Maqsud Asadov. «Maoniy ahli»dan madad olib… Professor Nurboy Jabborov 60 yoshda

087 Бу йил таниқли адабиётшунос олим Нурбой Жабборов муборак 60 ёшни қаршиламоқда. Ҳали олимнинг илм-фанда, қолаверса, таълим-тарбия соҳасида амалга оширадиган ишлари жуда кўп. Уларнинг барчасига ривож тилаб қоламиз. Шижоат, бардамлик ва ижод завқи сира тарк этмасин!

“МАОНИЙ АҲЛИ”ДАН МАДАД ОЛИБ…


Мақсуд Асадов  —  ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директор ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор


Туркий тасаввуф адабиётининг улуғ намояндаси Юнус Эмро илм, унинг моҳияти ва илм кишисининг асл матлабини қуйидагича ифодалайди:

Илм – илм билмакдир,
Илм – ўзни билмакдир.

Сен ўзингни билмассен,
Бу нечук ўқумакдир?

Ўқумакдин маъно не,
Ўқиб, Ҳақни билмакдир.

Дарҳақиқат, илм – Ҳақни таниш, ҳақиқатга юзланиш, ҳаққоният ила эртанги ёруғ кунларга қадам босиш эҳтиёжи демак. Чинакам олим эса илмни қадрият, ўзликнинг мустаҳкам истеҳкоми билиб, тамкину сокинлик мақомида муқим турган ҳиммати баланд, донишманд ва закий зотдир. Унинг суянчиғи ҳам, таянчи ҳам, таскини ҳам, таъбир жоиз бўлса, тақдири ҳам, шубҳасиз, илмдан ўзга бир нарса эмас. Зеро, муборак ҳадисда айтилганидек, “Олим бўл ёки таълим олувчи бўл ёки (илмни) тингловчи бўл ёки (илмга) муҳаббатли бўл, бешинчиси бўлмагин, ҳалок бўласан”. “Бўл” сўзининг ҳикматини мулоҳаза кўзгусига солиб, мушоҳадага эрк берилса, илм одамининг чинакам маънавий қиёфасини турли тийраликлар, майда-чуйда кемтикликлардан холи – бенуқсон тасаввур қилиш мумкин, албатта. Унинг йўли маърифат чироғидан нурафшон, қадамлари илму ирфон қудрати ила ўктамлик ва қатъиятда собитдир. Илм шукуҳидан баҳра олган, сийрати мунаввар сиймоларнинг безавол ва юксак инсоний фазилатлари кўнгилга фараҳ, руҳга ҳаловат улашади, некбинлигу ҳаётсеварликка ундайди.

Олимлик ўргатиш эмас, энг аввало, ўрганмоқ завқидир. Мутолаа лаззатидан юзага келган соҳир кайфият эса янгидан янги таассуротларга йўл очмоғи, теран тадқиқу таҳлилларга имкон бермоғи муқаррар. Эътиқоди мустаҳкам, иймони бутун, метин ирода эгалари мақсад пиллапояларидан юқорилаб борар экан, уларнинг ҳурмату эҳтиромлари ҳам улуғворлик касб этаверади. Ҳеч шубҳа йўқки, миллату ватанга муҳаббат, Ҳақ ва халққа содиқлик, дину диёнатда барқарорлик асосига қурилган ТАФАККУР қўрғони салобату ҳайбати билан ҳамиша кишини ўз сеҳрига мафтун қилаверади. Ўзбек адабиётшунослигида қатъий ва бетакрор ўрнига эга бўлган етук олим, қадрли устоз, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ҳақида сўз борганда, ана шундай инжа кечинмалар кўнгил кенгликларида акс-садо беради.

9_2Маълумки, адабиётшуносликда матншунослик алоҳида йўналишдир. Матн, аниқроғи, қўлёзма ва тошбосма манбалар билан ишлаш, уларнинг ўзига хос хусусиятларини таққосу қиёс асосида аниқлаб, илмий муомалага киритиш олимдан саботу тоқатдан ташқари, катта салоҳият, ҳар бир сўзу ҳарфга ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муносабатга бўлишни талаб этади. Улуғ аждодларимиз қолдирган бебаҳо бадиият дурдоналарини қўлёзма ҳолида ўқиб, мазмунини англаш маҳорат ва иқтидорга ҳам далолат қилиши шубҳасиздир. Нурбой Жабборов – бугунги ўзбек матншунослигининг энг пешқадамларидан бири. Олим “Фурқат асарларининг қўлёзма манбалари” мавзуидаги номзодлик диссертaцияси (1994 йил) билан соҳага дадил кириб келди. Ўзбек фурқатшунослиги тараққиётида адабиётшуноснинг, сўзсиз, бемисл ўрни бор. У Фурқат асарларининг бир неча қўлёзма нусхаларини ўзаро қиёслаб, мавжуд нашрлардаги хато ва камчиликларни тузатиш, йўл қўйилган айрим ноаниқларга ойдинлик киритиш борасида ҳам хайрли ишларни амалга оширди. Изланишларининг давоми сифатида “Фурқатнинг хориждаги ҳаёти ва ижодий мероси: манбалари, матний тадқиқи, поэтикаси” мавзуидаги докторлик диссертaциясини (2004 йил) муваффақиятли ҳимоя қилди.

