Orziqul Ergash. Shohsanam & Mahbuba Abdurahimova. Mangu hamroh. Ustoz adib Orziqul Ergashning «Shohsanam» romani haqida

47Муҳаббат инсоният қадим тарихи қадар қадим туйғу. Татар шоири Ходи Тоқтош: «Муҳаббат ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгилайди!» деб таъкидлаганидек, ишқ ҳар бир кўнгилда янги, ўзгача, бир-бирини такрорламайди. Орзиқул Эргашнинг  «Шоҳсанам» номли романларини ўқир эканман, илк жумлаларданоқ юрагимда бир титроқ, ҳаяжон турди. Салкам икки юз эллик саҳифали асар якуний нуқтасига қадар бу нарса мени тарк этмади.

МАНГУ ҲАМРОҲ
Устоз адиб Орзиқул Эргашнинг «Шоҳсанам» романи ҳақида


Маҳбуба Абдураҳимова
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети 4-босқич талабаси

Муҳаббат инсоният қадим тарихи қадар қадим туйғу. Татар шоири Ходи Тоқтош: «Муҳаббат ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгилайди!» деб таъкидлаганидек, ишқ ҳар бир кўнгилда янги, ўзгача, бир-бирини такрорламайди. Орзиқул Эргашнинг  «Шоҳсанам» номли романларини ўқир эканман, илк жумлаларданоқ юрагимда бир титроқ, ҳаяжон турди. Салкам икки юз эллик саҳифали асар якуний нуқтасига қадар бу нарса мени тарк этмади. Асарда дастлаб эътиборимни тортган жиҳат – унинг биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинишида эди. Биламизки, бундай ҳолатда муаллиф истаса-истамаса, имкони чекланиб қолади. У фақат ровийнинг кўзи билан қарашга, бутун бўлаётган воқеа, ҳодисаларни у тасвирлагандек қабул қилишга мажбур бўлади. Шу боисдан бошқа қаҳрамонлар руҳияти яхши очилмай, бир томонлама кўринади. Аммо асарни мутолаа қиларканман, бу нарсани сезмадим, унинг тили шу қадар равон ва ифодалари, бошқаларни гапириб бериши шу қадар тушунарли бўлганидан, учинчи шахс тили керак бўлмай қолди. Асар бош қаҳрамони бўлмиш Маҳмуд жуда зийрак, атрофидагиларни жуда нозик илғайди, тийрак нигоҳ билан кузатади ва тушунарли қилиб гапириб беради. Бу асар учинчи шахс тилидан ёзилганда балки бундай муваффаққиятли чиқмаслиги мумкин эди.

«Салкам етти миллиард одам боласи нафас олиб турган бу ёруғ дунёга аввал мен келганман. Орадан икки йил ўтиб эса сен… мен учун, менга ҳамроҳ бўлиш учун келгансан». Асарнинг бир неча ўринларида такрорланиб келувчи бу жумлалар шунчаки баландпарвоз, жимжимадор гаплар эмас. Мен аниқ айта оламанки, бу гапнинг туб мазмун-моҳиятига етмаган, ўзида ҳис қилмаган одам бундай демайди, деёлмайди! Мен бу сатрларни ўқиб «Оҳҳ!» дедим-у, муаллифга ҳам ҳавасим, ҳам пича ҳасадим келиб кетди. Гўзал сўзлар!!! Биз яшаб турган ёруғ дунё ўз бағрига етти миллиарддан ортиқ инсонни сиғдирган экан, унга икки йил фарқи билан келган қаҳрамонларимизнинг бир-бирлари учун яралганликларини эътироф этиш, юракдан ҳис қилишлари оддий ҳодиса эмас. Аллоҳ бундай туйғуни ҳар кимнинг ҳам кўнглига жо қилиб қўймайди. Маҳмуд ва Шоҳсанам – танланганлар бўлса не ажаб?!

