Erkin A’zam. Chiroqlar o’chmagan kecha

Ashampoo_Snap_2016.11.26_21h47m00s_003_.png    Бу хонада ҳамма нарса бор эди: музика ҳам, рақс ҳам, кулги-қаҳқаҳаю майин пичирлашлар ҳам; яна қадаҳлар, ялт-юлт безаклар, мастона муомалалар, ойдин чеҳралар… Бўлма деворлари, дераза ойналари гоҳо шовқин-сурон, турфа рақслардан зириллаб кетади.

Эркин АЪЗАМ
ЧИРОҚЛАР ЎЧМАГАН КЕЧА
09

07   Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (хозир Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факултетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат-инсоний эрк, хар қандай зўравонликка мунсабат масаласидир.

09

Бу хонада ҳамма нарса бор эди: музика ҳам, рақс ҳам, кулги-қаҳқаҳаю майин пичирлашлар ҳам; яна қадаҳлар, ялт-юлт безаклар, мастона муомалалар, ойдин чеҳралар… Бўлма деворлари, дераза ойналари гоҳо шовқин-сурон, турфа рақслардан зириллаб кетади.

Бурчакда янги тушган келинчакдай ясанган арча. Бошидан зар сочилган… Танаси оппоқ момиқдан, қўллари – шохларида ранг-баранг тақинчоқлар; турли-туман тангачалар чойшаби йўлига поёндоз. У бундай тангачаларни сахийлик билан ҳар ёққа сочган: ерга, ўртадаги узун столга, нозик ва бақувват елкаларга, соч толаларига…

Бир шох арча шифтга осилган. Тоғ арчаси. Уни кимдир атай тоғдан олиб келди. Кимдир шифтга илишни таклиф қилди. Кимдир унга бир неча дона ўйинчоқ тақиб қўйди. Учи ипга боғланган арча шохи энди стол устига эгилганча у ён-бу ёнга тебраниб турибди. Хона деворларида камалак жилваси: ялт-юлт, ялт-юлт…

– …Хуфия гурунгларга чек қўйилсин!
– …Овози мунча паст, кўтарсанг-чи, ановини!

– Лентаси яхши айланмаяпти…
– …Агар шу гал ичмасангиз, билиб қўйинг…

– Оламан, оламан. Янги йил киришида…
– …Эй болалар, рақсга талабгорлар борми?

– …Мардон, ҳў Мардон… Қулоғинг битиб қолганми, нима бало? Вали амаки…
– Неча марта кирдим олдиларига, қистаб кўрдим… Ўтирибдилар, бир ўзлари…

Бу хонада ҳамма нарса бор эди…

Қўшни бўлмада елкасига тўн ташлаган бир киши дераза токчасига тирсаклаб ўтирибди. Ёлғиз. Ёши олтмишларни қоралаган. Тирсаклари орасида чойнак-пиёла. Кўзи деразада. Баъзан токчанинг бир ёғида турган қўнғироқ-соатга қараб-қараб қўяди. Чой қуйиб ичади-да, мўйловини чопони енгига артади. Тағин деразага тикилади. Хаёли банд. Қўшни хонадаги шовқин-суронга ҳам парвоси йўқ.

У айни дамда қандай танҳо ўтирган бўлса, аслида ҳам шундай танҳо. Пешанасидаги ягона қизи ҳозир узоқ шаҳарда. Кеча куёвидан телеграмма келган эди. “Янги йилни бирга кутамиз. Дилшод ҳам боради”, дебди. Чол жонсарак бозор айланиб, керакли нарсаларни харид қилди. Байрам яқинлашиб шаҳарда арча қолмаган экан, қаерлардан бориб арча топди. Неварасига неча хил совға ҳозирлаб қўйди. Бугун пешиндан кейин келган телеграммада эса… “Ҳаво бузилгани сабабли уча олмадик”, дейишибди.

Қария бирдан бўшашиб, шалвираб қолди. Йиғлагиси келиб кетди. Неварасини қаттиқ соғинганди. “Падарларига лаънат бунақа ҳавонинг, келиб-келиб шундай кунда бузилмай!..”

Кейин… Қидириб-қидириб топишолмаганидан хабари бор эди, арчани болаларнинг хонасига ўтказиб қўйди. Бозорлиқларини ҳам. Кечқурун арчага чорпоя ҳам ясаб берди.

Чол таъби қоронғи бўлиб, номозгаргача каравотда қимирламай ётди. Сўнг, даҳлиздаги тапи-тезлару қувноқ овозлардан андак руҳланиб, ўрнидан турди; кўнгли¬да заиф бир умид ёнди: “Поездда келиб қолишар балки…”

Мана, ҳозир у ана шу хаёлда деразага илҳақ боқиб ўтирибди.