Мазкур ишда теран таҳлиллар, Фурқат ижодига ўзига хос ёндашув яққол сезилади. Жумладан, шоирнинг мухаммаслари орасида “Aдашганман” радифли шеъри мазмун-моҳияти, бадиий хусусиятлари билан ажралиб туради. Мухаммас хусусида М.Шайхзода, A.Aбдуғафуров, Ғ.Каримов каби олимлар ҳам у ёки бу даражада фикр билдиришган. Мухаммасда истеъдодли шоир “соҳиб каромат” шахс образига ҳам тўхталган. Профессор Н.Жабборов ҳаётий асосга эга ушбу шахснинг “тариқат мулкининг шоҳи, ҳақиқат сиррин огоҳи” – қодирия тариқати раҳнамоси Aбдулқодир Жийлоний эканини матн таҳлилига асосланиб очиб берган. Мухаммасдаги ўша банд эса қуйидагича:

Саёдат чархини меҳри, асолат авжининг моҳи,
Шаҳи мулки фано курси-ю шамса, арш хиргоҳи,
Йетушмас хоки куйиға Сикандар ҳашмати жоҳи,
Тариқат мулкини шоҳи, ҳақиқат сиррин огоҳи,
Ушандоқ пири комил хонадонидин адашганман.

Н.Жабборовнинг ўзбек адабиётшунослиги равнақи учун қилган хизматларини санаб тугатиб бўлмайди. Олим мумтоз адабиёт вакиллари Жомий, Огаҳий, Ибрат, Фурқат каби бир қатор сўз санъаткорларининг китобларини нашрга тайёрлади, уларга сўзбоши ва изоҳлар ёзди. Рақамларга мурожаат қилсак, 20 дан ортиқ китобларни нашрга тайёрлашда бош-қош бўлди, 3 та дарслик ва қўлланма яратди, республикамиз ва хорижда 1000 га яқин илмий ҳамда илмий-оммабоп мақолалар эълон қилди. Айниқса, маърифатпарвар адибларимиз, жадид ижодкорларимиз ҳақидаги тадқиқотлари миллий маънавиятимиз тарихини ёритишда, бугунги ёш авлодни миллатсеварлик, халқпарварлик ғояларига уйғунликда камол топтиришда ҳам назарий, ҳам амалий аҳамият касб этаётгани эътирофга лойиқ. Олим, хусусан, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига ўзгача иштиёқ билан қизиқиш билдиради. Унинг навоийшуносликдаги изланишлари соҳада ҳали атрофлича ёритиб берилмаган, турли баҳс-мунозаралар доирасида қолаётган айрим масалаларга муносабат билдирилгани, илмий далил ва теран фикрларга бойлиги билан диққатга сазовордир.

Олим Алишер Навоий асарларидаги диний қарашлар, ирфоний ғоялар, тасаввуфга оид талқинларни яхши очиб берди ва улуғ мутафаккир дунёқарашининг алоҳида жиҳатларига эътибор қаратди. Н.Жабборовнинг 2021 йилда “Адабиёт” нашриётида чоп этилган ва “Илҳом” жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Йилнинг энг яхши асари” республика танловида фахрли биринчи ўринга лойиқ кўрилган “Маоний аҳлининг соҳибқирони” китоби Алишер Навоий фаолияти, ижоди ва унинг оламшумул аҳамияти тизимли тарзда ўрганилган алоҳида таҳсинга арзирли тадқиқотдир.

“Маоний аҳлининг соҳибқирони” китобида таҳлил усули, тадқиқ мароми, пишиқ, пухта, яхлит илмий хулосаларнинг залвори ҳам бошқача: олим муайян масала юзасидан оддийгина ахборот ёки маълумот бериш, умумий таҳлиллар воситасида шахсий нуқтаи назаринигина баён қилиш, тафсилотларни шунчаки санаб ўтиш йўлидан бормайди. Монографияда тажрибали, нуктадон, мулоҳазакор адабиётшуноснинг мағзи тўқ, бус-бутан фикрлари юзага чиқади, у синчков нигоҳ ила ҳар бир масалани моҳиятан далиллаб, аниқлик тамойиллари асосида исботлаб беради. Биргина “Арбаъин”да маърифий мазмун ва бадиий шакл мутаносиблиги” мақоласига диққат қаратайлик: асарнинг ўрганилиши билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар, қолаверса, улуғ шоирнинг сўз қўллаш ва ҳадис танлаш маҳорати, унинг сабаблари, мавжуд нашрларда йўл қўйилган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш учун ишлаб чиқилган тавсиялар ҳам мақолада муаллифнинг салоҳияти, иқтидор кучини яққол намоён этган. Олимнинг қуйидаги мулоҳазалари фикримизни далиллайди: “Арбаъин” учун танланган ҳадислар асосан саҳиҳ ҳадислар бўлиб, ҳазрат Алишер Навоий бирорта ҳам мавзуъ – тўқима ҳадисдан фойдаланмаган. Буюк мутафаккир буни асар муқаддимасида қуйидагича таъкидлайди:

Ўқуғонда Бухорийу Муслим,
Қирқ сўз – барча шубҳадин солим.

