Umid Bekmuhammad. Daryoga cho’kmagan… arxeolog

Ashampoo_Snap_2017.04.29_23h25m12s_005_.png1 май — Тарихчи – археолог олим Яҳё Ғуломович Ғуломов таваллуд топган кун

1936 йил. Қадимий Амударё қирғоқларидаги кўҳна қаълаларни текшириш учун бир ёш археолог ва ҳамроҳлари қайиқда сузиб боришарди. Қайиқ Туямуйин дарасига кирар-кирмас, тўсатдан кучли шамол бошланиб, дарёда кучли тўлқин кўтарилди. Беш дақиқагина олдин оҳистагина сузиб бораётган қайиқ гоҳ кўтарилиб, тўлқин тепасига миниб олар, сўнгра тоғдан думалатилган харсангек пастга мункиб кетар, баъзан тўлқин зарбидан гоҳ у, гоҳ бу томонга қийшаяр ва яна янги тўлқинга урилиб тикланарди. Ногоҳ даҳшатли фалокат юз бериб, бешафқат тўлқин икки ёш қайиқчи йигитни қайиқдан юлиб олиб, ўзи билан олиб кетди.

Умид Бекмуҳаммад
ДАРЁГА ЧЎКМАГАН…АРХЕОЛОГ
06

1936 йил. Қадимий Амударё қирғоқларидаги кўҳна қаълаларни текшириш учун бир ёш археолог ва ҳамроҳлари қайиқда сузиб боришарди. Қайиқ Туямуйин дарасига кирар-кирмас, тўсатдан кучли шамол бошланиб, дарёда кучли тўлқин кўтарилди. Беш дақиқагина олдин оҳистагина сузиб бораётган қайиқ гоҳ кўтарилиб, тўлқин тепасига миниб олар, сўнгра тоғдан думалатилган харсангек пастга мункиб кетар, баъзан тўлқин зарбидан гоҳ у, гоҳ бу томонга қийшаяр ва яна янги тўлқинга урилиб тикланарди. Ногоҳ даҳшатли фалокат юз бериб, бешафқат тўлқин икки ёш қайиқчи йигитни қайиқдан юлиб олиб, ўзи билан олиб кетди. Қайиқда қолган кекса дарға ва унинг ёнидаги ёш йигит талвасага тушган, чунки улар қўлида таёқ ҳам, эшкак ҳам йўқ эди. Шу пайт нуроний дарға қайиқ ўртасида тиз чўкканча жон ҳолатда «Хубби, хубби, ўзинг мадад бер» дея ёлвора бошлади.

Бундай нидо ёш йигитни қўрқувдан халос қилиб тобора ҳайратга солди. Негаки, Хубби сўзи Ўрта Осиё ва Эронда кенг тарқалган оташпарастлик динида сув худоси ҳисобланар, бу сўз ҳалиги ёш йигит назарида фан учун қимматли этнографик маълумот эди

a89a609a6a9c0f12014b35a3f2a2c4e5.jpgХуллас, яратган эгам қайиқдагиларни ҳалокатдан, дарёга чўкишдан омон сақлади. Ҳалокатли дамдаям фанни ўйлаган ҳалиги ёш йигит Яҳё Ғуломов эди. Яҳё Ғуломов 1908 йилнинг 1 май куни Тошкентнинг Шайҳонтоҳур даҳасидаги Оқмачит маҳалласида туғилганди.Бўлажак археологнинг отаси Ғуломхон қадим Шошдаги довруқ таратган Хўжа Аҳрор мадрасасида мударрислик қилган, онаси Сорахон маҳалладаги мактабда қизларга сабоқ берарди. Ана шундай илмга ихлос қўйган оилада вояга етган Яҳё болалигидан зеҳнли бўлиб ўсди.Бироқ оила катта бўлиб, Ғуломхоннинг Эшонхон,Одилқори,Яҳё,Саидаҳмад.Акром ва Роқия исмли олтита фарзандлари билан бирга опасидан етим қолган тўртта ёшгина жиянлариям улар қарамоғида эди.Шу боис, қолаверса,Ғуломхон мудом мадрасадаги ишлар билан банд бўлганлиги сабабли , хонадонга қарашли боғнинг хўжалик юмушлари фарзандлари зиммасида бўлган.Яҳё ана шундай юмушлар билангина банд бўлиб қолмай, илмга ихлос қўйди.Дастлаб ота-онасидан сабоқ олган бўлса, кейин «Намуна» номли мактаб-интернатда таълим олди.Бу масканда у Ойбек,Буюк Каримов,Фотиҳ Орифов каби келажакдаги ўзбек халқининг етук зиёлилари бўлиб етишган илму фан намоёндалари билан бир гуруҳда таълим тарбия олди.Айни пайтда «Булутлар», «Турфа фолбин», «Гилам жаллоби» сингари ҳажвияларини мактабнинг деворий газетасида чоп этдирди.

