Ibrohim Haqqul. Soqiynoma – Hayot va shodlik manzumsi

084ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Мақсуд Асадовнинг “Соқийнома: тарих ва поэтика” монографияси яқинда нашр этилди. Мазкур китобга филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул масъул муҳаррирлик қилган ҳамда “Соқийнома – ҳаёт ва шодлик манзумаси” номи билан сўзбоши ёзган. Ушбу саҳифада сўзбошини эътиборингизга ҳавола этамиз.

СОҚИЙНОМА – ҲАЁТ ВА ШОДЛИК МАНЗУМАСИ
Иброҳим ҲАҚҚУЛ —
филология фанлари доктори, профессор


09    Май, майхона ва майхўрлик, соқий, паймона ва шаробга ташналик Шарқ шеъриятидаги энг кўҳна ва энг завқ-шавқли мавзулардандир. Мумтоз адабиётда бу мавзунинг мавқеи шу қадар баланд, кўлами шу даражада кенгки, буни нисбатан пухтароқ билмай, шеър ва шоирлик, ҳаёт ва эркинлик, фано ва бақо каби муаммоларни тўғри ҳал қилиш душвордир.

Тарихдан яхши маълумки, Ислом дини арабларнинг ҳаёт ва турмушлари билан бирга уларнинг ишонч-эътиқоди, туйғу ва тахайюлларини ҳам ўзгартиргани боис, адабиётда ҳам янги йўналишлар излана бошлаганди. Айрим мавзулар ўрнини бошқаси эгаллаган, янги дин май ва шаробни таъқиқлагани туфайли ишқ ҳамда шаробдан сўз юритилган шеърлар кескин камайган эди. Лекин умавийлар даврига келиб, ишқ ва майга чорловчи шеърлар ёзиш яна авж олди. Умавий халифаларидан айримлари кайфу сафога шу қадар ғарқ бўлишганки, улар орасида тонгга қадар қадаҳни қўлдан қўймай ичадиганлари ҳам бор эди.

Майга, қадаҳ ва шаробга иштиёқ Эрон шоҳлари саройида ҳам баланд бўлган. Бу эса шоирларнинг май ва ишрат мажлисларидан кенг миқёсда сўзлашларига яқиндан ёрдам берган. Ваҳоланки, майхўрликнинг салбий оқибатлари, ундан туғиладиган хасталиклардан ҳам кўз юмиш мумкин бўлмаган.

Ривоятга кўра, узум Одам Ато томонидан ихтиро этилиб, дунёни севинч ва хурсандчиликка тўлдирган бир неъмат бўлган эмиш. Аммо ток танасининг ўсиб-улғайиши чоғида шайтон уни яширин равишда товус, маймун, арслон ва тўнғиз қонлари билан ҳам суғорган экан. Ва шу зайлда шайтон одамлар орасида кин, адоват, душманликни пайдо айлаб, асрлар мобайнида давом этиб келаётган қон тўкишларни ичкилик воситасида ҳам амалга ошираркан. Айрим тадқиқотчиларга кўра, юқорида саналган ҳайвонлар ва уларнинг қонларининг узумга боғланиши тасодифий эмас. Ўша ҳайвонларнинг ҳар бири мастликнинг даражасини акс эттирган. Чунки инсон ича бошлаши билан, ғурурли бир жонзот бўлмиш товусга ўхшайди.

