Yo’ldosh Sulaymon. She’rlar & Yo’ldosh Sulaymon haqida xotiralar & Osmonga sig’magan muhabbat

09     12 август — Шоир Йўлдош Сулаймон туғилган кун

…Ўзинг самимий меҳр билан суйган, бениҳоя ҳурмат қилган, ҳаттоки бошингга кўтариб юргудай даражада чин кўнгилдан эътиқод қўйган Инсон ҳақида ёзиш жуда-жуда мушкул иш эканлигига мен Йўлдош ака мисолида қайта-қайта амин бўлганман.

ЙЎЛДОШ СУЛАЙМОН
ШЕЪРЛАР
02

045   Йўлдош Сулаймон /1935-2ОО4/ забардаст адиб , хассос шоир эди . 1960 – йилларда болалар шоири сифатида танилган ижодкор адабиётнинг кўплаб жанрларида маҳорат билан қалам тебратди . Публицистиканинг катта имкониятларини кашф этиб , ўз мактабини яратди . Йўлдош Сулаймон имзосидаги очерклар энг гўзал ҳикоялар каби ўқилди . Уларда авлодлар йўлларига нур сочган шахслар сиймоси ўз аксини топди . « Боболар қалби» , « Сен – менинг қуёшимсан» очерклар тўпламлари публицистикада яратилган энг яхши асарлар қаторидан ўрин олди .
Йўлдош Сулаймоннинг «Субҳидам « , «Вафо» , «Армон» романлари халқимизнинг мустабид тузум давридаги аянчли қисматини , Ватан урушининг инсоният тақдирида қолдирган армонларини,қаҳрамонларнинг Ватанга бўлган муҳабатларини, соғинчларини ифода этади . Унинг Аҳмад ал- Фарғонийга бағишланган « Осмонга сиғмаган муҳаббат» шеҳрий драмаси ижодидаги баланд чўққилардан бўлиб қолди .
Йўлдош Сулаймон на фақат фарғоналик, балкиЎзбекистонимиздаги кўплаб ижодкорларнинг меҳрибон , талабчан устози эди . Руҳи шод бўлсин деган ниятда дафтарида қолган шеърларидан айримларини ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз.

МУСТАҚИЛЛИК ОСМОНИ

Энтикиб турибман яна бағрингизда,
Айланиб- ўргилсам оздир барингиздан .

Бунчалар чиройли товланар кўк юзи ,
Теграмда қип- қизил лолалар денгизи .

Бир ёнда чучмомо , бир ёнда бойчечак ,
Дилдаги оғриқлар тугунини ечар.

Ўзимни шаббода ширин- ширин қучар,
Хаёлим анови қушлар каби учар ,

Оқ будут у ёқдан – бу ёққа кўчар ,
Кўзларим бу лаззат шаробини ичар !

Ҳайқиргим келяпти дилимдан эй,осмон :
Кўнглимни ҳамиша яшнатар кенглигинг ,

Қанчалар ҳикматли барчага тенглигинг !

ҚИЗҒАЛДОҚ

Ҳой, қаранг, тоққа қаранг ,
Кимдир ўт ёққан, қаранг ,
Оловни ўзи қўйиб ,
Васлига тўйиб- тўйиб ,
Маҳлиё боққан,қаранг.
Ўт сувдай оққан, қаранг –
Чўққидан пастларгача !
Очилдинг ,қани , қачон,
Қизғалдоқ , қизғалдоқжон?!
Сен- тўлқин , сен- ҳаяжон !
Сен баланд тоғ холисан ,
Ёримдай иболисан !
Ҳам унинг кўзларидай ,
Ҳаёли юзларидай ,
Оромли сўзларидай ,
Гул иси изларидай –
Чақнатдинг нигоҳимни,
Эшитдинг «оҳ- оҳ»имни!
Йўлдош ҳам суйиб борар ,
Ишқингда куйиб борар-
Бағрингга ол , қизғалдоқ,
Куйдирдинг эй,қизғалдоқ!

МУҲАББАТСИЗ ЯШАЙ ОЛМАСМАН

Вужудимда ўт бор , толмасман ,
Муҳаббатсиз яшай олмасман.
Жасоратдан асло қолмасман –
Юрагимни ёндирар севги ,
Ташналикни қондирар севги!

Шайдоликдан нишонадирман ,
Яроқлаган пешонадирман ,
Ошиқларга ишонадирман –
Юрагимни ёндирар севги ,
Ташналикни қондирар севги !

Сўрамоқнинг келди хонаси ,
Не хаёлда элнинг доноси ,
Яшамоқнинг недир маҳноси –
Юрагимни ёндирар севги ,
Ташналикни қондирар севги !

Ёмонликни қўйиб яшасанг ,
Йўлдош каби тўйиб яшасанг ,
Суйганингни суйиб яшасанг –
Юрагимни ёндирар севги ,
Ташналикни қондирар севги!

ИБРАТ ОЛИБ …

Уйғондимми яна бугун дилрабо куй оҳангидан ,
Ҳофиз уни топдиммикин тонгнинг қизарган рангидан

Гўё ғолиб чиққандайман қутлуғ диёнат жангидан,
Ё, Раббоно, мени асра ,бекорчиликнинг зангидан ,

Кўчаларда соврилибми юрган бетавфиқ чангидан ,
Алдов бўлса олиб ташла яқинларимнинг онгидан ,

Қўша қариб, ибрат олиб , вафо мадҳин оҳангидан ,
Ҳеч қачон бошлама,Йўлдош, севги изҳорин янгидан !

