Xuan Karlos Onetti. Mahzuna

045      Хуан Карлос Онетти – Лотин Америка адабиётининг йирик вакили, фақат йирик вакил эмас, бу қитъа дабиётига насрий-психологик услуб олиб кирган ва айнан шу услуби билан дунё адабиётида ўз ўрнига эга бўлган моҳир ёзувчи. Хуан Карлос Онетти асарлари оддий ва аксарият бахтсиз одамлар ҳақида. Аммо ана шу оддий одамлар қалби шундай усталик билан очиладики, сиз бу қаҳрамонлар кечинмаларидаги гўзал туйғуларнинг бетакрор жилоси ва ноласига гувоҳ бўласиз, уларнинг дарди-ғамига шерик бўласиз, энг муҳими, насрнинг ҳақиқий санъат эканини ҳис қилиб турасиз. Онеттини ўқишнинг ва уқишнинг ўзи ҳам мактаб.

Узоқ йиллар адабий танқидчилик Онеттини Фолкнер асарларининг тақлидчиси сифатида айблаб келди. Аммо 60-йилларда дунё адабиётига ўзига хос овоз билан кириб келган Кортасар, Габриэль Маркес, Варгас Льоса, Карлос Фуэнтес, Эрнесто Сабато бу адиб асарларидан илҳомланиб, улардан куч олиб ўз ижод йўлини танлашганини эътироф этишгач, унга бўлган муносабат ўзгарди (Назар Эшонқулнинг «Хуан Карлос Онетти» мақоласидан. Мақола мана бу саҳифада.

Хуан Карлос Онетти
МАҲЗУНА
Назар Эшонқул таржимаси
045

онеттиХуан Карлос Онетти – Лотин Америка адабиётининг йирик вакили, фақат йирик вакил эмас, бу қитъа дабиётига насрий-психологик услуб олиб кирган ва айнан шу услуби билан дунё адабиётида ўз ўрнига эга бўлган моҳир ёзувчи. Хуан Карлос Онетти асарлари оддий ва аксарият бахтсиз одамлар ҳақида. Аммо ана шу оддий одамлар қалби шундай усталик билан очиладики, сиз бу қаҳрамонлар кечинмаларидаги гўзал туйғуларнинг бетакрор жилоси ва ноласига гувоҳ бўласиз, уларнинг дарди-ғамига шерик бўласиз, энг муҳими, насрнинг ҳақиқий санъат эканини ҳис қилиб турасиз.
Хуан Карлос Онетти (исп. Juan Carlos Onetti, 1 июль 1909, Монтевидео – 30 май 1994, Мадрид) – уругвай ёзувчиси. 1930-1955 йилларда Буэнос-Айресда яшаган. Сўнг Монтевидеога қайтган. 1974 йили ҳибсга олинган, жаҳон ҳамжамиятининг аралашуви билан озод этилган. 1975 йили Испанияга кўчиб, умрининг охиригача шу ерда яшаган.
Уругвай адабий мукофоти лауреати (1962), «Мигель де Сервантес» мукофоти (1980) соҳиби. Шу йили Нобель мукофотига номзоди кўрсатилган. 1985 йили Уругвайнинг энг катта адабий мукофотини олган. Лекин ўз юртига боришни истамаган.«Тубсиз жар», «Номсиз бир қабр учун», «Қисқа ҳаёт», «Кемасозлик корхонаси» каби роман ва қиссалари машҳур.

045

М.К. га бағишланади

Менинг қимматли МАҲЗУНАМ,

Бизни сон-саноқсиз ва сирли ришталар боғлаб турганига қарамай, кейинги икки ойдаги дўстона муносабатларимиз учун бир-биримизга миннатдорлик билдирганча хайирлашиш вақти келганини тушуниб турибман: Сен бундан фақат фойда кўрасан. Мен ҳеч қачон бир-биримизни чин юракдан тушуна олмадик, деб, ич-ичимдан хавотирланаяпман ва сенинг олдингдаги гуноҳимни, маъсулиятимни ва мағлубиятимни ҳис қилаяпман. Ўзимни оқлашга ҳаракат қиламан, албатта, фақат сенинг олдингда,- сенга шуни айтмоқчиманки икки оқимга қарши бир неча варақ мобайнида сузиш менга оғирлик қилди. Шунингдек фахр билан ўтган бахтли сонияларни ҳам чин кўнгилдан эътироф этаман. Ҳар қалай, мени кечир. Мен сенинг юзингга энди ҳеч қачон бахт излаб тикилмайман ва сен ҳам ҳеч қачон менинг сени ҳар куйга солган афтимни кўрмайсан.

Х.К.О.

Бир неча йиллар олдин, эҳтимол кўп йиллар илгари, унга ҳозир худди кечагидай бўлиб туюладиган бахтнинг оний лаҳзаларидан бирида беихтиёр у қандайдир эркакнинг уйида пайдо бўлганди. Оддийгина тўшак, исқирт ва бадбўй ғуслхона, дириллаб юрадиган лифт – унинг хотирасида ўша кундан сақланиб қолган барча нарса шулар эди. Бу эрга тегмасдан сал олдинроқ содир бўлганди.

У ўз хохиши билан борган, чунки уқубат тўла ҳаётини бошқа изга буриб юборадиган, кўнглини чирмовукдай ўраб олган умидсизлик ниҳолларини суғуриб ташлайдиган қандайдир хунук ва ғайритабиий нарса юз беришини истаган эди. У келажаги ҳақида ўйламасди ҳам ва ундан буткул воз кечишга ҳам тайёр эди. Бироқ жонини олган ўша илк оғриққа ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ваҳима уни “йўқ, йўқ” деб айтишга, ўзининг қўллари билан ҳимоя қилишга, оёқларини жонҳолатда силкитишга мажбур қилганди. Унинг вужудида жазирама қуёш ва қирғоқ қумлоғи билан бирга эркак баданининг чўғдай ҳарорати қолган эди. Тонгда эса у овлоқ жойда ёлғиз қолгач, шу кечадан бошлаб ёки деярли яланғоч – ярим очиқ кўйлакда- бўм-бўш чемоданини кўтарганча қаёққадир саргашта жўнаб кетаётгани тушига кирган эди. Ҳамма нарсадан кўнгли қолган яланг оёқларини ердан зўрға кўтарганча имиллаб ўзини жиддий тутиб, бироқ таманно билан кетиб борарди. Умидсизлик, мусибат, ўлим истаги – бунинг барига фақат шунинг учун тоқат қилиш мумкин эдики, унинг хуморини ёзиш учун кўчанинг ҳар бир бурчагида бўғзини куйдириб яна эркак баданининг орзу қилса арзийдиган жунжушли ҳиди пайдо бўлиши мумкин эди. Оёқлари зир қақшар, қадамлари тобора секинлашар ва уни аста секин юпанч ва тасалли сари етаклаб борарди. У ярим яланғоч ҳолда, фақат узоқ-узоқларда фонуслар милтиллаётган қоронғулик ҳамда жозибали сукунат чўккан жойда тўхтаганди ва товуш чиқариб ҳорғин нафас олганди. Қушдай енгил чемодонини кўтарганча, ўз хотираларидан лаззатланиб, яна изига қайтган эди.

У тўсатдан тўп-тўп бўлиб кўринаётган қора кўланкали исқирт уйлар орасида қалқиб чиққан улкан ойни кўриб қолганди: ой қанчалик юксак кўтарилса, шунчалик зарҳал рангда товланар эди; Унинг бир ҳовуч бўлиб йиғилиб қолган пушти-қизил теграси аста-секин сўнаётган эди. У ҳар қадам босганида ўзининг бўм-бўш чемодани билан ҳеч қаёққа боролмаслигига, олдинда ўзини ҳеч қандай тўшак ҳам, ҳеч қандай кулба ҳам ва ҳеч қандай қисмат кутмаётганига тобора ишониб борарди. Ой энди мафтункор тусга кирган эди. У деярли яланғоч, қаддини тик тутиб, зим-зиё зулматни жажжи сийналарининг учлари билан тилка-пора қилганча, юксак ва яна юксакликка кўтарилаётган улкан ва бағоят фусункор ойни елкасида кўтариш учун кетиб борар эди.

Эркак кундан-кунга озиб борарди., аёлга нисбатан унинг кулранг кўзлари энди ифодасиз ва маънисиз тусга кирган, ҳар қандай илтифот ва шафқатдан аллақачон маҳрум бўлган эди. У ҳеч қачон йиғламаганди ва машаққат билан кезиб чиққан ўттиз икки йил охир-оқибатда уни хаётга жиндай умид билан боқишга ҳам, уни забт этишга бўлган жиндай ҳаракат ҳам беҳуда эканлигини ўргатганди.

Ҳар куни эрталаб, хандан-хушон ўтган ёз фаслида ошхона учун олиб келишган идишлар билан тўлган хароба стол устидан аёлга тикилар экан, эркакнинг юзида на самимий, на ясама ифода қалқирди. Балки гуноҳ фақат аёлларнинг ўзидагина эмасдир, эҳтимол, аввал ким гуноҳкор бўлганини ва ҳозир ким айбдор эканлигини аниқлаб ўтиришнинг ўзи бемаъниликдир?

Аёл эркакнинг кўзларини зимдан кузатиб борар эди. Башарти бу- пинҳона аламли қорачиқларни ёндирган чақмоқни, ҳаммасини билиб олишга тиришаётган айёра нигоҳни кузатиш деб аташ мумкин бўлса? Эркакнинг кўзлари ҳар куни, ҳар тонгда сирли равишда яна ҳам равшанлашиб, яна ҳам яшариб борарди. Бироқ у буни яширгиси келмасди: шу билан бошқа бир кўзнинг илтижо ва сўроқ тўла ҳужумларини қўполлик қилмасдан осонгина даф этар эди.

У энди ўттиз иккига кирган эди: соат тўққиздан бешгача у бир идорадан иккинчи идорага ўтиб: бир бинодан иккинчи бинога зир югуриб юрарди. Баъзи эркаклар кесами, ёшми, бундан қатъи назар, семиз, бўйчан аёлларга кўр-кўрона хуштор бўлганларидек, у ҳам пулга муккасидан кетган ва пулнинг ҳамиша мўл-кўл бўлишини истар эди. У яна ҳолдан тойдирадиган ҳафтанинг сўнги кунидаги роҳатбахш ҳордиқни ва мусаффо осмондан- салқин ҳаводан ёғиладиган оромбахш лаззатни ҳам шумдай яхши кўрар эди.

У қаерда бўлмасин, қайсидир кўринишда ўзининг устидан гоҳ омад, гоҳ нафс ҳукмронлик қилаётганини ҳис қилиб юрарди. У қачонлардир ўзига овқат қилиб берадиган ва иккинчи қаватда овози учмай, ўксиб-ўксиб йиғлаб ётадиган бола туғиб берган бу увоққина аёлни ҳам севарди. Энди эса у аёлга таваҳҳум билан тикилиб-тикилиб қўярди? Унга баъзан аёл исмини ҳам ҳеч қачон эшитмаган, ўзига ҳеч қандай алоқаси йўқ ёки қачонлардир ўлиб кетган қандайдир бегона аёл бўлиб туюларди. Вақти қатъий тартибга тушмаган нонушта пайтлари қуёш нурлари баланд деразадан хонага оқиб тушарди: боғдан таралаётган кўкат ҳиди худди эндигина туғилган шубҳа янглиғ стол устида билинар-билинмас ўрмалаб юрарди. Уларнинг биронтаси ҳам иккови орасидаги мусибат қўшинлари энди қуёшни, қишни ва баҳорни ҳам ниҳоят тор-мор келтирганини инкор этишмасди.

Бутун ҳаётларини остин-устун қилиб юборган ўзгаришлардан олдин ҳали ташландиқ, ёввойи боғни ўлик ҳовузга айлантириш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган пайтда, бир куни эркак ғира-шира қоронғуда ўрнидан туриб, тонг отишини кузатиш учун боққа чиқди. Шафақ қизариши билан у араукарияга консерва банкасини қўйди ва садаф билан қопланган кичкина тўппончани баланд кўтарганча, бир неча қадам орқага юрди. У қўлини юқори кўтарди, бироқ тепкини бир неча марта беҳуда шақиллашидан бошқа ҳеч нарса эшитмади. У ўзини масхара бўлгандай ҳис қилиб, кайфияти бузилиб уйга қайтди: хотинини уйғотиб юбориши мумкинлигини ўйламай ҳам қуролни жавоннинг бир бурчагига улоқтирди.

-Нима бўлди,-дея тўнғиллади аёл, эркакнинг ювиниш учун ечинаётганини кўргач.
-Ҳеч нарса. На ўқ бирон нарсага ярайди – бўлмаса сотиб олганимга бир ой ҳам бўлгани йўқ, мени чув туширишибди – на тўппонча синиб йўқ бўлади. У менинг онамдан ёки онамнинг онасидан қолган: тепкиси жуда бўшашиб қолибди. Менга сенинг туни билан ҳеч қандай ҳимоячисиз, ёлғиз қолишинг ёқмаяпди. Бугуноқ бирон чора кўришим керак.

-Ҳечқиси йўқ, — деди аёл ва оёқяланг боланинг олдига жўнаркан-Менинг ўпкам жуда катта, агар бирон нарса бўлган тақдирда ҳам чақирсам қўшнилар эшитишади.
-Бунга ишончим комил,- истеҳзоли жилмайди эркак.

Улар бир-бирига эрка табассум билан тикилишди. Аёл машина товуши узоқлашиб кетгунча, кутиб турди, сўнг кўкрагини сўриб ётган бола билан биргаликда яна ухлаб қолди.

Хизматкор аёл ҳар доимгидек нима учунлигини билдирмай кирди ва сўнг яна индамай чиқиб кетди. Аёл буларнинг ҳаммасига аста-секин куникиб борарди; у эркакнинг кўзларида қотиб қолган доимий мусибат ифодасига энди ишонмасди. Наслдан-наслга ўтиб келаётган солиқ қовоқлар остида порлаб турадиган қорачиқлар лиммо-лим тўлиб турган кўз ёшларга ўхшарди. Эркак эса энди атрофини ўраб турган дунёдан завқ олишга қодир эмас эди: уни ташвишлар, гоҳ бутунлай эсидан чиққан, гоҳо ичмаган пайтлари яна ёдига тушиб, уни инжиқ, бағритош одамга айлантирадиган, унинг истагига қарши туғилган бола, қочиб қутулиб бўлмас иш, шовқин-суронли улфатлар давраси ва мудҳиш ёлғизлик туйғуси – булар барчаси ниҳоят уни ҳолдан тойдирган эди. Зотан на эркак, на аёл иккаласини бир танага айлантирадиган туннинг муқаррар мўъжизасига энди ишонмас эди: бу эса ўзлари ўтирган қисмат шохини ўзлари олдиндан кесиш билан баравар эди.

Уларнинг биргаликда ўтказадиган дамларидан энди ҳеч нарса кутиб бўлмасди ; бироқ улар ҳали ҳам ўртадаги бу бўшлиқни эътироф этишдан бош тортиб келишарди. Эркак кулдонга сигарета қолдиғини қоқарди, аёл бир бурда қоврулган нонга шинни ва ёғ суриб ўтирарди. Эрталабдан токи кечгача эркак аёлга аслида фақат газак олган ярадан сўнг ҳаётдан умид узган ёки беҳуда тоат-ибодатга муккасидан кетган гадойникидай ифодасиз ва лоқайд кўзларини шунчаки номига тикиб ўтирарди.

Аёл билан боғ тўғрисида, оила таъминоти тўғрисида, юқори қаватда ухлаб ётган гулоби кийимдаги бола тўғрисида гаплашарди. Эркак аёлнинг оғзидан ўзи истаган сғз билан ифодалаб бўлмас ўша сеҳрли жумлани кута-кута, чарчагач, ўрнидан, туриб, унинг пешонасидан ўпарди ва ҳовуз қураётганларга йўл-йўриқ кўрсатиш учун чиқиб кетарди.

Эркак ойма-ой яна ҳам бойиб бораётганига, банкдаги пуллари ҳар қандай тўсиқларга ва ҳар қандай ғаразли ниятларга қарамай, яна ҳам кўпайиб бораётганига амин эди. У янги даромадларини ишончли ва фойдали жойга қўйишни ўйлаб кўришга ҳатто улгурмасди ҳам.

Кечқурун беш-олтигача у автомобилларнинг, тракторларнинг ва бошқа турли хил машиналарнинг эҳтиёт қисмларини сотарди. Бироқ бирон бир хилват тўшакда ёки ресторан столчасида ўзини қандайдир аёл билан “таъминлаш”, ҳар хил эрмак ва юпанчлар билан ёлғиз кўнглини овутиш учун соат тўртдан бошлаб, шошилмай ва умидсизланмай, телефон қулоғини тинмай бурашга тушарди. У жуда оз-фақат зарур нарсалар билангина қаноатланарди: Майли унинг чакакларини аёл бармоқлари силаб турса бўлди, ҳам уни эркалаб, ҳам уни тушунганини билдириб кўзлари жилмайиб сўнг ўз-ўзидан бежирим кўйлаклар, қимматбаҳо мушку-анбарлар, турли безаклар сотиб олишдан иборат муҳаббат машғулоти бошланади. Шунингдек, маза-матрасиз жаврашларни қулоқ қоқмай эшитишга мажбур бўлган узундан-узун тун, тавба тазаррулар ва бузилган аҳлоқ ҳам сотиб олинарди.

Эркак уйга тонга яқин қайтарди: аёл унинг ясама хотиржамлик акс этган юзидаги сирли ифодаларни ўқиб олмоқчидай ҳар доимгидай чуқур ва сирли қилиб хурсинганча, эркакнинг унга айтадиган бирон гапи бўлмасди. У шкафдаги шишалар қаторини бир дафъа кўздан кечирар, сўнг қулай келганини қўлига оларди. Оромкурсига яхшилаб жойлашиб олгач, аёлнинг сукути, тушдан сўнг пайдо бўлган ширин хаёллари ва шифтга қадалган нигоҳи билан юзма-юз ўтирганча, китоб варақларига қўлини қўйиб, бепарвогина ича бошларди. Аёл уни тергамасди: ҳатто бир қанча вақтгача у эркакни ҳеч қандай шубҳа-ю-гумонларсиз тушунишга ҳаракат қилмоқчи, ўзи, ҳаёти ва умрининг гулгун палласи ҳақида кўнглида пайдо бўлаётган хўрликка ўхшаш уқубату-надоматлар тўғрисида у билан ҳасратлашмоқчи ҳам бўларди.

Сентябрнинг ўрталарида, аёл ҳаёт тоғга ёки улкан тошга ўхшайди, уни биз кашф этиб синдиролмаймиз, уни одамзот кашф қилолмайди, деган фикр билан аввалига номига, сўнг эса ростакамига ўзини овута бошлади.
Бу ҳодиса қандай ва қай тариқа бошланганини билиш ҳеч кимга, ҳа, ҳеч кимга ато қилмайди. Ҳозир биз ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган воқеа эркак ҳали ботмаган қуёшнинг сўлғин нурлари тушиб турган боғда у ёқдан бу ёққа юрган осойишта куз оқшомида содир бўлган эди; эркак бирдан тўхтаб, атрофга аланглаб, ям-яшил сўлим майсазорни, қурий бошлаган ёввойи буталарнинг сўнгги гулларини синчиклаб кўздан кечирганди. У бир зум ҳаракатсиз қотиб қолган, боши ён томонга оғган, қўллари синиб кетгандай осилиб турарди. Сўнг тўсиқ олдига келган ва худди шу ердан ҳар бири бир метрча келадиган текис қадамларда бутун боғни шошилмай ўлчай бошлаганди. У олдин жанубдан шимолга қараб, сўнг шарқдан ғарбга қараб ўлчаган эди. Аёл эса юқори қаватдаги дарпарда орқасига яширинганча, уни қўрқув билан кузатиб ўтирарди: кундалик турмушнинг одатдаги ёзуғидан чеккага чиққан ҳар бир ҳодиса унга ўзининг бахтсизлигини таъкидлайдиган янги далил ва исботдай бўлиб туюларди. Бола завол пайти ғингшиниб, йиғлайверганди; унга гулоби кийимни ҳозир кийгизишганми ёки туғилган пайтими, ёки ундан сал кейинми, буни энди ҳеч ким эсламас эди.

Ҳр иккиси учун ҳам ҳафтанинг энг оғир куни бўлган дам олиш кунининг шоми ҳам чўкиб, вақт алламаҳал бўлиб қолгач, эркак ошхонада қаҳва ичиб ўтирар экан:
-Қанчадан-қанча ер бекор ётибди,-деди. Аёл эркакнинг мужмал, тушуниб бўлмас қайғу зуҳурланган зоҳидона юзига тикилган ва унинг энди бу йўлдан қайтариб бўлмас даражада қандайдир, ўжар ва сирли истак билан ёнаётганини кўрган эди.

-Ҳа, мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлардим…,-деганди аёл, гарчи алдаётганини, бу ҳақда ўйлашга унда вақт ҳам, ҳоҳиш бўлмаганини бундай фикр ҳатто хаёлига ҳам келмаганини ўзи ҳам англаган ҳолда.- Мен ҳамиша боғимизда амалга оширилмай ётган қанчадан-қанча режалар ҳақида, мевали дарахтлар ва гулзорлар ҳақида ўйлардим.

Шундай бўлса-да, аёл шу ерда, қачонлардир қария Петрус қурган, сув ва пляждан узоқдаги бу эски уйда туғилганди. Шу ерда туғилган ва вояга етган эди. Унинг қалбига катталар дунёси кириб келганда, у бу дунёни тушунмаган эди; ўзининг ва ҳимоя истаб ўтиб бўлмас чакалакзори билан сирли ва ваҳимали кўринадиган бўталарга, кечаси-ю кундузи зим-зиё, қўрқинчли бўлиб ётадиган кекса, эгри-бугри дарахтлар орасига ва тизза бўйи анвойи ўт-ўланлар ўсадиган қалин майсазорларга ўзини яширар эди. Унинг анави ўтларни ўрадиган машина сотиб олган отаси ҳар оқшом кечки тамаддидан сўнг столга муштлаганча, эртагаёқ иш бошлайман деб, қатъий аҳд қиларди. Бироқ у ҳеч қачон ишни бошламасди. Баъзида у эринмасдан бир неча соатлаб машинани мойлар ёки ойлаб теп-текинга қўшниларга бериб юборар эди.

Бироқ ёввойилашиб, чакалакзорга айланган боғ қўл тегизилмаган ҳолича қолаверган эди. Ўша, қизалоқлик пайтидаёқ у эртага деган сўздан ҳам сеҳрлироқ сўз йўқлигига ишонганди; шундай дейилса, ҳеч қачон ҳеч нарса ўзгармай қолаверади ва ўзининг ҳам ороми бузилмайди.

Ҳали болалигидаёқ у бўталарнинг, ўтлоқнинг, қандайдир эгри, номсиз дарахтларнинг ўзини эркалаган шивир-шивирларини ва кўклам келиши биланоқ майсалар қувноқ қийқирганларича уйларини ишғол қилиб олишларини, бир неча ойдан сўнг эса ҳайиқиб, бироқ қилган ишларидан кўнгиллари тўлиб, яна чекинишларини кашф этган эди.

