Yusuf Samado‘g‘li. Ikki hikoya

52Туркча адабиётнинг ёрқин сиймоси Юсуф Самадўғли 90 ёшда

У онасининг ажин босган юзини, озғин қўлларини эслади. Онаси ток баргида тугилган иссиқ дўлма тўла қозонни кўтариб, ўзи билан ўзи гаплашган ҳолда ҳар қаватда бироз нафас ростлаб бешинчи қаватга чиққанларни хаёлан тасаввур қилди.

Юсуф САМАДЎҒЛИ
ИККИ ҲИКОЯ
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ таржимаси


24Юсуф Самадўғли (Yusif Səmədoğlu) 1935 йилнинг 25 декабрида Озарбойжоннинг Боку шаҳрида, машҳур шоир Самад Вурғун оиласида туғилган.
1953 йил Москва ёзувчилар уюшмасига қарашли Максим Горкий номидаги Адабиёт институтини тамомлаган.
“Озарбойжон” журнали таҳририятида адабий ҳодим, наср бўлими мудири (1960-1965), Ж.Жабборли номидаги “Озарбойжонфилм” киностудиясида киностудия ссенарий таҳририяти ҳайъати аъзоси, бош муҳаррири (1965-1969), “Юлдуз” журналининг бош муҳаррири (1976-1987) лавозимларида фаолият юритган. Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси котиблиги ҳайъати аъзоси (наср бўлими) бўлган (1991).
“220 рақамли хона” (1960), “Галлактика” (1973), “Қатл куни” (1987) китоблари чоп этилган.
“Қатл куни” романи, “Ёддан чиққан сўзлар”, “Кўзлар”, “220 рақамли хона”, “Гуллар”, “Семурғ қуши”, “46 йилнинг ўйинлари” ҳикоялари адабиёт муҳиблари томонидан севиб ўқилади.
Ёзувчининг “Қатл куни” романи ўзбек тилига таржима қилинган ва ўзбек китобхонлари томонидан илиқ қарши олинган.
1998 йилнинг 17 августида вафот этган.


ОСТОНА

Йўқ, уни энди ҳеч нарса билан ҳайратлантириб ҳам, қувонтириб ҳам бўлмайди, ҳаммаси ортда қолди, орзиқиб кутишдан бошқа ҳеч нарса, ҳа, ҳеч нарса қолмади.
Атиги бир соат илгари қуёш тепада, заминдаги барча мавжудотга нурини сочиб, қиздириб турган эди, энди эса, ана қоянинг сояси чўзилиб ётибди. Бир соат, эҳтимол икки соат икки соат… Вақтни чалкаштириб юборди: такси уни кумуш камар каби чўзилиб ётган жанубий шоссега тушириб кетганидан бери қанча вақт ўтди – вақт тезлашиб кетдими ёки унга номаълум бўлган қандайдир қонуният билан кечдими – билолмай қолди. У сумкасини маҳкам қучоқлаганча йўл четида туриб, машина орқасига қайтиб кетгунича кузатди. Машина шаҳар томонга йўл олди, у машинанинг орқа чироқларига термулиб ўйга толди: энди уни ҳеч нарса – одам ҳам, мўъжизакор, деб унга олиб келишган бир эмас, минг бир туморлар ҳам ҳимоя қила олмайди. Намчил тунги салқиндан бошқа ҳеч нарса йўқ ва бўлмайди ҳам.
Иккита кичкина қизил нуқта тунда ип каби чўзилиб кетди ва оғир беморнинг базўр ёнган умид учқунлари сўнгани каби тўсатдан ўчди: қоп-қора тунда кўзлари чарақлаганини тасаввур қилди. Шу топда у ёлғизоёқ йўл ҳам бўлмаган йўналиш сари отланди, тобора юқорига кўтарилиб бораверди, бораверди, устига тошлар қулаб тушишидан эҳтиёт бўлиб, ҳар қадамини дадил ташлар, бу билан мутлақо ёпиб ташланган дарвозани забт этаётгандай ҳис этар, аҳён-аҳёнда қандайдир ваҳимали товушлар эшитиларди. Аммо қулоғи тагида бот-бот жаранглаётган телефон қўнғироқлари олдида булар ҳеч нарса эмасди. Ҳали қирқ учга ҳам тўлмаган, умуман олганда, ёмон яшамади. Бирдан ҳаммасидан айрилди, эвазига кутиш, умиддан кўра умидсизлик кўпроқ бўлган кутиш қолди, холос.
У эрталаб ертўлага ўхшаш жойда, силлиқ тошлар устида ётгандай уйғонди. Бош томонида иккита қиррали қоя кўринар, улар орасидан қуёш нури унинг юзига тушиб турарди. Денгиздан чиққан қуёш қип-қизил ва юмалоқ. Қоялар оралаб булутсиз, тип-тиниқ осмон кўринди, қуёш кўзга ташланиб турган “дарча”дан сарғиш нур бўйлаб қизил йўлак пайдо бўлди-да, унда кеча уни мана шу қоялар остонасига олиб келган таксининг фаралари ёнди.
У кўзини юмди, қандайдир қўрқув вужудини қоплади. Бундан ўзи ҳам ҳайрон бўлиб, пайпаслаб сумкасини қидирди. Бу ерда уни ким олиши мумкин? Унинг боши узра айланиб юрган нарса нима? Илонми, калтакесакми ёки қирғийми? Кулгили… Аслида бунинг сира кулгили жойи йўқ. У кўзини очишни истамасди, тасаввури бўйича ёруғликдан узоқлашди, ҳозир унга ёруғликдан кўра қоронғилик маъқул эканини англади. Зеро, қоронғуда ҳеч нарсани кўрмайсан – мана бу ваҳимали қояларни ҳам, уларнинг ўткир қирраларини ҳам, ҳув пастдаги денгизнинг қудратли тўлқинларини ҳам кўрмайсан. Тунги телефон қўнғироғи бир зумга уни борлиқдан ажратди ва мана шу кимсасиз жойларга келиб қолди.
У кеча такси кўздан ғойиб бўлганча кузатиб тураркан, қўққисдан сумкасини очганини, кайфияти ўзгарганини, икки-учта бутерброд, оддий кран суви солинган термосни олганини эслади. Саккизта ўқ жойланган “ТТ”. Мени шунақа қилиб қўлга олмоқчи бўлдингларми? Олиб бўпсиз! Шошмай туринглар! Биз ҳам нонни нанна дейдиганлардан эмасмиз. Қоп-қоронғи жойда кўзи ўйнаётганини сезди, ҳис қилди. Ҳозир вужудини қоплаган ғазабнинг сабабини англаб етишни, уни қандай аташ лозимлигини ўйлай бошлади.
Кейин йўлга тушди, аслида йўл қаёқда, оддийгина ёлғизоёқ йўл ҳам йўқ, юқорилаб бораверди, бораверди… Аммо қоронғулик ваҳимали туюлди, қояларнинг ўпирилган томонлари янада қўрқинчли, гўё бирдан қулаб кетаётгандай кўринарди. Ухлама, ухлама, ухласанг кейин уйғонолмайсан… Барибир у ухлади, хуш ёқувчи тушлар кўрди, бироз ором олгандай бўлди, акс ҳолда ақлдан озиб қолиши ҳеч гап эмасди.
Кун кеч бўлаётир, жазирама бироз пасайди, аммо қип-қизил, юмалоқ қуёш ҳамон қоялар орасидан тафтини сочиб турарди. У бутун вужудида бу илиқликни туйди. Оёғи остига тушиб турган қуёш нурига, сўнг осмонга – ботаётган қуёшга термулди. У бундай ҳолатни биринчи марта кузатди, аммо ажабланмади, одатий ҳол бу, Яратган бутун мавжудотга ўзи ато этган ҳаётни вақти-соати келганда қайтариб олгани каби қуёш ҳам ўз тафти ва нурини қайтариб олмоқда, деб ўйлади. Кимдир олдин, кимдир кейин кетади, барчаси ёлғиз Оллоҳ ихтиёрида. Тошлар орасидан ғалати овозлар эшитилди, гўё ким кимнидир чақираётганга ёки нимадир демоқчи бўлаётганга ўхшар, лекин инсон зоти учун тушунуксиз эди.
…Қайдадир она боласини эмизарди, гўдак қалқиб кетиб, сут оғзи атрофига оқди.
Унинг боши оғриди. Оғриқ бошининг ич-ичида – аллақачон унутилган хотиралардан бўлак ҳеч нарса – на умид, на соғинч ва на-да бирон-бир хоҳиш қолган – бўм-бўш жойда эди. Унутилган хотиралар ва оғриқ. Бошқа ҳеч вақо йўқ. Оғриқ эса шу қадар қаттиқ ва ёқимсиз эдики, сира чидаш мумкин эмас. У ерда – бошининг ичкарисида нима борки, бу қадар қаттиқ оғрийди?! У яна сумкасини очди, ўнинчи, балки юзинчи марта текшириб кўрди, сумкаси жойида турибдими, йўқми? Сўнг муздай совуқ пўлат тўппончага қўлини қўйди ва анча пайт шу тарзда ўтирди. “Мени шунақа қилиб қўлга олмоқчи бўлдингизми. Олиб бўпсиз!”. Безгак сингари титраган лаблари пичирлади, аммо овози эшитилмади, товуши чиқмас эди.
У сумкасидан термосни олди, қопқоғини очди, бир қултум совуқ сув ичди, шунда гўё ёнида тургандай ўн метрлик ошхонаси ҳидини, хотини ва саккиз ёшли ўғлининг ҳидини туйди. У ўлгудай қўрқиб кетган хотинининг чайқалишини, тўппончасини олиб сумкага жойлаганини титраб-қақшаб кузатган ҳолда деворга суяниб қолганини, хотинининг кўзларида қутурган итлар кўзида бўладиган ваҳимани қўрқинчни эслади, кўз олдига келтирди. Телефон қўнғироғидан кейин уйнинг ҳавоси оғирлашиб қолгандай, ҳамма ёқни аммиак ҳиди тутгандай бўлди. Бу оғир ҳаво гўё унинг ўпкасига ўрнашиб қолган эди, анча пайтгача ундан қутила олмади. Бу ерда чала ярим уйқуда, тушида унинг қолдиқларини чиқариб ташлай олармиди…
Термосни сумкага солди, уни ёпди ва оёғи остига қўйди. Сўнгра бош оғриғини сал босмоқ учун жойини алмаштирди – қоя сояси қалинроқ бўлган ўнг томонга ўтди-да, қояга суянди, сумкасини ёнига қўйди, аммо бош оғриғи босилмади, йўқ, заррача ҳам пасаймади. Агар мигрен бўлганида уни қандай тузатиш кераклигини биларди: бошига бирон нарса ўраб, пешонасини, чаккаларини уқаласа оғриқ бир зумда босиларди. Аммо ҳозирги жуда ғалати, тушуниксиз эди. Бунақа оғриқ инсон зотига умри давомида эҳтимол бир марта, нари борса икки марта келса керак – ўлим остонасида.
Шу заҳоти у аниқ англаб етдики, энди уйига қайтмайди, ҳеч қачон, эртага ҳам, индин ҳам, ҳеч қачон боролмайди, шу ерда қолишга маҳкум, ўлади, мана шу жойда, тепасида қирғийлар учиб юрган қоялар орасида ўлиб кетиши эҳтимолдан узоқ эмас. Энди сира ҳам уйига боролмайди. Уни уйидан марҳумни олиб чиққан каби чиқариб юборишди. У ўзининг мурдасини ўзи кўтариб, мана шу кимсасиз харобаларга олиб келди.
Эй, қудратли зот! Барча бандангга қабр насиб эт! Ким айтган бу гапни? Инсон ёлғиз қолганида хаёлига турли фикрлар келади. У ҳозир том маънода ёлғиз эди. Аслида ҳеч ким ҳеч қачон мутлақо ёлғиз қолмайди.
Бу фикр унинг дилини равшанлаштирди, оғриқ ҳам гўё уни тарк этди – бирдан босилди. Чаккалари совуганини ва бутун бадани ҳайратли даражада енгил бўлиб қолганини ҳис этди. Бундай ҳолат, кайфият жуда мураккаб тўсиқларни сакраб ўтган ва ҳаққоний дам олишга бораётган чавандозда бўлиши мумкин.
У онасининг ажин босган юзини, озғин қўлларини эслади. Онаси ток баргида тугилган иссиқ дўлма тўла қозонни кўтариб, ўзи билан ўзи гаплашган ҳолда ҳар қаватда бироз нафас ростлаб бешинчи қаватга чиққанларни хаёлан тасаввур қилди. Уларнинг уйида лифт яхши ишламасди, баъзан умуман ишламасди, бир марта қаватлар орасида тўхтаб қолганидан кейин онаси лифтга ишонмай қўйган, шундан бери ҳансираб-ҳансираб бўлса-да, ўзи кўтарилади бешинчи қаватга. Онаси ҳафтада бир-икки марта бирон тансиқ овқат пишириб шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига ўғли, набиралари учун кўтариб келарди. У онасининг зиналардан қийналиб чиқиши оқибатида ўпкаси оғзига тиқилгудек ҳансирашини, кеч кузда тўкилган хазонлар узра юрганда эшитиладиган овоз каби хириллаган нафас олишини эслади. Сўнг қандайдир шилдираган, таҳликали овозни эшитди, аммо сўзларини тушунмади, ибодат қиляптими ёки тавба-тазарруми – билиб бўлмасди.
… Қаердадир она боласини эмизарди, бола қалқиб кетди ва сут оғзи атрофида оқа бошлади…
Бошининг олдин оғриган жойида яна оғриқ бошланди, ичкарида нимадир таранг тортилгандай туюлар, гўё бошини пўлат сим ўраб олгандек эди.
Онаси бешинчи қаватга чиқиб боролмади, тўртинчи ва бешинчи қават ўртасидаги майдончада тик туриб қолди. Прожекторлар ўчди. Тун қоп-қора, ваҳимали эди. Анча пастликда денгиз тинимсиз шовуллар, бу овоз денгиз тўлқинининг қирғоққа урилиши эмас, миллион йиллар илгари ер шарининг улкан чуқурликларидан бирида тўпланган сувларнинг ҳаяжонли, дардли овозлари эди. Қанақадир совуқ унинг суяк-суягигача ўтиб кетди. Ўзини эҳтиёт қилиш учун елкаси билан қояга суянди, кундузги иссиқнинг тафти ҳали қояда сақланиб қолган, боз устига, қоя уни гўё ҳимоя қиларди. У ғужанак бўлиб узоқ ўтирди. Шу маҳал қарши томондаги қояда ғаройиб суратларни кўрди: ибтидоий одам қўлида найза билан баҳайбат ҳайвон изидан борарди… Эй, Худойим, бу қаерда бўлган?!
Асабийлашма, тинчлан, сен ўзингни яшириш учун излаб топганинг мана шу ҳувиллаган кимсасиз жойдасан. Ва анчадан бери ишлатилмай ётган тўппончанг ҳам шу ерда, ана сумкада. Ахир сен хилват жойга шунинг учун келмадингми? Найза ҳам неча асрлардан бери эгасини кутиб ётипти, кўрамиз кимга насиб этаркан…
Тун ўта ташвишли кечди. Миллион йиллар илгари ер шарининг улкан чуқурликларидан бирида тўпланган сувларнинг дардли шовуллаши шундан дарак берарди. Денгизнинг бунақа шовуллашини умрида биринчи марта эшитаётган эди. Балки охирги марта эшитаётгандир. Бир зум унинг хаёли уйига кўчди: шинам ошхона, онаси пишириб келган дўлмани иситиб,олдига қўйган хотини кўз ўнгидан ўтди. (Онаси олиб келган дўлма шу қадар мазали бўлардики… Иммм…).
Телефоннинг таҳликали қўнғироғидан кейин хотинига “Иложи бўлса… онамнинг қирқини ўтказ…” деди.
“Қутурган пуллар ҳам тугади… Болаларим, сабрли бўлинглар”.
Рўпарасида найза, қўлида тўппонча… Ақлдан озиб қолиш ҳеч гап эмас. Ухлаш керак.Бу ваҳимали тундан фақат ухлаб қутилиш мумкин.
Тиззаларини букиб, сумкасини қучоқлаб олди, кўзларини қаттиқ юмди. Қандайдир ҳашаротнинг чириллаган овози ва англаш қийин бўлган шитир-шитир қулоғига чалинди. Юзлари, бутун баданидаги тошдай қотиб қолган мускуллари бўшашиб бораётганини сезди, барча ташвиш ва қўрқувларни унута бошлади. Уйқу ва тушлар уни ўз оғушига олганди.
Бу ерга яқинроқ жойда қабристон бормикан? Онамни раҳматингга ол, Оллоҳим!
Алоқ-чалоқ тушлар орасида бир фикр урилди миясига. Ҳашаротнинг чириллашига ўхшаган товуш ўйларини тўзғитиб юборди. Ҳаммаси тугади. Энди бу дунёда унинг учун ҳеч нарса – қувончу ҳайрат ҳам, ташвишу ғам ҳам қолмади, ҳеч нарса қолмади. Ҳаммасини ўша ёққа – қаердан келган бўлса ўша жойга ташлаб келди.
Ҳа, барча нарсани – онасининг ҳаёти ва ўлимини , хотинининг томоғини йиртгудек бўлиб бақиришини, саккиз ёшли ўғлининг бепарволикларини, йигирма бешталик ва элликталиклар билан лиқ тўла сумкасини, тиллолар солинган учинчи сумкани (уни икки ойча илгари хотинининг қишлоқда яшайдиган қариндошига бериб келган эди) ўша ёқда қолдирди. Буларнинг ҳаммаси бугун унинг учун аҳамиятсиз, бир чақалик қиммати йўқ. Барчасини ташлаб келди, у бир умрга қолдирди. Фаришта Исрофил энг олий судга чорловчи сурнайини чалгунча ўша жойда ётади уларнинг барчаси. Бу ерга ўзи билан кутишни, том маънодаги ақлсизликка ўхшаган кутишни олиб келди, холос. Бу туйғуни у барча нарсада кўрарди: қояларда, тунги шитир-шитирлар ва қушларнинг қўққис чийиллашларида, узоқдаги денгиз шовуллашида сезарди. Назарида атрофидаги барча нарсалар у сингари охирги сурнай чалинишини илҳақ ҳолда кутарди.
Гоҳида унга умид учқунлари кўринарди, у гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб турарди. Бу ҳолат унга кеча тунда уни мана шу овлоқ жойга ташлаб кетган таксининг ўчиб-ёнган фараларини эслатарди. Ажиб бир умид ва ишонч қалбини забт этди, назарида мўъжиза рўй беради-да, эрталаб, эҳтимол эрта оқшом укаси уни қидириб бу ерга келади ва “Бўлди, ҳаммаси жойига тушди, ҳеч нарсадан қўрқма, қайт уйга”, дейди. Учта сўз, ҳа, атига учтагина сўз, Оллоҳнинг мўъжизасига тенг келадиган учта сўз!
Кутиш уни шундай толиқтирдики, юраги тошдан экан, акс ҳолда чидай олмас, аллақачон ёрилиб кетарди.
Хаёлини чалғитиш учун чанг босган туфлисига термулди ва ипини ечди. Туфлиси ва пайпоғини ечди-да, намчил ерга оёғини қўйди. Оёғининг бармоқлари жимирлади, товони, оёғининг остида нимадир ўрмалагандай, томирлари узра чимиллаган нарса югургандай туюлди. Сумкасидан термосни олди ва ҳали исиб улгурмаган сувдан икки-уч қултум ичди. У термос қопқоғига лабини текизаркан, улар бироз шишгандай, салгина оғригандай сезди, бу тунги қўрқув ва ваҳиманинг таъсири бўлса керак, деб ўйлади. Бу ерга келганидан бери у биринчи марта ўпкасини тўлдириб нафас олди, чуқур хўрсинди. Яхшиям чекишни ташлаганим. Акс ҳолда бу ерда сигаретсиз роса қийналардим.
Бир неча йил бурун қамоқдаги амакисини кўргани борганини эслади. Тавба, барчанинг қариндошлари пешонасига ёзилган эканми қамоқда ётиш?!
Учрашувнинг дастлабки онлари ёдида қолмаган, иккови ҳам ҳаяжонда эди. Қалин ойна орқали гаплашишди, телефонда гаплашгандан ҳеч фарқи йўқ эди. Амакиси қора кийимда. Қалин қоп-қора сочлари бутунлай оқариб кетган, бу оқариш юзлари-ю қўлларигача таъсирини ўтказган эди. У амакисига бир блок сигарет бермоқчи бўлди ва назоратчидан бунга рухсат беришни илтимос қилди, аммо амакиси рад этди. “Чекишни ташладим, – деди ойна ортидан, – ярамас одат бу. Сенга ҳам маслаҳатим, чекишни ташла…”
У аввалига амакисининг гапига эътибор бермади, темир дарвозадан чиқаётиб уни тўсатдан қанақадир қўрқув босди ва шу заҳоти чекишни бутунлай ташлашга қарор қилди. Тўғри, бирданига ташлай олмади, аммо ташлади. “Қутурган пуллар ҳам тугади… Болаларим, сабрли бўлинглар”.
Совуқ унинг аъзою-баданига ўтиб кетди, қамоқхонадан меҳмонхонага боргунча дублёнкасининг ёқасини кўтариб, телпагининг қулоқчинини тушириб олди. Йўлда учраганларга ажабсиниб қараб қўяди: улар бу совуққа қандай чидар экан-а, у бундай жойларда бир кун ҳам яшамасди. Оёғи остида ғарчиллаётган қордай совуқ фикр миясига урилди.
“Қутурган пуллар ҳам тугади. Болаларим, сабрли бўлинглар!”
Қуёш боши узра нур сочиб турарди, у худди қонга тўла тилло гардишли тоғорага ўхшарди.
У телефон қўнғироғидан кейин тезда кийиниб микрорайондан шаҳар марказига – укасининг уйига пиёда жўнади. Укаси оёқяланг, ички кийимда эшикни очди ва шу ҳолда туриб қолди, ҳали уйқуси тарқаб улгурмаганди, маст одамдай чайқалиб кетарди. Укасининг орқасида гулдор халатининг тугмасини қадаган бўйи келини мўралаб турарди. У ҳаяжон ва ваҳима оғушида, аммо ўзини базўр тийиб олган, кўзлари кайфиятининг ифодаси эди. Келинининг ҳолатига қараб ўзини ноқулай сезди. У тез-тез гапириб укасига тушунтирди: нима қилиш керак, қандай қилиш керак, ўзини қаердан қидириш керак. Сўнгра хайрлашмай чиқиб кетди. Эски, тўкилиб ётган зиналардан тушар экан, эшик аста ёпилганини эшитди ва ўзига ўзи шивирлади: “Мени қўлга олмоқчи бўлдиларингми, олиб бўпсанлар!” Мана шу эски, тўкилиб ётган, хира ёритилган зинада биринчи марта шу сўзларни айтди, кейин бир неча марта такрорлади. Бироқ таҳликали телефон қўнғироғидан кейин узил-кесил қарорга келди ва тўппончасини олиб сумкага жойлади, шунда хотинининг кўксидан инграш отилиб чиқди. Аввалига итнинг ғингшигани ўхшаш бу овоз қаердан келганини англамади, ҳовлида юрган дайди итларнинг овозидир, деб ўйлади. Тўппончани сумкага жойлаб, хотинига қаради ва билдики, хотини унинг қарорини маъқуллаётир, бинобарин, худди ўзи каби хотини ҳам бошқа йўл ҳам, чора ҳам кўрмаётир. Офарин!
Сарпойчан оёғини йиғди, қичиш ва зирқираб оғришлар босилган эди. Термоснинг қопқоғини яхшилаб ёпди ва сумкага жойлади. Агар эртага эрталабгача укаси келмаса донишманд қўшниси Муқбил амаки айтгандай “воқеа содир бўлган ва ниҳоясига еткан…” Бу дунёда ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бор – кимдадир эрта, кимдадир кечроқ. Муқбил амаки яхши кўрадиган иборанинг замирида ана шу фикр мужассам эди. Тунги телефон қўнғироғида титраб айтилган қисқагина “Каримовни қўлга олишди!” деган гапда кўп маъно бор эди. Бу гапдан унинг юраги қафасдаги қушдай потирлаб кетганди.
Кейинги икки ойдан буён у тунги қўнғироқларга, қисқа, паст овозда айтиладиган гапларга ўрганиб қолди: ишлар чатоқ, олишмаяпти, ё қўрқади, ё истамаяпти, остонадан ўтказишмаяпти, кўзи тушиши билан ҳайдаб солади, уларни кўришга тоқати йўқ… Каримовнинг оғиз-бурун ўпишиб юрадиган юқори мартабали дўстлари бирданига ўзини тортди, гўё уни танимай қолди, барча эшиклар унинг учун ёпилди. Аввалига унинг ишонгиси келмади, нега бунақа бўляпти, қадрдон дўстлари эди-ку, деб ҳайрон бўлди. Уйда хотини уларни қўрқоқ, икки юзламачи, деб ҳақорат қиларди. Эр-хотин ошхонада тонггача гаплашиб ўтирар, шу билан юрагини бироз бўшатар, тонг ёришганда, қайлардандир хўроз қичқиргани эшитилганда уйқуга ётишар эди. Хотини боши ёстиққа тегиши ҳамона ухлаб қолар, у анчагача ухлаёлмай ётар, деразадан тушиб турган қуёшнинг чангли нурига термулиб хаёл сурарди. Майда чанг зарралари қуёш нурида худди рақсга тушаётгандай жилваланар, у эса бутун вужуди билан таранг тортилган тордай нурга инон-ихтиёрини топширар, ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қиларди. Гулқоғозларнинг сарғиш рангларига термулиб ётаркан, тушию ўнгги аралаш бир фикр уни қамраб олди. Худо кўрсатмасин, агар шундай бўлса, йўқ, Ўзи асрасин, бордию шу воқеа рўй берса, мен тириклай ўзимни топширмайман. Йўқ, сира ҳам, билдингми, бунга мутлақо йўл қўймайман. Шу ёшимда қамоқхонага бориш, Худо кўрсатмасин. На ёшим, на соғлигим тақозо этади буни! Қамоқхона-я! Йўқ, азизим, ҳазиллашяпсанми?! Шундай ўй-хаёллар оғушида ухлаб қолди, пешингача туш ҳам кўрмай тинч, қотиб ухлади.
Тинч ухладими, туш кўрмадими? Қаёқда. Кўрган тушларини унутди, холос. Бугун уйқу олдидан манави қоялар ичида ботаётган қуёшнинг қон каби қип-қизил шафағига қараб ўтириб эслади ўша кунни, ўша тунни.
У кўпинча ваҳимали, қўрқинчли, шовқин-суронли тушлар кўрар эди. Ўша тундаги туши эса негадир тинч-сокин, ёрқин эди. Тушида Мустафо тоғасини кўрди. Охирги ўн беш йилдан бери деярли эсламасди, ҳатто тоғаси вафот этганида жанозасига бордими-йўқми эсида йўқ. Тушида тоғасининг овозини эшитди, райҳон ҳидини сезди. Тоғасининг қалин соқоли узра нон ушоқлари кўкрагига тушганини аниқ кўрди.
Ойда бир-икки марта Мустафо тоғаси тоғдан тушиб келар, уларникида уч-тўрт кун туриб кетарди. Мустафо уларнинг бир қаватли уйининг остонасидан ўтаркан “Болалар, тоғдан келаяпман” деб турли ширинликларга тўла хуржинини елкасидан оларди. Ичкарига кириб хуржинини коридорнинг бурчагига қўйиб, ундан тандирда ёпилган нон, қовурилган нўхат, майиз олиб кўзлари катта-катта болаларга тарқатарди-да, уларга эртак айта бошларди.
Ўша куни тушга яқин уйғонди, кўрган тушларини умуман эслаёлмади, унутди. Нима учун шундай бўлганини мана бугун тушунди. Унга тансиқ таомлар билан тўла дастурхон – нонушта мунтазир эди. Айниқса, оч қоринга ичганда соғлиққа фойда бўладиган шарбат эсида қолган.
… Қани эди Мустафо тоғаси тоғдан уларга бир хуржин тўла егуликлар олиб келган, эртак айтиб берган кунларга қайтса. Қандай завқли дамлар эди-я. Улар икки ака-ука ва сингси майиз, қовурилган жўхори ва бошқа ширинликларни тўйгунича мазза қилиб ер, шарбатлар ичар, тоғасининг қўрқинчли эртакларини ҳаяжон билан тинглар эди. Онаси Мустафо тоғаси келган шу икки бахтли кун тугамасин, умри охиригача давом этсин шу ширин лаҳзалар, деб Оллоҳга илтижо қилиб сўрарди. Нима учун катта бўлди? Ўша очлик йилларига қандай чидади? Нега? Нима учун чидади? Мустафо тоғаси билан тоғларга кетса, ўша ёқларда қор ва изғиринли совуқларда юрса бўлмасмиди? Етимлик йиллари нега тугади? Ўша йилларда у ҳақиқатдан ҳам бахтли экан. Ҳеч қанақа ташвиш йўқ, ғам-ғусса, қўрқув, ҳадик йўқ. Нақадар бахтиёр дамлар экан-а!.. Қани энди у кунлар! Бир лаҳзасини ҳам топиб бўлмайди!..
Ўйна, қўлингдан келганини қил, ўйна, тақдир нима ёзган бўлса, шуни кўрасан. Онаси ҳам, Мустафо тоғаси ҳам бу гапни кўп такрорлар эди.
Отаси қазо қилганида онаси дод-вой қилмади, сочини юлиб уввос солиб йиғламади. Табуреткага бошини эгиб ўтирганча, маҳзун ҳолда хаста овозда “Ўйна, қўлингдан нима келса қил, тақдир нима ёзган бўлса, шуни кўрасан” деди. Кейин фотиҳага келган ҳар бир одамга шу гапларни такрорлаб ўтирди. Шу боис отасининг вафот этган куни унга йиғи-сиғи билан эмас, ана шу сўзлар билан ёдида қолган. “Ўйна, қўлингдан нима келса қил, тақдир нима ёзган бўлса, шуни кўрасан”. Ўша тунда у деразада ғалати милтиллаган нарсани кўрди, кейин остонада Тақдир пайдо бўлди, у оппоқ кийимда қўлидаги созни кўксига маҳкам босиб, жуда мунгли куй чалар, уни эшитиб беихтиёр йиғлаб юборарди киши.
Ўша воқеаларни у бугун эслади. Улар хотирасида муҳрланиб қолган.
Эй, Оллоҳим, бу қанақа оғриқ бўлди-я, бунақа азоблар қаёқдан келди? Бу чидаб бўлмас оғриқ туфайли қуёш ҳам қонли кўринмоқда, ҳатто қояларнинг ёриқлари ҳам қонга тўлгандай. Ён-атроф, бутун олам қон билан бўялган, қуёш қип-қизил нур сочаётгандай эди. Ё, Оллоҳ, бу не ҳол? Назарида, у вулқон устида ўтиргандай, вулқон ҳозир отилиб кетади ва ҳаммаёқни унинг лавалари қоплаб оладигандай туюлди… Лавалар билан бирга барча унутилган, ерга кўмиб ташланган хотиралар отилиб чиқадигандай таассурот пайдо бўлди. Чунки қуёш бекорга бунақа қондай қип-қизил бўлиб қолмайди. Ҳар бир одамнинг ўз қуёши бор, кимгаки қуёш шу тахлит кўринса ўша кун унинг учун энг қайғули кун ҳисобланади.