Ўсмирликнинг завқли онларини шундай хушнудлик билан ўтказган Яҳё Ғуломов, 1927-30 йилларда Самарқанддаги ўзбек давлат педагогика академияси ижтимоий ва иқтисодий бўлимида таҳсил олади.Бу даргоҳда у Пўлат Солиев,Мусо Саиджонов,Василий Вяткиндек ўз даврининг етук олимларидан сабоқ олди.Айнан Самарқандда Яҳё Ғуломовнинг Вяткиндан сабоқ олиши, уни археологиядек сеҳрли фан оламига етаклади.Таҳсилни тугатгач, у Тошкентга қайтиб халқ комиссарлари кенгаши ҳузуридаги тарихий ёдгорликларни сақлаш ва илмий ўрганиш қўмитасида иш бошлайди.Шу тахлит унинг илмдаги дастлабки қадами ташланиб, у М.Массон, А.Якубовскийлар раҳбарлигида 1933 йилдан Термиз ва Зарафшондаги қадим обидаларда изланишлар олиб борди.

Археологияда маълум бир тажриба, кўникма орттиргач, 1936 йилдан дўсти Турди Мирғиёсов билан Хоразмда ўзининг мустақил тадқиқотларини бошлаб юборди.1937 йилдан бошлаб, улар сафига археолог А.И.Тереножкин ҳамда архитектор Б.Засипкинлар қўшилди.Бундай қараганда қум барханлари Хоразмдаги обидаларни ўз бағрига олганича қадим сир асрорларни маҳкам бекитиб олган, иш ғоят қийин эди.Бу ҳақда Яҳё Ғуломов ўз кундалигига ўша машаққатли онларни шундай битганди: «барханли қумликлар билан қопланган тақирлардан иборат бу зимзиё кўҳна ўлкада на машина ва на от арава юра олар эди.Отрядимизнинг асосий транспорт воситалари устига хуржинларида озиқ-овқат, кўрпа-тўшак, палатка, плажет, теадолит ҳамда қозон товоқ ва қумғон ортилган 5-6 эшаклардан иборат эди».Ана шундай машаққатларга қарамай, археологик гурух, Гулдурсун, Норинжонқаълада тадқиқотларини бошлаб юборди.Қум иссиғи археологларни чарчатсада топилаётган қадим осори атиқалар янада уларни ихлос билан тарихни ўрганишга ундарди.Баъзида эса қум барханлари орасида ҳалокатли воқеалар ҳам рўй бериб турарди.

Хусусан, 1937 йил ёзида Яҳё Ғуломов қадимги канал изларини харитага тушириш мақсадида, ёлғиз ўзи Норинжонқаъладан чиқиб, учраётган археологик материалларга қизиққанича,гуруҳ жойлашган ердан 10-12 км узоққа бориб қолади. Қолаверса, йўлда учраган ноёб топилмалар билан археолог елкасидаги сумка тобора оғирлашиб борар, йўл учун на нон, на сув олинганди.Бунинг устига жазирама иссиқдан, археолог чарчагани, чанқаганидан ортга қайтаркан, адашиб Тешикқаъла томон бориб қолади.

