Jaloliddin Sayid. Eski va yangi daftarlardan she’rlar

09    Жалолиддин Сайид бугунги ёш ўзбек шеъриятида ўз ўрнини топган шоирлардан. Бир мунча вақт аввал унинг шеърлари билан таништирган эдик. Бугун унинг эски ва янги шеър дафтарларидан саралаб олинган туркумни тақдим этмоқдамиз.

Жалолиддин Сайид
ЭСКИ ВА ЯНГИ ДАФТАРЛАРДАН
07

   Жалолиддин Сайид (Сайидов) 1990 йил 26 сентябрда Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Комилон қишлоғида туғилган. Майманак касб-ҳунар коллежини Спорт мураббийи йўналиши бўйича таҳсил олган. 2003 йилдан буён бадиий ижод билан жиддий шуғулланиб келади. Шеьрлари «Шарқ юлдузи», «Соҳибкирон юлдузи» журналлари, «Қашқадарё», «Диёр», «Дарё» каби газеталарида нашр этилган. 

Изоҳ

Ҳеч қачон, ҳеч кимдан олмадик сотиб,
Ва ёки бировдан ўғирламадик.
Бақириб-чақирдик ҳақ сўзин тотиб,
Майда гап бўлмадик, минғирламадик.

Мулойим кўринди гарчанд чеҳрамиз,
Лек мудом томирда қайнаб турди қон.
Гоҳ силтаб уздилар ёқа тугмамиз,
Гоҳ эслаб қолдикки, аслимиз полвон.

Ҳарқалай йўл ҳалол, сўзимиз ҳалол,
Қўл ювмай ҳеч қалам тутганимиз йўқ.
Бировни тепкилаб қилмадик завол,
Бировдан ошиб ҳам кетганимиз йўқ.

Шукур, яшаяпмиз баҳоли қудрат,
Гоҳида биз кулдик, гоҳ омад кулди.
Эээ, асли бир чақа ҳаммаси…
Фақат
Сен мендан норози бўлмасанг бўлди!

07.04.2018

Очлик

-1-
“Даданг келса ундай қиламиз,
Даданг келса бундай қиламиз.

Пиширамиз энг зўр овқатни,
Унгача бой берманг тоқатни…”

Қишнинг қорли, аёзли куни,
Лекин писанд қилмасдан буни.

Елкасида рўзғор халтаси,
Овга кетган уйнинг каттаси.

Мўлтирайди беш жуфт оч нигоҳ,
О, уларни алдамоқ – гуноҳ.

Аммо нетсин онаизори?
Бисотида шу умид бори…

Зил кетади гоҳо ичидан,
Айрилади сабр-у кучидан.

Онанинг ҳам жони тошмасда,
Чўзилади ерга, шошмасдан…

Кўз олдида лиқ тўла халта,
Очга фақат таомдир далда.

Тамшанади …
Ҳузур қилар жон,
Бунча ширин бўлмасанг – ёлғон…

-2-
Ўрмон. Тоғлик. Диққат, сер солиб,
Овчи борар шер изин олиб…

“Увв”илларкан изғирин шамол,
Минг кўчага бошлар шум хаёл:

Уч кун бурун чиққани йўлга,
Ҳануз ҳеч не илашмас қўлга.

Не кечдийкин болалар ҳоли?
Оғираёқ эди аёли.

Ўт очмасин ҳарчанд қўшотар,
Юк халтаси ҳамон бўш ётар.

Қулатса бас, шу топда, қарийб
Фил бўлса ҳам кетгай кўтариб.

Аммо қайда ундайин ўлжа,
Кулгулидир ҳозир бу мўлжал.

Бир парча гўшт муаммо пайти,
Ким тайёрлаб қўйибди айтинг?

Ўлжа топмоқ истаса қай мард,
Ўзи ўлжа бўлмаслиги шарт.

Чунки емак хўп тақчил онда,
Қорни оч бир у-ми ўрмонда…

-3-
Эзилади менинг-да бағрим,
Ичим куяр гоҳ келиб қаҳрим.

Кипригимда ёш қалқийди, оҳ;
Бир бандангга кўмак бер Оллоҳ.

Ол кўксимдан юрагим юлиб,
Болаларга бер майли бўлиб.

Ё умримдан, ризқимдан ажрат,
Кийик қил-у, овчига учрат…

Хоҳ ўтинч де, хоҳи ёлвориш,
Билсанг ўлим – бўш қўл-ла бориш.

Ҳиммат қилгил, барорин бериб,
Ўлжа билан қайтсинда эри!

04.04.2018

Мувозанат

Эй дўст, бизнинг қадамлар оғир,
Оёғимиз оғирдир чунки.
Ажратолмай ернинг бағридан,
Гоҳ танимиз кетади мункиб.

Шукр деймиз аммо шунга ҳам,
Тик боқамиз қўрқмай қуёшга.
Не қилардик, меҳрибон Эгам,
Берганида бу юкни бошга?..

03.05.2017 й.

* * *

Деразадан мўралама,
Эй бетовфиқ, ғар нигоҳ.
Не ҳол шу дам уй ичида,
Не руҳият, ким огоҳ?

Ўйиб олгум кўзинг йўқса,
Оҳ-додингни эшитмам.
Агар кўнглинг тўғри бўлса,
Чақириб кел эшикдан.

07.05.2017й.

* * *

Бежиз момолар бир қиз,
Етса ўсмир ёшига.
Сандиқдан олиб рўмол,
Ўрашмаган бошига.

Бугун ғашимни қўзғаб,
Урар кўзга хаёллар.
Не ҳам берарди қизга,
Боши очиқ аёллар…

08.05.2017й.

Ўлик кун

Бугун бир иш қилмадим айнан,
Фахр билан айта олгулик.
Пушаймондан қилгулик пана,
Бирор юмуш, эсда қолгулик.

Сўз айтмадим кимгадир ширин,
Нон бермадим ҳатто итимга.
Силамадим мушугим бошин,
Бир савоб йўқ адо этилган.

Юмшамади дарахтнинг таги,
Кетмон қолди занг қўлида қул.
Эшитмадим онамнинг дардин,
Сув ичмади қуриётган гул…

Бугун мен бир иш қилмадим ҳеч,
Бор юмушдан қўлимни ювиб.
Яшамасдан кунни қилдим кеч,
Дайди илҳом ортидан қувиб.

Энди эса юрагим тилка,
Йиғиб-йиғиб аччиқ хунларин,
Бир кун мендан жон сўраб келгай,
Мен ўлдирган ўлик кунларим.

06.05.2017й.

Тақсим

“Зав Хоз” қизи Асила,
Лойиқ “қизил диплом”га.
Ёзинг қайдномасин,
ҳа,
“Зав Хоз” шай «имтиҳон»га.

Кейин яна, Шермамат,
Қанисан бери келчи,
Ўзимиздан азамат,
Онаси бизда “тил”чи.

Эшик орти зўр савдо,
Қизаришиб юзлари.
Навбат кутар боғбон ва,
Қоровулнинг қизлари.

Ўтказаркан шу йўсин,
Директор ўз “хеш”ларин.
Мендан юзини тўсиб,
Қизаради «беш»ларим.

11.05.2017 й.

Аҳвол

Товуқ қилмоқликни хоҳлайди қўшним,
Рўзғордан шунга ҳам ортмоғи маҳол.
Буниси уч-тўртта товуқдан кечиб,
Эчки боғламоқни қилади хаёл.

Мен эса тўрт-бешта эчкини боқиб,
Сигир оламан деб юрсам ҳавасда.
Бир қўшним беш-олти сигирин сотиб,
Мошин миниб келди қаранг бир пасда.

Тавба…
Шу эканда расми оламнинг,
Ниятни яхши қил дейди-ю Эгам.
Юрагим ачишар, наҳот Одамнинг
Имконга тобедир орзулари ҳам.

27.05.2017 й.

Табиий ҳол

Қўлингга нон олсанг, адашмай сира,
Тўғри элтасан-ку оғзингга, мисол.
Холбуки оғзингни кўриб турмайсан,
Парво ҳам қилмайсан – бу табиий ҳол.

Ёки бош оғриғин олсин деб бироз,
Тонг саҳар кўзингни очиб-очмасдан,
Офтоба тўлатиб, муздайин сувни,
Қўлингга қуясан тўғри, шошмасдан.