“Сен тахмин қил, Оллоҳ тақдир қилади…”
“Қутурган пуллар тугади… Сабрли бўл…”
“Тоғдан келаяпман, болалар!”
“Қўлга олишди! Каримовни қўлга олишди!”

Қуёшнинг қонли-қизил шафақларида қоялар гўё ловуллаб ёнарди. Бу овлоқ, ваҳимали жойни ким ўйлаб топди экан, қанақадир ёвуз куч бу ердан ўзига нажот қидирган бўлса керак. Бу ерда инсон зоти ақлдан озиб қолиши ҳеч гап эмас. Ярамас, ярамас Гобустон қоялари…
Полировка қилингандай силлиқ қоянинг устки қисми ўртасидан ёрилган. Бу ерга охирги марта қувноқ бир компания билан келганини эслади. Улар Каримов билан “Интурист”да жуда муҳим ва керакли меҳмон шарафига шоҳона зиёфат ташкил қилди. Унда юқори мартабали дўстларидан бири ҳам иштирок этди. Қисқаси, ҳаммаси олий даражада уюштирилди. Юксак мақомдаги кайфи-сафодан сўнг ярим кечаси ажрашишни хоҳлашмадими ёки яна нимадир истадими кўнгиллари, бироз шамоллаб келиш мақсадида Гобустон қояларига йўл олишди. Тунги осмон худди кечагидек юлдузлар билан тўла, юлдузлар ва ойнинг ёруғида республиканинг жануб томонига элтувчи йўл кумуш тасмадек ялтираб ётарди.
Меҳмон йилда бир-икки марта келар, ўн беш-йигирма кун энг яхши меҳмонхонанинг люкс хонасида яшарди. У армонсиз маишат қилар, унга кўнгли истаган нарсасини муҳайё этишарди. Шу орада жуда жиддий ишларни бажарарди. Аммо Гобустонга олиб боришмаган эди. Бугун тўсатдан азиз меҳмонни Гобустонга олиб боришга, юлдузлар ва ой ёруғида қоялардаги расмларни кўрсатишга қарор қилишди. Машиналарга ўтириб, йўлга тушдилар. Аёлларни ҳам олишди, уларсиз кайф-сафо кайф-сафо бўлармиди. Баланд бўйли, тажрибали Наргиз ва жуда ёш, ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги қора кўз ҳам, қора қош ҳам эмас, бир зумда ўзини йўқотиб қизариб кетадиган… хаҳ, оти нима эди-я… қиз таниқли созанда билан келди. Созанданинг қўлида тор эмас, қадимий мусиқа асбоби уд бор эди. Шу чолғуда азиз меҳмон учун ажойиб куйлар чалиб беришини айтди… Наргиз билан олдиндан гаплашиб, пулини бериб, меҳмон учун таклиф қилишган эди. Аслида Наргиз Каримовнинг жазмани эди, аммо уларнинг ишқий муносабатларининг шовқини аллақачон босилганди. Энди у алоҳида совға сифатида қимматли кийим-кечагу тақинчоқлар эвазига энг азиз, керакли меҳмонларга хизмат кўрсатарди. Ўша унутилмас кечада ҳамма нарса меҳмон учун эди: ҳамду саноларга тўла узундан узоқ қадаҳ сўзлари ҳам, қўй қовурғаларидан пиширилган кабоблар ҳам, француз коньяклари, мариновка қилинган бақлажонлар, беҳаё қўшиқлар ҳам меҳмонга аталган эдики, одессалик меҳмон бунақа ашулаларни хуш кўрар, шу боис ресторан оркестри қайта-қайта ижро этарди. Ана шу завқли ашулалар асносида Каримов қўлидаги Швейцария тилла соатини ечиб меҳмоннинг қўлига тақиб қўйди, бир блок америка сигаретини тақдим этди. Ниҳоят, ярим яланғоч Наргиз ноз-карашмаю ишва билан меҳмон ёнига келди. У ҳар қандай эркакни осонгина йўлдан ура олар эди. Агар иложи топилса Наргизни ҳам чинни идишга ёки биллур вазага солиб, меҳмоннинг олдига қўяр, бу билан унга садоқатини изҳор этарди.
Улар машинада бу ерга келишди. Кумуш камар сингари ялтираб турган йўл четида тўхтадилар. Ҳаммасининг кайфияти чоғ, ҳазил-ҳузул, қаҳ-қаҳа авжида. Улар неча киши эди, ўнтами? Йўқ, кўпроқ, тўртта машинада келишди. Юқорига кўтарила бошладилар, ёзувлар бор қояни кўрмоқчи эдилар, аммо қоронғида ҳеч нарса кўринмади. Ҳаммаси бир жойга тўпланиб, созандадан удда бирон куй чалиб беришни илтимос қилди. Қояларда акс-садо бериб, мумтоз мусиқа янгради. Куй уларнинг сармаст бошини гангитиб, жўшиб турган туйғуларини саросимага келтирди… Кимдир қўл фонарини олиб, улардан узоқлашди ва ўша томондан “топдим” деб бақирди. Ўшанда у кулранг қоядаги баҳайбат ҳайвон ортидан найза кўтариб кетаётган ибтидоий инсон расмини биринчи марта кўрди.
“Ие, бу ўзимизнинг Самсонов-ку! Чиқ бу ёққа, Самсонов!” Аммо негадир бу ҳазили ўхшамади, кулгиси келмади, аксинча, бироз кўнгли ғаш бўлди. Мусиқа тинглаб ўтирган улфатлари сари шошилди.
Хотини ухламай, ошхонада чой ичиб газета кўриб, уни кутиб ўтирди. У тонгга яқин француз коньяги, турли ароқлару турли-туман овқатлардан бўкиб қолиш даражасида чайқалиб кириб келди. Хотини бир оғиз нолимади, танбеҳ бермади, ўпка-гина ҳам қилмади. Узоқ йиллик турмушлари давомида улар бунга кўниккан: оилада эрнинг ўз ўрни бор, аёлнинг ўз ўрни бор. Бироқ ўша кеча хотини уни барибир бироз ранжитди. Тўсатдан онасининг аҳволи оғирлашибди – икки ойдан буён она шўрлик онкология шифохонасида ётипти. Хотини хабар олиб турибди, аммо онаси уни – ўғлини кўришни истайди. У эса ишим кўп, вақтим йўқ, деб боролмайди. Хотини ҳозир шуни юзига солди. У бошини чангаллаб, кўзларини юмди. Шифохонанинг оппоқ деворлари, оппоқ халат ва оппоқ қалпоқ кийган ҳамширалар, оппоқ кўрпага бурканиб олган озғин онаси, унинг кўкимтир лаблари, кўкрагидан хириллаб оғир нафас олаётгани кўз ўнгидан ўтди. Врачлар умид берадиган гап айтмади, фақат Оллоҳнинг инояти билан бирон-бир мўъжиза рўй берса, унинг умри узайиши мумкин, дейишди. Хотинининг жаврашига аҳамият бермади. Кўзларини юмиб ўтирганча онаси ётган касалхонани, унга қўшиб барча касалхоналарни болахонадор қилиб сўкди, дўхтирларнинг ҳаммаси ялқов, саводсиз, ҳеч балони билмайди, пул билан кўмиб ташла – фойдаси йўқ, бири биридан қиммат, топиш амри маҳол бўлган дориларни ёзиб беришдан нарига ўтмайди ярамаслар. Мўъжиза умрини узайтирар эмиш! Қани ўша мўъжиза?! Уни сотиб олиб бўлмайди-ку! Сен ожизсан, онангнинг ҳаётини сақлаб қолишдан ожизсан!
Тўсатдан бир фикр урилди миясига: Худо кўрсатмасин шу кунларда онам ўлиб қолса-я. Меҳмон нима бўлади?! У Бокуда яна ўн кунлар бўлади. Мен бу ерда жаноза, ундан кейинги маъракалар билан овора бўлсам… Истайсанми-йўқми меҳмонни Каримовга топширишга мажбур бўласан ва ўйиндан чиқасан. Йўқ, бу кетмайди, бундан бўлиши мумкин эмас, сираям мумкин эмас! Буни ҳатто тасаввур қилиш қийин! У фақат шахсий манфаати учун кун бўйи меҳмон билан юрмайди, соатлаб шовқин-суронли ресторанда ўтирмайди-ку. Иш учун, кўпчилик учун шуларга чидайди. Ҳозир айти вақти – битта жуда муҳим ишни ўзи томонга оғдириш, бунинг учун битта нусхага ялиниш, илтимос қилиш керак, нима қилиб бўлса-да, у ярамасни пора олишга кўндириш зарур, шарт! Шу иш кўнгилдагидай амалга ошса бир неча киши баҳраманд бўлади, ўзининг, оиласининг тинчлиги, хотиржамлиги ва бахти ҳам четда қолмайди.
Шу хаёллар билан ухлаб қолди. Хотини қанақа қилиб хобгоҳга олиб борган, ечинтирган, жойига ётқизган – биронтасини эслай олмайди.
Бир қаватли эски уйда она боласини эмизаётир, бола қалқиб кетади ва сут унинг оғзи атрофида оқади. Эртаклардаги паҳлавонларга ўхшаган серсоқол киши елкасида хуржини билан ўша уйга кириб келади-да “Тоғдан келаяпман, болалар!” дейди.
У йиғлади. Овоз чиқармай, ғамгин, болалар каби бурнини тортиб-тортиб йиғлади. Қирқ учинчи йилнинг қаҳратон қиш кунлари Бокунинг тор кўчаларида озиб-тўзиб кетган устида ҳатто ўша оғир йиллар учун ҳам тасаввур қилиш қийин бўлган жулдир кийимли тиланчи юрарди. У одамлар олдига бориб худди болалардай бурнини тортиб йиғлар, бир оғиз гапирмай бирон нима беринг, деган маънода қўлини чўзарди.
У совуқ ва оч болалик йилларининг рамзи – белгисига айланган тиланчини эслади. Унинг кўз ўнгида яна кечаги кун, аниқроғи, таксидан тушиб қояга кўтарила бошлаган кеча намоён бўлди. Фикрлари қоя тошлари узра сирпаниб кетаётганга ўхшарди. Қийғирлар шундай пастлаб учардики, уларнинг думидан тутиб олиш имкони бордай эди.
Бироқ ҳаммасига жавоб олади, эртами-кечми албатта олади жавоб. Кўролмаслик бартараф этилади, ҳақиқат унга бўй кўрсатади, афсус, минг афсус, бу ҳолат кеч, жуда кеч, балки энг сўнггида рўй берар. Ё, Оллоҳим, ҳаммаси сабримизни синамоқчи. Дарвозанинг бу томонидагилар ҳам, аллақачон у томонга ўтканлар ҳам. У одатига кўра кўзларини қисиб олди, ёруғликка қарашни истамади.
Ёруғликда умид пайдо бўлади. Сабрсизликдан юраги гупиллайди. Назарида бир мўъжиза рўй бериб, ҳозир, мана ҳозир укаси пайдо бўлади ва уни қутқаради. Унинг барча азоблари, қўрқувлари, изтироблари ваҳимали туш каби изсиз йўқолади. Ё, Оллоҳим, Ўзинг паноҳингда асра, мадад бер, ёрдам бер, паноҳингга ол!
Қуёш бота бошлади, атроф ғира-шира тус олди. У кўзини очди, қоронғилашиб бораётган атрофга назар солди. Қисқа вақтда кўзлари қоронғиликка мослашиб, ёруғликка қарай олмайдиган бўлиб қолгандай туюлди. Хаёлига бошқа бир фикр келди: унинг икки жуфт кўзи бор эди гўё, бир жуфти ёруғликка қарарди, улар ўша ёқда – ҳамма нарса қолган жойда қолди, иккинчи жуфт кўзлари фақат қоронғиликка мослашган эди. Ана шу кўзлари бутун қоронғиликни, унинг барча қўрқув ва ваҳимасини оҳанрабо сингари ўзига тортарди. Бундан юраги ларзага келарди.
Унга шундай туюлдики, буларнинг бари худди ҳозиргидек қачонлардир рўй берган. Гобустон қояларига ўтириб, мавҳумликка термулди. Йўқ, шундай туюлмади, аслида шунақа бўлган, ҳа-ҳа, бўлган, қачонлигини эслай олмайди, аммо бўлгани аниқ. У кўзларини қаттиқ юмди, тиззаларини қучди-да, унга бошини қўйди, шунда момоқалдироқ гумбурлагандек овоз эшитилди – унинг юраги гурсиллаб урарди. Муштдеккина, кичкина юраги бутун жисмидаги ҳаяжону қўрқувларни кўтаришга ожизлик қиларди: бунинг устига бири дарвозанинг у томонида, бири бу томонида.
Эрталабгача омон бўлсайдим, укам келгунича чидай олсайдим… Оллоҳим, мадад бер, куч-қувват, сабр бер, паноҳингда асра, ёлвораман, ялинаман, илтижо қиламан, ёрдам бер! Ўлдирма мени, илтимос, ўлдирма, раҳминг келсин, шафқат қил!..
Тунда миллион йиллар илгари ер шарининг улкан чуқурликларидан бирига тўпланган сувлар яна шовуллади, ваҳимали, қудратли шовқини келиб турди, барча қушлар баравар қичқирди, осмонга аямай сочиб ташланган юлдузлар қоялар сингари йириклашиб кетди, ингичка, ўткир нурлар пастга йирик-йирик совуқ тошларни ота бошлади. У сумкасини қучоқлаб олди, ғужанак бўлиб ётди, гўё ўзини барча нарсадан иҳота қилгандай. Майда пашшаларнинг кўплигидан кўз ўнгида ғалати, қўрқинчли доира пайдо бўлди.
Кечами-кундузми – фарқига бормай қолди. Диққат билан қаради – қоп-қора тун. Шу қоронғиликда Озарбойжоннинг жануб томонига кетган йўл кумуш камар каби ялтираб кўринди. Қоронғи кечада оғир-оғир нафас олаётган онаси турарди, унинг қўлида узум баргидан қилинган дўлма тўла қозон, шу қоронғида унинг уйини тинтув қилишаётир, қаердан чиқиб кетишни билолмаётган хотини ва укаси ошхонада йиғлаб ўтирибди…
У сира билолмасди – тун шунча чўзилдими ёки аллақачон тонг отдими. Аммо бир нарсани аниқ биларди – барча одамлар, ҳатто марҳумлар ҳам Муқбил амакининг ёнида. Чунки бу ёққа уни қутқариш учун ҳеч ким келмади. Акс ҳолда барчаси жой-жойига тушар, ҳаммаси ўз ниҳоясига етарди. Эҳ, Муқбил амаки! Ё, Оллоҳим , барча бандаларингга қабр насиб эт.
“Қутурган пуллар тугади… Болаларим, сабрли бўлинглар”.
Онажон, мен ҳаммасини тушундим, тўғри, кеч, ҳаддан ташқари кеч, аммо тушундим…
У сумкасидан саккизта ўқ жойланган тўппончани олди. Қаттиқ овозда, деярли бақирди:
– Мени қўлга олмоқчи бўлдингизми? Олиб бўпсиз!
Тўппончанинг учини оғзига солди ва тепкини босди. У барибир англаб етмади – ҳали тунми ёки тонг ёришдими? Тўппонча отилгани эшитилган заҳоти минг йиллардан бери ўзининг вақти-соатини кутиб ётган найза қоядан ажралиб, атрофга шувиллаган овоз таратиб узоқ-узоқларга, Бокудаги мусулмонлар қабристони томонга учди. У ерда оппоқ кафанга ўранган кампирнинг даҳшатли ноласи таралди, унинг дод-фарёдини қабристондаги барча марҳум ва марҳумалар эшитди.
Шу маҳал ғор атрофидан ярим яланғоч одамлар чиқиб келди-да, уни бошқа ғорга олиб кетишди. У ерда бир неча ярадор кимсалар ётарди. Инсон қони ва замин намлигидан ҳўл бўлиб қолган ярадорлар қаторига ётқизишди уни.
Пастда эса ер шарининг улкан чуқурлигида тўпланган қора сувлардаги акулалар ўткир тишларини қайраб, овқат қидирар, думини жаҳд билан ҳар ёнга урар эди. Сув шундай қоп-қора эдики, гўё ўтган миллион йиллар ва келажак йилларнинг бутун тунларининг тусини ўзига сингдириб олганга ўхшарди.
У оғриқ ва иссиқ таъсирида ҳушини йўқотди, ҳеч нарсани эслай олмади. Бир фикр миясида чарх урарди: агар тирик қолса ўзининг ака-укаларидан бирига айланади, ўлиб қолса уни баланд қоядан денгизга улоқтиришади. Ана денгиз, шундоққина қоя остонасида чайқалиб ётипти. У ерда, денгизнинг қоп-қора сувларида акулалар анчадан бери ўзининг ўлжасини кутаяпти.

