Iqbol Mirzo. She’r parchalari & Iqbol Mirzo ‘She’r sehri’ teleloyihasida

Ashampoo_Snap_2017.04.29_22h30m26s_004_.png   1 май — Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо таваллудининг 50 йиллиги

    Ўсмирлик кезларимда япон адабиётини, хусусан, Акутагавани ўқиб, каттиқ таъсирлангандим. Ана шу таассурот туфайли бир талай эркин машқлар қилган эдим. (Улардан баъзилари 1988-йили “Ёшлик” журналининг 8-сонида чоп этилган). Бугун яна ўша дафтарлар қўлимга тушиб қолди. Ўқиб кўриб, яхлит асар бўлмаса-да, шеър унсурлари – парчаларидек туюлди. Балки ўзимники ўзимга ой кўринаётгандир, балки бу ҳиссиёт фақат менинг шахсий туйғуларимдир. Ҳар ҳолда, бу машқларни Сизга ҳавола этарканман, истиҳолам бор: ишқилиб, ғашингизга тегмаса бўлди (Муаллифдан)…

 

Иқбол Мирзо
ШЕЪРЛАР
007

 Iqbol-Mirzo.jpg  Иқбол Мирзо 1967 йилнинг 1 май куни Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги Қўштегирмон қишлоғида туғилган. 1984 йили ўрта мактабни тугатгач, Фарғона Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кириб, уни 1991 йили муваффақиятли якунлаган. Ўзбекистон халқ шоири. Республика Сенати аъзоси. Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари.
Иқбол Мирзо ижоди 90-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача унинг ўнлаб шеърий тўпламлари чоп этилган. Шоир шеърияти инсон руҳи, қалб ҳарорати силсилали туйғуларини ўзгача ифодалаши билан ажралиб туради.

007

Дераза пардаси

Дераза пардаси елкандай шишди,
Яна сени ўйлаб кўнглим увишди.
Сени олиб кетди қайси дарёлар?
Ҳамроҳинг бўлдилар қандай саболар?

Хонамга настарин бўйи бўйлади,
Сочлари райҳоним, сени ўйладим.
Бўйинг тўкилдими олис боғларга?
Кўнглинг кўникдими қарға, зоғларга?

Каптарлар бир-бирин суйиб ўпишди,
Хаёлим сен томон қуш бўлиб учди.
Сен нечун кетдинг, мен нечун кетказдим?
Қанотимга ўзим шикаст етказдим.

Дераза рахига бошимни қўйиб,
Ўйладим, ёмғирсиз ўтдими тўйинг?
Йиғламадим, фақат хўрсиндим холос,
Боладек жимгина ўксиндим холос.

Кўланка

Хушнуд лаҳзаларим бўлдими? Бўлди…
Ўчоқдан қучоққа келди аланга.
Паймона шаробга тўлдими? Тўлди…
Қалбда эса ўша оғир кўланка.

Хуррам сонияда ҳар бир ҳужайрам
Атиргулдек бўлиб оқди юракка.
Қумрилар оввора мен учун сайраб…
Қалбда эса ўша оғир кўланка.

Хушбахт онларимни эслайман: далда,
Кўмилиб ётибман ўту ўланга.
Чигиртка билан ой авж келган палла…
Қалбда эса ўша оғир кўланка.

Шу ерга элтади йўл ниҳояси,
Шу жойда ҳаммаси ажрар бўлакка.
Бу – Унинг кўзимдан кирган сояси…
Қалбда эса ўша оғир кўланка.

Армон

Ўзим билиб-билмай кўп гуноҳ қилдим,
Мўлроқ яшаб қўйдим мўлжалдагидан.
Ўлсам бўлмасмиди кўкка тикилиб,
Майсалар устида, гулнинг тагида…

Яшашдан чарчадим, зерикиб кетдим,
Менинг тор кўнглимга сиғмас байрамлар.
Дилимга илоннинг тиллари етди –
Пўст ташлаб, турланиб юрган найранглар.

Энди кун кўришим қийиндан-қийин,
Энди ҳаволар ҳам оғирдан-оғир.
Аччиқ-аччиқ йиғлаб, йўл юрган сайин
Узун-узун бўлиб судралар хотир.

Ўзим билиб туриб, кўп гуноҳ қилиб
Кўпроқ яшаб қўйдим мўлжалдагидан.
Ўлсам бўлмасмиди кўзларим тиниб,
Сув ичган чоғимда қизнинг кафтидан.

Энди мени қийнар қиёқнинг гули –
Нозик капалакнинг ҳидсиз қаноти.
Энди мени қийнар вақтида ўлиб,
Мени обкетмаган дўстимнинг ёди.

… Она, жунжикмангиз совуқ сўзлардан,
Мен энди ўлмайман, йиғламанг яна.
Фақат мақтов кутиб сузук қизлардан
Ёлғон шеърлар ёзиб чарчадим, она.

