Mavlono Jaloliddin Rumiy. Hikmatlar (01)

08

Мавлоно Жалолиддин Румий — жумла башарият номини ҳамиша ифтихор ила тилга оладиган буюк ижодкор, бетимсол аллома, унинг «Маснавийи маънавий» асари эса теран ҳаётий ўгитлар, бебаҳо ҳикмату ҳақиқатлар хазинасидир. «Маснавий»ни варақлаб, дурдона панду ҳикматларни саралаб тузилган ихчам бир сайланмани сизга тақдим этмоқдан умид улким, улуғ бобокалон шоиримизнинг муборак руҳи шод, унинг руҳониятига ошно бўлганларнинг кўнгиллари обод бўлгай…

09
ҲИКМАТ — КЎНГИЛ ЧИРОҒИ
Иброҳим Ҳаққул,
филология фанлари доктори
02

Маълум эрмасму магар ибрат сенга,
Сўз очар сўзни деган ҳикмат сенга?
Жалолиддин Румий

Инсонни сев! Уни эъзозла! Бу янгилик эмас, жуда қадимий гап. Севги ва эъзозга лойиқ бўлолмаса-чи? Нолойиқни севмоқ, биринчидан, фаҳм-фаросат пастлигини кўрсатади; иккинчидан, муҳаббатни таҳқирлайди; учинчидан, инсонийлик шарафига зиён етказгувчи бир ишдир. Чунки ҳамма киши ҳам меҳр-муҳаббатга муносиб бўлолмайди.

Одамни билиш, одам танишда ҳикмат кўп. Мана шунда адашилдими — бўлди: тўғрилик, инсоф, мурувват, виждон, мардлик — ҳамма-ҳаммасида чалғиб кетилади. Донони — нодондан, оқилни — жоҳилдан, мардни номард ва ғирромдан ажратолмаган, ростлик ва ҳалоллик қадрини ерга қориштириб, ўғрилик, муттаҳамлик ва корчалонликка кенг йўл очган жамиятнинг боши эса мусибатдан чиқмайди, хусусан, ахлоқий, руҳий офатлар уни ичдан кемириб, емириб юборади. Бундай вазиятда сўз ҳам, фикр ҳам таъсир кучини йўқотади. Ва ўзи ишонмайдиган нарсага ўзгаларни ишонтиришта бел боғлаган, гапи бошқа, ҳол ва амали мутлақо бошқа вайсақи, сафсатабозларнинг бозори қизийди. Аммо улардан ҳеч қайсиси миллат, юрт тақдирига тегишли бирор бир масъулиятни зиммасига олмайди.

Одамнинг тақдири ва истиқболи жамиятда ҳал бўлганидек, жамиятнинг ижтимоий, ахлоқий, фикрий соғломлиги ҳам одамнинг бутунлиги, комиллигига дахлдор. Комил инсон ҳақида кўп гапирамиз, ўзимизча куйинамиз. Бу яхши, албатта. Лекин қуруқ гап билан, ёлғиз куйиниш ёки истак билан инсонни ўзгартириб, комиллаштириб бўлмаслигини чуқур ўйлаб кўрмаймиз. Бизнингча, бу жабҳада комил инсон масаласини ҳар жиҳатдан чуқур ўрганган тасаввуф алломаларининг мулоҳаза, мушоҳада ва хулосаларига кўпроқ таяниш жоиз. «Комил инсон» асарининг муаллифи, буюк ватандошимиз Азизуддин Насафий ёзади: «Шуни яхши билгилки, одамларнинг кўпчилигида инсонлик қиёфаси бўлгани билан одамийлик маъноси йўқдир. Бундай кимсалар эса аслида эшак, ҳўкиз, қурт-қумурсқа, қоплон, илон ва чаёнлардир. Нега, нима учун бундай дея сира ажабланмаслик лозим. Чунки ҳар бир кент ва шаҳарда ҳам маънан, ҳам жисман инсонлик шарафига соҳиб бир ҳовуч киши бордир, холос…».

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтсак. Инсоннинг ахлоқий покланиши, тафаккур балоғати, бир сўз билан айтганда, комиллиги борасида қадимда илгари сурилган ва асрлар мобайнида ўзлаштирилиб, амал этилиб келинган ҒОЯ ва тушунчалардан йироқлашиш, узилиш ҳолати у ёхуд бу тарзда бутун башарият турмушида кўзга ташланиб турибди. Бунинг бош сабаби Насафий бобомиз кўрсатган нуқсон — одамийлик маъносидан маҳрумиятнинг кенг қулоч ёзиши эрур. Дарҳақиқат, ўз илоҳий моҳиятини тушуниш ва мушоҳада қилишда инсоният олдинга эмас, ортга одимлагани инкор айлаш мушкул бир ҳақиқат. Моддий ва техникавий тараққиёт башар нафсида янги-янги «ўзан»лар очди…

«Аниқки, биз жин ва инсондан кўпларини жаҳаннам учун яратдик. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра билмайдилар» (Аъроф: 179) Дунёни ботиндан билиш лаёқатига соҳиб одам Қуръони каримдаги бу калималарга зарра қадар иштибоҳ қилолмайди. Шайтонийлик, ҳайвонлашув, йиртқичлик шу қадар авж олиб кетди. Айниқса, Ғарб дунёсидаги маънавий хасталиклар, хулқий буҳронларни айтиб адо қилиш қийин. Энг катта фожиа эса ботин ва зоҳир орасидаги зиддият, ҳол ва амалнинг кескин фарқланишидир. Пул, мол-мулк, мансаб, мартабанинг куч-қувватига ишонч, барча ишончнинг, жумладан, диний ҳиссиётларнинг ҳам тамали бўлаётир. Ҳозир бирор бир дин ва илоҳий маслак топилмайдики, «бутпарастлик» унга суқилиб кирмаган бўлсин.

Маълумки, одамлар маънан ва руҳан мавжуд борлиқ, яъни зоҳирий дунёдан юксаккка кўтарила олмаганликлари туфайли олтин, кумуш, ёқут, дур каби жисмлардан гўзал шаклда ҳайкаллар яратиб уларга топинганлар. Илоҳ деб шуларга сажда этганлар. Ва Оллоҳ сифатларини мана шу нарсаларга нисбат беришган. Ҳис қоронғулиги, кўнгил кўрлиги бундай бандаларни илоҳий нурдан бутунлай йироқлаштириб ташлаган. Шундай кимсалар йўқми бутун? Жаҳоннинг ҳамма жойида уларга дуч келиш мумкин. Улар хоҳласа диндор, тақводор, истаса, камбағалпарвар ва фидокор сиймосида кўринади. Бироқ Оллоҳга эмас, сийратидаги бут-нафсга таслимдирларки, қорин учун улар дастурхонга таъзим этишдан, манфаат ва мавқе илинжида амалдорга бел букиб тилёғмалик қилишдан, бойлик деб шайтонга сигинишдан асло тортинмайдилар. Имом Ғаззолийнинг мана бу сўзларига эътибор беринг: «… Бир жамоат бордурки… ўзларининг бир раб эканликларига инонурлар. Масалан, гўзал бир инсон, бир дарахт, кўркам бир от ёки бошқа бир қимматбаҳо нарсани кўришлари замон дарҳол унга сажда қилурлар ва «У раббимиздир», дерлар…»

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ана шу қавмга мансуб зотлар ҳозир кўпайган. Фақат улар отгамас, нархи баланд хорижий машинасига, дарахтгамас, ҳашаматли иморатларига, жонининг «жонона»сига дўнган аллақандай жиҳозларига сиғинишади. Энг қизиғи, булар ҳам «сунъий гўзалликка эмас, балки табиий гўзалликка» сажда этиб, қалблари «гўзаллик нури ила пардаланиб» бузилганини тасаввур ҳам этолмайдилар.

Умуман, Ҳақ ва ҳақиқатдан олис, на олам, на одам ҳикматини идрок қилиб билмайдиган банданинг ғайрати ҳам, ташаббуси ва ҳиммати ҳам хосиятсиз. «Таом билан тўлган медада ҳикмат бўлмас», дейди Зунуни Мисрий. Бу — нафс, ҳирс, тама бандалари ҳикматдан бенасибдурлар дегани бўлади. Чунки, ҳикмат покиза кўнгил ва тазкия топган руҳларга Оллоҳ томонидан туҳфа юбориладиган илоҳий сўз ҳамда маънолардир. Ҳикмат аҳли хос кишилар, яъни чин фақир, ориф, дийдорталаб ошиқ ва абдоллар бўлган. Уларнинг илми — ладуний илм, вужудлари эса маърифат суви билан ювилган. Ҳикмат эгаларининг дунёни англашларида тафаккур ва сукут алоҳида ўрин тутганлиги учун табиатларида шошқинлик, якравлик, кибр сингари нуқсонлардан тозаланган. Румийга кўра «Ҳикматлар — Аллоҳ лашкаридур, улар Ҳақ, ҳақиқат байроғини кўтариб, кўнгулларни забт қилур». Бу эътироф Мавлоно ҳикматларига ҳам тўла тегишли.

Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:

Ғарқи дарёий тафаккур шудаем,
Таҳнишин чун садафу дур шудаем, —

дейдилар. Чунончи: биз тафаккур дарёсининг қаърига шўнғидик. Шу учун садаф ва дурга ўхшаб жойимиз пастда — энг чуқурликдадир. Ақли ва дили ҳикматга тўлган зотларнинг, хусусан ирфон нарҳидан қониб-қониб сув ичган ҳақиқатпарастларнинг сифат ва фазилатлари худди шундайдир.

Абу Ҳасан Бушанчи «Бугун тасаввуф, ҳақиқатидан маҳрум бир исмдир. Бундан олдин эса исмсиз бир ҳақиқат эди», дейди. Яъни: тасаввуф атамаси саҳоба ва салаф замонида мавжуд эмасди. Бироқ уларнинг ҳар бирида бунинг маъноси мавжуд эди. Энди эса тасаввуфнинг номи бор, аммо ҳақиқат ва ҳикмати йўқдир. Ушбу фикрни ҳозирги кунларга ҳам тадбиқ қилса бўлади. Чунки тасаввуф мавзуида айтилаётган ва ёзилаётган мулоҳазаларнинг кўпи унинг ҳақиқати, сирли ҳикматидан кўра ташқи ёки аллақачон эскириб улгурган жиҳатларига тегишлидир. Тасаввуфнинг ҳаётий руҳи, бебаҳо дури гавҳари, сир-асрор хазинаси ва гўзаллик шукуҳини қаердан излаш ҳақида сўралса, ҳеч иккиланмасдан, адабиёт ва санъатни тилга олиш лозим. Тасаввуф тарғибу ташвиқига сафарбар адабиёт ҳам жуда аҳамиятли ва ибратли. Лекин тасаввуф олами ва ҳақиқатлари бадиий талқин қилинган Ишқ, Руҳ, Кўнгул, Ирфон ва Завқ адабиёти янада гўзал, янада таъсирлидир. Бу адабиётда наинки сўз ва маъно, оҳанг, ранг, тасвир ҳам ўзгача, яъни руҳ ва кўнгулни ёлқинлантирувчидир. Мавлоно Жалолиддин Румий асарлари шу учун дунё аҳлининг юрагини забт айлаб, ўзига асир этган.

Маълумотларга кўра сўнгги вақтларда Америка Қўшма Штатларида тез-тез нашр этилиб, энг кўп харид қилинаётган китоб «Маснавий» экан. Уни ўқиш, ўрганишга эҳтиёжмандлик бизда ҳам ҳеч бир элдан оз ёки паст эмас. Шуни назарда тутиб Мавлоно ҳикматларидан кичик бир гулдаста туздик. Бу ҳикматлар туйғу ва тушунчада тозалик, имон ва эътиқодда ҳаловат демак. Мавлононинг сўз ва фикрларидаги ҳикмат инсонийлик қадри ва шарафини ҳайвоний, шайтоний ҳирсу офатлардан ажратиш демак.

Шарқ донишмандларидан бири камбағал ва қашшоқларни бойликдан нафратланиш, молу дунёни қоралашга ўргатманглар, одам олдин бадавлат бўлиб, ана ундан сўнг бойликни назарга илмайдиган савияга юксалмоғи лозим, деган экан. Бу — тўғри гап. Халқимиз бежиз «Кўрмаганни — кўргани қурсин», демаган. Очдан, қашшоқдан чиққан назари паст кимса дунё бойлигини йиғса ҳам барибир тўймайди, «мол йиғиштирур лаин»лигича қолаверади. Ва бунақа гушналарнинг миллатга, юртга, илм-фан ёки адабиёт ва санъатга ҳеч фойдаси тегмайди. Оллоҳга шукрки, элимиз орасида адабиётни севадиган, илм-фан, маърифат қадр-қимматини ҳар қандай моддий бойликдан баланд кўрадиган сармоядорлар баъзан учрайди. Сийрак бўлса-да, бор улар.

Ҳақ майининг айрича тоти бор. Мавлоно демишларки:

Ҳақ майидин кимса бир қултум ичар,
Бир эмас, ул икки оламдин кечар.
Ул мусаффо май сурури ўзгача,
Мастлиги этгай давом маҳшаргача.

Ўйлаймизки, ушбу ҳикматларни ўқиган ҳар бир китобхон Ҳақ майидан қултумлаб, қон ва жонида ўзгача сурур уйғонишини ҳис этаркан, бунга ўзи ишонч ҳосил қилади.

09
Мавлоно Жалолиддин Румий
ҲИКМАТЛАР
Форсийдан Жамол Камол таржимаси
02

БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардин шикоят айлагай.

Мен қамиш эрдим, кесиб келтирдилар,
Нола чексам, эл ҳама оҳ урдилар.

Сийна истармен тўло дарду фироқ,
Токи сўйлай шарҳи дарду иштиёқ.

Ким йироқ тушса, йўқотса аслини,
Боз излар рўзгори васлини.

Давралар кўрдим неча нолон бўлиб,
Даврадошим ғамгину шодон бўлиб.

Ҳар кишиким бўлди бир дам ёр менга,
Билмади ёрдир нечук асрор менга.

Сиррим эрмас нола-оҳимдин йироқ,
Гарчи нур кўзу қароғимдин йироқ.

Танга жону жонга тан мастур эмас,
Жонни кўрмак кимсага дастур эмас.

Ўт эрур найнинг навоси, ел эмас,
Кимда ўт йўқдир, йўқолсин, эл эмас.

Найни ёндирган ўшал ишқ оташи,
Майни ёндирган ўшал ишқ оташи.

Ёрдин айрилганга най ёрдир, не бок,
Пардаси пардамни этмиш чок-чок.

Най каби бир заҳру тарёқ қайда бор?
Най каби дамсозу муштоқ қайда бор?

Қонли йўллардин ҳикоят айлагай,
Не эмиш савдойи Мажнун, сўйлагай.

Бўйла ҳушдир, маҳрами беҳуш, бас,
Муштари унга қулоқдин бошқамас.

Кунларим тун қаърига жо бўлдилар.
Ўртанишлар менга ҳамроҳ бўлдилар.

Ишқ ила кимнинг яқоси чок эрур,
Ҳирсдин озоду айбдин пок эрур.

Эй омон бўл ишқ — ажиб савдойимиз,
Эй ҳакими ҳозиқу донойимиз.

Лабларига етсам ул дамсозни,
Най каби мен сочгай эрдим розни…

Кимки бўлса ҳамзабонидин жудо,
Безабондир гарчи унда юз наво.

Чунки, гул кетса гулистон қолмагай,
Сўнгра булбул бирла достон қолмагай…

Раббанодин барча истармиз адаб,
Беадаб кўрмас жаҳонда лутфи Раб.

Йўқ, фақат этмас ўзига ул ёмон,
Беадаб ургай жаҳонга ўт ҳамон.

Нурга тўлмишдир адаб бирлан фалак,
Ҳам адабдин маъсуму покдир малак.

Кун тутилса кўкда, густоҳлик сабаб,
Кўкдин ҳайдалди Азозил, беадаб…

* * *

Хастага меҳру мурувват кўрсатиб,
Ҳар не лозим, кўрди, текширди табиб.

Боиси сафро эмасди ул бутун,
Билса бўлгай, не ўтиндин не тутун…

Зоридин билди, нечук зор эрди дил,
Тан саломат, лек гирифтор эрди дил.

Келди ошиқлик кўнгилнинг зоридек,
Йўқ беморлик кўнгил беморидек.

Дарди ошиқ ўзгадир олам аро,
Ишқ — устурлоби асрори Худо.

Ақл ишқ шарҳида ожиз не тарийқ,
Ишқ не, ошиқ недир, англатди ишқ…

* * *

Гар тикан ботса оёққа, бегумон
Тиззага олгунг оёқни шул замон.

Игна бирла чиқмаса ул бир йўла,
Лаб босиб, олмоқ бўлурсан тиш ила.

Бас, тикан ботса оёққа, бул азоб,
Дилга санчилса, не бўлғай, бер жавоб?

* * *

Мустафо дедики, ким сир тутгуси,
Сир ниҳон айлаб, муродга етгуси.

Доналар чун ерга пинҳон бўлдилар,
Барқ уриб сўнг сабза, райҳон бўлдилар.

Симу зар гар бўлмаса кўздин ниҳон,
Бўлмас эрди симу зар бергувчи кон…

* * *

Чашманинг боши кесилса, хулласи,
Боиси — мавжи, зилоли жилваси.

Ўз пати товусга душмандир, қаранг,
Чунки ул патнинг жилоси турфаранг.

Бул жаҳон — тоғ, феълу атворинг — нидо,
Ул нидони сенга қайтаргай садо…

* * *

Ул қизил гулдир очилган, хун дема,
Ул ақлдин маст эрур, мажнун дема.

Кимки тўкса бир мусулмон қонини,
Кофир ўлгум, тилга олсам номини.

Ларза солгай Аршга ҳам мадҳи шақий 1,
Бадгумон бўлгай бу сўздин муттақий 2.

Шоҳ бўлса, юртга огоҳ бўлсин ул,
Хос бўлсин, хоси Оллоҳ бўлсин ул…

1 Мадҳи шақий — ёмонни мақташ, мадҳ этиш.
2 Муттақий — тақводор

* * *

Сен азизларни ўзингдек билмагил,
Гарчи ўхшашдир ёзувда «шер»у «шир».

Жумла олам шул сабаб гумроҳ эрур,
Кам киши Ҳақ аҳлидин огоҳ эрур.

Баъзилар ўзни набий дейди, холос,
Авлиёни ўзига айлар қиёс.

Дер: улар эрса башар, биз ҳам башар,
Биз-да нон ермиз, улар-да нон ошар.

Ваҳ, улар кўрмас ва билмас ҳеч қачон
Ўртада бордир тавофут ончунон.

Арилар ҳам турфадирким, ҳар маҳал
Биттаси заҳру бири йиққай асал.

Икки оҳу бир гиёҳ ер, сарҳисоб:
Биттасидин гўнг, биридин мушки ноб.

Ул қамишлар бир ариқдин сув ичар,
Биттаси бўм-бўш, бирида қанд, шакар.

Боқки, ўхшаш жону жонзот қанчалар,
Ўртада фарқу тафовут мунчалар.

Ул еса, ундан палид бўлгай жудо,
Бул еса, келгай нуқул нури Худо.

Ул еса, келгай фақат бухлу ҳасад,
Бул еса, бўлгай фақат ишқи Аҳад…

Ҳарф — идиш, маъно — идишда сув ҳамон,
Баҳри маъно ҳам китоб ичра ниҳон.

Баҳри талх, баҳри ширин ҳам мавжланур,
Лек қўшилмас, бир-биридин ажралур…

* * *

Сен разм сол, икки юзни эт қиёс,
Балки бўлгайсен бу ишдин рўшинос.

Жумла иблисларда одамюзли, бас,
Ҳар кишига қўл бериш ҳам яхшимас.

Каҳру шаҳват кимсани айлар ғилай,
Кўп ёмон йўлларга руҳни бошлагай.

Бас, ғараз келса, ҳунар кийгай ниқоб,
Парда тушгай кўзга кўнгилдин шу тоб…

* * *

Гар ҳасад кўнглингга солса бир ғулув,
Лаънати Иблиснинг этган кори бу.

Ул ҳасад айлаб, мудом жанг айлагай,
Одамийнинг ҳолини танг айлагай.

Эҳтиёт бўл, йўлда ул тош бўлмасин,
Шум ҳасад йўлингда йўлдош бўлмасин.

Гар жасад эрмиш ҳасад уйи, ва лек,
Ул жасадни пок этур Оллоҳи нек.

Беҳасадга айласанг макру ҳасад,
Кўп қароликлар чекар кўнглингга сад.

Марди Ҳақ бўл, бўл ҳасаддин беғубор,
Бизга ўхшаб сен уни тупроққа қор…

* * *

Гар кумушнинг ранги оқдир, лек шу дам
Қўлга олсанг, қўл қорайгай, жома ҳам.

Ўт деган чўғдин қизил юздир магар,
Сен қаро қилмишларига сол назар.

Гарчи чақмоқ нурга монандир, ҳамон
Чақнаса, кўзни қамаштиргай ёмон…

* * *

Гар анор истар эсанг, хандонни ол,
Хандаси ҳар донасидин бир мисол.

Нори хандон боғни ҳам хандон қилур,
Суҳбати мардон сени мардон қилур.

Гарчи тошдирсен, ва гар мармар ўзинг,
Тутса кўнгил соҳиби, гавҳар ўзинг.

Меҳри покларни азиз тут эрта-кеч,
Меҳри йўқларга кўнгилни берма ҳеч.

Сен ғазойи дилни ҳамдилдин сўра,
Бахту иқболингни муқбилдин 3 сўра.

3 Муқбил — иқболу давлат эгаси.

* * *

Ҳақ ўзи жонларга деб нур ёғдурур,
Бахтиёрлар унга доман тўлдирур.

