O’rxon Pamuq. Deraza orti manzaralari.

033
7 июль — таниқли турк адиби Ўрхон Памуқ (Помуқ) таваллуд топган кун.

2006 йилда адабиёт соҳасида Нобел мукофотига икки ижодкорнинг номзоди киритилган эди. Бири — Адонис тахаллуси билан танилган суриялик шоир Али Аҳмад Саид, иккинчиси — туркиялик ёзувчи Ўрхон Памуқ. Барча адабий доиралар ва матбуот вакилларининг аксарияти, мукофот, албатта, Адонисга тегса керак, деган фикрда эдилар.

Аммо Швеция Академияси 2006 йил 12 октябр куни соат 14.00 да оммавий ахборот воситаларига расмий баёнот бериб, адабиёт соҳасида 2006 йилги Нобел мукофоти «Туғилган шаҳрининг ҳазин руҳи изларини кузатиб яшар экан, маданиятларнинг бир бири билан уланиши ва боғланиши учун янги размлар топган» Ўрхон Памуққа берилганини билдирди. Шундай қилиб, Ўрхон Памуқ бутун туркий дунё юртлариаро биринчи бўлиб Нобел мукофотига сазовор бўлган илк турк ёзувчиси бўлди.

077   Ўрхон Памуқ 1952 йил 7 июнда Истанбул шаҳрининг Нишонтоши туманида ўзига тўқ оиланинг кенжа фарзанди сифатида дунёга келди. Бобоси ва амакиси ҳам, отаси Гундуз Памуқ ҳам олий маълумотли ва юксак малакали муҳандис эди. Ота авлоди оппоқ лўппи юзли бўлганлари учун одамлар уларга «Памуқлар» деб лақаб қўйишган («памуқ»- «пахта» дегани), кейин улар бу лақабни ўзларига фамилия қилиб олишганди.

Онаси Шакура хоним, Усмонлилар Салтанати даврида — 1700 йилда Гирит (Крит — Ўрта денгиздаги орол) волийлигини қурган машҳур давлат арбоби Иброҳим Пошонинг авлодларидан эди. Она авлодининг оила аъзолари Истанбулнинг Жаҳонгир туманида яшардилар.

Памуқлар оиласининг бойлиги ва мол-мулкларига бобоси асос солганди. У тижоратчилик орқали жуда катта бойлик орттирди. Аммо оила энг равнақ топган бир паллада у тўсатдан оққон касалидан вафот этди. «Отам ва амаким ҳали ёш бўлганлари учун бобомдан қолган фабрикани яхши идора қилолмадилар, катта иншоот ишларига билар-билмас сармоялар сарфлаб, банкрот бўлиб, бобомдан қолган кўп молларни, биноларни, расталарни оналарига кетма-кет соттирардилар». «Онам, отам, акам, бувим, амакиларим, аммаларим, янгаларим беш қаватли бир бинонинг турли қаватларида яшардик», деб хотирлайди ёзувчи. Отаси Гундуз Памуқ халқаро ИБМ фирмасининг Туркия бўлимида Бош мудир эди.

Ўрхон Памуқ Истанбулда улғайди. Рассом бўлиш орзусида Роберт коллежида ўқиди. Кейин Истанбул техника университетининг меъморлик куллиётида ҳам уч йил таҳсил олди. Аммо рассом ҳам, меъмор ҳам бўлолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ўқишни ташлаб кетди. Вақти кўплигидан ёзувчиликда ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлди ва малакасини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезиб, Истанбул университетининг Журналистика инс­титутига кирди ва шу ерда ўқишнинг охирги йили диплом олиш учун таътилга чиқарилди. Диплом ишини ярмида қолдирди. Фақат «Қор» романини ёздию, ортиқ малака ихтисоси олганлиги тўғрисидаги диплом учун куч сарфламади.

Ўрхон Памуқ 1982 йилда уйланди. 1991 йилда Рўё исмли бир қизли бўлди. Аммо 2001 йилда оиласи билан ажрашди.

У 1985-1988 йилларда Ява университетида дунё ёзувчиларининг АҚШ ҳаётини ўрганишлари ва китоб ёза оладиган бир ҳолга эришишларига имкон берадиган курсни битирди ва ўзи айтганидай, «ҳаёти ўзгарди». Илк китобидан эътиборан Туркия ва чет элларда мукофотлар олди. Китоблари ҳам кўп сотилди ҳамда адабий жиҳатдан кўп танқидларга учради.

Ўрхон Памуқ ёзувчиликни 1974 йилда бошлади. Илк бор Меҳмет Эрўғли билан ҳамкорликда ёзган ва 1979 йилда «Қоронғилик ва нур» номи билан босилиб чиққан романи «Миллий романлар» танловида биринчи ўринни олди. Аммо 1982 йилда бу романни кенгайтириб ва тўғрилаб, «Жавдат Бей ва ўғиллари» номи билан қайта чоп қилдирди. Асар жаҳон адабиётида кўп учраган оила ҳаётини акс эттирувчи романлар типида бўлиб, тижоратчилар оиласида юз берган юксалишлар ва инқирозларни ҳикоя қиларди. Бу сафар китоб Ўрхон Камол мукофотига лойиқ деб топилди. Памуқнинг бундан кейинги ки­тоблари ҳам кетма-кет мукофотлар олишда давом этди. 1984 йилда нашр этилган иккинчи романи «Сассиз уй» «Модерн роман» мукофотини олди. Бу романнинг франтсузча таржимаси эса 1991 йилда Франтсиянинг «Оврупода кашф» мукофотига сазовор бўлди. 1985 йилда нашр этилган «Оқ қалъа» номли тарихий романи 1990 йилда АҚШда «Индепендент Аwард фор Фореигн Фиcтион» мукофотини қўлга киритди ва чет элларда янада кенгроқ донг таратди. Ўрхон Памуқ 2002 йилда нашр қилдирган «Қор» китобини «Туркиянинг этник ва сиёсий масалаларини тадқиқ этувчи сиёсий роман» сифатида таърифламоқда. Бу китоби 2004 йилда инглизчага таржима қилиниб, чоп этилганда «Йилнинг энг яхши 10 китобидан бири» сифатида кўрсатилди.

Йиллар ўтган сайин Ўрхон Памуқнинг чет эллардаги шуҳрати ортишда давом этди. 1998 йилда нашр этилган «Менинг отим қирмизи» асари 24 тилга таржима қилинди ва 2003 йилда Ирландиянинг энг катта ҳисобланувчи «Интер­натионал ИМПАC Дублин Литерарй Аwард» номли халқаро мукофотини олди.

Памуқнинг романларидан таш­қари, мақолалар ва суҳбатлар сайланмаси ҳамда бир ҳикоядан ташкил топган «Бошқача ранглар» (1999) китоби ҳам бор. Айни чоғда у «Ниқобли юз» номли киноқисса муаллифи ҳамдир, унинг стсенарийси асосида режиссёр Умар Қовур шу номли кинофилмни сувратга олган. Ёзувчининг бу стсенарийси учун 1990 йилда чоп қилдирган «Қора китоб» романидаги бир бўлим асос бўлганди. 1991 йили Анталия «Олтин пўртахол филм» фестивалида «Ниқобли юз» «Энг яхши стсенарий» номинатсияси бўйича мукофот олди.

Ўрхон Памуқ ўз мақола ва суҳбатларида инсон ҳуқуқлари, фикр эркинлиги, демократия ва шунга ўхшаш мавзулар устида тўхталади.

Ўрхон Памуқнинг романчилиги постмодерн роман категориясида баҳоланмоқда. Тадқиқотчи Йилдиз Эжевит «Ўқимоқ» («Мутолаа») номли китобида Ўрхон Памуқни авангард романчи сифатида таърифлаётир. Айниқса, «Оқ қалъа», «Қора китоб», «Янги ҳаёт», «Менинг отим қирмизи», «Қор» романлари ­постмодерн романнинг илғор намуналари сифатида саналмоқда. Бу китобларда Памуқ — ҳамма адабиёт турлари орасида янги бир ўтиш даврини бошламоқда ҳамда ўтмиш-бугун, шарқ-ғарб, анъана-модерн ва янги-эски борасида катта ўзгаришларга йўл очиб, ўзининг ана шу руҳдаги асарларини тарқатмоқда. Шу ишни амалга ошираркан, Памуқ, айниқса, постмодерн романининг муҳим бир унсури бўлган устқурма техникасини моҳирона қўллаши билан юқори натижаларга эришмоқда. Ўрхон Памуқнинг тилга оид ўйинларга рағбати йўқ, шундай бўлса ҳам асарларида омма, кўпчилик кўринади ва бир неча характерли сўзни олиб, баённи фарқли томонлардан ривожлантиради. Чунончи, «Менинг отим қирмизи» романининг ҳар бўлимида янги бир ифода намоён бўлади ва бизга ўзини ҳамда воқеаларнинг ривожини кўрсатиб беради.

Худди шу шаклда адабиёт тарихчиси Жола Парла ҳам «Дон Кихотдан то ҳозирги кунгача бўлган роман» номли кенг миқёсли асарида «Менинг отим қирмизи»дан бошлаб, Ўрхон Памуқнинг романчилигини чоғиштирма адабий гулдаста ичида тадқиқ этади. Парланинг фикрича, Памуқ турк романида бурилиш қилаётган бир ёзувчидир. Шарқ-ғарб муаммолари бўйича эстетик майдонда катта меҳнат қилган Аҳмет Ҳамди Тонгпинар ва Ўғуз Отой каби залворли ёзувчилардан биридир Памуқ. У, бу муаммоларни маданий ва фалсафий маънолари билан адабиётга олиб киришда, айниқса, «Қора китоб» романи(1990)да ўзини намоён этди ва бу асар мазкур мавзуни тадқиқ этиш учун намунали матн бўлиб қолди.