Куни билан у қумликдаги жазирамада юрганидан, сувсираганича оғзи қуриб, тили танглайига ёпишиб қолган, оёғида умуман мадориям қолмаганди.У зўрға ўтовга етиб бордию, остонага етгач йиқилиб ҳушидан кетди.Бошқа бир гал эса қайиқда дарё бўйлаб сузишаркан, дарёда тўлқин кўтарилиб, сувга чўкишига оз қолганди.Ўшанда яратган эгам омон-эсон уларни қирғоққа соғ чиқаргач,Яҳё Ғуломов кеч бўлиб қолганига қарамай, ёлғиз ўзи яна тўқайзорни кесиб ўтган якка оёқ йўлдан археологлар жойлашган гуруҳ томон йўл олади.Шунда у бир ҳалокатдан зўрға қутулиб, яна бир фалокатга йўлиқди: тўсатдан унинг олдидан бўрилар галаси чиқиб қолди.Бўрилар археологдан қирқ қадам наридаги қамишзорда қандайдир ҳайвонни ғажишарди.Яҳё Ғуломовни сезиб, бўриларнинг аввал қулоқлари диккайди-ю, сўнгра тумшуқларини юқори кўтариб, бирданига 5-6 та бўри археологнинг йўлини кесиб ўтиб, икки томонда худди карвондек тизилиб туришди.Шунда Яҳё Ғуломов қўрқиш аломатини сездирмай, қадамини бир хил босиб, йўл-йўлакай бир қўли билан қамиш попилтириқларидан юлиб, иккинчи қўли билан чўнтагидаги гугуртни олиб, уларни ёққанича маъшала қилиб олди.Бўрилар галаси ўлжасини еб тўйганиданми ё қамиш маъшаласидан қўрққаниданми, худо бу сафар ҳам археологни қутқариб, эсон-омон Тешикқаъладаги касбдошлари олдига етказди.

Ҳа, Яҳё Ғуломов ҳаётида шундай сермашаққат, қийин кунлар кўп бўлган.Аммо ундаги илмга фидойилик, тарихга ихлоснинг қаътийлиги боис, Яҳё Ғуломов археологияда кўплаб қадим қаълаларнинг сирини очиб. катта ўзгариш қилди.Айниқса Вяткиндек теран тарихчидан сўнг,Сергей Толстов билан Хоразмда кўп йиллар ҳамкорлик қилиши унинг илму фанда юксак натижаларга эришишига сабабчи бўлди.Хусусан,»Хоразмнинг суғорилиш тарихи» асари Яҳё Ғуломовнинг тарихшуносликда ғоят теран тадқиқотчи эканлигини кўрсатади.Чунончи, сунъий суғоришга асосланган қуйи Амударё халқлари ҳаётида оби ҳаётнинг тутган ўрни, асрлар мобайнида у билан боғлиқ бўлиб ўтган воқеа ҳодисалар монографияда ҳаққоний ёритилгани сабаб, асар кенг шуҳрат қозонди.Бундан ташқари, Яҳё Ғуломов 11 жаҳон уруши пайтида Тошкентга келган Россиялик Б.Греков, В.Струве,К.Тревер,А.Якубовский каби олимлар билан биргаликда «Ўзбекистон халқлари тарихи» асарини яратдики, бу асар ҳам уруш даври қийинчиликларига қарамай, илму фан билан шуғулланишга ҳаракат қилган олимларнинг фидойилиги эди.

Урушдан сўнг,Яҳё Ғуломов 1950 йили Москвада докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.Шунингдек, 1950-60 йилларда Зарафшон водийсининг қуйи қисмида археологик тадқиқотлар олиб борган Мохондарё экспедициясига раҳбарлик қилди.Археологлар Варахша, Мохондарё,Гурдуш ва Бужайли каби Зарафшондан ажралиб чиққан ўзанларда тадқиқотлар олиб бориб, катта натижаларга эришдилар.Мохондарё экспедицияси туфайли катта ва кичик Тузконда неолит даврига мансуб овчилар ва балиқчилар манзилгоҳи,бронза даврида яшаган кўчманчи чорвадорлар қароргоҳи, антик замонларга оид ашёлар,Ахсикентдаги нодир топилмалар ўрганилди.Шу каби Обираҳмат, Кўлбулоқ,Такалисойда кўплаб ибтидоий манзилгоҳлар топилди.

