Xurshid Do’stmuhammad. Oqimga qarshi…oqqan gul & Xurshid Do’stmuhammad “Hayot va Xayol yo’llarida” teleloyihasida

0778  январь — Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад таваллуд топган кун

Адабиёт бўлмаса инсоният қандай яшар эди, деб сўрашади. Дунёни бадиий идрок этиш тўхтаса, дунё ғоятда ғариблашиб қолади. Бунинг иложи йўқ. Адабиёт йўқ дегани — ҳаёт тўхтади дегани! (Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбатдан. Суҳбат мана бу саҳифада)

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
ОҚИМГА ҚАРШИ… ОҚҚАН ГУЛ

023

  04  Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йил 8 январда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1973). Дастлабки китоби — «Ҳовли этагидаги уй» (1989). Шундан кейин ёаувчининг «Паноҳ», «Оромкурси». «Сўроқ». «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган. «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, «Чаёнгул» (2000) киносценарийси муаллифи.
Рюноскэ Акутагаванинг  «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Темур  Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбек тилига таржима қилган.

023

Изҳор

Япон Рюноскэ Акутагаванинг «Бисейнинг садоқати» новелласи,
ўзбек Ойбекнииг дилбар шеърияти.
Назокат, муҳаббат, садоқат ва ҳижрон изтиробларини
куйлаган бу икки буюк ижодкор
асарларинанг завқи яхлит асарлар яратишга ундайди…

Кўпдан буён оқмай қўйган сувни соғинган дарё ўзани айрилиқ азобига дош беролмай тарс-тарс ёрилган. Унинг тилка-пора бағрини бутлаш чораси битта, у ҳам бўлса шарқироқ сув қучоғини тўлдириб оқса, ўзан зилол сувга қўшилиб узоқ-узоқларга бош олиб кетса…

Ўзан ўртасида миқти гавдасини ғоз тутиб кўприк томондан кўз узмай турган Йигитнинг бағри ўзандан баттар қақраган. Дарё ўзани жонига ором бағишлайдиган сувни кутгани каби йигит маъшуқасининг йўлига интизор.

Ўзан ҳам, Йигит ҳам умидга умид боғлаган. Умид кутишга ундайди…

Оқшом чўкишига хийла фурсат бор. Кўнгилга шуъла сочаётган умид учқуни ҳадемай оқшом қоронғуси оғушида қолиб кетади, лекин тоғ ёнбағрини қоплаган қуюқ ўрмон қора бахмал ёпингунга қадар Қиз келади, у оппоқ фаришта янглиғ ўрмон бағридан чиқиб келади, бир-бир қадам босиб кўприкка етади, қақроқ ўзанда тек кутган умидвор вужудни кўриб қувончдан хандон отади.

Кимсасиз дарё ўзанида интизор турган Йигитнинг қулоғига ўрмон ёкдан маъюс чолғу саси эшитилди. Йигит бундан фироқ оҳангини туйди. Дарахт оғочларининг ўксик ғичирлаши суяк-суякларига кўча бошлади. Суяклари зирқирагани сайин оёғининг остидаги қақроқ замин ортиқ дош беролмай сина бошлади.

Ўзан сувни, Йигит Қизни соғиниш азоби, фироқ қийноқлари туташган жойда мўъжиза туғилади — кўприк томондан кўз узмай турган Йигит аввал оёқларининг остидан сизиб ўтаётган сув зумда тўпиғини ялаб-юлқаб оқаётганини пайқамади. Пайқамаса-да, руҳи енгил тортди.

Олтин дардим, ипни уздим, кўкка уч!
Севганимнинг юзларидан ўпиб, қуч!
Ўпиб қуч, ўпиб қуч, ўпиб… қуч… уч… уч…

Йигитнинг қўллари қанотга айланади, парвоз этиб кўприк тепасига етади, ўзини Қизнинг оёкдари остига ташлаб, «Оқшом гўзал — кўнгил яйрар» деганча…

Кўнгил яйраши учун эса Қиздан дарак йўқ…

Йигитдаги соғинч ҳарорати Қизнинг келмай қолишига ишонмасликка йўл қўймайди. Ишонч қудрати боис у кутишдан толмайди.

Йўлингда кутдим,
Ҳасратлар ютдим,
Ҳажринг-ла кўпдан
Ўзни унутдим.

Ўзини унутган Йигитни хаёл олиб қочади. Кўл ёқасидаги овлоқ ўриндиқда Қизнинг тиззасига бош қўйгани, Қизнинг кўксидан отаётган тонг нурларига бетларини тутгани…

Тиззага ура бошлаган сув салқинида Қиз пайдо бўлишига яна, яна ишонади. Ҳеч қандай куч унинг ишончига раҳна сололмайди.

