Anvar Obidjon. Erkin Vohidov mutoyibalari & Jabbor Razzoqov. Qish kunlarining birida

Ashampoo_Snap_2017.02.20_16h14m20s_001_.png    Суюкли устозимиз, атоқли адибимиз Эркин Воҳидов ўзининг чуқур фалсафаларга бой шеърлари, мутафаккирона хусусиятлари билангина эмас, ўта самимий, ўта топқирона мутойибалари билан ҳам мухлислар қалбини забт этиб келган. Шуларни эслар эканмиз, Эркин ака, доимо ёдимиздасиз, ёнимиздасиз, дегимиз келаверади…

УСТОЗ ЭРКИН ВОҲИДОВ
ҲАҚИДА ХОТИРАЛАРДАН
09

Анвар ОБИДЖОН
ЭРКИН ВОҲИДОВ МУТОЙИБАЛАРИ

24_n.jpgСуюкли устозимиз, атоқли адибимиз Эркин Воҳидов ўзининг чуқур фалсафаларга бой шеърлари, мутафаккирона хусусиятлари билангина эмас, ўта самимий, ўта топқирона мутойибалари билан ҳам мухлислар қалбини забт этиб келган. Шуларни эслар эканмиз, Эркин ака, доимо ёдимиздасиз, ёнимиздасиз, дегимиз келаверади.

ЎША ТАНИШ ҚОРОВУЛ

Тошкентга эндигина ишга келган пайтларим эди. Бировникида ижарада турардим.

Ойлик таътилга чиққан Эркин ака бутун оиласи билан Иссиқкўлда дам олиб келишга жўнади, мен уйни қўриқлаб турадиган бўлдим. Тирикчилигим учун совуткичга тўлдириб ташланган хилма-хил ноз-неъматларнинг ярмини еб улгурмасимдан улар саёҳатдан қайтиб келишди.

Бир-икки ойдан кейин устозни зиёратлаб борсам, ҳали мактаб ёшига етмаган кенжатойи Фозилахон мен билан жуда бўлакча қувониб кўришди.

– Бу қизимнинг севинчи ичига сиғмай турипти ҳозир, — дея елка учириб кулди Эркин ака. – Сизни узоқдан кўрибоқ, менга қараб, дада, яна Иссиқкўлга борамизми, деб сўради.

ТИНИБ-ТИНЧИМАГАН ИТ

Ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ўткир-ўткир асарларининг орқасидан эски тузумнинг тазйиқларига учрагани, неча-неча танқидларга дучор бўлгани кўпчиликка маълум. У киши бундай ғала-ғовурларга парво қилмаётгандек бўлиб юрса-да, юрагига маълум даражада жароҳат етганини баъзи бир сўзларидан пайқаб олиш қийин эмасди.

Ижодий сафарлардан бирида устоз билан битта хонада тунайдиган бўлдик. Вақт ярим кечадан оғиб боряптики, ташқарида бир кўппак тинимсиз вовуллайверди. Шунда Эркин ака босиқ товушда аста сўз қотди:

– Қизиқ! Бу ҳаловатсиз ит қайси арслоннинг китобини танқид қиляптийкин?!

МУХЛИС

Бир куни Эркин акани йўқлаб, уйига бордим. Пича суҳбатлашиб ўтирдик. Қайтаётганимда мени кузатишга чиқиб, бодринг экишга томорқам бўлмасаям, мана, олтиариқлик эканимни билдириб, дарвозанинг ёнига узум экиб қўйдим, деб мақтанди. Бир қарашдаёқ билдим, бу – дарахтларга илашиб бўлсаям мева қилаверадиган жайдари узумлардан.

Эркин акага буни ётиқроқ тарзда шамалаб, бу жуда ғалати узум, меваси ширин бўлмасаям, томири болалаб, мухлисларингиз сингари тобора кўпайиб бораверади, дедим.

Орадан икки ойча ўтгач, Эркин ака уюшмамиздаги бир мажлисда олдимга келиб деди:

– Дарвозамизнинг ёнидаги узумни мухлисингиз деб тўғри айтган экансиз, шекилли. Ёзда кўча томондаги деразамизнинг форточкаси очиқ туради, узумнинг битта шохи шу жойдан ичкарига кирволиб, янги ёзаётган шеърларимни пешма-пеш ўқиб боряпти.