Академик Яҳё Ғуломов нафақат тарихчи олим, археологик экспедициялар натижасида тўпланган осори атиқаларни авайлаб сақлашга интилди, балки мозийни янада чуқур таҳлил эта оладиган тадқиқотчиларни етиштириш учун жон куйдириб,Россия шаҳарларидаги илм масканларига иқтидорли талабалар, аспирантларни йўллаб турди.1956-59 йилларда ЎЗФА тарих ва археология институтига директорлик қилган пайтида эса, тарихга оид қўлланма, монографиялар ёзиш учун тадқиқотчиларга етарлича шарт шароитлар яратиб бериш билан бирга, тарихчи аспирантлар учун қўшимча жой олишгаям муваффақ бўлди.

Айни пайтда эса у ўз давриниг фидойи кишиси ҳам эди.Кунларнинг бирида Яҳё Ғуломов «Вечерний Тошкент» газетасида пойтахтимиз кўчаларидан бирининг озода, шинамлиги ҳақидаги мақолани ўқиб қолади.Ёлғон ва мақтовдан иборат бу мақолани ўқигач, академикнинг фиғони фалакка чиқади.Чунки, тарихчи ушбу кўчадан ҳар кун ўтар, бу ер озода ва шинам эмас, ахлат уюмларига тўла вайрона эди.Ноҳақликка чидай олмайдиган Яҳё ака ҳақиқий вазият тўғрисидаги мақоласини ёзиб таҳририятга топширади.Муҳарририят эса уни босишга ботинаолмай, мақолани » танишиб чиқиш» учун шаҳар фирқа қўмитасига етказишади.У ердагилар бўлса олимни ҳашамдор хоналарига чақириб, академикга дўк пўписа қилиб дейишадики,»Ҳа,Тошкент сизга ёқмай қолдими?Ёқмаса, тўрт томонингиз қибла кетаверинг»

Бундай ҳақоратларга эса академик ғурур билан,»Мен Тошкентда туғилганман, киндик қоним шу ерда тўкилган ва мен шу ерда яшайман!Сенга ўхшаганлар келиб кетаверади» деб амалдорнинг хонасидан чиқиб кетади.  Шундан сўнг, шаҳар фирқа қўмитасидагилар ЎЗФАга археологнинг танобини тортиб қўйиш кераклиги ҳақида топшириқ беришади.

Табиийки, давр довулларига қарши чиқиш ёмон бўлишини академик яхши билар, аммо ноҳақликларга чидай олмасди. Хусусан, тарихий обидаларга эътиборсизлик, пахта майдонларини кенгайтириш баҳонасида, ноёб обидаларга шикаст етиб, йўқ қилиб юборилаётганидан куюниб, республика раҳбарларига мурожаат қилади.Лаганбардор, ўзини фирқа фаоли сановчилар эса, раҳбар номига йўлланган хат билан танишгач, катта идорада катта йиғин чақиришиб,Яҳё Ғуломовга обдон насиҳат қилишиб, бу ишингиз ўзингизга ёмон бўлади дея гап уқтиришади.Шунда фаоллардан бири, академикни кечирим сўратдириш ниятида, «Яҳё Ғуломович, балки бу хатни сиз ёзмагандирсиз, тобингиз йўқлигида шогирдларингиз ёзгандир, раҳбарлардан шуни айтиб узр сўрасангиз бўларди» дея тилёғмалик қилган.

Бунга жавобан Яҳё ака, » Йўқ! Бу хатни соппа-соғ вақтимда, ўзим, ўз қўлим билан ёзганман.Бу ноёб обидалар бизнинг тарихимиз.Уларни сақлаб қололмасак, келажак авлод бизни асло кечирмайди» деб дадил гапирган экан.Ҳа, Яҳё Ғуломов ана шундай фидойи олим бўлган.Шу боис ҳам табиатан ҳақгўй, ҳақиқатпарвар инсон ёзган асарлар холислиги билан шуҳрат қозонган.Ана шундай теран тафакурли академик 1977 йилнинг 12 январида 69 ёшида вафот этган бўлсада, у яратган асарлар умри боқийдир.

