Aleksandr Belyayev. Amfibiya odam

Ashampoo_Snap_2017.08.09_14h14m59s_002_.png    Жаҳон илмий фантастикасининг мумтоз намояндаси Александр Беляев “Одам амфибия”, “Профессор Доуэлнинг боши”, “Ҳалокатга учраган кемалар ороли” сингари кўплаб романлар, бир қанча қисса ва ҳикоялар муаллифи. Яқинда адибнинг қизи Светлана Александровна Беляеванинг “Фантаст Беляевнинг оилавий қиссаси” китоби нашрдан чиқди. Ўқувчилар эътиборига шу китобдан парчаларни ҳавола этамиз.

Светлана БЕЛЯЕВА
ФАНТАСТ БЕЛЯЕВНИНГ ОИЛАВИЙ ҚИССАСИ
Асардан парчалар
09

ҚАЗНОҚ ТОМИДАН САКРАШ

011Болалигида дадам парвоз этишни орзу қиларди. Лекин, гарчи бу ўша пайтларда қизиқ нарса бўлса ҳамки, аэропланда учишни эмас, қушлар каби эркин парвоз қилишни истарди. Бунинг учун қанот керак – у қанотларни оддий нарсалардан ясаганди. Шундай буюмлардан бири супурги эди, дадам уни қўлларига боғлаб, учишга уриниб кўрган. У отасининг каттакон соябонини очиб, қазноқ томидан сакрар экан. Ва ниҳоят, талаба бўлганидан сўнг, кичкина бипланда осмонга кўтарилди. Дадамнинг ҳикоя қилишича, буни парвоз деб бўлмас экан, кўпроқ тепаликдан сакраганга ўхшаркан. Машина мукаммал ишланмаган ва учувчининг ҳар бир ҳаракатидан ларзага келар, ҳатто битта акса урилса бас — шу заҳотиёқ ҳавода тўнтарилиб кетар экан.

Қазноқ томидан сакраш эса беиз кетмади. Бир куни дадам ерга ёмонроқ тушади. Бели ғарч этиб кетади, бир неча кун оғриб юради. Аммо сўнг оғриқ ўтиб кетади ва дадам бу ҳақда унутиб ҳам юборади. Бироқ кейинчалик унда умуртқа туберкулёзи бошланиб, дадам ногирон бўлиб қолган.

“ВАСЯ ЧЎКИБ КЕТДИ!”

Бир гал Саша Смоленск яқинида яшовчи амакисиникида меҳмонда эди. Иссиқ кунларнинг бирида болалар қайиқда сайр қилгани бормоқчи бўлишди. Ҳамма ака-ука, опа-сингиллар тўпланишди, фақат Сашанинг акаси Вася йўқ эди (Беляевлар оиласида уч фарзанд бор эди — Василий, Александр ва Нина).

Қайиққа ўтиришдан олдин Саша бир парча лой олди-да, ундан бош шаклини ясай бошлади. Нима қилаётганига аҳамият ҳам бермасдан, лойга шунчаки шакл бера бошлади. Лой парчасининг шакл-шамойили Васянинг юзига ўхшаётганди. Лекин юз ифодаси сира чиқмаётганди: у қандайдир қотиб қолган, ҳиссиз эди. Ишидан кўнгли тўлмаган Саша ўз “асар”ини сувга ташлаб юборди ва худди шу лаҳзада аллақандай ғалати безовталикни сезди. У соатига қаради ва қичқириб юборди:

— Мен уйга кетишим керак! Васяга нимадир бўлган!

Бу гапни Саша тушунарсиз бир ишонч билан айтганди. Уни фикридан қайтаришга уриниб кўришди, аммо у ҳеч нимани эшитишни истамасди. Ҳеч кимнинг қайиқда сайр қилгиси келмай қолди ва ҳаммалари Саша билан бирга уйга қайтишди.

Амакисининг уйи ёнида уларга кўзлари йиғидан қизариб кетган аммалари пешвоз чиқди. У Васянинг сувга чўкиб кетганини айтди. Қанчалик ғалати кўринмасин, бу воқеа айнан Саша лойдан ясалган бошчани дарёга ирғитган вақтда содир бўлганди…

КЎЧА БОСҚИНЧИЛАРИГА ҚАРШИ ЁЛҒИЗ ЎЗИ

Отам айтиб берган яна бир қизиқ воқеа ёдимга тушади.