МАСАЛАНИНГ МОҲИЯТИ

Эркин ака депутатлик пайтида тегишли тумандаги сайловчилар билан йиғилиш ўтказди.

– Сизга бир арзимизни айтмоқчиман, – деб қолди сайловчилардан бири. – Қўшни маҳаллада артизон суви бор, бизда йўқ. Тўрт юз метргина қувур тортилса, иш битади-қолади, лекин шўролар давридан бери шу масала ҳал бўлмай турибди.

Шунда Эркин ака кулимсираб мутойиба қилди:

– Ўша тўрт юз метр қувур муаммосини ўзимиз ҳал қила қолайлик деб, юртимиз атайлаб мустақил бўлди. Бу ишни мана энди битирамиз-да!

Кўп ўтмай, бу юмуш битди.

ЎЗИНИ ЎЗИ ҚИДИРИШ

Эркин ака билан ёшлар нашриётида бирга ишлардик. Бир таниши тўйга айтган экан, юринг, текинга тушлик қилиб келасиз, деб мени ҳам бирга олиб борадиган бўлди. Гараждан машина чақирса, бузилган жойини ҳайдовчи ҳали тузатиб улгурмаган экан, майли, автобусда борақоламиз, деди.

Автобусга чиқиб, орқароқдаги ўриндиққа ўтириб-ўтирмасимизданоқ, олдимизда кондуктор аёл пайдо бўлди. Пулимизни олиб, чипта йиртиб узатаркан, Эркин акага тикилиб боқиб, худди Эркин Воҳидовга ўхшаркансиз, деди.

– Мен акаси бўламан, — дея аёлга жиддий қиёфада юзланди Эркин ака. – Бир ҳафтадан бери уйга келмаяпти, деб хотини арз қилганиди, мана, ўша Эркинбойларингни эрталабдан бери ахтариб юрибман.

ЭҲТИРОМ ИФОДАСИ

Фарғонадаги анжумандан қайтаётиб, Олтиариқдан ўтаётганимизда, машинани четга олдириб, Эркин акани йўл ёқасидаги ошхонага бошладим:

– Олтиариққа келганлар бу ернинг машҳур сомсасини емасдан кетмайди. Келинг, шундан иккита-иккита татиб кўрайлик.

Ошхона бирдан байрамга айланиб кетди. Хўрандалар бирма-бир келиб, суюклидан суюкли шоири билан қучоқлашиб кўришишга тутинди. Ҳатто болалар деразадан мўралаб, сомса ейишимизни томоша қила бошлашди. Шундай машҳур одам ҳам овқат ер эканда, деб ўйлашгани аниқ.

Қўзғалаётиб, пул берсак, сомсапаз олмасдан турволди. Бундан, Эркин аканинг яна ҳазилкашлиги қўзиди:

– Шуни олдинроқ айтмайсизми, укажон. Билганимизда, сомсани иккитаданмас, тўрттадан буюрардик.

ЭРКАКЧИЛИК

Нашриётдаги бир ходимимизнинг тўйига бордик. Ўтириш узоққа чўзилди. Шерикларимиздан бири безовталаниб, мен уйга бормасам бўлмайди, хотиним бетоброқ, деб жойидан қўзғалди. У чиқиб кетгач, бошқа шеригимиз Эркин акага ўгирилиб ҳиринглади:

– Ёлғондан баҳона қилди, уйга кеч боришга хотиндан қўрқади. Эркак дегани, мана, биздақа бўлиши керак, «гаҳ» десак, хотин шип этиб қўлга қўнади.

– Гапингизга тўлиқ ишонаман, – деб мийиғида жилмайди Эркин ака. – Хотинни менсимаслигингизни тунов куни ошхонада овқатланганимизда, официант қизга пулни пайпоғингизнинг ичидан олиб берганингиздаёқ фаҳмлаган эдим.