Хуллас, Ўрхон Памуқ ҳозир 10 та китоб муаллифи бўлса, 11 марта мукофотга сазовор бўлган, 30 тилга таржима қилинган ва Туркия ҳамда бутун дунёда танилган муаллифдир, китобларининг 2 миллионга яқин нусхаси сотилган.

Ўрхон Памуқнинг Нобел мукофотига сазовор бўлиши муносабати билан интернетда тарқатилган маълумотларнинг қисқача баёни асосан шулардан иборат. Унинг ана шу мукофотни олган «Истанбул. Хотиралар ва шаҳар» китоби Истанбулда 2003 йилда босилган ва бу кунгача турк тилида 9 марта нашр этилган. Асарда ёзувчининг ўзини «мен» сифатида илк бор таниган пайтлари, онаси, отаси, бутун оиласининг ички дунёси ҳақидаги ҳикоя, ҳазинлик ва саодат манбаи бўлган Истанбул кўчаларида очилади. Давримизнинг таниқли ёзувчиси 1950 йилларнинг Истанбул кўчаларини, тош қоплаган проспектларини, ёнган ё йиқитилган ажойиб меҳмонхоналарини, қадим маданиятнинг излари йўқолиб кетаётганини, унинг куллари ва қолдиқлари узра бир янгисининг тикланишидаги қийинчиликларни ўсмир назари билан кашф этаркан, Памуқнинг руҳий дунёси қандай камол топганини бир детектив романни ўқигандай сабрсизлик билан ўқиймиз. Бу асл ва ўхшаши йўқ асарда, қўлдан қўйиб бўлмайдиган китобларга хос руҳ ва туйғу бирлиги бор.

Жаҳон адабиётида болалик тарихлари ҳақида кўпдан-кўп бадиий асарлар ёзилган. Аммо Ўрхон Памуқнинг бу китобини уларнинг ҳеч бирига ўхшатиб бўлмайди. Биринчидан, тасвир учун олинаётган воқеаларда қамров кенглиги, мавзу ичига киришдаги фикр теранлиги ва ҳар доим ўқувчи қалбини ларзага солиб борувчи ҳазинлик ва самимийлик бир оҳанрабодек ўзига жалб этади.

Ғамгинлик руҳининг ҳақ­қонийлиги борасида ўқувчида ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди. Чунончи, Памуқлар хонадонидаги бўҳронлар (бобосининг ўлимидан кейин отаси ва амакиларининг уқувсизликдан сина бориши, ака-укалар ўртасидаги келишмовчиликлар, ота-онасининг айрим-айрим ҳаётлари) ёш Ўрхоннинг қалбини зирқиратса ҳам, иккинчи томондан, бу хонадондаги совуқ ва ёқимсиз ҳаёт, қилар иши тайини йўқ бувисининг бекорчиликдан қарта, ҳатто қимор ўйнаб кун кечиришлари бу ҳаётнинг таназзулга кетиши муқаррарлигини ички оғриқ билан ҳис қилади. Ўрхон, албатта, бувиси ўзининг дастлабки устози бўлганини миннатдорлик билан хотирлайди. Памуқ бу асарида Истанбулда яшаб ўтган бир қатор фидойи инсонлар ҳаётини ҳам ачиниш билан тасвирлаб ўтади.

Шунингдек, китобда Истанбулнинг қурилишлари ва бунга алоқадор бузилишлари, йиқитишлар ва ёқишлар, янги иншоотлари ҳақида, буни ўз ижодида акс эттирган миллий ва хорижий рассомларнинг фаолиятлари, Рашот Акрам Қўчу сингари шаҳар энтсиклопедистлари (қомусчи, билим тўпловчилари) ҳақида ҳам кўп ғаройиб воқеаларни, инсон манзараларини келтирган.

Бойлар ва камбағаллар муаммоси устида тўхталаркан, бойларнинг зулмларини қабул қилолмаслиги, шунингдек, камбағалларнинг ялқовликлари, лоқайдликларини ҳам хуш кўрмаслигини кўп ўринларда таҳлил қилиб ўтади.

У тараққийпарвар бойларнинг яхши фаолиятлари билан бир қаторда (чунончи, Саҳиб Сабанчи 1990 йилдан кейин ўз уйида Истанбулнинг энг яхши махсус музейини барпо этгани), ўз бойликларини пора воситасида орт­тирганлар ва бой бўлиб олгандан кейинги умрини на ўқиш, на ўқитишга, на-да шахмат ўйинига сарфлашни хаёлига келтирмайдиганлар ҳам борлигини таъкидлайди.

Китобда яна ғарблашишнинг фойда ва зарарлари, миллий маҳдудликнинг келтирадиган зиёнлари, расм солишнинг завқ­лари, Бўғоздан ўтувчи кемалар, уй ўзгартириш ва бошқа фалокатлар, оила бахтиёрлиги, сабр, эҳтиёт, санъат, биринчи муҳаббат — хуллас, жуда кўп ва муҳим инсоний қадриятлар бадиий тадқиқ этилади ва китобхонни гўзал туйғулар, ўйлар, билимлар билан бойитади.

078

077Ўрхан Памуқ 1952 йил 7 июнда Истанбул шаҳрининг Нишонтоши туманида ўзига тўқ оиланинг кенжа фарзанди сифатида дунёга келди. Бобоси ва амакиси ҳам, отаси Гундуз Памуқ ҳам олий маълумотли ва юксак малакали муҳандис эди. Ота авлоди оппоқ лўппи юзли бўлганлари учун одамлар уларга «Памуқлар» деб лақаб қўйишган («памуқ»- «пахта» дегани), кейин улар бу лақабни ўзларига фамилия қилиб олишганди.
Ўрхон Памуқ Истанбулда улғайди. Рассом бўлиш орзусида Роберт коллежида ўқиди. Кейин Истанбул техника университетининг меъморлик куллиётида ҳам уч йил таҳсил олди. Аммо рассом ҳам, меъмор ҳам бўлолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ўқишни ташлаб кетди. Вақти кўплигидан ёзувчиликда ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлди ва малакасини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезиб, Истанбул университетининг Журналистика институтига кирди ва шу ерда ўқишнинг охирги йили диплом олиш учун таътилга чиқарилди. Диплом ишини ярмида қолдирди. Фақат «Қор» романини ёздию, ортиқ малака ихтисоси олганлиги тўғрисидаги диплом учун куч сарфламади.
У 1985-1988 йилларда Ява университетида дунё ёзувчиларининг АҚШ ҳаётини ўрганишлари ва китоб ёза оладиган бир ҳолга эришишларига имкон берадиган курсни битирди ва ўзи айтганидай, «ҳаёти ўзгарди». Илк китобидан эътиборан Туркия ва чет элларда мукофотлар олди. Китоблари ҳам кўп сотилди ҳамда адабий жиҳатдан кўп танқидларга учради.
Ўрхон Памуқ ёзувчиликни 1974 йилда бошлади. Илк бор Меҳмет Эрўғли билан ҳамкорликда ёзган ва 1979 йилда «Қоронғилик ва нур» номи билан босилиб чиққан романи «Миллий романлар» танловида биринчи ўринни олди. Аммо 1982 йилда бу романни кенгайтириб ва тўғрилаб, «Жавдат Бей ва ўғиллари» номи билан қайта чоп қилдирди. Асар жаҳон адабиётида кўп учраган оила ҳаётини акс эттирувчи романлар типида бўлиб, тижоратчилар оиласида юз берган юксалишлар ва инқирозларни ҳикоя қиларди. Бу сафар китоб Ўрхон Камол мукофотига лойиқ деб топилди. Памуқнинг бундан кейинги китоблари ҳам кетма-кет мукофотлар олишда давом этди. 1984 йилда нашр этилган иккинчи романи «Сассиз уй» «Модерн роман» мукофотини олди. Бу романнинг франтсузча таржимаси эса 1991 йилда Франциянинг «Оврупода кашф» мукофотига сазовор бўлди. 1985 йилда нашр этилган «Оқ қалъа» номли тарихий романи 1990 йилда АҚШда «Индепендент Авард фор Фореигн Фиктион» мукофотини қўлга киритди ва чет элларда янада кенгроқ донг таратди. Ўрхон П
амуқ 2002 йилда нашр қилдирган «Қор» китобини «Туркиянинг этник ва сиёсий масалаларини тадқиқ этувчи сиёсий роман» сифатида таърифламоқда. Бу китоби 2004 йилда инглизчага таржима қилиниб, чоп этилганда «Йилнинг энг яхши 10 китобидан бири» сифатида кўрсатилди.
Йиллар ўтган сайин Ўрхон Памуқнинг чет эллардаги шуҳрати ортишда давом этди. 1998 йилда нашр этилган «Менинг отим қирмизи» асари 24 тилга таржима қилинди ва 2003 йилда Ирландиянинг энг катта ҳисобланувчи «International IMPAC Dublin Literary Award» номли халқаро мукофотини олди.
Памуқнинг романларидан ташқари, мақолалар ва суҳбатлар сайланмаси ҳамда бир ҳикоядан ташкил топган «Бошқача ранглар» (1999) китоби ҳам бор. Айни чоғда у «Ниқобли юз» номли киноқисса муаллифи ҳамдир, унинг сценарийси асосида режиссёр Умар Қовур шу номли кинофилмни сувратга олган. Ёзувчининг бу сценарийси учун 1990 йилда чоп қилдирган «Қора китоб» романидаги бир бўлим асос бўлганди. 1991 йили Анталия «Олтин пўртахол филм» фестивалида «Ниқобли юз» «Энг яхши сценарий» номинацияси бўйича мукофот олди.
Ўрхон Памуқ ҳозир 10 та китоб муаллифи бўлса, 11 марта мукофотга сазовор бўлган, 30 тилга таржима қилинган ва Туркия ҳамда бутун дунёда танилган муаллифдир, китобларининг 2 миллионга яқин нусхаси сотилган.