«Шоҳсанам, сени биринчи бор қачон, қай ерда, қай ҳолатда кўрган эканман-а?..

Менимча бундай бўлган: сен туғилгансан, туғруқхонадан олиб чиқишган. Сизларникига борганмиз. Оппоқ йўргакдаги жиш чақалоқни менга кўрсатишган. Синглинг билан танишиб ол, ёқса, қулоғини тишлаб қўйгин деган аянг… У ҳолда сен дунёга келганингдан бир ҳафталар кейин кўришган бўлиб чиқамиз иккимиз. Яна ким билсин, бу кўришув унданам олдинроқ юз бергандир. Яъни кунда туғруқхонага қатнаган аям бир сафар мениям эргаштириб борган ва мен сени биринчи марта туғруқхона деразаси ортидан икки ё уч кунлигингда кўргандирман… Ёки бўлмаса ҳали дунёга келмасимиздан олдинроқ бир-биримизни кўрган, таниган бўлишимиз ҳам мумкин. Буниси энди ёлғиз Яратганга аён…» Роман бошланишидан ҳам икки ёш ўртасида қандайдир сирли, илоҳий боғлиқлик борлиги эҳтимолига урғу берилади. Не бахтки, бу бир-бирига ҳамроҳлик учун яралган ошиқлар бирга улғайишди. Доим ёнма-ён, ҳатто исмларининг оналари томонидан қўйилиши ҳам кишини ҳаяжонга солади. Шу ўринда Шоҳсанам исми тарихи халқ достонларидан бўлмиш «Шоҳсанам ва Ошиқ Ғариб» достонига, Маҳмуднинг исми бўлса ўзларининг қишлоқдошлари бўлмиш Маъмура холанинг (Шоҳсанамнинг онаси!) урушдан қайтмаган суюклиси, Мақсад момонинг ўғли хотирасига қўйилиши эса юракни бир увиштиради. Воқеалар, аниқроғи Маҳмуднинг хотиралари бирин-кетин баён қилиб борилар экан, пайдо бўлган ғашлик секин-аста арий бошлайди. Айниқса, Шоҳсанамнинг онаси у гўдаклигида қизалоқни Маҳмуднинг онасига тутқазиб, далага кетган пайтида боланинг қорни очиб, биғиллаб, бўғилиб йиғлаган дамдаги вазият ўқирманни етарлича «терлатади». Онаси келгунча чақалоқни эмизиб қўймасин-да, Маҳмуд билан Шоҳсанам ширхўра бўлиб қолмасин-да деб юрак ҳовучлаб туради. Йўқ, бахтимизга ундай бўлмайди. Маҳмуднинг онаси болалар келажагини ўйлаб, сабр қилади. Енгил нафас оламиз. Воқеалар давом этаверади. Муаллиф нафақат икки севишганни, балки ўша давр руҳини, қишлоқ ҳаётини, ундаги турфа феъл-атворли кишиларни, қолаверса, табиат тасвири, даладаги қайноқ меҳнат жараёнини мусаввирдек кўз олдингизга чизиб қўяди, беихтиёр вужудингизни ёзув столи ва китоб олдида қолдирган ҳолда хаёлан пахта далаларида жавлон уриб меҳнат қилаётган оддий қишлоқ одамлари ёнида пайдо бўласиз, улар билан бирга ишлайсиз, кулса куласиз, йиғласа йиғлайсиз. Суҳбатларини жон қулоғингиз билан тинглайсиз. Асарда ҳамма қаҳрамонларнинг ўзига хос тарихи, орзу-армонлари ва ҳақиқатлари бор. Масалан, Амирхон ва Умарони олайлик. Асарда бу икки севишганлар Маҳмуд ва Шоҳсанамга контраст шаклда берилади. Улар болаликдан доим баҳслашиб, тортишиб, ташқаридан қараганда бир-бировига рўйхушлик бермайдигандек кўринсалар-да, алалоқибат уларнинг муҳаббати кучлироқ бўлиб чиқади, бир-бирлари учун ураётган юраклари бошқалардан кўра жасурроқлиги аён бўлади. Улар энди сира бирга бўлолмасалар керак деб тушкунликка тушиб турганимизда ўз муҳаббатларини муносиб қўрий биладилар ва бунинг натижаси ўлароқ висолга етадилар. Асар бошиданоқ бирга бахтли ҳаёт кечиришларига шубҳа қилмай турганимиз қаҳрамонлар эса…