02_f.png Umid Bekmuhammad
DARYOGA CHO’KMAGAN…ARXEOLOG
06

1936 yil. Qadimiy Amudaryo qirg’oqlaridagi ko’hna qa’lalarni tekshirish uchun bir yosh arxeolog va hamrohlari qayiqda suzib borishardi. Qayiq Tuyamuyin darasiga kirar-kirmas, to’satdan kuchli shamol boshlanib, daryoda kuchli to’lqin ko’tarildi. Besh daqiqagina oldin ohistagina suzib borayotgan qayiq goh ko’tarilib, to’lqin tepasiga minib olar, so’ngra tog’dan dumalatilgan xarsangek pastga munkib ketar, ba’zan to’lqin zarbidan goh u, goh bu tomonga qiyshayar va yana yangi to’lqinga urilib tiklanardi. Nogoh dahshatli falokat yuz berib, beshafqat to’lqin ikki yosh qayiqchi yigitni qayiqdan yulib olib, o’zi bilan olib ketdi. Qayiqda qolgan keksa darg’a va uning yonidagi yosh yigit talvasaga tushgan, chunki ular qo’lida tayoq ham, eshkak ham yo’q edi. Shu payt nuroniy darg’a qayiq o’rtasida tiz cho’kkancha jon holatda «Xubbi, xubbi, o’zing madad ber» deya yolvora boshladi.

Bunday nido yosh yigitni qo’rquvdan xalos qilib tobora hayratga soldi. Negaki, Xubbi so’zi O’rta Osiyo va Eronda keng tarqalgan otashparastlik dinida suv xudosi hisoblanar, bu so’z haligi yosh yigit nazarida fan uchun qimmatli etnografik ma’lumot edi

021Xullas, yaratgan egam qayiqdagilarni halokatdan, daryoga cho’kishdan omon saqladi.Halokatli damdayam fanni o’ylagan haligi yosh yigit Yahyo G’ulomov edi.Yahyo G’ulomov 1908 yilning 1 may kuni Toshkentning Shayhontohur dahasidagi Oqmachit mahallasida tug’ilgandi.Bo’lajak arxeologning otasi G’ulomxon qadim Shoshdagi dovruq taratgan Xo’ja Ahror madrasasida mudarrislik qilgan, onasi Soraxon mahalladagi maktabda qizlarga saboq berardi. Ana shunday ilmga ixlos qo’ygan oilada voyaga yetgan Yahyo bolaligidan zehnli bo’lib o’sdi.Biroq oila katta bo’lib, G’ulomxonning Eshonxon,Odilqori,Yahyo,Saidahmad.Akrom va Roqiya ismli oltita farzandlari bilan birga opasidan yetim qolgan to’rtta yoshgina jiyanlariyam ular qaramog’ida edi.Shu bois, qolaversa,G’ulomxon mudom madrasadagi ishlar bilan band bo’lganligi sababli , xonadonga qarashli bog’ning xo’jalik yumushlari farzandlari zimmasida bo’lgan.Yahyo ana shunday yumushlar bilangina band bo’lib qolmay, ilmga ixlos qo’ydi.Dastlab ota-onasidan saboq olgan bo’lsa, keyin «Namuna» nomli maktab-internatda ta’lim oldi.Bu maskanda u Oybek,Buyuk Karimov,Fotih Orifov kabi kelajakdagi o’zbek xalqining yetuk ziyolilari bo’lib yetishgan ilmu fan namoyondalari bilan bir guruhda ta’lim tarbiya oldi.Ayni paytda «Bulutlar», «Turfa folbin», «Gilam jallobi» singari hajviyalarini maktabning devoriy gazetasida chop etdirdi.

