Ikki shoir: Jaloliddin Sayid & Adhamjon Maxsudov. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.08.29_23h35m27s_001_a.png   «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифасида фаол иштирок этган шоир укаларим баъзан-баъзан ўз тенгдошлари шеърларини кутубхонамизда эълон қилиш учун тавсия қилишади. Бугун сизга шеърлари тақдим этилаётган Жалолиддин Сайидни Жонтемир, Адҳамжон Махсумовни Байрам Али тавсия қилишган. Сиз бу шоирлар ижодини қандай баҳолайсиз?

Жалолиддин САЙИД
ШЕЪРЛАР
06

Жалолиддин  Сайид (Сайидов) 1990 йил 26 сентябрда Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги  Комилон қишлоғида туғилган. Майманак  касб-ҳунар коллежини Спорт мураббийи  йўналиши бўйича таҳсил олган. 2003 йилдан буён бадиий ижод билан жиддий шуғулланиб келади. Шеьрлари «Шарқ юлдузи», «Соҳибкирон юлдузи» журналлари, «Қашқадарё», «Диёр», «Дарё»  каби газеталарида нашр этилган. 

06

УНУТИШ

Сени унутганман –0-7a.jpg
Ортда қолган йўл,
Алаҳсиб кўрилган бир туш мисоли.
Сени унутганман –
Ваъда бериб мўл,
Эртан эслолмаган сархуш мисоли.

Сени унутганман –
Бир дам ялт этиб,
Сўнг ўзин яширган чақмоқдек.
Сени унутганман –
Хавф сари элтиб,
Қадамлар қирқилган сўқмоқдек.

Сени унутганман –
Гулдонда ойлаб,
Қаровсиз сарғайган гул каби.
Сени унутганман –
Эркини бойлаб,
Қорнини тўйғазган қул каби.

Сени унутганман…
Эслолмам энди,
Ўтмишим, мен учун муҳим қайдларни.
Сени унутдим-ку,
Ахир сендан бўлак,
Нимаси бор эди ўша пайтларни…?

ҲИСОБ-КИТОБ

Ёқамдадир мудом қўли,
Сал адашсам бўламан соб.
Жон сақлашнинг битта йўли,
Ҳисоб-китоб, ҳисоб-китоб

Бошим ғурра, синган тишим,
Қайдин бўлсин шаҳд-у шитоб.
Айтган сўзим, қилган ишим,
Ҳар қадамим ҳисоб-китоб.

Йўқлолмадим жондек дўстим,
Йўл қаради бўлиб бетоб.
Айтинг нетай, ким дей ўзим,
Йўл бермади ҳисоб-китоб.

Кечир гулим, қалбим зада,
Мен бир фақир, сен-ку моҳтоб.
Беролмайман ҳеч не ваъда,
Кўтармайди ҳисоб-китоб.

Укам тўни эски дейман,
Онамни дард этгай хароб.
Мен ўзимни ўзим ейман,
Ахир ўзим ҳисоб-китоб.

Қани қурғур ҳамён тўлса,
Минг чираниб бўлмай хуноб.
Менда жиндек уқув бўлса,
Бой қиларди ҳисоб-китоб…

Ўқиб бўлса кошки очиб,
Манглайдаги сирли китоб.
Мен қайга ҳам борай қочиб?
Бўлган бошдан ҳисоб-китоб.

УМИД

Барини йўқотдим… Неки эслатар,
Ҳамма-ҳаммасини кўздан йўқотдим.
Сен қараган ойна, сен тутган дафтар,
Сен ишлатган пичоқ… Барини отдим.

Пардаларни юлдим, йиғдим гиламни,
(Сен кетгансан шунинг устидан юриб).
Эслатганди, сенинг қўлинг тегган дамни,
Эшик дастагини олдим суғуриб.

Дераза токчасин бекор банд этган,
Гуллар сени сўрди… ва бўлди ёмон.
Супургинг бу уйдан бош олиб кетган,
Сувратлар олинган, қувилган жовон.

Китоблар алмашди кутубхонада,
Олаверганидан ҳар бет хўрсиниб.
Сени чорлайвергач туриб панада,
Синдирдим, сен суйган оромкурсини.

Ётоқ янгиланди. Энди унда йўқ,
Сен бош қўйган ёстиқ, сен ётдан тўшак.
Барин алиштириб бўлар кўнглим тўқ,
Десам… уйим қолди, ҳувиллаб, бўшаб.

Барин янгиладим, сўзим сўнгида,
Сенга керак бўлган борки керакни.
Дунё янгиланди кўзим ўнгида,
Янгилаб бўлмади фақат Юракни…

Отдим, дейман… Ёлғон. Қўшни хонада,
Қўйибман, барини устини ёпиб.
Бир кун қайтиб келиб: — Бизнинг у кунлар,
Қани? – десанг, қайдин бераман топиб..?

ОШИҚЛИК

Муҳаббат деб йиртмадим оғиз,
Севги дея чекмадим “оҳ-воҳ”.
Ҳар гул учун букмадим-у тиз,
Ҳар қучоқдан топмадим паноҳ.

Ҳар нигоҳга хат ёзиб бедор,
Ойга боқиб кўрмадим ҳуснин.
Тун ярмида ошмадим девор,
Чинорларда қолмади исмим.

Ҳар қулоққа қўймадим белги,
Қўл чўзмадим ҳар қийиқ енгга…
Аммо… менинг кўнглимга севги
Бегона, деб ким айтди сенга..?

ИЗЛАНИШ

«.»лар камайди шеъримда,
«,»нинг ороми бузилиб.
«!»мас, энди шеър тўринда,
«…» ётади чўзилиб.

