Nigora Umarova. Taxayyul rangini mutasvir etib…

002      Тасаввуфона асарларнинг бош мезони ишқни инсон ҳаётининг туб асоси ва руҳониятининг нури деб эътироф этилганлигидадир. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсангиз, Баҳодир Йўлдошев ишлаган суратларда карвон-у. ЎЗЛИКигини қидириш учун дарбадар кезаётган дарвешлар ҳамда улар хаёлидаги машъуқа тимсолини кўп учратасиз. Рангтасвирни томоша қила туриб (ҳа, томоша қила туриб, уларни кўриб бўлмайди) Хайёмона ва румиёна оламга ғарқ бўласиз; Саъдий, Ҳофиз, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий мисралари хаёлингиздан чарх уради.

Нигора УМАРОВА
ТАХАЙЮЛ РАНГИНИ МУТАСВИР ЭТИБ…
06

09Баҳодир Йўлдошев Низомий номидаги ТДПУнинг графика факультетини тугатган. “Усто” халқ ижоди ҳунармандлари бирлашмаси (1987-88 йиллар), Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида (1987-1991 йиллар), “Мусаввир” ижодий бирлашмасида (1991-1997 йиллар), 1997 йилда “Ҳунарманд”, “Устазода” ижодий бирлашмаларида фаолият олиб борган, айни пайтда эркин ижодкор. Брюссель (Бельгия,1991), Сиэтл (АҚШ, 1994), Вена (Австрия, 1996), Филадельфия (АҚШ, 2000), Ирусалим (Исроил, 2010, Москва (2003), Париж (Франция, 2007) халқаро кўргазмаларида иштирок этган ҳамда Олма-Ота (Қозоғистон, 2012) ва пойтахтимизда (2014 йил) шахсий кўргазмалари ташкил қилинган.

Ижодкор ўз тафаккур ва тахайюл мақомини асарларида намоён этади. У хаёлнинг чексизлигига қанчалик ишонса, фикрнинг куч-қувватига ҳам шунчалик таянади; ботинан тўхтаб қолмаслик ва янгиланиб боришни нозик фаҳм этади. Қалб гўзаллиги ташқи гўзаликка нисбатан юқори ўринда туриши шарқ ижодкорларининг асарларида биринчи ўринда туриши бежиз эмас. Минниатюра санъати кўпроқ ботинга эмас, зоҳирга таянади.

Тасаввуфона асарларнинг бош мезони ишқни инсон ҳаётининг туб асоси ва руҳониятининг нури деб эътироф этилганлигидадир. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсангиз, Баҳодир Йўлдошев ишлаган суратларда карвон-у. ЎЗЛИКигини қидириш учун дарбадар кезаётган дарвешлар ҳамда улар хаёлидаги машъуқа тимсолини кўп учратасиз. Рангтасвирни томоша қила туриб (ҳа, томоша қила туриб, уларни кўриб бўлмайди) Хайёмона ва румиёна оламга ғарқ бўласиз; Саъдий, Ҳофиз, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий мисралари хаёлингиздан чарх уради. Миннитюра тасвирими ёки натюрмортдан тафаккур жавҳарингиз хазинасидан тагмаъно ҳамда ранглардан оҳанг қидиришга шошиб қоласиз.

Рассомнинг устахонаси пойтахтимизнинг ал-Хоразмий майдонидаги “Ал-харобатий” жоме-масжидида жойлашган. Ушбу муқаддас даргоҳ XVII-XVIII асрларда яшаб ўтган, Мавлоно Румийнинг маънавий шогирди ҳисоблиб, нақшбандия тариқатига амал қилган ҳамда ўзининг харобатия тариқатига асос солган Абдулқаюм Ҳайработ эшон шарафига қурилган. Эшон Мавлоно Харобатий тахаллуси билан “Куллиёти”ни тузган, “Маснавия Харобатия”, “Рисолайи фақрия” асарларини ёзган. Баҳодир Йўлдошев муқаддас даргоҳда ижод қилаётганда хонақоҳдаги сукунат орасидан гўё асрлар қаъридан келаётган дарвешларнинг “Ё, ҳу, Оллоҳу..” деб зикр тушаётган оҳангларини-ю, ҳофизларнинг тиловатини, инсонларни огоҳликка чақириб чорлаётган муазиннинг бонгини тинглаётгандек бўлиб; қуёшнинг ҳолатига кўра тонгда уни кутиб олиб ва уфқ ортига кузата туриб муйқалам тебратишни хуш кўради.

