O’rinboy Usmon. Ikki hikoya & Spitamen qotili. Hikoyalar to’plami

Ashampoo_Snap_2016.12.28_23h50m54s_002_.png    Шу кунларда ўзининг 65 ёшини қаршилаган тожикистонлик таниқли ўзбек ёзувчиси Ўринбой Усмонни таваллуд айёми билан чин дилдан муборакбод этарканмиз, қуйида эътиборингизга адибнинг икки ҳикоясини ва онлайн форматдаги «Спитамен қотили» номли ҳикоялар тўпламини ҳавола этамиз.

Ўринбой Усмон
ИККИ ҲИКОЯ
008

u usmon.jpgЎринбой Усмон 1951 йил 2 ноябрда Тожикистоннинг Хўжанд туманида туғилган. 1973 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини битирган.  1975 йилдан ҳикоялари «Шарқ Юлдузи», «Ёшлик», «Ёш куч», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» нашрларида, “Ёшлик” алманахида чоп этилган. Биринчи китоби «Спитамен қотили» номи билан 1992 йили Тошкентда нашр этилган. Шундан кейин адибнинг Тошкент ва Хўжанддаги нашриётларда «Синчли уй», «Кўргилик», «Анқонинг уруғи» ва «Дарахтга дўнган одам» деб номланган китоблари чоп этилди.
Ўринбой Усмон ўнлаб ҳикоялар, «Қишдан олдинги фасл», «Сафо чиғириғи» каби қиссалар, «Таъқиб» романи, «Муқаддас», «Қари қиз» ва «Осмондан тушган одам» («Қулф») драмалари муаллифидир.  Василий Шукшин каби рус адиблари, Меҳмон Бахтий, Маъруф Бобожон, Ҳожи Содиқ каби тожик ёзувчилари асарларни ўзбек тилига ўгирган.

008

САЗОЙИ

Бир текис чопиб бораётган от кескин тўхтади. Кўзларини юмганча хаёлга берилган кўйи келаётган Арслон олдинга хавотирланиб қаради. Қуйида Сирдарё тинчгина оқарди, оқшом ғира-ширасида суви гоҳ оқариб, гоҳ қорайиб кўринарди. Арслон отдан тушиб нам-хуш ўтлар устига чўзилди. Майсалардан таралаётган димоқни қитиқловчи бўй, дарёдан эсаётган ёқимли шабада ҳорғин вужудинини аллалади. Бир маҳал кўзини очса, дарёда оқиб боряпти. У тўппа-тўғри уюрма томон оқарди. Ҳозир сув у томон суриб боради-ю, уюрма аждаҳодек оғзини очиб ютворади. Уюрмадан четроққа сузиб кетиш учун қўл-оёқларини ҳаракатлантиришга уринар, уввало уринмасин, қимирлатолмасди. Қараса, қўл-оёқлари бешикка маҳкам чандиб ташланган. Бешик қалқиб-қалқиб ўпқондек оғзини очиб турган уюрмага яқинлашарди. Тўсатдан қирғоқда оёқяланг, бошяланг аёл кўринди. «Мусулмонлар, ёрдам беринглар, болагинам оқиб кетяпти, нега қараб турибсизлар, инсоф борми сизларда!..» Аёл ўзини сувга отди. Анчагача дарёда кўринмай, бешик ёнидан чиқди. Энди қўлини узатганди, бешикни уюрма ямлади…

Арслон сесканиб дарёга тикилди. У ҳамон гоҳ оқариб, гоҳ қорайиб оқарди. Кўзлари бежо бўлиб, дарёдан бешикка қўл узатганча қолган аёлни – онасини излаётганини англаб қолиб, ўрнидан туриб кетди. Нима бўлди ўзи? Уч кун аввалги тушини тағин кўрдими ё эс-ладими? Ҳали уйга боргач, онасига кўнгли ғашлигини, ёмон туш кўрганлигини айтади. Тушни ёмон дема-э, болам, дейди соғинч тўла кўзларини ундан олмай онаси, босинқирагансан, бошингдан дон-дун ўгириб сочдингми?.. Илгариям онасини кўп соғинарди, узоқ борса, ойига бир марта кўриб келмаса, ҳеч кимга тузукроқ гапирмасдан, тунд юраверарди. Биронтаси унга юрак бетлаб сўз қотмас, оғзидан чиққанини дарҳол бажаришга тиришарди. Фақат қутиулуғлик ўспирин Турдибойгина «қишлоқни соғингансиз, ака, бориб келмаймизми,» дейишга ботинарди. Қишлоққа унинг биров билан боришини хушламаслигини ўспирин яхши биларди, лекин ҳар гал «бориб келасизми», демасдан, «бориб келмаймизми», деяверарди. Ҳали негадир отнинг жиловидан ушлаб олди,«шу бугун борманг», деди қайта-қайта ялиниб.

У ёқдан-бу ёққа тўхтамай юраётган Арслон дарёнинг нариёғига тикилди. Қоронғуда ҳеч нарсани кўз илғамасди. Бу атрофда ўзи бирон макон йўқ. Фақат дарёнинг юқорироғидан, бундан бир чақирим наридан кечилса, тўғри Қутиулуғдан чиқилади. Турдибой ана шу ўн беш-йигирма уйли чоққина қишлоқдан. Отаси ўлгач, Турдибой дарёдан ўтиб, Арслонга қўшилиб қолган. Ўтган ой беш киши бўлиб Турдибойларнинг уйини тортиб олган бойнинг уйини босишди. Ширин туш кўриб ётган эканми, бой тепасидаги қоп-қора одамларни кўриб, ўтакаси ёрилаёзди. Иккитаси бойни дарахтга боғлади, учтаси қўлга илинган бойликларни қопга тиқди. Оқ яктак, оқ иштончан бой у ёқдан-бу ёққа ғизиллаётган шарпалар ҳар ўтганда чунонам қалтирар, дарахт ёшроқ ёки таги бўшроқ бўлганида илдиз-пилдизи билан қўпориб юборгудек эди. «Етимнинг ҳақига кўз олайтирганнинг жазоси шу, ҳали бу хамир учидан патир, агар яна бошқаларнинг уй-жойига ола қарайдиган бўлсанг!..» Бой томоғига тегай деб турган келидастадек қўллардан қўрқиб, дағ-дағ қалтирарди…

Кечувни тўғри танлаганига яна бир карра ишонч ҳосил қилиш учун Арслон туятошни қидирди. Уни топиб, хотиржамлашди. «Лочин!» Эгаси пичирлаган бўлса-да, ўтлаб юрган от елдек елиб келди. Ҳаял ўтмай, икков дарёда сузиб боришарди…

Дарёдан чиқишгач, от олдинга юришни истамай, депсинаверди. Бирон йиртқичнинг исини олдими, дея хавотирланган Арслон атрофга қулоқ тутди. Жимжитлик. Фақат юқоридан – Лочинхона адирларидан калтакесакларнинг, тунда емиш қидириб изғиб юрган ҳашаротларнинг чириллагани эшитиларди. Тихирлик қилаётган от эгасининг аччиқ қамчиси зарби ҳадигида юриб кетди. Тезда адир устидаги ўзи кўп юрган йўлни топиб олди. Адир кимсасиз, от туёқлари олдидан ғизиллаганча калтакесаклар ўтар, тинчларини бузиб бораётган баҳайбат махлуқни чўчитишга уринишарди. От уларнинг уринишларини сезиш нари турсин, ҳатто ўзларига ҳам парво қилмасди. Юз қадамча нарида эски қўрғон харобалари қорайиб кўринди. Отнинг саркашлик қилаётганидан хавотир Арслон қўрғонда пича нафас ростламоқни ўйлади. Бироқ юлдузлар чарақлаётган осмон бу ўйидан қайтарди.

Қишлоққа қадам қўйишлари заҳоти нафас олиш енгиллашди. Арслоннинг отдан тушиб, яёв юргиси келар, лекин вақт алламаҳал бўлганидан ташвишланиб, кўпчиб ётган тупроғидан, дов-дарахтлардан руҳига завқли бир енгиллик ато этаётган бўйдан узоқ-узоқ тотишдан ўзини тиярди. Лочиннинг ихтиёрини ўзига қўйиб берган, у катта кўчаларни четлаб, дала йўлларидан йўртарди. Кўкка бўй чўзган тераклар кўрингач, отнинг қулоғига пичирлаб, қўйворди. Лочин эгаси билан пича ёнма-ён боргач, унинг жойида тўхтаб қолганини кўриб, дала томон йўрғалади.

Теракзорда Арслон ўзини танаси бир қулочча келадиган дарахт панасига олиб, атрофга қулоқ тутди. Хавф йўқлигига ишонгач, боғ майдонлари томон юрди. Пастқам девордан ошди, шарпа чиқармай бориб, онаси ётадиган уйча деворига қапишди. Оёғига бир нарса келиб суйкалди. Чўчиб ўзини нари олганди, у яна суйкалди. Қараса, ит. Хўрлиги келди. Итнинг ғингшиб, ҳовлидагиларни уйғотиб юборишидан хавотирланиб, очиқ деразадан аста сакради. Қоронғига кўзи кўникмай турганди, қўлидан биров етаклади. Онасининг ҳеч нарса билан тенгланмайдиган бўйидан ўзини йўқотай деди. Уй тўрига ўтказгач, она ўғлининг юз-кўзларидан ўпди. Оғзи шўрланиб, алам билан йиғлади.

-Ухламай ўтирувдингизми, онажон?
— Келишингни билувдим. Энди сира кетмасанг, дейман, ўғлим. Ҳеч қаёққа қимирламасдан, олдигинамда ўтирсанг.
— Сизни кўп соғиняпман. Ёнингиздан нари кетмайин дейман. Лекин… иложим йўқ-да…

— Сени саргардон қилганларни саҳарларда қарғайман. Худонинг кўзи бўлса, ҳаммасини кўраётгандир… Болам, ишқилиб бева-бечораларни хафа қилаётганинг йўкми?

— Онажон, наҳотки сиз ҳам менга ишонмасангиз?
— Душман кўнгил-да… Онагинангни кечир, ўғлим… Элнинг оғзида хилма-хил гап.
— Биламан, онажон, сизларни қийнаб қўйдим, ёмон аҳволга солдим. Ўғри деган сўзнинг ўзи хунук…

Она-бола гапга берилиб, дераза ёнида турган шарпани сезишмади. У эшикдан кирганда она ўғлига осилиб йиғларди. Ўғил туш кўрган кеча она ҳам даҳшатли туш кўрган, ўшандан бери тунлар кўзидан уйқу қочганди. Ҳозир иккови ҳам тушини ўйлар, бир-бирига айтишдан чўчиб, нуқул ўтган-кетганларни эслашарди. Ўғилнинг гўдак бўлиб қолгиси, онасининг иссиқ пинжига тиқилиб олиб, роҳат қилиб ухлагиси келарди.

Туйқусдан дағал қўллар уни она пинжидан юлиб олди. Мункайиб кетган Арслон ўзини ўнгларкан, кўзлари қўл эгасини излаб, қоронғини пайпасларди. Ортига ўгирилиб, жойига чўккалаб қолди. Минг қоронғи бўлмасин, уч-тўрт йил берисига отасини бунчалик яқиндан кўрмаганди. Унинг нафаси болалик хотираларини титкилаб юборди. Ота даладан ҳориб-чарчаб келганда, лойқўрғон қураётган ўғлини кўтариб олиб, лой ёпишган бетидан ўпар, юзини юзларига суркарди. Лойқўрғонни тезроқ битказиш ўйидан бошқа ўйи йўқ бола пастга тушаман, деб типирчилар, ниҳоят, чарчоғи ёзилгач, отаси уни оҳиста ерга қўярди…

— Сен болада тариқча орият борми? Қайси юз билан остонамдан ҳатладинг? – Арслоннинг отасига раҳми келарди, унинг овозидаги ғалати титроқдан кўнгли ғашланарди. – Эл-юртда бошимни эгганинг етмайдими?

— Отаси, раҳматли қайнатам, юртнинг ўғриси бўлса-да, ўғлинг бўлсин, дердилар,- бирон кор-ҳол бўлишидан қўрқиб дағ-дағ титраётган она эрини юмшатиш йўлини изларди.
— Мияси суюлганда бир айтган-қўйган-да. Отамнинг бошқа бир ҳикояти бор эди. Эшит-гандирсан, ўғрини осаётганларида онасининг тилини тишлаб-тишлаб узволганини…

Эрининг нимага шама қилаётганини тушунган аёл кучини кўз ёшига берди. Ҳамон чўккалаганча ўтирган ўғлини қучоқлади. Дағал қўллар уни ўғлидан ажратиб, бир бурчакка итқитди.

— Гап шу, сенга! Мен аллақачон сендай ўғилдан кечганман. Агар, яна шу хонадонга қадамингни қўядиган бўлсанг, ёқангдан оламан-да, мана шу икки қўлим билан дор тагига ўзим судраб бораман. Ёки сазойи қилиб, фалончининг ўғли эди деган исноддан қутулиш учун жаназангни битта ўзим ўқий қоламан…

Она ўрмалаб ўғли томон яқинлашаркан «болам, отангнинг гапларини кўнглингга олма, унинг ичига шайтон кирволган, шайтон» дерди бирдайин. Арслон эса бир ўйда – отаси-нинг юзини юзига босишини истарди. Ота бирдан юмшаб, эмаклаб келаётган кампири томон кўтарган оёғини жойига қўйди. Бир оғиз сўзламай чўккалаганча ўтирган ўғлини босиш истаги юрагига ҳамла қилди. У томон бир қадам қўйди-ю, худди оёғи остидан илон чиққандай илкис орқага ташлади.

— Барибир сени сазойи қилишади. Майда ўғри бўлганингда қўлингни чопишарди. Сени сазойи қилишади, — ота чўзиқ «уҳ» тортди, бўғзидан отилган ўтли нафас Арслоннинг лойқўрғон лойи изи ачиштираётган юзини куйдирди. – Сазойи қилишади. Сен бутун авлод-аждодимизга иснод келтирдинг! Йўқол!.. Сазойи… Дарё-парёга чўкиб ўлганинг, дашт-паштда бўрига ем бўлганинг яхши бундан. Йўқол, деяпман!

Арслон онасини авайлаб ўрнидан турғазиб, елкасига бошини қўйди. Ҳўл елкаси титра-ётган онасидан базўр кўнгил узиб, тисланди, деразадан сакради. Орқасига қарамасдан чопиб бораркан, деразадан қўлларини узатганча қолган онасини кўрмади. Девор ошаёт-ганда, ортига қайтмоқчи бўлган Арслонни қаттиқ бир куч кўкрагидан итарди.

Теракзорга етар-этмас Лочин қоронғулик қўйнидан чиқиб келди. Эгарга ўтириши заҳоти от елдек учди. Адирга етишгач, Арслон жиловни тортди, пастга тушиб, эски қўр-ғон тарафга юрди. От у билан ёнма-ён юрар, на орқада қоларди, на ўтиб кетарди. «Лочиним, бу тун дарёдан ўтмаймиз, эски қўрғонда қоламиз, сувнинг нариёғига қишлоқ ҳавоси етиб бориши қийин. Нега жим кетяпсан, кишнасанг, сезиб қолиб, ортимиздан қувишларидан хавфсираяпсанми? Ё бўлмаса, менинг хафалигимни сезяпсанми? Хафа бўламан-да, лочиним! Она қишлоғимга, ота юртимга сиғмай қоляпман-у… Айтгин, мен уларга нима ёмонлик қилдим? Ахир, ҳаммасига яхшилик қилмоқчийдим-ку!.. Йил-ўн икки ой ишлаб топган бор-йўқларини бой қарзларингга дея омборига босганида , хун-хун йиғ-лаган одамларга ачиндим-да. Бу замонда, ёруғ дунёда адолат борми, дея нола қилишган-да., чидаёлмадим, биласанми буни! Бойнинг омборидаги дон-дунни эгалариникига обориб ташладим. Эртасига қишлоқ остин-устин бўп кетди. Бой анойи эмас, йўқолган ғаллани топтирди. Сен ўғриларнинг умрингни зиндонда чириттираман, деганида ҳалиги бешови бараварига бойга эгилиб, биз эмас, ўлимдан хабаримиз бор, аммо-лекин бу гаплардан хабаримиз йўқ, дейишипти. Бой нима деган, де: «Мана шу қоплардаги ғалла меникими, сенларникими?» Бешови тўтиқушдай «сизники, бой ота, сизники», дейишган. «Менинг нарсаларим сенларнинг ҳовлингдан топилган, бу ўғирликми, ё?..» «Ўғирлик, бой ота, ўғирлик». «Демак, сенлар ўғрисанлар! Ҳаммангни қўлингни қирқтираман. Ана кейин чўлоқ қўлларингга қараб эрта-ю-кеч тавба-тазарру қиласанлар! Бой бешовиниям ертўласига қамаб қўйди ўшанда. Эртасига уларни қўйвориб, мени опкетишди. Қайси бири мен-дан гумони борлигини айтибди. Уҳ, лочиним, лочиним, хайрият, одам бўлиб туғилмаган-сан-а… Ўша адолат истаганлар билан бой мени юзлаштирди. Бешовидан бирма-бир «бу ким» деб сўрашди. Ҳаммаси «ўғри» деди. Ҳаммасия… Ертўладаги туйнукдан ташқари қараб тургандим, сени кўриб қолдим. Ўшанда ҳали той эдинг. Эсингдами? Туйнук олдига келдинг-да, кетмай туравердинг. Бир кечаю бир кундуз зах ертўлада ётган бўлсам-да, ўшанда биринчи марта хўрлигим келди. Тойчоғим мени соғиниб, қидириб кепти-да, дедим. Кўзларингда соғинч кўрдим-да. Кечқурун отам келиб, роса койиди. Узундан узоқ насиҳат қилди: бой отадан узр сўра, товба қил, болалик қилибман, дегин… Отам бойга бош уриб келгач, у битта тойинг бор, ўшани берсанг, ёпти-ёпти қиламиз, эртага ўғлингни қўйворамиз, депти. Ўша той сен эдинг, лочиним! Тушингни сувга айтасан, бой, дедим. Ярим кечада пайт пойлаб туриб, ертўла эшигини буздим. Отхонадан сени топиб чиқиб, уйга жўнадим. Мени кўриб отамни қалтироқ тутди. «Бой тонг отгач, қўйвормоқчи эди-ку! Ё қочиб келдингми?» Индамай туравердим. «Ҳозироқ тойни обориб бер. Эртага ўзим бориб обкелмаганимча, остонадан ўтма!» Отам чўрткесар эди. Гапини икки қилиб бўлмасди. Сени етаклаб ҳовлимиздан чиқарканман, ўйланиб қолдим. Нега энди фақат бойнинг айтгани бўлади? Мен ўғирлик қилдиммикин, отамнинг тили қисиқ, тойимни бойга бериб қўяди? Назаримда бой устингга ўтираётгандай, семиз гавдасини кўтаролмай белинг майишиб кетаётгандайин бўлди. Хаёл суриб-суриб, бир маҳал қарасам, Лочинхонада, эски қўрғон олдида турибман. «Энди сен Лочин бўласан, мен ҳам лочин бўламан, шу ерда яшайверамиз!» Сен гапимни тасдиқлагандайин кишнадинг. Икки-уч кун у ёқ-бу ёқда тентираб юрдик. Кундузи бир илож қилиб ўтарди, кечалари кўз юмишим билан ҳовлимиз, онажоним кўринаверарди. Бир кеча уйқум келмай, ётолмадим. Қишлоққа жўнадим. Онам аввалига роса суюниб, кейин хавотирга тушдилар.