ТАБАССУМИНГ

Ҳуснингга ҳусн қўшар ,
Очилган гулга ўхшар ,
Узукка кўздай тушар ,
Чиройлик табассуминг,
Бир бойлик табассуминг !

Шаббода каби шўхдир ,
Ҳамиша ўчмас чўғдир ,
Нигоҳга ишқий ўқдир –
Ёйилган табассуминг ,
Тўкилган табассуминг !

Тунимни ёритади ,
Ғамимни аритади ,
Бир хуш бўй таратади ,
Ғунча лаб табассуминг ,
Нозик таҳб табассуминг!

Шу маҳюс юзларимга ,
Армонли кўзларимга ,
Дилдаги сўзларимга –
Нур тарар табассуминг,
Мен тараф табассуминг !

КУРАШ

Изма из пойлайди ўлим шарпаси ,
Ҳайратдан ушлайман баҳзан ёқани ,
Кимлар ҳадикдану кимлар қўрқувдан
Макон этяптилар дорулбақони!

Фитнаю, фасодлар зуғмида қолиб ,
Таҳлика ичида умрим ўтса-да ,
Тун нурдан қочгандай қочяпти ўлим ,
Боисин сўрсалар янграр бир садо :

Курашганинг сари яшагинг келар ,
Муҳаббат йўлида ташланар қадам .
Бекор келиб , бекор кетмоқ фожиа ,
Икки марта келмас дунёга одам !

ДЎСТ ЭТ

Одоб аввал зийнатдир ўзинг ,сўзинг , изингга ,
Мерос бўлиб қолар у яна ўғил , қизингга,

Кўнглим доим ёруғу ҳожатли бўлай десанг ,
Етимлар бошин сила ,шерик қил нима есанг,

Ёнаётган ҳар олов ўтинни кемиради ,
Бировни кўролмаслар дарди жон емиради.

Ўзининг ёмонлигин ўзгадан узоқ тутган ,
Бошга тушган ғамини билдирмай ичган ютган ,

Иғвою ,адоватдан ўзини олиб қочган,
Қалбининг эшигини имонга холис очган-

Мардликдан , тозаликдан, эҳтиқоддан нишона,
Шундай фарзанд ўстирар ҳалол бўлолса Она !

Ҳалокатга яқинлар ёмонлайди ўлганни ,
Кўп кўрдим ана шундай паймонаси тўлганни !

Одамлар ўртасидан кўтарилса диёнат,
Ёлғон сўз , ёлғон ваҳда , омонатга хиёнат –

Эзгуликнинг илдизин қуритишга уринар ,
Дўстлар ҳам бир- бирига душман бўлиб кўринар .

Текин томоқ яшашлик етаклар доим ғамга ,
Ризқин ҳалол топишлик вожибдир ҳар одамга!

Вужудинг нурга тўлар бир фазилат этса ром ,
Бу кичикка шафқату каттага иззат- икром.

Севиш учун туғилдинг, демак севишинг лозим,
Араз уч кундан ўтса — чиндан гуноҳи азим.

Инсонни бир- бирига, Йўлдош, доим дўст этгин,
Кўп қатори ўзинг ҳам орзу- ниятга етгин

ЙЎЛДОШ СУЛАЙМОННИ ХОТИРЛАБ
02

Анвар ОБИДЖОН
ЙЎЛДОШ СУЛАЙМОН РИВОЯТИ

Бир қарасанг, соддагина чол,
Бир қарасанг, бошвоқсиз бола.
Дарди надур?
Танада не ҳол?
Табобатдан саводи чала.

Ишонади – минг дардга даво,
Охун Ҳаким ва Фарғонаси.
Гурунглардан қидирар шифо,
Дўстлар унинг касалхонаси.

Тин олади «яхши-яхши» деб,
Уйга қайтса омонлик билан.
Жим яшаш қай шоир учун эп?
Олишар ҳар ёмонлик билан…

Жанглар битди!
Ҳаво тип-тиниқ!
Жилмайиб у «суруп совут»да,
Рафиқасин васлига интиқ —
Учиб борар энди… тобутда…

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
ОТА

04…Ўзинг самимий меҳр билан суйган, бениҳоя ҳурмат қилган, ҳаттоки бошингга кўтариб юргудай даражада чин кўнгилдан эътиқод қўйган Инсон ҳақида ёзиш жуда-жуда мушкул иш эканлигига мен Йўлдош ака мисолида қайта-қайта амин бўлганман. Баайни туйғуларингга, эҳтиромингга айнан мос сўзларни тополмаётгандайсан, қоғозга тушган битикларинг ғариб ва туссиз, қаламинг эса тўмтоқ кўринади; сатрлар орасидан боладек беғубор, ишонувчан ва одамларга, дунёга ҳайрат кўзи билан, шодланиб қараётган Ижодкорнинг азиз чеҳраси кўриниб туриши учун бошқачароқ жумлалар, иборалар, ўхшатишлар керакдек; йўқса ёзмай қўя қолган мақбулдек… Беихтиёр ўрис шоирининг дил эътирофи ёдга тушаверади: “Бу рангсиз кўчирма жонли лавҳадан…”

Балким шу ҳиссиётлар боис, бир эмас, бир неча маротаба нималардир битмоққа жахд қилган бўлсам-да, ҳар гал бошлаб қўйган ёзув-чизувларимдан кўнглим тўлмади, уларни бу қадар ғариб ҳолида охирига етказмакка эса уялдим…

Дунёда бир қарашингдаёқ яхши одамлиги билиниб турадиганлар бор дейишади. Йўлдош Сулаймон мана шундай топилмас, бу дунёга юз йилда бир марта келадиган инсонлардан эди.