Фақат ўзим билмай кўп гуноҳ қилиб,
Мўлроқ яшаб қўйдим мўлжалдагидан.
Ўлсам бўлар экан кўзларим кулиб,
Беланчак ичида, толнинг тагида…

Кечагина ғўр шоир эдим…

Кечагина ғўр шоир эдим,
Ғўр эдим-у, зўр шоир эдим.

Шеър тўқирдим дангал, қўрқмасдан
Ва ўқирдим ҳар гал қўрқмасдан.

Бугун эса ўйлаб ёзаман,
Битта шеърни ойлаб ёзаман.

Ғазал битсам, бирор жононга
Тегмасмикан қуда томонга?

Атрофимда қиз кўп, аёл кўп,
Жавоб берай десам савол кўп.

На кўнглимни тўка оламан,
На ўғлимни сўка оламан.

Шаббодалар сўз бўлиб оқар,
Юлдузлар ҳам кўз бўлиб боқар.

Унвони бор катта шоирман,
Лек ўлгудай латта шоирман.

Кечагина ғўр шоир эдим,
Ғўр эдим-у, зўр шоир эдим…

***

Дўстларинг кўп бўлса, душман шарт эмас,
Дўстона сотишар сирингни олиб.
Йўқ, улар атайин қилмайдилар қасд,
Дўстона бурашар буровлар солиб.

***

Фузулий лутф этиб кетган бир замон,
Гўзаллар вафосиз, алдоқчи дедим.
Ёнингда қолишга йўқ эди имкон,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.

***

Ёмон одамлар йўқ дунёда буткул,
Ёмон хаёллар бор, ёмон ўйлар бор.
Касалга чалинса агар атиргул
Хазон нафаси бор, хазон бўйлар бор.

Баъзан кўз етолмай қолар юлдузга,
Мавҳум кўланка бор, оғир булут бор.
Ёмон одамлар йўқ, дедим-ку сизга,
Ёмон шароит бор, ёмон муҳит бор.

Каззобни онаси суяр эркалаб,
Боласи суйкалар, ўпади дилдор.
Аслида ҳаммамиз яхшилик тараф,
Ёмон одамлар йўқ, манфаатлар бор.

***

Жонин ҳузурини ўйлайди кўплар,
Ўзларин жиловлаб, тўхта, дейдилар.
Эҳтиёж туғилса тўғри сўзга гар,
Афсус, Озод домла йўқ-да, дейдилар.

Курмак босган ўзбек адабиётин,
Ким бунга қўяди нуқта, дейдилар.
Ҳаёт бўлганда-ку берарди додин,
Афсус, Озод домла йўқ-да, дейдилар.

Чумчуқни булбул деб ёзган сизмасми?
Хайф сизнинг амалу унвонларингиз!
Йўқ иймон оғриғи дилни эзмасми?
Оғриқ бермасми йўқ виждонларингиз?

***

Йўталса, ўз шевасида йўталади,
Кўтарса, ўз хешларини кўтаради.
Лойга ботиб қолса ногоҳ ўтараванг,
Рақамингга қараб кейин итаради.

Истайсизми-йўқми…

Истайсизми-йўқми, гардун айланар,
Истайсизми-йўқми, қайтиб келаман.
Соғинмаган кўзингиздан айланай,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Ой ботади – юлдузларнинг ҳабиби,
Тонг отади, таънаси йўқ самимий.
Табиатнинг қонунидек табиий –
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Қучоғига яширмайди хиёбон,
Ўртамизда удум отлиғ биёбон.
Сизга нима, куйсам ўзим куяман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Чақмоқ калит бўлди қулфи дилимга,
Тегмаган бир қизнинг зулфи дилимга.
Сиздан ўзга хон йўқ мулки дилимга,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман

Бошингизда япроқ бўлиб айтаман,
Пойингизда тупроқ бўлиб айтаман.
Тупроқдаям муштоқ бўлиб айтаман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

«ШЕЪР ПАРЧАЛАРИ» ТУРКУМИДАН

***

Сирдарёга узун музкўприк солди
Худойим.
Мен висолдан умид узганман.

***

Оғоч шохидаги ягона япроқ
Кўклам қадар осилиб турди
Медалга ўхшаб.

***

Сукунатни учириб юборди
Мусича.
Мен қабрни силаб,
Ассалому алайкум, дедим.

***

Қабристонда аччиқ изғирин елди.
Мен қабр устига ўзимни ёпдим.

***

Мозор бошига чиқиб,
Даҳмани
Қорлардан кафтим билан тозаладим.

***

Уйларнинг
Биринчи қавати ойналарида
Ҳаёт акс этарди.

***

Ток зангига илинган
Йўнғичқа ширасидан қасмоқ бойлаган
Ўроққа
Тўлин ой тўр ташлади.

***

Кўчада
Сенга хат ёзаётгандим
Қўлларин узатиб
Тиланчи келди.

