Hasan Qudratillayev. «Boburnoma» asrori kaliti.

bobur

      Заҳириддин Бобурнинг 47 йиллик умри тинимсиз муҳорабалар, қариндош-уруғлар, темурий шаҳзодалар ва бекларнинг бирин-кетин қилган хиёнатлари, фарзандларининг бевақт вафоти муҳитида ўтиб, умрининг охирларида турли касалликлар бу иродаси мустаҳкам кишининг ҳам руҳиятига таъсир этган. “Бобурнома”да биз муаллифнинг бундай машаққатларга нақадар бардош бергани, айрим ҳолатларда дарднинг зўрайиши кўзларига аччиқ ёш, танасига чидамсиз дардни келтириб чиқарганлигини кўрамиз. Муаллиф шу ҳолатлар тасвирини берар экан, насрий матндан кўнгли тўлмайди, ички туғёни, ҳасратларини тўла баён эта олмаганлигини сезиб, кўпинча ўз рубоий, ғазаллари билан, айрим ҳолларда бошқа буюк адиблар — Саъдий, Ҳофиз шеърлари билан насрий матнни бойитади.

445

Ҳасан Қудратуллаев
“БОБУРНОМА” АСРОРИ КАЛИТИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини адабиётшуносликда адиб бошидан ўтказган кунлар йилномаси сифатида баҳолашади. Аммо шоир — Бобур шеърияти муаллифнинг ички дунёсини бор шиддати билан ўқувчига етказувчи ноёб маънавий хазинадир. Бобур рубоийларида ҳам олам-жаҳон маъно ифодаланган. Улар “Бобурнома” билан ҳамоҳанг, уни мазмунан тўлдиради. Агар Бобур даври, ундан олдинги шоирлар ижодида рубоий жанрида анъанавий ишқ, ошиқ ва маъшуқ, айрим ҳолларда ижтимоий масалалар қаламга олинган бўлса, Заҳириддин Бобур рубоийларида инсон ички кечинмаларининг ранго-ранг жилолари, унинг муаммолари теран акс этганини кўрамиз.
Заҳириддин Бобур табиатидаги ҳаётдан имкон қадар баҳраманд бўлиш, унинг гўзаллигини англаш ва нашидасини суриш одати кишини ҳайратга солади. 12 ёшидан от устидан тушмасдан бобоси Амир Темур салтанатини тиклаш учун кураш олиб борган, муҳорабаларда бўлган шахс баҳор нашидасидан ҳам баҳрамандлик бахтини туяди:

Хотирни баҳор фаслида гашт оладур,
Кўз нурини ранги лолаю дашт оладур.
Хуш улки, талаларда юруб сайр этса,
Бу фаслдаким латифу дилкаш таладур.

Шоир рубоийларининг ўзига хос хусусиятларидан бири — унда кичик сюжет, лирик қаҳрамон бор. Қуйи- даги рубоийда лирик қаҳрамоннинг унчалик хуррам бўлмаган кайфиятини моҳир наққошдан ислоҳ этишини сўрагани, илтижоси мавжуд. Бир қараганда, бу тўрт мисра шеър осон мутолаа қилинадигандек, аммо муаллифнинг шу тўрт мисрага сюжет, теран фикрни жо этганига тасанно дейсан, киши:

Наққош, менинг ҳолима тадбир этгил, Бир ёғлиғ аро кашида таҳрир этгил.
Ул сафҳада мен хаёл қилғон янглиғ, Ул ёрға мушкилимни тақрир этгил.