O’smirlikning zavqli onlarini shunday xushnudlik bilan o’tkazgan Yahyo G’ulomov, 1927-30 yillarda Samarqanddagi o’zbek davlat pedagogika akademiyasi ijtimoiy va iqtisodiy bo’limida tahsil oladi.Bu dargohda u Po’lat Soliev,Muso Saidjonov,Vasiliy Vyatkindek o’z davrining ilg’or ziyolilaridan saboq oldi.Aynan Samarqandda Yahyo G’ulomovning Vyatkindan saboq olishi, uni arxeologiyadek sehrli fan olamiga yetakladi.Tahsilni tugatgach, u Toshkentga qaytib xalq komissarlari kengashi huzuridagi tarixiy yodgorliklarni saqlash va ilmiy o’rganish qo’mitasida ish boshlaydi.Shu taxlit uning ilmdagi dastlabki qadami tashlanib, u M.Masson, A.Yakubovskiylar rahbarligida 1933 yildan Termiz va Zarafshondagi qadim obidalarda izlanishlar olib bordi.

Arxeologiyada ma’lum bir tajriba, ko’nikma orttirgach, 1936 yildan do’sti Turdi Mirg’iyosov bilan Xorazmda o’zining mustaqil tadqiqotlarini boshlab yubordi.1937 yildan boshlab, ular safiga arxeolog A.I.Terenojkin hamda arxitektor B.Zasipkinlar qo’shildi.Bunday qaraganda qum barxanlari Xorazmdagi obidalarni o’z bag’riga olganicha qadim sir asrorlarni mahkam bekitib olgan, ish g’oyat qiyin edi.Bu haqda Yahyo G’ulomov o’z kundaligiga o’sha mashaqqatli onlarni shunday bitgandi: «barxanli qumliklar bilan qoplangan taqirlardan iborat bu zimziyo ko’hna o’lkada na mashina va na ot arava yura olar edi.Otryadimizning asosiy transport vositalari ustiga xurjinlarida oziq-ovqat, ko’rpa-to’shak, palatka, plajet, teadolit hamda qozon tovoq va qumg’on ortilgan 5-6 eshaklardan iborat edi».Ana shunday mashaqqatlarga qaramay, arxeologik gurux, Guldursun, Norinjonqa’lada tadqiqotlarini boshlab yubordi.Qum issig’i arxeologlarni charchatsada topilayotgan qadim osori atiqalar yanada ularni ixlos bilan tarixni o’rganishga undardi.Ba’zida esa qum barxanlari orasida halokatli voqealar ham ro’y berib turardi.

Xususan, 1937 yil yozida Yahyo G’ulomov qadimgi kanal izlarini xaritaga tushirish maqsadida, yolg’iz o’zi
Norinjonqa’ladan chiqib, uchrayotgan arxeologik materiallarga qiziqqanicha,guruh joylashgan yerdan 10-12 km uzoqqa borib qoladi. Qolaversa, yo’lda uchragan noyob topilmalar bilan arxeolog yelkasidagi sumka tobora og’irlashib borar, yo’l uchun na non, na suv olingandi.Buning ustiga jazirama issiqdan, arxeolog charchagani, chanqaganidan ortga qaytarkan, adashib Teshikqa’la tomon borib qoladi.