***

Мен узоқ қараб қолдим унга:
Жудаям одамга ўхшар эди у.

***

У
Оғзидан чиққан ҳовури билан
Яширмоқчи бўлди кўзини.

***

Пайкал қўриқчисига
Чопон кийгизиб қўйишибди.
Дўпписиз кулгули кўринди.

***

Шамолдек келдию
Шамолдек кетди.
Ҳилпираб қолди юрак.

***

Сафархалтамга
Навоийни солиб қўй!
Мен узоққа кетяпман.

***

Болалигимда қуш тилини билардим.
Энди ҳайвонлар тилини ҳам биламан.

***

Увилдириқ каби
Балиқ бўласанми
Ё ем –
Худо билади.

***

Наврўз
Ҳар кимнинг ҳолига яраша
Шодлик улашар.

***

Хижолатли табассум билан узрхоҳ
Апил-тапил,
Иккиланиб,
Йўлимни кесиб ўтди
Аёл.

***

Бобур ҳовучлаб сув ичган
Булоқлар
Мўлт-мўлт қайнайди.

***

Овози бор унинг,
Андишаси бор,
Фаросати – таъби назми бор.
Қўшиқ айтолмади.

***

Билиб туриб сувга
Суврат соларкан,
Келажакни ўйлаб энтикар.

***

Турмуш йўлларида шалағи чиққан
Синфдош дўстим
Тўхтамасдан ўтиб кетди ёнимдан.

***

Бозорда –
Шайтоннинг тўйхонасида
Рақс тушиб, исириқ тутатиб юрар
Фаришта.

***

Дўрмон –
Адабий ўрмон.
Булбулни излаб юрибман.

***

Қодирийни кўрган,
Чўлпонни кўрган,
Усмонларни кўрган жўка дарахти турар
Ҳеч нарса кўрмагандек.

***

У шунчалар ғариб эдики,
Ҳаддан ташқари баҳайбат кўринарди
Ордени.

***

Мен келдим, деди у.
Хаёли ўзида эмасди.

***
Довон тепасида
Ой очилган,
Юлдузлар йирик.
Пастга тушгим келмайди сира.

***
Ҳамма баравар гапиряпти.
Қарсак чаладиган одам йўқ.

***

Ёнимдан
Бир қиз ўтди шошиб.
Мен ўзимдан уялиб кетдим.

***

Кимда аламинг бор?
Кимда ўчинг бор?
Мунча увиллайсан,
Қўқон шамоли?

***

Тошкентгача
Учоқда
Худо билан бирга учдим.

***

Атиргул ғунчаси
Қирмиз қабосини қайирди аста.
Сенинг нафасинг келди.

***

Пуч курмакни ортмоқлаб,
Кучаниб боряпти чумоли.
Ҳаво дим.

***

Олма оғочи пўстлоғи ичра
Бир бирига қараб узоқ
Тек қолди бир жуфт чумоли.

***

Юраги кичрайиб,
Ғаши катталашиб борарди:
Ҳамма нарса тегаверади.

***

“Поқ” этиб тушдию
Пўстлоғидан ажраб
Илгарилаб кетди ёнғоқ.

***

Эшикни оч, қўноқ келди, деб
Қилич дастаси-ла қоқди эшикни.

***

Заъфарон токзордан май ҳиди анқир.
Ўпкам тўлиб,
Сархуш юрибман.

***

Шудрингга
Ўзини солди
Хонқизи.

***

Паға-паға ёғди қор.
Томлар кўпириб кетди
Этигимни яшириб қўйди онам.

***

Кўзингда
Ўзимнинг
Аксимни кўрдим.

***

Кўзойнак
Капалакдек қўнди
Бурнимга.

***

Ҳамма нарса бор деди у.
Ҳамма
Нарса.

***

Гултожихўрознинг попуги қорайибди.
Кампир тараддудда
Самога боқди.

***

Сандалнинг ўти ўчган.
Тургим келмас ўрнимдан.
Кўксимда мушук ётибди.

***

Томирлари ёмғир чувалчанг каби
Кўкиш қўллари билан
Дастурхонни узоқ сийпади.

***

Боғи чаман бўлгани сари
Тўзғиб боряпти
Ўзи.

***

“Чўлп” этиб ариқчага сакради
Бақа.
Қиз шошилиб дарчани очди.

***

Бодроқ пахтазорга
Оппоқ қуёнчалар қайдан келди?
Тутиб бўлармикан уларни?

***

Қиз сесканиб қўлини тортди.
Бармоғимда қолди
Узуги.

***

Сўфи азон чақирди.
Мезанадан шошилиб тушиб,
Ҳовлисига югуриб кетди.

***

Юлдузлар кўп учди бу кеча.
Уйқум ўчди.
Йиғлагим келди.

***

Яшириб шеър ёзардим.
Билардим
Шоирлик уят ишлигин.