Тадқиқотчилар Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Абдулмажидовлар “Арбаъин”даги ҳадислар орасида Дайламий, Байҳақий ва Суютий ривоят қилган бир-икки заиф ҳадис учрашини айтиб, фазилатли амаллар хусусида заиф ҳадисларни нақл қилиш жоизлигига жумҳур уламолар иттифоқ қилганини таъкидлайдилар. Табиийки, ҳадис илмини мукаммал даражада билган ҳазрат Алишер Навоий асарни ёзишга киришгандаёқ бу жиҳатни эътиборда тутган…” (“Маоний аҳлининг соҳибқирони”, 172-бет). Умуман, мазкур тадқиқот қуйидагича беш қисмдан ташкил топган: “Комил шахс ва ижодий салоҳият уйғунлиги”, “Буюк шоирнинг ирфоний ва адабий эстетик олами”, “Хамса – буюк бадиий обида”, “Диний-маърифий асарлар моҳияти”, “Навоийга издошлик саодати”. Ҳар бир қисмда Навоий даҳосининг муҳташам қиёфаси яққол бўртиб кўринади ва буюк сўз санъаткорининг тенгсиз бадиий маҳорат сирлари теран таҳлил қилинади .

Замонавий тожик адабиётининг йирик вакили Лойиқ Шерали атрофидаги турфа ноҳақликлар, турли-туман норасоликлардан анчайин ёзғириб, бир шеърида шундай ёзади:

Тухми одам мешавад афзун вале,
Одаму одамгари кам мешавад.

(Маъноси: Одам авлодининг сон-саноғи кўп, аммо чин одамлик сифатига эга бўлганлар кам).

Очиғини айтганда, барча замонларда ҳам бир-бирини холислик ила тўла-тўкис тушуниб, хайрихоҳлик ва очиқфеъллик билан ўзаро самимий муносабатда бўла оладиган ҳамфикр, ҳамнафас – кўнгил кишилари ҳар қадамда учрайвермаган. Шарқ мумтоз адабиётида бу дунёнинг кескин қораланиши, замону аҳли замондан шикоят кайфиятининг устуворлик қилишига бир сабаб, аслида, мана шу. Бу жиҳатдан баҳо берганда, профессор Нурбой Жабборов одамийлик фазилатларини ўз хатти-ҳаракатларида яққол гавдалантириб, олимлик рутбасини сидқ ила кийган, яъни ҳар икки ўзанни маънавий қиёфасида уйғунлаштирган камёб – бағри уммон инсондир! Қўлидан келса, таниш-нотаниш, каттаю кичик, ёшу қаридан ёрдамини сира-сира аямайди. Манманлигу кекайиш, кибру ҳавою ўзига ортиқча бино қўйиш, сохтакорлигу юзакилик унинг табиатига бегона. Қачон йўқлаб борсангиз, беғубор табассум билан пешвоз чиқади, суҳбати ширин, ҳазил-мутойиба, киришимлиликка мойил – илму ирфондан, устозу шогирдлардан, амалга ошираётган ишларидан сўзлаб, қалбингизда меҳр машъаласини ёқади. Нурбой аканинг суҳбатларидан дил ёришиб, руҳ яйраб, янги ва яхши таассуротлар билан чиқади одам ҳар сафар.

Инсонда туғилиб ўтган жойи, муҳити билан боғлиқ у ёки бу жиҳатлар умри мобайнида кўзга ташланиб тураверади, албатта. Ёшлик чоғлариданоқ руҳиятига сингган қадриятларнинг некбин нафаси ўзига хос шахсиятининг шаклланишию такомилга эришишида ҳамиша ҳамроҳлик қилади. Гап шундаки, Нурбой Жабборов олис Қашқадарёнинг Деҳқонободида туғилган. Шу сабабмикан, унинг табиатида дашт одамларига хос тўпорилигу дали-ғулилик ҳам, тантилигу бағрикенглик ҳам, шунингдек, бир қадар ўжарлигу ўзига яраша қайсарлик ҳам мавжуд. Бироқ Нурбой ака ҳар бир масалага ўта мулоҳазакорлик, дақиқлик билан ёндашади. Илмий баҳс-мунозараларда ҳам борини борича айтади, бўяб-бежаб ўтирмасдан дангал гапиради, ростини сўзлайди. Очиғи, олимнинг таҳсинга лойиқ, ҳайратга сазовор, ўрнак олса арзийдиган ёрқин хислатлари кўп. Биргина мисол: Н.Жабборов жуда кўп тадқиқотчиларнинг диссертация муҳокамаларида, ҳимоя жараёнларида тақризчи ва оппонент сифатида иштирок этган.