«Нега бу ишни қилдинг-а, болам? Зарур бўлса, алам ўтса, ҳақларини ўзлари топволишсин эди, сенга нимайди-я, болам?»

«Онажон, ўзингиз яхшилик ерда қолмайди, дейсиз-ку».

«Тўғрику-я… Улар яхшиликни билмайдиган чиқишди. Бой ҳаммасини бир қоп-бир қоп донга сотволибди. Фақат биттаси олмабди, холос, имони боракан.»

«Биттасида имони бораканми, ишқилиб. Демак…»

«Болам кўнглим алланечук хавотир, бойнинг одамлари неча марта изғиб келишди. Тағин…»

«Мен кетайми, бўлмаса?»
«Майли, борақол, бошинг тошдан бўлсин!»

Девордан ўтишимни биламан, қўлларимни қайиришди. Ўша зах ертўлада яна бир кеча тунадим. Эртасига гузар олдидан олиб ўтишди. Кўча тўла тумонат одам. Ҳамқишлоқларим мени соғиниб қолишипти-да, дедим. Бир маҳал қайси гўрдан бой пайдо бўлди. «Халойиқ, бу ким?» Сўзи оғзидан чиқар-чиқмас ўн-ўн бештаси «ўғри» деб бақирди. Овозларини бой оталари эшитмай қолмасин, деб чўчишармиди, томоқ йиритгудек бақиришар-ди. Ҳеч ким билан ишим йўғиди, ўша бешовлонни қидирардим. Ниҳоят, тўрттасини топ-дим. Бой улар томон қараши биланоқ «ўғри, ўғри» дебон чийиллашарди. Лекин биттаси кўринмасди. Излаб-излаб униям топдим. У одамлар ортида бошини эгганча турарди. «Бошингизни кўтаринг, имони бор одам, ановилар бош эгсин!» Ҳалиги бир қоп донга сотилганларнинг башарасини кўролмай қолганим роса алам қилди. Аравага қўшилган отга қамчи босишди. Аччиқ қамчи зарбидан бир ирғишлаб чопиб кетган отга қўшилган арава қаттиқ чайқалди. Сал бўлса, қулаёзгандим. Ўша куни отамникўрмадим… Зерикдингми, лочиним? Нима қилай, юрагим тарс ёрилай деяпти. Ўшанда барибир шаҳарга етмасдан қочиб кетдим-ку. Ўт-бетларда улоқиб юра-юра, қош қорайганда Лочинхонага келдим. Сен эски қўрғон атрофида юрган экансан… Ўшанда ўн еттидамидим? Аллақачон ўн йилдан ошибди-да… Лочин, эсингдами, ўша гаплардан кейин бир йил ўтгач, қишлоққа борганимиз? Анови тўрттанинг уйига қопларда майда-чуйда олиб борувдик-ку! Тиланчи бўлиб қишлоққа борган йигитимиз нима гап топиб келувди? Осмондан тушган бойлик ҳаммасиниям эс-ҳушини оғдираёзибди. Тўрттовиям гарангга ўхшармиш. Ҳар гапининг бошида «Оллоҳга шукр» дейишармишу, лекин тиланчига бир бурда нон ҳам беришмапти. Эшигига борган тиланчига… Эҳ, сен одамзот феълини билмайсан-да. Мен кейинчалик у ёқ-бу ёқдан суриштирганман. Тўрттовиям «осмондан тушган бойлик» ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаган… Лочин, энди бор, сен бир яйраб кел, мен бироз дам олайин, тонгга яқин дарё кечамиз».

Арслон қўрғон деворига сакраб чиқди. Олдинлари юртга оралайдиган ёвнинг йўли аввало шу қўрғонда тўсиларди. Бора-бора ташландиққа айланган қўрғон хоналарининг бутун қолган томларидан бирида Арслон пича мизғимоқчи бўлди. Лекин қаттиқ толиқ-қанига қарамай ҳеч уйқуси келмасди. Кўзи илинди, дегунча, қишлоқ одамлари сўйил, кет-мон, бел кўтариб бошига келишар, «ўғри, борингдан йўғинг яхши, ҳаммамизни иснодга қолдирдинг», дея бақириб-чақиришарди. Теварак-атрофга Лочин ўғри дея номи кетган йигитнинг кўкрагини ачиштириб бир нима ғимирлади. Уйқуси буткул ўчди. Юрагини бўшатай деса, бирон суҳбатдош йўқ. Ҳозир қутиулуғлик йигитча ёнида бўлганда эди… Дунё қизиқ-да, шунча одамни кўрди-ю, биронтаси уни шу йигитчалик тушунмаган. Ҳозир қутиулуғлик йигитча ёнида бўлганда эди… Дунё қизиқ-да, шунча одамни кўрди-ю, Биронтаси уни шу йигитчалик тушунмаган. Нақ ўйидагини топади-я… Айтиш керак, у тўдадан кетсин, бошқа касб этагини тутсин.

Шу топда шарт отига минса-ю, боши оққан томонга кетса. Бирон одам кимсан, қаердан келяпсан, қаерга кетяпсан, деб сўрамаса. Кетаверса, кетаверса…

Бирдан пастда шарпа эшитилди. Кимлардир эҳтиёткорлик билан қадам босишарди. «Кўзингга қарасанг-чи, эшак!» Хунук тўнғиллаган овоз тун сукунатини тўлғатди. Қаерда-дир эшитганди бу овозни. Таниш…

— Ёш кетиб, юрак шириллайдиган бўпқопти-да, оға. Бу бойўғлихонага ярим тунда кела-диган одамнинг юраги отдек бўлиши керак.

— Э, ҳали сен эрталаб тухум ёрган жўжасан. Менга ўхшаб шатта ейверсанг, уккилар маконидаям бир чўқиб, ўн қарайдиган бўпқоласан. Бор, саркардани бошлаб келавер.

Таниди, энди таниди, қорақуроқлик кал ўғри-ку. Чулчутнинг тўдасидан. Саркарда эмиш. Ҳадеганда гапга тушунавермаганидан чулчул лақабини олган ўғрибошиям қора-қуроқлик эди. Узоғи йили у Арслоннинг тўдасига қўшилганди. Бир косибнинг уйини тунагач, Арслон уриб-сўкиб ҳайдаворганди.

Қорақуроқлик ўғриларнинг режасини эшитиб, Арслоннинг аъзои баданини ари чаққан-дай бўлди. «Ўн йилдан бери Исписорга ўғри ораламаса-я. Қачонгача ўша ўғри мушукча-дан қўрқиб юрамиз? Қани, бўлинглар, ёз кечаси бир тутам, битта-иккитаси уйғонмасдан бурун ишши битирайлик!»

Том зириллаб кетгандайин бўлди. Майли, уни мушук дейдими, бошқами, у барибир арслонлигича қолаверади. Лекин дарёнинг нариёғидан, қорақуроқдан келиб, унинг қиш-лоғида ўғирлик қилишларини ўйлаб, суяк-суягича зирқиради. Томдан сакраб тушиб учовиниям дабдаласини чиқаришга чоғланди. Йўқ, пастга тушишиям шарт эмас, томдан туриб бир бақирса бўлди, овозидан таниб, орқаларига қарамай қочишади. Лекин урсаям, қочишсаям, бир тун келиб, Исписорга ўғирликка тушишни ўйлашмайдими… Арслон ошиб-тошиб келаётган ғазабини ичига ютди. Қорақуроқликларнинг қўрғондан чиқиб кетишларини тишини тишига қўйиб пойлади. Қўрғон бўшагач, орадан хиёл вақт ўтказиб, Лочинни чақирди. Қорама-қора йўлга тушди.

… Эрта тонгда бутун қишлоқ ваҳимадан тонг қотди. Бойнинг, яна бир ўзига тўқроқ кишининг эшиги бузилган, анчагина нарса кўчага ташиб чиқарилганди. Қишлоққа ўғри тушибди хабарини эшитган ҳар бир одам ўз уйидан хавотирланди. Бошқа уйлар тинч эди. Икки соат орасидаёқ ҳаммаёқни ваҳима хабарлар босиб кетди. «Ўғрилар молга келишол-май жанжаллашишипти., биттасининг ўлигини топишибди.» « Арслон ўғриниям тутишиб-ди, униям пичоқлашган экан…»

Арслонни ҳовлилари яқинидаги теракзордан топишди. У тунда қорақуроқликлар-нинг ортидан қорама-қора келгач, аввалига уларнинг уй тунашларини кузатиб турди, кейин Чулчутни ушлаб олиб, ўғирлаган нарсаларининг ҳаммасини жой-жойига киритиб қўйишни буюрди. Қорақуроқликлар нарсаларни ташишаркан, Арслоннинг истеҳзо аралаш гердайиб жонлари ҳалқумга келди. Биттаси кўзшамғалат қилганча орқага ўтиб, Арслонга пичоқ санчди. Қўрққанидан қўли қалтираб пичоқни мўлжалидан – юракдан анча йироққа урди. Арслон оғир оғриққа дош бериб, пичоқни орқасидан суғуриб олиб, қочиб бораётган қорақуроқликка отди. У додлаб юборди. Одамлар уйғонишларидан қўрққан Чулчут билан Кал қочиб қолишди…

… Арслоннинг курагидан пастроғи қаттиқ оғрирди. Теракзор томон гандираклаб бораёт-ган Арслон кўйлигини йиртиб, ярасини боғлади. Пичоқ ўрни жонини ачиштириб оғрир, лекин миясида ёлғиз бир ўй – уйига етволиш, онасини кўриш! Ана, бешик уюрмага яқин-лашяпти, онагинаси қўлини узатяпти. Нимадир келиб қўлини ялайди, қараса, оти. Лочин зорлангандай бўлади. Лекин эгаси буни сезмайди, кўз ўнгида қўл узатиб турган онаси…

Уни теракзордан топишганда беҳуш эди. Ўша ондаёқ бутун вилоятга хабар кетди: «Лочин ўғри қўлга тушибди. Осимбойнинг мулкига кўз олайтирган экан, Оллоҳ таолонинг тиғи парронига учрабди. Вилоятнинг диёнатли бойларидан бўлмиш кўп шафқат кўрсатиб, уни буёғи қўқонлик, уёғи тошкентлик энг зўр табибларга даволатмоқда…»

Қорақуроқлик ўғрининг ўлигини ҳеч ким сўраб келмади. Арслон уни танимайман деди. У Чулчутни, Кални танирди-ю, лекин бу ёш йигитни танимасди. Танигандаям, унинг ким-лигини айтмасди. У йигитнинг йигирма ёшлар атрофида эшитар экан, юраги жизиллади…

Арслон пича соғайгач, уни бойнинг ертўласига қамашди. «Учинчиси… учинчиси…» Ортиқ қутулиш ҳақида ўйламай қўйди. Нуқул кўзига уюрма кўринар, чўкиб бораёт-ган бешикка онасининг қўллари чўзилганча қолган, қорақуроқлик ўғри йигитнинг қўли уюр-ма ичидан Арслоннинг билагини маҳкам ушлаганча тортарди. «Жазо ҳақ… ҳақ . Нега энди пичоқ санчишганда ўлмадим? Худобехабар бойлар шунча пистирма қўйишди, қотиллар ёллашди, биронтасининг ўқига учсам бўлмасмиди…» У жазодан қўрқмасди, асло. Агар, борди-ю, сазойи қиладиган бўлишса, отасининг, укаларининг не аҳволга тушишларидан ташвишланарди.

Ертўлада уч кеча-ю уч кундуз ётган бўлса, бугун тонг сари кўзи илинибди. Туйнук олди-га Лочини келиб уйғотибди. Отнинг маъюс кўзлари бир нималарга имлармиш. Туйнукдан чиқиши заҳоти отини қаёққадир судраб кетишибди. От чопиб келиб, ертўла эшигини бузибди…

— Тур, намунча уйқунг қаттиқ, — Арслон Лочинини ҳайдаворган одамларнинг ёқасидан олмоққа тутинди. Бироқ икки қадам ташламасдан, оёғидаги занжир таранг тортилди.
— Букрини гўр тўғрилайди, дейишади-я. Яна бунга бой ота шафқат кўрсатиб ўтириб-дилар. Ҳой, кўзингни оч, бой ота бирон-бир тилаги бўлса, айтсин, деяптилар.

Арслон худди арвоҳларни кўраётгандек бақрайиб тураверди. Қаршисида турганлар «э, бор-э» дея ғазаб билан қайрилишганда, ўзига келди.

— Тилак?! Бой айтган сўзида турадими? Бўпти, ишондим. Агар сазойи қилишса, отамни, укаларимни ташқари чиққани қўйишмасин…

Ертўла девори қаҳқаҳадан чўчиб тупроқ тўкди. Икки киши бир-бирига қараб қорин уш-лаганча қотиб-қотиб кулишарди.

— Бўпти. Бой ота ҳеч қачон сўзларини қайтиб олмаганлар, — деди ниҳоят улардан бири қўли биқинига югуриб.

Сазойини у бирда кўрганди. Эшакка тескари миндирилган, қора суркалган юз-кўзи қон-га бўялган кишига одамлар аямай тош отишарди. «Ота, уларга айтинг, тош отишмасин, отишмасин!» Ўшанда у отасига ёпишиб йиғлаганди… Энди ўзи қора эшакка тескари ўтқазилган, юзига қоракуя суркалган. Намунча бу қишлоқнинг кўчаси кўп бўлмаса? Ҳали у кўчадан, ҳали бу гузардан олиб ўтишади. Томошани соғиниб қолишиптими, ё Лочин ўғри деганларини бир кўрволай, унга тош отиб савоб орттирай, дейишиптими, яқин-атрофда одам қолмай келипти ўзиям. Кўчанинг икки тарафидан тош ёғилар, юзига, қўлига, кўкрагига келиб урилар, лекин Арслон қаддини эгмасди. Ие, қурамалик қўйчи бой ҳам келиптими? Ёнидаги хизматкори унга тош узатиб турибди. Уч юзта қўйини ҳайдаб кетиб, камбағал тоғликлар улашиб беришувди, энди уч юзта тош отар экан-да. Қутиулуғлик бой ҳам кептилар-да. Улар келмасалар, ким келарди. Ўнлаб чақирим жойдан томоша ўчлар келишса-ю, бу кишим икки қадам наридан келмасалар уят-да. Митти кўзларининг ҳузурдан қисилганини… Майли, бир яйраб қолсинлар. Ана-ана, у кишининг ёнларида қамағанлик бой тош ғижимлаб турибдилар. Отинг, отақолинг, бир халта тилланинг алами чиқиши осонми? Сазойи бир умрга чўзилмайди-ку, вақт борида отиб қолинг…

— Ўғрига ўлим!
— Ўғирлик қилган кишининг жазоси шу! Ўзинг қайтар бу гапни, ўзинг қайтар!
— Бошингни эг, шарманда, ё тош билан эгиб қўяйликми? Бутун қишлоқни номусга ўлдирдинг…

Зилдек сўзлар қулоқларининг ёнидан тошлардан қаттиқроқ визиллаб ўтарди. Лекин юз-кўзини қонга бўяган тошлар ҳам, юрагини кемирган сўзлар ҳам бўйнини эгдиролмади.