***

Сенга мақтангим келяпти.
Севиб қолдиммикан.

***

Денгиз албатта тўлади деди
Қийиқ чол.
Ўпкам тўлиб кетди.

***

Шоирман деб
Ирилларди у.

***

Навоийнинг кўзларига
Қиёматда
Қандай қараймиз?

***

“Манфаат” деганда
“Ман”га берарди
Урғу

***

Унинг исмини айтди-ю
Димоғини ёпди
Енги билан.

***

Қия эшик устига
Ин солибди
Мусича.

***

Тўрга чиқинг, тўрга, қистади мезбон.
Тўрга тушинг,
Деса ҳам бўларди.

***

Борлигингни билсам,
Туғилмас эдим.

***

Мени бунча қийноққа солиб,
Қандай сирни олмоқчисан?
Нимани билмоқчисан, фалак!

***

Куйлагин
Овозинг йўқолмай туриб,
Мени сев…

***

Бўсағада ётиб,
Эшикни муштлаб,
Жонини Жабборга берди.

***

Шундан кейин
Сенга қандай ишонай, севай,
Одам боласи?

***

Сендан хат олдим!
Энди уни ўқиш шарт эмас!

***

Ўзимни
Дўзахга
Ҳозирлаяпман.

***

Севмасанг ураман.
Соғинмасанг ўлдираман.

***

Юрагим атрофида
Яна бир ўзим қолдим.

***

Ўзимга ўзим қоровул.
Уйғонишим билан
Сакраб тураман.

***

Акам билан қалин дўст эдим.
Кейин у бойиб
Кетди.

***

Ернинг тортиш кучи
Кучайиб борар.
Эгилиб боряпти тобора қаддим.

***

Янги босилган пул
Қўлни кесиши мумкин.

***

Ёшликдаги сувратинг кўрдим.
Менинг бошқа йўлим йўқ экан.

***

Ҳовуз тубида
Соямнинг
Кўланкасини кўрдим.

***

У бахтсиз эмас,
Бахти қаро эмас,
Бадбахт эди.

***

Дўстлик ҳақида гапириб
Ҳаммамизни
Роса кулдирди.

***

У
Оғиз жуфтлади
Хўрсиниш учун.

***

Иштаҳаси билан
Ҳар қанча
Мақтанса арзийди.

***

Ўғри, талончи, қароқчи ажал,
Тунамаган хонадонинг йўқ.

***

Ажал кўз қисиб,
Муздек бармоғини
Лабимга босди.

***

Қовурғам соп бўлди,
Юрак – ойболта.

***

Мен ўлмайман,
Деб ўйлардим
Сен ўлгунча.

***

Аввал
Ўзингни қур,
Ўзингни ярат!

***

У мени беғараз яхши кўрарди.
Ҳолбуки,
Дўст эдик.

***

Сен келма,
Мен ўзим бораман,
Баҳор!

***

Косани ким синдирди?
Ўғил отага,
Ота ўғилга қарар.

***

Чироқ ўчиб ёнса,
Бошқа
Қиёфа.

***

Шу қишдан чиқиб олсак,
Кўкламга етиб олсак,
Хеч қачон ўлмаймиз.

***

Заҳри маргингга ич,
Деб қуйди
Ёмғир.

***

Нағма эмас,
Наъма қиларди булбул.

***

Бир тутам булут чиқса бас кўкка,
Суякларим қақшаб,
Юрак увишар.

***

Севги десанг,
Дарров
Ечинар эди.

***

Буларинг
Бошқача боғлайди
Туфли ипини ҳам.

***

Қўрқма,
Сенинг кўркинг кетгани сари
Хиралашиб боряпти кўзим.

***

Мени кўрса тутоқиб кетар.
Ўз ёшлигин кўради
Менда.

***

У энди
Ўзига
Тақлид қиларди.

***

Ўз ҳаётининг
Учинчи даражали
Қаҳрамони эди у.

Манба: «Ёшлар» журналининг 2012 йил 4-сони

1 may — O‘zbekiston xalq shoiri Iqbol Mirzo tavalludining 50 yilligi

O‘smirlik kezlarimda yapon adabiyotini, xususan, Akutagavani o‘qib, kattiq ta’sirlangandim. Ana shu taassurot tufayli bir talay erkin mashqlar qilgan edim. (Ulardan ba’zilari 1988-yili “Yoshlik” jurnalining 8-sonida chop etilgan). Bugun yana o‘sha daftarlar qo‘limga tushib qoldi. O‘qib ko‘rib, yaxlit asar bo‘lmasa-da, she’r unsurlari – parchalaridek tuyuldi. Balki o‘zimniki o‘zimga oy ko‘rinayotgandir, balki bu hissiyot faqat mening shaxsiy tuyg‘ularimdir. Har holda, bu mashqlarni Sizga havola etarkanman, istiholam bor: ishqilib, g‘ashingizga tegmasa bo‘ldi (Muallifdan)…