Жаббор РАЗЗОҚОВ
ҚИШ КУНЛАРИНИНГ БИРИДА

00614.jpgЎзбек адабиёти боғида ўзига хос гулшан яратган буюк шоир, бағри кенг ижодкор, меҳрибон устоз Эркин Воҳидов чин маънода оддий бир инсон ҳам эди. Забардаст шоир бўлса ҳам, у ўзини бошқалардан устун тутмасди.

Эркин ака ҳақиқий дўстларни, чин инсонларни юксак қадрларди. Дўстлик ҳақида бу ижодкордан бошқа ҳеч ким ўхшатиб шеър ёзмаган, десам муболаға бўлмас:

Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам.
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам

Интизор ҳар уй диловар,
Дилкушолар базмига.
Гар оёқ қўйса қабоҳат,
Йиғлагай остона ҳам.

Бундай дилга яқин, беғубор сатрлар фақат Эркин Воҳидовга хос, Эркин Воҳидовга мос эди.

Эркин ака билан биз бир вақтда — ёшлар нашрларида фаолият кўрсатганмиз. Хусусан, ёшлар газетасига мен, «Ёшлик» журналига у киши бош муҳаррир бўлганлар. Ҳаёт алғов-далғов, етишмовчиликлар тўлиб тошган, ташвишлар бошдан ошган бўлса ҳам ошкоралик туфайли матбуотда жўшқин даврлар эди. Мустабид тузум емирила бошлаган, демократиянинг эпкин шамоллари баралла эсаётган кунлар. Биз ўзимизни таний бошлаган, шонли тарихимизни ёзишга киришган, буюк алломаларимизни бекаму кўст айта олаётган дамлар эди. Шу туфайли ижодкорлар ҳам, матбуот ҳам баралла ҳақиқатни ёза бошлаганди.

Шундай кунларнинг бирида, қишнинг айни изғирин палласида ёшлар матбуоти раҳбарларини 20 кунга Москвага малака оширишга чақириб қолишди. Хабар келгандан сўнг бир-икки кун ўтгач, Эркин ака Воҳидов қўнғироқ қилиб қолдилар.

Илиқ сўрашгач, «Бир маслаҳат бор эди», деб қолдилар: «Москва совуқ бўлса, бундай ҳавога ҳеч кўникмаганман, яна 20 кун-а. Бормасам нима бўларкан?!»

Мен Эркин акага Москвага, малака оширишга, албатта бориш кераклигини, у ердаги шарт-шароитни (бу Ёшлар институтида икки йил ўқиганим учун) ўз зиммамга олишимни ётиғи билан тушунтирдим. Ўқиш, малака ошириш баҳона қардош халқларнинг ёш истеъдодли ижодкорлари билан танишасиз, ҳам ҳаво алмаштириб дам оласиз, яхши шеърлар ёзасиз ҳам, дедим.

Айтган сўзларим, берган ваъдаларим Эркин акага маъқул бўлди, шекилли, малака оширишга борадиган бўлдилар.

Москвага етиб боргач, ваъдага вафо қилиб, таниш-билишларни ишга солиб Эркин акага алоҳида хонанинг ажратилишига эришдик. Устоз шоирнинг кўнгли кўтарилиб, анча хурсанд бўлдилар. Атрофи кўм-кўк арчазор билан ўралган Ёшлар институтининг меҳмонхонаси чиндан ҳам баҳаво манзилда эди.

Ўқишлар қизғин бошланиб кетди. Ўзаро мулоқотлар, танишувлар, шеърхонлик кечалари. Русларнинг таниқли шоирлари, ўша даврнинг яловбардор ижодкорлари Андрей Вознесенский, Роберт Рождественский, Евгений Евтушенко, Владимир Дементъевлар билан мулоқотлар. Ҳамма-ҳаммаси қалбимиздан жой олди, фикр доирамиз кенгайди, кўплаб дўстлар орттирдик.