Кузата туриб, амин бўласизки, устоз адабиётшунос тадқиқотни асло эринмасдан, астойдил вақт ва куч сарф қилиб ўқийди. Илмий семинар пайтида диссертация юзасидан ўзининг ниҳоятда холис, жўяли маслаҳатларини бир неча рақамларда аниқлик билан ёритиб, санаб кўрсатади. Ҳимоягача бўлган фурсатда тадқиқотчи айтилган камчиликларни инобатга олиб, тузатса, расмий оппонент сифатида олим қисқа, аммо асосли тақризини тақдим этади: “илмий семинарда шундай-шундай камчиликларни айтган эдик, тадқиқотчи уларни тузатибди”. Биз билган Нурбой Жабборов ана шундай: илмга энди қадам қўйиб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаб, улар яратган тадқиқотларнинг янада мустаҳкам, пишиқ ва пухта чиқиши учун устоз мақомида туриб, ўринли тавсиялар беради.

Нурбой ака билан сафарга бирга чиқадиган бўлсангиз, ҳамроҳдан омадим келибди, дейверинг: яхши суҳбатдош, дилкаш шерик излашга сира ҳожат қолмайди. Замонавий шеърияту жадид адабиёти, маърифатчилик даврию мумтоз сўз санъати намояндалари ижодиётигача мириқиб, сермазмун суҳбат қурасиз. Олим, айниқса, Алишер Навоий ижодидан жуда кўп ўринларни ёд олган – қувваи ҳофизасига, хотира кучига қойил қолса бўлади.

Нурбой Жабборов моҳир педагог, жонкуяр устоз, талабчан раҳбар сифатида ҳам кўпчиликка ўрнак ва намунадир. У узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий университетида талабаларга сабоқ берди, кафедра мудири, факультет декани лавозимларида ишлади, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил топганидан буён шу даргоҳда фаолиятини давом эттириб, “Ўзбек адабиёти тарихи ва матншунослик” кафедрасини бошқариб келмоқда. Унинг раҳбарлигида бугунга қадар 8 нафар фан доктори, 25 нафар фан номзоди ва фалсафа докторлари диссертацияларини ишончли ҳимоя қилдилар. Ҳа, бугун бутун республикамиз бўйлаб устоз Н.Жабборовнинг кўплаб шогирдлари ёшларга маърифат улашиб, илм синоатларини сидқидилдан ўргатиб келишмоқда.

Олимнинг юрт равнақи, ватан тараққиёти, илм-маърифат ва маънавиятимиз ривожида кўрсатаётган жонбозликлари муносиб тақдирланди. У “Шуҳрат” медали (2002 йил) ва “Дўстлик” ордени (2023 йил) соҳиби бўлди. Бугун Н.Жабборовни нафақат юртимизда, балки ундан ташқарида ҳам жуда яхши танишади, эъзозлашади. Олим халқаро анжуманлар, симпозиумларда мунтазам иштирок этади. Адабиётшунослик илмининг инкишофига қўшган улкан ҳиссаси ва адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Озарбайжон Миллий илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтининг “Адабиётшунослик илмига дастак” мукофоти билан тақдирланиши эса (2023 йил) халқаро илм-фан майдонидаги саъй-ҳаракатларига ҳам берилган баҳодир.

Нурбой Жабборов фаолияти ҳақидаги фикрларни бир ерга жамлаб, ҳамма-ҳаммасини тизимли тарзда, таснифлар асосида ёритадиган бўлсак, бир неча мақолалар камлик қилиши шубҳасиз. Олимнинг илмий ютуқлари муайян бир тадқиқот доирасида ўрганилмоғи, тадқиқ этилмоғи мақсадга мувофиқдир, назаримизда. Биз мазкур мақолада йирик адабиётшуноснинг улкан фаолиятига умумий тарзда назар ташладик, холос. Бу йил устоз Нурбой Жабборов муборак 60 ёшни қаршиламоқда. Ҳали олимнинг илм-фанда, қолаверса, таълим-тарбия соҳасида амалга оширадиган ишлари жуда кўп. Уларнинг барчасига ривож тилаб қоламиз. Шижоат, бардамлик ва ижод завқи сира тарк этмасин!

Bu yil taniqli adabiyotshunos olim Nurboy Jabborov muborak 60 yoshni qarshilamoqda. Hali olimning ilm-fanda, qolaversa, ta’lim-tarbiya sohasida amalga oshiradigan ishlari juda ko‘p. Ularning barchasiga rivoj tilab qolamiz. Shijoat, bardamlik va ijod zavqi sira tark etmasin!