Аслида “Ўзлик” ҳам бир – “мен”. Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурнинг таъкидлашича, “Баҳодир Йўлдошев ўзини ва ўзлигини бутунлай ижодга бахшида этган рассомлардандир. У дастгоҳ рангтасвири ва минниатюра санъатини уйғунлаштирган ҳолда санъатда ўз услуби ҳамда йўналишини ярата олган рассомдир. Бир сўз билан айтганда, унинг учун моддий ҳаёт аҳамиятсиз бўлган бир “дарвеш”лар тоифасига киради. Баҳодир Йўлдошевга тўғридан –тўғри шогирд бўлмаса-да, тақлид қилувчилар жуда кўп”.

Тасаввуф, зоҳиран дунё билан алоқани узмай, одамларга нафи тегадиган ҳеч бир ишдан қўл силтамаган ҳолда, ботинан дунёпараст бўлмаслик, нафс “занжири” билан фоний дунёга боғланмаслик йўл-йўриқларини белгилаб беради. Мусаввирнинг “Шоҳ Баҳром шикорда” рангтасвирига синчиклаб қарасак. Овга чиққан шоҳ тулпори тизгинини бўш қўйиб, чап тарафдаги аждарга бутун диққатини жамлаганлигини кўрамиз. “От инсоннинг дўсти, йўлдоши”,-дейишади. Рустами Достоннинг Рахш, Гўрўғлининг Ғиркўк, Алпомишнинг Бойчиборини эслайлик. Қаҳрамонларнинг мушкул аҳволидан олиб чиққан, хавф-хатардан огоҳ этган ушбу жонивор эмаси? Инсон мушкулотдан ақлига таянган ҳолатда чиқиб кетади. Ушбу суратдаги от – ақл тимсоли. Инсон манзилига “ ақл тулпори”га таяниб бормас экан, Баҳроми Гўр сингари фожеага учрашига ишора этаётгандек рассом.

Кубравия тариқатида Шайх Нажмиддин Кубро қалбдаги маънолар ўзгариши, аҳвол янгиланишини ранг воситасида тасвирлаб, “Яшил ранг “қалб ҳаёти ва жонлилиги”нинг рамзидир. Бу рангдан сўнг ақиқ тошнинг ранги пайдо бўлади. Бу “Ақли Кабир”нинг ранги. Ақли Кабир қирмизлашгач, энг қалин китоблар ҳам йиртилади. Қирмизи ранг зуҳурланганда “сайёрни паришон айлаб, парчалайди, вужудни қамраб олади ва тебратади” — деганлар.

Баҳодир Йўлдошев ижодидаги аксар расмлар бодомранг, қирмизи. яшил рангларнинг ўзаро мутаносиблиги, асосан сарғиш. пистоқи ранглар уйғунлиги асносида чизилган. Суратларнинг моҳиятини очадиган тимсоллар, булар – Шайх Санъон каби шайхларни йўлдан урган тарсо гўзаллари, ошиқ-машъуқлар-у; созанда-ю, навозишлар, фалак гардишининг гирдобида қолаётган инсонларнинг қотиб қолган турлича нигоҳлари, ўтган аждодларнинг қиёфалари…

Синчиклаб кўрсангиз, кўнгил қулфини очувчи бир неча шода калитларни ҳам кўрасиз.

Қирмизи, қовоқ, кўк ранглар асносида тасвирланган “Ҳаёт дарахти” суратини кузата туриб, ерга тўғригина қилиб қадалган ниҳол ҳаётнинг замзамаларидан турли ниқоблар орқали шох боғлаб, қиёфасизлик шаклига кирган. “буқаламундек” товланувчи “гибрид дарахт”нинг гувоҳи бўласиз.

Миниатюралардаги айрим инсонларнинг чеҳрасини аниқ кўрасиз, айримлари эса ҳамон “юзсиз”. Балки улар ҳануз ўз қиёфасини топа олмай аросатда қолган инсонлар тимсолидир?… Мойбўёқ билан холстга ишланган шаклан бир-бирига ўхшаш, бироқ моҳиятан “яхшилик ва ёмонлик”ни тасвир этувчи расмда ҳам бир неча тагмаъно мавжуд. Ҳар иккала минитюраларда ҳам бир неча юқори ва паст “пардалар” бор. Пардаларни кузата туриб, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг “Ашрақат мин шамс-ул каъси анвор-ул Худо/ Ёр аксин майда кўр, дея жомдин чиқди садо…” ғазалининг мисралари беихтиёр хаёлда гавдаланди. Тўқранглар орқали тасвирланган миннитюрадаги дарвешнинг юзи тунд-қора, бир неча машъуқалар қуршовида. Иблисмонанд қиёфага кирган: май эмас, қоп-қора қон сипқораётгандек.