Биз тушгача ўқиймиз, сўнгра эса Москва бўйлаб саёҳатга чиқамиз. Бир-икки кун айланиб, анча-мунча тарихий жойларни кўрдик, ён атрофдаги гўзал жойларни томоша ҳам қилдик. Биздан атиги бир даҳа наридаги «Тошкент» кинотеатрида кино кўриб ҳам қайтдик. Болалар матбуотининг раҳбарлари Лутфулла Кабиров, раҳматли Абдураҳим Абдуллаевлар ҳазил-ҳузул воқеаларни айтиб, бизни зериктиришмасди. Хуллас, ҳар бир кунимиз мазмунли, унутилмас воқеаларга бой ўтарди.

Бир ҳафта ўтар-ўтмас бу ернинг овқатлари жонга тегиб қолди. Кўнглимиз ўзимизнинг миллий таомларни истади. Эркин ака: «Йигитлар, бир нима ўйланглар, сих ҳам куймасин, кабоб ҳам» дедилар.

Биз анча ўйладик, қозон бўлганида палов пиширардик. Ҳозирча қайнатма шўрва қилишга қарор қилдик. Масъулият менинг зиммамга тушди. Масаллиқни тезда олиб келишди. Бироқ пишириш учун кастрюлка ҳам тополмадик. Охири 5 литрлик алюмин чой қайнатгични топиб келдим. Ҳаммалари устимдан кулишди, «Қачон кўргансиз, чойгумда шўрва пиширганни», деб.

Мен олдинлари ҳам бу ишни бемалол қилиб юргандай, ишга енг шимариб киришдим. Чойгумга бир кило қўй гўштини ва бошқа масаллиқларни солиб, электр плитага қўйдим. Плитани чойгум қайнагунча баландлатдим, кейин милтиллатиб, пасайтирдим. Икки соатларда шўрва пишди. Ҳаммаёқни шўрванинг иштаҳани очадиган ёқимли ҳиди босиб кетди.

Хонага кирсам дастурхонни қойилмақом қилиб тайёрлашибди. Ўзимизнинг патир нонлар, узуму новвотлар, мағизу ёнғоқлар барчаси муҳайё. Фақат шўрвани соладиган коса йўқ.

— Асосийси шўрва бор, қолгани топилади, — деди Эркин ака.

Шўрванинг сувини пиёлаларга қуйиб чиқдик. Гўштини ва пишган сабзавотларни тарелкаларга жойладик. Ҳамманинг иштаҳаси карнай бўлиб турган экан, шўрвасини бир-икки ҳўплаб, гўштлардан, сабзи, картошка, шолғомлардан тановвул қила бошлашди.

Эркин ака шўрвадан бир пиёла ичгач “Йигитлар, шу ёшга кириб, бунақа мазали «чойнак шўрва»ни ҳеч ичган эмасман”, деб қолди. Ҳамма унинг сўзини маъқуллашди. Бу ернинг овқатлари меъдасига текканидан бўлса керак, устоз шундай деди, деб ўйладим.

…Йиллар ўтди. Вақт ҳам, давр ҳам ўзгарди. Ёшлик ҳам шамолдай ўтиб кетди. Воқеалар тарих саҳифаларига битилди. Лекин, Эркин ака Воҳидов умрининг охиригача, қаерда мени кўриб қолса: “Москвадаги «чойнак шўрва» жуда мазали бўлган эди-я” деб эслаб қўярдилар.

Эркин ака каттаю кичиклигига қарамасдан дўстларни жуда қадрлардилар. Бу юксак хислат уни умрининг охиригача тарк этмади. Давлат хизматидан Фахрийликка чиққанидан сўнг ҳам ҳар бир кунини дўстлар давраси гурунгида, шахмат беллашувларида ўтказдилар.

Умр ўтади. Ҳаёт қонуни шундай. Улуғ инсонлар ҳам бир кунмас, бир кун бу ёруғ дунёни тарк этишади. Аммо уларнинг ёрқин сиймоси, улкан ижодий ишлари, ибратли ҳаёт йўли қалбимизда мангу қолади.

