bo‘yida yangi restoran ochilib, unga Abdumutal akaning do‘sti bosh oshpaz etib tayinlangan ekan, bir kuni uning taklifi bilan o‘sha joyga ovqatlangani bordik. Tamaddilanayotsak, restoranda to‘satdan Mamadali aka paydo bo‘ldi, Abdumutal akani ko‘rdi-yu, iye, bu koshonada hayvon nima qilyapti, anavi itni kim stolga o‘tirgizib qo‘ydi, e, chip-e, deya bor tovushda o‘dag‘aylashga tushdi. Sherigim kulib turaverdi, men atrofdagi notanish xo‘randalardan uyalib, yer yorilmadi, yerga kirmadim.
O‘zbekcha bo‘limga ikkita xona ajratilgan, kichikrog‘ida sayyor muxbirlar, kattasida Abdumutal aka, men va mashinkachi opa o‘tirardik. Lavozimga tayinlanganimdan keyin xonaga kirib borsam, Abdumutal aka g‘aladondan olingan turli papkalarni to‘ridagi savlatli stolining ustiga taxlab turibdi. Meni ko‘rib, vaqtida bu yoqqa ko‘chib o‘taqoling, dedi. Nima farqi bor, joyingizni sovutmang, dedim-da, o‘zimning pastak stolimga o‘tirib, nimalarnidir xotirjam yoza boshladim.
Bu yerga kelganimdan beri, xodimlarimiz o‘rtasidagi ahillik har oyda bir marta – gonorar tarqatilgan kuni andak buzilib turardi. Men biror marta ham e’tiroz bildirmagan esam-da, goh unisi, goh bunisi tutoqib, o‘tgan oyda faloncha eshittirish tayyorlaganman, nega menga kam haq qo‘ydingiz, deb Abdumutal akani qisuvga olardi. Ayniqsa, tajribasi hammanikidan ortiqligidan, shirali ovozi borligidan ochiq faxrlanib yuruvchi Toshturg‘un Isoqov o‘zidagi tug‘ma samimiy fazilatni bir muddat chetga surib, keskin dag‘allashib qolardi. Shuni hisobga olib, Abdumutal aka bilan Toshturg‘un akani yonimga chaqirdim-da, men bunaqa hisob-kitoblarga juda no‘noqman, qalampulini ikkovlaring oy oralab navbati bilan qo‘yib tursalaring, tashvishimni yengillatgan bo‘lardilaring, dedim. Yordamdan qochmaymiz, bu yog‘ini bizga qo‘yib beravering, deya xursandchilik bilan rozi bo‘lishdi. Ular moliya texnikumida tahsil ko‘rganimdan ham, harbiyda bug‘oltirlik, kolxozda tabelchilik qilganimdan ham bexabar edilar.
O‘zimni doim muloyim tutishga, boshqalarda bosiq, yaxshi tarbiya ko‘rgan kimsa sifatida taassurot qoldirishga; hatto bultur boshlangan Afg‘on urushi yuzlab o‘zbek askarlarning boshiga yetayotganidan ichim ezilib borayotganini yotlarga sezdirmay, bu haqda gap ochilib qolsa, mamlakatimizning xavfsizligi uchun kerakdirki, hukumatimiz shunga majbur bo‘lgandir, deya partiyaga sadoqatli kommunistligimni ko‘zko‘zlashga nechog‘li tirishmayin; ba’zan eski jizzakiligim beixtiyor qo‘zib, bor “taqvodorligim”ni zumda chippakka chiqarardi. Bir marta shunday bo‘ldi. Bosh buxgalterimiz rus ayol edi, qaysidir olis tumanga boradigan bo‘ldim-u, o‘zimga ikki kunlik safar yo‘llanmasi yozib, pulini hisoblatishga olib kirsam, negadir to‘satdan yangicha tartib joriy etishga urinib, ruscha yozib kel, dedi-da, qog‘ozni oldimga itqitdi. Boshim elektr simiga tekkandek zirilladi.
— O‘zbekcha bo‘lsayam, senlar bizga olib kelgan harfda yozilgan, — deya qog‘ozni unga qaytarib uloqtirdim. – Sinchiklab ko‘z yugurtirsang, tumanning nomini tushunasanmi – tushunasan, qaysi sanadan qaysi sanagacha ekani ko‘rinib turibdimi – ko‘rinib turibdi. Yana nima kerak?
Bosh buxgalter menga yeb qo‘ygudek bo‘lib ko‘z qadadi-da, sen – millatchisan, deb barmog‘ini bigizladi.
— Hammalaring guvohsizlar, — dedim buxgalteriyadagilarga yuzlanib. – Kommunistni millatchi degani uchun buni sudga beraman. U haq bo‘lsa, har qanday jazoga tayyorman; men haq bo‘lsam, tuhmatchiligi uchun uni qamatmasdan qo‘ymayman.
Buni eshitib, bosh buxgalterning birdan rangi oqardi. Yo‘l harajatlarini hisoblashga kirishayotib, bilganingni qil, deya unsizgina ming‘irladi.
Rais o‘rinbosari o‘rtaga tushib, bizni yarashtirgan bo‘ldi. Tashqariga chiqqanimizda, baribir ko‘rasan hali, deb o‘dag‘ayladim bug‘oltirni.
O‘zi diqqinafas ishidan zerikib yurgan bo‘lsa, mening po‘pisam qittay turtki berdimi, sal o‘tmay, bosh bug‘oltirimiz ishdan bo‘shatishlarini so‘rab ariza yozdi, keyin Rossiyaga butunlay ko‘chib ketdi.
O‘shanda asabimni jilovlolmaganim uchun o‘zimni o‘zim ko‘p tergadim. Tilni tiyib yurib, bor zardobingni qog‘ozga qusaver! Yozganlaringni, bugun bo‘lmasa, erta-indin kimlardir o‘qiydi, har bir so‘zing minglab kishilarning yuragiga asta-sekin yo‘l izlayveradi; o‘qiganlardan yuztadan bittasining ko‘nglida zig‘irdaygina o‘zgarish yasay olsang ham, yutuq seniki. Gap havoga sovuriladi, satrlardagi nidolar qog‘ozga muhrlanganicha turaveradi.
Ana, akademik Ibrohim Mo‘minovni ko‘rgin – kompartiya tarixi, sovetlar faoliyati haqida qancha ilmiy ishlar yaratdi, kitoblar chiqardi. Ichida o‘zbekona g‘ururi vulqonlanib yotgan ekanki, Moskvaning qahriga yo‘liqishini aniq bila turib, keyinchalik “Temur tuzuklari” mavzuida bitta risolacha yozdi-yu, totalitar tuzum savodsiz qaroqchiga yo‘yib kelayotgan Amir Temur bobomiz aslida nechog‘li buyuk shaxs bo‘lganini bayonlab berdi, millatning ko‘zini ochishga xizmat qiluvchi ulkan ishlardan birini amalga oshirdi. Risola yozmay, tilda kuyinib yuraversa, gapi kovak-kandiklarda qolib ketavergan bo‘lardi.

Gapirma! Yozaver!