Кимки узмас эрса Оллоҳдин назар,
Унга бўлгай нури Оллоҳдин асар.

* * *

Тангри бизни ёрлақаб, ёрлик қилур,
Кўнглимизни ўзига зорлик қилур.

Ул гўзал кўзларки, гирёндир анга,
Ул ҳумоюн дилки, бирёндир анга.

Ҳар йиғининг охири бир хандадир,
Охират марди муборак бандадир.

Йиғлаганларни ая, нам истасанг,
Нотавонларни ая, раҳм истасанг…

* * *

Бўйладир ушбу жаҳонда қийлу қол,
Оч кўзингни, боқ жаҳонга, ибрат ол.

Сен ўзингдан-ку қочолмассен, аниқ,
Бас, нетиб Ҳақдин қочарсен, эй рафиқ?

Бедаволар мулки дунё излагай,
Бахтиёрлар мулки уқбо излагай…

* * *

Деди: сир айтилса, сирдан борму суд,
Жуфт тоқ бўлгай гаҳи, гаҳ тоқ жуфт.

Урмагил дам, тийра тортгай ойина,
Сўнгра аксингни қорайтгай ойина.

Учта сўзга кам қимирлат сен лабинг,
Ақчангу юрмоқ йўлинг ҳам мазҳабинг.

Шу учовга кўп эмиш душман, адув,
Билса, бас, тушгай сенинг қасдингга у…

* * *

Сен имонни тоза тутгил ҳам омон,
Бўл амин кибру ҳаводин ҳар замон.

Ул ҳаво зиддир имони тозага,
Ул ҳаво қулфдир ўшал дарвозага.

Шарҳ этарсен ул азиз Қуръонни, бас,
Сен ўзингни шарҳ қил, Қуръоннимас.

Унча шарҳ этдинг думоғдорлик билан,
Пасту қийшиқ бўлди маънойи баланд…

* * *

Хушдурур пайғоми Ҳақ — Парвардигор,
То абад пайғоми Ҳақдир пойдор.

Ўзгарур шоҳларда ҳукму салтанат,
Авлиёлар ҳукми қолгай то абад.

Шоҳлардин қолмагай даҳр ичра ном,
Номи Аҳмад то абад олиймақом.

Анбиёлар исми буткул ундадур,
Келса юз, фаҳм этки нўқсон шундадур…

* * *

Ранг кўриш зоҳирда нурсиз кўп қийин,
Ичдаги ранги хаёл ҳам инчунин.

Даҳр аро нур — акси офтоби сахо,
Дилдаги нур — акси анвори Худо.

Дилда бўлса, кўзга келгай ҳосили,
Кўз нури кўнгил нурининг маҳсули…

* * *

Эйки, юксалдинг аламни, оҳни,
Билки, қазгайсен ўзингга чоҳни.

Бир заиф ерда чекар бўлса фиғон,
Тикка қўзғолгай сипоҳи осмон…

* * *

Нафс дўзахдир ва дўзах — аждаҳо,
Баҳру дарёйинг анга бўлмас вақо.

Етти дарёни симирса, ичса ҳам,
Чанқови қонмас, дегайким, менга кам.

Нафси дев оламни ҳам ямлаб ютар,
Наъралар тортиб, яна олам кутар.

Ломакондин Ҳақ қадам босган замон
Қолмагай андин бирор ному нишон.

Шер агар сафларни ёрмишдир, нетар,
Шер улким, нафсини мағлуб этар…

* * *

Ким ҳавасдин пок тутса жонини,
Ҳазрати Ҳақнинг кўрар айвонини.

Чун Муҳаммад ул ғубордин пок эди,
Қайга борса, унда важҳуллоҳ 4 эди.

Бағри кенг бўлса киши ҳам кўнгли соф,
Ҳар шаҳардин унга боққай офтоб.

Ҳақ бу олам ичра кўрсатгай жамол,
Порлаган юлдузлар ичра ой мисол…

4 Важҳуллоҳ — Оллоҳнинг ҳусни.

* * *

Чун одам кўзу қулоқсиз эрди, бўш,
Ҳақ фусун этгач, одамга тушди жўш.

Ҳақ фусун этгач, одамлар зуд-зуд
Келдилар бор бўлгали сўйи вужуд.

Гулга афсун айтди, хандон айлади,
Тошга айтди, лаъли тобон айлади.

Танга сўз айтган эди, жон бўлди ул,
Сўйлади хуршидга, рахшон бўлди ул.

Боз қулоғига этаркан нуқта фош,
Юзига юз парда тортди ул қуёш.

То булутга сўйлади бир-икки бор,
Кўзидин ёшлар оқизди шашқатор.

Ер қулоғига неча сўз айтдиким,
Ер чуқур ўйларга толди, қолди жим…

* * *

Тил темирга, тошга ҳам ўхшаш эрур,
Тилдан учган сўз гаҳи оташ эрур.

Урма сен тошни темирга бемаҳал,
Гоҳ мақол айтиб, гоҳи сўйлаб матал.

Улки золим қавмлар, кўз юмдилар,
Сўз ила оламни ҳам ёндирдилар.

Бир сухан оламни вайрон айлагай,
Тулкини ўрмонда султон айлагай…

Қатрайи илмингки, ул жисмимда дил,
Сен уни хокий танимдин тоза қил.

Ул илмни токи тупроқ босмагай,
То ҳаволар ҳар тарафга сочмагай.

Сочса ҳам, басдир, кифоя бир сўзинг,
Қайтадан йиғмоққа қодирсан ўзинг.

Қатраким, кетмиш ҳаволарга учиб,
Ул хазинингдин кетолгайму қочиб?

Маскани гар бир одаммас, юз одам,
Сен чақирсанг, сен сари қўйгай қадам.

Тортадир зидларни зидлар бир йўла,
Боз чиқурлар ўртага ҳукминг ила.

Сўйи борлиққа одамдин ҳар замон,
Йўлланур карвон кетидин корвон…

* * *

Эй биродар, қил ўзингга эътибор,
Сендадир ҳар дам хазон бирла баҳор.

Сен кўнгил боғига кўз сол, не чаман,
Ҳар қадам гулғунча, сарву ёсуман.

Боқки, япроқларга бурканмиш бутоғ,
Гул билан орастадир саҳрою тоғ.

Атру гул бўлса агар раҳбар сенга,
Сенга бўлгай жаннатул кавсар, сенга…

* * *

Одамий кардир парилар созига,
Ошно эрмас уларнинг розига.

Гар парию нағма бир олам эрур,
Лек кўнгил сози яна кўркам эрур.

Нурни сен одамдан ол ё Ундан ол,
Май тиларсен, кўзадин ё хумдан ол.

Мени кўрган бахтиёр, демиш Набий,
Мени кўрганларни кўрганлар дағи.

Бердиким оташ, чироқни ёқди шам,
Ким чироқни кўрса, кўргай шамни ҳам.

Очди бир-бир юз чироқнинг васлини,
Ҳар чироқда кўрсатур ул аслини…

* * *

Авлиёлар сўзи юмшоқдир, дағал,
Мулки динингга таянчдир ҳар маҳал.

Сўзлари иссиқ-совуқдир, эт қабул,
Жонни дўзахдин ҳимоят айлар ул.

Сўзларин билгил тириклик гулшани,
Бандалик, сидқу яқинлик равшани.

Бас, алардин гулшани жон зиндадир,
Денгизи, баҳри жавоҳир ундадир…

* * *

Фалсафий ул, мункири Ҳаннонадир,
Авлиё асрорига бегонадир.

Фалсафий шайтонни тан олмас сира,
Шул сабаб шайтонга ҳар кун масхара…

* * *

Илм агар кўнгилга сингса, ёр эрур,
Гар баданга сингса ул, бекор эрур.

Илм Ҳудан келмаса бевосита,
Бир бўёқдирким, кетар билвосита.

Сен бу юкни яхшилик бирлан таши,
Юкдан ажралганда шод бўлгай киши.

Илм юкин элтма ҳавойи нафс учун,
Илм тулпорига мингайсен у кун.

Илм тулпорига сен бўлгач сувор,
Қолмагай елкангда ул юкдин ғубор…

* * *

Ким халос топмиш ўшал Ҳу жомисиз?
Ҳуга еттайму киши Ҳу номисиз ?

Исмини билдинг, ўзинг ҳар ёнда кўр,
Сувда кўрма ойни сен, осмонда кўр.

Бойлама кўнгилни ному ҳарф ила,
Ўзлигингдин кеч, қутилгин бир йўла.

Гар темир эрсанг, эриб, беранг бўл,
Ойина эрсанг, тиниқ, безанг бўл.

Қўй тамом тавсифу авсофингни сен,
Кўр асл зотингни, ул софингни сен.

Раҳнамосиз, бекитобу бехато
Юз очар кўнглингда илми анбиё.

Деди Пайғамбарки, бордир умматим,
Ул менинг бир гавҳаримдир, ҳимматим.

Нур эрур, боқсам, уларнинг маскани,
Бас, улар ҳам нурда кўргайлар мени.

Ул ҳадисларким, саҳиҳ, олий сифот,
Ўйлаким, чун машраби оби ҳаёт.

Курд бўлиб, оқшом тунашни ўйлагил,
Сўнг арабдек уйғонишни ўйлагил…

* * *

Аҳли Рум сўфий эдилар, эй падар,
Бекитобу беқироат, беҳунар.

Соҳиби сайқал — уларнинг сийнаси,
Йўқ уларнинг ҳирсу бухлу кийнаси.

Аҳли сайқалга не ҳожат бўйу ранг,
Ҳар нафас кўнгилда бир ҳусну жаранг.

Четга отмишлар илм пўстлоғини,
Тик тутиб илмаляқин байроғини,

Ўйламай ўй, рўшнолик топдилар,
Наҳру баҳри ошнолик топдилар.

Жумла қўрқарлар ўлимнинг дастидин,
Бул қавм кулгай ўлимнинг устидин.

Ярқираб саккиз биҳиштнинг жилваси,
Ул тиниқ дилларга урмиш шуъласи.

Не эмиш ул Аршу Курсию Фазо
Гар муяссар эрса дийдори Худо…

* * *

Во дариғо, икки бурда нон ҳамон
Оташи фикримни сўндирди тамом 5.

Этди буғдой субҳи Одамни қаро,
Кирди Ер ул Ойу ул Офтоб аро…

Лойланиб оқмоқда ул сўз тўлқини,
Сувки келса тийра, тўс, тиндир уни.

То Худойим боз зилолу соф қилур,
Тийра қилди, Ул ўзи шаффоф қилур.

Сабр элтар орзуга, этма шитоб,
Сабр қил валлоҳу аълам бис-савоб…

5 Мавлоно бу мисраларии котоби Хусомиддин Чалабийга айтиб ёздираркан, орада бир-икки тишлам нон ейди… Шунга ишорат.

* * *

Маснавий назмида юз берди сукут,
Вақт лозим қондин айрилгунча сут.

Ул ширин сут қондин айрилмайди то,
Этмагунча толеинг фарзанд ато.

Ул Зиёулҳақ Ҳусомиддин бу он
Маснавийни бурди кўкдин ер томон.

Ул Ҳақойиқ кўкига кетмиш эди,
Гулбаҳорсиз ғунчалар хомуш эди.

Қайтди ул соҳилга, оғоз айлади,
Маснавий чолғусини соз айлади.

Қайтди булбул боғ аро бонг ургали,
Учди лочин ул маоний тергали.

Шоҳ қўли унга макон бўлсин абад,
Бул эшик элга равон бўлсин абад…

* * *

Бонги Шайтон — мисли бонги ошно,
Ошно тортгай сени сўйи фано.

Бонг уриб, чорлайди: кел, эй карвон,
Бундадир йўл, бунда манзилдир, нишон.

Ҳар кишининг исмин айтиб, эй фалон,
Кел бери, дер ул, вале бермас омон.

Кимки борса, қаршилар шери бало,
Умр зое, йўл машаққат, кун қаро…

Бонги Шайтонинг нима, не эрмиш у?
Мол дерман, жоҳ дерман, обрў.

Ўз ичингдандир — ўшал овозлар,
Кес уларни, то етишгай розлар.

Ҳақ дегил, шайтонни куйдир эрта-кеч,
Солма ул наргис кўзинг калхатга ҳеч…

* * *

Кўкда офтоб неъматидир — нури Арш,
Ҳосиду шайтонга озуқ-дуди фарш.

Дўсту ёрдин дил ғизолар излагай,
Илми асрордин сафолар излагай.

Ҳар яқиндин тотинурсен бир нима,
Ҳар қариндошдин олурсен бир нима.

Бўлса юлдузга магар юлдуз яқин,
Ул яқинликдин туғилгайдир чақин.

Эр билан хотун қовушганда — башар,
Тош ила темир сўғишганда — шарар 6.

Ерга ёғса ёмғиру найсонлар,
Мева бўлгай ҳам гулу райҳонлар.

Юз қизиллик жисм аро хундан келур,
Қонга талъат — шамси гулгундан келур.

Ол, қизил ранг барча рангдин яхшидир,
Ул қуёш ранги, қуёшнинг нақшидир.

6 Шарар — учқун, ўт.

* * *

Сув садоси — бонги Исрофил эрур,
Тиргизур ҳатто ўлик жонларни ул.

Гулдирос ул, мисли айёми баҳор,
Гулдираб, боғларни этгай лолазор.

Ёки дарвешларга — аёми закот,
Ёки маҳбусларга — пайғоми нажот.

Ё дами Райҳон, Яман гул бўйига —
Йўғрилиб келмиш Муҳаммад сўйига.

Еки атри Аҳмади мурсал эрур,
Аҳли осийга шафоат келтирур.

Ёки ул мушки Юсуфдирким, латиф,
Баҳра олгай Яъқуби зору заиф…

* * *

Кексалик тупроғи шўрдир, ўйлаким,
Шўрлаган тупроқда унгайму экин?

Куч суви, шаҳват суви бўлмиш адо,
Фойда йўқ сендин бировга мутлақо.

Ҳурпайиб қошлар, ўсиқдир, тасқара,
Ёшланиб боққан ўшал кўзлар хира.

Юз ажин узра ажин, ранглар униқ,
Тил ғализ, таъм бетамиз, тишлар синиқ.

Қош қорайган, тан майибу, йўл йироқ,
Алхусус, корхона вайрон, иш чатоқ…

* * *

Нури Ҳақдин нури ҳис гул-гул эрур,
Нурун аъло нур, дегони шул эрур.

Нури ҳис тортар шу ер, майдон сари,
Нури Ҳақ тортар вале осмон сари.

Нури Ҳақдин баҳраманд эрса киши,
Кўрсатур ширин сўзи, қилган иши…

Одамий олса Худодин нур агар,
Қошида жумла халойиқ бош эгар.

Жонида йўқ эрса зарра шубҳа-шак,
Сажда этгайлар ўшанга чун малак…

* * *
Мен яна девонадирмен, эй табиб,
Мен яна савдойидирмен, ё ҳабиб.

То урибсен занжирингни менга чун,
Бўйлаким, ҳар ҳалқасида бир жунун.

Бўлди савдойи фунуним ўзгача,
Ҳар нафас келган жунуним ўзгача.

Бас, жунун эрмиш фунун-зарбулмасал,
Солди занжирга мени мири ажал.

Ончунон девоналик юз берди, тут,
Ки ҳама девоналар бергай ўгит…

* * *

Дўст агар ранжитса, ҳеч ранжирму дўст?
Меҳр — мағз эрса магар, ранж мисли пўст.

Дўст турур ёнингдаю жонингда то,
Ҳар балову офату меҳнат аро.

Дўст — мисоли зар, бало-оташ эрур,
Зар агар оташга кирса, хуш эрур…

* * *

Деди: неъматбахш қўлингдин, эй ҳаким,
Тотлию тансиқ таомлар кўп едим.

Бир сафар аччиқ есам, офатми ул?
Баски, ширин ўрнида этдим қабул.

Узву узвим ичра инъоминг сенинг,
Борлиғим ул донаву доминг сенинг.

Битта аччиқдин агар фарёду дод
Айласам, бошимга тупроқ шул заҳот.

Қўлларинг шаҳду шакарбахшдир чунон,
Тегса, аччиқлар йўқолгайдир ҳамон.

Улки аччиқ, ишқ ила ширин бўлур,
Улки мисдир, ишқ ила заррин бўлур.

Ишқ ила лой узра найсон бўлгуси,
Ишқ ила дард узра дармон бўлгуси.

Мурдалар ҳам зинда бўлгай ишқ ила,
Шоҳлар қул, банда бўлгай ишқ ила…

* * *

Келди Мусога ваҳий — лутфи Худо;
Айладинг шу дамда бандамдин жудо.

Ҳой, не қилдинг, не эди бу қилмишинг,
Васлу дийдорму, жудоликму ишинг?

Ҳар кишига — ўзга бир сийрат, тана,
Ҳар кишига истилоҳ бердим яна.

Амр этаркан, суди савдо кутмадим,
Бандага меҳру саховат истадим.

Ҳиндуга ҳинд истилоҳи хуш ёқар,
Синдуга синд истилоҳи хуш ёқар.

Покламас номимни тасбиҳ сўзлари,
Дур мисоли покланурлар ўзлари.

Боқмагаймиз тилга ёхуд қолга биз,
Кўз солодурмиз кўнгилга, ҳолга биз.

Майлига, боғланмасин ул тил била,
Лекин ул пайваста бўлсин дил била.

Миллати ишқ барча динлардин жудо,
Аҳли ишққа миллату мазҳаб — Худо…

* * *

Раҳмат ичра неча раҳмат бор, ўғил,
Битта раҳматга қаноат қилмағил.

Оби раҳмат сори энгаш, паст бўл,
Ич майи раҳматни чанқаб, маст бўл.

Чархни олгил сен оёқ остига то,
Тингла, юксакдин келур бонги само.

Ол қулоқдин ваҳму васвос пахтасин,
Кўк нидоси то қулоқда янграсин.

Ол кўзингдан ҳам ҳасад нуқсонини,
Токи кўргил ғайб сарвистонини.

Покласанг бурнинг, думоғинг, хуш эди,
Унга киргай мушки Руҳуллоҳ ҳиди.

Қолмасин таъбингда сафродин асар,
Токи тотгайсен шу дунёдин шакар.

Мард бўлиб кўрсат жаҳонга бўйлар,
Мардлар эргашсин сенга, хушрўйлар…

Кўкка боқмоқ кўзга бахш этгай зиё,
Лек қамаштиргай кўзингни аввало.

Кўзларингни нурга, рўшноликка бур,
Бўлма хуффош, кунни, рўшноликни кўр.

Оқибатбинлик эрур нуринг сенинг,
Сўнг ҳақиқатдир борар гўринг сенинг…

* * *

Авлиёдин гар йироқ тушсанг чунон,
Сен Худодин ҳам йироқдирсен ҳамон.

Дўстдин айрилмоқку бундоқ ғам эрур,
Шоҳдин айрилмоқ нечук мотам эрур.

Сен-да бир шоҳ соясини изла, топ,
Топ ўшал шоҳ соясида офтоб.

Йўлга чиқсанг, ушбу ният бирла юр,
Юрмасанг, бул нуқтадин огоҳ ўтир…

* * *

Хақ демишким, қайга борсанг ҳақ ила,
Толиби мард бўл, эранларни тила.

Ганж изла, чунки бўл суду зиён,
Йўлда қолгай, сен кетиб манзил томон.

Буғдой олмоққа киши қасд қилгуси,
Якка буғдоймас, сомон ҳам олгуси.

Лек сомон экканда битмас гандуме 7,
Мардум изла, мардум изла, мардуме 8.

Ҳаж қилай деб Каъбага юргай киши,
Маккани ҳам бир йўла кўргай киши.

Дўст дебон меърожга чиқди мўҳтарам,
Аршни кўрди ул, малойикларни ҳам…

7 Гандуме — буғдой.
8 Мардуме — азиз инсонни изла, дейилмоқда.

* * *

Олдида ўлтирди пирнинг, сўрди ҳол,
Кўрди дарвеш эрди ул, соҳиб аёл.

Сўрди: йўл бўлсин сенга, эй Боязид?
Қайси манзиллар сари элтар умид?

Каъбага, деди, борурмен, ҳаж учун,
Сўрди: ақчанг борму, йўлда хаж учун?

Деди: бордир икки юз танга пулим,
Эҳтиётдин тўнга тикканмен уни.

Деди: атрофимдин айлан етти бор,
Бул тавофи Каъбадин ҳам устивор.

Тангаларни менга бергил, эй жавод,
Ўйла, ҳаж қилдинг, насиб этди мурод.

Умра қилсанг, бул бақога етганинг,
Софланиб юрсанг, Сафога етганинг.

Тангриким жонимни жон деб сайламиш,
Ўз уйидин ҳам зиёда айламиш.

Каъба гарчанд Биру Борнинг меҳр уйи,
Хилқати жоним — Худонинг сир уйи.

Каъбани қурмиш, вале йўқ шарпаси.
Кирмамиш кўнглимга Ҳақдин ўзгаси.

Мени кўрдинг, бул Худони кўрганинг,
Каъбанинг атрофидин ўргилганинг.

Бори умрим тоату ҳамди Худо,
Ҳақ менга ҳамдам, қачон бўлмиш жудо?..

Сен кўзингни каттароқ оч, сол назар,
Нури Ҳақни ўзига олмиш башар.

Боязид ушбу ўгитни тинглади,
Нуқта-нуқта кўнглига жо айлади.

Шул туфайли бўлди андоқ муқтадо,
Етди ул охирдин — ул охирга то…

* * *

Юрма нафс хоҳишига, нафс куйига,
Бур юзингни дўсти содиқ сўйига.

Чун ақллардин ақл қувват олар,
Найшакар ёнида ўсгай найшакар.