Қария ёлғизлик дардини бугун айниқса қаттиқроқ ҳис этди. Байрамда ҳар ким ўз яқинлари даврасида бўлишга интилади. Туғишганинг, сен кутган, кўнглинг тусаган одамлар эса, шундай дамда ёнингда эмас, узоқда – чорасиз масофада…

Чолнинг бу қиш байрамида биринчи марта ёлғиз қолиши. Ҳатто бултур ҳам янги йилни қизи, куёви, уларнинг тенг-тўшлари билан бирга кутганди. Қандоқ хушвақт ўтиб эди ўша кеча! Дилшод қорбобони кута-кута тиззасида ухлаб қолган эди…

Чол ўша гаштли кечани хотирларкан, бундай тотли чоғлар олис ўтмишида қолиб кетгандегу энди ҳеч қачон такрорланмайдигандек туюлди, юрагини аччиқ бир алам, армон ўртаб ўтди. Кампирини эслади, баттар эзилди. Кампири бурноғи йил бехос қазо қилганди. Юрак хасталиги бор эди раҳматлининг…

Кампирининг вафотидан сўнг, ижарада турган қизи билан куёви ёнига кўчиб келишди. Чўкиброқ қолган қария бирмунча ўзига келгандай бўлди. Дилшод билан овунди. Эндиги ҳаёти ҳам фарзандлари ичида шундай беармонгина кечишига шубҳа қилмасди. Бироқ, буниям кўп кўрган экан: кечаги ёз куёви узоқ шаҳарга ишга тайинланиб қолди.

Уларнинг йўқлиги аввалига унча билинмади. Куз бошида чол ўзи бориб неварасини кўриб келди. Ноябрь байрамида ўзлари келишди. Кўчириб кетишга ундашди, қисташди – чол уларнинг кўнгли учун ўйлаб кўришга ваъда берди.

Мана, энди у якка. Бахтига, болалар бор экан, заҳрини олиб туришади, вақт-бевақт кириб-чиқиб, ёлғизлигини билдиришмайди. Ҳалиям неча марта бош суқиб, нариги хонага таклиф қилишди, чол “ҳозир, ҳозир” билан жойидан турай демади: “Булар ёш, ўйнаб-куладиган пайти. Бемалол, эркин ўтиришсин. Мен ўтсам ийманиб, тузук яйрашолмайди. Кейин ўзи шунча йигит-қизнинг орасида битта чурук чол… ярашмас. Ҳадемай кепқолишар, поездга чиқишган бўлса…”

Шундай мулоҳазалар билан у нариги хонага ўтишга истиҳола қиларди. Бўлмаса қанча қистаб қўйишмади. Айниқса, анови кичикроғи – Мардон. Кўп ёқимтой, дилсўз бола-да шу. Ҳаммаси ҳам оқибатли болалар экан…

Ишхонасидаги уста Зокиров уйига таклиф қилиб: “Келмасангиз лекин, Вали ака, қаттиқ хафа бўламиз-а”, дея қайта-қайта тайинлаган эди. Жияни ҳам ўғлини юборибди. Боя келиб кетди. Бироқ, чол ҳозир ҳеч қаёққа қўзғалолмас, боролмасди: “Мабодо келиб қолишса…”

Ҳавода туман қуюқлашди, рўпарадаги бино чироқлари ҳам энди олдингидек ёрқин порламасди. Лекин ҳавонинг тундлиги давралардаги завқни, кўтаринкиликни сўндиролмайди. Ён-верингда яқин кишиларинг – қувноқ овозлар, тафтли нигоҳлар… Туман, изғирин эса ташқарида, йироқ-йироқларда…

Йилда бир келадиган бундай тансиқ кечани ким ёлғиз ўтказаркан, қайси деразада чироқ ўчаркан бу тун…

Эшик сассизгина очилди, кимдир кирди. Бошига келгандагина чол унга ўгирилди. Мардон.

– Амаки…
– Майли, майли… Сизлар бемалол… Янги йил яқинлашганда…

Мардон бирпас ўйланиб турди. Кейин эшик сассизгина очилиб-ёпилди…

Қизи кўчиб кетган кунлар эди. Бир оқшом заводдан қайтиб энди каравотга ёнбошлаган эди, эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Чиқса, остонада қимтинибгина икки бола турибди. Бири бўйчанроқ, қорача, иккинчиси шу – Мардон.

– Ўқиймиз, ётоқда жой етмай қолди, уй излаб юрибмиз, – деди новчаси. – Биринчи қаватда турадиган кўзойнакли кампир шу ерни кўрсатдилар.
– Уй бор, – деди Вали амаки. – Кўзойнакли кампир тўғри кўрсатибди…

Болалар уч киши бўлиб кўчиб келишди.

Чол улар билан тез элакишиб кетди: ўзлари ҳам беозор, мўмин-қобил болалар экан. Кечқурунлари бирпас-яримпас ёнларига кириб гурунглашиб ўтиради, яккалигини унутиб, кўнгли ёзилади. Бошқа пайтлар телевизор кўргани улар бу ёққа ўтишади…

Бир якшанба – чол жияниникида эди – келса, нотаниш бир қиз даҳлизда супурги кўтариб юрибди. Саломига алик олиб, индамай хонасига ўтиб кетди. Кечқурун тортинибгина эшикдан новча бола – Нурали бош суқди.

– Ке, ўғлим, – деди чол каравотида ёнбошлаб.
– Амаки… бир қишлоқданмиз, бирга ўқиймиз…

Чол бояги қизни эслаб, бола нима демоқчилигини фаҳмлади.

– Бир қишлоқдан бўлсаларинг ёмонми? Бирга ўқисаларинг ёмонми? Яхши, жуда яхши. – У беғубор кулди, бола қизариниб илжайди…

Ўша қиз ҳозир баъзан-баъзан келиб, болаларнинг кир-чирларини ювиб бериб кетади. Бир-бирларига муомалалари эркин, ҳазил-ҳузуллари ҳам содда-содда. Қишлоқ болалари. Чол ҳам қизни ёқтириб қолди. Нимасидир қизига ўхшар экан. Кўрса қизини, Дилшодни соғиниб кетади.