Ичкилик миқдорига қараб аста-секин ақл-ҳушини бой бериб маймунга, сўнг йиртқич арслон, тўнғиздай қўрқинч махлуққа айланиб қолиши ҳам бор нарса. Лекин бадиий ижоддаги соқий, ринд, ошиқ каби образлар мана шундай ахлоқий-маънавий бузилиш ва тубанлашувларга қарши шахслар бўлишган. Шарқ шеъриятида майхўрлик – эркинликка эришиш рамзи ўлароқ қабул қилинган. Бугина эмас, май ва шароб ичиш анжуманларида қатнашишнинг шарт ва талабларига қатъиян риоя қилиш керак бўлган. Бу ҳақда бир китобда шундай дейилади: “Айш-ишрат базмларда иштирок этадиган кишилар, аввало, нуктадон, фаҳм-фаросати баланд, гўзал сўзлашни биладиган бўлмоғи лозим. Бундай мажлисларда жоҳил, нодон, тўпори кимсаларнинг қатнашиши қатъиян ман қилинган. Базм аҳлидан ҳар бири бир ҳунар соҳиби, беҳуда гапирмайдиган киши бўлиши шарт саналган…” Умар Хайёмнинг “май ичсанг оқилу доно билан ич…” дейиши ҳам шунчаки гап эмасди.

Хуллас, майсеварлик тушунчаси ва кайфиятларининг бадиий ижоддан муҳим ўрин эгаллаши, шеъриятда янги бир жанр, яъни соқийноманинг пайдо бўлиши билан якун топди. Соқийноманинг туғилиши, тадрижий ривожи, ғоявий-бадиий ўзига хосликларига илм аҳли бефарқ қараши мумкин эмасди, албатта. Шу маънода Эрон, турк, тожик олимлари томонидан ёзилган илмий тадқиқотларни хотирлаш жоиз.

Соқийнома инсондаги ҳам зоҳирий, ҳам ботиний ўзгариш ҳолатларини ўзаро уйғунликда тасвирлашга имкон берадиган бир жанрдир. Унда такрор ва такрор таърифу тавсифлари берилган майни ишқ, қадаҳни кўнгил, мажлисни ирфон базми, соқийни муршиди комил тимсолида қабул қилинса, одамнинг маънавий аҳволига доир тасаввур ҳам кенгаяди, ҳам бойийди. Соқийномаларда ташқи дунё воқеа-ҳодисаларига ишқий, маърифий маъно бағишланар экан, риндона ҳаётнинг эркинлиги, шодлик ва фароғатига эътибор қаратилган. Демак, соқийноманависликни шоирликнинг энг завқли, сафобахш мақоми ҳам дейиш мумкин.

Айнан мана шу жанр Шарқ адабиётини тушкунлик, бадбинлик ва ортиқча ғуссакашликдан муҳофаза қилишда катта хизмат кўрсатган деса, ғалат бўлмайди. Мурувватли соқийга мурожаат айлаб унинг қўлидан қадаҳ олиш ринд, ошиқ ё орифнинг руҳан янгидан қад ростлашидай бир гапдир. Чунки ҳиссиёт, кайфият, ҳолатларида қандай эврилишлар юз беришини улар олдиндан англашмайди. Ва ғам-андуҳ, ҳар турли чекловлардан қутилиш истаги улардаги ҳурлик орзусини қанотлантиради. Бу эса соқийномадаги психологик тасвирнинг ўзига хослиги ва теранлигидан далолат беради.

Ёшлик руҳи, ёшлик ғайрати ва ёшлик шавқини ёшлар илм-фанга олиб кирмаса, илм-фан камида ўзининг баҳоридан ажралади. Шунинг учун навқирон ва ўспирин тадқиқотчиларнинг дадиллиги, журъаткорлигини ҳамиша рағбатлантириш керак. Бухоронинг Шофиркон туманида туғилиб вояга етган, Бухоро университетида таҳсил олиб, Тошкентга аспирантурага келган Мақсуд Асадов докторлик диссертацияси учун соқийнома жанрини танлаб янглишмаган. Диссертант мазкур мавзу тадқиқида кўзлангандан ҳам зиёдроқ натижага эришишини, ҳар қалай, исботлади ва уни китоб шаклида эълон қилишга журъат этди.

