Ma’ruf Mengli. Ota

055    У қалбимга эккан тенги йўқ меҳр бугун унинг йўқлигини эслатиб турибди. Ҳа, уни йўқотиб қўйдим. Балки, эртага яна бари ўзгариб дилни ўртовчи, эслаганда уялгувчи қилмишларни қайтармаслик имкони бўлар… Орзуга ишониб яшайман…

077Маъруф МЕНГЛИ
ОТА
07

Маъруф Менгли ( Манглиев) Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги Деҳқонбозор қишлоғида 1990-йил 13-август куни туғилган. Ўрта малумотли. Хоразм вилоятидаги Боғот сервис ва касб-ҳунар коллежида 2006-2009-йили таълим олган . 2009-2012-йили Урганч санъат коллежида кантракт асосида таҳсил олди.
“Зериктирмас ёлғизлик” номли китоби Хоразм наширётида босилиб чиққан. Бир нечта ҳикояси вилоят ва республика газеталарида босилиб чиқиб турибди. 2013-йил Тошкент шахрида ўтказилган республика 5-истедод мактаби семинари иштирокчиси. Бухоро вилоятида ўтказилган Республика иқтидорли ёшлар танловида қатнашиб сертификат билан тақдирланган.

0444

Онгимдаги эскириб занг босган, совуқлиги танимни титратаётган, аслида унутилишга маҳкум бўлган энг жирканч ва қўрқинчли ўйларимнинг сарқитларини йўқ қилишга бор кучим кетиб қоляпти. Энг тоза туйғуларимни, У ҳали ҳаёт ва умрбоқий эканлигини руҳан ҳис қиламан – ўзимни ишонтириб, уйқудан бош кўтаришига интиламан. Менга қарши куч эса минглаб арқон билан танимни сиқиб боғлаб олиб, ҳар томонга тортила бошлайди ва мен, энди ожиз ва нотавон эканлигим учун ўзимни ёмон кўраман. Шунда эзилган руҳимни тош ортиқ босади. Оғир куч таъсиридан эгилгандан эгилиб боравераман ва кутилмаганда бошқа одамга айланиб қоламан. Шиддатли оғриқ зўридан ичимга ютаётган нафасимга қўшилиб ўзим ҳам ичимга кириб кетгудайман. Балки, аслида ичимдадирман, қоронғуликка қамалиб қуёш чиқишини кутиб, мен, ҳа, айнан ўзим ёруғликка айланаётгандирман. Энди яширинишдан, қўрқишдан маъно йўқ. Шохсупа бу – эртага мен билан отадиган тонг ва менинг руҳим зиёси. Бирдан ишончим ортади. Шу тариқа ўзим намоён бўламан. Менга бағишлаб битилаётган ашъорларни мағрур кузатаман. Баланд шохсупа узра савлат тўкиб оломонга қаддимни ростлаб, ўйламаган, унутилган, айнан, унутилган ўзлигимни пеш қиламан. Бошимдаги йиллар безаги ила тўлган тожнинг руҳидан руҳим ранг олиб бошимни осмонга етказади. Табассум қиламан. Мамнун ва фахр ила қўлимни мусаффо осмонда кўринаётган сиймо томон чўзиб ҳаммани отам тараф қаратаман. Отамнинг руҳидан ёғилаётган нур оламни эгаллайди. Қўлим кўксимда ёруғ юз билан Отамга бош эгаман.

Ота!

Бугун мен яшаяпман, кечаги руҳсиз ҳаётдан суғирилиб чиқдим. Унутувчи барча унутгувчиларни энди билмоқ, унутмоқ, улардан буткул узоқ бўлмоқ даркор. Мен қаттият ила Сизга Сўз бераман: мен ўзгараман. Борлиқ фақат уйғоқ ва борлар учун. Мен кутган энг гўзал ва аъло борлиқ сизга ўхшайди. Энди чекиниб бораётган ўзлигим ҳам, рўёларда адашиб қай бир манзилга боришим билмай тентираб, энди бари тугади, деб турганимда замин чексизлигидан сизиб келаётган навода ҳам Сизнинг руҳингиз ёлқини сезилади.

