Ma’ruf Mengli. Oraliq. Epifaniya

Ashampoo_Snap_2017.03.28_00h08m49s_001_.png    Эрта тонг олтиндай товланаётга қуёш менга нигоҳини қадаб, тушларимдан тушларимга кўчиб юрган жиловсиз ўйларимга ёруғлик олиб киради. Тўрт девор оралиғида сиқилган миллионлаб ҳаёлларим сарҳадларидан ошиб чеки кўринмас томонларга ёйилиб мени тарк этади. Ва мен энди ўйсиз, фикрисиз, тушсиз қолдим. Кўзим ўнгида қиличдай ўткир нурлари ила қалбимга кириб олган офтоб кучидан мен ҳеч нарса, ҳеч ким ҳақида ўйламайдиган бўлдим.

Маъруф МЕНГЛИ
ОРАЛИҚ
Эпифания
005

003  Маъруф Менгли ( Манглиев) Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги Деҳқонбозор қишлоғида 1990-йил 13-август куни туғилган. Ўрта малумотли. Хоразм вилоятидаги Боғот сервис ва касб-ҳунар коллежида 2006-2009-йили таълим олган . 2009-2012-йили Урганч санъат коллежида кантракт асосида таҳсил олди.
   Ёш ижодкорнинг “Зериктирмас ёлғизлик” номли биринчи  китоби Хоразм нашриётида босилиб чиққан. Бир неча ҳикоялари вилоят ва республика газеталарида, шунингдек, «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти саҳифаларида эълон қилинган.

005

— Ҳали ярим тун бўлгани йўқ! Қуёшнинг ботгани ҳам ёлғон. Игна тешигидан тушгулик нур ҳам қолмаганига сираям ишонмайман. Бунинг ҳамммаси уйдирма. Чарчадим. Шу сабабли ўзим яратган тунни ўзим инкор қилолмай гаранг бўляпман. Жиддий ўйлаб қараганда тун бугун эмас, у ўтган кечаги кун эди. Кечаги кун эса, куз шамолида соврилган япроқ сингари манзилсиз бир томонга кетиб қолган. Ахир кун бўйи тун бўлиши мумкин эмас. Ақлга сиғдириб бўлмас даражада мантиқсизлик.

Эрта тонг олтиндай товланаётга қуёш менга нигоҳини қадаб, тушларимдан тушларимга кўчиб юрган жиловсиз ўйларимга ёруғлик олиб киради. Тўрт девор оралиғида сиқилган миллионлаб ҳаёлларим сарҳадларидан ошиб чеки кўринмас томонларга ёйилиб мени тарк этади. Ва мен энди ўйсиз, фикрисиз, тушсиз қолдим. Кўзим ўнгида қиличдай ўткир нурлари ила қалбимга кириб олган офтоб кучидан мен ҳеч нарса, ҳеч ким ҳақида ўйламайдиган бўлдим. Қайтадан туғилгандай ҳис қилдим ўзимни. Ўйсиз бўшаб қолган ичимдаги бўшлиқ энди фақат нур билан тўлади. Бошини тупроқдан узиб қаддини баланд қилган ниҳол энди қалбим зиёсидан ранг олади. Ҳа, айнан шундай бўлади. Энди ёмғир ёғмайди, энди шамол эсмайди. Энди барк ёзган ниҳол мунаввар кундан баҳра олади. Қуёшнинг иссиқ нурида тобланган қалбим билан минг йил яшаш истагида қарор қабул қиламан.

* * *

Дунёни бўлишиш, эгилмас руҳларни синдириш, қон сачратаётган кескир қилични чангаллаб одамга хужум қилиш ва унинг қони билан дарёни тўлдириш истаги пок дилимга болта урган ва қуёшсиз қолдирган энг даҳшатли қурол бўлди.

Узоқ чалинган нара жангга чорлаётганди. Онамга ёлвордим: мени қутқар! Сен берган меҳр важоҳатга айланиб томирларимда ёвузлик оқишини асло, асло истамайман, Она! Агар кетсам, сенга қайтишга йўл ёпилади — бу мен кетганда ва сочимга одам қони текканда бошланади. Шунда ҳамма нарсани батамом унутиб қўяман: Сен ҳақдаги пок ҳаёллар ҳам мени бошқа асрай олмай қолади. Қўрқяпман… Ўлимдан ҳам даҳшатлироқ кучдан қўрқяпман… Намозинг сўнгидаги дуода мени йўқламай қўйсангчи… Ўзим тирик бўла туриб, қабрим бошида турсангу “Болам” деб йиғламай қўйсангчи… Индамайсан. Ҳаммасини ўзимга қўйиб берасан. “Бор, ўзинг билан кураш!”, дейсан. Қўлим қалтирайди. Тириклигимдан қўрқаман.
Мени кимдир секин-секин ҳазм қилаётгандай туйилади. Оқибатда давосиз дардга бутун вужудим таслим бўлади. Шунда миям нималар биландир тўла бошлайди. Ҳа, яна ўйлай бошлайман. Фикрлйман. Ичим эса борган сари тўлиб боради. Томирларимда руҳимдай мусаффо қоним энди қизил рангга айланди. Ўз ўзимни енгмоқ истагида борса келмас, охири кўринмас номаълумлик томон боравераман. Кўзига қон тўлган, ўлим шарпалари билан ўйин ўйнаётган мижғов жангчилардан нафратланиш ва бор кучим билан чакка томирларим бўртгудай қичқириб, уларнинг миясига тиғ санчиш пайида тошданда қаттиқ қотиб қуёшга панжа босгудай оломон орасига шўнғиб кетаман. Энди билдим: мен энди қайтиб бўлмас даражада ичимга ичкарилаб кетибман.