Эркак қаҳвани ичиб бўлгач, нимагадир қарор қилиб, бошини азот кўтарди. Сўнг яна жим қолди, тўғрироғи, орадаги сукунатни яна ҳам таранглаштирмоқчи бўлди.

-Ёз келганда ётиш ва уйни салқинлатиб туриш учун дераза ёнида бир парча жой қолдириш мумкин. Бироқ қолган ҳамма жойга бетон ётқизиб чиқиш керак. Мен бу ерга жуда катта аквариум қурмоқчиман. Яратиш деярли мумкин бўлмаган, ноёб намунасини. Бунинг учун эса оз-мунча пул сарф бўлмайди.

Аёл буларнинг ҳаммаси ёлғонлигини биларди, у эркакнинг пулни беҳуда сарфлашига ҳам, кимдир бу бефойда, кекса ва дуркун дарахтларни кесиб олишига ҳам, ҳеч қачон ўрилмаган ўтларни ҳамда ҳатто номи ҳам йўқ, пайҳона-сўлғина ва тафтсиз ёввойи гулларни ўриб олишига ишонмас эди.

Бироқ дам олиш кунларининг бирида қандайдир уч эркак ишчи келиб, эри билан савдолаша бошлашди. Аёл уларга юқори қаватдан қараб турарди; иккитаси қатор териб қўйилган ором курсилари билан бир қаторда, аёлга ён томонларини ўгириб туришар, вақти ва баҳоси ҳақида тортишарди, бақувват, босиқ ва қалпоқ кийган учинчиси эса чўкка тушиб ўтирганча гул поясини чайнарди.
Аёл ҳаммасини охиригача эслаб қолганди. Кумуш сочи патак бўлиб кетган, қадди букик, қўллари шалвираб қолган, энг кексаси иш тақсимловчиси билан бир мунча вақт елкаси билан эшик панжарасига суяниб, гаплашиб туришганди. Барвазта эса кесиб ташлаш керак бўлган дарахтларни, кенг ўтлоқни, мавж ўриб ўсаётган майсаларни лоқайдлик билан кўздан кечирганди. Қолган иккитаси эса олдинроқда боришар, нима учундир, чалғи, белкурак ва кетмон кўтариб олишган, эринчоқлик билан оёқларини зўрға босишарди. Кўринишидан ишёқмас ва тебса-тебранмас, ёшроқ ҳамда барвастароғи ҳали ҳам атиргул поясини чайнарди. Якшанба кунининг сержозиба субҳидами эди ва боғда баҳор чечаклар рақсга тушарди; аёл ишчиларга қараганча, менга шундай туюлаётган бўлса керак деб ўзини ишонтирмоқчи бўлар, бола эса тинмай кўкрак сўрарди.

Аёл эркакнинг худгўйлигини ва ўзига атайлаб озор бериш одатини яхши биларди. Бироқ иккаласи ҳам бу ҳақда шунчалик кўп гаплашгандики, бир одамни, бошқа бир одам тушунса ва севса бўладиган даражада ҳамма нарса очиқ ва ойдин бўлиб қолган эди. Аёлга боғни, унга қўшиб боғнинг бир бўлаги бўлган ўзини ер юзидан йўқ қилиш интиқомига эркакда ҳеч қандай асос йўқдай туюларди. Баъзида иккаласи ҳам неки ўтган бўлса, унутдик деган умид билан ўзларини овутган пайтлар эркак уни нимадир тўқиб ўтирган ҳолда боғнинг қайсидир бурчагидан топар ва ҳеч қандай кириш сўзларсиз яна ўша адоватли руҳда гапира бошларди:

-Ҳеч қачон, ҳеч нарса содир бўлмагандек, ҳаммаси бир умрга унитилди, қандай ажойиб!- Пир-пир учаётган, қуруқшиган юзини ҳатто аёл тарафга бурмасди ҳам.- Бироқ сенга ўғил туғиш нима учун зарур бўлди экан? Шунча ойлардан бери фақат гулоби жун сотиб олардинг, оқибатда эса мана-ўғил туғилди. Мен тентак эмасман. Менга қизми ўғил фарқи йўқ. Бироқ қиз туғилганда у сенинг измингнда қоларди фамиялингни оларди. Бироқ бу кучуквачча эса, аксинча…

Аёл анча вақтгача ўзини хотиржам тутиб турди, қўлларини чимчиди, сўнг ниҳоят унга қаради. Эркакнинг юзлари яна ҳам қуруқшиган, порлаб турган кўзлари яна ҳам катталашган, маймоқланган ва тушкунлигидан ўзини йўқотиб қўйган қиёфада масхаромуз тиржайиб турарди. У янги буҳтон тўқиётган эди. Иккаласи ҳам унинг буҳтон тўқиётганини ҳис қилиб туришар, бироқ ҳар қайсиси буни ўзича тушунишарди.

— Биз бу ҳақда шунчалик кўп гаплашдикки,-деди аёл ҳорғин тарзда.-Мен бу ҳақда Сендан жуда кўп марта эшитганман…

— Бўлиши мумкин. Бироқ мен ҳам бу мавзуга тез-тез қайтишни унчалик хуш кўрмайман. Бу бола менинг исми-шарифимга ўтади. Ва мен уни боқишга ҳамда тарбия қилишга мажбур бўламан. Биз бу ишни ҳар томонлама ўйлаб кўрсак ҳам чалғиганга ўхшаймиз. Биз ишга бир ёқлама қараб, сал адашмадикмикин? Мен ўзимни ким ҳисоблайман? Бировнинг мағзавасига кир ювган овсар дебми? Ҳа, сен эса доғули қанжиқсан.

— Тўнка,-деди аёл майингина товушда аччиқланмай, ҳатто кимга айтаётганлигини ўзи ҳам билмай.

Эркак юзига хира тун шоҳисини тортган ва баҳорнинг келганига ҳеч бир шубҳа қолдирмайдиган сербулут осмонга қаради. Кейин ўгирилди-ю, уйга қараб кетди.

Балки бунинг ҳаммаси оддий ва арзимаган воқеадан бошлангандир.

Одам шулар ҳақида ўйлаши керакми ёки рад қилиши, гап шундан бирини танлашдадир деган эркак омад ёки омадсизлик қайғу ёки қувонч бахтнинг кулиб боқиши ёки азоб билан ўтадиган аччиқ қисмат, шунга яраша хизмат қилдикми ёки йўқми, ҳисоблашиб ўтирмай танлайверади, деб қаттиқ ишонарди. Аёл ҳаётда ундан ҳам кўпроқ нарсаларга жавоб изларди: у ўз қисмати, ўз хатолари ҳақида, одам ақли етмайдиган умр жумбоқлари ҳақида ўйлар, бўйнидаги гуноҳи-азимни ҳис қилар ва ниҳоят ҳаётда тўлашга, тақдимланишга ҳамда жазоланишга арзийдиган гуноҳлар етарлича топилади деган хулосага келганди. Аслини олганда, бу иккаласи ҳам айнан бир нарса эди.

Баъзан эркак аёлни ярим кечаси ўйғотиб, Мендель ҳақида ҳикоя қилишни бошлади. У муштук ёки сигарета чекиб, токи аёл бутун вужуди билан ўзини эшитишга тайёр эканлигига ишонмагунча, кутиб турарди. Балки у шундай қилсам, ўзининг қалбида ёки қип-ялонғоч ётган хотинининг қалбида мўъжиза содир бўлади ва бу мўъжиза ичларига кириб олган жинларни қувиб чиқариб, уларга ҳақиқий бахт ёки ҳеч қурса рўё бўлса ҳам бир лаҳзалик баҳтиёрлик ато этади деб, ишонгандир.

-Нима учун энди айнан Мендель билан? Ахир сен менинг номусимни қўзғатмайдиган бошқа биронта тузукроқ номни танлашинг ҳам мумкин эди-ку!
Эркак аёлнинг Мендель билан ишқий можароси тўғрисидаги ҳикоясини яна эшитишни хоҳларди; бироқ охиригача эшитишдан бош тортар, ўзининг шаънига тегиб кетадиган бирон нарса содир бўлишидан қўрқар ва ниҳоят чекиниб бўлса ҳам, ёпиғлиқ қозонни тўла очмас, гўё шу йўл билан ўз орияти ва шаънини қутқариб қоларди. Булар бари ахмоқона беъманиликэди, бироқ воқеа фақат шу билан барҳам топса, кошкийди.

Мендель бўлмаса, бошқа биронтаси. Умуман олганда барибир эмасми. Буларнинг муҳаббатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бир куни кечаси эркак ўзини зўрлаб кулди.

-Шундай бўлса ҳам бўлар барчаси менга олдиндан аён эди. Чунки иш шунчалик чалкашиб кетгандики ёки аксинча, шунчалик мураккаблашиб кетгандики, мен шу дафъанинг ўзидаёқ Менделни авахтага ўтқазиб қўйишим мумкин эди. Айнан Менделнинг ўзини, бошқа ҳеч кимни эмас. Қонунга зид қоғози ва қалбаки имзоси учун. Ва менда ҳам унга нисбатан ҳеч қандай рашк-пашк ўйғонмайди. Унинг хотини ва ўз пушти камаридан бўлган уч ўғли бор. Уйи эса иккита. Гўёки ҳамма нарсага эришган. Йўқ, гап фақат рашкда эмас, ҳасадгўйликда. Буни тушунтириш қийин. Чунки ҳаммасини чиппакка чиқариш, Менделни хароб қилиш ёки қилмаслик арзимаган иш. Мен буни ўз кайфиятимдан олдинроқ, яъни ўзимда шундай қудрат борлигига ишонгунга қадар қилишни ҳоҳлагандим. Тушунмаяпсанми, бу ишни ҳеч қандай ният ва интиқом билан эмас, соф ҳасадгўйлик билан қилишим мумкинлигини тасаввур қилдим, ҳис этдим. Баъзида деярли камдан-кам ҳолларда, менга шундай қила олишим мумкиндай бўлиб туюларди.

Аёл индамай ўтирарди. Субҳидам салқинидан эти жунжикар экан, бола ҳақида ўйлади ва унинг очиқиб йиғлашини кута бошлади.Эркак эса қачонлардир ўзига ҳамда иккаласи ҳам орамизда бор деб, ишонган, бир неча ой давомида, у ҳақда ёниқ орзуларга ботиб юришган, бир-бирини алдамай, иштиёқ ва ишонч билан яшашга ундаган, уларга ҳозир етиб бўлмасдек туюлаётган бахт-саодат мулкининг шундоқ ёнгинасидан олиб ўтган, ҳомиласи бировдан эканини била туриб, ўлдим–куйдим қилган, ҳозир эса иккиси учун ҳам қадри қолмаган ўша ёниқ ҳиссиётни тирилтирадиган мўъжизани кутиб ҳамон жим қотиб турарди.

Ишчилар душанбадан бошлаб ишга киришди, улар шошилмасдан дарахтларни кесиб чиқдилар, кечқурун эса уларни бир томонга оғган, шалоқ, эскилигидан шалдираб қолган машинага юкладилар. Бир неча кундан кейин улар ёввойи гулларни ва ўтлоқдаги гуркираб ўсган бегона ўтларни ўришга киришдилар. Улар ҳеч қандай аниқ иш режимига амал қилмасдилар. Афтидан, улар куннинг узунлиги ва қисқалиги, эрта ёки кечлигидан қатъий назар бутун иш учун савдолашишганди. Ҳар ҳолда уларнинг шошилаётганини англаш қийин эди.

Эркак боғда бўлаётган ишлар ҳақида унга ҳеч нарса демасди. Ичиб ва чекиб, сўлғин алфозда жимгина ўтирарди. Ишчилар аввал оқ, сўнг кулранг бетон билан бутун боғни ва боққа қўшиб эркакнинг барча аянчли хотираларини ҳам кўмиб ташладилар.

Бир куни нонушта сўнгида эркак сигаретасини кулдонга босиб ўчирди-да, ҳамишагидек, юзидаги интиқом ва адоватни яширмай, худди ўз гапларининг мағзига фақат ўзи тушунадигандек, масхорамуз жилмайиб, аёлга қарамасдан чертиб-чертиб деди:
-Агар сен ерковларга кўз-қулоқ бўлиб турсанг, яхши бўларди. Айниқса, овқатланиш маҳали. Цемент ётқизиш негадир ҳеч олдинга силжимаяпти.

Бу пайтга келиб уч ишчи ерковларга айланганди. Улар бунда балиқ етиштириш мумкин эмаслигини аҳмоқ ҳам тушунадиган, атайлаб палапартиш тартиб берилган, бўлажак аквариум учун қалин ва улкан ойна келтиришганди.

-Яхши,-деди аёл. –Мен қария билан гаплашиб кўраман. Аввал боғ бўлган жойга ишни кузатиш учун бориб туражагимни айтаман.
-Қария билан?- тиржайди эркак.- У гапиришни билармикан? Менимча, у фақат қўллари ва қошлари билан буйруқ беради, шекилли.

Аёл ҳар куни эрталаб ва кечқурун цементдан қилинган майдонга тушар ва ниҳоятда беқарор иш соатларини назорат қилиб турарди. Эҳтимол,у ҳақда ҳам энди эркакка нисбатан интиқом ва адоватини яширгиси келмайди, деб айтиш мумкиндир. У қаддини тик тутганча, қаттиқ, текис цемент бўйлаб, энди буткул йўқотилган дарахтлар билан гулзор орасидаги айланма йўлларни ва сўқмоқларни ҳаёлан тасаввур қилганча, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга бурилиб, ишчилар томон паришон қиёфада, секин ўтиб борди. Ишчиларга қараб туриб, баҳайбат аквариумнинг қанчалик катталашганини кўрди. Ҳаво етишмаётгандек тез-тез нафас ола бошлади; соат бешдан сўнг яна ёлғиз қолишини ўйлаб, ўзини неларгадир ҳозирлади; унинг кун тартиби мана шундай бемаъни кўникмалардан номаълум ва ғайритабиий нарсаларга ўз-ўзини ҳозирлашлардан иборат эди.

Олдинига ярим боғни қоплаб олган қудуқнинг беўхшов кўриниши, ернинг тубигача кириб борган зим-зиё туйнукдаги ғира-шира манзара уни ҳайратга солди. Шунинг ўзиёқ унга кифоя эди. Бироқ у қудуқнинг қаърида белигача яланғоч иккита ишчини кўриб қолди. Уларнинг биринчиси-йирик мушаклари таранг бўлиб тургани ўша-атиргул поясини чайнаб юрган ишчи эди: новча, қилтириқ, кўринишидан ивирсиқ, ҳали жуда ёш иккинчиси эса, одамда ўзига нисбатан ачиниш ва шафқат ҳиссини ҳамда пешонасидаги терни румолча билан артиб қўйиб, кўнглини чоғ қилиш истагини ўйғотар эди.

У бу ердан кетишни ва ёлғизлик қўйнида ўзини-ўзи қандай овутишни билмасди. Қария чекканча, кесилган дарахт танасида чўнқайиб, зўрға ўтирар ва аёлга лоқайдгина кўз ташлаб қўярди.

-Ишлаяптими? – сўради аёл шунчаки кўнгил учун.
-Ҳа, хоним, ишлаяпти. Фақат улар ҳар куни ва ҳар соатда ишлашлари керак. Шунинг учун мен бу ерда ўтирибман. Шунинг учун ва шунингдек бошқа ишларни режалаштириш учун. Бироқ мен ҳам худо эмасман. Ўзимда куч топган пайтлари уларга ёрдам бераман.

Ерковлар у билан саломлашиб, бошларини жимгина ва дўстона эгиб қўйишди. Улар бир оз бўлса ҳам дам олиш иштиёқида суҳбатбоп бирор баҳона топиш ва мунозара қилиш учун ўртага баъзи баъзида қандайдир таклифлар ташлаб туришарди. Аёл тириклай кўмилган боғда энди улар вайрон этадиган нарсанинг ўзи ҳам қолмаган ва ҳамиша поя чайнаб юрадиган, қалпоқли, тепса-тебранмас паҳлавон ҳамда ҳали жуда ёш, озғин, касалманд, очликдан қилтириқ бўлиб қолган иккинчи ерков билан тез-тез суҳбатлашиб турар эди. Қария эса суҳбатга аралашмас, ерга ўтирган ёки тик турган кўйи изма-из қўлбола тамакисини тортар ва шу ҳолатда кун бўйи ўтириши ҳам мумкин эди.

Худди бунинг аёл учун аҳамияти бордай, худди у тирик ва унинг бу ердалиги нимадир қилишга қодирдай, энди бутунлай ғойиб бўлган дарахтлар ва пайҳон қилинган ўтлоқнинг қачонлардир ҳақиқий бекаси бўлганини билишгандай, улар аёлнинг кўз ўнгида ғайрат билан ковлашар, ўлчашар, сўнг силлиқ қилиб сувашар эди. Аёл ўзига ярашмайдиган назокат ва илтифот билан уларга қандайдир бемаъни нарсалар ҳақида гапириб берар ва ўзининг дарду-аламини шу йўл билан ифодалар, бу эса муносабатларининг тобора самимийлашишига ёрдам берарди. Соат бешлардан сўнг ерковлар кетиб, ўзи ҳувиллаган сукунат қўйнида ёлғиз қолишдан қўрқиб, тинмай гапирар ва гаплари ҳеч қачон тугамасди. Уй синасин чакалаги билан ўралган эди. Гарчи таналарида ҳали ҳам аввалгидай ниҳолликнинг навқирон назокати барқ уриб турса ҳам бўталар сал бўлмаса уч метрлик дағал дарахтларга айланганди. Улар тиғиз қилиб экилган бўлса ҳам, бир иккинчисига дўстона суянганча шохлари бир-бирига чатишиб, баб-баровар гуриллаб ўсишганди.

Соат занги ерковларгача етиб боргандай кечқурун роппа-роса бешда иш вақти тугаганини билдириб, қария қўлини кўтарарди. Улар ўзларини иш қуролларини йиғиштириб, ҳаммасини кимсасиз, қоронғу саройга элтиб жойлашар, сўнг хайрлашиб жўнаб кетишарди. Худди булутга ҳам, ботаётган қуёшга ҳам кексаларга ҳурмат қандай бўлишини кўрсатиб қўйишмоқчидек қария олдинда, изидан қалпоқ кийган ҳўкиз сифат барваста, уларнинг орқасида букчайган қилтириқ йигит кетиб борарди. Учаласи ҳам эринчоқлик билан чекканларича зўрға судралиб боришарди. Юқори қаватда, очиқиб йиғлаётган беланчакдаги болага орқа ўгирганча, қачон кетишини аниқ билиб олиш учун аёл ерковларнинг изидан жимгина кузатиб турарди.

Ўн-ўн беш дақиқалар шу ҳолатда шундай қотиб турарди. Сўнг пастга, бир пайтлар ўзининг боғи бўлган жойга тушарди; йўқ-қилиб ташланган шох-ғовларни хаёлан айланиб ўтиб, токи синасин чакалагига етгунча, асфальтни бошмоғининг пошнаси билан атайлаб тиқиллатиб бораверарди. Умуман, у фақат ишчилар кириб чиқадиган ёки ҳеч қачон меҳмон оёғини босмаган панжарали эшикдан ташқарига чиқиши, машина йўқ пайтлари очиқ турадиган гараж эшигидан ичкарига кириши ҳам мумкин эди.

Сўнг ўзи ҳам ҳеч нарсага ишонмай, ҳеч нарсага умид қилмай, ўзини қуршаб турган ёлғизлик салтанатини парчинлаб ташлаш учун бу на бўтага ва на дарахтга ўхшайдиган синасин чакалагига қарши қонли ва аёвсиз жангга киришар эди. Нима учунлиги ва қандай нияти борлигини ўзи ҳам тўла англамай, шохлар ва тиканаклар орасидан чакалакзор ортидаги алланечук сирли дунё томон ўзига йўл очишни истарди. Гоҳ-гоҳида нафас ростлаш учун қўлларини ёзганча умидсизланиб тўхтаб қоларди. Бу жанг ҳамиша мағлубият билан тугар ва у афтини аянчли бужмайтириб ёки ўлганнинг кунидан жилмайиб бу мағлубиятни тан олар ва уни жон-жон деб қабул қиларди.

Тирналиб қолган қўлларини силаганча, яқинлашиб қолган ҳамда шиддатли ва сирли нарсалар ваъда қилаётган, поклиги ва беғуборлиги билан ўзининг гудак ўғлини эслатадиган баҳорни туғишга тайёрланаётган осмонга маҳлиё термулиб оқшомнинг ғира-ширасида изига қайтарди. У бирон тамадди тайёрлар, бола билан куймаланар, сўнг ҳар кунгидай, қўлига тушган биринчи китобни очиб қўйиб, иккита ором курсининг биттасига ўтирганча ёки симтўшакка чўзилганча, эркакни кута бошларди. Соатни кўзларида яширар ва илҳақ бўлиб кутиб ўтирарди.

Аммо эрининг қайтиши ҳар оқшом бир-бирининг такрорига ўхшар ва ўзгармас тартибга тушган эди. Октябр ойининг ўрталарида у шундай сўзларни ўқиганди: “…ўзингни оҳанграбо таскиннинг қучоғида ётгандек тасаввур қил, умидсизликдан, беҳуда ғазабдан, шаккокликдан ва нафратдан ўзингни сақла”. Эркак машинасини гаражга қўяр, цемент йўлакдан юриб келиб, юқорига кўтариларди. Ҳар куни шундай бўлар, унинг ёд бўлиб кетган сийқа жумлалари ҳеч ўзгармасди. У калитларни шилдиратганча хона бўйлаб юрар экан, куннинг оддий ёки қизиқарли воқеаларини ҳикоя қилар, кўпинча лоф урар, кичкина , озғин юзда косасидан отилиб чиққудай бўлиб, ўзига тикилиб турган кўзларни кўргач, бир зум каловланиб, тўхтаб қолар эди. Худди эгасидай маҳзуна ва изтиробли кўзларни…

Шу кечаси аёл эс-ҳушини йўқотиб қўйди; эркакдан жуда кўп ойлардан бери талаб қилмаган нарсани талаб қилди; уларга бахт ато этган, ёлғизликларини ва бу дунёнинг азобу-уқубатларини унитишга ёрдам берган ўша марҳаматли ва илоҳий нарсани. Тун чироғининг хира ва нимпушти ёруғида ниҳоят эркак кулимсираб, мамнун қиёфада ухлаб қолди. Аёл ухлашга ҳам ҳоли келмай, хотираларга ғарқ бўлганча узоқ жим ётди; ҳайратга ҳам тушмай, кўнглида ҳеч бир надомат ҳам сезмай, болалик пайтларида ям-яшил боғга шайдо бўлишдан ҳам ташқари, ҳозиргига қараганда бошқачароқ, ишончлироқ ва чинакамроқ бахтли бўлганини ҳис этди. Ҳозиргиси эса ўткинчи юпанчлару, чиройли бўёқлардан бошқа нарса эмас. Бутун уй бўйлаб, боланинг тонги йиғиси таралмагунча, у эркакнинг буни сезганини ва ўзини мана шу ягона ва азиз хотирадан ҳам жудо этмоқчи бўлганини ниҳоят англаб етди. Боғни чопиб ташлаб, энди атрофи қора, ёниб турган кўзларидаги тантанавор ва маънодор табассумини гоҳ яшириб, гоҳо ошкор қилиб, эркакнинг ўзига синовчан тикилиб қўйишларини кўз олдига келтирди. Одатдаги тонги шовқинлар бошланганда, аёл шифтга тикилганча “Биби Марям”нинг дастлабки оятларинни ичида ўзича такрорлаб ётарди. Бошқасини ўқий олмасди; бу ўлик сўзларга тоқат қилишга унинг сабри чидамасди. У ўзини ҳеч қачон алдашмаганини ҳис этди; болаликнинг ўзаро нифоқлари, ваҳима ва қўрқувлари, шубҳа ва васвасалари кўнглига бирин-кетин кириб келган пайтдаёқ у ҳаётнинг жўртага қилинган, одам ақли етмас чигалликлардан, қўрқўв, ва хиёнатдан, ёлғону-яшиқ уйдирмалардан иборат эканлигини англаганди.