Чегарасиз ҳаёллар чексиз ҳам боғлаб ўйлатиб қўяди. Мен қай бири рўё, қай бири ҳақиқий эканлигини англамай қоламан. Кеча тушларимга илакишган ҳаёт бугун ҳам кўланкасини менга ташлайди.

У қалбимга эккан тенги йўқ меҳр бугун унинг йўқлигини эслатиб турибди. Ҳа, уни йўқотиб қўйдим. Балки, эртага яна бари ўзгариб дилни ўртовчи, эслаганда уялгувчи қилмишларни қайтармаслик имкони бўлар… Орзуга ишониб яшайман. Ўзимдан эмас, ўзгадан умид қилиш қалбан ўлиш демакдир. Ҳаёт фақат тирикликнинг ўзи эмас. Яашамоқликнинг бари ичкарида, узун, қоронғу йўл охирида, ўша ерда ҳаммасини билиб олиш мумкин. Отам бугун мени фарзандим, деб билармикан? Мен Отам каби бўлолмадим. У оғир кетмони билан қазиб чиқарган қудуқ сувидан ичмаганим, елкасига қуёшни ортиб олиб ёритган йўлларида юрмаганим бугун ошкор бўлди. Отамнинг юзидаги нур сўниб, боши эгилса, менинг бошим унинг бошидан ҳам қуйироққа эгилади. Мен унга, у менга индамайди, иккимиз ҳам нималарнидир ўйлаб қоламиз. Жимман, ҳатто сониянинг сасидан чўчийман. Нафас олмоқ ҳам шовқин солишга ўхшаб қолади.

Отам яхши инсон эди, ҳар кунида менга бир умр берарди. Умрим шу зайил абадийликка уланиб, чанбарчас боғланиб кетарди. У қарияпти, табассуми, руҳи, қадди эгилиб қолган. Сочига оқ оралагани ва ҳар оқ тола учун мен жавобгарлигимни мен ҳам отам ҳам билиб турибмиз. Отамнинг ҳаётини зулукка ўхшаб сўриб оляпман. Бор кучим билан улуғ манзиллар сари еляпман. Ўйларимга эргашиб Отамни қоронғуликда қолдириб кетяпман. Ҳайронман. Топганим кўпми, йўқотганим? Ўзим ҳақимдаги ҳаёлим отам ҳақидаги ўйларни сиқиб чиқарди. Фақат ўзимни, ўйларимни ўйлайдиган бўлиб қолдим. Ўзимни саноқсиз менларга кўпайтириб ўзимга ўхшайдиганларнинг сонини оширдим. Улар билан ҳамсуҳбат, қадрдон, ҳамфикр бўлдим. Бутун бошли оламни яратиб қўйиб, тушларимда кезиб юрган руҳларни ва минглаб ўзлигимнинг ҳокими бўлдим. Умримга зеб бериб турган, асл борлиқни англатиб, ҳаёлдан мени суғириб олган ва моҳиятан туғдирган моҳиятни тан олмай қўйдим. Мен кутмаганда, ўйламаганда, ва, балки, истамаган бир тарзда қаттиқ фелли одам бўлдим. Тошдай, метиндай одам бўлдим. Енгилмас, забардаст одам менлигимга отамнинг шубхаси йўқ. Бу унинг қарашидан биланарди.

