Mavlono Jaloliddin Rumiy. Majolisi sab’a (Yetti majlis). Ikkinchi va uchinchi majlis

7630 сентябрь — Буюк мутафаккир ва тариқат алломаси Мавлоно Жалолиддин Румий  таваллуд топган кун.

    Румий асарларига тадрижан боқилса, “Мажолиси сабъа ” энг сўнгги асарларидан бири эканлиги аён бўлади. Асар “Ичиндаги ичиндадир ”дан фарқли ўлароқ, расмий ваъзлардан ташкил топган. Шунга қарамасдан, ифода шакллари ўта халқоналиги билан умумийлик касб этади (Таржимон сўзидан. Унинг матни ва асарнинг биринчи мажлиси мана бу саҳифада.).

016
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЖОЛИСИ САБЪА (ЕТТИ МАЖЛИС)
Туркчадан Раъно Ҳакимжонова таржимаси
021

Иккинчи мажлис

016

Умар ибн Хаттобдан (Оллоҳ ундан рози бўлгай!) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (Оллоҳнинг саломи ёғилгай!): “Кимки гуноҳ, исён исканжасидан қутилиб, Ҳақдан ҳайиқиш шоҳсупасига эришса, Оллоҳ уни мол-мулксиз давлатманд қилади, хеш-ақрабою авлоди бўлмагани ҳолда, устунликка эриштиради. Оллоҳ Ўзи ато этган оз ризққа қаноат қилганнинг камтарона қуллигидан рози бўлади”, дея буюрди. Мўминларнинг амири, шариат шаҳрининг ҳар ҳисобидан воқиф, тариқат пойдевори тахтида адолат зиёси бўлмиш Умар ибн Хаттоб, “Ҳақиқатдан ҳам шайтон Умарнинг соясидан қочади” ҳукмида айтилганидек, адолат қамчинини ақл ихтиёрига топшираркан, Иблис қандай қилиб васваса бозорида киссавурлик билан унинг кўнгил чўнтагини ўмарсин? Умар Пайғамбарга шу қадар ошиқ эдики, мунофиқлик уни итоат йўлидан зинҳор ва зинҳор ура олмади. Шунчалар ихлосу собитлик билан унинг хизматини қилардики, иккиюзламачилик кенг ёйилган маҳаллар ҳам диндорлик бошини хиёнат ёғи билан асло булғамади.

Байт: Табиатдан туғилган ҳодисаларнинг бизнинг қўшинимиз кўтарган тўзонга яқинлашиб, у тўзон атрофида юрак ютиб айланмоққа қандай ҳадди сиғсин? Биз нақ самони кўзлаб учмоқдамиз. Чунки яратилишимизнинг асли, моҳияти аршдир.1

Рубоий: Оллоҳ сирларининг хазинаси – бизмиз. Сон-саноқсиз дурлар денгизи – бизмиз. Подшоҳлик тахтида ўтирган – бизмиз. Ойдан тортиб балиққача ҳукм қилган – бизмиз.2

Мустафо буюрдики: “Ҳали борлиқ оламига келгувчилар кўриниш бозорига кирмагандилар. Ҳали на малак хархашасию на фалак машъаласи бўлиб, денгизда балиқ ҳам сузмаётган маҳал. Кўк юзида юлдуз порлашидан бирон асар йўқ. Ҳали тақдир рассоми осмон юзасининг оҳак-ла сувалган курсисига ложувард пардани осмаганди. Қазо устаси тўрт унсур шийпонини ҳануз мавжудлик майдонига қурмаган ҳам эди. Шундай бир пайтда кўриниш ва кўриш сабоҳи бўлмиш борлиғим нури : “Биз сизни юбордик” 3 машриғидан бош кўтариб, “Бўл!” буйруғи ила йўқдан бор бўлгандим. “Сўзла” шаробидан сармаст эдим. Менга пайғамбарлик келгунича, қазою қадар навбатчилари ҳануз Одамнинг чодири эшигини қоқмагандилар. Малакларда бундай куч-қувват қаёқданам бўлсинки, бориб Одамнинг тахти равони пойини кўзларига суртсалар?”
Байт: Оламдан мурод инсондир. Инсондан мурод эса ўша нафасдир.4

Замон хабарчилари мавжудлик оламига ҳол-аҳвол сўрашга келишди.

Шеър: Эй, макони самолардан ҳам ташқарида бўлган! Сенинг қадринг қаёқдаю бир сиқим тупроқ қаёқда? Сенинг улуғлик туғроинг “Ҳаётингизга қасамки”5 оятидир. Сенинг вилоятинг фармонида “Сен бўлмасайдинг” сўзи ёзилган. Тўққиз сиёҳдону етти муҳр қошингда бўлгани билан, сенинг қўлинг ҳам, этагинг ҳам улардан муназзаҳ. Байроғинг юзига”Сен бўлмасайдинг, самоларни яратмас эдим” ёзуви битиб қўйилган.6

Рубоий: Оқилнинг борлиқ кемаси мавжудиятига ажабланса бўлар, кўзи кўриб турган одамнинг қудуққа тушиб кетиши ҳам ажабланарли ҳол. Денгизда сузиб юрган кемага ҳайрон бўлмагин, бир кеманинг ўзида юз минглаб денгиз нишонасининг борлигига эса ажабланмаслик мумкин эмас.7

“Ё Муҳаммад, нима иш қилгани келдинг?” дея сўрашди. Айтдики: “Куфр маҳалласидаги ринду оташпарастларга одобдан сабоқ бергани, мушриклар майхонасидаги саркашларга эса ҳаддини танитгани келдим”. Дарҳақиқат, кун келиб ўшал ҳақиқатлару ўзаро сўзлашганлари ҳолда сукут сақлаган кишилар ҳамда кўнгилларини ҳар недан беҳожат Тангри таоло меҳробига бахшида этган зотлар – ғайб олами Анқосининг “Сўзла!” калимаси билан сўзни бошламоғинию ул маърифат гулистони булбулининг гул бутоғига қўниб ошиқона хониш-ла сайрамоғини ҳамда дину дунё муродини қўлга киритилмоғини интизор бўлиб кутаётгандилар: “Кимки гуноҳ, исён исканжасидан қутилиб, Ҳақдан ҳайиқиш шоҳсупасига эришса”, яъниким, риё, туҳматдан нари юриш, ғафлатда қолмаслик ҳидояти билан гуноҳу исён тўридан халос бўлиб, ҳар қадамини ҳайиқиш, қўрқиш уясига ташласа, Ҳақдан ҳаё қилиш кимёсини, маънога талабгорлик қўли билан олсаю афсунгар, ғаддор, ёмонликка чорловчи нафсга суртса, курашмоқ, тиришмоқлик оёғини ҳақиқатни кўра олиш манзили сари буриб, у жойга йўл олса: “Оллоҳ уни мол-мулксиз давлатманд қилади”. Ҳақ меҳробининг камолоти, қул хом экан, уни пишитиб етиштириш лутфи ила мол-мулксиз давлатманд этгай!

Қасида: Руму Чин мамлакатлари ҳақда кўп эшитганинг етар! Энди ўрнингдан тургин-да, бир Саноий диёрини кўриб қўй! Салтанатини томоша қил! Бошдан-оёқ сайр этаркан, шаҳвату нокасликдан асар ҳам қолмаган кўнгилга боқ, кибру адоватсиз жонни кўр! Одимингни отгинки, арш оёқларинг остига тўшалсин! Қўлингни узатгинки , салтанат узугингга тобе бўлсин! Кимки уни эран деб атаса, эрандир у! Кимки уни ғаним деб билса, ғанимдир у. Бироқ у буларнинг баридан ташқаридадир – ҳур, озоддир у! Гулдир у, райҳондир у, ёсумандир у!8

Парвардигордан ҳайиқиш қулнинг пардози бўлса, шубҳаю гумондан озодалиги сармоясидир. Тужжорлар эса, ақчаю мол-мулкларини давлат деб ўйлайдилар.

Байт: Чучук сув нималигини билмаган қуш умр бўйи лойқа сувга тумшуғини суқиб тураверади.9

Аммо янглишадилар. Чунки оламларнинг улуғи Мустафо: “Асл давлат, кўнгил бойлигидир, мол-мулк бойлиги эмас”, дея буюргандир. Улар бир-икки кумушу олтинни йўқ бўлиб кетажак кондан қазиб олиб, қўлма-қўл, шаҳарма-шаҳар тарқатишга одатланиб қолишган. Ул меҳробнинг ишқ ўйинига қўшилганларга – ғайрату шижоат зиёси бўлмиш подшоҳларга шу иш ярашадими?

Рубоий: Ой кечаси саройига келди-да, ётоғига кирди. Рашк қилдим уни. Ойни оёғим остига олволиб, бошини эзаман, оёқларини эса синдираман ҳали, дедим. Ой ким бўлибдики, сен билан бир жойда ётсин? У, бор йўғи, кечалари оламни айланиб, дунёни томоша қилиб юрган, бармоқ билан кўрсатилган нарсадир, холос.10

Байт: Замона инсонни алдагувчи ўйиндир, ўйинчоқдир. Яхшилаб қарасанг кўрасан, одамга ташна одамхўрдир у! 11

Ҳикоя қилишларича, бир тулки ўрмонга бориб, у ердаги бир дарахт шохига осилиб турган, унда ором олаётган довулга 12 кўзи тушди. Шамол туриб дарахт шохлари солланаркан, довул ҳам бунга уйғун чайқалар, жарангдор оҳанги эса тулкининг қулоғига чалинарди. Тулки довулнинг ҳайбатини кўрди. Ундан чиқаётган баланд овозни ҳам эшитди. Этию териси ҳам жуссаю овозига яраша бўлса керак, деган хаёлга борди. Кун бўйи бошқа нарсаларга чалғимай, шу ишнинг кетига тушди. Довул тиконлар ўровида эди. Бир амаллаб уларни кечиб ўтиб, довулга яқинлашди ва қорнини ёрди. Қараса, ичида ҳаводан бўлак ҳеч вақо йўқ. Шунга ўхшаб, дунёга кўнгил боғлаганлар ҳам кеч кириб, ўлим эшик қоққачгина йиғи-сиғига тушиб қоладилар:

Байт: Ўлжам қўлдан чиқди. Солган тўримни йиртиб кетди. Бу яхшилик аломати эмас. Шароб тўкилиб, қадаҳ синди. Бу яхшилик аломати эмас. Юрагим сиқилди, иш пишмайин хом қолди. Бу яхшилик аломати эмас. Динни унутдик, дунё ҳам охирига етмади. Бу яхшилик аломати эмас. 13

Аммо маърифат кўзлари басийрат кишилару Оллоҳ меҳроби сурмасини кўзларига сурган зотлар тулки айланиб юрган бу ўрмонда довул оҳангига учмай, абадий ов ҳақида ўйлайдилар, уни ахтарадилар.

Қулоғида “Сўзла!” ваҳийининг оҳанги айланган киши ҳеч замонда довул садосига қулоқ осармиди?

Байт: Минг жонинг қурбон бўлган тўйда, пулсиз ноғорачиларга нима бор?14 Рубоий: Ҳимматда она каби бўл, журъатда қоплон. Овланишда гўзал каби бўл, курашда мужоҳид. Булбулу товусга ўхшаган қушлар билан кўп ўралашма, чунки у ёқда бутундан офат бор, бу ёқда эса бутун рангдан роҳат.15

Ҳақиқатлар кўнгил моянасини ҳақиқат маъданидан излайдилар ва мустаҳкам ихлос олтинини шу ерда қўлга киритадилар ҳамда кўриш зарбини унинг устига босадилар. Мансур Халлождек бошлари билан ўйин ўйнайдилар. Боязид каби: “Ўзимни нуқсон сифатлардан поклайман. Нақадар буюк мазҳарман!” зарбини ишқнинг қўли билан урдирадилар . Ҳамма ҳам ул олтинни кўролмайди. Ҳар кўнгил ҳам бу дардни чеколмайди. Муҳаммадга эргашган киши “Чиндан ҳам мен Раҳмон бўйини Яман томонлардан туймоқдаман” дея буюрилгани сингари бу гулни бориб Яман боғларидан терсин. Бу рамзнинг тагига етиш учун бизга чинакам Мажнун керак:

Байт: Маъшуқининг қабрини ошиқдан беркитмоқчи бўлдилар. Аммо қабрнинг хушбўйи ундан хабар ола келди 16.

Эй, дўстим, йўл ғоят яқин, бироқ йўловчимиз ниҳоятда танбал чиқиб қолди!

Шеър: Қачон қарасанг, бу ям- яшил гулистондан эски-туски нарсаларни ташқарига чиқариб ташлаётган бўламан. Ваҳдат оламидан бир оламни ҳовучимга олмоқдаман. На бир тахтим бор, на бир узугим. Фақатгина “Ё Роббим , менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя этгин” 17 дея илҳақман. Тур тоғи ҳам йўқ, олов ҳам. Бироқ “Мен – Оллоҳман” 18 юксаклигида парвоз қилмоқдаман. Ниманики жон суви билсам – денгизга, ниманики жон пули билсам – оловга отмоқдаман. Мен тўтиқуш кабиман. Дунё эса олдимда турган кўзгуга ўхшайди. Менга бағрикенглик билан боқ – ўзимдан бошқани кўролмаяпман. Ақлим кўзгу ортидан ниманики сўзлатса, мен фақат ўша сўз, ўша маънони тилга оляпман. Айланиб юрган ва кўнгил ёзаётган маконим меҳмонлик мамлакатига ўхшаган табиатимнинг ташқарисидадир. Кўзим тушган жойни томоша қилгин-да, кўк юзи шийпонидан ҳам нарироқда эканлигини кўриб қўй! Кўнглимни кўзгу ҳолига келтирганимдан ҳаёт сувини топдим. Ишонмаётган бўлсанг, яхшилаб разм сол: Мен ҳам Хизрман, ҳам Искандар. Шу чоққача тилимдан “Мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин” 19 зикрини туширмадим. Пирим эса: “Ботиб кетгувчиларни суймайман” 20 оятидир. Аммо кўппак яратилишли кишиларнинг бўйнида қадри йўқ занжирман. Арслон эрларнинг сандиғида-чи, ноёб, бебаҳо жавоҳирман мен. 21

Эй, ҳар макондан бегона, ҳар йўғу бордан бебаҳра! Иш деган нарса бажарилиши лозимлигини биласанми? Иш – сўз билан битмайди. Иброҳим Адҳам (Оллоҳ раҳматига олсин!) Ҳақ йўлига ошно бўлди. Кўнгил кўзи бу дунёнинг айбу нуқсонини кўра бошлади. Бор-йўғини ўйнаб, ютиб юборди. “Эй, Иброҳим! Бошингга қандай ҳол тушдики, жисмингни ёқиб кул қилдингу эриб кетдинг? Гармдорининг ловуллаши тилинг, томоғингни зирқиратгани каби борлиғингни ҳам ловуллатиб юборди. Бир-бирига уланиб, ҳалқа-ҳалқа жамалак ўсган дин зулфининг бир толасига айландинг. Сабр ила Балх ўлкасию унинг салтанати билан ўйин ўйнаб қўлдан чиқардинг?” деб сўрадилар.