Бир куни кеч тушганда у дўстлари билан меҳмондорчиликдан қайтарди. Осмон булутли эди. Ой бир лаҳзагина кўриниб, йўлни ёритар, сўнг яна ғойиб бўларди. Кўча чироқлари хира ёнар, йўлни ёритолмасди. Тўсатдан қоронғиликдан бир нечта йигит лоп этиб чиқишди ва йўловчилардан ҳамёнларини топширишни талаб қилишди. Босқинчилар кўпчилик, бунинг устига жисмоний жиҳатдан ҳам улардан кўра бақувватроқ кўринишарди. Дўстлар тараддудланиб қолишди. Шунда Александр олдинга чиқади, олға узатилган қўлида тўппонча тутган кўйи безорилар томон юради. У чуқур жимлик ичида, рақибларига қадам-бақадам яқинлашганича шошилмасдан одимларди. Аввалига улар саросимага тушишди, сўнг эса тумтарақай қочиб қолишади. Безорилар қоронғиликка сингиб кетгач, шу пайтгача жим турган дўстлари бараварига тилга киришди. Улар Александрнинг қўлида қурол пайдо бўлиб қолганидан таажжубда эди. Аён бўладики, аслида Сашада ҳеч қандай тўппонча бўлмаган. У безориларни кўрсаткич бармоғигагина кийдирилган қўлқоп билан қўрқитганди. Унинг қолган қисмини эса муштида маҳкам қисиб ушлаб олганди. Агар кўча ёруғ бўлганида унинг ҳийласи билиниб қоларди, лекин зимистон кечада қўлқоп худди тўппончага ўхшаб кўринган.

СТАНИСЛАВСКИЙ ТРУППАСИДА

Отам болалигиданоқ театрни севарди. Уйда унинг раҳбарлиги остида тез-тез спектакллар қўйишарди. Бу томошаларда отам ҳам драматург, ҳам режиссёр, ҳам актёр эди. У яшин тезлигида бир қиёфадан бошқасига ўтар, ҳар қандай ролни, ҳатто қизлар ролини ҳам ўйнайверарди. Тез орада бутун шаҳар Беляев театридан хабар топади. Бора-бора уй театри гастрол сафарларига чиқа бошлайди. Аввалига ҳали у, ҳали бу танишларникида томоша қўйишарди, кейинроқ ҳатто бошқа шаҳарларга бора бошлашди. Ҳамма вақт ҳам труппага омад ёр бўлавермасди. Театр баъзан бир чақаям ишлай олмас, артистларнинг ҳатто ортга қайтишга пуллари бўлмасди. Темир йўл бўйлаб уйга пиёда қайтган вақтлари бўларди. Бироқ уларнинг мақсади пул топиш эмас, энг муҳими, томоша қўйишса, бўлгани эди.

Бир куни Смоленскка Станиславский раҳбарлик қилаётган пойтахт труппаси келади. Александр Романович труппанинг бирорта томошасини ҳам ўтказиб юбормайди. Бир гал кутилмаганда бош ролдаги актёрлардан биттасининг овози бўғилиб қолади, ўрнига бировни қўйишнинг ҳам имкони топилмайди ва афишада эълон пайдо бўлади: “Артист касал бўлиб қолгани учун спектакль бекор қилинади”. Пойтахт труппасининг ташрифи шаҳарликлар учун камёб ҳодиса эди, шу боис театр шайдолари бундан ниҳоятда хафа бўлишади. Труппа Смоленскни тарк этишга шайланаётгани ҳақида овоза тарқалади. Отам ҳам бундан бошқалардан кам хафа эмасди. Бироқ ҳайратланарли бир иш содир бўлади. Отамнинг томошаларидан хабардор бўлган ашаддий театр шайдоларидан бири Станиславскийга Беляев театри ҳақида сўзлаб беради ва Александр Романович касал бўлиб қолган актёр ўрнини эгаллаши мумкинлигига ишора қилади.