Бобурнинг Ҳиндистон мамлакатига юриши, аниқроғи, бу ўлкани ўз тасарруфига киритишга интилганини айрим адабиётшунослар Ватандан айрилиқ сифатида талқин этсалар, бошқалари саркарда Бобурнинг Амир Темур салтанатини қайта тиклаш учун қилинган юриши сифатида баҳолайдилар. Аслида, ҳар иккала фикрнинг ҳам асоси бўлса-да, иккинчиси устунлик қилади. “Бобурнома”да мазкур масалага анчагина ойдинлик киритувчи парча бор. У ҳам бўлса, Ҳиндистоннинг шимолий қисмини эгаллаган, Иброҳим Лўдий ва бошқа ҳинд саркардалари устидан ғалаба қозонган, аммо бу ўлканинг барча ҳудудларини ҳали эгаллашга улгурмаган Бобурнинг тўнғич ўғли Ҳумоюн мирзонинг элчиларига билдирган фикри мавжуд. «…Тенгри таолодин умидвормизким, ўшул яқинда Ҳиндустон вилояти қўлга киргай. Ҳавохоҳ ва яхши фарох ҳавсалаларимиздин Ҳиндустон вилоятиға қўюб, ўзумуз маврусий вилоятимизга борғаймиз(таъкид бизники — Ҳ.Қ.). Ва керакким, бори халқимиз бу юрушда, Ҳумоюнға йўлдош бўлуб, ихлос кўрсатгайлар», деб ёзади у.
Ушбу парчадан Бобурнинг ички кечинмалари, руҳий ҳолатини фақат насрий матн талаби билан ҳис этамиз. Бунда адиб ўзи шоҳ бўлса-да, яккаликка бардош ва чидам берганлиги, ўзини ғариб сезганлиги ҳақида умуман сўз юритмайди, балки буни Ватанга қайтиш орзуси орқали ифода этади, холос.
Қуйидаги рубоий эса, айнан шоҳ, адиб Бобурнинг ички оламини ўзида мужассамлаган, “Бобурнома”  матнини шу жиҳатдан тўлдирганлигини кўрамиз.

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.
Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатта севинмас эмиш, албатта, киши.

Заҳириддин Бобурнинг 47 йиллик умри тинимсиз муҳорабалар, қариндош-уруғлар, темурий шаҳзодалар ва бекларнинг бирин-кетин қилган хиёнатлари, фарзандларининг бевақт вафоти муҳитида ўтиб, умрининг охирларида турли касалликлар бу иродаси мустаҳкам кишининг ҳам руҳиятига таъсир этган. “Бобурнома”да биз муаллифнинг бундай машаққатларга нақадар бардош бергани, айрим ҳолатларда дарднинг зўрайиши кўзларига аччиқ ёш, танасига чидамсиз дардни келтириб чиқарганлигини кўрамиз. Муаллиф шу ҳолатлар тасвирини берар экан, насрий матндан кўнгли тўлмайди, ички туғёни, ҳасратларини тўла баён эта олмаганлигини сезиб, кўпинча ўз рубоий, ғазаллари билан, айрим ҳолларда бошқа буюк адиблар — Саъдий, Ҳофиз шеърлари билан насрий матнни бойитади. Айниқса, Бобур вафотидан икки йил олдин касаллик уни кўп ташвишга солади, руҳияти тушкунликка мойил бўлади. Ушбу ҳолат тасвирида ҳам “Бобурнома” матнини қувватлашга муаллиф ўз рубоийсини келтиради. Бунда рубоий унинг руҳиятини аниқ ифода этади. Касаллик пайтидаги тушкун кайфият, дард машаққати унинг жисмига нақадар ташвиш келтиргани аниқ бадиий ифода топгани билан муҳим: “Якшанба куни, муҳаррам ойининг ўн олтисида иситтим, титрадим, навбат-навбат бўлди. Йигирма беш-йигирма олти кунга тортти. Доруйи кор ичтим. Охир басит ярашти, уйқусизлиғ ва ташналиғдин бисёр ташвиш торттим. Бу мараз айёмида уч-тўрт рубоий айтилди. Ул жумладан бири будур:

Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,
Кўздин ўчадур уйқу чу охшам бўладур.
Ҳар иккаласи— ғамим била сабримдек,
Борғон сори бу ортадур, ул кам бўладур.

Бу насрий парчада ҳам Бобурнинг “уйқусизлик ва ташналиғдин бисёр ташвиш торттим” деган жумласи келтирилған рубоийдаги иситманинг маҳкам бўлиши, кўздан уйқунинг қочиши билан мантиқий боғланиб муаллифнинг юксак ташбеҳи – ғам билан сабрнинг кураши, сабрнинг камайиши ва ғамнинг юксалиши жуда юксак бадиият билан ифодаланган. Бобурнинг ана шу ички туғёнини насрда ифодалаш мушкуллиги боис, у айтганидек, уч-тўрт рубоий ёзган ва биттасини “Бобурнома”да келтирган.
Бу мавзуда Бобур яратган рубоийларда яна нималар назарда тутилган, унинг касалликдан ранж торт- ган вужудида нималар содир бўлган? Бобурни безовта этган, азоб тортишига сабаб бўлган бу даврда яратилган рубоийларнинг барчаси юқоридаги “Бобурнома”да келтирилган парчанинг деталлари – иситма, уйқусизлик, ғам ва бошқаларнинг моҳиятини янада очишга, муаллиф ҳолатини батафсилроқ етказишга хизмат қилган. Масалан, мана бу рубоийда Бобур вужудини иситма тутиши – тана ҳарорати ўта юксак бўлгани таъкидланган. Бунда муаллиф мазкур дарддан фориғ бўлиш йўлини унинг аҳволидан хабар олган “ҳабиб” — дўстининг сўроғидан сўнг кўнглига енгиллик шабадаси кириб келганлигини билдирадики, “Бобурнома” матнида мавжуд эмас:

Жисмимда иситма тобидин оташдур,
Жонимға балоу ғусса бебаркашдур.
Кўп дард ила ғамдин манга нохушлуғ эди,
Сен сўрғали, эй ҳабиб, кўнглум хушдур.

Ёки мана бу рубоий ҳам ўша пайтда – Бобур жисмини дард исканжага солганда ёзган бўлиши мумкин. Зеро, муаллифнинг тушкун кайфиятини ифодаловчи “бетоблиғ”, “беоблиғ”, “бехоблиғ” каби сўзлар аввалги рубоийларда кўзга ташланмаганки, юқоридаги мавзуни бойитган.

Ўт солди кўнгулга ранжу бетоблиғим,
Сув қилди бу хаста жонни беоблиғим.
Бу иккаласи агарчи бор муҳлику саъб,
Лек ўлтурадур тонгғача бехоблиғим.

Дарҳақиқат, Заҳириддин Бобур “Бобурнома”нинг бир неча жойида унга касаллик ташвиш келтирганлигини ёзган. Назаримизда, юқоридаги парчада келтирилганидек, 25-26 кунлик беморлик унинг умри давомида бир марта содир бўлган. Иродаси мустаҳкам, барча қийинчиликларга тоб берган Бобурдек шахс ҳам бебақо умрнинг бу имтиҳони пайтида анчагина уқубат чеккан, гоҳида тушкунликка тушган. “Кўнглимда ўту, икки кўзимда сувдур” деб дил дардини баён этган шоир қуйидаги рубоийсида яна юқоридаги рубоийлар деталлари: уйқусизлик, фироқ, беқарорлик, беором оқшомлардан фойдаланиб “Бобурнома”даги мавзуни янада ёрқинроқ ифода этади, бойитади. Ўқувчи унинг хаста ҳолига даво топишни, кўзларига уйқу бахш этишни ўйлаб қолади:

Кўнглимда ўту, икки кўзумда сувдур,
Мен хастаға раҳм қилки, ҳолим будур.
Ғам кундузию фироқ шоми янглиғ,
Туну кун менга не қарору, не уйқудур.