Iqbol Mirzo
SHE’RLAR
007

image.jpg Iqbol Mirzo 1967 yilning 1 may kuni Farg‘ona viloyatining Bag‘dod tumanidagi Qo‘shtegirmon qishlog‘ida tug‘ilgan. 1984 yili o‘rta maktabni tugatgach, Farg‘ona Davlat pedagogika institutining o‘zbek tili va adabiyoti fakultetiga o‘qishga kirib, uni 1991 yili muvaffaqiyatli yakunlagan. O‘zbekiston xalq shoiri. Respublika Senati a’zosi. Yozuvchilar uyushmasi raisining o‘rinbosari.
Iqbol Mirzo ijodi 90-yillardan boshlangan bo‘lib, shu kungacha uning o‘nlab she’riy to‘plamlari chop etilgan. Shoir she’riyati inson ruhi, qalb harorati silsilali tuyg‘ularini o‘zgacha ifodalashi bilan ajralib turadi.

007

Deraza pardasi

Deraza pardasi yelkanday shishdi,
Yana seni o‘ylab ko‘nglim uvishdi.
Seni olib ketdi qaysi daryolar?
Hamrohing bo‘ldilar qanday sabolar?

Xonamga nastarin bo‘yi bo‘yladi,
Sochlari rayhonim, seni o‘yladim.
Bo‘ying to‘kildimi olis bog‘larga?
Ko‘ngling ko‘nikdimi qarg‘a, zog‘larga?

Kaptarlar bir-birin suyib o‘pishdi,
Xayolim sen tomon qush bo‘lib uchdi.
Sen nechun ketding, men nechun ketkazdim?
Qanotimga o‘zim shikast yetkazdim.

Deraza raxiga boshimni qo‘yib,
O‘yladim, yomg‘irsiz o‘tdimi to‘ying?
Yig‘lamadim, faqat xo‘rsindim xolos,
Boladek jimgina o‘ksindim xolos.

Ko‘lanka

Xushnud lahzalarim bo‘ldimi? Bo‘ldi…
O‘choqdan quchoqqa keldi alanga.
Paymona sharobga to‘ldimi? To‘ldi…
Qalbda esa o‘sha og‘ir ko‘lanka.

Xurram soniyada har bir hujayram
Atirguldek bo‘lib oqdi yurakka.
Qumrilar ovvora men uchun sayrab…
Qalbda esa o‘sha og‘ir ko‘lanka.

Xushbaxt onlarimni eslayman: dalda,
Ko‘milib yotibman o‘tu o‘langa.
Chigirtka bilan oy avj kelgan palla…
Qalbda esa o‘sha og‘ir ko‘lanka.

Shu yerga eltadi yo‘l nihoyasi,
Shu joyda hammasi ajrar bo‘lakka.
Bu – Uning ko‘zimdan kirgan soyasi…
Qalbda esa o‘sha og‘ir ko‘lanka.

Armon

O‘zim bilib-bilmay ko‘p gunoh qildim,
Mo‘lroq yashab qo‘ydim mo‘ljaldagidan.
O‘lsam bo‘lmasmidi ko‘kka tikilib,
Maysalar ustida, gulning tagida…

Yashashdan charchadim, zerikib ketdim,
Mening tor ko‘nglimga sig‘mas bayramlar.
Dilimga ilonning tillari yetdi –
Po‘st tashlab, turlanib yurgan nayranglar.

Endi kun ko‘rishim qiyindan-qiyin,
Endi havolar ham og‘irdan-og‘ir.
Achchiq-achchiq yig‘lab, yo‘l yurgan sayin
Uzun-uzun bo‘lib sudralar xotir.

O‘zim bilib turib, ko‘p gunoh qilib
Ko‘proq yashab qo‘ydim mo‘ljaldagidan.
O‘lsam bo‘lmasmidi ko‘zlarim tinib,
Suv ichgan chog‘imda qizning kaftidan.

Endi meni qiynar qiyoqning guli –
Nozik kapalakning hidsiz qanoti.
Endi meni qiynar vaqtida o‘lib,
Meni obketmagan do‘stimning yodi.

… Ona, junjikmangiz sovuq so‘zlardan,
Men endi o‘lmayman, yig‘lamang yana.
Faqat maqtov kutib suzuk qizlardan
Yolg‘on she’rlar yozib charchadim, ona.

Faqat o‘zim bilmay ko‘p gunoh qilib,
Mo‘lroq yashab qo‘ydim mo‘ljaldagidan.
O‘lsam bo‘lar ekan ko‘zlarim kulib,
Belanchak ichida, tolning tagida…

Kechagina g‘o‘r shoir edim…

Kechagina g‘o‘r shoir edim,
G‘o‘r edim-u, zo‘r shoir edim.