Отамнинг дуога очилган қўлларида титроқ, лаблари пичирлаб нималардир дейди. Ўзининг босиб ўтган йўлларига разм солиб бутун умри менга бахш этилганини, қулаган иродасида менинг аксим борлигини ва энди қайтмоқ барига кўз юммоқ керак, энг оғири ва энг дахшатлиси шу эканидан азоб тортади. Ҳассасига ўзи эмас бор ҳаёти, тоат-ибодати суяниб бораётганидай қадди табора эгилади. Танидан куч кетиб хорғинлаган куйи бир тарафга кета бошлайди. У гўё ҳаёлларига, топилмас бўлиб кетган энг тоза хотираларига қайтади. Шаффоф олам ичра топилмас, гўё йўқолиб қолишни ихтиёр қилади. Ажиб гўзалликдан баҳра олар, кезиб юрган руҳлар ифори ва тинч, осуда, менсиз олам Отамни боғлаб қолади. Ўз ичида қолиб кетишни, ўзига қайтишни истамайди ва энди ором топмоқ, бугун қуёш чиқмоқ рўё эмаслигига ишонади. Отам дуо ўқир экан бармоқлари орасидан меҳр сизиб чиқарди. Дуосини ўқиб бўлгач юзига фотиҳа тортади. Водариғ энди умид қилмайди, яшамайди ва менга қарашни ҳам билмайди. Мен отамга боқмай турган бўлсамда буни сезиб, билиб тураман.

Мен ўзимни кучли санайман. Аммо отамчалик эмас. У бошқача одам. У Инсон. Мен эса унинг соясиман, холос. Отамга ўхшаш, отамдай бўлиш ушалмас, минг йилда ҳам унутилмас ва умрим охиригача ҳаёлларимни банд этиб этиб туради. Мен ўзимга ишонмай, мавжудлигимга ва яшаётганимга амин бўлмоқ учун моҳиятга етиш истагини туйдим. Қидирдим, изладим ва бугун билдим. Биргина овоз қулоғимга кириб дилимгача етиб келди. Оҳанг сеҳридан юз йиллик уйқудан зумда уйғондим. Ўлик танимга жон таралди. Тирилиш лаззатидан маст ҳолда оламга разм соламан. Гўзаллик ичра сузиб бориб оҳангга пешвоз чиқаман. Чопаман. У олиб кетаётган тараф беиҳтиёр руҳимда кўтаринкилик ила эргашардим. Чексиз замин узра ястанган оппоқ борлиқ аро на тириклигимни, на ўликлигимни билмай хуш овоз элтган, руҳимга яқин одамга қучоғимни очдим. Унинг юзини кўрмоқ истагида нигоҳларига қадалдим… Ота… У ҳарир либосларида менга қараб турарди.

Урушга бордим. Бутун умр ўзим билан жанг қилдим. Туннинг зулматида узун йўлда қиёфадошларим билан душман томон олға борамиз. Жангда ҳалок бўлган жасадларим ҳар ёқда сочлиб ётар, чеки кўринмас, қора рангга сингиб кетган кун энди, албатта ҳеч юз кўрсатмас энг қўрқинчлиси бу жанг замон тугасада ҳеч тугамас эди. Бу онгимда бонг урган энг кучли сас бўлиб эштилди. Қулоқни қоматга келтирган қичқириқлар авж олиб борган сари тугаммас уруш онггим сарҳадларидан ошиб бораверарди. Мен ўзимни йўқотиб, бир-бирининг бошини еб умрига зомин бўлаётган ҳамма ўзлигимни унутиб, чин ёв, дея кўзларимни маҳкам юмиб олдинга кучлироқ интиламан. Ўш тарафга етиш керак, етгач худди ҳаммаси якун топади. Уруш ҳам, қичқириқлар ҳам ва ҳатто тун ҳам тинчийди. Умр бўйи давом этган қирғинбарод жанг менинг ғалабам ва мағлубиятим билан тугайди. Шунда барини унутишига бошқатдан яшашга куч топиш истагини туяман ва замонлар ортидан эргашиб сарсон бўлган, яшашга энди киришдим деганда мангу уйқу ҳиссини қалбан туя бошлаган энг қўрқинчли куч таъсиридан азоб тортаман. Қаддини тик тутганча қуёш чиқар тарафга тикилган Отамга қалбан суянаман. Руҳим шаффофлашади. Қадоқ қўлларини сиқаман. Отам ним табассум қилади, ҳассасини ташлаб менга суянади. Нималардир деб шивирлайди. Сўнг қўлларини дуога очиб оят тиловат қилади. Отамга қўшилиб юзимга фотиҳа тортаман. Ичимда бўшлиқ тўлишиб, руҳим тўлади. Ярим умримни яшаб бўлиб бошқатдан туғиламан ва бошқатдан тилга кириб, бошқатдан Отамни таний бошлайман.