TAFAKKUR QO‘RG‘ONI QADRIYATLARI


Maqsud Asadov — O‘zR FA O‘zbek tili, adabiyoti va folklori instituti direktor o‘rinbosari, filologiya fanlari doktori, professor


Turkiy tasavvuf adabiyotining ulug‘ namoyandasi Yunus Emro ilm, uning mohiyati va ilm kishisining asl matlabini quyidagicha ifodalaydi:

Ilm – ilm bilmakdir,
Ilm – o‘zni bilmakdir.

Sen o‘zingni bilmassen,
Bu nechuk o‘qumakdir?

O‘qumakdin ma’no ne,
O‘qib, Haqni bilmakdir.

Darhaqiqat, ilm – Haqni tanish, haqiqatga yuzlanish, haqqoniyat ila ertangi yorug‘ kunlarga qadam bosish ehtiyoji demak. Chinakam olim esa ilmni qadriyat, o‘zlikning mustahkam istehkomi bilib, tamkin-u sokinlik maqomida muqim turgan himmati baland, donishmand va zakiy zotdir. Uning suyanchig‘i ham, tayanchi ham, taskini ham, ta’bir joiz bo‘lsa, taqdiri ham, shubhasiz, ilmdan o‘zga bir narsa emas. Zero, muborak hadisda aytilganidek, “Olim bo‘l yoki ta’lim oluvchi bo‘l yoki (ilmni) tinglovchi bo‘l yoki (ilmga) muhabbatli bo‘l, beshinchisi bo‘lmagin, halok bo‘lasan”. “Bo‘l” so‘zining hikmatini mulohaza ko‘zgusiga solib, mushohadaga erk berilsa, ilm odamining chinakam ma’naviy qiyofasini turli tiyraliklar, mayda-chuyda kemtikliklardan xoli – benuqson tasavvur qilish mumkin, albatta. Uning yo‘li ma’rifat chirog‘idan nurafshon, qadamlari ilmu irfon qudrati ila o‘ktamlik va qat’iyatda sobitdir. Ilm shukuhidan bahra olgan, siyrati munavvar siymolarning bezavol va yuksak insoniy fazilatlari ko‘ngilga farah, ruhga halovat ulashadi, nekbinlig-u hayotsevarlikka undaydi.

Olimlik o‘rgatish emas, eng avvalo, o‘rganmoq zavqidir. Mutolaa lazzatidan yuzaga kelgan sohir kayfiyat esa yangidan yangi taassurotlarga yo‘l ochmog‘i, teran tadqiq-u tahlillarga imkon bermog‘i muqarrar. E’tiqodi mustahkam, iymoni butun, metin iroda egalari maqsad pillapoyalaridan yuqorilab borar ekan, ularning hurmatu ehtiromlari ham ulug‘vorlik kasb etaveradi. Hech shubha yo‘qki, millat-u vatanga muhabbat, Haq va xalqqa sodiqlik, dinu diyonatda barqarorlik asosiga qurilgan TAFAKKUR qo‘rg‘oni salobatu haybati bilan hamisha kishini o‘z sehriga maftun qilaveradi. O‘zbek adabiyotshunosligida qat’iy va betakror o‘rniga ega bo‘lgan yetuk olim, qadrli ustoz, filologiya fanlari doktori, professor Nurboy Jabborov haqida so‘z borganda, ana shunday inja kechinmalar ko‘ngil kengliklarida aks-sado beradi.

Ma’lumki, adabiyotshunoslikda matnshunoslik alohida yo‘nalishdir. Matn, aniqrog‘i, qo‘lyozma va toshbosma manbalar bilan ishlash, ularning o‘ziga xos xususiyatlarini taqqos-u qiyos asosida aniqlab, ilmiy muomalaga kiritish olimdan sabot-u toqatdan tashqari, katta salohiyat, har bir so‘zu harfga ham o‘ta ehtiyotkorlik bilan munosabatga bo‘lishni talab etadi. Ulug‘ ajdodlarimiz qoldirgan bebaho badiiyat durdonalarini qo‘lyozma holida o‘qib, mazmunini anglash mahorat va iqtidorga ham dalolat qilishi shubhasizdir. Nurboy Jabborov – bugungi o‘zbek matnshunosligining eng peshqadamlaridan biri. Olim “Furqat asarlarining qo‘lyozma manbalari” mavzuidagi nomzodlik dissertasiyasi (1994-yil) bilan sohaga dadil kirib keldi. O‘zbek furqatshunosligi taraqqiyotida adabiyotshunosning, so‘zsiz, bemisl o‘rni bor. U Furqat asarlarining bir necha qo‘lyozma nusxalarini o‘zaro qiyoslab, mavjud nashrlardagi xato va kamchiliklarni tuzatish, yo‘l qo‘yilgan ayrim noaniqlarga oydinlik kiritish borasida ham xayrli ishlarni amalga oshirdi. Izlanishlarining davomi sifatida “Furqatning xorijdagi hayoti va ijodiy merosi: manbalari, matniy tadqiqi, poetikasi” mavzuidagi doktorlik dissertasiyasini (2004-yil) muvaffaqiyatli himoya qildi.