Биз Ёзувчилар уюшмасида олти-етти йил бирга ишладик. Ҳар қалай, кимнинг аслида ким эканлигини билиб олиш учун бу муддат етиб-ортади.

Илк танишувимиз қизиқ кечган. Ўша пайтлари “Ёшлик”да бир қиссам босилгану  унда тангадек суратим ҳам берилганди. Йўлдош ака машқимни ўқигандан сўнг уюшма билан бир бинода жойлашган журналимизга атай киради ва ташқи кўринишидан менга озроқ ўхшаб кетадиган, энг асосийси — мўйловли ҳисобчимизни бағрига босиб, асар билан қизғин қутлай кетади. Ҳисобчимиз — қувгина йигит — “Менам бир мақтов эшитай” деган ўйда қуллуқ қилиб тураверади…

Ишқилиб, қиссани битган камина-ю, уч-тўрт ҳафта мобайнида олқишларни ҳисобчимиз эшитиб юрди.

Алоҳа, Собир юмшоқлик билан айтган шекилли, Йўлдош аканинг ўзи эринмасдан хонамизга қайтатдан келиб, кула-кула энди ростакамига танишиб кетди. Шу баҳона анча яқин бўлиб қолдик.

Мен ўша пайтлардаёқ “Вафо”дай романнинг, кўплаб тилга тушган шеърларнинг муаллифи бўлган адибнинг бу қадар самимийлиги, соддалигидан ҳайрон бўлгандим. Фурсат ўтган сайин бу ҳайронлик ҳайратга айланаверди…

Ҳа, ҳайратланмай илож йўқ эди. Тўғриси, бунақанги сарҳад билмас бағрикенглик, меҳр бизнинг қўлимиздан келмасди ҳам. Ҳар бир катта-кичик қаламкашга зўр эҳтиром билан муносабатда бўлиш, “улуғим” деб эъзозлаш, ёзганларидан олган олам-олам таассуротларини ҳаяжонланиб баён қилишга шошиш… Назаримда, Йўлдош ака ҳар бир ижодкорда буюк истеъдод учқунини кўрарди, унинг ловуллаб аланга олишини жон-дили билан истарди.

Айни пайтда ўзининг ёзганларига нисбатан беҳад камтар-ҳоксор эди, улардан гап очиб қолсангиз “Ҳа, энди бизники шунчаки…” дерди-да, мавзуни яна отилиб чиқиб келаётган бирон янги истеъдодга буриб юборарди. Қани энди бу иқтидорлар сафи тугаса! Икки марта Зомин семинарида бўлдик. Ҳар сафар Йўлдош аканинг ёш иштирокчиларга гўё эрта-индин адабиёт осмонида юлдуз бўлиб порлайдиган салоҳият эгаларини кўраётгандай улуғ бир ишонч билан термулиб қолишларини кўрганман. Ҳамон эсимда, Йўлдош ака одатига кўра ҳаяжонланиб-тўлиқиб келиб, “Самарқандлик талаба рўмон ёзибди! Ўқидим. Зўр!” дея биздан суюнчи олишга шошди, то бу йигитнинг асари журналда эълон қилингунга қадар муаллифни мақтайвериб эси кетди…

Тан оламан, аскиянинг нозик жиҳатларини унчалик тушунавермайман. Аммо бу борада гапга уста Йўлдош аканинг фарғонача пайров айтиб, сўнг қотиб-қотиб, кўзларидан ёш чиққунча (“қақат-қават”) кулишини томоша қилиб ўтиришни ёқтирардим.

Дарвоқе, баъзан ўйланиб қоламан: Фарғонани Йўлдош акачалик яхши кўрган яна бирон фарғоналик бормикан бу дунёда? Ҳай, топилмаса керак- ов…

“Мен Фарғонанинг қулиман”. Бу нафақат китоб номи, балки Йўлдош аканинг ҳаёт аъмоли, тутуми эди.

Фарғонанинг соф адабий муҳитида яйраб-яшнаб юрган, “Ёзувчи-шоирларнинг ҳаммаси бири-биридан аъло, имонли, ориятли, виждонли” деган ўз ҳақиқатига мутлоқ ишонадиган Йўлдош ака пойтахтда ҳам шундай эътиқод билан яшашни давом эттирди. Тўғри, бу осон эмасди. Ўзим бир гал кўргандим, бирдан қадди букчайиб қолган, ранги қорайиб кетган Йўлдош аканинг сирти кулиб тургани ҳолда ичи йиғларди. Илло, у кишининг хонасига деярли қучоқлашиб кирган, бир-бирини тинмай “Энг яқин дўстим бу! Сирдошим! Талант!” деб таништираётган икки ёзувчидан бири хонадан чиққан заҳоти буниси “дўсти”ни балчиққа қориб кетади: “Таланти бир тийин! Ўзи ғирт муттаҳам!..” Орадан ўн даққиқа ўтар-ўтмас эса яна шу ҳол такрорланади: энди униси ташқарига чиққан бунисини тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қила бошлайди…

Йўлдош акадай беғубор одам учун осон бўлмагандир бундай воқеликларни ичга ютиб кетиш…

Катта ижодкорлар одатда оддий рўзғор юмушларига уқувсизроқ бўлишади. Баъзан ҳатто арзимаган юмуш ҳам улар учун жуда катта муаммо бўлиб туюлади. Хуллас, Олой бозори яқинидаги кўп қаватли уйда яшайдиган Йўлдош ака (ҳалоллиги боис Дўрмондан ўзига битта дача олишга истиҳола қиларди, аммо, мисол учун, Исажонга дача керак деб эшитиб қолса, енг шимариб шу ишни бажаришга киришиб кетарди) бир куни ишга сал эсанкираброқ кириб келди. Гап орасида сабабини суриштирсам, эшик қулфланиб қолганини, калит ичкарида қолиб кетганини айтди. “Энди нима қилиш керак? — деди у киши ёш боладай ваҳимага тушиб. — Қаердан уста топса бўлади?”