Ичимда Буюк Куч учун кураш бошланганди.

Энди қуёшга қайтиш, уни ўйлаш сувсиз қолган ўзандай кўмилиб йўқ бўлиб борарди.

* * *

Китобни ёпиш ёки бошқа саҳифани очиш керак, шунда тушунуксиз, алғов-далғов ўйлардан қутилиш мумкин. Йиллар аро оламни титритган уруш ниҳоят китоб тугагани сингари якун топти. Бу орада ҳам кучдан, ҳам ўзлигимдан мосуво бўлдим. Тобора ўтмаслашаётган руҳим мана барини унутяпти. Буюк урушдан на ном, на нишон қолди. Фақат миллионлаб жасадлар кўмилмай ҳар ёқда сочилиб ётарди. Одамларга қўшилиб уларнинг цивилизацияси, илмлари, дунёни забт қилган техникалари ва уларни боқиб турган табиат бутунлай фалокатга юз тутди. Ер сайёраси ўлими яқин чолдай мункиллаб қолган эди. Заминда на ҳайвон, на бир зоғ қолди. Ҳамма мавжудот ўлди. Онам ҳам…

Мен эса ҳамон тирикман ва бошим узра учиб мени ҳам жон таслим қилишимни кутаётган қузғун ҳам. У ёнимга қўнади. Унинг нигоҳида алланечук мазаҳ бор эди. Нимага келдинг, дейман унга. Сен қачон ўласан, дейд у. Мен ҳали ўлмаслигимни бўлмаслигимни, аввал унинг жонини олишимни айтаман. Қузғун устимдан кулади.

У билан бир хил ўйлай бошлаймиз ва взоқ суҳбатлашамиз — уруш ҳақида. Чеки кўринмас йўл ҳақида. Бу йўл қаерга, нимага олиб боришини тахмин қиламиз, холос.

Унинг фикрича мен тирик қолишим мўжиза эмиш. Ва яна кимдир ўлмаган, дейди. Биргаликда учинчи тирик жонни қидирамиз. Биздан унча узоқ бўлмаган жойда ўша биз қидирган учинчи жон тиззалаб ўтириб бошини эгиб олган. Фақат йиғлайди. Йиғлагани йиғлаган. Унга нимадир дейишни ҳам, нима деб чақиришни ҳам билмаймиз. Кўз ёшлари чирий бошлаган жасад устига томади. Осмонга бир қарайдию чуқур нафас олади.

Унинг кимлигини қузғундан сўрайман. Одам эмас, дейди. Одам бўлмаса ким? Янги мавжудотми? Мукаммал яралувчи шуми? Наҳотки? У ҳам йиғлар эканда?…

Қузғун бақириб кулади. Ахир охирги одамнинг жони узилдику, дейди. Ҳа, чиндан сўнги одам ҳозиргина ўлди. Фожиа. Энди бошқа фожиа, бошқа хато бўлмайди. Энди фақат музаффарият! Энди фақат олға! Янги дунё эгалари, янги цивилизация асочилари дунё яратади!

Шошма… Охирги одам жон берган бўлса, унда мен кимман? Менинг одам эмаслигимга ким далил келтиради? Ахир танамда жоним бор, яшаяпман. Одам сингари ўйлайман, одам сингари танам бор. Нега унда мен одам эмасман?! Ким мени одам қаторидан чиқарди?! Бунга ким журат қилди. Қани, айтчи?! Сен қузғунсан. Одам гўштини ҳам ейсан. Тубанлашиб кетгансан. Аммо қузғунсан. Нега?… Нега сени қузғунлар қаторидан чиқариб ташлашмади?… Индамайсан.

Қойил. Демак, энди мен янги дунё яратаман. Янги одам, янги ой, янги сув, янги ер, янги қуёшни яратман. Ва мен якка мутлоқ ҳукумдор бўламан. Мен одамман, ишон. Янги оламимда, Одамман. Худо мени яратди, Сени ҳам. Аммо сен қузғун бўлиб яратилгансан, мен эса одам — одамга ўхшаш одам. Мен буюк куч эгасиман. Мен Буюкман. Янги цивилизацияга асос соламан. Унда сен авлодларинг билан менга қул бўласан. Менга тазим қиласан. Мен ва менинг зурриёдларим одам эмас, ҳам ақлан, ҳам жисмонан ундан кучли бўлади.