«( )»лар очилиб-ёпилар,
Бош эгиб туради «?»лар,
Қофия қора тўн ёпинар,
Ўзидан кетади “туроқ”лар.

Гоҳ жанжал кўтарар “”,
Ўртага «-»лар тушади.
“Радиф”га ёқмайди бўш турмоқ,
“Мақта”нинг ўрни ҳам бўшади.

Саволлар кўпаяр бармоқда,
“Жавоб бер” – “аруз”ни қистайман.
Осилмай ҳар турли қармоққа,
Ўзимни топишни истайман.

ОЛДИ-БЕРДИ

Ўт бермасанг сут қайда,
Сигир тўймас ҳаводан.
Сарф этмасанг ҳеч фойда,
Ололмайсан савдодан.

Дон бермасанг товуққа,
Тортиқ қилмайди тухум.
Олдирмасанг совуққа,
Дард сенга қилмас зуғум.

Сув қуймасанг қуруқ ер,
Сувоғингга лой бўлмас.
Кўнгил десанг кўнгил бер,
Қуруқ сўзга рой бўлмас.

Бир кун едирар еган,
Чап бериб қололмайди.
Бир қўлинг бермас экан,
Бир қўлинг ололмайди.

Боқ, уруғ сепмай кесак,
Бағридан ким ризқ терди?
Бу дунё – бозор десак,
Бу ҳаёт – олди–берди!

ҒАЛАТИ ИСЁН

Икки оёқ, бу яхши,
Бир-бирини тортади.
Икки қўл ҳам қарашиб,
Юкни енгил ортади.

Икки қулоқ дегани,
Огоҳликка даъватдир.
Иккита кўз экани —
Икки дунё ҳайратдир.

Иккита лаб, о, бунинг,
Ҳикмати кўп, иши кўп.
Икки жағдир лек унинг,
Баҳамжиҳат тиши кўп…

Бари дуруст, Художон,
Бари учун шукрим бор.
Фақат сўрсанг битта жон,
Ҳамда битта фикрим бор:

Сен-ку сахийсан, бу чин,
Ким у қарамлик қилар.
Икки қарич тил учун,
Битта бош камлик қилар.

ЖАВОБ

Йўлларда юраман узоқ ва яқин,
Йўлларга дардимни куйиб сўзлайман.
Ёлғизлик изма-из этади таъқиб,
Йўлларда адашиб сени излайман.

Тоғларга чиқаман балки у айтар,
Балки шу тоғларда сенинг изларинг.
Ҳайқирсам “Жавоб бер” акс-садо қайтар:
“Жавоб бер”, “Жавоб бер”, “Қайдин изладинг?”

Баъзан саҳроларда туташгай умид…
Томоғим қуруқшаб, лабим ёрилгай.
Мадорим қурийди, инграйман: “Сенга,
Наҳот саҳролардан ўтиб борилгай?”.

Юртма-юрт кезаман, овилма-овил,
Одамлар кулишар “Қизиқ сўзлайсан”.
Кўзлари кўксимга уради ҳовур,
“Кимни излаяпсан?”, “Нега излайсан?”.

“Рост жавоб бергучи борми оламда?”,
Тоқатим тоқ бўлар хасратим айтиб.
Аламим чўққига чиққани дамда,
Дунёдан ўпкалаб турганим пайти.

Бир дарвеш учради ногаҳон, ҳақир,
Мен ундан бир нажот кутмадим сира.
Ул эса қошимга келди-ю фақир.
Сўз қотди “Ўзингдан, ўзингдан сўра…”.

Қара, нодонликнинг чегараси йўқ,
Тентираб ўзимни ҳар ён урибман.
Ахир сен юракда экансан шундоқ,
Менчи ташқаридан излаб юрибман.

ҲАВАС

Балет раққосаси, о нозик кўнгил,
Ҳавасим келади сизларга жуда.
Бутун бир танани кўтариб енгил,
Юрасиз игнадай оёқ учида.

Сира сас чиқмайди қадамингиздан,
Қадамлар кўксингиз яралаганми?
О, товуш дегани мана бор бизда,
Юрсак қаратамиз қарамаганни.

Пар каби ҳавода сузар экансиз,
Ҳеч ваҳм олмасми кўнглингиз чулғаб.
Не ҳолки тикилиб турмас экан кўз,
Ёндан ўтсангиз ҳам бўлмайди илғаб.

Биз шундоқ, йиқилмай юролсак зўр гап,
Сиз каби пирпираб турмоқ қаёқда.
Оғриқдан букилган гавдани тиклаб,
Юролмай қоламиз гоҳо оёқда…

Мен ҳавас қиламан ва бераман тан,
Йўқ, мен ҳам хоҳлардим, хоҳлардим жуда.
Сиз каби сездирмай дардлар олдидан,
Ўтиб кетолсайдим оёқ учида…

* * *

Эгилиб кираман хонанг ичига,
Сен эса куласан лабингни буриб
Киноянг бир ғазаб солар ичимга,
Қайноқ қон чиқади юзимга уриб.

Йўқ, ишон ҳеч қачон “ундай” келмасман,
Бўйнимни узса-да ҳукминг қасд этиб.
Фақат шу эшигинг…(шубҳа қилмасман),
Атай қурдиргансан шундай паст этиб.

 

НАЖОТ
Дадамнинг сабоқлари

Баландроқ чиқ, тирмаш чўққига,
Бармоқларинг кетсин шилиниб.
Нишон бўлгин тошлар ўқига,
… Томирларга қолгин илиниб.