Менга нафс макр этди, нелар кўрмадим,
Неча бир тошларга бошни урмадим.

Ваъдалар бергай сенга ул басма-бас,
Ваъдаларга сўнг ўзи бергай шикаст.

Ҳақ магар умрингни юз йил шайлагай,
Нафс ҳар кун бир баҳона айлагай.

Ул совуқмас, ваъдани иссиқ қилур,
Қўлларингни жоду бирла боғлар ул.

Бошда қурт эрди, илон эрди, қаро,
Йўлга тушгач, бўлди деву аждаҳо…

* * *

Кимки устоздин қочаркан, яхши бил,
Кечгай устози эмас, давлатдин ул.

Тан учун касб айладинг, чекдинг ниёз,
Энди дининг деб машаққат чек бир оз.

Бул жаҳон ичра бадавлатсен, ғани,
Лек кетар чоғида топгонинг қани?

Бир ҳунар касб этки, келса охират,
Қўлласин жонингни, топгил махфират.

Ул жаҳон ҳам шаҳру бозору ҳунар,
Ўйлама, ёлғиз шу дунёда унар.

Ҳақ таоло деди: бул касби жаҳон,
Ул жаҳон олдида эрмакдир чунон…

* * *

Сўзки ул, дилдан эмас, тилдан келур,
Ўйлаким, гулханда ўсган гул эрур.

Бевафолар лутфига лутф айлама,
Ул бузуқ кўприкни йўл деб ўйлама.

Қўйса ул кўприкка бир жоҳил қадам,
Сингай ул кўприк ва жоҳил пойи ҳам.

Гар бирор майдонда лашкар лат емиш,
Бул магар уч-тўрт муханнисдан эмиш.

Битта зарб бирлан қочурлар орқага,
Сен машаққатга қолурсен қайтага…

* * *

Яхшидир кўзни ўзингга солганинг,
Айтганинг — айбни ўзингга олганинг.

Чунки келгай ярми-айб дунёсидин,
Бошқа ярми эрса-ғайб дунёсидин.

Ўн яро чиққан эса бошингга, бил,
Сур ўзинг малҳам, иложу чора қил.

Йўқса айбинг, бунга эмин бўлма, оҳ,
Сенданам келгай ўшал айбу гуноҳ.

Сурди Иблис неча хуш айёмини,
Бўлди расво, энди кўргил номини.

Бор жаҳонга маъруф эрди, ой анга,
Чаппа кетди кори, энди вой анга…

Эмин эрмассен, ўзингни қистама,
Маълуму маъруф бўлишни истама…

* * *

Телбалар масжидга таъзим айлагай,
Аҳли дилларга вале зулм айлагай.

Ул-мажоздир, бул ҳақиқат, эй дали,
Масжид ул-орифу сарварлар дили.

Кўнглида масжид кўтаргай авлиё,
Саждагоҳдир элга, даргоҳи Худо…

* * *

Йўқса гар ҳожат, Худованди ғани
Бермагай бир кимсага бир нарсани.

Бўлмасайди ҳожати олам-замин,
Ҳеч яратмас эрди Раббулоламин.

Бўлмасайди ерда ҳожат устувор,
Тизмас эрди тоғни бундоқ пурвиқор.

Бўлмасайди эҳтиёж осмонга ҳам
Етти гардунни яратмасди Эгам.

Офтоб, ой бирла юлдузларки ул,
Эҳтиёж йўқ эрса, этмасди зуҳур.

Баски, борлиққа каманд ҳожат эмиш,
Эрда ҳам ҳожатга мос олат эмиш.

Сен ошир ҳожатни, эй муҳтож, зуд,
То карам этгай ўшал дарёйи жуд…9

Яхшилар афсона сўйлар яхшига,
Сен ёпишма сувратига, нақшига.

Эй биродар, қисса чун паймонадир 10,
Маъни унда-мисли буғдой донадир.

Гул ва булбулдин неча афсона бор,
Гарчи эрмас ўртада сўз ошкор.

Не кечирмиш шам ул, парвона ҳам,
Тинглабон, маъносига ет, эй санам…

9 Дарёйи жуд — саховат денгизи, Оллоҳ.
10 Паймонадир — идиш.

* * *

Боришарди турк, араб, форсу юнон,
Шунда бир кимса, анису меҳрибон,

Хайр, деб бир танга савғо айлади,
Йўқки савғо, балки ғавғо айлади.

Форс деди: бозор тушайлик шу замон,
Ақчага ангур олайлик, дўсти жон.

Қўй бу гапни, деб уни кесди араб,
Эйнаб олсак ақчага, бўлгай ажаб…

Турк деди: беҳуда бу гаплар бари,
Мевалар ичра узумдир сарвари…

Шунда юнон ҳам арога солди сўз;
Ҳой, харид этмоққа стафил дуруст…

Бас, улар битта қарорга келдилар,
Лек тушунмай, баҳсу ғавғо қилдилар.

Барчада хоҳиш узум эрди фақат,
Барчаси бирдек, узум, дерди фақат.

Лек арога шум жаҳолат тушди, бас,
Тиш, қовурға лат еди, топди шикаст.

Ғофилу ғафлат сўзиддин-можаро,
Бизники-бирлик ила сулҳу салоҳ…

* * *

Ҳақ демишким, даҳр аро йўқ уммате,
Бўлмагай то унда соҳиб ҳиммате.

Жумла жонларни йиғиб, яқдил қилур,
Жумла кўнгилларни бемушкул қилур.

Бизки кўр қушмиз, адабда турмадик,
Ул Сулаймон келса ҳамки, кўрмадик.

Чуғз каби лочинга ёв, душмон бўлиб,
Қолдик охир мулкимиз вайрон бўлиб.

Чунки кирганмиз жаҳолат йўлига,
Етказиб озор азизлар кўнглига…

* * *

Эйки, озиқ сенга шул халқнинг хуни,
Халқ хуни бир кун басе тутгай сени.

Молини сен қони деб бил бир йўла,
Чунки топгай молини заҳмат ила.

Сен неча филбачча ерсан, порахўр,
Она филни бир куни қаршингда кўр.

Она фил бир кун муқаррар ўч олур,
Ул неча филбаччахўрни ўлдирур…

* * *

Ҳақ дегил, оғзинг, даҳонинг пок қил,
Ўз руҳингни чобуку чолок қил.

Зикри Ҳақ покдирки, ул келгач, тамом,
Даф бўлур ҳар неки ифлослик, ҳаром.

Зид қочур, зиддин ҳамиша, инчунин,
Тун қочур, зулмат қочур келганда кун.

Пок ном кирса оғизга, бил у дам
Қолмагай кирлик, палидлик, дарду ғам…

Биз агар наймиз, наво Ҳақдин келур,
Биз агар тоғмиз, садо Ҳақдин келур…

* * *

Сабр қилким, сабр келтиргай нажот,
Сабр сергакликка чун қўлу қанот.

Ўзни тийким, кўп заҳарли ул гиёҳ,
Ўзни тиймоқликда нури анбиё.

Ел уфурса, кўкка учгайдир хазон,
Ел эсиб, тоғни қўпоргайдир қачон?

Ҳар нафас шайтон эрур қаршингда шай,
Эй биродар, қочма мендан, кел, дегай.

Эл бўлурмен сенга, бўлгаймен рафиқ,
Йўл очармен сенга равшан ҳам дақиқ.

Бўйла дер ул макру ҳийла зўридин,
Юсуфо, қочгил одамхўр бўридин.

Сен ҳазиру эҳтиёт бўл, хулласи,
Чун фириб айлар сенга ҳар луқмаси.

Берга олтин, олма, дарҳол таркин эт,
Сен-балиқдирсен, илар қармоққа эт…

* * *

Порласа маҳшар қуёши, ул замон
Тўлғаниб, жунбушга тушгайдир жаҳон.

Бизни тупроқдин яратмиш, ўйлагил,
Не эмиш тупроқ, фикр қил, англагил.

Мурдадир бунда, у ёқда зиндадир,
Бунда хомуш, унда ул гўяндадир.

Ул тарафдин бизга етса бир асо,
Қўлга олганда бўлур ул аждаҳо.

Тоғу тош Довудга хушхонлик қилур,
Илкига олса, темирлар мум бўлур.

Ел Сулаймоншоҳга хизмат айлагай,
Баҳр Мусо бирла суҳбат айлагай.

Ой боқиб, Аҳмадга мафтун, қул бўлур,
Оташ Иброҳимга насрин гул бўлур.

Ер ютар Қорунни бир аждарсимон,
Устуни Ҳаннонага етгай имон.

Тош Аҳмадга саломлар йўллагай,
Тоғ Яҳёга паёмлар йўллагай…

* * *

Нури Аллоҳ ломакондек жойдадир,
Унда истиқболу мозий қайдадир?

Мозию мустақбал 11 эрмиш сенга эп,
Биттадир ул, сен биларсен икки деб…

Уйқу-ором эрса соҳир улфати,
Сеҳру жоду узра бўлмас қудрати.

Ётса чўпон, бўрилар эмин бўлур,
Чунки чўпон ғайрати сокин бўлур.

Ҳақки чўпондир, амал бефойдадир,
Ул тарафга бўрига йўл қайдадир?

Жодуни Ҳақ этса, ул Ҳақдин ато,
Сеҳру жоду деб уни айтмоқ хато…

11 Мозию мустақбал — ўтмиш ва келажак.

* * *

Эй Расулим, соҳир эрмассен басе,
Кийганинг устингда Мусо хирқаси.

Ҳам сенинг илкингда Қуръон ул-асо,
Ўйлаким, кофирга мисли аждаҳо.

Сен ётурсен, масканинг ер остида,
Лек асойинг ётмагай ер устида.

Ухла, эй шоҳ, ухла ором, бехатар,
Қўл уролмайди асога ўғрилар.

Ердасен, нурингга маскан-осмон,
Ёвларинг отмоққа Ҳақ тутмиш камон…

* * *

Зикри Мусо-бир баҳона, эй ўғил,
Нури Мусо-аслида жонингда ул.

Фиръавн, Мусо иковлон сенда жам,
Сен ўзингдин излагил, эй муҳташам.

Порлагай нури Мусо маҳшаргача,
Нур ўшал нурдир, чароғи ўзгача.

Ўзгадир гарчи чароғу пилтаси,
Лек у ёқдандир сафойи шулъаси.

Шишага боқсанг, йўқолгайдир йўлинг,
Сон-ҳисобларга тақалгайдир йўлинг.

Нурга боқсанг, йўлларинг этгай давом,
Сон-ҳисоблардин қутулгайсен тамом…

* * *

Бул жаҳон мисли дарахтдир, эй киром,
Биз — бутоқда меваларимиз, ғўру хом.

Новдага қаттиқ ёпишгай хомлар,
Хомга ким этгай магар икромлар?

Бас, етилса, олса шарбат, тоту таъм,
Новдага мева ёпишмас унча ҳам.

Тотса ул иқболи ширинни даҳон,
Одамийга ҳеч бўлур мулки жаҳон.

Мунча хомсанки, ҳама ҳайрон сенга,
Она қорнидан емишдир қон сенга…

* * *

Ҳар нечук ҳолингда ҳам этгил талаб,
Бир зилол ахтар ўзингга, хушклаб.

Қовжироқ лаблар гувоҳлик бергуси,
Бир куни чашма муяссар бўлгуси.

Сенга лаблар қурғаши пайғом ўлур,
Қурғаган лабларга сув инъом ўлур.

Бир калитдир бу талаб андоқ сенга,
Ҳам сипоҳ, ҳам нусрату байроқ сенга.

Воситанг йўқдир, вале этгил талаб,
Восита сўрмайди сендин роҳи Раб,

Кимсани кўрсанг талабгор, эй ўғил,
Олдида бошингни индир, сен эгил.

Ёндашиб толибга, толиб бўл ўзинг,
Эргашиб ғолибга, ғолиб бўл ўзинг.

Бир чумоли гар сулаймонлик тилар,
Солма истеҳзо ила кубро назар.

Қанча молу давлатинг эрса ҳали,
Бир тилак, андиша эрди аввали…

* * *

Бор ҳадиским, дил мисоли пар эмиш
Бир биёбон ичра, ел-сарсар эмиш.

Ел учиргай парни, бермас унга дам,
Ўнгга сургай, сўлга сургай дамба-дам.

Бор ҳадис бир ўзгаким, кўнгил чунон,
Бир қозондирким, турармиш қайнабон.

Ҳар замон бир ўзга ҳолу майли бор,
Ундан эрмас, бошқа жойдин ул қарор…

* * *

Халқ магар уйқуда кўргай бир нишон,
Мен эсам ўнгимда кўргаймен аён.

Бул жаҳондин ўзни бир дам беркитай,
Туйғу-япроқлар тўкилсин, силкитай.

Ҳис-асири ақлу ҳушдир, эй фалон,
Ақлу ҳуш руҳингга тутқин бегумон.

Жон ақл илкин очиб, дармон қилур,
Неча бир мушкулни ул осмон қилур.

Туйғулар андишаларни тўплагай,
Хору хасдек сув юзини қоплагай.

Ақлу ҳуш сургай уларни бир тараф,
Кўзларингга сув очилгай ярқираб.

Ақлу ҳуш гар сенга нозир бўлгуси,
Ҳис-ҳавас амрингга ҳозир бўлгуси.

Уйқуга чўмганда бедор туйғулар,
Қўзғолур жонингда сирри ғайбилар.

Сен кўриб ўнгингда тушлар тозасин,
Ҳам само очгай сенга дарвозасин…

* * *

Ҳусни фикр, уммиди хуш ҳамроҳ сенга,
Ки мададкордир мудом Оллоҳ сенга.

Ҳар қачонким сен ўқишни ўйласанг,
Яъни, Мусҳафни қироат айласанг,

Ул замон нурларга тўлгайдир кўзинг,
Ул замон ҳарфларни кўргайсен ўзинг…

Ул сабаб бўлмас валийда эътироз,
Ҳақ оларкан, унга қайтармоғи рост.

Ёндириб боғинг, узум бергай сенга,
Солса мотамга, тўзим бергай сенга.

Қўли шол, қўлсизга ҳамдастлик берар,
Ғам тўла кўнгилга бир мастлик берар.

Не йўқотсак, ўрнига бергай эваз,
Эътироз этмоқни банда ўйламас.

Улки, оташсиз ҳароратлар берур,
Розимен солсин мени оташга ул.

Сенга равшанликни бермиш ул ҳама,
Бас, чироғинг ўчса, афғон айлама…

Амри Ҳақсиз луқма ошинг пишмагай,
Тургай ул оғзингда, ичга тушмагай.

Тўкмагай чун битта япроғин дарахт,
Бермагунча ҳукмини султони бахт.

Майлу рағбатким, имом, дерлар ани,
Унга ҳам етгай ўшал амри ғаний.

Еру осмонларда зарра юрмагай,
Тушмагай жунбушга у, пар урмагай..

Бас, қазойи Ҳақ-ризойи бандадир,
Унда гар ҳукм эрса, хоҳиш бундадир.

Мен яшай, деб ўзни ҳар ён урмас ул,
Ҳам ҳаёт завқин сўроқлаб юрмас ул.

Бўйсунар Парвардигор амрига бот,
Унга бирдекдир ҳаётдир ё мамот.

Ганж учунмас, ул яшар Яздон учун,
Ранж учунмас, ул ўлар Раҳмон учун.

Ҳақ учундир кўнглида иймони, бас,
Азбаройи жаннатул маъво эмас…

* * *

Ўйлаким, машҳарда мардум саф бўлиб,
Тил ҳисоб бирлан муножотга келиб.

Ёш тўкарсен, оҳ уриб Ҳақ олдида,
Сўйлагайсен тик туриб Ҳақ олдида.

Ҳақ дегай: муҳлат берибдирман сенга,
Не қозондинг ҳамда келтирдинг менга?

Умри муддатни қаёққа сарфладинг?
Қурбу қувватни қаёққа сарфладинг?

Кўз нурингчи, қайга сарф этдинг уни?
Қайга сарф этдинг ўшал беш туйғуни?

Унча гавҳарларки олдинг аршдин,
Қайга харж этдинг, не олдинг фаршдин?

Қўл, оёқ бердим чу кетмон, белкурак,
Бир умр содиқ мададкору тирак…

Бўйла пайғому саволлар кўп бўлур,
Неча юз минглаб сенга Ҳақдин келур.

Бандаси тинглар, қиёмда эркан у,
Кўп хижолатлар чекиб, айлар рукуь.

Жисмида бир зарра дармон қолмагай,
Ул уятдин Ҳаққа тасбиҳ сўйлагай.

Бош кўтар, деб Тангридин етгай хитоб,
Ҳақ саволига аниқ бергил жавоб…

Ул рукудин бош кўтаргай шармсор,
Лек йиқилгай ерга бесабру қарор.

Боз келур фармон: аё, бошинг кўтар,
Бизга ул қилмишларингдин бер хабар…

Бош кўтаргай ул уятлиғ қул яна,
Лек илондек ерга тушгай ул яна.

Боз келур фармон: кўтар бошинг, ҳақир,
Сўйлагил қилмишларингни бирма-бир.

Бир нафас турмоққа ҳоли қолмагай,
Ҳайбати Ҳақдин мажоли қолмагай.

Қаъда айлаб ўлтирур оғир, гарон,
Тангри дер: қилмишларингни қил баён.

Қайда ул неъматга шукуронанг магар?
Берганим сармоядин борму самар?..

Юз буриб, ўнг қўлга қул бергай салом,
Ул тарафда — анбиё, аҳли киром.

Дерки, эй шоҳлар, шафоат айлангиз,
Мен, лаим балчиққа ботдим, қўллангиз…

* * *

Рост демишдир даҳр элига Мустафо,
Қутби дину баҳри дарёйи сафо:

Оқибатда ҳар неким жоҳил кўрур,
Бошданоқ билгай уни, оқил кўрур.

Не бўлур иш сўнгига етгач тайин,
Оқил аввалдан билур, жоҳил кейин…

Ҳақ дуо айларса, бунга не етар?
Ул дуо айлар, ижобат ҳам этар…

* * *

Дил деган бўлгай магар дарёйи нур,
Дил-назаргоҳи Худо, бўлгайми кўр?

Дил-неча хосу авомнинг кўнглимас,
Дил бўлур бир кимсанинг кўксида, бас.

Дил-муҳитдирким, жаҳонни қоплагай,
Даҳр аро ҳар ошиённи қоплагай.

Олам аҳлига каломлар йўллагай,
Ҳақ саломидин саломлар йўллагай.

Ҳар киши эрса мусаффо ҳам ҳабиб,
Дил нисоридин анга етгай насиб…

Сийму зар деб ўйладинг-да, бир йўла,
Тўлдириб олдинг этакни тош ила.

Зар эмасди сен ўшал зар билганинг,
Доманинг йиртилди, ошди ул ғаминг…

Ёш гўдак билгайму тошнинг тошлигин,
Улғайиб, то қўймагунча ёшлигин.

Пирлик ул сочу соқолнинг оқимас,
Ул ақл бирлан келур инсонга, бас…

* * *

Гар ақл бўлса ақлга ошно,
Дамба-дам ортгай магар меҳру вафо.

Нафс агар нафс бирла эш, ҳамдам бўлур,
Ўртада меҳру вафо кам-кам бўлур.

Нафс ул иллатга бергайдир ривож,
Маърифат бўлгай залолатга хирож.

Ошно, дўст бўлмагил ғофил била,
Дўст тутун, дўст бўл фақат оқил била.

Чун самуми нафс бирла хастасен,
Ҳар не олсанг, бир балога бастасен.

Гавҳар олсанг гар, қўлингда тош бўлур,
Меҳр кўрсанг гар, кўзингда ёш бўлур…

* * *

Ҳар сифатким, жон учун Ҳақ сайламиш,
Бегумон унга муносиб айламиш.

Васф ила жонни таносиб этди ул,
Юз ила кўзни муносиб этди ул.

Ё гўзал, ёки хунукнинг васфи ҳам,
Мос-муносибдир, Худо чеккан рақам.

Икки бармоқ ўртасинда бу кўнгил,
Гоҳи маъюс эрса, гоҳи хурсанд ул.

Эй қалам, фахр эт, бу дунё мулкида,
Хат чекарсен, ўйла, кимнинг илкида?

Жумла жунбишинг у жуфт бармоқдадир,
Тўртта йўл бошида, тўрт бармоқдадир.

Ҳоли назминг ҳам — Худонинг хоҳиши,
Азми жазминг ҳам — Худонинг хоҳиши.

Бас, тазарру айла, ўзга роҳ йўқ,
Ҳар қалам бу шевадин огоҳ йўқ…

* * *

Ё боқинг аввалгиларнинг ҳолига,
Ё боринг охиргиларнинг олдига.

Эҳтиёт не? Ишни салмоқлаш демак,
Икки тадбирдин бирин танлаш демак.

Гар бири деса: йўлингдир етти кун,
Йўл эмас, қумлар кечарсен, ташна қум.

Бошқаси деса: ишонма, эй фалон,
Ҳар қадамда учрагай оби равон.

Эҳтиётдин чора-тадбир шул бўлур,
Сувни ғамлаб чиққанинг маъқул бўлур.

Йўлда сув эрса, тўкарсен ҳойнаҳой,
Йўлда гар сув бўлмаса, ҳолингга вой.

Эй халифазодалар, инсоф қилинг,
Рўзи Ҳаққа эҳтиёт айлаб келинг.

Отангизга чун ғазаб этди адув,
Иллийюндин 12 судради зиндонга у.

Баски кўрсатди нечук йиқмоқни ҳам,
То йиқиб, рангларни сарғайтмоқни ҳам.

Ул ҳасадчи олди, қочди божини,
Отамиз ҳам онамизнинг тожини.

Қип-яланғоч қўйди, бундоқ этди хор,
Йиғлади Одам бу ишга зор-зор…

12 Иллийюн — жаннатнинг жаннати.