Умидсизлик эса… кўкда «йилт» этган сомон парчасидан-да, нажот кутади, одам.

Хайрият, шу пайт кўкни ёриб чикди сариқ бир чечак. Йигит кўнглин овутиб, аллалади шаршарак…

Шаршаракнинг шовқини дам зўраяди, дам олисолисларга бош олиб қочади. Йигит кўкни ёритган сариқ чечакка кўнгил боғлайди, йўқ, кўнглида бир тугун боғланади. Йигит шу тугунга-да умид боғлайди, тугунни ечса соғинч тугунаклари ёйиладигандек қоронғида оёғининг остига қарайди, белига довур кўтарилган сув сатҳидан димоғига ураётган салқин ҳавони туяди.

Кутаверади…

«Эгасини йўқотган садоқатли итдек жоним ўртанади, соғинчдан», деган эди Йигит.

«Мен ўша итдан кўра қаттиқроқ соғинишимга ишонмайсизми?!», деган эди Қиз.

Шу сўзнинг далдасида кутади Йигит. Кўксини сийпаб ўтаётган ва лаҳза сайин кифтини кўмиб оқаётган сув сатҳида…

Юлдузларнинг томар
Олтин кўз ёши…
Теграсида жим порлар
Гавҳарнинг тоши…

Йигит теграсида ўйноқилаб кўзни қамапггираётган «тошча»ларни тутиб мувозанат сақлайди, тобора тезлашаётган оқимда хасдек оқиб кетишга-да шай, бироқ мана ҳозир кўприк тепасида оппоқ фариштаси кўринишига, кўрингани замони ҳижрон ўқлари вужудини тарк этишига жуда-жуда ишонади. Ҳижрон тўлқини ором топмаётган қалб сув тўлқинида на оқади, на-да чўкади.

Дўстим, қачонгача бу золим ҳижрон?..

Дарё ўзанини ҳижрон азобидан халос этган сув Йигитнинг бўғзига етди. У уч-тўрт дафъа қулоч отиб қирғоққа чиқиши мумкин эди, йўқ, шу топда, айниқса, шу оқшом ҳеч бир куч уни аҳдидан қайтаролмайди. Бир оғиз дил розини айтади:

Эркам, бугун сен туғилган кун, дейди. Сўнг, ўзини оқим измига қўяди.

Кўкка боқамен, қоқ ярим кеча
Момиқ тўлқинларга аста ботамен…

Йигит оғзи, бурни ва кўзи сув остида қолаётганидан эмас, балки ҳали-ҳануз кўприк томонда интизор кутган Қиз кўринмаётганидан хавотирда, унга сўнгги бор изҳорларини етказа олмаётганидан армонда, шу чоғ… шу чоғ кўрина қолса-ю, қутласа:

Эркам…

Сув бўғзига етди.

Эркам бугун…

Сув сочларини ювиб ўтди. Йигит осонгина ҳаракат билан юзини сув сатҳидан чиқарди…

… сен туғилган кун,

дея олди. Кўз ўнги қоронғилашди. Нафас ололмай қолди. Оқим шиддати зўрайди.

Буюк тўлқин қаърига кириб кетамен
Қайдасан у эрка хаёллар изи?..

Йигит оғзини юмиб олишдан ўзга чора тополмади. Умид ипи узилай-узилай деган кўприк томонда оқ ҳарир либосга ўранган Қизнинг шарпаси кўринди.

Йигит бутун вужудини сўз айтишга чоғлади. Айтолмади. Севинч ёшлари дарё сувига қўшилди. Сув ариган кўз ўнгида Қизнинг заъфарон чеҳраси пайдо бўлди. Қизнинг шарпаси Йигит томон талпинди. Йигит қувончдан оғзини баралла очди, «Эҳтиёт бўл, жоним!» демоқчи эди хавотирда, улгурмади. Дарё ўзанини лим-лим тўлдириб айқираётган сув юзида дам кўриниб-дам кўринмай оқиб бораётган жасад оғзидан отилиб чиққан… бир даста гул ҳамон келишидан умидини узмаган Қизга аталган, зеро, Йигит чўкса-да, изҳорга айланган ажиб гулдаста оқимга қарши… Қиз келиши кутилаётган кўприк томон силжиётган эди…

1997


8 yanvar — Taniqli yozuvchi Xurshid Do’stmuhammad tavallud topgan kun

Adabiyot bo’lmasa insoniyat qanday yashar edi, deb so’rashadi. Dunyoni badiiy idrok etish to’xtasa, dunyo g’oyatda g’ariblashib qoladi. Buning iloji yo’q. Adabiyot yo’q degani — hayot to’xtadi degani! (Xurshid Do’stmuhammad bilan suhbatdan. Suhbat mana bu sahifada)

