Shavkat Odiljon. She’rlar

019    Шавкатжоннинг шеърларида ҳам мана шундай ярим ошкоралик бор. У ҳаммага маълум ва зерикарли гапларни айтишдан қочади. Муҳими, укамиз ўзи таъсирланган, кўрган-билган, ақли етган нарсаларни қаламга оляпти. Мен унга келгусида қоятошлардан, дарахтлардан, энг муҳими кўнгиллардан ўчиб кетмайдиган ижод намуналарини яратишида куч-қувват тилайман. Рост ва самимий шеърларининг умри узоқ бўлсин дейман. (Иқбол Мирзонинг оқ йўлидан).

РОСТ ШЕЪРНИНГ УМРИ
Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири
09

Тоғларга ёндош йўллардан ўтиб бораётган одамнинг қоятошлардаги ёзувларга кўзи тушиши табиий. Уларнинг аксариятида “А+Б=С” кўринишидаги битиклар, ёки бўлмаса севги изҳорлари, исмлар ёзилган бўлади. Ўйлаб қоласан киши. Нега исмларнинг бош ҳарфларинигина ёзишар экан-а, тўлиқ ёзса қайтага тушунарлироқ бўлмайдими? Бунда қандай ҳикмат бор? Ўйлаб қарасам, инсонга ўзи ва маҳбубасигина биладиган сирларни бошқаларга ярим ҳолича намоён этишдан завқлироқ нарса йўқ экан.

Шоир ҳам шундай, ўзи билган сирнинг бир учини чиқара олсагина таскин топади. Тўғри, ҳозирги замон матбуот саҳифаларида, интернетда ўзи ҳақида тўлиқ маълумот ёзиб, жуфтини қидираётганларнинг сони оз эмас. Аммо бундай хабарлардан кўра, биз айтиб ўтган қоятошлардаги қисқартма ҳарфларнинг мантиғи, таъсири кучлироқ.

Шавкатжоннинг шеърларида ҳам мана шундай ярим ошкоралик бор. У ҳаммага маълум ва зерикарли гапларни айтишдан қочади. Муҳими, укамиз ўзи таъсирланган, кўрган-билган, ақли етган нарсаларни қаламга оляпти. Мен унга келгусида қоятошлардан, дарахтлардан, энг муҳими кўнгиллардан ўчиб кетмайдиган ижод намуналарини яратишида куч-қувват тилайман. Рост ва самимий шеърларининг умри узоқ бўлсин дейман.

014
Шавкат Одилжон
ШЕЪРЛАР
022

011Шавкат Одилжон — Самарқанд вилоятининг Жомбой туманига қарашли Хурмиота қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини тамомлаган (2007-2011 й.й). Ҳозирда “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компаниясининг “Ахборот хизмати”да фаолият юритиб келмоқда. Шеърлари вилоят, республика нашрларида ҳамда ёшлар баёзларида чоп этилган.

022

 

СИЗ УЧУН…

Осмон олис эди, осмон жим эди,
Соддаман, билмасдим чақмоқнинг кучин.
Тунов кун ёнингда турган ким эди?
Кўнглимни таржима қилдим сиз учун.

Атиргул кўкламни тарк этди — фироқ,
Кўксимни поралар Момақалдироқ,
Қачон жавоб топар абадий сўроқ —
Кўнглимни таржима қилдим сиз учун.

Мағлубият бўлди менинг зафарим,
Сенинг юрагингга қилган сафарим,
Тунлар эслаб сенга етган маҳалим
Кўнглимни таржима қилдим сиз учун.

Пушкинни таржима қилсам бўларди,
Балки ўқиганнинг кўнгли тўларди,
Муҳаммад Юсуфни ҳамма биларди…
Кўнглимни таржима қилдим сиз учун.

Сени Есениндан рашк қилган пайтим,
Тўпори болайдим, ўзимдай байтим,
Ҳеч қайси сўзимга бермадинг қайтим,
Кўнглимни таржима қилдим сиз учун.

