Xurshid Do’stmuhammad. Donishmand Sizif. Roman. Uchinchi qism & Vatandan qudratli kuch yo’q

Ashampoo_Snap_2017.01.04_15h13m30s_001_ - a.png8 январь — Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад таваллуд топган кун

     Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг икки асари: олдинроқ ёзилган «Бозор» романининг қайта ишланган нусхаси ва янги «Донишманд Сизиф» романидан иборат китоби «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилди. Китобдан ўрин олган иккинчи роман қаҳрамони, номидан ҳам кўриниб турибдики, жаҳон адабиётида машҳурдан-машҳур бўлган Сизиф образи. Муаллиф кенг оммалашган афсонавий-мифологик қаҳрамон мубтало этилган шафқатсиз қисмат орқали инсон, дунё, муносабатлар гирдоби ҳақида ўзига хос кузатишлари, ўйларини муҳтарам китобхонлар эътиборига ҳавола этади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
ВАҚТДАН ҚУДРАТЛИ КУЧ ЙЎҚ
004

IMG_0318-a.jpgҲар йилнинг зиммасида ўз вазифаси бўлади. Унинг учун вазифанинг яхши-ёмони йўқ: адо этади-қўяди. Зеро, йил ҳам инсонга бошию адоғи ноаён, бир маромда оқиб бораётган вақтнинг бир бирлиги, ўлчами. Одамлар ўз тушунчаларидан келиб чиқиб: “Яхши келди”, “Ёмон келди”, дея таърифлайдилар.

Йил эса берилган таърифу тавсифлар билан ҳисоблашмайди. Чунки, у – вақт!

Вақтдан қудратли куч йўқ ёруғ дунёда! “2016” деб аталмиш навбатдаги вақт бирлиги ўн икки шохининг охирги япроқлари ҳилпираб инсоният билан хайрлашмоқда. Ваҳоланки, кечагина уни ўзгача иззат-икром ва орзу-ниятлар билан қарши олгандик, қават-қават мўлжалу режаларимизни эзгу ниятлар, ажойиб кунлар бўйлаб тақсимлаб чиққандик. “2016”нинг ҳам биз бандаларга номаълум режалари борлигини эса хаёлимизга келтирмабмиз.

Аҳли қаламкаш борки, ўқиш-мутолаага андармон, албатта. Мўътабар ёшдаги Абдукарим ота Усмонхўжаев “Ўтган кунлар” юзасидан бир қатор нозик саволларни йиғиб юрган эканлар, ардоқли романни қайта қўлга олишга баҳона топилганидан мамнун бўлдим. Унга Чўлпон асарлари, устоз Наим Каримовнинг “Чўлпон” ҳужжатли романи уланди. Набижон Боқийнинг аллақанча шов-шувларга сабаб бўлган “Қатлнома”сига эҳтиёж туғилди. Сўнг Фитрат ва бу аллома ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган Ҳамидулла Болтабоевнинг асарлари… Эҳ-ҳе-е, биргина шу мавзуни ўқийман-ўрганаман, деган одамга “2016”дақасидан беш-олтитаси озлик қилади.

Ёзувчи дўстим Ҳабиб Темур билан машҳур афғон адиби Холид Ҳусайний қаламига мансуб романларни талашиб-тортишиб ўқидик (айрим лавҳаларни рус ва Рустам Жабборов таржимасидаги ўзбекчасига қиёслаб кўрдим), кўплаб баҳс-мунозараларга мавзу бўлаётган француз адиби Мишел Уэлбекнинг ижоди билан танишишга киришдим. Француз Ален Роб-Грийенинг “Такрор” романи, Сёрен Кьеркегорнинг қўрқув туйғусига бағишланган тадқиқоти, таниқли файласуф олимимиз Бахтиёр Каримовнинг “Онтология, гносеология, логика ва фан фалсафаси муаммолари” кайфиятида яшадим. Фан доктори Улуғбек Долимовнинг “Аҳли ирфон”, Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур кўз жарроҳи Раҳмон Муҳаммадиевнинг “Тақдир туҳфалари”ни, шунингдек Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуфнинг “Исломга бағишланган умр”ини йилнинг ибрат, намуна китоблари сифатида эътироф этмоқ керак, деган таклифлар туғилди хаёлда.
Январнинг 22-куни Эркин акани кўриш ниятида стационарга бордик. Гулчеҳра янга устозни чақиришга ичкарига кирдилар. “Их-их” деган ихраш эшитилди. Эркин ака чиқиб келдилар.

– Ҳа окам, нега ихраяпсиз? – дея гап қотдилар Иброҳим устоз.

Эркин ака майин жилмайдилар.

– Ихраш ҳам қувват бераркан…

Ҳадемай «Ўзбекистон» нашриётида босмадан чиқаётган “То қуёш сочгайки нур” номидаги ажойиб китоб ҳақида суҳбат борди.

– “Шарқ”даги саккиз жилдликнинг навбатдаги сонлари ҳам чиқиб қолар, – дедилар ўйчан бир кайфиятда Эркин ака.

Буни қарангки, шу сўзни айтиб тугатдиларми-йўқми, эшик очилиб Иқбол Мирзо, “Шарқ” нашриёти муҳаррири, шоир Носиржон кириб келишди ва салом-алик асносида сайланманинг 3–4-жилдларининг илк нусхаларини Эркин акага тақдим этишди. Бемор кўнгилга бундан ортиқроқ совға борми, дейсиз!..

Қайсидир асарда ўқигандим, осуда ва завқиёб кунларнинг бирида муюлишда пусиб ётган машъум кўлага оёғинг остида пайдо бўладию…

Май ойининг сўнгги оқшоми йўлимизда пайдо бўлган ёвуз кўлага Эркин Воҳидовдай ардоқли шоиримизни орамиздан олиб кетди. Устоз хаста эдилар, лекин видо онлари етаётганини тан олгимиз келмаётганди. Умидларимиз, илинжларимизга ишондик, “2016” номли вақт эса биз бандаларнинг илтижолари билан ҳисоблашмади…

Сентябрнинг иккинчи, ноябрнинг бешинчи куни яна ва яна таслим бўлдик ўша қора кўлагага – Биринчи Президентимиз Ислом Каримов, изма-из яна бир нодир шоиримиз Абдулла Ориповнинг руҳлари самоларга учди.

Ўлим нечоғли ҳақ бўлмасин, вақт бирон сония илгарилашдан тўхтамаслиги – давомийлиги ҳам шу қадар муқаррар ҳақиқат. Бинобарин, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев эшик қоқаётган янги йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлади.

Ҳозирги замон инсоният ҳаётининг маъно-мазмунини мулоқотсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мутараққий давлат-мамлакат борки, бундай мақомларга мулоқот орқали эришган, фаровонлигию илғорлиги эса мулоқот асосига қурилган.

Оммавий мулоқотни жонлантирувчи воситалар жуда кўп, лекин жамиятда юксак маданий мулоқот муҳитини яратишни оммавий ахборот воситалари, илмий-оммабоп, бадиий ва ҳоказо китобларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, 2017 йил юртимиз зиёлилари олдига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ жонбозлик кўрсатишга даъват этади. Одамларимиз манфаати улар билан мулоқотлар жараёнида рўёбга чиқишини бирон дақиқа унутмаслигимиз лозим. Зеро, мулоқот фикрларни чархлайди, фаолликка ундайди, оддий одамларни-да она юртимизда кечаётган жараёнларга нисбатан дахлдорлик туйғусини оширади. Эзгу ниятларимиздан мўл-кўл ҳосил кўтариш эса ўзимизга, ўзимизга ва бир карра ўзимизга боғлиқ бўлиб қолаверади. Бор-йўғи 365 кундан иборат 2017 йил эса ўз “аждод”лари янглиғ шитоб билан ўтади-кетади…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
ДОНИШМАНД СИЗИФ
Романнинг учинчи қисми
004

III

sisyphus_painting_by_humblestudent.jpgТош қанчалик баланд отилса, у шунчалар шиддат билан пастга тушади. Одам-чи? Сизиф чўққидан қайтишда осмонга отилган тошдан-да тезроқ тушди. Ўзини тўхтатолмади – жадал юриб, жадал сирпаниб, жадал тойғониб харсанг сари талпинди – у қадрдон ва ажралмас дўстини тарк этгандай, қадрдон оғайнисини тағин йўқотиб қўядигандай хавотирда қуюндек, селдек оқиб тушди пастга. Бор бўйи билан харсангга ёпишганича уни қучоқлаб, нафасини ростлолмай анчагача тек қотди…

* * *

Жазо чорасини тайинлаган маъбудлар маъбудининг хаёлига келмаган воқеа юз берди. Абадул абад харсанг тошни тепалик сари думалатиш қисматига мубтало этилган Сизиф бошига тушган жамики машаққат, жамики уқубатга дош берди, харсанг тош эса дош бермади! Бир парча этдан пайдо бўлган инсон чидади, сижжилми-темирми, метин харсанг тош чидамади. У тинимсиз ва муттасил равишда чўққи томон ўрмалайвериш-пастга қараб думалайвериш оқибатида мўрт дарахт танаси янглиғ емирилиш, синишга юз тутди. Харсанг тош ҳар думалаганида ундан япасқи-япасқи парчалар ажралиб тушар, буларнинг бари Сизифнинг кўз ўнгида рўй беришда давом этар, буларни кўргани сари унинг хаёллари парчаланиб, пароканда бўлиб бормоқда эди.

* * *

Харсанг тош Сизифнинг кўзига ҳайбатли, маҳобатли, қўрқинчли кўринадиган замонлар аллақачонлар ортда қолди. Сизиф унга ўз исмини ўйиб ёзгач, унинг ёнидан “Коринф” деган сўзни илова қилгач, айниқса харсанг тош юмалайвергани, думалайвергани оқибатида у емирила-емирила, парчалана-парчалана вазни енгиллашгани сайин Сизиф билан харсанг орасидаги муносабат тубдан ўзгарди. Орадаги рақиблик, ғанимлик кайфияти барҳам топди. Сизиф энди ўзининг инсон ва каттакон шаҳар аъёнларидан эканлигини кўпда пеш қилмас (аллазамонларда эгаллаган мартабаси унут ҳам бўлаёзган), харсангга дўқ-пўписа ёғдирмас, тилига, оёқ-қўлига эрк бермас, телбалиги тутиб, осмонни титиратаман, тоғни синдираман, денгизни чайқатаман деб биёбонни бошига кўтармас… ўзида юз берган ва бераётган бундай ўзгаришлар боисини англаб етиш истаги кучайгани устига асосий мақсад-маслагини рўёбга чиқариш онлари яқинлашиб қолаётганини кўнгли сезаётган, сезгани сайин кучига куч, ғайратига ғайрат қўшила бораётганди.

* * *

Сизиф харсанг тошни чўққи сари юмалатиш жазосини ўташга киришганидан анчагина кейин ўзида ҳовлиқмаслик, шошма-шошарлик қилмаслик кўникмаси шакллана бошлаганини сезганди. У бир нарсага ишончи комил, яъни харсанг тошни чўққи тепасига думалатиб чиқиш билан боғлиқ машаққат – қилаётган ишлари қанчалар гап-сўз бўлаётган эса, улар бугун учун қимматли ҳисобланса, бу машаққатларининг оқибати, яъни кунлардан бир кун келиб харсанг тошнинг чўққи тепасидаги ялангликда қилт этмай туриши абадийлик, мангулик учун беминнат хизмат қилажагини яхши биларди. Шу ўйда ҳам у энг улуғ, энг буюк… керак бўлса, замонлар келиб, бутун инсоният қадр-қимматини улуғлаш учун хизмат қиладиган савоб амал экану, керак бўлса… шаккокликка қўл уришдан қайтмайман, деган фалсафани ўзи учун ҳаётий маслакка айлантириб олганди.

* * *

“Наздимда, одам боласи бағоят чала” деганди коринфлик бир донишманд, Сизиф ким экан у авлиё деб суриштиришни кўнглига тугиб юрган кунларнинг бирида янаям ғалати ҳикмат тарқатди ўша қария. Нима эмиш, инсон энг ваҳший, энг қўрқмас ҳайвонларга ҳавас қилиб уларнинг барча яхшиликларини ўзлаштириб ола-ола пировардида шу йўл билан инсонга айланган эмиш! Дабдурустдан бу ҳикмат моҳиятини англаб етмади у. Нақадар ажойиб фикр дедию, бошқа муносабат билдирмади. Ҳузуримга келтиринглар у авлиёни, ётиғи билан суҳбатлашай деди мулозимларига, бироқ ул қария узоқ йиллардан буён хонанишин умргузаронликка юз тутгани, кўзлари қарийб сўқир, ўзи эса беҳад бемор-бемажол эканлигини айтишди.

Мана, ўша ҳикматнинг мағзини чақадиган мавриди келди – Сизиф ўша мезондан келиб чиқиб ўзига ўзи баҳо бермоққа, ўзини ўзи таърифламоққа тутинди. Хўш, арслонми у ёки бўрими? Қашқирми ёинки тулкимикан кўпроқ? Қарчиғайдир, бургутдир ҳойнаҳой? Бу сингари саволларга жавоб ҳам топар, илло-билло харсанг тошлиги муқаррар-аниқ! Ҳа-ҳа, харсанг тошнинг, тоғ-тошнинг, денгизу самода юзиб ўткувчи булутнинг яхшиликларини ўзлаштирганига йўқ шубҳа! Бундан чиқди, ҳар банда етук ва комилликка етишмоғи учун нафақат ваҳший ҳайвонотдан, шулар қатори табиатдан ҳам энг зарур яхшиликларни тортиб олмоғи, ўзлаштирмоғи даркор. Билъакс ҳолда инсон иродаси табиат иродасини ўзлаштирмагунига қадар унга бас келолмайди, уни енголмайди – чала-хом, сабий махлуқлигича қолаверади.

* * *

“Тушимда баланд қоя устига чиқиб олибман, қўлимдаги тарозини қўймай, бутун дунёни тортиб сотаман, дея жар солаётганмишман”. Тушини достон қилаётган ким ўзи? Менинг номимдан сўйлашга ким изн берди? Чўққини забт этган мен-ку, мен! Денгиз мавжлари узра ялангоёқ югурган, парқу булутларни момиқдай тўзитган ҳам ўзим, мана, чўққида қўним топдим. Чўққидаман! Тарози топсам бас, посанги тоши қўлимда. Мана, оёғим остида – чўққини тортаман, денгиз мавжларини, теппамда сузиб бораётган булутларни битта қўймай тортиб-тортиб, қадоқлаб-қадоқлаб улашаман, арзон-гаров сотаман. Ҳа-а, чиройли-бежирим қадоқлайман! Кеп қолинг, керагича опқолинг! Тоғу тошдан, юмалоқ, думалоқ, бақалоқ харсанг тошдан, денгиз сувидан, булутлардаги энг яхши фазилатларни олинг ўзингизга, асло кам бўлмайсиз! Янги ирода зарур, одамларга, янгиси! Ҳаракатга айланажак ирода, ирода, ирода-а! Олинглар, истаганча, кам бўлмайсиз, яхшилар!..

* * *

Тушимми-ҳушимми, деб ўйга толди Сизиф пича нафас ростлагач. Тушига ҳам, ҳушига ҳам ўхшади. Бироқ шу тобда унинг шартакилиги, таваккалчилиги тутди. Нима аҳамияти бор, туш билан ҳушнинг фарқи қолдими?! Ахир мен чўққидаман, чўққини ишғол этмоқдаман! Ҳадемай харсанг тошни батамом олиб чиқаман ва вассалом! Вассалом! Чўққидаги одамнинг туши ҳам, ҳуши ҳам ҳақиқат, унинг айтгани айтган, дегани деган. Қани, унинг сўзини икки қиладиган мард сўзамол топилармикан? Қани қаттол, тошбағир маъбудлар? Келсинлар, кўрсинлар, Сизифнинг оёғи етган маррани! Неча замонлардан буён давом этган меҳнату машаққатлари эвазига харсанг тошни, мана, кўринглар, бўлак-бўлаклаб бўлса-да, белгиланган маррага етказиб чиқди!

* * *

Тош мамми симоб томчисидай оппоқ, ғоятда нозик, лекин одам бўйидан анча-мунча баланд экан. Чамалади, қўли етмаслигига амин бўлди. Қўли етганда-чи? Оқ тошдан ясалган… ким ясаган? Ҳозиргина сутга чайилгандек… ким чайган?.. Сизиф тахминларини чамалай туриб бир тутам булут мамми томон яқинлашганига кўзи тушди. Ким билсин, оппоқ булутлар салтанатида шу қадар сайқал топган, шу қадар нуқрадай оқарган чиқар? Бир тутам булут изидан унга икки-уч баравар катталикдаги булут муз тоғидай бўлиб яқинлашаверди. Сизиф шошиб қолди, қўлига тушган тошни олиб булутга қараб отди. Яна ва яна отди. У отган тошлар дом-дараксиз ҳавога сингиб кетди, бу ёқда эса булут парчаси ютоқиб маммини ялаб-юлқай бошлади.
Сизиф аламидан чўк тушиб бетини тиззалари орасига босди. Бошини кўтарди, худди кўмакка чақирмоқчи бўлгандек пастга – харсанг тош қолган томонга умидвор мўлтиради.

* * *

Пастда эса ҳаммаси эски тоғора-эски тос ҳолича такрорланди-қўйди: қиялик ёнбағрининг қоқ ярмида тўхтаган харсангга тўсатдан жон кирди – у Сизифга ёрдамга ошиқиш ўрнига, гўё чўққи тепасида юз бераётган воқеадан – Сизифни хароб қилаётган ҳолатдан хабар топгандек тўсатдан пастга қараб думалай кетди. Харсанг гулдираб-қалдираб думалаб борар экан, Сизиф қулоғига чалинган мутлақо ўзгача шовқиндан ҳушёр тортди. Нима бўлди? Харсангга нима бўлди? Тинчликми? Одамнинг, ҳатто ҳайвоннинг феъли қадам олишидан аён, мана, харсангнинг думалаши нима демоқда? Сизиф аниқ пайқади: харсанг ҳозирга қадар неча қайта пастга думалаган бўлса, унинг шу сафардаги қуйига эниши мутлақо аввалгиларига ўхшамади. Харсанг замбаракдан отилган сопқондек эмас, юмалоқ-думалоқ нарсага ҳам эмас, балки ғалати шакл-шамойилдаги жисмга ўхшаб кетди – дам секинлашди, дам тезлашди, ҳатто бир-икки жойда таққа тўхтаётгандек бўлди, ҳайбатли тошнинг бу тарзда пастга қараб юмалашини Сизиф ҳақиқатда биринчи бор кўраётган эди…

* * *

У шу чоққача харсанг хусусида шуурини тўлдириб ташлаган шубҳа-гумонларини ўйлаб уялиб кетди. Ҳақ сўз тошни кесади деб ҳисобларди, гарчи бу ақидасидан буткул воз кечмаган эса-да, ўрни келганда, ишонч, эътибор, меҳр-мурувват ҳақ сўздан-да каттароқ, қудратлироқ кучга эга эканлигига иқрор бўлди. Шубҳа-гумони ортгани сайин кўнглининг аллақайси бурчагида пусиб ётган қўрқув унга тинчлик бермас, бундан келиб чиқадиган ҳаловатсизлик бир мушкулига ўн мушкул қўшар, ҳадик-хавотирда ҳовлиққани-ҳовлиққан, нима қилаётганини, харсанг теграсида ҳарчанд гирди-капалак бўлиб елиб-югурмасин, бирор иши-юмуши унмас, ҳам қўрқув, ҳам ҳовлиқиш… қўрққандан ҳовлиққан ёмон… Ҳақиқатда ҳам, одам ҳовлиққани сайин вақт силжимай, бир жойда тақа-тақ қотиб қолади. Бу гап тўсатдан ёдига тушган дамларда Сизиф бирдан ҳушёр тортар, ўзининг қилиқлари беўхшов, бачкана туюлиб кетар ва ўтирган ё турган жойида атрофга аланглар, тоғ чўққиси томон, пастлик томон, шох-бутоқлари қора косовга айланган заққум дарахтига, ундан наридаги гоҳ сермавж-гоҳ “тўнини тескари кийиб” тунд бўлиб олган денгиз томон қаранар – мени кимдир кузатиб турган бўлса-чи, деган ўйда бирдан оғир-вазминлашар, аслида ҳам унга бировларнинг назорати остида қолиш, ўзгаларнинг назар-нигоҳи остида яшаш аввал-азалдан жуда-жуда малол келарди. Қўрқув ва уят ҳисси исканжасида қолиб кетарди. Бундай хаёллар тўлқинида қўли ишга бормас, борса-да, ҳаракатлари ҳаракатга ўхшамас, бинобарин, ҳарчанд чиранмасин-кучанмасин, харсанг атайин унга қасдлашаётгандек, турган жойидан бир чимдим ҳам силжимасди. Демак, харсанг ичимда кечаётган барча ҳис-туйғуларимни ҳис қилади, сезади, кайфиятимни илғайди. Сизифни ортиқча қийнагиси, ортиқча уринтиргиси келмагандек, бу аҳволда уннамай қўя қол демоқчидек бўлар, буни Сизиф харсанг томонидан ўзига кўрсатилаётган эъзоз, эътибор, маҳамат ўрнида қабул қилар, ҳамдардлик учун харсангнинг тош-метин танасига бетини қўйганича узоқ тин оларди.