Биров сўраб қолса: “Нега шундай” деб,
Тушунтиролмайсан аммо ҳеч қандай.
Барин беихтиёр қиласан, худди
Шундай бўлмоқлиги керак бўлгандай.

Энди бир ўйлаб кўр: “Бу алам нечун?”,
Бу савол остида армонлар қат-қат.
Биродар, айт менга, қачон биз учун,
Табиий ҳол бўлар юртга муҳаббат?..

13.05.2017й.

Телба

Мен сени хотирда сақлайман абад,
Мен сени ҳеч қачон олмайман тилга.
Суратинг чизаман, кўзмунчоқ қадаб,
Илдириб қўяман ва ўша йилга.

Сени соғинсам гар хаёлни миниб,
Бораман “сен”и бор ўша йил томон.
Йилларим сочилмас, кетмагай синиб,
Токи мен тирикман, ёдинг ҳам омон.

Сен кетган йўлларга умидим боғлаб,
Сен айтган сўзлар-ла ўзни алдарман.
Менинг бир йилим бор…
Бахтдек қучоқлаб,
Яшарман, шу билан бўлиб андармон.

Ташвишга ботмасман шамдан нур тилаб,
Тун ҳарчанд эзмасин руҳим ҳоритиб.
Ўша йил…
Сен ёққан биргина шуъла,
Бутун ҳаётимни тургай ёритиб.

Мен сени ҳеч қачон унутолмайман,
Йўқ, ахир мен хароб бўламан сенсиз.
Юракни бир умр овутолмайман,
Бир умр…
Демак тинч яшайсан менсиз!..

15.12.2017 й.

* * *

Ўтин чопдим, қазидим қудуқ,
Сувоқ қилдим, сигирдим хазон.
Қўймадилар қўлимни қуруқ,
Қайнаб турди ҳар ҳолда қозон.

Шукур дейман, нолимайман ҳеч,
Меҳнат – ҳалол, йўқ макр-у, фириб.
Болаларим олдига ҳар кеч,
Ёруғ юз-ла бораман кириб.

Фақат баъзан сиқилиб муштим,
Қоним қизир: ўҳ сен баччағар…
Кулиб ўтар икки ён қўшним –
Бири ўғри, бири эса ғар.

07.01.2018й.

* * *

Ҳар ҳолда кўзимга санчилганда чанг,
Ёрдамга шошади тоза қўлларим.
Ҳар ҳолда ҳамроҳим қилганда найранг,
Оёғим танигай содиқ йўлларин.

Ҳар ҳолда ҳеч ерда қолмаган юким,
Елкамга олсам бас, кетаман тортиб.
Ҳар ҳолда пайқаса сал оғу юқин,
Тишларим тилимни олади артиб.

Ҳар ҳолда шунча йил ўзни ёлғизлаб,
Қўрқувга ботгандим шу қадар чуқур.
Ҳар ҳолда юрагим қолмабди музлаб,
Сени соғинаяпман…
Худога шукур.

08.01.2018 й.

Қўрқув

Мендан кўз узмагил, бўл мудом сергак,
Мени маҳкам ушла, қўлларимдан тут.
Кимдир мени тутиб турмоғи керак,
Йўқса йиқиламан, бўламан нобуд.

Қара, шамолларнинг важоҳатига…
Ўпкамни ёргудек сиқилар ҳаво.
Юракнинг минг йиллик жароҳатига,
Фақат ишқ… Фақат Сен… Йўқ бўлак даво.

Ҳеч қачон қолдирма тун билан ёлғиз,
Кўзларим забт этгай йўқса зулумот.
Қисматим – қумлоққа тиралган илдиз,
Мен ҳаёт истайман, бир томчи ҳаёт.

О, фақат сев мени, қўрқувим синсин,
Югурсин умримнинг олов йўллари.
Фариштам, ўзинг ҳам билмайсан-а?
Сен –
Худонинг мен учун чўзган қўллари.

Кўпкари

Сиз ҳақсиз бу кўпкарида,
Деёлмасман: Зотим бор.
Кузатаман хўп, нарида,
Менинг орриқ отим бор.

Не қилайди ҳолимиз шу,
Кўнгилдан ғам кетмайди.
Катта-катта едиришга,
Менинг қурбим етмайди.

Қалтираган оёқлари,
Айиролмас улоқни.
Тўқ байталлар бўкириғи,
Ҳуркитади қулоқни.

Танимиз бир, жонимиз бир,
Бирдир дард-у, тилаги.
У ҳам билар панд бермоғин,
Соҳибининг билаги.

Сўз демаймиз аммо гунгдек,
На бировга айтамиз.
Биз ҳар сафар бир чеккадан,
Жииим кузатиб қайтамиз.

… Эшитилар гоҳ тишларин,
Ғичирлаши отимни .
Ўйлармикан: Иснодларга,
Қўйдим, дея, зотимни.

Эзиламан мен ҳам бунда,
Битта ишга яролмай.
Яшаяпмиз бир-бировнинг,
Кўзимизга қаролмай.

02.03.2018 й.

* * *

Ўх, менинг осмонга туташган бошим,
Ўх, менинг заминга ботган оёғим.
Ўх, менинг сезилган қисмати фошим,
Ўх, менинг эзилган кўнгил – жумбоғим.

Ўх, менинг кўз ёшга сиғинган кўзим,
Ўх, менинг бераҳм, қоя тишларим.
Ўх, менинг тилимга осилган сўзим,
Ўх, менинг дилимга қарши ишларим.

Ўх, менинг сочимга сепилган афсус,
Ўх, менинг тонгимни бўяган оҳлар.
Ўх, менинг сабримга тирғалган жосус,
Ўх, менинг хаёлим қилган гуноҳлар.

Ўх, дейман, юзимни тилганда ханда,
Ўх, дейман, орқага қочганда йўлим.
Ўх, дейман, қарғалар тепкилаганда,
Бошимни тўсишга етмаган қўлим.

Ўх, десам, нолишга йўйманг сиз тағин,
“Дунёни елкалаб ўтадигандай”.
Ўх, десам, ҳавога нафасим билан,
Дардларим ҳам чиқиб кетадигандай.

Ўххх…

05.11.2016й.

* * *

Укам қум тўлдириб, катта бир қопни,
Айвонга илдирди, мен бердим ёрдам.
Икки олиб келса агар мактабдан,
Ё ютқазиб қўйса футбол жамоаси,
Жимгина келар-у, муштин тугганча,
Қопни муштлаб-муштлаб чиқар хумордан.

Ҳа, бу яхши одат, кузатаман шод,
Энди еттинчини тугатди ҳали.
Ўргангани маъқул, ахир бу ҳаёт,
Доим мард келмайди гапнинг дангали.

Хурсангдлигим нечун? ҳавасим нечун?
Ўзни мисол қилиб олар бўлсам тан:
Ҳеч қачон ютмаган менинг жамоам,
Ҳаёт сийлаб келди иккилар билан.

Ичимга ютилган бу қаҳр, алам…
Тошга тўлиб борар юракнинг қопи.
Муштимни синдирар ураман десам,
Мен яхши биламан мунинг азобин…

Йўқ, менга бу қопинг кичиклик қилар,
Кўнглимни бир зулмат босган шу топда.
Кел ука, энди сен кўмак бергил сал,
Дунёни…
Дунёни солайлик қопга.
Бир хумордан чиқай.

03.06.2017 й.

Дўст

Асли туғилганман сенинг қўлингда,
Сенинг қаровингда улғайдим, ўсдим.
Мени йўқлаб турдинг юрган йўлимда,
Мени ёлғизлатиб қўймадинг дўстим.

Гоҳида сен сабаб тўкдим кўз ёши,
Гоҳ ўзни «оҳ-воҳ»дан тийдим, уялдим.
Ў, қанча хавфлардан ўтмадим ошиб,
Қўл тутдинг, барида сенга суяндим.

Баъзан жўраларим кетди дил узиб,
Қадамин қайирди баъзан ҳамшиша.
Фақат сен кетмадинг…
Мен турдим сезиб,
Фақат сен мен билан бўлдинг ҳамиша.