078

043
Ўрхон Памуқ
ДЕРАЗА ОРТИ МАНЗАРАЛАРИ
“Истанбул. Хотиралар ва шаҳар” китобидан Миразиз Аъзам таржимаси
002

1

Ҳеч нарса кўриб ҳам, тинглаб ҳам бўлмаса, бу — ҳаёт эмас, зерикишнинг ўзгинаси. Болалагимдан зерикиш билан қандай курашиб келинганини гувоҳи бўлганман – радио тинглашган, дераза ортидан кўчани кузатишган, ўтаётган одамлар, дераза қаршисидаги уйларни томоша қилишган. 1958 йилларда ҳали Туркияда телевизорлар оммалашмаган эди. Бутунлай бўлмаган эди, деб бўлмайди. «Бўлмаган» сўзи кўпроқ Истанбул кинотеатрларида «Ҳали прокатга олиб келинмади» деган сўзларга оҳангдош эди, холос. Аслида, ўша турли Голливуд мелодраммалари уч-беш йил олдин суратга олинган бўлиб чиқарди.

Дераза ортидан кузатиш шу қадар табиий одатга айландики, телевизорлар пайдо бўлганидан сўнг ҳам одамлар дераза ортидан туриб, кузатишни тарк этмадилар. Отам, амаким ва бувим телевизордан кўз узмай, суҳбатлашишар ва жанжаллашиб ҳам олишарди. Бир-бирларига қарамай, деразадан ташқарини кузатиб ўтиришгандай бир-бирларига шу ҳақда айтишарди.
— Бу қиш қор узоқ туриб қолади, — дерди эрталабдан буён ёғаётган майда-майда қорни кузатиб холам.
— Буниси – ҳолва. Сотувчи яна Нишонтоши бурчагида туриб олибди, — дердим бошқа деразадан трамвай йўллари бўйлаб кузатарканман кўчани.

Бозор кунлари амаким, холам ва бизнинг оила бувимникида тушлик қилардик. Ҳаммамиз битта уйда, фақат бошқа-бошқа қаватларда яшардик. Дастурхон тузатишларини кутганча дераза ортидан кўчани кузатиб турар эканман, мен ўзимни туғишганларим, қариндош-уруғларим орасида шундай бахтли сезардимки, ҳатто катта столни хирагина ёритиб турган хира биллур қандиллар ҳам кўзимга ярқираб кўринарди.Бувимнинг ошхонаси ҳамиша ним ёруғ, бошқа хоналари ҳам худди шундай, балки бундан-да қоронғуроқ бўларди. Бу балким ҳеч очилмайдиган балкон эшикларига осиб ташланган оғир дарпардалардан тўкилаётган, сирғалиб тушаётган соялардандир, балким дим хоналарда ўтириб қолган ҳидлардандир. Бу хоналар садафдан ясалган асбоблар-ашёлар,кўчма пардалар, эски сандиқлар, катта-кичик столлар, улкан думли роял, унинг устидаги рамкали фотолар ва бир уюм бошқа нарсаларга тўла. Тушликдан сўнг амаким ошхонага ёндош хоналардан бирида тамакисини тутатарди.
— Менда футбол ўйинига чипта бор, лекин ўзим боролмайман, — деди у бехосдан.- Сизларни ўйинга отангиз олиб бора қолсин.
— Ота, бизни футболга олиб боринг, — илтимос қилди акам.
-Болалар очиқ ҳавога ҳам чиқишган бўларди, — деди онам меҳмонхонадан туриб.
— Ўзинг олиб бор,- деди отам онамга.
— Онамникига кетаяпман, — эътироз билдирди онам.
— Мен бувимникига бормайман, — деди акам.
— Машинамни бера қоламан, — деди қатъийлик билан бувам.
— Ота, олиб бора қолинг, илтимос, — туриб олди акам.

Узоқ вақт орага ғалати жимлик чўкди. Меҳмонхонада ўтирганганларнинг бари отамнинг оғзидан чиқадиган сўзга қараб туришарди. Отам эса буни сезиб :
— Машинамни бериб тураман, деяпсизми? – деб сўради у ниҳоят бувамдан.
Онам бизга қалин иссиқ пайпоқ ва катак-катак иккитадан свитер кийгизаётган пайтда отам узун даҳлизда сигарет чекканча у ёқдан- бу ёққа бориб келаётган эди. Бувамнинг тўқ кўк ранг машинаси Ташвиқий масжиди ёнида ёпиғлиқ турарди. Отам иккимизни машинага ўтқазгач, моторни бир ёқишдаёқ ўт олдирди.
Стадионда одам сийрак эди.
— Манови чипта икковига, — деди отам чипта текширувчисига.- Бири саккиз, иккинчиси ўн бир ёшда.
Чипта текширувчининг ўткир нигоҳларидан ўтиб, ичкарига кирдик. Кўп ўриндиқлар бўш экан, дарҳол жой топиб ўтириб олдик.
Команда нам майдонга тушиб келди. Менга футболчиларнинг оппоқ калта иштонда тушиб келиб, совуқ қотмаслик учун майдонда сакрашлари ёқди, уларни мароқ билан кузатардим.
— Қара, Кючюк Мехметни кўраяпсанми, — кўрсатди акам улардан бирига кўрсаткич бармоғини нуқиб. – Уни ёшлар командасидан олишибди.
— Ўзим ҳам биламан.
Ўйин бошланди, нафасимизни ичимизга ютиб, ўйинни томоша қила бошладик. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, менинг кўзим ўйинда-ю, хаёлим бошқа томонларга кетиб қолди. Нега футболчиларнинг кийимлари бир хилда-ю, исмлари турлича? Назаримда, стадионда ўйинчилар эмас, уларнинг исмлари югуриб юргандек эди. Ўйинчиларнинг уст-бошлари борган сари ифлосланиб борарди. Менинг эътиборимни аста-секин сузиб келаётган пароходнинг трубаси тортди. Биринчи тайм якунлангунча ҳам дарвозага тўп ура олишмади, танаффус пайтида нон билан ширин нўхат сотиб олдик.
— Ота, мен ҳаммасини ея олмайман, — дедим.
— Қолганини анави ерга қўйиб келақол, -деди у, — ҳеч ким кўрмайди.

Биз ҳам исинишга уриндик, оёғимизни оёғимизга ура бошладик. Учаламиз ҳам шимимизнинг чўнтагига қўлимизни солиб, футбол майдонига орқа ўгирилиб, бошқа томошабинларни кузата бошладик. Тўсатдан оломон орасидан кимдир отамни чақириб қолди. Отам эса унинг гапларини эшитолмас, қўлларини қулоғи ортига тутиб, диққат билан қулоқ тутди.
— Боролмайман, — деди у қўллари билан бизни кўрсатиб, — болаларим билан биргаман.
Сиёҳранг шарфдаги. одам атрофдагиларни нари-бери итариб, биз томонга ошиқди.
-Булар сенинг болаларингми? – деди у отам билан қучоқлашиб кўришар экан.- Ишонгим келмаяпти, катта бўлиб қолишибди-ку!

Отам мийиғида кулиб турарди.
— Қачон катта қилиб улгурдинг? – тинмай жаврарди отамнинг таниши бизга ажабланиб қараркан. – мактабни битирибоқ уйлангансан-а?
— Ҳа, — деди отам танишининг юзига қарамай.
Улар гаплаша бошлашди. Сиёҳранг шарфли киши бизнинг кафтимизга биттадан америка пистасидан тутқазди. У кетгач, отам ўриндиққа ўтириб, узоқ сукут сақлади.
Футбол командаси ўйин майдонига тоза кийимда югуриб чиқиб, келишаётганда, отам:
— Уйга кета қолайлик. Совуқ тушиб қолди, — деди.
— Мен совқотмаяпман, — деди акам.
— Йўқ, совуқ-ку. Али совқотиб қолади. Қани, ўринларингдан туринглар-чи. – тиззаларни бир-бирига уриб, ўтирганларни оёққа туришларига мажбур этдик. Биз ўйин майдонини тарк этаётганимизда, ҳакамнинг ҳуштаги эшитилди. Иккинчи тайм бошланган эди.
— Совқотдингми? – сўради акам мендан. – нега отамга совқотмадим, деб айтмадинг?
Акамнинг гапига жавоб қайтармадим.
— Аҳмоқ, -деди у.
— Иккинчи таймни уйда радиодан эшитарсан, — деди отам.
— Бу ўйинни радиодан бермайди , — жавоб қайтарди акам.
— Секин, — деди отам. – бўлмаса, ортимизга Таксим орқали қайтиб борармиз.
Биз индамай йўлда давом этдик.
Отам машинани Таксим орқали ҳайдади.
— Эшикни ҳеч кимга очманглар. Мен тезда қайтаман.

У машинадан тушди. Машина эшигини калит билан қулфлагач, биз ичкарида қамалиб қолдик. Отам билет сотувчи ёнига бормади. У бошқа тарафга тез юриб, дўконга кириб кетди. Дўкон деразасидан осиб қўйилган катта – катта самолётлар, кемалар, гўзал маназарали плакатлар кўриниб турарди.
— Отам қаерга кетаяптилар?
— Уйга борганимиздан кейин «Тоқ ва жуфт» ўйинини ўйнаймиз, -деди акам саволимга жавоб бермай.
Отам қайтиб келгач, тезлик узатиш дастасини бураб, тезликни кўтарди. Биз Нишонтоши майдонига етиб келдик. Отам машинани мачит ёнига тўғрилаб қўйди ва Оловуддин дўкони ёнидан ўтиб кетаётганимизда:
— Сизларга бирон нарса олиб бермоқчиман, фақат сақич олиб беришимизни сўраманглар, — деди.
— Отажон,ундай қилманг, — ялиндик биз.