* * *

– Кучинг етмаса кучанма!..

Сизиф дарҳол бошини кўтармади, аланглаб-бўзрайиб овоз келган томонни изламади ҳам, балки кўнглининг бир чеккасида харсанг тилга кирди деган хулосага келди.

– Харсанг бўлмаса, ким?.. Таниш, жуда-жуда таниш овози-ку! Ёки ўзи гапириб юбордими? “Кучинг етмаса кучанма… Кучинг етмаса кучанма… кучанма…” У яна бир неча бор такрорлади ҳозиргина қулоғига чалинган ҳайқириқни. Ўзининг овозига ўхшаб турибди, лекин у нега бундай деди? Овози бўғилиб чиқдими? Хирилладими? Бўғилиб айтдими? Ҳойнаҳой, бошқа одамнинг овозида гапириб юборгандир? Яқинларидан бирортасининг овози…

Сизиф ҳам ҳайрат, ҳам қувонч аралаш қийқириб юбораёзди. Яқин-орада у қора қайиқда сузиб бораётган денгизчи чолни илк сафар кўргандагина шундай аҳволга тушган, ўшанда ҳам худди ҳозиргидек ҳаяжонини босолмай қолганди. Наҳотки, балиқчи чол уни зимдан кузатиш учун юборилган бўлса?! Бошини кўтармай, юз-кўзини яшириб ўтирганидан ҳам сезгандай эди-я! Ў, писмиқ, ў-ў, хунаса!

У ҳайқириғидан биёбонни ларзага солгудай важоҳатда сапчиб пешонасини харсангдан узди ва тўрт-беш одим жадал нари бориб денгиз томонга кўзлари қинидан чиқиб кетгудай ўқрайиб қаради. Денгиз сатҳи нима демоқчисан, дегандек, тим қора – хўмрайган. Аксига олиб, қора қайиқдан дарак йўқ. Сизиф иккала муштини боши узра ҳаволатиб ўдағайлади. Кузатаверинглар, ўзларинг гапириб ўзларинг қулоқ солаверинглар! Мен ўша-ўша Сизифман, Сизиф бўлиб қоламан!

У турган жойидан ортига ўгирилди, дам ўнг-дам сўл томонга четлашиб, харсангга саросар разм солди. Топаман, деди тишларини ғижирлатиб, пешонаси тиришиб кетди. Топаман! Бу… бу… Сисифнинг товуши! Аниқ, топдим! Сисиф! Қадрдон! Айт, гапир, яна бир оғиз овоз бер!.. Бир оғиз!..

* * *

– Ҳа, мен ҳамиша Сизифлигимча қоламан, аммо-лекин манави ҳаёт, манави биёбон ўзгартирмадими мени? Йўқ, феъл-хуйим ўзгарди, энди мен бошқача одамман, бошқача инсонман! Қурмағур, ўша авлиёнинг гапи тўғри – одамлар жудаям чала. Чала туғиладилар, чала яшайдилар ва чала ҳолда ўлиб кетадилар. Ҳатто ушбу ҳақиқатни англаб ҳам етмайдилар. Чала одамнинг шодумонлиги, қайғулари ҳам тўкис бўлмайди. Ҳа, худди шундай – мен одамлар бошқача одам бўлишлари керак деб ҳисоблайман! Бошқача одам!..

* * *

– Овозларингни соғинди-им-м…

Бир зумнинг ўзида Сизиф тамоман ўзгарди-қолди. Хаёлига келган ўйдан унинг юраги орқасига тортиб кетди.

Аниқ эшитди ахир у, жони ўртанибла кетди – Сисифнинг ўзгинаси, унинг қадрдон товуши эди! Фақат, наҳотки, унинг шу тобда кўнглининг туб-тубида пайдо бўлган шубҳаси чин бўлса?! Сисифни харсанг ютган! Аллақачон гумдон бўлган, Сисиф!

Сизиф нола чекиб юборди:
– Ҳой, харсанг тош, ёрил тош, ичингга бир қарайин, йўлдошимни  кўрайин. Бағримга бир босайин, дийдорига тўяйин. Ҳой, ёрилтош, ёрилтош!..

* * *

Кўнглига оралаган гумони Сизифни тамом ҳолдан тойдирди:
– Сисифни харсанг ютган!.. Харсанг синиб, майдалана бошлагани боис, ҳа-ҳа, худди шундай – харсанг уқаланиб-емирилиб, синиб-синиб туша бошладию, Сисифнинг товуши чиқиб қолди!..

* * *

Унинг хаёли тўзғиди, айниқса учинчи сафар харсанг парчаларини чўққига олиб чиққанида аввалги сафардаги хурсандлик, шодиёнадан асар ҳам қолмаганди. Аниқ эсида – икки бўлак тошни аввалги олиб чиққан харсанг парчалари устига қалади, бу сафар жонга роҳат бағишловчи майин эсаётган шабадага ҳам, ҳатто тош маммининг ақлдан оздирувчи шаффофлигига ҳам чалғимади, аксинча у ўзида юз бера бошлаган ажабтовур ва тушунуксиз ўзгаришни англашга уринаётганди. Ҳарчанд уринмасин, ўйларини мияга тўплайдиган ҳолда эмасди. Ўйлари булут устига мингашган булутдай, мужмал ва рангсиз эдилар. Негадир у шу турган жойида ухлаб қолгиси келаётганди. Лекин у бунга йўл қўёлмас, қўйган тақдирда ҳам кўзларининг уст пардаси юмилса-да, ич пардаси юмилмоқ истамас эди. “Нима бўлди менга?” деган савол шуурида ғужғон ўйнар, лекин бу саволга жавоб топиш учун эса шу арзимас уч сўзни шуурида бир жойга тўплай олмаётганди. Вовайло уринди, учала сўз бошининг уч томонига тарқалиб, ҳар томондан пойма-пой овоз беришга тушиб, паришонлиги чандон ошса ошдики, заррача тиниқлашмади.

* * *

Паришонлик миясини қора ўйларга буркаб ташлаган, бунинг оқибатида тамоман ҳам ақлан, ҳам жисман ҳаловотини йўқотганди. Шуурини қора ўйлар ишғол қилган, шу кайфиятда ҳатто ўзи неча вақтдан буён интизор кутаётган қора қайиқни кўришга ҳам хоҳиш-истаги қолмаганди. Аксига олди – денгиз сатҳида кўринган қора қайиқ сузиб боряптими-лапанглаб бир жойда жилмай турибдими, узоқ тикилса-да, тушунолмади. Бу пайтда у балиқчи чолдан шубҳаси фаромуш бўлган, хаёли мутлақо бошқа ўй билан банд эди. Ўша ўй таъсирида овозининг борича бақиришга тушди:

– Ваасс!.. Хаас!.. – У оғиз жуфтладию, айтмоқчи бўлган сўзини тополмади. Дик этиб қад ростлади, балиқчи чолнинг афт-башарасини янаям аниқроқ ва тиниқроқ кўргиси келди. Афсус, у тоғ ёнбағрини, айниқса харсанг тошни ташлаб денгиз томон йўл сололмайди, таваккал қилолмайди. Нима қилса шу турган жойидан, айтадими, бақирадими, самоларни ларзага соладими, лекин… нима бўлди, нега айтишга жазм этган сўзини тополмаяпти? – Ссупп!.. Оссу!.. Эсимни йўқотдимми? Ақлим заифлашдими? Менга нима бўлди, ўзи?! Наҳот шунчалар яқиним, ҳамфикр-маслакдошим исмини ёддан чиқарган бўлсам?!

– Асоп! – дея тўсатдан ҳайқириб юборди Сизиф, ниҳоят, бир муддат каловланиб тургач. Бўғзидан отилиб чиқди бу сўз. – Топдим – Асо-оп-п! Асоп!
Чақиришга чақирдию, бирдан тилини тишлади. Балиқчи қария эшитиб қолса, шартта қаддини ростлаб Сизиф томонга ўгирилса!.. Бордию у Асоп бўлмаса-чи? Нега бақирасан, бобой, балиқларни ҳуркитиб юбординг-ку, деса нима қилади. Хижолатпазликни, мулзамликни айтмайсизми! Шунинг учун…

Бироқ у беихтиёр хаёлига келган фикрдан воз кечолмади.

– Мен Коринф шаҳрини харсанглардан тиклаб унга мангулик бахш  этдим, эвазига харсанг тош билан юзма-юз қолиш жазосига маҳкум этилдим, – деди Сизиф аъёнлик замонларидаги оҳангда, салобат билан.
– Эҳтимол… – деди Сисиф мулойим истеҳзо оҳангида.

– Сувлар ва дарёлар илоҳи бўлмиш Асоп шўрликка эса… кўряпсан, бепоён денгиз узра мақсадсиз сарсон кезиш жазоси тайинланган!..
– Қайдам… – Сисиф яна тайинли жавоб қилмади.

Сизиф унда бурунги илиқликни, ҳароратни туймади. Лекин у ўз фаразида қойим эди.

* * *

– Топдимми? Тахминим тўғрими? Айт, Сисиф, нега жим бўлиб қолдинг, қадрдон, сирдош?! Айтдим-ку, мен илгариги Сизиф эмасман, феълим ўзгарди, мен энди тамом бошқа одамман, Сисиф! Тушуняпсанми, бошқа одамман! Мен тоғ этаги биёбонида, Асоп эса денгизда сарсону саргардон, шундай эмасми? Адоқсиз ва маънисиз сарсонлик жазосига маҳкумлармиз!..

Сизиф тўкилиб-тўкилиб гапирмоқчи эди, бироқ Сисифдан жавоб бўлмаётганини кўриб, оғзини жуфтлаганича қолди…

* * *

Кунмиди ё тунмиди, ёруғ эдими ё зимистон, уйқуда эдими ё ҳушида – Сизиф бу ҳақда заррача ўйлаб ўтирмади, шашт билан оёққа қалқди, у кўз ўнгида юз берган ва бераётган воқеаларни англаб етишга қийналаётган, ўзини қўярга жой тополмай гангиб қолаётган, ҳатто довдираётган ва худди шундай қилса ақл-ҳушини ўнглаб оладигандек ўзидан-ўзи харсанг атрофида дам югуриб-дам оҳиста юриб гир-гир айланишга тушди. “Лака-лум, лак… Лака-лум, лак… – У чўлоқланиб, лапанглаб югурадиган бўлиб қолганди. – Лак-лак, лакалум. Лак-лак-лак, лакалум!..” Бу баҳайбат юмалоқ, думалоқ, бақалоқдан хавфсирашлари беҳуда экан, қачондир, кунлардан бир куни босиб, янчиб кетади деган ўйлари пуч экан, ҳеч қачон-ҳеч замонда кўнгли юмшамайди, менга бўйсунмайди деган хавотирлари пучи экан – бари ортда қолди, энди эса аксинча, ҳа, буткул акси – харсанг тош Сизиф учун, Сизиф эса – харсанг тош учун яралган, бинобарин, Сизиф тошдан кечмаслиги, уни кўрарга кўзи-отарга ўқи йўқлиги беасос, қандай бўлмасин, кимлар нималар деб маломат
ўтларини ёғдирмасинлар, Сизиф зиммасидаги буюк вазифа-бурчни адо этиш ҳақида қайғурмоғи, яъни харсангни юқорига, юқорига қарата думалатишда давом этмоғи, неча йил-неча замонлардан буён чўққига олиб борадиган сўқмоқ бўйлаб харсанг неча қайта пастга қараб юмалаган бўлмасин, бундан қатъи назар, Сизиф қисматига битилган ҳукми азалдан юз ўгирмайди. Ҳар банда манглайига битилган қисматни адо этмоқлик учун келади ахир дунёга.

* * *

У харсангнинг ёнига етиб келди, нафаси бўғилаётганига қарамай пича тин олдию, бетини харсанг тошга босди… Оҳиста чўк тушди, чалқанчасига ётиб ёнгинасида, тепасида тоғдек бўлиб турган харсанг тошдан кўз узмай, термилиб қолди. Ён-верига ўгирилса, ҳатто бир зум кўзини юмса ҳам харсангга нимадир бўладигандек, у тўсатдан ҳаракатга тушиб аллақаёқларга равона бўлиб қоладигандек ҳам хавотир, ҳам ички бир ачиниш туйғуларидан изтиробга тушган кайфиятда ётарди. Сисифни ютса ютгандир, мени ютмас… Мени ютмайди, харсанг. Одамни ютадиган ҳоли қолмаяпти, унинг… Учовлон – Сизиф, Асоп, Сисиф дийдор кўришсалар борми, нақ мўъжиза юз беради-ку, бу жазо биёбони шодумонлик биёбонига айланади-ку! Сисифни харсанг қорнидан, Асопни қора қайиқдан халос қилса! Учовлашиб… Қайдасиз, бемеҳр-малъун маъбудлар?!

* * *

Сизиф қандай юмушга қўл ураётганини ўзи ҳам англаб етмади, ортиқча ўйлаб ҳам кўрмади – харсангдан бўлиниб тушган парчани икки қўллаб қучоғига босганича чўққи томон жадал йўл олди. Юқорилагани сайин йўл тиккасига қиялиги орта бораётганини пайқади, шунда ҳам тўхтамади, илгарилайверди. Нафаси қиса бошлади, толиқди, ҳордиқ чиқришни кўзлади, ниятидан қайтди – йўлда давом этди. Қўл узатса етгудек кўринган чўққи бу қадар олислигини ўйлаб кўрмаганди, энди эса ўйлагиси ҳам келмади, балки йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Аъзои баданидан тер қуймайдиган бўлиб кетганди, йўлида катта-кичик кўлмакларни шалоплатиб кечиб ўтаётганига ҳайрон бўлди, бир неча бор тойғониб-қоқилиб йиқилай деди. Қариганда мошга тойғонасан одам, қилга қоқиласан, шабадага чайқаласан, банда… Қучоғидаги харсанг парчасининг залвори сезила бошлади, сал бўш келса, тошнинг оғирлиги уни туришича пастга қараб тортиб кетадигандек эди, бироқ Сизифнинг вужудини қоплаган важоҳат, кўнглига тугган ният-мақсад энди у қасд қилган иродасининг букилишига йўл қўймас, уни йўлдан қайтаролмасди. Ана шу қатъият унинг кучига куч, иродасига ирода қўшди.

Сизиф чўққи тепасига етди, сўнгги кучларини жамлаб худди бутун оламга кўз-кўз қилмоқчидек харсанг парчасини боши узра баланд кўтарди-да, тош маммининг ёнгинасида оҳиста ерга қўйди. Харсангни у парчалагани йўқ, унинг ўзи парчаланиб кета бошлади, жазони тайинлаган маъбудларнинг маъбуди ҳам, уни шу биёбонда якка-ёлғиз қолдириб кетган маъбудчалар ҳам ўйлаб-нетмаганлари муқаррар бундай бўлишини. Буёғига бошқа чора йўқ, харсанг бўлакларини битта-битталаб бўлса-да, барини чўққига олиб чиқади, шу ерда ундан юмалоқ, думалоқ, бақалоқ харсанг тош ясайди. Ана, қават-қават осмонлар, момиқ булутлар, дайди шамоллар, тоғу тошлар, майсалар шоҳид, ҳаммасига!

У шу ўй-шу хаёлда шитоб билан пастга қараб ғизиллади.

* * *

Сизиф шошиб қолди – дастлаб кимнинг дийдорига етишини ўйлади, лекин ихтиёр-изн унда эмас, бинобарин, шу онларда Асоп ҳам, Сисиф ҳам бирдек қадрдон, бирдек азиз эдилар унинг учун.

Харсангнинг биқинига қулоғини босди. Назарида унинг ичидан элас-элас қандайдир сас-садо келаётгандек. Бу ивир-шивир харсанг ютиб юборган кимсаларнинг, жумладан Сисифнинг товуши эди. Товуш бегона эмас, Сисиф шу ерда – Сизифнинг ёнгинасида, шундай экан, ҳадемай у билан дийдорлашади.

У умид билан денгиз томон қаради. Заққум дарахтидан ачимсиқ куйинди ис келяпти. Уммон сатҳи бир текис, жимир-жимир қилар, ҳеч бир жонзотдан дарак йўқ эди. Қайиқчи чол қаерларга сузиб кетди, яна қачон бу қирғоқларда пайдо бўлади… денгиз томондан бу каби саволларни одинлаштирадиган ҳеч бир белги, ишора йўқ эди. Лекин Сизиф бирон лаҳза умидини узмади, чол қайтиб унинг кўз ўнгида пайдо бўлишига ишонар, ана ўшанда кўзига кўринган заҳоти овозининг борича чақиради. Асо-оп, деб ҳайқиради! Ўйлай-ўйлай ёдига туширди бу исмни, топди, худди харсангни чўққи тепасига олиб чиққандек севиниб кетди. Яна хотираси панд беришидан қўрқиб шу қадар кўп такрорладики!.. Асоп, Асоп, Асоп!..

* * *

Сисифнинг совуққонлиги Сизифни қаттиқ ўйга толдириб қўйди. Бу ниманинг аломати, нимадан дарак бермоқда бундай бепарволик? Наҳотки, икки ўртадаги яқинликка путур етган, бегонага айланган бўлсалар улар?!

* * *

Энди харсанг одатдагидек осонлик билан йўлга тушмас, уни жойидан жилдириш, яъни дўқирлатиб думалатиш учун Сизифдан анча-мунча куч талаб қилинаётганди.

Тепалик бошланди. Сизиф шикастланган оёғини авайлайдиган, эҳтиётламаган тақдирда ҳам уни зўриқтиришдан наф бўлмас, шу боис чап оёғини харсанг остига пона қилиб иккала кафти-елка аралаш харсангни юқорига томон илгарилатишга тушди.