Кундуз Қуёш гувоҳ, оқшом Ой гувоҳ,
Гоҳи савоб қилиб, гоҳида гуноҳ,
Минг истиҳолаю, баъзан тортиб оҳ,
Кўнглимни таржима қилдим сиз учун.

БОБОМ ҲАҚИДА

Момомнинг айтиши бўйича бобом
Эсини еб қўйган қари чол эди.
Дадамнинг айтиши бўйича бобом
Саводи-ю илми ўрта ҳол эди.

Бобом асо тутди қариган палла,
Асони кўраман ёд қилган сари.
Кўпларга оддий чол, аммо “Буюк” деб,
Аташар бобомни оғайнилари…

Ниҳол экар эди бобом муттасил,
Улуғвор кўрарди қишлоқ — замонни.
Замин ниҳолларга куч берди, фақат
Қучоғига олди шўрлик бобомни.

Ялангоёқ чопиб тупроқ кўчада
Қоқилиб-йиқилсам ҳечқиси йўқ.
Момом койир эди: эсин еб қўйган
Бобойнинг боласисан-да эси йўқ.

Ҳаммаси яхши-ку, дадам баъзида
Оқшомлари кўзин юммай ухлайди.
Менинг назаримда момом тунлари
Эси йўқ чолини эслаб йиғлайди.

Бобомни қайириш истади кимлар,
Сира қуламади ирода қасри.
Мен бугун бобомга қиламан ҳавас,
Эси йўқлар буюк бўларкан асли.

ИТОАТ ВА ИСЁН

Сайёдман,
Сайёдлик мерос тоабад,
Дунё кезаяпман балки кечикиб.
Юкунсам бир сенга юкундим, фақат
Яшасам, яшадим сенга ичикиб.
Ҳар нафас бўғзимда қалқийди жоним,
Гўзалликда сени этдим тасаввур.
Ўзингсан омонат қорачиғимга
Тоғу тошни чизган моҳир мусаввир.
Мен эса руҳ ва тан ичра талошман,
Бугунга етишиб келдим тупроқдан.
Ғазабман, сабрман, ҳаво, кўзёшман,
Одамга айландим унсурлар билан.
Амалсиз,
Аъмолсиз ваҳшат комига
Ғарқ бўлиб кетмасми дунё,
Илоҳим?
Ахир, бу бекишан забоним билан
Жонингга тегдимми сенинг, Худойим?
Жаннат, Дўзах, Аъроф
Ипдан игнаси
Сенга дахлдордир туну тонгидан.
Номинг такрорласам сезаман ўзни
Онадан туғилган каби янгидан.
Шукур, не сўрадим,
Етдим барига.
Кўзим учса фақат яхшилик бердинг,
Чап кўксимга ишқу савдони бердинг,
Оқ тонгларни бердинг, ялдони бердинг.
Сендан неки олдим,
Сени туш кўрдим,
Тушда капалакни жуда хуш кўрдим.
Тонгдан шомга қадар сенга, Худойим,
Тазарру қилишни буюк иш кўрдим.
Бироқ ҳар амалим ўзимга душман
Эркдан бунёд этганмисан сан мани?
Озод қушман,
мен озод қушман,
Учишни ўргансам бўлгани…

АЯМГА

Ая,
Ёш бошимга қилдим кўп хато,
Бироқ хатоларни ҳеч тан олмадим.
Кўнгил олишни-ку билмайман, ҳатто
Кўнгил беришни ҳам ўрганолмадим.

Ая,
Ёлғиз фарзанд бўлиш қийинмас,
Одамлар ачиниб қарайди нечун?
Эллик йил мен учун яшадингиз, бас!
Қачон яшагайсиз ўзингиз учун?

Ая,
Мен биламан, кулади толе!
Бир кун ортиқ бўлиб яшайман элдан.
Қай ҳолда, қачонки, сизни ўйласам
Худо ҳам ёдимга тушади бирдан.

Ая,
Кўряпсизми, сўзга нўноқман,
Нўноқ сўзимга ҳам асир қанча қиз.
Ахир, сизга ҳеч не беролмадим-ку,
Сиз эса дунёни менга бердингиз.