Шеър: У тубанлашса, бу йўқсилликдан эмас. Ғам қиличи юзлаб подшоҳларнинг бошини учириб кетди. Бир кун Иброҳим Адҳам жайроннинг ортидан қора учқир отини тонг насимидек елдириб борарди. Унга бир шарбат тутгандинг, бўйидаги хуш ифор боис сархуш бўлдию боши айланиб отдан йиқилди. Ҳамма ҳайрон бўлиб: “Бечора Адҳам ўғли тож-тахт камарини отди”, деди. Сулаймон Сенинг номинг ила Билқийс салтанатини вайрон қилиб, диёрини забт этди. Муҳаммад Сени ёд эта бармоғи ила ишора қилганди, ой иккига бўлина қолди, дунёда ғалаён кўтарилди.22

Иброҳим Адҳам: “Бир зиндон кўрдим, куч-қувватим йўқ. Адолат қуёши бўлмиш қози кўрдим, далил-ҳужжатим йўқ. “Абадий салтанат талабгори бўлсанг, кел! Маҳбубнинг висолига етай десанг, жондан воз кеч! Неъмат ато этгувчига орзуманд эсанг, ошиқ бўл! Неъматнинг ўзини истасанг, қуллик қил! Ҳудҳуд бўлгинки, Сулаймон Билқийсга ёзган мактубини сенга берсин. Шамол бўлгинки, Ёқуб Юсуфнинг вуслат хабарини сендан сўрасин. Тустовуқ каби турфа рангларга бўяниб олишни қўй!” деган овозни эшитдим”, дея жавоб қайтарди.

Ҳудҳуд бир неча кун Сулаймон даргоҳида кўринмай қолди. Дунё иқлимларига йўлчилик этиб, замонаси давронини томоша қилди. Кутилмаганда Билқийс салтанатининг довруғи хабарини келтирди. Сулаймон ўз тахтида ўтирар, қўшини тўпланганди. Қуёш ҳар куни самонинг ўтиш чегараси ойнасидан бош кўтарар, безанмиш қиличини Шарқ қинидан суғуриб тупроққа – замин аҳлига нурдан либос кийдирарди. У пайтда жинлару инсонлар Сулаймон тахти атрофида бирдай саф тортиб, “Арслонимиз, амрингизга мунтазирмиз!” дея бош эгишарди. Қашқир “нима дейсан?” деб қўй билан дўст-биродар тутинар, шунқор “буйруғинг надир?” дея тумшуғини панжасига теккизар, тустовуққа ташланмасди. Сағир қоя ичида елиб-югурган бир чумолининг дарду ташвиши сўзланса, Сулаймон унинг ҳам овозини эшитар, ғамига шерик бўларди.

Кунлардан бир кун шамол саркашлик билан қаттиқ эсиб, бир тул кампирнинг ун тўла тоғорасини тўкиб юборди. Кампир шамолнинг одобсизлигидан шикоят қилиб, Сулаймон ҳузурига бориб деди: “Эй, Ҳақ амрларини адо этувчи! Эй, халқнинг қимматли, муҳим ҳожатларини ўз вақтию ўрнида бароридан келтирган! Мен бир йўқсил кампирман. “Биз унга шамолни бўйинсундирдик” 23 ҳукмидаги сингари сенинг қўл остингда бўлган, “Шамолларни юборур” 24 ояти каби эсаётган ел одатдагидай хабар бермай, тўсатдан эсиб тоғорамни ағдариб, унимни сочиб юборди. Ё унимга елдан бадал ол, ё унинг таъзирини бериб қўй. Токи, зинҳор тул хотинларнинг молларига ҳужум қилмасин!” Сулаймон: “Ҳам уни тарбиялайман, ҳам сенинг зиёнингни ўтайман. Боринглар, замбил ясаб жамғарган пулимдан кампирнинг уни қийматида келтириб беринг! Шамолни эса тутиб, зиндонга ташланг! Энди шуни яхшилаб билиб қўйингки, шамолга ҳеч нима таклиф қилинмайди, ҳатто бир калимага суҳбатдош бўлишдан маҳрум қилинади”, дея амр этди. Бир кампирнинг ҳаққини олиш учун Сулаймон шамолларни зиндонбанд этгани ҳолда, “Бу КУНда подшоҳлик кимникидир?” 25 дея буюрмиш Ҳақ таолонинг адолати ёшу қарининг кўнгилларини ёқиб, тилка-пора қилган золимларни ҳеч замонда ўз ҳолига қўйиб қўядими?! “Оллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил” деб ўйламанг!” 26

Шеър: Котиблари буйруқ ҳарорати ила хоинлик этиб, ер юзида ҳукм чиқариб юрган қози ҳам, билиб туриб нотўғри ҳукм қилгудай бўлса, буюкдан буюк асл ҳукм соҳиби – Ҳақ таолодан келажак қандай балоларга гирифтор бўлади-я! Ундайларнинг ҳолларига вой, ҳолларига вой, бисёр ҳолларига вой!

Шеър: Сен билан ширинлашсам, нима қилади? Зотан, яшамоқ – ўзи аччиқ. Сен мендан рози бўлсайдинг, қолган барча менга дарғазаб боқса ҳам, майлига. Сен билан илиқ муносабатда бўлсайдим, бутун олам билан орам очиқ бўлса ҳам, майлига. Сен мени севиб қолсанг, мол-дунёнинг қадри қолармиди? Зеро, тупроқ устида нимаики бор эса, улар ҳам тупроқ-да!

Шеър: Кунларнинг бирида бир сўфий Ҳишомга деди: “Эй, бизнинг қонимизни сутдай ичган! Қишлоқ сенинг бузғунчилигингдан бева-бечоралар билан тўлди. Масжидларимиз сени деб тиланчиларга кон бўлди . Қонимиз сен туфайли тун каби қорайди . Ўзинг эса ширмой нон еб ўтирибсан. Нега бу ҳол сени хавотирга солмаяпти?” Куфали сўфий Ҳишомга арзини айтиб ҳўнг-ҳўнг йиғларди. Ҳишом унинг совуқдан-совуқ заҳарханда гапларидан ғазаби тошди, аммо сўфийга озор бермади. Ҳалимлиги боис ҳилм қадаҳини симириб деди: “Мавқелари пастроқ кимсалар инсоф сўраяптилар. Бу истаклари билимсизлик ва ғофилликдан эмас. Сени эшитиб туриб, кўрганларимни кўрмасликка олдим. Сенинг бу аччиқ дашномларинг баҳридан ўтдим. Билимли деб, таҳликани олдиндан сезган ва буни тушуниб етган кишини айтадилар. Бу тоифа кишилар подшоҳнинг озорига шайланиб, уни бошларига тож этадилар. Билимсиз, хом кишилар эса жабр-ситам эшикларини қоқиб турса ҳам унинг ҳадигини сезмайдилар. Бу тоифа кишиларнинг сохтакорликлари одобга даъват эканлигини кошки тушуниб етсалар! Дунёни кезиб юрган қуёш кўршапалакнинг хотири учун яшириниб олганини кўрдингми ҳеч? Кўршапалак гарчи ундан заҳмат чекса ҳам, қуёш самонинг асли, хазинасидир”. 27

Улуғлик зиёси Оллоҳ зотига қасамки, инсонлар қиёматда уч саволга жавоб бермоқликдан бир қадам ҳам қочолмайдилар. Зотан, Мустафо шундай марҳамат қилади: “Қулдан уч савол сўралмай туриб, у бир одим ҳам отолмайди. Умрини нимага сарф этдию йўқ қилди, ёшлигини қандай ўтказдию мол-мулкини қаердан олиб, қаерга харжлади?” Эртага қиёматда мана шу уч саволдан ҳеч ким қочиб қутилолмас.

Ҳар ким дунёда бир даъво ортидан қувади. Андак шошмай тур, ҳали бу овоз даъвога тушиб қолганлару бутун олам аҳлининг қулоқларигача бориб кирсин: “У КУНда барча яширин нарсалар фош қилинур”. 28  Бу КУН шундай КУНдирки, пардаларни кўтарамиз, ҳаммани тап-тақир текисликка ҳайдаймиз ва дилларини муҳрлаймиз. “Бу (КУН) улар сўзлай олмайдиган КУНдир”.29

Шеър: Эй, шаҳват оташида ёниб-ёқилганлар ! Эй, таҳликалар уммонига ғарқ бўлганлар! Токайгача ҳирс, токайгача шаҳват? Токайгача разолат, токайгача жаҳолат? Токайгача хийла, токайгача найранг? Токайгача урф, токайгача одат? Қочинг, инсонни алдовчи манзилга боғланишдан. Офатларга ботган бу юртдан қочинг! Ҳаёт баҳоридан хуш нафас йўлланг, шу чириб йўқ бўлиб кетишга юз тутган эту суякларга! Бугун давлат довулини чалинг! Кўнгил ниёзидан байроқлар ясанг! Умид косаларини бутланг! Чунки бу он, лутфу иноят, афв онидир. Эй, Тангрим! Раҳматинг ою йил эҳсонлар улашмоқда. Сенинг заргарлик санъатинг вақт ортидан тўп мисоли зийнат мунчоғини ясамиш. Эй, қуллик жилосидан беҳожат! Бизларнинг ҳам узр мунчоғимизни қабул айла! 30

Излашда – шамол каби ел. Унинг заҳмат заҳрини шакар каби е, бол шарбатидек ич. Кўнгилга айтгин, иштаҳага қараб: “Яхши қол!” десин. Баданга айт, эсонликка душман бўлсин. Чунки денгиз соҳилига уй қурган киши турфа тўлқинларни кўради. Севги даъвосини қилган эса, балою меҳнат заҳрини ютади.

Байт: Бор-будингни оловга отмагунингча, вақтингга сира ҳузур қўнмайди.31

Ҳофиз Қуръон ўқий бошлади. Ўқи, эй, Ҳофиз! Ошиқлар жисмидаги занжирлар зилларини Калом нағмалари ила ўйнатиб: “Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан” де.

Шеър: Сабабларни майдонга келтирган Оллоҳ номи ила! Қулларига эшикларни очган Оллоҳ номи ила! Раҳмондан розиман. У шундай Раҳмонки, беадад афв-карамидан улашгани-улашган. Ўзидан мадад кутиладиган, раҳмати охиратга иймон келтирганларга ато этиладиган Тангри таолонинг гуноҳ қилганим замон ёрлақаб, тавбамни қабул қилишидан умидворман.

Шеър: Эй, умрини кўкка совурган, ҳушинг ўзингдами? Қачонгача, бу ҳою ҳавасга топинасан? Барча жафо эшикларини очганинг ҳолда, вафо эшикларини ёпасан? Ахир, Ҳақнинг сен билан қилган аҳди паймони бор эди. Сен Ҳақ аҳдини буздинг – поймол қилдинг. Қайси юз билан меҳнату машаққат, қўли калталикдан шикоят этмоқдасан? Нима деб ҳасрат чекаяпсан? Бундан сенга бирон наф йўқ-ку! Сен заҳматдан йўқ бўлсанггина, бор бўласан. 32

Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи ила сўзи Ул подшоҳнинг исми бўлиб, қулларининг халос бўлишлари Унинг ризолиги биладир. Кимда устунликдан бир нишона бўлса, Ҳақ адолатининг тажаллиси туфайлидир. Олам аҳлининг барҳаётлиги Унинг хоҳиш-иродасининг асари бўлса, инсоният ҳалокати Унинг амри ила воқедир. Қаерда шариф киши бўлса, Унинг карам либосини кийиб, ясаниб олганлиги боис шарафланган. Қаерда тубан киши бор эса, Унинг қаҳрига учрагани сабаб шу кўйга тушган. Мағрибликларнинг белларига боғлаб олган инжа зуннор тутамлари орасидан: “Удир устун бўлган, ҳар нега қодир Зот” 33 садоси янграяпти. Орифлар елкаларига осиб олган бўрк тутамларидан эса: “У меҳрибон ва ҳар нарсадан хабардор Зотдир” 34 сўзи садоланаяпти.

“Оллоҳ номи билан” жумласидаги исм шундай исмки, Сулаймон замонида Билқийсни Иблис васвасаси шаъридан қутқарган шу исм эди. Сулаймон Билқийснинг Сабаъ шаҳри халқини йўлдан узоқлатиб, ўзига ишонтирганидан хабар топди. Унга бир мактуб йўллади. Мактубда шундай битилганди: “Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи ила” 35. Ҳудҳудга мактубни топшириб, уни йўлдан адашганлар мамлакатига элчи қилиб юборди. Сулаймон ўша туҳмат саҳросини ошиб ўтаётганларни тўғри йўлни кўрсатиш машъаласи ила бузуқлик зулматидан халос этишнию Билқийсни шубҳа солувчи Иблис васвасаси домидан чинакам муқаддас адир томон бошламоқни истар эди. У ориқ қушча азим, нурли қанотлари билан юксакларда парвоз эта-эта, ниҳоят, залолатга ботганлар ўлкасига етди. Билқийс саройининг бир қуббасига қўнди. Билқийс қароргоҳига бормоқ учун йўл ахтара бошлади. Қараса, Билқийс хобгоҳида ялангликка очилган бир ойнак бор экан. Дарҳол ойнакка қўниб, Билқийснинг ухлаётганини кўрди. Хонага учиб кириб, даъват мактубини унинг ёнига ташлади. Тумшуғи билан Билқийс кўксини чўқиб яралади. Сўнгра соғинч камарининг бир чеккасига қўнди. Билқийс чўчиб уйғонганча: “Бу келган ким бўлди эканки, канизагу соқчилардан кечиб ўтиб хонамга кириб, инсофсизларча кўксимни яралайди? Ғоят мустаҳкам темир эшиклардан ошиб, хобгоҳимгача кира олган ва яна уни ҳеч кимса кўрмай қолган ғанимимнинг менда жуда катта қасди бор экан” деди. Ўз-ўзига бу сўзларни айтар экан, дир-дир титрар, хавотирланарди. Бирдан Сулаймоннинг даъват мактуби ён бошига тушиб қолганини кўриб қолди. Кўзи “Бисмиллоҳ”нинг “б”сига тушди. Кўнгли “мим”нинг кўксидаги кўнгилдан шу қадар порлаб чароғон бўлиб кетдики, оқибат кўнгил каклиги иймон лочинига ўлжа бўлиб қўлга тушди. Ниҳоят, “ҳар қалай, бу мактубни бирон чопар келтиргандир”, дея кўзларини ишқаб хонанинг ҳар бурчига кўз югуртира бошлади. Тўсатдан ориққина, митти бир қушчани кўриб қолди. У сарой соябонининг бир бурчагига қўниб олганди. Ўз-ўзига, “мактубни олиб келган чопар шу бўлса керак. Ажабо, бу қандай мўъжиза бўлди – митти қушу улуғ хабар”, деди.

Эй, биродарлар ! Сулаймондан мурод Ҳақдир. Билқийсдан мурод ёмонликка чорловчи нафсдир. Ҳудҳуддан эса ақлдирки, нафс саройининг бир чеккасига қўниб олгани шундан. У ҳар нафасда тушунча тумшуғи билан Билқийс кўксини чўқимоқда. Яъни нафс Билқийсини ғафлат уйқусидан уйғотган кўйи мактубни унга тутмоқда.

Қасида: Эшик қоқиб истанг , эй, юришлари гўзал ошиқлар! Чалинг-чақиринг, эй, амаллари хуш солиҳ кишилар! Токайгача уйингизни қўйиб, тап-тақир ялангликка бурилиб кетасиз? Токайгача Каъбани қўйиб, майхоначининг эшигини қоқасиз? Дунёда бир гўзал бор, биз эса уни чорламаяпмиз. Қадаҳда бир қултумгина шароб қолди. Бизнинг эса ҳануз ақлимиз жойида. Бундан буён қулоғимизга маҳбубнинг исирғасини тақайлик. Ўрнингдан тур, юзимизни Унинг суви билан ювайлик. Шу ғаддор тупроқ уюмининг чанг-тўзонини бир юришда олт-уст этайлик. Токи, шу юзи қаро, бузуқ нафсни яксон қилайликки, келган жойига қайтиб кетсин! 36

Оллоҳ бизни-да, сизни-да ҳикматидан баҳраманд этгай!