Xurshid DO’STMUHAMMAD
OQIMGA QARSHI… OQQAN GUL

023

055Xurshid Do’stmuhammad 1951 yil 8 yanvarda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1973). Dastlabki kitobi — «Hovli etagidagi uy» (1989). Shundan keyin yoauvchining «Panoh», «Oromkursi». «So’roq». «Sof o’zbekcha qotillik», «Mahzuna», «Ibn Mug’anniy», «Yolg’izim — Siz», «Ko’z qorachig’idagi uy», «Jajman» (1997) asarlari, shuningdek, «Hijronim mingdir mening» (2000) qissa va hikoyalar to’plami, «Bozor» (2000) romani nashr etilgan. «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari» xotira-essesi va «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?» (2002) risolasi, «Chayongul» (2000) kinostsenariysi muallifi.
Ryunoske Akutagavaning «Rasyomon darvozasi» hikoyasini, Temur Po’latovning «Yetti huzur-halovat va qirq qayg’u-alam» romanini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

023

Izhor

Yapon Ryunoske Akutagavaning «Biseyning sadoqati» novellasi,
o’zbek Oybekniig dilbar she’riyati.
Nazokat, muhabbat, sadoqat va hijron iztiroblarini
kuylagan  bu ikki buyuk ijodkor
asarlarinang zavqi yaxlit asarlar yaratishga undaydi…

Ko’pdan buyon oqmay qo’ygan suvni sog’ingan daryo o’zani ayriliq azobiga dosh berolmay tars-tars yorilgan. Uning tilka-pora bag’rini butlash chorasi bitta, u ham bo’lsa sharqiroq suv quchog’ini to’ldirib oqsa, o’zan zilol suvga qo’shilib uzoq-uzoqlarga bosh olib ketsa…

O’zan o’rtasida miqti gavdasini g’oz tutib ko’prik tomondan ko’z uzmay turgan Yigitning bag’ri o’zandan battar qaqragan. Daryo o’zani joniga orom bag’ishlaydigan suvni kutgani kabi yigit ma’shuqasining yo’liga intizor.

O’zan ham, Yigit ham umidga umid bog’lagan. Umid kutishga undaydi…

Oqshom cho’kishiga xiyla fursat bor. Ko’ngilga shu’la sochayotgan umid uchquni hademay oqshom qorong’usi og’ushida qolib ketadi, lekin tog’ yonbag’rini qoplagan quyuq o’rmon qora baxmal yopingunga qadar Qiz keladi, u oppoq farishta yanglig’ o’rmon bag’ridan chiqib keladi, bir-bir qadam bosib ko’prikka yetadi, qaqroq o’zanda tek kutgan umidvor vujudni ko’rib quvonchdan xandon otadi.

Kimsasiz daryo o’zanida intizor turgan Yigitning qulog’iga o’rmon yokdan ma’yus cholg’u sasi eshitildi. Yigit bundan firoq ohangini tuydi. Daraxt og’ochlarining o’ksik g’ichirlashi suyak-suyaklariga ko’cha boshladi. Suyaklari zirqiragani sayin oyog’ining ostidagi qaqroq zamin ortiq dosh berolmay sina boshladi.

O’zan suvni, Yigit Qizni sog’inish azobi, firoq qiynoqlari tutashgan joyda mo»jiza tug’iladi — ko’prik tomondan ko’z uzmay turgan Yigit avval oyoqlarining ostidan sizib o’tayotgan suv zumda to’pig’ini yalab-yulqab oqayotganini payqamadi. Payqamasa-da, ruhi yengil tortdi.

Oltin dardim, ipni uzdim, ko’kka uch!
Sevganimning yuzlaridan o’pib, quch!
O’pib quch, o’pib quch, o’pib… quch… uch… uch…

Yigitning qo’llari qanotga aylanadi, parvoz etib ko’prik tepasiga yetadi, o’zini Qizning oyokdari ostiga tashlab, «Oqshom go’zal — ko’ngil yayrar» degancha…

Ko’ngil yayrashi uchun esa Qizdan darak yo’q…

Yigitdagi sog’inch harorati Qizning kelmay qolishiga ishonmaslikka yo’l qo’ymaydi. Ishonch qudrati bois u kutishdan tolmaydi.

Yo’lingda kutdim,
Hasratlar yutdim,
Hajring-la ko’pdan
O’zni unutdim.

O’zini unutgan Yigitni xayol olib qochadi. Ko’l yoqasidagi ovloq o’rindiqda Qizning tizzasiga bosh qo’ygani, Qizning ko’ksidan otayotgan tong nurlariga betlarini tutgani…

Tizzaga ura boshlagan suv salqinida Qiz paydo bo’lishiga yana, yana ishonadi. Hech qanday kuch uning ishonchiga rahna sololmaydi.