Ая,
Қушлар каби уч дейсиз, лекин
На ерни, на кўкни қуча олмайман.
Менинг туяқушдан нима фарқим бор
Қанотларим бору уча олмайман.

ТЎФОНГА ДУЧ КЕЛГАН КАПАЛАК МИСОЛ…

Тўфонга дуч келган капалак мисол
Кучимнинг борича олға юраман.
Ўқийман, ўқийман яна ўқийман,
Хаёлимда янги дунё қураман.

Эҳтимол, ақлдан озгандай билиб,
Ўзига оғдириб олгандир дунё.
Кўз олдимда дунё борар ситилиб,
Чиндан ҳам ақлдан оздиммикан ё?

Ўқийман, ўқийман яна ўқийман,
Бир ҳодиса бўлса ўқиш сўнгида!
Ўзимча қандайдир ўйлар тўқийман,
Мўъжиза юз берар кўзим ўнгида.

Шамсу Зуҳра қайта учрашар шу тоб,
Соҳибқирон қайта туғилар, гўё.
“Куч — адолатдадир, қилади хитоб,
Туронни омонат қолдирдим, дунё”.

Бир эр яшаб ўтди жавонмард, ёниб,
Нигоҳлари қанча дор, парда кўрди.
Унинг тимсолида халқ бир жавониб,
Наврасида каби дарпарда кўрди.

Биз-чи, нима қилдик қавму қариндош?
Бобур йўқлигида ерини босдик.
Турганида дорга лойиқ шунча бош,
Қаландар Машрабни дорларга осдик.

Кўнглимдан айирдинг, кўнглимдан ҳуркиб,
Усмонни бадарға қилганинг оздек,
Ёзнинг ўртасида бугундан қўрқиб,
Эртани ўйламай “Ёз”, дединг, ёздик.

Ўқийман, ўқийман, бузрукворларнинг
Нонимас, юраги қордай оқ эди.
Жавдари еса ҳам меҳрибон ва тенг
Сизу биздан анча бахтлироқ эди.

Тушунаман, бундай хотираларни
Портлатиб бўлмайди, отиб бўлмайди.
Уларга харидор топиш мумкину,
Аммо бирор нархга сотиб бўлмайди.

ОСМОН ОЛИС ЭДИ…

Осмон олис эди, осмон жим эди,

Соддаман, билмасдим чақмоқнинг кучин.
Тунов кун ёнингда турган ким эди?
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Атиргул кўкламни тарк этди — фироқ,
Кўксимни поралар Момақалдироқ,
Қачон жавоб топар абадий сўроқ —
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Мағлубият бўлди менинг зафарим,
Сенинг юрагингга қилган сафарим,
Тунлар эслаб сенга етган маҳалим
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Пушкинни таржима қилсам бўларди,
Эҳтимол ўқиган кимса куларди,
Муҳаммад Юсуфни ҳамма биларди…
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Сени Есениндан рашк қилган пайтим,
Тўпори болайдим, ўзимдай байтим,
Ҳеч қайси сўзимга бермадинг қайтим,
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

Кундуз Қуёш гувоҳ, оқшом Ой гувоҳ,
Гоҳи савоб қилиб, гоҳида гуноҳ,
Минг истиҳолаю, баъзан тортиб оҳ,
Кўнглимни таржима қилдим сен учун.

УЛҒАЙИШ

Фикр — бола, бола — ўсувчан.
Усмон Носир

Бола эдим, ҳамма эркалатарди,
Айтганим айтган-у, деганим деган.
Шўх эдим, дадамдан ёки аямдан,
Сўрашар: Зумраша кимга ўхшаган?
Дердилар: улғайса қуйилиб қолар,
Ажратар ҳаётнинг оқ-у қорасин.
Саволлар домида яшардим гоҳи,
Дадам ё аямнинг тирнаб ярасин.

Катталар ҳақ экан, ўсди эс-ақлим,
Қизиқдим ҳаммага, ҳамма нарсага.
Қуёш-у ой надир, рост-ёлғон, қадр —
Ҳаммаси соларди мени ларзага.
Креслога чўкиб кетардим буткул,
Ёш эдим, шуурим яланғоч эди.
Одам бўлмоқликни истардим, мендек
Тенгдошларимнинг ҳам кўзи оч эди.