Манба: «Ҳуррият» газетаси

QMM_0075 Polosondagi askiya. 2012 a.jpgUSTOZ ERKIN VOHIDOV
HAQIDA XOTIRALARDAN
09

Anvar Obidjon
ERKIN VOHIDOV MUTOYIBALARI

EVOKHI~1.JPGSuyukli ustozimiz, atoqli adibimiz Erkin Vohidov o‘zining chuqur falsafalarga boy she’rlari, mutafakkirona xususiyatlari bilangina emas, o‘ta samimiy, o‘ta topqirona mutoyibalari bilan ham muxlislar qalbini zabt etib kelgan. Shularni eslar ekanmiz, Erkin aka, doimo yodimizdasiz, yonimizdasiz, degimiz kelaveradi.

O‘SHA TANISH QOROVUL

Toshkentga endigina ishga kelgan paytlarim edi. Birovnikida ijarada turardim.

Oylik ta’tilga chiqqan Erkin aka butun oilasi bilan Issiqko‘lda dam olib kelishga jo‘nadi, men uyni qo‘riqlab turadigan bo‘ldim. Tirikchiligim uchun sovutkichga to‘ldirib tashlangan xilma-xil noz-ne’matlarning yarmini yeb ulgurmasimdan ular sayohatdan qaytib kelishdi.

Bir-ikki oydan keyin ustozni ziyoratlab borsam, hali maktab yoshiga yetmagan kenjatoyi Fozilaxon men bilan juda bo‘lakcha quvonib ko‘rishdi.

– Bu qizimning sevinchi ichiga sig‘may turipti hozir, — deya yelka uchirib kuldi Erkin aka. – Sizni uzoqdan ko‘riboq, menga qarab, dada, yana Issiqko‘lga boramizmi, deb so‘radi.

TINIB-TINCHIMAGAN IT

Ardoqli shoirimiz Erkin Vohidov o‘tkir-o‘tkir asarlarining orqasidan eski tuzumning tazyiqlariga uchragani, necha-necha tanqidlarga duchor bo‘lgani ko‘pchilikka ma’lum. U kishi bunday g‘ala-g‘ovurlarga parvo qilmayotgandek bo‘lib yursa-da, yuragiga ma’lum darajada jarohat yetganini ba’zi bir so‘zlaridan payqab olish qiyin emasdi.

Ijodiy safarlardan birida ustoz bilan bitta xonada tunaydigan bo‘ldik. Vaqt yarim kechadan og‘ib boryaptiki, tashqarida bir ko‘ppak tinimsiz vovullayverdi. Shunda Erkin aka bosiq tovushda asta so‘z qotdi:

– Qiziq! Bu halovatsiz it qaysi arslonning kitobini tanqid qilyaptiykin?!

MUXLIS

Bir kuni Erkin akani yo‘qlab, uyiga bordim. Picha suhbatlashib o‘tirdik. Qaytayotganimda meni kuzatishga chiqib, bodring ekishga tomorqam bo‘lmasayam, mana, oltiariqlik ekanimni bildirib, darvozaning yoniga uzum ekib qo‘ydim, deb maqtandi. Bir qarashdayoq bildim, bu – daraxtlarga ilashib bo‘lsayam meva qilaveradigan jaydari uzumlardan.

Erkin akaga buni yotiqroq tarzda shamalab, bu juda g‘alati uzum, mevasi shirin bo‘lmasayam, tomiri bolalab, muxlislaringiz singari tobora ko‘payib boraveradi, dedim.

Oradan ikki oycha o‘tgach, Erkin aka uyushmamizdagi bir majlisda oldimga kelib dedi:

– Darvozamizning yonidagi uzumni muxlisingiz deb to‘g‘ri aytgan ekansiz, shekilli. Yozda ko‘cha tomondagi derazamizning fortochkasi ochiq turadi, uzumning bitta shoxi shu joydan ichkariga kirvolib, yangi yozayotgan she’rlarimni peshma-pesh o‘qib boryapti.

MASALANING MOHIYATI

Erkin aka deputatlik paytida tegishli tumandagi saylovchilar bilan yig‘ilish o‘tkazdi.

– Sizga bir arzimizni aytmoqchiman, – deb qoldi saylovchilardan biri. – Qo‘shni mahallada artizon suvi bor, bizda yo‘q. To‘rt yuz metrgina quvur tortilsa, ish bitadi-qoladi, lekin sho‘rolar davridan beri shu masala hal bo‘lmay turibdi.