Оломон аёвсиз тош отарди. Ногоҳ Арслоннинг кўзи «осмондан уйига бойлик тушган» ҳамқишлоқларига тушди. Уларнинг юқори кўтарилган қўллари ўз-ўзидан бўшашиб, тошлари оёқларига тегди. «Нега тошни ташладинглар? Отсаларинг-чи, бой берган донини тортиб олмасин тағин!» Тўрт жуфт кўз баб-баравар ерга тикилди, бошлар эгилди.

Буларнинг бешинчиси, имони бор одам келмадимикин? Ие, ана-ку! Ёнингиздагиларга пичирлашнинг вақтими ҳозир? Тезроқ ерга энгашинг, тош деганга қирон келгани йўқ, отинг, отиб қолинг имкон борида.
Имони бор ҳамқишлоқнинг ёнидаги одамларнинг юзлари қизариб, қўлларидаги тошни билдирмасдан четга ташлашди.

Йўллар намунча узун бўлмаса? Қўрғонгача ҳали қанча бор? Йиқилиб қолмаса бўлгани. Йўқ, зувиллаётган тошлар баданини оғритмайди, ўлимдан қўрқмайди у. Лекин ҳушидан кетмаса бўлгани. Ҳушидан кетса, боши эгилиб қолиши мумкин. Ҳушидан кетмаса бўлгани…

Арслон ўзига ғамгин тикилиб турган қадрдон чеҳрани кўриб ҳушёр тортди. Бир сил-кинувди, кўз олдини олган қон нари кетди. Турдибой-ку! Укагинам, йиғлама, бошингни баланд кўтар. Мен нима учун ўлаётганимни сен ҳаммадан олдин тушунасан. Бошингни баланд кўтар!

Э, воҳ, яна қаёққа опкетишяпти? Теракзорга келишди-ку? Наҳотки кўчаларидан олиб ўтишса? Бой сўзида турмасмикин? Отажон, укажонлар, ўтинаман, мени кечиринглар…

Буткул ҳолдан тойган Арслон эгилиб қолишдан янада кўпроқ қўрқа бошлади. Дарвозалари олдига етганда, додлаворай деди. Титраб-қақшаб турган аёллар орасида онасини кўр-ди. Онаси кўзларини енгига артиб, унга тикилди. «Онажон, ёмон туш кўрибман». «Тушни ёмон демайдилар, болам». Ҳозир биринчи марта иложсизлигидан қаттиқ ўкинди. Қани энди қўл-оёғини ечишса-ю, бойдан бир аламини олса… Аламини оооллса… Кейин нима бўлсаям… Тўсатдан боши эгилаётганини сезиб қолди. Аламидан ҳайқиргиси келди. Намунча бу эшак секин юрмаса? Лочиним қаердасан? Ўлимга ўзинг олиб борсанг, бўл-масмиди?!

Қўрғонга етганида эшакни тўхтатишди. Арслоннинг қўл-оёғини ечмоқчи бўлиб борган хизматкор унинг кўзидаги тиғ санчаётган таънани кўриб изига қайтди. Осимбой қамчи айлантириб туширувди, қўрққанидан юраги така-пука бўлиб эшакка яқинлашди. Бошини мағрур кўтарган Арслон қимирламай турарди. Унга қўл тегизди-ю, хизматкор бойнинг қамчисидан ҳам қўрқмай орқасига қарамай қочди…

Ўликни қишлоқ қабристонига кўмишга қўйишмади. Лочинхонада ёлғиз қабр дўмпайди. Оқшомлари қабр олдига бир ўспирин ва бир от келарди. Улар икки тунгача бир-бирлари-ни кўришмади. Учинчи оқшом узоқроқ қолиб кетган от эгаси ўлгандан кейин биринчи бор одамдан қочмади. Икков қабр олдида тонггача қолиб кетди. Тонгда эса, дарё кечишди…

Қишлоқда бир ойгача сазойи ҳақида гапиришди. Бир ойдан сўнг эса бошқа гап топилди – бойнинг уйига ўғри тушиб, шип-шийдам қилиб кетибди.

1982 йил, Исписор

АЛАМ

Синфдошим Ўктам хотирасига

Онда-сонда томчилаётган ёмғир дўлга айланди. Панага ўтаётган ёнидаги кишилардан бири Кенжанинг қўлтиғидан олди. «Юр дарвозахонага, ивиб кетасан-ку буткул!» У жойидан силжимади. Қўлтиқдан тутган қўл бўшашди. «Кенжа, ука, нима қиласан энди, аслида у сени тепиб-тепиб кўмиши керак эди-ю… Оллонинг иродасига бир нарса деб бўлармиди. Ўзи боғ яратган, гулзор яратган. Ўзи боғбон, истаган гулини ўзи истаган пайтида қирқиб олади… Яратганнинг қўлида-да ҳаммаси. Юр буёққа-эй!..»

Уни судрагудай қўлтиқлаб бориб, ўтқазиб қўйишди. Кенжа бир кундаёқ қорайиб кетган, кўзлари ич-ичига ботганди. Ўзининг тусидаги ўзгаришдан хабари йўқ, дардини ичига ютишга шунчалик уринишга қарамасдан, одамларнинг унга ачинишларидан ҳайрон эди. «Нега менга ачинишади, ўзлари айтмоқчи тирик бир кунини қилади-ку. Гўёки ўғлим эмас, мен ўлгандайин…»

«Кенжа қўшникидан угра чиқаришибди, ярим косагина ичвол. Ичсанг-чи, кечадан бери оғзингга туз тотганинг йўқ-қ! Ё ичкарига кирасанми?.. Э, одам деган ўзидан каттанинг гапига киради-да. Бу дунёга ҳаммамиз ҳам меҳмонмиз. Барибир биттамиз олдин, биттамиз кейин…

«Вой, болам, вой, бо-лам, — ичкаридан аёл кишининг бўғиқ овоздаги ноласи эшитилди. – Сенгина совуқ тупроққа кирмасдан, мен ўлсам бўлмасмиди, бо-лам! Кўзимнинг оқ-қорасидан ажралдим, одамлар…»

«Хотинлар келишди, чоғи. Уларга яхши-да, йиғлаб-сиқтаб юрак бўшатишади.» «Кен-жавой, укажон, бундоқ кўзингга ёш олсанг-чи, хотинлардан уялиб ўляпман, биттаю битта ўғлини кўмсаям, дийдасини бузмайди, дейишяпти». «Опажон, юрагимни юлиб олиб кўрса-тайми ўшаларга!»

«Ақалли манови сувни ичволгин», — Кенжанинг ғулдуллаётганидан савдойи бўпқол-дими, дея чўчиган ёнидаги киши унинг елкасидан тутиб силкитди.

Елкасидан узиб олгудайин тутган қўл тинмай силкитарди. У қўлдан тутди-ю, эгасига қараб қотганича қолди. Енги узун оппоқ кўйлак кийган кишининг боши йўқ эди. Кенжа қўл-ни қўйвориб, ортга тисланди. Орқаси деворга тегиб тўхтади.

— Дада, нега мендан қўрқяпсиз? Мени танимаяпсизми?
— Тур… Тур… Турсунбой! Ўғлим! Гавданг, овозинг ўхшаяпти. Лекин… бош… бошинг қани?
— Бошим?! Мана-ку, кўрмаяпсизми?

Ё, товба! Агар елкаларидаги энгашган бўйин бўлмаганда ўзини Турсунбой деб атаётган, овози қуйиб қуйгандек ўғлининг овозидай бу кимсанинг бошини у кўкракдан ўсиб чиққан деб ўйларди. Бош кўкракка шундай ёпишгандики, фақат соч кўринарди, холос. Ерга ётволиб қараганингдан сўнггина қуйи тикилган кўзларни, қош, юз, бурун, оғизни кўришинг мумкин эди.

— Бошингни кўтариб гапир, ўғлим!

— Дада, сўзингизни қайтиб олинг, дарҳол қайтиб олинг, сизнинг кўзингизга қараб гапириш гуноҳи азим-ку! Қўтардим деганимча, бошим узилиб кетади. Сўзингизни қайтариб олинг, ўтинаман, дадажон! Бобом эшитиб турибдилар. Ана, супага қаранг ўзингиз!

Ҳовуз четидаги лойсупага шолча тўшалган. Уч қават кўрпачада қўшёстиққа ёнбошлаган норғул чолнинг лабида истеҳзо. Супадан пастда тиззалаган, боши эгик турган киши титроқ қўлларини яширишга уринади.

-Биттаю битта ўғил деб бевош қилворяпсан, Кенжа. Отасига сапчий деб турибди-я. Бизлар отамиз ётган уйга киролмасдик, томига чиқолмасдик. Ота тугул, етти ёт бегона йўлда бораётган бўлса, ёшини иззат қилиб, ундан ўтиб кетолмасдик. Бу муштдек бошидан кўзларини чақчайтириб, сенга гап қайтаряпти. Охирзамоннинг боласи-да. Лекин ҳалиям кеч эмас. Ниҳоллигида эгиб ол. Тийсанг, тийдинг, йўғасам, нақ бошингга чиқволади. Бўйнингга арқон солиб, эшак қилиб минади. Боланинг ўзига қўйиб берсанг, нима номаъқулчиликлар қилмайди!..

Кенжанинг ҳасса тутган қўли қақшади.
— Қўлингиз оғридими, дада, ҳозир қулоғимни кесиб ташлайман. Ҳали сизнинг қўлингизга озор берадими…

«Агар яна бир марта чақчайганингни кўрсам, кўзларингни ўйволаман. Гапга гап қайтарадиган бўлсанг, тилинг узволиб, итни тўйдираман. Бобонгнинг таҳорат сувини айтганида обормасанг…» Дағал қўл нозиккина қулоқни аямай бурарди. Боланинг миқ этмай турганига чидаёлмай юз-кўзи аралаш устма-уст шапалоқ тортади.

— Қўйинг, дада, нима қиласиз, ўтган гапларни эслаб. Ота деган ўғлини койийди, уради-да. Ёмон бўл, деганингиз йўқ-ку…

Кенжа боши кўкрагига ёпишган ўғлининг қулоқларидан, қип-қизил гўштга айланган қулоқларидан сира кўз узолмасди. Қўлидаги оғриқ тобора кучайиб борарди…

Шом қоронғуси тушганди. Ишдан чарчаб келган Кенжа қоратол соясида чўзилиб ётганди, кўча томондан биров тўхтовсиз чақирди. Хушлар-хушламас қўзғалган Кенжа ҳовлига хомуш қайтди. У ён-бу ён аланглаб, ўғлини қидирди. Бир нима эсига тушиб, полиз томонга ўтди. Қоронғида оёғи сувга тушиб кетиб, ғижиниб сўкинди. Пича жойида туриб, атрофга қулоқ тутди. Сув шилдирашига қўшилиб кетаётган ғўнғиллаган овоз томон тусмоллаб юрди. «Ҳа, бойвачча, юлдуз санаб ётибдиларми?» Осмонга тикилиб, хиргойи қилиб ётган бола сакраб турди. Хайрият, отасининг қоронғуликка кўзи ўрганмаётгани, йўқса, унинг қиёфасидаги ошкора норозиликни аниқ сезган бўларди.

— Ашила айтиб ётибсизми? Ҳамма гапни отангиз эшитсин, сиз бемалол юлдузларга кўз уриштириб ётаверинг… Ҳўв, сан боланинг дастингдан маҳалла-кўйда бош кўтариб юролмайдиган бўпқоламан, чоғи?

— Дада, мен нима қиляпман? — юрак ютиб жавоб қайтаради бола.

— Тилингни узволаман деганим чап қулоғингдан кириб, ўнгидан чиқиб кетдими? Нега ўзингдан катталарни писанд қилмийсан? Нега чап қўшни билан сув талашдинг?
— Дада, ўзингиз полиз сувсаб кетибди, дегандингиз. Анҳордан сув очиб келсам, у тайёрга айёрлик қилиб, бўғволипти. Икки оғиз гапирдим-да, сувни очволдим.

Қулочкашлаб тушган шапалоқ болани ерга қулатди. Ота энди тепишга оёқ кўтарганди, орага аёл кўндаланг бўлди.

— Дадажониси, ким нима деса, суриштирмай, ўғлимни ураверасизми? Уч кунгача ариқ қуриб ётувди. Шу ёмон ўғлингиз анҳорга тушиб, қувурга тиқилган тошни обташламаса, сув қаёқдайди. Бели оғримаган қўшни ҳам экинини суғорволиб, ҳам болагинамни калтаклатадими?

— Хотин киши бола тарбиясига аралашдими, Худо урди-кетди. Келин, бор, ямоқ-чамоғингни қил, — полизнинг ўртасидаги супа устида ёнбошлаган чол Кенжанинг қўлидан тутди. – Унинг кўзларини кўряпсанми, агар сен менга ақалли бир марта шундай қараганинг-да, нақ қорачиқларингни ўйволардим. Отасининг кўзига тик қараган ўғилнинг икки дунёси куйиб кетади. Ҳа, иккала дунёси! Ҳалиям, болага тарбия беришни ўрганмапсан. Фарзанд ҳаммагаям ширин.

— Дада, нима қилай, муштдайлигидан ўзидан каттани иззат-ҳурмат қилишни қулоғига қуйиб келяпман.
— Ёмон қуйгансан, ёмон. Қўлингдан келмаса, менга қўйиб бер…

Супа полиз ортига ўтиб кетди. Кенжанинг отаси томон ёзилган илтижоли қўллари ҳавони кесганча қолаверди. У аламидан қўлларига куч берди. Болани елкасидан чангаллаб ертўла томон судради…
— Дада, дадажон, юринг, бу ердан кетайлик, юринг!..

Ёнида ҳеч ким йўқ, лекин қўлидан биров ушлаб тортаётгандайин. Ўрнидан қўзғал-моққа уринди-ю, бўлмади.

«Вой, илойим, қўшнининг уйи куйсин, уйгинаси куйсин. Ҳув, ўша болагинамни ёмон-лаган тили лаҳатда чирисин. Биттаю битта ўғлим каламушларга ем бўлай депти-я…»

«Овозингни ўчир, шарманда», дея хезланиб бораётган Кенжа хотини қучоқлаб олган ўғлининг ҳолсиз осилиб турган гавдасини кўриб югургилади. Турсунбойнинг юзида қон қолмаган, аъзои бадани қалтирарди, лаблари титрармиди, пичирламоқчи бўлиб қимирлар-миди… Яна бир қадам ташлаганди, ертўлага тушиб кетди. Билакларидан, болдирларидан, кўкрагидан, елкасидан ҳар бири мушукдай-мушукдай каламушлар тишлаб тортишарди. Ана, қулоқларини еб қўйишди, биттаси бурнини ғажияпти, биттаси…

— Дада, сиз кетмасангиз, мен бутунлай кетаман, кейин сираям қайтиб келмийман!

Кенжа қаршисидаги боши кўкрагига ёпишган ўғлига илтижоли термулди. « Мен… мен сени нобуд қилдим, ўғлим. Ўша ўқитувчингнинг хатосини кўрсатганингдан кейин, у «қанақа бола ўстиряпсиз, одамнинг юз-кўзи бор, демайди»лаб арз қилиб келганидаям, янги иш бошлаганингда «нотўғри буйруқни бажармийман», деб бошлиғинг сўзини икки қилганингдаям, сени уришиб… э, ҳар куни умрингни эговлаб бордим, болам, кечир отангни…»

— Дада, мен кетяпман. Агар ҳозир юрмасангиз, кўп ажойиб томошадан қуруқ қоласиз.

Кенжа аста ўрнидан қўзғалиб, оппоқ кийими баданига ёпишган ўғлига эргашди. Ҳозир унинг ортидан юрмаса, ўғлидан бир умр ажралиб қолишига кўзи етиб, тезроқ юрмоқ-чи бўлар, лекин оёқлари, тош боғлагандайин оёқлари ўзига бўйсунмасди. Қаршисида бир қўлида қон чакиллаб турган кўйлакча, бир қўлида катта, нақ қиличдек игна тутган, қордек рўмоли кўйлакчага тегай-тегай деб ҳилпираётган аёл чиқиб, оёғидаги тош юз чандон оғирлашди. «Қ-қаерда кўргандим сизни», Кенжа минг азобда ярим қадам қўйди. Аёл рўмолини ҳилпиратиб, игнани ўйнатиб, кўйлакча билан юзини тўсиб учиб кетди.

«Дада!- Турсунбой аламли қичқирди. – Катта момомни танимадингизми?» «Таниганда нима, — ота-ўғил ўртасида супа ўсиб чиқди. Қўшёстиққа ястаниб олган бобо кўзларида қахр ёнарди. – қатта момомиш? У отангга буви бўлса, менга она бўлади. Ҳаммангдан ҳам менга яқинроқ. Лекин мен ундан узоқ юрдим. Кенжа, бу ақлини еганнинг гапига қулоқ сол-ма. Охирати куйди унинг!»

Кенжа аямасдан миясига ўт сочаётган қулоқларини беркитиб олди. Ўғлининг лаблари қимирламасди. Лекин ота унинг ҳикоясини баралла эшитарди.