Учинчи мажлис

Пайғамбардан ривоят қилинган дурдона ҳадислардан бирида шундай дейилади: Бир куни субҳидамда Ҳорисадан 37 Мустафо сўради: “Эй, Ҳориса! Қандай тонг оттирдинг?” “Иймоним билан уйғондим ”. Мустафо: “Ҳар ҳақиқатнинг бир ҳақиқати бор. Кўксингдаги иймоннинг ҳақиқати нимада?” дея буюрди. Ҳориса: “ Нафсимни дунёдан аритдим. Кундузни сувсиз, оқшомни уйқусиз кечирдим, гўё Роббимнинг аршини – жаннат ва жаҳаннам аҳлини нақ кўз ўнгимда кўраётган кабиман. Аҳли жаннат бир-бирларини зиёрат этаркан, аҳли жаҳаннам ҳасрату вовайло ичра тўлғонарди. Пайғамбар: “Сен ҳақиқатга етибсан. Бу ишга маҳкам боғлангин”, деди-да, саҳобаларга юзланиб буюрди: “Бу шундай қулки, Оллоҳ унинг кўнглини Ўз азаматининг нури ила мунаввар айламиш”.

Шариат соҳиби, пайғамбарлар сарвари, самовоту замин нури Мустафо бир кун дўстлари билан бирга ўтирарди. Ҳорисага юзланиб: “Эй, Ҳориса! Бугун уйқудан қандай уйғондинг?” дея сўради. Ҳориса: “Эй, асл иймон соҳиби! Иймон ила – шубҳалардан озода, тақлидсиз иймон била уйғондим”, дея жавоб қайтарди.

Байт: Ҳур кишилар ўтирган жойларда ўтирдик. Солиҳлар танлаган ишни танладик, улар қилган ишни қилдик. Кейин билсак, юз турфа гуноҳ оғушига тушибмиз. Биргина жонимизни бериб, ўзимизни сотиб олдик. Барча истагимиз: “Ҳақ бизни афв этсин!” эди. Шукрлар бўлгай, лутфини дариғ тутмади – муродимизга етдик. 38

Мустафо (Унга саломлар бўлгай!) шундай марҳамат қилди : “Ҳар ҳақиқатнинг бир аломати , муросаси бўлади. Сенинг кўксингдаги иймон аломати надир?” Ҳориса: “Эй, Оллоҳнинг элчиси! Мен дунёдан узоқлашдим , чунки уни алдов тузоғию нурга қарши тутилган парда, деб билдим. Кундузни сабр-тоқат-ла сувсиз, кечани уйқусиз ўтказдим. Энди эса Раҳмон аршини басийрат кўзи била шоён кўрмоқдаман. Жаннату жаҳаннам аҳли кўз олдимда намоён бўлмоқда. Аҳли жаннат бир-бирларини зиёрат этиб, бағирларига босарканлар, аҳли жаҳаннам дод-фарёд уриб, ёқаларини чок этмоқдалар. Уларнинг оҳларини мана шу қулоқларим билан эшитмоқдаман”. Пайғамбар Ҳорисага (Оллоҳнинг саломи бўлгай!): “Эй, йигит! Ҳақиқатга етибсан. Бу ишга маҳкам боғлангин! Ҳақ йўлни кўрибсан, кўрганларингга собит бўлгин. Шу кўрган нарсаларинг манзилида оёқ тираб туриб олгинки, улар сенинг бекатинг – давлатингга айлансин. Чунки кўрмоқ бошқа, кўрилган нарсага эга чиқмоқ бошқа”, дея дўстлари томон ўгирилиб : “Ҳориса шундай бир қулки, Оллоҳ кўнглини улуғлигининг нури ила нурафшон этмиш. Бу қул шундай бир қулки, “Юксакларга боққан кишиларнинг кўзларига сурма суртган, ичкарида ўтирганларга эшик очган” 39 Ҳақ таоло (Аълолиги улуғлангандан улуғлансин!) унинг жон қабоғига маърифат сурмасини суртган кўйи кўзу кўнглини равшан айламиш.

Байт: Риёзат-ла жисм пардасини ёқиб юборсанг, халқ ўйлаб юрган хавфдан халос бўласан. Наинки умидларингдан – ўзингдан, икки оламдан ҳам пинҳон бўласан. Шундагина бу яширин нарса кўзларингга аниқ-равшан кўринади. Бу – ҳар нени йўқ этиш олами, уни исбот этиш билан кўриш мумкин. Халқнинг бори – шу бўлганидан, боши берк кўчага кириб қолган. 40

Ҳориса ибодатга шўнғиди. У: “Кундузлари рўза тутаман, кечалари уйқусизман. Дунёдан этак силкканим боис халқ кўрмаган нарсаларни кўриб, эшитмаган нарсаларни эшитмоқдаман”, деганида Мустафо (Оллоҳ раҳматига олгай!): “Намозингни кўрма, ёлборишларингдан сўз очма – буларнинг барини Ҳақ таолонинг мадади, ёрлақаши деб бил!” дея уни огоҳлантирди.

Байт: Эй, жон, биздан – бизнинг қуллигимиздан ҳеч вақо ҳосил бўлмас. Ўзинг қилдинг, ўзинг қурдинг, энди ўзинг тамомлаб қўй. Бизнинг саломатлик юртимизни дашном юртига айлантирдинг. Койиш юртимизни-чи, саломатлик юрти ҳолига келтирдинг. 41

Бир оқ лочин изн олиб, подшоҳнинг кафтидан томнинг бир бурчига қўнди. Болалар лочиннинг гўзал манглайига мафтун бўлиб қолдилар ва “Ё, қудратингдан! Ту-ту-ту” дея аста чорлай бошладилар. Улар лочинни олисдан томоша қилаётганлари сабаб: “Подшоҳнинг лочини ўзини кўз-кўз қилаяпти. Биз уни чақиришимизни хоҳлаб, ўша жойга қўниб олган” деб ўйлашди. Лочин подшоҳнинг амри ила ўша хароба том бурчига қўнганию Оллоҳ у кўнгилни буюклиги нури ила чароғон этганини ҳалиги болалар қаёқдан билсинлар? Шундай бўлгач, кундузи ундоқ қилдим, кечаси бундоқ қилдим, дема. Фақатгина тонгни ойдинлатган, оқшомга парда тортган Тангри таоло Ўз мадади – қўллови ила кўнглу кўзимга бирдай лутф этди, де.

Байт: Кўнгил ким бўлибдики, ўзидан сўз очсин, кулфатини куйласин? Кўнгилнинг ҳаракати (Ҳақсиз – тарж.) қаергача борарди? 42

Ибодату итоат ўғиллари эмас, азал ўғиллари бўлинг. Ибодатга эмас, азалу абад Тангри фазлу карамига ишонинг. Зоҳидлар ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз, дея тоат-ибодат билан машғул бўладилар. Орифлар эса, Ҳақ таоло ундай қилди, бундай қилди, дея азалий лутфкор зотдан сўз очадилар, аксинча, ибодат оҳ-воҳидан эмас.

Шеър: Орифлар қиёси йўқ зотдан баҳс этурлар. Ҳою ҳаваснинг белини букиб, қоқ ўртасидан иккига бўлганча отиб юборурлар. Зоҳид “ қандоқ қилайин?” деса, ориф “қандоқ қилар экан?” дейди. Зоҳид қурқув -ла “бу қадар машаққат ичра на қилайин?” дер. Ориф ишқ- ла “ажабо, Оллоҳ нима қилар экан ?” дер. Унисининг нигоҳи ўзига қадалган – ўзини кўрур. Хайрли амалларга ёр бўлиб, шаърдан йироқ бўлайин, дейди. Бунисининг нигоҳи Тангрига йўналгандир – Тангрини кўрур. Тинмай Ҳақ жамолини сайр этур. Зоҳидларнинг назари – ибодатгача. Орифларнинг эса – ниҳояю заволи йўқ Зотга қадалган. Зоҳиднинг ўзига келмоғи тоат ила мумкиндир. Орифнинг сархушлиги эса Тангри азаматига мазҳар бўлмоқлик биладир. Хуш амаллар зоҳиднинг тиргаги бўлса, ориф ягона Оллоҳга кўз тикмиш. Буниси хайрли ишлар орқали ўзини кўрса, наригиси ғайб оламида Ҳақни томоша қилур. Зоҳид қозонган эҳсон саноқлидир. Ҳақ орифи эса ҳадду чегарани парчалаб юбормиш. Зоҳид ер куррасида умрини кўкка совурса, Тангри орифи унинг борлиғидан юксалиб кетур. Зоҳид қўрқув ва умид орасидадир . Ориф истаклар устидан учиб ўтур. Зоҳидлар заминни қароргоҳ этиб, унга ястаниб олмишлар. Орифлар ҳиммати арш соҳиби ила қовушмоқ муродининг кетига тушгандир. 43

Зоҳид: “Оҳ, нима қилайин?” деса, ориф: “Кўрайлик-чи, У нима қилар экан?” дер.

Байт: Зоҳид олган йўл, бир ойда бир кунлик йўлдир. Ориф олган йўл-чи, ҳар нафасда подшоҳ тахтигача.44

Байт: У бенуқсон гўзаллик сенга юз очдими, тамом, сени ҳар недан учириб кетади. 45

Шеър: Кимга ҳақиқатдан бир хабар келгудай бўлса, унда башарий сифатлардан ном-нишон қолмас. Ҳув, самодан ер тубигача ҳар ённи сабаблар қопласа, унинг са-баблар била ҳеч қандай иши бўлмас. Кимки жисмини тор-мор этиб, ўзлигидан халос бўлса, ҳақиқатнинг айни ўзидан унга соғлом назар туҳфа этилгай. Энди у турфа безак анжомлари ила ороланган жавҳарни кўра олур. У жавҳар, мисоли, бир баданга кириб, у ерни макон этган каби. Унинг суҳбатига мушарраф бўлганинг ҳолда, яна нима деб шаклга қиймат бермоққа уринасан? Қани, юр, ҳақиқатга етиб, бутунлай бошқа оламга айлан. Чунки у ҳам бошқачалашиб, ўзга бир оламга айлангандир. 46

Байт: Зоҳидлик надир? Ножўя сўз айтишдан қочишлик. Ошиқлик надир? Ўз борлиғи – ўзлигидан оғиз очмаслик. 47

Ҳикоя қилишларича, Ҳақдан ҳайиқувчи, оқилу одил бир подшоҳ ўтган экан. У қўл остидаги кимсаларнинг ҳолларини нуқул сўраб-суриштириб тураркан. Ё, Тангрим, замонамиз султонининг оёқларига инсофу эҳсон, адолатда Ўзинг устун бўлгайсен! У подшоҳнинг амирлари бўлиб, уларнинг бир гуруҳи соҳиби қалам эди. Тангри амрларини бажо келтирган малаклардан ўлкаю салтанат ишларини идора этишни ўрганиб олишган, қаламлари фақат ўнг қўлларида хайрли ишлар учун ҳаракатланарди. Дафтарларида ҳийлаю нифоқ, мазлумнинг кўнглига озор бериш каби масалаларга ўрин ҳам, имкон ҳам йўқ эди. Қаламлари бунингдек номақбул ишлар билан ўралашмасди. Дафтарлари қиёмат девонидаги мўминларнинг амал дафтарлари мисоли жилоланиб порлар, ҳар ённи ёритарди. Айрим қуллари соҳиби қилич бўлиб, байроқдор эдилар ва жонлари билан ўйнашиб юрардилар.

Рубоий: Жангда темир кабимиз, мажлисда – шаъм. Дўст учун табаррукмиз, душман учун – қаттол. 48

Подшоҳнинг қўл- оёқсиз, ҳамиша маҳзун бир қули бор эди. Унинг қаламда на бир ҳунари, оламда на бир қудрати бўлиб, шунга қарамай, подшоҳ уни жонидан ортиқ севарди . У подшоҳга ҳаммадан яқин эди. Нимаики сири бўлса, келиб шу қулига дилроз этар, ўзгалардан қизғонарди. Подшоҳ учун қулнинг либосию унинг баҳоси ҳар недан устун эди. Васваса бошқа қулларнинг кўзларига ҳасад сурмасини суртар, бу мисоли Юсуф ва унинг оға-инилари ҳикоясини хотирга келтирарди. Оталарининг муҳаббати Юсуфга бўлакча эди. Буни кўрган оғалари зимдан ғазаб ўтида ёнар, рашкдан ич этларини ейишар, “Юсуф ва унинг биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир”, 49 дейишарди . Бу сўзни ўзлари танҳо қолганларида айтишарди. “Унинг қандай ҳунари, қандай қуллиги борки, отамиз уни биздан ортиқ кўради?”

Кимки ораларида кўринмай қолган шерикларининг турфа ёмонлигидан шикоят этиб, иғво қилса, кўнглу юзига ғанимлик доғини туширган бўлур. Жон кўзлари бедор кишилар ўзаро юзма-юз келганларида ҳалиги доғ изини кўрадилар. Жон кўзлари ожиз кимсалар эса ҳеч бир аломатни пайқамай, васваса домига илинадилар.

Рубоий: Ҳақиқатга етганлар – йўлу изни кўрганлар сенинг ҳолларингни бор инжаликлари ила кўрур, ундан огоҳ бўлурлар. Аммо карам буюриб, ҳеч кимнинг пардасини йиртмаслар. Замона зайли қандай юриш қилса, улар ҳам шунга яраша одим отурлар. 50

Подшоҳ ҳам, унинг хос қули ҳам бекларнинг манглайларию кўзларида нузул этаётган ёмон ўй хаёллар ва шунинг каби ёмон сўзлар айтиб юришларини кўриб турардилар. Мухолифликнинг аломати мухолифларнинг пешона, кўзларида зуҳур этур, айтган сўзларидан аён бўлур. Инчунин, Тангри таоло мунофиқларнинг эътирозларини: “Албатта, сиз уларни юзларидан (улар сўзлаётган – зоҳири иймондан далолат қиладиган, ботини эса куфр бўлган) сўз – оҳанг-услубидан таниб олурсиз”, 51 дея пайғамбарига хабар берган. Биладилар, аммо билмаслик-ка олурлар.

Байт: Билгил ва лек сўзламагинки, разолатга ботмасинлар. Эр кишининг бор савлати–кўрки сир сақлай билишидадир. 52

Ўз разиллигинг-ла юз кўришмоқ фурсати олдинда. “У Кунда барча яширин нарсалар фош қилинур” 53. Зора, у кундан аввал тавба қилса, дея ҳозирча сени айбламаймиз.

Ҳалиги беклар ёниб-куйиб “бунинг бирор чораси бормикан?” дея бир-бирларига саволчан боқардилар. Ахир, у – подшоҳ! Ҳукм унингдир, қўл унинг қўли. Мабодо, инсофсизларча зарарли сўз айтгудай бўлса ҳам, ким унга “жим бўл!” дея олади? Кундузни оқшом деса, кимнинг унга “янглишдингиз!” демоққа ҳадди сиғади?