Ҳой, менга қара, нега йиғлайверасан? Ўликларнинг ҳар биттасига шунча йиғласанг, адо бўлсанку. Кел, яхшиси сенга ёрдам бераман… Сени шулар қаторига қўшиб қўяман… Менга ундай қарама, шунда сенга осон бўлади, рост айтяпман. Битта ўзинг бу ерда нима қиласан? Мен… мени вақти соатим бор, қузғун шундай деган.

У тўхтамасдан йиғларди. Куюнма. Бу жасадларни кўмиш керак. Менга ёрдамлаш.

Миллионта ўликкни сиғдириш учун бу четидан у чети зўрға кўринадиган ернинг нариги ёғидан тешиб чиққудай гўр қазидик. Ҳамма жасадларни кўмдик. Бир уюм тупроққа қабр тоши ўрнатишга ўрнатдигу, аммо унга нима деб ёзишни билмадик. Анча ўйга толдик. Бу ерда ота ва болалар ётибди, деб ёздик. Анча енгил тортдик.

Қузғун энди учишни ташлади. Қолган қутган емиш дардида сарсон эди. Иккаламизга бир нима демоқчи бўладию лекин индамайди. Бир қараб хўрсинади. Очликдан мадорсизланади.
Қани менга айтчи, бир-биримиздан фарқимиз нимада? Сенинг устунлигинг ё ожизлигинг нимада? Мендан кучлимисан?… У индамади. Иккимиздан биримиз биримизга бўйсунишимиз керак, ахир. Билмадим, миямга қаердандир шу фикр келди. Буни аниқ биламан, мен сенга бўйин эгмайман. Бундан келиб чиқадики, сен менга қул бўласан.

Ниманингдир саси эшитиляпти. Мендан эмас, шовқин сендан эшитиляпти. Демак, сен розисан?

Кенг бўшлиқ ичидан эриб бораётгандайман.

Сен ҳам жангда бўлгансан!!! Одамларни сен қиргансан! Мен сени мавҳ этаман. Сендан инсониятнинг ўчини оламан. Миллиарт йилдан сўнг биринчи одам пайдо бўлганда мен олган қасос учун ўзи, ҳам авлоди қарздор бўлади. Шунда мени илоҳийлаштиришади. Тош ҳайкалимни ясаб, менга сиғинишади.

Қузғун бир фалокат бўлишини сезиб биздан узоқлашади. Қилтириқ оёқларини чаққонлик билан пилдиратиб ҳаёжон билан биздан кўзини узмай қараб туради. Бақириқ, муросасиз олишув ҳар иккаламизни ҳам еб боради. Сени таслим қилишим, аниқроғи йўқ қилишим керак. Сен ҳам худди шу ҳақда ўйлаяпсан.

Тўхта! Агар мен ҳалок бўлсам нима бўлади, шу ҳақда ўйладингми? Бу на сендан, на одамдан нишон қолмайди, деганику. Йўқ, мен қўрққанимдан айтаётганим йўқ.

Менда руҳ бор, мен ўйлашни биламан. Одам мендан тарқаса меҳр-оқибатли бўлишига ишонаман. Шунда улар буюклик сари боришади. Жарликка тортаётган тубанликдан, ўлимдан баланд туришади. Уларнинг ичида оппоқ, кичкина мавжудот бўлади. Уларни тўғри йўлга бошлаб, доим ғуборсиз бўлишга ундашади. Мана мен яратган олам қандай бўлади. Касалликсиз олам соғлом руҳни туғиб бораверади.

Дунёни кўзсиз кўраётган, иккита миясига ўзи ҳам чўкиб кетган ва абадий тириклик жазосини олган янги макон эгалари ғолиблиги ва туйғусизлиги уларни мукаммалшатириб бораверади. Менинг руҳим умрини яшаб бўлди. Сен ғолибсан. Дунё сеники! Ол уни! Билганингча яша. Шуни унутма: Сен бошланса туганмас оғриққа, ботса отмас тонгга томон кетиб боряпсан. Мен сенга тўсиқ эдим, онанг юборган тўсиқ эдим. Мени енгдинг…

Қузғун ўлаётган мавжудотни тинглаб, менга ва унга қарайди. Ўйлайди. Ким ҳақ? Ким тўғри гапиряпти, кимнинг гапига қўшилиш мумкин? Мен тараф бўлишга интилади. Иккиланади. Орқасига ўгирилиб учиб кетмоқчи бўлади, учолмайди. Аммо учишни жуда истайди. У тушинадики учишини бугунгидай кучли истак билан ҳис этмаган. Мен уни чақираман. Сен ҳал қил, кимни танлайсан, дейман. Сен ким томон бўлсанг, икки куч бир кучни енга олади. Иккимиз ҳам сенинг ёрдаминга муҳтожмиз. Гапир!