Кеча оқшом болалар чолнинг ёнига учовлашиб киришди.

– Амаки, шу… бир илтимос, – деди Нурали негадир шерикларига боқиб. – Янги йилни шу ерда ўтказсак деган эдик…
– Шуниям мендан сўраб ўтирасизларми, афандилар! – деди чол койиш оҳангида. – Ўтказаверинглар. Ўртоқларинг келсин, – сўнг бир оз тин олди-да, жилмайиб қўшди, – бирга ўқийдиган қизларинг…

Болалар бир-бирларига қарашди…

Туман сийраклашиб қолдими, рўпарадаги бино чироқлари тағин равшан порлаяпти. Чол токча бурчагида турган қўнғироқ-соатга юраги бетламайроқ бир назар ташлаб қўйди. Хўрсиниб, аллақачон совиб қолган чойдан ичди. “Келишмади-я…”

Эшик очилиб, Нурали билан таниш қиз – Саида кўринди. Орқаларидан Мардон мўралади.

– Амаки!.. – деди Нурали ранжигандай бўлиб.
– Амаки, – деди қиз ҳам.

Беихтиёр кўнгли илиб, ҳасратлари тарқаб кетди чолнинг.
– Ҳозир, ҳозир, – деди у шошиб курсидан қўзғаларкан.

Чолни кўриб, рақс тушаётган йигит билан қиз бирдан тек қотишди, сўнг жимгина бориб жойларига ўтиришди. Чол ичида пушаймон еди. Лекин ёшлар буни пайқабми, бирпасда хаёлидан ҳар хил андишаларни қувиб, кўнглини кўтариб юборишди. Эҳтиром билан тўрдаги креслога ўтқаздилар, қариянинг кўнглига қараб, дидига мос гаплардан гапиришга ҳаракат қилдилар. Саида ёнида чой қуйиб бериб ўтирди. Мардон ҳам биқинидан жилмади. Нурали дам-бадам: “Амак, қалай ўтирибсиз?” деб қўярди. Ёшлар бир пайт аския бошлашди, кейин бирови ўхшатибгина қўшиқ айтди.

Ёшларнинг қувноқ, беғам руҳи таъсир қилибми, чолнинг кайфияти анча ўнгланди; бу манзара, бу ҳолатдан ўзини алланечук тотли сархушлик ичида ҳис этди. Бу бегона болалар шу тобда кўзига фарзандларидай иссиқ кўриниб кетди – эркинроқ ўтиришга уринди.

– Ҳаммаси яхши-я, – деди бир маҳал Нурали, – лекин қор ёғмагани чатоқ бўлди-да. Янги йил қорсиз…
– Ёғади! – деди чол кексаларга хос каромат билан. Ҳамма аввал унга, сўнгра деразага қаради. – Ёғади, – такрорлади чол. – Мени айтди дейсизлар…

Янги йил кириши арафасида ёшлар чолдан бирор нима дейишини илтимос қилишди. Қўярда-қўймай қўлига қадаҳ тутқазишди.

– Янги йил – яхши байрам, – гап бошлади чол бир лаҳза ўйланиб олиб. – Бу сизларнинг байрамларинг – ёшларнинг байрами. Ҳар янги йилда ўсасизлар, унасизлар. Биз кексалар учун эски йилни кузатиш ҳам оғир, янги йилни кутиб олиш ҳам. Негалигини ўзларинг тушунсаларинг керак…

Чол сўзини ёшларга кўпдан-кўп бахт тилаш билан якунлади ва қўлидаги қадаҳни столга қўйиб: “Чойдан қуй, қизим”, деди Саидага.

Янги йил киргач, бояги яхлитлик қочиб, даврада бир оз парокандалик бошланди. Чол бунда ўзини айбдор деб билди. У ёшлар ҳар нечук ундан қисинишаётганини, кўнгилдагидек ўтиришолмаётганини, рақсга эса мутлақо тушмаганликларини ўйлади-ю, ортиқчалигини англади. Ёшлар ҳам ичкилик таъсиридами, энди ўзлари билан ўзлари бўлиб, чолни бир қадар унутиб қўйишганди. Чол бир шамоллаб келишни баҳона қилиб, секин хонасига ўтди. Каравотига чўзилиб олди.

“Йиллар, янги йиллар, байрамлар шундай ўтавераркан-да, – ўйларди қария. – Қанчаси ўтди, қанчасини ўтказдим бу байрамлардан? Биринчи марта қачон кутган эдим…”

Ўспирин эди унда чол. Янги йилни завод клубида кутадиган бўлишди. “Жуфти билан келмаганни киритмаймиз”, деди ташкилотчи йигит. Вали Манзура исмли кутубхоначи қизни ёқтириб юрарди. Шўх, карашмаси бисёр қиз эди ўзиям. “Дадам қўймасалар керак, яна уриниб кўраман-да”, деб мужмал гапирди у. Вали ялинди, тавалло қилди – қиз кўнгандай бўлди. Лекин келмади.