Байт: Сарвнинг қомати икки букик десанг, икки ҳафталик ой қусурли десанг, жаҳон ичра ким сенга юрак ютиб “нечун бундай деяпсан?” демоққа жаҳд этарди? 54

Байт: Лайлони деб телба бўлдик, у ҳам бошқасини дея савдойилашди. Бундан буён ўзга бирининг биз туфайли жунунваш кўйга тушишини истамаймиз. 55

Байт: Биз сенга ошиқмиз, сен-чи, ойнага ошиқсан. Биз сенга боқмоқдамиз, сен-чи, ойнага термуласан. Бир оҳ урайинки, унинг дуди оламни қаро этсину ойна ортиқ жилоланмасин. Ичида ҳеч нима кўринмай қолсин. 56

Бир кун бекларнинг тезоб, бесабрларидан бири: “Ҳой, биродарлар, балки сизларнинг сабр косангиз ҳануз тўлмагандир, аммо менинг бардошим соб бўлди. Бугун подшоҳ ҳузурига бориб, пойига тик чўкаман-да, бошимдан тупроқ сочаман. “Арзинг не?” дея сўраса, жавобан:

Байт:  Сиришкинг 57 нечун гул рангини олди, дейсан. Модомики, ўзинг сўрадинг – айтайин. Кўнглим сенинг савдойингда қон ёшлар тўкмоқда. У ёшлар қайнаб-жўшиб бошимга чиқиб олдию, оқа кетди. 58

Байт: Ғам дастидан ишим жонга қадар етди, туманим бутун оламни чулғади, етар энди! Қайғу теримни шилиб кетди, марҳаматсизлик этма! Пичоғинг суякка қадалди, етар энди!” 59 дейман.

Шериклари: “Биродар, ҳақ гапни айтдинг, аммо хотир учун бўлса-да, андак сабр қил. Чунки “сабр баракотнинг калитидир”, дейишди. У эса: “Сиз айтгандай, мавриди келгунга қадар сабр қилайлик-чи, нима бўлар экан?” дея ройишларига кўнди.

Байт: Хўроз бемаҳал қичқирдими, унинг бошини олиш вожибдир. 60

Хўш, қачон пайти келур? Дедиларки: “Подшоҳ кайфи чоғ, шодумон ва бизга хуш табассум била боққан кунда. Бу маҳал шоҳ ҳимматининг чеки кўринмас”. Кўнглингиз мулойим тортгач, дуони ғанимат билингиз. Мустафо (Оллоҳ Ўз раҳматига олгай!) марҳамат қилмишки: “Кўнгилларингиз юмшаб, кўзларингиз ёшланса, ўзингизда ёнмоқ – ёлбормоқ лаёқатини сеза бошласангиз, ўша он ҳожат тиламоқ онидир. У фурсатни ғанимат билинг, чунки айни дам раҳмат эшиклари очилади ва сиз ҳожатларингизни шундоқ замонларда изҳор этинг”.

Рубоий: О, тонг насими! Ўшал сочлари занжир мисолига сўйла! Имкон тополсанг, кўнгил ҳолимни баён айла! Мабодо, кўнгил олишни истамай, дарғазаб эса, мени кўрмаган бўл-да, зинҳор оғиз очма! 61

Ниҳоят, кунларнинг бирида подшоҳнинг ови бароридан келиб, нодир ўлжаларидан севинчи ичига сиғмай, юзи нашъадан ёришиб кетди. Азалу абад подшоҳнинг ови ошиқлар кўнглидир. “Ҳақиқатдан ҳам, Оллоҳ иймон келтирган қулининг тавба қилишини севур ва ундан рози бўлур”. У раҳмат қандоқ раҳматки, қулларини ғайрати ила зотидан узоқлатиб, уларни ўзига бегона этар? Сўнг яна инояти била овлаб, ўзига ошуфта айлар?

Рубоий: Қаро тупроқдан бир нарда тахтаси ясаб, ҳар он у тахтага айрича шакл бермак, ўзга бир ўйин намойиш қилмак бўласан. Кимнидир бир ёқлик қилиб ўлдирасан, тағин бирини оёққа турғизасан. Офарин, ўз-ўзинг билан ажаб ўйнамоқдасан: на устасан, на бир санъатинг бор. 62

Беклар подшоҳни фараҳдан ўз-ўзига сиғмас ҳолда кўриб, раҳмат эшиклари ланг очилганини пайқадилар ва барчалари пойига тиз чўккан кўйи арзи ҳол этдилар: “Қачонгача жафо? Жонимиз ҳиқилдоғимизга келди. Сенинг бундай одатинг йўқ эди. Бу иш карамингга мувофиқ тушмас. Шу чоққа қадар кўнгил ипимиздан тугун устига тугун қадалди . Оқибат, туманлар-ла қопланмиш, қонларга беланмиш тун қўрқувидан ўша чокларни сўка бошлаган кимсанинг қўлу бўйнига боғланган сиртмоққа айланди”.

Шеър: Парда йиртишни кўзингдан ўрганганингдек, келгил, қул сотиб олишни зулфингдан ўрган. Домингга илинганнинг фарёдига қулоқ тут. Наҳот, сенда оҳу нолаларга етиб олиш йўлидан огоҳлик бўлмаса? Тузоғингга тушдик – сабрни танладик. Бечора, домингда чирпина-чирпина ҳушини йўқотди. Сенинг ризолигинг кулфатинг била эш. Шу боис сенинг ғаминг, сенинг дардинг бизга шакар таъмини улашмоқда. Зеро, шакар оғизга олиниши билан эриб кетур. Қулинг – Саноийнинг сўзини тингла, унга жафо айлама. Чунки Саноийнинг каломи қулоқ солинмоққа муносиб. 63

Подшоҳ: “Мен сизларга нима ёмонлик қилдим?” деди. Улар: “Биз сенинг жондан азиз қулларингмиз. Сен рози бўлмайдиган қандоқ иш қилдик? Авжи жанг чоғлари ҳар ким ўз жони қайғусига тушиб қолган маҳал сенинг иқболинг учун жонимиз билан қандай ўйнашганимизни кўрган эдинг. Шундай бўлгани ҳолда, фалончини нечун биздан бу қадар авло биласан? У қайси ҳунари сабаб бунчалар эъзоз топди? Биз сенинг амрингга хилоф нима иш қилдикки, бизни мақсур кўрасан?”

Байт: Сенинг қулинг эканлигига иқрор бўлган кишига бу янглиғ муносабатда бўлсанг, кўнглинг рози бўлурми? 64

У сенга қандоқ бетаъма қуллик бажо келтирдики, биз кўрмай қолдик? Подшоҳлик қилиб, бизга у қулликнинг қандай қуллик эканлигидан оз-моз хабар бер. Токи биз ҳам шижоат била бор ҳунаримизни намойиш этайлик”. Подшоҳ: “Минг аён этмайин, сиз у қилган ишни қилолмассиз!” деди.

Қасида: Сўзни ҳар сўзловчининг ақли нисбатида сўзласайдим, ҳеч шубҳа йўқки, халққа жуда оз сўзлар эдим. Сўзларга сомеъ бўлиб, мағзини чақувчи киши қаерда эканким, уни топиб, ҳар он янги-янги асрор очсам. Ақл одимини ваҳмдан ошиқроқ отгувчи кимса қайдаким, мен унга юксаклардан сўзласам. Кўксини курси ҳолига келтириб, кўнглини арш айлаган киши қаёндаким, мен унга “олами суғро” (кичик олам – тарж.) аломатларини ошкор этсам. Зулмат аро юксакларга одим отувчи кимса қаёқдаким, унга ойдин денгизнинг файзиёб нуридан сўзлаб берсам. Марвариднинг қадрини билгувчи, илм денгизининг заргари қайдаким, унга етти марвариду тўрт гавҳар сирин очсам. Ямандан бўй олган бурун қаердаким, мен унга Хўтан мушкининг муанбар ифорли дарахтидан сўз очсам. Жаҳаннамни кечиб ўтган киши қаниким, унга бу кечикнинг юз турфасини бирма-бир санаб англатсам. Атторнинг қалби тубанлик оламига боғланиб, шу тупроққа кўнгил қўймасайди, ашъоримни юксакликда етти юлдуздан ҳам баланд пардаларда айтар эдим. 65

“Эй, олампаноҳ! У ҳолда, бизни имтиҳон қилиб, синаб кўр. Башарти, айтганингни бажаролмасак, ҳеч қурса, ўз даражамиздан огоҳу унинг устунлиги сиридан воқиф бўлайлик. Ҳасаду васвасадан қутилайлик-да, подшоҳ-ла эмас, ўзимиз била курашайлик”, дейишди.

Рубоий: Менга кўнгил қўйсанг, жондан кечаман. Жоним-ла ўйнашиб, наинки жон, бутун жаҳондан кечаман. Мен шундай қулманки, амрингга бош эгиб яшолмаяпман. Айт, тилагинг надир? Айтақолгинки, шунга мувофиқ иш кўрайин. 66

Кимки дучор бўлган балоларини ўзидан билса, тавба қилур ва подшоҳни одил санаб, уни мадҳ этур. Бундай киши покланиб, тез халос бўлур. “Қўлингизда асир бўлган кишиларга айтинг: “Агар Оллоҳ дилларингизда яхшилик борлигини билса, сизларга ўзингиздан олинган нарсадан яхшироқ нарса берур”. 67 Эй, Муҳаммад, тутқунларга, ғам боғичлари ила боғланганларга айтинг: “Ҳукми барқарор Тангрининг иродаси боис менга асир тушдингиз. Кўнглингизда бирон хайрли ўй бўлса, сизга аввалроқ эга чиққан ва йўқотган нарсаларингиздан ҳам афзалроғини улашади”.

Подшоҳ деди: “У қулимнинг бор-йўқ ҳунари – менга боқур, мендан кўз узмас”. “Эй, оламлар шоҳи, ундай бўлса, дарҳол амр этгинки, бундан буён биз ҳам бошқа ишларимизнинг бошидан тупроқ сочиб, куну тун тинмай сенга боқайлик. Бундан-да хуш иш борми оламда!”

Байт: Сени кўриб, кўзи қувонмаган кишининг боши бўйра тагида қолиб, оёқ ости бўлсин! 68

Барча беклар бундан шод-хуррам бўлиб қуролларини отдилар ва саждага бош эгдилар.

Подшоҳга: “Бундан буён қуролимиз – сенинг юзинг, интизомимиз – сенинг ҳузуринг. Ҳажимиз – остонангу мартабамиз – меҳробинг”, дедилар. Ҳаммалари бирдай тизилишиб, подшоҳ юзига термула бошладилар. Уларни кузатаркан, подшоҳ ўз-ўзига деди:

Байт: Миснинг олтин қопламасига тушиб, кўзбўямачилик қилишидан не наф? У лоф сотувчи, имтиҳон тоши – михакни кўрдию шармисор бўлиб кетди. 69

Байт: Ишқ давосида бўлмоқ осон, аммо унга далил керак. 70

Подшоҳ хос мулозимининг қулоғига: “Бисотимизда қанча довул, қанча ноғора бўлса, барчасини томга чиқариб бирдан ерга отинглар ”, дея буюрди. Шоҳ амрини бажо келтирдилар. Оламни шундай шовқин, шундай ғавғо тутдики, ҳар тараф зир титрай бошлади. Бу талотум қўпаркан, барча беклар юзларини подшоҳдан ўгириб, бир-бирларига “саройда нима бўлаяпти ўзи?” дегандай олазарак боқа бошладилар. Ҳалиги қулнинг кўзи эса ҳануз подшоҳнинг юзида эди. Подшоҳ, қулимнинг юзи ўзгарармикан, дея унга разм солди. “Кўзи оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ”. 71

Азизим, бу ҳикоя подшоҳ ва ё унинг беклари можароси ҳақида эмас. Подшоҳдан мурод – Тангри таоло. Беклардан мақсад – етти осмон малаклари. “У жойда Оллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани бажарадиган фаришталар турур” 72. Уларга: “Сизга ер юзини ман қилдик ва уни Одамга қароргоҳ этдик” деган буйруқ келганда “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?” 73 дедилар. “Биз кеча-кундуз Сени поклаб ибодат-ла машғул бўлсак ҳам таъқиқлайсанми?” дея норизо бўлдилар. Ҳақ таоло (Шони улуғлангандан улуғлансин!) буюрдики: “Улар шундай хизмат, шундай қуллик адо этадиларки, сиз уни бажо келтиролмассиз!” Икки олам сарвари, инсонлар ва кўз илғамас мавжудотларнинг аввалгиси – Муҳаммад Мустафо (Унга Оллоҳнинг саломи ёғилгай!) Меърож кечаси етти қават самонинг ҳеч кимсага кўрсатилмаган хазиналари унга очилиб, аршу курси арзи ҳол этган паллада уларнинг ҳеч бирига қиё боқмай, кўзини Тангри жамолидан узмади. “Кўзи оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ”. 74

Шеър: Яширину ошкор неки бор – бари сен-ла қўшилгач, суҳбатинг доимий бўлур, хизматинг қулайлашур. Қуёш бошинг узра келур, ортингдан қолмай эргашур. Ҳатто зарра қадар соя қолмас. Нимаики тиласанг, ато этилур. Мана шудир сенга қўнган давлат, мана шудир умр саодати. Энди бирон жонзот учолмас, барчаси тириклайин йўқ бўлур. Очиб сўзлайин , эрлар асрорин очайин дейман-у, аммо ҳеч кимса бунга таҳаммул этолмас, боши айланиб, парчаланиб кетур. 75

ИЗОҲЛАР

1 Муаллифи номаълум.
2 Жалолиддин Румий.
3 “Бақара” сураси, 119-оят.
4 Жалолиддин Румий мактубларидан.
5 “Ҳижр” сураси, 72-оят.
6 Муаллифи номаълум.
7 Муаллифи номаълум.
8 Саноий.
9 Саййид Бурҳонидин. “Маориф”.
10 Фаридиддин Аттор.
11 Фаридиддин Аттор.
12 Ҳарбийлар учун мўлжалланган, тери ёки пўлатдан ясалган махсус ноғора.
13 Муаллифи номаълум.
14 Муаллифи номаълум.
15 Жалолиддин Румий.
16 Мажнунга нисбат берилган мазкур байт Муслим ибн ал-Волидга тегишли.
17 “Сод” сураси, 35-оят.
18 “Намл” сураси, 9-оят.
19 “Иброҳим” сураси, 35-оят.
20 “Анъом” сураси, 76-оят.
21 Саноий. “Ҳадиқат-ул-ҳақоиқ”.
22 Ўша асар.
23 “Сод” сураси, 36-оят
24 “Аъроф” сураси, 57-оят.
25 “Ғофир” сураси, 16-оят.
26 “Иброҳим” сураси, 42-оят.
27 Мазкур байтлар Саноийнинг “Ҳадиқат-ул-ҳақоиқ”идан олинган.
28 «Ториқ» сураси, 9-оят.
29 «Вал-мурсалот» сураси, 35 оят.
30 Муаллифи номаълум.
31 Мавлоно Румий.
32 Шеърлар муаллифи номаълум.
33 «Анъом» сураси, 103-оят.
34 «Мулк сураси, 14 -оят.
35 «Намл» сураси, 30-оят.
36 Саноий. «Хадийқа».
37 Ҳориса бин Сурақо «Бадр» жангида шаҳид кетган саҳобалардан бири.
38 Муаллифи номаълум.
39 Муаллифи номаълум.
40 Муаллифи номаълум.
41 Жалолиддин Румий. Девони кабир.
42 Муаллифи номаълум.
43 Султон Валад. «Ибтидонома».
44 Муаллифи номаълум.
45 Муаллифи номаълум.
46 Жалолиддин Румий. Девони кабир.
47 Саноий. “Ҳадиқат-ул-ҳақоиқ”.
48 Жалолиддин Румий.
49 “Юсуф” сураси, 8-оят.
50 Жалолиддин Румий.
51 “Муҳаммад” сураси, 30-оят
52 Муаллифи номаълум.
53 “Ториқ” сураси, 9-оят.
54 Муаллифи номаълум.
55 Муаллифи номаълум.
56 Муаллифи номаълум.
57 Кўз ёш.
58 Муаллифи номаълум.
59 Муаллифи номаълум.
60 Муаллифи номаълум.
61 Жалолиддин Румий.
62 Жалолиддин Румий.
63 Саноий. Девон.
64 Муаллифи номаълум.
65 Фаридиддин Аттор. Девон.
66 Жалолиддин Румий.
67 «Анфол» сураси, 7-оят.
68 Муаллифи номаълум.