Харсангнинг юмалоқлиги, думалоқлигидан асар ҳам қолмаганди. Синган-нетган жойлари туфайли у одатдагидек бир текисда думаламас – бу ҳол Сизифнинг мушкулини оғирлаштирган, энди харсангни жойидан жилдириш – у ён-бу ёнига ағдариш анча куч-қувват талаб қилаётганди. Лекин харсанг аввалгидан анча-мунча енгил тортган – бу жиҳати Сизифнинг ишини бир қадар енгиллаштирган эди.

Шу тобда у ғалати ҳолатга эътибор қилди: ўнг қўли чапига нисбатан ожизроқ туюлди. Ахир шикастланган ўнг оёғи эди, ўнг қўли эмас-ку! У ҳолда нега ўнг қўлига чап қўличалик куч келмаяпти?.. У ўнг кафтини, бармоқларини, билаги – елкасигача назардан ўтказди. Қотиб, қуришиб устухони қолибди, холос. Ахир унинг ўнг қўли кучлироқ эмасмиди?! Ўнақай эдими у ёхуд… чапақаймиди?.. Наҳотки, Сизиф шуни эслолмаса?! Ахир шу эсдан чиқадиган нарсами?! Одамларнинг аксарияти ўнақай бўлармиди ё-ки?.. Эсида, фақат ўнг қўлимга таянаман, деб юрарди. Мана, ишонган қўли панд беряпти. У иккала кафтини боши узра ҳаволатиб осмонга қаради. Панжалари, билакларига термилиб қолган Сизифнинг диққатини кўз ўнгидан сузиб ўтаётган паға-паға оппоқ булут увадалари тортди. Зардаси қўзидию, уни сездирмасликка ҳаракат қилганича харсангга ёпишди. Иккала кафти, тиззаси, елкасига кўксини ҳам қўшди. Харсанг бир силжидию, ярим қадам юқори кўтарилиб қотди-қолди. Сизиф харсангнинг синиб тушган жойига пешонасини қўйди, оёқ-қўллари бўшашиб, ҳаракатдан тўхтади. Ўнг оёғи, ўнг қўли, чап кўзи панд бера бошлади. Шу боис харсанг ҳар сафар синиб-парчаланиб тушганида сезиларли даражада енгиллашаётганидан қувонса, бунга сайин эса Сизифнинг қўл-оёқларидаги мадор тугаб бораётгандек эди. Бордию, қўл-оёқларини мутлақо қимирлатолмай қолса-чи? Куч-қудратига қўшилиб тажрибалари ҳам иш бермай қолса?! Оддий инсоний турмуш тарзи-муҳити бўлганида у мана бундай ишларнинг бирортасига қўл уриш у ёқда турсин, қайрилиб қарамасди. Якка ўзи бу харсангни итариб чўққи сари думалатишга уриниш эмас, ҳатто шу ҳақда ўйлашни даҳшатли-хатарли юмуш сифатида ўзига эп билмасиди, тасаввурига сиғдиролмасиди, инсон боласига раво кўрмасиди. Бу ерда эса… Бу ер-бу аҳволда…

* * *

Сизиф ўзи харсанг тош билан биргаликда чиқиб-тушавериб очган сўқмоқ йўл ёқалаб пастлаётиб харсангнинг икки бўлак синиғини кўрди. Каттароқ ликопчадек, ичи-ташқариси биллур янглиғ ялтирайди, қирралари эса қиличнинг дамидек – ўткир, кескир.

Сизиф иккала “ликопча”ни устма-уст тахлади-да, авайлабгина кўтариб, оғир-оғир қадам босганича чўққи томон йўлга тушди.
У бояги-бояги ниятида қойим – харсангдан узилиб тушган бўлакларни битта-битталаб бўлса-да, чўққига олиб чиқади, сўнгра тобора енгил тортаётган харсангни думалатиб, эҳтимол, даст кўтариб чўққига етказиб бориш осон кўчади, харсангни эсон-омон маррага қўндиргач унинг синиқларини уюб харсанг устига тахлайди, ғиштдек теради.

Қўлидаги харсанг синиқлари айтарли оғир эмаслиги туфайли шекилли у бирмунча осонлик билан чўққига етиб борди. Тош парчаларини аввалги сафар олиб чиққан синиқлар устига қўйди. Қилаётган ишининг унумидан мамнунлигини яширмай қушдай енгил тортиб иккала қўлини боши узра кўтариб аввал осмонга қаради, сўнг пастга назар ташлади. Ҳў-ў, пастликда харсанг тош якка-ёлғиз худди ташландиқ матоҳдек бечора, маҳзун бир кайфиятда қолганди. Оғир қайғуга ботган жондордек кўриниб кетди у Сизифнинг кўзига.

Қадрдонининг ёнига ошиқди.

* * *

Сизиф ўнг чаккасини ерга босиб узоқ тин олиб ётди. Ер қаъридан гулдираган, ғўлдираган сас келмоқда, ҳадемай оёқ остидан саноқсиз издиҳом чиқиб келадигандек, денгиз безовта шовуллаяпти, ҳадемай тўфон қўпадигандек, тоғ чўққисининг тепасидан кимдир гурзи билан урмоқда, тоғу тошни қозиқ янглиғ ерга қоқиб ташлайдигандек… Харсанг тошнинг ичидан ивир-шивир, ивир-шивир товуш чалиняпти қулоққа, демак, тошнинг ичи фақат тош эмас, у ерда бошқа нималардир… Сисиф… эҳтимол, яна кимлардир бор, Сизифнинг юраги сезиб турибди. Сисиф, ҳадемай, дийдор онлари етади, Сизифнинг бағри тўлади, тўкис одамга, тўкис иродага айланади. Бу ҳолни ҳатто харсангни шу ерга келтириб қўйган маъбудлар ҳам ўйлаб кўрмаганлари аниқ, замонлар келиб, бу харсанг тошнинг қаъри ивир-шивирга тўлалигини қандайдир худобезори банди Сизиф кашф қилиши тушларига кирибдими!..

Сизиф чап чаккасини ерга берди. Жимжит. Узоқ пойлади у. Бирон шовқин, сас-садо йўқ – жимжит. Ўнг томонини босди. Бояги-бояги товушлар, овозалар эшитилди. Бундан чиқди, чап қулоғи оғирлашган… Демак, ўнг кўзи, ўнг оёғи ва чап қулоғи… Сизиф ерга чалқанчасига ётиб осмонга қаради. Катта-кичик булут тўдалари кумушдек оппоқ, изма-из карвон тортиб ўтишяпти. Ҳар бир булут тўдаси бири-биридан ғалати-ажабтовур жондорларни эслатади, Сизиф қилт этмай турган бу “жондор”ларнинг аслини ҳаётда кўрмаган, уларнинг кўпларининг номини ҳам билмайди. У чап кўзини кафти билан ёпди.

* * *

Булутлар карвонининг йўналишини яқинда пайқаб қолди Сизиф. Увада-увада бўладими, сидирғасига осмонни қоплаган бўладими, чароғон ёхуд тунд-қорамтир бўладими, қатъи назар, булутлар Сизиф ишғол этишга уринаётган тоғ чўққиси тепасида бирров йиғилиб, бамисоли қиз маммини тавоф қилгачгина денгиз томон йўл олишар экан. Булут оқими яқинлашгани сайин эса денгиз сатҳи ҳаракатга тушар – тўлқин изидан тўлқин келиб қирғоққа урилар, оппоқ кўпиклар фаввора ясаб ҳавога сочилар, Сизифнинг нигоҳи илғамайдиган олисларга бориб эса булутлар ўйноқи денгиз мавжлари оғушига сингиб кетишарди.

* * *

Сизиф харсангнинг катта-кичик синган-учган жойларини бир сидра кўздан кечирди, у қандай ҳодиса юз бераётганини энди англаб етган, бироқ унинг оқибатини ҳамон аниқ тасаввур қилолмаётган, бир кўнгли қувонса, бир кўнгли беихтиёр хавотирга тушаётганди. У худди дўстининг кўнглини кўтармоқчи, унга тасалли бермоқчидек харсангнинг “кифти”га шапатилаб қўйди, икки чеккасига қулочи етгудек япасқи бўлак синиб тушган жойини силади. Харсангнинг юмалоқлиги, думалоқлиги, бақалоқлигига путур етганига термилиб қолди.

– Қани, йўлга, оғайни, – деди Сизиф харсангдан кўра ўзига далда бўладиган оҳангда, баланд товушда. Шундай деб харсангни жойидан қўзғатишга чоғланди. Харсанг одатдагидек беш-олти одим жойга юмалаб бормади. Бир ёнбошга ағдарилдию, тўп этиб тушганча тек қотди. Сизиф кучига зўр берди – икки қўллаб, тиззалаб, кўкси аралаш харсангни кўтарди, харсанг яна тўп этиб бошқа ёнбошига ағдарилди-да, тураверди. Харсанг сингани сари унинг юмалоқлигига путур етаётган, шу боис бурунгидай думалолмаётган, лекин унинг аввалги залвори, оғирлигидан асар ҳам қолмаётгани яққол сезилаётганди. Демак, энди у юмалоқчи-думалоқчи эмас, ўрмаловчи, одамлар сингари қадамлаб тикюрувчи ҳам эмас, балки у ён-бу ёнга ағдарилиб-ағдарилиб, тўмпарилиб-тўмпарилиб ҳаракатланувчи, бақалоқлигига ҳам анча-мунча путур етган – тобора ихчам тортаётган харсангга айланганди.

Сизиф саркаш хаёлларга чек қўйиб, харсангни дам у ёнбошига-дам бу ёнбошига ағдара-ағдара йўлнинг танобини тортаверди. Бир пайт Сизиф аввал гурс этган, кетидан қарс-с этган шовқиндан чўчиб тушди. Не кўз билан кўрдики, харсангнинг ёнбошида Сизифнинг бўй-бастидан чоғроқ бўлаги синиб ётарди. Харсангнинг ичи-бағри очилди деб кутганди у, шу хаёлда шошиб янги синиқ жойига қаради, бироқ харсангнинг бағри тим қора, қоронғулик орасида тиканак учидек йилт этган зарралар сочилиб ётарди. Сизиф шуни ҳам яхшиликка йўйди – йилт этган, милт этган нур борми, демак, тош йўнувчи мўйсафид устабоши назарда тутган харсангнинг қалби мана шудир ҳойнаҳой? Топабилиш деганмиди, кўрабилиш деганми, нима деган тақдирда ҳам Сизиф икки кўзи билан кўриб турибди!

* * *

У янги синиқ бўлакни икки қўллаб тепага қарата судрашни мўлжаллаганди. Оғиргина экан, кичикроқ ва енгилроқ бўлса чўққига олиб чиқиш осон кўчарди, лекин начора, борига барака, қайтанга харсанг янаям енгиллашгани аниқ. Яна бир-икки марта мана шундай синиб тушса, уёғи… Сизифнинг бор мушкули осонлашади-қўяди.

– Марра яқин, Сисиф, шундай эмасми, қадрдон?

Сизиф қулоқ солиб кутди, пича фурсат ўтказиб саволига ўзи жавоб қилди:
– Шундай…

Сисифнинг совуққонлигидан Сизиф тутақиб кетди. Бирдан ичи ҳувиллаб қолди. Ўзини жудаям ёлғиз, ҳатто чала одам ҳис қилди. Яқин-орада бу қадар ҳўрлиги келмаганди. Сисиф ҳам бегоналашибди, у ҳам жонига ора киролмас экан, у ҳолда… Сизиф харсанг синиғини икки қўллаб тутганича алам билан уни тепага қарата тортишга тушди.

– “Шундай” ҳам гапми! Худди шундай! Марра яқин! Ана, қўл чўзсам бас! Харсангнинг ичи тош эмас, ичи тўла йилт этган, милт этган нур! Харсангни чўққига олиб чиқмаган номард, ношуд! Мен ўзим, ёлғиз ўзим олиб чиқаман! Маъбудлар кўриб қўйсинлар, ўшанда, одамлар кўриб қўйсинлар, ўшанда! Ҳа-ҳа-а, қараб туринглар, шоҳиди бўлингла-ар-р!..

* * *

Чўққига етиб чиққан Сизиф ҳолдан тойиб ўтириб қолди. Бироқ у оёқ-қўли, аъзои бадани толиққанидан эмас, руҳида кечаётган ҳолатни тушунолмаётганидан ҳолдан тойганди. Дастлабки сафар харсанг бўлагини олиб чиққанида севинчи ичига сиғмаган, азбаройи тортинмай-нетмай қичқирган, ҳатто харсангни батамом олиб чиққанида нима деб оламга жар солишини ҳам чамалаб қўйган, фақат ўша сафар пастда – тоғ ёнбағрида ёлғиз қолган харсангнинг аҳволидан хавотирда хаялламай ортига қайтганди. Энди эса… Сизиф ўтирган жойида атрофни кузатди, самода дам сузиб-дам тек туриб қолаётган булут тўдаларига термилиб ўтирди. Назарида парқу булут тўдалари денгиз жилваларига қўшилиб кетди. Қора қайиқни, балиқчи чолни кўргиси келди Сизиф. Асоп… Қизининг аҳволи нима кечди экан?.. Сисиф… Сизиф пастда анчагина ихчам тортган харсангга разм солди. Уни думалатиб чўққига олиб чиқиш ўтирган жойида жуда-жуда оддий, жўн, ҳатто арзимас машғулотдек туюлиб кетди. Шунда Сизиф шу чоққа довур тоғ ҳақида ўйлаб кўрмаганига ҳайрон бўлди.

* * *

Аллақанча дафъа чўққи томон кўтарилишга уринганларида эмас, мана, чўққидан пастга тушаётганида тоғ ёнбағрининг бу қадар нишаблигини ҳис қилди. Тоққа чиқишдан кўра, ундан тушиш мушкулроқ эканлигини биларди. Бироқ у фақат ва фақат тепага қараб ўрмалаш хаёлида, ҳаракатида яшади. Изидан қайтмас қумурсқадек, саккиз-ўн оёқли ўргимчакдек ўрмалади. Харсангни чўққига томон думалатишдан бошқа ҳеч нарсани кўзламади, ўйламади. Харсанг ҳам озмунча унга бўйсундими! Лекин, мана, оқибат, мана, кўриб турибди у ўз кўзлари билан! Ва яна бир катта ҳақиқатни англаб етаётганидан ҳаяжонини босолмай қолди. Харсанг тош бирор марта юқорига кўтарилиш чоғида эмас, фақат ва фақат пастга тушаётгандагина, пастга қараб думалаш чоғидагина сина бошлади. Пастга энаётган лаҳзалардагина харсангнинг метинлиги панд берди – у синишга, парчаланишга юз тутди. Харсанг тош чўққига чиқиш уқубатларига эмас, тепадан пастга тушиш машаққатларига дош бермади.

* * *

Тоғ ёнбағри текис ва равон бўлмаса нима қиларди Сизиф? Ўйдим-чуқур бўлганида, чакалакзор, юлғунзор қоплаган ёхуд йўл ўнгурзорлар оралаб тушганда-чи? Бу борада Сизифнинг омади чопгани аниқ, тўппа-тўғри йўл, қўл чўзса етгудек марра. Тўғри, хийла қиялик ва харсангнинг залвори, оғирлиги йўл қўймади зиммасидаги жазони эртароқ ўташга. Лекин у бўш келмади, барча машаққатга чидади. Денгиздан, булутдан, ҳатто харсанг тошнинг ўзидан мадад олди, фақат негадир тоғ ҳақида ўйламабди. Хуноби тошганида, алам жон-жонидан ўтиб кетган пайтларда тоғни ўпириб-қўпориб ташлаши мумкин эди, ёки харсанг билан тил топишган кезларида тоғ билан тиллашиш ҳақида бош қотирмаганига ҳайрону лол қолди.

* * *

Сизиф осмонга кўз тикди. Уқрадай оппоқ ва паға-паға булут ошиқмай-нетмай оқиб бормоқда. Сизифнинг назарида булут жуда имиллаб ҳаракатланаётгандек туюлди. Бу кетишида гўё вақт ўтмаётгандек, булутнинг имиллаши вақт ўтишини секинлаштириб қўяётгандек эди. Ваҳоланки, вақт буткул тўхтаб қолмаган, балки мудом ўтиб бораётганини Сизиф кўпдан буён булут оқимига қарабгина чамалаётган – кейинроқ эса булут оқими билан денгиз сувининг мавжланишлари орасида пинҳона яқинлик, ўзаро хуфия “битим” борлигини пайқаб қолди.

* * *

Харсанг думаламай қўйди. Энди у худди тўртала томони тенг кўтарилган супачадек, бундай жисмни думалатиш эмас, суриш, у ёки бу ёнига ағдариш йўли билан тепаликка олиб чиқиш мумкин, холос.

Сизиф шунга ҳам рози ва хурсанд эди. Унинг учун қандай бўлмасин, харсанг жойида туриб қолмаса, бир қадам-бир қулоч бўлса-да, ўзига бўйсуниб тепалик сари илгариласа бас. Сизиф шу ниятда харсангни жойидан жилдирди, у хали думалоқлиги сақланган сиртида бирмунча осон думалар, ўйилиб тушган жойи билан тап этиб тушган жойидан эса уни яна қўзғатиш, жилдириш учун Сизифдан бир талай куч-қувват, бардош-ирода талаб қилаётганди.
Хайрият, харсанг аввалгидан анча-мунча ихчам тортган, агар парчаланиш давом этса, у ҳолда Сизифнинг машаққати янаям озаяр, вазни енгиллашган харсангни ортиқча машаққатсиз чўққига олиб чиқади-да, ундан кейин… ана, кейин…

* * *

Сизиф сўлоқмондай харсанг бўлагини чўққига олиб чиққан дамда кўнглига оралаган ғалати нохушликни қайта туйди. Чиндан ўша сафар кўнглида бир ғалати шарпа пайдо бўлган, лекин Сизиф унинг қандай ва ниманинг боисида пайдо бўлган кўнгилғашлик эканини англаб етолмаганди. Мана, ўша кайфият яна уни ўйга толдирди. Наҳотки, бу харсангни чўққига олиб чиқиш билан боғлиқ бўлса? Ахир неча замон-неча даврлардан буён ўйлагани, интилгани, истагани шу эди-ку! Ниятига етмоқда-ку, у ахир!

Сизиф атайин қўл силтади-да, адоқсиз ўйларни ўзидан йироқлаштириш ниятида харсангга тармашди. Уни бир уринишда кўтариб ташлади. Яна, яна, яна. Харсанг бир неча одим илгарилади. Сизифнинг димоғини ғалаба эпкини қитиқлаётганди. Назарида шу кетишнинг ўзида чўққига етиб борадигандек эди. Денгиз томон умидвор тикилди. Уммон сатҳи эса деярли қилт этмас, бундай пайтда қора қайиқни кўришга умид ҳам боғламас – қора қайиқ ўрнига кўз ўнгида тутаб бораётган қора дарахт эътиборини тортаётган – балиқчи чол минган қайиқ эса одатда салқин шабада эсган дамларда пайдо бўларди. Булутлар эса турфа шакл-шамойил ясаб ўтиб бормоқда, демак, вақт тўхтамаган. Сизифнинг вақти ўтмоқда. У ана шу вақт ичида иродасини ишга солмоғи шарт. Иродаси ҳаракатга, ҳаракати иродага айланиб кетиши шарт. Шунга эришса, бас, ҳар қандай машаққатга дош бериши ва мўлжаллаган муддаосига етишмоғи осон кўчади.