Китобнинг илк боби соқийнома жанрининг юзага келиши ва тарихий такомили, унинг эски араб ва форс-тожик шеъриятида май мавзусини ёритишга бағишланган. Бобдаги ҳар икки фасл ҳам факт ва маълумотларга бой бўлиб, муаллифнинг қунт билан меҳнат қилганидан далолат беради. Айниқса, ўзбек адабиётида соқийнома кўринишидаги шеърлар ва май навларига доир мушоҳада ҳамда талқинлар янгилиги, қизиқтирувчанлиги билан ажралиб туради.

Оддий узумдан тайёрланган май ёки шароб, қандай қилиб ваҳдат майи, ишқ шароби, илоҳий файз ва қувонч тимсолига кўтарилган – ёш тадқиқотчи бу каби нозик масалаларда ҳам айтилиши зарур гапларни ўртага ташлашга эришган.

Соқийномаларда ишлатилган май, майхона, соқий, қадаҳ каби калималар юқорида қайд этилганидек рамзий характерда ҳам бўлган. Тасаввуфий маслакдаги шоирлар ижодида соқий – муршидни, май (шароб) – илоҳий ишқни, майхона – такка ёки хонақоҳни тамсил этган. Лекин мазкур атамаларни ҳамма шоирлар ҳам шундай маъноларда ишлатмаганлиги ва бунинг сабабларини муаллиф бирёқламаликка берилмасдан изоҳлай олган.

Турк олими А.Қорахонийнинг таъкидлашича, «Девонларидан соқийномалар жой олган туркий адабиётнинг машҳур шоирлари орасида бугунга қадар биринчи ўринни эгаллаб турган санъаткор Алишер Навоийдир…»

Навоий соқийномаси ушбу жанрнинг ўзбек тилида яратилган дастлабки ва гўзал намунаси. Навоийшуносликда у ҳақда баъзи фикр-мулоҳазалар баён этилган бўлса-да, ҳанузгача унинг махсус тадқиқи ва изчил таҳлили амалга оширилмаган эди. Мақсуд Асадов мана шу маъсулиятли ва алоҳида изланишларни талаб қиладиган ишни муваффақият ила уддалаган деса, асло хато бўлмайди. Муаллифнинг Навоий соқийномасига тўхталишдан олдин, улуғ шоир лирикасида май мавзусининг мавқеи ва «Хамса»даги соқийнома характеридаги байтларга эътиборни қаратиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлган деб ўйлаймиз.

Соқийнома жанридаги шеърлар XV асрдан кейин ҳам шеъриятимизнинг ҳаётга жуда яқин ва жонли намуналарини тамсил этган. Муҳаммадризо Огаҳий, Табибий, Мирий, Аваз Ўтар, Султоний, Мажзуб ва Нодим Намангоний сингари бир қанча шоирлар маснавий шаклидан ташқари ғазал-соқийнома, мусаддас-соқийнома, рубоий-соқийнома, таржеъбанд-соқийномаларни мерос қолдиришган. Буларнинг илк бора қунт билан ўрганилиб, янги-янги фикр-мулоҳазаларнинг ўртага ташланиши, албатта, эътирофга лойиқдир. Мақсуд Асадов ҳам шоир, ҳам олим. Бундан бир неча йил олдин у бир шеърий тўпламини эълон қилган эди. Дарвоқе, Мақсуднинг шеърида олимликни, илмида эса шоирликни сезиш қийин эмас. Унинг сўзни яхши ҳис қилиши ва фикрий чуқурликка интилиши шундан. Бизнингча, Мақсуд агар илм ва ижод йўлида заҳмат чекиш, изланишдан чалғимай дадил илдамлай олса, янада юксак, янада зўрроқ ютуқларни қўлга киритиши шубҳасиздир. Муҳтарам китобхон! Сизнинг диққатингизга ҳавола этилаётган мазкур китоб ҳам шундай дейишга асос бўла олади.