Иккинчи тасвирдаги дарвешнинг ёнида эса “Бир-у бори”. Нурли ранглар-у, май тўла хумлар, удга ўхшаш чолғу асбоби. Юқори пардада шамчироқларга тўла қандил бор. Дарвеш ҳаёт мазмунининг “гўллиги. мастлиги, девоналиги”дан топгандек:

Деди: Айт: умрнинг маъноси нима?
Деди: Ё шам, ё чақмоқ. ёки парвона.
Деди: Бу дунёга бино қўйган ким?
Деди: Ё гўл, ё маст, ёки девона.
(Паҳлавон Маҳмуддан)

Ҳар иккала тасвирда ҳам инсон шамолни туяётгандек; биринчи тасвирда дўзахий самум ва гармсел эсаётган бўлса, иккинчи тасвирда жаннатий насим елмоқда.

Баҳодир Йўлдошев суратларини ишлаш жараёнида улардаги руҳиятни етказилишига кўра турли матолар ипак, бахмал, бўзлардан унумли фойдаланади. Ипак толаси аралашган фактура қимматбаҳо тошларнинг ярақлаши сингари инсон кўзини қамаштириб, майин зоҳир бўлади. Бахмалдан ишланган фактурада эса мураккаб ва тунд жилолар мавжуд. Тасвирларни соатлаб томоша қилган ҳолатда беихтиёр ўзингиз ҳам ушбу оламда сайр қилиб юрганлигингизни сезмай қоласиз. Рассомнинг айтишича, у фақат қалб кўзи кўрган нарсаларнигина тасвирлайди. Балки шундайдир?… Муйқалам соҳиби ўзига мавлоно Харобатийнинг “ Агар кимки қаламин берса ғаддорға, Кунида бир Мансурни отқайдир дорға” мисраларини шиор қилиб олган.

Зеро, Мавлоно Румий бежиз “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил”,-демаган-ку! Ҳар бир инсоннинг қалб кўзи турлича кўради. Шарқнинг афсона-ю, асотирларининг қатлами ва тимсолларини англаш орқалигина Баҳодир Йўлдошев суратларининг сир-асрорларини англаш мумкин.

Nigora UMAROVA
TAXAYYUL RANGINI MUTASVIR ETIB…
06

09Bahodir Yo’ldoshev Nizomiy nomidagi TDPUning grafika fakul`tetini tugatgan. “Usto” xalq ijodi hunarmandlari birlashmasi (1987-88 yillar), G’afur G’ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyotida (1987-1991 yillar), “Musavvir” ijodiy birlashmasida (1991-1997 yillar), 1997 yilda “Hunarmand”, “Ustazoda” ijodiy birlashmalarida faoliyat olib borgan, ayni paytda erkin ijodkor. Bryussel` (Bel`giya,1991), Sietl (AQSH, 1994), Vena (Avstriya, 1996), Filadel`fiya (AQSH, 2000), Irusalim (Isroil, 2010, Moskva (2003), Parij (Frantsiya, 2007) xalqaro ko’rgazmalarida ishtirok etgan hamda Olma-Ota (Qozog’iston, 2012) va poytaxtimizda (2014 yil) shaxsiy ko’rgazmalari tashkil qilingan.

Ijodkor o’z tafakkur va taxayyul maqomini asarlarida namoyon etadi. U xayolning cheksizligiga qanchalik ishonsa, fikrning kuch-quvvatiga ham shunchalik tayanadi; botinan to’xtab qolmaslik va yangilanib borishni nozik fahm etadi. Qalb go’zalligi tashqi go’zalikka nisbatan yuqori o’rinda turishi sharq ijodkorlarining asarlarida birinchi o’rinda turishi bejiz emas. Minniatyura san’ati ko’proq botinga emas, zohirga tayanadi.