* * *

Харсангнинг навбатдаги қасирлаб-қисирлаб синиши ҳар сафардагидек кутилмаганда юз берди. У харсангни қўполлик билан думалатмаганди, жуда авайлаб, эҳтиётлаб ёнбошига ағдараётганди. Ўнг ёнбошига айланаётган харсанг тўп этиб сўл томонига ағдарилди. Шу ағдарилишда у пастга қараб шўнғийдигандек кўринганди, йўқ, тўп этдию, тек қотди. Харсанг оғир-оғир нафас олаётгандек эди. Ҳа, деди Сизиф, ичида, мен эмас, харсанг ҳолдан тойди. Одам енгилмади – тош енгилди, тошга қўшилиб тоғ енгилди, чўққи енгилди. Маъбудларнинг маъбуди енгилди. Ваҳоланки, Сизиф ҳеч кимни-ҳеч нарсани сўкмади, туртмади, аюҳаннос кўтармади. Харсангнинг феъли ўзига маълум, шу боис ундан бир қадам ҳам нари кетмайди, фақат тепаликка кўтарилаётиб… не кунларни солмади харсанг Сизифнинг бошига?! Ҳоли-қудрати етмай, уни тутиб қололмаган жойдан орқага – пастликка томон гулдираб-дўнғиллаб, қасира-қусурлаб тоғ кўчкисидек, кўклам селидек пастга томон отилган дамларда Сизиф билан харсанг тошнинг оралиғи узоқлашиб кетар, Сизиф аҳ-ҳ, эссиз, деганича манглайига қарсиллатиб шапалоқ тортар, қаққайиб турган жойида кўксининг ичида нимадир шу-у-увиллаб пастга тушиб кетар, гулдираб-қалдираб пастга ҳамма ёқнинг тўс-тўполонини чиқариб йиртқич ва телба буқадек думалаб бораётган харсангни нигоҳи билан кузатиб қолишдан бошқага ярамас, бирор кори бад юз бермасин-да, дея баралла илтижолар қилар, зум ўтмай эса нияти ижобатга олинганидан боши осмонда, олишувда ғолиб келган болакайдай ростакамига чапак чалиб юборар, тўхтади, хайрият, деганича тоғнинг этагидаги бўйрадек яланглик жойга бориб ҳаракатдан қолган телба харсангдан кўз узмай тушиб келар, қақшатғич ва аёвсиз муштлашувдан сўнг нафас ростлаётган қадрдонига меҳрибонлик кўрсатмоқчидек харсанг теграсида гир айланар, чир айланар, қадрдони ҳеч бир шикаст-рехтсиз келиб тўхтаганидан боши осмонларга етар, назарида эса, харсангнинг бутун юз-кўзидан тер қуяётгандек бўлар, Сизиф тош қотган кафтлари билан унинг “бети”ни силаб-сийпалар, терларини, чанг-ғуборларини артиб қўярди.

* * *

Сизиф ўз қўли билан тиклаган харсанг тош теграсида оҳиста айланаётиб ўйиб ёзганлари ёдига тушди. Излай бошлади. “Сизиф”, сўнгра “Коринф”… “Сизиф” ва “Коринф”… У ост-уст бўлиб қалашган харсанг синиқларини кўтарди, энкайиб қаради, биронта ҳарфли тош бўлаги чиқмади. Ўзи тополмаса, бошқалар, яъни келажакда бу манзилга қадами етадиганлар қаердан топадилар, қаердан кўрадилар? Ахир у не ниятларда-не машаққатларда ўйиб туширганди ҳарфларни?! Наҳотки, бари зое кетган бўлса?! Йўқ, ёзувлари ўчиб кетиши мумкин эмас, уларни топади, зеро, одамлар, замону давронлар ўтади, булуту осмонлар, тоғу денгизлар ўтади, лекин ёзув қолади, ёзув!..

* * *

Сизиф Коринф қалъасининг тошдевори бўйлаб салобат ила одим ташлаб бораётиб рўпарасида ҳурмат сақлаб қуллуқ қилиб турган мулозимларига бош ирғаб саломлашди. Сизиф олдинда, мулозимбоши ёнбошда йўлда давом этишди. Мулозимбоши адо этилган юмушларга доир ахборот бериб келаверди.
– Қалъа деворини тиклаш ишлари ниҳоясига етаёзди…

Сизиф мулозимбошининг овозида таҳлика оҳангини пайқади.
– Етдими, етаёздими? – тавозе ила сўз қотди Сизиф. – Фурсат аллақачон етди чоғи?..

Сизиф шундай деб кўкка кўз тикди. Ҳаво очиқ эди. У кунботар томон оҳиста сузиб бораётган оппоқ парқу булутлар тўдасидан бир муддат нигоҳини узолмади.

– Анавиларга қара, – деди Сизиф мулозимбошининг билагидан тутиб,
– булутга қара деяпман. – Фурсат етди эмас, аллақачон ўтди…

– Шундай-шундай, фақат… фақат… – Мулозимбоши осмонга қараб ҳеч нарсани англамади, булутлардан кўзини узиб деворнинг ниҳоясида ҳайҳотдай қорайиб турган харсанг тош теграсида чумолидек ғуж қалашган ишчиларга, қулларга қаради. Мулозимбоши ўша томонга икки қўлини чўзиб ялинчоқ оҳангда ғудранди: – Ана шу… ана шу харсангни жилдиришнинг эпи топилмаяпти, аъло ҳазрат. Бу таъвия харсанг шарманда қилди барчамизни, ишонинг, аъло ҳазрат!

Сизиф харсанг тошга бир назар ташладию, сапчиб орқага тисарилди. У – жазо биёбонида Сизифга рўпара қилинган, неча замон-неча вақтлардан буён унга адоқсиз машаққатлар, азоблар берган ва алҳол унинг жонфидо биродари, қадрдонига айланиб кетган харсанг тош эди! Фақат унинг Сизифга илк сафар рўпара келган ҳайбатида – бус-бутунлиги Сизифнинг капалагини учириб юборганди. Шунда ҳам у сир бой бермади, зўраки бўлса-да, мийиғида кулди. Ёнбошда таъзим қилиб турган сангтарошлар сафида таниш мўйсафид устабошига нигоҳи тушди.

“Дилини топмабсанда?..” – Бу сўзни Сизиф сас чиқармай, ўзи ҳам эшитмайдиган овозда шивирлаб айтди ичида. Фавқулодда устабоши сангтарош сафдан бир қадам олдинга чиқиб чуқур таъзим бажо келтирди. Сизиф тўхтади.

– Аъло ҳазрат, шундай харсанглар учрайдики, уларда на дил — на юрак — на қалб топилади. Қодир аллоҳ уларни ушбу неъматлардан бенасиб этган бўлса ажабмас…

Сизифнинг чеҳраси очилди, бош чайқади.
– Дили, тили топилмайдиган харсанг йўқ оламда, сизларни  шарманда қилган бу харсангнинг дили ҳам, қалби ҳам, мана, менинг қўлимда!

Сизиф шундай деб қўлидаги харсанг синиғини баланд кўтарди, атрофга аланглади. Теварак-атрофида ҳеч ким-ҳеч зоғ йўқ, унинг ўзи баланд чўққининг тепасида турарди. Кимсасиз, ёлғиз ўзи тургани ҳам уни ажаблантирмади. Худди у Коринф қалъаси девори қурилишида ҳозир бўлмагандай, ҳеч ким билан савол-жавоб қилмагандай, ўша-ўша кўтаринкиликда баралла ҳайқирди:

– Менким Сизиф ишғол этган юксакликни инсон боласи етти ухлаб тушида кўрмаган. Энг баланд иморат дейсизми, энг баланд тоғ чўққиси дейсизми, уларнинг ҳеч бири мен забт этган чўққи олдида ип эшолмайди. Ҳеч бир замон ва маконда одам боласининг оёғи етмаган баландликда, мана мен – бўйим дароз, бошим осмон қад ростлаб турибман!..

* * *

Бу дамларда у ўзини курраи заминнинг энг эркин ва озод бандаси деб билар, чунки унинг оёқларига урилган кишаннинг узунлиги ернинг исталган чеккасига довур боришига монелик кўрсатмас, бироқ, шу билан бир вақтда ер сатҳидан бир қадам нарига одим босишига йўл қўймас, чунки кишан занжирининг узунлиги ҳисобли эди. Айни чоқда у ўзини бепоён осмоннинг энг эркин ва ҳур бандаси деб ҳисоблар, чунки унинг бўйнига урилган само кишани осмонларнинг исталган сарҳадларига довур боришига йўл қўяр, шу билан бир вақтда коинот сарҳадларидан бир бахя бўлсин, нари кетишига изн бермасди. Шундай бир ҳолатда у заминга тушиш истагида бетоқатлангудай бўлса само кишани бўғзидан тортар, само сари умтилган тақдирда эса – замин кишанлари ортиқча бирор қадам ташлашига йўл қўймас, яъни унинг эркинлиги ва озодлиги мана шу икки кишан узунлиги орасида эди…

* * *

Самони қоплаган қоп-қора булут уммон сари лашкар тортди. Манзара ваҳимали эди. Осмон нимадан ғазабга келди? Жунбишнинг боиси нимада? Бутун самони қоплаган қуюқ, оғир ва ҳайбатли булут оқими дунёнинг тўс-тўполонини чиқармоққа шайланган важоҳатда… Сизиф кўнглига оралаган турфа саволларга жавоб топиб улгурмади – осмон тўла булут денгиз устига етган жойда тўсатдан пастлашди ва маъшуқаси васлига етишган ошиқ янглиғ бутун залвори билан денгиз устига ёпирилди. “Иҳ-иҳ-ҳ-ҳ!” деган сирли сас таралди самога. Буни аниқ эшитди Сизиф, ўз қулоғи билан эшитди. Булут билан денгиз… Демак, булут ва денгиз… Сизиф хаёлига келган фикрдан ўзини қўярга жой тополмай қолди ва ҳардамхаёллик билан денгизнинг жонига ора кирмоқчи эди, бироқ денгиз, қирғоқларига қадар, ўйноқи тўфону оппоқ мавжларига қўшилиб осмон тўла булут оғушига сингиб кетди…

* * *

Адоқсиздай кўринган машаққатлар ортда қолди. Сизиф  ўзининг нималарга қодирлигини кўриб-билгани сайин юз бераётган воқеаларни ақлига сиғдиролмаётган, хаёлининг бир чеккасида кўз қўрқоқ – қўл ботир деган нақлнинг нақадар тўғри эканлигига имон келтирар, ўзига ўзи тасаннолар ёғдиришдан тортинмасди. Меҳнат машаққатидан одам ўлиб қолмаслигига ҳам иқрор бўлди у. Шунга қарамай, инсонга ҳам руҳий, ҳам жисмоний азоб-уқубат берувчи меҳнатни оқлашни истамас, оддий инсоний шароитда бундай даҳшатли-хатарли ишга қўл ура олмасди албатта, бу – муқаррар, лекин танбалликка ҳам ўт тушсин, ҳеч бир танбал банда юзга кирдим деб кўксига урганми ҳеч бир замонда?! Меҳнат қилган яшайди, юзга чиқиш ҳам гапми, мингга киради, уйдек, тоғдек харсанг тошни юмалатиб, думалатиб мана шундай тоғ чўққиларига олиб чиқишни уддалайди. Бахт – зўрники. Бахт – харсанг тошни юмалата олганники! Меҳнатсеварники, меҳнат машаққатларидан қўрқмаганники!

* * *

Сизиф бир замонлар кўнглига тугган ниятини, мана, ниҳоят… ниҳоят баралла оламга жар солиб айтар фурсати келди! У заррача тортинмайди, қисинмайди, балки овозининг борича оламга жар солади: ҳо-ҳо-ҳе-ей-й, одамлару одамла-ар, эшитмадим демангла-ар! Менким шаҳон шоҳ Эол ва малика Энаретнинг суюкли ўғлони, Мероплар сулоласининг арзанда куёвтўраси, Главканинг падари, Беллерофонтанинг меҳрибон бобоси бўлмиш маҳкум Сизиф кимсан Зевс томонидан каминага белгиланган жазои ҳақни, ниҳоят, ниҳоят… шараф билан ўтадим, уддалади-и-м-м! Ҳа-ҳа-ҳе-е-ей-й-й! Мана-а, қарангла-ар, шоҳиди бўлингла-ар, харсанг тошни чўққига олиб чиқдим, чўққини забт этдим, зафар қучди-им-м!..

* * *

Сизиф не-не замонлардан буён кўнглига тугиб, неча қайталаб такрор-такрор машқлар қилиб қўйганидек шу тахлит оламга жар солиш ниятидан кутилмаганда воз кечди. Харсанг тош синиқларини авайлаб-эҳтиётлаб тахлаб чиққач, қад ростлаб чўққида турган жойидан пастга қарадию, юраги шув этиб кетди, юраги орқасига тортиб, ўзини хасдек, хазон парчасидек, қилт этиб шабада эсгудай бўлса жисми-жасадини осмони фалакка тўзиб кетадиган чанг заррасидек омонат, муаллақ сезди. Шошилиб чўққининг тепасидан то этагигача бўлган масофага кўз югуртирди. Бўм-бўш – ҳеч зоғ-ҳеч нарса кўринмас, ҳатто тоғ ёнбағри ҳам қаёққадир ғойиб бўлган – Сизиф кўкда, булутлар ёнида муаллақ парвоз этиб тургандек – булутлар вақт ўтаётганидан хабар, белги берувчи деб ҳисоблаб келарди у шу чоққача – энди кўряптики, булутлар сурув-сурув, гала-гала, уюр-уюр бўлиб келиб, уялмай-нетмай обдон тош маммини ялаб-юлқаяпти… буларнинг бари Сизифнинг кўз ўнгида юз беряпти, мамми шунга мойилдек ял-ял оқариб, яшнаб-чарақлаб, янаям кўзни қамаштириб, гул-гул очилмоқда – бир жозибага ўн жозиба қўшилмоқда.

Қайдандир “гуп” этган шовқин эшитилди, Сизиф денгизга яқин томонда заққум дарахти аланга олиб ёна бошлаганини кўрди. Ўт қўяман, деб бақириб юборди Сизиф дағдаға билан қўлларини боши узра сермаб, ҳасаддан, рашкдан азбаройи қорайиб кетганди у, булутга ўт қўяман, ёқаман! Осмонга қўшиб, маммига қўшиб кулини кўкка совураман!

– Лака-лум, лак… Лака-лум, лак… – Сизиф турган жойида қўлларини боши узра кўтариб рақсга туша бошлади. – Лак-лак, лакалум. Лака-лака, лак-лак, лакалум-м!..

Унинг кўзи тиниб, боши айланди. Кўнгли алағда бўлди. Ҳақиқатда икки қўллаб мамми пойига суянмаганида булут аралаш эсаётган шабадада хасдек аллақаёқларга учиб кетиши ҳеч гап эмасди.

– Булутга қўшилиб мамми қучоғида ёниб кул бўлсам ҳам майли, чўққидан пастга юмалаб, думалаб парча-пурча бўлиб кетсам ҳам розиман!.. –Лак-лак, лакалум-м! Лак-лака, лакалум-м!.. Лак-лак, лакалум! Лак-лака, лакалум-м!..

Сизифнинг қулоғига мусиқий сас чалинди. Нолакор нағма қай томондан таралаётганини аниқлолмади у. Мусиқа тўхтаб қолмасайди деган хавотирда “Лак-лакалум”ни бас қилмади. Мусиқа ғоятда назокат ва эҳтиётлик билан хиргойига жўр бўлди, бунга сайин Сизифнинг илҳоми жўшди.
– Мен осий банда, – хаста товушда шивирлади: – Кечиргайсиз… узрларим… тавбаларим… илтижоларим…

Нигоҳи денгизга қадалди – мовий сув сатҳи саломга чиққан келинчакдек маъюс ва сокин тортганди. Сизиф гандираклаб, тубсиз пастликка қулаб тушаёзди – тисарилиб бориб, тош мамми пойига суянди. Кўзи қамашди. Ўзини қўлга олишга уринди. Харсанг тош синиқлари уюми томон қўлини чўзди, қулочини борича ёйди, базўр қад ростлаган ярадор аскардек олдинга битта-битта қадам ташлади, шу боришда нимани ўйлади, ниманинг мўлжалини олди, мурод-мақсади нима эди – ўзига-да ноаён, лекин айни дамда ичида нимадир йилт этди, азбаройи узоқ уйқудан чўчиб уйғонган одамдай сапчиб тушди, тошқотган кафтлари билан юз-кўзини қаттиқ-қаттиқ ишқади, суюнди, сургалиб танасидан орқада қолаётган ногирон оёғига оғриниб, кулимсираб қаради, зум ўтмай кулимсираш ўрнини аламли чираниш, фавқулодда шиддат эгаллади ва… ва… дўсти, қадрдони, якка-ягона сирдошига айланиб қолган харсангни бир ҳамлада пастга қараб думалатиб юборадиган важоҳатда тош бўлаклари уюми устига ўзини ташлади…

2015 йил 12 июль, якшанба.
21 сентябрь, душанба. 1 – 16 декабрь.

2(93).jpg8 yanvar — Yozuvchi Xurshid Do‘stmuhammad tavallud topgan kun

Taniqli yozuvchi Xurshid Do‘stmuhammadning ikki asari: oldinroq yozilgan “Bozor” romanining qayta ishlangan nusxasi va yangi “Donishmand Sizif” romanidan iborat kitobi “O‘zbekiston” nashriyoti tomonidan chop etildi. Kitobdan o‘rin olgan ikkinchi roman qahramoni, nomidan ham ko‘rinib turibdiki, jahon adabiyotida mashhurdan-mashhur bo‘lgan Sizif obrazi. Muallif keng ommalashgan afsonaviy-mifologik qahramon mubtalo etilgan shafqatsiz qismat orqali inson, dunyo, munosabatlar girdobi haqida o‘ziga xos kuzatishlari, o‘ylarini muhtaram kitobxonlar e’tiboriga havola etadi.

Xurshid DO‘STMUHAMMAD
VAQTDAN QUDRATLI KUCH YO‘Q
004

0-xd.jpgHar yilning zimmasida o‘z vazifasi bo‘ladi. Uning uchun vazifaning yaxshi-yomoni yo‘q: ado etadi-qo‘yadi. Zero, yil ham insonga boshiyu adog‘i noayon, bir maromda oqib borayotgan vaqtning bir birligi, o‘lchami. Odamlar o‘z tushunchalaridan kelib chiqib: “Yaxshi keldi”, “Yomon keldi”, deya ta’riflaydilar.

Yil esa berilgan ta’rifu tavsiflar bilan hisoblashmaydi. Chunki, u – vaqt!

Vaqtdan qudratli kuch yo‘q yorug‘ dunyoda! “2016” deb atalmish navbatdagi vaqt birligi o‘n ikki shoxining oxirgi yaproqlari hilpirab insoniyat bilan xayrlashmoqda. Vaholanki, kechagina uni o‘zgacha izzat-ikrom va orzu-niyatlar bilan qarshi olgandik, qavat-qavat mo‘ljalu rejalarimizni ezgu niyatlar, ajoyib kunlar bo‘ylab taqsimlab chiqqandik. “2016”ning ham biz bandalarga noma’lum rejalari borligini esa xayolimizga keltirmabmiz.