09930 sentyabr — Buyuk mutafakkir va tariqat allomasi Mavlono Jaloliddin Rumiy tavallud topgan kun

016
JALOLIDDIN RUMIY
MAJOLISI SAB’A (YETTI MAJLIS)
Turkchadan Ra’no Hakimjonova tarjimasi
021

Ikkinchi majlis

032Umar ibn Xattobdan (Olloh undan rozi bo’lgay!) rivoyat qilishlaricha, Rasululloh (Ollohning salomi yog’ilgay!): “Kimki gunoh, isyon iskanjasidan qutilib, Haqdan hayiqish shohsupasiga erishsa, Olloh uni mol-mulksiz davlatmand qiladi, xesh-aqraboyu avlodi bo’lmagani holda, ustunlikka erishtiradi. Olloh O’zi ato etgan oz rizqqa qanoat qilganning kamtarona qulligidan rozi bo’ladi”, deya buyurdi. Mo’minlarning amiri, shariat shahrining har hisobidan voqif, tariqat poydevori taxtida adolat ziyosi bo’lmish Umar ibn Xattob, “Haqiqatdan ham shayton Umarning soyasidan qochadi” hukmida aytilganidek, adolat qamchinini aql ixtiyoriga topshirarkan, Iblis qanday qilib vasvasa bozorida kissavurlik bilan uning ko’ngil cho’ntagini o’marsin? Umar Payg’ambarga shu qadar oshiq ediki, munofiqlik uni itoat yo’lidan zinhor va zinhor ura olmadi. Shunchalar ixlosu sobitlik bilan uning xizmatini qilardiki, ikkiyuzlamachilik keng yoyilgan mahallar ham dindorlik boshini xiyonat yog’i bilan aslo bulg’amadi.

Bayt: Tabiatdan tug’ilgan hodisalarning bizning qo’shinimiz ko’targan to’zonga yaqinlashib, u to’zon atrofida yurak yutib aylanmoqqa qanday haddi sig’sin? Biz naq samoni ko’zlab uchmoqdamiz. Chunki yaratilishimizning asli, mohiyati arshdir.1

Ruboiy: Olloh sirlarining xazinasi – bizmiz. Son-sanoqsiz durlar dengizi – bizmiz. Podshohlik taxtida o’tirgan – bizmiz. Oydan tortib baliqqacha hukm qilgan
– bizmiz
.2

Mustafo buyurdiki: “Hali borliq olamiga kelguvchilar ko’rinish bozoriga kirmagandilar. Hali na malak xarxashasiyu na falak mash’alasi bo’lib, dengizda baliq ham suzmayotgan mahal. Ko’k yuzida yulduz porlashidan biron asar yo’q. Hali taqdir rassomi osmon yuzasining ohak-la suvalgan kursisiga lojuvard pardani osmagandi. Qazo ustasi to’rt unsur shiyponini hanuz mavjudlik maydoniga qurmagan ham edi. Shunday bir paytda ko’rinish va ko’rish sabohi bo’lmish borlig’im nuri : “Biz sizni yubordik” 3 mashrig’idan bosh ko’tarib, “Bo’l!” buyrug’i ila yo’qdan bor bo’lgandim. “So’zla” sharobidan sarmast edim. Menga payg’ambarlik kelgunicha, qazoyu qadar navbatchilari hanuz Odamning chodiri eshigini qoqmagandilar. Malaklarda bunday kuch-quvvat qayoqdanam bo’lsinki, borib Odamning taxti ravoni poyini ko’zlariga surtsalar?”
Bayt: Olamdan murod insondir. Insondan murod esa o’sha nafasdir.4

Zamon xabarchilari mavjudlik olamiga hol-ahvol so’rashga kelishdi.

She’r: Ey, makoni samolardan ham tashqarida bo’lgan! Sening qadring qayoqdayu bir siqim tuproq qayoqda? Sening ulug’lik tug’roing “Hayotingizga qasamki”5 oyatidir. Sening viloyating farmonida “Sen bo’lmasayding” so’zi yozilgan. To’qqiz siyohdonu yetti muhr qoshingda bo’lgani bilan, sening qo’ling ham, etaging ham ulardan munazzah. Bayrog’ing yuziga”Sen bo’lmasayding, samolarni yaratmas edim” yozuvi bitib qo’yilgan.6

Ruboiy: Oqilning borliq kemasi mavjudiyatiga ajablansa bo’lar, ko’zi ko’rib turgan odamning quduqqa tushib ketishi ham ajablanarli hol. Dengizda suzib yurgan kemaga hayron bo’lmagin, bir kemaning o’zida yuz minglab dengiz nishonasining borligiga esa ajablanmaslik mumkin emas.7

“YO Muhammad, nima ish qilgani kelding?” deya so’rashdi. Aytdiki: “Kufr mahallasidagi rindu otashparastlarga odobdan saboq bergani, mushriklar mayxonasidagi sarkashlarga esa haddini tanitgani keldim”. Darhaqiqat, kun kelib o’shal haqiqatlaru o’zaro so’zlashganlari holda sukut saqlagan kishilar hamda ko’ngillarini har nedan behojat Tangri taolo mehrobiga baxshida etgan zotlar – g’ayb olami Anqosining “So’zla!” kalimasi bilan so’zni boshlamog’iniyu ul ma’rifat gulistoni bulbulining gul butog’iga qo’nib oshiqona xonish-la sayramog’ini hamda dinu dunyo murodini qo’lga kiritilmog’ini intizor bo’lib kutayotgandilar: “Kimki gunoh, isyon iskanjasidan qutilib, Haqdan hayiqish shohsupasiga erishsa”, ya’nikim, riyo, tuhmatdan nari yurish, g’aflatda qolmaslik hidoyati bilan gunohu isyon to’ridan xalos bo’lib, har qadamini hayiqish, qo’rqish uyasiga tashlasa, Haqdan hayo qilish kimyosini, ma’noga talabgorlik qo’li bilan olsayu afsungar, g’addor, yomonlikka chorlovchi nafsga surtsa, kurashmoq, tirishmoqlik oyog’ini haqiqatni ko’ra olish manzili sari burib, u joyga yo’l olsa: “Olloh uni mol-mulksiz davlatmand qiladi”. Haq mehrobining kamoloti, qul xom ekan, uni pishitib yetishtirish lutfi ila mol-mulksiz davlatmand etgay!

Qasida: Rumu Chin mamlakatlari haqda ko’p eshitganing yetar! Endi o’rningdan turgin-da, bir Sanoiy diyorini ko’rib qo’y! Saltanatini tomosha qil! Boshdan-oyoq sayr etarkan, shahvatu nokaslikdan asar ham qolmagan ko’ngilga boq, kibru adovatsiz jonni ko’r! Odimingni otginki, arsh oyoqlaring ostiga to’shalsin! Qo’lingni uzatginki , saltanat uzugingga tobe bo’lsin! Kimki uni eran deb atasa, erandir u! Kimki uni g’anim deb bilsa, g’animdir u. Biroq u bularning baridan tashqaridadir – hur, ozoddir u! Guldir u, rayhondir u, yosumandir u!8

Parvardigordan hayiqish qulning pardozi bo’lsa, shubhayu gumondan ozodaligi sarmoyasidir. Tujjorlar esa, aqchayu mol-mulklarini davlat deb o’ylaydilar.

Bayt: Chuchuk suv nimaligini bilmagan qush umr bo’yi loyqa suvga tumshug’ini suqib turaveradi.9

Ammo yanglishadilar. Chunki olamlarning ulug’i Mustafo: “Asl davlat, ko’ngil boyligidir, mol-mulk boyligi emas”, deya buyurgandir. Ular bir-ikki kumushu oltinni yo’q bo’lib ketajak kondan qazib olib, qo’lma-qo’l, shaharma-shahar tarqatishga odatlanib qolishgan. Ul mehrobning ishq o’yiniga qo’shilganlarga – g’ayratu shijoat ziyosi bo’lmish podshohlarga shu ish yarashadimi?

Ruboiy: Oy kechasi saroyiga keldi-da, yotog’iga kirdi. Rashk qildim uni. Oyni oyog’im ostiga olvolib, boshini ezaman, oyoqlarini esa sindiraman hali, dedim. Oy kim bo’libdiki, sen bilan bir joyda yotsin? U, bor yo’g’i, kechalari olamni aylanib, dunyoni tomosha qilib yurgan, barmoq bilan ko’rsatilgan narsadir, xolos.10

Bayt: Zamona insonni aldaguvchi o’yindir, o’yinchoqdir. Yaxshilab qarasang ko’rasan, odamga tashna odamxo’rdir u! 11

Hikoya qilishlaricha, bir tulki o’rmonga borib, u yerdagi bir daraxt shoxiga osilib turgan, unda orom olayotgan dovulga 12 ko’zi tushdi. Shamol turib daraxt shoxlari sollanarkan, dovul ham bunga uyg’un chayqalar, jarangdor ohangi esa tulkining qulog’iga chalinardi. Tulki dovulning haybatini ko’rdi. Undan chiqayotgan baland ovozni ham eshitdi. Etiyu terisi ham jussayu ovoziga yarasha bo’lsa kerak, degan xayolga bordi. Kun bo’yi boshqa narsalarga chalg’imay, shu ishning ketiga tushdi. Dovul tikonlar o’rovida edi. Bir amallab ularni kechib o’tib, dovulga yaqinlashdi va qornini yordi. Qarasa, ichida havodan bo’lak hech vaqo yo’q. Shunga o’xshab, dunyoga ko’ngil bog’laganlar ham kech kirib, o’lim eshik qoqqachgina yig’i-sig’iga tushib qoladilar:

Bayt: O’ljam qo’ldan chiqdi. Solgan to’rimni yirtib ketdi. Bu yaxshilik alomati emas. Sharob to’kilib, qadah sindi. Bu yaxshilik alomati emas. Yuragim siqildi, ish pishmayin xom qoldi. Bu yaxshilik alomati emas. Dinni unutdik, dunyo ham oxiriga yetmadi. Bu yaxshilik alomati emas. 13

Ammo ma’rifat ko’zlari basiyrat kishilaru Olloh mehrobi surmasini ko’zlariga surgan zotlar tulki aylanib yurgan bu o’rmonda dovul ohangiga uchmay, abadiy ov haqida o’ylaydilar, uni axtaradilar.

Qulog’ida “So’zla!” vahiyining ohangi aylangan kishi hech zamonda dovul sadosiga quloq osarmidi?

Bayt: Ming joning qurbon bo’lgan to’yda, pulsiz nog’orachilarga nima bor?14 Ruboiy: Himmatda ona kabi bo’l, jur’atda qoplon. Ovlanishda go’zal kabi bo’l, kurashda mujohid. Bulbulu tovusga o’xshagan qushlar bilan ko’p o’ralashma, chunki u yoqda butundan ofat bor, bu yoqda esa butun rangdan rohat.15

Haqiqatlar ko’ngil moyanasini haqiqat ma’danidan izlaydilar va mustahkam ixlos oltinini shu yerda qo’lga kiritadilar hamda ko’rish zarbini uning ustiga bosadilar. Mansur Xallojdek boshlari bilan o’yin o’ynaydilar. Boyazid kabi: “O’zimni nuqson sifatlardan poklayman. Naqadar buyuk mazharman!” zarbini ishqning qo’li bilan urdiradilar . Hamma ham ul oltinni ko’rolmaydi. Har ko’ngil ham bu dardni chekolmaydi. Muhammadga ergashgan kishi “Chindan ham men Rahmon bo’yini Yaman tomonlardan tuymoqdaman” deya buyurilgani singari bu gulni borib Yaman bog’laridan tersin. Bu ramzning tagiga yetish uchun bizga chinakam Majnun kerak:

Bayt: Ma’shuqining qabrini oshiqdan berkitmoqchi bo’ldilar. Ammo qabrning xushbo’yi undan xabar ola keldi 16.

Ey, do’stim, yo’l g’oyat yaqin, biroq yo’lovchimiz nihoyatda tanbal chiqib qoldi!

She’r: Qachon qarasang, bu yam- yashil gulistondan eski-tuski narsalarni tashqariga chiqarib tashlayotgan bo’laman. Vahdat olamidan bir olamni hovuchimga olmoqdaman. Na bir taxtim bor, na bir uzugim. Faqatgina “YO Robbim , menga o’zimdan keyin birontasi uchun muyassar bo’lmaydigan bir mulku davlat hadya etgin” 17 deya ilhaqman. Tur tog’i ham yo’q, olov ham. Biroq “Men – Ollohman” 18 yuksakligida parvoz qilmoqdaman. Nimaniki jon suvi bilsam – dengizga, nimaniki jon puli bilsam – olovga otmoqdaman. Men to’tiqush kabiman. Dunyo esa oldimda turgan ko’zguga o’xshaydi. Menga bag’rikenglik bilan boq – o’zimdan boshqani ko’rolmayapman. Aqlim ko’zgu ortidan nimaniki so’zlatsa, men faqat o’sha so’z, o’sha ma’noni tilga olyapman. Aylanib yurgan va ko’ngil yozayotgan makonim mehmonlik mamlakatiga o’xshagan tabiatimning tashqarisidadir. Ko’zim tushgan joyni tomosha qilgin-da, ko’k yuzi shiyponidan ham nariroqda ekanligini ko’rib qo’y! Ko’nglimni ko’zgu holiga keltirganimdan hayot suvini topdim. Ishonmayotgan bo’lsang, yaxshilab razm sol: Men ham Xizrman, ham Iskandar. Shu choqqacha tilimdan “Meni va bolalarimni butlarga bandalik qilishdan yiroq qilgin” 19 zikrini tushirmadim. Pirim esa: “Botib ketguvchilarni suymayman” 20 oyatidir. Ammo ko’ppak yaratilishli kishilarning bo’ynida qadri yo’q zanjirman. Arslon erlarning sandig’ida-chi, noyob, bebaho javohirman men. 21

Ey, har makondan begona, har yo’g’u bordan bebahra! Ish degan narsa bajarilishi lozimligini bilasanmi? Ish – so’z bilan bitmaydi. Ibrohim Adham (Olloh rahmatiga olsin!) Haq yo’liga oshno bo’ldi. Ko’ngil ko’zi bu dunyoning aybu nuqsonini ko’ra boshladi. Bor-yo’g’ini o’ynab, yutib yubordi. “Ey, Ibrohim! Boshingga qanday hol tushdiki, jismingni yoqib kul qildingu erib ketding? Garmdorining lovullashi tiling, tomog’ingni zirqiratgani kabi borlig’ingni ham lovullatib yubordi. Bir-biriga ulanib, halqa-halqa jamalak o’sgan din zulfining bir tolasiga aylanding. Sabr ila Balx o’lkasiyu uning saltanati bilan o’yin o’ynab qo’ldan chiqarding?” deb so’radilar.