Қузғун қўрқиб кетади. Гоҳ менга, гоҳ унга, гоҳ янги қабр тошга қарайди. Нимадир демоқчи бўлади, деёлмайди. Фикри тарқоқлигидан қийналади. Рақибим уни қистайди.
Кутганимдай қузғун мени танлайди. Иккаламиз унга ҳужум қиламиз. У ҳалок бўлади…

Қузғун уни кўмишнинг кераги йўқлигини ва уёқ-буёқда айланиб келишимни сўрайди. Унга раҳмат айтиб, қаёққадир кетаман.

Ҳали ярим тун бўлгани йўқ. Йўл ҳам поёнига етмади. Фақат руҳимдаги тарқоқлик ҳалигача тугамади. Бугун на кеч, на кундуз. Антиқа бир ҳол. Менмимча қуёш портлаган бўлса керак. Ҳар ёқдаги ялтироқ нимарсалар айнан қуёшнинг синиқлари бўлса керак.

Денгизнинг ҳайқириғи баралла эшитилади. Бирдан эмас, секин-секин қўрқув уйғотади. Уммон булут сингари фалакни зич эгаллайди. Ёмғир ёғмайди. Бу ерда ёмғирнинг ўзи йўқ. Одимлаганим сайин тўрт тарафимдан сув девори шиддат билан бостириб келаверади. Мен буни аввалдан сезганимдай турган жойимдан силжимайман. Ўзимга раҳмим келади. Жуда-жуда ожизлигимни мана бугун ҳис этаман. Кўзим тугул дилимда ёш айланади. Мен ортга қайтиб бўлмас йўлда қайтишни истамай гуноҳлар юкида ўзимни аранг тутиб туриб ҳам руҳим дарс кетганига, қора тун ичимга ўрмалаб кетганига ва мен энди Онамни буткул унутганимга ишонмай қўлимни баланд кўтараман. Ичимдан ҳайқириқ отилиб чиқади. Буюк имперянинг ҳоли энди менсиз нима бўлиши ҳақида ўйлайман… Абадий яшаш сири аслида ёлғон экан… Мен энди фожианинг ўзи бўлиб ўзимни ҳалок қиляпман. Оламни зир титратган эдим. Қиличдай кескир руҳим дарс кетди.

…Эгилдим… Хато қилганимни англадим.
Чўкяпман!

Қузғун, менга ёрдам бер?!
Даҳшат!

Ўлимни бўйнимга олиш осон бўлмади. Қузғун дом-дараксиз ғойиб бўлди. Шу билан уни унутишга, ўлим, тўфон ҳақида, денгиз қарида азоб тортаётганимда уммон юзидан сузиб ўтаётган ҳақида ўйламасликка урундим.

Ким билан минг йил тортишдим, ким билан ва нима билан жанг қилдим?… Йўқ нарсалар билан бўлмоғур ўйлар ўйладим. Мен ўзгарганим йўқ, мен ўзгармайман. Бундан афсусланмайман ё қувонмайман. Ҳа, шунақаман…

Яна ўйлай бошляпман. Ўйламайман дедиму яна шунча ўйлаб қўйдим. Тугатиш керак, менинг тубан ўйларимни. Мендан юз ўгираётган ҳаёллар мени чегарасиз бўшлиққа улоқтириб кетади. Шундай бўлгани маъқул. Мен ёлғиз қолсам камроқ яшайман, камроқ ўйлайман. Ва унутаман – ўзимни ҳам, сени ҳам. Ўзимку майли, сени унутиш менга олий қувонч бағишлайди. Яккалигимдан оҳанграбога эргашгим келади. Бу узун йўл. Мени ҳамон чорлаб турадиган, чексиз ва ҳадсиз йўл. Қадамлар остида фахр этадиган йўл мени чорлайди.
Янглишмаяпман! Бу аниқ.

Ҳали ярим тун бўлагани йўқ. Ишонмайман. Кеча тун эди. Бугун кундуз бўлиши керак.

Фикримдан қайтаришга урунманг. Барибир тан олмайман. Кун билан тун орасида нима бор? Ўша мен излаётган ҳаёт бор. Кўп ёруғ бўлмаган, кўп қоронғу ҳам бўлмаган ҳаёт бор.

Сиз ярим тун бўлди деяпсиз. Қузғун ҳайратланиб сўзларимни инкор қилиб, сен қуёшни кўрганмисан, деганди. Қуёш чиқадими, у қанақа дейишдан чарчамасди. Сиз ҳам қуёш қанақалигини биласизми… У худди ойга ўхшайди.

Толиқдим.

…бугун тунми? Айтинг??? Бугун қоронғуми? Нега индамайсиз… Жавоб берсангизчи?!…

Индамаяпсиз. Демак, бугун тун.

…Менга қуёшни топиб беринг!!! Топинг!