Отам Оловуддин дўконига кириб, биз хуш кўрадиган сақичдан олиб чиқди. Биз подъездга киргач, бесаранжом бўлиб қолдим. Лифт ичида ҳожатга чиққим келиб қолса бўладими?! Уйимизнинг ичи иссиққина эди. Ойим ҳали бувимникидан қайтиб келмаган экан. Биз отам олиб берган сақичнинг ўрамини шоша-пиша очиб, қоғозини ерга ташладик. Сақичимнинг ўрамидан Февзи Чакмак Пошша сурати, бошқасидан Чарли Чаплин ва жангчи Халита Капланнинг сурати чиқди. Ганди, Моцарт ва де Голля, Отатуркнинг икки қаватли хатчўпдаги тасвири, Грета Гарбонинг 21-рақамли остидаги тасвири – бундай хатчўплар акамда йўқ эди. Қўлимда роппа-роса 173 та хатчўпим бор, бироқ ҳамма серияларни тўплаш учун менга яна 27 та турли хатчўплар керак эди. Акамнинг қўлига маршал Февзи Чакмак Пошшо акс эттирилган тўртта хатчўп, Отатуркнинг сурати бор бештта хатчўп, Эдисон суратли битта хатчўп тушиб қолди. Биз оғзимизни сақич билан хатчўпнинг орқа томонига ёзилган сўзларни ўқий бошладик: «Маршал Февзи Чакмак (1876-1950), Озодлик уруши бош қўмондони. «Машҳурлар» сериясидан 1000 та турли хатчўпли тўплам йиғинг ва теридан ясалган футбол тўпини Мамбо Шикер Чаклет Санайи томонидан туҳфа сифатидан қабул қилинг.
Акам қўлидаги қоғозли сақичдан чиққан расмлари кўпайиб қолганини айтди.
-«Тоқ ва жуфт « ўйинини ўйнаймизми?–сўради у.
— Йўқ, — дедим.
— Менинг ўн иккита Февзи Чакмакимга битта Грета Гарбони алмашасанми? Шунда сенда роппа-роса 184 та бўлади.
— Йўқ, алмашмайман, — жавоб қайтардим мен.
— Сенда Грета Гарбодан иккита-ку.
Мен индамай туравердим.
— Эртага эмлаётган пайт ёнимга югуриб келма, хўпми?
— Келмайман ҳам.

Кечки овқатни жимгина танаввул қилдик. Ҳаммамиз «Спорт дунёси» кўрсатувини кўриб, ўйин 2:2 билан якунланганини эшитдик. Онам бизни уйқуга ётқизиш учун хонамизга кириб келди. Акам папкасини сарамжомлаётганди, мен меҳмонхонага югуриб чиқиб кетдим. Отам дераза ёнида кўчага қараб турарди.
-Ота, мен эртага мактабга бормайман.
-Нималар деяпсан, ўғлим?
— Эртага бизни эмлашмоқчи, — дедим мен.- Иссиғим чиқиб, нафасим сиқилиб қолади. Ойим биладилар.

Отам менга индамай қараб турарди. Мен қоғоз-қалам олиб келиш учун югуриб чиқиб кетдим.
— Ойингни бундан хабари борми? – сўради отам ўқиб, ниҳоясига етказа олмаётган қандайдир қоғозга мук тушиб. – Мактабингга албатта борасан. Мен сени эмламанглар, деб ёзиб бераман.
Отам хат ёзиб берди. Сиёҳи қуримаган хатни пуфлаб қуритдим-да, буклаб чўнтагимга солиб қўйдим.Хонамга кириб, хатни сумкамга солиб қўйдим. Каравотда сакрай бошладим.
— Эсингни йиғиб ол,- деди онам. — Қани, ухла-чи.

2

Мактабда танаффус пайти иккитадан қилиб қаторлаштиришганча эмлаш учун ошхонага олиб тушишди. Эмлаш пайтида кимдир йиғларди, кимдир қўрқув билан ўз навбатини кутарди.Спиртнинг ҳидидан юрагим ғалати бўлиб кетди. Мен қатордан чиқиб, зинапоя ёнида турган ўқитувчининг ёнига келдим.
— Нима бўлди? – сўради ўқитувчим.

Мен чўнтагимдан отам ёзиб берган хатни чиқариб, ўқитувчимнинг қўлига тутқаздим. У афтини бужмайтириб, хатни ўқиди.
— Сенинг отанг доктор эмас-ку, — деди у:- Яхши, тепага тушиб чиқай-чи. 2 «а»нинг ёнида тур.
2 «а» синфида менга ўхшаш олти-еттича «сабабли» болалар бор эди.Улардан бири диққат-эътиборини деразага қаратган эди. Коридордан қичқириқ ва йиғи овози эшитилар, семиз, кўзойнак таққан, навбатчи писта чаққанча Киновнинг китобини ўқирди. Эшик очилиб, директор ёрдамчиси Сайфибей кириб келди.

-Сизлардан қай бирингиз ҳақиқатдан ҳам касал бўлсангиз керак, — дея гап бошлади у. – Агар кимнингдир ҳақиқатдан ҳам узрли сабаби бўлса, унда эмламасликка мажбурмиз. Тез орада ўсиб улғаясиз. Она-Ватан учун хизмат қиласиз. Мустақил ҳаётга йўл оласиз. Бугун кимдир эмлашдан қочса, келгусида Ватанига номуносиб фарзанд бўлиб етишади. Ўғил болалар учун бу уят!
Орага узоқ вақт жимлик чўкди. Мен Отатурк портретига тикилиб туриб, кўзимга ёш қалқиди. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандек синф томонга қараб кета бошладик. Эмланган болалардан қай бирлари қўлларини авайлаганча, қай бирлари кўзлари тўла ёш билан, хуллас, барчаси афтлари оғриқдан зўриқиб,синф хонасига кириб кела бошладилар.
— Кимнинг уйи яқин бўлса, рухсат, кетаверинглар, — деди ўқитувчимиз. – Уйидан келиб олиб кетувчилар охирги қўнғироққача ўтирадилар. Бир-бирингиз билан уришманглар, қўлларингизни эҳтиёт қилинглар. Эртага мактабга келманглар. Ўқиш бўлмайди.

Ҳамма ўқувчилар севинганларидан қичқириб юборишди. Мен қўлимга сумкамни олдим-да, кўчага чиқдим ва югура бошладим. Қорабата гўшт дўконининг олдида юк турар, нўхталанган отлар йўлимни тўсиб қўйишган. Мен уларнинг ёнидан сирғалиб ўтдим, кўчани кесиб ўтдим-да, йўлакчамга тушиб олдим. Тайёр кийимлар сотиладиган Хайри дўкони, гул сотувчи Солиҳнинг ёнидан чопиб ўтдим. Эшикни уйимизнинг эшикбони Нозим афанди очди.
— Нега мактабдан барвақт келдинг? – деб сўради у.
— Бизни мактабни эмлашган эди, шунинг учун барвақт қўйиб юборишди, — жавоб бердим мен.
— Аканг қани? Бир ўзинг қайтиб келдингми?
— Ҳа, трамвай йўлидан ўзим ўтдим. Эртага ўқишга бормас эканмиз.
— Ойинг уйда эмас ,шекилли, — деди у. – Бувингни ёнига чиқақол.
-Уйимга бораман, — дедим мен. – Мазам йўқроқ. Илтимос, эшикни очиб берсангиз.

У девордан калитни олди ва биз лифтга чиқдик. Лифтнинг ичи тутунга тўлиб кетибди, кўзим ёшланди. Нозим афанди эшигимизни очиб берди.
— Эҳтиёт бўл, электр анжомларини ўйнама тағин, — эшикни бекитаркан, ташқарига чиқиб кетди.
Уйда ҳеч ким йўқлигини билиб турсам-да, бор овозим билан:
— Уйда ким бор? — деб қичқирдим.