044OʼzR FА Oʼzbek tili, adabiyoti va folьklori instituti yetakchi ilmiy xodimi, filologiya fanlari doktori Maqsud Аsadovning “Soqiynoma: tarix va poetika” monografiyasi yaqinda nashr etildi. Mazkur kitobga filologiya fanlari doktori, professor Ibrohim Haqqul masʼul muharrirlik qilgan hamda “Soqiynoma – hayot va shodlik manzumasi” nomi bilan soʼzboshi yozgan. Ushbu sahifada soʼzboshini eʼtiboringizga havola etamiz.

SOQIYNOMА – HАYOT VА SHODLIK MАNZUMАSI
Ibrohim HАQQUL —
filologiya fanlari doktori, professor

056 May, mayxona va mayxoʼrlik, soqiy, paymona va sharobga tashnalik Sharq sheʼriyatidagi eng koʼhna va eng zavq-shavqli mavzulardandir. Mumtoz adabiyotda bu mavzuning mavqei shu qadar baland, koʼlami shu darajada kengki, buni nisbatan puxtaroq bilmay, sheʼr va shoirlik, hayot va erkinlik, fano va baqo kabi muammolarni toʼgʼri hal qilish dushvordir.

Tarixdan yaxshi maʼlumki, Islom dini arablarning hayot va turmushlari bilan birga ularning ishonch-eʼtiqodi, tuygʼu va taxayyullarini ham oʼzgartirgani bois, adabiyotda ham yangi yoʼnalishlar izlana boshlagandi. Аyrim mavzular oʼrnini boshqasi egallagan, yangi din may va sharobni taʼqiqlagani tufayli ishq hamda sharobdan soʼz yuritilgan sheʼrlar keskin kamaygan edi. Lekin umaviylar davriga kelib, ishq va mayga chorlovchi sheʼrlar yozish yana avj oldi. Umaviy xalifalaridan ayrimlari kayfu safoga shu qadar gʼarq boʼlishganki, ular orasida tongga qadar qadahni qoʼldan qoʼymay ichadiganlari ham bor edi.

Mayga, qadah va sharobga ishtiyoq Eron shohlari saroyida ham baland boʼlgan. Bu esa shoirlarning may va ishrat majlislaridan keng miqyosda soʼzlashlariga yaqindan yordam bergan. Vaholanki, mayxoʼrlikning salbiy oqibatlari, undan tugʼiladigan xastaliklardan ham koʼz yumish mumkin boʼlmagan.

Rivoyatga koʼra, uzum Odam Аto tomonidan ixtiro etilib, dunyoni sevinch va xursandchilikka toʼldirgan bir neʼmat boʼlgan emish. Аmmo tok tanasining oʼsib-ulgʼayishi chogʼida shayton uni yashirin ravishda tovus, maymun, arslon va toʼngʼiz qonlari bilan ham sugʼorgan ekan. Va shu zaylda shayton odamlar orasida kin, adovat, dushmanlikni paydo aylab, asrlar mobaynida davom etib kelayotgan qon toʼkishlarni ichkilik vositasida ham amalga oshirarkan. Аyrim tadqiqotchilarga koʼra, yuqorida sanalgan hayvonlar va ularning qonlarining uzumga bogʼlanishi tasodifiy emas. Oʼsha hayvonlarning har biri mastlikning darajasini aks ettirgan. Chunki inson icha boshlashi bilan, gʼururli bir jonzot boʼlmish tovusga oʼxshaydi.

Ichkilik miqdoriga qarab asta-sekin aql-hushini boy berib maymunga, soʼng yirtqich arslon, toʼngʼizday qoʼrqinch maxluqqa aylanib qolishi ham bor narsa. Lekin badiiy ijoddagi soqiy, rind, oshiq kabi obrazlar mana shunday axloqiy-maʼnaviy buzilish va tubanlashuvlarga qarshi shaxslar boʼlishgan. Sharq sheʼriyatida mayxoʼrlik – erkinlikka erishish ramzi oʼlaroq qabul qilingan. Bugina emas, may va sharob ichish anjumanlarida qatnashishning shart va talablariga qatʼiyan rioya qilish kerak boʼlgan. Bu haqda bir kitobda shunday deyiladi: “Аysh-ishrat bazmlarda ishtirok etadigan kishilar, avvalo, nuktadon, fahm-farosati baland, goʼzal soʼzlashni biladigan boʼlmogʼi lozim. Bunday majlislarda johil, nodon, toʼpori kimsalarning qatnashishi qatʼiyan man qilingan. Bazm ahlidan har biri bir hunar sohibi, behuda gapirmaydigan kishi boʼlishi shart sanalgan…” Umar Xayyomning “may ichsang oqilu dono bilan ich…” deyishi ham shunchaki gap emasdi.