Mazkur ishda teran tahlillar, Furqat ijodiga o‘ziga xos yondashuv yaqqol seziladi. Jumladan, shoirning muxammaslari orasida “Adashganman” radifli she’ri mazmun-mohiyati, badiiy xususiyatlari bilan ajralib turadi. Muxammas xususida M.Shayxzoda, A.Abdug‘afurov, G‘.Karimov kabi olimlar ham u yoki bu darajada fikr bildirishgan. Muxammasda iste’dodli shoir “sohib karomat” shaxs obraziga ham to‘xtalgan. Professor N.Jabborov hayotiy asosga ega ushbu shaxsning “tariqat mulkining shohi, haqiqat sirrin ogohi” – qodiriya tariqati rahnamosi Abdulqodir Jiyloniy ekanini matn tahliliga asoslanib ochib bergan. Muxammasdagi o‘sha band esa quyidagicha:

Sayodat charxini mehri, asolat avjining mohi,
Shahi mulki fano kursi-yu shamsa, arsh xirgohi,
Yetushmas xoki kuyig‘a Sikandar hashmati johi,
Tariqat mulkini shohi, haqiqat sirrin ogohi,
Ushandoq piri komil xonadonidin adashganman.

N.Jabborovning o‘zbek adabiyotshunosligi ravnaqi uchun qilgan xizmatlarini sanab tugatib bo‘lmaydi. Olim mumtoz adabiyot vakillari Jomiy, Ogahiy, Ibrat, Furqat kabi bir qator so‘z san’atkorlarining kitoblarini nashrga tayyorladi, ularga so‘zboshi va izohlar yozdi. Raqamlarga murojaat qilsak, 20 dan ortiq kitoblarni nashrga tayyorlashda bosh-qosh bo‘ldi, 3 ta darslik va qo‘llanma yaratdi, respublikamiz va xorijda 1000 ga yaqin ilmiy hamda ilmiy-ommabop maqolalar e’lon qildi. Ayniqsa, ma’rifatparvar adiblarimiz, jadid ijodkorlarimiz haqidagi tadqiqotlari milliy ma’naviyatimiz tarixini yoritishda, bugungi yosh avlodni millatsevarlik, xalqparvarlik g‘oyalariga uyg‘unlikda kamol toptirishda ham nazariy, ham amaliy ahamiyat kasb etayotgani e’tirofga loyiq. Olim, xususan, buyuk mutafakkir Alisher Navoiy hayoti va ijodiga o‘zgacha ishtiyoq bilan qiziqish bildiradi. Uning navoiyshunoslikdagi izlanishlari sohada hali atroflicha yoritib berilmagan, turli bahs-munozaralar doirasida qolayotgan ayrim masalalarga munosabat bildirilgani, ilmiy dalil va teran fikrlarga boyligi bilan diqqatga sazovordir.

Olim Alisher Navoiy asarlaridagi diniy qarashlar, irfoniy g‘oyalar, tasavvufga oid talqinlarni yaxshi ochib berdi va ulug‘ mutafakkir dunyoqarashining alohida jihatlariga e’tibor qaratdi. N.Jabborovning 2021-yilda “Adabiyot” nashriyotida chop etilgan va “Ilhom” jamoat fondi tomonidan e’lon qilingan “Yilning eng yaxshi asari” respublika tanlovida faxrli birinchi o‘ringa loyiq ko‘rilgan “Maoniy ahlining sohibqironi” kitobi Alisher Navoiy faoliyati, ijodi va uning olamshumul ahamiyati tizimli tarzda o‘rganilgan alohida tahsinga arzirli tadqiqotdir.

“Maoniy ahlining sohibqironi” kitobida tahlil usuli, tadqiq maromi, pishiq, puxta, yaxlit ilmiy xulosalarning zalvori ham boshqacha: olim muayyan masala yuzasidan oddiygina axborot yoki ma’lumot berish, umumiy tahlillar vositasida shaxsiy nuqtai nazarinigina bayon qilish, tafsilotlarni shunchaki sanab o‘tish yo‘lidan bormaydi. Monografiyada tajribali, nuktadon, mulohazakor adabiyotshunosning mag‘zi to‘q, bus-butan fikrlari yuzaga chiqadi, u sinchkov nigoh ila har bir masalani mohiyatan dalillab, aniqlik tamoyillari asosida isbotlab beradi. Birgina “Arba’in”da ma’rifiy mazmun va badiiy shakl mutanosibligi” maqolasiga diqqat qarataylik: asarning o‘rganilishi bilan bog‘liq qiziqarli ma’lumotlar, qolaversa, ulug‘ shoirning so‘z qo‘llash va hadis tanlash mahorati, uning sabablari, mavjud nashrlarda yo‘l qo‘yilgan kamchiliklar hamda ularni bartaraf etish uchun ishlab chiqilgan tavsiyalar ham maqolada muallifning salohiyati, iqtidor kuchini yaqqol namoyon etgan. Olimning quyidagi mulohazalari fikrimizni dalillaydi: “Arba’in” uchun tanlangan hadislar asosan sahih hadislar bo‘lib, hazrat Alisher Navoiy birorta ham mavzu’ – to‘qima hadisdan foydalanmagan. Buyuk mutafakkir buni asar muqaddimasida quyidagicha ta’kidlaydi:

O‘qug‘onda Buxoriyu Muslim,
Qirq so‘z – barcha shubhadin solim.