Мен сумкамни қўйиб, акамнинг жавонини очдим-да, кино билетлари йиғилган коллекциясини томоша қила бошладим. Буларни у менга кўрсатмасди-да. Футбол ўйинлари босилган газеталардан йиғиб олиб, дафтарига ёпиштирган суратларни томоша қилишга берилиб кетганимдан эшикка калит солиб очаётганларини пайқамабман ҳам. Қўрққанимдан қотиб қолдим. Уйга кириб келаётган кимсанинг қадам товушидан онам эмас, отам эканлигини пайқадим. Мен эҳтиётлик билан чипта ва дафтарни акамнинг жавонига солиб қўйдим. Отам ётоқхонага кириб, шкаф эшигини очиб, уни кўздан кечирди.
— Шу ердамисан? — деди у.
— Йўқ, Париждаман, — дедим мен мактабда болалар берадиган жавобларга тақлид қилиб. – Бугун синфимиздагиларни эмлашди.
— Аканг кўринмайдими? – сўради у. Яхшиси, хонангга бор-да, тўпалон қилмай ўтир.
Мен хонамга кириб, пешонамни дераза ойнасига тираганча, ташқарини кузата бошладим. Тарақлаган овоздан отам шкафдан жамадонини олаётганини сездим. Бироз вақт ўтиб, у шкафдаги шим, свитер, ички кийимлари, кўйлак, пайпоқларини олаётганини пайқадим. Уларни жамадонга солаётган эди. Ювиниш хонасига кириб чиқди-да, сўнг жамадонини шарақлатиб қулфлади.
— Бу ерда нима қилаяпсан?
— Деразадан ташқарига қараяпман.
— Қани, ёнимга кел-чи.
Отам елкамдан қучди, шу куйи узоқ вақт деразадан ташқарига қараб турдик.Қаршимиздаги уй ўртасидаги баланд бўйли сарв дарахти учлари шамолда оғир чайқалишарди. Мен отамнинг қадрдон ва азиз ҳидини туйдим.
— Мен узоққа кетаяпман, — деди у мени ўпиб қўяркан. – Онангга ҳеч нарса дема. Кейин ўзим айтаман.
— Самолётда учиб кетасизми?
— Ҳа, — деб жавоб берди у. – Парижга учаман. Ҳеч кимга ҳеч нарса дема.
Отам чўнтагидан катта танга пул олди-да, менга берди.
— Ҳеч кимга ҳеч нима дема, — деди у бетимдан ўпиб қўяркан. – Мени бу ерда кўрганингни ҳам ҳеч кимга айтма.
Пулни дарҳол чўнтагимга солиб қўйдим. Отам мени қучоғидан чиқариб, жамадонини кўтариб олди.
— Отажон, кетманг, — ялиндим мен. У мен яна қучиб ўпди-да, чиқиб кетди.
Мен дераза ёнига бориб, унинг ортидан қараб қолдим. Отам Оловуддин дўкони томон йўл олди, йўлда келаётган таксини тўхтатди. Таксига ўтиришдан аввал уйимиз томон ўгирилиб қаради-да, менга қўлини силкиди. Мен ҳам қўл силкитиб қўйдим. Отам машинага ўтирди, йўлга тушди.
Мен отамнинг ортидан узоқ қараб қолдим. Бу орада бир трамвай, сўнг от тортиб келаётган сув араваси ўтди.
Нозим афандини чақирдим.
Уйга кириб келаркан:
— Сен қўнғироқ қилдингми? Қўнғироқни ўйнама дегандим-ку. – деди у.
— Манави икки лирага, — дедим унга. – Оловуддин дўконига бориб, менга «Машҳурлар» сақичидан олиб келиб беринг. Қайтимини қайтариб берарсиз.
-Пулни отанг бердими? – сўради у. — Қара, яна онанг хафа бўлиб юрмасин.
Мен унга лом-лим демадим, у кетди. Мен унинг ортидан кузатиб, Оловуддин дўконига киришини томоша қилиб турдим. Орадан бироз вақт ўтгач, у дўкондан чиқиб келди. Қаршимиздаги уйдан чиқиб келган ўша уйнинг эшикбони билан учрашиб қолди ва иккаласи гаплаша кетди.
Ёнимга келиб, айтган нарсам билан қайтимни қўлимга тутқазди. Мен шошилмасдан сақичнинг ўрамини оча бошлдаим. Яна маршал Февзи Чакмакдан учта хатчўп, битта – Отатурк, Линдберг – бунақаси менда йўқ эди. Леонардо да Винчи, Қонун султон Сулаймон, Черчелл, генерал Франко ва акамда бўлмаган 21 –рақамли Грета Гарбо тасвири туширилган битта хатчўп. Шундай қилиб, менда 183 та хатчўп бор, футбол тўпига эга бўлишим учун яна 27 та турли хатчўплар зарур.
Мен биринчи бўлиб Атлантика бўйлаб самолёти билан учиб ўтган Линдберг тасвири туширилган хатчўпни томоша қилиб ўтирардим. Калит товуши эшитилди ва эшик очилди. Онам! Мен тезда полда сочилиб ётган нарсаларни йиғдим-да, уларни ахлат қутисига ташлаб юбордим.
— Эмлашган эди, шунинг учун уйга барвақт келдим, — дедим онамга. – Ҳар хил касалликларга чалинмасликларим учун эмлашди.
-Аканг қаерда?
— Уларнинг синфини ҳали эмлашмади,- жавоб бердим онамга.- Бизнинг синфимиздагиларга жавоб бериб юборишди. Йўлдан ўзим ўтиб келдим.
— Ҳеч қаеринг оғримяптими?
Индамадим. Орадан бироз дақиқалар ўтгач, акам кириб келди. Унинг қўли оғриётган эди. У каравотга ётди, ўнг қўлини авайлаб, уйқуга кетди. Акам уйғонганида атрофга қоронғулик ўз чодирини ёпган эди.
— Ойи, жудаям оғрияпти,- деди у.
— Кечга бориб, иссиғинг ҳам чиқиши мумкин, — деди онам бошқа хонада оқлиқларни дазмолларкан. – Али, сенинг ҳам қўлинг оғрияптими? Қимирламай жим ётинглар.
Биз онамнинг айтганини қилиб, жим ётдик. Акам бироз мизғиб олгач, спорт ҳақидаги газетани ўқий бошлади. Сўнг иккинчи таймда қолмай, тўртта гол урилганини кўролмай қолганимизга мен айбдор эканлигимни айтди.
— Нима майдондан биз кетмаганимизда бу голлар дарвозага урилмаган бўлармиди? – бўш келмадим мен.
— Нима ?! – ўшқирди акам.
Акам яна ухлаб қолди. Уйқудан уйғониб, олтита Февзи Чакмак суратига тўртта Отатурк ва учта Грета Гарбо тасвирини алмаштириб беришимни сўради. Мен рози бўлмадим.
-«Тоқ ва жуфт» ўйинини ўйнаймизми? – деди акам.
— Ўйнасак, ўйнайверамиз!
Бу ўйинда кафтларингга «Машҳурлар» сериясидаги хатчўпларни териб қўясан. Устими-ости деб сўрайсан. У ости деса, сен пастдаги хатчўпни суғурасан. Унга қарайсан, рақамини кўрасан. Масалан, №78, Рита Ҳайворт. Устидаги хатчўп эса — №18. Данте. Шунда пастдаги хатчўплар қўлингдан чиқиб кетади, сен ўзингда кўп бўлган хатчўплардан бирини шеригингга берасан. Кечгача Февзи Чакмак хатчўпи мен билан акам ўртасида роса югурди.
Кечки овқат пайтида онам:
— Бирингиз отангиз келганми-йўқми билиш учун юқоридан хабар олинглар-чи, — деди.
Ака-ука юқорига кўтарилдик. Бувим билан бувам ҳордиқ чиқаришмоқда эди, отам кўринмасди. Биз радиодан янгиликларни эшитиб, газетада ёритилган спорт саҳифасини ўқидик. Бувим билан бувам кечки овқат танаввул қилишаётганда биз пастга тушдик.
-Қаёққа йўқолдиларинг? – сўради онам. – Ҳарқалай, еу ерда овқатланмагандирсизлар? Ҳозир шўрва сузиб бераман. Отангиз қайтгунча бемалол овқатланиб олинглар.
— Иссиқ нон борми? – деб сўради акам.
Онам биз жимгина овқат ейишимизга қараб турарди. Бошини тутиб туриши, маъюс кўзларида лифт юрмаётганмикан деган маъно сезилиб турарди. Биз овқатланиб бўлгач: онам: «Яна сузиб берайми? – деб идиш ичига қараб қўйди.
— Овқат совумасдан ичиб олсаммикан, — деди у ўйланқираб. Ўрнидан турди-да, Нишонтоши майдонига қараётгандек деразадан ташқарига узоқ тикилди. Анча пайтгача индамай пастга қараб турди. Ортга ўгирилиб, ўзига ҳам шўрвадан сузиб ичди. Биз ака-ука кечаги футбол ўйинини муҳокама қила кетдик.
— Секин, — деди онам.- Лифтнинг овозими эшитилаётган?
Биз баҳсдан тўхтаб, диққат билан қулоқ тутдик. Бу лифтнинг овози эмас эди. Жимликни трамвайнинг шовқини, стол ва унинг устидаги сув тўла графиннинг шақирлаган овози бузди. Биз апельсинни еб бўлган ҳам эдикки, лифтнинг овози эшитилди. Овоз тобора яқинлашиб келарди. Лифт бизнинг қаватда тўхтамай, бувимлар томон юқорилаб кетди.
-Юқорига чиқиб кетди, — деди онам.
Овқатдан сўнг, онам:
— Ликопларингизни ошхонага олиб бориб қўйинглар Отангизники жойида қолсин.
Биз стол устини йиғиштириб олдик. Отамиз учун қўйилган ликоп узоқ вақт стол устида туриб қолди.
Онам полиция идораси кўриниб турадиган дераза ёнида анча туриб қолди. Сўнг қандайдир фикр бошига келиб урилгандек отамга қўйилган ликоп, қошиқ ва санчқиларни олиб, ошхонага йўл олди. Ювуқсиз идишларни ювмасдан ҳам:
— Бувимизнинг олдига чиқаман, — деди у. – Уришмай ўтиринглар.
Мен акам билан «тоқ ва жуфт» ўйинини ўйнаб ўтирардик.
— Жуфт, — дедим мен.
Акам кафтидаги биринчи хатчўпни чиқарди-да, менга кўрсатди:
— Дунёдаги энг машҳур курашчи – Улкан Юсуф., № 34. – пастдагисига қаради. – Отатурк, № 50. Сен ютқаздинг, — деди у. – Менга яна битта хатчўп бер.
Узоқ давом этган ўйинда фақат акам ютди.
-Мен бошқа ўйнамайман, — дедим мен жаҳлим чиқиб. – Мен онамнинг ёнига чиқаман.
-Онамнинг жаҳли чиқади.
— Уйда бир ўзинг қолишга қўрқаяпсанми, қўрқоқ.
Бувимнинг уйи ҳар доимгидек очиқ экан. Улар овқатланиб бўлишган, Бакир ошпаз идиш-товоқларни ювмоқда эди. Бувим билан бувам бир-бирларига рўбарў ўтиришарди. Онам эса Нишонтоши майдони кўриниб турадиган дераза ёнида турарди.
— Бу ёққа кел, — деди онам ойнадан бошини олмай. Мен шу ондаёқ ойна билан онам ўртасига туриб, онамни қучоқлаб олдим. Биз икковлон Нишонтоши майдонига диққат билан қарай бошладик. Онам қўлини бошимга қўйиб, узоқ вақт сочларимни силади.
— Отанг чошгоҳда уйга келибди, сен уни кўрибсан, — шивирлади у.
— Ҳа, — дедим мен.
— У келиб, жамодонини олиб кетибди. Нозим афанди айтди.
— Ҳа.
— Қаерга кетаётганини сенга айтдими?
— Йўқ, — жавоб бердим мен. – У менга икки ярим лира берди.
Тун. Атрофга қоронғулик ёйилди, дўконлар қорайиб кўринар, машиналар фараларини ёққанча ҳаракатланарди.Атрофга ҳорғинлик чўкканди: кўча ўртасида йўл нозирининг жойи бўм-бўш, ҳиёбондаги тошлар, эълонлар ҳарфлари ҳам ҳўлланган эди. Ёмғир ёға бошлади. Онам ҳамон сочимни силарди.
Бувим билан бувам ўртасидаги доимо шанғиллаб турадиган радио ҳозир қўрққандек миқ этмай турарди.
-Қизим, у ерда турма, — деди бувим онамга. – келинглар, бу ёққа ўтиринглар.
Шу тобда акам ҳам бизнинг ёнимизга чиқиб келди.
— Ошхонага киринглар, — деди бувим бизга. – Бакир, — чақирди у ошпазни .- Уларга копток ясаб бер, даҳлизда ўйнашади.
Бакир идиш-товоқларни ювиб бўлган эди.
— Бу ёққа келинглар, — деб чақирди у бизларни ва бувимнинг балконидан газета ўрамларини олиб келиб, бизга қоғоздан копток ясай бошлади. Копток унинг муштумидек бўлгач, Бакир:
— Бўлдими? – деб сўради биздан.
-Сал каттароқ қилинг, — илтимос қилди акам.
Бакир газета ўрамларидан копток ясагунига қадар эшик қия очиқ эди.
Эшик оралиғидан бувим билан бувамнинг қаршисида ўтирган онамга қарадим. Бакир қутидан боғич олиб, газетадан ясалган коптокни чандиб, ўради. У копток атрофини латта билан ўраб, букланмай қолган ерларини қўли билан эзғилаб тўғрилади. Акамнинг сабри чидамай, коптокка қўлини теккизиб кўрарди.
— Буни қаранглар-а, — деди у. – тошдек бўпти-ку.
-Қани, тепиб кўр-чи, -деди Бакир.
Акам эҳтиёткорлик билан кўрсатилган жойга тепиб кўрди. Бакир чилвир билан коптокни яна маҳкамроқ чандиди, сўнг бизга берди. Биз коптокни уриб кўриб, уни осмонга ота бошладик.
— Даҳлизга чиқиб ўйнанглар, — деди Бакир. – Ошхонада ўйнасанглар, у – бу нарсани синдириб қўйишинглар мумкин.
Мен ўзимни «Фонарбоғча»даги Лефтердек тасаввур қилдим ва ўйинга берилиб кетдим. Эшикка гол ураман, деб бир неча марта акамнинг оғриб турган қўлига теккизиб юбордим. У ҳам мени тепиб ўтди, аммо буни мен сезмадим. Биз терга ботиб кетдик, тўп майда-майда бўлиб кетди. Мен 5:3 ҳисобида ютаётган эдим. Яна акамнинг оғриётган қўлига уриниб кетдим. У полга ётиб олди-да, йиғлай бошлади.
— Оғриғим ўтсин, сени ўлдираман, — деди у менга пўписа қилиб.