Тентаколиш эдим, бироз қув эдим,
Ногоҳ кўзим тушар чиркин нозларга.
“Бир кун одам бўлсам”, ҳали бир куни:
Кўрсатиб қўяман одамбозларга.
Кимнидир ранжитдим, кимдан хафаман,
Менинг ҳам нозикдир ахир кўнгилчам.
Одам бўлмас дейсиз Ҳақсиз ва ҳақсиз,
Қандай одам бўлай мен такасалтанг?!

Бездим одамларнинг битта гапидан,
Бари такрорлайди “Одам бўлмас бу”.
Нега тушунмайсиз ахир одамлар,
Ном-у нонингизга шерикмасман-ку.
Энди бир йигитман ойнага боқсам,
Дард эски, шифосиз ўзим биляпман.
Нима қилай сизга ёқсам, ёқмасам,
Ахир одам эмас, шоир бўляпман.

ҚОР АРАЛАШ ЁМҒИР

Қор аралаш ёғади ёмғир,
Ёғаяпти ҳур изтироблар.
Ярми очиқ токчада турар,
Ўқилмаган қанча китоблар.

Ёмғирпўшни елкандек ёпиб,
Соҳилдаги кема мисоли.
Кенг уммонга чиқаман аста,
Бўлгим келар китобдан холи.

Китоблар, о, семиз китоблар,
Қай бозордан сизни танладим.
Мен ўзимни йўқотдим сизда,
Мен ўзимни сизда танидим.

Сиздан кейин тиниган кўнглим,
Чақиндайин ўйлар калламда.
Баъзан сизни ирғитганим рост,
Қасос олдим баъзан қаламдан…

Гапни шунча чўздим кифоя,
Бас, эй китоб қаҳрамонлари.
Энг зиёли менинг қиёфам,
Менга ўхшар энг дарбадари.

Ўқилмаган китобдаги қиз,
Нега мени қиласан таъқиб.
Ахир бизлар темир йўл изи
Каби дўстмас, рақибмиз, рақиб

КЎЧАСИДА…

Кўчасида изғирдим итдай,
Талпинардим парвона каби.
Ўз бахридан кечган йигитдай,
Ҳа, ўзимдан кечгандим ахир…
Ошиқлари кўп эди унинг,
Қўлда қарта, кимда экан туз?
“Севаман” деб айтмоқчи эдим,
Истеъмолдан чиқибди бу сўз.

То бунгача нелар демадим,
Қилдим қанча исрофгарчилик.
Кўчасида изғирдим итдай,
О, қадрим йўқ эди итчалик.
Воҳ, мен кечроқ тушуниб етдим,
Келиб қолдим сенга бемавруд.
Ортиқ сабр етмайди кетдим,
Мендан сўнг бўш қолсин бу ҳудуд…

Бирор мардум ўтмас бу кўча
Ва эшигинг олдидан сенинг.
Кут. Кутавер келса келади,
Алвон елкан, кемада тенгинг.
Қўрқитмоқчи эмасман, лекин
Биласан-ку сал кетган ҳушим.
Бурчим эди огоҳлантириш,
Бизда денгиз мавжудмас, тушун!

Талпинардим парвона каби,
Сира фарқи йўқ эди жойнинг.
Тушунмасдим мени кўрганда,
Юзи қора бўларди ойнинг.
Кўчасида итдай изғирдим,
Кўпирганда оқшомлар қоним.
Эҳ, ўзимга ишонган каби,
Сир айтибман унга ишониб.

Пичоқ бориб кирди суякка,
Зирқирайди азойи бадан.
Ўн беш куни қоронғу эди,
Нур сочди ой у кун дафъатан.
Исроф бўлди очун қанча вақт,
Ойда виждон уйғонди туйқус.
Чап кўксимда ҳазм бўлмади,
Мен истеъмол қилолмаган сўз.