Эй Худо, ўзинг кечир…

006Ma’ruf MЕNGLI
ORALIQ
Epifaniya
005

Ma’ruf Mengli ( Mangliyev) Xorazm viloyatining Bog‘ot tumanidagi Dehqonbozor qishlog‘ida 1990-yil 13-avgust kuni tug‘ilgan. O‘rta malumotli. Xorazm viloyatidagi Bog‘ot servis va kasb-hunar kollejida 2006-2009-yili ta’lim olgan . 2009-2012-yili Urganch san’at kollejida kantrakt asosida tahsil oldi.
Yosh ijodkorning “Zeriktirmas yolg‘izlik” nomli birinchi kitobi Xorazm nashriyotida bosilib chiqqan. Bir necha hikoyalari viloyat va respublika gazetalarida, shuningdek, “Xurshid Davron kutubxonasi” sayti sahifalarida e’lon qilingan.

005

— Hali yarim tun bo‘lgani yo‘q! Quyoshning botgani ham yolg‘on. Igna teshigidan tushgulik nur ham qolmaganiga sirayam ishonmayman. Buning hammmasi uydirma. Charchadim. Shu sababli o‘zim yaratgan tunni o‘zim inkor qilolmay garang bo‘lyapman. Jiddiy o‘ylab qaraganda tun bugun emas, u o‘tgan kechagi kun edi. Kechagi kun esa, kuz shamolida sovrilgan yaproq singari manzilsiz bir tomonga ketib qolgan. Axir kun bo‘yi tun bo‘lishi mumkin emas. Aqlga sig‘dirib bo‘lmas darajada mantiqsizlik.

Erta tong oltinday tovlanayotga quyosh menga nigohini qadab, tushlarimdan tushlarimga ko‘chib yurgan jilovsiz o‘ylarimga yorug‘lik olib kiradi. To‘rt devor oralig‘ida siqilgan millionlab hayollarim sarhadlaridan oshib cheki ko‘rinmas tomonlarga yoyilib meni tark etadi. Va men endi o‘ysiz, fikrisiz, tushsiz qoldim. Ko‘zim o‘ngida qilichday o‘tkir nurlari ila qalbimga kirib olgan oftob kuchidan men hech narsa, hech kim haqida o‘ylamaydigan bo‘ldim. Qaytadan tug‘ilganday his qildim o‘zimni. O‘ysiz bo‘shab qolgan ichimdagi bo‘shliq endi faqat nur bilan to‘ladi. Boshini tuproqdan uzib qaddini baland qilgan nihol endi qalbim ziyosidan rang oladi. Ha, aynan shunday bo‘ladi. Endi yomg‘ir yog‘maydi, endi shamol esmaydi. Endi bark yozgan nihol munavvar kundan bahra oladi. Quyoshning issiq nurida toblangan qalbim bilan ming yil yashash istagida qaror qabul qilaman.

* * *

Dunyoni bo‘lishish, egilmas ruhlarni sindirish, qon sachratayotgan keskir qilichni changallab odamga xujum qilish va uning qoni bilan daryoni to‘ldirish istagi pok dilimga bolta urgan va quyoshsiz qoldirgan eng dahshatli qurol bo‘ldi.

Uzoq chalingan nara jangga chorlayotgandi. Onamga yolvordim: meni qutqar! Sen bergan mehr vajohatga aylanib tomirlarimda yovuzlik oqishini aslo, aslo istamayman, Ona! Agar ketsam, senga qaytishga yo‘l yopiladi — bu men ketganda va sochimga odam qoni tekkanda boshlanadi. Shunda hamma narsani batamom unutib qo‘yaman: Sen haqdagi pok hayollar ham meni boshqa asray olmay qoladi. Qo‘rqyapman… O‘limdan ham dahshatliroq kuchdan qo‘rqyapman… Namozing so‘ngidagi duoda meni yo‘qlamay qo‘ysangchi… O‘zim tirik bo‘la turib, qabrim boshida tursangu “Bolam” deb yig‘lamay qo‘ysangchi… Indamaysan. Hammasini o‘zimga qo‘yib berasan. “Bor, o‘zing bilan kurash!”, deysan. Qo‘lim qaltiraydi. Tirikligimdan qo‘rqaman.
Meni kimdir sekin-sekin hazm qilayotganday tuyiladi. Oqibatda davosiz dardga butun vujudim taslim bo‘ladi. Shunda miyam nimalar bilandir to‘la boshlaydi. Ha, yana o‘ylay boshlayman. Fikrlyman. Ichim esa borgan sari to‘lib boradi. Tomirlarimda ruhimday musaffo qonim endi qizil rangga aylandi. O‘z o‘zimni yengmoq istagida borsa kelmas, oxiri ko‘rinmas noma’lumlik tomon boraveraman. Ko‘ziga qon to‘lgan, o‘lim sharpalari bilan o‘yin o‘ynayotgan mijg‘ov jangchilardan nafratlanish va bor kuchim bilan chakka tomirlarim bo‘rtguday qichqirib, ularning miyasiga tig‘ sanchish payida toshdanda qattiq qotib quyoshga panja bosguday olomon orasiga sho‘ng‘ib ketaman. Endi bildim: men endi qaytib bo‘lmas darajada ichimga ichkarilab ketibman.

Ichimda Buyuk Kuch uchun kurash boshlangandi.