У ютқазиб қўйганидан аламзада эди. Мен даҳлиздан меҳмонхонага ўтдим, бувим, онам ва амаким кабинетга киришди. Бувим телефон рақамларини айлантира бошлади.
— Алло, алло, — деди у оналарча эркаловчи оҳангда. – Алло, бу «Ешилькой» аэропортими? Азизам, биз самолётда Европага учиб кетган бир йўловчи ҳақида сўрамоқчи эдик. – У отамнинг исми-шарифини айтди. Бир пас кутиб турди. Қўли билан телефон шнурини айлантириб турарди. – Менга сигарета олиб кел, — деди у амакимга. – Амаким чиқиб кетгандан сўнг трубкани қулоғидан олди. — Қизгинам, айт-чи, — у онамга ўгирилди. – Унинг ҳаётида бирон-бир аёл бормиди? Бирон нарса биласизми?
Онам нима деб жавоб берганини эшитолмадим. Бувим унга шундай тикилдики, гўё онам ҳеч нарса демади, бувим ҳеч нарсани эшитмади. Кейин телефонда нимадир дейишди. Бувимнинг жаҳли чиқди.
-Бундай маълумотни беришмаскан,- деди у қўлида сигарета ва кулдон билан бувимга яқинлашаётган амакимга.

Шу ерда амаким мен ҳам борлигимни кўриб қолди, онам унинг қарашини тушуниб, мени даҳлизга олиб чиқди. Мени терлаб кетганимни билди, аммо аччиғи келмади.
-Ойи, қўлим оғрияпти, — деди акам.
— Ҳозир пастга тушуамиз, мен сизларни ўринларингизга жойлайман.
Пастда, биз яшаётган қаватда учаламиз узоқ вақт сукут сақлаб ўтирдик. Ўринга ётиш олдидан мен тунги кийимда ошхонага кириб, стаканга сув солиб, меҳмонхонага ўтдим. Онам дераза ёнида чекиб турарди.
-Ялангоёқ юрма, совқотасан, — деди онам мени кўриб: — — Аканг ётдими?
-Ухлади, ойи, мени сизга айтадиган гапим бор.
Онам озгина сурилди, онам билан дераза оралиғигага кириб олдим.
-Отам Парижга кетди, дедим мен. – Биласизми, у қайси жамадонни олди?
Онам индамади. Биз тунги сукунат ичида ёмғирли кўчани узоқ кузатдик.

3

Онам томонидан бувимнинг уйи Шишли мачитининг рўпарасида жойлашган. Бу – трамвай депоси олдидаги сўнгги бекат эди. Ҳозир бу ердаги майдонда автобус бекатлари, катта –катта эълонлар билан тўлиб-тошган дўконлар кўпайиб кетган. Унинг атрофида баҳайбат офис бинолари кўтарилиб келмоқда, уларда жуда кўплаб одамлар ишлайди. Ҳар куни тушлик пайтида улар йўлакларга тўкиладилар-да, чумолилардай у ёқдан-бу ёққа югуришади. Бу – Истанбулнинг ғарбий қисмида жойлашган чекка жойлардан бири эди. Биз сарв ва тут дарахтлари остидан ҳар гал ўтар эканмиз, онамнинг қўлидан ушлаб олиб, кенг, сокин, қумқайроқли майдон билан қопланган, уйимиздан пиёда юрилганда ўн беш дақиқалик жойда ўзимизни худди шаҳар чеккасида юргандай ҳис этардик.

Бувим уйнинг тўртинчи қаватида яшарди. Уй бетон ва тошдан қурилган, вертикал терилган юпқа гугурт қутисини эслатарди. Уйнинг бир фасади ғарбий, яъни шаҳар томонга, иккинчиси – шарқий , яъни қирларга, тутзорларга туташ. Бувим эри ўлиб, қизларини турмушга бергандан сўнг бу уйнинг бир хонасида яшай бошлади. Бу хона шкафлар, столлар, стуллар ва пианино билан тўлдириб ташланган эди. Унга овқатни катта қизи пишириб берар, ўзи олиб келар ёки ҳайдовчидан бериб юборар эди. Бувим уйидан ошхонага ҳам тушмас, ўзига овқат тайёрламас, бошқа хоналарга кирмас, уларда йиллар мобайнида йиғилиб бораётган пўпанаклар, исларни тозаламас, улар борган сари тўлишиб борарди. Онасидан унга «ёлғизлик деб аталувчи сирли касаллик юққан, на хизматкор, на ходимани ишга оларди.

Биз бувимнинг уйига келганда онам узоқ вақт қўнғироқни босди, муштлари билан темир эшикни тақиллатди. Бувим Шишли мачитига олиб чиқадиган иккинчи қаватдаги деразадаги темир, занглаган дарпардаларни очиб, бизни баланддан пастга қараб кўрди, биздан овоз чиқариб чақиришимизни сўради.Қўл силкиди, кўзларига ишонмади, шекилли.
— Эшик олдидан нари туринглар, бувиларинг сизларни кўрсин, — деди ойим. Биз йўлакнинг ўртасига бориб турдик. Онам унга қўлини силкитди ва қичқирди:
— Ойижон, мен болаларим билан келдим, бизни эшитаяпсизми?

Шунда бувимнинг юзида ширин табассум пайдо бўлди. У бизни кўрганини, билганини тушундик. Бувим тезлик билан дераза ёнидан ўзини ичкарига урди, ёстиғининг тагидан катта калитини олди, уни газетанинг бир бўлагига ўради-да, йўлакка ташлади. Биз акам билан ким ўзарга чопиб, калитга ташландик. Акам оғриган қўли билан калит орқасидан югуролмасди, мен калитни олдим-да, онамга бердим. У қийинчилик билан калитни қулфга солиб, айлантирди. Темир эшик ғийқиллаб очилди. Қоронғуликда бизга ислар, пўпанаклар, диққинафаслик, фақирлик, кексаликнинг оғир нафаси урилди. Мен бундай ҳидни бошқа ҳеч жойда учратмадим. Эшик ёнидаги кийим илгичда бобомнинг мўйнали пальтоси, бош кийими осилиб турар, пастда ҳамиша мени қўрқитиб турадиган этиклари кўринарди. Бувим буларнинг ҳаммасини, уйга ўғрилар кириб келса, уйда эркак киши бор ,деб ўйласин учун қўйган эди.

Биз ёғоч зинанинг тепасида турган бувимни кўрдик. У қоронғуликда худди шарпадай қимирламай турар, қўлида ҳасса, хира ёруғликда ойна кўриниб турарди.
Ғирчиллаган ҳар бир зинани босиб ўтарканмиз, онам бувим билан гаплашишмади, одатда, онам доим ундан сўрарди:
-Нечуксиз, ойижон? Сизни соғиндим, ойижон. Ташқари жуда совуқ, ойижон.