ГЎЗАЛ ДАРАДА БАҲОР

Жонлантириш бригадасининг бошлиғи ҳовлининг салқин бурчагида ўтирар, гўё ҳаммомдан чиққандай юзида қуйилиб келаётган терни артарди. Ҳаммомнинг пархонасидан чиққан каби ҳансираб нафас оларди. “Ё, тавба, ўлган одамни тирилтириб бўларканми”, деб ўйларди Саяли хола. У рўмолчаси билан елпинаётган юзлари қип-қизил кўзойнакли семиз дўхтирга умид билан кўз ташлаб қўярди. Саяли холага бўлган воқеани – Салаховнинг қайин синглиси авто ҳалокатга учрагани, оқибатда ўлим ҳолатига келиб қолгани, уни ўзига келтириш учун Бокудан врач чақирилгани – ҳаммасини қишлоқ фельдшери айтди. Қиз ўлган, ҳа, ҳа ростданам ўлган, чала ўлик бўлмайди-ку, деди фельдшер. Тушундингми? Бокудан келган врач сирли-синоатли дўхтир эмиш. Қишлоқ фельдшери яна нима дейди денг: бу врач ўликларни тирилтирадиган барча врачларнинг энг каттаси эмиш. Шунақа! Демак, у бу ерга шунинг учун келган… Аллоҳ мадад берсин. Нималар бўляпти ўзи, а? Тўғри, Салахов кичкина одам эмас. Уни на фақат қишлоқ аҳли, район марказида, ҳатто Бокуда ҳам танишади. Шундай ҳурматли одамнинг қайин синглиси, палакат босиб, қандайдир бир бетайин кимсанинг машинасига ўтирибди. У ярамас қизнинг ҳуснига маҳлиё бўлиб машинани телбаларча ҳайдабди, аммо қиз айтган жойга эмас, булоқ томонга одамлар интим маскан дейдиган тарафга бурибди.
Ҳовлиқиб ҳайдаш оқибатида машина ҳалокатга учрабди. Салаховнинг қайин синглиси қаёққа, нима учун, ким билан боргани ҳақида бутун қишлоқда шов-шув тарқалди, ҳамма бир-бирига бу ҳақда пичирлаб гапиради. Тўғри-да, шундай ҳурматли одамнинг қариндоши билан бўлган воқеани бутун қишлоққа жар солиб гапириш яхши эмас-да. Қишлоқ фельдшери шўрликнинг қўлидан нима келарди, ўзи бир меров бўлса, қўпол қилиб айтганда, одамнинг касали билан ҳайвоннинг касалини фарқлай олмайди. Яхшиям Бокуга қўнғироқ қилиб врач чақиришди, кейин манови кўзойнакли семиз дўхтир келди. Бўлмаса қиз бояқиш эрталабгача нариги дунёга жўнаб қолармиди. Аллоҳ, бизларга ўзинг ёрдам бер, дўхтирларга куч-қувват бер, қиз шўрликни ўзинг паноҳингда асра, ҳаммага ёрдам бер, барчасига одамнинг раҳми келади, ҳаммаси одам боласи-да ахир. Салаховга ҳам, унинг қайин синглисига ҳам, ўлган одамларни тирилтирадиган энг катта дўхтирга ҳам ўзинг ёрдам бер, Аллоҳим!