Kuni bilan u qumlikdagi jaziramada yurganidan, suvsiraganicha og’zi qurib, tili tanglayiga yopishib qolgan, oyog’ida umuman madoriyam qolmagandi.U zo’rg’a o’tovga yetib bordiyu, ostonaga yetgach yiqilib hushidan ketdi.Boshqa bir gal esa qayiqda daryo bo’ylab suzisharkan, daryoda to’lqin ko’tarilib, suvga cho’kishiga oz qolgandi.O’shanda yaratgan egam omon-eson ularni qirg’oqqa sog’ chiqargach,Yahyo G’ulomov kech bo’lib qolganiga
qaramay, yolg’iz o’zi yana to’qayzorni kesib o’tgan yakka oyoq yo’ldan arxeologlar joylashgan guruh tomon yo’l oladi.Shunda u bir halokatdan zo’rg’a qutulib, yana bir
falokatga yo’liqdi: to’satdan uning oldidan bo’rilar galasi chiqib qoldi.Bo’rilar arxeologdan qirq qadam naridagi qamishzorda qandaydir hayvonni g’ajishardi.Yahyo G’ulomovni sezib, bo’rilarning avval quloqlari dikkaydi-yu, so’ngra tumshuqlarini yuqori ko’tarib, birdaniga 5-6 ta bo’ri arxeologning yo’lini kesib o’tib, ikki tomonda xuddi karvondek tizilib turishdi.Shunda Yahyo G’ulomov qo’rqish alomatini sezdirmay, qadamini bir xil bosib, yo’l-yo’lakay bir qo’li bilan qamish popiltiriqlaridan yulib, ikkinchi qo’li bilan cho’ntagidagi gugurtni olib, ularni yoqqanicha ma’shala qilib oldi.Bo’rilar galasi o’ljasini yeb to’yganidanmi yo qamish ma’shalasidan qo’rqqanidanmi, xudo bu safar ham arxeologni qutqarib, eson-omon Teshikqa’ladagi kasbdoshlari oldiga yetkazdi.

Ha, Yahyo G’ulomov hayotida shunday sermashaqqat, qiyin kunlar ko’p bo’lgan.Ammo undagi ilmga fidoyilik, tarixga ixlosning qa’tiyligi bois, Yahyo G’ulomov arxeologiyada ko’plab qadim qa’lalarning sirini ochib. katta o’zgarish qildi.Ayniqsa Vyatkindek teran tarixchidan so’ng,Sergey Tolstov bilan Xorazmda ko’p yillar hamkorlik qilishi uning ilmu fanda yuksak natijalarga erishishiga sababchi bo’ldi.Xususan,»Xorazmning sug’orilish tarixi» asari Yahyo G’ulomovning tarixshunoslikda g’oyat teran tadqiqotchi ekanligini ko’rsatadi.Chunonchi, sun’iy sug’orishga asoslangan quyi Amudaryo xalqlari hayotida obi hayotning tutgan o’rni, asrlar mobaynida u bilan bog’liq bo’lib o’tgan voqea hodisalar monografiyada haqqoniy yoritilgani sabab, asar keng shuhrat qozondi.Bundan tashqari, Yahyo G’ulomov 11 jahon urushi paytida Toshkentga kelgan Rossiyalik B.Grekov, V.Struve,K.Trever,A.Yakubovskiy kabi olimlar bilan birgalikda «O’zbekiston xalqlari tarixi» asarini yaratdiki, bu asar ham urush davri qiyinchiliklariga qaramay, ilmu fan bilan shug’ullanishga harakat qilgan olimlarning fidoyiligi edi.

Urushdan so’ng,Yahyo G’ulomov 1950 yili Moskvada doktorlik dissertatsiyasini muvaffaqiyatli yoqladi.Shuningdek, 1950-60 yillarda Zarafshon vodiysining quyi qismida arxeologik tadqiqotlar olib borgan Moxondaryo ekspeditsiyasiga rahbarlik qildi.Arxeologlar Varaxsha, Moxondaryo,Gurdush va Bujayli kabi Zarafshondan ajralib chiqqan o’zanlarda tadqiqotlar olib borib, katta natijalarga erishdilar.Moxondaryo ekspeditsiyasi tufayli katta va kichik Tuzkonda neolit davriga mansub ovchilar va baliqchilar manzilgohi,bronza davrida yashagan ko’chmanchi chorvadorlar qarorgohi, antik zamonlarga oid ashyolar,Axsikentdagi nodir topilmalar o’rganildi.Shu kabi Obirahmat, Ko’lbuloq,Takalisoyda ko’plab ibtidoiy manzilgohlar topildi.