Қарама лек пастга бу қўрқув,
Мағлуб этгай шаштингни гоҳи.
Мақсадинг не? Унутмагин… Ҳувв,
Чўққиларда бўлсин нигоҳинг.

Эсда турсин: оқмаган сувни
Из қолдирмай ютажакдир қум.
Интилмасанг, енгиб қўрқувни,
Сен ҳам шундай қисматга маҳкум.

Баландроқ чиқ, чиқишинг керак,
Тирноғингни тошларга ботир.
Йўқ, бу эмас шунчаки эрмак,
Сўз бергансан, сен бунга қодир.

Ўзингни тут, кўз чангини арт,
Парво қилма дунё қуларми.
Сен баландроқ чиқмоқлигинг шарт,
Кўрмоқ учун осмон гулларин.

ҲЕЧ КИМ

Мен бир ўзим ҳеч кимман,
Ким тан олгай бу номни?
Менга қўл берган одам,
Сўрар катта бобомни.

Сўнг дадамнинг ҳурмати,
Тўрт амаким ўрнин жам
Этиб қилгай иззатим,
Жой тутгайдир сўзим ҳам.

Ҳеч узилмас бу занжир,
Чизгай ҳаёт ёриғин.
Шундан, қайга борсанг бир,
Сўралгайдир уруғинг.

Қара, кимсан биродар,
Гулхандан бир учқунсан.
Кетар бўлсанг юртдан гар,
Билки сен ҳам ҳеч кимсан.

* * *

Кел кўзимга туташган йўлдан,
Юрагимнинг кўшкига кириб.
Кел, қор бўлиб олов кўнгилдан,
Кафтларингга тўкилай эриб.

Кел қалбимдек қақроқ ерларни,
Бир нафасда гуллатган чашма.
Кел, бу қўрқинч ўй-фикрларни,
Хаёлимдан супуриб ташла.

КИЧКИНА

Биз кичкина одаммиз,
Сўзимиз кичкинадир.
Кичик тишга лойиқ ризқ,
Рўзимиз кичкинадир.

Сиздай буюк одамни
Сиғдиролмай ўзига,
Кўрмай қолса айб этманг,
Кўзимиз кичкинадир.

Сиз – чопағон баҳс этмоқ,
Чумчуқнинг ҳалокати.
Оёғимиз калтаки,
Изимиз кичкинадир.

Ҳисоб бергай беаёв,
Хато қилса қизариб.
Муштимиз катта бизнинг,
Юзимиз кичкинадир.

Неки бўлса биз айбдор,
Шўрликларнинг ҳоли шу.
Шеър аталмиш шу ўғил,
Қизимиз кичкинадир.

Ташвиш қилманг сиз баланд,
Бу майдонда биз киммиз.
Соямиз катта холос,
Ўзимиз кичкинадир.

ҚОРБЎРОН

Қор кун бўйи ёғди гуппиллаб,
Майин кафти сийпалаб юзни.
Ёдга солди яна сен – гул лаб,
Ширин нигоҳ, ёқимли кўзни.
Изинг кўмиб изиллаб турган,
Бу қор сендан сўнгги даракми..?
Тушсин дея бир пас ҳовурдан,
Мен қорбўрон қилдим юракни.

2016-2017

Адҳамжон Махсудов
ШЕЪРЛАР

06

Адҳамжон Махсудов — 1992 йил 15 февралда Андижон вилояти Марҳамат туманинг Қўрғонча қишлоғида туғилган. Шеърлари вилоят ва республика матбуотда эълон қилинган.

06

***

Кўришайлик дейсан ҳар сафар,adhamjon_RASM.jpeg
Кўнгил эриб қоқанимда сим.
Аммо менинг бўйнимга қадар,
Тўлиб кетган кундалик ишим.

Ёлғизликка ўзини кўмиб,
Сен мени деб оловда куйган.
Мен ишқини бир ёнга қўйиб,
Ўз ишини жонидан суйган.

Дунё беш кун, беш одим қадам,
Ақлим рисо — бундан кўнглим тўқ.
Мен шунчалар ишга шўнғидим,
Хатто бахтли бўлмоққа вақт йўқ.

Ҳар тонг ўша бекат, ўша йўл,
Бир хил тусга киргандек олам.
Қаердандир узалиб бир қўл,
Мени тортиб кетар ишхонам.

Қуёш уфққа бош қўйгани пайт,
Чарчаб уйга қайтаман охир.
Мен бахтини вақтга алишган,
Беюракман ёки тошбағир.

Яна ўша бекат ўша йул..

***

Тун, кўчада булутли хаво,
Сени ўйлаб — бузилди қасам.
Балки мени тушинарсан, а,
Булутларга дўниб йиғласам?

Шамол бўлиб изғидим сарон,
Хаёл бўлиб ҳовлингни кездим.
Туни билан ёнмади печда —
Кўз ёшимда ивиган ўтин!

«Тинч қўй!» дейсан, тинчимни бузиб,
«Севма!» дейсан, руҳимни зиқлаб.
Нетай сенинг томон чорласа,
Кафтимдаги ҳамма чизиқлар…

***

Ҳар галгидай сокин учрашув.
Ҳар галгидай ўша ресторан.
Нигохингга чўккан жим-житлик,
(Балки шундай сабрим синайсан)

Суйиб сўзлар эдим. Сен-чи жим,
Жилмаярдинг маюслик ила.
Асли сабрим эди у билсанг,
Нохос ерга тўкилган қахва.