Umidsizlik esa… ko’kda «yilt» etgan somon parchasidan-da, najot kutadi, odam.

Xayriyat, shu payt ko’kni yorib chikdi sariq bir chechak. Yigit ko’nglin ovutib, allaladi sharsharak…

Sharsharakning shovqini dam zo’rayadi, dam olisolislarga bosh olib qochadi. Yigit ko’kni yoritgan sariq chechakka ko’ngil bog’laydi, yo’q, ko’nglida bir tugun bog’lanadi. Yigit shu tugunga-da umid bog’laydi, tugunni yechsa sog’inch tugunaklari yoyiladigandek qorong’ida oyog’ining ostiga qaraydi, beliga dovur ko’tarilgan suv sathidan dimog’iga urayotgan salqin havoni tuyadi.

Kutaveradi…

«Egasini yo’qotgan sadoqatli itdek jonim o’rtanadi, sog’inchdan», degan edi Yigit.

«Men o’sha itdan ko’ra qattiqroq sog’inishimga ishonmaysizmi?!», degan edi Qiz.

Shu so’zning daldasida kutadi Yigit. Ko’ksini siypab o’tayotgan va lahza sayin kiftini ko’mib oqayotgan suv sathida…

Yulduzlarning tomar
Oltin ko’z yoshi…
Tegrasida jim porlar
Gavharning toshi…

Yigit tegrasida o’ynoqilab ko’zni qamapggirayotgan «toshcha»larni tutib muvozanat saqlaydi, tobora tezlashayotgan oqimda xasdek oqib ketishga-da shay, biroq mana hozir ko’prik tepasida oppoq farishtasi ko’rinishiga, ko’ringani zamoni hijron o’qlari vujudini tark etishiga juda-juda ishonadi. Hijron to’lqini orom topmayotgan qalb suv to’lqinida na oqadi, na-da cho’kadi.

Do’stim, qachongacha bu zolim hijron?..

Daryo o’zanini hijron azobidan xalos etgan suv Yigitning bo’g’ziga yetdi. U uch-to’rt daf’a quloch otib qirg’oqqa chiqishi mumkin edi, yo’q, shu topda, ayniqsa, shu oqshom hech bir kuch uni ahdidan qaytarolmaydi. Bir og’iz dil rozini aytadi:

Erkam, bugun sen tug’ilgan kun, deydi. So’ng, o’zini oqim izmiga qo’yadi.

Ko’kka boqamen, qoq yarim kecha
Momiq to’lqinlarga asta botamen…

Yigit og’zi, burni va ko’zi suv ostida qolayotganidan emas, balki hali-hanuz ko’prik tomonda intizor kutgan Qiz ko’rinmayotganidan xavotirda, unga so’nggi bor izhorlarini yetkaza olmayotganidan armonda, shu chog’… shu chog’ ko’rina qolsa-yu, qutlasa:

Erkam…

Suv bo’g’ziga yetdi.

Erkam bugun…

Suv sochlarini yuvib o’tdi. Yigit osongina harakat bilan yuzini suv sathidan chiqardi…

… sen tug’ilgan kun,

deya oldi. Ko’z o’ngi qorong’ilashdi. Nafas ololmay qoldi. Oqim shiddati zo’raydi.

Buyuk to’lqin qa’riga kirib ketamen
Qaydasan u erka xayollar izi?..

Yigit og’zini yumib olishdan o’zga chora topolmadi. Umid ipi uzilay-uzilay degan ko’prik tomonda oq harir libosga o’rangan Qizning sharpasi ko’rindi.

Yigit butun vujudini so’z aytishga chog’ladi. Aytolmadi. Sevinch yoshlari daryo suviga qo’shildi. Suv arigan ko’z o’ngida Qizning za’faron chehrasi paydo bo’ldi. Qizning sharpasi Yigit tomon talpindi. Yigit quvonchdan og’zini baralla ochdi, «Ehtiyot bo’l, jonim!» demoqchi edi xavotirda, ulgurmadi. Daryo o’zanini lim-lim to’ldirib ayqirayotgan suv yuzida dam ko’rinib-dam ko’rinmay oqib borayotgan jasad og’zidan otilib chiqqan… bir dasta gul hamon kelishidan umidini uzmagan Qizga atalgan, zero, Yigit cho’ksa-da, izhorga aylangan ajib guldasta oqimga qarshi… Qiz kelishi kutilayotgan ko’prik tomon siljiyotgan edi…

1997

045

(Tashriflar: umumiy 3 514, bugungi 1)

Izoh qoldiring