Endi quyoshga qaytish, uni o‘ylash suvsiz qolgan o‘zanday ko‘milib yo‘q bo‘lib borardi.

* * *

Kitobni yopish yoki boshqa sahifani ochish kerak, shunda tushunuksiz, alg‘ov-dalg‘ov o‘ylardan qutilish mumkin. Yillar aro olamni titritgan urush nihoyat kitob tugagani singari yakun topti. Bu orada ham kuchdan, ham o‘zligimdan mosuvo bo‘ldim. Tobora o‘tmaslashayotgan ruhim mana barini unutyapti. Buyuk urushdan na nom, na nishon qoldi. Faqat millionlab jasadlar ko‘milmay har yoqda sochilib yotardi. Odamlarga qo‘shilib ularning sivilizatsiyasi, ilmlari, dunyoni zabt qilgan texnikalari va ularni boqib turgan tabiat butunlay falokatga yuz tutdi. Yer sayyorasi o‘limi yaqin cholday munkillab qolgan edi. Zaminda na hayvon, na bir zog‘ qoldi. Hamma mavjudot o‘ldi. Onam ham…

Men esa hamon tirikman va boshim uzra uchib meni ham jon taslim qilishimni kutayotgan quzg‘un ham. U yonimga qo‘nadi. Uning nigohida allanechuk mazah bor edi. Nimaga kelding, deyman unga. Sen qachon o‘lasan, deyd u. Men hali o‘lmasligimni bo‘lmasligimni, avval uning jonini olishimni aytaman. Quzg‘un ustimdan kuladi.

U bilan bir xil o‘ylay boshlaymiz va vzoq suhbatlashamiz — urush haqida. Cheki ko‘rinmas yo‘l haqida. Bu yo‘l qayerga, nimaga olib borishini taxmin qilamiz, xolos.

Uning fikricha men tirik qolishim mo‘jiza emish. Va yana kimdir o‘lmagan, deydi. Birgalikda uchinchi tirik jonni qidiramiz. Bizdan uncha uzoq bo‘lmagan joyda o‘sha biz qidirgan uchinchi jon tizzalab o‘tirib boshini egib olgan. Faqat yig‘laydi. Yig‘lagani yig‘lagan. Unga nimadir deyishni ham, nima deb chaqirishni ham bilmaymiz. Ko‘z yoshlari chiriy boshlagan jasad ustiga tomadi. Osmonga bir qaraydiyu chuqur nafas oladi.

Uning kimligini quzg‘undan so‘rayman. Odam emas, deydi. Odam bo‘lmasa kim? Yangi mavjudotmi? Mukammal yaraluvchi shumi? Nahotki? U ham yig‘lar ekanda?…

Quzg‘un baqirib kuladi. Axir oxirgi odamning joni uzildiku, deydi. Ha, chindan so‘ngi odam hozirgina o‘ldi. Fojia. Endi boshqa fojia, boshqa xato bo‘lmaydi. Endi faqat muzaffariyat! Endi faqat olg‘a! Yangi dunyo egalari, yangi sivilizatsiya asochilari dunyo yaratadi!

Shoshma… Oxirgi odam jon bergan bo‘lsa, unda men kimman? Mening odam emasligimga kim dalil keltiradi? Axir tanamda jonim bor, yashayapman. Odam singari o‘ylayman, odam singari tanam bor. Nega unda men odam emasman?! Kim meni odam qatoridan chiqardi?! Bunga kim jurat qildi. Qani, aytchi?! Sen quzg‘unsan. Odam go‘shtini ham yeysan. Tubanlashib ketgansan. Ammo quzg‘unsan. Nega?… Nega seni quzg‘unlar qatoridan chiqarib tashlashmadi?… Indamaysan.

Qoyil. Demak, endi men yangi dunyo yarataman. Yangi odam, yangi oy, yangi suv, yangi yer, yangi quyoshni yaratman. Va men yakka mutloq hukumdor bo‘laman. Men odamman, ishon. Yangi olamimda, Odamman. Xudo meni yaratdi, Seni ham. Ammo sen quzg‘un bo‘lib yaratilgansan, men esa odam — odamga o‘xshash odam. Men buyuk kuch egasiman. Men Buyukman. Yangi sivilizatsiyaga asos solaman. Unda sen avlodlaring bilan menga qul bo‘lasan. Menga tazim qilasan. Men va mening zurriyodlarim odam emas, ham aqlan, ham jismonan undan kuchli bo‘ladi.

Hoy, menga qara, nega yig‘layverasan? O‘liklarning har bittasiga shuncha yig‘lasang, ado bo‘lsanku. Kel, yaxshisi senga yordam beraman… Seni shular qatoriga qo‘shib qo‘yaman… Menga unday qarama, shunda senga oson bo‘ladi, rost aytyapman. Bitta o‘zing bu yerda nima qilasan? Men… meni vaqti soatim bor, quzg‘un shunday degan.