ТАМОМ.

09

Ma’ruf  MENGLI
OTA
07

Ma’ruf Mengli ( Mangliev) Xorazm viloyatining Bog’ot tumanidagi Dehqonbozor qishlog’ida 1990-yil 13-avgust kuni tug’ilgan. O’rta malumotli. Xorazm viloyatidagi Bog’ot servis va kasb-hunar kollejida 2006-2009-yili ta’lim olgan . 2009-2012-yili Urganch san’at kollejida kantrakt asosida tahsil oldi.
“Zeriktirmas yolg’izlik” nomli kitobi Xorazm nashiryotida bosilib chiqqan. Bir nechta hikoyasi viloyat va respublika gazetalarida bosilib chiqib turibdi. 2013-yil Toshkent shaxrida o’tkazilgan respublika 5-istedod maktabi seminari ishtirokchisi. Buxoro viloyatida o’tkazilgan Respublika iqtidorli yoshlar tanlovida qatnashib sertifikat bilan taqdirlangan.

0444

Ongimdagi eskirib zang bosgan, sovuqligi tanimni titratayotgan, aslida unutilishga mahkum bo’lgan eng jirkanch va qo’rqinchli o’ylarimning sarqitlarini yo’q qilishga bor kuchim ketib qolyapti. Eng toza tuyg’ularimni, U hali hayot va umrboqiy ekanligini ruhan his qilaman – o’zimni ishontirib, uyqudan bosh ko’tarishiga intilaman. Menga qarshi kuch esa minglab arqon bilan tanimni siqib bog’lab olib, har tomonga tortila boshlaydi va men, endi ojiz va notavon ekanligim uchun o’zimni yomon ko’raman. Shunda ezilgan ruhimni tosh ortiq bosadi. Og’ir kuch ta’siridan egilgandan egilib boraveraman va kutilmaganda boshqa odamga aylanib qolaman. Shiddatli og’riq zo’ridan ichimga yutayotgan nafasimga qo’shilib o’zim ham ichimga kirib ketgudayman. Balki, aslida ichimdadirman, qorong’ulikka qamalib quyosh chiqishini kutib, men, ha, aynan o’zim yorug’likka aylanayotgandirman. Endi yashirinishdan, qo’rqishdan ma’no yo’q. Shoxsupa bu – ertaga men bilan otadigan tong va mening ruhim ziyosi. Birdan ishonchim ortadi. Shu tariqa o’zim namoyon bo’laman. Menga bag’ishlab bitilayotgan ash’orlarni mag’rur kuzataman. Baland shoxsupa uzra savlat to’kib olomonga qaddimni rostlab, o’ylamagan, unutilgan, aynan, unutilgan o’zligimni pesh qilaman. Boshimdagi yillar bezagi ila to’lgan tojning ruhidan ruhim rang olib boshimni osmonga yetkazadi. Tabassum qilaman. Mamnun va faxr ila qo’limni musaffo osmonda ko’rinayotgan siymo tomon cho’zib hammani otam taraf qarataman. Otamning ruhidan yog’ilayotgan nur olamni egallaydi. Qo’lim ko’ksimda yorug’ yuz bilan Otamga bosh egaman.

Ota!

Bugun men yashayapman, kechagi ruhsiz hayotdan sug’irilib chiqdim. Unutuvchi barcha unutguvchilarni endi bilmoq, unutmoq, ulardan butkul uzoq bo’lmoq darkor. Men qattiyat ila Sizga So’z beraman: men o’zgaraman. Borliq faqat uyg’oq va borlar uchun. Men kutgan eng go’zal va a’lo borliq sizga o’xshaydi. Endi chekinib borayotgan o’zligim ham, ro’yolarda adashib qay bir manzilga borishim bilmay tentirab, endi bari tugadi, deb turganimda zamin cheksizligidan sizib kelayotgan navoda ham Sizning ruhingiz yolqini seziladi.