Биз юқорида Бобур умрининг охирида тез-тез касалликка чалингани, азоб-уқубатлар кўргани ҳақида сўз юритдик. Унинг бошига бу савдолар асосан Ҳиндистон сафари пайтида, Бобур ва унинг лашкарлари учун мутлақо бегона “боди самум”— иссиқ шамолнинг таъсирида яшаш, Иброҳим Лўдий ва бошқа ҳинд лашкарбошилари билан муҳораба олиб бориш жараёнида тушган. Ана шундай шароитда Бобур томонидан не машаққатлар билан тўпланган лашкар, беку зобитларнинг бир қисми, ноқулай об-ҳаво боис, ўз подшоҳлари ҳукмига бўйсунмай, уни ташлаб кетишга ошиқадилар(“Хейли эл боди самумнинг таъсиридин ҳар замонда йиқилиб-йиқилиб, ўла кириштилар. Бу жиҳатлардин аксар беклар ва ўбдон-ўбдон йигитлар кўнгул солиб эдилар”.). Бобур уларга қанчадан-қанча инъомлар бериб, Ҳиндистонда қолишларини истаган бўлмасин, анчагина қисми Мовароуннаҳр ва Хуросонга қайтиб кетадилар.
Бобурга хасталик ҳолати, фарзандлари — Ҳумоюн, Комроннинг ноаҳиллиги боис салтанат тарқоқлигига асос бўлувчи муносабатлари, Ҳиндистонда давлатчиликнинг мустаҳкам асосини солиш орзуси заминида бу бош-бошдоқлик, итоатсизлик унинг режасини амалга оширишига халал беради, дунёнинг, одамларнинг хиёнати боис додга келади. Масалан, “Бобурнома”да муаллиф надомат билан қуйидаги сатрларни ёзгани фикримиз далилидир: “Бу ғарибдурким, кичик-киримдин бу навбат Кобулдин отланадурғонда, бир нечани янги бек қилилиб эди. Менинг чашмдоштим булардин мундоқ эдиким, мен ўтқа, сувга кирсам- чиқсам, бетаҳоший бизлар била киргайлар ва била чиққайлар. Мен ҳар сориға бўлсам, алар менинг сори бўлғайлар; йўқким: менинг хилофи мақсудим сўз айтқайлар, ҳар иш ва ҳар муҳимнингким, борининг кенгаш ва иттифоқи била ўзумузга жазм қилдук, кенгаштин қўпмасдан бурунроқ ул сўз ва муҳимдин қайтқайлар”.
Заҳириддин Бобурнинг бу ҳасрати, надомати, қўл остидаги кишиларнинг бир ёқадан бош чиқариб, унинг амр-фармонини бажармаслиги, итоатсизликдан ташқари, лашкар тарқоқлигига сабаб бўлувчи ҳаракатлари тартиббузарлик характерига молик эди. Бобурнинг бу фикри, қўл остидаги кишиларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари, давлатдорликда юрт бошлиғига қарши бўлиш, юрт бирлигига соя солувчи ҳаракатлар бугунги кунда ҳам қораланадики, айрим кимсаларга ибрат дарси бўла олади.
Бобур мана бу рубоийни, балки, айнан шундай кайфиятда бўлган пайтида ёзгандир. Унда инсон зотидан озурдалик, киши руҳиятига соя солишга интилувчи кишиларнинг башарасини кўрасан, рубоий муаллифига ўша пайтда қанчалик мушкул бўлганлигини англайсан ҳам:

Даврон мени ўткарди сару сомондин,
Ойирди мени бир йўла хонумондин,
Гаҳ бошимға тож, гаҳ балойи таъна,
Неларки, бошимға келмади даврондин.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга ёзган мактубида ажойиб сатрлар бор. У ҳам бўлса — давлатчиликда, мамлакатни бошқаришда юрт сардори ҳамиша атрофдаги беклар, ҳаётий тажрибага эга шахслар билан машварат қилиши, ёр-биродарларини ғанимат билиб, уларнинг суҳбати ва маслаҳатларини инобатга олишига эътибор қаратилганлигини кўрамиз. Бу сатрлар, тарбиявий аҳамиятидан ташқари, темурийлар салтанатида давлатни бошқариш, айниқса, подшоҳ бир қарорга келишда бамаслаҳат иш кўриши лозимлиги талқинида берилиши диққатга молик: “ Агар менинг ризоимни тиларсен, хилватнишинлиқни ва эл била кам ихтилотлиқни бартараф қилғил. Кунда икки навбат инингни ва бекларни ихтиёрлариға қўймай, қошингға чарлаб, ҳар маслаҳат бўлса кенгашиб, бу давлатхоҳларнинг иттифоқи била ҳар сўз — унга қарор бергайсан”.
Қуйидаги рубоийда Бобур эл билан бирга бўлиш, уларнинг қадрига етиш ва ҳамиша одам бир-бирига ғанимат ва азиз бўлганлиги боис, эҳтиромини бажо келтиришдек юксак фикрни билдирганки, юқоридаги қарашларини шоирона ифодалар билан тўлдирган:

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз!
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!

Заҳириддин Бобур қайси жанрда ижод этмасин, уларнинг барчасида муаллиф таржимаи ҳоли, дунёқараши, умргузаронлик дафтарининг баёни, бир-бирини тўлдирувчи, “Бобурнома”да чала қолган фикрларнинг изоҳи, яширин сирлари бошқа бир асарида янгича жило ва мукаммалликда, шоирона бадиий талқинда ифода этилганлигини кўрамиз. Биз Бобур рубоийларидаги мавзу бирлигини фақат “Бобурнома” билан чоғиштириб, айрим мисоллар таҳлили орқали кўриб чиқдик, холос. Бу масала алоҳида тадқиқот мавзуи, уни кенг миқёсда тадқиқ этиш Бобур шахсияти ва ижодини янада теранроқ англаш имконини беради.