Ва оқшомларнинг бирида, отам уйда йўқлигида уларникига баланд бўйли, озғин киши келади ва Александр Романовични кўрмоқчилигини билдиради. Гарчи ўғли кап-катта йигит бўлса-да, бувимнинг юраги шув этиб кетади. Отамга одам юборадилар. Уни топиб келишади ва у меҳмонни ўз хонасига таклиф қилади, улар узоқ суҳбатлашишади. Меҳмон кетгач, Александр онасига бу Станиславский эканлигини, у тоби қочиб қолган актёр ўрнига саҳнага чиқишни таклиф қилганини, икки кундан сўнг спектаклда роль ижро этишини айтади. Онаси ҳайратидан чапак чалиб юборади. Пойтахтлик актёрлар билан бирга спектаклда ўйнаш – бу ақлга сиғадиган ишми, ахир? Она ўғлини фикридан қайтаришга уриниб кўрди, аммо у бундан фақат кулди.

Спектакль жуда яхши ўтди. Смоленскликлар ҳамшаҳарларини қизғин қарши олишди ва уни узоқ вақт қарсак билан олқишлашди. Шундан сўнг отам то труппа ўз гастролини якунлаб, Москвага қайтгунига қадар яна бир неча спектаклда ўйнайди. Станиславский Александр Романовичга труппада қолишни таклиф қилади, аммо отам адвокат бўлиш учун ҳозирланаётгани боис буни рад этади.

“БИЛМАСАНГ, СЕЗМАСАНГ, БЎЛМАСАНГ…”

Отам оғир касал бўлиб қолади. Унинг иситмаси баланд эди. Шифокорлар плеврит ташхисини қўйишади. Уни пункция (текширувга намуна олиш учун бирор аъзога йўғон шприц санчиш) қилишади, аммо бу ёрдам бермайди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг оёқлари ишламай қолади. Тажрибали шифокор излаб, бувим фалаж бўлиб қолган ўғли билан бир нечта шаҳарда бўлади ва ниҳоят, Ялтага етиб боради. Александр Романовичда умуртқа туберкулёзи борлиги аниқланади ва умуртқасини гипслаб ташлашади. Бу жараён шу қадар оғир ўтадики, шифокорлар натижа муваффақиятли чиқишига умид ҳам қилишмайди. Александр Романович бу пайтда бор-йўғи 35 ёшда эди. Ёш, соғлом, серҳаракат ва серғайрат йигитнинг тўсатдан тўшакка михланиб қолиши, устига устак белидан бўйнига қадар гипсда ётиши ҳақиқий фожиа эди. Лекин тушкунликка тушиш ҳам ақлдан эмас. Александр Романович ҳаётга бўлган иштиёқини сўндирмади. У худди аввалгидек атрофидаги ҳар бир воқеа-ҳодисага қизиқар, ажойиб суҳбатдош ва қиссагўй эди. Тўшакда ётган кўйи ўзига илмак ёрдамида худди чақалоқлар яктакчасига ўхшаган тугмасиз кийим тўқиб олади. У орқа ўгириб ётар ва бошқачароқ кийим унга тўғри ҳам келмасди…

Яхши одамлар кўмагида отамни Қизил Хоч касалхонасига ётқизадилар, у бир кишилик хонага жойлашади. Ўша вақтларда қоғоз-қалам сотиб олиш мушкул эди. Дўстлари унга ярим-ёрти қаламлар, қоғоз, ҳатто эски идора дафтарларини келтириб беришарди. Александр Романович жуда кўп шеър ёзарди. Шеърларидан бирида шундай сатрлар бор эди:

Кўз юмсанг ва қайта уйғонмай,
Ҳатто ўз-ўзингни унутсанг.
Энг сўнгги тушга жим чўмганча,
Билмасанг, сезмасанг, бўлмасанг.

Қачонки отамни қўмсаб, дунё кўзимга тор кўрина бошласа, мен худди шу шеърни, айниқса, унинг охирги қаторини ёдга оламан. Мен ҳеч қачон оғриқ ва изтироб шу қадар ёрқин ифодаланган яна шундай шеърни ўқимаганман…

Рус тилидан Хуршида Абдуллаева таржимаси

Яна шу мавзуда мутолаа қилинг:
Александр Беляев. КЭЦ юлдузи. Илмий-фантастик роман

Александ-Беляев.jpg Jahon ilmiy fantastikasining mumtoz namoyandasi Aleksandr Belyayev “Odam amfibiya”, “Professor Douelning boshi”, “Halokatga uchragan kemalar oroli” singari ko‘plab romanlar, bir qancha qissa va hikoyalar muallifi. Yaqinda adibning qizi Svetlana Aleksandrovna Belyayevaning “Fantast Belyayevning oilaviy qissasi” kitobi nashrdan chiqdi. O‘quvchilar e’tiboriga shu kitobdan parchalarni havola etamiz.