She’r: U tubanlashsa, bu yo’qsillikdan emas. G’am qilichi yuzlab podshohlarning boshini uchirib ketdi. Bir kun Ibrohim Adham jayronning ortidan qora uchqir otini tong nasimidek yeldirib borardi. Unga bir sharbat tutganding, bo’yidagi xush ifor bois sarxush bo’ldiyu boshi aylanib otdan yiqildi. Hamma hayron bo’lib: “Bechora Adham o’g’li toj-taxt kamarini otdi”, dedi. Sulaymon Sening noming ila Bilqiys saltanatini vayron qilib, diyorini zabt etdi. Muhammad Seni yod eta barmog’i ila ishora qilgandi, oy ikkiga bo’lina qoldi, dunyoda g’alayon ko’tarildi.22

Ibrohim Adham: “Bir zindon ko’rdim, kuch-quvvatim yo’q. Adolat quyoshi bo’lmish qozi ko’rdim, dalil-hujjatim yo’q. “Abadiy saltanat talabgori bo’lsang, kel! Mahbubning visoliga yetay desang, jondan voz kech! Ne’mat ato etguvchiga orzumand esang, oshiq bo’l! Ne’matning o’zini istasang, qullik qil! Hudhud bo’lginki, Sulaymon Bilqiysga yozgan maktubini senga bersin. Shamol bo’lginki, Yoqub Yusufning vuslat xabarini sendan so’rasin. Tustovuq kabi turfa ranglarga bo’yanib olishni qo’y!” degan ovozni eshitdim”, deya javob qaytardi.

Hudhud bir necha kun Sulaymon dargohida ko’rinmay qoldi. Dunyo iqlimlariga yo’lchilik etib, zamonasi davronini tomosha qildi. Kutilmaganda Bilqiys saltanatining dovrug’i xabarini keltirdi. Sulaymon o’z taxtida o’tirar, qo’shini to’plangandi. Quyosh har kuni samoning o’tish chegarasi oynasidan bosh ko’tarar, bezanmish qilichini Sharq qinidan sug’urib tuproqqa – zamin ahliga nurdan libos kiydirardi. U paytda jinlaru insonlar Sulaymon taxti atrofida birday saf tortib, “Arslonimiz, amringizga muntazirmiz!” deya bosh egishardi. Qashqir “nima deysan?” deb qo’y bilan do’st-birodar tutinar, shunqor “buyrug’ing nadir?” deya tumshug’ini panjasiga tekkizar, tustovuqqa tashlanmasdi. Sag’ir qoya ichida yelib-yugurgan bir chumolining dardu tashvishi so’zlansa, Sulaymon uning ham ovozini eshitar, g’amiga sherik bo’lardi.

Kunlardan bir kun shamol sarkashlik bilan qattiq esib, bir tul kampirning un to’la tog’orasini to’kib yubordi. Kampir shamolning odobsizligidan shikoyat qilib, Sulaymon huzuriga borib dedi: “Ey, Haq amrlarini ado etuvchi! Ey, xalqning qimmatli, muhim hojatlarini o’z vaqtiyu o’rnida baroridan keltirgan! Men bir yo’qsil kampirman. “Biz unga shamolni bo’yinsundirdik” 23 hukmidagi singari sening qo’l ostingda bo’lgan, “Shamollarni yuborur” 24 oyati kabi esayotgan yel odatdagiday xabar bermay, to’satdan esib tog’oramni ag’darib, unimni sochib yubordi. YO unimga yeldan badal ol, yo uning ta’zirini berib qo’y. Toki, zinhor tul xotinlarning mollariga hujum qilmasin!” Sulaymon: “Ham uni tarbiyalayman, ham sening ziyoningni o’tayman. Boringlar, zambil yasab jamg’argan pulimdan kampirning uni qiymatida keltirib bering! Shamolni esa tutib, zindonga tashlang! Endi shuni yaxshilab bilib qo’yingki, shamolga hech nima taklif qilinmaydi, hatto bir kalimaga suhbatdosh bo’lishdan mahrum qilinadi”, deya amr etdi. Bir kampirning haqqini olish uchun Sulaymon shamollarni zindonband etgani holda, “Bu KUNda podshohlik kimnikidir?” 25 deya buyurmish Haq taoloning adolati yoshu qarining ko’ngillarini yoqib, tilka-pora qilgan zolimlarni hech zamonda o’z holiga qo’yib qo’yadimi?! “Olloh zolim kimsalarning qilayotgan amallaridan g’ofil” deb o’ylamang!” 26

She’r: Kotiblari buyruq harorati ila xoinlik etib, yer yuzida hukm chiqarib yurgan qozi ham, bilib turib noto’g’ri hukm qilguday bo’lsa, buyukdan buyuk asl hukm sohibi – Haq taolodan kelajak qanday balolarga giriftor bo’ladi-ya! Undaylarning hollariga voy, hollariga voy, bisyor hollariga voy!

She’r: Sen bilan shirinlashsam, nima qiladi? Zotan, yashamoq – o’zi achchiq. Sen mendan rozi bo’lsayding, qolgan barcha menga darg’azab boqsa ham, mayliga. Sen bilan iliq munosabatda bo’lsaydim, butun olam bilan oram ochiq bo’lsa ham, mayliga. Sen meni sevib qolsang, mol-dunyoning qadri qolarmidi? Zero, tuproq ustida nimaiki bor esa, ular ham tuproq-da!

She’r: Kunlarning birida bir so’fiy Hishomga dedi: “Ey, bizning qonimizni sutday ichgan! Qishloq sening buzg’unchiligingdan beva-bechoralar bilan to’ldi. Masjidlarimiz seni deb tilanchilarga kon bo’ldi . Qonimiz sen tufayli tun kabi qoraydi . O’zing esa shirmoy non yeb o’tiribsan. Nega bu hol seni xavotirga solmayapti?” Kufali so’fiy Hishomga arzini aytib ho’ng-ho’ng yig’lardi. Hishom uning sovuqdan-sovuq zaharxanda gaplaridan g’azabi toshdi, ammo so’fiyga ozor bermadi. Halimligi bois hilm qadahini simirib dedi: “Mavqelari pastroq kimsalar insof so’rayaptilar. Bu istaklari bilimsizlik va g’ofillikdan emas. Seni eshitib turib, ko’rganlarimni ko’rmaslikka oldim. Sening bu achchiq dashnomlaring bahridan o’tdim. Bilimli deb, tahlikani oldindan sezgan va buni tushunib yetgan kishini aytadilar. Bu toifa kishilar podshohning ozoriga shaylanib, uni boshlariga toj etadilar. Bilimsiz, xom kishilar esa jabr-sitam eshiklarini qoqib tursa ham uning hadigini sezmaydilar. Bu toifa kishilarning soxtakorliklari odobga da’vat ekanligini koshki tushunib yetsalar! Dunyoni kezib yurgan quyosh ko’rshapalakning xotiri uchun yashirinib olganini ko’rdingmi hech? Ko’rshapalak garchi undan zahmat cheksa ham, quyosh samoning asli, xazinasidir”. 27

Ulug’lik ziyosi Olloh zotiga qasamki, insonlar qiyomatda uch savolga javob bermoqlikdan bir qadam ham qocholmaydilar. Zotan, Mustafo shunday marhamat qiladi: “Quldan uch savol so’ralmay turib, u bir odim ham otolmaydi. Umrini nimaga sarf etdiyu yo’q qildi, yoshligini qanday o’tkazdiyu mol-mulkini qaerdan olib, qaerga xarjladi?” Ertaga qiyomatda mana shu uch savoldan hech kim qochib qutilolmas.

Har kim dunyoda bir da’vo ortidan quvadi. Andak shoshmay tur, hali bu ovoz da’voga tushib qolganlaru butun olam ahlining quloqlarigacha borib kirsin: “U KUNda barcha yashirin narsalar fosh qilinur”. 28 Bu KUN shunday KUNdirki, pardalarni ko’taramiz, hammani tap-taqir tekislikka haydaymiz va dillarini muhrlaymiz. “Bu (KUN) ular so’zlay olmaydigan KUNdir”.29

She’r: Ey, shahvat otashida yonib-yoqilganlar ! Ey, tahlikalar ummoniga g’arq bo’lganlar! Tokaygacha hirs, tokaygacha shahvat? Tokaygacha razolat, tokaygacha jaholat? Tokaygacha xiyla, tokaygacha nayrang? Tokaygacha urf, tokaygacha odat? Qoching, insonni aldovchi manzilga bog’lanishdan. Ofatlarga botgan bu yurtdan qoching! Hayot bahoridan xush nafas yo’llang, shu chirib yo’q bo’lib ketishga yuz tutgan etu suyaklarga! Bugun davlat dovulini chaling! Ko’ngil niyozidan bayroqlar yasang! Umid kosalarini butlang! Chunki bu on, lutfu inoyat, afv onidir. Ey, Tangrim! Rahmating oyu yil ehsonlar ulashmoqda. Sening zargarlik san’ating vaqt ortidan to’p misoli ziynat munchog’ini yasamish. Ey, qullik jilosidan behojat! Bizlarning ham uzr munchog’imizni qabul ayla! 30

Izlashda – shamol kabi yel. Uning zahmat zahrini shakar kabi ye, bol sharbatidek ich. Ko’ngilga aytgin, ishtahaga qarab: “Yaxshi qol!” desin. Badanga ayt, esonlikka dushman bo’lsin. Chunki dengiz sohiliga uy qurgan kishi turfa to’lqinlarni ko’radi. Sevgi da’vosini qilgan esa, baloyu mehnat zahrini yutadi.

Bayt: Bor-budingni olovga otmaguningcha, vaqtingga sira huzur qo’nmaydi.31

Hofiz Qur’on o’qiy boshladi. O’qi, ey, Hofiz! Oshiqlar jismidagi zanjirlar zillarini Kalom nag’malari ila o’ynatib: “Mehribon va rahmli Olloh nomi bilan” de.

She’r: Sabablarni maydonga keltirgan Olloh nomi ila! Qullariga eshiklarni ochgan Olloh nomi ila! Rahmondan roziman. U shunday Rahmonki, beadad afv-karamidan ulashgani-ulashgan. O’zidan madad kutiladigan, rahmati oxiratga iymon keltirganlarga ato etiladigan Tangri taoloning gunoh qilganim zamon yorlaqab, tavbamni qabul qilishidan umidvorman.

She’r: Ey, umrini ko’kka sovurgan, hushing o’zingdami? Qachongacha, bu hoyu havasga topinasan? Barcha jafo eshiklarini ochganing holda, vafo eshiklarini yopasan? Axir, Haqning sen bilan qilgan ahdi paymoni bor edi. Sen Haq ahdini buzding – poymol qilding. Qaysi yuz bilan mehnatu mashaqqat, qo’li kaltalikdan shikoyat etmoqdasan? Nima deb hasrat chekayapsan? Bundan senga biron naf yo’q-ku! Sen zahmatdan yo’q bo’lsanggina, bor bo’lasan. 32

Mehribon va rahmli Olloh nomi ila so’zi Ul podshohning ismi bo’lib, qullarining xalos bo’lishlari Uning rizoligi biladir. Kimda ustunlikdan bir nishona bo’lsa, Haq adolatining tajallisi tufaylidir. Olam ahlining barhayotligi Uning xohish-irodasining asari bo’lsa, insoniyat halokati Uning amri ila voqedir. Qaerda sharif kishi bo’lsa, Uning karam libosini kiyib, yasanib olganligi bois sharaflangan. Qaerda tuban kishi bor esa, Uning qahriga uchragani sabab shu ko’yga tushgan. Mag’ribliklarning bellariga bog’lab olgan inja zunnor tutamlari orasidan: “Udir ustun bo’lgan, har nega qodir Zot” 33 sadosi yangrayapti. Oriflar yelkalariga osib olgan bo’rk tutamlaridan esa: “U mehribon va har narsadan xabardor Zotdir” 34 so’zi sadolanayapti.

“Olloh nomi bilan” jumlasidagi ism shunday ismki, Sulaymon zamonida Bilqiysni Iblis vasvasasi sha’ridan qutqargan shu ism edi. Sulaymon Bilqiysning Saba’ shahri xalqini yo’ldan uzoqlatib, o’ziga ishontirganidan xabar topdi. Unga bir maktub yo’lladi. Maktubda shunday bitilgandi: “Mehribon va rahmli Olloh nomi ila” 35. Hudhudga maktubni topshirib, uni yo’ldan adashganlar mamlakatiga elchi qilib yubordi. Sulaymon o’sha tuhmat sahrosini oshib o’tayotganlarni to’g’ri yo’lni ko’rsatish mash’alasi ila buzuqlik zulmatidan xalos etishniyu Bilqiysni shubha soluvchi Iblis vasvasasi domidan chinakam muqaddas adir tomon boshlamoqni istar edi. U oriq qushcha azim, nurliqanotlari bilan yuksaklarda parvoz eta-eta, nihoyat, zalolatga botganlar o’lkasiga yetdi. Bilqiys saroyining bir qubbasiga qo’ndi. Bilqiys qarorgohiga bormoq uchun yo’l axtara boshladi. Qarasa, Bilqiys xobgohida yalanglikka ochilgan bir oynak bor ekan. Darhol oynakka qo’nib, Bilqiysning uxlayotganini ko’rdi. Xonaga uchib kirib, da’vat maktubini uning yoniga tashladi. Tumshug’i bilan Bilqiys ko’ksini cho’qib yaraladi. So’ngra sog’inch kamarining bir chekkasiga qo’ndi. Bilqiys cho’chib uyg’ongancha: “Bu kelgan kim bo’ldi ekanki, kanizagu soqchilardan kechib o’tib xonamga kirib, insofsizlarcha ko’ksimni yaralaydi? G’oyat mustahkam temir eshiklardan oshib, xobgohimgacha kira olgan va yana uni hech kimsa ko’rmay qolgan g’animimning menda juda katta qasdi bor ekan” dedi. O’z-o’ziga bu so’zlarni aytar ekan, dir-dir titrar, xavotirlanardi. Birdan Sulaymonning da’vat maktubi yon boshiga tushib qolganini ko’rib qoldi. Ko’zi “Bismilloh”ning “b”siga tushdi. Ko’ngli “mim”ning ko’ksidagi ko’ngildan shu qadar porlab charog’on bo’lib ketdiki, oqibat ko’ngil kakligi iymon lochiniga o’lja bo’lib qo’lga tushdi. Nihoyat, “har qalay, bu maktubni biron chopar keltirgandir”, deya ko’zlarini ishqab xonaning har burchiga ko’z yugurtira boshladi. To’satdan oriqqina, mitti bir qushchani ko’rib qoldi. U saroy soyabonining bir burchagiga qo’nib olgandi. O’z-o’ziga, “maktubni olib kelgan chopar shu bo’lsa kerak. Ajabo, bu qanday mo»jiza bo’ldi – mitti qushu ulug’ xabar”, dedi.

Ey, birodarlar ! Sulaymondan murod Haqdir. Bilqiysdan murod yomonlikka chorlovchi nafsdir. Hudhuddan esa aqldirki, nafs saroyining bir chekkasiga qo’nib olgani shundan. U har nafasda tushuncha tumshug’i bilan Bilqiys ko’ksini cho’qimoqda. Ya’ni nafs Bilqiysini g’aflat uyqusidan uyg’otgan ko’yi maktubni unga tutmoqda.

Qasida: Eshik qoqib istang , ey, yurishlari go’zal oshiqlar! Chaling-chaqiring, ey, amallari xush solih kishilar! Tokaygacha uyingizni qo’yib, tap-taqir yalanglikka burilib ketasiz? Tokaygacha Ka’bani qo’yib, mayxonachining eshigini qoqasiz? Dunyoda bir go’zal bor, biz esa uni chorlamayapmiz. Qadahda bir qultumgina sharob qoldi. Bizning esa hanuz aqlimiz joyida. Bundan buyon qulog’imizga mahbubning isirg’asini taqaylik. O’rningdan tur, yuzimizni Uning suvi bilan yuvaylik. Shu g’addor tuproq uyumining chang-to’zonini bir yurishda olt-ust etaylik. Toki, shu yuzi qaro, buzuq nafsni yakson qilaylikki, kelgan joyiga qaytib ketsin! 36

Olloh bizni-da, sizni-da hikmatidan bahramand etgay!