Қўлга бир зирапча кирса ҳам ҳатто,
Сенинг ёрдамингда бўлгайман халос.
Сен бор тиришаман қилмай деб хато,
Сен борки ўзимни асрагайман, рост.

Шамоллар чангидан ачишган фурсат,
Кўзимни ўйишдан тўхтатган сенсан.
Тилимни тишлашга мажбур бўлган пайт,
Уни еб қўйишдан тўхтатган сенсан.

Сенсиз не кечарди билмадим ҳолим,
Оромнинг қадрига етармидим йўқ.
Бошимга ёғилган тошларни сезмай,
Яшайверармидим шодон, кўнгли тўқ.

Бугун мундоқ ўйлаб кўрсам бор умрим,
Ҳаммаси, ҳаммаси сен билан боғлиқ.
Сенсиз яшаш қийин,
Сенсиз яшаш – фожия,
Оғриқ!

* * *

Менинг битта тўним бор, биттагина кўйлагим,
Орзулар эса…
Ўҳҳўў, бу ҳақда йўқ ўйлагим.

Беш йил бўлди олийгоҳ қайтаради ортимга,
Уриб-суриб кир экан, четда қолар тортинган.

Бир деҳқон ўғли эдим, юрган палак суғориб,
Онам деди: “Шунда қол, болам, пойтахт юқори”.

Мен нодон-а, мен қайсар, ўз гапимдан қолмайман,
Йиқиламан, бурним қон, лек курашдан толмайман.

Ў, сиз ғирром жамоат, тиржаясиз қорин тўқ,
Бунда ҳар не ўринли, фақат менга ўрин йўқ.

Сизнинг кема бўлакда, сиз менга қўшилмайсиз,
Тушунмайсиз, эҳ, буни ҳеч қачон тушунмайсиз.

Сен қолавер Жонтемир, менинг ёнди пайтавам,
Юрак сиқар Тошкентда, бас, Қаршига қайтаман.

Битта сигир, тўртта қўй, икки таноб ер бўлса,
“Диплом”сиз ҳам ёзаман, уч-тўрт содда шеър билса.

Бунга сира куйинмам, оёқ-қўл бут, бош омон,
Қайда бўлса меҳнатдан ризқин топар тирик жон.

Фақат битта ўйим бор, фақат шул деб ғам ейман,
Умид-ла кутиб турган, дадамга нима дейман..?

23.07.2016 й.

Орзу

Ёмғир бўлиб кўкка ёғилсам,
Сингиб кетсам булутларига.
Чақмоқ янглиғ такрор туғилсам,
Етса онам умидларига.

О коинот, бепоён наҳр,
Терсам қуёш тилкаларини.
Кўтартириб қилмасам яғир,
Дадамнинг кенг елкаларини.

Умр қурсам балиқдек ҳалол,
Ҳалқумимни кирлолмаса ғам.
Эрта, менинг номимдан алҳол,
Узр сўраб юрмаса болам.

Мен деб ҳеч кўз тўкмаса ёшни,
Бир тола оқ тушмаса сочга.
…Ташлаб олиб кўксимга бошни,
Дунёсидан қочганим-қочган.

17.04.2018

* * *

Мағзи лойга ботгани билан,
Ифлос бўлиб қолмайди данак.
Мағзин кўриб данак ҳақинда,
Ҳукм қилмоқ хатодир, демак.

Адодатни ўстирмоқ бўлсанг,
Адолат эт, сочмагин қаҳр.
Отанинг кир ишлари учун,
Ўғил жавоб бермайди ахир.

12.07.2015

* * *

Муҳаббат бу-хиёбоннинг хилват жойида,
Маъшуқангни сочларига кўмилиш эмас.
Муҳаббат бу-кенг шаҳарнинг тошқин сойида,
Ошиғингга елка тутиб чўмилиш эмас.

Муҳаббат бу-дил тубида янграгучи сас,
Ва қалбларни забт этгувчи сўз, хониш демак.
Муҳаббат бу-маъшуқангни кўз-кўзлаш эмас,
Ёт, бегона нигоҳлардан қизғониш демак.

* * *

Ўз кўчамнинг баланд пастини,
Сен билмайсан, ўзим биламан.
Топиб боргум айтган манзилинг,
Юмиб ҳатто кўзим, биламан.

Мен улғайдим шу тупроқ, чангда,
Лойга ботиб…
Сен пойи қуруқ,
Бугун келиб менинг кўчамга,
Ўргатасан тағин йўл-йўриқ!

* * *

Тонгнинг отишини кузатганмисиз?
Қуёшнинг саҳнага чиқиб келишини.
Қизариб бўзарган Шарқнинг юзи-ю,
Янги кун «қичқириб» туғилишини…

Ғафлатнинг тўрини юлиб отганлар,
Бу пайтда саждадан кўтарар бошин.
Ва олиб чиқади уйдан ташқари,
Ҳар бири кўнглида отган қуёшин.

Кун шу қуёшлардан ёришса не тонг…

Ваъда

Қўй, бундай қарама, миннатга тўлиқ,
Нигоҳларинг билан тутмагин ўққа.
Асло… яхшилигинг унутганим йўқ,
Сен ҳам савобингни чиқарма йўққа.

Насиб, қайтарарман келса бир вақти,
Гар қурбим етмаса…
(Тонг-ла тураман,)
Қўрқма, қолиб кетмас бўйнимда ҳаққинг,
Сенга Худойимдан сўраб бераман.

Бурч

Менинг сепган донимдан тўйса,
Катагимда емасдан совуқ.
Тухумни-чи, ёт уйга қўйса,
Кимга керак бундайин товуқ?

Шу юрт тузин тотиниб ўсдик,
Паноҳ бўлди ва ёздик куртак.
Энди бизнинг хизмат ҳам дўстим,
Шу юрт учун бўлмоғи керак.

Олтин қоида ва Ҳаёт

Физикада бормиш олтин қоида…
Биз ҳамон ўшани кутяпмиз юрак.
Куч ҳам масофа ҳам турар жойида,
Айт биз қай биридан ютяпмиз юрак?

Бормаймиз. Келмайди. Бу ҳаёт золим,
Гоҳ олов олади йигитлик қони.
Тоғларни судрашга етгулик ҳолим,
Куч билан бўлсайди англаб дунёни.

Бир зумда ўзгарди ҳаммаси бироқ,
Минг йилда ўрнига тушарми, йўқми?
Кун сайин чўзилар масофа йироқ,
Бу ютуқ дейсанми?
Эҳ бу ютуқни.

Наҳот яшаш керак куч битгунча то?
Ахир бизда бундай сабот йўқ юрак.
Физиклар ҳаётни билишмайди ё,
Ёки физикада ҳаёт йўқ юрак.

Жон янглиғ суйса-да кетгани ростдир,
Жон қадар суйсам-да демадим-а «қол».
Айтинг бу қайси бир қолипга мосдир?
Ҳеч бир қоидага тушмайди бу ҳол.

Меҳр не? Соғинч не? Қилмасдан парво,
Қоида ясайди толмас физика.
Ҳар не-ни ҳисоблаш мумкиндир аммо,
Ғурурни ҳисобга олмас физика.

Ҳаёт-чи,? Назарга илмайди ҳаёт,
Ўз йўлича давом этади бари.
Олтин қоидани билмайди ҳаёт,
Ҳаётнинг бордур ўз қоидалари…

Физика… Ўшасиз юрак тўлмайди,
Ўшасиз ҳаёт ҳам бўлмас жойида.
Юракни қолипга солиб бўлмайди,
Жонсиз жисмларда бўлар қоида.

Қадам

Дадам ишга қатнар ҳар кун эрталаб,
Тупроқ кўчаларда қолдирганча из.
Кейин мен чиқаман ортларидан ва
Ўзимнинг изимни қўяман сўзсиз.

Сўнг кунлар ўтади, сўнг кимлар ўтар,
Эй дунё аммо сен билиб қўй шуни,
Дадам бошлаб берган йўл давомида,
Ўғлимнинг излари тушар бир куни.

Демакки бу йўлдан узилмас қадам…

Ҳушёрлик

Пардаларни олинг деразалардан,
Қалинроқ тўшалсин кўрпача ўрни.
Токи сал бўй чўзсак ўтирган ердан,
Ҳовлимиз бемалол турсин кўриниб.