Катта-катта ўйнади лабим,
О, мен бироз тушунмай турдим.
Ой нурида, ойнанг олдида,
Тунда икки сояни кўрдим…

Шеърлар муаллифнинг веб-саҳифаси (www.mushoira.uz/)дан олинди

003

ROST SHE’RNING UMRI
Iqbol MIRZO,
O’zbekiston xalq shoiri
09

Tog’larga yondosh yo’llardan o’tib borayotgan odamning qoyatoshlardagi yozuvlarga ko’zi tushishi tabiiy. Ularning aksariyatida “A+B=S” ko’rinishidagi bitiklar, yoki bo’lmasa sevgi izhorlari, ismlar yozilgan bo’ladi. O’ylab qolasan kishi. Nega ismlarning bosh harflarinigina yozishar ekan-a, to’liq yozsa qaytaga tushunarliroq bo’lmaydimi? Bunda qanday hikmat bor? O’ylab qarasam, insonga o’zi va mahbubasigina biladigan sirlarni boshqalarga yarim holicha namoyon etishdan zavqliroq narsa yo’q ekan.

Shoir ham shunday, o’zi bilgan sirning bir uchini chiqara olsagina taskin topadi. To’g’ri, hozirgi zamon matbuot sahifalarida, internetda o’zi haqida to’liq ma’lumot yozib, juftini qidirayotganlarning soni oz emas. Ammo bunday xabarlardan ko’ra, biz aytib o’tgan qoyatoshlardagi qisqartma harflarning mantig’i, ta’siri kuchliroq.

Shavkatjonning she’rlarida ham mana shunday yarim oshkoralik bor. U hammaga ma’lum va zerikarli gaplarni aytishdan qochadi. Muhimi, ukamiz o’zi ta’sirlangan, ko’rgan-bilgan, aqli yetgan narsalarni qalamga olyapti. Men unga kelgusida qoyatoshlardan, daraxtlardan, eng muhimi ko’ngillardan o’chib ketmaydigan ijod namunalarini yaratishida kuch-quvvat tilayman. Rost va samimiy she’rlarining umri uzoq bo’lsin deyman.

024
Shavkat Odiljon
SHE’RLAR
022

011Shavkat Odiljon — Samarqand viloyatining Jomboy tumaniga qarashli Xurmiota qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetining Jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (2007-2011 y.y). Hozirda “O’zbekiston temir yo’llari” Davlat aktsiyadorlik temir yo’l kompaniyasining “Axborot xizmati”da faoliyat yuritib kelmoqda. She’rlari viloyat, respublika nashrlarida hamda yoshlar bayozlarida chop etilgan.

022

 

SIZ UCHUN…

Osmon olis edi, osmon jim edi,
Soddaman, bilmasdim chaqmoqning kuchin.
Tunov kun yoningda turgan kim edi?
Ko’nglimni tarjima qildim siz uchun.

Atirgul ko’klamni tark etdi — firoq,
Ko’ksimni poralar Momaqaldiroq,
Qachon javob topar abadiy so’roq —
Ko’nglimni tarjima qildim siz uchun.

Mag’lubiyat bo’ldi mening zafarim,
Sening yuragingga qilgan safarim,
Tunlar eslab senga yetgan mahalim
Ko’nglimni tarjima qildim siz uchun.

Pushkinni tarjima qilsam bo’lardi,
Balki o’qiganning ko’ngli to’lardi,
Muhammad Yusufni hamma bilardi…
Ko’nglimni tarjima qildim siz uchun.

Seni Yesenindan rashk qilgan paytim,
To’pori bolaydim, o’zimday baytim,
Hech qaysi so’zimga bermading qaytim,
Ko’nglimni tarjima qildim siz uchun.

Kunduz Quyosh guvoh, oqshom Oy guvoh,
Gohi savob qilib, gohida gunoh,
Ming istiholayu, ba’zan tortib oh,
Ko’nglimni tarjima qildim siz uchun.

BOBOM HAQIDA

Momomning aytishi bo’yicha bobom
Esini yeb qo’ygan qari chol edi.
Dadamning aytishi bo’yicha bobom
Savodi-yu ilmi o’rta hol edi.