Uchinchi majlis

Payg’ambardan rivoyat qilingan durdona hadislardan birida shunday deyiladi: Bir kuni subhidamda Horisadan 37 Mustafo so’radi: “Ey, Horisa! Qanday tong ottirding?” “Iymonim bilan uyg’ondim ”. Mustafo: “Har haqiqatning bir haqiqati bor. Ko’ksingdagi iymonning haqiqati nimada?” deya buyurdi. Horisa: “ Nafsimni dunyodan aritdim. Kunduzni suvsiz, oqshomni uyqusiz kechirdim, go’yo Robbimning arshini – jannat va jahannam ahlini naq ko’z o’ngimda ko’rayotgan kabiman. Ahli jannat bir-birlarini ziyorat etarkan, ahli jahannam hasratu vovaylo ichra to’lg’onardi. Payg’ambar: “Sen haqiqatga yetibsan. Bu ishga mahkam bog’langin”, dedi-da, sahobalarga yuzlanib buyurdi: “Bu shunday qulki, Olloh uning ko’nglini O’z azamatining nuri ila munavvar aylamish”.

Shariat sohibi, payg’ambarlar sarvari, samovotu zamin nuri Mustafo bir kun do’stlari bilan birga o’tirardi. Horisaga yuzlanib: “Ey, Horisa! Bugun uyqudan qanday uyg’onding?” deya so’radi. Horisa: “Ey, asl iymon sohibi! Iymon ila – shubhalardan ozoda, taqlidsiz iymon bila uyg’ondim”, deya javob qaytardi.

Bayt: Hur kishilar o’tirgan joylarda o’tirdik. Solihlar tanlagan ishni tanladik, ular qilgan ishni qildik. Keyin bilsak, yuz turfa gunoh og’ushiga tushibmiz. Birgina jonimizni berib, o’zimizni sotib oldik. Barcha istagimiz: “Haq bizni afv etsin!” edi. Shukrlar bo’lgay, lutfini darig’ tutmadi – murodimizga yetdik. 38

Mustafo (Unga salomlar bo’lgay!) shunday marhamat qildi : “Har haqiqatning bir alomati , murosasi bo’ladi. Sening ko’ksingdagi iymon alomati nadir?” Horisa: “Ey, Ollohning elchisi! Men dunyodan uzoqlashdim , chunki uni aldov tuzog’iyu nurga qarshi tutilgan parda, deb bildim. Kunduzni sabr-toqat-la suvsiz, kechani uyqusiz o’tkazdim. Endi esa Rahmon arshini basiyrat ko’zi bila shoyon ko’rmoqdaman. Jannatu jahannam ahli ko’z oldimda namoyon bo’lmoqda. Ahli jannat bir-birlarini ziyorat etib, bag’irlariga bosarkanlar, ahli jahannam dod-faryod urib, yoqalarini chok etmoqdalar. Ularning ohlarini mana shu quloqlarim bilan eshitmoqdaman”. Payg’ambar Horisaga (Ollohning salomi bo’lgay!): “Ey, yigit! Haqiqatga yetibsan. Bu ishga mahkam bog’langin! Haq yo’lni ko’ribsan, ko’rganlaringga sobit bo’lgin. Shu ko’rgan narsalaring manzilida oyoq tirab turib olginki, ular sening bekating – davlatingga aylansin. Chunki ko’rmoq boshqa, ko’rilgan narsaga ega chiqmoq boshqa”, deya do’stlari tomon o’girilib : “Horisa shunday bir qulki, Olloh ko’nglini ulug’ligining nuri ila nurafshon etmish. Bu qul shunday bir qulki, “Yuksaklarga boqqan kishilarning ko’zlariga surma surtgan, ichkarida o’tirganlarga eshik ochgan” 39 Haq taolo (A’loligi ulug’langandan ulug’lansin!) uning jon qabog’iga ma’rifat surmasini surtgan ko’yi ko’zu ko’nglini ravshan aylamish.

Bayt: Riyozat-la jism pardasini yoqib yuborsang, xalq o’ylab yurgan xavfdan xalos bo’lasan. Nainki umidlaringdan – o’zingdan, ikki olamdan ham pinhon bo’lasan. Shundagina bu yashirin narsa ko’zlaringga aniq-ravshan ko’rinadi. Bu – har neni yo’q etish olami, uni isbot etish bilan ko’rish mumkin. Xalqning bori – shu bo’lganidan, boshi berk ko’chaga kirib qolgan. 40

Horisa ibodatga sho’ng’idi. U: “Kunduzlari ro’za tutaman, kechalari uyqusizman. Dunyodan etak silkkanim bois xalq ko’rmagan narsalarni ko’rib, eshitmagan narsalarni eshitmoqdaman”, deganida Mustafo (Olloh rahmatiga olgay!): “Namozingni ko’rma, yolborishlaringdan so’z ochma – bularning barini Haq taoloning madadi, yorlaqashi deb bil!” deya uni ogohlantirdi.

Bayt: Ey, jon, bizdan – bizning qulligimizdan hech vaqo hosil bo’lmas. O’zing qilding, o’zing qurding, endi o’zing tamomlab qo’y. Bizning salomatlik yurtimizni dashnom yurtiga aylantirding. Koyish yurtimizni-chi, salomatlik yurti holiga keltirding. 41

Bir oq lochin izn olib, podshohning kaftidan tomning bir burchiga qo’ndi. Bolalar lochinning go’zal manglayiga maftun bo’lib qoldilar va “YO, qudratingdan! Tu-tu-tu” deya asta chorlay boshladilar. Ular lochinni olisdan tomosha qilayotganlari sabab: “Podshohning lochini o’zini ko’z-ko’z qilayapti. Biz uni chaqirishimizni xohlab, o’sha joyga qo’nib olgan” deb o’ylashdi. Lochin podshohning amri ila o’sha xaroba tom burchiga qo’nganiyu Olloh u ko’ngilni buyukligi nuri ila charog’on etganini haligi bolalar qayoqdan bilsinlar? Shunday bo’lgach, kunduzi undoq qildim, kechasi bundoq qildim, dema. Faqatgina tongni oydinlatgan, oqshomga parda tortgan Tangri taolo O’z madadi – qo’llovi ila ko’nglu ko’zimga birday lutf etdi, de.

Bayt: Ko’ngil kim bo’libdiki, o’zidan so’z ochsin, kulfatini kuylasin? Ko’ngilning harakati (Haqsiz – tarj.) qaergacha borardi? 42

Ibodatu itoat o’g’illari emas, azal o’g’illari bo’ling. Ibodatga emas, azalu abad Tangri fazlu karamiga ishoning. Zohidlar undoq qilamiz, bundoq qilamiz, deya toat-ibodat bilan mashg’ul bo’ladilar. Oriflar esa, Haq taolo unday qildi, bunday qildi, deya azaliy lutfkor zotdan so’z ochadilar, aksincha, ibodat oh-vohidan emas.

She’r: Oriflar qiyosi yo’q zotdan bahs eturlar. Hoyu havasning belini bukib, qoq o’rtasidan ikkiga bo’lgancha otib yuborurlar. Zohid “ qandoq qilayin?” desa, orif “qandoq qilar ekan?” deydi. Zohid qurquv -la “bu qadar mashaqqat ichra na qilayin?” der. Orif ishq- la “ajabo, Olloh nima qilar ekan ?” der. Unisining nigohi o’ziga qadalgan – o’zini ko’rur. Xayrli amallarga yor bo’lib, sha’rdan yiroq bo’layin, deydi. Bunisining nigohi Tangriga yo’nalgandir – Tangrini ko’rur. Tinmay Haq jamolini sayr etur. Zohidlarning nazari – ibodatgacha. Oriflarning esa – nihoyayu zavoli yo’q Zotga qadalgan. Zohidning o’ziga kelmog’i toat ila mumkindir. Orifning sarxushligi esa Tangri azamatiga mazhar bo’lmoqlik biladir. Xush amallar zohidning tirgagi bo’lsa, orif yagona Ollohga ko’z tikmish. Bunisi xayrli ishlar orqali o’zini ko’rsa, narigisi g’ayb olamida Haqni tomosha qilur. Zohid qozongan ehson sanoqlidir. Haq orifi esa haddu chegarani parchalab yubormish. Zohid yer kurrasida umrini ko’kka sovursa, Tangri orifi uning borlig’idan yuksalib ketur. Zohid qo’rquv va umid orasidadir . Orif istaklar ustidan uchib o’tur. Zohidlar zaminni qarorgoh etib, unga yastanib olmishlar. Oriflar himmati arsh sohibi ila qovushmoq murodining ketiga tushgandir. 43

Zohid: “Oh, nima qilayin?” desa, orif: “Ko’raylik-chi, U nima qilar ekan?” der.

Bayt: Zohid olgan yo’l, bir oyda bir kunlik yo’ldir. Orif olgan yo’l-chi, har nafasda podshoh taxtigacha.44

Bayt: U benuqson go’zallik senga yuz ochdimi, tamom, seni har nedan uchirib ketadi. 45

She’r: Kimga haqiqatdan bir xabar kelguday bo’lsa, unda bashariy sifatlardan nom-nishon qolmas. Huv, samodan yer tubigacha har yonni sabablar qoplasa, uning sa-bablar bila hech qanday ishi bo’lmas. Kimki jismini tor-mor etib, o’zligidan xalos bo’lsa, haqiqatning ayni o’zidan unga sog’lom nazar tuhfa etilgay. Endi u turfa bezak anjomlari ila orolangan javharni ko’ra olur. U javhar, misoli, bir badanga kirib, u yerni makon etgan kabi. Uning suhbatiga musharraf bo’lganing holda, yana nima deb shaklga qiymat bermoqqa urinasan? Qani, yur, haqiqatga yetib, butunlay boshqa olamga aylan. Chunki u ham boshqachalashib, o’zga bir olamga aylangandir. 46

Bayt: Zohidlik nadir? Nojo’ya so’z aytishdan qochishlik. Oshiqlik nadir? O’z borlig’i – o’zligidan og’iz ochmaslik. 47

Hikoya qilishlaricha, Haqdan hayiquvchi, oqilu odil bir podshoh o’tgan ekan. U qo’l ostidagi kimsalarning hollarini nuqul so’rab-surishtirib turarkan. YO, Tangrim, zamonamiz sultonining oyoqlariga insofu ehson, adolatda O’zing ustun bo’lgaysen! U podshohning amirlari bo’lib, ularning bir guruhi sohibi qalam edi. Tangri amrlarini bajo keltirgan malaklardan o’lkayu saltanat ishlarini idora etishni o’rganib olishgan, qalamlari faqat o’ng qo’llarida xayrli ishlar uchun harakatlanardi. Daftarlarida hiylayu nifoq, mazlumning ko’ngliga ozor berish kabi masalalarga o’rin ham, imkon ham yo’q edi. Qalamlari buningdek nomaqbul ishlar bilan o’ralashmasdi. Daftarlari qiyomat devonidagi mo’minlarning amal daftarlari misoli jilolanib porlar, har yonni yoritardi. Ayrim qullari sohibi qilich bo’lib, bayroqdor edilar va jonlari bilan o’ynashib yurardilar.

Ruboiy: Jangda temir kabimiz, majlisda – sha’m. Do’st uchun tabarrukmiz, dushman uchun – qattol. 48

Podshohning qo’l- oyoqsiz, hamisha mahzun bir quli bor edi. Uning qalamda na bir hunari, olamda na bir qudrati bo’lib, shunga qaramay, podshoh uni jonidan ortiq sevardi . U podshohga hammadan yaqin edi. Nimaiki siri bo’lsa, kelib shu quliga dilroz etar, o’zgalardan qizg’onardi. Podshoh uchun qulning libosiyu uning bahosi har nedan ustun edi. Vasvasa boshqa qullarning ko’zlariga hasad surmasini surtar, bu misoli Yusuf va uning og’a-inilari hikoyasini xotirga keltirardi. Otalarining muhabbati Yusufga bo’lakcha edi. Buni ko’rgan og’alari zimdan g’azab o’tida yonar, rashkdan ich etlarini yeyishar, “Yusuf va uning birodari (Binyamin) otamizga bizdan ko’ra suyukliroqdir”, 49 deyishardi . Bu so’zni o’zlari tanho qolganlarida aytishardi. “Uning qanday hunari, qanday qulligi borki, otamiz uni bizdan ortiq ko’radi?”

Kimki oralarida ko’rinmay qolgan sheriklarining turfa yomonligidan shikoyat etib, ig’vo qilsa, ko’nglu yuziga g’animlik dog’ini tushirgan bo’lur. Jon ko’zlari bedor kishilar o’zaro yuzma-yuz kelganlarida haligi dog’ izini ko’radilar. Jon ko’zlari ojiz kimsalar esa hech bir alomatni payqamay, vasvasa domiga ilinadilar.

Ruboiy: Haqiqatga yetganlar – yo’lu izni ko’rganlar sening hollaringni bor injaliklari ila ko’rur, undan ogoh bo’lurlar. Ammo karam buyurib, hech kimning pardasini yirtmaslar. Zamona zayli qanday yurish qilsa, ular ham shunga yarasha odim oturlar. 50

Podshoh ham, uning xos quli ham beklarning manglaylariyu ko’zlarida nuzul etayotgan yomon o’y xayollar va shuning kabi yomon so’zlar aytib yurishlarini ko’rib turardilar. Muxoliflikning alomati muxoliflarning peshona, ko’zlarida zuhur etur, aytgan so’zlaridan ayon bo’lur. Inchunin, Tangri taolo munofiqlarning e’tirozlarini: “Albatta, siz ularni yuzlaridan (ular so’zlayotgan – zohiri iymondan dalolat qiladigan, botini esa kufr bo’lgan) so’z – ohang-uslubidan tanib olursiz”, 51 deya payg’ambariga xabar bergan. Biladilar, ammo bilmaslik-ka olurlar.

Bayt: Bilgil va lek so’zlamaginki, razolatga botmasinlar. Er kishining bor savlati–ko’rki sir saqlay bilishidadir. 52

O’z razilliging-la yuz ko’rishmoq fursati oldinda. “U Kunda barcha yashirin narsalar fosh qilinur” 53. Zora, u kundan avval tavba qilsa, deya hozircha seni ayblamaymiz.

Haligi beklar yonib-kuyib “buning biror chorasi bormikan?” deya bir-birlariga savolchan boqardilar. Axir, u – podshoh! Hukm uningdir, qo’l uning qo’li. Mabodo, insofsizlarcha zararli so’z aytguday bo’lsa ham, kim unga “jim bo’l!” deya oladi? Kunduzni oqshom desa, kimning unga “yanglishdingiz!” demoqqa haddi sig’adi?

Bayt: Sarvning qomati ikki bukik desang, ikki haftalik oy qusurli desang, jahon ichra kim senga yurak yutib “nechun bunday deyapsan?” demoqqa jahd etardi?
54

Bayt: Layloni deb telba bo’ldik, u ham boshqasini deya savdoyilashdi. Bundan buyon o’zga birining biz tufayli jununvash ko’yga tushishini istamaymiz.
55

Bayt: Biz senga oshiqmiz, sen-chi, oynaga oshiqsan. Biz senga boqmoqdamiz, sen-chi, oynaga termulasan. Bir oh urayinki, uning dudi olamni qaro etsinu oyna ortiq jilolanmasin. Ichida hech nima ko’rinmay qolsin. 56

Bir kun beklarning tezob, besabrlaridan biri: “Hoy, birodarlar, balki sizlarning sabr kosangiz hanuz to’lmagandir, ammo mening bardoshim sob bo’ldi. Bugun podshoh huzuriga borib, poyiga tik cho’kaman-da, boshimdan tuproq sochaman. “Arzing ne?” deya so’rasa, javoban:

Bayt: Sirishking 57 nechun gul rangini oldi, deysan. Modomiki, o’zing so’rading – aytayin. Ko’nglim sening savdoyingda qon yoshlar to’kmoqda. U yoshlar qaynab-jo’shib boshimga chiqib oldiyu, oqa ketdi. 58

Bayt: G’am dastidan ishim jonga qadar yetdi, tumanim butun olamni chulg’adi, yetar endi! Qayg’u terimni shilib ketdi, marhamatsizlik etma! Pichog’ing suyakka qadaldi, yetar endi!” 59 deyman.