Tasavvufona asarlarning bosh mezoni ishqni inson hayotining tub asosi va ruhoniyatining nuri deb e’tirof etilganligidadir. Shu jihatdan olib qaraydigan bo’lsangiz, Bahodir Yo’ldoshev ishlagan suratlarda karvon-u. O’ZLIKigini qidirish uchun darbadar kezayotgan darveshlar hamda ular xayolidagi mash’uqa timsolini ko’p uchratasiz. Rangtasvirni tomosha qila turib (ha, tomosha qila turib, ularni ko’rib bo’lmaydi) Xayyomona va rumiyona olamga g’arq bo’lasiz; Sa’diy, Hofiz, Abdurahmon Jomiy, Alisher Navoiy misralari xayolingizdan charx uradi. Minnityura tasvirimi yoki natyurmortdan tafakkur javharingiz xazinasidan tagma’no hamda ranglardan ohang qidirishga shoshib qolasiz.

Rassomning ustaxonasi poytaxtimizning al-Xorazmiy maydonidagi “Al-xarobatiy” jome-masjidida joylashgan. Ushbu muqaddas dargoh XVII-XVIII asrlarda yashab o’tgan, Mavlono Rumiyning ma’naviy shogirdi hisoblib, naqshbandiya tariqatiga amal qilgan hamda o’zining xarobatiya tariqatiga asos solgan Abdulqayum Hayrabot eshon sharafiga qurilgan. Eshon Mavlono Xarobatiy taxallusi bilan “Kulliyoti”ni tuzgan, “Masnaviya Xarobatiya”, “Risolayi faqriya” asarlarini yozgan. Bahodir Yo’ldoshev muqaddas dargohda ijod qilayotganda xonaqohdagi sukunat orasidan go’yo asrlar qa’ridan kelayotgan darveshlarning “YO, hu, Ollohu..” deb zikr tushayotgan ohanglarini-yu, hofizlarning tilovatini, insonlarni ogohlikka chaqirib chorlayotgan muazinning bongini tinglayotgandek bo’lib; quyoshning holatiga ko’ra tongda uni kutib olib va ufq ortiga kuzata turib muyqalam tebratishni xush ko’radi.

Aslida “O’zlik” ham bir – “men”. O’zbekiston xalq rassomi Akmal Nurning ta’kidlashicha, “Bahodir Yo’ldoshev o’zini va o’zligini butunlay ijodga baxshida etgan rassomlardandir. U dastgoh rangtasviri va minniatyura san’atini uyg’unlashtirgan holda san’atda o’z uslubi hamda yo’nalishini yarata olgan rassomdir. Bir so’z bilan aytganda, uning uchun moddiy hayot ahamiyatsiz bo’lgan bir “darvesh”lar toifasiga kiradi. Bahodir Yo’ldoshevga to’g’ridan –to’g’ri shogird bo’lmasa-da, taqlid qiluvchilar juda ko’p”.

Tasavvuf, zohiran dunyo bilan aloqani uzmay, odamlarga nafi tegadigan hech bir ishdan qo’l siltamagan holda, botinan dunyoparast bo’lmaslik, nafs “zanjiri” bilan foniy dunyoga bog’lanmaslik yo’l-yo’riqlarini belgilab beradi. Musavvirning “Shoh Bahrom shikorda” rangtasviriga sinchiklab qarasak. Ovga chiqqan shoh tulpori tizginini bo’sh qo’yib, chap tarafdagi ajdarga butun diqqatini jamlaganligini ko’ramiz. “Ot insonning do’sti, yo’ldoshi”,-deyishadi. Rustami Dostonning Raxsh, Go’ro’g’lining G’irko’k, Alpomishning Boychiborini eslaylik. Qahramonlarning mushkul ahvolidan olib chiqqan, xavf-xatardan ogoh etgan ushbu jonivor emasi? Inson mushkulotdan aqliga tayangan holatda chiqib ketadi. Ushbu suratdagi ot – aql timsoli. Inson manziliga “ aql tulpori”ga tayanib bormas ekan, Bahromi Go’r singari fojeaga uchrashiga ishora etayotgandek rassom.

Kubraviya tariqatida Shayx Najmiddin Kubro qalbdagi ma’nolar o’zgarishi, ahvol yangilanishini rang vositasida tasvirlab, “Yashil rang “qalb hayoti va jonliligi”ning ramzidir. Bu rangdan so’ng aqiq toshning rangi paydo bo’ladi. Bu “Aqli Kabir”ning rangi. Aqli Kabir qirmizlashgach, eng qalin kitoblar ham yirtiladi. Qirmizi rang zuhurlanganda “sayyorni parishon aylab, parchalaydi, vujudni qamrab oladi va tebratadi” — deganlar.