She’r to‘qirdim dangal, qo‘rqmasdan
Va o‘qirdim har gal qo‘rqmasdan.

Bugun esa o‘ylab yozaman,
Bitta she’rni oylab yozaman.

G‘azal bitsam, biror jononga
Tegmasmikan quda tomonga?

Atrofimda qiz ko‘p, ayol ko‘p,
Javob beray desam savol ko‘p.

Na ko‘nglimni to‘ka olaman,
Na o‘g‘limni so‘ka olaman.

Shabbodalar so‘z bo‘lib oqar,
Yulduzlar ham ko‘z bo‘lib boqar.

Unvoni bor katta shoirman,
Lek o‘lguday latta shoirman.

Kechagina g‘o‘r shoir edim,
G‘o‘r edim-u, zo‘r shoir edim…

***

Do‘stlaring ko‘p bo‘lsa, dushman shart emas,
Do‘stona sotishar siringni olib.
Yo‘q, ular atayin qilmaydilar qasd,
Do‘stona burashar burovlar solib.

***

Fuzuliy lutf etib ketgan bir zamon,
Go‘zallar vafosiz, aldoqchi dedim.
Yoningda qolishga yo‘q edi imkon,
Men sening yodingda qolmoqchi edim.

***

Yomon odamlar yo‘q dunyoda butkul,
Yomon xayollar bor, yomon o‘ylar bor.
Kasalga chalinsa agar atirgul
Xazon nafasi bor, xazon bo‘ylar bor.

Ba’zan ko‘z yetolmay qolar yulduzga,
Mavhum ko‘lanka bor, og‘ir bulut bor.
Yomon odamlar yo‘q, dedim-ku sizga,
Yomon sharoit bor, yomon muhit bor.

Kazzobni onasi suyar erkalab,
Bolasi suykalar, o‘padi dildor.
Aslida hammamiz yaxshilik taraf,
Yomon odamlar yo‘q, manfaatlar bor.

***

Jonin huzurini o‘ylaydi ko‘plar,
O‘zlarin jilovlab, to‘xta, deydilar.
Ehtiyoj tug‘ilsa to‘g‘ri so‘zga gar,
Afsus, Ozod domla yo‘q-da, deydilar.

Kurmak bosgan o‘zbek adabiyotin,
Kim bunga qo‘yadi nuqta, deydilar.
Hayot bo‘lganda-ku berardi dodin,
Afsus, Ozod domla yo‘q-da, deydilar.

Chumchuqni bulbul deb yozgan sizmasmi?
Xayf sizning amalu unvonlaringiz!
Yo‘q iymon og‘rig‘i dilni ezmasmi?
Og‘riq bermasmi yo‘q vijdonlaringiz?

***

Yo‘talsa, o‘z shevasida yo‘taladi,
Ko‘tarsa, o‘z xeshlarini ko‘taradi.
Loyga botib qolsa nogoh o‘taravang,
Raqamingga qarab keyin itaradi.

Istaysizmi-yo‘qmi…

Istaysizmi-yo‘qmi, gardun aylanar,
Istaysizmi-yo‘qmi, qaytib kelaman.
Sog‘inmagan ko‘zingizdan aylanay,
Istaysizmi-yo‘qmi, sizni sevaman.

Oy botadi – yulduzlarning habibi,
Tong otadi, ta’nasi yo‘q samimiy.
Tabiatning qonunidek tabiiy –
Istaysizmi-yo‘qmi, sizni sevaman.

Quchog‘iga yashirmaydi xiyobon,
O‘rtamizda udum otlig‘ biyobon.
Sizga nima, kuysam o‘zim kuyaman,
Istaysizmi-yo‘qmi, sizni sevaman.

Chaqmoq kalit bo‘ldi qulfi dilimga,
Tegmagan bir qizning zulfi dilimga.
Sizdan o‘zga xon yo‘q mulki dilimga,
Istaysizmi-yo‘qmi, sizni sevaman

Boshingizda yaproq bo‘lib aytaman,
Poyingizda tuproq bo‘lib aytaman.
Tuproqdayam mushtoq bo‘lib aytaman,
Istaysizmi-yo‘qmi, sizni sevaman.

“SHE’R PARCHALARI” TURKUMIDAN

***

Sirdaryoga uzun muzko‘prik soldi
Xudoyim.
Men visoldan umid uzganman.

***

Og‘och shoxidagi yagona yaproq
Ko‘klam qadar osilib turdi
Medalga o‘xshab.

***

Sukunatni uchirib yubordi
Musicha.
Men qabrni silab,
Assalomu alaykum, dedim.

***

Qabristonda achchiq izg‘irin yeldi.
Men qabr ustiga o‘zimni yopdim.

***

Mozor boshiga chiqib,
Dahmani
Qorlardan kaftim bilan tozaladim.

***

Uylarning
Birinchi qavati oynalarida
Hayot aks etardi.