U to‘xtamasdan yig‘lardi. Kuyunma. Bu jasadlarni ko‘mish kerak. Menga yordamlash.

Millionta o‘likkni sig‘dirish uchun bu chetidan u cheti zo‘rg‘a ko‘rinadigan yerning narigi yog‘idan teshib chiqquday go‘r qazidik. Hamma jasadlarni ko‘mdik. Bir uyum tuproqqa qabr toshi o‘rnatishga o‘rnatdigu, ammo unga nima deb yozishni bilmadik. Ancha o‘yga toldik. Bu yerda ota va bolalar yotibdi, deb yozdik. Ancha yengil tortdik.

Quzg‘un endi uchishni tashladi. Qolgan qutgan yemish dardida sarson edi. Ikkalamizga bir nima demoqchi bo‘ladiyu lekin indamaydi. Bir qarab xo‘rsinadi. Ochlikdan madorsizlanadi.
Qani menga aytchi, bir-birimizdan farqimiz nimada? Sening ustunliging yo ojizliging nimada? Mendan kuchlimisan?… U indamadi. Ikkimizdan birimiz birimizga bo‘ysunishimiz kerak, axir. Bilmadim, miyamga qayerdandir shu fikr keldi. Buni aniq bilaman, men senga bo‘yin egmayman. Bundan kelib chiqadiki, sen menga qul bo‘lasan.

Nimaningdir sasi eshitilyapti. Mendan emas, shovqin sendan eshitilyapti. Demak, sen rozisan?

Keng bo‘shliq ichidan erib borayotgandayman.

Sen ham jangda bo‘lgansan!!! Odamlarni sen qirgansan! Men seni mavh etaman. Sendan insoniyatning o‘chini olaman. Milliart yildan so‘ng birinchi odam paydo bo‘lganda men olgan qasos uchun o‘zi, ham avlodi qarzdor bo‘ladi. Shunda meni ilohiylashtirishadi. Tosh haykalimni yasab, menga sig‘inishadi.

Quzg‘un bir falokat bo‘lishini sezib bizdan uzoqlashadi. Qiltiriq oyoqlarini chaqqonlik bilan pildiratib hayojon bilan bizdan ko‘zini uzmay qarab turadi. Baqiriq, murosasiz olishuv har ikkalamizni ham yeb boradi. Seni taslim qilishim, aniqrog‘i yo‘q qilishim kerak. Sen ham xuddi shu haqda o‘ylayapsan.

To‘xta! Agar men halok bo‘lsam nima bo‘ladi, shu haqda o‘yladingmi? Bu na sendan, na odamdan nishon qolmaydi, deganiku. Yo‘q, men qo‘rqqanimdan aytayotganim yo‘q.

Menda ruh bor, men o‘ylashni bilaman. Odam mendan tarqasa mehr-oqibatli bo‘lishiga ishonaman. Shunda ular buyuklik sari borishadi. Jarlikka tortayotgan tubanlikdan, o‘limdan baland turishadi. Ularning ichida oppoq, kichkina mavjudot bo‘ladi. Ularni to‘g‘ri yo‘lga boshlab, doim g‘uborsiz bo‘lishga undashadi. Mana men yaratgan olam qanday bo‘ladi. Kasalliksiz olam sog‘lom ruhni tug‘ib boraveradi.

Dunyoni ko‘zsiz ko‘rayotgan, ikkita miyasiga o‘zi ham cho‘kib ketgan va abadiy tiriklik jazosini olgan yangi makon egalari g‘olibligi va tuyg‘usizligi ularni mukammalshatirib boraveradi. Mening ruhim umrini yashab bo‘ldi. Sen g‘olibsan. Dunyo seniki! Ol uni! Bilganingcha yasha. Shuni unutma: Sen boshlansa tuganmas og‘riqqa, botsa otmas tongga tomon ketib boryapsan. Men senga to‘siq edim, onang yuborgan to‘siq edim. Meni yengding…

Quzg‘un o‘layotgan mavjudotni tinglab, menga va unga qaraydi. O‘ylaydi. Kim haq? Kim to‘g‘ri gapiryapti, kimning gapiga qo‘shilish mumkin? Men taraf bo‘lishga intiladi. Ikkilanadi. Orqasiga o‘girilib uchib ketmoqchi bo‘ladi, ucholmaydi. Ammo uchishni juda istaydi. U tushinadiki uchishini bugungiday kuchli istak bilan his etmagan. Men uni chaqiraman. Sen hal qil, kimni tanlaysan, deyman. Sen kim tomon bo‘lsang, ikki kuch bir kuchni yenga oladi. Ikkimiz ham sening yordaminga muhtojmiz. Gapir!

Quzg‘un qo‘rqib ketadi. Goh menga, goh unga, goh yangi qabr toshga qaraydi. Nimadir demoqchi bo‘ladi, deyolmaydi. Fikri tarqoqligidan qiynaladi. Raqibim uni qistaydi.
Kutganimday quzg‘un meni tanlaydi. Ikkalamiz unga hujum qilamiz. U halok bo‘ladi…

Quzg‘un uni ko‘mishning keragi yo‘qligini va uyoq-buyoqda aylanib kelishimni so‘raydi. Unga rahmat aytib, qayoqqadir ketaman.