Bahodir Yo’ldoshev ijodidagi aksar rasmlar bodomrang, qirmizi. yashil ranglarning o’zaro mutanosibligi, asosan sarg’ish. pistoqi ranglar uyg’unligi asnosida chizilgan. Suratlarning mohiyatini ochadigan timsollar, bular – Shayx San’on kabi shayxlarni yo’ldan urgan tarso go’zallari, oshiq-mash’uqlar-u; sozanda-yu, navozishlar, falak gardishining girdobida qolayotgan insonlarning qotib qolgan turlicha nigohlari, o’tgan ajdodlarning qiyofalari…

Sinchiklab ko’rsangiz, ko’ngil qulfini ochuvchi bir necha shoda kalitlarni ham ko’rasiz.

Qirmizi, qovoq, ko’k ranglar asnosida tasvirlangan “Hayot daraxti” suratini kuzata turib, yerga to’g’rigina qilib qadalgan nihol hayotning zamzamalaridan turli niqoblar orqali shox bog’lab, qiyofasizlik shakliga kirgan. “buqalamundek” tovlanuvchi “gibrid daraxt”ning guvohi bo’lasiz.

Miniatyuralardagi ayrim insonlarning chehrasini aniq ko’rasiz, ayrimlari esa hamon “yuzsiz”. Balki ular hanuz o’z qiyofasini topa olmay arosatda qolgan insonlar timsolidir?… Moybo’yoq bilan xolstga ishlangan shaklan bir-biriga o’xshash, biroq mohiyatan “yaxshilik va yomonlik”ni tasvir etuvchi rasmda ham bir necha tagma’no mavjud. Har ikkala minityuralarda ham bir necha yuqori va past “pardalar” bor. Pardalarni kuzata turib, hazrat Mir Alisher Navoiyning “Ashraqat min shams-ul ka’si anvor-ul Xudo/ Yor aksin mayda ko’r, deya jomdin chiqdi sado…” g’azalining misralari beixtiyor xayolda gavdalandi. To’qranglar orqali tasvirlangan minnityuradagi darveshning yuzi tund-qora, bir necha mash’uqalar qurshovida. Iblismonand qiyofaga kirgan: may emas, qop-qora qon sipqorayotgandek.

Ikkinchi tasvirdagi darveshning yonida esa “Bir-u bori”. Nurli ranglar-u, may to’la xumlar, udga o’xshash cholg’u asbobi. Yuqori pardada shamchiroqlarga to’la qandil bor. Darvesh hayot mazmunining “go’lligi. mastligi, devonaligi”dan topgandek:

Dedi: Ayt: umrning ma’nosi nima?
Dedi: YO sham, yo chaqmoq. yoki parvona.
Dedi: Bu dunyoga bino qo’ygan kim?
Dedi: YO go’l, yo mast, yoki devona.
(Pahlavon Mahmuddan)

Har ikkala tasvirda ham inson shamolni tuyayotgandek; birinchi tasvirda do’zaxiy samum va garmsel esayotgan bo’lsa, ikkinchi tasvirda jannatiy nasim yelmoqda.

Bahodir Yo’ldoshev suratlarini ishlash jarayonida ulardagi ruhiyatni yetkazilishiga ko’ra turli matolar ipak, baxmal, bo’zlardan unumli foydalanadi. Ipak tolasi aralashgan faktura qimmatbaho toshlarning yaraqlashi singari inson ko’zini qamashtirib, mayin zohir bo’ladi. Baxmaldan ishlangan fakturada esa murakkab va tund jilolar mavjud. Tasvirlarni soatlab tomosha qilgan holatda beixtiyor o’zingiz ham ushbu olamda sayr qilib yurganligingizni sezmay qolasiz. Rassomning aytishicha, u faqat qalb ko’zi ko’rgan narsalarnigina tasvirlaydi. Balki shundaydir?… Muyqalam sohibi o’ziga mavlono Xarobatiyning “ Agar kimki qalamin bersa g’addorg’a, Kunida bir Mansurni otqaydir dorg’a” misralarini shior qilib olgan.

Zero, Mavlono Rumiy bejiz “Ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil”,-demagan-ku! Har bir insonning qalb ko’zi turlicha ko’radi. Sharqning afsona-yu, asotirlarining qatlami va timsollarini anglash orqaligina Bahodir Yo’ldoshev suratlarining sir-asrorlarini anglash mumkin.

055

(Tashriflar: umumiy 122, bugungi 1)

Izoh qoldiring