Zamon senga tursa chap,
Sen zamonga boqaver.
Zamonni goh olqishlab,
O‘z yo‘lingdan oqaver.
(1999)

Xayriyat, bug‘oltirimiz bilan bog‘liq o‘sha mojaro avjga minmay bir yonib so‘ndi-yu, tez unutilib ketdi. Bu voqeani muhokama qilish u yoqda tursin, biron bir kishi shunchaki yengil tanbeh berib ham qo‘ymadi. Ishni hech nima bo‘lmagandek davom ettiraverdim. Ishlarimdan esa, hamma rozi edi, nazarimda.
Bu safargi qish menga yangi palto ham, ta’mirlangan telpak ham ato etmadi, ammo ulardan-da ming bor qimmatroq bo‘lgan boshqacha bir sovg‘ani taqdim qildi – “Bahromning hikoyalari” degan ikkinchi kitobim bosilib chiqdi. Qani endi, o‘n qop pulim bo‘lsa-yu, oxirgi tiyini tugab bitmagunicha “yuvdi-yuvdi”lardan bo‘shamay, tabrikka og‘iz juftlagan banda borki, har biriga alohida ziyofat beraversam!
Afsuski, yonchig‘im hamon yupqa edi. Toshkentga rov borib, muharririm Muhammad Rahmon orqali yig‘ilgan yosh ijodkor og‘aynilar uchun quyug‘idan suyug‘i ko‘p o‘tirishcha qilib berishga zo‘rg‘a yaradim. O‘shanda Muhammadjon sira-sira esimdan chiqmaydigan bir gapni aytgandi:
— Bolalarimizga shunaqa ajoyib she’rlar yozganingiz uchun aslida sizga biz osh damlab berishimiz kerak edi.
Mabodo, tilning uchida so‘zlagan bo‘lsa ham, ko‘ngilni behad ko‘targuchi, adibni tinmasdan yozaverishga ilhomlantirguchi quvvatbaxsh so‘z edi bu.

BOSHKЕNTDAN XUSHXABAR

Yuz dardni bir shishadosh bilan aritaver, bo‘tam.
KULKUL afandi

Bu mahalga kelib, ro‘zg‘orimizga ancha qut kirdi. Ayam chevarchilikdan topib turibdi, mening cho‘ntagim oldingidan qappayganroq, ukalarim tobora qad rostlayapti – Akramniki oilasiga yetib turibdi, Tohir Rossiyaga meva-sabzavot olib borib sotishdan tuzukkina naf ko‘ryapti, Fayziobod beton buyumlar kombinati oshxonasida oshpazlik qilayotgan Avazbekka maoshdan tashqari haftasiga qo‘shimcha xom xarajat berib turishadi, armiyadan qaytgan Dilmurod militsionerlikka joylashib olgan. Faqat, ari uyasini eslatuvchi xonadonda g‘ujlanib yashash bilan bog‘liq qiyinchiliklar battardan oshib borayotgan, Tohir ukamning qo‘qqisdan uylanishi bir muammoga o‘n muammo qo‘shgan edi.
Tohir ukam, yuqorida aytganimdek, mayda tijorat bilan shug‘ullanar, meva yoki sabzavotni besh-o‘nta karton qutiga bosib, poyezdda Kuybishevga yo‘l olar (oltiariqlik mevafurushlarning aksariyati faqat shu shaharga borardi), birda ishi yurishmay yelka qisibroq qaytsa, ko‘pincha qand-qurs, bizda kamyob bo‘lgan ba’zi gazmollarga liq to‘la sumkani ko‘targanicha, uyga jirafadek bo‘yni uzayib kirib kelardi. Bir gal Kuybishevga borganida, bozorda tijoratchi akasiga qaralashib yurgan ozarbayjonlik qiz bilan tanishib qolib, uni qishlog‘imizga opqochib keldi. To‘yni shoshilinch ravishda o‘tkazdik. Ayam endi do‘ngalak uyning tor va zax dahlizida, Tohir xotini bilan ichkarida yashay boshladi. Ichkilikbozlikka tobora ruju qo‘yayotgan Akram ukam oxiri o‘sha men tabelchilik qilgan brigada hududidagi cho‘lquvarlar uchun qurilgan uylardan biriga bolalari bilan ko‘chib ketishga majbur bo‘ldi, hovlimizdagi uyi Tohirga qoldi, ayam nihoyat “zindon”dan qutuldi. Bu orada ozarbayjonlik qudalar kelib, mehmon bo‘lib ketishdi.
Yosh kelinni yolg‘iz tashlab Rossiyada haftalab yurishni istamadimi, Tohir ukam avvaliga mayda-chuyda yumushlarga o‘ralashib vaqt o‘tkazdi, keyin Shahodat opam yashaydigan Rudnik-kondan yog‘liqroq ish topib, shofyorlik qila boshladi. Ko‘rpa-to‘shaklarini mashinaga yukladi-yu, ijaraxonaga xotinini ham olib ketdi.
Yoppasiga tuproqtom uylardan iborat bo‘lgan, otamiz eng katta meros qilib qoldirgan, nurab borayotgan duvollaridagi har qaysi kesakdan tortib, qarovga muhtojlikdan zardalanmay ozmi-ko‘p hosil tuhfa qilib turuvchi dov-daraxtigacha yuragimizning bir parchasiga aylanib ulgurgan g‘aribgina hovlimiz yechimi qiyin muammolarga limmo-limdek ko‘rinardi. Ammo, o‘zimiz sezib-qadrlamagan holda, eng ulkan baxt, eng katta boylikka bo‘g‘zimizgacha ko‘milib yashayotgandik – hammamiz sog‘-salomat edik.
Ming shukurki, o‘zimning ham sog‘lig‘im joyida edi. Chetdan kuzatganlar buni bir narsadan sezib olishi qiyin emasdi – qornimning och-to‘qligi, sharoitning bor-yo‘qligidan qat’i nazar, qo‘lim sal bo‘shasayoq, G‘alati oysanamga chirmovuqdek chirmashib, tinimsiz yozayotgan, yozayotgan, yozayotgan edim.

Minbarlarni sizlarga berdim,
Bor “zangori ekran”larni ham.
Necha yillar chetda kun ko‘rdim,
Yozaverdim indamay
Ildam.

Bir she’r ila o‘nlab minbarni
Zirqiratib yurganingiz choq,
So‘z ekib men,
O‘nlab daftarni –
Indamasdan qilaverdim bog‘.
(1981)