Hali yarim tun bo‘lgani yo‘q. Yo‘l ham poyoniga yetmadi. Faqat ruhimdagi tarqoqlik haligacha tugamadi. Bugun na kech, na kunduz. Antiqa bir hol. Menmimcha quyosh portlagan bo‘lsa kerak. Har yoqdagi yaltiroq nimarsalar aynan quyoshning siniqlari bo‘lsa kerak.

Dengizning hayqirig‘i baralla eshitiladi. Birdan emas, sekin-sekin qo‘rquv uyg‘otadi. Ummon bulut singari falakni zich egallaydi. Yomg‘ir yog‘maydi. Bu yerda yomg‘irning o‘zi yo‘q. Odimlaganim sayin to‘rt tarafimdan suv devori shiddat bilan bostirib kelaveradi. Men buni avvaldan sezganimday turgan joyimdan siljimayman. O‘zimga rahmim keladi. Juda-juda ojizligimni mana bugun his etaman. Ko‘zim tugul dilimda yosh aylanadi. Men ortga qaytib bo‘lmas yo‘lda qaytishni istamay gunohlar yukida o‘zimni arang tutib turib ham ruhim dars ketganiga, qora tun ichimga o‘rmalab ketganiga va men endi Onamni butkul unutganimga ishonmay qo‘limni baland ko‘taraman. Ichimdan hayqiriq otilib chiqadi. Buyuk imperyaning holi endi mensiz nima bo‘lishi haqida o‘ylayman… Abadiy yashash siri aslida yolg‘on ekan… Men endi fojianing o‘zi bo‘lib o‘zimni halok qilyapman. Olamni zir titratgan edim. Qilichday keskir ruhim dars ketdi.

…Egildim… Xato qilganimni angladim.
Cho‘kyapman!

Quzg‘un, menga yordam ber?!
Dahshat!

O‘limni bo‘ynimga olish oson bo‘lmadi. Quzg‘un dom-daraksiz g‘oyib bo‘ldi. Shu bilan uni unutishga, o‘lim, to‘fon haqida, dengiz qarida azob tortayotganimda ummon yuzidan suzib o‘tayotgan haqida o‘ylamaslikka urundim.

Kim bilan ming yil tortishdim, kim bilan va nima bilan jang qildim?… Yo‘q narsalar bilan bo‘lmog‘ur o‘ylar o‘yladim. Men o‘zgarganim yo‘q, men o‘zgarmayman. Bundan afsuslanmayman yo quvonmayman. Ha, shunaqaman…

Yana o‘ylay boshlyapman. O‘ylamayman dedimu yana shuncha o‘ylab qo‘ydim. Tugatish kerak, mening tuban o‘ylarimni. Mendan yuz o‘girayotgan hayollar meni chegarasiz bo‘shliqqa uloqtirib ketadi. Shunday bo‘lgani ma’qul. Men yolg‘iz qolsam kamroq yashayman, kamroq o‘ylayman. Va unutaman – o‘zimni ham, seni ham. O‘zimku mayli, seni unutish menga oliy quvonch bag‘ishlaydi. Yakkaligimdan ohangraboga ergashgim keladi. Bu uzun yo‘l. Meni hamon chorlab turadigan, cheksiz va hadsiz yo‘l. Qadamlar ostida faxr etadigan yo‘l meni chorlaydi.
Yanglishmayapman! Bu aniq.

Hali yarim tun bo‘lagani yo‘q. Ishonmayman. Kecha tun edi. Bugun kunduz bo‘lishi kerak.

Fikrimdan qaytarishga urunmang. Baribir tan olmayman. Kun bilan tun orasida nima bor? O‘sha men izlayotgan hayot bor. Ko‘p yorug‘ bo‘lmagan, ko‘p qorong‘u ham bo‘lmagan hayot bor.

Siz yarim tun bo‘ldi deyapsiz. Quzg‘un hayratlanib so‘zlarimni inkor qilib, sen quyoshni ko‘rganmisan, degandi. Quyosh chiqadimi, u qanaqa deyishdan charchamasdi. Siz ham quyosh qanaqaligini bilasizmi… U xuddi oyga o‘xshaydi.

Toliqdim.

…bugun tunmi? Ayting??? Bugun qorong‘umi? Nega indamaysiz… Javob bersangizchi?!…

Indamayapsiz. Demak, bugun tun.

…Menga quyoshni topib bering!!! Toping!

Ey Xudo, o‘zing kechir…

005

(Tashriflar: umumiy 243, bugungi 1)

1 izoh

  1. Маъруф Менгли асарлари ўзига хос. Инсоннинг мураккаб кечинмалари, руҳий дунёси, ички Мени ҳақида гапиради. Ундаги сўнги нафасгача тугамайдиган кураш ҳақида.

    Менга ёқди.

Izoh qoldiring