***

Tok zangiga ilingan
Yo‘ng‘ichqa shirasidan qasmoq boylagan
O‘roqqa
To‘lin oy to‘r tashladi.

***

Ko‘chada
Senga xat yozayotgandim
Qo‘llarin uzatib
Tilanchi keldi.

***

Men uzoq qarab qoldim unga:
Judayam odamga o‘xshar edi u.

***

U
Og‘zidan chiqqan hovuri bilan
Yashirmoqchi bo‘ldi ko‘zini.

***

Paykal qo‘riqchisiga
Chopon kiygizib qo‘yishibdi.
Do‘ppisiz kulguli ko‘rindi.

***

Shamoldek keldiyu
Shamoldek ketdi.
Hilpirab qoldi yurak.

***

Safarxaltamga
Navoiyni solib qo‘y!
Men uzoqqa ketyapman.

***

Bolaligimda qush tilini bilardim.
Endi hayvonlar tilini ham bilaman.

***

Uvildiriq kabi
Baliq bo‘lasanmi
Yo yem –
Xudo biladi.

***

Navro‘z
Har kimning holiga yarasha
Shodlik ulashar.

***

Xijolatli tabassum bilan uzrxoh
Apil-tapil,
Ikkilanib,
Yo‘limni kesib o‘tdi
Ayol.

***

Bobur hovuchlab suv ichgan
Buloqlar
Mo‘lt-mo‘lt qaynaydi.

***

Ovozi bor uning,
Andishasi bor,
Farosati – ta’bi nazmi bor.
Qo‘shiq aytolmadi.

***

Bilib turib suvga
Suvrat solarkan,
Kelajakni o‘ylab entikar.

***

Turmush yo‘llarida shalag‘i chiqqan
Sinfdosh do‘stim
To‘xtamasdan o‘tib ketdi yonimdan.

***

Bozorda –
Shaytonning to‘yxonasida
Raqs tushib, isiriq tutatib yurar
Farishta.

***

Do‘rmon –
Adabiy o‘rmon.
Bulbulni izlab yuribman.

***

Qodiriyni ko‘rgan,
Cho‘lponni ko‘rgan,
Usmonlarni ko‘rgan jo‘ka daraxti turar
Hech narsa ko‘rmagandek.

***

U shunchalar g‘arib ediki,
Haddan tashqari bahaybat ko‘rinardi
Ordeni.

***

Men keldim, dedi u.
Xayoli o‘zida emasdi.

***
Dovon tepasida
Oy ochilgan,
Yulduzlar yirik.
Pastga tushgim kelmaydi sira.

***
Hamma baravar gapiryapti.
Qarsak chaladigan odam yo‘q.

***

Yonimdan
Bir qiz o‘tdi shoshib.
Men o‘zimdan uyalib ketdim.

***

Kimda alaming bor?
Kimda o‘ching bor?
Muncha uvillaysan,
Qo‘qon shamoli?

***

Toshkentgacha
Uchoqda
Xudo bilan birga uchdim.

***

Atirgul g‘unchasi
Qirmiz qabosini qayirdi asta.
Sening nafasing keldi.

***

Puch kurmakni ortmoqlab,
Kuchanib boryapti chumoli.
Havo dim.

***

Olma og‘ochi po‘stlog‘i ichra
Bir biriga qarab uzoq
Tek qoldi bir juft chumoli.

***

Yuragi kichrayib,
G‘ashi kattalashib borardi:
Hamma narsa tegaveradi.

***

“Poq” etib tushdiyu
Po‘stlog‘idan ajrab
Ilgarilab ketdi yong‘oq.

***

Eshikni och, qo‘noq keldi, deb
Qilich dastasi-la qoqdi eshikni.

***

Za’faron tokzordan may hidi anqir.
O‘pkam to‘lib,
Sarxush yuribman.

***

Shudringga
O‘zini soldi
Xonqizi.

***

Pag‘a-pag‘a yog‘di qor.
Tomlar ko‘pirib ketdi
Etigimni yashirib qo‘ydi onam.

***

Ko‘zingda
O‘zimning
Aksimni ko‘rdim.

***

Ko‘zoynak
Kapalakdek qo‘ndi
Burnimga.

***

Hamma narsa bor dedi u.
Hamma
Narsa.

***

Gultojixo‘rozning popugi qorayibdi.
Kampir taraddudda
Samoga boqdi.

***

Sandalning o‘ti o‘chgan.
Turgim kelmas o‘rnimdan.
Ko‘ksimda mushuk yotibdi.

***

Tomirlari yomg‘ir chuvalchang kabi
Ko‘kish qo‘llari bilan
Dasturxonni uzoq siypadi.

***

Bog‘i chaman bo‘lgani sari
To‘zg‘ib boryapti
O‘zi.

***

“Cho‘lp” etib ariqchaga sakradi
Baqa.
Qiz shoshilib darchani ochdi.