Шу билан бирга у болаликнинг сўнги кунларида, балоғат дунёсига кириш арафасида орзу ва ишонч самараси бўлиб, қалбига кириб келган алдов ҳиссини ҳатто ҳозир ҳам худди кечагидай яққол эслар эди. Агар ўша пайтлардаёқ унинг хоҳишини инобатга олишганда, ўзини бу мудҳиш дунёга келтирган қандайдир жуфтнинг ( ота-онасининг, ўшанда ҳам ва ундан кейин ҳам) тўшакда оний фароғат учун бир лаҳзалик, бир онлик ёки кундалик кўникма бўлиб қолган қовушишни у ҳеч қачон хоҳламаган, ўзини туғилишларини ҳеч қачон истамаган бўларди. Бахтга қарши яшашга ва итоат этишга мажбур бўлган бу ҳаётга розимисан, деб, олдиндан ҳеч ким ундан сўрамаган эди. Сўрашганларда ҳам оғиздан чиққан илк саволданоқ у иккаласи ҳам бир хил даҳшатли бўлган ейиш-ичиш, ўлим ҳамда бегона кишилар қалбига йўл топадиган ва апоқ-чапоқ қилиб юборадиган сўз эҳтиёжини ҳеч иккиланмай рад этган бўлар эди.

-Йўқ,-деди эркак аёл ошхонадан нонушта олиб чиққанда. – Менделга қарши ҳеч нарса қилмоқчи эмасман. Ҳатто унга ёрдам бериш ниятим ҳам бор.

У ишга эмас, худди қандайдир тантанага бораётгандай жуда ораста кийинган эди. Эркакнинг энидаги янги костюм, қордай оппоқ кўйлак, оҳорли бўйинбоғни кўриб, аёл неларнидир эслаш ва ўз хотираларига ишониш учун бир зум қотиб қолди. Эркак унаштириш кечасида худди шундай кийимда пайдо бўлганди. Эркакка нисбатан кўнглида туғилаётган адоватли ўйлари ва чеккан мусибатларини ҳам унутиб, ҳатто ишонгиси келмаётган ўша бахтли даврларнинг хотираларидан маст бўлиб қолган аёл у ёқдан бу ёққа бесару-пой юра бошлади.

Эркак бир бурда нонни қайлага ботирди-ю, тарелкани суриб қўйди- агар унга шундай туюлмаган бўлса аёл стол устидан ўзига тикилиб турган кўзларда синовчан ва ҳижолат аралаш порлаб кетган бир пайтлардагидек навқирон нигоҳни кўриб қолди.
-Мен Менделнинг чекига имзо чекаман. Ёки сенга совға қилишим мумкин. Шундай, бошқача бўлиши мумкин эмас, бу ҳал қилиниши керак бўлган масала. Шўр пешона, у. Аёлга бир оз кутишга тўғри келди. Сўнг у ўзини плитадан нари олиб, озғин эркакнинг қаршисига ўтирди. Ва ҳеч нарсани ўйламай, унинг кетишини тоқат билан кута бошлади.

Йўлда узоқлашиб кетаётган машина товушининг қандай сўнишини бир зум, тинглаб турди-да, юқорига, ётоққа кўтарилди ва дастаси садаф қопланган яроқсиз, кичкина тўппончага бирдан кўзи тушди; у қўлига олмай тўппончани бир дам кўздан кечирмоқчи бўлди.У ерда, дераза ортида эса баҳор ҳорғин қадамлар билан кезиб юрган бўлса ҳам ёздан ҳали ҳеч қандай дарак йўқ эди, кунларни эса майда икир-чикирлар билан тўхтатиб бўлмасди ва ҳеч ким буни истамасди ҳам. Шом пайти қўлларини қип-қизил қонга бўяган бўталар билан бўлган одатдаги жангдан сўнг, аёл ҳуштак чалиб, қушларни ҳайдар экан, ўзининг қоқсуяк эри ҳам Мендель билан бирга энди бир умр ғойиб бўлганини англади. Эҳтимол, улар бу олам саҳнасида аслида ҳеч қачон мавжуд ҳам бўлишмагандир. Бола юқори қаватда қолган эди, бироқ у ҳам аёлнинг ёлғизлигини ҳеч бир енгиллата олмасди. Аёл Мендель билан ҳеч қачон бирга бўлмаганди; у билан ҳеч қандай таниш эмас эди, унинг мушакдор, паҳлавон жусса елкасини ҳеч қачон кўрмаганди; унинг тутган жойидан кесадиган феълини билмас эди, босган қадами бахтиёрлик бўлган беташвиш, хушон-хандон дориломон ҳаётидан ҳам бехабар эди. Пешонасидаги тирналган жойдан оқаётган бир томчи қон унинг бурни узра, оҳиста оқиб тушарди.

Бола тинимсиз биғиллай бошлагач, олдига чиқишга тўғри келди. Қария хотиржам, қимилламай худди ўзи ўтирган тош ўтирғичнинг бир қисмидай қотиб ўтирарди. Икки ерков қудуқ тубига кириб кетишган эди. У юқорида болани юпатгач, бирдан эрининг полда ғижимланиб ётган костюмини кўриб қолди. У шошиб чўнтакларини ковлаштира бошлади; Рақамлар билан тўлдирилган қоғоз, танга-чақа қандайдир ҳужжат ва ниҳоят хат топиб олди.

Хат аёл қўли билан дона-дона, чиройли ёзилган ва икки варақдан ошмас, сирли тарзда, Масам деб имзо қўйилган эди. Бироқ ёзувчиси ақлли ва макрли эканини билдириб турган хатнинг мазмунидан енгилтаклик, қасамхўрлик ва илмоқли киноялар уфуриб турарди. Ҳаммаси тушунарли эди. “Афтидан жуда ёш бўлса керак,- деб ўйлади аёл ранжсиз ва рашксиз,- бир пайтлар мен ҳам унга худди шундай қилиб ёзган эдим.” Чўнтакдан ҳеч қандай сурат топилмади.

“Масам” сўзининг тагига эркак қизил сиёҳ билан “Унинг ёши ўн еттида бўлади, ҳали бу қўшиқ ва умид сўнмас экан, у мен билан бирга бўлиши учун, ер ости ва ер устида қип-ялонғоч кезиб юради”-деб ёзиб қўйган эди.
Аёл ўзида рашк тўйғусини ҳис этмади, эридан нафратланмади; балким бу ҳам ҳаёт каби қандайдир тушунмовчиликдир ёки у билан сичқон-мушук ўйнаётган дунёнинг навбатдаги бешафқат ҳазилидир. Бир неча ҳафта улар яна ҳамишагидай яшайверишди. Бироқ эркак ундаги ўзгаришни англамаслиги, бу барча-кечириб юборишлару, зўрма-зўраки жилмайишлар ўзидан тобора узоқлашиб бораётган қалбнинг хусуматли адовати сўнгги ғалаёни эканлигини сезмаслиги мумкин эмас эди.

Улар сўзларни талаффуз қилишарди-ю, бироқ моҳиятан энди гаплашмасди. Аёл баъзи-баъзида эркакнинг кўзларида чақнаб кетадиган тавба-тазарру ва илтижо учқунларини энди кўришни истамасди. “У худди кўп ойлар олдин ўлиб кетгандай; биз ҳеч қачон бир-биримизни билмагандай; худди у энди ёнимда йўқдай, менга ҳаммаси барибир.” Улардан биронтаси ҳам энди ҳеч нарсага умид қилмас ва ораларида умид қиладиган нарсанинг ўзи ҳам қолмаган эди. Сўзлар тилга бўйсунмас, нигоҳлар бир-биридан қочарди. Эркак гоҳ сигаретани, гоҳ кулдонни қўлида айлантирарди, аёл эса нонга ёғ ва қайла сурарди.

Эркак ярим кечаси қайтганда, аёл китобни бир чеккага қўйиб, ўзини ухлаганга солар ёки боғдаги иш, ёмон ювилган кўйлак, озиқ-овқатнинг нархи ва бола ҳақида гаплашиб ўтирарди. Эркак савол ҳам бермай, лоқайдгина тинглар, ўзининг эса унга айтадиган гапи йўқ эди. Сўнг шкафдан ичимлик олар, токи тонггача, шунчаки, китоб варақлаб, бир ўзи ичиб ўтирарди.

Аёл осойишта ёз тунларининг бирида ухлаб ётган эркакнинг қиррадор елкасини, сочлари элбурутдан оқариб ва сийраклашиб жўнаган миёнасини зимдан кўздан кечира бошлади. Шунда у орадаги гиналарни унутгиси, ғуссалар эзиб ташлаган эрига ачингиси келди. Энди кечалари қайтганда эркак овқатланмасди ҳам. Шкафнинг олдига бориб, туни билан, токи тонгача ичиб ўтирарди.

Кароватга чўзиларкан, қандайдир бегона товушда , аёлга ҳам, шифтга ҳам қарамай ўзи ўйлаб топган кулгули одамларнинг турли фазилатларини ёки турли вазиятларда пайдо бўлган қувноқ ва олди-қочди воқеаларни ҳикоя қилишга тушарди. Эркак ишдан жуда эрта қайтиб, китоб ўқишга ҳам, ечинишга ҳам ҳафсаласи келмай, гапиришдан олдин унга жилмайганча, хушомадона тикилиб-тикилиб қўйган қайсидир оқшом ҳаммаси аниқ бўлган эди. “У вақтнинг тезроқ ўтишини хоҳлаяпти. Ҳозир ҳеч қачон содир бўлмаган бирон воқеани ҳикоя қилади ва қанча хоҳласа шунча чўзаверади. Бу ҳаётга биз билан бирга кириб келган, қандайдир бемаъни сафсата бўлади, бу ёлғон-яшиқлар, уйдирмалар бизнинг бутун умримизни ташкил қилади” Эркак сўтадан тайёрланган қадаҳ келтирди ва биттасини, тўлдириб аёлга узатди. У ўзоқ йиллардан бери аёл қўлига қадаҳ ушламаганини биларди. Аёл у келгунча ҳали ўринга ётишга улгурмаган ва эркак уни ҳобхонанинг бир устида кенг ором курсисида китобдаги “Ўзининг оҳанрабо таскиннинг қучоғида ётгандек тасаввур қил, умидсизликдан, беҳуда ғазабдан, шаккокликдан ва нафратдан ўзининг сақла”-деган ёд бўлиб кетган сўзларни қайта-қайта пичирлаб ўқиб ўтирган ҳолда топган эди.

Эркак унинг қаршисига ўтириб, кундалик хабарларни бош силкиб, индамай эшитди. Сўнг орага яна қаттол сукунат чўккач, у мутлақо бошқа нарса ҳақида гапира бошлади:
-Анави қария, пулни қарсиллатиб санаб олади-ю, кун узоғи ишчиларни кузатиб ўтиришдан бошқа нарсани билмайди. У бир йилча семинарийда ўқиган, бир неча ой архетектурадан таълим олган, ҳатто Римга ҳам борганман дейди. Шўрлик, қайси пулига борди экан? Қачонлигини аниқ билмайман, ҳар қалай, бир неча йиллардан сўнг у яна шу жойларда, шаҳарда яна пайдо бўлишига аминман. Албатта, руҳонийлар жуббасида. Ўқувсиз бўлса ҳам кети-қуйруғи йўқ чалкаш нарсаларни тўқиб юради. Нима учунлиги номаълум, бироқ у икки кеча-ю кундуз семенарийда яшаш бахтига мушарраф бўлган экан. У ибодатхона қурилишига ҳам ўз ҳиссасини қўшган эмиш. Телбаликка ўхшайдиган қайсарлиги билан ўша ерда ҳам ўзини-ўзи кўрсатибди: Лойиҳага бўёқ тўкиб юборибди. У барча ҳаражатни ўз бўйнига олган ва шахсан ўзи керакли пулни йиғиб беришга ваъда берган бўлса ҳам охир-оқибатда унинг яна ковушини тўғрилаб қўйишган.

Афтидан, у худди шу даврда руҳонийча кийиниб, ҳар эшикни тиққиллатиб, садақа сўраб юрган. Ўзи учун эмас, ибодатхона учун. Ўзининг сийқа ҳикматларига ва бошига кулфат тушганлар ҳақидаги узуқ-юлуқ ҳикояларга одамларни ишонтирмоқчи бўлган. Йиғилган пулларнинг бир тийинини ҳам ишлатмай, суд палатасига топширишга унинг ақли етган, албатта, шундай қилиб, ҳақиқий руҳонийлар ишига ҳалақит бергани учун иш жазоланган. Жарима ва бир неча кунлик авахта билан чегараланган. Кейин ҳеч ким унинг бемалол уй қураверишини таъқиқлай олмаган. У бизни бу ерда, Вилья-Петрусда ўраб турган, шунчалик кўп ва ақл бовар қилмас даражада баланд биноларнинг томини ёпишда бевосита иштирок этганки, беихтиёр уни, эҳтиром билан “бинокор” деб атай бошлашган. Кўплар эса унга, “сеньор архитектор” деб ҳам мурожаат қилишаркан. Билмадим, буларнинг қайси бири ҳақиқат, қайси бири уйдирма? Дарвоқе аниқлаб ўтиришга кимнинг вақти бор.

-Агар ҳаммаси ҳақиқат бўлсачи,-пичирлади аёл қадаҳнинг устидан унга тикилар экан.
-Шундай ҳам бўлиш мумкин ёки аксинча; бу-бизнинг ишимиз эмас.

Аёл яна тўшакка чўзилди. У яшаётган ва ҳаётнинг тушуниб бўлмас удумларига кўр-курона амал қилаётган ёки бу удумларга бир неча асрлардан буён амал қилиб келган ҳамда учрашганда сукут сақлашдан нарига ўтмасликни қатъий қонун қилиб қўйган кимлардир тўғрисида ўйларди.

Эркакми, аёлми-фарқи йўқ. Барваста ерковни ва яна кимнидир кўз олдига келтирди, ўзининг ранжу-аламлари ҳақида ўйлади.

-Қария ҳали… бажарар экан…,-деб гап бошлади яна эркак; бироқ шу пайти телефон жиринглади, у сергакланиб шошиб ўрнидан турдида шаҳдам ва чаққон қадамлар билан даҳлизга қараб жўнади. У қоронғу даҳлизда телефонда ким биландир тез-тез гаплашди. Ва хонага норози, ҳатто аччиқланган қиёфада кириб келди.

-Бу Монтеро, идорадан. Кирим-чиқимни кузатиб туриши учун қолганди. Энди , айтишича, у ерда нимадир жойда эмас ва ҳозир мен билан учрашиши жуда зарур эмиш. Агар сен қаршилик қилмасанг …

Эркак тўқиб-бичиб гапирар экан, учрашув пайтини келишадиган телефон қўрғироғини эркак билан бирга кутиш учунгина тинглаб ўтирган қария ҳақидаги бемаъни ҳикоянинг нима учун зарурлигини бошидаёқ сезганини эсламаслик ва яна ўша ясама ифодани кўрмаслик учун эркакнинг юзига аёл ҳатто қарамади ҳам.

-Мас, Ам,-дея пчирлади аёл шикаста жилмайиб ва кўнглини қуюндек қамраб олаётган хўрсиниқ ва аламларидан дарди-дунёси қоронғу бўлиб. У қадаҳни бир кўтаришда ичиб юборди, ўрнидан туриб, яна бир шиша келтирди ва тўшак ёнидаги столча қўйди.

Эркак ўзини тушунмаган қилиб кўрсатди, аслида у тушунишни ҳам, жавоб беришни ҳам истамас эди.
-Мабодо сен агар менинг қолишимни истасанг…,-давом этди эркак.

Аёл деразадан оҳиста ҳилпираётган дарпардалардан кўзларини узмай, яна кулимсиради.

-Йўқ,-шартта гапини бўлди у. Сўнг қадаҳни қайтадан тўлдириб, олдинга сал эгилди-да, қўлларини ҳеч ерга суямай бир томчи ҳам қолдирмасдан, охиригача ичиб юборди. Эркак бир мунча вақт жим ва ҳаракатсиз қотиб турди. Сўнг пальто ва шляпасини олиш учун даҳлизга қайтди. Аёл сукунат ва ёлғизлик қўйнида ўзини деярли бахтли ҳис қилиб, кетиб бораётган машина овозининг ўчишини хотиржам кутиб турди; сўнг сархуш бошини қувноқлик билан орқага силтади-да қадаҳга яна коньяк қўйди. Бу истак қудуқнинг тубида ҳеч бир зўриқишсиз, бир маромда ишлаётган, бесунақай оппоқ қўллари билан ерковлаётган барваста ерковнинг яланғоч гавдасини кўрган пайтдаёқ пайдо бўлганини тан олгиси келмаса-да, у энди шундай бўлиши кераклиги-га ишонар ва энди бу йўлдан қочиб қутулолмаслигини англарди. Бироқ шундай бўлса ҳам, у ўзини шубҳалардан халос қилолмас, буни ўзи танлаганига, ўзини ишонтира олмас, назарида кимдир ёки нимадир бу йўлни ўзи учун олдиндан белгилаб, муқаррар қилиб қўйгандек эди. Ҳаммаси жуда осон кўчди; шундай бўлишини у олдиндан биларди. Барваста ер остидан чиқиб, хурмачадаги сувдан ичиш ва ювиниш учун шланга излаб, олдига келмагунча, у ерковни боғда, боғнинг қолдиғида кутиб ўтирарди. Аёл унга қўлини силкитди ва шланг келтириб берди. Гараж ёнида у ерковга қандайдир беъмани саволлар берди. Улар бир-бирига қарашмасди. Аёл ундан бу ерда яна гуллар, ўт-ўланлар, бўталар, майса ва умуман қандайдир яшил, сўлим нарсалар ўстириши мумкинми, дея сўради. Эркак энгашганча, исқирт, яғир қўллари билан аёл кўрсатган қумлоқ ердан бир ҳовуч тупроқ олди.

-Мумкин,-деди у қаддини ростларкан. -Бунинг учун иштиёқ, сабру тоқат ва яна тер тўкиш керак.

Аёл унинг жавобини ҳам эшитмай, орқасидан келиб, қўлларини ушлади ва таҳдидли хўмрайиб турган осмонга тикилганча, амирона оҳангда, шошиб шивирлади.
-Ҳамма кетиб бўлгач… ҳеч ким ҳеч нарсани билмаслиги шарт. Қасам ичасанми?

Синовчан ва андак гумонсираган қиёфада эркак ҳеч нарса сўрамай ҳам, қўлини пичоқдек бўғзида айлантириб, гунг товушда рози бўлди.
-Соат олтида кел, кўча эшикдан кирасан.

Барваста хайрлашмай айиқ юриш билан гавдасини у ёқдан, бу ёққа, лапанглатганча, имиллаб нари кетди. Қария соат беш бўлганлигини билдирувчи қўнғироқни эшитгач, ишни тугатишга буйруқ берди. Шу оқшом у синасинларни ўз ҳолига қўйди; шошилмай худди ойпарастлардай иккиланаётганини ҳам, афсусланаётганини англамай, меровланиб зиналардан зўрға чиқиб-тушди, бола билан машғул бўлди. Сўнг деразадан йўлга қараганча, аста-секин қорайиб бораётган осмонни кузатиб ўтирди. «Мен ақлдан озаяпман ёки аллақачон озиб бўлганман ва шу ҳолимча яшаб келганман. Бу эса менга ёқаяпти»,-деб такрорларди у . Билинар-билинмас, хушбахт, зафарли табассум билан. Бу машъум ҳодисани қаерда амалга оширилиши ва оқибати нима бўлиши тўғрисида ўйламади ҳам. У бир лаҳза алдоқчи орзулар ва саркашлик билан ўтган олис ва сирли болалик дунёсини эслади. Ерков дарвоза олдига роппа-роса олтида келди. Унинг қулоғида пояси чайналган гул осилиб турарди. Аёл унинг боғни буғиб ётган бетон йўлак бўйлаб қандай лапанглаб юриб келаётганини кўриб турарди. Барваста каловланиб тўхтади; аёл югурганча, пастга отилди- унинг зиналарни ноғара қилиб чалган пошналари тагидан атрофга умидсизлик садолари таралди. Улкан гавдага деярли урилиб тўхтар экан, унинг олдида муштдайгина бўлиб қолди.

Ерковдан бадбўй тер ҳиди анқирди. Аёл унинг ёниб турган кўзларидан анқовлик ва ҳадик аломатларини ўқиди.

У бир лаҳза жунбушга келиб, оёқ учларида турганча, ўпишиш учун лабларини яқинлаштирди. Эркак нафаси қайтаётгандек бошини чапга бурди.
-Анави ерда сарой бор,-деди у.

Аёл эркалангандек жимжигина силкиниб-силкиниб кулди. Худди синасин чакалаги билан хайрлашув пайтидагидай, эркакка хотиржам тикилди. Сўнг унинг қўлларига осилди.

-Йўқ, саройда эмас, -у мулойим товушда эътироз билдирди. -У ер жуда ифлос, жуда ноқулай ёки юқорида, ёки ҳеч қаерда. -Ва эркакни сўқирдек хобхонага қараб етаклаб жўнади, зинадан деярли тортиб чиқарди.

Бола ухлаб ётарди. Ётоқда ўзгармас ва забт этиб бўлмас қандайдир сирли куч ҳукмрон эди. Кенг гулоби кароват, кўримсиз жиҳозлар, ичимликлар турган жавон, туғдек ҳилпираётган дарпарда, таниш безаклар, гул туваклар; суратлар ва қандиллар осонликча асир тушгиси келмаётган қўшиндек саф тортиб туришарди.