Қай тариқа давомий кеча?
Уйинггача кузатмоқ ўйим.
Оҳ, атиргул экилган кўча! —
То тонггача изғисам дердим…

Сенинг сокин дунёйинг узра,
Айтилмаган сўздай гуллайман.
Бир сўзингга муштоқ-у, далли,
Ич-ичимдан ғамгин нурайман.

***

Келасан, кетасан… Салом ва хайр,
Кўнглимга умидлар солавераман.
Бир қучоқ атиргул билан қайтасан,
Бир қучоқ ғам билан қолавераман.

Келасан, кетасан, яна мен бунда
Қоламан — хўрланган севгимга содиқ!
Йиғлайман қучоқлаб қайғуларимни:
Кўзёшим дурлари дилимга ботиб.

Келасан, кетасан, манзилларинг сир,
Ердаман, кўкдасан, узоқмиз. Аммо
Ҳар куни дард билан сийлайсан ахир,
Балки бу севгидир, ишқдир бу танхо.

Келасан, кетасан… Кеча ва бугун,
Билмадим, нималар бўлар эртага…
Ё сенда, ё менда қолсин, бас, дея,
Кўнглимни ташлайман охир ўртага.

Келасан, кетасан… Умр ўтмоқда…
Келасан, кетасан – кўнглим ўртада.

***

Ёрим мендай ёрингиздан кечдингизми —
Ишқ дарахтин меваларин тўкиб-тўкиб.
Кўнглингизга бошқа либос бичдингизми?
Менинг кўнглим чок-чокидан сўкиб-сўкиб.

Кўзингизни олиб қочманг кўзларимдан,
Лолаларнинг ранги каби дилим мени.
Хафа бўлманг, қолинг деган сўзларимдан,
Алвидони айтолмади тилим мени.

Юрагимни совутмайди музлар энди,
Менга дунё сизсиз бўм-бўш қутидайин.
Пойингизга тўкиб кетди кузлар мени,
Муҳаббатнинг эрта пишган тутидайин.

Кетинг майли, унутаман ахдингизни,
Кечиргайман, Худо берсин бахтингизни.
Аммо ҳеч бир қаро қошга бермагайман,
Сиз бой берган юрагимни — тахтингизни.

***

Кимга нима, мен севсам севиб,
Кимга нима ақлимдан озсам.
Йўлларинга кўнглимни сепиб,
Ўзим тошли йўлларни боссам.

Улар майли, нима десин хўп,
Рости зорман жоним изингга.
Дунё бир пул, дунё арзимас —
Сенинг сепкил босган юзингга.

Ўсмасиз ҳам қошинг тим қора,
Пардозсиз ҳам зебсиз гўзалсан.
Кўнглингда ишқ унса на зора,
Севги билмас эпсиз гўзалсан…

ДАСТРЎМОЛ

Дардларимни сўзладим елга,
Интизорман бир сўзга: “кел”га.
Оёғингга йиқилдим ношуд,
Сенга кулгу, эрмакман элга.

Ҳисларимни ишондим беҳуд,
Омонатга хиёнат экан.
Юрагингни гулга ўрадим,
Юрагимга ўрадинг тикан.

Ой, юлдузми ушлаганларинг,
Бахтиёрсан, бахтинг бутунми?
Юрагимга ташлаганларинг,
Айт умримни ёққан ўтинми?

Мен умримни бердим садақа,
Тушларимни руёларингга.
Бир чимдимлик юрагим билан,
Сиғмайманми дунёларингга?!

Бас! Мажбурман энди кўнмакка,
Эртакнинг ҳам поёни йитди.
Арзимадим ишқий кўмакка:
“Севаман”нинг жавоби “кет”ми?

Қўл қоқаман худди мардларча,
Сездирмайман дардим, ғуборим.
Кўзларимга ёшдек келдинг-у,
Дастрўмолга артиб юбордим.

ЯҚИН КЕЛ…

Яқин кел ёнимга, янада яқин,
Музлаган қалбингга илиқ қуёшман.
Сен юрган йўлларнинг хазонин териб,
Маош ололмаган бахтсиз фаррошман.

Яқин кел ёнимга, янада яқин,
Адашдим кунларнинг йўқдир саноғи.
Келсанг ҳайдаган-у, кетсанг соғинган,
Энг инжиқ ошиғинг ўзимман чоғи.

Яқин кел ёнимга, янада яқин,
Яхшиси кетақол мендан узоққа.
Сал ўтмай чорлайман ўзимга тағин,
Сал ўтмай ҳайдайман сени қаёққа…

Кел десам келгин-у,
Кет десам кетма.

ДАРАХТ

Осмонга боққанча бўй чўзди ниҳол,
Булутга теккудай бўлганди дарахт.
«Кесамиз» дедилар қилмайин малол,
«Ўчоққа ўт қилур қайсидир бебахт».
.
Шўрлик дарахтгинам, мевасиз эди,
Ёвузлар кўп кўрди унинг соясин.
Баҳордай ям-яшил, хазондай умрин,
Бир болта хал этди ниҳоясини.
.
“Гурс!” ерга йиқилди мевасиз дарахт,
Шохига мингта қуш қурган эди ин.
Бир мева тугмайин ўтди у, аммо,
Мингта полапонга «макон»дир лекин…
.
Дунёга жўн келиб, жўн кетгани йўқ,
Митти қушчаларга эшик бўлди у.
Минг сайқал, минг ранг-ла уста қўлида,
Битта чақалоққа бешик бўлди у.

1-gizni-o-lubvi.jpg “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifasida faol ishtirok etgan shoir ukalarim ba’zan-ba’zan o‘z tengdoshlari she’rlarini kutubxonamizda e’lon qilish uchun tavsiya qilishadi. Bugun sizga she’rlari taqdim etilayotgan Jaloliddin Sayidni Jontemir, Adhamjon Maxsumovni Bayram Ali tavsiya qilishgan. Siz bu shoirlar ijodini qanday baholaysiz?