Ғафлатнинг туҳфаси ортиқдур бизга,
Пойлаб қочмоқ етар эски дарчадан.
Енди ҳушёр бўлмоқ лозим ҳар изга:
Қани, ким ўтмоқда бизнинг кўчадан..?

Қоида

Чапақайлар даврасига тушиб қолди у,
Ҳувв қишлоқнинг четидаги чинор тагида.
Туришарди чап қўлда нон ва юзда кулгу,
Сўз қуйишиб оғизнинг нақ чап бурчагидан…

Хохламади аввалига; «Ахир бу-хато!»
Тиржайдилар…
Ҳа шундайми?..
Киритинг эсин…
У кимлигин тушинтириб бергунича то,
Сездирмасдан ўнг қўлини олдилар кесиб.

Кайфият

Қуриган япроқдек кафтимга олиб,
Юракни эзғилаб сочолсам эди.
Кўксимда томирлаб кетган адоғсиз,
Дардлардан, бир ёққа қочолсам эди.

Кимсасиз оролми бўлса-ю, унда
Бировни билмасам, биров билмаса.
Ўкириб йиғласам Сенинг олдингда,
Ҳеч ким айб қилмаса, уят қилмаса.

Чап елкам оғирлаб боргай тобора,
Тобора оғриқдан титрар лабларим.
Бу соқов тил билан қаерга борай?
Гапларим кўп ахир,
менинг гапларим.

Ай руҳим, не бўлди, бунча тушкунсан?
Тилмочлик қилади тонгги тушларим.
Нималар дейсиз-а?
Қани тушунсам,
Оппоқ илонларим, оппоқ қушларим.

Умрим-бир «пуф» деса ўчгучи шамдек,
Булутлар айланар, гулдурак яқин…
Қўрқаман, эртага мен ҳам Одамдек
Яшадим, дейишга бўларми ҳаққим..?

07.06.2018.

Туш

Туш кўрдим-у тонгда ногоҳ
Чўчиб турди ўриндан.
Бир сескандим пешонамга
Тепган совуқ теримдан.

Емишки, кенг майдон узра
Жанг борар-у беаёв.
Ўқ ёмғирдек ёғар бошдан,
Босиб келар юртга ёв.

Энг даҳшати шу ерда ҳам
Қўймай тақдир қилиғин.
Нақ урушнинг ўчоғида
Отмай қолди милтиғим.

Қўрқоқмасман аслида-ку
Гап кетганда ор ҳақда.
Аммо ёвга қуролсиз тик
Бориб бўлмас аҳмоқдай.

Чопармишман уялмай ҳеч
Майдон четин паналаб.
Дўстлар эса «қочди» дея
Ёғдирармиш таъналар…

Дуч келса денг шу лаҳзада
Мен ҳукмидан қочган қўл.
Не ажабки ёвга элтса
Жанггоҳдаги барча йўл.

Қалтиради оёқларим,
Гарчи таним титради.
Лек зўр бериб милтиғимни
Манглайига тирадим.

Бир, икки, уч…
Тағин қайта,
Тағин қайта, илтимос.
О худойим, биттагина,
Биттагина ўқ холос.

Қулоғимни ёрди қаҳ-қаҳ…
Айтмоқ номус уёғин,
Тизим букиб, шафқат тилаб,
Ўпармишман оёғин…

Зўр ваҳмдан кўзим очдим,
Келиб-келмай ҳушимга.
Бир қизардим, бир сўкиндим,
Қон қуйилиб муштимга.

Туфлаб ташла магар тупроқ,
Бағрингдан жой бермасдан.
Юртга кирган ёв бошини,
Шарт узмасам… Эрмасман.

Тош ёғдиргил ёки фалак,
Қуёш ёққил бўғзимни,
Бир сония иккилансам
Тутолмасдан кўксимни…

Алам қилар экан, чинда,
Хоҳ ўнг хоҳи хаёлинг.
Юрт деб жангга кирганингда
Панд берса гар қуролинг.
26.05.2017.

Юк

Мана оддий сомон парчасин,
Бор куч билан отгин илгари.
Сарф қиларсан вақтинг қанчасин,
Лек учолмас тўрт қадам нари.

Ёки ана қизиқиш учун,
Сина буни бир кичик тошга.
Ўша меҳнат кетгай, вақт, кучинг,
Натижаси… бу энди бошқа.

Сен ҳолингни биласан-у хас,
Улар билмай зўрлар нечоғлиқ.
Бу-отгучи кучига эмас,
Отилмишнинг юкига боғлиқ.

06.04.2016

* * *
Борди-ю фалон сўм олган ҳувв тўнинг,
Барига озгина тегар бўлса гард.
Расво бўлишин ҳам ўйламай қўлинг,
Эринмай қоқилаб ташлагайсан шарт.

Аммо нима учун қизармас бетинг?
Беҳузур бўлмайсан диққатинг ортиб.
Ахир лой бўлди-ку қалбнинг бир чети,
Нега уни дарров олмайсан артиб?

Ношукр

Бир томонда эрийди музлик,
Бир томонда чўкиб борар ер.
Бир томонда эса сувсизлик,
Бир томонда очлик-бер ҳо бер.

Бир томонда отилар вулқон,
Бир томонда тарқайди вабо.
Бир томонда ўт олар ўрмон,
Бир томонда урушдек бало…

Боқ ношукур, не тахлит замон,
Боққил ахир дунё не кўйда.
Сен-чи ишдан қайтасан омон,
Ва тинчгина ухлайсан уйда.

Ер чопасан, экасан кўчат,
Боғ ҳовлингни ҳосилин еғиб.
Кенгашасан,
тўкин куз мўлжал,
Тўй қиласан, кўнглингга сиғиб.

Дейсан сўғин: Чорлар ҳувв жўрам,
Бормасам гар бўлади хафа.
Беш болангни қўйиб хотиржам,
Уйдан олис қиласан сафар.

Биров олмас ёқангдан келиб,
Ё, ёғдирмас ўқотарлар дўл.
Қурбинг борми, чопавер елиб,
Кимса тўсмас,
тўрт томонинг йўл…

Шундоғ юртда яшайсан, тушун,
Гул-у гиёҳ атрин таратган.
Ахир шукр этмоғинг учун,
Яна нима қилсин Яратган???

13.12.2015

Зерикиш

Ариқда оққан лойқа
Сувда чўмилиб ўсдим.
Тол шохига тирмашиб
Сойнинг йўлини тўсдим

Анҳорларнинг тиниқиб
Оқишини кузатдим.
Ирмоқларнинг ҳеч қайтмас
Хохишини кузатдим.

Шўр сувли зовурларнинг
Қамишида мол боқиб.
Дарё отлиғ ваҳманинг
Ҳайбатига лол боқиб.

Не тонг, бугун баридан
Чарчадим, ҳордим тўсат…
Ё художон, кел энди
Менга Денгизни кўрсат!

28.03.2019.

* * *

Укам гап топиб келди,
бир кун аллақаердан.
Баҳор келиб, қўй нархи
ошиб кетармиш бирдан.

Таклиф этди харидин,
наф берармиш… ёш бача.
Жаҳлим чиқди:»Бу гумон,»
менинг фикрим бошқача.

Опам бўлса Наврўзга,
янги кийим хохлади.
Бу ҳол тайин, менга ҳам,
укамга ҳам ёқмади

Ўзи жиндек пулимиз,
кирарми жонга оро?
Шу арзимас таклифдан,
чиқди катта можоро.

Опам унда тўрсайган,
менинг ўйиқ қовоғим.
Укам эса ўз сўзин,
қўймас, тираб оёғин.

Еҳҳҳ..

Биз билмасдик у маҳал,
ҳаёт шум ўйинлигин.
Бу талашда ҳаммадан,
дадамга қийинлигин.

16.02.2019.

* * *

Қалбимга чўғ тушди қайси кун,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.
Ўт олдим куйдим мен, о, бутун,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.

Неники бой бердим, гумон йўқ,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.
На бунда, на унда омон йўқ,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.

Ҳар қилган гуноҳим, биларман,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.
Ё раббим, мен паноҳ тиларман,
Кибрдан. Ғараздан. Ҳасаддан.

16.02.2019.