***

Bodroq paxtazorga
Oppoq quyonchalar qaydan keldi?
Tutib bo‘larmikan ularni?

***

Qiz seskanib qo‘lini tortdi.
Barmog‘imda qoldi
Uzugi.

***

So‘fi azon chaqirdi.
Mezanadan shoshilib tushib,
Hovlisiga yugurib ketdi.

***

Yulduzlar ko‘p uchdi bu kecha.
Uyqum o‘chdi.
Yig‘lagim keldi.

***

Yashirib she’r yozardim.
Bilardim
Shoirlik uyat ishligin.

***

Senga maqtangim kelyapti.
Sevib qoldimmikan.

***

Dengiz albatta to‘ladi dedi
Qiyiq chol.
O‘pkam to‘lib ketdi.

***

Shoirman deb
Irillardi u.

***

Navoiyning ko‘zlariga
Qiyomatda
Qanday qaraymiz?

***

“Manfaat” deganda
“Man”ga berardi
Urg‘u

***

Uning ismini aytdi-yu
Dimog‘ini yopdi
Yengi bilan.

***

Qiya eshik ustiga
In solibdi
Musicha.

***

To‘rga chiqing, to‘rga, qistadi mezbon.
To‘rga tushing,
Desa ham bo‘lardi.

***

Borligingni bilsam,
Tug‘ilmas edim.

***

Meni buncha qiynoqqa solib,
Qanday sirni olmoqchisan?
Nimani bilmoqchisan, falak!

***

Kuylagin
Ovozing yo‘qolmay turib,
Meni sev…

***

Bo‘sag‘ada yotib,
Eshikni mushtlab,
Jonini Jabborga berdi.

***

Shundan keyin
Senga qanday ishonay, sevay,
Odam bolasi?

***

Sendan xat oldim!
Endi uni o‘qish shart emas!

***

O‘zimni
Do‘zaxga
Hozirlayapman.

***

Sevmasang uraman.
Sog‘inmasang o‘ldiraman.

***

Yuragim atrofida
Yana bir o‘zim qoldim.

***

O‘zimga o‘zim qorovul.
Uyg‘onishim bilan
Sakrab turaman.

***

Akam bilan qalin do‘st edim.
Keyin u boyib
Ketdi.

***

Yerning tortish kuchi
Kuchayib borar.
Egilib boryapti tobora qaddim.

***

Yangi bosilgan pul
Qo‘lni kesishi mumkin.

***

Yoshlikdagi suvrating ko‘rdim.
Mening boshqa yo‘lim yo‘q ekan.

***

Hovuz tubida
Soyamning
Ko‘lankasini ko‘rdim.

***

U baxtsiz emas,
Baxti qaro emas,
Badbaxt edi.

***

Do‘stlik haqida gapirib
Hammamizni
Rosa kuldirdi.

***

U
Og‘iz juftladi
Xo‘rsinish uchun.

***

Ishtahasi bilan
Har qancha
Maqtansa arziydi.

***

O‘g‘ri, talonchi, qaroqchi ajal,
Tunamagan xonadoning yo‘q.

***

Ajal ko‘z qisib,
Muzdek barmog‘ini
Labimga bosdi.

***

Qovurg‘am sop bo‘ldi,
Yurak – oybolta.

***

Men o‘lmayman,
Deb o‘ylardim
Sen o‘lguncha.

***

Avval
O‘zingni qur,
O‘zingni yarat!

***

U meni beg‘araz yaxshi ko‘rardi.
Holbuki,
Do‘st edik.

***

Sen kelma,
Men o‘zim boraman,
Bahor!

***

Kosani kim sindirdi?
O‘g‘il otaga,
Ota o‘g‘ilga qarar.

***

Chiroq o‘chib yonsa,
Boshqa
Qiyofa.

***

Shu qishdan chiqib olsak,
Ko‘klamga yetib olsak,
Xech qachon o‘lmaymiz.

***

Zahri margingga ich,
Deb quydi
Yomg‘ir.

***

Nag‘ma emas,
Na’ma qilardi bulbul.

***

Bir tutam bulut chiqsa bas ko‘kka,
Suyaklarim qaqshab,
Yurak uvishar.

***

Sevgi desang,
Darrov
Yechinar edi.

***

Bularing
Boshqacha bog‘laydi
Tufli ipini ham.

***

Qo‘rqma,
Sening ko‘rking ketgani sari
Xiralashib boryapti ko‘zim.

***

Meni ko‘rsa tutoqib ketar.
O‘z yoshligin ko‘radi
Menda.

***

U endi
O‘ziga
Taqlid qilardi.

***

O‘z hayotining
Uchinchi darajali
Qahramoni edi u.

Manba: “Yoshlar” jurnalining 2012 yil 4-soni

002

(Tashriflar: umumiy 18 172, bugungi 3)

Izoh qoldiring