Akademik Yahyo G’ulomov nafaqat tarixchi olim, arxeologik ekspeditsiyalar natijasida to’plangan osori atiqalarni avaylab saqlashga intildi, balki moziyni yanada chuqur tahlil eta oladigan tadqiqotchilarni yetishtirish uchun jon kuydirib,Rossiya shaharlaridagi ilm maskanlariga iqtidorli talabalar, aspirantlarni yo’llab turdi.1956-59 yillarda O’ZFA tarix va arxeologiya institutiga direktorlik qilgan paytida esa, tarixga oid qo’llanma, monografiyalar yozish uchun tadqiqotchilarga yetarlicha shart sharoitlar yaratib berish bilan birga, tarixchi aspirantlar uchun qo’shimcha joy olishgayam muvaffaq bo’ldi.

Ayni paytda esa u o’z davrinig fidoyi kishisi ham edi.Kunlarning birida Yahyo G’ulomov «Vecherniy Toshkent» gazetasida poytaxtimiz ko’chalaridan birining ozoda, shinamligi haqidagi maqolani o’qib qoladi.Yolg’on va maqtovdan iborat bu maqolani o’qigach, akademikning fig’oni falakka chiqadi.Chunki, tarixchi ushbu ko’chadan har kun o’tar, bu yer ozoda va shinam emas, axlat uyumlariga to’la vayrona edi.Nohaqlikka chiday olmaydigan Yahyo aka haqiqiy vaziyat to’g’risidagi maqolasini yozib tahririyatga topshiradi.Muharririyat esa uni bosishga botinaolmay, maqolani » tanishib chiqish» uchun shahar firqa qo’mitasiga yetkazishadi.U yerdagilar bo’lsa olimni hashamdor xonalariga chaqirib, akademikga do’k po’pisa qilib deyishadiki,»Ha,Toshkent sizga yoqmay qoldimi?Yoqmasa, to’rt tomoningiz qibla ketavering»

Bunday haqoratlarga esa akademik g’urur bilan,»Men Toshkentda tug’ilganman, kindik qonim shu yerda to’kilgan va men shu yerda yashayman!Senga o’xshaganlar kelib ketaveradi» deb amaldorning xonasidan chiqib ketadi. Shundan so’ng, shahar firqa qo’mitasidagilar O’ZFAga arxeologning tanobini tortib qo’yish kerakligi haqida topshiriq berishadi.

Tabiiyki, davr dovullariga qarshi chiqish yomon bo’lishini akademik yaxshi bilar, ammo nohaqliklarga chiday olmasdi. Xususan, tarixiy obidalarga e’tiborsizlik, paxta maydonlarini kengaytirish bahonasida, noyob obidalarga shikast yetib, yo’q qilib yuborilayotganidan kuyunib, respublika rahbarlariga murojaat qiladi.Laganbardor, o’zini firqa faoli sanovchilar esa, rahbar nomiga yo’llangan xat bilan tanishgach, katta idorada katta yig’in chaqirishib,Yahyo G’ulomovga obdon nasihat qilishib, bu ishingiz o’zingizga yomon bo’ladi deya gap uqtirishadi.Shunda faollardan biri, akademikni kechirim so’ratdirish niyatida, «Yahyo G’ulomovich, balki bu xatni siz yozmagandirsiz, tobingiz yo’qligida shogirdlaringiz yozgandir, rahbarlardan shuni aytib uzr so’rasangiz bo’lardi» deya tilyog’malik qilgan.

Bunga javoban Yahyo aka, » Yo’q! Bu xatni soppa-sog’ vaqtimda, o’zim, o’z qo’lim bilan yozganman.Bu noyob obidalar bizning tariximiz.Ularni saqlab qololmasak, kelajak avlod bizni aslo kechirmaydi» deb dadil gapirgan ekan.Ha, Yahyo G’ulomov ana shunday fidoyi olim bo’lgan.Shu bois ham tabiatan haqgo’y, haqiqatparvar inson yozgan asarlar xolisligi bilan shuhrat qozongan.Ana shunday teran tafakurli akademik 1977 yilning 12 yanvarida 69 yoshida vafot etgan bo’lsada, u yaratgan asarlar umri boqiydir.

08

(Tashriflar: umumiy 396, bugungi 1)

Izoh qoldiring