Аввал бориб кўришни таклиф қилдим.. Йўлдош аканинг мени овора қилишга ийманаётганини кўриб, асли инженерлигимни эслатдим.

Биргалашиб бордик. Омбур, отвёртка, пичоқ… Ишқилиб, бирон ўн дақиқада эшикни очдим. “Қулфбузарларга ўғрибошиликни эпларкансиз”, дея лутф қилди гўё мен элликта кодли рақами бор банк сейфини очгандай ҳайрат ила бош чайқаётган уй эгаси. Деворнинг кўчган жойларини сувоқ қиларканман, аскиябозлик менга ҳам юққанини кўрсатиб қўйишга уриндим: “Шунақа таклифларам тушиб турибди”.

Ичкарига кирдик. Бу одмигина жиҳозланган, бор-йўқ бойлиги китоблар бўлган уй эди. Ижодкорнинг уйи. Хоналарга разм солдим ва… бир куйиб қолган, яна битта патронида портлаб кетган лампочкани алмаштирдим; бир томонга қийшайиброқ қолган столнинг оёғини тўғриладим; жўмракдан иссиқ сув томчилаб қолган экан, шуниям тузатиб қўйдим.

Йўлдош ака анграйиб қолди: “Мен сизни туппа-тузук ёзувчи деб юрсам…” Ҳазил қилишга уриндим: “Шунақа айбимам бор. Слесарлик саноати менинг тимсолимда камида бешинчи разярдли устадан айрилиб турибди-да..”

Ишқилиб, шу куни уй эгаси менинг арзимас ишимни алқаб чарчамади…

Йўлдош ака Олий Мажлис депутати бўлганида ҳамма бир қувонган бўлса, мен икки қувондим. Зеро, баъзан узоқ гурунглашиб қолган кезларимиз, гап орасида сездирмасдан, ўсмоқчилаб сўраб-суриштирганларимдан сўнг ўзимча тахмин қила бошлагандимки, бу киши водийдан пойтахтга келиб-кетиш учун ўз ёнидан харж қилади. Табиийки, йиғиб қўйилган маблағ йўқ. Шу сабаб енг ичида машина сотилган. Адашмасам, икки-уч йил ичида машина пулининг ҳам охири кўриниб қолганди… Мана энди эса Йўлдош акамиз депутат сифатида самолётда текинга учади!

Аммо, гапимга данғараликлар гувоҳ, Йўлдош ака халқ вакили сифатида виждонан, жон куйдириб ишлади. Ўзиям ҳудудда “Шеърини Охунжон қўшиқ қилиб айтган депутат” кирмаган хонадон қолмади ҳисоб. Сайловчилар ҳузурига икки марта бирга бордик. Турмушда сал қийинчиликка дуч келган ёинки ноҳақликка учраган одам борки, тўғри Йўлдош Сулаймонни қора тортиб келавераркан. Уларнинг дардини кўзда ёш билан эшитиб ўтирадиган шоир акамиз дарров расмий ҳужжат, яъни “депутатлик сўрови” бланкасини тўлдира бошлайди денг…

Умуман сафарлар чоғи, айниқса Фарғонага келганимизда Йўлдош ака бошқача очилиб-яйраб кетар, айни пайтда бирон меҳмоннинг эътибордан четда қолиб кетмаслиги учун куйиб-пиншб, елиб-югурар, “Пойтахтдан фалончи-пистончи улуғ ижодкорлар ташриф буюрган-а!” дея бутун мезбонларни оёққа турғазарди…

Сал одамовиман. Биров билан тез эл бўлиб кетишим мушкул. Шунгами, давраларга киришдан, янги танишлар орттиришдан ўзимни тийиброқ тураман. Аммо ўзим учун ҳам мутлақо кутилмаганда Йўлдош Сулаймон билан тез тил топишиб кетдик; ора-сира бир гурунглашиб қолсак, сира гапимиз тугамасди. У киши уйимизга бир мартагина қадам ранжида қилган, шунда рафиқамга мени кўрсатиб: “Бу менинг болам! Ана, фамилиясиям айтиб турибди-ку!” деган. Водийга, бир тадбирга бормоқчи бўлаётганимизда эса мезбонларга қўнғироқ қилиб, “Тошкентдаги ўғлимни олиб боряпман”, деганди…

Умр қисқа экан. Афсуски, ўғиллик вазифа-бурчларимнинг мингдан бирини ҳам кўнгилдагидек адо этолмадим…

Йўлдош акани бемор деб эшитиб қолдим. Турсунали (Акбаров) билан Қувасойга келдик. Санаторийда, меҳрибон ҳамширалар қуршовида ўтирган Йўлдош акани сира беморга ўхшатмадик. Шу кайфият билан Тошкентга қайтдик. Аммо…

Ижодкорлардан бири “Йўлдош акасиз Фарғона ҳувиллаб қолди”, деб ёзди. Мен учун эса Тошкент ҳам ҳувиллаб қолганди… Шундай одам-а… Шундай одам-а…

Қачон Фарғонага йўлим тушса, шаҳар чеккасидаги, сокингина қабристонга бораман. Бу ерда Йўлдош отам ётипти…

2016

065…O‘zing samimiy mehr bilan suygan, benihoya hurmat qilgan, hattoki boshingga ko‘tarib yurguday darajada chin ko‘ngildan e’tiqod qo‘ygan Inson haqida yozish juda-juda mushkul ish ekanligiga men Yo‘ldosh aka misolida qayta-qayta amin bo‘lganman.