2008

7776

Hasan Qudratullayev
“BOBURNOMA” ASRORI KALITI

Zahiriddin Muhammad Boburning “Boburnoma” asarini adabiyotshunoslikda adib boshidan o‘tkazgan kunlar yilnomasi sifatida baholashadi. Ammo shoir — Bobur she’riyati muallifning ichki dunyosini bor shiddati bilan o‘quvchiga yetkazuvchi noyob ma’naviy xazinadir. Bobur ruboiylarida ham olam-jahon ma’no ifodalangan. Ular “Boburnoma” bilan hamohang, uni mazmunan to‘ldiradi. Agar Bobur davri, undan oldingi shoirlar ijodida ruboiy janrida an’anaviy ishq, oshiq va ma’shuq, ayrim hollarda ijtimoiy masalalar qalamga olingan bo‘lsa, Zahiriddin Bobur ruboiylarida inson ichki kechinmalarining rango-rang jilolari, uning muammolari teran aks etganini ko‘ramiz.
Zahiriddin Bobur tabiatidagi hayotdan imkon qadar bahramand bo‘lish, uning go‘zalligini anglash va nashidasini surish odati kishini hayratga soladi. 12 yoshidan ot ustidan tushmasdan bobosi Amir Temur saltanatini tiklash uchun kurash olib borgan, muhorabalarda bo‘lgan shaxs bahor nashidasidan ham bahramandlik baxtini tuyadi:

Xotirni bahor faslida gasht oladur,
Ko‘z nurini rangi lolayu dasht oladur.
Xush ulki, talalarda yurub sayr etsa,
Bu fasldakim latifu dilkash taladur.

Shoir ruboiylarining o‘ziga xos xususiyatlaridan biri — unda kichik syujet, lirik qahramon bor. Quyi- dagi ruboiyda lirik qahramonning unchalik xurram bo‘lmagan kayfiyatini mohir naqqoshdan isloh etishini so‘ragani, iltijosi mavjud. Bir qaraganda, bu to‘rt misra she’r oson mutolaa qilinadigandek, ammo muallifning shu to‘rt misraga syujet, teran fikrni jo etganiga tasanno deysan, kishi:

Naqqosh, mening holima tadbir etgil,
Bir yog‘lig‘ aro kashida tahrir etgil.
Ul safhada men xayol qilg‘on yanglig‘,
Ul yorg‘a mushkilimni taqrir etgil.

Boburning Hindiston mamlakatiga yurishi, aniqrog‘i, bu o‘lkani o‘z tasarrufiga kiritishga intilganini ayrim adabiyotshunoslar Vatandan ayriliq sifatida talqin etsalar, boshqalari sarkarda Boburning Amir Temur saltanatini qayta tiklash uchun qilingan yurishi sifatida baholaydilar. Aslida, har ikkala fikrning ham asosi bo‘lsa-da, ikkinchisi ustunlik qiladi. “Boburnoma”da mazkur masalaga anchagina oydinlik kirituvchi parcha bor. U ham bo‘lsa, Hindistonning shimoliy qismini egallagan, Ibrohim Lo‘diy va boshqa hind sarkardalari ustidan g‘alaba qozongan, ammo bu o‘lkaning barcha hududlarini hali egallashga ulgurmagan Boburning to‘ng‘ich o‘g‘li Humoyun mirzoning elchilariga bildirgan fikri mavjud. «…Tengri taolodin umidvormizkim, o‘shul yaqinda Hinduston viloyati qo‘lga kirgay. Havoxoh va yaxshi farox havsalalarimizdin Hinduston viloyatig‘a qo‘yub, o‘zumuz mavrusiy viloyatimizga borg‘aymiz(ta’kid bizniki — H.Q.). Va kerakkim, bori xalqimiz bu yurushda, Humoyung‘a yo‘ldosh bo‘lub, ixlos ko‘rsatgaylar», deb yozadi u.
Ushbu parchadan Boburning ichki kechinmalari, ruhiy holatini faqat nasriy matn talabi bilan his etamiz. Bunda adib o‘zi shoh bo‘lsa-da, yakkalikka bardosh va chidam berganligi, o‘zini g‘arib sezganligi haqida umuman so‘z yuritmaydi, balki buni Vatanga qaytish orzusi orqali ifoda etadi, xolos.
Quyidagi ruboiy esa, aynan shoh, adib Boburning ichki olamini o‘zida mujassamlagan, “Boburnoma”   matnini shu jihatdan to‘ldirganligini ko‘ramiz.