Зинапоянинг юқорисига чиқиб, онам бувимнинг юзи ва қўлидаги катта холларига қарамай, қўлини ўпди. Биз унинг битта тишли оғзига яна қўрқиб қарадик, оқариб, сийраклашиб, тўзиб кетган сочларига тикилдик. Хонага кириб, онамнинг икки томонига ўтириб олдик. Бувимнинг эгнида узун тунги кўйлак ва узун шерстдан тикилган нимча бор эди.У шу кийимда кун бўйи юрар, ухларди. Бувим бизга жилмайиб қаради ва кўзларида айёрона кулгу ўйнади: «Қани, мени хурсанд қилинглар-чи!»
— Печкангиз ёмон иситаркан, — деди онам. У қўлига темир таёқни олиб, печка ичидаги ўтинларни ковлади.
Бувим бир пас кутиб турди.
— Қўй, печкани. Яхшиси, мен билан гаплашиб ўтир. Оламда нима гаплар?
— Ҳеч гап йўқ, — деди онам ёнимизга ўрнашиб.
— Ҳеч гап йўқми?
— Мутлоқо, ойижон.

Қисқа сукутдан сўнг бувим сўради.
— Ҳеч ким билан учрашмадинг, гаплашмадинг ҳамми?
— Буларни биласиз, ойижон., — деди онам.
— Худо ҳаққи, наҳотки бирон-бир янгилик бўлмаса?
Ўртага жимлик чўкди.
— Бувижон, бизни эмлашди, — дедим мен.
— Шунақами?! – ҳайратланди бувим катта – катта мовий кўзларини очиб-очиб. – Оғридими?
— Менинг қўлим оғрияпти, — деди акам.
— -О- о- о! – ҳамдардлик билдирди бувим.

Яна ўртага узоқ сукунат чўкди. Биз акам билан дераз ёнига келдик ва олис-олислардаги қирларга қарадик, томорқалар ортидаги эски бўш-бўш товуқхоналарни кузатдик.
— Демак, ҳеч қандай янгилик йўқ дегин-а? – деди бувим онамга ялингансимон оҳангда. — Қайнонангникига чиқиб турарсан. Уникига ҳам ҳеч ким келмаётган эканми? –
— Кеча пешинда Дилрабо хоним келди, — деди онам. У анча вақт суҳбатлашиб ўтирди.

Ўйлаганимиздек бувим ҳаяжонланиб, ҳайқириб юборди:
— У саройда яшаган, ахир!
Албатта, бувим безаклари, ранглари ўчиб кетган Боту қасрини назарда тутаётганлигини билардик. Бу Дўлмабоғча саройи ҳақида газета ва журналларда кўп ўқиганман. Бувимнинг Дилрабо хонимга ғаши келаётгани йўқ эди.Бу хоним ёш пайтида сўнгги подшо ҳарамида асира бўлган, кейинроқ бир савдогарга турмушга чиққан. Ҳамма гап — бувим уни дўстлашишга, билишга арзиймайдиган одам деб ҳисобларди, холос.Мана шу нарса уни ғашини келтирарди. Мен буни кўп йиллар ўтиб тушундим. Улар гапни бошқа томонга буришди, онам бу мавзуда бувим билан ҳар гал баҳслашарди. Бувим ҳафтада бир марта энг қиммат ва машҳур Абдуллоҳ афандининг ресторанига борар, у ерда бир ўзи овқатланар, анча пайтгача таомларининг яхши эмаслигидан нолиб юрарди. Учинчи ўзгармас мавзу кутилмаганда саволдан очилди:
-Болалар, бувингиз сизларга яшил кўкатлардан берадими?

Биз онам ўргатгандай бир овоздан дедик:
— Йўқ.
Бувим кунлардан бир кун қайсидир томорқада ям — яшил кўкат майсаси устига «ўтириб қўйган» мушукни кўриб қолади. Энди бу кўкатни кимдир олади, қайсидир ресторанда таомга қўшилади, қайсидир одам уни танаввул қилади-ку, деб яна эски ҳикоясини айтадан бошидан бошлади.
— Ойижон, — деди онам,- болалар зерикишди, улар бошқа хоналарни ҳам кўришмоқчи. Мен рўпарадаги хона эшигини очиб бераман.

Ўғрилар деразалардан кириб, ўғрилик қилмасинлар, деб бувим ҳар бир хонасини қулфлаб қўярди. Онам бизга катта ва совуқ хонани очиб берди. Деразаси трамвай йўлига қараган бу хонада онам ҳам бир муддат биз билан қолди. Хонадаги оромкурсилар ва диванларга қаради. Улар оппоқ ёпинчиқлар билан ўралган эди. Онам занглаб бораётган, чанг босган чироқларга, стол ва сандиқларга, газеталар ўрамига, аёллар велосипедининг деворга тиралиб қўйилган рулига қаради. Бироқ у ҳар доимгидай сандиқнинг олдига югуриб бормади, у ердан кийимларни олиб, чиқариб, бизга ҳаяжонланиб кўрсатиб ўтирмади:
— Болалар, қаранглар, ойингиз болаликда кийган кийимлар! Холангизни мактаб фартуғини кўришни истайсизми? Онангизнинг болаликдаги папкасини-чи?
— Совқотсангиз, келинг, — деди онам ва чиқиб кетди.

Биз акам билан дераза ёнига югуриб бордик ва уй рўпарасидаги мачит, майдондаги трамвай бекатини кузатдик. Кейин биз газеталарни титкилаб, бўлиб ўтган футбол матчлари ҳақида ўқидик.
— Мен зерикдим, — дедим мен. –Тоқ-жуфт ўйнаймизми?
— Йиқилган курашга тўймас, деди акам газетадан бош кўтармай. — Мен ҳозир бандман.
Кеча қечқурун ва тушликдан ҳам ўйнаган эдик, омад фақат акамга кулиб боқди.
— Бир мартагина ўйнай қолайлик!
— Битта шартим бор. Агар яна ютсам, менга иккита хатчўп берасан, агар сен ютсанг, битта оласан.
— Йўқ.
-Унда ўйнамайман, кўраяпсан-ку, газета ўқияпман.

У газетани бир пас биз яқиндагина кинотеатрда кўрган инглиз дедектив фильмидаги Мелекка тақлид қилиб, ўқиётгандай ушлаб турди. Мен ойнадан ташқарини бироз томоша қилдим-да, акамнинг шартини қабул қилдим. Чўнтагимдан бир сиқим «Машҳурлар» дастасини чиқардим. Ўйнай бошладик. Аввалига мен ютдим. Кейин бир бирваракайига ўн еттита хатчўпимни ютқаздим.
— Мен фақат ютқазаяпман, — дедим мен. – Агар биз эски қоидалар билан ўйнамасак, биз бошқа ўйнамайман.
— Яхши , — деди акам ҳамон ўша фильмдаги дедективга тақлидона. – Унда мен газетамни ўқийман.

Мен дераза ортидаги манзарани яна бир оз томоша қилдим. Диққат билан қўлимда қолган хатчўпларни санадим – 121 та. Кечагина, отам кетаётганда улар 183 та эди! Мен кайфиятимни бузгим келмади ва акамнинг шартини қабул қилдим.
Бошида мен ютдим, кейин акам юта бошлади. Акам ютиб олган хатчўпларини ўзиникига қўшиб қўйди. У менинг аччиғимни келтирмаслик учун бошқа кулмади.
— Агар истасанг, бошқача йўллар билан ҳам ўйнаб кўрамиз, — деди у . – Ким ютса, битта хатчўп олади. Мен ютсам, сендаги хатчўпларни танлаб оламан. Менда баъзи бир хатчўплар йўқ, сен уларни менга ҳечам бермагансан.

Мен рози бўлдим. Мен кетма-кет уч марта ютқаздим, оқибатда, иккита Грета Гарбо, №21, ва қирол Фаррухлардан бири, №78 акамнинг қўлига ўтди, булардан унда унда йўқ эди.
Мен барисини бир партиядаёқ ютиб олишга қарор қилдим. Ўйин бошланди, натижада қўлимдан Эйнштейн, №63, Мавлоно, №3, Саркис Назарян, №100, «Мамбо» кондитер фабрикасининг асосчиси, Клепатра, №53 – лар қўлимдан кетди. Улардан бир нусхадан бор эди, акамда эса йўқ эди.
Бўғзимга ёш тиқилди. Йиғлаб юборишдан қўрқиб, дераза ёнига чопиб бордим-да, кўчани томоша қила бошладим. Беш дақиқа олдин ҳаммаси ажойиб эди: бекатга яқинлашиб келаётган трамвай, барглари тўкилаётган дарахтлар ортидан кўриниб турган уйлар, кўчанинг бир четида ётиб олиб, қашланаётган ит — қандай яхши кўринаётган эди! Агар Вақт тўхтаб, от пойгаларидаги каби биз беш квадрат ортга сурилганимизда эди! Мен ўшанда ҳечам акам билан тоқ-жуфт ўйнамаган бўлар эдим!

— Яна ўйнаймизми? – сўрадим акамдан пешонамни ойнага тираганча.
— Йўқ, мен бошқа ўйнамайман, сен йиғлаб юборасан.
— Мен йиғламайман, Жеват, қасам ичаман, — дедим унга қаттиқ товушда ва яқинлашдим. – Фақат аввалги қоидалар билан ўйнайман.
— Мен газета ўқимоқчиман.
— Яхши, — дедим мен. – Кетаётиб, камайиб қолган хатчўпларни аралаштириб ташладим. – Фақат менинг қоидаларим бўйича айт-чи, тоқми-жуфт?
— Фақат, йиғлама.Яхши, жуфт.
Мен ютдим, у менга Февзи Чакмак тасвири туширилган хатчўпни тутқазди. Мен олмадим.
— Илтимос, менга қирол Фаррух, № 78 ни қайтариб бер.
— Йўқ, — деди у. – Биз бунга келишмаганмиз.