… Катта моможоним. Нега ўшанда битта ҳимоясиз аёлга кучи етган номардларга игнангизни тиқволмадингиз? «Ҳокимиям, оқсоқолиям бир гўр экан. Бир кўппакнинг устидан иккинчисига шикоят қилиб борибман. Адолат қиламиз, деганига лаққа ишониб, арзга бориб-ман-чи…» «Моможоним, моможонгинам, бошингизга сўйил кўтарган қўлларни, биқинингизни тепкилаган оёқларни игнангиз билан узиб ташламайсизми? «Менинг устимдан чақимчилик килганнинг уруғини қуритаман», деган тилни шартта узволмайсизми? Мен нега бундай деяпман? Ҳаққим йўқ, ҳақ-қим йўқ!.. Уҳ, номардлар-а, уч давангирнинг кучи биттагина аёлга етдими? Сиз-чи, бобо, ҳой супангиздан тушинг, сиз оқ сут берган онангизни ураётганларини, тепаётганларини, хўрлаб-хўрлаб ўлдираётганларини қандай қилиб томоша қип тур-дингиз? Кўзларингиз оқиб тушмадими? Кейинчалик отамга насиҳат қиладиган тилингизни ўшанда чайнаб-чайнаб тупуриб ташласангиз бўлмасмиди?.. Нега ўйламай-нетмай гапиряп-ман? Ҳаққим йўқ бунга, сира ҳақ-қим йўқ!..»

«Сўрашга ҳаққинг бор, жиян! Агар сен сўрашдан тортингсанг, мана мен сўрайман». Турсунбойнинг ёнида норғул киши пайдо бўлиши заҳоти супа турган ер чўка бошлади. Ўртадаги жарликка кириб кетган супа кўринмай қолди.

«Жарлик тугул, жаҳаннамга беркинсанг ҳам, энди қутулмийсан! Ўшанда онамни, онангни ўлдиришаётганда қандай чидадинг? Биламан, жавобинг тайёр доим, ҳали бола эдим, уларга кучим етмасди, дейсан. Лекин оғзинггаям кучинг етмасдими? Додлаб, қўшниларни чақирсанг, бўлмасмиди?! Бор, майли, додлашга ҳам кучинг етмагандир. Хўш, кейин-чи, нимага онангнинг қотиллари билан олишиш ўрнига, уларнинг товонини ялаб юрдинг?!

«Битта олишган сенми, — жарлик тубидан бўғиқ овоз келди. – Йигит ёшингдаёқ совуқ юртларда нақ суягинг чириб кетувди. Менга кўп гердайиб қарама. У ёқдан қайтиб ҳокимни ўлдирган бўлсанг, унинг ўғли қолди, оқсоқолни чопиб ташладим, дейсанми, лекин сен ўшанда унинг ўғиллари қандай тиш қайраётганларини кўрмадинг. Бориб-бориб ботирлигинг бошингга етгани ёлғонми?»

«Бўлди, бўлди…» Кенжанинг мияси зирқиради. У амакисини охирги марта қачон кўрганини эслашга уринди. Ўшанда амакисининг ўзи тенги ўғли билан ўйнагани борганди. Амаки кўчадан қовоғи солиқ, ўйчан қайтди. Чой ичиб ўтириб, устма-уст «уҳ» тортди. «Нега «уҳ» тортасиз, дейсан-а, хотин, бўғилиб кетяпман, бўғилиб… Бугун яна битта бегуноҳ одамни опкетишди. Бола-чақаси чирқираганча қолаверди. Боя ўша темирчини суриштиргани борувдим, биронтаси лом-мим демади. Бошлиғига кириб айтдим, темирчи халқ учун жонини жабборга берган одам, юртини деб ўлимга тик боради. Кимнингдир чақуви билан тўғри одамнинг шўри қурийверадими, дедим. Яхши одам кўринади. «Хўп-хўп, ҳисобга оламиз, суриштирамиз, айби бўлмаса, қўйворамиз, келганингиз яхши бўлди, деди. Зора чиқарворса…» Кўча эшик тўхтовсиз тақиллаб, амакимнинг сўзи оғзида қолди. Амакимнинг ўғли югуриб бориб эшик очди. Ҳовлига бирин-кетин учта одам кириб келди. Учовиям нотаниш, учовининг ҳам турқидан бир нарса англаш қийин, нигоҳлар совуқ, тунд. Улар уй эгасининг кимлигини сўрагандайин бўлишди-ю, иккитаси ҳаммаёқни титкилашга тушди. Биттаси сўроқ бошлади.

— Темирчига ким бўласиз?
— Қўшни.
— Бирга ўтириб-турармидиларинг?

— Ҳа, бир маҳаллада яшагандан кейин. Маъракаларда, чойхонада, кўча-кўйда.
— У қанақа одам эди?
— Эди, дейсизми?.. Нега энди эди?..

— Саволни мен бераман, сиз аниқ, лўнда жавоб беринг! Тушундингизми? Хўш, темир-чи қанақа одам эди?
— Яхши одам. Тўғрисўз, ҳақиқатчи.

— Ҳм, ҳақиқатчи, денг, — совуқ нигоҳлар ялтиллади. – Сиз онангиз ҳақида ёшларга гапириб бераркансиз-а? Ҳар киши ўзининг қадрига етиши керак, халқ бошида ўтирганларнинг ҳаммасиям халқ дардини тушунавермайди, дебмидингиз?

— Десам, дегандирман. Онам ҳақида қанча гапирсам арзийди. Эркаклар бир ёқда қолиб, бойлар зулмига у киши қарши чиққанлар.
— Бўлди! Етарли! Мановинга қўл қўйинг! Энди ўрнингиздан туринг, кетдик!

— Қаёққа? Нега?
— Ҳаммасини борган жойингизда биласиз.

Кеннойим ҳовлини бошига кўтариб додлади. Ҳалиги сўроқ қилгани бир ўқраювди, кеннойимнинг овози пасайиб, ҳиқиллашга тушди. «Бу англашилмовчилик. Ҳақ жойида қарор топади. Пошшо замонлари ўтиб кетган.» Амаким мунғайиб қолган ҳовлидан уч киши қуршовида қадди ғоз, мағрур чиқиб кетди…

«Эсингдами, ўшанда сенга нима дейишди? — жардан овоз чиқди. – Халқ душманининг дўсти ҳеч қачон халққа дўст бўлмайди!»
«Ким дўст, ким душманлигини ҳаёт кўрсатди-ку», амакининг овози аламли титради.

«Эҳ-ҳе, ҳали унгача… Сен яхши одам кўринади, деб ўйлаганинг, «келганингиз яхши бўлди», деган бошлиқни ўшанда танимадинг-а? Устингдан ариза ёздирган, сени халқ душ-манига чиқарганнинг кимлигини ҳам билмасдинг. Уларнинг бири ҳокимнинг, иккинчиси оқ-соқолнинг ўғли эди… Сен йўқ бўлиб кетавердинг, улар айш сураверишди. Буёқда менинг бўйнимга «халқ душманининг акаси» тавқилаънати осилди. Мен бўйнимни қисиб, замон тинчигунча гадойтопмас кавакларда жон асрадим».

«Сен асли кавак учун яралгансан!»

«Пичингингни пишириб е. Нима бўлгандаям, мен ёшимни яшаб, ошимни ошадим. Сен-чи, сен, ўғлингниям бошига етдинг! У сендан норози бўлиб кетди!»

Амаки чўкиб қолди. Супа кўтарилиб чиқиб, жарлик кўринмай кетди. Супада соқоли-ни силаганча ўтирган ака тобора кичраяётган акасига виқор билан боқарди.

«Дада, бу одамнинг гапларига ишонманг. У оғзига келганини валақлайверади, — Кен-жа супанинг нариёғида амакиси томон бораётган амакиваччасини кўрди. У яқинлашаркан отасининг гавдаси тиклашаверди. — Ўшанда… Сизни опкетишгандан кейин бу менга оталик қилмоқчи бўлган. Отанг ўрнига отангман. Мен сени асло ёмон бўл, демийман, сўзимга қулоқ тутсанг, сира кам бўлмийсан, деган. Ўзингдан атиги бир ёш катта бўлсаям катта, жилла қурса, битта кўйлакни кўп кийгандир, уни албатта ҳурмат қилгин, нима деса, хўп дегин, кичкина раҳбар бўлсаям, барибир раҳбар, ҳали ишлаганингда биласан, раҳбарнинг сўзини сира икки қилмагин, дея насиҳат қиларди…»

«Нима, нотўғри насиҳат қилган эканманми? Ана, ўзбошимчалик қилиб, сен нима бўлдинг? Кенжаям сенга ўхшаган саркор эди. Катталарга хўп деб, шох-похи узилиб тушдими?

«Бор нарса узилиб тушади-да… Дада, сиз эшитмагансиз. Бир йили ёзда жала, дўл ёғиб, ғўзани нобуд қилди. Жавзо оёқлаган, катталар келиб, биз ҳеч нарсани билмиймиз, чигит экасан, давлатга пахта керак, деб турволишибди. Ҳой, инсонлар, сизларнинг ҳам ота-боболарингиз деҳқон ўтган, шимоллик одам нимани биларди, қилган меҳнатимиз, сарфлаган харажатимиз ҳайф бўлади, шунча ердан олсак, бир этак пахта оламиз, ўшаниям қиш изғиринида, одамларниям ўйлайлик, бошқа экин экайлик, десам, ҳеч кўнишмайди-да. Бири қўйиб, бири бақиради, сендан бошқа, сендан яхшироқ ўйлайдиганлар бор, давлатга пахта керак, дедикми, пахта керак, қайтадан чигит экасан, йўқса, саркорликни ҳавас қиладиганлар навбатда қаторлашиб турибди, дейишди. Қарасам бўлмайдиган, ерни ҳайдадик. Улар берган чигитни кўздан панароққа яшириб, бошқа уруғ экдик. Ана ундан кейинги ғалвани кўринг…»

Кенжа қочгани жой тополмай қолди. Орқага қайрилай деса, кимдир дарҳол буриб қўяди. Оёқ кўтарай деса, биров қаттиқ тортади… «Ўшанда қишлоқда илоннинг боласи илон бўларкан-да, деган гап тарқалди. Кўча-кўйда бош кўтариб юролмай қолдим. Гўёки ҳар бир ўтган-кетган мановининг амакиваччаси пахта душмани экан, қамалибди», дея кўрсатаётган-дай. Мен аҳмоқ оилангдан хабар олиш ўрнига, улар билан борди-келдимиз йўқ, дебман сўраган-сўрамаганга. Ўша йили қишлоқ халқи сабзавотга, моли хашакка тўйди. Кузга бориб, одамлар саркор ноҳақ кетди, аслида у тўғри қилганакан, мана Кенжанинг еридан бир араваям пахта чиқмади, деб бурчак-бурчакда пичирлашганда, ер ёрилишини тиладим. Лекин у ҳақ эди, дея ҳеч кимга, ҳеч қаерга бориб айтолмадим… Сен бўлсанг… у ёқдан соғлигингни йўқотиб, озиб-тўзиб, рангинг сарғайиб қайтдинг ва бир йил ўтар-ўтмас…»

Кенжа амакиваччасининг ғазабли қарашига чидаёлмай кўзларини олиб қочди. Шу заҳотиёқ унинг бошини тағин амакиваччаси томон буриб қўйишди. Қараса, бувиси, амаки-си, ўғли ёнма-ён кетиб боришарди. Турсунбой уларнинг ортидан эмакларди. «Қаёққа, қаёқ-қа кетяпсизлар?» Қариндошларига етиб олмоқчи бўлиб илдамлаган Кенжа супага урилиб йиқилди. У бошини кўтариб супага тирмашувди, отасининг ўқрайган кўзларидан қўрқиб кетди. Бироқ кўзларини олиб қочмади. Ҳорғин, ғамгин, ўйчан кўзлар супага қадалганча тураверди. Супа жойидан силжиб, қуйига отилди. Унинг ўрнида пайдо бўлган жарлик Кенжани узоқлашиб бораётган оппоқ кўйлакли тўрт кишидан ажратиб қўйди. «Барибир етвола-ман, етволаман». Кенжа оёқ қўйиши биланоқ зим-зиё ертўлага қулади. У ён эмаклади, бу ён эмаклади, бирон-бир туйнук йўқ. Ташқаридан сувнинг шовуллагани эшитиларди. Шовуллаш тўхтовсиз кучаярди. Кенжа ғувиллаётган қулоқларидан кафтларини олганча деворга ёпишди. Девор ортида сой бор-ку! Ана ўғли қирғоқда ўйланиб турибди. Ўтма у ёққа, ўғлим, ўтма! Ким у ўғлининг орқасидан итараётган? «Ишонганимиз сен, Турсунбой ука, бу ёшларнинг қулоғига гап кирмайди, юрак деб, ўпкани қўлтиқлаб юришибди бари. Сувнинг пасайишини пойлаб ўтираверсак, моллар очдан ҳаром ўлади. Ие, нега қадаминг тортмайди? Илгари неча марталаб ўтгансан! Қани, ҳайда машинани!» Товба, раиснинг афти ўзига ўхшаб қоптими? Турсунбой ортига қараб бир хўрсинди-ю, кабинага ўтирди… Кенжа тирноқлари билан деворни кўчира бошлади. Тезроқ бу қафасдан қутулиши, ўғлини қутқариши керак. Бармоқлари ачишиб оғрир, девор эса қалин эди. О, машина лапанглаб сойга кирди-ку! Ана, сувнинг ўртасига етиб боряпти. Э, тиқилиб қолди. Ўғлим, Турсунбой, тушақол, болам, тезроқ қир-ғоққа ўт. Тезроқ!» Ҳозир бало-қазодай, томдан баланд сув бостириб келади. Турсунбой, тушақол! Нега овозимни эшитмаяпсан? Сувни кўрмаяпсанми? Ҳозир машинангни ағдаради, кейин ўзингни…

Тишлари шамширдек ҳайвонлар миясини ғажиб-ғажиб, юрагига ўтишди. Урай деса, қўли, тепай деса, оёғи йўқ. Шовқин солиб қўрқитай деса, тилини аллақачон кемириб бўлишган. Фақат юраги қолувди, энди униям…

Юмшоқ қўллар аввал юзини сийпалади. Аста-аста чопонидан тортиб, ертўладан судраб чиқа бошлади. Ўткир ёруғликдан кўзи қамашиб кетди…

— Чироқни ўчирайликми, бобожон, — Кенжа тикила-тикила рўпарасидаги узун тўн кийиб олган болани, Турсунбойнинг ўғлини базўр таниди. – Қоронғи тушгани қачонийди, шунча ичкари кир, дейишсаям, кирмадингиз. Кейин мени чақиришди. Қарасам, ухлаб қолган экансиз…

Бола ерга қараб гапирарди. Унинг боши кўкрагига эгилиб борарди. Яна пича эгилса, ёпишиб қолиши мумкин. Кенжа ўрнидан ирғиб турди.

— Бошингни кўтар! Кўзимга қараб гапир! Намунча минғиллайсан? Шартта-шартта гапир!

Бола индамай турганди, Кенжа унинг томоғидан ушлаб, бошини кўтарди. Бобосига кўзи тушган бола йиғлаворди ва яна бошини эгганча ичкарига югуриб кетди.

Кенжа аламидан титрар, қўлидаги ҳассани тинмай бошига урарди.

urinboy-usmon.jpg    Shu kunlarda o’zining 65 yoshini qarshilagan tojikistonlik taniqli o’zbek yozuvchisi O’rinboy Usmonni tavallud ayyomi bilan chin dildan muborakbod etarkanmiz, quyida e’tiboringizga adibning ikki hikoyasini va onlayn formatdagi «Spitamen qotili» nomli hikoyalar to’plamini havola etamiz.

O‘rinboy Usmon
IKKI HIKOYA
008

urunboyusmonov_21.jpg   O‘rinboy Usmon 1951 yil 2 noyabrda Tojikistonning Xo‘jand tumanida tug‘ilgan. 1973 yili Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetini bitirgan.  1975 yildan hikoyalari «Sharq Yulduzi», «Yoshlik», «Yosh kuch», «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» nashrlarida, “Yoshlik” almanaxida chop etilgan. Birinchi kitobi «Spitamen qotili» nomi bilan 1992 yili Toshkentda nashr etilgan. Shundan keyin adibning Toshkent va Xo‘janddagi nashriyotlarda «Sinchli uy», «Ko‘rgilik», «Anqoning urug‘i» va «Daraxtga do‘ngan odam» deb nomlangan kitoblari chop etildi.
O‘rinboy Usmon o‘nlab hikoyalar, «Qishdan oldingi fasl», «Safo chig‘irig‘i» kabi qissalar, «Ta’qib» romani, «Muqaddas», «Qari qiz» va «Osmondan tushgan odam» («Qulf») dramalari muallifidir. Vasiliy Shukshin kabi rus adiblari, Mehmon Baxtiy, Ma’ruf Bobojon, Hoji Sodiq kabi tojik yozuvchilari asarlarni o‘zbek tiliga o‘girgan.