* * *

Шукр қил, неъматдин ортиқ бил ани,
Ношукур эрсанг, сенга неъмат қани?

Шукр агар жон эрса, неъмат ггўст анга,
Шукр ила келгай висоли дўст сенга.

Неъмат ул-ғафлат, шукр-огоҳлик ул,
Дом этиб шукрингни, неъмат овлагил…

Қона-қона ич майи анвосидин,
То қутулгайсен қорин ғавғосидин…

* * *

Ким ёмондир, беомонлик айлагай,
Яхшилик этсанг, ёмонлик айлагай.

Сабр ила нафсингга этгил қаршилик,
Ул ёмондин ким кўрибдир яхшилик?

Яхшига бир карра эҳсон айла.бас,
Етти юз эҳсон ила бергай эваз.

Гар ёмонга айласанг қаҳру жафо,
Сенга банда, қул бўлиб, этгай вафо.

Аҳли кофир ҳам этиб жабру ситам,
Сўнг жаҳаннамда дегайлар, ё Эгам!..

* * *

Келди дунёга ибодат деб башар,
Бўлди мункирга ибодатгоҳ — сақар 13.

Одамий дунёда нелар айласин,
Майли, лекин бандаликни ўйласин.

Инсу жинсларни яратди Ҳақ, демак,
Ўзга мақсад йўқ ибодатдин бўлак.

Гар башардин муддао ирфон эди,
Ўзгадир ҳар одамийнинг маъбади.

Маъбади марду карим — меҳру вафо,
Маъбади пасту лаим — жабру жафо.

Ур ёмонни, бош эгар, урсанг магар,
Яхшиларга берки, бергайлар самар.

Икки масжид Ҳақ бунёд айламиш,
Кимга дўзах бермиш ул, кимга биҳишт.

Ул Мусо паст қурди Қуддус қопқасин,
То кираркан, қавм сажда айласин…

13 Сақар — жаҳаннам, дўзах.

* * *

Аҳли дунё шоҳга этгай саждалар,
Кибриёга сажда этмаслар улар.

Бўйла меҳроб этди ахлат зотини,
Шоҳу султон қўйди сўнгра отини.

Бўйла кўппакларга пастлар бош эгар,
Бошини эгмас арислон, ор этар.

Тўс юзинг, эй косалес, сарқитхўр,
Сенга нон берганни Ҳақ ўрнида кўр…

Бас, етар, бундан-да ортиқ бўлса гап,
Кўзғатур шоҳу амирларда ғазаб.

Гапнинг индаллоси шулдир, эй карим,
Бош эгур ҳар дам лаимларга лаим.

Нафси бадга кимда ким эҳсон этар,
Билмагай неъматни ул, куфрон этар.

Аҳли меҳнат шукр этиб, шокир эрур,
Аҳли неъмат макр этиб, ботил эрур.

Молу неъматдин шукр келгайму ҳеч?
Келгай ул дарду аламдин эрта-кеч…

* * *

Бул-Анас, фарзанди Моликнинг иши,
Ки унинг меҳмони эрди бир киши.

Ул ҳикоят этди, овқатдин кейин,
Кўрди мезбон суфранинг доғ бўлганин

Кирланибти, боқ, деди, эй ходима,
Сен уни тандирга ташла бир дама…

Олди дастурхонни чўри қиз ҳамон,
Ўт тўла тандирга отди шул замон.

Жумла меҳмон бунга ҳайрон эрдилар,
Кул бўлур оташда суфра, дердилар.

Кечди фурсат, олди дастурхонни қиз,
Суфра эрди беғубор, поку тамиз.

Эй саҳоба, дедилар, бул не эди?
Не сабаб, оташга тушди, ёнмади?

Дедиким, овқат тановул айлабон,
Мустафо сурмишдилар дасту даҳон…

* * *

Боқки, гулнинг юлсалар ҳам баргини,
Кулгусин қўймайди, эгмас қаддини.

Келса бошингга балойи ногаҳон,
Яхшиликка йўй уни сен бегумон.

Ўзгалар қўрқув-ла сарғайган замон,
Қаршила гулдек кулиб суду зиён.

Сен йўқотсанг гар бирор бир нарсани,
Бир фалокатдин халос этмиш сени.

Сўрдилар: устоз, тасаввуф не эмиш?
Деди: ғам келганда феълни кенг қилиш…

Бир бало юз бир балодин сақлагай,
Бир жафо юз бир жафодин асрагай…

* * *

Улки бергай, фойда кутмай мутлақо,
Ул Худодир, ул Худодир, ул Худо.

Ул ғанийдир, ўзгалар эрмиш фақир,
Бир эваз олмай қачон бермиш фақир?

Ё валийдирким, аниси Ҳақ эмиш,
Нурга айланмиш, нури мутлақ эмиш…

Бир тамаҳ этмай магар хосу авом,
Бир салом бермас бировга, вассалом.

Хақ саломин изла яккаш, унга тўй,
Ўйма-ўй, манзилма-манзил, кўйма-кўй.

Одамийким хушнафасдир, хуш калом,
Келгай андин Ҳақ паёми, Ҳақ салом.

Ўзи мурда, Тангри бирла зиндадир,
Ул сабаб асрори Аллоҳ ундадир…

* * *

Сен қўлинг-ла берганинг хайру закот,
Ул тарафларда бўлур нахлу набот 14.

Жаннат ичра чашмадир сабринг сенинг,
Сутли ирмоқдир магар меҳринг сенинг.

Тоатинг завқи — асал, наҳри гулоб,
Мастлигинг тоатда — дарёйи шароб…

Ул сабаблар амру фармонингдадир,
Тўртта дарё шарқираб, ёнингдадир.

Не тараф иста, равон этгувчи сен,
Не сифат иста, чунон этгувчи сен…

Нахлу набот 14 — дарахт ва ўсимлик.

* * *

Сўрсаким, билгаймусен сен Нуҳни,
Ул Расули Ҳақни, нури Руҳни?

Сен дегайсен: нега билмасмен, кабир?
Ул қуёшу ойданам равшан, ахир.

Нуҳни айтурлар китоблар боб аро,
Не имомлар ҳар куни меҳроб аро.

Номи Қуръонда битилмишдир яна,
Қиссалар иншо этилмишдир яна.

Рост дерсан, чун биларсен васфини,
Сен вале аслида билмассен ани.

Гар десангким, билмагаймен, кимдир ул?
Нуҳни ёлшз Нуҳга монандлар билур.

Ланг чумоли филни билгайму сира?
Пашша Исрофилни билгайму сира?

Бул сўзинг ҳам тўғри сўздир, эй фалон,
Моҳиятни чунки билмассен ҳамон.

Лекин, ошнам, моҳият асли нима?
Бул жиҳатни барча ҳам билмас, дема.

Моҳият ул гарчи денгиз ичра дур,
Аҳли комил наздида равшан эрур.

Мулки борлиқ ичра Ҳақнинг зотидин —
Ҳам буюкроқ сирру асрор бормикин?

Улки маҳрамларга махфиймас, аён,
Ўзга сирлар эмди қолгайму ниҳон?..

* * *

Мен татиб боқдим магар ҳалвосини,
Кўзларим кўрди унинг сиймосини.

Гулга бир сўз айтди, хандон айлади,
Дилга бир сўз айтди, чандон айлади.

Боқди, сарвнинг қаддини рост этди ул,
Наргизу насринни ҳамроз этди ул.

Найга эҳсон этди ширин жону дил,
Чекди тупроқдин гўзал нақши чигил.

Қошни чизди эгмаю таррор этиб,
Юзни чекди гулгуну гулнор этиб.

Тилни этди шул жаҳон афсунгари,
Конга инъом этди зарри жаъфари.

Узди ўқ кўнглимга, савдо айлади,
Бир ажиб ошиғи шайдо айлади.

Унга ошиқменки, олам жонидир,
Ақлу жон ҳамрози бир маржонидир.

Лоф деманг, лоф урса сувдек гар тилим,
Сўндирармен ўтни, йўқдир мушкулим.

Бус-бутун маҳзан, суянчим ул ўзи,
Бети қаттиқмен, таянчим ул ўзи…

* * *

Боқки, Қуръон ичра сўз зоҳир эрур,
Остида маъноси бор, қоҳир 15 эрур.

Боз унинг остида қўш маънойи ҳол,
Унга етганда ақл ҳайрону лол.

Бор яна тўртинчи маъно, бўйла сир,
Воқиф ул ёлғиз Худойи беназир.

Боқма Қуръон зоҳирига, бу — ғалат,
Дев боқур одамга тупроқ деб фақат.

Ўйлаким, Қуръон-да бир одамсимон,
Жисми зоҳир, жони кўзлардин ниҳон…

15 Қоҳир — кучли, қудратли.

* * *

Бу жаҳонда неки бор, Ҳақ буйруғи;
Жуфт-жуфтдир, бир-бирининг ошиғи.

Ҳар не борким, жуфтини излар ҳамон,
Каҳрабога талпинур барги сомон.

Осмон дейди Заминга: марҳабо,
Мен-темирдирманки, сен-оҳанрабо.

Осмон-эрдир, замин чун хотини,
Ҳар не экса, ер етиштиргай уни.

Гар совуқ қотса, ҳарорат бергай ул,
Чанқаса, намлик, тароват бергай ул.

Ерга парвона ҳамиша осмон,
Эр киши хотиндин айлангансимон.

Ер-да ойбону мақомига ўтар,
Неча бир фарзанд туғиб, кўкрак тутар.

Йўқса ер, ўсгаиму эрди арғувон?
Ер туғар эрдиму йўқса осмон.

Эр-аёл ишқига Ҳақ бермиш сабот,
То жаҳонни асрагай ул иттиҳод.

Кун ва тун зоҳирда душмандир магар,
Аслида яхлит ҳақиқат, бир самар.

Бир-бирига талпинурлар доимо,
Бирлашиб, ишларни этгайлар адо.

Тун керак инсонга соғлом табъ учун,
Табъи солим йўқ эса, кундуз нечун?

Дейди тупроқ тандаги тупроққа: ҳайт,
Тарки жон қил, қўй баданни, бизга қайт.

Бизга ҳамдам бўлганинг авло эрур,
Танни қўй.ул сувли бир маъво эрур.

Тўғри,дер тупроқ.валекин бастамен,
Мен-да ҳижронинг чекармен, хастамен…

Тандаги сувларга сувлар арз этар:
Бўлди, бас, ғурбатда ётгонинг, етар.

Тандаги оташни чорлайдир қуёш:
Уйга қайт, бегоналарга эгма бош…

Тўртта унсурнинг бу янглиғ баҳсидан,
Етмиш икки дардга маскандир бадан.

Тўрт аносир тўртта тутқун қуш эрур,
Дард, ажал эрса-тугун ечгувчидир.

Чун тугунларни ечар ул, боз этар,
Тўрт тарафга тўртта қуш парвоз этар…

Тортишувлардин бўлингай жисмимиз
Хасталикларга чалингай жисмимиз.

Баски тушгай ул бари тан қасдига,
Қушчалар қайтмоқни истар аслига.

Ҳикмати Ҳақ моне бўлгай ҳар сафар,
Жам этиб, сиҳҳатда тутгай то ажал.

Дерки, эй ажзо, ҳали мавруд эмас,
Чун ажалдин олдин учмоқ суд эмас…

Жузв-жузвким айрилиқдин ўртанур,
Не эмиш жони ғарибнинг ҳоли ул?

* * *

Жон дегай: ажзо, ерингиз фарш эрур,
Менга оғир, чунки жойим арш эрур.

Тан тилар ул сабзаву оби равон,
Сабзаву оби равондин ул ҳамон.

Майли жон эрса ҳаёту ҳайдадир,
Ломакон отлиғ муборак жойдадир.

Жон тилар дунёда ҳикмат ҳам улум,
Тан тилар лек боғу бўстону узум.

Жон тилар доим тараққий ва шараф,
Тан тилар ул касбу асбобу алаф.

Гар киши бир нарса истар ҳар куни,
Истаган ул нарса ҳам қистар уни.

Шарҳини айтсам.узун достон бўлур,
Маснавий жузви ошиб тўқсон бўлур…

* * *

Азму жазм ичра кечаркан турмушинг,
Гоҳ-гоҳи ўнгидин келгай ишинг.

Қўл урарсен янги бир ниятга, бас,
Ниятингга Ҳақ вале бергай шикаст.

Бермаса мутлақ муродингни магар,
Ноумид қолгай эдинг сен, беамал.

Берса бахтингни нуқул, билгаймидинг,
Қудрати Ҳаққа назар қилгаймидинг?

Баски ошиқлар тилакда ўлдилар,
Қудрати Ҳақдин хабардор бўлдилар.

Айру туш жумла муродингдин,аё,
Ҳар муродинг сенга бўлгайдир раво…

Эйки сен мардумга зўрлик айладинг,
Узни чун ғолиб, музаффар ўйладинг.

Сен эсингни бошга йиғ ҳар сония,
Қувма қочганни, йиқилганни ая.

Балки ул қочган қурар йўлингда дом,
Ҳамла эттай чун балойи ногаҳон..

Бўлмагай оқил у ғолибликда шод,
Чунки ғолибликда у кўргай фасод.

Оқил улким, эртани кўргай кўзи,
Бўйла кўзга сурма чекмиш Ҳақ ўзи…

* * *

Ишқни сир тутмоқ чу маъшуқ майлидир,
Ошиқ ишқи карнаю, сурнайлидир.

Эй биродар, иш анингдек иш эрур,
Гар ажал келганда банда хуш эрур.

Эй йигит, сидқу имонга ул нишон,
Қаршилар эрсанг ажални шодумон.

Эй жигар, йўқ эрса иймонинг чунин,
Бор-да, изла, касб эт икмоли дин.

Қайси ишда гар ажал мағлуб сенга,
Бас, ўшал ишдир басе маҳбуб сенга.

Кетса нафрат ўртадин, қолмас ажал,
Ул ажал эрмас, кўчиб кетмоқ магар.

Баски нафрат кетди, ўлмоқ бўлди наф,
Шул йўсинда балки ўлмоқ бўлди даф.

Дўст Ҳақдир, Ҳақ дўсти бўйлаким,
Мен сенингмен, сен менимсен, деса ким…

* * *

Бас, Сулаймон сўрдиким, эй нотовон,
Ким сенга жабр этди, бизга эт баён?

Мунчалар зулм этди қайси золим ул?
Ҳаддидин ошган у кимса ким эрур?

Эй, бизим давронда золим борму бас,
Бўлса гар золим, нечун зиндондамас?

Биз туғилган кунда зулм ўлмишди чун,
Биз-ки шоҳ эрсак, у амр айлар нечун?

Йўқ бўлур нур бирла зулмат барчаси,
Чунки зулматдир зулмнинг чашмаси.

Боқ, шаётин биз учун хизматдадир,
Этса саркашлик, кишанда, ўтдадир.

Зулми золим асли шайтондин келур,
Эрса занжирбанд, зулм айларму ул?

Бизга мулк бермиш Яратган, Ҳаққу Ҳай,
Токи осмонларга халқ юзланмагай.

То тутундан киймасин осмон қаро,
Изтиробга тушмасин чарху Шуҳо.

То етимлар Аршга ларза солмагай,
Ғам чекиб, жонлар паришон бўлмагай.

Мамлакат ичра тайиндир чораси,
Учмагай то кўкка «ё Раб!» ноласи.

Боқма осмонларгаким, аршингдадир,
Осмоний шоҳ магар қаршингдадир…

* * *

Бир товуқ бор эрди, бундоқ ўйлади,
Тевани меҳмонга даъват айлади.

Келди ул, остонага қўйди қадам,
Уй бузилди, дув тўкилди шифти ҳам…

Ақлимиз чун ул товуқнинг хонаси,
Ақли солиҳдир — Худонинг теваси.

Бош суқар бўлса мабодо тева ул,
Қолмагай уй, қолмагай жону кўнгил.

Фазли ишқ бирлан киши фозил бўлур,
Бундан ортиқ истаган жоҳил бўлур.

Бўйла жоҳилдирки, жаҳл айлар аён,
Бўйлаким, арслонни босгайдир қуён.

Билса эрди, бўйла иш бошлармиди?
Ўзни арслон устига ташлармиди?

Жону танга бўйла золимдир киши,
Зулм эрур этган адолатлиғ иши…

* * *

Қайдаким ер узра кўрсанг қатра қон,
Ул менинг оқмиш кўзимдан бегумон.

Сўзларим кўк ичра гурросдир магар,
Гулдираб, ер узра ёмғир ёғдирар

Сўзу фарёд ичра қолмишмен атай,
Ёки сўйлар, ёки йиғлармен, нетай.

Сўйласам гар, оҳу фарёдим фано,
Сўйламас эрсам, нечук айтгум сано?

Ёш эмас оққан кўзимдин, дил хуни,
Подшоҳим, боқ яқиндин, кўр уни…

* * *
Не эмишдир ишқ? Дарёйи адам,
Ақлу идрок ул сари қўймас қадам.

Бандалик не, салтанат не, маълум ул,
Ишқ уларнинг иккисидин сирлидир.

Кошки дейман, бўлса шу борлиқда тил,
Кошки борлиқ пардасин йиртсайди ул.

Эйки, борлиқ, не дегайсен жаврабон,
Парда узра парда тортгайсен ҳамон.

Офати идрок эмишдир қолу ҳол,
Қонни қон бирлан магар ювмоқ маҳол.

Мен унинг савдосига маҳрам ҳануз,
Бул қафас ичра урармен дам ҳануз.

Эйки жон, ошуфтаҳолдирсен неча,
Қайси ёнбошинг била ётдинг кеча?

Йиғ ҳушингни, мунча дам урмоқ — бало,
Бошқа маҳрам топ ўзингга аввало.

Ошиқи мастсенки, бундоқ шевасен,
Новадон устига чиққан тевасен…

* * *

Сир не эрмиш, пахта ичра оташ ул,
Қанча пинҳон тутмагил, пайдо бўлур.

Беркитай деб мен уриндим неча дам,
Лекин ул байроқ кўтаргай дамба-дам.

Ул тутиб икки қулоғимдин мани,
Дер: қўлингдин келса.беркитгил, қани.

Мен дегаймен: ошма ҳаддингдин ёмон,
Жон каби пайдо эрурсен ҳам ниҳон.

Ул дегай: хум ичра маҳбусдир танам,
Хумда майдек базми жамшид айларам.

Мен дегаймен: кет бу ердин, чекма ун,
Офати мастлик етишмасдин бурун.

Ул дегай, жомим симиргаймен неча,
Кун бўйи, токи намози шомгача.

Шом келиб, олгай латиф жомим менинг,
Бер, дегаймен, келмади шомим менинг.

Майнинг отини араб қўймиш: мудом,
Қайси майхўр май ичиб, тўймиш мудом?

Ишқ оловдир бодайи таҳқиққа ул,
Сўнг ниҳон соқий бўлур сиддиққа ул.

Қайнаса тавфиқ шароби тинмайин,
Дош беролмай, кўза синмоғи тайин.

Партави соқий шаробга урди, ҳай,
Қайнади, рақс этди шарбат, бўлди май.

Баъзилар ҳайрат аро тинглар буни,
Сен сўраб кўргил, қачон кўрмиш уни?

Бас, билурлар барча, ўтчи, сувчи бор,
Қайнаган бор эрса, қайнатгувчи бор…

* * *

Деди: Пайғамбар: эшикни муттасил,
Қоқ эринмасдан, очилгай сенга ул.

Бир киши кўйида юргайсен магар,
Дуч келур ул сенга, кўргайсен магар.

Ҳар куни қазсанг қудуқни ташнаҳол,
Оқибат этгай насиб оби зилол.

Барча билгайларки, сен ҳам бил шуни,
Не экарсен ерга, олгайсен уни.

Ур темирни тошга, учқун сачрагай,
Акси бўлмас, бўлса ҳам оз учрагай.

Ҳар куни нон ейди инсонлар нуқул,
Бир куни лекин томоқдан ўтмас ул.

Нон ема, бечора руҳим, бўлма кам,
Ўзни кулфатларга солма мунча ҳам.

Эрмасанг маҳрум ва аблаҳзода сен,
Кўз очиб боқ, қанчалар афтодасен.

Гар жаҳонда ой тўлиб, порлар қуёш,
Сен эсанг ҳар дам эгарсен чоҳга бош…

* * *

Бир йигит чун ўтга парвона бўлиб,
Қоқди ёри эшигин, хилват қилиб.

Соқчи чиқди, қўрқди, қочди боғ томон,
Ёрини боғ ичра учратди ҳамон.

Деди, юз шукроналар айлаб адо:
Соқчиларни раҳмат этгил, эй Худо.

Ўртага бундоқ сабабни ташладинг,
Бизни дўзахдин биҳиштга бошладинг.

Бир сабабдин бўйла этдинг корни,
Сийладинг биздек тиканни, хорни…

* * *

Эй Зиёвулҳақ Ҳусомиддин, қавий,
Ошди нуринг бирла ойдан Маснавий.

Улки, олий ҳимматинг, эй меҳрибон,
Бошлагай бизни, Худо билгай, қаён?

Маснавий бўйнига арқон бойладинг,
Билганинг ёққа азимат айладинг.

Маснавий юргай, кўринмас йўлчиси,
Кўзки ботил эрса, қандоқ кўргуси?

Маснавийни бошлабон, бштувчи сен,
Гар узанса ул, узун этгувчи сен.

Неки истарсен, Худо хоҳлар чунин,
Ҳақ берур ҳар неки истар муттақин.

Маснавийким муқтадо айлар сени,
Қўл очиб шукру дуо айлар сени.

Маснавийда кўрди ҳаққингга дуо,
Лутфини сенга зиёд этди Худо.

Шамсни Қуръон зиё деб номлади,
Ойни эрса, нурга нисбат айлади.