045   Jaloliddin Sayid bugungi yosh o’zbek she’riyatida o’z o’rnini topgan shoirlardan. Bir muncha vaqt avval uning she’rlari bilan tanishtirgan edik. Bugun uning eski va yangi she’r daftarlaridan saralab olingan turkumni taqdim etmoqdamiz.

Jaloliddin Sayid
ESKI VA YANGI DAFTARLARDAN
07

   Jaloliddin Sayid (Sayidov) 1990 yil 26 sentyabrda Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumanidagi Komilon qishlog’ida tug’ilgan. Maymanak kasb-hunar kollejini Sport murabbiyi yo’nalishi bo’yicha tahsil olgan. 2003 yildan buyon badiiy ijod bilan jiddiy shug’ullanib keladi. Sheьrlari «Sharq yulduzi», «Sohibkiron yulduzi» jurnallari, «Qashqadaryo», «Diyor», «Daryo» kabi gazetalarida nashr etilgan. 

Izoh

Hech qachon, hech kimdan olmadik sotib,
Va yoki birovdan o’g’irlamadik.
Baqirib-chaqirdik haq so’zin totib,
Mayda gap bo’lmadik, ming’irlamadik.

Muloyim ko’rindi garchand chehramiz,
Lek mudom tomirda qaynab turdi qon.
Goh siltab uzdilar yoqa tugmamiz,
Goh eslab qoldikki, aslimiz polvon.

Harqalay yo’l halol, so’zimiz halol,
Qo’l yuvmay hech qalam tutganimiz yo’q.
Birovni tepkilab qilmadik zavol,
Birovdan oshib ham ketganimiz yo’q.

Shukur, yashayapmiz baholi qudrat,
Gohida biz kuldik, goh omad kuldi.
Eee, asli bir chaqa hammasi…
Faqat
Sen mendan norozi bo’lmasang bo’ldi!

07.04.2018

Ochlik

-1-
“Dadang kelsa unday qilamiz,
Dadang kelsa bunday qilamiz.

Pishiramiz eng zo’r ovqatni,
Ungacha boy bermang toqatni…”

Qishning qorli, ayozli kuni,
Lekin pisand qilmasdan buni.

Yelkasida ro’zg’or xaltasi,
Ovga ketgan uyning kattasi.

Mo’ltiraydi besh juft och nigoh,
O, ularni aldamoq – gunoh.

Ammo netsin onaizori?
Bisotida shu umid bori…

Zil ketadi goho ichidan,
Ayriladi sabr-u kuchidan.

Onaning ham joni toshmasda,
Cho’ziladi yerga, shoshmasdan…

Ko’z oldida liq to’la xalta,
Ochga faqat taomdir dalda.

Tamshanadi …
Huzur qilar jon,
Buncha shirin bo’lmasang – yolg’on…

-2-
O’rmon. Tog’lik. Diqqat, ser solib,
Ovchi borar sher izin olib…

“Uvv”illarkan izg’irin shamol,
Ming ko’chaga boshlar shum xayol:

Uch kun burun chiqqani yo’lga,
Hanuz hech ne ilashmas qo’lga.

Ne kechdiykin bolalar holi?
Og’irayoq edi ayoli.

O’t ochmasin harchand qo’shotar,
Yuk xaltasi hamon bo’sh yotar.

Qulatsa bas, shu topda, qariyb
Fil bo’lsa ham ketgay ko’tarib.

Ammo qayda undayin o’lja,
Kulgulidir hozir bu mo’ljal.

Bir parcha go’sht muammo payti,
Kim tayyorlab qo’yibdi ayting?

O’lja topmoq istasa qay mard,
O’zi o’lja bo’lmasligi shart.

Chunki yemak xo’p taqchil onda,
Qorni och bir u-mi o’rmonda…

-3-
Eziladi mening-da bag’rim,
Ichim kuyar goh kelib qahrim.

Kiprigimda yosh qalqiydi, oh;
Bir bandangga ko’mak ber Olloh.

Ol ko’ksimdan yuragim yulib,
Bolalarga ber mayli bo’lib.

Yo umrimdan, rizqimdan ajrat,
Kiyik qil-u, ovchiga uchrat…

Xoh o’tinch de, xohi yolvorish,
Bilsang o’lim – bo’sh qo’l-la borish.

Himmat qilgil, barorin berib,
O’lja bilan qaytsinda eri!

04.04.2018

Muvozanat

Ey do’st, bizning qadamlar og’ir,
Oyog’imiz og’irdir chunki.
Ajratolmay yerning bag’ridan,
Goh tanimiz ketadi munkib.

Shukr deymiz ammo shunga ham,
Tik boqamiz qo’rqmay quyoshga.
Ne qilardik, mehribon Egam,
Berganida bu yukni boshga?..

03.05.2017 y.

* * *

Derazadan mo’ralama,
Ey betovfiq, g’ar nigoh.
Ne hol shu dam uy ichida,
Ne ruhiyat, kim ogoh?

O’yib olgum ko’zing yo’qsa,
Oh-dodingni eshitmam.
Agar ko’ngling to’g’ri bo’lsa,
Chaqirib kel eshikdan.

07.05.2017y.

* * *

Bejiz momolar bir qiz,
Yetsa o’smir yoshiga.
Sandiqdan olib ro’mol,
O’rashmagan boshiga.

Bugun g’ashimni qo’zg’ab,
Urar ko’zga xayollar.
Ne ham berardi qizga,
Boshi ochiq ayollar…

08.05.2017y.

O’lik kun

Bugun bir ish qilmadim aynan,
Faxr bilan ayta olgulik.
Pushaymondan qilgulik pana,
Biror yumush, esda qolgulik.

So’z aytmadim kimgadir shirin,
Non bermadim hatto itimga.
Silamadim mushugim boshin,
Bir savob yo’q ado etilgan.

Yumshamadi daraxtning tagi,
Ketmon qoldi zang qo’lida qul.
Eshitmadim onamning dardin,
Suv ichmadi quriyotgan gul…

Bugun men bir ish qilmadim hech,
Bor yumushdan qo’limni yuvib.
Yashamasdan kunni qildim kech,
Daydi ilhom ortidan quvib.

Endi esa yuragim tilka,
Yig’ib-yig’ib achchiq xunlarin,
Bir kun mendan jon so’rab kelgay,
Men o’ldirgan o’lik kunlarim.

06.05.2017y.

Taqsim

“Zav Xoz” qizi Asila,
Loyiq “qizil diplom”ga.
Yozing qaydnomasin,
ha,
“Zav Xoz” shay «imtihon»ga.

Keyin yana, Shermamat,
Qanisan beri kelchi,
O’zimizdan azamat,
Onasi bizda “til”chi.

Eshik orti zo’r savdo,
Qizarishib yuzlari.
Navbat kutar bog’bon va,
Qorovulning qizlari.

O’tkazarkan shu yo’sin,
Direktor o’z “xesh”larin.
Mendan yuzini to’sib,
Qizaradi «besh»larim.

11.05.2017 y.

Ahvol

Tovuq qilmoqlikni xohlaydi qo’shnim,
Ro’zg’ordan shunga ham ortmog’i mahol.
Bunisi uch-to’rtta tovuqdan kechib,
Echki bog’lamoqni qiladi xayol.

Men esa to’rt-beshta echkini boqib,
Sigir olaman deb yursam havasda.
Bir qo’shnim besh-olti sigirin sotib,
Moshin minib keldi qarang bir pasda.

Tavba…
Shu ekanda rasmi olamning,
Niyatni yaxshi qil deydi-yu Egam.
Yuragim achishar, nahot Odamning
Imkonga tobedir orzulari ham.

27.05.2017 y.

Tabiiy hol

Qo’lingga non olsang, adashmay sira,
To’g’ri eltasan-ku og’zingga, misol.
Xolbuki og’zingni ko’rib turmaysan,
Parvo ham qilmaysan – bu tabiiy hol.

Yoki bosh og’rig’in olsin deb biroz,
Tong sahar ko’zingni ochib-ochmasdan,
Oftoba to’latib, muzdayin suvni,
Qo’lingga quyasan to’g’ri, shoshmasdan.