YO’LDOSH SULAYMON
SHE’RLAR
02

  Yo’ldosh Sulaymon / 1935 – 2OO 4 / zabardast adib , xassos shoir edi . 1960 – yillarda bolalar shoiri sifatida tanilgan ijodkor adabiyotning ko’plab janrlarida mahorat bilan qalam tebratdi . Publitsistikaning katta imkoniyatlarini kashf etib , o’z maktabini yaratdi . Yo’ldosh Sulaymon imzosidagi ocherklar eng go’zal hikoyalar kabi o’qildi . Ularda avlodlar yo’llariga nur sochgan shaxslar siymosi o’z aksini topdi . « Bobolar qalbi» , « Sen – mening quyoshimsan» ocherklar to’plamlari publitsistikada yaratilgan eng yaxshi asarlar qatoridan o’rin oldi .
Yo’ldosh Sulaymonning «Subhidam « , «Vafo» , «Armon» romanlari xalqimizning mustabid tuzum davridagi ayanchli qismatini , Vatan urushining insoniyat taqdirida qoldirgan armonlarini,qahramonlarning Vatanga bo’lgan muhabatlarini, sog’inchlarini ifoda etadi . Uning Ahmad al- Farg’oniyga bag’ishlangan « Osmonga sig’magan muhabbat» shehriy dramasi ijodidagi baland cho’qqilardan bo’lib qoldi .
Yo’ldosh Sulaymon na faqat farg’onalik, balkiO’zbekistonimizdagi ko’plab ijodkorlarning mehribon , talabchan ustozi edi . Ruhi shod bo’lsin degan niyatda daftarida qolgan she’rlaridan ayrimlarini hukmingizga havola etmoqdamiz.

 

MUSTAQILLIK OSMONI

Entikib turibman yana bag’ringizda ,
Aylanib- o’rgilsam ozdir baringizdan .

Bunchalar chiroyli tovlanar ko’k yuzi ,
Tegramda qip- qizil lolalar dengizi .

Bir yonda chuchmomo , bir yonda boychechak ,
Dildagi og’riqlar tugunini yechar.

O’zimni shabboda shirin- shirin quchar,
Xayolim anovi qushlar kabi uchar ,

Oq budut u yoqdan – bu yoqqa ko’char ,
Ko’zlarim bu lazzat sharobini ichar !

Hayqirgim kelyapti dilimdan ey,osmon :
Ko’nglimni hamisha yashnatar kengliging ,

Qanchalar hikmatli barchaga tengliging !

QIZG’ALDOQ

Hoy, qarang, toqqa qarang ,
Kimdir o’t yoqqan, qarang ,045
Olovni o’zi qo’yib ,
Vasliga to’yib- to’yib ,
Mahliyo boqqan,qarang.
O’t suvday oqqan, qarang –
Cho’qqidan pastlargacha !
Ochilding ,qani , qachon,
Qizg’aldoq , qizg’aldoqjon?!
Sen- to’lqin , sen- hayajon !
Sen baland tog’ xolisan ,
Yorimday ibolisan !
Ham uning ko’zlariday ,
Hayoli yuzlariday ,
Oromli so’zlariday ,
Gul isi izlariday –
Chaqnatding nigohimni,
Eshitding «oh- oh»imni!
Yo’ldosh ham suyib borar ,
Ishqingda kuyib borar-
Bag’ringga ol , qizg’aldoq,
Kuydirding ey,qizg’aldoq!

MUHABBATSIZ YASHAY OLMASMAN

Vujudimda o’t bor , tolmasman ,
Muhabbatsiz yashay olmasman.
Jasoratdan aslo qolmasman –
Yuragimni yondirar sevgi ,
Tashnalikni qondirar sevgi!

Shaydolikdan nishonadirman ,
Yaroqlagan peshonadirman ,
Oshiqlarga ishonadirman –
Yuragimni yondirar sevgi ,
Tashnalikni qondirar sevgi !

So’ramoqning keldi xonasi ,
Ne xayolda elning donosi ,
Yashamoqning nedir mahnosi –
Yuragimni yondirar sevgi ,
Tashnalikni qondirar sevgi !

Yomonlikni qo’yib yashasang ,
Yo’ldosh kabi to’yib yashasang ,
Suyganingni suyib yashasang –
Yuragimni yondirar sevgi ,
Tashnalikni qondirar sevgi!

IBRAT OLIB …

Uyg’ondimmi yana bugun dilrabo kuy ohangidan ,
Hofiz uni topdimmikin tongning qizargan rangidan

Go’yo g’olib chiqqandayman qutlug’ diyonat jangidan,
YO, Rabbono, meni asra ,bekorchilikning zangidan ,

Ko’chalarda sovrilibmi yurgan betavfiq changidan ,
Aldov bo’lsa olib tashla yaqinlarimning ongidan ,

Qo’sha qarib, ibrat olib , vafo madhin ohangidan ,
Hech qachon boshlama,Yo’ldosh, sevgi izhorin yangidan !

TABASSUMING

Husningga husn qo’shar ,
Ochilgan gulga o’xshar ,
Uzukka ko’zday tushar ,
Chiroylik tabassuming,
Bir boylik tabassuming !

Shabboda kabi sho’xdir ,
Hamisha o’chmas cho’g’dir ,
Nigohga ishqiy o’qdir –
Yoyilgan tabassuming ,
To’kilgan tabassuming !