Саяли хола тонг бўзарганда ҳовлига тушди. Шу маҳал шундоққина тепасида гувиллаган овоз эшитилди, хола беихтиёр осмонга қаради, тонгги сийрак туман ичида вертолёт кўринди. Кейин қўшниларидан билиб олди – катта дўхтир ана шу вертолётда келган экан. Фельдшер ҳам айтди, вертолётда келган оддий врач эмас, ўлган одамни тирилтирадиган энг катта дўхтир экан. Саяли хола бу гапни эшитиб хурсанд бўлди, айни чоғда бироз қўрқиб кетди. Наҳотки шундай бўлса? Ўлган одамни тирилтирса… Бу Аллоҳнинг иродасига қарши бориш эмасми. Бунақа ишлар Яратганга хуш келмайди-ку. Аллоҳим, ўзинг мадад бер, паноҳингда асра, барчамиз ўзингнинг гуноҳкор бандаларингмиз. Бир томондан қиз бечорага одамнинг раҳми келади, Салаховнинг қайин синглиси, шунақа келишган, шунақа гўзал, унга қараган киши кўзини узолмай қолади. Бунақа ёш қизнинг ўлими Аллоҳга ҳам керакдир-да, бўлмаса усиз ҳам ер остида қанча ёшлар ётипти-ку. Саяли хола хурсанд бўларди – илоҳа, шу мўъжиза рўй берсин-да… Айни чоғда бошқача фикр ҳам келди хаёлига. Йўқ, бундай фикрни ошкор айтиш мумкин эмас, Худо кўрсатмасин, бирдан иложи бўлмади, деб қолса-я… Ана, уйда ярим йилдан бери чоли ётипти, кундан кун тўкилиб, сарғайиб, озиб бораётир, унга қараб одамнинг юрак-бағри эзилади. Қишлоқ фельдшери бир меров бўлса… Э, нимасини айтасан… Ким ҳам ёрдам берарди эрига, нима, Бокудан ҳурматли, машҳур дўхтир келармиди чолини кўргани. Саяли хола қишлоқ фельдшерлик пункти томон юрди, балки Бокудан келган врачлар эрига бирон-бир дори ёзиб берар, балки укол қилар.
Фельдшер ҳам ҳовлида, қуёшнинг тиғига дош беролмай, оғзини каппа-каппа очиб врачга термулиб турарди. Саяли хола сездики, фельдшер врачнинг амрини кутиб ўтирибди: у ўл деса ўлади, қол деса қолади. Хола нима қилишини билмай турди: врачнинг олдига боришга журъати етмади, оғзини ёпиш эсидан чиқиб қолган меров фельдшерга бирон нима дейишдан фойда йўқ, у бутун вужуди билан врачнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб ўтирибди. Фельдшер ҳурматли меҳмонни кутиш мақсадида оқ шим, жун кўйлак кийган, қўлида катта, пиёланинг оғзича келадиган соатининг миллари ялтираб кўринади. Қишлоққа райком, райижроком ёки бошқа идорадан кимдир келса фельдшер ўз одати бўйича шу байрамона оқ шимини кияр, ялтироқ браслетли улкан соатини албатта тақиб оларди. Бу билан ўзича қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги фарқни йўқотмоқчи бўларди. Ҳар доим, худди ҳозиргидай, райондан келган одамнинг оғзидан кўз узмайди, улар нима топшириқ берса дарҳол бажаришга тайёр туради. Аммо Саяли холанинг чолига ёрдам бериш унинг ҳаёлига ҳам келмайди. Одамларга турли дориларни сотади, лекин бу дорилардан бирон киши ҳам шифо топгани йўқ ҳалигача, ҳамма ўзича дори-дармон қилади, вақти-соати билан тузалган. Тушундингми? Бу одамнинг ўз фикри, қараши, билими йўқ, ҳатто юриш-туриши ҳам ўзиники эмас. Ҳеч бўлмаса ҳозир Саяли холага бир қараса-чи… Қара, қара, эй, меров, бир қара кампирга!
Фельдшер кампирнинг қалб нидосини эшитгандай секин Саяли холага юзланди. Унинг оғзи юмилди, қошлари тепага кўтарилди, эй, кампир бу ерда нима қилиб юрибсиз, дегандай базур бош ирғади. Саяли хола врач томонга ишора қилди, сўнг боши билан уйини кўрсатди. Бу билан чоли бетоблигини, шаҳардан келган катта дўхтир кўриб қўйиши мумкинми, деган маънода уйи томонга қаради. Шу заҳоти кўнглидан бир фикр кечди: “Эҳ, сен меровнинг қўлингдан нима келарди. Бор-э…”
Фельдшер қўрқув ила врачга қаради – ишқилиб унинг бирон- ҳаракатини кўздан қочирмадимми, деган ҳадик чўчитди уни. Ҳайриятки, врач хотиржам, кўринишидан ҳали бери фельдшерга топшириқ берадиганга ўхшамасди. У астагина Саяли хола томон юрди.
– Олдимга келишга қандай журъат этдинг? – деди Саяли хола секин пичирлаб.
– Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? – деди фельдшер керилиб. Салаховнинг қайин синглиси ростданам ўлгану уни айнан мана шу меров – икки эшакни бир-биридан ажратолмайдиган галварс тирилтиргандай тутарди ўзини.
– Худога шукур! – деди Саяли хола уни руҳлантириб. – Қурбонинг бўлай, Маҳмуд, айт унга, ўша ҳукумат уколидан бизга ҳам бир донагина берсин. Эҳтимол унда ортиқчаси бордир, а?
Фельдшер холага ҳайрат билан қаради:
– Қанақа укол, кампир?
– Укол-да, бизнинг чолимиз учун.
– Нималар деяпсиз, эсингиз жойидами?
– Жоним қурбон бўлсин сенга, Маҳмуд. Сендан ўтиниб сўрайман. Ундан биттагина, тушундингми бир донагина укол ол, илтимос, мен унинг ҳурматини жойига қўяман, айтганини қиламан, йўқ демайман. Билдингми, тушундингми, Маҳмуд? – Саяли хола унга шунчалар зорланиб термулдики, фельдшер кўзини олиб қочди.
– Ё Аллоҳ! – чуқур хўрсинди фельдшер. – Эй, кампир, нима деётганингизни ўзингиз англаяпсизми…
Врач уларнинг ёнига келди, фельдшер гапини тўхтатди. У Саяли холанинг рўпарасидан четга ўтди-да, тезлик билан кийимларини тўғрилади. Врач кампирга диққат билан разм солди.
– Қишлоғимизга хуш келибсиз, ўғлим, – Саяли хола врачга хушмуомилалик билан мурожаат қилди. – Аллоҳ умрингизни узоқ қилсин. Келганингиз жуда яхши бўлди-да.
– Онахон, сиз қизнинг қариндошимисиз?
– Йўқ, азиз меҳмон, қариндош эмасман… Аслида қишлоқ жойларда ҳамма бир-бирига қариндош ҳисобланади. Ундан ташқари ўртоқ Салахов шундай ҳурматли одамки, Аллоҳ уни паноҳида асрасин, унинг қайин синглиси аҳволидан қайғурмаслик гуноҳи азим. Ҳатто унга қариндош бўлмаганлар ҳам ачинаяпти… Аммо ҳозир гап унда эмас, – давом этди кампир. Унинг овози ҳаяжондан хириллаб қолди. – Сизнинг ташвишингиз менга ҳам юқди, ўғлим, илоҳо умрингиз зиёда бўлсин, сира касал бўлманг… Биласизми, ўғлим, чолим анчадан бери, ўтган Наврўз байрамидан буён касал, ўрнидан туролмайди. Маҳмудга катта раҳмат, қўлидан келган ёрдамни аямаяпти, лекин ҳеч нарса наф қилмаяпти.
Врач фельдшерга қаради:
– Қанақа касал?
– Касали, – деди фельдшер, – ўпкасида.
– Неча ёшда чол?
– Етмишдан ошди, раҳмат сизга, ўғлим. Шу ярамас дард бўлмаганда… Чолим бақувват эди. Дард унга жуда азоб беряпти, – деди Саяли хола. – Эрталабгача мижжа қоқмай чиқади. Қурбонингиз бўлай, дўхтиржон, олиб келган уколларингиздан бир донагина, майли, энг кичкинасини берсангиз, чолимга қилсак, сал бўлсаям ором олармиди, дейман-да. Савоб бўлади. Жуда қийналиб кетди бечора, унга қараб эзилиб кетаман. У ҳам давлатга хизмат қилган, ҳалол, виждонан ишлаган, колхоз қурган, бандитларни ушлаган…
– Морфийдан укол қиляпсизми? – сўради врач фельдшердан.
– Мен дори сўрайвериб чарчадим. Қаёқларга ёзмадим, натижа йўқ. Оддий дорилар йўқ, беришмайди… Морфий дейсиз…
– Демак, гап бундай, бориб ҳамширага мени айтинг, иккита ампула берсин. – Врач Саяли холага юзланди. – Сизга укол беради, чолга қилинглар, оғриқ босилади. Безовта бўлманг, онахон, ҳаммаси яхши бўлади… – Врач илдам қадамлар билан бу ерни тарк этди.
Саяли хола қувончдан ўзини йўқотиб қўйди, ҳаяжонланганидан тили калимага келмасди. Бироздан сўнг гўё қаттиқ уйқудан уйғонган каби ўзига келди ва кўкрагига ура бошлади.
– Ё, Аллоҳ, менинг жонимни ол, ўлиб қўя қолай, нима деган одам бўлдим. Бир оғиз раҳмат ҳам айтолмадим, а. – Фельдшерга илтижо билан қаради. – Энди нима бўлади, Маҳмуд?
– Ҳеч нарса бўлмайди, – деди энсаси қотиб Маҳмуд, – сиз уйингизга боринг, мен шприц оламанда, орқангиздан етиб бораман.
Саяли хола уйига гўё учиб борди. У ўзини ғоят енгил ҳис қилар, ҳаракатчан, майин табассум, ажиб бир нур юзига ярашиб турарди. Йўлда уни учратганлар ҳайрат билан қарар, нима бало кампир эрга текканми, деб ўзаро ҳазиллашарди. Саяли хола ҳеч кимга эътибор бермасди. Ҳозир унда жуда катта умид, ҳаётнинг ўзидай улкан умид пайдо бўлганини, ана шу умид кампирга қанот берганини, ажойиб майин табассум ҳадя этганини улар қаёқдан билсин. Бундай қувончли ҳолатини анчадан буён ҳеч ким кўрмаган. Унинг юраги, кекса юраги шундай гупиллаб урардики, гўё ҳозир кўксидан отилиб чиқиб кетадигандай туюларди. У Худога илтижо қиларди: “Аллоҳим, ўзинг менга мадад бер, уйга эсон-омон етиб олишимга кўмак бер, Аллоҳим. Ялинаман, ёлвораман сенга, Яратган эгам, менга куч-қудрат ато эт, уйга бориб, чолимни хурсанд қилишимни насиб эт”.
У уйига кириб келди. Юраги ҳамон гупиллаб урарди. Юзидан табассум аримаган, Саяли холанинг елкасидаги кўзга кўринмас қанотлари ҳануз уни кўтариб турарди. Уйга кириб, чолининг инграганини эшитди. У ёнбоши билан ётар, қўли каравотдан пастга осилган эди. Саяли хола эрининг қўлини силади, қўл қуриқшаб қолган, мадорсиз эди. Яқин-яқинларгача бу қўллар қандай кучли, қаттиқ, бақувват эди-я, энди товуқнинг панжаларига ўхшаб қопти. Холанинг томоғига нимадир тиқилди. У чолининг каравотига яқин ўтирди.
– Черкес, о, Черкес! – деди баланд овозда.
– Нега бақирасан, – деди чол секин, – кар эмасман-ку, эшитаяпман.
Эрининг таниш босиқ овозини эшитиб, у хурсанд бўлди. Юраги бироз таскин топди, қандайдир соғинч вужудини қоплади. Чолнинг фақат овози олдин қандай бўлса шундайлигича қолган эди.
– Мен Бокудан келган дўхтир билан гаплашдим. Сизни тузатаман, деди. Анави меров Маҳмудга Салаховнинг қайин синглисига қилган уколдан берди. У укол ўша қизни тирилтирган. Ҳозир Маҳмуд келади. Дўхтир айтди, ўша уколдан сизнинг чолингизга ҳам қилади, кейин ўрнидан туриб кетади, деди.
– У мени биларканми?
– Бўлмасам-чи! Отингизни айтишим билан “Гўзал даралик Черкесни ким билмайди?!” деди.
Саяли хола эрининг қоқсуяк бўлиб қолган, қорайган қўлларини оҳиста силар экан, давом этди:
– Яна айтдики, сизнинг касал бўлганингизни Бокуда ҳеч ким билмаган, агар хабар топишганда энг катта дўхтирни аллақачон бу ерга жўнатган бўлар экан. Нимасини айтасиз, ўликни тирилтирган дўхтир учун сизнинг касалингиз нима бўпти… Бир зумда тузатади-қўяди.
Черкес бошқа ҳеч нарса демади. Саяли хола кейинги вақтларда, аниқроғи, сўнгги икки ойда чолининг бирдан саволлар беришдан тўхтаб, сукут сақлашига ўрганиб қолган. Чол саволлари билан гўё оғриқни бироз унутарди. Оғриқ босилгандай бўлган онларда Черкес саволларини тўхтатарди, Саяли хола унинг ёнидаги кичкина гиламчага ўтиради-да эрининг қўлларини авайлаб силай бошлайди. Бундай пайтда Саяли хола эрининг оҳиста инграшига қулоқ тутиб бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларни эслайди: қувончли ва ташвишли кунлар, турмуш қуришганидан кейинги дастлабки йиллардаги қийинчиликлар, ўзининг қизлик йилларидаги воқеалар – барчаси бирма-бир кўз ўнгидан ўтади. Унинг бутун ҳаёти кафтидагидек равшан – оддий ва тушунарли. Фақат бир нарсага ҳамон ақли етмас, тушунмас эди. Бу касаллик унинг эрига қаёқдан ёпишди, нима учун айнан Черкес шунақа оғир дардга мубтало бўлди? Касалликнинг дастлабки аломатлари сезилганда Черкес бемалол юрарди, оғриққа унчалик эътибор бермасди. Оғриқ кучайгач, уни шифохонага ётқизди. Аммо оғриқ борган сари кучайса кучайдики, босилмади, чол қийналиб, тобора озиб кетаверди. Нега айнан у йўлиқди шу дардга? Черкес район шифохонасидан уйига келгач, фельдшер афсус ила қўлларини ёйди-да, “Бу кўҳна касал, фақат Аллоҳдан шифо сўранг” деди. Унинг сўзларидан шундай маъно чиқдики, Худо чолни жазоламоқда. Биз нима қилдикки, Яратган эгамнинг қаҳри келса? Кимга ёмонлик қилдик, кимнинг ҳалол меҳнат билан топган нонини тортиб олдик? Агар ҳамма қилмишига яраша жазоланса, Аллоҳ нега ижроқумнинг собиқ раисига юбормади шу дардни? Ахир у қанча одамларни қон қақшатди-ку! Анави меров, сафодсиз фельдшер бу саволларга жавоб бера оладими? Бунга ўхшаган анқовлардан нима кутиш мумкин? Айни пайтда Саяли холанинг ичидан бир садо келди: бир тарафдан фельдшер тўғри айтаяпти, бу Худонинг жазоси, тўғри, нима учунлиги номаълум. Худонинг ишларини қаёқдан биламиз. Аллоҳнинг ҳукмисиз бирон иш бўлармиди… Ўзинг паноҳ бер, Худойим…
Саяли хола бир нарсани аниқ билади ва бунга қатъий ишонади. Чоли, Черкеси уни бу дунёда ушлаб турган яккаю ягона суянчи ва таянчи, Черкес кампир учун сув билан ҳаводай бир гап, агар у бўлмаса Саялига бу дунёнинг қизиғи ҳам, лаззати ҳам йўқ…
Фельдшер Маҳмуд келди. Ҳали уйга кирмасдан ўшқирди:
– Нима бало бу ер мунча қоронғи?
Саяли хола бир нарса дейишга улгурмай фельдшернинг овозидан уйғониб кетган Черкес:
– Қоронғида оғриқ сал босилгандай туюлади назаримда… Шунинг учун пардаларни ёпиб қўйган.
– Қанақа оғриқни айтаяпсиз, амаки! Мен бир дори олиб келдим, битта уколдан кейин ўн саккиз яшар йигитдай бўлиб қоласиз… Ишқилиб уколдан сўнг биронта ёшроқ жононни олиб келмасангиз, деб қўрқаман.
Фельдшер ўзининг ҳазилидан ўзи мириқиб кулди. Черкес майин жилмайди. Фельдшернинг ўшқириб келишидан бироз ранжиган Саяли хона ҳам илжайиб қўйди.
– Аввал сен оёққа турғиз, мен ҳамма нарсага розиман, – деди хола ҳазиллашиб.
Маҳмуд чамадончасини столга қўйди. Фокусчиларга ўхшаб аввал ҳафсала билан қўлини, ҳар бир бармоғини алоҳида-алоҳида артди, чамадончани очди, ундан ялтираб турган темир қутичани олди, қутичадан ампулани олди-да, тепага кўтариб парданинг тирқишидан най каби тушиб турган ёруғликка солди, гўё унинг ичидаги дорини текширди. Чол унинг ҳаракатларини диққат билан кузатди. Маҳмуд ампулани ёруғлик найчасига тутганда, чидаб туролмади:
– Қасам ичаман, Маҳмуд, мен бунақа дорини умримда кўрмаганман.
Саяли хола Маҳмудга яқин келди-да, бутун вужудини кўзга айлантириб ампулага термулди.
– Маҳмуд, – деди хола шубҳали, ишончсиз оҳангда, – буям Салаховнинг қайин синглисига қилишган уколданми?
– Бўлмасам-чи! – деди қатъий оҳангда Маҳмуд. Кампирининг шивирлаб сўраган гапини Черкес эшитди. Ва ўзини тутолмади:
– Ҳей, Маҳмуд, ота-бобонг руҳи ҳаққи, тўғрисини айт, кексаларни алдама. Кампиримнинг айтишича, қиз бечора ўлим ҳолатида экан… Ростданам уни тирилтиришдими?
– Бўлмасам-чи! – Маҳмуд чолга юзланди. – Бечора қиз ўлиб бўлган экан. Боши танасидан, танаси оёқларидан узилиб кетган. Дўхтир келди-да, ҳамма аъзоларини эҳтиётлаб тозалади, ювди, дизинфекция қилди, сўнгра ҳаммасини жой-жойига қўйиб тикди. Энди янгидан туғилгандай бўлди.
– Укол-чи? – Саяли хола ҳаяжонланиб кетди.
– Албатта аввал укол қилди-да. – Маҳмуд гапини йўқотмади. – Уколсиз иш бўларканми?
– Ўзингга шукур, Аллоҳим! – Саяли хола ҳайрат ва ҳаяжон ила қўлларини тепага кўтарди. – Ҳамма нарса ўзингнинг ихтиёрингда, Ўзинг барча нарсага қодирсан.
Черкеснинг кайфияти кўтарилди. Маҳмуд келиши билан оғриқ уни тарк этгандай бўлди. У ҳатто ҳазил-ҳузил қила бошлади. Аммо эҳтиёт бўлиш керак, тақдир билан ҳазиллашиш яхши эмас. Худо кўрсатмасин, бирдан яна оғриб қолса нима бўлади…
– Маҳмуд бу уколинг Содиқнинг сигирига қилган уколингдан эмасми ишқилиб? Агар шунақа бўлса калимангни келтиравер.
– Эй, инсон, нималар деяпсиз?! – Қулоқларига ишонмай, бироз жаҳл билан чолига қаради Саяли хола. – Ё, Аллоҳ, ўзинг кечир биз гуноҳкор бандаларингни!
– У нарса Гачакнинг ўғлининг тўйидан кейин бўлган эди-да, – деди бамайлихотир Маҳмуд. – Ўшанда бошим шунақа оғриётган эдики… Сигирга қанақа укол кераклигини қаёқдан билибман. Ҳайвон, тили йўқ, гапиролмаса, у ерим оғрияпти, бу ерим оғрияпти, деёлмаса… Таваккал қилдим-да. Бизнинг тилимизда буни “бэ”, “мэ” дейди, – деб кулди Маҳмуд.
– Ўша воқеадан кейин Содиқ сени роса тузлади, а, – деб сўзида давом этди чол. – Ўша уколни аввал Содиқнинг ўзига қилмоқчи бўлган экансан, а, ростми шу гап?
– Ким касаллигини, нима касал эканини мен қаёқдан билай? Ўғли югуриб келди-да, тезда бизникига боринг, деди. Ким касал эканини – Содиқми ёки сигирими, билганим йўқ. Борсам, сигири касал экан. Қилдим укол… Яхшиям Содиқнинг ўзига қилмабман.
– Ўлдирардинг-да…
– Албатта-да! Сигирининг ўрнига Содиқ ўлган бўларди. Тамом.
Черкес кулди:
– Масхарабозсан Маҳмуд.
Маҳмуд Саяли холага деди:
– Тоғора обкелинг, қўлимни ювиб олай.
Черкес фельдшернинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатар, ҳар бир сўзига эътибор берар эди. Ҳозирги гапини яхши эшитолмай қолди.
– Нима деяпти у, кампир?
– Ҳеч нарса… Қўлини ювмоқчи…
Саяли хола тоғора олиб келди. Маҳмуднинг қўлига сув қуйди. У ҳар бир бармоғини алоҳида-алоҳида ювди, сўнгра шу тартибда артди бармоқларини. Ампула учини эҳтиётлик билан синдирди, қайнаётган сувда турган шприцга ампуладаги дорини тортди. Чолнинг ёнига келди.
– Ўзинг ёрдам бер Художон. – Саяли хола чолининг енгини шимарди.
– Балки бу ерга қилмас, – деди Черкес хотинига. Саяли хола Маҳмудга қаради. У шу ерга деган маънода бош ирғади.
– Қўлига, қўлига… Бу укол юмшоқ жойига қилинмайди.
– Албатта-да, – деб унинг сўзларини маъқуллади хола. – Ахир бу оддий укол эмас-ку, Салаховнинг қайин синглисига қилинган уколдан. Қўлига бўлмай қаерига қилсин?
– Тўғри айтасан, – деди чол хурсанд ҳолда.
Қариялар мамнун ҳолда фельдшернинг ҳаракатларини кузатди. Маҳмуд уларнинг қувноқ чеҳрасига қаради, сўнг афтини буриштирди. Буларни қаранглар… Қариялар нимаю, болалар нима – фарқи йўқ… Уларни суюнтираётган умидни сўндириши мумкин бўлган аччиқ ҳақиқатни айтиб бўладими, тил айланмайди-ку.
Маҳмуд укол қилиб бўлди-да, соатига қаради. Шприцни эҳтиётлик билан ялтироқ темир қутига, уни чамадончага жойлади. Шошилмай чамадончани ёпди. У атайлаб вақтни чўзаётгани сезилиб турарди. Шу маҳал Саяли холанинг титраган, ваҳимали овози эшитилди.
– Маҳмуд, чол йиғлаяпти!
Маҳмуд бирдан беморга қаради. Чол унга миннатдорлик билан, ҳеч қандай оғриқни сезмаётгандай, соғлом кишидай мўлтираб ётарди.
– Хурсандлигимдан йиғлаяпман, ўғлим, – деди секин. – Назаримда ростданам баданимдан оғриқ чиқиб кетаётганга ўхшайди.
Маҳмуд яна соатига қаради. Беш дақиқа ҳам ўтмаган эди.
– Ҳали бу ҳеч нарса эмас, – деди – Кечқурун келиб, яна битта укол қиламан. Кечаси ёш боладай қотиб ухлайсиз.
Фельдшер кетиши билан Черкес хотинига деди:
– Сездингми, Маҳмуд кайфияти бўлмай чиқиб кетдими?
– Чарчаган бўлса керак. Эрталабдан бери катта дўхтир билан юрипти, унинг қош-қовоғига қараб… Ўзи бўладими… Черкес, аҳволингиз қалай? Оғриқ босилдими?
– Ёшариб қолганга ўхшайман, хотин… Ташқарида қор ёғаяптими?
– Нималар деяпсиз, азизим! – Саяли хола ўзининг оёғига уриб қўйди. – Бу пайтда қорга йўл бўлсин. Гўзал дарага баҳор келган, азизим, баҳор, ҳали қишгача анча-а вақт бор. – Чолига яқин бориб, устига кўрпани тортиб, яхшилаб ўраб қўйди.
– Чой бўлса ичардим-да, – деди Черкес.
– Ширин чой қилайми? – Саяли хола эрининг сарғайган, ҳаддан зиёд озиб, қоқ суяк бўлиб қолган юзига умид билан термулди. Неча ойдирки, чоли на бирон ширинлик ейди, на ширин чой ичади.
– Майли.
– Ўзингга шукур, Аллоҳим!
Саяли хола хонадан чиқаётганда Черкес:
– Биласанми, ҳозир нима хаёлимга келди? – деди. – Сен шу уколдан ҳеч бўлмаса бешта, имкони топилса ўнта олсанг, зўр бўларди-да. Берармикан?..
– Қаёқдан билай? Бунча кўп сўрасам дўхтирга ёқмаса-чи.
– Нима, у уколни текинга бердими?
– Бўлмасам-чи! – Саяли холанинг юраги бир санчди. Ундай қилмаслик лозимлигини, кўзойнакли дўхтир билан бу тахлит гаплашиш мумкин эмаслигини, яхши иш қилмаганини энди тушуна бошлади. Бунақа дори жуда ноёбдир балки. Эҳ, Саяли, нималар қилдинг, деб ўзини ўзи койий бошлади.
– Уйда қанча пул бор, хотин?
– Етмиш манат.
– Йигирма манат қолдирда, эллик манатни ўша дўхтирга элтиб бер. Балки олдин Маҳмуд билан маслаҳатлашарсан… Йўқ, яхшиси, тўғри ўзига олиб бориб бер… Мени танир экан, дедингми? – Черкес хотинининг кўзига қаради. Саяли хола унинг қарашига дош беролмади, кўзини олиб қочди. Эрининг шубҳадан чалғитиш учун бирдан гапга тушди:
– Ҳа, худди шундай. Бокуда Гўзал даралик Черкесни танимайдиган одам йўқ, деди. Мендан унга катта салом айт, деди…
– Ундай бўлса, вақтни чўзма… Тезроқ бор…
Саяли хола стол тагидан сандиққа ўхшаш катта эски чамадонни олди. Уни очиб рўйжога ўралган пулни олди-да, эллик манат санади – учта ўн манатлик ва тўртта бешталик.
– Балки олдин сизга чой дамлаб берарман?
– Йўқ, кечикма, тезроқ бор. Чойни кейин дамлайсан.
Хотини остона хатлаганда:
– Эй, Саяли! – деб чақирди.
– Нима? – Саяли эрининг касал бўлмасдан олдинги кўринишидан асар қолмаган, мутлақо ўзгариб кетган юзига термулди.
– Сени овора қилдим… Мени кечир…
Саяли холанинг томоғига нимадир тиқилди. У ўзини қўлга олди, чуқур хўрсинди, аммо эрига билдирмай эшикни ёпди.
Саяли хола бутун кучини тўплаб шошиб борарди. Аммо бу гал унга куч берадиган умид ҳам, руҳлантирган қанот ҳам йўқ. Тошларга қоқилиб, йўлдаги тиконлар оёғини тилиб, кўкрагидан чиқиб кетай-чиқиб кетай деб, гупиллаб ураётган юрагини чангаллаганча ҳаллослаб борарди. Қора тоғнинг харсанг тошлари узра ўтган ёлғизоёқ йўлга тушди. Бу ердан фельдшерлик пункти жуда яқин эди. Шу маҳал у тепасида таниш гувиллаган овозни эшитди. Осмонга қаради, эрта тонгда кўргани ниначининг қанотларидай узун қанотли вертолёт учиб кетмоқда эди. Агар Қоратоғнинг барча тошлари Саяли холанинг устига ағдарилганда ҳам у ҳозир вертолётдан қўрққанчалик қўрқмас эди. Унинг ичидан нимадир узилгандай туюлди, ҳатто секин, илтижоли, қисқагина “дзин” деган товуш эшитилгандай бўлди ва… Шу топда Саяли хола негадир пулни эслади ва уни қўлига олди. Учта ўн манатлик ва тўртта бешталикни чангаллаб вертолёт ортидан жон ҳолатда югурди. У ҳансираб, чуқур-чуқур нафас олиб югурарди. Вертолёт тобора баландлаб кичрайиб борарди. Кампир ўзини вертолёт изидан осмонда учиб бораётгандай тасаввур қилиб югураркан, ўзича бақирарди:
– Шошма, тўхта, дўхтир!.. Гўзал даралик Черкес ўлаяпти! Ёрдам бер! У ҳам давлатга хизмат қилган! Колхозлар ташкил қилган, бандитларни тутган! Тўхта! Ёрдам бер!
Унинг нафаси бўғзига тиқилиб қуёшнинг тафти қиздирган ва ажиб бўй таратаётган баҳор чечаклари, ўт-ўланлар узра йиқилди. Вертолёт кўм-кўк осмонга кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлди. Саяли хола ўтлар ичидаги чигирткалар овозини эшитди ва вертолёт аллақачон кетиб бўлганини англади. Энди йўқ вертолёт. У ўтлар устида ўтириб титраётган тиззаларини оғир меҳнат ва кексалик туфайли озиб, қорайиб кетган қўллари билан қучоқлади. Бирданига эрининг озғин, қуруқ суяк бўлиб қолган, каравотдан пастга осилиб турган қўллари кўз ўнгида пайдо бўлди. Ўзининг қўлида пул – учта ўнталик ва тўртта бешталик пул борлиги эсига тушди. Кексайган юзлари узра иссиқ ёш милтираб оқаётганини сезди…

Turkcha adabiyotning yorqin siymosi Yusuf Samado‘g‘li 90 yoshda

U onasining ajin bosgan yuzini, ozg‘in qo‘llarini esladi. Onasi tok bargida tugilgan issiq do‘lma to‘la qozonni ko‘tarib, o‘zi bilan o‘zi gaplashgan holda har qavatda biroz nafas rostlab beshinchi qavatga chiqqanlarni xayolan tasavvur qildi.

Yusuf SAMADO‘G‘LI
IKKI HIKOYA
Mamatqul HAZRATQULOV tarjimasi


Yusuf Samado‘g‘li (Yusif Səmədoğlu) 1935 yilning 25 dekabrida Ozarboyjonning Boku shahrida, mashhur shoir Samad Vurg‘un oilasida tug‘ilgan.
1953 yil Moskva yozuvchilar uyushmasiga qarashli Maksim Gorkiy nomidagi Adabiyot institutini tamomlagan.
“Ozarboyjon” jurnali tahririyatida adabiy hodim, nasr bo‘limi mudiri (1960-1965), J.Jabborli nomidagi “Ozarboyjonfilm” kinostudiyasida kinostudiya ssenariy tahririyati hay’ati a’zosi, bosh muharriri (1965-1969), “Yulduz” jurnalining bosh muharriri (1976-1987) lavozimlarida faoliyat yuritgan. Ozarboyjon Yozuvchilar uyushmasi kotibligi hay’ati a’zosi (nasr bo‘limi) bo‘lgan (1991).
“220 raqamli xona” (1960), “Gallaktika” (1973), “Qatl kuni” (1987) kitoblari chop etilgan.
“Qatl kuni” romani, “Yoddan chiqqan so‘zlar”, “Ko‘zlar”, “220 raqamli xona”, “Gullar”, “Semurg‘ qushi”, “46 yilning o‘yinlari” hikoyalari adabiyot muhiblari tomonidan sevib o‘qiladi.
Yozuvchining “Qatl kuni” romani o‘zbek tiliga tarjima qilingan va o‘zbek kitobxonlari tomonidan iliq qarshi olingan.
1998 yilning 17 avgustida vafot etgan.