Яна Шоҳсанам ва Маҳмудга қайтамиз. Улар бирга, ёнма-ён улғайишди. Икковлон билан бирга ўқирманнинг ҳам уларнинг бир умр бирга бўлишлари, бахтли ҳаёт кечиришлари ҳақидаги ширин орзулари ҳам каттараверади. Ошиқларнинг ўзаро муносабатларини кузатиб, шарқона одоб-ахлоқнинг юксак кўринишига гувоҳ бўламиз. Шоҳсанам уятчан, иболи қишлоқ қизи, Маҳмуд ҳам тарбияли, ориятли йигит. Аммо менинг ўқувчи сифатида устозга – муаллифга бироз эътирозим бор. Нима сабабдан асарда бир-бири учун яралган одамларни бир зум бўлсин ақл тушовидан бўшатиб, кўнгил измига қўйиб берилмаган?! Ахир улар Ер юзидаги шууунча одамлар ичидан танланганлар эмасмиди? Уларнинг бахтга етишмаслиги, бир-бировидан айро тушиб, бошқа-бошқа турмуш қуриб кетиши жуда оғир. Асарни шунчаки ўқимаган, аксинча, унинг ичида яшаган ўқирман уни тугатгач, бир бўшашиб тушади. Нега? Болаликданоқ ҳал қилинган, пишиб турган ош эди-ку, уларнинг бирга бўлишлари! Бироқ тақдирнинг ўйинини қарангки, қаҳрамонларимиз арзимас гаплар, тушунмовчиликлар сабабли айро тушишди. Энди дунёга бир-бири учун келган ошиқлар то умрлари охиригача фироқ дардини яшашлари, пешонага ёзилганига кўнишлари керак! Бунинг учун эса, назаримда кўпроқ хотиралар бўлмоғи лозим эди. Маҳмуднинг ҳам, Шоҳсанамнинг ҳам келгуси ҳаётини бир шаклда давом эттириши, турли қийинчиликлар, синовларга бардош бериши учун қаердадир нафас олаётган ва юраги у учун уриб турган ўша… ўша мангу ҳамроҳи билан боғлиқ ширин дамлар хотирасига имкон берилмагани ўқувчининг кўнглига ҳам қайғу солади. Ахир улар ҳаммага ўхшаган одамлар эмасди, ўрталаридаги муҳаббат ҳам оддий, заминий эмасди, қандайдир илоҳий ишқ бор эди. Шундай экан, икковларининг ҳам бирор дақиқалик холи қолишларига, руҳларининг эркин суҳбатига, қандайдир изҳорлар, қандайдир тазарруъларга ҳақлари бор эди чамамда… Ҳаёт аталмиш оғир ва ташиб бўлмас юк шунда улар учун бирмунча енгилроқ бўлган бўларди.
Суюклиси қолиб, ўзга қизга уйланган, Шоҳсанамни бошқа бировга бой берган, ўз ҳолича турмуши, фарзанди бўла туриб, барибир Шоҳсанамсиз яшолмаслигини, усиз кемтиклигини ҳис қилган, энди ҳаммасини изга солишнинг сира имкони йўқлиги, маҳбубасидан умрбодга айрилганини англаб етган ва бу айрилиқ сабабини излаган Маҳмуднинг аччиқ иқрорини ўқиймиз:

«Ўйлаб қарасам, мен азал-аввалдан фақат сендан мўъжиза кутибман, фақат сендан! Мўъжизани ўзим пайдо қилишни, ўзим яратишни ўйламабман!»