Shunda Erkin aka kulimsirab mutoyiba qildi:

– O‘sha to‘rt yuz metr quvur muammosini o‘zimiz hal qila qolaylik deb, yurtimiz ataylab mustaqil bo‘ldi. Bu ishni mana endi bitiramiz-da!

Ko‘p o‘tmay, bu yumush bitdi.

O‘ZINI O‘ZI QIDIRISH

Erkin aka bilan yoshlar nashriyotida birga ishlardik. Bir tanishi to‘yga aytgan ekan, yuring, tekinga tushlik qilib kelasiz, deb meni ham birga olib boradigan bo‘ldi. Garajdan mashina chaqirsa, buzilgan joyini haydovchi hali tuzatib ulgurmagan ekan, mayli, avtobusda boraqolamiz, dedi.

Avtobusga chiqib, orqaroqdagi o‘rindiqqa o‘tirib-o‘tirmasimizdanoq, oldimizda konduktor ayol paydo bo‘ldi. Pulimizni olib, chipta yirtib uzatarkan, Erkin akaga tikilib boqib, xuddi Erkin Vohidovga o‘xsharkansiz, dedi.

– Men akasi bo‘laman, — deya ayolga jiddiy qiyofada yuzlandi Erkin aka. – Bir haftadan beri uyga kelmayapti, deb xotini arz qilganidi, mana, o‘sha Erkinboylaringni ertalabdan beri axtarib yuribman.

EHTIROM IFODASI

Farg‘onadagi anjumandan qaytayotib, Oltiariqdan o‘tayotganimizda, mashinani chetga oldirib, Erkin akani yo‘l yoqasidagi oshxonaga boshladim:

– Oltiariqqa kelganlar bu yerning mashhur somsasini yemasdan ketmaydi. Keling, shundan ikkita-ikkita tatib ko‘raylik.

Oshxona birdan bayramga aylanib ketdi. Xo‘randalar birma-bir kelib, suyuklidan suyukli shoiri bilan quchoqlashib ko‘rishishga tutindi. Hatto bolalar derazadan mo‘ralab, somsa yeyishimizni tomosha qila boshlashdi. Shunday mashhur odam ham ovqat yer ekan-da, deb o‘ylashgani aniq.

Qo‘zg‘alayotib, pul bersak, somsapaz olmasdan turvoldi. Bundan, Erkin akaning yana hazilkashligi qo‘zidi:

– Shuni oldinroq aytmaysizmi, ukajon. Bilganimizda, somsani ikkitadanmas, to‘rttadan buyurardik.

ERKAKCHILIK

Nashriyotdagi bir xodimimizning to‘yiga bordik. O‘tirish uzoqqa cho‘zildi. Sheriklarimizdan biri bezovtalanib, men uyga bormasam bo‘lmaydi, xotinim betobroq, deb joyidan qo‘zg‘aldi. U chiqib ketgach, boshqa sherigimiz Erkin akaga o‘girilib hiringladi:

– Yolg‘ondan bahona qildi, uyga kech borishga xotindan qo‘rqadi. Erkak degani, mana, bizdaqa bo‘lishi kerak, “gah” desak, xotin ship etib qo‘lga qo‘nadi.

– Gapingizga to‘liq ishonaman, – deb miyig‘ida jilmaydi Erkin aka. – Xotinni mensimasligingizni tunov kuni oshxonada ovqatlanganimizda, ofitsiant qizga pulni paypog‘ingizning ichidan olib berganingizdayoq fahmlagan edim.

Jabbor RAZZOQOV
QISH KUNLARINING BIRIDA

Ashampoo_Snap_2017.01.12_14h36m22s_002_a.pngO‘zbek adabiyoti bog‘ida o‘ziga xos gulshan yaratgan buyuk shoir, bag‘ri keng ijodkor, mehribon ustoz Erkin Vohidov chin ma’noda oddiy bir inson ham edi. Zabardast shoir bo‘lsa ham, u o‘zini boshqalardan ustun tutmasdi.