Jaloliddin SAYID
SHE’RLAR
06

Jaloliddin Sayid (Sayidov) 1990 yil 26 sentyabrda Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumanidagi Komilon qishlog‘ida tug‘ilgan. Maymanak kasb-hunar kollejini Sport murabbiyi yo‘nalishi bo‘yicha tahsil olgan. 2003 yildan buyon badiiy ijod bilan jiddiy shug‘ullanib keladi. Sherlari «Sharq yulduzi», «Sohibkiron yulduzi» jurnallari, «Qashqadaryo», «Diyor», “Daryo” kabi gazetalarida nashr etilgan. 

06

UNUTISH

Seni unutganman –0-12.jpg
Ortda qolgan yo‘l,
Alahsib ko‘rilgan bir tush misoli.
Seni unutganman –
Va’da berib mo‘l,
Ertan eslolmagan sarxush misoli.

Seni unutganman –
Bir dam yalt etib,
So‘ng o‘zin yashirgan chaqmoqdek.
Seni unutganman –
Xavf sari eltib,
Qadamlar qirqilgan so‘qmoqdek.

Seni unutganman –
Guldonda oylab,
Qarovsiz sarg‘aygan gul kabi.
Seni unutganman –
Erkini boylab,
Qornini to‘yg‘azgan qul kabi.

Seni unutganman…
Eslolmam endi,
O‘tmishim, men uchun muhim qaydlarni.
Seni unutdim-ku,
Axir sendan bo‘lak,
Nimasi bor edi o‘sha paytlarni…?

HISOB-KITOB

Yoqamdadir mudom qo‘li,
Sal adashsam bo‘laman sob.
Jon saqlashning bitta yo‘li,
Hisob-kitob, hisob-kitob

Boshim g‘urra, singan tishim,
Qaydin bo‘lsin shahd-u shitob.
Aytgan so‘zim, qilgan ishim,
Har qadamim hisob-kitob.

Yo‘qlolmadim jondek do‘stim,
Yo‘l qaradi bo‘lib betob.
Ayting netay, kim dey o‘zim,
Yo‘l bermadi hisob-kitob.

Kechir gulim, qalbim zada,
Men bir faqir, sen-ku mohtob.
Berolmayman hech ne va’da,
Ko‘tarmaydi hisob-kitob.

Ukam to‘ni eski deyman,
Onamni dard etgay xarob.
Men o‘zimni o‘zim yeyman,
Axir o‘zim hisob-kitob.

Qani qurg‘ur hamyon to‘lsa,
Ming chiranib bo‘lmay xunob.
Menda jindek uquv bo‘lsa,
Boy qilardi hisob-kitob…

O‘qib bo‘lsa koshki ochib,
Manglaydagi sirli kitob.
Men qayga ham boray qochib?
Bo‘lgan boshdan hisob-kitob.

UMID

Barini yo‘qotdim… Neki eslatar,
Hamma-hammasini ko‘zdan yo‘qotdim.
Sen qaragan oyna, sen tutgan daftar,
Sen ishlatgan pichoq… Barini otdim.

Pardalarni yuldim, yig‘dim gilamni,
(Sen ketgansan shuning ustidan yurib).
Eslatgandi, sening qo‘ling teggan damni,
Eshik dastagini oldim sug‘urib.

Deraza tokchasin bekor band etgan,
Gullar seni so‘rdi… va bo‘ldi yomon.
Supurging bu uydan bosh olib ketgan,
Suvratlar olingan, quvilgan jovon.

Kitoblar almashdi kutubxonada,
Olaverganidan har bet xo‘rsinib.
Seni chorlayvergach turib panada,
Sindirdim, sen suygan oromkursini.

Yotoq yangilandi. Endi unda yo‘q,
Sen bosh qo‘ygan yostiq, sen yotdan to‘shak.
Barin alishtirib bo‘lar ko‘nglim to‘q,
Desam… uyim qoldi, huvillab, bo‘shab.

Barin yangiladim, so‘zim so‘ngida,
Senga kerak bo‘lgan borki kerakni.
Dunyo yangilandi ko‘zim o‘ngida,
Yangilab bo‘lmadi faqat Yurakni…

Otdim, deyman… Yolg‘on. Qo‘shni xonada,
Qo‘yibman, barini ustini yopib.
Bir kun qaytib kelib: — Bizning u kunlar,
Qani? – desang, qaydin beraman topib..?

OSHIQLIK

Muhabbat deb yirtmadim og‘iz,
Sevgi deya chekmadim “oh-voh”.
Har gul uchun bukmadim-u tiz,
Har quchoqdan topmadim panoh.

Har nigohga xat yozib bedor,
Oyga boqib ko‘rmadim husnin.
Tun yarmida oshmadim devor,
Chinorlarda qolmadi ismim.

Har quloqqa qo‘ymadim belgi,
Qo‘l cho‘zmadim har qiyiq yengga…
Ammo… mening ko‘nglimga sevgi
Begona, deb kim aytdi senga..?

IZLANISH

«.»lar kamaydi she’rimda,
«,»ning oromi buzilib.
«!»mas, endi she’r to‘rinda,
«…» yotadi cho‘zilib.

«( )»lar ochilib-yopilar,
Bosh egib turadi «?»lar,
Qofiya qora to‘n yopinar,
O‘zidan ketadi “turoq”lar.