Svetlana BЕLYAYEVA
FANTAST BЕLYAYEVNING OILAVIY QISSASI
Asardan parchalar
09

QAZNOQ TOMIDAN SAKRASH

022Bolaligida dadam parvoz etishni orzu qilardi. Lekin, garchi bu o‘sha paytlarda qiziq narsa bo‘lsa hamki, aeroplanda uchishni emas, qushlar kabi erkin parvoz qilishni istardi. Buning uchun qanot kerak – u qanotlarni oddiy narsalardan yasagandi. Shunday buyumlardan biri supurgi edi, dadam uni qo‘llariga bog‘lab, uchishga urinib ko‘rgan. U otasining kattakon soyabonini ochib, qaznoq tomidan sakrar ekan. Va nihoyat, talaba bo‘lganidan so‘ng, kichkina biplanda osmonga ko‘tarildi. Dadamning hikoya qilishicha, buni parvoz deb bo‘lmas ekan, ko‘proq tepalikdan sakraganga o‘xsharkan. Mashina mukammal ishlanmagan va uchuvchining har bir harakatidan larzaga kelar, hatto bitta aksa urilsa bas — shu zahotiyoq havoda to‘ntarilib ketar ekan.

Qaznoq tomidan sakrash esa beiz ketmadi. Bir kuni dadam yerga yomonroq tushadi. Beli g‘arch etib ketadi, bir necha kun og‘rib yuradi. Ammo so‘ng og‘riq o‘tib ketadi va dadam bu haqda unutib ham yuboradi. Biroq keyinchalik unda umurtqa tuberkulyozi boshlanib, dadam nogiron bo‘lib qolgan.

“VASYA CHO‘KIB KЕTDI!”

Bir gal Sasha Smolensk yaqinida yashovchi amakisinikida mehmonda edi. Issiq kunlarning birida bolalar qayiqda sayr qilgani bormoqchi bo‘lishdi. Hamma aka-uka, opa-singillar to‘planishdi, faqat Sashaning akasi Vasya yo‘q edi (Belyayevlar oilasida uch farzand bor edi — Vasiliy, Aleksandr va Nina).

Qayiqqa o‘tirishdan oldin Sasha bir parcha loy oldi-da, undan bosh shaklini yasay boshladi. Nima qilayotganiga ahamiyat ham bermasdan, loyga shunchaki shakl bera boshladi. Loy parchasining shakl-shamoyili Vasyaning yuziga o‘xshayotgandi. Lekin yuz ifodasi sira chiqmayotgandi: u qandaydir qotib qolgan, hissiz edi. Ishidan ko‘ngli to‘lmagan Sasha o‘z “asar”ini suvga tashlab yubordi va xuddi shu lahzada allaqanday g‘alati bezovtalikni sezdi. U soatiga qaradi va qichqirib yubordi:

— Men uyga ketishim kerak! Vasyaga nimadir bo‘lgan!

Bu gapni Sasha tushunarsiz bir ishonch bilan aytgandi. Uni fikridan qaytarishga urinib ko‘rishdi, ammo u hech nimani eshitishni istamasdi. Hech kimning qayiqda sayr qilgisi kelmay qoldi va hammalari Sasha bilan birga uyga qaytishdi.

Amakisining uyi yonida ularga ko‘zlari yig‘idan qizarib ketgan ammalari peshvoz chiqdi. U Vasyaning suvga cho‘kib ketganini aytdi. Qanchalik g‘alati ko‘rinmasin, bu voqea aynan Sasha loydan yasalgan boshchani daryoga irg‘itgan vaqtda sodir bo‘lgandi…

KO‘CHA BOSQINCHILARIGA QARSHI YOLG‘IZ O‘ZI

Otam aytib bergan yana bir qiziq voqea yodimga tushadi.