Bobom aso tutdi qarigan palla,
Asoni ko’raman yod qilgan sari.
Ko’plarga oddiy chol, ammo “Buyuk” deb,
Atashar bobomni og’aynilari…

Nihol ekar edi bobom muttasil,
Ulug’vor ko’rardi qishloq — zamonni.
Zamin nihollarga kuch berdi, faqat
Quchog’iga oldi sho’rlik bobomni.

Yalangoyoq chopib tuproq ko’chada
Qoqilib-yiqilsam hechqisi yo’q.
Momom koyir edi: esin yeb qo’ygan
Boboyning bolasisan-da esi yo’q.

Hammasi yaxshi-ku, dadam ba’zida
Oqshomlari ko’zin yummay uxlaydi.
Mening nazarimda momom tunlari
Esi yo’q cholini eslab yig’laydi.

Bobomni qayirish istadi kimlar,
Sira qulamadi iroda qasri.
Men bugun bobomga qilaman havas,
Esi yo’qlar buyuk bo’larkan asli.

ITOAT VA ISYON

Sayyodman,
Sayyodlik meros toabad,
Dunyo kezayapman balki kechikib.
Yukunsam bir senga yukundim, faqat
Yashasam, yashadim senga ichikib.
Har nafas bo’g’zimda qalqiydi jonim,
Go’zallikda seni etdim tasavvur.
O’zingsan omonat qorachig’imga
Tog’u toshni chizgan mohir musavvir.
Men esa ruh va tan ichra taloshman,
Bugunga yetishib keldim tuproqdan.
G’azabman, sabrman, havo, ko’zyoshman,
Odamga aylandim unsurlar bilan.
Amalsiz,
A’molsiz vahshat komiga
G’arq bo’lib ketmasmi dunyo,
Ilohim?
Axir, bu bekishan zabonim bilan
Joningga tegdimmi sening, Xudoyim?
Jannat, Do’zax, A’rof
Ipdan ignasi
Senga daxldordir tunu tongidan.
Noming takrorlasam sezaman o’zni
Onadan tug’ilgan kabi yangidan.
Shukur, ne so’radim,
Yetdim bariga.
Ko’zim uchsa faqat yaxshilik berding,
Chap ko’ksimga ishqu savdoni berding,
Oq tonglarni berding, yaldoni berding.
Sendan neki oldim,
Seni tush ko’rdim,
Tushda kapalakni juda xush ko’rdim.
Tongdan shomga qadar senga, Xudoyim,
Tazarru qilishni buyuk ish ko’rdim.
Biroq har amalim o’zimga dushman
Erkdan bunyod etganmisan san mani?
Ozod qushman,
men ozod qushman,
Uchishni o’rgansam bo’lgani…

AYAMGA

Aya,
Yosh boshimga qildim ko’p xato,
Biroq xatolarni hech tan olmadim.
Ko’ngil olishni-ku bilmayman, hatto
Ko’ngil berishni ham o’rganolmadim.

Aya,
Yolg’iz farzand bo’lish qiyinmas,
Odamlar achinib qaraydi nechun?
Ellik yil men uchun yashadingiz, bas!
Qachon yashagaysiz o’zingiz uchun?

Aya,
Men bilaman, kuladi tole!
Bir kun ortiq bo’lib yashayman eldan.
Qay holda, qachonki, sizni o’ylasam
Xudo ham yodimga tushadi birdan.

Aya,
Ko’ryapsizmi, so’zga no’noqman,
No’noq so’zimga ham asir qancha qiz.
Axir, sizga hech ne berolmadim-ku,
Siz esa dunyoni menga berdingiz.

Aya,
Qushlar kabi uch deysiz, lekin
Na yerni, na ko’kni qucha olmayman.
Mening tuyaqushdan nima farqim bor
Qanotlarim boru ucha olmayman.

TO’FONGA DUCH KELGAN KAPALAK MISOL…

To’fonga duch kelgan kapalak misol
Kuchimning boricha olg’a yuraman.
O’qiyman, o’qiyman yana o’qiyman,
Xayolimda yangi dunyo quraman.