Erkin aka haqiqiy do‘stlarni, chin insonlarni yuksak qadrlardi. Do‘stlik haqida bu ijodkordan boshqa hech kim o‘xshatib she’r yozmagan, desam mubolag‘a bo‘lmas:

Do‘st bilan obod uying,
Gar bo‘lsa u vayrona ham.
Do‘st qadam qo‘ymas esa,
Vayronadir koshona ham

Intizor har uy dilovar,
Dilkusholar bazmiga.
Gar oyoq qo‘ysa qabohat,
Yig‘lagay ostona ham.

Bunday dilga yaqin, beg‘ubor satrlar faqat Erkin Vohidovga xos, Erkin Vohidovga mos edi.

Erkin aka bilan biz bir vaqtda — yoshlar nashrlarida faoliyat ko‘rsatganmiz. Xususan, yoshlar gazetasiga men, “Yoshlik” jurnaliga u kishi bosh muharrir bo‘lganlar. Hayot alg‘ov-dalg‘ov, yetishmovchiliklar to‘lib toshgan, tashvishlar boshdan oshgan bo‘lsa ham oshkoralik tufayli matbuotda jo‘shqin davrlar edi. Mustabid tuzum yemirila boshlagan, demokratiyaning epkin shamollari baralla esayotgan kunlar. Biz o‘zimizni taniy boshlagan, shonli tariximizni yozishga kirishgan, buyuk allomalarimizni bekamu ko‘st ayta olayotgan damlar edi. Shu tufayli ijodkorlar ham, matbuot ham baralla haqiqatni yoza boshlagandi.

Shunday kunlarning birida, qishning ayni izg‘irin pallasida yoshlar matbuoti rahbarlarini 20 kunga Moskvaga malaka oshirishga chaqirib qolishdi. Xabar kelgandan so‘ng bir-ikki kun o‘tgach, Erkin aka Vohidov qo‘ng‘iroq qilib qoldilar.

Iliq so‘rashgach, “Bir maslahat bor edi”, deb qoldilar: “Moskva sovuq bo‘lsa, bunday havoga hech ko‘nikmaganman, yana 20 kun-a. Bormasam nima bo‘larkan?!”

Men Erkin akaga Moskvaga, malaka oshirishga, albatta borish kerakligini, u yerdagi shart-sharoitni (bu Yoshlar institutida ikki yil o‘qiganim uchun) o‘z zimmamga olishimni yotig‘i bilan tushuntirdim. O‘qish, malaka oshirish bahona qardosh xalqlarning yosh iste’dodli ijodkorlari bilan tanishasiz, ham havo almashtirib dam olasiz, yaxshi she’rlar yozasiz ham, dedim.

Aytgan so‘zlarim, bergan va’dalarim Erkin akaga ma’qul bo‘ldi, shekilli, malaka oshirishga boradigan bo‘ldilar.

Moskvaga yetib borgach, va’daga vafo qilib, tanish-bilishlarni ishga solib Erkin akaga alohida xonaning ajratilishiga erishdik. Ustoz shoirning ko‘ngli ko‘tarilib, ancha xursand bo‘ldilar. Atrofi ko‘m-ko‘k archazor bilan o‘ralgan Yoshlar institutining mehmonxonasi chindan ham bahavo manzilda edi.

O‘qishlar qizg‘in boshlanib ketdi. O‘zaro muloqotlar, tanishuvlar, she’rxonlik kechalari. Ruslarning taniqli shoirlari, o‘sha davrning yalovbardor ijodkorlari Andrey Voznesenskiy, Robert Rojdestvenskiy, Yevgeniy Yevtushenko, Vladimir Dementevlar bilan muloqotlar. Hamma-hammasi qalbimizdan joy oldi, fikr doiramiz kengaydi, ko‘plab do‘stlar orttirdik.