Ўша кечани у қизнинг уйи атрофида изғиб ўтказди. Кейин учрашганларида қиз кула-кула отаси билан онаси байрамни қариндошлариникида кутгани кетишганини, ўзи уйда укаларига қоровул бўлиб қолганини, деразадан йигитни кўрганини айтди. Йигит аввалига қизнинг кўнгли учун илжайди-ю, сўнг оғринди, қаттиқ оғринди…

Ўша кезлар у Манзурани ягонам, келажагим деб ўйларди. Йўллари айри экан: қиз бошқага тегиб кетди, Вали бошқасига уйланди.

Уйлангач, ҳар янги йил кечаси йиғилишиб ўтирадиган бўлишди: гоҳ ўз уйларида, гоҳ ҳар хил яқин-йироқлариникида. Негадир ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, гўё фақат бир мартагина ўтиришгандай, фақат бир мартагина кутишгандай. Янги йил ҳақида ўйласа, негадир ҳамон ўша, тонггача изғиб чиққан қорли кеча эсига тушади…

Бир маҳал қўшни бўлмадан баланд-баланд ҳаяжонли хитоблар эшитилди: “Қор! Қор!..” Кейин болалар тапир-тупур эшик томон ўтишди. Чол секин тўшакдан суғурилиб, деразага мўралади. Болаларнинг шошгани, суюнганича бор экан: чироқ нурида ғира-шира қиялаб қор уряпти, ер аллақачон юзига чойшаб тортишга улгурибди.

Чол анча вақт деразага тикилиб қолди. “Болаларнинг олдида ёлғончи қилмадинг, раҳмат сенга, янги йил қори!”

Симёғоч учидаги қалпоқли чироқ бир давра жойни ёритиб турибди. Ойдинда қор капалаклари ерга айланиб-айланиб қўнади. Йигит пусиб келиб қизнинг юзига қор капалади, қиз ўзини олиб қочиш ниятида бир силтанди-ю, қорга ағанади ва ётган ерида йигитнинг оёғини чалиб юборди, йигит ҳам чайқалиб унинг ёнгинасига гуппа йиқилди; сўнг қийқирганча думалаб бир-бирларини қувиша бошлашди…

“Жиннивойлар, шамоллаб қолишни хаёлларига ҳам келтиришмайди-я”, деди чол ўзича, дераза токчасидан ўмганини узиб, каравотга чўзиларкан.

Янги қор нафаси, тароватиданми чол мудраб қолибди. Туш кўрди. Раҳматли кампири иккиси қорбўрон ўйнаб юришибди. Кампири қочармиш, қўлида думалоқланган қор, у қувармиш. Етган жойида қараса, кампи¬ри ўз-ўзидан қорга сингиб ғойиб бўлиб қолибди. Бир киприк қоқиб кўзини очса, қаршисида жилмайиб қизи турганмиш. Отасининг таажжубланганини кўриб: “Дада, бу менман, дада”, дер эмиш…

– Амаки, амаки…

Чол чўчиб бошини кўтарди. Саидани кўрди. Ёнида Нурали. Совуқдан қизарган юзларида жўшқин бир табассум.

– Туринг-э, амаки, шундай кечадаям ухлайдими одам?! Қаранг, айтганингиздай, қор ёғди…
– Кўрдим, ўғлим, кўрдим…

– Юринг, ўтирамиз нариги хонада. Бу кеча энди уйқу йўқ ҳеч кимда – ўйин-кулги фақат!..
– Майли, болаларим, хоҳлаганларингча ўйнанглар, кулинглар. Мен…

– Ие, ётасизми ростдан?
– Ҳа, ўғлим, андак мизғиб олай…

“Келишмади энди…”

Бир оздан сўнг чолнинг бўлмасида чироқ ўчди, болалар уни ухлади, деб ўйлашди. Аммо у бошини кўрпага буркагани билан уйғоқ ётарди; девор ортидан эшитилаётган қувноқ садолар унинг хаёлларини олис ёшлиги сари етаклаб кетган эди. Хотиралар сеҳридан қанча вақт ўтганини билмади у. Боягина шовқиндан зириллаб турган қўшни хона негадир сукутга чўмиб қолганини ҳам дафъатан сезди. Бошини кўрпадан чиқарди. Бетўхтов ёғаётган қор зиёси дераза оша хонани сут селига белаб юборган, эшик ёриғидан даҳлизда ўрмалаётган шуъла кўзга чалинарди. “Чироқлари ёниқ – ухлашмабди-да. Ухлашмаса керак бу кеча, чироқлари ўчмайди уларнинг…”

Ширакайф болалар чироғи ўчмаган хонанинг бурчак-бурчагида бир-бирларининг кифтига суянган кўйи беғам ухлаб қолишганди.

Шу тахлит тонггача бу хонада чироқ ёниқ турди, тонггача қор ҳам тинмади. Чол уйғоқ ётди.

1972

077Erkin A’ZAM
CHIROQLAR O‘CHMAGAN KЕCHA
09 

005Erkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog‘li Boysunda tug‘ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (xozir O‘zbekiston Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo‘lim muharriri, G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va Sanat nashriyotida tahririyat mudiri bo‘ldi. 1992—1994 yillarda O‘zbekiston milliy axborot agentligida bosh direktori o‘rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O‘zbekiston Oliy Majlisi deputati.

«Chiroqlar o‘chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (1999), «Pakananing oshiq ko‘ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to‘plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», «Suv yoqalab», «Zabarjad», «Jannat qaydadir»“Parizod” va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat-insoniy erk, xar qanday zo‘ravonlikka munsabat masalasidir.