Chegarasiz hayollar cheksiz ham bog’lab o’ylatib qo’yadi. Men qay biri ro’yo, qay biri haqiqiy ekanligini anglamay qolaman. Kecha tushlarimga ilakishgan hayot bugun ham ko’lankasini menga tashlaydi.

U qalbimga ekkan tengi yo’q mehr bugun uning yo’qligini eslatib turibdi. Ha, uni yo’qotib qo’ydim. Balki, ertaga yana bari o’zgarib dilni o’rtovchi, eslaganda uyalguvchi qilmishlarni qaytarmaslik imkoni bo’lar… Orzuga ishonib yashayman. O’im emas o’zgadan umid qilish qalban o’lish demakdir. Hayot faqat tiriklikning o’zi emas. Yaashamoqlikning bari ichkarida, uzun, qorong’u yo’l oxirida, o’sha yerda hammasini bilib olish mumkin. Otam bugun meni farzandim, deb bilarmikan? Men Otam kabi bo’lolmadim. U og’ir ketmoni bilan qazib chiqargan quduq suvidan ichmaganim, yelkasiga quyoshni ortib olib yoritgan yo’llarida yurmaganim bugun oshkor bo’ldi. Otamning yuzidagi nur so’nib, boshi egilsa, mening boshim uning boshidan ham quyiroqqa egiladi. Men unga, u menga indamaydi, ikkimiz ham nimalarnidir o’ylab qolamiz. Jimman, hatto soniyaning sasidan cho’chiyman. Nafas olmoq ham shovqin solishga o’xshab qoladi.

Otam yaxshi inson edi, har kunida menga bir umr berardi. Umrim shu zayil abadiylikka ulanib, chanbarchas bog’lanib ketardi. U qariyapti, tabassumi, ruhi, qaddi egilib qolgan. Sochiga oq oralagani va har oq tola uchun men javobgarligimni men ham otam ham bilib turibmiz. Otamning hayotini zulukka o’xshab so’rib olyapman. Bor kuchim bilan ulug’ manzillar sari yelyapman. O’ylarimga ergashib Otamni qorong’ulikda qoldirib ketyapman. Hayronman. Topganim ko’pmi, yo’qotganim? O’zim haqimdagi hayolim otam haqidagi o’ylarni siqib chiqardi. Faqat o’zimni, o’ylarimni o’ylaydigan bo’lib qoldim. O’zimni sanoqsiz menlarga ko’paytirib o’zimga o’xshaydiganlarning sonini oshirdim. Ular bilan hamsuhbat, qadrdon, hamfikr bo’ldim. Butun boshli olamni yaratib qo’yib, tushlarimda kezib yurgan ruhlarni va minglab o’zligimning hokimi bo’ldim. Umrimga zeb berib turgan, asl borliqni anglatib, hayoldan meni sug’irib olgan va mohiyatan tug’dirgan mohiyatni tan olmay qo’ydim. Men kutmaganda, o’ylamaganda, va, balki, istamagan bir tarzda qattiq felli odam bo’ldim. Toshday, metinday odam bo’ldim. Yengilmas, zabardast odam menligimga otamning shubxasi yo’q. Bu uning qarashidan bilanardi.

Otamning duoga ochilgan qo’llarida titroq, lablari pichirlab nimalardir deydi. O’zining bosib o’tgan yo’llariga razm solib butun umri menga baxsh etilganini, qulagan irodasida mening aksim borligini va endi qaytmoq bariga ko’z yummoq kerak, eng og’iri va eng daxshatlisi shu ekanidan azob tortadi. Hassasiga o’zi emas bor hayoti, toat-ibodati suyanib borayotganiday qaddi tabora egiladi. Tanidan kuch ketib xorg’inlagan kuyi bir tarafga keta boshlaydi. U go’yo hayollariga, topilmas bo’lib ketgan eng toza xotiralariga qaytadi. Shaffof olam ichra topilmas, go’yo yo’qolib qolishni ixtiyor qiladi. Ajib go’zallikdan bahra olar, kezib yurgan ruhlar ifori va tinch, osuda, mensiz olam Otamni bog’lab qoladi. O’z ichida qolib ketishni, o’ziga qaytishni istamaydi va endi orom topmoq, bugun quyosh chiqmoq ro’yo emasligiga ishonadi. Otam duo o’qir ekan barmoqlari orasidan mehr sizib chiqardi. Duosini o’qib bo’lgach yuziga fotiha tortadi. Vodarig’ endi umid qilmaydi, yashamaydi va menga qarashni ham bilmaydi. Men otamga boqmay turgan bo’lsamda buni sezib, bilib turaman.