Biz tushgacha o‘qiymiz, so‘ngra esa Moskva bo‘ylab sayohatga chiqamiz. Bir-ikki kun aylanib, ancha-muncha tarixiy joylarni ko‘rdik, yon atrofdagi go‘zal joylarni tomosha ham qildik. Bizdan atigi bir daha naridagi “Toshkent” kinoteatrida kino ko‘rib ham qaytdik. Bolalar matbuotining rahbarlari Lutfulla Kabirov, rahmatli Abdurahim Abdullaevlar hazil-huzul voqealarni aytib, bizni zeriktirishmasdi. Xullas, har bir kunimiz mazmunli, unutilmas voqealarga boy o‘tardi.

Bir hafta o‘tar-o‘tmas bu yerning ovqatlari jonga tegib qoldi. Ko‘nglimiz o‘zimizning milliy taomlarni istadi. Erkin aka: “Yigitlar, bir nima o‘ylanglar, six ham kuymasin, kabob ham” dedilar.

Biz ancha o‘yladik, qozon bo‘lganida palov pishirardik. Hozircha qaynatma sho‘rva qilishga qaror qildik. Mas’uliyat mening zimmamga tushdi. Masalliqni tezda olib kelishdi. Biroq pishirish uchun kastryulka ham topolmadik. Oxiri 5 litrlik alyumin choy qaynatgichni topib keldim. Hammalari ustimdan kulishdi, “Qachon ko‘rgansiz, choygumda sho‘rva pishirganni”, deb.

Men oldinlari ham bu ishni bemalol qilib yurganday, ishga yeng shimarib kirishdim. Choygumga bir kilo qo‘y go‘shtini va boshqa masalliqlarni solib, elektr plitaga qo‘ydim. Plitani choygum qaynaguncha balandlatdim, keyin miltillatib, pasaytirdim. Ikki soatlarda sho‘rva pishdi. Hammayoqni sho‘rvaning ishtahani ochadigan yoqimli hidi bosib ketdi.

Xonaga kirsam dasturxonni qoyilmaqom qilib tayyorlashibdi. O‘zimizning patir nonlar, uzumu novvotlar, mag‘izu yong‘oqlar barchasi muhayyo. Faqat sho‘rvani soladigan kosa yo‘q.

— Asosiysi sho‘rva bor, qolgani topiladi, dedi Erkin aka.

Sho‘rvaning suvini piyolalarga quyib chiqdik. Go‘shtini va pishgan sabzavotlarni tarelkalarga joyladik. Hammaning ishtahasi karnay bo‘lib turgan ekan, sho‘rvasini bir-ikki ho‘plab, go‘shtlardan, sabzi, kartoshka, sholg‘omlardan tanovvul qila boshlashdi.

Erkin aka sho‘rvadan bir piyola ichgach “Yigitlar, shu yoshga kirib, bunaqa mazali “choynak sho‘rva”ni hech ichgan emasman”, deb qoldi. Hamma uning so‘zini ma’qullashdi. Bu yerning ovqatlari me’dasiga tekkanidan bo‘lsa kerak, ustoz shunday dedi, deb o‘yladim.

…Yillar o‘tdi. Vaqt ham, davr ham o‘zgardi. Yoshlik ham shamolday o‘tib ketdi. Voqealar tarix sahifalariga bitildi. Lekin, Erkin aka Vohidov umrining oxirigacha, qaerda meni ko‘rib qolsa: “Moskvadagi “choynak sho‘rva” juda mazali bo‘lgan edi-ya” deb eslab qo‘yardilar.

Erkin aka kattayu kichikligiga qaramasdan do‘stlarni juda qadrlardilar. Bu yuksak xislat uni umrining oxirigacha tark etmadi. Davlat xizmatidan Faxriylikka chiqqanidan so‘ng ham har bir kunini do‘stlar davrasi gurungida, shaxmat bellashuvlarida o‘tkazdilar.

Umr o‘tadi. Hayot qonuni shunday. Ulug‘ insonlar ham bir kunmas, bir kun bu yorug‘ dunyoni tark etishadi. Ammo ularning yorqin siymosi, ulkan ijodiy ishlari, ibratli hayot yo‘li qalbimizda mangu qoladi.

Manba: «Hurriyat» gazetasi

Erkin Vohidov. Saylanma. 3-Jild. Umrim daryosi by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 761, bugungi 1)

Izoh qoldiring