Tadqiqotchilar Hasanxon va Husaynxon Abdulmajidovlar “Arba’in”dagi hadislar orasida Daylamiy, Bayhaqiy va Suyutiy rivoyat qilgan bir-ikki zaif hadis uchrashini aytib, fazilatli amallar xususida zaif hadislarni naql qilish joizligiga jumhur ulamolar ittifoq qilganini ta’kidlaydilar. Tabiiyki, hadis ilmini mukammal darajada bilgan hazrat Alisher Navoiy asarni yozishga kirishgandayoq bu jihatni e’tiborda tutgan…” (“Maoniy ahlining sohibqironi”, 172-bet). Umuman, mazkur tadqiqot quyidagicha besh qismdan tashkil topgan: “Komil shaxs va ijodiy salohiyat uyg‘unligi”, “Buyuk shoirning irfoniy va adabiy estetik olami”, “Xamsa – buyuk badiiy obida”, “Diniy-ma’rifiy asarlar mohiyati”, “Navoiyga izdoshlik saodati”. Har bir qismda Navoiy dahosining muhtasham qiyofasi yaqqol bo‘rtib ko‘rinadi va buyuk so‘z san’atkorining tengsiz badiiy mahorat sirlari teran tahlil qilinadi .

Zamonaviy tojik adabiyotining yirik vakili Loyiq Sherali atrofidagi turfa nohaqliklar, turli-tuman norasoliklardan anchayin yozg‘irib, bir she’rida shunday yozadi:

Tuxmi odam meshavad afzun vale,
Odamu odamgari kam meshavad.
(Ma’nosi: Odam avlodining son-sanog‘i ko‘p, ammo chin odamlik sifatiga ega bo‘lganlar kam).

Ochig‘ini aytganda, barcha zamonlarda ham bir-birini xolislik ila to‘la-to‘kis tushunib, xayrixohlik va ochiqfe’llik bilan o‘zaro samimiy munosabatda bo‘la oladigan hamfikr, hamnafas – ko‘ngil kishilari har qadamda uchrayvermagan. Sharq mumtoz adabiyotida bu dunyoning keskin qoralanishi, zamonu ahli zamondan shikoyat kayfiyatining ustuvorlik qilishiga bir sabab, aslida, mana shu. Bu jihatdan baho berganda, professor Nurboy Jabborov odamiylik fazilatlarini o‘z xatti-harakatlarida yaqqol gavdalantirib, olimlik rutbasini sidq ila kiygan, ya’ni har ikki o‘zanni ma’naviy qiyofasida uyg‘unlashtirgan kamyob – bag‘ri ummon insondir! Qo‘lidan kelsa, tanish-notanish, kattayu kichik, yoshu qaridan yordamini sira-sira ayamaydi. Manmanlig-u kekayish, kibr-u havo-yu o‘ziga ortiqcha bino qo‘yish, soxtakorlig-u yuzakilik uning tabiatiga begona. Qachon yo‘qlab borsangiz, beg‘ubor tabassum bilan peshvoz chiqadi, suhbati shirin, hazil-mutoyiba, kirishimlilikka moyil – ilmu irfondan, ustoz-u shogirdlardan, amalga oshirayotgan ishlaridan so‘zlab, qalbingizda mehr mash’alasini yoqadi. Nurboy akaning suhbatlaridan dil yorishib, ruh yayrab, yangi va yaxshi taassurotlar bilan chiqadi odam har safar.

Insonda tug‘ilib o‘tgan joyi, muhiti bilan bog‘liq u yoki bu jihatlar umri mobaynida ko‘zga tashlanib turaveradi, albatta. Yoshlik chog‘laridanoq ruhiyatiga singgan qadriyatlarning nekbin nafasi o‘ziga xos shaxsiyatining shakllanishi-yu takomilga erishishida hamisha hamrohlik qiladi. Gap shundaki, Nurboy Jabborov olis Qashqadaryoning Dehqonobodida tug‘ilgan. Shu sababmikan, uning tabiatida dasht odamlariga xos to‘porilig-u dali-g‘ulilik ham, tantiligu bag‘rikenglik ham, shuningdek, bir qadar o‘jarlig-u o‘ziga yarasha qaysarlik ham mavjud. Biroq Nurboy aka har bir masalaga o‘ta mulohazakorlik, daqiqlik bilan yondashadi. Ilmiy bahs-munozaralarda ham borini boricha aytadi, bo‘yab-bejab o‘tirmasdan dangal gapiradi, rostini so‘zlaydi. Ochig‘i, olimning tahsinga loyiq, hayratga sazovor, o‘rnak olsa arziydigan yorqin xislatlari ko‘p. Birgina misol: N.Jabborov juda ko‘p tadqiqotchilarning dissertatsiya muhokamalarida, himoya jarayonlarida taqrizchi va opponent sifatida ishtirok etgan.