09

Bu xonada hamma narsa bor edi: muzika ham, raqs ham, kulgi-qahqahayu mayin pichirlashlar ham; yana qadahlar, yalt-yult bezaklar, mastona muomalalar, oydin chehralar… Bo‘lma devorlari, deraza oynalari goho shovqin-suron, turfa raqslardan zirillab ketadi.

Burchakda yangi tushgan kelinchakday yasangan archa. Boshidan zar sochilgan… Tanasi oppoq momiqdan, qo‘llari – shoxlarida rang-barang taqinchoqlar; turli-tuman tangachalar choyshabi yo‘liga poyondoz. U bunday tangachalarni saxiylik bilan har yoqqa sochgan: yerga, o‘rtadagi uzun stolga, nozik va baquvvat yelkalarga, soch tolalariga…

Bir shox archa shiftga osilgan. Tog‘ archasi. Uni kimdir atay tog‘dan olib keldi. Kimdir shiftga ilishni taklif qildi. Kimdir unga bir necha dona o‘yinchoq taqib qo‘ydi. Uchi ipga bog‘langan archa shoxi endi stol ustiga egilgancha u yon-bu yonga tebranib turibdi. Xona devorlarida kamalak jilvasi: yalt-yult, yalt-yult…

– …Xufiya gurunglarga chek qo‘yilsin!
– …Ovozi muncha past, ko‘tarsang-chi, anovini!

– Lentasi yaxshi aylanmayapti…
– …Agar shu gal ichmasangiz, bilib qo‘ying…

– Olaman, olaman. Yangi yil kirishida…
– …Ey bolalar, raqsga talabgorlar bormi?

– …Mardon, ho‘ Mardon… Qulog‘ing bitib qolganmi, nima balo? Vali amaki…
– Necha marta kirdim oldilariga, qistab ko‘rdim… O‘tiribdilar, bir o‘zlari…

Bu xonada hamma narsa bor edi…

Qo‘shni bo‘lmada yelkasiga to‘n tashlagan bir kishi deraza tokchasiga tirsaklab o‘tiribdi. Yolg‘iz. Yoshi oltmishlarni qoralagan. Tirsaklari orasida choynak-piyola. Ko‘zi derazada. Ba’zan tokchaning bir yog‘ida turgan qo‘ng‘iroq-soatga qarab-qarab qo‘yadi. Choy quyib ichadi-da, mo‘ylovini choponi yengiga artadi. Tag‘in derazaga tikiladi. Xayoli band. Qo‘shni xonadagi shovqin-suronga ham parvosi yo‘q.

U ayni damda qanday tanho o‘tirgan bo‘lsa, aslida ham shunday tanho. Peshanasidagi yagona qizi hozir uzoq shaharda. Kecha kuyovidan telegramma kelgan edi. “Yangi yilni birga kutamiz. Dilshod ham boradi”, debdi. Chol jonsarak bozor aylanib, kerakli narsalarni xarid qildi. Bayram yaqinlashib shaharda archa qolmagan ekan, qayerlardan borib archa topdi. Nevarasiga necha xil sovg‘a hozirlab qo‘ydi. Bugun peshindan keyin kelgan telegrammada esa… “Havo buzilgani sababli ucha olmadik”, deyishibdi.

Qariya birdan bo‘shashib, shalvirab qoldi. Yig‘lagisi kelib ketdi. Nevarasini qattiq sog‘ingandi. “Padarlariga la’nat bunaqa havoning, kelib-kelib shunday kunda buzilmay!..”

Keyin… Qidirib-qidirib topisholmaganidan xabari bor edi, archani bolalarning xonasiga o‘tkazib qo‘ydi. Bozorliqlarini ham. Kechqurun archaga chorpoya ham yasab berdi.

Chol ta’bi qorong‘i bo‘lib, nomozgargacha karavotda qimirlamay yotdi. So‘ng, dahlizdagi tapi-tezlaru quvnoq ovozlardan andak ruhlanib, o‘rnidan turdi; ko‘ngli¬da zaif bir umid yondi: “Poyezdda kelib qolishar balki…”

Mana, hozir u ana shu xayolda derazaga ilhaq boqib o‘tiribdi.

Qariya yolg‘izlik dardini bugun ayniqsa qattiqroq his etdi. Bayramda har kim o‘z yaqinlari davrasida bo‘lishga intiladi. Tug‘ishganing, sen kutgan, ko‘ngling tusagan odamlar esa, shunday damda yoningda emas, uzoqda – chorasiz masofada…

Cholning bu qish bayramida birinchi marta yolg‘iz qolishi. Hatto bultur ham yangi yilni qizi, kuyovi, ularning teng-to‘shlari bilan birga kutgandi. Qandoq xushvaqt o‘tib edi o‘sha kecha! Dilshod qorboboni kuta-kuta tizzasida uxlab qolgan edi…

Chol o‘sha gashtli kechani xotirlarkan, bunday totli chog‘lar olis o‘tmishida qolib ketgandegu endi hech qachon takrorlanmaydigandek tuyuldi, yuragini achchiq bir alam, armon o‘rtab o‘tdi. Kampirini esladi, battar ezildi. Kampiri burnog‘i yil bexos qazo qilgandi. Yurak xastaligi bor edi rahmatlining…

Kampirining vafotidan so‘ng, ijarada turgan qizi bilan kuyovi yoniga ko‘chib kelishdi. Cho‘kibroq qolgan qariya birmuncha o‘ziga kelganday bo‘ldi. Dilshod bilan ovundi. Endigi hayoti ham farzandlari ichida shunday bearmongina kechishiga shubha qilmasdi. Biroq, buniyam ko‘p ko‘rgan ekan: kechagi yoz kuyovi uzoq shaharga ishga tayinlanib qoldi.