Нур ёғур ойдан, қуёшдандир — зиё,
Сен ўқи бул нуқтани Мусҳаф аро…

Соч ўзинг тўртинчи дафтар узра нур,
Офтоб тўртинчи осмондин келур.

Соч ўзинг тўртинчига хуршидвор,
Порласин шаҳри чаманлар, бу диёр.

Ким буни афсун деса, афсона ул,
Ким ҳақиқатдир, деса, мардона ул.

Мавжи Нил қибтийга сувмас, хун эди,
Лек Мусо қавмига ул тўлқин эди.

Бу суханга ким ёмон солгай назар,
Маскан ўлгайдир анга қаъри сақар.

Эй Зиёвулҳақ, чу кўрдинг ҳолини,
Ҳақ аён этди унинг аҳволини.

Ғайбни кўрган кўзларинг нам бўлмасин,
Бу жаҳонда толеинг кам бўлмасин.

Мардга юзлан, айла нокасларни тарк,
Қиссанинг поёнига етмоқ керак.

Ул ҳикоят унда этмишди давом,
Айлагил тўртинчи дафтарда тамом…

03

HIKMAT — KO’NGIL CHIROG’I
Ibrohim Haqqul,
filologiya fanlari doktori
02

Ma’lum ermasmu magar ibrat senga,
So’z ochar so’zni degan hikmat senga?
Jaloliddin Rumiy

Insonni sev! Uni e’zozla! Bu yangilik emas, juda qadimiy gap. Sevgi va e’zozga loyiq bo’lolmasa-chi? Noloyiqni sevmoq, birinchidan, fahm-farosat pastligini ko’rsatadi; ikkinchidan, muhabbatni tahqirlaydi; uchinchidan, insoniylik sharafiga ziyon yetkazguvchi bir ishdir. Chunki hamma kishi ham mehr-muhabbatga munosib bo’lolmaydi.

Odamni bilish, odam tanishda hikmat ko’p. Mana shunda adashildimi — bo’ldi: to’g’rilik, insof, muruvvat, vijdon, mardlik — hamma-hammasida chalg’ib ketiladi. Dononi — nodondan, oqilni — johildan, mardni nomard va g’irromdan ajratolmagan, rostlik va halollik qadrini yerga qorishtirib, o’g’rilik, muttahamlik va korchalonlikka keng yo’l ochgan jamiyatning boshi esa musibatdan chiqmaydi, xususan, axloqiy, ruhiy ofatlar uni ichdan kemirib, yemirib yuboradi. Bunday vaziyatda so’z ham, fikr ham ta’sir kuchini yo’qotadi. Va o’zi ishonmaydigan narsaga o’zgalarni ishontirishta bel bog’lagan, gapi boshqa, hol va amali mutlaqo boshqa vaysaqi, safsatabozlarning bozori qiziydi. Ammo ulardan hech qaysisi millat, yurt taqdiriga tegishli biror bir mas’uliyatni zimmasiga olmaydi.

Odamning taqdiri va istiqboli jamiyatda hal bo’lganidek, jamiyatning ijtimoiy, axloqiy, fikriy sog’lomligi ham odamning butunligi, komilligiga daxldor. Komil inson haqida ko’p gapiramiz, o’zimizcha kuyinamiz. Bu yaxshi, albatta. Lekin quruq gap bilan, yolg’iz kuyinish yoki istak bilan insonni o’zgartirib, komillashtirib bo’lmasligini chuqur o’ylab ko’rmaymiz. Bizningcha, bu jabhada komil inson masalasini har jihatdan chuqur o’rgangan tasavvuf allomalarining mulohaza, mushohada va xulosalariga ko’proq tayanish joiz. «Komil inson» asarining muallifi, buyuk vatandoshimiz Azizuddin Nasafiy yozadi: «Shuni yaxshi bilgilki, odamlarning ko’pchiligida insonlik qiyofasi bo’lgani bilan odamiylik ma’nosi yo’qdir. Bunday kimsalar esa aslida eshak, ho’kiz, qurt-qumursqa, qoplon, ilon va chayonlardir. Nega, nima uchun bunday deya sira ajablanmaslik lozim. Chunki har bir kent va shaharda ham ma’nan, ham jisman insonlik sharafiga sohib bir hovuch kishi bordir, xolos…».

Shu o’rinda bir narsani ta’kidlab o’tsak. Insonning axloqiy poklanishi, tafakkur balog’ati, bir so’z bilan aytganda, komilligi borasida qadimda ilgari surilgan va asrlar mobaynida o’zlashtirilib, amal etilib kelingan G’OYA va tushunchalardan yiroqlashish, uzilish holati u yoxud bu tarzda butun bashariyat turmushida ko’zga tashlanib turibdi. Buning bosh sababi Nasafiy bobomiz ko’rsatgan nuqson — odamiylik ma’nosidan mahrumiyatning keng quloch yozishi erur. Darhaqiqat, o’z ilohiy mohiyatini tushunish va mushohada qilishda insoniyat oldinga emas, ortga odimlagani inkor aylash mushkul bir haqiqat. Moddiy va texnikaviy taraqqiyot bashar nafsida yangi-yangi «o’zan»lar ochdi…

«Aniqki, biz jin va insondan ko’plarini jahannam uchun yaratdik. Ularning dillari boru anglay olmaydilar, ko’zlari boru ko’ra bilmaydilar» (A’rof: 179) Dunyoni botindan bilish layoqatiga sohib odam Qur’oni karimdagi bu kalimalarga zarra qadar ishtiboh qilolmaydi. Shaytoniylik, hayvonlashuv, yirtqichlik shu qadar avj olib ketdi. Ayniqsa, G’arb dunyosidagi ma’naviy xastaliklar, xulqiy buhronlarni aytib ado qilish qiyin. Eng katta fojia esa botin va zohir orasidagi ziddiyat, hol va amalning keskin farqlanishidir. Pul, mol-mulk, mansab, martabaning kuch-quvvatiga ishonch, barcha ishonchning, jumladan, diniy hissiyotlarning ham tamali bo’layotir. Hozir biror bir din va ilohiy maslak topilmaydiki, «butparastlik» unga suqilib kirmagan bo’lsin.

Ma’lumki, odamlar ma’nan va ruhan mavjud borliq, ya’ni zohiriy dunyodan yuksakkka ko’tarila olmaganliklari tufayli oltin, kumush, yoqut, dur kabi jismlardan go’zal shaklda haykallar yaratib ularga topinganlar. Iloh deb shularga sajda etganlar. Va Olloh sifatlarini mana shu narsalarganisbat berishgan. His qorong’uligi, ko’ngil ko’rligi bunday bandalarni ilohiy nurdan butunlay yiroqlashtirib tashlagan. Shunday kimsalar yo’qmi butun? Jahonning hamma joyida ularga duch kelish mumkin. Ular xohlasa dindor, taqvodor, istasa, kambag’alparvar va fidokor siymosida ko’rinadi. Biroq Ollohga emas, siyratidagi but-nafsga taslimdirlarki, qorin uchun ular dasturxonga ta’zim etishdan, manfaat va mavqe ilinjida amaldorga bel bukib tilyog’malik qilishdan, boylik deb shaytonga siginishdan aslo tortinmaydilar. Imom G’azzoliyning mana bu so’zlariga e’tibor bering: «… Bir jamoat bordurki… o’zlarining bir rab ekanliklariga inonurlar. Masalan, go’zal bir inson, bir daraxt, ko’rkam bir ot yoki boshqa bir qimmatbaho narsani ko’rishlari zamon darhol unga sajda qilurlar va «U rabbimizdir», derlar…»

Xoh ishoning, xoh ishonmang, ana shu qavmga mansub zotlar hozir ko’paygan. Faqat ular otgamas, narxi baland xorijiy mashinasiga, daraxtgamas, hashamatli imoratlariga, jonining «jonona»siga do’ngan allaqanday jihozlariga sig’inishadi. Eng qizig’i, bular ham «sun’iy go’zallikka emas, balki tabiiy go’zallikka» sajda etib, qalblari «go’zallik nuri ila pardalanib» buzilganini tasavvur ham etolmaydilar.

Umuman, Haq va haqiqatdan olis, na olam, na odam hikmatini idrok qilib bilmaydigan bandaning g’ayrati ham, tashabbusi va himmati ham xosiyatsiz. «Taom bilan to’lgan medada hikmat bo’lmas», deydi Zununi Misriy. Bu — nafs, hirs, tama bandalari hikmatdan benasibdurlar degani bo’ladi. Chunki, hikmat pokiza ko’ngil va tazkiya topgan ruhlarga Olloh tomonidan tuhfa yuboriladigan ilohiy so’z hamda ma’nolardir. Hikmat ahli xos kishilar, ya’ni chin faqir, orif, diydortalab oshiq va abdollar bo’lgan. Ularning ilmi — laduniy ilm, vujudlari esa ma’rifat suvi bilan yuvilgan. Hikmat egalarining dunyoni anglashlarida tafakkur va sukut alohida o’rin tutganligi uchun tabiatlarida shoshqinlik, yakravlik, kibr singari nuqsonlardan tozalangan. Rumiyga ko’ra «Hikmatlar — Alloh lashkaridur, ular Haq, haqiqat bayrog’ini ko’tarib, ko’ngullarni zabt qilur». Bu e’tirof Mavlono hikmatlariga ham to’la tegishli.

Abdurahmon Jomiy hazratlari:

G’arqi daryoiy tafakkur shudaem,
Tahnishin chun sadafu dur shudaem, —

deydilar. Chunonchi: biz tafakkur daryosining qa’riga sho’ng’idik. Shu uchun sadaf va durga o’xshab joyimiz pastda — eng chuqurlikdadir. Aqli va dili hikmatga to’lgan zotlarning, xususan irfon narhidan qonib-qonib suv ichgan haqiqatparastlarning sifat va fazilatlari xuddi shundaydir.

Abu Hasan Bushanchi «Bugun tasavvuf, haqiqatidan mahrum bir ismdir. Bundan oldin esa ismsiz bir haqiqat edi», deydi. Ya’ni: tasavvuf atamasi sahoba va salaf zamonida mavjud emasdi. Biroq ularning har birida buning ma’nosi mavjud edi. Endi esa tasavvufning nomi bor, ammo haqiqat va hikmati yo’qdir. Ushbu fikrni hozirgi kunlarga ham tadbiq qilsa bo’ladi. Chunki tasavvuf mavzuida aytilayotgan va yozilayotgan mulohazalarning ko’pi uning haqiqati, sirli hikmatidan ko’ra tashqi yoki allaqachon eskirib ulgurgan jihatlariga tegishlidir. Tasavvufning hayotiy ruhi, bebaho duri gavhari, sir-asror xazinasi va go’zallik shukuhini qaerdan izlash haqida so’ralsa, hech ikkilanmasdan, adabiyot va san’atni tilga olish lozim. Tasavvuf targ’ibu tashviqiga safarbar adabiyot ham juda ahamiyatli va ibratli. Lekin tasavvuf olami va haqiqatlari badiiy talqin qilingan Ishq, Ruh, Ko’ngul, Irfon va Zavq adabiyoti yanada go’zal, yanada ta’sirlidir. Bu adabiyotda nainki so’z va ma’no, ohang, rang, tasvir ham o’zgacha, ya’ni ruh va ko’ngulni yolqinlantiruvchidir. Mavlono Jaloliddin Rumiy asarlari shu uchun dunyo ahlining yuragini zabt aylab, o’ziga asir etgan.

Ma’lumotlarga ko’ra so’nggi vaqtlarda Amerika Qo’shma Shtatlarida tez-tez nashr etilib, eng ko’p xarid qilinayotgan kitob «Masnaviy» ekan. Uni o’qish, o’rganishga ehtiyojmandlik bizda ham hech bir eldan oz yoki past emas. Shuni nazarda tutib Mavlono hikmatlaridan kichik bir guldasta tuzdik. Bu hikmatlar tuyg’u va tushunchada tozalik, imon va e’tiqodda halovat demak. Mavlononing so’z va fikrlaridagi hikmat insoniylik qadri va sharafini hayvoniy, shaytoniy hirsu ofatlardan ajratish demak.

Sharq donishmandlaridan biri kambag’al va qashshoqlarni boylikdan nafratlanish, molu dunyoni qoralashga o’rgatmanglar, odam oldin badavlat bo’lib, ana undan so’ng boylikni nazarga ilmaydigan saviyaga yuksalmog’i lozim, degan ekan. Bu — to’g’ri gap. Xalqimiz bejiz «Ko’rmaganni — ko’rgani qursin», demagan. Ochdan, qashshoqdan chiqqan nazari past kimsa dunyo boyligini yig’sa ham baribir to’ymaydi, «mol yig’ishtirur lain»ligicha qolaveradi. Va bunaqa gushnalarning millatga, yurtga, ilm-fan yoki adabiyot va san’atga hech foydasi tegmaydi. Ollohga shukrki, elimiz orasida adabiyotni sevadigan, ilm-fan, ma’rifat qadr-qimmatini har qanday moddiy boylikdan baland ko’radigan sarmoyadorlar ba’zan uchraydi. Siyrak bo’lsa-da, bor ular.

Haq mayining ayricha toti bor. Mavlono demishlarki:

Haq mayidin kimsa bir qultum ichar,
Bir emas, ul ikki olamdin kechar.
Ul musaffo may sururi o’zgacha,
Mastligi etgay davom mahshargacha.

O’ylaymizki, ushbu hikmatlarni o’qigan har bir kitobxon Haq mayidan qultumlab, qon va jonida o’zgacha surur uyg’onishini his etarkan, bunga o’zi ishonch hosil qiladi.

09
Mavlono Jaloliddin Rumiy
HIKMATLAR
Forsiydan Jamol Kamol tarjimasi
02

BISMILLOHIR RAHMONIR RAHIYM

Tingla naydin, chun hikoyat aylagay,
Ayriliqlardin shikoyat aylagay.

Men qamish erdim, kesib keltirdilar,
Nola cheksam, el hama oh urdilar.

Siyna istarmen to’lo dardu firoq,
Toki so’ylay sharhi dardu ishtiyoq.

Kim yiroq tushsa, yo’qotsa aslini,
Boz izlar ro’zgori vaslini.

Davralar ko’rdim necha nolon bo’lib,
Davradoshim g’amginu shodon bo’lib.

Har kishikim bo’ldi bir dam yor menga,
Bilmadi yordir nechuk asror menga.

Sirrim ermas nola-ohimdin yiroq,
Garchi nur ko’zu qarog’imdin yiroq.

Tanga jonu jonga tan mastur emas,
Jonni ko’rmak kimsaga dastur emas.

O’t erur nayning navosi, yel emas,
Kimda o’t yo’qdir, yo’qolsin, el emas.

Nayni yondirgan o’shal ishq otashi,
Mayni yondirgan o’shal ishq otashi.

Yordin ayrilganga nay yordir, ne bok,
Pardasi pardamni etmish chok-chok.

Nay kabi bir zahru taryoq qayda bor?
Nay kabi damsozu mushtoq qayda bor?

Qonli yo’llardin hikoyat aylagay,
Ne emish savdoyi Majnun, so’ylagay.

Bo’yla hushdir, mahrami behush, bas,
Mushtari unga quloqdin boshqamas.

Kunlarim tun qa’riga jo bo’ldilar.
O’rtanishlar menga hamroh bo’ldilar.

Ishq ila kimning yaqosi chok erur,
Hirsdin ozodu aybdin pok erur.

Ey omon bo’l ishq — ajib savdoyimiz,
Ey hakimi hoziqu donoyimiz.

Lablariga yetsam ul damsozni,
Nay kabi men sochgay erdim rozni…

Kimki bo’lsa hamzabonidin judo,
Bezabondir garchi unda yuz navo.

Chunki, gul ketsa guliston qolmagay,
So’ngra bulbul birla doston qolmagay…

Rabbanodin barcha istarmiz adab,
Beadab ko’rmas jahonda lutfi Rab.

Yo’q, faqat etmas o’ziga ul yomon,
Beadab urgay jahonga o’t hamon.

Nurga to’lmishdir adab birlan falak,
Ham adabdin ma’sumu pokdir malak.

Kun tutilsa ko’kda, gustohlik sabab,
Ko’kdin haydaldi Azozil, beadab…

* * *

Xastaga mehru muruvvat ko’rsatib,
Har ne lozim, ko’rdi, tekshirdi tabib.

Boisi safro emasdi ul butun,
Bilsa bo’lgay, ne o’tindin ne tutun…

Zoridin bildi, nechuk zor erdi dil,
Tan salomat, lek giriftor erdi dil.

Keldi oshiqlik ko’ngilning zoridek,
Yo’q bemorlik ko’ngil bemoridek.

Dardi oshiq o’zgadir olam aro,
Ishq — usturlobi asrori Xudo.

Aql ishq sharhida ojiz ne tariyq,
Ishq ne, oshiq nedir, anglatdi ishq…

* * *

Gar tikan botsa oyoqqa, begumon
Tizzaga olgung oyoqni shul zamon.

Igna birla chiqmasa ul bir yo’la,
Lab bosib, olmoq bo’lursan tish ila.

Bas, tikan botsa oyoqqa, bul azob,
Dilga sanchilsa, ne bo’lg’ay, ber javob?

* * *

Mustafo dediki, kim sir tutgusi,
Sir nihon aylab, murodga yetgusi.

Donalar chun yerga pinhon bo’ldilar,
Barq urib so’ng sabza, rayhon bo’ldilar.

Simu zar gar bo’lmasa ko’zdin nihon,
Bo’lmas erdi simu zar berguvchi kon…

* * *

Chashmaning boshi kesilsa, xullasi,
Boisi — mavji, ziloli jilvasi.

O’z pati tovusga dushmandir, qarang,
Chunki ul patning jilosi turfarang.

Bul jahon — tog’, fe’lu atvoring — nido,
Ul nidoni senga qaytargay sado…

* * *

Ul qizil guldir ochilgan, xun dema,
Ul aqldin mast erur, majnun dema.

Kimki to’ksa bir musulmon qonini,
Kofir o’lgum, tilga olsam nomini.

Larza solgay Arshga ham madhi shaqiy 1,
Badgumon bo’lgay bu so’zdin muttaqiy 2.

Shoh bo’lsa, yurtga ogoh bo’lsin ul,
Xos bo’lsin, xosi Olloh bo’lsin ul…

1 Madhi shaqiy — yomonni maqtash, madh etish.
2 Muttaqiy — taqvodor

* * *

Sen azizlarni o’zingdek bilmagil,
Garchi o’xshashdir yozuvda «sher»u «shir».

Jumla olam shul sabab gumroh erur,
Kam kishi Haq ahlidin ogoh erur.

Ba’zilar o’zni nabiy deydi, xolos,
Avliyoni o’ziga aylar qiyos.

Der: ular ersa bashar, biz ham bashar,
Biz-da non yermiz, ular-da non oshar.

Vah, ular ko’rmas va bilmas hech qachon
O’rtada bordir tavofut onchunon.

Arilar ham turfadirkim, har mahal
Bittasi zahru biri yiqqay asal.

Ikki ohu bir giyoh yer, sarhisob:
Bittasidin go’ng, biridin mushki nob.

Ul qamishlar bir ariqdin suv ichar,
Bittasi bo’m-bo’sh, birida qand, shakar.

Boqki, o’xshash jonu jonzot qanchalar,
O’rtada farqu tafovut munchalar.

Ul yesa, undan palid bo’lgay judo,
Bul yesa, kelgay nuqul nuri Xudo.

Ul yesa, kelgay faqat buxlu hasad,
Bul yesa, bo’lgay faqat ishqi Ahad…

Harf — idish, ma’no — idishda suv hamon,
Bahri ma’no ham kitob ichra nihon.

Bahri talx, bahri shirin ham mavjlanur,
Lek qo’shilmas, bir-biridin ajralur…

* * *

Sen razm sol, ikki yuzni et qiyos,
Balki bo’lgaysen bu ishdin ro’shinos.

Jumla iblislarda odamyuzli, bas,
Har kishiga qo’l berish ham yaxshimas.

Kahru shahvat kimsani aylar g’ilay,
Ko’p yomon yo’llarga ruhni boshlagay.

Bas, g’araz kelsa, hunar kiygay niqob,
Parda tushgay ko’zga ko’ngildin shu tob…

* * *

Gar hasad ko’nglingga solsa bir g’uluv,
La’nati Iblisning etgan kori bu.

Ul hasad aylab, mudom jang aylagay,
Odamiyning holini tang aylagay.

Ehtiyot bo’l, yo’lda ul tosh bo’lmasin,
Shum hasad yo’lingda yo’ldosh bo’lmasin.

Gar jasad ermish hasad uyi, va lek,
Ul jasadni pok etur Ollohi nek.

Behasadga aylasang makru hasad,
Ko’p qaroliklar chekar ko’nglingga sad.

Mardi Haq bo’l, bo’l hasaddin beg’ubor,
Bizga o’xshab sen uni tuproqqa qor…

* * *

Gar kumushning rangi oqdir, lek shu dam
Qo’lga olsang, qo’l qoraygay, joma ham.

O’t degan cho’g’din qizil yuzdir magar,
Sen qaro qilmishlariga sol nazar.

Garchi chaqmoq nurga monandir, hamon
Chaqnasa, ko’zni qamashtirgay yomon…

* * *

Gar anor istar esang, xandonni ol,
Xandasi har donasidin bir misol.

Nori xandon bog’ni ham xandon qilur,
Suhbati mardon seni mardon qilur.

Garchi toshdirsen, va gar marmar o’zing,
Tutsa ko’ngil sohibi, gavhar o’zing.

Mehri poklarni aziz tut erta-kech,
Mehri yo’qlarga ko’ngilni berma hech.

Sen g’azoyi dilni hamdildin so’ra,
Baxtu iqbolingni muqbildin 3 so’ra.