Birov so’rab qolsa: “Nega shunday” deb,
Tushuntirolmaysan ammo hech qanday.
Barin beixtiyor qilasan, xuddi
Shunday bo’lmoqligi kerak bo’lganday.

Endi bir o’ylab ko’r: “Bu alam nechun?”,
Bu savol ostida armonlar qat-qat.
Birodar, ayt menga, qachon biz uchun,
Tabiiy hol bo’lar yurtga muhabbat?..

13.05.2017y.

Telba

Men seni xotirda saqlayman abad,
Men seni hech qachon olmayman tilga.
Surating chizaman, ko’zmunchoq qadab,
Ildirib qo’yaman va o’sha yilga.

Seni sog’insam gar xayolni minib,
Boraman “sen”i bor o’sha yil tomon.
Yillarim sochilmas, ketmagay sinib,
Toki men tirikman, yoding ham omon.

Sen ketgan yo’llarga umidim bog’lab,
Sen aytgan so’zlar-la o’zni aldarman.
Mening bir yilim bor…
Baxtdek quchoqlab,
Yasharman, shu bilan bo’lib andarmon.

Tashvishga botmasman shamdan nur tilab,
Tun harchand ezmasin ruhim horitib.
O’sha yil…
Sen yoqqan birgina shu’la,
Butun hayotimni turgay yoritib.

Men seni hech qachon unutolmayman,
Yo’q, axir men xarob bo’laman sensiz.
Yurakni bir umr ovutolmayman,
Bir umr…
Demak tinch yashaysan mensiz!..

15.12.2017 y.

* * *

O’tin chopdim, qazidim quduq,
Suvoq qildim, sigirdim xazon.
Qo’ymadilar qo’limni quruq,
Qaynab turdi har holda qozon.

Shukur deyman, nolimayman hech,
Mehnat – halol, yo’q makr-u, firib.
Bolalarim oldiga har kech,
Yorug’ yuz-la boraman kirib.

Faqat ba’zan siqilib mushtim,
Qonim qizir: o’h sen bachchag’ar…
Kulib o’tar ikki yon qo’shnim –
Biri o’g’ri, biri esa g’ar.

07.01.2018y.

* * *

Har holda ko’zimga sanchilganda chang,
Yordamga shoshadi toza qo’llarim.
Har holda hamrohim qilganda nayrang,
Oyog’im tanigay sodiq yo’llarin.

Har holda hech yerda qolmagan yukim,
Yelkamga olsam bas, ketaman tortib.
Har holda payqasa sal og’u yuqin,
Tishlarim tilimni oladi artib.

Har holda shuncha yil o’zni yolg’izlab,
Qo’rquvga botgandim shu qadar chuqur.
Har holda yuragim qolmabdi muzlab,
Seni sog’inayapman…
Xudoga shukur.

08.01.2018 y.

Qo’rquv

Mendan ko’z uzmagil, bo’l mudom sergak,
Meni mahkam ushla, qo’llarimdan tut.
Kimdir meni tutib turmog’i kerak,
Yo’qsa yiqilaman, bo’laman nobud.

Qara, shamollarning vajohatiga…
O’pkamni yorgudek siqilar havo.
Yurakning ming yillik jarohatiga,
Faqat ishq… Faqat Sen… Yo’q bo’lak davo.

Hech qachon qoldirma tun bilan yolg’iz,
Ko’zlarim zabt etgay yo’qsa zulumot.
Qismatim – qumloqqa tiralgan ildiz,
Men hayot istayman, bir tomchi hayot.

O, faqat sev meni, qo’rquvim sinsin,
Yugursin umrimning olov yo’llari.
Farishtam, o’zing ham bilmaysan-a?
Sen –
Xudoning men uchun cho’zgan qo’llari.

Ko’pkari

Siz haqsiz bu ko’pkarida,
Deyolmasman: Zotim bor.
Kuzataman xo’p, narida,
Mening orriq otim bor.

Ne qilaydi holimiz shu,
Ko’ngildan g’am ketmaydi.
Katta-katta yedirishga,
Mening qurbim yetmaydi.

Qaltiragan oyoqlari,
Ayirolmas uloqni.
To’q baytallar bo’kirig’i,
Hurkitadi quloqni.

Tanimiz bir, jonimiz bir,
Birdir dard-u, tilagi.
U ham bilar pand bermog’in,
Sohibining bilagi.

So’z demaymiz ammo gungdek,
Na birovga aytamiz.
Biz har safar bir chekkadan,
Jiiim kuzatib qaytamiz.

… Eshitilar goh tishlarin,
G’ichirlashi otimni .
O’ylarmikan: Isnodlarga,
Qo’ydim, deya, zotimni.

Ezilaman men ham bunda,
Bitta ishga yarolmay.
Yashayapmiz bir-birovning,
Ko’zimizga qarolmay.

02.03.2018 y.

* * *

O’x, mening osmonga tutashgan boshim,
O’x, mening zaminga botgan oyog’im.
O’x, mening sezilgan qismati foshim,
O’x, mening ezilgan ko’ngil – jumbog’im.

O’x, mening ko’z yoshga sig’ingan ko’zim,
O’x, mening berahm, qoya tishlarim.
O’x, mening tilimga osilgan so’zim,
O’x, mening dilimga qarshi ishlarim.

O’x, mening sochimga sepilgan afsus,
O’x, mening tongimni bo’yagan ohlar.
O’x, mening sabrimga tirg’algan josus,
O’x, mening xayolim qilgan gunohlar.

O’x, deyman, yuzimni tilganda xanda,
O’x, deyman, orqaga qochganda yo’lim.
O’x, deyman, qarg’alar tepkilaganda,
Boshimni to’sishga yetmagan qo’lim.

O’x, desam, nolishga yo’ymang siz tag’in,
“Dunyoni yelkalab o’tadiganday”.
O’x, desam, havoga nafasim bilan,
Dardlarim ham chiqib ketadiganday.

O’xxx…

05.11.2016y.

* * *

Ukam qum to’ldirib, katta bir qopni,
Ayvonga ildirdi, men berdim yordam.
Ikki olib kelsa agar maktabdan,
Yo yutqazib qo’ysa futbol jamoasi,
Jimgina kelar-u, mushtin tuggancha,
Qopni mushtlab-mushtlab chiqar xumordan.

Ha, bu yaxshi odat, kuzataman shod,
Endi yettinchini tugatdi hali.
O’rgangani ma’qul, axir bu hayot,
Doim mard kelmaydi gapning dangali.

Xursangdligim nechun? havasim nechun?
O’zni misol qilib olar bo’lsam tan:
Hech qachon yutmagan mening jamoam,
Hayot siylab keldi ikkilar bilan.

Ichimga yutilgan bu qahr, alam…
Toshga to’lib borar yurakning qopi.
Mushtimni sindirar uraman desam,
Men yaxshi bilaman muning azobin…

Yo’q, menga bu qoping kichiklik qilar,
Ko’nglimni bir zulmat bosgan shu topda.
Kel uka, endi sen ko’mak bergil sal,
Dunyoni…
Dunyoni solaylik qopga.
Bir xumordan chiqay.

03.06.2017 y.

Do’st

Asli tug’ilganman sening qo’lingda,
Sening qarovingda ulg’aydim, o’sdim.
Meni yo’qlab turding yurgan yo’limda,
Meni yolg’izlatib qo’ymading do’stim.

Gohida sen sabab to’kdim ko’z yoshi,
Goh o’zni «oh-voh»dan tiydim, uyaldim.
O’, qancha xavflardan o’tmadim oshib,
Qo’l tutding, barida senga suyandim.

Ba’zan jo’ralarim ketdi dil uzib,
Qadamin qayirdi ba’zan hamshisha.
Faqat sen ketmading…
Men turdim sezib,
Faqat sen men bilan bo’lding hamisha.

Qo’lga bir zirapcha kirsa ham hatto,
Sening yordamingda bo’lgayman xalos.
Sen bor tirishaman qilmay deb xato,
Sen borki o’zimni asragayman, rost.

Shamollar changidan achishgan fursat,
Ko’zimni o’yishdan to’xtatgan sensan.
Tilimni tishlashga majbur bo’lgan payt,
Uni yeb qo’yishdan to’xtatgan sensan.