Yod etmas emish kishini g‘urbatta kishi,
Shod etmas emish ko‘ngulni mehnatta kishi.
Ko‘nglum bu g‘ariblikda shod o‘lmadi, oh,
G‘urbatta sevinmas emish, albatta, kishi.

Zahiriddin Boburning 47 yillik umri tinimsiz muhorabalar, qarindosh-urug‘lar, temuriy shahzodalar va beklarning birin-ketin qilgan xiyonatlari, farzandlarining bevaqt vafoti muhitida o‘tib, umrining oxirlarida turli kasalliklar bu irodasi mustahkam kishining ham ruhiyatiga ta’sir etgan. “Boburnoma”da biz muallifning bunday mashaqqatlarga naqadar bardosh bergani, ayrim holatlarda dardning zo‘rayishi ko‘zlariga achchiq yosh, tanasiga chidamsiz dardni keltirib chiqarganligini ko‘ramiz. Muallif shu holatlar tasvirini berar ekan, nasriy matndan ko‘ngli to‘lmaydi, ichki tug‘yoni, hasratlarini to‘la bayon eta olmaganligini sezib, ko‘pincha o‘z ruboiy, g‘azallari bilan, ayrim hollarda boshqa buyuk adiblar — Sa’diy, Hofiz she’rlari bilan nasriy matnni boyitadi. Ayniqsa, Bobur vafotidan ikki yil oldin kasallik uni ko‘p tashvishga soladi, ruhiyati tushkunlikka moyil bo‘ladi. Ushbu holat tasvirida ham “Boburnoma” matnini quvvatlashga muallif o‘z ruboiysini keltiradi. Bunda ruboiy uning ruhiyatini aniq ifoda etadi. Kasallik paytidagi tushkun kayfiyat, dard mashaqqati uning jismiga naqadar tashvish keltirgani aniq badiiy ifoda topgani bilan muhim: “Yakshanba kuni, muharram oyining o‘n oltisida isittim, titradim, navbat-navbat bo‘ldi. Yigirma besh-yigirma olti kunga tortti. Doruyi kor ichtim. Oxir basit yarashti, uyqusizlig‘ va tashnalig‘din bisyor tashvish torttim. Bu maraz ayyomida uch-to‘rt ruboiy aytildi. Ul jumladan biri budur:

Jismimda isitma kunda mahkam bo‘ladur,
Ko‘zdin o‘chadur uyqu chu oxsham bo‘ladur.
Har ikkalasi— g‘amim bila sabrimdek,
Borg‘on sori bu ortadur, ul kam bo‘ladur.

Bu nasriy parchada ham Boburning “uyqusizlik va tashnalig‘din bisyor tashvish torttim” degan jumlasi keltirilg‘an ruboiydagi isitmaning mahkam bo‘lishi, ko‘zdan uyquning qochishi bilan mantiqiy bog‘lanib muallifning yuksak tashbehi – g‘am bilan sabrning kurashi, sabrning kamayishi va g‘amning yuksalishi juda yuksak badiiyat bilan ifodalangan. Boburning ana shu ichki tug‘yonini nasrda ifodalash mushkulligi bois, u aytganidek, uch-to‘rt ruboiy yozgan va bittasini “Boburnoma”da keltirgan.
Bu mavzuda Bobur yaratgan ruboiylarda yana nimalar nazarda tutilgan, uning kasallikdan ranj tort- gan vujudida nimalar sodir bo‘lgan? Boburni bezovta etgan, azob tortishiga sabab bo‘lgan bu davrda yaratilgan ruboiylarning barchasi yuqoridagi “Boburnoma”da keltirilgan parchaning detallari – isitma, uyqusizlik, g‘am va boshqalarning mohiyatini yanada ochishga, muallif holatini batafsilroq yetkazishga xizmat qilgan. Masalan, mana bu ruboiyda Bobur vujudini isitma tutishi – tana harorati o‘ta yuksak bo‘lgani ta’kidlangan. Bunda muallif mazkur darddan forig‘ bo‘lish yo‘lini uning ahvolidan xabar olgan “habib” — do‘stining so‘rog‘idan so‘ng ko‘ngliga yengillik shabadasi kirib kelganligini bildiradiki, “Boburnoma” matnida mavjud emas:

Jismimda isitma tobidin otashdur,
Jonimg‘a balou g‘ussa bebarkashdur.
Ko‘p dard ila g‘amdin manga noxushlug‘ edi,
Sen so‘rg‘ali, ey habib, ko‘nglum xushdur.