Ehtimol, aqldan ozganday bilib,
O’ziga og’dirib olgandir dunyo.
Ko’z oldimda dunyo borar sitilib,
Chindan ham aqldan ozdimmikan yo?

O’qiyman, o’qiyman yana o’qiyman,
Bir hodisa bo’lsa o’qish so’ngida!
O’zimcha qandaydir o’ylar to’qiyman,
Mo»jiza yuz berar ko’zim o’ngida.

Shamsu Zuhra qayta uchrashar shu tob,
Sohibqiron qayta tug’ilar, go’yo.
“Kuch — adolatdadir, qiladi xitob,
Turonni omonat qoldirdim, dunyo”.

Bir er yashab o’tdi javonmard, yonib,
Nigohlari qancha dor, parda ko’rdi.
Uning timsolida xalq bir javonib,
Navrasida kabi darparda ko’rdi.

Biz-chi, nima qildik qavmu qarindosh?
Bobur yo’qligida yerini bosdik.
Turganida dorga loyiq shuncha bosh,
Qalandar Mashrabni dorlarga osdik.

Ko’nglimdan ayirding, ko’nglimdan hurkib,
Usmonni badarg’a qilganing ozdek,
Yozning o’rtasida bugundan qo’rqib,
Ertani o’ylamay “Yoz”, deding, yozdik.

O’qiyman, o’qiyman, buzrukvorlarning
Nonimas, yuragi qorday oq edi.
Javdari yesa ham mehribon va teng
Sizu bizdan ancha baxtliroq edi.

Tushunaman, bunday xotiralarni
Portlatib bo’lmaydi, otib bo’lmaydi.
Ularga xaridor topish mumkinu,
Ammo biror narxga sotib bo’lmaydi.

OSMON OLIS EDI…

Osmon olis edi, osmon jim edi,

Soddaman, bilmasdim chaqmoqning kuchin.
Tunov kun yoningda turgan kim edi?
Ko’nglimni tarjima qildim sen uchun.

Atirgul ko’klamni tark etdi — firoq,
Ko’ksimni poralar Momaqaldiroq,
Qachon javob topar abadiy so’roq —
Ko’nglimni tarjima qildim sen uchun.

Mag’lubiyat bo’ldi mening zafarim,
Sening yuragingga qilgan safarim,
Tunlar eslab senga yetgan mahalim
Ko’nglimni tarjima qildim sen uchun.

Pushkinni tarjima qilsam bo’lardi,
Ehtimol o’qigan kimsa kulardi,
Muhammad Yusufni hamma bilardi…
Ko’nglimni tarjima qildim sen uchun.

Seni Yesenindan rashk qilgan paytim,
To’pori bolaydim, o’zimday baytim,
Hech qaysi so’zimga bermading qaytim,
Ko’nglimni tarjima qildim sen uchun.

Kunduz Quyosh guvoh, oqshom Oy guvoh,
Gohi savob qilib, gohida gunoh,
Ming istiholayu, ba’zan tortib oh,
Ko’nglimni tarjima qildim sen uchun.

ULG’AYISH

Fikr — bola, bola — o’suvchan.
Usmon Nosir

Bola edim, hamma erkalatardi,
Aytganim aytgan-u, deganim degan.
Sho’x edim, dadamdan yoki ayamdan,
So’rashar: Zumrasha kimga o’xshagan?
Derdilar: ulg’aysa quyilib qolar,
Ajratar hayotning oq-u qorasin.
Savollar domida yashardim gohi,
Dadam yo ayamning tirnab yarasin.

Kattalar haq ekan, o’sdi es-aqlim,
Qiziqdim hammaga, hamma narsaga.
Quyosh-u oy nadir, rost-yolg’on, qadr —
Hammasi solardi meni larzaga.
Kresloga cho’kib ketardim butkul,
Yosh edim, shuurim yalang’och edi.
Odam bo’lmoqlikni istardim, mendek
Tengdoshlarimning ham ko’zi och edi.