Tunimni yoritadi ,
G’amimni aritadi ,
Bir xush bo’y taratadi ,
G’uncha lab tabassuming ,
Nozik tahb tabassuming!

Shu mahyus yuzlarimga ,
Armonli ko’zlarimga ,
Dildagi so’zlarimga –
Nur tarar tabassuming,
Men taraf tabassuming !

KURASH

Izma iz poylaydi o’lim sharpasi ,
Hayratdan ushlayman bahzan yoqani ,
Kimlar hadikdanu kimlar qo’rquvdan
Makon etyaptilar dorulbaqoni!

Fitnayu, fasodlar zug’mida qolib ,
Tahlika ichida umrim o’tsa-da ,
Tun nurdan qochganday qochyapti o’lim ,
Boisin so’rsalar yangrar bir sado :

Kurashganing sari yashaging kelar ,
Muhabbat yo’lida tashlanar qadam .
Bekor kelib , bekor ketmoq fojia ,
Ikki marta kelmas dunyoga odam !

DO’ST ET

Odob avval ziynatdir o’zing ,so’zing , izingga ,
Meros bo’lib qolar u yana o’g’il , qizingga,

Ko’nglim doim yorug’u hojatli bo’lay desang ,
Yetimlar boshin sila ,sherik qil nima yesang,

Yonayotgan har olov o’tinni kemiradi ,
Birovni ko’rolmaslar dardi jon yemiradi.

O’zining yomonligin o’zgadan uzoq tutgan ,
Boshga tushgan g’amini bildirmay ichgan yutgan ,

Ig’voyu ,adovatdan o’zini olib qochgan,
Qalbining eshigini imonga xolis ochgan-

Mardlikdan , tozalikdan, ehtiqoddan nishona,
Shunday farzand o’stirar halol bo’lolsa Ona !

Halokatga yaqinlar yomonlaydi o’lganni ,
Ko’p ko’rdim ana shunday paymonasi to’lganni !

Odamlar o’rtasidan ko’tarilsa diyonat,
Yolg’on so’z , yolg’on vahda , omonatga xiyonat –

Ezgulikning ildizin quritishga urinar ,
Do’stlar ham bir- biriga dushman bo’lib ko’rinar .

Tekin tomoq yashashlik yetaklar doim g’amga ,
Rizqin halol topishlik vojibdir har odamga!

Vujuding nurga to’lar bir fazilat etsa rom ,
Bu kichikka shafqatu kattaga izzat- ikrom.

Sevish uchun tug’ilding, demak sevishing lozim,
Araz uch kundan o’tsa — chindan gunohi azim.

Insonni bir- biriga, Yo’ldosh, doim do’st etgin,
Ko’p qatori o’zing ham orzu- niyatga yetgin

YO’LDOSH SULAYMONNI XOTIRLAB
02

Anvar OBIDJON
YO’LDOSH SULAYMON RIVOYATI

Bir qarasang, soddagina chol,
Bir qarasang, boshvoqsiz bola.
Dardi nadur?
Tanada ne hol?
Tabobatdan savodi chala.

Ishonadi – ming dardga davo,
Oxun Hakim va Farg’onasi.
Gurunglardan qidirar shifo,
Do’stlar uning kasalxonasi.

Tin oladi «yaxshi-yaxshi» deb,
Uyga qaytsa omonlik bilan.
Jim yashash qay shoir uchun ep?
Olishar har yomonlik bilan…

Janglar bitdi!
Havo tip-tiniq!
Jilmayib u «surup sovut»da,
Rafiqasin vasliga intiq —
Uchib borar endi… tobutda…

Abduqayum YO’LDOSHEV
OTA

09…O’zing samimiy mehr bilan suygan, benihoya hurmat qilgan, hattoki boshingga ko’tarib yurguday darajada chin ko’ngildan e’tiqod qo’ygan Inson haqida yozish juda-juda mushkul ish ekanligiga men Yo’ldosh aka misolida qayta-qayta amin bo’lganman. Baayni tuyg’ularingga, ehtiromingga aynan mos so’zlarni topolmayotgandaysan, qog’ozga tushgan bitiklaring g’arib va tussiz, qalaming esa to’mtoq ko’rinadi; satrlar orasidan boladek beg’ubor, ishonuvchan va odamlarga, dunyoga hayrat ko’zi bilan, shodlanib qarayotgan Ijodkorning aziz chehrasi ko’rinib turishi uchun boshqacharoq jumlalar, iboralar, o’xshatishlar kerakdek; yo’qsa yozmay qo’ya qolgan maqbuldek… Beixtiyor o’ris shoirining dil e’tirofi yodga tushaveradi: “Bu rangsiz ko’chirma jonli lavhadan…”

Balkim shu hissiyotlar bois, bir emas, bir necha marotaba nimalardir bitmoqqa jaxd qilgan bo’lsam-da, har gal boshlab qo’ygan yozuv-chizuvlarimdan ko’nglim to’lmadi, ularni bu qadar g’arib holida oxiriga yetkazmakka esa uyaldim…

Dunyoda bir qarashingdayoq yaxshi odamligi bilinib turadiganlar bor deyishadi. Yo’ldosh Sulaymon mana shunday topilmas, bu dunyoga yuz yilda bir marta keladigan insonlardan edi.

Biz Yozuvchilar uyushmasida olti-yetti yil birga ishladik. Har qalay, kimning aslida kim ekanligini bilib olish uchun bu muddat yetib-ortadi.