3 Muqbil — iqbolu davlat egasi.

* * *

Haq o’zi jonlarga deb nur yog’durur,
Baxtiyorlar unga doman to’ldirur.

Kimki uzmas ersa Ollohdin nazar,
Unga bo’lgay nuri Ollohdin asar.

* * *

Tangri bizni yorlaqab, yorlik qilur,
Ko’nglimizni o’ziga zorlik qilur.

Ul go’zal ko’zlarki, giryondir anga,
Ul humoyun dilki, biryondir anga.

Har yig’ining oxiri bir xandadir,
Oxirat mardi muborak bandadir.

Yig’laganlarni aya, nam istasang,
Notavonlarni aya, rahm istasang…

* * *

Bo’yladir ushbu jahonda qiylu qol,
Och ko’zingni, boq jahonga, ibrat ol.

Sen o’zingdan-ku qocholmassen, aniq,
Bas, netib Haqdin qocharsen, ey rafiq?

Bedavolar mulki dunyo izlagay,
Baxtiyorlar mulki uqbo izlagay…

* * *

Dedi: sir aytilsa, sirdan bormu sud,
Juft toq bo’lgay gahi, gah toq juft.

Urmagil dam, tiyra tortgay oyina,
So’ngra aksingni qoraytgay oyina.

Uchta so’zga kam qimirlat sen labing,
Aqchangu yurmoq yo’ling ham mazhabing.

Shu uchovga ko’p emish dushman, aduv,
Bilsa, bas, tushgay sening qasdingga u…

* * *

Sen imonni toza tutgil ham omon,
Bo’l amin kibru havodin har zamon.

Ul havo ziddir imoni tozaga,
Ul havo qulfdir o’shal darvozaga.

Sharh etarsen ul aziz Qur’onni, bas,
Sen o’zingni sharh qil, Qur’onnimas.

Uncha sharh etding dumog’dorlik bilan,
Pastu qiyshiq bo’ldi ma’noyi baland…

* * *

Xushdurur payg’omi Haq — Parvardigor,
To abad payg’omi Haqdir poydor.

O’zgarur shohlarda hukmu saltanat,
Avliyolar hukmi qolgay to abad.

Shohlardin qolmagay dahr ichra nom,
Nomi Ahmad to abad oliymaqom.

Anbiyolar ismi butkul undadur,
Kelsa yuz, fahm etki no’qson shundadur…

* * *

Rang ko’rish zohirda nursiz ko’p qiyin,
Ichdagi rangi xayol ham inchunin.

Dahr aro nur — aksi oftobi saxo,
Dildagi nur — aksi anvori Xudo.

Dilda bo’lsa, ko’zga kelgay hosili,
Ko’z nuri ko’ngil nurining mahsuli…

* * *

Eyki, yuksalding alamni, ohni,
Bilki, qazgaysen o’zingga chohni.

Bir zaif yerda chekar bo’lsa fig’on,
Tikka qo’zg’olgay sipohi osmon…

* * *

Nafs do’zaxdir va do’zax — ajdaho,
Bahru daryoying anga bo’lmas vaqo.

Yetti daryoni simirsa, ichsa ham,
Chanqovi qonmas, degaykim, menga kam.

Nafsi dev olamni ham yamlab yutar,
Na’ralar tortib, yana olam kutar.

Lomakondin Haq qadam bosgan zamon
Qolmagay andin biror nomu nishon.

Sher agar saflarni yormishdir, netar,
Sher ulkim, nafsini mag’lub etar…

* * *

Kim havasdin pok tutsa jonini,
Hazrati Haqning ko’rar ayvonini.

Chun Muhammad ul g’ubordin pok edi,
Qayga borsa, unda vajhulloh 4 edi.

Bag’ri keng bo’lsa kishi ham ko’ngli sof,
Har shahardin unga boqqay oftob.

Haq bu olam ichra ko’rsatgay jamol,
Porlagan yulduzlar ichra oy misol…

4 Vajhulloh — Ollohning husni.

* * *

Chun odam ko’zu quloqsiz erdi, bo’sh,
Haq fusun etgach, odamga tushdi jo’sh.

Haq fusun etgach, odamlar zud-zud
Keldilar bor bo’lgali so’yi vujud.

Gulga afsun aytdi, xandon ayladi,
Toshga aytdi, la’li tobon ayladi.

Tanga so’z aytgan edi, jon bo’ldi ul,
So’yladi xurshidga, raxshon bo’ldi ul.

Boz qulog’iga etarkan nuqta fosh,
Yuziga yuz parda tortdi ul quyosh.

To bulutga so’yladi bir-ikki bor,
Ko’zidin yoshlar oqizdi shashqator.

Yer qulog’iga necha so’z aytdikim,
Yer chuqur o’ylarga toldi, qoldi jim…

* * *

Til temirga, toshga ham o’xshash erur,
Tildan uchgan so’z gahi otash erur.

Urma sen toshni temirga bemahal,
Goh maqol aytib, gohi so’ylab matal.

Ulki zolim qavmlar, ko’z yumdilar,
So’z ila olamni ham yondirdilar.

Bir suxan olamni vayron aylagay,
Tulkini o’rmonda sulton aylagay…

Qatrayi ilmingki, ul jismimda dil,
Sen uni xokiy tanimdin toza qil.

Ul ilmni toki tuproq bosmagay,
To havolar har tarafga sochmagay.

Sochsa ham, basdir, kifoya bir so’zing,
Qaytadan yig’moqqa qodirsan o’zing.

Qatrakim, ketmish havolarga uchib,
Ul xaziningdin ketolgaymu qochib?

Maskani gar bir odammas, yuz odam,
Sen chaqirsang, sen sari qo’ygay qadam.

Tortadir zidlarni zidlar bir yo’la,
Boz chiqurlar o’rtaga hukming ila.

So’yi borliqqa odamdin har zamon,
Yo’llanur karvon ketidin korvon…

* * *

Ey birodar, qil o’zingga e’tibor,
Sendadir har dam xazon birla bahor.

Sen ko’ngil bog’iga ko’z sol, ne chaman,
Har qadam gulg’uncha, sarvu yosuman.

Boqki, yaproqlarga burkanmish butog’,
Gul bilan orastadir sahroyu tog’.

Atru gul bo’lsa agar rahbar senga,
Senga bo’lgay jannatul kavsar, senga…

* * *

Odamiy kardir parilar soziga,
Oshno ermas ularning roziga.

Gar pariyu nag’ma bir olam erur,
Lek ko’ngil sozi yana ko’rkam erur.

Nurni sen odamdan ol yo Undan ol,
May tilarsen, ko’zadin yo xumdan ol.

Meni ko’rgan baxtiyor, demish Nabiy,
Meni ko’rganlarni ko’rganlar dag’i.

Berdikim otash, chiroqni yoqdi sham,
Kim chiroqni ko’rsa, ko’rgay shamni ham.

Ochdi bir-bir yuz chiroqning vaslini,
Har chiroqda ko’rsatur ul aslini…

* * *

Avliyolar so’zi yumshoqdir, dag’al,
Mulki diningga tayanchdir har mahal.

So’zlari issiq-sovuqdir, et qabul,
Jonni do’zaxdin himoyat aylar ul.

So’zlarin bilgil tiriklik gulshani,
Bandalik, sidqu yaqinlik ravshani.

Bas, alardin gulshani jon zindadir,
Dengizi, bahri javohir undadir…

* * *

Falsafiy ul, munkiri Hannonadir,
Avliyo asroriga begonadir.

Falsafiy shaytonni tan olmas sira,
Shul sabab shaytonga har kun masxara…

* * *

Ilm agar ko’ngilga singsa, yor erur,
Gar badanga singsa ul, bekor erur.

Ilm Hudan kelmasa bevosita,
Bir bo’yoqdirkim, ketar bilvosita.

Sen bu yukni yaxshilik birlan tashi,
Yukdan ajralganda shod bo’lgay kishi.

Ilm yukin eltma havoyi nafs uchun,
Ilm tulporiga mingaysen u kun.

Ilm tulporiga sen bo’lgach suvor,
Qolmagay yelkangda ul yukdin g’ubor…

* * *

Kim xalos topmish o’shal Hu jomisiz?
Huga yettaymu kishi Hu nomisiz ?

Ismini bilding, o’zing har yonda ko’r,
Suvda ko’rma oyni sen, osmonda ko’r.

Boylama ko’ngilni nomu harf ila,
O’zligingdin kech, qutilgin bir yo’la.

Gar temir ersang, erib, berang bo’l,
Oyina ersang, tiniq, bezang bo’l.

Qo’y tamom tavsifu avsofingni sen,
Ko’r asl zotingni, ul sofingni sen.

Rahnamosiz, bekitobu bexato
Yuz ochar ko’nglingda ilmi anbiyo.

Dedi Payg’ambarki, bordir ummatim,
Ul mening bir gavharimdir, himmatim.

Nur erur, boqsam, ularning maskani,
Bas, ular ham nurda ko’rgaylar meni.

Ul hadislarkim, sahih, oliy sifot,
O’ylakim, chun mashrabi obi hayot.

Kurd bo’lib, oqshom tunashni o’ylagil,
So’ng arabdek uyg’onishni o’ylagil…

* * *

Ahli Rum so’fiy edilar, ey padar,
Bekitobu beqiroat, behunar.

Sohibi sayqal — ularning siynasi,
Yo’q ularning hirsu buxlu kiynasi.

Ahli sayqalga ne hojat bo’yu rang,
Har nafas ko’ngilda bir husnu jarang.

Chetga otmishlar ilm po’stlog’ini,
Tik tutib ilmalyaqin bayrog’ini,

O’ylamay o’y, ro’shnolik topdilar,
Nahru bahri oshnolik topdilar.

Jumla qo’rqarlar o’limning dastidin,
Bul qavm kulgay o’limning ustidin.

Yarqirab sakkiz bihishtning jilvasi,
Ul tiniq dillarga urmish shu’lasi.

Ne emish ul Arshu Kursiyu Fazo
Gar muyassar ersa diydori Xudo…

* * *

Vo darig’o, ikki burda non hamon
Otashi fikrimni so’ndirdi tamom 5.

Etdi bug’doy subhi Odamni qaro,
Kirdi Yer ul Oyu ul Oftob aro…

Loylanib oqmoqda ul so’z to’lqini,
Suvki kelsa tiyra, to’s, tindir uni.

To Xudoyim boz zilolu sof qilur,
Tiyra qildi, Ul o’zi shaffof qilur.

Sabr eltar orzuga, etma shitob,
Sabr qil vallohu a’lam bis-savob…

5 Mavlono bu misralarii kotobi Xusomiddin Chalabiyga aytib yozdirarkan, orada bir-ikki tishlam non
yeydi… Shunga ishorat.

* * *

Masnaviy nazmida yuz berdi sukut,
Vaqt lozim qondin ayrilguncha sut.

Ul shirin sut qondin ayrilmaydi to,
Etmaguncha toleing farzand ato.

Ul Ziyoulhaq Husomiddin bu on
Masnaviyni burdi ko’kdin yer tomon.

Ul Haqoyiq ko’kiga ketmish edi,
Gulbahorsiz g’unchalar xomush edi.

Qaytdi ul sohilga, og’oz ayladi,
Masnaviy cholg’usini soz ayladi.

Qaytdi bulbul bog’ aro bong urgali,
Uchdi lochin ul maoniy tergali.

Shoh qo’li unga makon bo’lsin abad,
Bul eshik elga ravon bo’lsin abad…

* * *

Bongi Shayton — misli bongi oshno,
Oshno tortgay seni so’yi fano.

Bong urib, chorlaydi: kel, ey karvon,
Bundadir yo’l, bunda manzildir, nishon.

Har kishining ismin aytib, ey falon,
Kel beri, der ul, vale bermas omon.

Kimki borsa, qarshilar sheri balo,
Umr zoe, yo’l mashaqqat, kun qaro…

Bongi Shaytoning nima, ne ermish u?
Mol derman, joh derman, obro’.

O’z ichingdandir — o’shal ovozlar,
Kes ularni, to yetishgay rozlar.

Haq degil, shaytonni kuydir erta-kech,
Solma ul nargis ko’zing kalxatga hech…

* * *

Ko’kda oftob ne’matidir — nuri Arsh,
Hosidu shaytonga ozuq-dudi farsh.

Do’stu yordin dil g’izolar izlagay,
Ilmi asrordin safolar izlagay.

Har yaqindin totinursen bir nima,
Har qarindoshdin olursen bir nima.

Bo’lsa yulduzga magar yulduz yaqin,
Ul yaqinlikdin tug’ilgaydir chaqin.

Er bilan xotun qovushganda — bashar,
Tosh ila temir so’g’ishganda — sharar 6.

Yerga yog’sa yomg’iru naysonlar,
Meva bo’lgay ham gulu rayhonlar.

Yuz qizillik jism aro xundan kelur,
Qonga tal’at — shamsi gulgundan kelur.

Ol, qizil rang barcha rangdin yaxshidir,
Ul quyosh rangi, quyoshning naqshidir.

6 Sharar — uchqun, o’t.

* * *

Suv sadosi — bongi Isrofil erur,
Tirgizur hatto o’lik jonlarni ul.

Guldiros ul, misli ayyomi bahor,
Guldirab, bog’larni etgay lolazor.

Yoki darveshlarga — ayomi zakot,
Yoki mahbuslarga — payg’omi najot.

YO dami Rayhon, Yaman gul bo’yiga —
Yo’g’rilib kelmish Muhammad so’yiga.

Yeki atri Ahmadi mursal erur,
Ahli osiyga shafoat keltirur.

Yoki ul mushki Yusufdirkim, latif,
Bahra olgay Ya’qubi zoru zaif…

* * *

Keksalik tuprog’i sho’rdir, o’ylakim,
Sho’rlagan tuproqda ungaymu ekin?

Kuch suvi, shahvat suvi bo’lmish ado,
Foyda yo’q sendin birovga mutlaqo.

Hurpayib qoshlar, o’siqdir, tasqara,
Yoshlanib boqqan o’shal ko’zlar xira.

Yuz ajin uzra ajin, ranglar uniq,
Til g’aliz, ta’m betamiz, tishlar siniq.

Qosh qoraygan, tan mayibu, yo’l yiroq,
Alxusus, korxona vayron, ish chatoq…

* * *

Nuri Haqdin nuri his gul-gul erur,
Nurun a’lo nur, degoni shul erur.

Nuri his tortar shu yer, maydon sari,
Nuri Haq tortar vale osmon sari.

Nuri Haqdin bahramand ersa kishi,
Ko’rsatur shirin so’zi, qilgan ishi…

Odamiy olsa Xudodin nur agar,
Qoshida jumla xaloyiq bosh egar.

Jonida yo’q ersa zarra shubha-shak,
Sajda etgaylar o’shanga chun malak…

* * *
Men yana devonadirmen, ey tabib,
Men yana savdoyidirmen, yo habib.

To uribsen zanjiringni menga chun,
Bo’ylakim, har halqasida bir junun.

Bo’ldi savdoyi fununim o’zgacha,
Har nafas kelgan jununim o’zgacha.

Bas, junun ermish funun-zarbulmasal,
Soldi zanjirga meni miri ajal.

Onchunon devonalik yuz berdi, tut,
Ki hama devonalar bergay o’git…

* * *

Do’st agar ranjitsa, hech ranjirmu do’st?
Mehr — mag’z ersa magar, ranj misli po’st.

Do’st turur yoningdayu joningda to,
Har balovu ofatu mehnat aro.

Do’st — misoli zar, balo-otash erur,
Zar agar otashga kirsa, xush erur…

* * *

Dedi: ne’matbaxsh qo’lingdin, ey hakim,
Totliyu tansiq taomlar ko’p yedim.

Bir safar achchiq yesam, ofatmi ul?
Baski, shirin o’rnida etdim qabul.

Uzvu uzvim ichra in’oming sening,
Borlig’im ul donavu doming sening.

Bitta achchiqdin agar faryodu dod
Aylasam, boshimga tuproq shul zahot.

Qo’llaring shahdu shakarbaxshdir chunon,
Tegsa, achchiqlar yo’qolgaydir hamon.

Ulki achchiq, ishq ila shirin bo’lur,
Ulki misdir, ishq ila zarrin bo’lur.

Ishq ila loy uzra nayson bo’lgusi,
Ishq ila dard uzra darmon bo’lgusi.

Murdalar ham zinda bo’lgay ishq ila,
Shohlar qul, banda bo’lgay ishq ila…

* * *

Keldi Musoga vahiy — lutfi Xudo;
Aylading shu damda bandamdin judo.

Hoy, ne qilding, ne edi bu qilmishing,
Vaslu diydormu, judolikmu ishing?

Har kishiga — o’zga bir siyrat, tana,
Har kishiga istiloh berdim yana.

Amr etarkan, sudi savdo kutmadim,
Bandaga mehru saxovat istadim.

Hinduga hind istilohi xush yoqar,
Sinduga sind istilohi xush yoqar.

Poklamas nomimni tasbih so’zlari,
Dur misoli poklanurlar o’zlari.

Boqmagaymiz tilga yoxud qolga biz,
Ko’z solodurmiz ko’ngilga, holga biz.

Mayliga, bog’lanmasin ul til bila,
Lekin ul payvasta bo’lsin dil bila.

Millati ishq barcha dinlardin judo,
Ahli ishqqa millatu mazhab — Xudo…

* * *

Rahmat ichra necha rahmat bor, o’g’il,
Bitta rahmatga qanoat qilmag’il.

Obi rahmat sori engash, past bo’l,
Ich mayi rahmatni chanqab, mast bo’l.

Charxni olgil sen oyoq ostiga to,
Tingla, yuksakdin kelur bongi samo.

Ol quloqdin vahmu vasvos paxtasin,
Ko’k nidosi to quloqda yangrasin.

Ol ko’zingdan ham hasad nuqsonini,
Toki ko’rgil g’ayb sarvistonini.

Poklasang burning, dumog’ing, xush edi,
Unga kirgay mushki Ruhulloh hidi.

Qolmasin ta’bingda safrodin asar,
Toki totgaysen shu dunyodin shakar.

Mard bo’lib ko’rsat jahonga bo’ylar,
Mardlar ergashsin senga, xushro’ylar…

Ko’kka boqmoq ko’zga baxsh etgay ziyo,
Lek qamashtirgay ko’zingni avvalo.

Ko’zlaringni nurga, ro’shnolikka bur,
Bo’lma xuffosh, kunni, ro’shnolikni ko’r.

Oqibatbinlik erur nuring sening,
So’ng haqiqatdir borar go’ring sening…

* * *

Avliyodin gar yiroq tushsang chunon,
Sen Xudodin ham yiroqdirsen hamon.

Do’stdin ayrilmoqku bundoq g’am erur,
Shohdin ayrilmoq nechuk motam erur.

Sen-da bir shoh soyasini izla, top,
Top o’shal shoh soyasida oftob.

Yo’lga chiqsang, ushbu niyat birla yur,
Yurmasang, bul nuqtadin ogoh o’tir…

* * *

Xaq demishkim, qayga borsang haq ila,
Tolibi mard bo’l, eranlarni tila.

Ganj izla, chunki bo’l sudu ziyon,
Yo’lda qolgay, sen ketib manzil tomon.

Bug’doy olmoqqa kishi qasd qilgusi,
Yakka bug’doymas, somon ham olgusi.

Lek somon ekkanda bitmas gandume 7,
Mardum izla, mardum izla, mardume 8.

Haj qilay deb Ka’baga yurgay kishi,
Makkani ham bir yo’la ko’rgay kishi.

Do’st debon me’rojga chiqdi mo’htaram,
Arshni ko’rdi ul, maloyiklarni ham…

7 Gandume — bug’doy.
8 Mardume — aziz insonni izla, deyilmoqda.

* * *

Oldida o’ltirdi pirning, so’rdi hol,
Ko’rdi darvesh erdi ul, sohib ayol.

So’rdi: yo’l bo’lsin senga, ey Boyazid?
Qaysi manzillar sari eltar umid?

Ka’baga, dedi, borurmen, haj uchun,
So’rdi: aqchang bormu, yo’lda xaj uchun?

Dedi: bordir ikki yuz tanga pulim,
Ehtiyotdin to’nga tikkanmen uni.

Dedi: atrofimdin aylan yetti bor,
Bul tavofi Ka’badin ham ustivor.

Tangalarni menga bergil, ey javod,
O’yla, haj qilding, nasib etdi murod.

Umra qilsang, bul baqoga yetganing,
Soflanib yursang, Safoga yetganing.

Tangrikim jonimni jon deb saylamish,
O’z uyidin ham ziyoda aylamish.

Ka’ba garchand Biru Borning mehr uyi,
Xilqati jonim — Xudoning sir uyi.

Ka’bani qurmish, vale yo’q sharpasi.
Kirmamish ko’nglimga Haqdin o’zgasi.

Meni ko’rding, bul Xudoni ko’rganing,
Ka’baning atrofidin o’rgilganing.

Bori umrim toatu hamdi Xudo,
Haq menga hamdam, qachon bo’lmish judo?..

Sen ko’zingni kattaroq och, sol nazar,
Nuri Haqni o’ziga olmish bashar.

Boyazid ushbu o’gitni tingladi,
Nuqta-nuqta ko’ngliga jo ayladi.

Shul tufayli bo’ldi andoq muqtado,
Yetdi ul oxirdin — ul oxirga to…

* * *

Yurma nafs xohishiga, nafs kuyiga,
Bur yuzingni do’sti sodiq so’yiga.

Chun aqllardin aql quvvat olar,
Nayshakar yonida o’sgay nayshakar.

Menga nafs makr etdi, nelar ko’rmadim,
Necha bir toshlarga boshni urmadim.

Va’dalar bergay senga ul basma-bas,
Va’dalarga so’ng o’zi bergay shikast.

Haq magar umringni yuz yil shaylagay,
Nafs har kun bir bahona aylagay.