Sheriklari: “Birodar, haq gapni aytding, ammo xotir uchun bo’lsa-da, andak sabr qil. Chunki “sabr barakotning kalitidir”, deyishdi. U esa: “Siz aytganday, mavridi kelgunga qadar sabr qilaylik-chi, nima bo’lar ekan?” deya royishlariga ko’ndi.

Bayt: Xo’roz bemahal qichqirdimi, uning boshini olish vojibdir. 60

Xo’sh, qachon payti kelur? Dedilarki: “Podshoh kayfi chog’, shodumon va bizga xush tabassum bila boqqan kunda. Bu mahal shoh himmatining cheki ko’rinmas”. Ko’nglingiz muloyim tortgach, duoni g’animat bilingiz. Mustafo (Olloh O’z rahmatiga olgay!) marhamat qilmishki: “Ko’ngillaringiz yumshab, ko’zlaringiz yoshlansa, o’zingizda yonmoq – yolbormoq layoqatini seza boshlasangiz, o’sha on hojat tilamoq onidir. U fursatni g’animat biling, chunki ayni dam rahmat eshiklari ochiladi va siz hojatlaringizni shundoq zamonlarda izhor eting”.

Ruboiy: O, tong nasimi! O’shal sochlari zanjir misoliga so’yla! Imkon topolsang, ko’ngil holimni bayon ayla! Mabodo, ko’ngil olishni istamay, darg’azab esa, meni
ko’rmagan bo’l-da, zinhor og’iz ochma!
61

Nihoyat, kunlarning birida podshohning ovi baroridan kelib, nodir o’ljalaridan sevinchi ichiga sig’may, yuzi nash’adan yorishib ketdi. Azalu abad podshohning ovi oshiqlar ko’nglidir. “Haqiqatdan ham, Olloh iymon keltirgan qulining tavba qilishini sevur va undan rozi bo’lur”. U rahmat qandoq rahmatki, qullarini g’ayrati ila zotidan uzoqlatib, ularni o’ziga begona etar? So’ng yana inoyati bila ovlab, o’ziga oshufta aylar?

Ruboiy: Qaro tuproqdan bir narda taxtasi yasab, har on u taxtaga ayricha shakl bermak, o’zga bir o’yin namoyish qilmak bo’lasan. Kimnidir bir yoqlik qilib o’ldirasan, tag’in birini oyoqqa turg’izasan. Ofarin, o’z-o’zing bilan ajab o’ynamoqdasan: na ustasan, na bir san’ating bor. 62

Beklar podshohni farahdan o’z-o’ziga sig’mas holda ko’rib, rahmat eshiklari lang ochilganini payqadilar va barchalari poyiga tiz cho’kkan ko’yi arzi hol etdilar: “Qachongacha jafo? Jonimiz hiqildog’imizga keldi. Sening bunday odating yo’q edi. Bu ish karamingga muvofiq tushmas. Shu choqqa qadar ko’ngil ipimizdan tugun ustiga tugun qadaldi . Oqibat, tumanlar-la qoplanmish, qonlarga belanmish tun qo’rquvidan o’sha choklarni so’ka boshlagan kimsaning qo’lu bo’yniga bog’langan sirtmoqqa aylandi”.

She’r: Parda yirtishni ko’zingdan o’rganganingdek, kelgil, qul sotib olishni zulfingdan o’rgan. Domingga ilinganning faryodiga quloq tut. Nahot, senda ohu nolalarga yetib olish yo’lidan ogohlik bo’lmasa? Tuzog’ingga tushdik – sabrni tanladik. Bechora, domingda chirpina-chirpina hushini yo’qotdi. Sening rizoliging kulfating bila esh. Shu bois sening g’aming, sening darding bizga shakar ta’mini ulashmoqda. Zero, shakar og’izga olinishi bilan erib ketur. Quling – Sanoiyning so’zini tingla, unga jafo aylama. Chunki Sanoiyning kalomi quloq solinmoqqa munosib. 63

Podshoh: “Men sizlarga nima yomonlik qildim?” dedi. Ular: “Biz sening jondan aziz qullaringmiz. Sen rozi bo’lmaydigan qandoq ish qildik? Avji jang chog’lari har kim o’z joni qayg’usiga tushib qolgan mahal sening iqboling uchun jonimiz bilan qanday o’ynashganimizni ko’rgan eding. Shunday bo’lgani holda, falonchini nechun bizdan bu qadar avlo bilasan? U qaysi hunari sabab bunchalar e’zoz topdi? Biz sening amringga xilof nima ish qildikki, bizni maqsur ko’rasan?”

Bayt: Sening quling ekanligiga iqror bo’lgan kishiga bu yanglig’ munosabatda bo’lsang, ko’ngling rozi bo’lurmi? 64

U senga qandoq beta’ma qullik bajo keltirdiki, biz ko’rmay qoldik? Podshohlik qilib, bizga u qullikning qanday qullik ekanligidan oz-moz xabar ber. Toki biz ham shijoat bila bor hunarimizni namoyish etaylik”. Podshoh: “Ming ayon etmayin, siz u qilgan ishni qilolmassiz!” dedi.

Qasida: So’zni har so’zlovchining aqli nisbatida so’zlasaydim, hech shubha yo’qki, xalqqa juda oz so’zlar edim. So’zlarga some’ bo’lib, mag’zini chaquvchi kishi qaerda ekankim, uni topib, har on yangi-yangi asror ochsam. Aql odimini vahmdan oshiqroq otguvchi kimsa qaydakim, men unga yuksaklardan so’zlasam. Ko’ksini kursi holiga keltirib, ko’nglini arsh aylagan kishi qayondakim, men unga “olami sug’ro” (kichik olam – tarj.)alomatlarini oshkor etsam. Zulmat aro yuksaklarga odim otuvchi kimsa qayoqdakim, unga oydin dengizning fayziyob nuridan so’zlab bersam. Marvaridning qadrini bilguvchi, ilm dengizining zargari qaydakim, unga yetti marvaridu to’rt gavhar sirin ochsam. Yamandan bo’y olgan burun qaerdakim, men unga Xo’tan mushkining muanbar iforli daraxtidan so’z ochsam. Jahannamni kechib o’tgan kishi qanikim, unga bu kechikning yuz turfasini birma-bir sanab anglatsam. Attorning qalbi tubanlik olamiga bog’lanib, shu tuproqqa ko’ngil qo’ymasaydi, ash’orimni yuksaklikda yetti yulduzdan ham baland pardalarda aytar edim. 65

“Ey, olampanoh! U holda, bizni imtihon qilib, sinab ko’r. Basharti, aytganingni bajarolmasak, hech qursa, o’z darajamizdan ogohu uning ustunligi siridan voqif bo’laylik. Hasadu
vasvasadan qutilaylik-da, podshoh-la emas, o’zimiz bila kurashaylik”, deyishdi.

Ruboiy: Menga ko’ngil qo’ysang, jondan kechaman. Jonim-la o’ynashib, nainki jon, butun jahondan kechaman. Men shunday qulmanki, amringga bosh egib yasholmayapman.
Ayt, tilaging nadir? Aytaqolginki, shunga muvofiq ish ko’rayin.
66

Kimki duchor bo’lgan balolarini o’zidan bilsa, tavba qilur va podshohni odil sanab, uni madh etur. Bunday kishi poklanib, tez xalos bo’lur. “Qo’lingizda asir bo’lgan kishilarga ayting: “Agar Olloh dillaringizda yaxshilik borligini bilsa, sizlarga o’zingizdan olingan narsadan yaxshiroq narsa berur”. 67 Ey, Muhammad, tutqunlarga, g’am bog’ichlari ila bog’langanlarga ayting: “Hukmi barqaror Tangrining irodasi bois menga asir tushdingiz. Ko’nglingizda biron xayrli o’y bo’lsa, sizga avvalroq ega chiqqan va yo’qotgan narsalaringizdan ham afzalrog’ini ulashadi”.

Podshoh dedi: “U qulimning bor-yo’q hunari – menga boqur, mendan ko’z uzmas”. “Ey, olamlar shohi, unday bo’lsa, darhol amr etginki, bundan buyon biz ham boshqa ishlarimizning boshidan tuproq sochib, kunu tun tinmay senga boqaylik. Bundan-da xush ish bormi olamda!”

Bayt: Seni ko’rib, ko’zi quvonmagan kishining boshi bo’yra tagida qolib, oyoq osti bo’lsin! 68

Barcha beklar bundan shod-xurram bo’lib qurollarini otdilar va sajdaga bosh egdilar.

Podshohga: “Bundan buyon qurolimiz – sening yuzing, intizomimiz – sening huzuring. Hajimiz – ostonangu martabamiz – mehrobing”, dedilar. Hammalari birday tizilishib, podshoh yuziga termula boshladilar. Ularni kuzatarkan, podshoh o’z-o’ziga dedi:

Bayt: Misning oltin qoplamasiga tushib, ko’zbo’yamachilik qilishidan ne naf? U lof sotuvchi, imtihon toshi – mixakni ko’rdiyu sharmisor bo’lib ketdi. 69

Bayt: Ishq davosida bo’lmoq oson, ammo unga dalil kerak. 70

Podshoh xos mulozimining qulog’iga: “Bisotimizda qancha dovul, qancha nog’ora bo’lsa, barchasini tomga chiqarib birdan yerga otinglar ”, deya buyurdi. Shoh amrini bajo keltirdilar. Olamni shunday shovqin, shunday g’avg’o tutdiki, har taraf zir titray boshladi. Bu talotum qo’parkan, barcha beklar yuzlarini podshohdan o’girib, bir-birlariga “saroyda nima bo’layapti o’zi?” deganday olazarak boqa boshladilar. Haligi qulning ko’zi esa hanuz podshohning yuzida edi. Podshoh, qulimning yuzi o’zgararmikan, deya unga razm soldi. “Ko’zi og’gani ham yo’q, o’z haddidan oshgani ham yo’q”. 71

Azizim, bu hikoya podshoh va yo uning beklari mojarosi haqida emas. Podshohdan murod – Tangri taolo. Beklardan maqsad – yetti osmon malaklari. “U joyda Olloh o’zlariga buyurgan narsaga itoatsizlik qilmaydigan, faqat o’zlariga buyurilgan narsani bajaradigan farishtalar turur” 72. Ularga: “Sizga yer yuzini man qildik va uni Odamga qarorgoh etdik” degan buyruq kelganda “U yerda buzg’unchilik qiladigan, qonlar to’kadigan kimsani (xalifa) qilasanmi?” 73 dedilar. “Biz kecha-kunduz Seni poklab ibodat-la mashg’ul bo’lsak ham ta’qiqlaysanmi?” deya norizo bo’ldilar. Haq taolo (Shoni ulug’langandan ulug’lansin!) buyurdiki: “Ular shunday xizmat, shunday qullik ado etadilarki, siz uni bajo keltirolmassiz!” Ikki olam sarvari, insonlar va ko’z ilg’amas mavjudotlarning avvalgisi – Muhammad Mustafo (Unga Ollohning salomi yog’ilgay!) Me’roj kechasi yetti qavat samoning hech kimsaga ko’rsatilmagan xazinalari unga ochilib, arshu kursi arzi hol etgan pallada ularning hech biriga qiyo boqmay, ko’zini Tangri jamolidan uzmadi. “Ko’zi og’gani ham yo’q, o’z haddidan oshgani ham yo’q”. 74

She’r: Yashirinu oshkor neki bor – bari sen-la qo’shilgach, suhbating doimiy bo’lur, xizmating qulaylashur. Quyosh boshing uzra kelur, ortingdan qolmay ergashur. Hatto zarra qadar soya qolmas. Nimaiki tilasang, ato etilur. Mana shudir senga qo’ngan davlat, mana shudir umr saodati. Endi biron jonzot ucholmas, barchasi tiriklayin yo’q bo’lur. Ochib so’zlayin , erlar asrorin ochayin deyman-u, ammo hech kimsa bunga tahammul etolmas, boshi aylanib, parchalanib ketur. 75

IZOHLAR

1 Muallifi noma’lum.
2 Jaloliddin Rumiy.
3 “Baqara” surasi, 119-oyat.
4 Jaloliddin Rumiy maktublaridan.
5 “Hijr” surasi, 72-oyat.
6 Muallifi noma’lum.
7 Muallifi noma’lum.
8 Sanoiy.
9 Sayyid Burhonidin. “Maorif”.
10 Farididdin Attor.
11 Farididdin Attor.
12 Harbiylar uchun mo’ljallangan, teri yoki po’latdan yasalgan maxsus nog’ora.
13 Muallifi noma’lum.
14 Muallifi noma’lum.
15 Jaloliddin Rumiy.
16 Majnunga nisbat berilgan mazkur bayt Muslim ibn al-Volidga tegishli.
17 “Sod” surasi, 35-oyat.
18 “Naml” surasi, 9-oyat.
19 “Ibrohim” surasi, 35-oyat.
20 “An’om” surasi, 76-oyat.
21 Sanoiy. “Hadiqat-ul-haqoiq”.
22 O’sha asar.
23 “Sod” surasi, 36-oyat
24 “A’rof” surasi, 57-oyat.
25 “G’ofir” surasi, 16-oyat.
26 “Ibrohim” surasi, 42-oyat.
27 Mazkur baytlar Sanoiyning “Hadiqat-ul-haqoiq”idan olingan.
28 «Toriq» surasi, 9-oyat.
29 «Val-mursalot» surasi, 35 oyat.
30 Muallifi noma’lum.
31 Mavlono Rumiy.
32 She’rlar muallifi noma’lum.
33 «An’om» surasi, 103-oyat.
34 «Mulk surasi, 14 -oyat.
35 «Naml» surasi, 30-oyat.
36 Sanoiy. «Xadiyqa».
37 Horisa bin Suraqo «Badr» jangida shahid ketgan sahobalardan biri.
38 Muallifi noma’lum.
39 Muallifi noma’lum.
40 Muallifi noma’lum.
41 Jaloliddin Rumiy. Devoni kabir.
42 Muallifi noma’lum.
43 Sulton Valad. «Ibtidonoma».
44 Muallifi noma’lum.
45 Muallifi noma’lum.
46 Jaloliddin Rumiy. Devoni kabir.
47 Sanoiy. “Hadiqat-ul-haqoiq”.
48 Jaloliddin Rumiy.
49 “Yusuf” surasi, 8-oyat.
50 Jaloliddin Rumiy.
51 “Muhammad” surasi, 30-oyat
52 Muallifi noma’lum.
53 “Toriq” surasi, 9-oyat.
54 Muallifi noma’lum.
55 Muallifi noma’lum.
56 Muallifi noma’lum.
57 Ko’z yosh.
58 Muallifi noma’lum.
59 Muallifi noma’lum.
60 Muallifi noma’lum.
61 Jaloliddin Rumiy.
62 Jaloliddin Rumiy.
63 Sanoiy. Devon.
64 Muallifi noma’lum.
65 Farididdin Attor. Devon.
66 Jaloliddin Rumiy.
67 «Anfol» surasi, 7-oyat.
68 Muallifi noma’lum.

099

(Tashriflar: umumiy 7 671, bugungi 1)

Izoh qoldiring