* * *

Radioda ishlayotganimning uchinchi yili boshlanib, 1981 yilning qishi tugayotganida, raisimiz Doniyor akaning odamgarchiligi, ishni tezlashtirish uchun xodimimiz Toshturg‘un akaning yonimda idorama-idora yurishi natijasida, To‘qimachilar shaharchasiga tutash massivdan menga ikki xonali uy berildi. Yangi uylangan Avazbek ukam Tohir akasi bo‘shatib ketgan uyda yashayotgani uchun hozircha hovlimizda joy yetib turgandi, oilam bilan shaharga ko‘chishga shoshilmadim. Ishda yumushlarim kech tugasa, yangi uyimga borib, odamdek ovqatlanadigan, bemalol uxlaydigan bo‘ldim. Qishloqdagilar birda bir mehmonga kelib, supurib-sidirib ketishardi. Ba’zan oshna-og‘aynilar, ba’zan bu yerdan sal narida yashovchi Mashrab jiyanim qartaboz sheriklari bilan yig‘ilib, tun bo‘yi ulfatchilik qilishar, xonaning o‘rtasiga to‘shalgan yupqa ipsholcha ustida mast-alas g‘ujanaklanib qolguncha ichishardi. Insondek uxlashni istashganda ham, bu uyda o‘zimnikidan boshqa ko‘rpa yo‘q edi.
Boshpanali bo‘lganimdan so‘ng, radiodagi ishimga yanada unum qo‘shildi. Goho yuqori idoralarning kechki majlislarida qatnashardim, goho tungi soat to‘qqiz-o‘ngacha ishxonada qolib, kattakonlar topshirig‘iga ko‘ra shoshilinch tayyorlangan materiallarni kichik texnik Nasibaxon yordamida ertalabki efirga taxt qilgach, uyga ko‘nglim xotirjamlanib qaytardim.
Xodimlarimiz o‘zaro suhbatda, raisimiz bu yigitni o‘ziga o‘rinbosarlikka tayyorlayapti, deb qo‘yisharkan. Abdumutal aka bir kuni shu haqda shama qilib qoldi. E, qo‘ysangiz-chi, shu ishimni eplab tursam ham katta gap, dedim-u, boshimda o‘z-o‘zidan bir o‘y chaqnadi: “Shu paytgacha qiziqib ko‘rmabman-a, o‘rinbosarimiz qancha oylik olarkin?”
Doniyor aka, sal o‘tmay, viloyat partiya qo‘mitasining tashviqot bo‘limi boshliqligiga ko‘tarilib ketdi-yu, bunday tusmol gaplar o‘z-o‘zidan barham topdi. Shu qo‘mitada uchinchi kotib bo‘lib ishlab yurgan Roza Karimova bizga rais etib tayinlandi. Opa bilan ham tezda chiqishib ketdik. Yaxshi ayol edi. Uning otasi o‘ttizinchi yillardagi repressiya qurbonlaridan bo‘lgani uchunmi, partiyaga fidoyilik faqat tilida edi, dilida bu yovuz tuzumga nisbatan gina-kudrati ko‘pligini ayrim gaplaridan, tutumidan sezib olish qiyin emasdi. Balki, buni menga sezdirib qo‘yishni o‘zi xohlagandir. Nazarimda, u ichki tuyg‘ularini kerakli joyda, kerakli odamgagina xiyol oshkor qilib o‘tardi xolos.
“Yaltiroq tugma” degan qissamni bir yil oldin yozishga kirishib, asosiy qismini qoralamalab bo‘lgan edim. Yangi uydagi tinch sharoit qo‘l kelib, shuni chalaroq tarzda bo‘lsa ham bahor ichida oxiriga yetkazdim. Qissa, balki, o‘sha yilning o‘zidayoq mukammal shaklga ega bo‘larmidi, lekin birdan sharoit o‘zgarib, ichimga tugib qo‘yganlarim – ayrim joylarga qo‘shimcha kiritishlar, jumlalarga qayta jilo berishlar niyatligicha qolib ketdi.
Yozning boshlarida, jontortar do‘stlarim qatorida turuvchi Muhammad Rahmon ishxonamdagi telefonga qo‘ng‘iroq qilib, muhim bir gap bor, tezda Toshkentga kelib keting, dedi. Bordim. Matbuotchilar oshxonasida birga tushlik qilayotib, juda shoshilinch chaqirib qoldingiz, yana birorta kitobimni chiqarmoqchimisiz, deb hazallashdim unga.
— Bundan ham zo‘rroq masala bor, — dedi Muhammadjon. – Ishqilib, xudo yo‘lingizni ochsin.
Bilsam, “Yosh gvardiya” nashriyotining yangi bosh muharriri Erkin Vohidov “Bahromning hikoyalari” to‘plamimni bosmaxonaga topshirishdan oldin o‘qib ko‘riboq, kitob muharriri Muhammadjonni xonasiga chaqiribdi, men haqimda so‘rab-surishtirishga tushibdi. Muhammadjon hayron bo‘lib, bu yigit o‘zingizning Oltiarig‘ingizdan-ku, tanimaysizmi, desa, bir-ikki ko‘rishganmiz-u, tuzukroq gaplashganimizni eslolmayapman, debdi. So‘ng she’rlarim juda yoqqanligini aytib, bular menga bolalar adabiyotida yangilikdek bo‘lib ko‘rindi, yo adashdimmikan, deb savol beribdi.
— Bir Toshkentga kelib, ish topolmay ketgan edi, — deb gapni kerakli mavzuga buribdi Muhammadjon. – Shu yigitni Toshkentga olib kelolmaysizmi?
Buni eshitib, Erkin aka kulib yuboribdi:
— O‘zim ham xuddi shuni o‘ylab turuvdim. Boshqa joydan ish topsak, ularga nimasidir ma’qul kelmay qolishi mumkin. Yaxshisi, o‘zimizda birorta o‘rin bo‘shashini kutaylik. Bo‘shashi bilanoq, tezda esimga soling.
Bundan ikki-uch kun oldin bir muharrir bo‘lak tashkilotga ishga o‘tib, o‘rni bo‘shab qolgan ekan. Muhammadjon o‘sha kuniyoq Erkin akaning oldiga kirib, meni yodiga solibdi. Bugundan qoldirmay chaqiring, bir gaplashib ko‘raylik-chi, debdi Erkin aka.
— Bu joyga ishqiboz ko‘p, — dedi Muhammadjon. – O‘zimizdagi kichik muharrirlardan tortib, chetdagilargacha g‘izzo-g‘iz bo‘lishni boshlashdi. Erkin aka direktorga sizni shipshitgan bo‘lsa kerak, hozircha birovga yon bermay turibdi.
Aslida, muharrirlik lavozimi u yoqda tursin, kitob chiqarishga oid hujjatlarni rasmiylashtirib o‘tiruvchi kichik muharrir, imloviy xatolarga javobgar korrektor (musahhih), hatto kuni nashriyotu bosmaxona o‘rtasida bo‘zchining mokkisidek bordi-keldi bilan o‘tadigan yugurdak texnik xodim bo‘lib ishlashga ham shay edim. Ilon boshini kovakka sig‘dirib olsa bas, keyin sichqon undan qutulib bo‘pti!
Soat uchlarda Erkin akaning oldiga kirdik. Muhammadjon gap-gapga qovushguncha picha o‘tirdi-yu, men ishlab turay, bo‘lmasa, deb chiqib ketdi. Erkin aka diplom bo‘yicha kasbimni, qayerlarda kim bo‘lib ishlaganimni, turmush sharoitimni bir-bir surishtira ketdi, men borini boricha aytaverdim. Gap oilaviy ahvolimga borib taqalganda, Erkin aka na’ra tortib yuboray dedi:
— Beshta?! Xah ho‘-o‘! Shuncha bola bilan Toshkentga kelish uchun jasorat kerak bo‘ladi odamga. Jasoratga tobingiz qalay?
— Hammasiga chidayman, — dedim dadil. – Hatto uysizlikkayam.
Erkin aka uy muammosini biror yilda hal etishga harakat qilishini aytgan esa-da, to‘rt-besh yil boshpanasiz yurishga ham rozi edim.