Биз яна икки партия ўйнадик, яна ютқаздим. Учинчи партияни ўйнамасам яхши бўларкан! Наполеон, № 49 ни бердим.
— Мен бошқа ўйнамайман, — деди акам.
Мен ўтиниб сўрадим. Мен яна икки партияни ютқаздим. У мендан хатчўпларни сўраган эди, қўлимда борини бердим. Мэн Уист, № 28, Жюл Верн, № 82, Фотиҳ Султон Мехмет, №7, қиролича Элизабетта, № 70, журналистлар – Желяли Солиҳлар, № 41, Вольтерлар, № 42 – мен буларнинг ҳаммасини икки ярим ой ичида тўпладим. Уларнинг ҳар бири ҳақида ҳар куни ўйладим, уларни авайладим ва шундай асрадимки… Улар ҳозир ҳавода учиб юрар, хонада битта бўлиб сочилиб ётарди.

Бутунлай бошқа жойда бутунлай бошқача ҳаёт билан яшаганимда эди! Бувимнинг хонасига кирмай, ғирчиллаган зинапоядан бирма-бир пастга туша бошладим . Шу пайт негадир жонига қасд қилган суғуртачи қариндошимиз хаёлимга келди. Энг пастки зинага тушиб, бутунлай қоронғуликда қолдим. Орқага қайтиб, юқорига кўтарилдим ва бувимнинг эшиги ёнидаги зинага ўтирдим.
— Қайнонанг ҳеч нарса қилолмайди, — деди бувим.- Сен болаларни улғайтириб, уни кутасан энди.
— Яна бир марта илтимос қилиб сўрайман, ойи, мен болаларим билан шу ерга қайтмоқчиман.
— Сен бу чанг босган, шарпалар ва ўғрилар юрувчи уйда иккита боланг билан яшай олмайсан, — деди бувим.
— Ойи, опаларим турмушга чиқиб, бу ердан кўчиб кетишгандан сўнг отамнинг сўнгги йиллари учаламиз қандай яхши яшадик!
— Гўзалим Мебрура, сен ўшанда кун бўйи отангни эски «Иллюстрасьон»ига тикилиб ўтирардинг.
— Мен пастдаги печкани ёқаман. Уй икки кунда исиб кетади.
— Ўшанга турмушга чиқма, дегандим сенга, -деди бувим.
— Яна битта аёл бўлса, биз икки куннинг ичида ҳаммаёқни чиннидай қилиб юборардик, — деди ойим.
— Бу уйга ўғри хизматкорни киритмайман, -кесиб ташлади бувим,- сен бу уйдаги чангларни артиб, тозалайман дегунингча ярим йил ўтади. Бу вақт ичида сенинг бетайин эринг ҳам қайтиб келади.
— Бу охирги қарорингизми, она? – сўради ойим.
— Мебрура, бебаҳо қизгинам, иккита боланг билан бу ерга кўчиб келсанг, қандай яшаймиз?
— Ойижон, Бебекдаги уйимиз, ҳовлимизни сотайлик, деб неча марта айтдим сизга.
— Мен бундай қоғозларга имзо чекким ҳам, кадастр идорасидаги ифлос ўғрилар билан юзма-юз келгим ҳам келмайди, истамайман!
— Ойижон, ундай деманг. Биз опам билан бирга нотариусни эшигингиз олдига олиб келдик-ку, — деди ойим овозини пасайтириб.
— Мен бу нотариусга ишонгим келмади, ишонмайман, — деди бувим.- Унинг юзидан фирибгарлиги кўриниб турибди. Балким у умуман нотариус эмасдир. Мен билан бундай оҳангда гаплашма!
— Яхши, ойи. Бошқа бундай қилмайман, — деди ойим.Кейин бизни чақирди.:- Болалар, болалар! Бўлинглар, кетамиз.
— Тўхта! Қаёққа ?! – сўради бувим. – Биз яхшилаб гаплашиб ҳам олмадик.
— Сиз бизни келишимизни истамайсиз, ойи, — деди онам шивирлаганча.
— Буни ол. Болаларингга роҳат – мукумли ол.
— Улар тушликкача ширинлик ейишмайди, — деди онам ва бизга очиб берган хонага кирди. – Бу хатчўпларни ким сочиб юборди? Тезда териб олинглар-чи. Сен унга ёрдам бер, — деди онам акамга.

Биз индамай хатчўпларни териб олдик. Онам эски яшикларни очди, болалар кийими , ипак парда, қоғоз қутиларга қаради. Тикув машинасининг остидан кўтарилган чанг томоғимга тиқилди, кўзимга ёш тўлди, бурним қичишди.
— Мебрура, қизгинам, мана бу чойнакни ол, уни яхши кўрасан, ахир. У – сеники. Бобом уни онам учун

Шишли губернатори бўлган пайтда Хитойдан келтирган! Ол, илтимос.
— Мен бошқа сиздан ҳеч нарса олишни истамайман.Чойнакни эса шкафга солиб қўйинг, синдириб қўясиз, ахир. Болалар, бувингизни қўлини ўпинг.
— Мебрура, қизгинам, бечора онангдан аччиқланма, — деди бувим бизга қўлини узатаркан. – Нима бўлишидан қатъи назар, мени қаровсиз қолдирма, келиб тур.
Биз зинапоядан тез тушдик, темир эшикни ёпдик, ташқарига чиқдик ва қуёшнинг нурларига урилдик, тўйиб — тўйиб тоза ҳаводан нафас олдик.
— Эшикни яхшилаб ёпинг! – баландда туриб қичқирди бувим. – Мебрура, келгуси ҳафтада ҳам кел, майлими?

Онам қўлимиздан ушлади ва биз йўлга тушдик. Биз йўтала-йўтала трамвайни кутаётган одамлар билан бирга трамвайни кутдик. Трамвай тўхтаган заҳоти акам билан келишганимиздай трамвай ҳайдовчиси кўриниб турадиган олдинги ўриндиққа ўтириб олдик ва жуфт-тоқ ўйинини бошлаб юбордик. Мен қувонганимдан ютуқларни баландлатдим ва шу ернинг ўзида яна ютқазиб қўйдим. «Усмонбей» бекатида акам таклиф қилди:
— Ўн бешта хатчўпингни истагингга кўра алмаштираман.

Мен яна ўйнай бошладим. Мен ўзимда яшириб қўйган иккита хатчўпимдан бошқа ҳаммасини ютқаздим. Онамнинг олдига келиб ўтирдим. Йиғламадим. Онам каби деразадан липиллаб ўтаётган ғаройиб магазинлар, ҳеч вақоси қолмаган дўконлар, нонвойхона, гуруч унидан кисел тайёрлайдиган сотувчилар чодирлари, биз тез- тез тушиб турадиган « Тан» кинотеатри, деворга суяниб турган болалар ва арзон гаровга сотиладиган романлар сотувчилари, мен доим қўрқиб қарайдиган қўлида бор қайчиси сартарошлар, шу сартарошлар ёнида изғиб юрувчи маҳалла девоналарини, бундайлар ҳар бир кварталда учрайди – томоша қилиб кетардим. «Ҳарбийлар» бекатида трамвайдан тушдик. Акам жуда хурсанд эди ва бу мени ақлдан оздирарди. Мен чўнтагимдан Линдберг тасвири туширилган хатчўпларни чиқардим. У бундай хатчўпни биринчи марта кўриб турарди.

— №91, Линдберг, — ҳайратланиб ўқиди. – Самолётда Алтантикани кесиб учиб ўтган. Қаердан олдинг?
— Кеча мени эмлашмади, — дедим мен. – Мен уйга эрта қайтдим ва отамни кетиш олдидан кўриб қолдим. Отам сотиб олиб берди менга.
— Унда ярми менга, деди у. – Шунга келишганмиз. Охирги ўйиндаги хатчўпларнинг ҳаммаси – меники.

У қўлимдан хатчўпларни олишга уринди, аммо ололмади. Шунда у мендан уларни куч билан олмоқчи бўлди. Мен унинг оёқлари остидан эгилиб қолдим. Акам икки қадам юрди-да, ерга ўтириб қолди.
— Жудаям оғрияпти, — деди у оёғини ушлаб.
— Тур, — шивирлади онам. – тезроқ тур. Ҳамма бизга қараяпти.

Акам турди ва бутун оғирлигини битта оёғига солиб, фильм қаҳрамонларидай юра бошлади. Мен бир томондан, унинг оёғи қаттиқ оғриётганига ачинсам-да, иккинчи томондан, унинг қийналаётганини кўриб, завқланардим. Биз бир муддат индамай кетдик, сўнг акам менга деди:
— Мен сенга уйда кўрсатаман . – Кейин онамга деди: — Ойи, Алини эмлашмабди!
— Йўқ, бизни эмлашди, ойи!
— Жим! — қичқириб юборди онам.

Биз уйга яқинлашдик, фақат йўлни кесиб ўтиш қолди, холос. Биз Мачкадан келаётган трамвай ўтиб кетишини кутиб турдик. Унинг орқасидан юк машинаси, кейин тутуни бурқсиб, Бешиктошдан келадиган автобус ўтди. Бошқа томондан эса гиацинт рангидаги «Десото» кўчани кесиб ўтди ва кўздан йўқолди. Мен шунда деразадан қараб турган амакимни кўрдим. У бизни кўрмасди, илғамасди, ўтиб кетаётган машиналарни кузатарди, холос. Мен унга узоқдан-узоқ тикилдим.
Йўл бўшади. Мен онамга қайрилиб қарадим, нима учун бизни кўчанинг нариги томонига олиб ўтмаётганига тушунмасдим. Онам овоз чиқармай йиғларди…

хдк

(Tashriflar: umumiy 50, bugungi 1)

Izoh qoldiring