Orziqul Ergash. Hikmati ne’matidan afzaldir…

09 Мактабга биринчи қадам қўйган куним, ўша кундаги илк ҳайратларим кечагидек ёдимда… 1959 йил 1 сентябрь. Синфга баланд бўйли, навқирон йигит – қўшнимиз Абдусалом ака кириб келди. Биз билан саломлашди. Ўқувчи бўлганимиз билан табриклади. Кейин синф журналидан исм-шарифимизни ўқиб, ўрнидан турган ҳар бир бола билан таниша бошлади. Биринчи партада ўтирган бўлсам-да, ҳадеганда мени чақирмаётганидан ажабланиб, ичим қизий бораяпти…

Орзиқул ЭРГАШ
ҲИКМАТИ НЕЪМАТИДАН АФЗАЛДИР…


Устозга берилган ваъда…

21Мактабга биринчи қадам қўйган куним, ўша кундаги илк ҳайратларим кечагидек ёдимда… 1959 йил 1 сентябрь. Синфга баланд бўйли, навқирон йигит – қўшнимиз Абдусалом ака кириб келди. Биз билан саломлашди. Ўқувчи бўлганимиз билан табриклади. Кейин синф журналидан исм-шарифимизни ўқиб, ўрнидан турган ҳар бир бола билан таниша бошлади. Биринчи партада ўтирган бўлсам-да, ҳадеганда мени чақирмаётганидан ажабланиб, ичим қизий бораяпти. Рўйхат алфавит тартибида шаклланишига у пайтлар ақлим етмаган-да. Ниҳоят менга ҳам навбат етди. Ўтирган еримда бош ирғаб, илжайиб қўйдим. У яна чақирди. Ажабландим: мени кўрмаяптими? Ёнимдаги, орқамдаги болалар турткилашидан кейин ўрнимдан турдим.

– Ҳа, Фалончиев, мен билан танишгингиз келмадими, – деди кулимсираб.

– Мени танийсиз-ку, малим, – дедим.

Ҳамма кулиб юборди. Абдусалом ака ҳам жилмайди. Кейин бошимни силаб қўйиб, яна столи ёнига қайтиб борди-да:

– Мен нафақат сизни (айтмоқчи, ҳаммамизни сизлаб гапираётганидан ҳам ажабланиб тургандим) бу ерда ўтирган ҳар бир болани яхши танийман. Ҳамқишлоқ, қўшни, қариндошлар сифатида. Лекин, бугунги танишувимиз ўқитувчи-ўқувчи, устоз ва шогирд танишувидир, – деди.

Қизиғи, кейин бўлди. Ўқитувчи китоб тарқата бошлади. Қарасам, ҳамма болалар сумкаларини, айримлари матодан тикилган жилд-халталарини парта устига олиб қўйишяпи. Мен ҳам дарҳол қўйнимга тиқиб келган отамнинг белбоғини чиқариб, олдимга ёйдим. Бундан яна кулгу кўтарилди. Гап шундаки, ўшанда олти ёшда эдим. Мактабга яна бир йил кейин чиқишим керак эди. Лекин ўзимдан бир ёш, ярим ёш катта кўчамиз болаларини мактабга боришини эшитиб, тўполон кўтаргандим. Шунда раҳматли онам отамдан, майли зерикканча бориб турсин, кейин бир гап бўлар, деб рухсат олиб берган ва қўлимга китоб ўраб келишим учун белбоғ тутқазиб юборган эди. Бундан ўқитувчим ҳам хабардор экан, шекилли, болаларга тушунтирди:

– Ораларингизда, бу энг ёши кичикларинг. Унинг мактабга келишига бугун рухсат тегди. Шунинг учун тайёргарликсиз келибди. Эртагаёқ кўрасиз, у яп-янги сумкада келади. Ва энг яхши ўқувчи бўлиб, ҳаммамизни хурсанд қилади. – Кейин менга жиддий тикилиб, – гапим тўғрими, Фалончиев? – деди.

– Тўғри, хурсанд қиламан, – дедим бу сафар ўқувчиларга хос бурролик билан.

“Хурсанд қиламан!..”

Илк Устозим ишончини қай даражада оқладим, қанчалик хурсанд қилдим, билмайман. Лекин, шуниси аниқки, унинг ўша кунги билдирган ишончи менга бир умрлик тиргак бўлди. Қачон бир мушкулот, синов олдида қолсам илк ўқитувчим Абдусалом ака Раҳимқуловни эслайман, унинг ўша кунги меҳр ва ишонч балқиб турган нигоҳи кўз олдимга келади. Шундан қувват оламан, журъатланаман. Ва “яхши ўқувчи” бўлиш ҳақидаги ваъдамни бажаришга киришиб кетаман.

044Таъқиқдаги китобхонликлар

Ақлимни таниб отам раҳматлининг қўлида кетмон кўрганман. Далада ишларди, ғўза суғорарди. Аслида дегрезлар авлодиданмиз, қозон қуярдик, омочга тиш ясардик, деганлари эсимда. Отакасбини нега давом эттирмагани сабабини анча кейин тушунганман.

22Онамга келсам… Самарқанднинг Хўжанди гузарида туғилган. Отаси Ширинхўжа бобомиз мадраса кўрган киши бўлган. Бироқ замона кўтармагани сабаб илму иқтидорини ошкор қилавермаган. Ўттизинчи йилларда отаси Муҳаммадхон эшон сургун қилинади, ўзи эса қулоқнинг фарзанди сифатида уй-жойидан мосуво этилиб, орқага қайтмаслик шарти билан, шаҳардан чиқариб юборилади.

Бобомиз оиласи билан Миёнқолнинг чекка бир еридан қўним топса-да, умрининг охирига қадар таъқибдан қутилмайди. Шунга қарамай, хонадонида ойда бир-икки бор йиғинлар бўлиб турар, эшик-деразалар бекитилиб, кўча бошига кузатувчи қўйилиб, китобхонлик қилинаркан. Бирор шовур англашилган заҳоти китоблар хонтахта остига тушиб, дастурхонда улфатчилик тусини берувчи манзара пайдо қилинаркан. “Ҳид олиб келган” кимса эса эшикдан бош суқиб, ҳаммани бир қур назардан ўтказаркан-да, кейин тиржайганча: “Ҳа, тузук, тузук, одам бўп қопсизлар”, деганча ортига қайтаркан.

Онам раҳматли онаси Мушарраф бувимдан эшитгани бўйича ўша йиғинларда аксари Сўфи Оллоёр ўқилган экан, дерди. Ва ёдида қолган байтлардан бизларга айтиб берарди. Сўфий шоирнинг “Отанг ердур, сенам ердек қилиқ қил, Ямонлик айлаганга яхшилик қил” деган машҳур байтини биринчи марта онамдан эшитганман.

Турсунбой достончининг деганлари

58Бир куни уйимизга қўшни тумандан отамнинг болаликдан бирга ўсган Турсунбой деган ошнаси йўқлаб келиб қолди. Кўпдан кўришишмаган экан, ёш болалардек қувнаб, ачомлашиб кетишди. Оиланинг тўнғичи бўлганим учунми, Турсунбой амаки мени катталардай кўриб, жиддий гаплашди. Ўқишимни, нималарга қизиқишимни суриштирди. Отам билан бирга кечган болалиги ҳақида гапириб берди. Мурод жўрам ёлғиз ўғил эди, эрка эди, лекин тантиқ эмас эди. Зукко эди, ўқиганда катта одам бўларди, лекин шундай бўлдики, илми бор, саводи борни қулоқ қилаверишди. Қамайверишди. Эргаш бобонг айтдики, қўй ўғлим, тинчгина ёнимга киргин, қозон қуйгин, омочга тиш ясагин. Сипоҳилик бизга эмас, деди. Меникиларга ҳам бу гап маъқул тушди-да, икки жўра дегрезлик қилиб юравердик. Ажабки, буниям Худо кўп кўрди. Темирчими, косибми, сиқувга олишди. Отнинг калласидек солиқ солиб, силламизни қурита бошлашди. Давлатга ҳунарманд эмас, ишчи керак эмиш. Мен заводга ишга кирдим, чапани отанг э, боре, деб бу ёқларга кўчиб кетди…

Хуллас, Турсунбой амаки отамнинг кўп сир-асрорларини очиб ташлади. Ва гап орасида менга, энди сени бир синаб кўрсам, полвон йигит, деди. Мен айтаман, сен ёддан қайтарасан, бўптими, деди. Бўпти, дедим. У “Ихлос” сурасини оятма оят айтиб турди, мен бурро-бурро қайтаравердим. Охирида, энди ҳаммасини жамлаб ёддан айтгинчи, деди. Нафасимни бир ростлаб олдим-да, диққатимни тўплаб, сурани ёддан айтиб бердим. Турсунбой амаки э, барака топ, деб юборди. Зеҳнингга қойил. Худо берган экан, энди буёғи ўзингга қолибди, деди бағрига босиб.

Кечаси уйимизда кўп одам тўпланди. Ҳаммаси отамнинг тенгқурлари. Меҳмонимиз Турсунбой амаки эса бир давра одамни оғзига қаратиб ярим тунга қадар достон айтди. Мен бўлсам, ўн бир ёшли болакай, бир чеккада ҳавасу ҳайратга кўмилиб ўтирибман. Ўтирибману ўтирган жойимни унутганман. Достон воқеалари ичига сингиб кетганман. Ким билсин, балки ўша кечаси илк бор учқун тушгандир юрагимга…

Очилхон тоғамиз

Мендан беш-олти ёш каттароқ Очилхон тоға деган қариндошимиз бўларди. Онамнинг амакиси – Тўрахўжа бобомизнинг ўғли. Айтмоқчи, Амак бобомиз (бизда шунақа дейилади) ўша нотинч ўттиз-қирқинчи йилларда бир иш қилади: қарасаки, акаси Ширинхўжа китобхонлигини қўймаяпти. Замон нотинч. Коса кундамас кунида синади деганидек, бу кетишда бошига бало орттиради. Отамиздан айрилганимиз каммиди, деб, акасидан бекитиқча, унинг ҳамма китобларини бир қопга жойлайди-да, қабристонга олиб бориб кўмиб келади. Шундан ака-ука орасига совуқчилик тушади. Гаплашмай қўйишади. Орада уруш бошланиб, ука фронтга олинади. Жигарлар шундагина ярашишиб, кўзда ёш билан хайр-хўш қилишади…

Очилхон тоғамиз далада тракторчилик қиларди, “Универсал” деган трактор ҳайдарди. Мен унда ўспирин бола, унинг кетидан қолмасдим. Илинжим трактор ҳайдаш эди. Тоғам раъйимни қайтармас, лекин қатор орасидамас, тўғри йўлларда ора-сира рулни бериб турарди. Мен у кишини ўша пайтларда ўқиганим – Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романидаги Очил шоирга ўхшатардим. Нафақат шоирлиги, феъл-атворини ҳам. Гап шундаки, тоғамизнинг тузуккина қалами бор эди, туман газетасида катта-кичик хабарлари, шеърлари босилиб турарди. Ҳатто фельетонлари ҳам. Бир сафар “Эшон қишлоқ ўгайми?” деган танқидий мақоласи сабаб анча-мунча гап-сўзларга қолгани ҳам ғира-шира эсимда. Хуллас, Очилхон тоғам атрофида ғимирлаб юриб, нафақат трактор бошқаришни ўргандим, балки у кишидаги дардни ҳам юқтириб олдим. Ижод дардини. Бир пайтлар Турсунбой достончи сабаб юрагимга тушган учқун энди ўзини сездириб, безовта қила бошлади.

Туман газетасига борганим

Тоғам мендаги безовталикни пайқадими, бир куни туман газетасига бошлаб борди. 7-синфга кўчган пайтим, ёз ойлари эди. Мен негадир қаттиқ ҳаяжон, ҳадикда эдим. Йўқ, газетчилар жуда бошқача бўлишар экан, худди эскидан танишдай, ҳазил-ҳузил билан кутиб олишди. Бир пасда ўзимни босиб олиб, савол-сўровларга бурро-бурро жавоб бера бошладим. Қандай китоблар ўқигансиз, дейишди. Бир бошдан айта бошлагандим, ўҳҳў, жуда кўп-ку, дейишди. Росттанам мактабимиз кутубхонасида мен ўқимаган китоб қолмаганди. Шунда кутубхоначи опамиз қўлимдан етаклаб бориб, колхознинг эски мачит ўрнидаги катта кутубхонасига аъзо қилдириб келган эди. Шуларни ҳам айтиб мақтангим келди-ю, аранг ўзимни тутиб қолдим.

Кейин нималар ёзишимни сўрашди. Битта достон, кейин анча-мунча шеърлар ёзганимни, “Ғунча”, “Гулхан”, “Ленин учқуни”дан Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Миразиз Аъзамдан хатлар олганимни айтаётиб, бундай қарасам, Очилхон тоғамиз ҳайрон бўлиб қараб турибди. Чунки у кишига бу ҳақда айтмагандим-да. Нафақат тоғам, синфимиздан ҳам бирортаси билмасди бу гапларни. Ўзимча бир нарсаларни ёзардим-да, Тошкентга жўнатиб юборардим. Кейин янги келган газета-журналларни киши билмас варақлаб, исм-шарифимни излардим… Ўша куни жамоатчи мухбир сифатида газетадан топшириқ олиб қайтдим ва кўп ўтмай кўпдан кутганим юз берди: кичик-кичик хабарлар остида менинг ҳам исм-шарифим кўрина бошлади.

Шоир бўлиб танилганим

99aБир куни эрталаб синфга кириб келишим билан болаларнинг биттаси баланд овозда шеър ўқий бошлади. Ҳайрон қолдим, ие, меники-ку!.. Қаердан олдинг, дедим. Қаердан бўларди, ҳа, муғомбир, деди у илжайиб. Росттанам билмайман, ўзи нима гап, дедим. Шунда синфдош қизлардан биттаси олдимга югуриб келди-да, қўлимга газета тутқазди. Мана, шеъринг чиқибди, деди. Табриклаймиз… Ҳозир бу ерда келтиришга ҳам истиҳола қилиб турганим – икки карра икки тўрт қабилидаги бу машқим мени мактабда “шоир” сифатида танитиб юборди. Сиртимга чиқармасам-да, ўзимда ҳам ажабтовур ўзгаришлар сеза бошладим. Орзу-ҳавасларим жўшгандан жўшар, кўп эмас, уч йиллар нари-берисида ўзимни Тошкент кўчаларида дипломат кўтариб юрган талаба сифатида тасаввур қила бошлаган, ҳатто бу қатъий қароримга айланиб улгурганди.
Бундай қарорга келишимнинг яна бир сабаби – ўша талофатли зилзила содир бўлган 1966 йилда мактабни битирган ўнга яқин мактабдош акаларимиз Тошкентга йўл олишган, ўқишга киргани кириб, кирмагани ҳам ортга қайтмай, кейинги йили яна уриниб кўриш мақсадида қурилишларда ишлаб қолишган эди. Ўшаларга ҳам ҳавас қилганман шекилли-да.

Отдан тушганим…

“Яхши одамлар ёхуд ижод дарди” бадиамда (“Ёшлик” журнали, 2019 йил, 9-сон) ёзганимдек, хаёл бошқа ҳаёт бошқа экан. Ўн беш ёшларимда отамиз хасталаниб қолди. Оилада етти ўғил, тўнғичи менман. Ақлан олганда кичиги икки, олди ўн уч яшаргача бўлган укаларим, касалманд отам, ёлғизқўл онамни ташлаб, пойтахтга жўнаш тўғри келмасди. Аммо, дилимга қаттиқ ўрнашган ўжар истак ақлимга бўйсунмасликка ундар, дам-бадам ғалаён қўзғаб турар, бу ғалаённи аранг босиб тинчитсам¬-да, ич-ичимдан ўксиниб юрардим. Охири қўшним – СамДУнинг математика факультети талабаси Аббос акага айтдим. У ҳеч нарса демади. Демади-ю, эртаси куни мени ўзи билан шаҳарга олиб кетди. Университетнинг филология факультети билан таништирди. Аудиториялари, кенг заллари, кутубхонасини кўрсатди. Талабалар билан учраштирди. Бу ерда кимлар ўқиб, кимлар бўлиб етишгани, айни чоқда қанақанги машҳур сиймолар дарс бераётганигача гапириб берди. Охирида, шоир бўладиган одам бу ерда ҳам астойдил ўқиса, мақсадига эришишига ишонтирди.

Отдан тушдим.

Мактабни битиргач, индамайгина Университетнинг филология факультетига ҳужжат топширдим. Уни қарангки, пойтахтдан бошқа жойни хаёлига ҳам келтирмай, ҳаволаниб юрган малласоч ғўр йигитча, ўқишга аранг илиндим. Илинганда ҳам сиртқи бўлимга… Менга ўхшаган хиёл камроқ бал тўплаганлардан ўттиз нафарини (кўзлари қиймаганидан бўлса керак) сиртқи бўлимга қабул қилишди. Хуллас, ўн олти ёшимда асосан ёши катталар диплом олиш учунгина ўқийдиган сиртқи бўлим студентига айландим.

“Зарари йўқ, – дедим ҳамон отдан тушсам ҳам эгардан тушгим келмай, – биринчи курсни тамомлаб, кундузги бўлимга қайта ариза бераман. Керак бўлса, имтиҳон ҳам топшираман, лекин сиртқида қоп кетмайман!..”

Кейин эса…

Бу ниятим ҳам чиппакка чиқди. Отам вафот этди. Ўша “Яхши одамлар…”да ёзганимдек, кундузги бўлим ҳавасидан воз кечиб, колхоз раисига иш сўраб бордим. Ота қадрдоним Рофе Ҳамроев (кейинчалик у қиссаларимда Рустам Ҳайдаров бўлиб кўринди) ниятимдан қувониб, мени бир йиллик бухгалтерия курсига юборди. У ердан қайтиб роса олти йил чўт қоқдим, “дебит-кредит” билан машғул бўлдим. Бу орада университет таҳсили ҳам тугади. Ниҳоят кўкрагимга “шамол тегиб” ўзим ўқиган мактабга тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишга ўтдим.

Икки йил ҳавас билан ишладим, сувга тушган балиқдек ҳис этардим ўзимни. “Шалола” деган адабий тўгарак ҳам очиб, ўқувчиларимга шоирликдан “дарс” бера бошладим. Лекин бўлмади, яна ўз-ўзимдан норозилик, ҳафсаласизлик бошланди. Бир замонлар юрагимга ўрнашган чўғ ўз сўзини ўтказа бошлади: нимага энди дунёнинг бир чеккасида қоп кетишинг керак, лоақал энди толеьинги синаб кўришинг мумкин-ку!.. Ҳа, мумкин, дея унинг сўзини узил-кесил маъқулладим.

Ниҳоят, 1979 йилнинг июль ойида пойтахтга отландим. Айтсам ишонмайсиз: ўшанда катта даъволар билан йўлга чиққан ғўр йигитчанинг қўлтиғида беш-ўнта ҳикояси ва шеърлари босилган бир дастагина туман газетасидан бўлак ҳеч вақоси йўқ эди…

Ҳақиқий устозга учраганим…

Озроқ чекиниш қилсам: саккизинчи синфда бизга мактабга янги келган адабиёт ўқитувчиси дарс бера бошлади. Эрамат ака Худоёров деган (Асли исми Эрмамат, янада аниқроғи Эрмуҳаммад бўлса керак, деб ўйлайман. Шўро ҳужжатчилиги шунақа эди-да). Урушда бўлган, камгап, аммо чўрткесар бир киши экан. Шеърлари ҳатто Республика нашрларида босилиб тураркан. Бир куни у “Фарҳод ва Ширин” достони юзасидан иншо ёздирди. Аввалига иншо режаси ҳақида гапирди. Кириш, асосий қисм, хулоса… Тиниш белгилари – нуқта, икки нуқта, нуқта вергул… ҳамма-ҳаммасини ҳижжалаб тушунтирди. “Шуни билиб қўйинг, натижа режанинг маҳсули, ҳаётда ҳам пухта режага таянган одам адашмайди”, деди. Орадан бир ҳафталар ўтиб ёзган иншоларимизни дарсга олиб кирди. Умуман ёмонмас деди, дафтарларни бир-бир варақлаб. Масалан, фалончи, фалончиларнинг иншоси… Ҳаммаси кам-кўстсиз бажарилган. Лекин, ҳаммага тегишли бир қусур – мустақил фикр йўқ. Ўз гапларинг йўқ. Дарсликдан чиқиб кетолмагансизлар. Шу сабабдан фақат битта ўқувчига баҳо қўйдим, тўрт қўйдим…

Ҳаммамиз ҳаяжонда бир-биримизга қарай бошладик. У сир бермай, сўзида давом этди. Тўғрими, нотўғрими, ўз гапини ёзган. Ёзувчилардай эркин фикрлашга интилган… Ниманидир пайқаб, қизара бошладим. Бошимни эгиб олдим. Сезмабман, болалар менга қараб имо-ишора қилиб, жилмая бошлашибди.

– Ҳа, шундай, топдиларинг, Фалончиевнинг иши менга маъқул бўлди, – деди Эрамат ака энди очиғига кўчиб. Бу гапни у ўқитувчилар хонасида ҳам айтган экан, биринчи ўқитувчим Абдусалом ака мактаб ҳовлисида мени атайин тўхтатиб, қўлимни сиқиб табриклади. “Ана энди ҳақиқий устозга учрадинг, уни қаттиқ ушлагин”, деди қувониб.

Баъзан баъзан ўша кунларни эслаб қолсам дилим ёришади, қандай устозлар экан-а, қай бир ўқувчисида йилт этган учқун кўрса қувонадиган, қувончини бошқалар билан баҳам кўрадиган…

Ёзувчиликка ҳавас

Ўшанда сентябрь ойи эди. Кейин пахта теримига чиқиб кетиб, декабрни қоралаб дарсга қайтсак, синфимизга бошқа бир ўқитувчи кириб келаяпти. Эрамат ака, ҳали айтганимдай, уруш қатнашчиси эди, хасталаниб қолиб, ишдан кетибди. Мен бўлсам, кўкракка тўймаган гўдакдай тамшаниб қолавердим. Тан олай, Эрамат Худоёровдан олган бир ойлик сабоғим изсиз кетмади. Биринчидан, кейинги ёзган иншоларимда ҳам эмин-эркин бўлишга, “ёзувчилардай” фикрлашга интиладиган бўлдим. Иккинчидан, ўзимда ҳам ёзувчиликка майл уйғона бошлади шекилли, ул-бул нарсалар қоралай бошладим.

Мактабни битирдим. Ҳали айтганимдай, сиртқида ўқиб, бухгалтерияда чўт қоқиб юрибман-да, ботинимда дам-бадам ижод дарди симиллаб қолади, озроқ фурсат топдимми, нималардир машқ қиламан. Ора-сира газетада шеърларим кўриниб, юрак тафтимни босиб туради.
Бир кун қарасам, “Атиргул” номли ҳикоям бир саҳифа бўлиб чиқиб турибди. Энди бунинг завқи бошқача бўларкан. Яна ҳов ўша илк шеърим чиққанидаги кўйга тушдим. Фақат бу сафар ўшанда мендан ҳам кўпроқ қувонган, бири олиб, бири қўйиб қутлаган синфдошларим атрофимда йўқ эди, холос.

Пойтахтдаман

Хуллас, юрагимда бир дунё ҳавас, қўлтиғимда бир даста туман газетаси билан билан пойтахтга йўл олдим. Ўзига таваккал қилган бандасини Ўзи қўллаши ҳақ рост экан, катта бир даргоҳга ишга ҳам жойлашдим. Туман газетасидан бошқа даргоҳни кўрмаган, тажрибасиз, ғўр бир қаламкашнинг Республика радиоси Адабий-драматик эшиттиришлар Бош таҳририятига, яна денг, Наср бўлимига муҳаррир сифатида ишга олиниши бу мўъжиза эди.

Тошкентга келиб, аввал кимларга учраганим, улар мен учун таҳририятларга қўнғироқ қилиб, иш излашгани, ҳамма ердан “бизга тайёр кадр керак, узр” деган жавоб олишгани, кейин тасодифан Радиодаги бўш ўрин ҳақида хабар топишгани ва у ердаги яхши одамлар қўллови сабаб ишга қабул қилинишим тафсилотларини “Яхши одамлар…”да роса мароқланиб, ижикилаб баён қилганман. Бу ерда мен айтмоқчи бўлганим бошқа нарса: ўшанда гарчи омадим чопган эса-да, гўё қоронғу ўрмонга тушиб қолгандай ҳис қилганман ўзимни. Эплаб кетармикинман? Ишқилиб менга ишониб ўртага тушган (Тоҳир Малик, Эминжон Усмонов)лар олдида юзим шувит бўлиб қолмайдими… Айниқса, пойтахтда ўқиган ҳамкасбларим дунёқарашлари, савия-салоҳияти билан ўз тушунчаларимни солиштириб, уларнинг адабиёт ҳақидаги баҳс-мунозараларини тинглаб, киши билмас ўкинаман. Ўн йил муқаддам келганимда қандай яхши бўларди-я, дейман…

Биринчи ҳикоям

Буёғига ҳаммаси ўзимда қолган эди. Ҳар ҳолда азза-базза ишлаб турган жойимни ташлаб Тошкентга келганим, менга ишонч билдирган устозлар олдидаги масъулиятим, ва албатта, табиатимдаги ботин бир ўжарлик қувват бердими, хиёл фурсатда радиочига айландим.

Ҳали айтганимдай Наср бўлимидаман, таҳририятга келган насрий асарларни бўлади, бўлмайдига ажратиб, эфирга тайёрлайман. Ўзим ҳали бирорта ҳикоя ёзиб, қотириб қўйган жойим йўғ-у, лекин ҳар ҳолда яхши ёки бундайроқ асарни фарқлай оламан. Маъқул деб билганларимни ижикилаб таҳрир қиламан. Нуқта вергулигача назардан қочирмайман. Ҳаммаси кўнгилдагидек боряпти-ю, аммо ўзимнинг ижодим… Қишлоқдан қўлтиқлаб келган ҳикояларимни, гарчи Тоҳир акага (Тоҳир Маликка) ёққан бўлса-да, эълон қилдиришга юрагим бетламайди. Ҳар ҳолда Наср бўлимида ишлаб, турли савиядаги асарларни ўқийвериб, озмунча кўзим пишиб қолган экан-да.

Ниҳоят янги бир нарса туғилди-да, уни “Ўзбекистон маданияти” газетасига олиб бордим. Ҳикояни маъқул топиб, олиб қолишди. Лекин ана мана дегунча 8-9 ой ўтиб кетди ҳамки, ҳикоя босилмади. Ўзимдан ўтганини ўзим билиб, униқиб юрган кунларимда “Ўзбекистон маданияти” газетаси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”га айлантирилиб, ёш ижодкорларнинг катта ҳомийси Асқад Мухтор бош муҳаррир этиб тайинланди. Газета янги номда 1981 йил апрель ойидан чиқа бошлаган бўлса, май ойининг ўн бешида менинг “Пояндоз” деган ҳикоям босилиб турибди.

Ўшанда янгиланган адабий газетамизга бош муҳаррир бўлиб келган Асқад ака ишни таҳририят папкаларида йиғилиб ётган асарлар билан танишишдан бошлаган экан. Айтишларича, бир ҳафта босим ўтириб, ҳикоя, шеър, публицистик асарларни битталаб кўздан ўтказади, саралайди ва шунда менинг сарғайибгина ётган ҳикоям ҳам қўлига тушиб қолади…

Асқад акага учрадингизми, дейишди. Йўқ, нимайди? Ҳар ҳолда раҳмат айтиб қўйган яхши. Шартмикан, дедим чўчинқираб. Тортинманг, боринг, қоидаси шунақа.

Минг бир истиҳолаю ҳаяжон билан йўлга чиққандим, учрашувимиз жўнггина ўтди. Домла, мен раҳмат айтгани келгандим, дедим. У индамай, синчи нигоҳ билан кулимсираб қараб қўйди. Ҳикоям чиққан эди. Ҳа, сизмидингиз? Ҳа, домла, миннатдорман… Қаердасиз, деди мулозаматимга ортиқча эътибор қилмай. Радиодаман, Литдрамда. Ҳа, яхши жой, Ўлмас ишлаган, Омон Мухтор. Билишимча, ҳозир Тоҳир, Эминжонлар ўша ерда… Бўпти, қатнашиб туринг. Яхши нарсалар ёзинг…

Ҳикоя ҳақида ҳикоя

Ҳар бир асар муаллифнинг фарзандидай гап. Бир қориндан талашиб тушган фарзандлар турлича феъл-атворли бўлганидай, ёзилган нарсалар ҳам ҳамиша бир хил савияда бўлавермайди. Ўзимга келадиган бўлсам, агар бирор нарса бошласам-да, орада бошқа ишга чалғимай, охирги нуқтага етиб олсам, қолгани енгил кўчади. Акс ҳолда, ора йўлда қолиб кетади. Амаллаб тугатганимда ҳам кўнглим тўлмай, ташлаб юбораман. Алланечук рангсиз, руҳсиз бўлиб туюлаверади…

Келес тарафда ижарада тураман. Оиламни қишлоққа жўнатганман. Ёлғизман. Бир кун кечга томон қўшни ҳовлида қиз мажлиси бўлди. Базм шовури, куй-қўшиқлар шундоқ эшитилиб турибди. Айвонда ёнбошлаб ётибман. Бир маҳал мен яхши кўрадиган қўшиқ янграб қолди: “Сумбула”. Ўрнимга туриб ўтириб, маза қилиб эшитдим. Хаёлим аллақаёқларга кетиб қолди. Бир пас ўтиб, ҳофиз йигитдан талаб қилишдими, яна шу қўшиқни айтди.

Айтгандаям берилиб, нола қилиб айта бошлади. Айниқса, “Менинг кўнглим сен билан, сен кетасан ким билан. Қадамингда гуллар очилсин…” деган жойларида фиғон чекиб юбордиёв дейман. Давра тўймадими, яна айттиришди. Ҳофиз қўшиқ айтмаётганди, балки нола қилаётган эди назаримда. Шунда миямга бир нарса урилди. Мабодо ҳофизнинг ўзи… Не маҳалда базм тугаб, ҳамма ёқ жимиб қолгач, ғайратланиб ичкарига кирдим-да, хонтахта ёнига чўкдим:

“Бадмаст куёвнавкарларнинг бепарда қийқириғу ер тепинишларидан ҳаловатини йўқотган қишлоқ ниҳоят тинчиди. Келин кетди. Кўп ўтмай, хонадонлардаги чироқлар бирин-кетин ўчиб, кўчалар қоронғилик қўйнида қолди. Бу пайтда қўшни қишлоқдан чилдирманинг така-туми, тўй ғовури эшитила бошлаган, қиз узатган қишлоқ эса, бу овозларга мунғайибгина қулоқ тутиб, маъюс сукутга чўмган эди…”

Бошланма ўзимга ёқиб кетди-да, шоша-пиша давом этдим:

“…Қоронғи қишлоқдан чиқиб келган баланд бўйли бир йигит икки томонида қатор тераклар саф тортган йўл бошида бир зум тўхтади. Чўнтагидан сигарета олиб тутатдию истар-истамас яна йўлга тушди…”

Ўзим ҳам ўша қоронғу қишлоқдан чиқиб келган йигитга қорама қора йўлга тушганман. Олдинда тўй ғала-ғовури. У қаёққа бораяпти? Тўйга-да! Йўғ-е, ахир у!.. Росттанам тўйхона эшигида у илкис тўхтади. Ортига қайтмоқчи бўлди. Бироқ, у ҳофиз, ҳамма танийди. Қўярда қўймай ичкарига олиб кириб кетишди. Мен ҳам ташқарида қолишни истамадим. Қани бу ёғи нима бўларкин? Ҳофизни келин-куёвга яқинроқ столлардан бирига ўтқазишди. Йигит қизаринқираб, ён-веридагилар билан бош ирғаб сўрашган бўлди. Миқти гавдали, жингалак соч, кўзлари қаттиққина ўртакаш алланималар деб сўзамоллик қилаяпти…

Ҳа, ўша эски гаплари-ку ҳалиям. Кимгадир ёздириб ёдлаб олганми. Ҳар гал фақат келин-куёв исмини алмаштиради, холос… Кузатиб турибман, Ҳофиз чекмоқчи бўлиб, сигарета чиқардию лекин ниятидан қайтди. Шу пайт ўртакаш Баҳри шоирга сўз берди. Устози-да, унга тўй аввалида сўз бермаса балога қолади… Баҳри шоир ҳозир ҳойнаҳой “Куй, ғазал, оҳ!..”, деб монолог бошлайди. Йўқ, аввал эълон қилади: “Ҳурматли ўртоқлар, мен сизларга улуғ шоиримиз Алишер Навоийнинг классический ғазалларидан бирини айтиб бераман”, дейди. Кейин машшоқлардан куй талаб қилади, ана айтди, “Оғирроғидан бўлсин”, деди…

“Ҳов, мулла йигит, мундоқ очилиб ўтирсангиз-чи, бунча ўй суриб кетдингиз?” Хаёлим бўлиниб, алангладим. Қарасам, бўйинбоғини бемалол бўшатиб, ёқаларини очиб олган, юзларидаги терни рўмолча билан ҳадеб артаётган семиз киши Ҳофизга гап қотаяпти. Уни танимадим, меҳмон бўлса керак. ”Кечирасиз, амаки… Қани, овқатга қаранг”, деди Ҳофиз хижолат тортиб. “Бизлар оляпмиз, сизди мазангиз йўқ. Ётсирамай, еб-ичиб ўтириш керак. Тўйга нима учун келганмиз, йигит. Қани, ушланг буни!”

Ҳофиз қадаҳни олди-да, сочлари мошгуруч, юзлари жигарранг тусга кирган кишига кулимсираб тикилди: “Ҳа, албатта, тўйга еб-ичгани келамиз-да, мулла ака!” деган маънони уқдим унинг қарашидан. “Қани, олинг-чи, кутяпмиз!.. Ҳа, балли, мана, закуска!”

Ҳар-ҳар ердан қарсак овозлари эшитилди: Баҳри шоир “Азизим, дунёга бевақт келибмиз…” деб “ғазал”ни тугатган эди. “Лекин, мулла йигит, Навоий ҳам шеърни зап қотирган экан-да! Болага ҳам гап йўқ, талант экан, настояший талант. Боплади! “Ҳа, у Навоийни доим боплаб юради…” деди Ҳофиз оғир хўрсиниб. Ҳа, яхши, буям қоринбойни боплади, дедим ўзимча қувониб.

Хўш, энди бу ёғи нима бўлади, деб тургандим, ўртакаш Ҳофизнинг номини айтиб қолди-ку. Қарсак гуриллади. Ҳамма Ҳофиз томонга қараб олган. Бу бечора бўлса, гангиб ўтирибди. Ўртакаш тўғри у томонга бостириб келаяпти. Йўл-йўлакай машшоқларнинг торини ҳам сўраб олди. Қўшиқ айттирмоқчими унга! Албатта-да, ҳофиз қўшиқ айтади-да. Унинг табриги қўшиқ. Дил изҳори, ўкинчу армонлари қўшиғида жамланиши керак. Шундан бошқа иложи ҳам йўқ…

Мана у қўлида тор, гангиб-гарангсиган аҳволда ўртага чиқди. Бир бола микрофон тутди. “Шўх-шўхидан бўлсин, Камолжон!..”

Ҳа, айтмоқчи, исми Камол эди-я… Шўх-шўхидан бўлсин дейишаяпти. Лекин у шу ҳолида нимани айтади, қандай айтади? Кузатиб турибман. У гўё торни созлаётгандек бир муддат тиринглатиб турди-да, кейин бошлади.

Оқ тунукали баланд томга ўрнатилган радиокарнайлар торнинг нозик, ҳазин садоларини қишлоқ узра тарата бошлади, сўнг худди оҳанглардек ҳазин қўшиқ янгради:

Кеча келгумдир дебон, ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади…

Ўйлашимча тўйхона жим-жит бўлиб қолиши керак эди. Йўқ, ундай бўлмади, ширакайф тўйхўрлар ўзаро гурунг қилишар, ҳар ер-ҳар ердан кулги кўтарилиб турар, “Ҳа, дўст!”, деган овозлар эшитилиб турарди. Лекин Ҳофиз буларни эшитмаётгани аниқ эди.

…Ана, пастда Кўксой шовиллаб оқяпти. Ҳофиз эса сой бўйида, баланд толлар кўланкасида осмонга тикилганча чалқанча ётибди. Ёнида оппоқ ҳарир кўйлак, бошига келинчаклар мисол тўр ёпинган бир қиз… У нозик бармоқлари билан йигитнинг сочини тарайди, кўзларига меҳр билан тикилади, алланималар деб шивирлайди. У эса бахтдан юраги ҳаприқиб, осмоннинг ферузалигига, Кўксойнинг тоза суви асло кўринмаслигига, толларнинг сояси фақат ҳаловат бахш этишига ишонади…

Қўшиқ тугади. Қарсаклар, олқишлар, яна талаблар…

Тор тағин тилга кирди. Янги қўшиқ бошланди:

Сумбулаё сумбула, ўраб олай гул билан…

Ҳа, ана энди асосий муддаомга яқинлашдим. У мен истаган қўшиқни бошлади. Ўртага бир йигит ва қиз тушди, бир-бирига им қоқиб рақс бошлади.

Сумбулаё сумбула, ўраб олай гул билан,
Мани кўнглим сан билан, сан кетарсан ким билан?
Қадамингда гуллар очилсин…

Ҳофизнинг кўзларида ёш йилтиради. Овозига билинар-билинмас титроқ кирди. Тўйхўрлар “Яша!”, “Кам бўлма!”, “Ҳа, дўст”, деб уни олқишлар, Ҳофиз уларни эшитмас, уларни кўрмас, ўкинчу алам билан фиғон чекарди.

Мани кўнглим сан билан, сан кетарсан ким билан…

Ҳофиз ўртаниб куйлар, ўртаниб бўзлар, масту беҳуд оломон эса бақириқ-чақириқлар билан олқишлар эди…

Бўлди, бас, шу ерда нуқта қўяман. Нуқта қўйдим-да, олис қишлоғимдан яна Келесдаги ижара уйимга қайтдим. Ним қоронғу хонамда, хонтахта ёнида ўтирибман. Ҳар куни ҳам содир бўлавермайдиган ҳодиса рўй берган, бош-кети икки соат нари-берисида янги ҳикоя туғилган эди.

Бир пайтлар радиода “Ҳикоя ҳақида ҳикоя” деган туркум эшиттиришимиз бўларди. Ҳозирги ишим шунга ўхшаб кетди, чамамда.

Биринчи қиссамнинг яралиш қиссаси

Ҳали бир асар бошласам, бир ўтиришда охирига етқазишга уринаман, акс ҳолда ишим унмайди, дегандай гап қилган эдим. Хўп, ҳикояни бир зарбда ёзиш мумкиндир, лекин каттароқ асарда иложи бўлармикан…

Унда Оқилон маҳалласида ижарада турардим. Бир шанба куни вақтли турдим-да, кўчага чиқиб кетдим. Ўзимча хаёл суриб, маҳалла кўчаларида узоқ айланиб юрдим. Уйга қайтиб ҳам иш бошлай олмадим. Ҳовлида кичкинтойларим қий-чув қилиб чопқиллаб юришибди. Охири ўзимни қўлга олдим.

Бальзак деган ёзувчи столга ўтирдими, бас, пайсалга солиб ўтирмас, қаламини қитирлатиб, ишга киришиб кетар экан, деб эшитгандим. Шу қоидага амал қилдим. Болаларим қий-чувига ҳам эътибор бермадим. Ҳамма нарсани унутиб, “қишлоғимга жўнавордим”… Ёзнинг аввали. Аёллар, қизлар, ва бир ўспирин бола… дала бўйлаб ёйилиб, чопиқ қилиб боришяпти. Уч нафар бўй қиз бир чеккада “мусофиргина” бўлиб кетмон чопаётган йигитчани кузатиб, ўзларича кулиб-кулиб қўйишади. Уни ўз давраларига оғдириб олиш пайида бўлишади.

Ҳали айтганимдай, ўзим ҳам кўринмасгина бўлиб, қаҳрамонларим атрофида юрибман-да, уларни фақат кузатаман, бошқармайман, ўз товрига қўйиб қўйганман…

Чошгоҳ соат ўн бирларда бошлаган ишимга кечки ўн бирларда нуқта қўйдим. Нуқта қўйдим, деганим қай маънодаки, рассомларга ўхшаб, асаримнинг эскиз вариантини битирган эдим. Энди унга шошилмасдан ранг беришим, пардозлашим мумкин эди.

1982 йил августида ижара уйимдан чиқиб кетишим керак бўлиб қолди. Одатдагидек, оиламни қишлоққа жўнатдим. Бор-йўқ тақир-туқуримни Маҳкам ака (таниқли ёзувчи ва олим Маҳкам Маҳмудов)нинг пешайвонига олиб бориб жойлаб қўйдим-да, янги жой излашга тушдим. Ўзим таниш-билишлар уйида ётиб юрибман. Бу орада бахтимга Дўрмонда Республика ёш ижодкорларининг 2-семинари бошланиб, мен ҳам қатнашадиган бўлдим. Демак, ўн кунча бошпана ташвишини қилмайман. Семинарнинг сўнгги тантанали кунида Жамол оғайним (Жамол Сирожиддин-Хумий) мени Дўрмонга излаб борди. Якуний йиғинда қатнашди. Устозлар маърузасида тузуккина тилга олинганимдан у ҳам ёнимда болаларча қувониб ўтирди. Икки-уч марта қўлимни сиқиб қўйди. Иккаламиз ҳам менга аталган мақтовлардан оёғимиз ерга тегмай Тошкентга қайтдик. Автобусдан тушдик. Хайрлашишимиз керак. Уни кузатганимдан кейин қаёққа боришимни ўйлаб кўрарман. Йўқ, ўйлаб кўришгаям ҳожат бўлмади, “Ака, мен билан юринг”, деб қолди ҳамроҳим. “Қаёққа?” “Борганда кўрасиз!”

Қўйлиқ тарафга йўл олдик. 5-Қўйлиқ мавзесида машинадан тушиб, “дом”лар оралаб кетдик. Ниҳоят мавзенинг колхоз далаларига қадалиб тўхтаган охирги биноси, биринчи йўлагига кириб, сўнгги бешинчи қаватига кўтарилдик. Жамол ўнг тараф эшигини очиб, ичкарига бошлади. “Қани, марҳамат…”

Бир хонали уй. Хона ўртасида хонтахта. Атрофида кўрпачалар. Бу ерда яқинда бошқа вилоятга ишга кетган Жамолнинг танишии ижарада турган экан. “Ижарачининг уйида ижарада турарканмиз-да!” дедим мен. ”Шунақа. Калитни менга бериб кетганди”.

Дилим кундай ёришиб кетганини айтмайсизми. Хайрият-е!.. Ўша кунлар ҳалиги “бир зарб билан” қоғозга тушган қиссам эскизи мен учун катта муаммо бўлиб турганди. Чунки, семинарда “Шарқ юлдузи” журналининг алоҳида бир сони ёшларга бағишланишини айтишган, мен унда ҳикоя билан эмас, бирваракайига қисса билан қатнашишни юрагимга тугиб қўйганман…

049Балконга чиқдик. Ёзув столи бор экан. Стол деразага тақалган. Деразанинг бир кўзи синиб тушган. Салқин шабада уриб турибди. “Ижодни шу ерда қиласиз, ака”, деди Жамол кўнглимдагиларни ўқиб тургандай.

Тун. Ҳамроҳим хонтахта ёнидаги кўрпачага узала тушганча ухлаб қолди. Хонтахта устида янги шеърнинг бир икки сатри тушган қоғоз. Мен “ижодхонам”даман. Ўтирибман деразага кўз тикиб, тунги дала, қишлоқ, қўналға манзарасини кузатиб… Қисса қораламасини қайта-қайта ўқиб чиқаман. Лекин давом эттиришга қаламим юрмайди. Дам бадам буруқситиб чекаман (Ўша пайтлар бир алам ўтиб, ярим йилча чекканман). Бир маҳал десангиз, Жамол оғайнимнинг маслаҳати ёдимга тушиб қолди. “Қиссангизни иншо шаклида ёзсангиз маъқулмиди, деганди у қораламамнинг оғзаки баёнини эшитиб бўлиб. – Қаҳрамонингиз тўғридан тўғри ўқитувчисига мурожаат қилса.

Адолатсизлик, ноҳақликларга бўлган исёни, алами, нафратини унга билдирса. Кейин ўқитувчининг исмини… Одил ака деб қўйсангиз. Одил Яратганинг исмларидан бири. Демак, сиз тўғридан тўғри Унинг Ўзига арз қилаётган бўласиз…”

“Бўлди! – дедим фикрим ярқ этиб очилиб. – Шундай қиламан!”

Ва бошладим: “Одил ака, сиз бу топшириқни бир ҳафта бурун бергандингиз.

Мен бўлсам, шунча кунни ўтказиб юбориб, мана энди ёзишга ўтирдим. Жуда шошиляпман. Қанийди бир-икки саҳифада ҳаммасини айтиб қўя қолсам… Аввалига-ку, бу гапларни ёзишни истамай юрдим…”

Ишонасизми, мўъжиза рўй берди, биринчи саҳифадан ўтиб олишим билан қаламим ўзи ёза бошлади. Тепамда биров шивирлаб турибди. Мен шоша-пиша чала-ярим қилиб қоғозга туширяпман. Хиёл ўтмай етти саҳифа тўлди. Юрагим ҳаприқиб кетди. Сабрим чидамади. Ичкарига кириб шоирни уйғотдим. “Эй, Жамол туринг!” “Ҳа, ҳа, нима гап?” “Туринг, гап бор”.

Қўлимдаги даста қоғозга кўзи тушди-ю, тушунди. Бир отим носни тили тагига ташлаб, чордона қурди. Мен хонтахта чеккасига ўтириб, бошладим. Ўқияпману, тингловчимни кузатаман. У ерга бош солиб олган. Жим. Ўқиб тугатдим ҳам ҳолати ўзгармади. Менинг бўлса ичим қизиб боряпти. Шунақа пайтда далда кутасиз-да бировдан. Сабрим чидамай, елкасидан туртдим. Бошини кўтарди. “Ухлатиб қўймадимми ишқилиб?” “Йўқ, маст қилдингиз, ака”. “Ростданми?” “Рост, фақат кириш бир оз чўзилган кўринади. Асосий гапга тезроқ ўтавериш керакка ўхшайди.” “Тўғри айтасиз, ўзимга ҳам сезилди”. “Ғайрат қилинг!”

Қўлим қизиб, балконга шошдим. Сигарет тутатиб олиб, столга мук тушдим. Шу маҳал қўналғадан еру кўкни титратиб “Аэробус” ҳавога кўтарилди. Кейин яна сукунат чўкди. Мен сукунат овозига қулоқ тутдим. Кўп ўтмай у гапира бошлади. Мен бўлсам, унинг сўзларини ҳовлиққанча қоғозга тўка бошладим… Тонгга яқин столга бош қўйганча мудраб қолибман. Уйғониб, ортимга қарасам, хона чироғи ёқиғ. Жамол оғайним қоғоз қоралаб ўтирибди.

“Янги шеър эшитарканмиз-да”, дея ичкарига кирдим. “Йўқ, аввал “Дунёнинг бир чеккаси”дан янги бобни эшитамиз”, деди. Тушунмадим. “Қиссангизга менимча ана шу ном мос тушади”, деди. “Дунёнинг бир чеккаси… Э, ростданам шундай-ку!” дедим ўзимча ҳайратга, ҳаяжонга тушиб. Дўстимга қандай миннатдорчилик билдиришни билмайман энди десангиз…

Қисса 1993 йил декабрида “Шарқ юлдузи” журналида (устоз адиб Худойберди Тўхтабоев таклифи) “Сойбўйи қизлари” номи билан босилиб чиқди. Бир йилдан кейин китоб ҳолида нашр этилаётганида Жамолиддиннинг кўнглига бориб уни “Дунёнинг бир чеккаси” деб номладим.

33Китобларим ҳақида

Бу борада ҳам, Ўзига шукур, аввалига омадим чопди. 1983-1990 йиллар орасида кетма кет беш китобим босилди. Кейин эса роса йигирма олти йиллик танаффус. Йигирма босма табоқлик қиссалар китобим “Шарқ” нашриётининг 2008 йил режасига кирган бўйи қолиб кетди. Ҳомий топишим керак экан, менда эса бунақа ишларга уқув йўқ эди.

Йўқ, мана кейинги уч йилда кетма кет учта китобим (аввалгидек 30-40 минг нусхада бўлмаса-да) нашр этилди. Бу йил эса бир йўла уч китобим (бири “Танланган асарлар”) чоп этилади деб ният қилиб турибман.

Сўнгсўз ўрнида демоқчи бўлганларим

Ҳали юқорида пойтахтга янги келган пайтларимда ўзимни қоронғу ўрмонга тушиб қолгандай ҳис қилганим, ўн йил муқаддам келганимда қандай яхши бўларди-я, дея ўкиниб юрганларимни эслагандим.

Бир қарашда ўкинишларимда жон борга ўхшарди. Тақдир ёзуғи сабаб ўн йилга имкониятни бор бергандай эдим. Бошқа тарафдан келадиган бўлсам аслида шундаймиди? Ўн йиллик умрим беҳуда ўтганмиди? Асло. Одамийлик тарафдан олиб қарасам, биринчи навбатда ёлғизқўл онамнинг дуоларини олишга улгурдимми, шукур, улгурдим. Суяги қотмаган укаларим олдидаги бурчимни адо этдимми, этдим. Энди масаланинг бошқа тарафи: мен нафақат бухгалтер бўлиб идорада ўтирдим, ўрни келганда трактор ҳайдадим, мавсуми келганда пилла бригадири бўлиб, қишлоқма қишлоқ, уйма-уй кездим, чорванинг сутчилигими, бўрдоқичилигими, йилқичилик ё паррандачилик соҳасими… ҳаммасининг сир-асрори, машаққатли меҳнатидан воқиф бўлдим. Қисқаси, қишлоқ заҳматкаши ҳаётини ўргандим. Қолаверса, шўро даврининг сўнгги йиллардаги талвасалари, косаси оқармаган ўзбекни ёмонотлиқ қилиб, пахта иши, ўзбек иши деб бошлаган ўйинлари… ҳаммаси кўз ўнгимда бўлиб ўтди-ку! Хўп, буларнинг бари мен учун ҳақиқий дорилфунун, ҳақиқий ҳаёт сабоқлари эмасмиди? Агар мен бу сабоқлардан бебаҳра қолганимда қандай ижодкор бўлардиму, нималар деб қоғоз тирнаган бўлардим… Шулар ҳақида ўйларканман, Яратганнинг бергани неъмат, бермагани ҳикмат, деган илоҳий ақида ёдимга тушади. Ва Яратганнинг ҳикмати унинг неъматидан афзалроқдир, дегим келади.

Манба: “Ёшлик” 2023. 2-сон


Maktabga birinchi qadam qo‘ygan kunim, o‘sha kundagi ilk hayratlarim kechagidek yodimda… 1959 yil 1 sentyabr. Sinfga baland bo‘yli, navqiron yigit – qo‘shnimiz Abdusalom aka kirib keldi. Biz bilan salomlashdi. O‘quvchi bo‘lganimiz bilan tabrikladi. Keyin sinf jurnalidan ism-sharifimizni o‘qib, o‘rnidan turgan har bir bola bilan tanisha boshladi. Birinchi partada o‘tirgan bo‘lsam-da, hadeganda meni chaqirmayotganidan ajablanib, ichim qiziy borayapti. Ro‘yxat alfavit tartibida shakllanishiga u paytlar aqlim yetmagan-da. Nihoyat menga ham navbat yetdi. O‘tirgan yerimda bosh irg‘ab, iljayib qo‘ydim. U yana chaqirdi. Ajablandim: meni ko‘rmayaptimi? Yonimdagi, orqamdagi bolalar turtkilashidan keyin o‘rnimdan turdim.

Orziqul ERGASH
HIKMATI NЕ’MATIDAN AFZALDIR…


Ustozga berilgan va’da…

Maktabga birinchi qadam qo‘ygan kunim, o‘sha kundagi ilk hayratlarim kechagidek yodimda… 1959 yil 1 sentyabr. Sinfga baland bo‘yli, navqiron yigit – qo‘shnimiz Abdusalom aka kirib keldi. Biz bilan salomlashdi. O‘quvchi bo‘lganimiz bilan tabrikladi. Keyin sinf jurnalidan ism-sharifimizni o‘qib, o‘rnidan turgan har bir bola bilan tanisha boshladi. Birinchi partada o‘tirgan bo‘lsam-da, hadeganda meni chaqirmayotganidan ajablanib, ichim qiziy borayapti. Ro‘yxat alfavit tartibida shakllanishiga u paytlar aqlim yetmagan-da. Nihoyat menga ham navbat yetdi. O‘tirgan yerimda bosh irg‘ab, iljayib qo‘ydim. U yana chaqirdi. Ajablandim: meni ko‘rmayaptimi? Yonimdagi, orqamdagi bolalar turtkilashidan keyin o‘rnimdan turdim.

– Ha, Falonchiyev, men bilan tanishgingiz kelmadimi, – dedi kulimsirab.

– Meni taniysiz-ku, malim, – dedim.

Hamma kulib yubordi. Abdusalom aka ham jilmaydi. Keyin boshimni silab qo‘yib, yana stoli yoniga qaytib bordi-da:

– Men nafaqat sizni (aytmoqchi, hammamizni sizlab gapirayotganidan ham ajablanib turgandim) bu yerda o‘tirgan har bir bolani yaxshi taniyman. Hamqishloq, qo‘shni, qarindoshlar sifatida. Lekin, bugungi tanishuvimiz o‘qituvchi-o‘quvchi, ustoz va shogird tanishuvidir, – dedi.

Qizig‘i, keyin bo‘ldi. O‘qituvchi kitob tarqata boshladi. Qarasam, hamma bolalar sumkalarini, ayrimlari matodan tikilgan jild-xaltalarini parta ustiga olib qo‘yishyapi. Men ham darhol qo‘ynimga tiqib kelgan otamning belbog‘ini chiqarib, oldimga yoydim. Bundan yana kulgu ko‘tarildi. Gap shundaki, o‘shanda olti yoshda edim. Maktabga yana bir yil keyin chiqishim kerak edi. Lekin o‘zimdan bir yosh, yarim yosh katta ko‘chamiz bolalarini maktabga borishini eshitib, to‘polon ko‘targandim. Shunda rahmatli onam otamdan, mayli zerikkancha borib tursin, keyin bir gap bo‘lar, deb ruxsat olib bergan va qo‘limga kitob o‘rab kelishim uchun belbog‘ tutqazib yuborgan edi. Bundan o‘qituvchim ham xabardor ekan, shekilli, bolalarga tushuntirdi:

– Oralaringizda, bu eng yoshi kichiklaring. Uning maktabga kelishiga bugun ruxsat tegdi. Shuning uchun tayyorgarliksiz kelibdi. Ertagayoq ko‘rasiz, u yap-yangi sumkada keladi. Va eng yaxshi o‘quvchi bo‘lib, hammamizni xursand qiladi. – Keyin menga jiddiy tikilib, – gapim to‘g‘rimi, Falonchiyev? – dedi.

– To‘g‘ri, xursand qilaman, – dedim bu safar o‘quvchilarga xos burrolik bilan.

“Xursand qilaman!..”

Ilk Ustozim ishonchini qay darajada oqladim, qanchalik xursand qildim, bilmayman. Lekin, shunisi aniqki, uning o‘sha kungi bildirgan ishonchi menga bir umrlik tirgak bo‘ldi. Qachon bir mushkulot, sinov oldida qolsam ilk o‘qituvchim Abdusalom aka Rahimqulovni eslayman, uning o‘sha kungi mehr va ishonch balqib turgan nigohi ko‘z oldimga keladi. Shundan quvvat olaman, jur’atlanaman. Va “yaxshi o‘quvchi” bo‘lish haqidagi va’damni bajarishga kirishib ketaman.

Ta’qiqdagi kitobxonliklar

Aqlimni tanib otam rahmatlining qo‘lida ketmon ko‘rganman. Dalada ishlardi, g‘o‘za sug‘orardi. Aslida degrezlar avlodidanmiz, qozon quyardik, omochga tish yasardik, deganlari esimda. Otakasbini nega davom ettirmagani sababini ancha keyin tushunganman.
53
Onamga kelsam… Samarqandning Xo‘jandi guzarida tug‘ilgan. Otasi Shirinxo‘ja bobomiz madrasa ko‘rgan kishi bo‘lgan. Biroq zamona ko‘tarmagani sabab ilmu iqtidorini oshkor qilavermagan. O‘ttizinchi yillarda otasi Muhammadxon eshon surgun qilinadi, o‘zi esa quloqning farzandi sifatida uy-joyidan mosuvo etilib, orqaga qaytmaslik sharti bilan, shahardan chiqarib yuboriladi.

Bobomiz oilasi bilan Miyonqolning chekka bir yeridan qo‘nim topsa-da, umrining oxiriga qadar ta’qibdan qutilmaydi. Shunga qaramay, xonadonida oyda bir-ikki bor yig‘inlar bo‘lib turar, eshik-derazalar bekitilib, ko‘cha boshiga kuzatuvchi qo‘yilib, kitobxonlik qilinarkan. Biror shovur anglashilgan zahoti kitoblar xontaxta ostiga tushib, dasturxonda ulfatchilik tusini beruvchi manzara paydo qilinarkan. “Hid olib kelgan” kimsa esa eshikdan bosh suqib, hammani bir qur nazardan o‘tkazarkan-da, keyin tirjaygancha: “Ha, tuzuk, tuzuk, odam bo‘p qopsizlar”, degancha ortiga qaytarkan.

Onam rahmatli onasi Musharraf buvimdan eshitgani bo‘yicha o‘sha yig‘inlarda aksari So‘fi Olloyor o‘qilgan ekan, derdi. Va yodida qolgan baytlardan bizlarga aytib berardi. So‘fiy shoirning “Otang yerdur, senam yerdek qiliq qil, Yamonlik aylaganga yaxshilik qil” degan mashhur baytini birinchi marta onamdan eshitganman.

Tursunboy dostonchining deganlari

Bir kuni uyimizga qo‘shni tumandan otamning bolalikdan birga o‘sgan Tursunboy degan oshnasi yo‘qlab kelib qoldi. Ko‘pdan ko‘rishishmagan ekan, yosh bolalardek quvnab, achomlashib ketishdi. Oilaning to‘ng‘ichi bo‘lganim uchunmi, Tursunboy amaki meni kattalarday ko‘rib, jiddiy gaplashdi. O‘qishimni, nimalarga qiziqishimni surishtirdi. Otam bilan birga kechgan bolaligi haqida gapirib berdi. Murod jo‘ram yolg‘iz o‘g‘il edi, erka edi, lekin tantiq emas edi. Zukko edi, o‘qiganda katta odam bo‘lardi, lekin shunday bo‘ldiki, ilmi bor, savodi borni quloq qilaverishdi. Qamayverishdi. Ergash bobong aytdiki, qo‘y o‘g‘lim, tinchgina yonimga kirgin, qozon quygin, omochga tish yasagin. Sipohilik bizga emas, dedi. Menikilarga ham bu gap ma’qul tushdi-da, ikki jo‘ra degrezlik qilib yuraverdik. Ajabki, buniyam Xudo ko‘p ko‘rdi. Temirchimi, kosibmi, siquvga olishdi. Otning kallasidek soliq solib, sillamizni qurita boshlashdi. Davlatga hunarmand emas, ishchi kerak emish. Men zavodga ishga kirdim, chapani otang e, bore, deb bu yoqlarga ko‘chib ketdi…

Xullas, Tursunboy amaki otamning ko‘p sir-asrorlarini ochib tashladi. Va gap orasida menga, endi seni bir sinab ko‘rsam, polvon yigit, dedi. Men aytaman, sen yoddan qaytarasan, bo‘ptimi, dedi. Bo‘pti, dedim. U “Ixlos” surasini oyatma oyat aytib turdi, men burro-burro qaytaraverdim. Oxirida, endi hammasini jamlab yoddan aytginchi, dedi. Nafasimni bir rostlab oldim-da, diqqatimni to‘plab, surani yoddan aytib berdim. Tursunboy amaki e, baraka top, deb yubordi. Zehningga qoyil. Xudo bergan ekan, endi buyog‘i o‘zingga qolibdi, dedi bag‘riga bosib.

Kechasi uyimizda ko‘p odam to‘plandi. Hammasi otamning tengqurlari. Mehmonimiz Tursunboy amaki esa bir davra odamni og‘ziga qaratib yarim tunga qadar doston aytdi. Men bo‘lsam, o‘n bir yoshli bolakay, bir chekkada havasu hayratga ko‘milib o‘tiribman. O‘tiribmanu o‘tirgan joyimni unutganman. Doston voqealari ichiga singib ketganman. Kim bilsin, balki o‘sha kechasi ilk bor uchqun tushgandir yuragimga…

Ochilxon tog‘amiz

Mendan besh-olti yosh kattaroq Ochilxon tog‘a degan qarindoshimiz bo‘lardi. Onamning amakisi – To‘raxo‘ja bobomizning o‘g‘li. Aytmoqchi, Amak bobomiz (bizda shunaqa deyiladi) o‘sha notinch o‘ttiz-qirqinchi yillarda bir ish qiladi: qarasaki, akasi Shirinxo‘ja kitobxonligini qo‘ymayapti. Zamon notinch. Kosa kundamas kunida sinadi deganidek, bu ketishda boshiga balo orttiradi. Otamizdan ayrilganimiz kammidi, deb, akasidan bekitiqcha, uning hamma kitoblarini bir qopga joylaydi-da, qabristonga olib borib ko‘mib keladi. Shundan aka-uka orasiga sovuqchilik tushadi. Gaplashmay qo‘yishadi. Orada urush boshlanib, uka frontga olinadi. Jigarlar shundagina yarashishib, ko‘zda yosh bilan xayr-xo‘sh qilishadi…

Ochilxon tog‘amiz dalada traktorchilik qilardi, “Universal” degan traktor haydardi. Men unda o‘spirin bola, uning ketidan qolmasdim. Ilinjim traktor haydash edi. Tog‘am ra’yimni qaytarmas, lekin qator orasidamas, to‘g‘ri yo‘llarda ora-sira rulni berib turardi. Men u kishini o‘sha paytlarda o‘qiganim – Pirimqul Qodirovning “Uch ildiz” romanidagi Ochil shoirga o‘xshatardim. Nafaqat shoirligi, fe’l-atvorini ham. Gap shundaki, tog‘amizning tuzukkina qalami bor edi, tuman gazetasida katta-kichik xabarlari, she’rlari bosilib turardi. Hatto feletonlari ham. Bir safar “Eshon qishloq o‘gaymi?” degan tanqidiy maqolasi sabab ancha-muncha gap-so‘zlarga qolgani ham g‘ira-shira esimda. Xullas, Ochilxon tog‘am atrofida g‘imirlab yurib, nafaqat traktor boshqarishni o‘rgandim, balki u kishidagi dardni ham yuqtirib oldim. Ijod dardini. Bir paytlar Tursunboy dostonchi sabab yuragimga tushgan uchqun endi o‘zini sezdirib, bezovta qila boshladi.

Tuman gazetasiga borganim

21Tog‘am mendagi bezovtalikni payqadimi, bir kuni tuman gazetasiga boshlab bordi. 7-sinfga ko‘chgan paytim, yoz oylari edi. Men negadir qattiq hayajon, hadikda edim. Yo‘q, gazetchilar juda boshqacha bo‘lishar ekan, xuddi eskidan tanishday, hazil-huzil bilan kutib olishdi. Bir pasda o‘zimni bosib olib, savol-so‘rovlarga burro-burro javob bera boshladim. Qanday kitoblar o‘qigansiz, deyishdi. Bir boshdan ayta boshlagandim, o‘hho‘, juda ko‘p-ku, deyishdi. Rosttanam maktabimiz kutubxonasida men o‘qimagan kitob qolmagandi. Shunda kutubxonachi opamiz qo‘limdan yetaklab borib, kolxozning eski machit o‘rnidagi katta kutubxonasiga a’zo qildirib kelgan edi. Shularni ham aytib maqtangim keldi-yu, arang o‘zimni tutib qoldim.

Keyin nimalar yozishimni so‘rashdi. Bitta doston, keyin ancha-muncha she’rlar yozganimni, “G‘uncha”, “Gulxan”, “Lenin uchquni”dan Xayriddin Saloh, Yusuf Shomansur, Miraziz A’zamdan xatlar olganimni aytayotib, bunday qarasam, Ochilxon tog‘amiz hayron bo‘lib qarab turibdi. Chunki u kishiga bu haqda aytmagandim-da. Nafaqat tog‘am, sinfimizdan ham birortasi bilmasdi bu gaplarni. O‘zimcha bir narsalarni yozardim-da, Toshkentga jo‘natib yuborardim. Keyin yangi kelgan gazeta-jurnallarni kishi bilmas varaqlab, ism-sharifimni izlardim… O‘sha kuni jamoatchi muxbir sifatida gazetadan topshiriq olib qaytdim va ko‘p o‘tmay ko‘pdan kutganim yuz berdi: kichik-kichik xabarlar ostida mening ham ism-sharifim ko‘rina boshladi.

Shoir bo‘lib tanilganim

Bir kuni ertalab sinfga kirib kelishim bilan bolalarning bittasi baland ovozda she’r o‘qiy boshladi. Hayron qoldim, iye, meniki-ku!.. Qayerdan olding, dedim. Qayerdan bo‘lardi, ha, mug‘ombir, dedi u iljayib. Rosttanam bilmayman, o‘zi nima gap, dedim. Shunda sinfdosh qizlardan bittasi oldimga yugurib keldi-da, qo‘limga gazeta tutqazdi. Mana, she’ring chiqibdi, dedi. Tabriklaymiz… Hozir bu yerda keltirishga ham istihola qilib turganim – ikki karra ikki to‘rt qabilidagi bu mashqim meni maktabda “shoir” sifatida tanitib yubordi. Sirtimga chiqarmasam-da, o‘zimda ham ajabtovur o‘zgarishlar seza boshladim. Orzu-havaslarim jo‘shgandan jo‘shar, ko‘p emas, uch yillar nari-berisida o‘zimni Toshkent ko‘chalarida diplomat ko‘tarib yurgan talaba sifatida tasavvur qila boshlagan, hatto bu qat’iy qarorimga aylanib ulgurgandi.
Bunday qarorga kelishimning yana bir sababi – o‘sha talofatli zilzila sodir bo‘lgan 1966 yilda maktabni bitirgan o‘nga yaqin maktabdosh akalarimiz Toshkentga yo‘l olishgan, o‘qishga kirgani kirib, kirmagani ham ortga qaytmay, keyingi yili yana urinib ko‘rish maqsadida qurilishlarda ishlab qolishgan edi. O‘shalarga ham havas qilganman shekilli-da.

Otdan tushganim

“Yaxshi odamlar yoxud ijod dardi” badiamda (“Yoshlik” jurnali, 2019 yil, 9-son) yozganimdek, xayol boshqa hayot boshqa ekan. O‘n besh yoshlarimda otamiz xastalanib qoldi. Oilada yetti o‘g‘il, to‘ng‘ichi menman. Aqlan olganda kichigi ikki, oldi o‘n uch yashargacha bo‘lgan ukalarim, kasalmand otam, yolg‘izqo‘l onamni tashlab, poytaxtga jo‘nash to‘g‘ri kelmasdi. Ammo, dilimga qattiq o‘rnashgan o‘jar istak aqlimga bo‘ysunmaslikka undar, dam-badam g‘alayon qo‘zg‘ab turar, bu g‘alayonni arang bosib tinchitsam¬-da, ich-ichimdan o‘ksinib yurardim. Oxiri qo‘shnim – SamDUning matematika fakulteti talabasi Abbos akaga aytdim. U hech narsa demadi. Demadi-yu, ertasi kuni meni o‘zi bilan shaharga olib ketdi. Universitetning filologiya fakulteti bilan tanishtirdi. Auditoriyalari, keng zallari, kutubxonasini ko‘rsatdi. Talabalar bilan uchrashtirdi. Bu yerda kimlar o‘qib, kimlar bo‘lib yetishgani, ayni choqda qanaqangi mashhur siymolar dars berayotganigacha gapirib berdi. Oxirida, shoir bo‘ladigan odam bu yerda ham astoydil o‘qisa, maqsadiga erishishiga ishontirdi.

Otdan tushdim.

Maktabni bitirgach, indamaygina Universitetning filologiya fakultetiga hujjat topshirdim. Uni qarangki, poytaxtdan boshqa joyni xayoliga ham keltirmay, havolanib yurgan mallasoch g‘o‘r yigitcha, o‘qishga arang ilindim. Ilinganda ham sirtqi bo‘limga… Menga o‘xshagan xiyol kamroq bal to‘plaganlardan o‘ttiz nafarini (ko‘zlari qiymaganidan bo‘lsa kerak) sirtqi bo‘limga qabul qilishdi. Xullas, o‘n olti yoshimda asosan yoshi kattalar diplom olish uchungina o‘qiydigan sirtqi bo‘lim studentiga aylandim.

“Zarari yo‘q, – dedim hamon otdan tushsam ham egardan tushgim kelmay, – birinchi kursni tamomlab, kunduzgi bo‘limga qayta ariza beraman. Kerak bo‘lsa, imtihon ham topshiraman, lekin sirtqida qop ketmayman!..”

Keyin esa…

Bu niyatim ham chippakka chiqdi. Otam vafot etdi. O‘sha “Yaxshi odamlar…”da yozganimdek, kunduzgi bo‘lim havasidan voz kechib, kolxoz raisiga ish so‘rab bordim. Ota qadrdonim Rofe Hamroyev (keyinchalik u qissalarimda Rustam Haydarov bo‘lib ko‘rindi) niyatimdan quvonib, meni bir yillik buxgalteriya kursiga yubordi. U yerdan qaytib rosa olti yil cho‘t qoqdim, “debit-kredit” bilan mashg‘ul bo‘ldim. Bu orada universitet tahsili ham tugadi. Nihoyat ko‘kragimga “shamol tegib” o‘zim o‘qigan maktabga til va adabiyot o‘qituvchisi bo‘lib ishga o‘tdim.

Ikki yil havas bilan ishladim, suvga tushgan baliqdek his etardim o‘zimni. “Shalola” degan adabiy to‘garak ham ochib, o‘quvchilarimga shoirlikdan “dars” bera boshladim. Lekin bo‘lmadi, yana o‘z-o‘zimdan norozilik, hafsalasizlik boshlandi. Bir zamonlar yuragimga o‘rnashgan cho‘g‘ o‘z so‘zini o‘tkaza boshladi: nimaga endi dunyoning bir chekkasida qop ketishing kerak, loaqal endi toleingi sinab ko‘rishing mumkin-ku!.. Ha, mumkin, deya uning so‘zini uzil-kesil ma’qulladim.

Nihoyat, 1979 yilning iyul oyida poytaxtga otlandim. Aytsam ishonmaysiz: o‘shanda katta da’volar bilan yo‘lga chiqqan g‘o‘r yigitchaning qo‘ltig‘ida besh-o‘nta hikoyasi va she’rlari bosilgan bir dastagina tuman gazetasidan bo‘lak hech vaqosi yo‘q edi…

Haqiqiy ustozga uchraganim…

Ozroq chekinish qilsam: sakkizinchi sinfda bizga maktabga yangi kelgan adabiyot o‘qituvchisi dars bera boshladi. Eramat aka Xudoyorov degan (Asli ismi Ermamat, yanada aniqrog‘i Ermuhammad bo‘lsa kerak, deb o‘ylayman. Sho‘ro hujjatchiligi shunaqa edi-da). Urushda bo‘lgan, kamgap, ammo cho‘rtkesar bir kishi ekan. She’rlari hatto Respublika nashrlarida bosilib turarkan. Bir kuni u “Farhod va Shirin” dostoni yuzasidan insho yozdirdi. Avvaliga insho rejasi haqida gapirdi. Kirish, asosiy qism, xulosa… Tinish belgilari – nuqta, ikki nuqta, nuqta vergul… hamma-hammasini hijjalab tushuntirdi. “Shuni bilib qo‘ying, natija rejaning mahsuli, hayotda ham puxta rejaga tayangan odam adashmaydi”, dedi. Oradan bir haftalar o‘tib yozgan insholarimizni darsga olib kirdi. Umuman yomonmas dedi, daftarlarni bir-bir varaqlab. Masalan, falonchi, falonchilarning inshosi… Hammasi kam-ko‘stsiz bajarilgan. Lekin, hammaga tegishli bir qusur – mustaqil fikr yo‘q. O‘z gaplaring yo‘q. Darslikdan chiqib ketolmagansizlar. Shu sababdan faqat bitta o‘quvchiga baho qo‘ydim, to‘rt qo‘ydim…

Hammamiz hayajonda bir-birimizga qaray boshladik. U sir bermay, so‘zida davom etdi. To‘g‘rimi, noto‘g‘rimi, o‘z gapini yozgan. Yozuvchilarday erkin fikrlashga intilgan… Nimanidir payqab, qizara boshladim. Boshimni egib oldim. Sezmabman, bolalar menga qarab imo-ishora qilib, jilmaya boshlashibdi.

– Ha, shunday, topdilaring, Falonchiyevning ishi menga ma’qul bo‘ldi, – dedi Eramat aka endi ochig‘iga ko‘chib. Bu gapni u o‘qituvchilar xonasida ham aytgan ekan, birinchi o‘qituvchim Abdusalom aka maktab hovlisida meni atayin to‘xtatib, qo‘limni siqib tabrikladi. “Ana endi haqiqiy ustozga uchrading, uni qattiq ushlagin”, dedi quvonib.

Ba’zan ba’zan o‘sha kunlarni eslab qolsam dilim yorishadi, qanday ustozlar ekan-a, qay bir o‘quvchisida yilt etgan uchqun ko‘rsa quvonadigan, quvonchini boshqalar bilan baham ko‘radigan…

Yozuvchilikka havas

33O‘shanda sentyabr oyi edi. Keyin paxta terimiga chiqib ketib, dekabrni qoralab darsga qaytsak, sinfimizga boshqa bir o‘qituvchi kirib kelayapti. Eramat aka, hali aytganimday, urush qatnashchisi edi, xastalanib qolib, ishdan ketibdi. Men bo‘lsam, ko‘krakka to‘ymagan go‘dakday tamshanib qolaverdim. Tan olay, Eramat Xudoyorovdan olgan bir oylik sabog‘im izsiz ketmadi. Birinchidan, keyingi yozgan insholarimda ham emin-erkin bo‘lishga, “yozuvchilarday” fikrlashga intiladigan bo‘ldim. Ikkinchidan, o‘zimda ham yozuvchilikka mayl uyg‘ona boshladi shekilli, ul-bul narsalar qoralay boshladim.

Maktabni bitirdim. Hali aytganimday, sirtqida o‘qib, buxgalteriyada cho‘t qoqib yuribman-da, botinimda dam-badam ijod dardi simillab qoladi, ozroq fursat topdimmi, nimalardir mashq qilaman. Ora-sira gazetada she’rlarim ko‘rinib, yurak taftimni bosib turadi.
Bir kun qarasam, “Atirgul” nomli hikoyam bir sahifa bo‘lib chiqib turibdi. Endi buning zavqi boshqacha bo‘larkan. Yana hov o‘sha ilk she’rim chiqqanidagi ko‘yga tushdim. Faqat bu safar o‘shanda mendan ham ko‘proq quvongan, biri olib, biri qo‘yib qutlagan sinfdoshlarim atrofimda yo‘q edi, xolos.

Poytaxtdaman

Xullas, yuragimda bir dunyo havas, qo‘ltig‘imda bir dasta tuman gazetasi bilan bilan poytaxtga yo‘l oldim. O‘ziga tavakkal qilgan bandasini O‘zi qo‘llashi haq rost ekan, katta bir dargohga ishga ham joylashdim. Tuman gazetasidan boshqa dargohni ko‘rmagan, tajribasiz, g‘o‘r bir qalamkashning Respublika radiosi Adabiy-dramatik eshittirishlar Bosh tahririyatiga, yana deng, Nasr bo‘limiga muharrir sifatida ishga olinishi bu mo‘jiza edi.

Toshkentga kelib, avval kimlarga uchraganim, ular men uchun tahririyatlarga qo‘ng‘iroq qilib, ish izlashgani, hamma yerdan “bizga tayyor kadr kerak, uzr” degan javob olishgani, keyin tasodifan Radiodagi bo‘sh o‘rin haqida xabar topishgani va u yerdagi yaxshi odamlar qo‘llovi sabab ishga qabul qilinishim tafsilotlarini “Yaxshi odamlar…”da rosa maroqlanib, ijikilab bayon qilganman. Bu yerda men aytmoqchi bo‘lganim boshqa narsa: o‘shanda garchi omadim chopgan esa-da, go‘yo qorong‘u o‘rmonga tushib qolganday his qilganman o‘zimni. Eplab ketarmikinman? Ishqilib menga ishonib o‘rtaga tushgan (Tohir Malik, Eminjon Usmonov)lar oldida yuzim shuvit bo‘lib qolmaydimi… Ayniqsa, poytaxtda o‘qigan hamkasblarim dunyoqarashlari, saviya-salohiyati bilan o‘z tushunchalarimni solishtirib, ularning adabiyot haqidagi bahs-munozaralarini tinglab, kishi bilmas o‘kinaman. O‘n yil muqaddam kelganimda qanday yaxshi bo‘lardi-ya, deyman…

Birinchi hikoyam

44Buyog‘iga hammasi o‘zimda qolgan edi. Har holda azza-bazza ishlab turgan joyimni tashlab Toshkentga kelganim, menga ishonch bildirgan ustozlar oldidagi mas’uliyatim, va albatta, tabiatimdagi botin bir o‘jarlik quvvat berdimi, xiyol fursatda radiochiga aylandim.

Hali aytganimday Nasr bo‘limidaman, tahririyatga kelgan nasriy asarlarni bo‘ladi, bo‘lmaydiga ajratib, efirga tayyorlayman. O‘zim hali birorta hikoya yozib, qotirib qo‘ygan joyim yo‘g‘-u, lekin har holda yaxshi yoki bundayroq asarni farqlay olaman. Ma’qul deb bilganlarimni ijikilab tahrir qilaman. Nuqta verguligacha nazardan qochirmayman. Hammasi ko‘ngildagidek boryapti-yu, ammo o‘zimning ijodim… Qishloqdan qo‘ltiqlab kelgan hikoyalarimni, garchi Tohir akaga (Tohir Malikka) yoqqan bo‘lsa-da, e’lon qildirishga yuragim betlamaydi. Har holda Nasr bo‘limida ishlab, turli saviyadagi asarlarni o‘qiyverib, ozmuncha ko‘zim pishib qolgan ekan-da.

Nihoyat yangi bir narsa tug‘ildi-da, uni “O‘zbekiston madaniyati” gazetasiga olib bordim. Hikoyani ma’qul topib, olib qolishdi. Lekin ana mana deguncha 8-9 oy o‘tib ketdi hamki, hikoya bosilmadi. O‘zimdan o‘tganini o‘zim bilib, uniqib yurgan kunlarimda “O‘zbekiston madaniyati” gazetasi “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”ga aylantirilib, yosh ijodkorlarning katta homiysi Asqad Muxtor bosh muharrir etib tayinlandi. Gazeta yangi nomda 1981 yil aprel oyidan chiqa boshlagan bo‘lsa, may oyining o‘n beshida mening “Poyandoz” degan hikoyam bosilib turibdi.

O‘shanda yangilangan adabiy gazetamizga bosh muharrir bo‘lib kelgan Asqad aka ishni tahririyat papkalarida yig‘ilib yotgan asarlar bilan tanishishdan boshlagan ekan. Aytishlaricha, bir hafta bosim o‘tirib, hikoya, she’r, publitsistik asarlarni bittalab ko‘zdan o‘tkazadi, saralaydi va shunda mening sarg‘ayibgina yotgan hikoyam ham qo‘liga tushib qoladi…

Asqad akaga uchradingizmi, deyishdi. Yo‘q, nimaydi? Har holda rahmat aytib qo‘ygan yaxshi. Shartmikan, dedim cho‘chinqirab. Tortinmang, boring, qoidasi shunaqa.

Ming bir istiholayu hayajon bilan yo‘lga chiqqandim, uchrashuvimiz jo‘nggina o‘tdi. Domla, men rahmat aytgani kelgandim, dedim. U indamay, sinchi nigoh bilan kulimsirab qarab qo‘ydi. Hikoyam chiqqan edi. Ha, sizmidingiz? Ha, domla, minnatdorman… Qayerdasiz, dedi mulozamatimga ortiqcha e’tibor qilmay. Radiodaman, Litdramda. Ha, yaxshi joy, O‘lmas ishlagan, Omon Muxtor. Bilishimcha, hozir Tohir, Eminjonlar o‘sha yerda… Bo‘pti, qatnashib turing. Yaxshi narsalar yozing…

Hikoya haqida hikoya

Har bir asar muallifning farzandiday gap. Bir qorindan talashib tushgan farzandlar turlicha fe’l-atvorli bo‘lganiday, yozilgan narsalar ham hamisha bir xil saviyada bo‘lavermaydi. O‘zimga keladigan bo‘lsam, agar biror narsa boshlasam-da, orada boshqa ishga chalg‘imay, oxirgi nuqtaga yetib olsam, qolgani yengil ko‘chadi. Aks holda, ora yo‘lda qolib ketadi. Amallab tugatganimda ham ko‘nglim to‘lmay, tashlab yuboraman. Allanechuk rangsiz, ruhsiz bo‘lib tuyulaveradi…

Keles tarafda ijarada turaman. Oilamni qishlog‘ga jo‘natganman. Yolg‘izman. Bir kun kechga tomon qo‘shni hovlida qiz majlisi bo‘ldi. Bazm shovuri, kuy-qo‘shiqlar shundoq eshitilib turibdi. Ayvonda yonboshlab yotibman. Bir mahal men yaxshi ko‘radigan qo‘shiq yangrab qoldi: “Sumbula”. O‘rnimga turib o‘tirib, maza qilib eshitdim. Xayolim allaqayoqlarga ketib qoldi. Bir pas o‘tib, hofiz yigitdan talab qilishdimi, yana shu qo‘shiqni aytdi.

Aytgandayam berilib, nola qilib ayta boshladi. Ayniqsa, “Mening ko‘nglim sen bilan, sen ketasan kim bilan. Qadamingda gullar ochilsin…” degan joylarida fig‘on chekib yubordiyov deyman. Davra to‘ymadimi, yana ayttirishdi. Hofiz qo‘shiq aytmayotgandi, balki nola qilayotgan edi nazarimda. Shunda miyamga bir narsa urildi. Mabodo hofizning o‘zi… Ne mahalda bazm tugab, hamma yoq jimib qolgach, g‘ayratlanib ichkariga kirdim-da, xontaxta yoniga cho‘kdim:

“Badmast kuyovnavkarlarning beparda qiyqirig‘u yer tepinishlaridan halovatini yo‘qotgan qishloq nihoyat tinchidi. Kelin ketdi. Ko‘p o‘tmay, xonadonlardagi chiroqlar birin-ketin o‘chib, ko‘chalar qorong‘ilik qo‘ynida qoldi. Bu paytda qo‘shni qishloqdan childirmaning taka-tumi, to‘y g‘ovuri eshitila boshlagan, qiz uzatgan qishloq esa, bu ovozlarga mung‘ayibgina quloq tutib, ma’yus sukutga cho‘mgan edi…”

Boshlanma o‘zimga yoqib ketdi-da, shosha-pisha davom etdim:

“…Qorong‘i qishloqdan chiqib kelgan baland bo‘yli bir yigit ikki tomonida qator teraklar saf tortgan yo‘l boshida bir zum to‘xtadi. Cho‘ntagidan sigareta olib tutatdiyu istar-istamas yana yo‘lga tushdi…”

O‘zim ham o‘sha qorong‘u qishloqdan chiqib kelgan yigitga qorama qora yo‘lga tushganman. Oldinda to‘y g‘ala-g‘ovuri. U qayoqqa borayapti? To‘yga-da! Yo‘g‘-ye, axir u!.. Rosttanam to‘yxona eshigida u ilkis to‘xtadi. Ortiga qaytmoqchi bo‘ldi. Biroq, u hofiz, hamma taniydi. Qo‘yarda qo‘ymay ichkariga olib kirib ketishdi. Men ham tashqarida qolishni istamadim. Qani bu yog‘i nima bo‘larkin? Hofizni kelin-kuyovga yaqinroq stollardan biriga o‘tqazishdi. Yigit qizarinqirab, yon-veridagilar bilan bosh irg‘ab so‘rashgan bo‘ldi. Miqti gavdali, jingalak soch, ko‘zlari qattiqqina o‘rtakash allanimalar deb so‘zamollik qilayapti…

Ha, o‘sha eski gaplari-ku haliyam. Kimgadir yozdirib yodlab olganmi. Har gal faqat kelin-kuyov ismini almashtiradi, xolos… Kuzatib turibman, Hofiz chekmoqchi bo‘lib, sigareta chiqardiyu lekin niyatidan qaytdi. Shu payt o‘rtakash Bahri shoirga so‘z berdi. Ustozi-da, unga to‘y avvalida so‘z bermasa baloga qoladi… Bahri shoir hozir hoynahoy “Kuy, g‘azal, oh!..”, deb monolog boshlaydi. Yo‘q, avval e’lon qiladi: “Hurmatli o‘rtoqlar, men sizlarga ulug‘ shoirimiz Alisher Navoiyning klassicheskiy g‘azallaridan birini aytib beraman”, deydi. Keyin mashshoqlardan kuy talab qiladi, ana aytdi, “Og‘irrog‘idan bo‘lsin”, dedi…

“Hov, mulla yigit, mundoq ochilib o‘tirsangiz-chi, buncha o‘y surib ketdingiz?” Xayolim bo‘linib, alangladim. Qarasam, bo‘yinbog‘ini bemalol bo‘shatib, yoqalarini ochib olgan, yuzlaridagi terni ro‘molcha bilan hadeb artayotgan semiz kishi Hofizga gap qotayapti. Uni tanimadim, mehmon bo‘lsa kerak. ”Kechirasiz, amaki… Qani, ovqatga qarang”, dedi Hofiz xijolat tortib. “Bizlar olyapmiz, sizdi mazangiz yo‘q. Yotsiramay, yeb-ichib o‘tirish kerak. To‘yga nima uchun kelganmiz, yigit. Qani, ushlang buni!”

Hofiz qadahni oldi-da, sochlari moshguruch, yuzlari jigarrang tusga kirgan kishiga kulimsirab tikildi: “Ha, albatta, to‘yga yeb-ichgani kelamiz-da, mulla aka!” degan ma’noni uqdim uning qarashidan. “Qani, oling-chi, kutyapmiz!.. Ha, balli, mana, zakuska!”

Har-har yerdan qarsak ovozlari eshitildi: Bahri shoir “Azizim, dunyoga bevaqt kelibmiz…” deb “g‘azal”ni tugatgan edi. “Lekin, mulla yigit, Navoiy ham she’rni zap qotirgan ekan-da! Bolaga ham gap yo‘q, talant ekan, nastoyashiy talant. Bopladi! “Ha, u Navoiyni doim boplab yuradi…” dedi Hofiz og‘ir xo‘rsinib. Ha, yaxshi, buyam qorinboyni bopladi, dedim o‘zimcha quvonib.

Xo‘sh, endi bu yog‘i nima bo‘ladi, deb turgandim, o‘rtakash Hofizning nomini aytib qoldi-ku. Qarsak gurilladi. Hamma Hofiz tomonga qarab olgan. Bu bechora bo‘lsa, gangib o‘tiribdi. O‘rtakash to‘g‘ri u tomonga bostirib kelayapti. Yo‘l-yo‘lakay mashshoqlarning torini ham so‘rab oldi. Qo‘shiq ayttirmoqchimi unga! Albatta-da, hofiz qo‘shiq aytadi-da. Uning tabrigi qo‘shiq. Dil izhori, o‘kinchu armonlari qo‘shig‘ida jamlanishi kerak. Shundan boshqa iloji ham yo‘q…

Mana u qo‘lida tor, gangib-garangsigan ahvolda o‘rtaga chiqdi. Bir bola mikrofon tutdi. “Sho‘x-sho‘xidan bo‘lsin, Kamoljon!..”

Ha, aytmoqchi, ismi Kamol edi-ya… Sho‘x-sho‘xidan bo‘lsin deyishayapti. Lekin u shu holida nimani aytadi, qanday aytadi? Kuzatib turibman. U go‘yo torni sozlayotgandek bir muddat tiringlatib turdi-da, keyin boshladi.

Oq tunukali baland tomga o‘rnatilgan radiokarnaylar torning nozik, hazin sadolarini qishloq uzra tarata boshladi, so‘ng xuddi ohanglardek hazin qo‘shiq yangradi:

Kecha kelgumdir debon, ul sarvi gulro‘ kelmadi,
Ko‘zlarimga kecha tong otquncha uyqu kelmadi…

O‘ylashimcha to‘yxona jim-jit bo‘lib qolishi kerak edi. Yo‘q, unday bo‘lmadi, shirakayf to‘yxo‘rlar o‘zaro gurung qilishar, har yer-har yerdan kulgi ko‘tarilib turar, “Ha, do‘st!”, degan ovozlar eshitilib turardi. Lekin Hofiz bularni eshitmayotgani aniq edi.

…Ana, pastda Ko‘ksoy shovillab oqyapti. Hofiz esa soy bo‘yida, baland tollar ko‘lankasida osmonga tikilgancha chalqancha yotibdi. Yonida oppoq harir ko‘ylak, boshiga kelinchaklar misol to‘r yopingan bir qiz… U nozik barmoqlari bilan yigitning sochini taraydi, ko‘zlariga mehr bilan tikiladi, allanimalar deb shivirlaydi. U esa baxtdan yuragi hapriqib, osmonning feruzaligiga, Ko‘ksoyning toza suvi aslo ko‘rinmasligiga, tollarning soyasi faqat halovat baxsh etishiga ishonadi…

Qo‘shiq tugadi. Qarsaklar, olqishlar, yana talablar…

Tor tag‘in tilga kirdi. Yangi qo‘shiq boshlandi:

Sumbulayo sumbula, o‘rab olay gul bilan…

Ha, ana endi asosiy muddaomga yaqinlashdim. U men istagan qo‘shiqni boshladi. O‘rtaga bir yigit va qiz tushdi, bir-biriga im qoqib raqs boshladi.

Sumbulayo sumbula, o‘rab olay gul bilan,
Mani ko‘nglim san bilan, san ketarsan kim bilan?
Qadamingda gullar ochilsin…

Hofizning ko‘zlarida yosh yiltiradi. Ovoziga bilinar-bilinmas titroq kirdi. To‘yxo‘rlar “Yasha!”, “Kam bo‘lma!”, “Ha, do‘st”, deb uni olqishlar, Hofiz ularni eshitmas, ularni ko‘rmas, o‘kinchu alam bilan fig‘on chekardi.

Mani ko‘nglim san bilan, san ketarsan kim bilan…

Hofiz o‘rtanib kuylar, o‘rtanib bo‘zlar, mastu behud olomon esa baqiriq-chaqiriqlar bilan olqishlar edi…

Bo‘ldi, bas, shu yerda nuqta qo‘yaman. Nuqta qo‘ydim-da, olis qishlog‘imdan yana Kelesdagi ijara uyimga qaytdim. Nim qorong‘u xonamda, xontaxta yonida o‘tiribman. Har kuni ham sodir bo‘lavermaydigan hodisa ro‘y bergan, bosh-keti ikki soat nari-berisida yangi hikoya tug‘ilgan edi.