— Tuguningizni tugib turavering, — nihoyat, kirganimdan beri men ilhaq bo‘lib kutayotgan gapni aytdi Erkin aka. – Direktorning oldidan yana bir marta o‘tib, ishni pishiray. Keyin sizga xabar qilaman.
Boshim ko‘kka yetdi degan so‘zning tub ma’nosini anglash uchun kishi mening shu topdagi holimga tushishi lozim bo‘ladi. Osmonda bo‘lgandayam, yettinchi osmonda edim. Quyosh tizimidagi barcha kezg‘ichlar allaqachon pastda qolib ketgandi.
O‘sha kuni boshqa bir narsadan ham quvondim – eski og‘aynim Ahmadjon Meliboyev bu nashriyotga yaqinda bosh muharrir o‘rinbosari etib tayinlangan ekan. “Yosh leninchi” gazetasida ishlayotganida, butunittifoq miqyosidagi zarbdor jabhaga aylangan Qarshi cho‘lini o‘zlashtirishga bag‘ishlab bitgan “Qarshiga qarshi” dostonimni chiqarishga ko‘p uringandi; hatto bosh muharrir ham bosishga moyil bo‘lib turganida, kattaligidan gazetaning bir sahifasigayam sig‘mayapti, berolmaydigan bo‘ldik, deb birdan aynib qolishdi. Gazetaning madaniyat bo‘limida bir opa ishlardi, ikki yilcha oldin unga ko‘rsatgan she’rlarimni ma’qul emas deb qaytarganida, ozgina aytishib qolgan edik; bilsam, shu ayol yana monelik qilibdi. Ustoz Miraziz akaning, har qanday yo‘l bilan bo‘lsa-da, tezroq tanilib olishga urinaverish, ko‘pgina dovruqli shoirlar kabi zamonsozlik niqobi ostida ijod qilaverish lozimligi borasidagi nasihatlari ta’sirida tug‘ilgandi bu doston. Qoldirib yuborilgach, “Sharq yulduzi” bosmagan partiyani sharaflovchi boshqa dostonim kabi buni ham o‘shandayoq daftarimdan yirtib tashladim.
Qarshi haqidagi dostonim bilan bog‘liq bir qiziq voqea yuz bergandi. Doston bosmadan qoldirilgan chog‘larda bir yumush bilan Toshkentga kelib, orada “Yosh leninchi”ga kirsam, xodimlarning bir qismi Qarshi cho‘lida uchrashuv o‘tkazib kelishga otlanib turgan ekan; loaqal o‘sha asardan parcha o‘qib berarsiz, deb meni ham birga olib ketmoqchi bo‘lishdi. Ta’tilda bo‘lganim uchun ikkilanmay ko‘ndim. Temiryo‘l kassasiga qo‘ng‘iroq qilib, qo‘shimcha patta masalasini hal etisholmagach, u yog‘ini o‘zim eplarman, deya menga yo‘llanma yozib berishlarini so‘radim. Yo‘llanmani olib, to‘g‘ri aeroportga bordim; uni boshliq o‘rinbosariga ko‘rsatib, Qarshida ertaga ertalab hukumat kattalari ishtirokida yig‘ilish bo‘ladi, shunga yetib borishim shart, dedim. Bir soatdan keyin uchadigan uchoqqa amallab tiqishtirishdi. Gazetadagilarning shahardagi falon mehmonxonaga qo‘namiz degani esimda turgandi, to‘g‘ri o‘sha joyga bordim. Men samolyotda uchdim, qolganlar poyezdda ertalab yetib kelishadi, degan gapimdan guruh boshlig‘i shu odam bo‘lsa kerak deb o‘ylashdimi, bir kishilik alohida xona berib, stolimni yeyar-icharga to‘ldirishdi. Och edim, tansiqlarini pok-pokiza tushirib, qolganlarini bir-bir cho‘qilab chiqdim.
Ertalab gazetachilar yetib kelishdi. Viloyat rahbariyati vakillari ularni vokzalda kutib olgan bo‘lsa kerak, mehmonxonaga birga kirib, joy taqsimlashga tushdilar. Alohida xonalardan bittaginasi bo‘sh edi, uni kecha kelgan manavi o‘rtoqqa berdik, deb meni ko‘rsatdi ma’mur. Hechqisi yo‘q, men boshqa joyga o‘taqolaman, dedim-da, narsalarimni olvolish uchun bosh muharrir Rustam Shog‘ulomov bilan birga xonaga bordim.
Shog‘ulomov divan-krovatda g‘ijimlanib yotgan choyshab, qo‘l yog‘lari artilib, stul suyanchig‘iga ilib qo‘yilgan shatmoq sochiq, stol ustida ayovsiz titkilanganicha turgan noz-ne’matlarga tund ko‘z yugurtirgan asno ancha dong qotib turdi. Keyin o‘ziga kelib, menga kinoyali boqdi:
— Hammayoqni kuchuk paypaslagandek qilvoribsiz-ku, ukam…
Sal o‘tmay, Toshkentdan xushxabar keldi. Iyunning o‘n beshinchi kunida raisimiz Roza O‘rinboyevnaga ishimdan ozod etish haqidagi arizamni olib kirsam, sizni ancha-munchaga qo‘ldan chiqarmasdim-u, ko‘tarilishingizga to‘sqinlik qilolmayman-da, deb qo‘l qo‘yib berdi. Hayotiy tajribamdan kelib chiqib aytganda, ba’zida ishdan bo‘shash o‘zing suymagan xotin bilan ajrashayotgandek huzurbaxsh tuyuladi. Shu topda esa, Toshkentga qanchalar intiqib talpinayotgan bo‘lmayin, bu ishxonadagilardan ham ayrilgim kelmayotgandi.
Agar tug‘ma lanj bo‘lmasang, yaxshi kayfiyatda boshlayotgan yumushing unum keltirmay qolmaydi. Toshkentni zabt etishga qaratilagan ikkinchi yurishim oldidan chehram yashnoq, ko‘nglim sokin edi: opalarim bir etak-bir etak bolalarini erlari Sobirvoy, A’zamboy, To‘lqinboylarga boqtirib, tinchgina yashab o‘tirishibdi; Akram ukamga kolxoz tomonidan qurilgan kooperativ uylardan biri tegib, cho‘lda kun kechirish azoblaridan forig‘ bo‘ldi; Avazbek magazinchilikka o‘tib, o‘zini yanayam o‘ngladi, mototsikl sotib oldi, oilamizning umumqozoni jazlari asosan uning bo‘ynida; Dilmurod hanuz militsioner, leytenantlar maktabiga kirishga urinyapti; aka-ukalar o‘rtada to‘y qilib, kattaroq o‘g‘illarimizni maktab yoshiga yetmasidan “kestirib” olganmiz…
Bu paytda Tohir ukam yuk mashinasida dovon osha Qirg‘izistonning shimoliy mintaqalariga qatnayverishdan toliqib, Rudnik-konda bufetchilik qilishga o‘tgandi, tog‘-toshda yurmasdan shu yerga kelib yashayver, deb shahardagi uyimni unga berdim. Yaxshi o‘ylagan ekanman, ukam keyinroq ammamning o‘g‘li Mashrabga qo‘shilib, Kamchatkaga meva-sabzavot topshirib keladigan bo‘ldi, kartmoni bo‘rtib, qishloqdagi oilamizning pishiqqina tayanchiga aylandi. Ayamni ko‘pdan beri xavotirlantirib yurgan eski do‘ngalak uyni buzib, pastakroq bo‘lsayam, boshqa imorat qurishimizga katta ulush qo‘shdi, goho hatto bolalarimning kiyim-piyimiga ham parvo qilib turdi.