Ўқирман бу сатрларни ўқиганда ногаҳон йигитни айблаши, уни муҳаббати учун курашмаганлиги сабабли койиши ҳам мумкин. Бироқ манглайига ёзилмаган бўлса, унинг ҳар қандай жузъий ҳаракатлари бекор. Баъзан инсон тақдир олдида ана шундай чорасиз қолиши ҳам мумкинлиги ҳақида мулоҳаза қилишга ундайди бу роман. Муаллиф нафақат оддий қишлоқ одамлари тақдири, қаҳрамонларнинг бир-бирига муҳаббатини ҳикоя қилади, шу билан бирга жуда катта ҳаётий ҳақиқатларни ҳам кўрсатиб ўтади. Зеро, бу дунё катта муҳаббатларни ўзига сиғдирмайди, албатта унга монеълик қилади. Буни инсониятнинг неча минг йиллик тарихига назар ташлаб ҳам кўришимиз мумкин: Лайлию Мажнунлар, Фарҳоду Ширинлар, Ромео ва Жулъетталар… бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам бундайин муҳаббатнинг борлиги гўзал, унинг айнан асар қаҳрамонларига туҳфа этилиши ҳам бежиз эмас. Гарчи бу муҳаббат никоҳ ришталари ила боғланмаган бўлса-да, Шоҳсанам ва Маҳмуд Ер юзида бир-бирига ҳамроҳ қилиб яратилганича қолаверадилар, жисман олис-олисларда яшасалар ҳам, қалбан доим ёнма-ёндирлар. Асардаги самимийлик, гўзал муҳаббат баёнини эътироф этмай илож йўқ. Муаллифга бу қадар беғубор, ҳаётий, ҳаққоний асар учун ташаккур!

Muhabbat insoniyat qadim tarixi qadar qadim tuyg‘u. Tatar shoiri Xodi Toqtosh: «Muhabbat o‘zi eski narsa, lekin har bir yurak uni yangilaydi!» deb ta’kidlaganidek, ishq har bir ko‘ngilda yangi, o‘zgacha, bir-birini takrorlamaydi. Orziqul Ergashning «Shohsanam» nomli romanlarini o‘qir ekanman, ilk jumlalardanoq yuragimda bir titroq, hayajon turdi. Salkam ikki yuz ellik sahifali asar yakuniy nuqtasiga qadar bu narsa meni tark etmadi.

MANGU HAMROH
Ustoz adib Orziqul Ergashning «Shohsanam» romani haqida


Mahbuba Abdurahimova
Alisher Navoiy nomidagi o‘zbek tili va adabiyoti universiteti 4-bosqich talabasi

Muhabbat insoniyat qadim tarixi qadar qadim tuyg‘u. Tatar shoiri Xodi Toqtosh: «Muhabbat o‘zi eski narsa, lekin har bir yurak uni yangilaydi!» deb ta’kidlaganidek, ishq har bir ko‘ngilda yangi, o‘zgacha, bir-birini takrorlamaydi. Orziqul Ergashning «Shohsanam» nomli romanlarini o‘qir ekanman, ilk jumlalardanoq yuragimda bir titroq, hayajon turdi. Salkam ikki yuz ellik sahifali asar yakuniy nuqtasiga qadar bu narsa meni tark etmadi. Asarda dastlab e’tiborimni tortgan jihat – uning birinchi shaxs tilidan hikoya qilinishida edi. Bilamizki, bunday holatda muallif istasa-istamasa, imkoni cheklanib qoladi. U faqat roviyning ko‘zi bilan qarashga, butun bo‘layotgan voqea, hodisalarni u tasvirlagandek qabul qilishga majbur bo‘ladi. Shu boisdan boshqa qahramonlar ruhiyati yaxshi ochilmay, bir tomonlama ko‘rinadi. Ammo asarni mutolaa qilarkanman, bu narsani sezmadim, uning tili shu qadar ravon va ifodalari, boshqalarni gapirib berishi shu qadar tushunarli bo‘lganidan, uchinchi shaxs tili kerak bo‘lmay qoldi. Asar bosh qahramoni bo‘lmish Mahmud juda ziyrak, atrofidagilarni juda nozik ilg‘aydi, tiyrak nigoh bilan kuzatadi va tushunarli qilib gapirib beradi. Bu asar uchinchi shaxs tilidan yozilganda balki bunday muvaffaqqiyatli chiqmasligi mumkin edi.