Ularning yo‘qligi avvaliga uncha bilinmadi. Kuz boshida chol o‘zi borib nevarasini ko‘rib keldi. Noyabr bayramida o‘zlari kelishdi. Ko‘chirib ketishga undashdi, qistashdi – chol ularning ko‘ngli uchun o‘ylab ko‘rishga va’da berdi.

Mana, endi u yakka. Baxtiga, bolalar bor ekan, zahrini olib turishadi, vaqt-bevaqt kirib-chiqib, yolg‘izligini bildirishmaydi. Haliyam necha marta bosh suqib, narigi xonaga taklif qilishdi, chol “hozir, hozir” bilan joyidan turay demadi: “Bular yosh, o‘ynab-kuladigan payti. Bemalol, erkin o‘tirishsin. Men o‘tsam iymanib, tuzuk yayrasholmaydi. Keyin o‘zi shuncha yigit-qizning orasida bitta churuk chol… yarashmas. Hademay kepqolishar, poyezdga chiqishgan bo‘lsa…”

Shunday mulohazalar bilan u narigi xonaga o‘tishga istihola qilardi. Bo‘lmasa qancha qistab qo‘yishmadi. Ayniqsa, anovi kichikrog‘i – Mardon. Ko‘p yoqimtoy, dilso‘z bola-da shu. Hammasi ham oqibatli bolalar ekan…

Ishxonasidagi usta Zokirov uyiga taklif qilib: “Kelmasangiz lekin, Vali aka, qattiq xafa bo‘lamiz-a”, deya qayta-qayta tayinlagan edi. Jiyani ham o‘g‘lini yuboribdi. Boya kelib ketdi. Biroq, chol hozir hech qayoqqa qo‘zg‘alolmas, borolmasdi: “Mabodo kelib qolishsa…”

Havoda tuman quyuqlashdi, ro‘paradagi bino chiroqlari ham endi oldingidek yorqin porlamasdi. Lekin havoning tundligi davralardagi zavqni, ko‘tarinkilikni so‘ndirolmaydi. Yon-veringda yaqin kishilaring – quvnoq ovozlar, taftli nigohlar… Tuman, izg‘irin esa tashqarida, yiroq-yiroqlarda…

Yilda bir keladigan bunday tansiq kechani kim yolg‘iz o‘tkazarkan, qaysi derazada chiroq o‘charkan bu tun…

Eshik sassizgina ochildi, kimdir kirdi. Boshiga kelgandagina chol unga o‘girildi. Mardon.

– Amaki…
– Mayli, mayli… Sizlar bemalol… Yangi yil yaqinlashganda…

Mardon birpas o‘ylanib turdi. Keyin eshik sassizgina ochilib-yopildi…

Qizi ko‘chib ketgan kunlar edi. Bir oqshom zavoddan qaytib endi karavotga yonboshlagan edi, eshik qo‘ng‘irog‘i jiringlab qoldi. Chiqsa, ostonada qimtinibgina ikki bola turibdi. Biri bo‘ychanroq, qoracha, ikkinchisi shu – Mardon.

– O‘qiymiz, yotoqda joy yetmay qoldi, uy izlab yuribmiz, – dedi novchasi. – Birinchi qavatda turadigan ko‘zoynakli kampir shu yerni ko‘rsatdilar.
– Uy bor, – dedi Vali amaki. – Ko‘zoynakli kampir to‘g‘ri ko‘rsatibdi…

Bolalar uch kishi bo‘lib ko‘chib kelishdi.

Chol ular bilan tez elakishib ketdi: o‘zlari ham beozor, mo‘min-qobil bolalar ekan. Kechqurunlari birpas-yarimpas yonlariga kirib gurunglashib o‘tiradi, yakkaligini unutib, ko‘ngli yoziladi. Boshqa paytlar televizor ko‘rgani ular bu yoqqa o‘tishadi…

Bir yakshanba – chol jiyaninikida edi – kelsa, notanish bir qiz dahlizda supurgi ko‘tarib yuribdi. Salomiga alik olib, indamay xonasiga o‘tib ketdi. Kechqurun tortinibgina eshikdan novcha bola – Nurali bosh suqdi.

– Ke, o‘g‘lim, – dedi chol karavotida yonboshlab.
– Amaki… bir qishloqdanmiz, birga o‘qiymiz…

Chol boyagi qizni eslab, bola nima demoqchiligini fahmladi.

– Bir qishloqdan bo‘lsalaring yomonmi? Birga o‘qisalaring yomonmi? Yaxshi, juda yaxshi. – U beg‘ubor kuldi, bola qizarinib iljaydi…

O‘sha qiz hozir ba’zan-ba’zan kelib, bolalarning kir-chirlarini yuvib berib ketadi. Bir-birlariga muomalalari erkin, hazil-huzullari ham sodda-sodda. Qishloq bolalari. Chol ham qizni yoqtirib qoldi. Nimasidir qiziga o‘xshar ekan. Ko‘rsa qizini, Dilshodni sog‘inib ketadi.