Toshkent sari shaylanuvni radiodagi mehmonxonada tunab qolganimda kechalari mashinkalab yurgan she’rlarim va nasrdagi biri bitgan, biri chala qo‘lyozmalarimni karton papkalarga yig‘ib, jomadonga joylab qo‘yishdan boshladim. Bularning aksariyatini bolalarga atalgan asarlar tashkil etardi, eng ishongan kuzur qartalarim shular ekaniga “Bahromning hikoyalari” kitobimga maqtovlar ko‘paygani sayin tobora iqror bo‘lib borayotgandim.
O‘zbek bolalar she’riyatining tub ildizi ancha chuqur. Nasrda mazmun, nazmda matn yodda qolishini ajdodlarimiz qadim zamonlardayoq yaxshi anglab yetgani bois, o‘zbek xalq og‘zaki ijodidagi maqol, matal, topishmoqlar, jumladan bolalar aytimlarining aksariyati qofiyadosh so‘zlardan tuzilgan. Eski maktablarda ertaklar, rivoyatlar, mumtoz adiblarning diniy-axloqiy, ma’rifiy-maishiyda mavzudagi she’rlari, masallari, chistonlari qatorida bolalar aytimlaridan keng foydalanilganining sababi ham shunda.
Yurtimizning davlat tasarrufidagi maorif tizimi o‘tgan asrning yigirmanchi yillari oxirida to‘laroq shakllanib, barcha maktablar uchun bir xil qo‘llanmalar joriy etilayotgan chog‘larda, adabiyot darsliklarini bolalarga atalgan “hazmi yengil” she’rlar bilan boyitishga ehtiyoj kuchaydi. Dastlabki darsliklarda Uvaysiy, Gulxaniy, Mahmur, Hamza, Avloniy asarlaridan ko‘proq foydalanilgan bo‘lsa-da, ularning tili baribir o‘smirlarga mos edi. Kichkintoylarning soddatil she’riyati qirqinchi yillar bo‘sag‘asida paydo bo‘la borib, Zafar Diyor, Amin Umariy, Sulton Jo‘ra, Elbek, Shukur Sa’dulla, Ilyos Muslimlar bu jabhaning birinchi qaldirg‘ochlariga aylanishdi.
Ularning zamonidan so‘ng “katta oqim”ni hosil etgan, kichkintoylarga atalmish kitoblari peshma-pesh bosilishni boshlagan Quddus Muhammadiy, Tolib Yo‘ldosh, Qudrat Hikmat, Aziz Abdurazzoq, Do‘stjon Matjon, Po‘lat Mo‘min, Hamidulla Yoqubovlar ismi adabiyotshunoslar tilidan tushmay kelar, ularning safi Obid Rasul, Qambar O‘tayev, Rauf Tolib, Safar Barnoyev, Anvar Xo‘ja, Saodat Toji kabilar bilan muttasil to‘lib borar; bu davrda Hamid Olimjon, Asqad Muxtor, G‘afur G‘ulom, Shuhrat, Erkin Vohidov qabilidagi kattalar adiblari ham jajjivoylarni ora-sira siylab turishar; bolalar she’riyatida bo‘lakcha izlanishlar qilishga intilayotgan Miraziz A’zam, Habib Rahmat, Tursunboy Adashboyev, Sulton Jabbor singari “kichik oqim” vakillari ijodidagi o‘zgarishlar negadir munaqqidlar e’tiboridan chetda edi. Bu shoirlar “katta oqim”dagilarning mavjud tuzumni ulug‘lashga, bayrambozlikka, shiorbozlikka, yalang‘och nasihatbozlikka, quruq bayonchilikka asoslangan, birinchi galda “bolalar ongini pishitish”ga qaratilgan an’anasini eski ko‘nikma ta’sirida o‘z-o‘zidan davom ettirayotgan esalar-da, avvalo o‘quvchining qalbini zabt etish maqsadida bitilgan o‘zgacha she’rlari ham bir-bir urchib borayotgandi.
Boshqacharoq bu pog‘onaga ilk bor qadam qo‘yib bergan, milliy erk mavzusini bolalar adabiyotiga birinchi bo‘lib olib kirgan Miraziz A’zam ijodida novatorlik o‘ta yorqin tovlanib ko‘rinardi. Achinarlisi shunda ediki, bolalar adabiyotida qadrini topmayotganidan o‘ksinibmi, keyingi yillarda bu shoir jajjivoylar davrasidan tobora uzoqlashib, kattalar uchun yozishga butunlay berilib ketayotgandi.
Ha, bolalar adabiyotida qo‘riq yerlar ko‘p, o‘zlashtirishga astoydil urinayotganlar esa kam. Kattalar adabiyotida kun ko‘rolmaganlar bolalar adabiyotini tirikchilik manbaiga aylantirib olib, ilgari o‘zlashtirilgan maydonlarda ortiqcha jon koyitmay davr surib yurishibdi. Xudo omadimni bersa, avvalo aynan shu platsdarm orqali yorib o‘tishim, aynan shu sahnada o‘zimni yaqqol namoyon eta olishim mumkindek tuyulayotgandi.
Qisqasi, o‘zbek bolalar adabiyoti, ayniqsa she’riyati jahon ummoni sari shiddat bilan intila olishga qodir bo‘lgan tamoman yangicha oqimga o‘ta muhtoj edi. Bu oqim vakillarining asosiy vazifasi – bolalarning aqlidan ko‘ra ko‘ngliga ko‘proq ta’sir o‘tkazish bilangina cheklanib qolmay, turmush haqiqatlariga imkon qadar yaqinlashish, murg‘ak qalblarda milliy g‘ururni shakllantirish, pishiq-pishiq satrlarda maftunkor manzaralar yaratish; shuningdek, tiviti to‘kilmagan topilmalar, tagdor tashbehlar, tiniq va yoniq iboralar, bolalar aytimlaridagi kabi odmi so‘zlar, o‘ynoqi jumlalar, jarangdor qofiyalar, quvnoq ifodalar ko‘magida she’rni kichkintoylarning suyukli o‘yinchog‘i darajasidagi ehtiyojiga aylantirishdan iborat bo‘lmog‘i lozimligi ayonlashib borayotgandi.
Gap bitta – asosan ushbu yo‘nalishda faol harakat qilavergan ma’qul. Kattalarga atab yozgan she’rlarim, hajviy hikoyalarim hozircha panadagi askarlardek pisib turatursin, oldin sinalgan zambaraklarni ishga solaylik-chi. Agar, shundan ham naf chiqmasa, ko‘ngilni cho‘ktirmaslikka kuch topib, endi omadni kattalar adabiyotidan qidirish, bu zichlikda ko‘zga tuzukroq chalina olish uchun alohida tayyorgarlik ko‘rib, “yorib o‘tish” masalasini kechroqqa surib turishga to‘g‘ri keladi.
Har qadamda juda-juda hushyor, yaxshi ma’noda ustamonroq bo‘lmoq kerak. Bu – turli-tuman to‘siqlardan sabr-bardosh bilan oshib o‘tilishi talab etiladigan behad mashaqqatli, behad iztirobli yo‘l. Yangilikni yaratishdan ko‘ra uni tan oldirish o‘n marta qiyin. Biri biridan ulkan devlarning to‘qmog‘iga chap berish, zarurat tug‘ilsa, puxta taraddud bilan qarshi hamlaga o‘tish uchun ma’lum darajada aql, ichki quvvat, yumshoqroq ko‘rinishdagi o‘jarlik, chidam, matonat talab etiladi.
Shularning bariga tayyormisan, shoircha? Avvalo esingni yig‘, tavakkalchilikning ham chegarasi bor…
Erkin akaning taklifi haqida ishxonadagilargayam, uydagilargayam oxirgi pallagacha hech nima demagandim, to‘ydan oldin nog‘ora chalishni ilgaritdan yoqtirmasdim. Toshkentga ishga o‘tayotganimni ayamga radiodan bo‘shab borgan kunim aytdim. Ayam hayratga tushib, qachon ketishimni so‘ragan edi, bugun kechqurun poyezdga chiqaman, dedim. Gapimizni eshitib o‘tirgan Dilmurod ukam og‘zida paravoznikiga o‘xshatib cho‘ziq signal chaldi:
— Pupu-u-u-p!!!