Гаранг ва ўз хонасида бегонадек бўлиб қолган аёлнинг қулоғига эркакнинг об-ҳаво, боғ ва ҳосил ҳақида гаплари деярли кирмасди ҳам. Эркак иккинчи қадаҳни ҳам ичиб бўлгач, аёл уни кравотга етаклаб борди ва навбатдаги буйруқни берди. Аёл қачонлардир бўлса ҳам тирик эркакнинг яланғоч, хирсдан ўзини йўқотиб қўйган ва жазавали қиёфада, ўзининг бир имосига зор бўлиб туришини тасаввур қилолмаган эди. У яна вақт харсанглари остида кўринмай кетган хоҳиш иштиёқ, ноз ва эркалик, шўхлик ва жўшқинлик туйғуларини қайтадан ҳис эта бошлади. Энди ўзига ерковнинг қандай яқинлашаётганини кузатиб ётар экан. Бу одамнинг жисмоний устунлигига ҳамда аёлни ўзларига қарам қилиб яратган эркак зотининг ибтидосига, бемаъни икир-чикирларга ўралашиб, аёл эҳтиёжини менсимайдиган барча-барчага нисбатан кўнгли нафрат ва озор билан тўлди.

У жасорат кўрсатди: эркакни унинг ўзи шунга ундади. Ва мана энди ерков сассиз ва итоаткор ҳолда унга муштоқ бўлиб турибди.

Бироқ ерков биринчи уринишда ҳам, иккинчи уринишда ҳам, ҳеч нарсага эриша олмади. Аслида ҳам ўзгартиб ва тузатиб бўлмас даражада иккаласи бошқа-бошқа дунё учун яралган эди. Бўғзига аччиқ нарса тиқилгандай эркак қаҳрдан тўлғониб, уни силтаб ташлади.

-Ҳамма вақт шундай. Ҳамиша шундай бўлади, -деб инграб юборди тушкун оҳангда эркаклик ғурурини ҳам эсдан чиқариб.

Улар биғиллай бошлаган бола йиғисини эшитдилар. Сўзсиз ва ҳеч бир қийналмай у эркакни қайта кийинтиришга муваффақ бўлди, қандайдир ёлғон ваъда билан юпатди, қирилмаган чаккаларини силади.
-Бошқа пайт, -дея шивирлади у, ҳам хайрлашиш, ҳам тасалли ўрнига.

Эркак ўзининг навбатдаги мавридсиз мағлубиятини унутишга ва ғазабини босишга ҳаракат қилиб, афтидан яна гул поясини чайнаганча қоронғулик қаърида ғойиб бўлди. (Ҳикоя қилувчи ровийнинг имконияти шунга етадики, унга вазиятга қараб, ҳамма нарсанинг ўз ўрнини топиб беришгагина рухсат этилади, холос. Балки у ҳар субҳи-содиқда туш аралаш бу аёлнинг руёбдай исмини беҳуда такрорлар. Эҳтимол у, ечимни ялиниб, ёлвориб ундириб олар ва унга сабр зиндонидан чиқишга изн берилар: ғафлат уйқусидан уйғониб, бу шикаста ҳасрату кўз ёшларни, нафратини ҳамда бу барча ярамасликларни қоғоз юзидан буткул артиб ташлар). Эҳтимол, бу эртасига содир бўлар. Эҳтимол, ҳар қандай зоҳирий ифодадан ҳоли, қотма юзи ўзига қараганда яна ҳам кексароқ кўринадиган қария яна бир қанча вақт сабр тоқат қилар. Майли, токи ҳафтанинг ўртасигача, деб, ҳисоблай қоламиз. У токи аёлнинг йўргакни торга осиб, уй ва сарой орасида қачонлардир боғ бўлган жойда ўзича санқиб юрганини кўргунча кутар… Қария наридан-бери қилиб қўлда ўралган тамакини ҳузур қилиб сўриб ўтирарди; аёлни кўриб ўрнидан туришдан олдин аччиқланган оҳангда ишчиларга қарата тўнғиллади:
-Бизга икки ҳафтани олдиндан тўлашармикин, шуни жуда билгим келаяпти.

У секингина хўрсиниб, ялпайиб ўтирган харсангдан сирғалиб тушди ва оқсоқланганча аёлга қараб шошилмай кела бошлади. У сўни-сунбатига қараб туриб бошқа пайтларга қараганда яна ҳам кўпроқ ёш қизчага ўхшаб қолган, кўзлари ҳар қандай умид ва ишончдан маҳрум бу аёлнинг ўзига қилинадиган илтифотдан ҳамда атрофдаги илтифотсиз оламдан худди ўзидек йироқ ва ёлғиз эканини англади. Семинарист-архитектор унга меҳрибонлик билан шафқат ва мурувват тўла кўзларини тикди.

-Менга қаранг, сеньора, -деди у. — Менга жавоб беришингиз шарт эмас. Сизга сўз ҳам ортиқча кўринади.

У машаққат билан иштонининг чўнтагидан эндигина очилган, пойлари синиб қолган бир даста энди очилаётган атиргул чиқарди. Аёл уларни авайлаб ҳовучига олди ва нам латтага ўраб, жимгина кутиб турди. Бу марта унинг кўнглида ҳеч қандай шубҳа пайдо бўлмади: аксинча, қариянинг кулиб турган ҳорғин кўзлари унинг ҳозирги ҳаётига ҳам, унинг ўзига ҳам ҳеч бир алоқаси йўқ, сал олдин пайдо бўлган йиғлаш истагини тўсатдан тарқатиб юборган эди. У миннатдорчилик ҳам билдириб ўтирмади.

-Менга қаранг, қизим,- деди яна қария. -Бу гуллар унутиш ҳамда кечириш учун. Улар бир-бирини тақозо қилади. Ҳечқиси йўқ, бизнинг ўзимиз ҳам баъзан нима ҳақида гаплашаётганимизни билишни унчалик истамаймиз. Қачон гуллар сўлиса, уларни ташлаб юбориш керак, мен, биз истаймизми, йўқми, ҳаммамиз бир-биримизга ҳамрдард ва биродарларимиз, деб ўйлайман. Гарчи сиз бошқаларга қўшилмай яшасангиз ҳам мен ҳақимда кўп гапиришган бўлса керак. Бироқ мен ақлдан озган эмасман. Сабр қиламан ва кутаман.

У бошини эгди ва хайрлашиб, нари кетди. Ўз маърузасидан толиқиб қолиб, оқшом оромини бузиб, қўнғироқ беш марта занг ургунча, у қулоғини динг қилиб, кутиб ўтирди.
-Кетдик, -деди у ерковларга. -Кўриниб турибди, олдиндан тўлашмайди.

На муштоқликка, на йўқ нарсага кўз тикишга ўхшаган яна бир неча кеча ўтди. Ва ниҳоят ўқишдан чарчаб, ётиш истагида турганда, аёл гараж ёнида машина товушини, сўнг зина бўйлаб, кўтарилаётган ўйноқи ҳуштакни эшитди. Орадан ўтган шунча воқеадан худди бехабардай ва ҳеч нарсага шубҳа қилмай, эркак «The Man L Love1»ни куйларди.

Аёл саломлашгандай, афтини бужмайтириб эркакка тикилди ва у келтирган қадаҳни индамай олди.

-Сен врачга бордингми? -сўради у. -Ахир сен сўз берган эдинг-ку? Ёки яна қуруқ қасаммиди??

Эркак аёлнинг юзига қарамай ҳам негадир жилмайди, у афтидан нимадир қилиб аёлнинг кўнглини олгиси келарди.

-Ҳа, бордим. Айтарли ҳеч нарса йўқ. Ўзинг бир тасаввур қил. Чўпдек озғин эркак ҳўкиздай семиз ва илтифотли докторнинг қаршисида қип-ялонғоч турибди. Ҳамишагидай рентгенга туш, текшир-текшир ва ҳоказо. Унчалик жон койитиб ювилмаган оқ халатли семиз киши ўзининг болғачасига ҳам, статископига ҳам ёзганларига ҳам ишонгиси келмади. Йўқ, бу ерда улар тушуна оладиган ёки даволайдиган ҳеч нарса йўқ.

Аёл ўз хоҳиши билан биринчи марта эркакка яна битта тўла қадаҳни охиригача ичишга розилик берди. Сўнг бармоқларини бир-бирига ишқаган заҳоти қўлида сигарета пайдо бўлди. У йўталмаслик учун мускулларини таранг қилиб, кулимсираб турди, эркак унга ҳайрат ила, деярли хушбахт бўлиб тикилди. У аёлнинг ёнига келиб, каравотга ўтирмоқчи бўлди, бироқ аёл унинг чолларга хос эркалашидан ўзини олиб қочиш учун кўрпа остидан пастга сирғалиб тушди. Ярим бўлиб қолган сигарета ҳамон тутарди, у эса чекар, ўзини хушёр тутиб турарди.

Сўнг эркакнинг елкасига бош қўйганча, ногоҳон:
-Сен нима учун менга уйланган эдинг, -деб сўради.

Эркак унинг чўпдай бўлиб қолган гавдасига, энсасига ёйилиб тушган сочларига кўз югуртириб чиқди-да, кейин оромкурси ва столча турган жойга қайтди. Шиддат ва қатъият билан яна битта қадаҳни кўтарди, яна битта сигаретани тутатди. Аёлнинг саволи бир неча йил кечикиб берилганди; бу савол вақт ажинлари орасида кўринмай қолган ва деворга ёпишиб қолган чирмовуқ каби ҳар томонга бетартиб ёйилиб кетганди. Бироқ вақтдан ютиш керак эди. Чунки гарчи улар ҳеч қачон бунга гувоҳ бўлишмаган, гарчи уларга ҳеч қачон ўзини намоён қилмаган бўлса ҳам аёл ўзининг эрига, қоқ суяк эркакка қараганда ақллироқ ва бахтсизроқ эди.

-Сенда пул йўқ эди, демак бунинг учун эмас, — деб ҳазилга олди эркак. Пул ҳаётимизга кейинчалик менинг ҳеч бир гуноҳимсиз кириб келган; сенинг марҳум онанг ва марҳум акангдан…

-Мен бу ҳақда аллақачон ўйлаб кўрганман. Ўлимни ҳеч ким олдиндан башорат қилолмайди. Шунинг учун, пул сени қизиқтирмаган. Энг ёмони- бунақа нарсалар сени эмасм, мени кўпроқ қизиқтирган. Шундай бўлса ҳам қайтараман: сен нима учун менга уйлангандинг.

Эркак бошини маъқуллагандай чайқаб индамай чекар ва қонсиз лабларини қадаҳга босиб турарди.

-Бор-йўғи шуми?! -сўради у ниҳоят. Унинг қалби ҳозир турли гумон ва бу ожиз аёлга нисбатан шафқат туйғуси билан тўлган ҳамда бироз чўчиб ҳам турарди.
-Шу, албатта, — аёл каравотдан туриб ўтирди ва эркакнинг тунд ва қаҳрли юзи яна ҳам оқариб кетганини кўрди.

— Ҳар қалай, сенинг Менделдан бола кутаётганинг учун эмас эди. Менда яқинларимга ёрдам бериш ва унинг учун азият чекиш истаги ҳеч қачон бўлмаган. У пайтлар ҳаммаси жуда содда эди. Мен сени севар эдим, севиб қолган эдим. Ва бу ҳақиқий муҳаббат эди.

-Сўнг у ғойиб бўлди, — аёл каравотда ўтирганча, деярли қичқириб юборди. Бироқ бу гапларнинг оҳангида шафқатсиз савол аломати бор эди.

-Ҳаддан ташқари айёрлик, шумлик ва хиёнат туфайли. Ҳа, ғойиб бўлди; унга бир ҳафта зарурмиди, бир ойлик ёки ўша соатнинг ўзидаёқ сездирмай бизни ўз ҳолимизга ташлаб кетишни маъқул кўрдими, буни аниқ билмайман. Буни ҳозир тушунтириб бериш қийин. Ҳатто мени ҳамма нарсани билади ва тушунади деб ҳисоблаш ҳам. Айниқса, бу ерда қачонлардир Петрус қурган ва сен ўсиб-улғайган ёввойи қўриқхонада. Қорнингда бола борми ёки йўқми сенга барибир эди. Ҳаммага изтироб илтижо ва илинж билан тикиладиган деярли жувонга айланган қизни кўрганингда, энди бирор нарсани ўзгартиришга қурбинг етмаслигини англайсан. Сочинг сийраклашади, тишинг тушади. Энг муҳими, ўша пайтдаёқ сенга нисбатан менинг кўнглимда ўз-ўзимдан илтифот туғилганини тан олиш керак, энди эса мен бу туйғудан тобора маҳрум бўлиб бораяпман. Эҳтимол, менинг уйланишим сенга қилинган сўнгги ҳақиқий илтифотдир.

Аёл сабр-тоқат билан гапнинг давомини кутарди; бироқ у беҳуда кутган эди. Ниҳоят у ўрнидан турди, елкасига халат ташлаб эркакка қарама-қарши ўтирди.

-Шундайми? — сўради у,- Шундайлигига имонинг комилми? Сендан ёлвориб сўрайман. Агар хоҳласанг, оёғингга бош қўяман… Ўзимизча ҳар биримиз ҳар томонга тортқилаётган, босиб янчаётган, мана шу увоққина ўтмиш ҳаққи, умримиздан жуда кам жой олган ва иложи борича у ердан бир-биримизнинг сиқиб, тепиб, суриб чиқармоқчи бўлаётган… мана шу ўтмиш ҳаққи…

Эркак сигаретасини гезарган лаблари орасига қисганча аёл томон буриларкан, умуртқа суяклари қарсиллаб кетди. Аёл эркакнинг мурданикидай қонсиз юзига одат тусига кирган хотиржамлик билан руҳсиз тикилди.

-Бўлдими? -кулимсиради эркак. -Атиги шуми?- деди у қадаҳни кўтариб туриб, мурожаат қиларкан; унинг тахминича ютилиши керак бўлган вақт ўтиб бўлган эди. -Бўлдими? Сен, афтидан, тушунмаётганга ўхшайсан. Мен бошқа қиз тўғрисида гапирдим, шекилли.

-Мен тўғримда.
-Бошқа қиз тўғрисида, -ўжарлик билан қайтарди эркак.

Сўзларни ва оҳангни атайлаб чертиб-чертиб гапирди.
(Пастини ишлов бериш ва китоб билан солиштириш керак)

Унинг кайфи ошиб қолганди, шу сабабли ҳар қандай қўполликка тайёр эди. Ҳар қалай, эркакни асабийлашишга мажбур қилолгани учун аёл беихтиёр жилмайиб қўйди.
-Бу мен,-деди эр,- аҳмоқ бўлган. Қурт тушган мевани деб умрини ўтказган…

Иккинчи ерков озғин ва ювош эди. Аёл ундан эридан ололмаган нарсаларни оларди: уни хоҳлаганча ҳақорат, майна қилиш, таҳқирлаш, ўзига муштоқ қилиб, ялинтириш, сўнг итдай қилиб ҳайдаш, кўнглида эрига нисбатан пайдо бўлган нафрат аламининг ҳаммасини олиш мумкин эди ва бу унга завқ берарди.

Соат бешдан сўнг ишчилар кетабошлар ва аёл дераза пардаси олдида туриб, уларни худди яқин кишиларини урушга кузатаётган оналардек кузатиб қолар, сўнг эса ерковни қўй жуни ва тезак ҳиди анқиётган омборга етаклаб борарди.

Қип-ялонғоч ечинган эркак худди ёш гўдакка ўхшаб, уқувсиз, уятчан, ҳимоясиз ва ҳижолатдан дув қизариб турарди. Бу эса аёлга ўзи бир пайтлар хаёлининг туб-тубида орзу қилган завқларни олиш имконини берарди- у эркакни ҳақорат қилиб, хўрлаб, юз-кўзига тарсаки тушириб, шаплоқлаб, ноз қилиб, жаҳл ва аччиғ аралаш эркалар, от қилиб минар, елкаларигап қамчи билан урарди. У эридан олишни орзу қилган, кутган ва хаёл қилганнинг ҳаммасини бу бўшанг ишчидан топарди.

Аёлга эркакни, кўрсатгич бармоғи билан имлаб худди ит каби ҳуштак чалиб чақириш ёқарди. Булар ҳаммаси унинг учун ҳозир яшаб турган ҳаётидан кўра мазмунли ва завқлироқ эди. У шу ҳолатда икки-уч ҳафта яшади. Аммо ҳар бир ҳақорат, ҳар бир аёллик завқи, ҳар бир аламли ҳаракат уни ушбу ҳикоянинг хотимаси билан бирга кутиб турган ёзнинг чилласи томон етаклаб борарди.

У бу ерков билан бахтли эди, баъзан уларнинг ҳар иккиси ҳам негалигини билмасдан, ҳар иккиси ҳам ўзича йиғлашар, йиғилари ҳам бир-бирига ўхшаб кетарди. Аммо шаҳвати қонгани сари аёлда меҳр ва муҳаббатга эҳтиёж кучайиб боради. Бу эҳтиёжни жинсий майллар қондира олмасди. Шу сабабли яхшиси ўша меҳрни хаёлда бўлса ҳам яратиб, орзу қилиб, ёлғиз ва гуноҳсиз яшаган маъқул деган қарорга келди.

Соат олтидан кейин у болалик бахтини ва орзуларини излаб яна чаклакзор бўлган майдонни ва боғни кезиб чиқди.

-Қонми бу?!-сўради эрталаб саҳар пайти қайтган эркак. –Юзинг ҳам, қўлинг шилинибди.
-Ҳеч қиси йўқ,- деди аёл ўзини уйғотганидан ғаши келиб.- Менга болалардай шох-шабба билан ўйнаш ёқади.

Бир куни кечасит эркак кеч келди ва уни уйғотди. Бўйинбоғи боғичини бўшатиб, қадаҳни тўлдирди. Тўшакда ўтирганча аёл унинг кулгусини эшитди-бу худди ўзи билан танишган пайтдагидек навқиррон, ўктам ва эҳтиросли эди.

-Биласинми?- деди эр ниҳоят. –Сенинг садоқатли ва вафодор дўстинг, табиийки, менга ҳам садоқатли дўст Мендельни кеча панжарга тиқишибди. Бунга менинг дахлим йўқ. Шусиз ҳам ўзининг қилмиши етиб ортаркан.

Аёл виски сўради ва сода қўшмай бюир кўтаришда ичди.

-Менделними,- деди у ажабланиб, лекин бу билан эрининг эътиборини тортишни истамади.
-Ҳа-да,- деди эр истеҳзоли ва ғолиб оҳангда.- Агар мен ҳам ўзимдаги маълумотларни судга берсам, бечоранинг аҳволи нима бўларкан?!

Аёл шунда эрининг ўзининг хаёлининнг туб-тубидаги ёруғ ва яширин кечинмаларни ҳам ўлдиришга киришганини ҳис қилди.

Шу кайфият билан ёз чилласи ҳам етиб келди. Аёл яна эри олдин ўзининг ҳаётий орзуларини, кейин болалик хотиралари ётган боғни бирма-бир вайрон қилгани ҳақида ўйлади. Шунинг учун энди ҳар доимгидай яна боғни ичида тентирай бошлади. У бу болалиги ётган боғ ўзини яралашни, тираншни, шу йўл билан бу бешафқат ҳаётдан ўзини чалғитишни ва овутишни истарди. Аммо шох-шаббалар бу марта уни тирнамади. Шохлар худди резинадай юмшоқ эди, учида шира оқиб турар, улар ҳам энди у билан ўйнашга ва уни овутшига ожиз бўлиб, кузги тўкилиш сари юз буришганди.

Бу унга қаттиқ таъсир қилди.ю аммо одатдагидай тезда кўникди. Соат бешдан аллақочон ошиб кетган, ишчилар кетиб бўлганди. У боғдан бир неча гул ва баргларни узиб, илгари чакалакзор бўлган улкан ҳовуз олдига қайтди-бу ҳовуз эмас, худди унингн бахти, болалиги, ширин хотиралари, бу дунёда топган бирдан бир овунчоғи қабридай таассурот қолдирди. Юқори қаватда кимдир, тўғрироғи, чақолоқ буғилиб, уни чорлаб, йиғлади. Қўлида топталган гулларни кўтарганча у зиналардан ҳолсиз ва умидсиз кўтарилди.

У болани эмизди, чақолоқ ухлаб қолди. У чўқиниб олди. Кейин ётоққа сирпалиб кирди. У ички кийимлар сочилиб ётган жавондан худди ялонғоч келинчакдай ўзига чорлаб турган тўппончани осонгина топди. Бу хотиманинг бошланиши эди ва шундай тугаши муқаррар эди.

У тўппончанинг совуқ оғзини кўргач, «Биби Марям” калимасини қайтаришга тушди ва тўшакка бориб беҳол йиқилди.. Шу ҳолатда у яна ўша тўлин ой кечасини кўришни, яна эркак ҳидинга тўйишни, яна ўша лаззатни туйиш учун алданган ёш қизга айланишни истади. Тўппончанинг муздайлиги унга ёқмади, ўрнидан турииб, чақолоқ ётган хонага кирди. У ердан иссиқ грелкани олиб келди. Сўнг ётоққа қайтиб, грелкага қуролни яхшилаб ўради ва қурол исишини унга муштоқ турган бўғзи билан бирга бесасабрлик билан кута бошлади.

У бу маросимни маромига етказиб бажарди. У бу ҳаётдаги ролини ижро этиб бўлганди. У тепкининг уч марта бўш пақиллашини эшитди. Кейин миясини бўлиб ўтаётган гумбурлаш пайдо бўлди. Ҳушини йўқотаркан, у димоғида худди бахтга, худди шудринг қалқиб турган майсага ўхшайдиган эркак таъми ва ҳиди келган тўлин ой чиққан кечага қайтди. Умидсизлик, мусибат, ўлим истаги – бунинг барига фақат шунинг учун тоқат қилиш мумкин эдики, унинг хуморини ёзиш учун кўчанинг ҳар бир бурчагида бўғзини куйдириб яна эркак баданининг орзу қилса арзийдиган жунбушли ҳиди пайдо бўлиши мумкин эди. Оёқлари зир қақшар, қадамлари тобора секинлашар ва уни аста секин юпанч ва тасалли сари етаклаб борарди. У ярим яланғоч ҳолда, қушдай енгил чемодонини кўтарганча, кетиб борарди.Ой эса уни чорлаб, янаям баландлашарди. У кўз олдидаги зулматни кўкракларининг жажжи учи билан тилимлаганча, ўзини узоқ йиллар мушитоқ қилган тўлин ой бағрига сингиб кетиш учун кетиб борарди…

056

Xuan Karlos Onetti
MAHZUNA
Nazar Eshonqul tarjimasi
045

onettiXuan Karlos Onetti – Lotin Amerika adabiyotining yirik vakili, faqat yirik vakil emas, bu qit’a dabiyotiga nasriy-psixologik uslub olib kirgan va aynan shu uslubi bilan dunyo adabiyotida o’z o’rniga ega bo’lgan mohir yozuvchi. Xuan Karlos Onetti asarlari oddiy va aksariyat baxtsiz odamlar haqida. Ammo ana shu oddiy odamlar qalbi shunday ustalik bilan ochiladiki, siz bu qahramonlar kechinmalaridagi go’zal tuyg’ularning betakror jilosi va nolasiga guvoh bo’lasiz, ularning dardi-g’amiga sherik bo’lasiz, eng muhimi, nasrning haqiqiy san’at ekanini his qilib turasiz.
Xuan Karlos Onetti (isp. Juan Carlos Onetti, 1 iyul` 1909, Montevideo – 30 may 1994, Madrid) – urugvay yozuvchisi. 1930-1955 yillarda Buenos-Ayresda yashagan. So’ng Montevideoga qaytgan. 1974 yili hibsga olingan, jahon hamjamiyatining aralashuvi bilan ozod etilgan. 1975 yili Ispaniyaga ko’chib, umrining oxirigacha shu yerda yashagan.
Urugvay adabiy mukofoti laureati (1962), «Migel` de Servantes» mukofoti (1980) sohibi. Shu yili Nobel` mukofotiga nomzodi ko’rsatilgan. 1985 yili Urugvayning eng katta adabiy mukofotini olgan. Lekin o’z yurtiga borishni istamagan.«Tubsiz jar», «Nomsiz bir qabr uchun», «Qisqa hayot», «Kemasozlik korxonasi» kabi roman va qissalari mashhur.