Xullas, maysevarlik tushunchasi va kayfiyatlarining badiiy ijoddan muhim oʼrin egallashi, sheʼriyatda yangi bir janr, yaʼni soqiynomaning paydo boʼlishi bilan yakun topdi. Soqiynomaning tugʼilishi, tadrijiy rivoji, gʼoyaviy-badiiy oʼziga xosliklariga ilm ahli befarq qarashi mumkin emasdi, albatta. Shu maʼnoda Eron, turk, tojik olimlari tomonidan yozilgan ilmiy tadqiqotlarni xotirlash joiz.

Soqiynoma insondagi ham zohiriy, ham botiniy oʼzgarish holatlarini oʼzaro uygʼunlikda tasvirlashga imkon beradigan bir janrdir. Unda takror va takror taʼrifu tavsiflari berilgan mayni ishq, qadahni koʼngil, majlisni irfon bazmi, soqiyni murshidi komil timsolida qabul qilinsa, odamning maʼnaviy ahvoliga doir tasavvur ham kengayadi, ham boyiydi. Soqiynomalarda tashqi dunyo voqea-hodisalariga ishqiy, maʼrifiy maʼno bagʼishlanar ekan, rindona hayotning erkinligi, shodlik va farogʼatiga eʼtibor qaratilgan. Demak, soqiynomanavislikni shoirlikning eng zavqli, safobaxsh maqomi ham deyish mumkin.

Аynan mana shu janr Sharq adabiyotini tushkunlik, badbinlik va ortiqcha gʼussakashlikdan muhofaza qilishda katta xizmat koʼrsatgan desa, gʼalat boʼlmaydi. Muruvvatli soqiyga murojaat aylab uning qoʼlidan qadah olish rind, oshiq yo orifning ruhan yangidan qad rostlashiday bir gapdir. Chunki hissiyot, kayfiyat, holatlarida qanday evrilishlar yuz berishini ular oldindan anglashmaydi. Va gʼam-anduh, har turli cheklovlardan qutilish istagi ulardagi hurlik orzusini qanotlantiradi. Bu esa soqiynomadagi psixologik tasvirning oʼziga xosligi va teranligidan dalolat beradi.

Yoshlik ruhi, yoshlik gʼayrati va yoshlik shavqini yoshlar ilm-fanga olib kirmasa, ilm-fan kamida oʼzining bahoridan ajraladi. Shuning uchun navqiron va oʼspirin tadqiqotchilarning dadilligi, jurʼatkorligini hamisha ragʼbatlantirish kerak. Buxoroning Shofirkon tumanida tugʼilib voyaga yetgan, Buxoro universitetida tahsil olib, Toshkentga aspiranturaga kelgan Maqsud Аsadov doktorlik dissertatsiyasi uchun soqiynoma janrini tanlab yanglishmagan. Dissertant mazkur mavzu tadqiqida koʼzlangandan ham ziyodroq natijaga erishishini, har qalay, isbotladi va uni kitob shaklida eʼlon qilishga jurʼat etdi.