Goh janjal ko‘tarar “”,
O‘rtaga «-»lar tushadi.
“Radif”ga yoqmaydi bo‘sh turmoq,
“Maqta”ning o‘rni ham bo‘shadi.

Savollar ko‘payar barmoqda,
“Javob ber” – “aruz”ni qistayman.
Osilmay har turli qarmoqqa,
O‘zimni topishni istayman.

OLDI-BЕRDI

O‘t bermasang sut qayda,
Sigir to‘ymas havodan.
Sarf etmasang hech foyda,
Ololmaysan savdodan.

Don bermasang tovuqqa,
Tortiq qilmaydi tuxum.
Oldirmasang sovuqqa,
Dard senga qilmas zug‘um.

Suv quymasang quruq yer,
Suvog‘ingga loy bo‘lmas.
Ko‘ngil desang ko‘ngil ber,
Quruq so‘zga roy bo‘lmas.

Bir kun yedirar yegan,
Chap berib qololmaydi.
Bir qo‘ling bermas ekan,
Bir qo‘ling ololmaydi.

Boq, urug‘ sepmay kesak,
Bag‘ridan kim rizq terdi?
Bu dunyo – bozor desak,
Bu hayot – oldi–berdi!

G‘ALATI ISYON

Ikki oyoq, bu yaxshi,
Bir-birini tortadi.
Ikki qo‘l ham qarashib,
Yukni yengil ortadi.

Ikki quloq degani,
Ogohlikka da’vatdir.
Ikkita ko‘z ekani —
Ikki dunyo hayratdir.

Ikkita lab, o, buning,
Hikmati ko‘p, ishi ko‘p.
Ikki jag‘dir lek uning,
Bahamjihat tishi ko‘p…

Bari durust, Xudojon,
Bari uchun shukrim bor.
Faqat so‘rsang bitta jon,
Hamda bitta fikrim bor:

Sen-ku saxiysan, bu chin,
Kim u qaramlik qilar.
Ikki qarich til uchun,
Bitta bosh kamlik qilar.

JAVOB

Yo‘llarda yuraman uzoq va yaqin,
Yo‘llarga dardimni kuyib so‘zlayman.
Yolg‘izlik izma-iz etadi ta’qib,
Yo‘llarda adashib seni izlayman.

Tog‘larga chiqaman balki u aytar,
Balki shu tog‘larda sening izlaring.
Hayqirsam “Javob ber” aks-sado qaytar:
“Javob ber”, “Javob ber”, “Qaydin izlading?”

Ba’zan sahrolarda tutashgay umid…
Tomog‘im quruqshab, labim yorilgay.
Madorim quriydi, ingrayman: “Senga,
Nahot sahrolardan o‘tib borilgay?”.

Yurtma-yurt kezaman, ovilma-ovil,
Odamlar kulishar “Qiziq so‘zlaysan”.
Ko‘zlari ko‘ksimga uradi hovur,
“Kimni izlayapsan?”, “Nega izlaysan?”.

“Rost javob berguchi bormi olamda?”,
Toqatim toq bo‘lar xasratim aytib.
Alamim cho‘qqiga chiqqani damda,
Dunyodan o‘pkalab turganim payti.

Bir darvesh uchradi nogahon, haqir,
Men undan bir najot kutmadim sira.
Ul esa qoshimga keldi-yu faqir.
So‘z qotdi “O‘zingdan, o‘zingdan so‘ra…”.

Qara, nodonlikning chegarasi yo‘q,
Tentirab o‘zimni har yon uribman.
Axir sen yurakda ekansan shundoq,
Menchi tashqaridan izlab yuribman.

HAVAS

Balet raqqosasi, o nozik ko‘ngil,
Havasim keladi sizlarga juda.
Butun bir tanani ko‘tarib yengil,
Yurasiz ignaday oyoq uchida.

Sira sas chiqmaydi qadamingizdan,
Qadamlar ko‘ksingiz yaralaganmi?
O, tovush degani mana bor bizda,
Yursak qaratamiz qaramaganni.

Par kabi havoda suzar ekansiz,
Hech vahm olmasmi ko‘nglingiz chulg‘ab.
Ne holki tikilib turmas ekan ko‘z,
Yondan o‘tsangiz ham bo‘lmaydi ilg‘ab.

Biz shundoq, yiqilmay yurolsak zo‘r gap,
Siz kabi pirpirab turmoq qayoqda.
Og‘riqdan bukilgan gavdani tiklab,
Yurolmay qolamiz goho oyoqda…

Men havas qilaman va beraman tan,
Yo‘q, men ham xohlardim, xohlardim juda.
Siz kabi sezdirmay dardlar oldidan,
O‘tib ketolsaydim oyoq uchida…

* * *

Egilib kiraman xonang ichiga,
Sen esa kulasan labingni burib
Kinoyang bir g‘azab solar ichimga,
Qaynoq qon chiqadi yuzimga urib.

Yo‘q, ishon hech qachon “unday” kelmasman,
Bo‘ynimni uzsa-da hukming qasd etib.
Faqat shu eshiging…(shubha qilmasman),
Atay qurdirgansan shunday past etib.

NAJOT
Dadamning saboqlari

Balandroq chiq, tirmash cho‘qqiga,
Barmoqlaring ketsin shilinib.
Nishon bo‘lgin toshlar o‘qiga,
… Tomirlarga qolgin ilinib.

Qarama lek pastga bu qo‘rquv,
Mag‘lub etgay shashtingni gohi.
Maqsading ne? Unutmagin… Huvv,
Cho‘qqilarda bo‘lsin nigohing.