045

M.K. ga bag’ishlanadi

Mening qimmatli MAHZUNAM,

Bizni son-sanoqsiz va sirli rishtalar bog‘lab turganiga qaramay, keyingi ikki oydagi do‘stona munosabatlarimiz uchun bir-birimizga minnatdorlik bildirgancha xayirlashish vaqti kelganini tushunib turibman: Sen bundan faqat foyda ko‘rasan. Men hech qachon bir-birimizni chin yurakdan tushuna olmadik, deb, ich-ichimdan xavotirlanayapman va sening oldingdagi gunohimni, ma’suliyatimni va mag‘lubiyatimni his qilayapman. O‘zimni oqlashga harakat qilaman, albatta, faqat sening oldingda,- senga shuni aytmoqchimanki ikki oqimga qarshi bir necha varaq mobaynida suzish menga og‘irlik qildi. Shuningdek faxr bilan o‘tgan baxtli soniyalarni ham chin ko‘ngildan e’tirof etaman. Har qalay, meni kechir. Men sening yuzingga endi hech qachon baxt izlab tikilmayman va sen ham hech qachon mening seni har kuyga solgan aftimni ko‘rmaysan.
X.K.O.

Bir necha yillar oldin, ehtimol ko‘p yillar ilgari, unga hozir xuddi kechagiday bo‘lib tuyuladigan baxtning oniy lahzalaridan birida beixtiyor u qandaydir erkakning uyida paydo bo‘lgandi. Oddiygina to‘shak, isqirt va badbo‘y g‘uslxona, dirillab yuradigan lift – uning xotirasida o‘sha kundan saqlanib qolgan barcha narsa shular edi. Bu erga tegmasdan sal oldinroq sodir bo‘lgandi.
U o‘z xoxishi bilan borgan, chunki uqubat to‘la hayotini boshqa izga burib yuboradigan, ko‘nglini chirmovukday o‘rab olgan umidsizlik nihollarini sug‘urib tashlaydigan qandaydir xunuk va g‘ayritabiiy narsa yuz berishini istagan edi. U kelajagi haqida o‘ylamasdi ham va undan butkul voz kechishga ham tayyor edi. Biroq jonini olgan o‘sha ilk og‘riqqa hech qanday aloqasi bo‘lmagan vahima uni “yo‘q, yo‘q” deb aytishga, o‘zining qo‘llari bilan himoya qilishga, oyoqlarini jonholatda silkitishga majbur qilgandi. Uning vujudida jazirama quyosh va qirg‘oq qumlog‘i bilan birga erkak badanining cho‘g‘day harorati qolgan edi. Tongda esa u ovloq joyda yolg‘iz qolgach, shu kechadan boshlab yoki deyarli yalang‘och – yarim ochiq ko‘ylakda- bo‘m-bo‘sh chemodanini ko‘targancha qayoqqadir sargashta jo‘nab ketayotgani tushiga kirgan edi. Hamma narsadan ko‘ngli qolgan yalang oyoqlarini yerdan zo‘rg‘a ko‘targancha imillab o‘zini jiddiy tutib, biroq tamanno bilan ketib borardi. Umidsizlik, musibat, o‘lim istagi – buning bariga faqat shuning uchun toqat qilish mumkin ediki, uning xumorini yozish uchun ko‘chaning har bir burchagida bo‘g‘zini kuydirib yana erkak badanining orzu qilsa arziydigan junjushli hidi paydo bo‘lishi mumkin edi. Oyoqlari zir qaqshar, qadamlari tobora sekinlashar va uni asta sekin yupanch va tasalli sari yetaklab borardi. U yarim yalang‘och holda, faqat uzoq-uzoqlarda fonuslar miltillayotgan qorong‘ulik hamda jozibali sukunat cho‘kkan joyda to‘xtagandi va tovush chiqarib horg‘in nafas olgandi. Qushday yengil chemodonini ko‘targancha, o‘z xotiralaridan lazzatlanib, yana iziga qaytgan edi.
U to‘satdan to‘p-to‘p bo‘lib ko‘rinayotgan qora ko‘lankali isqirt uylar orasida qalqib chiqqan ulkan oyni ko‘rib qolgandi: oy qanchalik yuksak ko‘tarilsa, shunchalik zarhal rangda tovlanar edi; Uning bir hovuch bo‘lib yig‘ilib qolgan pushti-qizil tegrasi asta-sekin so‘nayotgan edi. U har qadam bosganida o‘zining bo‘m-bo‘sh chemodani bilan hech qayoqqa borolmasligiga, oldinda o‘zini hech qanday to‘shak ham, hech qanday kulba ham va hech qanday qismat kutmayotganiga tobora ishonib borardi. Oy endi maftunkor tusga kirgan edi. U deyarli yalang‘och, qaddini tik tutib, zim-ziyo zulmatni jajji siynalarining uchlari bilan tilka-pora qilgancha, yuksak va yana yuksaklikka ko‘tarilayotgan ulkan va bag‘oyat fusunkor oyni yelkasida ko‘tarish uchun ketib borar edi.
Erkak kundan-kunga ozib borardi., ayolga nisbatan uning kulrang ko‘zlari endi ifodasiz va ma’nisiz tusga kirgan, har qanday iltifot va shafqatdan allaqachon mahrum bo‘lgan edi. U hech qachon yig‘lamagandi va mashaqqat bilan kezib chiqqan o‘ttiz ikki yil oxir-oqibatda uni xayotga jinday umid bilan boqishga ham, uni zabt etishga bo‘lgan jinday harakat ham behuda ekanligini o‘rgatgandi.
Har kuni ertalab, xandan-xushon o‘tgan yoz faslida oshxona uchun olib kelishgan idishlar bilan to‘lgan xaroba stol ustidan ayolga tikilar ekan, erkakning yuzida na samimiy, na yasama ifoda qalqirdi. Balki gunoh faqat ayollarning o‘zidagina emasdir, ehtimol, avval kim gunohkor bo‘lganini va hozir kim aybdor ekanligini aniqlab o‘tirishning o‘zi bema’nilikdir?
Ayol erkakning ko‘zlarini zimdan kuzatib borar edi. Basharti bu- pinhona alamli qorachiqlarni yondirgan chaqmoqni, hammasini bilib olishga tirishayotgan ayyora nigohni kuzatish deb atash mumkin bo‘lsa? Erkakning ko‘zlari har kuni, har tongda sirli ravishda yana ham ravshanlashib, yana ham yasharib borardi. Biroq u buni yashirgisi kelmasdi: shu bilan boshqa bir ko‘zning iltijo va so‘roq to‘la hujumlarini qo‘pollik qilmasdan osongina daf etar edi.
U endi o‘ttiz ikkiga kirgan edi: soat to‘qqizdan beshgacha u bir idoradan ikkinchi idoraga o‘tib: bir binodan ikkinchi binoga zir yugurib yurardi. Ba’zi erkaklar kesami, yoshmi, bundan qat’i nazar, semiz, bo‘ychan ayollarga ko‘r-ko‘rona xushtor bo‘lganlaridek, u ham pulga mukkasidan ketgan va pulning hamisha mo‘l-ko‘l bo‘lishini istar edi. U yana holdan toydiradigan haftaning so‘ngi kunidagi rohatbaxsh hordiqni va musaffo osmondan- salqin havodan yog‘iladigan orombaxsh lazzatni ham shumday yaxshi ko‘rar edi.
U qaerda bo‘lmasin, qaysidir ko‘rinishda o‘zining ustidan goh omad, goh nafs hukmronlik qilayotganini his qilib yurardi. U qachonlardir o‘ziga ovqat qilib beradigan va ikkinchi qavatda ovozi uchmay, o‘ksib-o‘ksib yig‘lab yotadigan bola tug‘ib bergan bu uvoqqina ayolni ham sevardi. Endi esa u ayolga tavahhum bilan tikilib-tikilib qo‘yardi? Unga ba’zan ayol ismini ham hech qachon eshitmagan, o‘ziga hech qanday aloqasi yo‘q yoki qachonlardir o‘lib ketgan qandaydir begona ayol bo‘lib tuyulardi. Vaqti qat’iy tartibga tushmagan nonushta paytlari quyosh nurlari baland derazadan xonaga oqib tushardi: bog‘dan taralayotgan ko‘kat hidi xuddi endigina tug‘ilgan shubha yanglig‘ stol ustida bilinar-bilinmas o‘rmalab yurardi. Ularning birontasi ham ikkovi orasidagi musibat qo‘shinlari endi quyoshni, qishni va bahorni ham nihoyat tor-mor keltirganini inkor etishmasdi.
Butun xayotlarini ostin-ustun qilib yuborgan o‘zgarishlardan oldin hali tashlandiq, yovvoyi bog‘ni o‘lik hovuzga aylantirish hech kimning xayoliga kelmagan paytda, bir kuni erkak g‘ira-shira qorong‘uda o‘rnidan turib, tong otishini kuzatish uchun boqqa chiqdi. Shafaq qizarishi bilan u araukariyaga konserva bankasini qo‘ydi va sadaf bilan qoplangan kichkina to‘pponchani baland ko‘targancha, bir necha qadam orqaga yurdi. U qo‘lini yuqori ko‘tardi, biroq tepkini bir necha marta behuda shaqillashidan boshqa hech narsa eshitmadi. U o‘zini masxara bo‘lganday his qilib, kayfiyati buzilib uyga qaytdi: xotinini uyg‘otib yuborishi mumkinligini o‘ylamay ham qurolni javonning bir burchagiga uloqtirdi.
-Nima bo‘ldi,-deya to‘ng‘illadi ayol, erkakning yuvinish uchun yechinayotganini ko‘rgach.
-Hech narsa. Na o‘q biron narsaga yaraydi – bo‘lmasa sotib olganimga bir oy ham bo‘lgani yo‘q, meni chuv tushirishibdi – na to‘pponcha sinib yo‘q bo‘ladi. U mening onamdan yoki onamning onasidan qolgan: tepkisi juda bo‘shashib qolibdi. Menga sening tuni bilan hech qanday himoyachisiz, yolg‘iz qolishing yoqmayapdi. Bugunoq biron chora ko‘rishim kerak.
-Hechqisi yo‘q, — dedi ayol va oyoqyalang bolaning oldiga jo‘narkan-Mening o‘pkam juda katta, agar biron narsa bo‘lgan taqdirda ham chaqirsam qo‘shnilar eshitishadi.
-Bunga ishonchim komil,- istehzoli jilmaydi erkak. Ular bir-biriga erka tabassum bilan tikilishdi. Ayol mashina tovushi uzoqlashib ketguncha, kutib turdi, so‘ng ko‘kragini so‘rib yotgan bola bilan birgalikda yana uxlab qoldi.
Xizmatkor ayol har doimgidek nima uchunligini bildirmay kirdi va so‘ng yana indamay chiqib ketdi. Ayol bularning hammasiga asta-sekin kunikib borardi; u erkakning ko‘zlarida qotib qolgan doimiy musibat ifodasiga endi ishonmasdi. Nasldan-naslga o‘tib kelayotgan soliq qovoqlar ostida porlab turadigan qorachiqlar limmo-lim to‘lib turgan ko‘z yoshlarga o‘xshardi. Erkak esa endi atrofini o‘rab turgan dunyodan zavq olishga qodir emas edi: uni tashvishlar, goh butunlay esidan chiqqan, goho ichmagan paytlari yana yodiga tushib, uni injiq, bag‘ritosh odamga aylantiradigan, uning istagiga qarshi tug‘ilgan bola, qochib qutulib bo‘lmas ish, shovqin-suronli ulfatlar davrasi va mudhish yolg‘izlik tuyg‘usi – bular barchasi nihoyat uni holdan toydirgan edi. Zotan na erkak, na ayol ikkalasini bir tanaga aylantiradigan tunning muqarrar mo‘‘jizasiga endi ishonmas edi: bu esa o‘zlari o‘tirgan qismat shoxini o‘zlari oldindan kesish bilan baravar edi.
Ularning birgalikda o‘tkazadigan damlaridan endi hech narsa kutib bo‘lmasdi ; biroq ular hali ham o‘rtadagi bu bo‘shliqni e’tirof etishdan bosh tortib kelishardi. Erkak kuldonga sigareta qoldig‘ini qoqardi, ayol bir burda qovrulgan nonga shinni va yog‘ surib o‘tirardi. Ertalabdan toki kechgacha erkak ayolga aslida faqat gazak olgan yaradan so‘ng hayotdan umid uzgan yoki behuda toat-ibodatga mukkasidan ketgan gadoynikiday ifodasiz va loqayd ko‘zlarini shunchaki nomiga tikib o‘tirardi.
Ayol bilan bog‘ to‘g‘risida, oila ta’minoti to‘g‘risida, yuqori qavatda uxlab yotgan gulobi kiyimdagi bola to‘g‘risida gaplashardi. Erkak ayolning og‘zidan o‘zi istagan sg‘z bilan ifodalab bo‘lmas o‘sha sehrli jumlani kuta-kuta, charchagach, o‘rnidan, turib, uning peshonasidan o‘pardi va hovuz qurayotganlarga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatish uchun chiqib ketardi.
Erkak oyma-oy yana ham boyib borayotganiga, bankdagi pullari har qanday to‘siqlarga va har qanday g‘arazli niyatlarga qaramay, yana ham ko‘payib borayotganiga amin edi. U yangi daromadlarini ishonchli va foydali joyga qo‘yishni o‘ylab ko‘rishga hatto ulgurmasdi ham.
Kechqurun besh-oltigacha u avtomobillarning, traktorlarning va boshqa turli xil mashinalarning ehtiyot qismlarini sotardi. Biroq biron bir xilvat to‘shakda yoki restoran stolchasida o‘zini qandaydir ayol bilan “ta’minlash”, har xil ermak va yupanchlar bilan yolg‘iz ko‘nglini ovutish uchun soat to‘rtdan boshlab, shoshilmay va umidsizlanmay, telefon qulog‘ini tinmay burashga tushardi. U juda oz-faqat zarur narsalar bilangina qanoatlanardi: Mayli uning chakaklarini ayol barmoqlari silab tursa bo‘ldi, ham uni erkalab, ham uni tushunganini bildirib ko‘zlari jilmayib so‘ng o‘z-o‘zidan bejirim ko‘ylaklar, qimmatbaho mushku-anbarlar, turli bezaklar sotib olishdan iborat muhabbat mashg‘uloti boshlanadi. Shuningdek, maza-matrasiz javrashlarni quloq qoqmay eshitishga majbur bo‘lgan uzundan-uzun tun, tavba tazarrular va buzilgan ahloq ham sotib olinardi.
Erkak uyga tonga yaqin qaytardi: ayol uning yasama xotirjamlik aks etgan yuzidagi sirli ifodalarni o‘qib olmoqchiday har doimgiday chuqur va sirli qilib xursingancha, erkakning unga aytadigan biron gapi bo‘lmasdi. U shkafdagi shishalar qatorini bir daf’a ko‘zdan kechirar, so‘ng qulay kelganini qo‘liga olardi. Oromkursiga yaxshilab joylashib olgach, ayolning sukuti, tushdan so‘ng paydo bo‘lgan shirin xayollari va shiftga qadalgan nigohi bilan yuzma-yuz o‘tirgancha, kitob varaqlariga qo‘lini qo‘yib, beparvogina icha boshlardi. Ayol uni tergamasdi: hatto bir qancha vaqtgacha u erkakni hech qanday shubha-yu-gumonlarsiz tushunishga harakat qilmoqchi, o‘zi, hayoti va umrining gulgun pallasi haqida ko‘nglida paydo bo‘layotgan xo‘rlikka o‘xshash uqubatu-nadomatlar to‘g‘risida u bilan hasratlashmoqchi ham bo‘lardi.
Sentyabrning o‘rtalarida, ayol hayot tog‘ga yoki ulkan toshga o‘xshaydi, uni biz kashf etib sindirolmaymiz, uni odamzot kashf qilolmaydi, degan fikr bilan avvaliga nomiga, so‘ng esa rostakamiga o‘zini ovuta boshladi.
Bu hodisa qanday va qay tariqa boshlanganini bilish hech kimga, ha, hech kimga ato qilmaydi. Hozir biz hikoya qilib bermoqchi bo‘lgan voqea erkak hali botmagan quyoshning so‘lg‘in nurlari tushib turgan bog‘da u yoqdan bu yoqqa yurgan osoyishta kuz oqshomida sodir bo‘lgan edi; erkak birdan to‘xtab, atrofga alanglab, yam-yashil so‘lim maysazorni, quriy boshlagan yovvoyi butalarning so‘nggi gullarini sinchiklab ko‘zdan kechirgandi. U bir zum harakatsiz qotib qolgan, boshi yon tomonga og‘gan, qo‘llari sinib ketganday osilib turardi. So‘ng to‘siq oldiga kelgan va xuddi shu yerdan har biri bir metrcha keladigan tekis qadamlarda butun bog‘ni shoshilmay o‘lchay boshlagandi. U oldin janubdan shimolga qarab, so‘ng sharqdan g‘arbga qarab o‘lchagan edi. Ayol esa yuqori qavatdagi darparda orqasiga yashiringancha, uni qo‘rquv bilan kuzatib o‘tirardi: kundalik turmushning odatdagi yozug‘idan chekkaga chiqqan har bir hodisa unga o‘zining baxtsizligini ta’kidlaydigan yangi dalil va isbotday bo‘lib tuyulardi. Bola zavol payti g‘ingshinib, yig‘layvergandi; unga gulobi kiyimni hozir kiygizishganmi yoki tug‘ilgan paytimi, yoki undan sal keyinmi, buni endi hech kim eslamas edi.
Hr ikkisi uchun ham haftaning eng og‘ir kuni bo‘lgan dam olish kunining shomi ham cho‘kib, vaqt allamahal bo‘lib qolgach, erkak oshxonada qahva ichib o‘tirar ekan;
-Qanchadan-qancha yer bekor yotibdi,-dedi. Ayol erkakning mujmal, tushunib bo‘lmas qayg‘u zuhurlangan zohidona yuziga tikilgan va uning endi bu yo‘ldan qaytarib bo‘lmas darajada qandaydir, o‘jar va sirli istak bilan yonayotganini ko‘rgan edi.
-Ha, men ham bu haqda ko‘p o‘ylardim…,-degandi ayol, garchi aldayotganini, bu haqda o‘ylashga unda vaqt ham, hohish bo‘lmaganini bunday fikr hatto xayoliga ham kelmaganini o‘zi ham anglagan holda.- Men hamisha bog‘imizda amalga oshirilmay yotgan qanchadan-qancha rejalar haqida, mevali daraxtlar va gulzorlar haqida o‘ylardim.
Shunday bo‘lsa-da, ayol shu yerda, qachonlardir qariya Petrus qurgan, suv va plyajdan uzoqdagi bu eski uyda tug‘ilgandi. Shu yerda tug‘ilgan va voyaga yetgan edi. Uning qalbiga kattalar dunyosi kirib kelganda, u bu dunyoni tushunmagan edi; o‘zining va himoya istab o‘tib bo‘lmas chakalakzori bilan sirli va vahimali ko‘rinadigan bo‘talarga, kechasi-yu kunduzi zim-ziyo, qo‘rqinchli bo‘lib yotadigan keksa, egri-bugri daraxtlar orasiga va tizza bo‘yi anvoyi o‘t-o‘lanlar o‘sadigan qalin maysazorlarga o‘zini yashirar edi. Uning anavi o‘tlarni o‘radigan mashina sotib olgan otasi har oqshom kechki tamaddidan so‘ng stolga mushtlagancha, ertagayoq ish boshlayman deb, qat’iy ahd qilardi. Biroq u hech qachon ishni boshlamasdi. Ba’zida u erinmasdan bir necha soatlab mashinani moylar yoki oylab tep-tekinga qo‘shnilarga berib yuborar edi.
Biroq yovvoyilashib, chakalakzorga aylangan bog‘ qo‘l tegizilmagan holicha qolavergan edi. O‘sha, qizaloqlik paytidayoq u ertaga degan so‘zdan ham sehrliroq so‘z yo‘qligiga ishongandi; shunday deyilsa, hech qachon hech narsa o‘zgarmay qolaveradi va o‘zining ham oromi buzilmaydi.
Hali bolaligidayoq u bo‘talarning, o‘tloqning, qandaydir egri, nomsiz daraxtlarning o‘zini erkalagan shivir-shivirlarini va ko‘klam kelishi bilanoq maysalar quvnoq qiyqirganlaricha uylarini ishg‘ol qilib olishlarini, bir necha oydan so‘ng esa hayiqib, biroq qilgan ishlaridan ko‘ngillari to‘lib, yana chekinishlarini kashf etgan edi.
Erkak qahvani ichib bo‘lgach, nimagadir qaror qilib, boshini azot ko‘tardi. So‘ng yana jim qoldi, to‘g‘rirog‘i, oradagi sukunatni yana ham taranglashtirmoqchi bo‘ldi.
-Yoz kelganda yotish va uyni salqinlatib turish uchun deraza yonida bir parcha joy qoldirish mumkin. Biroq qolgan hamma joyga beton yotqizib chiqish kerak. Men bu yerga juda katta akvarium qurmoqchiman. Yaratish deyarli mumkin bo‘lmagan, noyob namunasini. Buning uchun esa oz-muncha pul sarf bo‘lmaydi.
Ayol bularning hammasi yolg‘onligini bilardi, u erkakning pulni behuda sarflashiga ham, kimdir bu befoyda, keksa va durkun daraxtlarni kesib olishiga ham, hech qachon o‘rilmagan o‘tlarni hamda hatto nomi ham yo‘q, payhona-so‘lg‘ina va taftsiz yovvoyi gullarni o‘rib olishiga ishonmas edi.
Biroq dam olish kunlarining birida qandaydir uch erkak ishchi kelib, eri bilan savdolasha boshlashdi. Ayol ularga yuqori qavatdan qarab turardi; ikkitasi qator terib qo‘yilgan orom kursilari bilan bir qatorda, ayolga yon tomonlarini o‘girib turishar, vaqti va bahosi haqida tortishardi, baquvvat, bosiq va qalpoq kiygan uchinchisi esa cho‘kka tushib o‘tirgancha gul poyasini chaynardi.