Yoki mana bu ruboiy ham o‘sha paytda – Bobur jismini dard iskanjaga solganda yozgan bo‘lishi mumkin. Zero, muallifning tushkun kayfiyatini ifodalovchi “betoblig‘”, “beoblig‘”, “bexoblig‘” kabi so‘zlar avvalgi ruboiylarda ko‘zga tashlanmaganki, yuqoridagi mavzuni boyitgan.

O‘t soldi ko‘ngulga ranju betoblig‘im,
Suv qildi bu xasta jonni beoblig‘im.
Bu ikkalasi agarchi bor muhliku sa’b,
Lek o‘lturadur tongg‘acha bexoblig‘im.

Darhaqiqat, Zahiriddin Bobur “Boburnoma”ning bir necha joyida unga kasallik tashvish keltirganligini yozgan. Nazarimizda, yuqoridagi parchada keltirilganidek, 25-26 kunlik bemorlik uning umri davomida bir marta sodir bo‘lgan. Irodasi mustahkam, barcha qiyinchiliklarga tob bergan Boburdek shaxs ham bebaqo umrning bu imtihoni paytida anchagina uqubat chekkan, gohida tushkunlikka tushgan. “Ko‘nglimda o‘tu, ikki ko‘zimda suvdur” deb dil dardini bayon etgan shoir quyidagi ruboiysida yana yuqoridagi ruboiylar detallari: uyqusizlik, firoq, beqarorlik, beorom oqshomlardan foydalanib “Boburnoma”dagi mavzuni yanada yorqinroq ifoda etadi, boyitadi. O‘quvchi uning xasta holiga davo topishni, ko‘zlariga uyqu baxsh etishni o‘ylab qoladi:

Ko‘nglimda o‘tu, ikki ko‘zumda suvdur,
Men xastag‘a rahm qilki, holim budur.
G‘am kunduziyu firoq shomi yanglig‘,
Tunu kun menga ne qaroru, ne uyqudur.

Biz yuqorida Bobur umrining oxirida tez-tez kasallikka chalingani, azob-uqubatlar ko‘rgani haqida so‘z yuritdik. Uning boshiga bu savdolar asosan Hindiston safari paytida, Bobur va uning lashkarlari uchun mutlaqo begona “bodi samum”— issiq shamolning ta’sirida yashash, Ibrohim Lo‘diy va boshqa hind lashkarboshilari bilan muhoraba olib borish jarayonida tushgan. Ana shunday sharoitda Bobur tomonidan ne mashaqqatlar bilan to‘plangan lashkar, beku zobitlarning bir qismi, noqulay ob-havo bois, o‘z podshohlari hukmiga bo‘ysunmay, uni tashlab ketishga oshiqadilar(“Xeyli el bodi samumning ta’siridin har zamonda yiqilib-yiqilib, o‘la kirishtilar. Bu jihatlardin aksar beklar va o‘bdon-o‘bdon yigitlar ko‘ngul solib edilar”.). Bobur ularga qanchadan-qancha in’omlar berib, Hindistonda qolishlarini istagan bo‘lmasin, anchagina qismi Movarounnahr va Xurosonga qaytib ketadilar.
Boburga xastalik holati, farzandlari — Humoyun, Komronning noahilligi bois saltanat tarqoqligiga asos bo‘luvchi munosabatlari, Hindistonda davlatchilikning mustahkam asosini solish orzusi zaminida bu bosh-boshdoqlik, itoatsizlik uning rejasini amalga oshirishiga xalal beradi, dunyoning, odamlarning xiyonati bois dodga keladi. Masalan, “Boburnoma”da muallif nadomat bilan quyidagi satrlarni yozgani fikrimiz dalilidir: “Bu g‘aribdurkim, kichik-kirimdin bu navbat Kobuldin otlanadurg‘onda, bir nechani yangi bek qililib edi. Mening chashmdoshtim bulardin mundoq edikim, men o‘tqa, suvga kirsam- chiqsam, betahoshiy bizlar bila kirgaylar va bila chiqqaylar. Men har sorig‘a bo‘lsam, alar mening sori bo‘lg‘aylar; yo‘qkim: mening xilofi maqsudim so‘z aytqaylar, har ish va har muhimningkim, borining kengash va ittifoqi bila o‘zumuzga jazm qilduk, kengashtin qo‘pmasdan burunroq ul so‘z va muhimdin qaytqaylar”.
Zahiriddin Boburning bu hasrati, nadomati, qo‘l ostidagi kishilarning bir yoqadan bosh chiqarib, uning amr-farmonini bajarmasligi, itoatsizlikdan tashqari, lashkar tarqoqligiga sabab bo‘luvchi harakatlari tartibbuzarlik xarakteriga molik edi. Boburning bu fikri, qo‘l ostidagi kishilarining noo‘rin xatti-harakatlari, davlatdorlikda yurt boshlig‘iga qarshi bo‘lish, yurt birligiga soya soluvchi harakatlar bugungi kunda ham qoralanadiki, ayrim kimsalarga ibrat darsi bo‘la oladi.
Bobur mana bu ruboiyni, balki, aynan shunday kayfiyatda bo‘lgan paytida yozgandir. Unda inson zotidan ozurdalik, kishi ruhiyatiga soya solishga intiluvchi kishilarning basharasini ko‘rasan, ruboiy muallifiga o‘sha paytda qanchalik mushkul bo‘lganligini anglaysan ham:

Davron meni o‘tkardi saru somondin,
Oyirdi meni bir yo‘la xonumondin,
Gah boshimg‘a toj, gah baloyi ta’na,
Nelarki, boshimg‘a kelmadi davrondin.

Zahiriddin Muhammad Boburning o‘g‘li Humoyunga yozgan maktubida ajoyib satrlar bor. U ham bo‘lsa — davlatchilikda, mamlakatni boshqarishda yurt sardori hamisha atrofdagi beklar, hayotiy tajribaga ega shaxslar bilan mashvarat qilishi, yor-birodarlarini g‘animat bilib, ularning suhbati va maslahatlarini inobatga olishiga e’tibor qaratilganligini ko‘ramiz. Bu satrlar, tarbiyaviy ahamiyatidan tashqari, temuriylar saltanatida davlatni boshqarish, ayniqsa, podshoh bir qarorga kelishda bamaslahat ish ko‘rishi lozimligi talqinida berilishi diqqatga molik: “ Agar mening rizoimni tilarsen, xilvatnishinliqni va el bila kam ixtilotliqni bartaraf qilg‘il. Kunda ikki navbat iningni va beklarni ixtiyorlarig‘a qo‘ymay, qoshingg‘a charlab, har maslahat bo‘lsa kengashib, bu davlatxohlarning ittifoqi bila har so‘z — unga qaror bergaysan”.
Quyidagi ruboiyda Bobur el bilan birga bo‘lish, ularning qadriga yetish va hamisha odam bir-biriga g‘animat va aziz bo‘lganligi bois, ehtiromini bajo keltirishdek yuksak fikrni bildirganki, yuqoridagi
qarashlarini shoirona ifodalar bilan to‘ldirgan:

Ahbob, yig‘ilmoqni farog‘at tutungiz!
Jam’iyatingiz borini davlat tutungiz!
Chun gardishi charx budurur, Tengri uchun,
Bir-birni necha kuni g‘animat tutungiz!

Zahiriddin Bobur qaysi janrda ijod etmasin, ularning barchasida muallif tarjimai holi, dunyoqarashi, umrguzaronlik daftarining bayoni, bir-birini to‘ldiruvchi, “Boburnoma”da chala qolgan fikrlarning izohi, yashirin sirlari boshqa bir asarida yangicha jilo va mukammallikda, shoirona badiiy talqinda ifoda etilganligini ko‘ramiz. Biz Bobur ruboiylaridagi mavzu birligini faqat “Boburnoma” bilan chog‘ishtirib, ayrim misollar tahlili orqali ko‘rib chiqdik, xolos. Bu masala alohida tadqiqot mavzui, uni keng miqyosda tadqiq etish Bobur shaxsiyati va ijodini yanada teranroq anglash imkonini beradi.

2008

(Tashriflar: umumiy 116, bugungi 1)

Izoh qoldiring