Esda tursin: oqmagan suvni
Iz qoldirmay yutajakdir qum.
Intilmasang, yengib qo‘rquvni,
Sen ham shunday qismatga mahkum.

Balandroq chiq, chiqishing kerak,
Tirnog‘ingni toshlarga botir.
Yo‘q, bu emas shunchaki ermak,
So‘z bergansan, sen bunga qodir.

O‘zingni tut, ko‘z changini art,
Parvo qilma dunyo qularmi.
Sen balandroq chiqmoqliging shart,
Ko‘rmoq uchun osmon gullarin.

HЕCh KIM

Men bir o‘zim hech kimman,
Kim tan olgay bu nomni?
Menga qo‘l bergan odam,
So‘rar katta bobomni.

So‘ng dadamning hurmati,
To‘rt amakim o‘rnin jam
Etib qilgay izzatim,
Joy tutgaydir so‘zim ham.

Hech uzilmas bu zanjir,
Chizgay hayot yorig‘in.
Shundan, qayga borsang bir,
So‘ralgaydir urug‘ing.

Qara, kimsan birodar,
Gulxandan bir uchqunsan.
Ketar bo‘lsang yurtdan gar,
Bilki sen ham hech kimsan.

* * *

Kel ko‘zimga tutashgan yo‘ldan,
Yuragimning ko‘shkiga kirib.
Kel, qor bo‘lib olov ko‘ngildan,
Kaftlaringga to‘kilay erib.

Kel qalbimdek qaqroq yerlarni,
Bir nafasda gullatgan chashma.
Kel, bu qo‘rqinch o‘y-fikrlarni,
Xayolimdan supurib tashla.

KICHKINA

Biz kichkina odammiz,
So‘zimiz kichkinadir.
Kichik tishga loyiq rizq,
Ro‘zimiz kichkinadir.

Sizday buyuk odamni
Sig‘dirolmay o‘ziga,
Ko‘rmay qolsa ayb etmang,
Ko‘zimiz kichkinadir.

Siz – chopag‘on bahs etmoq,
Chumchuqning halokati.
Oyog‘imiz kaltaki,
Izimiz kichkinadir.

Hisob bergay beayov,
Xato qilsa qizarib.
Mushtimiz katta bizning,
Yuzimiz kichkinadir.

Neki bo‘lsa biz aybdor,
Sho‘rliklarning holi shu.
She’r atalmish shu o‘g‘il,
Qizimiz kichkinadir.

Tashvish qilmang siz baland,
Bu maydonda biz kimmiz.
Soyamiz katta xolos,
O‘zimiz kichkinadir.

QORBO‘RON

Qor kun bo‘yi yog‘di guppillab,
Mayin kafti siypalab yuzni.
Yodga soldi yana sen – gul lab,
Shirin nigoh, yoqimli ko‘zni.
Izing ko‘mib izillab turgan,
Bu qor sendan so‘nggi darakmi..?
Tushsin deya bir pas hovurdan,
Men qorbo‘ron qildim yurakni.

2016-2017

Adhamjon Maxsudov
SHE’RLAR
06

Adhamjon Maxsudov — 1992 yil 15 fevralda Andijon viloyati Marhamat tumaning Qo‘rg‘oncha qishlog‘ida tug‘ilgan. She’rlari viloyat va respublika matbuotda e’lon qilingan.

06

***

Ko‘rishaylik deysan har safar,11 Строки любви_(1).JPG
Ko‘ngil erib qoqanimda sim.
Ammo mening bo‘ynimga qadar,
To‘lib ketgan kundalik ishim.

Yolg‘izlikka o‘zini ko‘mib,
Sen meni deb olovda kuygan.
Men ishqini bir yonga qo‘yib,
O‘z ishini jonidan suygan.

Dunyo besh kun, besh odim qadam,
Aqlim riso — bundan ko‘nglim to‘q.
Men shunchalar ishga sho‘ng‘idim,
Xatto baxtli bo‘lmoqqa vaqt yo‘q.

Har tong o‘sha bekat, o‘sha yo‘l,
Bir xil tusga kirgandek olam.
Qayerdandir uzalib bir qo‘l,
Meni tortib ketar ishxonam.

Quyosh ufqqa bosh qo‘ygani payt,
Charchab uyga qaytaman oxir.
Men baxtini vaqtga alishgan,
Beyurakman yoki toshbag‘ir.

Yana o‘sha bekat o‘sha yul..

***

Tun, ko‘chada bulutli xavo,
Seni o‘ylab — buzildi qasam.
Balki meni tushinarsan, a,
Bulutlarga do‘nib yig‘lasam?

Shamol bo‘lib izg‘idim saron,
Xayol bo‘lib hovlingni kezdim.
Tuni bilan yonmadi pechda —
Ko‘z yoshimda ivigan o‘tin!

«Tinch qo‘y!» deysan, tinchimni buzib,
«Sevma!» deysan, ruhimni ziqlab.
Netay sening tomon chorlasa,
Kaftimdagi hamma chiziqlar…

***

Har galgiday sokin uchrashuv.
Har galgiday o‘sha restoran.
Nigoxingga cho‘kkan jim-jitlik,
(Balki shunday sabrim sinaysan)

Suyib so‘zlar edim. Sen-chi jim,
Jilmayarding mayuslik ila.
Asli sabrim edi u bilsang,
Noxos yerga to‘kilgan qaxva.

Qay tariqa davomiy kecha?
Uyinggacha kuzatmoq o‘yim.
Oh, atirgul ekilgan ko‘cha! —
To tonggacha izg‘isam derdim…

Sening sokin dunyoying uzra,
Aytilmagan so‘zday gullayman.
Bir so‘zingga mushtoq-u, dalli,
Ich-ichimdan g‘amgin nurayman.