Ahli qalamkash borki, o‘qish-mutolaaga andarmon, albatta. Mo‘’tabar yoshdagi Abdukarim ota Usmonxo‘jayev “O‘tgan kunlar” yuzasidan bir qator nozik savollarni yig‘ib yurgan ekanlar, ardoqli romanni qayta qo‘lga olishga bahona topilganidan mamnun bo‘ldim. Unga Cho‘lpon asarlari, ustoz Naim Karimovning “Cho‘lpon” hujjatli romani ulandi. Nabijon Boqiyning allaqancha shov-shuvlarga sabab bo‘lgan “Qatlnoma”siga ehtiyoj tug‘ildi. So‘ng Fitrat va bu alloma hayoti hamda ijodiga bag‘ishlangan Hamidulla Boltaboyevning asarlari… Eh-he-ye, birgina shu mavzuni o‘qiyman-o‘rganaman, degan odamga “2016”daqasidan besh-oltitasi ozlik qiladi.

Yozuvchi do‘stim Habib Temur bilan mashhur afg‘on adibi Xolid Husayniy qalamiga mansub romanlarni talashib-tortishib o‘qidik (ayrim lavhalarni rus va Rustam Jabborov tarjimasidagi o‘zbekchasiga qiyoslab ko‘rdim), ko‘plab bahs-munozaralarga mavzu bo‘layotgan fransuz adibi Mishel Uelbekning ijodi bilan tanishishga kirishdim. Fransuz Alen Rob-Griyening “Takror” romani, Syoren Kyerkegorning qo‘rquv tuyg‘usiga bag‘ishlangan tadqiqoti, taniqli faylasuf olimimiz Baxtiyor Karimovning “Ontologiya, gnoseologiya, logika va fan falsafasi muammolari” kayfiyatida yashadim. Fan doktori Ulug‘bek Dolimovning “Ahli irfon”, O‘zbekiston Qahramoni, mashhur ko‘z jarrohi Rahmon Muhammadiyevning “Taqdir tuhfalari”ni, shuningdek Muhammad Amin Muhammad Yusufning “Islomga bag‘ishlangan umr”ini yilning ibrat, namuna kitoblari sifatida e’tirof etmoq kerak, degan takliflar tug‘ildi xayolda.
Yanvarning 22-kuni Erkin akani ko‘rish niyatida statsionarga bordik. Gulchehra yanga ustozni chaqirishga ichkariga kirdilar. “Ix-ix” degan ixrash eshitildi. Erkin aka chiqib keldilar.

– Ha okam, nega ixrayapsiz? – deya gap qotdilar Ibrohim ustoz.

Erkin aka mayin jilmaydilar.

– Ixrash ham quvvat berarkan…

Hademay «O‘zbekiston» nashriyotida bosmadan chiqayotgan “To quyosh sochgayki nur” nomidagi ajoyib kitob haqida suhbat bordi.

– “Sharq”dagi sakkiz jildlikning navbatdagi sonlari ham chiqib qolar, – dedilar o‘ychan bir kayfiyatda Erkin aka.

Buni qarangki, shu so‘zni aytib tugatdilarmi-yo‘qmi, eshik ochilib Iqbol Mirzo, “Sharq” nashriyoti muharriri, shoir Nosirjon kirib kelishdi va salom-alik asnosida saylanmaning 3–4-jildlarining ilk nusxalarini Erkin akaga taqdim etishdi. Bemor ko‘ngilga bundan ortiqroq sovg‘a bormi, deysiz!..

Qaysidir asarda o‘qigandim, osuda va zavqiyob kunlarning birida muyulishda pusib yotgan mash’um ko‘laga oyog‘ing ostida paydo bo‘ladiyu…

May oyining so‘nggi oqshomi yo‘limizda paydo bo‘lgan yovuz ko‘laga Erkin Vohidovday ardoqli shoirimizni oramizdan olib ketdi. Ustoz xasta edilar, lekin vido onlari yetayotganini tan olgimiz kelmayotgandi. Umidlarimiz, ilinjlarimizga ishondik, “2016” nomli vaqt esa biz bandalarning iltijolari bilan hisoblashmadi…

Sentyabrning ikkinchi, noyabrning beshinchi kuni yana va yana taslim bo‘ldik o‘sha qora ko‘lagaga – Birinchi Prezidentimiz Islom Karimov, izma-iz yana bir nodir shoirimiz Abdulla Oripovning ruhlari samolarga uchdi.

O‘lim nechog‘li haq bo‘lmasin, vaqt biron soniya ilgarilashdan to‘xtamasligi – davomiyligi ham shu qadar muqarrar haqiqat. Binobarin, Muhtaram Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev eshik qoqayotgan yangi yilni “Xalq bilan muloqot va inson manfaatlari yili” deb nomladi.

Hozirgi zamon insoniyat hayotining ma’no-mazmunini muloqotsiz tasavvur qilib bo‘lmaydi. Mutaraqqiy davlat-mamlakat borki, bunday maqomlarga muloqot orqali erishgan, farovonligiyu ilg‘orligi esa muloqot asosiga qurilgan.

Ommaviy muloqotni jonlantiruvchi vositalar juda ko‘p, lekin jamiyatda yuksak madaniy muloqot muhitini yaratishni ommaviy axborot vositalari, ilmiy-ommabop, badiiy va hokazo kitoblarsiz tasavvur qilib bo‘lmaydi. Demak, 2017 yil yurtimiz ziyolilari oldiga har qachongidan ko‘ra ko‘proq jonbozlik ko‘rsatishga da’vat etadi. Odamlarimiz manfaati ular bilan muloqotlar jarayonida ro‘yobga chiqishini biron daqiqa unutmasligimiz lozim. Zero, muloqot fikrlarni charxlaydi, faollikka undaydi, oddiy odamlarni-da ona yurtimizda kechayotgan jarayonlarga nisbatan daxldorlik tuyg‘usini oshiradi. Ezgu niyatlarimizdan mo‘l-ko‘l hosil ko‘tarish esa o‘zimizga, o‘zimizga va bir karra o‘zimizga bog‘liq bo‘lib qolaveradi. Bor-yo‘g‘i 365 kundan iborat 2017 yil esa o‘z “ajdod”lari yanglig‘ shitob bilan o‘tadi-ketadi…

Xurshid DO‘STMUHAMMAD
DONISHMAND SIZIF
Romanning uchinchi qismi
004

III

images_2014_1202_5.jpgTosh qanchalik baland otilsa, u shunchalar shiddat bilan pastga tushadi. Odam-chi? Sizif cho‘qqidan qaytishda osmonga otilgan toshdan-da tezroq tushdi. O‘zini to‘xtatolmadi – jadal yurib, jadal sirpanib, jadal toyg‘onib xarsang sari talpindi – u qadrdon va ajralmas do‘stini tark etganday, qadrdon og‘aynisini tag‘in yo‘qotib qo‘yadiganday xavotirda quyundek, seldek oqib tushdi pastga. Bor bo‘yi bilan xarsangga yopishganicha uni quchoqlab, nafasini rostlolmay anchagacha tek qotdi…

* * *

Jazo chorasini tayinlagan ma’budlar ma’budining xayoliga kelmagan voqea yuz berdi. Abadul abad xarsang toshni tepalik sari dumalatish qismatiga mubtalo etilgan Sizif boshiga tushgan jamiki mashaqqat, jamiki uqubatga dosh berdi, xarsang tosh esa dosh bermadi! Bir parcha etdan paydo bo‘lgan inson chidadi, sijjilmi-temirmi, metin xarsang tosh chidamadi. U tinimsiz va muttasil ravishda cho‘qqi tomon o‘rmalayverish-pastga qarab dumalayverish oqibatida mo‘rt daraxt tanasi yanglig‘ yemirilish, sinishga yuz tutdi. Xarsang tosh har dumalaganida undan yapasqi-yapasqi parchalar ajralib tushar, bularning bari Sizifning ko‘z o‘ngida ro‘y berishda davom etar, bularni ko‘rgani sari uning xayollari parchalanib, parokanda bo‘lib bormoqda edi.

* * *

Xarsang tosh Sizifning ko‘ziga haybatli, mahobatli, qo‘rqinchli ko‘rinadigan zamonlar allaqachonlar ortda qoldi. Sizif unga o‘z ismini o‘yib yozgach, uning yonidan “Korinf” degan so‘zni ilova qilgach, ayniqsa xarsang tosh yumalayvergani, dumalayvergani oqibatida u yemirila-yemirila, parchalana-parchalana vazni yengillashgani sayin Sizif bilan xarsang orasidagi munosabat tubdan o‘zgardi. Oradagi raqiblik, g‘animlik kayfiyati barham topdi. Sizif endi o‘zining inson va kattakon shahar ayonlaridan ekanligini ko‘pda pesh qilmas (allazamonlarda egallagan martabasi unut ham bo‘layozgan), xarsangga do‘q-po‘pisa yog‘dirmas, tiliga, oyoq-qo‘liga erk bermas, telbaligi tutib, osmonni titirataman, tog‘ni sindiraman, dengizni chayqataman deb biyobonni boshiga ko‘tarmas… o‘zida yuz bergan va berayotgan bunday o‘zgarishlar boisini anglab yetish istagi kuchaygani ustiga asosiy maqsad-maslagini ro‘yobga chiqarish onlari yaqinlashib qolayotganini ko‘ngli sezayotgan, sezgani sayin kuchiga kuch, g‘ayratiga g‘ayrat qo‘shila borayotgandi.

* * *

Sizif xarsang toshni cho‘qqi sari yumalatish jazosini o‘tashga kirishganidan anchagina keyin o‘zida hovliqmaslik, shoshma-shosharlik qilmaslik ko‘nikmasi shakllana boshlaganini sezgandi. U bir narsaga ishonchi komil, ya’ni xarsang toshni cho‘qqi tepasiga dumalatib chiqish bilan bog‘liq mashaqqat – qilayotgan ishlari qanchalar gap-so‘z bo‘layotgan esa, ular bugun uchun qimmatli hisoblansa, bu mashaqqatlarining oqibati, ya’ni kunlardan bir kun kelib xarsang toshning cho‘qqi tepasidagi yalanglikda qilt etmay turishi abadiylik, mangulik uchun beminnat xizmat qilajagini yaxshi bilardi. Shu o‘yda ham u eng ulug‘, eng buyuk… kerak bo‘lsa, zamonlar kelib, butun insoniyat qadr-qimmatini ulug‘lash uchun xizmat qiladigan savob amal ekanu, kerak bo‘lsa… shakkoklikka qo‘l urishdan qaytmayman, degan falsafani o‘zi uchun hayotiy maslakka aylantirib olgandi.

* * *

“Nazdimda, odam bolasi bag‘oyat chala” degandi korinflik bir donishmand, Sizif kim ekan u avliyo deb surishtirishni ko‘ngliga tugib yurgan kunlarning birida yanayam g‘alati hikmat tarqatdi o‘sha qariya. Nima emish, inson eng vahshiy, eng qo‘rqmas hayvonlarga havas qilib ularning barcha yaxshiliklarini o‘zlashtirib ola-ola pirovardida shu yo‘l bilan insonga aylangan emish! Dabdurustdan bu hikmat mohiyatini anglab yetmadi u. Naqadar ajoyib fikr dediyu, boshqa munosabat bildirmadi. Huzurimga keltiringlar u avliyoni, yotig‘i bilan suhbatlashay dedi mulozimlariga, biroq ul qariya uzoq yillardan buyon xonanishin umrguzaronlikka yuz tutgani, ko‘zlari qariyb so‘qir, o‘zi esa behad bemor-bemajol ekanligini aytishdi.

Mana, o‘sha hikmatning mag‘zini chaqadigan mavridi keldi – Sizif o‘sha mezondan kelib chiqib o‘ziga o‘zi baho bermoqqa, o‘zini o‘zi ta’riflamoqqa tutindi. Xo‘sh, arslonmi u yoki bo‘rimi? Qashqirmi yoinki tulkimikan ko‘proq? Qarchig‘aydir, burgutdir hoynahoy? Bu singari savollarga javob ham topar, illo-billo xarsang toshligi muqarrar-aniq! Ha-ha, xarsang toshning, tog‘-toshning, dengizu samoda yuzib o‘tkuvchi bulutning yaxshiliklarini o‘zlashtirganiga yo‘q shubha! Bundan chiqdi, har banda yetuk va komillikka yetishmog‘i uchun nafaqat vahshiy hayvonotdan, shular qatori tabiatdan ham eng zarur yaxshiliklarni tortib olmog‘i, o‘zlashtirmog‘i darkor. Bil’aks holda inson irodasi tabiat irodasini o‘zlashtirmaguniga qadar unga bas kelolmaydi, uni yengolmaydi – chala-xom, sabiy maxluqligicha qolaveradi.

* * *

“Tushimda baland qoya ustiga chiqib olibman, qo‘limdagi tarozini qo‘ymay, butun dunyoni tortib sotaman, deya jar solayotganmishman”. Tushini doston qilayotgan kim o‘zi? Mening nomimdan so‘ylashga kim izn berdi? Cho‘qqini zabt etgan men-ku, men! Dengiz mavjlari uzra yalangoyoq yugurgan, parqu bulutlarni momiqday to‘zitgan ham o‘zim, mana, cho‘qqida qo‘nim topdim. Cho‘qqidaman! Tarozi topsam bas, posangi toshi qo‘limda. Mana, oyog‘im ostida – cho‘qqini tortaman, dengiz mavjlarini, teppamda suzib borayotgan bulutlarni bitta qo‘ymay tortib-tortib, qadoqlab-qadoqlab ulashaman, arzon-garov sotaman. Ha-a, chiroyli-bejirim qadoqlayman! Kep qoling, keragicha opqoling! Tog‘u toshdan, yumaloq, dumaloq, baqaloq xarsang toshdan, dengiz suvidan, bulutlardagi eng yaxshi fazilatlarni oling o‘zingizga, aslo kam bo‘lmaysiz! Yangi iroda zarur, odamlarga, yangisi! Harakatga aylanajak iroda, iroda, iroda-a! Olinglar, istagancha, kam bo‘lmaysiz, yaxshilar!..

* * *

Tushimmi-hushimmi, deb o‘yga toldi Sizif picha nafas rostlagach. Tushiga ham, hushiga ham o‘xshadi. Biroq shu tobda uning shartakiligi, tavakkalchiligi tutdi. Nima ahamiyati bor, tush bilan hushning farqi qoldimi?! Axir men cho‘qqidaman, cho‘qqini ishg‘ol etmoqdaman! Hademay xarsang toshni batamom olib chiqaman va vassalom! Vassalom! Cho‘qqidagi odamning tushi ham, hushi ham haqiqat, uning aytgani aytgan, degani degan. Qani, uning so‘zini ikki qiladigan mard so‘zamol topilarmikan? Qani qattol, toshbag‘ir ma’budlar? Kelsinlar, ko‘rsinlar, Sizifning oyog‘i yetgan marrani! Necha zamonlardan buyon davom etgan mehnatu mashaqqatlari evaziga xarsang toshni, mana, ko‘ringlar, bo‘lak-bo‘laklab bo‘lsa-da, belgilangan marraga yetkazib chiqdi!

* * *

Tosh mammi simob tomchisiday oppoq, g‘oyatda nozik, lekin odam bo‘yidan ancha-muncha baland ekan. Chamaladi, qo‘li yetmasligiga amin bo‘ldi. Qo‘li yetganda-chi? Oq toshdan yasalgan… kim yasagan? Hozirgina sutga chayilgandek… kim chaygan?.. Sizif taxminlarini chamalay turib bir tutam bulut mammi tomon yaqinlashganiga ko‘zi tushdi. Kim bilsin, oppoq bulutlar saltanatida shu qadar sayqal topgan, shu qadar nuqraday oqargan chiqar? Bir tutam bulut izidan unga ikki-uch baravar kattalikdagi bulut muz tog‘iday bo‘lib yaqinlashaverdi. Sizif shoshib qoldi, qo‘liga tushgan toshni olib bulutga qarab otdi. Yana va yana otdi. U otgan toshlar dom-daraksiz havoga singib ketdi, bu yoqda esa bulut parchasi yutoqib mammini yalab-yulqay boshladi.
Sizif alamidan cho‘k tushib betini tizzalari orasiga bosdi. Boshini ko‘tardi, xuddi ko‘makka chaqirmoqchi bo‘lgandek pastga – xarsang tosh qolgan tomonga umidvor mo‘ltiradi.

* * *

Pastda esa hammasi eski tog‘ora-eski tos holicha takrorlandi-qo‘ydi: qiyalik yonbag‘rining qoq yarmida to‘xtagan xarsangga to‘satdan jon kirdi – u Sizifga yordamga oshiqish o‘rniga, go‘yo cho‘qqi tepasida yuz berayotgan voqeadan – Sizifni xarob qilayotgan holatdan xabar topgandek to‘satdan pastga qarab dumalay ketdi. Xarsang guldirab-qaldirab dumalab borar ekan, Sizif qulog‘iga chalingan mutlaqo o‘zgacha shovqindan hushyor tortdi. Nima bo‘ldi? Xarsangga nima bo‘ldi? Tinchlikmi? Odamning, hatto hayvonning fe’li qadam olishidan ayon, mana, xarsangning dumalashi nima demoqda? Sizif aniq payqadi: xarsang hozirga qadar necha qayta pastga dumalagan bo‘lsa, uning shu safardagi quyiga enishi mutlaqo avvalgilariga o‘xshamadi. Xarsang zambarakdan otilgan sopqondek emas, yumaloq-dumaloq narsaga ham emas, balki g‘alati shakl-shamoyildagi jismga o‘xshab ketdi – dam sekinlashdi, dam tezlashdi, hatto bir-ikki joyda taqqa to‘xtayotgandek bo‘ldi, haybatli toshning bu tarzda pastga qarab yumalashini Sizif haqiqatda birinchi bor ko‘rayotgan edi…

* * *

U shu choqqacha xarsang xususida shuurini to‘ldirib tashlagan shubha-gumonlarini o‘ylab uyalib ketdi. Haq so‘z toshni kesadi deb hisoblardi, garchi bu aqidasidan butkul voz kechmagan esa-da, o‘rni kelganda, ishonch, e’tibor, mehr-muruvvat haq so‘zdan-da kattaroq, qudratliroq kuchga ega ekanligiga iqror bo‘ldi. Shubha-gumoni ortgani sayin ko‘nglining allaqaysi burchagida pusib yotgan qo‘rquv unga tinchlik bermas, bundan kelib chiqadigan halovatsizlik bir mushkuliga o‘n mushkul qo‘shar, hadik-xavotirda hovliqqani-hovliqqan, nima qilayotganini, xarsang tegrasida harchand girdi-kapalak bo‘lib yelib-yugurmasin, biror ishi-yumushi unmas, ham qo‘rquv, ham hovliqish… qo‘rqqandan hovliqqan yomon… Haqiqatda ham, odam hovliqqani sayin vaqt siljimay, bir joyda taqa-taq qotib qoladi. Bu gap to‘satdan yodiga tushgan damlarda Sizif birdan hushyor tortar, o‘zining qiliqlari beo‘xshov, bachkana tuyulib ketar va o‘tirgan yo turgan joyida atrofga alanglar, tog‘ cho‘qqisi tomon, pastlik tomon, shox-butoqlari qora kosovga aylangan zaqqum daraxtiga, undan naridagi goh sermavj-goh “to‘nini teskari kiyib” tund bo‘lib olgan dengiz tomon qaranar – meni kimdir kuzatib turgan bo‘lsa-chi, degan o‘yda birdan og‘ir-vazminlashar, aslida ham unga birovlarning nazorati ostida qolish, o‘zgalarning nazar-nigohi ostida yashash avval-azaldan juda-juda malol kelardi. Qo‘rquv va uyat hissi iskanjasida qolib ketardi. Bunday xayollar to‘lqinida qo‘li ishga bormas, borsa-da, harakatlari harakatga o‘xshamas, binobarin, harchand chiranmasin-kuchanmasin, xarsang atayin unga qasdlashayotgandek, turgan joyidan bir chimdim ham siljimasdi. Demak, xarsang ichimda kechayotgan barcha his-tuyg‘ularimni his qiladi, sezadi, kayfiyatimni ilg‘aydi. Sizifni ortiqcha qiynagisi, ortiqcha urintirgisi kelmagandek, bu ahvolda unnamay qo‘ya qol demoqchidek bo‘lar, buni Sizif xarsang tomonidan o‘ziga ko‘rsatilayotgan e’zoz, e’tibor, mahamat o‘rnida qabul qilar, hamdardlik uchun xarsangning tosh-metin tanasiga betini qo‘yganicha uzoq tin olardi.