Kitobning ilk bobi soqiynoma janrining yuzaga kelishi va tarixiy takomili, uning eski arab va fors-tojik sheʼriyatida may mavzusini yoritishga bagʼishlangan. Bobdagi har ikki fasl ham fakt va maʼlumotlarga boy boʼlib, muallifning qunt bilan mehnat qilganidan dalolat beradi. Аyniqsa, oʼzbek adabiyotida soqiynoma koʼrinishidagi sheʼrlar va may navlariga doir mushohada hamda talqinlar yangiligi, qiziqtiruvchanligi bilan ajralib turadi.

Oddiy uzumdan tayyorlangan may yoki sharob, qanday qilib vahdat mayi, ishq sharobi, ilohiy fayz va quvonch timsoliga koʼtarilgan – yosh tadqiqotchi bu kabi nozik masalalarda ham aytilishi zarur gaplarni oʼrtaga tashlashga erishgan.

Soqiynomalarda ishlatilgan may, mayxona, soqiy, qadah kabi kalimalar yuqorida qayd etilganidek ramziy xarakterda ham boʼlgan. Tasavvufiy maslakdagi shoirlar ijodida soqiy – murshidni, may (sharob) – ilohiy ishqni, mayxona – takka yoki xonaqohni tamsil etgan. Lekin mazkur atamalarni hamma shoirlar ham shunday maʼnolarda ishlatmaganligi va buning sabablarini muallif biryoqlamalikka berilmasdan izohlay olgan.

Turk olimi А.Qoraxoniyning taʼkidlashicha, «Devonlaridan soqiynomalar joy olgan turkiy adabiyotning mashhur shoirlari orasida bugunga qadar birinchi oʼrinni egallab turgan sanʼatkor Аlisher Navoiydir…»

Navoiy soqiynomasi ushbu janrning oʼzbek tilida yaratilgan dastlabki va goʼzal namunasi. Navoiyshunoslikda u haqda baʼzi fikr-mulohazalar bayon etilgan boʼlsa-da, hanuzgacha uning maxsus tadqiqi va izchil tahlili amalga oshirilmagan edi. Maqsud Аsadov mana shu maʼsuliyatli va alohida izlanishlarni talab qiladigan ishni muvaffaqiyat ila uddalagan desa, aslo xato boʼlmaydi. Muallifning Navoiy soqiynomasiga toʼxtalishdan oldin, ulugʼ shoir lirikasida may mavzusining mavqei va «Xamsa»dagi soqiynoma xarakteridagi baytlarga eʼtiborni qaratishi ham maqsadga muvofiq boʼlgan deb oʼylaymiz.

Soqiynoma janridagi sheʼrlar XV asrdan keyin ham sheʼriyatimizning hayotga juda yaqin va jonli namunalarini tamsil etgan. Muhammadrizo Ogahiy, Tabibiy, Miriy, Аvaz Oʼtar, Sultoniy, Majzub va Nodim Namangoniy singari bir qancha shoirlar masnaviy shaklidan tashqari gʼazal-soqiynoma, musaddas-soqiynoma, ruboiy-soqiynoma, tarjeʼband-soqiynomalarni meros qoldirishgan. Bularning ilk bora qunt bilan oʼrganilib, yangi-yangi fikr-mulohazalarning oʼrtaga tashlanishi, albatta, eʼtirofga loyiqdir. Maqsud Аsadov ham shoir, ham olim. Bundan bir necha yil oldin u bir sheʼriy toʼplamini eʼlon qilgan edi. Darvoqe, Maqsudning sheʼrida olimlikni, ilmida esa shoirlikni sezish qiyin emas. Uning soʼzni yaxshi his qilishi va fikriy chuqurlikka intilishi shundan. Bizningcha, Maqsud agar ilm va ijod yoʼlida zahmat chekish, izlanishdan chalgʼimay dadil ildamlay olsa, yanada yuksak, yanada zoʼrroq yutuqlarni qoʼlga kiritishi shubhasizdir. Muhtaram kitobxon! Sizning diqqatingizga havola etilayotgan mazkur kitob ham shunday deyishga asos boʼla oladi.

045

(Tashriflar: umumiy 1 776, bugungi 3)

Izoh qoldiring