Ilk tanishuvimiz qiziq kechgan. O’sha paytlari “Yoshlik”da bir qissam bosilganu, unda tangadek suratim ham berilgandi. Yo’ldosh aka mashqimni o’qigandan so’ng uyushma bilan bir binoda joylashgan jurnalimizga atay kiradi va tashqi ko’rnishidan menga ozroq o’hshab ketadigan, eng asosiysi — mo’ylovli hisobchimizni bag’riga bosib, asar bilan qizg’in qutlay ketadi. Hisobchimiz — quvgina yigit — “Menam bir maqtov eshitay” degan o’yda qulluq qilib turaveradi…

Ishqilib, qissani bitgan kamina-yu, uch-to’rt hafta mobaynida olqishlarni hisobchimiz eshitib yurdi.

Aloha, Sobir yumshoqlik bilan aytgan shekilli, Yo’ldosh akaning o’zi erinmasdan xonamizga qaytatdan kelib, kula-kula endi rostakamiga tanishib ketdi. Shu bahona ancha yaqin bo’lib qoldik.

Men o’sha paytlardayoq “Vafo”day romanning, ko’plab tilga tushgan she’rlarning muallifi bo’lgan adibning bu qadar samimiyligi, soddaligidan hayron bo’lgandim. Fursat o’tgan sayin bu hayronlik hayratga aylanaverdi…

Ha, hayratlanmay iloj yo’q edi. To’g’risi, bunaqangi sarhad bilmas bag’rikenglik, mehr bizning qo’limizdan kelmasdi ham. Har bir katta-kichik qalamkashga zo’r ehtirom bilan munosabatda bo’lish, “ulug’im” deb e’zozlash, yozganlaridan olgan olam-olam taassurotlarini hayajonlanib bayon qilishga shoshish… Nazarimda, Yo’ldosh aka har bir ijodkorda buyuk iste’dod uchqunini ko’rardi, uning lovullab alanga olishini jon-dili bilan istardi.

Ayni paytda o’zining yozganlariga nisbatan behad kamtar-hoksor edi, ulardan gap ochib qolsangiz “Ha, endi bizniki shunchaki…” derdi-da, mavzuni yana otilib chiqib kelayotgan biron yangi iste’dodga burib yuborardi. Qani endi bu iqtidorlar safi tugasa! Ikki marta Zomin seminarida bo’ldik. Har safar Yo’ldosh akaning yosh ishtirokchilarga go’yo erta-indin adabiyot osmonida yulduz bo’lib porlaydigan salohiyat egalarini ko’rayotganday ulug’ bir ishonch bilan termulib qolishlarini ko’rganman. Hamon esimda, Yo’ldosh aka odatiga ko’ra hayajonlanib-to’liqib kelib, “Samarqandlik talaba ro’mon yozibdi! O’qidim. Zo’r!” deya bizdan suyunchi olishga shoshdi, to bu yigitning asari jurnalda e’lon qilingunga qadar muallifni maqtayverib esi ketdi…

Tan olaman, askiyaning nozik jihatlarini unchalik tushunavermayman. Ammo bu borada gapga usta Yo’ldosh akaning farg’onacha payrov aytib, so’ng qotib-qotib, ko’zlaridan yosh chiqquncha (“qaqat-qavat”) kulishini tomosha qilib o’tirishni yoqtirardim.

Darvoqe, ba’zan o’ylanib qolaman: Farg’onani Yo’ldosh akachalik yaxshi ko’rgan yana biron farg’onalik bormikan bu dunyoda? Hay, topilmasa kerak- ov…

“Men Farg’onaning quliman”. Bu nafaqat kitob nomi, balki Yo’ldosh akaning hayot a’moli, tutumi edi.

Farg’onaning sof adabiy muhitida yayrab-yashnab yurgan, “Yozuvchi- shoirlarning hammasi biri-biridan a’lo, imonli, oriyatli, vijdonli” degan o’z haqiqatiga mutloq ishonadigan Yo’ldosh aka poytaxtda ham shunday e’tiqod bilan yashashni davom ettirdi. To’g’ri, bu oson emasdi. O’zim bir gal ko’rgandim, birdan qaddi bukchayib qolgan, rangi qorayib ketgan Yo’ldosh akaning sirti kulib turgani holda ichi yig’lardi. Illo, u kishining xonasiga deyarli quchoqlashib kirgan, bir-birini tinmay “Eng yaqin do’stim bu! Sirdoshim! Talant!” deb tanishtirayotgan ikki yozuvchidan biri xonadan chiqqan zahoti bunisi “do’sti”ni balchiqqa qorib ketadi: “Talanti bir tiyin! O’zi g’irt muttaham!..” Oradan o’n daqqiqa o’tar-o’tmas esa yana shu hol takrorlanadi: endi unisi tashqariga chiqqan bunisini tilga olib bo’lmas so’zlar bilan haqorat qila boshlaydi…

Yo’ldosh akaday beg’ubor odam uchun oson bo’lmagandir bunday voqeliklarni ichga yutib ketish…

Katta ijodkorlar odatda oddiy ro’zg’or yumushlariga uquvsizroq bo’lishadi. Ba’zan hatto arzimagan yumush ham ular uchun juda katta muammo bo’lib tuyuladi. Xullas, Oloy bozori yaqinidagi ko’p qavatli uyda yashaydigan Yo’ldosh aka (halolligi bois Do’rmondan o’ziga bitta dacha olishga istihola qilardi, ammo, misol uchun, Isajonga dacha kerak deb eshitib qolsa, yeng shimarib shu ishni bajarishga kirishib ketardi) bir kuni ishga sal esankirabroq kirib keldi. Gap orasida sababini surishtirsam, eshik qulflanib qolganini, kalit ichkarida qolib ketganini aytdi. “Endi nima qilish kerak? — dedi u kishi yosh boladay vahimaga tushib. — Qaerdan usta topsa bo’ladi?”