TUGALLOV

O‘zing bir botqon balchiqzorga boraturib, kovushingni tozalab ol.
Gulmat SHOSHIY

Umrimning asosan qishloqda kechgan davri yakuniga yetgandi. Hayotimning bu qismida ilk bor inson fazoga uchgani (SSSR), Oy kezg‘ichiga qadam qo‘ygani (AQSH), sovet fazogirlari halokatga uchragani; ruslar endigina sinovdan o‘tkazayotgan harbiy raketa vositasida amerikaliklarning “U- 2” ayg‘oqchi uchog‘i urib tushirilgani; Koreya urushi bir millatning bo‘linib ketuvi, Viyetnam urushi esa, ajratib tashlanganlarning birlashuvi bilan barham topgani; ikki ummonni tutashtiruvchi qazilma Suvaysh kanali, Misrda Osuan to‘g‘oni foydalanishga topshirilgani; chapani Xrushchyovning “omon-omon”ida yuz minglab siyosiy mahbuslar, urushda dushmanga asir tushgani uchun qamalgan askarlar ozodlikka chiqib, xalq dushmani sifatida otilganlardan ko‘pining nomi oqlangani; Otaturk qayta shakllantirgan Turkiyani but asrab qolish niyatida hokimiyatni harbiylar qo‘lga olgani; rangli televizor, “Motorola” degan qo‘poldan qo‘pol simsiz telefon, neylon mato, neytron bombasi, odam a’zosini ko‘chirib o‘tqazish kashf etilgani; Hindiston va Pokiston o‘rtasidagi urushni to‘xtatish yuzasidan ikkala davlat rahbarlari O‘zbekistonda muzokara olib borib Tinchlik shartnomasini imzolagach, hindlar yetakchisi La’l Bahodir Shastri Toshkentda bandalikni bajo keltirgani; sovutqichlar, magnitofonlar, kir yuvish mashinalari qishloqlargacha kirib kelayotgani; jahonda eng uzunlardan hisoblanmish Baykal-Amur temiryo‘l magistrali barpo qilingani; qirg‘inbarot Afg‘on urushi boshlangani; Toshkentda metropoliten paydo bo‘lgani kabi tarixiy voqealarning shohidiga aylandim.
Javoharlal Neru, Stalin, Mao Sze Dun, Kim Ir Sen, general De Goll, Anvar Saodat, Chemberlen, Jon Kennedi, Anvar Xo‘ja, Indra Gandi, Fidel Kastro, Xoshimin, Yosir Arofat, Salvador Alyende yanglig‘ shov-shuvchi davlat arboblariga; janubiy amerikalik Chegevara, jazoirlik Jamila, amerikalik Marten Lyuter King, rossiyalik Soljenitsin, afrikalik Mandella kabi biri xalqining haq-huquqi, biri yurtining ozodligi uchun jonini tikib kurashgan ko‘lamdor isyonchilarga ozmi-ko‘p muddat zamondosh bo‘ldim.
Suyukli “Paxtakor”imni oyoqqa turg‘azganlardan Birodar Abduraimov, Gennadiy Krasnitskiy, To‘lagan Isoqov; o‘zbeklardan birinchi bo‘lib jahon chempioniga aylangan bokschi Rufat Risqiyev; olamga dovrug‘ solgan futbolchilardan Pele, Maradona, Myuller, Charlton, Yashin, Kruiff, Best, Chulak, Xamrin, Garrincha, Strelsov, Lobanovskiy, Pushkash; sportning boshqa turlaridagi yulduzlar – bokschi Muhammad Ali, Stivenson, xokkeychi Greski, Xarlamov, Nedomanski, Karlson, shaxmatchi Spasskiy, Fisher, Gaprindashvili, shtangachi Jabotinskiy, balandlikka sakrovchi Brumellarga bevosita yoki bilvosita ishqibozlik qildim. O‘shanda men bilan bir vaqtda yashab, yetti iqlimga dong taratgan fan-texnika namoyandalari, buyuk ixtirochilar, betakror adib-san’atkorlarga bir boshdan to‘xtaladigan bo‘lsam, na qog‘oz yetadi, na fursat.
O‘zbek qo‘shiqchiligining alohida shaydosi edim. Jo‘raxon Sultonov, Rasulqori Mamadaliyev, Ortiqxo‘ja Imomxo‘jayev, Saodat Qobulova, Yunus Rajabiy, Ma’murjon Uzoqov, Komiljon Otaniyozov, Halima Nosirovalar davronidan hatlab, yangitdan porpirab ko‘rinayotgan Komiljon Baratov, Olmaxon Hayitova, Tavakkal Qodirov, Ochilxon Otaxonov, Faxriddin Umarov, Alijon Hasanov, Ikromjon Bo‘ronov, Kamoliddin Rahimov, Ne’matjon Qulabdullayev, Mahmudjon Tojiboyev, Xolisxon Qodirova, Tolibjon Badinov, Qobiljon Yusupovlar xonishidan qonib bahra olishga, ashulalari yozilgan qimmat lappaklarni to‘plashga o‘tdim. Ayniqsa, bezoritabiat ekanligi orqasidan bir-ikki bor qamalib chiqqan qo‘qonlik Komiljon Baratovga ko‘proq ixlosmand edim, konsertlarini quvib yurib tomosha qilardim.
Yana aytadigan bo‘lsam… She’riy daftarlarimdan tashqari, futbolga atalgan o‘ntacha, kinoga atalgan o‘ndan ortiq umumdaftarim bo‘lardi. Futbolnikiga “Paxtakor”ning SSSR oliy ligasidagi birinchi o‘yinidan boshlab maydonga qaysi tarkibda tushgani, kimlar nechanchi minutda gol urgani, uchrashuvga kim hakamlik qilgani kabilarni gazetalardan ko‘chirib yozib, o‘yinda yuz bergan qiziqroq holatlarni qisqacha qayd etib qo‘yardim. Narigi turkumdagilarga esa, ko‘rgan kinolarim mazmunini bitib, o‘zim chizgan rasmlar bilan bezab chiqar edim. Harbiy xizmatdan qaytgach, yemay-ichmay bo‘lsa-da, bittalab to‘plab qo‘ygan kitoblarimdan anchaginasi singari bu daftarlarni ham topolmay, yig‘lagudek ahvolga tushganim bugungidek yodimda turibdi.
Tag‘in aytsam… Gazeta parchasiga o‘rab chekiladigan badbo‘y maxorka; naychadum “Krasnaya zvezda”, “Priboy”, “Sever”, “Belomor kanal”, “Kazbek” papiroslari; “Pamir”, “Prima”, “Maxorochnaya”, “Layka”, “Kosmos”, “Shipka” sigaretlari zamonidan tortib, sovetlar yurtiga nihoyat chetdan (asosan Bolgariyadan) kirib kela boshlagan “Tu-134”, “Styuardessa”, “BT”, “Rodopi”dek filtrlilar, hatto Kuba sigaralarini ko‘zko‘zlab tutatish davrigacha bo‘lgan yo‘lni bosib o‘tdim.