«Salkam yetti milliard odam bolasi nafas olib turgan bu yorug‘ dunyoga avval men kelganman. Oradan ikki yil o‘tib esa sen… men uchun, menga hamroh bo‘lish uchun kelgansan». Asarning bir necha o‘rinlarida takrorlanib keluvchi bu jumlalar shunchaki balandparvoz, jimjimador gaplar emas. Men aniq ayta olamanki, bu gapning tub mazmun-mohiyatiga yetmagan, o‘zida his qilmagan odam bunday demaydi, deyolmaydi! Men bu satrlarni o‘qib «Ohh!» dedim-u, muallifga ham havasim, ham picha hasadim kelib ketdi. Go‘zal so‘zlar!!! Biz yashab turgan yorug‘ dunyo o‘z bag‘riga yetti milliarddan ortiq insonni sig‘dirgan ekan, unga ikki yil farqi bilan kelgan qahramonlarimizning bir-birlari uchun yaralganliklarini e’tirof etish, yurakdan his qilishlari oddiy hodisa emas. Alloh bunday tuyg‘uni har kimning ham ko‘ngliga jo qilib qo‘ymaydi. Mahmud va Shohsanam – tanlanganlar bo‘lsa ne ajab?!

«Shohsanam, seni birinchi bor qachon, qay yerda, qay holatda ko‘rgan ekanman-a?..

Menimcha bunday bo‘lgan: sen tug‘ilgansan, tug‘ruqxonadan olib chiqishgan. Sizlarnikiga borganmiz. Oppoq yo‘rgakdagi jish chaqaloqni menga ko‘rsatishgan. Singling bilan tanishib ol, yoqsa, qulog‘ini tishlab qo‘ygin degan ayang… U holda sen dunyoga kelganingdan bir haftalar keyin ko‘rishgan bo‘lib chiqamiz ikkimiz. Yana kim bilsin, bu ko‘rishuv undanam oldinroq yuz bergandir. Ya’ni kunda tug‘ruqxonaga qatnagan ayam bir safar meniyam ergashtirib borgan va men seni birinchi marta tug‘ruqxona derazasi ortidan ikki yo uch kunligingda ko‘rgandirman… Yoki bo‘lmasa hali dunyoga kelmasimizdan oldinroq bir-birimizni ko‘rgan, tanigan bo‘lishimiz ham mumkin. Bunisi endi yolg‘iz Yaratganga ayon…» Roman boshlanishidan ham ikki yosh o‘rtasida qandaydir sirli, ilohiy bog‘liqlik borligi ehtimoliga urg‘u beriladi. Ne baxtki, bu bir-biriga hamrohlik uchun yaralgan oshiqlar birga ulg‘ayishdi. Doim yonma-yon, hatto ismlarining onalari tomonidan qo‘yilishi ham kishini hayajonga soladi. Shu o‘rinda Shohsanam ismi tarixi xalq dostonlaridan bo‘lmish «Shohsanam va Oshiq G‘arib» dostoniga, Mahmudning ismi bo‘lsa o‘zlarining qishloqdoshlari bo‘lmish Ma’mura xolaning (Shohsanamning onasi!) urushdan qaytmagan suyuklisi, Maqsad momoning o‘g‘li xotirasiga qo‘yilishi esa yurakni bir uvishtiradi. Voqealar, aniqrog‘i Mahmudning xotiralari birin-ketin bayon qilib borilar ekan, paydo bo‘lgan g‘ashlik sekin-asta ariy boshlaydi. Ayniqsa, Shohsanamning onasi u go‘dakligida qizaloqni Mahmudning onasiga tutqazib, dalaga ketgan paytida bolaning qorni ochib, big‘illab, bo‘g‘ilib yig‘lagan damdagi vaziyat o‘qirmanni yetarlicha «terlatadi». Onasi kelguncha chaqaloqni emizib qo‘ymasin-da, Mahmud bilan Shohsanam shirxo‘ra bo‘lib qolmasin-da deb yurak hovuchlab turadi. Yo‘q, baxtimizga unday bo‘lmaydi. Mahmudning onasi bolalar kelajagini o‘ylab, sabr qiladi. Yengil nafas olamiz. Voqealar davom etaveradi. Muallif nafaqat ikki sevishganni, balki o‘sha davr ruhini, qishloq hayotini, undagi turfa fe’l-atvorli kishilarni, qolaversa, tabiat tasviri, daladagi qaynoq mehnat jarayonini musavvirdek ko‘z oldingizga chizib qo‘yadi, beixtiyor vujudingizni yozuv stoli va kitob oldida qoldirgan holda xayolan paxta dalalarida javlon urib mehnat qilayotgan oddiy qishloq odamlari yonida paydo bo‘lasiz, ular bilan birga ishlaysiz, kulsa kulasiz, yig‘lasa yig‘laysiz. Suhbatlarini jon qulog‘ingiz bilan tinglaysiz. Asarda hamma qahramonlarning o‘ziga xos tarixi, orzu-armonlari va haqiqatlari bor. Masalan, Amirxon va Umaroni olaylik. Asarda bu ikki sevishganlar Mahmud va Shohsanamga kontrast shaklda beriladi. Ular bolalikdan doim bahslashib, tortishib, tashqaridan qaraganda bir-biroviga ro‘yxushlik bermaydigandek ko‘rinsalar-da, alaloqibat ularning muhabbati kuchliroq bo‘lib chiqadi, bir-birlari uchun urayotgan yuraklari boshqalardan ko‘ra jasurroqligi ayon bo‘ladi. Ular endi sira birga bo‘lolmasalar kerak deb tushkunlikka tushib turganimizda o‘z muhabbatlarini munosib qo‘riy biladilar va buning natijasi o‘laroq visolga yetadilar. Asar boshidanoq birga baxtli hayot kechirishlariga shubha qilmay turganimiz qahramonlar esa…

Yana Shohsanam va Mahmudga qaytamiz. Ular birga, yonma-yon ulg‘ayishdi. Ikkovlon bilan birga o‘qirmanning ham ularning bir umr birga bo‘lishlari, baxtli hayot kechirishlari haqidagi shirin orzulari ham kattaraveradi. Oshiqlarning o‘zaro munosabatlarini kuzatib, sharqona odob-axloqning yuksak ko‘rinishiga guvoh bo‘lamiz. Shohsanam uyatchan, iboli qishloq qizi, Mahmud ham tarbiyali, oriyatli yigit. Ammo mening o‘quvchi sifatida ustozga – muallifga biroz e’tirozim bor. Nima sababdan asarda bir-biri uchun yaralgan odamlarni bir zum bo‘lsin aql tushovidan bo‘shatib, ko‘ngil izmiga qo‘yib berilmagan?! Axir ular Yer yuzidagi shuuuncha odamlar ichidan tanlanganlar emasmidi? Ularning baxtga yetishmasligi, bir-birovidan ayro tushib, boshqa-boshqa turmush qurib ketishi juda og‘ir. Asarni shunchaki o‘qimagan, aksincha, uning ichida yashagan o‘qirman uni tugatgach, bir bo‘shashib tushadi. Nega? Bolalikdanoq hal qilingan, pishib turgan osh edi-ku, ularning birga bo‘lishlari! Biroq taqdirning o‘yinini qarangki, qahramonlarimiz arzimas gaplar, tushunmovchiliklar sababli ayro tushishdi. Endi dunyoga bir-biri uchun kelgan oshiqlar to umrlari oxirigacha firoq dardini yashashlari, peshonaga yozilganiga ko‘nishlari kerak! Buning uchun esa, nazarimda ko‘proq xotiralar bo‘lmog‘i lozim edi. Mahmudning ham, Shohsanamning ham kelgusi hayotini bir shaklda davom ettirishi, turli qiyinchiliklar, sinovlarga bardosh berishi uchun qayerdadir nafas olayotgan va yuragi u uchun urib turgan o‘sha… o‘sha mangu hamrohi bilan bog‘liq shirin damlar xotirasiga imkon berilmagani o‘quvchining ko‘ngliga ham qayg‘u soladi. Axir ular hammaga o‘xshagan odamlar emasdi, o‘rtalaridagi muhabbat ham oddiy, zaminiy emasdi, qandaydir ilohiy ishq bor edi. Shunday ekan, ikkovlarining ham biror daqiqalik xoli qolishlariga, ruhlarining erkin suhbatiga, qandaydir izhorlar, qandaydir tazarru’larga haqlari bor edi chamamda… Hayot atalmish og‘ir va tashib bo‘lmas yuk shunda ular uchun birmuncha yengilroq bo‘lgan bo‘lardi.
Suyuklisi qolib, o‘zga qizga uylangan, Shohsanamni boshqa birovga boy bergan, o‘z holicha turmushi, farzandi bo‘la turib, baribir Shohsanamsiz yasholmasligini, usiz kemtikligini his qilgan, endi hammasini izga solishning sira imkoni yo‘qligi, mahbubasidan umrbodga ayrilganini anglab yetgan va bu ayriliq sababini izlagan Mahmudning achchiq iqrorini o‘qiymiz:

«O‘ylab qarasam, men azal-avvaldan faqat sendan mo‘jiza kutibman, faqat sendan! Mo‘jizani o‘zim paydo qilishni, o‘zim yaratishni o‘ylamabman!»

O‘qirman bu satrlarni o‘qiganda nogahon yigitni ayblashi, uni muhabbati uchun kurashmaganligi sababli koyishi ham mumkin. Biroq manglayiga yozilmagan bo‘lsa, uning har qanday juz’iy harakatlari bekor. Ba’zan inson taqdir oldida ana shunday chorasiz qolishi ham mumkinligi haqida mulohaza qilishga undaydi bu roman. Muallif nafaqat oddiy qishloq odamlari taqdiri, qahramonlarning bir-biriga muhabbatini hikoya qiladi, shu bilan birga juda katta hayotiy haqiqatlarni ham ko‘rsatib o‘tadi. Zero, bu dunyo katta muhabbatlarni o‘ziga sig‘dirmaydi, albatta unga mone’lik qiladi. Buni insoniyatning necha ming yillik tarixiga nazar tashlab ham ko‘rishimiz mumkin: Layliyu Majnunlar, Farhodu Shirinlar, Romeo va Jul’ettalar… bu ro‘yxatni ancha davom ettirish mumkin. Nima bo‘lgan taqdirda ham bundayin muhabbatning borligi go‘zal, uning aynan asar qahramonlariga tuhfa etilishi ham bejiz emas. Garchi bu muhabbat nikoh rishtalari ila bog‘lanmagan bo‘lsa-da, Shohsanam va Mahmud Yer yuzida bir-biriga hamroh qilib yaratilganicha qolaveradilar, jisman olis-olislarda yashasalar ham, qalban doim yonma-yondirlar. Asardagi samimiylik, go‘zal muhabbat bayonini e’tirof etmay iloj yo‘q. Muallifga bu qadar beg‘ubor, hayotiy, haqqoniy asar uchun tashakkur!

32

(Tashriflar: umumiy 96, bugungi 1)

Izoh qoldiring