Ayol hammasini oxirigacha eslab qolgandi. Kumush sochi patak bo‘lib ketgan, qaddi bukik, qo‘llari shalvirab qolgan, eng keksasi ish taqsimlovchisi bilan bir muncha vaqt yelkasi bilan eshik panjarasiga suyanib, gaplashib turishgandi. Barvazta esa kesib tashlash kerak bo‘lgan daraxtlarni, keng o‘tloqni, mavj o‘rib o‘sayotgan maysalarni loqaydlik bilan ko‘zdan kechirgandi. Qolgan ikkitasi esa oldinroqda borishar, nima uchundir, chalg‘i, belkurak va ketmon ko‘tarib olishgan, erinchoqlik bilan oyoqlarini zo‘rg‘a bosishardi. Ko‘rinishidan ishyoqmas va tebsa-tebranmas, yoshroq hamda barvastarog‘i hali ham atirgul poyasini chaynardi. Yakshanba kunining serjoziba subhidami edi va bog‘da bahor chechaklar raqsga tushardi; ayol ishchilarga qaragancha, menga shunday tuyulayotgan bo‘lsa kerak deb o‘zini ishontirmoqchi bo‘lar, bola esa tinmay ko‘krak so‘rardi.
Ayol erkakning xudgo‘yligini va o‘ziga ataylab ozor berish odatini yaxshi bilardi. Biroq ikkalasi ham bu haqda shunchalik ko‘p gaplashgandiki, bir odamni, boshqa bir odam tushunsa va sevsa bo‘ladigan darajada hamma narsa ochiq va oydin bo‘lib qolgan edi. Ayolga bog‘ni, unga qo‘shib bog‘ning bir bo‘lagi bo‘lgan o‘zini yer yuzidan yo‘q qilish intiqomiga erkakda hech qanday asos yo‘qday tuyulardi. Ba’zida ikkalasi ham neki o‘tgan bo‘lsa, unutdik degan umid bilan o‘zlarini ovutgan paytlar erkak uni nimadir to‘qib o‘tirgan holda bog‘ning qaysidir burchagidan topar va hech qanday kirish so‘zlarsiz yana o‘sha adovatli ruhda gapira boshlardi:
-Hech qachon, hech narsa sodir bo‘lmagandek, hammasi bir umrga unitildi, qanday ajoyib!- Pir-pir uchayotgan, quruqshigan yuzini hatto ayol tarafga burmasdi ham.- Biroq senga o‘g‘il tug‘ish nima uchun zarur bo‘ldi ekan? Shuncha oylardan beri faqat gulobi jun sotib olarding, oqibatda esa mana-o‘g‘il tug‘ildi. Men tentak emasman. Menga qizmi o‘g‘il farqi yo‘q. Biroq qiz tug‘ilganda u sening izmingnda qolardi famiyalingni olardi. Biroq bu kuchukvachcha esa, aksincha…
Ayol ancha vaqtgacha o‘zini xotirjam tutib turdi, qo‘llarini chimchidi, so‘ng nihoyat unga qaradi. Erkakning yuzlari yana ham quruqshigan, porlab turgan ko‘zlari yana ham kattalashgan, maymoqlangan va tushkunligidan o‘zini yo‘qotib qo‘ygan qiyofada masxaromuz tirjayib turardi. U yangi buhton to‘qiyotgan edi. Ikkalasi ham uning buhton to‘qiyotganini his qilib turishar, biroq har qaysisi buni o‘zicha tushunishardi.
— Biz bu haqda shunchalik ko‘p gaplashdikki,-dedi ayol horg‘in tarzda.-Men bu haqda Sendan juda ko‘p marta eshitganman…
— Bo‘lishi mumkin. Biroq men ham bu mavzuga tez-tez qaytishni unchalik xush ko‘rmayman. Bu bola mening ismi-sharifimga o‘tadi. Va men uni boqishga hamda tarbiya qilishga majbur bo‘laman. Biz bu ishni har tomonlama o‘ylab ko‘rsak ham chalg‘iganga o‘xshaymiz. Biz ishga bir yoqlama qarab, sal adashmadikmikin? Men o‘zimni kim hisoblayman? Birovning mag‘zavasiga kir yuvgan ovsar debmi? Ha, sen esa dog‘uli qanjiqsan.
— To‘nka,-dedi ayol mayingina tovushda achchiqlanmay, hatto kimga aytayotganligini o‘zi ham bilmay.
Erkak yuziga xira tun shohisini tortgan va bahorning kelganiga hech bir shubha qoldirmaydigan serbulut osmonga qaradi. Keyin o‘girildi-yu, uyga qarab ketdi.
Balki buning hammasi oddiy va arzimagan voqeadan boshlangandir.
Odam shular haqida o‘ylashi kerakmi yoki rad qilishi, gap shundan birini tanlashdadir degan erkak omad yoki omadsizlik qayg‘u yoki quvonch baxtning kulib boqishi yoki azob bilan o‘tadigan achchiq qismat, shunga yarasha xizmat qildikmi yoki yo‘qmi, hisoblashib o‘tirmay tanlayveradi, deb qattiq ishonardi. Ayol hayotda undan ham ko‘proq narsalarga javob izlardi: u o‘z qismati, o‘z xatolari haqida, odam aqli yetmaydigan umr jumboqlari haqida o‘ylar, bo‘ynidagi gunohi-azimni his qilar va nihoyat hayotda to‘lashga, taqdimlanishga hamda jazolanishga arziydigan gunohlar yetarlicha topiladi degan xulosaga kelgandi. Aslini olganda, bu ikkalasi ham aynan bir narsa edi.
Ba’zan erkak ayolni yarim kechasi o‘yg‘otib, Mendel haqida hikoya qilishni boshladi. U mushtuk yoki sigareta chekib, toki ayol butun vujudi bilan o‘zini eshitishga tayyor ekanligiga ishonmaguncha, kutib turardi. Balki u shunday qilsam, o‘zining qalbida yoki qip-yalong‘och yotgan xotinining qalbida mo‘‘jiza sodir bo‘ladi va bu mo‘‘jiza ichlariga kirib olgan jinlarni quvib chiqarib, ularga haqiqiy baxt yoki hech qursa ro‘yo bo‘lsa ham bir lahzalik bahtiyorlik ato etadi deb, ishongandir.
-Nima uchun endi aynan Mendel bilan? Axir sen mening nomusimni qo‘zg‘atmaydigan boshqa bironta tuzukroq nomni tanlashing ham mumkin edi-ku!
Erkak ayolning Mendel bilan ishqiy mojarosi to‘g‘risidagi hikoyasini yana eshitishni xohlardi; biroq oxirigacha eshitishdan bosh tortar, o‘zining sha’niga tegib ketadigan biron narsa sodir bo‘lishidan qo‘rqar va nihoyat chekinib bo‘lsa ham, yopig‘liq qozonni to‘la ochmas, go‘yo shu yo‘l bilan o‘z oriyati va sha’nini qutqarib qolardi. Bular bari axmoqona be’manilikedi, biroq voqea faqat shu bilan barham topsa, koshkiydi.
Mendel bo‘lmasa, boshqa birontasi. Umuman olganda baribir emasmi. Bularning muhabbatga hech qanday aloqasi yo‘q. Bir kuni kechasi erkak o‘zini zo‘rlab kuldi.
-Shunday bo‘lsa ham bo‘lar barchasi menga oldindan ayon edi. Chunki ish shunchalik chalkashib ketgandiki yoki aksincha, shunchalik murakkablashib ketgandiki, men shu daf’aning o‘zidayoq Mendelni avaxtaga o‘tqazib qo‘yishim mumkin edi. Aynan Mendelning o‘zini, boshqa hech kimni emas. Qonunga zid qog‘ozi va qalbaki imzosi uchun. Va menda ham unga nisbatan hech qanday rashk-pashk o‘yg‘onmaydi. Uning xotini va o‘z pushti kamaridan bo‘lgan uch o‘g‘li bor. Uyi esa ikkita. Go‘yoki hamma narsaga erishgan. Yo‘q, gap faqat rashkda emas, hasadgo‘ylikda. Buni tushuntirish qiyin. Chunki hammasini chippakka chiqarish, Mendelni xarob qilish yoki qilmaslik arzimagan ish. Men buni o‘z kayfiyatimdan oldinroq, ya’ni o‘zimda shunday qudrat borligiga ishongunga qadar qilishni hohlagandim. Tushunmayapsanmi, bu ishni hech qanday niyat va intiqom bilan emas, sof hasadgo‘ylik bilan qilishim mumkinligini tasavvur qildim, his etdim. Ba’zida deyarli kamdan-kam hollarda, menga shunday qila olishim mumkinday bo‘lib tuyulardi.
Ayol indamay o‘tirardi. Subhidam salqinidan eti junjikar ekan, bola haqida o‘yladi va uning ochiqib yig‘lashini kuta boshladi.Erkak esa qachonlardir o‘ziga hamda ikkalasi ham oramizda bor deb, ishongan, bir necha oy davomida, u haqda yoniq orzularga botib yurishgan, bir-birini aldamay, ishtiyoq va ishonch bilan yashashga undagan, ularga hozir yetib bo‘lmasdek tuyulayotgan baxt-saodat mulkining shundoq yonginasidan olib o‘tgan, homilasi birovdan ekanini bila turib, o‘ldim–kuydim qilgan, hozir esa ikkisi uchun ham qadri qolmagan o‘sha yoniq hissiyotni tiriltiradigan mo‘‘jizani kutib hamon jim qotib turardi.
Ishchilar dushanbadan boshlab ishga kirishdi, ular shoshilmasdan daraxtlarni kesib chiqdilar, kechqurun esa ularni bir tomonga og‘gan, shaloq, eskiligidan shaldirab qolgan mashinaga yukladilar. Bir necha kundan keyin ular yovvoyi gullarni va o‘tloqdagi gurkirab o‘sgan begona o‘tlarni o‘rishga kirishdilar. Ular hech qanday aniq ish rejimiga amal qilmasdilar. Aftidan, ular kunning uzunligi va qisqaligi, erta yoki kechligidan qat’iy nazar butun ish uchun savdolashishgandi. Har holda ularning shoshilayotganini anglash qiyin edi.
Erkak bog‘da bo‘layotgan ishlar haqida unga hech narsa demasdi. Ichib va chekib, so‘lg‘in alfozda jimgina o‘tirardi. Ishchilar avval oq, so‘ng kulrang beton bilan butun bog‘ni va boqqa qo‘shib erkakning barcha ayanchli xotiralarini ham ko‘mib tashladilar.
Bir kuni nonushta so‘ngida erkak sigaretasini kuldonga bosib o‘chirdi-da, hamishagidek, yuzidagi intiqom va adovatni yashirmay, xuddi o‘z gaplarining mag‘ziga faqat o‘zi tushunadigandek, masxoramuz jilmayib, ayolga qaramasdan chertib-chertib dedi:
-Agar sen yerkovlarga ko‘z-quloq bo‘lib tursang, yaxshi bo‘lardi. Ayniqsa, ovqatlanish mahali. Sement yotqizish negadir hech oldinga siljimayapti.
Bu paytga kelib uch ishchi yerkovlarga aylangandi. Ular bunda baliq yetishtirish mumkin emasligini ahmoq ham tushunadigan, ataylab palapartish tartib berilgan, bo‘lajak akvarium uchun qalin va ulkan oyna keltirishgandi.
-Yaxshi,-dedi ayol. –Men qariya bilan gaplashib ko‘raman. Avval bog‘ bo‘lgan joyga ishni kuzatish uchun borib turajagimni aytaman.
-Qariya bilan?- tirjaydi erkak.- U gapirishni bilarmikan? Menimcha, u faqat qo‘llari va qoshlari bilan buyruq beradi, shekilli.
Ayol har kuni ertalab va kechqurun tsementdan qilingan maydonga tushar va nihoyatda beqaror ish soatlarini nazorat qilib turardi. Ehtimol,u haqda ham endi erkakka nisbatan intiqom va adovatini yashirgisi kelmaydi, deb aytish mumkindir. U qaddini tik tutgancha, qattiq, tekis tsement bo‘ylab, endi butkul yo‘qotilgan daraxtlar bilan gulzor orasidagi aylanma yo‘llarni va so‘qmoqlarni hayolan tasavvur qilgancha, goh o‘ngga, goh chapga burilib, ishchilar tomon parishon qiyofada, sekin o‘tib bordi. Ishchilarga qarab turib, bahaybat akvariumning qanchalik kattalashganini ko‘rdi. Havo yetishmayotgandek tez-tez nafas ola boshladi; soat beshdan so‘ng yana yolg‘iz qolishini o‘ylab, o‘zini nelargadir hozirladi; uning kun tartibi mana shunday bema’ni ko‘nikmalardan noma’lum va g‘ayritabiiy narsalarga o‘z-o‘zini hozirlashlardan iborat edi.
Oldiniga yarim bog‘ni qoplab olgan quduqning beo‘xshov ko‘rinishi, yerning tubigacha kirib borgan zim-ziyo tuynukdagi g‘ira-shira manzara uni hayratga soldi. Shuning o‘ziyoq unga kifoya edi. Biroq u quduqning qa’rida beligacha yalang‘och ikkita ishchini ko‘rib qoldi. Ularning birinchisi-yirik mushaklari tarang bo‘lib turgani o‘sha-atirgul poyasini chaynab yurgan ishchi edi: novcha, qiltiriq, ko‘rinishidan ivirsiq, hali juda yosh ikkinchisi esa, odamda o‘ziga nisbatan achinish va shafqat hissini hamda peshonasidagi terni rumolcha bilan artib qo‘yib, ko‘nglini chog‘ qilish istagini o‘yg‘otar edi.
U bu yerdan ketishni va yolg‘izlik qo‘ynida o‘zini-o‘zi qanday ovutishni bilmasdi. Qariya chekkancha, kesilgan daraxt tanasida cho‘nqayib, zo‘rg‘a o‘tirar va ayolga loqaydgina ko‘z tashlab qo‘yardi.
-Ishlayaptimi? – so‘radi ayol shunchaki ko‘ngil uchun.
-Ha, xonim, ishlayapti. Faqat ular har kuni va har soatda ishlashlari kerak. Shuning uchun men bu yerda o‘tiribman. Shuning uchun va shuningdek boshqa ishlarni rejalashtirish uchun. Biroq men ham xudo emasman. O‘zimda kuch topgan paytlari ularga yordam beraman.
Yerkovlar u bilan salomlashib, boshlarini jimgina va do‘stona egib qo‘yishdi. Ular bir oz bo‘lsa ham dam olish ishtiyoqida suhbatbop biror bahona topish va munozara qilish uchun o‘rtaga ba’zi ba’zida qandaydir takliflar tashlab turishardi. Ayol tiriklay ko‘milgan bog‘da endi ular vayron etadigan narsaning o‘zi ham qolmagan va hamisha poya chaynab yuradigan, qalpoqli, tepsa-tebranmas pahlavon hamda hali juda yosh, ozg‘in, kasalmand, ochlikdan qiltiriq bo‘lib qolgan ikkinchi yerkov bilan tez-tez suhbatlashib turar edi. Qariya esa suhbatga aralashmas, yerga o‘tirgan yoki tik turgan ko‘yi izma-iz qo‘lbola tamakisini tortar va shu holatda kun bo‘yi o‘tirishi ham mumkin edi.
Xuddi buning ayol uchun ahamiyati borday, xuddi u tirik va uning bu yerdaligi nimadir qilishga qodirday, endi butunlay g‘oyib bo‘lgan daraxtlar va payhon qilingan o‘tloqning qachonlardir haqiqiy bekasi bo‘lganini bilishganday, ular ayolning ko‘z o‘ngida g‘ayrat bilan kovlashar, o‘lchashar, so‘ng silliq qilib suvashar edi. Ayol o‘ziga yarashmaydigan nazokat va iltifot bilan ularga qandaydir bema’ni narsalar haqida gapirib berar va o‘zining dardu-alamini shu yo‘l bilan ifodalar, bu esa munosabatlarining tobora samimiylashishiga yordam berardi. Soat beshlardan so‘ng yerkovlar ketib, o‘zi huvillagan sukunat qo‘ynida yolg‘iz qolishdan qo‘rqib, tinmay gapirar va gaplari hech qachon tugamasdi. Uy sinasin chakalagi bilan o‘ralgan edi. Garchi tanalarida hali ham avvalgiday nihollikning navqiron nazokati barq urib tursa ham bo‘talar sal bo‘lmasa uch metrlik dag‘al daraxtlarga aylangandi. Ular tig‘iz qilib ekilgan bo‘lsa ham, bir ikkinchisiga do‘stona suyangancha shoxlari bir-biriga chatishib, bab-barovar gurillab o‘sishgandi.
Soat zangi yerkovlargacha yetib borganday kechqurun roppa-rosa beshda ish vaqti tugaganini bildirib, qariya qo‘lini ko‘tarardi. Ular o‘zlarini ish qurollarini yig‘ishtirib, hammasini kimsasiz, qorong‘u saroyga eltib joylashar, so‘ng xayrlashib jo‘nab ketishardi. Xuddi bulutga ham, botayotgan quyoshga ham keksalarga hurmat qanday bo‘lishini ko‘rsatib qo‘yishmoqchidek qariya oldinda, izidan qalpoq kiygan ho‘kiz sifat barvasta, ularning orqasida bukchaygan qiltiriq yigit ketib borardi. Uchalasi ham erinchoqlik bilan chekkanlaricha zo‘rg‘a sudralib borishardi. Yuqori qavatda, ochiqib yig‘layotgan belanchakdagi bolaga orqa o‘girgancha, qachon ketishini aniq bilib olish uchun ayol yerkovlarning izidan jimgina kuzatib turardi.
O‘n-o‘n besh daqiqalar shu holatda shunday qotib turardi. So‘ng pastga, bir paytlar o‘zining bog‘i bo‘lgan joyga tushardi; yo‘q-qilib tashlangan shox-g‘ovlarni xayolan aylanib o‘tib, toki sinasin chakalagiga yetguncha, asfaltni boshmog‘ining poshnasi bilan ataylab tiqillatib boraverardi. Umuman, u faqat ishchilar kirib chiqadigan yoki hech qachon mehmon oyog‘ini bosmagan panjarali eshikdan tashqariga chiqishi, mashina yo‘q paytlari ochiq turadigan garaj eshigidan ichkariga kirishi ham mumkin edi.
So‘ng o‘zi ham hech narsaga ishonmay, hech narsaga umid qilmay, o‘zini qurshab turgan yolg‘izlik saltanatini parchinlab tashlash uchun bu na bo‘taga va na daraxtga o‘xshaydigan sinasin chakalagiga qarshi qonli va ayovsiz jangga kirishar edi. Nima uchunligi va qanday niyati borligini o‘zi ham to‘la anglamay, shoxlar va tikanaklar orasidan chakalakzor ortidagi allanechuk sirli dunyo tomon o‘ziga yo‘l ochishni istardi. Goh-gohida nafas rostlash uchun qo‘llarini yozgancha umidsizlanib to‘xtab qolardi. Bu jang hamisha mag‘lubiyat bilan tugar va u aftini ayanchli bujmaytirib yoki o‘lganning kunidan jilmayib bu mag‘lubiyatni tan olar va uni jon-jon deb qabul qilardi.
Tirnalib qolgan qo‘llarini silagancha, yaqinlashib qolgan hamda shiddatli va sirli narsalar va’da qilayotgan, pokligi va beg‘uborligi bilan o‘zining gudak o‘g‘lini eslatadigan bahorni tug‘ishga tayyorlanayotgan osmonga mahliyo termulib oqshomning g‘ira-shirasida iziga qaytardi. U biron tamaddi tayyorlar, bola bilan kuymalanar, so‘ng har kungiday, qo‘liga tushgan birinchi kitobni ochib qo‘yib, ikkita orom kursining bittasiga o‘tirgancha yoki simto‘shakka cho‘zilgancha, erkakni kuta boshlardi. Soatni ko‘zlarida yashirar va ilhaq bo‘lib kutib o‘tirardi.
Ammo erining qaytishi har oqshom bir-birining takroriga o‘xshar va o‘zgarmas tartibga tushgan edi. Oktyabr oyining o‘rtalarida u shunday so‘zlarni o‘qigandi: “…o‘zingni ohangrabo taskinning quchog‘ida yotgandek tasavvur qil, umidsizlikdan, behuda g‘azabdan, shakkoklikdan va nafratdan o‘zingni saqla”. Erkak mashinasini garajga qo‘yar, tsement yo‘lakdan yurib kelib, yuqoriga ko‘tarilardi. Har kuni shunday bo‘lar, uning yod bo‘lib ketgan siyqa jumlalari hech o‘zgarmasdi. U kalitlarni shildiratgancha xona bo‘ylab yurar ekan, kunning oddiy yoki qiziqarli voqealarini hikoya qilar, ko‘pincha lof urar, kichkina , ozg‘in yuzda kosasidan otilib chiqquday bo‘lib, o‘ziga tikilib turgan ko‘zlarni ko‘rgach, bir zum kalovlanib, to‘xtab qolar edi. Xuddi egasiday mahzuna va iztirobli ko‘zlarni…
Shu kechasi ayol es-hushini yo‘qotib qo‘ydi; erkakdan juda ko‘p oylardan beri talab qilmagan narsani talab qildi; ularga baxt ato etgan, yolg‘izliklarini va bu dunyoning azobu-uqubatlarini unitishga yordam bergan o‘sha marhamatli va ilohiy narsani. Tun chirog‘ining xira va nimpushti yorug‘ida nihoyat erkak kulimsirab, mamnun qiyofada uxlab qoldi. Ayol uxlashga ham holi kelmay, xotiralarga g‘arq bo‘lgancha uzoq jim yotdi; hayratga ham tushmay, ko‘nglida hech bir nadomat ham sezmay, bolalik paytlarida yam-yashil bog‘ga shaydo bo‘lishdan ham tashqari, hozirgiga qaraganda boshqacharoq, ishonchliroq va chinakamroq baxtli bo‘lganini his etdi. Hozirgisi esa o‘tkinchi yupanchlaru, chiroyli bo‘yoqlardan boshqa narsa emas. Butun uy bo‘ylab, bolaning tongi yig‘isi taralmaguncha, u erkakning buni sezganini va o‘zini mana shu yagona va aziz xotiradan ham judo etmoqchi bo‘lganini nihoyat anglab yetdi. Bog‘ni chopib tashlab, endi atrofi qora, yonib turgan ko‘zlaridagi tantanavor va ma’nodor tabassumini goh yashirib, goho oshkor qilib, erkakning o‘ziga sinovchan tikilib qo‘yishlarini ko‘z oldiga keltirdi. Odatdagi tongi shovqinlar boshlanganda, ayol shiftga tikilgancha “Bibi Maryam”ning dastlabki oyatlarinni ichida o‘zicha takrorlab yotardi. Boshqasini o‘qiy olmasdi; bu o‘lik so‘zlarga toqat qilishga uning sabri chidamasdi. U o‘zini hech qachon aldashmaganini his etdi; bolalikning o‘zaro nifoqlari, vahima va qo‘rquvlari, shubha va vasvasalari ko‘ngliga birin-ketin kirib kelgan paytdayoq u hayotning jo‘rtaga qilingan, odam aqli yetmas chigalliklardan, qo‘rqo‘v, va xiyonatdan, yolg‘onu-yashiq uydirmalardan iborat ekanligini anglagandi.