Ul sovuqmas, va’dani issiq qilur,
Qo’llaringni jodu birla bog’lar ul.

Boshda qurt erdi, ilon erdi, qaro,
Yo’lga tushgach, bo’ldi devu ajdaho…

* * *

Kimki ustozdin qocharkan, yaxshi bil,
Kechgay ustozi emas, davlatdin ul.

Tan uchun kasb aylading, chekding niyoz,
Endi dining deb mashaqqat chek bir oz.

Bul jahon ichra badavlatsen, g’ani,
Lek ketar chog’ida topgoning qani?

Bir hunar kasb etki, kelsa oxirat,
Qo’llasin joningni, topgil maxfirat.

Ul jahon ham shahru bozoru hunar,
O’ylama, yolg’iz shu dunyoda unar.

Haq taolo dedi: bul kasbi jahon,
Ul jahon oldida ermakdir chunon…

* * *

So’zki ul, dildan emas, tildan kelur,
O’ylakim, gulxanda o’sgan gul erur.

Bevafolar lutfiga lutf aylama,
Ul buzuq ko’prikni yo’l deb o’ylama.

Qo’ysa ul ko’prikka bir johil qadam,
Singay ul ko’prik va johil poyi ham.

Gar biror maydonda lashkar lat yemish,
Bul magar uch-to’rt muxannisdan emish.

Bitta zarb birlan qochurlar orqaga,
Sen mashaqqatga qolursen qaytaga…

* * *

Yaxshidir ko’zni o’zingga solganing,
Aytganing — aybni o’zingga olganing.

Chunki kelgay yarmi-ayb dunyosidin,
Boshqa yarmi ersa-g’ayb dunyosidin.

O’n yaro chiqqan esa boshingga, bil,
Sur o’zing malham, iloju chora qil.

Yo’qsa aybing, bunga emin bo’lma, oh,
Sendanam kelgay o’shal aybu gunoh.

Surdi Iblis necha xush ayyomini,
Bo’ldi rasvo, endi ko’rgil nomini.

Bor jahonga ma’ruf erdi, oy anga,
Chappa ketdi kori, endi voy anga…

Emin ermassen, o’zingni qistama,
Ma’lumu ma’ruf bo’lishni istama…

* * *

Telbalar masjidga ta’zim aylagay,
Ahli dillarga vale zulm aylagay.

Ul-majozdir, bul haqiqat, ey dali,
Masjid ul-orifu sarvarlar dili.

Ko’nglida masjid ko’targay avliyo,
Sajdagohdir elga, dargohi Xudo…

* * *

Yo’qsa gar hojat, Xudovandi g’ani
Bermagay bir kimsaga bir narsani.

Bo’lmasaydi hojati olam-zamin,
Hech yaratmas erdi Rabbulolamin.

Bo’lmasaydi yerda hojat ustuvor,
Tizmas erdi tog’ni bundoq purviqor.

Bo’lmasaydi ehtiyoj osmonga ham
Yetti gardunni yaratmasdi Egam.

Oftob, oy birla yulduzlarki ul,
Ehtiyoj yo’q ersa, etmasdi zuhur.

Baski, borliqqa kamand hojat emish,
Erda ham hojatga mos olat emish.

Sen oshir hojatni, ey muhtoj, zud,
To karam etgay o’shal daryoyi jud…9

Yaxshilar afsona so’ylar yaxshiga,
Sen yopishma suvratiga, naqshiga.

Ey birodar, qissa chun paymonadir 10,
Ma’ni unda-misli bug’doy donadir.

Gul va bulbuldin necha afsona bor,
Garchi ermas o’rtada so’z oshkor.

Ne kechirmish sham ul, parvona ham,
Tinglabon, ma’nosiga yet, ey sanam…

9 Daryoyi jud — saxovat dengizi, Olloh.
10 Paymonadir — idish.

* * *

Borishardi turk, arab, forsu yunon,
Shunda bir kimsa, anisu mehribon,

Xayr, deb bir tanga savg’o ayladi,
Yo’qki savg’o, balki g’avg’o ayladi.

Fors dedi: bozor tushaylik shu zamon,
Aqchaga angur olaylik, do’sti jon.

Qo’y bu gapni, deb uni kesdi arab,
Eynab olsak aqchaga, bo’lgay ajab…

Turk dedi: behuda bu gaplar bari,
Mevalar ichra uzumdir sarvari…

Shunda yunon ham aroga soldi so’z;
Hoy, xarid etmoqqa stafil durust…

Bas, ular bitta qarorga keldilar,
Lek tushunmay, bahsu g’avg’o qildilar.

Barchada xohish uzum erdi faqat,
Barchasi birdek, uzum, derdi faqat.

Lek aroga shum jaholat tushdi, bas,
Tish, qovurg’a lat yedi, topdi shikast.

G’ofilu g’aflat so’ziddin-mojaro,
Bizniki-birlik ila sulhu saloh…

* * *

Haq demishkim, dahr aro yo’q ummate,
Bo’lmagay to unda sohib himmate.

Jumla jonlarni yig’ib, yaqdil qilur,
Jumla ko’ngillarni bemushkul qilur.

Bizki ko’r qushmiz, adabda turmadik,
Ul Sulaymon kelsa hamki, ko’rmadik.

Chug’z kabi lochinga yov, dushmon bo’lib,
Qoldik oxir mulkimiz vayron bo’lib.

Chunki kirganmiz jaholat yo’liga,
Yetkazib ozor azizlar ko’ngliga…

* * *

Eyki, oziq senga shul xalqning xuni,
Xalq xuni bir kun base tutgay seni.

Molini sen qoni deb bil bir yo’la,
Chunki topgay molini zahmat ila.

Sen necha filbachcha yersan, poraxo’r,
Ona filni bir kuni qarshingda ko’r.

Ona fil bir kun muqarrar o’ch olur,
Ul necha filbachchaxo’rni o’ldirur…

* * *

Haq degil, og’zing, dahoning pok qil,
O’z ruhingni chobuku cholok qil.

Zikri Haq pokdirki, ul kelgach, tamom,
Daf bo’lur har neki ifloslik, harom.

Zid qochur, ziddin hamisha, inchunin,
Tun qochur, zulmat qochur kelganda kun.

Pok nom kirsa og’izga, bil u dam
Qolmagay kirlik, palidlik, dardu g’am…

Biz agar naymiz, navo Haqdin kelur,
Biz agar tog’miz, sado Haqdin kelur…

* * *

Sabr qilkim, sabr keltirgay najot,
Sabr sergaklikka chun qo’lu qanot.

O’zni tiykim, ko’p zaharli ul giyoh,
O’zni tiymoqlikda nuri anbiyo.

Yel ufursa, ko’kka uchgaydir xazon,
Yel esib, tog’ni qo’porgaydir qachon?

Har nafas shayton erur qarshingda shay,
Ey birodar, qochma mendan, kel, degay.

El bo’lurmen senga, bo’lgaymen rafiq,
Yo’l ocharmen senga ravshan ham daqiq.

Bo’yla der ul makru hiyla zo’ridin,
Yusufo, qochgil odamxo’r bo’ridin.

Sen haziru ehtiyot bo’l, xullasi,
Chun firib aylar senga har luqmasi.

Berga oltin, olma, darhol tarkin et,
Sen-baliqdirsen, ilar qarmoqqa et…

* * *

Porlasa mahshar quyoshi, ul zamon
To’lg’anib, junbushga tushgaydir jahon.

Bizni tuproqdin yaratmish, o’ylagil,
Ne emish tuproq, fikr qil, anglagil.

Murdadir bunda, u yoqda zindadir,
Bunda xomush, unda ul go’yandadir.

Ul tarafdin bizga yetsa bir aso,
Qo’lga olganda bo’lur ul ajdaho.

Tog’u tosh Dovudga xushxonlik qilur,
Ilkiga olsa, temirlar mum bo’lur.

Yel Sulaymonshohga xizmat aylagay,
Bahr Muso birla suhbat aylagay.

Oy boqib, Ahmadga maftun, qul bo’lur,
Otash Ibrohimga nasrin gul bo’lur.

Yer yutar Qorunni bir ajdarsimon,
Ustuni Hannonaga yetgay imon.

Tosh Ahmadga salomlar yo’llagay,
Tog’ Yahyoga payomlar yo’llagay…

* * *

Nuri Alloh lomakondek joydadir,
Unda istiqbolu moziy qaydadir?

Moziyu mustaqbal 11 ermish senga ep,
Bittadir ul, sen bilarsen ikki deb…

Uyqu-orom ersa sohir ulfati,
Sehru jodu uzra bo’lmas qudrati.

Yotsa cho’pon, bo’rilar emin bo’lur,
Chunki cho’pon g’ayrati sokin bo’lur.

Haqki cho’pondir, amal befoydadir,
Ul tarafga bo’riga yo’l qaydadir?

Joduni Haq etsa, ul Haqdin ato,
Sehru jodu deb uni aytmoq xato…

11 Moziyu mustaqbal — o’tmish va kelajak.

* * *

Ey Rasulim, sohir ermassen base,
Kiyganing ustingda Muso xirqasi.

Ham sening ilkingda Qur’on ul-aso,
O’ylakim, kofirga misli ajdaho.

Sen yotursen, maskaning yer ostida,
Lek asoying yotmagay yer ustida.

Uxla, ey shoh, uxla orom, bexatar,
Qo’l urolmaydi asoga o’g’rilar.

Yerdasen, nuringga maskan-osmon,
Yovlaring otmoqqa Haq tutmish kamon…

* * *

Zikri Muso-bir bahona, ey o’g’il,
Nuri Muso-aslida joningda ul.

Fir’avn, Muso ikovlon senda jam,
Sen o’zingdin izlagil, ey muhtasham.

Porlagay nuri Muso mahshargacha,
Nur o’shal nurdir, charog’i o’zgacha.

O’zgadir garchi charog’u piltasi,
Lek u yoqdandir safoyi shul’asi.

Shishaga boqsang, yo’qolgaydir yo’ling,
Son-hisoblarga taqalgaydir yo’ling.

Nurga boqsang, yo’llaring etgay davom,
Son-hisoblardin qutulgaysen tamom…

* * *

Bul jahon misli daraxtdir, ey kirom,
Biz — butoqda mevalarimiz, g’o’ru xom.

Novdaga qattiq yopishgay xomlar,
Xomga kim etgay magar ikromlar?

Bas, yetilsa, olsa sharbat, totu ta’m,
Novdaga meva yopishmas uncha ham.

Totsa ul iqboli shirinni dahon,
Odamiyga hech bo’lur mulki jahon.

Muncha xomsanki, hama hayron senga,
Ona qornidan yemishdir qon senga…

* * *

Har nechuk holingda ham etgil talab,
Bir zilol axtar o’zingga, xushklab.

Qovjiroq lablar guvohlik bergusi,
Bir kuni chashma muyassar bo’lgusi.

Senga lablar qurg’ashi payg’om o’lur,
Qurg’agan lablarga suv in’om o’lur.

Bir kalitdir bu talab andoq senga,
Ham sipoh, ham nusratu bayroq senga.

Vositang yo’qdir, vale etgil talab,
Vosita so’rmaydi sendin rohi Rab,

Kimsani ko’rsang talabgor, ey o’g’il,
Oldida boshingni indir, sen egil.

Yondashib tolibga, tolib bo’l o’zing,
Ergashib g’olibga, g’olib bo’l o’zing.

Bir chumoli gar sulaymonlik tilar,
Solma istehzo ila kubro nazar.

Qancha molu davlating ersa hali,
Bir tilak, andisha erdi avvali…

* * *

Bor hadiskim, dil misoli par emish
Bir biyobon ichra, yel-sarsar emish.

Yel uchirgay parni, bermas unga dam,
O’ngga surgay, so’lga surgay damba-dam.

Bor hadis bir o’zgakim, ko’ngil chunon,
Bir qozondirkim, turarmish qaynabon.

Har zamon bir o’zga holu mayli bor,
Undan ermas, boshqa joydin ul qaror…

* * *

Xalq magar uyquda ko’rgay bir nishon,
Men esam o’ngimda ko’rgaymen ayon.

Bul jahondin o’zni bir dam berkitay,
Tuyg’u-yaproqlar to’kilsin, silkitay.

His-asiri aqlu hushdir, ey falon,
Aqlu hush ruhingga tutqin begumon.

Jon aql ilkin ochib, darmon qilur,
Necha bir mushkulni ul osmon qilur.

Tuyg’ular andishalarni to’plagay,
Xoru xasdek suv yuzini qoplagay.

Aqlu hush surgay ularni bir taraf,
Ko’zlaringga suv ochilgay yarqirab.

Aqlu hush gar senga nozir bo’lgusi,
His-havas amringga hozir bo’lgusi.

Uyquga cho’mganda bedor tuyg’ular,
Qo’zg’olur joningda sirri g’aybilar.

Sen ko’rib o’ngingda tushlar tozasin,
Ham samo ochgay senga darvozasin…

* * *

Husni fikr, ummidi xush hamroh senga,
Ki madadkordir mudom Olloh senga.

Har qachonkim sen o’qishni o’ylasang,
Ya’ni, Mus’hafni qiroat aylasang,

Ul zamon nurlarga to’lgaydir ko’zing,
Ul zamon harflarni ko’rgaysen o’zing…

Ul sabab bo’lmas valiyda e’tiroz,
Haq olarkan, unga qaytarmog’i rost.

Yondirib bog’ing, uzum bergay senga,
Solsa motamga, to’zim bergay senga.

Qo’li shol, qo’lsizga hamdastlik berar,
G’am to’la ko’ngilga bir mastlik berar.

Ne yo’qotsak, o’rniga bergay evaz,
E’tiroz etmoqni banda o’ylamas.

Ulki, otashsiz haroratlar berur,
Rozimen solsin meni otashga ul.

Senga ravshanlikni bermish ul hama,
Bas, chirog’ing o’chsa, afg’on aylama…

Amri Haqsiz luqma oshing pishmagay,
Turgay ul og’zingda, ichga tushmagay.

To’kmagay chun bitta yaprog’in daraxt,
Bermaguncha hukmini sultoni baxt.

Maylu rag’batkim, imom, derlar ani,
Unga ham yetgay o’shal amri g’aniy.

Yeru osmonlarda zarra yurmagay,
Tushmagay junbushga u, par urmagay..

Bas, qazoyi Haq-rizoyi bandadir,
Unda gar hukm ersa, xohish bundadir.

Men yashay, deb o’zni har yon urmas ul,
Ham hayot zavqin so’roqlab yurmas ul.

Bo’ysunar Parvardigor amriga bot,
Unga birdekdir hayotdir yo mamot.

Ganj uchunmas, ul yashar Yazdon uchun,
Ranj uchunmas, ul o’lar Rahmon uchun.

Haq uchundir ko’nglida iymoni, bas,
Azbaroyi jannatul ma’vo emas…

* * *

O’ylakim, mashharda mardum saf bo’lib,
Til hisob birlan munojotga kelib.

Yosh to’karsen, oh urib Haq oldida,
So’ylagaysen tik turib Haq oldida.

Haq degay: muhlat beribdirman senga,
Ne qozonding hamda keltirding menga?

Umri muddatni qayoqqa sarflading?
Qurbu quvvatni qayoqqa sarflading?

Ko’z nuringchi, qayga sarf etding uni?
Qayga sarf etding o’shal besh tuyg’uni?

Uncha gavharlarki olding arshdin,
Qayga xarj etding, ne olding farshdin?

Qo’l, oyoq berdim chu ketmon, belkurak,
Bir umr sodiq madadkoru tirak…

Bo’yla payg’omu savollar ko’p bo’lur,
Necha yuz minglab senga Haqdin kelur.

Bandasi tinglar, qiyomda erkan u,
Ko’p xijolatlar chekib, aylar ruku`.

Jismida bir zarra darmon qolmagay,
Ul uyatdin Haqqa tasbih so’ylagay.

Bosh ko’tar, deb Tangridin yetgay xitob,
Haq savoliga aniq bergil javob…

Ul rukudin bosh ko’targay sharmsor,
Lek yiqilgay yerga besabru qaror.

Boz kelur farmon: ayo, boshing ko’tar,
Bizga ul qilmishlaringdin ber xabar…

Bosh ko’targay ul uyatlig’ qul yana,
Lek ilondek yerga tushgay ul yana.

Boz kelur farmon: ko’tar boshing, haqir,
So’ylagil qilmishlaringni birma-bir.

Bir nafas turmoqqa holi qolmagay,
Haybati Haqdin majoli qolmagay.

Qa’da aylab o’ltirur og’ir, garon,
Tangri der: qilmishlaringni qil bayon.

Qayda ul ne’matga shukuronang magar?
Berganim sarmoyadin bormu samar?..

Yuz burib, o’ng qo’lga qul bergay salom,
Ul tarafda — anbiyo, ahli kirom.

Derki, ey shohlar, shafoat aylangiz,
Men, laim balchiqqa botdim, qo’llangiz…

* * *

Rost demishdir dahr eliga Mustafo,
Qutbi dinu bahri daryoyi safo:

Oqibatda har nekim johil ko’rur,
Boshdanoq bilgay uni, oqil ko’rur.

Ne bo’lur ish so’ngiga yetgach tayin,
Oqil avvaldan bilur, johil keyin…

Haq duo aylarsa, bunga ne yetar?
Ul duo aylar, ijobat ham etar…

* * *

Dil degan bo’lgay magar daryoyi nur,
Dil-nazargohi Xudo, bo’lgaymi ko’r?

Dil-necha xosu avomning ko’nglimas,
Dil bo’lur bir kimsaning ko’ksida, bas.

Dil-muhitdirkim, jahonni qoplagay,
Dahr aro har oshiyonni qoplagay.

Olam ahliga kalomlar yo’llagay,
Haq salomidin salomlar yo’llagay.

Har kishi ersa musaffo ham habib,
Dil nisoridin anga yetgay nasib…

Siymu zar deb o’ylading-da, bir yo’la,
To’ldirib olding etakni tosh ila.

Zar emasdi sen o’shal zar bilganing,
Domaning yirtildi, oshdi ul g’aming…

Yosh go’dak bilgaymu toshning toshligin,
Ulg’ayib, to qo’ymaguncha yoshligin.

Pirlik ul sochu soqolning oqimas,
Ul aql birlan kelur insonga, bas…

* * *

Gar aql bo’lsa aqlga oshno,
Damba-dam ortgay magar mehru vafo.

Nafs agar nafs birla esh, hamdam bo’lur,
O’rtada mehru vafo kam-kam bo’lur.

Nafs ul illatga bergaydir rivoj,
Ma’rifat bo’lgay zalolatga xiroj.

Oshno, do’st bo’lmagil g’ofil bila,
Do’st tutun, do’st bo’l faqat oqil bila.

Chun samumi nafs birla xastasen,
Har ne olsang, bir baloga bastasen.

Gavhar olsang gar, qo’lingda tosh bo’lur,
Mehr ko’rsang gar, ko’zingda yosh bo’lur…

* * *

Har sifatkim, jon uchun Haq saylamish,
Begumon unga munosib aylamish.

Vasf ila jonni tanosib etdi ul,
Yuz ila ko’zni munosib etdi ul.

YO go’zal, yoki xunukning vasfi ham,
Mos-munosibdir, Xudo chekkan raqam.

Ikki barmoq o’rtasinda bu ko’ngil,
Gohi ma’yus ersa, gohi xursand ul.

Ey qalam, faxr et, bu dunyo mulkida,
Xat chekarsen, o’yla, kimning ilkida?

Jumla junbishing u juft barmoqdadir,
To’rtta yo’l boshida, to’rt barmoqdadir.

Holi nazming ham — Xudoning xohishi,
Azmi jazming ham — Xudoning xohishi.

Bas, tazarru ayla, o’zga roh yo’q,
Har qalam bu shevadin ogoh yo’q…

* * *

YO boqing avvalgilarning holiga,
YO boring oxirgilarning oldiga.

Ehtiyot ne? Ishni salmoqlash demak,
Ikki tadbirdin birin tanlash demak.

Gar biri desa: yo’lingdir yetti kun,
Yo’l emas, qumlar kecharsen, tashna qum.

Boshqasi desa: ishonma, ey falon,
Har qadamda uchragay obi ravon.

Ehtiyotdin chora-tadbir shul bo’lur,
Suvni g’amlab chiqqaning ma’qul bo’lur.

Yo’lda suv ersa, to’karsen hoynahoy,
Yo’lda gar suv bo’lmasa, holingga voy.

Ey xalifazodalar, insof qiling,
Ro’zi Haqqa ehtiyot aylab keling.

Otangizga chun g’azab etdi aduv,
Illiyyundin 12 sudradi zindonga u.

Baski ko’rsatdi nechuk yiqmoqni ham,
To yiqib, ranglarni sarg’aytmoqni ham.

Ul hasadchi oldi, qochdi bojini,
Otamiz ham onamizning tojini.

Qip-yalang’och qo’ydi, bundoq etdi xor,
Yig’ladi Odam bu ishga zor-zor…

12 Illiyyun — jannatning jannati.

* * *

Shukr qil, ne’matdin ortiq bil ani,
Noshukur ersang, senga ne’mat qani?

Shukr agar jon ersa, ne’mat ggo’st anga,
Shukr ila kelgay visoli do’st senga.

Ne’mat ul-g’aflat, shukr-ogohlik ul,
Dom etib shukringni, ne’mat ovlagil…

Qona-qona ich mayi anvosidin,
To qutulgaysen qorin g’avg’osidin…

* * *

Kim yomondir, beomonlik aylagay,
Yaxshilik etsang, yomonlik aylagay.

Sabr ila nafsingga etgil qarshilik,
Ul yomondin kim ko’ribdir yaxshilik?

Yaxshiga bir karra ehson ayla.bas,
Yetti yuz ehson ila bergay evaz.