Men o’zimni kuchli sanayman. Ammo otamchalik emas. U boshqacha odam. U Inson. Men esa uning soyasiman, xolos. Otamga o’xshash, otamday bo’lish ushalmas, ming yilda ham unutilmas va umrim oxirigacha hayollarimni band etib etib turadi. Men o’zimga ishonmay, mavjudligimga va yashayotganimga amin bo’lmoq uchun mohiyatga yetish istagini tuydim. Qidirdim, izladim va bugun bildim. Birgina ovoz qulog’imga kirib dilimgacha yetib keldi. Ohang sehridan yuz yillik uyqudan zumda uyg’ondim. O’lik tanimga jon taraldi. Tirilish lazzatidan mast holda olamga razm solaman. Go’zallik ichra suzib borib ohangga peshvoz chiqaman. Chopaman. U olib ketayotgan taraf beihtiyor ruhimda ko’tarinkilik ila ergashardim. Cheksiz zamin uzra yastangan oppoq borliq aro na tirikligimni, na o’likligimni bilmay xush ovoz eltgan, ruhimga yaqin odamga quchog’imni ochdim. Uning yuzini ko’rmoq istagida nigohlariga qadaldim… Ota… U harir liboslarida menga qarab turardi.

Urushga bordim. Butun umr o’zim bilan jang qildim. Tunning zulmatida uzun yo’lda qiyofadoshlarim bilan dushman tomon olg’a boramiz. Jangda halok bo’lgan jasadlarim har yoqda sochlib yotar, cheki ko’rinmas, qora rangga singib ketgan kun endi, albatta hech yuz ko’rsatmas eng qo’rqinchlisi bu jang zamon tugasada hech tugamas edi. Bu ongimda bong urgan eng kuchli sas bo’lib eshtildi. Quloqni qomatga keltirgan qichqiriqlar avj olib borgan sari tugammas urush onggim sarhadlaridan oshib boraverardi. Men o’zimni yo’qotib, bir-birining boshini yeb umriga zomin bo’layotgan hamma o’zligimni unutib, chin yov, deya ko’zlarimni mahkam yumib oldinga kuchliroq intilaman. O’sh tarafga yetish kerak, yetgach xuddi hammasi yakun topadi. Urush ham, qichqiriqlar ham va hatto tun ham tinchiydi. Umr bo’yi davom etgan qirg’inbarod jang mening g’alabam va mag’lubiyatim bilan tugaydi. Shunda barini unutishiga boshqatdan yashashga kuch topish istagini tuyaman va zamonlar ortidan ergashib sarson bo’lgan, yashashga endi kirishdim deganda mangu uyqu hissini qalban tuya boshlagan eng qo’rqinchli kuch ta’siridan azob tortaman. Qaddini tik tutgancha quyosh chiqar tarafga tikilgan Otamga qalban suyanaman. Ruhim shaffoflashadi. Qadoq qo’llarini siqaman. Otam nim tabassum qiladi, hassasini tashlab menga suyanadi. Nimalardir deb shivirlaydi. So’ng qo’llarini duoga ochib oyat tilovat qiladi. Otamga qo’shilib yuzimga fotiha tortaman. Ichimda bo’shliq to’lishib, ruhim to’ladi. Yarim umrimni yashab bo’lib boshqatdan tug’ilaman va boshqatdan tilga kirib, boshqatdan Otamni taniy boshlayman.

TAMOM.

09

(Tashriflar: umumiy 135, bugungi 1)

Izoh qoldiring