Sensiz ne kechardi bilmadim holim,
Oromning qadriga yetarmidim yo’q.
Boshimga yog’ilgan toshlarni sezmay,
Yashayverarmidim shodon, ko’ngli to’q.

Bugun mundoq o’ylab ko’rsam bor umrim,
Hammasi, hammasi sen bilan bog’liq.
Sensiz yashash qiyin,
Sensiz yashash – fojiya,
Og’riq!

* * *

Mening bitta to’nim bor, bittagina ko’ylagim,
Orzular esa…
O’hho’o’, bu haqda yo’q o’ylagim.

Besh yil bo’ldi oliygoh qaytaradi ortimga,
Urib-surib kir ekan, chetda qolar tortingan.

Bir dehqon o’g’li edim, yurgan palak sug’orib,
Onam dedi: “Shunda qol, bolam, poytaxt yuqori”.

Men nodon-a, men qaysar, o’z gapimdan qolmayman,
Yiqilaman, burnim qon, lek kurashdan tolmayman.

O’, siz g’irrom jamoat, tirjayasiz qorin to’q,
Bunda har ne o’rinli, faqat menga o’rin yo’q.

Sizning kema bo’lakda, siz menga qo’shilmaysiz,
Tushunmaysiz, eh, buni hech qachon tushunmaysiz.

Sen qolaver Jontemir, mening yondi paytavam,
Yurak siqar Toshkentda, bas, Qarshiga qaytaman.

Bitta sigir, to’rtta qo’y, ikki tanob yer bo’lsa,
“Diplom”siz ham yozaman, uch-to’rt sodda she’r bilsa.

Bunga sira kuyinmam, oyoq-qo’l but, bosh omon,
Qayda bo’lsa mehnatdan rizqin topar tirik jon.

Faqat bitta o’yim bor, faqat shul deb g’am yeyman,
Umid-la kutib turgan, dadamga nima deyman..?

23.07.2016 y.

Orzu

Yomg’ir bo’lib ko’kka yog’ilsam,
Singib ketsam bulutlariga.
Chaqmoq yanglig’ takror tug’ilsam,
Yetsa onam umidlariga.

O koinot, bepoyon nahr,
Tersam quyosh tilkalarini.
Ko’tartirib qilmasam yag’ir,
Dadamning keng yelkalarini.

Umr qursam baliqdek halol,
Halqumimni kirlolmasa g’am.
Erta, mening nomimdan alhol,
Uzr so’rab yurmasa bolam.

Men deb hech ko’z to’kmasa yoshni,
Bir tola oq tushmasa sochga.
…Tashlab olib ko’ksimga boshni,
Dunyosidan qochganim-qochgan.

17.04.2018

* * *

Mag’zi loyga botgani bilan,
Iflos bo’lib qolmaydi danak.
Mag’zin ko’rib danak haqinda,
Hukm qilmoq xatodir, demak.

Adodatni o’stirmoq bo’lsang,
Adolat et, sochmagin qahr.
Otaning kir ishlari uchun,
O’g’il javob bermaydi axir.

12.07.2015

* * *

Muhabbat bu-xiyobonning xilvat joyida,
Ma’shuqangni sochlariga ko’milish emas.
Muhabbat bu-keng shaharning toshqin soyida,
Oshig’ingga yelka tutib cho’milish emas.

Muhabbat bu-dil tubida yangraguchi sas,
Va qalblarni zabt etguvchi so’z, xonish demak.
Muhabbat bu-ma’shuqangni ko’z-ko’zlash emas,
Yot, begona nigohlardan qizg’onish demak.

* * *

O’z ko’chamning baland pastini,
Sen bilmaysan, o’zim bilaman.
Topib borgum aytgan manziling,
Yumib hatto ko’zim, bilaman.

Men ulg’aydim shu tuproq, changda,
Loyga botib…
Sen poyi quruq,
Bugun kelib mening ko’chamga,
O’rgatasan tag’in yo’l-yo’riq!

* * *

Tongning otishini kuzatganmisiz?
Quyoshning sahnaga chiqib kelishini.
Qizarib bo’zargan Sharqning yuzi-yu,
Yangi kun «qichqirib» tug’ilishini…

G’aflatning to’rini yulib otganlar,
Bu paytda sajdadan ko’tarar boshin.
Va olib chiqadi uydan tashqari,
Har biri ko’nglida otgan quyoshin.

Kun shu quyoshlardan yorishsa ne tong…

Va’da

Qo’y, bunday qarama, minnatga to’liq,
Nigohlaring bilan tutmagin o’qqa.
Aslo… yaxshiliging unutganim yo’q,
Sen ham savobingni chiqarma yo’qqa.

Nasib, qaytararman kelsa bir vaqti,
Gar qurbim yetmasa…
(Tong-la turaman,)
Qo’rqma, qolib ketmas bo’ynimda haqqing,
Senga Xudoyimdan so’rab beraman.

Burch

Mening sepgan donimdan to’ysa,
Katagimda yemasdan sovuq.
Tuxumni-chi, yot uyga qo’ysa,
Kimga kerak bundayin tovuq?

Shu yurt tuzin totinib o’sdik,
Panoh bo’ldi va yozdik kurtak.
Endi bizning xizmat ham do’stim,
Shu yurt uchun bo’lmog’i kerak.

Oltin qoida va Hayot

Fizikada bormish oltin qoida…
Biz hamon o’shani kutyapmiz yurak.
Kuch ham masofa ham turar joyida,
Ayt biz qay biridan yutyapmiz yurak?

Bormaymiz. Kelmaydi. Bu hayot zolim,
Goh olov oladi yigitlik qoni.
Tog’larni sudrashga yetgulik holim,
Kuch bilan bo’lsaydi anglab dunyoni.

Bir zumda o’zgardi hammasi biroq,
Ming yilda o’rniga tusharmi, yo’qmi?
Kun sayin cho’zilar masofa yiroq,
Bu yutuq deysanmi?
Eh bu yutuqni.

Nahot yashash kerak kuch bitguncha to?
Axir bizda bunday sabot yo’q yurak.
Fiziklar hayotni bilishmaydi yo,
Yoki fizikada hayot yo’q yurak.

Jon yanglig’ suysa-da ketgani rostdir,
Jon qadar suysam-da demadim-a «qol».
Ayting bu qaysi bir qolipga mosdir?
Hech bir qoidaga tushmaydi bu hol.

Mehr ne? Sog’inch ne? Qilmasdan parvo,
Qoida yasaydi tolmas fizika.
Har ne-ni hisoblash mumkindir ammo,
G’ururni hisobga olmas fizika.

Hayot-chi,? Nazarga ilmaydi hayot,
O’z yo’licha davom etadi bari.
Oltin qoidani bilmaydi hayot,
Hayotning bordur o’z qoidalari…

Fizika… O’shasiz yurak to’lmaydi,
O’shasiz hayot ham bo’lmas joyida.
Yurakni qolipga solib bo’lmaydi,
Jonsiz jismlarda bo’lar qoida.

Qadam

Dadam ishga qatnar har kun ertalab,
Tuproq ko’chalarda qoldirgancha iz.
Keyin men chiqaman ortlaridan va
O’zimning izimni qo’yaman so’zsiz.

So’ng kunlar o’tadi, so’ng kimlar o’tar,
Ey dunyo ammo sen bilib qo’y shuni,
Dadam boshlab bergan yo’l davomida,
O’g’limning izlari tushar bir kuni.

Demakki bu yo’ldan uzilmas qadam…

Hushyorlik

Pardalarni oling derazalardan,
Qalinroq to’shalsin ko’rpacha o’rni.
Toki sal bo’y cho’zsak o’tirgan yerdan,
Hovlimiz bemalol tursin ko’rinib.

G’aflatning tuhfasi ortiqdur bizga,
Poylab qochmoq yetar eski darchadan.
Yendi hushyor bo’lmoq lozim har izga:
Qani, kim o’tmoqda bizning ko’chadan..?

Qoida

Chapaqaylar davrasiga tushib qoldi u,
Huvv qishloqning chetidagi chinor tagida.
Turishardi chap qo’lda non va yuzda kulgu,
So’z quyishib og’izning naq chap burchagidan…

Xoxlamadi avvaliga; «Axir bu-xato!»
Tirjaydilar…
Ha shundaymi?..
Kiriting esin…
U kimligin tushintirib bergunicha to,
Sezdirmasdan o’ng qo’lini oldilar kesib.