Gar yomonga aylasang qahru jafo,
Senga banda, qul bo’lib, etgay vafo.

Ahli kofir ham etib jabru sitam,
So’ng jahannamda degaylar, yo Egam!..

* * *

Keldi dunyoga ibodat deb bashar,
Bo’ldi munkirga ibodatgoh — saqar 13.

Odamiy dunyoda nelar aylasin,
Mayli, lekin bandalikni o’ylasin.

Insu jinslarni yaratdi Haq, demak,
O’zga maqsad yo’q ibodatdin bo’lak.

Gar bashardin muddao irfon edi,
O’zgadir har odamiyning ma’badi.

Ma’badi mardu karim — mehru vafo,
Ma’badi pastu laim — jabru jafo.

Ur yomonni, bosh egar, ursang magar,
Yaxshilarga berki, bergaylar samar.

Ikki masjid Haq bunyod aylamish,
Kimga do’zax bermish ul, kimga bihisht.

Ul Muso past qurdi Quddus qopqasin,
To kirarkan, qavm sajda aylasin…

13 Saqar — jahannam, do’zax.

* * *

Ahli dunyo shohga etgay sajdalar,
Kibriyoga sajda etmaslar ular.

Bo’yla mehrob etdi axlat zotini,
Shohu sulton qo’ydi so’ngra otini.

Bo’yla ko’ppaklarga pastlar bosh egar,
Boshini egmas arislon, or etar.

To’s yuzing, ey kosales, sarqitxo’r,
Senga non berganni Haq o’rnida ko’r…

Bas, yetar, bundan-da ortiq bo’lsa gap,
Ko’zg’atur shohu amirlarda g’azab.

Gapning indallosi shuldir, ey karim,
Bosh egur har dam laimlarga laim.

Nafsi badga kimda kim ehson etar,
Bilmagay ne’matni ul, kufron etar.

Ahli mehnat shukr etib, shokir erur,
Ahli ne’mat makr etib, botil erur.

Molu ne’matdin shukr kelgaymu hech?
Kelgay ul dardu alamdin erta-kech…

* * *

Bul-Anas, farzandi Molikning ishi,
Ki uning mehmoni erdi bir kishi.

Ul hikoyat etdi, ovqatdin keyin,
Ko’rdi mezbon sufraning dog’ bo’lganin

Kirlanibti, boq, dedi, ey xodima,
Sen uni tandirga tashla bir dama…

Oldi dasturxonni cho’ri qiz hamon,
O’t to’la tandirga otdi shul zamon.

Jumla mehmon bunga hayron erdilar,
Kul bo’lur otashda sufra, derdilar.

Kechdi fursat, oldi dasturxonni qiz,
Sufra erdi beg’ubor, poku tamiz.

Ey sahoba, dedilar, bul ne edi?
Ne sabab, otashga tushdi, yonmadi?

Dedikim, ovqat tanovul aylabon,
Mustafo surmishdilar dastu dahon…

* * *

Boqki, gulning yulsalar ham bargini,
Kulgusin qo’ymaydi, egmas qaddini.

Kelsa boshingga baloyi nogahon,
Yaxshilikka yo’y uni sen begumon.

O’zgalar qo’rquv-la sarg’aygan zamon,
Qarshila guldek kulib sudu ziyon.

Sen yo’qotsang gar biror bir narsani,
Bir falokatdin xalos etmish seni.

So’rdilar: ustoz, tasavvuf ne emish?
Dedi: g’am kelganda fe’lni keng qilish…

Bir balo yuz bir balodin saqlagay,
Bir jafo yuz bir jafodin asragay…

* * *

Ulki bergay, foyda kutmay mutlaqo,
Ul Xudodir, ul Xudodir, ul Xudo.

Ul g’aniydir, o’zgalar ermish faqir,
Bir evaz olmay qachon bermish faqir?

YO valiydirkim, anisi Haq emish,
Nurga aylanmish, nuri mutlaq emish…

Bir tamah etmay magar xosu avom,
Bir salom bermas birovga, vassalom.

Xaq salomin izla yakkash, unga to’y,
O’yma-o’y, manzilma-manzil, ko’yma-ko’y.

Odamiykim xushnafasdir, xush kalom,
Kelgay andin Haq payomi, Haq salom.

O’zi murda, Tangri birla zindadir,
Ul sabab asrori Alloh undadir…

* * *

Sen qo’ling-la berganing xayru zakot,
Ul taraflarda bo’lur naxlu nabot 14.

Jannat ichra chashmadir sabring sening,
Sutli irmoqdir magar mehring sening.

Toating zavqi — asal, nahri gulob,
Mastliging toatda — daryoyi sharob…

Ul sabablar amru farmoningdadir,
To’rtta daryo sharqirab, yoningdadir.

Ne taraf ista, ravon etguvchi sen,
Ne sifat ista, chunon etguvchi sen…

Naxlu nabot 14 — daraxt va o’simlik.

* * *

So’rsakim, bilgaymusen sen Nuhni,
Ul Rasuli Haqni, nuri Ruhni?

Sen degaysen: nega bilmasmen, kabir?
Ul quyoshu oydanam ravshan, axir.

Nuhni ayturlar kitoblar bob aro,
Ne imomlar har kuni mehrob aro.

Nomi Qur’onda bitilmishdir yana,
Qissalar insho etilmishdir yana.

Rost dersan, chun bilarsen vasfini,
Sen vale aslida bilmassen ani.

Gar desangkim, bilmagaymen, kimdir ul?
Nuhni yolshz Nuhga monandlar bilur.

Lang chumoli filni bilgaymu sira?
Pashsha Isrofilni bilgaymu sira?

Bul so’zing ham to’g’ri so’zdir, ey falon,
Mohiyatni chunki bilmassen hamon.

Lekin, oshnam, mohiyat asli nima?
Bul jihatni barcha ham bilmas, dema.

Mohiyat ul garchi dengiz ichra dur,
Ahli komil nazdida ravshan erur.

Mulki borliq ichra Haqning zotidin —
Ham buyukroq sirru asror bormikin?

Ulki mahramlarga maxfiymas, ayon,
O’zga sirlar emdi qolgaymu nihon?..

* * *

Men tatib boqdim magar halvosini,
Ko’zlarim ko’rdi uning siymosini.

Gulga bir so’z aytdi, xandon ayladi,
Dilga bir so’z aytdi, chandon ayladi.

Boqdi, sarvning qaddini rost etdi ul,
Nargizu nasrinni hamroz etdi ul.

Nayga ehson etdi shirin jonu dil,
Chekdi tuproqdin go’zal naqshi chigil.

Qoshni chizdi egmayu tarror etib,
Yuzni chekdi gulgunu gulnor etib.

Tilni etdi shul jahon afsungari,
Konga in’om etdi zarri ja’fari.

Uzdi o’q ko’nglimga, savdo ayladi,
Bir ajib oshig’i shaydo ayladi.

Unga oshiqmenki, olam jonidir,
Aqlu jon hamrozi bir marjonidir.

Lof demang, lof ursa suvdek gar tilim,
So’ndirarmen o’tni, yo’qdir mushkulim.

Bus-butun mahzan, suyanchim ul o’zi,
Beti qattiqmen, tayanchim ul o’zi…

* * *

Boqki, Qur’on ichra so’z zohir erur,
Ostida ma’nosi bor, qohir 15 erur.

Boz uning ostida qo’sh ma’noyi hol,
Unga yetganda aql hayronu lol.

Bor yana to’rtinchi ma’no, bo’yla sir,
Voqif ul yolg’iz Xudoyi benazir.

Boqma Qur’on zohiriga, bu — g’alat,
Dev boqur odamga tuproq deb faqat.

O’ylakim, Qur’on-da bir odamsimon,
Jismi zohir, joni ko’zlardin nihon…

15 Qohir — kuchli, qudratli.

* * *

Bu jahonda neki bor, Haq buyrug’i;
Juft-juftdir, bir-birining oshig’i.

Har ne borkim, juftini izlar hamon,
Kahraboga talpinur bargi somon.

Osmon deydi Zaminga: marhabo,
Men-temirdirmanki, sen-ohanrabo.

Osmon-erdir, zamin chun xotini,
Har ne eksa, yer yetishtirgay uni.

Gar sovuq qotsa, harorat bergay ul,
Chanqasa, namlik, tarovat bergay ul.

Yerga parvona hamisha osmon,
Er kishi xotindin aylangansimon.

Yer-da oybonu maqomiga o’tar,
Necha bir farzand tug’ib, ko’krak tutar.

Yo’qsa yer, o’sgaimu erdi arg’uvon?
Yer tug’ar erdimu yo’qsa osmon.

Er-ayol ishqiga Haq bermish sabot,
To jahonni asragay ul ittihod.

Kun va tun zohirda dushmandir magar,
Aslida yaxlit haqiqat, bir samar.

Bir-biriga talpinurlar doimo,
Birlashib, ishlarni etgaylar ado.

Tun kerak insonga sog’lom tab’ uchun,
Tab’i solim yo’q esa, kunduz nechun?

Deydi tuproq tandagi tuproqqa: hayt,
Tarki jon qil, qo’y badanni, bizga qayt.

Bizga hamdam bo’lganing avlo erur,
Tanni qo’y.ul suvli bir ma’vo erur.

To’g’ri,der tuproq.valekin bastamen,
Men-da hijroning chekarmen, xastamen…

Tandagi suvlarga suvlar arz etar:
Bo’ldi, bas, g’urbatda yotgoning, yetar.

Tandagi otashni chorlaydir quyosh:
Uyga qayt, begonalarga egma bosh…

To’rtta unsurning bu yanglig’ bahsidan,
Yetmish ikki dardga maskandir badan.

To’rt anosir to’rtta tutqun qush erur,
Dard, ajal ersa-tugun yechguvchidir.

Chun tugunlarni yechar ul, boz etar,
To’rt tarafga to’rtta qush parvoz etar…

Tortishuvlardin bo’lingay jismimiz
Xastaliklarga chalingay jismimiz.

Baski tushgay ul bari tan qasdiga,
Qushchalar qaytmoqni istar asliga.

Hikmati Haq mone bo’lgay har safar,
Jam etib, sihhatda tutgay to ajal.

Derki, ey ajzo, hali mavrud emas,
Chun ajaldin oldin uchmoq sud emas…

Juzv-juzvkim ayriliqdin o’rtanur,
Ne emish joni g’aribning holi ul?

* * *

Jon degay: ajzo, yeringiz farsh erur,
Menga og’ir, chunki joyim arsh erur.

Tan tilar ul sabzavu obi ravon,
Sabzavu obi ravondin ul hamon.

Mayli jon ersa hayotu haydadir,
Lomakon otlig’ muborak joydadir.

Jon tilar dunyoda hikmat ham ulum,
Tan tilar lek bog’u bo’stonu uzum.

Jon tilar doim taraqqiy va sharaf,
Tan tilar ul kasbu asbobu alaf.

Gar kishi bir narsa istar har kuni,
Istagan ul narsa ham qistar uni.

Sharhini aytsam.uzun doston bo’lur,
Masnaviy juzvi oshib to’qson bo’lur…

* * *

Azmu jazm ichra kecharkan turmushing,
Goh-gohi o’ngidin kelgay ishing.

Qo’l urarsen yangi bir niyatga, bas,
Niyatingga Haq vale bergay shikast.

Bermasa mutlaq murodingni magar,
Noumid qolgay eding sen, beamal.

Bersa baxtingni nuqul, bilgaymiding,
Qudrati Haqqa nazar qilgaymiding?

Baski oshiqlar tilakda o’ldilar,
Qudrati Haqdin xabardor bo’ldilar.

Ayru tush jumla murodingdin,ayo,
Har muroding senga bo’lgaydir ravo…

Eyki sen mardumga zo’rlik aylading,
Uzni chun g’olib, muzaffar o’ylading.

Sen esingni boshga yig’ har soniya,
Quvma qochganni, yiqilganni aya.

Balki ul qochgan qurar yo’lingda dom,
Hamla ettay chun baloyi nogahon..

Bo’lmagay oqil u g’oliblikda shod,
Chunki g’oliblikda u ko’rgay fasod.

Oqil ulkim, ertani ko’rgay ko’zi,
Bo’yla ko’zga surma chekmish Haq o’zi…

* * *

Ishqni sir tutmoq chu ma’shuq maylidir,
Oshiq ishqi karnayu, surnaylidir.

Ey birodar, ish aningdek ish erur,
Gar ajal kelganda banda xush erur.

Ey yigit, sidqu imonga ul nishon,
Qarshilar ersang ajalni shodumon.

Ey jigar, yo’q ersa iymoning chunin,
Bor-da, izla, kasb et ikmoli din.

Qaysi ishda gar ajal mag’lub senga,
Bas, o’shal ishdir base mahbub senga.

Ketsa nafrat o’rtadin, qolmas ajal,
Ul ajal ermas, ko’chib ketmoq magar.

Baski nafrat ketdi, o’lmoq bo’ldi naf,
Shul yo’sinda balki o’lmoq bo’ldi daf.

Do’st Haqdir, Haq do’sti bo’ylakim,
Men seningmen, sen menimsen, desa kim…

* * *

Bas, Sulaymon so’rdikim, ey notovon,
Kim senga jabr etdi, bizga et bayon?

Munchalar zulm etdi qaysi zolim ul?
Haddidin oshgan u kimsa kim erur?

Ey, bizim davronda zolim bormu bas,
Bo’lsa gar zolim, nechun zindondamas?

Biz tug’ilgan kunda zulm o’lmishdi chun,
Biz-ki shoh ersak, u amr aylar nechun?

Yo’q bo’lur nur birla zulmat barchasi,
Chunki zulmatdir zulmning chashmasi.

Boq, shayotin biz uchun xizmatdadir,
Etsa sarkashlik, kishanda, o’tdadir.

Zulmi zolim asli shaytondin kelur,
Ersa zanjirband, zulm aylarmu ul?

Bizga mulk bermish Yaratgan, Haqqu Hay,
Toki osmonlarga xalq yuzlanmagay.

To tutundan kiymasin osmon qaro,
Iztirobga tushmasin charxu Shuho.

To yetimlar Arshga larza solmagay,
G’am chekib, jonlar parishon bo’lmagay.

Mamlakat ichra tayindir chorasi,
Uchmagay to ko’kka «yo Rab!» nolasi.

Boqma osmonlargakim, arshingdadir,
Osmoniy shoh magar qarshingdadir…

* * *

Bir tovuq bor erdi, bundoq o’yladi,
Tevani mehmonga da’vat ayladi.

Keldi ul, ostonaga qo’ydi qadam,
Uy buzildi, duv to’kildi shifti ham…

Aqlimiz chun ul tovuqning xonasi,
Aqli solihdir — Xudoning tevasi.

Bosh suqar bo’lsa mabodo teva ul,
Qolmagay uy, qolmagay jonu ko’ngil.

Fazli ishq birlan kishi fozil bo’lur,
Bundan ortiq istagan johil bo’lur.

Bo’yla johildirki, jahl aylar ayon,
Bo’ylakim, arslonni bosgaydir quyon.

Bilsa erdi, bo’yla ish boshlarmidi?
O’zni arslon ustiga tashlarmidi?

Jonu tanga bo’yla zolimdir kishi,
Zulm erur etgan adolatlig’ ishi…

* * *

Qaydakim yer uzra ko’rsang qatra qon,
Ul mening oqmish ko’zimdan begumon.

So’zlarim ko’k ichra gurrosdir magar,
Guldirab, yer uzra yomg’ir yog’dirar

So’zu faryod ichra qolmishmen atay,
Yoki so’ylar, yoki yig’larmen, netay.

So’ylasam gar, ohu faryodim fano,
So’ylamas ersam, nechuk aytgum sano?

Yosh emas oqqan ko’zimdin, dil xuni,
Podshohim, boq yaqindin, ko’r uni…

* * *
Ne emishdir ishq? Daryoyi adam,
Aqlu idrok ul sari qo’ymas qadam.

Bandalik ne, saltanat ne, ma’lum ul,
Ishq ularning ikkisidin sirlidir.

Koshki deyman, bo’lsa shu borliqda til,
Koshki borliq pardasin yirtsaydi ul.

Eyki, borliq, ne degaysen javrabon,
Parda uzra parda tortgaysen hamon.

Ofati idrok emishdir qolu hol,
Qonni qon birlan magar yuvmoq mahol.

Men uning savdosiga mahram hanuz,
Bul qafas ichra urarmen dam hanuz.

Eyki jon, oshuftaholdirsen necha,
Qaysi yonboshing bila yotding kecha?

Yig’ hushingni, muncha dam urmoq — balo,
Boshqa mahram top o’zingga avvalo.

Oshiqi mastsenki, bundoq shevasen,
Novadon ustiga chiqqan tevasen…

* * *

Sir ne ermish, paxta ichra otash ul,
Qancha pinhon tutmagil, paydo bo’lur.

Berkitay deb men urindim necha dam,
Lekin ul bayroq ko’targay damba-dam.

Ul tutib ikki qulog’imdin mani,
Der: qo’lingdin kelsa.berkitgil, qani.

Men degaymen: oshma haddingdin yomon,
Jon kabi paydo erursen ham nihon.

Ul degay: xum ichra mahbusdir tanam,
Xumda maydek bazmi jamshid aylaram.

Men degaymen: ket bu yerdin, chekma un,
Ofati mastlik yetishmasdin burun.

Ul degay, jomim simirgaymen necha,
Kun bo’yi, toki namozi shomgacha.

Shom kelib, olgay latif jomim mening,
Ber, degaymen, kelmadi shomim mening.

Mayning otini arab qo’ymish: mudom,
Qaysi mayxo’r may ichib, to’ymish mudom?

Ishq olovdir bodayi tahqiqqa ul,
So’ng nihon soqiy bo’lur siddiqqa ul.

Qaynasa tavfiq sharobi tinmayin,
Dosh berolmay, ko’za sinmog’i tayin.

Partavi soqiy sharobga urdi, hay,
Qaynadi, raqs etdi sharbat, bo’ldi may.

Ba’zilar hayrat aro tinglar buni,
Sen so’rab ko’rgil, qachon ko’rmish uni?

Bas, bilurlar barcha, o’tchi, suvchi bor,
Qaynagan bor ersa, qaynatguvchi bor…

* * *

Dedi: Payg’ambar: eshikni muttasil,
Qoq erinmasdan, ochilgay senga ul.

Bir kishi ko’yida yurgaysen magar,
Duch kelur ul senga, ko’rgaysen magar.

Har kuni qazsang quduqni tashnahol,
Oqibat etgay nasib obi zilol.

Barcha bilgaylarki, sen ham bil shuni,
Ne ekarsen yerga, olgaysen uni.

Ur temirni toshga, uchqun sachragay,
Aksi bo’lmas, bo’lsa ham oz uchragay.

Har kuni non yeydi insonlar nuqul,
Bir kuni lekin tomoqdan o’tmas ul.

Non yema, bechora ruhim, bo’lma kam,
O’zni kulfatlarga solma muncha ham.

Ermasang mahrum va ablahzoda sen,
Ko’z ochib boq, qanchalar aftodasen.

Gar jahonda oy to’lib, porlar quyosh,
Sen esang har dam egarsen chohga bosh…

* * *

Bir yigit chun o’tga parvona bo’lib,
Qoqdi yori eshigin, xilvat qilib.

Soqchi chiqdi, qo’rqdi, qochdi bog’ tomon,
Yorini bog’ ichra uchratdi hamon.

Dedi, yuz shukronalar aylab ado:
Soqchilarni rahmat etgil, ey Xudo.

O’rtaga bundoq sababni tashlading,
Bizni do’zaxdin bihishtga boshlading.

Bir sababdin bo’yla etding korni,
Siylading bizdek tikanni, xorni…

* * *

Ey Ziyovulhaq Husomiddin, qaviy,
Oshdi nuring birla oydan Masnaviy.

Ulki, oliy himmating, ey mehribon,
Boshlagay bizni, Xudo bilgay, qayon?

Masnaviy bo’yniga arqon boylading,
Bilganing yoqqa azimat aylading.

Masnaviy yurgay, ko’rinmas yo’lchisi,
Ko’zki botil ersa, qandoq ko’rgusi?

Masnaviyni boshlabon, bshtuvchi sen,
Gar uzansa ul, uzun etguvchi sen.

Neki istarsen, Xudo xohlar chunin,
Haq berur har neki istar muttaqin.

Masnaviykim muqtado aylar seni,
Qo’l ochib shukru duo aylar seni.

Masnaviyda ko’rdi haqqingga duo,
Lutfini senga ziyod etdi Xudo.

Shamsni Qur’on ziyo deb nomladi,
Oyni ersa, nurga nisbat ayladi.

Nur yog’ur oydan, quyoshdandir — ziyo,
Sen o’qi bul nuqtani Mus’haf aro…

Soch o’zing to’rtinchi daftar uzra nur,
Oftob to’rtinchi osmondin kelur.

Soch o’zing to’rtinchiga xurshidvor,
Porlasin shahri chamanlar, bu diyor.

Kim buni afsun desa, afsona ul,
Kim haqiqatdir, desa, mardona ul.

Mavji Nil qibtiyga suvmas, xun edi,
Lek Muso qavmiga ul to’lqin edi.

Bu suxanga kim yomon solgay nazar,
Maskan o’lgaydir anga qa’ri saqar.

Ey Ziyovulhaq, chu ko’rding holini,
Haq ayon etdi uning ahvolini.

G’aybni ko’rgan ko’zlaring nam bo’lmasin,
Bu jahonda toleing kam bo’lmasin.

Mardga yuzlan, ayla nokaslarni tark,
Qissaning poyoniga yetmoq kerak.

Ul hikoyat unda etmishdi davom,
Aylagil to’rtinchi daftarda tamom…

03

(Tashriflar: umumiy 3 346, bugungi 1)

Izoh qoldiring