008

SAZOYI

Bir tekis chopib borayotgan ot keskin to‘xtadi. Ko‘zlarini yumgancha xayolga berilgan ko‘yi kelayotgan Arslon oldinga xavotirlanib qaradi. Quyida Sirdaryo tinchgina oqardi, oqshom g‘ira-shirasida suvi goh oqarib, goh qorayib ko‘rinardi. Arslon otdan tushib nam-xush o‘tlar ustiga cho‘zildi. Maysalardan taralayotgan dimoqni qitiqlovchi bo‘y, daryodan esayotgan yoqimli shabada horg‘in vujudinini allaladi. Bir mahal ko‘zini ochsa, daryoda oqib boryapti. U to‘ppa-to‘g‘ri uyurma tomon oqardi. Hozir suv u tomon surib boradi-yu, uyurma ajdahodek og‘zini ochib yutvoradi. Uyurmadan chetroqqa suzib ketish uchun qo‘l-oyoqlarini harakatlantirishga urinar, uvvalo urinmasin, qimirlatolmasdi. Qarasa, qo‘l-oyoqlari beshikka mahkam chandib tashlangan. Beshik qalqib-qalqib o‘pqondek og‘zini ochib turgan uyurmaga yaqinlashardi. To‘satdan qirg‘oqda oyoqyalang, boshyalang ayol ko‘rindi. «Musulmonlar, yordam beringlar, bolaginam oqib ketyapti, nega qarab turibsizlar, insof bormi sizlarda!..» Ayol o‘zini suvga otdi. Anchagacha daryoda ko‘rinmay, beshik yonidan chiqdi. Endi qo‘lini uzatgandi, beshikni uyurma yamladi…

Arslon seskanib daryoga tikildi. U hamon goh oqarib, goh qorayib oqardi. Ko‘zlari bejo bo‘lib, daryodan beshikka qo‘l uzatgancha qolgan ayolni – onasini izlayotganini anglab qolib, o‘rnidan turib ketdi. Nima bo‘ldi o‘zi? Uch kun avvalgi tushini tag‘in ko‘rdimi yo es-ladimi? Hali uyga borgach, onasiga ko‘ngli g‘ashligini, yomon tush ko‘rganligini aytadi. Tushni yomon dema-e, bolam, deydi sog‘inch to‘la ko‘zlarini undan olmay onasi, bosinqiragansan, boshingdan don-dun o‘girib sochdingmi?.. Ilgariyam onasini ko‘p sog‘inardi, uzoq borsa, oyiga bir marta ko‘rib kelmasa, hech kimga tuzukroq gapirmasdan, tund yuraverardi. Birontasi unga yurak betlab so‘z qotmas, og‘zidan chiqqanini darhol bajarishga tirishardi. Faqat qutiulug‘lik o‘spirin Turdiboygina «qishloqni sog‘ingansiz, aka, borib kelmaymizmi,» deyishga botinardi. Qishloqqa uning birov bilan borishini xushlamasligini o‘spirin yaxshi bilardi, lekin har gal «borib kelasizmi», demasdan, «borib kelmaymizmi», deyaverardi. Hali negadir otning jilovidan ushlab oldi,«shu bugun bormang», dedi qayta-qayta yalinib.

U yoqdan-bu yoqqa to‘xtamay yurayotgan Arslon daryoning nariyog‘iga tikildi. Qorong‘uda hech narsani ko‘z ilg‘amasdi. Bu atrofda o‘zi biron makon yo‘q. Faqat daryoning yuqorirog‘idan, bundan bir chaqirim naridan kechilsa, to‘g‘ri Qutiulug‘dan chiqiladi. Turdiboy ana shu o‘n besh-yigirma uyli choqqina qishloqdan. Otasi o‘lgach, Turdiboy daryodan o‘tib, Arslonga qo‘shilib qolgan. O‘tgan oy besh kishi bo‘lib Turdiboylarning uyini tortib olgan boyning uyini bosishdi. Shirin tush ko‘rib yotgan ekanmi, boy tepasidagi qop-qora odamlarni ko‘rib, o‘takasi yorilayozdi. Ikkitasi boyni daraxtga bog‘ladi, uchtasi qo‘lga ilingan boyliklarni qopga tiqdi. Oq yaktak, oq ishtonchan boy u yoqdan-bu yoqqa g‘izillayotgan sharpalar har o‘tganda chunonam qaltirar, daraxt yoshroq yoki tagi bo‘shroq bo‘lganida ildiz-pildizi bilan qo‘porib yuborgudek edi. «Yetimning haqiga ko‘z olaytirganning jazosi shu, hali bu xamir uchidan patir, agar yana boshqalarning uy-joyiga ola qaraydigan bo‘lsang!..» Boy tomog‘iga tegay deb turgan kelidastadek qo‘llardan qo‘rqib, dag‘-dag‘ qaltirardi…

Kechuvni to‘g‘ri tanlaganiga yana bir karra ishonch hosil qilish uchun Arslon tuyatoshni qidirdi. Uni topib, xotirjamlashdi. «Lochin!» Egasi pichirlagan bo‘lsa-da, o‘tlab yurgan ot yeldek yelib keldi. Hayal o‘tmay, ikkov daryoda suzib borishardi…

Daryodan chiqishgach, ot oldinga yurishni istamay, depsinaverdi. Biron yirtqichning isini oldimi, deya xavotirlangan Arslon atrofga quloq tutdi. Jimjitlik. Faqat yuqoridan – Lochinxona adirlaridan kaltakesaklarning, tunda yemish qidirib izg‘ib yurgan hasharotlarning chirillagani eshitilardi. Tixirlik qilayotgan ot egasining achchiq qamchisi zarbi hadigida yurib ketdi. Tezda adir ustidagi o‘zi ko‘p yurgan yo‘lni topib oldi. Adir kimsasiz, ot tuyoqlari oldidan g‘izillagancha kaltakesaklar o‘tar, tinchlarini buzib borayotgan bahaybat maxluqni cho‘chitishga urinishardi. Ot ularning urinishlarini sezish nari tursin, hatto o‘zlariga ham parvo qilmasdi. Yuz qadamcha narida eski qo‘rg‘on xarobalari qorayib ko‘rindi. Otning sarkashlik qilayotganidan xavotir Arslon qo‘rg‘onda picha nafas rostlamoqni o‘yladi. Biroq yulduzlar charaqlayotgan osmon bu o‘yidan qaytardi.

Qishloqqa qadam qo‘yishlari zahoti nafas olish yengillashdi. Arslonning otdan tushib, yayov yurgisi kelar, lekin vaqt allamahal bo‘lganidan tashvishlanib, ko‘pchib yotgan tuprog‘idan, dov-daraxtlardan ruhiga zavqli bir yengillik ato etayotgan bo‘ydan uzoq-uzoq totishdan o‘zini tiyardi. Lochinning ixtiyorini o‘ziga qo‘yib bergan, u katta ko‘chalarni chetlab, dala yo‘llaridan yo‘rtardi. Ko‘kka bo‘y cho‘zgan teraklar ko‘ringach, otning qulog‘iga pichirlab, qo‘yvordi. Lochin egasi bilan picha yonma-yon borgach, uning joyida to‘xtab qolganini ko‘rib, dala tomon yo‘rg‘aladi.

Terakzorda Arslon o‘zini tanasi bir qulochcha keladigan daraxt panasiga olib, atrofga quloq tutdi. Xavf yo‘qligiga ishongach, bog‘ maydonlari tomon yurdi. Pastqam devordan oshdi, sharpa chiqarmay borib, onasi yotadigan uycha devoriga qapishdi. Oyog‘iga bir narsa kelib suykaldi. Cho‘chib o‘zini nari olgandi, u yana suykaldi. Qarasa, it. Xo‘rligi keldi. Itning g‘ingshib, hovlidagilarni uyg‘otib yuborishidan xavotirlanib, ochiq derazadan asta sakradi. Qorong‘iga ko‘zi ko‘nikmay turgandi, qo‘lidan birov yetakladi. Onasining hech narsa bilan tenglanmaydigan bo‘yidan o‘zini yo‘qotay dedi. Uy to‘riga o‘tkazgach, ona o‘g‘lining yuz-ko‘zlaridan o‘pdi. Og‘zi sho‘rlanib, alam bilan yig‘ladi.

-Uxlamay o‘tiruvdingizmi, onajon?
— Kelishingni biluvdim. Endi sira ketmasang, deyman, o‘g‘lim. Hech qayoqqa qimirlamasdan, oldiginamda o‘tirsang.
— Sizni ko‘p sog‘inyapman. Yoningizdan nari ketmayin deyman. Lekin… ilojim yo‘q-da…

— Seni sargardon qilganlarni saharlarda qarg‘ayman. Xudoning ko‘zi bo‘lsa, hammasini ko‘rayotgandir… Bolam, ishqilib beva-bechoralarni xafa qilayotganing yo‘kmi?

— Onajon, nahotki siz ham menga ishonmasangiz?
— Dushman ko‘ngil-da… Onaginangni kechir, o‘g‘lim… Elning og‘zida xilma-xil gap.
— Bilaman, onajon, sizlarni qiynab qo‘ydim, yomon ahvolga soldim. O‘g‘ri degan so‘zning o‘zi xunuk…

Ona-bola gapga berilib, deraza yonida turgan sharpani sezishmadi. U eshikdan kirganda ona o‘g‘liga osilib yig‘lardi. O‘g‘il tush ko‘rgan kecha ona ham dahshatli tush ko‘rgan, o‘shandan beri tunlar ko‘zidan uyqu qochgandi. Hozir ikkovi ham tushini o‘ylar, bir-biriga aytishdan cho‘chib, nuqul o‘tgan-ketganlarni eslashardi. O‘g‘ilning go‘dak bo‘lib qolgisi, onasining issiq pinjiga tiqilib olib, rohat qilib uxlagisi kelardi.

Tuyqusdan dag‘al qo‘llar uni ona pinjidan yulib oldi. Munkayib ketgan Arslon o‘zini o‘nglarkan, ko‘zlari qo‘l egasini izlab, qorong‘ini paypaslardi. Ortiga o‘girilib, joyiga cho‘kkalab qoldi. Ming qorong‘i bo‘lmasin, uch-to‘rt yil berisiga otasini bunchalik yaqindan ko‘rmagandi. Uning nafasi bolalik xotiralarini titkilab yubordi. Ota daladan horib-charchab kelganda, loyqo‘rg‘on qurayotgan o‘g‘lini ko‘tarib olib, loy yopishgan betidan o‘par, yuzini yuzlariga surkardi. Loyqo‘rg‘onni tezroq bitkazish o‘yidan boshqa o‘yi yo‘q bola pastga tushaman, deb tipirchilar, nihoyat, charchog‘i yozilgach, otasi uni ohista yerga qo‘yardi…

— Sen bolada tariqcha oriyat bormi? Qaysi yuz bilan ostonamdan hatlading? – Arslonning otasiga rahmi kelardi, uning ovozidagi g‘alati titroqdan ko‘ngli g‘ashlanardi. – El-yurtda boshimni egganing yetmaydimi?

— Otasi, rahmatli qaynatam, yurtning o‘g‘risi bo‘lsa-da, o‘g‘ling bo‘lsin, derdilar,- biron kor-hol bo‘lishidan qo‘rqib dag‘-dag‘ titrayotgan ona erini yumshatish yo‘lini izlardi.
— Miyasi suyulganda bir aytgan-qo‘ygan-da. Otamning boshqa bir hikoyati bor edi. Eshit-gandirsan, o‘g‘rini osayotganlarida onasining tilini tishlab-tishlab uzvolganini…

Erining nimaga shama qilayotganini tushungan ayol kuchini ko‘z yoshiga berdi. Hamon cho‘kkalagancha o‘tirgan o‘g‘lini quchoqladi. Dag‘al qo‘llar uni o‘g‘lidan ajratib, bir burchakka itqitdi.

— Gap shu, senga! Men allaqachon senday o‘g‘ildan kechganman. Agar, yana shu xonadonga qadamingni qo‘yadigan bo‘lsang, yoqangdan olaman-da, mana shu ikki qo‘lim bilan dor tagiga o‘zim sudrab boraman. Yoki sazoyi qilib, falonchining o‘g‘li edi degan isnoddan qutulish uchun janazangni bitta o‘zim o‘qiy qolaman…

Ona o‘rmalab o‘g‘li tomon yaqinlasharkan «bolam, otangning gaplarini ko‘nglingga olma, uning ichiga shayton kirvolgan, shayton» derdi birdayin. Arslon esa bir o‘yda – otasi-ning yuzini yuziga bosishini istardi. Ota birdan yumshab, emaklab kelayotgan kampiri tomon ko‘targan oyog‘ini joyiga qo‘ydi. Bir og‘iz so‘zlamay cho‘kkalagancha o‘tirgan o‘g‘lini bosish istagi yuragiga hamla qildi. U tomon bir qadam qo‘ydi-yu, xuddi oyog‘i ostidan ilon chiqqanday ilkis orqaga tashladi.

— Baribir seni sazoyi qilishadi. Mayda o‘g‘ri bo‘lganingda qo‘lingni chopishardi. Seni sazoyi qilishadi, — ota cho‘ziq «uh» tortdi, bo‘g‘zidan otilgan o‘tli nafas Arslonning loyqo‘rg‘on loyi izi achishtirayotgan yuzini kuydirdi. – Sazoyi qilishadi. Sen butun avlod-ajdodimizga isnod keltirding! Yo‘qol!.. Sazoyi… Daryo-paryoga cho‘kib o‘lganing, dasht-pashtda bo‘riga yem bo‘lganing yaxshi bundan. Yo‘qol, deyapman!

Arslon onasini avaylab o‘rnidan turg‘azib, yelkasiga boshini qo‘ydi. Ho‘l yelkasi titra-yotgan onasidan bazo‘r ko‘ngil uzib, tislandi, derazadan sakradi. Orqasiga qaramasdan chopib borarkan, derazadan qo‘llarini uzatgancha qolgan onasini ko‘rmadi. Devor oshayot-ganda, ortiga qaytmoqchi bo‘lgan Arslonni qattiq bir kuch ko‘kragidan itardi.

Terakzorga yetar-etmas Lochin qorong‘ulik qo‘ynidan chiqib keldi. Egarga o‘tirishi zahoti ot yeldek uchdi. Adirga yetishgach, Arslon jilovni tortdi, pastga tushib, eski qo‘r-g‘on tarafga yurdi. Ot u bilan yonma-yon yurar, na orqada qolardi, na o‘tib ketardi. «Lochinim, bu tun daryodan o‘tmaymiz, eski qo‘rg‘onda qolamiz, suvning nariyog‘iga qishloq havosi yetib borishi qiyin. Nega jim ketyapsan, kishnasang, sezib qolib, ortimizdan quvishlaridan xavfsirayapsanmi? Yo bo‘lmasa, mening xafaligimni sezyapsanmi? Xafa bo‘laman-da, lochinim! Ona qishlog‘imga, ota yurtimga sig‘may qolyapman-u… Aytgin, men ularga nima yomonlik qildim? Axir, hammasiga yaxshilik qilmoqchiydim-ku!.. Yil-o‘n ikki oy ishlab topgan bor-yo‘qlarini boy qarzlaringga deya omboriga bosganida , xun-xun yig‘-lagan odamlarga achindim-da. Bu zamonda, yorug‘ dunyoda adolat bormi, deya nola qilishgan-da., chidayolmadim, bilasanmi buni! Boyning omboridagi don-dunni egalarinikiga oborib tashladim. Ertasiga qishloq ostin-ustin bo‘p ketdi. Boy anoyi emas, yo‘qolgan g‘allani toptirdi. Sen o‘g‘rilarning umringni zindonda chirittiraman, deganida haligi beshovi baravariga boyga egilib, biz emas, o‘limdan xabarimiz bor, ammo-lekin bu gaplardan xabarimiz yo‘q, deyishipti. Boy nima degan, de: «Mana shu qoplardagi g‘alla menikimi, senlarnikimi?» Beshovi to‘tiqushday «sizniki, boy ota, sizniki», deyishgan. «Mening narsalarim senlarning hovlingdan topilgan, bu o‘g‘irlikmi, yo?..» «O‘g‘irlik, boy ota, o‘g‘irlik». «Demak, senlar o‘g‘risanlar! Hammangni qo‘lingni qirqtiraman. Ana keyin cho‘loq qo‘llaringga qarab erta-yu-kech tavba-tazarru qilasanlar! Boy beshoviniyam yerto‘lasiga qamab qo‘ydi o‘shanda. Ertasiga ularni qo‘yvorib, meni opketishdi. Qaysi biri men-dan gumoni borligini aytibdi. Uh, lochinim, lochinim, xayriyat, odam bo‘lib tug‘ilmagan-san-a… O‘sha adolat istaganlar bilan boy meni yuzlashtirdi. Beshovidan birma-bir «bu kim» deb so‘rashdi. Hammasi «o‘g‘ri» dedi. Hammasiya… Yerto‘ladagi tuynukdan tashqari qarab turgandim, seni ko‘rib qoldim. O‘shanda hali toy eding. Esingdami? Tuynuk oldiga kelding-da, ketmay turaverding. Bir kechayu bir kunduz zax yerto‘lada yotgan bo‘lsam-da, o‘shanda birinchi marta xo‘rligim keldi. Toychog‘im meni sog‘inib, qidirib kepti-da, dedim. Ko‘zlaringda sog‘inch ko‘rdim-da. Kechqurun otam kelib, rosa koyidi. Uzundan uzoq nasihat qildi: boy otadan uzr so‘ra, tovba qil, bolalik qilibman, degin… Otam boyga bosh urib kelgach, u bitta toying bor, o‘shani bersang, yopti-yopti qilamiz, ertaga o‘g‘lingni qo‘yvoramiz, depti. O‘sha toy sen eding, lochinim! Tushingni suvga aytasan, boy, dedim. Yarim kechada payt poylab turib, yerto‘la eshigini buzdim. Otxonadan seni topib chiqib, uyga jo‘nadim. Meni ko‘rib otamni qaltiroq tutdi. «Boy tong otgach, qo‘yvormoqchi edi-ku! Yo qochib keldingmi?» Indamay turaverdim. «Hoziroq toyni oborib ber. Ertaga o‘zim borib obkelmaganimcha, ostonadan o‘tma!» Otam cho‘rtkesar edi. Gapini ikki qilib bo‘lmasdi. Seni yetaklab hovlimizdan chiqarkanman, o‘ylanib qoldim. Nega endi faqat boyning aytgani bo‘ladi? Men o‘g‘irlik qildimmikin, otamning tili qisiq, toyimni boyga berib qo‘yadi? Nazarimda boy ustingga o‘tirayotganday, semiz gavdasini ko‘tarolmay beling mayishib ketayotgandayin bo‘ldi. Xayol surib-surib, bir mahal qarasam, Lochinxonada, eski qo‘rg‘on oldida turibman. «Endi sen Lochin bo‘lasan, men ham lochin bo‘laman, shu yerda yashayveramiz!» Sen gapimni tasdiqlagandayin kishnading. Ikki-uch kun u yoq-bu yoqda tentirab yurdik. Kunduzi bir iloj qilib o‘tardi, kechalari ko‘z yumishim bilan hovlimiz, onajonim ko‘rinaverardi. Bir kecha uyqum kelmay, yotolmadim. Qishloqqa jo‘nadim. Onam avvaliga rosa suyunib, keyin xavotirga tushdilar.