Shu bilan birga u bolalikning so‘ngi kunlarida, balog‘at dunyosiga kirish arafasida orzu va ishonch samarasi bo‘lib, qalbiga kirib kelgan aldov hissini hatto hozir ham xuddi kechagiday yaqqol eslar edi. Agar o‘sha paytlardayoq uning xohishini inobatga olishganda, o‘zini bu mudhish dunyoga keltirgan qandaydir juftning ( ota-onasining, o‘shanda ham va undan keyin ham) to‘shakda oniy farog‘at uchun bir lahzalik, bir onlik yoki kundalik ko‘nikma bo‘lib qolgan qovushishni u hech qachon xohlamagan, o‘zini tug‘ilishlarini hech qachon istamagan bo‘lardi. Baxtga qarshi yashashga va itoat etishga majbur bo‘lgan bu hayotga rozimisan, deb, oldindan hech kim undan so‘ramagan edi. So‘rashganlarda ham og‘izdan chiqqan ilk savoldanoq u ikkalasi ham bir xil dahshatli bo‘lgan yeyish-ichish, o‘lim hamda begona kishilar qalbiga yo‘l topadigan va apoq-chapoq qilib yuboradigan so‘z ehtiyojini hech ikkilanmay rad etgan bo‘lar edi.
-Yo‘q,-dedi erkak ayol oshxonadan nonushta olib chiqqanda. – Mendelga qarshi hech narsa qilmoqchi emasman. Hatto unga yordam berish niyatim ham bor.
U ishga emas, xuddi qandaydir tantanaga borayotganday juda orasta kiyingan edi. Erkakning enidagi yangi kostyum, qorday oppoq ko‘ylak, ohorli bo‘yinbog‘ni ko‘rib, ayol nelarnidir eslash va o‘z xotiralariga ishonish uchun bir zum qotib qoldi. Erkak unashtirish kechasida xuddi shunday kiyimda paydo bo‘lgandi. Erkakka nisbatan ko‘nglida tug‘ilayotgan adovatli o‘ylari va chekkan musibatlarini ham unutib, hatto ishongisi kelmayotgan o‘sha baxtli davrlarning xotiralaridan mast bo‘lib qolgan ayol u yoqdan bu yoqqa besaru-poy yura boshladi.
Erkak bir burda nonni qaylaga botirdi-yu, tarelkani surib qo‘ydi- agar unga shunday tuyulmagan bo‘lsa ayol stol ustidan o‘ziga tikilib turgan ko‘zlarda sinovchan va hijolat aralash porlab ketgan bir paytlardagidek navqiron nigohni ko‘rib qoldi.
-Men Mendelning chekiga imzo chekaman. Yoki senga sovg‘a qilishim mumkin. Shunday, boshqacha bo‘lishi mumkin emas, bu hal qilinishi kerak bo‘lgan masala. Sho‘r peshona, u. Ayolga bir oz kutishga to‘g‘ri keldi. So‘ng u o‘zini plitadan nari olib, ozg‘in erkakning qarshisiga o‘tirdi. Va hech narsani o‘ylamay, uning ketishini toqat bilan kuta boshladi.
Yo‘lda uzoqlashib ketayotgan mashina tovushining qanday so‘nishini bir zum, tinglab turdi-da, yuqoriga, yotoqqa ko‘tarildi va dastasi sadaf qoplangan yaroqsiz, kichkina to‘pponchaga birdan ko‘zi tushdi; u qo‘liga olmay to‘pponchani bir dam ko‘zdan kechirmoqchi bo‘ldi.U yerda, deraza ortida esa bahor horg‘in qadamlar bilan kezib yurgan bo‘lsa ham yozdan hali hech qanday darak yo‘q edi, kunlarni esa mayda ikir-chikirlar bilan to‘xtatib bo‘lmasdi va hech kim buni istamasdi ham. Shom payti qo‘llarini qip-qizil qonga bo‘yagan bo‘talar bilan bo‘lgan odatdagi jangdan so‘ng, ayol hushtak chalib, qushlarni haydar ekan, o‘zining qoqsuyak eri ham Mendel bilan birga endi bir umr g‘oyib bo‘lganini angladi. Ehtimol, ular bu olam sahnasida aslida hech qachon mavjud ham bo‘lishmagandir. Bola yuqori qavatda qolgan edi, biroq u ham ayolning yolg‘izligini hech bir yengillata olmasdi. Ayol Mendel bilan hech qachon birga bo‘lmagandi; u bilan hech qanday tanish emas edi, uning mushakdor, pahlavon jussa yelkasini hech qachon ko‘rmagandi; uning tutgan joyidan kesadigan fe’lini bilmas edi, bosgan qadami baxtiyorlik bo‘lgan betashvish, xushon-xandon dorilomon hayotidan ham bexabar edi. Peshonasidagi tirnalgan joydan oqayotgan bir tomchi qon uning burni uzra, ohista oqib tushardi.
Bola tinimsiz big‘illay boshlagach, oldiga chiqishga to‘g‘ri keldi. Qariya xotirjam, qimillamay xuddi o‘zi o‘tirgan tosh o‘tirg‘ichning bir qismiday qotib o‘tirardi. Ikki yerkov quduq tubiga kirib ketishgan edi. U yuqorida bolani yupatgach, birdan erining polda g‘ijimlanib yotgan kostyumini ko‘rib qoldi. U shoshib cho‘ntaklarini kovlashtira boshladi; Raqamlar bilan to‘ldirilgan qog‘oz, tanga-chaqa qandaydir hujjat va nihoyat xat topib oldi.
Xat ayol qo‘li bilan dona-dona, chiroyli yozilgan va ikki varaqdan oshmas, sirli tarzda, Masam deb imzo qo‘yilgan edi. Biroq yozuvchisi aqlli va makrli ekanini bildirib turgan xatning mazmunidan yengiltaklik, qasamxo‘rlik va ilmoqli kinoyalar ufurib turardi. Hammasi tushunarli edi. “Aftidan juda yosh bo‘lsa kerak,- deb o‘yladi ayol ranjsiz va rashksiz,- bir paytlar men ham unga xuddi shunday qilib yozgan edim.” Cho‘ntakdan hech qanday surat topilmadi.
“Masam” so‘zining tagiga erkak qizil siyoh bilan “Uning yoshi o‘n yettida bo‘ladi, hali bu qo‘shiq va umid so‘nmas ekan, u men bilan birga bo‘lishi uchun, yer osti va yer ustida qip-yalong‘och kezib yuradi”-deb yozib qo‘ygan edi.
Ayol o‘zida rashk to‘yg‘usini his etmadi, eridan nafratlanmadi; balkim bu ham hayot kabi qandaydir tushunmovchilikdir yoki u bilan sichqon-mushuk o‘ynayotgan dunyoning navbatdagi beshafqat hazilidir. Bir necha hafta ular yana hamishagiday yashayverishdi. Biroq erkak undagi o‘zgarishni anglamasligi, bu barcha-kechirib yuborishlaru, zo‘rma-zo‘raki jilmayishlar o‘zidan tobora uzoqlashib borayotgan qalbning xusumatli adovati so‘nggi g‘alayoni ekanligini sezmasligi mumkin emas edi.
Ular so‘zlarni talaffuz qilishardi-yu, biroq mohiyatan endi gaplashmasdi. Ayol ba’zi-ba’zida erkakning ko‘zlarida chaqnab ketadigan tavba-tazarru va iltijo uchqunlarini endi ko‘rishni istamasdi. “U xuddi ko‘p oylar oldin o‘lib ketganday; biz hech qachon bir-birimizni bilmaganday; xuddi u endi yonimda yo‘qday, menga hammasi baribir.” Ulardan birontasi ham endi hech narsaga umid qilmas va oralarida umid qiladigan narsaning o‘zi ham qolmagan edi. So‘zlar tilga bo‘ysunmas, nigohlar bir-biridan qochardi. Erkak goh sigaretani, goh kuldonni qo‘lida aylantirardi, ayol esa nonga yog‘ va qayla surardi.
Erkak yarim kechasi qaytganda, ayol kitobni bir chekkaga qo‘yib, o‘zini uxlaganga solar yoki bog‘dagi ish, yomon yuvilgan ko‘ylak, oziq-ovqatning narxi va bola haqida gaplashib o‘tirardi. Erkak savol ham bermay, loqaydgina tinglar, o‘zining esa unga aytadigan gapi yo‘q edi. So‘ng shkafdan ichimlik olar, toki tonggacha, shunchaki, kitob varaqlab, bir o‘zi ichib o‘tirardi.
Ayol osoyishta yoz tunlarining birida uxlab yotgan erkakning qirrador yelkasini, sochlari elburutdan oqarib va siyraklashib jo‘nagan miyonasini zimdan ko‘zdan kechira boshladi. Shunda u oradagi ginalarni unutgisi, g‘ussalar ezib tashlagan eriga achingisi keldi. Endi kechalari qaytganda erkak ovqatlanmasdi ham. Shkafning oldiga borib, tuni bilan, toki tongacha ichib o‘tirardi.
Karovatga cho‘zilarkan, qandaydir begona tovushda , ayolga ham, shiftga ham qaramay o‘zi o‘ylab topgan kulguli odamlarning turli fazilatlarini yoki turli vaziyatlarda paydo bo‘lgan quvnoq va oldi-qochdi voqealarni hikoya qilishga tushardi. Erkak ishdan juda erta qaytib, kitob o‘qishga ham, yechinishga ham hafsalasi kelmay, gapirishdan oldin unga jilmaygancha, xushomadona tikilib-tikilib qo‘ygan qaysidir oqshom hammasi aniq bo‘lgan edi. “U vaqtning tezroq o‘tishini xohlayapti. Hozir hech qachon sodir bo‘lmagan biron voqeani hikoya qiladi va qancha xohlasa shuncha cho‘zaveradi. Bu hayotga biz bilan birga kirib kelgan, qandaydir bema’ni safsata bo‘ladi, bu yolg‘on-yashiqlar, uydirmalar bizning butun umrimizni tashkil qiladi” Erkak so‘tadan tayyorlangan qadah keltirdi va bittasini, to‘ldirib ayolga uzatdi. U o‘zoq yillardan beri ayol qo‘liga qadah ushlamaganini bilardi. Ayol u kelguncha hali o‘ringa yotishga ulgurmagan va erkak uni hobxonaning bir ustida keng orom kursisida kitobdagi “O‘zining ohanrabo taskinning quchog‘ida yotgandek tasavvur qil, umidsizlikdan, behuda g‘azabdan, shakkoklikdan va nafratdan o‘zining saqla”-degan yod bo‘lib ketgan so‘zlarni qayta-qayta pichirlab o‘qib o‘tirgan holda topgan edi.
Erkak uning qarshisiga o‘tirib, kundalik xabarlarni bosh silkib, indamay eshitdi. So‘ng oraga yana qattol sukunat cho‘kkach, u mutlaqo boshqa narsa haqida gapira boshladi:
-Anavi qariya, pulni qarsillatib sanab oladi-yu, kun uzog‘i ishchilarni kuzatib o‘tirishdan boshqa narsani bilmaydi. U bir yilcha seminariyda o‘qigan, bir necha oy arxetekturadan ta’lim olgan, hatto Rimga ham borganman deydi. Sho‘rlik, qaysi puliga bordi ekan? Qachonligini aniq bilmayman, har qalay, bir necha yillardan so‘ng u yana shu joylarda, shaharda yana paydo bo‘lishiga aminman. Albatta, ruhoniylar jubbasida. O‘quvsiz bo‘lsa ham keti-quyrug‘i yo‘q chalkash narsalarni to‘qib yuradi. Nima uchunligi noma’lum, biroq u ikki kecha-yu kunduz semenariyda yashash baxtiga musharraf bo‘lgan ekan. U ibodatxona qurilishiga ham o‘z hissasini qo‘shgan emish. Telbalikka o‘xshaydigan qaysarligi bilan o‘sha yerda ham o‘zini-o‘zi ko‘rsatibdi: Loyihaga bo‘yoq to‘kib yuboribdi. U barcha harajatni o‘z bo‘yniga olgan va shaxsan o‘zi kerakli pulni yig‘ib berishga va’da bergan bo‘lsa ham oxir-oqibatda uning yana kovushini to‘g‘rilab qo‘yishgan.
Aftidan, u xuddi shu davrda ruhoniycha kiyinib, har eshikni tiqqillatib, sadaqa so‘rab yurgan. O‘zi uchun emas, ibodatxona uchun. O‘zining siyqa hikmatlariga va boshiga kulfat tushganlar haqidagi uzuq-yuluq hikoyalarga odamlarni ishontirmoqchi bo‘lgan. Yig‘ilgan pullarning bir tiyinini ham ishlatmay, sud palatasiga topshirishga uning aqli yetgan, albatta, shunday qilib, haqiqiy ruhoniylar ishiga halaqit bergani uchun ish jazolangan. Jarima va bir necha kunlik avaxta bilan chegaralangan. Keyin hech kim uning bemalol uy quraverishini ta’qiqlay olmagan. U bizni bu yerda, Vilya-Petrusda o‘rab turgan, shunchalik ko‘p va aql bovar qilmas darajada baland binolarning tomini yopishda bevosita ishtirok etganki, beixtiyor uni, ehtirom bilan “binokor” deb atay boshlashgan. Ko‘plar esa unga, “senor arxitektor” deb ham murojaat qilisharkan. Bilmadim, bularning qaysi biri haqiqat, qaysi biri uydirma? Darvoqe aniqlab o‘tirishga kimning vaqti bor.
-Agar hammasi haqiqat bo‘lsachi,-pichirladi ayol qadahning ustidan unga tikilar ekan.
-Shunday ham bo‘lish mumkin yoki aksincha; bu-bizning ishimiz emas.
Ayol yana to‘shakka cho‘zildi. U yashayotgan va hayotning tushunib bo‘lmas udumlariga ko‘r-kurona amal qilayotgan yoki bu udumlarga bir necha asrlardan buyon amal qilib kelgan hamda uchrashganda sukut saqlashdan nariga o‘tmaslikni qat’iy qonun qilib qo‘ygan kimlardir to‘g‘risida o‘ylardi.
Erkakmi, ayolmi-farqi yo‘q. Barvasta yerkovni va yana kimnidir ko‘z oldiga keltirdi, o‘zining ranju-alamlari haqida o‘yladi.
-Qariya hali… bajarar ekan…,-deb gap boshladi yana erkak; biroq shu payti telefon jiringladi, u sergaklanib shoshib o‘rnidan turdida shahdam va chaqqon qadamlar bilan dahlizga qarab jo‘nadi. U qorong‘u dahlizda telefonda kim bilandir tez-tez gaplashdi. Va xonaga norozi, hatto achchiqlangan qiyofada kirib keldi.
-Bu Montero, idoradan. Kirim-chiqimni kuzatib turishi uchun qolgandi. Endi , aytishicha, u yerda nimadir joyda emas va hozir men bilan uchrashishi juda zarur emish. Agar sen qarshilik qilmasang …
Erkak to‘qib-bichib gapirar ekan, uchrashuv paytini kelishadigan telefon qo‘rg‘irog‘ini erkak bilan birga kutish uchungina tinglab o‘tirgan qariya haqidagi bema’ni hikoyaning nima uchun zarurligini boshidayoq sezganini eslamaslik va yana o‘sha yasama ifodani ko‘rmaslik uchun erkakning yuziga ayol hatto qaramadi ham.
-Mas, Am,-deya pchirladi ayol shikasta jilmayib va ko‘nglini quyundek qamrab olayotgan xo‘rsiniq va alamlaridan dardi-dunyosi qorong‘u bo‘lib. U qadahni bir ko‘tarishda ichib yubordi, o‘rnidan turib, yana bir shisha keltirdi va to‘shak yonidagi stolcha qo‘ydi.
Erkak o‘zini tushunmagan qilib ko‘rsatdi, aslida u tushunishni ham, javob berishni ham istamas edi.
-Mabodo sen agar mening qolishimni istasang…,-davom etdi erkak.
Ayol derazadan ohista hilpirayotgan darpardalardan ko‘zlarini uzmay, yana kulimsiradi.
-Yo‘q,-shartta gapini bo‘ldi u. So‘ng qadahni qaytadan to‘ldirib, oldinga sal egildi-da, qo‘llarini hech yerga suyamay bir tomchi ham qoldirmasdan, oxirigacha ichib yubordi. Erkak bir muncha vaqt jim va harakatsiz qotib turdi. So‘ng palto va shlyapasini olish uchun dahlizga qaytdi. Ayol sukunat va yolg‘izlik qo‘ynida o‘zini deyarli baxtli his qilib, ketib borayotgan mashina ovozining o‘chishini xotirjam kutib turdi; so‘ng sarxush boshini quvnoqlik bilan orqaga siltadi-da qadahga yana konyak qo‘ydi. Bu istak quduqning tubida hech bir zo‘riqishsiz, bir maromda ishlayotgan, besunaqay oppoq qo‘llari bilan yerkovlayotgan barvasta yerkovning yalang‘och gavdasini ko‘rgan paytdayoq paydo bo‘lganini tan olgisi kelmasa-da, u endi shunday bo‘lishi kerakligi-ga ishonar va endi bu yo‘ldan qochib qutulolmasligini anglardi. Biroq shunday bo‘lsa ham, u o‘zini shubhalardan xalos qilolmas, buni o‘zi tanlaganiga, o‘zini ishontira olmas, nazarida kimdir yoki nimadir bu yo‘lni o‘zi uchun oldindan belgilab, muqarrar qilib qo‘ygandek edi. Hammasi juda oson ko‘chdi; shunday bo‘lishini u oldindan bilardi. Barvasta yer ostidan chiqib, xurmachadagi suvdan ichish va yuvinish uchun shlanga izlab, oldiga kelmaguncha, u yerkovni bog‘da, bog‘ning qoldig‘ida kutib o‘tirardi. Ayol unga qo‘lini silkitdi va shlang keltirib berdi. Garaj yonida u yerkovga qandaydir be’mani savollar berdi. Ular bir-biriga qarashmasdi. Ayol undan bu yerda yana gullar, o‘t-o‘lanlar, bo‘talar, maysa va umuman qandaydir yashil, so‘lim narsalar o‘stirishi mumkinmi, deya so‘radi. Erkak engashgancha, isqirt, yag‘ir qo‘llari bilan ayol ko‘rsatgan qumloq yerdan bir hovuch tuproq oldi.
-Mumkin,-dedi u qaddini rostlarkan. -Buning uchun ishtiyoq, sabru toqat va yana ter to‘kish kerak.
Ayol uning javobini ham eshitmay, orqasidan kelib, qo‘llarini ushladi va tahdidli xo‘mrayib turgan osmonga tikilgancha, amirona ohangda, shoshib shivirladi.
-Hamma ketib bo‘lgach… hech kim hech narsani bilmasligi shart. Qasam ichasanmi?
Sinovchan va andak gumonsiragan qiyofada erkak hech narsa so‘ramay ham, qo‘lini pichoqdek bo‘g‘zida aylantirib, gung tovushda rozi bo‘ldi.
-Soat oltida kel, ko‘cha eshikdan kirasan.
Barvasta xayrlashmay ayiq yurish bilan gavdasini u yoqdan, bu yoqqa, lapanglatgancha, imillab nari ketdi. Qariya soat besh bo‘lganligini bildiruvchi qo‘ng‘iroqni eshitgach, ishni tugatishga buyruq berdi. Shu oqshom u sinasinlarni o‘z holiga qo‘ydi; shoshilmay xuddi oyparastlarday ikkilanayotganini ham, afsuslanayotganini anglamay, merovlanib zinalardan zo‘rg‘a chiqib-tushdi, bola bilan mashg‘ul bo‘ldi. So‘ng derazadan yo‘lga qaragancha, asta-sekin qorayib borayotgan osmonni kuzatib o‘tirdi. «Men aqldan ozayapman yoki allaqachon ozib bo‘lganman va shu holimcha yashab kelganman. Bu esa menga yoqayapti»,-deb takrorlardi u . Bilinar-bilinmas, xushbaxt, zafarli tabassum bilan. Bu mash’um hodisani qaerda amalga oshirilishi va oqibati nima bo‘lishi to‘g‘risida o‘ylamadi ham. U bir lahza aldoqchi orzular va sarkashlik bilan o‘tgan olis va sirli bolalik dunyosini esladi. Yerkov darvoza oldiga roppa-rosa oltida keldi. Uning qulog‘ida poyasi chaynalgan gul osilib turardi. Ayol uning bog‘ni bug‘ib yotgan beton yo‘lak bo‘ylab qanday lapanglab yurib kelayotganini ko‘rib turardi. Barvasta kalovlanib to‘xtadi; ayol yugurgancha, pastga otildi- uning zinalarni nog‘ara qilib chalgan poshnalari tagidan atrofga umidsizlik sadolari taraldi. Ulkan gavdaga deyarli urilib to‘xtar ekan, uning oldida mushtdaygina bo‘lib qoldi.
Yerkovdan badbo‘y ter hidi anqirdi. Ayol uning yonib turgan ko‘zlaridan anqovlik va hadik alomatlarini o‘qidi.
U bir lahza junbushga kelib, oyoq uchlarida turgancha, o‘pishish uchun lablarini yaqinlashtirdi. Erkak nafasi qaytayotgandek boshini chapga burdi.
-Anavi yerda saroy bor,-dedi u.
Ayol erkalangandek jimjigina silkinib-silkinib kuldi. Xuddi sinasin chakalagi bilan xayrlashuv paytidagiday, erkakka xotirjam tikildi. So‘ng uning qo‘llariga osildi.
-Yo‘q, saroyda emas, -u muloyim tovushda e’tiroz bildirdi. -U yer juda iflos, juda noqulay yoki yuqorida, yoki hech qaerda. -Va erkakni so‘qirdek xobxonaga qarab yetaklab jo‘nadi, zinadan deyarli tortib chiqardi.
Bola uxlab yotardi. Yotoqda o‘zgarmas va zabt etib bo‘lmas qandaydir sirli kuch hukmron edi. Keng gulobi karovat, ko‘rimsiz jihozlar, ichimliklar turgan javon, tug‘dek hilpirayotgan darparda, tanish bezaklar, gul tuvaklar; suratlar va qandillar osonlikcha asir tushgisi kelmayotgan qo‘shindek saf tortib turishardi.