Kayfiyat

Qurigan yaproqdek kaftimga olib,
Yurakni ezg’ilab socholsam edi.
Ko’ksimda tomirlab ketgan adog’siz,
Dardlardan, bir yoqqa qocholsam edi.

Kimsasiz orolmi bo’lsa-yu, unda
Birovni bilmasam, birov bilmasa.
O’kirib yig’lasam Sening oldingda,
Hech kim ayb qilmasa, uyat qilmasa.

Chap yelkam og’irlab borgay tobora,
Tobora og’riqdan titrar lablarim.
Bu soqov til bilan qayerga boray?
Gaplarim ko’p axir,
mening gaplarim.

Ay ruhim, ne bo’ldi, buncha tushkunsan?
Tilmochlik qiladi tonggi tushlarim.
Nimalar deysiz-a?
Qani tushunsam,
Oppoq ilonlarim, oppoq qushlarim.

Umrim-bir «puf» desa o’chguchi shamdek,
Bulutlar aylanar, guldurak yaqin…
Qo’rqaman, ertaga men ham Odamdek
Yashadim, deyishga bo’larmi haqqim..?

07.06.2018.

Tush

Tush ko’rdim-u tongda nogoh
Cho’chib turdi o’rindan.
Bir seskandim peshonamga
Tepgan sovuq terimdan.

Yemishki, keng maydon uzra
Jang borar-u beayov.
O’q yomg’irdek yog’ar boshdan,
Bosib kelar yurtga yov.

Eng dahshati shu yerda ham
Qo’ymay taqdir qilig’in.
Naq urushning o’chog’ida
Otmay qoldi miltig’im.

Qo’rqoqmasman aslida-ku
Gap ketganda or haqda.
Ammo yovga qurolsiz tik
Borib bo’lmas ahmoqday.

Choparmishman uyalmay hech
Maydon chetin panalab.
Do’stlar esa «qochdi» deya
Yog’dirarmish ta’nalar…

Duch kelsa deng shu lahzada
Men hukmidan qochgan qo’l.
Ne ajabki yovga eltsa
Janggohdagi barcha yo’l.

Qaltiradi oyoqlarim,
Garchi tanim titradi.
Lek zo’r berib miltig’imni
Manglayiga tiradim.

Bir, ikki, uch…
Tag’in qayta,
Tag’in qayta, iltimos.
O xudoyim, bittagina,
Bittagina o’q xolos.

Qulog’imni yordi qah-qah…
Aytmoq nomus uyog’in,
Tizim bukib, shafqat tilab,
O’parmishman oyog’in…

Zo’r vahmdan ko’zim ochdim,
Kelib-kelmay hushimga.
Bir qizardim, bir so’kindim,
Qon quyilib mushtimga.

Tuflab tashla magar tuproq,
Bag’ringdan joy bermasdan.
Yurtga kirgan yov boshini,
Shart uzmasam… Ermasman.

Tosh yog’dirgil yoki falak,
Quyosh yoqqil bo’g’zimni,
Bir soniya ikkilansam
Tutolmasdan ko’ksimni…

Alam qilar ekan, chinda,
Xoh o’ng xohi xayoling.
Yurt deb jangga kirganingda
Pand bersa gar quroling.
26.05.2017.

Yuk

Mana oddiy somon parchasin,
Bor kuch bilan otgin ilgari.
Sarf qilarsan vaqting qanchasin,
Lek ucholmas to’rt qadam nari.

Yoki ana qiziqish uchun,
Sina buni bir kichik toshga.
O’sha mehnat ketgay, vaqt, kuching,
Natijasi… bu endi boshqa.

Sen holingni bilasan-u xas,
Ular bilmay zo’rlar nechog’liq.
Bu-otguchi kuchiga emas,
Otilmishning yukiga bog’liq.

06.04.2016

* * *
Bordi-yu falon so’m olgan huvv to’ning,
Bariga ozgina tegar bo’lsa gard.
Rasvo bo’lishin ham o’ylamay qo’ling,
Erinmay qoqilab tashlagaysan shart.

Ammo nima uchun qizarmas beting?
Behuzur bo’lmaysan diqqating ortib.
Axir loy bo’ldi-ku qalbning bir cheti,
Nega uni darrov olmaysan artib?

Noshukr

Bir tomonda eriydi muzlik,
Bir tomonda cho’kib borar yer.
Bir tomonda esa suvsizlik,
Bir tomonda ochlik-ber ho ber.

Bir tomonda otilar vulqon,
Bir tomonda tarqaydi vabo.
Bir tomonda o’t olar o’rmon,
Bir tomonda urushdek balo…

Boq noshukur, ne taxlit zamon,
Boqqil axir dunyo ne ko’yda.
Sen-chi ishdan qaytasan omon,
Va tinchgina uxlaysan uyda.

Yer chopasan, ekasan ko’chat,
Bog’ hovlingni hosilin yeg’ib.
Kengashasan,
to’kin kuz mo’ljal,
To’y qilasan, ko’nglingga sig’ib.

Deysan so’g’in: Chorlar huvv jo’ram,
Bormasam gar bo’ladi xafa.
Besh bolangni qo’yib xotirjam,
Uydan olis qilasan safar.

Birov olmas yoqangdan kelib,
Yo, yog’dirmas o’qotarlar do’l.
Qurbing bormi, chopaver yelib,
Kimsa to’smas,
to’rt tomoning yo’l…

Shundog’ yurtda yashaysan, tushun,
Gul-u giyoh atrin taratgan.
Axir shukr etmog’ing uchun,
Yana nima qilsin Yaratgan???

13.12.2015

Zerikish

Ariqda oqqan loyqa
Suvda cho’milib o’sdim.
Tol shoxiga tirmashib
Soyning yo’lini to’sdim

Anhorlarning tiniqib
Oqishini kuzatdim.
Irmoqlarning hech qaytmas
Xoxishini kuzatdim.

Sho’r suvli zovurlarning
Qamishida mol boqib.
Daryo otlig’ vahmaning
Haybatiga lol boqib.

Ne tong, bugun baridan
Charchadim, hordim to’sat…
Yo xudojon, kel endi
Menga Dengizni ko’rsat!

28.03.2019.

* * *

Ukam gap topib keldi,
bir kun allaqayerdan.
Bahor kelib, qo’y narxi
oshib ketarmish birdan.

Taklif etdi xaridin,
naf berarmish… yosh bacha.
Jahlim chiqdi:»Bu gumon,»
mening fikrim boshqacha.

Opam bo’lsa Navro’zga,
yangi kiyim xoxladi.
Bu hol tayin, menga ham,
ukamga ham yoqmadi

O’zi jindek pulimiz,
kirarmi jonga oro?
Shu arzimas taklifdan,
chiqdi katta mojoro.

Opam unda to’rsaygan,
mening o’yiq qovog’im.
Ukam esa o’z so’zin,
qo’ymas, tirab oyog’in.

Yehhh..

Biz bilmasdik u mahal,
hayot shum o’yinligin.
Bu talashda hammadan,
dadamga qiyinligin.

16.02.2019.

* * *

Qalbimga cho’g’ tushdi qaysi kun,
Kibrdan. G’arazdan. Hasaddan.
O’t oldim kuydim men, o, butun,
Kibrdan. G’arazdan. Hasaddan.

Neniki boy berdim, gumon yo’q,
Kibrdan. G’arazdan. Hasaddan.
Na bunda, na unda omon yo’q,
Kibrdan. G’arazdan. Hasaddan.

Har qilgan gunohim, bilarman,
Kibrdan. G’arazdan. Hasaddan.
Yo rabbim, men panoh tilarman,
Kibrdan. G’arazdan. Hasaddan.

16.02.2019.

08

(Tashriflar: umumiy 855, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ustoz,bugungi yoshlar she’riyati oraliqdagi kechgan anchagina bo’shliqni o’zining toza she’rlari bilan to’ldirdi desam yanglishmagan bo’laman .Xar bir yosh ijodkorlarni nomini mamnuniyat bilan aytgim keladi.Bugungi Jaloliddinning ijodi ham men uchun rosmana yangilik bo’ldi.

Izoh qoldiring