Kuzata turib, amin bo‘lasizki, ustoz adabiyotshunos tadqiqotni aslo erinmasdan, astoydil vaqt va kuch sarf qilib o‘qiydi. Ilmiy seminar paytida dissertatsiya yuzasidan o‘zining nihoyatda xolis, jo‘yali maslahatlarini bir necha raqamlarda aniqlik bilan yoritib, sanab ko‘rsatadi. Himoyagacha bo‘lgan fursatda tadqiqotchi aytilgan kamchiliklarni inobatga olib, tuzatsa, rasmiy opponent sifatida olim qisqa, ammo asosli taqrizini taqdim etadi: “ilmiy seminarda shunday-shunday kamchiliklarni aytgan edik, tadqiqotchi ularni tuzatibdi”. Biz bilgan Nurboy Jabborov ana shunday: ilmga endi qadam qo‘yib kelayotgan yoshlarni qo‘llab-quvvatlab, ular yaratgan tadqiqotlarning yanada mustahkam, pishiq va puxta chiqishi uchun ustoz maqomida turib, o‘rinli tavsiyalar beradi.

Nurboy aka bilan safarga birga chiqadigan bo‘lsangiz, hamrohdan omadim kelibdi, deyvering: yaxshi suhbatdosh, dilkash sherik izlashga sira hojat qolmaydi. Zamonaviy she’riyat-u jadid adabiyoti, ma’rifatchilik davri-yu mumtoz so‘z san’ati namoyandalari ijodiyotigacha miriqib, sermazmun suhbat qurasiz. Olim, ayniqsa, Alisher Navoiy ijodidan juda ko‘p o‘rinlarni yod olgan – quvvai hofizasiga, xotira kuchiga qoyil qolsa bo‘ladi.

Nurboy Jabborov mohir pedagog, jonkuyar ustoz, talabchan rahbar sifatida ham ko‘pchilikka o‘rnak va namunadir. U uzoq yillar O‘zbekiston Milliy universitetida talabalarga saboq berdi, kafedra mudiri, fakultet dekani lavozimlarida ishladi, Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universiteti tashkil topganidan buyon shu dargohda faoliyatini davom ettirib, “O‘zbek adabiyoti tarixi va matnshunoslik” kafedrasini boshqarib kelmoqda. Uning rahbarligida bugunga qadar 8 nafar fan doktori, 25 nafar fan nomzodi va falsafa doktorlari dissertatsiyalarini ishonchli himoya qildilar. Ha, bugun butun respublikamiz bo‘ylab ustoz N.Jabborovning ko‘plab shogirdlari yoshlarga ma’rifat ulashib, ilm sinoatlarini sidqidildan o‘rgatib kelishmoqda.
Olimning yurt ravnaqi, vatan taraqqiyoti, ilm-ma’rifat va ma’naviyatimiz rivojida ko‘rsatayotgan jonbozliklari munosib taqdirlandi. U “Shuhrat” medali (2002 yil) va “Do‘stlik” ordeni (2023 yil) sohibi bo‘ldi. Bugun N.Jabborovni nafaqat yurtimizda, balki undan tashqarida ham juda yaxshi tanishadi, e’zozlashadi. Olim xalqaro anjumanlar, simpoziumlarda muntazam ishtirok etadi. Adabiyotshunoslik ilmining inkishofiga qo‘shgan ulkan hissasi va adabiyot sohasidagi xizmatlari uchun Ozarbayjon Milliy ilmlar akademiyasi Nizomiy Ganjaviy nomidagi Adabiyot institutining “Adabiyotshunoslik ilmiga dastak” mukofoti bilan taqdirlanishi esa (2023 yil) xalqaro ilm-fan maydonidagi sa’y-harakatlariga ham berilgan bahodir.

Nurboy Jabborov faoliyati haqidagi fikrlarni bir yerga jamlab, hamma-hammasini tizimli tarzda, tasniflar asosida yoritadigan bo‘lsak, bir necha maqolalar kamlik qilishi shubhasiz. Olimning ilmiy yutuqlari muayyan bir tadqiqot doirasida o‘rganilmog‘i, tadqiq etilmog‘i maqsadga muvofiqdir, nazarimizda. Biz mazkur maqolada yirik adabiyotshunosning ulkan faoliyatiga umumiy tarzda nazar tashladik, xolos. Bu yil ustoz Nurboy Jabborov muborak 60 yoshni qarshilamoqda. Hali olimning ilm-fanda, qolaversa, ta’lim-tarbiya sohasida amalga oshiradigan ishlari juda ko‘p. Ularning barchasiga rivoj tilab qolamiz. Shijoat, bardamlik va ijod zavqi sira tark etmasin!

47

(Tashriflar: umumiy 30, bugungi 1)

Izoh qoldiring