OSTONA

Yo‘q, uni endi hech narsa bilan hayratlantirib ham, quvontirib ham bo‘lmaydi, hammasi ortda qoldi, orziqib kutishdan boshqa hech narsa, ha, hech narsa qolmadi.
Atigi bir soat ilgari quyosh tepada, zamindagi barcha mavjudotga nurini sochib, qizdirib turgan edi, endi esa, ana qoyaning soyasi cho‘zilib yotibdi. Bir soat, ehtimol ikki soat ikki soat… Vaqtni chalkashtirib yubordi: taksi uni kumush kamar kabi cho‘zilib yotgan janubiy shossega tushirib ketganidan beri qancha vaqt o‘tdi – vaqt tezlashib ketdimi yoki unga noma’lum bo‘lgan qandaydir qonuniyat bilan kechdimi – bilolmay qoldi. U sumkasini mahkam quchoqlagancha yo‘l chetida turib, mashina orqasiga qaytib ketgunicha kuzatdi. Mashina shahar tomonga yo‘l oldi, u mashinaning orqa chiroqlariga termulib o‘yga toldi: endi uni hech narsa – odam ham, mo‘jizakor, deb unga olib kelishgan bir emas, ming bir tumorlar ham himoya qila olmaydi. Namchil tungi salqindan boshqa hech narsa yo‘q va bo‘lmaydi ham.
Ikkita kichkina qizil nuqta tunda ip kabi cho‘zilib ketdi va og‘ir bemorning bazo‘r yongan umid uchqunlari so‘ngani kabi to‘satdan o‘chdi: qop-qora tunda ko‘zlari charaqlaganini tasavvur qildi. Shu topda u yolg‘izoyoq yo‘l ham bo‘lmagan yo‘nalish sari otlandi, tobora yuqoriga ko‘tarilib boraverdi, boraverdi, ustiga toshlar qulab tushishidan ehtiyot bo‘lib, har qadamini dadil tashlar, bu bilan mutlaqo yopib tashlangan darvozani zabt etayotganday his etar, ahyon-ahyonda qandaydir vahimali tovushlar eshitilardi. Ammo qulog‘i tagida bot-bot jaranglayotgan telefon qo‘ng‘iroqlari oldida bular hech narsa emasdi. Hali qirq uchga ham to‘lmagan, umuman olganda, yomon yashamadi. Birdan hammasidan ayrildi, evaziga kutish, umiddan ko‘ra umidsizlik ko‘proq bo‘lgan kutish qoldi, xolos.
U ertalab yerto‘laga o‘xshash joyda, silliq toshlar ustida yotganday uyg‘ondi. Bosh tomonida ikkita qirrali qoya ko‘rinar, ular orasidan quyosh nuri uning yuziga tushib turardi. Dengizdan chiqqan quyosh qip-qizil va yumaloq. Qoyalar oralab bulutsiz, tip-tiniq osmon ko‘rindi, quyosh ko‘zga tashlanib turgan “darcha”dan sarg‘ish nur bo‘ylab qizil yo‘lak paydo bo‘ldi-da, unda kecha uni mana shu qoyalar ostonasiga olib kelgan taksining faralari yondi.
U ko‘zini yumdi, qandaydir qo‘rquv vujudini qopladi. Bundan o‘zi ham hayron bo‘lib, paypaslab sumkasini qidirdi. Bu yerda uni kim olishi mumkin? Uning boshi uzra aylanib yurgan narsa nima? Ilonmi, kaltakesakmi yoki qirg‘iymi? Kulgili… Aslida buning sira kulgili joyi yo‘q. U ko‘zini ochishni istamasdi, tasavvuri bo‘yicha yorug‘likdan uzoqlashdi, hozir unga yorug‘likdan ko‘ra qorong‘ilik ma’qul ekanini angladi. Zero, qorong‘uda hech narsani ko‘rmaysan – mana bu vahimali qoyalarni ham, ularning o‘tkir qirralarini ham, huv pastdagi dengizning qudratli to‘lqinlarini ham ko‘rmaysan. Tungi telefon qo‘ng‘irog‘i bir zumga uni borliqdan ajratdi va mana shu kimsasiz joylarga kelib qoldi.
U kecha taksi ko‘zdan g‘oyib bo‘lgancha kuzatib turarkan, qo‘qqisdan sumkasini ochganini, kayfiyati o‘zgarganini, ikki-uchta buterbrod, oddiy kran suvi solingan termosni olganini esladi. Sakkizta o‘q joylangan “TT”. Meni shunaqa qilib qo‘lga olmoqchi bo‘ldinglarmi? Olib bo‘psiz! Shoshmay turinglar! Biz ham nonni nanna deydiganlardan emasmiz. Qop-qorong‘i joyda ko‘zi o‘ynayotganini sezdi, his qildi. Hozir vujudini qoplagan g‘azabning sababini anglab yetishni, uni qanday atash lozimligini o‘ylay boshladi.
Keyin yo‘lga tushdi, aslida yo‘l qayoqda, oddiygina yolg‘izoyoq yo‘l ham yo‘q, yuqorilab boraverdi, boraverdi… Ammo qorong‘ulik vahimali tuyuldi, qoyalarning o‘pirilgan tomonlari yanada qo‘rqinchli, go‘yo birdan qulab ketayotganday ko‘rinardi. Uxlama, uxlama, uxlasang keyin uyg‘onolmaysan… Baribir u uxladi, xush yoquvchi tushlar ko‘rdi, biroz orom olganday bo‘ldi, aks holda aqldan ozib qolishi hech gap emasdi.
Kun kech bo‘layotir, jazirama biroz pasaydi, ammo qip-qizil, yumaloq quyosh hamon qoyalar orasidan taftini sochib turardi. U butun vujudida bu iliqlikni tuydi. Oyog‘i ostiga tushib turgan quyosh nuriga, so‘ng osmonga – botayotgan quyoshga termuldi. U bunday holatni birinchi marta kuzatdi, ammo ajablanmadi, odatiy hol bu, Yaratgan butun mavjudotga o‘zi ato etgan hayotni vaqti-soati kelganda qaytarib olgani kabi quyosh ham o‘z tafti va nurini qaytarib olmoqda, deb o‘yladi. Kimdir oldin, kimdir keyin ketadi, barchasi yolg‘iz Olloh ixtiyorida. Toshlar orasidan g‘alati ovozlar eshitildi, go‘yo kim kimnidir chaqirayotganga yoki nimadir demoqchi bo‘layotganga o‘xshar, lekin inson zoti uchun tushunuksiz edi.
…Qaydadir ona bolasini emizardi, go‘dak qalqib ketib, sut og‘zi atrofiga oqdi.
Uning boshi og‘ridi. Og‘riq boshining ich-ichida – allaqachon unutilgan xotiralardan bo‘lak hech narsa – na umid, na sog‘inch va na-da biron-bir xohish qolgan – bo‘m-bo‘sh joyda edi. Unutilgan xotiralar va og‘riq. Boshqa hech vaqo yo‘q. Og‘riq esa shu qadar qattiq va yoqimsiz ediki, sira chidash mumkin emas. U yerda – boshining ichkarisida nima borki, bu qadar qattiq og‘riydi?! U yana sumkasini ochdi, o‘ninchi, balki yuzinchi marta tekshirib ko‘rdi, sumkasi joyida turibdimi, yo‘qmi? So‘ng muzday sovuq po‘lat to‘pponchaga qo‘lini qo‘ydi va ancha payt shu tarzda o‘tirdi. “Meni shunaqa qilib qo‘lga olmoqchi bo‘ldingizmi. Olib bo‘psiz!”. Bezgak singari titragan lablari pichirladi, ammo ovozi eshitilmadi, tovushi chiqmas edi.
U sumkasidan termosni oldi, qopqog‘ini ochdi, bir qultum sovuq suv ichdi, shunda go‘yo yonida turganday o‘n metrlik oshxonasi hidini, xotini va sakkiz yoshli o‘g‘lining hidini tuydi. U o‘lguday qo‘rqib ketgan xotinining chayqalishini, to‘pponchasini olib sumkaga joylaganini titrab-qaqshab kuzatgan holda devorga suyanib qolganini, xotinining ko‘zlarida quturgan itlar ko‘zida bo‘ladigan vahimani qo‘rqinchni esladi, ko‘z oldiga keltirdi. Telefon qo‘ng‘irog‘idan keyin uyning havosi og‘irlashib qolganday, hamma yoqni ammiak hidi tutganday bo‘ldi. Bu og‘ir havo go‘yo uning o‘pkasiga o‘rnashib qolgan edi, ancha paytgacha undan qutila olmadi. Bu yerda chala yarim uyquda, tushida uning qoldiqlarini chiqarib tashlay olarmidi…
Termosni sumkaga soldi, uni yopdi va oyog‘i ostiga qo‘ydi. So‘ngra bosh og‘rig‘ini sal bosmoq uchun joyini almashtirdi – qoya soyasi qalinroq bo‘lgan o‘ng tomonga o‘tdi-da, qoyaga suyandi, sumkasini yoniga qo‘ydi, ammo bosh og‘rig‘i bosilmadi, yo‘q, zarracha ham pasaymadi. Agar migren bo‘lganida uni qanday tuzatish kerakligini bilardi: boshiga biron narsa o‘rab, peshonasini, chakkalarini uqalasa og‘riq bir zumda bosilardi. Ammo hozirgi juda g‘alati, tushuniksiz edi. Bunaqa og‘riq inson zotiga umri davomida ehtimol bir marta, nari borsa ikki marta kelsa kerak – o‘lim ostonasida.
Shu zahoti u aniq anglab yetdiki, endi uyiga qaytmaydi, hech qachon, ertaga ham, indin ham, hech qachon borolmaydi, shu yerda qolishga mahkum, o‘ladi, mana shu joyda, tepasida qirg‘iylar uchib yurgan qoyalar orasida o‘lib ketishi ehtimoldan uzoq emas. Endi sira ham uyiga borolmaydi. Uni uyidan marhumni olib chiqqan kabi chiqarib yuborishdi. U o‘zining murdasini o‘zi ko‘tarib, mana shu kimsasiz xarobalarga olib keldi.
Ey, qudratli zot! Barcha bandangga qabr nasib et! Kim aytgan bu gapni? Inson yolg‘iz qolganida xayoliga turli fikrlar keladi. U hozir tom ma’noda yolg‘iz edi. Aslida hech kim hech qachon mutlaqo yolg‘iz qolmaydi.
Bu fikr uning dilini ravshanlashtirdi, og‘riq ham go‘yo uni tark etdi – birdan bosildi. Chakkalari sovuganini va butun badani hayratli darajada yengil bo‘lib qolganini his etdi. Bunday holat, kayfiyat juda murakkab to‘siqlarni sakrab o‘tgan va haqqoniy dam olishga borayotgan chavandozda bo‘lishi mumkin.
U onasining ajin bosgan yuzini, ozg‘in qo‘llarini esladi. Onasi tok bargida tugilgan issiq do‘lma to‘la qozonni ko‘tarib, o‘zi bilan o‘zi gaplashgan holda har qavatda biroz nafas rostlab beshinchi qavatga chiqqanlarni xayolan tasavvur qildi. Ularning uyida lift yaxshi ishlamasdi, ba’zan umuman ishlamasdi, bir marta qavatlar orasida to‘xtab qolganidan keyin onasi liftga ishonmay qo‘ygan, shundan beri hansirab-hansirab bo‘lsa-da, o‘zi ko‘tariladi beshinchi qavatga. Onasi haftada bir-ikki marta biron tansiq ovqat pishirib shaharning u chekkasidan bu chekkasiga o‘g‘li, nabiralari uchun ko‘tarib kelardi. U onasining zinalardan qiynalib chiqishi oqibatida o‘pkasi og‘ziga tiqilgudek hansirashini, kech kuzda to‘kilgan xazonlar uzra yurganda eshitiladigan ovoz kabi xirillagan nafas olishini esladi. So‘ng qandaydir shildiragan, tahlikali ovozni eshitdi, ammo so‘zlarini tushunmadi, ibodat qilyaptimi yoki tavba-tazarrumi – bilib bo‘lmasdi.
… Qayerdadir ona bolasini emizardi, bola qalqib ketdi va sut og‘zi atrofida oqa boshladi…
Boshining oldin og‘rigan joyida yana og‘riq boshlandi, ichkarida nimadir tarang tortilganday tuyular, go‘yo boshini po‘lat sim o‘rab olgandek edi.
Onasi beshinchi qavatga chiqib borolmadi, to‘rtinchi va beshinchi qavat o‘rtasidagi maydonchada tik turib qoldi. Projektorlar o‘chdi. Tun qop-qora, vahimali edi. Ancha pastlikda dengiz tinimsiz shovullar, bu ovoz dengiz to‘lqinining qirg‘oqqa urilishi emas, million yillar ilgari yer sharining ulkan chuqurliklaridan birida to‘plangan suvlarning hayajonli, dardli ovozlari edi. Qanaqadir sovuq uning suyak-suyagigacha o‘tib ketdi. O‘zini ehtiyot qilish uchun yelkasi bilan qoyaga suyandi, kunduzgi issiqning tafti hali qoyada saqlanib qolgan, boz ustiga, qoya uni go‘yo himoya qilardi. U g‘ujanak bo‘lib uzoq o‘tirdi. Shu mahal qarshi tomondagi qoyada g‘aroyib suratlarni ko‘rdi: ibtidoiy odam qo‘lida nayza bilan bahaybat hayvon izidan borardi… Ey, Xudoyim, bu qayerda bo‘lgan?!
Asabiylashma, tinchlan, sen o‘zingni yashirish uchun izlab topganing mana shu huvillagan kimsasiz joydasan. Va anchadan beri ishlatilmay yotgan to‘pponchang ham shu yerda, ana sumkada. Axir sen xilvat joyga shuning uchun kelmadingmi? Nayza ham necha asrlardan beri egasini kutib yotipti, ko‘ramiz kimga nasib etarkan…
Tun o‘ta tashvishli kechdi. Million yillar ilgari yer sharining ulkan chuqurliklaridan birida to‘plangan suvlarning dardli shovullashi shundan darak berardi. Dengizning bunaqa shovullashini umrida birinchi marta eshitayotgan edi. Balki oxirgi marta eshitayotgandir. Bir zum uning xayoli uyiga ko‘chdi: shinam oshxona, onasi pishirib kelgan do‘lmani isitib,oldiga qo‘ygan xotini ko‘z o‘ngidan o‘tdi. (Onasi olib kelgan do‘lma shu qadar mazali bo‘lardiki… Immm…).
Telefonning tahlikali qo‘ng‘irog‘idan keyin xotiniga “Iloji bo‘lsa… onamning qirqini o‘tkaz…” dedi.
“Quturgan pullar ham tugadi… Bolalarim, sabrli bo‘linglar”.
Ro‘parasida nayza, qo‘lida to‘pponcha… Aqldan ozib qolish hech gap emas. Uxlash kerak.Bu vahimali tundan faqat uxlab qutilish mumkin.
Tizzalarini bukib, sumkasini quchoqlab oldi, ko‘zlarini qattiq yumdi. Qandaydir hasharotning chirillagan ovozi va anglash qiyin bo‘lgan shitir-shitir qulog‘iga chalindi. Yuzlari, butun badanidagi toshday qotib qolgan muskullari bo‘shashib borayotganini sezdi, barcha tashvish va qo‘rquvlarni unuta boshladi. Uyqu va tushlar uni o‘z og‘ushiga olgandi.
Bu yerga yaqinroq joyda qabriston bormikan? Onamni rahmatingga ol, Ollohim!
Aloq-chaloq tushlar orasida bir fikr urildi miyasiga. Hasharotning chirillashiga o‘xshagan tovush o‘ylarini to‘zg‘itib yubordi. Hammasi tugadi. Endi bu dunyoda uning uchun hech narsa – quvonchu hayrat ham, tashvishu g‘am ham qolmadi, hech narsa qolmadi. Hammasini o‘sha yoqqa – qayerdan kelgan bo‘lsa o‘sha joyga tashlab keldi.
Ha, barcha narsani – onasining hayoti va o‘limini , xotinining tomog‘ini yirtgudek bo‘lib baqirishini, sakkiz yoshli o‘g‘lining beparvoliklarini, yigirma beshtalik va elliktaliklar bilan liq to‘la sumkasini, tillolar solingan uchinchi sumkani (uni ikki oycha ilgari xotinining qishloqda yashaydigan qarindoshiga berib kelgan edi) o‘sha yoqda qoldirdi. Bularning hammasi bugun uning uchun ahamiyatsiz, bir chaqalik qimmati yo‘q. Barchasini tashlab keldi, u bir umrga qoldirdi. Farishta Isrofil eng oliy sudga chorlovchi surnayini chalguncha o‘sha joyda yotadi ularning barchasi. Bu yerga o‘zi bilan kutishni, tom ma’nodagi aqlsizlikka o‘xshagan kutishni olib keldi, xolos. Bu tuyg‘uni u barcha narsada ko‘rardi: qoyalarda, tungi shitir-shitirlar va qushlarning qo‘qqis chiyillashlarida, uzoqdagi dengiz shovullashida sezardi. Nazarida atrofidagi barcha narsalar u singari oxirgi surnay chalinishini ilhaq holda kutardi.
Gohida unga umid uchqunlari ko‘rinardi, u goh yonib, goh o‘chib turardi. Bu holat unga kecha tunda uni mana shu ovloq joyga tashlab ketgan taksining o‘chib-yongan faralarini eslatardi. Ajib bir umid va ishonch qalbini zabt etdi, nazarida mo‘jiza ro‘y beradi-da, ertalab, ehtimol erta oqshom ukasi uni qidirib bu yerga keladi va “Bo‘ldi, hammasi joyiga tushdi, hech narsadan qo‘rqma, qayt uyga”, deydi. Uchta so‘z, ha, atiga uchtagina so‘z, Ollohning mo‘jizasiga teng keladigan uchta so‘z!
Kutish uni shunday toliqtirdiki, yuragi toshdan ekan, aks holda chiday olmas, allaqachon yorilib ketardi.
Xayolini chalg‘itish uchun chang bosgan tuflisiga termuldi va ipini yechdi. Tuflisi va paypog‘ini yechdi-da, namchil yerga oyog‘ini qo‘ydi. Oyog‘ining barmoqlari jimirladi, tovoni, oyog‘ining ostida nimadir o‘rmalaganday, tomirlari uzra chimillagan narsa yugurganday tuyuldi. Sumkasidan termosni oldi va hali isib ulgurmagan suvdan ikki-uch qultum ichdi. U termos qopqog‘iga labini tekizarkan, ular biroz shishganday, salgina og‘riganday sezdi, bu tungi qo‘rquv va vahimaning ta’siri bo‘lsa kerak, deb o‘yladi. Bu yerga kelganidan beri u birinchi marta o‘pkasini to‘ldirib nafas oldi, chuqur xo‘rsindi. Yaxshiyam chekishni tashlaganim. Aks holda bu yerda sigaretsiz rosa qiynalardim.
Bir necha yil burun qamoqdagi amakisini ko‘rgani borganini esladi. Tavba, barchaning qarindoshlari peshonasiga yozilgan ekanmi qamoqda yotish?!
Uchrashuvning dastlabki onlari yodida qolmagan, ikkovi ham hayajonda edi. Qalin oyna orqali gaplashishdi, telefonda gaplashgandan hech farqi yo‘q edi. Amakisi qora kiyimda. Qalin qop-qora sochlari butunlay oqarib ketgan, bu oqarish yuzlari-yu qo‘llarigacha ta’sirini o‘tkazgan edi. U amakisiga bir blok sigaret bermoqchi bo‘ldi va nazoratchidan bunga ruxsat berishni iltimos qildi, ammo amakisi rad etdi. “Chekishni tashladim, – dedi oyna ortidan, – yaramas odat bu. Senga ham maslahatim, chekishni tashla…”
U avvaliga amakisining gapiga e’tibor bermadi, temir darvozadan chiqayotib uni to‘satdan qanaqadir qo‘rquv bosdi va shu zahoti chekishni butunlay tashlashga qaror qildi. To‘g‘ri, birdaniga tashlay olmadi, ammo tashladi. “Quturgan pullar ham tugadi… Bolalarim, sabrli bo‘linglar”.
Sovuq uning a’zoyu-badaniga o‘tib ketdi, qamoqxonadan mehmonxonaga borguncha dublyonkasining yoqasini ko‘tarib, telpagining quloqchinini tushirib oldi. Yo‘lda uchraganlarga ajabsinib qarab qo‘yadi: ular bu sovuqqa qanday chidar ekan-a, u bunday joylarda bir kun ham yashamasdi. Oyog‘i ostida g‘archillayotgan qorday sovuq fikr miyasiga urildi.
“Quturgan pullar ham tugadi. Bolalarim, sabrli bo‘linglar!”
Quyosh boshi uzra nur sochib turardi, u xuddi qonga to‘la tillo gardishli tog‘oraga o‘xshardi.
U telefon qo‘ng‘irog‘idan keyin tezda kiyinib mikrorayondan shahar markaziga – ukasining uyiga piyoda jo‘nadi. Ukasi oyoqyalang, ichki kiyimda eshikni ochdi va shu holda turib qoldi, hali uyqusi tarqab ulgurmagandi, mast odamday chayqalib ketardi. Ukasining orqasida guldor xalatining tugmasini qadagan bo‘yi kelini mo‘ralab turardi. U hayajon va vahima og‘ushida, ammo o‘zini bazo‘r tiyib olgan, ko‘zlari kayfiyatining ifodasi edi. Kelinining holatiga qarab o‘zini noqulay sezdi. U tez-tez gapirib ukasiga tushuntirdi: nima qilish kerak, qanday qilish kerak, o‘zini qayerdan qidirish kerak. So‘ngra xayrlashmay chiqib ketdi. Eski, to‘kilib yotgan zinalardan tushar ekan, eshik asta yopilganini eshitdi va o‘ziga o‘zi shivirladi: “Meni qo‘lga olmoqchi bo‘ldilaringmi, olib bo‘psanlar!” Mana shu eski, to‘kilib yotgan, xira yoritilgan zinada birinchi marta shu so‘zlarni aytdi, keyin bir necha marta takrorladi. Biroq tahlikali telefon qo‘ng‘irog‘idan keyin uzil-kesil qarorga keldi va to‘pponchasini olib sumkaga joyladi, shunda xotinining ko‘ksidan ingrash otilib chiqdi. Avvaliga itning g‘ingshigani o‘xshash bu ovoz qayerdan kelganini anglamadi, hovlida yurgan daydi itlarning ovozidir, deb o‘yladi. To‘pponchani sumkaga joylab, xotiniga qaradi va bildiki, xotini uning qarorini ma’qullayotir, binobarin, xuddi o‘zi kabi xotini ham boshqa yo‘l ham, chora ham ko‘rmayotir. Ofarin!
Sarpoychan oyog‘ini yig‘di, qichish va zirqirab og‘rishlar bosilgan edi. Termosning qopqog‘ini yaxshilab yopdi va sumkaga joyladi. Agar ertaga ertalabgacha ukasi kelmasa donishmand qo‘shnisi Muqbil amaki aytganday “voqea sodir bo‘lgan va nihoyasiga yetkan…” Bu dunyoda hamma narsaning ibtidosi va intihosi bor – kimdadir erta, kimdadir kechroq. Muqbil amaki yaxshi ko‘radigan iboraning zamirida ana shu fikr mujassam edi. Tungi telefon qo‘ng‘irog‘ida titrab aytilgan qisqagina “Karimovni qo‘lga olishdi!” degan gapda ko‘p ma’no bor edi. Bu gapdan uning yuragi qafasdagi qushday potirlab ketgandi.
Keyingi ikki oydan buyon u tungi qo‘ng‘iroqlarga, qisqa, past ovozda aytiladigan gaplarga o‘rganib qoldi: ishlar chatoq, olishmayapti, yo qo‘rqadi, yo istamayapti, ostonadan o‘tkazishmayapti, ko‘zi tushishi bilan haydab soladi, ularni ko‘rishga toqati yo‘q… Karimovning og‘iz-burun o‘pishib yuradigan yuqori martabali do‘stlari birdaniga o‘zini tortdi, go‘yo uni tanimay qoldi, barcha eshiklar uning uchun yopildi. Avvaliga uning ishongisi kelmadi, nega bunaqa bo‘lyapti, qadrdon do‘stlari edi-ku, deb hayron bo‘ldi. Uyda xotini ularni qo‘rqoq, ikki yuzlamachi, deb haqorat qilardi. Er-xotin oshxonada tonggacha gaplashib o‘tirar, shu bilan yuragini biroz bo‘shatar, tong yorishganda, qaylardandir xo‘roz qichqirgani eshitilganda uyquga yotishar edi. Xotini boshi yostiqqa tegishi hamona uxlab qolar, u anchagacha uxlayolmay yotar, derazadan tushib turgan quyoshning changli nuriga termulib xayol surardi. Mayda chang zarralari quyosh nurida xuddi raqsga tushayotganday jilvalanar, u esa butun vujudi bilan tarang tortilgan torday nurga inon-ixtiyorini topshirar, hech narsani o‘ylamaslikka harakat qilardi. Gulqog‘ozlarning sarg‘ish ranglariga termulib yotarkan, tushiyu o‘nggi aralash bir fikr uni qamrab oldi. Xudo ko‘rsatmasin, agar shunday bo‘lsa, yo‘q, O‘zi asrasin, bordiyu shu voqea ro‘y bersa, men tiriklay o‘zimni topshirmayman. Yo‘q, sira ham, bildingmi, bunga mutlaqo yo‘l qo‘ymayman. Shu yoshimda qamoqxonaga borish, Xudo ko‘rsatmasin. Na yoshim, na sog‘ligim taqozo etadi buni! Qamoqxona-ya! Yo‘q, azizim, hazillashyapsanmi?! Shunday o‘y-xayollar og‘ushida uxlab qoldi, peshingacha tush ham ko‘rmay tinch, qotib uxladi.
Tinch uxladimi, tush ko‘rmadimi? Qayoqda. Ko‘rgan tushlarini unutdi, xolos. Bugun uyqu oldidan manavi qoyalar ichida botayotgan quyoshning qon kabi qip-qizil shafag‘iga qarab o‘tirib esladi o‘sha kunni, o‘sha tunni.
U ko‘pincha vahimali, qo‘rqinchli, shovqin-suronli tushlar ko‘rar edi. O‘sha tundagi tushi esa negadir tinch-sokin, yorqin edi. Tushida Mustafo tog‘asini ko‘rdi. Oxirgi o‘n besh yildan beri deyarli eslamasdi, hatto tog‘asi vafot etganida janozasiga bordimi-yo‘qmi esida yo‘q. Tushida tog‘asining ovozini eshitdi, rayhon hidini sezdi. Tog‘asining qalin soqoli uzra non ushoqlari ko‘kragiga tushganini aniq ko‘rdi.
Oyda bir-ikki marta Mustafo tog‘asi tog‘dan tushib kelar, ularnikida uch-to‘rt kun turib ketardi. Mustafo ularning bir qavatli uyining ostonasidan o‘tarkan “Bolalar, tog‘dan kelayapman” deb turli shirinliklarga to‘la xurjinini yelkasidan olardi. Ichkariga kirib xurjinini koridorning burchagiga qo‘yib, undan tandirda yopilgan non, qovurilgan no‘xat, mayiz olib ko‘zlari katta-katta bolalarga tarqatardi-da, ularga ertak ayta boshlardi.
O‘sha kuni tushga yaqin uyg‘ondi, ko‘rgan tushlarini umuman eslayolmadi, unutdi. Nima uchun shunday bo‘lganini mana bugun tushundi. Unga tansiq taomlar bilan to‘la dasturxon – nonushta muntazir edi. Ayniqsa, och qoringa ichganda sog‘liqqa foyda bo‘ladigan sharbat esida qolgan.
… Qani edi Mustafo tog‘asi tog‘dan ularga bir xurjin to‘la yeguliklar olib kelgan, ertak aytib bergan kunlarga qaytsa. Qanday zavqli damlar edi-ya. Ular ikki aka-uka va singsi mayiz, qovurilgan jo‘xori va boshqa shirinliklarni to‘ygunicha mazza qilib yer, sharbatlar ichar, tog‘asining qo‘rqinchli ertaklarini hayajon bilan tinglar edi. Onasi Mustafo tog‘asi kelgan shu ikki baxtli kun tugamasin, umri oxirigacha davom etsin shu shirin lahzalar, deb Ollohga iltijo qilib so‘rardi. Nima uchun katta bo‘ldi? O‘sha ochlik yillariga qanday chidadi? Nega? Nima uchun chidadi? Mustafo tog‘asi bilan tog‘larga ketsa, o‘sha yoqlarda qor va izg‘irinli sovuqlarda yursa bo‘lmasmidi? Yetimlik yillari nega tugadi? O‘sha yillarda u haqiqatdan ham baxtli ekan. Hech qanaqa tashvish yo‘q, g‘am-g‘ussa, qo‘rquv, hadik yo‘q. Naqadar baxtiyor damlar ekan-a!.. Qani endi u kunlar! Bir lahzasini ham topib bo‘lmaydi!..
O‘yna, qo‘lingdan kelganini qil, o‘yna, taqdir nima yozgan bo‘lsa, shuni ko‘rasan. Onasi ham, Mustafo tog‘asi ham bu gapni ko‘p takrorlar edi.
Otasi qazo qilganida onasi dod-voy qilmadi, sochini yulib uvvos solib yig‘lamadi. Taburetkaga boshini egib o‘tirgancha, mahzun holda xasta ovozda “O‘yna, qo‘lingdan nima kelsa qil, taqdir nima yozgan bo‘lsa, shuni ko‘rasan” dedi. Keyin fotihaga kelgan har bir odamga shu gaplarni takrorlab o‘tirdi. Shu bois otasining vafot etgan kuni unga yig‘i-sig‘i bilan emas, ana shu so‘zlar bilan yodida qolgan. “O‘yna, qo‘lingdan nima kelsa qil, taqdir nima yozgan bo‘lsa, shuni ko‘rasan”. O‘sha tunda u derazada g‘alati miltillagan narsani ko‘rdi, keyin ostonada Taqdir paydo bo‘ldi, u oppoq kiyimda qo‘lidagi sozni ko‘ksiga mahkam bosib, juda mungli kuy chalar, uni eshitib beixtiyor yig‘lab yuborardi kishi.
O‘sha voqealarni u bugun esladi. Ular xotirasida muhrlanib qolgan.
Ey, Ollohim, bu qanaqa og‘riq bo‘ldi-ya, bunaqa azoblar qayoqdan keldi? Bu chidab bo‘lmas og‘riq tufayli quyosh ham qonli ko‘rinmoqda, hatto qoyalarning yoriqlari ham qonga to‘lganday. Yon-atrof, butun olam qon bilan bo‘yalgan, quyosh qip-qizil nur sochayotganday edi. Yo, Olloh, bu ne hol? Nazarida, u vulqon ustida o‘tirganday, vulqon hozir otilib ketadi va hammayoqni uning lavalari qoplab oladiganday tuyuldi… Lavalar bilan birga barcha unutilgan, yerga ko‘mib tashlangan xotiralar otilib chiqadiganday taassurot paydo bo‘ldi. Chunki quyosh bekorga bunaqa qonday qip-qizil bo‘lib qolmaydi. Har bir odamning o‘z quyoshi bor, kimgaki quyosh shu taxlit ko‘rinsa o‘sha kun uning uchun eng qayg‘uli kun hisoblanadi.