***

Kelasan, ketasan… Salom va xayr,
Ko‘nglimga umidlar solaveraman.
Bir quchoq atirgul bilan qaytasan,
Bir quchoq g‘am bilan qolaveraman.

Kelasan, ketasan, yana men bunda
Qolaman — xo‘rlangan sevgimga sodiq!
Yig‘layman quchoqlab qayg‘ularimni:
Ko‘zyoshim durlari dilimga botib.

Kelasan, ketasan, manzillaring sir,
Yerdaman, ko‘kdasan, uzoqmiz. Ammo
Har kuni dard bilan siylaysan axir,
Balki bu sevgidir, ishqdir bu tanxo.

Kelasan, ketasan… Kecha va bugun,
Bilmadim, nimalar bo‘lar ertaga…
Yo senda, yo menda qolsin, bas, deya,
Ko‘nglimni tashlayman oxir o‘rtaga.

Kelasan, ketasan… Umr o‘tmoqda…
Kelasan, ketasan – ko‘nglim o‘rtada.

***

Yorim menday yoringizdan kechdingizmi —
Ishq daraxtin mevalarin to‘kib-to‘kib.
Ko‘nglingizga boshqa libos bichdingizmi?
Mening ko‘nglim chok-chokidan so‘kib-so‘kib.

Ko‘zingizni olib qochmang ko‘zlarimdan,
Lolalarning rangi kabi dilim meni.
Xafa bo‘lmang, qoling degan so‘zlarimdan,
Alvidoni aytolmadi tilim meni.

Yuragimni sovutmaydi muzlar endi,
Menga dunyo sizsiz bo‘m-bo‘sh qutidayin.
Poyingizga to‘kib ketdi kuzlar meni,
Muhabbatning erta pishgan tutidayin.

Keting mayli, unutaman axdingizni,
Kechirgayman, Xudo bersin baxtingizni.
Ammo hech bir qaro qoshga bermagayman,
Siz boy bergan yuragimni — taxtingizni.

***

Kimga nima, men sevsam sevib,
Kimga nima aqlimdan ozsam.
Yo‘llaringa ko‘nglimni sepib,
O‘zim toshli yo‘llarni bossam.

Ular mayli, nima desin xo‘p,
Rosti zorman jonim izingga.
Dunyo bir pul, dunyo arzimas —
Sening sepkil bosgan yuzingga.

O‘smasiz ham qoshing tim qora,
Pardozsiz ham zebsiz go‘zalsan.
Ko‘nglingda ishq unsa na zora,
Sevgi bilmas epsiz go‘zalsan…

DASTRO‘MOL

Dardlarimni so‘zladim yelga,
Intizorman bir so‘zga: “kel”ga.
Oyog‘ingga yiqildim noshud,
Senga kulgu, ermakman elga.

Hislarimni ishondim behud,
Omonatga xiyonat ekan.
Yuragingni gulga o‘radim,
Yuragimga o‘rading tikan.

Oy, yulduzmi ushlaganlaring,
Baxtiyorsan, baxting butunmi?
Yuragimga tashlaganlaring,
Ayt umrimni yoqqan o‘tinmi?

Men umrimni berdim sadaqa,
Tushlarimni ruyolaringga.
Bir chimdimlik yuragim bilan,
Sig‘maymanmi dunyolaringga?!

Bas! Majburman endi ko‘nmakka,
Ertakning ham poyoni yitdi.
Arzimadim ishqiy ko‘makka:
“Sevaman”ning javobi “ket”mi?

Qo‘l qoqaman xuddi mardlarcha,
Sezdirmayman dardim, g‘uborim.
Ko‘zlarimga yoshdek kelding-u,
Dastro‘molga artib yubordim.

YAQIN KЕL…

Yaqin kel yonimga, yanada yaqin,
Muzlagan qalbingga iliq quyoshman.
Sen yurgan yo‘llarning xazonin terib,
Maosh ololmagan baxtsiz farroshman.

Yaqin kel yonimga, yanada yaqin,
Adashdim kunlarning yo‘qdir sanog‘i.
Kelsang haydagan-u, ketsang sog‘ingan,
Eng injiq oshig‘ing o‘zimman chog‘i.

Yaqin kel yonimga, yanada yaqin,
Yaxshisi ketaqol mendan uzoqqa.
Sal o‘tmay chorlayman o‘zimga tag‘in,
Sal o‘tmay haydayman seni qayoqqa…

Kel desam kelgin-u,
Ket desam ketma.

DARAXT

Osmonga boqqancha bo‘y cho‘zdi nihol,
Bulutga tekkuday bo‘lgandi daraxt.
“Kesamiz” dedilar qilmayin malol,
“O‘choqqa o‘t qilur qaysidir bebaxt”.
.
Sho‘rlik daraxtginam, mevasiz edi,
Yovuzlar ko‘p ko‘rdi uning soyasin.
Bahorday yam-yashil, xazonday umrin,
Bir bolta xal etdi nihoyasini.
.
“Gurs!” yerga yiqildi mevasiz daraxt,
Shoxiga mingta qush qurgan edi in.
Bir meva tugmayin o‘tdi u, ammo,
Mingta polaponga “makon”dir lekin…
.
Dunyoga jo‘n kelib, jo‘n ketgani yo‘q,
Mitti qushchalarga eshik bo‘ldi u.
Ming sayqal, ming rang-la usta qo‘lida,
Bitta chaqaloqqa beshik bo‘ldi u.
07

(Tashriflar: umumiy 414, bugungi 1)

Izoh qoldiring