«Nega bu ishni qilding-a, bolam? Zarur bo‘lsa, alam o‘tsa, haqlarini o‘zlari topvolishsin edi, senga nimaydi-ya, bolam?»

«Onajon, o‘zingiz yaxshilik yerda qolmaydi, deysiz-ku».

«To‘g‘riku-ya… Ular yaxshilikni bilmaydigan chiqishdi. Boy hammasini bir qop-bir qop donga sotvolibdi. Faqat bittasi olmabdi, xolos, imoni borakan.»

«Bittasida imoni borakanmi, ishqilib. Demak…»

«Bolam ko‘nglim allanechuk xavotir, boyning odamlari necha marta izg‘ib kelishdi. Tag‘in…»

«Men ketaymi, bo‘lmasa?»
«Mayli, boraqol, boshing toshdan bo‘lsin!»

Devordan o‘tishimni bilaman, qo‘llarimni qayirishdi. O‘sha zax yerto‘lada yana bir kecha tunadim. Ertasiga guzar oldidan olib o‘tishdi. Ko‘cha to‘la tumonat odam. Hamqishloqlarim meni sog‘inib qolishipti-da, dedim. Bir mahal qaysi go‘rdan boy paydo bo‘ldi. «Xaloyiq, bu kim?» So‘zi og‘zidan chiqar-chiqmas o‘n-o‘n beshtasi «o‘g‘ri» deb baqirdi. Ovozlarini boy otalari eshitmay qolmasin, deb cho‘chisharmidi, tomoq yiritgudek baqirishar-di. Hech kim bilan ishim yo‘g‘idi, o‘sha beshovlonni qidirardim. Nihoyat, to‘rttasini top-dim. Boy ular tomon qarashi bilanoq «o‘g‘ri, o‘g‘ri» debon chiyillashardi. Lekin bittasi ko‘rinmasdi. Izlab-izlab uniyam topdim. U odamlar ortida boshini eggancha turardi. «Boshingizni ko‘taring, imoni bor odam, anovilar bosh egsin!» Haligi bir qop donga sotilganlarning basharasini ko‘rolmay qolganim rosa alam qildi. Aravaga qo‘shilgan otga qamchi bosishdi. Achchiq qamchi zarbidan bir irg‘ishlab chopib ketgan otga qo‘shilgan arava qattiq chayqaldi. Sal bo‘lsa, qulayozgandim. O‘sha kuni otamniko‘rmadim… Zerikdingmi, lochinim? Nima qilay, yuragim tars yorilay deyapti. O‘shanda baribir shaharga yetmasdan qochib ketdim-ku. O‘t-betlarda uloqib yura-yura, qosh qorayganda Lochinxonaga keldim. Sen eski qo‘rg‘on atrofida yurgan ekansan… O‘shanda o‘n yettidamidim? Allaqachon o‘n yildan oshibdi-da… Lochin, esingdami, o‘sha gaplardan keyin bir yil o‘tgach, qishloqqa borganimiz? Anovi to‘rttaning uyiga qoplarda mayda-chuyda olib boruvdik-ku! Tilanchi bo‘lib qishloqqa borgan yigitimiz nima gap topib keluvdi? Osmondan tushgan boylik hammasiniyam es-hushini og‘dirayozibdi. To‘rttoviyam garangga o‘xsharmish. Har gapining boshida «Ollohga shukr» deyisharmishu, lekin tilanchiga bir burda non ham berishmapti. Eshigiga borgan tilanchiga… Eh, sen odamzot fe’lini bilmaysan-da. Men keyinchalik u yoq-bu yoqdan surishtirganman. To‘rttoviyam «osmondan tushgan boylik» haqida hech kimga og‘iz ochmagan… Lochin, endi bor, sen bir yayrab kel, men biroz dam olayin, tongga yaqin daryo kechamiz».

Arslon qo‘rg‘on devoriga sakrab chiqdi. Oldinlari yurtga oralaydigan yovning yo‘li avvalo shu qo‘rg‘onda to‘silardi. Bora-bora tashlandiqqa aylangan qo‘rg‘on xonalarining butun qolgan tomlaridan birida Arslon picha mizg‘imoqchi bo‘ldi. Lekin qattiq toliq-qaniga qaramay hech uyqusi kelmasdi. Ko‘zi ilindi, deguncha, qishloq odamlari so‘yil, ket-mon, bel ko‘tarib boshiga kelishar, «o‘g‘ri, boringdan yo‘g‘ing yaxshi, hammamizni isnodga qoldirding», deya baqirib-chaqirishardi. Tevarak-atrofga Lochin o‘g‘ri deya nomi ketgan yigitning ko‘kragini achishtirib bir nima g‘imirladi. Uyqusi butkul o‘chdi. Yuragini bo‘shatay desa, biron suhbatdosh yo‘q. Hozir qutiulug‘lik yigitcha yonida bo‘lganda edi… Dunyo qiziq-da, shuncha odamni ko‘rdi-yu, birontasi uni shu yigitchalik tushunmagan. Hozir qutiulug‘lik yigitcha yonida bo‘lganda edi… Dunyo qiziq-da, shuncha odamni ko‘rdi-yu, Birontasi uni shu yigitchalik tushunmagan. Naq o‘yidagini topadi-ya… Aytish kerak, u to‘dadan ketsin, boshqa kasb etagini tutsin.

Shu topda shart otiga minsa-yu, boshi oqqan tomonga ketsa. Biron odam kimsan, qayerdan kelyapsan, qayerga ketyapsan, deb so‘ramasa. Ketaversa, ketaversa…

Birdan pastda sharpa eshitildi. Kimlardir ehtiyotkorlik bilan qadam bosishardi. «Ko‘zingga qarasang-chi, eshak!» Xunuk to‘ng‘illagan ovoz tun sukunatini to‘lg‘atdi. Qayerda-dir eshitgandi bu ovozni. Tanish…

— Yosh ketib, yurak shirillaydigan bo‘pqopti-da, og‘a. Bu boyo‘g‘lixonaga yarim tunda kela-digan odamning yuragi otdek bo‘lishi kerak.

— E, hali sen ertalab tuxum yorgan jo‘jasan. Menga o‘xshab shatta yeyversang, ukkilar makonidayam bir cho‘qib, o‘n qaraydigan bo‘pqolasan. Bor, sarkardani boshlab kelaver.

Tanidi, endi tanidi, qoraquroqlik kal o‘g‘ri-ku. Chulchutning to‘dasidan. Sarkarda emish. Hadeganda gapga tushunavermaganidan chulchul laqabini olgan o‘g‘riboshiyam qora-quroqlik edi. Uzog‘i yili u Arslonning to‘dasiga qo‘shilgandi. Bir kosibning uyini tunagach, Arslon urib-so‘kib haydavorgandi.

Qoraquroqlik o‘g‘rilarning rejasini eshitib, Arslonning a’zoi badanini ari chaqqan-day bo‘ldi. «O‘n yildan beri Ispisorga o‘g‘ri oralamasa-ya. Qachongacha o‘sha o‘g‘ri mushukcha-dan qo‘rqib yuramiz? Qani, bo‘linglar, yoz kechasi bir tutam, bitta-ikkitasi uyg‘onmasdan burun ishshi bitiraylik!»

Tom zirillab ketgandayin bo‘ldi. Mayli, uni mushuk deydimi, boshqami, u baribir arslonligicha qolaveradi. Lekin daryoning nariyog‘idan, qoraquroqdan kelib, uning qish-log‘ida o‘g‘irlik qilishlarini o‘ylab, suyak-suyagicha zirqiradi. Tomdan sakrab tushib uchoviniyam dabdalasini chiqarishga chog‘landi. Yo‘q, pastga tushishiyam shart emas, tomdan turib bir baqirsa bo‘ldi, ovozidan tanib, orqalariga qaramay qochishadi. Lekin ursayam, qochishsayam, bir tun kelib, Ispisorga o‘g‘irlikka tushishni o‘ylashmaydimi… Arslon oshib-toshib kelayotgan g‘azabini ichiga yutdi. Qoraquroqliklarning qo‘rg‘ondan chiqib ketishlarini tishini tishiga qo‘yib poyladi. Qo‘rg‘on bo‘shagach, oradan xiyol vaqt o‘tkazib, Lochinni chaqirdi. Qorama-qora yo‘lga tushdi.

… Erta tongda butun qishloq vahimadan tong qotdi. Boyning, yana bir o‘ziga to‘qroq kishining eshigi buzilgan, anchagina narsa ko‘chaga tashib chiqarilgandi. Qishloqqa o‘g‘ri tushibdi xabarini eshitgan har bir odam o‘z uyidan xavotirlandi. Boshqa uylar tinch edi. Ikki soat orasidayoq hammayoqni vahima xabarlar bosib ketdi. «O‘g‘rilar molga kelishol-may janjallashishipti., bittasining o‘ligini topishibdi.» « Arslon o‘g‘riniyam tutishib-di, uniyam pichoqlashgan ekan…»

Arslonni hovlilari yaqinidagi terakzordan topishdi. U tunda qoraquroqliklar-ning ortidan qorama-qora kelgach, avvaliga ularning uy tunashlarini kuzatib turdi, keyin Chulchutni ushlab olib, o‘g‘irlagan narsalarining hammasini joy-joyiga kiritib qo‘yishni buyurdi. Qoraquroqliklar narsalarni tashisharkan, Arslonning istehzo aralash gerdayib jonlari halqumga keldi. Bittasi ko‘zshamg‘alat qilgancha orqaga o‘tib, Arslonga pichoq sanchdi. Qo‘rqqanidan qo‘li qaltirab pichoqni mo‘ljalidan – yurakdan ancha yiroqqa urdi. Arslon og‘ir og‘riqqa dosh berib, pichoqni orqasidan sug‘urib olib, qochib borayotgan qoraquroqlikka otdi. U dodlab yubordi. Odamlar uyg‘onishlaridan qo‘rqqan Chulchut bilan Kal qochib qolishdi…

… Arslonning kuragidan pastrog‘i qattiq og‘rirdi. Terakzor tomon gandiraklab borayot-gan Arslon ko‘yligini yirtib, yarasini bog‘ladi. Pichoq o‘rni jonini achishtirib og‘rir, lekin miyasida yolg‘iz bir o‘y – uyiga yetvolish, onasini ko‘rish! Ana, beshik uyurmaga yaqin-lashyapti, onaginasi qo‘lini uzatyapti. Nimadir kelib qo‘lini yalaydi, qarasa, oti. Lochin zorlanganday bo‘ladi. Lekin egasi buni sezmaydi, ko‘z o‘ngida qo‘l uzatib turgan onasi…

Uni terakzordan topishganda behush edi. O‘sha ondayoq butun viloyatga xabar ketdi: «Lochin o‘g‘ri qo‘lga tushibdi. Osimboyning mulkiga ko‘z olaytirgan ekan, Olloh taoloning tig‘i parroniga uchrabdi. Viloyatning diyonatli boylaridan bo‘lmish ko‘p shafqat ko‘rsatib, uni buyog‘i qo‘qonlik, uyog‘i toshkentlik eng zo‘r tabiblarga davolatmoqda…»

Qoraquroqlik o‘g‘rining o‘ligini hech kim so‘rab kelmadi. Arslon uni tanimayman dedi. U Chulchutni, Kalni tanirdi-yu, lekin bu yosh yigitni tanimasdi. Tanigandayam, uning kim-ligini aytmasdi. U yigitning yigirma yoshlar atrofida eshitar ekan, yuragi jizilladi…

Arslon picha sog‘aygach, uni boyning yerto‘lasiga qamashdi. «Uchinchisi… uchinchisi…» Ortiq qutulish haqida o‘ylamay qo‘ydi. Nuqul ko‘ziga uyurma ko‘rinar, cho‘kib borayot-gan beshikka onasining qo‘llari cho‘zilgancha qolgan, qoraquroqlik o‘g‘ri yigitning qo‘li uyur-ma ichidan Arslonning bilagini mahkam ushlagancha tortardi. «Jazo haq… haq . Nega endi pichoq sanchishganda o‘lmadim? Xudobexabar boylar shuncha pistirma qo‘yishdi, qotillar yollashdi, birontasining o‘qiga uchsam bo‘lmasmidi…» U jazodan qo‘rqmasdi, aslo. Agar, bordi-yu, sazoyi qiladigan bo‘lishsa, otasining, ukalarining ne ahvolga tushishlaridan tashvishlanardi.

Yerto‘lada uch kecha-yu uch kunduz yotgan bo‘lsa, bugun tong sari ko‘zi ilinibdi. Tuynuk oldi-ga Lochini kelib uyg‘otibdi. Otning ma’yus ko‘zlari bir nimalarga imlarmish. Tuynukdan chiqishi zahoti otini qayoqqadir sudrab ketishibdi. Ot chopib kelib, yerto‘la eshigini buzibdi…

— Tur, namuncha uyqung qattiq, — Arslon Lochinini haydavorgan odamlarning yoqasidan olmoqqa tutindi. Biroq ikki qadam tashlamasdan, oyog‘idagi zanjir tarang tortildi.
— Bukrini go‘r to‘g‘rilaydi, deyishadi-ya. Yana bunga boy ota shafqat ko‘rsatib o‘tirib-dilar. Hoy, ko‘zingni och, boy ota biron-bir tilagi bo‘lsa, aytsin, deyaptilar.

Arslon xuddi arvohlarni ko‘rayotgandek baqrayib turaverdi. Qarshisida turganlar «e, bor-e» deya g‘azab bilan qayrilishganda, o‘ziga keldi.

— Tilak?! Boy aytgan so‘zida turadimi? Bo‘pti, ishondim. Agar sazoyi qilishsa, otamni, ukalarimni tashqari chiqqani qo‘yishmasin…

Yerto‘la devori qahqahadan cho‘chib tuproq to‘kdi. Ikki kishi bir-biriga qarab qorin ush-lagancha qotib-qotib kulishardi.

— Bo‘pti. Boy ota hech qachon so‘zlarini qaytib olmaganlar, — dedi nihoyat ulardan biri qo‘li biqiniga yugurib.

Sazoyini u birda ko‘rgandi. Eshakka teskari mindirilgan, qora surkalgan yuz-ko‘zi qon-ga bo‘yalgan kishiga odamlar ayamay tosh otishardi. «Ota, ularga ayting, tosh otishmasin, otishmasin!» O‘shanda u otasiga yopishib yig‘lagandi… Endi o‘zi qora eshakka teskari o‘tqazilgan, yuziga qorakuya surkalgan. Namuncha bu qishloqning ko‘chasi ko‘p bo‘lmasa? Hali u ko‘chadan, hali bu guzardan olib o‘tishadi. Tomoshani sog‘inib qolishiptimi, yo Lochin o‘g‘ri deganlarini bir ko‘rvolay, unga tosh otib savob orttiray, deyishiptimi, yaqin-atrofda odam qolmay kelipti o‘ziyam. Ko‘chaning ikki tarafidan tosh yog‘ilar, yuziga, qo‘liga, ko‘kragiga kelib urilar, lekin Arslon qaddini egmasdi. Ie, quramalik qo‘ychi boy ham keliptimi? Yonidagi xizmatkori unga tosh uzatib turibdi. Uch yuzta qo‘yini haydab ketib, kambag‘al tog‘liklar ulashib berishuvdi, endi uch yuzta tosh otar ekan-da. Qutiulug‘lik boy ham keptilar-da. Ular kelmasalar, kim kelardi. O‘nlab chaqirim joydan tomosha o‘chlar kelishsa-yu, bu kishim ikki qadam naridan kelmasalar uyat-da. Mitti ko‘zlarining huzurdan qisilganini… Mayli, bir yayrab qolsinlar. Ana-ana, u kishining yonlarida qamag‘anlik boy tosh g‘ijimlab turibdilar. Oting, otaqoling, bir xalta tillaning alami chiqishi osonmi? Sazoyi bir umrga cho‘zilmaydi-ku, vaqt borida otib qoling…

— O‘g‘riga o‘lim!
— O‘g‘irlik qilgan kishining jazosi shu! O‘zing qaytar bu gapni, o‘zing qaytar!
— Boshingni eg, sharmanda, yo tosh bilan egib qo‘yaylikmi? Butun qishloqni nomusga o‘ldirding…

Zildek so‘zlar quloqlarining yonidan toshlardan qattiqroq vizillab o‘tardi. Lekin yuz-ko‘zini qonga bo‘yagan toshlar ham, yuragini kemirgan so‘zlar ham bo‘ynini egdirolmadi.