Bir kuni kech tushganda u do‘stlari bilan mehmondorchilikdan qaytardi. Osmon bulutli edi. Oy bir lahzagina ko‘rinib, yo‘lni yoritar, so‘ng yana g‘oyib bo‘lardi. Ko‘cha chiroqlari xira yonar, yo‘lni yoritolmasdi. To‘satdan qorong‘ilikdan bir nechta yigit lop etib chiqishdi va yo‘lovchilardan hamyonlarini topshirishni talab qilishdi. Bosqinchilar ko‘pchilik, buning ustiga jismoniy jihatdan ham ulardan ko‘ra baquvvatroq ko‘rinishardi. Do‘stlar taraddudlanib qolishdi. Shunda Aleksandr oldinga chiqadi, olg‘a uzatilgan qo‘lida to‘pponcha tutgan ko‘yi bezorilar tomon yuradi. U chuqur jimlik ichida, raqiblariga qadam-baqadam yaqinlashganicha shoshilmasdan odimlardi. Avvaliga ular sarosimaga tushishdi, so‘ng esa tumtaraqay qochib qolishadi. Bezorilar qorong‘ilikka singib ketgach, shu paytgacha jim turgan do‘stlari baravariga tilga kirishdi. Ular Aleksandrning qo‘lida qurol paydo bo‘lib qolganidan taajjubda edi. Ayon bo‘ladiki, aslida Sashada hech qanday to‘pponcha bo‘lmagan. U bezorilarni ko‘rsatkich barmog‘igagina kiydirilgan qo‘lqop bilan qo‘rqitgandi. Uning qolgan qismini esa mushtida mahkam qisib ushlab olgandi. Agar ko‘cha yorug‘ bo‘lganida uning hiylasi bilinib qolardi, lekin zimiston kechada qo‘lqop xuddi to‘pponchaga o‘xshab ko‘ringan.

STANISLAVSKIY TRUPPASIDA

Otam bolaligidanoq teatrni sevardi. Uyda uning rahbarligi ostida tez-tez spektakllar qo‘yishardi. Bu tomoshalarda otam ham dramaturg, ham rejissyor, ham aktyor edi. U yashin tezligida bir qiyofadan boshqasiga o‘tar, har qanday rolni, hatto qizlar rolini ham o‘ynayverardi. Tez orada butun shahar Belyayev teatridan xabar topadi. Bora-bora uy teatri gastrol safarlariga chiqa boshlaydi. Avvaliga hali u, hali bu tanishlarnikida tomosha qo‘yishardi, keyinroq hatto boshqa shaharlarga bora boshlashdi. Hamma vaqt ham truppaga omad yor bo‘lavermasdi. Teatr ba’zan bir chaqayam ishlay olmas, artistlarning hatto ortga qaytishga pullari bo‘lmasdi. Temir yo‘l bo‘ylab uyga piyoda qaytgan vaqtlari bo‘lardi. Biroq ularning maqsadi pul topish emas, eng muhimi, tomosha qo‘yishsa, bo‘lgani edi.

Bir kuni Smolenskka Stanislavskiy rahbarlik qilayotgan poytaxt truppasi keladi. Aleksandr Romanovich truppaning birorta tomoshasini ham o‘tkazib yubormaydi. Bir gal kutilmaganda bosh roldagi aktyorlardan bittasining ovozi bo‘g‘ilib qoladi, o‘rniga birovni qo‘yishning ham imkoni topilmaydi va afishada e’lon paydo bo‘ladi: “Artist kasal bo‘lib qolgani uchun spektakl bekor qilinadi”. Poytaxt truppasining tashrifi shaharliklar uchun kamyob hodisa edi, shu bois teatr shaydolari bundan nihoyatda xafa bo‘lishadi. Truppa Smolenskni tark etishga shaylanayotgani haqida ovoza tarqaladi. Otam ham bundan boshqalardan kam xafa emasdi. Biroq hayratlanarli bir ish sodir bo‘ladi. Otamning tomoshalaridan xabardor bo‘lgan ashaddiy teatr shaydolaridan biri Stanislavskiyga Belyayev teatri haqida so‘zlab beradi va Aleksandr Romanovich kasal bo‘lib qolgan aktyor o‘rnini egallashi mumkinligiga ishora qiladi.

Va oqshomlarning birida, otam uyda yo‘qligida ularnikiga baland bo‘yli, ozg‘in kishi keladi va Aleksandr Romanovichni ko‘rmoqchiligini bildiradi. Garchi o‘g‘li kap-katta yigit bo‘lsa-da, buvimning yuragi shuv etib ketadi. Otamga odam yuboradilar. Uni topib kelishadi va u mehmonni o‘z xonasiga taklif qiladi, ular uzoq suhbatlashishadi. Mehmon ketgach, Aleksandr onasiga bu Stanislavskiy ekanligini, u tobi qochib qolgan aktyor o‘rniga sahnaga chiqishni taklif qilganini, ikki kundan so‘ng spektaklda rol ijro etishini aytadi. Onasi hayratidan chapak chalib yuboradi. Poytaxtlik aktyorlar bilan birga spektaklda o‘ynash – bu aqlga sig‘adigan ishmi, axir? Ona o‘g‘lini fikridan qaytarishga urinib ko‘rdi, ammo u bundan faqat kuldi.