Garang va o‘z xonasida begonadek bo‘lib qolgan ayolning qulog‘iga erkakning ob-havo, bog‘ va hosil haqida gaplari deyarli kirmasdi ham. Erkak ikkinchi qadahni ham ichib bo‘lgach, ayol uni kravotga yetaklab bordi va navbatdagi buyruqni berdi. Ayol qachonlardir bo‘lsa ham tirik erkakning yalang‘och, xirsdan o‘zini yo‘qotib qo‘ygan va jazavali qiyofada, o‘zining bir imosiga zor bo‘lib turishini tasavvur qilolmagan edi. U yana vaqt xarsanglari ostida ko‘rinmay ketgan xohish ishtiyoq, noz va erkalik, sho‘xlik va jo‘shqinlik tuyg‘ularini qaytadan his eta boshladi. Endi o‘ziga yerkovning qanday yaqinlashayotganini kuzatib yotar ekan. Bu odamning jismoniy ustunligiga hamda ayolni o‘zlariga qaram qilib yaratgan erkak zotining ibtidosiga, bema’ni ikir-chikirlarga o‘ralashib, ayol ehtiyojini mensimaydigan barcha-barchaga nisbatan ko‘ngli nafrat va ozor bilan to‘ldi.
U jasorat ko‘rsatdi: erkakni uning o‘zi shunga undadi. Va mana endi yerkov sassiz va itoatkor holda unga mushtoq bo‘lib turibdi.
Biroq yerkov birinchi urinishda ham, ikkinchi urinishda ham, hech narsaga erisha olmadi. Aslida ham o‘zgartib va tuzatib bo‘lmas darajada ikkalasi boshqa-boshqa dunyo uchun yaralgan edi. Bo‘g‘ziga achchiq narsa tiqilganday erkak qahrdan to‘lg‘onib, uni siltab tashladi.
-Hamma vaqt shunday. Hamisha shunday bo‘ladi, -deb ingrab yubordi tushkun ohangda erkaklik g‘ururini ham esdan chiqarib.
Ular big‘illay boshlagan bola yig‘isini eshitdilar. So‘zsiz va hech bir qiynalmay u erkakni qayta kiyintirishga muvaffaq bo‘ldi, qandaydir yolg‘on va’da bilan yupatdi, qirilmagan chakkalarini siladi.
-Boshqa payt, -deya shivirladi u, ham xayrlashish, ham tasalli o‘rniga.
Erkak o‘zining navbatdagi mavridsiz mag‘lubiyatini unutishga va g‘azabini bosishga harakat qilib, aftidan yana gul poyasini chaynagancha qorong‘ulik qa’rida g‘oyib bo‘ldi. (Hikoya qiluvchi roviyning imkoniyati shunga yetadiki, unga vaziyatga qarab, hamma narsaning o‘z o‘rnini topib berishgagina ruxsat etiladi, xolos. Balki u har subhi-sodiqda tush aralash bu ayolning ruyobday ismini behuda takrorlar. Ehtimol u, yechimni yalinib, yolvorib undirib olar va unga sabr zindonidan chiqishga izn berilar: g‘aflat uyqusidan uyg‘onib, bu shikasta hasratu ko‘z yoshlarni, nafratini hamda bu barcha yaramasliklarni qog‘oz yuzidan butkul artib tashlar). Ehtimol, bu ertasiga sodir bo‘lar. Ehtimol, har qanday zohiriy ifodadan holi, qotma yuzi o‘ziga qaraganda yana ham keksaroq ko‘rinadigan qariya yana bir qancha vaqt sabr toqat qilar. Mayli, toki haftaning o‘rtasigacha, deb, hisoblay qolamiz. U toki ayolning yo‘rgakni torga osib, uy va saroy orasida qachonlardir bog‘ bo‘lgan joyda o‘zicha sanqib yurganini ko‘rguncha kutar… Qariya naridan-beri qilib qo‘lda o‘ralgan tamakini huzur qilib so‘rib o‘tirardi; ayolni ko‘rib o‘rnidan turishdan oldin achchiqlangan ohangda ishchilarga qarata to‘ng‘illadi:
-Bizga ikki haftani oldindan to‘lasharmikin, shuni juda bilgim kelayapti.
U sekingina xo‘rsinib, yalpayib o‘tirgan xarsangdan sirg‘alib tushdi va oqsoqlangancha ayolga qarab shoshilmay kela boshladi. U so‘ni-sunbatiga qarab turib boshqa paytlarga qaraganda yana ham ko‘proq yosh qizchaga o‘xshab qolgan, ko‘zlari har qanday umid va ishonchdan mahrum bu ayolning o‘ziga qilinadigan iltifotdan hamda atrofdagi iltifotsiz olamdan xuddi o‘zidek yiroq va yolg‘iz ekanini angladi. Seminarist-arxitektor unga mehribonlik bilan shafqat va muruvvat to‘la ko‘zlarini tikdi.
-Menga qarang, senora, -dedi u. — Menga javob berishingiz shart emas. Sizga so‘z ham ortiqcha ko‘rinadi.
U mashaqqat bilan ishtonining cho‘ntagidan endigina ochilgan, poylari sinib qolgan bir dasta endi ochilayotgan atirgul chiqardi. Ayol ularni avaylab hovuchiga oldi va nam lattaga o‘rab, jimgina kutib turdi. Bu marta uning ko‘nglida hech qanday shubha paydo bo‘lmadi: aksincha, qariyaning kulib turgan horg‘in ko‘zlari uning hozirgi hayotiga ham, uning o‘ziga ham hech bir aloqasi yo‘q, sal oldin paydo bo‘lgan yig‘lash istagini to‘satdan tarqatib yuborgan edi. U minnatdorchilik ham bildirib o‘tirmadi.
-Menga qarang, qizim,- dedi yana qariya. -Bu gullar unutish hamda kechirish uchun. Ular bir-birini taqozo qiladi. Hechqisi yo‘q, bizning o‘zimiz ham ba’zan nima haqida gaplashayotganimizni bilishni unchalik istamaymiz. Qachon gullar so‘lisa, ularni tashlab yuborish kerak, men, biz istaymizmi, yo‘qmi, hammamiz bir-birimizga hamrdard va birodarlarimiz, deb o‘ylayman. Garchi siz boshqalarga qo‘shilmay yashasangiz ham men haqimda ko‘p gapirishgan bo‘lsa kerak. Biroq men aqldan ozgan emasman. Sabr qilaman va kutaman.
U boshini egdi va xayrlashib, nari ketdi. O‘z ma’ruzasidan toliqib qolib, oqshom oromini buzib, qo‘ng‘iroq besh marta zang urguncha, u qulog‘ini ding qilib, kutib o‘tirdi.
-Ketdik, -dedi u yerkovlarga. -Ko‘rinib turibdi, oldindan to‘lashmaydi.
Na mushtoqlikka, na yo‘q narsaga ko‘z tikishga o‘xshagan yana bir necha kecha o‘tdi. Va nihoyat o‘qishdan charchab, yotish istagida turganda, ayol garaj yonida mashina tovushini, so‘ng zina bo‘ylab, ko‘tarilayotgan o‘ynoqi hushtakni eshitdi. Oradan o‘tgan shuncha voqeadan xuddi bexabarday va hech narsaga shubha qilmay, erkak «The Man L Love1»ni kuylardi.
Ayol salomlashganday, aftini bujmaytirib erkakka tikildi va u keltirgan qadahni indamay oldi.
-Sen vrachga bordingmi? -so‘radi u. -Axir sen so‘z bergan eding-ku? Yoki yana quruq qasammidi??
Erkak ayolning yuziga qaramay ham negadir jilmaydi, u aftidan nimadir qilib ayolning ko‘nglini olgisi kelardi.
-Ha, bordim. Aytarli hech narsa yo‘q. O‘zing bir tasavvur qil. Cho‘pdek ozg‘in erkak ho‘kizday semiz va iltifotli doktorning qarshisida qip-yalong‘och turibdi. Hamishagiday rentgenga tush, tekshir-tekshir va hokazo. Unchalik jon koyitib yuvilmagan oq xalatli semiz kishi o‘zining bolg‘achasiga ham, statiskopiga ham yozganlariga ham ishongisi kelmadi. Yo‘q, bu yerda ular tushuna oladigan yoki davolaydigan hech narsa yo‘q.
Ayol o‘z xohishi bilan birinchi marta erkakka yana bitta to‘la qadahni oxirigacha ichishga rozilik berdi. So‘ng barmoqlarini bir-biriga ishqagan zahoti qo‘lida sigareta paydo bo‘ldi. U yo‘talmaslik uchun muskullarini tarang qilib, kulimsirab turdi, erkak unga hayrat ila, deyarli xushbaxt bo‘lib tikildi. U ayolning yoniga kelib, karavotga o‘tirmoqchi bo‘ldi, biroq ayol uning chollarga xos erkalashidan o‘zini olib qochish uchun ko‘rpa ostidan pastga sirg‘alib tushdi. Yarim bo‘lib qolgan sigareta hamon tutardi, u esa chekar, o‘zini xushyor tutib turardi.
So‘ng erkakning yelkasiga bosh qo‘ygancha, nogohon:
-Sen nima uchun menga uylangan eding, -deb so‘radi. Erkak uning cho‘pday bo‘lib qolgan gavdasiga, ensasiga yoyilib tushgan sochlariga ko‘z yugurtirib chiqdi-da, keyin oromkursi va stolcha turgan joyga qaytdi. Shiddat va qat’iyat bilan yana bitta qadahni ko‘tardi, yana bitta sigaretani tutatdi. Ayolning savoli bir necha yil kechikib berilgandi; bu savol vaqt ajinlari orasida ko‘rinmay qolgan va devorga yopishib qolgan chirmovuq kabi har tomonga betartib yoyilib ketgandi. Biroq vaqtdan yutish kerak edi. Chunki garchi ular hech qachon bunga guvoh bo‘lishmagan, garchi ularga hech qachon o‘zini namoyon qilmagan bo‘lsa ham ayol o‘zining eriga, qoq suyak erkakka qaraganda aqlliroq va baxtsizroq edi.
-Senda pul yo‘q edi, demak buning uchun emas, — deb hazilga oldi erkak. Pul hayotimizga keyinchalik mening hech bir gunohimsiz kirib kelgan; sening marhum onang va marhum akangdan…
-Men bu haqda allaqachon o‘ylab ko‘rganman. O‘limni hech kim oldindan bashorat qilolmaydi. Shuning uchun, pul seni qiziqtirmagan. Eng yomoni- bunaqa narsalar seni emasm, meni ko‘proq qiziqtirgan. Shunday bo‘lsa ham qaytaraman: sen nima uchun menga uylanganding.
Erkak boshini ma’qullaganday chayqab indamay chekar va qonsiz lablarini qadahga bosib turardi.
-Bor-yo‘g‘i shumi?! -so‘radi u nihoyat. Uning qalbi hozir turli gumon va bu ojiz ayolga nisbatan shafqat tuyg‘usi bilan to‘lgan hamda biroz cho‘chib ham turardi.
-Shu, albatta, — ayol karavotdan turib o‘tirdi va erkakning tund va qahrli yuzi yana ham oqarib ketganini ko‘rdi.
— Har qalay, sening Mendeldan bola kutayotganing uchun emas edi. Menda yaqinlarimga yordam berish va uning uchun aziyat chekish istagi hech qachon bo‘lmagan. U paytlar hammasi juda sodda edi. Men seni sevar edim, sevib qolgan edim. Va bu haqiqiy muhabbat edi.
-So‘ng u g‘oyib bo‘ldi, — ayol karavotda o‘tirgancha, deyarli qichqirib yubordi. Biroq bu gaplarning ohangida shafqatsiz savol alomati bor edi.
-Haddan tashqari ayyorlik, shumlik va xiyonat tufayli. Ha, g‘oyib bo‘ldi; unga bir hafta zarurmidi, bir oylik yoki o‘sha soatning o‘zidayoq sezdirmay bizni o‘z holimizga tashlab ketishni ma’qul ko‘rdimi, buni aniq bilmayman. Buni hozir tushuntirib berish qiyin. Hatto meni hamma narsani biladi va tushunadi deb hisoblash ham. Ayniqsa, bu yerda qachonlardir Petrus qurgan va sen o‘sib-ulg‘aygan yovvoyi qo‘riqxonada. Qorningda bola bormi yoki yo‘qmi senga baribir edi. Hammaga iztirob iltijo va ilinj bilan tikiladigan deyarli juvonga aylangan qizni ko‘rganingda, endi biror narsani o‘zgartirishga qurbing yetmasligini anglaysan. Soching siyraklashadi, tishing tushadi. Eng muhimi, o‘sha paytdayoq senga nisbatan mening ko‘nglimda o‘z-o‘zimdan iltifot tug‘ilganini tan olish kerak, endi esa men bu tuyg‘udan tobora mahrum bo‘lib borayapman. Ehtimol, mening uylanishim senga qilingan so‘nggi haqiqiy iltifotdir.
Ayol sabr-toqat bilan gapning davomini kutardi; biroq u behuda kutgan edi. Nihoyat u o‘rnidan turdi, yelkasiga xalat tashlab erkakka qarama-qarshi o‘tirdi.
-Shundaymi? — so‘radi u,- Shundayligiga imoning komilmi? Sendan yolvorib so‘rayman. Agar xohlasang, oyog‘ingga bosh qo‘yaman… O‘zimizcha har birimiz har tomonga tortqilayotgan, bosib yanchayotgan, mana shu uvoqqina o‘tmish haqqi, umrimizdan juda kam joy olgan va iloji boricha u yerdan bir-birimizning siqib, tepib, surib chiqarmoqchi bo‘layotgan… mana shu o‘tmish haqqi…
Erkak sigaretasini gezargan lablari orasiga qisgancha ayol tomon burilarkan, umurtqa suyaklari qarsillab ketdi. Ayol erkakning murdanikiday qonsiz yuziga odat tusiga kirgan xotirjamlik bilan ruhsiz tikildi.
-Bo‘ldimi? -kulimsiradi erkak. -Atigi shumi?- dedi u qadahni ko‘tarib turib, murojaat qilarkan; uning taxminicha yutilishi kerak bo‘lgan vaqt o‘tib bo‘lgan edi. -Bo‘ldimi? Sen, aftidan, tushunmayotganga o‘xshaysan. Men boshqa qiz to‘g‘risida gapirdim, shekilli.
-Men to‘g‘rimda.
-Boshqa qiz to‘g‘risida, -o‘jarlik bilan qaytardi erkak.
So‘zlarni va ohangni ataylab chertib-chertib gapirdi.
(Pastini ishlov berish va kitob bilan solishtirish kerak)
Uning kayfi oshib qolgandi, shu sababli har qanday qo‘pollikka tayyor edi. Har qalay, erkakni asabiylashishga majbur qilolgani uchun ayol beixtiyor jilmayib qo‘ydi.
-Bu men,-dedi er,- ahmoq bo‘lgan. Qurt tushgan mevani deb umrini o‘tkazgan…
Ikkinchi yerkov ozg‘in va yuvosh edi. Ayol undan eridan ololmagan narsalarni olardi: uni xohlagancha haqorat, mayna qilish, tahqirlash, o‘ziga mushtoq qilib, yalintirish, so‘ng itday qilib haydash, ko‘nglida eriga nisbatan paydo bo‘lgan nafrat alamining hammasini olish mumkin edi va bu unga zavq berardi.
Soat beshdan so‘ng ishchilar ketaboshlar va ayol deraza pardasi oldida turib, ularni xuddi yaqin kishilarini urushga kuzatayotgan onalardek kuzatib qolar, so‘ng esa yerkovni qo‘y juni va tezak hidi anqiyotgan omborga yetaklab borardi.
Qip-yalong‘och yechingan erkak xuddi yosh go‘dakka o‘xshab, uquvsiz, uyatchan, himoyasiz va hijolatdan duv qizarib turardi. Bu esa ayolga o‘zi bir paytlar xayolining tub-tubida orzu qilgan zavqlarni olish imkonini berardi- u erkakni haqorat qilib, xo‘rlab, yuz-ko‘ziga tarsaki tushirib, shaploqlab, noz qilib, jahl va achchig‘ aralash erkalar, ot qilib minar, yelkalarigap qamchi bilan urardi. U eridan olishni orzu qilgan, kutgan va xayol qilganning hammasini bu bo‘shang ishchidan topardi.
Ayolga erkakni, ko‘rsatgich barmog‘i bilan imlab xuddi it kabi hushtak chalib chaqirish yoqardi. Bular hammasi uning uchun hozir yashab turgan hayotidan ko‘ra mazmunli va zavqliroq edi. U shu holatda ikki-uch hafta yashadi. Ammo har bir haqorat, har bir ayollik zavqi, har bir alamli harakat uni ushbu hikoyaning xotimasi bilan birga kutib turgan yozning chillasi tomon yetaklab borardi.
U bu yerkov bilan baxtli edi, ba’zan ularning har ikkisi ham negaligini bilmasdan, har ikkisi ham o‘zicha yig‘lashar, yig‘ilari ham bir-biriga o‘xshab ketardi. Ammo shahvati qongani sari ayolda mehr va muhabbatga ehtiyoj kuchayib boradi. Bu ehtiyojni jinsiy mayllar qondira olmasdi. Shu sababli yaxshisi o‘sha mehrni xayolda bo‘lsa ham yaratib, orzu qilib, yolg‘iz va gunohsiz yashagan ma’qul degan qarorga keldi.
Soat oltidan keyin u bolalik baxtini va orzularini izlab yana chaklakzor bo‘lgan maydonni va bog‘ni kezib chiqdi.
-Qonmi bu?!-so‘radi ertalab sahar payti qaytgan erkak. –Yuzing ham, qo‘ling shilinibdi.
-Hech qisi yo‘q,- dedi ayol o‘zini uyg‘otganidan g‘ashi kelib.- Menga bolalarday shox-shabba bilan o‘ynash yoqadi.
Bir kuni kechasit erkak kech keldi va uni uyg‘otdi. Bo‘yinbog‘i bog‘ichini bo‘shatib, qadahni to‘ldirdi. To‘shakda o‘tirgancha ayol uning kulgusini eshitdi-bu xuddi o‘zi bilan tanishgan paytdagidek navqirron, o‘ktam va ehtirosli edi.
-Bilasinmi?- dedi er nihoyat. –Sening sadoqatli va vafodor do‘sting, tabiiyki, menga ham sadoqatli do‘st Mendelni kecha panjarga tiqishibdi. Bunga mening daxlim yo‘q. Shusiz ham o‘zining qilmishi yetib ortarkan.
Ayol viski so‘radi va soda qo‘shmay byuir ko‘tarishda ichdi.
-Mendelnimi,- dedi u ajablanib, lekin bu bilan erining e’tiborini tortishni istamadi.
-Ha-da,- dedi er istehzoli va g‘olib ohangda.- Agar men ham o‘zimdagi ma’lumotlarni sudga bersam, bechoraning ahvoli nima bo‘larkan?!
Ayol shunda erining o‘zining xayolininng tub-tubidagi yorug‘ va yashirin kechinmalarni ham o‘ldirishga kirishganini his qildi.
Shu kayfiyat bilan yoz chillasi ham yetib keldi. Ayol yana eri oldin o‘zining hayotiy orzularini, keyin bolalik xotiralari yotgan bog‘ni birma-bir vayron qilgani haqida o‘yladi. Shuning uchun endi har doimgiday yana bog‘ni ichida tentiray boshladi. U bu bolaligi yotgan bog‘ o‘zini yaralashni, tiranshni, shu yo‘l bilan bu beshafqat hayotdan o‘zini chalg‘itishni va ovutishni istardi. Ammo shox-shabbalar bu marta uni tirnamadi. Shoxlar xuddi rezinaday yumshoq edi, uchida shira oqib turar, ular ham endi u bilan o‘ynashga va uni ovutshiga ojiz bo‘lib, kuzgi to‘kilish sari yuz burishgandi.
Bu unga qattiq ta’sir qildi.yu ammo odatdagiday tezda ko‘nikdi. Soat beshdan allaqochon oshib ketgan, ishchilar ketib bo‘lgandi. U bog‘dan bir necha gul va barglarni uzib, ilgari chakalakzor bo‘lgan ulkan hovuz oldiga qaytdi-bu hovuz emas, xuddi uningn baxti, bolaligi, shirin xotiralari, bu dunyoda topgan birdan bir ovunchog‘i qabriday taassurot qoldirdi. Yuqori qavatda kimdir, to‘g‘rirog‘i, chaqoloq bug‘ilib, uni chorlab, yig‘ladi. Qo‘lida toptalgan gullarni ko‘targancha u zinalardan holsiz va umidsiz ko‘tarildi.
U bolani emizdi, chaqoloq uxlab qoldi. U cho‘qinib oldi. Keyin yotoqqa sirpalib kirdi. U ichki kiyimlar sochilib yotgan javondan xuddi yalong‘och kelinchakday o‘ziga chorlab turgan to‘pponchani osongina topdi. Bu xotimaning boshlanishi edi va shunday tugashi muqarrar edi.
U to‘pponchaning sovuq og‘zini ko‘rgach, «Bibi Maryam” kalimasini qaytarishga tushdi va to‘shakka borib behol yiqildi.. Shu holatda u yana o‘sha to‘lin oy kechasini ko‘rishni, yana erkak hidinga to‘yishni, yana o‘sha lazzatni tuyish uchun aldangan yosh qizga aylanishni istadi. To‘pponchaning muzdayligi unga yoqmadi, o‘rnidan turiib, chaqoloq yotgan xonaga kirdi. U yerdan issiq grelkani olib keldi. So‘ng yotoqqa qaytib, grelkaga qurolni yaxshilab o‘radi va qurol isishini unga mushtoq turgan bo‘g‘zi bilan birga besasabrlik bilan kuta boshladi.
U bu marosimni maromiga yetkazib bajardi. U bu hayotdagi rolini ijro etib bo‘lgandi. U tepkining uch marta bo‘sh paqillashini eshitdi. Keyin miyasini bo‘lib o‘tayotgan gumburlash paydo bo‘ldi. Hushini yo‘qotarkan, u dimog‘ida xuddi baxtga, xuddi shudring qalqib turgan maysaga o‘xshaydigan erkak ta’mi va hidi kelgan to‘lin oy chiqqan kechaga qaytdi. Umidsizlik, musibat, o‘lim istagi – buning bariga faqat shuning uchun toqat qilish mumkin ediki, uning xumorini yozish uchun ko‘chaning har bir burchagida bo‘g‘zini kuydirib yana erkak badanining orzu qilsa arziydigan junbushli hidi paydo bo‘lishi mumkin edi. Oyoqlari zir qaqshar, qadamlari tobora sekinlashar va uni asta sekin yupanch va tasalli sari yetaklab borardi. U yarim yalang‘och holda, qushday yengil chemodonini ko‘targancha, ketib borardi.Oy esa uni chorlab, yanayam balandlashardi. U ko‘z oldidagi zulmatni ko‘kraklarining jajji uchi bilan tilimlagancha, o‘zini uzoq yillar mushitoq qilgan to‘lin oy bag‘riga singib ketish uchun ketib borardi…

032

(Tashriflar: umumiy 459, bugungi 1)

Izoh qoldiring