Olomon ayovsiz tosh otardi. Nogoh Arslonning ko‘zi «osmondan uyiga boylik tushgan» hamqishloqlariga tushdi. Ularning yuqori ko‘tarilgan qo‘llari o‘z-o‘zidan bo‘shashib, toshlari oyoqlariga tegdi. «Nega toshni tashladinglar? Otsalaring-chi, boy bergan donini tortib olmasin tag‘in!» To‘rt juft ko‘z bab-baravar yerga tikildi, boshlar egildi.

Bularning beshinchisi, imoni bor odam kelmadimikin? Ie, ana-ku! Yoningizdagilarga pichirlashning vaqtimi hozir? Tezroq yerga engashing, tosh deganga qiron kelgani yo‘q, oting, otib qoling imkon borida.
Imoni bor hamqishloqning yonidagi odamlarning yuzlari qizarib, qo‘llaridagi toshni bildirmasdan chetga tashlashdi.

Yo‘llar namuncha uzun bo‘lmasa? Qo‘rg‘ongacha hali qancha bor? Yiqilib qolmasa bo‘lgani. Yo‘q, zuvillayotgan toshlar badanini og‘ritmaydi, o‘limdan qo‘rqmaydi u. Lekin hushidan ketmasa bo‘lgani. Hushidan ketsa, boshi egilib qolishi mumkin. Hushidan ketmasa bo‘lgani…

Arslon o‘ziga g‘amgin tikilib turgan qadrdon chehrani ko‘rib hushyor tortdi. Bir sil-kinuvdi, ko‘z oldini olgan qon nari ketdi. Turdiboy-ku! Ukaginam, yig‘lama, boshingni baland ko‘tar. Men nima uchun o‘layotganimni sen hammadan oldin tushunasan. Boshingni baland ko‘tar!

E, voh, yana qayoqqa opketishyapti? Terakzorga kelishdi-ku? Nahotki ko‘chalaridan olib o‘tishsa? Boy so‘zida turmasmikin? Otajon, ukajonlar, o‘tinaman, meni kechiringlar…

Butkul holdan toygan Arslon egilib qolishdan yanada ko‘proq qo‘rqa boshladi. Darvozalari oldiga yetganda, dodlavoray dedi. Titrab-qaqshab turgan ayollar orasida onasini ko‘r-di. Onasi ko‘zlarini yengiga artib, unga tikildi. «Onajon, yomon tush ko‘ribman». «Tushni yomon demaydilar, bolam». Hozir birinchi marta ilojsizligidan qattiq o‘kindi. Qani endi qo‘l-oyog‘ini yechishsa-yu, boydan bir alamini olsa… Alamini ooollsa… Keyin nima bo‘lsayam… To‘satdan boshi egilayotganini sezib qoldi. Alamidan hayqirgisi keldi. Namuncha bu eshak sekin yurmasa? Lochinim qayerdasan? O‘limga o‘zing olib borsang, bo‘l-masmidi?!

Qo‘rg‘onga yetganida eshakni to‘xtatishdi. Arslonning qo‘l-oyog‘ini yechmoqchi bo‘lib borgan xizmatkor uning ko‘zidagi tig‘ sanchayotgan ta’nani ko‘rib iziga qaytdi. Osimboy qamchi aylantirib tushiruvdi, qo‘rqqanidan yuragi taka-puka bo‘lib eshakka yaqinlashdi. Boshini mag‘rur ko‘targan Arslon qimirlamay turardi. Unga qo‘l tegizdi-yu, xizmatkor boyning qamchisidan ham qo‘rqmay orqasiga qaramay qochdi…

O‘likni qishloq qabristoniga ko‘mishga qo‘yishmadi. Lochinxonada yolg‘iz qabr do‘mpaydi. Oqshomlari qabr oldiga bir o‘spirin va bir ot kelardi. Ular ikki tungacha bir-birlari-ni ko‘rishmadi. Uchinchi oqshom uzoqroq qolib ketgan ot egasi o‘lgandan keyin birinchi bor odamdan qochmadi. Ikkov qabr oldida tonggacha qolib ketdi. Tongda esa, daryo kechishdi…

Qishloqda bir oygacha sazoyi haqida gapirishdi. Bir oydan so‘ng esa boshqa gap topildi – boyning uyiga o‘g‘ri tushib, ship-shiydam qilib ketibdi.

1982 yil, Ispisor

ALAM

Sinfdoshim O‘ktam xotirasiga

Onda-sonda tomchilayotgan yomg‘ir do‘lga aylandi. Panaga o‘tayotgan yonidagi kishilardan biri Kenjaning qo‘ltig‘idan oldi. «Yur darvozaxonaga, ivib ketasan-ku butkul!» U joyidan siljimadi. Qo‘ltiqdan tutgan qo‘l bo‘shashdi. «Kenja, uka, nima qilasan endi, aslida u seni tepib-tepib ko‘mishi kerak edi-yu… Olloning irodasiga bir narsa deb bo‘larmidi. O‘zi bog‘ yaratgan, gulzor yaratgan. O‘zi bog‘bon, istagan gulini o‘zi istagan paytida qirqib oladi… Yaratganning qo‘lida-da hammasi. Yur buyoqqa-ey!..»

Uni sudraguday qo‘ltiqlab borib, o‘tqazib qo‘yishdi. Kenja bir kundayoq qorayib ketgan, ko‘zlari ich-ichiga botgandi. O‘zining tusidagi o‘zgarishdan xabari yo‘q, dardini ichiga yutishga shunchalik urinishga qaramasdan, odamlarning unga achinishlaridan hayron edi. «Nega menga achinishadi, o‘zlari aytmoqchi tirik bir kunini qiladi-ku. Go‘yoki o‘g‘lim emas, men o‘lgandayin…»

«Kenja qo‘shnikidan ugra chiqarishibdi, yarim kosagina ichvol. Ichsang-chi, kechadan beri og‘zingga tuz totganing yo‘q-q! Yo ichkariga kirasanmi?.. E, odam degan o‘zidan kattaning gapiga kiradi-da. Bu dunyoga hammamiz ham mehmonmiz. Baribir bittamiz oldin, bittamiz keyin…

«Voy, bolam, voy, bo-lam, — ichkaridan ayol kishining bo‘g‘iq ovozdagi nolasi eshitildi. – Sengina sovuq tuproqqa kirmasdan, men o‘lsam bo‘lmasmidi, bo-lam! Ko‘zimning oq-qorasidan ajraldim, odamlar…»

«Xotinlar kelishdi, chog‘i. Ularga yaxshi-da, yig‘lab-siqtab yurak bo‘shatishadi.» «Ken-javoy, ukajon, bundoq ko‘zingga yosh olsang-chi, xotinlardan uyalib o‘lyapman, bittayu bitta o‘g‘lini ko‘msayam, diydasini buzmaydi, deyishyapti». «Opajon, yuragimni yulib olib ko‘rsa-taymi o‘shalarga!»

«Aqalli manovi suvni ichvolgin», — Kenjaning g‘uldullayotganidan savdoyi bo‘pqol-dimi, deya cho‘chigan yonidagi kishi uning yelkasidan tutib silkitdi.

Yelkasidan uzib olgudayin tutgan qo‘l tinmay silkitardi. U qo‘ldan tutdi-yu, egasiga qarab qotganicha qoldi. Yengi uzun oppoq ko‘ylak kiygan kishining boshi yo‘q edi. Kenja qo‘l-ni qo‘yvorib, ortga tislandi. Orqasi devorga tegib to‘xtadi.

— Dada, nega mendan qo‘rqyapsiz? Meni tanimayapsizmi?
— Tur… Tur… Tursunboy! O‘g‘lim! Gavdang, ovozing o‘xshayapti. Lekin… bosh… boshing qani?
— Boshim?! Mana-ku, ko‘rmayapsizmi?

Yo, tovba! Agar yelkalaridagi engashgan bo‘yin bo‘lmaganda o‘zini Tursunboy deb atayotgan, ovozi quyib quygandek o‘g‘lining ovoziday bu kimsaning boshini u ko‘krakdan o‘sib chiqqan deb o‘ylardi. Bosh ko‘krakka shunday yopishgandiki, faqat soch ko‘rinardi, xolos. Yerga yotvolib qaraganingdan so‘nggina quyi tikilgan ko‘zlarni, qosh, yuz, burun, og‘izni ko‘rishing mumkin edi.

— Boshingni ko‘tarib gapir, o‘g‘lim!

— Dada, so‘zingizni qaytib oling, darhol qaytib oling, sizning ko‘zingizga qarab gapirish gunohi azim-ku! Qo‘tardim deganimcha, boshim uzilib ketadi. So‘zingizni qaytarib oling, o‘tinaman, dadajon! Bobom eshitib turibdilar. Ana, supaga qarang o‘zingiz!

Hovuz chetidagi loysupaga sholcha to‘shalgan. Uch qavat ko‘rpachada qo‘shyostiqqa yonboshlagan norg‘ul cholning labida istehzo. Supadan pastda tizzalagan, boshi egik turgan kishi titroq qo‘llarini yashirishga urinadi.

-Bittayu bitta o‘g‘il deb bevosh qilvoryapsan, Kenja. Otasiga sapchiy deb turibdi-ya. Bizlar otamiz yotgan uyga kirolmasdik, tomiga chiqolmasdik. Ota tugul, yetti yot begona yo‘lda borayotgan bo‘lsa, yoshini izzat qilib, undan o‘tib ketolmasdik. Bu mushtdek boshidan ko‘zlarini chaqchaytirib, senga gap qaytaryapti. Oxirzamonning bolasi-da. Lekin haliyam kech emas. Niholligida egib ol. Tiysang, tiyding, yo‘g‘asam, naq boshingga chiqvoladi. Bo‘yningga arqon solib, eshak qilib minadi. Bolaning o‘ziga qo‘yib bersang, nima noma’qulchiliklar qilmaydi!..

Kenjaning hassa tutgan qo‘li qaqshadi.
— Qo‘lingiz og‘ridimi, dada, hozir qulog‘imni kesib tashlayman. Hali sizning qo‘lingizga ozor beradimi…

«Agar yana bir marta chaqchayganingni ko‘rsam, ko‘zlaringni o‘yvolaman. Gapga gap qaytaradigan bo‘lsang, tiling uzvolib, itni to‘ydiraman. Bobongning tahorat suvini aytganida obormasang…» Dag‘al qo‘l nozikkina quloqni ayamay burardi. Bolaning miq etmay turganiga chidayolmay yuz-ko‘zi aralash ustma-ust shapaloq tortadi.

— Qo‘ying, dada, nima qilasiz, o‘tgan gaplarni eslab. Ota degan o‘g‘lini koyiydi, uradi-da. Yomon bo‘l, deganingiz yo‘q-ku…

Kenja boshi ko‘kragiga yopishgan o‘g‘lining quloqlaridan, qip-qizil go‘shtga aylangan quloqlaridan sira ko‘z uzolmasdi. Qo‘lidagi og‘riq tobora kuchayib borardi…

Shom qorong‘usi tushgandi. Ishdan charchab kelgan Kenja qoratol soyasida cho‘zilib yotgandi, ko‘cha tomondan birov to‘xtovsiz chaqirdi. Xushlar-xushlamas qo‘zg‘algan Kenja hovliga xomush qaytdi. U yon-bu yon alanglab, o‘g‘lini qidirdi. Bir nima esiga tushib, poliz tomonga o‘tdi. Qorong‘ida oyog‘i suvga tushib ketib, g‘ijinib so‘kindi. Picha joyida turib, atrofga quloq tutdi. Suv shildirashiga qo‘shilib ketayotgan g‘o‘ng‘illagan ovoz tomon tusmollab yurdi. «Ha, boyvachcha, yulduz sanab yotibdilarmi?» Osmonga tikilib, xirgoyi qilib yotgan bola sakrab turdi. Xayriyat, otasining qorong‘ulikka ko‘zi o‘rganmayotgani, yo‘qsa, uning qiyofasidagi oshkora norozilikni aniq sezgan bo‘lardi.

— Ashila aytib yotibsizmi? Hamma gapni otangiz eshitsin, siz bemalol yulduzlarga ko‘z urishtirib yotavering… Ho‘v, san bolaning dastingdan mahalla-ko‘yda bosh ko‘tarib yurolmaydigan bo‘pqolaman, chog‘i?

— Dada, men nima qilyapman? — yurak yutib javob qaytaradi bola.

— Tilingni uzvolaman deganim chap qulog‘ingdan kirib, o‘ngidan chiqib ketdimi? Nega o‘zingdan kattalarni pisand qilmiysan? Nega chap qo‘shni bilan suv talashding?
— Dada, o‘zingiz poliz suvsab ketibdi, degandingiz. Anhordan suv ochib kelsam, u tayyorga ayyorlik qilib, bo‘g‘volipti. Ikki og‘iz gapirdim-da, suvni ochvoldim.

Qulochkashlab tushgan shapaloq bolani yerga qulatdi. Ota endi tepishga oyoq ko‘targandi, oraga ayol ko‘ndalang bo‘ldi.

— Dadajonisi, kim nima desa, surishtirmay, o‘g‘limni uraverasizmi? Uch kungacha ariq qurib yotuvdi. Shu yomon o‘g‘lingiz anhorga tushib, quvurga tiqilgan toshni obtashlamasa, suv qayoqdaydi. Beli og‘rimagan qo‘shni ham ekinini sug‘orvolib, ham bolaginamni kaltaklatadimi?

— Xotin kishi bola tarbiyasiga aralashdimi, Xudo urdi-ketdi. Kelin, bor, yamoq-chamog‘ingni qil, — polizning o‘rtasidagi supa ustida yonboshlagan chol Kenjaning qo‘lidan tutdi. – Uning ko‘zlarini ko‘ryapsanmi, agar sen menga aqalli bir marta shunday qaraganing-da, naq qorachiqlaringni o‘yvolardim. Otasining ko‘ziga tik qaragan o‘g‘ilning ikki dunyosi kuyib ketadi. Ha, ikkala dunyosi! Haliyam, bolaga tarbiya berishni o‘rganmapsan. Farzand hammagayam shirin.

— Dada, nima qilay, mushtdayligidan o‘zidan kattani izzat-hurmat qilishni qulog‘iga quyib kelyapman.
— Yomon quygansan, yomon. Qo‘lingdan kelmasa, menga qo‘yib ber…

Supa poliz ortiga o‘tib ketdi. Kenjaning otasi tomon yozilgan iltijoli qo‘llari havoni kesgancha qolaverdi. U alamidan qo‘llariga kuch berdi. Bolani yelkasidan changallab yerto‘la tomon sudradi…
— Dada, dadajon, yuring, bu yerdan ketaylik, yuring!..

Yonida hech kim yo‘q, lekin qo‘lidan birov ushlab tortayotgandayin. O‘rnidan qo‘zg‘al-moqqa urindi-yu, bo‘lmadi.

«Voy, iloyim, qo‘shnining uyi kuysin, uyginasi kuysin. Huv, o‘sha bolaginamni yomon-lagan tili lahatda chirisin. Bittayu bitta o‘g‘lim kalamushlarga yem bo‘lay depti-ya…»

«Ovozingni o‘chir, sharmanda», deya xezlanib borayotgan Kenja xotini quchoqlab olgan o‘g‘lining holsiz osilib turgan gavdasini ko‘rib yugurgiladi. Tursunboyning yuzida qon qolmagan, a’zoi badani qaltirardi, lablari titrarmidi, pichirlamoqchi bo‘lib qimirlar-midi… Yana bir qadam tashlagandi, yerto‘laga tushib ketdi. Bilaklaridan, boldirlaridan, ko‘kragidan, yelkasidan har biri mushukday-mushukday kalamushlar tishlab tortishardi. Ana, quloqlarini yeb qo‘yishdi, bittasi burnini g‘ajiyapti, bittasi…

— Dada, siz ketmasangiz, men butunlay ketaman, keyin sirayam qaytib kelmiyman!

Kenja qarshisidagi boshi ko‘kragiga yopishgan o‘g‘liga iltijoli termuldi. « Men… men seni nobud qildim, o‘g‘lim. O‘sha o‘qituvchingning xatosini ko‘rsatganingdan keyin, u «qanaqa bola o‘stiryapsiz, odamning yuz-ko‘zi bor, demaydi»lab arz qilib kelganidayam, yangi ish boshlaganingda «noto‘g‘ri buyruqni bajarmiyman», deb boshlig‘ing so‘zini ikki qilganingdayam, seni urishib… e, har kuni umringni egovlab bordim, bolam, kechir otangni…»

— Dada, men ketyapman. Agar hozir yurmasangiz, ko‘p ajoyib tomoshadan quruq qolasiz.

Kenja asta o‘rnidan qo‘zg‘alib, oppoq kiyimi badaniga yopishgan o‘g‘liga ergashdi. Hozir uning ortidan yurmasa, o‘g‘lidan bir umr ajralib qolishiga ko‘zi yetib, tezroq yurmoq-chi bo‘lar, lekin oyoqlari, tosh bog‘lagandayin oyoqlari o‘ziga bo‘ysunmasdi. Qarshisida bir qo‘lida qon chakillab turgan ko‘ylakcha, bir qo‘lida katta, naq qilichdek igna tutgan, qordek ro‘moli ko‘ylakchaga tegay-tegay deb hilpirayotgan ayol chiqib, oyog‘idagi tosh yuz chandon og‘irlashdi. «Q-qayerda ko‘rgandim sizni», Kenja ming azobda yarim qadam qo‘ydi. Ayol ro‘molini hilpiratib, ignani o‘ynatib, ko‘ylakcha bilan yuzini to‘sib uchib ketdi.