“Sen taxmin qil, Olloh taqdir qiladi…”
“Quturgan pullar tugadi… Sabrli bo‘l…”
“Tog‘dan kelayapman, bolalar!”
“Qo‘lga olishdi! Karimovni qo‘lga olishdi!”

Quyoshning qonli-qizil shafaqlarida qoyalar go‘yo lovullab yonardi. Bu ovloq, vahimali joyni kim o‘ylab topdi ekan, qanaqadir yovuz kuch bu yerdan o‘ziga najot qidirgan bo‘lsa kerak. Bu yerda inson zoti aqldan ozib qolishi hech gap emas. Yaramas, yaramas Gobuston qoyalari…
Polirovka qilinganday silliq qoyaning ustki qismi o‘rtasidan yorilgan. Bu yerga oxirgi marta quvnoq bir kompaniya bilan kelganini esladi. Ular Karimov bilan “Inturist”da juda muhim va kerakli mehmon sharafiga shohona ziyofat tashkil qildi. Unda yuqori martabali do‘stlaridan biri ham ishtirok etdi. Qisqasi, hammasi oliy darajada uyushtirildi. Yuksak maqomdagi kayfi-safodan so‘ng yarim kechasi ajrashishni xohlashmadimi yoki yana nimadir istadimi ko‘ngillari, biroz shamollab kelish maqsadida Gobuston qoyalariga yo‘l olishdi. Tungi osmon xuddi kechagidek yulduzlar bilan to‘la, yulduzlar va oyning yorug‘ida respublikaning janub tomoniga eltuvchi yo‘l kumush tasmadek yaltirab yotardi.
Mehmon yilda bir-ikki marta kelar, o‘n besh-yigirma kun eng yaxshi mehmonxonaning luks xonasida yashardi. U armonsiz maishat qilar, unga ko‘ngli istagan narsasini muhayyo etishardi. Shu orada juda jiddiy ishlarni bajarardi. Ammo Gobustonga olib borishmagan edi. Bugun to‘satdan aziz mehmonni Gobustonga olib borishga, yulduzlar va oy yorug‘ida qoyalardagi rasmlarni ko‘rsatishga qaror qilishdi. Mashinalarga o‘tirib, yo‘lga tushdilar. Ayollarni ham olishdi, ularsiz kayf-safo kayf-safo bo‘larmidi. Baland bo‘yli, tajribali Nargiz va juda yosh, o‘n yetti-o‘n sakkiz yoshlardagi qora ko‘z ham, qora qosh ham emas, bir zumda o‘zini yo‘qotib qizarib ketadigan… xah, oti nima edi-ya… qiz taniqli sozanda bilan keldi. Sozandaning qo‘lida tor emas, qadimiy musiqa asbobi ud bor edi. Shu cholg‘uda aziz mehmon uchun ajoyib kuylar chalib berishini aytdi… Nargiz bilan oldindan gaplashib, pulini berib, mehmon uchun taklif qilishgan edi. Aslida Nargiz Karimovning jazmani edi, ammo ularning ishqiy munosabatlarining shovqini allaqachon bosilgandi. Endi u alohida sovg‘a sifatida qimmatli kiyim-kechagu taqinchoqlar evaziga eng aziz, kerakli mehmonlarga xizmat ko‘rsatardi. O‘sha unutilmas kechada hamma narsa mehmon uchun edi: hamdu sanolarga to‘la uzundan uzoq qadah so‘zlari ham, qo‘y qovurg‘alaridan pishirilgan kaboblar ham, fransuz konyaklari, marinovka qilingan baqlajonlar, behayo qo‘shiqlar ham mehmonga atalgan ediki, odessalik mehmon bunaqa ashulalarni xush ko‘rar, shu bois restoran orkestri qayta-qayta ijro etardi. Ana shu zavqli ashulalar asnosida Karimov qo‘lidagi Shveysariya tilla soatini yechib mehmonning qo‘liga taqib qo‘ydi, bir blok amerika sigaretini taqdim etdi. Nihoyat, yarim yalang‘och Nargiz noz-karashmayu ishva bilan mehmon yoniga keldi. U har qanday erkakni osongina yo‘ldan ura olar edi. Agar iloji topilsa Nargizni ham chinni idishga yoki billur vazaga solib, mehmonning oldiga qo‘yar, bu bilan unga sadoqatini izhor etardi.
Ular mashinada bu yerga kelishdi. Kumush kamar singari yaltirab turgan yo‘l chetida to‘xtadilar. Hammasining kayfiyati chog‘, hazil-huzul, qah-qaha avjida. Ular necha kishi edi, o‘ntami? Yo‘q, ko‘proq, to‘rtta mashinada kelishdi. Yuqoriga ko‘tarila boshladilar, yozuvlar bor qoyani ko‘rmoqchi edilar, ammo qorong‘ida hech narsa ko‘rinmadi. Hammasi bir joyga to‘planib, sozandadan udda biron kuy chalib berishni iltimos qildi. Qoyalarda aks-sado berib, mumtoz musiqa yangradi. Kuy ularning sarmast boshini gangitib, jo‘shib turgan tuyg‘ularini sarosimaga keltirdi… Kimdir qo‘l fonarini olib, ulardan uzoqlashdi va o‘sha tomondan “topdim” deb baqirdi. O‘shanda u kulrang qoyadagi bahaybat hayvon ortidan nayza ko‘tarib ketayotgan ibtidoiy inson rasmini birinchi marta ko‘rdi.
“Iye, bu o‘zimizning Samsonov-ku! Chiq bu yoqqa, Samsonov!” Ammo negadir bu hazili o‘xshamadi, kulgisi kelmadi, aksincha, biroz ko‘ngli g‘ash bo‘ldi. Musiqa tinglab o‘tirgan ulfatlari sari shoshildi.
Xotini uxlamay, oshxonada choy ichib gazeta ko‘rib, uni kutib o‘tirdi. U tongga yaqin fransuz konyagi, turli aroqlaru turli-tuman ovqatlardan bo‘kib qolish darajasida chayqalib kirib keldi. Xotini bir og‘iz nolimadi, tanbeh bermadi, o‘pka-gina ham qilmadi. Uzoq yillik turmushlari davomida ular bunga ko‘nikkan: oilada erning o‘z o‘rni bor, ayolning o‘z o‘rni bor. Biroq o‘sha kecha xotini uni baribir biroz ranjitdi. To‘satdan onasining ahvoli og‘irlashibdi – ikki oydan buyon ona sho‘rlik onkologiya shifoxonasida yotipti. Xotini xabar olib turibdi, ammo onasi uni – o‘g‘lini ko‘rishni istaydi. U esa ishim ko‘p, vaqtim yo‘q, deb borolmaydi. Xotini hozir shuni yuziga soldi. U boshini changallab, ko‘zlarini yumdi. Shifoxonaning oppoq devorlari, oppoq xalat va oppoq qalpoq kiygan hamshiralar, oppoq ko‘rpaga burkanib olgan ozg‘in onasi, uning ko‘kimtir lablari, ko‘kragidan xirillab og‘ir nafas olayotgani ko‘z o‘ngidan o‘tdi. Vrachlar umid beradigan gap aytmadi, faqat Ollohning inoyati bilan biron-bir mo‘jiza ro‘y bersa, uning umri uzayishi mumkin, deyishdi. Xotinining javrashiga ahamiyat bermadi. Ko‘zlarini yumib o‘tirgancha onasi yotgan kasalxonani, unga qo‘shib barcha kasalxonalarni bolaxonador qilib so‘kdi, do‘xtirlarning hammasi yalqov, savodsiz, hech baloni bilmaydi, pul bilan ko‘mib tashla – foydasi yo‘q, biri biridan qimmat, topish amri mahol bo‘lgan dorilarni yozib berishdan nariga o‘tmaydi yaramaslar. Mo‘jiza umrini uzaytirar emish! Qani o‘sha mo‘jiza?! Uni sotib olib bo‘lmaydi-ku! Sen ojizsan, onangning hayotini saqlab qolishdan ojizsan!
To‘satdan bir fikr urildi miyasiga: Xudo ko‘rsatmasin shu kunlarda onam o‘lib qolsa-ya. Mehmon nima bo‘ladi?! U Bokuda yana o‘n kunlar bo‘ladi. Men bu yerda janoza, undan keyingi ma’rakalar bilan ovora bo‘lsam… Istaysanmi-yo‘qmi mehmonni Karimovga topshirishga majbur bo‘lasan va o‘yindan chiqasan. Yo‘q, bu ketmaydi, bundan bo‘lishi mumkin emas, sirayam mumkin emas! Buni hatto tasavvur qilish qiyin! U faqat shaxsiy manfaati uchun kun bo‘yi mehmon bilan yurmaydi, soatlab shovqin-suronli restoranda o‘tirmaydi-ku. Ish uchun, ko‘pchilik uchun shularga chidaydi. Hozir ayti vaqti – bitta juda muhim ishni o‘zi tomonga og‘dirish, buning uchun bitta nusxaga yalinish, iltimos qilish kerak, nima qilib bo‘lsa-da, u yaramasni pora olishga ko‘ndirish zarur, shart! Shu ish ko‘ngildagiday amalga oshsa bir necha kishi bahramand bo‘ladi, o‘zining, oilasining tinchligi, xotirjamligi va baxti ham chetda qolmaydi.
Shu xayollar bilan uxlab qoldi. Xotini qanaqa qilib xobgohga olib borgan, yechintirgan, joyiga yotqizgan – birontasini eslay olmaydi.
Bir qavatli eski uyda ona bolasini emizayotir, bola qalqib ketadi va sut uning og‘zi atrofida oqadi. Ertaklardagi pahlavonlarga o‘xshagan sersoqol kishi yelkasida xurjini bilan o‘sha uyga kirib keladi-da “Tog‘dan kelayapman, bolalar!” deydi.
U yig‘ladi. Ovoz chiqarmay, g‘amgin, bolalar kabi burnini tortib-tortib yig‘ladi. Qirq uchinchi yilning qahraton qish kunlari Bokuning tor ko‘chalarida ozib-to‘zib ketgan ustida hatto o‘sha og‘ir yillar uchun ham tasavvur qilish qiyin bo‘lgan juldir kiyimli tilanchi yurardi. U odamlar oldiga borib xuddi bolalarday burnini tortib yig‘lar, bir og‘iz gapirmay biron nima bering, degan ma’noda qo‘lini cho‘zardi.
U sovuq va och bolalik yillarining ramzi – belgisiga aylangan tilanchini esladi. Uning ko‘z o‘ngida yana kechagi kun, aniqrog‘i, taksidan tushib qoyaga ko‘tarila boshlagan kecha namoyon bo‘ldi. Fikrlari qoya toshlari uzra sirpanib ketayotganga o‘xshardi. Qiyg‘irlar shunday pastlab uchardiki, ularning dumidan tutib olish imkoni borday edi.
Biroq hammasiga javob oladi, ertami-kechmi albatta oladi javob. Ko‘rolmaslik bartaraf etiladi, haqiqat unga bo‘y ko‘rsatadi, afsus, ming afsus, bu holat kech, juda kech, balki eng so‘nggida ro‘y berar. Yo, Ollohim, hammasi sabrimizni sinamoqchi. Darvozaning bu tomonidagilar ham, allaqachon u tomonga o‘tkanlar ham. U odatiga ko‘ra ko‘zlarini qisib oldi, yorug‘likka qarashni istamadi.
Yorug‘likda umid paydo bo‘ladi. Sabrsizlikdan yuragi gupillaydi. Nazarida bir mo‘jiza ro‘y berib, hozir, mana hozir ukasi paydo bo‘ladi va uni qutqaradi. Uning barcha azoblari, qo‘rquvlari, iztiroblari vahimali tush kabi izsiz yo‘qoladi. Yo, Ollohim, O‘zing panohingda asra, madad ber, yordam ber, panohingga ol!
Quyosh bota boshladi, atrof g‘ira-shira tus oldi. U ko‘zini ochdi, qorong‘ilashib borayotgan atrofga nazar soldi. Qisqa vaqtda ko‘zlari qorong‘ilikka moslashib, yorug‘likka qaray olmaydigan bo‘lib qolganday tuyuldi. Xayoliga boshqa bir fikr keldi: uning ikki juft ko‘zi bor edi go‘yo, bir jufti yorug‘likka qarardi, ular o‘sha yoqda – hamma narsa qolgan joyda qoldi, ikkinchi juft ko‘zlari faqat qorong‘ilikka moslashgan edi. Ana shu ko‘zlari butun qorong‘ilikni, uning barcha qo‘rquv va vahimasini ohanrabo singari o‘ziga tortardi. Bundan yuragi larzaga kelardi.
Unga shunday tuyuldiki, bularning bari xuddi hozirgidek qachonlardir ro‘y bergan. Gobuston qoyalariga o‘tirib, mavhumlikka termuldi. Yo‘q, shunday tuyulmadi, aslida shunaqa bo‘lgan, ha-ha, bo‘lgan, qachonligini eslay olmaydi, ammo bo‘lgani aniq. U ko‘zlarini qattiq yumdi, tizzalarini quchdi-da, unga boshini qo‘ydi, shunda momoqaldiroq gumburlagandek ovoz eshitildi – uning yuragi gursillab urardi. Mushtdekkina, kichkina yuragi butun jismidagi hayajonu qo‘rquvlarni ko‘tarishga ojizlik qilardi: buning ustiga biri darvozaning u tomonida, biri bu tomonida.
Ertalabgacha omon bo‘lsaydim, ukam kelgunicha chiday olsaydim… Ollohim, madad ber, kuch-quvvat, sabr ber, panohingda asra, yolvoraman, yalinaman, iltijo qilaman, yordam ber! O‘ldirma meni, iltimos, o‘ldirma, rahming kelsin, shafqat qil!..
Tunda million yillar ilgari yer sharining ulkan chuqurliklaridan biriga to‘plangan suvlar yana shovulladi, vahimali, qudratli shovqini kelib turdi, barcha qushlar baravar qichqirdi, osmonga ayamay sochib tashlangan yulduzlar qoyalar singari yiriklashib ketdi, ingichka, o‘tkir nurlar pastga yirik-yirik sovuq toshlarni ota boshladi. U sumkasini quchoqlab oldi, g‘ujanak bo‘lib yotdi, go‘yo o‘zini barcha narsadan ihota qilganday. Mayda pashshalarning ko‘pligidan ko‘z o‘ngida g‘alati, qo‘rqinchli doira paydo bo‘ldi.
Kechami-kunduzmi – farqiga bormay qoldi. Diqqat bilan qaradi – qop-qora tun. Shu qorong‘ilikda Ozarboyjonning janub tomoniga ketgan yo‘l kumush kamar kabi yaltirab ko‘rindi. Qorong‘i kechada og‘ir-og‘ir nafas olayotgan onasi turardi, uning qo‘lida uzum bargidan qilingan do‘lma to‘la qozon, shu qorong‘ida uning uyini tintuv qilishayotir, qayerdan chiqib ketishni bilolmayotgan xotini va ukasi oshxonada yig‘lab o‘tiribdi…
U sira bilolmasdi – tun shuncha cho‘zildimi yoki allaqachon tong otdimi. Ammo bir narsani aniq bilardi – barcha odamlar, hatto marhumlar ham Muqbil amakining yonida. Chunki bu yoqqa uni qutqarish uchun hech kim kelmadi. Aks holda barchasi joy-joyiga tushar, hammasi o‘z nihoyasiga yetardi. Eh, Muqbil amaki! Yo, Ollohim , barcha bandalaringga qabr nasib et.
“Quturgan pullar tugadi… Bolalarim, sabrli bo‘linglar”.
Onajon, men hammasini tushundim, to‘g‘ri, kech, haddan tashqari kech, ammo tushundim…
U sumkasidan sakkizta o‘q joylangan to‘pponchani oldi. Qattiq ovozda, deyarli baqirdi:
– Meni qo‘lga olmoqchi bo‘ldingizmi? Olib bo‘psiz!
To‘pponchaning uchini og‘ziga soldi va tepkini bosdi. U baribir anglab yetmadi – hali tunmi yoki tong yorishdimi? To‘pponcha otilgani eshitilgan zahoti ming yillardan beri o‘zining vaqti-soatini kutib yotgan nayza qoyadan ajralib, atrofga shuvillagan ovoz taratib uzoq-uzoqlarga, Bokudagi musulmonlar qabristoni tomonga uchdi. U yerda oppoq kafanga o‘rangan kampirning dahshatli nolasi taraldi, uning dod-faryodini qabristondagi barcha marhum va marhumalar eshitdi.
Shu mahal g‘or atrofidan yarim yalang‘och odamlar chiqib keldi-da, uni boshqa g‘orga olib ketishdi. U yerda bir necha yarador kimsalar yotardi. Inson qoni va zamin namligidan ho‘l bo‘lib qolgan yaradorlar qatoriga yotqizishdi uni.
Pastda esa yer sharining ulkan chuqurligida to‘plangan qora suvlardagi akulalar o‘tkir tishlarini qayrab, ovqat qidirar, dumini jahd bilan har yonga urar edi. Suv shunday qop-qora ediki, go‘yo o‘tgan million yillar va kelajak yillarning butun tunlarining tusini o‘ziga singdirib olganga o‘xshardi.
U og‘riq va issiq ta’sirida hushini yo‘qotdi, hech narsani eslay olmadi. Bir fikr miyasida charx urardi: agar tirik qolsa o‘zining aka-ukalaridan biriga aylanadi, o‘lib qolsa uni baland qoyadan dengizga uloqtirishadi. Ana dengiz, shundoqqina qoya ostonasida chayqalib yotipti. U yerda, dengizning qop-qora suvlarida akulalar anchadan beri o‘zining o‘ljasini kutayapti.