Spektakl juda yaxshi o‘tdi. Smolenskliklar hamshaharlarini qizg‘in qarshi olishdi va uni uzoq vaqt qarsak bilan olqishlashdi. Shundan so‘ng otam to truppa o‘z gastrolini yakunlab, Moskvaga qaytguniga qadar yana bir necha spektaklda o‘ynaydi. Stanislavskiy Aleksandr Romanovichga truppada qolishni taklif qiladi, ammo otam advokat bo‘lish uchun hozirlanayotgani bois buni rad etadi.

“BILMASANG, SЕZMASANG, BO‘LMASANG…”

Otam og‘ir kasal bo‘lib qoladi. Uning isitmasi baland edi. Shifokorlar plevrit tashxisini qo‘yishadi. Uni punksiya (tekshiruvga namuna olish uchun biror a’zoga yo‘g‘on shpris sanchish) qilishadi, ammo bu yordam bermaydi. Oradan hech qancha vaqt o‘tmay, uning oyoqlari ishlamay qoladi. Tajribali shifokor izlab, buvim falaj bo‘lib qolgan o‘g‘li bilan bir nechta shaharda bo‘ladi va nihoyat, Yaltaga yetib boradi. Aleksandr Romanovichda umurtqa tuberkulyozi borligi aniqlanadi va umurtqasini gipslab tashlashadi. Bu jarayon shu qadar og‘ir o‘tadiki, shifokorlar natija muvaffaqiyatli chiqishiga umid ham qilishmaydi. Aleksandr Romanovich bu paytda bor-yo‘g‘i 35 yoshda edi. Yosh, sog‘lom, serharakat va serg‘ayrat yigitning to‘satdan to‘shakka mixlanib qolishi, ustiga ustak belidan bo‘yniga qadar gipsda yotishi haqiqiy fojia edi. Lekin tushkunlikka tushish ham aqldan emas. Aleksandr Romanovich hayotga bo‘lgan ishtiyoqini so‘ndirmadi. U xuddi avvalgidek atrofidagi har bir voqea-hodisaga qiziqar, ajoyib suhbatdosh va qissago‘y edi. To‘shakda yotgan ko‘yi o‘ziga ilmak yordamida xuddi chaqaloqlar yaktakchasiga o‘xshagan tugmasiz kiyim to‘qib oladi. U orqa o‘girib yotar va boshqacharoq kiyim unga to‘g‘ri ham kelmasdi…

Yaxshi odamlar ko‘magida otamni Qizil Xoch kasalxonasiga yotqizadilar, u bir kishilik xonaga joylashadi. O‘sha vaqtlarda qog‘oz-qalam sotib olish mushkul edi. Do‘stlari unga yarim-yorti qalamlar, qog‘oz, hatto eski idora daftarlarini keltirib berishardi. Aleksandr Romanovich juda ko‘p she’r yozardi. She’rlaridan birida shunday satrlar bor edi:

Ko‘z yumsang va qayta uyg‘onmay,
Hatto o‘z-o‘zingni unutsang.
Eng so‘nggi tushga jim cho‘mgancha,
Bilmasang, sezmasang, bo‘lmasang.

Qachonki otamni qo‘msab, dunyo ko‘zimga tor ko‘rina boshlasa, men xuddi shu she’rni, ayniqsa, uning oxirgi qatorini yodga olaman. Men hech qachon og‘riq va iztirob shu qadar yorqin ifodalangan yana shunday she’rni o‘qimaganman…

Rus tilidan Xurshida Abdullayeva tarjimasi

Yana shu mavzuda mutolaa qiling:
Aleksandr Belyayev. KES yulduzi. Ilmiy-fantastik roman

Aleksandr Belyayev. Amfibiya odam. Roman by Khurshid Davron on Scribd

05

(Tashriflar: umumiy 1 027, bugungi 1)

Izoh qoldiring