Kecha oqshom bolalar cholning yoniga uchovlashib kirishdi.

– Amaki, shu… bir iltimos, – dedi Nurali negadir sheriklariga boqib. – Yangi yilni shu yerda o‘tkazsak degan edik…
– Shuniyam mendan so‘rab o‘tirasizlarmi, afandilar! – dedi chol koyish ohangida. – O‘tkazaveringlar. O‘rtoqlaring kelsin, – so‘ng bir oz tin oldi-da, jilmayib qo‘shdi, – birga o‘qiydigan qizlaring…

Bolalar bir-birlariga qarashdi…

Tuman siyraklashib qoldimi, ro‘paradagi bino chiroqlari tag‘in ravshan porlayapti. Chol tokcha burchagida turgan qo‘ng‘iroq-soatga yuragi betlamayroq bir nazar tashlab qo‘ydi. Xo‘rsinib, allaqachon sovib qolgan choydan ichdi. “Kelishmadi-ya…”

Eshik ochilib, Nurali bilan tanish qiz – Saida ko‘rindi. Orqalaridan Mardon mo‘raladi.

– Amaki!.. – dedi Nurali ranjiganday bo‘lib.
– Amaki, – dedi qiz ham.

Beixtiyor ko‘ngli ilib, hasratlari tarqab ketdi cholning.
– Hozir, hozir, – dedi u shoshib kursidan qo‘zg‘alarkan.

Cholni ko‘rib, raqs tushayotgan yigit bilan qiz birdan tek qotishdi, so‘ng jimgina borib joylariga o‘tirishdi. Chol ichida pushaymon yedi. Lekin yoshlar buni payqabmi, birpasda xayolidan har xil andishalarni quvib, ko‘nglini ko‘tarib yuborishdi. Ehtirom bilan to‘rdagi kresloga o‘tqazdilar, qariyaning ko‘ngliga qarab, didiga mos gaplardan gapirishga harakat qildilar. Saida yonida choy quyib berib o‘tirdi. Mardon ham biqinidan jilmadi. Nurali dam-badam: “Amak, qalay o‘tiribsiz?” deb qo‘yardi. Yoshlar bir payt askiya boshlashdi, keyin birovi o‘xshatibgina qo‘shiq aytdi.

Yoshlarning quvnoq, beg‘am ruhi ta’sir qilibmi, cholning kayfiyati ancha o‘nglandi; bu manzara, bu holatdan o‘zini allanechuk totli sarxushlik ichida his etdi. Bu begona bolalar shu tobda ko‘ziga farzandlariday issiq ko‘rinib ketdi – erkinroq o‘tirishga urindi.

– Hammasi yaxshi-ya, – dedi bir mahal Nurali, – lekin qor yog‘magani chatoq bo‘ldi-da. Yangi yil qorsiz…
– Yog‘adi! – dedi chol keksalarga xos karomat bilan. Hamma avval unga, so‘ngra derazaga qaradi. – Yog‘adi, – takrorladi chol. – Meni aytdi deysizlar…

Yangi yil kirishi arafasida yoshlar choldan biror nima deyishini iltimos qilishdi. Qo‘yarda-qo‘ymay qo‘liga qadah tutqazishdi.

– Yangi yil – yaxshi bayram, – gap boshladi chol bir lahza o‘ylanib olib. – Bu sizlarning bayramlaring – yoshlarning bayrami. Har yangi yilda o‘sasizlar, unasizlar. Biz keksalar uchun eski yilni kuzatish ham og‘ir, yangi yilni kutib olish ham. Negaligini o‘zlaring tushunsalaring kerak…

Chol so‘zini yoshlarga ko‘pdan-ko‘p baxt tilash bilan yakunladi va qo‘lidagi qadahni stolga qo‘yib: “Choydan quy, qizim”, dedi Saidaga.

Yangi yil kirgach, boyagi yaxlitlik qochib, davrada bir oz parokandalik boshlandi. Chol bunda o‘zini aybdor deb bildi. U yoshlar har nechuk undan qisinishayotganini, ko‘ngildagidek o‘tirisholmayotganini, raqsga esa mutlaqo tushmaganliklarini o‘yladi-yu, ortiqchaligini angladi. Yoshlar ham ichkilik ta’siridami, endi o‘zlari bilan o‘zlari bo‘lib, cholni bir qadar unutib qo‘yishgandi. Chol bir shamollab kelishni bahona qilib, sekin xonasiga o‘tdi. Karavotiga cho‘zilib oldi.

“Yillar, yangi yillar, bayramlar shunday o‘taverarkan-da, – o‘ylardi qariya. – Qanchasi o‘tdi, qanchasini o‘tkazdim bu bayramlardan? Birinchi marta qachon kutgan edim…”

O‘spirin edi unda chol. Yangi yilni zavod klubida kutadigan bo‘lishdi. “Jufti bilan kelmaganni kiritmaymiz”, dedi tashkilotchi yigit. Vali Manzura ismli kutubxonachi qizni yoqtirib yurardi. Sho‘x, karashmasi bisyor qiz edi o‘ziyam. “Dadam qo‘ymasalar kerak, yana urinib ko‘raman-da”, deb mujmal gapirdi u. Vali yalindi, tavallo qildi – qiz ko‘nganday bo‘ldi. Lekin kelmadi.