* * *

– Kuching yetmasa kuchanma!..

Sizif darhol boshini ko‘tarmadi, alanglab-bo‘zrayib ovoz kelgan tomonni izlamadi ham, balki ko‘nglining bir chekkasida xarsang tilga kirdi degan xulosaga keldi.

– Xarsang bo‘lmasa, kim?.. Tanish, juda-juda tanish ovozi-ku! Yoki o‘zi gapirib yubordimi? “Kuching yetmasa kuchanma… Kuching yetmasa kuchanma… kuchanma…” U yana bir necha bor takrorladi hozirgina qulog‘iga chalingan hayqiriqni. O‘zining ovoziga o‘xshab turibdi, lekin u nega bunday dedi? Ovozi bo‘g‘ilib chiqdimi? Xirilladimi? Bo‘g‘ilib aytdimi? Hoynahoy, boshqa odamning ovozida gapirib yuborgandir? Yaqinlaridan birortasining ovozi…

Sizif ham hayrat, ham quvonch aralash qiyqirib yuborayozdi. Yaqin-orada u qora qayiqda suzib borayotgan dengizchi cholni ilk safar ko‘rgandagina shunday ahvolga tushgan, o‘shanda ham xuddi hozirgidek hayajonini bosolmay qolgandi. Nahotki, baliqchi chol uni zimdan kuzatish uchun yuborilgan bo‘lsa?! Boshini ko‘tarmay, yuz-ko‘zini yashirib o‘tirganidan ham sezganday edi-ya! O‘, pismiq, o‘-o‘, xunasa!

U hayqirig‘idan biyobonni larzaga solguday vajohatda sapchib peshonasini xarsangdan uzdi va to‘rt-besh odim jadal nari borib dengiz tomonga ko‘zlari qinidan chiqib ketguday o‘qrayib qaradi. Dengiz sathi nima demoqchisan, degandek, tim qora – xo‘mraygan. Aksiga olib, qora qayiqdan darak yo‘q. Sizif ikkala mushtini boshi uzra havolatib o‘dag‘ayladi. Kuzataveringlar, o‘zlaring gapirib o‘zlaring quloq solaveringlar! Men o‘sha-o‘sha Sizifman, Sizif bo‘lib qolaman!

U turgan joyidan ortiga o‘girildi, dam o‘ng-dam so‘l tomonga chetlashib, xarsangga sarosar razm soldi. Topaman, dedi tishlarini g‘ijirlatib, peshonasi tirishib ketdi. Topaman! Bu… bu… Sisifning tovushi! Aniq, topdim! Sisif! Qadrdon! Ayt, gapir, yana bir og‘iz ovoz ber!.. Bir og‘iz!..

* * *

– Ha, men hamisha Sizifligimcha qolaman, ammo-lekin manavi hayot, manavi biyobon o‘zgartirmadimi meni? Yo‘q, fe’l-xuyim o‘zgardi, endi men boshqacha odamman, boshqacha insonman! Qurmag‘ur, o‘sha avliyoning gapi to‘g‘ri – odamlar judayam chala. Chala tug‘iladilar, chala yashaydilar va chala holda o‘lib ketadilar. Hatto ushbu haqiqatni anglab ham yetmaydilar. Chala odamning shodumonligi, qayg‘ulari ham to‘kis bo‘lmaydi. Ha, xuddi shunday – men odamlar boshqacha odam bo‘lishlari kerak deb hisoblayman! Boshqacha odam!..

* * *

– Ovozlaringni sog‘indi-im-m…

Bir zumning o‘zida Sizif tamoman o‘zgardi-qoldi. Xayoliga kelgan o‘ydan uning yuragi orqasiga tortib ketdi.

Aniq eshitdi axir u, joni o‘rtanibla ketdi – Sisifning o‘zginasi, uning qadrdon tovushi edi! Faqat, nahotki, uning shu tobda ko‘nglining tub-tubida paydo bo‘lgan shubhasi chin bo‘lsa?! Sisifni xarsang yutgan! Allaqachon gumdon bo‘lgan, Sisif!

Sizif nola chekib yubordi:
– Hoy, xarsang tosh, yoril tosh, ichingga bir qarayin, yo‘ldoshimni ko‘rayin. Bag‘rimga bir bosayin, diydoriga to‘yayin. Hoy, yoriltosh, yoriltosh!..

* * *

Ko‘ngliga oralagan gumoni Sizifni tamom holdan toydirdi:
– Sisifni xarsang yutgan!.. Xarsang sinib, maydalana boshlagani bois, ha-ha, xuddi shunday – xarsang uqalanib-yemirilib, sinib-sinib tusha boshladiyu, Sisifning tovushi chiqib qoldi!..

* * *

Uning xayoli to‘zg‘idi, ayniqsa uchinchi safar xarsang parchalarini cho‘qqiga olib chiqqanida avvalgi safardagi xursandlik, shodiyonadan asar ham qolmagandi. Aniq esida – ikki bo‘lak toshni avvalgi olib chiqqan xarsang parchalari ustiga qaladi, bu safar jonga rohat bag‘ishlovchi mayin esayotgan shabadaga ham, hatto tosh mammining aqldan ozdiruvchi shaffofligiga ham chalg‘imadi, aksincha u o‘zida yuz bera boshlagan ajabtovur va tushunuksiz o‘zgarishni anglashga urinayotgandi. Harchand urinmasin, o‘ylarini miyaga to‘playdigan holda emasdi. O‘ylari bulut ustiga mingashgan bulutday, mujmal va rangsiz edilar. Negadir u shu turgan joyida uxlab qolgisi kelayotgandi. Lekin u bunga yo‘l qo‘yolmas, qo‘ygan taqdirda ham ko‘zlarining ust pardasi yumilsa-da, ich pardasi yumilmoq istamas edi. “Nima bo‘ldi menga?” degan savol shuurida g‘ujg‘on o‘ynar, lekin bu savolga javob topish uchun esa shu arzimas uch so‘zni shuurida bir joyga to‘play olmayotgandi. Vovaylo urindi, uchala so‘z boshining uch tomoniga tarqalib, har tomondan poyma-poy ovoz berishga tushib, parishonligi chandon oshsa oshdiki, zarracha tiniqlashmadi.

* * *

Parishonlik miyasini qora o‘ylarga burkab tashlagan, buning oqibatida tamoman ham aqlan, ham jisman halovotini yo‘qotgandi. Shuurini qora o‘ylar ishg‘ol qilgan, shu kayfiyatda hatto o‘zi necha vaqtdan buyon intizor kutayotgan qora qayiqni ko‘rishga ham xohish-istagi qolmagandi. Aksiga oldi – dengiz sathida ko‘ringan qora qayiq suzib boryaptimi-lapanglab bir joyda jilmay turibdimi, uzoq tikilsa-da, tushunolmadi. Bu paytda u baliqchi choldan shubhasi faromush bo‘lgan, xayoli mutlaqo boshqa o‘y bilan band edi. O‘sha o‘y ta’sirida ovozining boricha baqirishga tushdi:

– Vaass!.. Xaas!.. – U og‘iz juftladiyu, aytmoqchi bo‘lgan so‘zini topolmadi. Dik etib qad rostladi, baliqchi cholning aft-basharasini yanayam aniqroq va tiniqroq ko‘rgisi keldi. Afsus, u tog‘ yonbag‘rini, ayniqsa xarsang toshni tashlab dengiz tomon yo‘l sololmaydi, tavakkal qilolmaydi. Nima qilsa shu turgan joyidan, aytadimi, baqiradimi, samolarni larzaga soladimi, lekin… nima bo‘ldi, nega aytishga jazm etgan so‘zini topolmayapti? – Ssupp!.. Ossu!.. Esimni yo‘qotdimmi? Aqlim zaiflashdimi? Menga nima bo‘ldi, o‘zi?! Nahot shunchalar yaqinim, hamfikr-maslakdoshim ismini yoddan chiqargan bo‘lsam?!

– Asop! – deya to‘satdan hayqirib yubordi Sizif, nihoyat, bir muddat kalovlanib turgach. Bo‘g‘zidan otilib chiqdi bu so‘z. – Topdim – Aso-op-p! Asop!
Chaqirishga chaqirdiyu, birdan tilini tishladi. Baliqchi qariya eshitib qolsa, shartta qaddini rostlab Sizif tomonga o‘girilsa!.. Bordiyu u Asop bo‘lmasa-chi? Nega baqirasan, boboy, baliqlarni hurkitib yubording-ku, desa nima qiladi. Xijolatpazlikni, mulzamlikni aytmaysizmi! Shuning uchun…

Biroq u beixtiyor xayoliga kelgan fikrdan voz kecholmadi.

– Men Korinf shahrini xarsanglardan tiklab unga mangulik baxsh etdim, evaziga xarsang tosh bilan yuzma-yuz qolish jazosiga mahkum etildim, – dedi Sizif ayonlik zamonlaridagi ohangda, salobat bilan.
– Ehtimol… – dedi Sisif muloyim istehzo ohangida.

– Suvlar va daryolar ilohi bo‘lmish Asop sho‘rlikka esa… ko‘ryapsan, bepoyon dengiz uzra maqsadsiz sarson kezish jazosi tayinlangan!..
– Qaydam… – Sisif yana tayinli javob qilmadi.

Sizif unda burungi iliqlikni, haroratni tuymadi. Lekin u o‘z farazida qoyim edi.

* * *

– Topdimmi? Taxminim to‘g‘rimi? Ayt, Sisif, nega jim bo‘lib qolding, qadrdon, sirdosh?! Aytdim-ku, men ilgarigi Sizif emasman, fe’lim o‘zgardi, men endi tamom boshqa odamman, Sisif! Tushunyapsanmi, boshqa odamman! Men tog‘ etagi biyobonida, Asop esa dengizda sarsonu sargardon, shunday emasmi? Adoqsiz va ma’nisiz sarsonlik jazosiga mahkumlarmiz!..

Sizif to‘kilib-to‘kilib gapirmoqchi edi, biroq Sisifdan javob bo‘lmayotganini ko‘rib, og‘zini juftlaganicha qoldi…

* * *

Kunmidi yo tunmidi, yorug‘ edimi yo zimiston, uyquda edimi yo hushida – Sizif bu haqda zarracha o‘ylab o‘tirmadi, shasht bilan oyoqqa qalqdi, u ko‘z o‘ngida yuz bergan va berayotgan voqealarni anglab yetishga qiynalayotgan, o‘zini qo‘yarga joy topolmay gangib qolayotgan, hatto dovdirayotgan va xuddi shunday qilsa aql-hushini o‘nglab oladigandek o‘zidan-o‘zi xarsang atrofida dam yugurib-dam ohista yurib gir-gir aylanishga tushdi. “Laka-lum, lak… Laka-lum, lak… – U cho‘loqlanib, lapanglab yuguradigan bo‘lib qolgandi. – Lak-lak, lakalum. Lak-lak-lak, lakalum!..” Bu bahaybat yumaloq, dumaloq, baqaloqdan xavfsirashlari behuda ekan, qachondir, kunlardan bir kuni bosib, yanchib ketadi degan o‘ylari puch ekan, hech qachon-hech zamonda ko‘ngli yumshamaydi, menga bo‘ysunmaydi degan xavotirlari puchi ekan – bari ortda qoldi, endi esa aksincha, ha, butkul aksi – xarsang tosh Sizif uchun, Sizif esa – xarsang tosh uchun yaralgan, binobarin, Sizif toshdan kechmasligi, uni ko‘rarga ko‘zi-otarga o‘qi yo‘qligi beasos, qanday bo‘lmasin, kimlar nimalar deb malomat
o‘tlarini yog‘dirmasinlar, Sizif zimmasidagi buyuk vazifa-burchni ado etish haqida qayg‘urmog‘i, ya’ni xarsangni yuqoriga, yuqoriga qarata dumalatishda davom etmog‘i, necha yil-necha zamonlardan buyon cho‘qqiga olib boradigan so‘qmoq bo‘ylab xarsang necha qayta pastga qarab yumalagan bo‘lmasin, bundan qat’i nazar, Sizif qismatiga bitilgan hukmi azaldan yuz o‘girmaydi. Har banda manglayiga bitilgan qismatni ado etmoqlik uchun keladi axir dunyoga.

* * *

U xarsangning yoniga yetib keldi, nafasi bo‘g‘ilayotganiga qaramay picha tin oldiyu, betini xarsang toshga bosdi… Ohista cho‘k tushdi, chalqanchasiga yotib yonginasida, tepasida tog‘dek bo‘lib turgan xarsang toshdan ko‘z uzmay, termilib qoldi. Yon-veriga o‘girilsa, hatto bir zum ko‘zini yumsa ham xarsangga nimadir bo‘ladigandek, u to‘satdan harakatga tushib allaqayoqlarga ravona bo‘lib qoladigandek ham xavotir, ham ichki bir achinish tuyg‘ularidan iztirobga tushgan kayfiyatda yotardi. Sisifni yutsa yutgandir, meni yutmas… Meni yutmaydi, xarsang. Odamni yutadigan holi qolmayapti, uning… Uchovlon – Sizif, Asop, Sisif diydor ko‘rishsalar bormi, naq mo‘’jiza yuz beradi-ku, bu jazo biyoboni shodumonlik biyoboniga aylanadi-ku! Sisifni xarsang qornidan, Asopni qora qayiqdan xalos qilsa! Uchovlashib… Qaydasiz, bemehr-mal’un ma’budlar?!

* * *

Sizif qanday yumushga qo‘l urayotganini o‘zi ham anglab yetmadi, ortiqcha o‘ylab ham ko‘rmadi – xarsangdan bo‘linib tushgan parchani ikki qo‘llab quchog‘iga bosganicha cho‘qqi tomon jadal yo‘l oldi. Yuqorilagani sayin yo‘l tikkasiga qiyaligi orta borayotganini payqadi, shunda ham to‘xtamadi, ilgarilayverdi. Nafasi qisa boshladi, toliqdi, hordiq chiqrishni ko‘zladi, niyatidan qaytdi – yo‘lda davom etdi. Qo‘l uzatsa yetgudek ko‘ringan cho‘qqi bu qadar olisligini o‘ylab ko‘rmagandi, endi esa o‘ylagisi ham kelmadi, balki yo‘l yurdi, yo‘l yursa ham mo‘l yurdi. A’zoi badanidan ter quymaydigan bo‘lib ketgandi, yo‘lida katta-kichik ko‘lmaklarni shaloplatib kechib o‘tayotganiga hayron bo‘ldi, bir necha bor toyg‘onib-qoqilib yiqilay dedi. Qariganda moshga toyg‘onasan odam, qilga qoqilasan, shabadaga chayqalasan, banda… Quchog‘idagi xarsang parchasining zalvori sezila boshladi, sal bo‘sh kelsa, toshning og‘irligi uni turishicha pastga qarab tortib ketadigandek edi, biroq Sizifning vujudini qoplagan vajohat, ko‘ngliga tuggan niyat-maqsad endi u qasd qilgan irodasining bukilishiga yo‘l qo‘ymas, uni yo‘ldan qaytarolmasdi. Ana shu qat’iyat uning kuchiga kuch, irodasiga iroda qo‘shdi.

Sizif cho‘qqi tepasiga yetdi, so‘nggi kuchlarini jamlab xuddi butun olamga ko‘z-ko‘z qilmoqchidek xarsang parchasini boshi uzra baland ko‘tardi-da, tosh mammining yonginasida ohista yerga qo‘ydi. Xarsangni u parchalagani yo‘q, uning o‘zi parchalanib keta boshladi, jazoni tayinlagan ma’budlarning ma’budi ham, uni shu biyobonda yakka-yolg‘iz qoldirib ketgan ma’budchalar ham o‘ylab-netmaganlari muqarrar bunday bo‘lishini. Buyog‘iga boshqa chora yo‘q, xarsang bo‘laklarini bitta-bittalab bo‘lsa-da, barini cho‘qqiga olib chiqadi, shu yerda undan yumaloq, dumaloq, baqaloq xarsang tosh yasaydi. Ana, qavat-qavat osmonlar, momiq bulutlar, daydi shamollar, tog‘u toshlar, maysalar shohid, hammasiga!

U shu o‘y-shu xayolda shitob bilan pastga qarab g‘izilladi.

* * *

Sizif shoshib qoldi – dastlab kimning diydoriga yetishini o‘yladi, lekin ixtiyor-izn unda emas, binobarin, shu onlarda Asop ham, Sisif ham birdek qadrdon, birdek aziz edilar uning uchun.

Xarsangning biqiniga qulog‘ini bosdi. Nazarida uning ichidan elas-elas qandaydir sas-sado kelayotgandek. Bu ivir-shivir xarsang yutib yuborgan kimsalarning, jumladan Sisifning tovushi edi. Tovush begona emas, Sisif shu yerda – Sizifning yonginasida, shunday ekan, hademay u bilan diydorlashadi.

U umid bilan dengiz tomon qaradi. Zaqqum daraxtidan achimsiq kuyindi is kelyapti. Ummon sathi bir tekis, jimir-jimir qilar, hech bir jonzotdan darak yo‘q edi. Qayiqchi chol qayerlarga suzib ketdi, yana qachon bu qirg‘oqlarda paydo bo‘ladi… dengiz tomondan bu kabi savollarni odinlashtiradigan hech bir belgi, ishora yo‘q edi. Lekin Sizif biron lahza umidini uzmadi, chol qaytib uning ko‘z o‘ngida paydo bo‘lishiga ishonar, ana o‘shanda ko‘ziga ko‘ringan zahoti ovozining boricha chaqiradi. Aso-op, deb hayqiradi! O‘ylay-o‘ylay yodiga tushirdi bu ismni, topdi, xuddi xarsangni cho‘qqi tepasiga olib chiqqandek sevinib ketdi. Yana xotirasi pand berishidan qo‘rqib shu qadar ko‘p takrorladiki!.. Asop, Asop, Asop!..

* * *

Sisifning sovuqqonligi Sizifni qattiq o‘yga toldirib qo‘ydi. Bu nimaning alomati, nimadan darak bermoqda bunday beparvolik? Nahotki, ikki o‘rtadagi yaqinlikka putur yetgan, begonaga aylangan bo‘lsalar ular?!

* * *

Endi xarsang odatdagidek osonlik bilan yo‘lga tushmas, uni joyidan jildirish, ya’ni do‘qirlatib dumalatish uchun Sizifdan ancha-muncha kuch talab qilinayotgandi.

Tepalik boshlandi. Sizif shikastlangan oyog‘ini avaylaydigan, ehtiyotlamagan taqdirda ham uni zo‘riqtirishdan naf bo‘lmas, shu bois chap oyog‘ini xarsang ostiga pona qilib ikkala kafti-yelka aralash xarsangni yuqoriga tomon ilgarilatishga tushdi.