Yigitchalikdan keyingi hayotimda tirikchilik tashvishlari-yu, u-bu narsalarni yozib-chizishdan boshim chiqmagani, ulfatchiliklarga vaqtim kam bo‘lgani bois, do‘stlarim ham ko‘p emasdi. Yuqorida tez-tez tilga olib o‘tilgan Mashrab, Abdusalom kabilardan tashqari bu pallada Yusufjon do‘xtir, Mirzamurod ximizator, Karim Shodmon, Muhammad G‘iyosiy, A’zam “bodringchi”, A’zam Esolarga quyuq davradosh bo‘ldim. Ahmad, Rahim, Ayub, Homit singari sinfdoshlarim bilan bot-bot yuz ko‘rishib, gurunglashib turardik. Eski ish joylarimda, armiyada, texnikum va universitetda orttirgan qadrdonlarimning aksariyatidan esa, vaqt o‘tgani sayin, shirin-shirin xotiralargina qolib borayotgandi.
Millatchilik tuyg‘usi ko‘nglimda o‘z qo‘rg‘onini kunma-kun mustahkamlayotgandek edi. Bu tuyg‘u hayotda o‘z boshimdan o‘tkazgan, jismimda og‘ir asoratlar qoldirib ulgurgan ayrim kasalliklardan-da xatarliroq hisoblanmish ruhiy xastalik ekanini tushunib yetishim uchun hali ancha vaqt kerak bo‘ladi. Zero, millatning har yoqlama yetuk bo‘lishi uchun qayg‘urmoq, uni o‘zligini anglashga, g‘ururli bo‘lishga chorlamoq, egamen yurtda mustaqil fikr bilan yashashga qodirligiga ishontirmoq, elni kamolotga yetaklash istagida yonmoq – yaxshi ma’nodagi millatchilikdir (balki buni “milliychilik” deb atash to‘g‘riroq bo‘lar). Ammo, istibdodchi tuzum va uning jilovchilari uyoqda qolib, shu jilovchilarga mansub millat vakillarining barchasini birdek yoqtirmaslik, barchasiga birdek qasdlashish, yoppasiga yomonlik tilash turgan-bitgan kaltabinlik, xavflidan xavfli g‘alvabozlik xolos. Ayniqsa, biz barchadan donomiz, zo‘rmiz, benuqsonmiz, boshqalar bizning oldimizda hech kim emas, ular bizning ra’yimizga qarashlari shart, deb o‘ylovchi; yotlarga o‘z ta’sirini ko‘proq o‘tkazishga intiluvchi; ayrim muttaham qavmlarga beixtiyor o‘chakishibmi, yolg‘on dalillar to‘qib bo‘lsa ham, bo‘lak davlatlar hududidagi goh u, goh bu joyni asli bizniki deb da’vo qilishga urinaverishimiz zarur kabi sershovqin g‘oyalarga tayanuvchi millatchilik (kemiruvchan imperiyaning Turkistondagi bo‘lginchilik nayrangidan ko‘proq aziyat chekkaniga qaramay, yer talashish, qo‘shnilarga tahdid solish kayfiyati, xayriyatki, o‘zbeklarda deyarli uchramaydi), aymoqlar aro qirg‘inga undovchi jazavachilik mazkur elning turqini sovuqlashtirib boraveradi, jahonda yakkalatib qo‘ya boshlaydi, oxir-oqibat kulfatlar handag‘iga ag‘daradi. Saltanatdagi qaram xalqlarning, jumladan, o‘zbeklarning, eng avvalo, g‘urur-hamiyati to‘liqroq shakllanmish ziyolilarning qalbida alangalanib borayotgan yovvoyi millatchilikka bir paytlar hatto ashaddiy rusparvar Dostoyevskiyni ham tashvishga solgan rus shovinizmi asosiy sababchi bo‘layotgandi. Og‘a o‘ziga kun sayin bino qo‘yib, inilarni kamsitish gashti etiga et qo‘shib borayotgandek edi.
Aslida, bu sharoitdagi birdan-bir to‘g‘ri yo‘l – o‘zbekka o‘zini yaxshiroq tanitish, toqat bilan ish ko‘rib, siyosiy, ijtimoiy, iqtisodiy jihatdan savodini muttasil oshira borish, uni birovga gapini bermaydigan, haqini o‘tkazib qo‘ymaydigan, yotlarni o‘ziga hurmat bilan qarashga majbur etadigan, madaniy meroslarimizga jonkuyar, ko‘hna udumlarga sodiq, ona tiliga mislsiz oshiq, dunyoviy yangiliklarga intiluvchan, tarqoqlikni, bo‘lginchilikni yuzaga keltiruvchi g‘arazli mafkuralar zamiridagi kir niyatlarni vaqtida payqay oladigan, milliy jipslik, hududiy yaxlitlik manfaatini o‘zinikidan ustun deb biladigan oqil va oriyatli inson qilib tarbiyalash edi.
Quturib turuvchi ayiq deymizmi, mug‘ambir sherik deymizmi, mayparast Rossiya – tag-tugi bilan yoqib yuborilsa ham, hatto kuyindisining ko‘lami kishini sarosimaga solaveradigan; to‘zg‘igan kullari yondosh yurtlarni-da ko‘mib tashlashi mumkin bo‘lgan siyoqdagi haybatli mamlakat. Ana shu mamlakat so‘risi ostidagi SSSRni bu mahalda xudo urgan ordenxo‘r, daryoko‘ngil Leonid Brejnev boshqarib turar, kompartiyaning oliy maslahatxonasi sanalmish Siyosiy byuroda Ukraina, Belorussiya, Gruziya rahbarlarining o‘rni azaldan bronlab qo‘yilgan bo‘lib, endi musulmon respublikalar yetakchilaridan o‘zbek Sharof Rashidov, qozoq Dinmuhammad Qo‘nayev, ozarbayjon Gaydar Aliyev ham bu qatorda balqib ko‘rina boshlagan edi. O‘zbeklar yetishtirib berayotgan paxtaning salmog‘i olti yarim million tonnaga yaqinlashayotgandi.
Kimlarga zamondosh bo‘lmadim, nelarni ko‘rmadim. Nasib etsa, hali yana qancha-qanchasini ko‘raman.
Sovetlar mamlakatidagi kabi Yer kezg‘ichida ham aholi tinimsiz ko‘payib borayotgandi. Xomtamalikni qarangki, milliardlardan biri bo‘lib turgan Anvar Obidjon shu tor-tiqinlik ichra alohida ko‘zga tashlanish uchun o‘zicha terlab-potirlab irg‘ishlayotgan edi.