GO‘ZAL DARADA BAHOR

Jonlantirish brigadasining boshlig‘i hovlining salqin burchagida o‘tirar, go‘yo hammomdan chiqqanday yuzida quyilib kelayotgan terni artardi. Hammomning parxonasidan chiqqan kabi hansirab nafas olardi. “Yo, tavba, o‘lgan odamni tiriltirib bo‘larkanmi”, deb o‘ylardi Sayali xola. U ro‘molchasi bilan yelpinayotgan yuzlari qip-qizil ko‘zoynakli semiz do‘xtirga umid bilan ko‘z tashlab qo‘yardi. Sayali xolaga bo‘lgan voqeani – Salaxovning qayin singlisi avto halokatga uchragani, oqibatda o‘lim holatiga kelib qolgani, uni o‘ziga keltirish uchun Bokudan vrach chaqirilgani – hammasini qishloq feldsheri aytdi. Qiz o‘lgan, ha, ha rostdanam o‘lgan, chala o‘lik bo‘lmaydi-ku, dedi feldsher. Tushundingmi? Bokudan kelgan vrach sirli-sinoatli do‘xtir emish. Qishloq feldsheri yana nima deydi deng: bu vrach o‘liklarni tiriltiradigan barcha vrachlarning eng kattasi emish. Shunaqa! Demak, u bu yerga shuning uchun kelgan… Alloh madad bersin. Nimalar bo‘lyapti o‘zi, a? To‘g‘ri, Salaxov kichkina odam emas. Uni na faqat qishloq ahli, rayon markazida, hatto Bokuda ham tanishadi. Shunday hurmatli odamning qayin singlisi, palakat bosib, qandaydir bir betayin kimsaning mashinasiga o‘tiribdi. U yaramas qizning husniga mahliyo bo‘lib mashinani telbalarcha haydabdi, ammo qiz aytgan joyga emas, buloq tomonga odamlar intim maskan deydigan tarafga buribdi.
Hovliqib haydash oqibatida mashina halokatga uchrabdi. Salaxovning qayin singlisi qayoqqa, nima uchun, kim bilan borgani haqida butun qishloqda shov-shuv tarqaldi, hamma bir-biriga bu haqda pichirlab gapiradi. To‘g‘ri-da, shunday hurmatli odamning qarindoshi bilan bo‘lgan voqeani butun qishloqqa jar solib gapirish yaxshi emas-da. Qishloq feldsheri sho‘rlikning qo‘lidan nima kelardi, o‘zi bir merov bo‘lsa, qo‘pol qilib aytganda, odamning kasali bilan hayvonning kasalini farqlay olmaydi. Yaxshiyam Bokuga qo‘ng‘iroq qilib vrach chaqirishdi, keyin manovi ko‘zoynakli semiz do‘xtir keldi. Bo‘lmasa qiz boyaqish ertalabgacha narigi dunyoga jo‘nab qolarmidi. Alloh, bizlarga o‘zing yordam ber, do‘xtirlarga kuch-quvvat ber, qiz sho‘rlikni o‘zing panohingda asra, hammaga yordam ber, barchasiga odamning rahmi keladi, hammasi odam bolasi-da axir. Salaxovga ham, uning qayin singlisiga ham, o‘lgan odamlarni tiriltiradigan eng katta do‘xtirga ham o‘zing yordam ber, Allohim!