«Dada!- Tursunboy alamli qichqirdi. – Katta momomni tanimadingizmi?» «Taniganda nima, — ota-o‘g‘il o‘rtasida supa o‘sib chiqdi. Qo‘shyostiqqa yastanib olgan bobo ko‘zlarida qaxr yonardi. – qatta momomish? U otangga buvi bo‘lsa, menga ona bo‘ladi. Hammangdan ham menga yaqinroq. Lekin men undan uzoq yurdim. Kenja, bu aqlini yeganning gapiga quloq sol-ma. Oxirati kuydi uning!»

Kenja ayamasdan miyasiga o‘t sochayotgan quloqlarini berkitib oldi. O‘g‘lining lablari qimirlamasdi. Lekin ota uning hikoyasini baralla eshitardi.

… Katta momojonim. Nega o‘shanda bitta himoyasiz ayolga kuchi yetgan nomardlarga ignangizni tiqvolmadingiz? «Hokimiyam, oqsoqoliyam bir go‘r ekan. Bir ko‘ppakning ustidan ikkinchisiga shikoyat qilib boribman. Adolat qilamiz, deganiga laqqa ishonib, arzga borib-man-chi…» «Momojonim, momojonginam, boshingizga so‘yil ko‘targan qo‘llarni, biqiningizni tepkilagan oyoqlarni ignangiz bilan uzib tashlamaysizmi? «Mening ustimdan chaqimchilik kilganning urug‘ini quritaman», degan tilni shartta uzvolmaysizmi? Men nega bunday deyapman? Haqqim yo‘q, haq-qim yo‘q!.. Uh, nomardlar-a, uch davangirning kuchi bittagina ayolga yetdimi? Siz-chi, bobo, hoy supangizdan tushing, siz oq sut bergan onangizni urayotganlarini, tepayotganlarini, xo‘rlab-xo‘rlab o‘ldirayotganlarini qanday qilib tomosha qip tur-dingiz? Ko‘zlaringiz oqib tushmadimi? Keyinchalik otamga nasihat qiladigan tilingizni o‘shanda chaynab-chaynab tupurib tashlasangiz bo‘lmasmidi?.. Nega o‘ylamay-netmay gapiryap-man? Haqqim yo‘q bunga, sira haq-qim yo‘q!..»

«So‘rashga haqqing bor, jiyan! Agar sen so‘rashdan tortingsang, mana men so‘rayman». Tursunboyning yonida norg‘ul kishi paydo bo‘lishi zahoti supa turgan yer cho‘ka boshladi. O‘rtadagi jarlikka kirib ketgan supa ko‘rinmay qoldi.

«Jarlik tugul, jahannamga berkinsang ham, endi qutulmiysan! O‘shanda onamni, onangni o‘ldirishayotganda qanday chidading? Bilaman, javobing tayyor doim, hali bola edim, ularga kuchim yetmasdi, deysan. Lekin og‘zinggayam kuching yetmasdimi? Dodlab, qo‘shnilarni chaqirsang, bo‘lmasmidi?! Bor, mayli, dodlashga ham kuching yetmagandir. Xo‘sh, keyin-chi, nimaga onangning qotillari bilan olishish o‘rniga, ularning tovonini yalab yurding?!

«Bitta olishgan senmi, — jarlik tubidan bo‘g‘iq ovoz keldi. – Yigit yoshingdayoq sovuq yurtlarda naq suyaging chirib ketuvdi. Menga ko‘p gerdayib qarama. U yoqdan qaytib hokimni o‘ldirgan bo‘lsang, uning o‘g‘li qoldi, oqsoqolni chopib tashladim, deysanmi, lekin sen o‘shanda uning o‘g‘illari qanday tish qayrayotganlarini ko‘rmading. Borib-borib botirliging boshingga yetgani yolg‘onmi?»

«Bo‘ldi, bo‘ldi…» Kenjaning miyasi zirqiradi. U amakisini oxirgi marta qachon ko‘rganini eslashga urindi. O‘shanda amakisining o‘zi tengi o‘g‘li bilan o‘ynagani borgandi. Amaki ko‘chadan qovog‘i soliq, o‘ychan qaytdi. Choy ichib o‘tirib, ustma-ust «uh» tortdi. «Nega «uh» tortasiz, deysan-a, xotin, bo‘g‘ilib ketyapman, bo‘g‘ilib… Bugun yana bitta begunoh odamni opketishdi. Bola-chaqasi chirqiragancha qolaverdi. Boya o‘sha temirchini surishtirgani boruvdim, birontasi lom-mim demadi. Boshlig‘iga kirib aytdim, temirchi xalq uchun jonini jabborga bergan odam, yurtini deb o‘limga tik boradi. Kimningdir chaquvi bilan to‘g‘ri odamning sho‘ri quriyveradimi, dedim. Yaxshi odam ko‘rinadi. «Xo‘p-xo‘p, hisobga olamiz, surishtiramiz, aybi bo‘lmasa, qo‘yvoramiz, kelganingiz yaxshi bo‘ldi, dedi. Zora chiqarvorsa…» Ko‘cha eshik to‘xtovsiz taqillab, amakimning so‘zi og‘zida qoldi. Amakimning o‘g‘li yugurib borib eshik ochdi. Hovliga birin-ketin uchta odam kirib keldi. Uchoviyam notanish, uchovining ham turqidan bir narsa anglash qiyin, nigohlar sovuq, tund. Ular uy egasining kimligini so‘ragandayin bo‘lishdi-yu, ikkitasi hammayoqni titkilashga tushdi. Bittasi so‘roq boshladi.

— Temirchiga kim bo‘lasiz?
— Qo‘shni.
— Birga o‘tirib-turarmidilaring?

— Ha, bir mahallada yashagandan keyin. Ma’rakalarda, choyxonada, ko‘cha-ko‘yda.
— U qanaqa odam edi?
— Edi, deysizmi?.. Nega endi edi?..

— Savolni men beraman, siz aniq, lo‘nda javob bering! Tushundingizmi? Xo‘sh, temir-chi qanaqa odam edi?
— Yaxshi odam. To‘g‘riso‘z, haqiqatchi.

— Hm, haqiqatchi, deng, — sovuq nigohlar yaltilladi. – Siz onangiz haqida yoshlarga gapirib berarkansiz-a? Har kishi o‘zining qadriga yetishi kerak, xalq boshida o‘tirganlarning hammasiyam xalq dardini tushunavermaydi, debmidingiz?

— Desam, degandirman. Onam haqida qancha gapirsam arziydi. Erkaklar bir yoqda qolib, boylar zulmiga u kishi qarshi chiqqanlar.
— Bo‘ldi! Yetarli! Manovinga qo‘l qo‘ying! Endi o‘rningizdan turing, ketdik!

— Qayoqqa? Nega?
— Hammasini borgan joyingizda bilasiz.

Kennoyim hovlini boshiga ko‘tarib dodladi. Haligi so‘roq qilgani bir o‘qrayuvdi, kennoyimning ovozi pasayib, hiqillashga tushdi. «Bu anglashilmovchilik. Haq joyida qaror topadi. Poshsho zamonlari o‘tib ketgan.» Amakim mung‘ayib qolgan hovlidan uch kishi qurshovida qaddi g‘oz, mag‘rur chiqib ketdi…

«Esingdami, o‘shanda senga nima deyishdi? — jardan ovoz chiqdi. – Xalq dushmanining do‘sti hech qachon xalqqa do‘st bo‘lmaydi!»
«Kim do‘st, kim dushmanligini hayot ko‘rsatdi-ku», amakining ovozi alamli titradi.

«Eh-he, hali ungacha… Sen yaxshi odam ko‘rinadi, deb o‘ylaganing, «kelganingiz yaxshi bo‘ldi», degan boshliqni o‘shanda tanimading-a? Ustingdan ariza yozdirgan, seni xalq dush-maniga chiqarganning kimligini ham bilmasding. Ularning biri hokimning, ikkinchisi oq-soqolning o‘g‘li edi… Sen yo‘q bo‘lib ketaverding, ular aysh suraverishdi. Buyoqda mening bo‘ynimga «xalq dushmanining akasi» tavqila’nati osildi. Men bo‘ynimni qisib, zamon tinchiguncha gadoytopmas kavaklarda jon asradim».

«Sen asli kavak uchun yaralgansan!»

«Pichingingni pishirib ye. Nima bo‘lgandayam, men yoshimni yashab, oshimni oshadim. Sen-chi, sen, o‘g‘lingniyam boshiga yetding! U sendan norozi bo‘lib ketdi!»

Amaki cho‘kib qoldi. Supa ko‘tarilib chiqib, jarlik ko‘rinmay ketdi. Supada soqoli-ni silagancha o‘tirgan aka tobora kichrayayotgan akasiga viqor bilan boqardi.

«Dada, bu odamning gaplariga ishonmang. U og‘ziga kelganini valaqlayveradi, — Ken-ja supaning nariyog‘ida amakisi tomon borayotgan amakivachchasini ko‘rdi. U yaqinlasharkan otasining gavdasi tiklashaverdi. — O‘shanda… Sizni opketishgandan keyin bu menga otalik qilmoqchi bo‘lgan. Otang o‘rniga otangman. Men seni aslo yomon bo‘l, demiyman, so‘zimga quloq tutsang, sira kam bo‘lmiysan, degan. O‘zingdan atigi bir yosh katta bo‘lsayam katta, jilla qursa, bitta ko‘ylakni ko‘p kiygandir, uni albatta hurmat qilgin, nima desa, xo‘p degin, kichkina rahbar bo‘lsayam, baribir rahbar, hali ishlaganingda bilasan, rahbarning so‘zini sira ikki qilmagin, deya nasihat qilardi…»

«Nima, noto‘g‘ri nasihat qilgan ekanmanmi? Ana, o‘zboshimchalik qilib, sen nima bo‘lding? Kenjayam senga o‘xshagan sarkor edi. Kattalarga xo‘p deb, shox-poxi uzilib tushdimi?

«Bor narsa uzilib tushadi-da… Dada, siz eshitmagansiz. Bir yili yozda jala, do‘l yog‘ib, g‘o‘zani nobud qildi. Javzo oyoqlagan, kattalar kelib, biz hech narsani bilmiymiz, chigit ekasan, davlatga paxta kerak, deb turvolishibdi. Hoy, insonlar, sizlarning ham ota-bobolaringiz dehqon o‘tgan, shimollik odam nimani bilardi, qilgan mehnatimiz, sarflagan xarajatimiz hayf bo‘ladi, shuncha yerdan olsak, bir etak paxta olamiz, o‘shaniyam qish izg‘irinida, odamlarniyam o‘ylaylik, boshqa ekin ekaylik, desam, hech ko‘nishmaydi-da. Biri qo‘yib, biri baqiradi, sendan boshqa, sendan yaxshiroq o‘ylaydiganlar bor, davlatga paxta kerak, dedikmi, paxta kerak, qaytadan chigit ekasan, yo‘qsa, sarkorlikni havas qiladiganlar navbatda qatorlashib turibdi, deyishdi. Qarasam bo‘lmaydigan, yerni haydadik. Ular bergan chigitni ko‘zdan panaroqqa yashirib, boshqa urug‘ ekdik. Ana undan keyingi g‘alvani ko‘ring…»

Kenja qochgani joy topolmay qoldi. Orqaga qayrilay desa, kimdir darhol burib qo‘yadi. Oyoq ko‘taray desa, birov qattiq tortadi… «O‘shanda qishloqda ilonning bolasi ilon bo‘larkan-da, degan gap tarqaldi. Ko‘cha-ko‘yda bosh ko‘tarib yurolmay qoldim. Go‘yoki har bir o‘tgan-ketgan manovining amakivachchasi paxta dushmani ekan, qamalibdi», deya ko‘rsatayotgan-day. Men ahmoq oilangdan xabar olish o‘rniga, ular bilan bordi-keldimiz yo‘q, debman so‘ragan-so‘ramaganga. O‘sha yili qishloq xalqi sabzavotga, moli xashakka to‘ydi. Kuzga borib, odamlar sarkor nohaq ketdi, aslida u to‘g‘ri qilganakan, mana Kenjaning yeridan bir aravayam paxta chiqmadi, deb burchak-burchakda pichirlashganda, yer yorilishini tiladim. Lekin u haq edi, deya hech kimga, hech qayerga borib aytolmadim… Sen bo‘lsang… u yoqdan sog‘ligingni yo‘qotib, ozib-to‘zib, ranging sarg‘ayib qaytding va bir yil o‘tar-o‘tmas…»

Kenja amakivachchasining g‘azabli qarashiga chidayolmay ko‘zlarini olib qochdi. Shu zahotiyoq uning boshini tag‘in amakivachchasi tomon burib qo‘yishdi. Qarasa, buvisi, amaki-si, o‘g‘li yonma-yon ketib borishardi. Tursunboy ularning ortidan emaklardi. «Qayoqqa, qayoq-qa ketyapsizlar?» Qarindoshlariga yetib olmoqchi bo‘lib ildamlagan Kenja supaga urilib yiqildi. U boshini ko‘tarib supaga tirmashuvdi, otasining o‘qraygan ko‘zlaridan qo‘rqib ketdi. Biroq ko‘zlarini olib qochmadi. Horg‘in, g‘amgin, o‘ychan ko‘zlar supaga qadalgancha turaverdi. Supa joyidan siljib, quyiga otildi. Uning o‘rnida paydo bo‘lgan jarlik Kenjani uzoqlashib borayotgan oppoq ko‘ylakli to‘rt kishidan ajratib qo‘ydi. «Baribir yetvola-man, yetvolaman». Kenja oyoq qo‘yishi bilanoq zim-ziyo yerto‘laga quladi. U yon emakladi, bu yon emakladi, biron-bir tuynuk yo‘q. Tashqaridan suvning shovullagani eshitilardi. Shovullash to‘xtovsiz kuchayardi. Kenja g‘uvillayotgan quloqlaridan kaftlarini olgancha devorga yopishdi. Devor ortida soy bor-ku! Ana o‘g‘li qirg‘oqda o‘ylanib turibdi. O‘tma u yoqqa, o‘g‘lim, o‘tma! Kim u o‘g‘lining orqasidan itarayotgan? «Ishonganimiz sen, Tursunboy uka, bu yoshlarning qulog‘iga gap kirmaydi, yurak deb, o‘pkani qo‘ltiqlab yurishibdi bari. Suvning pasayishini poylab o‘tiraversak, mollar ochdan harom o‘ladi. Ie, nega qadaming tortmaydi? Ilgari necha martalab o‘tgansan! Qani, hayda mashinani!» Tovba, raisning afti o‘ziga o‘xshab qoptimi? Tursunboy ortiga qarab bir xo‘rsindi-yu, kabinaga o‘tirdi… Kenja tirnoqlari bilan devorni ko‘chira boshladi. Tezroq bu qafasdan qutulishi, o‘g‘lini qutqarishi kerak. Barmoqlari achishib og‘rir, devor esa qalin edi. O, mashina lapanglab soyga kirdi-ku! Ana, suvning o‘rtasiga yetib boryapti. E, tiqilib qoldi. O‘g‘lim, Tursunboy, tushaqol, bolam, tezroq qir-g‘oqqa o‘t. Tezroq!» Hozir balo-qazoday, tomdan baland suv bostirib keladi. Tursunboy, tushaqol! Nega ovozimni eshitmayapsan? Suvni ko‘rmayapsanmi? Hozir mashinangni ag‘daradi, keyin o‘zingni…

Tishlari shamshirdek hayvonlar miyasini g‘ajib-g‘ajib, yuragiga o‘tishdi. Uray desa, qo‘li, tepay desa, oyog‘i yo‘q. Shovqin solib qo‘rqitay desa, tilini allaqachon kemirib bo‘lishgan. Faqat yuragi qoluvdi, endi uniyam…

Yumshoq qo‘llar avval yuzini siypaladi. Asta-asta choponidan tortib, yerto‘ladan sudrab chiqa boshladi. O‘tkir yorug‘likdan ko‘zi qamashib ketdi…

— Chiroqni o‘chiraylikmi, bobojon, — Kenja tikila-tikila ro‘parasidagi uzun to‘n kiyib olgan bolani, Tursunboyning o‘g‘lini bazo‘r tanidi. – Qorong‘i tushgani qachoniydi, shuncha ichkari kir, deyishsayam, kirmadingiz. Keyin meni chaqirishdi. Qarasam, uxlab qolgan ekansiz…

Bola yerga qarab gapirardi. Uning boshi ko‘kragiga egilib borardi. Yana picha egilsa, yopishib qolishi mumkin. Kenja o‘rnidan irg‘ib turdi.

— Boshingni ko‘tar! Ko‘zimga qarab gapir! Namuncha ming‘illaysan? Shartta-shartta gapir!

Bola indamay turgandi, Kenja uning tomog‘idan ushlab, boshini ko‘tardi. Bobosiga ko‘zi tushgan bola yig‘lavordi va yana boshini eggancha ichkariga yugurib ketdi.

Kenja alamidan titrar, qo‘lidagi hassani tinmay boshiga urardi.

O’rinboy Usmon. Spitamen qotili. Hikoyalar by Khurshid Davron on Scribd

0 content.JPG

(Tashriflar: umumiy 471, bugungi 1)

Izoh qoldiring