* * *

Erkin Vohidov bilan uchrashganimdan so‘ng, boshkentga ketishim oydinlashib qolgan chog‘larda, kunu tun o‘ylanib, o‘zimni tergab yurdim. O‘pkangni yanayam bosib ol, shoir. Endiyam yengilsang, bari tamom degani. Chohga ag‘darilish tugul, qattiqroq qoqinishdan ham asranishing shart. Yemishi yerda bo‘lsa-da, tuyalarga tepalanmaslik uchun to‘rg‘ay uchishni o‘rgandi. To‘rg‘ay tajovuzchi emasdi, shu bois tuyalar uning o‘zlaridan balandda ekanligini malol olmadi, ziyon yetkazishga urinmadi. Har yumushda yetti o‘lchab bir kesishing, yetmish o‘ylab bir so‘zlashing; og‘irchiliklarga, nohaqliklarga, qadrlanmasliklarga, ig‘vogarliklarga, hattoki kamsitishlarga – hamma-hammasiga sabr-toqat bilan chidashing; o‘zingni goh anqovlikka, goh omilikka, goh karlikka solib yashashing; biri biridan dag‘dag‘ador devlarning oyog‘i ostida majaqlangancha butkul nom-nishonsiz yo‘qolib ketmaslik uchun tirishib-burishib kuchanmog‘ing kerak bo‘ladi. Yana bir muhimi – eski kin-ginalarni ko‘nglingdan yoppasiga supurib tashla, yangi joyga top-toza yurak bilan kirib bor. Salobatini yo‘qotib bo‘lgan oilaning nufuzini boshqatdan ko‘tarmoqchi bo‘lsang, shularga qat’iy amal qilishga quvvat top. Eng avvalo, o‘ta sharmandali ishga qo‘l urishdan, jinoyat ko‘chasiga kirib qolishdan, ayniqsa, ehtiyotsizlik yoki jaholat bois ahmoqona o‘lib ketishdan o‘zingni asra.
Ko‘rinib turibdi, bu qadar ehtiyotkorlik, bu qadar hurkaklik ko‘nglimga mustahkam in qurib olsa, bo‘yin qisib yashash darajasida qo‘rqoqlashib ketmaymanmi; turmushda o‘ta qaltis vaziyatga tushib, nazokatli tuyg‘ularni chetga surib turish zarurati tug‘ilsa, bu ko‘nikmalar qurshovidan loaqal vaqtincha sug‘urilib chiqa olamanmi, deb bezillayapsan. Buni bilmadim, lekin u tomonini o‘ylab o‘tiraversang, bu tomonda sezilarli siljish yuz berishi qiyin…
Bunaqa o‘ylarning adog‘iga ham, tagiga ham yetib bo‘lmasdi. Xayollarga nuqta qo‘yishga intilardim – bu yog‘ini Xudoning ixtiyoriga havola qilib, yo‘lingdan dangal boraversang-chi. Ammo, boshga tushganning barini ham Xudodan ko‘raverma, ko‘piga baribir o‘zing sababchi bo‘lasan.
Ha, talay narsa, avvalo, insonning o‘ziga bog‘liq; u xulq-atvori, fe’l-xo‘yi, o‘y-niyati yaxshi-yomonligi bilan; ishi, tutumi, qilmishi o‘rinli yoki o‘rinsizligiga qarab, o‘ziga goh munavvarlik keltiradi, goh fojia.

Hech biringga qilmayman ta’zim,
Hech biringga bermayman hisob.
Men-chun hayot – poyonsiz nazm,
So‘z aytmasdan yashamoq azob,
Mening tinchim – mening ta’ziyam.

Faqat Undan tilarman panoh,
Faqat Unga berurman javob…
Bosgan har bir qadamim – gunoh,
Chekkan har bir alamim – savob,
Mening o‘zim – mening fojiam.
(1989)

Yo‘q, kerak bo‘lganda, bandasiga ham ta’zim qilasan, hisob berasan, u joriy etgan qonunlarga bo‘ysunasan. Bu jabhada kim haq-u, kim nohaqligini esa, payti kelib, U ajrim qiladi: egrini jazolaydi, to‘g‘rining boshidan ehson yog‘diradi. Bu yoqdagilari – omonat, u yoqdagisi mustahkam; bu tomondagilari – o‘tkinchi, u tomondagisi – abadiy.
Hozircha bu tarafda edim. Qandayligi menga tuzukkina ma’lum bo‘lgan manzilda meni noma’lum bir qismat kutmoqda edi.
O‘shanda o‘ttiz besh yoshga to‘layotgandim. Toshkentga ketib, yana shuncha yashaymanmi, yo‘qmi, bilmasdim. Unib-o‘samanmi, tugalay oyoqosti bo‘lamanmi, bunisi ham qorong‘u edi. Tangrisini hanuz xira-yarim tanib yurgan men chalamusulmon banda faqat bir narsani – shu damgacha qay tarzda kun kechirib kelganimni bilardim xolos. Bolalik – poshsholik, o‘smirlikdan boshlab esa, nuqul baxtimni qidirib yashadim.

Topolmasang baxtingni,
So‘rolmasang haqqingni,
Nega kelding dunyoga?

* * *

Tanamdan qo‘r so‘nmoqda,
Ko‘zimdan nur so‘nmoqda…
Durga to‘lib borar bosh.
(“Uchchanoqlar”dan)

Ba’zan boshimda ajib bir o‘y elovlanib, g‘oyibdan kelayotgan tovushdek, meni savolga tutardi – Yaratguchining amri ila hayotni yangitdan boshlashni istarmiding?
U vaqtda qanday javob qaytarishni bilmasdim, endi esa, hech ikkilanmasdan ayta olaman: nelardan yayrab, nelardan o‘ksigan, kimlarga talpinib, kimlardan bezigan bo‘lmayin; xuddi o‘sha muhitda, aynan o‘sha odamlar bilan birga boshqatdan yashashga roziman. Begona muhit – birovning uyi, u yerda biron-bir narsa ko‘zga issiq ko‘rinmog‘i dargumon. Bersangiz, yana o‘zimning kechmishimni bering. Faqat, joiz topsangiz, bittagina savolim bor – yangi hayotga, ozgina bo‘lsa-da, eng zarur o‘zgartishlarni kiritish mumkinmi?
Mumkin bo‘lsa, birinchi galda, loaqal, dadamni imkon qadar kamroq ranjitgan, ayamga ko‘proq dam bergan bo‘lardim; tili hali burrolanmasdan vafot etgan Homitjon ukam, Zuhraxon singlimni ko‘z qorachig‘imdek asrardim, ularni o‘sha la’nati dardlarga sira-sira chalintirmasdim; bolaligimda boshini toshda chaqib o‘ldirgan gunohsiz chumchuqchani endi sekingina yerdan olib, tutdagi iniga avaylabgina joylab qo‘yardim. Keyin… agar-r, yana mumkin bo‘lsa…
Yana nimalar qilay? Nimalarni qilmayin? O‘zingiz shipshita qoling, yaxshilar…

2003 – 2005 yillar, Toshkent

BIRINCHI KITOB TUGADI

Anvar Obidjon. Ajinasi bor yo’llar. I Kitob by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 3 641, bugungi 1)

1 izoh

  1. Hayotiy,xaqqoniy xamda tariximizni voqiyliklarini anglatib,uyaltiradigan,ozligimizni anglashga undaydigan,ajoyib yumorga boy hodisalari bilan inson baxri-dilini ochadigan mukammal ASAR!!!Mualifimiz-Anvar Obidjonga soglik-sihatlik tilab,tashakkurlar bildiraman.FAQAT,bir lekini bor.Bu asarni qaysi kitob dukonidan topsak boladi?!

Izoh qoldiring