Avval borib ko’rishni taklif qildim.. Yo’ldosh akaning meni ovora qilishga iymanayotganini ko’rib, asli injenerligimni eslatdim.

Birgalashib bordik. Ombur, otvyortka, pichoq… Ishqilib, biron o’n daqiqada eshikni ochdim. “Qulfbuzarlarga o’g’riboshilikni eplarkansiz”, deya lutf qildi go’yo men ellikta kodli raqami bor bank seyfini ochganday hayrat ila bosh chayqayotgan uy egasi. Devorning ko’chgan joylarini suvoq qilarkanman, askiyabozlik menga ham yuqqanini ko’rsatib qo’yishga urindim: “Shunaqa takliflaram tushib turibdi”.

Ichkariga kirdik. Bu odmigina jihozlangan, bor-yo’q boyligi kitoblar bo’lgan uy edi. Ijodkorning uyi. Xonalarga razm soldim va… bir kuyib qolgan, yana bitta patronida portlab ketgan lampochkani almashtirdim; bir tomonga qiyshayibroq qolgan stolning oyog’ini to’g’riladim; jo’mrakdan issiq suv tomchilab qolgan ekan, shuniyam tuzatib qo’ydim.

Yo’ldosh aka angrayib qoldi: “Men sizni tuppa-tuzuk yozuvchi deb yursam…” Hazil qilishga urindim: “Shunaqa aybimam bor. Slesarlik sanoati mening timsolimda kamida beshinchi razyardli ustadan ayrilib turibdi-da..”

Ishqilib, shu kuni uy egasi mening arzimas ishimni alqab charchamadi…

Yo’ldosh aka Oliy Majlis deputati bo’lganida hamma bir quvongan bo’lsa, men ikki quvondim. Zero, ba’zan uzoq gurunglashib qolgan kezlarimiz, gap orasida sezdirmasdan, o’smoqchilab so’rab-surishtirganlarimdan so’ng o’zimcha taxmin qila boshlagandimki, bu kishi vodiydan poytaxtga kelib-ketish uchun o’z yonidan xarj qiladi. Tabiiyki, yig’ib qo’yilgan mablag’ yo’q. Shu sabab yeng ichida mashina sotilgan. Adashmasam, ikki-uch yil ichida mashina pulining ham oxiri ko’rinib qolgandi… Mana endi esa Yo’ldosh akamiz deputat sifatida samolyotda tekinga uchadi!

Ammo, gapimga dang’araliklar guvoh, Yo’ldosh aka xalq vakili sifatida vijdonan, jon kuydirib ishladi. O’ziyam hududda “She’rini Oxunjon qo’shiq qilib aytgan deputat” kirmagan xonadon qolmadi hisob. Saylovchilar huzuriga ikki marta birga bordik. Turmushda sal qiyinchilikka duch kelgan yoinki nohaqlikka uchragan odam borki, to’g’ri Yo’ldosh Sulaymonni qora tortib kelaverarkan. Ularning dardini ko’zda yosh bilan eshitib o’tiradigan shoir akamiz darrov rasmiy hujjat, ya’ni “deputatlik so’rovi” blankasini to’ldira boshlaydi deng…

Umuman safarlar chog’i, ayniqsa Farg’onaga kelganimizda Yo’ldosh aka boshqacha ochilib-yayrab ketar, ayni paytda biron mehmonning e’tibordan chetda qolib ketmasligi uchun kuyib-pinshb, yelib-yugurar, “Poytaxtdan falonchi-pistonchi ulug’ ijodkorlar tashrif buyurgan-a!” deya butun mezbonlarni oyoqqa turg’azardi…

Sal odamoviman. Birov bilan tez el bo’lib ketishim mushkul. Shungami, davralarga kirishdan, yangi tanishlar orttirishdan o’zimni tiyibroq turaman. Ammo o’zim uchun ham mutlaqo kutilmaganda Yo’ldosh Sulaymon bilan tez til topishib ketdik; ora-sira bir gurunglashib qolsak, sira gapimiz tugamasdi. U kishi uyimizga bir martagina qadam ranjida qilgan, shunda rafiqamga meni ko’rsatib: “Bu mening bolam! Ana, familiyasiyam aytib turibdi-ku!” degan. Vodiyga, bir tadbirga bormoqchi bo’layotganimizda esa mezbonlarga qo’ng’iroq qilib, “Toshkentdagi o’g’limni olib boryapman”, degandi…

Umr qisqa ekan. Afsuski, o’g’illik vazifa-burchlarimning mingdan birini ham ko’ngildagidek ado etolmadim…

Yo’ldosh akani bemor deb eshitib qoldim. Tursunali (Akbarov) bilan Quvasoyga keldik. Sanatoriyda, mehribon hamshiralar qurshovida o’tirgan Yo’ldosh akani sira bemorga o’xshatmadik. Shu kayfiyat bilan Toshkentga qaytdik. Ammo…

Ijodkorlardan biri “Yo’ldosh akasiz Farg’ona huvillab qoldi”, deb yozdi. Men uchun esa Toshkent ham huvillab qolgandi… Shunday odam-a… Shunday odam-a…

Qachon Farg’onaga  yo’lim tushsa, shahar chekkasidagi, sokingina qabristonga boraman. Bu yerda Yo’ldosh otam yotipti…

2016

(Tashriflar: umumiy 4 018, bugungi 1)

Izoh qoldiring