O‘sha kechani u qizning uyi atrofida izg‘ib o‘tkazdi. Keyin uchrashganlarida qiz kula-kula otasi bilan onasi bayramni qarindoshlarinikida kutgani ketishganini, o‘zi uyda ukalariga qorovul bo‘lib qolganini, derazadan yigitni ko‘rganini aytdi. Yigit avvaliga qizning ko‘ngli uchun iljaydi-yu, so‘ng og‘rindi, qattiq og‘rindi…

O‘sha kezlar u Manzurani yagonam, kelajagim deb o‘ylardi. Yo‘llari ayri ekan: qiz boshqaga tegib ketdi, Vali boshqasiga uylandi.

Uylangach, har yangi yil kechasi yig‘ilishib o‘tiradigan bo‘lishdi: goh o‘z uylarida, goh har xil yaqin-yiroqlarinikida. Negadir hammasi bir-biriga o‘xshaydi, go‘yo faqat bir martagina o‘tirishganday, faqat bir martagina kutishganday. Yangi yil haqida o‘ylasa, negadir hamon o‘sha, tonggacha izg‘ib chiqqan qorli kecha esiga tushadi…

Bir mahal qo‘shni bo‘lmadan baland-baland hayajonli xitoblar eshitildi: “Qor! Qor!..” Keyin bolalar tapir-tupur eshik tomon o‘tishdi. Chol sekin to‘shakdan sug‘urilib, derazaga mo‘raladi. Bolalarning shoshgani, suyunganicha bor ekan: chiroq nurida g‘ira-shira qiyalab qor uryapti, yer allaqachon yuziga choyshab tortishga ulguribdi.

Chol ancha vaqt derazaga tikilib qoldi. “Bolalarning oldida yolg‘onchi qilmading, rahmat senga, yangi yil qori!”

Simyog‘och uchidagi qalpoqli chiroq bir davra joyni yoritib turibdi. Oydinda qor kapalaklari yerga aylanib-aylanib qo‘nadi. Yigit pusib kelib qizning yuziga qor kapaladi, qiz o‘zini olib qochish niyatida bir siltandi-yu, qorga ag‘anadi va yotgan yerida yigitning oyog‘ini chalib yubordi, yigit ham chayqalib uning yonginasiga guppa yiqildi; so‘ng qiyqirgancha dumalab bir-birlarini quvisha boshlashdi…

“Jinnivoylar, shamollab qolishni xayollariga ham keltirishmaydi-ya”, dedi chol o‘zicha, deraza tokchasidan o‘mganini uzib, karavotga cho‘zilarkan.

Yangi qor nafasi, tarovatidanmi chol mudrab qolibdi. Tush ko‘rdi. Rahmatli kampiri ikkisi qorbo‘ron o‘ynab yurishibdi. Kampiri qocharmish, qo‘lida dumaloqlangan qor, u quvarmish. Yetgan joyida qarasa, kampi¬ri o‘z-o‘zidan qorga singib g‘oyib bo‘lib qolibdi. Bir kiprik qoqib ko‘zini ochsa, qarshisida jilmayib qizi turganmish. Otasining taajjublanganini ko‘rib: “Dada, bu menman, dada”, der emish…

– Amaki, amaki…

Chol cho‘chib boshini ko‘tardi. Saidani ko‘rdi. Yonida Nurali. Sovuqdan qizargan yuzlarida jo‘shqin bir tabassum.

– Turing-e, amaki, shunday kechadayam uxlaydimi odam?! Qarang, aytganingizday, qor yog‘di…
– Ko‘rdim, o‘g‘lim, ko‘rdim…

– Yuring, o‘tiramiz narigi xonada. Bu kecha endi uyqu yo‘q hech kimda – o‘yin-kulgi faqat!..
– Mayli, bolalarim, xohlaganlaringcha o‘ynanglar, kulinglar. Men…

– Ie, yotasizmi rostdan?
– Ha, o‘g‘lim, andak mizg‘ib olay…

“Kelishmadi endi…”

Bir ozdan so‘ng cholning bo‘lmasida chiroq o‘chdi, bolalar uni uxladi, deb o‘ylashdi. Ammo u boshini ko‘rpaga burkagani bilan uyg‘oq yotardi; devor ortidan eshitilayotgan quvnoq sadolar uning xayollarini olis yoshligi sari yetaklab ketgan edi. Xotiralar sehridan qancha vaqt o‘tganini bilmadi u. Boyagina shovqindan zirillab turgan qo‘shni xona negadir sukutga cho‘mib qolganini ham daf’atan sezdi. Boshini ko‘rpadan chiqardi. Beto‘xtov yog‘ayotgan qor ziyosi deraza osha xonani sut seliga belab yuborgan, eshik yorig‘idan dahlizda o‘rmalayotgan shu’la ko‘zga chalinardi. “Chiroqlari yoniq – uxlashmabdi-da. Uxlashmasa kerak bu kecha, chiroqlari o‘chmaydi ularning…”

Shirakayf bolalar chirog‘i o‘chmagan xonaning burchak-burchagida bir-birlarining kiftiga suyangan ko‘yi beg‘am uxlab qolishgandi.

Shu taxlit tonggacha bu xonada chiroq yoniq turdi, tonggacha qor ham tinmadi. Chol uyg‘oq yotdi.

1972

006

(Tashriflar: umumiy 1 101, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring