Xurshid Davron. Otam va Onamga bag’ishlov

Ashampoo_Snap_2016.11.28_01h05m51s_001_.pngУшбу саҳифани онам ва отамнинг хотираларига бағишлайман.

  Онам — Фузаллобегим Вафохўжа қизи 1921 йилнинг баҳорида Самарқанд Регистони рўпарасидан кириб кетилган қадимий маҳаллада туғилганлар. Отам — Даврон Ҳасан ўғли 1972 йилнинг 1 декабрида вафот этган бўлсалар, онам роппа роса 35 йил ўтиб 2007 йилнинг 1 декабрида оламдан ўтганлар. Деярли ҳар кун уларни эслайман. Онамни соғинаман. Онамнинг чеҳраси аломатларини қизжиянлариму қизнабираларимдан излайман, отамни тушларимда кўраман. Ягона, шериксиз Аллоҳдан ҳар икки азиз инсонни мағфират айлашини сўрайман. Руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин. Раҳмдил Аллоҳим ғариқи раҳмат, шойистаи жаннат ато этган бўлси…

Отанинг бир ширин каломи учун
Ҳимолай тоғидек олтинлар ҳам паст.
Волиданг қўлининг бир силашига
Дунё хазинасин чўғи етишмас…

Хуршид ДАВРОН
ОНА ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
08

* * *
0-ota- onam.JPG
Шоирларнинг онаси – етим
ва камбағал бўлар отаси.
Шунинг учун болаликданоқ
севган сўзи: “Ҳақиқат” сўзи.

Шоирларнинг онаси – пари,
оталари бўлар Алпомиш.
Шунинг учун болаликданоқ
дилига “Эрк” сўзини битмиш.

Шоирларнинг онаси – Ҳасрат
ва отаси бўлади Шодлик.
Туғилади шу сабаб шоир
Бу дунёда икки қанотлик.

Шоирларнинг онаси – Ватан,
Шоирларнинг отасидир – Халқ!
Шунинг учун унинг қалбида
Туғилган сўз азлу абад ҳақ!

***

Кечга яқин чиқардим йўлга,
Онам унсиз йиғлаб қоларди.
Отам эса шошмасдан қўлга
Пул тутарди – шошиб олардим.

Бедазорни кесиб, югуриб
Елар эдим шаҳарга томон.
Кеч баҳорнинг ҳидин уфуриб
Кузатарди юлдузли осмон.

Тунги поезд пишқириб, шоша
Олис Тошкент томон шошарди.
Ҳовлимиздан узган бинафша
Қўлларимда сўла бошларди

Ва Тошкентда эшикни очиб,
Тор хонамга кирганим билан
Тўлар эди кўзларимга ёш,
Айрилиқни сезардим бирдан…

БОЛАЛИК ҲАҚИДА ШЕЪР

Ҳали унутганимча йўқ
дарахтларнинг тилини,
қушлар билан луғатсиз сўзлаша оламан –
ҳали унутганимча йўқ.
Ҳалиям ишонаман ва қайғураман
юлдуз учса тунги осмондан.
Майсаларни мажақламайман –
майсалар дарахтга айланишига
ишончимни йўқотмабман ҳали.
Ҳамон қўрқаман –
болаликда қўшнимизнинг
итидан қўрқардим,
эртак китобларим тугаб
қолишидан қўрқардим.
Бугун эса онамнинг оппоқ
сочларига боқиб
қўрқаман….

БАЪЗАН КЎЧАДАГИ…

Баъзан кўчадаги ёғоч ўриндиқда
ёки автобусда кўриб қоламиз
қариб қолган ёлғиз аёлни.
У қўлларин тиззага қўйиб
сизга ғамгин нигоҳин ташлар.
Сиз билмайсиз,
нега бирдан
баданингиз жимирлаб кетар…

* * *

Битта кўз бор бу дунёда –
Сеҳрли, оддий.
Битта сўз бор бу дунёда –
Нурли, абадий…
Мен у кўзга етаман аммо,
Мен у сўзни айтаман аммо
Бу дунёда битта қабр бор,
У мени кутади умидвор.
Сўроқлайди мени еллардан,
Сўроқлайди мени йўллардан…
Бу дунёда битта қабр бор,
У мени кутади умидвор.
Пойида жим чўккалаб олиб,
Кўзларимга йиғилган дардни
Унинг заъфар майсаларига
Сочиб, сочиб, сочиб йиғласам…

* * *

Онам қариб қолган. Тушида
Сўзлашади у отам билан.
Кўзларидан оққан ёшида
Мен отамнинг аксин кўраман.

Онам қариб қолган. Қўрқаман,
Баъзан азоб бўғзимни қисар.
Кўзим юмсам уни кўраман,
Шундан ёшга тўлади кўзлар.

Хат ёзмайман. Баъзан сим қоқиб
Ҳол-аҳволин сўрайман… Аммо
Ярим тунлар уйғониб гоҳо
Ўй сураман шифтга жим боқиб.

Далаларда қўнаркан шудринг,
Тонгни қарши оламан титраб,
«Она, — дейман, — мани кечиргин»,
«Она», — дейман лабим пирпираб.

ШОИРНИНГ ОНАСИ

Она келиб олис қишлоқдан
Ўғли билан яшай бошлади
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.

Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.

Авайларди хонадон тинчин,
Суйган ўғли уйнинг бурчида,
Қоғоз узра эгилганча жим
Шеър ёзган пайт тутун ичида.

Қадам босиб хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Тунлар хуррак тортмай дея у
Бош қўярди тонгда болишга.

Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди.
Қўлларидан тушиб кетди-ю,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.

Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўғлига
Шивирлади: «Кетайми, болам?»

Хуршид ДАВРОН
ОТАМ ХОТИРАСИГА
006

3af3da1cdb2ae84c081f810f3ad6cabb.pngОта ҳақидаги шеърга тўхталмоқчи бўлсам, юрагимда бир армон чуқур из қолдирган. Мен Германия деган юртнинг шарқий қисмида ҳарбий хизматда бурчимни ўтаб юрган пайтда, отам вафот этганлар. Узоқ мамлакатдан салкам бир ой деганда отам мозори бошига кела олганман.

Мен отамнинг эрка ўғли бўлганман. Отамдан эрта ажралиш ҳисси, сўнгги лаҳзаларда ёнларида бўлмаганим, тобутларини кўтармаганим армон бўлиб қолган.. Орадан анча вақт ўтгандан кейин ўғиллик бўлганимда, мана шу невараларни бир кўрсалар эди, деган аччиқ ўй уйғонганди юракда. Энди бу инсоний бир дард. Ана шунда ёзилган бу шеър.

Ота-онам ҳақида кўп шеърлар ёзганман. Фақат шу шеърим қўшиққа айланди. Бу шеърнинг қўшиқ бўлиши ҳам тасодиф. Таниқли қўшиқчи Азим Муллахонов машинада кетаётиб, аллақайси журнални варақлаб ўтирган-да, шу шеърни ўқиб варақни йиртиб олган-да, кейин ўша куниёқ куй басталаб, қўшиқ қилган (Хуршид Даврон билан суҳбатдан).

006

Деразамнинг остида тонгда
Сайраган қуш сизмасми, ота?

Ё тўнимга кўклам, мозорда
Ёпишган гул сизмасми, ота?

Ўн йилдир-ки дунёда йўқсиз,
Юрагимда аламли чўғсиз.

Кўрмагансиз менинг ўғлимни,
Эркатойим, шўхим, тўқлимни.

Мен ҳам ёшим ошгани сайин
Бошимга оқ тушгани сайин

Баъзан қўмсаб сизни ич-ичдан,
Юрак титраб соғинч,илинждан,

Отам дея, алқаб ўғлимни,
Кўтараман ўзим кўнглимни.

1982

ҚАЙҒУМ МАНИМ

Қайғум маним —
бир умрлик жўрам маним,
Юрагимнинг ич-ичида ҳужрам маним,
Ойнасидан ойнинг нури тушиб турган,
Қафасдаги булбулдайин учиб юрган,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Туғилмишдан соямдайин ёнимдасан,
Ла илаҳа иллаллоҳдай ёдимдасан.
Ҳар дам маним жонимдасан қонимдасан,
Йиллар ойлар кунлариму онимдасан,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Онам тўккан кўз ёшларда кўрдим сени,
Мозорининг бошларида кўрдим сени.
Юрагимни тилиб-тилиб муз тиғларинг,
Қўшилишиб “Онам” дея сен йиғладинг,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Унутайин десам кимни, исмин айтдинг,
Тарк этайин деганимни олиб қайтдинг.
Ёнимдасан издиҳому ёлғиз пайтим,
Навоийнинг девонида суйган байтим,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Болалигим ташлаб кетди, сен кетмадинг,
Илк севги шодликларим унутмадинг.
Бамисоли кузакдаги баргихазон,
Бамисоли қорлардаги субҳи азон —
Қайғум маним

Қайғум маним —
Мусичадай деразамда қўниб турган,
Онамдайин ҳамма гапга кўниб турган,
Айни саҳар шамчироқдай сўниб турган,
Юрагимга шабнамдайин иниб кирган,
Қайғум маним.

Қайғум маним —
Умрим бўйи хайр демай салом демай,
Бўлди етар энди бари тамом демай,
Тўйларимда бирон марта нон туз емай,
Отамдайин қараб турган бир сўз демай,
Қайғум маним

Қайғум маним,
Қайғум маним —
Юрагимдан униб чиққан илк майсам,
Йиллар кетар ойлар кетар қарамайсан.
Белим букик, сочим оқ — сен қаримайсан,
Кунларимни сармаст этган қари майсан,
Қайғум маним

Қайғум маним,
Қайғум маним —
Бир кун келар ҳаётимнинг гули сўлар,
Мозоримнинг дунёдай кенг бағри тўлар,
Юрагимдан униб чиқиб чечак бўлар,
Қайғум маним,
Қайғум маним…

Ushbu sahifani onam va otamning xotiralariga bag’ishlayman.

 Onam  Fuzallobegim Vafoxo‘ja qizi 1921 yilning bahorida Samarqand Registoni ro‘parasidan kirib ketilgan qadimiy mahallada tug‘ilganlar. Otam  Davron Hasan o‘g‘li 1972 yilning 1 dekabrida vafot etgan bo‘lsalar, onam roppa rosa 35 yil o‘tib 2007 yilning 1 dekabrida olamdan o‘tganlar. Deyarli har kun ularni eslayman. Onamni sog‘inaman. Onamning chehrasi alomatlarini qizjiyanlarimu qiznabiralarimdan izlayman, otamni tushlarimda ko‘raman. Yagona, sheriksiz Allohdan har ikki aziz insonni mag‘firat aylashini so‘rayman. Ruhlari shod, oxiratlari obod bo‘lsin. Rahmdil Allohim g‘ariqi rahmat, shoyistai jannat ato etgan bo‘lsin…

Otaning bir shirin kalomi uchun
Himolay tog’idek oltinlar ham past.
Volidang qo’lining bir silashiga
Dunyo xazinasin cho’g’i yetishmas…

Xurshid DAVRON
ONA HAQIDA SHE’RLAR
08

* * *

Shoirlarning onasi – yetim
va kambag’al bo’lar otasi.
Shuning uchun bolalikdanoq
sevgan so’zi: “Haqiqat” so’zi.

Shoirlarning onasi – pari,
otalari bo’lar Alpomish.
Shuning uchun bolalikdanoq
diliga “Erk” so’zini bitmish.

Shoirlarning onasi – Hasrat
va otasi bo’ladi Shodlik.
Tug’iladi shu sabab shoir
Bu dunyoda ikki qanotlik.

Shoirlarning onasi – Vatan,
Shoirlarning otasidir – Xalq!
Shuning uchun uning qalbida
Tug’ilgan so’z azlu abad haq!

***

Kechga yaqin chiqardim yo’lga,
Onam unsiz yig’lab qolardi.
Otam esa shoshmasdan qo’lga
Pul tutardi – shoshib olardim.

Bedazorni kesib, yugurib
Yelar edim shaharga tomon.
Kech bahorning hidin ufurib
Kuzatardi yulduzli osmon.

Tungi poezd pishqirib, shosha
Olis Toshkent tomon shoshardi.
Hovlimizdan uzgan binafsha
Qo’llarimda so’la boshlardi

Va Toshkentda eshikni ochib,
Tor xonamga kirganim bilan
To’lar edi ko’zlarimga yosh,
Ayriliqni sezardim birdan…

BOLALIK HAQIDA SHE’R

Hali unutganimcha yo’q
daraxtlarning tilini,
qushlar bilan lug’atsiz so’zlasha olaman –
hali unutganimcha yo’q.
Haliyam ishonaman va qayg’uraman
yulduz uchsa tungi osmondan.
Maysalarni majaqlamayman –
maysalar daraxtga aylanishiga
ishonchimni yo’qotmabman hali.
Hamon qo’rqaman –
bolalikda qo’shnimizning
itidan qo’rqardim,
ertak kitoblarim tugab
qolishidan qo’rqardim.
Bugun esa onamning oppoq
sochlariga boqib
qo’rqaman….

BA’ZAN KO’CHADAGI…

Ba’zan ko’chadagi yog’och o’rindiqda
yoki avtobusda ko’rib qolamiz
qarib qolgan yolg’iz ayolni.
U qo’llarin tizzaga qo’yib
sizga g’amgin nigohin tashlar.
Siz bilmaysiz,
nega birdan
badaningiz jimirlab ketar…

* * *

Bitta ko’z bor bu dunyoda –
Sehrli, oddiy.
Bitta so’z bor bu dunyoda –
Nurli, abadiy…
Men u ko’zga yetaman ammo,
Men u so’zni aytaman ammo
Bu dunyoda bitta qabr bor,
U meni kutadi umidvor.
So’roqlaydi meni yellardan,
So’roqlaydi meni yo’llardan…
Bu dunyoda bitta qabr bor,
U meni kutadi umidvor.
Poyida jim cho’kkalab olib,
Ko’zlarimga yig’ilgan dardni
Uning za’far maysalariga
Sochib, sochib, sochib yig’lasam…

* * *

Onam qarib qolgan. Tushida
So’zlashadi u otam bilan.
Ko’zlaridan oqqan yoshida
Men otamning aksin ko’raman.

Onam qarib qolgan. Qo’rqaman,
Ba’zan azob bo’g’zimni qisar.
Ko’zim yumsam uni ko’raman,
Shundan yoshga to’ladi ko’zlar.

Xat yozmayman. Ba’zan sim qoqib
Hol-ahvolin so’rayman… Ammo
Yarim tunlar uyg’onib goho
O’y suraman shiftga jim boqib.

Dalalarda qo’narkan shudring,
Tongni qarshi olaman titrab,
«Ona, — deyman, — mani kechirgin»,
«Ona», — deyman labim pirpirab.

SHOIRNING ONASI

Ona kelib olis qishloqdan
O’g’li bilan yashay boshladi
Va dasturxon yozilgan choqda
Shirmoy nonning chetin tishladi.

Yuvib berdi bir bozor kirni,
Suvlar quydi so’lgan gullarga.
Nevaralar bog’chadan qaytgach,
Ertak aytib berdi ularga.

Avaylardi xonadon tinchin,
Suygan o’g’li uyning burchida,
Qog’oz uzra egilgancha jim
She’r yozgan payt tutun ichida.

Qadam bosib xavotir bilan,
Qo’rqar edi nafas olishga.
Tunlar xurrak tortmay deya u
Bosh qo’yardi tongda bolishga.

Ammo bir kun mazasi qochib,
Ko’z oldida yorug’lik so’ndi.
Qo’llaridan tushib ketdi-yu,
Chil-chil bo’lib piyola sindi.

O’sha zahot hushiga qaytdi,
Chayqalardi o’ngida olam.
U yugurib chiqqan o’g’liga
Shivirladi: «Ketaymi, bolam?»

0-oila.jpgXurshid DAVRON
OTAM XOTIRASIGA
006

oboi-na-stol.com-78198-nastroeniya-ruki-otec-mladenec.jpgOta haqidagi she’rga to’xtalmoqchi bo’lsam, yuragimda bir armon chuqur iz qoldirgan. Men Germaniya degan yurtning sharqiy qismida harbiy xizmatda burchimni o’tab yurgan paytda, otam vafot etganlar. Uzoq mamlakatdan salkam bir oy deganda otam mozori boshiga kela olganman.

Men otamning erka o’g’li bo’lganman. Otamdan erta ajralish hissi, so’nggi lahzalarda yonlarida bo’lmaganim, tobutlarini ko’tarmaganim armon bo’lib qolgan.. Oradan ancha vaqt o’tgandan keyin o’g’illik bo’lganimda, mana shu nevaralarni bir ko’rsalar edi, degan achchiq o’y uyg’ongandi yurakda. Endi bu insoniy bir dard. Ana shunda yozilgan bu she’r.

Ota-onam haqida ko’p she’rlar yozganman. Faqat shu she’rim qo’shiqqa aylandi. Bu she’rning qo’shiq bo’lishi ham tasodif. Taniqli qo’shiqchi Azim Mullaxonov mashinada ketayotib, allaqaysi jurnalni varaqlab o’tirgan-da, shu she’rni o’qib varaqni yirtib olgan-da, keyin o’sha kuniyoq kuy bastalab, qo’shiq qilgan (Xurshid Davron bilan suhbatdan).

006

Derazamning ostida tongda
Sayragan qush sizmasmi, ota?

YO to’nimga ko’klam, mozorda
Yopishgan gul sizmasmi, ota?

O’n yildir-ki dunyoda yo’qsiz,
Yuragimda alamli cho’g’siz.

Ko’rmagansiz mening o’g’limni,
Erkatoyim, sho’xim, to’qlimni.

Men ham yoshim oshgani sayin
Boshimga oq tushgani sayin

Ba’zan qo’msab sizni ich-ichdan,
Yurak titrab sog’inch,ilinjdan,

Otam deya, alqab o’g’limni,
Ko’taraman o’zim ko’nglimni.

1982

QAYG’UM MANIM

Qayg’um manim —
bir umrlik jo’ram manim,
Yuragimning ich-ichida hujram manim,
Oynasidan oyning nuri tushib turgan,
Qafasdagi bulbuldayin uchib yurgan,
Qayg’um manim

Qayg’um manim —
Tug’ilmishdan soyamdayin yonimdasan,
La ilaha illallohday yodimdasan.
Har dam manim jonimdasan qonimdasan,
Yillar oylar kunlarimu onimdasan,
Qayg’um manim

Qayg’um manim —
Onam to’kkan ko’z yoshlarda ko’rdim seni,
Mozorining boshlarida ko’rdim seni.
Yuragimni tilib-tilib muz tig’laring,
Qo’shilishib “Onam” deya sen yig’lading,
Qayg’um manim

Qayg’um manim —
Unutayin desam kimni ismin aytding,
Tark etayin deganimni olib qaytding.
Yonimdasan izdihomu yolg’iz paytim,
Navoiyning devonida suygan baytim,
Qayg’um manim

Qayg’um manim —
Bolaligim tashlab ketdi, sen ketmading,
Ilk sevgi shodliklarim unutmading.
Bamisoli kuzakdagi bargixazon,
Bamisoli qorlardagi subhi azon —
Qayg’um manim

Qayg’um manim —
Musichaday derazamda qo’nib turgan,
Onamdayin hamma gapga ko’nib turgan,
Ayni sahar shamchiroqday so’nib turgan,
Yuragimga shabnamdayin inib kirgan,
Qayg’um manim.

Qayg’um manim —
Umrim bo’yi xayr demay salom demay,
Bo’ldi yetar endi bari tamom demay,
To’ylarimda biron marta non tuz yemay,
Otamdayin qarab turgan bir so’z demay,
Qayg’um manim

Qayg’um manim,
Qayg’um manim —
Yuragimdan unib  chiqqan ilk maysam,
Yillar ketar oylar ketar qaramaysan.
Belim bukik, sochim oq — sen qarimaysan,
Kunlarimni sarmast etgan qari maysan,
Qayg’um manim

Qayg’um manim,
Qayg’um manim —
Bir kun kelar hayotimning guli so’lar,
Mozorimning dunyoday keng bag’ri to’lar,
Yuragimdan unib chiqib chechak bo’lar,
Qayg’um manim,
Qayg’um manim…

006

(Tashriflar: umumiy 11 019, bugungi 1)

7 izoh

  1. Рахмат,Хуршид ака,шеьрларни укиб кунглим еришди,равшанлашди. Она оромини угирлаб кетган угил хакидаги шеьрни уларнинг орасида курмадим. Аммо менда узингиз совга килган, «Болаликнинг овози» ва «Бахордан бир кун олдин» тупламлари бор. Хар замонда укиб рухланиб тураман. Чунки Сизнинг «Самарканд хаели» китобингиз ва бошка маколаларингиз мени яхши орзуларга бошлаган. Хар гал укиганимда уша туйгулар яна уйгонади,тетиклашаман. Рахматли Ахмад Аьзам бекорга сизга некбин туйгулар шоири деб таьриф бермаганига икрор буламан. Яна бир бор рахмат.

  2. Хуршид ака, ОНАЖОНИМ ой нуридек,ой ёгдусидек сокингинам,беозорим,мустаргинам бу оламдан утдилар…шундан буён дунёни сув босаётгандек…гуё шовкинларни сен килавер деб сокингина яшаб кетгандек аягинам…шеьрларингизни укиб бугзимдаги музлар эриди… Худо рахматига олсин утган азизларимизни!

  3. Гулжамол, синглим, Онажонингизни Аллоҳи Карим раҳматига олсин, Сизга, яқинларингизга сабр берсин!

  4. Жуда хам тасирчан шерларингиз ижодингизга куз тегмасин.

  5. Assalomu alaykum. Kirib kelayotgan yangi yil bilan barchangizni qutlayman. Xurshid Davron mening yuragimga õzgacha werlari bilan kirib kelgan ijodkor. Sizga õz minnatdorchilimni izhor etaman.

  6. Ҳай бечора онои зор-а!

    Авайлайди хонадон тинчин,
    Суйган ўғли уйнинг бурчида.
    Қоғоз узра эгилганча жим
    Шеър ёзган пайт тутун ичида.

    Қадам босиб хавотир билан,
    Қўрқар эди нафас олишга.
    Тунлар хуррак отмайин, дея
    Бош қўярди тонгда болишга.
    Шоир болалар учун қанчалар таниш, қанчалар азобли манзара! Шу самимий, сўмсай сатрларни битган шоир болангнинг сиҳати ва омонлигини ҳам ўзинг таъмин эт, Парвардигор!

Izoh qoldiring