Tentakolish edim, biroz quv edim,
Nogoh ko’zim tushar chirkin nozlarga.
“Bir kun odam bo’lsam”, hali bir kuni:
Ko’rsatib qo’yaman odambozlarga.
Kimnidir ranjitdim, kimdan xafaman,
Mening ham nozikdir axir ko’ngilcham.
Odam bo’lmas deysiz Haqsiz va haqsiz,
Qanday odam bo’lay men takasaltang?!

Bezdim odamlarning bitta gapidan,
Bari takrorlaydi “Odam bo’lmas bu”.
Nega tushunmaysiz axir odamlar,
Nom-u noningizga sherikmasman-ku.
Endi bir yigitman oynaga boqsam,
Dard eski, shifosiz o’zim bilyapman.
Nima qilay sizga yoqsam, yoqmasam,
Axir odam emas, shoir bo’lyapman.

QOR ARALASH YOMG’IR

Qor aralash yog’adi yomg’ir,
Yog’ayapti hur iztiroblar.
Yarmi ochiq tokchada turar,
O’qilmagan qancha kitoblar.

Yomg’irpo’shni yelkandek yopib,
Sohildagi kema misoli.
Keng ummonga chiqaman asta,
Bo’lgim kelar kitobdan xoli.

Kitoblar, o, semiz kitoblar,
Qay bozordan sizni tanladim.
Men o’zimni yo’qotdim sizda,
Men o’zimni sizda tanidim.

Sizdan keyin tinigan ko’nglim,
Chaqindayin o’ylar kallamda.
Ba’zan sizni irg’itganim rost,
Qasos oldim ba’zan qalamdan…

Gapni shuncha cho’zdim kifoya,
Bas, ey kitob qahramonlari.
Eng ziyoli mening qiyofam,
Menga o’xshar eng darbadari.

O’qilmagan kitobdagi qiz,
Nega meni qilasan ta’qib.
Axir bizlar temir yo’l izi
Kabi do’stmas, raqibmiz, raqib

KO’CHASIDA…

Ko’chasida izg’irdim itday,
Talpinardim parvona kabi.
O’z baxridan kechgan yigitday,
Ha, o’zimdan kechgandim axir…
Oshiqlari ko’p edi uning,
Qo’lda qarta, kimda ekan tuz?
“Sevaman” deb aytmoqchi edim,
Iste’moldan chiqibdi bu so’z.

To bungacha nelar demadim,
Qildim qancha isrofgarchilik.
Ko’chasida izg’irdim itday,
O, qadrim yo’q edi itchalik.
Voh, men kechroq tushunib yetdim,
Kelib qoldim senga bemavrud.
Ortiq sabr yetmaydi ketdim,
Mendan so’ng bo’sh qolsin bu hudud…

Biror mardum o’tmas bu ko’cha
Va eshiging oldidan sening.
Kut. Kutaver kelsa keladi,
Alvon yelkan, kemada tenging.
Qo’rqitmoqchi emasman, lekin
Bilasan-ku sal ketgan hushim.
Burchim edi ogohlantirish,
Bizda dengiz mavjudmas, tushun!

Talpinardim parvona kabi,
Sira farqi yo’q edi joyning.
Tushunmasdim meni ko’rganda,
Yuzi qora bo’lardi oyning.
Ko’chasida itday izg’irdim,
Ko’pirganda oqshomlar qonim.
Eh, o’zimga ishongan kabi,
Sir aytibman unga ishonib.

Pichoq borib kirdi suyakka,
Zirqiraydi azoyi badan.
O’n besh kuni qorong’u edi,
Nur sochdi oy u kun daf’atan.
Isrof bo’ldi ochun qancha vaqt,
Oyda vijdon uyg’ondi tuyqus.
Chap ko’ksimda hazm bo’lmadi,
Men iste’mol qilolmagan so’z.

Katta-katta o’ynadi labim,
O, men biroz tushunmay turdim.
Oy nurida, oynang oldida,
Tunda ikki soyani ko’rdim…

She’rlar muallifning veb-sahifasi (www.mushoira.uz/)dan olindi

09

(Tashriflar: umumiy 1 715, bugungi 1)

Izoh qoldiring