Sayali xola tong bo‘zarganda hovliga tushdi. Shu mahal shundoqqina tepasida guvillagan ovoz eshitildi, xola beixtiyor osmonga qaradi, tonggi siyrak tuman ichida vertolyot ko‘rindi. Keyin qo‘shnilaridan bilib oldi – katta do‘xtir ana shu vertolyotda kelgan ekan. Feldsher ham aytdi, vertolyotda kelgan oddiy vrach emas, o‘lgan odamni tiriltiradigan eng katta do‘xtir ekan. Sayali xola bu gapni eshitib xursand bo‘ldi, ayni chog‘da biroz qo‘rqib ketdi. Nahotki shunday bo‘lsa? O‘lgan odamni tiriltirsa… Bu Allohning irodasiga qarshi borish emasmi. Bunaqa ishlar Yaratganga xush kelmaydi-ku. Allohim, o‘zing madad ber, panohingda asra, barchamiz o‘zingning gunohkor bandalaringmiz. Bir tomondan qiz bechoraga odamning rahmi keladi, Salaxovning qayin singlisi, shunaqa kelishgan, shunaqa go‘zal, unga qaragan kishi ko‘zini uzolmay qoladi. Bunaqa yosh qizning o‘limi Allohga ham kerakdir-da, bo‘lmasa usiz ham yer ostida qancha yoshlar yotipti-ku. Sayali xola xursand bo‘lardi – iloha, shu mo‘jiza ro‘y bersin-da… Ayni chog‘da boshqacha fikr ham keldi xayoliga. Yo‘q, bunday fikrni oshkor aytish mumkin emas, Xudo ko‘rsatmasin, birdan iloji bo‘lmadi, deb qolsa-ya… Ana, uyda yarim yildan beri choli yotipti, kundan kun to‘kilib, sarg‘ayib, ozib borayotir, unga qarab odamning yurak-bag‘ri eziladi. Qishloq feldsheri bir merov bo‘lsa… E, nimasini aytasan… Kim ham yordam berardi eriga, nima, Bokudan hurmatli, mashhur do‘xtir kelarmidi cholini ko‘rgani. Sayali xola qishloq feldsherlik punkti tomon yurdi, balki Bokudan kelgan vrachlar eriga biron-bir dori yozib berar, balki ukol qilar.
Feldsher ham hovlida, quyoshning tig‘iga dosh berolmay, og‘zini kappa-kappa ochib vrachga termulib turardi. Sayali xola sezdiki, feldsher vrachning amrini kutib o‘tiribdi: u o‘l desa o‘ladi, qol desa qoladi. Xola nima qilishini bilmay turdi: vrachning oldiga borishga jur’ati yetmadi, og‘zini yopish esidan chiqib qolgan merov feldsherga biron nima deyishdan foyda yo‘q, u butun vujudi bilan vrachning har bir harakatini kuzatib o‘tiribdi. Feldsher hurmatli mehmonni kutish maqsadida oq shim, jun ko‘ylak kiygan, qo‘lida katta, piyolaning og‘zicha keladigan soatining millari yaltirab ko‘rinadi. Qishloqqa raykom, rayijrokom yoki boshqa idoradan kimdir kelsa feldsher o‘z odati bo‘yicha shu bayramona oq shimini kiyar, yaltiroq brasletli ulkan soatini albatta taqib olardi. Bu bilan o‘zicha qishloq va shahar o‘rtasidagi farqni yo‘qotmoqchi bo‘lardi. Har doim, xuddi hozirgiday, rayondan kelgan odamning og‘zidan ko‘z uzmaydi, ular nima topshiriq bersa darhol bajarishga tayyor turadi. Ammo Sayali xolaning choliga yordam berish uning hayoliga ham kelmaydi. Odamlarga turli dorilarni sotadi, lekin bu dorilardan biron kishi ham shifo topgani yo‘q haligacha, hamma o‘zicha dori-darmon qiladi, vaqti-soati bilan tuzalgan. Tushundingmi? Bu odamning o‘z fikri, qarashi, bilimi yo‘q, hatto yurish-turishi ham o‘ziniki emas. Hech bo‘lmasa hozir Sayali xolaga bir qarasa-chi… Qara, qara, ey, merov, bir qara kampirga!
Feldsher kampirning qalb nidosini eshitganday sekin Sayali xolaga yuzlandi. Uning og‘zi yumildi, qoshlari tepaga ko‘tarildi, ey, kampir bu yerda nima qilib yuribsiz, deganday bazur bosh irg‘adi. Sayali xola vrach tomonga ishora qildi, so‘ng boshi bilan uyini ko‘rsatdi. Bu bilan choli betobligini, shahardan kelgan katta do‘xtir ko‘rib qo‘yishi mumkinmi, degan ma’noda uyi tomonga qaradi. Shu zahoti ko‘nglidan bir fikr kechdi: “Eh, sen merovning qo‘lingdan nima kelardi. Bor-e…”
Feldsher qo‘rquv ila vrachga qaradi – ishqilib uning biron- harakatini ko‘zdan qochirmadimmi, degan hadik cho‘chitdi uni. Hayriyatki, vrach xotirjam, ko‘rinishidan hali beri feldsherga topshiriq beradiganga o‘xshamasdi. U astagina Sayali xola tomon yurdi.
– Oldimga kelishga qanday jur’at etding? – dedi Sayali xola sekin pichirlab.
– Siz meni kim deb o‘ylayapsiz? – dedi feldsher kerilib. Salaxovning qayin singlisi rostdanam o‘lganu uni aynan mana shu merov – ikki eshakni bir-biridan ajratolmaydigan galvars tiriltirganday tutardi o‘zini.
– Xudoga shukur! – dedi Sayali xola uni ruhlantirib. – Qurboning bo‘lay, Mahmud, ayt unga, o‘sha hukumat ukolidan bizga ham bir donagina bersin. Ehtimol unda ortiqchasi bordir, a?
Feldsher xolaga hayrat bilan qaradi:
– Qanaqa ukol, kampir?
– Ukol-da, bizning cholimiz uchun.
– Nimalar deyapsiz, esingiz joyidami?
– Jonim qurbon bo‘lsin senga, Mahmud. Sendan o‘tinib so‘rayman. Undan bittagina, tushundingmi bir donagina ukol ol, iltimos, men uning hurmatini joyiga qo‘yaman, aytganini qilaman, yo‘q demayman. Bildingmi, tushundingmi, Mahmud? – Sayali xola unga shunchalar zorlanib termuldiki, feldsher ko‘zini olib qochdi.
– Yo Alloh! – chuqur xo‘rsindi feldsher. – Ey, kampir, nima deyotganingizni o‘zingiz anglayapsizmi…
Vrach ularning yoniga keldi, feldsher gapini to‘xtatdi. U Sayali xolaning ro‘parasidan chetga o‘tdi-da, tezlik bilan kiyimlarini to‘g‘riladi. Vrach kampirga diqqat bilan razm soldi.
– Qishlog‘imizga xush kelibsiz, o‘g‘lim, – Sayali xola vrachga xushmuomilalik bilan murojaat qildi. – Alloh umringizni uzoq qilsin. Kelganingiz juda yaxshi bo‘ldi-da.
– Onaxon, siz qizning qarindoshimisiz?
– Yo‘q, aziz mehmon, qarindosh emasman… Aslida qishloq joylarda hamma bir-biriga qarindosh hisoblanadi. Undan tashqari o‘rtoq Salaxov shunday hurmatli odamki, Alloh uni panohida asrasin, uning qayin singlisi ahvolidan qayg‘urmaslik gunohi azim. Hatto unga qarindosh bo‘lmaganlar ham achinayapti… Ammo hozir gap unda emas, – davom etdi kampir. Uning ovozi hayajondan xirillab qoldi. – Sizning tashvishingiz menga ham yuqdi, o‘g‘lim, iloho umringiz ziyoda bo‘lsin, sira kasal bo‘lmang… Bilasizmi, o‘g‘lim, cholim anchadan beri, o‘tgan Navro‘z bayramidan buyon kasal, o‘rnidan turolmaydi. Mahmudga katta rahmat, qo‘lidan kelgan yordamni ayamayapti, lekin hech narsa naf qilmayapti.
Vrach feldsherga qaradi:
– Qanaqa kasal?
– Kasali, – dedi feldsher, – o‘pkasida.
– Necha yoshda chol?
– Yetmishdan oshdi, rahmat sizga, o‘g‘lim. Shu yaramas dard bo‘lmaganda… Cholim baquvvat edi. Dard unga juda azob beryapti, – dedi Sayali xola. – Ertalabgacha mijja qoqmay chiqadi. Qurboningiz bo‘lay, do‘xtirjon, olib kelgan ukollaringizdan bir donagina, mayli, eng kichkinasini bersangiz, cholimga qilsak, sal bo‘lsayam orom olarmidi, deyman-da. Savob bo‘ladi. Juda qiynalib ketdi bechora, unga qarab ezilib ketaman. U ham davlatga xizmat qilgan, halol, vijdonan ishlagan, kolxoz qurgan, banditlarni ushlagan…
– Morfiydan ukol qilyapsizmi? – so‘radi vrach feldsherdan.
– Men dori so‘rayverib charchadim. Qayoqlarga yozmadim, natija yo‘q. Oddiy dorilar yo‘q, berishmaydi… Morfiy deysiz…
– Demak, gap bunday, borib hamshiraga meni ayting, ikkita ampula bersin. – Vrach Sayali xolaga yuzlandi. – Sizga ukol beradi, cholga qilinglar, og‘riq bosiladi. Bezovta bo‘lmang, onaxon, hammasi yaxshi bo‘ladi… – Vrach ildam qadamlar bilan bu yerni tark etdi.
Sayali xola quvonchdan o‘zini yo‘qotib qo‘ydi, hayajonlanganidan tili kalimaga kelmasdi. Birozdan so‘ng go‘yo qattiq uyqudan uyg‘ongan kabi o‘ziga keldi va ko‘kragiga ura boshladi.
– Yo, Alloh, mening jonimni ol, o‘lib qo‘ya qolay, nima degan odam bo‘ldim. Bir og‘iz rahmat ham aytolmadim, a. – Feldsherga iltijo bilan qaradi. – Endi nima bo‘ladi, Mahmud?
– Hech narsa bo‘lmaydi, – dedi ensasi qotib Mahmud, – siz uyingizga boring, men shprits olamanda, orqangizdan yetib boraman.
Sayali xola uyiga go‘yo uchib bordi. U o‘zini g‘oyat yengil his qilar, harakatchan, mayin tabassum, ajib bir nur yuziga yarashib turardi. Yo‘lda uni uchratganlar hayrat bilan qarar, nima balo kampir erga tekkanmi, deb o‘zaro hazillashardi. Sayali xola hech kimga e’tibor bermasdi. Hozir unda juda katta umid, hayotning o‘ziday ulkan umid paydo bo‘lganini, ana shu umid kampirga qanot berganini, ajoyib mayin tabassum hadya etganini ular qayoqdan bilsin. Bunday quvonchli holatini anchadan buyon hech kim ko‘rmagan. Uning yuragi, keksa yuragi shunday gupillab urardiki, go‘yo hozir ko‘ksidan otilib chiqib ketadiganday tuyulardi. U Xudoga iltijo qilardi: “Allohim, o‘zing menga madad ber, uyga eson-omon yetib olishimga ko‘mak ber, Allohim. Yalinaman, yolvoraman senga, Yaratgan egam, menga kuch-qudrat ato et, uyga borib, cholimni xursand qilishimni nasib et”.
U uyiga kirib keldi. Yuragi hamon gupillab urardi. Yuzidan tabassum arimagan, Sayali xolaning yelkasidagi ko‘zga ko‘rinmas qanotlari hanuz uni ko‘tarib turardi. Uyga kirib, cholining ingraganini eshitdi. U yonboshi bilan yotar, qo‘li karavotdan pastga osilgan edi. Sayali xola erining qo‘lini siladi, qo‘l quriqshab qolgan, madorsiz edi. Yaqin-yaqinlargacha bu qo‘llar qanday kuchli, qattiq, baquvvat edi-ya, endi tovuqning panjalariga o‘xshab qopti. Xolaning tomog‘iga nimadir tiqildi. U cholining karavotiga yaqin o‘tirdi.
– Cherkes, o, Cherkes! – dedi baland ovozda.
– Nega baqirasan, – dedi chol sekin, – kar emasman-ku, eshitayapman.
Erining tanish bosiq ovozini eshitib, u xursand bo‘ldi. Yuragi biroz taskin topdi, qandaydir sog‘inch vujudini qopladi. Cholning faqat ovozi oldin qanday bo‘lsa shundayligicha qolgan edi.
– Men Bokudan kelgan do‘xtir bilan gaplashdim. Sizni tuzataman, dedi. Anavi merov Mahmudga Salaxovning qayin singlisiga qilgan ukoldan berdi. U ukol o‘sha qizni tiriltirgan. Hozir Mahmud keladi. Do‘xtir aytdi, o‘sha ukoldan sizning cholingizga ham qiladi, keyin o‘rnidan turib ketadi, dedi.
– U meni bilarkanmi?
– Bo‘lmasam-chi! Otingizni aytishim bilan “Go‘zal daralik Cherkesni kim bilmaydi?!” dedi.
Sayali xola erining qoqsuyak bo‘lib qolgan, qoraygan qo‘llarini ohista silar ekan, davom etdi:
– Yana aytdiki, sizning kasal bo‘lganingizni Bokuda hech kim bilmagan, agar xabar topishganda eng katta do‘xtirni allaqachon bu yerga jo‘natgan bo‘lar ekan. Nimasini aytasiz, o‘likni tiriltirgan do‘xtir uchun sizning kasalingiz nima bo‘pti… Bir zumda tuzatadi-qo‘yadi.
Cherkes boshqa hech narsa demadi. Sayali xola keyingi vaqtlarda, aniqrog‘i, so‘nggi ikki oyda cholining birdan savollar berishdan to‘xtab, sukut saqlashiga o‘rganib qolgan. Chol savollari bilan go‘yo og‘riqni biroz unutardi. Og‘riq bosilganday bo‘lgan onlarda Cherkes savollarini to‘xtatardi, Sayali xola uning yonidagi kichkina gilamchaga o‘tiradi-da erining qo‘llarini avaylab silay boshlaydi. Bunday paytda Sayali xola erining ohista ingrashiga quloq tutib boshidan kechirgan voqea-hodisalarni eslaydi: quvonchli va tashvishli kunlar, turmush qurishganidan keyingi dastlabki yillardagi qiyinchiliklar, o‘zining qizlik yillaridagi voqealar – barchasi birma-bir ko‘z o‘ngidan o‘tadi. Uning butun hayoti kaftidagidek ravshan – oddiy va tushunarli. Faqat bir narsaga hamon aqli yetmas, tushunmas edi. Bu kasallik uning eriga qayoqdan yopishdi, nima uchun aynan Cherkes shunaqa og‘ir dardga mubtalo bo‘ldi? Kasallikning dastlabki alomatlari sezilganda Cherkes bemalol yurardi, og‘riqqa unchalik e’tibor bermasdi. Og‘riq kuchaygach, uni shifoxonaga yotqizdi. Ammo og‘riq borgan sari kuchaysa kuchaydiki, bosilmadi, chol qiynalib, tobora ozib ketaverdi. Nega aynan u yo‘liqdi shu dardga? Cherkes rayon shifoxonasidan uyiga kelgach, feldsher afsus ila qo‘llarini yoydi-da, “Bu ko‘hna kasal, faqat Allohdan shifo so‘rang” dedi. Uning so‘zlaridan shunday ma’no chiqdiki, Xudo cholni jazolamoqda. Biz nima qildikki, Yaratgan egamning qahri kelsa? Kimga yomonlik qildik, kimning halol mehnat bilan topgan nonini tortib oldik? Agar hamma qilmishiga yarasha jazolansa, Alloh nega ijroqumning sobiq raisiga yubormadi shu dardni? Axir u qancha odamlarni qon qaqshatdi-ku! Anavi merov, safodsiz feldsher bu savollarga javob bera oladimi? Bunga o‘xshagan anqovlardan nima kutish mumkin? Ayni paytda Sayali xolaning ichidan bir sado keldi: bir tarafdan feldsher to‘g‘ri aytayapti, bu Xudoning jazosi, to‘g‘ri, nima uchunligi noma’lum. Xudoning ishlarini qayoqdan bilamiz. Allohning hukmisiz biron ish bo‘larmidi… O‘zing panoh ber, Xudoyim…
Sayali xola bir narsani aniq biladi va bunga qat’iy ishonadi. Choli, Cherkesi uni bu dunyoda ushlab turgan yakkayu yagona suyanchi va tayanchi, Cherkes kampir uchun suv bilan havoday bir gap, agar u bo‘lmasa Sayaliga bu dunyoning qizig‘i ham, lazzati ham yo‘q…
Feldsher Mahmud keldi. Hali uyga kirmasdan o‘shqirdi:
– Nima balo bu yer muncha qorong‘i?
Sayali xola bir narsa deyishga ulgurmay feldsherning ovozidan uyg‘onib ketgan Cherkes:
– Qorong‘ida og‘riq sal bosilganday tuyuladi nazarimda… Shuning uchun pardalarni yopib qo‘ygan.
– Qanaqa og‘riqni aytayapsiz, amaki! Men bir dori olib keldim, bitta ukoldan keyin o‘n sakkiz yashar yigitday bo‘lib qolasiz… Ishqilib ukoldan so‘ng bironta yoshroq jononni olib kelmasangiz, deb qo‘rqaman.
Feldsher o‘zining hazilidan o‘zi miriqib kuldi. Cherkes mayin jilmaydi. Feldsherning o‘shqirib kelishidan biroz ranjigan Sayali xona ham iljayib qo‘ydi.
– Avval sen oyoqqa turg‘iz, men hamma narsaga roziman, – dedi xola hazillashib.
Mahmud chamadonchasini stolga qo‘ydi. Fokuschilarga o‘xshab avval hafsala bilan qo‘lini, har bir barmog‘ini alohida-alohida artdi, chamadonchani ochdi, undan yaltirab turgan temir qutichani oldi, qutichadan ampulani oldi-da, tepaga ko‘tarib pardaning tirqishidan nay kabi tushib turgan yorug‘likka soldi, go‘yo uning ichidagi dorini tekshirdi. Chol uning harakatlarini diqqat bilan kuzatdi. Mahmud ampulani yorug‘lik naychasiga tutganda, chidab turolmadi:
– Qasam ichaman, Mahmud, men bunaqa dorini umrimda ko‘rmaganman.
Sayali xola Mahmudga yaqin keldi-da, butun vujudini ko‘zga aylantirib ampulaga termuldi.
– Mahmud, – dedi xola shubhali, ishonchsiz ohangda, – buyam Salaxovning qayin singlisiga qilishgan ukoldanmi?
– Bo‘lmasam-chi! – dedi qat’iy ohangda Mahmud. Kampirining shivirlab so‘ragan gapini Cherkes eshitdi. Va o‘zini tutolmadi:
– Hey, Mahmud, ota-bobong ruhi haqqi, to‘g‘risini ayt, keksalarni aldama. Kampirimning aytishicha, qiz bechora o‘lim holatida ekan… Rostdanam uni tiriltirishdimi?
– Bo‘lmasam-chi! – Mahmud cholga yuzlandi. – Bechora qiz o‘lib bo‘lgan ekan. Boshi tanasidan, tanasi oyoqlaridan uzilib ketgan. Do‘xtir keldi-da, hamma a’zolarini ehtiyotlab tozaladi, yuvdi, dizinfeksiya qildi, so‘ngra hammasini joy-joyiga qo‘yib tikdi. Endi yangidan tug‘ilganday bo‘ldi.
– Ukol-chi? – Sayali xola hayajonlanib ketdi.
– Albatta avval ukol qildi-da. – Mahmud gapini yo‘qotmadi. – Ukolsiz ish bo‘larkanmi?
– O‘zingga shukur, Allohim! – Sayali xola hayrat va hayajon ila qo‘llarini tepaga ko‘tardi. – Hamma narsa o‘zingning ixtiyoringda, O‘zing barcha narsaga qodirsan.
Cherkesning kayfiyati ko‘tarildi. Mahmud kelishi bilan og‘riq uni tark etganday bo‘ldi. U hatto hazil-huzil qila boshladi. Ammo ehtiyot bo‘lish kerak, taqdir bilan hazillashish yaxshi emas. Xudo ko‘rsatmasin, birdan yana og‘rib qolsa nima bo‘ladi…
– Mahmud bu ukoling Sodiqning sigiriga qilgan ukolingdan emasmi ishqilib? Agar shunaqa bo‘lsa kalimangni keltiraver.
– Ey, inson, nimalar deyapsiz?! – Quloqlariga ishonmay, biroz jahl bilan choliga qaradi Sayali xola. – Yo, Alloh, o‘zing kechir biz gunohkor bandalaringni!
– U narsa Gachakning o‘g‘lining to‘yidan keyin bo‘lgan edi-da, – dedi bamaylixotir Mahmud. – O‘shanda boshim shunaqa og‘riyotgan ediki… Sigirga qanaqa ukol kerakligini qayoqdan bilibman. Hayvon, tili yo‘q, gapirolmasa, u yerim og‘riyapti, bu yerim og‘riyapti, deyolmasa… Tavakkal qildim-da. Bizning tilimizda buni “be”, “me” deydi, – deb kuldi Mahmud.
– O‘sha voqeadan keyin Sodiq seni rosa tuzladi, a, – deb so‘zida davom etdi chol. – O‘sha ukolni avval Sodiqning o‘ziga qilmoqchi bo‘lgan ekansan, a, rostmi shu gap?
– Kim kasalligini, nima kasal ekanini men qayoqdan bilay? O‘g‘li yugurib keldi-da, tezda biznikiga boring, dedi. Kim kasal ekanini – Sodiqmi yoki sigirimi, bilganim yo‘q. Borsam, sigiri kasal ekan. Qildim ukol… Yaxshiyam Sodiqning o‘ziga qilmabman.
– O‘ldirarding-da…
– Albatta-da! Sigirining o‘rniga Sodiq o‘lgan bo‘lardi. Tamom.
Cherkes kuldi:
– Masxarabozsan Mahmud.
Mahmud Sayali xolaga dedi:
– Tog‘ora obkeling, qo‘limni yuvib olay.
Cherkes feldsherning har bir harakatini diqqat bilan kuzatar, har bir so‘ziga e’tibor berar edi. Hozirgi gapini yaxshi eshitolmay qoldi.
– Nima deyapti u, kampir?
– Hech narsa… Qo‘lini yuvmoqchi…
Sayali xola tog‘ora olib keldi. Mahmudning qo‘liga suv quydi. U har bir barmog‘ini alohida-alohida yuvdi, so‘ngra shu tartibda artdi barmoqlarini. Ampula uchini ehtiyotlik bilan sindirdi, qaynayotgan suvda turgan shpritsga ampuladagi dorini tortdi. Cholning yoniga keldi.
– O‘zing yordam ber Xudojon. – Sayali xola cholining yengini shimardi.
– Balki bu yerga qilmas, – dedi Cherkes xotiniga. Sayali xola Mahmudga qaradi. U shu yerga degan ma’noda bosh irg‘adi.
– Qo‘liga, qo‘liga… Bu ukol yumshoq joyiga qilinmaydi.
– Albatta-da, – deb uning so‘zlarini ma’qulladi xola. – Axir bu oddiy ukol emas-ku, Salaxovning qayin singlisiga qilingan ukoldan. Qo‘liga bo‘lmay qayeriga qilsin?
– To‘g‘ri aytasan, – dedi chol xursand holda.
Qariyalar mamnun holda feldsherning harakatlarini kuzatdi. Mahmud ularning quvnoq chehrasiga qaradi, so‘ng aftini burishtirdi. Bularni qaranglar… Qariyalar nimayu, bolalar nima – farqi yo‘q… Ularni suyuntirayotgan umidni so‘ndirishi mumkin bo‘lgan achchiq haqiqatni aytib bo‘ladimi, til aylanmaydi-ku.
Mahmud ukol qilib bo‘ldi-da, soatiga qaradi. Shpritsni ehtiyotlik bilan yaltiroq temir qutiga, uni chamadonchaga joyladi. Shoshilmay chamadonchani yopdi. U ataylab vaqtni cho‘zayotgani sezilib turardi. Shu mahal Sayali xolaning titragan, vahimali ovozi eshitildi.
– Mahmud, chol yig‘layapti!
Mahmud birdan bemorga qaradi. Chol unga minnatdorlik bilan, hech qanday og‘riqni sezmayotganday, sog‘lom kishiday mo‘ltirab yotardi.
– Xursandligimdan yig‘layapman, o‘g‘lim, – dedi sekin. – Nazarimda rostdanam badanimdan og‘riq chiqib ketayotganga o‘xshaydi.
Mahmud yana soatiga qaradi. Besh daqiqa ham o‘tmagan edi.
– Hali bu hech narsa emas, – dedi – Kechqurun kelib, yana bitta ukol qilaman. Kechasi yosh boladay qotib uxlaysiz.
Feldsher ketishi bilan Cherkes xotiniga dedi:
– Sezdingmi, Mahmud kayfiyati bo‘lmay chiqib ketdimi?
– Charchagan bo‘lsa kerak. Ertalabdan beri katta do‘xtir bilan yuripti, uning qosh-qovog‘iga qarab… O‘zi bo‘ladimi… Cherkes, ahvolingiz qalay? Og‘riq bosildimi?
– Yosharib qolganga o‘xshayman, xotin… Tashqarida qor yog‘ayaptimi?
– Nimalar deyapsiz, azizim! – Sayali xola o‘zining oyog‘iga urib qo‘ydi. – Bu paytda qorga yo‘l bo‘lsin. Go‘zal daraga bahor kelgan, azizim, bahor, hali qishgacha ancha-a vaqt bor. – Choliga yaqin borib, ustiga ko‘rpani tortib, yaxshilab o‘rab qo‘ydi.
– Choy bo‘lsa ichardim-da, – dedi Cherkes.
– Shirin choy qilaymi? – Sayali xola erining sarg‘aygan, haddan ziyod ozib, qoq suyak bo‘lib qolgan yuziga umid bilan termuldi. Necha oydirki, choli na biron shirinlik yeydi, na shirin choy ichadi.
– Mayli.
– O‘zingga shukur, Allohim!
Sayali xola xonadan chiqayotganda Cherkes:
– Bilasanmi, hozir nima xayolimga keldi? – dedi. – Sen shu ukoldan hech bo‘lmasa beshta, imkoni topilsa o‘nta olsang, zo‘r bo‘lardi-da. Berarmikan?..
– Qayoqdan bilay? Buncha ko‘p so‘rasam do‘xtirga yoqmasa-chi.
– Nima, u ukolni tekinga berdimi?
– Bo‘lmasam-chi! – Sayali xolaning yuragi bir sanchdi. Unday qilmaslik lozimligini, ko‘zoynakli do‘xtir bilan bu taxlit gaplashish mumkin emasligini, yaxshi ish qilmaganini endi tushuna boshladi. Bunaqa dori juda noyobdir balki. Eh, Sayali, nimalar qilding, deb o‘zini o‘zi koyiy boshladi.
– Uyda qancha pul bor, xotin?
– Yetmish manat.
– Yigirma manat qoldirda, ellik manatni o‘sha do‘xtirga eltib ber. Balki oldin Mahmud bilan maslahatlasharsan… Yo‘q, yaxshisi, to‘g‘ri o‘ziga olib borib ber… Meni tanir ekan, dedingmi? – Cherkes xotinining ko‘ziga qaradi. Sayali xola uning qarashiga dosh berolmadi, ko‘zini olib qochdi. Erining shubhadan chalg‘itish uchun birdan gapga tushdi:
– Ha, xuddi shunday. Bokuda Go‘zal daralik Cherkesni tanimaydigan odam yo‘q, dedi. Mendan unga katta salom ayt, dedi…
– Unday bo‘lsa, vaqtni cho‘zma… Tezroq bor…
Sayali xola stol tagidan sandiqqa o‘xshash katta eski chamadonni oldi. Uni ochib ro‘yjoga o‘ralgan pulni oldi-da, ellik manat sanadi – uchta o‘n manatlik va to‘rtta beshtalik.
– Balki oldin sizga choy damlab berarman?
– Yo‘q, kechikma, tezroq bor. Choyni keyin damlaysan.
Xotini ostona xatlaganda:
– Ey, Sayali! – deb chaqirdi.
– Nima? – Sayali erining kasal bo‘lmasdan oldingi ko‘rinishidan asar qolmagan, mutlaqo o‘zgarib ketgan yuziga termuldi.
– Seni ovora qildim… Meni kechir…
Sayali xolaning tomog‘iga nimadir tiqildi. U o‘zini qo‘lga oldi, chuqur xo‘rsindi, ammo eriga bildirmay eshikni yopdi.
Sayali xola butun kuchini to‘plab shoshib borardi. Ammo bu gal unga kuch beradigan umid ham, ruhlantirgan qanot ham yo‘q. Toshlarga qoqilib, yo‘ldagi tikonlar oyog‘ini tilib, ko‘kragidan chiqib ketay-chiqib ketay deb, gupillab urayotgan yuragini changallagancha halloslab borardi. Qora tog‘ning xarsang toshlari uzra o‘tgan yolg‘izoyoq yo‘lga tushdi. Bu yerdan feldsherlik punkti juda yaqin edi. Shu mahal u tepasida tanish guvillagan ovozni eshitdi. Osmonga qaradi, erta tongda ko‘rgani ninachining qanotlariday uzun qanotli vertolyot uchib ketmoqda edi. Agar Qoratog‘ning barcha toshlari Sayali xolaning ustiga ag‘darilganda ham u hozir vertolyotdan qo‘rqqanchalik qo‘rqmas edi. Uning ichidan nimadir uzilganday tuyuldi, hatto sekin, iltijoli, qisqagina “dzin” degan tovush eshitilganday bo‘ldi va… Shu topda Sayali xola negadir pulni esladi va uni qo‘liga oldi. Uchta o‘n manatlik va to‘rtta beshtalikni changallab vertolyot ortidan jon holatda yugurdi. U hansirab, chuqur-chuqur nafas olib yugurardi. Vertolyot tobora balandlab kichrayib borardi. Kampir o‘zini vertolyot izidan osmonda uchib borayotganday tasavvur qilib yugurarkan, o‘zicha baqirardi:
– Shoshma, to‘xta, do‘xtir!.. Go‘zal daralik Cherkes o‘layapti! Yordam ber! U ham davlatga xizmat qilgan! Kolxozlar tashkil qilgan, banditlarni tutgan! To‘xta! Yordam ber!
Uning nafasi bo‘g‘ziga tiqilib quyoshning tafti qizdirgan va ajib bo‘y taratayotgan bahor chechaklari, o‘t-o‘lanlar uzra yiqildi. Vertolyot ko‘m-ko‘k osmonga ko‘tarilib, ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Sayali xola o‘tlar ichidagi chigirtkalar ovozini eshitdi va vertolyot allaqachon ketib bo‘lganini angladi. Endi yo‘q vertolyot. U o‘tlar ustida o‘tirib titrayotgan tizzalarini og‘ir mehnat va keksalik tufayli ozib, qorayib ketgan qo‘llari bilan quchoqladi. Birdaniga erining ozg‘in, quruq suyak bo‘lib qolgan, karavotdan pastga osilib turgan qo‘llari ko‘z o‘ngida paydo bo‘ldi. O‘zining qo‘lida pul – uchta o‘ntalik va to‘rtta beshtalik pul borligi esiga tushdi. Keksaygan yuzlari uzra issiq yosh miltirab oqayotganini sezdi…

77

(Tashriflar: umumiy 6, bugungi 6)

Izoh qoldiring