Xarsangning yumaloqligi, dumaloqligidan asar ham qolmagandi. Singan-netgan joylari tufayli u odatdagidek bir tekisda dumalamas – bu hol Sizifning mushkulini og‘irlashtirgan, endi xarsangni joyidan jildirish – u yon-bu yoniga ag‘darish ancha kuch-quvvat talab qilayotgandi. Lekin xarsang avvalgidan ancha-muncha yengil tortgan – bu jihati Sizifning ishini bir qadar yengillashtirgan edi.

Shu tobda u g‘alati holatga e’tibor qildi: o‘ng qo‘li chapiga nisbatan ojizroq tuyuldi. Axir shikastlangan o‘ng oyog‘i edi, o‘ng qo‘li emas-ku! U holda nega o‘ng qo‘liga chap qo‘lichalik kuch kelmayapti?.. U o‘ng kaftini, barmoqlarini, bilagi – yelkasigacha nazardan o‘tkazdi. Qotib, qurishib ustuxoni qolibdi, xolos. Axir uning o‘ng qo‘li kuchliroq emasmidi?! O‘naqay edimi u yoxud… chapaqaymidi?.. Nahotki, Sizif shuni eslolmasa?! Axir shu esdan chiqadigan narsami?! Odamlarning aksariyati o‘naqay bo‘larmidi yo-ki?.. Esida, faqat o‘ng qo‘limga tayanaman, deb yurardi. Mana, ishongan qo‘li pand beryapti. U ikkala kaftini boshi uzra havolatib osmonga qaradi. Panjalari, bilaklariga termilib qolgan Sizifning diqqatini ko‘z o‘ngidan suzib o‘tayotgan pag‘a-pag‘a oppoq bulut uvadalari tortdi. Zardasi qo‘zidiyu, uni sezdirmaslikka harakat qilganicha xarsangga yopishdi. Ikkala kafti, tizzasi, yelkasiga ko‘ksini ham qo‘shdi. Xarsang bir siljidiyu, yarim qadam yuqori ko‘tarilib qotdi-qoldi. Sizif xarsangning sinib tushgan joyiga peshonasini qo‘ydi, oyoq-qo‘llari bo‘shashib, harakatdan to‘xtadi. O‘ng oyog‘i, o‘ng qo‘li, chap ko‘zi pand bera boshladi. Shu bois xarsang har safar sinib-parchalanib tushganida sezilarli darajada yengillashayotganidan quvonsa, bunga sayin esa Sizifning qo‘l-oyoqlaridagi mador tugab borayotgandek edi. Bordiyu, qo‘l-oyoqlarini mutlaqo qimirlatolmay qolsa-chi? Kuch-qudratiga qo‘shilib tajribalari ham ish bermay qolsa?! Oddiy insoniy turmush tarzi-muhiti bo‘lganida u mana bunday ishlarning birortasiga qo‘l urish u yoqda tursin, qayrilib qaramasdi. Yakka o‘zi bu xarsangni itarib cho‘qqi sari dumalatishga urinish emas, hatto shu haqda o‘ylashni dahshatli-xatarli yumush sifatida o‘ziga ep bilmasidi, tasavvuriga sig‘dirolmasidi, inson bolasiga ravo ko‘rmasidi. Bu yerda esa… Bu yer-bu ahvolda…

* * *

Sizif o‘zi xarsang tosh bilan birgalikda chiqib-tushaverib ochgan so‘qmoq yo‘l yoqalab pastlayotib xarsangning ikki bo‘lak sinig‘ini ko‘rdi. Kattaroq likopchadek, ichi-tashqarisi billur yanglig‘ yaltiraydi, qirralari esa qilichning damidek – o‘tkir, keskir.

Sizif ikkala “likopcha”ni ustma-ust taxladi-da, avaylabgina ko‘tarib, og‘ir-og‘ir qadam bosganicha cho‘qqi tomon yo‘lga tushdi.
U boyagi-boyagi niyatida qoyim – xarsangdan uzilib tushgan bo‘laklarni bitta-bittalab bo‘lsa-da, cho‘qqiga olib chiqadi, so‘ngra tobora yengil tortayotgan xarsangni dumalatib, ehtimol, dast ko‘tarib cho‘qqiga yetkazib borish oson ko‘chadi, xarsangni eson-omon marraga qo‘ndirgach uning siniqlarini uyub xarsang ustiga taxlaydi, g‘ishtdek teradi.

Qo‘lidagi xarsang siniqlari aytarli og‘ir emasligi tufayli shekilli u birmuncha osonlik bilan cho‘qqiga yetib bordi. Tosh parchalarini avvalgi safar olib chiqqan siniqlar ustiga qo‘ydi. Qilayotgan ishining unumidan mamnunligini yashirmay qushday yengil tortib ikkala qo‘lini boshi uzra ko‘tarib avval osmonga qaradi, so‘ng pastga nazar tashladi. Ho‘-o‘, pastlikda xarsang tosh yakka-yolg‘iz xuddi tashlandiq matohdek bechora, mahzun bir kayfiyatda qolgandi. Og‘ir qayg‘uga botgan jondordek ko‘rinib ketdi u Sizifning ko‘ziga.

Qadrdonining yoniga oshiqdi.

* * *

Sizif o‘ng chakkasini yerga bosib uzoq tin olib yotdi. Yer qa’ridan guldiragan, g‘o‘ldiragan sas kelmoqda, hademay oyoq ostidan sanoqsiz izdihom chiqib keladigandek, dengiz bezovta shovullayapti, hademay to‘fon qo‘padigandek, tog‘ cho‘qqisining tepasidan kimdir gurzi bilan urmoqda, tog‘u toshni qoziq yanglig‘ yerga qoqib tashlaydigandek… Xarsang toshning ichidan ivir-shivir, ivir-shivir tovush chalinyapti quloqqa, demak, toshning ichi faqat tosh emas, u yerda boshqa nimalardir… Sisif… ehtimol, yana kimlardir bor, Sizifning yuragi sezib turibdi. Sisif, hademay, diydor onlari yetadi, Sizifning bag‘ri to‘ladi, to‘kis odamga, to‘kis irodaga aylanadi. Bu holni hatto xarsangni shu yerga keltirib qo‘ygan ma’budlar ham o‘ylab ko‘rmaganlari aniq, zamonlar kelib, bu xarsang toshning qa’ri ivir-shivirga to‘laligini qandaydir xudobezori bandi Sizif kashf qilishi tushlariga kiribdimi!..

Sizif chap chakkasini yerga berdi. Jimjit. Uzoq poyladi u. Biron shovqin, sas-sado yo‘q – jimjit. O‘ng tomonini bosdi. Boyagi-boyagi tovushlar, ovozalar eshitildi. Bundan chiqdi, chap qulog‘i og‘irlashgan… Demak, o‘ng ko‘zi, o‘ng oyog‘i va chap qulog‘i… Sizif yerga chalqanchasiga yotib osmonga qaradi. Katta-kichik bulut to‘dalari kumushdek oppoq, izma-iz karvon tortib o‘tishyapti. Har bir bulut to‘dasi biri-biridan g‘alati-ajabtovur jondorlarni eslatadi, Sizif qilt etmay turgan bu “jondor”larning aslini hayotda ko‘rmagan, ularning ko‘plarining nomini ham bilmaydi. U chap ko‘zini kafti bilan yopdi.

* * *

Bulutlar karvonining yo‘nalishini yaqinda payqab qoldi Sizif. Uvada-uvada bo‘ladimi, sidirg‘asiga osmonni qoplagan bo‘ladimi, charog‘on yoxud tund-qoramtir bo‘ladimi, qat’i nazar, bulutlar Sizif ishg‘ol etishga urinayotgan tog‘ cho‘qqisi tepasida birrov yig‘ilib, bamisoli qiz mammini tavof qilgachgina dengiz tomon yo‘l olishar ekan. Bulut oqimi yaqinlashgani sayin esa dengiz sathi harakatga tushar – to‘lqin izidan to‘lqin kelib qirg‘oqqa urilar, oppoq ko‘piklar favvora yasab havoga sochilar, Sizifning nigohi ilg‘amaydigan olislarga borib esa bulutlar o‘ynoqi dengiz mavjlari og‘ushiga singib ketishardi.

* * *

Sizif xarsangning katta-kichik singan-uchgan joylarini bir sidra ko‘zdan kechirdi, u qanday hodisa yuz berayotganini endi anglab yetgan, biroq uning oqibatini hamon aniq tasavvur qilolmayotgan, bir ko‘ngli quvonsa, bir ko‘ngli beixtiyor xavotirga tushayotgandi. U xuddi do‘stining ko‘nglini ko‘tarmoqchi, unga tasalli bermoqchidek xarsangning “kifti”ga shapatilab qo‘ydi, ikki chekkasiga qulochi yetgudek yapasqi bo‘lak sinib tushgan joyini siladi. Xarsangning yumaloqligi, dumaloqligi, baqaloqligiga putur yetganiga termilib qoldi.

– Qani, yo‘lga, og‘ayni, – dedi Sizif xarsangdan ko‘ra o‘ziga dalda bo‘ladigan ohangda, baland tovushda. Shunday deb xarsangni joyidan qo‘zg‘atishga chog‘landi. Xarsang odatdagidek besh-olti odim joyga yumalab bormadi. Bir yonboshga ag‘darildiyu, to‘p etib tushgancha tek qotdi. Sizif kuchiga zo‘r berdi – ikki qo‘llab, tizzalab, ko‘ksi aralash xarsangni ko‘tardi, xarsang yana to‘p etib boshqa yonboshiga ag‘darildi-da, turaverdi. Xarsang singani sari uning yumaloqligiga putur yetayotgan, shu bois burungiday dumalolmayotgan, lekin uning avvalgi zalvori, og‘irligidan asar ham qolmayotgani yaqqol sezilayotgandi. Demak, endi u yumaloqchi-dumaloqchi emas, o‘rmalovchi, odamlar singari qadamlab tikyuruvchi ham emas, balki u yon-bu yonga ag‘darilib-ag‘darilib, to‘mparilib-to‘mparilib harakatlanuvchi, baqaloqligiga ham ancha-muncha putur yetgan – tobora ixcham tortayotgan xarsangga aylangandi.

Sizif sarkash xayollarga chek qo‘yib, xarsangni dam u yonboshiga-dam bu yonboshiga ag‘dara-ag‘dara yo‘lning tanobini tortaverdi. Bir payt Sizif avval gurs etgan, ketidan qars-s etgan shovqindan cho‘chib tushdi. Ne ko‘z bilan ko‘rdiki, xarsangning yonboshida Sizifning bo‘y-bastidan chog‘roq bo‘lagi sinib yotardi. Xarsangning ichi-bag‘ri ochildi deb kutgandi u, shu xayolda shoshib yangi siniq joyiga qaradi, biroq xarsangning bag‘ri tim qora, qorong‘ulik orasida tikanak uchidek yilt etgan zarralar sochilib yotardi. Sizif shuni ham yaxshilikka yo‘ydi – yilt etgan, milt etgan nur bormi, demak, tosh yo‘nuvchi mo‘ysafid ustaboshi nazarda tutgan xarsangning qalbi mana shudir hoynahoy? Topabilish deganmidi, ko‘rabilish deganmi, nima degan taqdirda ham Sizif ikki ko‘zi bilan ko‘rib turibdi!

* * *

U yangi siniq bo‘lakni ikki qo‘llab tepaga qarata sudrashni mo‘ljallagandi. Og‘irgina ekan, kichikroq va yengilroq bo‘lsa cho‘qqiga olib chiqish oson ko‘chardi, lekin nachora, boriga baraka, qaytanga xarsang yanayam yengillashgani aniq. Yana bir-ikki marta mana shunday sinib tushsa, uyog‘i… Sizifning bor mushkuli osonlashadi-qo‘yadi.

– Marra yaqin, Sisif, shunday emasmi, qadrdon?

Sizif quloq solib kutdi, picha fursat o‘tkazib savoliga o‘zi javob qildi:
– Shunday…

Sisifning sovuqqonligidan Sizif tutaqib ketdi. Birdan ichi huvillab qoldi. O‘zini judayam yolg‘iz, hatto chala odam his qildi. Yaqin-orada bu qadar ho‘rligi kelmagandi. Sisif ham begonalashibdi, u ham joniga ora kirolmas ekan, u holda… Sizif xarsang sinig‘ini ikki qo‘llab tutganicha alam bilan uni tepaga qarata tortishga tushdi.

– “Shunday” ham gapmi! Xuddi shunday! Marra yaqin! Ana, qo‘l cho‘zsam bas! Xarsangning ichi tosh emas, ichi to‘la yilt etgan, milt etgan nur! Xarsangni cho‘qqiga olib chiqmagan nomard, noshud! Men o‘zim, yolg‘iz o‘zim olib chiqaman! Ma’budlar ko‘rib qo‘ysinlar, o‘shanda, odamlar ko‘rib qo‘ysinlar, o‘shanda! Ha-ha-a, qarab turinglar, shohidi bo‘lingla-ar-r!..

* * *

Cho‘qqiga yetib chiqqan Sizif holdan toyib o‘tirib qoldi. Biroq u oyoq-qo‘li, a’zoi badani toliqqanidan emas, ruhida kechayotgan holatni tushunolmayotganidan holdan toygandi. Dastlabki safar xarsang bo‘lagini olib chiqqanida sevinchi ichiga sig‘magan, azbaroyi tortinmay-netmay qichqirgan, hatto xarsangni batamom olib chiqqanida nima deb olamga jar solishini ham chamalab qo‘ygan, faqat o‘sha safar pastda – tog‘ yonbag‘rida yolg‘iz qolgan xarsangning ahvolidan xavotirda xayallamay ortiga qaytgandi. Endi esa… Sizif o‘tirgan joyida atrofni kuzatdi, samoda dam suzib-dam tek turib qolayotgan bulut to‘dalariga termilib o‘tirdi. Nazarida parqu bulut to‘dalari dengiz jilvalariga qo‘shilib ketdi. Qora qayiqni, baliqchi cholni ko‘rgisi keldi Sizif. Asop… Qizining ahvoli nima kechdi ekan?.. Sisif… Sizif pastda anchagina ixcham tortgan xarsangga razm soldi. Uni dumalatib cho‘qqiga olib chiqish o‘tirgan joyida juda-juda oddiy, jo‘n, hatto arzimas mashg‘ulotdek tuyulib ketdi. Shunda Sizif shu choqqa dovur tog‘ haqida o‘ylab ko‘rmaganiga hayron bo‘ldi.

* * *

Allaqancha daf’a cho‘qqi tomon ko‘tarilishga uringanlarida emas, mana, cho‘qqidan pastga tushayotganida tog‘ yonbag‘rining bu qadar nishabligini his qildi. Toqqa chiqishdan ko‘ra, undan tushish mushkulroq ekanligini bilardi. Biroq u faqat va faqat tepaga qarab o‘rmalash xayolida, harakatida yashadi. Izidan qaytmas qumursqadek, sakkiz-o‘n oyoqli o‘rgimchakdek o‘rmaladi. Xarsangni cho‘qqiga tomon dumalatishdan boshqa hech narsani ko‘zlamadi, o‘ylamadi. Xarsang ham ozmuncha unga bo‘ysundimi! Lekin, mana, oqibat, mana, ko‘rib turibdi u o‘z ko‘zlari bilan! Va yana bir katta haqiqatni anglab yetayotganidan hayajonini bosolmay qoldi. Xarsang tosh biror marta yuqoriga ko‘tarilish chog‘ida emas, faqat va faqat pastga tushayotgandagina, pastga qarab dumalash chog‘idagina sina boshladi. Pastga enayotgan lahzalardagina xarsangning metinligi pand berdi – u sinishga, parchalanishga yuz tutdi. Xarsang tosh cho‘qqiga chiqish uqubatlariga emas, tepadan pastga tushish mashaqqatlariga dosh bermadi.

* * *

Tog‘ yonbag‘ri tekis va ravon bo‘lmasa nima qilardi Sizif? O‘ydim-chuqur bo‘lganida, chakalakzor, yulg‘unzor qoplagan yoxud yo‘l o‘ngurzorlar oralab tushganda-chi? Bu borada Sizifning omadi chopgani aniq, to‘ppa-to‘g‘ri yo‘l, qo‘l cho‘zsa yetgudek marra. To‘g‘ri, xiyla qiyalik va xarsangning zalvori, og‘irligi yo‘l qo‘ymadi zimmasidagi jazoni ertaroq o‘tashga. Lekin u bo‘sh kelmadi, barcha mashaqqatga chidadi. Dengizdan, bulutdan, hatto xarsang toshning o‘zidan madad oldi, faqat negadir tog‘ haqida o‘ylamabdi. Xunobi toshganida, alam jon-jonidan o‘tib ketgan paytlarda tog‘ni o‘pirib-qo‘porib tashlashi mumkin edi, yoki xarsang bilan til topishgan kezlarida tog‘ bilan tillashish haqida bosh qotirmaganiga hayronu lol qoldi.

* * *

Sizif osmonga ko‘z tikdi. Uqraday oppoq va pag‘a-pag‘a bulut oshiqmay-netmay oqib bormoqda. Sizifning nazarida bulut juda imillab harakatlanayotgandek tuyuldi. Bu ketishida go‘yo vaqt o‘tmayotgandek, bulutning imillashi vaqt o‘tishini sekinlashtirib qo‘yayotgandek edi. Vaholanki, vaqt butkul to‘xtab qolmagan, balki mudom o‘tib borayotganini Sizif ko‘pdan buyon bulut oqimiga qarabgina chamalayotgan – keyinroq esa bulut oqimi bilan dengiz suvining mavjlanishlari orasida pinhona yaqinlik, o‘zaro xufiya “bitim” borligini payqab qoldi.

* * *

Xarsang dumalamay qo‘ydi. Endi u xuddi to‘rtala tomoni teng ko‘tarilgan supachadek, bunday jismni dumalatish emas, surish, u yoki bu yoniga ag‘darish yo‘li bilan tepalikka olib chiqish mumkin, xolos.

Sizif shunga ham rozi va xursand edi. Uning uchun qanday bo‘lmasin, xarsang joyida turib qolmasa, bir qadam-bir quloch bo‘lsa-da, o‘ziga bo‘ysunib tepalik sari ilgarilasa bas. Sizif shu niyatda xarsangni joyidan jildirdi, u xali dumaloqligi saqlangan sirtida birmuncha oson dumalar, o‘yilib tushgan joyi bilan tap etib tushgan joyidan esa uni yana qo‘zg‘atish, jildirish uchun Sizifdan bir talay kuch-quvvat, bardosh-iroda talab qilayotgandi.
Xayriyat, xarsang avvalgidan ancha-muncha ixcham tortgan, agar parchalanish davom etsa, u holda Sizifning mashaqqati yanayam ozayar, vazni yengillashgan xarsangni ortiqcha mashaqqatsiz cho‘qqiga olib chiqadi-da, undan keyin… ana, keyin…

* * *

Sizif so‘loqmonday xarsang bo‘lagini cho‘qqiga olib chiqqan damda ko‘ngliga oralagan g‘alati noxushlikni qayta tuydi. Chindan o‘sha safar ko‘nglida bir g‘alati sharpa paydo bo‘lgan, lekin Sizif uning qanday va nimaning boisida paydo bo‘lgan ko‘ngilg‘ashlik ekanini anglab yetolmagandi. Mana, o‘sha kayfiyat yana uni o‘yga toldirdi. Nahotki, bu xarsangni cho‘qqiga olib chiqish bilan bog‘liq bo‘lsa? Axir necha zamon-necha davrlardan buyon o‘ylagani, intilgani, istagani shu edi-ku! Niyatiga yetmoqda-ku, u axir!

Sizif atayin qo‘l siltadi-da, adoqsiz o‘ylarni o‘zidan yiroqlashtirish niyatida xarsangga tarmashdi. Uni bir urinishda ko‘tarib tashladi. Yana, yana, yana. Xarsang bir necha odim ilgariladi. Sizifning dimog‘ini g‘alaba epkini qitiqlayotgandi. Nazarida shu ketishning o‘zida cho‘qqiga yetib boradigandek edi. Dengiz tomon umidvor tikildi. Ummon sathi esa deyarli qilt etmas, bunday paytda qora qayiqni ko‘rishga umid ham bog‘lamas – qora qayiq o‘rniga ko‘z o‘ngida tutab borayotgan qora daraxt e’tiborini tortayotgan – baliqchi chol mingan qayiq esa odatda salqin shabada esgan damlarda paydo bo‘lardi. Bulutlar esa turfa shakl-shamoyil yasab o‘tib bormoqda, demak, vaqt to‘xtamagan. Sizifning vaqti o‘tmoqda. U ana shu vaqt ichida irodasini ishga solmog‘i shart. Irodasi harakatga, harakati irodaga aylanib ketishi shart. Shunga erishsa, bas, har qanday mashaqqatga dosh berishi va mo‘ljallagan muddaosiga yetishmog‘i oson ko‘chadi.

* * *

Xarsangning navbatdagi qasirlab-qisirlab sinishi har safardagidek kutilmaganda yuz berdi. U xarsangni qo‘pollik bilan dumalatmagandi, juda avaylab, ehtiyotlab yonboshiga ag‘darayotgandi. O‘ng yonboshiga aylanayotgan xarsang to‘p etib so‘l tomoniga ag‘darildi. Shu ag‘darilishda u pastga qarab sho‘ng‘iydigandek ko‘ringandi, yo‘q, to‘p etdiyu, tek qotdi. Xarsang og‘ir-og‘ir nafas olayotgandek edi. Ha, dedi Sizif, ichida, men emas, xarsang holdan toydi. Odam yengilmadi – tosh yengildi, toshga qo‘shilib tog‘ yengildi, cho‘qqi yengildi. Ma’budlarning ma’budi yengildi. Vaholanki, Sizif hech kimni-hech narsani so‘kmadi, turtmadi, ayuhannos ko‘tarmadi. Xarsangning fe’li o‘ziga ma’lum, shu bois undan bir qadam ham nari ketmaydi, faqat tepalikka ko‘tarilayotib… ne kunlarni solmadi xarsang Sizifning boshiga?! Holi-qudrati yetmay, uni tutib qololmagan joydan orqaga – pastlikka tomon guldirab-do‘ng‘illab, qasira-qusurlab tog‘ ko‘chkisidek, ko‘klam selidek pastga tomon otilgan damlarda Sizif bilan xarsang toshning oralig‘i uzoqlashib ketar, Sizif ah-h, essiz, deganicha manglayiga qarsillatib shapaloq tortar, qaqqayib turgan joyida ko‘ksining ichida nimadir shu-u-uvillab pastga tushib ketar, guldirab-qaldirab pastga hamma yoqning to‘s-to‘polonini chiqarib yirtqich va telba buqadek dumalab borayotgan xarsangni nigohi bilan kuzatib qolishdan boshqaga yaramas, biror kori bad yuz bermasin-da, deya baralla iltijolar qilar, zum o‘tmay esa niyati ijobatga olinganidan boshi osmonda, olishuvda g‘olib kelgan bolakayday rostakamiga chapak chalib yuborar, to‘xtadi, xayriyat, deganicha tog‘ning etagidagi bo‘yradek yalanglik joyga borib harakatdan qolgan telba xarsangdan ko‘z uzmay tushib kelar, qaqshatg‘ich va ayovsiz mushtlashuvdan so‘ng nafas rostlayotgan qadrdoniga mehribonlik ko‘rsatmoqchidek xarsang tegrasida gir aylanar, chir aylanar, qadrdoni hech bir shikast-rextsiz kelib to‘xtaganidan boshi osmonlarga yetar, nazarida esa, xarsangning butun yuz-ko‘zidan ter quyayotgandek bo‘lar, Sizif tosh qotgan kaftlari bilan uning “beti”ni silab-siypalar, terlarini, chang-g‘uborlarini artib qo‘yardi.

* * *

Sizif o‘z qo‘li bilan tiklagan xarsang tosh tegrasida ohista aylanayotib o‘yib yozganlari yodiga tushdi. Izlay boshladi. “Sizif”, so‘ngra “Korinf”… “Sizif” va “Korinf”… U ost-ust bo‘lib qalashgan xarsang siniqlarini ko‘tardi, enkayib qaradi, bironta harfli tosh bo‘lagi chiqmadi. O‘zi topolmasa, boshqalar, ya’ni kelajakda bu manzilga qadami yetadiganlar qayerdan topadilar, qayerdan ko‘radilar? Axir u ne niyatlarda-ne mashaqqatlarda o‘yib tushirgandi harflarni?! Nahotki, bari zoye ketgan bo‘lsa?! Yo‘q, yozuvlari o‘chib ketishi mumkin emas, ularni topadi, zero, odamlar, zamonu davronlar o‘tadi, bulutu osmonlar, tog‘u dengizlar o‘tadi, lekin yozuv qoladi, yozuv!..

* * *

Sizif Korinf qal’asining toshdevori bo‘ylab salobat ila odim tashlab borayotib ro‘parasida hurmat saqlab qulluq qilib turgan mulozimlariga bosh irg‘ab salomlashdi. Sizif oldinda, mulozimboshi yonboshda yo‘lda davom etishdi. Mulozimboshi ado etilgan yumushlarga doir axborot berib kelaverdi.
– Qal’a devorini tiklash ishlari nihoyasiga yetayozdi…

Sizif mulozimboshining ovozida tahlika ohangini payqadi.
– Yetdimi, yetayozdimi? – tavoze ila so‘z qotdi Sizif. – Fursat allaqachon yetdi chog‘i?..

Sizif shunday deb ko‘kka ko‘z tikdi. Havo ochiq edi. U kunbotar tomon ohista suzib borayotgan oppoq parqu bulutlar to‘dasidan bir muddat nigohini uzolmadi.

– Anavilarga qara, – dedi Sizif mulozimboshining bilagidan tutib,
– bulutga qara deyapman. – Fursat yetdi emas, allaqachon o‘tdi…

– Shunday-shunday, faqat… faqat… – Mulozimboshi osmonga qarab hech narsani anglamadi, bulutlardan ko‘zini uzib devorning nihoyasida hayhotday qorayib turgan xarsang tosh tegrasida chumolidek g‘uj qalashgan ishchilarga, qullarga qaradi. Mulozimboshi o‘sha tomonga ikki qo‘lini cho‘zib yalinchoq ohangda g‘udrandi: – Ana shu… ana shu xarsangni jildirishning epi topilmayapti, a’lo hazrat. Bu ta’viya xarsang sharmanda qildi barchamizni, ishoning, a’lo hazrat!

Sizif xarsang toshga bir nazar tashladiyu, sapchib orqaga tisarildi. U – jazo biyobonida Sizifga ro‘para qilingan, necha zamon-necha vaqtlardan buyon unga adoqsiz mashaqqatlar, azoblar bergan va alhol uning jonfido birodari, qadrdoniga aylanib ketgan xarsang tosh edi! Faqat uning Sizifga ilk safar ro‘para kelgan haybatida – bus-butunligi Sizifning kapalagini uchirib yuborgandi. Shunda ham u sir boy bermadi, zo‘raki bo‘lsa-da, miyig‘ida kuldi. Yonboshda ta’zim qilib turgan sangtaroshlar safida tanish mo‘ysafid ustaboshiga nigohi tushdi.

“Dilini topmabsanda?..” – Bu so‘zni Sizif sas chiqarmay, o‘zi ham eshitmaydigan ovozda shivirlab aytdi ichida. Favqulodda ustaboshi sangtarosh safdan bir qadam oldinga chiqib chuqur ta’zim bajo keltirdi. Sizif to‘xtadi.

– A’lo hazrat, shunday xarsanglar uchraydiki, ularda na dil — na yurak — na qalb topiladi. Qodir alloh ularni ushbu ne’matlardan benasib etgan bo‘lsa ajabmas…

Sizifning chehrasi ochildi, bosh chayqadi.
– Dili, tili topilmaydigan xarsang yo‘q olamda, sizlarni sharmanda qilgan bu xarsangning dili ham, qalbi ham, mana, mening qo‘limda!

Sizif shunday deb qo‘lidagi xarsang sinig‘ini baland ko‘tardi, atrofga alangladi. Tevarak-atrofida hech kim-hech zog‘ yo‘q, uning o‘zi baland cho‘qqining tepasida turardi. Kimsasiz, yolg‘iz o‘zi turgani ham uni ajablantirmadi. Xuddi u Korinf qal’asi devori qurilishida hozir bo‘lmaganday, hech kim bilan savol-javob qilmaganday, o‘sha-o‘sha ko‘tarinkilikda baralla hayqirdi:

– Menkim Sizif ishg‘ol etgan yuksaklikni inson bolasi yetti uxlab tushida ko‘rmagan. Eng baland imorat deysizmi, eng baland tog‘ cho‘qqisi deysizmi, ularning hech biri men zabt etgan cho‘qqi oldida ip esholmaydi. Hech bir zamon va makonda odam bolasining oyog‘i yetmagan balandlikda, mana men – bo‘yim daroz, boshim osmon qad rostlab turibman!..

* * *

Bu damlarda u o‘zini kurrai zaminning eng erkin va ozod bandasi deb bilar, chunki uning oyoqlariga urilgan kishanning uzunligi yerning istalgan chekkasiga dovur borishiga monelik ko‘rsatmas, biroq, shu bilan bir vaqtda yer sathidan bir qadam nariga odim bosishiga yo‘l qo‘ymas, chunki kishan zanjirining uzunligi hisobli edi. Ayni choqda u o‘zini bepoyon osmonning eng erkin va hur bandasi deb hisoblar, chunki uning bo‘yniga urilgan samo kishani osmonlarning istalgan sarhadlariga dovur borishiga yo‘l qo‘yar, shu bilan bir vaqtda koinot sarhadlaridan bir baxya bo‘lsin, nari ketishiga izn bermasdi. Shunday bir holatda u zaminga tushish istagida betoqatlanguday bo‘lsa samo kishani bo‘g‘zidan tortar, samo sari umtilgan taqdirda esa – zamin kishanlari ortiqcha biror qadam tashlashiga yo‘l qo‘ymas, ya’ni uning erkinligi va ozodligi mana shu ikki kishan uzunligi orasida edi…

* * *

Samoni qoplagan qop-qora bulut ummon sari lashkar tortdi. Manzara vahimali edi. Osmon nimadan g‘azabga keldi? Junbishning boisi nimada? Butun samoni qoplagan quyuq, og‘ir va haybatli bulut oqimi dunyoning to‘s-to‘polonini chiqarmoqqa shaylangan vajohatda… Sizif ko‘ngliga oralagan turfa savollarga javob topib ulgurmadi – osmon to‘la bulut dengiz ustiga yetgan joyda to‘satdan pastlashdi va ma’shuqasi vasliga yetishgan oshiq yanglig‘ butun zalvori bilan dengiz ustiga yopirildi. “Ih-ih-h-h!” degan sirli sas taraldi samoga. Buni aniq eshitdi Sizif, o‘z qulog‘i bilan eshitdi. Bulut bilan dengiz… Demak, bulut va dengiz… Sizif xayoliga kelgan fikrdan o‘zini qo‘yarga joy topolmay qoldi va hardamxayollik bilan dengizning joniga ora kirmoqchi edi, biroq dengiz, qirg‘oqlariga qadar, o‘ynoqi to‘fonu oppoq mavjlariga qo‘shilib osmon to‘la bulut og‘ushiga singib ketdi…

* * *

Adoqsizday ko‘ringan mashaqqatlar ortda qoldi. Sizif o‘zining nimalarga qodirligini ko‘rib-bilgani sayin yuz berayotgan voqealarni aqliga sig‘dirolmayotgan, xayolining bir chekkasida ko‘z qo‘rqoq – qo‘l botir degan naqlning naqadar to‘g‘ri ekanligiga imon keltirar, o‘ziga o‘zi tasannolar yog‘dirishdan tortinmasdi. Mehnat mashaqqatidan odam o‘lib qolmasligiga ham iqror bo‘ldi u. Shunga qaramay, insonga ham ruhiy, ham jismoniy azob-uqubat beruvchi mehnatni oqlashni istamas, oddiy insoniy sharoitda bunday dahshatli-xatarli ishga qo‘l ura olmasdi albatta, bu – muqarrar, lekin tanballikka ham o‘t tushsin, hech bir tanbal banda yuzga kirdim deb ko‘ksiga urganmi hech bir zamonda?! Mehnat qilgan yashaydi, yuzga chiqish ham gapmi, mingga kiradi, uydek, tog‘dek xarsang toshni yumalatib, dumalatib mana shunday tog‘ cho‘qqilariga olib chiqishni uddalaydi. Baxt – zo‘rniki. Baxt – xarsang toshni yumalata olganniki! Mehnatsevarniki, mehnat mashaqqatlaridan qo‘rqmaganniki!

* * *

Sizif bir zamonlar ko‘ngliga tuggan niyatini, mana, nihoyat… nihoyat baralla olamga jar solib aytar fursati keldi! U zarracha tortinmaydi, qisinmaydi, balki ovozining boricha olamga jar soladi: ho-ho-he-yey-y, odamlaru odamla-ar, eshitmadim demangla-ar! Menkim shahon shoh Eol va malika Enaretning suyukli o‘g‘loni, Meroplar sulolasining arzanda kuyovto‘rasi, Glavkaning padari, Bellerofontaning mehribon bobosi bo‘lmish mahkum Sizif kimsan Zevs tomonidan kaminaga belgilangan jazoi haqni, nihoyat, nihoyat… sharaf bilan o‘tadim, uddaladi-i-m-m! Ha-ha-he-ye-yey-y-y! Mana-a, qarangla-ar, shohidi bo‘lingla-ar, xarsang toshni cho‘qqiga olib chiqdim, cho‘qqini zabt etdim, zafar quchdi-im-m!..

* * *

Sizif ne-ne zamonlardan buyon ko‘ngliga tugib, necha qaytalab takror-takror mashqlar qilib qo‘yganidek shu taxlit olamga jar solish niyatidan kutilmaganda voz kechdi. Xarsang tosh siniqlarini avaylab-ehtiyotlab taxlab chiqqach, qad rostlab cho‘qqida turgan joyidan pastga qaradiyu, yuragi shuv etib ketdi, yuragi orqasiga tortib, o‘zini xasdek, xazon parchasidek, qilt etib shabada esguday bo‘lsa jismi-jasadini osmoni falakka to‘zib ketadigan chang zarrasidek omonat, muallaq sezdi. Shoshilib cho‘qqining tepasidan to etagigacha bo‘lgan masofaga ko‘z yugurtirdi. Bo‘m-bo‘sh – hech zog‘-hech narsa ko‘rinmas, hatto tog‘ yonbag‘ri ham qayoqqadir g‘oyib bo‘lgan – Sizif ko‘kda, bulutlar yonida muallaq parvoz etib turgandek – bulutlar vaqt o‘tayotganidan xabar, belgi beruvchi deb hisoblab kelardi u shu choqqacha – endi ko‘ryaptiki, bulutlar suruv-suruv, gala-gala, uyur-uyur bo‘lib kelib, uyalmay-netmay obdon tosh mammini yalab-yulqayapti… bularning bari Sizifning ko‘z o‘ngida yuz beryapti, mammi shunga moyildek yal-yal oqarib, yashnab-charaqlab, yanayam ko‘zni qamashtirib, gul-gul ochilmoqda – bir jozibaga o‘n joziba qo‘shilmoqda.

Qaydandir “gup” etgan shovqin eshitildi, Sizif dengizga yaqin tomonda zaqqum daraxti alanga olib yona boshlaganini ko‘rdi. O‘t qo‘yaman, deb baqirib yubordi Sizif dag‘dag‘a bilan qo‘llarini boshi uzra sermab, hasaddan, rashkdan azbaroyi qorayib ketgandi u, bulutga o‘t qo‘yaman, yoqaman! Osmonga qo‘shib, mammiga qo‘shib kulini ko‘kka sovuraman!

– Laka-lum, lak… Laka-lum, lak… – Sizif turgan joyida qo‘llarini boshi uzra ko‘tarib raqsga tusha boshladi. – Lak-lak, lakalum. Laka-laka, lak-lak, lakalum-m!..

Uning ko‘zi tinib, boshi aylandi. Ko‘ngli alag‘da bo‘ldi. Haqiqatda ikki qo‘llab mammi poyiga suyanmaganida bulut aralash esayotgan shabadada xasdek allaqayoqlarga uchib ketishi hech gap emasdi.

– Bulutga qo‘shilib mammi quchog‘ida yonib kul bo‘lsam ham mayli, cho‘qqidan pastga yumalab, dumalab parcha-purcha bo‘lib ketsam ham roziman!.. –Lak-lak, lakalum-m! Lak-laka, lakalum-m!.. Lak-lak, lakalum! Lak-laka, lakalum-m!..

Sizifning qulog‘iga musiqiy sas chalindi. Nolakor nag‘ma qay tomondan taralayotganini aniqlolmadi u. Musiqa to‘xtab qolmasaydi degan xavotirda “Lak-lakalum”ni bas qilmadi. Musiqa g‘oyatda nazokat va ehtiyotlik bilan xirgoyiga jo‘r bo‘ldi, bunga sayin Sizifning ilhomi jo‘shdi.
– Men osiy banda, – xasta tovushda shivirladi: – Kechirgaysiz… uzrlarim… tavbalarim… iltijolarim…

Nigohi dengizga qadaldi – moviy suv sathi salomga chiqqan kelinchakdek ma’yus va sokin tortgandi. Sizif gandiraklab, tubsiz pastlikka qulab tushayozdi – tisarilib borib, tosh mammi poyiga suyandi. Ko‘zi qamashdi. O‘zini qo‘lga olishga urindi. Xarsang tosh siniqlari uyumi tomon qo‘lini cho‘zdi, qulochini boricha yoydi, bazo‘r qad rostlagan yarador askardek oldinga bitta-bitta qadam tashladi, shu borishda nimani o‘yladi, nimaning mo‘ljalini oldi, murod-maqsadi nima edi – o‘ziga-da noayon, lekin ayni damda ichida nimadir yilt etdi, azbaroyi uzoq uyqudan cho‘chib uyg‘ongan odamday sapchib tushdi, toshqotgan kaftlari bilan yuz-ko‘zini qattiq-qattiq ishqadi, suyundi, surgalib tanasidan orqada qolayotgan nogiron oyog‘iga og‘rinib, kulimsirab qaradi, zum o‘tmay kulimsirash o‘rnini alamli chiranish, favqulodda shiddat egalladi va… va… do‘sti, qadrdoni, yakka-yagona sirdoshiga aylanib qolgan xarsangni bir hamlada pastga qarab dumalatib yuboradigan vajohatda tosh bo‘laklari uyumi ustiga o‘zini tashladi…

2015 yil 12 iyul, yakshanba.
21 sentyabr, dushanba. 1 – 16 dekabr.

Xurshid Do’Stmuhammad. Donishmand Sizif. Kitobning to’Liq Varianti by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 821, bugungi 1)

Izoh qoldiring