Bir paytlar radioda “Hikoya haqida hikoya” degan turkum eshittirishimiz bo‘lardi. Hozirgi ishim shunga o‘xshab ketdi, chamamda.

Birinchi qissamning yaralish qissasi

Hali bir asar boshlasam, bir o‘tirishda oxiriga yetqazishga urinaman, aks holda ishim unmaydi, deganday gap qilgan edim. Xo‘p, hikoyani bir zarbda yozish mumkindir, lekin kattaroq asarda iloji bo‘larmikan…

Unda Oqilon mahallasida ijarada turardim. Bir shanba kuni vaqtli turdim-da, ko‘chaga chiqib ketdim. O‘zimcha xayol surib, mahalla ko‘chalarida uzoq aylanib yurdim. Uyga qaytib ham ish boshlay olmadim. Hovlida kichkintoylarim qiy-chuv qilib chopqillab yurishibdi. Oxiri o‘zimni qo‘lga oldim.

Balzak degan yozuvchi stolga o‘tirdimi, bas, paysalga solib o‘tirmas, qalamini qitirlatib, ishga kirishib ketar ekan, deb eshitgandim. Shu qoidaga amal qildim. Bolalarim qiy-chuviga ham e’tibor bermadim. Hamma narsani unutib, “qishlog‘imga jo‘navordim”… Yozning avvali. Ayollar, qizlar, va bir o‘spirin bola… dala bo‘ylab yoyilib, chopiq qilib borishyapti. Uch nafar bo‘y qiz bir chekkada “musofirgina” bo‘lib ketmon chopayotgan yigitchani kuzatib, o‘zlaricha kulib-kulib qo‘yishadi. Uni o‘z davralariga og‘dirib olish payida bo‘lishadi.

Hali aytganimday, o‘zim ham ko‘rinmasgina bo‘lib, qahramonlarim atrofida yuribman-da, ularni faqat kuzataman, boshqarmayman, o‘z tovriga qo‘yib qo‘yganman…

Choshgoh soat o‘n birlarda boshlagan ishimga kechki o‘n birlarda nuqta qo‘ydim. Nuqta qo‘ydim, deganim qay ma’nodaki, rassomlarga o‘xshab, asarimning eskiz variantini bitirgan edim. Endi unga shoshilmasdan rang berishim, pardozlashim mumkin edi.

1982 yil avgustida ijara uyimdan chiqib ketishim kerak bo‘lib qoldi. Odatdagidek, oilamni qishlog‘ga jo‘natdim. Bor-yo‘q taqir-tuqurimni Mahkam aka (taniqli yozuvchi va olim Mahkam Mahmudov)ning peshayvoniga olib borib joylab qo‘ydim-da, yangi joy izlashga tushdim. O‘zim tanish-bilishlar uyida yotib yuribman. Bu orada baxtimga Do‘rmonda Respublika yosh ijodkorlarining 2-seminari boshlanib, men ham qatnashadigan bo‘ldim. Demak, o‘n kuncha boshpana tashvishini qilmayman. Seminarning so‘nggi tantanali kunida Jamol og‘aynim (Jamol Sirojiddin-Xumiy) meni Do‘rmonga izlab bordi. Yakuniy yig‘inda qatnashdi. Ustozlar ma’ruzasida tuzukkina tilga olinganimdan u ham yonimda bolalarcha quvonib o‘tirdi. Ikki-uch marta qo‘limni siqib qo‘ydi. Ikkalamiz ham menga atalgan maqtovlardan oyog‘imiz yerga tegmay Toshkentga qaytdik. Avtobusdan tushdik. Xayrlashishimiz kerak. Uni kuzatganimdan keyin qayoqqa borishimni o‘ylab ko‘rarman. Yo‘q, o‘ylab ko‘rishgayam hojat bo‘lmadi, “Aka, men bilan yuring”, deb qoldi hamrohim. “Qayoqqa?” “Borganda ko‘rasiz!”

Qo‘yliq tarafga yo‘l oldik. 5-Qo‘yliq mavzesida mashinadan tushib, “dom”lar oralab ketdik. Nihoyat mavzening kolxoz dalalariga qadalib to‘xtagan oxirgi binosi, birinchi yo‘lagiga kirib, so‘nggi beshinchi qavatiga ko‘tarildik. Jamol o‘ng taraf eshigini ochib, ichkariga boshladi. “Qani, marhamat…”

Bir xonali uy. Xona o‘rtasida xontaxta. Atrofida ko‘rpachalar. Bu yerda yaqinda boshqa viloyatga ishga ketgan Jamolning tanishii ijarada turgan ekan. “Ijarachining uyida ijarada turarkanmiz-da!” dedim men. ”Shunaqa. Kalitni menga berib ketgandi”.

Dilim kunday yorishib ketganini aytmaysizmi. Xayriyat-ye!.. O‘sha kunlar haligi “bir zarb bilan” qog‘ozga tushgan qissam eskizi men uchun katta muammo bo‘lib turgandi. Chunki, seminarda “Sharq yulduzi” jurnalining alohida bir soni yoshlarga bag‘ishlanishini aytishgan, men unda hikoya bilan emas, birvarakayiga qissa bilan qatnashishni yuragimga tugib qo‘yganman…

Balkonga chiqdik. Yozuv stoli bor ekan. Stol derazaga taqalgan. Derazaning bir ko‘zi sinib tushgan. Salqin shabada urib turibdi. “Ijodni shu yerda qilasiz, aka”, dedi Jamol ko‘nglimdagilarni o‘qib turganday.

Tun. Hamrohim xontaxta yonidagi ko‘rpachaga uzala tushgancha uxlab qoldi. Xontaxta ustida yangi she’rning bir ikki satri tushgan qog‘oz. Men “ijodxonam”daman. O‘tiribman derazaga ko‘z tikib, tungi dala, qishloq, qo‘nalg‘a manzarasini kuzatib… Qissa qoralamasini qayta-qayta o‘qib chiqaman. Lekin davom ettirishga qalamim yurmaydi. Dam badam buruqsitib chekaman (O‘sha paytlar bir alam o‘tib, yarim yilcha chekkanman). Bir mahal desangiz, Jamol og‘aynimning maslahati yodimga tushib qoldi. “Qissangizni insho shaklida yozsangiz ma’qulmidi, degandi u qoralamamning og‘zaki bayonini eshitib bo‘lib. – Qahramoningiz to‘g‘ridan to‘g‘ri o‘qituvchisiga murojaat qilsa.

Adolatsizlik, nohaqliklarga bo‘lgan isyoni, alami, nafratini unga bildirsa. Keyin o‘qituvchining ismini… Odil aka deb qo‘ysangiz. Odil Yaratganing ismlaridan biri. Demak, siz to‘g‘ridan to‘g‘ri Uning O‘ziga arz qilayotgan bo‘lasiz…”

“Bo‘ldi! – dedim fikrim yarq etib ochilib. – Shunday qilaman!”

Va boshladim: “Odil aka, siz bu topshiriqni bir hafta burun bergandingiz.

Men bo‘lsam, shuncha kunni o‘tkazib yuborib, mana endi yozishga o‘tirdim. Juda shoshilyapman. Qaniydi bir-ikki sahifada hammasini aytib qo‘ya qolsam… Avvaliga-ku, bu gaplarni yozishni istamay yurdim…”

Ishonasizmi, mo‘jiza ro‘y berdi, birinchi sahifadan o‘tib olishim bilan qalamim o‘zi yoza boshladi. Tepamda birov shivirlab turibdi. Men shosha-pisha chala-yarim qilib qog‘ozga tushiryapman. Xiyol o‘tmay yetti sahifa to‘ldi. Yuragim hapriqib ketdi. Sabrim chidamadi. Ichkariga kirib shoirni uyg‘otdim. “Ey, Jamol turing!” “Ha, ha, nima gap?” “Turing, gap bor”.

Qo‘limdagi dasta qog‘ozga ko‘zi tushdi-yu, tushundi. Bir otim nosni tili tagiga tashlab, chordona qurdi. Men xontaxta chekkasiga o‘tirib, boshladim. O‘qiyapmanu, tinglovchimni kuzataman. U yerga bosh solib olgan. Jim. O‘qib tugatdim ham holati o‘zgarmadi. Mening bo‘lsa ichim qizib boryapti. Shunaqa paytda dalda kutasiz-da birovdan. Sabrim chidamay, yelkasidan turtdim. Boshini ko‘tardi. “Uxlatib qo‘ymadimmi ishqilib?” “Yo‘q, mast qildingiz, aka”. “Rostdanmi?” “Rost, faqat kirish bir oz cho‘zilgan ko‘rinadi. Asosiy gapga tezroq o‘taverish kerakka o‘xshaydi.” “To‘g‘ri aytasiz, o‘zimga ham sezildi”. “G‘ayrat qiling!”

Qo‘lim qizib, balkonga shoshdim. Sigaret tutatib olib, stolga muk tushdim. Shu mahal qo‘nalg‘adan yeru ko‘kni titratib “Aerobus” havoga ko‘tarildi. Keyin yana sukunat cho‘kdi. Men sukunat ovoziga quloq tutdim. Ko‘p o‘tmay u gapira boshladi. Men bo‘lsam, uning so‘zlarini hovliqqancha qog‘ozga to‘ka boshladim… Tongga yaqin stolga bosh qo‘ygancha mudrab qolibman. Uyg‘onib, ortimga qarasam, xona chirog‘i yoqig‘. Jamol og‘aynim qog‘oz qoralab o‘tiribdi.

“Yangi she’r eshitarkanmiz-da”, deya ichkariga kirdim. “Yo‘q, avval “Dunyoning bir chekkasi”dan yangi bobni eshitamiz”, dedi. Tushunmadim. “Qissangizga menimcha ana shu nom mos tushadi”, dedi. “Dunyoning bir chekkasi… E, rostdanam shunday-ku!” dedim o‘zimcha hayratga, hayajonga tushib. Do‘stimga qanday minnatdorchilik bildirishni bilmayman endi desangiz…

Qissa 1993 yil dekabrida “Sharq yulduzi” jurnalida (ustoz adib Xudoyberdi To‘xtaboyev taklifi) “Soybo‘yi qizlari” nomi bilan bosilib chiqdi. Bir yildan keyin kitob holida nashr etilayotganida Jamoliddinning ko‘ngliga borib uni “Dunyoning bir chekkasi” deb nomladim.

Kitoblarim haqida

Bu borada ham, O‘ziga shukur, avvaliga omadim chopdi. 1983-1990 yillar orasida ketma ket besh kitobim bosildi. Keyin esa rosa yigirma olti yillik tanaffus. Yigirma bosma taboqlik qissalar kitobim “Sharq” nashriyotining 2008 yil rejasiga kirgan bo‘yi qolib ketdi. Homiy topishim kerak ekan, menda esa bunaqa ishlarga uquv yo‘q edi.

Yo‘q, mana keyingi uch yilda ketma ket uchta kitobim (avvalgidek 30-40 ming nusxada bo‘lmasa-da) nashr etildi. Bu yil esa bir yo‘la uch kitobim (biri “Tanlangan asarlar”) chop etiladi deb niyat qilib turibman.
47

So‘ngso‘z o‘rnida demoqchi bo‘lganlarim

Hali yuqorida poytaxtga yangi kelgan paytlarimda o‘zimni qorong‘u o‘rmonga tushib qolganday his qilganim, o‘n yil muqaddam kelganimda qanday yaxshi bo‘lardi-ya, deya o‘kinib yurganlarimni eslagandim.

Bir qarashda o‘kinishlarimda jon borga o‘xshardi. Taqdir yozug‘i sabab o‘n yilga imkoniyatni bor berganday edim. Boshqa tarafdan keladigan bo‘lsam aslida shundaymidi? O‘n yillik umrim behuda o‘tganmidi? Aslo. Odamiylik tarafdan olib qarasam, birinchi navbatda yolg‘izqo‘l onamning duolarini olishga ulgurdimmi, shukur, ulgurdim. Suyagi qotmagan ukalarim oldidagi burchimni ado etdimmi, etdim. Endi masalaning boshqa tarafi: men nafaqat buxgalter bo‘lib idorada o‘tirdim, o‘rni kelganda traktor haydadim, mavsumi kelganda pilla brigadiri bo‘lib, qishloqma qishloq, uyma-uy kezdim, chorvaning sutchiligimi, bo‘rdoqichiligimi, yilqichilik yo parrandachilik sohasimi… hammasining sir-asrori, mashaqqatli mehnatidan voqif bo‘ldim. Qisqasi, qishloq zahmatkashi hayotini o‘rgandim. Qolaversa, sho‘ro davrining so‘nggi yillardagi talvasalari, kosasi oqarmagan o‘zbekni yomonotliq qilib, paxta ishi, o‘zbek ishi deb boshlagan o‘yinlari… hammasi ko‘z o‘ngimda bo‘lib o‘tdi-ku! Xo‘p, bularning bari men uchun haqiqiy dorilfunun, haqiqiy hayot saboqlari emasmidi? Agar men bu saboqlardan bebahra qolganimda qanday ijodkor bo‘lardimu, nimalar deb qog‘oz tirnagan bo‘lardim… Shular haqida o‘ylarkanman, Yaratganning bergani ne’mat, bermagani hikmat, degan ilohiy aqida yodimga tushadi. Va Yaratganning hikmati uning ne’matidan afzalroqdir, degim keladi.

Manba: “Yoshlik” 2023. 2-son

045

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring